text
stringlengths
1
1.49M
timestamp
stringlengths
9
10
source
stringlengths
21
684
Мактаб дарвозасининг шундоққина олдида очилган гулбарги қирмизранг ягона атиргул бир оқшомда йўқолди-қолди. Гулни пичоқ билан эҳтиётлаб қирқиб олишмаганди, йўқ, уни аллакимнингдир бешафқат қўли шарт узган. Нозик шохчадаги ўша ер аллақачон қорая бошлаган, бир неча чумолиларгина банднинг тепа-пастига беҳаловат югуришарди. Субҳи козибдан мактабда қаттиқ шовқин кўтарилди. Директор ўқувчиларни тўплади, жуда изтиробда эди у: ахир мана шу болалар гулгун чечакни туну кун астойидил парваришлари лозим эди-да. Қандай қилиб ўғирлатиб қўйдилар, а! Жонли табиатни суймасликлари етмагандек, жонажон мактабларига ҳам лоқайд эканлар-ку… Деярли йигирма дақиқа давом этган насиҳатларидан сўнг, директор атиргулни ўғирлаган ўша нобакорни чорлади – хўш, энди атиргулни ўрнига қўйиб бўлармиди – келиб синф раҳбарига айбини тан олсин, вассалом. Ростини айтганда, шаҳар четидаги бу мактаб ўзининг олча боғи билан донғи кетганди. Мактаб биноси атрофини элликка яқин оғоч қоплаган. Ҳар йил навбатдаги қалдирғочларга бағишланган тадбирга таклиф этилган меҳмонлар қордай ўйнаб тўкилаётган оппоқ олча гулларига тикилиб, мактаб деворларини тарк этаётган ўспиринларга оқ йўл тилашарди. Бу вақтда ҳамма дарахтлар, ёш навниҳоллар ҳам, қари оғочлар ҳам шукуҳли баҳор либосида бўларди. Кейин алвон мевалар боғга тўшама бўлар, чирс-чирс этиб оёқ остига тўкиларди. Бироқ мактаб атрофида олчадан бўлак оғоч йўқ, шу боис дарвоза олдига шу навниҳол атиргулни ўтказишга қарор қилиб эдилар. У ўзининг илк, ягона ғунчасини очганда эса, ҳамма уни эъзозлаб, завқланиб томоша қиладиган бўлди. Мана, тўсатдан атиргул йўқолди – бу оғир, қайтариб бўлмас йўқотиш эди. Кун бўйи муаллимлар хонасида бўлиб ўтган воқеа муҳокама қилинди. Ўқувчилар ҳам турли-туман гумонлар тўқиб-бичишарди. Аммо уларнинг бирортаси муаллими олдига келиб “Устоз, атиргулни мен ўзгандим” демади. Кечагина гулгун атиргул порлаб турган бутоқ, худди гўдак катталарга бошини орқага ташлаб қарагандек, оламга ҳайрон назар ташлар, энди уни қурт-қумурсқа ҳам тарк этганди. Ўқувчи-ю муаллимлар мактабга кирар эканлар, ўзларини сўроққа тутар эдилар: “Қаерга кетиши мумкин, а? Мана, эртага тағин офтоб нур сочади, гулбаргларида шабнам қатралари ярқираган атиргул эса энди йўқ…” Ушбу атиргул Сэнити деган ўқувчининг уйида, аниқроғи, унинг кичик синглиси Юмиэнинг кўксида сўлиб ётарди. Беш яшар қизалоқ отасининг йўл-йўл кимоносига ўралиб, йиртиқ-сиртиқ бўйра устида ухларди. Отасининг кийимига шунақанги ўралволгандики, қўл ва оёқлари ҳам ўша йўл-йўл мато қатларида кўринмай кетганди. Рости, кимано аллақачон қандайдир ноаниқ кирчимол рангга кириб қолган, тарамлари ҳам билинар-билинмас эди. Хонадонда тунлари на керосин чироқ, на шағам ёнар, электр ҳақида-ку сўз бўлиши мумкин эмас. Ҳозир кун бўлишига қарамай, кулба ичи қоронғу – омонат ғира-ширада атиргул ёрқин, байрамона жилваланарди. Аммо сўлий бошлагани туфайли жилваси ҳам аста-секин заифлашиб бормоқда эди. Бешинчи синф ўқувчиси Сэнити уйига югурди. Муаллим ва ўртоқлари қиёфаси кўнглига ҳадик солиб, кела-келгунча таъқиб қилган, шу боис оёғини қўлига олиб чопганди. Уйга кирганида синглиси кўксида ётган гул бир лаҳзага ёришиб кетгандек туйилди. Сэнитининг боши зирқираб кетди. Ўғирланган атиргулга ёвқараш қилиб, Юмиэнинг тепасига борди. Қизалоқ кўзларини катта-катта очди. Унинг шишиб кетган, қип-қизил юзи, кўзмунчоқ кўзлари ғадир-будир батат тугунагини эслатарди. Бир куни қўшни қишлоқда сайёр томоша учун бола йиғишаётган экан, Юмиэ ҳар қанча ўзини кўрсатишга ҳаракат қилмасин, уни олишмади. Юзи шунақа томошаларга ҳам тўғри келмасди. Акаси ёнига ўтганда ухламас, шунчаки кўзини юмиб ётганди. Кўзларини доим очиб юришга қуввати етмасди унинг. – Бермайман! Бермайман! – деди Юмиэ улкан кимоно ичига кириб кетаркан. Бироқ Сэнити атиргулни чангаллаб олди. Бирин-кетин ҳамма гулбаргларни узиб, ғижимлаб қоронғи даҳлизга улоқтирди. Юмиэ акасининг қилмишини маъюс кузатиб турди. Кейин аллақандай тез овуниб кўзини юмди. Кеча оқшом Сэнити атиргулни келтирганда қувончдан қовоқлари пир-пир учганди. Бугун ўша шодлик йўқолиб, қовоқлар тағин кўзлар устига тошдек босилди. Хона тўридаги девор тагида увада одеял ичидан Кихати – болаларнинг отаси йўталди. У бўғриқиб йўталар, оғзидан тупук сачрарди. Кихати ўғлига нари-беридан кўз ташладию, индамади. Сэнити хатжилдини бурчакка итқитди-да, Юмиэ ва Тосиэнинг ўртасидаги ўринга ўзини отди. Тосиэ етти яшар. Иккала қизалоқ ҳам доим оч-наҳор юришади. Юмиэ картошкага ўхшаб шишиб кетди, Тосиэ эса чўпдек бўлиб қолди. Бу фақат очлигидан эмасди, Тосиэ доим итлардан ҳадиксираб юрарди. Мабодо кўчага чиққудек бўлса, атрофга аланг-жаланг қарар, итлар ташланиб қолмасин деб кўнгли алағда эди. Тунлари қўрқиб ўрнидан сакраб турар, “Ит, ит келяпти” деб қалт-қалт титрарди. Иккаласи дарёга борганларида, Сэнити одатда қармоқ ва хўрак солинган бонкани кўтарар, Тосиэ эса балиқ учун кажава олволарди. Кейин Сэнити ўзидан катта сўқа билан ердан чувалчанг кавлар, Тосиэ унинг ёнида бонка тутиб, чўккалаб ўтиради. Тосиэ ҳам увадага ўралиб ухлаётганди. Сэнити унинг устидаги одеялни тортиб, ўзи ёпиниб олди. Ҳали кун ботишига анча вақт бўлишига қарамай, ухлагиси келди. Очликдан кўнгли озурда бщлиб кетганди. Бугун тушлик қилмади, кечкилик ҳам бўлмайдиган кўринади. Оқшом чўкди. Болалар қунишиб ётишибди. Ниҳоят Кихати тўшагидан ўрмалаб туриб, ширин картошка қайнатди. Уйда бир кафтгина ҳам гуруч қолмаган. Кихати ашаддий ишёқмас сифатида ном чиқарган – заррача муболаға эмасди бу, ҳатто Кихатининг ўзи ҳам рад қилмасди. Айниқса ҳозир. Ўтган йил ёзда аёли – меҳнаткаш Оюфу ўлиб қолди. Ўшандан сўнг Кихати иккиси учун ҳам ўзини ишга уриши лозим эди, бироқ у буткул қобиғига ўралиб олди. Барибир одамлар аллақандай адолатсиз-да. Ахир Кихатининг чап қўлида бир бармоғи етишмайди – ўртанчаси йўқ. Ғўлабирдай, чорпахил бу кишининг қонида жунунвахшлик бор. Калласида доим аллақандай оғир хаёл бўлади. Ҳамиша қорни оғрийди. Шунинг учун доим ҳам қўли ишга боравермайди. Кихати ўттиз ёшигача ўша маҳаллар ўзларига тегишли бўлган томорқада ишларди. Ҳозир ёши қирққа бориб қолди, ерни эса бошқаларга ижарага бериб юборган. Аёлининг ўлимидан сўнг у кунларини ухлаб ўтказадиган бўлди. Охир-оқибат мана, тўртталаси – ўзи билан уч боласи очликдан ўлар аҳволга келиб қолишди. Бататдан бўлак емишлари йўқ. Баъзида қариндошларидан бирортаси озгина гуруч келтирар, қўшнилари ипак қурти ғумбаги чиқариб турар, уларни сояда қайнатиб ейишарди. Яна тухум берадиган товуқлари бор. Ҳар куни Сэнити тухум йиғиб, қандолат дўконига элтарди. Қандолатчига ширинлик тайёрлаш учун тухум керак. Тухумнинг ўрнига болага “каварасэмбэй” ва “макимоти” беришарди. Емиш уйда ҳаммага бирдек бўлинарди. Кихотининг яна бир кирим манбаи бор: тўқимачилик фабрикасида ишлайдиган ўн беш яшар қизи Фудзиэ ойига беш марта кам-камдан пул жўнатиб туради. Қизининг ўша сариқ чақалари тўртовлонни ҳаётга боғлаб турган ягона ришта эди. Баъзида, Кихати, тўшагида ўралиб ётаркан, йигитлигини эслайди. Жуда хушчақчақ йигит бўлган. Учига пуштиранг маржон тикилган қирмизи шойи белбоғ боғлар, белбоғ устида эса товус патидан ишланган жевак осилиб турарди. Ёмғирли кунлар “илонкўз” – соябонини олволар, оёғига ток барги суврати туширилган чарм пайпоқ устидан аёллар гэтасини илиб кўчага чиқарди. Доим қўйнида “Горо Масамуненинг ўғиллик бурчи” деган ажабтовур ҳикоятлар китоби бўларди. Чиндан жуда хушчақчақ эди. Аммо ўша хушчақчақликда ҳам аллақандай нохушлик яширин эди. Чинакамига шодумон умргузаронлик қилиши учун нимадир етишмаслигини ҳис этарди. Шундай пайтларда у жўрттаки олифтагарчилик ортида жисмоний қусурини беркитишга уринарди. Бу ғайрат, кайфият шунақанги ясама кўринардики, буни Кихатининг бармоғи ўрнидаги ғўлачага зарҳалланган узук тақишидан пайқаса бўларди. Кихати буғи чиқиб турган картошкаларни бир-бир идишга солди-да, болаларни турткилади. Болалар судрала-судрала овқатга яқин келишди, ота эса яна тўшагига кириб кетди. Эртаси куни Сэнитини дарсдан кейин олиб қолишди. Қаршисида синф раҳбари Мацубару турарди. Атиргулни ким ўмарганини билиб қолишибди. Муаллим хакамада юрар, йиринглаб кетгани боис қулоғига пахта тиқиб олганди. Сэнити бир муаллимига, бир деворга осиб қўйилган рус-япон урушидан ўлжа – занглаган тўпга тикилди. Биринчи марта ўқитувчилар хонасига чақирилиши эмас. Бир марта қўлида тухум солинган кажава кўтарволган Сукэ-санни итариб юборганида чақиришганди, ўшанда ўттизтача тухум ер билан битта бўлган. Сирасини айтганда, Сукэ-сан деганлари имиллаган, беўхшов эди, болалар уни тентак дейишарди ҳам. Хулласи, ўша ланж шикоят қилибди… Бошқа сафар мана бундай бўлганди: йўл ёқасига ювилган турпни қуритгани териб қўйишган экан. Сэнитининг ҳаваси кеп кетти, ҳозиргина ҳуснихат дарсидан чиқиб келаётганди – турплардан бир неча иероглиф ясади: “эркак, аёл, эркак, аёл…” Сэнитининг қаршисидаги пешонаси тиришган муаллим Мацубару дафъатан унинг бошига гаврон билан тушириб қолди. Бола гандираклаб кетди. Кўзида ёш ўйнади. -Атиргулни сен ўғриладингми? -Ҳа, – деди бола дарҳол бўйнига олиб. Ўша кеча Сэнити қармоққа бамбук кесгани борганди. Қайтаётиб мактаб олдидан ўтди, шунда атиргулни ўзи билан олиб кетгиси келди. Ўзи учун эмас. Гулни уйда ётган касал Юмиэга беришни истаганди. Аянчли кулбалари унинг кўнглида ёрқин рангларга нисбатан қондириб бўлмас эҳтиёж уйғотган, шунинг учун атиргулни олган. Сэнити титраб-қақшаб гулни узди. Аммо кимдир унинг ўғринча мактабдан чиққанини, шошиб-пишиб уйига югурганини кўриб қолибди. -Нега бундай қилдинг? -Юмиэга бермоқчи эдим. -Юмиэ деганинг ким? -Кичик сингилчам. -Қувониб кетгандир? -Қувондию, аммо… -Нима “аммо”? Гуручли шарчами, қовирилган гуручми келтирсам, кўпроқ шодланарди. Энди Мацубарунинг кўз ўнгида атиргул ўғриси – шумтака Сэнити эмас, оч-наҳор Сэнити гавдаланди. -Бугун тушлик қилганмидинг? -Йўқ. -Нонуштачи? -Қўшни аёл бир озгина қовирилган гуруч берганди. -Қорнинг очган бўлса керак? -Ҳа. Киртайиб кетган кўзлари устидаги дўнг пешонаси одатда Сэнитининг юзига қайсарона ифода берар, аммо ҳозир янаям маъюс кўринади. Агар устидаги кийим-кечаги ечиб ташланса, ботиқ кўкраги ва шишган қурсоғи кўзга ташланади. Эрталабки йўқлама маҳали кўп бора ҳушидан кетиб қолган, ахир куни бўйи қорни тўйиб овқат емасди ҳам. “Сэнити, бирон нима еволдингми?” дея оч-наҳор, ғамгин аҳволда мактабга шошилаётган болани қаршилашарди қўшни аёллар. -Йўқ, – дерди Сэнити маъюс боқиб. Кейин аёллар уни уйларига чақириб олиб, пиёлачада гуруч беришарди. Тўғри, фақат бир мартагина бу саволга у шоша-пиша “Ҳа, едим” деб жавоб берганди. Аммо сўнгги пайтларда одамлар унга бирон нима бермайдиган бўлиб қолишди. Мацубару боладан кўзини узмаскан, унинг яна ўзидан кетиб йиқилишидан қўрқди. Бунчалигам қаттиқ койиши шартмиди?! -Эсингда тут, атиргулни ўғрилаш мумкин эмас, тушундингми? -Ҳа. -Агар гул узгинг келиб қолса, ана, қара уларнинг кўплигини, – у шундай деб ойна ортидаги далани қўли билан кўрсатди. Ойна ортида сап-сариқ чечакларга бурканган дала ястаниб ётарди. Дала ўртасидан сой ўтган, ўшанинг икки ёқасида тёрн буталари ўсганди. Сўқмоқ бошланган ерда тёрн бутоқлари ўрлаб кетиб пистоқи гумбаз ҳосил қилганди. Мактабга бориш-келишда болалар ўша гумбаз остидан ўтар, гулнинг ўткир исидан бўғилиб кетишарди. Атрофда эса капалак, асалари ва сўна кабилар учиб-қўниб юрарди. -Ахир тёрн гулларини юлсанг бўларди-ку. Сэнити бутун далани эгаллаб олган бу гулларни ёқтирмасди, чиройли деб ҳам билмасди уларни. Ҳозир унинг ёдига ўша қип-қизил атиргул келди, хаёлида аввалгидан ҳам каттароқ, ёрқинроқ туюлди. Энди уни устига оч пуштиранг европача кенг кўйлак кийиб олган, ўттиз ёш атрофидаги аёлда кўрди. Аёлнинг териси хунук эди, шунинг учун ҳаддан ортиқ бўяниб олганди. Аёл алланимаси билан Сэнитига ёқиб қолганди. Ўшанда шаҳарга Кумамотодан эълонмошин келган. Шаҳар аҳлига меъда оғриганда