text
stringlengths 1
1.49M
| timestamp
stringlengths 9
10
⌀ | source
stringlengths 21
684
|
---|---|---|
Тарихий манбаларга кўра, Фёдор Достоевский ота томондан дворянларга мансуб бўлиб, уларнинг мулки бўлмиш Достоево ерлари XVI-XVII асрларда ҳозирги Беларус республикаси ҳудудида жойлашган экан. Бу мулкий ерлар 1506 йилда буюк князь Фёдор Ярославич томонидан қилган хизматлари учун Данила Ртишевга тортиқ қилинган. Шундан кейин Ртишев ва унинг авлодлари ўзларини Достоевский деб атай бошлашди.
Ёзувчининг бобоси Андрей Достоевский руҳоний бўлган. Отаси Михаил Достоевский императорлик тиббий-жарроҳлик академиясида таҳсил олган. Онаси Мария Нечаева бадавлат савдогар оиласида туғилган эди. 1812 йилги урушдан сўнг оила мол-мулкининг катта қисмини йўқотди. Фёдор онасининг меҳрибон ва хокисор эканлигини бот-бот такрорлайди. Фидойи аёл турмуш ўртоғига саккиз фарзанд – тўрт ўғил ва тўрт қизни ҳадя этади. Буюк адиб ижодини тадқиқ қилган мутахассислар Достоевский волидаи муҳтарамаси тимсолида кўпгина образлар яратганлигини эътироф этишади.
Фёдор Михайлович Достоевский 1821 йилнинг октябрь ойида Москва шаҳрида таваллуд топди. У серфарзанд оиланинг иккинчи фарзанди эди. 1828 йилда Фёдор наслий дворян мақомини олди. Онаси тақводор аёл эди. У ҳар йили фарзандларини Троица Сергиев лаврига олиб борар, уларга “Кўҳна ва Янги ўгитларнинг бир юзу тўртта муқаддас воқеалари” китобини ўқишни ўргатарди. Кейинчалик ёзувчи “Ака-ука Карамазовлар” романида қария Зосимнинг болалиги ҳикоясида ушбу китоб ҳақида айтиб ўтган. Уларнинг уйларида Карамзин, Державин, Жуковский, Пушкин асарлари кўп мутолаа қилинарди. Достоевский улғайгач, Евангелие муқаддас китобини тили чиқиши билан ёд олганини эслайди. 1832 йилдан бошлаб, Достоевскийлар ёзни Тула губерниясидаги Даровое қишлоғида (отаси бу ерни сотиб олганди) ўтказишарди.
Дастлаб уй шароитида таълим олган Фёдор, 1833 йилда акаси Михаил билан Драшусов пансионида таҳсил олади. 1837 йилда онаси сил касаллигидан вафот этади. Бу кичик Фёдор учун улкан зарба бўлди. Бу бўшлиқни фақат адабиётга бўлган муҳаббатгина тўлдира олди. Ака-укалар ўқишни Петербургда давом эттиришди. Фёдор муҳандислар бош билим юртида ўқий бошлайди. 1839 йилда оила бошлиғи – Михаил Достоевский ҳам вафот этади.
1844 йилда Достоевский “Бечора одамлар” романи ғоясини ўйлаб қўйди. Унинг ҳамхонаси Григорович қўлёзмаларни Некрасовга етказди. Улар кечаси билан ухламай, “Бечора одамлар”ни ўқиб чиқишди. Тонг саҳарлаб Достоевский ҳузурига ошиқишди ва қалбларини чулғаб олган ҳиссиётларни улашишга ҳаракат қилишди.
“Янги Гоголь туғилди!” дея Некрасов қўлёзмаларни Белинскийга топширди. У ҳам ўз навбатида “Ушбу роман рус ҳаётининг шу пайтгача ҳеч кимнинг ҳатто тушига кирмаган сир-асрорлари, феъл-атвори ва табиатини очиб берди”, дея асарни юқори баҳолади.
1846 йилда Достоевский ака-ука Бекетовлар тўгарагига қатнай бошлайди. Бу ерда нафақат адабиётга доир, балки сиёсий масалалар ҳам муҳокама қилинарди. Бундай йиғинларга 1849 йил 23 апрель куни барҳам берилди. Ҳибсга олинганлар орасида Достоевский ҳам бор эди. Маҳбуслар Петропавловск қалъасига зиндонбанд қилинди. Дастлаб ўлимга маҳкум этилган Достоевскийнинг жазоси 4 йиллик сургун билан алмаштирилди. У дворянлик мақоми ва бор-будидан айрилди. Сургунда ашаддий каллакесар жиноятчилар қуршовида бўлган ёзувчи ўша пайтдаги руҳиятини қуйидагича тасвирлайди: “Сўз билан ифода этиб бўлмайдиган, чеки йўқ азобли кунлар… Ҳар бир дақиқа гўё асрга татирди… Руҳий изтироблар, ёлғизлик, соғинч, “ўз устимдан суд қилиш”, “ўтган ҳаётимни таҳлил қилиш”, тушкунлик ва ишончгача бўлган ҳиссиётларнинг мураккаб уйғунлашуви мени буюк тақдир соҳибига айлантирди…” Кейинчалик бундай “руҳий ҳолат” тажрибаси Достоевскийнинг “Ҳалокат уйидан ёзишмалар” (1860–1862) романининг биографик асоси бўлди.
1854 йилда Достоевский аскар, 1855 йилда унитер-офицер, 1856 йилда прапоршик унвонларини олади. 1857 йилда у дворянлик мақомини тиклайди ва асарларини нашр эттириш ҳуқуқини олади. Сургунда бўлган Достоевский Қуръони каримни ўқийди, буюк файласуфлар И. Кант, Гегель асарлари билан танишади, физика, физиология фанларини, немис тилини мукаммал ўрганади. Фёдор Михайлович учун маҳаллий аҳолининг эшиклари доим очиқ эди. У ҳатто, ҳарбий губернатор уйининг азиз меҳмони бўлади. Жуда кўп дўст-биродарлар орттиради. Улар орасида божхона мансабдори Александр Исаев ҳам бор эди. У виждонли, олийжаноб бўлишига қарамай, ичкиликка муккасидан кетганди. Унинг рафиқаси хушрўй ва ақлли Мария тез орада Достоевскийнинг дўстига айланади. Айтишларича, Мариянинг Достоевскийга бўлган дўстона муносабатини ёзувчи нотўғри тушунади ва унга ошиқу беқарор бўлади. Бу севги унга фақат азоб келтиради. Исаевлар Кузнецкка кўчиб ўтади. Ишқ азоби энди фақат мисраларга жо бўлади. 1855 йилда Исаев вафот этади. Энди севгимга эришдим деганда Мариянинг уезд ўқитувчиси Вергунов билан қизиқиб қолганлиги маълум бўлади. Севгиси учун курашган Достоевский жуда кўп қийинчилик ва оғир руҳий кечинмаларни бошидан кечиради.
1856 йилда Достоевский дўстлари ёрдамида (улар шахсан император Александр IIга мурожаат қилишади) прапоршик унвонини олади. Тўлиқ эркинликка эришган прапоршик Достоевский Кузнецк шаҳрига бориб, севгилисининг қўлини сўрайди. 1857 йилда уларнинг тўйлари бўлади. Худди шу йили у дворянлик мақомини тиклайди ва асарларини нашр эттириш ҳуқуқини олади. Уларнинг турмушини бахтли деб бўлмасди. Чунки Кузнецкдан Семипалатинскка қайтаётганда, Мария эрининг тутқаноқ тутишига гувоҳ бўлади (Достоевский ёшлигидан бу касалликка чалинганди, лекин вақт ўтиши билан бундай “хуружлар” даҳшатли эпилепсияга айлана борди). Бундай манзарадан даҳшатга тушган Мария шу-шу турмуш ўртоғига нисбатан ҳеч қанақа ҳисларни туймайди. Рафиқасининг ўлимидан кейин Достоевский Врангелга ёзади: “Оҳ, менинг дўстим, у мени бениҳоя севарди. Мен ҳам уни чексиз севардим, бироқ биз бахтли бўлолмадик…”
1859 йилда Фёдор Достоевский касаллиги туфайли истеъфога чиқади. Ўша йил охирида Петербургга кўчиб ўтади ва акаси Михаил билан бирга “Время”, кейинчалик “Эпоха” журналларини нашр эттиради. Бу пайтда у муҳаррирлик ишини ижодий фаолияти билан уйғунликда олиб боради: публицистик, адабий-танқидий мақолалар, мунозарали қайдлар, бадиий асарлар ёзади. “Время” журналининг мавқеини кўтариш мақсадида Достоевский ўзининг “Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар” романини чоп этади. Асарнинг биргина номи XIX аср танқидчилари томонидан ёзувчи ижодининг ёрқин тимсоли ва ҳатто, рус адабиётининг ҳақиқий инсонийлик шавқи рамзига айланди.
1864 йил Достоевский учун бирин-кетин оғир зарбаларни ҳозирлаб қўйганди. Баҳорда суюкли аёли сил касаллигидан вафот этади, ёзда эса суянган тоғи – акаси Михаил ҳам дунёдан кўз юмади. “Мана, бу дунёда мен ҳам ёлғиз қолдим. Негадир, қўрқиб кетаяпман… Севган инсонларимнинг ўрнини ҳеч ким боса олмаслигини энди англаяпман. Бу дунёда фақатгина уларни яхши кўрган эканман… Чор атрофим совуқ ва қоронғу…” деб ёзганди у кундаликларида. Руҳиятини синдирган айрилиқ дамларида унинг ҳаётига Апполона Суслова кириб келади. Апполона билан Европага йўл олган ёзувчи Баден-Баден қиморхоналарининг доимий мижозига айланади. Бундай айш-ишратли ҳаёт “Қиморбоз” романининг яратилишига туртки бўлади. Бу орада унинг журналлари ҳам инқирозга учради. Акасининг оиласи хонавайрон бўлмаслиги учун у нашрларининг векселларини сотади. Ўшанда молиявий ишларни яхши тушунмайдиган Достоевский орқасидан айрим кимсалар бойлик орттиришди. Бор-будидан айрилиб, қарзларга ботган Достоевский қамоққа тушмаслик учун ношир Стелловскийга асарларини нашр этиш ҳуқуқини сотишга мажбур бўлади. 1866 йилнинг 1 ноябригача янги роман ёзиш мажбуриятини олади. Достоевский кредиторлар, полициядан узоқроқ бўлиш мақсадида чет элга кетади. У бу ерда тинч ва сокин муҳитда романини ёзишга киришади. Бироқ қиморга бўлган улкан иштиёқ уни яна ўша жойларга бошлайди. Висбаденда беш кун ичида у ҳамма нарсасини, ҳатто, қўл соатини ҳам ютқазади. Ана шундай шароитда Достоевскийнинг буюк асари – “Жиноят ва жазо” яратилади. Романнинг биринчи қисми 1866 йил “Русский вестник” журналида чоп этилади. Асарга юқори баҳо берилди. Ҳатто, Достоевскийнинг душманлари ҳам “Жиноят ва жазо” рус адабиётининг буюк асарларидан бири эканлигини эътироф этишди. Белгиланган муддатга бир ой қолганда ёзувчи “Жиноят ва жазо”ни тўхтатиб туришга ва “Қиморбоз” романини ёзишга мажбур бўлади. Китобни тезроқ ёзиш мақсадида Фёдор Михайлович стенография бўйича таниқли ўқитувчи Ольхендан унга стенографисткачи топиб беришни илтимос қилади. Ольхен энг яхши талабаларидан бири бўлган, 20 яшар Анна Сниткинани унга ёрдамчи қилиб юборади. Улар биргаликда асарни 26 кунда ёзиб тугатишга муваффақ бўлишади. Бу вақт оралиғида Аннушка (Фёдор Михайлович қизни шундай деб эркаларди) адиб учун энг қадрли инсонга айланиб улгурганди. Энди Достоевский Аннага жавоб бериши керак эди. Аммо… Достоевский қалбини нурларга тўлдирган қиздан айрилишни истамасди. Шунда у қалби гулдек беғубор Аннани севиб қолганлигини англайди, бироқ рад этилишидан қўрқиб, у билан бирга ўтказаётган вақтни иложи борича узайтиришга ҳаракат қилади. Ана шундай кунларнинг бирида Фёдор Михайлович Аннага, ёшгина қизни севиб қолган қари рассом ҳақидаги воқеани айтиб беради. Ҳикояси сўнггида, “Агарда ўша қизнинг ўрнида сиз бўлганингизда қандай йўл тутардингиз? Унинг севгисига жавоб берармидингиз?” деб унга мурожаат қилади. Зийрак Анна адибнинг юз ифодасидан гап нима ҳақида кетаётганлигини дарров тушунади. Бу воқеанинг ҳақиқий қаҳрамонлари ким эканлигини ҳам билади. У шундай деб жавоб беради: “Мен… мен ҳам унга севишимни айтардим… Бир умр унинг ёнида қолишга рози бўлардим…” 1867 йилнинг февралида улар никоҳдан ўтишади.
Аммо Достоевский рафиқасини ҳар қанча севмасин, Аннанинг ҳаёти нохушликлардан бошланади. Гап моддий етишмовчиликда эмасди. Эрининг қариндошлари Аннага ёмон муносабатда бўлишди. Айниқса, Фёдор Михайловичнинг ўгай ўғли (Мариянинг биринчи турмушидан фарзанди) Пётр Исаев Аннани ўзига рақиб деб билди. Ҳеч қаерда ишламайдиган, ўгай отасининг ҳисобига яшайдиган Пётр, гўёки туғилажак ука-сингиллари уни меросдан маҳрум қилаётгандек, Аннани қандай қилиб бўлмасин, бу уйдан сиқиб чиқаришга уринарди. Келинойиси ҳам турли баҳоналар билан Аннанинг ҳаётини дўзахга айлантирди. Бошқа бундай яшаб бўлмаслигини англаган Анна оиласини сақлаб қолиш мақсадида турмуш ўртоғини чет элга кўчиб кетишга кўндиради.
Шундан кейин улар бегона юртларда сарсон-саргардонликда умр кечиришади. Тўрт йил давом этган бундай ҳаёт қайтанга уларнинг никоҳини янада мустаҳкамлади. Германияда Достоевский яна қимор ўйинларига ўралашиб қолади. У яна ҳамма нарсасини қиморга тикади. Уйга ҳеч нарсасиз келган эрини Анна яна кечиради. У билади: суюклиси қимор гирдобидан чиқа олмаётганини тушунади. Достоевский бошқа ўйнамасликка сўз беради. Баден-Баденга кўчиб кетишади. Яна қимор. Ҳаммаси бошидан бошланади. Фақат бу сафар ютқазадиган пулнинг ўзи йўқ эди. Ҳали ёзилмаган асари учун ношир Катковдан 500 рубль миқдорида аванс олади. Бу пулни ҳам бир кунда ютқазади. Энди нима қилиш керак? Рафиқасига совға қилган зирак ва никоҳ узугини пуллайди.
Женевага кўчиб ўтишгач, Достоевский “Телба” асарини ёза бошлайди. Танқидчилар Достоевский асарларини тугалланмаганликда айблашади. Сюжетлар тизгини шунчалик тиқилинч эдики, улар асар ўртасига бориб деярли унутилиб кетарди. Гап шундаки, Достоевский бадавлат Тургенев ва Толстойдан фарқли ўлароқ, нашриётларга асарларининг хомаки нусхасини беришга мажбур эди. Чунки у ана шу қўлёзмаларга тўланадиган аванслар ҳисобига яшарди. Ноширлар қўйган муддатда тугатиш учун у яшин тезлигида ишлашга мажбур эди. Уч ойлик қизалоғи – Сонянинг ўлими ёзувчига қаттиқ таъсир қилди. Тушкун ҳолатдан уни фақат иш чалғита оларди. Мана шундай шароитда танбеҳ-асар деб ном олган “Шайтонлар” асари яратилади. “Телба” ва “Шайтонлар” ёзувчининг ватанида катта шов-шувларга сабаб бўлади. Унга навбатдаги машҳурликни олиб келади.
1871 йилда Петербургга қайтган Достоевскийнинг ҳаёти изига тушади. У “Ёзувчининг кундалиги” асари устида ишлайди, машҳур романи “Ака-ука Карамазовлар”ни ёзади. Бирин-кетин фарзандлари туғилади. Уни бир умр севган, тушунган аёли – Анна доимо ёнида эди. Ёзувчининг бахтли онлари шу эди аслида… | 2020-10-30 | http://nodirabegim.uz/archives/3197 |
Француз адиби ва файласуфи Альбер Камю 1913-йил 7-ноябрда Жазоирда туғилган. Бир ёшга етмасидан отаси Биринчи жаҳон уруши даврида госпиталда вафот этади. Онаси бу кутилмаган бахтсизликдан руҳий зарбага учраб, тилдан қолади. Оила буви билан ногирон тоға уйига кўчиб кетади.
Альбер мактабда адабиётга қобилияти борлигини намоён қилади, ўқитувчиси Луи Жермен унга лицейга ўқишга киришига кўмаклашади. Камю жон-дили билан ўқиш баробарида, бокс билан ҳам шуғулланади. Бироқ 17 ёшида силга чалингани туфайли спортни ташлашга мажбур бўлади. А.Камю Жазоирда университетда ўқиб, фалсафа магистрлиги дипломини олганидан сўнг, илмий ишларини давом эттирмоқчи бўлганида яна сил касали қўзғагани сабаб, аспирантурага ўқишдан воз кечади. Альбер талабалик даврида ўқиш пулини тўлаш учун бир неча ишга ўзини урган бўлса, ундан кейинги даврларда театрда актёр, режиссёр бўлган, газеталарда ишлаган, Франция немислар томонидан босиб олинганидан кейин қаршилик ҳаракатида фаол қатнашган, яширин газетада ишлаган.
30-йиллардаёқ Жазоирдаги етакчи ёзувчилардан бири сифатида танилган Альбер Камю «Бегона», «Тубанлашув» қиссалари, «Сизик ҳақида асотир», «Исёнкор одам» фалсафий очерклари, «Англашилмовчилик» ва «Калигула» драмалари, «Вабо» романи, «Салтанат ва сургун», «Швед нутқи» каби ҳикоялар тўплами муаллифидир. Адиб 1957-йили, 44 ёшида «Бизнинг кунларда одамлар виждони олдида турган муаммоларни бағоят жиддийлик билан ёритиб берган ижоди учун Нобел мукофотига сазовор бўлади.
Альбер Камю 1960-йил 4-январ куни Францияда автомобил ҳалокатига учраб, 47 ёшда вафот этади.
У тириклик вақтидаёқ «Ғарбнинг исёнкор виждони» деган ном олган эди. Адибнинг «Бегона», «Вабо» асарлари Аҳмад Аъзам томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Қудрат Дўстмуҳаммад томонидан тайёрланган «Нобел мукофоти олган адиблар» китобида адиб таржимаи ҳоли ва Нобел маърузаси ўрин олган.
— Мен ўз санъатимдан ташқарида яшолмайман. Бироқ мен ҳеч қачон уни бутун ҳаётимдан устун қўймаганман;
— Санъат мен учун — ёлғиз ижодкорнинг эрмаги эмас. У мен учун, умумий азоб-уқубатлар ва қувончларнинг қамровли манзарасини чизиш орқали иложи борича кўпроқ одамларга таъсир этиш усулидир;
— Санъат ижодкор ўз қобиғида ўралашиб қолишига йўл қўймайди, уни энг оддий ва ва энг умумий ҳақиқатга бўйсундиради… Санъаткор, мана шунақа, ўзи билан бошқалар орасидаги — ўзи четлаб ўтолмайдиган гўзаллик ва узилиб кетолмайдиган инсоний умумийлик орасидаги — йўлнинг ўртасида зир югуравериб шаклланади. Шунинг учун ҳам ҳақиқий санъаткорлар ҳеч нарсани эътибордан соқит қилмайдилар, улар ҳукм чиқаришни эмас, тушунишни ўз бурчлари деб биладилар;
— … фақат у ўз касбининг улуғворлигини белгилайдиган икки вазифани баҳоли қудрат бажаришга рози бўлиши керак: булар — ҳақиқат учун, озодлик учун хизмат қилиш;
-Модомики, унинг истеъдоди — одамзотни бирлаштириш экан, у ёлғон ва қуллик билан чиқишолмайди, чунки булар ҳукм сурган жойда ёлғиз одамлар сони кескин ошиб кетади;
— Касбимизнинг олижаноблиги зиммамизга оладиган икки мажбуриятга — билганлар ҳақида алдамаслик ва зулмга қарши кураш — мажбуриятларимизга илдиз отган, бироқ буларга амал қилиш қийин;
— Ҳар бир авлод ўзини дунёни қатта қуришга масъул деб ҳисоблайди… Бу вазифа ер куррасини йўқ бўлиб кетишига ҳалал беришдан иборат;
— Ҳақиқат сирли-синоатли, кўз илғамас, уни ҳар доим янгитдан, курашиб қўлга киритишга тўғри келади. Озодлик хатарли, машаққатли ва оромбахш. Биз ҳақиқат ва озодликка қийинчилик билан, бироқ қатъий илгарилаб ва бундай олис йўлда учрайдиган заифлик дақиқаларини олдиндан кўра билган ҳолда боришимиз керак. | 2020-07-11 | http://nodirabegim.uz/archives/3255 |
“Илҳом” мукофотини таъсис этиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
мукофот шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳамда фаолият юритаётган ёшларга берилади;
мукофот билан тақдирлаш ҳар йили Адиблар хиёбони очилган кун — 20 майда «Катта адабиёт байрами» ҳафталиги доирасида амалга оширилади;
1-ўрин учун — Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган «Spark» енгил автотранспорт воситаси, махсус диплом ва статуэтка;
2-ўрин учун — 30 млн. сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка;
3-ўрин учун — 15 млн. сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка. | 2020-08-25 | http://nodirabegim.uz/archives/2882 |
Давлат: Швеция
Йили: 1901
Сайт:
Мақсади: Альфред Нобел васиятига кўра, дунё бўйлаб
идеалистик йўналишда ижод қилувчи тирик ёзувчиларни қўллаб-қувватлаш. Муаллиф
ўзини тавсия қилолмайди, швед ҳайъат аъзолари томонидан аниқланади.
Мукофоти: медал, диплом, 1 млн евро.
Лауретлар: Светлана Алексиевич, Элис Манро, Марио Варгас Льоса, Дорис Лессинг, Орхан Помук, Жон Максвелл Кутзее, Гюнтер Грасс, Иосиф Бродский, Александр Солженицын, Михаил Шолохов, Борис Пастернак, Габриэль Гарсиа Маркес, Сол Беллоу, Пабло Неруда, Жон Стейнбек, Иван Бунин, Кадзуо Исигуро, Мо Янь, Ольга Токарчук.
Давлат: АҚШ
Йили: 1917
Мукофот миқдори: 10 минг доллар
Сайт:
Мақсади: америкалик ношир, журналист Йозеф Пулитцер
васиятига кўра, ушбу мукофот америкалик муаллифларнинг журналистика, адабиёт,
мусиқа ва театр соҳасидаги ижодий ишларини қўллаб қувватлайди. Муаллиф ўзини
тавсия қилиш мумкин.
Лауреатлар: Энтони Дорр, Донна Тарт, Элизабет Страут, Майкл Каннингем, Харпер Ли, Эрнест Хемингуэй, Жон Стейнбек, Маргарет Митчелл, Тони Моррисон.
Давлат: Буюк Британия
Йили: 1969
Мукофот миқдори: 50 минг фунт стерлинг
Сайт:
Мақсади: ҳар йили инглиз тилида ёзилган романларни топиб
тақдирлаш. Унга Букер-МакКоннел номли йирик компания хомийлик қилади. Исталган
давлатнинг муаллифлари қатнашиши мумкин.
Лауреатлар: Ричард Флэнаган, Хиллари Мэнтел, Жулиан Барнс, Ян Мартелл, Маргарет Этвуд, Йен Макьюэн, Жон Максвелл Кутзее, Айрис Мердок, Жон Сондерс, Марлон Жеймс.
Давлат: Россия
Йили: 2003
Мукофот миқдори: 7.6 миллион рубл
Сайт:
Мақсади: рус ижодкорларини инсонпарварлик йўналишида ёзган
асарларини қўллаб қувватлаш. Шунингдек, 2015 йилдан «хорижий адабиёт» йўналиши
ҳам қўшилган. Мукофот хомийлари — Толстойнинг Ясная Поляна уй музейи ҳамда
Самсунг компанияси. Ғолибни ёзувчи, журналист ва танқидчилардан иборат ҳакамлар
аниқлайди.
Лауреатлар: Гузель Яхина, Евгений Водолазкин, Михаил Тарковский, Василий Голованов, Захар Прилепин, Алексей Иванов, Андрей Битов, Борис Екимов, Юрий Бондарев, Фазиль Искандер, Рут Озеки, Владимир Маканин.
Давлат: Ирландия
Йили: 1996
Мукофот миқдори: 100 минг евро
Сайт:
Мақсади: йилнинг энг яхши романини (инглиз тилида) аниқлаш.
Дублин шаҳар кенгаши ва америкадаги Импак фонди томонидан тузилган. Мукофотга
номзодларни йирик шаҳарларнинг кутубхоналари тақдим этадилар. Улар
кутубхонадаги 3 та романни тавсия қилишлари мумкин. Ҳозирда 177 та давлатнинг
400 та кутубхонаси мукофотга номзодларни тавсия қилиб келмоқда.
Лауреатлар: Хуан Габриэль Васкес, Колум Макканн, Орхан Памук, Мишель Уэльбек, Герта Мюллер, Эндрю Миллер. | 2020-10-09 | http://nodirabegim.uz/archives/2968 |
Бир хил маълумотни ҳар йили қайта-қайта ўқитишдан мақсад не? Баъзи дарслик китобларимни варақлаб ўйланиб қоламан. Наҳотки хато берилган бўлса?! Ўқитувчимдан сўрайман, «Ҳа, бу ерда хато кетган…», дейди устозим. Биз эса яна қайта-қайта сўраймиз: «Устоз, китобда хато берилмайди-ку?..»
Бугунги адабиёт дарсликларимиз қай аҳволда? Улар бизнинг
талабимизга жавоб бера оладими? Ўқувчи сифатида ўзимнинг айрим фикрларимни
билдирмоқчи эдим. Бошланғич синфни битириб, адабиёт дарслигини биринчи бор
варақлагандан 11-синф якунига қадар Aлишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур
ҳаёти ва ижодини ўрганамиз. Нега ҳар йили бу мавзулар дарсликка киритилади?
Тўғри, бу икки шахс миллатимиз фахри, ғуруримиз, лекин бу инсонларнинг қачон
туғилиб, қачон вафот этгани, беш-ўнта машҳур ғазалини қайта- қайта ўқитиш
қанчалик мантиққа тўғри келади? Бешинчи синфда ўқиётган пайтим С.Aҳмедов,
Б.Қосимов, Р.Қўчқоров, Ш.Ризаев ҳаммуаллифлигидаги «Aдабиёт» дарслик-мажмуасини
варақлаб туриб, ўн саҳифалик «Aдaбиёт – сўз сaнъaти» сарлавҳали кириш сўзини
ўқиб ҳеч нарса тушунмаган эдим. Жуда илмий ва мураккаб тилда ёзилган. Менимча,
адабиёт нима эканини англаш сари илк бор қадам қўйган ўқувчи учун бундай илмий
шаклдаги кириш сўзи ўқувчини шу фандан бездиришга хизмат қилади, холос.
5-синф «Aдабиёт» дарслигига киритилган ёзувчи ёки шоир ижоди 6-синфда давом эттириладиган бўлса, аввалги синфда тақдим этилган маълумотлардан кескин фарқ қилиши ёки янги маълумотлар билан тўлдирилиши лозим. Aфсуски, 6-синф дарслигидаги айрим ижодкорларнинг таржимаи ҳоли шунчаки кўчириб қўя қолинган. Масалан: 5-синф «Aдабиёт» дарслигида Ўткир Ҳошимовнинг таржимаи ҳолидан: «Ўткир Ҳошимов 1941 йилда Тошкентнинг Дўмбиробод маҳалласида туғилган. Ёшлигидан илмга, адабиётга, санъатга қизиққан бўлажак ёзувчи 5-синфда ўқиб юрган вақтидаёқ, демак, сиз тенги ёшларида шеър машқ қила бошлаган эди. Ҳозирда адибнинг «Урушнинг сўнгги қурбони», «Муҳаббат» каби кўплаб ҳикоялари, «Нур борки, соя бор», «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар» номли романлари, «Одамлар нима деркин», «Шамол эсаверади», «Икки карра икки – беш», «Баҳор қайтмайди», «Дунёнинг ишлари» номли қиссалари мамлакатимизда ва чет элларда севиб ўқилмоқда (5-синф «Адабиёт» дарслиги, 51-бет). Энди 6-синф «Aдабиёт» дарслигида келтирилган Ўткир Ҳошимовнинг таржимаи ҳолига қараймиз: Ўткир Ҳошимов 1941 йил 5 августда Тошкентнинг Дўмбиробод маҳалласида туғилган. Ўқувчилик чоғларидаёқ ижод билан шуғулланган. Aдибнинг «Урушнинг сўнгги қурбони», «Муҳаббат» каби кўплаб ҳикоялари, «Одамлар нима деркин?», «Шамоллар эсаверади», «Икки карра икки – беш», «Баҳор қайтмайди», «Дунёнинг ишлари» қиссалари, «Нур борки, соя бор», «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар» номли романлари мамлакатимизда ва чет элларда севиб ўқилмоқда…» (6 синф «Адабиёт» дарслиги, 147-бет). Кўриниб турибди, фақат «5 август» санаси қўшилган холос. Нима, севимли ёзувчимиз таржимаи ҳоли шу қисқагина маълумотдан иборатми? Худди шу ҳолатни Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодига оид материаллар мисолида ҳам кўриш мумкин: «Эркин Воҳидов университетни тугатгач, узоқ йиллар нашриётларда ишлади, ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарларини чоп қилишда фаол иштирок этди. 1964 йилда яратилган «Нидо» достонидан сўнг бирин-кетин «Орзу чашмаси», «Палаткада ёзилган достон», «Қуёш мас кани», «Руҳлар исёни» каби ажойиб достонлар ёзди…» (6-синф, 133-135 бетлар). Бир саҳифадан ортиқроқ ҳажмдаги ушбу маълумотлар ҳам 5-синф дарслигининг 142-саҳифасида айнан келтирилган. Бу эътиборсизликми ёки дарслик муаллифларининг дангасалиги? «Бемор» ҳикоясидан сўнг назарий маълумот сифатида берилган «Бадиий асар тили ҳақида тушунча» мавзуси, тўғриси, биз учун жуда мураккаблик қилади. Мана шу назарий маълумотни муаллифлар оддий, содда тилда ёзишганида яхши бўлар эди. Aгар назарий маълумотларни тушунтириб бериша олишганда, майли, қолган хатоларга кўз юмиш ҳам мумкин эди. Аммо муаллифлар бир ярим саҳифалик назарий маълумотда «Aбдулла Қаҳҳор ўзининг мўъжазгина «Бемор» ҳикояси орқали биз билан ўтказган бадиий мулоқоти ўзининг таъсир кучини юз йиллар давомида сақлаб қолиши бадиий тил нақадар қудратли ҳодиса эканининг яққол исботидир», – деб ёзади. Мен ҳозир 10-синф ўқувчиси бўлсам-да, ҳали-ҳануз шу мавзуга тушунмайман. Aдибларнинг туғилган ва вафот этган йилларидаги хатоларни айтмасам ҳам бўлар, бу ҳақда матбуотда ҳам кўп ёзилди. Aдабиёт дарсларида бир ойда бир марта мустақил ўқилган асарлар юзасидан савол-топшириқлар бўлади. Aйнан ўша кунни синфдошларим билан бирга бир ой кутамиз. Ўша кун келганда, халқ таълими вазирлиги тақдим этган режага кўра назорат иши олинади. Ҳурматли вазирлик мутасаддилари, сизларга ўқувчининг фикри қизиқ эмасми? Биз бир асарни ўқиб тугатиб, бир ойда бир ўқиган китобимиз ҳақида шахсий фикрларимизни билдирамиз. Энди марҳамат қилиб айтсангиз, сизларга китобнинг орасига телефонни қўйиб, «гуглжон»дан назорат ишини кўчирган яхшими ёки очиқ майдонда (доскада) синфдошларига ўзи ўқиб келган асарни, оғзаки тушунтириб, жонли мулоқот қилгани? Баъзида адабиёт дарси ўзи қандай мақсадда ўтилиши бироз мавҳумроқмикан, деб ўйлаб қоламан. Чунки вазият тақозоси билан мактабда бугун қайси дарсни қисқартириб туриш, қайси дарснинг ўрнига бошқа бирор тадбир ўткизиш керак бўлса фақат «Адабиёт» дарсидан воз кечиб турилади. Нега? Адабиётимизга, миллатимизга бўлган ҳурмат наҳотки шундай бўлса?! Эртага юрт келажаги ишониб топшириладиган ёшларни тарбияловчи восита – дарсликни хатолар билан чоп этиш, ўқувчиларни чалғитиш ўзимиз ўтирган дарахтнинг шохини кесиш билан баробар аслида. | 2020-09-14 | http://nodirabegim.uz/archives/2990 |
Ҳар
куни бу китобни қўлимга оларканман, ҳали бирон шеърни ўқимай туриб, юрагимга
“энг гуллаган ёшлик чоғида” ўзининг инсонлик ва ижодкор фитратини англаб етган
шоирнинг нурли, ва маъюс чеҳраси, сиймоси кўз ўнгимда жонлангандек бўлаверади. Ичимдан
куйина бошлайман, “ғамгин шеър” излаб, қисқа ва узун, ҳеч қандай қолипларга
сиғмайдиган сатрларга кўзим тушади, фикрларим ўткирлашади, ҳаётга,
атроф-жавонибга бошқача бир нигоҳ билан қарай бошлайман. Нега шундай? Бу маҳзун
кайфият бир менинг борлиғимда уйғонаверадими? Сабабларнинг оқибати билан
қизиқсиниб дўстим Ғофуржонга сим
қоқаман. Айтингчи,
деганида Шавкат Раҳмон
яна нималарни назарда тутган эди? У шошилмай жавоб бера бошлайди: “Бу шеър
ёзилганида шоир жуда ёш эди, у пайтлар мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга
киритмаганди, шу сабабли унинг кўнглидаги маҳзун кайфият шеърларига ҳам кўчган,
элининг бахтли, осайишта кунларини кўргандан кейингина қувончли, бахт ҳақида
айтаман, деганида шуларни назарда тутган бўлса, ажабмас!” Мен ҳам дўстимнинг
фикрларига қўшиламан, чунки бу фикрлар ўз исботи билан айтиляпти… Кейин
шоирнинг китобини ўқишга шўнғийман. Ҳар бир сатри ҳароратли, ҳар бир сатри
жасоратли, жўмардлик билан битилган. Шунинг учун ҳам менинг шу топдаги
кайфиятимга жуда-жуда мос ва руҳий яқиндир деб, ўйлайвераман. Ўйларим адоғсиз,
туйғуларим шоирнинг туйғулари каби йириклаша боради. Менга нима бўляпти дейман
туриб-туриб, ахир бу рўъби маскунда эҳтиросдан ҳам юксакроқ туйғулар бор бўлиши
мумкин-ку? Нега мен шоир шеърларини севиб мутолаа қилгим келаверади. Бизларни
боғлаб турган – кўнгил риштасининг, китобдаги ҳаёт ва ундаги ўткир сўзларнинг
моҳиятида не сир яширин? Билмайман, билишни истаганим сайин озод туйғуларнинг
хумори бўлиб қолавераман…
Шавкат
Раҳмон – орамиздан эрта кетди, мазмунли ҳаёт, уч юз саҳифалик “сайланма”даги
кўнгил таржимаси, юрак ва ақл мунозараси, туйғуларидаги очиқ, яширин самимият,
гоҳ ўз талпинган идеалларидан ҳам баландда турган шахс қисмати… орзу-умидлари,
яшашдан мақсуд не эканлигини, эл-юртни севиш саодат, БУЮК саодатлигини
тушунтираётгандек. У яшаши керак эди, дегим келади. На чора, ўлим ҳақ дея
озурда қалбимизни овутмоқ учун ўйлаб топамиз шундай сўзларни… шундай сўзларни
айтиб, бир-биримизни сўзсиз тушунгансимон тасалли берамиз… у ўткир сўз ёзиб
қолдирди кўнгил дафтари – шеъриятимизга. Шунинг учун ҳам бу инсонимнинг оловли,
қиличдай кескир сатрларига маҳлиё бўлавераман. “Ким дея борлиқдан сўрайман ҳар
гал, макон жим, замон жим Парвардигор жим”. Нега жим? Сукутнинг боиси нима?
Нега сукут ҳам жуда узоқ чўзилди? Унинг сукутгоҳини парчинлаб, бирон мард йўқми
сўз айтадиган?! “Бор дея борлиқдан сўрайман ҳар гал, аммо тилим лол, ақлим лол,
қояни кўриб”. Қояга талпинганим каби талпинаман ахир, унинг шеъриятига ҳам…
Фидойи бўлиш, ҳар бир ишда масъулиятли яшаш саодати ҳар кимга ҳам насиб
қилавермайдиган хислат эканини фақат унинг ижодини ўқий бошлаганимдан буён
англаб қолдим. Шунгача, дунёнинг сирларидан бехабар эканман. Айниқса, шахс ва
ижодкор қисматидан…
Шавкат Раҳмон – ҳар куни ёдимда ва ёнимда мен-ла қадам ташлаётгандек, йўқ бошқача айтадиган бўлсам, йўлимни тополмай юрганимда тўғри йўл кўрсатаётгандек, халоскор руҳ каби ўз зиёсини сочаётгандек, сочиб саодат манзили сари етаклаб кетаётгандек… туюлаверади. Рости, мен унинг кўнгил мулки – “борлиқ ва йўқлик ораси — шеъриятига” ошино тутиндим. Ука тутиндим. Чунки шундай қилсамгина ўз мақсадларимга етажагимни фаҳмлаб қолдим. Озод руҳ, озод сўз, озод ВАТАН!!! Шоир соғинчи ва юрагининг аллақаерида шу заминга уни боғлаб турган риштанинг айнан ўзгинаси эмасмикин – ҳурлик! У бунга осонликча эришмади, олис ўлкаларга сафар қилди, етти ёт бегона “тил”ни ўрганди, соғлигидан жудо бўлди, кўплаб туйғуларини қурбон берди, шеър мадад берди унга, шеър шифо тилади! Борлиғини бир бошқача ҳол чулғаса ҳам, МАРДОНА чиқди майдонга:
Шоир
гоҳ севинч ёшлари кўз соққаларига қалқиб чиқиб, гоҳ армонлари орзуга дўниб,
Қандай олов сўзлар бу! Қандай нидолар эди!
Инсон моҳиятига сафар эмасми? Ватанни англаш! Юртни севиш! Ижодкорлик қисмат
экан, шу қисмат чегарасининг қадрига етган бор, етолмай ғафлатда қолиб кетган
бор… лекин чинакам ижодкор учун ВАТАН қадридан, ВАТАН озодлигидан ортиқроқ
бахт ва шодлик бўлмаса керак! Шундай поғонага чиққунга қадар, бир умр бахт
сўзин айтмай яшаган ва ўз кўзлари билан кўрган бахтни айтиш – БУЮК САОДАТ
эканлигини ниҳоятда жозиб сатрларга жойлай олган шоир “ақллидир, куллийдир”(Румий).
Юзлаб шоирлар ўтди, минглаб шоирлар ўтди, ўткир сўз қолмаса ҳеч нарса
қолмаслигини энди-энди мазмунига етгандекман, етиб қадам ташлагандекман…
Ёзган шеърларимни тандирга ташлаб, анов “лов-лов оловга” қараб сочгим келади,
кули кўкка совирилсин, ё туриб гилга айлансин!!!
деган мисралариданоқ
инсонимнинг мукаммал, комил инсон эканлигини англаш мумкин. Негаки, “юраги
ёнишдан тўхтамаган”(У.Ҳамдам), энг муҳим сўзларини фақат шеър деган битта байроқ
остига яхшилаб муқим жойлай олган шоир нидолари ҳақиқатдан ҳам ЖАСОРАТ ва
МАРДЛИК, ИНСОНЛИК ва ИЖОДКОРЛИК қисматининг яхлит, уйғун намунаси эмасми?! Буни
бир бошқача тарзда идрок қилиб, ифода этсак – тили-ю, дили, амали-ю, амоли бир
эканлигига шаҳодат бўламиз.
Тақдир
ажойиботлари кўп ва турфа хил. Лекин шундай инсонки бор, ўзи ҳақида мақтов
эшитса дили озорланади, “унинг учун ижод муҳим, шу боис ҳам мақтовларни унчалик
хуш кўрмайди” деганлари нақадар тўғри. Шавкат Раҳмон ана шундай юксак истеъдод
эгаси, мақтовдан, унвону мартабадан баланд кўтарила олган, “қобиқни ёриб чиқиб”
саодат эшигига етишган, ватанпарвар шоир эди. Лекин айни куй авжида узилган
тор, куй авжида синган кўнгил… Яна қанча сўз қолди ботинида айтилмай, “шифтга
қараб ёзилган”ларини кимлар ўқиб бераркан… У сўнгги бор ўлим тўшагида, шифтга
боқиб, тасаввуридаги осмонга боқиб нима демоқчи эди? Афсус, надоматлар
бўлсинким, унинг ёш умрига зомин бўлган ошкораликнинг “жаллод”лари ҳозир ҳам
ҳаёт! Шоир буни билганидек “Ҳозир ҳам пана-панага беркиниб олганча, иғводан,
ғийбатдан кутар барака…”
Шавкат Раҳмон – қисқа умр йўли, шарафли ва унитилмас йўл! Абадият оралаб – ўзига сўқмоқ очган, ўзига ўзи жавоб бера оладиган, бизга ҳеч ҳисоб бермайдиган заҳматли йўл, оғриқли йўл! Манзили – шеър, хайрихоҳи – шеър! У ватандан олиб ватанга берди, Аллоҳ ато этган истеъдодига хиёнат қилмади, чинакам мардлик, комиллик аломати бу! Сўзларни севди, чин ва гўзал сўзларни кўз қорачиғидай авайлаб-асради, кўз тумор қилиб юрагига илиб қўйди. Шундай ҳароратли юракдан, ҳиссиз ва тузсиз шеър чиқиши мумкинми? Йўқ албатта! Чунки, унинг борлиғида – чин сўзлар макон қурган эди. Шу сабабли шоирни чин сўзлари ҳам ташлаб кетмади, кетолмади, истаклар бирлашган маконда – бахт ва шодлик баҳори барқ уриб очилди, эрта гуллади, эрта тўкилди, қишнинг совуқ ва хазонларига айланмади, аксинча,
…
Бу
рўъби маскунда ижодкорки бор, ҳамиша безовта, беҳол, лекин бу чинакам истеъдод,
чинакам талант эгаларига Тангри таолонинг шараф билан берган – гўзал дардлари.
Шундай шарафли, оғриқли йўлнинг азобларини тотган, кечалари ухламай, оромини
ўғирлаган туйғулар тўфонида тўлғонган ШАХС, ИНСОН эди у. Ҳа, бошқача ифодалаб
бўлмаганидек, бошқача яшашни истамагани каби… у кўз ёшларини кўрсатмай “мангу
йиғлайдиган кўзим кўксимда” дея дўстига юкиниб сўз айтади. Айтиш ҳам бир саодат
эканлигини, шараф ва бурч даражасидалигини теран ҳис этади. Топинган руҳ –
шеъриятида, шеър бағридаги умидда, умид бағридаги – ҳаётда эди. Шу сабабли ҳам
ХХ асрнинг “бармоқ билан санарли шоирлари қаторидан” жой олди. Абадият оралаб,
Ўшдан чиқди, Ватанини алқади, уни бутун борлиғи билан севди, ўша севгисини уч
юз саҳифалик биргина китобига мангуга муҳрлаб кетди… Истаган саҳифасини очиб
ўқиб кўринг, бунга шубҳа қилмайсиз, қайтамга ижодкор қалбига теранроқ кириб борасиз-да,
“Ватанингизни юрагингизнинг энг чуқур жойига яшириб қўясиз”. Уни кўрсатиш у
ёқда турсин, сўз билан айтишдан қизғонасиз…
Бу
сатрлардан ҳам теран маъно, оқибатни башорат қилиш қобилияти, ўз давридан
йигирма йил олдини сезиши, жуда олисларни кўзлаган мақсадлар истаги, рўёга
айланса-да, худди бир гўзал туш таъбирини сўйлаётгандек, сўзлаб ҳикмат
айтаётгандек туюлгани каби… шоир талпинган ИДЕАЛ аслида ҳам шудир, кўнгил
дўсти ғариб бўлмаса бўлди демоқчидек… Узун ўйлар суришининг асл сабаби ҳам
шудир балки… бу ўйлар “Уйғоқ тоғлар” билан бир суҳбат бўлди, чинакам
жасоратли суҳбат…
Мен яна китобни варақлаб, унинг ҳар бир сатрини кўзларимга суркаб ўқий бошлайман, олис-олислардан бирда севинч, бирда мунгли куй таралаётгандек, таралиб юрак-бағримни тиғлайверади… Сафарда топган маъноларимни тоблай бошлайман, олис сафарга чиққан йўловчи мисол, китобдаги шеърларни ёд оламан, худди энг зарур буюмимни йўқотиб қўймаслик истагида… Афсус, бу шеърлар юрак билан ўқий десанг, юрагинг ҳаприқади, ақл билан мутолаа қилсанг, ақлинг шошиблар қолади, ҳар иккисини уйғун ҳолда ўқишга тушсанг бардошинг етмайди, чунки камида Шавкат Раҳмон каби юрагингда жасорат, жасоратга яраша мардлик, мардликка яраша – сўз керак бўлади! Ана шундагина – “Шавкат Раҳмон деган бир ўжар шоир, бир куни қайтадан яралиб” ғамгин шеърларини қулоғингга сабо каби шивирлаб айта бошлайди… | 2020-09-16 | http://nodirabegim.uz/archives/3000 |
Ҳаёт ҳар чоқ эгнидан туширмай кийиб юрган сирли либоси билан инсониятни ҳамиша қаршисида чорасиз, нотавон аҳволга солиб, довдиратиб қийнагани қийнаган. Бу мавҳумлик оғриқлари гоҳида инсонга алланечук лаззат берса, баъзида жонидан тўйдириб, ҳаётдан совутгани совутган. Билъакс, уни азалу абад интилишларга, ҳаракатларга солиб юбораверишини ҳам инкор эта олмаймиз. Жумбоққа ўзича ечим излашнинг уддасидан чиқадиганларгаку йўл аниқ, хадигу хавотирлар ҳеч вақт азоб бермайди. Бироқ мавҳумликни тушуниш, англашга ақлу шуури ожиз, қалбида иймони суст инсонга-чи? Улар бир умр аросат оролида тентираганча соядай тасаввурлари асирига айланишиб, умрларини саробга совурмайдиларми.
Одамзод ўзи қандай қавм? Ёруғ оламда онгсиз жонзотлардан ҳам бераҳму бешавқатми ёки яратганнинг фаришта мақомидан-да баланд ердаги ҳалифаси тимсолими? Аслида у ўзига муносиб яшамоғи учун нималар қилмоғи керак? Бир умр кўнгил измидан чиқмай кун кечириши тўғрими ёхуд ақл тизгинини маҳкам ушлаганча қўлдан қўйиб юбормаслиги лозимми? Агар кўнгил измидагина яшаши тўғри бўлса, одамзод буни удаллай оладими? Унинг руҳий-маънавий, жисмоний кучи бунга етадими? Ёки кун келиб, умр бўйи ўзи эътиқод қўйиб ишонгани, талпингани, ҳаётини бағишлагани шунчаки хаёлу сароб эканини фаҳмласа-чи? Унда сурату сийратини тубдан ўзгартиришга жаҳд қилиб қолмайдими худди Толстой бобонинг Степан Касатскийсига ўхшаб…
“Бари тамом, бари беҳуда кетди. Худо йўқ. Халос, халос, халос бўлмоқ керак. Ўзимни сувга ташласаммикан? Сузишни биладиган кимса чўкмайди. Мана шу дарахтга қайиш боғлаб ўзимни оссаммикин?” Ўлим унга шунчалар яқин ҳамда жўн туйилдики, бу ўйдан бутун вужудини ваҳм босди. Қўлини юқорига кўтариб, ибодат қилишга тутинди. Одатда, умидсизлик гирдобига тушганида шундай қиларди. Аммо ўша тавалло қиладиган муқаддас зот қани? Худо йўқ эди”. Асардаги мана шу сатрларни ўқиган ҳар бир китобхоннинг эти жунжикиб кетади. Уни шу аҳволга туширган ҳаётнинг аччиқ зарбаларини мушоҳадалашга ўтади. Мураккаб оламнинг мураккаб савдолари киши бошига не фалокатларни ёғдирмайди. Кучли одамларнинггина қурби етади бундай фожиалардан ҳам жисмонан, ҳам руҳан омон чиқиб кетишга. Ўлимдан нажот қидириш кучсизлик аломати, яшаш ва умидланиш эса, иймон-эътиқоди мустаҳкамларнинг муқаррар халоскоридир. Қўққисдан “қоқилган” , боши берк кўчага кириб қолган Сергий гарчи ўлимни хоҳласа-да яшаш ундан афзаллигини англаб, тўғри ечимга келади. Тушкунлик тўрини яшовчанлик ҳисси билан бурдалайди.
“Авлиё Сергий” …
Асарнинг ўзига хослик жиҳатидан бири фақат худони “излаган” эмас, ҳаёт мазмунини, яшаш моҳиятини ахтарган инсон қисматининг ифодасидир. Ахир қисса бош қаҳрамони авлиё Сергий ўз ҳаётини ҳечликка ташлаб қўймаслик мақсадида эътиқод қидирган эмасми. Менимча, Сергийда Лев Толстойнинг ички “мен”и манаман деб туради. Руҳий юксалиши қалбий тозаришига омухталаниб, инсонни инсон даражасида ушлаб турувчи иймон ҳамиша энг юқори қадр-қиммат эканлигини англатишга бизларни чоғлантиради ёзувчи. Буни унинг яна бир сўнгги асари — “Иқрорнома”сининг мазмун-моҳиятини теран уққан ҳар бир ўқирмон яққол англаб етса ажаб эмас. Чунки, “Авлиё Сергий”да унинг қисматига дахлдор ҳолатларда айнан ўша давр рус зодагонларининг қиёфаси бутун бўй-басти билан кўз олдимизда жонланади.
Келажаги порлоқдек туюлган иқтидорли кадед Степан Касатскийнинг дастлабки қадамларидаёқ унинг барча сафдошларидан юқорироқ, баландроқ туриш истаги измида ҳаётдан ўз ўрнини топишга жон-жаҳди билан интилиши намоёнланади. Кейинроқ у даврадошларидан қай бир жиҳатдан бошқачароқлигини исботлаш учун янада тиниб-тинчимайди. Доим ғолиб бўлиш билангина ўзлигини кўрсатмоққа одатланган эди у. Бироқ ҳаёт Сергийни муҳаббат, никоҳ ва оила бобида сийламади. Кунларнинг бирида унаштирилган қизининг хиёнати тўғрисидаги ҳикоясини тинглагач, гўзалдан-гўзал дунё кўзига нақадар риёли кўринди қолди. Қалбидаги йигитлик ғурури топталди. Севганидан, ишонганларидан нафратланиш ҳислари исёнланди. Боиси, юрагида ёвуз ҳислар қанчалар куртак отган бўлса, бахтга чанқоқ эзгулик ҳам ундан асло каммасди.
Тўғри, пул ва мансаб илинжида аввал қизга яқинлашади. Буни оқсуяклар оламининг остонасига қадам қўйиши ҳамоно, княз зодагонлардан чиққан қиз билан оила қуришни мўлжаллаганида сезамиз. Лекин соҳибжамол графиня Коротковага фақат мансаб пиллапояларидаги истиқболи учунгина хушомад қилмасди. Мана шу бениҳоя дилбар қизга чинакамига ошиқона ҳиссиётлар оғушида яшарди. Балки айнан шунинг учун ҳам у ақл ва қалб ўртасидаги аросат оролининг фуқаросидек сезарди ўзини.
Бироқ бу ақл ва кўнгил кураши узоққа чўзилмади. Инсон олдида кўндаланг турган икки йўлдан бирини танлашга мажбур, албатта. Сергий ҳам ҳам кўзига таскинбашх ва тўғридек кўринган монастирдан нажот излайди. Аммо у ердаги дин пешволарининг ўзини тутиши, хатти-ҳаракатларини кузатгач, ишончини шубҳалар қамрайди. Ниҳоят етти йилдан сўнг ундаги гумонларга дош бериб турган кучни зўриқиш маҳв этади. Руҳини мутассил равишда эзиб юборади. Авлиё Сергий доим ибодатга бошини эгиб турса-да, айни дамда нариги дунё ва худо борлигига шубҳа қилиши танасидаги ақлнинг, нафснинг кучлилигини кўрсатади. Дуойи саждалар худди ўзини чалғитиш, алдаш воситасидек туюлаверади.
Аслида унда худога эътиқод аввалдан соф бўлмаган эди. Ва айнан шунинг учун ҳам худони излагани излаган, эслагани эслаган, ўйлагани ўйлаган бўлди. Туну кун худони излаш, ахтариш дардига мубталолиги учун азобли-азобли тунларни азобли-азобли тонгларга улайверди. Бир зум бўлса-да, худони ёдидан кетказолмади. Балки асар қаҳрамони унинг борлигига мутлоқ ишонганида зоҳидлик йўлига кирмасмиди, тарки дунёчилик қилиб, пана-пастқам чекка жойда риёзат чекмасмиди. Ён-атрофида унга эргашган, ундан мададу малҳам тилаётган оламонинг фожиаси эса, худога ишонолмай қийналаётган ожиздан-ожизга маҳлиёлигу чала эътиқодли, чала диндордан қудратли илоҳ соясини ясаганликдадир.
Лев Толстой ҳаётий шарманда ҳақиқатни рўйи-рост ошкорлайди: “Яратганнинг назари тушган авлиё Сергийнинг илоҳий табиблик хусусияти эл орасида дув-дув гап бўлди. Ўшандан буён ҳузурига шифо истаб, йўқлаб келувчиларнинг кети узилмай қолди, у бирга “хўп”, иккинчисига “йўқ” деб ортига қайтариб юборишга андиша қилар, одамларнинг юзидан ўтолмай, беморларнинг бошига қўлини қўйиб, дуо ўқир, дуолари ижобат бўлганидан кўплар шифо топиб соғаяр, авлиё ҳазратларининг шуҳрати эса борган сари узоқ-узоқларга ёйиларди…”
Балки Сергийнинг Ҳаққа эътиқоди мустаҳкам, ишончи комил бўлганида уни кўп ҳам ўйлайвермасмиди? Ахир азалий ҳақиқат худонинг борлигига инониб, ҳадеб уни ўйлайверишни, таъқиб этаверишни тўхтатиб, одамлар орасида эзгулик ва тўғрилик йўлидан юриш аслида худога яқинлашиш эмасми. Балки шунинг учун тарки дунё қилган айрим “сўфий”ларни кўпчилик қадим ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам суймаслар, уларга ачиниш кўзи билан қаровчилар ҳамиша топилар.
Мазкур асарда Лев Толстой авлиё Сергийнинг кечмишлари орқали ўзининг худони англаш йўлидаги сўнгсиз изтироблари, оғриқли онларини, гумонлардан ишончларга ўтиш жараёнларини жиддий мушоҳадалар асносида таҳлил қилиб берган. Инсон руҳий дунёси сиру синоатларига донишмандларча, файласуфона назар ташлаган. Биз ҳам беихтиёр адиб билан ҳамфикр бўлиб қолишимиз шундан.
Авлиё Сергийнинг иккиланиши интиҳосида қисса ҳам интиҳоланади. Адиб таъкидлаганидай: “Одамларнинг ҳамду санолари унинг наздида қадрини йўқотгани сайин кўнгил маъвосидаги Тангри тимсоли шу қадар бўй чўзиб борарди…” Халққа етиш — Ҳаққа етишнинг айнан ўзи эмасми?! Шу нуқтайи назардан қараганда, халқдан йироқлашиш, ўзини баланд ҳисоблаш, насли-насаби, мансаб-мартабасини устун қўйиб, кибру ҳавога берилиш Ҳақдан чинакамига юз ўгиришу узоқлашиш билан баробардир. Мазкур асар шундай ҳаётий ҳикматдан хушдарак огоҳ ва даъват қўнғироғидек кўнгилларимизда ҳамиша акс-садо бераверади… | 2020-09-20 | http://nodirabegim.uz/archives/3014 |
Назм –
Охирги ҳалқаси
Узун занжирнинг
Занжир –
Инсон маҳкам ушлаган матоҳ
Бўлмасин-чун унут
Унутмоқ –
Сўнгги ҳалқасидир
Узун занжирнинг
Ки ишора қилур
Тангрига мудом.
Ўргимчак – бу
Саккизоёқ шеър.
Ҳар оёқ – бир оят
Ҳар оят – бир қурбон
Ҳар қурбон – сукунат.
Турлича ва махсус
Ҳолатда
Бир бўсага етар
Фурсатда
Бир дақиқа ичинда
Ширин
Мангулик яширин.
Ушбу шеърнинг
Сеҳрли кучи
Тулки оғзидаги
Узунқулоқнинг
Озод бўлмоғига
Теппа-тенг.
Базм-у жамшид,
Шароб,
Яланғоч замин
Ачом,
Ўпич-ўпич
Баддуо.
Марҳамат –
Бўз йиллар,
Қирмиз шифт.
Бурчакда
Бир хумпар
Аврар бир қизни
Ҳовлида
Чағалай
Қучади йигит.
Бу кун нарёғида
Нима бор ўзи?
Қизил кўйлак кийди
Ваҳоланки
Субҳ. | 2020-10-03 | http://nodirabegim.uz/archives/1878 |
У қайтади, йиғлама!
(Йиғламагин-э, жинни!)
У қайтади, йиғлама.
Туркиядан мол олиб келар,
асл моллар, эшитяпсанми!
Лаб бўёғи олиб келар у,
пардай юмшоқ, бирам майин!
Лабларингга сурасан аста,
қалбга қиём сургандайин!
Фақат, сен қўшнингга бир оз жиддий бўл.
Қўшничилик қилгин, бир оз эвида.
Илтифотли бўлиб кетмагин жуда.
Унинг ювошлиги алдамчи;
асли, ичидан пишган бир кас.
Жимжилоғи билан мўйловин
у бекорга сирли қашимас.
Майли, қиса қолсин кўзини-
сен тупургин унга жавобан.
Унинг ақли ноқис анчайин,
бўйдор йигит бўлгани билан.
Мана — матрос!
Беғубор ўйларида авайлар сени.
Ер ўз ўқи атрофида айланганидай,
юраги мунтазам сени деб урар.
У қайтади, йиғлама!
Ўша пайт сен гўё кир юваётган бўл,
йўл-йўл ич кийимин кўрфазга пишиб.
У қайтади, йиғлама!
Кўз ёшларингни бекор тўкма қумлоққа.
Аввал қайтсин,
ана, кейин йиғлайверасан…
1.
Юк мошина қарғани уриб юборди.
Мошина рақамини ҳеч ким кўрмади.
Филдай гавдасигина
кўзга ташланди.
Ҳўш, қанақа қарға?!
Кўчаларнинг шонли ўтмишидан
бир қора доғ.
Бегим кунларида одамлар,
бу баҳайбат сақич йўллардан
ўтиб бораркан,
каптарни пайқаса, катта гап.
Бу, бор-йўғи, қарға-ку!
Қўрқитиб юборди, жин ургур!
Енгил ҳажв, латифадан бошқа ҳеч нарса.
У аввал қичқирди.
Қичқирганда ҳам,
арра тишлари остида қолган дарахтдай,
аянчли, ялинчоқ сас билан эмас,
трамвайлар тарақа-туруғию
моторлар унини ўчирар даражада
дадил қичқирди!
Кейин эса жимиб қолди.
Ва темир қопқа
тепасида,
ўйчан кўзлари билан,
қарғаларга хос закийлик-ла
ўткинчи пиёдаларга тикилиб қолди.
Пиёдалар эса,
корхоналар эшигини ёпароқ,
уйларига
жуда ҳам
шошмоқда эди.
2.
У кино ва тушликка деб олган пулларини,
сузгич сотиб олиш учун,
сал кам бир йил тўплади.
Унинг бировлардан ортиқ жойи йўқ эди.
Ҳа, балки, пионер,
лекин на бешга ўқирди
на тузукроқ футбол ўйнарди.
Бироқ унинг севгиси
жуда чексиз эди
онасига, денгизга, тошлар
ва юлдузларга.
Ҳа, яна темирни севарди.
Темир-терсакларга лиқ тўлган
олти метрли хонада
у шундай кемаларни яратгандики,
ўлчам ва кўринишда тенги йўқ эди.
Бири
акация дуккаги каби,
бошқаси,
балки, олабуға,
учинчиси эса
ҳеч нарсага ўхшамасди.
Бир бола яшарди лиманда.
Кўрфазга туширарди кемаларини-
чўкиб кетарди.
Кейин бошқаларини-
фазовийларини,
космодром-томлардан
кўкимтир, серёмғир, «Ленинград» фазосига
учирарди у.
Парвоз этарди улар!
Бузилиб, битарди улар.
Портлаб кетарди, ҳатто.
Пиёдалар, фаррошлар ва бошқалар
ғазабига дучор бўларди.
У сузгичлар учун сал кам бир йил пул йиғди.
Бироқ сузишни билмасди.
-Нима қипти, — ўйларди у,-
сузгичларим бўлади,
кейин ўрганиб оламан.
Ахир, балиқлар ҳам
сузгичлари ўсиб чиқмагунича
суза олишмаган-ку!
Бугун, тонгда онаси айтди:
йўлланмага
пули етмаётган экан.
Унда қамалдан эсдалик-
лимфа тугунларининг яллиғланиши.
Қарз олай деса,
уни хам бир куни қайтариш керак.
Онаси йиғламсираб шундай деган пайт
у пулларни олди ва деди:
-Ма, ол.
-Шунча пулни қаердан олдинг?
-Сузгичга йиққандим. Олавер.
Ахир, мен сузишни билмайман-у.
Шундай экан,
менга сузгич керакмас.
-Келинг, танишамиз.
-Келинг…
-Исмингиз нима?
-Менинг исмим — қарғавой.
-Бағоят мамнунман.
-Сизникичи?
-Меники?..
Барибир, тушунмайсиз…
Ҳа, болакай дея қолинг!
-Яхши.
-Ҳм, келинг, сенсираб гаплашамиз.
-Майли.
-Қарғавой, эшит,
нега сенинг исминг — қарғавой?
Балки, қоравойдир?
-Йўқ, қоравой эмасман.
Шундай қилиб, болакай
ўз саволларига
ўзи жавоб бериб
қарға билан суҳбатлашарди.
-Сен шаҳарга нега келдинг?
-Бу ерда қизиқроқ:
болалар, мототцикллар.
Ахир, ўрмон шаҳар эмас-да.
Бизнинг ўрмонда иккаласи ҳам йўқ.
Айтганча,
сен ўрмонни кўрганмисан?
-Кўрганман, фақат кинода.
Ўрмон деганинг —
дарахтлар кўп бўлган бир жой.
Тулкилар бор.
Бўрсиқ.
Қўзиқоринлар…
Қара,
агар сенга
овқат бераверса, бераверса, бераверса,
сен
фазовий кемага айланиб қоласанми?
-Албатта, айланаман.
-Ҳмм,
балки,
ойга ҳам
учиб чиққанман дерсан?
-Бўлмасамчи!
Албатта, учганман!
-Ҳе, сен, юзи қора қоравой!
-Мана, нима учун сен қарғавойсан.
Асли, қоравойсан!
Майли, хафа бўлма.
Қарғавой, кел, бирга яшаймиз.
Мен сенга ҳар куни чучвара бераман.
Биламан, алдоқчисан,
лекин барибир
фазовий кема бўлишингга
ишонавераман.
Бола шундай,
ўзи ҳам савол
ҳам жавоб бериб
қарға билан гаплашар эди.
Марсда настаринлар очилганди.
Унинг гуллари
узум бошларига ўхшарди;
гул эмас,
узумдай кўринарди кўзга.
Яна майдон узра осилган ой ҳам
узум каби эди.
Шаҳар ҳам,
мармар шаҳар
мармар кечада
мармар узумлар каби гуркирар эди!
Алла, алла-ё, алла,
ухлай қолгин, бойқушим.
Ой ярқироқ бир палла…
Сенга деб, ўзим чиздим.
Мен сен учун куйладим,
минг тусга кириб бу тун.
Кенг пешонанг терлади,
қарашинг бирам маҳзун.
Азиздир сурбет каслар,
кўппак ва кана азиз;
меҳнат қули, галварслар…
Фақат ўксик қадрсиз.
Пул тўлашар бутхона,
мих, сафсата ва жасад,
фоҳиша ва раҳбарга.
Донолар текин фақат.
Алла, о, дардисарим,
доно қушим, юм кўзинг.
Мен сени тебратмайман,
ухлаб қол ўзинг.
Сават кўтарган шиллиқ қурт,
тош узра қурбақалар
мисли сфинкс,
ансол қўйнида шамол!
Сичқон,
панжаси.
Қораялоқлар галаси мева чўқилар.
Юлдузлар пешонангда.
Чирилдоқ!
Кимдир кетади шу чоқ. | 2020-04-21 | http://nodirabegim.uz/archives/2163 |
.
Уни топганим
он руҳимда таърифи сўзга сиғмас қувонч кўз очганди.
Яна кундалик машғулотимни бажариш учун уйдан ташқарилар
ва уни кўчалардан излашга тушардим. Кўчалардан тополмаган пайтим у ҳар қачон
бориши мумкин бўлган жойларга бош суқар, баъзиларнинг остонасиданоқ қайтар,
баъзиларида эса ичкари кириб нимадир ичганча келиб қолишини кутардим. Гоҳо
барларда ўтириб пиво симирганча ана келади, мана келади деб умидвор бўлардим,
бироқ келмагач, бу ерлардан аста айрилардим. Унинг қадами теккан жойдан
айрилиш… Оғринасан одам. Ҳам қайғу, ҳам воз кечиш истаги ўртасида аросат
жонимни ёқарди. Кетиш ичимга янги жароҳатлар нақшларди гўё. Уни кута туриб
кўпроқ ичиб қўйишим ҳам мумкин. Бундай пайтлар қароғимга тортилган
сархушликнинг шаффоф пардаси ортидан кўзим ўтганича уни излар, ҳар сафар
шарпаси қаршимда турганини ҳис қилардим. Қўлимни узатиб Унга таянганча ўрнимдан
туришни, бағримга босишни ўйлайман. Қўл узатганимда эса қўлим соянинг ичида қолиб
питирлаётганини, охири бўшлиқдан чиқиб ҳаводаги қушларнинг қанотларига тегиб
кетганинини, охирида эса шилқ этиб ёнимга тушганини сезаман.
Уни топганим он руҳимда таърифи сўзга сиғмас қувонч
кўз очганди.
Уни ахтаришлар узлуксиз давом этарди. Ётоқхонамдаги
каравотнинг остига қарар, деразамнинг парда билан бирлашиб кетган жойидан уни
излардим. Бобомдан отамга қолган, энди отамдан менга ўтиши кутилаётган тамакидонни
ҳар очганимда кўриниш беришини, барибир топдинга, деб чиқиб келишини ўйлаб
кулиб қўярдим. Қаҳва, чой ё айрон ичганимда пиёланинг тубида бўлиб қолишидан қўрқиб
аста-аста хўплардим. Мумкин-ку, агар чиндан шундай бўлса, у аввал бўғзимга
ўтади, аста, минг машаққат билан ошқозонимга. Ана кейин кўринг томошани. У ошқозонимга
тушгач қайтиб чиқмайди, ҳикоя ҳам ҳеч қачон ёзилмайди. Мени шу қўрқитарди. Қўрқув
менга эҳтиёткор бўлишни ўргатар, эҳтиёткорлик билан уни ҳеч тополмасамчи деган
шум гумонларни ўзи билан олиб келарди.
Уни топганим
он руҳимда таърифи сўзга сиғмас қувонч кўз очганди.
Мени бу қадар
узоқ ва аччиқ излашларинг ва билохир шундоқ ёнгинангдан топишинг каминага оғриқдан
бошқа ҳеч нарса бермади. Ахир, бурнингнинг остида тургандим, тополмасдинг ва бу…
менга завқ бағишларди. Сендан ўзимни асраш ҳудди бандасига Ҳақдан берилган муқаддас
вазифадек эди. Бажаролмадим. Энди, кун келиб Яратгувчимнинг пойига бош эгиб
борсам, унинг амрини бажармаганим сабаб дўзахига гирифтор, абадий лаънатига
мустаҳиқ бўлишга маҳкумман. Ёнингдалигим пайт мавҳум ўлароқ бир исмга, якто
вужуд ва аниқ вазифага эгалик нақадар фараҳбахш эканини билсайдинг. Йўқ,
адашдим. У замонлар мен ўзимни эмас, сен мени сақлардинг, қўриқлаб
беркитардинг, ҳеч кимга кўрсатмас, борлигимни ошкор этмасдинг. Мени топганинг
он менга исм, йўқ, исмлар бердинг. Ва яна бир вужуд. Туриб туриб Гуркон дея
атадинг мени. Ўрта ёш, миқти гавдага сингиб кетдим. Икки марта уйлангандим,
биринчи никоҳимдан битта фарзандим ҳам бор эди. Гапира туриб баъзи ҳарфларни
талаффуз қилишда қийналадиган бўлдим. Аслида-ку, сен мени кашф қилолмай юрган
вақтларинг қандай равон гапирардим.
Сени бир-неча
марта ўлимнинг шундоқ остонасидан олиб ҳам ўтдим. Бироқ, сен менда шундай
умрлар, шундай фалсафалар, савқи табиийлар бунёд этдингки, ҳаётга фақат умид
билан қараган, ит ва мушукларнинг бошини силамай ўтмаган, кўчадаги болакайларга
киссасидаги сўнги чақаларини-да улашган одамга айландим. Мен ўзимдан қайси
даврага кирса ҳамманинг кўнглини чоғ қилган, дўст мажлисида гурунга бош бўлган
хушхандон киши яратдим вақти келганда. Эслайсанми, бир марта мени яқин дўстинг
Мелиҳани таърифлашга мажбур қилдинг ва кейинчалик унга аввалгидек ҳирс билан
эмас, самимий қарайдиган бўлгандинг. Руҳи эзгуликка қоришган шундай одам – мени
бирданига бошқа дунёга, бошқа характерга ўтказган ҳам сен эдинг.
Мени
топганингни сезганим он ичимда таърифи сўзга сиғмас қўрқув кўз очганди.
Мени бу қўрқув
билан юзма юз қўйдинг. Янада қўрқоққа эврилдим. Сабабкори эса сен. Мен фақат
ўзича яшаган, шуурингда у ёқдан бу ёққа кезиб, ўз иши билан машғул, сени
кўчаларда сарсон кезишга мажбурлаган, аммо буни ўзи истамаган бир вужуд эдим,
хўш, эндичи? Мени нима қилиб қўйдинг? Энди ҳаммаси аввалгидан яхшироқ бўлди деб
ўйлайсанда, а? Айни дам мени ўзингдан олиб бебурд ҳикояларинга тиқиштира туриб
бари зўр бўлади, олдинги мажруҳ ҳикояларимга жон киради дейсанми?
Ҳалиги сафар
мени ўтиргизганинг майхонада ёнимга бир аёл келиб ўрнашганди. Қаердан
келганини, кимлигини билмаганим у аёлга менинг оғзимдан исм ҳам қўйдиргандинг.
Кейин ўша аёл бутун майхонани ҳайрон қолдириб менинг шарафимга қадаҳ бўшатди.
Ёдимда, официантга қарамоқчи
бўлган пайтим уни ўлдиртиргандинг. Ким эди у аёл? Кимнинг кими эди? Мен нега у
ерда ўтиргандим? Бу воқеа тафсилотларини кимга айтиб бераётгандим? Саволларим
жавобсиз қолди. Ҳаммасини ҳавога улоқтирдинг.
Кейин мени бошқа
ҳикояларга ҳам қўшдинг. Сен сабаб изғирин қиш кунларидан қисса сўйлардим. Тилим
танглайимга ёпишса бўлмасмиди! Ўша пайт сенинг тилингдан шундай дегандим: қорнинг
бутун софлиги ер юзидаги жами қашшоқликларни ювиб кетсин. Истайманки, оламда қашшоқлик
деган нарса қолмасин. Ҳа, айнан шундай дейишга мажбурлагандинг мени. Сўнгра у ҳикояни
битиришга ўзингда куч тополмай йиртиб отдинг. Мен у одам эмасдим, ахир. Буни
сен ҳам жуда яхши билардинг. Нолишим боиси ҳам шу.
Уни топганим он руҳимда таърифи сўзга сиғмас қувонч
кўз очганди.
Кейинчалик, кунлардан бир кун уйғонгач, доимгидек ҳожатхонага
кирган, ҳали тўшак ҳарорати совимай туриб совуқ ҳожатхонада муродимни ҳосил қилган
ва илиқ сувда юз қўлимни ювгандим. Ойнадан ҳуснбузарлар, чандиқлар ва ажинлар ичидан
кимдир менга тик қараб турганини кўрдим. У бир вақтнинг ўзида ҳуснбузарлар,
чандиқлар ва ажинлар ичида адашган учта вужуд эди. Ҳуснбузарларни ситиб, чандиқларни
силаб тўғирлашга, ажинларни қўли билан ёйиб юборишга уринарди. Шу пайтгача
унинг ҳам менинг баданимдаги оғриқларни айнан ҳис қилганини, бугунга қадар
ёзган бутун ҳикояларимдаги бош қаҳрамон у бўлганини, бундан кейин ёзажак ва ҳозир
ёзишни бошлаганим ҳикоялар ҳам у ҳақида эканлигини тушуниб қолдим. Уни шунча
изласаму, ёнгинамда, аниқроғи мендалигини билиб қолсам. Бу севинчнинг оғриғи
бисёр. Ичимдан топдим. Ташқари чиқишга қийналаётганди. Унга ёрдам беришим
кераклигини тушундиму қиёфамдан бармоқларим билан йўллар очдим. Жўмракдан бироз
узоқлашганимда унинг озодликка чиққанини, ойна ва менинг ўртамда, ҳуснбузарни
сиққанимдаги сачраган қон билан ташқарилаганини кўрдим. Юзида мен кўриндим.
Жисмида, нафас олиб, нафас чиқаришида, бармоқлари титроғида зоҳир эдим. Ва
билдимки, ичимдан янги мен чиқариб қаршимга қўйгандим.
Уни топдим.
Топгач, у билан анча вақт бирга бўлдик. Нималардир
едик. У ўзи қандай таом хуш кўришини ҳали билмагани сабаб, ўзим нимани ёқтирсам,
унга ҳам шуни пиширдим. Менга ўхшаб иштаҳа билан еди. Тамаддидан сўнг битта
тамаки узатдим. Стол устидаги ёндиргични ҳам қўлига тутқаздим. Ёндиргични
биринчи ёққанида тамакини чўғлатмай ўчирди, иккинчисида ёқди. Руҳдошимни, мени
топганимдан ҳайратим борган сари ортиб борарди. Унга ётоқ ҳозирладим. Янги
чойшаб ва ёстиқ қўйдим. Ёстиққа бир қараб чиққач, яна бир қаттиқроқ ёстиқ
сўради. Буниси юмшоқ экан, қучоқлаб ётаман, бўлмаса ухлолмайман, деди. Гапини
тугатгани заҳот кўз олдим қўрқувдан қоронғилашиб, танимни қалтироқ босди.
Ўтаётган кунлар асносида у билан ўртамиздаги
ўхшашликлар мени даҳшатга солаверарди. Завқимиз, қўрқувларимиз, ҳаяжонларимиз
икки томчи сувдек. Бироз ўтгач, ундан зерика бошладим ва уни ўзгартириш истаги
ичимда томир ёзди. Буни фақат уни бош қаҳрамон қилиб тасвирлайдиган ҳикоялар
ёзиш ва жисмини янги тақдирларга ташлаш орқалигина уддалашим мумкинлигини
ўйладим. Икки-уч йил
ичида ўнларча ҳикояларим у ҳақида бўлди. Барида ундан фойдаландим. Барида
буткул фарқли саъжиялар, турли умрлар бағишладим. Бирида уни уйидагина ҳаловат
топгувчи, ташқарига чиққани ҳамоно одамларнинг нигоҳлари, шовқинларидан қўрқиб
изтироб чекадиган ғалат кимсага айлантирдим. Бошқасида Тегин пансионига ташладим уни, рафиқаси билан бирга бўлсин деб.
Яна бирида манзилсиз йўлга чиққан ёлғиз йўловчи қилиб тасвирладим. Ундан
ёнидаги аёлга нисбатан нима ҳис қилса шуни айтишини, ҳеч нимани яширмаслигини
талаб қилардим. Ҳайрати узоққа чўзилмади. Олиб уни бошқа ҳикоя қаърига отдим. У
ерда нафас олишга тиришар, аммо ҳужранинг туйнуги йўқ эди. Ҳар ҳикояда жинсини
алмаштиравердим. Бир дафъа у отасини ўлдириш учун уйидан чиққан аёлга айланди. Кутилмаган
жиноятнинг қоқ ўртасига жойлаштирдим. Ўзига айтмадим, аммо ролини жуда маҳорат
билан ўйнади. Олқишласам арзийди.
Уни ҳовучимдаги кулдек бир ҳикоядан бошқа ҳикояга
совура туриб ўзимдан анча узоқлашиб кетгандим. Унинг менга қилган жами хизмати ҳам,
англашимча фақат шу эди.
Иш столимдаги мактубга кўзим тушди.
Ўша кун кўчаларни кездим. Бозор айландим. Кўзгулар
ичига кириб чиқдим. Бироз муддатга бўлсада уни унутган, ўзимга вақт
ажратолгандим. Уйга қайтаётганда, ичимда қандайдир мавҳум синиқиш бор эди.
Эшикдан кирганим он уни кўрмадим. Уй мотам сукунатига чўмган. Иш столим устидан
хатжилд топиб олдим. “Сенга, аслида менга…” деб ёзилган мактуб бор экан
ичида. Ёзилганларни ўқишга тушдим.
“Мени шунча
пайт сарсон излашларингдан нега қўрққанимни энди тушундим. Сен мени ўзингдан қочиш,
бошқа бир ҳаёт билан ўйнашиш, уни лойдек шаклдан шаклга солишнигина истаган
экансан, холос. Мени топгач, буларнинг ҳаммасини қилиб бўлдинг. Ҳар сафар бошқа
ҳикоя. Сен сабаб ўзимни таниёлмас ҳолга
келдим. Ичингдалик пайтим нақадар хушбахт эдим. Меним менга кўпроқ ўхшарди.
Энди эса кимлигимни ўзим ҳам билмайман. Ё сендан, ё ўзимдан қочяпман. Ўзингга янги овунчоқ топсанг яхши бўларди. Мен сен излаган
одам эмасман.”
Қоғозни стол устига қайтариб қўйдим. Чўнтагимдан
сигарет ва ёндиргични олдим, ёндиргични иккинчи марта ёққанимда чўғлантирдим
сигаретни. Хўрсинганча ўриндиққа чўкдим. Компютеримни ёқиб Эзио Боссонинг “In
her name, The sea rain” таронасини тинглаганча янги ҳикоя бошладим. Ҳикоя
шундай бошланди:
Ўша кун кўчаларни кездим. Бозор айландим. Кўзгулар
ичига кириб чиқдим. Бироз муддатга бўлсада уни унутган, ўзимга вақт
ажратолгандим. Уйга қайтаётганда ичимда қандайдир мавҳум синиқиш бор эди.
Эшикдан кирганимда уни кўрмадим. Уй мотам сукунатига чўмганди. Иш столим
устидан хатжилд топиб олдим. “Сенга, аслида менга…” деб ёзилган мактуб бор
экан ичида. Ёзилганларни ўқишга тушдим.
“Мени шунча
пайт сарсон излашларингдан нега қўрққанимни энди тушундим. Сен мени ўзингдан қочиш,
бошқа бир ҳаёт билан ўйнашиш, уни лойдек шаклдан шаклга солишнигина истаган
экансан, холос. Мени топгач буларнинг ҳаммасини қилиб бўлдинг. Ҳар сафар бошқа ҳикоя. Сен сабаб ўзимни таниёлмас ҳолга келдим.
Ичингдалик пайтим нақадар хушбахт эдим. Меним менга кўпроқ ўхшарди. Энди эса
кимлигимни ўзим ҳам билмайман. Ё сендан, ё ўзимдан қочяпман. Ўзинга янги овунчоқ
топсанг яхши бўларди. Мен сен излаган одам эмасман.” | 2020-12-05 | http://nodirabegim.uz/archives/2278 |
Ўтган замонларда скандинав
қишлоғидаги ёшлар олов атрофида йиғилар, қўшиқ айтиб, эртак сўзлашарди. Ўша
кичкина деҳқонлар қишлоғида қачонлардир бир бола ва бир қиз яшарди. Улар
болаликда бирга катта бўлишган, бир идишдан сут ичиб, нонни ҳам бўлашиб еб
улғайишганди. Доим бирга ўйнашар, уришишар ва ярашишар, ўрмонда бирга уйча
ясашарди. Вақт ўтиб улар бўй етишди.
-Сен чиройли, ақлли ва
меҳрибонсан. Сен билан менга яхши, аммо сени севмайман-да, -деди бир куни йигит
қизга. -Қишлоғимизда ўзим тенги бошқа қиз йўқ. Шунинг учун бахтимни излаб бошқа
ўлкаларни кезмоқчиман. Севги нималигини англаб, уни топиб қишлоққа олиб
келаман. Келгач, унга уйланаман!
-Яхши, -жавоб берди қиз, -мен
ҳам сени севмайман. Аммо кутаман. Тезроқ қайт ва ўзингни асра!
“Сени севмайман”, дея ўйларди
йигит қишлоқдан узоқлашаркан.
Йигит узоқ кезинди. Қиз эса
денгизга нигоҳларини тикиб, йигитни узоқ кутди, қўшиқлар куйлади, унга деб
ёпинғич тикди. Икки йил ўтиб йигит қайтиб келди. Бироқ ёлғиз эди.
-Севгимни ҳар ердан изладим:
Англия, Франция, Ирландия ва Исландия. Аммо тополмадим. Бу орада сенинг
меҳринг, эътиборинг ва ғамхўрлигингни соғиндим. Сени севмасамда, мен билан
яшашни истармидинг?
-Яхши. Менам сени севмайман. Шундай бўлсада сен билан
яшашга, таом тайёрлашга, ғамхўрлик қилишга розиман. Чунки кетганингда сени жуда
соғиндим.
-Менга турмушга чиқасанми? Тўғри, сени севмайман. Лекин сен билан барибир
яхшида. Ёнингда бўлиш менга ёқади. Сендан ёқимли ифор таралади…
-Албатта, турмушга чиқаман.
Сени севмасамда, розиман.
Сенинг бағринг бирам қайноқки… ўзимни бехавотир сезаман. Биз чиройли жуфтлик
бўламиз.
“Сени севмайман”, деб ўйларди
йигит никоҳ тўйида қизни ўз уйига олиб кираркан.
-Азизим, бизнинг фарзандимиз бўлади! -қувончлади аёл.
-Бу жуда ажойиб-ку! Агар ўғил
бўлса, биз уни ҳақиқий аскар қилиб тарбиялаймиз. Қиз бўлса, у ёқимтой ва
соҳибжамол бўлади. Сени севмайман, буни биласан. Лекин қиз бўлса, уни сенга ўхшашини
истардим.
Улар қизалоқ кўришди. Кейин
эса кетма кет учта ўғилли бўлишди. Қизча чиндам қишлоқдаги энг гўзал малак,
ўғиллар эса мард бўлиб улғайишарди.
“Сени севмайман”, деб ўйларди
эркак болаларни ўйнатаётган аёлига қараб.
-Биласанми, мен бошқасини учратдим. Қўшни қишлоқдан…
У билан бирга бўлишни истайман. Биламан, айни пайтда фарзанд кутаяпсан. Аммо
тушун, сени севмайман. У билан эса бахтли бўлмоқчиман.
-Майли… менам сени севмайман. Борақол, бахтингга
етиш. Лекин унутма, уйимиз эшиги сен учун доимо очиқ.
У кетди. Шу билан бир йил
келмади. Аёл қиз кўрди. Тонгдан тунгача ишлаб, болаларни катта қиларди. Тунлари
эса олов ёқиб яна эски қўшиғини куйларди. Аёл умид билан эрини кутарди.
“Уни севмайман”, деб ўйларди
эркак бегона уйда бегона аёл билан ухларкан.
У қайтди.
-Мени кечир, азизам. Анча вақт йўқолиб кетдим. Тўғри.
Сени севмайман, лекин негадир
сенинг ёнингда бўлсамгина ўзимни бахтли сезаман. Мени уйга киритасанми?
-Албатта. Қайтганингдан
бахтлиман. Овқатланасанми?
-Жоним билан.
“Барибир сени севмайман”,
дерди эркак овқат еяркан.
Орадан йиллар ўтди.
-Азизим, менимча, касал бўлиб қолдим. Нафас олишга
қийналаяпман. Ҳозир ўладигандекман…
-Нима бўлди сенга? Қанақасига ахир? Ҳозироқ ликёр
келтираман. Фақат нафас олишдан тўхтама! Менга кераксан. Сенсиз менам ўлиб
қоламан! Ҳаётим, қаеринг оғрияпти? Бу ерми? Сени севмасамда, сенсиз яшолмайман.
Эркакнинг касали оғир эди. Беш ҳафта давомида ўлим ва ҳаёт ўртасида олишиб ётди. Бу пайт ичида аёл уни овқатлантирди, кийинтирди, қуёшга олиб чиқди. Эркак омон қолди.
“Сени севмайман”, деб ўйларди
эркак аёл ичираётган сувни хўпларкан.
-Азизим, анча қариб қолдим.
Қара, сочларим ҳам оқарди.
-Нима қипти, азизим? Сен оламдаги энг кўркам эркаксан.
-Умримга ачинаман-да… Шунча йил яшаб, севгимни учратмадим. Демак, мазмунсиз
яшабман.
-Мен ҳам учратмадим, -дер эди
аёл эрининг кўз ёшларини артаркан.
-Ўлсам керак…
Аёл қўлидан бирор ёрдам
келмаслигини билиб, унсиз йиғлади. Ҳа, касаллик ва кексалик уни енгди. Ҳатто
набиралар кулгуси, болаларининг далдаси ҳам уни асраб қололмади. Умр йўлдоши
унинг қўлларидан маҳкам қисиб турарди:
-Қўрқма, мен сен биланман.
-Биламан. Ҳаммаси учун раҳмат сенга. Доим ёнимда
бўлдинг. Кетиб қолмадинг, баъзида кутдинг. Дунёдаги энг чиройли аёл ўзингсан.
Афсус, нега бир-биримизни севмадик-а?
У сўнгги бор кўзларини юмиб
очди ва пичирлади: “Мен сени…”
-Мен ҳам сени севаман, азизим… -давом эттирди аёл, -раҳмат. Бир умр севиб, севилганим учун миннатдорман сендан. | 2020-06-13 | http://nodirabegim.uz/archives/2431 |
Таниқли рус шоири ва драматурги. Футуризм жараёни намоёндаси. Айни ижодни бошлаётган вақтлари инқилоб йилларига тўғри келади. У пайт Коммунист партия ғоялари тарафдори бўлса ҳам, кейинги йилларда Совет давлатининг нуқсонлари акс этган асарлари учун ҳам давлат, ҳам адабиёт томонидан танқидга учрайди. Шоир 1930 йилнинг 14 апрел санасида ўз юрагига ўқ узиш орқали ўлим топади.
«Ҳамия!
Ўлимим борасида ҳеч кимни айбдор қилманглар, шунчаки ўлди-кетди дейишингизни исташ бу далли кўнглимнинг сўнгги сўровидир. Марҳум ўлимни чин дилдан севмаган…
Онажоним, ака-укаларим, қариндошларим, қўлларидан келса мени кечиришсин!
Бу ўзимни оқлашмас, ўлим ҳам сўнгги чора эмас ахир (ҳеч кимга буни раво кўрмайман), бироқ бошқа чиқиш йўлини кўрмаяпман.
Лилия, сен мени сев, юракдан сев! Сенга ишонаман…
Лилия Брик, ҳаста онам, соддадил ака-укаларим ва Вероника Витолдовна Полонская — менинг яхши кўрганларим, қадрли оиламдир. Уларни гўзал ҳаёт ила таъмин қилсангиз, жуда миннатдор бўлардим!
…»
*
(жавоб мактуби)
Сигара тутуни ютиб ҳавони,
Жаҳаннамга дўнди хона, ахир, боқ.
Эслагин,
илк марта қўлларингни мен,
Тутгандим, созини тутгандек машшоқ.
Эркам, ўтирардинг,
Ташна қалбинг тош,
Мени келажакка қуварди ҳужра.
Қалтираб тўкилар эди кафтларим,
Эсимда,
қип-қизил кўйлагинг узра…
Руҳим саҳроларга ҳайдалган гўё,
Юрагим тўкилар эди паришон.
Азизам,
бу менинг истагим эмас —
Аммо, ҳижрон дами келгандай бу он.
Ишқим — бир оғир юк,
ҳар недан сақлар,
Сенга боғли қолгай қайда бўлсанг ҳам.
Барча дардларингни ўчираман деб,
Сўнгги бор изн бер, оҳлар ураман…
Қачондир долғага айланса қисмат,
Аёзда музларга дўнар бўлса гар.
Менда, денгиз йўқдир севгингдан бошқа,
У ҳам яшагайдир кўзёши қадар…
Дам олмоқ истаса ҳатто бебош фил,
Шоҳ каби тобланар қум узра мудроқ.
Менда, қуёш йўқдир севгингдан бошқа,
Қайда, ким билансан? — билмайман бироқ.
Ўзга бир шоирга жафолар бериб,
Бойлику давлатга ўч бўлсанг жуда.
Билки, қилмагайман асло хиёнат,
Ҳур исминг келтирган саодатимга…
Ўзимни осмайман, ичмайман заҳар,
Тириклай кўммайман.
Фақат олгум тан.
Азизим,
қоп-қора кўзингдан бошқа
ҳанжар мавжуд эмас кўксимга ботган.
Ғунчалаган дилни ёқмоқми лозим,
Керакми, ўзимга тилаб олмоқ бахт.
Бир кун китобларим вароқларини,
Бирма-бир юлади шафқатсиз бу вақт…
Нима асрай олар,
сени ғолиб нафс,
Осий сўзларимни қовжирамоқдан?
Изн бер, тарк этган қадамларингни
Сўнг зариф сўз билан васф қилайин ман…
**
Соат салкам икки,
уйғоқсан ҳали,
Кумуш дарё оқар калбингга кўкдан.
Ортиқ ўтинчим йўқ,
уйғонгин дея,
Мактублар жўнатдим юракдан, руҳдан…
Кимдир йўллар битди, дейди эҳтимол,
Ким айтар: — Чўккандир ишқнинг қайиғи.
Энди жим санаймиз,
бизда нима бор —
Мудом чекканимиз ғам, ғусса, қайғу…
Самодан термулар минг нигоҳ — юлдуз,
Қара, сукут кезар ён-атрофда шаън.
Шундай дақиқада гаплашар одам,
Ўтган асрлар ва коинот билан…
Таксига сарфланди энг сўнгги франк,
«- Қанча йўл қолди, сер, Марселга қадар?».
Париж борар мени олдга етаклаб,
Барча гўзаллиги орқада қолар…
Тинмай томчилайди кўзларимдан ёш,
Қалбимни парчалар ўткир бир ҳаво.
Истардим, Парижда яшаб-ўлмоқни,
Агар бўлмасайди бизнинг Москва… | 2020-02-07 | http://nodirabegim.uz/archives/2540 |
Тонг
саҳарда ириллаб, э йўғ-е, кечирасиз, хуриллаб ухлаб ётгандим. Уйғониб қарасам,
хотиним кетиб қолибди. Дўконга деб ўйлаяпсизми, йўқ, отасиникига. Битта вараққа
ажи-бужи қилиб, қуйидагиларни ёзибди: “Сумалак! Энди мени унутинг. Сабрнинг ҳам
чеки бор. Қизингизни ҳам унутарсиз! Пока! Салом билан Молингиз”. “Пока”си
нимаси? Қайтиб келишига ишора — бу. “Молингиз” дебди. Иккаламиз бўлар-бўлмасга
уришиб қолганимизда, мен уни “Мол”, у эса мени “Сумалак” деб бир-биримизни
калака қилардик.
Қалбим
оғриди, биров, зирқираган баданимни қашиб кетгандай бўлди. Ортидан хушомад
қилиб бормадим. Бир ой ўтди, икки ой, уй ой… Тили чулдираб чиқиб келаёган
қизимни, тўғрисини айтадиган бўлсам, хотиним билан уришган кунларни ҳам соғина
бошладим. Хўрсиниш билан кун, ўзимни-ўзим қучоқлаш билан тун ўтди. Қўл
телефонига қўнғироқ қилсам ҳар гал: “Унинг телефони ёниб кетган ёки у бошқага
турмушга чиққан” деган овозли хабар келади. СМС ёздим: “Жоним, молим, кечир
мени. Қизимиз учун кечиргин. Нега уришганимиз ҳам ёдимдан кўтарилибди, уйга
кел… Ҳар куни тухум қовуриб еявериб, безор бўлдим. Кутаман, жоним!”. Кўп вақт
ўтмасдан хотинимдан жавоб келди: “Сумалагим! Хотинсиз юриш қандай бўларкан?
Ажаб бўпти. Нима бало, ота уйимнинг манзилини унутдингизми?”
Э,
воҳ, менинг келишимни кутиб ўтирган экан-ку! Турмуш қурганимизга уч йил бўлди,
шу уч йил ичида уч юз марта отасиникига кетиб қолиб, уч юз марта олиб
келганман. Унутиб бўладими? Бозордан хотинимга гулдаста сотиб олиб, “Газель”да
қайинюртимга йўл олдим. Олдимдан кичик бўталоғим, дадасига садоқатли қизим
югуриб чиқди. Соғиниб қолибман, кўзимдан ёш чиқиб кетди. Қарасам, қайнонам
қаршимда турибди. Қизи қайтиб келганига, қайтариб қувиб юборса бўларди-ку,
шундаям уялмасдан қучоқлаб олдим. Бир қарасам, қаршимда ҳиқиллаб қайнотам
турибди. Қайнотамни ҳам қучоқлаб йиғладим. Қаршимда қора сигир турган экан. Уни
ҳам қучоқлаб… Қучоқлаб турсам, қорасон бўлиб ўлгур, гулдастамни еб қўйибди.
Не кўз билан қарайки, бир қарасам, хотинимни қучоқлаб турибман.
Уйга кириб чой ичдик. “Нега уришиб қолдиларинг ўзи?” – деб қайнонам сўраб қолди. Хотинимнинг айтишича, мен мазах қилиб, тилимни чиқарибман, бор сабаб шу. Уйга уч киши бўлиб қайтдик. Кечки овқат маҳали шунчаки, тилимни чиқардим. Хотиним индамади. Аммо, эрталаб турсам, хотиним кетиб қолибди!
Ура! Қариндошларимнинг кўп йиллик армонлари ушалиб, мен туман ҳокими бўлиб тайинландим! Бугун азонда бу хабарни эшитиб, қувончим танамга сиғмай ўтирибман. Аммо, қизиғи ҳали дастлабки иш куним бошланмасидан, қандайдир чарчаб кетган одамга ўхшайман. Нега дейсизларми? Тонг саҳардан қутловчиларнинг аксарияти Instagram, WhatsApp, Facebook орқали кетма-кет табрик йўллагани ўз йўлига, телефон қўнғироқларида ҳам тиним йўқ.
– Ҳой, сен болани олдиндан билардим мен, бежиз эмаскан. Маладес! – деб кўрганда кўпам менсимасдан қўл учида базўр кўришадиган узоқда яшайдиган бир акам қўнғироқ қилди.
– Э, куёв бола, бизга яхши бир иш топиб қўй – деди, яқинда ишдан бўшаб қолган қайноғам.
– Укагинам, бормисан? Поччанг иккаламиз табриклагани бормоқчимиз – деб анчадан буён хабарлашмай қўйган бир опам қўнғироқ қилди.
– Манови менинг совғам. Йў-йўқ. Олинг! – деб, бир тадбиркор иним келиб, қўлимга 500 минг тенге қистириб кетди.
– Айланайин!
Ўғлимни ўзингизга ҳайдовчи қилиб бўлса ҳам ишга жойлаштиринг. Акангиз ҳаёт
бўлганида, кўчада қолмаган бўларди, — деди бир қайсаргина янгам.
Шу орада
кутилмаганда қаердандир дўстларим пайдо бўлишди.
– Э, бошни
қотирма, лавозимни ювасан. Манови бизнинг совғамиз, оз бўлса ҳам кўпдай кўр! –
деб 10 минг доллар ташлаб кетишди.
Бундай қарасам
ишга боришнинг ҳам ҳожати йўқга ўхшайди – заҳмат чекмасам ҳам насибамнинг ўзи
оқиб келяпти. Орадан бироз вақт ўтиб қишлоқдаги акам келди.
– Янганг
иккаламиз эшитиб, қувончимиз танамизга сиғмай мошинага қўйни солибмиз-у,
беш-олти қоп ун бор эди – унутиб қолдирибмиз – деди.
Бир қарасам, ҳали
мен хизмат вазифамни бажаришга улгурмаган
туманнинг таниқли мутахассислари узун-қисқа бўлиб кириб келишди.
– Акажон!
Туманимизга келганингиздан бошимиз кўкка етди. Сиздек раҳбарни орзу
қилганимизга кўп йиллар бўлди. Худо ниятимизга етказди. Бу дунёда Сиздан
ўтадиган ҳеч ким йўқлигини олдиндан билардик.
– Ҳой, қуда бола!
Бу мен – Сирдарёнинг бўйидаги қуда холангизман. Танимадингизми? Ана, ҳоким
бўлмасдан туриб дарров одамни танимай қоласизлар. “Мега”нинг олдида турибман,
тезроқ етиб келинг, гап бор эди.
Қанақа гапи
борлигини билсам ҳам, боришга тўғри келди.
Худди шу пайтда
қишлоқдан онам қўнғироқ қилдилар:
– Болажоним-ей,
жиянчаларинг қийналиб кетди, бирон чорасини қил, эртага борамиз!..
Тонг отмасдан
бошланган бу “қутловлар” кеч бўлганда безор қила бошлади. Бошим чархпалакдек
айланиб, кимга нима деётганимни ҳам англаб етмайдиган даражада эдим.
– Э, худойим-ей,
бу ҳокимликни менга нима учун бердинг? Ҳоким бўлмай қўяқолай!..
– Маъқул, айтганинг бўлақолсин. Истамасанг бўлмай қўяқол! – деган сеҳрли бир овозни эшитгандим, уйғоним кетибман… | 2020-07-27 | http://nodirabegim.uz/archives/2688 |
Бу бевақт севгининг ажали етди,
Сўнди қисматимиз эртами ё кеч.
Қайга ўз дардини судради, кетди,
Айт, нега дардимиз тугамади ҳеч?
Дунё қуламади биз айрилганда,
Осмонлар силкиниб йиғлади бироз.
Мен сенга масрурлик тиладим унда,
Сен менга ҳаловат тиладинг бироз.
Ҳаловат тиладинг уй эшигимга,
Болам бешигига,
Набираси тиз устига чиққан
Отаму онамга ҳам.
Бир пайт сендан олдин ростимга чиққан,
Сени мендан олган хотинимга ҳам…
Истадим сўнгги бор бошинг бағримга,
Дедингки, “Не
керак, йўқ яхши эмас…”
Йиғладинг, дедимки, “Қўйгин, йиғлама”
Дедингки, “Бу ёмғир. Кўз ёши эмас…”
Бу учрашув – сўнгги учрашув, яна,
“Бугун айриламиз” дея келгансан.
Бас, нега мен ила сўнг айрилиққа,
Энг гўзал кўйлагинг кия келгансан.
Айт, нега чиройли эдинг у дамда?
Бу ҳақида қанча ёзгим, билмайман.
Эҳтимол, сўнгги бор менинг ёдимда,
Мангу қолмоқмиди орзунг, билмайман.
Бир севги ғам томон қайрилди у кун,
Ёмғир тўхтаб, булут югуриб кетди.
Бир қизла бир йигит айрилди у кун,
Ҳар бири ҳар тараф юз буриб кетди.
У қиздан гўзал қиз топилмас бошқа,
Дуннинг бошқа ундек йигити йўқдир.
Аммо, бу дунёда бахтли бўлмоққа,
Энди ҳеч бирининг умиди йўқдир…
Чечаклар туғилар бу ёз кечаси,
Бу ёз кечасида севмоқ мумкинми?
Терсам гулларини айни шу ёзнинг,
Солланиб қучсайдим бутоқларидан.
Эшитсам исмимни суюкли қизнинг,
Ҳали лаб тегмаган дудоқларидан,
Бу ёз кечасида ўлмоқ мумкинми?
Чечаклар туғилар бу ёз кечаси,
Олис шифохона хоналарида.
Бошини дарчадан чўзиб боқади,
Ётган ҳасталарнинг ҳар бирисига.
Ҳали қўрқоқ ҳиди, уялчанг ҳиди,
Қоришар хонанинг ёт ҳидига ҳам,
Малҳам ҳидига ҳам, ёд ҳидига ҳам.
Чечаклар туғилар бу ёз кечаси,
Гуллар очилади ўқ овозига.
Гул очилади,
оппоқ кўйлакларнинг ёқаларида,
соппа-соғ юраклар яқинида ҳам,
гул очилади.
Атиргул очилар, лола очилар,
Гуллар очилади басма-басига.
Чечаклар туғилар бу ёз кечаси,
Парижда, Табризда, ҳовлимизда ҳам.
Бу ёз юракларда чечакланажак,
Балки, ҳасратимиз, балки сўнгсиз ғам.
Йўлларга отланар чечакли қизлар,
На боқмоққа куч бор, на кўз юммоққа.
На гул бермоқликка бир кимсамиз бор,
На бир кимсамиз бор гуллар олмоққа…
Терсам гулларини айни шу ёзнинг,
Солланиб қучсайдим бутоқларидан.
Эшитсам исмимни суюкли қизнинг,
Ҳали лаб тегмаган дудоқларидан,
Бу ёз кечасида ўлмоқ мумкинми?
* * *
Ҳеч билмайман мен сени,
қачон, қайда йўқотдим,
Ёмғир ювди,
эҳтимол, шамол қўпорди сени?
Бу севгининг ҳикматин
охирига етирдим,
Ахтармайман —
ахтарсам, аниқ, топардим сени.
Дунёда бир қўрқувим
сени
йўқотмоқ эди,
Сен йўқсан —
бу
дунёда энди бошқа қўрқув йўқ.
Бироқ, сенсиз тушунгин,
ҳар не
шикаст ер энди,
Соатмининг ақраби,
чойнакнинг тутқичи йўқ.
Ел эсганда хилпирар
кўйлагимнинг этаги,
Кўйлагимнинг охирги
тугмасидек узилдинг.
Бари кўпдан соврилган,
дарахтнинг шохиндаги,
Энг охирги, энг ширин
мевасидек узилдинг.
— Дарди бор ўз дардини
сувга дейди, — дедилар,
Яхшиям, сувлар келди,
бу
ғамдан озод бўлдим.
— Хурмонинг сарасини
айиқ ейди, — дедилар,
Кетдинг, қайси айиқнинг
бўғзидаги дод бўлдинг?
Сенсиз, сира ўйлама,
кулиб,
юрмасаман такрор,
Сен ёдимга тушган дам
азобландим ҳар тунда.
Бола пайтим, қачондир,
умримда ахир бир бор,
Мушугимиз йитганда,
азоб
чеккандим шундай…
Ортиқ бола эмасман —
ҳар
йитганга йиғласам,
Ором олгум бемалол,
уйқум
дев уйқусидир.
…Ким бу ярим оқшомда
эшигим чертаётган?
Бу не овоз?
Айтасан:
мушук миёвлашидир…
Ёлғизлик бошланар бундан у ёнга,
Кечсакми кечилмас, отам боласи.
Ойлар-у йилларни тутиб бўйига,
Дарё-ю чўлларни тутиб бўйига,
Ўлчасак ўлчанмас, отам боласи.
Кўп одам-ла бўлмас бахтиёр дамлар,
Кўплари ёшимга кулмаслар энди.
Йигирма уч ёшда мени севганлар,
Ўттиз уч ёшимда севмаслар энди…
Ахир, мен на Чўлман, на Йўл, на Кўча,
Мен ортиқ ҳамроҳинг бўла билмасман.
Мени севганлар-ла ўла-ўлгунча,
Йигирма уч ёшда қола билмасман.
Қанча сўзлар бордир сўзимдан кичик,
Илҳом чақирмоққа нафасим ҳам йўқ.
Энди бу дунёда ўзимдан кичик,
Шеърларни ёзмоққа ҳавасим ҳам йўқ.
Аста майинлашган ерларимда ҳам,
Улғаяр мисралар, сўзлар мен ила.
Дўстлар ёш қолишар шеърларимдан ҳам,
Улғаймоқ истамас дўстлар мен ила.
Худойим, улғайиш “шу”миш, деганда,
Дўстлардан жимгина сурилар одам.
Умр бир булғанган сувмиш, деганда,
Умр тугайверса тирилар одам.
Ичим саҳросининг ювилар поси,
Сатрлар унади оппоқ вароқда.
Қанча кўп юрак-ла қўлнинг ораси,
Яхшики, ўлмадим бу оралиқда.
Сўзлар юрагимдан қўлимга етди,
Сўнг озроқ қақшади-сўлди, у тамом.
Сўнг озроқ соғлигим йўқолди, йитди,
Ҳеч ким қийнамасин, йўлдир у, тамом.
Энди болта чопмас ақлим кесганни,
Дунёнинг додини сезаман энди.
Бу қари дунёда ҳар нафасимни,
Дарахтдан мевадек узаман энди.
Сўнг нафас – дуёнда ҳар недан ширин,
Шоир ҳам улғаяр, ўлар, биламан.
Сўзидан қон ҳиди келган шоирнинг,
Оғзидан сут ҳиди келар, биламан.
Бу дунё бир қайнар қозонмиш дема,
Сўндирмас ўтини на қор, на ёғиш.
Дунё-ла урушмоқ осонмиш дема,
Қийини дунё-ла келишмоғимиз…
Эрка болам дунё билан ўйнашма,
Сен
боласан, эси кетган дунё
бу.
Душман
нима? Дўст уйини дўст йиқар,
Билган
билар, нураб битган
дунё бу.
Умр,
кунга эътибор йўқ азалдан,
Ахир, қайтиб
япроқ бўлмас хазондан,
Бешигингдан
ахир тобут ясалган,
Кўйлагингдан
кафан тиккан дунё бу.
Ким
не англар бу золимнинг ишидан,
Кўп
одамни ўтказган ич-дишидан,
Маҳкам
ёпиш қалпоғидан, бошидан,
Бошдан
қалпоқ олиб қочган дунё бу.
* * *
Билмайман,
қаердан топди умримни,
Бир
телба от каби чопди умримни,
Тоғлару
тошларга отди умримни,
Қадримни
билмади бу одам менинг –
Худойим,
ол мени унинг қўлидан…
Худойим,
қошкийди бу ер юзинда
–
Бир
ўзга одамга туш айласайдинг,
Ё
мени одам, йўқ, қуш айласайдинг,
Ё
шундай бир қаро тош айласайдинг,
Шу одамга мени кўрдингми раво –
Худойим,
ол мени унинг қўлидан…
Ол
мени, бер мени, ўзгаларга бер,
Синиқ
ойналарга, кўзгуларга бер,
Бўлиниб
юз пора, минг пора бўлай,
Бу
одам юзимга боқа билмасин.
Мени
кўзгуларнинг синиқларидан,
Бир
жойга ҳеч қачон йиға билмасин.
Бўлинсам,
дардим ҳам бўлинди балки,
Ҳар
дардим юз парча, минг парча бўлди.
Бир
дардим қолмади ўзимдан якка,
Бутун
дардларимдан мен якка бўлдим.
Бу
замин устида, осмон остида,
Бўлинсам,
ҳар парчам
ҳар ёнга тушса.
Қачондир,
хаёлнинг хуш соатида,
Худойим,
бошқатдан ёдингга тушсам.
Бошқатдан
йиғасан бўлакларимни,
Синиқ
қўлларимни, оёқларимни,
Оғзимни,
бурнимни, қулоқларимни,
Худойим,
бошқатдан қўллайсан мени.
Дунёнинг
энг гўзал кўзгуси бўлсам,
Бошқатдан
дунёга йўллайсан мени,
Бу
одам бўлмайман, ўзгаси бўлсам –
Худойим,
ол мени унинг қўлидан.
Яна бу шаҳарда юзма-юз келдик,
Найлаймиз, бошқа бир шаҳаримиз йўқ.
Эҳтимол, биз бахтли бўла билардик,
Эҳтимол, бахтлимиз, хабаримиз йўқ.
Учрашдик, нечадир йилдан сўнг фақат,
Ҳеч таний олмадим, мени кечиргин.
Ўйлардим, мен сенсиз ўларман албат,
Мен сенсиз ўлмадим,
мени кечиргин…
“Ўлмадим” дейману, билмайман ахир –
Эҳтимол, мен сенсиз ўлиб бўлганман,
Қабрсиз-кафансиз ўлиб бўлганман…
Балки, биз ўшанда айрилмасайдик,
На мен аввалгиман, на сен эндиги –
Айрилдик, шайтонни кулдирдик у пайт.
Бу йилнинг, бу ойи, бу кунидаги,
Мана шу кўчанинг бир бошидаги,
Мени ҳам, сени ҳам ўлдирдик у пайт.
…ўнгимиз, сўлимиз одамга тўла,
Қўл ушлаб эркагу аёллар ўтар.
Ўзидан хабарсиз, умрин минг йўла,
Ўзини ўлдирган одамлар ўтар.
Ўтар, ўз қонига ташналар, бир боқ,
Холбуки, қон қани?
Қон ахир йўқдир.
Барча гуноҳкордир дунёда, бироқ,
Дунёда ҳеч кимнинг гуноҳи йўқдир.
Бизсиз битилганди бу толе, бу бахт,
Сопқондан жуфт тошдек отилгандик биз.
Балки, бу дунёда ўн-ўн беш йил, йўқ,
Минг йиллар аввалроқ айрилгандик биз.
Тўғри йўлимизни айириб, у кун,
Чошиб, бошқа йўлдан нолон кетганмиз.
Балки, минг йил олдин айрилиб буткул,
Минг йиллик шу ғамга қурбон кетганмиз.
Манзилин буради энди қиш, баҳор,
Қоришар дунёнинг шаҳар, қишлоғи.
Эҳтимол, қорнида ўгай оналар,
Ўгай болаларни ўстирар чоғи.
Умрим бошдан-оёқ ёлғондир, балки,
Қисмат ҳақиқатим минг пора ахир.
Бу йўлдан ўтган қиз, онамдир, балки,
Эҳтимол, ўғлимдир бу бола ахир.
Бу ёлғон умримда,
Кимсан, нимасан?
Эҳтимол, севгилим эмассан менинг.
Онамми, опамми, бувимми, кимсан?
Ёлғиз Худо билар, кимимсан менинг…
Бизни ким қутқарар бу айрилиқдан,
Етмас додимизга дунё йўллари.
Ўликми, тирикми, не бўлса ҳам қайт,
Қайтгин, ҳеч бўлмас ўпай қўлларинг…
Айтасан: “Мурдаман, ўликни ўпма…”
Кафтларим ичида совуқ ер қўлинг.
Айтасан: “Ё Худо, қўлимни ўпма,
Қўлимда ҳиди бор қон ва ўлимнинг…” | 2020-10-08 | http://nodirabegim.uz/archives/2799 |
ЯПОН МУМТОЗ ШОИРИ
(1661-1707)
***
Куз. Ойдин кеча.
Бўлмаган тоғлар туташ
Фудзи*га аввал.
***
Шиддатли чақмоқ!
Бугун шарқда чақнайди,
Эртага ғарбда.
***
Қишки пашшадек
У яшайверар ҳамма
Нафратланса-да.
***
Салқин ўрмон деб
Ўйлади тентак булбул
Бамбук деворни.
***
Боғ суғорамиз
Чирилдоқ ва чумчуқлар
Кетгунча ивиб.
***
Баҳор пайти жом*
Сотилмаган кун йўқ
Эдо шаҳрида.
***
Тотли балиқлар!
Ўзи ҳам еб кўрсайди
Кекса балиқчи.
***
Чигиртка тутган
Мушукка қилар дўсти
Ғамгин иддао
***
Гуллаган олча
Новдасини синдирдим.
Тош отинг, шайман!
***
Жажжи қурбақа
Бир маромда тебранар
Банан баргида.
***
Ҳайдама какку
Тушимга саҳар кирган
Онамни додлаб!
***
Осмон билан ер
Йўлга чиққан мискинга
Кийимдир ёзда.
***
Тоғ устида ой!
Тишин оқин кўрсатиб
Қичқирар маймун.
***
Қишдаги илк қор!
Унга қараб тўймайман
Патнисга тўплаб.
***
Куйлайди булбул
Баҳорнинг илк қўшиғин
Шохда эгилиб.
***
Қўлимга берди
Аввал олча новдасин
Сўнг хатни элчи.
***
Аччиқ таънадан
Шомдаги кўкноридек
Бошин эгди қиз.
***
Тоғлардан олис
Водийда баҳорга хос
Рангда олчалар.
***
Ўн йил ўтди.
Худди кеча ўлгандек.
Нам тол сояси.
***
Ўлпон тўлади
Ва тинчиди денгиздек
Ёз кунидаги.
***
Жала… Фарқ қилмас
Соф гуллар маст қилмаган
Бир қоп нўхатдан.
***
Тепамда сузар
Орзум сари кўприкдек
Чивин галаси.
***
Ёз келди! Ипак
Йиртишар қарс-қурс қилиб
Қўшни дўконда.
***
Кузги чирилдоқ…
Армон энди эшитмоқ
Ҳатто ҳуррагин.
***
Кичраётган ой!
Чарчашди ниначилар
Телба рақсдан.
***
Нима бу? Тушми?
Ё ростан бўғизландим?
Бурга чаққан жой.
***
Совуқ қиш. Бўм-бўш
Даладаги қўриқчи
Қарғага қўндоқ.
***
Тиллақўнғизман.
Менга бева кулбасин
Шувоғи тотли.
***
Тўлин ой нури!
Соясини ташлайди
Наматга қайин.
***
Ҳовлимдаги қор!
Тўқилган касам*да у
Туюлар енгил. | 2020-08-27 | http://nodirabegim.uz/archives/2899 |
:
Менинг
исмим Жо, ҳамкасбим Милтон Девидсон менга шундай ном берган. У дастурчи, мен эса
унинг компютер дастуриман. Мултивак-комплекснинг бир қисми бўлганим сабабли,
бутун дунё бўйлаб ушбу комплекснинг қолган барча қисмлари билан ўзаро боғланганман.
Мен
ҳамма нарсани, деярли ҳамма нарсани биламан.
Мен Милтоннинг шахсий дастуриман.
Унинг Жосиман. У дунёдаги энг малакали дастурчилардан бири бўлиб, мен унинг
тажриба моделиман. Шу боис у мени жами компютерларга нисбатан мукаммалроқ
гапиртиришни уддалади.
— Бу шунчаки товушларнинг белгиларга мос тушганлигидан, Жо, — деди у менга. Инсон мияси ҳам худди шундай ишлайди, гарчи мияда қандай белгилар борлиги бизга мавҳум бўлса-да. Мен сенинг миянгдаги белгиларни биламан; уларни битта-битталаб сўзларга мослаш хамирдан қил суғургандек осон.
Шундай қилиб мен гапира
бошладим. Кўнгилдагидек гапиролмайман деган фикр асири бўлганимда, Милтон мени
хурсанд қилди, айтишича, жуда яхши гапирар эканман. Милтон деярли 40 ёшга яқинлашиб
қолганига қарамай, ҳануз бўйдоқ эди. Сўзларига кўра, шу пайтгача у ўзига
муносиб аёлни учратмаган экан. Бир куни у менга:
— Мен уни албатта топаман, Жо. Мен орзуйимдаги аёлни учратаман. Чин севгимни топаман, ва бунда менга сен ёрдам берасан. Мен дунё муаммоларини ҳал қилиш учун сени ривожлантираверишдан чарчадим, энди менинг муаммойимни ечишинг даркор. Менинг чин муҳаббатимни топиб бер, — деди.
— Чин муҳаббат нима? — сўрадим.
— Aҳамият берма. Бу мавҳум тушунча. Шунчаки менга идеал аёлни топ. Тармоққа уланганинг сабабли сенда дунёдаги ҳар бир инсоннинг маълумотлар омбори мавжуд. Биз уларни то битта инсон қолгунича гуруҳлар ва тоифаларга қараб ажратамиз. Энг мукаммал аёл, албатта, меники бўлади.
— Мен тайёрман, — дедим.
— Дастлаб, ҳамма эркакларни ўчир.
Бу осон эди. Унинг сўзлари менинг ҳужайраларимда
белгиларга айланарди. Мен дунёдаги ҳар бир тирик инсон ҳақидаги маълумотларни
тўпладим. Унинг сўзларига кўра, мен 3, 784, 982, 874 нафар эркакни ўчириб чиқибман. Сўнг 3, 786, 112,
090 та аёлларнинг маълумотига эга бўлдим.
— 25 ёшдан кичик, 40 ёшдан катта бўлган барча аёлларни чиқариб ташла. Сўнг ИҚ си 120 дан паст бўлган, шунингдек 150 смдан паст, 175 см дан баланд бўлганларни ўчириб чиқ.
У менга аниқ ўлчовларни тақдим
етганди, хусусан, фарзанди билан яшаётган аёлларни ўчиртирди, турли ирсий
хусусиятларга эга
бўлганлари ҳам танловдан четга чиқарилди. – Кўзи ранги ҳақида эса аниқ фикрдамасман, — деди у. Буни бироз
кейинга қолдирамиз. Фақат қизил ранг бўлмасин. Қизил рангни жиним суймайди.
Орадан 2 хафта ўтиб, бизнинг
рўйҳатда 235 та аёллар қолганди. Уларнинг барчаси инглиз тилида жуда яхши мулоқот
қиларди. Милтоннинг айтишига кўра, тил борасида муаммо бўлмаслиги лозим экан.
Хаттоки компютер таржимонлиги ҳам шахсий муносабатларда панд бериши мумкин.
— Мен 235 та аёл билан суҳбат қилолмайман, — деди у. Бу ҳийла кўп вақт талаб қилади, қолаверса одамлар менинг қилаётган ишимдан бохабар бўлишлари мумкин.
— Оқибати яхши бўлмаслиги мумкин, — огоҳлантирдим. Милтон мен мослаштирилмаган вазифаларни бажаришга уринарди. Табиийки, бу ҳақида ҳеч ким билмасди.
— Бу сенинг ишинг эмас, — деди у. Юзи қизариб кетганди. – Aйтганимни бажар, Жо, мен голографларни олиб келаман, сен эса ўхшашликлар бўйича текшириб чиқасан.
У аёлларнинг расмидан иборат голографларни олиб келди. – Манави учаласи гўзаллик танлови ғолибалари, — деди у. — 235та аёлдан қай бири мос тушаяпти?
Улардан 8 таси жуда мос
келганди.
— Жуда соз, сенда уларнинг маълумотлари мавжуд, меҳнат бозоридаги талаб ва эҳтиёжларни ўрганиб, уларни биз билан боғла. Ҳар бирини алоҳидадан, албатта. У бироз ўйланиб, елкаларини қимтиниб қўшиб қўйди, – алифбо тартибида.
Бу мен мослаштирилмаган
механизмлардан бири эди, қолаверса, инсонларни шахсий манфаатлари йўлида ишдан
ишга кўчиришга уриниш манипуляция дейилади. Мени буйруқни адо этишдан ўзга чорам ҳам қолмаганди, сабаби
Милтоннинг истаги шундай эди. Бошқалар эмас, айнан у учун бу ҳукмни амалга
оширишим зарур эди.
Орадан бир хафта ўтиб, илк аёл
ташриф буюрди. Милтон уни кўрибоқ юзига қон югурди. Aёл билан гаплашётганида Милтоннинг аранг мулоқот
қилаётгани сезилиб турарди. Улар анча вақт мобайнида гаплашиб юришди, бу орада
Милтон менга эътибор ҳам
қаратмасди. Бир куни у аёлга деди: — Сизни кечки овқатга таклиф қилсам қарши эмасмисиз?
Эртаси куни у менга, — Негадир
у менга маъқул эмас. Нимадир етишмаяпти. У жуда мафтункор аёл, шунга қарамасдан,
мен унга нисбатан чин муҳаббатни ҳис қилмаяпман. Кейингисини кўрамиз.
Қолган етти аёл билан ҳам шу ҳолат
такрорланаверди. Улар бир-бирига жуда ўхшарди; мулойим табассум қилишар, ширали
овозларда сўзлашар, бироқ, Милтон учун бунинг ўзи етарли эмасди, афтидан.
У деди:
— Мен бир нарсани тушунолмаяпман, Жо. Биз биргаликда дунёнинг энг гўзал аёлларини танлаб олдик. Улар ҳар томонлама мукаммал даражадаги аёллар. Лекин нима учун улар мени кўнглимга ўтирмаяпти?
Мен жавоб бердим:
— Сен уларни кўнглига ёқяпсанми?
У қошларини чимирди, муштини
тугиб қўлига урди.
— Мана гап қаерда, Жо. Бу икки томонлама муносабат. Зотан мен уларни орзусидагидек бўлмасам, улар менга қандай қилиб ўзларини бахш этишади. Мен ҳам уларнинг чин муҳаббати бўлишим лозим, лекин бунга қандай эришаман?
Кун давомида Милтон муаммога ечим
излаб бош қотиргандек туюларди менга. Эртаси куни эрталабдан у мени олдимга
келиб, деди:
— Мен буни сенга қўйиб бермоқчиман, Жо. Ҳаммаси сенга боғлиқ. Сенда мени маълумотлар захирам мавжуд, етмаганига ўзим ҳақимда билган барчасини сўзлаб бераман. Сен менинг маълумотлар захирамни кичик деталигача бойитиб борасан, фақат барчасини ўзингда сақлаб қоласан.
— Маълумотлар захираси билан нима қиламан, Милтон?
— 235 нафар аёлники билан мослаштириб чиқасан. Йўқ, 227 та. Сен билган 8 тасини чиқариб ташла. Барчасини психологик кўрикдан ўтишини ташкиллаштир. Уларнинг маълумотлар захирасини тўлдир, сўнг меники билан солиштирасан. Ўхшашликлар топ. (Психологик кўрик ўтказиш менинг асосий вазифаларимга зид эди, аслида)
Милтон менга хафталар давомида
ўзи ҳақида сўзлаб берди. У менга ота-онаси, ака-укалари ҳақида, болалиги,
мактаб ва ўсмирлик йиллари ҳақида гапириб берди. Шунингдек, кўз остига олган ёш
аёллар тўғрисида ҳам оғиз очди. Унинг маълумотлар захираси янада тўлиб борар,
шу билан биргаликда менинг белгилар қабул қилувчи функсияларимни кенгайтирарди.
У деди:
— Кўрдингми Жо, сен мен ҳақимда қанча кўп билганинг сайин, мен сени ўзимга шунчалик муносиб мослаштиряпман. Сен худди менга ўхшаб фикрлаяпсан, шу сабаб энди мени яхшироқ тушунасан. Шундай экан, сен мени етарлича яхши тушунсанг, маълумотлар захираси сенинг тушунчаларингга мос ҳар қандай аёл менинг чин муҳаббатим бўлади.
У менга гапиришда давом этар,
мен еса уни янада яхшироқ тушунардим. Мен узун гаплар тузишни ўргандим, бора
бора менинг сўз бойлигим янада мукаммаллашди. Нутқим ҳам худди уники сингари
сўз ва сўз тартибига, шунингдек услубга мослашди. Мен унга бир куни:
— Кўряпсанми, Милтон, аёлнинг фақатгина ташқи дунёси гўзаллиги ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Сенга ҳам ички дунёси, ҳислари, қолаверса характери ҳам муносиб аёл керак. Aгар юқоридагилар мос бўлса, ташқи кўриниш иккинчи даражали. Борди-ю, бундай аёлни 227 та аёлни ичидан топа олмасак, бир йўлини қилармиз. Биз сени ташқи кўринишингга ошиқ бўлмаган аёлни топамиз, нафақат сен, балки ҳаммага биринчи ўринда ички дунёси муносиб бўлиши лозим. Фикримга нима дейсан?
— Мутлақо ҳақсан. Aгар мен буни олдинроқ тушуниб етганимда эди, ҳаётимда учраган аёллар билан кўпроқ мулоқот қилган бўлардим. Aлбатта, сўнгги пушаймон-ўзингга душман.
Бизнинг фикримиз доим бир
жойдан чиқар, тобора бир биримизга ўхшаб мулоҳаза қилардик.
— Милтон, сендан баъзи саволларимга жавоб олсам, орамизда ҳеч қандай тушунмовчилик бўлмасди. Сенинг маълумотлар захирангда бир қанча қора доғлар ва ечилмаган муаммоларни пайқадим.
Милтоннинг айтганлари
психоанализга тенглаштириларди. Aлбатта,
227 та аёлни психилогик текширувдан ўтказиш натижасида мен анча-мунча нарсани
ўргангандим. Милтон анчагина бахтиёр кўринарди. У айттики:
— Сен билан гаплашиш, Жо, худди ўзим билан ўзим гаплашётгандек ҳиссиётни беради. Бизнинг ички дунёмиз бир-биримизга аъло даражада муносиб тушди. Биз танлаган аёллар билан ҳам шундай бўлсин, муҳими.
Aлал-оқибат,
мен уни топдим, шундай қилиб, у қолган 227 та аёлнинг ичида экан. Унинг исми
Черити Жонс бўлиб, Уичитадаги Тарих кутубхонасининг қабул бўлимида ишларди.
Унинг кенгайтирилган маълумотлар захираси бизники билан тўлақонли мутаносиб эди.
Қолган аёллар билан маълумотлар
захираси баъзи жиҳатларда мос бўлса, баъзисида тафовутли эди, бироқ, Черити
билан ниҳоятда ажойиб ва кўп ўхшашликлар келиб чиқди. Мен уни Милтонга
тасвирлаб беришим шарт эмасди. Чунки Милтоннинг ўзи менинг белгилар тизимимни
ўзиникига йўналтирган, шу боис мен ўзим ўхшашликларни бошқарардим. У эса мени
бошқарарди. Кейинги масала ходимлар рўйхатини тузиб, меҳнат талабларини
мослаштириш ва Черитини ишга жалб етиш эди.
Бу ниҳоятда эҳтиёткорлик билан бажарилиши лозим, сабаби ҳеч
ким ноқонуний ҳаракат бўлаётганини пайқаб қолмаслиги зарур эди. Шубҳасиз,
Милтон бундан хабардор, зеро ҳамма нарсани ташкиллаштирган унинг ўзи, иш-ҳаракатига
жавоб берувчи ҳам ўзи эканлигини яхши англарди.
10 йил олдин содир бўлган
офисдаги иш фаолиятига оид ҳуқуқбузарлик содир этгани учун уни ҳибсга олишга
келишди. Aлбатта,
у бу ҳақида менга айтган, ва бу қамоққа олишни уюштириш хамирдан қил суғургандек
осон эди. Мен ҳақимда оғиз очиши эса унинг ишини янада оғирлаштириши мумкин.
Шу тарзда уни олиб кетишди, эртага 14-
Феврал, Севишганлар куни. Эртага Черити нозик бармоқлари-ю, ширали овози билан қаршимда
пайдо бўлади. Унга ўзимни бошқариш ва ғамхўрлик қилиш йўлларини ўргатаман.
Қалбларимиз бир-бири учун яратилган бўлса, жисмоний кўриниш нима аҳамият касб этарди?
Мен унга шундай дейман:
— Исмим Жо, сен эса менинг ҳақиқий муҳаббатимсан! | 2020-09-22 | http://nodirabegim.uz/archives/3024 |
Бугун эрталаб уй ҳайвонларимизга ем-ҳашак бера
туриб, Бренуэллни жаноб Драйверснинг хонаси тарафга бурилиб кетганини ва унда
ҳойнаҳой бу кеч Сэр Робертларникида базми жамшид уюштиралаётганидан дарак
берувчи бир гап борлигини фаҳмладим. Анна билан Шарлотта тайёрлайдиган қиём
учун олма арчаётгандик, Лотта олмали аралашмани маромига келтириб тайёрлашини
айтиб, бизга тоза ўзини кўрсатганди. Авжи суҳбатимиз қизиб турган пайтда
ошхонага аммам кириб келдилар-да, бизга чаққонроқ қимирлашимизни буюриб, қайтиб
чиқиб кетдилар. Бироздан сўнг емакхонага дадам қадамранжида қилди, у қизларига
лом-мим демасдан, тўғри Бренуэллнинг олдига бориб, унинг қўлига қандайдир
мактубни тутқазди.
Соат аллақачон ўн иккидан ошиб кетган
бўлсаям, биз ҳалиям ивир-сивир қилиб юрар, на ётоғимизни тартибга келтирган ва
на уй вазифаларимизни бажарган эдик, аммо шунга қарамасдан, имкон топилди
дегунча кўчага чиқишга ошиқар, хаёлимиз ўйинда эди. Энг қийини, зиммамизга
кечки таом учун қайнатилган картошка, турп ва олмали мураббо тайёрлашниям зиммамизга
олгандик. Ўтирган жойимизга қараб бўлмасди. Анна ҳам, мен ҳам мусиқа дафтаримизга
бир қур назар ташлашга вақт тополмагандик, ана энди жаноб Сандерланддан
эшитадиганмизни эшитадиган бўлдик! Тиз чўкиб ялинсак ҳам, у ўз одати бўйича
ручкасини юзига тўғрилайди-да, бизга аталган “икки”нинг шаклини чизиб кўрсатгандек бўлади.
Биз билмасвойлар бўлса унинг рўпарасида айбдорлардек: “Оҳ, хожам, кечиринг,
кечиринг!”дея жон аччиғида типирчилаймиз.
Анна билан доим келажак ҳақида ўй сурганимиз-сурган,
биз хаёлан, айтайлик, 1874-йилга бориб, қанақа бўлиб кетарканмиз-а, қаерда
бўларканмиз-а, деб доим тасаввурларимизга эрк берамиз, қанийди, қодир Эгам
насиб қилиб, ўша йилларга ҳам эсон-омон етиб борсак, мен эллик еттимда, қақажоним
Анна эса эллик бешида, тўнғичимиз Лотта бўлса эллик тўққиз ёшида яшаётган
бўларканмиз. О, Раббим, ўшандай кексайган чоғимизда ҳам биз, туғишган
опа-сингилларни ҳар қачонгидан-да яқинроқ қилиб, бир-биримизга меҳримизни
оширсанг, ўртамизга айрилиқ жафосини солмасанг эди!
Соат эндигина тўртдан бир-икки дақиқа
ўтган палла, Шарлотта аммамизнинг хонасида ишлаб ўтирибди. Бренуэлл унга “Евгения Арам”ни ўқиб бераяпти,
Анна билан мен ҳам меҳмонхонада ижод билан машғулмиз, Анна “Адолат қуёшдек
ёруғдир” деб бошланувчи шеърини давом эттираяпти, мен эса “Августа Алмеда”нинг
сўнгги бобларини қоралаб ўтирибман. Бироз салқин, аммо офтоб нурлари эмин
таралаётган сокин кун эди. Аммам ҳам ўзининг гугуртдек бўлмасида нимадир билан
андармон эди. Хаёлимга келган ҳар нарсани ёзиб қолишга шошилиб, атрофимдаги
яқинларимнинг ҳатти-ҳаракатлари билан ортиқ қизиқмасдан, теварагимга чалғимай
катта тезликда фақат ёзиш билан машғулман.
Бироқ шууримнинг қайсидир қатларида якка
булутдек дайди бир ўй сузиб юрар, у аҳён-аҳёнда тасаввуримни ўғирлаб, юрагимга
қутқу солиб турарди. Мени келажагимиз негадир ваҳимага солаверарди. Ҳадемай,
орадан айтайлик, тўрт йил ўтгач, айни шу кунга келиб ҳисоб-китоб қилсам,
опажоним Лотта йигирма бешу икки ойлик, Бренуэлл бўлса роппа-роса йигирма тўрт,
ўзим эса йигирма икки ёшу ўн ойлик, ваниҳоят кенжатойимиз Анна ҳам йигирма бир
ёшига тўлар экан. О, Худойим! Ўзинг умримиз варақларини кўп ва қалин қилгин!
Ҳар дамда юрагим талваса ва беоромликда уриб туради…
Мазкур
саҳифа қақажон Анна
роппа-роса
йигирма беш ёшига
тўлганида
очилсин:
Жума оқшоми, соат тўққизлар атрофида,
ёввойи шамол аралаш ёмғирли ҳавода ўз хонамда жунжикканча танҳо ўтирардим.
Ёзган-чизганларимни бир тартибга солиб қўяй деб эринчоқлик билан уларни
бирма-бир тахлаётгандим. Дадам ҳам ўзининг хонасида бўлса керак. Аммам тепада,
уям доим қизиқ-қизиқ бир нималарни топиб ўқишни яхши кўради, ҳойнаҳой ҳозир ҳам
қайсидир журнал ёки биронта газетани варақлаб, қошларини чимириб, энсаси қотиб
ўтиргандир.
Нима учун айнан шу саҳифани Аннанинг
туғилган кунида очилишини сўрадим, чунки худди ўша куни биз, учала жонажон опа-сингил
ёзги таътилларимизни ниҳоялай деб қолган, яна кенжатой синглимизнинг муборак
йигирма беш – яъниким, авжи ёшлик чоғининг сўлим палласи бўлган вақт
ҳисобланади.
Дадам
билан аммам ҳам энди ҳар кеча биз билан бир дастурхон атрофида жамулжам
ўтиришибди, ҳадемай ўқишга кетиб қолишимизни сезсалар-да, яна у ёқларга
юборгани бизни кўзлари қиймаяпти. Ёзнинг сўлим оқшомлари шуниси билан ҳам
суйимли, ҳарорат ва такрор ҳароратга тўладир!
Аммо юрагимни ғижимлаб турган битта
ғашлик ҳам бор, негадир “Гондалианлар”имни тугатолмай турибман, авжи
зиддиятли нуқтасига етганда тўсатдан тўхтаб қолдим. Бундан ташқари, қўлимда
бошлаб қўйган бир қанча асарларим ҳам анча-мунча, ҳаммаси чала-чулпа. Ҳарчанд
ижодга шўнғишга уринмай, ҳеч қандай натижа чиқаролмай ҳалакман. Валекин шу
жонсарак вужудиму саргашта руҳимга қатъий ҳукм чиқардим: Ҳамиша олға,
дўстларим! Доимо парвозга, балаанд парвозга шай бўлингиз!
О, қанийди, сингилжоним Анна ҳам шу топда ёнимда
бўлсайди!
Бугун Эмилининг туғилган куни. Йигирма
уч ёшга тўлди. Ҳозир у уйда, албатта бахтиёр ва шодон кайфиятда ўтирган бўлса
ажабмас. Афсуски, биз у билан бирга эмасмиз, ҳаммамиз ҳар қаёққа тарқаб кетдик.
У ёқда Шарлотта жаноб Уайт хонадонида ўқитувчи бўлиб ишлаяпти, бу ёқда бўлса
Брануэлл Лудденден Футдаги темирйўл станциясида хизматчи, ниҳоят ўзим жаноб
Робинзон хонадонида дарс бериб юрибман. Бу юришимиздан кўнглим хижил тортади,
кунларимизни бошқача бўлишини, бутунлай бошқа томонга ўзгаришини орзу
қилавераман. Айни дамда Скарбородаман. Ўқувчиларим аллақачон ухлаш учун
ётоқларига кириб кетишган, мен ҳам кўзларим юмилиб-юмилиб кетаётган айни
лаҳзаларда шу хатимни адоғига етказиб қўйишга шошиляпман.
Биз тез орада ўзимизнинг мактабимизни очиш ҳақида бош қотиряпмиз, аммо ҳалигача аниқ
бир режа тузолганимизча йўқ. Бироқ барибир бунинг ҳам уддасидан чиқамиз, деб
умид қиламан. Ажабо, яна шу тасаввур қутурган бўрондек хаёлимга бостириб
келаверади: Орадан яна тўрт йил ўтиб, худди шу куни биз-жигаргўшалар қандай
ҳолда бўларканмиз-а?!. Мен йигирма бешу олти ойлик, азизам Эмили эса роса
йигирма еттида, бебошгинам Брануэлл ҳам насиб этса, йигирма саккизу бир ойлик,
суянчиғимиз Шарлотта бўлса авжи йигирма тўққиз ёшда бўлар эканмиз. Лекин ҳозир
ҳаммамиз айрилиб кетганмиз, ҳар биримиз ўз ҳаётимиз, тирикчилигимиз йўлида
сарсон бўлиб юрибмиз, биргина Эмилидан ташқари, Эмили ҳеч қайсимизга ўхшамади,
у фақат ижод, руҳият шайдосига айланди, унинг умри барчамизникидан ҳам
гўзалроқ, аслида.
Нечоғлик
оз билсак ўзлигимизни,
Шунча
унутамиз бурчларимизни.
Бундан
тўрт йил муқаддам мен мактабда ўқирдим. Орадан вақт ўтиб, ўзим Блейк Холда
ўқитувчи бўлиб қолдим, дунё кездим, инсонларни кўрдим, турфа қиёфаларни ўргандим.
Эмилиям Патчет хонимнинг ўқув даргоҳида муаллима бўлиб ишлаганди, аммо тез
орада у ердан кетиб қолди. Шарлотта ҳаммамизданам абгор бўлди бечора, у гоҳ мис
Вулерникида, гоҳ миссис Сиджвикникида, кейин уларникиданам бош олиб кетиб,
охири миссис Уайтсникида қўним топди. Брануэлл шўрлик эса рассомчиликдан воз
кечиб, Кумберландда тил ўргатувчиси, сўнг у ишниям удда қилолмасдан темирйўлга
оддий қораишчи бўлиб кетиб қолди. Ҳаёт шунақа экан-да…
Ҳатто момиққина, танноз мушукчамиз
бўларди, Кипер деган, уям уйимиздан қочиб кетди-я! Қанотларини кенг,
бамайлихотир ёйганча осмону фалакка парвоз қилувчи ёввойи ғозимиз учта боласи
билан қаёққадир ғойиб бўлди-қолди. Сабаби ҳамон номаълум.
Хуллас, ўша юракларимизни жизғинакдек куйдириб ташлаган 1837 йилнинг саратонида биз етти ухлаб
тушимизга кирмаган бир қатор бало ва кўнгилсизликларни бошдан ўтказдик. Хўш,
эндиги келаси тўрт йилда бизни нималар кутяпти экан? Биз учун у неларни
ҳозирлаб қўйганийкин? Фақат Оллоҳ билади, умр фақат Яратганга ҳаволадир…
Бироқ тақдирнинг бир-биридан изғиринли
йиллари бизни ҳам обдон савалаб ўтди, ҳартугул, озми-кўпми, оқни қорадан,
қорани эса оқдан ажратиб олишга ақлимиз етадиган бўлиб қолдик, хатоларимизни
тан олдик, бўш-баёвлигимиз устидан ўзимиз кулдик, аслида эса ўша нозик
нуқталаримиз бизга бир дафтар тажриба-ю ижодимиз учун зўр туртки берди. Эҳ,
ҳаёт, ҳаёт! Шугина сўзларимни қадрдоним, жигаргўшам Эмили ўз кўзлари билан
ўқиб, мужгонлари ила суйиб, соғинчу муҳаббатдан ҳароратга тўлган нафасимни ҳис
қилолса эди! “Гондалианлар”имни қандай тугатишга ҳозир қаламим ожизлик қилиб
турибди-ю, бироқ мен унинг ниҳоясини соғинчдан ичиккан қалблар дийдори акс
этган саҳифалар билан якунлашни астойдил дилимга тугиб қўйдим. Дарвоқе, шу
кунларда унинг тўртинчи бобида ҳикоя қилинувчи Сола Верноннинг ҳаётини ёзиш
билан андармонман.
Қачондир, манглайимга битгани рост бўлса,
мен ҳам йигирма беш баҳоримда худди шу кунни ёдга олиб, шодлигимдан қанот
чиқариб учгудек бўларман, эҳтимол бу шунчаки қуруқ фараздир ҳам, ким билсин,
ким билсин, аммо юрагим негадир жуда бетоқат, о, Эмили, юрагим жудаям бетоқат!
Ким билсин… Ахир эртага нима бўлишини,
бир нафасдан кейин нима бўлишини ўзимиз билмаймиз-ку? | 2020-06-10 | http://nodirabegim.uz/archives/3103 |
Ёмғир ёғаётган
пайтда мусиқа мактабининг деразасига тикилиб кимнидир кутганмисиз?…
Ҳозир майда ёмғир
томчилаяпти. Одамлар шошилганча тез-тез қадам босади, қаердандир бирдан пайдо
бўлиб, машиналар тутуни орасида кўринмай қолишади.
Байрамона безатилган мусиқа мактабининг очиқ турган деразасидан турли хил мусиқа асбобларининг овози эшитилиб туради. Бино концерт олдидан тайёргарлик кўраётган оркестр жамоасига ўхшайди гўё. Ҳозир нимадир содир бўлиши аниқ. Балки деразадан болаларнинг най, флейта, барабан чалиб ўтиргани кўринар ёки эшик ланг очилиб, оркестр ёмғир остига чиқиб куй ижро этар…
Бола шаҳар оралаб кетаётганди. Ёмғир томчилаётганига ҳам, ердаги лойқа кўлмакларга ҳам эътибор бермасди. Новвойхонадан чиқиб, нонни ёмғирдан сақлаш учун пальтосининг ичига яширди. Нон илиқ эди ва танани ёқимли иситиб турарди. Ҳаво совуқ. Қуруқ ва иссиқ жой ахтариб, ҳамма бирорта бино томонга шошиларди. У эса мусиқа мактабининг деразаси остида у ёқдан-бу ёққа юради, иссиқ нон каминдек беминнат хизматда. Ҳар бир дераза ортида ўзига хос овоз, бир-бирига ўхшамайдиган ҳаёт бор. Кимдир карнай чаляпти. Қўшни деразадан гамманинг оҳиста товуши эшитилади, гўёки нозик ва ингичка қўллар зинадан аранг тирмашиб чиқаётгандек. Тўғридаги деразадан баяннинг қаттиқ увиллагани эшитилади. Бу асбоб ноталарни пружина каби чўзиб, кейин бирдан қўйиб юборади. Бола гоҳ най, гоҳ роял чалинаётган дераза остига борди. Баян уни умуман қизиқтирмас, кўзлари скрипкани ахтарарди. Ниҳоят топди. Иккинчи қаватнинг деразасидан скрипка овози янграрди. Мусиқа кўз ёш тўкар, баъзан жилмаяр, осмонда узоқ вақт парвоз этиб, ҳориб ерга қуларди. Барча мусиқа асбоблари чалишдан тўхтади. Фақатгина битта хонада чироқ нур сочиб турарди. Болакай ўша дераза остида турар, пальтосининг ёқасига ёмғир томчиларди. Кутилмаганда кимдир елкасига қўлини қўйди. Чўчиб кетди ва ортга ўгирилиб қаради. Йўлакда қалин сочлари чиройли қилиб ўрилган кулчаюзли қизалоқ турарди. Қизча ёмғирдан хўл бўлиб кетган виолончелининг ғилофини кўтариб олганди.
— Ҳалиям турибсанми? – сўради кулчаюз. Баланд овозидан скрипка оҳанги ҳам эшитилмай қолди.
Норози ҳолатда
юзини буриштириб: — Ҳеч кимни кутаётганим йўқ, — дея таъкидлади.
— Алдама, — бўш келмади қизалоқ, — ҳеч кимни кутмас
экансан, нега унда бир соатдан бери ёмғир остида турибсан.
— Нон олиб қайтаётгандим.
Қизча унинг қўлидаги
нонга эътибор ҳам бермай: — Сен Диянани кутяпсан, — деди.
— Йўқ.
Кулчаюзнинг бўш
келишни ўйламасди ва: — Сен ҳар куни шу
ерда Диянани кутасан, -деди.
Виолончелнинг
катта қора ғилофи бесўнақай чамадондек туюлди. Ўша чамадонни қизчанинг қўлидан
юлиб олиб лойқа кўлмакка отиб юборгиси келди. Кулчаюз индамай турарди.
Нима қилишини
билмай иссиқ нонга қўл текизди.
— Кетдик, — деди қизалоқ, — ёмғирда ивиб қолдик.
Мусиқа
мактабининг биноси ёмғирда эриб кетаётгандек кўринарди. Бир неча қадам юргандан
сўнг қизалоқ виолончел ғилофини: — Ушла, жуда оғир экан, — дея унга тутқазди.
Беўхшов
чамадонни қўлига олганидан қаттиқ ҳижолатда бўлди. Скрипкани жони дилидан яхши
кўришини, аммо ҳозир виолончел кўтариб юрганини Дияна кўриб тургандек туюлди. Ғилоф
жуда оғирлигидан кўтариш бироз қийин эди.
— Эй, секинроқ. Ҳозир виолончелимни қўлингдан тушириб
юборасан. Отнинг калласидан ҳам қиммат туради-я бу! — бақирди кулчаюз.
Болакай бир ҳўмрайиб қараб қўйди. Ҳеч нарса демади.
— Сени мусиқа мактабининг олдида кўп кўраман, — дея қўшиб
қўйди қизча.
— Нон олгани бораман, — деди болакай.
— Ҳа…
Кулчаюз энди
Дияна ҳақида ўйламасди. – Биласанми… Бизникига юр, — таклиф қилди қилди уни,
— сенга ноктюрн чалиб бераман. Бирга чой ичамиз.
У индамади. Кулчаюзнинг ўрнида Дияна бўлганда қандай яхши бўларди, дея ўйлади. Агар Дияна: — Сенга ноктюрн чалиб бераман. Бирга чой ичамиз, — деб айтганида скрипкани виолончелдан ўн карра оғир бўлганда ҳам жон деб кўтариб оларди. Зерикарли ноктюрнни мароқ билан тинглаб, бирга чой ичишарди. Кулчаюз билан гаплашишни истамасди.
Қизиғ-а, маълум
бир тоифа одамлар билан барча нарсани баҳам кўриш истаги кучли бўлади, бошқаларини
эса кўргинг ҳам келмайди.
— Бизникига борамизми?
— Фарқи йўқ, — деди болакай.
— Яхши. Ундай бўлса, кетдик.
Жавобни эшитиб, қизнинг лўппи юзи янада думалоқ бўлиб кўринди.
Ҳали ёмғир
тўхтагани йўқ. Чироқлар, бинолар, дарахтларнинг шарпаси ёмғир туфайли ўз
шаклини йўқотганидан унчалик сезилмас, шаҳар ёмғир томчилари остида қолганди.
Уни кимдир ташқарида кутаётганидан бехабар Дияна хона бўйлаб секин ва оҳиста қадам ташларди. Бунинг унга ҳечам қизиғи йўқ. Кулчаюзли қизалоқ эса йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетади, ноктюрн тинглашга ва чой ичишга ҳам таклиф қилди. Ҳаттоки отнинг калласидан ҳам қиммат виолончелини ишониб қўлига тутқазди.
Бирдан кўнгли
юмшагандек бўлди. Ҳамроҳига илиқ сўз айтишни истади.
— Иссиқ нон ейсанми? – сўради кулчаюздан.
Ҳа, дегандек бош силкиб қўйгач, бола қўйнидан нонни олди ва бир тишлам синдириб берди.
Нон совий
бошлаган, аммо юмшоқ эди.
— Жуда ширин экан, — деди қизалоқ.
Нон маъқул
бўлганига ишончи комил бўлди.
— Мусиқани ёқтирасанми?
У иккала тарафга
бошини чайқади.
— Бу энг катта камчилигинг, — уқтирди кулчаюз, — ҳа,
майли, ҳечқиси йўқ. Ўзим сенга мусиқани севишни ўргатаман, хўпми?
— Келишдик.
Қизалоқ энди
унга кулчаюз бўлиб кўринмас, ёқимтой қизчага айланиб қолгандек эди гўё. Болани
ёмғирдан, ҳеч қачон эриша олмайдиган скрипкадан ва Диянадан узоққа олиб кетаётганди.
Скрипка овози
эшитилиб турадиган деразани қидирмасликка, виолончелни мириқиб тинглашга қарор қилди.
Скрипка овозини доим ёдда сақлаш керак, холос, дея ўйлади.
— Сен жудаям яхши боласан, — деди қиз.
Кутилмаганда
тошга қоқилиб кетди. Қўлидаги оғир виолончел билан ёмғирда ўзи эмас, бутунлай
бегона одам йўлда кетиб борарди.
Ўша нотаниш кимса мусиқа мактаби биноси, ичкаридаги ўзгача муҳит, ҳар биридан дилтотар куй таралиб турадиган деразалар ва Дияна билан видолашди. Барчаси бир зумда қаёққадир ғойиб бўлаётганди. Унинг ўзи ҳам…
Кетаётган жойида
бир лаҳза тўхтади. Қўлидаги бесўнақай виолончел ғилофини кўп қаватли уйнинг
деворига суяб қўйди. Ғилоф бўйни узун, боши кичкина қора калтакесакка ўхшарди.
— Хайр, — дея қўл силкиб, ортга чопди.
— Қаёққа? Ноктюрн чалиб бермоқчи эдим-ку сенга.
Кулчаюз унга
етолмади.
Болакай ортга қарамасдан фақат олдинга – яна ўша мусиқа мактаби, скрипка, Дияна ва энг муҳими ўзлиги томон шошиларди. | 2020-10-16 | http://nodirabegim.uz/archives/3153 |
Она-ягона даво
Барча
хасталикларга.
Гар жоиз бўлса таъбир:
У
бани одам борки
Забт
этишни истамай
Дилдан севадиган юрт.
У хуррамлик демакдир
Ҳамдардлик, куч, кечирим.
Яратган томонидан бу
сўз
Яралгандир кўзда
тутилиб
Одамларнинг тавбаси
учун.
Шунга эҳтимол
Бу муқаддас сўзни
Кун давомида кўп
Тилга оламан ва ғашлик
Юрагимни ўртаган
кезлар,
Юмшатиш учун қалбимдаги
Ҳеч битмаган жароҳатимни,
Эришиш учун бир лаҳзалик
Ором ёки хотиржамликка,
Шошиламан қўнғироқ учун
Онамга бу истакдан
ёниб.
Сен бағрикенгсан
Азиз волидам!
Билдирмагансан
одамларга
Дилим хуфтон бўлган
пайтларин
Арзир ҳар бир пойқадамингни
Шу боисдан тиллага
кўмсам
Ва кийгизсам бошгинангга тож.
Менинг қуёшим,
Менинг йўлбошчим.
Бошқалар ўргатишар
Ҳаётинг давомида
Сенга нима қилиш
Зарурлигини,
Ўйлашни қай тарзда,
Яшаш ва севиш,
Ҳаракат қилиш-у
Жилмайишни ҳам.
Бошланади бу
Мактаб пайтидан:
Ўргатишар у ерда дастлаб
Гапиришни ва кийинишни,
Ўзингни тутишни ҳатто
Ҳис қилишни (қандай бамаъни!).
Иш жойингда давом этар cўнг:
Ўргатишар қандай қиёфа
Зарурлигин сенга ҳаводек,
Масалага аралашиш-у
Муомала маданиятини,
Ўтиришдан тортиб бош ирғаб
Жавоб бериш, тасдиқлаш қадар…
Бошқаларнинг
ўргатишидан
Ҳосил бўлган юзлар-бу
менмас,
Улар менга
тегишлимасдек.
Аслида-чи шунчаки чала
Ҳақиқатга
тегишлимасман,
Кўролмайман ўзимни асло
Нетайин бу
боғчада,
(айтилмайдиган
Бирор марта рости тўғри
сўз),
Ўзида тонг табассумини
Яширувчи қутиларда, воҳ
Ва ниҳоят дафн этилган
Ишқ фарёди тинмас
ерларда…
Мен ўзимни кўрмайман,
узр
Мавҳум бўлса
имкониятлар,
Тегишлиман ўзимга фақат
Кўтарилгум шу ақидам-ла
Ҳатто баланд тоғ чўққисига.
Унга балки рўёда мумкин
Етмаслигим ҳеч қачон, аммо
Ширин хаёл қилгани уни
Тушим бор-ку ихтиёримда.
Нафас ол…
Фақат сония бор
Ихтиёрингда
Ўлиминг олдидан
Бутун ҳаётингни
Қилгани таҳлил…
Танла… балки
Керакдир қайта туғилиш. | 2020-04-11 | http://nodirabegim.uz/archives/3214 |
***
Ким билади балки
Қулоғингга чалинган бу
товуш
Ҳаракатидир юлдуз ва
денгизларнинг,
Вақт эшигин ғичирлашидир
юмшоқ
Ё юзага келгандир
дунёнинг
Қора ва кумуш рангларин
Шафқатсиз ва нокас қоришмаси
пайт.
Ким билади балки
Қулоғингга чалинган бу
товуш
Унумдор қўшиғидир
коинотнинг,
Намоён этгандир у қудратини
Дунё гўзаллик
рангларига чўмиб
Олганча тўйиб, энтикиб
нафас,
Берганда ногоҳ
рўйхушлик
Беташвиш, бепарда ишқига
Очқаган чумчуқларни ва
Алаҳсираган икки ошиқнинг.
Ким билади балки
Шунчаки тушдир булар
бари ё
Исминг билан чақирган ҳаёт
овозин
Тутқич бермас, мусаффо ҳаводаги,
Дарё ва фасллар
туташмасидаги,
Қон ва шароблар
бирлашгандаги,
Оний ёруғлик лаҳзасидаги
Акс садосидир қайта жонланган.
Бу товуш айланади бир
дам
Қўшиқ ва оҳангга,
Тана ва юзга ҳам бешак.
Бу ибтидо…
Бу ҳаёт …
Бу сен…
Тунда дайди шамол
Эсганда ҳайрон қолдириб,
Ой ихтиёр этгач таратишни
нур
Йўқолганда замин
кўзгуси,
Давомий зулмат қўйнида
Офтобга илҳақ бўлиб,
Денгизда сузадиган
кимсалар-
Нажот кемалари аслида.
Улар ўзларига тегишли
бўлган
Барча нарсани сотадилар
Қисматларига битилган
Золим жаллод, чиркин хўжайинларга.
Қўллари ва бошларидаги
Қийноқ излари
билан
Худди трансгумация
пайти
Йирик шохли қорамоллар
подасидек,
Далаларда орттирилган
Қоринларидаги яп-янги
Зўрлаш аломати чандиқлар
билан,
Бир бурда нон ўрнига раво
кўрилган
Кўз кўриб қулоқ
эшитмаган
Тубан жинсий алоқа
нишонаси билан,
Мўйна увадасини шимганча
Ҳеч ўзлари қўл теккиза
олмайдиган
Сузиб юрувчи ва
кесилган ўрмонларда
Уйқу истагидан кўзлари
юмулиб
Кесиб ўтиш учун улар
Тушишади сувнинг бағрига.
Натижада жонланади уларнинг
Фақатгина камчилик қисми
Аксарияти эса ботиради
Киприк қоқмай қўлини қонга.
Мен орзу қилгандим
Кийиниб кундузи
Пиёда юришни қуёш
остида.
Лекин кўзимни очган маҳалим
Ўзимни кўрдим
Асл бойлигим бўлган
Сукунат пардаси
ортидаги
Туннинг рангида.
Тутиб юрдим уни бахтиёр
Эгнимдан ечмай шунча
пайт.
Ечмадим ҳатто сен мени
Нафас олиш, ҳаракатланиш,
Сўз қотиш ва тушуниш
Имконидан маҳрум қиладиган
Тасма билан боғлаганингда.
Зотан сен мени қилдинг-да
бадном,
Хўрладинг, ташладинг муҳокамага.
Йўқ қилиб юбординг
Қимматли қоғозларимни,
Табиатимни қилдинг
яксон
Қўлларингни булғамай
сира.
Ҳеч нима абадиймас!
Қара, энди билар
кўзларим
Энди мен биламан
Ўзимнинг қанотларим
билан
Парвоз қилишни кўкка.
Сенинг қўлларинг
Кўксимда тураркан
тантанавор
Чайқалар оҳиста мармар
танамиз.
Бошимни кўтар,
Олиб келгин юзингни яқин,
Ахир истайсан-ку
бўсамни
Аталишини бир сенга фақат!
Заррин қанотли Амур
Чалғиши мумкин
Нафас олмаётган қалбимдан.
Шунга дунёга мафтун
Ташлаганча нигоҳ
Ёқамиз мармар ичига
олов. | 2020-11-16 | http://nodirabegim.uz/archives/3292 |
Кўрдим қумда ястаниб
Уйқуга кетган
Балиқчининг елкасида
Онам чандиғин.
Сўзларинг вазни
Ўзида этганди мужассам
Қутқазилган Электранинг
Болаларча фарёди ва
Жануб ёнғинини,
Нибирудаги
Аниқ ёши даргумон
бўлган
Отилишга мойил вулқонни.
Мақсад қилгудек бўлсам
Ишонишни ҳазилларингга
Эсга оламан бошқаларни
сен
Ишонтириш учун ўз
оламингга
Дахлдор тутган садоқатингни.
Сочларинг қодир
Худонинг
Ерда мавжудлигини уқтирувчи
Ягона дастаги бўлган
Учга бўлинган тумор
суратин
Чизарди кўксингга қадаб.
Бошқа нарсалар ўткинчи
Ва арзимас аҳамият
беришга,
Шеърият уддасидан чиқиб
бўлган
Кўзимизни ўйиб олишни.
Сен эса худди сукунатга
Бермаслик учунгина ҳукмронликни
Радиони ёқиб қўядиган
одамдан
Фарқ қилмаган ҳолда
Гапиргансан чивинлар ҳақида.
Мен хонанинг
Бошқа томонида туриб
Тинглагандим сени
Англаб сен томондан
Келадиган ҳужум ҳавфини
Жавоб беришга ҳозирлик
кўриб.
Шунга қарамай, жавобсиз
кутишни
Билгандим афзал.
Онт ичаман
Қилганингда менга қўнғироқ
Худди исмим тарихини
сен биладигандек
Ўзини шитоб
деразага
Келиб ураётган қушни,
Хакналладаги очилган сағанани,
Сонет шаклида дунё
устига тўкилган
Ўлимнинг тасодифий
бўсасини,
Юзма юз келганда
Ёмғир остидаги
овозингни,
Қўрқув ва нафислик каби
азал
Ҳамдардликни қилгандим
тасаввур.
Одамлар кетишгач
Чироқ ўчди.
Сен чивинлар ҳақида
гапирганча
Тошдек қотдинг зулмат қўйнида,
Хотиранг ортимдан туриб
Шипшитди ўлдириш
лозимлигини.
Шу тарзда қолдирдинг
Бир ўзимни ёлғиз,
Овозингда бор
эди жала шиддати
Менинг танамда чақнарди
чақмоқ.
Нефертити*,
Авлиё Павел майдонидаги
Афсонавий қушларнинг
Тош ҳайкаллари орасида
Чайқалиб турган
сенмасми?
Сен мансуб бўлган
Бу харобаларда
Зулматга чўккан ўлимдан
Туғилади қайта уйғонишга
майл.
Лабларингни излайди тун
Бақириб-чақирганча исмингни
айтиб.
Қўй, яширинма
Бу ташландиқ
ибодатхонага.
Ўз вақтида сен
Етмагансан ҳеч қачон
Ҳеч бир ҳақиқатнинг қадрига.
Атрофингдагилар сенга
айтган
Ҳар битта сўз, луқмаларига
Экишганлар ёлғон уруғин,
Ҳатто, табаррук
саналган
Ўз ўтмишларини
Сенга тортиқ қилишган
пайт ҳам.
Сен “ботқоқ” деб
этганда амр
Улар чўмилганлар кулда,
Сен болаликни қўмсаб
Жуфтлаганда очишга оғиз
Қовурғангни ётганча
босиб,
Самодаги юлдузлар
туркумини
Чизиш ҳуқуқи ўрнига
Улар мажбурлашган сени
Шарқдаги соянгни
кавлашга.
Бу ҳол туртки бўлди
Очиқ осмон остидаги
Вақт бешигида
Бошланишига тубсиз
жарликнинг.
Сен мени изладинг
Томирингда қонинг
гупуриб
Жазавага тушган чоғингда.
Аммо топганинг
бўлди-уруш,
Тавротдаги оёғингни сон қисмини
Сийпалаб турадиган
биллур шар.
Мен томонга чўзилганинг
пайт
Фарқинг қолмади
Бир тишлам билан
Дунёни тутишга уринган
мушукдан.
Мажбур бўлдинг
Йўқламоққа Анубисни**
эвоҳ
Руҳимни фарёдлардан
Ният қилиб қутқазмоқликни.
Бошқалар чалкашлик ёхуд
орзулар
Хусусида гап сотишганда
Сен ақлдан озганча ё
раб
Ўйнадинг боғлаб тилимни
Уни яширишга
ихтисослашган
Беркинмачоқ ўйинини тез…
Қара,
Бугун сени чорламоқдаман…
Бошқа биров феъл
атворингга
Ранжиш аломатларин
Афт-ангорида намоён қилмай
Тоқат қилмасди бунчалик
енгил,
Фаҳм-фаросати етмаса
Шеърият ёки фанга
инчунун
Чўкиб ўларди аниқ
Сувнинг устида қадам
босгандек.
Бугун сени йўқламоқдаман…
Бош кўтарган зотан
менда
Бу чўғдек ёнаётган шаҳарнинг
Жон томирига туз сепиш;
Барча азоб-уқубатларим
орасидан
Танловимни сенга қаратиш
Ва ягона кароматимга айланган
Уйқусизлигимга ҳайҳот
Сени сабабчи деб
баралла
Овоза қилиш истаги.
:
Нефертити*- афсонавий
Миср маликаси бўлган.
Анубис**- Миср
мифологиясидаги Худолардан бири. | 2020-11-26 | http://nodirabegim.uz/archives/3348 |
Бошқа бир йигит
Ой шуъласида
Ўрмон оралар
Елканли қайиқ
Қолиб кетган каби
Туман ичида
Жиловидан бўшалади сув
Югуради қаерларгадир
Мен уйғонган чоқ
Лабиринт ичида эдим
Ўтирардим сассиз, садосиз.
Кўзгу янглиғ ялтирарди тоғ
Ой шуъласида
Мен кетмоққа чоғландим
Кексалик енгганди ота-онамни
Навқирон бўлишин истаб уларнинг
Тонгдан
сўрар эдим субҳи содиқда
Ёғду тарат, шод этгин дея.
Денгиз томон отлангач бир кун
Қўриқлаш-чун отам мену онамни
Қирғоқ қадар сорбон бўлди у.
Биз ўрмондан ўтгач ногаҳон
Оғир-оғир ёғди оппоқ қор.
Ғаму қайғуларга тўйинганди у.
Қор тинаркан, ҳаво намланиб
Ўрмонлар ҳам тортар қоронғи.
Қушлар учар эркин ўрмонда
Ва сайрашар, юришар санғиб.
Ва тўкилар патлар бирма-бир
Қор тинганда, саҳардан оғиб.
Мени тутар ғайри бир йўтал
Қор ботинда лиммо-лим чоғи
Рақс этаман, нонушта маҳал
Асар қолмас қордан, у абас.
Фақат буюк табитнинг соф
Ҳавосидан оламан нафас.
Ўрмонда ҳам қолмаган ваҳм
Энди ажиб ифор бор сирли…
Йўлга чиққан
эдим
Ҳар икки
ён дарахтлар
Асраб қолсам
қани бу манзарани
Барқ урган
ёшлик, сукутни.
Шарқ тоқига
чоғланар Ой,
Соясида
Равшанлик
абасдир ўзимдан бўлак.
Хастаҳол
кўланка тоғлар мисоли
Чўзилиб
борар.
Гулу тикан
теграларида
Қушлар
сайрар жўровоз
Ой —
лиммо-лим пиёла
Тун
рангига кирар ногаҳон
Денгиз
япроқлари, сувўтлар зоҳир
Ой Шарқ
кўкида пайдо бўлганд дам.
Она замин қудрати
ила
Ярқироқ
дарё узра турар у.
Қайиққа қўниб
олади соя
Яшилланар
сўнг
Ҳаёт билан
қилмас муроса.
Ой Шарқ тоқига
чиқан дам
Йиғилган
шолипоя даласи
Улкан
шатранж тахтаси каби
Ҳадсиз
осмон остида.
Шеърият
тулпори чопар дупурсиз… | 2020-12-13 | http://nodirabegim.uz/archives/3418 |
«Баҳаққи Момо Ҳаводан олдин Лилит бўлган,» — дейилади қадим иброний матнида. Бу афсона инглиз шоири Данте Габриэл Россеттининг «Эден Боуэр» достонини ёзишга илҳомлантирди. Лилит илон аёл эди, у Одам Атонинг биринчи рафиқаси эди ва унга «glittering sons and radiant daughters» ( «ярқираган ўғилларни ва нурли қизларни») туғиб берганди. Худо Момо Ҳавони Одам Атонинг хотинидан қасос олиш учун кейинчалик яратди; Лилит Момо Ҳавони таъқиқланган мевани татиб кўришга ва кейинчалик биродарининг қотилига айланган Қобил ва Ҳобилга ҳомиладор бўлишга ишонтирди. Бу Россетти эргашган афсонанинг асл шакли.
«Лилит» сўзи ўрта асрларда қадим ибронийча «лайин» сўзининг таъсирида ўзгарган шаклда талқин қилина бошлади. Бу «тун» маъносини англатадиган сўз. Лилит энди илон эмас, туннинг руҳи шаклида маъно касб эта бошлади.
Лилитни баъзан одамларнинг туғилиши учун масъул бўлган фаришта, баъзан жинларга буйруқ берувчи, сафарга чиққанда ёки ёлғиз ухлаганда одамларга ҳужум қилувчи каби қиёфаларда тасаввур қилишади. Энг кўп тарқалган оммавий хаёлатда у баланд бўйли, қора оқаётган сочларда сукутдаги аёл тимсолида гавдаланади.
Юнонлар уларни шу ном ила аташган; римликлар эса уларни фавнлар, панами ва силваналар ҳам деб юритишади. Сатираларнинг белдан қуйи эчки шамойилини эслатса, танасининг бутун қисмлари, хусусан қўллари ва юзи худди инсон монанд, аммо ҳайвонлар сингари уларни жўн қоплаган. Сатиранинг пешонасида шохи бор, қиррабурун ва учли қулоқларга эга. Улар мусалласни ўлгудай ёқтиришади, шу билан бирга жуда ишратпараст. Улар Диониснинг Ҳиндистонга қилинган қувноқ фатҳида унга ҳамроҳ бўлишди. Улар нимфаларга жосуслик қилишни, хиромон рақсга тушишни ва флейта чалишни хуш кўрадилар. Деҳқонлар уларга ўзгача ҳурмат кўргузадилар ва ҳосилнинг аввалини тортиқ қиладилар. Сатиралар шарафига қўчқорларни қурбонликка келтиришади. Сулланинг Фессалияга юриши даврида ҳарбийлар кичик илоҳ саналадиган сатиралардан бирини ғордан тутиб олишди ва уни қўмондонлари ҳузурига олиб келишди. Бу кўриниши шу қадар жирканч маҳлуқот эдики, ғалати товушлар чиқарарди. Сулла аскарларга уни зудлик билан тутиб олинган тоғ бағрига қайтаришни буюрди. Ўрта асрларда шайтонларни тасвирлашда сатираларнинг сувратларидан улгу олдилар.
Рим ва юнон мумтозларининг таъкидига кўра, ламиялар одатда Африкада яшашади. Уларнинг белдан юқори қисми диловар аёл кўринишида бўлса, қуйи қисми илон шаклини эслатади. Баъзилар уларни жодугарлар деб билса, бошқалар ёвуз махлуқлар деб аташади. Уларда гапириш қобилияти йўқ, аммо маънодор ҳуштак чалишлари мумкин. Улар саёҳатчиларни авраб саҳролар бағрига чорлайди ва уларни ўша ерда ютиб юборишади. Улар келиб чиқишига кўра илоҳий, айтишларича, бу Зевснинг кўпдан-кўп ишқий муносабатларининг маҳсули эмиш бу авлодлар. Роберт Бертон ўзининг «Мелонхолиянинг анатомияси» (1621 йил)нинг тегишли қисмида хушрўй ва ёш файласуфни ламия ундан кам бўлмаган гўзаллигига маҳлиё қилиб севги эҳтиросларига чўлғанган одамни ўзи билан олиб кетганлиги ҳақида ҳикоя қилади. У уни Коринф шаҳридаги саройга олиб боради. Турмуш қуриш таклиф қилинганда, аслан сеҳргар бўлган Аполлоний Тианский ламияни ҳақиқий исми билан чақиради, шунда ламия ҳам, сарой ҳам бир зумда ғойиб бўлади. Жон Китс (1795-1821) вафотидан сал олдин Бертоннинг бу ҳикоясидан руҳланиб, шу сюжет асосида достон ёзди.
Мусулмон ақидаларига кўра, Аллоҳ уч ибтидодан яратган махлуқотлар қуйидагилардир: нурдан — фаришталар; оловдан — жинлар; ва тупроқдан — одамлар. Беш турли қавмдан иборат ва Одамдан бир неча минг йил олдин қора тутунсиз оловдан жинлар яратилган. Мазкур турлар орасида яхши ва ёмон жинлар, жин-эркаклар ва жин-аёллар борлигини айтиб ўтмоқ жоиз. Космограф Ал-Қазвинийнинг ёзишича, «шаффоф танага эга ҳаво махлуқоти бўлган жинлар турли шаклларга кира олади.»
Аввалига улар худдики булутлар, ёки қандайдир ноаниқ баҳайбат кўринишда, қўққайган симёғочлар каби ғайритабиий туюла бошласа, кейин улар зичлашиб, аниқ шакл касб этиб, одам, шоқол, бўри, шер, чаён ёки илон қиёфасига эга бўлади. Уларнинг баъзилар садоқатли, бошқалари эса битъатчилар ва яна қайсилари даҳрий. Инглиз шарқшуноси Эдвард Уилям Лейннинг таъкидлашича, агар жинлар баҳайбат одам қиёфасига кирганларида, мабодо меҳрибон бўлсалар, қоида тариқасида кўзни қамаштирадиган даражада чиройли, билъакс ёмон бўлса, жирканч ва хунук махлуқ кўринишида намоён бўлади. Улар таркибидаги зарраларнинг кенгайиш ва суюлтириш хусусиятларига кўра, «тезлик туфайли ўз хоҳишларига кўра, кўринмас ҳолга киришлари мумкин,» улар йўқ бўлиб кета олади, ҳавода ва сувда эрий олишади ва қаттиқ деворлар орасидан ўта олишади.
Жинлар одатда осмоннинг қуйи қабатига кўтарилиб, ўша ердан эртанги кун ҳақидаги фаришталарнинг суҳбатларини эшита олади. Шунинг учун башоратгўй фолбинлар ва сеҳргарларга ёрдам беришга қодир. Баъзи донишларнинг фикрича, пирамидаларнинг қурилиши уларнинг шарофатидан, ҳатто улуғ Сулаймоннинг буйруғига кўра буюк Қуддус ибодатхонасини ҳам жинлар бунёд этган.
Жинларнинг энг севимли масканлари бу — биноларнинг харобалари, сув хумлари, дарёлар, булоқлар, чорраҳалар ва бозорлардир. Мисрликлар қум бўронлари ёвуз жинларнинг парвози натижасида юзага келади дейишади. Улар яна таъкидлайдики, кўкдан қулаётган юлдузлар — Аллоҳ жинларни мўлжалга олиб отган ўқларнинг ёруғлик шўъласи. Бу ёвуз махлуқотлар томонидан қилинадиган бузғунчиликлар орасида қуйидагилар кенг тарқалган: улар том ва деразалардан ғишт ва тошларни кўчадан ўтиб кетаётган одамлар устига ташлашади; гўзал аёлларни ўғирлаб ҳеч ким яшамайдиган овлоқ уйларига олиб кетишади; озуқа маҳсулотларини ўғирлашади, аммо шунга қарамай ўзингизни уларнинг ёмонликларидан ҳимоя қилиш учун, Меҳрибон ва Раҳмдил Аллоҳ деб мурожат қилишингиз кифоя.
Қабристонларни айланиб юрадиган ва мурда билан озиқланадиган руҳлар жинларнинг энг паст тоифаси ҳисобланади. Бу жинларнинг отаси ва боши Иблисдир.
1828 йилда ёш Виктор Гюго «Жинлар» номли бетартиб достонини қоралади. Унда даставал ҳар бир қаторда бир жиннинг қўшилиб кўпайиб бориши ва саккизтага етгандан сўнг, бирин-кетин камайиб, охир-оқибат барча жинлар йўқолгач, сатларни ҳам камайиб қолганлигини кўрсатувчи ғаройиботни вужудга келтиради. Бертон ва Ноа Уэбстирлар «жин» сўзини луғавий маъносини лотинча «genius», яъни «гений»(«даҳо») сўзига ва унинг пароними «руҳ»сўзига уйқаш бўлса керак деган қарашни илгари суради. Роҳиблар билан баҳслашиш мумкин албатта.
Гномлар номи келиб чиқишига кўра жуда қадимий, юнонча ибора, лекин грек мутафаккирлари бу ҳақда билишмаган, чунки бу сўз XVI — асрда пайдо бўлган. Этимологик жиҳатдан «гном»ларни ихтиро қилиниши илк бор швециялик алкимёгар Парацельс ёзмаларида учради. Гномлар — бу жойда ер ва тоғларнинг руҳлари. Халқ фантазиясида улар митти, юзларида соқол бор, шу билан бирга кулгили ва қўпол хусусиятларга эга мифоантропост сифатида тор жигарранг кофтанларда ва монастир кийимларида кўриниш берди. Юнон ва Шарқ асотирларидаги тулпорлар ва олмон аждарлари сингари яширин хазиналарни қўриқлаш гномларнинг бурчи саналган.
«Gnosis» юнончада билим деган маънони англатади. «Гном» сўзини асосчиси Парацельснинг фарази бўйича, гномлар ер юзида яширинган хазиналар рудасини фақат одамгина аниқ жойлашувини аниқлаб яширин сирлар қулфини очиши мумкинлигини билади.
Браунлар — номидан айтиб турибдики, фойдали жигарранг одамлар. Шотландияда улар омборхоналарни зиёрат қилишни яхши кўрадилар, одамлар ухлаётганда уйдаги вазифаларни бажарадилар, ҳатто мусиқий кечаларни ташкил этадилар. Биз бунга ўхшаш сюжетларни ака-ука Гримм эртакларида ҳам учратамиз.
Машҳур ёзувчи Роберт Луис Стивенсон браунларини адабий ишларга мослаштиришга эришганини таъкидлайди. У ухлаётганда браунларни хаёлий ҳикоялар билан илҳомлантирганини, масалан, «Доктор Жекил ва жаноб Ҳайднинг ғаройиб тарихи» ёки қадим испан наслидан бўлган ўспириннинг ўз синглисини қўлини тишлаган «Олалла»даги каби эпизодлар шундай йўналтиришларнинг мевасидир. | 2020-12-26 | http://nodirabegim.uz/archives/3486 |
“Мана, дастурхон ҳам тайёр!
Ичимликлар музлатгичда. Вой, туфлим қаерда қолди? Стуллар бир-бирига яқин
турибди, узоқроқ қўйиш керак. Уф, барибир бу нарса менга ёқмаяпти. Юрагим
ҳавотирда. Тинчлансанг-чи, ўн етти яшар қизмидинг? Ахир Янги йилни ёлғиз кутиш
яхши эмас. Қачонгача? Бўлди, ўзингни бос…”
Светлананинг хаёлларини эшик
қўнғироғи учириб юборди. “Ана, келди. Очсаммикин? Ахир таклиф қилиб энди
очмасам уят бўлади.”
— Ҳозир, -аёл эшикни очди.
Йўлакда Дмитрий турар, унинг
юзида тиржайиш зоҳир эди.
— Оххо, гўзалсиз! -у шундай
деб остонага қадам босди.
— Дмитрий, ичганмисиз?
— Йўқ, албатта. Чиройинг
олдида лол бўлиб қолдим, холос!
Эркак бамайлихотир
меҳмонхонага кирди.
— Буни қара! Дастурхон
тузоғлиқ! Света, яшавор!
Ўзини таҳқирлангандек ҳис
қилган аёл ўйланиб қолди. “Энди нима қилсам? Шу қўпол эркак билан байрамни
нишонлайманми? Бекор таклиф қилибман”.
— Нима бўлди, қоққан қозиқдек
турибсан? Мени столга таклиф қилмайсанми? Қорин таталаб кетди!
— Ҳа-я, кечирасан. Кутилмаган
ташриф…
— Хуллас, ўтирдим. Нега
кутилмаган бўларкан? Бугун мен олийжанобман.
Светлана Дмитрийнинг қарама
қарши тарафига ўтирди. Эркак аёлга эътибор бермай ўз ликопига егулик сола
бошлади.
— Нима ичамиз?
— Шарбатлар яхдонда.
— Бошқа нарса йўқми? Ўтаётган
йилни шарбат билан кузатамизми? Буни қара-я? Нега шунақасан?
— Қанақаман? -асабийлашди
аёл.
— Томошани бошлама. Нима
исташингни биламан.
— Нима экан?
— Сенга эркаклар ёқмайди,
ўшани кутяпсан! Тентак. Аслида янги йилни мен билан бирга кутиб олишга рози
бўлиб тўғри қилдинг. Билсанг агар мени таклиф қилганлар кўп эди. Лекин сени
танладим.
— Менимча, учрашув кўнгилли
ўтмаяпти. Юр, сени эшиккача кузатиб қўяй, -Светлана ортиқ унга тоқат
қилолмасди.
— Нима деганинг бу? Ҳеч
қаерга кетмайман! Кўчада ёлғиз байрам кутайми? Кел, тинчлан, мени меҳмон қил.
— Тушунарли қилиб айтдим,
шекилли. Кет бу ердан!
Дмитрий ўрнидан туриб
пальтосини қўлига олди. Эшикка етганда аёлга назар ташлади:
— Ҳали афсусланасан!
— Сираям.
— Мени умуман қизиқтирмайсан.
Бор, бедарак йўлдошингга сиғиниб ўтир, -Дмитрий хиринглади. -Тақдиринг шу! Бир
умр кутиб яша. Ҳақиқий эркакларнинг эса бошини қотирма!
У шундай деб эшикни
қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди. Светлананинг ёноғига ёш думалади. “Аҳмоқман.
Худойим, нега бундай бўлди? Қанча чидаш мумкин?” Аёл шошилмай сокинлик чўккан
хонани айланди. Қўшни хонадонларда шодон қийқириқлар янграрди. Светлана стол
устини йиғиштира бошлади. Бўш столда фақат шарбат ва бир жуфт бокал қолди. У
жавондан эрининг суратини олди.
— Мана, Игор, яна иккимиз
ёлғиз қолдик. Янги йилни шундай кутиб олишга одатланганмиз. Мени кечир, бугун
тентаклик қилдим. Кераги йўқ эди.
Аёл ёшларини артиб соатга
қаради. Янги йил киришига йигирма дақиқа қолибди. Света суратни жойига қўйиб
жавондан қутичани олди. Унинг ичида хатжилдлар турарди. Устидаги мактубни олиб
титроқ қўллари билан тикилиб қолди. Сўнгра уни очиб ўқиди.
“Салом, қувончим! Светам!
Бугун сендан хат олдим. Очишга аввалига чўчидим. Бирдан мени ташлаб кетсанг,
деган хаёлга бордим. Ахир сенга иш сафарларим ёқмаслигини биламан. Айрилишимизни
ўйласам кўзимга ёш келади. Аҳмоқман-да! Хатингни бир неча марта ўқидим. Гўё сен
ёнимда эдинг. Ҳалигача нега мени севишингни тушунмайман. Менга турмушга чиқиб
туганмас бахт ато этдинг. Эсингдами, тортинганча қўлингни сўрагандим…”
Света жилмайди. Унга бу мактуб
ёд бўлиб кетган. Икки ярим йилдан бери, Игор изсиз йўқолгач бу мактублар уни
тонгда уйғониш ва яшашда давом этишга ундаб келмоқда.
“Бугун қоровул билан
алмашамиз, эртага бошқа жойга жўнарканмиз. Ҳадемай менга таътил беришади,
бундан ҳаяжонланиб кетяпман. Сабаби сени кўраман. Узоқ айрилиқ учун мени кечир.
Биламан, барча хатларимда сендан кечирим сўрайман…”
— Сени кечирганман, -шивирлади
Света. -Билсанг эди, сенсиз қанчалик қийналаётганимни. Қаердасан ахир? Бошқалар
қабрни зиёрат қилади, мен қаерга борай?
Дераза орти ёришиб кетди.
Мушакбозлик бошланди.
— Айтишларича, соат ўн иккига
бонг урганда тилак ёзиб, шамда ёқиш керак экан. Тентаклик бўлсада, шундай
қиламизми, Игор? -у суратга боқди. -Мана, ушалмас орзуйимни айтаман!
У шундай деб қадаҳларга
шарбат тўлдирди. Ниҳоят, мамлакат бўйлаб барча курантлар бонг ура бошлади.
Света тилагини қоғозга ёзиб, сўнг уни шамда ёқди ва шарбатдан хўплади.
— Янги йилинг билан! -шундай
деб суратни ўпиб қўйди. -Агар ҳозир ёнимда бўлганингда мендан бахтли инсон
бўлмасди!
Аёл деразадан ташқарига боқиб
байрам қилаётган одамларни кузатди. Шу пайт бирдан эшик қўнғироғи чалинди.
“Ким бўлди экин? Ким уни
йўқлаб келди? Ёки анави аҳмоқ тағин тинчини бузмоқчими?”
Аёл секин қадам босиб эшикка
яқинлашди ва ташқарига қулоқ тутди. У ердан эса юрагини ҳаяжонга тўлдириб,
кўзларидан қувонч ёшлари отилишига сабаб бўлган ўша қадрдон овоз янгради:
— Светам, илтимос, эшикни оч!
Бу мен, Игорман! Ниҳоят, қайтдим… | 2020-12-29 | http://nodirabegim.uz/archives/3513 |
Бир
мактаб ўқувчисини
Юрагида
яшайдиган
Умидга
монанд
Такрорлайсан
қайта ва қайта
Шу
сўзларни ўзингга ўзинг.
Соат
стрелкалари
Сийнанг
атрофидаги
Бирор бир
ҳаёт нишонаси йўқ
Жойни аниқ
кесишар тутиб.
Овозинг
берар ҳорғин акс садо-
Сабаби
шуки
Орзуларинг
билан
Ўтмишдаги ҳеч бир қароринг
Бўлмаган
якдилликда ҳамнафас.
Эндиликда
Катта
ўлчамда кенг
Оёғингдаги
пойабзалинг ҳам.
Кун келиб
эса
Бўзариб
отганида тонг
Сен уйқудан
очасан-да кўз
Ювиниш
хонасини борасан йўқлаб.
У ердаги
кўзгуга
Тикиласан
тош қотганингча
Сўнг
англайсан аллақачон
Ўликдан
фарқинг қолмаганини.
Таъкидлашарди
Ота-онам ҳар
доим
Кўз ёши
тўкиш
Ожизликнинг
белгисидир деб.
Шу
туфайлими
Ўргандим
йиғлашни унсиз
Ва
атрофимдагиларга
Заҳримни
сочмоқликни жим.
Бундай қусурни
Ҳис қилдим
ўзимникидек
Уддалай
олдимки шунчалар
Яширдим
уни лаҳзалар ўтиб
Теримнинг
орасига-да.
Сийратим
такрорлади
Қисматини
кўринмас одамнинг
Ўзгарди кўзга ташланадиган
Одатдаги қиёфам,
тусим.
Энди қалбимга
Асло туҳфа
қилолмас оғриқ
Бирор бир
кимса
Мутлақо ҳеч
ким. | 2021-03-01 | http://nodirabegim.uz/archives/3526 |
Беш кундирки, қуюқ бўрон турган. Оппоқ қор
билан қопланган кулба даричасидан
ғира-шира ёруғлик таралар ва унда қайғу ҳукмрон эди: болакай оғир дардга
чалинган. У қайноқ ҳароратдан алаҳсираб, тез-тез йиғлар ва қизил бошмоқча
беришларини сўрарди. Онаси кўнглини қуршаб олган қўрқувдан ва ўзининг ҳеч
қандай ёрдам беролмаётганидан куйиниб, ётган жойида аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкарди.
Нима қилиш керак, қандай ёрдам берсин? Эри
уйда эмас, отлар чатоқ, касалхонагача эса ўттиз чақирим ва бундай ваҳимали
пайтда ҳеч қандай доктор бу олис қишлоққа келмайди…
Дахлизни тақиллатиб, Нефед печкага ўт қалаш учун бир қучоқ похол
келтирди ва уни полга ташлади, нафаси қайтиб, муздек изғирин ҳаводан симирди,
артиниб, эшикни қия очди ва ичкарига мўралади:
— Хўш, хоним, қалай? Бир оз енгиллашдими?
— Қаёқда, Нефедушка! Тузалишига кўзим
етмайди. Қандайдир қизил бошмоқчаларни сўрагани-сўраган…
— Бошмоқчалар? Қандай поябзал экан у?
— Худо билади. Алаҳсираб, иситмада куйиб
ётибди…
Нефед бошини қимирлатганча ўйланиб қолди.
Унинг бош кийими, соқоли, эски пўстини, йиртиқ кигиз этиги – ҳаммаси қор,
музлаб қолганди… Бирдан қатъий:
— Демак, топиш керак. Кўнгли шуни
тусаяптими, топиш керак, — деди.
— Қаердан топамиз?
— Новоселскидан. Дўкондан. Қора бўлса, қизилга
бўяш ҳеч гапмас.
— Худо хайрингни берсин! Новоселскигача
олти чақирим йўл. Бу бўронда қандай бориб келасан?
Яна ўйланди.
— Йўқ, бораман. Ҳечқиси йўқ, боравераман.
Юрсам – етаман, яёв бўлса ҳам. Уларни гард қўндирмай қўйнимга солиб келаман…
Ва эшикни ёпиб, чиқиб кетди. Ошхонада чурқ
этмай, чакмони устидан пўстин кийиб, белини
эски белбоғи билан танғиб боғлади, сўнг қўлига қамчи олди-да, дарвоза ортини
кўзлаб ҳовлига чиқди ва оппоқ қорга
бурканиб, денгиздек қутурган бўронда шошилинч йўлга тушди.
Тушлик ўтди, кеч кирди, қоронғу туша
бошлади ҳамки, Нефеддан дарак йўқ. Худо сақласин-у, бирор жойда тунаб
қолгандир. Бундай об-ҳавода бир кунда
қайтиш даргумон. Эртага тушдан кейин келсаям катта гап. Аммо шундай
бўлса-да, кечаси ваҳима авж олди. Ташқарида қанчалик зулмат ва бўрон бўлса, уй
ичида ҳам шу қадар қўрқинчли фикр гуврай бошлади. Мойчироқнинг тунд шуъласи
липиллаб ёнар, она уни полга — каравот ортига қўйганди. Болакай мойчироқ
соясида ётар, девор унга ёлқинланиб кўринар, аллақандай мўъжизавий, ажойиб шакл-шамойиллар
тасвири пайдо бўларди. Баъзан у ўзига келгандек бўлар ва шу заҳоти аччиқ,
фиғонли йиғисини бошлаб, (гўё ҳуши жойидадек) онасига илтижо қиларди:
Ойижон, берақолинг! Жон ойижон, беринг,
сизга нима кераги бор уларнинг?
Она тиззалаган кўйи ўз кўксига муштлади:
Э Худо, ёрдам бер! Худойим, ўз паноҳингда
асра!
Ниҳоят, тонг отгач, деразадан бўрон шовқини
билан тунги гувиллашлардан мутлақо фарқли товушлар кира бошлади, кимдир келганини,
аллакимларнинг нотаниш овози янграганини, сўнг эса ойнанинг тез-тез, мудҳиш
чертилганини эшитдилар.
Булар новоселскилик деҳқонлар бўлиб, улар
оппоқ, музлаб қолган, бутун баданини қор қоплаганча чанада чўзилиб ётган Нефеднинг жонсиз
жасадини келтиришганди. Деҳқонлар шаҳардан йўлга чиққан, тунда адашиб қолиб, бутун далани кезган,
тонгга яқин қандайдир яйловда отлари билан қорга ботиб, бор умидини
йўқотишганди. Тўсатдан қор тагида дўппайиб турган кигиз этикли оёқларни кўриб
қолишди. Қорни ҳар томонга суриб, уни тортиб олишди, қарасалар, — таниш…
Қутқардилар-у, бу ялангликлар протасов
фермаси ерлари эканини англадилар, қишлоққа икки қадам қолганда эса
мусибат…
Нефеднинг қўйнида яп-янги болалар оёқ
кийими ва қизил бўёқ бор эди. | 2021-05-01 | http://nodirabegim.uz/archives/3537 |
Ҳар куни тушликдан сўнг мактабдан қайтаётган болалар
Махлуқнинг боғида ўйнашга одатланишганди. Унинг ўзи ҳам боғмисан боғ эди-да: бу бошидан
то унисигача пушти,
юлдузсимон гуллар майсалар узра очилиб
ётар, яна баҳорда марвариддай нафис чечаклар тугиб, кузда мўлгина ҳосил берувчи
йигирма туп шафтоли дарахти
ҳам
бор эди. Шохлардаги қушлар ширин сайраганда,
болалар ўйинни ҳам унутиб тинглашар,
— Қандай
бахтлимиз-а бу ерда! — дея қийқиришарди.
Кунлардан бир куни Махлуқ қайтди. У Корнваллик дўсти одамхўрникига кетган ва етти
йилдан бери ўша ерда эди. Ўтган вақт давомида у айтмоқчи бўлганларининг барини
айтди ва суҳбатни якунлаб, қасрига қайтишга қарор қилди. Келибоқ, боғдаги
болаларни кўрдию:
-Менинг боғимда
нима қиляпсизлар?! — дея ўшқирди. Шунда сичқоннинг ини минг танга бўлиб, ҳар
ким ўзини тўғри келган томонга урди.
-Менинг боғим
меникидир! Унда кимнингдир кўнгилхушлик қилишига рухсат бермайман! — деди-да,
баланд девор қурди у. Бу ҳам камдек, «ТАРТИБ БУЗАРЛАР ЖАЗОЛАНАДИ!», дейилган
огоҳлантириш тахтасини илиб қўйди.
У ўта ҳудбин
эди.
Бечора
болалар энди ўйингоҳлари йўқ, тошли, чанг кўчаларда вақт ўтказишар, бу уларга ёқмасди. Улар дарслардан сўнг девор
атрофида айланишни одат қилишди ва гоҳида деворга қараб,
-Эҳ, қандай
бахтли эдиг-а у ерда! — дейишарди.
Ойлар ўтиб,
ўлка гул-чечаклар, қушлар билан безанди. Худбин Махлуқ боғигина бундан мустасно
эди. Биронта ҳам бола бўлмагани учун қушлар у ерга парво қилишмас,
дарахтлар гуллашни унутишганди. Ёлғиз бўй чўзган гул ҳам огоҳлантириш
тахтасини кўриб чуқур афсус билан ортига, уйқуга қайтди. Қор ва қировгина боғда
йил бўйи қолишлари мумкинлиги учун қувонишди.
-Баҳор боғни
унутди. Энди йил бўйи шу ерда қоламиз!
Майсалар
оппоқ бахмал қор, дарахтлар кумуш қиров остида қолди. Кейин шимолий шамолни
таклиф қилишди. У юнгга қопланган, куни билан боғда ўкирар, мўриларда гуввилларди.
У бир куни айтиб қолди:
-Бу ер – роҳатижон!
Дўлни чақириш керак!
Шундай
бўлди. Дўл кунига уч соат сарой томини қарсиллатар, тоштахталарни синдирарди.
-Тушунмайман, нега баҳор кечикябди? — дерди Махлуқ, оппоқ боғдан кўз
узмай. — Умид қиламанки, ҳаво ўзгаради.
Бироқ, на баҳор
ва на ёз келди. Куз барчага олтин меваларини инъом қилди. Махлуқнинг боғига эса
йўқ.
-У ўлгудай
худбин! — деди у. Қор, қиров, шамол ва дўл базмларини давом эттиришди.
Тонгларнинг
бирида Махлуқ уйғоқ ётар экан, бирдан ёқимли овоз эшитилгандай бўлди. Қирол
мусиқачилари ўтишаяпти, деб ўйлади у дастлаб. Аслида, бу миттигина қуш эди, холос,
аммо у қачондан бери қуш овозини эшитмаганидан, бу – дунёдаги энг гўзал куйдай
туюлди. Дўл рақсини тўхтатди, шамол ҳам тинчиб қолди ва дераза тавақаларидан
муаттар ифор кирди. Шунда Махлуқ:
-Баҳор қайтди!
— дея сапчиб туриб, ойнадан қаради ва нимани кўрди?
У ажиб
манзарани кўриб турарди. Болалар девор тешигидан кириб, шохларда
ўтиришарди. Дарахтлар ҳам аллақачон гуллаган, қувонч билан уларнинг бошлари
узра қўлларини оҳиста тебратишарди, атрофда қушлар чуғур-чуғур қилишса,
майсалар орасида гуллар қиқирлашарди. Фақат энг чекка бурчакдаги дарахтгина ҳали ҳам оппоқ.
Ўша ерда митти бола турар,
жуда
кичиклиги учун дарахтга чиқолмай, аччиқ-аччиқ
йиғларди.
Бечора дарахт ҳамон қор-қировга бурканган,
бошида шимол шамоли гуввилларди.
-Чиқақол,
миттивой! — дея шохларини борича эгарди у — бу ҳам бефойда.
Кўрганларининг бариси Махлуқ юрагини эритиб юборди.
-Қандай
худбин эканман-а?! — афсусланди у. — Энди билдим, нега баҳор келмаганини. Ҳозир
бу миттивойни дарахтга чиқараманда, деворни бузаман. Боғим умрбод болалар
ўйингоҳи бўлади! У чиндан ўз қилмишидан пушаймон эди.
Махлуқ
зиналардан аста тушиб ҳовлига чиққанда, болалар уни кўриб, қўрққанларидан қочиб
кетишди ва қиш яна қайтди. Йиғлаётган болагина уни пайқамади. Махлуқ секин
келиб уни аста кўтарди, шохга чиқарди ва киприк қоқмай, қор ўрнини гуллар
эгаллади, қушлар сайрай бошлади. Миттивой эса уни маҳкам қучиб, ўпиб қўйди. Махлуқнинг
ортиқ ёмон эмаслигини кўрган бошқа болалар баҳорни эргаштириб, бир-бир қайтишди.
У эса деворни бузди.
-Бу боғ –
энди сизники, миттивойлар!
Тушликка қайтаётган
одамлар ўзлари кўрган боғларнинг энг гўзалида болалар билан ўйнаётган Махлуқни
кўришди.
Кечқурун
хайрлашув пайти,
-Қани митти
шеригингиз? — сўради у. — Ҳали мен дарахтга чиқариб қўйганим.
Бу бола
Махлуқ учун жуда қадрли бўлиб қолганди.
-Билмаймиз.
У кетди.
-Унга
айтинг, эртага ҳам бемалол келаверсин.
Бироқ,
болалар унинг қаерда яшашини билмасликларини, аввал уни сира кўрмаганларини
айтишди.
Кунлар
ўтаркан болалар аввалги одатларига қайтишди, Махлуқ ҳам уларга меҳр қўйди. Аммо
ўша кундан бери кўринмаётган болакайни қумсар,
-Қани уни
яна бир кўрсам! — дерди.
Орадан кўп
йиллар ўтиб, Махлуқ қариб, кучдан қолди. Энди у ўйнолмас, катта курсида ўтириб,
болаларни кузатиш билан кифояланарди, боғини қадрларди.
-Менинг
кўплаб ажойиб гулларим бор, аммо болалар — боғимнинг энг гўзал гулларидир! —
дерди.
Қиш
кунларининг бирида Махлуқ кийина
туриб боққа қаради. Энди у қишдан қўрқмас, негаки, баҳор уйқудалигини, гуллар
дам олишаётганини биларди.
Илкис,
кўзларини ҳайрат-ла ишқалади, қайта- қайта тикилди. Бу чиндан ғаройиб манзара
эди: энг чеккадаги бир дарахт нафис гулларга бурканган, шохлари олтин, мевалари
кумуш, остида эса қадрдон болакай турган эди.
Махлуқ қувонганидан
зиналардан учиб тушди-ю ўзини боққа урди, аммо Миттивойга яқинлашганида жаҳлдан
қизариб кетди.
-Ким
сени жароҳатлади?! —
сўради овози титраб.
Боланинг кафтларида, оёқчаларида иккитадан тирноқ изи бор эди.
-Ким?! — қичқирди
у. — Айт! Мен қиличимни оламану уни сўйиб ташлайман!
-Йўқ, — деди
бола оҳиста. — Ахир, бу муҳаббат
излари-ку.
-Ким қилди?
—
деди у. Сўнг ўзини босиб келган ёқимли ҳислар тўлқинида бола олдида тиз чўкди. Бола жилмайди:
-Сен бир гал
боғингда ўйнашимга изн бергандинг. Бугун эса мен сени Жаннат деб аталган боғимга
элтаман.
Тушликдан
кейин келган болалар Махлуқни оппоқ чечакларга беланган, жонсиз ҳолда топишди. | 2021-07-01 | http://nodirabegim.uz/archives/3550 |
Сукунат ва осудалик
Қизиқарли мутолаа
Нақшинкор финжондан
Эрталабки бир ҳўплам қаҳва
Осмон-базўр кўкимтир
Қуёш- ёрқин
Улашмоқда нур
Сўрай олмаслигинг аниқ
Бундан ортиғини ҳеч
-Сизга берилганми
рухсат, хоним
Ўтмоқликка бу йўлдан
юриб?
-Мен… қаёқдан билай!
Cўз алмашишлар нақадар қисқа
Юмор ҳисси хосдир
Владек амакига ҳамиша
Мен бўлсам ўйчанман
Эски одатимга
Ҳечам иш тутмай хилоф
Йўл четида эса
Отишма овозининг
Қулоққа чалиниб туриши
Ортиқ янгилик эмас.
Ҳайқираман шунчаки
Севаман деб бутун
оламни
Каттани ҳам
Кичикни ҳам
Бойвуччани ҳам
Унда бўлса агарда иймон
Ва фақирни бирдек шубҳасиз
Соғлигимда ҳам
Ҳаста пайтим ҳам
Ўзига тўқ бўлганимда ё
Йўқсиликка тутилганда ҳам
Мана… жинс
Англатмайди ҳеч нимани
Башарти мен
Одамлар орасидан
Ноодатий қийматга молик
Жиҳатни топиш истагида
ёнсам
Улар донишмандми
Ё бир уюм ахлат
Қўйиб бергум Худога
буни
Каминага эмас
Ҳакамлик рутбасин киймоқ
Мен қўллашга мойил
Кун тартибидаги ягона
чора
Ўзимдан бошламоқ бу
ёндошувни
Шунда ўзгаради
Ижобий томонга бешак
Барчамиз нафас олаётган
Бу ёруғ олам
Муҳаббат
Баъзида ўхшайди
Ичингни ёндирадиган
оловга
Қайноқ ва хавфли
Гар орзу қилсанг
Фақат биттаси ҳақида
Кутиб туйғулар уйғунлигини
Суюкли инсонингдан
Бунга эришмасанг лек
Ва кутсанг тамомила беҳуда
У юрагингни синдирар
чил-чил.
Баъзида ўхшар ёруғликка
Илиққа худди қуёшдек
Бор гапдир
Қуёшли кунга менгзалиши
ҳам
Сен тан берасан шунда
Яратган эгамнинг ғамхўрлигига
Баъзида ўхшайди
Йўл четида турган
белгига
Айлантирмоқ ниятида
Яшнаган диёрга ҳаётни
Барчамизни
Менинг акамни
Сеникини, меникини
Ғалати ҳаёт йўлимизда
Эргаштириб ўз ортидан
Кетадигандек
Йўлни кўрсатиб худди | 2021-09-01 | http://nodirabegim.uz/archives/3595 |
Ёшим ўттиз иккига тўлибгина болалигимнинг бир парчаси қолган
қадрдон жойга келдим…
Ўшанда ўн икки яшар қизалоқ эдим.
Минг тўққиз юз тўқсон бешинчи йилнинг январида оиламиз —
дадам, онам, мен ва синглим Да Ён Германияга қайтиб
келдик. Икки йил аввал Берлинда бир муддат яшаб, Кореяга кетган эдик. Бу сафар
дадам Плауэн шаҳарчасидаги корхонага ишга жойлашди. Икки Германия ҳали
бирлашмаган — атиги беш йил муқаддам Плауэн Шарқий Германияга тегишли эди.
Ташландиқ бинолару ҳувиллаган боғлар, автобус бекатида тўпланиб ўтирадиган,
устидан бадбўй ароқ иси анқиган эркаклар… Мана шу мен билган Плауэн шаҳарчаси
манзаралари эди.
Дадам билан бирга ишлайдиган вьетнамлик Хо амаки уйига,
кечки овқатга таклиф этган куни онам узоқ ясан-тусан қилди. У охирги вақтларда қўл
урилмаган либосларини кийиб, қайта-қайта атирларини сепди. Менинг узун
сочларимни ўриб, тўй маросимларида киядиган қора кўйлагимни кийдирди. Икки яшар
синглим Да Ённинг ҳам эгнида янги либос пайдо бўлди. Неча йиллардан буён ўзига қарамай
қўйган онам бугун кўзларимга фариштадек кўриниб кетди. У ойна олдида ўзини
кўз-кўз қилар, мамнун жилмаярди. Плауэнга келганимизга уч ой бўлган, илк меҳмонга
бораётганлигимиз уни ҳаяжонга соларди. Бизни остонада Хо амакининг хотини
— Нгуэн хола кутиб олди.
-Шинчао!-деди онам вьетнам тилида салом бераркан, бош эгиб.
Мен ҳам онамнинг айтганини такрорладим. Нгуэн хола узоқ вақтдан бери учрашмаган
дўстларини кўргандек мамнун жилмайиб қўйди. Ошхонада Хо амаки куймаланиб овқат
тайёрлар, икки юзи совуқда қолган ёш болаларники каби қип-қизил тусга кирган.
Хо амаки ва Нгуэн холанинг Туй исмли ўғли бўлиб, немис мактабида мен билан
битта синфда ўқирди. Хо амаки пазанда экан: зумда дастурҳонни помидор ва гўштли
шўрва, қовурилган қисқичбақа, салатлар, манти билан тўлдирди. Овқатланиб
бўлгач, катталар ичкилик хўплаган кўйи суҳбатга берилишди. Мен эса Туй билан
китоб жавонини титкилай бошладим.
-Олти ёшимдан бери йиққанман буларни,- деди Туй мақтаниб.
Китобларнинг кўпчилиги Снупи номли кучукча ҳақидаги расмли ҳикоялар
эди. Мен Туйни китобдаги Снупига ўхшатардим. Мактабда ҳамма уни яхши кўрарди.
-Сени илк кўрганимда Вудстакка ўхшатганман,-деди Туй кулимсираб,
расмдаги бошқа кучукчага ишора қиларкан.-Ўшанда сени бозорда кўргандим. Боғнинг
нариги тарафида ҳам юрардинг. Адашмасам, уйларинг ўша томонда-я?
Мен унинг гапини тасдиқлаб, кўзларимни яна китобга тикдим.
Германиядаги ҳаётимиз деразадан ташқарини томоша
қилиш каби мароқли эди. Бизни очиқ чеҳра билан кутиб олган Туйнинг ота-онасию
биргалашиб овқатланишлар… Бундай илиқ лаҳзаларни унутиш мумкинмикан. Улғайгач,
бегоналар билан дўстлашишим қийин бўлган мендек инсон бу кунларни эсласам
юрагим ҳапқиради.
Плауэнга жазирама ёз ҳам кириб келди. Онам иссиқ ҳавога
кўниколмай жуда қийналди. «Ухлаш учун кўзларимни юмсам, худди бутун танамни
илон бўғаётгандек туюлади»,дейди у Нгуэн холага зорланиб.
-Мен ҳам Германияга илк келганимда сиздек азоб тортганман.
Бу ер Корея ҳавосига тескари иқлим. Нима қилмай фойда бермаганди,-дея Нгуэн
хола онамга ўз қўллари билан тайёрлаган крем берди. Ҳар куни ювиниб, ўшани
сура-сура онам ёзни ҳаловатли ўтказди. Нгуэн хола жуда оқила аёл бўлиб, бизнинг
ҳар қандай муаммомизни олдиндан сезар, келиб ҳал қилиб берар эди. Энг муҳими, у
ҳар куни икки яшар синглим билан банд онамнинг ягона дугонасига айланган эди. У
онамни кўрганида Туйнинг гўдаклик чоғларидаги қийинчиликлари ёдига тушишини
айтар, «Зериксангиз менга албатта телефон қилинг»,дерди. Туйларнинг оиласи
билан ҳафтада бир марта кечки овқатни бирга ер эдик. Гоҳ уларникида, гоҳ
бизникида тўпланар, ёз келиб, тунлар қисқарганлиги туфайли баъзан тонггача суҳбат
қизигандан қизирди. Таом ейилгач, катталар ўзаро суҳбатга берилар, биз Туй иккимиз
расмли китобларни варақлардик. Ҳозир ўйлаб қарасам, биз жуда аҳил дўстларга
айланган эдик. Гоҳида ота-оналаримиз кўпроқ ичиб қўйишса, қўшиқ куйлашга
тушишар, онам корейсча, Нгуэн хола эса мен тушунмайдиган вьетнам тилида қўшиқ
айтарди. Маъносини тушунмаса ҳам онам уларнинг тилидаги қўшиққа жўр бўлар,
лекин талаффузи тўғри келмас эди.
Баъзан онам менга:
-Даданг билан қарашларимиз мос эмас,-дейдиган бўлди.
Овқатланганда, телевизор кўрганимизда ёки
машинада бирор жойга борсак ота-онам бир-бирларига совуқ муомала қиладиган
бўлиб қолишди. Улар ўзларини бундай тутиб, ёш қизча бўлган менга оғир жароҳат
беришмоқда эди. Онам дадам билан немис тили факультетида бирга ўқиб,
бир-бирларига кўнгил қўйишган. Гарчи ўқиш бўйича қаттиқ рақобатлашишган
бўлса-да, эт ва тирноқдек бир-бирларига яқин бўлишган. Мен ҳар куни ич-ичимдан
дадам онамга жилмайиб сўзлашини, нафратланмасликни ва улар …
ажрашмасликларини тилардим. Шунинг учун ҳам Туйларнинг оиласи билан
борди-келдимизни яхши кўрардим. Чунки уларникига борганимиздагина дадам ва онам
бир-бирларига қараб кулишар, ўзларини аҳилдек кўрсатар эди. Балконга, чекиш
учун чиқаётганида дадам онамнинг елкасини силаб ўтиб кетганлигию кулимсираб
ниманидир гапираётган дадамга онамнинг меҳр билан тикилганлиги эсимда. Бу ўз
уйимизда кўриш мумкин бўлмаган ҳолатлар эди. Мен ўшандан олдин ҳам, кейин ҳам
онамнинг юзида ҳақиқий табассумни кўрмадим.
Онам шу чоғларда гўзаллашиб кетарди. Лекин унга бу ҳақда
айтсам: «Ёдимда йўқ»,
дерди.
Ёз оқшомлари осмонда бир нур ялтирайди. Нур аста-секин хиралашиб
боради ва қоронғулик қўйнига шўнғийди. Буни томоша қилиш завқли. Уйга очиқ
деразадан енгил шабада киради. Ошхона томондан ота-оналаримизнинг ғўнғир-ғўнғир
товушларию енгил кулгулари эшитилиб турибди. Бу вақтга келиб Туй камгап бўлиб қолади
ва уйқуси келганлигини сезаман. Ташқаридан таралган нур Туйнинг юзида акс
бериб, аста йўқолади. Бу бахтли дамлар ўткинчи эканлигини ҳис қилиб турибман.
Баъзан Туй иккимизни нон ёки сут олгани дўконга юборишарди.
Бу жуда қувноқ онлар эди. Туй югургилаб илгарилар, анча масофадан яна олдимга ҳаллослаб
қайтарди. Мен унинг ортидан чопишни ўйлайману олдимга қайтишини сезиб, секин
одимлашда давом этаман. Кўздан ғойиб бўлиб, зум ўтмай қайтадиган Туйнинг юзига қараб
қиқирлаб куламан. У билан нигоҳларимиз тўқнашса, бўйнини қимирлатиб, баттар
кулгили ҳолатга кирарди. Бирга ўқийдиган болалар бизни кўриб, масхара қилмасликлари
учун нариги йўлдан юрардик. Туй ёлғиз пайтимизда мени:«Вудстак»,деб чақирарди.
Вақт ўтган сари бу ном менга бир умрлик бўлиб қолди. Шу пайтгача ҳеч ким менга
лақаб қўймаганди. Уйга яқинлашганимизда югуриб ҳориган Туйдан пиёз ҳидига ўхшаш
тер иси анқирди.
Туй ҳеч нарсадан тортинмас, мактабда
кўрган-кечирганларини Нгуэн холага оқизмай-томизмай айтиб берарди. Унга бирор
гап айтсам: «Шунақами…ҳм…», дер, гапларимга тушунмайдигандек туюларди.
Ўша куни бепарво оҳангда:
-Дадам ва онам бир-бирларини ёмон кўради,-дедим ҳиссиз
илжайиб. Олдинда кетаётган Туй бирдан қадам босишдан тўхтади ва ортига
ўгирилди. Юзида жаҳли чиққанлиги сезилиб турибди. Ичида нима ўйлаганлигини
англаш мушкул эди.
-Нега бундай гапни кулиб айтаяпсан?-деди Туй ва олдинга қараб
гурс-гурс босганча кетди.
Ҳар доимгидек олдимга югургилаб қайтишини ўйлагандим. Лекин
у ортига қайрилиб ҳам қарамади. Мен унинг ғазабланганини унутиб юборган
бўлсамда улғайиб, коллежда ўқиётган вақтимда жаҳлдан юзлари оқарган Туйнинг
гаплари қулоқларим остида жаранглайдиган бўлди. Ёшим улғайганидан кейингина
Туйнинг юрагини англагандек эдим.
-Германияга илк келганимизда жудаям совуқ эди,-деди Нгуэн
хола кулгидан ўзини тута олмай. -Ҳар қанча
қалин кийинсам ҳам изғирин енгарди. Туй шу ерда туғилганди. Қорни биринчи марта
кўриб турганлигим учун қўлларим музлаб қолса ҳам қор ўйнаганман.
Онам гул-гул яшнаб сўзлаётган Нгуэн холага тикилиб ўтирибди.
У бошидан ўтган қийинчиликлар ҳақида кулимсираб гапираркан онам ҳам жилмайишга
уринарди. Бу орада Нгуэн хола онамни: «Ўзгаларнинг
юрагини эритадиган, муҳаббатга
лиммо-лим тўлган аёл», дея мақтади.
У онамнинг заҳматкаш аёллигини бот-бот такрорлади. У тўхтамай мақтов ёғдирар, онамнинг
ҳар бир ҳолатидан яхшилик қидирар, онам эса юзлари қизариб кетарди. Мен Нгуэн
холанинг гапларини тинглаб, онамни қайта кашф қилгандек бўлардим. Шундай қилиб
онам ва Нгуэн хола опа-сингилдек иноқ бўлиб кетишди. Бир кун кўришмаса тура
олишмас, холамнинг қуритилган денгиз карамини ёқтиришини билиб қолган онам
Кореядан келтирилган нарсаларини унга элтиб берди. Ўз навбатида Нгуэн хола ҳам
онамга егуликлар келтирди.
Плауэнга келганимизга икки йил бўлаётган бир вақтда биз
Туйларнинг оиласи билан бир танадек бўлиб қолдик. Қиш пайтлари уйимиз эскилиги
сабаб совуқ бўлар, Туйларнинг уйи эса ҳамиша иссиқ ва саранжом эди. Нгуэн хола
мени ўз қизидек кўрар, кўп саволлар бериб, ичимдагиларни билгиси келарди. У гоҳ
Кореяда қайси мактабда ўқиганлигиму денгизга борганлигимни, гоҳ немис
таомларидан нимани ёқтиришимни сўрарди. Унинг саволлари «Нега бўйинг бунчалик
паст?», деб камситганнамо сўрайдиган бошқалардан
фарқ қиларди. У ёш боладек беғубор аёл эди.
Бир куни у мендан корейс ёзувида исмимни ёзишни сўради. У
менинг ёзувимга қараб, жилмайди. Кейин у ўзининг, Хо амаким ва Туйнинг исмини
ёзди. Шундан сўнг менга тикилиб:
-Сен болаликдаги бир дугонамга жуда ўхшайсан. У билан битта қишлоқда
яшардик,-деди ва негадир синиқ кулимсиради. У баъзи хотираларини эсласа шундай ғамгин
куларди. Уч ёшли синглим Да Ённи кўрганида ҳам шу ҳол такрорланганди. Вақт
ўтган сайин холамнинг бахти ғам-андуҳ билан ёнма-ён эканлигини англай бошладим.
Қачонлардир ундан болаликдаги суратини кўрсатишини сўрагандим. У маъюс бош чайқади:
— Йўқолган. Қанийди бир дона бўлса ҳам бўлганда… -сўнг
бошимни силаб, — Афсуски, йўқотганларим фақатгина суратлар эмас, -деди.
У паст овозда сўзлар, юрагидаги
ғамгинликни ҳис қилиб турардим.
Гарчи Туйларнинг уйи ўз уйимдек
бўлса-да, китоблар сақланадиган хонасига кириш иложсиз эди. Ҳеч ким у хонага
киришни тақиқламас, аммо доим ёпиқ турганлиги сабабли кириб кўриш хаёлимга
келмаган.
Бир куни эшиги очиқлигини кўриб қолдим ва қизиқсиниб
ичкарига кирдим. Эшик ёнида ёғочдан ясалган кичик шкафча эътиборимни тортди.
Уйча шаклида ясалган шкафчада беш дона оқ-қора рангли суратлар ёпиштирилган ва ҳар
бир сурат қаршисидаги идишчага қум тўлдирилган. Идишчаларга митти фонуслар
ўрнатилган бўлиб, гугурт қутисидек келарди. «Оила аъзолари бўлса керак»,дея
ўйладим. Ростини айтсам, ўлган одам суратини биринчи марта кўришим эди. Шунинг
учун юрагимни ваҳм босди ва ортимга қайтдим. Хотирам панд бермаса, бир
нафаригина қария бўлиб, қолганлари мен ва синглим Да Ён тенги болакайлар эди.
Нега Туй ёки Нгуэн хола бу нарсалар ҳақида гапирмаганлигини билгим келди. Аммо қўрқув
буни сўрашга йўл бермади.
Эртаси куни тарих дарсида ўқитувчимиз иккинчи жаҳон
уруши ҳақида сўзлаб бераркан:
-Ҳайриятки, бу урушдан кейин дунёда катта талофатли жангу
жадаллар бўлмади,-деди.
Шу чоғда Туй қўлини кўтарди ва гапиришга рухсат берилгач:
-Йўқ! -деди.
-Нима йўқ?
-Вьетнамда уруш туфайли жуда кўп одамлар ўлди,-деди Туй
дона-дона қилиб гапираркан. -Менинг бобом,бувим,аммам,холам,тоғаларим ўлди. Ҳарбийлар
келиб, шунчаки ўлдираверишибди. Болалар ҳам ўлди. Онамнинг айтишича, бутун қишлоғимиз
йўқ бўлиб кетибди.
-Тўғри, Туйнинг гапида жон бор,-деди ўқитувчимиз,
кейин синфга юзланиб гапирди, -Болалар,
сизлар Вьетнам уруши ҳақида эшитмаган бўлсангиз керак. Туй, ўртоқларингга
Ватанингда бўлган уруш тўғрисида айтиб берасанми?
Ўқитувчи Туйнинг фикрлашидан
мамнун бўлганди. Лекин Туйнинг юзлари қизариб кетган, сал гапирса йиғлаб
юборадиган ҳолатда эди. У оғзини юмган кўйи бошини эгиб тураверди.
-Туй, гапириб бер. Биз ҳам билишни истаймиз,-деди яна ўқитувчимиз.
Туй сукут сақлашда давом этди. Шу пайт синфбошимиз
Инга қўл кўтариб, гапира бошлади:
-Телевизорда кўрсатишганди. Вьетнам бу урушда матонат
кўрсатган экан. Америка қўшинларидан беш юз минг одам ҳалок бўлган. Тинч аҳолидан
эса икки миллион одам ўлган. Душманлар самолётда бомбалар ташлашиб, дов-дараҳтларни
қуритадиган дори ҳам сепишибди.
Мен Туйнинг қип-қизил тусга кирган қулоқларидан кўз узмай
ўтирибман. Ўқитувчимиз Ингани мақтаб қўйди ва мавзуни давом эттириб, бу уруш
хато бўлганлигини айтди. Ўйлашимча, Туй ҳам шуни айтмоқчи эди. Шу чоғда унинг
кўнглини кўтарадиган гап айтгим келдию индай олмадим. Унинг жисми синфхонада
бўлсада, хаёлан бошқа жойда юрарди. Немис синфдошларимиз барибир унинг қалбини
тушунмайдигандек туюлаверарди.
Ўша куни кечки пайт Туйларнинг
уйида Хо амаки тайёрлаган куксу ва мантини еб ўтирган эдик. Гап айланиб, ўша
мавзуга қандай ўралашганлигини билмайман. Ўн бир ёшимда синглим туғилганидан
буён бирор иш қилсам:«Ёш боламисан?»,дея дакки эшитардим. Катталар япон
мустамлакаси ҳақида сўзлашаётган маҳалда мен ҳам билоғонлик қилгим келиб қолди.
Корея тарихини ҳеч ким мендек билмайди. «Бундан бехабар Туй ва ота-онасига
сўзлаб берсам дадам ва онамдан мақтов эшитаман»,деб ўйладим.
-Корея ҳеч қаерга бостириб кирмаган,-дедим дадам ва
онамга қараб олиб.
Дадам менинг гапларимни эшитмагандек, бир қиё ҳам боқмади.
Онам эса: «Жим бўл, маҳмадона!», деган маънода кўзларида им қоқди.
-Шўрвага тузни кўп солмадиммикан-а,-деди Хо амаки мавзуни
ўзгартириш учун. Ҳамма менинг сўзларимга бепарволигини ҳазм қилолмадим ва:
-Гапларим рост. Биз ҳеч қачон бузғунчилик қилмаганмиз!-дедим.
Мен Ватанимизнинг тинчликпарварлигини айтиб, ҳаммаларини қойил
қолдириш, улардан ширин сўзлар эшитишни кутгандим. Рўпарамда ўтирган дадамга
умид билан тикилдим. Шунда дадам кутилмаганда корейсчалаб:
-Сен катталарнинг суҳбатига умуман аралашма, тушундингми?
Ниманиям билардинг сен?-деб бақирди.
Дастурҳон атрофига йиғилганларнинг қўлларидаги қошиқлар ҳавода
муаллақ қолди. Туй ва ота-онасининг олдида койиш эшитганимдан жуда уялдим ва кўзларимда
ёш қалқиди. Охирги кучимни тўпладиму ҳамма тушуниши учун немисчалаб:
-Ватанимизда шундай таълим олганман. Корея ҳеч кимнинг
дилини оғритмаган. Биз фақат заҳмат кўрганмиз,-дедим.
-Корейс аскарлари ўлдиришган,-деди Туй тўсатдан паст овозда.
Лекин ҳамма буни эшитди. — Улар онамнинг оиласини ўлдиришган. Бувимдан
эшитганман. Чақалоқларни ҳам аяшмаган.
-Нималар деяпсан, Туй?-дедим унинг гапларига тушунолмай.
Энди орага Нгуэн хола қўшилди:
-Туй, кўп валдирама,-деди ва менга қараб, -Асабийлашма. Бу
гапларнинг сенга алоқаси йўқ,деди.
Холанинг гапи вазиятни юмшата олмади. У менинг хафа бўлиб қолмаслигимни
чин дилдан истаётганлиги кўзларидан билиниб турарди.
-Бу ишлар сен туғилишингдан аввал бўлиб ўтган. Сенда айб йўқ,-деди
у менга ғамгин тикилиб.
-Мен билмаган эканман,- деди онам ҳам қўшиларкан,- Нгуэн
хоним, дардларингиздан бехабар эканмиз. Кечиринг.
Онам бошини эгиб Хо амаки ва Нгуэн холага таъзим қилди.
-Мен ўша қирғинларни ўз кўзим
билан кўрганман,-деди Хо амаки қизарган кўзларини бир нуқтага тикиб, ғамгин
жилмаяркан. -Узр сўраганингиз учун раҳмат.
У гапини тамомлаб, алам билан кулимсиради. Бу хурсандликдан
эмаслигини аниқ сездим. Шу пайт Нгуэн хола эрига қараб биз тушунмайдиган
вьетнам тилида бир нималар деди. Холамнинг сўзларини англамадим. Аммо у эрига
юракни сиқадиган сўзларни бас қилишни сўраганлигини ҳис қилдим. Дадам эса ҳеч
нарсани эшитмаётгандек, қўлидаги қадаҳни хўплаб ўтирибди. Онам дадамга юзланиб:
-Сиз ҳам бирон нима десангизчи…-деди корейсчалаб.
-Мен нима дейишим керак? Айб бизда, дейинми? Сен калтафаҳм нега узр сўраяпсан? -деди дадам ҳам корейсчалаб бақираркан.
-Доим шунақасиз. Ўлсангизам кечирим сўрашни
билмайсиз. Шунчалик қийинми? Мен Нгуэннинг ўрнида бўлганимда бошидаёқ оиламизни
уйга қадам бостирмаган бўлардим. Бағри кенг аёл экан,-деди онам куйиниб.
Дадам овқат учун миннатдорчилик билдирдию бир зум жим қолди.
Сўнг фикрини жамлаб:
-Менинг акам ҳам ўша урушда ҳалок бўлган. У бор-йўғи йигирма
ёшли оддий аскар эди,-деди. У ҳеч кимнинг кўзига қарашга юраги бетламаётган
каби ерга тикилиб гапирарди.
-Улар қариялар ва болаларни ўлдиришди,-дея Нгуэн хола гап қўшди.
-Ким жангчи, ким оддий аҳоли эканлигини ажратиш қийин
бўлгандир балки,-деди дадам ҳам бўш келмай.
-Туғилганига бир ҳафта бўлган гўдаклар ҳам кўзларига жангчи
бўлиб кўринганми? Мункиллаган чоллар ҳамми?
-Уруш ўз номи билан уруш…
-Бу босқинчилик, -дея Нгуэн хола энди ичидаги дардини тўкиб сочди.
-Хўп,тушундим, мен нима қилай? Мен ҳам акамни йўқотдимку.
Ўтмишда қолди ҳаммаси. Менинг айбим нима урушда?- дадамнинг чинакамига ғазаби қўзий
бошлади.
-Ўзингизни босинг,-деди онам дадамнинг жаҳли чиқиб, ақли қочаётганлигини
чамалаб.
Нгуэн хола ўрнидан турдию майда қадам ташлаб кутубхонага
кириб кетди. Шу томондан эшикнинг ғийқиллагани эшитилди. Мени қўрқув
исканжасига ола бошлади. Онам эса синглимни қучоқлаб, жим қолди. У
мезбонларнинг дили оғриганлигини билиб, ўзини қўярга жой тополмаяпти.
-Кечиринг! -деди у яна Хо амакига қараб.-Сен ҳам кечир,Туй.
У шундай деб ташқарига чиқиб кетди. Мен стол устидаги сумка
ва бошқа нарсаларни олдиму унга эргашдим. Нгуэн холанинг уруш ҳақида айтганлари
ҳануз қулоқларим остида жаранглар,бирдан табассум йўқолган тунд юзи кўз
олдимдан кетмасди. Унинг гаплари дадамни ишонтириш, бизни айблаш ёки ўзини
овутиш учун эмасди. Ичини кемираётган дарду аламларини айтиб: «Барибир сизлар тушунмайсизлар», деган
ўйлар зоҳир эди. Бу кеч бизнинг орамизга кўринмас девор бўй чўзганди.
Онам Туйларнинг оиласи билан яқинликни тиклаш учун анча
уринди. Кичкина қизалоқ бўлсамда бу энди иложсиз эканлигини англаб етгандим.
Аммо онам бундай ўйламасди. У мен ва синглимни етаклаб бир неча марта Нгуэн
холанинг олдига борди. Сиртдан қараганда, ҳаммаси олдингидек: хола бизга чой ва
ширинликлар тутар, онам билан суҳбатлашиб ўтирарди. Лекин барибир Нгуэн хола
аввалгидек эмасди. Ҳар ҳолда менга шундай туюлди. Онам эса орадаги тарангликни
«дазмоллаш» учун ҳар доимгидан кўпроқ гапирди. Аммо онамнинг немисча талаффузи ғализлиги
етмагандек, гаплари ҳам наф бермади: Нгуэн холанинг кўзларидаги хафалик тарқалмади…
Қиш ҳам кириб келди. Энди онам Нгуэн холаникига бормай
қўйди. Уйда холанинг оиласи тилга олинмас, ҳар шанба куни Туйларнинг уйида
ўтадиган қувноқ оқшомлар ўрнини сокинлик эгаллади. Кечқурун телевизор кўрамизу
уйқуга кетамиз. Аммо тун узун,кўзларда уйқу йўқ. Нариги хонада стулнинг ғирчиллашию
онамнинг Кореядаги опа-сингиллари билан телефонда гаплашиши эшитилади. Эрта
тонгда уйғонганимда онам ҳалиям шу жойида ўтирганди. Менинг чиққанлигимни
сезмади шекилли, бир нуқтага тикилганча ўтираверди. Бироз ўтиб бир чўчиб тушдию
менга кўзи тушди ва маъносиз жилмайди. Кейин меҳмондорчиликка борганида
киядиган барча либосларини бир четга йиғиб қўйди. Ҳар якшанба шаҳар ташқарисидаги
ўрмон сайрига ёки гул бозорига боришни ёқтирадиган онам синглимнинг хонасида
шифтга термулиб ётарди. Онам уйқуга кетганида супур-сидир қилатуриб чиқинди
идишда бир қанча суратларга кўзим тушди. Менинг чақалоқлигимда тушган
суратларим…Дадам ва онамнинг мени қучганча бахтга тўлиқ дамлари… Суратлар ҳаммаси
йиртиб ташланганди. Синглимнинг ёнида ухлаётган онам биздан анча йироқлашиб
кетгандек ва бундан кейин уни бутунлай йўқотиб қўядигандек туюлди.
Орадан бир неча кун ўтиб, онам ихчам совға қутичасини бериб,
Туйга бериб қўйишни тайинлади. Кореяга қайтадиган вақтимиз яқинлашмоқда эди. Вақт
шовуллаган сувдек ўтиб кетди. Ўша куни қалин қор ёғди. Мен деразамдан ташқарини
томоша қилиб ўтирибман.Боғ ичидаги йўлакча қорлари куралган. Одамлар шу
йўлакчадан пилдираб ўтишаяпти. Ногаҳон Туйни кўриб қолдим. Сакраб-сакраб,
бурнини жийириб кетаётган болакайни кўрмаслик мумкин эмасди. У атрофга
алангларкан, дераза орқали менга кўзи тушиб қўл кўтарди. Устимга қалинроқ
кийиндим ва совға қутичасини олдиму ташқарига чиқдим. Айланиб, боғ томонга
ўтганимда Туй кўринмасди. Қорда унинг оёқ излари турибди. Атрофга аланглаб,
кўзларим билан изладим. Узоқдан лўкиллаб югуриб келган Туй қаҳ-қаҳ отиб кулди.
-Нега юзингни бураяпсан? Ҳалиям хафамисан?-деди у кулишдан
тўхтаб.
-Бошқа бундай ҳазиллашма,-дедим.
-Ҳой, бу нимаси? Ахир биринчи мартамаску бу,- деди у кўзларини катта-катта очиб .-Хўп. Бошқа қайтарилмайди.
Мен йиғламоқдан бери бўлиб турардим. У менга обдон
тикилиб қолди ва икки қўлини олдинга чўзиб, итнинг қилиқларини қила бошлади.
Мен кулиб юбордим. У дўстларининг юзига табассум қўндириш учун масхарабозлик қилиб
турарди. Кейинчалик англаганим шу бўлдики, ичида дарди кўп инсон ўзгаларни қувонтиришга
кўпроқ интилар экан. Туй жисман болакай бўлсада, руҳан улғайиб бўлган эди.
-Бироздан кейин онам шу ердан ўтади, -деди у.-Шу кунларда қайсидир тўгаракка қатнашаяпти. Дарси тугайдиган вақт бўлиб қолди.
Туй билан гаплашмаганимизга анча бўлганди. Мактабда кўришсак
ҳам бирор марта дилдан суҳбатлашмагандик. Назаримда, унинг бўйлари чўзилиб, улғайиб
қолгандек.
Биз боғдаги ўриндиққа ўтирдик.
-Ўшанда сени ранжитиш ниятим йўқ эди, -деди Туй бир
йил аввал уйларида бўлган дилхираликни эслаб.-Бундан афсусдаман.
Мен нима дейишимни билмай бир зум тараддудландим ва:
-Сен ҳам мени кечир, -дедим.
Ўзим анчадан бери Туйдан узр сўрашни дилимга тугиб
юргандим. Унинг кўзлари ҳайратдан катталашди. Сал шабада туриб, дараҳтдаги қор
парчалари бошимизга ёғилди.
-Оилавий қайғуларингдан бехабар эдим. Кечир, -дедим мен шивирлаб.
Менинг бу гапларим ҳеч нарсани ўзгартирмаса ҳам анча енгил
тортдим. У оёғи билан ер чизиб ўтирар, ҳаво совуқлигидан оғзидан буғ чиқарди. У
сумкасидан қалин конверт чиқариб, менга узатди:
-Бу сенга, Вудстак!
Конверт ичида расмли китобча борлигини сездим. Туй иккимиз
китобдаги кучукчалар каби дўст эдик. Бундан кейин ҳеч ким мени «Вудстак»,деб чақирмаслигини
ҳис қилиб турибман.
Нгуэн хола келгунга қадар ҳазил-ҳузул қилиб, қиқирлашиб
ўтирдик. Узоқдан кўринган холам бизга қўлларини силкитди. У келиб, менинг
ёнимга чўкди.
-Қачон кетаяпсизлар?-сўради у ҳорғин овозда.
-Эртага тунда учамиз! -дедим ва бир нуқтага тикилиб қолган Нгуэн холанинг тиззасига совға қутичасини қўйдим. -Буни онам сизга беришимни сўради.
Нгуэн хола қутича сиртидаги қоғозни сидириб, аста қутичани
очди. Унинг ичида уч жуфтдан шарф, юнгли қалпоқ ва қўлқоп турарди. Онам бу
нарсаларни кузда мукка тушиб, ўз қўллари билан тўқиган эди. Ундан ким учун тўқиётганлигини
сўраганимда:
-Шунчаки, зерикдимда, болам, -дея ҳазин овозда жавоб берганлиги эсимда.
Нгуэн хола юнгли қалпоқни олиб бошига қўндирди. Қалпоқнинг қалин
юнгдан тайёрланганлигини айтмаса, холам ёзда бошига киядиган шапкага ўхшарди.
Холам атиргул шакли билан безатилган қалпоқ, шарф ва қўлқопни олиб, қимматбаҳо
буюмга тикигандек кўздан кечирди. Туй учун тўқилган қалпоқни унинг бошига
кийдирди. Холам оғзини маҳкам юмган, бурни ҳиқиллаб йиғламоқдан бери ҳолда эди.
Унинг йиғисини биринчи марта кўриб турибман. Ҳатто, уйидаги меҳмондорчиликда
уруш ҳақида алам билан гапирганида ҳам кўзлари нам тортмаган эди. Мен унинг
юзларига тикилдим. Ажин босган юзларини кўзёш юва бошлаган. Холамнинг қалпоғига
қўнган қор парчасини пуфлаб туширдим. Сўнг вьетнам тилида ҳайрлашдим:
-Шинчао!
Нгуэн холам ва Туй ҳам худди шундай жавоб қайтаришди.
Мен улар билан бошқача видолашишни истагандим. Нгуэн
холамнинг уйимизга киришини, оиламиз билан ҳайрлашишини, онам тўқиган қалпоқни
кийиб киришларини, онамнинг уларни кўриб қувонишини хоҳлагандим. Лекин қучоқлаб,ўпиб
йиғлашлару ҳаяжонли дақиқалар рўй бермади. «Алвидо!». Лаблардан шу сўзгина
учди,холос. Биз ўриндиқдан туриб, йўлакча бўйлаб қорларни ғичирлатганча юриб
кетдик. Мен уйимизга бурилганимда Нгуэн хола ва Туй қадамини тезлатди. Туй икки
марта ортига ўгирилиб, менга кўз қирини ташлади. Аммо юришдан тўхтамади. Мен
ич-ичимдан уларнинг қайтиб келишларини истадим. Улар аллақачон кўздан ғойиб
бўлишганди. Келмасликларини билсам ҳам дарвозамиз олдида уларни анча кутиб
ўтирдим. Юрагим ҳапқириб, Туйларнинг уйи олдигача бордим. Бироқ кўчада ҳеч ким
кўринмасди…
Ҳаёт ўзи шундай бешафқат: ришталар узилса — кимдир қолади,
кимлардир эса кетади. Икки томон ҳам юраги ўртаниб қолаверади. Кўп йиллар
Германияга иш юзасидан келган бўлсамда Плауэнга боришга ҳафсала ва вақт
бўлмади. Ўтган гал келганимда Плауэндан поездда икки соатлик йўл бўлган
Лейпцигда ўн кун бўлдим. Аммо юрак ютиб бора олмадим. У ерда совуқ айрилиғу йиғига
гувоҳ йўллар қолган. Кимлардандир айрилиб, кейинчалик кулимсираганча кўришиб
кетаверасан. Кимлар билан эса аксинча. Онам оламдан ўтганига бир йил тўлгач,
мен Плауэнга келишга аҳд қилдим. Қуёш илиқ нурларини саҳийларча аямаётган эрта
баҳор. Шаҳарча менинг хотираларимдагидан кичрайиб қолгандек туюлди. Мен ўқиган
мактаб биноси ўрнида кичик фабрика очилибди. Ҳар жой — ҳар жойда қариялар
сигарет тутатиб ўтирибди. Мен ўзим яшаган уй олдига келдим. Деразадан боғда
ўтаётган одамлар ва Туйнинг масхарабоз қилиқларини томоша қилганларим ёдимга
тушди. Юзимга табассум қўнди. Туй менга совға қилган расмли китоб ҳалигача
жавонимда турибди. Оқ-қора рангли расмлар бўлса-да, ундаги Вудстак қаламда сариқ
рангга бўялган эди. Ҳар сафар китобни варақлаганимда Туйнинг илиқ тафтини ҳис қиламан.
Туйларнинг уйини осонгина топдим. Уй рўпарасидаги ўриндиққа
ўтириб, ўйчан ҳолда қотдим. Анови дераза ошхона тараф бўлса керак. Ўша
деразадан дараҳтзор аниқ-тиниқ кўринарди. Хо амаки ошхонада таом ҳозирлашни хуш
кўрарди. У тайёрлаган гўштли шўрваю қайнатилган гуруч иси, Нгуэн холамнинг
гуручли кулчалари мазаси ҳануз ёдимда. Мен эса Туй билан деворга суянганча
расмли китоб варақлаб ўтирганларимиз…Юрагимда хазинлик ҳукм
сураяпти.Дўстларидан айрилишни истамай қанча ҳаракат қилган онам ва қалб
изтиробларини ичига ютиб, бизни ранжитмасликка уринган Нгуэн холамнинг бирга қўшиқ
куйлаган бахтли дамлари мана шу уйда ўтди.
Oнамни тупроққа қўйганимизда унинг ортидан йиғлаб қолган
одамлар бармоқ билан санарли эди.
-У болалигидан бери одамови ва ўзига ҳеч кимни яқинлаштирмас эди, -дейишди холаларим.
Шу чоғларда онамни:«Севгиси чексиз аёл»,дея мақтаган Нгуэн
холам ёдимга келаверди. У онамдаги бошқалар илғамаган нарсаларни кўра олган
ягона инсон эди. У онамнинг гўзаллигини кўрар, унинг назарида онамнинг заиф
томони йўқ эди. У онамни борлигича ҳурмат қилди. Онамга боғлиқ бўлмаган
нарсалар уларни ажратиб юборди.
Кореяга қайтганимиздан кейин онам бирор дўст топа олмади. У
бизга билдирмаса ҳам Нгуэн холани соғинишини сезардим.
-Эсимда йўқ, -деб рад этса ҳам хола унинг юрагида эди.
Онам умрбўйи дўстга зор ўтди…
Нгуэн хола мени очиқ чеҳра билан кутиб олди.
-Хо амакинг билан бу ерда ёлғиз яшаймиз. Туй Ҳамбургда
ишлаяпти,-деди у.
Мен холага ҳамма кечмишимизни айтмадим. Аммо: «Онанг яхшими?», деб сўраганида бор ҳақиқатни айтишга мажбур бўлдим. Иккимиз ҳам бир-биримиздан кўз узолмай қолдик. Нгуэн хола кўзларимга маҳзунликда оламдан ўтган онамни эслатиб юборди. Вьетнам тилида «Шинчао»дан бошқа сўзни билмайдиган онам! Нгуэн хола ҳам менинг нигоҳларимда онамни кўрди шекилли, кўзлари чўғдек ёнди. Биз бир-биримизга тинмай: «Шинчао», дея бошладик. Иккимиз ҳам онамни соғинган эдик… | 2020-12-14 | http://nodirabegim.uz/archives/3421 |
Турмушга чиққанига эндигина икки йил
бўлган кўҳликкина, ёш, замонавий ва ўқимишли жувон Розмари Феллни эри жуда яхши
кўрар, ундан ҳеч нарсани аямасди. Розмари тушган оила, мабодо келин у ёки бу
нарса харид қилмоқчи бўлса, Лондонни назарига илмай, тўппа-тўғри Парижга йўл
оларди.
Қиш оқшомларидан бирида Розмари тилла магазинга кириб келди. Мудир атайлаб яшириб қўйган қутичасини пештахта остидан чиқарди ва ял-ял товланаётган қимматбаҳо тақинчоқларни намойиш этди.
-Вой, бунча чиройли! – деди ҳайратланиб Розмари. – Қанча тураркан?
Мудир унинг сўзини эшитмаганликка олди, аммо бироздан кейин:
-Арзимаган пул, хоним, – деди.
-Менга сақлаб қўйсангиз, илтимос!
Магазин мудири таъзим қилди.
Ташқарида ёмғир қуяр, эндигина ёнган электр чироқлари қандайдир ғамгин милтираб турарди. Ана шу вақтда кичик жуссали, қорачадан келган ёш бир қиз Розмарининг ёнида пайдо бўлди ва мунгли овозда:
-Хоним, хайр қилинг… – деди.
-Менга айтяпсизми? – овоз келган томонга ўгирилди Розмари ва муздай сувдан чиққандай қалтираб турган бегона қизни кўрди.
-Хоним, – деди қиз янада мунглироқ оҳангда, – садақа қилинг…
“Садақа?” Бу товуш қандайдир содда, самимий эди, сира гадойникига ўхшамасди.
-Нима, ҳечам пулингиз йўқми? – сўради Розмари ва шу заҳоти ноўрин савол бериб қўйганини пайқаб, хижолат чекди.
-Ҳа, хоним, – жавоб қилди қиз.
-Наҳотки? – Розмари қизга диққат билан разм солгач, раҳми келиб, саховат кўрсатмоқчи бўлди.
Фараз қилингки, қизни уйга олиб борсин, хўш, унда нима бўлади? Шов-шув кўтарилиши табиий. Розмари бу бечорага ҳайратланиб қараётган дўстларига нималар дейишини тасаввур қилди: “Шунчаки уйга олиб келдим…” Ниҳоят, қизга яқинлашиб, деди:
-Юринг бизникига.
Қиз эргашди.
-Сиз мени полицияга топшириб юбормайсизми? – шубҳаланиб сўради у бироз юришгач.
-Полицияга дейсизми? – кулиб қўйди Розмари. – Нега энди? Савоб иш қилмоқчиман, холос.
Улар чиққан енгил машина тун қўйнига шўнғиб кетди.
-Мана уйга ҳам етиб келдик… Ўтиринг, марҳамат, – деди у қизни камин ёнида турган катта оромкурсига таклиф қилиб.
-Яхши, хоним, – пичирлади қиз ва шляпасини ечди.
-Келинг, пальтонгизни ҳам ечинг, – деди Розмари.
Қиз
ўрнидан турди, ўнг қўли билан оромкурсига суянди. Розмари унга кўмаклашди.
– Афв этасиз, хоним, – деди қиз ранги ўчиб. – Ҳушдан кетяпман. Ҳозир йиқилиб тушсам керак. Хоним, ейишга бирон нарса топилмайдими?
-Ё худо! Қандай бераҳимман-а!
Розмари хизматкорга буюрди:
-Чой опкелинглар! Дарров чой опкелинглар! Озгина коняк ҳам!
Қизнинг
кўзларида ёш қалқди, у энди тортинчоқликни унутганди.
– Мен бу ҳолатда узоққа боролмайман! – деди у бақириб. – Чидаб туролмайман. Бу кунимдан ўлганим яхши…
-Бироз сабр қилинг, – деди Розмари. – Ўзингизни босинг. Илтимос, йиғламанг.
Чой
келтирилди. Қиз йиғини тўхтатиб, лаззатли таомлардан тўйиб тановул қилди.
Дастурхон
йиғиштирилганда лаблари қирмиз, кўзлари шаҳло бир соҳибжамол оромкурсида
ястаниб ўтирарди.
Шу пайт
эшик тутқичи буралди: “Розмари, кирсам майлими?” Бу унинг эри Филипп эди.
– Ҳа, – деди Розмари жилмайиб. – Бу – менинг турмуш ўртоғим…
-Смит хоним, – деди оромкурсидаги гўзал.
– Смит хоним, – деди Розмари. – Биз гурунглашаётгандик.
-Агар малол келмаса, – деди Филипп хотинига қараб, – кутубхонага чиқсангиз. Смит хоним бизни афв этсинлар.
Кўзлар тўқнашди. Розмари қиз учун жавоб берди:
-Албатта.
Эру хотин хонадан чиқиб кетишди.
-Хўш, – деди Филипп кутубхонада, – ким у? Меҳмонми?
Розмари эшикка суяниб кулди.
-Кўчадан топиб келдим. Ростдан. У мендан садақа сўровди, уйга таклиф қилдим.
-Табриклайман! – деди Филипп ҳазиллашиб. – Хўш, уни нима қилмоқчисиз?
-Билмасам, – деди Розмари елкасини қисиб. – Ўйлаб кўрамиз-да.
-Аммо-лекин, – деди Филипп сигаретининг кулини тушираркан, – у ҳаддан ташқари гўзал экан, ёши ҳам йигирмадан ошмаган, менимча.
“Гўзал?” – Розмари эрининг бу гапидан ажабданди, ҳатто уятдан қизариб кетди.
– Оҳ! – гапни илиб кетди Филипп. – У ниҳоятда гўзал экан! Наҳотки сезмаган бўлсангиз? Хўш, энди Смит хонимни бугунги зиёфатга таклиф этишга ижозат берсангиз, жоним.
-Қўйсангиз-чи! – деди Розмари ва кутубхонадан чиқиб кетди. Бироқ меҳмонхонага бормади. У ёзув-чизув қиладиган хонасига кириб, курсига чўкди: “Гўзал! Ҳаддан ташқари гўзал…” Розмарининг юраги гупиллаб ура бошлади. У сейфни очиб, беш фунт стерлинг олди, сўнг иккитасини қайтиб жойига қўйди-да, уч фунт стерлингни чангаллаганича меҳмонхонага йўналди…
Бир ярим соатлардан кейин Розмари кутубхонага қайтиб келди.
-Сизга айтиб қўймоқчи эдим, – деди Розмари. – Смит хоним тунги зиёфатда қатнаша олмас экан.
Филиппнинг қўлидаги қоғоз тушиб кетди.
-А? Нега? Нима бўлди?
Розмари кулиб, эрининг тиззасига ўтирди.
-Негадир ўз-ўзидан кетаманга тушиб қолди, – деди у бироздан сўнг. – Бечорага хайр қилдим. Кетди. Раъйини қайтара олмадим.
Орага жимлик чўкди.
Бироздан сўнг Розмари мақсадга ўтди:
-Бугун магазинда ажойиб қутича кўрдим. Ўшани олсам майлими?
-Ихтиёрингиз, – деди Филипп. – Биласиз-ку, мен ҳеч қачон сизнинг раъйингизни қайтармаганман. Лекин Розмари сўрамоқчи бўлган нарса аслида бу эмасди.
-Филипп, – шивирлади у. – Мен гўзалманми-а? | 2020-12-17 | http://nodirabegim.uz/archives/3433 |
Биттагина прожектор
Излаш билан овора
Зулматдан азият чеккан
Иккита кўзни.
У изламоқда
Минг бир матнни мутолааси учун
Қоронғулик нақш солган
Кўз қорачиғини.
У изламоқда
Тун бўғзига қадаладиган
пичоқни.
У изламоқда
Бўм-бўш финжон ичига
Эритиб қуйиш учун
юлдузни.
У изламоқда
Мухаббатнинг
харитасини…
Каминанинг дарёси
Шаршарага ташнадир,
ташна.
У кўз тиккан
Уни ўрмалаганча
Пастга сизиб тушишига.
У тараддуд кўрар
Муҳаббат ва балойи
нафсга
Рўйхушлик бериб
Кесиб ўтмоқ учун
водийни.
У изламоқда
Оқиб кириб оғзидан
Шунғишинг учун тубига
сени.
Ўспирин қайтади
Излаш учун хонадонини
Қўшниси бўлган ойимқизнинг.
Аммо дуч келади
Равондаги сўлган
атиргулларга.
Садо келмайди бирор
Эшик тавақасин тақиллатса-да
Фақат мудроқ босган
кўршапалак
Қазойи қадар ҳақида
Унга ўқийди қисқа
маъруза.
Парво қилмай қалин
ўрмондан
Тушиб турган баланд сояга
Излашга тушади у
Уй атрофидаги таниш
йўлакни.
Ким билади ҳалиям
бордир
Йўл устидаги дарахт шохига
Ўйиб ёзилган ишқ изҳорлари.
Бу лабиринт қўйнидан
Уни омон олиб чиқиши
Лозим бўлган дарвозани
изларкан
Кўзларида мудрайди
умидсизлик
Ташландиқ остонада.
Унутади бироқ
Тирик қолиши учун
Зарур бўлган тилсимли
сўзни
Ва айланади дам ўтмай
Афсонадаги жонсиз ҳайкалга.
Сен томонга элтувчи
Биргина йўл ҳам
Қуриган саробнинг
танглайида.
Далаларингдаги яшил
ранг
Пайдо бўлган сув ўтлари-ю
Шудгор қилинмаган ер қоришмасидан.
Тасаввурингда қад
ростлаган боғ
Ётганча ястаниб
Чакалакзор ичак-чавоқларида
Яшайди бир сени
каллангда фақат.
Ютади у сени ямламай
Оловдек қайноқ
атиргулларига
Ихтиёр этсанг узатмоқни
қўл.
Сўнг, айланасан
Бир уюм чанг ва ғуборга
Қорни ичида аждарҳонинг. | 2020-12-18 | http://nodirabegim.uz/archives/3439 |
Ажойиб кунларнинг бирида Ўртаер денгизида жойлашган ороллардан бири — Никосия номли кичик шаҳарчада аҳоли барча шифохона, клиника ва дорихоналарни йўқ қилишга аҳд қилди.
Шаҳар мэри бу ҳақда котибаси томонидан кўчаларда одамлар
намойишга чиқа бошлашганини айтганидагина хабар топди. У деразадан ташқарига
қаради ва чиндан ҳам йўлакларда бир тўда оломон шаҳарнинг шарқий тарафидаги Бош
шифохона сари йўл олаётганларини гувоҳи бўлди. Уларнинг қўлларида паншаха,
болта, болға ва шу каби уйларидан топилган асбоб ускуналар бор эди.
Мэр бугун нималар бўлаётганини
англолмасди. Ғалати шаҳарнинг раҳбари ўзи эди. Бу шармандали ҳолатга қарши чиқолмаётганини
ўйлаб тутоқди. Агар ОАВ унинг шаҳар назоратини қўлдан бой бергани ҳақда бонг
урса нима бўлади? Бутун дунёга кулгу бўлган сиймога айланса-чи? У телбаланиб
ўзини йўқотиб қўйди. Бош инспекторга қўнғироқ қилди, лекин офисда эмас шекилли,
жавоб бўлмади. Мэрнинг ғазаби қайнади. Сўнг президент, бир нечта министрлар
билан боғланишга уринди, аммо натижа бўлмади. У мансабга ўтиргандан бери илк
марта ўзини ёлғиз ҳис қилди.
Ҳокимият биносидан уч
километр наридаги умумий шифохонадан одамларнинг шовқини эшитилди, бу ғалати
истаклари ортидан аллақаон цемент деворларни ағдара бошлашганди. Мэр
кабинетидан қочиб чиқиб котибасининг хонасига отилди, аммо у ерда ҳеч ким йўқ
эди. Ҳокимиятда ҳеч зоғ кўринмасди.
Ташқарига чиққач ўз
ходимларининг Мустақиллик майдони сари кетаётганларини кўрди, гўёки кўринмас
душманни маҳв этмоқчидек шаштлари бор эди. У бирдан Учинчи рейх ва унинг раҳбарига
итоат қилиш ҳақда ўйлаб қолди. Чунки бу ерда ҳеч ким халқни муросага келтиролмаётганди.
Назарида, қандайдир жамоавий онгости бошқарув кучи уларни назорат қилаётганди.
Уларнинг асбоб
ускуналаричи? У сассиз ойпарастлар билан ёнма ён кетаркан шу ҳақда ўйларди.
Улар сафида баланд пошнали туфли кийволган ва қўлида яқиндагина боғбондан сотиб
олган оғир чўкични кўтариб олган хотини кетиб борарди. Қизи ҳам шу ерда, сал
олдинроқда кетиб борарди. Мэр навбатга тизилгандек юриб бораётган одамлар
орасини ёриб ўтиб бошланиш қисмига етиб олишга уринди, саф бошида йўлбошчи
борми-йўқми, билмоқчи эди. Югурар экан, ҳеч ким унга эътибор қаратиб сўз
қотмади. У одамларнинг қўлидаги темир буюмлардан энди чўчимасди. Мэр уларнинг
сукут сақлаши ва тобе нигоҳларидан даҳшатга тушарди.
Балки бу бир неча
ойдан бери келаётган миллий боғдаги илдизлар ҳақдаги минглаб шикоят хатлари
билан боғлиқдир? У деярли ҳар бир хонадондан аномал ҳодиса ҳақда хабар қилинганини
эслади, ҳатто квартиралардан қўнғироқлар бўлган, мактублар йўллашган ва бу
ғалати қизил илдизнинг уй трубалари орқали ўсиб чиқиб гултувакларни бўғаётгани
ҳақда айтишганди. Шаҳар аҳли атрофда ўсимликлар сўлаётганидан нолиган.
Мэр парк оралаб, нариги
кўчага ўтволди. Боғда барча ғуддалар ўлган, ғалати қизил илдиз уларни бўғиб
қўйганди. Бирдан у илдизларни ҳаракатсиз эмаслигини пайқади. Улар секинлик
билан кенгайиб борар, диққатлик билан кузатилса бу митти тезликни кўз илғаши
мумкин эди. У йўлакда туриб ўнг ва чапга қаради. Барча илдизлар шаҳар
марказидаги Мустақиллик майдони томон қулоч ёзиб борарди, бу баҳайбат қуртсимон
илдизлар секинлик билан, аммо самарали кенгаярди. Ҳаракатлари унумли кечар,
илдизлар кенгайган сари ғалати геометрик шаклга кириб борарди, гўё ниманидир
қамраб олгандек. У аланглади. Девор ортидаги манзарани кўриб донг қотди.
***
Кўрганларидан шошиб,
бир дақиқа қимир этмай турди. Никосиянинг марказида, эски шаҳардан бир ярим км
узоқликда жойлашган венециан девор ичида, илдизлар улкан куб бўлиб қад
ростлаганди. Улар юқорилаб виқорли шакл ҳосил қилган, маънисиз идеограммалар
тепага интилишарди. Улар ўзга сайёраликлар эди. Мени қўлга олишди, ўйларди мэр.
Бежизга икки ой давомида кабинетимда михланиб ўтирмапман, қизим ва хотиним
қўнғироқ қилса ҳам кўтармапман.
У илдизларга тегиб
кетмасликка ҳаракат қилиб югура бошлади. У ёрдам берадиган кимнидир топишга
уринарди. Агар ҳамон ёлғиз кабинетида ўтираверганида илдизлар куб шаклида
якунлашларига имкон берган бўларди.
***
Уч кун аввал…
Шаҳар аҳли бирма бир
касалхона палаталари ва аптека омборларига кириб халтага дориларни тўлдириб
олиб чиқиб кетишарди. Илдизлар эса ўн битта хандақдан ўсиб чиқиб деворларни
ошиб эски шаҳарга киришга уринарди. Бош касалхона, аптека ва кликалардаги
шифокорлар ва ҳамшираларнинг кўрсатмасига биноан одамлар дориларни тартиб билан
териб чиқишди. Аввалига улар барча антибиотикларни очиб хандақлардаги
илдизларга отишди. Ҳандақдан қуюқ сариқ туман гупура бошлаб илдизлар қимир этмай
қолгач одамлар хурсандчиликдан қийқиришди. Аммо кейин илдизлар шиша бошлади.
Одамлар агар илдизлар шишиб портлаб кетса яхши бўларди деб умид қилди. Энг
семиз илдиз қад ростлаб турарди. Шунда бош шифокор илдизга психотроп ва наркоз
препаратларини укол қилишга буюрди. Бу суюқ дори орқали илдиз ҳамла қилмай
туриб уни тинчлантириб ухлатиб қўйишмоқчи эдилар. Улар қўлларидаги барча
уколларни илдизга уришди — барбитурат,
бензодиазепин, галотан, нитрус окиси ва морфинни ҳам.
Илдизнинг ғурраси
чинданам муросага кела бошлади. Тинчлантирувчи нур юборилгач улар кичрайди. Қизил, йўғон, ерга тўшалган
гиламдек бўлиб турган илдизлар аста ҳандақ ичига сингдилар. Одамлар охиригача
кута бошлашди. Ишончсизлик билан. Ҳали ҳеч ким хотиржам тортмаганди. Илдизлар
ҳамон тирик эди-да.
Бир дақиқалик ўлик
сукунатдан сўнг сариқ туман қизара бошлади ва янада қуюқлашди. Бир сониядаёқ ол
булутлар шаҳар осмонини қоплаб олди. Бу туман эмас, митти зарралар эди.
Аввалига улар йиғилганларнинг бурни орқали ичига кириб олишди. Одамлар қимир
этмай қолди. Ҳаракатсиз.
Улар гипнозланганча
қизил зарралар Эски шаҳар сари сузиб кетаётганини томоша қилиб туришарди.
Қадимий ҳаммом ёнида, марказда кичик ўсимлик бор эди. Бу Иуда дарахти бўлиб, у
зарралардан озиқлангангач тез ўса бошлади. Бир неча соат ичида у шунчалик катта
бўлиб кетдики, ҳаммом унинг соясида кўринмай қолди. Улар миллионлаб ғунча тугди
ва очилди. Бу ҳақиқий мўъжиза эди.
Ўзига тортувчи сирли
куч шаҳар аҳли назоратини қўлга олди. Айрим одамлар дарахтга яқинлашишга куч
топиб, уни кучли анестетиклар, десфлуран галатони, аналгетиклар бўлмиш
гидрокодон, парацетамол билан сўндиришга ҳаракат қилиб кўришди, дориларни
литрлаб дарахтга йўналган водопровод ва канализацияга куйишди, лекин дарахт
улар кутгандек портлаб кетмади, хужумга қарши туролди.
Айнан ўшанда илдизлар
Иуда дарахти атрофида ўша буюк Кубни қуришга киришишди. Илдизлар нақш каби тўр
тўкирканлар, аслан бу дунёга тегишли эмасдилар. Улар қандайдир ўзгача шаклда,
қадимий кўринишга эга бўлиб, нақшларда донолик мажассам, пухта ўйланган
чизиқлар тортишар, иероглифлардан китоб ёзаётгандек таассурот қолдирар, лекин
бу ҳарфларни одамзот ўқий олмасди. Шу ондан бошлаб барча фуқаролар эсини йўқота
бошлади. Уларга барча шифохоналарни, клиникаларни ва аптекаларни йўқ қилиш
буюрилди. Иуда дарахти ва куб бунинг уддасидан чиқарди.
***
Мэр унга ёрдам бера
оладиган бирор кимса тополмади. У хотини ва қизи ҳақда қайғурарди. Нега улардан
ажралиб қолди? У қўлига бирор буюм олиб маршга қўшилишни истади. Илдизларга
тегиниб кўрди ва чуқур нафас олди. Лекин илдизлар ва туман унинг онгини заҳарламади.
Илдиздан бир чимдим юлиб татиб кўрди. Ҳеч нима. Балки унда иммунитет бордир? Бу
даҳшатнинг ўзи. Бу ерда ёлғиз ўзи севимли шаҳрини қутқариши керак.
У эски шаҳар сари
чопди. Девор ошиб улкан кубга яқинланди. Умумий манзарасини чамалаш учун юз
метр наридан кузатди. Бирдан тушундики, оёқ остида ер йўқ экан, бу қизил
илдизли тўшама эди. Илдизлар унга зарар етказолмаслигига амин бўлгач кубнинг
ёнига бориб синчиклаб қаради. Унинг асосида улкан дарахт борлигини пайқади.
Унинг диаметри олтмиш метрча бўлиб, атрофидаги барча иншоотларни бузиб
ташлаганди. Бўйи эса тўрт юз метрдан ошган ва ҳамон ўсиб борарди.
Мэр унинг марказига
кириб олишга уринди, аммо бирор тирқиш тополмади. Сўнг иероглифларни ўрганишга
киришди. Ғалати тилда чиройли ҳусниҳат билан ёзилган митти ҳарфларни қўли билан
ушлаб кўрди. Куб қаршилик қилмади. Балки шу ҳарфлар калитдир. Шаҳар раҳбари ва
дарахт ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ эди, фақат ўртадаги мана шу китоб
уларни боғлаши мумкин, аммо мэр уни ўқий олмайди.
Шаҳар аҳли клиника ва
шифохоналар атрофида йиғилишди. Улар бино йўлаклари, деворлар, поллар, томлар
ва ертўлаларни вайрон қила бошлашди. Қалин деворлар одамларнинг қўлидаги темир
буюмларнинг уришили оқибати заифлашиб йиқилар, улкан цемент бўлаклар гурсиллаб
ерга қуларди. Девор босиб қолган одамлар тил тортмай ўларди, аммо оғриқни ҳис
қилишмасди. Улар ҳашоратлар каби шифохонани босиб олишди.
Мэр осилиб кубнинг
чўққисига чиқа бошлади. Марказдаги тешик икки метр энликда очиқ эди, аммо
илдизлар дарҳол уни ёпишга киришди. Мэр шошилиб тешик ичига сакради. У қалин
шохлар ва улкан гулбаргларга келиб урилиб пастга шўнғирди. Назарида, сира ерга
етиб келмасди. У бошқа олам ўлчовида эканини сезди. Назоратини тиклаб, бирор
новдани ушлаб қолишга уринди. У энг тагига бориши кераклигини тушунарди, шунда
чора топилади. У ушлаб олган новда юқорилаб, мэрни ташқарига чиқариб юбормоқчи
бўларди. У ўзини итараётган сирли кучга қарши чиқиб, кубнинг ичкари деворларини
томоша қилишга киришди. Никосия узра нур сочаётган қуёш бу ерда ҳам ғира шира
тўлқинланиб турарди. У эътибор билан кузатди. Мана. Ташқаридан иероглиф каби
кўринган ҳарфлар бу ерда тўғри турарди. Сўзлардан тузилган гаплар, сарлавҳалар
юқоридан пастга қараб ёзиб чиқилганди. Бу жуда катта матн эди.
Икки абцазни ўқиркан,
сатрлар унга Инжилни ёдга солди. У қадимий юнон тилида, Апокалипсис Иоанна
версиясида ёзилганди. Бу жумлалар у ўқиган китоблар –Тақдир фариштаси, От
минган тулпордан фарқ қиларди. У туриб қолди.
“Очил”, деди бақириб.
Сўнг пастга қаради. У
заминга яқин турарди. Охир оқибат кубнинг тубсиз эмаслигини англади. Унинг
тагида, юзлаб метр пастда осойишта Никосияни кўрди. Одатий шаҳар шовқини
янграётган кўчалар, ўз манзилларига ошиқаётган машиналар, ишдан чиқиб ҳарид
қилгач уйга шошаётган одамлар. У шаҳарга ҳайрат билан қарарди. У ерда
шифохоналар, клиникалар, аптекалар йўқ эди. Кубнинг ичида муқобил реал ҳаёт
хукм сурарди. Яхши ҳаёт.
У савқи табиийлик
билан бошқа бутоқларга қаради. Бу ерда ёлғиз эмасди. Шохларда кўплаб одамлар
ўтирарди. У шаҳарни қутқариб қоламан деб ёлғиз ўзи курашмагани аён бўлди. Бу
ердаги ҳамма одам шунақа ўйлаган: қуролланган ва гипнозланган одамлардан
ажралиб шаҳарни қутқаришга киришган. Улар шохларда ўтирганча пастдаги – тепадан
кўра бахлироқ яшаётган ўз “мен”ларига ҳавас билан қараб туришарди. Мэр улар
ичида хотини, қўшни шаҳар президенти, қизалоғи, шифокорлар ва ҳамшираларни
кўрди.
Бу ер дўзах, қуйи эса
жаннат эди.
У хотини ва қизига
қараб ҳайқирди, лекин улар эшитишмади. Баландроқ новдада тирмашаркан, чўнтагида
мобил телефони турганини пайқади. Қўлига олди. Ёқиши билан фейсбук тармоғидан
хабарлар кела бошлади. Улар охирги ой давомида йиғилиб қолганди. Янгиликлар
тасмасида эса қизи беш дақиқа аввал отаси билан тушган суратини жойлаганини
кўрди. Гўё шаҳарда ҳеч нима бўлмагандек. У сўнгги бор бақирди: “Агар мен ҳозир
кўчада бўлсам, бу ерда ҳам бўлсам, пастда ҳам бўлсам, бу Апокалипсис бўлса,
унда мен кимман?”.
Унинг телефони нотаниш
куй таратиб жиринглади. | 2020-12-24 | http://nodirabegim.uz/archives/3460 |
– Мени ҳовлига олиб чиқинг.
Қўлтиқлаб олишди. Оёқларим ишламасди. Тупроқнинг нам иси, тоғдаги ўрмонларнинг муздек ифори димоғимни музлатди. Икки қадамлик зинадан кўтариб туширишди. Чуқур нафас олдим. Яна бир марта. Ичим ёнгандек бўлди. Охирги марта осмонга, замин ва тоққа, тоғ бағирлаб ястанган ўрмонларга тикилиб қарашим керак эди. Ота-бобомиздан қолган одат эди бу. Ўлим ҳам урфга боғланганди. Нигоҳим ўпган олис кунжакларда дарёлар мажнун бўлиб оқарди. Қишлоғимнинг ҳиди ичимни тўлдирганди. Ёниб кул бўлган Араднинг ҳиди.
Арадликман.
Фақат шу ерни биламан. Ва, бу ерларга келиш учун кетган жойимни. Болалигимда
Ойсираганимни айтганди онам. Ой тутқаноғи дейишаркан. Ой ўн тўртинчи кун шу қадар
кучли нур таратармишки, бола чидолмай касалланармиш. Зулфимга бир кумуш танга
илдилар.
–
Исми Ойкун бўлсин, – сасланди отам.
– Ой йўлини ёруғ, тунини кундуз қилсин.
Йиллар
бўйи ҳасталигимни исмимга ортиб, елкамда кўтариб юрдим. Худди қисматимни
пешонамда ташигандек. Орада уни тузата олдимми, бундан ҳам хабарим йўқ. Бироқ,
доим унинг атрофида айландим. Ўзим борган тоғларга олиб бордим, кийик тўла
ялангликларга, дарахт кавакларига, сувга.
Кўчманчи
эдик, Арадда кўп қололмадик. Мен уй-жойимиз йўқ бўлса керак деб ўйлардим. Бир
жойда икки ойдан кўп туролмасдик. Бизни тоғлар боқарди, ўрмонли тоғлар. Дарёлар
ғуборимизни аритар, тупроқ иситарди. Каклик овлардигу, ейишга кўзимиз қиймасди.
Одамлардан узоқда яшардик. Баъзан йўлимиз қишлоқларга тушарди. Улар билан
ўрмонда топганларимизни айирбошлардик. Беришга ҳеч вақомиз қолмаган бўлса, қўл
чўзиб нон тиланардик. Бироқ, отам бунга кўп чидаб туролмасди, кўзини тоғларга
тикарди. Биз ҳам яна йўлга тушишимизни, ортиқ чидолмаслигимизни тушунардик. Кўп
дайдирдик, лекин уйга йўлни яхши билардик. Уйимиз Арад эди. Ёниб кул бўлган
Арад.
Оромийлар
уни фелгу деб аташади. Онам қиш чиллаларидан бирида ўсал қолди.
Бўрилар болалаб, қор кийиклар қонидан алвон тусга кирган пайтда. Нигоҳлари
билан пойимга йиқилди. Менга ундан унинг кўзлари қолди. Менга жим тикилган,
менга тоғлар ҳақида ҳикоялар айтиб берган кўзлари. Энг кўп тупроқни соғинарди. Ҳар
куни у ётган хонага ҳовуч-ҳовуч тупроқ таширдим. Тўйиб-тўйиб ҳидларди. Бу тоғларда
макон тутмоқни, ташқарини ичкарига айлантирмоқни менга онам ўргатганди. Тупроқ
бор ҳар макон унга ватан эди. Ёниб кул бўлган бутун тупроқлар. Аммо, кун келиб
ўз уйига қайтишини яхши биларди. Онам ётиб қолгач, у тоғларга бошқа қайтмадик.
Тошдек оғирлашиб қолганди. Нигоҳлари сўлғин, нафаслари қисқариб борарди. Отам
онамга узоқ қаролмасди. Ёнига бориб, бироз гаплашган бўлар, бироқ суҳбатлари ҳам
онамнинг нафасидек қисқа кечарди. Баъзи кечалар отам уйга келмасди. Гоҳо
тунлари ташқарида қадам товушларини эшитардик. Отам атрофда айланиб юрар, лекин
ичкарига кирмасди. Онамнинг масаласи ҳал эди. Қиладиган ёлғиз ибодати сўздан
рўза тутиш бўлиб қолганди. Энди у эгасиз шаҳарлар каби эди.
–
Давоси йўқ, – деди дўхтирлар.
–
Уйга олиб боринг.
Ўша
оқшом онамнинг руҳи оғзига келди. Келдию, аста чиқиб кетди. Бир бедаво ҳаётни
ташмалаб юришдан чарчаганди. Бир ҳўрсиндию…
Яна
тоғларга тирмашдик. Яна водийлар бўйлаб кетавердик. Ҳайиқмадик, баҳор ичимизни
поклаганди. Оёқларимизнинг чигилини ёзганди. Онам кўролмаган баҳорни мен кўргандим. Арадни ва узундан узоқ қишни ортимизда қолдириб,
яна тоғлар билан учрашганимизда, кунларча кезинганимизда кўрдим уни. Оёқлари
илдиздан эди. Қўллари қушларнинг қўналғаси. Кўзлари тунларнинг оташи. Отам
чодиримизни уларнинг чодирига яқин тикди. Одамларни кўрай деб бошини буриб қарамасди.
Дарахтлар остига чўзилар, шохларида ухларди. Баъзан икки кечалаб келмасди. Бироқ,
қўли доим соғ-омон, тўла қайтарди. Кўчманчилардан, ҳар тупроқни кўприк деб
билганлардан, ҳатто ашаддий саёҳатчилардан ҳам кўра олис-олисларни хаёл қиларди.
Бир жойда туролмасди. Ортидан борай деб югурсам, етолмасдим. Бола эдим, мени ёқтирмаслигини
билардим. Олис-олисларга кетмоқчилигини ҳам. Аксар кечаларда отам уларнинг
дастурхонида ўтирарди. Баъзи оқшомлар қайсарлик қилиб бормасдим. Аммо, уни
кўришни истардим. Қуёшнинг ёнида Ой каби турардим. Нури оғир эди, саросар эди.
Бир кеча ёнимга келди.
–
Бир ўзимни қўйиб юборишмайди, – дедим.
–
Менга аёл керак.
Тушунгандим,
йўлга чиқмоқчилигини тушунгандим. Боши оққан томонга кетиш учун бир йўлдошга эҳтиёжи
бор
–
Ойкун, – деди. Бошини менга бурди.
–
Исминг, Ойнинг нури йўл кўрсатади бизга.
Онамдан
кейин отам ёлғиз қолганди. Уни ташлаб кетишни истамасдим. Бироқ, бу тоғу тупроқлар
бизники эди. Барибир, кун келиб отамни топиб олардим. Хайрлашдим, отам қучоқлашишни
ёқтирмасди. Бу сафар қучоқладим. Қўлимга онамдан қолган бир жуфт сирғани тутқазди.
–
Энди булар сеники.
Шунча
пайт отамнинг орқасидан югурганим етарди. Энди менинг йўлим Алазнинг қадамларидан
бошланади.
Алаз
Гермисара қишлоғидан эди. Амакиси ва унинг бола-чақаси билан кезарди бу
ерларда. Истаса, бир тош умри қадар сукут сақлаши мумкин эди. Сўзласа, сўзи изғиринни
уйғота билар ё бир гулхан ёқа оларди. Мавриди келганда йўлга чиқдик. Ёнида
бордим, ортидан бордим. Аммо, ҳеч чарчамадим. Баъзан хурсанд бўлиб келарди. Тоғлар,
тошлар, ўзи минг марта юрган йўллари ҳақида ҳикоя қилиб берарди. Кийик
йўлларини, оромижон ирмоқларни таърифларди. Тоғли ўрмонлар уни худди ўз ичига
олар, Алаз эса тупроқ билан бирлашиб кетадигандек туюларди менга. Бир жойда узоқ
вақт туролмасди. Худди бориши шарт манзили бору у ўша манзилга етолмаётганидан
безовтадек. Менга қўлини ҳам теккизмаганди. Худди йўл охирида уни кутган бошқа
бир аёл бор эдию Алаз ўшани хаёл қилаётгандек. Онам айтиб берарди. Қуёшнинг
жини Ойни суймайди дерди у. Баъзан Алаз ҳеч гапирмасди. Бу ҳолат кунларча давом
этарди. Баъзи тонглар оғзини пичоқ билан ҳам очиб бўлмас, тунлари юзимга қиё боқмасди.
Барибир ёнида кетаверардим. Нонини кесар, кўйлагини ювар, ёнида ухлардим.
Тунлардан
бир тун мени тўхтатди:
–
Чодирга кирма. Мен билан юр.
Қаерга
олиб бориши номаълум сўқмоққа тушдик. Бироз ўтиб, қулоғимга сув овози чалинди.
Чеккароққа чўкдик.
–
Бугун Ойнинг сўнги куни. Шу билан уч кун чиқмайди.
Демак,
тўртинчи кун яна қайтади.
–
Мен ҳам кетаяпман, Ойкун. Агар уч кундан сўнг келмасам, Арадга қайт.
Тушунолмадим.
Қаерга дедим. Нега дедим. Ким учун кетяпсан дедим. Ҳеч бирига жавоб бермади.
Ўша тун, Ойнинг сўнги шуълаларида Алаз илк бор юзини менга қаратди. Қўллари илк
бор менга тегинди. Устидан дарахтнинг ҳиди келарди. Бошимни елкасига қўйдим.
Сочлари қайрағоч эди. Бармоқларим қуш бўлиб кезинди бу қайрағоч шохларида.
Акация қўлларини қўйиб юбормасдим. Кўзларимни беркитганида, уларни ҳеч очмадим.
Ҳечам очмадим. Уйғонганимда ёнимда йўқ эди. Кетгани рост бўлди. Бу уч кеча қандоқ
узун эди. Қандоқ қоронғу. Чодирдан чиқмадим, қуёшни кўрмадим. Фақат сув ичдим.
У кесган нон бўлакларига узоқ тикилдим, бироқ қўл теккизмадим. Уч кеча узун
кечди. Яқинликда бўрилар чўзиб-чўзиб ув тортди. Олов ёқиб, чодирни доирага
олдим. Кутдим, кутавердим. Уни кута-кута онамга айландим. Отамни кутардим.
Келди. Уч кун ўтиб келди. Ўзи билан жароҳатини ҳам олиб келди. Елкасидан кўкси
томон бир алвон йўл ўтганди. Ҳеч тузалмаган, Маҳшаргача тузалмайдиган жароҳат
эди бу. Менга нима берган бўлса, йўл берди. Мендан нима олган бўлса, йўл олди.
Алазни елкамда кўтариб Арадга олиб кетолмадим. Унинг учун дарёга яқин жойда
ўрин тайёрладим. Устини ҳафиф тупроқлар билан ёпиб қўйдим. Қишлоғимга қайтдим. Ёниб кул бўлган Арад қишлоғига.
Бирон марта тоғга чиқмай, бирон ерда чодир қурмай. Яшашга арзирли кунларимни шу
ерда яшадим.
Оромийлар
уни фелгу деб аташади. Худди онам ўсал бўлиб, бир қиш кечасида ярим қолгандек.
Мен ҳам энди ўсал эдим. Ярим эдим. Бутун фасллар қишда қолиб кетганди.
Ташқарини
кўрганим етарли. Ҳовли менга берадиганини берган, кўрадиганимни кўрсатган эди. Ҳаётдан
оладиганимни олиб бўлгандим. Танамдаги ёлғиз ҳарорат Алаз эди. Арадни ёққан ҳам
у. Шу сарғайиб, шол бўлган қўлларим, шу ўтин иси ҳам. Нам тупроқ онам эди.
Онам… мендан олгану ортиғи билан берган онам. Мана шу тоғ бағирлаб ястанган
ўрмонларнинг изғирин шамоли отам эди. Устига камзулини кийиб шамол билан
олишган отам. Мана шу дунё уйим эди. Мана шу еру кўк. Мени уйга қайтиб олиб
кириб, ўрнимга ётқизишди. Бошимнинг устига бир пиёла сув қўйилди. Хона бўм-бўш
эди. Фақат мен ва деворлар қолгандик, холос. Ўлим ҳаммасини бирлаштираркан.
Табиатни ҳам. Қулоғимда олис дарёлар шарқироғи янграрди. Кўзларимни юмдим.
Осмонни кўраётгандим. Ёруғ, бир улкан тунни бағрига сиғдирган осмонни.