ичиладиган “сэйтотан” деган мўжизакор дорининг таъсири ҳақида хабар беришди. Аввал-бошда чорраҳада мусиқа садоси янгради, кейин дудоғи бўялган ўша аёл оёқ учида юриб, мафтункор овоз билан дорининг таъсирини тушунтириб берди. Унинг кўкрагида қип-қизил атиргул ял-ял товланарди. Сэнитининг ёдига ўша аёл ва атиргул тушганди. Шундоқ бўлса ҳам у муаллимининг гапини маъқуллади: -Тўғри. -Хўш, майли, энди уйингга борақол. Сэнити ҳурмат билан бош эгди, ипи узилган пахол шиппагини елкасига ташлаб мактабдан учиб чиқиб кетди. Орадан иккими ё уч кун ўтиб, ўғрилик ҳақидаги гап отасига етиб борди. -Сэнити, атиргулни сен ўғриладингми? Сэнити миқ этмади. -Ўғриладингми? Гапир! У индамай тураверди. -Гапирасанми, йўқми? – қичқирди Кихати. -Хм, – ғудранди бола. Кихати ўрнидан учиб туриб унинг юзига урди. Кейин гандираклаб йиқилиб тушди. Кўзларидан ёш оқиб кетди. -Йўқол кўзимдан! Ўғри болам йўқ менинг! Кихати уни қоронғи даҳлизга итариб юборди. Сэнити бошини полга қўйиб хўнграй бошлади, қўрқиб кетган сингиллари ҳам тўшакларидан туриб йиғлай кетдилар. -Сенга нима дедим – йўқол кўзимдан! Кихати шундай деб депсинганди, оёғи остида чирик пол ғирчиллаб кетди. Ҳиқиллаб ғужанак бўлиб ётган Сэнити одамлар кўппакка олкишлаган дайди мушукдек уйдан отилиб чиқди. Бамбукзор устида улкан ой осилиб турарди. Худди бамбук учлари унга тегиб тургандек эди гўё. Сэнити ойга тикила-тикила йиғидан тўхтади. Сэнити йўл-чўлга қарамай, ўзидан бироз олдинда сирғалиб кетиб бораётган кўланкасини босиб кетарди. У отаси атиргулни ўғрилаганини қаердан билганини хаёлига ҳам келтирмади. Ўша қип-қизил атиргулни ҳам ўйламади. Қоронғи тунда дайдиб юрган унинг ёлғиз шарпаси бирам ғамбода кўринар эдики. Ва тўсатдан Сэнити мушакбозлик, қарс-қурс устидан чиқиб қолди. Нариги қишлоқдаги томошахонада бўлаётганди бу. У Митионинг уйига борди. Митио оппоқ деворни эшак қилиб миниб олган, томорқадан узилган бодрингни тишлаб ойга тикилиб ўтирарди. Учинчи синф ўқувчиси бўлмиш бу бола маҳаллий зумрашалар тўдабошиси Сэнитининг дўсти эди. -Ҳой, Мити-тян! – Сэнитининг маъюс овози эшитилди. -Нима дейсан? – деди Митио пастга қараб. -Мити-тян, анави ерда нима бўляпти? -Қайдан билай. Сэнити бирпас туриб яна сўз қотди: -Мити-тян, юр, томошахонага борамиз. -Ойим пул бермайди менга. -Болаларни шундоғам қўйворишади. Текинга. -Ростанми? -Ҳа-да! -Унда кетдик. – Митио девордан сакраб тушди. Болалар ой нуридан ёришиб кетган йўл бўйлаб жўнадилар. Олдиларида ҳам, ортларида ҳам томошага шошилаётган кишилар юриб борарди. -Мити-тян, бодрингингни еб қўймадингми? – Сэнитининг оч кўзлари унга тикилди. -Бир бўлак қолганди, ейсанми? -Бер. “Мана, кечкилик ҳам бўлди”, – ўйлади Сэнити бодрингни еб бўларкан. Улар томошахонага яқинлашдилар. Кираверишдаги супачада назоратчи ўтирар, кишилар тўда-тўда бўлиб илкларида бўйра тутганча кириб кетишарди. Баҳорги ипак қурти мавсуми тугаган, шу боисми томошабинлар одатдагидан анча кўпайган эди. Саҳнада қаттиқ-қаттиқ барабан чалинди. Сэнити ва Митио оломонга қўшилиб лип этиб томошахонага ўтиб кетмоқчи бўлишди. – Шошма, шошма! – назоратчи уларнинг боши узра тартаракни шақиллатди. – Сиз иккингиз чипта олдингизми? Улар чурқ этмасдан назоратчига қарадилар. -Чиптасиз ўтказмайман! – бўкирди у. Болалар унга ўқрайиб ортга қайрилдилар. Усти очиқ ёғоч томошагоҳ одамга лиқ тўла эди. Дамба-дам барабаннинг бетоқат урилгани эшитилар, у, эҳтимол, ҳадемай томошанинг бошланишидан дарак бермоқда эди. Ҳамма ичкарига кириб бўлгач, томошагоҳ эшиги тақа-тақ беркилди. Кираверишда эса кечки салқинда дағ-дағ титраган икки болагина қолди холос. Улар тахталар орасидаги тирқишдан қарашга уриниб кўришдию, аммо ҳеч нима кўринмади. Фақат ичкаридагиларнинг шодумон қийқиришларинигина эшитиб турдилар. -Сэнити, кетдик, орқага қайтамиз, – деди Митио қалт-қалт титраркан. -Кетдик. Улар чурқ этмай томошагоҳдан узоқлашишди. Узоқдан тартаракнинг товуши эшитилди – томоша бошланди. Бу овоз болалар кўнглида аксланди, аммо иккиси ҳам ортга қарамай кетаверди. Уларнинг шарпалари тун қўйнида сингиб, битта қора сояга айланди. – Мити-тян, юр, Цудзидодан ўтиб борамиз, – деди Сэнити. Ўтмишда Цудзидо бутхона бўлган, энди бу жойлар дала ва боғлар ўртасидаги қабристонга айланган. У орқали қишлоққа йўл ўтганди. -Йўл билан кетганимиз яхши. -Қабристон унча қўрқинчлимас. -Қўрқинчлимасу, йўли ёмон. – Митионинг овозида ваҳима сезилди. -Лекин қисқа. Сэнити шундай деб қабристон томон дадил кетаверди. Митио қўрқувдан титраб унинг ортидан эргашди. Буддавий монахларнинг калласига келбат берадиган қабр тошлари совуқ қоронғида серрайиб турарди. Оёқ тагидаги қум ой нурида оппоқ кўринар, худди орқадан биров келаётгандек қаттиқ ғарчилларди. Қабристоннинг ўртасига келганда Сэнити тўхтаб, рўпарасидаги қабрни кўрсатди. -Ойим шу ерда ётибди. Митио қўрқа-писа қабр томон кўз ташлади. Кичикроқ дўнгалак устида дарз кетган тоштахта бор. Атрофда супурги ўт ўрлаб кетган, гортензия туплари гуррос-гуррос очилганди. Сэнити Митиога онасининг қабрини кўрсатишни истаганди холос. Шунинг учун Цудзидодан юрайлик девди. Онаси ўтган йили жазирама ёз кунларининг бирида узилган. Ўшанда Сэнити Тосиэ билан дарёга балиқ тутгани кетганди. Улар аллақандай ажабтовур балиқ тутишган, ўлжаларидан ичларига сиғмай қайтишувди. Худди ўша маҳал онасини келтиришди. Шаҳар шифохонасида жон берган экан. Болалар Митионинг уйи қаршисида тўхташганида қишлоқ аллақачон уйқуга чўмганди. Кечки шудрингдан усти-бошлари шалаббо бўлган, худди анча пайт дарёда сузгандек иккаласи ҳам ҳолдан тойганди. -Бўпти, хайр бўлмаса. -Хайр. Уйга яқинлашаркан, Сэнити эшикни аста очиб қаради. Хона ёруғ эди. “Отам ҳали ухламабди” деб ўйлади ва ҳадиксираб ичкари кирди. Мум шам алангаси ўйнар, бўйра устида Кихати ўтирарди. Сэнитига отасининг шарпасидан нур ёғилиб тургандек туйилди. Отаси шиппак тўқиб ўтирарди. Шу шиппакда Сэнити мактабга қатнайди. -Бўтқани еб, ўрнингга ёт, – деди Кихати пўнғиллаб. Сэнити хонага кириб апил-тапил овқатланди, сўнг Тосиэ ва Юмиэнинг ўртасидаги тўшакка ўзини ташлади. У ис босган деворда ўйнаётган отасининг улкан соясига тикилган кўйи ётаверди…
2020-04-30
http://nodirabegim.uz/archives/2204
Яна баҳор келди. Ёмғирли кунлар бошланди. Тонг ҳам отибди. Баргларнинг шитирлашидан уйғониб кетдим. Деразадан қарасам, ёмғир ёғяпти. Кўзимга ёш келди. Бундан ўн йил аввалги ҳаётимдаги унутилмас воқеа кўз олдимга келди. Мактабдан чиққан эдим ҳамки, тўсатдан осмонни қора булут қоплади. Чақмоқ чақиб ёмғир ёға бошлади. Самога тикилдим-да, бўғзимга йиғи тиқилди. Бундан бир йил олдин ёмғирли кунларнинг бирида дадам билан онам автоҳалокатга учрашганди. Мактаб дарвозаси ёнида соябон тутган онам кўз олдимга келди-ю, кўз ёшимни ичимга ютдим. Бунда ёмғирнинг нима айби бор? Аксига жуда енгил кийинган эканман. Ҳеч қанча юрмасимдан оёқ кийимим сувга бўкди. Бир пайт синфдошим ортимдан югуриб келиб “соябонинг йўқми? Юр, бирга кетамиз”, деди. Хурсанд бўлиб кетдим. Бекатгача у билан бирга етиб олсам ҳам катта гап. У билан суҳбатлашиб автобус бекатига қандай етиб келганимизни билмай қолибман. Дўстим Дуг менга ҳавотирланиб қараб “бу ёғига қандай етиб оласан. Мен бир амаллайман, соябонимни олиб кета қол” деди. Унга жавоб беришга эндигина оғиз жуфтлаган эдим, не кўз билан қарасам, бекатнинг олдида укам соябон ушлаб турарди. Дарси эртароқ тугаган укам кийимлари шалаббо бўлса-да уйга бориб соябон олиб келибди. Опа-ука елкамизни елкамизга босганча анҳор бўйлаб уйга қайтдик. Ёмғирдан унинг суви янаям кўпайганди. Кўприкни сув оқизиб кетибди. Ваҳима босди. Қўрқиб кетганимдан не қиларимни билмай қолдим. Туфлимнинг ичи сувга тўлиб кетганидан зўрға келаётгандим. Шу дам укам “Опа, тўхтанг. Ҳеч ҳам хавотирга тушманг. Аввало, мана бу оёқ кийимни кийиб олинг” деб менга пойабзалини ечиб берди. — Ундай қила кўрма! Ахир ўзинг-чи? Мен каттаман ва масалани ечиш менинг бурчим, — дедим. У эса мийиғида кулганча, бу ерда мен эркакман ва бутун оғирликни зиммамга олишим керак, деди. Унга қараб йиғлагим келди. Қачон улғаяқолдинг. Ота-онасизлик сени болаликдан жудо қилди. Аммо сўзларни овоз чиқариб айта олмадим. Укам оёқ кийимини ечиб берди. Ўзи эса мени опичлаб анҳор кечиб ўта бошлади. Мен эса унсиз йиғлардим. У ҳам. Лекин мени овутиш учун “опа, бироз тўлишибсизми дейман. Ўтган йилгидан оғирроқсиз” дейди ҳазиллашиб. Мен ҳатто унинг ҳазилига ҳам жавоб бера олмасдим. Биз шу ҳолатда уйгача етиб келдик. Масофа яқин эмас эди. Уйга келишимиз билан толиққан укам учун бирор егулик тайёрлашга киришдим. Шўрвани сузиб келсам у аллақачон ухлаб қолган экан. Устини ёпиб қўяётганимда укамнинг оёқлари эътиборимни тортди. Улар қизариб кетганди. Ахир, тошли йўллардан мени опичлаб келишни ўзи бўлмади. Оёқларини силай бошладим. У эса уйқусираб бирам чарчадим, бирам чарчадим, дерди. Оила устуни бўлишни зиммасига олган бўлса-да мен учун у ҳалиям кичкина, беғубор бола эди. Укажон! Сен кичкина бўлиб опанг ҳақида ғамхўрлик қила оладиган меҳрибон укасан. Сен ота-онамдан ёлғиз ёдгорсан. Сени Оллоҳ ўз паноҳида асрасин. Сендайин укалар сафи ортаверсин. .
2020-05-05
http://nodirabegim.uz/archives/2232
Эзилган, гуноҳкор, зор кўнгил билан Ўзимга кўмилиб яшаётирман. О, шу-унча ғанимлар, зўрлар дастидан Мен қандай соғ-омон келаётирман?.. Яраланган, куйган шу қалбим билан Ҳузурингга аста бораётирман. Фақат сенинг улуғ карамингдир кенг, Фақат Ўзинг, Ўзинг қўлла, Худойим! Нетайки, мен ожиз, осий бир қулинг Билиб-билмай гоҳо қиляпман гуноҳ. Валек сенинг кучли, мададкор қўлинг Бўлур бошим узра ҳар нафас паноҳ! Бўлса ҳамки минг бор шу кенг ер юзи Бу юлдузли кўкдан қанчалар йироқ. Дилимдаги ҳар ўт, ғуссали сўзим Шаксиз, тўғри Сенга етгайдир бироқ. Мен қўрқмасман шу-унча ғанимларимдан, Ва қилмасман ортиқ жоним ҳимоя. Тангрим, ахир Ўзинг мудом мен билан – Ахир асрайсан-ку мени ҳамиша! Ўзгалар чоҳ қазир бекор, беҳуда – Олсанг, бу жонимни Ўзинг оларсан. Яшай олсамгина мўмин бандадай – Художоним, мени яхши кўрарсан! Оҳ, қанчалар чарчадим, толдим, Ҳатто йиғлагулик ҳолим йўқ. Кўзларим ҳорибди йиғидан, Юрагим тўладир найза, ўқ. Қанчалар ҳаётим ёп-ёлғиз, Кунларим ўтадир судралиб. Чарчадим, чарчадим яшашдан, Наҳот бир дўст келмас ҳол сўриб? Оҳ, қисмат, билмассан ўйларим, Мен увол бўляпман сен учун. Батамом сўнмасдан умидим – Ҳеч йўқса, ҳол сўраб кел бугун. Алвидо, севгилим! Алвидо, севгим! Видо айтаяпман сенга чорасиз. Ҳолбуки, юрагим такрорлар исминг, Ҳолбуки, муҳаббат – топганим ёлғиз. О, сен чиройлигим, хушсуратлигим! Қайта топарманми олов кўзларинг, Қайта туташарми сенга йўлларим – Нетай энди олис бўлди изларинг. Гар тақдир ҳеч қачон кўрмаса раво Шу азиз суратинг, қадрдон чеҳранг, Майли, узоқ кетар овозинг, илло, Илло, юрагимда қолгай хотиранг. Ўша сас, ўша сир тўла товушинг Садо бераверар кўксимда ҳар он. Туйғуларим тамом бўлмас ҳеч қачон, Руҳим сени, сени қидирар, ишон! Ёдимдадир, ўша ўтли нигоҳинг, Ҳар дам кўз олдимда этадир жилва. О, сенинг ўша пок, оқ табассуминг!… — Табассуминг қандай этай ифода? Алвидо, севгилим! Алвидо, севгим! Лек ҳамон севарман, этгил ижозат. Ҳамон йўқлайверар сени ўйларим, Ҳамон нафас олар дилда муҳаббат. Кўз-ёшга алишиб бахтли кулгуни Қандай бағри тўкис яшар бу ҳаёт? Айтинг, ким топгайдир ишққа ўлимни, Ҳувилла-аб қолмасми бутун коинот? Раббим, изн бергил сени севмоққа, Борлигим, йўқлигим – танҳо Ўзингсан! Қақшаган забоним зордир айтмоққа – Сенинг пок номингни ишқ ила ҳар дам. Сенинг пок номингни ишқ ила ҳар дам – Айтсам, айтаверсам…тугамаса ишқ. Кўнглимни ҳарсангдай босади бир ғам, Юрагимни пора этар шу оғриқ – Бир куни руҳим бу жонни тарк этар! Бир куни руҳим бу жонни тарк этар, Мен айта олмасман муҳаббатимни, Журъат этолмасман баён этмоққа, Фақат севадирман Ўзингни якка, О, Раббим, васлингдан этма бенасиб! О, Раббим, ишқингдан этма бенасиб! Олдингда қарздорман, кўп гуноҳкорман, Барчаси учун шу жонимни олгин. Мен осий бандангга халоскор бўлгин; Сен-чун қурбон бўлсин шу ширин умрим! Сенга фидо бўлсин айланай жоним!