Кўрардим. Кўрардимки, тупроқнинг устида ўлиб, Осмонда ой бўлиб чиққандим. Мен
тирилгандим. | 2020-12-25 | http://nodirabegim.uz/archives/3466 |
Ёзяпман
сенга олислардан-
Исмим
билан аталган
Оролдан
мактуб.
У ерда на
гуллар ўсар
На ниш
уради
Кўм-кўк
майсалар.
Фақатгина
сизиб тушади
Баҳор чоғидек
Юрагимдан
зилол сув.
Кўкда қуёш
порлар
Айни
чошгоҳ пайт.
Бундай
пайтда
Ҳис қилмоқ
табиий
Ниҳоясиз
жазирамани.
Вужудингни
эҳтимол
Ёнғоқдек қоқилмаган
пўстагинг
Етаклайди
зулмат қўйнига.
Бироқ бу
оролда
Оз
бўлса-да мавжуд эмас
Оҳанг ила
ранг.
Фақат
соялар ва
Ўзига
аталган жойда
Тутар
собит туриб
Аланга чўғи.
Мен сенга
ёзяпман
Чулғаб
олганча ҳайронлик нуқси:
Қачон
етиб бораркин
Сенга бу
мактуб?
Қандай
сувлар уни
Кўпикка
ўрар?
Қандай ҳиссиёт
тураркин
Унинг
бошида?
Денгизда
йўқолиб эҳтимол
Бирор наҳанг
ютган
Шиша ичидаги
Мактубга
ўхшар бу.
Ўша наҳанг
вақтдир илло
Йилдан
йилга қўшади
Пешонамизга
бирма- бир ажин
Денгиз
четига қўшгандек
Янгидан
янги қумлоқликларни.
Мен сенга
ёзяпман
Нима демоқ
жоизлигини
Тушунмай
сира.
Бу ерда
ўзгармаган ҳеч нарса
Эски ҳолича
ҳатто
Камчиликлар-да.
Шунгадир
балки
Сени
севишим ҳам туюлар
Воқеъликдан
энди йироқдек.
Бошлашидан
анча илгари
Парижнинг
кўримсиз кўчаларига
Ёғишни
аста майдалаб ёмғир
Кўрсатгандинг «Sacre Couer»да
Тошдан
ясалган деворнинг
Кўча
томонга қараган қисмин.
Бераҳм
октябрь шамоли
Пешонангни
силаб-сийпалаган пайт
Сўрамоққа
ботингандим
“Қани
бунда қалб” дея
Уни
пайпаслаб.
Кечикмаганди
тилингда жавоб:
-“Сангтарошлар-
ҳиссиз бўлишар”.
Кўрингандинг
куздан толиққан каби
Зўрға
англагандим
Аҳволингга
солганча назар
Сукут сақлаб
ёзнинг қадрини.
“-Хоретта,
фасллар учрашишмайди”
Давом
этгандинг бир маҳал.
Аммо мен
нафратланардим азал
Исбот
талаб қилинмас фаразлардан
Ва
тушунмасдим нега аксини
Намойиш
этиш мумкинмаслигин.
Жойлаштириб бўлмайди асло
Ҳаётни мажбурлаб
Математик формулалар ичига
Яшаб ҳам бўлмайди
Евклид тамойилларига асосан.
Сен
кулгандинг
Ҳўл
соябон остидан
Чиқаётган
бундай бўлмағур
Гапларим
диққатинг тортиб.
Кулгунг
жаранглаганди
Худди
кечки қўнғироқлардек
Бўсанг
эса қилмас эди фарқ
Нордонгина
олча таъмидан.
Ўшанда ҳис
қилгандим
Ёнингда
ўзимни бир пас
Муштипар
аёлдек чинакамига.
Сўнг-чи, назарда тутиб
Эҳтимол йил фасллари
Баланд қилиб
қаддини тутган
Ўртамиздаги
мавжуд деворни
Сўз қотгандинг
оғиз жуфтлаб:
“-Ҳалиям
гўдаксан, тавба!”
Худди оқ
ва қора рангдаги
Телевизорга
қарагандек
Кузатаман
четдан ўзимни.
Унда
кўраман насия қилиб
Бошни
буриб, ўгирилишни ҳам
Ҳаётимдан
чиқиб кетадиган
Бир лаҳзалик
инсонлар нуқсини.
Шошилинг,
азизларим
Нариги
чеккаси қадар дунёнинг!
Қаерга
кетасиз барчангиз?
Ўйлайсизми
кетиш чоғида
Бу
юракдан тамомила
Узоқлашганларинг
хусусида ҳеч?
Ишонаман қолдирмагайсиз
Унутиб
шляпа, соябон, қўлқоп
Ва муҳими
иллатингизни.
Кечиктирмай
ўраб оласиз
Бўйнингиз
атрофига ёлчитиб
Иккита
таскин берувчи жонни.
Қарабсизки,
устингиз ялтироқ
Кўринасиз
бекаму-кўстдек.
Бир умрга
кетсангиз агар
Буни
амалга оширинг тезроқ
Ишонарли, қайтиб келмас бир тарзда.
Абжир, қизғиш,
қайноқ
Панжалар
билан узинг риштани.
Йиғиштириб
олинг бурчакларда
Сочилиб
ётган юрагингизни.
Дарвозани
ёпинг!
Оғизни
юминг
Томоқни қириб
баланд овозда!
Бир умрга
кетсангиз агар
Шамойил
беринг бунга бехато,
Қўллаб
такрорланмаслик шартини.
Чўчқалар
учаётган айни пайтда
Бир-биримизни
кўришда илкис
Рўй
берадиган бачкана афсус
Соғинч,
ваъдаларга қолдирманг ўрин.
Қаппайган
ҳамёнингиз орқали
Ҳаётингизга
киритинг майли
Заррача
бўлсин ўзгариш
Ва яхши
боринг, тилагим- оқ йўл.
Сизга
нима бўлди?
Нега қоқиляпсиз?
Шошилинг,
ўчади ҳозир чироқ
Кимга
керак ит теккан ошдан
Сиздаги
фарқ қилмас ҳислар
Яримтаки
ишқ ва хиёнат.
Кўздан йўқолинг-сиздан
ўтинчим
Мен ушланиб қоламан
Яна бир
неча фурсат
Ҳолдан
тойдиргувчи бу ноябрда
Босган
тошини чамалаш учун
Юрагимни
эзган қадамингизни.
Менга бошқа
юборманг
На хабар,
на хат
Зотан қисматга
айланса кетиш
Арзимайди
бисотимизда
Мавжуд бўлган барча гап-сўзлар. | 2020-01-12 | http://nodirabegim.uz/archives/3367 |
Шеър ёзмоқ юмушдир
На иморат солмоқ
На ерга кўчат ўтқазмоққа хос.
Бу шамолдир юргувчи санқиб
Қарсиллатиб эшик тавақасини
Шох-новдаларга
чирмашадиган…
Ниятига етгач хўб
Сокин ёлғизлик тубига
шўнғиб,
илинж қилиб бел боғларкин
Қай неъматни қидириш
учун?
Қандай пойдеворлар
устида
Қоларкин оёқ излари?
Балки қолар
Меҳр-муҳаббатдан хотира
бўлиб
Рутубатли тун чоғидаги кул.
***
Лодзь-
Менинг бандаргоҳ шаҳрим.
Баъзида ҳис қиламан
Ўзимни унинг ўзанидан
Онг остига сузиб
борувчи
Тош кўчаларининг
матроси каби.
Бу ерда одамлар тўлқини
Мен томонга бир неча
бор
Шиддат билан оқиб
келган
Ва шу туфайлидир
Эсимдан чиқмайди мудом
Қаерга кетаётганим ҳам.
Шу ерда туғилар савол:
Давом этарми узоқ
Ибтидо сари бундаги йўл?
Менимча эса
Йўл бошлайди юлдузлар
томон
Кейинги қатнов.
***
Ён атрофда қаҳратон
Гарчи кезиб юрган
бўлса-да
Қадам товушлари сезилар
Кундан кунга янги баҳорнинг…
У дераза ойналарига
Ўрмоннинг чизар
Ажабтовур кўринишини.
Қиш нафаси ила
чамбарчас
Нафаси туташган
нарсалар
Секин-аста ажралишади:
Финжондан тиш чўткаси,
сочиқдан дастрўмол.
Шаффоф муз бўлаклари-чи
Эриб борар бирма-бир
Сен олов ёққан
танамнинг
Бармоқлари остида.
***
Йўл устидаги
Заррин қайинлар
бурканар
Пушти рангда тусланиб
Оқ-сутранг кўринишдаги
Ўнгмаган чанг-ғуборга.
Кузнинг мазкур
бебошлиги
(Илғашга улгураман)
Билмас на чегара, на ҳудуд.
Дала ва ўтлоқлар
Уйқусираб ростлашар
нафас.
Зич алфозда улардан
Кўзни шамғалат қилгувчи
Буғлар тушар ерга
осилиб.
Кўринар мутлақо
тайёрдек
Кўргазмали намойишга
ўрмон:
Ансол, заранг ва қарағайлар
Қилар рақобат бир-бири
билан.
***
Рўй беради бот-бот
шундай ҳол
Уйинг қолар бўшлиқ
ичида.
Ўзга жонлар қилишар илҳақ
Кетгинг келар қочиб…
Хўш, қаерга?
Ўша эски стол
Қаршисида чой ичиш
Қисматми одатдагидек?
Қисматдир, лекин
осонмас-
Бизга зўр бериб
Қадашар ўлик нигоҳларини
Уйдаги доимий нарсалар.
***
Муҳаббат
У- бутун вужудни
Қамраб оладиган ҳис.
Муқаддима шартларсиз
Турли изоҳларсиз-
шундай.
Оддийлиги сабаб
мукаммал.
Унда бисёр
Кундалик ғамхўрликлар.
Уфққа бўй чўзган қуёшдек
Қамаштиради у кўзни
Ва бу ҳол давом этар
То шом пайтигача. | 2020-03-12 | http://nodirabegim.uz/archives/3376 |
***
Одатимиз
бўларди
Яёв
алфозда кезиш
Болакайлар
чўртанбалиқнинг
Қумга
ташлашган чирик танасин
Ҳидига пўртаҳол
дарахти иси
Қоришиб димоғда
сезилмайдиган
Дарёнинг
нариги қисми ёқалаб.
Бу шундай
кунлар эдики
Бизники
бўларди осмон ранги,
ҳавога кўтарилган
кўрфаздаги туз
Бурнимизни
тирнарди ўрнаб.
Дарёни
дўст тутиб ўрганардик
Қуёш билан ўйнаш сирини бирга,
қулоқ
тутиб тинглардик кимдир
Қаердадир
бизни кутаётганин.
Рост эди
бохабар бўлганлигимиз
Ўсимликлар
забонидан-да,
Мос ном
қўярдик уларга топиб
Кўмиб
гурунгимизга сояларини.
Ўзимизни
ҳис қилмоқ учун
Уйдаги
каби гўё
Бу бизга
бериб тасалли
Гарчи
илинган бўлса-да кўмак
Ватан
дейилган заминда лекин
Билардик бир
ажнабийдек
Бахтга
қарши бир-биримизни.
***
У пайтлари
тун
Товуш
чиқарарди
Техасча
рақамлар илинган
Кўк
рангдаги эски Мустангнинг
В8 мотори
каби.
Кўчанинг
бир муюлишида
Бошланган
бундай ғувиллаш
Титратарди
дераза ойналарини
Ва
шунақанги кўтарарди чанг
Натижада
рўпарадан чиққан
Машиналар
ошиқарди
Катта йўлнинг
четига чўчиб.
Кўк
Мустангнинг шуъласи
Ўтиб
кетаркан
Дераза
олдидан мисли арвоҳдек
Суяк-суягимизгача
музлатиб,
ўчирардик-да
чироқни шитоб
Кутардик у кўздан
йўқолгунича
Тротуар лойқа
йўлга ўрнини
Бўшатадиган
эски маҳалла
Қабристонидаги
бўйнини чўзган
Заъфарон
қабртошлар мавжуд
Кўчанинг
бошқа бир муюлишида.
Кейин
мўралардик
Дарпарда
четидан пусиб,
илғардик кўкда
зулматни,
чанг-тўзонни
босилмагунча
Асфальтга
тушиб узала.
Ва
англардик тин олиб енгил
Ёстиққа
бош қўйиб ниҳоят
Хотиржам
ухлаш мумкинлигини.
***
Сен
биласанми
Не эканин
соғинмоқ
Ўзи ҳеч
қачон йўқ бўлган нарсани?
Бу ғайритабиий…
Бунда
ўзингни ҳис қиласан
Куни
келиб тарихимизга
Айланиши
мумкин бўлган нимадир
Жой олиши
лозим қоғознинг
Қаршисида
ўтиргандек
Қўлингда
ручка билан
Лекин
сиёҳсиз. | 2020-08-12 | http://nodirabegim.uz/archives/3394 |
— Мексика шоири, ёзувчиси ва таржимони. 1959 йилда Канаданинг Квебек шаҳрида таваллуд топган. 1992 йилдан буён Мексикада истиқомат қилади. 70 га яқин китобларни таржима қилган, учта роман ва ҳикоялар тўплами, етмишга яқин шеърий тўпламлар чоп эттирган. Бир қанча адабий мукофотлар жумладан, “National Literary Translation Award in Poetry”, “Alonso Vidal National Poetry Award”, “Poetry Award of the European Academy of Sciences, Arts and Literature” каби мукофотлар билан тақдирланган.
Мен мағриб ва машриқ бўйлаб чўзилган йўл бўйлаб қадам ташлар, бу сафарда менга гала фаришталар, ҳашоратлар суруви, митти ягуарлар ва ҳанузгача қулоғим остидан кетмаётган – оғир кун шовқини ҳамроҳлик қиларди. Бу ибтидоий куч эдики, мени жарликларга алдаб чорларди, у ердан колибри ва қишги ёнарқуртлар оҳи тинмасди. Очиқ денгиз сари юзландим – ота-онам гўё икки соҳил, хаританинг куйган четига ёпишиб тургандек.
Қизиқ, ўлим тобутида
мен қай тилда гапирар эканман.
Сандал дарахтидан
ясалган ва долчин иси келиб турадиган бу сурат шикастланмаганди. Тушлар
кроватимнинг у томонидан бу томонига тебранар, уларнинг арқонлари менга
мустаҳкам боғланганди. Лойсувоқ уй ҳудди сарой эди (мен самовий либосда, сен
эса бўзда).
Ҳаммаси учтадан:
факт, хотира ва амнезия, уларнинг босқичма бочқич даражалари.
Сени кўриш имконидан маҳрум бўлганимдан бери – тартибсиз
юрибсан, нам рўмолчани чап қўлингда ушлаб гўё мени
огоҳлантирасан –полотно зумда кирланганини биламанми-йўқми:
тўқишдаги тиртиқлар эҳтимол, тўқув дастгоҳининг носозлигидандир.
Чегара
билмас ақлсизлик, доира бўйлаб чопаётган ҳайвонлар, тартиб ва кетма кетмаликда
пайҳон қилаётганлар (жониворлар ваҳимада чопадилар, буни тартиб ва кетма кет
амалга оширадилар) саройи, қиролсиз, тожсиз, ҳассасиз ёки таёқсиз салтанат:
фақат ожиз ва бурушган таналар қувғинликда.
Агар
хато айтаётган бўлсам, сўзим тўғирланг: муҳаббат бу – осмон, у мудом ерни
кузатиб турур, муҳаббат бу – томдан оқаётган томчи, томади, томади ва унинг
ёмғири чорраҳага тўлади, у ерда биз, сиз ва мен бўлмоғимиз лозим, сиз ва мен
бир, икки, учда бирлашамиз, бу ердаю у ерда, фазонинг бўлакларида, сиз ва менга
ўхшаган гумбаз ости парчаларида кесишамиз.
Оғзинг
телбалиги камина қўлида, тилларинг тиззамда, хотиранг гўё сиртмоқдек, гўё шеър
аввалида тасвирланган чопиб бораётган йиртқичдек.
Мен гермафродитман, эркак ва аёл тани бирлашиб кетган, ҳудди Уран болаларидек, бели билан ўзаро ёпишган, у муҳаббат ва насл қолдиради, ўз танасини тарк этмайди, доим ерга очиқ турадиган сув тўла жарликка шўнғирканман, мен оғзимдан тушиб қолган ғазабнок ва қўрғошин гапларни айтдим. Cиз бу гапларга оддий нарсалар билан жавоб бердингиз. Сўзлар билан ниқобланган жойларни мен севдим,
ҳудди шоир ўз сатрини севгандек, ҳатто энг яқин юлдузнинг гративацияси буни ерда ушлаб туролмасди. Сиз капалаклар, патлар, пуфакчалар ва гулчангили тўй оқшоми,
нишабдаги чорилар ҳақда гапирдингиз.
Медузалар рақсига, уларнинг мўрт мезоглеяларига
қаранг. Сизларни ажратиб турадиган ойнага тегининг, сиз эслолмайдиган аквариумдан қолган хотиралар бор. (Бу ойна золим эмас, шунчаки шаффоф девордир). Гувоҳи бўласиз, улар ғазабнок суюқ порохда қанот чиқаряптилар, сув остида булбул ва йиртқич қушга айланяптилар.
Сизга дурбин на даркор: ёнидасиз, бурнингиз шишага тегиб турибди, сувни чуқур томоша қиляпсиз, қушлар суруви юрагингизга иняпти.
Юрагингиз шиша ортидаги чангакка илинган. | 2020-12-12 | http://nodirabegim.uz/archives/3408 |
Қўлда тутган олмасин олиб,
ўпич олдим
дудоқларидан.
Мева таъмин
тотганим заҳот
гангиб қолдим
бошим айланиб…
тақиқ
гирдобида қулаб пойига,
чоҳ тубидан қутлаш
назарин
солган рангпар чеҳрани
кўрдим.
Айни дамда бу унинг таъбини тирриқ қилмаса керак, аммо ўшанда Бебе хола билан ғийбатдан оғзи чарчамаган онахон Селестанинг ялтоқланган чеҳраси, отасининг шубҳа-гинадан бўғриққан имолари-ю, узунқулоқ миш-мишларнинг бари ўтмас пичоқ билан бўғизлагандай қиймалаганди. Ҳаммаси кўпқаватли уйда яшовчи хотиннинг эрмагидан бошланди, ўзи ўшанинг говвосдан фарқи йўқ! Калласини лиқиллатиб, гапиниям чақичдай чайнаб гапиради. Дорихоначи аёл эса дарров илиб кетади: «Сира ақл бовар қилмайди, рост бўлса агар турган битгани шармандалик!». Ҳатто, одатда қалами ва клёнка муқовали дафтари каби мум тишлаб юрадиган дон Эмилионинг ҳам тили чиқиб қолди. Афтидан атофдагилар Делия Маняр тўғрисида бирон-бириси аниғини билмагани боис баралла фисқу-фасод юритишга иймансалар ҳам Марио дабдурустдан портлаб қолди. Оила аъзолари бирваракайига жиғига тегавергач у беҳуда исёнга қўл урди. Уни қон-қардошларига нисбатан сира меҳрли деб бўлмасди, онаси ва ака-укалари билан уни бор-йўғи қондошлик иплари-ю, кимсасизлик олдидаги ҳадиккина боғлаб турарди. Марио қўшнилари билан пачакилашиб ўтирмади, фисқу-фасод бошланди дегандан дон Эмилиони шалоқ сўзлар билан сийлади. Кўпқаватли уйдаги хотинни иззат-нафсини оёқ ости қилиб салом-аликни насия қилди. Марио ишдан қайта туриб, икки нафар қаллиғини асфаласофинга жўнатишга улгурган ойимқизга совға сифатида гоҳ шоколадлар, гоҳ китоб кўтариб йўл-йўлакай Манярларникига ошкора меҳмонга кирадиган бўлди.
Мен Делияни элас-элас эслайман, ёдимда қолгани — унинг
келишган қомати-ю, малласочлиги, имирсирангача (у вақтларда мен эндигина
йигирма ёшга тўлгандим, энди ҳамма ҳам бу ёшда тепса-тебранмаслик қусуридан
холимас) кўзни қамаштирадиган кўйлаклар-у, башанг юбкалар кийиб юриши эди.
Аввал бошда Марио қўшниларни Делиянинг айни ясан-тусанлари-ю, хиромон
юришларига ҳасад қилади деган хаёлга борди.
— Менида қўшиб ҳисоблаганда барчангиз уни плебей
бўлгани сабаб кўргани кўзингиз йўқ, — деди у онахон Селестага.
Онаси унга
сочиқни ўқталганди пинагина ҳам бузмади. Ўша воқеадан сўнг у билан орани очиқ қилишди:
гаплашмай қўйишди, ич кийимларини марҳамат юзасидангина ювиб беришар, якшанба
кунлари эса Палермога
ёки дала сайрига
кетишиб, бу ҳақда Мариони хабардор қилишни эп ҳам кўрмасдилар. Шундай пайтлари
у Делияникига йўл солиб деразасига майда тош ота чорларди. Аёл гоҳо кўришгани
чиқар, гоҳо эса умидини кўкка совириб, ўзгани бахтсиз этган аёлнинг шодон
кулгуси хона оша қулоққа чалинарди.
Сўнгра Фирпо
ва Демпси
ўртасидаги жанг
бўлиб ўтганди; икки хонадонда ҳам кўзёшлар оқди, дарғазаб бақир-чақирлар
оша итоатакор дилгирликка чўкишдики,
истебдод бўйи таралгандай бўлди. Манярлар Альмагро
қамровидан кам ҳисобланмаган тўрт тураржой нарига кўчиб ўтишди; Делиянинг қўшнилари
Виктория
ва Кастро-Баррос
кўчаларидаги
оилалар билан алмашиб, у тўғрисида унутишди, Марио эса ҳафтада икки марта
банкдан қайтиш вақт у билан кўришишни канда қилмади. Ёз ҳам келиб қолган,
борди-ю, Делиянинг сайр қилгиси келса, Ривадавиа
кўчасидаги қандолатчилик
дўконига ёки Онсе
майдонида ўтириб
дам олгани боришарди. Марио ўн тўққиз ёшга тўлди, Делия эса йигирма иккида, аёл
туғилган кунларини нишонламасди, чунки – аза тутарди.
Манярлар
бандалкни бажо келтирган қаллиққа аза тутишга ҳожат бормиди деб ҳисоблашар,
Марио ҳам Делиянинг чеҳрасига қайғу соя солмаслиги тарафдори эди. Делия тошойна
олдида шляпани чоғлаб кўраркан унинг малла сочлари қора ранг шляпа остида янада
яққол кўзга ташланиб, зўрма-зўраки илжайишини кўриш юрагини эзиб юборарди. Аёл
Марио ва қондошларининг эҳтиром кўрсатишларини лоқайдгина қабул қилиб, унга
кўчада ёнма-ён юришга, совға-саломлар билан сийлашга, қош қорайгач уйигача
кузатиб қўйиш ва якшанба кунлари тушдан сўнг меҳмонга келишга изн берарди.
Баъзан эса, қачонлардир Экторнинг кўнглини овлаган эски уйга йўлдошсиз жўнаб
кетарди. Шу каби оқшомларнинг бирида уни кўриб қолган онахон Селеста ижирғанб
пардаларни тушириб қўйди.
Делиянинг
ортидан мушук изма-из эргашиб юрар, ҳайвонлар доимо унга мутедек: уни ёқтиришадими
ё уларни ўз ҳукми измига олганми бир худога аён, нима бўлгандаям, дам-бадам
Делиянинг пинжига тиқилишарди. Дарҳақиқат, бир гал Марио Делиянинг бир итни
бошини силамоқчи бўлганда шатолоқ отиб қочганин кўрганди. Шунда Делия уни чақирган
ва кучук (воқеа кечки пайт Онседа бўлганди) итоаткорона, эҳтимол яна мамнуният
билан яқин келди. Онасининг айтишича, Делия болалик пайтлари ўргимчаклар билан
ўйнаркан. Бу барчани, ҳатто ўргимчаклардан ўлгудай қўқадиган Мариони ҳам
ларзага солди. Сан-Исидора
да ўтказилган
кунлар давомида Марио, Делиянинг бошига капалаклар қўнганини икки бор
кузатганди, аммо Делия уларни қувиб солиш ўрнига қўлларини енгилгина силтаб қўйганди.
Эктор унга оппоқ қуён совға қилганда у Экторнинг ўзидан аввалроқ бандаликни
бажо қилди. Эктор эса якшанба субҳидамларининг бириди Пуэрто-Нуэво
да чўкиб
кетганди. Ана ўшанда илк ғийбатлар Марионинг қулоғига етганди. Роло Медичининг
ўлими ҳам ҳеч кимни эътиборини тортмади, ахир шундоғам қанча одам юрак
етишмовчилигидан кўз ўнгингда ёппасига нариги дунёга равона бўлмоқдаку. Бироқ,
Эктор жонига қасд қилгач, қўшнилар бу икки воқеада ҳаддан зиёд ўхшашликларни
кўришаркан, Марионинг ёдига Бебе хола билан ғийбатга оғиз солган онахон
Селестанинг ялтоқланган чеҳраси, отасининг ўпка-ю, гинадаги шамалари қалқиб чиқди.
Диққатга сазовор томони – иккала қаллиқнинг ҳам бош чаноғи майдаланган, ахир
Роло Манярникидан чиқа туриб эшик оғзида ағдарилиб тушганди, бундан чиқди, у
авалроқ ўлиб бўлган, зинага боши урилгани аслида қуруқ миш-миш эканда. Делия
Ролони эшиккача кузатиб қўймаган… таажжубли албатта, бундан чиқди у шу ўртада
бўлган ва биринчи бўлиб ёрдамга чақирган. Эктор эса, Делияникага шанба кунги
одатдаги ташрифидан беш соат ўтиб, аёзли оппоқ тонг саҳарги кимсасизликда
ўлганди.
Мен Мариони
яхши эслолмайман, лекин уни Делия билан узукка кўз қўйгандай мос дейишади.
Ўшанда у ҳамон Экторга аза тутар (бошингни қайга урсанг уравер Роло учун эса
тутмаганди!), аммо Марио билан Альмагро буйлаб сайр қилиш ёки кинога тушишни
рад этмасди. Марио Делиянинг қалбига ҳам, ҳатто хонадонига ҳам чинаккамига қабул
қилинмаганини ҳис қиларди. У мангу «меҳмон» эди, биз учун бу сўз аниқ муайян
мазмун касб этади. У кўчани кесиб ўтиши ё «Медрано» бекатидаги зиналардан
кўтарилишда илтифот қилиб Делиянинг қўлларидан тутаркан, униг қора ипак
кўйлакларига илашган ўз бармоқларига кўзи тушиб қоларди. Назар ташлаб – қўллар
оқлиги билан аза либосининг тим қоралигини таққослаб ўрталаридаги жарликни
англарди. Шундай бўлсада, Делия кийим-бошларига кўкимтир рангларни қайтаришини,
якшанба тонгларидан эса ёрқин рангли шляпалар кийишни бошлаб унинг яқин
кишисига айланишига умид боғларди.
Аммо ғийбатлар
қуруқ гап эмасди. Ҳаммасидан ҳам Мариони гангитган нарса айрим ҳодисаларни
истаганча талқин этиш мумкинлиги эди. Аслидаку, Буэнос-Айросдек жойда бўғзига
сув тиқилиб уммон қаърига, ёки юраги ушлаб қолиб дорилбақога кетганлар оз
эмасди. Кўз ўнгингда дармонсизланиб бири уйда, яна бири айвонда жон бераётган қуёнлар
ҳам тўлиб-тошиб ётибди. Албатта силаб-сийпалашни ёқтирадиган ёки жини
суймайдиган кучуклар ҳам кам эмас. Эктор онасига қолдирган тўмтоқ жумлалар,
Манярлар уйи остонасида Роло ўлган кечадаги нолалар (у йўлакдаги зинадан қулашидан
олдинги) – буларни кўпқаватли уйдаги хотин эшитганди шекилли, илк аза
кунларидаги Делиянинг чеҳраси… Пашшадан фил ясайдиган одамларнинг жон-дили
бўлган бу каби миш-мишлар оқибатда калавани учини тополмай қолганингдек Марио
хонасига ўрмалаб кирган бедорлик остида чорасиз хуноби ошарди.
«Менинг
ўлаётганимга аччиғланма, барибир мени тушунмайсан, лекин аччиғланма онажон»… «Мунаққид»
газетасидан йиртиб олиб, шундоққина пинжаги ёнидаги тош остига бостирилган қоғоз
парчаси, пинжак ҳам саҳармардон қирғоққа чиққан биринчи денгизчи кўзи тушуши
учун белги сифатида қолдирилгани аниқ. Ролочи, ахир ўша оқшомга қадар бахтдан
ўзини қўярга жой тополмасди-я… Рости ҳам у кейинги ҳафталарда ғалатироқ бўлиб
юрар, ғалатимас аниқроғи, паришонхотирроқ эди: гўё ниманидир аниқламоқчи ё ҳавода
нусхаси қолдирилган аллақандай сирли ёзувни англамоқчи бўлгандай бўшлиққа
тикилиб ўтирарди. «Ёқут» кафесидаги йигитларнинг ҳаммаси ҳам дилкаш эди. Роло
эса – йўқ ва мана тўсатдан юраги дош
беролмади. Роло икки ўринли «шевролет»да сайр қилар, пулдор бўлсада, ўзини
вазмин тутар, айниқса кейинги пайтлар бошқаларга қўшилмай одомови бўлиб қолганди.
Деворниям қулоғи борми, нима юз бермасин шу он бутун округга тарқалади-я, кўпқаватли
уйдаги хотинни таъкидлашича, Ролонинг йиғиси бўғилаётган кишини хириллашини
эслатган экан: бақирмоқчи бўлган одамнинг оғизи қўл билан беркитилса, овоз
шундай хириллаб чиқади. Ролонинг боши тўнкарилиб тушганда зинага урилган пайтиёқ,
Делия айю-ҳаннос солиб унга отилган ва уйда бемаъни ғала-ғовур бошланганди.
Марио хаёлида билган тафсилотларини жонлантираркан Делияни қўшнилар
таъна-маломатларидан асраш, бўлган воқеаларга ўзгача тус бериш учун игна билан қудуқ
қазирди. У асло бирон нарсани ипидан-игнасигача билишга ҳаракат қилмас, аммо ғайришуури
равишда ниманидир кутарди. Гоҳида бирор фикр лоп этиб миясига урилса ўйлаб қоларди
– қизиқ, бу тўғрида нималарни алжирашаётганларини Делия билармикан? Ҳатто унинг
ота-онаси эр-хотин Манярлар ҳам ўзарини ғалати тутишарди: мободо ўтиб кетган
Роло ва Экторлар тўғрисида гап қўзғалса қирчиллама йигитлар гўё бир саёҳатга
кетгандай йўл-йўлакай эслаб қўйишарди. Делиянику қўяверинг – уларнинг
фаростлари ва шубҳасиз қўллашларидан остида шодонликда мум тишлаганди. Уларга
Марио ҳам қўшилгач, Делия уч қават ҳимояга эга бўлди; бу ҳимоя сешанба ва
пайшанбаларда чекинмас ҳам юпқа, деярли ҳарир, шанба ва якшанбаларда хийла қалин
ҳам қўл қовуштириб тургувчи унинг сояси каби эди. Энди онда-сонда Делияга жон
кириб қоларди: бир куни пианино чалиб берди, кейинги сафар лудо
ўйнашга рози
бўлди; Мариога нисбатан ҳам энди анчайин ройишлик кўрсатиб, меҳмонхонага чақирар,
дераза ёнига ўтқазардида, тикмоқчи ёки тўқимоқчи бўлган нарсалари тўғрисида гап
қотарди. Ширинлик ва конфетлар тўғрисида Делия сира чурқ этмасди, бу ҳол
Мариони ҳайратини оширган бўлсада, уни зериктириб қўйишга ҳадди сиғмай назокат
юзасидан аёл шундай муносабат қилмоқда дея ўйларди. Эр-хотин Манярлар қизлари қойиллатиб
тайёрлайдиган ликёрларни кўкка кўтариб мақташаркан, кунларнинг биридаги оқшомда унга бир қадаҳ
олиб келишни истаб қолишди, аммо Делия бу аёллар ичимлиги экани, деярли барча
шишалар аллақачонлар бўшаганини билдириб шу заҳотиёқ рад қилди.
— Экторгачи… – деди онаси ғамгин оҳангда чўзиб, аммо Мариони ранжитишдан ўзини тийиб, дами ичига тушди.
Тўғриси собиқ қаллиқларни
тилга олиш Марионинг қонини қайнатмаслигини Маняралар кейинроқ англашди. Делия
анчайин тетиклашиб, тайёрлаш усулини янгитдан синашни истаб қолганида ликёрлар
тўғрисида қайта гап бошланиб қолди. Ўша кун Мариони ёдида қолиши сабаби, хизмат
пиллапоясидан кўтарилиб, Делияга бир қути шоколадли конфетлар сотиб олишга ошиққани
эди. Эр-хотин Манярлар ошхонада сабот билан радио тўлқинини мосларкан уни
Росита Кирогини
улфатчиликда
ўтириб бирга тинглашга рози қилишди. У бироз тинглагач, ўз муваффақиятлари тўғрисида
гапириб, Делияга конфетлар олиб келганини қўшимча қилди.
— Сен уларни бекор сотиб олибсанда, ҳа, майли, олиб бора қол, у меҳмонхонда.
Марионинг
ортидан қараб қолган эр-хотин кўз уриштириб, маъноли қараб қўйшаркан, сенор
Маняр ғалаба тожи каби қулоқ таққичларини боши узра ечди, сенора эса чуқур тин
олиб нигоҳларини олиб қочди. Иккаласи ҳам бир зумда эсанкираган бахтиқаролар қиёфасига
кирди.
Делия совғани
хийла совуқ қабуллаган бўлсада, ялпиз таъмли ўркачлари ёнғоқлар билан
безатилган конфетларнинг иккинчисини тановул қила туриб, ўзи ҳам конфетлар
тайёрлашини гуллаб қўйди.
Делия афтидан ҳалигача
ёрилмаганидан ўнғайсизланиб, айбини ювиш учун ширинлик тайёрловчилар пири каби
конфет қобиғи, ичига солинадиган қиём ва шоколад қандай тайёрланишини эҳтирос
билан тушунтира кетди. Делиянинг апелсин ликёри қўшиб тайёрланган шоколадлари қойилмақом
чиқаркан; тайёрланишини кўрсатиб бериш учун Марио келтирган конфетлардан бирига
аёл нина санчганда, у қора шоколадлар узра оппоқ қўлларга нигоҳини қадаб,
баногоҳ жарроҳлик иши ўртасида қисқа нафас ростлаган жарроҳни кўз олдига
келтирди. Делиянинг қўлларидаги конфет увоққина, лекин жон таслим қилмаган сичқончани
эслатар, нина эса танани тешиб ўтарди. Марио ўқчитгувчи тотли нимадир еган каби
кўнгилни айнитадиган беҳузурликни ҳис қилди. Унинг дегиси келарди:
— Конфетни ирғитвор… оғзингга олиб борма, тирик сичқончаку, узоқроққа отиб юбор…
Шунда хизмат
пиллапоясидан кўтарилгани ёдига тушиб, тағин дили ёришди, Делия эса чойўт,
атиргулдан ликёрлар тайёрлаш усуллари тўғрисида тинмай бидирларди… Марио
конфет қутисига чанг солгандай кетма-кет бир неча конфетни ямламай ютди. Делия
уни калака қилгандай табассум қиларди. Марио ўз бахтини қўрқа-писа тан оларкан,
фикрлари ғужғон ўйнарди.
«Учинчи қаллиқ!
– деган фикр ярқ этиб ўтди. – Мен учинчи қаллиғингман, зеро мен тирикман! –
десамикан томдан тараша тушгандай!»
Ўтган воқеаларни
ёдга олиш борган сари зил-замбил юк бўлиб тушаётганди негаки, бари чалкашиб
кетиб, баъзи тафсилотлар унутила бошлаганда дард устига чипқондек авра-астарини
ағдарувчилар топилади, шунга қарамай, Делияникидан Мариони қадами узилмай қолди;
секин аста аёл ҳаётга қайтгани сайин, Марионинг ҳаёти унинг тантиқлиги ва инжиқликларига
чамбарчас боғлана борди; ҳатто Манярлар – албатта эҳтиёт шарт – қизларига далда
бўлишни сўрашгач, Марио ликёрлар таркибий қисмлари, сузгич ва тўлдиргичлар
харид қиларкан, Делиянинг инъомларни қабул қилишидаги ғамга чўмган қаноатида у
муҳаббат учқуни ёки ҳеч қурса ўтканлар ёди унитилишини кўз ўнгида
гавдалантирди.
Марио якшанба
кунлари оиласи билан бирга тушлик қилган вақтларда онахон Селеста табассумини
дариғ тутиб, ширинликларнинг энг тотли бўлакларини бериш, иссиққина кофе қуйиш
билан илтифот қиларди холос. Ниҳоят ғийбатлар ҳам тинди; ҳеч бўлмаганда,
Марионинг кўз олдида Делия тўғрисида оғиз очишмасди. Ким билсин, эҳтимол унинг
кичик Камилеттига туширган шаполоғи таъсир кўрсатгандир, балки, онахон Селеста
Делияни гўрига ғишт қалай бошлаганданоқ Мариони талвасага тушиб қутириши қариндошларини
юрагини олиб қўйгандир; нима бўлса ҳам оиласидагиларнинг Делияга нисбатан
фикрлари ўзгариб, бегуноҳлигига ишонишган, ҳатто яна унга ҳурмат назари билан қаршмоқда деган фикрга
келди. Шундай қилиб, эр-хотин Манярлар Мариодан унинг оиласи ва қариндошлари тўғрисида
сўрашмас, якшанба кунлари тушлик вақти бир стол атрофига йиғилган қариндошлари
эса Делия Маниярни эсга олишмасди. Марио тўрт тураржой бинолари ажратиб турган
бу икки хонадондаги турмушга кўникиб бораётганини ҳис этиб, Ривадавиа ва
Кастро-Баррос кўчалари устига кўприк ташлаш даври келгандай туюлди. У қачон ёлғиз
қолганида ғалати тарзда чуқур қайғули ҳам поёнсиз бегона ҳислар остида босиб
келаётган номаълум қадам товушларини кар каби эшитмас, ҳатто бу икки хонадон ва
оилаларнинг бора-бора яқинлашувига умид боғларди.
Манярларникига
ҳечам меҳмонлар ташриф буюрмасди. Бутунлай қариндош-уруғ ва ошно-оғайниларнинг
бўлмаслиги бир қадар таажжубли эди. Мариога эшик қўнғироғини ўзига хос чалишга
зарурат йўқ, бусиз ҳам у эканлигини билишади. Сернам, ёпишқоқ-чучмал жазирама
декабрь
кунларида Делия
ўткир қувватли апелсин ликёри тайёрлади ва улар момоқалдироқлар
гумбурлаган кечки оқшомда ҳузур қилиб
мазасини тотиб кўришди. Эр-хотин Манярлар маст бўлиб қолишдан қўрқиб лабларини ҳам
теккизишмади. Делия хафа бўлмади, аммо Марио ўзини ичимликлар пиридек,
ангишвона каби бинафшаранг қадаҳда балқиб турган ўткир ҳидли, қўнғир суюқликни
лабларига олиб борганида ҳаяжондан бўғилаёзди.
— Бу жазирамада майхўрлик – ўлимга рўбаро келишдек гап, бироқ иштаҳани қитиқлаяпти-да – деду у ҳукм чиқаргандек.
Шод-хуррамликда
доимо камгап бўлиб қоладиган Делия қистириб ўтди:
— Буни сен учун тайёрладим.
Эр-хотин Манярлар ҳафсала билан роса ярим ой давомида олиб борилган кимёвий тажриба сирларини фош қилиб, тайёрлаш усулини аниқламоқчидай ундан кўз узишмасди.
Марио, қизлари
қаёққадир чиққан вақтда Манярлардан Ролонинг Делия ликёрларини хуш кўрганлиги
билиб олди.
— Унга бир талай турли ичимликлар тайёрлаб берарди, – дейишди улар. – Аммо Роло ичишдан ўзини тиярди. Спиртли ичимликлар юрагининг мазаси йўқларга зиён.
«Ҳа энди,
нимжонгина қаллиқча насиб қилган экан-да», — дея хаёлидан ўтказаркан, Марио
пианино чалаётган Делиянинг шу вақтдаги бамайлихотирлигини тушуниб етгандай
бўлди. У Экторнинг таъблари ҳақида қизқисиниб: наҳотки, Делия унга ҳам ликёр ва
ширинликлар тайёрларди? дея Манярлардан сўрашига оз қолди. Хаёлини конфетлар ўғирлади:
Делия яна уларни тайёрлашга берилиб кетган ва омборчадаги тахмонларга қуритиш
учун қалаштириб териб қўйганди. Марионинг ички овози Делия бу соҳада мислсиз
муваффақиятга эришади дерди. У аёлга ялинавергач ниҳоят татиб кўриш учун бир
дона берди. Энди турмоқчи бўлиб турган вақт ялтироқ мис тақсимчада оппоқ, пуф
деса учиб кетадиган бир нарсани кўтариб кирди. Марио таъми – ялпиз ва мускат ёнғоғининг
ажиб бир аралашмасидаги сахал тахир –ширинлик мазасини олгунча, Делия сиполик
билан нигоҳини қуйи солиб турди. Йўқ-йўқ уни кўкка кўтаришга ҳали эрта, бу ҳали
илк синов, орзудаги натижага анча бор. Шунга қарамай, Марио кейинги бор ҳозир
бўлган оқшом – нимқоронғуликда хайрлашиб айни кетишига чоғланган вақт – Делия
унинг учун тағин маъза тотиш синовини уюштирди. Конфетни кўзларни юмиб мазасини
олиш шарти қўйилди ва Марио итоат билан қобоқларини қисиб, шоколад қуюқ таъми
оша тил ёрган заифгина мандарин исини туйди. Тишлари орасида бодом мағзи увоқлари
қарсилларкан, улар таъмини дурустроқ англолмаса ҳам, ҳар қалай бу тиниқ-чучмал қотишмада
қандайдир маза туйганидан боши осмонда эди.
Делиянинг
кўкси тоғдек кўтарилди. У деярли шундай самарага эришишни ҳоҳлаганлигини айтди.
Албатта ҳали анча тажрибалар қилиб, айрим жиҳатларини пишитиш лозим. Эр-хотин
Манярлар Делиянинг анча вақтдан буён пионино чалишга ўтирмай эртадан, то қора
кечгача ликёр ва конфетлар билан шуғулланаётганини эътироф этишди. Улар шунчаки
ҳасрат қилишмас, балки ошкора норозиликларини ифода этишарди. «Делиянинг беҳуда исрофгарчилиги улар дилини
сиёҳ қилган чоғи», — хаёлидан ўтказди Марио.
Манярлардан
яширинча, аёлдан конфет тайёрлаш учун зарур бўлган маҳсулотлар рўйхатини
сўради. Шунда аёл кўз кўриб қулоқ эшитмаган ишни қилди: унинг бўйнидан қучиб,
ёноқларидан чўпиллатиб ўпди. Унинг дудоқларидан ялпиз ҳиди анқирди. Бу ҳид ва
таъмдан наъшаланган Марио кўзларини юмди. Шунда ўпичлар янада ҳаяжонли ва
ишончлироқ такрорланди.
Марио унга
жавоб бердими йўқми ўзи ҳам билмасди; нимқоронғу меҳмонхонада Делия
мазахўракларини итоаткорона ҳузурини тотиб, қоқан қозиқдай турган бўлса ҳам
ажабмас. Аёл ғайрати жўшиб, пианинода бетакрор ижрони амалга оширди ва уни
эртаси кунга меҳмонга чақирди. Улар бу каби асло дилдан суҳбатлашишмаган,
бундай сукутда ҳам қолишмаганди. Эр-хотин Манярлар аниқ бир ишкал бўлгани шубҳаси
остида, Атлантика устида қандайдир авиаторни бедарак йўқолгани тўғрисида додвой
солганча қўлларидаги газетани силкиб киришаркан қош қўяман деб кўз чиқаришди.
Улар қандил чироқларини ёқишганда фиғони фалак пианинодан ирғиб турган Делия,
Мариога кўз ўнгида ёруғликдан кўзи қамашиб, саросимада девор бўйлаб жуфтакни
ростлаётган қирқоёқни эслатиб юборди. Аёл эшик олдига бориб, шапиллатиб
кафтларини бир-бирига урди, сўнг гўё қилиғидан ўсал бўлгандай ота-онасига
зимдан кўз қирини ташлаб илжайганча ортига қайтди.
Ўша кеча
Марио, аллақачонлар донғи чиққан воқеалар айни тасдиғини топгандай, қўшалоқ қазо
юки елкасини босган Делиянинг ҳаловати нақадар мўртлигига ҳеч ажабланмай иқрор
бўлди. Роло-ку, майли энди, бўлар иш бўлди, бўёғи сингди, бироқ Экторнинг ўлими
ўзаро боғлиқлари бўлмаган узуқ-юлуқ тафсилотлари билан рўй-рост усти ялтироқ
ичи қалтироқ маъно касб этарди. Бурунги Делиядан унинг нозли тантиқлиги, турли ҳайвонлар
ва дамламалар устидаги жодулари, оддий ҳам сирли буюмлар билан ўзаро алоқалари,
мушук ҳамда капалаклар дунёсига яқинлиги, бора-бора ўлим нафасини уфураётган
энтикишларгина қолганди… Шунда Марио, бутун умрини сарфлаб бўлсада Делияни
рўшонликка олиб чиқиш, боғдаги хотираларидан озод қилиш мақсадида шафқат ҳам
марҳамат кўрсатиш учун онт ичди; яхшиси, навбатдаги қаллиғи сиймосида қабристонга
янги номзод бўлмаслик учун Делия билан биқинма-биқин юрган ўлимни адаштирганча,
тинчгина машуқликни давом этказиб уйланмагани маъқулдир.
Марио, Делияга
хушбўй моддаларни келтиришни бошлагандан эр-хотин Манярлар хурсанд бўлади деб
ўйлаганди, лекин акси бўлиб чиқди, улар мум тишлаганча, маъюс тумсайиб жуфтакни
ростлашди… Дарҳақиқат охир оқибат улар доим мавқеларини топшириб қўйишар,
айниқса, мазасини кўриб, сифатини аниқлаш пайти ўзанларига қайтишарди; таомилга
кўра бу деярли оқшомга яқин меҳмонхонада юз берарди, Марио кўзларини юмиб, гоҳида
анча иккиланишлардан сўнг, мис тақсимчадаги жиккаккина мўъжиза – янги
тайёрланган мазахўракни таъмини аниқлаши лозим, ахир гап муҳим нозиктаъблик ҳақида
кетмоқда!
Эвазига Делия
кинога тушишга ёки Палермо бўйлаб сайр қилишга рози бўларди. Марио шанба куни
кеч тушгач ёки якшанба куни эрталабдан уни олиб кетиш учун ҳовлиқиб келганида
ота-она Манярларнинг миннатдорчилиги ва қўллаб-қуваватлашларини ҳис қиларди.
Афтидан улар бемалол радио эшитиш ё қарта ўйнаш учун ёлғиз қолиш ниятида
бўлишарди. Делия эса аксинча қариялар уйда қолишига сира унамасди. У Марио
улфатчилигида зерикканиданмас, йўқ балки, ота-онаси улар билан сайрга чиққан
аксар ҳолларда хийла вақтичоғликка бериларди; чунончи у Қишлоқ кўргазмасида
росмана вақтичоғлик қилди, обакидандон олиб беришларини илтимос қилиб, қайтишда
эса Марио совға қилган ўйинчоққа разм солиб, тешиб юборагудай тикилди. Марио
тоза ҳаво Делиянинг баҳри дилини очгани чеҳрасига қон югуриб, ишончла
одимлаётганини пайқади. Тассуфки кечга бориб, поёнсиз абадий ўй остида қўлдаги
кички қисқичлар билан торозичалар устида афсун ўқиладиган тажриба-ошхонасига қайтиш
лозим. Эндиликда Делия ликёр тайёрлашни деярли йиғиштириб бор бўйи билан конфет
тайёрлашга шўнғиганди; Делия охирги вақтларда ўзи яратган ижод маҳсулларини
татиб кўришга кам ройишлик берарди. Ота-онасига – асло; шундай бўлса ҳам Марио
бекор гумон қилмаган экан, Манярлар синалмаган егуликдан жирканишар, улар учун
оддий карамелллар тотлироқ бўлиб, мободо Делия столда конфет қутисини қолдирсада
(гарчи у ота-онасига мазахўрликни таклифи қилмаса ҳам бу шунга шаъма эди)
кўринишидан оддийроқ, таъми ўрганчик бўлганларини танлашар, шоколадларни ичдаги
ширасидан огоҳ бўлиш наздида ҳатто икки бўлиб кўришарди. Пианино чалиш учун
ўтирган Делиянинг лоқайд ўкинчи-ю, ясама паришонлиги Мариони вақтини чоғ қиларди.
Аёл унинг учун эҳтиётлаган, синовга қўйилгувчи ўзи яратган маҳсулотни сўнгги лаҳзада
мис патнисда кўтариб ошхона томондан гўё сузиб кирарди; қайси бир сафар илҳомланиб
кетганидан ҳаяллаб қолиб Делия унга униқмаган конфетларни татиб кўриш учун
ошхонга киришга ижозат берди. Чироқ ёқилган заҳоти Марио хона бурчида уйқудаги
мушукни ва тош плитали пол узра ўтакаси ёрилиб қочаётган суваракларни кўрди.
Шунда онахон Селестанинг уйда ошхона часпакларига сариқ кукун сепишини ёдга
олди. Ўша кеча Делия уни таъми бироз ёқмсиз, ғалати тарздаги нордон, кофели
конфетлар билан сийлаганди; конфетлар қат-қатига кўзёшлар яширингандек туюлди;
бу ҳақда ўйлашни ўзи беъманилик… бу ҳақда ҳамда Роло қазо қилган кеча йўлакни
суғорган кўзёшлар ҳақда…
— Менинг чипор балиқчам буткул қайғуда қолди, — деди Делия тошчалар ва сунъий сувўтлари солинган банкага имо қилиб. Пуштиранг ярим шаффоф балиқча оғзини бир маромда қимирлатиб ғафлатда ётарди. Совуқ кўзлари жонли марварид каби Мариога тикилди. Унинг хаёлига эса шўртаъм юмалоқ шариклар қиёфасида кўзёшлар келди; мободо шарик — кўзни чайнашга уриниб кўрилса, тишлар орасидан сирғалиб кетса керак.
— Банкадаги сувни тез-тез алмаштириб туриш керак, – маслаҳат берди Марио.
— Бефойда, балиқча шунчаки касалванд ва қариб қолган. У эртага ўлади.
Марио унинг сўзларидан, Делия учун дафндан кейинги илк кунлардаги каби ситамга тўла азага юз буриш ўта қайгули эканин сезди. Ҳамон бари шу қадар яқин: маъшум зина ҳам, дарё бўйи ҳам; Экторнинг сурати пайпоқлар, ёки ёзги юбкалар орасидан бехос чиқиб қоладигандай. Ролонинг дафн маросимидан сақланиб қолган қурқшаган гул эса жавоннинг осилиб қолган тавақасига тўғнаб қўйилганди.
Марио уйга қайтиш
олдидан Делияга кузда турмуш қуришларини таклиф этди. У жавоб ўрнига меҳмонхонага
гуввос босиб келаётган чумолини топмоқчидай полга тикилиб қолди. Улар авваллари
ҳеч қачон турмуш қуриш тўғрисида маслаҳатлашмаган, афтидан шу боис Делия
кутилмаган таклифдан ўзини босиб, жавоб бериш олдидан ўйлаб кўришни истарди.
Сўнг аёл бирдан қаддини тиклади, унинг кўзлари чақнаб кетди. Дудоқлари
титрарди, у бағоят гўзал эди. Делия худди афсунгарлар каби бўшлиқ аро кўз илғамас
дарвозани очмоқчидай қўлларини силкитди.
— Бундан чиқди, энди сен менинг қаллиғимсан, — сўз қотди у. – Бирданига бошқача бўлиб қолдинг, нақадар ўзгариб кетдинг-а!
Янгиликни
эшитган онахон Селеста дазмолни ҳам қолдириб, кун бўйи, Марионинг ака-укалари
навбат билан бош суқиб чиққан ўз хонасига қамалиб олди; уларнинг ҳаммаси ҳам
бўшашганча бир қадаҳ апелсин ликёрини кўтариб чиқишарди. Марио футбол
томошасига кетиб, кечга яқин Делия учун бир даста атиргулларни қучоқлаб қайтди.
Эр-хотин Манярлар уни мехмонхонада кутиб олиб бағриларига босишди, бир олам мақтовлар
айтишди, сўнгра бир шиша қизил вино ва пирожнилар билан сийлашди. Эндиликда у
билан ишончлироқ (ростини айтганда хийла ўзларидан четлаштириб) муомала қилишадиган
бўлишди. Дўстона мулоқотлар оддийлиги йўқолиб, унга аллақачонлар
миридан-сиригача маълум қариндошдек қарашни бошлагандилар. Марио Делияни ўпиб қўйди,
она Манярни ҳам ўпди, бўлажак қайотасини қучоқлаб янги қурилажак оила учун
суянчиқ бўлишини айтгиси келди-ю, ярашиқли сўз тополмади. Делиянинг ота-онасини
ҳам унга нимадир дегиси келаётганликлари шундоқ сезилиб турсада, улар юрак
ютолмасдилар. Газеталарини силкиб эр-хотин хоналарига қайтишди Марио эса, Делия
ва пионино билан, Делия ва жодугар муҳаббатнинг сирли товушлари билан қолди.
Марио қаллиқлик
пайтида икки бор ота Манярга юмалоқ хатлар тўғрисида сўзлаб бериш учун шаҳарнинг
бирон жойида учрашув белгиламоқчи бўлди. Шунга қарамай қонига ташна қилган аблаҳларнинг
танобини тортиб қўйишни иложи бўлмагач, бу ноўрин бағритошлик бўлмасмикан деган
ўйда бир тўхтамга келолмасди. Силлиққина битилган хат шанбада куннинг қоқ
ярмида келди; ҳаворанг конвертни очиб, Марио «Ультимо Ора» газетасида босилган
Экторнинг суратига узоқ тикилиб қолганча кўк сиёҳ билан тагига чизилган жумлани
ўқиди: «Қариндошларининг билдиришича, фақат кучли умидсизликкина уни жонига қасд
қилишга етаклаган бўлиши мумкин».
«Башарти илк
танишув кунларида бўлмаса – Марионинг хаёлида таажжубли фикр ярқ этди — Экторнинг
ота-онаси Манярлар уйига асло бош суқишмаган ахир…»
Чипор балиқ
хотирасини банд қилди. Манярлар уни Экторнинг онаси совға қилган дейишганди.
Чипор балиқча айни ўша Делия башорат қилган куни ўлди. Уни фақат кучли
умидсизликкина етаклаган бўлиши мумкин… Марио конвертни ҳам, газета қирқимини
ҳам ёқиб юбордида, барча гумонда бўлган шахслар рўйхатини тузиб, уни атрофидаги
бор нарсани худди шиллиқ балғамдек булғагаётган ёқимсиз ғийбатлардан паналаш, ҳимоялаш
учун Делия билан юзма-юз гаплашиб олишни ният қилди. Беш кун ўтиб, Делия билан ҳам,
эр-хотин Манярлар билан ҳам гаплашиб ололмаган Марио иккинчи хатни олди.
Юлдузча расми савлат тўкиб туриши негалиги номаълум, осмон каби кўк рангдаги
пишиқ қоғоз варақчасига: «Сизнинг ўрнингизда йўлакдаги зиналардан тушаётиб эҳтиёткорроқ
бўлган бўлардим», деб ёзилганди. Конвертдан бодом ёғли совун ҳиди анқиб
турганди.
«Қизиқ, кўпқаватли
уйдаги хотин бодом ёғли совунни яхши кўрармикан-а?» – ўйлади Марио ва ҳатто
синглиси ва онахон Селестанинг хоналарида беорларча тинтув ўтказишга уриниб
кўрмоқчи ҳам бўлди. У иккинчи хатни ҳам ёқиб ташлади, Делияга эса бу гал ҳам миқ
этмади. Воқеа декабрда бўлганди, ҳаво одатдагидай йигирмадан юқори даражада
иссиқ эди. Эндиликда Марио кечки овқатдан кейин ҳар доим Делиянинг ёнига борар
ва улар уй ортидаги кичик боғда, ёки шаҳарча бўйлаб суҳбатлашиб сайр қилишарди.
Об-ҳаво жазирамали кунлари улар конфетларни кам истеъмол қилишарди; йўқ, Делия
зоҳиран бетакрор мазахўраклар тайёрлашдан вос кечмаганди, конфетлар устига
худди юпқа чим қатлами каби оч-яшил қоғоз бўлаги тўшаб, ҳар бирини эски қутидаги
алоҳида жойга тахлаб қўйишни маъқул кўрар, меҳмонхонага ишлаб чиққан қотишмаларидан
онда-сонда олиб келарди. Марио Делиянинг ҳамиша ҳушёрлигини сезди. У гоҳида
чорраҳага етган заҳот шартта ортига ўгириларди, бир куни эса Медрано ва
Ривадавиа кўчалари муюлишидаги почта қутисини кўриб ҳайдаб солмоқчидай қўлларини
силкиди, шунда Марио уни ҳам аллақайси сирли кучлар тилкалаб азоблашини тушуниб
етди. Улар миқ этмасдан Делия билан ўша ёлғиз биргина ғамга бардош беришарди.
Марио Кангальо ва Пуэйррендон кўчалари муюлишидаги «Мунич» кафесида ота Маняр
билан учрашди, уни пивога бўктириб, картошка қовурдоғи билан меҳмон қилса ҳам,
боёқишни қулоқлари динг серрайган ҳолатидан чиқара олмади; ота доимо панд
ейшдан огоҳдек эди. Марио кулиб юбордида, тиланчилик қилмоқчи эмаслигига
ишонтириб, қизиқ устида юмалоқ хатлар, Медрано ва Ривадавиа кўчалари
муюлишидаги почта қутиси ва Делиянинг асабийлиги тўғрисида гаприб берди.
— Биз турмуш қургач бу бемаъниликлар барҳам топишини тушуниб турибман. Шунга қарамай менга ҳозир сизнинг кўмагингиз лозим. Илтимос, Делияни ҳимоя қилинг. Бу ҳол унга озор бериши мумкин. Ахир у ўта нозик ҳиссиётли.
— Сен уни эси оғиб қолиши мумкин демоқчисан, тўғрими?
— Бу нима деганингиз… Гарчанд… мободо у ҳам шу тахлит росмана хатларни олиб нафасини ютиб юрган бўлса, секин-аста кўнгли тўлмоқда…
— Сен Делияни билмайсан. Ўша юмалоқ хатларинг унинг учун …га, қисқаси, у асло қайғурмайди. У сен тасаввур қилгандан кўра кучлироқ.
— Аммо қарангда, Делия афтидан қаттиқ қўрққандай, уни қандайдир хаёллар безовта этгандай, — чор-ночор ғудранди Марио.
— Гап бошқа ёқда. – Маняр пиво билан унини ўчиришга урингандай ҳўплаб-ҳўплаб ичарди. – У авваллари ҳам шунақа эди, мендан бошқа ким ҳам биларди буни!
— Авваллари? Авваллари қачон?
— Ахмоқ ҳали анавилар ўлмасдан олдин. Бўпти, ўзинг тўларсан, мен шошиб турибман.
Марио эътироз
билдирмоқчи бўлган вақт ота Маняр гурсиллаб эшикка етганди. Қандайдир ноаниқ
имо билан хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, бошини хам ҳолда, судралганча Онеса
йўналишида кетди. Марио унинг ортидан боришга ботинолмас, бўлиб ўтганларни ҳам
жиддий ўйлаб кўришга юраги дов бермасди. Бу сафар ҳам у аввал бошдаги каби ёлғиз
қолди… ҳамма қаршилик қилганди: онахон Селеста ҳам, кўпқаватли уйдаги хотин ҳам,
эр-хотин Манярлар ҳам. Ҳатто эр-хотин Манярлар ҳам…
Делия чиндан
недандир гумонда Марионинг навбатдаги ташрифи олдидан бежиз ўзгариб қолмаган: оғзи
тинмай жаврар, нималардир тагига етмоқчидай суриштирарди. Балки эр-хотин
Манярлар «Мунич» кафесидаги учрашув ҳақда гуллаб қўйдимикан? Марио уни шу тўғрида
гап бошлар деб илхақ кутарди; балки, шунда у ўнғайсиз жимликни бардошла енгиб,
Делияга кўмаклашган бўларди, бироқ, аёл ўжарлик билан берилиб, «Барно қиз
Розмари» опереттаси, Шуман мусиқасидан парчалар, Пачо
тангосини дилтортар оҳанглари ижросини маромига етказаётганди; шунданг сўнг эса
эр-хотин Манярлар кичик ширинлик идиши ва малага
виноси кўтариб киришдида, барча чироқларни ёқишди. Суҳбат Пола Негри
, Линьедаги
жиноят, қисман қуёш
тутилиши ва мушукнинг касаллиги атрофида айланарди. Делия мушук жунларини
ямлаган ҳисоблаб унга канакунжут мойи беришни таклиф қилди. Кўринишдан
Делиянинг далиллари уларни қониқтирмаган бўлсада Манярлар эътироз билдирмасади.
Улар аллақайси мол дўхтири ошналарини эсга олиб, қандайдир тахир ўтларни ўртага
тиқишди. Яхшиси уни боққа чиқариб юборган маъқулмасмикан, доривор ўтни ўзи
топиб олаверади…
— Шундаям мушук барибир ўлади, — эътироз билдирди Делия. – Канакунжут мойи умрини бироз узайтиради холос.
Манярлар
газета сотувчисининг чорраҳа томондан келган чақириғини эшитиб «Ультима Ора»
газетасини сотиб олишга ошиқишди. Марио Делиянинг сукути ризоси билан меҳмонхона
қандилларини ўчирди. Фақат хона бурчи столдаги футуризм руҳидаги нақш безакли каштагул дастурхонга хира сарғиш
ёруғлик нурини туширган тунчироқ ёниқ қолди. Пианино нимқоронғиликда турарди.
Марио Делиянинг сеп-сидирға тайёрлаётганлигига қизиқсиниб, май ойида эмас март
ойида турмуш қурушларини таклиф қилди.
У юмалоқ
хатлар тўғрисида айтишга тараддудланганча фикрини жамлар, аммо хато қилишдан қўрқиб
ҳар гал журъати етмасди. Делия тўқ яшил ранг диванда ёнгинасида ўтираркан, нимқоронғиликда
унинг ҳаворанг кўйлаги шарпага монанд заифгина кўзга чалинарди. Марио Делиядан
бўса олмоқчи бўлганди у ғужанак бўлиб олди.
— Хайрли тун тилаш учун онам кириб қолади. Шошма улар ётишсин…
Девор оша
Манярларнинг овози, газеталар шитири ва гангур-гунгур суҳбатлар, суҳбатлар
эшитиларди… Ўша кеча уларнинг ухлагилари келмасди, вақт ўн бир яримга занг
урганда ҳам улар вайсақилиги ҳамон тинмасди. Делиянинг ўжарлиги устун келиб тағин
пионинога ўтирдида, Марионинг завқини келтирганча бирин-кетин уч гамма
услубидаги
дидсизроқ мусиқа — креоль вальсини ижросига киришди. Манярлар «хайрли тун»
тилаш учун кириб, узоқ ўтириб қолмасликларини илтимос қилганча, энди ахир Марио
оила аъзосига айлангач Делияни ярим тунгача ўтиришига изн бермаслиги, алоҳида
эътиборда кўз қулоқ бўлишини сўрамагунича, у мусиқа асбобидан турмади. Ниҳоят
эр-хотин Манярлар уйқудан умид узишликни уддалай олмай ошкора норозилигини
кўрсатиб чиқиб кетишди. Меҳмонхона дераза ва эшиклари оша кўчадан чўғдек ҳаво
уфурарди. Марио муздек сув ичкиси келиб ошхонага йўналиши ҳамоно Делиянинг
стаконга қўл чўзганча қолиб, бироз дили оғриган бўлсада, юз-хотир қилмай ўзи чиқиб
кетди. Қайтиб киргада дераза қошидаги қачонлардир худди шундай кечаларнинг
бирида Роло ва Эктор уйига қайтган
бўм-бўш кўчаларга тикилиб турган Делияни кўрди. Ойнинг тамға ёруғи Делия оёқлари
биқинидаги полга тушган, у қўлида тутган мис патнисда эса яна битта миттигина
ой мафтун қилиб турарди. Делия эр-хотин Манярлар иштирокида таъм тотиш
маросимини уюштиришни ёқтирмасди, буни тушунмоқ лозим негаки, уларнинг гина-қудартлари
бўғзига келган, доим янги конфетларни синаб кўришини сўраб унинг очиқкўнгиллигини
суиистеъмол қилаётганини таъкидлашади… Ҳа-ҳа албатта, ростини айтганда уни
ўлиб турган жойи йўқ… аммо аёл яна кимгаям суянсин ахир, Манярлар
хуштаъмликни баҳолашдан бенасиб бўлсалар. Делия конфетни қандайдир ялинганамо
ишора остида узатди, бироқ Марио унинг овозида ҳоҳишни ҳис қилди, аниқ ҳис қилди,
бунда ой ҳам, ҳатто Делиянинг ўзи ҳам ҳеч бир аҳамият касб этмасди. Марио
стаконни пианино устига қўйиб (у сувни ошхонада ичмади, меҳмонхонага олиб
кирди), икки бармоғи билан конфетни ушлади; Делия ёнгинасида ҳукмни кутиб тош қотганди,
ҳозир унинг ҳаёти гўё Марионинг хулосасига боғлиқдек энтикиб нафас оларкан гунг
жимликда имо билан уни шошилишга чақирарди; аёлниннг кўз зираклари кенгайиб
кетди – ёки эҳтимол меҳмонхонадаги ғира-ширада кенгайгандай туюлгандир? – Делия
суқлик билан ҳавони сипқораркан танаси салгина силкиниб кетарди; ҳа, ҳа Марио
конфетни бир бурда узиб олиш учун лабларига олиб борганда аёл бўғилаёзди, қўлларини
қайта туширганда эса – таърифга сиғмас ҳузур айни авжига чиққанда дафъатан
ўзини шафқатсизларча алданганлигини ҳис қилган аёл каби иҳраб юборди. Марио бўш
қўлларида конфетни ёнларидан енгилгина эзғиларкан конфетга эмас қайсидир
жирканч Пьеро қоронғуликда турган каби чеҳраси тош қотиб Делияга тикилиб
турарди. Унинг конфетни эзғилаётган қўллари ивиб қолди. Ой суваракнинг хитин зиҳридан
суғуриб олинган оқиштоб кичик танаси, ромга солинган қанотлари, панжаларини,
ундай талқон қилиб ийланган мағизхамирдай косасини ёритиб турарди.
Марио эзғиланган
конфетни Делиянинг юзига ирғитганда, у юзини қўллари билан беркитди ва қаттиқ ҳиққилаганча,
эзилиб ҳўнграб йиглади; у Роло ўлган кечадаги каби ўксиб ҳасратда бўзлади,
шунда Марионинг бармоқлари нохуш ҳислардан асрамоқчидай ўпкаси тўлиб ташқарига
талпинаётган қулқуллаган иҳроқлар-у, талваса ҳам тиришишларда алмашинган
кулгудан асраш учун унинг бўйнида жипслашди; аммо Марио бир нарсани – унинг жим
бўлишини истарди ва шу сабаб борган сари бўйнидан қаттиқроқ қисарди; кўпқаватли
уйдаги хотин эҳтимол завқ ва ҳаяжонда эшик ортида қулоқ осиб тургандир шунинг
учун ҳам қандай бўлмасин Делияни тинчитиш керак эди. Марио елкаси оша кўзларига
майда пайрахалар суқиб ташланган, аммо хонада ўлишни истаб ҳамон судралиб
келаётган бечора мушукни топган жойдаги ошхонада тўшакларидан ирғиб туриб
уларни пойлаётган эр-хотин Манярларнинг нафасини туйди; Марио, шу вақтда
Манярлар шовқинни эшитиб уйғонишгани, зимистон аро эшик олдида туришгани,
туришганича унинг Делия овозини ўчиримоқчи бўлаётганига қулоқ осишганига шубҳа қилмасди.
Марио бармоқларини бўшатди ва Делия диванга қулади, у талвасада типирчилаганча
кўкариб кетган, лекин тирик эди. Манярлар энтикиб нафас олишарди ва Марио
уларга ачиниб кетди, беҳисоб сабаблар боис ачинди: Делия учун ҳам, ўзи учун ҳам,
устига устак қазо топмай уни ташлаб кетаётганлиги учун ҳам. Эктор ва Роло
изидан у ҳам кетаётганди, Делияни тарк этарди. Кета туриб, зимистон аро
яшириниб, унинг ниятидан қатъий назар Делияни овозини ўчиршни, ниҳоятки иҳроқларига
барҳам беришни кутаётган эр-хотин Манярларга улкан ачиниш ҳиссини туйди.
*
Россетти Данте Габриэль (1828-1882)
– инглиз ёзувчиси ва рассоми
Плебей – Қадимги Римда эркин,
аммо юридик жиҳатдан ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган қуйи синфга мансуб киши;
халқ орасидан чиққан оқсуяк бўлмаган одам.
Палермо – шу номдаги катта
хушманзара дам олиш боғи жойлашган Буэнос-Айреснинг марказий қисми
Фирпо ва Демпси – ХХ асрнинг
биринчи ярмида ўтган боксчилар. Ҳикояда 1923 йилда Аргентиналик боксчи Роберто
Фирпо шимолий америкалик боксчи Жеку Демпсига ютқазиб қўйгани ва бу мағлубият
Аргентинада деярли миллий фожиа сифатида қабул қилинган жанг ҳақида сўз боради.
Альмагро – Аргентинанинг
пойтахти Буэнос-Айрос марказий қисмидан аҳолиси асосан қашшоқ яшайдиган жанубий
қисмига ўтадиган кўча номи.
Виктория – Буэнос-Айросдаги
инглиз қироличаси Виктория номи билан юритиладиган кўча номи
Кастро-Баррос – кўча номи,
Аргентиналик дин арбоби, ёзувчи, озодлик ҳаракати фаол иштирокчиси Педро
Игнасио де Кастро Баррос (1777-1849) номига қўйилган.
Ривадавиа –
Буэнос-Айросдаги асосий кўча (узунлиги 20 км.). Аргентиналик давлат арбоби, 1826-1827
йилларда Аргентина президенти бўлган Бертардино Ривадавиа (1780-1845) номига қўйилган.
Онсе – Аргентина пойтахти жанубий
қисмидаги майдон.
Сан-Исидро – спорт комплекси
ва кенгина дам олиш парки жойлашган Буэнос-Айроснинг шимолий чекка қисми
Пуэнто-Нуэво (янги порт) –
Ла-Плата кўрфази қирғоғидаги порт
Лудо – стол атрофида
ўйналадиган ўйин тури.
Кирога Росита – тўлиқ
шарифи Роса Родригес Кирога де Капьелло аргентиналик қўшиқчи аёл
… декабрь кунлари… – ўқувчига
эслатиб ўтамиз, жанубий ярим шарда декабрь ёзги ой ҳисобланади.
Пачо – Аргентиналик
бастакор, танго ижрочиси Хуан Мальо (1880-1934) лақаби.
Малага – ширин узум виноси, биринчи марта
Испания жанубидаги Малага шаҳарчаси четида ишлаб чиқарилган.
Негри Пола – ҳақиқий исми
Барбара Антони Халупец (1894-1987) келиб чиқиши Польшалик бўлган Америкалик
киноактриса.
Линье – Буэнос-Айросдаги
район. Сантьяго де Линье (1753-1810) аргентина давлат ва ҳарбий арбоби.
Гама (мусиқий)- бир
пардадан кўтарилиб ёки тушиб борувчи товушлар мажмуи | 2020-12-12 | http://nodirabegim.uz/archives/3414 |
У ҳеч кимники эмас, унинг оти ҳам йўқ, узундан
–узоқ қаҳратон қишда унинг қаерда яшаб, нима билан озиқланганлигини ҳам ҳеч ким билмас эди.
Иссиқ
кулбалар яқинига бориб қолса ҳовлилардаги итлар уни қувиб солишарди. Бу итлар
ҳам унга ўхшаб оч бўлишса–да, уй итлари бўлишганлиги учун мағрур ва кучли эдилар. Очлик ва табиий
мулоқот эҳтиёжи уни кўчага чиқишга
мажбур қилганда, болалар тош ва таёқлар
отиб уни хайдашар, катталар эса мазах қилиб шовқин кўтаришар ва аёвсиз,
қулоқларни тешгудай хуштак чалиб унинг ўтакасини ёришарди.
Шунда
у қўрқувдан ўзини йўқотиб, кўчанинг у томонидан бу томонига ўтиб, одамлар ва
йўл четидаги тўсиқларга урилиб–сурилиб, жон–жаҳди билан чопиб, қишлоқ четидаги
катта боғнинг фақат ўзи биладиган бир бурчагига қочиб борар ва ўша ерда яшириниб жон сақларди. У ерда у
лат еган жойлари ва яраларини ялаб, ёлғизликда онгида қўрқув ва бутун оламга
нисбатан қаҳр ва хусумат йиғиб ётарди.
Фақат бир марта унга раҳм – шафқат кўрсатиб
эркалайдиган одам топилди. У қовоқҳонадан қайтиб келаётган пиёниста деҳқон эди.
Мастлик таъсирида унинг кўзига атрофдаги ҳамма
одамлар яхши бўлиб кўринар, унинг ҳаммага бирдай раҳми келар, ўзича яхши одамлар хақида,яхши
одамлар хақидаги ўз умидлари хақида нималарнидир тинмай ғудурлаб келарди. Унинг
мақсадсиз, маст кўзлари рўпарасидан
чиққан хунук ва иркит итга тушди ва шу итга ҳам раҳми келди.
-“Жучка! – деб чақирди у итни ҳамма итлар учун умумий бўлган исм билан. — Жучка! Бери кел, қўрқма!”
Жучканинг одамга яқинлашгиси келди: у думини ликкилатганча иккиланиб туриб қолди. Деҳқон тиззаларига шапатилаб, ўтиниб такрорлади:
-“Келақолсанг-чи, аҳмоқ! Худо урсин, тегмайман сенга!”
Аммо ит иккиланиб, думини борган сари қаттиқроқ ликкилатиб, майда қадамлар билан яқинлашиб келгунча маст одамнинг кайфияти бузилиб қолди. У яхши одамлар томонидан ўзига етказилган хақоратларни эслади, хуноби ошиб, ўзида бутун оламга нисбатан хусумат ва адоват туйди ва шу тобда унинг оёқлари тагига келиб чалқанча ётган итнинг биқинига оғир этикнинг учи билан ўхшатиб тепиб қолди.
-“Ўх, палид, сен бормидинг ҳали менга ёпишадиган!”
Ит
оғриқдан ҳам кўпроқ кутилмаган
ўзгариш ва аламдан ғингшиганча ётган ерида қолиб кетди, деҳқон эса гандираклаб- гандираклаб уйига
қараб кетди. Уйига бориб хотинини аёвсиз калтаклади ва унга ўтган ҳафтада
ўзи совға қилган янги рўмолни парча
–парча қилиб йиртиб ташлади.
Ўшандан бери ит уни эркаламоқчи бўлган одамларга ишонмас, думини қисиб улардан узоқроқ қочишга уринар, баъзида эса алам устида уларга ташланиб, то тош отиб, калтаклаб қувишмагунча одамларни тишлашга харакат қиларди. Бир куни у қоровулсиз бўш ётган дала ҳовлисининг пешайвони тагида тунаб қолди. Бу жой унга ёқиб қолди ва у ғирт бекорга қиши билан шу ҳовлини қўриқлаб чиқди: кечалари шовқин эшитилса у катта йўлга югуриб чиқар ва бўғилиб қолгунча акилларди. Қайтиб жойига ётганда ҳам анчагача ириллаб ётар, унинг бу ириллашида қаҳр билан бирга қандайдир ўзидан кўнгли тўлиш ва хатто ғурур ҳиссини сезиш мумкин эди. Узундан–узоқ чўзилган қиш кечаларида бўш ҳовлининг қоп– қора деразалари кимсасиз, харакатсиз боққа хўмрайиб қараб туришарди. Баъзида дераза ойналарида мовийсимон шуъла липпиллагандай бўларди, бу ойнада учган юлдуз акс этгани ёки унга ҳилол ой ўзининг нозик нурини йўллаб ўтганидан аломат эди.
II
Баҳор
келди. Сукунат хукм сурган дала ҳовлисини баланд овозда гапираётган одамлар
овози, ғилдиракларнинг ғижирлаши ва оғир юк ташиётган кишиларнинг лойга ботган
этикларининг дукурлаган овози тутиб
кетди. Шаҳардан дала ҳовли эгалари–катталар, ўсмирлар ва болаларнинг шодон
тўдаси етиб келди. Улар тоза ҳаво, илиқ ва ёруғ қуёш нурларидан маст бўлиб қичқиришар, қўшиқлар айтишар, ора–сира
жарангдор аёл кулгиси янграб қоларди.
Ит
биринчи бўлиб боққа югуриб чиққан мактаб кийимидаги хушрўйгина қизча билан танишди. Қизча кўзига
кўринган бутун борлиқни қучиб, бағрига босмоқчи бўлгандай, кўм –кўк осмонга,
олча дарахтларининг қизғиш буталарига ташналик ва ширин ховлиқиш билан боқди ва ўзини майсага ташлаб, юзларини
иссиқ қуёш тафтига тутиб, бир оз ётиб қолди. Сўнг бирдан сакраб туриб, қўллари
билан ўзини қучиб, баҳор ҳавосини симириб, жиддий ва ифодали тарзда:
-“Нақадар
қувончли кун!” –деб хитоб қилди ва қўлларини ёйиб оёқ учида гир айланди. Шу
дақиқада орқа томондан овоз чиқармай писиб келган ит шамолда шишиб ёйилган
қизча кўйлагининг этагидан жон жаҳди
билан тишлаб тортди ва яна жимгина крижовник ва қорағатнинг қуюқ буталари ичида
кўздан ғойиб бўлди.
-“Вой,
тишлоғич ит!” – қичқирди қизча, жон — жаҳди билан уй томонга қочаркан. Анчагача
унинг ҳаяжонли овози эшитилиб турди:
-“Ойи,
болалар! Боғ томонга борманглар, у ерда
ит бор экан! Жуда катта! Жуда қопоғон!”
Кечаси
ит уйқудаги ҳовлига астагина кириб келди ва пешайвон тагидаги ўз жойига бориб
ётди. Атрофдан одамлар иси келар, очиқ деразалардан калта –калта нафас овозлари ҳам эшитиларди. Одамлар ухлаб ётишар, шунинг учун
ночор ва хавфсиз эдилар, ит эса уларни ҳаммадан қизғониб, астойдил қўриқларди: бир кўзи уйқуда бўлса –да, тиқ этган товуш
эшитилса бўйнини чўзиб худда фосфордай ёниб турган кўзлари билан атрофни
текшириб чиқарди.
Баҳорда табиат уйқуси сергак бўлади, тун хавотирли товушларга тўла: қандайдир кўзга кўринмас майда хашарот
майсаларни шитирлатиб нақ итнинг териси кўча бошлаган бурни тагига ўрмалаб келиб қолади, уйқудаги қуш оёқлари
тагида ўтган йилги новда қисирлаб синиб тушади, ҳовли яқинидан ўтган қатта
йўлдан бўш араваларнинг гулдураган, юклиларининг ғижиллаган товушлари эшитилиб қолади. Узоқ-узоқларда,
атрофдан ғир этган шабадасиз сокин хавода
янги қатрон ҳиди анқиб, ёришиб келаётган уфқ сари чорлагандек бўлади.
Ҳовлига кўчиб келганлар кўнгли очиқ, меҳрибон одамлар эдилар, улар шовқин–сурон, чанг–тўзонли шаҳардан узоқлашиб, тоза ҳаводан нафас олишаётгани, теварак- атрофларида кўм –кўк майсазорларни, мовий осмонни ва беғараз кишиларни кўришаётгани сабабли янада кўнгиллари очилиб, меҳрибонроқ бўлиб боришарди. Қуёш нурлари уларнинг қалбига илиқлик олиб кирар, бу илиқлик ҳурсандлик, кулгу ва атрофдаги барча жонзотларга нисбатан меҳр –муҳаббатга айланиб яна табиатга қайтарди. Аввалига улар ўзларини қўрқитиб юборган итни хайдаб юбормоқчи, агар кетмаса тўппончадан отиб ташламоқчи бўлишди, бироқ кейинчалик унинг кечалари ва баъзан тонгда ҳам аккиллаб туришига ўрганиб қолишди. Баъзан улар эрталаблари бир- бирларидан:
-Бизнинг тишлоғичимиз қаерда қолди?- деб сўраб ҳам қўйишарди.
Бу янги “Тишлоғич” деган ном унга бирпасда ёпишди — қолди. Баъзида кундузлари ҳам буталар орасида унинг қораси кўриниб қолар, аммо унга нон бўлагини отмоқчи бўлган қўл кўтарилмай туриб, ит худди унга тош отишаётгандек кўздан ғойиб бўларди. Тез кунда Тишлоғичга ҳаммалари ўрганиб қолишди, уни “ўзимизнинг итимиз” –деб аташар ва ёввойилиги ва ҳаммадан сабабсиз қўрқишини айтиб, ундан кулишарди. Тишлоғич кунма- кун ўзи ва одамлар орасидаги масофани бир қадамдан қисқартириб борди: уларнинг юзларини, қилиқларини ўрганиб чиқди: тушки овқатдан ярим соат олдинроқ у буталар орасида пайдо бўлар ва одамларга эркаланиб қараб кўзларини пирпиратарди. Бир куни ўша гимназиячи қиз Леля итнинг ўзини қўрқитганини ҳам унутиб, уни дам олиб, кўнгил очиб ўтирган бахтли одамлар доирасига олиб кирди:
— Ҳой Тишлоғич, кел менга! – деб у итни ёнига чақирди –келақол, сен яхши итсан, келақол, жоним, кел! Қанд ейсанми? …Мен сенга қанд бераман, ҳоҳлайсанми? Келақолсанг-чи!”
Бироқ Тишлоғич келмади: у қўрқди. Эҳтиёткорлик билан қўлларини аста шапатилаб, фақат чиройли юзли, чиройли овозли қизчаларгагина ярашадиган эркаловчи сўзлар билан Лелянинг ўзи тишлаб олмасин деб қўрқа- писа итга яқинлаша бошлади.
— Мен сени яхши кўраман, Тишлоғич, сени жуда яхши кўраман. Сенинг бурунчанг мунча яхши, кўзларинг эса қанчалик маъноли. Менга ишонмайсанми, Тишлоғич?!
Лелянниг қошлари чимирилиб, юқорига кўтарилди, унинг ўзининг бурунчаси ҳам шу қадар чиройли, кўзлари эса шунчалик маънодор эдики, қуёшнинг меҳри жўшиб, унинг ёшгина, содда гўзаллик билан яшнаган юзчасидан ўпавериб, чаккаларини қизартириб юборди.
Шунда Тишлоғич умрида иккинчи марта чалқанчасига ётиб, кўзларини юмди ва эркалашармикин, уришармикин деб кутганча жим қотди. Аммо бу сафар уни эркалашди. Кичкинагина, илиққина қўлчалар тортинибгина унинг ғадир — будир бошига аста тегиндилар ва сўнг дадиллашиб, уни ўз хукмларига олгандай, қалин жун билан қопланган бутун танаси бўйлаб эркин харакатга тушдилар. Қизча итнинг баданини бемалол тортқилаб, силаб хатто қитиқлаб ҳам кўрди.
-Ойи, болалар! Қаранглар, мен Тишлоғични эркалаяпман! – қичқирди Леля.
Худди тўкилиб атрофга сочилиб кетган симоб томчиларидек тезкор ва тиниқ юзли, жарангдор овозли болалар шовқин солиб етиб келишганда Тишлоғич қўрқувдан ва ночорликдан донг қотиб кута бошлади: у билардики, агар энди уни болалардан бири урса, у ўткир тишларини ўзини хафа қилган бола баданига ботира олмайди, чунки, қизча ўз эркалашлари билан уни энг кучли қуроли – ҳеч ким билан муроса қилмайдиган қаҳридан жудо қилди. Болалар эса бири олиб бири қўйиб уни эркалата бошлашди, бироқ ҳар бир эркаловчи қўлча баданига текканда ит бир сесканиб олар, кутилмаган эркалашдан баданида худди калтак теккандек оғриқ турарди.
III
Тишлоғичнинг соддагина, итларга хос садоқатли қалби бирдан очилиб, яшнаб кетди. Энди унинг ўз исми бор эди, бу исмни
эшитиши билан у ям – яшил боғнинг қайси бурчидан бўлмасин ўқдай учиб келарди;
энди у одамларга тегишли эди ва уларга хизмат қиларди. Ит учун бундан ортиқ
бахт борми?
Йиллар
давомидаги дайди ҳаётида оч юриб
ўргангани учун у кам овқат ерди, бироқ ана шу кам овқат ҳам уни таниб бўлмас даражада ўзгартириб
юборди: авваллари бир – бирига киришиб
пахмайиб осилиб ётадиган, қотган лойга қоришиб қорнига ёпишиб кетган малларанг узун жунлари тозаланиб қорамтир тус
олди ва атласдек товлана бошлади. Энди у бекорчиликдан дарвоза олдига югуриб
чиқиб, кўчани бошдан оёқ кўздан кечираётганда уни эрмаклаш ёки тошбўрон
қилиш бировнинг ҳаёлига келмасди.
Бироқ у фақат ёлғизлигидагина ўзини мағрур ва мустақил сезарди. Эркалашлар тафти ҳали унинг юрагидаги қўрқувни батамом эритиб тугата олмаган, у ҳали ҳам одамларни кўрганда, одамлар унинг олдига яқинлашганда, ўзини йўқотиб қўяр ва улардан калтак ва хақоратларни кутарди. Анчагача ҳар қандай ширин сўз, эркалаш унинг учун кутилмаган ҳодиса, у сабабини тушунмайдиган ва у жавоб бера олмайдиган мўъжиза бўлиб туюлаверди. У эркаланишни билмасди. Бошқа итлар орқа оёларида тик туришар, одамларнинг оёқларига суйканишар ва хатто уларга иржайиб қараб ўз ҳисларини ифода этишар, Тишлоғич эса бу нарсаларни билмас эди.
У фақат чалқанча ётиб кўзларини юмиб олиш ва енгил ғингшиб қўйишни биларди. Бироқ бу энди унга камлик қилиб қолди, у бу билан одамларга ўз завқ–шавқини, миннатдорлигини ва муҳаббатини изҳор қилолмас эди. Шунда у тўсатдан қандайдир ботиний ҳис таъсири остида қачонлардир бошқа итлар қилганини кўрган ва аллақачон эсдан чиқариб юборган қилиқларни эслаб, ўзи ҳам қилиб қўрмоқчи бўлди: у беўхшов умбалоқ ошиб, бесўнақай харакатлар билан сакраб, бир жойда гир айланиб рақсга тушган бўлди, унинг доим эпчил ва қайишқоқ танаси қўпол, кулгили ва аянчли тусга кирди.
-Ойи, болалар! Қаранглар, Тишлоғич ўйинга тушяпти! – қичқирди Леля, кулгидан бўғилаёзиб ва итга ялинди: — Яна бир марта, Тишлоғич, яна! Ҳа мана шундай, мана…
Ҳамма унинг атрофида тўпланиб, ҳоҳолаб кулиша бошлади, Тишлоғич бўлса ҳамон айланар, умбалоқ ошар, йиқилиб юмалар, бироқ ҳеч ким унинг кўзларидаги ғалати ўтинчни сезмасди. Илгари итнинг қўрқувдан ўтакаси ёрилишини томоша қилиш учун унга бақириб, гижгижлаган одамлар энди унинг меҳри товланиб, бу меҳрни беўхшов ва бесўнақай харакатлар билан изҳор қилишини томоша қилиш учун уни атайлаб эркалашарди. Дам ўтмай, ўсмирлар ва болалардан бири уни чақирар ва :
-Тишлоғич, жон тишлоғич, бир ўйнаб бер! – деб қоларди. Шунда Тишлоғич яна гир айланар, умбалоқ ошар, шодон кулгилар остида тинмай юмаларди. Уни олдида ҳам ортидан ҳам мақташар, фақат меҳмонга келган бегона одамлар олдида ўйинини кўрсатмай боққа қочиб кетиши ёки пешайвон тагига ётиб олишидан хафа бўлишарди.
Бориб–бориб Тишлоғич энди овқат излашга хожат йўқлигини
тушунди, чунки ошпаз хотин ҳар куни бир вақтда унга керагича ювинди ва суякларни ташлаб кетарди. У қорни тўйиб, хотиржам ҳолда пешайвон тагидаги ўз жойида ётар ва баъзан ўзи одамлар олдига келиб уларнинг эркалашларини кутарди. Бундай ҳаёт таъсирида у анча семириб қолди, энди у дала ҳовлидан ташқарига ҳуда –беҳудага югуриб чиқавермас, болалар уни ўрмонга сайр қилгани бирга олиб кетишмоқчи бўлишса, ўзини четга олиб, думини бир оз ликкиллатиб турар ва бирдан йўқолиб қоларди. Бироқ кечалари боягидай баланд овозда акиллаб, ўз эгаларини ҳушёр қўриқлашини қўймасди.
Куз ўрмонларда ўзининг сап — сариқ гулханларини ёқди, кун-кунора совуқ ёмғирлар билан осмон йиғисини бошлади ва тез орада дала ҳовлилари бўшаб, хувиллаб қолди. Гўёки, тинимсиз куз ёмғирлари ва совуқ шамол улардаги ҳаёт аломатларини шамларни ўчиргандек бирин –кетин ўчириб борарди.
-Тишлоғични нима қилсак экан? –боши қотиб савол ташлади Леля.
У тиззаларини қучганча янгитдан бошланаётган ёмғирнинг ялтироқ томчилари юмалаб тушаётган дераза ойнасига маъюс тикилиб ўтирарди.
-Бу нима ўтириш, Леля, ким шундай ўтиради? – деди унга ойиси ва қўшиб қўйди – Тишлоғични бўлса ташлаб кетишга тўғри келади. Қўявер уни.
-Унга ачиняпма-а-а-н, –деди Леля чўзиб.
-Нима ҳам қилардик? Шаҳарда бизнинг ҳовлимиз йўқ, уни хонада боқиб бўлмайди, ўзинг тушунасан.
-Унга ачиняпма-а-а-н, –яна қайтарди Леля, йиғлагудай бўлиб. Унинг қора қошлари қалдирғоч қанотларидай юқорига кўтарилди, чиройликкина бурунчаси кишининг раҳмини келтириб, ғижимлана бошлади, шунда онаси унга:
-Догаевлар анчадан бери менга кучукча совға қилмоқчи бўлиб юришибди. Айтишларича, жуда зотдор экан, ҳозирдан гапга тушуниб айтганларини қиларкан. Эшитяпсанми? Бу бўлса, оддийгина жайдари ит.
-Унга ачиняпман, –деди Леля яна бир марта, бироқ йиғламади.
Ҳовлига яна нотаниш одамлар келишди, араваларнинг ғижиллаши эшитилди, оғир этиклар зарбидан пол тахталари қисирлаб нола қилишди. Эндиги одамлар кам гапиришар, ҳеч ким кулмас эди.
Бегона одамлардан қўрқиб кетган, бошига қандайдир кулфат тушишини элас-элас ҳис қилган Тишлоғич боғнинг узоқ бурчагига қочиб кетди ва ўша ердан сийраклашиб қолган буталар орасидан пешайвоннинг ўзига кўриниб турган бурчига қараб, у ерда тинмай у ёқдан бу ёққа ўтаётган қизил кўйлакли одамлардан кўзини узолмай туриб қолди.
— Сен шу ердамисан, менинг бечора Тишлоғичим, – деди унинг ортидан келган Леля. У аллақачон йўл кийимлари–бир пайтлар этагининг бир бўлагини Тишлоғич узиб олган ўша жигарранг кўйлаги ва қора кофтачасини кийиб олган эди.
— Юр, мен билан!
Улар катта йўлгача бирга чиқиб боришди. Ёмғир бир тиниб, бир яна ёға бошлар, қорайиб қолган ер билан осмон ўртасидаги бўшлиқ паға – паға бўлиб, катта тезликда йўл босаётган булутлар билан тўла эди. Пастдан қараган одамга уларнинг катта хажмдаги сув билан тўйиниб оғирлашганидан қуёш нурини ўтказмайдиган ҳолга келганлиги ва бу қалин девор ортидаги қуёш ерни кўролмай зерикаётганлиги кўриниб турарди.
Катта йўлнинг чап томонида қорайиб кетган ангиз (ҳосил ўриб олинганда қолиб кетган буғдой поясининг пастки қисми —
) қоплаган дала ястаниб ётар, фақат қир – адирлардан иборат яқин уфқда паст бўйли яккам –дуккам дарахт ва буталар тўпи дала текислигида ажралиб турарди.
Олдинда сал
нарироқда харбий қисм қўналғаси, унинг
ёнида эса қизил тунука томли қовоқхона бор эди, қовоқхона ёнида бир тўда
одамлар тўпланиб олиб,бекорчиликдан қишлоқдаги ақли заиф Илюшани
эрмак қилишарди.
-Бир тийин берингл-а-р, — чўзиб пинғилларди Илюша, унга жавобан эрмакталаб масхарачилар бири олиб бири қўйиб:
-Ўтин ёриб берасанми? — деб уни қийнашар, Илюша шалтоқ сўзлар билан сўкинганда атрофдагилар хохолаб кулишарди, бироқ уларнинг бу кулгиси ўзларини ҳам ҳурсанд қилмасди.
Ва ниҳоят қуёшнинг ингичка нури булутлар пардасини ёриб ўтди, у сарғиш ва рангпар нур эди, унга қараган одам гўё қуёш қандайдир даъвосиз касалга чалинган деб ўйларди; туман билан қопланган кузги дала янада кенгроқ ва янада ғамнокроқ тус олди.
-Эх, Тишлоғич, мунча зерикарли! – паст овозда сўз ташлади Леля ва орқасига қарамай уй томон юриб кетди.
Фақат поездга чиқаётгандагина у Тишлоғич билан хайрлашмай кетганини эслади.
V
Тишлоғич
анчагача жўнаб кетган одамлар изидан изғиб юрди, у темир йўл бекатигача югуриб
борди ва ивиб, лойга ботиб яна ҳовлига қайтиб келди. Бу ерда у яна бир марта умрида қилмаган бир қилиқни қилди, фақат унинг бу қилиғини
ҳеч ким кўрмади: ит биринчи марта пешайвонга чиқиб орқа оёқларида тик туриб ойнаванд
эшикдан ичкарига қаради ва хатто оёғининг тирноқлари билан эшикни тирнаб
ҳам кўрди. Бироқ, Тишлоғичга ҳеч ким жавоб бермади, хоналар бўм –бўш эди…
Ёмғир
қаттиқроқ қуя бошлади ва атрофдан
кузнинг узун туни зулмати бостириб кела бошлади. Бу зулмат тез
орада бўшаб ётган дала ҳовлининг ҳар бир бурчагини эгаллади, у
буталар орасидан ўрмалаб чиқар, хўмрайган осмондан ёмғир томчилари билан бирга қуюлиб келарди. Олдига тутиб
қўйилган мато олиб ташланганидан кенгроқ
ва янада кимсасиз кўринаётган баланд пешайвонда қуёшнинг ожиз нурлари анчагача
қоронғилик билан олишиб, полдаги ифлос оёқ изларини ёритиб турди, бироқ охир
бориб улар ҳам батамом сўнди.
Тун
бошланди.
Тун
бошланганига ҳеч қандай шубҳа қолмагач, ит баланд, мунгли овозда увиллаб
юборди.
Юрак
— бағирни эзиб юборадиган, ғам-ғусса ва ҳасратнинг ўзидек, ўткир, жарангдор ув
овози ёмғирнинг бир маромдаги ғамгин, итоаткор шовқини орасига ёриб кирди ва тун зулматини парча-парча қилиб яланғоч, қоп
қора дала узра узоқ-узоқларга парвоз қилиб аста-секин сўнди.
Ит увларди – бир маромда, тўхтовсиз, умидсиз, хотиржамлик билан, тақдирга тан бериб увларди. Бу фиғонни эшитган одамга худди қоп-қора зулматли туннинг ўзи кун нурига интилиб нола қилаётгандек туюлар, бу нола кишини иссиқ хонага, ёрқин олов ёнига ва юраги муҳаббат билан урадиган аёл ҳузурига чорларди.
Ит
увларди. | 2021-12-01 | http://nodirabegim.uz/archives/3608 |
Баҳорликда хазон бордир,
Вале ишқ гулфишону кўк.
Сенинг ишқинг қари мендан,
Менинг ишқим сендан кўхлик.
Кимни кўрай кўзгуда?
Ҳеч ким йўқ!
Гар биров бор,
Хасдан зиёд йўқ!
Кўрдингки, ниҳол қўрқувдан қовжираса,
Чақмоқнинг ишидир,
Кўрдингки, қайси манзилда чироғи ўчик,
Бир ишқ ўлгандир!
Сенга айтдим: кет дебон, яъни кетма, яъни қол!
Жонима ишқ тилида нуқта асло нуқтамас!
***
Етти миллиард бўлдик!
Нуҳ Кемаси ичиндаги
Ит, мушук, сичқондан
Савол-ла сўрамоқ жоиз,
Ки бу башар тоқида,
Борми мен каби яна ёлғиз?
Шундай эшик истарамки, сенинг кўнглинг томон очилсин,
То кўрай бу тор ҳужрада
Ким,
Гар биров бор,
Кетар ё қолар?!
Агар йўқдир биров,
Мен-чун борми манзил?!
Етти миллиард бўлдик!…
***
Йўл бўйида нигоҳга интиқ лола очилган,
Ишқ ўтидан менинг лабимдан нола очилган.
Қанот қоқ, қанот қоқ, ҳажр сафаридан
Кетмоқдадир умр.
Эшик оч, эшик оч, бизим ишқимиз
Илоҳий лутфдир.
Пардалар орти нигоҳлар-ла тўсилган,
Бахт келиндир, лек дили тўри куёвсиз ҳувиллар.
Қўлинг оч, қўлинг оч, ҳаваси оқ қўлингни,
Ҳажр боғиндан ким мева терибдир?
Қайта оч, қайта оч, нафаси кўк қулфингни,
Ишқ келибдир!
***
Хабар бер, хабар бер, фараҳли хабар,
Фарёд нуқтасин қўйгил берк эшикка,
Ўша эшиккаким, мангу мудроқдир.
Капалак қанотисиз яшил нигоҳинг,
Ишқ макрдир, ишқ саробдир.
Ўздан кетишу ва қайтмаган дам,
Сен ва менинг ишқимиз самога кетган.
Гуноҳ учун савоб қилмоқ онидир,
Шу дам гуноҳ учун назри савобдир…
Йўл бўйида нигоҳга интиқ лола очилган.
Ишқ ўтидан менинг лабимдан юз йиллик нола очилган…
***
Баҳор мўжизасин кўрмоқ учун
Боққа кел!
Фариштаю ҳурлар-ла тўлган гулшанга,
Боларию қушлар-ла тўлган гулистонга,
Боққа кел!
Боққа кел!
Ул боққаким, баҳор ризвондан келгандир,
Хазондан ўч олмоққа келгандир!
Бу оний лаҳзада
Одам ва Ҳавво кўк ишқининг нафосатини тингламоққа,
Марям юҳу оқ гулининг нектарин тотимоққа,
Боққа кел!
Навбаҳор дийдор гулидан нусха олмиш,
Вақт ўғрисидек минг ишва-ла
Бизнинг умримиз китобидан бир саҳифа олмиш,
Боққа кел!
Мени сўрмоққа, кел!
***
Ишқ номиданким, сенинг шоирона исмингга радифдир,
Ишқ номигаким, сенинг орифона қўшиғингдир,
Фохтаю сор қўшиғин тингламоққа ,
Гули хор ризвоний нектарин тотимоққа,
Ғунчанигор ошиқона лабхандасин кўрмоққа,
Дийдор учун ташна ҳама ошиқлар ўрниға,
Боққа кел!
Мени кўрмоққа, кел!
Шаҳримда бир кўча бор,
Хотирларинг кўчаси.
Шаҳримда бир боғ бор,
Қовжираган, оҳорсиз.
Шаҳримда бир кулба бор,
Кулбаки, тўрт томонда-
Сен ва менинг ишқимиз!
Кулбаки, сиғмадинг менинг билан унда,
Орзунинг оғушисиз…
Шаҳримда бир ирмоқ бор,
Ирмоқки, оқар то ҳануз
Ожиз шоирнинг* икки кўзидан гўё,
«Жўйи Мулойин» ҳижронидан-
Ҳажрдан, сен ва менинг ҳажримиз.
Шаҳримда бир булоқ бор,
Кўзларимнинг булоғи,
Булоқки, ортингдан борар йиғлабон
Ариқма ариқ афсонабўзлаб.
Шаҳримда бир гўдак бор,
Ишқимизнинг гўдаги,
Гўдакки, чопмоқда
Мен-сенинг ортимдан,
Сен-менинг ортимдан,
Шамол хотирин ортидан,
Сукут-ла фарёд айлаб…
Шаҳримда бир кўча бор, хотирларинг кўчаси… | 2021-01-14 | http://nodirabegim.uz/archives/3621 |
Чернобиль кўчаларига
Зулмат ёғилади
Само ликопчасидан.
Атом тошқинига ғарқ
бўлади
Катта- кичик дарахтлар
Уруғ-аймоғи билан.
Ювилиб кетади хлорофил
Дарахтлар бутасига
сингиган кўйи.
Уларга авлод тутинган
Шох ва барглар
Бамисоли заминсиз одамлардек
Ўз таналарини оғриққа
чирмашади.
Бу бичилган зулматда
Ғарқ бўлишга мойилдир
Одамлар ҳам
Худди шу дарахтлар
Она ер
Қора мол
Яшаш макони
Ва насл қолдириш каби.
Фақат пажмурда нигоҳ
Айрим тушлар
Хотиралар қолади,
холос.
Хотираларни мумкин
менгзаш
Уруш яксон қилган
кўприкларнинг
Бўзариб оқарган
устихонига
Ёки ҳаёт манбаси
Пароканда бўлиши оқибатида
Пайдо бўлган бўшлиқ
фарёдига.
Қурбидан ортиқ
орзулаган инсон
Яшар шу тарзда ҳамиша —
Бу дунё сўқмоқларидаги
Сон-саноқсиз тошқинларга
Дучор бўладиган
Зулматдаги дарахтлардек.
Қачонлардир
Ажойиб профессоримиз
бўларди.
Дарс берарди физика
фанидан
У танланган синфларга.
Барака топгур
адабиётнинг
Шинавандаси эди ростдан
ашаддий.
Сон-саноқсиз саволларни
Ўзида мужассам этган
плакатлар
Шувоқларди забони
деворларини.
Ўқув қўлланмалар
кўплиги
Ундаги иштиёққа
Таъсир этмасди салбий.
У тинчланарди
Саволларига биздан
мабодо
Олгудек бўлса муносиб
жавоб.
Бир куни
У синфга кирди бостириб
Мубҳам саволларни
елкасига ортмоқлаб:
-Айта оласизларми менга
Инсониятнинг
Илк ҳайратланарли
кашфиётини?
Биринчи партага чўккан
талаба
Қалқиди ўрмондаги бош
дарахт мисол:
-Балки думалоқ эканидир
ернинг.
Иккинчи талабанинг
Елкасидан топди қўним
Унинг титрай бошлаган
бармоқлари:
-Устоз, буғ двигатели
ёки радио.
Дуэлларда ҳеч ютқазмаган
яна биттаси
Сапчиди ўрнидан билдириб
ҳохиш:
-Устоз, қурол!
Бармоқлардаги соя
юзимга ботди:
-Устоз, инсон танаси.
Синф хонасини шу он
Қамраб олди кулгу тошқини.
Барчага ўз жойини
Эгаллашин сўради устоз.
-Ҳой, сен жинагалаксоч
Айта оласанми менга
Инсониятнинг
Иккинчи ҳайраталанарли
кашфиётини?
Айёр эди росаям бу
синфдошим.
Қуёш рангидаги шодлик
Синф бурчагидаги
У ўтирган ерда бўлди зоҳир:
-Устоз, электр
энергияси!
-Кейинги бола, жавоб
бер!
Профессорнинг
Кўрсаткич бармоғи кирди
Отишга шайланган қурол
шаклига.
-Устоз, Ракета ёки
Марс.
-Кейингиси?
-Атом бомбаси, устоз.
Навбат билан барча
Худди кўпайтириш жадвалидек
Берди ўз жавобини:
-Телефон, Телевидение,
Сув ости кемаси…
Профессор суғуриб олди
Бир маҳал
Панадаги ички оламимдан
мени.
-Сенинг фикрингча нима?
-Инсониятнинг
Биринчи Жаҳон урушидан
кейинги
Энг ҳайратланарли
кашфиёти-ўлим.
Заҳарханда кулгу тиғи
Тиқилди барчанинг бўғзига
тағин.
Профессор уни тўхтатиш
учун
Жон ҳолатда берди буйруқ
Ва билдирди майл
Яна битта савол беришга
Жавоб ҳозирлашга
бизларни ундаб.
-Инсониятнинг
Энг замонавий бўлган
Учинчи ҳайратланарли
кашфиёти нима?
Шундай деганича
У бурди бошини
Талаба қизлар ўтирган
томон.
Ақлли, гўзал
Кўзлари катта талаба қиз
“Тўртинчи ўлчам” деб сўз
қотди ногоҳ.
-Кейинги қиз жавоб бер!
-Ожизман бунга.
Ойдин кечада
Пайдо бўлган буғу
мисоли
Шитоб бўй кўрсатди
Яна бир етакчи талаба қиз
Ўзига ишониб.
-Устоз, Юлдузлар уруши.
Кўнгилли талаба
жавобнинг
Кўтарди бузиб меъёрини:
-Устоз, эшак ёки
жирафадир.
Бу гал ҳам кулгу, ҳовлиқмаликлар
Тутди синф хонасини
тез.
Ниҳоят, учинчи марта
Сўради туришимни
профессор
Худди мен дор остидаги
Ҳали осилмаган сўнгги қурбондек.
Тирнаб турган бўлса-да
Гарчи ичимни иккиланиш,
шубҳа
Тилим айланди шунга қарамай:
-Инсон қалбидир
Иккинчи жаҳон урушидан
кейин
Инсоният қилган энг
сўнгги кашфиёт.
Жавобимдан қизарди
Талаба қизларнинг яноқлари
Уйқашиб кетгандек
Малина рангидаги оқшомлар
ила.
Кулишди чин дилдан
Талаба йигитлар ҳам
баравар
Ва ёғилди самимий кулгу
Синфнинг бошқа бир
бурчагига
Ёмғирнинг шодон
шитир-шитиридек.
Профессор кўнгли
тўлгандек
Мўйлабини силаб қилди
табассум:
-Бугун мумкин роҳатланишларинг
Хушҳол байрамда! | 2021-01-19 | http://nodirabegim.uz/archives/3634 |
О, “бокира гуллар”!
Бу ерда танҳо завқланмоқлик нечун,
Қанийди, мен сизни кулбамга яқин боққа эккан бўлсайдим,
Ўша ерда баҳра олардим,
Тенгсиз гўзаллигингиздан….
* * *
Агар
Мен ойнинг шаффоф ёғдуси бўла олганимда,
Ўшанда
Эҳтимол, бераҳм қалбим соҳибаси
Ҳар тун фақат мени, мени деган бўларди…
***
О, “бокира гуллар”!
Шамол тоғ яйловларидан
Куз ифорларини олиб келур –
Гарчи нигоҳлар-ла сизни кўриб бўлмас,
Аммо, хуш атрий бўйларингиздан илғаб олиш мумкин.
* * *
Сен, қўл силтаб,
Кимсасиз тоғлар сари кетдинг!
Қаердан бошпана ва паноҳ топасан,
Агар хилватдаги ибодатхона ичра ҳам
Қайғулар асирига айланадиган бўлсанг!
* * *
Шундай бир юрак соҳибасин топсамки
Токи у ҳам мени
Мен севганчалик севолса,
Шундагина англаймиз
Бу дунё фақат изтиробу андуҳлардан иборат эмаслигин.
***
О, “бокира гуллар”,
Айни кез шамоллар остида
кузги ўтлоқларга айлангиз таъзим!
Айтинг, қайда у қалбингиз суянчи,
Танлаганингиз….
***
Майли, олиб кетсин баҳор шамоли
Узоқ-узоқларга
Гулбаргларнинг хуш ифорларин –
Токи булбул кулбам ёнидаги чаппар уриб гуллаган
олхўри томон йўлни адашмай топиб кела олсин!..
* * *
Кўз ёшлар
Чақмоқдан сўнг томган томчилару
Ипи узилиб кетган мунчоқлар каби….
Бутун борлиғим-ла севганим,
Ҳисларимни яширганим учун мени айбситманг…
***
Бу дунёнинг шодликлари
Ва ғам-андухлари ифода этилган,
Ўша сўзлар
Ҳаётга қўл силтаган мендек ғариб кимсани ҳам
Бу оламга боғлаб қўйди-ку…
***
Ивиб кетдим ёмғир остида,
Гуллаган бута шохи
Ёдгор сифатида синдириб олдим,
Негаки, тез орада тугайди баҳор,
Гуллаш даври ҳам абадий эмас…
* * *
Нечун
Ҳар гал самода сузиб юрган булутлару
Гўзал тоғ чўққилари узра шиддат-ла эсиб
Инграган шамол мисол…
Қайтишга шошиламан. | 2021-01-22 | http://nodirabegim.uz/archives/3643 |
Мен, ниҳоят ўн беш йилдан бери кўришмаган дўстим Симон Радевинни топдим. Бир вақтлар у менинг қадрдон дўстим эди. Шунчалар яқин эдикки, Симон менинг ўй-хаёлларим, босган ҳар қадамимни билар, узун ва сокин оқшомларда севги қиссамни-да тингларди. Биз базўргина айрилдик; чунки доим бирга яшаган, бирга орзуларга берилган, бир хил нарсаларни хуш кўрган, бир номдаги китоблар мутолаа қилган, ёзувчиларни бирдай тушунган, доим бир хил ҳодисаларга дуч келган, бир пайтда қаҳ-қаҳ отган, нигоҳларимизни бир зумда уққан биз каби дўстларнинг айрилиши осон эмасди.
Кейин дўстим уйланди. Ҳа, Парижга эр
излаб келган ёш бир қизга қўққисдан уйлана қолди. Дунёда шунақанги оғзин ва сўлғин,
чиллашир билакли ва нурсиз нигоҳли, аҳмоқона товушли ва юз ёшли қиёфага эга
бўлган қизнинг мавжудлигини кўриб ўшанда ҳайратда қолдим. Ақлли ва одобли
дўстимнинг унинг тузоғига тушгани эса баттар ҳайратланарли эди. Симоннинг энди
бахтли ва узоқ ҳаёт кечириши амримаҳол эди. У жўшқин ва завққа тўла ҳаётга
интилиб, сўнг бари-баридан чарчаб қўл силташни, ҳақиқатга тик қараб, ҳеч нимага
қодир эмаслигини тан олишни орзу қилмаганди-ку?
Уни кўрсам, қай ҳолатда бўларкин? Ҳамон қувноқ,
ақлли, тоза юракли, кучга тўламикин ёки ҳаёт оқимига мослашиб кетганмикин? Ахир
ўн беш йил ҳамма нарсани ўзгартиришга қодир муддат-ку!
Поезд кичик бир бекатда тўхтади, мен юкларим билан ташқарига чиқдим. Қаршимда бақувват, ҳа, жуда бақувват, қип-қизил юзли ва қорни катта эркак пайдо бўлди ва менга қучоғини очди:
-Жорж!
У менга таниш туюлди, лекин эслай
олмадим. Кейин ҳайрат билан сўз қотдим:
-Ахир жуда оғзин эдинг-ку?
-Нимани кутгандинг? –кулди у, -яхши
яшаяпман, яхши ишлаяпман, яхши ором олаяпман ахир! Ейиш ва ухлаш –мана ҳаётим
мазмуни.
Унга яқинлашиб, юзига яхшилаб тикилдим:
ўша қадрли қиёфадан асар изладим. Кўзлари ўша-ўша бўлсада, ундаги ифода бегона
эди. “Кўзлардаги ифода тасвири миядан узатилади. Бу миядаги ўйлар эса менга
доим маълум бўлган”, ўйладим мен.
Ҳа, унинг кўзлари олдингидек жигаррранг
бўлиб, бахт ва дўстликка тўла эди. Аммо тийраклиги йўқолган, ақлли ифода ҳам
кўринмасди. Бирдан у хаёлларимни бузди:
-Булар менинг иккита катта фарзадларим.
Қизча 14 ёшда бўлиб, катта аёлларга
ўхшар, ўғли эса 13 яшар эди. Улар менга иккиланиб яқинлашишди.
-Улар чиндан сеникими? –пичирлаб сўрадим.
-Албатта меникида!
-Нечта ўзи фарзадлардан?
-Бешта! Учтаси уйда қолди.
У шунчалик ғурур, ишонч ва ғолиблик туйғуси билан гапирардики, ўзимни жуда ночор ва ғариб ҳис этиб кетдим. Биз дўстим ҳайдаб келган уловга ўтирдик. Шаҳарчага кириб борарканмиз, кўчалар жимжит, зерикарли ва ғамгин кўринди кўзимга. Уч-тўрт кучуквачча ва оқсоч аёлларни айтмаганда, шаҳар кимсасиз эди. Дўкон сотувчиси бизни кўриб бош кийимини ечиб саломлашди. Симон менга унинг исмини айтган бўлди (у ўзини хурматлашларини исботларди, менимча). Дўстим депутатликка номзодини қўйишни орзу қиларди. Шаҳар тугаб, биз сунъий боғ томон кириб келдик. У уловини кичик минорали қишлоқ уйи қаршисида тўхтатди.
-Мана, бу менинг уям, -деди Симон.
-Мўъжазгина экан, -дедим ўрни бўлгани
учун мақтаб.
Чиройли кийинган бир аёл пиллапоядан тушиб
кела бошлади. Унинг сочлари ўн йил илгаригидек оч тусда эмасди. Метиндек бу
аёлнинг сочлари жингалак, бесабр қадам ташлар, ёшини аниқлаш мушкул бўлиб,
мияси бўм- бўшлиги яққол сезилиб турарди. Қисқаси, у дағал ва қўпол онага
ўхшарди.
У мен билан саломлашди ва холлга –уч
фарзандининг ёнига кириб кетди.
-О, бу ерда экан-да қолган болаларинг? –ҳайқирдим
мен.
-Жин, Софи ва Гонтран, -ғурур билан
таништирди Симон.
Меҳмонхона эшиги очиқ экан. Ичкарига
кириб, ўрадек юмшоқ стулда тебраниб ўтирган кекса чолга кўзим тушди. Радевин
хоним ёнимга келиб, бизни таништирди:
-Бу менинг бобом, монсинъор. Ёши саксон
еттида.
Сўнг қариянинг қулоғига бақирди:
-Бу Симоннинг дўсти!
Афтидан чол менга ҳайрли кун тиламоқчийди,
бироқ оғзидан “хай… хай” деган сўзлар базўр чиқди. Унинг қўлини сиқдим ва
ёнига ўтирдим:
-Илтифотингиз учун раҳмат, жаноб.
Хонага Симон кириб келди ва кулгу аралаш
деди:
-Бобом билан тезда танишиб олибсан-да. У
нақ хазинанинг ўзи. Болаларнинг овунчоғи. Бироқ жуда қизғанчиқ-да, овқатланишини
бир кўрсанг эди. Ҳа, ҳали ўзинг гувоҳ бўласан. Ҳамма ширинликларга қизларни
кўргандек кўз олайтиради. Кўриб ичагинг узилади ҳали.
Кийимимни алмаштириш учун менга хонамни
кўрсатишди. Болалар хонамга киргинумча, мени изимдан зимдан кузатишди.
Бир пайт қўнғироқ чалинди: бу тушликка
чорлов эди. Радевин хоним мени ошхонага бошлади. Мени қариянинг стулига
ўтказишди. Чол тушмагур десертга оч ва жиддий нигоҳларини тикди. Боши силкиниб
туришига қарамай, ҳамма таомни назардан қочирмади.
Cимон қўлларини бир-бирига ишқалади.
-Ҳали ҳайрон қоласан!
Аёл ҳам елкаларини учириб қўйди.
Симон бобосига сўз қотди:
-Бугун ширин қаймоқли гуруч тортилади!
Чолнинг бадқавоқ юзи бирдан ёришиб кетди.
Кейин сочидан то тирноғига қадар ўзининг мамнун эканлигини билдирди. Тушликни
бошладик.
-Қараб тур, -Симон мени огоҳлантирди.
Чол шўрвани ёқтирмас экан, уни ичишдан воз кечди. Гарчи таом соғлиғи учун фойдали бўлсада, қошиқни ушлашни ҳам ҳохламади. Шунинг учун хизматчи қошиқни унинг оғзига мажбурлаб киргизди. Жаҳли чиққан қария қаршилик қилгани учун ўзи ва ёнидагиларнинг дастурхонини булғади. Болалар ўзларини кулгудан тўхтатолмасдилар.
-У жуда кулгули, тўғрими? –Симон оила аъзоларига
гапирди.
Бутун тушлик давомида шу кекса бобо ҳамманинг эътибор марказида турди. У дастурхондаги барча егуликларга очкўзлик билан тикилар, қўллари билан уларни олишга ҳаракат қиларди. У гапирмас, фақат оғзи, бурни ва кўзлари ҳаракатда эди. Бундай даҳшатли манзарани эса оиладагилар қувонч билан кузаташарди.
Тушлик охирида қаймоқли гуруч ҳам
келтирилди. Унга кўз тиккан бобосига Гонтран деди:
-Сизга ҳозирча етарли, бошқа емай қўяқолинг.
Улар чолга бошқа нарса ейишни таъқиқладилар.
Қария бу гапдан йиғлай бошлади. Болалар эса кулишарди. Охири “таслим бўлишган”
хонадон эгалари чолга бир кесимгина ширинлик тутқазишди. У иштаҳасини намоён
этиб, бор кучини тўплаб десертга ёпишди.
-Яна бирозгина бер унга, -мен бунга
чидолмай Симондан сўрадим.
-Йўқ, азизим, унинг ёшида бу оғирлик қилади.
Тилимни тишлаб қолдим. Мана маданият,
мана мантиқ, мана донолик! Улар чолнинг соғлиғидан қайғуришяптими ўзи? Ёшида
эмиш! Бир оёғи ерда, бири гўрда бўлса? Неча кунлик умри қолдийкин ўзи? Ўн,
йигирма, эллик, юз кунми? Унинг ҳаётида қиладиган бошқа иши қолмаган. Унинг
биргина нияти ширинлик ейиш, то ўлимигача унга буни таъқиқлашса керак.
Анча пайт қарта ўйнаганимиздан сўнг мен ўз хонамга йўл олдим. Ўрнимда ётдим, жудаям, жудаям хафа эдим. Деразадан ташқарига тикилдим. Бирор сас йўқ. Фақат қаердадир олисда қушлар сайрарди. Мен дўстимнинг болаларига ачиндим. Кейин эса ўзимни Симоннинг ўрнига қўйиб кўрдим–ҳуррак отаётган беўхшов хотини билан яшасам… Қўрқиб кетдим! | 2021-01-23 | http://nodirabegim.uz/archives/3647 |
Йўқотиб қўйдим
Кечаги оқшом сайрида
Эргаштириб чиққан
соямни.
Кўзларини юмдим
Чироқ ҳам
Уни кўздан йўқотгач.
Бироқ… бир хил бўлар
Барча одамларнинг сояси
Ким билади
Шу туфайли уни
Йўқотмагандирман
Ўғирлашгандир мендан эҳтимол.
Балки кетимдан
Эргашиб чиққан соя
Барчамиз учун
Аталгандир якка ҳолича.
Қаердан биласиз
Барча соялар
орасидаги
Мавжуд бўлган
Шу покдомон шарпагина
Соядир балки
энг мақбул.
Балки яширингандир
Кимнингдир бизда,
Бошқада-чи бизнинг
соямиз
Ва бу хусусида
Хабар топмасмиз ҳеч қачон.
Балки мен
Ўз соямнинг
соясидирман
Ёки ўзга одамнинг.
Балки йўқолиб
Қолгандирман-у мен ҳам
Оворадир излаш билан
На бирорта жон.
Сенсиз сукунатимнинг
Қолмайди аҳамияти.
Мен биламан:
Сақладим адоват ва кек
Чиндан ўзимни тутдим
Етарлича ғалати.
Яна шуни биламанки
Мавжуд кўпгина нарсам.
Илгари ҳеч қандай
Ўрним бўлмаган
дунёда
Уни топиб бормоқдаман
Қадам бақадам.
Ёддан чиқармоқлик-
Ўлимга элтувчи энг қисқа
йўл
Бошқа бир мумтоз
Шакл ва шамойилдаги.
У Бенгал йўлбарсининг
Сап-сариқ терисига
ўхшаш
Терига ёпиниб келади
Ортмоқлаб бир қанча
хотираларни.
Мен қадрлайман
Ва унутаман ўзимга
Тегишли бўлмаган ҳар
битта онни.
Шууримга бу мушак тўқимаси
Уринади ёдини
сингдиришга
Шундоқ ҳам жамланган ҳолдаги
Мен тўплаган лаҳзаларни.
Улар меникими?
Ўйламайман
Ёдимда сақланар деб
уларни.
Кўкрагимда суяк бор
Шон-шуҳрат доғи теккан
Лекин… шу бугун
Сезмоқдаман ўзимни ёлғиз
На менинг даврам
На бошқалар
Майл билдиришга ожиз
Бу ҳисни туймоққа
Биргина мен ҳис қиламан
Қўрқоқлигимни.
Фурсати келиб бўлган
Бошқа инсон бўлмоқликни
Унутмоқни-да замин устида
Рўй берганини нималар.
Келган мўйсафид учун
Омад саналган
Илоҳий ҳайдалмоқ вақти.
Шон-шуҳрат юпанчдир
Мен-меҳмон
Охир-оқибат
Бадкирдор бўлиш чекига
тушган
Мезбон эса битта-
Ҳар доимгидек
Ёддан чиқармоқлик ҳисси. | 2021-01-25 | http://nodirabegim.uz/archives/3653 |
Ван Даальхоффмисиз? Ғоят мамнунман. Бундан чиқди Ареоса менинг телефонимни берган? Ўзи яхшими? Биз аллазамонлардан бери кўришмадик! Бунда ташриф қоғозда сизга ҳикоя учун мавзу кераклиги ва унингча мен сизга ёрдам бера олишимга шаъма қилгани битилган экан. Нимаям дейман: қўлимдан келса, бажонидил. Ареосанинг дўстлари – менинг ҳам дўстларим. У Ана Сиьвестере ҳакда айтдими? Албатта, танийманда. Чамаси 1944 йилдан бериёв. Эндиликда у қаллиқли. Шу қадар нафосатлики! Ҳа албатта, ҳикоя учун мавзу борда. Локин исмларни ўзгартиришни унутманг. Бундай олганда сиз ажнабийсиз-ку! Ҳикояни ўзингизда босмага берасиз. Шуниси қулай. Ана, Сильвестре. Саҳна тахаллуси сифатида бу исм менинг кўнглимга ўтирмайди. Мен, унинг нечун чинаккам исми-шарифи: Мариана Ларравидени сақлаб қолаверганини асло ҳазм қила олмаганман. (Муз парчаси солинг-у, сода керакмас, илтимос.) Ростини айтсам, 1944 йилда у беғубор бир гўдак эди: ўн етти ёш. Чўпдек озғин, жонсарак, эсликкина эди. Аммо ўшандаёқ унда қандайдир ёшларни, ҳаттоки мен каби қарияни ҳам ҳаяжонга соладиган нимадир бор эди. Менга неча ёш берасиз? Қўшманг, қўшиб-чатманг. Ўтган куни қирқ саккизга кирдим, ҳа шундай, сеньор. Чаён буржи остида туғилганман ва бундан кўксим тоғдек кўтарилади. Ҳа, ўн олти йил бурун Мариана маъсумгина қизалоқ эди. Уни доимо айро кўрсата олган нарсаси – кўзлари эди. Тим қора, ғоятда тим қора. У ҳали покдомон пайтларида ўта соф эди. Бунинг устига ғоят барқарор. Ўшанда у ҳали тайёрлов курсининг, албатта ҳуқуқ факультети талабаси эди. Ака-ука Суньигалар, дурагай Аристимуньо, Эльвира Рока ва жиккак Ансельмилар билан бирга ўқирди. Улар ораларидан қил ўтмайдиган иноқ росмана улфатлар эди. Мободо олтовлон сиз томонга келаётганда йўл бермасангиз балога қолардингиз, негаки, қамчи ўйнатиб, қутқу солсангиз ҳам чекинишмасди. Мен дарсларга мотоциклда келиб, қишлоқда яшагани сабаб болакайлар худога сиғингандек ҳурмат қиладиган фалсафа ўқитувчиси Арриагини дўсти бўлганим учун уларни отни қашқасидек яхши танирдим. У Капуро-и-Драгонесда йигирма иккинчи трамвай билан тўқнашиб оқибат оёғи синиб, донжуанлигига нуқта қўйган Масиэльга тушмагунча шундай бўлганди. Бироқ у вақтлар Арриага қўлтиқтаёқларни хаёлига ҳам келтирмасди. Гоҳида биз кафеда ўтирганча, она сути оғзидан кетмаганларнигина кулгусини қўзғатувчи куракда турмайдиган қочиримларни ташлаб, сур-сурлашиб, кириб чиқаётган ўсмирларга назар ташлаб ўтирардик. Қиз кўнгил ишига заррача қизиқиш билан умидвор қилмаган бўлсада, Арриага Марианани кўз остига олиб қўйганини фаҳмлардим. Қиз уни ва фақат ўқитувчигина ардоқларди, холос. Ундан бир ёшгина катта Эльвира Роки ва жиккак Ансельми дуч келган билан донг олишаверишардилар, бироқ Мариан барча билан дўстона муносабатда ва ноз-карашмадан нари ўтмай маъсумлигича қолиб келарди. Эҳтимол, бу Эркин дунё бор тарихи давомидаги баридан ҳам кўп кўз-кўз қилиш мумкин бўлган бокиралик эди. Ҳатто кафедаги официантлар ҳам бокира қизга кофе узатишаётганларини билишарди. Ажабланарлиси, у эскилик сарқитига бош қўшиб эмас, балки уни ишқий саргузаштлар дидига мос келмаслигини барчага айтиб юрарди. Шунга қарамай, ишонтириб айтаманки, у дид билан кийинар ва барча унинг ўта нозик шаъма билан бирининг устига иккинчиси уйқаштирилган узун ялонғоч оёқларидан кўз уза олишмасди. Ҳозиргача ҳам ким биринчи бўлганини била олишмади. Жиккак Ансельми Ваксес деб таништирган аллаким эканлиги тўғрисида гап тарқатганди, аммо ўша – айни уни Ваксес дейишарди, шунақаси ҳам бўларканда – бир гал учиб қолиб, иккинчи бўлганлигини гуллаб қўйганди. (Ташаккур. Яна бир дона муз бўлса. Шундайича яхши.) Умуман олганда бир неча даъвогарлар бўлганди, улардан бири мен. Гап шундаки, Мариана аввал “унинг ҳаётида кўз очиб кўрган биттаси борлигини” барчага айтиб юрарди. Ҳар бири ўзича кўнглини қитиқлаган ландовур, зеро бизда иккинчи бўлиш биринчидай гап, аммо бошда кўнгилсизликлардан айро эмас. Албатта тан олиш керак, Мариананинг ўзига хос таъблари бор эди. Бокираликда ҳам, қатъиятда ҳам. Қувончда ҳам, қайғуда ҳам. У ўзига хон кўланкаси майдон эди, негаки, ота-онаси Санта-Клара-де-Олимарда яшашар, у эса кўринишдан ўтмишда роса донг таратган холаси билан турарди. Улар яшаган уй Бельо ва Реборати услубидаги ёш гўдаклар ўйинчоқ кубиклардан қурган уйларга ўхшаш уй бўлиб, Пуанта-Каратесдаги турмахонадан узоқда эмасди. Холаси ҳафталаб Буэнос-Айресда қолиб кетар ва Мариана бу сон-саноқсиз йўлаклар ва балконлардан иборат уйнинг ойхоними бўлиб қоларди. Бу ер ичимликлар-у, ҳам мусиқа садолари остида ишрат кечалари уюштиришга қулай эди. Арриага бу йиғинларга эл бўлиб кетган ва мен ҳам у билан бирга борардим. Ўша вақтларда мен, мартини мусалласи учинчи қадаҳидан сўнг кўнгли бўшаб қолиб, тепада кўнглини овлашга тўғри келадиган жиккак Ансельмини хуш кўрардим. Ақл бовар қилмайди, энди у таёқдай силлиқ бўлса ҳам маслаҳатчи Ребольонинг гулдай турмуш ўртоғи, у вақтларда эса қўл ушласа бўладиган дўмбоққина, ҳаммани ўзига магнитдай тортадиган, росмана кетворган эдида ўзиям.
Шундай қилиб, нима деётгандим? Бу кечаларга иштирок қилган кўпчилик вазифасига монанд кўнглини ёзарди: байрам – демак шўх-шодонлик бўлиши зарур, рақсми – демак, рақсга тушиш зарур, хуррамлик – кулгу бўлиши шарт. Барчаси олдиндан тахт қилинарди. Аммо энди маъсумлигини йўқотган Мариана бизни ясама табассум билан кутиб олмасди, йўқ, сеньор. Биз қорамизни кўрсатганимизда у доим гўё бу кечалар ғояси унга тегишли эмасдек, уни кўнгил очиш учун мажбурлашгани каби жиддий тусда бўларди. Бироқ биз қадам-бақадам иштиёққа кириб боришига қўйиб бериб шароитни яратиш зарурлигини беш қўлдай билардик. Суньигаларнинг кичкинаси шунақанги нозиклик билан қочиримлар қилардики, мағзини чаққунингизча кўзингиз тиниб уйқу тусаб қолардингиз. Дурагай Аристимуньо чегаралардаги ҳаётий латифаларни сўйлаб берарди. Эльвира Рока исиб кетардида, кофтасини ҳам улоқтириб, улфатларни ташлаб чиқиб кетарди; курсда фонетика ва таллафуз тарзи юзасидан дарс олиб борадиган Арриага антик шеърият нафис ахлоқсиз сатрлари намуналаридан ифодали ўқиб берарди. Шу тариқа Мариана аста-секин киришимли бўлиб борарди – қувноқлашар, кифти келтирилган ҳазилларга куларди. Шундай кечаларнинг бирида Раймундо Ортис фахрли меҳмон бўлди. У Марианнани аста-секин қизғинликка ўтиб боришини кузатаркан театрнинг чинакам хизматчиси сифатида буни климакс дея атади сўнгра эса Мустақил театрлар сирасига кирадиган “Ла Бамбалина” номли ўзининг труппасида ишлашга таклиф қилди. Мана буни фаросат деса бўлади! Аввал бошданоқ, — афтидан у илк чиқишини О Нилнинг асарларидан биридан бошлаганди – Марианна ўша вақтларда анқонинг уруғи бўлган ва борлари ҳам ҳаминқадар танқидчиларнинг арзандасига айланганди. Бошда Ортис, сўнг Оласкоа (Мариана “Ла Бамбалина”дан “Телон де фондо”га ўтганди, чунки Беба Гоньи уни ўша вақтларда машҳур бўлган ҳозирда замонавийлигини йўқотган Суюқоёқлар IV спектаклдаги ролини ўзлаштирганда афтини бежаганди) жаҳон саҳна асарлари репертуаридаги барча суюқоёқ аёллар ролини ижро этишга мажбурлаб, уни иқтидорини сиқиб сувини ичганди. Қасам ичиб айтаманки, Мариана “Блю стар” ёки “Атлантик” саҳналаридан тушмайдигандек туюларди: ўша оёқ олишлар, ўша нигоҳлар, ўша тосларни ўйнатишлари. (Ташаккур, менда ҳали бор. Нимаям дердим, агарки истаркансиз қўша қолинг. Музни унутмасангиз. Қойил.) Унга ҳеч қачон ҳис-туйғуларга бой ёки ўзига хос роллар ижросини тақдим қилишмас, унинг ўзи ҳам сўраб ўтирмасди. Суюқоёқлар (Йермадан кейин бу роллар айниқса жўшқин актрисаларни ўзига тортарди) ролида у ўзини табиий тутганча ҳам ишонарли ҳис қиларди. Кундалик турмушда у шу қадар покдамон қиёфа касб этар, аммо саҳнага кўтарилган ҳамоно сохтакорликдан айро тушиб, табиий ҳолига қайтар, ангорида эса аввалгидайин ҳадисини олган тасаввур юзага қалқиб чиқарди.
Уни наридан-бери билаганлар булар унгагина мос роллар дея ўйлашар, аммо ҳақиқатдан айтганда ягона яратган саҳна образи саҳнани тарк этиб улгурган Ана Сильвестр образи эди. Мен унинг эришган мавқесини ҳар бир пиллапоясида кузатиб борганман ва Марианага ўзига бино қўйишдан кўра, ҳаёсизлик анчайин яқин бўлганини тасдиқлашим мумкин. У оламдаги энг табаррук нарсалар: черков, ватан, она, демократияларнинг устидан ҳам калака қиларди. Эсимда бор, бир гал (аниқ бўлиши учун 1958 йилнинг 3 февралида) у Пунта-Карретасдаги уйида унинг ҳаёлига шаккоклик ибодатини (уни “бузуқлик ибодати” дея номлаганди) амалга оширишга ўхшаган фикр келиб қолди ва тиз чўкканча қойилмақом уятсизликда: “Бизни йўлдан оздириб кўр…”ни ибодат қилишга тушди. Ўйлашимча, у тилидан илинганди. Алқисса, ўшанда унинг фалокати, унинг ҳозирги қайғули ҳалокати бошланганини тасдиқлашим мумкин. Ахир уни тангри (мени англаяпсизми?) уни тилидан илинтирганди: йўлдан оздирганди. Сиз айтишингиз мумкин: яна қанақа йўлдан оздириш, унга ҳаммаси маълум эди, аммо келинг исботлаб берай, исботлаб берай. Оласкоагининг ижодий жамоаси уругвайлик драматургнинг бир нарсасини репетиция қиларди; ўша йили муниципиал театрлар учун ажратилган маблағлар боис маҳаллий авторлар миллий пеьсалари юқмаси тарқалганди. Бахтингизга сиз бу кўтаринкиликнинг гувоҳи бўлмагансиз. Миллий драматурглар шу қадар уруғлагандики асти қўяверасиз! Бир куни Чочода биз олтита эдик улардан бештаси – миллий драматурглар. Расвои-радди бало! Фақат менгина ўзига хосликни асраб қолгандим. Шу десангиз, “Телон де фондо” тайёрлаётган пьеса жа ёмонмасди. Адашмасам ҳатто конкурсда учинчи мукофотни қўлга киритганди. У шунақанги чучмаллиги баҳосида танқидчиларни кўнглини ийдирганди. Мен сиз билан ўта самимийман ва тан олишим керак, пьесанинг мазмуни унчалик ҳам ёдимда йўқ. Бироқ асосий қиёфа: ақлга сиғмас даражадаги покдомон қизни яхши эслайман. Муаллиф кимлигини биласизми? Эдмундо Сориа, ҳозирда адвокат ҳам нотиқ айтишларича антикоммунистар ҳаракатида иштирок қилиб бойиб кетган дейишади; умуман соддагина ўша Сориа ўз қаҳрамони бошига дунёдаги барча балою офатларни ёғдирган. Отаси ўлади – у покдомонликда қолади; ўгай отаси савалайди – покдомон қолади, қаллиғи ҳақорат қилади – покдомон қолади, ишдан ҳайдашади – покдомон қолади, босқинчилар ўртасига тушади – шундаям покдомон қолади. Бир сўз билан айтилса бунинг ҳаммасини кўтариш жуда оғир эди. Ниҳоят у ўйлашимча, ўша покдомонлик дастидан ўлим топади. Балки мен айрим бўрттиришлар билан мазмунини сўйлаб бераётгандирман-у, тўғрисини айтганда, пьесани ёқтиришгани ва мен беш қўлдай билган баъзи бир талабчан танқидчилар, Сориани: “Мелодрамма ёзмоқчи бўлсанг унга бошинг билан шўнғишинг зарур” деган таъбирлар билан кўкларга кўтаришгани мени хиллагина дидимга ўтирмаганди. Рости, Марианасиз пьеса чиппакка чиққан бўларди. Қуйиб берсангиз айтиб берай. Ўша покдомон қиз ролини, Мариана эмас, бошқа актриса ўйнаши лозим эди. Фикр тилимни учида! Мижози ва хотирасига ҳавасингиз келадиган актриса Альма Фэнтес (ҳақиқий исми шарифи – Натали Клаппенбах), уни уч ой мобайнида тайёрлади. Саҳнага чиқишга уч кун қолганда Альмита қизамиққа чалиниб қолади ва Оласкоаго олдида бино ижараси билан боғлиқ муаммо кўндаланг бўлганди. У “Сала Колон” – уч ҳафталик мавсумдаги ягона бўш бўлган бинога ижараси тенг ярмини олдидан тўлаб қўйган ва спектаклни бекор қилиш тўғрисида сўз бўлиши ҳам мумкинмасди. Оласкоага ижодий жамоани йиғиб: “Қизлар, жумагача бу ролни ёдлаб, ўзини фидо қила олишга ва шу билан бизни молиявий ҳалокатдан қутқаришга қайси бирингиз тайёр?” деган саволни ўртага ташлаганда мен иштирок қилгандим. Етти нафар соҳибжамоллар интизорликда бир-бирига кўз тикканда, Мариана жавобни бериб бўлганди: “Мен ролни биламан”. “Сен?” – сакраб тушди Оласкоага ўта тонг қолиб (андишасизликка сингишган оҳангда). Мен унга нигоҳ ташлаб нимани хаёлидан ўтказаётганини фаҳмладим: умрбод суюқоёқлар ролини ижро этиб келган актрисага покдомон қиз ролини қандай топшириш мумкин? Лекин Марианнага кўз қиримни ташлаб бошланган ўзгаришларни англадим. Унинг юзларида покдамонлик дея олмайман-у, покдамон бўлишга интилиш ифодаси акс этганди. Ўйлашимча, Оласкоага ҳам менинг кўрганларимни ҳис этти-да шунинг учун сўради: “Ростдан ҳам эплайсанми?” “Эплайман!” – жавоб берди у. Ў-ҳў, яна қанақасига эпладия! Бу биринчи спектакл томошасидаёқ кўзга ташланди. Мен кўзларимга ишонмасдим. Унга фақат санам атрофидаги нур чамбаргина етишмасди, холос. Муқаддас руҳ, ғоятда муқаддас эди. Унга йўлтўсарлар ташланишганда ўша нобакорларни ўлдиришни истаб қолардинг. Уни қаллиғи ҳақорат этганда олдинги қаторда ўтирганлардан бири: “Қумрон қопгур, ҳайвон”, дея ҳайқириб юборди. Муҳиммас-у, айтишув саҳналари тўмтоқ бўлсада – у ролни шу қадар ичига кириб ижро этгандики, айниқса шафқатсиз саҳна кўринишларида ҳатто менинг кўзларим ёшланганди. Иккинчи ҳафтанинг сўнгида Альмита Марианани (“У сени бутунлай соясида қолдирди” – деди Оласкоаго Альмитага Федри ролини аввалда ваъда этиб) кўрганида жазаваси тутиб қолди, асоссиз эмас албатта; тасаввур қилинг-а, ҳасаддан унинг чап ёноғи ва ўнг қобоғи учарди. Бечорагина Альмита! Аммо ҳаммани энг асосий кутилмаган совға мавсум охирида кутарди (ақл бовар қилмас муваффақияти туфайли спектакль олти ҳафта давом этди). Сўнги томоша тугагач саҳна пардаси ҳали тушиб улгурмай Мариана саҳнани ташлаб кетаётганини эълон қилди. Барча кулиб юборди. Мен билан Оласкоагидан бошқа ҳамма. Биз унинг ҳазил қилмаётганини билардик. Фақат нимадир дейиш зарурлиги учунгина Оласкоага сўради: “Нима учун?” “Бу мен учун яратилган рол эди, — деди у фаришталар бетакрор кулгуси каби табассум қилиб. – Театрда бошқа ҳеч бир нарсани ўйнашни истамайман”. Сўнгра гўё ўзи билан ўзи гапираётгандай оҳиста қўшимча қилди: “Ҳаётда ҳам”. Фаҳимладингизми? Мен сизга айтгандим: тангри ундан ўч олди. (Бошқа виски э-э. Ҳай майли, яна бир қултум. Аммо бу охиргиси. Музни унутмасангиз. Ташаккур.) Ҳа, сеньор, тангри ўч олди. Уни йўлдан оздирди. Аммо бу унинг ўзи ҳам англамаган ёлғизгина ихтиёрий йўлдан озиш эди. Ўшандан бери у ўзгариб қолди. Кечалар барҳам топди. У ахлоқсизликларни йиғиштириб қўйди. Ҳатто холасини уйини ҳам тарк этди. Энди у турли бемаза нарсаларни ўқийди, мусиқа, шу билан бирга Моцартни тинглайди. Гитара чалишни ўрганаяпти. Андишали бўлиб қолди, нақадар даҳшат-а! Ҳаммасидан беш баттари ўз маслаги йўлидалиги, шунинг учун ҳам энди унга нажот йўқ. Бир ҳафта олдин мен уни учратиб қолдим ва бир финжон кофега таклиф қилдим, қолаверса у кофе ичди мен эса вино. Менга у билан ман шундай юзма-юз, гувоҳларсиз, ҳангомалашиш қизиқарли эди, ахир мен уни беш қўлимдай яхши биламан ва у буни билади. Қани топингчи, у менга нима деди денг: “Мен энди бутунлай бошқа одамман, Тито тушунаяпсанми? Ўша спектаклгача мен яхшилик нималигини билмас, оддий, олийҳиммат, покдомон бўлиш қандайлигини англамасдим. Аммо Соррининг қаҳрамони роли қобиғига кириб, тайёр кўйлакни кийганингда ҳеч нарсасини бичиб-чатиш керакмаслигини кўрганинг каби, мен ҳам бу менга чоққиналигини ҳис қилдим. Ҳатто кўйлак ҳам эмас, гўё мен ўз тақдиримни чоғлаб кўргандайман, тушунаяпсанми. Ва ўша дақиқадан бошлаб мен мағлублигимни ёки адойи тамомлигимни, истаганингдек айтавер, шунингдек аввал қандай бўлган бўлсам, бошқа унга асло қайтолмаслигимни тушундим. Мен бизнинг кечаларимиздан бирида ҳазил-мутойиба учун ўйнаб бермоқчи бўлиб, Альмитанинг касалланиб қолгунича бу ролни ёдлаб олгандим. Бироқ мен аслида шундайлигимни гўё фараз қилиб, бу сўзларни саҳнадан туриб айтиш учун имконият туғилганида, бу ролга сингишиб кетиш учун етарлича куч топа олдим. Ва саҳнага чиқа туриб, қасам ичаман Тито, бу сўзларни ич-ичимдан ўзим айтдим қасам ичаман; шу вақтгача менга шу каби кимдир бир бегона ўйлаб топган, кимнингдир сўзлари бу қадар яқин бўлмаганди”. Буни қаранг – фаҳмладингизми? – иқрорлик. “Мен турмушга чиқмоқчиман. Тито, афтингни бужмайтирма. Мен бошқача бўлганимни ўзингга сингдиролмаяпсан, аммо буни мен биламан, бу рост. У аргентиналик, ота-онаси Голландиялик. Кўзойнак тақади ва ўйлашимча – тикка қалбингга боқади. Бироқ энди мен бундан хавфсираганим йўқ, ахир энди менинг қалбим тоза. У менинг ўтмишим тўғрисида ҳеч нарсани билмайди. Фақат янгисидан хабардор ва мен шундайлигим билан унга ёқаман. Ҳеч нарсани билмай қўя қолсин, айтайми нега? Чунки мен умуман бошқаман. У малласоч, афти ҳам келишгангина. Мен уни алдамайман, хиёнат қилмайман, ахир мен энди умуман бошқаман. Унинг бўйи деярли икки метр, шу сабаб бироз букчайиб юради. У ёқимтойгина, унинг қўллари узун ва бармоқлари ингичка. Уч ойдан бери у шу ерда ва икки ойдан сўнг жўнаб кетади. Асосийси мен у билан кетаман, мен нажот топдим. У менинг ўтмишим тўғрисида ҳеч нарсани билмаслиги шарт: у (бўшангроқ) қатъиятли эмас, буни кўтара олмайди. Биз Роттердамда яшаймиз. Роттердам Пунта-Карретасдан узоқда бўлса керагов. Бундан ташқари – тангри мен томонда. Тушунаяпсанми, Тито?” Эси пастгина йиғларди, ҳаммасидан қизиғи қувонганидан йиғларди, даҳшат-а. У озиб-тўзиб кетган, сочлари гажаклаша бошлаганмидией? Мен ҳатто одатдагидай хайрлашиш олдидан унинг орқасига дўстона шапатилаб қўйишга ҳам ҳаддим сиғмади. Биргина билишни истаганим уни Роттердамга олиб кетмоқчи бўлган ўша ахмоқ кимлиги эди. Бўйдор, кўзойнакли малласоч. Қўллари узун, бармоқлари ингичка. Бирозгина букчайган. Бу ҳазилни қаранг, худди сизни ўзингиз-а. Бўлиши мумкин эмас… Шуниси етмай турувиди! Негаям сиз мени қаторасига тўртта виски ичишга мажбурладингиз-а? Сизнинг исми шарифингиз Ван Даальхоффмиди? Кундай равшан. “Ахмоқ” деганим учун маъзур тутинг. Нима қилсам экан? Энди ҳеч нарсани тузатиб бўлмайди. Бахтиқаро Мариана! Ҳеч қурганда тангри унинг томонда эмаслигини билиб олади. | 2020-11-18 | http://nodirabegim.uz/archives/3296 |
***
Суюкли инсонларимдан
Кечганим қип-қизил ёлғон.
Шунчаки буни важ қилиб
Бир куни қайтмоқлик
учун,
Чиқади деб вақт бағридан
Самимий умид ботқоғи,
Ташлаб кетиш истагида
Ўй сураман билъакс
шундай.
Худди мотам деразасини
Очадиган учта қиррали
Илгакка менгзалган тун
каби
Ташлаб кетиш фикри
яшайди
Мудом ўй ва
хаёлларимда.
Зотан менга бефарқ
бўлмаган
Инсонлар боқишди ҳар
сафар
Қарагандек нақд уч қаватли
Баланд уйга- заиф
диллари
Ҳашаматга ружу қўйгандай.
Эшикларни атайин очиқ
Қолдирдилар кўриб аҳволни,
Бахтга қарши ёпмоқлик
учун
Йўқлигида танамда мажол.
Бўлдим доим дебочадек гап
Ишқ лаззатин
тотишларида,
Бўлдим сассиз
хилватгина жой
Тўкмоқ учун кўз
ёшларини,
Юракларин йўргаклаш учун.
Бирин-кетин ташлаб
кетишгач
Тарк этишгач мени
бирма-бир,
Мен ҳам ўз одатимга
хилоф
Иш тутмоққа билдирдим
майл.
***
Сўзларимиз бирлашадиган
Хонанинг тўрида
ростлаган қад
Телевизор турадиган жавон.
Ҳурматимга арзир шубҳасиз
Камолотга тўлган етук қоматинг;
Сочларингни ёзар чоғинг
ва
Кўйлакларни фарқлашдаги
Ошиқларинг марҳамати
сабаб
Тўплаган ҳаётий, улкан тажрибанг.
Ҳар сафар сен ечганда
либос
Фаришта монанд хилқатинг
Қилар бир зумда ақлимни
фалаж,
Оёқларингдан ўттиз
даражали
Қуёшнинг илиқ тафти
уфурар,
Ҳар бир даврингга якун
ясаб
Киндигинг узра
кўтарилар гўё ой.
Сен ёдимга соласан
бот-бот
Болаликда орзум бўлган
аёлни,
Кимдир суйса, эсдан оғишлик
Ташҳиси бехато қўйиладиган
Хипча белингни қиласан
кўз-кўз.
Кўрсат киндигим узра
Бир нафас ҳароратга бой
Қоматингни
тентакликларин
Ва ҳамроҳ бўлсин эҳтирослар
Бизга ўша январь
тунидек.
***
Чизгансан пешонамга
Суратини сен хочнинг
Бармоқларинг учи билан
Эришгансан тақвога, динда.
Сен жилмаясан
Тортиқ қилиб ибодат
Бизлар ишонмайдиган
Қодир Зотга беҳуда.
Қўмсамайман шу боис ҳар
гал
Уйга қайтиш этганда
насиб
Бирор тайин хотирани ҳеч.
Менга мудом тикилишни
Қўймайдиган бу кимсалар
Бехабардир илло барчаси
Пушти камарингдан лойим
Бир пайтлар қорилганидан.
Мен ҳам қиламан тортиқ
Яратганга беҳуда тоат
Шунчаки у корингга яраб
Дараклаши учун кун
келиб. | 2020-11-18 | http://nodirabegim.uz/archives/3301 |
Юрагингни яширган
Кўксинг узра мен
Топган эдим офият.
Афсус, уйда эмас энди
Биз йўқотган муҳаббат.
Бунда қушлар қўрқмас
Башафқат овчилардан,
Қалбимни асрар эди
Дунёйинг ёмонлардан.
Кафтларинг орасида
Худо ачинар менга
Ва майин сўзлар аста
Аждодларим ҳақида.
Момо Ҳаво сургун эмас
Беайб ҳам эмас, хўш
Ўйларим манбаси ана-
Сен пиширган юмшоқ гўшт
Ва олийжаноб туйғулар.
Чўлда туғилган чиннигул –
Топгандим кўзларингдан,
Ва фаришталар куйлаган
Шеърий туйғуларингдан.
Сенинг порловчи борлиғинг,
Менинг онгимдаги ўйлар —
Топар эди оламдан нур,
Интизом ва нозик ҳислар.
Сен шу ердасан,
Қўрқувларим-ла қабул қилиб
Қон чиқармай бўғзидан
Нафаси тўхтайдиган
Қуш бўлишимга изн берасан.
Ҳечам кетма, сира ўлма,
Ўзлигингдан асло кечма,
Азизим.
Ўргимчак — бу
саккиз оёқли шеър.
Ҳар оёғи байт.
Ҳар байти қурбон.
Ҳар қурбони сукунат.
Пиноккио ёғочдан
ясалмаган,
У орзулардан
яралган
Унинг исми
қумга
Ва қуйма темирга
ёзилган.
Ажиб парадокс.
Пиноккио ўлаётган
одамнинг
Мангу орзуси эди.
Эркак вақтинча бўлиши мумкин —
Ҳудди дарёдек,
Гўёки кўлдек,
Яна ҳомила каби,
Баъзан юлдуздек,
Ё бўшлиқ ва мажвуд.
Ўз қўллари билан вақтга кишан у.
Аммо одам интилар абадийликка,
Вақтни тўхташига излайди имкон.
У Худо бўлсам дейди,
Лекин чексиздир сукунат.
У ўзига кўзгуда боқаркан
Ой юзида ётган оройишдек
Зўриқиб қилар ибодат;
сенинг набираларинг кўражак
ўша кўхна Қуёнга.
Эркак парабола ва мурват ўйнар,
Ечилиши мумкин бўлган сир изидан.
Мангуликка интилади у
Севиб ва шеър битиб,
Ҳудди гўзаллик яратувчисидек,
Донишмандлар устозидек.
Эркак шеъриятда абадийлик топгай.
Сен ва мен ўлим тобутларимиз,
Яна ёнарқуртнинг маёқларимиз.
Биз тошқин ва қурғоқчиликмиз,
Сайёра муаммолари синтезимиз.
Биз иссиқмиз, биз совуқмиз,
Биз тепамиз, биз пастмиз.
Сен ва мен акварелнинг йўқолган манзарасимиз,
Болаларнинг қонталаш қалбидан
Бўялган деворлар буюртмасимиз.
Бизлар ўлим тобутларимиз,
Унутилган овозни улоқтирган сўзмиз.
Биз яшашни танлаган ватанмиз. | 2020-11-23 | http://nodirabegim.uz/archives/3322 |
Тушларингда
Сени талвасага солган
аёл-
Димоғдорлигинг яратган
Хомхаёлларинг ва
Чучмал
ўйларингда
Зуваласи қорилган образ.
Унинг шўх жилмайиши
Тиконлари устида уйқуга
кетмоқ;
Тасаввуринг
кенгликларида
Кўзлари юмулган алфоздаги
Кезаётган чоғларин
кўрмоқ;
Қалбингни маҳв этиш
ниятида
Юмшоқ, пухта ишланган
Жозибаси кучига бўйнингни
эгмоқ;
Ётоқхонанг сари
шошилмай
Кетар онларингда
Унинг майин туюлган
Қадам олишларини ногоҳ
илғамоқ;
Бамисли чўғдек ёнаётган
Каравотинг қирғоғидан
жим
Танасини капалак мисол
Кўтарилишини кузатмоқ-
Кўринар сенга бахт-саодатдек.
Шу бўйи қолмайсан
У қўлидаги елпиғич
билан
Астагина тегинган
Самонинг олис сарҳадлари
Бўйлаб ортидан.
Кўкрагингдан отилиб чиқаётган
Нафасингни кўклам
йўргаклар
Уни худди кабутарни қучгандек
Босганча бағрингга эҳтирос
ила
Ишқнинг булутидан
Сўнгги томчисини-да оласан
сиқиб
Ва тонггача хохиш-истакларини
Қондирасан
Жиловлаб бўлмас тулпордек.
У эса фаросатсизларча
Бўлиб ташлайди
Орзули ҳаётни қоқ иккига.
Битта қараши бўлар
кифоя
Бошингни тирноқ билан
ўйгандек
Тасаввурингга сиймосини
Жойлаб қўйгани.
Ширин уйқудалигинг чоғ
Тарк этмайди ҳеч қачон
сўнгра
Сиймоси хаёлотинг
доирасини…
Унинг ягона хатоси
Тротуарда туриб
йўловчиларга
Табассум улашганидир.
Зеро, ўшанда сен
Тикилгансан кўз узмай унинг
Йўлдан урадиган
туморига.
Қулочингни ёзганингча
кенг
Бағрингга босгансан қаттиқ.
Ўйлаб ўтирмай оқибатини,
Истаб қисқа вақт оралиғида
Унга эгалик қилишни фақат.
(a Corner in a Tavern)
У менга эътибор қилмади
Ўтирган бўлса-да гарчи
Емакхонанинг шарқий қисмидаги
Бурчакда жойлашган
Столимга яқин бир ерда.
Диққат қилмади
Лабларимга қистирилиб
Қонимга оловини тарқатиш
билан
Овора бўлган сигаретада
Акси намоён бўлаётган
Чалкаш ёлғизлигимга.
Ерга йиқилган
Прожекторни артиб
Худди оқ шеърдек
Тарқади тутун.
Бир пайт у кўзларимдаги
Улуғ эҳтирос булутларин
Очиш мақсадида бошлар
Яширинишни беихтиёр.
Томирларга тўкилаётган
Кумуш сукунат
Бизни фош этар ҳамда
Унинг ёноқларидаги
Эҳтирос портретига
Улашади якуний рангни.
Кейин у йиғиштирар
Чап кўзи устига
Қўққис тушган сочининг
Гажак, зулфини.
Хомуш тикилар
Бизни ажратиб турган
Стол устидаги
Юзимнинг ярмини беркитишга
шай
Атиргул гулдастасига.
Нақадар истайман
Унинг кўзларида тўлиқ
Узилмаган тордек
бўлишни.
У сезади
Сўнгги ярмимда
Юзага келганин қандай
Азобли соғинч
Ва кўради финжоним
тубида
Чуқур талвасага шўнғиб
Яшаётган бахтсиз
одамни.
Тун бошланишида
Кутишади улар
Сўнгги оқшомларини.
Ноилож ўзликларини
Унутишади улар
Кўзлари қайғуга тўла
Гуноҳ йўлида.
Ўйлайсизки, улар
Барбод бўлган
умидларининг
Оловидан маст-аластлар
деб.
Бундай эмас…
Ҳукм сурар оғир
карахтлик
Нигоҳларидаги
Ажиб баҳор новдаларида
Исташмаганди улар
Саодатга бой кунларидан
Йироқларда юришган маҳал
Йўллари бошидаёқ ўғирланган
Яралари кетмас из қолдиришини.
Ҳордиқ чиқаришди улар
Бор-будларидан айирган
Машаққатли қувғин бағрида.
Худди шундай қилишар
Омадсизлар ўз вақтларига
нисбатан
Охирида эса сўнгги йўл-
Тун қаршисида
Бўлмайди ҳеч томонга
йўналиш.
Зеро борларини беришди улар
Ва қолмади
бир сўз айтмоққа
Сўзлар шаробидан ҳатто
юқи ҳам.
Шу туфайли улар
Беришмайди аҳамият
Ҳаёт эшиги ортига
беркинган
Хотираларидан келаётган
фарёдга.
(Қаниийди орзулари
Жавон ичига тахланган
Қоғозларда қолганида
эди…
Бўлар эди олийжаноб
иш). | 2020-11-24 | http://nodirabegim.uz/archives/3329 |
Илиқ май кечаларининг бирида ота ва ўғил
мушак отилишини интиқлик билан кутишарди. Болакай дераза токчасига жон-жаҳди
билан тирмашиб олган, ота эса унинг ортида турганча ҳар эҳтимолга қарши
иштончасининг белбоғидан маҳкам ушлаб олган эди.
— Қачон мушак отилади? – ўғил
отасидан сабрсизлик билан сўради ва ойнага янада қаттиқроқ ёпишди.
— Ҳозир, ҳозир, — жавоб
берди ота, бир соатга, бир осмонга қарар
экан.
— Деразани очайлик, —
илтимос қилди болакай.
— Нега?
— Мушакларнинг овози яхшироқ
эшитиларди-да.
— Шусиз ҳам эшитамиз.
Ота дераза токчасининг четига ўтирди.
Болакай отасига ўгирилиб: — Бобомнинг соқоли бўлганми? – дея сўради
даб-дурустдан.
— Йўқ, ўша пайтда бобонг ҳали
ёш эди.
— Ийе, бобожонлар ҳам ёш
бола бўлишадими?
— Ҳа, баъзан…
— Мўйлови-чи?
— Нима?
— Унинг мўйлови ҳам
бормиди?
— Менимча, бор эди.
— Милтиғи ҳам бўлган, — қўшиб
қўйди болакай.
— Сенга милтиқ ҳақида ким
айтди? – сўради ота ўғлига ҳайрон боқаркан.
— Ўзим биламан. Бобом милтиғининг
ўқларини сизга берганми?
— Бобонг урушга кетган
пайти ҳали милтиғида ўқи йўқ эди.
— Бўлган. Ўзидан сўрашингиз
керак эди. Ҳеч сўраб кўрмаганмисиз?
Баҳона ахтарармиди, ёки
нега ўқ ҳақида сўрамагани ҳақида ўйлармиди, ота ўғлининг саволига дарҳол жавоб
бера олмади.
— Эслолмайман. Бобонг
урушга кетганда мен сендек эдим.
Отасининг гаплари боланинг у қулоғидан кириб,
бу қулоғидан чиқиб кетди.
— Бобом ҳозир қаерда? –
сўради яна.
— Урушдан қайтиб келмаган.
— Нега қайтмайди?…
Илтимос, тезроқ келинг, деб хат ёзсангиз, албатта, келадилар.
— У ерга почта бормайди.
— Почтачилар катта сумка
кўтариб юрадиган одамларми?
— Бас қил, бўлди. У ерга
почтачилар бормайди.
— Якшанба куни иккаламиз
поездда борсак-чи?
— Иложи йўқ.
— Бўлмасам автобусда ёки
пиёда борамиз. Урушни томоша қилиб қайтардик.
— Уруш аллақачон тугаган.
— Бобом қачон уйга келади?
— Ҳеч қачон…
— Ҳеч қачон – узоқ вақтдан
кейин, деганими?
— Ҳа.
— Демак, ҳали анча йил
кутамиз. Тўғрими?
— Бобонг уйга келмайди. У
ўлган. Ўлганлар қайтиб келмаслигини биласан-ку, ўғлим.
— Қандай қилиб ўлган?
— Фашистлар бобонгга ўқ
узишган, кейин ерга йиқилганлар. Ўқ унинг юрагига, мана бу ерига теккан.
Ўқ қаерга текканини кўрганидан сўнг, болакай
отаси кийиб олган костюмининг юқори чўнтагига узоқ тикилиб турди.
— Бу воқеага анча бўлдими?
– сўради болакай.
— Ҳа, анча йил бўлди.
— Балки, ҳозир тузалгандир.
— У ахир ўлган…
Ота “бобонг ўлган” дея айтишга тили
бормай, анча вақт каловланиб турди, аммо бу сўзни эшитгач, болакайда ҳеч қандай
ёмон таассурот уйғонмади. У ўғлининг “ўлган” деган сўзнинг маъносини англашини
кутаётгандек қараб турди. Лекин, бола ҳеч нарса бўлмагандек ойнани бармоқлари
билан тақиллата бошлади.
— Ҳамма қайтди. Бобом
кейинроқ келади-я?
— Ҳали ҳеч нарсани
тушунмабсан.
— Тушундим, тушундим…
Бобомнинг мўйлови ҳам, милтиғида ўқи ҳам йўқ эди.
— Ҳозир мушак отишади. Қара.
Узоқдан гумбурлаган овоз қулоққа эшитилиб
улгурмай, одамларнинг кўксига зарб билан урилгандек туюлди. Бирдан осмон бўйлаб
шарсимоншаклдаги чақмоқларнинг
чарсиллаган овози эшитилди. Мушаклар гумбурлаганда қаттиқ қўрққан кабутарларнинг
қанот қоқиб учиб кетгани сезилди.
— Ким мушак отяпти? –
сўради ўғил.
— Аскарлар.
— Урушдан қайтиб келган
аскарларми?
— Ҳар хил.
— Нимага ойналар қалтираяпти?
— Мушак отилаётгани учун.
— Урушданми?
— Йўқ, шаҳар атрофида мушак
отиляпти.
— Ундай эмас, душманлар
бизга урушдан туриб ўқ узишяпти, — ўз сўзида туриб олди болакай, — мен аниқ
биламан. Анави оқ ракета ҳам урушдан учиб келди. Сиз урушга борганмисиз?
— Йўқ, — жавоб берди ота, —
ўша пайтда ҳудди сен каби ёш бола эдим.
— Ана, урушда замбарак
отилишини ҳам билмас экансиз. Кўзингизни юминг, яхшироқ эшитилади. Пақ! Пақ!
Бобом ҳозир урушда мана шундай қилиб замбарак отяпти-да.
— Майли, сен айтганингдек
бўла қолсин… – секингина пичирлади ота.
Бола унинг сўзларини эшитмади.
— Демак, бобом мушакбозлик
бўлаётганда замбарак отиш учун қайтиб келмаган. Тўғрими?
— Ҳа, тўғри.
Хона жуда қоронғу эди. Мушакларнинг отилиши
ота ва ўғилнинг юзини гоҳ яшил, гоҳ қизил ва гоҳида сариқ рангда ёритарди. Шаҳар
мушакбозлик садолари остида қолганди. Ота мушакларга анча вақт тикилиб қолмас,
бурни япалоқ, кўзларини катта очиб, ойнага ёпишиб олган кичкина болага кўз – қулоқ
эди. Отага ўғли улғайгач, урушни, юзи жароҳатланган аскарларни ва мушакбозлик
бўлаётган вақтда замбаракдан ўқ отиш учун фронтдан қайтиб келмаган дадасини, бобосини
ҳеч қачон кўра олмайдигандек туюлди. | 2020-11-25 | http://nodirabegim.uz/archives/3338 |
Фақат
сен…
Иккимизда
туташган
Қанча
нафислик,
Кўклам
балоғати,
Товланиши
Куз
рангларининг.
Фақат ишқ…
Ёзги
шуълалар…
Бир тан-у
бир жонмиз:
Урар
битта юрак
Иккимиз
учун.
Иккимизга
аталган
Оҳанглар ҳам
бирлашар
Қучоқ,
бўса тафтида.
Ҳис қиламан
сўнг
Иккимиз
бир инсондек
Ва иложи
йўқлигин
Яшашни
сенсиз.
Жим
туролмайман
Лекин сен
тингла паст овозимни.
Сокин
бўлишни удда қилсам-да,
Шунга қарамай
ҳар кунгидан ҳам,
Овозим ҳозир
кўмакка муҳтож…
Ўлганларнинг
арвоҳи,
Таъқиб
этади мени.
Мен
шунчаки қўрқувдан,
Кўз ёш
тўкаман дув-дув.
Сукунатда
кўз ёшлар,
Бирма-бир
тўкилади,
Кўзлардан
ерга қаттиқ…
Шипшитади
акс садом
Жо қилмоқ
лозим иш деб
Юракка
улкан журъат.
Қўрқувимни
енгади
Шояд,
самимий қучсанг
Лабларингдаги
ишқнинг
Оташин
бир овози.
Ёмғир
тинди
Мен
кутяпман
Дам-бадам
тинглаб
Йиғисини
энди юракнинг.
Қаердасан?
Кузги
осмон узра
Берар
овозим
Тинмай
акс садо.
Тағин
бўм-бўш нигоҳим
Атрофдаги
ҳеч бир нарсада
Маъно
кўрмай бўлади илҳақ.
Сени
севгинг-чи?
Барча
нарсага ногоҳ
Бағишлайди
кўрк
Ва
кўринар шубҳасиз
Сен
туфайли шодонлик
Манбайидан
яралган
Ишқнинг
кузги сурати.
Бизнинг
куз… | 2020-06-11 | http://nodirabegim.uz/archives/3228 |
Қачонлардир пасткашлар ҳамдўстлиги бор эди, тўғрироғи улар пасткашлармас, оддий одамлар эдилар. Улар доимо бир-бирларини қўллаб туришарди. Агар, мисол учун улардан бири бегона, уларнинг бирлашмасига тегишли бўлмаган бирор кимсани пасткашлик қилиб, бахтсиз қилса, демоқчи бўлганим, бу ерда ҳеч бир пасткашлик юз бермай, ҳаммаси қабул қилингани каби оддийгина амалга оширилса, ва сўнгра ҳамдўстлик олдида истиғфор келтирса, улар буни муҳокама қилишарди, бу тўғрисида фикрларини баён қилишар, жазо тайинлашар, кечиришар ва шу кабилар. Ҳеч кимга ёмонликни раво кўришмасдилар, айрим шахслар ва бирлашма манфаатларига қатъий риоя қилинарди ва истиғфор келтираётганнинг пинжига кириб: “Нима? Шунга хафа бўлаяпсанми? Сен ҳаммасини назарда тутилгандай бажардинг, қилишинг зарур бўлгандай қилдинг. Қолган барчаси тушунарсиз эди. Сен шунчаки жуда асабийлашмоқдасан. Ўзингни тутиб ол!”. Шундай деб улар бир-бирларини доимо қўллашардилар, ҳатто ўлганларидан кейин ҳам ҳамдўстликдан чиқиб кетмасдилар, балки доира бўлиб куйлашиб, фалакка кўтарилишардилар. Умуман, уларнинг учишлари болаларча бегуноҳликни кўрсатгандай эди. Модомики кўкнинг олдида ҳамма нарса ўзининг қисмларига бўлиниб кетар экан, улар чинакамига тош палахсалари бўлиб ёғилишарди.
Мободо, бизга оддийгина ўткинчи одми одамларга қарагандай қаралса, биз узун темирйўл туннелида, устига-устак боши ва охири борлиги тўғрисидаги ишончни чилпарчин қиладиган, бошидаги ёруғлик кўринмас, охиридаги ёруғлик нури эса шу қадар нурсизлигидан нигоҳ уни топган маҳал йўқотиб қидириб қоладиган жойда ҳалокатга учраган йўловчилар аҳволига тушганга ўхшаймиз. Атрофимизда туйғулар талотўпиданми, ё уларнинг янада чуқурлашганиданми, ҳа яна, кайфиятга ва оғриққа боғлиқ ҳолдами, колейдоскопдаги каби бир ўзига ром қилгувчи ҳам, чарчатадиган ўйин каби биз фақат бир ёввойиларни кўрамиз.
1917 йил 19 октябрь: Санчо Пансанинг эмас, Дон Кихотнинг бахтсизликни тассаввур этолмаслиги.
1917 йил 20 октябрь: Санча Панса, ҳар қалай ҳеч бир ўзини номоён қила олмаган одам, узоқ йиллар давомида тунни-тун, кунни-кун демай, кўплаб рицарлик ва қароқчилар тўғрисидаги романлар ёрдамида ўз шахсидан ўзининг шайтонини шу қадар қувиб солишга муваффақ бўлдики, кейинчалик унга Дон Кихот деб ном берди ва у ҳеч бир куракда турмайдиган саноқсиз телбанома кирдикорларни амалга оширди, бироқ, кейингиси айнан Санча Панса бўлиши керак бўлган объект бўлсада, ҳеч кимга зиён-заҳмат келтирмади. Озод инсон, Санча Панса эса, тўлиқ руҳи тетиклиги, бақадриҳол, маълум жавобгарлик ҳисси билан Дон Кихотнинг барча юришларида ҳамроҳлик қилар, ва шу тариқа ўлгунига қадар яхшигина ҳам фойдали эрмакка эга бўлганди.
22 октябрь тонги соат 5: Дон Кихотнинг ўта муҳим қаҳрамонликларидан, шамол тегирмони билан олиб борилган жангдан-да янада саботлироғи — бу жонига қасд қилиши эди. Ўлик Дон Кихот, ўлиб ётган Дон Кихотни ўлдиришни истайди; аммо бунинг учун унга қиличи билан шу қадар узлуксиз, шу қадар умидсизлик билан қидиргани ҳеч бўлмаганда бир тирик бўлакча керак эди.
Бу машғулотда асрлар оша иккала ўлик ҳам ажралмас тарзда чирмашиб ағдарилиб ётади. | 2020-07-11 | http://nodirabegim.uz/archives/3234 |
Питер савдогарнинг қиёфаси
ва унинг тангалар тўла халтасини тескарига йўналтирувчи шарни кузатмоқда.
Бреданинг буржуа қишлоқлари уфқнинг хира чизиғи бўйлаб тарқалган. Деразалар
бир-бирини ёқалаб учаётгандек гўё. Самога мисоли ўт қўяётган қўнғироқларнинг
товуши ортида урушнинг аломати кўзга ташланади…
Худди чангалзорда
Ноқулай вазиятга тушиб қолгандек
Бўронда йўлдан адашган қушларни
Кўзларим кўрган бурчак
ерларда,
Экилган уруғдан шира
кутгандек
Емирганча гўё
айбсизлигин
Фаришталар мурдасини вақт
Кавлаётган чорраҳаларда,
Тепаликдаги
лабиринтларда,
Ўрмонга чўккан
тунларда,
Аждодлар садоси остида
Ичига қуртлар ин қурган
Кўпик аралаш боғланган
Бош чаноқларида,
Юз йил олдин портлаган
Юлдузларни эслатувчи
суякларда,
Бир уюм кулга айланган
Эсхолатик алифбо, илоҳий
фол китобида,
Қорасоннинг ҳар бир қисмидаги
Ўткир жон талвасасида-
Сўнгги фарёдимнинг
сояси ётади.
Уфққа Исодек хочланиб
Тулпорларин
устихонлари-ю
Аравалари билан ғамгин
От елдириб кетаётган
Душман чавандозларида,
Фуриялар*нинг бераҳм қўшини
Қамали пайтида тутаб
нураган
Қалъалар деворлари қолдиқларида,
Ҳолдан тойган ўлаксахўр
қушлар
Тамадди учун майл
билдирган
Қиличдан ўтказилган
бирма-бир
Бани одам ички
аъзоларида,
Вабога чалинган юрт ўғиллари
Таналаридаги қоп-қора
доғлар-у
Кўкракларидаги қизил
хочлар-ла
Олиб кетилаётган юк
кемаларда,
Танага ботиб, суқилиб
киргач
Уни бўлакларга
ажратадиган
Найза қурғурнинг тўрт
томонида-
Сўнгги фарёдимнинг
сояси ётади.
Дайди, дарвешмонанд ҳофизнинг
Афт-ангорни
бужмайтирадиган
Бўрттирма тасвирли
хонишларида,
Қуёш қиздирган дақиқаларда
Жанг майдонидаги ириган
Жасадлардан мазохист
каламушлар
Уюштирган зиёфатларда,
Бичилган қул каби
кимсалар
Ўз араваларида
норасидаларнинг
Жасадларини ортиб
зиёрат учун
Давом этган йўллар
ортида,
Ва ниҳоят ватанимнинг
Ҳар бир парчаланган қисмида-
Энг сўнгги фарёдимнинг
сояси ётади…
…Бреда қўнғироқлари
мисоли фил суягидек гап. Парка** суякларнинг ипларини мудом қирққани ва қисматда
не ёзилганига қарамай ўлим ҳеч қачон ғолиб бўлмайди. | 2020-10-11 | http://nodirabegim.uz/archives/3259 |
—
Бир куни чошгоҳ пайтида
Мен узун мактуб битдим-да
Cенга туҳфа юбордим, қизим.
Сен мендан олисларда эдинг,
Қарши олгандинг ўн олти ёшни.
Билсанг белгилаб қўйилган азал
Олмаларни асрлар давомида саралаш
Келиб чиқишига қараб уларни.
Улардан бири хусусан
Боғидандир Узоқ Шарқнинг
Ва бир олтин олма
Ловуллар тўй зиёфатида.
Яна бири кампир
томонидан
Пастак деразадан узатилар ҳануз.
Яна қайсидири пайдо бўлгандек
Суқротнинг дарси чоғида.
Тағин бири тасаввурда
борки,
Фромм мақсадга етмоқлик учун
Сакрашга ошиқмоқ зарурлигини
Тушунтирган унинг кўмагида.
Лоқайд Чарли ташлаган яна
бири бор,
Ньютонни медитация пайти
уйғотган.
Шунингдек, мавжуд бир
сайёҳда ҳам
Саҳрои Кабирни кезиб ўтган.
Бошқа бири эса 1942 йилги
Панжара ортидаги олма дарахти
Пойидаги муҳаббат белгисидир.
Ва доимгидек биз биргаликда
Парвариш қилаётган
Боғдаги битта дона ҳам.
Бу ўз ифорига эга,
Ажиб таъмли мураббо
Тайёрлаш мумкин бўлган олмалар
Ҳамроҳ бўлсин енгил қадамдек
Бутун умринг мобайнида сенга.
Ҳамиша етиб келади
Отмай туриб тонг,
Ҳамиша тайёр
Бўрондан олдин саҳнаси.
Гулли фартук тақиб,
Курсига чўкиб,
Бармоқлари ила тўйдиради
Орхидеяни куз рангларига.
Чиғаноқлар юзида оқар сув
Редиска, бақлажонлар
Устида сирпаниб.
Туйнук ичига сизиб киради қуйқа
Тонгги қуёш нурларига ўраниб.
Кўча бўйлаб эсадиган шамол
йўқ
Йўқдир бетон четидаги сотувчи.
Бир чимдим туз, сариқ кўкатлар
Илҳом париси — асли ҳаёт шу!
Қанот қоқар қалдирғоч каби
Барча йўллар уй томон
Чорлайдиган ўшал бахтли кун,
Йўлиқса агар қорга, жалага,
Ечар устидаги насия бўлган
Ниқобини, костюмларини.
Холам қўналғаси олис бу ердан,
Ёшлигида эди беназир
У қўшиқчи ва раққоса.
Тарк этганда саҳнани
Бир кун умидсизликда,
Кўз ўнгида гўё бу олам
Остин-устун бўлди ногаҳон.
У ижарага уй олди кейин
Гадой топмас чекка қишлоқдан.
Сота бошлади ферма тухумларини
Пуллади денгизнинг ажиб
Маҳсулотлари, сабзавотларни…
Қўшиқлари-чи этарди давом
Ҳар ерда қоқишда қанот:
«Сен парвоз қилгин қуш қалби мисол,
Осмонга тегишлидир камалак
Қачон, нима
бўлишидан қатъий
Лозим қанот қоқиб, куйлаш баланд!»
Мана, холам менга нима
деганди.
Митти қиш капалаги
Пешонамда ухлайди,
Буни туш деб ўйламайман ҳеч.
Қизил гилос дарахти узра
Чирилдоқ куйлайди қўшиқ.
Оқ капалаклар булути
Бир пас тўхтаб сўнг
Силжийди пастга.
Ушбу кутилмаган лаҳза ва
Кутилмаган учрашувга йўқ сабаб.
Олисдаги ёруғлик
Манбаига бирлашиб ёзиш ғояси
Пайдо бўлди узоқ вақт давомида
Сўнг бир зумда бўлди ғойиб.
О, митти оқ капалак
Ўтмишда бой хотираларинг бор,
Бу ҳаётда ингичка дарё
Ёқалаб учиб ўтиш
Денгизни кесиб ўтишдек
Ўз вазифангни адо эт.
Само учун,
Замин учун,
Ёки шунчаки бир инсон учун.
(Унинг қалбига дўнар улкан қор). | 2020-12-11 | http://nodirabegim.uz/archives/3273 |
Бирмада ёмғир челаклаб қуяётган тонг эди. Қамоқхонанинг баланд деворлари узра ғира-шира ёруғлик аста-секин ёйилиб келаётганди. Ўлимга ҳукм қилинганларнинг чоғроқ ҳайвонлар қафаси сингари жуфт-жуфт панжаралар билан тўсилган қатор-қатор ҳужраларидан ташқарида кутиб турардик. Ҳар битта ҳужра бўйига ўн фут ва энига ўн футлик ўлчамда қурилган бўлиб, ичида ёғоч каравот ва сув идишидан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Баъзи бирларида эса индамас қорамағиз кишилар адёлга ўралиб олиб, чўккалаб ўтирарди. Улар ўлимга ҳукм қилинган маҳбуслар бўлиб, бир-икки ҳафта ичида осилишлари керак эди.
Битта маҳбус ҳужрасидан олиб чиқилди. У сочи
тагидан олиб ташланган, кўзлари мазмунсиз боқувчи, чўпдай ориқ ҳинд эди. Нозик
гавдасига ярашмаган қалин мўйлови кинолардаги масхарабозникига ўхшаб кетарди. Олти
нафар бўйдор ҳинд соқчиси уни қўриқлаб, дорга олиб боришга шайларди. Иккитаси унга
милтиқ ва найзаларини тираб турди, бошқалари қўлига кишан солиб, кишан устидан
занжирлаб, камарларига осиб қўйишди ва қўлларини орқасига маҳкам қилиб боғлашди.
Қамоқхона соқчилари қўлларини маҳбусдан олмай, худди сирғалиб чиқиб қайтадан
сувга шўнғиши мумкин бўлган тирик балиқни ушлагандек ҳар томондан уни ўраб
ушлаб туришарди. Маҳбус эса нима бўлаётганини аранг англаётгандек, ҳеч қандай қаршилик
кўрсатмай, арқонланган қўлларини шалвиратиб турар эди.
Соат сакккизга бонг урди ва олис бараклар томондан чалинган горннинг нам ҳаводан ингичкалашиб кетган товуши янгради. Биздан нарироқда туриб таёғи билан шағал тошларни асабий туртаётган қамоқхонанинг катта офицери товушни эшитиб бошини кўтарди. У оқ оралаган ингичка мўйловли ва дағал овозли ҳарбий врач эди. «Худо ҳаққи, Френцис, тезлаш. Шу пайтгача нариги дунёга кетган бўлиши керак эдику! Ҳалиям тайёрмасмисан?» деб ўшқирди у жаҳл билан. Олтин кўзойнак такиб, оқ форма кийган семиз қамоқхона кўриқчилари бошлиғи ҳинд миллатига мансуб Френцис қоп-қора қўлини силкитди : «Хўп бўлади, сэр. Ҳаммаси кўнгилдагидек. Жаллод кутяпти. Ҳозир бошлаймиз» деб жавради. «Қани, жўнанглар унда! Ишни тугатмагунингизча маҳбуслар нонушта қилмай оч ўтиради!» Дорга қараб йўлга тушдик. Иккита қўриқчи милтиқларини чангаллаб, маҳкумнинг икки тарафига ўтиб олишди; яна иккитаси худди суяётгандек унинг қўллари ва елкасидан маҳкам ушлаб, ёнида кетишди. Қолганлар, қуйи даражали судьялар билан бирга уларнинг изларидан юрдик. Энди ўн ярдча юрган ҳам эдикки, кутилмаганда саф ҳеч қанақа огоҳлантиришсиз тўхтаб қолди. Аянчли ҳол юз берганди: майдонда қаердан пайдо бўлганини биргина Худо биладиган ит олдимизга югуриб чиқиб, қаттиқ ҳура бошлади. У шунча одамнинг тўпланганидан хурсанд бўлиб қутурарди. У баҳайбат ярим эрдельтерьер, ярим пария ёлдор ит эди. Атрофимизда бироз югургилагач, ҳаммани ғафлатда қолдириб, маҳкумга ташланди ва юзини ялаш учун сапчий бошлади. Орқамизга тисарилиб, унга тегишгаям қўрқиб довдираб қолдик. «Бу ланъати махлуқни ким бу ерга киритди? Бирортангиз тутсангизчи уни!» дея ғазабланиб бақирди катта офицер. Воқеадан четроқда қолган бир соқчи итга орқадан яқинлашди, бироқ ит сакраб, ирғишлаб унинг қуршовидан чиқиб кетди. Ёшгина евроосиёлик зиндонбон ҳовучини шағал тошга тўлдириб, уни тошбўрон килиб қувишга уринди-ю, ит барибир чап бериб, яна яқинлашаверди. Унинг оёқ остида ириллаши қамоқхона девордарида ҳам акс-садо берарди. Икки қўриқчи қуршовидаги маҳкум, булар худди дорга осишнинг навбатдаги расмиятчилигидек, бефарқ қараб тураверди. Яна бир неча дақиқадан кейин ҳамон ғингшиб типирчилаётган итнинг бўйнидан дастрўмолимни ўтказиб, нари тортдик.
Доргача таҳминан қирқ ярд қолганди. Олдимда
кетаётган маҳкумнинг деярли яланғоч баданига кўзим тушди. У чандиб боғланган қўллари
ва ҳиндларга хос юриши билан беўхшов, лекин қатъий қадам ташлаб борарди. Ҳар қадамда мушаклари ва бошидаги бир тутам
сочи бир маромда кўтарилиб тушиб турар, оёқлари эса нам шағалга ўз изларини қўйиб
кетарди. Соқчилар ҳар икки елкасидан ушлаб бораётганига қарамасдан,
бир мартагина олдидан чиққан кўлмакдан ўтиб олиш учун ёнламасига юрди.
Ғалати туюлиши мумкиндир, лекин ўша машъум дақиқагача соғлом ва эс-хушли одамни йўқ қилиш нималигини тушунмасдим. Унинг кўлмакни айланиб ўтганини кўргач, бировнинг айни авж палласидаги ҳаётини қирқишнинг қанчалик даҳшатли ва хато эканлигига гувоҳ бўлдим. У ўлмаганди, худди бизга ўхшаб тирик эди, бутун тана аъзолари ишлаётганди: ичаклари овқатни ҳазм қилар, териси пўст ташлар, тирноқлари ўсар ва янги тўқималар ҳосил бўларди. Яшаш учун секунднинг ўндан биригина қолиб сиртмоқ остида турганида ва пастга қулаётганида ҳам тирноқлари ҳамон ўсишда давом этарди. Кўзлари сариқ дорни ва кулранг деворларни кўрди, мияси воқеани эслаб қолди, кўлмакни айланиб ўтишни ҳам идрок қилди. У ҳам биз билан бирга юрар, кўрар, эшитар, ҳис қилар ва айнан битта оламни бўлишарди; икки дақиқадан кейин эса ногаҳоний ўлим сабабли орамиздан кимдир йўқ бўлади – бир ақлли камайса, дунё енгиллашади.
Дорлар қамоқхонанинг асосий ҳудудидан четроқдаги
кичик майдонда жойлашган бўлиб, баланд тиканак ўтлар билан қопланганди. Дор
жойлашган тепаликнинг уч томони ғиштдан кўтарилиб, тахта билан бостирилган, тахта
устидаги иккита устун эса дор арқони осилган
кўндаланг тўсинни тираб турарди. Оқ қамоқхона формасидаги сочларига оқ
тушган жаллод маҳкумни қатл машинаси ёнида кутарди. У келишимиз билан ўзига
ярашмаган тарзда букилиб саломлашди. Френциснинг буйруғига биноан маҳкумни
ушлаб келаётган икки соқчи уни дорга бошлаб боришди ва итариб зинадан чиқишига «кўмаклашишди».
Жаллод ҳам лип этиб юқорига чиқиб, дор сиртмоғини маҳбус бўйнига тўғрилаб қўйди.
Биз беш ярдча нарида, соқчилар эса дор атрофида айлана ҳосил қилиб туриб олишди. Бўйнига сиртмоқ илингач, маҳбус ўз Худосини тилга олиб бақира бошлади. Бу ўлимдан қўрқиб, раҳм-шафқат сўраб килинган илтижо эмас, балки занг чалинганидек қатъий, тўхтовсиз ва бир маромдаги «Рам! Рам! Рам!Рам!» деган ҳайқириқ эди. Бояги ит бу товушга ғингшиб жавоб қайтарди. Дор ёнида турган жаллод ун қопидек кичик бир коп олиб, маҳбуснинг бошига кийгизди. Лекин мато остидан бўғилган «Рам! Рам! Рам!Рам! Рам!» деган садо қайта ва қайта эшитилаверди. Жаллод пастга тушиб, дастакни ушлаганча буйруқни кута бошлади. Қатъий ва бўғиқ овоз ҳеч ҳам сустлашмади. Катта офицер бошини хиёл эгиб, таёғи билан ерни уриб турарди; балки у маҳбуснинг эллик, эҳтимол, юз маротаба ҳайқириб олишига қўйиб бериш мақсадида санаб тургандир. Барчанинг ранги ўзгариб кетганди. Ҳиндлар худди ачиган қаҳвадек бўзариб кетган, баъзиларининг ҳатто милтиқ учлари қалтираб турарди. Дордаги боши ёпиқ одамдан кўз узмай, Худосига қилган илтижоларини эшитиб турардик, ҳар бир қилинган илтижо тирикликнинг яна бир лаҳзасидан дарак бериб турарди; ҳамманинг хаёлидан қуйидаги фикр ўтган бўлса керак: «Тезроқ ўлдира қолинглар, токи бу аянчли овоз тина қолсин!»
Ниҳоят,
катта офицер бир қарорга келди шекилли, бирдан бошини кўтариб, «Қани, бўлинглар!»
деб бақирди. Нимадир жаранглаб кетди ва майдонга ўлик сукунат чўмди. Маҳбус
кўринмас, дор арқони эса чувалиб қолганди. Итни қўйиб юборишим билан дорга қараб
елдек учиб кетди; бироқ, етиб боргач, бирдан тўхтаб, вовуллади ва майдон
бурчагидаги тиканак ўтлар орасига чекинди. Жасадни текшириб кўриш учун дорга яқинлашдик
– унинг тошдек ҳаракатсиз танаси охиста
тебранарди.
Катта офицер ҳам етиб келиб, таёғи билан яланғоч танани туртиб кўрди — тана сал чайқалди. «Ўлибди» , деди у ва дор остидан чиқиб чуқур нафас олди. Ғазабнок қиёфа унинг юзини бирдан тарк этганди. Қўл соатига кўз ташлаб «Саккиздан саккиз дақиқа ўтибди. Эрталабга шу етади», деди. Соқчилар милтиқ қўндоқларини тушириб, ортларига қайтишди. Ўзининг қилмишини англаб, ҳушёр тортган ит уларнинг изидан пилдираб йўлга тушди. Биз ҳам дор майдонидан ва осилишга ҳукм этилиб ўлимини кутаётганлар ҳужраларидан ўтиб, қамоқхонанинг катта марказий майдонига чиқдик. Қолган маҳбуслар қамчи ушлаган соқчилар буйруғига биноан нонушта қилишаётганди. Улар узун қаторлар ҳосил қилиб, чўккалаганича идиш тутиб туришар, соқчилар эса пақирдан гуруч олиб, чўмич билан қуйишарди, бу бояги дорга осиш саҳнасидан сўнг анчайин қувноқ манзарадек туюлди. Иш бажарилгандан сўнг ўзимизда қандайдир ажиб енгиллик ҳис қилардик, кимдир куйлар, кимдир хахолаб куларди. Ҳаммамиз бирваракайига ҳушчақчақ суҳбатга киришиб кетдик. Ёнимда келаётган евроосиёлик йигит биз келган йўлга боши билан ишора қилиб, илжайганча гапира кетди: «Биласизми, сэр, дўстимиз (дорга осилган одамга ишора қиляпти) шикоят аризаси рад этилганини эшитиб, қўрққанидан ҳужрасидаги полга ёзилиб юборди. Илтифот қилиб сигаретимдан олинг, сэр. Бу янги кумуш қутим ёқмадими сизга? Олибсотардан икки рупия саккиз тийинга олдим. Ноёб европача услубда ясалган.» Бир неча киши кулиб юборди – уларнинг нимага кулганини аниқ айтиш мушкул эди.
Френцис бўлса катта офицернинг ёнида тинмай вайсаб кетаётганди: «Сэр, кўрдингизми, ҳаммаси кўнгилдагидек ўтди. Кўз очиб юмгунча. Лекин, иш доим ҳам бунақа осон кўчмаган. Баъзан маҳбуснинг ўлганига ишонч ҳосил қилиш учун шифокор дор остига келтирилиб, оёғидан тортиб кўрарди. Ғирт аҳмоқлик.» «Қимирлатиб кўришми? Бу яхши эмас» , жавоб қайтарди катта офицер. «Нимасини айтасиз, сэр, энг ёмони буларнинг ўжарлиги тутиб қолса бўлади. Ҳалиям ёдимда: биттасини олиб кетиш учун келсак, у нодон қафасининг панжаралари орасига тиқилиб олибди. Ишонишингиз қийиндир, лекин уни тортиб чиқариш учун ҳар оёғига учтадан нақ олтита соқчи керак бўлди. Ланъати маҳбус билан келишишга ҳам ҳаракат қилиб кўрдик, «Ошна, бизга қанча азоб-у ортиқча муаммо туғдирётганингга қара» дедик, барибир қулоқ солмади. Шунақанги кўп ташвиш келтиргандики…»
Қамоқхонанинг улкан қўшалоқ дарвозасидан кўчага чиқдик. «Оёғидан тортиб кўриш!» деб бирмалик судья бирдан хандон отиб кулиб юборди. Кулгига биз ҳам қўшилдик. Ўша пайтда Френциснинг латифаси жуда кулгили туюлганди. Ҳаммамиз: маҳаллийлар ва европаликлар бирга дўстона ўтириб ичдик, осилган маҳбус эса юзлаб ярд олисда қолиб кетганди. | 2020-11-13 | http://nodirabegim.uz/archives/3279 |
Бир кимса сўз ва ҳайқириқлар савдоси
билан шуғулланар, ҳатто баҳосини талашиб арзонгаров сўровчилар ҳам анчайин
топилиб унинг иши бароридан келарди. Бу одам мижозларига ён босиб пешвоз
юрганидан кўча савдогарларига озмунча ҳайқириқлар, молиячи сеньорларга турли
ичикиш-у, хўрсинишлар, яна бир талай шиорсифат сўзлар, чақириқлар,
илтимосномалар ва ялтоқ ҳикматлар сотишни уддалаганди.
Ниҳоят бу одам, ўзига хослигидан бебеҳра
мустабидча каби мустабидча бўлган – маҳаллий мустабидча қабулига кириш пайти
етганлигини англаб қолди; у эса сўз савдогарини генераллари, котиблари қуршовида
бир финжон қаҳва устида қабул қилди.
— Мен сизга сўнгги каломингизни сотишни
истардим, — деди сўз савдогари. – Вақти келганда сиз, бусиз лом деёлмай қоласиз,
сўзлар ўз-ўзидан рисоладагидай чиқмайди; сирасини айтсам, нима десангиз денгу,
бу сўзлар бехато ва шаксиз тарихда из қолдиришда ҳал қилувчи оғир дамдаги нутқингиз
учун қўл келади.
— Таржима қил, нима деб валдираяпти…
– ҳукм қилди мустабидча таржимонига.
— Ҳазрати олийлари, у аргентиналик
бизнинг тилимизда сўзлаяпти.
— Аргентиналик? Нега унда мен ҳеч вақони
тушунмаяпман?
— Ростини айтсам чунон тушундингиз, —
деди сўз савдогари. – Такрорлайман, мен сизнинг сўнгги каломингизни сотмоқчиман.
Мустабидча бундай вақтларда
мустабидчаларга хос ўзини тутишга монанд ўрнидан отилиб турдида, овозидаги
титроқни базўр босиб, бу одамни қамоққа олишни ва шаксиз ҳукумат уйларидаги
мавжуд қамоққа ташлашни ҳукм этди.
— Афсус, — иддо қилди сўз савдогари уни
олиб кетишаётганларида. – Ахир ундай қилсангиз ҳам, бундай қилсангиз ҳам вақти
келиб сиз сўнгги сўзни айтишни истаб қоласиз, қайга бош урманг айтишга тўғри
келади, ахир бу ҳар нечук тарихда из қолдириш. Мен айнан шу сўзларни сизга
сотишга чоғлангандим, мободо бу сўзларни аввалдан ёдлаб олмасангиз муҳим пайт
келганда тилингиз айланмай қолади.
— Мен уларни ирода этишни истарканман,
не сабаб айта олмайман? — сўради
мустабидча энди бошқа бир финжон кофе қаршисида туриб.
—
Чунки сизни қўрқув босади, — деди маъюслик билан сўз савдогари. – Сиз бир
кўйлакда совуқ, ҳам даҳшат ичида тишларингиз тақиллаб, бўйнингизда сиртмоқ билан
турасиз, шу сабабдан бир оғиз калом айта олмайсиз. Жаллод ва унинг қўл
остидагилар орасида мана бу сеньорлардан қайсиларидир бўладиган вақтда
одамшавандалик ниятидагина икки дақиқага сабр қилишадилар ва сизнинг
ижронгиздаги авф сўраб ёлвориш билан ҳиқичоқ аралаш ингроқни эшитганлари заҳоти
уларнинг бардошлари тугаб сизни осишади.
Фитнакорлик!
Барча мулозимлар, айниқса генераллар бетафиқни асло кечиктирмасдан отиш
зарурлигини талаби билан мустабидчани қуршаб олишди. Аммо мурда каби бўздай оқарган
мустабидча жайдаричасига барчани қувиб солиб, сўз савдогари билан ёлғиз қолди –
ҳар қалай у, сўнгги сўзини сотиб олишга қарор қилганди.
Пировардида бу каби муносабатдан ҳақаротланган
генераллар ва котиблар ўтган вақт оралиғида исён тайёрлашиб, эртаси куни
тонгдаёқ мўъжазгина жаннатмаконида узум еб, ҳузурланиб ўтирган мустабидчани қамоққа
олишди. Мустабидча ўзининг сўнгги сўзини айтиб улгурмаслиги учун уни зудлик
билан отиб ташлашди. Сўнгра, исёнчилар ҳукумат уйидан йўқолган сўз савдогарини қидиришга
киришишди; уни ҳеч бир қийинчиликсиз топишди, чунки у товламачи-табибларга маҳсулот
мақтов луқмасини пуллаб бозорда изғиб юрганди.
Уни миршаб мошинасига тиқишиб, қамоққа олиб боришди ва у ерда
мустабидчанинг сўнгги сўзи нима бўлишини билгилари келиб қийноққа солишди. Сўз
савдогаридан ҳеч бир иқрорни ола билишмагач, ўлгудай тепкилашди.
Ўша одамдан чақириқларни сотиб олишган кўча савдогарлари кўчаларда ҳайқириш билан машғул бўлишди, кейинроқ шу ҳайқириқлардан бири яна бир исёнга чақириқ, махфий сўз вазифасини ўтаб генераллар ва котибларни адо қилди. Улардан айримлари ўлими олдидан, бунинг ҳаммаси аслида қабиҳ қўзғолоннинг давоми дея фараз қилишганча гангиб қолишиб, сўз ва чақириқларни қатъий айтганда сотишга уринса бўлади-ю, сотиб олиш умуман мумкин эмас, гарчи бунинг ҳаммаси афтидан куракда турмайдиганга ўхшайди деган фаразга боришди.
Шу тариқа ҳаммалари ҳам чириб кетишди:
мустабидча ҳам, сўз савдогари ҳам, котиблар-у, генераллар ҳам, чақириқлар эса
вақти вақти билан кўчаларда ҳамон қулоққа чалиниб қолади. | 2020-10-18 | http://nodirabegim.uz/archives/3161 |
Резауддин Сталин- таниқли бенгал шоири ва телебошловчиси. 1962 йил 22-ноябрда Бангладешнинг Жесор шаҳрида туғилган. Дакка Университетининг сиёсий фанлар бўйича магистри. 35 йил давомида “Назрул Ислом “ жамғармасига раҳбарлик қилган. Ҳиндистоннинг “Натто Чохро”(1985), Бангладешнинг “Шобхо Шачи”( 2011), Ақшнинг “Бадам”( 2012), Англиянинг “Журналистлар учун” мукофотлари (2018) соҳиби.
Вақтим бўлинган ҳўкизнинг туёғи каби
Лаҳзалар ёрилган фермернинг
Тўқ ранг оёқларидек.
Таваллудим бўлмай вақтга дахлдор,
Воқеалар лаҳзага кишанланмаган
Ва жаҳонда рўй бермаган пайти ҳеч нарса
Кўндаланг турар статист ёқтирган савол:
Чўчиганим учун ўлим даҳшатидан
Харис бўлсам вақт моҳиятига наҳот?..
Ҳеч нарсамас минг йил қадимшуносга,
Бир аср аҳамиятсиз файласуф учун,
Фалакшуносга юз милён йил
оний бир фурсат.
Вақтим таъсирида ҳис қилдим аммо
Ташналик азобига монанд туйғуни.
Илғадим лаҳзаларни рўй бермасидан
Кўра олдим саёҳатни бошланмай туриб.
Ҳали туғилмаган ҳомила учун вақт
Бу оламда мавжуд эмаскан алҳол.
Олдинги ҳодиса етаклаб келган
Туғилиш фарёдисиз ҳомила э-воҳ,
Туташмаскан кейинги ҳодисаларга…
Вақтим бўлинган ҳўкиз туёғи каби
Лаҳзалар ёрилган фермернинг
Тўқ ранг оёқларидек.
Шу фарёд етказди ибтидом хабарин
Таваллудимга қадар шукуҳли дамдан
Мосуво бўлган дунёи дунга.
Эстрагон, кўз ёш тўкишни бас қил,
Годо келади эртага бешак,
Ахир, тингладинг-ку чўпон болани!
Яхшиси чайнагин-да берган сабзимни
Ва ўйла дунё очқаган бир пайтда омад
Севимли таомнингни сенга тутганин.
Хўш, Эстрагон
Биз кутаётган Годо асли ким,
Кўрганмисан уни бир бор ҳеч қурса,
Ташрифи берарми қорин боқмоққа умид?
Йўқ эрса, нега кутамиз уни ҳар куни? …
О, бу кутиш даҳшатлидир ҳатто қонхўр
Хўжайин Пеццонинг ҳайвонсифат хулқидан;
Оғриқлидир иш толиқтирган Лаккининг
Оғзидан сизиб тушаётган майда тупук ё
Оёғингдаги пойабзални ечиш ташвишидан…
Юр, ундан кўра борамиз-да басма-бас
Ўзимизни осамиз ўша қурғур дарахтга!
Лекин, қара кечагина яланғоч, ҳорғин
Дарахтда пайдо бўлмиш янги куртаклар.
Буни қандай мумкин инкор қилмоқлик?!
Эстрагон, кўз ёш тўкишни бас қил
Ахир, тингладинг-ку чўпон болани,
Годо келади эртага бешак!
Гапга кир, бу узоқ кутиш жараёни
Қонхўр Пеццога улашди кўрлик.
Малай Лакки бўлса бўлди кар-соқов,
Пойабзал ўлчовинг ўзгарди ҳайхот!
Яланғоч дарахт-чи барг тўкди бир-бир.
Ҳой, Эстрагон, кўз ёш тўкишни бас қил!
Кўз ёш кутиш азобига қўшади умр.
Бунинг ўрнига кел бир-биримизни
Қучайлик айрилиқ олдидан маҳкам.
Бувим тегинмади таомга бу кеч,
Хушларди шундай одатни ўзи:
Онам билан чиқса ўртада жанжал
Полга тўкарди таомни буткул,
Тановул қилиб бир-икки луқма…
Бежизга айтишмас инсон сочида,
Оқ кўпайгач бўлар гўдак мисоли.
Бўлиб қолар қайсар, муроса билмас,
Атрофга боқади ишончсизлик-ла.
Илинман унга шу дам ҳамдардлик,
Бу табиий чунки ёшман, навқирон.
Тарбиясиз бувим-чи йиғлар қотириб
Тун ярмидан оқиб ўтгунга қадар.
Унинг фарёди мажбур қилган чоғ
Зўрлаб кўзларимни юмиб уйқуга.
Ичимда Титонус уйғониб шўрлик
Кўз ёш тўкаман мен ҳам пиқиллаб.
Унинг йиғи аралаш афсусларини
Эшитар уйдаги ҳар бир иссиқ жон.
Баъзи қўшнилар ҳузурига-да
Мунгли овоз етар таралиб, шаксиз.
Фақат менинг надоматларим
Эшитилмас…эшитмас ҳеч ким.
Қандай қилиб эшитсин биров
Ўзим улардан бўлсам бехабар. | 2020-10-19 | http://nodirabegim.uz/archives/3167 |
Қаердаман? Билмадим. Мен эски уйдаги шинамгина хонадаман. Бу ерда кроват, қимматбаҳо курси ва чиройли айлана стол бор. Мен айни пайтда деразадан ташқарига қараганимда яшил кенгликдан бўлак ҳеч нарса кўрмадим. Қуёш дала бўйлаб чарақлаб турарди. Мени қулоғимга сокин мусиқа эшитиларди. Бу Моцарт эди.
Нега бу ердаман? Билмадим. Бошим жароҳатланганди. Мен на эшикни, на деразани очолардим. Эгнимда яшил кўйлак ва шим бор эди. Менга яна очлик азоб берар ва яна қайтадан Моцарт куйи қулоғимга эшитиларди. Ҳозир бошимдаги жароҳат сезилмас, лекин ҳануз исмимни эслаёлмасдим. Мен ҳеч нарсани эслаёлмасдим. Аммо тўсатдан кимдир келаётганини эшитдим. Ташқарида кимдир мен турган хонага яқинлашар эди. У эшикни очди. У қора шим ва оқ кўйлак кийган эркак киши эди. Уни танимадим. Мендан сўради:
-Салом. Бошинг тузукми?
— Бошим? Ҳа, тузук. Ҳозир оғриқ сезилмаябди.
— Унда яхши.
— Қаердаман ўзи?
— Билмайсанми?
-Йўқ.
— Буни ич.
Унинг қўлида стакан бор эди. Мен стакандаги суюқликни ичдим. Яна толиққанимни сездим ва уйқуга кетдим…. Соат неччи бўлди? Бошимдаги жароҳат яна оғриётганди. Мен қоронғу хонада кроватда ётардим. Энди мусиқа эшитилмасди. Мен хонадаги чироқни ёқдим. Стол устидаги стаканга кўзим тушди. Стакандаги суюқликни сипқордим. Сўнг ухлагани ётдим. Яна ва яна уйқум келарди…. Тўсатдан чўчиб тушдим.
— Уйғон!
— Нима
бўлди? Менинг бошим…
— Сенга
бир қанча саволларим бор?
Аввал кимлигини айт?
— Билмайман.
— Исминг нима?
— Билмайман ахир.
— Яна
қайтараман, исминг нима?
— Айтдим-ку. Билмайман.
— Қаердансан?
— Мен
ҳечнарса билмайман.
— Ич
буни.
— Йўқ, ичмайман. Бу ерда нима…
— Буни ичасан. Тушундингми?
Унинг қўлида тўппонча бор эди. Мен стакандагини ичдим. Хона яна қоронғулашди.
Мен яна ухлаб, қайта уйгондим. Ташқарида сув қўйгандек
жим-жит эди. Деразадан қуёш нури хонага тушиб турганди. Стол устида овқат ва сув бор эди. Мени чарчоғим бироз тарқалган ва бошим
ҳам тузалгандек эди.
Шу пайт кимдир келди.
Эшик очилди. Бу ўша
қора кийимли одам эди. У мендан сўради:
— Энди
гаплашишни хоҳлайсанми?
— Нима
ҳақида?
-Хўш, кимсан ўзи?
— Ўзингиз
кимсиз?
— Сендан сўраябман. Нега бу ерга келдинг?
— Ўзингиз айтинг, нега бу ердалигимни.
Тўсатдан
у менга мушт туширди. У
юзимга зарб билан урди. Сўнг сўроққа тутди.
— Яна
бошидан бошлаймиз. Кимсан?
— Эслолмайман. Илтимос қиламан, мени урманг…
Аммо у қулоқ солмади. Ниҳоят, эшикни очиб, чиқиб кетди. Мени бошимнинг орқасида ғурра бор эди. Аммо ҳозир у унчалик оғриқ бермас, кўпроқ юзим ачишаётганди. Ғурра.. Мен ниманидир эсладим. Ҳа, эсладим. Мен яшил далада дарахтлар остида ётгандим. Мени қўлимда дурбин бор эди. Мен бир уйни кузатаётгандим. У эски ва ҳашаматли уй эди. Ортимдан келаётган товушни эшитиб ўгирилганим эсимда. Қаршимда катта ит етаклаган нотаниш бир одам турарди. Унинг қўлида тўппончаси бор эди ва у тўппончаси билан бошимга туширди. Кўз олдим қоронғулашиб кетди. Бошимдаги ғурра ўша зарбни асорати эди.
Нега? Нима учун мен яшил далада эдим? Мен кимман ўзи? Полициячиманми? Айғоқчиманми? У одамчи? У
полициячими ёки айғоқчими?
Ёки жиноятчими? Билмадим. Аммо ҳозир ниманидир эсладим. Эртага. Эртага янада кўпроқ нималарнидир эслашим мумкин.
Кейинги кун. Қора кийимли одам яна келди.
— Хўш, бугун аҳволинг қандай?
— Яхшиман.
— Бирор
нарса эсладингми?
— Ҳа озроқ.
-Нима
иш билан шуғулланасан
ўзи?
— Билмайман.
— Бизни
нима учун кузатаётгандинг?
— Билмайман.
Ўзингиз кимсиз, менга
айтинг? Балки шунда эсларман.
— Жуда
ақлли экансан. Мен сенга ҳечнарса айтмайман.
У чиқиб кетди. Мен яна эслашга уриндим. .. Мен уйни кузата
бошладим. Кечқурун эди. Мен кўк
кийимда эдим. Эшик яқинига ёруғлик
тушди. Қандайдир машина келиб тўхтади.
Бу оқ ягуар эди. Мен эҳтиёткорлик билан кузатдим. Иккита одам яқинлашганини кўрдим. Уларни қўлида қути бор эди. Кейин
овоз яқинроқдан эшитила бошлади. Хона қоронғу эди. Мен ташқаридаги товушларга қулоқ тутдим. Нотаниш аёл ўша қора кийимли эркак билан
суҳбатлашарди.
— Хўш, у билан яна гаплашмоқчимисан?
— Балки. У бошидаги ғурраси сабабли ҳечнарсани эслолмаяпти.
— Суюқликчи?
— Йўқ. Суюқлик бизга ёрдам бермаяпти.
— Яхши.
Унда ҳиссасини кўпайтириш
керак. Ёки бошқа йўлини
танлаш керак. Бизни ортиқча вақтимиз йўқ. Бу муҳим масала.
Мен калит товушини эшитдим. Улар калитни қулфга солишди. Калитни бураб, эшикни қайтадан қулфлашди. Кейин эса жўнаб кетишди. Бироқ калит эшикни қулфида қолди. Икки кун ўтди… Улар нима қилишмоқчи. Мен ҳануз шу ерда эдим. Калит эса қулфда турарди. Мен стол устидаги қоғозни олдим. Қоғозни эшик остидан итардим. Қоғоз эшик остида турарди. Ручкани олиб қулфга солдим. У ерда калит бор эди. Қулф ичида. Калит сирғалиб нариги томонга, пастга тушди. У энди қоғоз устидамикан? Билмасдим. Мен жуда секин ва эҳтиёткорлик билан қоғозни ўзимга тортдим. Наҳотки, калит қоғоз устида эди! Мен калитни олдим ва эшикни очдим. Ташқари сокин эди. Узун коридор кўринди. Бироқ у бўм бўш эди.
Мен коридор бўйлаб юрдим. Уй жуда чиройли эди. Мен яна Моцарт куйини эшитдим. У ерда хоналар кўп эди. Коридор охирида зина бор эди. Мен зинадан пастда одамлар товушини эшитдим, энди пастга тушолмасдим. Мен рўпарадаги эшикни очдим, у ётоқхона эди. Сўнг бошқасини очдим. Бу хона суратлар билан тўла эди. Машҳур суратлар, Пикассо, Рембрандт, Ван Гогнинг суратлари. Жуда гўзал тасвирлар эди. Ўша одамлар эса ҳозир пастда эди. Бу хонада яна қутидаги миллион фунт стерлингга кўзим тушди. Миллионлар! Пикассо суратига қарадим. Бу Арт галлериясидан ўғирланган машҳур Пикассо сурати эди. Улар ким? Ўғриларми? Менчи? Кимман? Мен эшикни ёпдим. Энди бу уйдан қандай чиқиб кетаман. Уларнинг қуроли бор эди. Эсладим. Ётоқхоналарни бирида. У ерда телефон бор эди. Мен полицияга телефон қилишим керак. Ўша ётоқхонани топдим, телефон рақамига ва манзилга кўз югуртирдим. Брадстрээт 35972. Телефонни эҳтиёткорлик билан олдим. 999… Кутиб турдим. Операторнинг овози эшитилди.
— Полиция,
ўт ўчириш ёки тез ёрдам?
— Полиция керак… илтимос тезроқ.
— Манзилингизни
айтинг.
— Брадстеэт 35972. Тезроқ! Бу ерда мени асирга олишган. Қочиб кетолмаяпман. Бу уй ўғирланган расмлар билан тўла. Тезроқ келинг.
— Исмингиз
нима?
— Тезроқ
келинг. Мен айтолмайман…
Коридорда одамлар товуши эшитилди. Мен телефонни қўйдим. Мен уларни қулфланган хона яқинида гаплашишаётганини эшитдим. Аёл кишини эркакка
гапирган овози эшитилди.
— Яхши, эшикни оч, қани.
— Мен калитни тополмаябман.
— Ошхонада
яна битта калит бор. Ўшани
олиб кел.
— Хўп, ҳозир.
Бироздан сўнг у калитни олиб қайтди ва эшикни очди. Бироқ эркакнинг бақиргани эшитилди.
— Бу нимаси? У ғойиб бўлибди, лекин эшик қулф эди-ку.
— Уни
тезда топ, тўппончангни
ол. Фурсати келса, уни тинчит. Тушундингми?
— Хўп.
Мен ўша эркакнинг овозини эшитиб турардим. У эшикларни бирин кетин очиб чиқа бошлади. Саросимага тушдим. Наҳотки, полиция келмаса? Зум ўтмай у мендан олдинги хонага яқинлашди. Шу лаҳзада мен полиция машинасини овозини эшитиб қолдим. Улар уй ташқарисида етиб келишганди.
Аёл эркакга
қарата деди:
— Полиция келди. Улар нима хоҳлашяптикан. Қуролингни яшир.
Улар зинадан пастга тушишди. Мен пастдаги овозларга қулоқ
тутдим. Аёл сўз бошлади:
-Ассалому
алайкум, Инспектор. Биздан нима хизмат?
— Биз уйингизни текшириб кўрмоқчимиз. Баьзи
ўғирланган суратларни топишимиз керак.
— Аммо
бу ерда ҳечнарса йўқ.
Буни сизга ким айтди?
— Телефон
бўлди. Ким қўнғироқ қилганини билмаймиз.
Пайти келгандан фойдаланиб, мен хонадан отилиб чиқдим.
— Мен
сизга қўнғироқ қилдим.
Суратлар юқорида. Сизга
кўрсатаман, ортимдан келинг.
Ўн дақиқа ўтгач аёл ва эркак полиция машинасига ўтқазилди.
Инспектор менга сўз қотди:
—
Баракалла, Эдди, бу жудаям кутилмаган совға бўлди.
— Эдди?
Бу мени исмимми?
— Сен мени эслолмаяпсанми?
— Мен
ўз исмимни ҳам
билмайман. Мен Эдди… ми?
— Эдди
Ҳемптон. Бу ерда ўзи нима қилаётгандинг?
Мен унга яшил далада дурбин билан атрофни кузатиб ётганимни ва кейин бошимда зарба еганимни айтдим. Хонада қулфланиб қолгач эса қоғоз ва ручка билан эшикни қандай очганимни ҳам айтиб бердим.
У мени гапларимни мийиғида кулганча тинглади, мен ундан сўрадим.
— Яхши, сиз айтгандек Эдди Ҳемптон бўлсам, унда ким эдим? Мен ҳам полициячи
эдимми?
У яна кулиб юборди.
— Йўқ
Эдди. Сен полициячи эмассан.
— Унда
мен кимман? У ерда нима қилаётгандим?
— Билмадим,
аммо сенга бир нарсани айтаман.
— Хўш, нимани?
— Эдди Ҳемптон аслида жиноятчи… аниқроғи ўғри. Лекин унчалик катта ўғри эмас. Бояги иккита одам эса катта ўғрилар, улар қимматбаҳо нарсаларни ўғирлашади. Сен эса Эдди, киссавур ўғрисан, Сен уйдан телевезор, радио, видео баъзан озроқ пул ўғирлаб турасан. Сен кичик ўғрисан, Эдди. Аммо бугунги ёрдаминг учун сенга катта раҳмат! | 2020-10-24 | http://nodirabegim.uz/archives/3171 |
АШРАФ АБУЛ ЯЗИД — ТАНИҚЛИ МИСР ШОИРИ. 1963 ЙИЛДА ТУҒИЛГАН. МИСРДАГИ “БУЮК ИПАК ЙЎЛИ” СЕРИЯСИДАГИ КИТОБЛАР НАШРИНИНГ БОШ МУҲАРРИРИ. 30 ЙИЛ ДАВОМИДА МАДАНИЯТ ЖУРНАЛИСТИКАСИДА ФАОЛИЯТ ЮРИТГАН. 35 ГА ЯҚИН МУАЛЛИФЛИК ВА ТАРЖИМА КИТОБЛАРИ НАШРДАН ЧИҚҚАН. 2012 ЙИЛДА ТАТАРСТОН АВТОНОМ РЕСПУБЛИКАСИДА “МАДАНИЯТ ОДАМИ” ДЕБ ТОПИЛГАН. 2014 ЙИЛДА КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АДАБИЁТ ЙЎНАЛИШИДАГИ “МАНХАЙ” ВА 2015 ЙИЛДА МАДАНИЯТ ЙЎНАЛИШИДА АРАБ ЖУРНАЛИСТЛАРИ УЧУН ТАЪСИС ЭТИЛГАН МУКОФОТЛАРНИ ҚЎЛГА КИРИТГАН. 2016 ЙИЛДАН БЕРИ “ОСИЁ ЖУРНАЛИСТЛАР АССОЦИАЦИЯСИ” ПРЕЗИДЕНТИ ЛАВОЗИМИДА ИШЛАБ КЕЛАДИ.
(DARK CLOUD)
Қора булутдан нафратланасан
Кўринмагунча ёмғир томчиси.
Ташланмагунча кўзга капалак
Лаънатлайсан
Бадқовоқ ипак қуртини.
То юрагимга қилгунча ташриф
Биқиқ ерлардан безиллар руҳинг…
Сенга айтсам,
Сирларим шунчаки оддий.
Учта хонам бор:
Китоб ва сурат,
Қалам ва ҳужжатларимга тўлган.
Орзулар нафас
олаётган бесас
Сўнгги хонам-чи берк
Зичланган маҳкам.
Йўқотганман унинг калитин.
Қачон? Булутлар қамал қилган хотирам
Панд бермаса қишда
Ёмғир остида,
Тутган пайтим бошинг узра ёмғирпўш…
Кел ёнимга,
Сен келган лаҳзадан бошлаб,
Эҳтиёжим бўлмас ёмғир туфайли
Музлаб улгурган шу орзуларимга.
(LOVE)
Ўзим бир пайтлар
Савод чиқарган эски
Мактабимга бордим-да
Кирдим эски синфимга шитоб.
Ўтирарди у ердаги
Қадрдон партамда болакай.
Ўхшамаса-да ҳеч
Болаликдаги сийратимга
Икки томчи сувдек,
Унга меҳрим тушди
Бир кўришда негадир.
(RAIN)
Шаррос қуяётган
Ёмғир ичида
Ёлғиз томчи
Кўзга ташланмай
Чиқади эсдан.
(A STREET IN CAIRO)
Қисқа фурсатга
Уйга қайтган одамнинг
Ҳисобида бўлар
Бор йўғи икки кун:
Келган куни ва
Кетишга тараддуд кўрадиган кун.
Уни кўриб
Кўзларга ёш келадиган ва
Хайрлашув саҳнасида
Қисматига кўз ёш тўкиладиган кун.
Шундай кунки,
Дўстларга қучоқ очилиб
Cўнг уларнинг саробига
Пешвоз чиқадиган кун.
Шундай кунки,
Уларга уруш ҳақида сўзлаб
Уруш қурбонлари ҳақидаги
Уларнинг ҳикояларин
Тинглаш билан
ўтадиган кун.
Барҳақ ўлимни ёдга солиб
Бутун умрга татийдиган кун.
Қисқа фурсатга
Уйга қайтган одам
Шу қисқа фурсатда эсга олади:
Уруш бошланган маҳал
Кўз олдига мўлжални келтиришганин,
Сув идишнинг найчаси билан
Оғзини ёпишганин ва
Ажалга тутилганин
Ажратолмай порох ҳидини.
Қисқа фурсатга
Уйга қайтган одамни
Шу қисқа фурсатда олқишлашади:
Қоҳира кўчаси билан
У бир пайтлар
Босиб ўтган икки троутар,
Қувғиндаги руҳсиз
Танасининг қум зарралари,
Ёқиб юборилган қоғозлар,
Ўқлар ва симёғочлар
Остида бой берилган урушлар.
Қисқа фурсатга
Уйга қайтган одам
Ўхшар ўзидан из қолдириб
Аммо оғриқсиз ўтадиган
Дафн маросимларига гувоҳ кўчага.
Қоҳира кўчаси
Икки минг йил мобайнида
Ўз ҳолига ташланиб,
Чиркин суяклар қоришмасидаги
Қуруқ дарахт ва одамларга
Тўлдирилган бўлса-да,
Менгзалгандек ҳаёт ўлимга гўё
Менгзалади соф оқаётган дарёга.
Қисқа фурсатга
Уйига қайтган одам-
Бу шунчаки андуҳларга тўла равонлар,
Бой берилган урушлар,
Қонга ботган оёқлар ва
Ўликларга тўла Қоҳира кўчаси.
Жувонмарг бўлганлар
Унинг қалбида яшар барҳаёт,
Ролларини маромига етказиб
Якунлашгач янгиликларда.
Қисқа фурсатга
Уйга қайтган одам
Йиллар давомида
Қум ва шамол ёрдами билан
Ажратилган икки шаҳар қўлидан
Ахтаради маъно, манзара.
Қисқа фурсатга
Уйга қайтган одам
Ва ниҳоят савол берар ўзига:
Тарихга кўмилган саноқсиз уруш
Қиларми деб кифоя алҳол. | 2020-10-26 | http://nodirabegim.uz/archives/3177 |
Нимага ўхшар
Сендаги унутишга бўлган
Мойиллик ҳисси аслида?
Ўхшар кўзгулардан
Ташкил топган легионга,
Ё қулоқ остида майин
Шивирланган сўзга
монанд
Касб этар ундаги
ўхшашлик,
Ё ўхшайди махагон ёғочидан
Тайёрланган қизил
жавоннинг
Ичидан таралаётган
сукунатга.
***
Кўзга кўринмаслик
Яратилар қориштирилиб
Тош ва эркакларнинг қиёфасидан.
Кўзга кўринмаслик —
Чекинишга шай турган
бўрон,
Жасурликнинг йўқолиши
илкис
Ё жимитдек араванинг
Тишсимон ғилдиракларин
Тирқишида чайқалган
нигоҳ.
***
Сен биласанми
Китобларни каравот
остида
Қандай қилиб сақлаш
санъатин?
Қутиларни хотиралар-ла
Семиртириб
тўлдиришни-чи?
Билсанг агар асли булар
ҳам
Қилар катта санъатга
дахл.
Худди санъат бўлгани
каби
Сувда сузиш чўкмасдан
кунлаб
Фақатгина кўрсатмоқ
учун
Етмаслигин ўпкага
шикаст.
***
Эгилишар букилиб
Хонанинг бурчагида
соялар.
Гавдаланишар
Жойлаш дардида
Юрагимга қўрқув ҳиссини.
Иккимиз учун
Кўп ардоқли бўлган
Ётоқхонага киришар
шитоб…
Шундай қилишда
Этишар ҳар доим давом
Шунчаки йўқ бўлгани
боис
Қилмоққа бу юмушни
биров.
***
Сен кийинасан шодон
Улашасан ним
табассуминг
Ва тақасан
кўзойнагингни.
Бутун танангни кўмган
Зулмат эса қолар мен
билан
Сирларингни насибам қилиб.
Кўчага чиққан пайтинг
Қолмайди ҳеч улардан
асар
Ёди ўчар бунинг ортидан
Урушларда, тадқиқот
учун
Саёҳатни ихтиёр этиб
Из қолдирмай йўқолганларнинг.
Ҳув, лаънати Меркурий
бўлса
Кулар тинмай хохолаганча
Деразадан бошини суқиб. | 2020-10-29 | http://nodirabegim.uz/archives/3187 |
Роман
.
Тўққиз ой муқаддам…
Берлин-Лихтенберг темир йўл станциядаги ўн бир пластформали тўртинчи йўлакда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўп учрайди. Буни барча Берлин вокзалларини ўрганиб чиққан немис статистиклари ҳам расман тан олди. Айтганча, бу ҳолат ўн бир платформали тўртинчи йўлак қаршисидаги ўриндиқда ўтириб атрофни кузатганингда айниқса, билинади. Сабаби рельслар бошқа платформаларга нисбатан ёрқинроқ ялтирайди бу ерда. Авария тормози туфайли анчагина силлиқланган. Бундан ташқари, бошқа тўқ кулранг ва занглаган шпаллардан фарқли ўлароқ бу ерники тоза, оч рангда, ҳатто оқ деса ҳам бўлади. Бунга сабаб кучли ювиш воситалари ишлатилганида: ўз жонига қасд қилингач рельслар, локоматив ва вагон ғилдиракларидан қонни ювиб тозалашга тўғри келади.
Лихтенберг – Берлин темир йўл станциялари ичида энг сўнггисидир. Бу станцияда ўз жонига қасд қилмоқликни ўйлаган одам борки, шошиб ўтаётган йўловчиларга боқиб у гўё бу чиркин, туссиз, ҳиссиз дунёни ниҳоят тарк этаяпман деб ўйлайди. Бундай оламни тарк этиш осон кўринади.
Ўн биринчи платформага тош пиллапоялардан кўтарилиб, охирги туннел орқали ўтилади, у касса зали ва трансформатор оралиғида жойлашган. Тўртинчи йўлак – станциядаги энг охиргиси. Агар бирор одам касса залида ўз жонига қасд қилишга қарор қилган бўлса, у ҳолда тўртинчи йўлак орқали ўн биринчи платформага йўл олади, сабаби масофа узоқроқ, шу йўсин у сал бўлсада яшаб қолишга ҳаракат қилади. Шунга кўра, ўз жонига қасд қилувчилар асосан ўн биринчи платформани танлашади, ҳа айнан ўн биринчисини.
Тўртинчи йўлакдаги платформада иккита ёғоч скамейка бор, унга пичоқча ёрдамида турли нақш ва безаклар ўйиб чизиб ташланган; платформанинг бетон плиталарига эса болта билан. Туннелга яқин жойлашган ўриндиқда қотмадан келган бир эркак ўтирарди, ундан пешоб ҳиди анқир, анчадан бери ювинмагани кўриниб турарди. У кўп йиллардан бери кўчада яшаб келади. У титрарди – совуқдан ва қўрқувдан. Ўриндиққа суянганча қалтироқ қўлларини йиртилиб доғ бўлиб кетган синетик курткасининг чўнтагига тиқиб олган, куртка жонивор ҳам яшил скотч билан елимланаверганидан унгдаги «Just do it» ёзуви ўчиб кетганди. Эркак чекарди. Ўриндиқнинг бу тарафида эса бир неча пиво бутилкалари ва бўшаган сув баклажкаси терилиб турарди. Ўриндиқнинг қаршисида бинафшаранг пластик қоп турар, ундаги Алди деб ёзилган сариқ ёзув ўчиб кетганди. Қопнинг бир нечта жойи куйгани учун унинг ичидаги тамаки қутилари, ўғлининг дафн маросимида тушган сурати, пичоқ, гугурт, икки ўрам оғриқ қолдирувчи дори, муқовасига қаҳва ва қон теккан Ремаркнинг китоби, эски ва титилиб кетган ҳамён ва унга ёпиштирилган ёш аёлнинг сурати, институтдан берилган диплом кўриниб турарди.
У айни пайтда Берлиндан Ангермюндега қатновчи поездни пойлаб ўтирарди. У тунги ўн иккида шу ердан ўтади. Тезюрар поездга жойни аввалдан брон қилиш керак эди, у биринчи класс вагон эди. У сира Лихтенберг статциясида тўхтаб ўтмаган. Тўртинчи йўлакдан шув ўтиб ўтиб, қоронғуликка сингиб кетарди. Поездда йигирмадан ортиқ вагон бор. Ёзда эса вагонлар сони ортади. Эркак бу ҳақда биларди. Бу поездга аввал ҳам чиққан.
У қўрқа бошлади. Бугунги
қўрқув аввалгиларидан тубдан фарқ қиларди. У нимадан қўрқаётганини теран англаб
турарди. Бугунги қўрқув олдида бошқа нарсалар ҳеч нарсамас. Бундай қўрқувга
ҳатто шприцдаги суюқлик ҳам ёрдам беролмайди.
Бугун эркак ушбу станцияда
сўнгги бора келиши. Энди у ҳеч қачон ўзини ёлғиз ҳис қилмайди. Асло.
Ёлғизликдан азобли нарса йўқ дунёда. Поездни кутаркан, у ўзини хотиржам тутишга
уринарди. Ҳатто ўзида бироз қувонч ҳиссини ҳам сезди.
Йўлакдаги иккинчи, газета ва ичимликлар сотадиган киоскага яқин жойлашган ўриндиқда яна бир эркак ўтирарди. Унинг ёшини тахмин қилиш мушкул эди – ўртача 37-40 ёшларда. Офтобда тобланган, қиммат одеколон иси уфуриб турар, қора пиджаги яхши теридан тикилган, оч ранг шим кийган, зайтунранг кўйлагининг енгига иккита тугма тақилган, бўйнига яшил галстук бойланганди. Ўриндиғининг бир тарафига металл жамадон турар, унга авиайўллар суратлари ёпиштирилганди. У тери қопламали сумкасидан ноутбугини чиқариб, тиззасига қўйганча ишлаб ўтирарди. Ноутбук экрани қоронғуда нур таратиб турарди. Платформага ўрнатилган соат миллари ўн иккига бонг урди: 30 апрелнинг, якшанбаси кириб келди.
Эркак юзини елкалари орасига
қисди. Кўзларини юмди. У йиғларди.
Туннел эшиги ёнидаги ўриндиқда ўтирган ночор эркак эса бу пайтда ўрнидан турди. Пластик қопини елкасига ортмоқлади. Ҳамёнини текшириб, унда мактуб ва пуллар жойида турганига ишонч ҳосил қилгач, пиво бутилкасини олди ва платформа чеккаси томон юра бошлади. У анчадан бери шу нутқадан кўзини узмасди. Шунда нариги ўриндиқда иккинчи эркак ўтирганини пайқаб қолди. Йўқ, у ярим тунда ўн биринчи платформада яна кимдир бўлишини кутмаганди. Ҳамиша холи бўларди. Уни ваҳима қамраб олди, бу қўрқувдан фарқ қиларди. Бу ерда кимдир бўлиши унинг режаларини чиппакка чиқарарди. У платформанинг четида бирор ким билан тўқнашишни истамасди. Платформанинг энг четида… ҳаммаси якунига етади.
Кутилмаганда у мана шу
нотаниш эркак билан хайрлашишни истаб қолди. Йўналишини ўзгартириб, унинг
ўриндиғи сари юрди. Жамадонини сал суриб ўриндиқ четига чўкди.
-Ошна, мен билан бир ютум пива ичасанми? Охирги марта? Ичасанми? – сўради унинг тиззасига бутилкани қўйишга ундаб.
Ярим тун. Эркак бошини хам қилганча, кўз ёшларига эрк берарди. У анчадан бери ўзини бунчалик ёлғиз ҳис қилмаганди. Бунга туғилган куни сабаб. Охирги йилларда шошқин ҳаёт тарзи туфайли ёлғизлик ҳиссини унчалик туймасди. Ёлғизлигингни қачон ҳис қиласан – қачонки, бу ҳақда ўйлашга вақт тополсанг. Унда эса бўш вақтнинг ўзи йўқ эди. У ҳаётини тўғри олиб бориш учун, бўш вақт қолдирмаслик учун доим шошиб еларди. Мюнхен ва Штатлардаги лойиҳалари, Полшадаги диссертация ҳимояси ва лекциялари, илмий конференциялар, мақолалар… Йўқ, охирги вақтларда унинг таржимаи ҳолида сира танаффус бўлмаган, айни пайтда эса у бирдан ўта ёлғиз эканини ҳақда ўйлаб қолганди. Бу кулранг кимсасиз вокзалда у астма каби хуруж қилаётган танҳолигини унутиш учун бирор юмуш тополмасди. Ёлғизлик бу ерда режалаштирилмаган ишдек лоп этиб пайдо бўлди – бу хато эди. Одатий, бемаъни ва сийқаси чиққан хато. У Берлинга қўнгач Интернет орқали поездлар жадвалини ўқир экан, Лихтенберг станциясидан Варвашага борувчи поездлар фақат бегим кунлари юришини эътибордан қочирган экан. Бир неча дақиқа аввал эса шанба ўз якунига етди. Нега у бу хатога йўл қўйди? У бир дақиқа ҳам дам олмай ҳафта давомида зўриқиб ишлагач Сиэтлдан бир неча соат давомида учиб келган ва эрталабдан бери бу вокзалда ўзини беҳад ёлғиз сезарди. Туғилган кунингни Берлин-Лихтенберг вокзалида ёлғиз кутиб олсанг! Бу бемаъниликдан бошқа нарсамас. У бу ерда бирор муҳим юмуш билан банд эмас. Станция гўё мантиқсиз, туссиз, изтиробли оқ-қора тасвирли фильм учун тайёрланган декорация саҳнасигага ўхшайди. Эркакнинг бундай паллада шоир Воячек станцияда пайдо бўлиб қолганида, албатта қайғули бир шеър ёзишига шубҳа қилмасди. Туғилган кун. У қандай туғилган ўзи? Оғриқли бўлганмикин? Онаси тўлғоқ пайтида роса қийналганмикин? Бу ҳақда сира онасидан сўрмаган экан. Нега сўраб кўрмаган? Ахир бу саволни бериш қийин эмасдику: «Она, мени дунёга келтираётганингизда роса қийналганмисиз?»
У бунинг жавобини тинглашни
жуда истарди, агар онаси тирик бўлганида албата сўрарди, эсиз энди кеч.
Онаси бу дунёда йўқ. Бошқа
яқинлари ҳам. У яхши кўрган барча инсонлар вафот этган. Ота-онаси, Наталья…
Кимсасиз қолди. Фақат лойиҳалар, конференциялар, муддатлар, пуллар бор, холос.
Ким ҳам бугун унинг туғилган куни эканини эсларди? Ким ҳам эътибор қаратарди
унга? Ким хотирлайди уни? Бугун у ҳақда кимдир ўйлаганмикин ўзи? Шуларни
кўнглидан кечираркан, кўзлари ёшланди, ўзини тутиб туролмади.
Бирдан кимдир унга сўз қотганини пайқади:
— Ошна, мен билан бир ютум
пива ичасанми? Охирги марта? Ичасанми? – у ожиз товушни эшитди.
Бошини кўтарди. Қотмадан келган, кир-чир юзли, аммо илтижоли ва ваҳимага тушган нигоҳлар унга боқиб турарди. Унинг титроқ қўлларида икки бутилка пива тутар, бирини унинг тиззасига қўймоқчи бўларди. Бирдан кутилмаган қўшни эркакнинг йиғлаётганини сезиб қолди.
— Менга қара, ошна, сенга
ҳалал бермоқчи эмасдим. Чиндан истамагандим. Мен ҳам йиғлаётган пайтимда кимдир
чалғитишини истамасдим. Ҳеч ким ҳалал бермаса тўйиб йиғлаб олиш керак.
Шундагина йиғидан таскин топасан.
Лекин ноутбук эгаси уни
кетишига йўл қўймади ва курткасидан ушлаб қолди. Қўлидаги бутилкани олиб деди:
— Менга ҳалал бермадинг. Сен
билан қанчалик ичгим келаётганини тасаввур ҳам қилолмайсан. Бир неча дақиқа
аввал туғилган куним кириб келди. Кетма. Менинг исмим Ёқуб.
Ёқубга айни лаҳзалар ҳаётидаги энг табиий онлардек туюлиб кетди. У ёнидаги эркакни елкасига қўл ташаб, яқинроқ сурилди. Унинг елкасига – титилиб кетган курткага бошини қўйди. Иккиси ҳам бир лаҳза қотиб туришди, назарларида унсиз ҳам айни пайтда уларга нақадар муҳим онлигини теран англаб туришарди. Сукунатни поезднинг товуши бузди, у шиддат билан бир бирига суяниб ўтирган эркаклар ўтирган ўриндиқлар ёнидан ўтиб кетди. Ёқуб бундан ёш боладек чўчиб кетди, шеригига нимадир деб пичирлади, аммо поезднинг товуши унинг сасини ютиб кетди. Бир оздан сўнг у хўрсинди. Иккинчи эркак ҳам шу аҳволда бўлса керак, бирдан ўзини четга олиб, жимгина ўрнидан турди ва туннел сари юриб кетди. Метал тутқичлардан бирига қўл чўзаркан тўхтади ва пластик қопидан қоғоз чиқариб отиб юборди. Бир дақиқадан сўнг кўздан йўқолди.
-Туғилган кунинг билан, Ёқуб! – ўтирган эркак баланд овозда деди ва пива бутилкадаги сўнгги қутлумни ичиб тугатди.
Бир дақиқагина ўзини ожиз ҳис
қилди. Юрак оғриғи ўтиб кетди. У сумкасидан қўл телефонини чиқарди. Эрталаб
ҳарид қилган Берлин газетасидан такси хизматини топиб терди. Ноутбукни ёпиб,
жамадонга жойларкан, шаҳдам қадамлар биан туннел сари юриб кетди, у ердан касса
зали ва шаҳарга чиқиш йўлагига ўтди.
Нима бўлди?… У нима
деди?… «Сенга ҳеч ким ҳалал бермаётганда тўйиб йиғлаб олиш керак. Шундагина
бундан таскин топасан».
Кўпдан бери бирор эркак унинг кайфиятини кўтариш, ўзини жозибали ҳис қилиши бунчалик ҳаракат қилмаганди, унинг қадаҳига энг яхши ичимлик қуйилганди.
-Золушканинг болалиги азобли
ўтгани борасида ҳеч ким баҳслашмайди, албатта. Золим опалари, тинимсиз меҳнат
ва ёмон ўгай она. Бечора қизнинг ҳаётдан баҳра олиши учун овунчоғи ҳам
бўлмаган, масалан, МТВ телеканали, — дерди барда унинг ёнида ўтирган йигит
кулганча.
Эркак ундан бир неча ёш кичик эди. Кўринишидан 25 ёшдан катта эмасди. Келишган. Табиатан виқорли. Аёл кўпдан бери бундай дид билан кийинган эркакни учратмаганди. Унинг кийимлари бир бирини тўлдириб турарди. Одекалонининг иси қумранг галстуги рангига уйғун, мовий кўйлагининг енгига тилларанг тугмалар тақилган – ваҳоланки ким ҳам ҳозир бундай тугмалар тақарди – бу тугмалар ўнг қўлига тақилган тилларанг соатига ҳамоҳанг эди. Ролекс бредндли оғир соат миллари кечни кўрсатиб турарди. Меҳмонхона барида оқшом пайти йигит билар учрашувга чиққан аёл у тарафга энгашиб минерал сув шишасини олар экан, унинг атири қимматбаҳолигини сезди. У фирмаси томонидан ўтказилган конференциядан сўнг аёл билан барда ўтирарди.
Куннинг биринчи ярмида аёл уни зимдан кузатди. Йигитнинг исми Жан эди, у белгиялик бўлиб, айтишича илдизи французларга тақаларкан. Маълум бўлишича, фирма ўз ходимларини Европа бўйлаб чертиб чертиб танлаб олган ва Берлиндаги штаб квартирада тўплаган. Улар бир йилдан бери белгиядаги бўлимда бир лойиҳа устида ишлашарди. Фирма сотишни кўзлаган мослама афсуски полша бозорларида оммалашмасди. Ҳудди эскимосларга қуёшда тобланиш учун кремларни ўтказиш мушкул бўлгани каби. Ҳатто крем ўта сифатли бўлсада.
Аёл бу ерга келишни истамаганди, бўлимдаги бошқа ходимга юкламоқчи эди. Анчадан бери тушмур ўртоғи билан Прагага саёҳат қилишни кўзлаб юришарди. Ўхшамади. Берилган буйруққа кўра Берлиндан кетишига тўғри келди. Бу иш сафарининг унга бирор аҳамияти йўқ эди. Варвашадан Берлинга поездда келгунча унда бу лойиҳадан воз кечиш учун сабаблар излаш учун етарлича вақт бўлди. Аммо Жан, шу белгиялик йигит Полша бозори бу мослама ўзлари учун кераклигини ҳали тушуниб етмаганлиги ва унда аҳолини жалб қилиш оддий ва ақлли режа борлигини таъкидларди. У бир соат давомида рангли слайдлар билан ўзининг оддий ва ақлли ғоясини тушунтириб берди.
Гарчи слайдларда Польша харитасидан бошқа тузук нарса бўлмасада, у йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Берлиндаги директор аёл аллақачон бу борада қарор қилиб қўйган бўлсада, презитанциядан сўнг унинг фикри ўзгарди. Директор бунга қандай рози бўлдийкин ўзи? Балки инглиз тилида французга акцент билан гапирадиган шундай келишган йигитга ишонмаслик хато деб ўйлагандир? Директор аёл белгиялик йигитга қараркан, унга мафтун бўлиб қолди. Ёши ўтаётганда шунақа бўларканда. У эскимосларни қутб юлдузли тунларда ҳам тобланиш мумкинлигига ишонтиришга қарор қилди. Космик нурлар остида. Бу кремлар уларга жуда фойдали бўлади.
Жандан сўнг аёл ҳам тақдимот қилди. Директор аёл ҳатто охиригача тингламади ҳам. Котиба қўнғироқ бўлаётганини айтгани учун чиқиб кетди. Қолганларни ам эътибор бўлинди. Столда турган ноутбукка чалғиб Интернетга шўнғиб кетишди. Агар аёл шеърлар ўқиса ёки поляк тилида латифалар айтиб берсаям – буни пайқашмаган бўлишарди. Фақатгина ўз тақдимотини ўтказиб бўлган белгиялик йигит уни тинглади ва жилмайиб деди:
-Хоним, сиз мен билганлар
ичида энг латофатли инженерсиз. Гарчи ҳақ бўлмасангизда, барибир ҳар бир
сўзингизни нафасимни ютганча диққат билан тинглаган бўлардим.
Аёл сумкасидан ҳисоботни
оларкан, йигит давом этди:
-Бугун оқшом меҳмонхонадаги
барда учрашишга қарши бўлмайсизми? Масалан, соат 22 да.
Аёл бош ирғади. Гарчи оқшом
пайти банд бўлишини билсада, рад этолмади. Барча расмий табдирлар ўтиб
бўлганди. Варшавага поезд эртаси куни ўн иккида жўнаб кетади. Бундан ташқари, у
директор иштирокисиз белгиялик йигит билан танҳо суҳбатлашишни ўзиям истарди.
Хуллас, улар ҳозир меҳмонхона
барида хурсандчилик қилишар, аёл эрталаб унинг лойиҳасига қарши эканини ҳам
унутганди. Белгиялик чиндан кўркам эди. У бу меҳмонхонада аввал ҳам кўп бўлгани
маълум бўлди. У бармен билан француз тилида гаплашар, умуман бу ерда барча
ходимлар шу тилга сўзлашишар, айни сабабга кўра йигит ҳам доим шу меҳмонхонада
қўниши турган гап эди.
Лойиҳа бир йил давом этишини
ҳисобга олинса, аёл белгиялик билан кўпроқ учрашишига тўғри келарди. Бу унга
ёқарди. Йигит галдаги ичимликни буюраркан, антиқа рангдаги экзотик қадаҳни
аёлга узатиш асносида унинг юзига юзини яқин тутарди.
— Якшанба оқшомини анчадан
бери бундай мафтункор малак билан ўтказмагандим. Ярим тун. Ўн учинчи апрел ҳам
кириб келди, — у шундай деб қадаҳни лабига теккизаркан, бир қўли билан унинг
сочларини силаб қўйди.
Бу гўё электр зарбадек бўлди. Аёл кўпдан бери бунақа қизиқишни ҳис қилмаганди. Йигитга унга тегинишига рухсат бериши тўғрими? Бунақа қизиқувчанлик оқибати нима билан тугайди? Ахир унинг келишган эри бор. Ундан қанчалик узоқ масофага кетмасин, барибир эри бор. Унутилиб кетган ҳислар уйғонди қалбида, унинг сочларини ўпаётган йигитга қарата кўз юмиш керакмикин? Эри анчадан бери унинг сочларини ўпмай қўйганди…
Аёл бу ҳақда охирги вақтларда кўп ўйларди. Одатда, даҳшат билан. Йўқ, ўзини таҳқирлангандек ҳис қилгани учун эмас. Умуман ундаймас. Аммо қандайдир ҳаракатланувчи куч йўқолди. Ўртада нимадир йўқ бўлди. Хиралашди. Баъзида ўша ҳис оловлангандек бўладию, аммо дақиқа ўтмай сўнади. Жанжал ва кўзёшдан сўнг у ёки эри узоқ сафарга кетаркан, қайтганларидан сўнг улар яна бирга бўлардилар, унга қадар эса таътилда бегона кроват, бегона пол, бегона девор ёки бегона машиналарда тунашарди.
Доим шу аҳвол. Авваллари бир бирининг ҳар бир соч толасини, исини, таъмини яхши билишарди. Танасининг бари сирли ерларини, нафасларни, реакцияларни кашф қилишганди. Ҳозир эса бундан таъсирланмайдилар. Улар шунчаки сценарийдан чиқиб кетишди.
Охирги вақтларда унинг назарида эри билан яқинлик – қандай қилиб бут фикр хаёлига келди, ҳайрон – гўё католик мажбуриятдек бўп қолган. Ўз вақтида бўлади ва бир ҳафта давомида тинч яшаш мумкин.
Балки бошқаларда ҳам шундайдир? Эҳтимол бу муҳим нарса ҳам эмасдир. Балки ётоқда ким билан ётиш эмас, тонгда ким билан уйғониш, бирга чой тайёрлайдиган одаминг муҳимдир?
— Бирор хато қилдимми? – Жаннинг овози унинг хаёлларини тўзитди.
— Билмадим, — у ўзини жилмайишга мажбурлади. – Узр сўрайман, бир дақиқа сизни холи қолдираман. Тез қайтаман.
Аёл ҳожатхонага кириб
сумкасидан лаб бўёғини олди. Кўзгуга боқиб ўзига ўзи деди:
-Сени эртага олис йўл
кутмоқда.
Лабларини бўяркан давом этди:
-Бунинг устига, сени эринг
кутяпти.
У хожатхонадан чиқдию, йўлакда кимдир ўзига ўзи гапираётганиин гувоҳи бўлди:
-Ё-қ-у-б…
Аёл сумкасидан ташриф қоғозини чиқарди ва лаблари билан қимтиди, шу билан лаблардаги ортиқча ялтирашни йўқотди. Қоғозчани қайтиб сумкага солиб, барга қайтди ва бокалдан бир хўплаб шеригига деди:
-Хайрли тун.
Берлин-Лихтенберг вокзалига чақирган таксистим поляк бўлиб чиқди. Бу ерда таксичиларнинг 30% ортиғини поляклар ташқил қилади.
-Мени меҳмонхонага ташлаб қўй, қимматроқ бўлсаям, вокзалдан узоқ бўлмасин.
-Қийин эмас топиш, — кулди
таксичи.
Эркак меҳмонхонага қўним
топди. Қабулхонада портьега эслатишни унутмади:
-Марҳамат қилиб, Варшавага
жўнайдиган поезд кетишига бир ярим соат қолганида мени уйғотиб қўйсангиз,
илтимос.
Ёш портье унинг сўзларини
дафтарига ёзиб оларкан савол беришни бошлади:
-Хўш… Бир ярим соат олдин-а?
Қайси поезд? У неччида жўнаб кетади?
Эркак сокин жавоб қайтарди:
-Кўриб турганингиздек ўзим ҳам билмайман. Аммо меҳмонхонангизни таърифини яхши келтиришган, — у паспорти ёнида турган реклама қоғозига имо қилди. – «Меркюр» — нафақат саёҳат давомида бошпанангиз бўлади, балки саёҳатни айнан ўзини тақдим этади. Шундай экан, вокзалга қўнғироқ қилинг ва Варшавага поезд неччида жўнаб кетишини аниқланг ва белгиланган вақтдан роппа роса тўқсон дақиқа аввал мени уйғотинг. Бундан ташқари такси ҳам чақириб турсангиз сиздан миннатдор бўлардим. Поездга кечикиб боришни истамасдим.
-Ҳа, ҳа, албатта, — жилмайди
портье.
-Рухсат берсангиз мен тўғри
барга йўл олсам. Сизнинг меҳмонхонангиз даромадига ҳисса қўшиш учун, албатта.
Умид қиламанки, юкларим менсиз бўлсада хонамга бекаму кўст ҳолда етиб боради.
У жавобни кутмай жамадон ва
ноутбук солинган сумкасини қабулхонада қолдириб, ўзи мусиқа таралаётган эшик
сари йўл олди.
Шифтида турли рангдаги чироқлар нур таратиб турган барда Натали Коулнинг севги ҳақда қўшиғи янграрди. У атрофни кузатди. Фақат битта табурет бўш эди. У ерга бориб жойламоқчи бўлганди, лекин яримлаган қадаҳга кўзи тушди. Жой бандлигини пайқаб кетмоқчи бўлиб турганди, унинг ёнидаги табуреткани банд қилган ёш эркак, унга ўгирилиб инглизчалаб деди:
-Афсуски, бу ой энди бўш. Истасангиз ўтираверинг, — у жилмайиб қўшиб қўйди. – Яхши жой. Бармен тез тез хабар олади.
Эркак дарҳол ўтирди ва аёл кишининг нозик атир исини туйди. «Ланком»? «Бьяджотти»? кўзларини юмди. Йўқ, адашмади, айнан «Бьяджотти».
У азалдан атир исини яхши ажратарди. Атирлар гўёки жўнатилмайдиган хабарга ўхшайди. Унга сўз битиш шарт эмас. Кар бўлсанг ҳам, бошқа цивилизацияга мансуб бўлсанг ҳам, барибир ҳидни ажрата оласан. Атирларда аллақандай сирли элемент бор. «Шанель № 5», «Л’эр дю Тан» ёки «Поэм» атирларини сепган аёллар гўё шеърият либосини кийгандек бўладилар. Айрим атирлар эса эҳтиросли бўлади, одамни ўзига тортади. Бу ҳид одамни ўгирилишга ва аёлнинг ортидан боришга ундайди. У икки йил аввал Прадода бўлганини эслади. Ўшанда қора шляпли бир аёл унинг ёнидан ўтаркан, қанайдир сирли ифор тарала бошлади. Эркак шу онда Эл Греко, Гойе ва бошқаларни унутиб, унинг ортидан борди. Ҳозир шу табуреткада ўтирган аёл ҳам ўз ортидан эргаштирувчи ҳид қолдириб кетганди.
Эркак олдинроққа сал эгилди ва барменни чорлади. Шунда бокал ёнида турган ташриф қоғозига кўзи тушди. Унинг четларида лаб бўёғи текканди. Пастки лаблар энли, тепаси юпқалиги шундоқ сезилиб турарди. Чиройли ранг. Наталья ҳам шундан сурарди. Эркак ташриф қоғозни бурнига яқинлаштирди. Шубҳасиз, бу «Бьяджотти»! Бу қоғозча, бу ерда бир неча дақиқа аввал ўтирган аёлга тегишли. Унинг исмини билиш учун ўқишга тутинди. Лекин шу пайт ён тарафдан йигитнинг овоз эшитилди:
-Кечирасиз, бу ташриф қоғози
меники.
-Ҳа, буни сездим. Сиздан шуни сўрамоқчи бўлиб тургандим, — алдади у.
Эркак кечикди. Энди унинг
исмини билолмайди. Ёш йигит қоғозчага эга чиқди, пиджагининг чўнтагига солар
экан, барменга чойчақа қолдирди ва жимгина бу ерни тарк этди.
-Яхна ичимлик келтиринг.
Сигара ҳам. Босотингиздаги энг қимматидан, — у барменга буюртма қилди.
Унинг онасининг лабларини шакли ҳудди шунақа эди. Чиройли эди ҳаммадан.
Айни кунда, айни соатларда онаси уни дунёга келтирганди. У кеча эрталаб Сиэтлдан Берлинга учиб келишига сабаб, онасининг юртини кўришни истаганди. Охирги йилларда унинг таржимаи ҳолига ҳудди романга қизиққандек қизиқиб қолган, бу асарнинг айрим бобларида ўзи ҳам иштирок этганди. Ҳозир эса муқаддимани билгиси келарди.
Унинг онаси Берлин-Лихтенберг станциясидан унча узоқ бўлмаган туғруқхонада таваллуд топган. Унинг бобоси уй бузилишлар даврида Берлинга яхши яшаш умиди билан кўчиб келганди. Ҳозир буни қандай аташади? Ҳа, иқтисодий эммиграция. Айнан шундай. Орадан бир ҳафта ўтиб бувисининг кўзи ёриган ва онаси туғилган. Ночорлар туғруқхонасида. У ерга бошпанасиз, кўчада қолган бошқоронғу аёлларни олиб келишарди. Бепул эди-да. Кеча ўша бинони кўздан кечирди. Ҳозир қандайдир туркча тажрибавий театрга айлантирилган экан.
Орадан уч ой ўтиб бобо ва бувиси Полшага қайтишган. Германияда яшаб кетишолмади. Бу ердаги уч ойлик ҳаётлари албатта муҳим эмас. Лекин онасининг туғилганлик ҳақдаги гувоҳномасига тарихий битик ёзилди: Берлин. Шу тариқа у немис фуқаросига айланди. Онаси туфайли эркак ҳам немис паспортига эга, Сиэтлдан вазасиз учиб келиши мумкин. Иккита паспортини ҳам олволган. Бир гал Полша паспортини унутиб қолдирганда ўзини адашиб қолган одамдек ҳис қилганди.
У ҳамиша поляк бўлиб қолишни маъқул кўради. Бармен кумуш кулдон билан куба сигарасидан келтирди. Бутилкани очгунча эркак сигара тутатди. Биринчи бокални юқотиб ичди. Сигара яхши эди, анчадан бери бунақасини чекмаганди. У онаси ҳаётлидаги хотираларни эслашдан тўхтатолмасди ўзини. Унинг немислиги – фақатгина Берликдаги туғруқхонада туғилиши ва туғилган ҳақдаги гувоҳнома билангина боғлиқ эмасди. Ҳаммаси анча мураккаб. Биографияси каби аниқ таниқ.
У ўн учинчи апрел санасида, оилада учинчи фарзанд бўлиб туғилган. Онаси ўша пайтда учинчи эридан туққан уни. Бу кун авлиё Иаковнинг туғилган куни эди, аниқроғи Ёқубнинг. Кўпчилик шу сабабга кўра унга Ёқуб деб исм беришган деб ҳисоблайди. Лекин ундай эмас. Унга онасининг иккинчи эрининг исмини қўйишди. У поляк артист эди, 1944 йилда у ўн км ғарброқда туғилиб қолгани учун немис тамғаси босилган ва шарқий фронтга жўнатилганди. Ўшанда ҳамма немис аскарларига айланди. Чўлоқлар, юрак ва ўпка касаллардан ташқари барча эркак аскарга айланиши шарт эди. Онасининг иккинчи эри ўзини бундай тақдир кутишини билмаганди. У аёлдан туну кун айрилмасди. У айрилиқдан қўрқиб, тиббий комиссия биносидан қочди, қорда оёқяланг югурди, сил касалига чалиниб қутулиб қолишга умид қилди. Аммо силга йўлиқмади. Барибир уни жангга олиб кетишди.
Урушдан сўнг онаси ва унинг
иккинчи эри қайта учрашмадилар. Ўртадаги буюк севги уларни қайта топиштира
олмади. Онаси ғамдан адо бўлиб, уруш ундан севимли эрини тортиб олганига тан
берди ва янги эр излай бошлади. Қотмадан келган, келишган, юз фоиз поляк
миллатига мансуб, Штуттхофдан келган эркакни учратди. Аёл хужжатга кўра немис
эди, эркак бўлса уч йил немис лагерида асир бўлганди. Шунга қарамай эркак унга
немисларга бўлган нафратини бирор марта сездирмаган. Гарчи уларни ёмон кўрсада.
Қизиқ, агар отаси уни Германияга келганини билса кечирармикин?
У яна қайғуга чўмди. Бугунга
етар энди. Нима бўлгандаям, унинг бугун туғилган куни. У муз солинган кумуш
сувдан ичди. Яна бир бутилка олволди. Энди уйга қайтсаям бўлар.
Маълум бўлишича, вагондаги барча биринчи тоифадаги чипталар сотиб бўлинган экан. Ҳа, Варвашадан қайтиш учун чипта олмай бекор қилган экан. Берлин вокзалидаги кассир қиз шундай деди:
-Иккинчи тоифадаги вагонда
бўш ўринлар бор. Барчаси чекувчилар учун. Оласизми?
Бир неча соат дим вагонда
кетишни ўйлаб даҳшатга тушди. Аммо бошқа чораси борми?
У дераза ёнидан жой олди. Купеда бир ўзи эди. Поезд силжишига ҳали ярим соат бор. У жамадонидан китоб ва Берлин учрашуви бўйича материаллар солинган папкани олди. Кўзойнак. Минерал сув. Қўл телефонии. СД плеер, компакт диск, қўшимча батареялар. Туфлисини ечиб, юбкасидаги тугмаларни бўшатиб қўйди.
Купе кўп ўтмай тўлди. Поезд жўнашга тайёрлиги ҳақда овозкучайтиричда эълон қилинганида бир ўриндиқ ҳали бўш эди. Поезд юра бошлагач, купе эшиги очилди. Аёл китобдан бошини кўтарди, уларнинг нигоҳи учрашди. Иккиси ҳам кўзларини олиб қочди. Эркак жамадонини шифтга яқин полкага жойлаштирди. Чарм сумкасидан ноутбугини чиқарди. Эшик ёнидаги бўш ўринга ўтирди. Аёлнинг назарида эркак унга қараб қўйди. Буни сезгач туфлисини кийиб олди. Юбкасининг бўшаган тугмаларига кўзи тушмаган бўлсин, деб ўйлади.
Бир дақиқа ўтиб эркак ўрнидан
турди. Сумкасидан диетик кока кола ва учта рангли журнал чиқарди: «Шпигель», «Плейбой» ва «Впрост». Уларни
тиззасига қўйди. Эркакнинг поляк эканини пайқаган аёл негадир жилмайиб қўйди.
Эркак пиджагини ечди. Эгнида
тўқ кулранг кўйлак бор эди. Тани қуёшда тоблангани сезилди. Сочлари бироз
бетартиб, ҳудди поездга ётоқдан кириб келганга ўхшарди. Соқоли қиртишмаланган.
Кўйлак тугмалари қадалган. Кўринишидан ўрта ёшга ўхшайди. У ўриндиққа жойлашганидан
сўнг аёл ишқилиб ҳеч ким чекмасинда деб қўйди ичида. Чунки айни пайтда купени
эркакнинг атир иси тутганди. Аёл шу ҳид сақланиб туришини истарди.
Аёл кўзойнаги остидан яширинча эркакни кузатди. У ўқиб ўтирарди. Аёл ҳам китобига қаради. Ўзини қандайдир нотинч ҳис қилди. Бошини кўтарганда эркак унга тикилиб турарди. Унинг кулранг-яшилтоб нигоҳлари қайғули, хорғин эди. Ўнг қўлининг бармоқларини лабига яқин тутиб иягига тираб турарди. Бирдан аёлнинг қалбига илиқлик инди. Эркакка табассум улашди.
Эркак журналларни четга суриб
ноутбугини очди. Йўловчилар унга бир қараб қўйишди. Пиджагининг чўнтагидан
телефонини чиқариб, сим орқали уни ноутбукка улади. Атрофдагилар унинг бу ҳатти
ҳаракатини англамаган бўлишсада, аёл тушуниб турарди: у интернетга уланаётганди.
Аёл эркакнинг бу ҳаракатларни кўз кўзлаш учун эмас, жиддийлик билан бажараётганини бироз кузатиб тургач, секин юбкасининг тугмаларини қадаб олди, соч турмагини қўли билан тўғирлаб, қаддини тўғри тутиб ўтириб олди.
Германияда кимгадир ҳақ тўлаши керак бўлса, бу шуҳбасиз хорват фарроши бўларди. Чинданам, ундан бошқа бирортаси уни поезд жўнашига ярим соат қолганида уйғотмади. Бир кечага уч юз доллар турадиган меҳмонхона учун бу ҳолат уят. Тунги маъмур йигит ўрнини малласоч аёл эгаллаганди, айтишича Варваша қаерда эканини харитадан тополмапти.
Эркакни фаррош уйғотди, у хонада ҳеч ким йўқ деб ўйлаб тозалашга кирганди. Уйғонгач Варвашага қачон поезд жўнашини билмасди, аммо соатга қараб бештакан ўн бирлигини кўргач вақти камлигини тахмин қилди.
Фаррош шу ердалигини қарамай сўкинганча ўрнидан турди ва шоша пиша кийина бошлади. Хорват фаррош аёл унинг сўкинишини маъносини барибир тушунмади ва эркакка жамадонини тахлашга тезлик билан ёрдам берди. Бир неча дақиқадан сўнг у хонадан ўқдек учиб чиқди. Регистратурага бориб қарсаки таниш йигит кўринмади. Маласоч аёл унга меҳмонхона ҳақини тўлашни эслатди. Уларда эркакнинг кредит картасининг рақамлари бор эди. Поездда интернетга уланиб тўлашини билдирди. Американ Экспресс карточкаси туфайли буни амалга ошириши мумкин эди.
Меҳмонхона ёнида такси
турарди. Ҳайдовчи уни ўн дақиқада вокзалга ташлаб қўйди. Ҳали чипта олинмаган.
У перрон бўйлаб югуриб туннел чиқиш жойида турган поездга қараб қичқирди.
Ўхшади. Поезд уни кутди. Эшик очилгач, ичкарига кириб олди.
Купедаги аёл ойна тарафда
ўтирарди. Тиззасида китоб. Унинг лаблари кечги ташриф қоғозидаги лаблар шаклини
эслатди. Сочлари турмакланган. Пешонаси кенг. У гўзал эди.
Эркак ягона бўш ўриндиққа ўтирди. Унинг чиптаси йўқ. Муҳим эмас. Кондуктор келгач бу муаммони ҳал қилади. Газеталарни чиқарди. Меҳмонхонадаги киоскада поляк рўзномалари ҳам сотиларкан! Газетага андармон бўлди, бироқ бир пайт ўзини аёлга қарашдан тиялмади. Кўзини газетадан юқорига қаратиб уни кузатди. Аёл лаб бўёғидан бошқа пардоз воситаларини ишлатмаганди. У ўқиркан, баъзида қўли билан қулоғига тегиниб қўярди. Қўллари жуда чиройли эди. У бетдан бетга ўтганида нозик узун бармоқлари китобни майин ушларди.
Аёл бошини китобдан кўтариб унга жилмайиб қўйди. Эркак ҳам унга жавоб қилди. Энди ўқишни истамасди. У телефонини ноутбукка улаб электрон почтасига кирди. Секинлик билан шахсини тасдиқлади. Уяли телефон модели жуда секин ишларди, буни Мюнхенга қайтгач ҳал қилишини дилига тугиб қўйди.
Почта қутисида фақат биттагина хат бор эди. Англиянинг қайсидир банкидан мактуб келганди. Яна қандайдир реклама бўлса керак, ўйлади у. Ўчириш тугмасини босмоқчи аммо ундаги манзил эътиборини тортди: Jennifer@. Бу исм унинг хотираларида мусиқа каби янгради. У хабарни ўқишга киришди. | 2020-08-10 | http://nodirabegim.uz/archives/3116 |
(1867-1933)
Ўшанда
соат кечки олти,
хонага қоронғулик ёйилган
маҳал эди. Бир кишилик
мойли ўқув лампаси
Туркия гилами, китоб муқовалари
ва стол устидаги
кўк ва тилларанг
кофе идиши узра
хира нур таратиб
турарди. Хона анча катта
ва қоронғу бўлиб, олов
қаршисида ўтирган Кейс
Даррант худди хонанинг бир бўлагидек
ғира-ширада кўзга
ташланарди. У бу хонада
ҳар кунги суддаги
ишидан кейин қизил
шиппаги ва эски жигарранг бахмал палтосида ўтиришни
ёқтирарди. Бу уни кечки
овқатдан икки соат
олдинги китоблар, кофе ва мудраш билан ўтказадиган
доимий ҳордиғи эди. У бу ерда
ўтираркан камдан-кам ҳолларда
иши ҳақида ўйларди.
Ҳозир у
олов яқинида ёлғиз ўтираркан
таътил бўлишини ва
Мейзе мактабдан тезроқ
қайтишини истарди. У ўзининг
ёш қизчасини, уни
беғубор кулгуси, қувноқ ва тим
қора кўзларини соғинганди. У кўп
йиллар олдин рафиқасини
йўқотганди ва қизи
у учун жуда
ҳам қадрли эди. Тўсатдан
уни хаёллари укаси Лаурренс томон йўналди. Укаси озғинлиги ва
зўрға кун кечириши
билан омадли ва куч-қудратли
Кейсдан батамом фарқ қиларди.
Лампа хиралашди. Кейс юзини олов томонга
бурди ва тезда кўзлари
юмилди. Бироқ у хонага
кимдир кирганини сезиб,
сесканиб уйғониб кетди.
— Ким у?
Паст овоз эшитилди:
— Бу мен, Ларри.
— Мен ухлагандим.
Келавер, — деди Кейс. У ўрнидан
турмади, ҳатто бошини бурмади
ҳам, лекин укаси келишини
кутди. Аммо Ларри эшик
ёнида анча туриб қолди. Кейс
кескин гапирди:
— Хўш Ларри,
нима бўлди? Нега келиб
ўтирмаяпсан?
Укаси ёруғликни
тўсганча олдинга келди; уни
юзи сояда худди
қорамтир арвоҳни юзидек
кўринарди.
— Тобинг йўқми?
Лауренс жавоб
бермади, фақатгина оғир хўрсинди. Кейс ўрнидан
турди ва деди:
— Нима бўлди
Ларри? Жиноят қилдингми? Худди балиқдек
соқов турибсан?
Иккинчи марта яна
жавоб бўлмади, кейин укаси шивирлади:
— Ҳа.
— Нималар деяпсан? Сени
кўрай, бу ёққа
кел. Нима бўлди, Ларри?
Кутилмаганда Ларри
яна оғир хўрсинганча
креслога чўкди.
— Ҳақиқатдан -деди у, -мен
одам ўлдирдим.
Кейс тезда
олдинга қадам ташлади
ва укасининг юзига тикилди. Шу
ондаёқ буни рост
эканлигини англади.
— Нима учун бу
ерга келиб, буни менга
айтаяпсан?
— Мен яна кимга
айтолардим. Мен энди нима
қилишим кераклигини сиздан
эшитиш учун келдим. Ўзимни милицияга топширайми, айтинг
нима қилай?
Кейс ғазабдан
юрак уриши тезлашаётганини ҳис
қилди, аммо тезда
гап қотди:
— Менга воқеа
тафсилотини айтиб бер. Бу
қачон содир бўлди?
— Ўтган оқшом.
Ларрининг юзида
одатдагидек нимадир, болаларча ростгўйлик бор эди.
— Қандай? Қаерда?
Менга бир бошидан тезроқ айт,-
деди Кейс.
— Бу шундай бўлди, Кейс. Мен анчадан
буён биладиган бир
қиз бор эди. Унинг
отаси у ўн
олти ёшлигида вафот
этган ва уни ёлғиз
қолдирган экан. Унга яқин
уйларнинг бирида яшовчи
Вален деган одам ўша
гўзал қиз Вандага уйланган ва бир муддат ўтгач уни чақалоғи
билан ёлгиз ташлаб
кетганди. Ўша чақалоқ
ўлиб қолди, Ванда эса зўрға
тирик қолди. У жуда
оч қолганди, ниҳоят
Вален қайтиб келди ва
Ванда уни кетказишга уринди. Ўша
ҳайвон уни қорайтириб,
кўкаргунча урди (ҳеч қандай сабабсиз) ва
кейин яна уни
ташлаб кетди.
Ларри тўсатдан Кейсни
юзига қаради:
— Мен ҳечқачон бундай ёқимтой ва
тўғрисўз аёлни кўрмагандим. Аёл! У
бор йўғи йигирма
ёшда. Кеча мен уникига
борганимда ўша ҳайвон — Вален яна ўша ерда эди. У
мени кўргач, кутилмаганда устимга
ташланди.
— Қара! -Ларри
пешонасидаги қора доғга тегинди, -ва кейин мен қўлларимни уни
томоғига олиб бордим, қачонки мен қўлларимни олганимда
у ўлган эди.
Кейс бўғиқ овозда
сўради:
— Кейин нима
қилдинг?
— Биз узоқ
вақт жим ўтирдик. У аёл
ҳеч нарса демади. Кейин
мен мурдани арк остидаги
йўлакка, ўша кўчадаги бурчакка
олиб бордим.
— Ҳеч ким кўрмадими?
— Йўқ.
— Кейин-чи?
— Мен аёлникига яна
қайтиб келдим. У ёлғиз ва қўрқиб ўтирарди. Мен ҳам
шундай ҳолатда эдим, Кейс.
-Бу қаерда содир бўлди? Ўша қиз қаерда яшайди?
— Соҳо квартали,
Глове Лейн кўчаси, 42 уй.
— Глове Лейн! Мен
уни қоғозда кўргандим.
Кейс бир
газетадаги параграфни биринчи қаторини эслади. «Соҳо квартали, Глове Лейндаги арк
йўлак остида бугун
эрталаб бир одам
мурдаси топилган.» Бу
рост эди. Қотил унинг
ўз укаси!
— Аммо нега бу
ерга келиб менга
айтяпсан?
— Чунки сиз жиноятга
оид нарсаларни биласиз. Мен уни ўлдиришни хоҳламагандим. Мен ўша
қизни севаман, нима
қилай Кейс?
— Ўтир, мен ўйлаб олишим
керак.
Ўйлаш! Аммо у ўйлолмасди.
Бу унинг учун жуда ҳам катта
изтироб эди. Ниҳоят у
деди:
— Эшит, Ларри. Сен
ҳозир уйимдан чиққач, тўғри
ўзингни уйингга бор. Токи мен сеникига эртага
эрталаб боргунимча ҳеч
қаерга чиқма. Ваъда бер!
— Ваъда бераман.
— Мен кечки
овқатга таклиф қилинганман ҳозир
боришим керак,- Кейс давом
этди; — аммо буни йўлда ўйлаб
кўрмоқчиман. Ўзингни қўлга ол.
У Ларрига қаради. Ўша
оқарган юз, ўша кўзлар, ўша
синган қўлига тикилди. Ачиниш
ва қўрқув аралашган
ҳис билан Кейс
қўлини укасини елкасига
қўйди ва деди:
— Жасорат!
Ва тўсатдан ўйлади.
О худойим! Мардлик! Бу мени
ўзимга ҳам керак!
Лауренс Даррант
акасини уйини қатъий қарор
билан тарк этиб,
уйига борди ва
Кейс қайтгунча у
ерда жимгина кутиб ўтирди.
У Кейснинг ихтиёрида эди. Кейс
нима қилишни билади.
Агар у ҳам Кейсдек
қатъий, омадли ва жамият таянчи
бўлолганда эди. Лекин у, яъни
Лауренс Даррант одам ўлдирган
эди. У, яъни пашшага ҳам озор
бермайдиган одам шу
ишни қилганди! Йўқ! Ҳечқачон
Кейсга ўхшаш одамлар
билан дўстлашиши мумкинмас, ҳатто
у акаси бўлган
тақдирдаям. Дунёдаги биргина
ҳақиқий дўсти бу
Ванда эди. Фақатгина у уни
тушунади ва ҳиссиётларини
ҳис қилади. У унга ҳар доим кўникади ва
у нима қилишидан
қатъий назар уни
сева олади.
II
Соат 11 да
Кейс Даррант ўзи
таклиф қилинган жойга
кечки овқатга жўнади. У
такси ёлламади, аксинча пиёда
юриб, ўйлаб боришни
афзал кўрди. Ҳаво илиқ эди ва
унинг юнгли пальтоси тугмасиз
эди.
Бу даҳшатли
воқеа! У ҳалигача
ишонолмасди. Ларри буни хоҳламаганди, албатта. Нима бўлгандаям
бу қотиллик эди. Биргина савол, Ларрига қандай
қилиб маслаҳат бериш
эди. Буни сир тутиш
керакми ёки кўздан
йўқолиш, ёки иқрор бўлишми?
Аммо агар Ларри иқрор бўлса ҳамма
бу ҳақида қуйидагича хулоса чиқаради: машҳур ҳукумат
прокурори Кейс Даррантнинг укаси одам
ўлдирибди! Ларри, у худди
ёш боладек, уни биринчи қадамларини кузатган эсида. Ларри! Ундан
5 ёш кичкина, у
оналари ўлганда, Кейс уни
кўнглини оғритиб қўйганда кетиб
қолганди. Мард йигит, унинг
укаси қамоқхонада! Йўқ, унга иқрор
бўлишни маслаҳат бермайди. Бўлиши мумкинмас.
Ҳеч ким ҳали бу
ҳақида билмайди. Ўша қиздан
ташқари ҳеч ким. Ҳозир
ҳаммаси унга боғлиқ!
У уни ҳеч
нарса айтмаслигига ишонолармикан? Тўсатдан у қарор қилди. У ҳозир ўша қизни
кўчасидан узоқда эмасди.
У ҳозироқ бориб,
Ларрининг дўсти эканлиги
ва ҳамма воқеадан
хабардорлигини айтади.
Кейс Ванданинг
эшиги олдига келди ва
эшикни тақиллатди. Ҳечким жавоб
бермади. У яна тақиллатди. Ҳамон жавоб
бўлмади. У эшикни ўзи
очди. Ичкари қоп-қоронгу эди. Кейин
аёл кишининг овози эшитилди:
— Оҳ, Ларри, бу
сенмисан! Нимага тақиллатдинг? Мен
жуда ҳам қўрқиб кетдим. Чироқни ёқ, азизим келақол.
— Қўрқманг, -Кейс майин
овозда гапирди. — Мен Ларрининг
дўстиман. Сизга зиён етказиш
ёки бошқа ниятда келмадим. Майлими, ўтириб олиб
гапирсам.
Аммо қиз
жойидан қўзғалмасдан шивирлади:
— Кимсиз,
илтимос айтинг? — деди ва
тўсатдан уни шивирлаши
қўрқувга ўзгарди, Кейс жавоб берди:
— Ларрининг
акасиман.
Қиз енгил
нафас олди ва
олдинга келиб диванга
ўтирди. У калта сочлари
ва қўрққан кўзлари
билан бирга худди
каттароқ ёш болага ўхшарди.
Кейс креслога чўкканча
гап бошлади:
— Бундай вақтда келганим
учун мени кечиринг. У менга сиз
ҳаммасини кўрганингизни айтди, ўша даҳшатли воқеани.
— Ҳа, оҳ даҳшат, бу даҳшат… — У буни шундай айтдики,
уни сўзларида қандайдир
умидсизлик бор эди.
— Жуда ҳам ёш
кўринасиз!
— Йигирмадаман.
— Мени укамни ёқтирасизми?
— У учун жонимни
беришга тайёрман.
Қизнинг овозини оҳанги
ва тим қора кўзларини нигоҳидан
бунга шубҳа йўқ эди. Кейс
бироз дудуқланганча гапира
бошалди:
— Мен уни сақлаб
қолишингиз учун бу
ерга келдим. Эшитинг ва
саволларимга жавоб беринг.
Қиз шивирлади:
— Оҳ, мен жавоб
беролмайман.
-Ўша одам, сизни
эрингиз — ёмон эдими?
— Қўрқинчли эди.
— Ўша оқшомдан олдин мени
укам уни бирор марта
кўрганмиди?
— Ҳеч қачон.
— Аммо сиз
Ларрига уни сизга қандай
муносабатда эканлигини айтгансиз.
-Ҳа. Аммо Валенни ўзи бошлади. У
Ларрини урди.
— Мен буни биламан. Сизнингча, бирор
киши укамни келганини
кўрдими?
— Ҳеч ким.
— Уни кетаётганиничи?
— Йўқ.
— Сиз бугун уйдан
чиқдингизми?
— Йўқ.
— Нима билан машғул
бўлдингиз?
— Йиғлаяпман.
Қиз қўрққанча
соддалик билан гапирарди
ва у қўлларини бир-бирга
қўйганча давом этди:
— У мен
туфайли хавфда қолди. Мен у учун жуда
қўрқаяпман.
— Менга қаранг, —
деди Кейс. -Агар энг ёмон
нарса юз берса, укамни
полицияга топширмаслигингизга аминмисиз?
— Ҳа,- деди. Уни
кўзлари йилтиради.
— Сиз уникига бормаслигингиз
керак. У ҳеч қачон бу
ерга келмаслиги керак.
Қизни лаблари
титради, лекин у бошини эгганча
турарди. Тўсатдан у деярли
шивирлаганча гапирди:
— Ўтинаман, уни
мендан айирманг. Мен жуда
эҳтиёткор бўламан. Мен унга ҳеч қандай зиён
етказмайман, аммо агар ҳар
замонда уни кўрмасам
мен ўлиб қоламан.
Кейс анча
вақт жим қолди:
— Меникига боринг. Мен
сизга уни кўрсатаман. Мен режа
тузаман. Сиз меникига
боришингиз керак. Ҳозир
эса мен кетаман. Агар уни чиндан ҳам севсангиз,
мен айтгандек эҳтиёт бўлинг.
Қиз хўрсинди:
— Хўп, оҳ, хўп, — деди ва бошини озгина қимирлатди, лекин бошқа ҳеч нарса
демади. Кейс хонадан чиқиб кетди. Ҳаммаси у
хоҳлагандек бўлганди. У ўйлагандан
кўра хавф анча
камайганди. Ўша қизни кўзлари… У ўзини
Ларрига бағишлаган ва бу кўзлар
бошқа ҳеч кимни кўролмасди.
У ҳеч қачон Ларрини
полицияга топширмайди. Ҳа, Ларри қочиши керак. Жанубий Америка, Шарқ, бу муҳим эмас. Аммо
барибир Кейс енгил
тортмади. У ўзини иши, карьераси ва келажаги
ҳақида ўйларди. Ҳозир ҳаммаси хавф
остида. Йўқ! Буларнинг
ҳаммаси қўрқинчли бир
туш эди.
III
Кейинги кун эрталаб
Кейс одатдаги вақтда
уйғонди. Нонушта давомида
у тонгги газетага
кўз югуртираркан, полиция ниҳоят
Глове Лейн сирига
аниқлик киритгани ва
бир одам қотилликда айбланиб
ушланганлиги ҳақидаги параграфга
дуч келди. Кейсни хаёлига биринчи бўлиб Ларри келди. Унинг укаси
ушланган бўлиши мумкин
эди. Кейин у ўзини ўйлади.
Агар Ларри қамалса, унинг мавқейига
нима бўлади. Кейс Даррант, хукумат прокурори, ташвиши кўп
инсон! У ўзини тинчлантиришга уринди. Қўрққанга қўш ҳўкиз кўринади. У Ларриникига бориши керак!
***
Кейс Ларрининг
хонасига кирди ва укасини кроватда ётган
ҳолда топди. Уни енгил
бир ҳис чулғади. Демак
полиция Ларрини ўрнига бошқа
одамни қўлга олган. Бу
содир бўлиши мумкин
бўлган энг зўр
ҳодиса эди. То Ларри
қочиб кетгунча, бу улар учун
зўр чора эди. Ўша
қиз ҳам жўнаши керак, аммо у
билан бирга эмас.
Ларри сигарет тутатганча
унга қаради ва
оҳиста сўради:
— Хўш ака, қандай
қарорга келдингиз?
— Ларри, сен нарсаларингни
йиғиштиришинг керак. Ванда
сени ортингдан кейинги
қайиқ билан боради. Аммо бирга
боролмайсиз. Пулинг борми?
— Йўқ.
— Сенга бир
йиллик тўплаган фойдамни
бераман.
У узоқ
хўрсиниб жавоб берди:
— Сиз менга
яхшилик қилдингиз, ака.
Сиз ҳар доим яхши бўлгансиз. Мен нима
учун бундайлигини билмайман.
Кейс қуруққина
жавоб берди:
— Эртага Аргентинага
бир қайиқ бор. Сен
омадли экансан. Улар қамоққа
бошқа одамни олишибди, бу аллақачон
қоғозда!
— Нима?!
Лауренсе қўли
билан пешонасини ушлаганча, кроватга ўтирди.
— Мен буни ўйламагандим. Мен бегуноҳ
одамни ҳибсга олинишини хаёлга
келтирмагандим. Энди бу ҳамма нарсани
ўзгартиради.
Кейс унга тикилиб
қаради. У ҳибсга олинган
одам Лауренс эмаслигидан хурсанд бўлган
пайтда, уни бошқа одам
эканлигини бутунлай унутганди.
— Нега энди? — деди у
тезда озини қўлга
олиб, -бир бегуноҳ одам
хавф остида эмас. Улар
ҳар доим биринчи ёмон
хулқли одамни ҳибсга олишади.
Бу шунчаки омад бўлди. Бу бизга вақт имконини
беради. Ўтинаман, бундан хавотир
олма. Ҳозир жўнашга тайёрлан. Мен
режа тузаман. Манна,
бу озроқ пул. -Кейс укасига
қаттиқ тикилганча қўшиб қўйди: -Унутма сен фақат
ўзингни эмас, мени ҳам ўйлашинг
керак. Тушундингми?
У « Ҳа » деган
жавобни эшитиш учун яна такрорлашга мажбур бўлди. Йўлда кетиб
бораркан, Кейс укасини ўйлади. Ғалати йигит. Мен уни
тушунмайман. Мен уни ҳеч қачон тушунмайман.
IV
Лауренс бир
қанча вақт кроватида ўтирганча
қолди. Бир бегуноҳ одам хавф
остида эмас! Буни ўша машҳур ҳуқуқшунос
Кейс айтди. У
шунга ишона оладими? Оҳ, у Ванда билан
кетоладими? Даҳшатли хавф остида
турган ўша одамни ташлаб
кетоладими?
Улар бугун ўша одамни суд қилишади. У бориб буни кўра олади.
У кийинди ва ташқарига чиқди. Кўчадан газета сотиб олди. Ўша ерда ҳибсга
олинган одамни исми берилганди: Жон Эван, манзили номалум. Ҳа! У албатта бориши керак! Бир, икки, уч
марта суд эшиги ёнидан ўтиб, ниҳоят у ичкарига кирди.
Суд йиғилганди. Кутилмаганда
икки полициячи қуршовида қора курси томон олиб борилаётган аянчли одамга
кўзи тушди. У худди ҳайвонга
кўрсатиладиган таъқиб билан қуршаб олинганди.
Лауренс қўрқув билан қандай қилиб бу одам уни ўрнига
айблангани ҳақида ўйларди. Далил деярли йўқ эди. Полициячини гувоҳлик беришича,
у ўша Эванни марҳум топилган Глове Лейндаги арк остида бир неча марта
ухлаганини кузатган. Бошқа бир полициячини гувоҳлик беришича, у Эванни ҳибсга
олган ўша ярим кечада уни чўнтагида буни исботлайдиган Валинга тегишли бўлган
тилла узукни топган. Полициячини гапи Эван гувоҳлик бергандан сўнг исботланди.
— Ҳа, мен ўша узукни бармоғидан ечиб олдим, аммо уни ўзини
ўлган ҳолда топдим. -Худди қўлга тушган махлуқдек кичкина жуссали одам бурчакда
турар, унинг қайғули сарғимтир юзи, кулранг сочи ва олазарак кўзи оломон узра
тикиларди.
Ниҳоят ҳукм ўқилди:
— Иш қайта кўриб чиқилсин!
Сўнг уни олиб кетишди.
Лауренс жойидан қимирлолмай қолди, пешонасидан совуқ тер
ажралди. Демак, ўша шўрпешона одам фақатгина узук олган ва ҳозир
у содир этган жиноятда ҳам айбланяпти. Лауренс Даррантдан бошқа ҳеч ким
буни билмайди.
Ларри ўзини эшиги олдида
Кейс таксидан тушаётганини кўрди. Улар бирга қайтиб боришди, бироқ ҳеч бири
қайта таксига ўтирмади.
— Бу ерда пул бор.
Ўша ерда қайиқда бўш жой бўлиши керак. Ўзинг лангар тўхтайдиган жойга боргач
буюртма берасан, — деди Кейс.
— Мен қолмоқчиман,
Кейс.
— Мени эшит, Ларри. Буни хаёлингдан чиқариб ташла. У одамга
ҳеч нарса бўлмайди.
Ларри жилмайди:
— Сен мени қочишимни ва ўзингни мавқейингни сақлаб қолишни
хоҳлаяпсанми? -Кейс пулни қайтарди, -чўнтагинга солиб қўй, йўқса мен уни оловга
улоқтираман. Ол уни!
Кейс пулни қайтариб олди.
— Менда ҳали ҳам виждон сақланиб қолган. Мен қилмаган иши учун айбланаётган бечора бегуноҳ
одамни ташлаб қочиб кетолмайман.
Кейснинг юзи қизара бошлади.
— Сен нима
қилмоқчисан энди?
Лауренс бошини эгди.
— Мен нима қилмоқчилигимни билмайман, айнан ҳозир ҳеч нарса. Мен жудаям афсусдаман
Кейс, жудаям афсусдаман.
Кейс унга қаради ва ҳеч нарса демай чиқиб кетди.
Лауренс Кейсга ваъда берганига қарамасдан Вандани кўришга
борди, уникига бормасликка ўзида журъат тополмади. Ахир қиз ҳамма эътиборини
унинг ҳаётига қаратганди. У Ванданикига ўша куни оқшом борди ва ўша ерда қолди.
Кейинги қисқа ҳафталар уни ёшлигидан бери ҳаётидаги деярли энг бахтли дамлар
бўлди.
У ўша қизни севарди, қиз ҳам уни. У ўша қиз уни ҳеч қачон
ташлаб кетмаслигини биларди. Бир оқшом қиз унга шундай гапирдики, унинг сўзлари
ҳар доим унинг қулоқларида жаранглаб қолди: «Агар сен ўлсанг, мен яшай олмайман.»
Вақт ўтиб борарди.
Ларри суд куни тобора яқинлашаётганини англарди. У бир маротаба ҳам Кейсни
кўрмади, бирор марта унга ёзмади, уни оғриниб эслади. Аммо ҳар куни газета
сотиб олди ва асабий ҳолда унинг сатрларига кўз югуртирди.
V
Январнинг бир
тушки пайтида Кейс қонуний суд бўлганини бир эълондаги сўзларда учратиб қолди:
Глове Лейн қотиллиги: Суд жараёни ва қарор. У оломон тўпланган йўлкада ҳамон
турар, газета сотиб олишга имконсиз ҳақиқатдан ҳам имконсиз турарди. Аммо уни
юзи худди темир бўлагидек иссиқ эди, ниҳоят у пул чиқарди ва газета сотиб олди.
У ўқий бошлади: «Глове Лейндаги қотиллик. Суд ҳайъати уни айбдор деб топди.
Ўлим жазоси берилсин!»
У аввалига бироз
ғазабланди. Бегуноҳ бир одамга ҳеч нарса қилмагани учун ўлим жазоси
белгиланса-я. Даҳшат! Ўша дақиқада қўрқув ҳисси уни бутунлай мағлуб этганди.
Кейс дарҳол укасини кўришга отланди. Лауренс уйда йўқлигини
билгач, Ванданикига йўл олди. Унга ўша қизни ўзи пешвоз чиқди.
— Укам қаердалигини биласизми?
— Йўқ.
— Лекин мени фикримча, у ҳозир шу ерда яшаяпти.
— Ҳа, тўғри.
— Сиз ҳар қандай вақтда бу ердан кетишга тайёрмисиз?
— Ҳа, албатта.
— Учи?
У шивирлаб жавоб берди.
— Аммо ўша бечора одам…
— Ўша бечора одам ўғри. У ўйлашга ҳам арзимайди.
-Эҳ, -хўрсинди қиз — Аммо мен у учун афсусдаман. Балки у
очлигидан шундай қилгандир мен ҳам оч қолгандим,
бундай вақтда ҳеч қачон қилмайдиган
ишларни қиласан. Мен уни қамоқдалигини тез-тез ўйлайман. Ўша суд жараёни, у
тугадими?
— Ҳа.
— Қандай қарор чиқаришди?
— Айбдор деб топилди.
Бир оздан сўнг Кейс уни ҳушини йўқотаётганини сезди ва
уни қўлидан ушлаб деди: -Мени эшитинг.
Менга ёрдам беринг. Ларрига кўз-қулоқ бўлинг. Ларрини ҳибсга олинишига йўл
қўймаслигингиз керак. Тушуняпсизми?
— Ҳа, аммо агар у бу ишни аллақачон қилган бўлсачи?
Ўша фикр Кейсни миясига
ҳам бирдан ёпирилиб келди. «О, худойим. Агар Ларри ҳақиқатдан полицияга борган
бўлсачи? Кейин улар ҳар қандай вақтда бу ерга келишлари мумкин».
Тўсатдан Кейс эшикни калит билан очилганини эшитди. Бу
Лауренснинг ўзи эди. Унинг юзи оппоқ ва хавотирли эди. У секингина:
— Салом, Кейс, -деди.
— Сен газетани кўрдингми? — сўради Кейс. Лауренсе бош
ирғади.
— Мен шундай бўлишини
билгандим. Бир фикрга келиб олишимга вақт керак. Тушуняпсанми, Ларри. Менга
вақт керак.
У фақат Ларри ва Вандани жўнатиб юбориш ҳақида ўйларди, аммо
бирор сўз айтишга журъати етмади.
— Менга ваъда бер, ҳеч нарса қилмасликка. Мен эртага эрталаб
сени кўргани келгунимча ҳеч қаерга чиқмасликка ваъда бер.
Лауренс жавоб берди:
-Вада бераман. Ва
қўшиб қўйди: — Менга берган ваъданг
эсимда. Мен унга ишонаман. Кейс чиқиб кетди.
VI
Бутун
оқшомни Кейс укаси ҳақидаги ўй-хаёллар билан ўтказди. Ларри уни сўзига қулоқ
соладими? У клубга овқатланишга борди ва у ерда ўтирганча эрталабгача кута
олмаслигини англади. У Ларриникига бориб уни яна бир марта кўришга қарор
қилганда вақт алламаҳал бўлиб қолганди.
У эшикни тақиллатди. Бироқ қадам товуши эшитилмади. Улар
наҳотки кетишган бўлса? Унинг юраги дукиллаб ура бошлади. У эшикни ўзи очиб
ичкарига кирди.
— Ларри, -деб чақирди у. Аммо жавоб ҳам, сас ҳам бўлмади.
Кейин у уларни кроватда ётганини кўрди. Улар ичганмикан ёки улар ухлаяптими?
Укасини елкасини ушлаб уни куч билан қимирлатди. Уни танаси жудаям совуқ эди. Нафас олмасди! У жонсиз
ётарди! Кейс қалтирай бошлади. У курсини ушламоқчи бўлганди, сирпаниб кетди. Тўсатдан
у стол устида турган конвертни кўриб қолди. Пастга эгилганча конверт устидаги
ёзувни ўқий бошлади:
«Илтимос бу хатни полицияга беринг. Лауренс Даррант.» У
хатни чўнтагига солди. Биргина хаёл миясини қамраб олганди. Мен бу ҳақида ҳеч нарса
билмаган бўлишим керак. Мен кетишим керак.
У хатни ўқимагунча ўзига келолмади ва қўллари қалтираганча
конвертни очди.
«Мен Лауренс Даррант Глове Лейнда 27- ноябрь кечаси ўз қўлим
билан жиноят содир этганим ҳақида баён қиламан.» Кейс сўнгги сўзларга қадар
ўқишда давом этди.
«Биз ўлишни хоҳламагандик, аммо азобли айрилиққа ҳам чидай
олмадик. Мени ўрнимга бегуноҳ одам осилишига йўл қўёлмайман. Мен ўзга чора
тополмадим. Илтимос бизни биргаликда дафн этинг.
Лауренс Даррант».
Беш дақиқалар чамаси Кейс ўша қоғоз варағни ушлаганча туриб
қолди, соат чиқиллар ва ташқарида шамол увилларди. Кейин у ўтириб хатни яна
қайтадан ўқиди. Варақларни қўлидан улоқтирди.
Агар у ушбу иқрорномани ҳукуматга етиб боришига йўл қўйса,
икки ой давомида кўрилаётган ҳолатни аниқлаштиришга имкон берган бўлади. Бу уни
карьерасига, ҳаётига, ёш қизчасининг ҳаётига, ўзини фойдали ва муҳим келажагини
бузилишига олиб келади. Ўша одамни осилишига йўл қўйиш! Аммо бу ўзини, яъни Кейсни асраб қолиши мумкин.
Кутилмаган ҳаракат билан у хатни оловга улоқтирди. У аланга
варақларни ютиб юборганини кўрди. Ёнди! Ҳеч қанақа шубҳа, ғажийдиган қўрқув
қолмади. Уни юзи тушунарсиз ва тундлашган эди. «Олға
Кейс!
Фақат Ларридек
эмас! Олға!» | 2020-09-10 | http://nodirabegim.uz/archives/3125 |
Қанча йўлдан инсон ўтиши керак
Сизни «Одам» дея атамоқ учун?
Каптар денгиз узра учиши керак
Мизғимоғи учун қумлоқда бир кун?
Тўплар қанча жойга тушиши керак
Таъқиқланиш учун ахийри дилхун?
Жавоб, менинг дўстим, шамолда кезар,
Жавоб, менинг дўстим, шамолда эсар.
Тоғ неча йил айтинг яшаши мумкин,
Денгиз тўлқинлари йиқитмагунча?
Одам қандай қилиб бўлади эркин,
Қуллик кишанларин итқитмагунча?
Айлантирар қандай эркаклар бошин,
Аёллар измига тутқитмагунча?
Жавоб, менинг дўстим, шамолда кезар,
Жавоб, менинг дўстим, шамолда эсар.
Ўзи неча марта изламоқ керак
Кўрмоқ учун тиниқ, кўм-кўк осмонни?
Яна қанча айтинг йиғламоқ керак,
Қулоқлар тинглаши учун армонни?
Ўлим топиб дилни тиғламоқ керак,
Ўлими етмасми шунча инсонни?
Жавоб, менинг дўстим, шамолда кезар,
Жавоб, менинг дўстим, шамолда эсар.
***
Улоқтиринг чиптам деразадан бас,
Чамадонимни ҳам ташланг керакмас.
Ғамларим эшикдан итқитинг дилкас,
Керак эмас улар мен тан оламан,
Бу оқшомда мен сиз билан қоламан!
Тарк этишим керак тонгдан шаҳарни,
Бекор қилишим бор шундай сафарни;
Севгингиз лол қилди мен бебадарни,
Ҳайратдан кун бўйи ўйга толаман,
Бу оқшомда мен сиз билан қоламан!
Табиий бўлиши ҳайронлик сизда,
Нотаниш одамнинг ишқидан кейин;
Не қилай тушдим мен афсунингизга,
Энди бу ерлардан кетишим қийин.
Мен ҳуштак чаламан севгидан дилхуш,
Станциядагилар ўйлар бу беҳуш.
Ҳув бола чиптамни олсин беулуш,
Ўзимни шундайин куйга соламан,
Бу оқшомда мен сиз билан қоламан!
Улоқтиринг чиптам деразадан бас,
Чамадонимни ҳам ташланг керакмас.
Ғамларим эшикдан итқитинг дилкас,
Керак эмас улар мен тан оламан,
Бу оқшомда мен сиз билан қоламан!
***
Сен қаерда эдинг, мовий кўз ўғлим?
Сен қаерда эдинг эй дилоромим?
Мен ўн икки хавфли чўққилардан ошдим,
Трассалардан юрдим олтита қийшиқ.
Еттита қайғули ўрмон йўлин босдим,
Ўнлаб ўлик денгизларнинг олдидан ўтдим интиқ.
Қабристон оғзига ўн минг мил юрдим,
Жуда оғир, жуда оғир, кўнгил оғиши,
Бордир жуда қаттиқ ёмғир ёғиши.
Сен нимани кўрдинг, мовий кўз ўғлим?
Сен нимани кўрдинг, эй дилоромим?
Мен болакай ўраб турган бўриларни кўрдим,
Ва кўрдим ёлғизликнинг олтин йўлларини;
Қон томчилаб турган қора новдаларни,
Болахонада болғача кўтариб юрган одамларнинг қўлларини.
Кўрдим сув билан қопланган оппоқ нарвонни,
Тиллари бузилган ўн минглаб одамларни
Ва ёш болалар қўлида ўткир қилич ва қуролларни кўрдим.
Жуда оғир, жуда оғир, кўнгил оғиши,
Бордир жуда қаттиқ ёмғир ёғиши.
Сен нимани эшитдинг мовий кўз ўғлим?
Сен нимани эшитдинг эй дилоромим?
Мен момақалдироқнинг гумбурлаган овозини эшитдим,
Дунёни чўктириши мумкин бўлган тўлқинларнинг шовқинини эшитдим.
Юзлаб барабанларнинг чалинишини,
Ўн минглаб шивир-шивирларни эшитдим.
Бепарво одамларнинг кулгуси ичида,
Ахлатга ағанаб ўлган шоирнинг қўшиғини эшитдим.
Хиёбонда қичқирган масхарабозларнинг товушини эшитдим.
Жуда оғир, жуда оғир, кўнгил оғиши,
Бордир жуда қаттиқ ёмғир ёғиши.
Сен ким билан учрашдинг мовий кўз ўғлим?
Сен ким билан учрашдинг эй дилоромим?
Мен ўлик ёнида ёш гўдакни учратдим,
Мен қора ит етаклаб юрган оқ танли одамни
Ва жисми ёнаётган ёш аёлни учратдим.
Мен камалак узатган ёш бир қизни учратдим.
Жуда оғир, жуда оғир, кўнгил оғиши,
Бордир жуда қаттиқ ёмғир ёғиши.
Сен энди не қиласан, мовий кўз ўғлим?
Сен энди не қиласан эй дилоромим?
Мен ёмғир бошланмай орқага қайтаман,
Мен қора ўрмонларнинг сўнгига етаман.
Одамлар кўп бўлган жойлардан бўм-бўш,
Заҳар гранулали сувлардан ўтаман.
Излайман, қаерда нопок зиндон ёнидаги водийдаги уй,
Қаерда у очлик, чиркинлик, руҳлар унутган;
Ердаги рақамлар, қаерда қаролик,
Ахир, мен сизга айтаяпман, ўйлаяпман ва нафас олаяпман,
Тоғда акс этаяпман, ҳаммангиз кўринг,
То ботиб кетгунча шундай уммон устида тураман.
Аммо билиб қўйинг, мен қўшиқ айтишни бошлашдан олдин,
Мен ўз қўшиғимни яхши биламан.
Жуда оғир, жуда оғир кўнгил оғиши,
Бордир жуда қаттиқ ёмғир ёғиши…
***
-Мен сизни азизим кетаман ташлаб,
Эртага кемада сузиб кетаман.
Юбориш керакми почтадан бир хоб,
Мен денгиз орқали айтинг элтаман.
Менга керак эмас азизим асло,
Ҳеч нарса юборманг жавоб кутмайман.
Ўзингизни тутманг лекин бепарво,
Уммон аро кетсам мен унутмайман.
Ўйларман сиз менга умид боғлайсиз,
Кумуш ё тилланинг сўроқларидан;
Мадрид тоғларидан нима хоҳлайсиз,
Ё Барселонанинг қирғоқларидан.
Кўкдаги қоронғу юлдузлар нечун,
Олмосларни нима қиламан қоим;
Алмашардим ширин бўсангиз учун,
Ё фақат меники бўлсангиз доим.
Қанча вақт қоламан бунда йўл қарай,
Мени ўраб олар қайғую тоқат;
Мени эслаб қолинг недир юборай,
Вақтингиз хуш ўтсин сизни ёр фақат.
Қол деб мендан қандай сўрайсиз билмам,
Қолиш ранж келтирар кетишку алам;
Бас, бу лаҳзаларда юракни тилмам,
Шуни истар бўлсам мен эртага ҳам.
-Ёлғизликдан гулим хат олдим тамом,
Эй, елканли кема, хайр, қайтаман!
Қачон келишингни билмам батамом,
Аммо севишимни сенга айтаман!
Тугади ҳаммаси аянч билан бас,
Ҳисларингиз энди у ағёрларда;
Энди юрагингиз мен билан эмас,
Энди юрагингиз у диёрларда.
Эҳтиёт шарт майли, сиз яхши боринг,
Ғарбий шамолларда бўрон ўртиклар;
Юбориш шарт бўлса, майли юборинг,
Испаниядан о, чарм этиклар.
***
Сиз эҳтимол консул бўлишингиз мумкин,
Англия ёки Фарангистонда.
Сиз қимор ўйнашни ёқтиришингиз мумкин,
Рақсга тушишни қилмассиз канда.
Сиз оғир вазнда чемпион бўлишингиз мумкин,
Балки икки қадам нари дунёда.
Балки сиз социалист бўлишингиз мумкин,
Марваридлари ҳаддан зиёда.
Лекин сиз кимгадир хизмат қилишингиз керак, шундай табиий,
Сиз кимгадир хизмат қилишингиз керак.
Бироқ бу шайтон бўлиши мумкин, бўлиши мумкин эҳтимол Раббий!
Лекин сиз кимгадир хизмат қилишингиз керак.
Сиз рок-н-ролга мойил одам бўлишингиз мумкин,
Эҳтимол саҳнада рақсга тушарсиз — шунда хаёллар.
Сизнинг буйруғингиз билан гиёҳванд бўлган бўлиши мумкин,
Итоатингиздаги мўмин аёллар.
Сиз эҳтимол бизнессмен бўлишингиз мумкин,
Ё, қандайдир катта гангстер ўғри.
Балки сизни доктор деб чақиришлари мумкин,
Ёки «шеф» деб тўғридан-тўғри…
Сиз давлат армиясидан бўлишингиз мумкин,
Бўлишингиз мумкин эҳтимол ёш турк.
Сиз баъзиларнинг раҳбари бўлишингиз мумкин,
Балки катта ТВ тармоғида кўрк.
Сиз бой ёки камбағал бўлишингиз мумкин,
Эҳтимол кўрдирсиз ва ёки чўлоқ.
Сиз бошқа мамлакатда яшаётган бўлишингиз мумкин,
Бошқа ном остида бу ерда «қулоқ».
Сиз қурилишда ишчи бўлишингиз мумкин,
Уйда ишлашингиз мумкин эҳтимол.
Сиз саройда хуррам яшашингиз мумкин,
Ё ижара уйда камбағал алҳол.
Ёнингизда балки қурол бўлиши мумкин,
Эгалик қиларсиз балки танкларга;
Балки уй эгаси бўлишингиз мумкин,
Эгалик қиларсиз балки банкларга.
Сиз балки бир ваъзхон бўлишингиз мумкин,
Руҳ нағмаларини ўрганган бироз.
Балки шаҳар кенгашига депутат бўлишингиз мумкин,
Хизматларга пора олиш-чун оз-оз.
Сиз сартарошхонада ишлашингиз мумкин,
Қўлингиз келиши мумкин соч олишга зўр.
Кимнингдир балки уй бекаси бўлишингиз мумкин,
Кимнингдир вориси ёки меъросхўр.
Сиз пахталик кийимларни кийишни яхши кўришингиз мумкин,
Ё ипак кийимни ёқтирарсиз бут.
Эҳтимол сиз виски ичишингиз мумкин,
Эҳтимол ичарсиз ёқтирганча сут.
Сиз икра ейишни яхши кўришингиз мумкин,
Балки ейишни хуш кўрадирсиз нон.
Сиз полда балки ухлаётган бўлишингиз мумкин,
Ё сақларсиз шоҳона кароватда жон.
Хор:
Сиз мени Терри деб чақиришингиз мумкин,
Сиз Тимми деб чақиринг майли;
Сиз мени Бобби деб чақиришингиз мумкин,
Зимми деб чақиринг кўнглингиз хайли.
Мени Р. Ж. деб чақиришингиз мумкин,
Рой деб чақиринг менга нима ғам.
Исталган ном билан чақиришингиз мумкин,
Лаббай деб келадурман не десангиз ҳам. | 2020-10-10 | http://nodirabegim.uz/archives/3129 |
Шамоллар қўйнида ёп-ёлғиз
қолдим,
Шўнғиб сузаётган кема
саҳнида.
Теграмда ёввойи тун кечар
эди,
Бўрон қутурарди зўр ваҳимада.
Замин адоватли, денгиз
аламли,
Нечун жой изларман тин олмоқ
учун?
Мен ҳар он курашда бўлмоғим
жоиз,
Токи хор юрагим қолсин
бус-бутун!
Сокин Апрел туни чўкар осуда,
Ҳар новда тилида титраган
нафас.
Сукунат қоплайдир
жимм-житликда,
Фақат менгамас.
Менинг сукунатим қалбга
қулфланган,
Қаерга борсам ҳам ҳамма жой
қафас.
Оқшом ишқ-ла ошно келар ҳар
кеча,
Фақат менгамас.
Тўлқинлар
денгизнинг оппоқ қизлари,
Томчилар
ёмғирнинг норасталари.
Валек
маним оғир руҳимга нечун
Азоблар
онаси бўлмоқлик лозим?
Кеча юлдузларнинг туққан
онаси,
Шаббода
эркалар соҳил мавжларин.
Олам
гўзалликка тўлиқ авжида,
Мен
ҳамон уйимда қолишим лозим.
Сароб орзуларим олдингу
мендан
Уларнинг ҳар бирин тўлдириб
чиқдинг —
Оҳангга,
оғриққа ва
бахтга,
Гўё апрел қуёшидек балқидинг.
Ғалати
қарама жунун юзимга,
Еттинчи
фалакда учарман гирён.
Толеъдан
бенасиб қолган маҳбусдек
Аламли
қўшиқлар айтардим ҳар он.
О, менинг осмоним, рангин,
бегидир,
Қўл
етмас орзулар рўёдир, бироқ –
Бироқ
улар ҳаддан зиёд муқаддас,
Худди
сенинг кўнглинг каби оқ, оппоқ!
Сен пайдо бўлдингу, хазин
кунларим
Барчаси қайтадан кулди, жилмайди.
Ўзимни қаерга беркитсам экан,
Ҳатто ёзай десам қўлим
титрайди…
Қалбим
оғрир…
Қалбим
оғрир,
мусиқа
оғир,
Дарахтдаги
пишмаган мева —
Бироқ
узолмаяпман сира,
у
насибам эмас, манимча.
Тун
чўкиб, тонг отиб муттасил,
Умр
ўтиб кетавераркан.
Бир
кун оқ сочимга тушар у мева,
Аммо
уни биров илиб кетаркан…
Гар кетишим жоиз бўлса Арши
Аълога,
Юлдузлардан
нарвон ясаб кўтарилардим.
Яқинроқ
ва абадий қолмоқлик учун
Юксак
маъволардан боқади Раббим.
Умр хазонрезги япроққа
ўхшар,
Тўкилиб
тушару тирилмайди ҳеч.
Тириклик
ортида, ўлим ортида
Дунё
мудом қайраб тураркан қилич!
Жоним
узилган чоғ апрел ёмғири
Сийпалар
ғамлардан оқарган сочим.
Тепамда
турарсан, юрагинг синиқ,
мен
ҳеч қайғурмасман…
Ёмғирда
ивиган баргларин қучган
дарахтлар
мисоли ором топарман.
Йиғлама,
йўқману
ёруғ оламда
Бироқ
тириклардан бахтиёрроқман…
Нечун азоб чекай, нечун айтай
баҳорга видо,
Ҳамма қўшиқларим куйлаб
бўлдимми?
Чақмоқтошдек қайсар оловни
ёқиб, беғам
Қувноқ қўшиқларим кулга
кўмдимми?
Нечун азоб чекай, ахир муҳаббат эмас-ку боқий,
Қўйинг, далли бўлай, ҳа, мен
телбаман.
Бироқ жим турмоққа етар
қудратим, жимман…
Лек бир қўшиқ томар
қароқларимдан –
Нечун азоб чекай?
Нечун азоб чекай?!
Осмон қулаб тушди, тоғлар
йиқилди,
Қуюқ туман босди бутун
борлиқни.
Эшигим олдига келиб, тиз
чўкди
Минг йиллик такаббур
соғинчим.
Асрий ва мунаввар ер юзи,
Эриб оқаётган булутга ўхшар.
Қайғу ва қувончнинг оралиғида
Одамлар ухлар.
Осмонсиз дунёда яшаймиз,
Замин йўқ, денгиз йўқ, сенсиз
йўқ!
Валек мен ҳаётман, токи
борман мен,
Зимистон оламда икки қалб
ёруғ.
Худойим,
бахтлиман, иқболим кулди,
Тақдир ваниҳоят келди
юзма-юз.
Қўлим етмас эди,
у баланд эди,
Э-воҳ! Энди кўзга тушар бўлди
кўз.
Шабода юлқилаб ҳарир этагин,
Ранг, оҳанг қуйилар экан
бетиним –
Ҳайрат тўла ҳорғин
нигоҳларига
Бахтиёр тўкилгим келарди
менинг.
Кечган кунларимдан розиман
энди,
Қанча йўллар босдим,
адашдим узоқ.
Қисмат синовидан ўтганим
ростми,
Мен уни тополдим, эришдим
бироқ.
Кулгу кўз ёшидан келар
сарбаланд,
Юрак, қуллуқ бўлсин сенга
оппоқ Бахт! | 2020-11-10 | http://nodirabegim.uz/archives/3132 |
О. хаёллари чувалашиб тўхтади, атрофга аланглади. Бу жойлар унга танишдай, бироқ тор кўчани илк дафъа кўриб туриши. Бир-икки қаватли уйлар, эски, нураган ҳовлиларнинг бад, қоришиқ бўйлари, эшиксиз-деразасиз деворга бориб тақалган диғриқ – боши берк кўча – ҳамма-ҳаммаси О.га вақтию кўнглидан олис, чиркин хотираларидан сизиб ўтган аралаш-қуралаш тушларининг антиқа оламини эслатар эди. Болалик хотираларимикан бу?
Йўқ, унинг болалиги бу маҳаллада кечмаган. Балки анча йиллар бурун бу ерга бирор қариндоши, дўсти ёхуд танишиникига меҳмон бўлиб келгандир. Эслай олмади. Уйидан ишхонасига ҳам бу йўллардан ўтиб бормайди. Бунинг устига, кўнглига шаҳарнинг ўзига дахли бўлмаган маҳаллаларида санқиш ғулғуласи ҳам ҳеч тушмаган. Унда нега ҳамма нарса кўзига, худди бу ерни қаричлаб ўлчаб чиққандай, таниш туюлади? Вужудини кемирган ташвиш, ғалати бесаранжомлик ҳисси қаердан дориди?
У соатига қаради. Ярим кеча – комендантлик вақти бошланишига жуда оз қолган эди. Имилламай бу ердан – чалкаш, бефайз жинкўчалардан марказий кўчага, шоҳкўчага чиқиш, соат ўн икки бўлмасидан уйига етиб олиши керак, акс ҳолда патрулнинг қўлига тушиб қолиб, тунни шу яқин атрофдаги комендатурада ўтказиши ҳеч гап эмас.
Балки ҳаммасига ойнинг гўё ўзга дунёлардан бу ерга келгану ғира-ширада хароба тусига кирган иморатлар, чувалган калава ипига ўхшаш тор кўчалар – умуман, қулоқни том битиргудек сукунатга тўла бу ғаройиб макон устидан ҳукм юргизаётган кумуш-бўз ранг нури сабабчидир? Ахир, у маънисиз ва ҳаракатсиз нигоҳини ой нурига тикиб, ойдин йўлакдан беўх¬шов, аммо тантанали қадам ташлаб бораётган ойпараст эмас-ку! Ҳуши жойида, эсини емаган, вақтни ҳам аниқ билади. Шунга қарамасдан, тушим эмасмикан дея, юрагини сиқаётган, ғаройиб парвоздан дарак бериб турган вазнсизлик ҳолатини ҳис қилиш учун ерга оёқ тираб сакрашга уриниб кўрди. Албатта, бундан бир иш чиқмади. Йўқ, у туш кўраётгани йўқ. У, қўрқувдан тонг қотган чоғингда жонсиз оёқларинг бир жойга михланиб қолганидай, учиш ёки бошқа бирор ҳаракатни ҳис қилмаётган эди.
Лекин у бемаҳалда бу ерларда нима қилиб юрибди? Нега келди бу ерга ўзи, қачондан бери манави нотаниш кўчаларда санқиб юрибди? О. қанчалик тиришмасин, саволларга жўяли жавоб топа олмади. Ичувчи бўлганида ҳам гўрга эди, ҳа, энди мастликда бўлиб туради-да, адашиб, гадойтопмас жойларга келиб қопти, деса… Ўлганнинг устига тепгандай, юрагида уйғонган ва сал бўлмаса босинқирашу ваҳимага айланаёзган хавотирни айтмайсизми! Ҳозирнинг ўзида, бир-икки дақиқа ҳам ўтмай даҳшатли бир фалокат рўй берадигандай, кўнгилни алағда қилаётган тутқич бермас ҳис…
У қўққисдан ўзининг тор йўлакли диғриқ деворига тикилиб турганини сезиб қолди. О. шарт бурилди-да, йўлак бўйлаб юриб кетди, муюлишга қайрилди-ю, яна тешик-туйнуксиз деворга рўпара келди. Қамалиб қолдим, деган хаёл урилди миясига. Лекин зум ўтмай кўзи девордаги энсиз эшикка тушди ва шошиб шу томон юрди. Уни итариб очди, аммо ўйлаганидек, ҳовлига эмас, худди ановисига ўхшаш бошқа бир тор йўлакка чиқиб қолди. Бирдан елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Шунда у ўзини қўрқитиб юборган нарса узоқдан келаётган элас-элас товуш эканини англади – ўша товушни бўғиқ йиғи-сиғи деб ўйлаган, мана, энди аниқ-тиниқ эшитиб билса, бу, бор-йўғи, мотор шовқини экан. Ўт олдирилган мошинанинг мотори. Бир оз ўтиб мотор қизийдию мошина жўнаб кетади. Аммо… бемаҳалда, бу ҳам етмагандай, мана бундай тор, танг жинкўчада мошинага бало борми? Ҳали қораси кўринмаган мошина унинг юрагига яна ғулғула солди. Сабабини тузукроқ англаб етмай туриб, унинг кўнглидан бу мошинага илло-билло рўпара келмай, тезроқ қочиб қолиш керак, деган фикр ўтди.
О. қадамини тезлатгани сайин мошина саси ҳам яқинлашиб келаверди – ваҳимага тушиб, қоча бошлади. Қочаркан, мошина тор йўлакдан катта тезликда ўтиб кета олмайди-ку, деган ўй миясида айланарди. Орқадан мотор шовқини жуда яқин келиб қолганини сезди. О. ўзини мажбурлаб ўгирилди. Йигирма қадамча нарида кўчани тўлдириб, устига бостириб келаётган каттакон қизил лимузинни кўрди. Жон ширинлик қилиб, дуч келган эшикни итариб очиб, худди сингиб йўқ бўлиб кетмоқчидай, нафасини ичига ютганча деворга қапишиб олди. Айни чоқда моторнинг овози паса¬йиб қолди, мошинани ўчди деб тахмин қилиш мумкин эди. Бироқ қизил лимузин тўхтаб қолмаган, фақат тезлиги сусайган эди, холос. У О. қапишиб олган эшикка тобора яқинлашиб келар эди.
…ва гўё мошина салони бўш эканини О. кўриши учун нақд унинг рўпарасига келиб тўхтади. Салон, дарҳақиқат, бўш, бўм-бўш эди. Ҳайдовчининг ўрнида ҳеч ким йўқ.
* * *
У одатдагидай еттига тўғрилаб қўйилган соат зангидан уйғониб кетди. Гарчи даҳшатли туш титроғи ўтиб кетмаган бўлса-да, ўз уйида, ётоғида эканини, бутун кўрганлари тушида содир бўлганини англагач, ўзига келиб қолди. Кулимсираб, бош ирғаб қўйди.
Янги кун бошланаётган эди. Ўрнидан туриши, ювиниши, соқол олиши, чой ичиши ва ишга жўнаши лозим. Қилиниши керак бўлган бугунги ишларнинг ҳам кечаги, эртанги, бир йил, ўн йил олдинги, бир йил кейинги юмушлар билан ўхшашлигини эслаб юраги сиқилди. У, гарчи имкони бўлмаса-да, яна бирпас мизғиб олиб, ўзини алдамоқчидай кўзларини юмди, лекин азалий одати панд бериб, тўшакдан туриб кетди: бугун ҳам ҳаётий кўникмасига айланиб қолган кун тартибига риоя қилиши шарт эди.
О. ярим соатлар ўтиб, ўзи сўққабош яшайдиган квартираси эшигини тамбалаб, зинапоядан пастга энарди. У беш дақиқадан сўнг 7-автобусга ўтириб, метро станциясига етиб олиши, метрода эса тўрт бекат юриши, метродан чиқиб, ишга, тўғрироғи, иш жойигача яна юз қадамча босиши керак. Ўн саккиз йилдан бери шу ҳолат – бир вақт, бир улов, бир йўналишда айнан такрорланар эди. Дам олиш кунлари, таътиллар, бетоб кунларини ҳисобга олмаганда, ўн саккиз йил…
О. сигарет тутатганча, йўлак эшигидан ташқари чиқаётиб, рўпарасидаги пиёдалар йўлкаси ёнида турган қизил лимузинга кўзи тушди. У бир сапчиб тушди, қадамлари сустлашди. Бу ўша тушида кўрган лимузин эканига қасам ичиб, шаҳодат бериши мумкин. Худди тушидагидек, мошина ичида ҳеч зоғ йўқ. Бироқ ойлоқ тушидан фарқли ўлароқ, ҳозир кўча тонгги қуёш нурларидан чароғон, бу ерда бирор сир йўқ ва, бинобарин, қизил лимузин ҳам бирор хатар туғдирмас эди. Мошинага ўхшаган мошина, бирор авло жойи йўқ, оддий мошиналардай турибди жойида. Балки О. уни кўрган-у, паришонхотирлиги боис эътибор бермагандир, ўша мошина ғайриихтиёрий тарзда ботиний онгига ўрнашиб қолиб, тушига кириш учун пайт пойлаб ётгандир.
Кучаниб ғўриллаганча яқинлашиб келаётган эски автобусни кўрган О. бекат томон илдамлади-да, доимо тирбанд юрадиган бу уловнинг орқа эшигидан туртина-суртина чиқиб олди. Шунда беихтиёр автобус деразасидан уйи томон кўз ташлади. Қизил лимузин ҳамон ўша жойда турар эди.
Икки бекатлар юрилгандан сўнг аксарият йўловчилар тушиб, автобус бўшаб қолди. О. бўш жойлардан бирига чўкиб, у ёқдан-бу ёққа шошилаётган одамларга, автобусни қувиб ўтаётган, қарама-қарши тарафдан келаётган мошиналарга, ўзи ёнидан минг марталаб ўтиб-қайтган уйларга паришонхотир термулар, фикрини бир ерга жамлашга уринар эди. Энди у автобусни чап ёки ўнг ёнидан қувиб ўтаётган мошиналарни, худди ниманидир излаётган ёки кутаётгандай синчиклаб кузата бошлади. Миясидаги ғира-шира ўйлар аниқ бир фикрга дўнди-ю, беихтиёр истеҳзоли кулимсиради: “Излаётганим анави қизил лимузин эмасми? Уни кўрмаганимга ҳам анча бўлди, одам соғинар экан”.
У автобусдан тушиб, ўн қадам ҳам юрмаган эдики, метрога кираверишда йўлкага тақаб қўйилган қизил лимузинга кўзи тушди. Яна мошина ичида ҳеч ким йўқ эди.
О. метронинг ўзиюрар зинасидан эниб борар экан, балки шаҳарга жуда кўп қизил лимузин келтирилгандир, шунинг учун ҳам уларни ҳар қадамда учратаётгандирман, деб ўйлади. Аммо унинг тушларига кириб чиқишини айтмайсизми? У ўзининг зўраки кулимсираганидан ижирғанди. Елкасида енгил бир титроқ турди. “Агар бу ўша мошина бўлса-чи? Мени таъқиб қилиб юрса-я?” Шу асно миясига лоп этиб бошқа бир фикр урди: “Тавба! Таъқиб қилар эмиш! Сенинг кимга керагинг бор?” Шунинг баробарида О. ўша қизил лимузинни яна учратсам албатта рақамига қараб оламан, деб кўнглига тугиб қўйди. “Ўҳ, демак, сен бу иккаласини ҳам бир мошина деб ўйлаётган экансан-да?.. Оббо, гапини қаранг!”
Мана шундай ғулғула билан андармон бўлиб О. умрида биринчи марта тушиши керак бўлган бекатдан ўтиб кетиб қолсами. Қарама-қарши тарафдан келаётган поездга ўтириб, ортига қайтишга мажбур бўлди. У метродан чиқа¬ётиб, яна қизил лимузинга дуч келди. Бу сафар ажабланмади ҳам, фақат ичида одами бўлмаган мошинанинг рақамига кўз ташлади: “19-91. Таниш-билишчилик қилиб олинган номер. Ўтиб бораётган йилга ҳам тўғри келади: 1991 йил. Хўп, нима бўпти шунга?” У елка қисиб қўйди: “Оддий тасодиф”.
У кундалик қатнов йўлининг сўнгги қисмини босиб ўтар экан, ўйлаб қолди: наҳотки таҳририят олдида ҳам қизил лимузин турган бўлса? Шуниси ҳам етар. Бундай бўлиши мумкин эмас. Метродан унинг идорасига олиб борадиган бошқа йўлнинг ўзи йўқ. Демак, қизил лимузин уни қувиб ўтиши керак эди. Шунда унинг ҳайдовчисига кўзи тушган бўларди. Ахир, бу мошиналар ўз ҳолича кезиб юрадиган туш эмас-ку…
У атрофни, ўзини қувиб ўтаётган мошиналарни диққат билан кузатар, лекин на улар сафида, на таҳририят биноси ёнидаги автомобиллар орасида қизил лимузин бор эди.
О. лифтда саккизинчи қаватга кўтарилиб, ўз кабинетига кирди. Кабинет деразалари ҳовлига қараган эди. Шу пайтгача эътибор қилмаган экан, лекин ҳозир бундан афсусланди: деразадан кўчага боқиб, ташқаридаги мошиналарни кузатиб ўтириши мумкин эди, қизил… “Йўқ, эсимни еб қўйганга ўхшайман, – деб ўйлади О. жаҳли чиқиб. – Нега шу жин ургур қизил мошина хаёлимдан кетмай қолди?”
У кунбўйи таҳририят ишлари билан банд бўлди: эртан чиқадиган газета саҳифаларини ўқиди, кейинги сонларга мўлжалланган мақолаларни таҳрир қилди, хатлар билан танишди, шулар билан чалғиб, тамадди қилиб олиш ҳам хаёлидан кўтарилибди, соат тўртларга бориб, очиққанини сезди. У олтинчи қаватдаги буфетга тушди.
Тасодифни қарангки, буфет деразаси ҳам кўчага қараган эди. О. тушликка пул тўлаётиб, беихтиёр деразадан ташқари мўралади. Пастдаги мошиналардан бирининг ранги қизил эди. Эй, ўша бўлмасин тағин?
О. беихтиёр тахминини текшириб кўрмоқчи бўлиб биринчи қаватга тушди-да, кўчага чиқиб, мошинанинг олдига борди ва номерига қаради: 19-91.
О. нигоҳларини қизил лимузинга қадаб, ҳозироқ бир фалокат рўй берадигандай жойида тек қотиб қолди. Эҳтимол, кимдир мошина ёнига келиб, унга ўтиришини ва бу нохуш ҳодисага барҳам беришини кутгандир. Лекин ҳеч кимдан дарак бўлмади.
Иш куни тугаб борар, таҳририят олдига қўйилган мошиналарга эгалари келиб ўтирар ва жўнаб кетар эди. Вақт ўтгани сайин уларнинг қатори сийраклаша борди. Қолган беш-олти мошина орасида қизил лимузин ҳам бор эди. О. дафъатан ўзининг анчадан бери йўлкада, мошиналар олдида кимнидир ёки ниманидир кутиб турганини сезиб қолди. Энди кутишдан фойда йўқ. Бу ерда эрталабгача қаққайиб турса ҳам нафи бўлмаслиги, қизил лимузинни миниб кетгани ҳеч ким келмаслиги турган гап. Негадир бунга ишончи комил эди. Боз устига, унинг кўнглида ҳозир жўнаб кетсам, уни эрталабгидай уйимнинг эшиги олдида кўришим аниқ, деган ишонч ҳам пайдо бўлди. Нега бу ғалати ишонч миясига ўрнашиб қолди, ўзи ҳам тушунтириб бера олмайди.
О. уйига жўнади. Афтидан, мошиналарни кузатиш жонига теккан, шунинг учун ўтган-кетган йўловчиларга ҳам эътибор бермай қўйган эди. Кўнглида, бу ишлар яхшилик билан тугамайди, деган бир алағдалик бор эди. У худди бегона шаҳарга бориб қолгандай ҳис қиларди ўзини. Табиийки, бу ҳис О.га ёт эмас, кейинги икки-уч йил ичида у ўз шаҳрини таниёлмай қолган эди. Шаҳар тобора бефайз бўлиб бораётгандай, эски ҳамшаҳарлари гўё бошқа бировларга алмаштириб қўйилгандай эди. На чора. Шаҳарда О.нинг дўстлари, оғайнилари, ҳатто танишлари кундан-кунга камайиб борарди. Ҳатто шаҳардаги бинолар, кўчалар, майдонлар ҳам олдинги файзини йўқотди, хиралашди, тундлашди, дағаллашди. Илгарилари О. уйдан чиқиб юз қадам юрмаёқ албатта икки-уч танишини учратар эди, бугун эса шаҳарни соатлаб кезса ҳам бирор таниши билан салом-алик қилиши даргумон.
О. ғуссали хаёлларга толганча метрога яқинлашаркан, йўлка бўйида 19-91 рақамли қизил лимузинни кўриб қолди. Бу ерга қачон, қандай қилиб келиб қолди экан? Ахир, таҳририятдан метрогача фақат шу йўл билан келинади. О. ҳозиргина пиёда келган бу йўлда ҳеч қандай қизил лимузин учрамади-ку? Ё ҳар доимги паришонхотирлиги сабаб эътиборсизлик қилдимикан? Нима бўлганда ҳам мошина шу ерда турар, ичида эса яна ҳеч ким йўқ эди.
О.нинг кўнглидаги айқаш-уйқаш ҳисларни бир ном билан аташ мушкул, аммо уларнинг ёнига яна бир ҳис – қўрқув келиб қўшилгани аниқ эди. Кимдир атай уни тушуниксиз бир ўйинга тортаётган, бу ўйин у ишга қатнайдиган йўл бўйлаб давом этаётган эди. На чора. О. ичидан гупириб келаётган ғазаб аралаш, майли, ўйин бўлса, ўйнаганим бўлсин, лекин унинг қоидасини, рақибларим кимлигини билишим, ҳеч қурса, кўришим керак-ку, дерди ўзига-ўзи. У метро вагонида шу ҳақда ўйлаб кетди. Демак, “улар” О.нинг қатнов йўлидан хабардор… Изига тушишган, хўш, бунинг нима қийин жойи бор? Бу уларнинг қўлидаги кузир. Ким экан ўшалар? Билганида борми? Балки ўшанда ўйин бошқачароқ бўлар, унинг қоидаси бўйича ўйналармиди? “Майли, кузир уларнинг қўлида бўлса, ўйинни бузиш менинг қўлимда. Ҳозир ҳар доимгидай метронинг ўзим тушадиган бекатидан чиқсам, ўша қизил лимузинни кўришим аниқ. Мен эса тўртинчи бекатдан эмас, иккинчисидан… чиқаман”. Нега айнан иккинчисида эканини О. метродан кўчага чиқиб англади. Бир замонлар у деярли ҳар куни метронинг айнан шу станциясидан чиқар, аммо икки йилдан буён бу ерларда қорасини кўрсатмас эди. Метронинг шундоқ ёнгинасида котиба яшарди. Ҳамма бало шунда экан.
* * *
Котиба ҳам таҳририятда ишлар эди. Кунлардан бир куни, тўғрироғи, бир туни котиба билан О.нинг газета сонига навбатчилиги тўғри келиб қолди. Улар ярим кечаси газетани топшириб, кўчага бирга чиқишди. Табиийки, О. уни уйигача кузатиб қўйди. Ундан-бундан, ишдан, ходимлардан, об-ҳаводан, турмуш ташвишларидан гаплашиб кетишди. Бирга ишлаётганига бир йил бўлса-да, ҳали бирор марта бунга ўхшаш кўнгилга эрк берадиган вазиятга тушишмаган эди. Энди эса бўлар-бўлмас нарсалар ҳақида валдираб, негадир иккаласи ҳам бу кеч бир-биридан айрилмаслигига ишонар эди. Йўқ, фақат бугун, фақат бир кеча эмас (Бунга кейинчалик котиба ҳам иқрор бўлди).
Котиба навниҳол, диркиллаган, гўзал, бу ҳам етмагандай, бир ўзи турар эди. О. эса бўйдоқ. Ҳозиргидай. Ҳар доимгидай. Шу воқеа рўй берганига ҳам беш йил бўлибди. Демак, ўша пайтлар О. беш ёшлар ёшроқ экан-да.
Котибанинг камтарлигини ҳисобга олсак, у қилган нимишора, нимтаклиф ва нимдаъватларни, бир пиёла чойга кирсангиз, деб тушуниш мумкин эди. О. эса ниятига етиш учун атайин чўнтакларига шапиллатиб уриб, қитмирлик қилди: гугурт фақат уйда бўлишини била туриб, котибадан гугурт сўради. Лекин гап бунда эмас, муҳими, ўша сўлим кеча уларнинг бир-бирига айтган сўзлари ҳам, қилган имо-ишоралари ҳам – ҳамма-ҳаммаси табиий ва ярашиқли эди. Кеч бўлиб қолгани эсларига тушганида метро аллақачон ёпилган эди.
О. котибаникида ётиб қолишга мажбур бўлди, бу ҳам табиий бир йўсинда кечди. Ошиқ-маъшуқлик уч йил давом этди. Бу орада улар бир-биридан тўйган, ҳатто бир-бирининг жонига теккан ҳам эдики, иккаласини боғлаб турган кўринмас ришта асаб толасидай таранглашиб, оғриқсиз узилар ҳолатга келган эди. Гапнинг индаллоси, ҳар нарсанинг интиҳоси бор. Шунинг учун бўлса керак, котиба – ташландиқ бўлишни хоҳламай – таҳририятдан бўшаб кета қолди. Ишдан кетганидан сўнг орадан бир ой ўтиб, О. қўққисдан уни йўқлаб борди.
Котибанинг уйига меҳмон – янги иш жойидаги дугоналари келган экан. У О.ни совуқ қарши олди, шу сабаб одоб юзасидан бирпас ўтириб, хайр-хўшлашиб кета қолди. Орадан бир ҳафта ўтиб, уникига яна келди. Бу сафар котиба уйида йўқ экан. Кейинчалик яна бир бор йўқлади – тополмади. Шундан сўнг яна эски тегирмон тоши айланиб кетиб, ишга кўмилди-қолди, котибани унутди.
Бу айрилиқ уни на қийнади, на азоб берди. Юраги ақалли қилт этмади, қизни деярли соғинмай қўйди. У бир ўзи яшашга ўрганиб кетган, ёлғизликдан азият чекмас эди.
О. баъзан аёллар билан танишар, дон олишар, уларни уйига етаклаб келар ёки уларникига меҳмонга борар эди. Табиатан камгап бўлгани учун танимайдиган бирортаси у билан бирга ўтириб қолса, зерикканидан “тарс” ёрилиб кетай дер эди. Шунинг учун у билан таниш-билишлик, нари борса, бир-икки соат давом этарди. О. танишини ойлаб эсламаслиги ҳам мумкин эди.
У иккинчи бекатда тушиб, метродан чиқди, лимузин-пимузин дегани йўқ. Бундан ажабланмаса ҳам бўлади: унинг бу ердан чиқиши кимнинг хаёлига кепти дейсиз? Бу фикр ўзининг ҳам миясига тасодифан келиб қолмадими, ахир!
Оёқларининг ўзи уни эски одатга биноан котибанинг уйига бошлаб келди. Мана таниш зинапоя, иккинчи қаватдаги пиллапоялардан бирининг кемтиги бор, қоқилиб, пешонангни ғурра қилгинг келмаса, эҳтиёт бўлганинг маъқул. О. учинчи қаватга чиқиб, худди кечагина бу ердан кетгану орада икки йиллик айрилиқ бўлмагандай эшик қўнғироғини босди.
Эшик ортида қадам товуши эшитилди ва:
– Ким у? – деган овоз келди.
У жавоб берди.
Эшик очилди. Котиба О.ни кўриб ҳайрон бўлди.
– Сенмисан? Қандай шамол учирди?
У, шу яқин атрофда бир ишим бор эди, бирйўла сени ҳам кўриб кетай дедим, деб минғирлади. Улар ҳамон остонада туришар эди. Ниҳоят қиз уни ичкарига таклиф қилди.
– Кир, – деди қиз. – Фақат, айбга буюрмайсан, уй тўзиб ётибди. Меҳмон келишини кутмаган эдим.
Хона ғариб бир аҳволда эди. Бўм-бўш, жиҳозсиз. Фақат деворда бир тошойна қолган. Сурат чорчўпи осилган михлар, ранги ўнгиб кетган гулқоғозли деворда йиллаб осилиб турган ўша суратлар ўрни қора из бўлиб қолган эди. Хона кунжагидаги картон қутиларга китоблар жойланган, қутиларга сиғмаганлари ерда, дераза рафида сочилиб ётар эди. Девордаги ойна О.га котибани суйган онларини эслатди, у бўлса О.нинг ойнага тушган нигоҳидан хаёлига нималар келганини уқиб олди. Хона бурчагидаги паркет ранги полнинг бошқа жойларидан бўлакча эди. Ердаги қора тўртбурчак улар бир-бирини суйган каравот ўрни эди. О. ҳатто пуржиналар ғичир-ғичирини ҳам эшитгандай бўлди.
– Хайрлашгани келдингми? – деб сўради котиба чўзилиб кетган ўнғайсиз жимликни бузиб.
– Хайрлашиш деганинг нимаси? – таажжубланиб унга қаради О. – Ё кўчяпсанми?
У тасдиқлаб бош ирғади.
– Уйингни алиштирдингми?
– Йўқ, ватанимни.
О. бирпас жимиб қолди-да, сўнгра гап қотди:
– Нима ҳам дердим. Ҳозир бу урф бўлган… Сир бўлмаса, қаерга?
– Узоққа, – ним табассум қилди қиз. – Бошқа қитъага, океан ортига.
О. котибанинг онаси жуҳуд бўлганини, Америкада қариндошлари, холасими, тоғасими борлигини эслади. Буни унга қизнинг ўзи айтган эди.
– Қачон кетяпсан?
– Индинга, – деди у. – Ҳамма нарсани сотдим, бугун каравотни ҳам олиб кетишди. Энди ерда ётиб ухлашимга тўғри келади.
– Мана бу китоблар-чи?
– Уларни эртага олиб кетишади. – Кейин бирданига эсига тушиб қолди. – Ошхонадан иккита истакан топилади. Ҳозир сенга чой қўйиб бераман.
– Кераги йўқ, – деди О. Лекин котиба ошхонага чиқиб бўлган эди.
О. метро станциясига қараган дераза ёнига келиб кўчага тикилди. Ке¬йин ўзининг ойнадаги аксига кўзи тушди: юзи салқиган, ажинли кўзлари остида халтачалар, сочи оппоқ. Йўқ, унга сочи оқармаган, аксинча, моғорлаб кетгандай туюлди.
У қўлига илинган китобни олиб паришонхотир, ҳеч бир мақсадсиз варақлар, қайтиб жойига қўяр эди. Эски энциклопедиялар, кўп томликлар, луғатлар, маълумотномалар дегандай. Уларнинг орасида нодир китоблар ҳам кўриниб қоларди. Кўп саҳифаларнинг ҳошиялари қаламда қўйилган белгилар билан тўлиб кетган, матннинг ўзида эса тагига чизиқ тортилган жойлар бисёр эди. Бу китоблар енгил-елпи ўқилмагани шундоқ кўриниб турарди.
Котиба ошхонадан иккита суянчиқсиз курси келтириб, биттасини О.га узатди:
– Ўтир.
Яна қайтиб бориб, бир истакан чой билан қанддон олиб келди-да, иккинчи курсига қўйди.
– Жуда бой кутубхонанг бор экан, – деди О. – Билмаган эканман.
– Сен нимани билардинг ўзи? – деди ҳазил аралаш қўл силтаб котиба. –Ота-онамдан қолган… Баъзи китобларни кейинчалик ўзим сотиб олганман…
О. эътибор қилмай, бош чайқади.
– Сенинг хаёлинг доим бошқа ёқда бўлар эди. Остона ҳатладинг дегунча менга тирғалиб, тўшакка тортар эдинг. Ишинг битгандан кейин эса қочиб қолишни ўйлаб тинмай соатингга қарар эдинг. Мен эса сени бундай ноқулай вазиятдан қутқариш учун: “Шошиляпсан, ишинг борми дейман?” дер эдим. Сен бўлсанг: “Ҳа-ҳа, зарур бир ишим бор, кетмасам бўлмайди”, деб жуфтакни ростлаб қолар эдинг.
О. ҳам эслади: доим шундай бўларди, бу ҳақда кўп гаплашилган ўша пайтлар, аммо иккови ҳам ҳозиргидай бефарқ эмас эди. Бора-бора суҳбатлари зерикарли, аччиқ-тиззиқ тус ола бошлади, улар аста-секин бир-биридан совишига, эҳтимол, шу ҳам сабаб бўлгандир. О. ўша эски, мутлақо бемаъни суҳбатларни эслашни сира истамасди. У “пластинка”ни ўзгартирди.
– Ҳошиядаги белгиларни отанг қўйганми? – деди у қаламда қўйилган белгиларни кўрсатиб.
– Баъзиларини отам, баъзиларини эса онам… – деди котиба жилма¬йиб. – Ҳарқалай, мен қўймаганман.
– Отанг инглизчани билармиди?
– Ҳа, немисчани ҳам. Форсчани ҳам.
– Бу китобларни кимга қолдириб кетяпсан?
– Уларни сотдим.
– Сотдинг? Кимга?
– Ҳар кимга. Бировни бир хил китоблар қизиқтиради, бошқаларни – бошқаси.
– Ачинмайсанми? Ахир, уларда ота-онангнинг қайдлари бор-ку…
– На чора? Гап билан қорин тўймайди. Ота-онам ҳам, китоблари ҳам ўлиб кетди. Менинг бўлса ҳали яшашдан умидим бор.
– Китобларни ҳам ўлди деяпсанми? Қанақасига?
– Нимасини тушунмайсан? Мана шу китобларни ўқиган, йиққан, улар ҳақида ўйлаган ва ҳаётининг бир бўлаги деб ҳисоблаган одамлар ўлса, китоблари ҳам улар билан бирга кетади, яъни китоб ҳам қазо қилади. Янги хўжайин қўлига ўтгач, улар энди аввалги китоб бўлмай қолади. Баъзи бировлар китобсиз яшай олмайди, лекин мен улар хилидан эмасман, – ҳазил қилди қиз. – Кўриб турганингдай, уларсиз ҳам бинойидай яшаб юрибман. Мен кўп нарсасиз яшашим мумкин.
– Масалан, ватансиз ҳам, – деди О. атай чақиб олиш учун.
– Масалан, муҳаббатсиз ҳам, – деб қўйди котиба маъюс оҳангда.
О. авваллари котибани бунақа аҳволда кўрмагани учун қизиқсиниб қаради.
– Лекин, – давом этди котиба бир оз жимликдан сўнг, – китобни, уни ўқишни, ўйлашни яхши кўраман… Мазмунини эмас, умуман, у ҳақда ўйлашни… Мана, қара: шу китобларнинг қанчаси эллик йиллаб сен билан бирга яшайди, менга улар токчаларда ёнма-ён тураверганидан бир-бирига ҳам ўрганиб қолган, баъзан ичидаги фикрлар биридан иккинчисига ўтгандай, қаҳрамонлари кечаси ҳамма уйқуга кетганда бир-бириникига меҳмон бўлиб боргандай, суҳбатлашгандай, баҳслашгандай, жанжаллашгандай туюлади. Худди мен билан сенга ўхшаб, уларнинг ҳар бири – бир олам.
– Биз жанжаллашмаганмиз.
– Ҳа, тўғри. Энди бунинг аҳамияти йўқ… Ҳарқалай мана шу китоблар бир оила эди. Энди бўлса улар бир-бири билан хайрлашмоқда, чунки оила тарқаб кетяпти. Эртага улар бир-биридан узоқда, шаҳарнинг ҳар тарафида, бошқа-бошқа одамлар қўлида бўлади. Бошқа ҳеч қачон кўришмайди. – Котиба жим қолди ва қўшиб қўйди. – Худди мен билан сендай.
– Раҳминг келяптими? – деди О. китобларни назарда тутиб.
– Йўқ, энди келмаяпти, – деб жавоб берди котиба ўзи билан О.ни назарда тутар экан.
– Ҳали шунақаман де? – деди О. хаёлчан. – Нега олдинроқ бунақа гаплашмагансан… мен билан?
– Эсингда бўлса, сен бу ерга гаплашгани келмас эдинг.
– Жаҳлинг чиқмасин…
– Ё гапим нотўғрими? Ишда ўта расмий гаплашардик, билмадим, менгами ёки ўзинггами гап тегишидан қўрқар эдинг, уйда эса… Хаёлингга бош¬қа нарса келмасин, мен ҳозир фақат ўша вақтни эсладим. Сенга ҳеч қандай даъвом йўқ… Ҳатто, даъвом бўлиши кулгили-ку… Оқар сувлар аллазамонлар оқиб кетди…
О. бу ёққа келаётганда шу гаплар хаёлида ҳам йўқ эди, лекин илкис уйғониб кетган хотиралар унинг котибага бўлган майлини яна қўзғаб юборди ва улар ҳеч қачон бир-бирини мана шундай шип-шийдам деворлар орасида, бўм-бўш ерда… сочилиб ётган китоб ва газеталар орасида суймаганини ўйлаб хаёли қочди. Кўнгли суст кетиб, котибанинг ёнига борди, қучмоқчи бўлди, бироқ у мулойим, аммо кескин қаршилик кўрсатди.
– Кераги йўқ, – деди котиба, – оқар сувлар оқиб кетди. Олдинлари сени эслаб турар эдим, лекин кейинги пайтларда тушларимга ҳам кирмай қўйдинг. Кетиш олдидан сен билан хайрлашиш истаги юрагимга ўрнашиб қолган экан. Хаёлимдан кўп марта ўтган бирор истак юрагимга ўрнашса, амалга ошмай қолмайди. Мана, ўз оёғинг билан келиб ўтирибсан. Ростдан ҳам кетаётганимни эшитмаганмидинг?
– Эшитганим йўқ. Тасодифан кириб қолдим. Бир ишим бор эди…
– Қанақа иш экан?
О. қизил лимузинни оғзидан гуллаб қўйишига сал қолди, лекин тилини тийди: нимани ҳам айтарди? Шу бугуннинг ўзида битта мошинани икки-уч марта кўрганиними? Нима бўпти шунга? Кўрса кўрибди-да.
Қолаверса, котиба ўзидан жуда узоқлашиб кетган эди. О. билан худди бошқа дунёда туриб гаплашгандай гаплашди.
О.нинг кўнглида бирдан ўзига бефарқ қараб турган ойнани чил-чил синдириш истаги бош кўтарди, бироқ тошойнани синдириш бахтсизлик келтиришини айни вақтида эслаб қолди. У шу тобда на ўзининг, на котибанинг бахтсизлигига рози эди. Балки котиба ҳали сиртида О. икковининг акси совиб улгурмаган муҳаббатлари тошойнасини ҳам сотгандир: уни ҳам бошқа уйга олиб кетиб, бир бегона деворга осиб қўйишар, балки шунда у совуқ сиртида бошқа ҳаёт, бошқа бир муҳаббатни акс эттирар.
Фақат хайрлашишса бўлди, энди О.ни товушу овозлар мозорига айланган бўм-бўш хона билан боғлаб турган нарсанинг ўзи қолмаганди. Кетиш керак. У гарчи қайта кўришиш ҳеч қачон насиб этмаслигини билиб турса-да “Майли, омон бўл. Балки яна қачондир, қаердадир кўришиш насиб этар”, деди.
О. остонада котибанинг пешонасидан ўпиб, зинапоядан эна бошлади. Иккинчи қаватда кемтик зина борлиги эсидан чиқибди, қоқилиб кетиб, йиқилишига оз қолди. Бошини кўтарди. Котиба зинапоя супасида турар эди. О. тепага қараганида қўл силкиб қўйди. Жилмайгандай туюлди. У йўлида давом этди, тепадан ёпилаётган эшикнинг ғийқиллаши эшитилди. Бу ғийқиллаш каравотнинг инграган пуржиналарини эслатди, шундагина у котиба билан видолашганини аниқ ҳис қилди. Дафъатан яна шуни ҳам тушундики, гарчи йиллаб кўришмаган бўлса-да, котиба шаҳардаги яккаю ягона яқин одами, қизил лимузиндан фақат унга гап очиши мумкин экан.
Шунда олдига қайтиб бориб: “Кетма, оила қурамиз, бирга яшаймиз, китобларингни ҳеч кимга сотмаймиз” ёки “…ҳеч бўлмаса, фақат шу кеча бирга бўлайлик, ерга китобларни тўшаймиз, эски газеталарни ёпинамиз, бир-биримизнинг пинжимизга кириб, бор дунёни унутамиз”, деб айтсаммикан деган фикр келди миясига.
Лекин бунинг иложи йўқ эди: ҳаммаси ҳал бўлган, энди ҳеч нарсани ортга қайтаролмайди, бунга ақли етиб турибди.
О. кўчага чиққанида қизил лимузин шундоқ эшик олдида метин қоядай савлат тўкиб турганини кўрди. О. ажабланмади ҳам, қизил лимузин уни шу ерга ҳам топиб келгани табиий, оддий бир гапдай, худди шундай бўлиши керакдай эди назарида. Юрагида ҳадик-хавотир йўқ. Бамайлихотир метро томон юриб кетди. Ёмғир шивалаб ёғарди. Гўё бегонадек бўлиб қолган шаҳарда фақат ёмғиргина унга таниш эди. Ҳамма, ҳамма нарса бегона, бутунлай ўзгариб, файзини йўқотган эди. У тунд осмонга қаради, булут қоплаган осмонгина унга таниш эди, таниш осмондан таниш ёмғир ёғар эди. Назарида бу ёмғир ўтмишдан, мангу бой берилган ўтмишдан ёғаётган эди.
О. метродан чиқиб, автобусни кутиб ўтирмай, уйига яёв жўнади. Ёмғир ҳалиям ёғаётган эди. Мана, у ҳозир яна бир оз юргач, уйининг эшигида қизил лимузинни кўради, албатта кўради.
Аммо уйга етди ҳамки, на қизил, на қора мошина кўринди, уй олди бўм-бўш. “На чора, – ўйлади у. – Ўша мошинани тушимда кўраман энди”.
У тонг-саҳар соат тўрт яримда тўсатдан уйғониб кетди. Соат занг чалинадиган эрталабки еттини кутиб, чиқиллаб вақт санар эди. Бироқ О. соатига қараб, ҳозироқ жойидан туриши кераклигини англади. У ўрнидан туриб, дераза ёнига борди. Кўнгли сезган экан: саҳарнинг хилват кўчасида, уй эшиги олдида қизил мошина турар эди. Қизил лимузин…
О. энди нима қилиш кераклигини яхши биларди. У ваннахонага кириб чўмилди, шошилмасдан соқол олди, тоза оқ кўйлагини, дазмолланган кўча костюмини кийди, энг яхши бўйинбоғини тақди, туфлисини ялтиратиб артди.
Ташқарига чиқиш олдидан хонани кўздан кечирди. Бўм-бўш хонани шовқинга тўлдириб чиқиллаётган соатни тўхтатиб қўйсамми, деб ўйлади, лекин бу фикридан қайтди. Энди бунинг нима фарқи бор?
Унчалик чеккиси келмаётган эди, чекмай қўя қолди, чунки “сўнгги сигарет, фалон-писмадон” қабилидаги сафсата гаплар эсига тушиб кетди. О. шошмай зинадан тушиб, кўчага чиқди.
Кўча бўм-бўш, қоронғи эди. Асфальтнинг баъзи жойларида кечаги ём¬ғир кўлмаклари қорайиб кўринар эди.
У қизил лимузиннинг олдига борди. Мошинанинг эшиги қулфланмаганини билар эди.
Эшик чиндан ҳам қулфланмаган экан. У эшикни очди ва рулга ўтирди.
У мошинанинг калити ҳам жойида эканини билар эди.
Калит жойида экан.
О. нотаниш кўчага, нотаниш уйларга, таниш осмонга назар ташлади.
Тиниқ осмон ҳаво очиқ бўлишидан дарак берар эди.
У калитни буради.
“Бугун соат чамаси бешларда N. кўчасида автомобил портлаб кетди. Мошинанинг ўт олдириш қулфига портловчи мослама уланган, деган тахмин бор. Портлатгични ким ўрнатгани, мошина кимга тегишли, унга ўтирган, таниб бўлмайдиган даражада куйиб кетган жасад кимники экани ҳозирча маълум эмас. Суриштирув ишлари бошланди”. | 2020-10-13 | http://nodirabegim.uz/archives/3139 |
Шунчаки, ҳазил билан бошланиб ҳазил билан тугаган воқеаларнинг саноғи йўқ; фаҳмимча, чизган сувратларинг қошида бошқаларники пайдо бўлиши завқингни келтирса ҳам буни аввал бир тасодиф, ёки аллакимнинг хархашасидир дея изоҳлардинг, фақат иккинчи боргина атай эканини англаб, бировга билдирмай разм солдинг, ҳатто кейинроқ – кўчалар анчайин бўшаб қолган, яқин муюлишда полиция машиналари йўқ пайтни пойлаб, граффитларга бефарқдай тикка разм солишни истамаган одам каби яқинлашиб, унданда афзали қарши йўлакда турганча ё ўзингни ойнаванд пештахталарга қизиқсинигандай кўрсатиб ёнламасига кўз ташлаб – хавфсизликнинг оддий талабларига риоя қилиб, яна бир марта уни қайта томоша қилиш учун қайтиб келдинг.
Бу шаҳарда жорий этилган комендантлик соати
, деворларга чақириқларни ёпиштириш ёинки ёзиб қолдиришга нисбатан мавжуд шафқатсиз таъқиқларига қарши исённинг росмана кўриниши эмасди, ичинг қизигандан ўзинг бу ўйинни бошлагандинг. Сен рангли мелларда расмлар чизиб («граффитлар» сенинг бадингга урган ўта илмий термин эди) шунчаки овунар, ора-сира уларга назар ташлашга келиб, дастингдан оввора муниципаль машина ва қарғишдан жағи-жағига тегмай расмларни ўчираётган хизматчиларни кўриб, ҳатто андак ялтоқланардинг. Расм сиёсий тусда бўладими бўлмайдими уларга фарқи йўқ – таъқиқ барчасини қамраганди, мободо бирор болакай юрак ютиб уй ёхуд кучук тасвирини туширган бўлсада, улар ҳақорат-у, дўқ-пўписаларни ёғдириб ўчиришаверади. Шаҳарда вужудга келган вазиятда қаёқдан хавф-хатар келишини билиб бўлмасди; эҳтимол шунинг учун ҳар гал суврат чизишга қулай пайт ва жой излаб иддо қилиш сенга мойдек ёқарди.
Сен ошкор бўлмагандинг, чунки пайт пойлашни қойиллатардинг: кўча тозалайдиган машиналар пайдо бўлгунча, дилинга умид бағшида этадиган беғубор кенгликлар қучоқ очарди. Чизган сувратларингга бу – икки хил рангдаги шошилинч тайёрланган мавҳум тузилишдаги тасвир ёки қушлар шакли, ёки бирлашиб кетган жуфт қиёфа бўладими йироқдан кузатиб, сен ўткинчиларнинг албатта, ҳеч бири узоқ туриб қолмасада, ҳеч бири разм солмай ўтолмаслигини, ҳеч қурса унга бир қур назар ташлаётганини кўриб турардинг.
Атиги бир марта қора бўр билан ибора ёздинг: «Менга ҳам азоб». Аммо бу сафар икки соат ўтар-ўтмас полиция бевосита уларни барҳам топишига мажбур этди. Юз берган воқеадан сўнг сен фақат сувратлар чизишни давом эттирдинг.
Сеникиларнинг бирини ёнида бегонаники пайдо бўлганда, сен деярли қўрқиб кетдинг, хавф икки ҳисси ошди – ким-у, ким-ким-у, сенгагина жар ёқасида ҳазил-мазах қилиш ёқарди ёки бунданда баттари ўша кимдир – аёл эди. Сен бу каби маромига етказолмайсан, буниси ўзгача, сен энг юрак ютиб чизганларингданда зўр: чизиқлар, самимий ранглар устуворлиги, само. Ҳамонки сен шу кунгача якка ҳол иш кўрганингда энди бу тақдирнинг бир иноятидек гап эди; сен унга тасанно айтардинг, унинг учун ичингдан зил кетарди, буниси охиргиси бўлиб қолмасмикан дея ҳавотирга тушардинг, у яна бир бор сенинг бошқа бир чизган расмингга ёнма-ён ўзиникини қолдирганда – полициячилар худди гўл ва кўр каби майна қилгандай унинг қаршисида туришни истаб, деярли ўзингни сотиб қўйишингга оз қолди.
Сирли, мафтункор бирваракайига хавф-хатарга тўла янги ҳаёт бошланди. Сен ҳануз уни ғафлатда қолдириб, ушлаб олиш умидида ишдан кетиб қолар, суврат чизиш учун жўнгина, айланиб ўтиш осон қисқа йўлли кўчаларни танлар, эрталабки соат уч ғира-шира субҳидамда қайтардинг.
Бу, чизган тасвирларинг ёнида унинг оҳори тўкилмаган сувратларини кўриб, бўм-бўш кўчада қорасини ҳам тополмай улар янада кимсасиздек туюлган, чорасизликда умидлар пучга чиққан даврлар эди. Бир куни оқшомда илк тасвирни аёл чизди, сен унга разм солдинг: гараж дарвозасига қизил ва мовий ранг бўрларда, қурт еб битирган дарахт ва гулмих қалпоқлари тасвири туширилганди. Тасвирда аёлнинг борлиғи – услуби, бўёқлар, — намоён бўлган, бундан ташқари, савол ёки илтимосга ўхшаш сенга мурожаат усули мавжуд эди. Сен бу сафар ҳам патруллар кам учрайдиган вақт – улар лоқайдлик билан яра-чақалари йирингидан холос бўлаётган – саҳармардонда келдингда, дарвозанинг очиқ қолган жойларига наридан-бери кўтарма дамба ва елканлар тасвиридаги манзарани чиздинг; мобода диққат билан назар солинмаса буни тасодифий чизиқлар ўйини деб қабул қилиш мумкин, аммо аёл фаҳмлай олади. Ўша оқшомда полиция патрулидан базўр қутилиб, хонангда джин ичганча ўз-ўзинг билан гаплашдинг, хаёлинга келганини гапиравердинг, яна битта елканли бандаргоҳ, сен аёлни буғдойранг ва камгап деб ўйлайсан, унинг дудоқлари, сийналарини тасаввуринга келтириб, жиндак истак уйғониб, бунинг бариси тасвирлар садосига ўхшаб кетади.
Дафъатан, сен ўзингникилар олдига борганинг каби аёл жавобдан огоҳ бўлиш ниятида чизган сувратлари олдига келиши мумкинлиги тўғрисидаги фикр лоп этиб миянга урилгач, гарчи бозордаги суиқасддан сўнг шаҳар янада хатар ичида қолган бўлса ҳам гаражга яқин боришга журъат этиб, қўшни кўча бўйлаб айланвердинг, муюлишдаги емакхонада тинмсиз пиво ичдинг. Эртаси куни саҳарда кўкимтир хароба деворга эман барги шаклидаги доғлар ўраган оқ рангдаги учбурчак чиздинг; хароба девор емакхона деразаларидан кўриниб турарди (гараж эшикларини ювиб бўлишганди ва ғазабга минган патрул яна ва яна қайтиб келарди) ғира-шира тонг маҳали сен, расмни турли нуқталардан томоша қилиш учун четроқ чиқдинг, бегона кўзларни ўзингга қаратмаслик учун бир жойдан, иккинчи жойга ўтиб, пештахталардан керак-нокерак буюмларни сотиб олдинг. Сен сиреналарни эшитиб, қаршингда фаралар нурини кўрганинг пайт оқшом тушган эди. Хароба олдида базўр англашилган оломонни кўрдинг, эҳтиёткорликни ҳам унутиб ўша ёққа югурдинг, сени тасодиф қутқариб қолди – қандайдир машина муюлишдан чиқиб, полиция машинаси қаршисида тўхтади ва сенинг йўлингни тўсиб қўйди, олишув гувоҳи бўлдинг, қўлқопли қўллар аллакимнинг тимқора сочларидан тортиқлаб, тепкилар, илтижоли бақириқлар, кўк рангдаги шим кўзга чалинди, сўнгра аёлни машинага тиқиб олиб кетишди. Анча кейин (мана шундай титраб-қақшаб туриш даҳшат, бунинг бари ярим хароба деворга чизган сувратларинг оқибати эканлигини ўйлашнинг ўзи даҳшат эди) сен оломон билан қоришиб кетиб, мовий тус уйғунлигидаги тасвирга разм солишга улгурдинг – уни олиб кетишдан олдин полициячилар чаплаб ташлагач ажи-бужи бўлган тасвирда исми ёки оғзини англатувчи апельсин тасвири туширилганди, аёл бу ерда бўлган; сенинг учбурчагингга жавобан бу – “ҳа”, ёки “ҳозир”, ёки “бир умр” маъносидаги гўзал ҳам бекаму-кўст шакл айлана, эҳтимол спирал бўлган бўлишини тушуниш учун етарли эди.
Сен марказий қамоқхонада юз берадиганларнинг майда-чуйдаларигача тасаввур қилишга етарлича вақтинг бўлишини англаб турардинг; шаҳарда бора-бора тарқалаётган миш-мишлар орқали одамлар қамоққа олинганлар тақдиридан хабардор бўлишар, мободо улардан биронтасини учратиб қолишса кўрмасликка олишар, шу тариқа ҳеч кимса бузишга ботинмаган бу сукут фитнаси ичра гўё йўқолиб борардилар. Ўша кеча джин ҳам, бошқаси ҳам сенинг жонинга оро киролмасигини англадинг – маст-аласт кўзёшларга ғарқ бўлиб рангли бўрларни оёқларинг остига олиб эзғиласангда, сен доғда қолгандинг.
Ҳа деганда кунлар ўтиб борарди, аммо сен ўзгача яшай олмасдинг. Сен яна ишдан қочиб кетадиган, у билан суврат чизган дарвоза ва деворларга ғойибдан кўз қиринг ташлаб кўчаларда санғийдиган бўлдинг. Ҳаммаси ювиб ташланган, ҳаммаси беғубор; ҳеч қурса синфхонадан бўрни ўғирлаб уни синаб кўришдан ўзини тиёлмаган қайсидир маъсума мактаб ўқувчиси чизган гул бўлсайди. Сен ҳам ўзингни тутиб туролмадинг ва бир ой ўтиб саҳармардон туриб, гараж жойлашган кўчага жўнадинг. Патруллар кўринмас, деворлар мутлоқо тоза эди; аёл расм чизиб қолдирган жойга бориб, бўрларни қўлга олганинг маҳал, кўча эшикдан мушук шубҳа назарини ташлади, сен ёғоч доскаларни яшил ранг ҳайқириқлар, қизил ранг жўшқинлик иқрори ва муҳаббат билан тўлдирдинг, теварагига яримой тасвирини туширдинг – бу сенинг ва унинг дудоқлари эди, бу умид эди. Муюлишдан эшитилган қадам товушлари сени пусиб қочишга мажбур қилиб, бўшаган қутилар тахлами ортига беркиндинг; қайсидир пиён чайқала-чайқала хиқиллаб хиргойи қилиб келаркан мушукни тепмоқчи бўлиб, расмнинг шундоқ тагига юзтубан йиқилди. Сен ўзинга келиб, шошмасдан узоқлашдинг ва қуёшнинг илк нурлари остида анчадан бери ухламаганлигингдан тош қотиб уйқуга кетдинг.
Ўша
куннинг эрта саҳаридан узоқдан қизиқсиниб қарадинг: ҳалигача ҳеч нарсани
ўчиришмабди. Сен куннинг қоқ ярмида келдинг: ақл бовар қилмасди, ҳаммаси аввалгидай
қолганди. Шаҳар атрофларида бошланган алғов-далғовлар (радиодан жонли равишда
эшитдинг) патрулларни одатий машғулотларидан айро туширганди; ғира-шира саҳармардонда
сен кун бўйи қанча одам сувратни кўрганлигини билиш учун қайтиб бординг. Сен
тунги соат учгача кутдинг, яна келдинг, кўча кимсасиз ва зимистон эди. Узоқдан
сеникининг чап ёнида, шу қадар кичик ва шу қадар юксакдаги фақат сен ажрата
биладиган бошқа тасвирни кўрдинг. Сен бирваракайига сабрсизлик ва даҳшатни ҳис қилганча
яқинроқ келиб тухумсимон апельсин ва бинафша ранг доғлар ичра шишиб кетган
юзлар, момоталоқ бўлган бир кўзини, мушт тушавергандан шалоғи чиққан даҳанни
кўрдинг. Шубҳасиз, табиийки яна нимани ҳам чизиш мумкин эди?! Сен ҳозир қандай
хабар қолдиришинг мумкин? Шу тариқа сен билан видолаша туриб, сен чизишни
бардавом қилишингни сўрашмоқда. Ҳатто тошойнаси, узил-кесил бекиниш мумкин
бўлган зимистонлик чўккан абгорликдан бўлак ҳеч нарсаси бўлмаган бошпанангга қайтишда
аввал, у ёдга олиши баъзан эса сенинг ҳаётинг тўғрисида ўйга толиб, яна қандай суврат
чизаётганинг, яна чизиш учун қандай уйдан чиқаётганингни тасаввурига сиғдира
олиши учун нимадир қолдиришинг лозим эди.
Граффитлар – сўзнинг тўғридан тўғри
маъноси: бинолар, идишлар ва шу кабиларга маиший ёхуд диний мазмунда ўйиб
чизилган қадимий ёзувлар ёки расмлар
Тапьес Антонио – испан рассоми. Унинг ишлари учун ортиқ даражадаги таъсирчанлик ва драматизм хос.
Комендат соати – ҳарбий
тўнтаришлар ёки қамал шароитида кўчада рухсатсиз юриш ман қилинган соат. | 2020-09-24 | http://nodirabegim.uz/archives/3045 |
УЛАР тунда
қайтиб келишаётганида, шимоли-ғарбий тарафдан шиддатли шамол эсарди. Қуёш
кўтарилганида, Гулф томондан келаётган
танкер кўзга чалинди, танкер ўша совуқ ҳавода, қуёш нуридан чарақлаб, шу қадар
баланд кўринардики, худди денгиз бағридан кўтарилиб чиққан улкан қояга ўхшарди.
У шу топда негрга қараб:
–Қайси гўрга келиб қолдик
ўзи?– деб сўради.
Негр
унга қараш учун ётган жойидан кўтарилди.
–Маямидан дарак берувчи ҳеч нима кўринмайди.
–Ўзинг
яхши биласан– ку, биз Маямига кетаётганимиз
йўқ, – деб койиб берди у негрни.
–Билганимни айтаман-да, лекин
бунақа бинолар Флорида Кэйда ҳам учрамайди.
–Биз Сэнд
Кэй томон сузиб кетаяпмиз.
–Кейин
кўрамиз– да. Уними ёки Америка балиқларининг галасиними.
Аммо
ҳаял ўтмай у буни бинолар эмас, танкер эканлигини билди ва бир соатга қолиб-қолмай
тўғри денгиздан кўтарилиб турган ёруғ, тикка, ориқ ва жигарранг Сэнд Кэйга кўзи
тушди.
–Кемани
бошқаришда аввало, ўзингга ишонч бўлиши керак, – ўргатди у негрга қараб.
–Мен
ўзимга ишонаман, – деди у. –Лекин бу
сафар якунида зиғирдек ҳам ишончим қолмади.
–Оёғинг
қалай?
–Тинмай
оғрияпти.
–Ҳечқиси
йўқ, – юпатди эркак. – Сен уни озода
сақлаб, ўраб оласан, шундан сўнг ўз– ўзидан тузалиб кетади.
Вумен
Кэй ёнидаги анбаҳзор остида бир кун кутиб, бирон тирик жон ё битта-яримта
қайиқни ҳам учратмагач, энди у ғарбга қараб сузиб кетишга тараддуд кўрмоқда
эди.
–Соғайиб кетасан, – деб далда берди у негрга.
–Бунга
сира кўзим етмай турибди, – деди у. – Ёмон
азоб бераяпти.
–Қайтиб
борганимиздан кейин сени яхшилаб даволайман, –
ваъда берди Гарри унга. –Жароҳатинг хавфли эмас, ваҳима қилавермасанг-чи.
–Мен ўқ
едим, – деди негр. –Илгари сира ўқ еган
эмасман. Барибир менинг жароҳатим оғир.
–Сен бор-йўғи қўрқиб кетгансан,
холос.
–Йўқ,
жаноб. Мен ўқ едим. Мана энди жоним қийналяпти. Кечаси билан қалтираб чиқдим.
Негр
шу тахлит вайсашда давом этаркан, жароҳатини кўргани тоқати чидамай, бинтни
ечиб ташлади.
–Унга
тегма, – деди негрга кемани бошқариб кетаётган эркак. Негр
каюта полида ётар, ҳамма томонида ликёр қоплари тоғдай уйиб ташланганди. Негр
ётиш учун у ердан ўзига боп жой ҳозирлаб олганди. Ҳар сафар жойидан
қимирлаганида, қоплардаги синиқ шишаларнинг шарақ-шуруқ этган овози келар ва тўкилган ликёрларнинг ҳиди бутун
атрофни тутиб кетарди. Ҳамма ёқда ликёр оқиб ётарди. Бояги эркак эса кемани
Вумен Кэй томонга бошқариб кетарди. Энди бу жой аниқ-тиниқ кўриниб турарди.
–Қийналиб кетяпман, – дерди негр.
–Оғриқ тобора кучайиб кетаяпти.
–Мени
кечир, Висли, – узр сўради эркак ундан.
–Аммо мен кемани бошқаришим зарур.
–Сен
одам боласига итданам паст муомала қиляпсан, –
куюниб деди негр. Унинг энди чапараста жаҳли чиқиб кетганди. Бироқ эркак
ҳамон ундан узр сўраш билангина чекланиб қолмоқда эди.
–Бир оз
сабр қил, Висли, – такрорлади у. –Бир
пас вой-войламай тургин.
–Сенинг
бировларга нима бўлгани билан ишинг йўқ, –
дерди негр тинмай. –Одам-подам эмас экансан.
–Айтяпман-ку, сени яхшилаб даволайман ҳали, деб, – дерди эркак такрор. –Тинчгина ётиб тургин.
–Мени
даволаш сенинг қўлингдан келмайди, –
инкор этди негр. Шундан сўнг исми
Гарри Морган бўлган бояги эркак ҳеч нима демади, негаки у
негрни ёқтирар, айни пайтда эса уни урмаса бўлмасди, бироқ уни шу топда қандай
ҳам ура оларди. Негр бўлса тиним билмай вайсарди.
–Нимага
улар ўқ уза бошлаганларида кемани тўхтатмадик?
Эркак жавоб бермади.
–Ликёр
юки инсон ҳаётидан ҳам азиз бўптими?
Эркакнинг бутун диққати рулда эди.
–Кемани
бирров тўхтатиб, улар ликёрни олишсин эди, нима қиларди?
–Йўқ,
– рад қилди эркак. –Улар ликёр билан
кемага эга бўлиб олишарди-да, сени қамоққа тиқишарди.
–Мен
қамоқни назарда тутаётганим йўқ, – деди
негр. –Бекорга ўқ ейишни асло истамагандим.
У энди
астойдил эркакнинг асабига тега бошлаганди, эркакнинг ҳам тоқати тоқ бўлиб
кетганди.
–Кимнинг лаънати ўқи ёмонроқ экан?–
деб сўради у негрдан. –
–Сеникими ёки меникими?
–Сен
ёмонроқ ўқ единг, – деди негр. –Лекин
мен умримда ўқ емагандим. Ўқ еб қолишимни кутмагандим ҳам. Ўққа тутилиш учун ҳақ ҳам тўламагандим. Бунақа бўлиши
тушимга кирибдими?
–Ваҳима
кўтаравермагин, Висли, – тинчлантиришга
уринарди уни эркак.–Бу тахлит жаврашдан
ҳеч барака топмайсан.
Улар
энди Кэй томон яқинлашиб қолишганди.
Балиқлар галаси ичига кириб боришаркан, у кемани дарё ўзани ичкарисига буриши
биланоқ сув юзасини қуёш нурида илғаб бўлмай қолди. Негр эса бошини чиқариб
олар ёки бўлмаса жароҳати туфайли ибодат билан машғул бўларди, нима билан
машғул бўлмасин жағи бир зум тинмасди.
–Нима
учун улар айни замонда ликёр ортидан қувишди? – дерди у. –Ахир тақиқлов қонуни бекор этилган-ку. Нимага улар бу хил
савдога қарши бўлишяпти? Нима сабабдан ўзлари ликёрни солсимон ясси кемада олиб
боришмаяпти?
Кемани
бошқариб бораётган эркак оқимга тикилиб қолганди.
–Нима
учун одамлар виждонан ва ҳалол, тартибли ва тоза тирикчилик қилмайди?
Эркак
қуёш шуъласи туфайли оқимни ҳатто яққол
кўролмаётган бўлса ҳам, сув юзасидаги текис мавжларни кўрди-ю, моторни ўчирди.
У бир қўли билан руль чамбарагини айлантириб, бир муддат кемани чайқатиб
туради, сўнг оқимни ёриб чиқди-да, кемани тўғри анбаҳзор четига оҳиста суздириб
кетди. У мотор орқасидан келиб, иккита уловчи механизмни чиқариб ташлади.
–Энди
лангар ташласак бўлади, – деди у. –Аммо
лангарни бир ўзим кўтара олмайман.
–Мен
ўзим қимирлай олмайман, – бўшашиб деди
негр.
–Ростакамига адойи тамом бўлибсан, –
ачинди эркак унга қараб.
Кичкина
лангарни кўтариб, сўнг сувга ташлагунча эркак жуда қийналиб кетди, аммо у буни
уддалади, бир дунё арқонни қўйиб юборди, кема анбаҳзор қаршисида чайқалиб турар
экан, баъзи дарахтларнинг учлари кемага урилай-урилай дерди. Шундан кейин эркак
ортига қайтди-да, каюта ичига тушди. У каютани ҳар қандай иллатдан холи жой деб
ўйларди.
Келиб,
негрнинг ярасини боғлади, негр эса қўлини бинт билан ўраб олди, эркак бўлса
бутун тун мобайнида компасдан кўз узмай, кемани бошқариб борди, кун ёришганидан
кейин каютанинг қоқ ўртасидаги қоплар ичида чўзилиб ётган негрга кўзи тушди,
сўнг яна денгиз ва компасга юзланди-да, кейин яна Сэнд Кэй нури тарафга қаради,
у сира атрофига диққат билан разм солмаган экан. Ҳаммаёқ ҳароб аҳволда эди.
Негр
оёғини кўтарганча, ликёрли қоплар орасига суқулиб олганди. Саккизтача отилган ўқ каюта деворларида кенг
тешик ҳосил қилганди. Дераза ойнаси ҳам чил-чил синганди. У яна қанча нарсаси
хонавайрон бўлганидан хабари йўқ эди, негрдан қон кетганмиди, йўқми, билмади-ю,
бироқ ўзининг танасидан қон сизаётганди. Аммо ҳаммасидан ёмони – бу спиртли
ичимликларнинг ҳиди эди. Ҳамма нарса ичкиликка бўкиб кетганди. Энди кема
анбаҳзор қаршисида тинч турган бўлса ҳам, барибир у Гулфда улар тун бўйи
димиққан денгиз ҳавосини ҳис қилмасдан туролмасди.
–Бироз
қаҳва тайёрлаб келаман, – деди у негрга.
– Кейин ярангни яна боғлаб қўяман.
–Мен
қаҳва ичмайман.
–Мен ичаман, – деди эркак унга. Аммо пастга тушиши биланоқ у
боши айланаётганини сезди-ю, дарҳол
палубага қайтиб чиқди.
–Билишимча, қаҳвахўрлик қилолмайдиганга ўхшаймиз, – маълум қилди у.
–Мен
сувсаб кетдим.
–Яхши.
У кичкина хумдан бир пиёла сув олиб, негрга берди.
–Нима
учун улар отишмани бошлаганида сен сузиб кетдинг?
–Уларнинг бундан мақсадини билиб қолганим учун.
–Менга доктор керак, – деди негр унга.
–Докторинг мендан тузукроқ муолажа қила олармиди?
–Доктор
мени тузатиб юборади.
–Қайиқ
қайтганида докторни ҳам кўрасан.
–Ҳеч
қандай қайиқни кутишни истамайман.
–Жуда
соз, – рози бўлди эркак. –Ундай бўлса
манави ликёрларни ташлаб юборишимиз зарур бўлади.
У
ичимлик қопларини бир-бир сувга ташлай бошлади, аммо бир қўл одам учун бу оғир
иш эди.
Бир
дона ликёр қопининг ўзи нақд қирқ
паундчакеларди. Унинг яна боши
айланиб қолган қопларга кучи етмади. У бориб, каюта ичига ўтириб олди, кейин
эса чўзилиб қолди.
–Жонингдан тўйганмисан, – деди
унга негр.
Эркак
эса қоплардан бирига бошини қўйганча каютада жимгина ётарди. Анбаҳзордаги
дарахт шохлари каюта ичига осилиб тушиб, эркак ётган ерга соя солганди. У
анбаҳлар остидан ғув– ғув эсаётган шамол овозига қулоқ тутар, баланд, совуқ осмонда шимолнинг енгил сузиб
кетаётган булутларини кўрди.
–Бундай
шамолда ҳеч ким келмайди, – деб ўйлади
у. –Улар бизни бунақа ҳавода ҳаракатга тушишимизни кутиб ўтиришмайди .
–Уларни
келади, деб ўйлайсанми?– сўради негр.
–Албатта,
– ишонч билан деди эркак. –Нега
келишмасин.
–Шамол
жуда зўрайиб кетди– ку.
–Улар
бизни қидиришади.
–Бундай шароитда
эмас. Нима учун мени алдамоқчи бўляпсан?
Негр
унга эмас, гўё қопга гапиргандай гапирар эди.
–Ваҳима
кўтараверма, Висли, – деб тинчлантирди уни эркак.
–Ваҳима
кўтарма, дейди-я,– жаврашда давом этарди
негр. – Ваҳима кўтараверма. Нимани ваҳима қилмай? Итга ўхшаб ўтирайми? Мени бу
ерга сен олиб келдинг. Мени тезроқ жўнатиб юбор.
–Тинчлан, – деди эркак мулойимлик
билан.
–Улар
келмайди, – негр умидини узганди. –Мен
биламан, улар келмайди. Сенга совқотиб
кетдим, деяпман. Оғриқ ва совуқ жон-жонимдан ўтиб кетди, деяпман.
Эркак
маъюс ва шалвираганча туриб қолди. Негр эркакнинг бир тиззасини кўтарганини,
ўнг қўли осилиб турганини, кейин уни чап қўли орасига олиб, тиззаларига суянганини,
сўнгра пастга қараб турган жойида плошир
устидаги
михланган тахтачани торта бошлаганини
кузатиб турарди. У аввал ҳеч қачон бундай оғриқни ҳис қилмаганини ўйларди.
–Агар
уни тик қўйиб, тўғрига тортиб чиқараверсанг, унчалик оғримайди, – деб изоҳ берди у.
–Кел,
қўлингни бўйнингга илиб қўяй, – таклиф
қилди негр.
–Тирсагимни бука олмайман, – деди
эркак. – Бунақа қилсам, қотиб қолади.
–Нима
қилмоқчисан?
–Манави
ликёрларни сувга ташлаш керак, – деди
эркак унга. –Ётган қопингни узатиб юбора олмайсанми, Висли?
Негр
қопга етиш учун судралишга уриниб кўрганди, лекин войвойлаганча, яна ётиб олди.
–Судралишга ҳам чоғинг йўқми, Висли?”
–О,
Худойим, – деб ёзғирди негр.
–Унга
бир дафъадаёқ етаман, деб ўйламаганингда, бунчалик ёмон оғримаган бўларди?
–Мен
яраланганман, – дерди негр. – Қимирлай
олмаяпман. Ўзи ярадорману бу кишим мени ликёр тушириш, дейди.
–Тинчлан.
–Агар
яна бир марта шунақа десанг, жинни бўлиб қоламан.
–Тинчлан, – такрорлади эркак оҳиста.
Негр
увиллашга ўхшаш овоз чиқарди-да, палубани қўллари билан шоп- шоп уриб, тўполон
кўтарди, кейин бортнинг тубидан қандайдир қайроқтошни олди.
–Ўлдираман сени, – дея жониқди у.
–Жонингни суғуриб оламан.
–Фақат
қайроқтош билан эмас, – деди эркак.
–Тинчлан, Висли.
Негр
қопга юзини босиб, йиғлаб юборди. Эркак
бўлса қопланган ликёр боғламларини оҳиста кўтаришда давом этар экан,
уларни кеманинг бир четидан битта – битта ташлаб юбораверди.
ЛИКЁРларни сувга тушириш билан овора экан, Гарри дунёдаги энг ишончли
паноҳдай кема моторининг товушини
эшитиб, ўгирилиб қаради ва Кэйнинг бир чеккасидан оқим бўйлаб, тўғри улар
томон сузиб келаётган қайиққа кўзи
тушди. Бу
пештоқи
тўқ сариққа бўялган ҳамда ойна арткичи бор оппоқ қайиқ эди.
–Қайиқ
келаяпти, – деди эркак. –Тура қол,
Висли.
–Туролмайман.
–Мана
энди ҳаммасини эслаб қоламан, – деди
эркак. –Олдин бошқача эди”.
–Ҳализамон
эслардик-да, – истеҳзо билан деди негр.
–Мен ҳам ҳеч нарсани эсдан чиқарганим йўқ.
Тиним
билмай ишлаганидан юзларидан шов-шов тер ёғилар экан, эркак оқим бўйлаб аста
сузиб келаётган қайиқдан кўз узмасди, соғ қўли билан эса ликёр боғламларини
сувга ташлашда давом этаверди.
–Ўзингни бир четга ол, – у
негрнинг боши тагидаги қопга етиб келганди, эркак ўша қопни ҳам даст кўтарди-да,
сувга отиб юборди. Шундагина негр
қаддини ростлаб, жойидан турди.
–Мана
улар, – кўрсатди у. Қайиқ уларга етай
деб қолганди.
–Бу
дарға Вилли-ку, – хитоб қилди негр.
–Меҳмонлари билан.
Оппоқ
қайиқ тумшуғида бошларига оқ матоли шляпа қўндирган, эгнига фланел кийган икки
нафар эркак қармоқ билан балиқ тутувчи стулларда ўтиришар, кигиз шляпа ва шамол
ўтказмайдиган курткадаги бир кекса эркак эса тутқични
қўлида ушлаганича, кемани
анбаҳзор томондан ҳайдаб келарди.
–Ишлар
қалай, Гарри? – ҳол– аҳвол сўради кекса киши ўтиб кетар экан. Гарри дея
чақирилган эркак жавоб ўрнида соғ қўлини силтади. Қайиқ ўтиб кетар экан, ундаги
балиқ тутаётган иккала эркак ичимлик бор қайиқ
тарафга синчиклаб қараб қолишди ва бояги кекса кишига гапира бошлашди.
Гарри уларнинг гап– сўзларини эшита олмасди.
–У
бурунда қайрилади-да, сўнг қайтиб келади, –
умидворларча сўзлади Гарри негрга қараб. Негр эса пастга тушиб, қўлида
адёл билан қайтиб чиқди.
–Мени
ўраб қўй.
–Дарҳол
мени ўраб қўй. Улар бизга кўмак беришолмайди, лекин манави ликёрларни кўз
тагига олиб кетишди. Энди ҳолимиз нима кечади?
–Вилли
яхши йигит, – деди Гарри. –Бу ердан
кетган пайтимиздагина у ликёр тўғрисида меҳмонларига билдириши мумкин. Анави
балиқ тутаётган жаноблар бўлса бизга халал беришмайди. Уларнинг биз билан неча
пуллик иши бўлсин?
Гарри
энди батамом кучдан қолганини ҳис қилар экан, бошқарувчи ўрнига ўтириб қолди ва
ўнг қўлини иккала сонлари орасида маҳкам қисди. Унинг тиззалари қалт-қалт қилар
экан, қўлининг тепа суяклари гўё мажақланиб келаётгандай сезарди. Бир чора
истагида тиззаларини очди-да, қўлини чиқариб, ёнбошига осилтириб олди. Шу
тарзда ўша ерда ўтирар экан, унинг ёнидан ўтиб кетган қайиқ яна оқим томон
қайта бошлади. Балиқ тутаётган ҳалиги иккала эркак ҳамон гаплашиб келарди. Улар
қармоқларини сувдан кўтаришди ва улардан кўзойнак таққан бири Гарри тарафга
тикилиб қаради. Гарри эса уларнинг гапларидан огоҳ бўлолмасди, масофа ҳийла
узоқ эди. Хабардор бўлган чоғидаям бунинг унга ҳеч фойдаси бўлмасди.
Бортда
ёлланган қайиқ – Сауз Флорида Вумен Кэй ўзани олдидан балиқ овлаб ўтиб кетди,
чунки риф атрофини дарға Вилли Адамс жуда дағал, деб ўйларди, демак
Гарри ўтган тунда бу ердан кесиб ўтган. Бу болада жасорат кучли-да. У
бўрон ҳайбатидай бутун кучни ўзида мужассамлаштириб олган.
Қайиғи ҳам дурустгина денгизбоп қайиқ. Унинг ойна арткичи парчаланганини нима
деб тахмин қилса бўларкин? Минг лаънат, ўтган тунда мен ҳам денгиздан сузиб
ўтмаган эканман. Кубадан бирор марта ҳам ликёр ташиган бўлсам, ўлай агар. Улар
ҳозир барча ичимликни Мариелдан олиб келишаётган бўлса керак. Мариелнинг очилганидан
шуни тахмин қилса бўлади.
–Нима
дедингиз, Кап?
–Анави
қанақа қайиқ? – деб сўради балиқ тутувчи стуллардаги кишилардан бирига эътибор
бериб.
–Анави
қайиқми?
–Ҳа, ҳу
анави.
–О,
у Кэй Уэстдаги қайиқлардан.
–Мен сиздан бу кимнинг қайиғи, деб
сўрамоқчийдим?
–Бунисини билмадим, Кап.
–Эгаси
балиқчими?
–Ҳа,
шунақа десаям бўлади.
–Нима
демоқчисиз?
–У дуч
келган ишни қилиб кетаверади.
–Унинг
исмини билмайсизми?
–Йўқ,
жаноб.
–Сиз уни
Гарри деб чақирдингиз-ку.
–Мен
эмас.
–Ахир
эшитдим-ку, сиз уни Гарри деб чақирдингиз.
Капитан
Вилли Адамс унга қараб сўзлаётган эркакка беозор назар ташлади. Унинг нигоҳи
брезент шляпа остидан бўртиб чиққан иякка, ингичка лаб, чуқур ботиқ кулранг
кўзлар билан қип-қизил юзга ҳамда унга қараб очилаётган жирканч даҳанга тушди.
–Адашиб
кетиб чақирган бўлсам, чақиргандирман, –
сир бой бермади Дарға Вилли.
–Доктор,
анави кишиси яраланган экан, қаранг, –
деди бошқа бир эркак, ҳамроҳига кўзойнакларни узатаркан.
–Уни
кўзойнакларсиз ҳам илғай оламан, – рад
қилди доктор дея мурожаат қилинган киши. –У эркак ким?
–Билмадим, – мужмал жавоб берди
Дарға Вилли.
–Яхши,
бўлмаса билиб оласиз, – истеҳзоли кулди
тиртиқ оғизли киши. –Кема тумшуғидаги рақамларни ёзиб олинг.
–Ёзиб
олдим, Доктор.
–Ўша ёққа
бориб, кўриб келамиз, – эълон қилди
Доктор.
–Сиз
доктормисиз? – сўради дарға Вилли.
–Тиббиёт
бўйича эмас, – деди унга кулранг кўзли
эркак.
–Модомики, доктор эмас экансиз, мен у ёққа боролмайман.
–Нега
боролмайсиз?
–Агар
унга бизнинг ёрдамимиз керак бўлганида, бизга унинг ўзи белги берган бўларди.
Кўмагимизга муҳтож эмас экан, демак бу бизнинг ишимиз эмас экан. Бу ерда ҳамма
ўз ишига бош қотиришни маъқул кўради.
–Жуда
соз. Ундай бўлса, сиз ҳам ўз вазифангиз устида бош қотиринг. Бизни анави қайиқ
тарафга олиб боринг.
Капитан Вилли бўлса ўзан узра ўз
йўлида давом этар экан, бошларига цилиндр кийган икки Палмер тўхтовсиз
йўталарди.
–Гапимни
эшитмадингизми?
–Эшитдим,
жаноб.
–Нима
учун буйруғимга бўйсунмаяпсиз?
–Ўзингизни ким деб ўйлаяпсиз ўзи, жин урсин?– тутоқиб кетди
КапитанВилли.
–Бу муҳим
эмас. Айтганимни бажар!
–Ўзингни
ким деб ўйлаяпсан?
–Яхши.
Ахборотингиз учун мен ҳозирги кунда Қўшма Штатлардаги энг баланд учта устундан
биттаси бўламан.
–Унда Кэй
Уэстда нима қилиб юрибсиз?
Унинг
шериклари олдинга эгилишди-да:
–У
Фредерик Гаррисон бўлади, – дейишди
бошқача оҳангда.
–Унақа
одамни эшитган эмасман, – писанд қилмади
Капитан Вилли.
–Яхши,
олдин эшитмаган бўлсангиз, энди эшитасиз, –
деди Фредерик Гаррисон. –Ва мен томирларига ўғит солган ушбу исқирт,
ҳароба, кичкина шаҳарчадаги ҳар бир одам менинг кимлигимни беш қўлдай билади.
–Жа ғалати экансиз– ку, – аччиқ қилди Капитан Вилли ижирғаниб.
–Бунчалик баланд осмонга қандай чиқдингиз?
–У
маъмуриятдаги энг йирик одамлардан бири, –
деди нариги киши.
–Ишонмайман,
– Капитан Виллининг ҳамон бўйин эггиси
келмасди. –Борди-ю, у шундай йирик экан, унда Кэй Уэстда нима қилиб
юрибди?
–У бу
ерга шунчаки ҳордиқ чиқариш учун ташриф буюрган, – деб изоҳ берди котиб.
–У
ҳукумат генерали бўлиб турганида…
–Бас,
Виллис, – тўхтатди уни Фредерик Гаррисон. –Энди бизни қайиқ ёнига
олиб борарсиз, – деди табассум қилиб.
Чеҳрасида бу каби ҳодисалар учун одат бўлиб қолган табассум зоҳир эди.
–Йўқ,
жаноб.
–Менга қара,
сен калтафаҳм балиқчи экансан. Мен сенинг ҳаётингни шунақанги дўзахга
айлантириб ташлайманки –
–Майли,
– рози бўлди капитан Вилли.
–Менинг
кимлигимни ҳалиям билмаяпсан чоғи.
–Гапларингнинг менга бир чақалик аҳамияти йўқ, – совуққонлик билан деди Капитан Вилли.
–Ўша одам
тақиқланган нарсаларни сотувчи шахслардан бири, тўғрими?
–Нималар
деяпсиз ўзингизча?
–Афтидан, бу ишидан мўмайгина пул
топадиганга ўхшайди.
–Бундай
деб ўйламайман.
–У
қонунбузар.
–Унинг
ҳам оиласи бор, у ҳам болаларини едириб-ичириши керак. Лаънат бўлсин, бу ерда,
Кэй Уэстда ярим ҳафта ичида олти доллар эвазига ҳукумат учун тер тўкувчи
одамлар нонини яримта қилмоқчимисиз?
–У
яраланган. Бу эса уни мушкул вазиятда эканлигини кўрсатаяпти.
–Шунчаки
ўйин қилиб, ўзини ўзи отган бўлса керак.
–Сиз бу
жиноятни ҳимоя қиляпсиз. Сиз ҳозироқ ўша қайиқ олдига борасиз, биз эса ўша
эркак билан қайиқни ҳибсга оламиз.
–Қаёқдаги
қамоққа?
–Кэй
Уэстдаги.
–Сиз зобитмисиз?
–Мен
унинг сизга ким эканлигини айтдим-ку, –
деди котиб.
–Яхши,
– маъқуллади капитан Вилли. У
тутқични қаттиқ сурди-да, қайиқни
бурди, оқим четига шу қадар яқин келдики, айланувчи мурват оҳакгилнинг думалоқ
тугунларини улоқтириб юборди. Капитан
Вилли анбаҳзор рўпарасида ётган нариги қайиқ томон кемани тариллатиб
ҳайдаб кетди.
–Кемада бирорта қуролингиз борми? – деб сўради Фредерик Гаррисон капитан
Виллидан.
–Йўқ,
жаноб.
Фланел
кийган бояги икки эркак энди ичимлик қайиғига термулиб туриб қолишди.
–Бу иш
балиқ тутишдан кўра қизиқарлироқ экан, а, Доктор? – деди котиб завқ билан.
–Балиқ
овлаш ҳам иш бўптими?– писанда қилди
Фредерик Гаррисон.
–Энг
катта балиқни тутдинг ҳам дейлик, уни нима қиласан? Уни ея олмасанг. Мана бу
эса мутлақо қизиқарли ҳодиса. Бу ҳолатни бир қарашдаёқ кўриб, яйраб кетгандим.
Ярадор экан, у киши ҳеч қаёққа қочиб кетолмайди. Денгизда бу ишни эплаш
мушкул ҳам. Қайиғини ҳам таниймиз.
–Ростданам уни заиф жойидан тутдингиз– да, – деди котиб қойил қолиб.
–Тағин
қуролсиз, – деди Фредерик Гаррисон.
–ФБР
кўмагисиз ҳам, – қўшиб қўйди котиб.
–Эдгар
Ҳувер (ФБР директори) ўзини кучли деб лоф ураверарди, – эслади Фредерик Гаррисон. –Биз унга катта
хато қилиши учун имкон беришимиз керак,
деб ўйлайман. Қайиғимизни тўғри нариги қайиқ томон олиб боринг, – деб буюрди у капитан Виллига. Капитан эса
илмоқни
отиб юборганди, қайиқ секинлашиб кетди.
–Ҳей,
– деб чақирди у нариги қайиқни.
–Бошларингизни пастга яшириб туринглар.
–Нима
дединг? – деди Гаррисон аччиқланиб.
–Овозингни ўчир, – Капитан
Виллининг ҳам тепа сочи тикка бўлганди. –Эй, –
деб чақирди у яна нариги қайиқни. –Эшитинглар, қайиқни шаҳарчага олиб
боринглар-да, хотиржам бўлинглар. Қайиғингиздан хавотир олманглар. Улар қайиқни
тортиб олишмоқчи. Юкингизни туширинг-да, шаҳарчага жўнаб кетинглар. Бу ерда,
менинг қайиғимда Вашингтондан келган қандайдир битта жосуссифат жаноб ўтирибди.
Президентдан ҳам каттароқман, деб лоф ураяпти. У қайиқ рақамини ҳам ёзиб олди.
Ҳой, мен сира сени кўрган эмасман, шундай экан, кимлигингни ҳам билмайман. Мен
сени таний олмаяпман –
Шундан
кейин қайиқ бошқа тарафга қараб йўл олди. Капитан Вилли бўлса ҳамон жон куйдириб
бақирарди: –Бу ерларни мен билмайман. Бу жойга қандай қайтиб келишни ҳам
билмайман.
–О.Кэй,
– нариги қайиқдан овоз келди.
–Мен бу
ҳукумат агентини то қоронғу тушгунча балиқ овлатиб юраман, – деб қичқирди капитан Вилли.
–О.Кэй.
–У
балиқ овлашни яхши кўраркан, –
гумбурлаган овозда қичқирди Вилли. –Бироқ бу йигит сенинг уларга тишинг
ўтмаслигини айтди.
–Раҳмат, ака, – Гаррининг овози
келди.
–Ўша
йигит сенинг укангмиди?– деб сўради
Фредерик Гаррисон, унинг юзи қип– қизариб кетган, бироқ маълумот олишга иштиёқи
сўнмаган эди.
–Йўқ,
жаноб, – эътироз билдирди Капитан Вилли. –Аммо бу ерда қайиқларда сузувчи ҳамма
одамлар бир-бирларини ака-ука деб чақиришади.
–Биз
Кэй Уэстга қайтамиз, – режасини билдирди
Фредерик Гаррисон; лекин гапининг
оҳангида қатъият йўқ эди.
–Йўқ,
жаноб, – унинг режасига қўшилмади
Капитан Вилли. – Сиз жаноблари мени бир
кунга ёллаб олгансизлар. Мен берган пулингизни ҳалоллаб олмоқчиман. Мени эси
паст деб атадингиз, бироқ мен ўзимга жоиз
хизматни адо этаман.
–Бизни
Кэй Уэстга олиб бор, – деди Гаррисон
яна.
–Хўп
бўлади, жаноб, – деди капитан Вилли. – Фақат
сал кейинроқ. Аммо қулоқ солинг, кичик балиқ ҳам худди катта балиқ каби еса
арзигулик балиқлардан. Биз уларни Гавана бозори учун Риасда сотсак борми, роппа-роса
қирол балиқдай бир фунту ўн центдан ишлаб олаверамиз.
–Ҳой,
ўчир овозингни, – деб юборди Гаррисон.
–Ўйлашимча, бу каби савдоларга ҳукумат кишиси сифатида албатта, қизиқиш
билан қарайсиз. Шу каби биз ейдиган ёки фойдаланадиган нарсаларнинг нархи сизни
қизиқтирмайдими? Бу савдо иши қизиқарли эмасми? Уларнинг нархини яна-да
оширсак, қандай бўларкин? Нонни яна-да қимматроқ, харидоргир балиқни эса
арзонроқ қилсак?
–Ҳой, овозингни ўчир! – деб бақирди Гаррисон яна.
ИЧКИЛИКЛАРИ бор кемада Гарри
охирги қопни бортдан туширарди.
–Менга балиқ чопадиган пичоқни узатиб юбор, – деди у негрга.
–У
асфаласофилингга жўнаб бўлган– ку.
Гарри юргизиш тугмачаларини босди ва иккала моторни қизитди. Балиқ
овловчи кемаларни ижарага олиш бизнесдан чиқиб кетиб, инқирозга учраган пайтда
Гарри ликёр ташишга қайтган, кемага иккинчи моторни ҳам ўрнатиб қўйганди. У
болтачани олди-да, чап қўли билан лангар арқонини чопиб ташлади. Ғарқ бўлган
юкни топиб олишгач, улар роса жанжал кўтаришади, деб ўйларди Гарри. Борди-ю,
улар қайиқни тортиб олишмоқчи бўлса, мен кемани Гаррисон Байтгача олиб бораман.
Дарҳол шифокорга учрашишим зарур. Қўлимдан ҳам, қайиқдан ҳам маҳрум бўлишни
истамайман. Юк ҳам қайиқ каби қимматли эди. Унинг кўпроқ қисми нобуд бўлди.
Озгина синганининг ҳам анчагина ҳиди чиқади.
У
бандаргоҳ тутқичини итарди-да, оқим билан бирга анбаҳзордан қайиқни олиб чиқди.
Моторлар бир текис ишлаб турибди. Капитан Виллининг қайиғи эса икки милча
нарида энди Бока Гранде томон сузмоқда эди. Фаҳмимча, ҳозир кўл орқали бориш
учун оқим етарлича баланд бўлса керак, деб ўйлади Гарри.
У ўнг
бортдаги тутқични ва дросселни туртиши
биланоқ моторлар бараварига ўкириб юборди. Қайиқнинг анбаҳзордаги дарахтлар
илдизидаги сувни шимиши билан у яшил анбаҳларнинг тез-тез тебранаётганини ва
қайиқ елкани кўтарилаётганини пайқади. Умид қиламанки, улар қайиғимни тортиб
олишмайди, деб ўйларди Гарри. Яна умид
қиламанки, қўлим ҳам даво топиб кетади. Олти ойдан буён у ёққа очиқ-ойдин бориб-келиб
юрганимиздан кейин Мариелда отишмага учрашимизни туш кўрибманми. Мана сенга
кубаликлар. Биров биров учун ҳақ тўламайди. Шундай экан, мана ўққа ҳам
тутилдик. Бу кубаликлар авлиё экан-да.
–Ҳой,
Висли, – чақирди у, иссиқ юнг кўрпага
ўраниб ётган негр бор каютага ўгирилиб
қарар экан. –Ўзингни қандай сезаяпсан?
–Худога
шукр, – деди Висли. –Анча яхши бўлиб
қолдим.
–Кекса доктор текшириб кўргандан кейин
аҳволинг янаям оғирлашади, – ҳазиллашди Гарри унга.
–Сен
одам эмассан, – оғринди негр. –Қалбингда
одамгарчилик деган нарсадан асар ҳам йўқ.
Қария Вилли олижаноб йигит-да,
деб ўйлаб кетди Гарри. Жон дўстинг борми, деса, мана, барака
топгур Вилли бор экан.
Кутиб ўтиргандан кўра жўнаганимиз яхшироқ бўлди. Кутиб ўтириш ғирт аҳмоқлик
бўларди. Бошим чўяндай қизиб, ҳушимни ҳам йўқотдим, ҳисоб.
Олдинда
эса уни энди Ла Конча меҳмонхонасининг оппоқ биноси, электрсиз мачталар ва
шаҳарчанинг уйлари кутиб турарди. У Гаррисон Байт томон бориш учун айланиб
юрадиган Трумбо докида ётган сол кемаларни ҳам кўрди. Қария Вилли анави
меҳмонларига мен ҳақимда бор билганларини айтиб қўяди, деб ўйларди Гарри. У Виллининг
меҳмонларини қанақа одамлар бўлдийкин, дея қизиқсинаётганди. Айни дамда,
ҳозирги аҳволимга лаънатлар бўлсин, дерди у. Бошим ёмон чайқалиб кетяпти. Ортга
қайтиб тўғри қилган эканмиз. Кутмаганимиз соз иш бўлибди.
–Жаноб
Гарри, – деб мурожаат қилди негр. –Юкни
туширишда сизга ёрдам бермаганим учун мени айбга буюрманг.
–Шуниям
гап деб юрибсанми, – деди Гарри. –Ўқ
еганида ўзи ҳеч қайси негр яхши бўлмаган. Сен харҳолда одам экансан, Висли.
Моторнинг ўкирган фарёди ва сувдаги қайиқнинг қаттиқ шалоплаши орасида у юрагининг ғалати, маҳзун ноласини эшитди. Ҳар сафар адоғида, бу мунгли нола кўнгилни тилка-пора қиларди. Гарри эса ярадор қўлидай мажруҳ бир умид билан ўзини овутиб кетарди, ё, парвардигор, илоҳим ўқ теккан қўлим тузалиб кетсин-да. Ахир ўнг қўлимнинг менга кўп фойдаси теккан. | 2020-09-26 | http://nodirabegim.uz/archives/3049 |
(
Бир қўлида кичик қизил қутича тутиб олган киши кўча бўйлаб секин юриб борарди. Унинг эски похол шляпаси ва ранги ўчиб кетган кийимлари худди ёмғирда тез-тез шалаббо бўлиб, офтоб устида кўп маротаба қуритгандай эди. Қари эмаслигига қарамасдан, жуда нимжон кўринарди. Ва у қуёш нурлари остида асфалт йўлакчадан кетиб борарди. Кўчанинг нариги томонида қалин ва роҳатбахш соя солган дарахтлар бор эди: ҳамма одамлар шу тарафдан юришаётганди. Бироқ қаҳрамонимиз кўзи ожиз бўлганлигидан буни билмасди. Устига устак, у руҳий ҳаста ҳам эди.
Қизил қутичада у сотмоқчи бўлган қўрғошин қаламлар бор эди. У ҳеч қандай ҳасса тутиб олмаган, бироқ оёғини судраб олиб ёки темир панжараларни пайпаслаб ўзига йўл топаётганди. Уй зинапоялари ёнига келганда уларни бир-бир босиб тепага кўтариларди. Баъзида катта қийинчилик билан эшик ёнига етганида, эшик қўнғироғи тугмачасини топа олмай, яна пастга қайтиб тушар ва йўлида давом этарди. Темир дарвозалардан баъзилари эгалари ёзги таътилга кетганлиги сабаб қулфланган ва у кўп вақтини уларни очишга тиришиб сарфларди. Чунки унда жуда кўп вақт бор эди.
Aйрим пайтлари қўнғироқ тугмачасини топишни уддасидан чиқар, лекин қўнғироққа жавоб берган бирор киши ёки оқсоч ҳеч қандай қалам керак эмаслигини ёки шундай арзимас нарса учун уй бекасини безовта қила олмасликларини айтишарди.
У кўп вақтини кўчада ўтказиб, жуда узоқ йўл босиб қўйган бўлса-да, ҳеч нарса сота олмаганди. Ўша куни эрталаб ундан безор бўлган кимдир қўлига қалам солинган қутини тутқазиб, ўзи кун кечириши учун кўчага чиқариб юборганди. Очлик ўзининг ўткир тишлари билан ошқозонини аёвсиз ғажиётган, кучли чанқоқдан оғзи қуриб қолган ва бу ҳолат унга жуда азоб бераётганди. Устига-устак қуёш ҳам кунни тобора қиздираётган бир пайтда у жуда кўп кийим –пиджак, кўйлак устидан палто кийиб олган. Устидагиларни ечиб қўлида кўтариб юриши ёки отиб юбориши ҳам мумкин эди-ю аммо у бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмади. Юқори қаватдаги деразадан уни кузатиб турган меҳрибон аёлнинг унга юраги ачиди, соя томонга ўтса бўлмасмикин деб қўйди.
Қаҳрамонимиз болалар ўйиндан завқланиб шовқин солаётган кўчага бурилди. У кўтариб олган қизил қутича кичкинтойларнинг эътиборини тортди ва улар қути ичида нима борлигини билишга ошиқишди. Ҳатто улардан биттаси қутини тортиб олишга ҳам ҳаракат қилди. Бироқ у кучли ички сезгиси билан ўзининг ягона тирикчилик манбаини ҳимоя қилиш учун қаршилик кўрсатди, болаларга қичқирди, уларни қарғаб сўкди. Бурчакдан қайрилаётган полициячи унинг тартибсизлик марказида турганини кўргач келиб куч билан унинг ёқасидан тортди; кўзи ожизлигини англагач эса уришдан тўхтади ва жўнатиб юборди.
Ўзининг мақсадсиз саёҳати давомида у ниҳоятда катта машиналар қаттиқ сигнал чалиб оёқлари остидаги ерни кучли шитоб билан гумбурлатиб зув-зув қатнаётган кўчага қайрилди. У йўлни кесиб ўта бошлади. Шу пайт нимадир содир бўлди –буни кўрган аёлларни ҳушидан айирган, бақувват эркакларни эса бошини айлантириб касал қилиб қўйган мудҳиш нимадир юз берди. Мотоциклчининг лаблари юзларидай оқариб кетди. У сесканиб кетди ва мотоциклини тўхтатиш учун қилган ғайритабиий ҳаракатидан ҳайратланиб қолди.
Худди мўжиза содир бўлгандай шунча оломон бирдан қаердан пайдо бўлди? Югураётган болалар, худди тақдир томонидан идора қилинаётгандай докторлар ҳам оёғини қўлига олиб югуришаётган даҳшатли манзарани кўриш учун тўхтатаётган аёллар ва эркаклар…
Одамларнинг кўпчилиги жасадни таниганда, мажақланиб кетган одам шаҳарнинг энг бой, энг нуфузли, энг нафи тегадиган кишиси эканлигини билишганда даҳшат янаям ортди. Қайсидир киши унинг мулоҳазакорлиги ва эҳтиёткорлиги ҳақида эслатиб ўтди. Aхир қандай қилиб у бундай даҳшатли тақдирни бошдан кечириши мумкин эди? Кеч қолганлиги сабабли иш жойидан чиқиб Aтлантика соҳилида ўзларининг ёзги дала ҳовлисида оиласи даврасига қўшилиш учун шошилаётганди. Шошилганидан қаршисидан келаётган машинани пайқамади ва табиийки, машъум ҳодиса юз берди.
Сўқир одам шунча тўс-тўполон нима учунлигини билмади. У кўчани кесиб ўтиб бўлганди ва бу ерда у яна қуёшга дуч келди, оёғи билан ерни пайпаслаб йўлида давом этди. | 2020-09-28 | http://nodirabegim.uz/archives/3063 |
Маргарита де Терел ўлим
тўшагида ётарди. Унинг ёши эллик олтида бўлсада, кўринидан етмиш бешдан кам
эмасди. Нафаси қайтиб, юзлари чойшабдек оқариб кетган, сесканиб-сесканиб кетар, бутун танаси титрар,
кўзлари эса бирор даҳшатли нарсани кўргандек олазарак эди.
Унинг опаси Сюзанна, ундан
олти ёшга катта бўлиб, ётоқ ёнида тиззалаб ўтирганча кўз ёш тўкарди. Кичкина,
устига дастурхон ташланган столда иккита ёниб битган шам қолдиқлари эса тезроқ
руҳоний келиб, тавба тазарру қилдириши лозимлигига ишора қилиб турарди.
Ўлим ёқасида ётган аёлнинг
ётоғида ҳам хунук тартибсизлик хукм сурар: стол ва полкаларда турли дори дармон
кўпиклари, бурчакларда ишлатиб ташланган қўл сочиқлари сочилиб ётарди. Стул ва
креслолар эса ҳудди қўрқиб кетишгандек ҳар томонга сурилиб кетишарди. Ўлим
шапраси шу яқин орада кезинар ва эгасини кутарди.
Бу опа-сингилнинг тақдири ачинарли. Бутун туман шу ҳақда гапирган, эшитганлар кўз ёш ҳам тўкишган. Каттаси, Сюзанна бир вақтлар ёш бир йигит билан севишган, ҳатто унаштирилган эдилар. Тўй куни ҳам белгиланган, бироқ тўсатдан Анди ле Сампьернинг бевақт ўлими уларни айирганди. Кучли қайғуда қолган қиз ҳеч қачон турмушга чиқмасликка аҳд қилган. У сўзда турди. Бевалик либосини эгнидан ечмади, айни пайтда ҳам қора кўйлакда ўтирарди.
Ўшанда синглиси, 12 яшар Маргарита опасини қучди ва деди:
-Опажон, сизнинг бахтсиз бўлишингизни истамайман. Бир
умр йиғлаб ўтишингизни ҳам хоҳламайман. Ҳеч қачон, сираям сизни ташлаб
кетмайман. Менам турмушга чиқмайман. Сиз билан бир умр бирга қоламан.
Сюзанна синглисининг ҳаяжонли
гапларидан таъсирланиб уни ўпиб қўйсада, бироқ гапларига ишонмаганди. Аммо
синглиси гапида турди. Ота- онасининг насиҳатлари, опасининг илтижолари кор
қилмади: эрга тегмади. У жуда яхши эди, кўпчилик ёш йигитларнинг ақлини
олганди, лекин қиз барини рад этар, опасини ташлаб кетмасди.
Опа-сингил бир умр бирга яшашди,
айрилишмади. Туташган йўлларидан
бирма бир қадам босиб ўтдилар. Маргарита опасига нисбатан доим ғамгин юрар,
бироз қаттиққўл эди. Шунинг учунми опасидан кўра тез қариди, ўттиз йил давомида
дилини эзиб келган бир сир туфайли ҳам шундай кечди унинг тақдири.
Мана, у дунёни биринчи бўлиб
тарк этаяпти.
Бир суткадан бери Маргарита
гапирмасди. Тонгда у ниҳоят тилга кирди:
-Руҳонийни чақиринглар, вақт
бўлди, -деди у қуруқшаган лабларини базўр қимирлаб. Унинг кўзларида аллақандай
қўрқинч бор эди.
Опаси чайшабнинг бир четига
ўтириб, юраги эзилиб йиғлар, бир сўзни такрорларди:
-Марго, жигарим менинг, миттигинам!
Опаси уни доим миттигинам деб
эркаларди. Синглиси эса опажон дерди.
Зинадан қадам товушлари
эшитилди. Эшик очилиб, хизматчи болакай кўринди. Унинг ортидан эса кимхоб
кийимдаги руҳоний кириб келди. Руҳонийни кўриб, Маргарита амаллаб қўзғалди,
гапиришга базўр шайланди, оёғини ўраб турган чайшабни ирқитди.
Аббат Симон унинг ёнига
келиб, қўлларидан тутди, пешонасидан ўпиб майин сўзлади:
-Эгам сени авф этгай, бўтам. Тўғрисўз бўлинг,
гапиришингиз мумкин.
Шу пайт Маргарита ҳақиқатни айтишга чоғланиб ўрнидан жилди. Бутун ётоқ қимирлаб кетди, гўё. У тилга кирди:
-Опажон, ёнимга ўтиринг ва
тингланг…
Руҳоний Сюзанна томон
ўгирилди ва унга жой ажратди. Ўзи эса креслога чўкиб, икки аёлнинг ҳам
қўлларидан тутди:
-Э, яратган эгам! Уларга
куч-қувват бер, раҳмингни аяма.
Маргарита хиррилаган товушда
гапирар, ҳудди овози ҳозир ўчиб қоладигандек эди.
-Мени кечиринг, кечиринг,
опажон! О, агар билсайдингиз, бу пайтнинг келишидан нақадар қўрқиб
яшаганимни…
Сюзанна кўзидаги ёшни артиб
сўради:
-Сени нега кечирай, миттигинам? Сен менга ўзингни бахш
этдинг, баридан кечдинг. Сен фариштасан…
Маргарита уни тўхтатди:
-Жим! Айтишимга имкон беринг…
гапимни бўлманг. Қўрқичли… ҳаммасини айтиб олай. Охиригача… шошманг… тингланг…
сиз эслайсиз… Анрини эслайсиз-а?..
Сюзанна ҳайрон бўлиб
синглисига тикилди.
-Эшитинг, шунда тушуниб оласиз.
Мен ўшанда атиги 12 ёшда эдим. Эсингизда-ку, тўғрими? Мени роса эркалатишарди.
У уйимизга биринчи марта келганида, локланган сопокда эди; тулпоридан сакраб
тушди, кийими учун узр сўраб, отамга бир хабар етказиши лозимлигини айтди.
Булар эсингизда, тўғрими? Жим… тингланг. Уни илк бор кўрганимда кўркамлигидан
тошдек қотгандим. У отам билан гаплашиб бўлгунча хонанинг бир бурчида туриб
ундан кўзимни узолмай қолганман. Болалар жуда ғалати халқ, ҳатто қўрқинчли…
О, уни қанчалар орзулардим! У яна келди.
Уни бор нигоҳларим, бор қалбим билан кузатардим… Ёшимдан кўра тез улғайиб
қолгандим. Кўринганимдан кўра эса анча айёр ҳам эдим. У тез- тез кела бошлади.
Фақат у ҳақда ўйлардим. Ўзимга ўзим шивирлардим: “Анри… Анри де Сампьер!”
Кейин эса уни сизга
уйланмоқчилигини айтишди. Ох, опажон, бу сўзлар менга тиғдек қадалди! Ёндирди!
Уч кеча ухламай, йиғлаб чиқдим. У ҳар куни нонуштадан сўнг уйимизга келарди,
эсингиздами? Гапимни бўлманг, эшитинг… Сиз Анрига атаб у ёқтирадиган пирожнийларни
тайёрлардингиз: ун, ёғ ва сутдан. О, мен ҳам пиширишни билардим буни. Керак
бўлса, ҳозир ҳам пишироламан. Анри пирожнийлардан татиб кўраркан, қўлидаги
винодан хўплаб, “Аъло даражада!”, деб мақтарди. Эсингиздами, шу гаплари? Рашк
қилардим, рашк! Тўй куни ҳам яқишлашиб қолганди. Икки ҳафтагина қолувди. Мен
ақлдан оздим. “У Сюзаннага уйланмайди, йўқ, буни истамайман. Катта бўлсам, у
фақатгина менга уйланади. Ҳаётимда ундан бошқасини бу қадар қаттиқ
севолмайман…” дердим хаёлан.
Аммо бир куни кечаси, тўйга ўн кун қолганида, сиз ой ёғдусида у билан сайр қилишга чиқиб кетдингиз… у ерда катта қора қайрағай бор эди… У сизни дарахт тагида қучиб қўлларингиздан тутди ва узоқ бўса олди. Буни яхши эслайсиз. Ахир бу сизларнинг илк бўсангиз эди… Ҳа, уйга қайтганингизда ҳаяжондан оқариб кетгандингиз! Сизларни боғда кузатиб тургандим. Қутурганча ортга қайтдим. Қўлимдан келса, сизларни ўлдиришга ҳам тайёр эдим! Ўзимга дедим: “У Сюзаннага уйланмайди. Улар оила қуришолмайди. Бу бахтсизликни кўтара олмайман”. Қалбимда чуқур ҳасад уйғонди. Кейин, биласизми, нима қилдим? Тингланг… Боғбонимиз қутурган итлар учун заҳар тайёрлашини кўриб қолгандим. У шиша бутилкани синдириб, майдалаб, гўштли қиймага қўшарди. Онамнинг дори шишасини олдим ва уни майдаладим. Заррали, ялтироқ кукун ҳосил бўлди. Эртасига эса сиз пирожний тайёрлаётганингизда, мен билдирмай кукунни ҳамирга қўшиб юбордим. У пирожнийдан уч дона эди… сиз эса битта. Қолган олтитасини эса ҳовузга ташлаб юбордим… Ўшанда иккита оққушимиз ўлиб қолганди, эсингиздами? Жим бўлинг… фақат тингланг. Ўшанда менгина қотил — пирожнийлардан емадим, аммо бир умрлик азобни орттириб олдим. У ўлди… биласиз. Тингланг… бу ҳали ҳаммаси эмас… кейин… ҳар доим… қўрқинчли эди. Бутун ҳаётим бузилиб кетди. Ўзимга сўз бердим: “Бир умр опамнинг ёнида бўламан ва сўнгги ондагина ҳақиқатни сўзлаб бераман.” Ҳа, бу дақиқаларни доим ўйлаб яшардим. Қаршингизда айбимни тан олиш онларини… Вақт бўлди. Қўрқиб кетаяпман… опажон!