2020-07-05
http://nodirabegim.uz/archives/2249
Криста мени юқори қаватдаги дам олиш хонасига – уч томон деворига суратлар осилган, тўртинчи деворидаги улкан деразадан эса ўрмон ва тоғлар манзараси кўриниб турган хонага бошлади. Бу бир қанча жиддий олмон услубидаги чарм диванлар, қора ёғочдан ишланган катта жавон, хунук ва турли рангдаги безаклар илинган каттагина хона бўлиб, кеча бир неча марта кўзим тушгани каби бу ерда ҳам олов тиллари шодон ўйнаётган камин тепасидан фюрернинг хўмрайган сурати қараб турарди. Катта оромкурсилардан биридан ўтирган аёл биз киришимиз билан ўрнидан турди. У баланд бўйли, нозик ва хушбичим бўлиб, тилларанг сочлари майин тўлқинланар, кўзлари тиниқ мовийранг ва қип-қизил лаб бўёғи сурилган лабларини киборларча буриб турарди. Яхши парваришланган ва ўта олмон эди у. Бундан ташқари, ҳомиладор эмаслиги ҳам кундай равшан эди. – Фройлейн¹ Ҳофф, сизни уйимда кўриб турганимдан хурсандман – деди у, лабларида жилмайишга ўхшаган ишора пайдо қилишга уриниб. Бошиданоқ унда сунъийлик кўзга ташланиб турар, мени уйида кўраётганидан хурсанд эмаслиги аниқ эди. – Менинг исмим Магда Геббельс² ва яқин бир дугонамга яхши доянинг ёрдами керак. Шу сабабли сизга мурожаат қилишга қарор қилдим. Унинг исмини эслашнинг ўзиёқ нега танамга титроқ кирганини англаб етишимга туртки бўлди. У олмон аёлларининг намунаси, рейх фашистик сиёсатини тарғиб қилиш идораси бошлиғининг хотини ҳамда етти ажойиб орий ўғилнинг онаси, қисқаси, афишалардаги ғайратли аёлнинг ҳаётдаги нусхаси эди. Фюрер уйлангунга қадар кўпинча уни киножурнал ва расмларда Гитлер билан ёнма-ён тасвирлашарди, бу мен лагерга ташланмасимдан аввал эди. Гарчи, аёл бўлсада, ҳақиқий фашист бўлиб, мухбирлар уни “Германиянинг биринчи хоними” деб аташарди. У қуруқ оҳангда давом этди. – Сизнинг ўз фаолиятингиздаги обрўингиздан, соҳавий билимингиздан ва… ҳозирги ҳолатингиздан хабардорман. – Мен бу каби суҳбатларда оилам ҳақида гап кетганда доим танаффус қилиб олишларини пайқадим. Бу уят эдими ёки арзимаган хижолатпазликми? Инсон ақлига сиғмас қирғинлар ва золимликларни уялмай қилган фашистларнинг ўзини бу тахлит тутиши қандайдир эриш туюларди. Сўнг яна бамайлихотир давом этди. – Сиз бир вақтнинг ўзида соҳангиз билан боғлиқ бир неча ишни баробар бажаришингиз ва ҳар қандай ҳолатда ҳам она ва болага чуқур эътибор беришингиз таҳсинга сазовор. Шу сабабли дугонамнинг туғруқ жараёнини сизгагина ишониб топшира оламан, – у шундай деркан, жавоб кутиб нафас ростлади. – Мен ким бўлишидан қатъий назар, доимо ҳар бир аёл учун энг яхши натижа бўлишига ҳаракат қиламан, – дедим фикрларимни мулоҳаза қилиб оларканман. Бу гапни алоҳида таъкидлашга ҳаракат қилдим, чунки, доялик касби яхши ва ёмон, бой ва қашшоқ, намунали фуқаро ва жиноятчи деб ажратишни ман қилгани сабабли, дунёга келган болаларнинг барчаси тенг ва яшаш ҳуқуқига эгадирлар. Бу қоидалар лаҳзалар, кунлар, сўнгра йиллар давомида бу нотенг дунёга сингдирилган. У нима демоқчилигимни тушунди албатта, сўнг чиройли маникюр қилинган тирноқли қўлларини кўксида чалкаштирди. – Яхши. Бугунги кунингизни йўл тадоригига сарфлайсиз ва янги мижозингиз билан учрашиш учун эртага йўлга чиқасиз. – У “мижоз” сўзини ишлатиш билан менинг хусусий доя эканлигимни таъкидлаб, сизга бериладиган топшириқлар танловингизга қарамайди демоқчи бўлдими, англолмадим. Шу лаҳзада, улар ўз ёлғонларига қанчалик кўп ва қанчалик даражада чуқур ишонаркинлар дея қизиқиб қолдим. Ёки улар ўз тарғиботларига ишонишадими? Чиндан ҳам ишонишармикан? Индамасликни маъқул кўрдим, ҳатто таклифига “раҳмат” дейишни ҳам жоиз топмадим. Аммо, у бунга имкон бермоқчи эмасди. – Бу сиз учун яхши имконият эканлигини англаб етишингиз керак, фройлейн Ҳофф. Ушбу каби муҳим топшириқ ҳаммага ҳам ишониб топширилмайди. Маслагингиздан қатъий назар, биринчи доя эканингизни ҳис қилишингизни хоҳлардим. Улар қимор ўйинини ўйнашмоқда эди ва балки ҳақ бўлишлари ҳам мумкин. Мен ҳаёт ато этувчи фаришта эмасман, аммо, ўз взифаларимга доим жиддий қараганман. Оналар соғлом болаларни хоҳлаб ҳомиладор бўладилар, ўз навбатида кўпчилик болалар тирик ва соғлом ҳолатда дунёга келишади ва яшаб кетишади. Бу олтин қоида эди. Мен йўлакда одам шарпасини сезиб, кетишга чоғландим. – Йозеф? – Фрау³ ортимдан туриб чақирди. – Йозеф, буёққа кел ва биз топган доя билан кўриш. Кичик жуссали, қора костюм кийган эркак бироз шалвираганча қадам ташлаб келаркан, қаршимда тўхтади ва беихтиёр пошналарини бир-бирига урди. Бу одамнинг сахт-сумбати орий кўринишининг талаб қилинган намунасига ўхшамаса-да, биз лагер дўзахига ташланишимиздан аввал газеталарда у ҳақда ёзилса, дадам доим синчиклаб ўқиган нусха эди бу ва Йозеф Геббельс⁴ Гитлер ишонган тор доирадаги шахслардан бири, ҳақиқатни ўзининг пухта ишланган ёлғонлари билан эгган ҳамда яхши, виждонли олмонларни алдаган кимса эди. “Аёлларнинг вазифаси гўзал бўлиш ва болаларни дунёга келтиришдир” дея баёнот берган Геббельс эмасмиди ахир? Элза, синглим, мен бу сўзларни унутмайман ва улардан куламан, аммо ҳозир унинг навжувон хотинига қараб туриб, барча аёл бирдек гўзал бўлишини қандай тасаввур қилганини англаяпман. – Фройлейн Ҳофф, сизни кўрганимдан хурсандман, – у бу сўзларини барча учинчи рейх амалдорлари каби, аслида қандай муносабатда эканлигини билдирмаслик мақсадида ярим жилмайган кўйи айтди ва кичик, аммо, ўткир тишларини кўрсатиб қўйди. У шавқатсиз даражада ориқ, қора сочлари орқага таралган, юзлари ичига ботган, агар доҳийнинг ўнг қўли ҳисобланмиш Гиммлер рейх олий доиралари тасвирланган суратда каламуш қилиб тасвирланса, Йозеф Геббельсни шубҳасиз қундуз кўринишида чизиш керак бўларди. Албатта, эътиборни тортиш ҳунари хотини учун кўпроқ мос эди. Аммо, бу жирканч кимса ҳатто исмимни билишини кўриб, ичимга ошиғич қалтироқ югурди. – Барчаси келишилгандек, умуман буйруқда кўрсатилгандек бўлдими? – У хотинига ўгирилиб, сўради. – Ҳа, Йозеф, – хотини очиқ кўриниб турган ижирғаниш билан жавоб берди. – Унда сизга хайрли тун тилайман ва яхши қарашади деб умид қиламан, фройлейн Ҳофф. Сўнг у чиқиб кетди, хотинининг қизил юпқа лаблари ва кўзлари эса эрининг ортидан қадалиб қолди. У гўзал, шунинг билан бирга сермаҳсул ва зотдор аёл бўлиши мумкин, аммо, ўйлашимча, фрау Геббельсда гўзал юздан кўра кўпроқ нарса бор эди. Суҳбат тугагач, эшикда Криста кўринди ва мени пастга, хизматкорлар хонасига бошлаб борди. Аслида, “тайёр бўлиш” жараёни мени мижозим учун тайёрлаш эканлигини шу ерда англадим. Бу шунчалар муҳим бўлса керакки, бунга бир кунни ажратишибди. Шу тариқа бу жараён бошланиб, силлиқ сочларимга ин қурган бит ва сиркалардан қутулиш учун Кристани карбол кислота олиб келишга жўнатишди. У қайтиб келиб ишини бошларкан, Кологне яқинидаги оиласи ҳақида меҳр билан сўзлар, орада қувноқлик билан ўз ишини ҳам бажарар, бироқ уруш қийинчиликлари ҳақида гапирмасликка ҳаракат қиларди, чунки, меҳнаткаш олмон оилалалари қаттиқ қийналаётгани шусиз ҳам кўриниб турарди. Унинг акаси Шарқий фронтдаги жанглардан аллақачон яраланиб – кўр бўлиб қайтган, ўзи эса ёш эркак кучисиз фермасини бошқаришга тиришаётган отасини ташлаб келганди. У рейхни ёмон кўришига ишора қилиб ўтди. Ушбу можаролардан аввал у кекса аёлларнинг уйларида ҳамшира ёрдамчиси бўлиб ишлаган экан. – Вазифамнинг бир қисми уларнинг сочларини замонавий бирор услубда тараб қўйиш бўларди ва бу уларга ҳар қандай доридан кўра кўпроқ таъсир қиларди, – эслади у. Сочларимга ин қурган сўнгги битни йўқотиб бўлгач, у қайчи ва иссиқ дазмол ёрдамида мўъжиза яратди; ожизланиб қолган соч толаларим ҳажми унинг ажойиб турмаги туфайли икки мартага кўпайди ва сочим тўкилиши туфайли очилиб бораётган бош теримни маҳорат билан ёпди. Мен ойнага қараб ўзимни зўрға танидим, мендаги мана шу одамлик шарпаси йиллардирки тарк этгандек туюларди. Ёшим сезиларли улғайганди – кўзларим атрофидаги чизиқлар, ориқ юзимдаги кичик қон томирлари бош теримни ёриб чиқмоқчи бўлгандек бўртган, бироқ, Кристанинг таъсири туфайли ўз аксимдан карахт бўлиб қолишим бироз пасайди. У менга олдинги уй бошқарувчилари ва ходималари гардеробидан қолган кўплаб оддий, кийилган кўйлаклар ҳамда юбкаларни келтириб берди, мен эса бу кийим эгаларининг қанчаси ўлим бўрони ичида қолганлигини ўйлардим. Лагерда биз ўзимиз учун мос келадиган кийим қидириб ахлатни ва ҳеч ўйлаб ўтирмай мурдаларни ҳам титкилаб кўраверардик. “Ўлган одам қалтирамайди”…бу гапни эса ўзимизни оқлаш учун айтардик. Бу важ тирик қолиш учун қабул қилинганди. Шундай қилиб, ҳозир қўпол пайпоқларга оёғимни суқдим ва мени совуқдан асрайдиган жемфернинг тугмаларини илдим. Бироқ, унинг ичида йўқолиб кетай дедим. Бироздан сўнг Криста тикиб-чатиб уни менга мослаб берди. Кун охирида эшигимда кутилмаган меҳмон пайдо бўлди. Кристанинг унинг кичкина қора саквояжи, кал боши ва қалин кўзойнагига ҳаяжонланиб қарагани эътиборимни тортди. У ошиғич сўз қотаркан, сўз оҳанги билан ташриф буюрувчи киши доктор Ажал эмас дея мени тинчлантирмоқчига ўхшарди: – Фройлейн Ҳофф, бу киши доктор Симз бўладилар. Бекам докторга сафарга чиқишингиздан аввал сизни кўриб қўйишни тайинладилар. Доктор Симз ҳам шифокор, ҳам тиш доктори сифатида икки томонлама аҳамиятли эди; у бошимдан тортиб оёқларимгача кўргач, кўплаб тери касалликларига даво бўладиган малҳам берди, ўпкаларимни эшитиб кўриб эса “бироз хириллаш бору-у, аммо юқумли эмас” деган хулосага келди. Унинг айтишича, тишларим ҳайратланарли даражада яхши ҳолатда экан. У, шунингдек, қовурғам ва ичига ботган кўкракларимга монелик қилмади, чунки бу тарафдан яқин кунларда юзлашадиган мижозим соғлигига хавф солмасдим. У хушчақчақ минғирлаб, йўлга тайёрлигимни айтди. Жуда қулай каравотда ётганимга қарамай ўша кеча алламаҳалгача кўзимга уйқу инмади. Мен Розани, “туғруқ кулбаси” дея ном олган бошпанамиздаги ожиз ва ҳимоясиз аёлларни, Марготни, унинг ўзининг борлигини аранг билдирадиган етти ойлик боласини ўйлардим. Унинг ҳомиласи жуда кичкина бўлса-да, онаси истеъмол қилаётган камчил озуқанинг ҳар бир бўлагини шимиб оларди. Бир куни унинг мадори қурийди ва ҳаёт асари сезилмай қолади, кучсиз вужудидаги бола эса ҳушидан кетади. Туғруқ жараёнидаги асоратлар билан андармон Роза уларни бир зумга тарк этганида эса Марготнинг чуқур ва азобли фарёди кулба шифтларини зирқиратгудек бўлиб ҳамма ёққа таралади – у боласини йўқотади. Мен эса бу ерда деярли ҳашамат ичида мизғияпман. Бизнинг яшашимиз, дунёдан ўтишимиз ёки шунчаки мавжудлигимизнинг ўзи лотереяга ўхшаб кетиши адолатсизлик. Уйдаги сўнгги насибамни Криста билан – бу ерга келганимдан бери мен билан доимо алоқада бўлиб турган ягона одам билан бирга тановвул қилдим. Шу қисқа давр ичида у билан анча қадрдонларга айландик; мен унинг ўз оиласини ўйлаб бу уйда яшаб кета олишини тушунгандим, аммо, унинг беғубор мовий кўзлари бу муҳитга бегона эканлигини, сувга қўшилган мой каби ажралиб туришини айтиб турарди. Бу, гарчи менинг тушунчамдан фарқланса-да тириклик, ўзликни англаш эди. Балки, бу ерда биз тасаввур қилганимиздан – энг яхшисини бажаришдан кўра кўпроқ нарса бордир. Аммо, бу етарли эдими? Тўғри эдими? *** Криста хайрлашиш учун қўл силкиган пайтда катта машина мотори қарсиллатиб ҳавога тутун булутини пуркади. – Ўзингизни асранг, – у қўлларимни маънодор сиқаркан, деди. – Мен учун ўзингизни эҳтиёт қилинг, мени баъзи пайтларда катта уйга топшириқ билан жўнатиб туришади. – Раҳмат, Криста, ҳаракат қиламан. Катта раҳмат сенга. – Уни тарк этаётганимдан чиндан хафа эдим, шу билан бирга ўтган пайт давомида янада қалинроқ дўст бўлишимиз мумкинлигини ҳис қилардим. Юқорига олиб чиқувчи манзил бошлангунча бир томонда ижарага бериладиган қўноқлар услубини эслатувчи катта уйлар тизилган, бир томонида баланд, игнабаргли дарахтлар қад кўтарган ва масофа сайин тепага ўрлаётган тошли бурама йўлдан машинада бир миля⁵ атрофида юрдик. Ҳаво яққол ўзгарди, митти ҳаворанг парчалар ҳатто машина ичига ҳам кира бошлади ва улар ўз-ўзидан одамга тоғ кайфиятини берарди. Биз бир неча текширув пунктларини ортда қолдирдик ва шуни ҳис қилдимки, қаергадир бироз муддатга келиш учун яна шунча йўлни босиб, пастга тушмаган бўлардим. Юқорига сари чорак соатлик кўтарилишдан кейин машина мотори аҳволи оғир бемор каби ҳирқирай бошлади, бу пайтда эса дарахтлар янада кўпроқ масофага ёйилиб кетган, ён-атроф манзараси яққол кўзга ташланар, бундан кўринардики, биз чинакам тоққа чиққандик. Ҳатто, ҳавога туман қўнган бўлса ҳам, манзара ниҳоятда таъсирчан эди; чўққилар оппоқ ёқа тақиб олган, шундоқ пастда фермерларнинг шахмат тахтаси сингари тақсимланган ерлари ястаниб ётар, ёнида кичкина бутазор бўлган қандайдир турар-жой биноси нуқта каби кўриниб турарди. Бола каби бурнимни ойнага текиздим – тобора баландроқ кўтарилиб бораётган ўзимизни ловия поясига тирмашиб, юмшоқ булутларга етган Жекка қиёсладим. Бир неча дақиқадан кейин тепага чиқдик, гранит чўққи тепасидан чиқиб келган каби яққол кўриниб турган ёруғлик бизга боқиб турар, чўққининг ўзи эса болалигим боғидаги дарахтлардан бирида дадам қуриб берган қувноқ, аммо, бироз юрак ҳовучлаб кўтариладиганим уйчани эслатарди. Йўл бундан бошқа тикка бўлмаса керак деган фикр хаёлимдан ўтиши билан у ясси сайҳонликка айланди ва биз соқчилар қўриқлаётган тунд дарвозалардан ўтиб, кенг сўқмоққа кирдик. Пастдан қараганда манзара алдамчи эди, тоғ чиқиб бўлмайдиган чўққилардан иборат туюлса-да, табиат томониданми ва ёки одамзод томониданлигини осонгина айтиб бўлмайдиган текисланган юзаси мавжуд бўлиб, унда туртиб чиққан қоянинг – у илк бор қараган кўзга чўққи бўлиб туюларди, шундоққина ёнида уй жойлашганди. Асосий уй тош ва ёғоч аралашмасидан иборат, кенг айвонли ва икки қаватли, шунингдек кичкина боғи бўлган, олам чўққисида жойлашган вилла эди. Ҳарбий кийимли аскарлар доим тайёр рицарлар каби ҳар ерда-ҳар ерда туришарди. Зиналар мени кенг саҳнга бошлади ва лагернинг тутунли ҳавосига ўрганган кўксимни бу мусаффо ҳавога тўлдирарканман, ўзимни бошқа сайёрага тушиб қолгандек ҳис қилардим. Шунча бўлиб ўтганлардан кейин – ўтган барча қора кунлардан кейин бу ёруғлик менга бу ерда ҳаёт борлиги ҳақидаги ўйларни туғдирар, дунё дўзахдан яхшироқ бўлиб кўринаётганди. Бу эса англаб етиш учун бирмунча оғирлик қиларди. Эшик очилиб, аёл кишининг қўпол ва ориқ башараси, тим қора сочлари ва истар-истамас жилмайганга ўхшаш юз ифодаси пайдо бўлди. – Хуш келдингиз, фройлейн Ҳофф – деди у. – Мен фрау Грундерс, уй бошқарувчиси бўламан. – Унинг охирги сўзларига жавобан, гарчи эҳтиром билан айтган бўлса-да, “салом” ва “раҳмат” дея олдим, холос. Унинг тиканакдек қаршилаши кактусни эслатар, вестибюл бўйлаб қўйилган тувакларда эса яшил ўсимликлар барқ уриб ётарди. У нафратини очиқ-ошкор кўрсатганча австрияча туфлисида ёғоч полни тақиллатиб бораркан, мени эргаштириб баланд гумбазли зал орқали хизматкорлар бўлмасига олиб тушди. Емакхонадаги тартибсиз ёки ўнғай деса бўладиган кичик бурчакдан менга жой кўрсатди. – Марҳамат қилиб шу ерда кутиб туринг – у шундай деркан, эшикни ёпди. Бир неча дақиқа ўтиб, кулранг СС⁶ формасини кийган зобит ичкарига кирди ва баланд бўйи туфайли бошини томга уриб олмаслик учун бўсағада тўхтаб қолди. – Хайрли кун, фройлейн, мен капитан Стензман. – У товонларини бир-бирига уриб, гарчи, очиқ юз билан бўлса-да, ўнғайсиз ҳолатда ўтирди. – Мен бу ерда сиз билан расмий алоқада бўламан. Сизга вазифаларингиздан бирини айтишган бўлишса керак. Унинг мовийранг кўз қорачиқлари юзимдаги ифодани диққат билан кузатиб ғилдирарди. – Капитан, менга фақат доя сифатида маҳоратим керак бўлишини айтишган, холос. У бироз тин олди, оғриқли бир сирни фош қилишга мажбур бўлгану, қандай айтишни билмаётгандек, зўр бериб полни кўздан кечирди. Сўнг шу жимликда қўлидаги чарм қўлқопини бирма-бир бармоқларидан чиқариб ола бошлади. – Вазият ўта нозик, – деди у ниҳоят. – Биз нафақат касбий маҳоратингизга, балки амалий кўникмаларингиз, сир сақлай олишингиз ва холислигингизга ҳам суянамиз. Мен уни тинглаётганимни билдириб, бошимни ирғаб қўйдим. – Бу уйда яшовчи хоним айни вақтда ҳомиладор ва адашмасам, тўрт ёки беш ойлик вақти бор. Маълум бир сабабларга кўра, уни шифохонага юборишнинг иложи йўқ. У фақат сизнинг қаровингиз остида бўлади. – Мен унинг доимий ҳамшираси бўлар эканман, беканинг кимлигини билсам бўладими? У махфий, аммо, хавфли қутини очиши муқаррар эканлигини билиб, чуқур хўрсинди ва таслим бўлган каби ўртада турган кичкина столча устига қўлқопларини ташлади. *** – Унинг исми фройлейн Ева Браун⁷, – шу сўзларни айтаркан капитан Стенз курсисига қайтиб ўтирди. Мен газеталарда кунора босиладиган ғийбат ва иғволарни ҳеч қачон ўқимасдим, аммо синглим Элза Берлин ижтимоий доиралари орасида урф бўлган мода услублари берилган саҳифаларни эринмай кузатиб борарди. “Бунга қара, Анке,” – дерди у кўпинча, “у қанчалар чиройли, шундай эмасми? Менинг сочларим ҳам қачондир шундай кўринармикан?” Синглимга раҳмат, у туфайли Ева Брауннинг – Гитлернинг ички доираларидаги шахслардан бирининг синглиси, келиб чиқиши яхши олмон оиласидан бўлган сариқ сочли ва мовий кўзли, шу билан бирга Гитлерга қандайдир тегишлилик жойи бўлган бардам олмон қизининг исмини дарров эсладим. Ўша газеталарда улар бир-бирига яқин эканлиги ёки ҳиссий боғлиқлигига ҳеч қачон шама қилинмас, аслида ҳам гапнинг индаллосига кўра, Гитлер Германияга уйланган эмасмиди ахир? Тарғибот камераси доҳий ҳақида қисқа филмлар суратга олар, уларда аслида ўйин кўрсатаётган доҳийнинг инсоний сифатларини кўрсатишга тиришиб-тирмашилар, бунда Ева Браун синглиси Гретл билан орқа фонда, суратга олиш гуруҳи ёнида қолиб кетгани ажабланарли эмасди. Ҳозир эса хаёлларим чувалашиб кетди. Мен шу дақиқагача вазифам юқори доирадаги фашист амалдорларидан бирининг хотинига, ёки олий доирадаги фашистлардан бирининг никоҳсиз туғилаётган боласига қараш бўлса керак деб тахмин қилгандим. Аммо, ҳозир миямда даҳшатдан ҳам каттароқ нарса ток ургандек чақнаб кетдики, бу вазифа имкондан ташқари бўлиб туюла бошлади. Ўша одам Адольф Гитлермиди – учинчи рейхнинг ва балки Европанинг олий қўмондони бўлган шахс Ева Браун кутаётган боланинг отаси эдими? Ва ўзини Германия отаси деб даъво қилаётган у ўз нуфузини болалари ҳисобланган Германия аҳолиси ва туғилажак бола билан баҳам кўрадими? Кимлар билан, у телбаларча чинқириб, таклиф этаётган тозалаш сиёсатидан жабр чекаётган минг-минглаб одамлар, инсониятга қанчалик даражада қирон келтириш мумкинлигига биринчи бор гувоҳ бўлаётганлар, янги туғилган гўдакдан бошлаб, миясида қўрқув пайдо қилинганлар биланми? Ўғил ва меъросхўр сифатидаги ном ва ирсий мансублик англаб етиш учун ҳозир жудаям оғирлик қиларди. Мен бу янгиликни ўзимда сингдириб юбормасликка ҳаракат қилардим. Капитан Стенз мовий кўзларини узмай қараб турар, сониялар имиллаб ўтарди. Ҳолатимни, кайфиятимни билиш учун тинимсиз ниманидир қидирарди унинг кўзлари. -Фройлейн Ҳофф? -Ҳа? -Аҳволингиз яхшими? – У хийла ташвиш аралаш сўради ва кейин жилмайди: – Биз сизнинг касал бўлишингизни хоҳламаймиз, айниқса биринчи иш кунидан. -Йўқ, йўқ. Бу шунчаки мен яшаган об-ҳаво ўзгарганлиги учун бўлса керак…ҳаммаси шунчалик тез, кўз очиб-юмгунча содир бўлдики, сира бунга кўниколмаяпман. Ҳозирги вазиятимни хушламаётганимни кўрсатишга атайлаб ҳаракат қилдим, бу новча ҳарбийнинг бунга муносабатини билгим келганди: қани, у ҳам бошқалари каби ички кечинмаларини зўр бериб ниқоблай олармикан? Унинг кўзлари пастга қаради ва сўнг қўлқопларни олиш учун энгашди. -Ҳа – деди у бир текис овозда. Шундай қилиб, у ҳам бутунлай, ҳеч шак-шубҳасиз фашист эди. Бироқ, кейин унинг сарғиш сочлари ва кўк учқун кўриниб турган кўзлари мен билан тўқнашди. Ўша лаҳзада мен аввалига иккиланишни ҳис қилган бўлсам, кейин негадир ҳурмат туйғуси уйғонди. У эса бу ҳолатимни аниқ пайқади. Аксар ҳарбийлар инсониятни ҳаддан ташқари менсимаслик оғуси билан заҳарлангани туфайли, сўнгги икки йил мобайнида камдан-камдан эркакларга нафрат ва жирканиш туйғулари билан қарагандим. Қаршимдаги мана бу одам эса ички оламимда кутилмаган саросима уйғотди, енгил тебраниш бутун борлиғимга тарқади. Бу биргина нигоҳлар тўқнашувини эътиборга арзирли деб ҳисобладимми? Бир лаҳза ўтмай шунчалик юзаки фикрлаганим ва кутилмаганда пайдо бўлган туйғуларим учун ўзимга дакки бердим. У шошилиб турарди – ташқарида уни машина кутарди, шу сабабли бу ердаги вазифаларни тезда тушунтирди. Мен ҳомиладорлик даврида тўлиқ Бергҳоф⁸да қолишим ва бола туғилгандан кейин ҳам камида олти ҳафта онасининг олдида бўлиб, уни оналикка мослаштиришим керак эди. Бола уйда туғилади, аммо, доктор ва машина уларга доим керак бўлгани учун туғруқдан бир ой аввал мен катта уйга кўчиб ўтишим белгиланди. Капитан дори ва гиёҳлар, агар туғруқ жараёнида керак бўлса баъзи тиббий ускуналар учун ёнимда кичкина бир хона ҳам ажратиб берилишини маълум қилди. Тайёргарлик мукаммал ва ҳатто мўл-кўл даражада ташкиллаштирилаётганидан билиш мумкин эдики, гарчи хусусий ва барча ҳақлари олдиндан тўланган бўлса-да, улар туғруқхонага боришни инкор этишарди, шу тариқа рейх тарғибот машинасининг асл башараси очиқ кўриниб турарди. Қиёфалар бу урушнинг асосий қисми эди ва мен ички доирадаги барчага уларнинг ҳамкори бўлиб кўринишим лозим бўларди. Бола туғилгани ҳақидаги маълумот эса маълум вақтгача дунёга ошкор қилинмаслиги шарт эди. Мен ҳозирданоқ Ева Браунга ачина бошладим. -Мен барча керакли ускуналарни етказтираман – давом этди капитан Стенз ўзининг ҳарбийча оҳангида. – Сизга яна нимадир керак бўлса, бемалол менинг идорамга мурожаат қилинг. Мен бўлмаган пайтда эса қўл остимдаги котибим, сержант Майерга суянишингиз мумкин. У керак бўлган нарсалар ҳақида ҳар кун маълумот олади ва менга барчасини етказиб боради. Биз сиз мунтазам қаров олиб боришингизга ишонамиз ва бу борадаги барча икир-чикирлар эътиборга олинади. -Тушунарли, — дедим. Ҳаммаси ажойиб. Ҳозирдан бошлаб, то туғруқ амалга ошгунга қадар, микроскопда кўргандек уни пухта текшириб боришим ва бу ҳақда доим ҳисобот беришим лозим. Олий насабли орий ирқи боласининг дунёга келиши учун ҳиссамни қўшишим керак. Орий ирқи. Она ва бола билан ишлаган йилларимнинг ҳеч бирида янги ҳаётни дунёга келтириш масъулияти мени ранжитмаганди, аммо бу бола… бу бечора, кутилмаган бола улардан тамоман фарқланарди. У мен шу пайтгача кўрганларимдан кам ҳам, ёки бирор ери тилладан яралган аъло бола ҳам бўлмаслиги аниқ, бироқ, у золимлар қўлида тарбияланиши ва золимликка тинимсиз ундалиши билан бутун Европа ва дунёни яна азоблар тўлқини қамраб олиши аниқ. Бунга тарих гувоҳ. Шу лаҳзада лагерга қайтишни жон-жон деб хоҳлар, бой фашистларнинг хизматкорларига тантиқлик қилгандан кўра, ўша қадрдонларим орасида, саъй-ҳаракатим билан одамлар ҳаётини сақлаб қолувчи турмуш тарзимда бўлиб қолгим келарди. Аммо, ҳали туғилмаган инсон боласининг таназзулини ҳозирдан хоҳлаганимни сезиб, ўзимдан қаттиқ уялиб кетдим. Капитаннинг қўпол пошналари хаёлларимдан чалғитди. -Ҳозирча сизга хайрли кун тилаб қоламан, фройлейн, – деди у, ҳурмат маъносида бошини эгиб қўяркан ва шу онда қўшимча қилди. – Ҳмм… айтганча, фройлейн Браун ҳеч нарсани билмайди… -Менинг ўтмишим ҳақидами? – унга ёрдам бердим. -Ҳа… ўтмишингиз ҳақида, – у бироз хижолатпазлик ва енгил тортиш аралаш тасдиқлади ва лабини қимтиб қўйди. Капитан ҳақида шундай қарорга келдим; ҳарқалай инсон экани аниқ. У қачонлардир онасига эркаланган, уйқу олдидан унинг тиззаларига ўтириб бўйнидан қучган ва юзидан ўпиб, хайрли тун тилаган, самимий ва ҳақиқий бўлган, хуллас, меҳр берган ва меҳр кўрган одам боласи у. Ҳозир унинг зангори-кўкиш кўзларини эсларканман, рейх унга қандай таъсир ўтказганини билгим келарди. *** Яхшигина пинакка кетиб қолганимни оқсоч мулойим овозда уйғотганда билдим. -Фройлейн Браун сизни кутяптилар. Асосий уйга қайтиб боришдан олдин менда ювиниш хонаси ойнасидан ўзимга бир қур кўз ташлаб олишгагина етарли вақт бор эди, холос (буни охирги марта қачон қилгандим ўзи, билмайман). Даҳлизлар қўрқинчли даражада кимсасиз эди, унда фақат у ер-бу ерда ҳаракатланувчи соялар кезарди. Мени оч кўк рангда бўялган, улкан ва баҳаво меҳмонхонага бошлаб боришди, фройлейн катта, бўғиқ рангдаги жиҳозлар ичида кичрайиб қолган каби ўтирарди. Қаердадир орқа тарафда осилган қафасдан жажжи қушчанинг сайроғи эшитилди. Хонага киришим билан фройлейн қўлини узатганча, жилмайиб ўрнидан турди; у ўртача жуссали ва нозик деб бўлмайдиган гавдали аёл бўлиб, юзи ва қалин, оч рангдаги бироз бўялган лабларидан соғломлик белгиси уфуриб турарди. Ўриб қўйилган сочлари қизғиш-сариқ рангда, ўзи эса эркин – оч-кўк рангдаги кофта ва дўппайган қорнини аранг бекитиб турган юбка кийган, костюми эса қорнининг айланасини зўрға ёпарди. Кўзларим ўз-ўзидан унинг қорнига қадалиб, ҳомиладорлик ҳолатига баҳо бера бошлаган пайтимда, ҳар бир ҳомиладор аёлда бўлгани сингари уни гўё боласини ҳимоя қилмоқчи бўлгандек тутиб қўйди. Худо билади, ундаги бечора мавжудот барча ёрдам ва ҳимояни имкон даражасида оляптими-йўқми, аммо онасининг меҳри асосий кўмакчи экани аниқ. – Фройлейн Ҳофф, сиз билан кўришиб турганимдан жуда хурсандман, — деди у ҳайратланарли даражада юмшоқ овозда. – Марҳамат, ўтиринг. Шу лаҳзада ҳис қилдимки, Гитлернинг маъшуқаси эдими-йўқми, Ева Браун Магда Геббельсдан кескин фарқ қиларди. У урушдан аввалги Берлин идораларида хизмат қилувчи ва вино солинган қадаҳни келтириб қўйиб, беминнат ёрдам беришга тайёрлигини кўрсатувчи ҳар қандай олмон қизига жуда ўхшаши билан мени ҳайратга солди. Унда қаршисидаги кўплаб эшикларни очишга қодир яширин куч ва табассум бор эди. Балки, Европанинг энг қудратли кишисини жалб қилган нарса шудир? Бундан ташқари, ундан бунинг учун нафратланишим керакми ёки йўқми, ҳозирча бир қарорга келмагандим. У хизматкорга чой олиб келишни буюрди ва биз ёлғиз қолдик. Мен оғзимга талқон солиб олгандек ўтирар, чунки, гапирадиган гапим йўқ эди. Каминдаги ўтиннинг чирсиллашини айтмаса, бир муддат ўртада чуқур жимлик ҳукм сурди, сўнг у менга ўгирилиб, юзимга синчиклаб тикилди. – Хаёлингизни бўлиб шуни айтишим керакки, мен фарзанд кутяпман, – унинг сўзлари нигоҳларидан яширин учқун сачраб янградики, гўёки бўғиқ ёғоч деворлар бизни эшитаётгандек туюлди. – Хабарим бор. – Шу сабабли менга доялик қилиш учун чақирилдингиз. Бу таклиф сизга маъқул келган деб умид қиламан. – Унинг сўз оҳангига қараганда, бу борада менга танлаш имкони беришмаганидан хабарсиз кўринарди, аммо, мен барибир жим туришни маъқул кўрдим. – Яқин қариндошларимдан бир нечтаси ҳомиладорлик даврида Берлинда қаров остида бўлишганини билмасангиз керак, — деди у, сўнгра давом этди, – ва кўпчилик сизнинг маҳоратингизни юқори баҳоламоқда. Мен яна фақат бош ирғаш билан чекландим. – Шунингдек, сизни туғруқ билан боғлиқ ҳар қандай вазиятдан хабардор, дейишяпти… – у яна қорнини тутиб қўйди. – Мен ишончли киши, боламни соғ-саломат ва эҳтиёткорлик билан дунёга келтиришимга ёрдам бера оладиган киши ёнимда бўлишини хоҳлайман. Онам туғруқ жараёнида бир неча марта яхши дояга учраган ва унинг омади кулган деб ўйлайман…ва менга ҳам бундай омад ёр бўлишини жон деб хоҳлардим. У бу нутқ нафасини бўғиб қўйгандек ўриндиққа орқасини ташлаб, енгил тортди. Мен эса уни тинчлантириш учун нима дейишни ҳануз билмаётгандим. Сўзларини тинглай туриб, унинг бегуноҳ эканлигига ишонч ҳосил қилдим. У чиндан лақма эдими ёки ўзини шундай қилиб кўрсатяптими айтиш қийин бўлса-да, махлуқ билан бирга бўлгани ва ундан никоҳсиз бола орттириб олганига одамнинг ишонгиси келмасди. Фашизм йўли бу оила йўли эди, яъни уларнинг шиори “Ошхона, болалар, черков” бўлиб, намунали олмон хотинлари уйдаги аскарлар ҳисобланар, бола туғишда сермаҳсул бўлган аёллар эса ғайритабиий медаллар билан тақдирланишарди. Ева Браун баёнотни бузганди. Ҳозирги ҳолатида ҳаёт ва қон унинг ўзига етмас, камига у вужудида фюрернинг наслини кўтариб юрарди – лагердан чиққанимдан бери менга қилинаётган муносабатдан келиб чиқиб, шундай деб тахмин қилаётгандим. У эса кўринишидан шунчалар пок эдики, на аскарга, на иблисга ёрдам берувчига ўхшарди. Юзимда ясама хушчақчақлик пайдо қилиб, эътиборимни ҳомиладорлик ҳолатига қаратдим – туғиш жараёнига қанча бор, айнан қайси санада кўзи ёрийди ва шу пайтга қадар қайси турдаги текширувларни ўтказганига қизиқдим. У аллақачон ҳомиладорлик бўйича шифокор кўригидан ўтган бўлиши керак эди, аммо, билишимча бундай бўлмаганди. Ой кўриш даври июннинг бошларида бола туғилишига ишора қиларди. – Аммо, бола ҳозир ҳам қимирлаяпти ва деярли ҳар кун ҳаракатланаяпти, – у қўлларини сузган каби ҳаракатлантираркан, ўқитувчисини хурсанд қилган бола каби жилмайди. – Яхши, бу жуда ажойиб ишора, – жавоб бердим. – Ҳаракатланаётган бола – мутлоқ хурсанд бола. Агар хоҳласангиз ускунамни олиб келиб, шундоқ текшириб кўришим ва ҳомиладорлик жараёни қандай кечаётганини билиб беришим мумкин. – О, албатта! Хурсанд бўлардим. Раҳмат! – У ўзигача бўлган минглаб ҳомиладор аёллар каби яшнаб кетди. Миямда руҳий айқаш-уйқашлик бошланиб, саросима яна қалин туман каби чулғаб олди. Мен буни қаршимдаги аёлни ёқтирмаслик, ҳатто нафратланганим сабабли деб ўйладим. Чунки, у иблис билан ўйнашган, унинг наслини яратган ва энди уни парвариш қиляпти. Ҳозирча эса у қорнида тобора катталашиб бораётган қабариқ билан фахрланаётган ва туғилажак фарзанди билан боғлиқ орзуларини бешикда аллалаётган она эди. Мен яна лагерга қайтишни, гарчи иркит бўлсада, оқ ва қора рангдан иборат, ёнимда Роза бўлган ўша маконда бўлиб қолишни хоҳлай бошладим. У ерда ким сенга қарши тиш қайраётганини, ким рақибинг эканини аниқ билиб турасан. Хонамдаги ускуналарни олиб қайтгач, фройлейн Браун мени турган-битгани лабиринтдан иборат даҳлизлар орқали етаклаб, ўз ётоғига бошлаб борди. Бу ўртача катталикдаги, қулай, аммо ошиқча безатилмаган, токчаларда соғлом олмон оиласининг баҳаво гўшада дам олаётгани манзараси акс этган суратлар бўлган хона эди. Ҳаммасидан ҳам хонада учта эшик борлиги диққатимни тортди: бири орқали ҳозир бу ерга кирдик, иккинчи кичкина эшик ювиниш хонасига бошларди ва унинг қаршисидаги яна бири иккинчи ётоқхонанинг эшиги эди. Ўш эшик тирқишидан кўз ташлаб, устига оғир кимхоб ёпилган икки кишилик ётоқни кўрдим. Бу менга ёмон таъсир қилди. Бу унинг хонасими? Бутун Германиянинг етакчиси ва бахтсизликнинг, бугунги кундаги барча бахтсизликларнинг ижодкори бўлган одамнинг ётоғими бу? Шу лаҳзада ҳақиқатдан йироқ бу андозалардан чиқиш учун йўл қидиргим келди, бироқ, фройлейн Браун – мижозим аллақачон тўшагида ўтириб, мени кутарди. -Фройлейн Ҳофф, нима дейсиз, ётиб олсам сизга қулайроқми? – Унинг юзи умидга тўла эди. Илгари бир-неча марта шундай бўлганки, гоҳида дояликнинг ўз-ўзидан бўладиган жиҳатларидан нафратланганман. Фаолиятимнинг илк йиллари ўтган баъзи ночор туман туғруқхоналари менга чорвадорлик фермалари бўлиб туюлганди – битта қорин ва туғруқдан кейинги бир бола. Аммо, ҳозир текшириш олиб борадиган барча қулайликларга эга машғулотимдан миннатдор эдим. Юбкасини тушириб, кўрикка тайёрланиб турган Ева Браун – қорни тобора кенгайиб бораётган аёл боласи соғлом ва бақувват эканлигини эшитишга интиқ бўлиб ётарди. Киндиги атрофини туртиб кўриш учун аввал қўшимча ҳаво билан тўлган қорни ва унинг пастки қисмига қўлимни авайлаб босиб уқаладим. “Бу ер бачадонингизнинг тепа қисми” деб тушунтирдим унга ва бунга жавобан, тасдиқлаган маънода оҳиста чийиллаб қўйди. Сўнг эшитиш асбобини баданига жойлаштириб, ичкаридаги овозни ва унинг кўксида нафас олаётган боланинг аҳволини билиш учун унинг силлиқ юзасига қулоғимни қўйдим. У нафас олмай ва интиқлик билан кутаркан, тез-тез ураётган юрак товушини, ҳеч шубҳасиз чопиб бораётган от туёқларига монанд дукиллашни ниҳоят эшитдим. -Ажойиб, унинг юраги дақиқасига бир юз қирқ марта уряпти ва жуда соғлом – бошимни кўтариб, унга сўз қотдим. Унинг юзи яна болаларча яшнаб кетди. -Чиндан уни эшита оласизми? – деди у гўё рождество вақтидан аввал келгандек жилмайиб. -Бола ҳали бироз кичкина, — дедим, — шунинг учун жудаям ожиз, бироқ, ҳа, уни эшита оламан. Хуллас, барчаси нормал ҳолатда дейиш мумкин. У яхши ривожланяпти. У қорнини яна силаркан, ёйилиб жилмайди ва димоғи остида боласига атаб ниманидир хиргойи қила бошлади. Сўнг, агар туғруқдан аввал ота-онасини – ортда қолган яхши кунларни кўриб келиш учун жўнайдиган бўлса ва туғишга тайёргарликни бошлаш керак бўлса, кўпинча қандай шаклда кўрикдан ўтказишимни хоҳлаши ҳақида суҳбатлашдик. Мен бу суҳбатимиздан мана шу ҳашаматни деб Бергҳофда кўп вақтимни беҳуда сарфлашимни англадим ва гуноҳкорлик ҳисси яна бош кўтарди. Кетиш учун ўрнимдан қўзғаларканман, у орқамдан гапириб қолди: -Раҳмат сизга, фройлейн Ҳофф. Менга қараш учун келганингиздан бирам хурсандманки! У бегуноҳми ёки йўқлигидан қатъий назар, бу гапни хурсанд бўлиб айтганига ишондим. Аммо, ҳаёт бераётган имкониятдан хурсанд бўлишим керакми ёки унинг ғўрлигидан жаҳлим чиқишим лозиммиди, билмасдим. “Бола ичидаги бола”, шу фикр хаёлимдан “ялт” этиб ўтдию, тугундек тугулиб бораётган ва мени чир ўраётган мушакларимни мажбурлаб, жилмайдим. . ¹ Фройлейн – олмонзабон халқларда турмушга чиқмаган қизга нисбатан қўлланилади. ² Магда Геббельс – фашистик тузум сиёсатини олиб борган Олмон миллатчи демократлар ва ишчилар партияси (NSDAP)нинг кўзга кўринган аъзоси, Адольф Гитлернинг яқин сафдошларидан бири ³ Фрау – олмонтилли халқларда турмушга чиққан аёлга нисбатан қўлланилади. ⁴ Йозеф Геббельс – Гитлернинг яқин сафдошларидан бири, 1930 йилдан Олмон миллатчи демократлар ва ишчилар партияси (NSDAP)нинг тарғибот бўлими раҳбари. ⁵ Миля – 1482 мга тенг узунлик ўлчови. ⁶ СС – А.Гитлер ва миллатчилар партияси қўл остидаги асосий, яримҳарбий ташкилот. 1923-1945 йилларда фаолият юритган. Нюренберг ҳарбий суди тмонидан жиноятчи ташкилот деб топилган. ⁷ Ева Браун (1912-1945) – фотограф ва модел. А.Гитлернинг маъшуқаси. ⁸ Бергҳоф – А.Гитлернинг Бавария Алпида, Берхдесгаден яқинида жойлашган уйи. Унинг бутун Европа бўйлаб бир қанча қароргоҳлари бўлган бўлса-да, Иккинчи жаҳон уруши давомида кўп вақтини шу ерда ўтказган.
2020-09-05
http://nodirabegim.uz/archives/2256
Бу воқеа, тахминан, 1882 йилда бўлиб ўтганди. Вагондаги бўш купелардан бирига жойлашиб, эшикни ёпдим. Бир ўзим қолишим ҳақда ўйлаб турган бир пайтда эшик қайта очилди ва кимнингдир овозини эшитдим: -Эҳтиёт бўлинг, жаноб! Йўллар айнан шу ерда туташган, зиналар ҳам анчайин баланд. Бошқа бир овоз жавоб қайтарди: -Ҳавотир олма, Лоран! Мен тутқични ушлаб оламан. Дастлаб, шляпа ва икки қўл кўринди. Бу қўллар чарм мато билан қопланган тутқични маҳкам сиққанча, семиз гавдани купега томон секин судраб келар, оёқлар эса, зинага тегганда тошга урилган ёғоч сингари овоз чиқарарди. Йўловчи купега гавдасини судраб кирган вақт, осилган шими ва унинг остидаги ёғоч оёқнинг қорайган учига кўзим тушди. Кўп ўтмай кетидан иккинчисини ҳам кўрдим. Йўловчининг ортидан кимнингдир боши кўринди. -Бу ер сизга қулайми, жаноб? -Албатта, дўстим -Мана юк ва қўлтиқтаёғингиз. Купе ичига худди истеъфодаги аскарни ёдга соладиган хизматкор кириб келди. Унинг қўли бир-бирига мустаҳкам боғланган оқ ва қора қоғозхалталар билан тўлганди. Халталарни бирин-кетин хўжайинининг ўриндиғи тепасидаги юк қўйишга мўлжалланган тўрга қўйди. -Жаноб, ҳаммаси шу ерда: ширинликлар, қўғирчоқ, барабан, ўйинчоқ милтиқ ва ғоз жигаридан тайёрланган паштет. -Раҳмат, дўстим. -Оқ йўл, жаноб! — Соғ бўл, Лоран! Хизматкор кетди. Ва мен ҳамроҳимга қарадим. Орденли, мўйловдор ва семиз бу киши сочлари деярли оппоқ бўлишига қарамасдан ўттиз беш ёшлар атрофидаги кишига ўхшарди; унда кучли ва шижоатли кишилар қандайдир бахтсизлик натижасида мунтазам ҳаракатдан тўхтасагина юзага келадиган касаллик белгилари кўриниб турарди. У нафасини ростлаб, пешонасини артганча, менга юзланиб сўради: -Чексам сизга ҳалал бермайманми? -Йўқ, бемалол. Бу қараш, овоз, қиёфа жуда таниш эди. Лекин, қаерда учратганман? Ҳа, бу инсон билан қўл бериб кўришган, суҳбатлашганман ҳам. Анча олдин содир бўлган ва хотирам туманларида қолиб кетган бу воқеани шуурим пайпаслаган каби қидирар ва улар кетидан гўё тутқич бермас шарпаларни қувиб, ета олмаётган каби ҳолатда эдим. У ҳам менга қараб ниманидир эслашга уринаётган одам каби узоқ ва тийрак нигоҳда тикилиб турарди. Бу узоқ тикилиш иккимизни хам ноқулай аҳволга солгач, бир-биримиздан кўзимизни олиб қочдик. Бироқ, бир неча сония ўтмай, рўпарамиздаги инсонни танишга бўлган қизиқиш устун келиб, яна нигоҳларимиз қайта тўқнашди. -Бир-биримизга ўғринча тикилгандан кўра қаерда кўришганимизни эслаганимиз маъқул. Ҳамроҳим хозиржавоблик билан жавоб берди: -Мутлақо ҳақсиз. Ўзимни таништиришга ўтдим: — Менинг исмим Анри Бонклер: суд ишлари амалдориман. У бироз талмовсираниб қолди, қиёфасидан хотираси зўриққани сезилиб турар ва ишончсиз бир овоз билан жавоб қайтарди: -Эҳ, эсладим! Мен сизни Пуанселейларникида кўрган эдим… Ҳали уруш бошланмасидан аввал (1870-1871 йиллардаги Франция- Пруссия уруши назарда тутилмоқда), ўн икки йил олдин! — Сиз лейтенант Ревеальер эмасмисиз? — Худди ўзи… У пайтлар, оёғимдан айрилган вақтим, капитан бўлишга ҳам улгурган эдим. Битта ядро иккала оёғимдан ҳам айирди. Шу таҳлит қайта танишиб бўлгач, бир-биримизга яна тикилиб қолдик. Мен бу котилон рақсларига моҳирона ва завқ билан дирижёрлик қилган, одамлар “Тўфон” деб атайдиган, озғин, чиройли ва ёш йигитни жуда яхши эсладим. Бу қиёфа ортида қачонлардир мен билган, бироқ унутган, эшитгандан сўнг ўзидан кўз илғамас из қолдирадиган, тутқич бермас воқеалар намоён бўларди. Бу муҳаббат қиссаси эди. Ўтмиш тубидаги бу воқеалар ҳали ҳам тўла ёдимга тушмас, ўзимни гўё учиб кетган қушнинг ҳидини сезиб ер кавлаётган овчи итидек ҳис қилардим. Бироқ, хотирамдаги туман аста-секин тарқалиб, кўз олдимда қизнинг қиёфаси намоён бўла бошларди. Тўсатдан, ракета портлагани каби, қулоқларимда унинг фамилияси жаранглади: Мадмуазел де Мандал. Ана ўшанда бари ёдимга тушди. Бу ҳақиқатдан ҳам энг оддий муҳаббат қиссаси эди. Мен бу одамни учратган вақтимда у де Мандел хонимни севар ва тўйлари бўлишига ҳам яқин қолганди. Ўша вақтлар у менга завққа тўлган бахтли инсон каби кўринарди. Поезднинг ҳаракати таъсирида силкиниб кетаётган, ҳамроҳимнинг хизматкори жойлаштирган юкларга кўзим тушди. Хизматкор ҳануз купеда юргандек, қулоғим остида яна унинг овози жаранглади. “…ҳаммаси шу ерда: ширинликлар, қўғирчоқ, барабан, ўйинчоқ милтиқ ва ғоз жигаридан тайёрланган паштет.” Туйқус хаёлимда ўша воқеалар яна қайта жонланди. Бу ҳолат худди пулсизликка ёинки жисмоний ҳалокатга йўлиққанига қарамасдан тузилган никоҳга ўхшарди. Демак, мадмуазел урушдан мажруҳ бўлиб қайтган ҳарбий офицерга ўз ваъдасига содиқ қолган ҳолда турмушга чиққан. Бу менга ҳақиқатдан чиройли ва шу билан бирга оддий туюларди: гўё бу воқеадаги қурбонлар ва муаммо ечими худди кино ва театр саҳналаридагидек эди. Бундайин олийжаноблик ва бағрикенглик ҳақида эшитган ёки ўқиган вақтинг, беихтиёр ўзинг ҳам яқинингнинг қувончга тўла хурсандчилиги учун қурбон бўлишга тайёр эканлигинг ҳақида ўйлайсан. Лекин, бошқа бир кун ҳамроҳимнинг ишлари чатоқ бўлгани учун кимдандир муқаррар қарз сўраши ҳақида ўйлаганимда, одамнинг руҳи шундайин аянчли афсусларга тўлиб кетади. Тўсатдан хаёлимда биринчи фикр ўрнини янги фикр эгаллади: балки, улар уруш бошланиб, бу бахтсиз ҳодиса рўй бергунига қадар турмуш қуриб улгургандир. Кучли ва навқирон ҳолда урушга кетиб, оёқсиз ҳолда қайтган, қўзғалмаслик ва кучсиз ғазабга маҳкум этилган ва семизликдан қочиб қутула олмайдиган бу инсонга таскин бериш, ғамхўрлик қилиш учун ҳам итоаткорлик билан, иложсиз шу ҳаётни қабул қилгандир. Унинг бахтли ёки аксинча эканлигини билишга бўлган қизиқишим тобора ортиб борар, у айтмаса ёки айтишни истамаса-да, агар унинг қиёфасида бу акс этганида, балки, билиб олган бўлар эдим. У билан гаплашган ҳолда, бу ҳақда ўйлашни давом эттирдим. Биз бир-икки оғиз сўз алмашдик. Буюмларни қўйишга мўлжалланган тўрга кўзим тушгач, яна миямда фикрлар айлана кетди: “Унинг учта фарзанди борлиги шубҳасиз: ширинликларни у рафиқасига, қўғирчоқни қизалоғига, барабан ва ўйинчоқ милтиқни ўғилларига ва ғоз жигаридан тайёрланган паштетни эса ўзи учун харид қилган.” Қайта унга юзландим: -Фарзандларингиз борми? -Йўқ,- жавоб берди у. Ўртада катта истиҳолни келтириб чиқарганим учун бироз ҳижолат чекдим. -Мени кечиринг, хизматкорингиз ўйинчоқлар ҳақида гапирганида хаёлимга келганди бу фикр. Айрим вақтларда одам эшитиб турса ҳам англамайди ва мушоҳада этмай туриб хулоса чиқаради. У ним табассум қилиб, жавоб берди: -Йўқ, мен ҳатто уйланмадим ҳам. Ўзимни ниманидир эслашга уринаётгандек кўрсатардим. -Ҳаа, айтгандек, мен сизни