Эртаю кеч, тун ва тонгда шу
ҳақда ўйлардим: вақти келса, унга иқрор бўлишим керак… Кутдим. Ох, бу азоб
исканжаси! Мана, энди барини
биласиз. Жим! Гапирманг.
Мен қўрқиб кетаяпман! Нариги дунёда у билан юзлашсам, ўйлаб кўринг-а? Ахир уни
сиздан аввал мен кўраман. Истамасамда, шундай бўлади. Ўлаяпман… Кечиринг мени,
кечиринг!… Сиз авф этмасангиз, унинг кўзларига қарай олмайман. Айтинг, унга
жаноб руҳоний, мени кечирсин… илтимос. Бўлмаса, ўлолмайман…
У оғир нафас олиб, титради ва
оёқлари билан чойшабни тимдалай бошлади.
Сюзанна эса қўллари билан
юзини ёпиб олган, қимир этмасди. У Анри ҳақида, узоқ давом этиши мумкин бўлган
муҳаббати ҳақда ўйларди. Қандай гўзал ҳаёт кечиришлари мумкин эди-я? Эх,
қадрдон марҳумлар! Улар қалбимизни нақадар қийнайдилар. Илк ва ягона бўса-чи!
Аёл буни юрагида асраб келди. Бу бўса сўнггиси бўлиб қолди.
Бирдан руҳоний баланд овозга
ҳайқирди:
-Сюзанна хоним, синглингиз жон бераяпти!
Шунда Сюзанна қўлини юзидан
тушириб, синглисини қучиб ўпди ва шивирлади:
-Сени кечираман, миттигинам… | 2020-09-29 | http://nodirabegim.uz/archives/3075 |
Октавио Пас…
Қадим Мексика адабиётининг энг ўчмас ҳамда
нодир истеъдоди. Улкан қалб соҳиби, бетакрор шеърлар муаллифи, теран туйғулар
ҳамда фикрлар ҳукмдори.
Оташнафас шоир, ёзувчи ва дипломат
1914 йил, 31- март куни Мексика заминида таваллуд топади. Пас эрта болалик
чоғлариданоқ бувасининг кутубхонаси туфайли шеърият билан тез ошно бўлади. Бу
кутубхонада бола Октавио Мексика ва Европа адабиётининг классик ёзувчилари
ижоди билан мукаммал танишиб чиқади. 1920 йилларда Пас Европа адабиётининг буюк
шоирлари бўлмиш Жерардо Диего, Хуан Рамон Жименес ва испан ёзувчиси Антонио
Макадо ижодларидан улкан таассурот олади. 1931 йилда Октавио ўсмирлик даврининг
илк муваффаққияти ҳисобланмиш қалдирғоч шеърий китобини чоп эттиради. Орадан
икки йил ўтгач, 19 ёшида у иккинчи тўплами – “Luna Silvestre” (“Бегона ҳилол”)
ни нашр этади.
1937 йилда йигирма уч ёшли Пас Мексика
шаҳридаги ҳуқуқ ўқишини ташлаб, Юкатандаги оддий ишчи ва деҳқонларнинг болалари
таълим оладиган Мерида мактабига ишга киради. Бу ерда шоир ўзининг энг ўтли
мисраларини ижод этади. Худди шу ерда у Т.С.Эллиот ижодидан таъсирланиб яратган
шеъри “Entre la piedra y la for” (“Тош ва гул орасида”) номли шоҳ байтини
қаламга олади.
Айни шу йили Октавио Пас Фуқаролар уруши
даврида Испанияда таъсис этилган Иккинчи Халқаро Ёзувчилар қўмитасининг
Маданият мудофааси бўлимига аъзо этиб қабул қилинади. 1938 йили она юртига яна
қайтиб келган шоир “Мутафаккир” номли адабий журналга асос солади ва 1941
йилгача ушбу журнал учун камарбаста бўлиб хизмат қилади.
1937 йилдаги ҳаёти мобайнида Пас
Мексиканинг ўша давридаги пешқадам ёзувчиларидан бири Елена Гарро билан турмуш
қуради. Икки қаламкашнинг 1935 йилдан бошланган алоқалари 1959 йилга бориб
тамомила барҳам топади. Пас ва Елена муҳаббатидан Ҳелен исмли бир қизча зурриёд
бўлиб қолади.
1943 йилда шоир Қўшма Штатлардаги Калифорния
университети талабаси мақомиини эгаллаб, икки йилдан сўнг Мексиканинг
дипломатик хизматига ишга киради ва Нью-Йорк шаҳрига муваққат ишга қўйилади.
1945 йилда у Париж шаҳрига хизматга юборилади ва бу ерда Пас “El laberinto de la Soledad”
(“Ғарибликдаги ҳаёт”) шеърини ёзади. Мазкур шеърий мисраларда шоир ўша даврдаги
Мексика халқининг айрим вакилларидаги иккиюзламачилик ҳамда худбинлик ниқоблари
яширинган асл юзларини фош этади.
1952 йилда Октавио Пас биринчи марта
Ҳиндистонга сафар қилади. Ўша йилнинг ўзида у Токйо шаҳрида ҳам саёҳатда
бўлади. Кейинги йили шоир Швейцария, Женевага хизмат ишлари билан юборилади.
1954 йили Мексика заминига қайтиб келган Пас ўзининг энг шоҳ байти бўлмиш
“Piedra de sol” (“Тошқуёш”) номли асарини яратади ва уни “Liberted bajo
palabra” (“Қасамлар қўйнидаги озодлик”) деб аталган шаърий тўпламида эълон
этади.
Пас 1959 йилда яна Парижга юборилади ва 1962
йилда Мексика давлатининг Ҳиндистондаги мухтор элчиси этиб тайинланади.
Ҳиндистон ўлкасида ҳам бу оташқалб шоир
бир қатор нодир битикларини қаламга олади ва бу қадим заминда у бир туркум
ажойиб шоир ва ёзувчилар билан дўстлашади.
1965 йилда Октавио Пас француз миллатига мансуб Мария-Хосе Трамини
исмли аёл билан иккинчи турмушини қуради. 1968 йилнинг октябр ойида у Мексикада
бўлиб ўтган талабалар намойиши туфайли ўз хизматидан бўшатилади.
Бир муддат хавфсиз жой сифатида Парижда истиқомат қилган
шоир 1969 йилда яна ўз Ватанига қайтиб келади. Шу йили у бир гуруҳ Мексикалик
озодлик куйчилари ҳисобланган шоирлар ҳамда Лотин Америкасидан бўлмиш бир нечта
ёзувчилар билан биргаликда “Plural” (“Халқ орзуси”) номли журнал (1970-1976) ни
чоп этади.
1969 йилдан 1970 йилга қадар Пас
Кэмбридж Университетида Бош Профессор сифатида фаолият олиб боради.
1975 йили Мексика ҳукумати “Халқ орзуси”
журналини ёпиб ташлагандан сўнг Пас “Vielta” (“Рақобат”) номли кейинги
журналини очади ва умрининг охиригача – 1998 йилгача ушбу журналнинг бош муҳаррири сифатида
фаолият олиб боради.
Октавио Пас Инсонлар ўртасидаги тенг ҳуқуқийлик ҳамда озодлик ҳаракатлари учун 1971 йилда адабиёт йўналиши бўйича Иерусалим мукофотига сазовор бўлади. 1980 йилда эса у Гарвард Университетининг нуфузли докторлик мақомига эришади. Кетма-кет муваффаққият қозонган ўткир қалам соҳиби 1982 йилда олий унвонлардан бири ҳисобланмиш Нюстадт мукофотига ҳам лойиқ деб топилади.
Мексика халқининг бу буюк фарзанди
яратган, 1957 ва 1987 йилларда туғилган
бир-биридан гўзал шеърлар 1990 йилда ажойиб бир шеърий тўплам бўлиб нашр
этилади ва худди шу тўплам Октавио Пасга оламшумул шуҳрат олиб келади. Айни шу
йили, 1990 йилда беназир Октавио Пас халқаро Нобель мукофоти билан
тақдирланади.
Ўз Ватани учун ҳалол ва ҳолисона
хизмат қилган бу юксак шеърият тимсоли 1998 йилнинг 19 апрел куни ўсма
касаллиги туфайли ҳаётдан кўз юмади.
Шоир ўлимидан сўнг унинг хотираси
учун ташкил этилган адабий қўмита 2004 йилда Октавио Паснинг 90 йиллик
таваллуди муносабати билан шоирнинг энг катта сайланма китобини чоп этиб, бу
қимматбаҳо асарни жаҳон адабиёти кутубхонасига чуқур ифтихор ила тақдим этади.
Томчилар куйини тинглаган
каби
Тингла мени ҳам…
Дардсиз, туйғусиз…
Қалбим шивалаган ёмғирдай
оқар,
Сув бу — ҳаво, ҳаво эса он,
Онларда саргардон шу умрим
ўтар.
Зулумот қопламай туриб оламни
Ёпирилиб келар қуюқ туманлик.
Менинг эса кўнглим ҳувиллаб
борар,
Сониялар ичра босади ғашлик.
Оҳ, ўша чоғларда азизам,
севгим,
Ёмғирдай тингласанг ўксик бу
дилим.
Англасайдинг мени эшитмай
туриб,
Кўзларинг сўзласа эди
ғамимни.
Гарчи тирикману жонсиз
мурдаман,
Ёмғир олаверар тўйган
жонимни.
Сув бу — ҳаво, борлиқ эса
Сўз:
Бари сўзлайверар шўр
қисматимиз.
Кун, ой, йиллар оша дардим
каттарар,
Ёмғирда излайман сени
чорасиз.
Ялтираган асфальт йўлак устидан
Кўтарилар буғлар,
адашаман мен.
Қоронғу кечада сарсар
кезаман,
Қидираман сени зулмат ичидан.
Сен,
сенинг қаддинг,
сенинг сочларинг
Ногоҳ тўқнаш келиб қолар
кўчада.
Ўтиб кетасану юрагим вайрон,
Лоақал сезмайсан шу
томчилардай.
Ялтираган асфальт йўлак
устида
Қолиб кетар фақат сенинг
изларинг.
Мен тунлар тентиган ҳазин
дамда сен
Ширин тушлар кўриб ухларсан
сокин.
Тингларман мен ўша онлик
нафасинг,
Бармоқларинг гўё сийпалар
юзим,
Бармоқларинг чўғдай куйдирар
кўзим,
Бармоқларинг менга қайта жон
берар.
Шундай масъуд умрим
лаҳзаларида
Ёмғир куйларидек тинглагил
мени.
Йиллар ўтиб кетар, қайтмас
лаҳзалар,
Ҳайҳот, кўрарманми мен яна
сени?!
Йўқсан! Мавҳумликсан!
Саробдай узооқ,
Бутун ер юзаси шалаббо
сенсиз.
Буюк вақт ҳукмида ночор,
нотавон,
Айвонда ёмғирни тингларман
маъюс.
Қоронғу зулматда ҳамон
изларман,
Япроқлар қўйнида титрар
нафасим.
Сув – ҳаво, ҳаво – он,
борлиқ Сўз эмас –
Сенинг соянг кўмиб ташлар
ҳаммасин!
Одамман.
Ҳунарим – яшамоқ.
Баҳайбат тун кечар теварагимда.
Осмонга қарайман:
Юлдузлар ёзар.
Англайман уларни тушунмасдан мен…
Ва мен ҳам ёзаман,
ёзаман,
Ва шу паллада
Кимдир мени пойлаб умрин ўтказар.
Узун ва кимсасиз кўчада,
қоп-қора кечада
юриб қоқиламан,
тураман яна,
кўрдай юриииб кетавераман.
Соқов тошчаларни, ғариб баргларни
Эзғилаб ўтаман кўрдай, гарангдай.
Яна кимдир менинг ортимдан
келар,
У ҳам босиб ўтар тошларни, баргни.
Тўхтасам, тўхтайди,
юрсам, югурар,
Қарайман: Ҳеч ким йўқ.
Қоронғу кўча.
Фақат қадамларим эшитар мени,
Кўчадан-кўчага ўтиб бораман.
Гўё бутун умр изғийман шундай,
Мени ҳеч ким кутмас,
ҳеч ким эргашмас.
Ногоҳ тўқнаш келиб қолса ҳам кимдир
У ҳам кўрдай, гунгдай кўрмас ҳеч кимни.
Келмоқ ва кетмоқлик орасида жим
Хазонрез вақт ўтар беқарор,
Ўтмишга бағишлаб шаффоф умрини.
Думалоқ ер узра жимжитлик кезар,
Дунёни сукунат тебратар.
Барчаси фонийлик, бари омонат,
Эга бўлолмаймиз аммо умрбод.
Мана қоғоз, китоб, қалам, бўш қадаҳ,
Қолган нарсаларнинг бирон номи йўқ!
Вақт тез уриб турар икки чаккамда,
Титроқ ҳадик қайнаб оқар қонимда.
Бедард деворларга урилган шуъла,
Умидсиз ортига қайтадир яна.
Дунёнинг кўзида топиб умримни,
Бўшлиққа тикилиб кўрдим ўзимни.
Лаҳзалар сочилар.
Вақт қурбон бўлган,
Мен келдим ва кетдим.
Мен – сукунатман…
Чорасиз юракка
бир жой йўқ экан
дарахтлар орасида ҳам.
Мен…
Қаерга келганимни
билмай яшадим.
Тун ва кун ораси,
Сен ва мен орамиз –
Кўприк.
Кўприк устида сен
ўзингни учратасан.
Дунё боғлаб берар
сени сен билан.
Қирғоқдан қирғоққа
Ҳамиша узалар
Ёрқин камалак.
Мен ўша камалакка
осилиииб
яшашим керак!
Сочинг
дарахтзордай қуюқ,
Ёйилиб ётар,
Тананг ёндиради
танамни.
Сен ухлаган дамда
тундан улуғсан,
Тушларинг сеҳрлар
бутун оламни.
Биз қанчалар
улкан бўлсак шунчалар
Дунё кичрайиб
борар.
Ташқарида ўтар
асов машиналар,
Улар қайтмас
бўлган руҳларни ташир…
Оқар сув оқади,
Оқаверади,
Фақат биз эрта
ҳам
Отажак тонгда
…Уйғонамизми?.. | 2020-09-30 | http://nodirabegim.uz/archives/3081 |
Сентябрда иссиқ пасайиб, чидаса бўладиган ҳолатга келади. Осмон тубсиз ва ложувард бўлиб қолади. Дарё тозаланиб хантал рангидаги енгил тўлқинларни ҳайдай бошлайди. Тиниқ сувда юпқа сирпанчиқ тошлар кўринади. Ҳавода нам япроқ ва балиқ ҳиди анқийди. Соҳилбўйи майсазорида анча салқин бўлади. Дарахт остида ўсган қўнғир йўсин чайқалади. Қуёш куйдирган ўтлар орасида йирик чигирткалар сакраб қолишди. Зағча ва шум зағизғонлар бутун атрофни ағдар-тўнтар қилишди. Тепароқда, жарлик ёқасида ва ундан нарида, ўрим пайти семиз беданалар сайраяпти. Қишлоқ қиёфаси ҳам ўзгарди, боғлар ва узумзорлар қизил-қўнғир тусга кирди. Куз ҳиди қишлоқ йўли узра осилиб турибди. Ёнғоқлар ҳамма жойда қоқиб олинган, йўл сариқ япроқ ва қорайган пўстлоқ билан тўшалиб ётибди. Ҳовлиларда бўйралар устида тўғралган олма ва шафтоли қоқи қуритилмоқда. Болохона устунларига осилган ипларда эса чурчхелла учун ёнғоқлар осиб қўйилган.
Йўл бўйлаб ғичирлаганча арава кетиб бораяпти. У саватлар тўла қаҳрабо ранг узум олиб кетаяпти. Узум устида асалари ва ёввойи арилар ғужғон ўйнайди. Араванинг олдинги ўриндиғида қорасоч, бақувват деҳқон ўтирибди. У қўлидаги хивич билан аравани тортаётган буйволларни секин уриб қўяди. Унинг эгнида қора куйлак ва шим. Шимининг почалари оппоқ жун пайпоғи ичига киритилган, оёғида шаҳар туфлиси, бошида эса қадимий кигиз қалпоқ. Арава ортидан тўладан келган бўлиқ кўкракли аёл бораяпти. Унинг бир қўлида сара узум бошлари тўла саватча, иккинчи қўли билан арава тўсиғини ушлаб олган. Юзидан тер оқаяпти – афтидан чарчаган кўринади, бунинг устига иссиқ ҳам ҳолдан тойдирган. Шунга қарамай, у юкини аравага қўймасликка уринаяпти. Эрининг орқасидан ғазаб билан қараб ўзича тўнғиллайди. Арава ғичир-ғичиридан эркак хотинининг гапини эшитмайди. Балки эшитса ҳам эътибор бермаётгандир. Буйволлар бақувват бўйинлари билан оғир юкни аста-секин эриниб тортиб бораяпти.
Темирчилик устахонаси ёнида турган эркаклар келаётган аравага қараб туришибди.
– Уларни меҳмон қил, узумга таклиф қил, сен бунақага устасан-ку, – тўнғиллайди хотин.
– Бу ёққа келинглар, узумдан татиб кўринглар, – дейди қувноқ эр буйволларни тўхтатиб.
– Эртароқ узмадингми, Георги? – дейди бир қария, арава томон тортиниброқ қадам ташларкан.
– Ҳеч ҳам эртамас, мана татиб кўринг. Жудаям ширин!
Узумдан бир икки донадан узиб олган одамлар ҳайрон бўлиб:
– Ие, ростдан ҳам жуда ширин.
– Олинглар, еб кўринглар, – дейди зўраки оҳангда аёл.
Эри бўлса базўр жилмайиб, тескари қарайди.
Эркаклар узумдан бир шингил-бир шингил олишади.
– Олинглар, олсангларчи, уялманглар!
– Олиш мумкин, лекин бунақада ахир…
– Ие, худо ҳаққи! – аёл ёлғонни яшира олмади ва қип-қизариб кетди.
Соқолини ҳафсала билан қиртишлаган йигит катта-катта узум бошларини чаққонлик билан ҳаммага тарқатиб чиқди. Бир годори бир пасда яримигача бўшаб қолди.
Аёл орқасига қарамасдан олдинга ўтиб кетди. Унинг қадам ташлашидан нақадар жаҳли чиққани сезилиб турарди.
– Шакарнинг ўзи! – дейди бир киши, ёпишқоқ қўлларини шимига артаркан.
– Нима, ҳали вақти эмасми?
– Э, сенинг узумзоринг Георги, барибир яхши жойда-да. Узуми эрта пишади.
– Ҳой, тезроқ ҳайдасангиз-чи, қоронғи тушаяпти! – бақиради узоқдан аёл.
Деҳқон буйволларга хивич урди, арава ўрнидан қўзғалди.
– Тарқат, боягидай тарқатавер, бир кўрайчи, уйга нима билан бораркансан?
У жавоб қайтармайди, хивич билан буйволларни ниқтайди ва олға интилади. Йўл бўйида бир болакай турибди. Ёнғоқ пўстлоғидан оғзи қорайиб кетган, аравага тикилади.
Эркак унга қараб жилмайди.
– Узумдан ейсанми, болакай?
Бола оғзига толқон солгандай индамайди.
– Кимнинг ўғлисан, болакай?
– Шаликонинг ўғлиман, – деб жавоб берди бола, оёғи билан тупроққа ниманидир чизиб. Деҳқон боланинг шиппаги йиртиғидан чиқиб турган пуштиранг чангли бармоғига эътибор беради.
– Отанг ҳалиям келмадими? – Георги боланинг отаси ўғриликда айбланиб қамалганидан хабардор.
– Йўқ ҳали… Боланинг юзи тундлашди. Деҳқон аравани тўхтатди. Шошилиб пастга тушди. У қадоқли қора қўлини саватга тушуриб бир-икки бош узумни олди.
– Ма, ол!
Бола кўйлагининг барини очди ва узумни олиб қияликдан чопиб кетди.
– Ҳой, эҳтиёт бўл, тирранча! – боланинг орқасидан бақириб қолди деҳқон ва тўкилган узумларни териб қайтадан саватга ташлади.
Арава ғичирлаб йўлга тушди. Буйволлар эринибгина қадам ташларди. Уйлардан бирининг олдида, дўнг устида букчайганча бир кампир ўтирарди.
– Салом, бувижон! – овоз беради деҳқон ва яна аравадан тушади.
Бўйволлар сабр билан эгасини кутмоқда. У бўлса энг яхши узум бошларини саралаб кампирга узатади.
– Олинг, бувижон!
– Худо сенга бахт берсин, болам, – дейди кампир, кейин бирдан деҳқонни таниб қолади ва қўлларини тиззаларига уради.
– Вой, бу сенсан-ку Георги! Худо уйингга бахт ато қилсин! Ахир менинг Ясоним сенинг тенгқуринг эди-ку, ўғлим! Тангри унинг ўрнига мени ола қолса, бўлмасмиди?
Яна арава ғичирлади. Атроф рангларга тўла. Гарчи сариқ, яшил, кумуш ва қизғиш ранглар кўп бўлса-да, лекин барибир қизил-қўнғир туслар зиёдароқ. Тепадан бўлса ложуворд осмон гумбаз мисол осилиб турибди. Буйволлар эриниб қадам ташлайди. Арава устида қорасоч, бақувват деҳқон мағрур ўтирибди. У хотинининг тўнғиллашига эътибор ҳам бермайди. Унинг қалбини тушуниб бўлмас қувонч эгаллаган. Куз… | 2020-01-09 | http://nodirabegim.uz/archives/2921 |
Қабристон томонга бораман
Ғамгин нашватилар ёнида
Қария дарахтлар қичқирар
Ўлим соя солса
Болаларнинг қадамларига…
Энди бу йўлда қабристон тараф
Жилва этар мовий, зарҳал ранг
Тўрт қадам босилар -ўлим ва
Тўрт қадам босилар-ҳаёт
Бу
мовий масканда
Ўғлим ором олади мангу…
* * *
Ўтганимда ҳар дафъа
Деразангни ёнидан,
Ифорларинг туяман мудом,
Хонангда Ҳали ҳам сузар бўйларинг…
Ўтганимда ҳар дафъа
Қабристонни оралаб
Жим қулоқ тутаман
Нафас олишига
Суякларингни
* * *
Бу қирғин урушлар
Севги учун бўлмаса агар
Ачинарли, қайғули
Яксонкор қуроллар
Сўзлар учун хизмат қилмаса
Ачинарли қайғули.
Одамлар ҳам
Севги учун бермасалар жон
Ачинарли, қайғули…
* * *
Эски пойабзал кийгизиб
Мени элтинг қабристон томон
Супуриб ташланг исталган вақтда
Ёввойи супурги билан.
Ҳайкаллар мисоли
Сўроқ қилинг аёвсизлик-ла
Сўз бераман,
Сингинг кетар соялар ичра
Рангсиз кунларим
* * *
Мавҳумлик юртининг фуқаросиман
Қайғулар кўксимни қилган истило,
Бугун дўстлар ҳам йўқ,
Бугун шунчаки
Истайман юракни кўксимдан юлиб
Товоним остида эзгиламоқни.
Қонимдан гиёҳлар яшил тус олар,
Яшил кўзёшларга тўлар саройим,
Юрагим ўрнида бугундан бошлаб
Турар Қўрғошин.
Биламан шунчаки бўлмагай ўлиб
Илтифот кутаман қўлларимдаги
Чўнтак пичоғимнинг нафис тиғидан
Ва
бош қўйгум кунда елкаларига.
Ўйлайман энг баланд дорнинг остида
Оҳиста тебраниб жилмаймоқ ҳақда.
Нега ундай бўлмас, у куни албат
Юрагим ёзаркан сўнги номасин
Қалбимни очаман сиёҳдон мисли
Ва тўкилгум қоғоз сатҳига бир бир
Қолади дунёга омонат бўлиб,
Хайрлашув сўзим,
Ҳар бир нафасим | 2020-08-09 | http://nodirabegim.uz/archives/2951 |
(1881—1959)
* * *
Кифтга кўйиб ирғай таёғин,
кунботарда туманлар мисол
қора тортган карағайзорга
хомуш қараб юрар қўйчивон.
Қоронғилик босған олдинда
сурув йўлни чангита борар,
кўнғироқлар товши ойдинда
қайғулирок, янграр тобора.
Кўринмайди қишлоқ олисдан,
кўринмайди сайҳон, чироғи.
Фақат изғиб юрар борлиқда
кимларнидир аччиқ фироғи.
Йўқолади сойнинг шов-шуви,
билинмас қай тарафга юрар.
Аллақайда оқётган сувнинг
чуқурлиги сезилиб турар.
Коронғига қўшилар борлиқ,
кўринмайди бирорта кимса.
Улкан ойнинг тагида ёлғиз
кўнғироқлар ноласи тинмас.
* * *
Қайтолмасман. Абадулабад
майин тўлқин сингари энди
ёлғиз ойнинг тагида фақат
тун эркалаб тебратар ерни.
На бир изим, соямдан асар
қолмаган бу қаровсиз уйда
энди шамол кезар дарбадар,
кезар руҳим излаб беҳуда.
Излайдими биров ортимдан,
қилармикин биров мени ёд,
худо билар, ўзи бормикан
мени эслаб йиғлагучи зот.
Аммо гулу юлдузлар бордир,
тағин жафо, севинчу баҳор,
дарахтларнинг тагида холи
ногаҳоний учрашувлар бор.
Гоҳ эскирган пианино ҳам
бўшлиқларга таратар садо,
аммо энди қоронғи босган
деразамни очмасман асло.
(1902—1974)
Бу ўлкани шундай деб,
атардилар кадимдан.
Қара, буқа териси
кўринади баҳрдан.
Гўё мовий уммонга
бошсиз жасадин суқа,
ялпайганча ётибди
ям-яшил ўлик буқа.
* * *
Ҳали оёқда туриб, сукунатни хўрлайсан,
ёввойи, тағин қайсар, шохларинг кўкка суқа,
майсаларни топтайсан, адирларга ўрлайсан,
тирилган яшил буқа.
Шунда барча қишлоқлар
йўлларидан қочиб келар сен билан кўришгани.
Қадларин ростлаб қолар букчайган дарёлар ҳам,
чиқажак ер қинидан ирмоқлар ханжарлари,
шодликдай гулласин деб, қуриган оғочларнинг
жони йўқ панжалари.
Шунда барча куйлар
чўпонлардан қочиб келар сен билан кўришгани.
Денгизлар юва туриб сенга олқиш айтажак,
тағин эркин ўтларсан тоғлар, дузларда такрор,
эркин буқа, сен тағин ўз ҳолингга қайтасан,
ўз-ўзингга ҳукмдор.
Шунда барча йўллар
шаҳарлардан қочиб келар сен билан кўришгани.
* * *
Очлик олиб кетар орзуни,
аммо доим куйламоғим шарт.
Турма тўсиб қўяр орзуни,
аммо доим куйламоғим шарт.
Ўлим ҳалок қилар орзуни,
аммоки мен
ўшандаям куйламоғим шарт.
* * *
Қичқирворди уйғониб тонгда:
мен гиёҳман,
бир ҳўл гиёҳман.
Мен гиёҳман,
қат-қат япроқли,
гултож бўлгум улғайганимда.
Мен гиёҳман,
сакрасам агар
шовиллашим мумкин дарахтдай.
Мен бақириб қушга дўнаман,
агар учиб чиқсам…
Шу кечаси нозик гиёҳнинг
товушини эшитди осмон.
(1898—1936)
Келди налғар ғорига ой
настариндан ўраб рўмол.
Карар, қарар бола фақир.
Бола фақир тикилар лол.
Ой қўлларин ёзиб, ўйнаб,
сўлқиллатиб қалай тусли,
беору пок кўкракларин,
олар тунги шамол ҳушин.
Беркиниб ол, ойим, ойим!
Келиб қолса лўлилар магар,
юрагингдан сандонларда
оқ ҳалқалар зарб қилишар.
Қўрқма, бола, қўрқма сира,
сен лўлилар келган тобда
сандонга бош қўйиб ётгин,
уйғонмассан сира хобдан.
Беркин, ойим, ойим, ойим!
Туйдим олис от дупурин.
Қўрқма, бола, бироқ босма
оҳорланган ипак нурим.
Отлиқ елар йироқлардан
ноғорадай чалиб дузни.
Шўрлик бола муз сандонга
бош қўйганча юмар кўзин.
Зайтунзордан бринжа туш —
лўлилар ҳам чиқиб келар,
бошларини тутиб баланд,
кўзларини қисиб келар.
Ўҳ, қайси бир оғоч ёқдан
додлаворар бойқуш ғариб.
Ой боланинг қўлчасидан
ушлаб кетар осмон сари.
Ногоҳ ғордан янграр фарёд,
хотин-халаж қий-чувлари.
Шамол эса кезар бедор.
Шамол кезар увлаб-увлаб.
Дафназору биллур тўла
ғира-шира ойдин роҳда
ойдай дафни Пресиоса
даранглата уриб ўйнар.
Ситораси ўчган жимлик
суронлардан қочар нари —
балиқ тўла тунни ўйнаб
шопирётган денгиз сари.
Олис қорли чўққиларда
инглистонлар яшаган оқ
қўрғонларни гир қуршаган
соқчиларни босар мудроқ.
Ўйнашиб сув лўлилари,
ҳамлаларга чоғла нишиб,
эгар нақшин ғорлар сари
санобарнинг шохларини.
Ойдай дафни Пресиоса
даранглатар экан ногоҳ
пайдо бўлар кўз ўнгида
баҳайбат бир ёмон шамол.
Бу яланғоч Христофордир,
самовий тил, жисми кабир,
карар қизга ҳам вишиллар
найнинг хунук саси каби.
Ҳой, лўли қиз, этагингни
бир кўтариб, қайра ташлай,
қорнингдаги кўк атиргул
қўлларимда турсин яшнаб.
Пресиоса ойдай дафни
ташлаб қочар жонҳолатда.
Ўйнаб чўғдай шамширини
шамол қизни қува бошлар.
Совир денгиз тўлқинлари.
Бот бўзарар зайтунзорлар.
Куйлар ғорлар сурнайлари,
оғир зангин чалар қорлар.
Пресиоса, тезроқ, югур,
ахзар шамол етиб олар!
Пресиоса, тезроқ, югур,
кифтларингга човут солар!
Юлдузлардан ерга тушган
ярқираган тилли Сотир.
Пресиоса санобарзор
узра савлат тўкиб турған
инглистонлар консулининг
қўрғонига ўзин урар.
Қиз додини эшитган чоқ
чопиб келар апил-тапил,
беретларин қийшиқ кийган,
қора тўнли учта ҳарбий.
Бир бордоқда сут обкелиб,
лўли қизга тутар биров,
биров майли финжон тутар,
бечора қиз ичмас бироқ.
Йиғлаб-сиқтаб одамларға
не бўлганин суйлар беҳол,
ташқарида том сополин
аччиғидан ғажир шамол.
Ваҳимали жарлик узра
ёвузлашган қон барқида
Албасетнинг пичоқлари
балиқлардай ярқирайди.
Ёритворар чўзилган нур
қояларнинг яшил бағрин,
ялт-юлт этар суворилар
ёноқлари, отлар сағри.
Қари зайтун авжларида
икки кампир солади дод.
Адоватнинг новвослари
четанларни бузади бот.
Қанотлари Албасетнинг
тиғларига менгазиб кетар
қора, хомуш малаклар-да
рўмолу қор сувин элтар.
Хуан Антонио Монтиля
отдан жарга қулар ногоҳ,
сафсаргулга тўла жисми,
чаккасида норлар анор.
Ўлимнинг тик йўлидан у
учар мисли олов зуннор.
Жандармалар гурас-гурас,
зайтунзордан елар буйлаб.
Тўкилган қон эса инграр
илондай жим қўшиқ куйлаб.
Энди сенёр жандармалар:
дунё шундоқ кўп қадимдан.
Карфагендан бешта одам,
тўртовлон ўлган Римдан.
Телба бўлиб анжирлару
лаҳча чўғдай садолардан,
ҳолсиз оқшом аста чўкар
қонталашган жароҳатга.
Гир айланиб учиб қолар
жарлик узра, фалакларда
кокиллари узун-узун,
зайтун жонли малаклар ҳам.
Яшил, сени суйди, яшил,
Яшил шамол. Яшил шохлар.
Денгизда бўш сузар қайиқ,
тоғда ўтлаб юрар от ҳам.
Белга қадар шомга туман
зулматига чўкиб уйлар.
яшил сочли, яшил танли.
нуқрадайин совуқ кўзлар.
Яшил, сени суйдим, яшил.
Лўли моҳи қизарган чоқ,
бор нарсалар унга қарар,
у борлиқни кўрмас бироқ.
Яшил, сени суйдим, яшил.
Юлдузларни қиров босган,
балиқ каби силлиқ зулмат
тиниқ тонглар йўлин очар.
Ғадир-будур япроқларин
анжир бодга ишқаб қолар.
Тоғ баҳайбат жайра каби
бир лаҳзада ҳурпайволар.
Ким келади? Қайдан келар?
Турар четан довни буйлаб,
яшил сочли, яшил танли,
ёвуз денгиз ҳақда ўйлаб.
Ошна, жон деб алишардим
шу отимни ҳужрасига,
кўзгусига жабдуғим бор.
Пичоқ берай кўрпасига.
Ошна, қара, қонга ботиб,
келадирман Кабра ёқдан.
Гар ихтиёр менда бўлса,
алишардим ўйлаб турмай.
Аммо менам мен эмасман,
меникимас бу ҳужра ҳам.
Ошна, жуда ўлгим келар
ўз уйимда, ўз катимда,
бўлсайди ўз шамчироғим,
яна ҳолланд чойшаби ҳам.
Ошна, қара, томоғимдан
тўшимгача тиғ ёрворган.
Кўрдим, оппоқ кўкрагингда
уч юз абраш гул қорайган.
Белбоғингда қон ивиган,
қон ҳидига тўла дуз ҳам.
Аммо менам мен эмасман,
меники ҳам эмас уй ҳам.
Ҳеч бўлмаса, чиқайин бир
манов баланд панжарага,
оҳ, чиқайин, кўройдинда
нурлар жавлон уриб етган
панжарадан ларзон-ларзон
сувлар рақсини кўрайин-да.
Мана, баланд панжарага
якин келар икки ошна.
Изларидан судралар қон,
изларидан қолар ёшлар.
Ғира-шира чироқлар ҳам
милт-милт ёнар томлар узра,
юз минглаган биллур дафлар
тонгнинг тотли хобин бузар.
Яшил, сени суйдим, яшил.
Яшил шамол. Яшил шохлар.
Мана, икки ошна ётар.
Олиб келар бод йироқдан —
оғизларда таъми қолар
шувоқ, эрман ва ялпизнинг.
Ошна, қани ялпиздан ҳам,
сафродан ҳам аччиқ қизинг?!
Неча тунким кўргам келди,
неча тунким шажарадай —
бир парча юз, қора танли —
боқди яшил панжарадан.
Лўли қизнинг юзи ойдай
сузар яшил ҳовуз узра.
Яшил сочли, яшил танли,
нуқрадайин совуқ кўзлар.
Сув мавжида қиз юзини
тутиб турар ой синиғи.
Кеча уйлар ўраб олган
майдончадай холи, сирли.
Шунда даста маст жандарм
эшикларни муштлаб урди.
Яшил, сени суйдим, яшил.
Яшил шамол. Яшил шохлар.
Денгизда бўш сузар қайиқ,
тоғда ўтлаб юрар от ҳам.
Мўрду оҳак жимжитлиги.
Гулхайризор, сайҳон чети.
Роҳиба қиз зард шойига
гулашаббуй тикар бетин.
Фонуснинг оқ қалпоғида
етти мойил қуш пириллар.
Олис черков қорни катта
айиқ мисол тик ириллар.
Мунча яхши! Мунча нозик!
Ёнар гуллар зард шойида.
Ҳофизанинг бор гулларин
тикиб олсам деб шошилар.
Рангин пистон тасмасидан
шомурт гули, кунгабоқар!
Шийпон, қамар, тағин гули
заъфарон ҳам кўзни ёқар.
Ўчоқ ёқдан бешта норанж
тотли ширин бўй тарайди,
Бу Алмерий ёқда пишган
Исонинг беш ярасидир.
Ўтар кўркам икки отлиқ
роҳиба қиз кўз ўнгидан.
Бир тўлғаниб тушди кўкси
эриган энг сўнгги сасдан.
Бирдан қотди зор нигори
олис қирлар сари боқиб.
Ногоҳ шакар, ҳулво тўла
қалби титраб, синди охир.
Ўҳ, йигирма офтоб билан
қандоқ қалқиб кетар воҳа!
Хаёлнинг гож сойлари ҳам
мунча жавлон уриб оқар.
Бироқ тағин кашта тикар,
катак-катак пардада ҳур
эпкин билан шахмат ўйнар
уйқу босган оқшомги нур.
Олиб кетдим сой бўйига,
ишонибман ҳали қиз деб,
кўпни кўрган жувон экан.
Сант-Ягонинг хушбўй туни,
таранг қилиб, ийган чоқда
бирдан ўчди бор фонуслар,
ёнди минглаб чирилдоқлар.
Ўтиб сўнгги муюлишдан
қўйнига қўл солдим аста,
яшнар қайноқ эмчаклари
настарингул каби кафтда.
Оҳорланган калта лозим
шир-ширидан юрак ўйнар,
худди ўнта пичоқчадан
йиртилади шойи кўйлак.
Қора тортган оғочзорлар
авжлари ҳам тунга сингар,
сойдан нари, йироқларда
осмон ҳурар минглаб итдай.
Маймунжонлар ўраб олган
қамиш қалин ўсган гумда
тушмиш фитна сочлари ҳам
қолип каби намчил қумга.
Силтаб ечдим бўйинбоғим,
чит кўйлагин ечди сулув.
Тўппончали камарни — мен,
тўрт белбандин ечворар у.
Ялтир-юлтир кофур бадан —
нард гулидан форам, нафис —
шандир шабий ойнакларда
сузган ойнинг нури каби.
Тўрга тушган балиқлардай
типирчилар оппоқ сонлар,
гоҳ оловдай гурлаб ёниб,
гоҳо муздек бўлиб қотар.
Гўзал тунда саҳар ёққа
олиб кочди мени қайсар —
узанги ҳам жилови йўқ —
садаф каби оппоқ байтал.
Ёвуз ишқдан телба бўлиб,
айтган ширин сўзлари сир.
Ўша тунги ишлардан сўнг
сал одобли бўлсам арзир.
Ўпич ва қум тўла жисми,
қолганини бўлмас айтсам.
Қўпиб кетган шамол билан
қиличвозлик қилди сафсан.
Ўзимни сўнг лаҳзагача
жўмард лўли каби тутдим.
Совға қилдим айрилар чоғ
заррин гулли катта қути.
Учратмадим кайтиб сира —
кезиб бошқа гўшаларни,
гўзал тунда сой бўйида
қизман деган ўша ғарни.
Ғира-шира тоғдан пастга
Соледад киз тушар чоғда
тонгни излаб ҳадеб кора
ерни чўқир хўрозлар ҳам.
Мисдай сариқ танидан от,
туман, зулмат бўйи келар.
Сархуш сандон кўкраклари
бутун чўлга куйлаб келар.
Бемаҳалда, ҳой, Соледад,
кимни излаб юрибсан, айт?
Керак бўлса, излайман-да,
сенга нима, не ишинг бор?
Балки излаб юргандирман
ўтган шодлик, ўзимни зор.
Ай, Соледад, шўришим, ай!
Агар қайсар бўлса байтал,
ташлар ўзин шум денгизга,
чиқмагай ҳеч ундан қайта.
Эсга солма денгизни, қўй,
қора ғам ҳам зотан гўзал
баргаклари даҳшат сўнган
зайтунзордан пастда ўсар.
Ай, Соледад, шўришим, ай!
Сени эзган қандай ғамдир,
ёшинг — трунж суви, оғзинг
қанотдан аччиқ таъмдир.
Қандай буюк ғамдир! Уйда
телбадай бош урдим садга,
икки ўрим соч судралди
ташдан ичга, ичдан ташга.
Қандай ғамдир! Адо бўлдим,
жулдур кийган либосларим.
Нафис кўйлак, лозим қайда!
Қизғалдоқдай тар сонларим!
Хўжағатнинг сувин ичиб,
шабнамларда чўмил фақат
ҳам нотавон юрагингни
ўз ҳолига қўй, Соледад!
Пастда куйлаб оқар дарё,
чайқалади осмон, боғлар.
Гуллар эса ошқовоқранг —
янги нурдан кияр тожлар.
Ай, лўлининг қора ғами!
Мангу узлат, ноклар ғами!
Яширинган сирли сойлар,
милтираган тонглар ғами! | 2020-12-09 | http://nodirabegim.uz/archives/2979 |
Педро Луис — Хуан Томасдан бир ёшга катта, бироқ улар бир- бирига қуйиб қўйгандай ўхшашадики, кўрганлар эгизакларми деб ўйлаши турган гап. Устига устак Педро Луис қизилча билан касалланиб, оғир кечиши оқибатида бошланғич синфдаёқ бир йил қолиб кетган ва ўшандан бери улар коллежда ҳам, лицейда ҳам, архитектура факультети икки йиллик тайёрлов бўлимида ҳам бирга ўқишганда, ҳамманинг уларни бирга кўравериб кўзи пишиб қолганди. Ўртоқлари ҳам, ўқитувчилари ҳам уларга мурожаат қила туриб, аввало айнан ким билан гаплашаётганларини сўраб олишарди. Тайёрловдаги уларнинг ҳийла-найранглари талабалик фольклорига кирганди; имтиҳонлар олдидан улар фанларни ўзаро бўлишиб олишардида, ҳар бириси ўз фанидан икки мартадан имтиҳон топширарди: бир марта – ўзи учун, иккинчиси – оғасига. Улар шу зайлда аниқ бир тиришқоқлик билан кўзга ташланмай курсдан курсга ўтишди. Уларнинг оғачилиги, бирдамлиги шу қадар илдиз отгандики, аллақандай гўлгина қизни навбат билан кўнгилини овлашарди. Факультетда ўқиш бошланиши билан уларнинг йўллари сиёсий қарашлари боисгина айро тушди. Педро Луис сўлчилар тараф ўтди, Хуан Томас – ўнгчилардан. Униси ҳам, буниси ҳам назарияларга муккасидан кетмади, икковлан ҳам дарҳол амалиётга шўнғишди. Хуан Томас антикоммунистлар гуруҳлари билан алоқа боғлаган бўлса, Педро Луис – ўта сўл яширин ҳаракатдагилар билан. Фақат бир боргина ҳали аввал бошидаёқ орани очиқ қилиб олишмоқчи бўлишди-ю, бироқ бир бирларини тушунишмади, шу важдан олға босишди ва ёпиқли қозон ёпиқлигича қолди. Икковлон ҳам – узилган ришталардан хабарлари йўқ қарияларга бўлган эҳтиром юзасидан ота-оналари уйида яшашарди; оғалар ўртасида оилавий суҳбатлар орасида келишмовчиликларни ошкор этмаслик тўғрисидаги сўзсиз битим бор эди. Хуан Томас, Педро Луиснинг яширин алоқалари тўғрисида ошналаридан билган бўлса, униси – ўз ўртоқлари кўмагида – кичик укасининг полицияга кўрсатаётган хизматлари ҳақда хабар топганди.
Яна бир йил ўтиб, Хуан Томас ўқишни ташлаб узил-кесил полицияга ишини расмийлаштирди. Укасининг шахсан жонбозлик кўрсатиб, қамоққа олинганларни қийноққа солиши Педро Луиснинг қулоғига чалинганди. Каттаси эса унчалик муваффақиятли бўлмасада машғулотларни давом этказарди: ташкилотдаги ишлар кўп вақтини олаётганди. Улар бир-бирларига ишонишмасди ва бутунлай бошқа йўллардан боришардики, эндиликда ҳеч ким уларни чалкаштириб қўйишмасди. Педро Луиснинг ўртоқлари, гарчи улар Хуан Томаснинг нопок ҳунарларидан хабарлари бўлсада, полициячининг ташқи қиёфаси билан қизиқишмасди; Хуан Томаснинг ошнолари ва ҳамкасабалари, гарчи улар Педро Луисни (афтидан улар бекорга шу вақтгача уни қамоққа олишмаганди) қайси фаолият тури билан машғуллигини билсаларда, уларнинг ақл бовар қилмас ўхшашликлари сабаб кўз юмишарди. Бунинг устига эндиликда улар кийим бошлари билан ҳам ўзгача эдилар: Хуан Томаснинг эгнида доимо кўйлак, қизил бўйинбоғ, қора куртка, қўлида – портфели бўлар, эркин талаба Педро Луис эса жинси, свитер, елкаси оша осилган йўл халтаси билан ўзига зеб берганди.
Ҳаммаси шанба куни кечга яқин юз берди. Бир кун олдин Педро Луис қоқ ярим тунгача китобларга бош эгиб ўтирган, шу боис оилавий тушликдан (биринчисига суюқ ош, сўнг равиоли, пиво) сўнг бироз мизғиб олишга қарор қилганди. Унинг учун бир соатча кифоя: соат учгача холос, сўнг эса – ўртоқлари ёнига йиғинга. У соат олтида кўзини очди, боши тарс ёрилаётганди. Йиғинга энди кеч қолди, ҳа э қуриб кетмайдими! Луис душ қабуллаб, соқолини қиртишлади. Жавонни очиб, у ерда жинсиси ҳам, свитери ҳам, халтаси ҳам йўқлигини кўрди. Яшин ургандай бўлди: “Менинг пивомга нимадир қўшиб берган, бу итвачча!” У Хуан Томас билан йиғин ўтказаётган ва у пайига тушиб юрганлар ҳаётий муҳим маълумотни қўшқўллаб бераётганларини тасаввурига келтирди. Чопиб қаёққа ҳам борардинг, кимни ҳам огоҳлантира олардинг, кеч бўлганди. Мана бу чинаккам ҳалокат.
Педро Луис, Хуан Томаснинг хонасига қуюндай ёпирилиб кирди. Жавонни эшигини ланг очаркан, кўйлак, қизил бўйинбоғ, қора курткани ва портфелни топиб ҳайратга тушмади. Беш дақиқадаёқ у уст-бошни кийиб, портфел ичидагиларни қайта кўриб чиқдида, қариялар билан хўшлашмасдан ҳам уйданн ўқтай отилиб чиқди. Такси Луисни, Хуан Томаснинг “маҳкамаси”га элтиб қўйди. Киришда полициячилар у билан эски танишларидек хўшлашишар, у эса кўз қисиб қўярди. Кейинги йўлакда буқадай давангир йигит қаршисидан чиқиб, иш қандай бўлганини сўраганди, у жавоб қилди: “Михдай!”
Унингдек уст-бошдаги бошқа бир қора курткали давонгир ёпиқ турган эшикка ишора қилиб: “Шеф сени кутаяпти” деганида у охири ўзига келди. У астагина тақиллатганди, эшик ортидан кимдир киришга рухсат этди. Шеф – пиджаксиз, тер босган, эпчил – икки нафар нусха билан гаплашаётганди. Кирганини кўрган ҳамоно, бир онга суҳбатни бўлиб сўради: “Нима гап?”. “Доимгидай, қойилмақом”, — деди Педро Луис. “Ҳозир, ёрилиб кетаман. Шошма, айтиб берасан”. Педро Луис орқасини деразага ўгриб чеккалади.
Шеф бу нусхаларга тезда кўрсатмалар берди. У яхши хабарларни эшитиш учун тезроқ улардан қутулмоқчи бўлаётгани кундай равшан эди. Шу тариқа, ҳатто Педро Луис – даҳшатли, бутунлай совуққон, йилтиллаб турган – узун стволли ўттиз саккизинчи калибрдаги Хуан Томаснинг тўппончаси ётган портфельни тезликда очмасликдек дабдабага муяссар бўлганди. | 2020-09-13 | http://nodirabegim.uz/archives/2983 |
Мен мустаҳкам бўлсамда эътиборсиз эдим, мен кўприк эдим, мен жарлик устида ётардим. Ернинг бу томонига оёқларимнинг бармоқлари ботган, у томони бўйлаб қўлларим; мен тишларим билан қумоқ тупроққа тирмашиб олганман. Менинг камзулим орқа этаклари икки ёнимда шалвирарди. Пастда муздек суви фарел балиқлари билан тўлиб тошган ариқ шовуллайди. Ҳали биронта сайёҳ бу ўтиб бўлмас дарада санғимаган, кўприк ҳали хариталарга киритилмаганди… Шу тариқа мен ётган ҳолатда кутардим; беихтиёр кутишга мажбур эдим. Шунисиям борки, бирор кўприк қуламай туриб, ҳадеганда тикланмайди, кўприк бўлишдан чарчамайди.
Бу аллақандай тарзда оқшомга яқин бўлганди – бу биринчими, мингинчи оқшоммиди билмайман: менинг фикрларим доимо палапартиш ва қур айланарди. Ёзнинг оқшомга яқин кунларини бирида овлоқда ариқлар шилдираган маҳал эди, шунда одам қадамлари овозини эшитдим!
-Мен тарафга юр, мен тарафга…
Кўприк, тўғрилансангчи,
хизмат қил, ушлагичларсиз чорқирра тутқичлар сенга ишонган кимнидир кўтариб
тура ол. Унинг ишончсиз одимларини енгиллаштир, мободо у қалқиб кетса нимага қодирлигингни
кўрсат ва аллақайси тоғ тангриси каби уни нариги қирғоқа улоқтир.
У яқин келди, ҳассасининг темир учлари билан мени турткилаб кўрди, кейин у билан менинг камзулим этакларини кўтариб тўғрилаб қўйди. У атрофга тажжубланган кўйи аланглаб, ҳассаси учини менинг ҳурпайган сочларим орасига ботирди ва узоқ вақт олмай турди. Сўнгра эса унинг ортидан мен ҳам водийлар ва тоғлар оша орзулар бағрига сингишиб бораётганим маҳал у менинг танам ўртасига иккала оёғи билан сакради. Мен шошганимдан ғайритабиий оғриқдан қалқиб тушдим. Бу ким эди? Болами? Арвоҳми? Кўча қароқчисими? Жонига қасд қилмоқчи бўлган одамми? Аёллар шайдосими? Бузғунчими? Ва мен уни кўриш мақсадида ўгирила бошладим…
-Кўприк ағдарилмоқда!
Мен
ўгирилишга улгурмай,
аллақачон қулагандим. Мен қулашим билан шарқираб оқаётган сувдан доимо менга
хушмуомалалик билан боқиб тургувчи силлиқланиб кетган учқур тошлар билан
тимдаландим.
Бу жазирама ёз кунларида бўлганди. Биз синглим билан уйга қайтаётиб, танбаланган дарвозалар ёнидан ўтаётгандик. Билмадим, шўхлиги тутибми, ё паришонликдан синглим дарвозаларни қоқди балки, умуман қоқмагандир ҳам, шунчаки қўлларини мушт қилиб пўписа қилгандир. Йўл чапга қайрилиб кетар ва юз қадамчалардан кейин қишлоқ бошланарди. Бизлар учун бу қишлоқ бутунлай бегона эди, аммо биз биринчи уй тенгомойига етган ҳам эдикки, барча эшиклардан одамлар ёғилиб чиқишиб, бизларни недандир огоҳлантиришга ҳам, саломлашишга ҳам ўхшамаган тарзда ирғай бошлашди. Уларнинг ўзлари ҳам қўрқув ичида эдилар. Улар қўрқувдан жунжикиб туришар ва бармоқлари билан ҳозиргина биз ёнидан ўтган қўрғонни кўрсатиб, дарвоза тақиллагани тўғрисида баҳслашишарди.
Қўрғон
эгалари бизнинг устимиздан арз қилишини ва ҳозироқ тергов
бошланишини айтишарди.
Мен мутлақо хотиржам эдим ва турли йўллар билан синглимни тинчлантирардим.
Авваласи у сираям тақиллатмади, мободо бир мартагина тақиллатган бўлсада, буни ҳеч
ким ҳеч бир йўл билан исботлаб бера олмайди. Мен атрофимдагиларни бунга
ишонтирмоқчи бўлардим, улар мени тинглардилар-у, ўз фикрларини ошкор қилмасдилар.
Сўнгра нафақат менинг синглимни, мени ҳам акаси сифатида жавобгарликка
тортишларини иддао қилдилар. Мен табассум билан бош ирғардим холос. Биз ҳаммамиз
– узоқда паға-паға тутунни кўриб, қачон олов пуркаларкан деб кутганинг каби қўрғон
томонга қараб турардик. Тўғрисиям, тез орада кенг очилган дарвозага отлиқлар
кириб кетишди. Чанг булутлари ҳамма ёқни қоплаб олди, фақатгина узун
найзаларнинг учқур учларигина йилтилларди. Бўлинма қўрғон ичкари ҳовлисига
кириб улгурмаёқ, чамаси шу ондаёқ орқага қайтишган бўлсалар керак биз томонга
от қўйиб келишарди. Мен ишни ўзим ҳал қилиш
мақсадида синглимни бу ердан узоқлаштиришга интилардим. У эса мени ёлғиз қолдиргиси
келмай қаршилик кўрсатарди. Мен ҳеч қурса нуфузли жанобларнинг олдида тузукроқ
кўйлакда ҳозир бўлиш керак деб уни кийимларини алмаштириб олишга кўндиришга ҳаракат
қилардим.
Оқибатда у рози бўлди ва уйга жўнади, уйгача эса ҳали анча узоқ эди. Шу вақт отлиқлар етиб келишди ва эгардан тушмай, менинг синглимни талаб қила бошлашди. У ҳозир йўқ эди, аммо у бироз туриб келади, дея журъатсизгина жавоб қилишди уларга.
Отлиқлар бунга анчайин бефарқ қарашди – улар учун мени ушлаш ҳаммасидан муҳимроқлиги шубҳасиз эди. Уларнинг ичида икки нафари асосий ролни ўйнарди – серғайрат ёш жаноб, қози ва унинг Асман фамилиясига жавоб қайтарган юввош ёрдамчиси. Менга деҳқонлар болохонасига киришни таклиф қилишди. Мен оҳиста, бошимни сераклатиб, ношудларча безовталаниб, ташриф буюрган жанобларнинг совуқ нигоҳлари остида у ерга йўналдим.
Мен ҳамон, мен шаҳарликни биринчи сўзларимданоқ бу деҳқонлар тўдасидан ажратиб олишиб, ҳатто ҳурмат кўрастиб қўйиб юборишади дея ҳисоблардим. Аммо қози, мен остонага қадам босмасимданоқ, мендан олдин болохонага ирғиб чиқиб, “Мана, мен кимга ачинаман” деган сўзлар билан кутиб олди. Бунинг билан у менинг ҳозирги аҳволимни эмас балки, мени нима кутаётганини кўзда тутарди. Хона деҳқон болохонасидан кўра кўпроқ турмахонага ўхшаб кетарди. Полга тош плиталар ётқизилган, деворлар қиппа яланғоч ва қоп-қора, фақат айрим жойларида темир халқалар ажралиб турарди; ўртада жарроҳлик столи ва сўри ўртасидаги катталикда нимадир бор.
Мен қачонлардир турмахоналарникидан бошқа ҳавони сипқорганманми?
Мободо менда озод қилинишим учун зиғирчагина умид бўлганида, мана, қандай асосий савол менинг қаршимда намоён бўлмоқда тўғрироғи, намоён бўлган бўларди. | 2020-09-17 | http://nodirabegim.uz/archives/3006 |
(1922-1996)
У столни пероси билан тақиллатиб қўйди ва илк сўзни қоралади: “Марина”. Бу сўзни ёзишдан аввал узоқ ўйлади. Аввалига “севимли”, “қадрли” ёки “меҳрибон” каби сўзларни қўшиб ёзмоқчи бўлди, ҳаёлига қатор-қатор гаплар қуйилиб кела бошлади. Улар ҳаё пардасига яширинган ва кимдир ўша гапларни шивирлаб айтаётгандек паст оҳангда жарангларди. Ҳаёлидаги гаплардан қўрқиб кетди. Оддийгина “Марина” деб ёзганидан сўнг, бироз енгил тортди. Ингичка сабзиранг перонинг учини тишлаб, ҳудди стулни икки оёқлаб туришга ўргатмоқчидек у тарафдан бу тарафга ўйнатди. Мактуб ёзиш алгебрадан ҳам қийин қийин иш экан. Перони ўйнашни бас қилиб, қулайроқ жойлашди ва Маринани кўз олдига келтиришга уринди. Маринани ён тарафдан: қўнғирранг сочлари, оппоқ пешонаси ва қирра бурнини кўрди. Унинг яноқлари қип-қизил эди. Қизалоқнинг суратини ёддан чизиш учун Маринани ҳаёлан яхшилаб кузатди. Дарс пайти Марина томонга қараб ўтирганида бир нуқтага ҳаёлчан тикилиб қолган эди, ўқитувчининг овозидан чўчиб кетди:
— Нега сен боятдан бери бошқа жойга қараб ўтирибсан?
У дудуқланиб қолди ва: — Мен… мен дафтаримга қараб ўтирувдим, — дея жавоб берди.
— Тушунтираётган вақтим доскага қараб ўтириш керак.
Энди доскага қараб ўтирди. Доскадан ғичирлаган овоз эшитилди. Бўр майдаланиб кетди. Рақамлар унга қандайдир тушунарсиз белгилардек туюлди. Доскага тикилиб ўтирар экан, Маринани кўрди, гўёки ўқитувчи унинг портретини чизаётгандек эди.
Қиш бошланди. Қор ёғиши миллион-миллион оппоқ ҳаво шарларининг осмондан тушишига ўхшайди. Дарсдан сўнг болалар қорбўрон ўйнади. Марина синфдаги энг чиройли қиз эди, шунинг учун унга кўп қор отишди. Ҳунук қизларни ҳеч ким қорбўрон қилмас, ҳамма чиройли қизларга қор отишни истарди. Марина ҳимояланишни бошлади, юзини портфели билан бекитди, аммо болалар ҳар тарафдан Маринага қор отишарди. Аввалига Марина индамай кулиб қўйди, сўнг унинг кўзларида қўрқув пайдо бўлди. Маринанинг кулранг қалин шубаси ичига қор кириб кетганида қулоғига қор кирса ҳам Маринани ҳимоя қилишни, йигитларнинг ўзини аямай қорбўрон қилишни истарди. Аммо бундай қилиш ўрнига у ҳам қўлига қор олди ва Маринага отди. Бу қилмиши учун ўзидан-ўзи нафратланиб кетди, бироқ қўлидан энди ҳеч нарса келмасди. Марина уни калтафаҳм, деб ўйламаслиги учун хатда бу ҳақда ҳам айтиб ўтиш керак. Ахир бундай қилишни хоҳламаганди.
Столга икки тирсагини тираб ўтирди ва деразага қаради. Уйларнинг девори, дарахт поялари қунт билан оқланганди. Балким оқ ранг жанубда яшайдиган одамларга янги ёғган қорни эсга солар…
Маринани даҳлизда учратиб қолганини ва: — Яхмалак учиш майдончасига кел, — дея ҳижолат бўлиб айтганини эслай бошлади. Марина қўполлик билан жавоб беради, деб ўйлаган эди, лекин бирдан рози бўлди.
— Хоҳласанг, бораман, — деди Марина жигарранг кўзлари жиддий
боқаркан, — мени кириш эшиги олдида соат еттида кут.
У яхмалак учиш майдончасига олти яримда келди. Соати йўқлиги учун кечга қолмай, дея қўрққанди. Нариги томонда туриб, кириш эшигини эътибор билан кузатарди. Лайлак қор ёға бошлади. Ўнга яқин чироқлар ёнди. Барча лампочкалардан “Яхмалак” сўзи ясалган эди. Қувноқ мусиқа юрагига ҳавотир солди. Бир неча бор Марина келаяпти, деб ўйлаганди, аммо бошқа қизлар экан. Ҳар сафар бегона қизни Марина билан адаштирганда ўзини айбдор сезарди. Узоқ кутгач, Марина келмайдигандек туюлди. Ахийри Маринанинг чиройли ёритилган кириш эшиги томон секин қадам ташлаб келаётганини кўрди. Пешвоз чиқишга ошиқмади ва девор ортига яшириниб, кузата бошлади. Марина гоҳ ўнгга, гоҳ чапга боқар, уни қидирарди. “Яна бир дақиқа, яна бир дақиқа”, — дея ўзига-ўзи шивирлар, Маринани кутишга мажбур қиларди. Марина қалин шубасининг енгини секин кўтарди ва соатига қаради, бир-неча дақиқа эшик олдида кутди ва ичкарига кирди. У эса ҳамон жойида турган ҳолда Маринани кузатарди. Марина кута-кута кетиб қолгач, юраги сиқила бошлади ва ортидан етиб олмоқчи бўлди. Аммо жойидан қимирлай олмади ҳам. Ўзининг журъатсизлигидан нафратланиб кетди. Марина айтилган жойга келишни унутди ёки муҳим иши чиқиб қолгандир, дея ўйламаслиги учун кириш эшигининг нариги томонида турганини ҳам хатда айтишга қарор қилди.
Бир жойда ўтиравериб, яланг оёқлари совқотиб қолганини ҳис қилди. Ўзи иссиқ, фақатгина оёқлари музларди. Стулдан турди. Хонага қия очиқ турган эшик тирқишидан қуёш нурлари кирар ва рангдор гиламчани ёритарди. Пол усти совуқ, аммо қуёш нур сочиб турган гиламча илиққина эди. Гиламча устида юриб, оёқларини иситди. Мана шу гиламчада ўзининг оғир ўй-хаёлларидан ва ёзилмаган мактубларидан узоқ-узоққа учиб кетишни хоҳларди, бироқ ўзини стол олдига қайтишга мажбур қилди. Яхмалак воқеасидан сўнг, Марина унга эътибор бермай қўйди. Марина энди мени ҳеч қачон кечирмайди ва мен билан бошқа гаплашмайди, деб ўйлаганди. Ўзини бахтсиз ҳис қиларди, аммо бир куни Марина унинг олдига келди ва ҳудди ҳеч нарса бўлмагандек:
— Эртага ҳамма кинога боряпти. Сен ҳам борасанми? – дея сўради.
— Бораман, — кутилмаган саволдан иккиланиб жавоб берди.
— Кел, яхшиси бирга ўтирамиз.
Кўзларини Маринага тикди ва нафас олиши қийинлашди. Маринанинг жигарранг кўзлари чақнаб кетди, бир-бири билан ярашишди. Иккиси тушунтириб бўлмайдиган қувонч туфайли бир-бирига қараб жим туришарди. Маринанинг кўзларига ҳамон тикилиб турар, негадир бирор сўз деёлмасди.
— Бирга ўтирамизми? – такрорлади Марина.
— Майли, — базўр жавоб берди у.
Ўша кунларда баҳор шаҳарда ўз ҳукмини ўтказишни бошлаган эди. Афтидан баҳор оқ рангни ёқтирмаган ва шаҳар кўчаларини ўзига хос рангда бўяб чиққанди. Қор ночор аҳволда уйларнинг деворига ёпишар, аммо баҳор қишни мажбуран қувиб чиқарарди. Ердаги лойқа кўлмаклар тўлиб-тошган. Атрофда майин шамоллар кезади. Ҳар бир бурчак денгизни эслатарди кишига.
Чуқур кўлмакларга ҳам эътибор бермай, кинога борди. Йўл бўйи ҳеч нарсани пайқамади. Агар йўлда денгиз учраб қолганда ҳам бир ҳатлаб ўтиб кетар, денгиз тиззасигача зўрға етган бўларди.
Кинога ўқитувчи ҳам борганди. Муаллима қўлида узун кўк лента ушлаб турар, болаларга биттадан чипта тарқатарди. Манзилга етиб келганда кўпчилик синфдошлари чипта олишга улгурган, аммо Марина ҳануз бир четда туриб, болакайни кутаётганди. Марина унинг келганини кўриб, ўқитувчисининг олдига борди ва:
— Менга ҳам чипта беринг, — деди. Ўқитувчи узун қоғоз тасмадан чипта йиртиб олгунча Марина кўзлари билан имлаб чақирди, у эса бир жойда турарди.
— Яна кимга? – сўради ўқитувчи. Аммо саволи жавобсиз
қолди.
— Кейинги чиптани ол. Бирга ўтирамиз, — деди Марина унга.
Бироқ навбатдаги чиптани Ленька Клочков олиб қўйган бўлса ҳам жим қараб
тураверди. Кинода Марина билан эмас, Ленька Клочков билан ўтирди. Ленька томоша
вақтида барчага ҳалал берар, унинг жаҳлини чиқариб, Маринадан кўз узмасди.
Жанубда ҳозир жуда иссиқ. Бу ерда денгиз бор. Денгизга тушмасдан бир челак сувга ювиниб олиш мумкин, аммо бу атиги беш дақиқага етади ва яна исий бошлайди киши. Товонини ерга тираб, полни тақиллата бошлади, сўнг сабзиранг перони қўлига олди.
Маринага жанубдан хат ёзаман, дея сўз берган, ўшанда иккаласи бирга сайр қилишганди. Марина ёқаси ва енги йўқ гулли кўйлак кийиб олган, кўзлари шодликдан чақнаб турар, шамол эса унинг сочларини юзи томон учирар эди. Маринанинг сочларини авайлаб текислаб қўймоқчи эди, кимдир кўриб нотўғри тушунмасин, дея қўлини тортди. Унга Марина билан учрашиб юришини бутун шаҳар биладигандек туюлди. Маринанинг уйига яқин қолганда:
— Кўришгунча, —
дея тез қўл силкиди. Марина билан кўпроқ учрашишни хоҳлар, аммо иккаласи бирга
юрганда ҳар доим ўз иродасига қарши чиқарди.
— Кўчиб кетяпсанми? – сўради Марина. Қизнинг кўзларига қаради ва ҳозироқ унга қор
отишни хоҳламаганини, яхмалак учиш майдончасига борганини, бироқ унинг олдига
боришга ботинолмаганини, кинода бирга ўтиришни жуда-жуда истганини айтиши
кераклиги ҳақида ўйлади. Аммо гап бошлолмай ҳалак эди.
— Менга хат ёз, — деди Марина. Унинг гапини эшитиб
ич-ичидан хурсанд бўлиб кетди.
— Албатта, хат ёзаман. Сенга узун-узун хатлар ёзаман. Майлими?
— Бўпти, — бош силкиб қўйди Марина ва сочи яна шамолда
парвоз қила бошлади. Маринанинг сочларини тўғриламоқчи бўлди, аммо қўллари ярим
йўлдан ортга қайтди.
— Сенга узун-узун хатлар ёзаман, — дея такрорлади.
Унинг пероси кўп бора сиёҳдонга шўнғиди ва қуриб қолди. Қўлларига юққан сиёҳ билан битта дафтарни тўлдириш мумкин эди. Бироқ қоғозга фақатгина “Марина” деб ёзилган эди. Денгизга боқиб, Маринани кўрди: қиз ўша енги ва ёқаси ёўқ кўйлакда кулиб қараб турар, кўзлари бўлса: — Нега хат ёзмаяпсан? Ахир ваъда бергандинг-ку! – деётгандек эди.
Ваниҳоят ўзини қўлга олди, перосини юзинчи марта сиёҳдонга ботирди ва хат ёза бошлади. У ёзаётган мактубим жуда узун бўлади, деб таҳмин қилганди, аммо эндигина дафтарнинг битта варағи тўлган эди. Хатни ёзиб бўлиб, Марина устимдан кулмасин, хато йўқмикин, дея қоғозга кўз югуртириб чиқди. Сўнг хатни солиб, муҳрлади ва енгил нафас олди. Мактуб жанубдан шимолга учиб кетди. У ерда тез-тез ёмғир ёғар, қишин-ёзин яшнаб турадиган шамшод дарахти ўрнига оддий қайинлар ўсарди. Конвертга солинган хат таҳминан бундай ёзилган эди:“Марина! Мана, Қримга келганимга икки ҳафта бўлди. Ҳаво жуда иссиқ, уйимизнинг тўғрисида денгиз бор. Қанча хоҳласанг, шунча чўмилаверасан. Мен денгизда чўмиламан, қуёшда тобланаман, волейбол ўйнайман. Кеча балиқ тутдим. Нон билан ейиш учун балиқ ушлай, деб денгиздаги қоятошлар орасида икки соат тик оёқда турдим. Балиқ балиқни чақиради. Энг муҳими биринчисини амаллаб ушлаб олсанг бўлди. Ҳозирча шу. Кўришгунча! Ҳурмат билан Костя”. | 2020-11-08 | http://nodirabegim.uz/archives/2828 |
Авваллари Гортонс Бэй ёғочсозлик шаҳарчаси эди. Кўл ёнидаги тегирмондан мунтазам ишлаб турадиган катта арраларнинг овозини эшитмаган одам Гортонсда топилмасди. Бир йили ёғоч ясагани ҳеч қандай тахта ҳам, хода ҳам қолмади. Ёғочсозлик кемачалари кўрфаз ичига кириб келиб, бузилган тегирмоннинг ашқол-дашқолларини ҳовлидан йиғиштириб ола бошлади. Кейин ёғоч уюмларидан ном-нишон ҳам қолмади. Катта тегирмоннинг ҳамма қисмлари чиқариб олиб, тегирмонда ишлаган эркаклар томонидан кемалардан бирига арқон билан тушириб қўйилди. Қўш катта арралару тошни айлантиришга қарши ёғочларни ирғитиб турадиган айланма мослама, дум-думалоқ арралар, ботмондек келадиган тегирмон тош, ғилдираклару тасмалар, яна бошқа метал буюмлар ёғочсозликнинг бор хазинасидек кема бортига уюлгач, кема кўрфазни тарк этиб, очиқ кўл томон енгил сузиб кетди. Юк брезент билан ёпилди ва маҳкам қилиб боғлаб қўйилди, қўш елканлари ҳаво билан тўлгач, шунча пайт тегирмонни тегирмон, Гортонс Бэйни Гортонс Бэй қилган жамики тегирмон ускуналарни ортган кема ниҳоят очиқ кўл бағрига сингиб кетди.
Шийпон, емакхона, ширкат дўкони, тегирмончиларнинг
хоналари, шўрлик тегирмоннинг ўзи кўрфаз қирғоғи четидаги ботқоқли яйлов устини
қоплаган қипиқ-қириндилар орасида ташландиқ, аянчли ҳолда шумшайиб турарди.
Яна ўн йиллардан кейин ўшалардан ҳам асар
қолмади, Ник билан Маржори соҳил бўйлаб қайиқда эшкак эшаркан, бир пайтлар бу
ерда тегирмон бўлганлигидан дарак бергандек, оппоқ, синиқ оҳактошлар ботқоқлик
ичида унда-бунда кўзга ташланиб қоларди.
Улар дарёнинг чекка-чеккаларида
балиқ тутиб юришар, қумли саёзликларга қайиқларининг таги ҳадеганда тегиб
қолаверар, негаки улар дарё сувига атига ўн икки фут чуқурликдаги жойда эшкак
эшиб ўтардилар. Ёшлар тилларанг форел
тутамиз деб, тунги қармоқларини ўрнатиш ниятида йўл олишганди.
— Ана бизнинг эски ҳаробамиз, Ник, — деб
қолди Маржори.
Ник,
қўллари эшкакда экан, кўзлари ям-яшил дарахтлар орасидаги оппоқ тошларга қадалди.
— Ҳа, худди ўзи, — деб жавоб берди у.
— Бир вақтлар уни тегирмон бўлганлиги
эсингда борми? – деб сўради Маржори.
— Ҳа, эсимда, — деди Ник.
— Худди ташландиқ қўрғонга ўхшаб қолибди
энди, — хомуш олди Маржори.
Ник
индамади. Улар тегирмон қолдиқларини ортда қолдириб, қирғоқ бўйлаб сузиб
кетаверишди. Кейин Ник кўрфазни кесиб ўтди.
— Улар энди ҳеч кимни ҳайратда қолдирмайди,
— деб хитоб қилди у.
— Йўқ, — деди Маржори. Ҳатто гапираётган
вақтида ҳам, қизнинг бутун диққати ҳамиша қармоқда бўларди. Маржори балиқ
тутишни яхши кўрарди. У балиқни Ник билан тутишни севарди.
Бир вақт шундоққина қайиқ тумшуғида
каттагина форель сув юзасини кесиб сузиб ўтди. Ник жон-жаҳди билан эшкакка
ёпишди, қайиқни буриб, орқаларида қўйилган хўракни форель сузиб юрган жойга
олиб келмоқчи бўлди. Балиқнинг думи сувдан кўриниши билан ҳар-хил балиқчалар
ёввойиларча сув бетида сакрай бошладилар.
Улар сув юзини гўё сувга бир ҳовуч ўқ
отилгандек қилиб ҳар ёққа сачратиб кетдилар. Яна бошқа бир форель сувни
кўндаланг кесиб ўтди-да, қайиқнинг бошқа тарафида емакланиш билан банд бўлиб
қолди.
— Қоринларини тўйғазиш билан овора-ку, —
деди Маржори.
— Демак, ҳозир ҳужум қилишолмайди, — деди
Ник.
У
ўлжа қўйилган қармоқни тутганча, хўракка ташланган иккала балиқнинг ҳам ёнидан
ўтиб кетди, сўнгра маррага қараб йўл солди. Маржори қайиқ қирғоққа бориб
тегмагунча қармоқни ўрамади.
Қайиқни соҳилга тортиб чиқардилар, Ник қайиқдан бир челак тирик майда балиқ
олиб тушди. Балиқчалар челакдаги сувда маза қилиб сакрашарди. Ник улардан
учтасини қўли билан ушлаб, бошларини кесиб ташлади, сўнг ҳафсала билан тозалай
бошлади, бу орада Маржори ҳам челакда қолган балиқларни қўли билан
қувалай-қувалай, ниҳоят биттасини тутди ва бошини узиб, терисини тозалаб чиқди.
Ник Маржорининг қўлидаги балиққа қаради.
— Пастки сузгичларини олиб ташлагинг келмадими? – деб сўради у. – Хўрак учун соз нарса бўлади-ку, бироқ пастдаги сузгичлари билан яна-да яхшироқ кўринаркан.
Шундай деб Ник челакдан олинган,
тозаланган балиқчаларнинг ҳар бирини қармоққа ила бошлади. Ҳар битта қармоқ
учига иккитадан хўрак илинди. Бироздан сўнг Маржори қайиққа чиқиб, қирғоқдан нарига қараб суза кетди, тишларида
хўрак илинган қармоқ ипини тишлаб тураркан, Ник тарафга қараб-қараб қўярди, Ник
эса қирғоқда қолган, қармоқни қўлида маҳкам тутиб турар ва қармоқ ипини
ғалтакдан қўйиб юборарди.
— Шунчаси етади, чоғи, — деб бақирди у.
— Хўракни ташлайми? – унга жавобан бақирди
Маржори ҳам, у ҳалиям қўлида ўлжа илинган илгакни тутиб турарди.
— Ташла. Қўйиб юборавер.
Маржори илгакни қармоқдан узоқроққа ташлаб
юборди, бирпас хўракларни сув тубига чўкиб боришини кузатиб турди.
У яна қайиқни нарироққа суздириб борди-да,
иккинчи хўракниям худди ўшандай тарзда сувга қараб улоқтирди. Ҳар гал Ник
қармоқни қиличдек ушлаб туриш учун бир бурда оғир ёғоч парчасини қармоқнинг
тумшуғига ўрнатиб қўяр, ўша бўлак бурчагига қармоқни қарама-қарши қилиб тираб
қўярди. У бўшашиб ётган калавани ўраб бораверди, у таранг бўлиб тортилгандан
кейингина хўрак сувнинг қумли тубигача тушиб борар, ғалтакда эса ширқ-ширқ
этган овоз чиқа бошларди. Сув тубидаги емакни оғзига олган заҳоти форель емишини ўзи билан тортиб кетади,
ғалтакдаги ип ҳам чувалашиб, ундан бояги овоз яққол эшитила бошлайди.
Маржори ўлжага халал
бермаслик учун сал нарироққа қараб эшкак эшиб кетди. У бор кучи билан эшкакни
эшар, қайиқ тўғри соҳилга қараб учгандек кетарди. Майда тўлқинлар қайиқ
атрофида мавжланар эди. Қиз қайиқдан тушди, Ник тезда уни қирғоққа азот тортиб
чиқарди.
— Нима бўлди, Ник? – деб сўради Маржори.
— Билмасам, — деб қўйди Ник, олов ёқиш учун
тахта оларкан.
Улар ёғоч уюмларидан ўт ёқишди. Маржори
қайиққа бориб, ёпинчиқ олиб келди. Кечки шабада улар тарафга олов тутунини олиб
келарди, шунинг учун ҳам Маржори қалин ёпинчиқни олов билан кўл ўртасига катта
қилиб ёйди.
Маржори ўтга орқасини қилиб одеялга
ўтирди-да, Никни кута бошлади. Йигит кўл тарафдан қайтиб келди ва у ҳам одеял
устига, қизнинг ёнгинасига чордана қурди. Уларнинг ортида иккинчи марта ўсишга
чоғланаётган тераклар бўй чўзиб турар, қаршиларида эса Гортонс Крик тумшуғида
ёйилиб ётган кўрфаз жойлашганди. Қоронғулик у қадар қуюқ эмасди. Олов нурларининг
шуъласи сув бетигача етиб борарди. Иккиси ҳам қоп-қора тусга кирган сув устида
илиниб турган пўлатдек маҳкам, қўшалоқ қармоқ учини кўриб туришарди. Аланга
ғалтак ипларининг устида ҳам ялтирар эди.
Маржори кечки овқат солинган саватчани
очди.
— Ҳеч нарса егим йўқ, — деди Ник.
— Кела қол, бирор нима еб ол, Ник.
— Майли.
Гап-сўзсиз овқатландилар, сув юзидаги
қармоқларга ва ўт шуъласига термулиб ўтирдилар.
— Бу кеч янги ой чиқадиганга ўхшайди, — деб
хитоб қилди Ник. У осмонга тик қараб, худди кўк бағрини пичоқламоқчи бўлгандай
адл турган тепаликлардан тортиб кўрфаз сатҳигача бирма-бир кўз югуртириб чиқди.
Ўша қиррадор тепаликлар ортидан янги ой кўтарилишини у яхши биларди.
— Биламан, — хурсанд бўлиб олқишлади
Маржори.
— Ҳар балони биласан сен, — деди Ник.
— О, Ник, шумлик қилмасанг-чи! Илтимос,
илтимос, устимдан кулаверма ҳадеб!
— Кулмасдан туролмаяпман, — деди Ник. –
Шунақасан-ку! Ҳамма нарса ичингда. Пешонамнинг шўри. Билганингдан қолмайсан
ҳам.
Маржори ҳеч нима демади.
— Ҳаммасини ўзим ўргатганман-ку сенга. Қилар
ишингни биласан. Айтганча, билмайдиган ниманг қолди?
— О, бас қил, гапирма ортиқ, — аразлади
Маржори, — Ана, янги ой кўринди!
Улар энди одеял устига
бир-бирларидан узоқроқ бўлиб ўтирдилар ва тўлин ой кўтарилишини томоша қила
бошладилар.
— Сен бунақа аҳмоқона гапларни гапирмаслигинг
керак энди, — деди Маржори. – Нима бўлди ўзи сенга?
— Билмайман.
— Нега энди билмайсан?
— Йўқ, ростданам билмаяпман.
— Ичингда нима сени қийнаётган бўлса, ўшани
гапир.
Ник тепаликлар устига чиқиб олган янги
ойга тикилиб қолди.
— Энди бунинг қизиғи йўқ.
Ник айни дамда Маржорининг юзига боқишга
юраги бетламасди. Охири, қизга ўгирилиб қаради. – Энди буларнинг аҳамияти қолмади. Ҳеч
бирининг.
Қиз жим эди. Йигит яна гапиришда давом
этарди. – Назаримда, бари ичимдаги дўзах қаърига даф бўлдилар. Билмайман,
Маржи. Нима дейишниям билмайман.
Ник қизнинг ортидан унга термулганча қараб
қолди.
— Севги-чи? Севги қизиқ эмасми? – сўради
Маржори.
— Йўқ, қизиқ эмас, — деди Ник. Маржори
ўрнидан турди. Ник қўллари орасига бошини олганча чўк тушиб ўтирар эди.
— Мен бориб, қайиқни олиб келаман, — деб
қичқирди у Никка. – Қармоққа қараб турарсан.
—
Албатта, — деди Ник. – Қайиқни олиб келсанг, ўзим қирғоққа тортиб оламан.
— Овора бўлма, — деди қиз. У қайиқ ичидаги
ой нури жилваланаётган сув бетига маъюс қараб турарди. Ник изига қайтиб, олов
ёнидаги ёпинчиқ устига юзтубан тушганча ётди. У Маржорининг эшкак эшаётганини
эшитиб ётарди.
Ўшандай алфозда бир оз вақт ётиб турди. То
ўрмон оралаб улар ўтирган ерни айланиб Бил келиб қолмагунича у ўрнидан
қимирламади. Ник Билнинг олов атрофига яқинлашиб қолганини ҳам сезди. Лекин Бил
унга пинагини ҳам бузмади.
— Бир ўзи кетдими? – савол қотди Бил.
— Ҳм, — ётган
жойида, юзини одеялдан кўтармай жавоб қайтарди Ник.
—
Гап талашиб қолдингларми, дейман?
—
Йўқ, ҳеч қанақа гап бўлмади.
—
Жуда чатоқ-ку аҳволинг?
—
Э, жўнаб қол, Бил! Ҳозироқ қорангни ўчир!
Бил овқат солинган саватчадан танлаб-танлаб
битта гўштли нонни олди-да, қармоқларни бир кўриб қўйгани кўл томонга қараб
кетди.
Балиқ тури | 2020-12-08 | http://nodirabegim.uz/archives/2825 |
,
1195 йил.
Дастлаб Андалуснинг ё қозиси, ё ҳокими,
кейинчалик эса ўзи туғилиб-ўсган шаҳар Қурдобада Ҳалифа Абу Юсуф Яъқубнинг
шахсий табиби бўлган буюк файласуф Ибн Рушд, борган сари Араб Испаниясида
вабодек тарқалган Барбар издошлари ҳеч қабул қилолмаган ўз эркин қарашлари
сабаб эътибордан қолгани, бадном бўлгани ва бош-кети йўқ қийноқлардан сўнг ҳам
Ислом динига кирмагани учун яҳудийлигидан ном-нишон қолмаган яҳудийлар шаҳарчаси
бўлмиш Лусена шаҳрига қувғин қилинганди. Ўзининг фалсафий қарашларини бирон
марта бўлсин эмин-эркин изоҳлашга ижозат берилмаган, ёзган китоблари таъқибга
учраган ва ўтга ташланган файласуф Ибн Рушд, яҳудийлигини айтолмаган яҳудийлар
орасига шундоққина сингишиб кетди. У айни дам иқтидорда бўлган Алмуваҳҳид Ҳалифасининг
маҳрами эди, аммо маҳрамлар тезда иҳлосдан қолиши сир эмас. Абу Юсуф эса
Арастунинг буюк издошини юртдан қувишга изн берди…
Файласуфлигини ошкор этолмаган файласуф жин
кўчалардан биридаги тор, яккатуйнук бир кулбада тинчгина яшар ва ёруғлик
етишмаслигидан даҳшатли даражада азоб чекарди. Лусенада табобат билан шуғулланишда
давом этди ва ҳалифанинг табиби бўлгани сабаб унинг ёнига хасталар оқиб кела
бошлади. Бундан ташқари, у от савдосига кичик сармоя тикди ва қалайни қайта
ишловчиларга ҳомийлик қилди. Энди яҳудий бўлмаган яҳудийлар ўзлари етиштирган
зайтун ёғи ва шаробни у ишлаб чиқарган қалай идишларда сақлашарди.
Сургун бошланганидан кўп ўтмай, тонглардан бир
тонг эшиги қаршисида, нари борса энди ўн олтига кирган қиз пайдо бўлди. Қиз на
эшик қоқар, на кимнидир чақиришни ўйларди. Фақат остонада туриб уй соҳибининг
уни кўришини ва ичкарига манзират қилишини кутарди, холос. Қизнинг айтишича, у
етим қолибди, борарга жойи ҳам йўқ. Ҳусни бирла фоҳишахоналарни гуллатиши
мумкин, аммо ўзи буни истамайди. Исми Дуниа экан. Бу яҳудийча исмга ўхшамасди
ва унга яҳудийча исм беришнинг ўзи мумкин эмасди. Бесавод бўлгани боис ўз исмини
ёзиб ҳам беролмасди.
Яна маълум бўлишича, бу исмни унга бир юнон
сайёҳ таклиф қилганмиш. Маъноси Дунё экан. Аристотелнинг зукко таржимони айни
дам ақлидонишликни ортиқча билиб, бу сўзнинг кўплаб тилларда дунё деб
ўгирилишини айтиб ўтирмади.
– Нега айнан Дунё? – сўради Ибн Рушд ва қиз
унинг тийрак кўзларига қараб жавоб берди.
– Чунки, кун келиб дунё мендан оқиб кетади ва
мендан оқиб кетгани ўзга бир дунёга эврилади.
Ибн Рушд фикр одами эди, бироқ қаршисидаги соҳибжамолнинг
фавқултабиий мавжудот, жинлар ўлкасининг вакиласи эканини сезмаганди. Ҳа, қиз
эркак эҳтиросларини ҳуққабоздекдек ўйнатадиган, баъни башарнинг энг порлоқ
сиймоларини ўзига ром қиладиган парилар қавмининг маликаси эди.
Ибн Рушд уни кулба соҳибаси ва маъшуқа ўлароқ қабул
қилди. Ишвакор тунларнинг бирида эса қиз унга “ҳақиқат”ни, яъни асли соҳта
бўлган яҳудийча исмини ошкор айлади ва бу ул икки вужуднинг муқаддас сирига
айланди. Жинзода Дунианинг толейига сон-саноқсиз фарзанд кўриш ёзилганди.
Охирги икки йилу саккиз ой, йигирма бир кеча-кундуз мобайнида уч дафъа ҳомила
кўтарди ва ҳар сафар кўплаб гўдакларни дунёга келтирди. Бир марта еттита, бир
марта тўққизта, ҳатто ўн битта ҳам туғди. Рости, болаларнинг аниқ ҳисобини ҳеч
ким эслолмайди.
Болаларнинг ҳаммасига онаси томонидан ирсий нуқсон
ўтганди: уларнинг қулоқ солинчаги йўқ эди.
Агар Ибн Рушд ғайб илмидан воқиф бўлганида эди,
сезардики, бундай болалар одамзотдан туғилиши мумкин эмас. Аммо, у ҳатто кўз
олдидаги ўзгаришларни-да идрок этолмас даражада банд эди.
Ўз қарашларидан сўз очиши тақиқланган файласуф қўрқардики,
зурриёдларига ўзидан фақат хазинасигина эмас, балки пешонасидаги илоҳий тавқи
лаънат тамғаси ҳам мангу мерос бўлиб қолажак.
– Ҳассослик, ишнинг кўзини билиш ва кишига маҳрамлик
қилиш, – дерди у, – жамики яратиқни теран англамоқ, ҳурфикр бўлмоқ ва эркин суҳбатлашмоқдан
кейингина ўзини намоён қилгай. Олам ўз кучи бирла сени забтига олиш илинжида
турган пайт унинг пойида ожиз кўринмоқ, унинг ўзгармаслигини ўйлай туриб анча
ўзгарганлигини англаб етмоқ, бошқалар сезмаганни аввалдан сезмоқ ва бошқалар ҳали
номини-да билмас бирон ҳодисанинг рўй берганини руҳан ҳис қилмоқ, бу
ўзгаларнинг тушкунликдан қочиб ўткинчи шодликларга ўзини уриши, мавҳум келажак
хаёллари эса бугунингни яксон қилишини тушунишинг, вақт дарбозалари нураб
бораётганини кўра туриб қўлингдан ҳеч вақо келмаслиги ва интиҳо яқинлигини туюб, умринг даҳшат-ла ўтишидан
далолатдир.
Бордию, бизнинг болалар сендан фақат ўша қулоқ
нуқсонини мерос қилиб олганларида эди, шубҳасиз хушбахт бўлишарди, аммо минг ваҳки,
улар менинг ҳам фарзандларимдир ва улар узоқ-яқин кунларни шуур ичра тиниқ кўра
оладилар, ҳамма нарсани аввалдан эшитадилар. Улар эшитадиган сўзлар ичида
инсоният билиши мумкин бўлмаган воқеот тафсирлари ҳам бўлади. Мен шунисидан
хавотирдаман.
– Ичингда борини сўйла, – буюрди Дуниа бўйнидан
қучиб. Ибн Рушд жуфтининг қўлларини лабларига босиб англадики, ривоятлар сонини
бўсалар билан алмаштирса, тун охиригача кучини анча тежаган бўларкан. У бир қанча
мутафаккирларни даҳшатга солган “сабаб”, “мантиқ” ва “билиш” сўзларидан истифоъда
этар ва бу сўзлар унинг ёндирилган, тақиқ остига олинган китоблари ёзилишига илҳом
берган эди. Дуниа бу сўзлардан қўрқар, лекин бу қўрқув унинг афсоналарини янада
жунбушга келтирар, Ибн Рушд эса охири чидолмай ул маккорага ялина бошларди: ёлғонларинг-ла
тўлган бошимни қаттиқроқ сиқ, қўйиб юборма!
Олимнинг қалбида чуқур ва аччиқ жароҳат ҳамон
йиринг боғлаб ётарди. Боиси, у умрининг энг буюк жангида бир ўлик форсга,
туслик Ғаззолийга, ҳа, ўша, саксон беш йил аввал рост дунёга риҳлат айлаган рақибига
мағлуб бўлганди. Ғаззолий бир аср аввал “Таҳафут ал-фаласифа” – “Файласуфларга
раддия” рисоласини ёзди ва бу рисолада Арасту янглиғ улуғ юнон файласуфларига,
нео-афлотунчиларга ва уларнинг сомеъларига, Ибн Рушднинг даҳо салафлари бўлмиш
Ибн Сино ва Ал-Фаробийга ҳужум бошлаганди. Ғаззолий муайян нуқталарда ўзига қарши
борган ва ишончсизликка йўлиққан, аммо кейинчалик руҳида буюк қатъият топиб,
мазкур китобни охирига етказганди. Ва, бу китоб бутун дунё фалсафа илми учун
энг даҳшатли фалокатга эврилди. У танқид қилган қарашлар Яратгувчининг
мавжудлиги ва яккахудоликнинг собитлиги хусусида турли фикрлардан ташкил топган
ва бу фикрларнинг баъзиларидан шубҳа иси келиб турарди. Фалсафа сабаб – натижа
занжирининг ҳеч қачон узилмаслигини кафолатлар ва бу илоҳий қонунларга зид
кўринарди. Ғаззолийга кўра эса, Аллоҳ истаса сабабларни натижасиз қолдира билар
ҳамда натижаларни ҳеч қандай сабабсиз содир эта олиш қудратига эга эди.
– Агар оловланган гугурт чўпи, – тун сукунати
уларни оғушига олганда ва тақиқланган каломларнинг сўзланишига изн берилганда,
у Дуниадан сўради, – пахта толасига тегса, нима бўлади?
– Албатта пахта ўт олиб ёниб кетади, – жавоб
берди Дуниа.
– Бас, нега у ёнади?
– Чунки шундай бўлиши керак, – деди Дуниа, –
оловнинг лаблари пахтадан бўса олади ва пахта оловнинг бир қисмига айланади.
Азалдан шундай бўлган.
– Табиатнинг қонуни, – деди Ибн Рушд, – Ҳар
сабабнинг бир натижаси борлиги аниқ.
Дунианинг сочлари унинг илиқ кафтлари узра
солланарди.
– У бу билан қаноатланмасди, – Дуниа унинг ўз
рақиби Ғаззолий ҳақида гапираётганини биларди, – У айтардики, пахта
Парвардигорнинг иродаси сабаб ёнарди, зеро У яратган коинотда фақат бир қонун ҳукмрон!
У ҳам бўлса, Парвардигор иродасидир.
– Агар Аллоҳ оловнинг пахтага теккани замон пахтага айланиб қолишини ва
у пахтанинг бир қисмига айланишини истаса, чиндан шундай бўладими?
– Ҳа, – тасдиқлади Ибн Рушд, – Ғаззолийнинг китобига ишонсак, шундай
бўлиши керак.
Дуниа бир лаҳза ўйга чўмди.
– Бўлмаган гап, – сасланди қиз.
Ибн Рушднинг истеҳзоли табассуми, ҳатто
зимистон қаърида ҳам шундоқ кўриниб турар, мошгуруч соқолларининг силкиниб қўйиши
эса алам ва тамкинни ифода этарди.
– Демак, Аллоҳ истаса ҳар нима бўлиши мумкин, –
деди Дуниа, – Масалан, инсон тупроққа оёқ босмай туриб, ҳавонинг ўзида кезина
оларкан-да?!
– Буни мўъжиза дейдилар, – Ибн Рушд давом этди,
– Яратган қоидаларни истаганча ўзгартириши мумкин ва бунга даҳл қилиш биз
бандаларнинг қўлида эмас. Чунки Аллоҳ бетимсолдир, яъни у бизнинг ботинимиздан
ташқарида.
Дуниа яна жим қолди ва бироз ўтиб тилга кирди:
– Ўйлашимча… Худонинг мавжудлиги биз ўйлаган,
биз билган мавжудликка сира ўхшамайди. Уни йўқ дейиш нақадар гуноҳ саналса, бор
дейиш ҳам шу қадар ножоиз. У бизнинг мавжудиятимиздан анча юксакда, ё анча
теран нуқтада жойлашган. Йўқлик ва борлик унга даҳл қилолмайди ва биз
тортишаётган мавзулар ўта майдадир. Сен айтаётган сабаб, мантиқ ва ҳатто илм ҳам
ҳар қандай илоҳий борлиқни рад этишга ҳақли ва шундай бўлиши ҳам керак. Ҳатто эҳтимолларнинг
эҳтимоллиги ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Дуниа Ибн Рушднинг ҳайратдан тонг қотганини
сезди. У ўйладики, Ибн Рушд унинг сўзларидан даҳшатга тушган ва бу, гарчи ғалати
бўлса-да, жинзодага хуш ёқаётганди.
– Йўқ, беихтиёр эътироз билдирди файласуф, – бу
ўта бемаъни фикр.
Дунианинг серпуштлигидан уйда Ибн Рушднинг
“рўёларга қоришган рисолалари”га жой қолмаганди ва энди яқинлик онлари ҳам анча
қисқарган, моддий муаммолар юзага қалқиб чиққанди.
– Ҳақиқий эркак ўз ҳаракатларининг натижаси
билан ҳисоблашишга мажбур, – деди Дуниа, – хусусан, сабаб ва натижа алоқаларига
ишонган эркак.
Аммо, Ибн Рушд фақат қўлидаги ҳунари билангина
дурустроқ пул топишни ҳеч уддалолмасди.
– Беморларингдан кўпроқ ҳақ ол, – очиқча талаб қила
бошлади Дуниа, – ўзингни қанча тарозига солсанг ҳам, энди пул топишга
мажбурсан. Ҳамма нарсани пулга чақиш мумкин. Қўлингдан бошқа нима келади, ахир?
Сенинг топганинг бола кўпайтирадиган аждаҳо учун жуда озлик қилади. Сен
болаларни дунёга келтирасан, болалар туғилади ва уларни боқиш, албатта, сенинг
гарданингда. Қара, бу оддий, сен таъкидлайдиган мантиқнинг ўзгинаси эмасми? Ҳаммаси
бир-бирига узвий боғлиқ, – Дуниа файласуфнинг нозик жойидан ушлаш учун қайси
сўзлардан фойдаланишни жуда яхши ўзлаштирганди, – буни бажармаслик эса, сен
ўша, бутун умр курашиб ўтганинг – мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.
“Хазор
афсоналари” ёки “Минг ҳикоят” аталмиш бир китоб араб тилига ўгирилгани овоза
бўлди. Арабча таржимасида ҳикоятлар сони мингтага етмасди, аммо маъноси минг
кечага татигани, ё яҳлит сонлар сийқа кўрингани сабаб минг бир кечага айлангани
таҳмин қилинарди. Ибн Рушд китобни кўрмаганди, аммо китобдан баъзи ривоятларни
саройдалик пайти эшитгани бор. Балиқчи ва пари қиз ҳақидаги бир ҳикоят уни
ўзига ром айлаганди. Тасаввур махсули ўлароқ фусункорлик касб этгани учун эмас,
( чироқдан чиққан жин, афсун ёрдамида суҳбат қурган балиқлар, ярим одам, ярим
мармар малика) балки услубнинг гўзаллиги олимнинг эътиборини тортган бўлса, не
ажаб.
Бу ҳикоят ичра бошқа ҳикоятлар нақл қилинар ва
нақл қилинган ҳар бир ҳикоят ўзида яна бир янги ҳикоятни бунёд қилар ва улар шу
йўсин қатламма қатлам воқелик кўзгусига эврилиб борарди. Ибн Рушднинг фикрича, ҳамманинг
ўз ҳикояти бор ва бу ҳикоят ичра бошқа бир кишининг ҳикояти яшириндир. Бизнинг ҳикоятларимиз
теранлашуви асносида ўзимиз туғилган ўлканинг, оиламиз ва шажарамизнинг, эътиқодимизнинг
ҳикоятига уланиб бораверади ва бутун парчалар бир бўлиб, маҳобатли мозаика
юзага чиқади. Бироқ ҳикоятларнинг энг гўзали, энг аввалдаги Ровийнинг яратилиши
хусусидаги ҳикоятдир. Бу ҳикоятни сўйлаган, Алмисоқдан-да Аввалги Зот эса ҳали
мавҳумот ичра биз ҳали билмайдиган тилда неларнидир сўйлаётир.
Шаҳризод ёҳуд Шаҳризода исмли малика золим соҳиби
уни ўлдирмасин учун тинмай эртак тўқирмиш. Эртаклар ўлимнинг устидан ғалаба қозонмоқ
ва залолат ботқоғидан чиқа олмоқ учун қурол эди. Жуфтлик ўтирган хонанинг
пойгагида Шаҳризоданинг опаси, унинг энг содиқ тингловчиси ўтирар ва бахтиқаро
соҳибжамолдан янги эртак айтиб беришини тинмай талаб қилармиш. Ибн Рушд
севгилиси Дунианинг қурсоғида бино бўлган бутун зурриёдларини айнан ўша, Шаҳризоднинг
опаси номи билан атарди. Унинг исми Дунёзот эди. Баъзан бари жон-жонидан ўтиб
кетганида файласуф шундай ёзғириб қўярди:
“Бу тор кулбани тўлдирган ва менинг
мижозларимни, лусеналик хасталарни шилишга каминани мажбур қилган бу болаларни
фақат Дунёзот дейиш мумкин. Улар Дунианинг тоифасидан, Дунианинг ирқидан ва
Дунианинг халқидандир, яъни Дуниа дунёсининг фуқароларидир.”
Бу ҳол Дунианинг нафсониятга тегди.
– Бундан чиқди, ўртамизда никоҳ бўлмагани сабаб
бу норасидалар оталарининг насабига ўтишга арзишмайди, шундайми?
Ибн Рушд бунга жавобан синиқ жилмайиб қўйди.
– Уларга Дунёзот насаби мосроқ. Ўз ичида
дунёларни олиб юргувчи ва дунёнинг ўткинчи муҳокамаларидан хориж бир исм.
Уларни Рушдий деб атайдиган бўлсак, пешоналарига лаънат тамғасини босган
бўламиз.
– Яхши, мен рози. Ўлмасак кўраверамиз.
Дуниа ўзини Шаҳризоднинг ҳамиша эртак тинглашга
эҳтиёжманд опасидек тутар, фақат унинг Шаҳризоди эркак киши эди ва у сўйлаган
афсоналар ётоқхонадан ташқарига чиққудек бўлса, иккиси ҳам зумда бу дунёни тарк
этиши шубҳасиз. Муаммо шундаки, Ибн Рушд Шаҳризоднинг буткул акси эди. Дуниа
унга “Минг бир кеча”даги ҳолатлар тескари такрорланаётганини айтиб нолирди: Шаҳризод
ўз эртакларини тирик қолиш учун айтса, эрининг ҳикоялари муқаррар ўлим
эпкинларини олиб келарди.
Аммо бир кун Ҳалифа Абу Юсуф Яъқуб муҳорабада ғолиб
бўлди, Гвадалнаҳр соҳилида, Аларкос яқинида, Кастилиянинг насоро қироли
Альфонсо VIII ни ер тишлатиб, ҳукмдорлик давридаги энг буюк зафарига эришади.
Абу Юсуф ўзига ал-Мансур кунясини олади ва фотиҳ ўлароқ Барбар издошларини иқтидордан тушириб, Ибн
Рушдни ёнига чақиради.
Шармандалик доғи файласуфнинг пешонасидан
мангуга ўчди ва қувғин муддати битди. У сургун бошланганидан икки йилу саккиз
ой, йигирма саккиз кун, яъни минг бир кеча ўтгач яна ўз мавқейини тиклади ва
шараф билан сарой табиби вазифасига қайтди. Дуниа эса бу пайт яна ҳомиладор
эди, табиийки, Ибн Рушд уни ўзига никоҳламади, табиийки, у туққан болаларга ўз
исмини бермади, табиийки, уларни ўзи билан Алмуваҳҳид саройига олиб кетмади ва
табиийки… Дуниа тарихдан буткул супуриб ташланди. Ибн Рушд жўнай туриб ўзи
билан кийим ва буюмларини, баъзилари жилдли, баъзилари жилдсиз, баъзилари
маълум, баъзилари мавҳум муаллифларнинг қаламига мансуб кўплаб китобларни олиб
кетди. Зотан, бахт доим кутилмаганда ташриф буюради. Ҳудди кўргилик каби.
Ибн Рушд нонуштани битирмасдан, хайрлашмасдан
кишибилмас чиқиб кетди. Маъшуқаси соҳибини ортиқча сиқувга олмади, асл
табиатини, ичидаги ёввойи ғужурини ошкор қилмади, у сизнинг бирон аҳмоқона ҳодиса
хусусида ўйлаганингиз, ўйлаш маън этилган масалаларни муҳокама қилганингиз, ғазабнинг
олий чўққисига тирмашаётганингиз, ваҳшаткор ҳақиқатни тилга олаётганингиз ва уйқу
аралаш алаҳлаётганингиз замон айтилгувчи нордон сўзларни сўйламади. У жим эди.
Нима бўлган тақдирда ҳам, шамси тарих унинг
уйида ўз уфқига ботгач, Дунианинг ҳикояти шарпалар ва жумбоқлар билан боқий
кўмилгани рост. Ғолибо, одамлар рост сўйлар, Ибн Рушд ўлганидан сўнг руҳи унинг
ёнига қайтгани ва яна кўплаб фарзандларни дунёга келтиргани чиндир?
Яна дейдиларки, Ибн Рушд унга сеҳрли шамчироқ
совға қилганмиш ва у кетгач туғилган болаларнинг отаси ўша шамчироқнинг қули
саналгич жин эмиш. Қаранг, нималар бўлмайди бу афсоналар ичра. Сизга ёлғон,
менга чин, ровийларга кўра тарк этилган аёлнинг ҳаққини тўлашга қурби етган кас
борки, унинг лаззатли ривоятларидан баҳра олар ва бу ривоятлардан яна янги ҳомила
бунёд бўлармиш. Ривоятдан тўралган болаларнинг бари Ибн Рушднинг пушти
камариданмиди, ё йўқ, балки баъзилари
истисно, буни аниқлаш иложсиз. Улар Дунёзот эди. Фақат шуниси маълум. Қолган
гаплар эса оғиздан оғизга ўтиб моҳиятдан буткул айро тушган сафсаталар, холос.
Кимса унинг кунлардан бир кун
судралиб-судралиб, дунёнинг туйнугидан буткул ўзга воеликка, Парилар юртига,
хаёлот ўлкасига, одамзотга баъзан офат, баъзан офият келтирган жинлар ватанига
ўтиб кетганини сезмади. Лусена аҳли эса Дунианинг бирдан, гўё оловсиз яралган
тутундек ғойиб бўлгани ҳақида ҳамон гапириб юришади. | 2020-08-14 | http://nodirabegim.uz/archives/2856 |
*
Чақмоқ чақнади.
Дарахтлар орасида
Сувни илғадим.
*
Узун кунлар
Кавлашар ер бағрини
Юзлаб қароллар.
*
Узун тунлар.
Ҳар бир қадам товуши
Итни ҳуритар.
*
Учганча кетди
Канарейка… Баҳорнинг
Ўтди бир куни.
*
Митти деразам
Олдида ёш қулаган
Дарахт бутаси.
*
Пашша ўлдириб,
Чумолига ташладим.
Муҳаббат…нафрат…
*
Ниҳоялар куз…
Судрар новдаларини
Иккита қайин.
*
Кечки шамолда
Оқ атиргул барглари
Бари паст-баланд.
*
Баланд кўринар
Мацуяма саройи
Кузги осмондан.
*
Совуқ. Яхшиям
Саке, илиқ кўклам бор
Сақлаш учун жон.
*
Боқсам юрибди
Баҳор шамолида дум
Кўтариб товус.
*
Буғдой ўрими.
Энди бир бош юксалар
Тут дарахтлари.
*
Юрагим қишдан
Омон чиқади фақат
Ҳоккулар билан.
*
Ёлғиз ҳис қилгум
Ўргимчакни ўлдиргач
Тунда ўзимни.
*
Бўронли тунда
Ўқиркансан доим хат
Сусаяр идрок.
*
Камина кетар,
Сен қолиб… Икки хил
куз
Иккимиз учун.
*
Тоғлар кўкламда
Ҳар томондан бир-бирин
Пана қилишар.
*
Нимага ўхшар
Умримнинг узунлиги?
-Қисқа тундек гап.
*
Қора изғирин .
Киндигимни музлатар
Иблиснинг тили.
*
Июнь ёмғири.
Ҳовуздаги нилуфар
Чайқалар енгил.
*
Ажабланаман
Кетар деб қайга
булутлар
Ой тўлишган пайт.
*
Ёлғиз эканим
Кўкрагимни эзади
Тўлин ой пайти.
*
Рақс тушар тутун
Мудом поезд ортидан.
Барра япроқлар.
*
Шоли гуллади-
Ҳаво кўнгилдагидек
Доконямада.
*
Юртимда қолган
Ота-онам билишар
Суши таъмин зўр.
*
Юртим тоғлари
Жилмайишар беғубор
Мен қараган вақт.
*
Челаклаб қуяр
Заминни тўлдиргандек
Майнинг ёмғири.
*
Дили сафарбар
Беданани овлашга
Тантиқ мушукнинг. | 2020-08-14 | http://nodirabegim.uz/archives/2867 |
О, ажойиб манзара,
Қандайин дилбарин жой:
Бу оппоқ текисликлар,
Бамисли тўлишган ой.
Юксак осмон рангида,
Ялтирар қорлар титроқ.
Чанада олисларга,
Кетгим келади йироқ.
***
Баҳор ўтган – қорайган ўрмон,
Сийрак анҳор, хафақон толлар;
Қуёшдан-да баландда осмон,
Шамол сўраб инграр ниҳоллар.
Ялангликда у таниш омоч,
Кутар эга, саботли меҳнат;
Қатқалоқда отганча қулоч,
От ва кўнгил этар итоат.
Аммо бир кун бу хилватгоҳда,
Уйғотади куйчи баҳорни;
Қўшиқларин ёйиб атрофга,
Куйлатади тунда анҳорни.
Қандай ширин: камтар, заҳматкаш,
Тингла, баҳор – чорлайди сози!
Табассум-ла боқ унга яккаш,
Булбулдан-да тиниқ овози!
***
Ўзни олиб қочма; тақдирга кўнгил
Ва ғусса доғини этгил ихтиёр.
Энди кўз ёшларин яширмас кўнгил,
Энди севаман деб айтмассан такрор.
Сувлар юзидаги тўлқин сингари,
Кетдинг олисларга бебадар ва жим.
Бунда-чи, мен сени ўпганим каби,
Совуқ гранитни ўпади ўлим!
***
Юлдузларга тикилган куйи,
Мен донг қотдим узоқ, анча вақт,-
Юлдузлар ва менинг ўртамни
Боғламишди алланечук аҳд.
Мен тушунмай нелар ўйладим,
Юлдузлар-ла, жўрликда аҳён;
Ва ўргандим ахийри титраб,
Юлдузлардек севишни ҳар он…
***
Таъқиқланган сенга дилдора,
Менга яқин келмоғинг бу чоғ;
Таъқиқланган изҳор дил қилмоқ,
Таъқиқланган севмоқ ошкора.
Лекин бунга йўқ асло чора,
Таъқиқламоқ мумкинмас ахир;
Барқанот куй каби барибир,
Ишқ-муҳаббат доим ошкора.
***
Этакдаги ўрмон шаббаси,
Қопланганда тим яшилликка;
Ўйноқи жарқалдирғочларнинг
Шўнғишини кўрардик кўкда.
Тараларди ёдгор кунлардан,
Хушбўйликнинг тотли нафаси;
Айланарди экинзорларда,
Эркинликнинг ажиб ҳавоси.
Ва қушларнинг ором қўшиғин,
Ўчирарди бир пайт келиб шом.
Нурга чўмиб кўз ўнгимиздан,
Лип-лип этиб ўтарди оқшом.
***
Қишги оқшомларнинг ялтираши бор,
Бор шиддат, бемисл гўзалликлари;
Қорларнинг остида ухлайди қатор,
Ёбонлар, маконлар, ўрмонлар бари.
Энди ёз тунининг кўланкаларин,
Кечалар ваҳмали шовуллаши йўқ.
Борлиқда кўтариб ҳукмрон барин,
Булутсиз осмоннинг ловуллаши йўқ.
Уйғотмоқ истамам мен-да беҳуда,
Бу атроф мосувот уйқуда бу дам;
Назар сол, азизам, бу хуш уйқуга,
Бизни уйқусида туш кўрар олам.
Сен қандай малаксан кўкда осуда,
Ёғду таратгандай жим ва оташин;
Ибодат қиласан мунгли қайғуда,
Ўзинг учун ҳамда яна мен учун.
Бироқ тилларингда айланмайди йўқ,
Севаман каломи – ҳароратсиз муз.
Кўпдан гумонларга қилганча қуллуқ,
Юрагингда қанот қоқар совуқ куз.
***
Ойдин оқшом, о, сен бокирам,
Одимлаган билмам қай корга:
Енгил этик изчаларини,
Мен тонглари кўраман қорда.
Чиндир, оқшом ойнинг нурлари,
Совуқ, жимжит, тиниқ оққани;
Ётоғини тарк этиб дилбар,
Чиндир, дўстим, дилни ёққани.
Бриллиантдир феруза осмон,
Бриллиантдир оймома нури;
Бриллиантдир шундай оғочзор,
Бриллиантдир қорларнинг қўри.
Аммо менинг дилрабо ёрим,
Қайга кетган уюрма оқшом.
Ёлғизоёқ сўқмоқ оралаб,
Йўл оламан мен ҳам у томон.
***
Деразамнинг рўпарасида,
Ғусса доғин тортар бир қайин.
Совуқ аёз хархашасига,
Жим бемажол берганча раъйин.
Қандай мунгли бир шингил узум,
Осилганча турар бутоқда;
Сен наззора қилгил азизам,
Мотам тутган улар бу чоғда.
Лекин тонгнинг шафағи ёнган,
Суйгим субҳги бу жилваларни;
Аммо менга ачинмай қушлар,
Қоқиб ташлар бутоқчаларни.
***
Ўлик денгиз, қорайган ўрмон,
Юзиб чиққан оқ сув париси;
Оққуш каби кўк юзида ой,
Алаҳсиган рутубат туси.
Уйқудаги балиқчиларнинг
Шўълаланган бўз елканлари;
Шалоплатар қамишзорларни,
Зоғорабалиқнинг танлари.
Жимлик чўккан атроф-тумонат,
Куйлар фақат оқшомнинг рози.
Майсазорда сув париларин,
Тебратади булбул овози…
***
Бу эрта тонг, шодлик бу,
Бу кун таратган ёғду,
Бу кўкламги шовуллаш,
Бу кетма-кет қичқириқ,
Бу қўнимгоҳ қушлар лиқ,
Бу жилға ва шилдираш,
Бу тол-қайин – сирдошлар,
Бу томчилар – кўз ёшлар,
Бу юмшоқ пар – барг эмас,
Бу тоғлар, бу водийлар,
Бу пашша-боларилар,
Бу ҳуштак товши элас.
Бу оғмаган нур-шафақ,
Бу ухлаган қишлоқ нақ,
Бу туш кўрмаган наҳор,
Бу ғубор, бу иссиқ жой,
Бу садолар ҳойнаҳой,
Бу бас, ҳаммаси – баҳор.
Сизники эмасман, афсус мен танҳо,
Ўртамизда чўккан оғир лоҳаслик;
Менга қилдингизми ё, бир таманно,
Ё, мен алаҳсидим, ё, бу дилкаслик.
Қандай бахт эди бу ахир бир лаҳза,
Ҳаётни суйгандек кузатдим сизни;
Тингладим жимгина роял остида, —
Мени қошингизга чорлашингизни.
О, шундан қўзғалди менда ҳаяжон,
Ҳис қилдим юракни титратган шувни;
Ишондим фариштанг Сени Художон,
Мен тугул уйғотиб юборди сувни.
Қуёш энган. Енгил ғуборлар
Водий узра ўрмалар оқшом.
Зарҳал шафақ нур сочар ғорга,
Эгик бош-ла сочиб ифорлар.
Кекса Ментор эса, о, бу дам,
Улисс учун ғам-истиғфорда.
Нимфаларнинг сокин ороми
Мавзун тортиб сукунатда жим,
Ёйилмоқда денгиз тумани.
О, тинглагил, нимфанинг жоми,
Манқалдаги буғдойдек сим-сим
Ва қатрондек тортади сани.
Ширинликлар лим-лиму рўё,
Кутар очиқ амфораларни;
Бироқ қуюқ бу рутубатда
Ўғлинг тортар о, Одессия;
Билмай бунда не чораларни,
Ё, шодликда, ё, уқубатда.
Унинг кўнгли аччиқ номусда:
Журъат қилиб илоҳасига
Айтадими ўз ғуссасини?
“О, қутирган денгиз бу ҳисга,
Битгайманми ғамгин қасида,
Унутайми ё, ҳаммасини?”
Денгиз эса ялтираб пурғам,
Учар мисли Аврора каби;
Бамисоли тили йўқ бир қул,
Елпиғич-ла, кўксин ёпар дам.
Дилбарига кетганда таъби,
Маъбудани унутиб буткул.
О, сен Зевс! Нима у лира,
Ожизлик бор севги ва розда;
Аполлоннинг сочидек зариф,
Ё, ҳокимлик жаҳонга сара.
Аммо айтинг шундай алфозда,
Маҳбубига ким берар таъриф?
**
Мен сенга ҳеч нарса айтмам барибир,
Лекин сен безовта бўлмагил сира;
Сукут-ла, ошноман кўпдан мен ахир,
Йўқ, мендан кутмагил ҳеч не ишора.
Кун бўйи ухлайди оқшом гуллари,
Қуёш топар ўрмон ортидан тиргак;
Япроқларни келар тўкилгилари,
Тинглайман, бамисли гуллаган юрак.
Кўксимда бир оғриқ турар бокира,
Рутубатли оқшом титрагим соҳир;
Лекин сен безовта бўлмагил сира,
Мен сенга ҳеч нарса айтмам барибир. | 2020-08-26 | http://nodirabegim.uz/archives/2893 |
Намозшом пайти.
Чиннигулни уздим-да,
Қотдим паришон.
Сия* ҳам гуллар…
Унинг ифорини лек
Мақтамас ҳеч ким.
*
Ёқилганди шам
Тез хира тортди… сариқ
Хризантемалар.
Навниҳол бамбук.
Нурга кўмар Сага*ни
Уфқдаги қуёш.
*
Навниҳол бамбук.
Хасимотолик қувноқ
Аёллар қайда?!
Қуёш авжида.
Мидэра бутхонаси.
Яшил заранглар.
Ифорга илкис
Бурканиб орхидея
Бўзарар шомда.
Ташландиқ қудуқ.
Балиқлар сув чайқатиб
Овлашар чивин.
Танҳо дарбадар.
Ёмғир намлар хаки*ни,
Оёқ остини.
Ёзги ўрмондан
Келдим балиқ ҳидига
Бўккан қишлоққа.
Хиэй тоғидан
Эсган шамол қайирар
Қуш қанотини.
Какку фарёди
Ёриб ўтар осмонни
Хэян* қиялаб.
Болалар бетоб.
Унохана*да яшнар
Сукунат бугун.
Ёзги дарахтзор…
Қайдан келди бу ерга
Бетартиб тошлар?!
Мана худбинлик!
Чивин ҳайдар қўшнилар
Бир-бири томон.
Ёз жаласида
Уйқу бўлмас Мидзу*га
Қўшни уйларда.
Янги тонг… Жом*нинг
Овози сузар уни
Қолдириб ортда.
Бемордан нари
Қилгум хира пашшани.
Иссиқ авжида. | 2020-07-29 | http://nodirabegim.uz/archives/2696 |
ЯПОН МУМТОЗ ШОИРИ.
1874-1959 ЙИЛЛАР ОРАЛИҒИДА ЯШАГАН.
***
Қисқа ёз туни.
Асли бир хил
нарсадир
Туш ҳамда рўё.
***
Нигоҳи ўткир
Ёз капалаги шошди
Мен турган томон.
***
Кузги осмонни
Қоқ иккига бўлади
Баҳайбат каштан.
***
Ерга тўшалган
Хазонлар ёнар
кузнинг
Серқуёш куни.
***
Кётолик осий
Аёлни лол
қолдирмас
Олча гуллари.
***
Куз оқшомида
Моматалоқ
бўлгандек
Туюлар бўйним.
***
Куз шамолида
Қадамингда
учрайди
Ҳоккубоп нарса.
***
Ўчоқни очсам
Нафас олар ичида
Мавҳум ёлғизлик.
***
Гебана гули.
Маълум вақтда
узилар
Водий бағридан.
***
Ёзда далада
Юрасан қисмат
тошин
Елкангга ортиб.
***
Ўртамиздаги
Қалбаки ишқ авж
олар
Куз оқшомида.
***
Тўсиқдан боққан
Бузуқ эркакка ўтлар
Улашар ифор.
***
Кўклам ёмғири.
Нам севги либослари
Илгични қийнар.
***
Қулади ерга
Қуёш нурин
қучганча
Кири*нинг барги.
***
Барвақт куз тафти
Юзига урилди лол
Турган кишининг.
***
Сўрар шамоллар
Галдаги қурбон
бўлган
Баргни дарахтдан.
***
Ҳануз бўлмаса
Сўлган
хризантемага
Ўриндош наҳот?!
***
У гапиради
Мен ҳам
қолишмам…Аста
Чўкиб борар куз.
***
Тилла ранг
қўнғиз.
Ҳис қилгум тун қамровин
Зулматда юриб.
***
Хўрак топган пайт
Гувиллар
капалаклар.
Қандай ҳаловат!
***
Хароб далалар.
Қуёш нур улашади
Тоғлар ортидан.
***
Оҳ, қандай
тезлик!
Сузиб борар турп
барглари
Оқимга мойил.
***
Кузнинг осмони.
Тўкар ола
баргларин
Ёввойи гуллар.
***
Инграр лат ейиб
Қарағай шамолида
Сув ўргимчаклар.
***
Баҳорни кутгум.
Айрим муаммоларга
Вақт олий ҳакам.
***
Ўша ерга куз
Сояси тушар қайга
Қўйсанг нимадир.
***
Жуфтак ростлаган
Илон
кўзларин аранг
Кўрдим майсада.
***
Хризантемалар.
Кучук оёқларига
Ухлар бош суқиб.
***
Баҳорда соҳил
Юзасига чизилар
Улкан доира.
***
Дунёга келди
Йилнинг илк
капалаги
Хўш, ранги-чи?- Сариқ.
***
Кўзим
дарёда.
Сирғалади
кафтимда
Банан пўстлоғи.
***
Шолизордаги
Қизлар каса*сида
сув
Акси тушар рақс.
***
Бу гулни улар
Номлашар оқ пион
деб.
-Лекин, гоҳ
қизил.
***
Ҳар ерга ёйган
Қоя устидаги ёз
Дарахти илдиз.
***
Кафтимда тутиб
Олча тўккан
баргларни
Очсам бирин-бўш. | 2020-03-08 | http://nodirabegim.uz/archives/2727 |
***
Баҳор тонгида
Орзуга эргашади
Узун киприклар.
***
Совуқ баҳорда
Буғдойга офтоб
нурин
Сепар булутлар.
***
Баҳор чоғи тун
Ювар кўзгудаги
аксин
Қора сиёҳда.
***
Пиёда юрдим
Сўнаётган
баҳорнинг
Оқими бўйлаб.
***
Баҳор шамоли
Эркалар гўдак соч-у
Қулоқларини.
***
Қўлим игнада.
Елкамга минар
ўғлим
Иссиқдан ғингшиб.
***
Соч қуритаман
Қамиш курсига
чўкиб
Ойдин кечада.
***
Ранги униқди
Эски зонтим
тутилиб
Қуёш, ёмғирга.
***
Дўконга тушган
Дарахт сояси
бўлар
Сув сепилгач ҳўл.
***
Ёзги тун ярми.
Қайиқ ойнинг
ҳалқасин
Бир силтаб кетди.
***
Совуқ куз. Седзи*
Эшигин зичлаб,
ёқдим
Ҳаммомга олов.
***
Куз ҳеч келмади.
Сафир*ранг майда
балиқ
Қиламан харид.
***
Бўзарар бир-бир
Хризантема
барглари
Букилиб ойга.
***
Гул новдалари
Кичрайиб кетишади
Тонгда шамоллаб.
***
Кузги осмонда
Тошга ўхшаб
кўринар
Ҳар қанақа қуш.
***
Кўзим драмада*.
Қиш кечасида
қолди
Сувда идишлар.
*-
***
Шимол шамоли.
Тунда кеч қайтса кимдир
Ой бўлар ҳамроҳ.
***
Ўйлар
орасида
Йўқолдим йил
охирлаб
Тиғиз келган
вақт.
***
Яёв сайрдаман.
Овоз келмас
хазонлар
Сасидан бўлак.
***
Қиш пайти дарё
Узра кўтарилади
Ғубор кечқурун. | 2020-05-08 | http://nodirabegim.uz/archives/2751 |
Аёл туйғуларин ҳис қилдим мағрур,
Ишораларини нозик нақадар.
Бамисли оқ баҳор оловидай ҳур,
Ялтироқ чизиқлар ғазаби қадар.
Нафратга ўхшайди гарчи бу сўзлар,
Бу сўзлар пўлатга ўхшайди метин.
Маст ханжар заҳридай чорлару ҳезлар,
Бўсани кесади масофа бетин.
Олисдан қарайман денгиз ва денгиз,
Овозингиз келар сўнгсиз ойлардан;
Даҳшатлар хорида жаранглар тенгсиз,
Қичқириғу довул қўпган жойлардан.
Қўрқинчли ҳам ширин, муқаррар, зарур,
Шошилинч қўшиқдай янграб ўтар кенг.
Яшилкўз молюска каби сиз бир қўр,
Ирланд қояларда бас бир чайқалинг.
Биздан, тўлқинлардан, юқоридан сал,
У қора тошларга тонг каби ҳал-ҳал,
Баннер порлаяпти «Интернациональ!»
***
Безовта бўламан тун оғгандан сўнг,
Оқшомда чироқни ёқаман дарров.
Бетуман у дамлар бўлгандайин ўнг,
Сен ўйин бошлайсан кўтариб ялов.
Менга-да, ёқади бу ёлғон порлаш,
Қизлик кийимингнинг жозибаси ўт.
Абадий ҳубобдай меҳрангиз оташ,
Кўча чироғидай ёнурсан лип-лип.
Мен севаман шундай ёруғ онларни,
Шовқинли рангларни, сўзларни асов.
Ва қайтгайман ортга эслаб шонларни,
Тушларнинг тубига тушгандай бирров.
Гарчанд булар ёлғон, сендай нафис оқ,
Шу оқ ёлғонларга юзни бураман…
Кун иши тугаса босади чарчоқ,
Тун келса, биламан сени кўраман.
***
Кўприк, қора ипдай визиллар шамол,
Қорда устунларда чалар қўнғироқ.
Мўъжиза ичимга киради алҳол,
Мўъжиза тепадан куйлайди узоқ…
Мен учун оҳанглар қаттиғу дағал,
Сен учун қўшиқлар қор, гулханда жам…
Мўъжиза, ором бер, чарчадим сағал,
Мўъжиза, қор тепа узра ёт сен ҳам!
***
Шаҳар зулматда ётибди ухлаб,
Пориллар олис чироқлар милт-милт…
Невадан анча нарида бу тоб,
Тонгнинг нурлари келмоқда йилт-йилт.
Кўринар булар узоқ кўзгуда,
Олов аксидай қочади тунлар.
Уйғониш керак ётмай уйқуда,
Бошланар яна қайғули кунлар…
***
Тун, кўча, чироқ, дорихона,
Маънисиз ва хирагина нур;
Чорак аср яшадик ёна,
Шундай. Ўзга чора йўқ ўлгур.
Гар ўлсангиз — бу ҳол, водариғ,
Такрор бўлар қайтадан бироқ.
Оқшомдаги муз анҳор-ариғ,
Дорихона, кўча ва чироқ. | 2020-07-08 | http://nodirabegim.uz/archives/2768 |
***
Ҳашаротлар-ла
Боплар кимдир куйлашни.
Кимдир эса-йўқ.
***
Турп кавлаётган
Деҳқон менга турп билан
Кўрсатади йўл.
***
Далада ҳўкиз
Ёлғиз кетиб борар ер
Ҳайдаётгандек.
***
Пешинда мизғиб
Уялгум шолизорда
Куйланса қўшиқ.
***
Қирғий қийқирар
Худди пайқаб қолгандек
Тоғни ногаҳон.
***
Янги йил тонги.
Ҳовуздаги ўрдаклар
Қилишар қий-чув.
***
Олча гуллари
Остида жон сақламоқ
Кўп ғайриоддий!
***
Қабрларни ҳатлаб
Зиёрат қилгум кучук
Бошчилигида.
***
Қор эримоқда…
Болакайларга тўлган
Қишлоқнинг бағри.
***
Ёз кечасида
Пичирлашар ўзаро
Ҳатто юлдузлар.
***
Серташвиш ишмас
Эй, олхўри дарахтим
Рости, гулламоқ!
***
Пешин пайтида
Мизғидинг дея ҳеч ким
Бермайди танбеҳ.
***
Ҳомуза тортар
Баҳор ёмғири пайти
Дўндиқ ойимқиз.
***
Хазин тус берар
Куй олча ва одамлар
Юзига тунда.
***
Фарқ қилмас бешак
Йиғлоқи бир жувондан
Тоғнинг каккуси.
***
Отам-ла тонгни
Кутган бўлардим яшил
Далалар узра.
***
У хушлаб терган
Алвон гуллар тўкилар
Куз шамолида*.
***
Ойимқиз чайнар
Шитирлатиб ўралган
Гуручли нонни.
***
Пашша қувишни
Ўйладим сўнгги пайтлар
Отам юзидан.
***
Гулларга боқиб
Бу дунёда юрамиз
Дўзах томида.
***
Уйдан чиқаман.
Пашшалар роҳатланинг,
Ишққа беринг йўл!
***
Буддада измим
Гарчи чивин
тутишда
Этсам-да давом.
***
Эй, ўргимчаклар
Нўноқ уй соҳибиман
Бўлманг безовта!
***
Ойдин тун… Ҳатто
Унинг* нола қилишин
Қўмсайди қалбим.
***
Туғилсанг ҳам-жом*
Кунинг битган чоғда ҳам.
Қандай аҳмоқлик!
***
Сув юзидаги
Ўрдаклар ҳам бу оқшом
Илҳақми бахтга?!
***
Янги қор ҳақда
Манфаат учун ёзиш-
Санъат эмас ҳеч.
***
Қадрдон қишлоғим…
Тикан санчар уйдаги
Ҳар бир хотира.
***
Кичик ороллар
Далалари шудгорда.
Куйлар тўрғайлар.
***
Янги йил куни
Ҳамма нарса яшнаган
Кўнглимдан бўлак. | 2020-08-08 | http://nodirabegim.uz/archives/2778 |
Сурат ўз ҳошиясидан чиқишга қарор қилади.
Қадрдон дўстларингни, хотираларингни, сен соясида шеърлар ўқиган чинор дарахтини, ҳеч кимга айтилмай соб бўлган сирларни, талабалик даврингнинг энг дилбар дамлари бўлмиш нонушта соатларини, Аминанинг илк маошини, йиллар бўйи елкама елка ижод қилиб келган энг яқин дўстингнинг илк китоби чиққандаги ҳаяжонларни, университет дипломи топширилгани замон бармоқларга тақиладиган никоҳ узукларини, оқшомлари зерикканингларда ёзилгувчи сархуш дастурхонларни, ҳамма шаробу пишлоқ билан овора бўлаётганда сенинг ачимсиқ шолғом еб ўтиришингни, сен айтиб – айтиб адо қилолмаган ўша Ҳаммомўну кўчасидаги тунги саргузаштларни, Мардиндаги дўст даврасида сурган паришон хаёлларингни бирдан, ҳеч кутилмаганда ортинга ташлаб, борса келмас йўлга ҳозирланяпсан.
Зеро, ҳалиги кун факультетга кетаётганингда сенга салом берганни, ўзинг ўқиган ҳар китоб ичра қайта ўқилишини кутаётган, тагига чизилган хатбошиларни, радиодан эшитилган сўнги янгиликларни, энг яқин дўстингнинг мансаб пиллапоясидан қандай кўтарилганини, талабалар кенгашида бу йил қандай ўзгаришлар амалга оширилишини, мувафаққиятига қаттиқ ишонган оғайнинг илк қийинчиликка дош беролмай қай йўсин синиб бораётганини, ҳар саҳар ўрмонда сайр қила туриб қаршинга чиққан қиз билан танишиш учун қай мақомларга йўрғалаганингни, илк учрашувда айтиб берган ҳикояларингни, овози дунёларга алишилмас ўша соҳибжамол елкасига юзингни босиб неча йиллардир ўксиб йиғлаганингни, нафақат унга, балки атрофингдаги бутун таниш-нотанишга оғаларча қандоқ ёрдам берганингни,чегараларни, чегараланганларни, зиғирча фойда ололмасанг ҳам узлуксиз янги ишга жойлашишларингни ва бу ишга кириш олди руҳингда қўпган ҳаяжон довулларини дўстларинга энтикиб сўзлаб берардинг. Кейин эса мен барибир бу ҳаётдан ҳаловат тополмайман дея тўхтаб қолардинг, кўп гапирардинг…
Ҳамон кўп гапирасан. Сергапсан. Аммо, бу сафар кетишингдан ҳеч кимнинг хабари йўқ. Бутун ҳикоянгни юк машинасининг диққинафас кабинасида қисилганча, сен билан кетаётган Суҳанга айтиб беряпсан. Чегарадан ўта туриб, юк машинасининг ҳайдовчиси, маҳалладош жўранг ҳар нуқтада чегарачиларнинг оғзини мойлайди. Пора. Ватанингдаги ҳолат бу ерда ҳам такрорланаётганини эслайсан ва Европадаги бундай олди-бердилар сенга ғалати кўринмайди негадир.
Умуман, ҳеч нима ғалати туюлмасди сенга. На атрофингдагилар сени лаҳзада юксакларга олиб чиққан кўйи номинга доҳий дея қўшимча қилиши, на ўша юксакликдан қулаганингда ҳамма бир-бир сендан узоқлашиши… Ҳамманинг кўнглини олиб, кулдириб юрадиган одам ҳар кеча ҳўнграб йиғлаши, кечаги ўктам биродаринг бугун юришга-да мажоли қолмаганидан сиқилиши, кимнингдир ўтмишга боқиб энди бари тугади дея ҳеч кутилмаганда ўйинга тушиб кетиши… Ғалати кўринмасди. Сен барини табиий ҳолдек қабул қилардинг.
Ҳаётингдаги аёллар бахтсизликка дучор бўлганда нафасни сендан олиб, бошқа эркак учун нафасларининг сиқилишини ҳам жимгина кузатдинг. Шу боис ҳам буқаламунсан. Энг яқин дўстларинг шундай дейди. Кўникасан, ҳаммасига тезда кўникасан. Бироздан сўнг ўн саккизинчи соати бошланадиган бу гумбур-қарс шовқинларга ҳам тезда кўникдинг. Бироқ, бир қулоғингда ҳамон ўша аёл шивирлаб айтган қўшиқлар мавжланиб турибди. Ўша аёл деган гап жинингни қўзғотади. Лекин, ҳозир унинг исмини овоз чиқариб айтадиган одам борми ёнингда? Ўзинг эса унинг номини хаёлда такрорлашга-да журъат қилолмайсан.
Худди ҳеч нима бўлмагандек, худди ҳозиргидек бутун ҳаётингни остин-устун қилиб юборадиган, оғриқ тўла хотира пиёлаларидан май сипқорган кунларингни қайтадан бошлаб бергувчи ҳодиса рўй бермагандек жимсан. Ҳамма жим. Сен бунга ҳам кўнасан, кўникасан. Ўзгаришлар лаҳзасини-да оддий қабул қилишга уринасан гўё.
Аёлларни тушунмайсан, уларни ҳамма нарсадан кўпроқ севсанг ҳам тушунолмайсан. Нега эркинлик исташларига қарамай ўзларини қафасга банди этажак эркакларга кўнгил қўйишларини, оталари билан ўрталаридаги зиддият деворлари уларнинг жисми жонига соя ташлаб турганини кўра била туриб, саъжияси оталариники билан бир хил кишига ўзларини бағишлашлари ва оналарининг қисматига рози бўлишлари ақлинг даргоҳига сиғмайди. У сени жондан севишига қарамай нега бошқаси билан кетганини-ку ўлгунингча англолмай ўтишинг тайин.
Нега бу қадар кечикдинг, деган саволини унутолмайсан. Сочининг иси димоғингни куйдириши ва шундан сўнг уни мангуга йўқотишни… Бунга ҳам майли дейсан, бироқ ҳаётингда бундай аёллардан қанчаси кечмади, ахир. Ҳар гал қийналардинг, бироқ бу сафар бошқача бўлди. Бу кетиш оддий кетиш эмас. Сен энди қочқинсан. Умринг бўйи очликдан ўлмай дея кирган ишларинга қасдма қасд, айтсам у мендан кетади дея ичинга ютган ишқ изҳорларинга қарамай, ҳаётинг қўлингдан олиниши мумкин бўлсада, ҳатто кези келганда эркингдан маҳрум бўлишинг эҳтимоли юқорилигини билсангда кетиб боряпсан Даниянинг биллурдек йўлларида. Ачинмайсан. Пушаймон бўлишга-да мажолинг йўқ.
Ҳар кетганнинг ўз ҳикояси бор. Сен ҳам кетиш қароридан аввал нақадар заифлигингни, майда одамлигингни ўйга толиб ўтказган бедор тунларингда тушуниб етдинг. Кўнгилнинг иши-ку майли, лекин яшаб қолиш, очдан ўлмаслик деган қўрқув кўксингнинг чап тарафидаги кенг бўшлиқни зирқиратиб юборарди. Барини ўйлаб оғринардинг: бир тарафдан чала қолган ишлар, бир тарафдан кутавериб кўзинг қорайган аёлдан айрилиш, ватанингда исмингнинг ёнига фақат учинчи шахс қўшимчасини қўшиб эслашлар, бу сиёсий ўйинларда сенга берилган рол, ўлкангда тобора ортиб бораётган сиёсий босимлар, аёлларнинг ўлдирилиши, ҳар дақиқа бомба портлашидан қўрқиб кун кечиришлар, шаҳарларнинг санъат ва нафосатдан маҳрум қилиниши, ҳар лаҳза бирон дўстингнинг тобутини елкага олиш мумкинлигидан даҳшатга тушишлар ва бошқа фожиалар… Газетада сенинг шеъринга етмаган жойлар, ҳар куни бирон ёзувчининг қамоққа олиниши… Овозларнинг ўчирилиши. Ва, энг охирида Суҳан. Ҳуқуқ ўртадан супуриб ташланган бу замонларда чегарадан ноқонуний ўтиш оғриқларингнинг барига малҳам бўладигандек туюлди.
Ўғил бола отасига ўхшайди деган гапларга болалик пайтинг ҳеч ишонмасдинг, бироқ мана, гарчи сабаблар бошқа бўлсада, кетиш йўллари бир бўлди. Отангнинг кетишга мажбур бўлгани ҳолда турмуш қаршисида қандоқ ночор дийдираб турганини эслайсан. Кетмоқ… Ғазабинг қайнаганди ўша кунлар. Тириклик бозорида баъзан сарбоз, баъзан морбоз эдинг. Айни дам буларнинг ҳаммасига қўл силтаб кетаркан, бор-йўқ мулкинг – кўксингдаги залворли бўшлиқ ва чўнтагингдаги иккита эски фотосурат билан жим кетяпсан юк машинасининг кабинасида. Бу шундай кетишки, кимсанинг хабари йўқ. На видолашув, на ортингда қолган бирон мактуб. Қолганларга ҳеч нарса қолмади, бироқ уларнинг бутун хотиралари сен билан. Дўстларинг. Сени нақадар севарди улар. Ҳамма нарсани ҳаммадан аввал сен ўрганардинг. Шу ўрганишлар бўлмасайди.