таниган вақтда, янглишмаётган бўлсам, сиз де Мандал хонимга унаштирилган эдингиз. -Ҳа, жаноб. Хотирангиз кучли экан. Мен таваккал қилган ҳолда, гапиришда давом этдим. -Мен кейинроқ де Мандал хонимни бошқа жаноб билан турмуш қургани ҳақида ҳам эшитган эдим. Ким эди-я…? У хотиржам ҳолда унинг фамилиясини айтди: -Жаноб де Флереля. -Ҳа-ҳа, айнан. Шу хабар баҳонасида сизнинг яраланганингизни ҳам эшитгандим. Унинг кўзлари аллақачон қизариб кетган, дўмдоқ ва доимий қон қуйилиши таъсиридаги қизғиш юзи янада қуюқ тус олганди. У тийраклик ва фавқулодда жўшқинлик билан жавоб берар, гўё ўзи бой берган ишни ҳимоя қилишга уринар, кўзлари ва юраги аллақачон мағлуб бўлган бўлса-да, у ўзгалар кўз ўнгида ўзини ғолиб кўрсатгани ҳаракат қиларди. -Аслида ҳам, унинг исми менинг исмим ёнида тилга олиниши нотўғри эди. Урушдан оёқсиз қайтганимда ҳеч қачон у менинг рафиқам бўлишига рози бўлмаган бўлардим. Бунинг имкони бор бўлган тақдирда ҳам. Инсон ўзининг олийжаноблигини кўрсатиш учун никоҳга кирмайди. Бу аҳд ҳар кунни, ҳар соат, ҳар дақиқа ва ҳар лаҳзани биргаликда яшаш учун тузилади. Бирор ким мен каби ногирон инсон билан ҳаётини боғлаган тақдирда, охири ўлим билан якунланувчи қийноқларга ўзини маҳкум этган бўларди. Мен барчасини тушунаман, чегараси мавжуд бўлган қурбонлик ва ўзни фидо этишдан завқланаман, буни қадрлайман. Лекин таскин бериб ўтиш учун ўзининг бутун ҳаётини, бахтга бўлган умидларини, барча хурсандчилик ва орзуларини қурбон қилишига йўл қўйиб беролмасдим. Хонамда ёғоч оёқларим ва қўлтиқтаёғимнинг тегирмон шовқинига ўхшаш овозини эшитган вақтим асабийлашганимдан, хизматкорни ҳам бўғиб ўлдириб қўйишга тайёр тураман. Тушуняпсизми? Қандай қилиб ўзимнинг бардошим етмаган ҳолатни унга раво кўраман? Сизнинг ўзингизга шу ёғочоёқларим ёққан бўлармиди? Орага сукунат чўмди. Нима дейишим мумкин? Унинг ҳақлигини кўриб турардим. Мен уни қоралашим, таҳқирлашим, ҳеч қурса ноҳақ ҳисоблашим мумкинмиди? Йўқ… Барчаси умумий, ижтимоий қоидалар ва реаллик билан ўз ечимини топган ва бу менинг шоирона саволимни қаноатлантирмаётган эди. Бу қаҳрамонлик гўзал қурбонликни талаб этарди. Айнан мана шу қурбонлик ва фидоийлик менда етишмас ва бу бирдан ўзимдан хафсаламни пир қилди. -Жаноб де Фрелернинг фарзандлари борми?- саволга тутдим. -Ҳа, қизи ва икки ўғли бор. Ўйинчоқларни уларга олиб кетяпман. Умуман, улар менга нисбатан жуда яхши муносабатда. Поезд Сен –Жермен қиялигидан ўтиб борарди. Туннелдан ўтгач, вокзалга етиб келиб тўхтади. Мен ўзимнинг ёрдамимни таклиф этмоқчи ва мажруҳ офицерга тушишида кўмаклашмоқчи бўлдим. Ва шу вақт орасида эшик очилиб, икки қўл узатилди. -Салом, қадрли Ревалер! -Ў-ў, салом, Фрелер! Эркакнинг ортида табассум қилганча, гўзал аёл турарди. У қўлқоп тақилган қўлларини, саломлашган каби, силкиб қўйди. Унинг ёнида қувончдан сакраётган қизалоқ турар, иккита ўғли купе юқорисидаги тўрдан отаси тушираётган буюмлар ичидаги ўйинчоқларга интиқ кўзларини тикиб турарди. Ревалер перронга тушган вақти болалар ўзларини унинг қучоғига отишди. Кейин барча биргаликда йўлга тушди. Қизалоқ бўялган (лакланган) қўлтиқтаёқнинг бир бурчини ушлаганча, худди катта бир дўстининг қўлидан тутган каби унинг ёнида кетиб борарди. Рус тилидан таржимаси
2020-03-26
http://nodirabegim.uz/archives/1975
Видо вақти. Қабрда кўришгунча. Паймонамиз тўлди. На чора? Биз ғолиб бўлмадик. Ўлим саҳнасида барбодмиз. Бир томони, маишат ва аёллардан озодмиз. …Дарвоқе, Колизей осмони мовий. Она юрт нафаси туйилар унда; афсус, кечгандик биз ҳақиқат ҳаққи ва римликлар дабдабаси чорлаган кунда. Бироқ номус қилмаймиз. Наҳотки, шу… номусми, орми? Шунчаки, бу маълум: тақдир бизни майдек ичиб юборди. Паймонамиз тўлди. Улар-чи ёғдирар олқишу қарсак. Ўлим саҳнасида барбод биз. Одамларга эса томоша керак. *** Ҳа, биз қаримадик, қулоғимиз бут. Аввалгидек айтар гапдан қолмаймиз. Яна илгариги тўқ ранг костюмда Лобар аёлларга биз ҳеч ёқмаймиз. Ва мудом вақт билан ўйнашамиз биз Ёлғизликнинг амфитеатрларида. Ва ўша чироқлар ўткир нур сочиб Ботган тунимизни эслатар бизга. Ўтмишни яшаймиз, гўё бугунни, Келаси кунларга қиёс этмай биз. Уйқу элтганларни эсламаймиз ҳеч, Яна аввалгидек қилар ишимиз. Дилкаш соҳибингни асра, о кулгу, Зулмат ва нурларнинг қаърида бутун; Буюкларни шуҳрат ва иснод ҳаққи, Яхшиларни замон зўрлиги учун. «…Ва Пушкин йиқилди кўкимтир, совуқ қор устига.» …Машъум жимлик ва бир оғиз сўзсиз. Ҳорғинлик яна. Сўнгги сатр қон ила битилгач улар ерга қайтди жимгина. Кўз ташлашди беҳол, мулойим: вахший, бегона, совуқ манзар. Қаршисида тиз чўккан эди мулзам ҳакимлар ва ҳакамлар. Боши узра юлдузлар тўкилди сесканиб ва шамоллар ўша онда қолдилар тиниб… Кимсасиз сайлгоҳ ва шоир ҳайкали. Улимоқда изғирин… Унинг боши эгик, ғамгин. Бундай кечаларда иссиқ тўшагингга бурканиш- бу ерда қаққайиб тургандан анчагина ёқимлироқ иш. Уйғонсам, бир қўлим йўқ эдию, ўрнида ётарди бешта бармоғим. Дунё кўзларимга қоронғу бўлди ва мен уйқуга кетдим. Уйғондим, йўқ эди иккинчиси ҳам: кўп ухлашнинг жазоси, мана. Худо шивирлади: «Кўзларингни юм»,- мени уйқу элтди яна. Мен уйғондим- оёқларим бу сафар… Кўзимдан ёш қуйилди юм-юм. Мен уйғондим- қўлларида гулчамбар; ундан кўра, кўзимни юмдим. Кўзим очганимда буткул йўқ эдим. Гарчи, қолмаган эсада тоқат, кўк юзидан ётоқхонамга боқдим; унда эса қорним ётарди фақат. Кўзларимни очдим энди жаннатда ва қалб менда қолгани эди. Заминга кўз ташладим, албатта. У ёқда-чи уруш бўлмоқда энди. *** Яхши бор, унут ва айбга буюрма. Хатларимни ёқиб юбор, кўприк каби бир. Сенинг йўлинг мардлар йўли бўлгувси. Сенинг йўлинг босиб ўтмоққа арзир. Юлдузлар чарақлар кўкда сенинг йўлинг оқ бўлсин дея; юрагингда мангу сўнмас умид- қўлларингда машъала. Дуч келар бўронлар, қорлар, жалалар, оташ-оловлар. Шонли манзилингга чорламиш жадал йўлингда ғовлар. Бир шонли-шиддатли курашлар кечажак қалқон кўксингда. Унинг-чун мамнунман, ким елкадош бўлса сенинг йўлингда. *** («Намойиш» достонидан) Муҳаббатинг топганда завол ва совуқдан букчайганда бел чамадондан тўппончани ол, шартта олгин-да гаровга бер. Бу пулга сотиб ол патефон, дунёнинг бир четида рақс туш, қоқ миянгга чиққанда фиғон патефонни ўпгил-эй сархуш. Скрипкачи айтганлари чин: ким ўзига ўқ узса, ўша ўқ бошгамас, елкага тегсин! Йиғлаб яша, дод солиб яша! Ликопчада юрак элтаман, қолдираман қай бир эшикда. Танинг, дўстларим-ай, юзимдан: кўринмайди юрак тешикда. Мана, бўшдир пушти кўкрагим, йўл олганман патефон томон. Бисотимда толим-толим сим ва бўғзимда хирқираган қон.
2020-06-04
http://nodirabegim.uz/archives/2039
Хурматли хоним! Сиз ўзим ҳақимдаги тафсилотларни аён этишимни истайсиз, шундайми? Янглишмаяпсизмикан? Ахир улар сизни қувонтирмаслигига ишончим комил. Мен сизга шуни маълум қилишим мумкинки, бузуқ ва шаҳвоний хулқ-атвор соҳибаларини инобатга олмаганда, мен ҳеч қачон аёлларни йўлдан оздирмоқ тадбирини кўрмаганман. Бошқа типдаги аёлларга келсак, улар мендан ўн беш кунга етмасдан зерикишади. Шу муддат ичида зериктирибгина қолмасдан, улар учун ҳазм этолмас даражада ёқимсиз кишига айланиб улгураман. Хўп, майли. Нима истайсиз, нималар кутасиз мендан? Айтайлик, сизда ҳамма эътиқодлар мавжуд ва энг муҳими, ҳеч бўлмаганда, эътиқодларнинг ўзаги бўлган ишонч бор сизда, менда эса у йўқ. Мен одамларнинг энг ҳафсаласи пир бўлгани, энг кўнгли совугани ва шу билан бир қаторда ҳассосликнинг, шоироналикнинг энг кам миқдорига эгалик қилгувчиси ҳамдирман. Мен муҳаббатни эътиқодлар, динлар орасига, динларни эса инсоният қулаган энг беъмани нарсалар қаторига қўшаман. Ҳайратдан ёқа ушладингизми? Шопенгауер²нинг севги назарияси мен учун ягона мақбул назариядек туйилади. Ана энди у ҳам марҳамат қилиб телбаларча ҳайратдан ёқа тутиши ва ёнингиздан жой олиши мумкин. Табиат мавжудотларни туйғулар жозибасида авраб кўпайиш тузоғига илинтиради. Ёзаётганларим тўғри эмасдир, балки ниҳоятда ёмондир ҳам, бунинг учун мени кечиринг. Оҳ! Сиз ҳозир ғазаб отига минган ҳам чиқарсиз, буни сезаман. Лекин давом эттираман: Икки севишганни учратганимда улар қилаётган хатоларининг аҳмоқоналиги билан мени чунонам ғазаблантирадики, асти қўяверасиз. Нима эмиш «Севаман, ўламан, жоним, ҳаётим ва ҳк.» Ахир улар ҳар иккиси бошқа-бошқа жинсга мансуб эмасми? Ундан кўра: «Менинг ирқим, сеникидан фарқланувчи табиатим ва эркак сифатидаги барча сезгиларим мавжуд. Хулласи калом, мен аёлларни севаман, ҳайвонларни ҳам тартибга солувчи табиат қонунига менинг ҳам танам бўйсунади, аммо ҳайвонлардан устунлигим шундаки, мен бу ишни улар каби пала-партиш қилишнинг ўрнига жуфтимни тасаввур этаман, қидираман ва энг муҳими гўзаллик, нафислик нима эканини нозик ҳис эта оламан» — дейиш осонроқ эмасми? Мен бузуқи эканимни яшириб ўтирмайман ва буни яшириш ниятим бўлмаганини ҳам билиб қўйганингиз дуруст. Мен гўзалликни, унга тўйинган жиҳатларни яхши кўраман, ниҳоятда севаман. Мен ҳиссиёт ва сезгиларни ҳар доим ўткирлашга уриниб келганман, таом масаласига келганда, ниҳоятда ширинтомоқ эканимни, овқатланишдан, овқатланганда ҳам соғлом овқатланишдан роҳат олишимни, бундан ташқари турли лаззатларни; майин, хушбўй ҳидларни, ҳатто муҳаббатдан ҳам ўзига хос бир ифор туядиган шахс эканимни айтиб ўтишим жоиз. Ҳис-туйғулар — ҳақиқат бўлган тушлардир. Сизда қандайдир табиийлик бор дейсизми? Нега биласизми? Чунки мен ана шу ёввойи табиатнинг бир қисми эканимга ишонаман. Ҳа, мен бошдан оёғимгача ёввойи табиатман. Мен тунда, сувда бутун тунни ёки кунни; ўрмонда, узумзорда ёйингки ғазабланган қуёш остида, ниҳотда ёлғиз кунларни ойлаб қишлоқда ўтказа оламан. Бу оламнинг шовқин-суронлари мени ҳеч қачон ранжитмайди, негаки мен ўзимни тонг, пешин, шом, тун ҳамда шунга ўхшаш бошқа бир маҳалларни куй қилиб чалишда ўзига хос бир восита деб биламан. Мен ҳафталарни ўзимни ниҳоятда яхши ҳис этган ҳолда, ҳеч қандай меҳрга эҳтиёж сезмасдан ёлғиз ўтказишим мумкин. Ва яна мен аёлларни, уларнинг гўзалликка чайинган қоматини ҳудди майсалар, дарё ва денгизларни яхши кўргандек телбаларча севаман! Мен сизга буни яна бир бор қайтариб айтишим мумкин, мен ёввойиман! Шундай қилиб, азизим, учрашувлар, хилма-хил мавзудаги суҳбатлар, либосларнинг хунуклиги ва муносабатларнинг сохталиги, яъни жамият менга раво кўрадиган ушбу нарсалар эҳтимол мени, кунларимни яхшигина қайғуга қориштирган бўлар эди. Уйда эканимда билсангиз агар барча сезгиларимдан, фикрларимдан, ҳиссиётларим ва жамийки сабабларимдан азоб чекаман, ўртанаман. Менинг табиий фикрларим одатий ва оммавий қабул қилиш, кўриш усулига зарба беради, уларга мос келмайди. Одамлар билан ҳар қандай учрашув мени нафратлантиради. Бир ҳафтадан буён эса бир балнинг ўйлари мени қийнаб келмоқда. Мен ҳеч қачон от пойгасини, ҳатто парадни³ ҳам, Миллий байрамни ҳам кўрмаганман. Негаки мен мулойим, саёз ва таъсирсиз нарсалардан нафратланаман. Англаганинггиздек, хоним мен билан ҳеч қачон қанақадир опера балида учрашиб қолмайсиз. Венецияга келсак, у турган битгани гўзаллик бўлишига қарамасдан, мен уни зўрға яхши кўраман. Яхши кўришга шундай таъриф бериш мумкин бўлса, албатта. Ия, унда сиз қайси мамлакатдан келгансиз, келиб чиқишингиз қанақа? Сизни танимасдан, билмасдан бир нима дейишим қийин, деб турсангиз яна аксига олиб биринчи сафардан сизга ёқмай туришим ортиқча. Шунақаси ҳам бўлиб туради-ку. Тўғрими? Яна ўйлашимча, сиз мени айтганингиздан кўпроқ биласиз. Сизнинг ҳазилкаш дўстингиз бўлишга тайёрман. Шу пайтгача нега бунақа бўлмаганига ҳам ҳайронман. Мен буни бемалол уддалай оламан. Шунчалик кўп ҳазиллар қилдимки, демак бу муносабатни ҳам бемалол ўрнатиш мумкин. Қўшимча тарзда эса мен исталган кишини ёки вазиятни масхара қилишдан тап тортмаслигимни ва жамоатчилик фикри мен учун тариқча аҳамиятга эга эмаслигини айтиб ўтишим одобсизлик бўлмас деб ўйлайман. Суҳбатлашишимизни истайсизми? Айтайлик қаерда? Истак ва хоҳишларимиз муштарак бўлса, марҳамат, қалбимни ишғол этинг! Ўзингизга мос бирор кун, уйингизга бора олмаслигимни инобатга олиб менинг уйимга кела оласизми? Уйимга жуда кўп аёллар ташриф буюришади, ишонаверинг, ҳеч бирининг ташрифини суистеъмол қилмаганман. Сиз ҳамон мен билан ёлғиз, қишлоқдаги кичкина квартирамда бутун кунни бирга ўтказиш учун олиб кетишимни хоҳлайсизми? Қишлоқ! Январь… Ҳа, хоним, худди шундай. Нега ундай бўлмасин? Қарорингизни кутаман. Нана⁴нинг премьерасида сиз ҳам бўласизми? Мен одатда премьераларга бормайман, бормаганман, лекин бунда қатнашаман. Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, бу пайшанбага тўғри келади. Нима қиламиз? Хоним, буюринг! Ўзингиз ҳақингизда бироз гапириб беринг, агар иложи бўлса жуда кўп. Нега мени кўришни хоҳлайсиз? Ҳаммага ўхшаган бўлсам, аксига олиб яхши суҳбатдош унвонини тақдир мендан қизғонган бўлса. Буни аёлларга хос қизиқиш деб тушунайми? Ёки ундан ортиқроқми? Бармоқларингиз учларини ўпиб қоламан! : 1. Мактубга изоҳ ва ном Париж мактублар маркази (Paris Lettres Capitales) томонидан берилган. 2. Артур Шопенгауер (Arthur Schopenhauer) олмон файласуфи. Бу ерда унинг «Севги метафизикаси» асаридаги назарияси назарда тутилган. Файласуф ушбу асарида «Севги фақат насл қолдиришни мақсад қилади. Севги эҳтиросининг ягона, ҳақиқий мақсади, аслида, авлод қолдириш. Севги эҳтироси фақат аниқланган одамни нишонга олган жинсий бошқарувчидан келиб чиқади» ва яна шунга ўхшаш фикрларни илгари суради. 3. 14 июль куни Францияда катта ҳарбий парад ўтказилади. Парад деганда ушбу ҳарбий байрам назарда тутилмоқда. 4. Эмил Золянинг шу номли асари асосида саҳналаштирилган театр спектакли ҳақида гап кетяпти.