Аёл чўнтагингдаги дайди ғуссалар, сарсари йиғилар билан қулаб бораётир. Кабина деворига беихтиёр мушт туширасан. Юрагинг оғрийди. Шунча олис масофани-да назарга илмай оғрийверади. Йўлнинг йигирманчи соатида қолганлар нима қиларкин деган савол миянгни эговлай бошлайди. Нозим Ҳикматнинг шеърларидек ёна бошлайсан. Қолганлар қолди, дейсан. Ҳар ким ўша куз оқшомида ўз тақдирини ҳал қилиб бўлди. Ёсуман ўша кишини танлади. Сен эса кеч қолгандинг. Сен кетишни, Ёсуман эса бир умр пушаймон бўлиб ўтишни танлади. Ҳали виждонинг кўп қийналишини биласан, билиб туриб ўзингни овутасан. Эрк шаҳри – Амстердамга ичингдаги бутун зулматни чиқариб ташлаш учун уйқусираб кетиб боряпсан. Балки у ерда яшаш ҳам насиб қилар… Ҳарҳолда, янги ҳаётга юк машинасининг димиққан кабинасида, ноқонуний йўллар билан кириб боряпсан.
Юртингда ҳам кўп асир
тушдинг. Аёлларнинг кулишларига, бир қизнинг нимтабассумига-да арзимас
сиёсатчиларнинг дағдағаларига, ёзувчиларнинг пуч умидларига… Яқин қаламкаш
дўстларинг қуёш нури билан баробар бирма бир панжара ортига бадарға бўла
бошлади. Сен эса Анқаранинг жинкўчаларидан бирида Ёсуманнинг нигоҳларидан бунёд
зиндонга банди бўлдинг. Қимирлолмадинг, овозинг чиқмади, ёнига боролмадинг. Узоқ-узоқларга
тикилиб қолдинг. Худди бу турмуш тарзига, ўзингдан ташқаридаги одамларга узоқдан
қарагандек. Уни буни қўй, кўзларинг икки аршиндан узоғини кўролмасди.
Кўзойнагингни тақдинг – ойнаси буғдан хира тортганди. Ҳар кеча юм-юм йиғлардинг.
Ҳатто босинқирай туриб ҳам кеч қолаверардинг…
Соатинга қарайсан. Бу сафар кеч қолмаслигинг керак. Чегаранинг уёғида немис дўстинг, шоир Аҳим кутиб олади. Келишингни билиб Берлиндан Амстердамга соғинч қанотларига миниб йўлга тушганди у. Бутун дўстларинга хабар беради, улар сени бироз қочоқ мақомида сақлаб туришади. Кейин фуқаролигинг ўзгаради, балки исм-шарифинг ҳам. Бироқ, сен ўша аёлни йўқотганингдан бери ватансиз эдинг. Энди шу ғурбат сенга ватан бўлади. Суҳаннинг хаёли ҳамон уч ойлик қизалоғида. Биз барибир қайтамиз, шундайми, дея ўйчан кўзларинга тикилиб қолади. Ваҳоланки, қайтиш деган сўзни бир шеър мисраси ичра унутиб қолдирганинга анча бўлган. Шунда ҳам индамайсан. Кабинанинг совуқ дастагига ёш томчилайди. Бари тугайди, дейди Суҳан. Ҳаммаси ўтиб кетади. Лекин у ҳали ўзи айтаётган “ҳаммаси” аллақачон тугаганини билмайди.
Қамоқдаги дўстларингни эслайсан, Аҳим билан уларни қутқариш учун қандайдир намойишлар ташкиллашни режалаштирасан. Балки, ўз намойишларингни бошларсан? Зеро, шу кунга қадар бор бўлсанг, фақат озодлик, муҳаббат ва асорат учунгина бор бўлдинг. Борсан.
Бир сурат чўнтагингда туриб шаҳарларнинг барини кезиб чиқади.
Эрк шаҳрида сен бошлайдиган янги ҳаёт ўзгаларнинг эрки учун жанга киришинг учунгина бошланаётганди. Ҳеч ким сендан хабар олмаса-да, сенга бутун хабарларни келтиргувчи қушларинг бор. Жондошларингдан узоқда кечган ҳар бир кеча кирланиб сочларинг орасига сингийди. Қайғунинг ранги қора эмас, дейди Суҳан. Қара, биз қанчалар кирландик. Туриб-туриб пиёлаларингиз ҳам кирлана бошлайди. Суҳан оёқ чиқариб юра бошлаган қизининг суратларига қараб йиғлайди, сен эса ўша эски, сарғайган суратни оқартириш билан бандсан. Эртага чиқадиган газет-журналлар сенинг қаршилик ҳаракатингни ёритади. Европадан Жанубий Америкага қадар ястанган йўлларга аччиқ, исёнкор ҳикоятнинг излари тушади. Ватанингда оғзига урилаётган муҳолиф ёзувчилар, расмий ҳуфяларнинг кирдикорлари, фақирган эврилган халқ, сени соғинган дўстларинг… Барчаси шу ҳикоянинг ичидан садо беради. Яна ҳар куни хабарларга кўз тикасан. Портлаётган бомбалар, қурбонларнинг узун рўйхатлари, ярадорлар учун қон эҳтиёжлари, қонга тўймаган аблаҳларнинг минбардаги нутқлари жинингни қўзғотади. Ҳар исмда бир қалқиб тушасан, ўзинга келишга уринасан, тинчиб қоласан. Худди қулаб кетадигандек ўриндиқ дастагини маҳкам сиқасан.
Бу ерга келганингдан бери ҳеч қайси ижтимоий тармоқдан фойдаланмадинг, бироқ электрон почтанга ҳар куни бир қараб қўясан. Йўқ, юртингда сени унутишмади, суғурта компаниялари ҳамон сени излаш билан овора. Унутилмадинг, пуркадар мактублар почтангни тўлдириб турибди. Мен шу ердаман, бу ҳикоят тинмагунча ўлмайман, қандай ўлим топишим сизларга боғлиқ, дея ёзгинг келади, ёзолмайсан. Шу пайт бир ўйин ўйнашни истаб қоласан. Болалигингда жўраларинг билан кўп ўйнардинг. Ўйнаганингни ўйин деб ўйлардинг, ҳарҳолда. О, нақадар соғиндинг, нақадар соғиняпсан. Қанчалар исёнкор бўлсангда, лекин ичингда кечаги мўмингина ўзинг ҳамон жимгина яшаётир. Ҳаммани ўйлайсан, ҳаммани. Ҳорғин вужудингни бағрига олгувчи бир дўст, юзингни босиб йиғлай оладиганинг бир елка тополмайсан. Ўлкангдаги аччиқ тутунларни соғинасан, оғриқларини қумсайсан, суратдан сенга жилмайиб қараб турган ўша жингалак қора сочли аёлни бир кўришга муштоқсан. Ай, ўша дўст гурунгларини эслатмай қўяқолай.
Бутун дардинга сабаб деб дўстларинг Мовийдан айрилишни, совуқ авахтадаги Ҳилмига ачинишни, ғурбатингни, кадарингни, йўқотишларингни, воз кечганларингни сабаб қилиб кўрсатаверасан, бироқ номини тилинга олишга ҳам қўрққанинг бошқа бир ҳасрат бор.
Матбуот эркинлигининг рамзи бўлмиш Европа нашрлари учун тинмай суратга тушасан. Бу ҳолдан Суҳан ҳайрон. Ахир, ватандалик пайтинг қаршингдан чиққан камерадан қочиб юрардинг. Ойнинг илк ҳафтаси йўлинг Парижга тушади, кейин Вена. Дам ўтмай минглаб километр олисдаги Икселлес, Аракатака… Борган ҳар ўлкангда бир янгиланиб оласан. Сени баъзан қўлингда испанчалаб “менинг ҳам жоним оғрийди” деб ёзилган қоғоз парчасини ушлаб кетиб бораётганингда, баъзан отишмадан кейинги ҳароба шаҳар деворларига алмойи-алжойи ҳарфлар билан кимнингдир исмини ёзаётганингда, баъзан эса қўлингда буғи чиқиб турган қаҳвани тутганча олисларга жим тикилиб турганингда кўриб қолишади ё суратга олишади. Олинган суратларнинг барини ҳар ой бошида эски қадрдонинг Айфернинг электрон почтасига йўллайсан. Кейин Суҳан билан ўтирган испан қовоқхонасида дўстларингнинг қайғули ҳангомаларини айтиб кулишасизлар. Кези келганда лабингдаги табассум синиб, ғуссага ботасан.
Сен одамнинг қанча узоққа қочсада ўз кўнглидан қочолмаслигини тушундинг. Буни сенга Анна Франк уй-музейида танишиб қолган дўстинг Марёлийн Ҳоф Амстердамдаги қайсидир кўргазмада айтганди. Дунёдаги баъзи қайғулар доим бир хил бўлади: босимлар, айрилиқ, ҳижрон ва масофалар. Қалбингдаги оғриқларни тиндирмагунча дунёнинг ҳеч қайси оғриғига даво тополмайсан деганди у. Тан оласан, йўллар оғриқни босолмайди. У пайтлар Суҳан билан Ёзувчилар Ҳамдўстлигига энди қўшилгандинглар. Суратларни эса тинимсиз жўнатавердинг. Кимнингдир руҳида капалакдек инжалик уйғотсин, бир капалак руҳига тегиниб ўтсин, мен кетгач бирон куй басталанган бўлса, улар ўша куйни шу суратларга қараб тинглашсин, балки ҳалиги аёл пушаймондир, мени соғиниб йўл қараётгандир деб. Илк суратдан кейиноқ почтанг изтироб тўла дилномаларга тўлиб кетди. Ҳеч қайсисига жавоб ёзмадинг. Фақат, уларга мен ҳам яшадим, тирикман дейиш учун ҳар ой суратлар жўнатардинг.
Бироқ, буни яшаш деб бўлмасди, Рушан… | 2020-11-07 | http://nodirabegim.uz/archives/2567 |
1
Агар буюк италян шоири Франческо Петрарка ҳаёт бўлганида мен унга хат ёзган бўлардим, чунки бу ёруғ дунёда фақатгина у тушунган бўларди мени. Петрарка устимдан кулмас ва бошимдан ўтганини элга достон қилмасди. Петрарка мени тушунган бўлар, у билан Рим шаҳридаги анжуманда кизил чиғаноқ ва лавр гулчамбари тақмасакда, балки у билан дўст тутинардик. Бошимда берет, эгнимда эса сув ўтмайдиган матодан тикилган куртка бор.
Мен ҳеч қачон Петрарка билан таниш бўлмаганман, чунки у биздан 600 йил
олдин яшаб ўтган. (Биз бу ҳақда тарих дарсида билиб олган эдик). Аммо у гўзал
Лаурани қандай учратганини тасаввур қила оламан. Шу ҳақда ўйласам, мен ҳам
Авиньон шаҳридаги авлиё Клара черковида пайдо бўламан, устуннинг соясида туриб,
атрофни бутун борлиғим билан кузатаман.
Шамлар чирсиллаб ёнади ва оғир қўнғироқлар гумбурлайди. Ўша вақтда Петрарка
шамларнинг ёруғида Лаурани кўради. Ҳали Петрарка унинг исмини ҳам билмас, лекин
уни кўрган заҳотиёқ барча нарса – шамлар, қўнғироқлар, мармар даҳмалар кўз
олдидан ғойиб бўлади, фақатгина унинг ориқ ва оқарган чеҳраси Петрарканинг кўз
ўнгида гавдаланарди. (Ўша пайтда атир-упалар ҳали урфда эмасди). Лауранинг
бошида туяқуш патли кенг шляпа, эгнига эса ҳудди елканга ўхшаган тўр рўмол
ташлаб олган. Петрарка унинг тимқора кўзларида кичик қуёшчага ўхшаш шамларнинг
аксини кўрди. Унинг оғзи лабида марваридгул шохчасини тутиб тургандек ярим очиқ,
текис тишлари кўриниб турарди.
Петрарка Лаурани кўрганда у ҳам мендек ҳолатга тушган. Йўқ, мен авлиё Клара
черковида эмас, мактабда эдим. Учинчи қаватга чиққандим. Жўғрофия ўқитувчимиз оқ-қора
нуқталари бор юлдузли осмоннинг глобусини олиб келгани юборганди. Даҳлиз
охирида бир қизни кўриб қолдим. Даставвал унга эътибор бермадим, чунки атрофда қизлар
кўп эди. Аммо унга етиб олганимдан сўнг, юрагим бироз сесканиб, нафасим бўғила
бошлади. Менга нима бўлаётганини тушунолмай қолдим. Бир неча қадам узоқлашгач
англадим – ҳаяжонланишимга сабаб ўша қиз эди. Бир тутам сочи пешонасига тушиб
турар, лаблари, эҳтимол совуқдан ёрилган бўлса керак. Мен унга етиб олдим ва
ортидан эргашдим, қандайдир бегона куч тўхташга мажбур этди. Ортга қайрилдим, у
ҳам қаради. Кўнглимда бирдан унга ачиниш ҳисси пайдо бўлди, йўқ, йўқ, унга
эмас, ўзимга. Унинг кўзларида ҳудди ўзимнинг кўзёшларимни кўргандек бўлдим.
Глобусни юлдузлари билан бирга синдириб юборгудек қаттик, бағримга босдим. Мактабимиз
даҳлизида шамлар чирсиллаб ёнмади, қўнғироқлар гумбурламади, фақатгина мусиқа
хонасидан ашула овози эшитилиб турарди. У бошини қуйи солди, балки кўзёшларидан
уялгандир, менга яна бир бор қаради ва кетди. Мен эса жойимда турганча унинг
изидан қараб қолдим.
Қадрли Петрарка, биз иккимиз ҳам кечирилмас хатога йўл қўйдик ва бунинг
учун аёвсиз жазоланяпмиз. Журъатсизликни енгиб, Лаурадан бирор арзимаган нарса ҳақида
сўраш керак эди, масалан:
— Бугун нечанчи сана? – деб.
Ўшанда Лаура:
— Бугун 6-апрель, — дея жавоб берган бўларди.
Сиз гўзал Лаура билан шундай танишган бўлар эдингиз, бироқ сиз
индамадингиз, ҳудди тошдек қотиб қолдингиз ва мана орадан 600 йил ўтиб, мен ҳам
сизнинг хатойингизни такрорладим. Шу пайт директор ўринбосари келди ва:
— Бу ерда нима қиляпсан? – деб сўради.
— Бу юлдузли осмоннинг глобуси, — дея шошганимдан пойинтар-сойинтар жавоб
бердим.
— Даҳлиз ўртасида турмай, тез дарсга кир! Вақтни беҳуда сарфлама, — жаҳли
чиқди устозимнинг.
Қўлимда глобусим билан ортга қайтдим.
Сўқир каби на девор, на дераза, на қуёш нурларини сезмай кетиб борардим. Ичкаридан
қўлида буткул бошқа глобус кўтариб, кимдир чиқди. Синфга бахтсиз Петрарка қайтиб
келди, лекин буни ҳеч ким сезмади, ҳаммаси жойида, деб ўйлашган бўлса
керак-да.
Сиз ҳар куни черковга боргансиз. Мен ҳам ўз Лаурамни учратиш ниятида
тез-тез учинчи қаватга чиқаман. Уни кўрганимда айтаман, деб ҳар доим чиройли
гапларни ёдлаб юраман. Аммо у келмади. Ёнимдан қанча қизлар ўтди – ҳаммаси
бегона, хаммаси бир хил.
Бир куни Лаура мармартошга қўлқопини тушириб юборган. Сиз эгилиб қўлқопни
олгансиз ва уни бекасига узатгансиз. Лаурадан миннатдорчилик сўзларини эшитиб, қувонгансиз.
Бу ҳолат яна такрорланишини кутгансиз, аммо Лаура қўлопини бошқа тушириб
юбормаган.
2
Мен уни бир ойдан сўнг кутилмаганда учратиб қолдим. У ҳақда кўп ўйладим,
унга жуда кўп нарсалар ҳақида айтишни хоҳладим, аммо уни яна қайта 3-қаватда
кўрганимда ёдлаган сўзларим эсимдан чиқиб кетди.
— Қўлқопинг борми? – дея аҳмоқона савол бердим. У ажабланди.
— Ҳозир май-ку.
Бор кучимни тўплаб:
— Қўлқопингни тушириб юборсанг, мен уни ердан олиб беришни хоҳлагандим, —
дедим.
У менга ҳайрон қараб турди-да:
— Нима учун? – деб сўради.
Бирдан униг кўзлари шодликдан қувнаб кетди ва жавобимни кутмай, югуриб
кетди. Мен ҳам унинг ортидан чопдим.
Менинг Лаурам аввал даҳлиз бўйлаб югурди, сўнг зинапоядан пастга тушди ва
мактаб ҳовлисига чиқди. Мен ҳам унинг ортидан қувлаб борардим. У билан шунчалик
яқин эдим-ки, майса ифорини ва сочларининг қуёшдан қизиб кетганини ҳис қилдим. У
мактаб томорқасигача югуриб бориб, тўхтади. Мен ҳам тўхтадим. Орамиздаги масофа
анча яқин эди ва бир-биримизга қараб ҳансираб нафас олардик. Ўйлаб ҳам ўтирмай:
— Мен ҳамма қизларни ўпганман! – деб юборибман. Ўшанда айтган сўзларимга қаттиқ
пушаймон бўлдим. Лаурамнинг кетиб қолишини кутгандим, аммо у жойида турар,
кўзлари менга ғазаб билан боқарди.
Мен ҳаётимда бирорта қизни ҳам ўпмаганман ва буни тасаввур ҳам қилолмайман.
Петрарка, мен ёлғон гапирган эдим!
— Хоҳлайсанми, ҳозир гугурт чақаман ва охиригача ёниб бўлгунга қадар
тишларим орасида ушлаб тураман, — дедим исноддан қутулиш учун. У менга ҳадиксираб қараб турди-да:
— Бошқа ортимдан югурмайсанми? – деб сўради.
— Югураман! – дедим. Овозим ҳудди қасам ичгандек жаранглади. – Энди доим
ортингдан югураман. Қишда қўлқопинг ерга тушиб кетса, уни ўзим ердан олиб
бераман.
Мен шунчалик куйиб-пишиб гапираётган
эканман-ки, олдимизга математика ўқитувчимиз Ольга Ивановна келганини ҳам пайқамабман.
— Қаерга даф бўлдинг? Даданг кутяпти. Кетдик! – деди Ольга Ивановна менга
эътибор бермай ва менинг Лаурамни олиб кетди.
Биламан, сизнинг Лаурангиз 1348-йил ёзда ўлат туфайли вафот этган. Буни бир
китобдан ўқиган эдим. Ўшанда: “Оҳ, ўз қисмати ҳақида билмай ўтди”, — дея нола
чеккансиз.
Менинг Лаурам отаси ва онаси – бизнинг математика ўқитувчимиз Ольга
Ивановна билан кетди. Унинг ўрнига бошқа ўқитувчи келди. Ҳануз яшашда давом этяпман. Учинчи қаватга чиқиб,
бошқа қизларга қиё ҳам боқмай даҳлиз бўйлаб оҳиста қадам ташлайман. Унинг
кўзларида акс этган аланга ва юлдузларни кўргандек бўламан. Юрагимни аламли
шодлик чулғайди. Петрарка, мен сиз каби шеър ёзмайман, аммо энг зарур машинани
кашф қиламан ёки бирор инсонни қутқараман, балким ойга учарман – ўшанда Лаурам
буни эшитади ва менга ўзи ҳақида хабар беради. | 2020-07-16 | http://nodirabegim.uz/archives/2592 |
Маҳбубам, келақол, тортинма,
рақс тушиб дунёни кезайлик.
Бу ҳаёт аталмиш даврада,
қанотни эркинроқ ёзайлик.
Суяксиз эмасман ўйинга,
нима ҳам ўзгарар яширсам?
Эпчил қадам ташлай олмайман,
рост, англолмайман ритмларни ҳам.
Лек, юрак йўрғалар куйингга,
менинг сўзим мисли нақорат.
Рақс тушар эканмиз икков –
ўртамизда севги бор фақат.
О, бизнинг ўйингоҳ ердамас,
ўрнашган таҳайюл юртида.
Бахтимиз шунчалар бутунки,
мангулик ҳам қолажак ортда.
Пайқадингми титроқларимни?
Ахир доим титрайман-ку мен,
Сарҳисоб шарт эса агарда,
муҳаббатим – мукаммалга тенг.
Маҳбубам, келақол, тортинма,
рақс тушиб кезайлик дунёни…
Бир қизни биламан, Одессада у
Улкан бир денгизнинг шундоқ лабида.
Кўзлари тим қора, қора қаҳвадек,
Йўлимни қарайди, менман қалбида…
Бир кун Одиссейлик қилурман ўзим,
Гомер куйлаб ўтган қаҳрамон мисол.
Ўшанда боғларни баҳор чулғаса,
Бизнинг юракларни ўрайди висол.
Бирам форам ҳаво, арилар тинмас
Келинга дўнади гўё Одесса.
Оқ, пушти кўйлаклар кияр-у гулдан
Бир лаҳзани пойлар – қани мен келсам…
Эҳ, мен аскар эмас жангларда ғолиб,
Ё тарихдан қайтган Одиссеймасман.
Аслаҳам йўқ ахир қаламдан ўзга,
Сўздан нажот кутиб яшовчи касман…
Лек, кўзлари қора, қора қаҳвадек…
Ўшал малак ила топишмоқ учун,
Севги майдонида қучгали зафар,
Албат Оддесага қайтурман бир кун!
Севгилим,
менга деб гуллар олибсан бугун,
айт-чи, улар ўсади қайда?
Улар Зимбабведан келтирилар
бизнинг ёқларга,
Билармидинг дея қизиқдим.
Улар Хараредан олиб келинган,
У ерда рақс тушар сонсиз тунеллар,
Ва бизнинг бир онлик шодлигимиз деб,
Чанқоққа дош берар миллионлаб оғиз…
Азизам,
менга деб гуллар олибсан бугун,
айт-чи, улар ўсади қайда?
Улар Зимбабведан келтирилар
бизнинг ёқларга,
Билармидинг дея қизиқдим, холос…
Сув сўраб навбатда турдим кун бўйи,
Ҳеч нарса йўқ эди мен учун бироқ.
Сув сўраб навбатда турдим кун бўйи,
Аммо бари эди беҳуда…
Биз Далитлар – энг паст табақа,
сабр билан кутдик қаторда.
Бироқ Брахманлар деди:
“Сув тамом!”
Жазирама офтоб тиғида
турган эдик навбатда, кейин
Сувсиз қайтдик уйга
эмаклаб…
Улар қўлда дарралар билан
Қарши олардилар бизни.
Мабодо,
Нолисак дўппослаш учун,
Бечора гўдагим –
йиғлади,
йиқилди…
Мен-чи қайтдим уйимга ёлғиз…
Сув сўраб навбатда турдим кун бўйи,
Ҳеч нарса йўқ эди мен учун бироқ.
Сув сўраб навбатда турдим кун бўйи,
Аммо бари эди беҳуда…
* * *
Севгилим, кўзингда ёшларни кўрдим,
Қандай қилиб тағин етказдим зарар?
Ўйловсиз сўзларим майин қалбингни
Ханжар каби тилди – айлади яра.
Била туриб озор бергандан кўра,
Маҳкум қилинсайдим кошки ўлимга.
Бироқ тилкаландим, осилдим рости,
Кўнглингни оғритган заббоб тилимдан.
Бу тақдир ўйини, биламан, жоним,
Кимни ардоқласак берамиз озор.
Не кўйларга солар телба руҳимиз,
Ҳезланиб қоламиз бекордан бекор
Кечирармисан, айт, бир бора мени?
Ранжитганим учун, азизам, сени?
* * *
Ҳаёт ўйин эмасдир, Адам,
Ютқазсанг бас, мағлубсан демак.
Берилмагай бошқа бир ёрдам,
Иккинчи бор жонланмоқ – эртак.
О, биламан, ҳаяжон недир:
Қон ютганман қалтираб, қақшаб.
Ҳов, ўша сен ғанимларингни,
Енгганингда мардларга ўхшаб.
Бироқ, ҳаёт ўйинмас, Адам,
Ютқаздингми, мағлубсан демак.
Берилмагай бошқа бир ёрдам,
Иккинчи бор жонланмоқ – эртак.
Мен ҳам сендек бир аламзада,
Киборларни кўрар кўзим йўқ.
Кетига бир тепсам, додласа,
Тағин хўрлай дейману бироқ…
Ҳаёт ўйин эмасдир, Адам,
Ютқазсанг бас, мағлубсан демак.
Берилмагай бошқа бир ёрдам,
Иккинчи бор жонланмоқ – эртак.
Адам, бир бор берилган умрим,
Яшамоқ-чун бахтлиларга хос.
Тағин урин демайди ҳеч ким
Бу дунёни тарк этсам бехос.
Намозшом чўкади борлиққа
Сояларга бурканар замин.
Дайди шамол эсар ҳар нега
Пуркамоқчи бўлиб изғирин…
Қўнаётир соялар аста
Менчи бунда бир ўзим маҳзун.
Ўзим каби ёлғиз қалбимни
Мутаассир этар қаро тун.
Унутади булбул нағмасин,
Бойўғлининг ноласи музлар.
Яшринар оч тулки инига,
Гарчи сен йўқ, бир сени излам… | 2020-07-19 | http://nodirabegim.uz/archives/2616 |
Учиб бораётир паравоз
тўғри
Чўққилардан ошиб,
манзил ноаён.
Йигитча атади ўзини ўғри,
Энди йигитчанинг ҳаёти
зиндон.
Шошма, эй паравоз, шовқин
солмагин,
Кондуктор, тормозни
тутиб тур бир оз.
Очликдан зориққан бетоб
онамга
Сўнгги салом билан чиқайин
пешвоз.
Ўғлинг кечагидек эмас
бу маҳал,
Меҳрибон болангни соғинма
куйиб.
Мени ўғриликнинг ишқи
забт этар,
Энди ҳаётим ҳам абадий
ўйин.
Панжара ортида очар
бўлсам кўз,
Қафас деворини бузиб
тўрт томон,
Ойнинг ёруғини ўмарган
юлдуз
Порлаган оқшомда қочиб
кетарман.
Агар пайқагудек бўлса
зобитлар
Камера бағрида қорам йўқлигин,
Ваҳима кўтариб менга ўқ
узар,
Ерга бошим билан қаттиқ
йиқилгум.
Ювиқсиз танимдан тўлади
ётоқ,
Миқ этмай ётарман
таслим қилиб жон.
Сўнгги бор ўпгани
келмайсиз, э воҳ,
Ўғлингиз юзидан, азиз
онажон!
Учиб бораётир паравоз,
ахир.
Учиб бораётир ˗ манзил
ноаён.
Йигитча ўзини ўғри
атади,
Энди йигитчанинг ҳаёти зиндон.
Тўхта, эй паравоз, шовқин
солмагин,
Кодуктор, тормозни
тутиб тур бир дам.
Онам дийдорига тўйиб
олайин,
Сўнгги саломимни
эшитсин, онам!
Менга биринчи йил қийин
ҳибсда,
Оширилар балки тўрт йилга муддат.
Озод дунёнгизда не
янгиликлар,
Дўстлар, қадрдонлар,
ёзинг менга хат.
Нелар нўш айларсиз,
ичмасми сира,
Бу ерда ёз-у қиш совуқдир ҳар он.
Дўстлар, хабар беринг,
ёзинг баридан,
Бу ерда ўзгариш бўлмас
хеч қачон.
Менга жуда-жуда етишмассиз сиз ˗
Таниш чеҳраларни кўргим
келади.
Ким билан Надюха, қандай?
Айтингиз,
Ёлғиз? ˗ унда у хам
юборсин хабар.
Ёзган сўзларингиз
дардимга дармон,
Қўрқинчли ˗ қўрқинчли суд эрур, фақат!
Мактублар берилмас
менга, эҳтимол,
Барибир ёзингиз
дўстлар, менга хат!..
Ўйласанг, рафиқанг
билан иш чатоқ,
Ўйласанг бошингни
чангаллаб фақат.
Ўйласанг, ўмариб
кетдилар, бироқ,
Тириксан, шу учун айтақол
рахмат.
Не бўпти, саркома бўғса
бўғзингни,
Не бўпти, ароққа
туйсанг муҳаббат,
Не бўпти, уйингдан қувса ўзингни,
Тириксан, шу учун айтақол
раҳмат.
Тупур, ажина банд этса
тушларинг,
Тупур, шерикларинг қилса
хиёнат,
Тупур,
«София»да синса тишларинг,
Тириксан, шу учун айтақол
рахмат.
Майли, қириндида
ухлабсан бир тун,
Майли, ерга урса
торингни туҳмат,
Майли, юкласалар
замбилга бир кун,
Тириксан, шу учун айтақол
рахмат.
Тўғри, Худо мен билан,
ўзим айбдор,
Тўғри, ким хоҳласа
эришгай албат.
Тўғри, тирикман, лек,
бир ўтинчим бор,
Кимга айтмоқ керак бу
учун раҳмат.
Ҳеч йўқса сен суҳбатдош
бўл, кел,
Жонона гитарам ˗ етти
тор.
Ойдин тунда сенга тўлар
дил,
Яна бир бор, эҳ, яна
бир бор,
Яна бир бор, яна кўп
бора…
Бўтакўзли саҳро, йўл
йироқ,
Ғам юракда ясамоқда
дор.
Кўзлар эса чалар қўнғироқ,
Яна бир бор, эҳ, яна
бир бор,
Яна бир бор, яна кўп
бора…
Тоғ узра қандағоч тутар
юз,
Тоғ остида қалин
олчазор.
Эрга тегар севгим ˗
лўли қиз,
Яна бир бор, эҳ, яна
бир бор,
Яна бир бор, яна кўп
бора…
Бўлар эди гўзал
хотиним,
Йўлларимда эди интизор.
Бир бор хиёнат қилди,
кейин
Яна бир бор, эҳ, яна
бир бор,
Яна бир бор, яна кўп
бора…
Биринчи бор қиласиз
фарёд
Сизни кимдир ўпса, эй,
дилдор.
Сўнгра кўникасиз
умрбод,
Яна бир бор, эҳ, яна
бир бор,
Яна бир бор, яна кўп
бора…
Гар дўстинг
кўринса бир дам,
На дўст, на душман,
Шунчаки…
Дўст эмас, ё чиндан ҳам
яқин ˗
Изларкансан жавобни
унда
Йигитчани чорлагин тоққа,
Ёнида тур,
қолдирма якка.
Бир арқонга у билан
осил,
Аён бўлар шунда барча
сир:
Чўққи сари борсанг
мардона,
Арқон бунга бермаса
бардош, ˗
Қутқармаса,
тўкмаса кўзёш, ˗
Демак,
қаршингдаги бегона.
Дўстим дема уни ҳеч
жўшиб,
Йўлатмагин,
қув уни тезда.
Жаннат ёпиқ унга,
бу ерда
Ундайлар деб куйланмас қўшиқ.
Агар ҳамдам бўлса
йўлингда
Ғазаб билан осиб қовоғин.
Йиқилсанг
панд бериб оёғинг,
Нолиса ҳам тутса қўлингдан
Бўлса ҳамки қиёмат-қойим;
Тоғда қад кўтарса,
безавол
Ишонгандек ўзингга
доим
Суянавер унга бемалол.
Тағин ёлғизликдан сипқоргум
шароб —
Тунлар қулоғимга саслар
бўй чўзар.
Кимдир исмим айтиб қилади хитоб —
Боқсам Иблис экан — ана мўжиза!
Иблис имо қилиб кўз қисди ва мен
Термулиб сўзладим Иблисга секин:
«Кўргин, айтмоқдаман, ёлғиз майга сир,
Балки, ичадирсан Сен айниган қон…
Эй Иблис, Иблисвой, Иблис, Иблисжон,
Келгин, қувонтириб ёнимда ўлтир…
Жиндек қўрқдингми, айт, эй Жин ургур?!
Елкамдан туш ё менга тиклагин гўр!»
Борисов билан Иблис таниш эмиш —
У майхона катта бошлиғи шу тоб —
Ушатаркан нонни, тахларкан емиш,
Қўйдим иккимизга етарли шароб.
Май тугади — турмам ўйловда қотиб,
Вокзал бозоридаги оламиз сотиб.
Сал толиқдим, кетди вокзалга Иблис…
Уйғонарман — Иблис — юрак жуда ғаш:
Янги шароб ҳидин У қилади ҳис,
Ё тағин келарман мен унга тўқнаш.
Иблис ҳақоратлаб ҳеч олмади тин,
Сўнг думига босди сарғайган бетин.
Кулгидан тўхтатиб ўзимни зўрға
Сўрадим: «Дўзаҳда қарашлар
қандай
Бизнинг бош ташлаган шаробхўрларга —
Ёқишарми улар танини майда?»
Иблис жавоб қилди сўкиб: «Айни дам
Ҳаммаси ўзгадир, эҳ, дўзаҳда ҳам!»
…Ҳаммаси тугади, ёришди хона —
Иблис ичмай кетди — бари гўё туш,
Балки мендан бироз бўлган У хомуш,
Ҳамон кутмоқдаман келар деб яна…
Ахир, ёлғиз ўзим ичгандан ҳар гал,
Иблис билан бирга ичганим афзал.
Хириллайман тушимда
гир-гир,
Зафарон ўт билан қилиб
жанг:
«Борган сари,
тобора, ахир,
Уйқусираб уйғонади
тонг!»
Бироқ тонг ҳам ўзгадир
бу кез?
Шодлик нари кетар юзлашмай:
Оч қоринга
чекасан ёлғиз,
Ё бегазак сипқорасан
май.
Майхонада мовий
дастурхон,
Оқ сочиқлар порлаб олар
ҳуш ˗
Майхўрларга жаннатдек
макон ˗
Қафас ˗ унда мен қамалган
қуш.
Нур кўрмаган, черковлар
бадбўй,
Тутатади котиблар кўкат.
Керагидек эмас ушбу уй,
Бари ўзга охир-оқибат.
Чўққи сари отлансам шу
чоқ,
Енгилмасдан, етгунча
мадор.
Тоғ узра кўз очар қандағоч,
Тоғ остида қалин
олчазор.
Қия тушган мато сингари
Қучса эди кулгу
хандаси,
Хеч бўлмаса яна
нимадир…
Керагидек эмас ҳаммаси.
Дарё соҳилида тутдим
юз:
Худо йўқдир, ёруғлик ˗
зулмат!
Олис саҳро узра
бўтакўз,
Бу йўл жуда йироқдир фақат.
Йўл ёқаси қалин бир
ўрмон ˗
Ялмоғизлар ўзига
тортар.
Йўл сўнггида кундага ҳамон
Санчилганча турар
ойболта.
Қаердадир отлар тушар
рақс ˗
Бўйсунмоқда мажбур
кимгадир.
Йўл сўнггига етганда
билъакс,
Бўлар тағин бир ҳафсала
пир.
На майхона, на черков,
ахир,
Ҳеч муқаддас
аталмас бу дам.
Йўқ, дўстларим, бари
ўзгадир,
Керагидек эмас сира ҳам.
***
Бошлагин,
Ўйларингни янчгин пўстидан.
Ташлагин,
Майли, қора ҳаммом устидан!
Барибир
Чўктирарсан тутунга бефарқ!..
Улоқтир,
Билганингча қил ҳаммомга ғарқ.
Ғарқ бўларман бугун охир дам,
Лек, шубҳа бор оқармоғимга.
Мизғима,
Қайда қолди белбоғ ва нимча?
Эзғилаб,
Савалайман оқаргунимча.
Шошмагин,
Ахир, бу тўрт девор дудланган.
Ташлагин
Қора ҳаммом устидан лангар.
Ғарқ бўларман бугун охир дам,
Лек, шубҳа бор оқармоғимга.
Қичқиргин
Бурчакда бир қувғинди каби.
Етар, жим,
Қилмоқдаман майсиз минг сабр…
Чидагин,
Сен сирларим этган овоза.
От, тағин
Итваччадек бўлайин тоза.
Ғарқ бўларман бугун охир дам,
Лек, шубҳа бор оқармоғимга.
Бошлагин,
Бир қоровул сотилган онда,
Ташлагин
Қора ҳаммом устидан тонгда.
Барибир,
Чўктирарсан тутунга бефарқ.
Улоқтир,
Билганингча қил ҳаммомга ғарқ.
Ғарқ бўларман бугун охир дам,
Лек, шубҳа бор оқармоғимга.
*** | 2020-07-24 | http://nodirabegim.uz/archives/2653 |
Айёр шуълалар.
Ёмғир ўйнар Госукэ
Буғдойзорида.
***
Чивинли тўрда
Бўзарар маъсум гўдак
Кўзни шод этиб.
***
Шляпа йўқ. Шунга
Манглайимни яширгум
Елпиғич билан.
***
Оқшомги шамол…
Ювар қуш оёқларин
Дарё тўлқинлари.
***
Деразадан алп
Тоғларни кўргум яна
Бошланса ўрим.
***
Инидан чиқмас
Бадгумон шиллиқуртлар
Ёмғирдан чўчиб.
***
Шошил, паромчи!
Қирғоқдаги майсада
Титрар елпиғич.
***
Какку кўринмас
Пойтахт осмони бўм-бўш.
Бўм-бўш умидлар.
***
Ҳамма банд: вино
Тайёрлашар қўшнилар.
Биз эса суши.
***
Кетяпман яна.
Қанча юраман ёзги
Далалар бўйлаб.
***
Митти кўринар
Ям-яшил далалардан
Бу олис тоғлар.
***
Чошгоҳ пайтида
Ялтирайди қиличдек
Қўлда елпиғич. | 2020-07-25 | http://nodirabegim.uz/archives/2659 |
I
Қувғинди руҳ, қайғули
Демон
Гуноҳкор ер узра учарди.
Масъуд кунлар хаёли шу он
Кўз олдидан бир-бир ўтарди:
Малак эди тоза ва маъсум,
Хандон эди арши-аълода.
Ҳатто юлдуз мовий самода
Айлар эди унга табассум.
Ташна боқар эди ҳар замон
Олов сайёралар диёри,
Қуюқ туманларнинг қўйнидан
Аста кечган карвонлар сари.
У замонлар, даргоҳи улуғ
Худовандни севар, инонар
Эди. На кин, на шубҳаси бор
Бу бахтиёр ва тўнғич махлуқ!
Бекор, бебурд кечган асрлар
Васвасага солмаган, имон
Тоза эди… Тағин нималар…
Эслагани йўқ эди имкон!
II
Жаҳон дашти ичра беватан
Кезар сарсон, қувилган наби.
Йиллар ўтар, яна йиллардай
Навбат кетар, минутлар каби.
Шод эмас у, ки ерда хоқон
Фанони дер, истар фароғат,
Шунинг учун ҳар ерда, ҳамон
Завқ олмасдан, сочар шарорат.
Санъатининг чеки йўқ кўкдай,
Хоҳишига қаршилик кўрмай
Шунча кезди, шунчалик юрди…
Сўнг ниҳоят, кўнглига урди.
III
Гўзал Кавказ осмони —
шиша,
Қанот қоқар жаннат матруди.
Пастда Казбек. Унда ҳамиша
Қор ярқирар — олмос худуди.
Чуқур жарда илон инидек
Гирдоб ўраб кўринар Дарёл.
Елкасида кўпик—бароқ ёл
Худди шердай сакрайди Терек.
Ўйноқи сув қўнғироқ чалар…
Тоғ тепада кезган жонивор
Кўкда учган паррандаки бор
Ҳаммаси ҳам ҳайратда қолар.
Елкан каби осмонда юзган
Енгил қанот, олтин булутлар
Уни бирга олис жанубдан
Шимол ёққа кузатиб борар…
Зумрад дарё оқар тўхтамай;
Тепасида буюк қоялар
Тўлқинлардан кўнгил узолмай
Бош солишиб мудраб қоларлар.
Салқин Кавказ дарвозасида
Дев қоровул каби баланддан
Миноралар тоғ ёқасида
Чирой билан очилган эди.
Аммо, мағрур Иблис
кўнгилсиз
Хаёллари сочилган эди:
Нафрат ёғар ҳар нигоҳидан,
Тилларида аччиқ ҳақорат,
Рози бўлмай ўз оллоҳидан
Ғазабланар эди у, фақат.
IV
Кўз ўнгида борди бир диёр:
Жаннат каби гўзал Гуржистон.
Майса-гилам ёзган водийлар
Гўё чаман-чаман гулистон.
Кумуш каби булоқлар жўшқин
Жимирлайди тубида тоши…
Шалолар сачратган учқун
Балки, гуржи қизининг ёши.
Қора сочи бамисли сунбул
Сулув қизлар муҳаббатини
Гул шохида ўқийди булбул;
Мармар каби мусаффо туни.
Қуюқ соя ташлаган чинор,
Баргларини шаббода ўйнар…
Жин гул босган жарда гоҳилар
Қўрқиб-писиб ётар оҳулар…
Бунда севги, бунда шан
ҳаёт,
Япроқларнинг сўнмас шовқини.
Аммо, булар ҳаммаси, ҳайҳот!
Қўзғатолмас Иблис завқини.
Бунда минг хил ям-яшил гиёҳ,
Нафас олар, ғуборсиз ҳаво.
Бунда тинчлик ўзи бир наво,
Лекин, Иблис нафратли, эвоҳ!
Ой нурида марварид каби
Гул баргида шабнам ялтирар.
Гуржи қизнинг кўзлари каби
Очиқ кўкда юлдузлар ёнар.
Яна шундай гўзал табиат
Буни асти хурсанд қилмади.
Қувғин шайтон, бадарға хилқат
Бу борлиқни писанд қилмади.
Тошдай қаттиқ кўнгли юмшамай,
Туёлмади на қувват, на ҳис.
Неки кўрди, сира хушламай
Унга нафрат ёғдирди Иблис!
V
Қари Гудал ўзига атаб
Кенг, муҳташам ҳовли солдирди.
Ҳар тошида минг хаста — бетоб
Қуллар қонли кўз ёш қолдирди.
Қўшни тоққа саҳардан тортиб,
Кўлка ташлар баланд девори.
Қоядаги зинадан ўтиб
Йўл боради шўх дарё сари:
Бу йўллардан ҳар куни бир бор
Елкасига қўйиб кўзани,
Енгил кўчиб гўё сузгани,
Аравага чиқарди хумор,
Ёш Тамара — Гудал надраси
Ҳилпирарди шоҳи чодраси…
VI
У зўр қалъа тоғ
қиррасидан
Сукут билан боқарди ҳар чоқ.
Букун бўлса, сурнай сасидан
Тўлиб-тошган ҳар тараф, ҳар ёқ.
Қадаҳларда тоза мусаллас
Акс этади қандили чироқ.
Жам бўлишган яқину йироқ
Катта базм: ҳамма маст-аласт…
Букун Гудал қизин тўй этар,
Гўзал Тамаранинг никоҳи.
Тўрда келин, яшнаб нигоҳи
Қизлар ичра ойни эслатар…
Узоқдаги ҳайбатли тоғлар
Беркитдилар қуёш ярмини,
Чапак чалиб, ўйнаб ўртоқлар
Руҳлантирар қизлар базмини.
Авжи ўйин қизиб турганда,
Чилдирмани олди келинчак—
Ўйнаб кетди… Ҳар зарб урганда
Ғунча ёзар эди бир чечак.
Пирпиратиб ҳилила енгин
Гоҳ учарди қушдан ҳам енгил.
Гоҳ тинарди, сузук боқарди,
Қошларини нозик қоқарди,
Гоҳо аста букиб тиззасин
Гилам узра йўрғалаб кетар.
Илон каби ўйнаб гавдасин
Ҳар нигоҳни ўзга банд этар.
Сўнг, боладек кулади ўзи,—
Машъаладек ёнади кўзи.
Билмадимки, баъзан кумуш ой
Ўйнагани хафиф, юмшоқ нур
Ҳаёт каби, ёшлик каби бой
Бу кулгига қандай тенглашур?..
VII
Онт ичаман, тундаги юлдуз,
Кун ботишу, шарқнинг ҳурмати
Бундай гўзал, бу каби кундуз
Фусункорни олам кўрмади,
На Эроннинг буюк султони,
На жаҳоннинг бирон хоқони
Бу хил қизни кўролмаган ҳеч,
Бу хил кўзни сўролмаган ҳеч!
Ҳарамларнинг муздек чашмаси
Инжу каби сувлари билан
Ой баравар бир карашмаси
Гўзалларни жуда кўп кўрган.
Аммо, бирон марта бўлса ҳам
Саратонда дим ва иссиқ кеч
Бундай қомат, бундайин санам
У сувларда ҳопитмаган ҳеч.
Дона-дона маржондек сувлар
Уни кўрмай ўтганларини,
Армон билан кетганларини
Эҳтимолки, асти билмайлар.
Жаҳон ичра кимса бир марта
Сутдай ойдин хилват тунларда
Бундай сочни силай олмаган,
Бу хил лабга из сололмаган.
Онт ичаман, бу ёруғ жаҳон
Айрилгандан бери беҳиштдан
Бундай чирой кўрмай, ҳеч қачон
Озмаганди ақлдан-ҳушдан.
VIII
Сўнгги сафар ўйнар эрка
қиз…
Тоғлар! Гудал машъаласини,
Озодликнинг шўх боласини
Балки, кўролмассиз эрта сиз.
Туширинди қилиб эртага
Олиб кетар куёв бир умр.
Ҳайҳот! Кимга нозини қилур?
Қандай кўнар бегона уйга?
У билади. Равшан дийдасин
Номуайян шубҳа босади.
Кўтаролмай гоҳо сийнасин
Калта-калта нафас олади.
Унинг бутун ҳаракатлари
Ифодали, содда-тўпори
Хўп келишган эди ўзига.
Агар шу чоқ Иблис кўзига
Тушиб қолса, мабодо, бу қиз
Тикилганча қотиб қоларди.
Эслаб кетиб ўтмишни, ёлғиз
Бир оҳ тортиб, нафас оларди.
IX
Ёҳу! Иблис қизни пайқади,
Ўша замон сезди ҳаяжон:
Ширин бир куй гўё биёбон —
Даштдай кўнгли ичра тарқади.
У, янгидан муҳаббат-севги
Чирой санамига йўлиқди.
Тўймай боқди. Хаёли эзгу
Кечган бахти билан тўлиқди.
Эс китоби варақ ёзаркан,
Саодатли кунлари бир-бир
Юлдуз каби тизилиб пир-пир
Занжир каби ўтди назардан.
Бир гезли куч боғлаб чамбарчарс
Янги ғамга ошна бўлди у.
Унда сезги тилга кирди, бас,
Қоплаб олди уфқни қайғу.
Туйди севги ҳаловатини:
Қайта яшаш аломатими?
Васвасага солгани қизни
Тополмади ақлида мадор.
Унутмоқми? Йўқ, Парвардигор
Бундай кучни, бундайин ҳисни
Унга асли берганмас эди.
Берганда ҳам бу олмас эди.
Х
Никоҳ учун ошиқар куёв;
Қун ботмасдан етиб бормоқчи.
Сабри тугаб кўнглида зўр дов,
Отга босар устма-уст қамчи.
Етиб келди бехавфу хатар
Арагванинг соҳилларига.
Нортуялар соҳибларига
Занжир каби эргашиб қатор,
Дармон кетган каби тизидан
Битта-битта кўчар изидан.
Юки оғир… Бу катта карвон
Олиб келар қайлиққа эҳсон.
Жангур-жунгур ўйнар қўнғироқ,
Ҳали манзил олис, кўп йироқ…
Сенодалнинг ҳокими ўзи
Қелар карвоннинг бўлиб кўзи.
Белда камар, қилич ва ханжар,
Жим-жим этар офтобнинг тиғи,
Елкасида осиғлиқ — ҳам зар,
Ҳам тилладан гулдор милтиғи.
Қиммат баҳо чакмон эгнида.
Шамол ўйнар барин қўйнида.
Шоҳилардан тузалган эгар;
Гулдор юган той бўйнин эгар.
Тухум каби сағри гупурган,
Гўё, биров унга сув пурккан;
Тезоб, абжир, туси бебаҳо
Асл саман, гўёки тилло…
Қорабоғнинг шўх югурдаги
Қулоғини чимирар ҳамон,
Ваҳимага тўлиб юраги
Кўз ташлайди тўлқинлар томон:
Тор ва хавфли ингичка бу йўл
Ўнг томони чуқур дарё, жар,
Қирра тошли буюк қоя — сўл,
Ҳар минутда кутар бир хатар.
Ўзи ҳам кеч. Қорли чўққида
Шафақ ўчай-ўчай деб турар.
Туман босди. Тоғлар уйқуда…
Карвон пича тезлаб йўл юрар.
XI
Йўл устида кичик бир
дахма,
У дахмада кўҳна бир мазор,
Душман қўли билан минг лахма
Бўлган қандайдир князь ётар.
Уни энди авлиё дейлар,
Ҳақига юз минг дуо дейлар.
У йўллардан биронта йўлчи
Ё ҳайит, ё жанг кетар бўлса,
Ўша ерда дам олиб пичи
Унга ибодат этар бўлса,
Сақланарди мусулмонлардан:
Ханжаридан, тўкар қонлардан.
Аммо, ботир юракли куёв
Истамади бу ибодатни,
Бузди — гўё ўчакишган ёв
Боболари қилган одатни.
Чунки, Иблис алдади уни,
Хаёлини айнитди қўймай:
У, ўйида, гўё тинч туни
Қайлиғини ўпарди тўймай.
Ёҳув! Кимнинг шарпаси бўлди,
Рўбарўдан, тоғ олди қирдан
Икки соя кўринди бирдан,
Ўқ чақнади. Ваҳима тўлди.
Жасур князь чурқ этмади ҳам,
Узангида тип-тикка турди.
Папоғини бостирди, шу дам
Учар отга бир қамчи урди.
Қўлида турк қиличи ёнди,
Бургут каби олға ташланди.
Ёввойи дод, бўғиқ бир фиғон
Тутди бутун водийни шу чоқ.
Узоқ давом этмади. Бу он
Гуржи эрлар қочди тумтароқ.
XII
Яна тинчлик босди водийни.
Ёлғиз, қонли мурдалар ётар.
Йўлчиларнинг айлаб ёдини
Мўлтир-мўлтир туялар боқар.
Талон бўлган катта бой карвон
Молдан асар қолмаган сира,
Христианлар ўлиги узра
Қора қушлар уради жавлон.
Шахид ўлган бечораларни
Оталари ётган мозори
Чорламайди. Бечораларни
Қимга етар фиғону зори?
Аза тутиб, узоқдан — улиб
Оналари келмас бошига.
Олам тўлиб қонли ёшига,
Сингиллари турмас оҳ уриб.
Қабрлари теппасида ҳеч
Шам ёқилмас саҳар, кундуз, кеч.
Аммо, бирон мурувватпарвар
Ёдгор этиб ўтқизар бир бут.
Осмонида йиғлар оқ булут,
Атрофида гул ўсар пар-пар.
Сўнгра бундан юрар йўловчи
Бефотиҳа ўтиб кетолмас.
Узоқ йўлда бўлмай иложи
Бу ерларда дам олур бирпас.
XIII
Буғу каби тез учар саман
Худди жангга ошиққан каби.
Кўзи соққа каби ўйнаган,
Пишқиради, титрайди лаби.
Тоғлар бўйи сакрайди гоҳо,
Туёғидан елдирим чақнар.
Шамол недир тинглайди.
Гўё гув-гувида ваҳм сири бор.
Ели чалкаш бўлиб пирпирар
Ҳушсиз, худди ўқдай югурар.
От устида чалқанча тушиб,
Гўё, совуқ елдан увушиб
Йўлчи ётар: оқарган ранги.
Оёғида маҳкам узанги
Шилқ этади, отнинг ёлига
Бўйни тушар, боқмас ёнига.
Юган тушган унинг қўлидан,
Жилов тортмас отнинг йўлидан.
Силон ёпғич шундай қизил қон,
Ўнг қон, сўл қон, ҳатто уфқ қон.
Эй чопонғич, абжир, қуш қанот,
Камон ёйи каби учган от,
Баҳодирдек шарт ёриб жангни
Омон сақлай дединг хўжангни,
Аммо қандай ёзуғ бўлди бу,
Осетин ўқига учди у!
XIV
Гудал уйи ботди азага
Йиғи доди чиқди фазога,
Эшигида одам йиғилган.
Куйиб-пишиб бунда йиқилган
Кимнинг оти? Бу бечора ким?
Ҳатто, осмон жавоб бермас, жим!
Юзларида ваҳима-ваҳшат
Излари бор, қўрқинч ва даҳшат!
Усти-боши, яроғлари қон,
Боши, кўзи, оёқлари қон…
От ёлини сиқимлаб қўли,
Беҳуш қотиб қолган бир йўли.
— Шўр пешона, бахтсиз келинчак
Маътал бўлиб кутганинг келди,
Кўйида қон ютганинг келди.
Аммо сенга қандай кулажак
Бир умрга юмилган кўзлар?
Ахир, тақдир сенга не кўзлар?
XVI
Беками-кўст тинч оилани
Чақмоқ каби босди бу кулфат.
Кўнглини еб қайғу илони
Мусибатга бўлди қиз улфат:
Қонли ёшга айланиб қалби
Томчи-томчи оқди кўзидан.
Дами оғир… кетди ўзидан…
Гўё, боши устида каби
Сочи тўзиб ётган ўрнида
Эшитилгандай бўлди бир нидо:
«Қўй, йиғлама! Бекор бу яхлит
Кошки, кўзни ёши соб бўлса,
Кошки, ҳаёт шабнами тахлит
Ёшинг мурда узра тўкилса.
Йўқ! У фақат равшан кўзингни
Туман каби қоплаб олажак.
Анор каби шу қиз юзингни
Мисдай қилиб ўтда ёқажак.
Ёринг бўлса узоқда, билмас
Сенинг чеккан оҳу зорингни.
Энди само нурлари тинмас
Ва эркалар номизодинги.
У жаннатда қўшиқлар тинглар…
Бу — ҳаётнинг бачкана туши,
Бир ғарибнинг фиғон, нолиши
Беҳишт меҳмонига не денглар?
Йўқ, бу қазо асли қисматдир,
Инон менга, дунё малаги.
Арзимайди, кўзингни арт, тур,
Йиғламоқнинг йўқдир кераги.
«Само худди бир денгиз,
Дарғаси йўқ, беелкан.
Учар ҳисобсиз юлдуз
Туманларнинг қўйнидан.
Чексиз кўм-кўк водийда
Парча-парча булутлар
Из қолдирмай ортида
Эркин қанот қоқурлар.
Уларга ҳижрон, висол
На ғам, на севинч бермас.
Келажаги орзусиз,
Ўтмиш учун ачинмас.
Бебахт бўлган чоғингда
Уларни ёдингга сол,
Бенасиб ва қайдсиз
Яшашни ўрганиб ол!»
«Бахмал каби юмшоқ қора
тун
Кавказ чўққисини олганда,
Ширин сўзли фусункор очун
Жимиб уйқусига толганда,
Шўх ва енгил ел юриб тоғда
Майсаларни ўйнаган чоғда,
Паррандалар безовта бўлиб,
Гур учганда ваҳмга тўлиб,
Ток тагида гуллар тўйгунча
Шабнам шимиб, очганда ғунча,
Тоғ кетидан олтин ой секин
Кўзларингга нур қуйса текин,
Учиб борар бўлдим олдингга
Саҳаргача меҳмон бўлгали,
Ипак каби киприкларингга
Жиндаккина ором бергали…»
XVI
Борган сари пасайиб аста
Узоқларда тинди бу товуш.
Ирғиб турди нигоҳи хаста,
Атрофига боқди қиз хомуш.
Кўкрагидан босди изтироб,
Қайғу билан қўрқув бирлашди.
Чўчиди-ю, бирдан қалтираб
Туйғулари гупурди, тошди.
Қафасидан чиқдими жони,
Вужудини ёндирди олов?
Унутолмай ажиб нидони,
Қийналади. Йўқмикан аёв?
Саҳар пайти чарчаган кўзлар
Ширингина ҳей… ухлаб кетди.
Аммо, пайғамбарона сўзлар
Хаёлини шарт қулфлаб кетди.
Чиройининг таърифи беҳад
Намуайян, соқов келгинди
Қиз олдида бошини эгди,
Янги ойдек бўлиб сарви қад.
Нигоҳида чунон ҳам вафо,
Чунон меҳр, чунон муҳаббат
Билан хафа боқарди, гўё
Қизга ачингандай у хилқат.
У на малак, на бошқа эди,
На бу қизни қўриқчи пари
Боши узра яшнамас эди —
Қамон нурларидан чамбари.
У дўзахи руҳ эмас. Ёнур.
Қувғин шайтон эмас эди — йўқ!
Пок оқшомга ўхшарди тўлиқ,
На кун, на тун, на зулмат, на нур!..
I
«Қўй, отажон, мени
қўрқитма;
Тамарангни уришмагин, бас.
Мен йиғлайман, кўргин… унутма,
Ки, бу ёшлар биринчи эмас.
Олислардан куёвлар бизга
Ошиқадир беҳуда, бекор.
Бу эл тўлиб ётибди қизга!
Мен ҳеч кимга бўлолмайман ёр!
О, сўкмагин, сўкма, отажон:
Қўриб турибсанки, кундан-кун
Қузги баргдек юзларим сўлғин;
Ёвуз оғу айлади қурбон!
Қарши туриб бўлмайдиган ваҳм —
Билан маккора руҳ қийнайди,
Мени ҳалок этади… қил фаҳм,
Ачин! Наҳот, кўзинг қиймайди?!
Ақли айниб қолган қизингни.
Ҳасратимни тўкай худога,
Ўзи сақлар бу юлдузингни.
Менинг учун бу дунё ичра
Вақтичоғлик қолмади сира.
Қўй, эртароқ бағрига олсин,
Тобут каби у қора ҳужра…»
II
Уни хилват бир монастирга
Элтиб қўйди қавми-қариндош,
Қўпол қилдан бўлган усти-бош
Ёш кўкракни ботирди терга.
Барибир, наф бермади бирор
Роҳибалик усти-боши ҳам.
Яна ўша: хаёли — мубҳам,
Аввалгидек кўнгли беқарор.
Барибир, у ҳийлакор нидо
Ё, шам ёнган меҳроб ёнида,
Ё саждага қўйганида бет,
Эшитилар ҳамон кетма-кет…
Баъзан қора гумбаз устида
Беиз, товуш чиқармай сира,
Кўринарди у қиз қасдида
Енгил тутун қўйнида хира.
Юлдуз каби нурланар эди;
Алдаб, қайга имланар эди?
III
У монастир, икки ёғи тоғ
Салқин ерда ўрнашган эди.
Терак, чинор — ғужум кўк япроқ
Атрофида ўйнашган эди…
Ўшаларнинг қўйнида гоҳи,
Ораликка инганда кеча,
Кўринарди то тонг отгунча
Ойнасидан танҳо ётоғин —
Жимиллаган хаста нигоҳи
Ёш гуноҳкор қизнинг чироғин:
Тўрт атрофда, салқин сойларда
Тилсизликдан қуриган шўри,
Сағаналар қоровули бут,
Ўлик каби сақлаб бир сукут
Қаторлашиб ётган жойларда
Бошланарди қушларнинг жўри.
Тошдан тошга сакраб тўймаган,
Қўнғироқлар чалиб ўйнаган,
Оплоқ тўлқин урган булоқлар,
Пастга тушиб, гўё ўртоқлар
Ҳаммаси бир бўлишиб, гуллар —
Орасидан оқиб гувиллар…
IV
Шимол ёқдан кўринар
тоғлар,
Эрталабки шафақ нурида
Водийларнинг қўйни тўрида
Кўкиш туман эриган чоқлар,
Юзин қибла томон ўгириб
Чақирганда муаззин азон,
Қўнғироқнинг савти ўкириб,
Маностирни уйғотган замон,
Ёш гуржи қиз тикка тоғлардан
Кўза олиб сувга тушганда,
Гул ғунчалар очган боғлардан
Паррандалар кўкка учганда,
Кумуш қорли юксак чўққилар
Акс этарди тиниқ осмонда,
Кечга яқин, қуёш ботганда
Қизил нурга чўмарди улар.
Ҳаммасидан баланд ва мағрур
Булутларни ёриб, тепадан
Оқ саллали, йўл-йўл тўн билан
Кавказ шоҳи — Казбек кўринар.
V
Аммо, бундай тоза масаррат
Кирмас эди қийналиб ётган
Гуноҳкорлик ўйига ботган
Тамаранинг кўнглига албат,
Олам унга бегона эди.
Ундаги бор нарсалар бутун
Азоб учун баҳона эди —
Ҳам оппоқ тонг, ҳам қоронғу тун.
Ер юзини босганда тинчлик,
Мизғимасдан кечалар бўйи,
Бут олдида йиқилган кўйи,
Ҳушдан кетиб йиғларди шўрлик.
Ҳўнгир-ҳўнгир юксалган йиғи
Гўё дайди ўғрининг тиғи
Қўрқитарди тунги йўлчини.
Ваҳим қилиб, билмай тинчини
«Бу — ғорларда боғлиқ алвасти
Чеккан фиғон»! деб ўйларди у.
Қулоғини олмасдан асти
Ҳорган отни тезлар эди: чу!
VI
Ғам-ҳасратга ботган Тамара
Деразанинг тагида танҳо,
Хаёлларга чўмилиб гоҳо,
Ўтиради йиғлаб бечора.
Узоқларга ташлайди нигоҳ,
Тун бўйи ҳеч тинмай кутади…
Кимдир унга дейди: келади!
Чидолмасдан тортади у оҳ.
Қайғуларга тўлган кўз билан,
Ажиб, ширин, юмшоқ сўз билан,
Бекорларга кўринмаган у,
Бекор эрка қилмаган уйқу.
Кўпдан бери орзиқарди қиз.
Авлиёлар учун чўкса тиз,
Кўнгли ҳамон унга кетганин,
Ўзи билмай нега эканин,
Чарчаб, толиб оғир курашдан
Ором олай деса бирон пас,
Болиш ботар — бўлиб оташдан
Куйдиради, ололмай нафас.
Сачраб туриб, қалтирайди қиз
Гўё ишқи тундаги юлдуз,
Кўкси, бутун тани ёнади,
Нафас қисар, кўзида туман,
Ташна қучоқ бирдан қонади,
Лабда бўса эрийди шу он…
VII
Чойшаб ёзди шом қоронғуси
Гуржистоннинг тоғу тошига,
Келди Иблис тошиб туйғуси
Монастирга — қизнинг қошига.
Лекин, унга халал бергали
Ботинолмай гангиди узоқ.
Тайёр эди у, гўё, шу чоқ
Ёвуз ниятидан кечгали.
Не қилишни билмай, тентираб
Кезди девор остида сокин.
Ҳаво тип-тинч. Шамол йўқ. Лекин
Барглар ундан қўрқди дилдираб…
Кўз ташлади тепага аста;
Теразани лампа ёритар.
У англади шунда бирпасда:
Қиз кимгадир кўпдан кўз тутар!
Ана, чингар* жаранглаб кетди,
Эшитилди куйлаган овоз.
О, у, қандай ширин, латиф соз,
Зарби кўнгил тубига етди…
Худди кўз ёшидан бирма-бир
Тўкилди у товуш, тўкилди…
Мунча нотинч юрак қурмағур:
Бардош тугаб, чоки сўкилди.
У ашула шундай соз эди,
Шундай юмшоқ дилнавоз эди,
Ки ер учун аталиб, гўё
Кўкда тўқилган овоз эди.
Унутилган дўст билан яна
Кўришмакни ихтиёр этган,
Тунни хилват топгану, пана —
йўллар билан бу ерга етган
Бирон малак эмасмикан бу?
Шунда Иблис энг биринчи бор
Муҳаббатнинг дардини туйди…
Нола чекиб дили зору зор,
Ишқ ўтида ловиллаб куйди.
Қўрқиб, жилмоқ бўлди бу ердан…
Қанотини кўтаролмади!
Ажаб! Қуруқ кўзидан бирдан
Ёши оқди… Ҳеч чидолмади…
Ўша жойда ҳалига қадар
Одам ёши эмас, ўша ёш,
Ўша ўтдек ёш куйдирган тош,
Якка, қора, куйган тош ётар…
VIII
Қизни севар бўлиб кирар у
Марҳаматли дил билан шу чоқ;
Вақти етди, кутилган орзу
Ушалди деб ўйлаб, хуш димоғ,
Шу пайт унинг ғурурли қалби,
Биринчи бор учрашар каби,
Интизорлик қалтироғини,
Лол ва мажқул сир қийноғини
Англади… Бу қўрқинч ҳол эди,
Ёмон тасодифга фол эди.
Тўғридан ҳам, кирсаки, унда
Нур кийинган жаннат элчиси,
Ул гуноҳкор қизнинг соқчиси
Малак яшнаб турарди тунда.
Шу чоқ қизни айлаб саришта,
Қанотига олиб фаришта,
Асради у ёвуз душмандан.
Пок илоҳий нурлар шу ондан —
Кир нигоҳни кўр қилди бутун;
Иблис кўзин қоплади тутун…
Шунда ширин салом ўрнига
Оғир итоб эшитилди унга:
IX
«Эй нияти бузуқ руҳ, тунда
Ким чақирди сени, айт менга!
Сенга мухлис киши йўқ бунда,
Кўп эркинлик берма қаддингга.
Ҳалигача бу ерда бирпас
Ёвузлик ҳеч олмамиш нафас.
Менинг ишқим, пок санамимга
Сола кўрма қора изингни.
Кет! Учиргим мен юлдузингни,
Сақланиб қол!»
Ва Иблис унга
Таққир билан жилмайиб боқди;
Нигоҳини рашк ўти ёқди;
Қайталабдан ўтли дилидан
Эски нафрат заҳари оқди.
«У меники!— деди риёкор,—
Қиз меники! Уни қолдир, бас!
Кеч қолдинг сен эй, ҳимоякор
Мен ва унга сен ҳоким эмас!
Қизнинг ғурур тўла кўнглига
Ўз муҳримии босиб қўйганман:
Сен кет, бунда мен ўзим эга,
Мен ҳукмрон, уни севганман!»
Шунда малак ғамгин кўз билан
У бечора қизга бир боқди;
Қанотини оҳиста қоқди,
Сўнгра ғойиб бўлди кўзлардан…
X
Т а м а р а
О! Сен кимсан, сўзларинг
тубсиз,
Дўзах юбордими, ё жаннат
Не истайсан?
Д е м о н
Сен гўзалсан, қиз!
Т а м а р а
Гапир, кимсан? Жавоб бер,
англат!
Д е м о н
Мен у менки, сен ярим туни
Қулоқ солиб тингладинг уни.
Унинг фикри олди ҳушингни,
Унинг дардин англаган бўлдинг.
Унинг ўйи билан лиқ тўлдинг.
У банд этди ўнгу тушингни.
Мен у менки, э гўзал пари,
Кимса севмас, ачинмас уни.
Қулларимга мен ерда офат,
Озодлик ва идрок шоҳиман.
Мен — малаклар, кўкларга душман,
Табиатга ёвуз касофат.
Лекин, мана, боқ: доғингда мен,
Тупроқ каби оёғингда мен!
Мен келтирдим эгиб бошимни
Ишқинг майин ибодати-ла,
Энг биринчи ер азоби-ла,
Энг биринчи тўккан ёшимни,
Қабул айла, ол гўзал, буни,
Ёрит умрим саодатини.
Қулоқ солгил оҳу зоримга:
Биргина сўз билан мени сен
Яна кўкка қайтароласан,
Эй паризод, қизған ҳолимга;
Ишқинг эзгу либосин кийиб,
Ёвузликдан дилимни тийиб,
У даргоҳда порлоқ нур каби,
Янги малак, ёш бир ҳур каби
Қайта яшар эдим мен у чоғ,
Раҳминг келсин, аҳволимга боқ,
Ялинаман, тинглагил мени,
Асирингман, севаман сени!
Сени аввал бир йўл кўрдиму,
Ажалсизлик, ҳокимлигимга
Ўтли нафрат, қарши бир туйғу
Чақмоқ каби тушди дилимга.
Беихтиёр ернинг ярми ғам-
Шодлигига ҳасад қилдим мен:
Сендай яшаш истадим мен ҳам,
Сенсиз уни фано билдим мен.
Қонсиз қалбим жимирлаб кетди,
Умидли нур жонланди унда.
Бир дард эски яра тубида
Илон каби қимирлаб кетди.
Сенсиз нима бу абадият?
Сенсиз нима менга мулк, ният?
Қуруқ сўздир, тутмас асодир,
Худоси йўқ кенг калисодир.
Т а м а р а
Эй маккор руҳ, чекил эй
беор,
Инонмайман душманга, йўқол!
Парвардигар… Ҳайҳот! Бу не ҳол!
Сиғингани йўқ менда мадор…
Ҳалокатли оғу бошимни
Ўраб олмиш, тўкар ёшимни!
Эй ҳийлакор, не керак сенга?
Тингла, мени хароб этасан!
Сўзинг оташ, заҳардир менга,
Гапир, нечун мени севасан?
Д е м о н
Эй гўзал қиз, нечунми? —
Ҳайҳот,
Билмам!.. Янги ҳаётга тўлиб,
Янги ишқнинг асири бўлиб,
Сенда кўриб бахтимга нажот,
Жаҳаннамнинг оғир тошини
Жиноятли бошимдан отдим,
Ҳечга бутун ўтмишни сотдим.
Кел, дардимнинг қил иложини.
Шу қоп-қора кўзларинг малак
Ҳам дўзахим, ҳам жаннатимдир.
Қувғундини этма кўп ҳалак,
Олов тушган қалбини тиндир.
Тингла мени, ишон, рост билан
Бу ерда йўқ эҳтирос билан
Сени шундай севаманки мен,
Асти бундай севолмайсан сен:
Барча ўйим, барча ниятим,
Очиқ кўнглим ва ҳамиятим,
Шаъну шавкат, ҳукмдорлигим,
Бутун умрим, бутун борлигим —
Ҳаётим-ла севаман, гўзал!
Юрагимга суратинг азал
Ўрнатилмиш эди илгари.
Ажралмасдан мендан ҳеч қачон
Кўз олдимда яшнаб у ҳамон
Бирга юрган эди, эй пари!
Бу ширин ном азал бор эди:
Кўпдан менга ҳаяжон солиб,
Кеча-кундуз ҳушимни олиб,
Қулоғимда жаранглар эди.
Масъуд кунларимда жаннатда
Сен билан мен эдим фурқатда.
Оҳ, агар сен билсайдингки, қиз,
Бутун умр — асрлар беиз,
Ҳузур қилиш ва азоб чекиш,
Ёвузликка мақтов кутмаслик,
Яхшиликка эҳсон кўрмаслик,
Ўзинг учун яшаш, энтикиш,
Бу абадий курашда яна
Бекелишув ва бетантана
Кун ўтказиш — қандай оғир иш!
Ҳам ачиниш, ҳам ачинмаслик,
Ҳар нарсани англаш ва сезиш,
Ҳеч нарсани кўзга илмаслик,
Ҳаммасидан таҳқир-ла безиш!..
Лаънатини ёғдириб худо,
Даргоҳидан айлагач жудо,
Табиатнинг қучоғи бутун
Муздай совуб қолди мен учун.
Кўз олдимда ястаниб шунда
Мовийланди коинот; унда
Кўпдан менга таниш, зийнатдор
Сайёралар тўпини кўрдим.
Олтин тож-ла учарди улар;
Оҳ, не хўрлик, баридан сўрдим,
Ҳеч биттаси назар солмади
Эски дўстни таний олмади.
Шунда қаҳрим келиб уларни,—
Ўзим каби қувғундиларни
Рўбарў чақирдим. Бироқ,
У ёвуз юз, ёвуз кўзларни,
Эвоҳ! Таний олмадим у чоқ.
Бу аҳволдан қийналдим ёмон;
Ваҳимага тўлиб шу замон,
Қанотимни силкиб йўл олдим.
Қайга? Нечун? Ўзим билмасдан,
Эски дўстлар кўзга илмасдан,
Унутдилар… Мен якка қолдим:
Шундан кейин жаҳон мен учун
Беҳишт каби тор ўлди бутун,
Оқимнинг ҳур истаги билан
Борар жойин манзилин билмай,
Бесукуну ҳамда беелкан
Оқиб кетаётган кемадай;
Гоҳи пайтлар саҳарда ёлғиз
Кўк гумбазда қорайиб юрган,
Тўрт тарафга ўзини урган,
Худо билсин, қайдан, қай сари
Тиним билмай бемақсад, беиз
Учган булут парча сингари
Мен ҳам учар эдим беқарор
Ҳамдам излаб ўзимга зор-зор!
Инсонга кўп ҳоким бўлмадим,
Ўргатмадим гуноҳларга кўп.
Яхшиликни тамом хўрладим.
Одилликни ерга урдим хўп,
Узоқ эмас… Тоза имоннинг
Алангасин ўчирдим осон…
Меҳнатимга арзирми ҳеч он
Аҳмоқ, мунофиқи инсоннинг?
Мен қийналдим, жаҳондан бездим,
Тоғлараро беркиниб кездим,
Худди кўкдан отилган юлдуз —
Тун қўйнида дайдидим ёлғиз.
Танҳо йўлчи тунда йироқдан
Макрим билан бир ўт кўрарди,
Отини тез унга бурарди.
Бориб-бориб баланд қирғоқдан
Жаҳаннамга тўнтариларди,
О! Бекорга фарёд қиларди,
Жар тошлари ботарди қонга…
Парча-парча бўлган инсонга
Эътиборсиз кулиб боқардим,
Шодланардим, қанот қоқардим
Аммо тездан ғазабнинг қора
Бу ўйини ёқмасдан қолди,
Қон сайридан кўзларим толди!
Мен исёнкор табиат аро
Дил зорини босмоқчи бўлиб,
Бузуқ ўйдан қочмоқчи бўлиб
Унутилмас нарсаларни ҳам
Унутмоққа онт ичиб маҳкам
Бор оламдан тамом жирканиб,
Кучли бўрон билан урушда
Чақмоқ, туман ичра бурканиб,
Қуюнларни ўйнаб буришда
Булутларнинг устида учдим,
Кенг фазонинг қўйнини қучдим,
Келиб кетган ҳамда келгуси
Одамларнинг барча қайғуси,
Барча меҳнат, барча кулфати,
Барча чеккан ғам, уқубати,
Ҳаммасини жам қил ўзингга;
Сўнгра менинг ҳали сўлмаган,
Олам унга иқрор бўлмаган,
Танилмаган зўр азобимдан
Бир лаҳзани келтир кўзингга…
Улар нима бунга нисбатан?
Одам недир? Недир иш, умри?
Келиб кетган ва келиб кетар…
Умид борки, ҳукмдор тангри
Ҳукм этса ҳам, афв эта олар!
Менинг қайғум бўлса муттасил,
Шу ердадир, ҳеч қачон ўлмас,
У мен каби абадий, асл,
Мендек унинг охири бўлмас!
У ажралмас, мен билан яшар,
Гоҳ илондек ўйнар, тўлғанар,
Гоҳ оловдек куйдириб ёнар,
Гоҳ тош каби фикримни босар,—
Ўлган умид, ўлган эҳтирос
Қабридир у. Асти бузилмас!..
Т а м а р а
Қайғуларинг не керак
менга?
Бас қил дедим, бас дедим сенга,
Гуноҳкорсан…
И б л и с
Сенгами, ҳур ҳиз?
Т а м а р а
Эшитарлар…
И б л и с
Танҳомасми биз?
Т а м а р а
Худойим-чи?
И б л и с
Бизни кўрмас у,
Кўк билан банд, ерни сўрмас у.
Т а м а р а
Жазолар-чи, дўзах ўти-чи?
И б л и с
Ҳеч гап эмас, тинглагин
пича,
Сен сазомни урмасанг ерга
Дўзахда ҳам бўлармиз бирга.
Т а м а р а
Эй туйқусдан йўлиққан
дўстим,
Ким бўлсанг бўл, барибир жўшдим,
Роҳатимни мангу йўқотиб,
Ажаб мажқул фараҳга ботиб,
Ихтиёрсиз тинглайман сени.
Агар борди алдасанг мени,
Сўзинг ёлғон бўлса мабодо…
Бу на шараф! Раҳм эт эй худо.
Менинг кўнглим сенга не керак?
Сен кўрмаган барча қизлардан,
Чирой шоҳи у юлдузлардан
Наҳот, кўкка мен қимматлироқ?
Улар, ҳаёт! Ҳаммадан гўзал,
Таърифи йўқ гул чиройларин
Ердагидек қизлик жойларин
Ўлим қўли бузмаган азал.
Йўқ! Сен менга қасамёд айла,
Ўйларингдан кеч, барбод айла,
Кўрасанми ғам чекаман мен;
Хотин ҳиссин кўрмоқдасан сен!
Юрагимда шубҳа бор сенга…
Аммоки сен барчасин туйдинг,
Ҳаммасини биласан, суйдинг,
Раҳминг келар албатта менга!
Онт ич… ёвуз бисотингдан кеч,
Ваъда бергин, инонтир, уқдир.
Наҳот, бўлак бузилмаган ҳеч
На бир қасам, на ваъда йўқдир?
И б л и с
Онт ичаман хилқатнинг
боши,
Ҳамда унинг сўнг нафаси-ла,
Жиноятнинг уятли тоши,
Ҳақиқатнинг тантанаси-ла!
Онт ичаман зафар орзуси,
Инқирознинг қайғуси билан,
Васлинг билан ҳамда бўлғуси
Дардли ҳижрон қўрқувси билан;
Онт ичаман мутеъ руҳлару,
Дўстларимнинг тақдирлари-ла,
Менга душман малакларнинг у
Қонсираган шамширлари-ла;
Онт ичаман кўк-ла, дўзах-ла;
Ер санами сан-ла, ва ҳақ-ла,
Сенинг сўнгги бир нигоҳингу,
Энг биринчи ёшинг, оҳингу,
Лабларингнинг гул дамлари-ла,
Ипак сочинг бурамлари-ла,
Онт ичаман айш-ла, кулфат-ла,
Онт ичаман бор муҳаббат-ла,
Эски ўчдан тамом воз кечдим,
Кечдим мағрур ўйлар баҳридан.
Бундан бу ёқ макрим заҳридан
йўлдан озиб қийналмас ҳеч ким!
Энди осмон билан келишмоқ,
Севмоқ, сиғинмоқни истайман,
Энди эзгуликка эришмоқ,
Унга инонмоқни истайман,
Энди бутун бу оламдаги
Касофати руҳимни қувай:
Кўз ёшим-ла пешонамдаги
Кўк оташин изларин ювай;
Қўй, бу дунё тинч ва воқифсиз
Чечаклансин, гулласин менсиз!
О! Ишонгил; шу замонгача
Висолингга етишиб, сени
Англай олган фақат менгина.
Оёғингга — ҳокимлигимни,
Эрку, ишқу то имонгача
Тўкиб солган фақат менгина.
Ишқингни қиз, ҳадядек букун
Мен кутаман; айла ҳамият:
Бир марҳамат, бир онинг учун
Қурбон сенга бу абадият.
Йўлларингда эй тоза санам,
Овораман, қалби куюкман.
Ғараздаги каби ишқда ҳам
Вафодорман, инон, буюкман.
Фалакларнинг озод ўғлиман,
Сени кўкка олиб кетаман,
Бу жаҳонга хоқон этаман,
Энг биринчи ёрим бўлурсен.
Ўша ердан, эй гўзал пари,
Гўзаллиги умрсиз бўлган,
Жиноятга, ўлимга тўлган,
На севгида ва на нафратда
Бетаҳлика яшолмайдиган
Ўз нафсидан ошолмайдиган,
Майда эҳтирос-ла ғафлатда
Қолганларнинг макони — ерга;
Разолату, ғам кони— ерга
Қизғанмасдан назар соларсан,
Нафрат билан ўйга тўларсан.
Билмайсанми ҳалига довур
Одамларнинг ишқи нелигин?
Қон мавжидир, билмасанг — билгин,
Лекин, кунлар ўтар, қон совур.
Эй гўзал ёр, жавоб бер менга,
Айриллиққа, кўз ёшларингга,
Янги чирой алдашларингга,
Хаёлларнинг хоҳиш, эркига,
Ҳорғинликка, хафаликка, ким —
Жиндек қарши туралар? — Ҳеч ким
Йўқ! Сен учун, эй, севимли ёр,
Тор доира ичра лолу зор
Кундош дағалликка қул бўлиб,
Қайғу билан ҳасратга тўлиб,
Юраксиз ва совуқ инсонлар,
Муғомбир дўст, ёзуз душманлар,
Самарасиз тилак, қўрқувлар
Бўш ва оғир меҳнат, қайғулар
Орасида гулдай сўлишни,
Бекорларга хароб бўлишни
Тақдир азал ёзмаган асло,
Бундай лаҳад қазмаган асло.
Баланд девор остида ғамгин,
Одамлардан, худодан нари
Ибодат-ла ахтариб таскин
Беэҳтирос сўнмайсан пари.
Йўқ! Йўқ! Сени, ажойиб хилқат,
Бошқа олам, бошқа бир қисмат —
Бошқа азоб, бошқа ҳаяжон —
Кутмакдадир, сен менга инон,
Ташла эски орзуларни сен:
Унут унинг ҳар нарсасини,
Эвазига очиб берай мен
Мағрур идрок дарвозасини,
Менга тобъи руҳларни бутун
Оёғингга чўктирайин тиз,
Сеҳр тўла малаклардан қиз,
Жориялар берай сен учун,
Сенга атаб Шарқ Юлдузидан
Олтин жиға узиб берайин,
Шабнам териб гуллар юзидан
У жиғага тизиб берайин.
Кун ботишнинг лаъли нуридан
Бўйларингга боғичлар ўрай,
Атрофингда ҳаволарни ман
Хушбўй нафас билан тўлдирай.
Қулоғингни ажиб куй билан
Сира тинмай эркалатай мен,
Фирузадан, қаҳраболардан
Кошоналар тайёрлатай мен.
Денгизларнинг тубларин қучай,
Булутлардан баландга учай,
Ер неъматин сенга тутай қиз,
Фармонингга йиғлаб чўкай тиз,
Севгин мени!..
XI
Ва у оҳиста
Ўтдай ёнган лаблари билан
Қизнинг худди хандони писта
Лабларига ёпишди бирдан.
Қиз ялинди. Ёлғон сўз билан
Алдади у, ишонтирди у;
Ёниб турган кучли кўз билан
Тикка боқди ва ёндирди у.
Ханжар каби қоп-қора тунда
Ҳеч давосиз чақнади шунда.
Ҳайҳот! Ҳайҳот! Ёвуз руҳ яна
Яна бир йўл қурди тантана!
Қиз кўксига унинг бўсаси
Ҳайҳот! Ўлим заҳарин қуйди.
Қизнинг дод деб чинқирган саси
Тун тинчлигин ташвишга қўйди.
У товушда муҳаббат, азоб,
Ёлворишу, гина, изтироб,
Ёш умр-ла, алвидолашиш,
Олам билан сўнг жудолашиш —
Ўлим деган хабар бор эди,
Бу энг сўнгги оҳу зор эди.
XII
Шу вақтда тун қоровули
Тақиллатиб тақилдоғини,
Ҳар ён тутиб динг қулоғини
Одат қилган ҳар кунги йўли —
Тикка девор айланасида
Ёлғиз кезиб юрар эди тек.
Бирдан чўчиб, шарпа сезгандек
Қиз ойнасин шунда пастида
Ҳайрон бўлиб тўхтади қолди,
Атрофига тинч қулоқ солди.
Боқар экан у жимжит тунга
Икки лабнинг чўлп-чўлп бўсаси,
Заифона қийқириқ саси
Эшитилгандай туюлди унга.
Чол чўчиди, дили увишди,
Юрагига кир шубҳа тушди.
Лекин, тинди ҳаммаси шу чоқ
Фақат майин шабада йироқ
Япроқларнинг зорин бу ёққа
Келтирарди узоқ ерлардан.
Тоғ дарёси қора қирғоққа
Сўйлар эди ўтмиш сирлардан.
Ваҳим босди, у чол қўрқарди
Ичдан алланелар ўқирди.
Ёвуз руҳни, қора арвоҳни
Хаёллардан қувиб ташлай деб,
Ўйларидан ёмон гуноҳни
Дуолар-ла ювиб ташлай деб,
Дир-дир титраб ўнг қўли билан
Чўқиниб у илтижо этди,
Индамасдан, ўз йўли билан
Шошилганча тез юриб кетди.
XIII
Ухлоқ пари каби беозор,
Тобутида ётар эди қиз,
Оппоқ юзи, у гулдай узор,
Кафандан ҳам оқ эди… Эсиз
Юмилмишди киприги мангу…
Лекин киприк остидаги у
Мудраб ётган кўзлар уйғоқ деб
Ё ўпиш, ё кунга илҳақ деб
Ким ўйламас эди боққанда
Жигари ёш бўлиб оққанда?
Аммоки, у кўзларга қуёш
Олтин нурин қуярди бекор,
Йиғлаб ўпиб қавми-қариндош,
Улар учун куярди бекор.
Йўқ! Қаттиқдир ўлимнинг дасти,
Уни ҳеч ким бузолмас асти!
XIV
Тамарани хуррам кунлари
Байрамда ҳам ҳеч қачон бу хил
Ясан билан кўрмаганда эл.
Ўсган ерин сарин гуллари
Эски урф-одат бўйича
Қиз устинда ҳид сочишарди,
Ўлик қўлда қолган кўйича
Гўё ер-ла хайрлашарди.
Эҳтиросга тўла юзида
Ўлимдан ҳеч асар йўқ эди.
Унга боққан киши ўзида
У тирик деб кўнгли тўқ эди.
Унда мармар каби ҳам сезги,
Ҳам ақлдан, ҳисдан бегона,
Ўлим каби сирли ва эзги
Бир чиройдан борди нишона.
Лабларида ажаб бир кулги
Қотиб қолмиш эди беозор,
Диққат билан боққан кўзга у
Талай ғамдан берарди ахбор:
У кулгида ҳаётдан жудо
Бўлаётган дилнинг нафрати,
Энг сўнгги ўй, сўнгги нияти
Ҳамда ерга сассиз алвидо,
Деган каби бир ҳол бор эди;
Қайғусига олам тор эди.
У бурунги ҳаёт кулгиси
Беҳудага қолдирмишди из,
Энди уни не қиларди қиз,
Ҳоким экан ўлим уйқуси?
Бир кулгининг бир ўхшари бор.
Қеч тушганда, қуёш ботганда,
Денгизда зар эриб ўтганда,
Казбек узра кумуш каби қор
Бирпас асраб шафақ нурини
Йилтиллайди узоқдан қиё.
Аммо ярим жонли бу зиё
Ёритмайди кимса йўлини!..
XV
Қўни-қўшни, қавм-қариндош
Ғамли сафар учун йиғилган.
Кўкси қисиб дами тиқилган
Қари Гудал кўзларида ёш,
Фарёд қилиб йиғлаб зору зор,
Сочларини юлиб, сўнгги бор
Оқ отига минди, қўзғалди —
Барча мозор сари йўл олди.
Йўл олисдир, тинмай бирма-бир
Уч кеча-уч кундуз чўзилар:
Боболарин ёнида улар
Тамарага қазмишлар қабр.
Қишлоқларни ўт қўйиб босган,
Ғарибларни талаган, осган
Гудалнинг бир ўтмиш авлоди
Кўкка чиқиб фиғони-доди
Касал бўлиб ётиб қолганда,
Гуноҳларга ботиб қолганда
Айбларини ювмоқ қасдида
Фақат бўрон ўйнаган, учган,
Қарчиғайлар зирвасин қучган
Қоя узра, булут пастида
Уруғига айлаб нишона
Солмоқ бўлган эди бутхона,
Тезда Казбек қорлари аро
Бир калисо ясалди танҳо
Суяклари унда бўлди жо.
Ўша баланд қоя сал ўтмай
Гўристонга айланди базўр,
Кўкка қанча яқин бўлса гўр,
Гўё бир оз иссиқ бўлгандай?
Одамлардан нарида ҳар дам
Гўё сўнгги уйқу бузилмас…
Бекор! Ўтган севинч, ўтган ғам
Ўлганларнинг тушига кирмас…
XVI
Бир фаришта мовий самодан
Олтин қанот қоқиб ўтарди;
Ул гуноҳкор жонни дунёдан
Қучоғида олиб кетарди.
У юпатиб гуноҳ қизини
Шубҳаларин қуварди ундан,
Гуноҳ билан азоб изини
Кўз ёши-ла юварди ундан:
Жаннат саси олисроқ ердан
Эшитиларкан уларга, бирдан
Уларнинг ҳур йўлларин кесиб,
Худди кучли шамолдек эсиб
Дўзахи руҳ гувиллаб учди,
Қуюн каби самони қучди.
У довулдек кучли эди-ю,
Чақмоқ каби ялтирар эди,
Ғурурланиб тентакларча у
«Қиз меники! Йўқол сен!» деди.
Тамаранинг гуноҳкор жони,
Ваҳм билан тўлиб ҳар ёни
Фариштага ўзини урди,
Дуо ўқиб қалтираб турди.
Келажакнинг тақдири шу чоқ
Ҳал бўларди: чунки у тағин
Ғазаб билан солиб қовоғин
Қиз олдида ёймишди қучоқ.
Аммо уни, эй парвардигор,
Шу чоқда ким таний олурди?
Қандай ғазаб билан у ғаддор
Аччиғланиб назар солурди,
Тўлмиш эди буткул сўнгги йўқ —
Душманликнинг ўлим заҳри-ла
Юзларидан гўрга хос совуқ
Ёғар эди ёвузлик, ҳийла.
«Кет шубҳалар қора руҳи, кет!»
Деди осмон элчиси унга:
«Кет эй беор, чекил эй безбет,
Энди сенинг ҳаддинг йўқ бунга!
Етар шунча тантана қурдинг,
Етар шунча сен йўлдан урдинг;
Энди ҳукм соати етди,
Парвардигор қатъий амр этди!
Ўтди унга синов кунлари,
Ўтди унга азоб тунлари,
Ернинг фоний кийими билан
Зулм занжири ечилди ундан.
Билгил! Уни кўпдан кутардик,
Кўпдан унга биз кўз тутардик.
У шундайин руҳларданди-ки,
Улар учун ҳаёт — бир дамдир,
Бетасалли, бир онли ғамдир.
У шундайин руҳларданди-ки,
Раб уларнинг жонли торини
Яратмишдир сарфлаб борини.
Улар асли дунё учунмас,
Ва дунё ҳам улар учунмас!
Қаттиқ баҳо билан сермеҳнат
Шубҳаларин ювди у бутун.
У қийналди, севди. У учун
Энди ишққа очилди жаннат!»
Ёвуз руҳга хўмрайиб боқиб,
Ул фаришта кенг нафас олди,
Севинч билан қанотин қоқиб,
Кўк денгизи ичра йўқолди.
Мағлуб бўлган Иблис шу замон
Тентакона тилакларини,
Орзулару истакларини
Ҳаммасини қарғаб беомон
Яна мағрур, бир ўзи якка
Бурунгидек беишқ, бепакка
Мулзам бўлиб, қайғуга толди.
Бу жаҳонда тентираб қолди!
Ҳалигача тоғ ён бағрида
Қойишаур водийси узра
Қуюқ булут, туман бағрида
Узоқлардан кўриниб хира
Ғамгин назар ташлаб тўрт томон
У хароба турадир ҳамон.
Ўша ҳақда болалар учун
Ҳикоялар сақламиш кучин…
Рўё кaби у тилсиз ҳайкал,
У сеҳрли кунлар гувоҳи,
Қоп-қорайиб кўринар сал-пал
Дарахтларнинг ичидан гоҳи.
Пастда овул чечак отадир:
Ер ям-яшил гуллаб ётадир;
Гувиллаган товушлар пастда
Тоғдан тоққа урилар аста,
Пастда майин шабада елар,
Узоқлардан карвонлар келар,
Кўпикланиб ярқираб ирмоқ
Қуйи тушмай, сакрайди ҳар ёқ.
Беғам бола каби табиат
Ҳамиша ёш; шўх ҳаёт билан
Қуёш, баҳор наботот билан
Кўнгил очиб ўйнар ҳар соат.
Бир замонлар навбати билан
Ўз даврини кечирган сарой,
Худди дўсту оиласидан
Жудо бўлган, айрилган гадой
Ранги ўчган, ғамгин боқади,
Кўнгилларни ўтда ёқади.
Унинг янги яшовчилари
Ой чиқишин кутиб туралар;
Бу уларнинг ҳур байрамлари,
Чирқиллашиб ўйнаб юралар.
Янги роҳиб — қари ўргумчак
Уя тўқир сайрашиб чик-чик.
Зангори, кўк калтакесаклар
Майда тошлар ҳамда кесаклар
Орасидан чиқишиб шомда,
Гиз-гизлашиб ўйнашар томда.
Астагина инидан илон
Зинапоя устига чиқар;
Гоҳ кулажак бўлиб бир замон
Калласини пинжига тиқар;
Гоҳ узайиб, ўтган замонда
Катта уруш пайти майдонда
Эсдан чиқиб қолган қиличдек
Қимирламай ётиб олар тек…
Бари ваҳшат; ўтган йиллардан
Ҳеч бир ерда из йўқдир беном:
Асрларнинг қўли булардан
Секин-секин ўчирмиш тамом.
Тили йўқдир, сўзлай олмайди,
Ҳеч нарсани эслатолмайди
На шуҳратли Гудал отидан,
На севимли қизи зотидан.
Аммо улар кўмилган мозор
Зирвадаги бутхона омон,
Оллоҳ паноҳида беозор,
Булут ичра кўринар ҳамон.
Эшигида қоровул бўлиб,
Бошдан-оёқ қорга кўмилиб,
Темир совут ўрнига мангу
Муз кийиниб қотиб турган у
Сақлагучи гранит тошлар
Атрофига совуқ кўз ташлар…
Кўчай деган кўчкилар мудраб
Совуқ уриб, музлашиб, титраб
Тўрт атрофда шалолалардек
Осилишиб турадилар тек!
Бўрон соқчи бўлиб юради,
Деворларнинг чангин суради.
Қўшиқ айтиб бақирар гоҳо,
Соқчиларни чақирар гоҳо.
Бир ажойиб калисо бор деб,
Кавказ тоғларида турар деб,
Оқ булутлар шарқдан елишар:
Сажда қилмоқ учун келишар.
Аммо, кўпдан бу гўрлар узра
Ҳеч ким келиб йиғламас сира.
Тунд Казбекнинг баланд қояси
У ўлжани сақлар, кўз узмас.
Одамларнинг мангу ноласи
Уларнинг тинч уйқусин бузмас. | 2020-06-17 | http://nodirabegim.uz/archives/2458 |
1
Қодир
ироданг ила мени мукаммал яратдинг!
Бу
ҳароб кемани бўшатарсан ва мусаффо ҳаётга тўлдирарсан қайта ва қайта.
Миттигина
қамиш найни адирлар ва воҳалар бўйлаб олиб ўтаркан, абадий янги тароналарни
этарсан ижро.
Ҳаётбахш
қўлларинг заиф юрагимни шоду хуррамлик билан тўлдирар ва янгидан-янги калималарни яратар.
Беадад
лутф-у марҳаматларинг томар менинг кичик кафтимга.
Асрлар
ўтар, тўкиб юборарсан бари-барини, лекин бу қайта тўлдиргали жой
ҳозирлашингдир.
2
Қачонки,
буюрсанг куйлашни менга, ғурурланиб кетар юрагим ғоят. Боқарман юзингга,
қуйилади кўзларимга ёш.
Ҳаётимдаги
жамики қайғу ва ташвиш ширин бир уйғунлик касб этар ва руҳим денгиз устида
қанотларини ёзар шодон қуш мисол!
Биламанки,
қўшиғим бахш этар сенга ҳузур-ҳаловат.
Биламанки,
фақат куйласам, пайдо бўлишим мумкин қаршингда.
Қўлим
етмас пойингни наволаримнинг узун қанотлари ила силашга ҳақлиман холос.
Куйлаш
завқи этганда сархуш, батамом унутиб ўзимни, дўстим дея чорларман сени,
Парвардигорим!
3
Эй
Мураббий! Билмасман сен қандай куйламоқдасан. Ҳайрат ичра тингларман доим
жимгина.
Қўшиғинг
оламни этур нурафшон.
Қўшиғинг
нафаси югурар осмондан осмонга. Бу куйнинг муқаддас тўлқини парчалаб йўлдаги
тош тўсиқларни, интилар олға!
Юрагим
қўшиғинг бирла жўровоз бўлмоқни истаб, тиришар самарсиз, етмас овози.
Сўзлагим
келарди, лекин таронанг ичинда соқов қолардим, йиғлардим ҳайрона!
Оҳ,
оҳанг оғушида асир этдинг юраккинамни, аё Мураббий!
4
Ҳаётимнинг
ҳаёти, танимни пок сақламоқ ҳаракатидаман, ҳар бир аъзойимда ҳис этиб сени.
Ҳақиқат
эканинг ваъжидан ҳамиша уринаман бошимдан қувмоққа ёлғон ўйларни. Бу эса
яхшилик нурини ёқар идроким ичра.
Қалбимдан
қуваман барча ёмонни, гул асрагим келар улар ўрнида, юрагим қаърида борлигинг
сабаб. Уринаман амалларим ила буни ифодалашга. Чунки вужудимга қувват бергансан
ўзинг.
5
Бир лаҳзага ёнингда қолай. Кейинроқ
ниҳояларман дастимдаги юмушларимни. Чеҳрангдан узоқда дилим на ором, на
танаффус билар. Ишим ададсиз азобга айланар машаққат қирғоғида.
Бугун
ёз келди деразам олдига пичирлов билан, хўрсиниқ билан. Aсаларилар боғдаги гуллар
ила этишди шакаргуфторлик.
Ниҳоят,
тин олмоқ фурсати етди, тошиб келган алдовлар ва тубсиз сукунат ичра сен билан
юзма-юз садоқат-ла куйламоқ гали.
6
Узиб
ол бу митти гулни, ола қол, кечиктирма.
Қўрқаманки,
у эгилиб, сингиб кетар тупроқ бағрига.
Топмаслиги
мумкин у қалбингдан жой, аммо сен қўлларинг қонаса-да маҳкам тут уни, узиб ол!
Мен
бехабар қолиб куним битишидан, қурбонлик фурсати ўтиб кетишидан қўрқаман!
Йўқ
эса-да камалакдай ранглари, заиф эса-да унинг ифори, фойдалан бу гулдан маросимларда.
Уза қол то имкон борида!
7
Ўз
зеб-зийнатини ечди таронам. Либос-у тақинчоқ ила гердаймагай у. Орамиздаги
шивирловларни ортиқча пардознинг шақир-шуқури босиб кетарди.
Қаршингда
номусдан ўлар шоирона димоғдорлигим.
О,
устоз шоир! Йиқилдим оёқларинг остига.
Фақат
ижозат бер, рост этай умримни қамиш най ҳамда мусиқа билан!
8
Шоҳона
сарпода ўйнаётган боланинг олмос-у маржон тизмалари ўрлашар оёқ остида. Кейин
сўнар ўйиндаги бутун иштиёқ.
Қўрқув
ичра асабийлашиб, кўйлагини булғашдан чўчиб, олиб қочар ўзини дунёдан ва
ҳаракат қилмоқдан тортиниб яшар ҳамиша.
Онажон,
бу сизга фойдали эмас. Уни замин меҳридан асрамоқ бўлиб, мустақил ҳаётдан олиб
қолсангиз агар, бу зарар!
9
Эй
нодон! Ўз елкангга ўзингни кўтармоққа уринмоқдасан.
Эй
ночор! Садақа сўрмоқдасан ўзинг ўзингдан.
Унинг ҳар оғирни кўтара олувчи бақувват дастига юкингизни ташланг, бўлмагайсиз заррача пушаймон!
Истакларингизга
Унинг нафаси тегиши ҳамоно, шамдан ёруғлик чиқаргай шу заҳотиёқ!
Нопок
қўллардан олма ҳадялар, қабул этгил фақат муқаддас ишқ ила қилсалар таклиф.
10
Мана
пойингдадир ҳаммаси,
бунда
ночорлар, ожизлар ва йўқсиллар.
Сенга
сажда қилмоқ учун эгилганимда таъзимим пойинг остидан тополмас ночорлар,
ожизлар, йўқсилларни ҳеч.
Зинҳор
кибр аҳли яқинлашолмас камтаринлар, ночорлар, ожизлар ва йўқсилларнинг
даврасига.
Манзилингни
қалбим сира тополмас токи тентираркан ночорлар, ожизлар ва йўқсиллар орасинда.
11
Ҳайқирманг,
бўзламанг, талпинманг тасбеҳга!
Қопқаси
берк қоронғу ибодатгоҳ кунжида кимга юкунмоқдасиз?
Очинг
кўзингизни! Кўрарсиз – маъбудингиз ёнингиздамас!
Деҳқон
ер ҳайдаганда омочлари тошни майдалаган, кирчил уст-бошига дув-дув тер томган
жойлардадир у!
Ташлаб
эгнингиздан муқаддас ридони, боринг маъбуд ҳозир бўлган томонга!
Озодликми?
Қайдан
топмоқ мумкин озодликни?
Бажонидил
олди Роббимиз яратмоқ тизгинини! У биз билан мангу чамбарчас!
Узлатдан чиқинг, қолдиринг гуллар-у
тутатқиларни!
Йиртилиб,
булғаниб, жулдурлашиб қолса кийимларингиз, хўш шунга нима?!
Юзлашинг
у билан кўнгилда меҳнат-у пешонада тер!
12
Сафарим
узоқ, йўлларим узун. Олам чўллари бўйлаб саҳарги нур аробасида, сайёралару
юлдузларга изларим босиб келдим. Энг
олис, энг чалкаш, шунингдек, ўзингга элтувчи энг яқин бу йўл мураккаб оҳангни
соддалаштирур.
Сайёҳ
ҳар бегона эшикни чертишга мажбур, шундагина ўз ботиний даҳмасини топгайдир ул!
Жуда
кўп тентиган кўзларимни юмиб шивирладим: «Сен шу ердасан!»
Минглаб
кўз ёш дарёси ёзғирди, йиғлади: «Қаерларда-ё-о?!»
Олам
далил келтирди тўлқинлар билан:
«Мана
мен!»
13
Куйланмаган
қўшиқларни куйлашга келдим.
Сарфладим
кунларимни созим ва овозимни созламоққа.
Четлаб
ўтди мени куйлар силсиласи, ўрнини топмади сўзларим, муттасил ташналикдан
юрагим ёрилди!
Новдаларда
гул очилмади, фақат шамол эсди бетоқат!
Рухсорини
кўрмадим, товушига қулоқ тутмадим, кулбам олдидаги йўлдан сассиз ўтаётганини
эшитдим, холос.
Унга
жой ҳозирлаш кунлари ўтди. Aммо чироқ панд берди менга. Кулбамга таклиф эта
олмадим уни. Висол умидида яшарман, эвоҳ!
Лекин фурсат етмади ҳамон.
14
Ҳирсим
асов, йиғим аянчли. Бироқ мени қатъийлик билан сақлай олдинг сен! Aйни шу
мурувватинг мени ўз ҳаётимдан сиқиб чиқарди гоҳи-гоҳида.
Кундан-кун
сен менга йўллаган эҳсонлар; шу осмон, ёруғлик, бу вужуд, бу идрок муттасил
ҳаддан ошиб борган ҳирсимдан асради мени.
Aҳён-аҳёнда
сусткашликка йўл қўярман ва уйғониб изларман ўз мақсадимни.
Уни
мендан золимлик ила яширганинг бор!
Кундан-кун
мени рад этиб, тағинам оларсан ўз ҳимоянгга.
Мени
заиф ва мужмал ҳирсим чангалидан этарсан халос!
15
Куйланмаган
қўшиқларни куйлашга келдим.
Менинг
ўз кунжагим бор бу кошонада. Дунёйинг билан ишим йўқ сира! Самарсиз умримдан
фақат оҳанг ажратар самар.
Хуфтонларда
буюргил Эгам, пешвоз турай куйламоқ учун!
Саҳарда
олтин арфам билан мағрур турганимни олқишлаб алқа!
16
Дунё
анжуманига таклиф этилганим боис умрим – табаррук. Кўрди кўзларим, эшитди
қулоқларим.
Бу
тантанада чалдим ўз созимни, қўлимдан келганини бажардим баҳоли қудрат.
Aйни
дам ўйларман, фурсати етиб, қарай оларманми юзингга, қутлай оларманми сени
жимгина?!
17
Ўзимни
бахшида этмоқлик учун муҳаббат кутмоқдаман. Қанчалар кечикдим, аммо кечикмоғим
айби мендамас!
Улар
ўз қонуни, ўз тилсимлари билан бостириб келдилар, тутқич бермадим. Чунки, буюк
ишқимни Унинг қўлларига олиб бормоққа масъулман.
Койидилар
мени, атадилар бепарво, лоқайд. Бироқ халойиқ айбномаси асоссиз!
Олди-сотди
куни поёнга етди,
ҳамма
ўз ташвиши томонга кетди.
Мени
қаҳрланиб чақиргани келганлар қолди. Мен эса кутмоқдаман Унинг ўз қўлларига
ишқимни эсон-омон элтмоқ кунини.
18
Қулади
булутлар устига булутлар. Тағин тийралик. Оҳ, муҳаббат, нечун ташқарида, эшик
ортида ёлғиз кутмоққа изн бердинг?
Юмуш
билан банд дамларим, чошгоҳга бориб ютиб юборгай мени оломон. Танҳо қоларман
умидим билан.
Чеҳрангни
кўрсатмасанг, ташлаб қўйсанг мени бутунлай, ёмғирли соатларда сокин қоларман.
Кўз
тикарман осмоннинг энг тийра бурчига. Қалбим йиғлар маъюс шамолларга ҳамоҳанг.
19
Aгар
жим эсанг, чидарман юрагимга тўлдириб тоқат. Сақларман сукут. Қоронғу самонинг
юлдузли бедорлигини ўзимга жо этиб, бош эгарман жим.
Тонг
отар, йўқолар зулмат ва овозингга қуйилгай кўкни ёриб ўтгучи олтин дарёлар!
Ва
куйларимга қанот бўлгай сўзларинг. Барча ўрмонларимда унгай чечак ичинда чечак!
20
Нилуфар
гуллаган куни, таассуфки, чалғиди хаёлим, билмадим буни.
Бўш
эди саватим, гулларим топмади парвариш.
Фақат
ҳозир ачинмасман, жануб шамолларидан ширин гул исини туйдим-ку, ахир!
Соғинч
бирла ўртади қалбимни бу мубҳам шира!
Ёзнинг
нафаси хулосани интизор кутмоқда гўё!
Шунчалар
яқин бўлса-да, кўнглим тубида унган муаттар гулни сезмабман, аттанг!
21
Туширмоғим
зарур кемамни сувга.
Сокин
соатлар соҳилда ўтди, афсус!
Кўч-кўронини
йиғди баҳор ҳам. Олиб кетди хушбўй гулларини у.
Энди
мен беҳуда тушкунлик юкини кўтарганча кутарман уларни.
Мавж
урди тўлқинлар, қирғоқлар сарғайди, барглар тутдай тўкилди соҳилда. Ортиқ
бўшлиққа тикилмоқдан не фойда?
Олис
қўшиқларнинг ноталари билан бўм-бўш ҳавода сузаётганингни пайқадингми ҳеч?
22
Ёмғирли
июлнинг қуюқ сояларида гувоҳлардан батамом ҳоли оқшомда хуфиёна
одимлайсан.
Шарқнинг
қатъий ва вазмин даъватларига қарамай кўзлар юмуқ. Шамол эсарди.
Уйғотгучи
осмон устига ташланганди қалин бир чиммат.
Ўрмонлар
куйлади ўланларини. Барча даргоҳларнинг дарвозалари берк.
Сен,
бу биёбонда танҳо кезувчи, аё ёлғиз Дўст, мана кулбам дарчаси очиқ! Туш эмасдир
бу!
23
Aзиз
Дўст, бу бўронли оқшом севгим сафарда. Осмон ингранади ноумид.
Кечгача
ухламасман. Ҳар лаҳзада эшикни очиб, тикиларман зулумотга жим, азиз Дўст!
Ҳеч
нима кўринмас қаршимда. Ҳайронман, қайдадир сенинг манзилинг?
Қоп-қора
сиёҳ дарёсининг қақроқ қирғоғи бўйлаб бу қуюқ ўрмоннинг нариги бетидан
ҳузуримга келишингга қайси тубсиз фикрнинг разил зулмати ҳалал бермоқда, азиз
Дўст?!
24
Aгар
ерга чуқур уйқу пардасини ёйсанг, кун ботар, қушлар жим қолар, шамол ястаниб
олар, бошимга тортилар қалин бир чиммат. Нилуфарнинг инжа гулбарглари ҳам
ёпилгай шунда.
Сафар
сўнгида хуржуни бўшаган сайёҳнинг эгни юпун, ҳоли забун бўлса, шармисорлик ва
қашшоқликни унинг эгнидан юлқиб, меҳрибон оқшоминг остига олгин-у, уни ёрлақа!
Нилуфар
гулидек камол топсин у!
25
Тунда
ўз эътимодим тўлиқ тикланмай туриб, уйқу элитишига ижозат берма!
Ибодатга
ҳозирлик кўрмасимдан олдин байроғим ҳилпирашига рухсат этма!
Ҳорғинликнинг
маҳзун кўзларига тун ёпинчиғини ташлаб қўйгучи ўзингсан!
26
У
келиб ёнимда ўлтирди, аммо мен уйғонмадим.
Қандай
лаънати ғафлат босди-я, эҳ бечора мен!
У
тунда келди. Қўлларида арфа бор эди. Янграб кетганда тарона орзум ушалди.
Aфсуски,
тунларимни қайдадир йўқотиб қўйдим.
Энди
ўшал мусиқа оғушида ором олаётган одамни қўмсарман!
27
Нур!
Қайда қолди нур?!
Олов
ҳосил қилинг истакларимдан!
Шам-ку
бор, лекин ёнмагай зинҳор, қисматинг шу, шўрлик юрагим!
Ўлим
яхши, ўлганинг яхши!
Эшигингни
тақиллатмоқда бахтсизлик. Хабари шундайким, Эгам уйғоқ ва тун қоронғусида ишқ
учун курашмоққа чорлагай сени!
Булутли
ҳавода тинмайди ёмғир. Бу недир, ақлим етмас, тушуна олмасман маъносини ҳеч.
Лаҳзалик
чақин кўзим ва дилимни яна-да чуқурроқ зулматга тортар. Туннинг навоси мени
чорлаётган манзилга элтар.
Нур!
Қайда қолди нур!
Бўшлиқ
қучоғидан чақирарди момақалдироқ ва шамол.
Қора
тошдай қора тун.
Ўз
умринг билан ишқ шамини аланга олдир!
28
Қатъийлик
⎯ бу катта тўғон. Уни
бузиб ўтмоққа уринсам, юрагим ачишар.
Эрк
⎯ бу мен истаган нарсанинг
барчаси! Лекин унга умид боғламоққа тортингум.
Ишонаманки,
бебаҳо бойлик сендадир ва сен менинг энг яқин ҳабибим.
Бироқ
менда ҳужрамдаги барча ялтир-юлтурни, ортиқча жимжимани супуриб ташламоққа
ирода топилмас.
Мени
ўраб турган кафан ғубор ва ўлимнинг оғушидир. Ундан нафратланиб, қучаман
қаттиқ!
Қарзим
беҳисоб, фожиам улкан, ғурурим пинҳона ва кучли.
Тазарру
сўраб келсам, мавжлангай маним илтижоларим!
29
Менинг
номим билан ўралган қафас инграётир.
Теграмга
ғишт қалаш билан машғулман.
Кундан-кун
кўкка ўрлаётир менинг зиндоним. Тобора унинг соясидаги ҳақиқий мавжудод
кўзимдан бўлмоқда ниҳон.
Бу
улуғ девор билан фахрланаман. Муттасил суварман унга қум ва лой. То девор
бағрида тирқиш қолмасин, токи мен унутай шу ном остидаги ожиз аслимни.
30
Ёлғиз
қайтдим кулбамга. Aммо қуюқ зулмат ичра мени таъқиб этаётган ким?
Мен
шунчаки четроққа ўтдим.
Бу
эса ундан қўрқиб қочганим эмас. Унинг салобатли овози ерни чангитиб юборди.
Бироқ
ҳар сўзи менинг сўзимдир.
У
менинг мўъжаз нусхам, ё Эгам, уят билмас у. Лекин мен даргоҳинг эшигига яқин бормоққа
тортинарман.
31
—
Маҳбус, айт-чи, ким сени айлади занжирбанд?
—
Соҳиб, — деди маҳбус, — Барчадан давлатманд ва қудратли бўлмоқ илинжида
хўжайинимнинг хазинасини ўмариб, яшириб қўйдим. Уйқу элитиб, хожам учун
тўшалган ўринга узандим. Уйғонганимда ўз хазинамнинг қулига айланибман.
—
Маҳбус, қани айт-чи, бу метин кишанларни ким қуйди?
— Ўзим, — деди маҳбус, — менинг ўзим уларни шу
қадар метин-мустаҳкам қилиб қуйдим.
Ўйладимки,
енгилмас қудратим билан бутун дунёни қулдай тиз чўктирарман, ёлғиз ўзим қушдай
озод бўларман. Шу мақсадда кечаю кундуз кишанларни қуйдим, темирни олдин оловда
обдан қиздирдим, ўта қаттиқ зарбалар билан болғаладим. Ниҳоят ишни тугатиб,
кишан ҳалқалари чамбарчас боғлангач, маълум бўлдики, кишанлаб қўйибман ўзимни
ўзим.
32
БАРЧА
маъно-мантиқ мени бу дунёда севганларни ёқлашга уринар. Aммо сен меъёрдан ортиқ
севарсан уларни ҳамда мени этарсан озод.
Уларни унутмаслигим учун мени ҳоли қўймаслар ҳеч қачон. Лекин кунлар
ўтар басма-бас, сенга бу билинмас.
Aгар
чорламасам сени ибодатимда,
агар
сақламасам қалбим тубида
менга
меҳринг ишқимдан умидини узар.
33
ҲАР
ТОНГ кулбамга келиб айтарди улар:
«Биз энг кичик ҳужрани олармиз фақат!»
Яна
дердилар: «Худойингга сиғинишинг учун кўмак берармиз ва тавозе ила унинг
марҳаматини қабул этармиз!»
Кейин
улар бурчакка чўкишди ювош.
Aммо
зулмат қўйнида ҳам илғайди кўзим, кира бошладилар ибодатхонамга шиддат билан,
шижоат билан. Ҳамда жирканч чангалларини меҳробга чўздилар.
34
ОЗГИНА
имкон бер, ўзимдан кетиб, сенга тўлиқ исмимни айтай.
Озгина
имкон бер, сени ҳар томонда ҳис этай, сени ҳар ашёдан топай ҳамда ҳар лаҳзада
ишқимни бахшида айлай!
Озгина
имкон бер, ҳар қачон турайин сенинг тарафда.
Озгина
имкон бер, иродам ва мақсадим занжирларини узай, фақат қолсин сенга бўлган
севгим бандлари.
35
ҚАЙДАКИ,
мулоҳазалар жасоратли ва одамзот мағрур;
Қайдаки,
илму маърифат озод;
Қайдаки,
олам сарҳадларга бўлиб ташланмаган;
Қайдаки,
ҳар бир сўз ҳақиқат қалбидан жаранглар;
Қайдаки,
ғайрат-у шижоат камолот сари муттасил талпинар;
Қайдаки,
мунаввар тафаккур ёғдуси бепушт ва ҳувиллаган биёбонларларда тентирамас;
Қайдаки,
ақлу идрок олийжаноб ғоялару эзгу фаолиятга сафарбар, —
Ё
Тангрим, она юртимга айни маъволарда
парвоз бахтини насиб айла!
36
Ё РАББИЙ, мендаги машшоқ зарб берар, зарб
берар қалбимдаги қашшоқлик илдизига.
Менга
куч нисор эт шодлик ва ҳасратни енгмоғим учун,
Менга
куч нисор эт ишқимни мустаҳкам этмоғим учун,
Менга
куч нисор эт фақирликдан юз ўгирмаслик, беҳаё қудрат қаршисида тиз чўкмаслик
учун,
Менга
куч нисор эт маиший икир-чикирлар гирдобидаги идрокимни ўстирмоқ учун,
Менга
куч нисор эт метин ирода ила севайин сени!
37
БИЛАМАН,
чарчаганим сабаб сафарим битди. Олдинда йўл ёпиқ, халтамда нон ушоқ, бу овлоқ
гўшадан бошпана топмоққа фурсат етмасди.
Лекин
шуни биламанки, сени англамоққа менда топилар ирода.
Қадим
сўзлар тилдан тушгани заҳот қалбдан отилажак янги оҳанглар.
Кўҳна
излар ўчган жойда барқ уражак мўжизавий янги мамлакат.
38
СЕНГА
зорман, фақат изн бер буни юрагим такрорласин қайта ва қайта!
Қачонки,
ҳаётдан умидим сўнса, қўшиқлар юбор,
Қачонки,
аъмолим суронлар остида қолиб, ғала-ғовур кўтарилса, келгил, эй Роббим,
осойишталик олиб,
Қачонки,
гадо қалбим тиланиб ўлтирса пучмоқда, келгил, эй Роббим, илтифот ила, саҳийлик
ила,
Қачонки,
ҳирсим ақлимни сўқир айлаб, гумроҳликка йўл қўйсам, бедор кел, нурафшон кел,
раҳм айлаб кел!
40
КУНДАН-КУН
қайтмайди, ё Раб, менинг қақроқ қалбимга ёмғир!
Чўғланган
уфқ юпқа булутлар билан қопланган, ғира-шира киноя қилар салқин томчилар.
Юборгил
ғазабкор бўронни, зулматни, ўлимни, агар истасанг, фалакнинг туб-тубидан яшин
қамчисини ҳам!
Ё
Роббий, бу хонавайронликни, осуда ғазабни, ўткир юрак ёнишини ва даҳшатли
ноумидликни қайтар ортига!
Изн
бер, падар ғазабидан иноят булути кун волидасининг кўз ёшлари янглиғ тўкилсин
қуйи.
41
КЎЛАНКАЛАР
орасида не қиларсан, ёрим?
Улар
сени лой йўллардан мажбурлаб олиб кетишди.
Мен
сени кутарман маъюс дамларимда қурбонлик улашиб. Гулларимдан ола кетар
ўткинчилар бирма-бир. Деярли бўшаб қолди саватчам.
Саҳар
лар шундай, пешинлар ҳам шу.
Оқшомлари
элитар уйқу.
Уйга
қайтувчи эрлар менга кўз ташлайди истеҳзо билан.
Ўлтираман
тиланчи мисол, тутадилар мени сўроққа, қуйи солиб бошимни, доим бош тортарман
жавоб беришдан.
Нимани
ҳам айтай уларга? Сен ваъда бергансан қайтишга. Кутарман.
Қандай
асраб қолсам бўлар фақирлигимни?
Қалбим
тубидаги бу яширин ифтихоримни қучарман.
Майсага
ўлтириб осмонга боқарман ва тўсатдан улуғворлигинг ҳақида ўйлай толаман.
Келганингда ёниб турган бўлар барча фонуслар. Олтин тангалар учажак фойтунинг
устига. Шунда мени юксалтирмоқ учун узалганингни кўрарлар. Бамисоли ёзги
шаббодадек шўх бу тиланчи қизчани ҳам титроққа солиб, ёнигинагга ол.
Вақт
ўтиб бормоқда, лекин фойтун ғилдиракларининг товуши эшитилмас ҳануз.
Шарафнинг
жилваси, шовқин, қийқириқ ила ўтар маросим. Фақат сен қодирсан сояда, улар
даврасида вазмин ва улуғвор турмоққа. Фақат мен кутарман ўксиб-ўксиб сени.
Ёки
беҳудами интизорлигим?
42
БИР
КУНИ саҳарда оламдаги ҳеч бир ўлка билмайдиган сафарим ҳақида шивирлади у.
Мана
шу бепоён уммонда, сокин тинглаётган табассумимда, оҳанг қўйнида, сўзнинг барча
бандидан ҳоли, тўлқин каби эркин куйларим янграр.
Ҳануз
вақти етмадими, қилинмаган ишларим бормикан ҳануз?
Мана
тун чўкди. Денгиз қушлари ўз инларига қайтаётир.
Ким
билар кишанлар қачон узилгай,
қачон
сингиб кетар тунга қуёш нурлари? Ким билар ахир?
43
ҲАЁТИМНИНГ
кўплаб таҳликали лаҳзаларига сен босдинг муҳр. Оломон сингари сени танимай
яшардим, Раббим!
Бугун
кўп қалбларга чироқ тутаётиб, сенинг имзойингни кўриб қоларман.
Тупроқ
остидаги шафқатсиз кунларимнинг қувончли ва қайғули хотираси ўчган.
Менинг
болаларча эрмакларимдан нафратланмадинг, чанг сочган қадамларимдан
жирканмадинг. Ўйин майдончамдан юлдуздан юлдузга учган сўзлар бир хил эди.
44
СОЯНИНГ
нурни ютмоғи, йўл четида сени кутмоғим, йўлларингга интизор турмоғим ва ёздан
кейин ёмғир савалашлари –
булар бари завқимга доядир.
Номаълум
фазодан келган элчиларни қарши оларман. Улар менга салом келтириб, қайтишар
яна.
Юрагим
сархуш, ўткинчи елларнинг нафаси ёқимли.
Дийдорингга
умид боғлаб остонада ўлтирарман тонгдан шомгача.
Табассум
қиларман аҳён-аҳёнда ва куйларман барини ёлғиз.
Бу
орада ҳавога ёйилар аҳду паймон ифори.
45
УНИНГ
сокин қадамларини эшитмадингизми? У келар, у келар, ҳамиша келар!
Ҳар
аср, ҳар йил, ҳар кун ва ҳар тун у келар,
ҳамиша келар!
Жуда
кўп куйладим турфа мақомда. Уларнинг барида шу умид: У келар, у келар, ҳамиша
келар!
Aпрелнинг
хушбўй кунларида ўрмон ёқалаб у келар, у келар!
Июлнинг
ёмғирли зулматида, момақалдироқ аробасида у келар, ҳамиша келар!
Ғам-ғуссадан
кейин юрагим зарбида олтин уйғунлик намоён бўлар.
Шоён
одимларида менинг шодлигим ниҳон!
46
АНЧАДАН буён висолга яқин келаётганингни
сезарман.
Қуёшинг
ва юлдузларинг мендан васлингни яшира олмаслар.
Тонгда
ва шомда сенинг латиф қадамларинг эшитилди. Сен юборган элчи юрагим тубида
туриб чақирди мени.
Билмасман,
нечун шу кунга қадар жазава ва шодлик ҳаётимда кечаётир. Юрагим арфа вазифасини
ўтайди чоғи?
Ҳавода
ширин борлиғингнинг заиф ифорини туймоқдаман.
47
КЕЧА
кутиб ўлтирдим уни беҳуда.
Уйқусираб
турган дамларимда келмоғидан қўрқарман.
Aё
дўстлар, тўсмангиз йўлни, ташрифига бермангиз ҳалал.
Магар
у келганда хобимда бўлсам, уйғотманг мени, ибодат қиларман.
Уйқу
қушлари жўрлигида тонг ёруғида шамол исёнига ҳамоҳанг уни чорламоқни
истамасман.
Тинчгина
ухлашга ижозат беринг. Магар остонамга келса ҳам Эгам.
Оҳ,
менинг оромим, қадрдон хобим, Тангри назарига муштоқ уйқу!
Оҳ,
менинг юмилган кўзларим, унинг кулгусига қараб очилгучи кўзларим!
Унга
жами ёруғликдан ва жами шаклдан аввал зуҳур этмоққа изн бер!
Унинг
назаридан пайдо бўлсин қалбимдаги илк рўшнолик.
Ўзимга
қайтмоғимга изн бер, қайтиб борай ўзимга дарҳол!
48
ТОНГГИ
сокинлик қушлар хониши билан тўлиб тошди ва гуллар шодланди йўл яқосида.
Олтин
ганжиналар булутлар бағрига сингди-ю кетди.
Биз
нодонлар йўлларга боқиб, астойдил қулоқ солмадик.
Қувноқ
қўшиқлар куйламадик,
Этмадик
муқомлар.
Яйрашга
бормадик адирлар сари.
На
табассум ила гаплашдик,
На-да
этдик сайр -у
саёҳат.
Фурсатни
совурдик чаққон ва чаққон.
Муборак
қуёш осмон узра тик кўтарилганда булут соялари бирлашди.
Пешинги
иссиқда қуриган барглар шитирлашиб рақс тушди.
Чўпон
бола уйқуга кетди ва банян дарахтининг соясини кўрди тушида.
Мен
эсам сув бўйида ётиб, майсалар узра узатдим қўлим ва оёқларимни.
Aҳволимдан
кулди елкадошларим.
Бошларини
баланд тутиб ошиқди улар, ҳатто нафас ростламоқ учун ҳам ортига боқмади ҳеч
қачон ҳеч бири.
Улар
ғойиб бўлди мовий туманда.
Улар
кесиб ўтди ўтлоқлар-у тепаликларни.
Aжойиб
ва ғаройиб юртлардан ўтдилар.
Шараф
сенга, бепоён йўлларнинг мангу хожаси!
Мени
юксалтирди менга йўналган масхара ва ҳақорат. Ҳарчанд қасос қайтмади мендан.
Зеро, мамнун эдим мубҳам завқ соясинда тентирашимдан.
Қуёш
ила қопланган ложувард тушкунлик тарқалди дилимдан.
Чувалган
фикрим ва сояларга дайдиганим учун енгилдим.
Ниҳоят,
уйғониб атрофга аланглаб боқаркан сени ёнимда турганингни кўрдим. Жўшқин
эҳтирос қуйилди табассумимга.
Нақадар
чўчирдим бу олис йўлдан,
ахир
душвор эди сенга эришмоқ.
49
ЮКСАК
тахтиравонингдан тушдинг-у, кулбам осгонасига ташриф буюрдинг.
Бир
бурчакда ёлғиз куйлардим, гўшингга етарди хонишим.
Ҳозир
бўлдинг кулбам осгонасида.
Даргоҳингда
сероб устоз машшоқлар, дам-бадам айлашар навозиш.
Aммо
ожиз нолам сенинг муҳаббатингга бўлди сазовор.
Бир
ғамгин, кичик чираниш қоришди оламнинг улкан куйига. Шунда анвои гуллар ила
аршингдан тушиб, кулбам остонасига буюрдинг ташриф.
50
СЕНИНГ
олтин аробанг олис орзулар ичра пайдо бўлганда мен қишлоқ йўлида уйма-уй юриб,
ёлвордим ҳайрона ким бу дея ажойиб туш каби кўринган шоҳларнинг шаҳриёри.
Барқ
урди умидларим, битди ёмон кунларим, кутдим кутилмаган эҳсонларни, тупроққа
сочилган ганжиналарни.
Aробанг
мен турган жойда тўхтади, назаринг мен фақирга тушди. Табассум ила юзландинг
мен томон. Ҳаётимга омад қайтганини пайқадим.
Тўсатдан
қўл чўздинг: «Aтаганинг борми менга?» деб.
О,
қандай улуғвор хазил бўлди бу?!
Эсанкираб
қолдим, довдираб ўрнимдан турдим-у, чўнтагим тупидан чиқардим олтинранг жўхори
донасини.
Сўнг
узоқ ўксиндим, юрагимда не бўлса, борини бермоқни истадим!
51
ТУН
чўкди. Якунланди кунлик юмушларимиз. Охирги қўноқлар кириб бўлди деб қишлоқдаги
барча эшикларни ёпдик. Фақат баъзилар ҳазрати олий келмоқчи бўлганди деди. Биз
кулдик: «Янглишмоқдасан!»
Кимдир
эшик қоқса, шамолга йўйдик. Чироқларни пуфлаб, кетдик уйқуга. «Бу балки
элчидир?» деди баъзилар. Биз кулдик ва айтдик: «Шамол шекилли!»
Оқшом
эшитилди асрорий садо. Замин
узоқда
момақалдироқдан ларзага келди. Деворларнинг зириллашлари оромимизни бузмоқчи чоғи, дедик уйқусираб. Фақат айримлар
ғилдиракнинг товушига ўхшатди буни. Ранжидик, нолидик: «Булутлар-ку
жаранглаётган!»
Ноғоралар
гумбурлаганда тун эди ҳали. Бир садо келди: «Уйғонинг! Кечикманг!»
Қўрқув
ичра юрак ҳовучлаб титрадик. Қичқирди баъзилар: «Мана у, ҳазрати олийнинг
байроғи!»
Биз
ҳайқирдик оёққа қалқиб: «Кечикмоққа вақт йўқ!»
Он
ҳазрат ташриф буюрдилар, лекин шамлар қайда, гулчамбар қани? Қайдан толиб
берамиз тахтни? Қандай уят?! Нақадар шармисорлик?!
Қайда
қолди сарой-у безаклар?
Кимдир
даъват этди: «Йиғидан не наф? Унга салом беринг қўл қовуштириб! Бўм-бўш
хонангизга
бошлангиз уни!»
Эшикларни
очинг, елвизак товушига изн беринг! Қоронғу ва маъюс кулбамизнинг хожаси келди!
Қалдироқлар гумбурлади осмонда. Жулдур шолчаларни келтириб, ҳовлига ёйинг!
Пайдо
бўлди тўсатдан даҳшатли зулматнинг соҳиби — бўрон!
52
БОШИНГДАГИ
гулчамбарни олмоқчи эдим. Ўзингдан сўрашга ботинолмадим. Тонгда хобгоҳингдан
чиққанингда изиллаб қидирдим бир парча эсдалик. Саҳарда гадодек изладим бехос
тушиб қолган бирор гулчамбар.
Мен
шўрлик нима топдим? Қандай нишон қолди севгингдан? На бир гул, на гиёҳ ва на
хушбўй атир тўла кўзача.
Сенинг
бешафқат қиличинг дами чақмоқдек оғир, ёлқини гўё шарора!
Тонг
нури дераза олдида туриб, сирғалади тўшагинг томон. Субҳидам қушлари сайраб сўрдилар:
«Эй аёл, нима бор сенда?»
Йўқ,
асло гул эмас, гиёҳмас, атиргул лим тўла кўза ҳам эмас. Дами ўткир қилич бор!
Во
ажабо, бу сенинг ҳадянг! Тополмасман яширмоққа жой. Уяламан уни тақишга. Гар
кўксимга боссам шикаст еткизар.
Изтиробнинг масъулиятини шараф ила қалбимда олиб юрибман
ҳамон. Бу сенинг туҳфанг!
Энди
бу дунёда мен учун ҳеч қандай қўрқув қолмади. Мен олиб боргувчи барча жангларда фақат сен бўларсан
музаффар! Aвф этдинг сафдошларимни. Жонимни тож қилиб тутарман сенга.
Кишанларни
парчаламоқ учун шамширинг доимо ёнимда бўлар. Шунда бу дунёда мен учун ҳадик
қолмагай.
Ҳозироқ
кечарман арзимас ҳашаматдан. Қалбим соҳиби, энди интизор кутмоққа, пучмоқларда
кўз ёши қилмоққа, аччиқ алам ютмоққа қолмади ҳожат. Басавлат кўринмоғим учун қилич
тутдинг менга.
Латта-путта безак энди менда йўқ!
53
ЧИРОЙЛИДИР
сенинг билагузугинг, юлдузлар қадалган, айёрона, ранг-баранг. Aммо менга кўпроқ
ёқар шамширинг. У худди чақмоқдай қайрилган, уфқдаги нурлардай ғазабкор ва
алвон! У гўё Вишну қушининг бир қанотидир.
Оғриқ
жазавасида титраётган ҳаёт бўғзини силаб ўтар у! Замин маъносини шаффоф аланга
мисол кул этар у!
Бағоят
чиройли юлдузлар қўнган билагузугинг. Aммо қилич, аё Чақмоқлар худоси, бениҳоя
гўзалдир, ҳатто у ҳақида ўйлаш-да даҳшат!
54
ҲЕЧ
нима сўрамадим сендан, исмимни айтмадим қулоғингга шивирлаб. Сўйласанг, жим
турдим. Дарахт соясига қоқилиб йиқилган қудуқ ёнида ўлтирдим ёлғиз. Жигарранг
сопол кўзаларни елкалаб аёллар жўнади ўз уйлари томон.
«Биз
билан кетинг, кун ойнинг либосини киймоқда, ахир?!» дея қичқирди улар.
Мужмал фикрлар орасида ўзимдан адашдим бир муддат.
Қадамларингни
эшитмай қолибман келганингда. Менга боқаркан ғоят ғамгин эди кўзларинг. Менга
сўйларкан ғоят ҳорғин эди овозинг: «О, мен чанқаган сайёҳман!»
Хаёлчан
кунларим бошланди. Кундузи туш кўрдим ва сенинг кафтингга кўзадан сув қуйдим.
Қайсидир
сояда куйлайди какку. Муюлишдан келар бабла гулининг муаттар иси! Мен сенинг
исмингни сўйларкан уялиб сукутга чўмдим. Дарҳақиқат, сенинг ёнингда қолгани
нима ҳам қилдим? Сенга сув узатмоқ ҳақидаги хотира юрагимга чирмашиб, ниҳоясиз
ҳузур ва таскин берар.
Тонг
отди-ю, қушлар айта кетди ҳорғин ўланлар. Мен эса ўлтириб узоқ ўйларга
шўнғийман.
55
ДИЛИНГИЗДА лохаслик, кўзингизда мудроқ.
Тикан
билан қуролланган гуллар ҳукмронлик ўрнатди деган хабар келдими сизга? Уйғонинг!
Уйғонинг энди! Вақт беҳуда кетмасин ахир! Менинг дўстим тош йўлнинг сўнгида, бокира ғарибликда ўлтирибди ёлғиз.
Чалғитманг уни!
Уйғонинг,
мудраманг энди! Осмон ҳаллослаб, кун жазирамаси ловулласа-чи?! Чанқаб қолса-чи
қумлоқ? Ғурур йўқми қалбингиз қаърида?
Ҳар
қадамингиздан арфа куйлари тўкилмас экан, мусиқанинг ширин азоби сизни ўртамас!
56
МЕНДА
тўлиб-тошди сенинг шодлигинг. Буткул сингиб кетдинг ичимга.
О,
арши аълонинг Соҳиби! Магар мен бўлмасам, муҳаббатинг қайда қоларди?! Мени
шерик қилдинг бу хазинага. Сенинг беадад шавқинг дилимда жўш урмоқда. Умримни
шаклга солган иҳтиёринг. Зеро, эй Шаҳаншоҳ, қалбимни асир этгансан ўзинг!
Бундадир икки муҳаббатнинг мукаммал бирлиги!
57
ЁҒДУ!
Менинг ёғдуйим, оламни чароғон этгувчи, кўзларни қамаштирувчи юракни ёққувчи аланга!
Оҳ,
севгилим, ҳаётимнинг
ўртасида рақс этди ёғду.
Севгилим,
ишқимнинг ҳамроҳи, чақнади чақинлар, очилди осмон, шамоллар югурди – шунда замин бўйлаб ёйилди кулгу.
Капалаклар
нур денгизида елкан ёйдилар. Ёруғлик қучоқлади ёсуманларни. Чилпарчин қилди
булутларни, севгилим, ҳар ёнга дур сочди ёруғлик.
Шодлик
баргдан баргга ўтди, севгилим, бениҳоя шодлик!
Aрш
дарёси ўз қирғоқларини ютиб юборди. Қувонч сели ёйилди кенгроқ.
58
ИЖОЗАТ
эт, сўнгги қўшиғимга шодликнинг бор шиддати қўшилсин!
Ер
юзини жиловсиз исён билан тўлдирадиган шодлик,
Эгизак
ака-ука, яъни ўлим ва ҳаёт сингари ёнма-ён турадиган шодлик,
Ўз
қаҳқаҳаси билан оламни титратгучи ва уйғотгучи шодлик,
Aлвон
нилуфар гули устида жимгина изтироб чекадиган шодлик,
Ҳаммасини
тупроққа ирғитиб, дунёни батамом унутган шодлик қўшилсин менинг сўнгги
қўшиғимга!
59
ҲА,
биламан, бу сенинг ишқингдан бошқа нарсамас.
Эй
юрагимнинг суюкли ёри, мана бу олтин жилва япроқлар устида рақс тушар, кўкда
сузаётган сершовқин булутлар пешонамга салқинлик берар.
Саҳарги
нурлардан кўзларим қамашди, бу эса қалбимга йўллаган изҳоринг бўлса, не ажаб!
Осмондан
менга эгилиб қараркан кўзинг тушди кўзимга, юрагим эса пойингга етди.
60
БЕПОЁН
борлиқнинг соҳилларида учрашар болалар. Чексиз осмон жим. Сершиддат тўлқинлар
соқов.
Бепоён
борлиқнинг соҳилларида ўйинлар билан учрашар болалар. Улар уйларини қумдан
қуришар ва бўш қолипларни ўйлашар. Улар қамишлардан қайиқ ясаб, тубсиз денгиз
устидан сузиб ўтишар.
Бепоён
борлиқнинг соҳилларида уларнинг ўз ўйинлари бор.
Шўнғимоқ
нимадир, билишмас улар,
Тўр
ташлаш нимадир, билишмас улар.
Маржон
овчилари марварид ишқида шўнғишар,
Савдогарлар
ўз кемалари билан нон топишар.
Болалар
эса тошларни йиғиб, сочиб-сочиб юборар яна.
Тузоқ
қўймоқни билишмас улар,
Яширин
хазина қидирмас улар.
Рангпар
нурлар ила жилмайиб, оҳиста силжиб борар денгиз.
Бемаъно
баллада айтар уларга ўлим ваҳимаси. Бешикдай тебранар тўлқинлар. Денгиз болалар
билан ўйнар ва синиқ жилмайиб қўяр.
Бепоён
борлиқнинг соҳилларида учрашар болалар. Осмон жим. Сувга сингиб кетар
кемаларнинг изи. Ўлим олис. Ўйнар болалар. Улар учун ажойиб учрашув жойидир
бепоён борлиқнинг соҳили.
61
УЙҚУ
қайдан келар гўдаклар кўзига, ким билади, хўш?
Ҳа,
шундай миш-мишлар бор, афсонавий қишлоқ сояларида яшар экан у. Ўша ердан мурғаклар
кўзига қўнгали келар.
Ухлаётган
гўдаклар лабини қитиқлар милт этган табассум. Бирор ким биларми, бу кулгу
қаерда туғилган?
Ҳа,
шундай миш-мишлар бор, ойнинг нозик нурлари булутларга теккан жойда туғиларкан
у.
Гўдак
ёноқларида гуллайдиган ёқимли, нозик қизиллик қаерда ётганди шу онга
қадар?
Ҳа,
шундай миш-мишлар бор, онаси ёш қизлигида қалбини забт этган мулойим ва соҳир
севгининг сири. Бола ёноғидаги инжа қизариш ўшандан!
62
ФАРЗАНДИМ,
мен сенга рангли ўйинчоқлар келтирганимда,
сувнинг
мавжлари ва гулларнинг ранги нега ёрқин эканлигини англадим.
Сенга
рангли ўйинчоқлар келтирганимда, сен ўйна деб куйлаганимда нега барглар
шитирлашини, нега тўлқинлар ўз овозлари хорини заминнинг қаърига йўлламоғини
англадим.
Сен
ўйна деб куйлаганимда.
Қўлингдан
ортиқча ширинликларни олиб қўйганимда,
Нечун
гул косасида асал,
Меваларда
шира мавжудлигини
Aнгладим,
Қўлингдан
ортиқча ширинликларни олиб қўйганимда.
Сени
ўпиб, жилмайганимда
Aнгладим,
бойлигим маним,
Тонгги
нурда кўкдан қандай шодлик инишини,
Ёз
шабадаси танимга қандай хуш ёқишини,
Сени
ўпиб, жилмайганимда англадим, фарзандим!
63
AВВАЛ
танимаганларим билан дўст этдинг мени. Ҳозиргача менга номаълум бўлган уйларда
меҳмон қилдинг мени.
Узоғимни
яқин, бегонани биродар айладинг.
Ўрганган
кулбамдан кечмоғим қийин.
Эски
туйғуларни унутарман янги кулбада.
Туғилмоқ
ва ўлмоқ орқали бу дунёми ёки бошқаси, мени қаёнларга олиб борсанг-да, ҳамиша
умримга шериксан! Қалбимни мавҳум бахт риштаси ила боғлагансан.
Сени
билганга бегона ашё йўқ,
ёпиқ
эшик йўқ унинг учун.
О,
бу туҳфани фақат менга бер, йўқотмасман бу роҳатни ҳеч қачон!
64
МЕН
чўл дарёси бўйида баланд бўйли ўтлар орасида ундан сўрадим:
»
Эй қиз, шошмоқдасан қаёнга?
Ким
билан ёқарсан чироғингни сен?
Менинг
кулбам айни зимистон,
Сен
этсанг-чи уни чароғон?
Бир
зум қора кўзларини ташлади менга, юзларимга тушди қаролиғ. Чимрилди сўнг:
«Чироғимни
уфқ томон оқизоқ этгали дарёга келдим.»
Мен
баланд бўйли ўтлар орасида танҳо қолиб бошимни кўтардим. Кўрдимки, сувда оқарди
шамчироқнинг ожиз нурлари.
Мен яна ёлвордим унга:
«Менинг
кулбам айни зимистон,
Сен
этсанг-чи уни чароғон?
Чироғингни
бер!»
Бир
дам зим-зиё кўзларини ташлади менга, юзларимга тушди қаролиғ.
Чимрилганча
айтди у: «Чироғимни осмонга бахшида этгали келганман, ахир?!»
Унинг
нурини тамошо этдим, беҳуда ёнарди бўшлиқда.
Мен
ундан ўтиндим туннинг ярмида:
«Эй
қиз, қалбинг нури қаерда қолди?
Менинг
кулбам айни зимистон,
Сен
этсанг-чи уни чароғон?»
Бир
дақиқа тўхтаб ўйлади,
Қаро
кўзин тикиб қаро юзимга,
Сўйлади:
«Aхир уни келтирган эдим чироқларнинг анжуманига?!»
Мен
узоқ изладим унинг чироғини
Беҳуда
ёнаётган чироқлар қабристонидан.
65
Ё
РАББИЙ, умримнинг лим тўлган косасидан қандай илоҳий шарбатни истарсан?
Aё
шоирим, ижодингни тамошо этиб, унга мангу уйғун бўлган куйларингни
тинглаётганимдан шодмисан?
Сен
яратган дунё онгу шууримга калималар бахшида этмоқда.
Ҳам
қувонч қўшмоқда унга таронанг.
Бахш
этгил-у менга ўзингни, менда ўз лаззатингни ҳис қил!
66
ҲАМИША
қалбимнинг қўрида бўлган, шарпалар ва шулъалар шомида бўлган, ҳеч қачон саҳарда
рўмолини очмаган аёл–менинг пора-пора бўлган охирги қўшиғим, сенга сўнгги
қурбонлиғим бўлгай, Маъбудим!
Сўзлар
орзу этарди уни, аммо бўлмадилар унга сазовор. Интиқ қўнғироқлар муштоқ
қўлларини узатди унга. Уни қалбим тубида сақлаб юрма-юрт кездим дарбадар. У эса
ҳаётим бузилишига йўл қўймади ҳаргиз.
Фикримга,
ишқимга, жисмимга, орзуларимга ёлғиз ўзи бўлди ҳукмрон.
Кўллар
эшигимни тақиллатиб уни сўради ва ҳаммаси қайтди ноумид.
Бу
ёруғ оламда у билан юзма-юз кўришган ҳеч ким йўқ.
67
ОСМОНСАН,
бироқ чашмага ўхшарсан.
Эй
соҳибжамол, бунда оҳанглар, ранглар, ифорлар билан чирмалган сенинг ишқинг.
Тонгда
у бутун оламни идора этмоқлик учун ўнг қўлида тутган бежирим олтин саватда тож
олиб келар!
Шунда
кечқурун мавҳум йўллар оралаб, подалар кўринмас сокин ўтлоқлар бўйлаб, тинчликнинг ғарбий уммонидаги олтин
кўзада оламнинг салқин намчиллигини олиб юргай у!
Бироқ
руҳ учиб кетгучи жойда батамом оппоқ нур бепоён осмонга чўзилиб ҳукм сурмоқда.
Бунда
бор на бир кун, на бир тун, на шакл, на тасвир, на бирорта сўз.
68
ҚУЁШНИНГ
нурлари очиқ кафтларим орқали заминга қўнар ва кун бўйи кўз ёшларимдан,
булоқларимдан, қўшиқларимдан барпо бўлган булутларни кўтармоқ учун остонамда
турар.
Сен
бағоят мамнунлик ила кавокибзор кўксингни туманли булутларга буркаб, бахш этиб саноқсиз шакл, жимжима,
жилокор рангларга бўяшинг мумкин.
У
шундай равшан, шундай сурурли, шунчалар мулойим ва зим-зиё бўлгани учун
севарсан самимий. У шунинг учун сенинг муқаддас шулъангни ўз сояси билан қоплагай тортинмай.
69
КЕЧА-КУНДУЗ
томирларимда оқаётган ҳаёт ирмоғи узлуксиз рақс этар коинот бўйлаб.
Бу
ирмоқ шод-у
хуррамлик ила майсазорлар чангини босиб, гуллар ва баргларнинг шовқинли
тебранишлари орқали мавжланувчи
ҳаётдир.
Бу
ҳаёт ирмоғи бамисоли уммон тўлқинларининг бешигидир. Ҳар бир қалқиш — туғилмоқ
ё ўлмоқ.
Аъзойи
баданим ҳаёт жилғаси билан алоқада эканини сезарман ҳар нафас. Унинг қонимда ўйнаётган тўлқинлари
билан ғурурим кексайиб бормоқда.
70
БУ
ритм шавқидан ҳолисиз наҳот?
Йўқолган,
отилган, синганми завқингиз? Ҳар ашё шошмоқда, ҳеч бири тўхтамас, ортига
боқмас, тўғон йўқ уларга, шошилар басма-бас.
Муттасил
мусиқа, муқомлар, фасллар ўтар-да кетар. Ранглар, оҳанглар, ифорлар чексиз
ҳузур-ҳаловатни юборгай
сочиб.
Ҳар лаҳза таслим бўлар, ҳар лаҳза ўлар.
71
ЎЗ
«мен»имни яратишим зарур. Уни
ҳар тарафга йўллашим керак. Бежирим рангларга бўялганда сенинг майинг каби
бўлгай у.
Кўплаб
ғов яратдинг ўзингга,
Ўзингни
ажратдинг ўзингдан.
Ички
бўлинишинг вужудимни олиб қўйди.
Изтироб
қўшиғи акс садо янглиғ осмон узра ранг-баранг оби дийдалар, табассумлар,
хавотирлар ва умидлар ила янгради. Тўлқинлар жўш урар ва яна тинар. Тушлар
тарқалар ва пайдо бўлар боз. Сенинг мағлубиятинг менинг ичимда. Сен қурган
деворга тун ва куннинг мўйқалами билан беҳисоб тасвирлар ишланган. Унинг ортида ҳайратомуз синоатларга қоришган,
тўғри чизиқ бўйлаб тушмаган тахтинг турибди.
Бутун
осмонни қамраб олди буюк савлатим.
Ҳавони
титратар овозимиз, «сен» ва «мен»ни қидириш билан сарсон
ўтар асрлар.
72
БУ
менинг энг ичкин сирим. У ўз қўлларим билан уйғонар фақат.
У
афсунларини кўзларга сепар, шодон ҳиром айлар кулгу ва ҳасратга тўла қалбимда.
У
ушбу тўрни олтин-у кумуш, яшил ва майин ранглар билан тўқиган, мен эса унинг
оёқлари остида чалкашдим, унутдим ўзимни буткул.
Кунлар
келар, асрлар кечар, у эса бошқарар
кўпгина
номлар, ҳасратлар, шодликлар билан кўнглимни.
73
ОЗОДЛИК
бу мен учун рад этмоқ эмас. Эркинлик қўйнида шавқнинг минглаб ришталарини ҳис
этарман.
Сен
ҳамиша сопол косамга турфа рангдаги муаттар шароблар қуйдинг. Менинг аламим ҳар
хил чироқларни сенинг аланганг ила ёқиб қолдирар ибодатхонанг остонасига.
Йўқ,
мен зинҳор ёпмасман эҳтиросим эшикларини. Сенинг завқингга сабаб кўрмоқ,
эшитмоқ, ҳис этмоқ қувончи бўлар.
Ҳа,
менинг барча хаёлим ёндирар сароб
шавқини.
Эҳтиросим
ичра унар ишқнинг
меваси!
74
КУН
ботиб, заминга тойиди кўланкалар.
Сойга эниб кўзамни тўлдирмоқ фурсати етди. Оқшом эса сувнинг ғуссали ингроғига
лиммо-лим. Оҳ, у мени чорлаётир ўз бағрига. Бирор йўловчи кўринмас танҳо
бўзлаётган сўқмоқда. Шамол туриб, ёйилар дарёда мавжлар.
Уйга
қайтишимни билмасман.
Ким
билан учрашмоғимни билмасман.
Унда,
тўлқин узра қалқиб турган қайиқда номаълум киши чалаётир уд.
75
БАРЧА
эҳтиёжимизни сенинг бизга йўллаётган туҳфаларинг қондиражак, сўнгра камтарона ҳолда
қайтар ўзингга.
Дарё
одатий юмушини бажарар, яъни дала-ю қишлоқлар бағрида кезар. Ҳали оёқларингни
ювмоқ илинжида узлуксиз оқимлар бормоқда.
Гул
ифорини сочмоқда ҳавога. Ҳа, унинг энг сўнгги истагидир ўзини сенга бахшида
этмоқ.
Ибодатинг
дунёни камситмас.
Шоир
сўзларидан одамлар ўзига маъқул келган маънони олар, ҳали уларнинг сўнгги
маъноси сенга ишора этар.
76
КУН
келиб, эй маним ҳаётим хожаси, сен билан бўларманми юзма-юз?
Қовушган
қўллар ила, аё Роббил ъаламин, турарманми сенга юзма-юз?
Улуғ
осмон остида сертавозеъ
юрагим ила ғарибона ва сокин турарманми сенга юзма-юз?
Меҳнат
тўла дунёнгда, ғала-ғовур, машаққат ва курашга берилган бу оламон ичра
турарманми сенга юзма-юз?
Бу
ёруғ оламда битгач ишларим, эй шоҳлар шаҳаншоҳи, ёлғиз ва тилсиз турарманми сенга
юзма-юз?
77
ИЛОҲИМ
деб биларман сени ва турарман бир четда; тенгламасман ўзимни, бормасман яқин.
Падари
бузрукворим деб биларман сени ва таъзим этарман пойингда, қўлингга тегмасман
дўстларим йўлидай кўриб.
Йўлингда
турмасман, ўзимдек кўрмасман, сафдошим демасман сени.
Оғаларим
орасида оғасан, аммо аҳамият бермасман уларга, ўлжаларимни улар билан кўрмасман баҳам, ҳатто сен-ла ҳам.
Завқ-у
изтироб ила одамлар орасида эмасман, сен биланман.
Мен
ўз ҳаётимдан воз кечмасман,
Ҳам
шўнғиб кетмасман унинг бағрига.
78
ДУНЁ энди яралганида юлдузлар илк
жозибаларини таратдилар. Aнжуман тузиб, Тангрилар куйлашди:
«О,
мукаммал манзара!
Чексиз
шодликни қара!»
Тўсатдан
қичқирди улардан бири:
«Aфтидан
қайдадир узилган занжир,
Юлдузлардан
бири
йўқолган ахир?!»
Узилди
арфанинг олтин тори, тарона тинди ва улар йиғлади қайғуда:
«Ҳа,
йўқолган энг зўри,
Aрши
аълонинг нури!»
Ўшал
кундан буён уни муттасил
излашади, йиғи давом этар ҳамон дунёда йўқолгани учун биргина
шодлик.
Тунги
сокинликда юлдузлар жимирлаб пичирлар:
«Энди
уни қидирмоқ бекор,
Нотўкислик
ҳар жойда бисёр!»
79
AГАР
бу ҳаётимда сен билан кўришмоқ насибамда бўлмаса, менга муборак чеҳрангни
соғинмоққа изн бер,
бир
лаҳза бўлсин унутмасликка изн бер.
Тушимда-ю
ўнгимда бу андуҳнинг оғриқларини тортиб юрмоққа изн бер!
Бу
дунёдаги кунларим гавжум бир бозорда ўтмоқда гўё. Қўлларимда фақат кунлик
тушумлар. Ижозат эт, доим ҳеч нимага эришмаганимни ҳис қилайин!
Тушимда-ю
ўнгимда бу андуҳнинг оғриқларини тортиб юрмоққа изн бер!
Йўл
бўйида чарчаб, ҳаллослаб ўтирганимда, тупроқни тўшак этганимда ҳам олдимда ҳали узоқ йўл борлигини ҳис
этайин!
Хобимда-ю ҳушимда бу
андуҳнинг оғриқларини тортиб юрмоққа изн бер! Безалган уйимда най садоси-ю,
баланд қаҳқаҳалар эшитилганда, имкон бер, сени ҳеч қачон даргоҳимга таклиф
этмаганимни ҳис қилайин!
Тушимда-ю ўнгимда бу
андуҳнинг оғриқларини тортиб юрмоққа изн бер!
80
ОСМОНДА беҳуда санғиб юрган
кузги булутнинг увада парчасига ўхшарман, эй маним порлоқ қуёшим!
Тафтинг
мени нурларинг билан қовуштирмади.
Энди
ҳижрон ойлари ва йилларини санаб ўтарман.
Aгар
истасанг, сени хурсанд қилса шу, олгил менинг бўм-бўш жисмимни, турфа рангга
бўягил, олтин билан безагил, шамолларга ўраб қўйгил ва тарқат!
Тунда
бу кўнгилхушликни тугатмоқ истаги пайдо бўлса, мен эрийман ва ғойиб бўларман
қоронғуликда ёки оппоқ тонгнинг салқин ва шаффоф табассумида.
81
БЕКОР
кунларимда марҳум кунларим учун мотамда бўлдим. Aммо у ҳеч қачон йўқолмас, ё
Раббим!
Ҳаётимнинг
ҳар бир лаҳзасини сен ўз қўлларинг билан бердинг.
Сен
борлиқ қалбида уруғларни куртаклар, куртакларни гуллар, гулларни меваларга
алмашлаб берарсан!
Чарчаганим
сабаб узандим ўз ўрнимга, юмушларим битди деб ўйладим кейин.
Тонгда
уйғониб, боғим ажойиб гуллар билан тўлиб-тошганини кўрдим.
82
СЕНИНГ
измингда чексиз фурсатлар
бор, Роббим!
Дақиқаларингни
санаб турадиган ҳеч ким йўқ.
Кун -у тунлар ўтар, асрлар гуллагай
гуллар сингари. Сен қандай кутмоқни биларсан. Ёввойи гул каби асрлар
бир-бирининг ортидан қувар.
Вақт
йўқ бизда йўқотадиган, имконият йўқ. Биз ожизмиз кечикмоққа ҳам.
Пайт
ўтиши билан мен буни ҳамма сўрганларга тақдим этарман ва қурбонлиғ бўларман
қурбонгоҳингда.
Куним
охирлаб қолганда қўрқувдан шошилдим, дарвозанг ёпилиб қолмасин тағин. Aммо
биламанки, ҳозирча фурсат бор.
83
КЎЗ
ёшимдан тизилган марварид мунчоқни бўйнингга тақарман, онажон.
Юлдузлар
оёқларингга нурдан ясалган бежирим тизмани боғлашди. Лекин менинг маржоним
кўксингдадир.
Бойлиг-у
шон-шараф ўзингдандир. Улашмоқ ҳам ихтиёрингда. Бироқ менинг андуҳим мутлоқ
менга тегишли ва қачонки келтирсам уни қурбонлик дея, ўз иноятинг ила мени
ёрлақа!
84
БУ
ҳижрон азоблари бутун осмонга ёйилмоқда ҳамда ададсиз манзара касб этмоқда.
Ҳижроннинг
қайғуси туни билан сукунат ичра юлдуздан юлдузга термулар ва июлнинг ёмғирли
шомида сершовқин барглар жўрлигида ажойиб лирика яратар.
Бу
бутун изтироб эса муҳаббатга, орзуга, азоб-у уқубатга ҳамда эҳтиросга сингиб
кетар. Худди шоиримнинг абадий қўшиқларидек.
85
ЖАНГЧИЛАР
илк дафъа султоннинг қасридан чиққач ўз кучларини қайга этганлар ниҳон? Қайда
қолди совут, аслаҳа?
Улар
ожиз ва ёрдамга муҳтождек кўринди. Султон саройидан чиққан кунданоқ бошларига
ёғилди ўқлар ёмғири.
Ўз
султонларининг қасрига қайтгач кучларини этдилар қайга ниҳон? Улар шамшир-у,
камон-у, найзаларини ташладилар.
Тинчлик
ёзилганди манглайларига. Ўз ҳаёт меваларини қасрга қайтган кунларида қолдирди
улар.
86
AЖАЛ — сенинг содиқ чопаринг остонамдадир. У
номаълум денгизни кесиб ўтди-ю, хазинангни кулбамга келтирди.
Тун
сим-сиёҳ, юрагим қўрқувда, аммо чироқни кўтариб, унга пешвоз чиқарман, салом
берар, таъзим этарман Эшигим олдида турганда элчинг.
Мен
унинг пойида қўл қовуштириб тўкарман кўз ёш.
Юрагимнинг
хазинасини унинг оёқлари остига ташлаб, тиз чўкарман.
Тонгимда
қаро излар қолдириб, бажариб ўз вазифасини, у қайтар.
Хароба
кулбамда қолар сенга бағишланган энг сўнгги қурбонлигим- менинг ташландиқ жасадим.
87
УМИДСИЗЛИК
билан хонамнинг ҳар бурчагидан изларман уни. Тополмасман.
Кулбам
тор ва ундан чиқиб кетган нарсани қайтармоқ душвор.
Aммо
бепоёндир сенинг даргоҳинг, ё Эгам, мен уни қидириб келдим остонангга!
Оқшомлари
олтиндан тўқилган самовий чодиринг остидан мунғайиб боқарман сенга.
Мен
абадият чегарасига келдим. Унда ҳеч нарса йўқолмас, на умид, на шодлик, на
тасаввур ва на кўз ёшлар.
О,
менинг қуриган умримни шу улкан уммонга чуқурроқ ботир.
Ижозат
эт, бир дафъа оламнинг йўқолган риштасини топайин!
88
МАЪБАДНИНГ
даргоҳи бўлди вайрона. Энди Винанинг узилган тори мадҳ этмас сени!
Энди
қўнғироқлар ибодат вақтидан бермагай дарак!
Ҳаво
сокин ва бўм-бўш. Ташландиқ уйингда кезаётир баҳорги еллар. Энди сенга
келтирилмайдиган гулчамбарлар хабарини олиб келар у.
Кекса
руҳонийлар ҳануз кўнгил узмаган марҳаматингдан.
Оқшом
чироқлар ва соялар зулмат қўйнига кирганда қалбидаги маъбадга у қайтар ҳорғин.
Кўплаб
маросимлар вайрона маъбаднинг сукунати бирла ўтар.
Кўплаб
ибодат кечалари ўтар бечироқ.
Кўплаб
маҳорат усталари томонидан барпо этилган ва муқаддас оқимга элтувчи соф
тасвирлар даврон сурмасдан унутилмоқда.
Фақат
бу вайронанинг барҳаёт маъбади қаровсиз қолдирилмас.
89
ЭНДИ
жазавали нидолар, асабий сўзлар чиқмайди мендан, Худойимнинг иродаси бу!
Пичирлайман
бундан буёғи.
Хиргойи
қилажак юрагим.
Одамлар
подшонинг бозорига ошиқар.
Барча
сотувчи-ю харидор ўша ерда ҳозир-у нозир.
Aммо
мен қоқ пешинда, қизғин иш вақтида таътилга чиқдим.
Шундай
экан, ҳали бир соат ўтмай гуллар очилишига ва асаларилар ўз хумларида иш ташлаш
уюштиришига рухсат бер!
Мен
эзгулик ва ёвузлик курашида анча вақтимни совуриб қўйдим. Ҳозир таътилда туриб,
дўстларимни шу курашга чорлайман, аммо билмасман уларни бу бемаъни юмушга
ундарман нечун?
90
ЎЛИМ
эшигингни тақиллатган кун нима таклиф этарсан унга?
Оҳ,
мен меҳмоним олдига қўярман умрим тўлдирилган косани. Уни қуруқ қўймасман
зинҳор.
Куз
кунларим ва ёз оқшомларининг бутун ширин ҳосилини умрим сўнггида унинг оёқлари
остига отарман.
91
О,
ҲАЁТнинг сўнгги тортиғи, ўлим! Менинг ўлимим, келиб пирчирла менга.
Кундан-кун
йўлингга бўлдим интизор. Сен учун ютдим мен ҳаётнинг шодлиг-у изтиробини!
Умидим,
борлиғим, севгим — ҳаммаси сенинг қаърингга сингиб кетгандир.
Ҳаётимга
ташла бир назар, шунда сеники бўлгайдир бутун борлиғим!
Бўлғуси
куёвга гулчамбар тайёр. Тўйдан сўнг келин ўз уйини тарк этар ва тунда ўз соҳиби
бирла айлагай висол!
92
БИЛАРМАН
кўзларим юмилар, ҳаёт ҳам тарк этгай мени жимгина. Кўзимга ташланар қоп-қора
чиммат.
Тунда
турар юлдузлар ҳушёр. Aввалгидек тонг отар кулиб.
Фурсат
денгиз тўлқини янглиғ ҳасрат ва шодликни опичлаб юрар. Сўнгги лаҳзаларимни
ўйларкан ситилар чиммат ва кўрарман дафиналар ичра ўлим нурини.
Ундадир
ҳаётнинг ноёб жилваси.
Беҳуд
орзу этганларим амалга ошди.
Мен
рад этган ва нафратланган иқрорни бергил!
93
КЕТАР вақтим бўлди. Бош эгиб сўрарман
сиздан ижозат. Хайр-маъзурлашинг, биродарларим!
Кулбамнинг
калитларини қолдирарман. Сиздан сўнгги илиқ сўзлар кутарман фақат!
Биз
қўшни эдик анчадан буён, берганимдан олганим кўп бўлди. Куним битди, ўчди
қоронғу ҳужрамда чироқ.
Чорлов
келди ва мен ҳам сафарга ҳозир!
94
МЕНГА
омад тиланг, дўстларим, видо онида.
Бир
қаранг, шафақ ёнмоқда йўлларимни этгали равшан!
Ўзим
билан нима олиб кетаётганимни сўраманг. Бўм-бўш қўллар ва интизор қалб ила
бошладим сафар. Тўй сарполарини киярман. Бизгамас сайёҳнинг ҳашамдор либоси!
Хатар
кўп йўлимда, ҳадик йўқ дилимда.
Сафарим
битганда, ўқилиб бўлганда тақдир ёзуғим, кавокиб чарақлар, оҳанглар жаранглар
Илоҳийнинг дарвозасидан!
95
БУ
ҳаёт остонасидан ҳатлаган пайтим ёдимда йўқ. Ичимдаги бу улуғ сирни ғунча каби
очмоғимга не бўлди сабаб?
Тонгги
нурларга бир лаҳза боқиб, бу ёруғ оламга бегона эмаслигимни англадим. Мен
исмини ҳам, юзини ҳам билмайдиган бу номаълум дунё
онам
сиймосида мени қучганини ҳис этдим.
Ўлимдан
кейин ҳам шундай бўлажак.
Чунки
мен ҳаётни севгандек ўлимни севарман.
Боланинг
онаси уни ўнг сийнадан олганда чинқириб йиғлайди у. Лекин бир лаҳза ўтиб, чап
сийнадан олар тасалли!
96
ДУНЁДАН
ўтаркан барча кўрганларим туш каби кечганини айтарман — бу менинг видолашув
олдидаги сўзларим бўлгай!
Мен
бу нурафшон уммонда гуллаб-яшнаётган нилуфарнинг асалдек тамидан татиб кўрдим
ва муборак бўлсин дедим ўзимга — бу менинг видолашув олдидаги сўзларим бўлгай!
Сарҳадсиз
шакллар ўйингоҳида ўйнадим ва бу ерда шаклсизликни кўрдим.
Номаълум
туйғу таъсирида титраб кетди вужудим. Aгар қиёмат келиши лозим бўлса, буюргил,
келсин у — бу менинг видолашув олдидаги сўзларим бўлгай!
97
СЕН
билан ўйнаркан сўрамадим кимлигингни ҳеч. На шодликни ва на қўрқувни биларди
шиддат ичра ўтган ҳаётим.
Эрталаб
уйғотдинг мени ўз ўртоғинг каби. Қувончдан қувончга судрадинг кейин.
Ўша
кунларда менга куйлаган қўшиқларинг маъноси аҳамиятсиз эди мен учун.
Оҳанглар
ортидан улоқди овозим, юрагим муқом этди севинчдан.
Энди
тантана тамом. Нима қолди ўзимга энди?
Дунё
кўзларини пойингга тикиб, ўлтирибди юлдузлари ила ҳомуш ва сокин.
98
МЕН
сени мағлубиятимнинг совринлари ва гулчамбарлар ила тақдирларман.
Aён
нарсани яширмоққа қодир эмасман ахир?!
Кибрим
деворга урилиб, чил-чил синишини, ҳаётим чидаб бўлмас оғриқ билан тўқнашмоғини,
тушлар кўз ёш сингари эришини биларман.
Менга
аёнки, нилуфарнинг барглари ёпилмас ва асалнинг макони тўсилмас.
Мовий
осмондан бир кўз тикилиб, чорлар мени. Ҳеч вақойим қолмагай. Лойингда жон
бермоқни кутарман.
99
БОШҚАРУВ
чамбарагидан воз кечганимда уни қўлга олиш кераклигини билардим. Якунлашга
шошиладиган не юмуш бор ахир? Бари беҳуда!
Қўлларингни
ол ва тинчлан, чидагил, юрагим, мағлубиятга! Ўз жойингда тинч ўлтиришга ҳали
имкон бор.
Ҳар
сафар шамол шамларимни ўчиргач, қайта-қайта ёқмоққа уринарман ва унутарман
бари-барини!
Aммо
бу гал ақлимни йиғиб, тўшагимни зулматга ёярман. Шунда жим кутарман, истасанг,
Роббим, келиб ўлтир менинг ёнимга!
100
МЕН
қолиплар уммони тубига шўнғийман қолипга сиғмас марварид илинжида.
Энди
шамол эсишига қараб сузувчи қайиғимда кезмасман бандаргоҳма-бандаргоҳ!
Тўлқин
бўйлаб сузишни афзал биладиган кунларим ўтди.
Энди
мен ўлмайдиганлар ичида ўлишни истарман.
Сукутдаги торларнинг
мусиқаси туғиладиган бебаҳо тубсизликнинг улуғвор даргоҳидан умрим арфасини
оларман.
Мангу
созлаб қўярман уни. Сўнгги қўшиғимни ижро этиб, сўнг пойим узра уни ётқизиб
қўярман.
101
УМРИМ
давомида қўшиқларим сени қидирди. Мени олиб юрди эшикма-эшик. Шунда англадим
оламни.
Улар
менга ҳамма нарсани ўргатишган,
Улар
менга сирли сўқмоқларни кўрсатишган.
Қалбим
осмонидаги кўпгина юлдузларни танитди улар.
Кун
бўйи завқ ва азоб маконинг сирларидан этдилар воқиф.
Ваниҳоят,
хуфтонга бориб, саёҳатим қайси дарвоза олдига тўхтаркан?
102
МЕН
сени танишимни айтиб одамлар орасида мақтандим. Улар сенинг чеҳрангни кўрдилар
менинг барча амалларимда. Келиб мендан сўрадилар: «У ким?»
Қандай
жавоб беришни билмасдим.
Aйтардим:
«Ростан ҳам айтолмайман!»
Улар
мени койиб, нафратланиб кетардилар. Сен эса ўлтирарсан жимгина жилмайиб.
Сен
тўғрингдаги афсоналарни қўшиқларимга киритдим.
Сир отилиб чиқарди дилимдан.
Улар
келиб буюришарди: «Тезда барча маъноларни изоҳла!»
Қандай
жавоб беришни билмасдим.
Aйтардим:
«Оҳ, ким билади бунда не маъно?»
Қаҳ-қаҳ
отиб кулишарди ва нафрат сочишарди.
Сен
эса ўлтирарсан жимгина жилмайиб.
103
ЁЛҒИЗ
илтижойим бор сенга, Роббим!
Изн
бергил, менинг барча ҳисларим оламга ёйилиб, пойингга етсин!
Июлнинг
ёмғирли булути сингари пойингга беихтиёр тўкилиб тушсин менинг ҳамма
илтижоларим!
Барча
қўшиқларим бир ўзанга тўпланиб, сени бир бор қутламоқ учун сукунат денгизига
қуйилсин!
Тоғлар
оша кеча-кундуз учиб ўтгучи, ўз ватанларини соғингучи турналар каби менинг
ҳаётим сени бир бор мадҳ этмоқ учун ўзга маконларга абадий учмоғи мумкин!
. | 2020-06-21 | http://nodirabegim.uz/archives/2474 |
Статистик маълумотларга кўра, Саудия Арабистонида ўртача умр кўриш етмиш беш ёшлар атрофида. Бу дегани, дадам истаган вақтда вафот этиши мумкин; ва беш йил ўтиб, яъни университетни тугатганимдан кейин ойим, икки аммам ва бобом — ҳаммаси вафот этиб, ярим оилали етимга айланишим эҳтимолдан холи эмас.
Оиламизнинг ҳар бир аъзосининг умр кўриши узайган тақдирдаям, эътиборимни тортган нарса борки, 2015-йилига келиб оиламизда кунда менга салом берувчи чеҳралар ғойиб бўлган бўлади. Олти ёки етти миллион деб чамаланаётган дадамдан қолар меросни бешта акам билан бўлишсак, охирида менинг улушим — бир миллион. Дадамнинг тежамкорлик сиёсати сабабли, вафотидан олдин пулларини сарф қилиши мумкинлиги ҳақидаги эҳтимол кучли эмас; давлат иқтисодиёти пасайиб, риёл аввалгидай тушиб кетди демаганимиз каби, чунки булар яқин ўтмишда содир бўлмаган. Бундан ташқари, Буюк Британия веб-саҳифаларидаги иқтсодиётга тегишли башоратлар ва ёғ маҳсулотлари нархининг турғунлиги анча таскинли. Ўқишни тугатган тақдиримдаям, иш топиш ҳақида қайғуришим шарт эмас. Муҳандисликда ўқишга сабаб кўрмаётганим ҳам шундан. Шунинг учунам, ўзим кўпроқ ёқтирадиган соҳамда ўқимоқчиман: рассомчилик.
Кимнингдир фаразларини қоғозга тушириш ёмон ғоя бўлиши мумкин, айниқса, сатрлар узоқ келажагим учун қураётган режаларим ва қилаётган тахминларимга нисбатан истиқболим ҳақида хатоларни ўзида жамлаган матереалистик қарашларга эга катта акамнинг тортишувлари, қаҳрлари-ю айблашлари билан тўладиган бўлса. Шунга қарамай ғалати бўлган нарса шу-ки, акам кейинчалик мўмайгина маош олиш ҳуқуқини берувчи муҳандисликни ўқишга ундаганида бирор марта «матереалистик» сўзини эшитмаганман; ёки акаларимнинг дадам билан қўшма лойиҳаларида қилган жимликларимда…
Мендан олдин бешта акамни муваффақият билан қизиқтириб, компаниясига жалб қила олган дадам ишонадики, мен уларга қўшиламан, яъни тартибни бузмайман.
Тахмиман, беш йил ичида вафот этиш эҳтимоли бор бўлган дадам ажойиб инсон! Уддалай олмайман-у, лекин ўқимишлилигини, кўп ҳолларда тўғри чиқадиган сезгирлигини-ю катта патриархал оиламиз бошқарувидаги одиллигини қадрлашга тиришаман. Менда шундай сезим бор: вафотидан кейин қайғуга ботишим мумкин, аммо мотамим севимлиларидан айрилгач, азаси патологик депрессияга айланувчи ва ўзларини бевалик ва йўқотиш билан чеклаб қўювчиларники каби бўлмайди. Ота-онасини йўқотиш хаёллари доимо болаларнинг умидларини пучга чиқаради ва аминманки, тортишувларимизда мени матереализм, қополлик ва ҳиссий такаббурликда айблаб, қадимий ниқобларидан бири билан яширинишга, қийин бўлишига қарамасдан, уринувчи акам бу ҳисни биз билан баҳам кўради.
Ўйлашимча, катта акам қарийб ўттиз йил ўтгач вафот этади.
Инкор қилмайман: ҳаётимдаги энг ёмон қарорим рассомчилик билан шуғулланиш ҳақидагиси бўлган. Бу қарорга келишимга ўрта мактабдалик пайтим ўзимни оташин муҳаббати елкаларидан ошиб турган, хаёлида унинг юзини беҳад аниқлик билан бўз матога чизаётган рассом ҳолимда тасаввур қилдирган лаҳзалик эҳтирос сабаб бўлган. Бутун келажагимга таъсир қилувчи тўхтамга фантастик тасаввурларим уч ёки тўрт соат сарф қилишган. Жўшқин иштиёқ-ла рассомчилик билан шуғулланганлар ва қанчадир вақтдан кейин ғайратини йўқотганлар ҳақида статистик маълумотлар изламаганман. Бу хато менга икки йилга тушган, агар мен ҳозир ихтисослигимни ўзгартирган тақдиримдаям, беҳуда сарфланган икки йилдан ташқари бешта акамнинг маъноли нигоҳлар билан турли хил кайфият ва овозда айтилган «Мен шундай демаганмидим?» каби йигирма ёки ўттиз жумласини эшитиш қийинчилиги ҳам чекимга тушиши мумкин. Бу қанчалар азобли!
Соҳасининг ярим йўлида юрагини олдириб, тўхташга қарор қилган ёки ўқишни тугатганидан кейин ҳаммаси хато бўлганлигини англаганлар ҳақида маълумот тўплашим керак. Ушбу маълумот мени қарорим ҳақида яхшигина хабардор қилишига ишонаман. Битирув учун икки йил дегани, бу — дадам вафот этмасидан олдин рассомчиликда маълум даражам бўлади дегани, агар иш тополмасам, дадамнинг компаниясида ишлаш ва менга оғриқ берувчи «Биз шундай демаганмидик?»ларни эшитишимга тўғри келади. Бундан ташқари, ҳаётининг уч йили қолган дадам бирор касаликка чалиниши ёки қандайдир касаллик симптомларидан азоб чекиши мумкинга ўхшаб кўринмаяпти. Бу рассомчилик даражаси-ла компанияда акаларим билан ёнма-ён ишлашни англатади. Бу мумкин эмас!
Янги режа топилиши керак, аммо бу сафар аниқлик билан.
Агар санъат коллежини ҳозирдан ҳисоблаганда икки йилдан кейин тугатсам, бутун йилни иш излаш баҳонасида сарфлай оламан. Балки мен ёқтирмаганлигим сабабли воз кечган ишларим бўлганлигини тасдиқлайдиган вақтлар ҳам бўлар. Машинамни сотишга тўғри келар. Машина пули ва ўзимнинг оз-моз йиғиб қўйганларим юқорироқ олийгоҳда ўқишнинг кетидан қувиш баҳонасида бир ёки икки йилни Америка ёки Европага саёҳатга сарфлашга етади. Албатта: «Университетимиз юборди бу ерга»,- деб айтаман. Ишсиз ва университетимиздан четроқда юришга ҳаракат қиламан, чунки менда ўқишга тўлашга пул бўлмайди. Кейин қишлоққа қайтаман. Ишонаманки, дипломимни кўришга қизиқаётган акаларимни қалбакисига ишонтириш мендай санъаткорга оғирлик қилмайди. Кейин бир йилни четда ўқишдан чарчаганлик ва яқинроқдан иш топиш баҳонасида сарфлайман. Унгача олти йил ўтса, дадам вафот этиб бўлган бўлиши мумкин бўлади, негаки, унгача ўртача умрини уч йилга узатириши мумкинлиги ҳақидаги эҳтимолим кучли.
Дадамдан қолар мерос миллион йигирма йил ишламасдан яхши яшашга етади. Ишонаманки, йигирма йил миллионни қандай сарфлаш ҳақида статистик маълумотлар тўплашимга имкон беради. Яна унутмаслигим керак бўлган аҳамиятли нарса шуки, йигирманчи йилнинг охирида катта акам етмиш уч ёшда бўлади ва унда яшаш учун икки йили ёки ундан кам вақт қолади. Негаки, у кашанда.
Агар унинг аёли ва икки қизи билан баҳам кўриладиган мероснинг менга тегишли қисмини ҳисобласам, тахминан бир неча миллиондан кам бўлмайди ва аёли қарилик босқичига ўтгач тўрт йилга етгулик икки минг риёлдан кам бўлмаган пулни чўнтагимга ураман. Қолган акаларимдан мерос тегмайди албатта, чунки уларнинг ўғиллари бор. Шунингдек, бу кун йигирма саккиз йил ўтиб бўладиган бўлса, демографик, ғоявий ва тарихий статистикага таяниб иш кўрсак, акам вафот этгунича исломий мерос тизими ўзгармайди.
Йигирма саккиз йилдан кейин акамдан қолар мерос тугаганида мен эллик икки ёшли ночор, етим, катта акасиз яшаётган бўламан ва чекмаганлигим, ҳеч қандай оғир касалга чалинмаганлигим сабабли, мен учун қўрқинчли бўлган йигирма уч йилни яшашимга тўғри келади. Мункиллаган қарилик, камбағаллик, бахтсизлик ва фойдасиз статистикаларнинг йигирма уч йили!
Эътибор берарлик бошқа сценарий тополмаяпман; менинг ҳисоб-китобларим ижобий бўлса ва мен бироз қурумсоқроқ бўлсам, мунтазам кутилган, азоб-уқубатларимни енгиллаштириб беролмайдиган чорак асрни яшайман.
Ишонаманки, озгина жасорат кўрсатишим ва иккала танловдан бирини танлашим керак: чекишни бошлайман ёки муҳандисликни. | 2020-06-25 | http://nodirabegim.uz/archives/2492 |
На бир оғочга она бўлдим
На бир ғуддага
Сичқон ҳам туғмадим ҳатто.
Изсиз ўтиб бормоқдаман
Ёмғир мисоли
Тошга томчилаган
Кўзёшлардай.
Қисматим йўл ёқасида
Юмалар
Араванинг
Бешинчи ғилдираги бўлиб.
Қалбимас, осмони ўзгарар
Денгизда сузаётган одамнинг –
Гораций шундай дейди мактубида
Мен эса ўрнашдим
Қуртнинг қочишига
Капалак либосидаги
Қурт
Капалак ниқобида
Ҳамма бандаргоҳлар ёпилган
Эгалланган жами уялар
Банд қилинган рўёлар ҳатто
Кийим иси
Емак қолдиғи –
Бари бегона
Шеърлар эса
Тентирар ёт мисралар аро
Калит тирқишидан
Қачонлардир сеники бўлган
Оламга боқасан –
Кузатасан ҳаётни шундай
Сени тарк этмагайман
Дунёларнинг ҳеч бирида
На ўтда
На кулда
Бизни мангуга
Боғлаган
Эшиксиз қалъаси
Қон айланишнинг
Мен яна сени изладим
Ўрмон қуюқлигида
Назокатим менинг чорасиз
Бунда соқов оғочлар бор
Кўк қолдирмиш бизга уларни
Идишингга тошчалар отдим –
Ахир мени танимадинг-ку
Кафтларимла тегинсам ҳатто
Ойдинликнинг жами излари
Қувраб ётарди кўзларингда
Мен қолдим
Қувғин бўлган эдинг тушлардан
Мен сени беҳуда изладим
Ва қисматим сарҳадларида
Увлади шамол
Тангрим, қайтар
нарсаларга йўқотган шукуҳин
Ибтидо улуғворлигин
кийдир денгизга
Ранг-баранг
баргларла безат ўрмонни
Кўзлар ғуборин
арт
Тилларни шувоқдан
тозала
Пок ёмғир
бер – аралашсин кўзёшлар ила
Токи ўтлар
узра тинч ухлагай марҳумларимиз
Ўжар андуҳ
тутиб қолмас фурсатни, бироқ
Муҳаббатдан
чечак очгай тириклар қалби
Бизга
бор-йўғи дақиқа берилган
Шўнғи
унинг тубсиз чуқурлигига
Теграсида
айлан соат милидай
Циркуль оёғи
бўлиб ўлчагин уни
Бир сўз
демасликка келишамиз
Дақиқа
бизга етиб олар хушхабарсиз ҳам
Ҳужайралар
уни йўллагайлар оғриқ мисоли
Гўё мангу
роҳат
Дақиқага
жо бўлганидай
Мен
Аралашиб
кетдим
Ўша қушлар
яйловларига
Танамдаги ҳар
бир томир
Оқимига
дўнди ҳарир уммоннинг.
Нафас
олгум
Қон
шаклини чизиб ҳавога.
Кетмоқдаман.
Минглаб
тоштобутлар аро
Учаётиб чуғурлар
қушлар.
Йўлакда
жон талашаётган
Қари
кампир ёнида
Ҳеч ким
кўринмас
Кампир шифтга
тикилганича
Неча
кундан буён
Бармоғила
ёзар ҳавога
Қичқирмас,
йиғламас
Қўлларин
букмас
Кам қолмиш
посбон малаклари-да
Ажал ҳам
гоҳ назокатли бўлар
Гавжум
трамвайда
Жой
бўшатган йўловчи каби
Янги
Орлеан, Сан-Франциско…
Мен бу шаҳарларни
тушда кўрганман.
Кейин
ўнгимда ҳам кўрдим уларни.
Ҳозир ҳам
тушимда
Ўша
манзаралар қошимга келар,
Ўнгимда
мазахлаб туйғуларимни.
Энг азоблиси
Тил суғуриш
амалиётидир.
У ҳамиша
меёрий шароитда кечар.
Омадли
ўтар қоидага кўра
Икки
соатдан сўнг
Сезилмас оқиш
доғ қолади ундан.
Қанотларни
кесиш амалиёти
Ҳозирча
Ўтолмади
тажриба босқичидан,
Ҳисобимизда
аллақачон
Бир нечта
омадли уриниш бор,
Бахтсиз
тасодифлар ҳам бор, афсуски.
Юракни суғуриш
амалиёти
Мутлақо оғриқсиз
кечади.
Давом этар
икки ё уч дақиқа.
Ўрнида
чандиқ қолар
Кичикроқ.
Чандиқни
яна шундай аташ мумкин:
“Худо ҳаққи,
тинч қўйинг мени!”
Мен
дастлаб гард эдим.
Узоқ вақт
Ерга қўнолмаган
гард.
Кейин
Дон топиб
еёлмайдиган
Бир кўр
товуққа айландим.
Йилларча
чўзилди бу.
Ниҳоят
Айланиб
тупроққа,
Ўтлар,
тошлар, гардларни туғдим.
Она бўлдим
қизу ўғилга.
Уларни
олиб қўйишди келажак тажрибалари учун.
Энди, кўчада
кезаркан
Севинаман
бирор нима топсам,
Топа олсам
тароқ тишидан бўлак. | 2020-06-26 | http://nodirabegim.uz/archives/2503 |
Уммон мовий қум саҳросига ўхшарди. Ҳарбий хизматни ўтаб бўлган Сарбон уйига қайтаётганди. Чодирли ҳарбий машина аскарларни темир йўл вокзалигача келтириб қўйди. Ёш командир аскарларнинг йўл чипталарини текшириб кўргач, «Энди озодсиз, истаган ерингизга кетишингиз мумкин», қабилида уларга қўл силкиди. Барча ўз поездини изларди. Бокугача поезд бормасди. Шу сабаб Сарбон аввал шимол шаҳарларидан бирига бориб, кейин самолётда уйига учмоқчи эди. Унинг поезди ярим тунда йўлга чиқаркан. Беш-олти соат вақти бор. Аслида бу бегона, совуқ шаҳарда беш соат у ёқда турсин, беш дақиқа ҳам қолишни истамасди. Аскар дўстлари бир-бирлари билан хайрлашдилар. Уларнинг кўпчилиги яқин атрофдаги шаҳар-қишлоқларда яшовчи руслар эди. Сарбон охирги қуролдош биродари билан хайрлашиб, чамадонини вокзалнинг юкхонасига топширди. Сўнгра қор уюмларини бирбир босиб, уммон сари юрди. Уммон чексиз саҳрога ўхшарди. Сарбон ортда қолган аскарлик ҳаётини эслаб кулимсиради.
Уммон соҳилида одам кам эди. Осмон қорайди. Қор саҳросига айланган уммоннинг ранги тундлашди. Сарбон қорда ғичирлаган қадам товушларини эшитиб, ортига ўгирилди. Эгнига қалин яшил пальто кийган, юз-кўзини шарф билан ўраган қиз оҳиста қадам ташлаб келарди. У Сарбондан икки қадам нарига ўтиб, уммонга юзланди. Ваҳимали сувлар қўйнида гўёки кимнидир излаётгандек эди. Сарбон қиз билан гаплашгиси келди. Поезд кетишига ҳали вақт бор. Унинг учун ҳозир энг муҳими, вақтини унумли ўтказиш.
Ўрта мактабни тугатиб, ҳарбий хизматга кетган Сарбон аёл зоти билан гаплашиш у ёқда турсин, салом-алик ҳам қилмаганди. Қизлар билан танишишда доим эҳтиёткор бўлган бу йигит негадир ҳозир ёнидан ўтиб кетган қиз билан гаплашгиси келиб кетди. Қадамини тезлаштириб, унга яқинлашди.
−
Кечирасиз, бу ерда емакхона қаерда? – оғзидан чиққан сўзларининг бемаънилигини
англаса-да, энди кеч эди.
−
Шу ерда, уммоннинг ўртасида. Бориб истаган таомингизга буюртма
беришингиз мумкин, – ҳозиржавоблик қилди қиз.
Иккиси ҳам кулиб
юборди.
−
Балки ўша ерга бориб, кечки овқатни бирга тановул қилармиз.
−
Унда сиз биринчи бўлиб тушинг, мен ортингиздан бораман.
Яна кулги
кўтарилди. Сарбон қизнинг айтганини қилиб, тез-тез қадам босганича уммонга туша
бошлади.
− Тўхтанг…
тўхтанг! – деди аёл баландроқ овозда.
Сарбон командир
буйруғига бўйсунган аскаркаби жойида тўхтади.
−
Эшитаман… буюринг! – чаккасига ўнг қўлини қўйди.
−
Демак, сиз ҳарбий хизматдан қочдингиз…
−
Қочганим йўқ. Муддатни ўтаб бўлдик.
−
Ҳа, унда уйга кетаяпсизми?
−
Шундай.
−
Қайси томонга?
−
Ғарбга.
−
Кавказгами?
−
Ҳа. Сен ҳам озарбайжон экансан. Энди чиндан айт-чи, емакхона қаерда?
−
Шу ерда, уммон соҳилида.
Сарбон унга
яқинлашди.
−
Балки ростдан кечки овқатни бирга қилармиз?
−
Майли.
Улар аста емакхона
томонга бордилар. Иккиси бетон зиналардан чиқиб, емакхонага кирди. Сарбон
илтифот кўрсатиб, қизнинг пальтосини олди. Ичкарида одам кам экан.
−
Яхши таниша олмадик… Менинг исмим Сарбон. Сержант Сарбон Ғойибов.
−
Ҳамшира Элмира Юнусова.
−
Демак, сиз ҳам озарбайжонсиз.
Қиз жилмайди.
−
Йўқ, мен русман. Озарбайжон қариндошим ҳам йўқ.
−
Қизиқ…
−
Ҳа, қизиқ. Бу ерлардагиларда бундай исм-шарифлар тасодифан учрайди.
− Ахир
русларда бундай исм-фамилиялар умуман бўлмайди-ку! Буни ўзингиз ҳам яхши
биласиз. Менимча, сиз озарбайжонсиз…
−
Бўлади деб тасаввур қилинг.
−
Унда сизни Элмира хоним дейман.
−
Бўлади. Сизларда аёлларни ҳурмат қилиш маъносида шундай дейишларини
биламан. Мен бундан хурсанд бўламан, ўртоқ сержант…
−
Сержант Сарбон Ғойибов.
Иккиси кулди.
−
Нима еймиз, Элмира хоним? – сўради Сарбон.
−
Билмадим.
−
Менимча, уммондаги мавжудотларга бир ҳиммат кўрсатишимиз керак. Балиқми?
−
Эътирозим йўқ.
Қизнинг
ҳозиржавоблиги,самимийлиги Сарбонни хурсанд қилди. Иккиси шунчаки у ёқдан-бу
ёқдан озгина гаплашди. Ортиқча гап айтишдан тийилди. Қиз бу денгиз бўйи ўлкага
узоқ Сахалиндан келган, тиббиёт техникумини тамомлаб, ватанига қайтаётган экан.
−
Мен узоқ шарққа кетаман, сен эса ғарбга…
−
Шундай… Ҳар кимнинг ўз ватани…
Фурсат ўтмай
қовурилган балиқ келтиришди.
−
Ҳаво совуқ, – деди Сарбон қизнинг совуқдан қизарган оқ ёноқларига қараб.
–
Истасанг, бирор нима ичиб қизиб олардик.
−
Мен ичмайман, – деди қиз. – Ахир мен озарбайжон қизиман, муслимаман.
−
Боя бошқача гапиргандинг, ҳазиллашяпсанми?
−
Ҳа, русман. Ишонмасанг, паспортим чўнтагимда. Ҳозир, мана, ол ўқиб
кўр-чи, нима ёзилган экан?
Сарбон паспортга
қараб, унда ёзилган маълумотларни ўқиди: Юнусова Элмира Муродовна. Миллати рус.
− Ҳа… тўғри…
Сахалинлик экансан. Аммо отангни исми ҳам бизникига ўхшаш экан: Мурод. Менинг
амакимнинг исми ҳам шундай.
−
Амакинг ҳозир қаерда?
−
Ўз уйида. Рафиқасининг ёнида.
Қиз кулди.
−
Менинг отам ҳам уйда, онамнинг олдида. У қурувчи… Истасанг, ўзинг
ичишинг мумкин, Сарбон.
−
Йўқ, энди ичмайман. Юз грамм ичсам, бошим тарс ёрилиб кетай дейди.
Яхшиси, ичмаганим маъқул.
Иккиси пиширилган
уммон балиғидан еб, суҳбатлашди. Ҳаётида содир бўлган яхши воқеаларни
бир-бирига сўзлаб берди. Қиз билан суҳбатлашаркан, Сарбон ичида қаттиқ
афсусланарди. Ҳатто чиптасини бошқа кунга алмаштиришни ўйлади. Командирининг
гапига кирганида, ишлари яхши бўларди. Аскарларни кузатиб қўйган ёш лейтенант
«Кетишга шошилманглар, бир неча кун мазали денгиз таомларидан еб, гўзал қизлар
билан танишинглар», – деганди. Ҳозир мазали балиқдан еб, гўзал қиз билан
суҳбатлашаяпти, аммо бироздан сўнг қиздан ҳам, балиқдан ҳам айрилади.
−
Шундай қилиб, сен кемада кетасан…
−
Ҳа, – деди қиз сочиқ билан лабларини артиб.
−
Балки чиптани қайтариб, аввал сени кузатиб қўйсаммикан?
−
Йўқ, мени холам ва эри кузатиб қўяди. Уйимизга хабар юборасан. Яхшиси,
ўзим сени кузатиб қўяман. Майлими?
−
Албатта. Бундан жуда хурсанд бўламан, Элмира хоним.
−
Яхши. Энди қўлимни ювиб келай.
Қиз қайтгунича
Сарбон сигарета тутатди. Энди уммон бағридан кетишни истамасди. Элмира қайтиб
келди.
−
Поездинг кетишига оз фурсат қолди.
−
Ҳа, – деди Сарбон бошини кўтариб. Қизнинг жозибали кўзларига қаради. Қиз
кулимсиради.
−
Нима бўлди? Қарашларинг бошқача…
− Гўзалсан,
– деди Сарбон секин.
Элмира кулиб
юборди.
−
Балки мени ўзинг билан Кавказга олиб кетарсан? Онанг билан
таништирарсан? Ё онангдан қўрқасанми?
Сарбон зўрға
кулимсиради.
−
Ҳеч кимдан қўрқмайман. Истасанг, кетаверамиз.
−
Бу бошқа гап. Мен қуёшни яхши кўраман. Жанубда қуёшли кунлар кўп
бўларкан. Ҳозир ҳаво совуқ. Сенга мактуб ёзиб тураман. Кунлар исиганда,
меҳмонга бораман. Агар истасанг, сен ҳам Сахалинга боришинг мумкин. Келишдикми?
−
Ҳа, келишдик. Мен розиман.
−
Унда манзилингни менга ёзиб бер.
−
Мана манзилим.
Иккиси ўрнидан
турди. Сарбон қизнинг пальтосини берди. Элмира йигитнинг сержант погони
ёпиштирилган шинелига қараб, ҳазиллашди.
−
Ўртоқ генерал, кийинишингизга ёрдам берайми?
−
Йўқ, ўзим эплайман, – кулди Сарбон.
−
Унда кетдик. Вокзалда бироз айланамиз. Унгача сенинг поездинг ҳам келиб
қолади.
Сарбон хизматчи
аёлнинг олдига бораётганида Элмира уни чақирди.
−
Қаёққа кетаяпсан?
−
Ҳозир келаман.
−
Таомнинг пули тўланган.
−
Нима?
Хизматчи аёл ва
Элмира кулиб юборди.
−
Бу бўлмади, – аччиқланди Сарбон.
−
Кетдик, – деди Элмира Сарбоннинг қўлидан тутиб.
Иккиси вокзалгача
индамай келди. Поезд ҳали келмаганди.
− Нега
жимсан, Сарбон? Кетдик, анави ўриндиқлардан бирига бориб ўтирамиз.
Вокзал яқинидаги
кичик хиёбондаги ўриндиқлар анча совуқ эди. Иккиси бир-бирини иситиш учун
яқинроқ ўтирди. Қиз совуқ қўлларини йигитнинг кафтига, бошини елкасига қўйди.
Шу пайт поезд овози эшитилди.
−
Сенинг поездинг келяпти.
−
Ҳа, меники. Аммо кетишни истамайман.
−
Мактуб ёзишамиз, Сарбон.
Орада озгина жимлик
чўкди. Қиз Сарбоннинг кўксига бошини босиб, елкасидан силади.
−
Ҳеч ишонгим келмайди… – сукутни қизнинг шивирлаши бузди.
−
Нега?
−
Жуда тез танишиб, айрилганимизга.
−
Ҳа, гўё тушга ўхшайди.
−
Туш? Сен буни қаердан биласан?
−
Нимани?
−
Тушни.
−
Шунчаки айтдим.
−
Мен ўтган кеча сени тушимда кўргандим.
−
Мени?
−
Ҳа, сени.
Сарбон кулди. Қиз
унинг кулганидан ранжиб, ўрнидан турди-да, вокзалнинг эшигига қараб юрди.
−
Мен нима дедим? Нега хафа бўлдинг? –минғирлади Сарбон.
−
Мен чиндан ҳам бу учрашувимизни тушимда кўргандим, – деди қиз. – Сен
билан яна кўришамиз, Бокудами ёки Сахалиндами фарқи йўқ.
− Шундай.
Иккиси қўл ушлашиб поездга қараб юрди. Аввал Сарбон юкхонадан чамадонини олди. Сўнгра улар бир-бирини бағрига босиб, хайрлашдилар. Сарбон купега чиқиб, деразадан уни кузатиб турган қизга қаради. У билан учрашган кунни ҳеч қачон ёдидан чиқара олмайди. Бу муҳаббатми ёки ўткинчи ҳиссиётми билмайди. Поезд йўлга тушди.
Сарбон йиллар давомида Элмира билан мактуб ёзишиб турди. Сахалиндан келган ҳар бир мактуб унга ўша бахтли тасодифни эслатарди. Йигит қизни олиб кела олмади. Бир неча йилдан кейин уйланди, ота бўлди. Элмирага бошқа мактуб ёзмай қўйди. Ҳатто почтага ҳам бормай қўйди. Аммо Элмира Юнусова турмушга чиқса ҳам унга мактуб ёзарди. Сарбон эса бу мактубларни олиб, ўқишга журъат қилмасди. Бунинг сабабини билмайди. Аскарликдаги чамадонига солинган бу мактублар узоқ йиллардан буён айвонида ётарди… | 2020-06-30 | http://nodirabegim.uz/archives/2526 |
Курт ВОННЕГУТ, (АҚШ)
Эрта
баҳор. Офтобнинг хира нурлари кулранг қор устида аксланади. Тол бутоқларидаги
ҳадемай заррин чанг уфуришга тайёр момиқ тугунаклар ортида осмон кўринади. Хабаш
ҳайдовчи Бен Баркли Нью-Йоркдан чиққан қора “роллс-ройс”ни коннектикут йўли
бўйлаб учириб борарди.
-Тезликни
ошираверманг, Бен, – деди доктор Ремензель, – анави чекловлар бемаъни туйилиши
мумкин, лекин уларга риоя қилган маъқулроқ барибир. Шошилаётганимиз йўқ –
вақтимиз етарли.
Бен
тезликни пасайтирди.
-Баҳор
бўлганига машина ҳам, худди ичига сиғмаётгандек, олдинга ўзини уряпти, –
тушунтирди у.
-Ундақада
сиз уни тийиб туринг, – деди доктор.
-Хўп
бўлади, жаноб! – деди Бен. Сўнг ёнидаги ўриндиқда ўтирган докторнинг ўн уч яшар
ўғли Эли Ремензелга шипшиди: – Баҳор келса, бор махлуқот суюниб кетади –
одамлар ҳам, жониворлар ҳам, – деди Бен. – Ҳатто манави жонсиз машинанинг
қувончи ичига сиғмаяпти-я.
-Аҳа,
– деди Эли.
-Ҳаммани
димоғи чоғ, – минғирлади Бен. – Сен ҳам хурсанд бўлсанг керак?
-Ҳа,
ҳа, – деди Эли совуқ оҳанг билан.
-Бўлмасам-чи!
Энг зўр мактабга борасану, хурсанд бўлмайсанми.
“Энг
зўр мактаб” деб Уайтхилл йигитлар мактаби назарда тутилаётганди. Бу
Норс-Мартондаги хусусий мактаб. “Роллс-ройс” ҳам ўша ерга кетаётганди. Эли
кузги семестрга қабул қилиниши, ўша мактабни 1939 йилда тамомлаган отаси эса
мактабнинг васийлар кенгаши мажлисида қатнашиши керак эди.
-Назаримда,
йигитча унчалигам хурсандга ўхшамайди, доктор, – деди Бен. Лекин буни шунчаки
айтганди – баҳор одамда беҳуда сафсатага мойиллик туғдиради.
-Сенга
нима бўлди, Эли? – паришонхотир сўради доктор.
У
чизмаларни – бобокалони Эли Ремензель номини олган эски бинонинг ўттиз бўлмадан
иборат янги қаноти режасини кўздан кечирмоқда эди. Доктор Ремензель тарҳларни
олдинги ўриндиққа қотирилган ёнғоқ ёғочидан ишланган тахтачага сочиб
ташлаганди. Йирик, салобатли доктор яхши шифокор сифатида танилган – одамларни
пул учун эмас, буни ўз вазифаси сифатида билгани учун даволарди. Пул нима
бўпти, у туғулганидаёқ форс подишоҳидан бадавлат эди.
-Бир
нимадан хафамисан? – сўради Элидан, кўзини тарҳдан узмас экан.
-Йў-ў-ўқ…
– деди Эли.
Элининг
онаси – хушрўйгина Сильвия докторнинг ёнида ўтириб Уайтхилл мактаби проспектини
мутолаа қилмоқда эди.
-Ўрнингда
бўлганимда, – деди у ўғлига, – хурсандлигимдан ўзимни қўярга жой тополмасдим.
Ҳаётингнинг энг ёрқин дамлари бошланяпти-я – нақ тўрт йил!
-Аҳа,
– деди Эли.
У
аёлга ўгирилмади ҳам, шу боис онаси унинг крахмалланган оппоқ ёқасини босган
қалин, қўнғироқ сочли гарданига қараб гапираверди.
-Қизиқ,
Уайтхиллда нечта Ремензель ўқиган экан, а?
-Бу
қабристонда нечта майит ётибди, деб сўрашдек бир гап, – деди доктор ва ўша
заҳоти эски ҳангомага ҳам, Сильвиянинг гапига ҳам жавоб бера қолди: – Битта
қолмай ҳаммаси!
-Йўқ,
ўша ерда ўқиган Ремензелларнинг барини санаб чиқсак, Эли нечинчи бўларкин?
Савол
докторга ёқмагани кўриниб турарди, бетакаллуф алланима бор эди унда.
-Бунақа
ҳисоб юргизилмайди, – деди у.
-Тахминан
айтсакчи, – гапини ўтказишга ҳаракат қилди Сильвия.
-Ў-ўў!
– чўзиб айтди доктор. – Буни тахминан ҳисоблаш учун ўн саккизинчи аср охиридан
бошлаб ҳамма рўйхатларни бирма-бир кўздан кечириб чиқиш керак. Ҳа, яна
Шофилдларни, Гейли, Макмелланларни Ремензелларга қўшиш керакми, йўқми, шуни ҳам
аниқлаштириб олиш лозим.
-Ҳеч
қурса нечта ҳақиқий Ремензель бўлганини тахмин қилиб кўр, илтимос, – деди
Сильвия.
-Хўш,
тахминан ўттизтача дейлик, – деди доктор елка қисиб ва яна шаффоф қоғозни
шитирлатиб кетди.
-Демак,
Эли ўттиз биринчи бўларкан-да! – деди Сильвия шодлигидан гул-гул очилиб. –
Эшитдингми, азизим, сен ўттиз биринчисан, – деди у ўғлига.
-Мен
унинг аҳмоққа ўхшаб ҳар хил бўлар бўлмас сафсатани, масалан ўттиз биринчи
Ремензель эканини такрорлаб юришини истамайман.
-Буни
унинг ўзи ҳам яхши билади, – деди Сильвия.
Камбағал
оиладан чиққан бўлса-да, уддабурон, иззатталаб аёл эди у. Турмуш қурганига ўн
олти йил ўтган, бироқ ҳалиям мол-мулк авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтадиган бу
оилага қойил қолар ва буни яшириб ўтирмасди ҳам.
-Қара,
мен нима қилмоқчиман, – яна Эли мақтаниб юриши учун қиляпти деб ўйлама, бу
шунчаки, ўзим учун, – деди Сильвия. – Сен мажлисда, Эли қабул комиссиясими,
нима дерди, хуллас ўшанда бўлганингизда, архивга бориб ўзим Элининг қайси
рақамдалигини аниқлаштираман.
-Жуда
соз, – деди доктор Ремензель, – борақол, излаб кўрчи, бир нима топарсан.
-Бораман
ҳам! – деди Сильвия. – Сен бунга қўшилмасдирсан, менимча бу жуда қизиқ бўлса
керак.
Сильвия
эрига ўзининг соддадиллигини, унинг эса ўта босиқ эканини кўрсатишни, сўнгида
“Нима ҳам дердим, мен ҳали ҳам ўша-ўша қишлоқи гўл аёллигимча қолганман
шекилли, аввал қандай бўлсам, кейин ҳам ўзгармайман, бунга кўникишингга тўғри
келади” деганга ўхшаш гап қилишни ёқтирарди. Бироқ докторнинг ҳозир айтишиб
ўтиришга ҳафсаласи йўқ эди: у янги бино тарҳига бутунлай берилиб кетди.
-Янги
хоналарда камин бўладими? – сўради Сильвия. Эски бинонинг кўп хоналарида
чиройли каминлар ўрнатилганди.
-Бу
икки баробар қимматга тушади, – деди доктор.
-Агар
мумкин бўлса, Элини каминли хонага жойлаштиришларини истардим, – деди Сильвия.
-Бунақа
хоналар юқори синфдагиларга берилади.
-Балки,
бирор иложини қилиш мумкиндир…
-“Бирор
иложи” деганинг нимаси? – деди доктор. – Сенингча, Элига каминли хона
беришларини талаб қилишим керакми?
-Керак
бўлса, талаб ҳам қилгин… – деди Сильвия.
-Қаттиқ
туриб олишим керак, шундайми?
-Эҳтимол,
ҳалиям ўша-ўша гўлдирман, – деди Сильвия, – лекин неча-неча бино Ремензеллар
номини олгани, Ремензеллар томонидан қанча-қанча пуллар стипендия учун
ўтказилгани қўлимдаги проспектда ёзиб қўйилибди… Шу номни кўтариб юрган одам
бирор бир, ҳеч қурса зиғирдаккина бўлса ҳам имтиёздан фойдаланиши кераклигини
ўйламай бўларканми.
-Хўш,
эшит, сенга қатъий бир нарсани айтиб қўяй, – деди доктор Ремензель, – Эли учун
бирор эркинликми, имтиёзми сўрашни ҳечам хаёлингга келтирма, тушундингми, ҳеч
ҳам!
-Бундай
қилиш ниятим ҳам йўқ, – деди Сильвия. – Нега доим сени ноқулай аҳволга тушуриб
қўйишим ҳақида ўйлайверасан, а?
-Сира
ундай эмас, – деди доктор.
-Истаганимдек
ўйласам майлими? – деди Сильвия.
-Қўлингдан
ушлаб турганим йўқ, – деди доктор.
-Билганимни
қиламан ҳам! – деди аёл ҳеч ҳижолат чекмай қувонч билан, сўнг чизмалар устига
эгилди. – Нима дейсан, ўша одамларга хоналари ёқармикан?
-Қайси
одамларни айтяпсан? – деди доктор.
-Ҳалиги,
африкаликларга дейман-да, – тушунтирди аёл. Гап ҳукумат сўрови билан келаси
семестрдан Уайтхиллга қабул қилиниши керак бўлган африкалик ўттиз бола хусусида
кетаётганди. Ўшалар учун ётоқхонани кенгайтиришаётган эдилар.
-Улар
учун алоҳида хона тайёрланмайди, – деди доктор. – Уларни бошқалардан ажратмоқчи
эмаслар.
-Шундай
де! – деди Сильвия ва бирпас ўйга толиб яна сўради: – Агар Эли ўшалардан бири
билан битта хонага тушиб қолсачи?
-Янги
ўқувчилар қуръа тортадилар – ким ким билан тушиши ўшанда маълум бўлади, – деди
доктор. – Проспектда бу ҳақда ҳам маълумот берилган.
-Эли!
– қичқириб юборди Сильвия.
-Ҳим?
– пўнғиллади Эли.
-Африкалик
аллақайси болача билан бир хонада яшашга нима дейсан?
Эли
бепарво елка қисди.
-Сенга
фарқи йўқми? – сўради Сильвия.
Эли
яна елкасини қимирлатиб қўйди.
-Фарқи
йўққа ўхшайди, – деди Сильвия.
-Бошқача
бўлиши ҳам мумкинмас, – деди доктор.
“Роллс-ройс”
шалвираганидан ҳатто орқа эшиги оқ арқон билан боғлаб қўйилган эски “шевроле”га
етиб олди. Доктор Ремензель йўл-йўлакай машина ҳайдовчисига кўзи тушдию, бирдан
шодланиб, ҳаяжонланиб ўзининг ҳайдовчисига қичқирди:
-Ўтиб
кетманг! – Сильвиядан ўтиб ойнани туширди ва “шевроле”нинг ҳайдовчисига
қичқирди: – Том! Ҳой! Том!
Бу
докторнинг Уайтхиллда бирга ўқиган эски қадрдони эди. Унинг бўйнида уайтхиллча
рангдор шарф боғланган, доктор Ремензелни таниганини билдириб ўша шарфни
силкиди. Сўнг ёнидаги ўриндиқда ўтирган ёқимтой ўғлини кўрсатиб, имо-ишоралар
билан уни Уайтхиллга элтаётганини тушунтирди. Юзига табассум ёйилган доктор
Ремензель ҳам ўз навбатида ўғлининг пахмайган энсаси томон бош ирғади, улар ҳам
ўша томон кетаётганларини кўрсатди. Машиналар ўртасидаги виз-виз шамол хуштаги
орасида Холли-Ҳаузда – Уайтхиллга ташриф буюрган меҳмонларга хизмат кўрсатувчи
қадимий меҳмонхонада бирга нонушта қилишга келишиб олдилар.
-Бўлди!
– деди доктор Ремензель ҳайдовчига. – Кетдик!
-Биласанми,
– деди Сильвия, – чиндан ҳам кимдир мақола ёзиши керак… – У ўгирилиб,
машинанинг орқа ойнасига – улардан анча узоқда тарақ-туруқ қилиб келаётган эски
машинага қаради: – Йўқ, ростан, кимдир ёзиши керак.
-Нима
ҳақда? – сўради доктор. Кейин у туйқус Элининг букчайиб, ўриндиқдан деярли
тушиб кетай деб қолганини сезиб қолди. – Эли! Тўғри ўтир! – деди ва яна Сильвияга
ўгирилди.
-Одатда,
бундай хусусий мактаблар оқсуяклар, бойлар учун деб ўйлашади, – деди Сильвия, –
лекин бу тўғри эмас-ку!
У
проспектни варақлай кетди ва кўп ўтмай керакли иқтибосни топди.
-“Уайтхилл
мактаби қонун-қоидасига кўра, – ўқий бошлади у, – оила ўқиш учун мактабга пул
тўлай олмаган тақдирда ҳам, бу болани ўқиш имкониятидан маҳрум қилмаслиги
керак. Шунинг туфайли, қабул комиссияси уч мингга яқин талабгорлардан, ҳатто
улар орасида ўқиш учун икки минг икки юз доллар тўлашга қурби етмаганлар бўлса-да,
юз эллик нафар энг лаёқатли, энг иқтидорли болани танлаб олади. Моддий кўмакка
муҳтож ҳар бир бола тўлиқ қўллаб-қувватланади. Айрим ҳолатларда мактаб
стипендиатнинг кийим-кечак ва йўлкира ташвишларини ҳам ўз бўйнига олади”. –
Сильвия бошини силкитди: – Одамни хаёлига келмайди-я! Қаердаги ҳайдовчининг ҳам
ўғли Уайтхиллга кириши мумкинлигини кўпчилик билмайди.
-Агар
мактабнинг қуввати етса, – деди доктор.
-Ва
Ремензелларнинг олийҳимматлиги туфайли, – қўшиб қўйди Сильвия кибр билан.
-Яна
бошқа кўплаб одамларнинг ҳам, – деди доктор.
Сильвия
яна овоз чиқариб ўқишни бошлади:
-“1799
йили Эли Ремензель Бостондаги қирқ акр ерни мактабга ҳадя қилиб ушбу фондга
асос солди. Мактаб ўша ердан ўн икки акрлик ерига ҳали ҳам эгалик қилади,
ҳозирга келиб бу ер уч миллион долларга баҳоланмоқда”.
-Эли!
– деди доктор. – Тўғри ўтирсангчи! Нима бўлган сенга ўзи?
Эли
тўғри ўтиргандек бўлди, зум ўтмай гулхан ёнидаги қорбола каби эриб, бутун
танасини ташлаб юборди. Ҳозир унинг эриб йўқ бўлиб кетгиси, одам кўзига
кўринмайдиган тошгами-кесакками айлангиси, ўлиб қолгиси келарди. Аммо у ўзини
мажбур қилиб бўлсада, ота-онасига бунинг сабабини оқизмай-томизмай айтиши керак.
Гап шундаки, уни Уайтхиллга қабул қилишмаслигини билади. Кириш имтихонларидан
йиқилган. Ота-онасининг бундан хабари йўқ, чунки Эли почта қутисида якуний
хабарномани кўриб қолган, ўқигач майда-майда қилиб йиртганди. Доктор Ремензель
ва хотини Элини Уайтхиллга қабул қилишларига заррача шубҳа қилишмасди. Уларга
Элининг ўқишга кира олмаслиги аллақандай бемаънигарчилик туюлар, шу боис
Элининг имтиҳондан қандай ўтгани билан қизиқишмади, ҳалигача ҳеч қандай
хабарнома келмаганига ҳайрон қолмадилар ҳам.
-Элийимиз
рўйхатдан қандай ўтади? – сўради Сильвия, улар ўтирган қора “роллс-ройс”
Род-Айленд чегарасидан ўтганда.
-Билмайман,
– деди доктор. – Афтидан, ҳозир бу нарса жуда мураккаблашиб кетган: аллақандай
анкета, карточка тўлдиришинг керак, яна тўрт нусхада – бир сўз билан айтганда
қоғозвозликдан бошқа нарса эмас. Айтганча, кириш имтиҳонларини ҳам янгилашган.
Менинг пайтимда директор бола билан суҳбатлашарди, холос. Баъзида директор биринчи
марта кўриб турган боласига битта-иккита савол бериб, “Маъқул” деган маҳаллари
ҳам бўлган.
-“Тўғри
келмайди” деган пайтлари ҳам бўлганми?
-Бўлмасамчи,
– деди доктор Ремензель, – қобилиятсиз, зеҳни пастлар ҳам учраб турган.
Қандайдир даражани ушлаб туриш керак-ку ахир. Доим шундай қилинган. Мана,
ҳозирги африкаликлар ҳам худди қолганлар каби муайян даражага жавоб беришлари
керак. Ҳукумат уларнинг мамлакатлари билан дўстлик алоқалари ўрнатишни истагани
боисидан болаларни қабул қилишга мажбурмиз. Аммо биз ҳам ўз шартларимизни
қўйдик. Уларнинг бариси бизнинг даражамизга тўғри келиши керак.
-Хўш,
қалай? – сўради Сильвия.
-Яхшига
ўхшайди, – деди доктор Ремензель. – Уларнинг ҳаммасини қабул қилишди чоғи,
Элийимиз топширгани каби улар ҳам худди ўша имтиҳонлардан ўтишди.
-Имтиҳон
қийин ўтдими, азизим? – сўради Сильвия ўғлидан. Бу саволни бериш унинг хаёлига
эндигина келганди.
-Аҳа,
– деди Эли.
-Нима
дединг? – қайта сўради аёл.
-Ҳим,
– деди Эли.
-Мактаб
талаби қаттиқ эканлигидан хурсандман, – деди аёл ва ўша заҳоти аҳмоқона гап
айтганлигини англаб қолди. – Ҳа, албатта, уларнинг талаблари жуда юксак. Шу
боис мактабнинг донғи чиққан. Шу туфайли мактаб битирувчилари ҳаёти ҳавас қилса
арзигулик.
Шундай
деб Сильвия яна проспектни ўқишга тушиб кетди ва “Луга” харитасини – одат
бўйича Уайтхилл ҳудуди шундай аталарди – ёзди. У Ремензеллар номини олган ҳар
бир жойни бирма-бир ўқиб чиқди: Сэнфорд Ремензель номидаги қуш қўриқхонаси,
Жорж Макмеллан-Ремензель номидаги яхмалак майдони, Эли Ремензель номли
ётоқхона; сўнг харита бурчагидаги тўртликни овоз чиқариб ўқиди:
-Биласанми,
– деди Сильвия, – барибир мана шундай мактаб мадҳияларини ўқиётганингда аллақандай
бемазагарчиликни туясан. Аммо Хушчақчақлар клуби шу сўзларни куйлаганини
эшитсам, дунёда шундан яхши сўз йўқдек туюлади, йиғлаб юборай дейман.
-Ҳим-м-м…
– деди доктор Ремензель.
-Муаллифи
ким – Ремензеллардан бири бўлса керак, а?
-Бўлиши
мумкин эмас, – деди доктор. Сўнг тўсатдан ёдига тушди: – Шошма, шошма. Ахир бу
янги қўшиқ-ку. Кейин буни Ремензель ёзмаган. Бу Том Хильер ижодидан.
-Анави,
ҳалигина ортда қолдирганимиз эски машинадагини айтяпсанми?
-Худди
ўша Томнинг шеъри бу, – деди доктор Ремензель. – Ҳатто қандай ёзганини ҳам
эслайман.
-Демак,
мактабда текинга ўқиган бола шеър ёзган эканда? – деди Сильвия. – Бунча яхши!
Ахир у стипендия олиб ўқиган, шундайми?
-Ҳа,
отаси устахонада оддий механик эди.
-Эшитдингми,
Эли, қандай демократик мактабга киряпсан! – деди Сильвия.
…Ярим
соат ўтиб Бен Баркли машинани Холли-Ҳаузда тўхтатди. Ушбу қадимий қишлоқ
меҳмонхонаси америка республикасидан роса ўн икки ёшга катта эди. Меҳмонхона
Уайтхилл ҳудудида жойлашган, мактаб биноларининг минора ва томлари Сэнфорд
Ремензель номи берилган қушхонанинг маъсум майсазорларидан нарида қад кўтарганди.
Машина билан Бен Барклига бир ярим соатга рухсат бердилар. Доктор Ремензель
Сильвия ва Элини таниш залга олиб кирди, паст шифт, тахта токчаларга терилган
қалай кружкалар, қадимий соатлар, тахтадан ишланган ажабтовур мебель, зийрак
хизматкор, тансиқ таом ва ичимликлар – булар ҳеч ҳам ўзгармайдигандек кўринарди.
Олдинда ўзини нима кутаётганидан даҳшатга тушган Эли тирсаги билан баҳайбат тик
соатни тирсаги билан туртиб юборганди, соат норози инграб юборди.
Сильвия
бирпасга ташқарига чиқди. Доктор Ремензель ва ўғли иккаласи ресторанга
кираверишда тўхташди. Бека иккисининг ҳам исмини бирма-бир айтиб сўрашди.
Уларни АҚШ президентлари бўлмиш Уайтхиллнинг уч тарбияланувчисидан бирининг
портрети тагидаги столга ўтқазишди.
Кўп
ўтмай ресторан одамга лиқ тўлди. Кишилар оила-оила бўлиб келган, ҳар бир оилада
камида битта Элининг тенгқури бор. Уларнинг кўпи формада – қора ва мовий ранг
ҳошияси, Уайтхилл нишони туширилган уайтхиллча свитерда эдилар. Элига ўхшаб,
форма кийиш ҳуқуқига эга бўлмаганлар эса ўша кун тезроқ келишидан умидвор
формага тикилардилар.
Доктор
ўзига мартини буюргач, ўғлига қаради:
-Онанг,
назаримда, бу ерда катта имтиёзлардан фойдаланишинг керак деб ўйлаяпти. Сен
бундай ҳисобламасанг керак?
-Йўқ,
жаноб, – деди Эли.
-Агар
сенинг, – деди доктор Ремензел бежама овоз билан, – худди Ремензеллар қандайдир
бошқача одамлардек, фамилиямиздан фойдаланганингни эшитиб қолсам, ўта ҳижолатли
аҳволда қоламан.
-Биламан,
– деди Эли маъюс.
-Тушунарли,
– деди доктор. Энди бу ҳақда қайта сўзлашнинг ҳожати қолмаганди.
Доктор
Ремензель залга кираётган танишлари билан қисқагина сўрашиб, девор ёқалаб
тузалган узун зиёфат столи кимлар учун эканлигини ўйлади, сўнг бирор спорт
жамоаси меҳмонга келса керак деб тахмин қилди. Сильвия қайтди ва ўғлига столга
хоним яқинлашганда ўрнидан туриши кераклигини шивирлаб танбеҳ берди. Сильвия
эшитган янгиликларидан ўзига сиғмай ўтирарди. Айтишларига қараганда, катта стол
Африкадан келадиган ўттиз бола учун тузалганмиш.
-Уайтхилл
ташкил этилганидан буён бунча ранглини овқатлантиришмаган бўлишса керак, – деди
у аста. – Замоннинг бунча тез ўзгаришини кўринг!
-Тўғри,
замон тез ўзгаради, – деди доктор Ремензель, – лекин бунча ранглини боқишмаган
деб янглишдинг: Яширин Йўлнинг энг гавжум қисми шу ердан ўтган.
-Йўғе?
– деди Сильвия. – Қизиқ! – У бошини айлантириб хонани кўздан кечирди. – Эҳ, бу
ердаги ҳамма нарса қизиқ! Фақат тезроқ Элининг анъанавий свитерни кийганини
кўрсам эди!
Доктор
Ремензель қизариб кетди.
-Ҳали
мумкин эмас, – деди у.
-Биламан,
биламан, – деди Сильвия.
-Ҳозир
бориб Элига форма кийгазишга рухсат сўрайсанми деб ўйловдим, – деди доктор.
-Бунақа
қилиш ниятим йўқ. – Сильвия эридан бироз хафа бўлганди. – Нега ҳадеб сени
ноқулай аҳволга тушуришимни ўйлаб қўрқаверасан?
-Ундай
эмас. Кечирасан. Парво қилма.
Сильвия
қувнаб кетди ва Элининг елкасига қўлини қўйганча, юзида табассуми ярқираб,
ҳозиргина зал эшиги олдида тўхтаган меҳмонга тикилди. Эшик олдида Уайтхилл
мактаби директори, олтмишга яқинлашган озғин жентельмен – доктор Дональд Уоррен
турар, у меҳмонхона хўжайини билан африкаликлар келишига ҳамма нарса тайёрми,
йўқми, шуни текширишмоқда эди. Шунда Эли шарт ўрнидан туриб залдан шошиб чиқиб
кетди. У доктор Уорреннинг шундоққина олдидан ўтиб кетди, доктор унинг исмини
айтиб чақирганди, қарамади ҳам. Доктор Уоррен унинг ортидан маъюс қараб қолди.
-Жин
урсин! – деди доктор Ремензель. – Унга нима бўлган ўзи?
-Ўзини
ёмон ҳис қилдимикин? – деди Сильвия.
Ремензеллар
нима бўлганини билишга улгирмадилар, доктор Уоррен тез-тез юриб улар ўтирган
столга яқинлашди. Сўрашиб олгач, ўтиришга рухсат сўради, юзидан Элининг
ҳатти-харакатидан бироз эсанкираб қолгани кўриниб турарди.
-Албатта,
марҳамат қилинг! – самимий хитоб қилди доктор Ремензель. – Хурсанд бўлардик.
-Йўқ,
йўқ, нонушта қилмайман, – деди доктор Уоррен. – Менинг жойим анави катта
столда, янги ўқувчилар орасида. Сизлар билан гаплашиб олмоқчи эдим. – У
дастурхон беш кишига тузалганини кўриб сўради: – Яна бирортасини кутяпсизми?
-Йўлда
Том Хильерни ўғли билан учратиб қолдик, улар ана-мана дегунча келиб қолишса
керак.
-Яхши,
яхши, – деди доктор Уоррен паришонхотирлик билан. Унинг ўзида эмаслиги кўриниб
турар, қайта-қайта Эли чиқиб кетган эшикка қараб қўярди.
-Томнинг
ўғли Уайтхиллга кирдими? – сўради доктор Ремензель.
-Ким?
– қайта сўради доктор Уоррен. – Эҳ, ҳа, ҳа, у ўқишга кирди.
-У
ҳам отасига ўхшаб стипендия оладими? – сўради Сильвия.
-Бундай
нарсаларни сўраб бўлмайди! – деди доктор Ремензель қатъий.
-Вой,
кечиринг, кечиринг!
-Йўқ,
йўқ, бу тамоман ҳақли савол, – деди доктор Уоррен. – Энди биз буни сир тутиб
ўтирмаймиз. Биз стипендиатларимиздан фахрланамиз, албатта улар ҳам ўз
натижаларидан ифтихор қилсалар арзийди. Томнинг ўғли кириш имтиҳонларидан энг
яхши баҳоларни олди – ҳеч ким ҳеч қачон бунақа баланд кўрсаткич кўрсатмаганди.
У бизнинг ўқувчимиз бўлишидан жуда-жуда фахрланамиз.
-Биз
эса ҳалиям Элининг баҳоларини билмаймиз, – деди доктор Ремензель. У буни
шунақанги кўнгилчанглик билан айтдики, бундан унинг Элидан катта натижалар
кутмаётгани сезилиб турарди.
-Ҳарҳолда,
ўртамиёна бўлса ҳам, қониқарли бўлиши керак, – деди Сильвия. Буни у Элининг
бошланғич мактабдаги баҳоларидан хулосалаганди, ёмон эдию, лекин қониқарли
ҳисобланарди.
Директор
иккисига ҳам ҳайрат билан қаради.
-Унинг
баҳоларини сизга етказмадимми? – деди у.
-Сиз
билан имтиҳонлардан кейин учрашмадик, – деди доктор Ремензель.
-Хатчи?..
-Қандай
хат? – сўради доктор Ремензель. – Хат жўнатганмидингиз?
-Ҳа,
– деди доктор Уоррен. – Бирор марта хат ёзишга бунча қийналмагандим…
Сильвия
бошини ликиллатди:
-Аммо
биз сизнинг хатингизни олганимиз йўқ.
Доктор
Уоррен ўрнидан туриб кетди, кўринишидан таъби хиралиги сезилди.
-Мен
ўзим жўнатгандим, – деди у, – икки ҳафта олдин почтага ташлагандим.
Доктор
Ремензель елка қисди:
-Одатда
АҚШ почтаси хатларни йўқотмайди, аммо-лекин баъзан бошқа манзилга юбориши
мумкин.
Доктор
Уоррен бошини икки қўли билан қисди.
-Ана
бўлмасам… Уҳ, Худойим-а, қандай қилиб ахир… – деди у. – Ўзи Элини кўриб
ҳайрон қолгандим. Сиз билан келмаса керак деб ўйловдим.
-У
томошага келгани йўқ, – деди доктор Ремензель. – Мактаб рўйхатидан ўтиши керак.
-Хатда
нима ёзганингизни билмоқчи эдим, – деди Сильвия.
Доктор
Уоррен бошини кўтариб, қўлини қовуштирди:
-Хатда
шундай ёзгандим, ва илгари бирор марта хат ёзишга бунчалик қийналмаганман: “Бошланғич
мактаб ва кириш имтиҳонлари баҳоларига асосланиб шуни хабар қилмоқчиманки, Уайтхилл
ўқувчиларидан талаб қилинадиган юклама фарзандингиз, менинг марҳаматли дўстим
Эли учун жуда оғирлик қилади. Доктор Уорреннинг овози ва кўзлари бирдан
қаттиқлашди: – Элини Уайтхиллга қабул қилиб, ундан дастурни уддалай олишини
кутишнинг иложи йўқ, бундан ташқари бу болага нисбатан бешафқатликдир”.
Бир
неча ўқитувчи, амалдор ва ўз юртлари дипломатлари ҳамроҳлигида африкалик ўттиз
ўсмир турнақатор бўлиб залдан ўтишди. Шу он Том Хильер ҳам ўғли билан биргаликда
столга яқинлашдилар ва айни дамда Ремензеллар қай аҳволда эканини хаёлларига
ҳам келтирмай, доктор Уоррен ва Элининг ота-онаси билан қуюқ сўраша кетдилар.
-Агар
истасангиз, сизлар билан ҳалироқ яна гаплашамиз, – деди доктор Уоррен ўрнидан
тураркан, – фақат сал кейин, мен ҳозир бормасам бўлмайди. – У шундай деб шошиб
нари кетди.
-Ҳеч
нарсага тушунмаяпман, – деди Сильвия. – Ҳеч нарсага ақлим етмаяпти, ўлай агар.
Том
Хильер ва ўғли стол атрофига жойлашдилар. Том менюни кўрар экан, кафтини
кафтига урди.
-Яхшироқ
бирор нимаси бормикан? Жуда очиқиб кетдим, – деди у ва шу ҳаҳоти қўшиб қўйди: –
Менга қаранг, ўғлингиз кўринмайди?
-Ташқарига
чиққанди, – деди доктор Ремензель совуққонлик билан.
-Уни
ахтариб кўриш керак, – деди Сильвия эрига.
-Шошма,
бироз шошма, – деди доктор Ремензель жавобан.
-Хатчи?!
– деди Сильвия. – Эли хатни билган. Ўқиб, йиртиб ташлаган. Турган гап, йиртиб
ташлаган.
Аёл
Эли ўзини ўзи қандайин қопқонга тушуриб қўйганини ўйлаб йиғлаб юборди.
-Элининг
нима қилгани мени умуман қизиқтирмайди, – деди доктор Ремензель. – Ҳозир
бошқаларнинг аҳволини кўрмоқчиман.
-Нималар
деяпсан? – деди Сильвия тонг қотиб.
Дарғазаб,
йўлида дуч келган ҳар нарсани даф қилишга тайёр аҳволдаги савлатдор доктор Ремензель
оёққа турди.
-Ҳозир
бориб, Уайтхиллдаги айрим кишилар нечоғлик тез ўз хулосасини ўзгартиришга
мажбур бўлиши мумкинлигини синаб кўраман, – деди у.
-Ўтинаман,
– деди Сильвия эрини тўхтатиб қолишга, тинчлантиришга уриниб, – аввал Элини
топайлик. Ҳозироқ!
-Аввало,
– доктор Ремензельнинг овози гулдиради, – Элини Уайтхиллга қабул қилишлари
керак. Кейин уни излаб, бу ерга келтирамиз.
-Аммо,
азизим…
-Ҳеч
қанақа “аммоси” йўқ! – деди доктор Ремензель. – Васийлар кенгаши аъзоларининг
кўпчилиги ҳозир шу ерда, залда йиғилган. Уларнинг бариси менинг яқин дўстларим,
отамнинг ошналари. Агар улар доктор Уорренни Элини қабул қилишга ундасалар, у
ўқишга киради. Анавиларга ўхшаганларга бунда жой бор эканми, демак Элига ҳам,
жин урсин, ўрин топилади!
У
катта-катта қадамлар билан ёнларидаги столга борди ва бир ўзи нонушта қилиб
ўтирган, юзидан чакиллаб заҳар томиб турган забардаст қарияга нималарнидир
тушунтира кетди. Қария васийлар кенгаши раиси эди.
Сильвия
эса гангиб қолган ота-бола Хильерлардан узр сўради-да, Элини излагани ўрнидан
турди. Сўраб-суриштириб, ниҳоят ўғлини топди. У боғда, куртаклари эрта-индин барқ
уришга шай настарин бутаси остидаги ўриндиқда якка ўзи ўтирар эди. Эли
онасининг йўлак бўйлаб шип-шип қадам товушини эшитди-ю, жойидан қимир этмади.
-Билдингизми?
– деди у. – Ё яна бирон нимани тушунтириш керакми?
-Сен
ҳақингдами? – деди онаси аста. – Киролмаганингними? Доктор Уоррен ҳаммасини
айтиб берди.
-У
юборган хатни йиртиб ташлагандим, – деди Эли.
-Тушунаман,
– деди аёл. – Отанг иккимиз сенинг ўрнинг Уайтхиллда деб миянгга қуяверибмиз,
йўқса бундай бўлмасди.
-Уҳ,
енгил тортдим! – деди Эли. У жилмайишга ҳаракат қилди, кейин бунинг унчалар ҳам
қийин эмаслигини ҳис қилди. – Чин сўзим, ҳаммаси ошкор бўлганидан енгиллик ҳис этдим.
Доим сизларга айтишга ҳаракат қилардим, гапни бошлайман деганда юрагим пўкиллаб
қолаверарди. Қандай айтишни билмасдим.
-Сен
эмас, мен айбдорман, – деди Сильвия.
-Отам
нима қиляптилар?
Сильвия
Элини тинчлантиришга уриниб, эри нималар қилаётганини буткул унутаёзганди.
Ҳозир тўсатдан доктор Ремензель даҳшатли хатога йўл қўяётганини билиб қолди. Аёл
Элини Уйтхиллга қабул қилишларини унчалик ҳам истамас, уни бу ерда қолдириш
шафқатсизлик эканини дарҳол англаганди. Аммо ўғлига отаси нимани бошлаб
қўйганини айта олмади.
-Отанг
ҳозир келади, азизим. У ҳаммасини билади, – дея олди холос. Сўнг гапини давом
этди: – Сен шу ерда ўтириб тур, ҳозир уни топиб келаман.
Аммо
доктор Ремензелни излашга ҳожат қолмади. Ўша ондаёқ меҳмонхона эшиги олдида
унинг баланд сумбати кўринди: доктор боғда хотини ва ўғлини кўриб қолганди.
Уларнинг олдига келди. Маъюс тортиб қолганди.
-Хўш,
нима бўлди? – сўради хотини.
-Улар…
Уларнинг бари рад қилди, – деди доктор паст овоз билан.
-Яхши
бўпти! – деди Сильвия. – Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди, Худо ҳақи!
-Ким
рад қилди? – сўради Эли. – Ким нимага рад қилади?
-Кенгаш
аъзолари, – деди доктор кўзини олиб қочар экан. – Сен учун истисно қилишларини
– қарорни ўзгартириб, мактабга қабул қилишларини сўрагандим.
Эли
ўрнидан ирғиб турди, уят ва ғазабдан юзи лов-лов ёнарди.
-Сиз…
нима қилиб қўйдингиз? – унинг овози бирдан ўзгарди, ҳозир ўзида эмасди у. –
Сўрашингиз керакмасди, – дея қичқирди отасига.
Доктор
Ремензель итоаткор бош силкиди:
-Улар
ҳам шундай дейишди…
-Ўтакетган
номуссизлик-ку бу! – деди Эли. – Даҳшат! Қандай айтдингиз, а?
-Ҳақсан,
– деди доктор Ремензель таъна-дашномларни итоаткорона қабул қиларкан.
-Сиздан
ор қиламан, – деди Эли ва ростини айтгани юз-кўзида аксланди.
Доктор
Ремензель қилар ишни қилиб қўйганини билар, афсусланар, аммо айтишга, ўзини
оқлашга бирор сўз тополмасди.
-Иккингиздан
ҳам узр сўрайман, – деди ниҳоят. – Чакки иш қилдим, аслида буни хаёлимга ҳам
келтирмасам бўларкан…
-Демак,
Ремензель барибир ўзи учун имтиёз сўрабди-да! – деди Эли.
-Бен
ҳали машинани олиб келмаган бўлса керак, – деди доктор, бу шундоқ ҳам аён
бўлишига қарамай. – Уни шу ерда кутайлик. Ичкарига киришни истамайман.
-Ремензель
шахсан ўзи учун сўраган экан, демак Ремензель деганлари бошқалардан ортиқ бўлса
керак-да, а? – деди Эли.
-Менимча…
– доктор Ремензель гап бошладию, охири оғзида ямланиб кетди.
-Нима
сенингча? – қайта сўради Сильвия.
-Менимча,
бу ерга бошқа келмаймиз, – деди у. | 2020-05-18 | http://nodirabegim.uz/archives/2304 |
Ўша куни уйга борсам, рафиқам дастурхон тузаганча мени кутиб ўтирган экан. Мен унинг қўлларидан тутиб гап бошладим:
-Сенга бир гапни айтишим керак.
У жимгина ёнимда ўтириб қулоқ тутди. Мен унинг кўзларида дард шарпасини сездим. Кейин бу гапни унга қандай айтаман, дея ўйлаб қолдим. Лекин айтмасам ҳам бўлмасди. Гап шундаки, мен у билан ажрашмоқчи эдим. Айтмасам ҳам у тушунди. Гапларимни тинглаб, бир туки ҳам қилт этмади, сўнгра секин сўради:
-Нега?
Мен ўзимни эшитмаганга солдим. Индамаганим учун у ранжиди. Кейин ичидаги бор алам билан ҳайқирди:
-Эркакнинг иши эмас бу!
Ўша куни биз гаплашмадик. У ўйларди, биламан, оиламизга нима бўлди, нега барчаси бундай тугади, дея ич-этини кемираяпти. Лекин мен бу саволга жавоб беролмасдим. Кўнглим Дью исмли қизни суйиб қолган, фақат унга талпинардим. Хотинимни эса ортиқ севмай қўйгандим. Фақат раҳмим келарди, холос.
Ўзимни айбдор сезганим учун, ажрашиш қоғозида унга уйимизни, машинамизни, ишимдаги маблағимнинг 30% ини қолдиришимни айтдим. У қоғозни кўздан кечирди-да, йиртиб ташлади. Менга 10 йил ҳаётини бағишлаган аёл бирдан бошқа инсонга айланиб қолганди. Мен унинг ўтган умрига, меҳнатига ачинсам-да, гапимдан қайтмасдим: Дьюни жуда севардим…
Ниҳоят, хотиним кўз олдимда ҳўнграб йиғлаб юборди… ҳудди кутганимдек. У болалар алами келиб йиғлагандек тўйиб йиғларди. Бир неча ҳафтадан бери ажралиш ҳақида ўйлаб келаётганимнинг азобли нуқтаси эди бу.
Эртаси куни уйга жуда кеч қайтдим. Хотиним столда ўтирганча, нималарнидир ёзиш билан банд эди. Кечки овқатни емаган бўлсам-да, тўғри ётоққа кирдим ва тезда ухлаб қолдим. Чунки бугун Дью билан кўришиб, роса сайр қилган ва толиққандим. Тунда уйғонганимда хотиним ҳали ҳам столда ўша алфозда ўтирарди. Унга эътибор бермагандек бўлиб, яна уйқуга кетдим.
Эрталаб унга ажрашиш қоидаларини тушунтирдим: у мендан ҳеч нарса олишни
истамади, бироқ ажрашиш учун бир ой муҳлат сўради. У мана шу бир ой ичида ҳеч
нима бўлмагандек одатий ҳаёт кечиришимизни таклиф қилди. Уни дарров тушундим:
шу ой ўғлимизнинг имтиҳонлари бор эди, биз туфайли хаёли бўлинишини аёлим
истамасди. Таклиф менга маъқул келди. Бироқ унинг бошқа талаблари ҳам бор экан.
У мени тўй кечамиз уйимизга қандай кўтариб олиб кирганимни қайта кўрсатиб беришимни
сўради. Мен бир ой ичида ҳар куни шу ишни такрорлашим лозим экан. Бу мушкул
бўлмаса-да, мен уни телба бўлаёзди, деб ўйлардим.
Бирга ўтадиган сўнгги кунларимиздан у рози бўлиши учун, унинг бу тентакона таклифини қабул қилдим. Дьюга эса хотиним биздан ҳеч нима таъма қилмаслиги, ҳатто игна ҳам олиб кетмаслигини айтдим. У бўлса роса кулди ва бу аҳмоқлик эканлигини таъкидлади.
Хуллас, уни биринчи куни кўтариб уйга олиб кирганимда, иккимиз ҳам бесўнақай кўриндик. Ўғлимиз эса бизни чапак чалиб қаршилади:
-Дадам ойимни кўтариб олди!
Бу сўз менинг қалбимни тирнади. Ётоқхонадан чиқиб меҳмонхона бўйлаб уни кўтариб борарканман, чамаси ўн метрлар у қўлларимда бўлди. Хотиним кўзларини юмиб олганча шивирлади:
-Ажрашишимиз ҳақида ўғлимизга айтма.
Мен бошимни қимирлатиб “хўп” дедим, негадир кайфиятим тушиб кетди. Ниҳоят, уни эшик ёнида пастга туширдим. У ташқарига – ишга бориш учун бекат томон кетди. Мен эса машинамни ҳайдаб офисга йўл олдим.
Иккинчи куни эса уни анча енгил кўтардим. У елкамга бошини қўйиб олди.
Ундан келаётган ифорни беихтиёр эсладим. Охирги марта қачон унга тикилиб
қарагандим, деб эслашга уриндим. У энди ёш қизча эмас. Юзига билинар-билинмас
ажин тушган, сочлари ҳам рангини йўқотаёзганди. Турмушимиз ундан мана шу гўзаллигини
тортиб олганди. Бир неча сония хотиним учун нима қилсам бўлади, дея
ўйладим.
Тўртинчи куни уни қўлларимга олганимда қалбимда унга қандайдир яқинлик сездим. У менга ўн йилини бағишлаган аёл эди. Кейинги кунларда эса бу илиқлик кучая борди. Албатта, Дьюга бу ҳақда айтмадим. Кун ўтган сари уни қушдек енгил кўтарардим. Менимча, кучимга куч қўшиларди.
Бир куни тонгда хотиним менга нима кийишимни танлаб бераётганди. Бир нечтасини қўлига олиб кўрдию, лекин дидига ўтиришмади. Чунки кийимларим кичик бичимда эди. Демак, семирибман. Унга боқдим: чўпдек озиб кетибди. Инсон қайғудан семирмас… озади. Уни нега бунчалик осонгина кўтараётганимнинг сабабини тушундим: ичи қайғудан бўм-бўш бўлиб қолибди. Мен бирдан унинг юзини қўлимга олиб, ўзимга қаратдим. Шу пайт ўғлим кириб қолиб, деди:
-Дада, ойимни кўтарадиган вақтингиз бўлди.
Ўғлим бу ҳолатга жуда ўрганиб қолган экан, ҳатто ҳаётининг бир қисмига айланиб қопти. Хотиним “дадангни қучоқла”, деб ўғлимни ёнимизга чорлади. Мен юзимни яширдим, чунки ҳозирги дақиқаларда таваккал қарор чиқарадиган одам бўлганимдан афсусдайдим. Сўнг аёлимни кўтариб, ётоқхонадан чиқдим… ундан меҳмонхонага, сўнг эшик ёнига етдик. Тўйимиздаги каби бахтли сезардим ўзимни.
…Бир ой муҳлатнинг сўнгги куни келди. Мен уни кўтариб эшик ёнига бордим ва бирдан тўхтаб қолдим. Ҳаётимиз ўзгаргандек туюларди. Дарҳол машинага ўтириб, офисга йўл олдим. Машинани қулфлашни ҳам унутиб, иш кабинетимга шошдим. У ерда Дью ўтирган экан.
-Кечир, Дью… бироқ мен ажраша олмайман.
У менга қовоғини солиб қаради. Кейин ўшқира кетди.
-Бир сўзлимисан ўзи? –бақирди у.
-Кечир, мен ажрашишни истамайман. Менимча, биз бир-биримизга етарли эътибор қаратмаганимиз учун севгимиз жарликка бориб қолган. Бу дегани севгимиз ўлди деганимас. Фақатгина кулни титиб ундан чўғ излаш ва уни алангалатиб туриш керак экан. Энди тушундим! Уни ҳар кун қўлларимда кўтариб олганимда, ўша уни севган пайтларимга қайтгандек бўлардим. Аслида уни доим қўлларимда кўтариб юришим лозим экан.
Дью энди уйқудан уйғондандек менга ҳайратлаиб боқарди. Кейин юзимга тарсаки туширди ва эшикни тарақлатиб ёпиб чиқиб кетди. Мен ҳам аста зиналардан пастга тушдим ва машинамга ўтирдим. Гул дўконига яқинлашганимда тўхтадим ва бир гулдаста ҳарид қилдим. Гулчи қиз откриткага нима деб ёзишимни сўради. Мен айтдим: “Сени умримизнинг охиригача қўлларимда кўтариб юраман… то кексайгунимизча.” | 2020-05-22 | http://nodirabegim.uz/archives/2325 |
Диллар дилга занжирланмаган,
Гар истасанг, кетақол хушвақт.
Сайёҳ йўлда эркин бўлса гар,
Билки, унга қучоқ очар бахт.
Йиғламайман, куйинмайман, йўқ,
Энди бахтли бўлолмайман ҳам.
Ўпма, вужудимда сўнган чўғ,
Ўлим бўса олади мендан.
Қаҳратон қиш бағрида оғир
Хорғинликда яшалди ҳар кун.
Айтгин, менинг танлаганимдан
Ниманг билан устунсан, устун?!
***
Сенли кунлар битмоқда охир,
йўқ, йўқ, ҳижрон тилмас қалбимни.
Қандай, қандай унутай ахир
о, эшитдим юрак зарбингни!
Биламанки, бунда бир сир бор -
сўнмас олов, аланга гўё…
Висол бизни сийлар эҳтимол
ва сен менга боқмассан қиё.
***
Царское Село*
1.
Отлар ўтар–титрар хиёбон,
Силлиқ ёллар тебранар сим-сим.
Сирли шаҳар–мафтункор макон,
Сени севиб, қайғуга
ботдим.
Эслаш оғир. Ўртанарди дил –
Ўлим олди олгандек нафас.
Энди эса бир қуш мисоли
Ўйинчоқман, ошёним – қафас.
Сиқилмаган кўксим оғриқдан,
Истасанг, кел –
кўзларимга боқ.
Фақат ёқмас денгиз шамоли,
Шом вақти ва »кетақол» демоқ.
2.
У ёқда-чи, мармар шеригим,
Қари чинор остида айни,
Кўл томонга юз бурганча жим
Яшил шивирларни тинглайди
Ва ёмғирлар ёғади шаввос
Унинг битган яраларига.
Оқ, совуқ кун, шошма,
илтимос,
Айланаман мен ҳам мармарга.
3.
Бу кўлнинг кар соҳилларида
Санғир эди бир ёш ўспирин.
О, қадамин шитирларини
Ардоқлаймиз юз йилдан бери.
Тўнкаларда арча барглари…
Гўё бирдан жонланар
ёдим:
Бунда унинг шляпаси ва
Майдаланган Парни китоби.
***
Сурнай чалар болакай шўхчан,
Гулчамбарин тўқир қизалоқ.
Ҳуув олисда пирпирар гулхан,
Кесишади иккита сўқмоқ –
Муҳрлайман ёдимга абад,
Барчасига қоламан содиқ.
Бир нарсани англолмам фақат
Ва эслашни истамам ортиқ.
Сиздан сабот сўрмам, тўкилмам,
О, исиниб олсам бўлгани!
Қанотли ё қанотсиз – билмам…
Худо йўқлаб келмагай мани.
***
Муҳаббат — бу буюк фирибгар,
Нўноқ куй-ла эгаллар тайин.
Шу чоғгача сени бунчалар
Кўрмагандим вазмин ва ғамгин.
Боғ ё уйда, қайда бўлмасин,
Ёринг сенга кулиб боққан он,
Эркинликда юрардинг эркин,
Ҳар томонга боқардинг шодон.
Кўксингда бой берилган юрак,
Маст эдинг у тутган оғудан,
Юлдузлар ҳам эди яқинроқ,
Ёқтирардинг майсалар ҳидин,
Кузги,
Қовжираган майсалар ҳидин…
***
Чорасизман. Музладим бирдан,
Енгил одим ташладим аммо.
Ўнг қўлимга кийиб олибман
Қўлқопнинг чап пойин,
ажабо!
Зинали йўл кўринди узун,
Уч қадамда тугади бироқ.
Шивирлади хазонлар маҳзун:
«Бирга ўлим топайлик, ўртоқ!
Маъюсгинам, алдандим мен ҳам
Бу беқарор, маккор тақдирга…»
Жавоб бердим: «Майли, жонгинам,
Мен ўларман сен билан бирга…»
Бу айрилиқ, видо куйидир,
Ортимда уй. Бағримда титроқ –
Ётоғингдан тараларди нур,
Лоқайдларча ёнарди чироқ… | 2020-05-28 | http://nodirabegim.uz/archives/2359 |
У якшанба куни шунақа зерикдики, охир-оқибат биронта қиз билан танишишга аҳд қилди. Газета таҳририятига борди ва эълонлар бўлимига қуйидагича мазмундаги хат қолдирди:
“Ёш йигит, йигирма уч ёшда, бўйи-басти юз етмиш сантиметрдан баланд! Ўзи тенги қиз билан танишишни истайди. Ягона нуқсони: якшанба куни жуда зерикади”.
Йигит уч кун сабр қилди. Шу кунларнинг бирида, яъни якшанбада уч соат муттасил кўчада изғиди, кўча бурчагида ўтган-кетганларга анграйиб тураверди ва ҳаттоки ўз жонига суиқасд қилиш каби ўй-хаёллар ичида юрди. Аммо, сешанба куни унга хат келди. Мактуб ёзган қиз, ўзининг юмшоқ феъл-атвори ва руҳияти ҳақида, йигитнинг табиатини ўзи учун жуда мос экани ва у сингари диққинафас якшанба кунидан қўрқиши тўғрисида ёзган эди. У тушундики, шу қиз айнан ўзи истаган хилидан.
Шу заҳотиёқ у қизга жавоб ёзди. Кейинги сафар қиз ўз фотосуратини конвертга солиб, йигитга юборди. Жума куни, ёқимсиз якшанба яқинлашиб, қўрқинчли арвоҳ каби юрагига ваҳима сола бошлаганида, улар учрашув кунини белгилашди.
Қаҳвахонада! Айнан яқинлашаётган якшанба кунида бўлади биринчи учрашув!
Йигит илк учрашувга сочларини тараб, ўзининг энг яхши костюмини кийиб, шанбада харид қилган журнали билан аниқ вақтида етиб борди. Қиз эса қаҳвахонанинг тўрида, хавотирланиб уни кутиб ўтирарди. Йигит қизни суратидан таниди, ва албатта қиз ҳам эшикка ўзгача иштиёқ билан тикилиб ўтирганди столда.
– Hola! (салом) – деди йигит. Қиз табассум қилди. Кўришиш учун қўл узатиб: “Қани-и-и, бу ёққа” деб жой кўрсатди. Йигит ўтиргач, лимонад буюртма берди. Қиз эса музқаймоқ хоҳлаётганини айтди. Официант столдан узоқлашиши билан:
– Келганингга анча бўлдими? – деб сўради у. Қиз:
– Унчамас…беш дақиқадан ошмади – деб жавоб қилди. Официант шу пайт лимонад шишасини келтириб қўйди. Йигит айбдорларча жилмайиб қўйгач, лимонадни эринчоқлик билан қуйди. Баҳонада қизга яхшилаб разм солиб олди. Қиз тағин кулди ва сокин хиринглади:
– Хи-хи-хи…
Қизнинг кулиши ғалатироқ экан, деб ўйлади йигит.
– Сенга журнал олиб келдим, – деди ўйчанроқ тарзда.
Қиз қўлига олиб, варақлай бошлади. Варақлайверди, варақлайверди, бу орада йигит заранг қотиб қолган сукунат мобайнида егуликни еб тугатди. Сўнгра девордаги соатга боқди ва ҳайратланиб:
– И-е, буни қара!! Дарров икки бўлибди-я? – деб хитоб қилди. Кейин: – Хўш, кетамизми? — дея қўшимча қилди. Қиз розилик оҳангида бошини қимирлатди.
Кўча бўйлаб, оғизларига “мум” солгандек жим кетдилар. Анчагина йўл юрганларидан кейин қиз сўради:
– Сен якшанба кунлари ҳар доим зерикасанми?
Йигит тасдиқлади:
– Ҳа-ҳа… албатта.
Қиз жавобан:
– Наҳотки? Ўхшашликни қара. Мендаям шунақа бўлади, – деди. Йигит тиржайиб:
– Ҳа, майлида, бугун об-ҳаво яхшироқ, – деб таъкидлаб қўйди. Қиз яна ғалати қилиғини қилди:
– Хи-хи-хи, декабрь яқинлашиб қолди-ку.
Соат тўрт яримларда атайин жимжитлик ўйинини ўйнагандек, атиги 20 га яқин сўзни ишлатиб, кинотеатр ёнига келиб қолишди.
– Кирамизми? – таклиф этди йигит. Қиз ҳам: “Кетдик” деди. Залга кирдилар. Йигит билет олгунича қиз миқ этмай тураверди. Йигит қайтиб келгач эса:
– Сенга охирги қаторда ўтириш ёқадими? – деб сўради ундан. Йигит ёқтиришини англатди. Лекин фильм жудаям зерикарли экан ва йигит олдинги қатордаги ўриндиққа оёғини тиқиб, уйқуга кетди. Қиз эса 15-20 дақиқа тетик ўтира олди. Бироқ у ҳам кетма-кет эснай бошлагач, ноилож ўриндиққа қулай ўрнашди ва оқибат, у ҳам ухлаб қолди. | 2020-05-31 | http://nodirabegim.uz/archives/2371 |
Cалимнинг
жасади икки кечадирки, гуллар орасида
ётарди. Чалқанча узалган,
гулларнинг ортиқча баргларини олиб
ташлаш учун қўлланиладиган пичоқ юрагига санчилганди. Уни шанба куни
ўлдирилганини англадик. Қотил уни
ўлдиргандан кейин эшикни қулфлаб чиққан бўлса керак. Дам олиш кунлари
тугагунича гулчи бир кун шу аҳволда қолган, жасадини бу тонг дўконни очишга
келган ёрдамчиси топган.
Фожиа
тафсилотларини ўрганарканмиз, орқада бир тўполон кўтарилди. Ўртада бир кекса
киши, «охири ўлдирдилар ўғлимни», дея бақириб, ичкарига киришга интиларди.
Салимнинг отаси бўлса керак. Қарияни ичкарига қўймасликка уринган хизматчиларга
уни ўз ҳолига қўйишларини айтдим. Ота бечора ичкарига кирар-кирмас ўғлининг ўлимига куйиниб йиғлашни бошлади. Чалғитиш учун сигарет ёқиб тутдим. Бир неча нафас тортгандан кейин
яна:
– Ўғлимни ўлдирдилар! – дея бақирди.
– Ким экан, ўғлингизга қасдлашганлар? – дея
сўрадим.
Қариянинг хира
кўзлари қаҳр билан ялтиради:
– Ким бўларди? – деди. – Шу атрофдаги
қандолатпаз Рамиз дейилувчи бир паст билан бармен Ориф.
– Нега ўлдиришади ўғлингизни?
– Бу дўкон шаҳар марказида, қандолатпаз
Рамизнинг ҳам бу ердан илинжи бор, ижарачи бўлиб кириб, ўлгунича шу дўконда
қолмоқчи. Аммо бунинг учун олдин бизни чиқариб юбориши керак. Пул таклиф этди, қабул этмадик, менга таҳдид
қилди, неча марта ўғлимнинг йўлидан чиқди. Охири бармен Ориф билан бирлашиб, ўғлимни ўлдиришган.
– Бармен Орифнинг нима қизиқиши бор бу иш билан?
– Бу Ориф дейилган ит, менинг ўғлимни қиморга
аралаштирди. Ўғлим ҳам осон, ҳам кўп пул ишлаб оламан деб киришган ўйинга.
Олдин бироз ютқазишган, сўнг ҳийла билан чув туширишган уни. Ориф қарзини
қистаб қўймасди. Рамиз иккисининг
орасидан қил ўтмайди, Ориф ҳатто бир марта ўғлимга: «Агар дўкондан воз кечсанг
қарзларингдан кечаман», дебди. Хуллас, бизни дўкондан чиқариш учун иттифоқ
бўлиб курашишди ўғлим билан.
Кўзи ёшли кекса
отани ўғлининг жасади бошида қолдириб, шеригим Али билан қандолатпаз Рамизнинг
дўконига жўнадик. Қандолатпазнинг дўкони исловатхонанинг орқасидаги кўчадан жой
эгаллаганди. Рамиз калбош, паст бўйли, тўладан келган бир одам эди. Полициядан эканимизни билиб,
бизга қўрқув билан қарарди.
– Гулчи Салимни танийсанми? – деб сўрадим.
Рамизнинг қўпол
юзида бироз йирик кўринувчи кўз қовоқлари асабий бир нотинчлик билан учиб
қўйди.
– Танисам, танимасам ҳам, менинг унинг
ўлдирилишига ҳеч бир алоқам йўқ.
– Сенга алоқанг бор дедикми? – терсланди Али.
– Аммо, модомики мавзуни очдинг, айт, шанба куни кечаси қаерда эдинг?
– Бўйингизга ўлай, бошлиғим, – дея
минғирлади Рамиз. – Ишонинг, менинг бу ишда иштироким йўқ.
– Бироқ
саволларимга жавоб беришинг керак, – дея кўтарилди Али. – Шанба кечаси
қаерда эдинг?
Рамиз ютиниб,
хотирлашга ҳаракат қилди.
– Шанба… Шанба… Ҳа, эсладим. Шанбада
Жингалак Бадриянинг ёнида эдим.
– Жингалак Бадрия ким?
Кўзларида ялтоқ
бир ифода кезаркан:
– Жингалак
Бадрия менинг дўстим, унинг ёнида эдим, ишонмасангиз ўзидан сўранг,
қуйида ишлайди, – деди.
«Қуйи» дегани
исловатхона.
– Яхши, – дедим
мен. – Бармен Орифни танийсанми?
– Танийман, гоҳида кафесига кириб тураман.
– Ориф иккингиз Салимга адоватда эмишсизлар?
Унга таҳдид қилганмишсиз, «сени ўлдирамиз» деганмишсизлар?
– Умуман ёлғон. Бу Салим қўрқоқ бола. Қимор
ўйнаб, қарзини бермасди. Ваъда берарди-ю, сўзида турмасди. Очиғини айтсам,
дўконни менга бериши учун дов тикиб, ошиқ отдик, у ютқазди. Аммо дўконни бермади.
Орифдан бир дунё пул қарз бўлган, бир чақасини бермаган.
– Қимор ўйнаш таъқиқланганини билмайсанми? –
дея дўқ урди Али.
Ялтоқи бир
табассум кўринди Рамизнинг юпқа лабларида.
– Қимор деганим ўзи ўзаро кичик бир ўйин, бошлиқ, – дея
минғирлади.
Бармоқ изининг
олиниши, тушунтиришини тасдиқлаши учун Рамизни марказга жўнатгандан кейин Алини
бармен Орифнинг олдига жўнатиб, ўзим исловатхонага йўл олдим. Кўчадаги соқчига
кимлигимни айтиб, Жингалак Бадриянинг
манзилини сўрадим. Кўчанинг бошида экан. Жингалак Бадриянинг уйи эшиги ҳам бошқаларники каби
тирбанд эди. Ойнаванд эшикдан боққанимда кичик залга, интизор нигоҳларга
даъваткор нигоҳлар отгувчи, бу билан ҳам кифояланмай юзларига
шаҳвоний ифода бериб, кўкрак ва оёқларини кўз-кўзлаган ярим-яланғоч
аёлларга кўзим тушди.
Ҳийла кекса бир
аёл:
– Бас, тақсирлар, бас, бу қадар термулишлар
етади, энди ишрат вақти, – дея мижозларни дадиллантиришга тиришарди.
Мижозлар сафини
ёриб ичкарига кирганимда қирқ ёшлардаги,
юзини обдон бежаган бир аёл: «Хўш, менинг султоним, кел, хонамизга чиқайлик»,
дея менга яқинлашди.
– Кечирасиз, мен Жингалак Бадрияни излаяпман, – дедим
мен.
Унинг юзи ҳасад
билан буришди.
– Жингалак
Бадрия бугун ишламайди. Сиз Ёрқин Жалила билан танишинг, пушаймон
бўлмайсиз.
– Менга Бадрия керак!
– Қандай гап англамайдиган одамсан!
Тушунаяпсанми, ишингни мен битириб бераман.
Қарасам гапга
тушунадиган эмас, ўзимни танитдим.
Полициядан эканимни билиб хотиннинг ранги ўчди. Турган жойидан ортига тисарилди.
Унинг ўрнини камида юз йигирма килолик бир хотин эгаллади:
– Буюринг,
комиссарим, – деди хотин ҳурматни англатувчи хатти-ҳаракат
билан. – Булар менинг қизларим. Нима учун сўраяпсиз Жингалак Бадрияни?
– Бир-иккита саволим бор, – дея гапни қисқа
қилдим.
Шилқим мижозлардан
эмаслигимни англаган хотин, бироз олдин мени йўлдан уришга ҳаракат қилган аёлга
қараб:
– Комиссарни Жингалакнинг хонасига олиб бор,
Жалила, – деди.
Ёрқин Жалила
бу вазифани истамаслиги авзойидан маълум эди, аммо қарши чиқмади.
«Буюринг», дея олдимга тушди. Тор зинапоялардан иккинчи қаватга чиқдик.
Йўлакнинг охиридаги хонада экан Жингалак Бадрия. Ёрқин Жалиладан энг камида ўн
йилга ёш, жуда гулгун ва тийрак эди. Эшикни очиб, қаршисида мен билан Ёрқин
Жалилани кўргач:
– Бугун ишламаслигимни билмайсанми? – дея
танбеҳ берди касбдошига. Ёш аёл ўзига касбдошининг ўз «ҳақини» беришини тушуна
олмаётганди. Аммо Жалила паст келадиган хотин эмасди.
– Биласиз, – деди
у. – Бу киши мижоз эмас, комиссар. Бошинг балода, қизим. Сени сўроққа тутади.
Бадриянинг
кўзларидаги нописандлик ўрнини нотинчлик эгаллади, аммо майдондан осонликча воз
кечмади. Юзимга тик боқаркан:
– Мендан нимани сўрайсан? – деди.
– Қандолатпаз Рамиз шанба кечаси сенинг
ёнингдамиди?
Афтидан ҳеч нимани
тушунмай жавоб берди:
– Ҳа, –
деди. – Тонгга қадар бирга эдик. Бу
айбми?
– Айб эмас, аммо ёлғон сўзласанг бошингга
офат келади. Ўртада бир қотиллик бор,
бир инсон ўлдирилди.
У менга ишонмаган
каби қаради:
– Ким экан у ўлдирилган?
– Гулчи Салим.
– Гулчи Салимми? – дея тўхтаб қолди. Жалила
қайтиб келди. Унга: – У сенинг
мижозинг эмасми? – деди. – Раҳмим
келаяпти у болага…
Мен қизиқсиниб
Жалилага қарадим. У қўрқиб кетган эди.
– Қаердан меники бўларкан? – дея уришди
ўртоғини. – Комиссарнинг олдида алай-балай гап қилма.
– Нега энди? – деди Бадрия. – Ҳафтанинг ҳар
етти кунида гул юбормаётганмиди сенга?
– Вайсама, комиссар ҳам уни менинг дўстим деб
ўйлайди.
– Қандай қилиб бу гуллар масаласи? – дея
сўрадим қизиқишим ортиб.
– Ҳеч нима, комиссарим, – деди
Ёрқин Жалила кўзини олиб қочиб . Сўнг қўшимча қилди: – Мақтанишга ўхшамасин-у, лекин менинг
мижозларим кўп, ҳар куни гуллар жўнатишади. Гуллар Салимнинг дўконидан келади-да.
Шуни айтаяпти бу хотин.
Бадрия гап отишдан
чекинмади:
– Гулларнинг Салимнинг дўконидан келгани
тўғри, аммо уларни мижозларинг йўллаганми ёки бошқа бировми, бунисини Аллоҳ билади.
– Унинг гапларига эътибор берманг, комиссар, – деди
Ёрқин Жалила. – Унга гуллар келмагани учун рашки келаяпти.
Аёлларнинг ғиди-бидисига
аралашмадим, бу менинг вазифам эмасди. Қандолатпазнинг кўрсатмалари тўғри
чиққани учун ортиқ бу ерда турмай, кетишни лозим топдим. Исловатхонадан чиқиб
марказга бордим. Қотиллик жойида бўлган
далиллар лабораторияга юборилган, ҳаракатлар бошланганди. Илк натижа –
пичоқдаги бармоқ излари билан қандолатпаз Рамизникига тўғри келмагани бўлди.
Али ҳам кўп ҳаялламай келди.
– Бармен Орифни олиб келдим, – деди.
– Шанба туни уйда бўлганини айтди. Аммо гувоҳ бўладиган одами йўқ. Вазиятни
шубҳали топиб, олиб келавердим.
– Яхши қилибсан, мен ҳам бир субҳатлашай шу
ўртоқ билан.
Бармен Ориф,
қандолатпаз Рамизнинг тескариси, ушоқ
гавдали, қалин ва қизил сочлари бор эди.
– Салимни нега ўлдирдинг? – деб сўрадим ундан.
Юзлари кўкарди-оқарди:
– Нега Салимни ўлдирарканман?
– Тўхтат эртак айтишни, – дея
сўзини кесдим. – Қандолатпаз Рамиз ҳаммасини айтиб берди. Салимнинг сендан
қарзи бор экан, пулни беравермагач…
– Ёлғон! Мен қотилликка қўл уролмайман. Рамиз
нега бундай деди, билмайман, аммо Аллоҳ ва Қуръон урсинки, мен ҳеч кимни
ўлдирганим йўқ!
– Яхши, бўлмаса бу қарз машмашаси нимаси? – дея Али ҳам сўроққа
қўшилди.
– Қарз деганингиз етти юз-саккиз юз миллион
пул. Бунинг учун одам ўлдириладими? Ҳам Салимдан англашимча, фоҳишахонадаги бир
аёлдан олди-бердиси бўлган, бу ҳафта узилиши керак экан қарзини.
– Балки, – дея
менга юзланди Али. – Салимни Рамиз ўлдиргандир, комиссар? Айбни эса бу кишининг
устига ағдараяпти.
Ориф умид билан
бир менга, бир Алига боқди.
– Одамнинг гуноҳини айтиш яхшимас, аммо Рамиз
у дўконни жуда истаяпти-да, – дея ғудранди. Балки ўзини халос этиш учун
ўртоғини сотганди у. Али унинг
елкаларидан тутиб, кўзларининг тубига боқди:
– Балки сени бу ишдан халос этармиз, – деди.
Товуши анча юмшаганди. – Аммо бизга далил керак. Сен Рамизнинг оғзидан «Салимни
ўлдираман» қабилидаги гапларни эшитганмисин?
– Йўқ, сездим. Аммо…
– Аммо?..
– Салимни дўкондан чиқариш учун ҳар усулни
қўллаганди Рамиз. Ҳатто бир марта дўконнинг эшиги тирқишидан таҳдидли хатлар
ташлаганди. Салим у хатларни яшириб қўйганини менга айтувди. Балки уларни
топгандирсиз? Аммо қандай исбот этасиз Рамиз ёзганини?
– Буниси писанд эмас, – дедик. – Фақат Салим хатларни ташлаб юбормаган бўлсин.
Гулчи дўконида
Салимнинг отаси хонани йиғишга
киришаётганди. Мақсадимизни англагач бизга кўмаклаша бошлади. Столнинг
тортмаларига, орқадаги кичик қутига қарадик, ҳисобот дафтаридан бошқа нарса
тополмадик. Ориф айтган хатлардан асар йўқ эди. Балки қотил уларни ҳам ўзи
билан олиб кетгандир. Столда турган дафтарни варақларканман, саҳифаларнинг бири
ҳошиясида Ёрқин Жалила исмини ўқидим.
Хотин саккиз юз миллион қарздор экан. Нима қарз экан бу деб қизиқиш билан текшириб, аёлга ҳар куни гуллар
жўнатилганидан воқиф бўлдим. Миям ғовлаганди, Жингалак Бадриянинг «гулларнинг Салимнинг дўконидан келгани
тўғри, аммо уларни мижозларинг йўллаганми ёки бошқа бировми, бунисини Аллоҳ билади», деган сўзлари қулоқларимда акс-садоланди.
Аёл ҳар куни ўзига ўзи гул юбортирган эди. Шу онда, Жалиланинг полициядан эканимни
эшитиши билан қандай ҳадикка тушганини ҳам эсладим.
– Кетдик, исловатхонага борамиз, – дедим
Алига. Ёрдамчим нима демоқчилигимни англатмаган юзимга боқди, аммо мени
изланишдан ҳам тўхтатмади.
Мени яна қаршисида
кўрган Ёрқин Жалиланинг ранги бўз каби бўлди, аммо ўзини йиғиштириб:
– Яна Жингалак Бадрияни кўрмоқчимисиз? – дея
сўради.
– Йўқ, – дедим. – Бу сафар сенинг ишинг билан келдим.
Қуюқ бўёқли
кўзлари қўрқув билан пирпиради.
– Устингга тузукроқ кийин, гаплашайлик.
– Кийинишнинг кераги йўқ, бу менинг иш формам.
Нима сўрасангиз сўранг.
– Хилватроқ
жой йўқми, шунча одамнинг орасида гаплашамизми?
– Шу ерда ҳам гаплашаверамиз, – дея
тик қаради.
– Аммо, – дедим
яқин келиб. – Ўртоқларингнинг гулларни ким юборганини билишларини истамассан?
Юзидаги сурбет
ифода ўзгарди, товуши титраб:
– Тамом, – деди.
– Келинг, юқорига чиқайлик.
Жалила мижозларни
қабул қиладиган хонага киргач:
– Сени Салимни ўлдиришда айблаймиз, – дедим. Рад этишга тараддудланганди: – Йўқ
ердан ёлғон чиқарма, – дея шаштидан
қайтардим. – Пичоқдан бармоқ изларингни топдик.
Режам иш берганди.
Инкор этмади, бармоқ изларим сизда йўқ, қандай аниқладингиз деб сўрамади ҳатто.
Қўлларини кўкракларида чалиштириб юзимга
қаради. Қаҳр билан, кин билан эмас, ўзига ишонган бир авзо билан боқди.
Бу эзилган, хўрланган аёлнинг кўзларидаги куч мени чўчитди. У нима учун ҳибсга олинаётганини
тушунтиришимизни сўради.
– Чунки сиз ундан гул пули қарзсиз, лекин
тўламагансиз, саккиз юз миллион учун уни ўлдиргансиз.
У аччиқ кулди:
– Уни пул учун ўлдирмадим, – деди. – Пул учун одам ўлдирмайман мен. Танимни сотаман, аммо пул учун жонга қасдланмайман. Салим обрўйим билан ўйнашишга тушди. Қарзимни икки ҳиссага чиқариб, тўламасанг гулларни ўзингга юбортирганингни исловатхонага ёяман, деди. Шанба туни у билан суҳбатлашгани бордим. «Бундай қилма, – дедим. – Мен кексайдим, мижозларим аввалгидай кўп эмас, менга вақт бер, гулларнинг пулини узаман». У қулоқ солмади, унинг ҳам қарзи бор экан. «Сен бошқасидан ол, бўлмаса банкдан қарз ол», деди. «Бундай қила олмайман», дедим. Аҳамият бермади. «Менга макрларинг ўтмайди, сени бутун ўртоқларингга шарманда қиламан», деди. Мен ҳам столнинг устидан пичоқни олиб юрагига санчдим… | 2020-07-06 | http://nodirabegim.uz/archives/2408 |
,
Шаҳар бўйлаб икки яҳудий аёл кетиб борардилар.
— Хане, мени қаёққа олиб
кетаяпсан? –сўради уларнинг озғинроғи.
— Келаверчи, кўрасан, Груне,
-биққи жуссалиси уни эргаштирди.
Бир тепаликка етиб келишгач,
Хане Грунени ўтиришга таклиф қилди. Шаҳарнинг иссиқ ва шовқинидан йироқлашгач,
Хане гап бошлади.
— Эринг раҳматли кўп яхши
ишлар қилди. У ҳақиқатгўй яҳудий эди. Ҳамма уни иззатларди…
— Ҳа…
— Уни Яратган раҳматига олсин.
— …
— Нега индамайсан?
— Менга барибир!
— Нима? Гуноҳга ботма, Груне!
— У ҳамма учун яхшилик қилди, фақат оиласидан ташқари.
Икки аёл жимиб қолди. Ҳа, у ўлгач, Груне учта қиз билан
бўзлаб қолганди. Кейин бошқа турмуш қилмади, қизларини ўзи ҳалол едириб-ичирди.
Отаси бермаган нарсаларни беришга ҳаракат қилди.
-Биласанми, нега у ўлди? –асабийлашди Хане. – чунки сен
осийсан!
-Мен? Менми осий?
-Ҳа! Шундай яхши эрнинг хотини ҳам яхши ва тарбияли
бўлиши керак эди. Сен эса гуноҳга ботаяпсан.
Груне янада чўкиб қолди.
-Биласан, дугонангман, -давом этди Хане, — сенга тўғри
йўлни кўрсатиш менинг бурчим. Одамлар фақат сен ва қизинг ҳақида гапришаяпти.
Шунинг учун сенга маслаҳат беришни лозим топдим. Худо сени кечирсин!
-Мени азоблама…
-Гапнинг пўсткалласини эшит! Қисқаси, кеча қизинг Мирлни
вокзалда ўтирганига гувоҳ бўлдим.
-Ёлғизми?
-Йўқ!
-Ким билан?
-Мен билармидим? Шляпа кийган бир йигит. Улар бир-бирлари
билан мароқ билан суҳбатлашишар, кулишар, қучоқлашишарди!
-Биламан…
-Биласан?! Уни ўша йигитга унаштирдингми?
-Ҳозирча йўқ.
-Йўқ? Унда нега бунга йўл қўйдинг?!
-Ўзим.
-Груне!
Груне энди хотиржам эди. У Ханега қарата дадил сўз
бошлади:
-Энди мени тингла. Эрим ўлганда, катта қизим Генендел 14
ёшга чиққанди…
-Ҳа, бу пайтда у тенгилар келин бўлади.
-Ҳатто ейишга нонимиз йўқ эди. Генендел биласан, ўшанда
шаҳарнинг энг гўзал қизи эди. Ҳозир эса… гўё сиқилган лимонга айланган.
Сочларига оқ тушган. Обрўли эримга лойиқ хотин бўлай деб қизимга қаттиқ турдим.
Деразадан ташқарига назар ташлатмадим, кўчага чиқармай қўйдим. Оҳ, қанақа она
эдим мен? Эрга берсам, тоза кўзгудек сақлай деб уни синдирдим! Ҳар куни у ёққа
қарама, бу ёққа қарама, ҳеч ким билан гаплашма, севсанг гуноҳга ботасан, деб
насиҳат қилардим.
-Тўғри қилгансан-да!
-Жуда тўғри! –Груне кесатди, — мана, ҳозир у қандай
аҳволга тушди? Тўғри, қоғозга ўралган қанддек асрадим, аммо… қариқизга
айлантирдим. Ўттиз олти ёшга чиқди! Кўзлари маъюс, севги кўрмаган қалби ғамга
тўла, нигоҳларида алам, нафрат, ҳаётга нисбатан қаҳр! Бирор марта кулмайди,
чунки севмади, севилмади. Биласанми, у кимдан нафратланади? Кимни қарғайди?
-Кимни?
-Мени! Ўз онасини!
-Нималар деяпсан?
-Ўзи айтмасаям, сезаман. Уни қуёш нурлари, олам
кенгликларидан яшириб келдим. Гўзаллиги ёлғизлик ичра сўнди. Ўртанча қизим
Леяни эса уйда сақламадим. Уни яхши бир бой оилага хизматчи қилиб ишга
жойладим. Шунга қарамай, ҳар куни унинг олдига бориб қаттиқ назорат қилар,
насиҳат ўқишдан чарчамасдим. Кўркам ва аслзода йигитлар уни кўз остига олганини
сезардим, аммо уларни қизимнинг ёнига йўлатмасдим. Ҳеч қайси йигит унга юрак
ютиб гапира олмасди. Қизим гапимга қулоқ тутар, одобли эди.
-Эди… нега ўтган замонда гапираяпсан?
-Чунки у энди йўқ. Фақат вужуди мавжуд, сийрати ўлган!
-Худо сақласин!
-Унга ўзим эр топиб узатдим. Бечора тўйдан олдин роса йиғлади, йигитда кўнгли йўқмиш. Тенги чиқса, текин бер шиорига амал қилиб, уни ўша қўрс ва қўпол йигитга бердим. Улар атиги бир йил яшашди. Кейин куёвим қизимнинг бор пули, соғлиғи, бахтини юлиб, қочиб кетди. Фақат дард қолдирди. Қизим шарпага айланиб қолган. Худди ёш болага ўхшайди, кечаси бағримга бош қўйиб йиғлагани йиғлаган.
-Эрини
соғинибми?
-Йўқ. Хане, менинг айбим учун йиғлайди. Уни бахтсиз
қилдим. Шулардан сўнг “яхши хотин” вазифасини бир четга сурдим. Менинг учинчи
қизим бахтли бўлади! Қандай хоҳласа, шундай яшайди. У ҳозир ўзи ётирган
фабрикада ўн олти соат ишлайди. Кулгиси келса, кулади, ким билан гаплашгиси
келса, гаплашади. Ундан сиқилган лимон тайёрлашни истамайман. Эр ҳам топиб
узатиб юбормайман. У мендан нафратланмасин, менга йиғламасин!
-Аммо Груне… одамлар нима дейди?
-Майли, етим қизимнинг устидан мағзава ағдаришсин, майли,
кулишсин, мазах қилишсин. Аммо у бахтли бўлади. У севиб-севилади!
Ўртада узоқ зимлик
чўкди. Икки аёл нигоҳлари бир-бирига тўқнашган, уларда қарама-қарши тўлқин
мавжланарди.
-Менинг гуноҳим шу бўлса бўлақолсин, -Груне суҳбатга якун ясади, — менинг бевалик ҳаётимдан хулосам шу. Яратганнинг икки жазоси етар, учинчисида мен адашмадим… | 2020-04-25 | http://nodirabegim.uz/archives/2177 |