2020-08-04
http://nodirabegim.uz/archives/2062
*** Ҳар бир синган дераза учун Калтакланмоқ насибам эди. Фақат бир гал қутулиб қолдим. Синдирувдим ўша куни шаҳарнинг бор ойналарини, Энг тунд деразадан ўшанда Ғаройиб бир қизалоқнинг Кулиб боққан эди кўзлари. Уйғотдилар мени шу кўзлар Болаликнинг сўнгги тушидан. Анави томонда Бир неча танга эвазига Ижарага берилмоқда Камалак. Бесамар кутиб ўтирдим Хоҳловчиларнинг узууун қаторида. Ҳолбуки, рангли эди Қўлимдаги ҳамма тангалар… Бошқалар ваҳимада, Лекин у ғоят сокин эди негадир. Ўрнидан турди, Ерда ётган жасадини сезмади ҳатто, Ва кўрмади кўзгудаги пинҳоналикни, Яқинлашиб стол ёнига Тугалланмай қолган шеърин ўқиб чиқди ва Дафтарининг энг охирги саҳифасига Ёзиб қўйди: “Сен ҳали ҳам гўзалсан, Ҳаёт!” Қачонлардир бу аравани Бир дангаса хўтик юрарди судраб. У хўтикча – орзумиз эди, Биз буни билмасдик, Биз уни савалар, Ҳақоратлар эдик, Лек бари бефойда – Жойидан силжишга етмасди кучи… Бугун ўша аравамизни Бир саркаш от бормоқда тортиб. Ёлларин силаймиз, Ялиниб-ёлворамиз, Лек бари бефойда – Ғайрат билан чопар олдинга… Ўша раҳмдил хўтикчани Айтгин, қайда йўқотдик бизлар?.. Ёлғизликдан зериккан мушукчам Ўзи билан ўзи ўйнайди Қараб ойнадаги аксига. Мен ундан баттарроқ ёлғизман, Лекин нетай хоҳишим йўқдир Ўзлигимни кўрмоқлик учун. Дейдиларки, одам юраги Катталикда муштумига тенг. Ҳайратим чексиздир, онажон, Сенинг юрагинг наҳотки Муштумингдай кичкина бўлса, Наҳот у ҳар кеча Бешиги бўлмаса Қуёшнинг?.. Болакай Онасининг иссиқ бағридан Кузатади қиш осмонини Ширин тилда сўрайди кейин: -Қуёш, Совуқ қотмаяпсанми? Ўткинчи тўхтади Тушиб қолиб Тилло тангаси, Сўнг чўккалаб олганича Мушук юнгин силай бошлади. Йўлкада ўтирган болакай Унга қараб жилмайди масрур. *** Аввал бошдан Йўлларимиз тушганди айро. Сен, шоирдек Қолгандинг севиб, Мен, ошиқдек Битардим шеърлар. Иккимиз ҳам адашдик: Мен – қай бир рўёнинг адоғидаман, Охири кўринмас шеър ичида – Сен. Шоир ва таржимон Ваҳи АРМАН 1960-йили Машҳадда туғилган. Арман ва форс тилларида қалам тебратади. Дастлабки китоби “Ибтидо билан учрашув” Эронда нашр этилган. 1999-йили Еревандаги “Аполлон” нашриётида “Қичқириқ” номли иккинчи тўплами чоп қилинди. 2005-йилда Эронда Ваҳи Арманнинг “Қанотларини шеърим ёнида қолдирди ва ғойиб бўлди” номли ғаройиб тўплами нашрдан чиқди. 2011-йили замонавий арман шеъриятининг хориждаги тарғиботи учун Арманистон Ёзувчилар уюшмасининг “Кантех” (“Фонус”) мукофоти билан тақдирланди.
2020-04-13
http://nodirabegim.uz/archives/2094
1 Мишутка ва Стасик хиёбондаги ўриндиқда гаплашиб ўтирар эдилар. Фақат улар бошқа болалар каби суҳбатлашишмас, бир-бирига ҳар хил уйдирмалар сўзлаб беришарди. — Неччига кирдинг? — сўради Мишутка. — Тўқсон бешга. Сен-чи? — Мен бир юз қирқ ёшни қораладим. Биласанми? — сўради Мишутка, — илгари мен ҳудди Боря амакига ўхшаб катта одам эдим, кейин яна ёшариб қолдим. — Мен эса, — гап бошлади Стасик, — аввал ёш бола эдим, кейин катта бўлдим. Ҳозир кичкинаман ва яна тез орада улғаяман. — Мен қариб қолган вақтим, — сўзлади Мишутка, — денгиздан сузиб ўтолардим! — Мен океандан сузиб ўтганман. — Мен эса илгари учишни билардим. -Қани, учгин. Бир кўрай. — Йўқ. Ҳозир учолмайман. Эсимдан чиқиб кетган-да! — Бир сафар денгизда чўмилганимда мени акула ютиб юборганди, — деди Мишутка, — мен унга бир мушт туширдим, у ҳам думи билан урди ва бошимни тишлаб узиб олди. — Алдаяпсан! — Йўқ, рост! — Унда нега ўлиб қолмадинг? — Нега ўлай? Қирғоққа сузиб чиқдим- да, тўғри уйга келавердим. — Бошсиз қандай юрдинг? — Шундай. Бошсиз юриб бўлмаса ҳам. — Ҳозир сенинг бошинг бор-ку. — Бошқаси ўсиб чиқди-да. » Жудаям тез ўйлаб топди», — ҳаваси келди Стасик. У Мишуткани бунданда яхшироқ алдашни хоҳларди. — Қара, бу нима? — деди Стасик чандиғига ишора қилиб. — Африкада бўлганимда мени тимсоҳ ютиб юборган. — Алдаяпсан, — деди Мишутка. — Ундай эмас. — Нега сен ҳали ҳам тириксан? — Тимсоҳ кейин мени тупуриб ташлади. Мишутка бир зум ўйланиб қолди. У Стасикка яна ёлғон гапиришни истарди. Озгина жим туриб: — Бир сафар кўчада кетаётган эдим. Атрофда трамвайлар, автомобиллар кўп, — дея гап бошлади Мишутка. — Биламан, биламан, — бақирди Стасик. — Ҳозир сени трамвай босиб кетгани ҳақида айтиб бермоқчисан. Бу гапинг билан мени аллақачон лақиллатиб бўлгансан. — Йўқ, унақа эмас. — Ҳа, майли. Айтавер- чи. — Бир куни кўчада кетаётган эдим. Атрофда ҳеч ким йўқ. Шу пайт автобусга кўзим тушиб қолди. Мен уни босиб олганимни сезмай, синдириб қўйибман. — Ха-ха-ха! Буларнинг барчаси ёлғон! — Йўқ! Ёлғон эмас! — Унда қандай қилиб автобусни синдирдинг? — У кичкина ўйинчоқ автобус эди. Уни бир болакай арқонда судраб юрган экан. — Э, бу ҳам жуда ишонарли эмас, — деди Стасик, — мен бир сафар ойга парвоз қилгандим. — Гапни қаёққа олиб қочяпсан! — кулди Мишутка. — Алдамаяпман. Гапим рост. — Сен ойга нимада етиб бординг? — Ҳудди билмайдигандексан-а?! Ракетада. Ойга яна нимада учиш мумкин? Супургида учмайсан-ку. — У ерда нималарни кўрдинг? — У ерда… У ерда ҳеч нарсани кўрмадим. — Ха-ха-ха! — кулди Мишутка, — ойга учганмиш! — Албатта, учдим. — Нега ҳеч нарсани кўрмадинг? — Қоронғу эди. Тушимда учгандим. Ракетага ўтириб, ойга етиб бордим. Кейин ортга қайтдим. Учдим, учдим ва ерга гурс этиб йиқилдим… ва уйғониб кетдим… — А-а-а, — деди Мишутка, — шундай қилиб тушингми ё ўнгингми — билмай қолдинг. Тезроқ айтардинг-у, тушингни эслолмагансанда… 2 Қўшни бола Игор келиб, тўғридаги ўриндиққа ўтирди. Мишутка ва Стасикнинг гапларини бироз тинглади-да, гапира кетди: — Ана холос! Уят эмасми? — Нимаси уят? Биз ҳеч кимни алдамаяпмиз-ку, — деди Стасик. — Шунчаки, ҳудди эртак айтгандек ёлғон тўқиб чиқаряпмиз. — Эртак! — нафрат аралаш кулди Игор, — бошқа иш тополмадингизми? — Сен бировни лақиллатиш осон экан, деб ўйлаяпсанми? Бирор ёлғон ўйлаб топчи! — Ҳозир, — деди Игор, — озгина ўйлаб олай. — Ўйла, ўйла. — Топдим! Аввал мен бир кучукнинг жаҳлини чиқарган эдим. Кейин ўша кучук мени тишлаб олди. — Наҳотки, буни шу ерда ўйлаб топдинг? — сўради Стасик. — Мен ҳам ўз ишимнинг моҳир устасиман. Мана, сизлар ҳаммани лақиллатасиз. Бунинг умуман нафи тегмайди сизга. Кеча ёлғон гапирган эдим, ажойиб фойда берди. — Қанақа фойда? — Кеча ойим билан дадам кетишди. Ира билан уйда қолдик. Ира ухлагани ётди. Мен эса ошхонага бориб, ярим банка мураббони паққос туширдим. Сўнг Иранинг лабларига мураббодан озгина суриб қўйдим. Ойим: — Мураббони ким еб қўйди? — деб сўраганида: — Ира, — деб айтдим. — Ойим қараса, унинг лабларида мураббо. Ира ойимдан роса гап эшитди. Менга ойим яна мураббо берди. Мана фойда! — Демак, биров сенинг касрингга қолса, хурсанд бўлар экансанда! — деди Мишутка. — Сенга нима? — Ҳеч нима. Сени нима дейиш мумкин?! Сен ёлғончисан! — Ўзинг ёлғончисан! — Кет! Сен билан ўтиришни истамаймиз! — Менинг ҳам сизлар билан ўтиргим келмаяпти! Игор ўрнидан туриб кетди. Мишутка ва Стасик ҳам уйга кетишди. Йўлда музқаймоқ дўкони учраб қолди. Улар тўхтаб, чўнтагидаги пулни ҳисоблай бошлашди. Бор — йўғи биттагина музқаймоққа етар экан. — Битта музқаймоқ сотиб олиб, тенг иккига бўламиз, — деди Игор. Сотувчи аёл қоғозли идишчада болаларга музқаймоқ узатди. — Уйга кетдик, — деди Мишутка, — пичоқ билан кесиб еймиз. — Кетдик. Улар зинада Ирани учратишди. Кўзлари йиғидан шишиб кетибди. — Нега йиғладинг? — сўради Мишутка. — Ойим ўйнагани рухсат бермади. — Нима учун? — Мураббо учун. Уни мен емаган эдим. Игор буни менга тўнкади. Мураббони Игор еган бўлса керак. — Ҳа. Игор еган. Буни ўзи айтди. Бўлди, йиғлама, — юпатди Мишутка, — сенга музқаймоғимнинг ярмини бераман. — Мен ҳам, — сўз берди Стасик. — Ўзингиз-чи, ўзингиз емайсизми? — Йўқ. Биз бугун ўнта музқаймоқ едик, — мақтанди Стасик. — Келинглар, музқаймоқни учга бўлиб еймиз, — таклиф қилди Ира. — Тўғри қиласан, — деди Стасик, — ҳаммасини бир ўзинг есанг, томоғинг оғрийди. Болалар музқаймоқни учга бўлиб ейишди. — Ширин экан, — деди Мишутка, — мен музқаймоқни жудаям яхши кўраман. Бир сафар челакдек идишда музқаймоқ еган эдим. — Сен барчамизни лақиллатяпсан, — жилмайди Ира, — ким сенинг шу-у- унча кўп музқаймоқ еганингга ишонади? — Йў-ў-ўқ, унчалик катта эмас, мана шунақа кичкина идишчада еган эдим…
2020-04-15
http://nodirabegim.uz/archives/2115
Жон ва менга ўхшаш оддий одамлар ёзни ўтказиш учун, одатда бундай тарихий кошоналарга яқин ҳам йўлашмайди. Ижарага олишни-ку айтмай қўяқолай. Нима десам экан, бу кошона ўша мустамлака давридаги дабдабали қасрларга, бир оила бемалол умргузаронлик қилиши мумкин бўлган илиқ ва самимий хонадонларга, парилар маскан тутган ёруғ саройларга ўхшайди… Бироқ, буни рост деб бўлармиди? Барибир, бутун ишончиму ғуруримни ўртага қўйиб айтишим мумкинки, бу уй қандайдир ғалати эди. Бўлмаса, ижара ҳаққи нега бунчалик арзон бўлсин? Ва, нега бугунгача, йиллар бўйи бўм-бўш қолган экан? Албатта, менинг бу шубҳаларим фақат Жонни кулдиришга ярайди, холос. Жон чидаб бўлмас даражада исботталаб одам. Ички сезгию эътиқод деган нарсага асло чидаб туролмайди. Кимдир қачондир кўзга кўринмас, мавҳум ва сирли нимадир ҳақида гап бошладими, Жон дарров мазаҳ қилишга, ўша аччиқ кинояларини қатор-қатор тизиб, ҳам суҳбатини кесатиқ ёмғирига тута бошлайди. Жон доктор, балки айнан шу боис тезда соғаяқолмаяпман. Йўқ, бу Жон деганлари касаллигимга ишонмайди! Қўлимдан нимаям келарди? Таниқли доктор, камига, бир вақтнинг ўзида эрингиз дўсту ёрлар ва қариндошларингизнинг барини касал-пасал эмаслигингизга ва ҳозир бошингиздан кечираётган безовталикларингиз ўткинчи асабий депрессия ва енгилгина ҳистерия эканлигига ишонтирган бўлса, нима қилоласиз, ахир? Камига, укам ҳам доктор. У ҳам анча таниқли ва у ҳам эрим айтган гапларни тўтиқушдек такрорлашдан нарига ўтмайди. Шундай қилиб, фосфатмией, фосфитмией, ишқилиб, оти нима бало бўлсаям, қандайдир суюқ дорилар ичяпман, сайрга чиқяпман, тоза ҳаво оляпман ва машқ қиляпман. То оёққа туриб олгунимча “ишлашим” мумкинмас. Шахсан, уларнинг фикрига қўшилмайман. Майда-чуйда ишлар, ҳаяжон ва баъзи ўзгаришлар тузалишимга ёрдам берса керак, деб ўйлайман. Бироқ, боя айтганимдек, қўлимдан нимаям келарди? Уларнинг гапига кирмай, улардан яширинча бироз ёзган бўлдим, аммо бу ҳам мажолимни қуритиб юборади. Тўғри, бу тақиқланган машғулот билан шуғуллана туриб, бироз ҳийла ишлатишимга тўғри келади, йўқса қаттиқ жазоланишим мумкин. Баъзан бу эътирозларнинг заҳри бироз камайганида, одамлар орасига кира олганимда ва ҳаётимда бироз ҳаяжон бўлганида эди, қандай бўларди, деб хаёл қиламан. Лекин Жоннинг айтишича, ўзимга қиладиган энг катта ёмонлигим, ҳозирги ҳолатим ҳақида ўйлаш экан ва ҳа, у ҳақ. Тинимсиз ўйловлар соғлиғимнинг энг катта эгови эканлиги рост. Майли, бу унчалик муҳиммас, сизга уй ҳақида гапириб берақолай. Ажойиб жой! Йўлнинг бироз чеккароғида жойлашган, қишлоқдан беш чақирим узоқда. Четан ва ғиштин деворлари, зилдек қулф осилган эшиклари, боғбонлару оқсочлар учун қурилган сон-саноқсизҳужраларибилан инглиз романларидаги кошоналарни эслатади. Боғининг чиройлилигини айтмайсизми! Бунақасини аввал ҳечам кўрмагандим. Улкан, соядор, тош тўшалган йўлаклари ва ишкомлар билан қопланган осма сўрилари бор. Аввалига лимонзор ҳам бўлган экану, айтишларича кесилиб кетганмиш. Менимча, меросхўрлар орасида низо чиққан бўлса керакки, бу уйга йиллардир ҳеч ким қадам босмайди. Эҳтимол, арвоҳлардан қўрққаним сабаб ҳам уй мени ноқулай ҳис қилишга мажбур қилаётгандир? Бунга парво қилмасликка тиришяпман, лекин барибир, бу уйда бир бежолик бор, сезиб турибман. Ҳатто, ой тўлишган кечада буни Жонга ҳам айтдим, лекин у мен ҳис қилган қўрқувнинг иситма таъсиридаги алаҳлаш эканлигини айтиб, деразаларни ёпиб қўйди. Баъзан ҳеч қандай сабабсиз Жондан жаҳлим чиқади. Биламан, аввал ҳеч бундай тегманозик эмасдим. Ўйлашимча, бунинг ҳам сабаби ўша лаънати асабий муаммолар бўлса керак. Лекин Жон агар ўзимни бундай ҳис қилаверсам, ўз-ўзимни назорат қилолмаслигимни айтганди. Ҳеч йўқ унинг қаршисида ўзимни тийишга, назорат қилишга уринаман ва бу мени чарчатиб юборади. Менга хонамиз ёқмади. Остки қаватдаги хоналардан бирини олмоқчи эдим! Деразаси қуёшга қараган, ромларида атиргуллар ўсиб турган, баҳмал пардали хонани! Жон эса у хонанинг фақат битта деразаси ва битта одам учун жойи борлигини айтди. Биз эса икки кишимиз. Ўзи бошқа хонада ётмоқчи бўлган тақдирда ҳам, мен танлаган хонага яқин бошқа хона йўқмиш. Жон мени жонидан ортиқ кўради, асраб-авайлайди, нима қилмоқчи бўлсам, аввал у бир синаб кўради ва маъқул кўрса, руҳсат беради. Куннинг ҳар бир соати учун алоҳида йўриқномам бор, барини унинг ўзи, мен учун махсус ёзиб чиқди. Мен бўлсам, унинг қадрига етмай, нонкўрлик қилаётгандек туюлавераман ўзимга ўзим. Бу ерга фақат ва фақат мен учун, том маънода дам олишим ва ҳаво алмаштиришим учун келганимизни айтганида ҳам виждон азобим баттар оловланиб кетди. — Машқларингни қандай бажаришинг қувватинга, овқатни қанча ейишинг эса иштаҳанга боғлиқ, деди. – Бироқ, ҳаво олишни асло канда қилма. Шу зайлда юқори қаватдаги болалар хонасига жойлашдик. Хона кенг ва баҳаво. Бутун бошли қават мана шу хонага ажратилган. Деразалари тўрт тарафга очиқ, мўл-кўл қуёш нури ва ҳаво олади. Менимча бу ер аввалига болалар хонаси, кейинчалик ўйингоҳ ва дарсхона бўлган бўлса керак. Чунки, деразаларига болалар тушиб кетмасин учун панжаралар, деворига эса ўйинчоқсифат қақир-қуқурлар ўрнатилганди. Гулқоғоз ва бўёқ ўғил болалар мактабини эслатди менга. Ётоқнинг бошидан бошлаб то бутун хона деворларига ёпиштирилган бу сариқ гулқоғоз тарам-тарам йиртилган, ҳатто баъзи жойлари буткул кўчиб тушганди. Умрим бино бўлиб бундай расво гулқоғоз кўрмагандим. Бу бетартиб, бачкана нақшларнинг ҳар қандай парчаси санъатга нисбатан жиноят сифатида жазоланиши керак. Бу чизиқларни кузатиш бошни оғритиб юборади,ишлашга ҳалал беради ва шубҳасиз, асабингизни бузиб юборади. Боиси, яқиндан қараганда бу хира, дидсизларча ишланган тасвирларни томоша қилгудек бўлсангиз, бирдан, алламбало шаклларга кириб, мисли кўрилмаган инкор билан ўзларини ўлдиришга тушишганини кўрасиз. Бу ранг ёқимсиз, ҳатто жирканч. Офтобда қуриган, оҳори тўкилган, сўлғин ва исқирт сариқ. Баъзи жойларида ранг ҳамон ёрқин, бироқ барибир чириган пўртахол тусига ўхшайди, бошқа нуқталарида эса эскиган олтингугурт рангини эслатади. Биздан аввал бу ерда яшаган болалар бундан нафратлангани аниқ! Агар анчагача бу хонада қолишим шарт бўлганида эди, мен ҳам нафратланган бўлардим. Жон келди, дафтарни яширишим керак. Икки ҳафтадан бери бу ердамиз ва биринчи кундан кейин ўзимда ёзишга куч тополганимни эслолмайман. Бу лаънати болалар хонасида, деразанинг шундоқ қаршисида ўтирибман ва ёзишимга тўсқинлик қиладиган ҳеч қандай чеклов йўқ. Бетоқатликни ҳисобга олмаганда, албатта. Жон кундузлари доим ташқарида бўлади ва ҳатто, жиддийроқ бемори чиқиб қолганида кечалари ҳам қолиб кетиши мумкин. Менинг касаллигим жиддий эмаслигидан шу қадар бахтлиманки! Лекин, бу асаб ҳуружларидан тўйиб кетдим. Жон менинг қанчалар азоб чекаётганимдан бехабар. Азоб чекишим учун ҳеч қандай сабаб йўқлигини билади ва бу унга етарли. Албатта, бу шунчаки асабий бузуқлик, холос. Бузуқлик устимга шундай оғирлик билан чўкадики, ҳеч қайси ишимни охиригача етказолмайман. Жонга кўмаклашишни, уни ҳотиржам қилиб, ҳузур-ҳаловатини таъминлашни шу қадар истардимки… бироқ, унга юк бўлишдан нарига ўтолмайман. Қўлимдан келадиган майда-чуйда ишларнинг (кийиниш, меҳмон кутиш ёки уёқ-буёқни супуриб сидириш) менга қанчалар оғир эканлигини ҳеч ким билмайди. Яхшиям Мери бор, болага қараб турибди. Болажонима! Бироқ, мен ҳали унга яқинлашолмайман. Мана шу мени ғазабдан сирқиратиб юборади. Афтидан, Жоннинг асаблари ҳеч бузилмаган бўлса керак. Гулқоғоз ҳақида гапирган пайтим устимдан кулди! Аввал янги гулқоғоз ёпиштирсакмикан, деб ўйлади, лекин кўп ўтмай, эскисининг менга кўпроқ фойдаси дегади, деган қарорга келди. Бундай инжиқлик ва харҳашаларга эътибор бериш, мендек беморга қилиниши мумкин бўлган энг катта ёмонлик эмиш. Гулқоғоз ўзгаритирлгандан кейин деразадаги панжараларга, ётоқнинг қаттиқлигига, зинапоя бошидаги эшикнинг дидсизларча жойлаштирилганига ва шунга ўхшаш бир талай арзимас нарсаларга бошимни оғритиб, асабимни бузишим мумкин экан. — Ўзинг ҳам биласан, бу жой сен учун фойдали, деди. – Бундан ташқари, севгилим, уч ойгагина ижfрага олинган уйни бошдан оёқ янгилашга шароитимиз ҳам йўқ! — Унда ижозат берсанг, пастки қаватга ўтсак. У ерда ҳам чиройли хоналар сероб, дедим. Кейин мени қучоғига олидию аҳмоққинам, деб эркалади. Истасам, болохонага ҳам кўчиб ўтишимиз мумкин, устига устак, у ерни қайтадан бўятишга ҳам кучимиз етишини айтди. Лекин, деразалар ва бошқа буюмларда ҳақ эканлигини тан олишим керак. Бу ер баҳаво, ҳузурбахш жой ва албатта уни харҳашаларим билан безовта қиладиганчалик бефахм бўлолмайман. Дарҳақиқат, бу хонани ёқтира бошладим, фақат шу жирканч гулқоғоз бўлмасайди, деяпман. Деразадан боғ шундоқ кўриниб туради. Ўша сирли ва соядор осма сўрилар, урфдан қолган гул тархлари ва қинғир-қийшиқ дарахтлар. Нариги деразадан эса кошонага оид кичкинагина қайиқлар бекатини томоша қилишим мумкин. Тош тўшалган, нафис сўқмоқ буралиб-буралиб қайиқлар томондан то боғга қадар узанади. Бу сон-саноқсиз сўқмоқларда кезиб юрган, сўриларда ҳордиқ чиқараётган одамларни тасаввур қиламан, бироқ Жон тасаввурнинг энг кичик парчаси ҳам соғлиғимни ағдар-тўнтар қилиб юбориши ҳақида огоҳлантирганди. Тасаввурим ва ҳикоялар уйдириш кўникмам менга ўхшаш асаби заиф одамни пурҳаяжон хаёллара чохига итариб юбориши ҳеч гапмас экан. Шу сабаб, бу одатимни ташлаш учун иродам ва ақлимни чарҳлаб туришим кераклигини айтди у. Мен ҳам шунга ҳаракат қиляпман. Баъзан ёзишни яхшироқ эпласайдим, бу фикрларнинг юкини бироз бўлса да енгиллатишим мумкинмиди, деб ўйлаб қоламан. Буни синаб кўриш учун енг шимарганимда эса, дарров силлам қуриб қолади. Қилаётган ишим ҳақида ҳеч ким билан гаплашолмаслик ва ҳеч кимдан муносабат ёхуд маслаҳат ололмаслик журъатимни сўриб олади. Жоннинг айтишича, ростан оёққа туриб олган куним жиянлар Ҳенри билан Жулияни бир-икки ҳафтага меҳмонга чақиришим мумкин бўларкан. Бироқ, ҳозир у ўйноқи, ҳазилкаш ва ҳаракатчан дўстлар билан бирга бўлишдан кўра ёстиғимни ўқдори билан тўлдириб, портлатиш анчагина хавфсизроқ бўлармиш. Тезроқ тузалишга умид қиламан. Аммо, бу ҳақида ўйламаслигим керак. Бу гулқоғоз ўзининг манфур таъсиридан бохабардек кўзимга бақрайганча қараб турибди. Нақшнинг синиқ бўйиндек пастга осилиб турган жойларидаги айланиб-ўргилиб кўзга ташланадиган доғлар ва иккита бақасифат кўз сизни бошдан оёқ таъқиб қилади. Бу доғлари оғир қадамлар билан пастдан тепага айланади, юмилишни аллақачон унутиб, тош қотган бу кўзлар эса ҳамма ёқда… Қимир этмайдиган бир ашёдаги бундай ифодани аввал ҳеч кўрмагандим, бу ҳам етмагандек ҳаммамиз бу ашёнинг аслида нимани ифода қилиши кераклигини яхши биламиз. Болалик пайтим кўзларимни очиб ётар ва бўш деворлар билан оддий буюмларда, кўпчилик болаларнинг ўйинчоқ дўконидан ҳам тополмайдиган кўплаб қизиқ нарсалар ва қўрқувни кашф қилардим. Эски, катта иш столимизнинг қирралари менга қандай самимий кўз қисганини яхши эслайман, яна содиқ дўстдек кўринган ўриндиқ ҳам бор эди у ерда. Бошқа буюмлар жуда қўрқинчли кўринса ҳам, ўша ўриндиққа ўтириб, ўзимни ишончли қўлларга тушгандек ҳис қилардим. Бу хонадаги ашёларнинг барини пастдан ташиб олиб чиқишга мажбур бўлганимиз сабаб, номутаносибликдан бошқа ҳеч қандай нуқсонлари йўқ. Менимча ўйингоҳ сифатида фойдаланилган пайтлари ашёларнинг ҳаммасини ташқарига чиқариб ташлашган бўлса керак. Бунинг сира ҳайрон қоларли жойи йўқ! Бугунгача болаларнинг бу хонага берган зарарларидан кўра каттароқ зарарни ҳеч кўрмагандим. Аввалроқ айтганимдек, гулқоғознинг баъзи жойлари йиртилган бўлса ҳам деворга маҳкамгина ёпишиб турарди. Бу болаларга куч бағишлаган сабабнинг номи нафрат бўлса керак. Ерга тўшалган ёғоч ўйилган, парчаланган, бурчаклари болға билан атайлаб ургандек майишиб кетган, хонанинг ўртасидаги баҳайбат ётоқ ҳам урушдан чиққандек бир аҳволда эди. Майли, буларнинг ҳеч бири парво қилишга арзимайди, фақат гулқоғоз… Жоннинг синглиси келди. Жуда яхши, ёқимтой қиз. Менга меҳрибонлигини айтмайсизми. Мени ёзаётган пайтим кўрмаслиги керак. Қайнисинглим бенуқсон ва меҳнаткаш уй бекаси бўлиб, ҳаётда яхши хотин бўлишдан бошқа мақсади ҳам йўқ. Афтидан, у ҳам менинг касаллигимга ёзишим айбдор, деб ўйлайди. Бироқ, у ташқарига чиққан пайт ёзишим, қайтгудек бўлса, келаётганини деразаданоқ кўришим мумкин. У келадиган ўша ёруғ ва гўзал адирларга қараб турадиган деразамиз бор. Улкан қарағайлар ва ипакдек майсалар билан тўла адирлар… Бу гулқоғозда фақат ёруғликнинг бошқа даражалари орқали кўзга ташланадиган остки нақш бор. Бу нақш ўта ёқимсиз бўлиб, фақат нурни камайтирган пайти ғира-шира бўлиб кўринади. Қуёш ҳар урган пайт ҳали ранги ўчмаган нуқталарида ғайриоддий, пурқаҳр, бешакл қораламаларни кўриб қоламан. Гўё бу қоралама бесўнақай нақшлар ортида маккорлик билан мени пойлаётгандек. Қайнисингил зинадан чиқяпти! Ҳеч қиси йўқ, Тўртинчи июль ҳам ўтди. Ҳаммани кузатдик, чарчоқдан ўлар ҳолга келдим. Жон ёнимда одам бўлса, тезроқ яхши бўлишимни ўйлаб, ойим, Нелли ва болаларни бир ҳафтага бу ерга чақирганди. Албатта мен ҳеч нарса қилмадим. Ҳозир ҳамма нарсага Женнининг ўзи югуряпти. Барибир чарчаб қолдим. Жон тезроқ оёққа турмасам, мени кузда Вейр Митчеллга жўнатишини айтяпти. Уёққа боришни истамайман. Аввалроқ у одамнинг қўлига тушган бир танишим унинг худди Жон ва укамга ўхшашини айтганди. Ҳатто беш баттар! Устига устак, бу қадар узоққа боришга ҳолим бор эканми менинг? Бармоғимни ўйнатишимга ҳам арзимайди, деб ўйлайман ва сезяпманки, борган сари аҳволим оғирлашиб, вайсақи ва инжиқ бўлиб боряпман. Бўлар бўлмасга йиғлайвераман. Албатта, кўзимнинг сийдигини Жон ёки бошқа одам ёнимдалигида эмас, ёлғиз қолганимда оқизаман. Ҳозир ҳам куннинг катта қисмида ёлғиз ўтираман. Жон тез-тез жиддий касалларга қараш учун шаҳарда қолади. Женни эса мен истаган пайт мени ўз ҳолимга қўядиганчалик оқкўнгил аёл. Шу йўл билан боғда ёки ўша хушманзара сўқмоқларда сайр қилишим, атиргуллар ёнидаги чордоқда ўтиришим, буёқда ёки юқорида бироз дам олиб олишим мумкин. Гулқоғозга қарамай бу хонани кўпроқ ёқтириб боряпман. Балки, бунга гулқоғознинг ўзи сабабчидир. Шууримни шундай қоплаб оладики у… Бу ерда, бу расво ётоққа (ерга михланган бўлса керак) чўзиламану соатларча гулқоғоздаги шаклларга тикиламан. Ишонинг, ҳатто гимнастикадан ҳам фойдали бўлади бу. Масалан, пастдан бошлайман. Пастдаги қўл тегмаган бурчаклар ва бу бемаъни нақшни унга бирон маъно юклагунгача кузатиб ётавераман. Қарорларим минг марта ўзгаради. Дизайни ҳақида деярли ҳеч вақо билмасам ҳам, бу шаклларнинг ҳеч қайси қоидага мос эмаслигига ишончим комил. Шунчаки энига ўзини такрорлайди ва шу билан тамом. Энига қараб ўсган чизиқларнинг қай бирини қўлга олишингиздан қатъий назар, қабариб чиққан бурмалар ва ўша бачкана безакларнинг ғазабу хунрезлик ичра титраётган қандайдир “соҳта романеск” янглиғ бир-бирига туплаб ёпиштиргандек ясама туришини, ўша юракни сиқиб юборадиган устунлар узра биланглаб судралишини кўрасиз. Бироқ, бошқа тарафдан параллел чизиқлар ҳам бор бўлиб, бошқа чигал нақшлар даҳшатли тарзда, улкан тўлқинлар билан ўша чизиқларнинг орасидан ўтади. Ҳеч йўқ, мен шундай кўраман. Бу нақшларни тушунаман, деб мен тугадим, бироқ уларнинг жирканчлиги ҳеч тугай демайди. Бурчакларда ҳам ётиқ нақшлардан фойдаланишган экан ва бу одамнинг бошини баттар қотириб юборади. Хонада гулқоғознинг ҳеч қўл тегмаган парчаси бўлиб, атроф аста-секин қоронғулашаётган пайт, хуфтон қуёшининг шуълалари тўғридан-тўғри бу ерга тушиб турган маҳал қандайдир яратилмаган нур ҳақида хаёл сураман. Гўё битмас-туганмас киноялар карвони бир нуқтада бирлашадию, бебош чизгилардек дунёнинг тўрт томонига сочилиб кетаётгандек. Бу чизгиларга қараш силламни қуритиб юборади. Бир пинакка кетаманов… Буларни нега ёзишим кераклигини билмайман. Билишни истамайман. Билоладигандек ҳис қилмаяпман ўзимни. Билганим, Жон буларни аҳмоқона нарсалар, деб ўйлайди. Лекин, нима бўлган тақдирда ҳам унга нималарни сезаётганим ва ўйлаётганимни тушунтиришим керак. Бу шунчалар ҳузурбахшки! Фақат, йўқотилган куч қўлга киритилган ҳузурдан кўра оғирроқ боса бошлаяпти. Энди кунимнинг ярмини дангасалик билан ўтказяпман ва аввалгидан кўра кўпроқ ётибман ётоғимда. Жон кучимни асрашим кераклигини айтяпти ва гапларига қўшимча сифатида балқи ёғию бир талай қувват дорилари бериб ётибди. Етмаганига шароб, қора пиво ва чала пишган гўшт. Азизим Жон! Мени жонидан ортиқ кўради ва мени бу кўйга солган хасталикдан нафратланади. Ўтган куни чинакамига самимий ва мантиқли бир шаклда гапиришга ҳаракат қилган кўйи унга жиянларим Ҳенри билан Жулияни кўргим келаётганини тушунтирдим. У эса кетолмаслигимни, кетсам ҳам борган жойимда ўзимни эплолмаслигимни такрорлайверди. Ўзимни ҳимоя ҳам қилолганим йўқ, чунки гапимни битирмай туриб ҳўнграшга тушгандим. Фикрларимни жамлаш борган сари қийинлашяпти. Барчасига шу асаб бузуқлиги айбдор. Азизим Жон мени қучоқлаганча кўтариб олдию тепага олиб чиқиб, ётоғимга ётқизди, бошим оғриб кетгунча китоб ўқиб берди. Менга унинг севгилиси, ҳалоқати, бу дунёдаги ягона бойлиги, ҳамма нарсаси эканлигимни изҳор қилдию ўзимдан бошқа ҳеч ким менга ёрдам беролмаслигини, бу жинни-санғи ўйларга ўзимни банди қилмаслигим кераклигини, иродаму эҳтиёткорлигимни доимо ақл билан ишлатишим шартлигини уқтирди. Ҳозирча яхши бўлган ягона нарса гўдагимнинг соғломлиги ва бу лаънати сариқ гулқоғоздан узоқда эканлиги. Агар биз бу хонани олмасайдик, бечорагинамни жойлаштиришга мажбур бўлардик. Боланинг нима гуноҳи бор?! Ҳар тугул, омади бор экан, қутулиб қолди. Миттигина, маъсум дилбандимнинг бу қийноқларга тўла, машъум хонада яшашига асло йўл қўёлмасдим. Буни аввал ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман, лекин Жоннинг бу ерга мени ёткизиши бахтли тасодифдан бошқа нарса эмаслиги аниқ. Чунки, мен бу хонага бир гўдакдан кўра анча осонроқ чидайман. Албатта, бу масалалар ҳақида аввал ҳеч оғиз очмагандим, биласиз, бу жиддий нарса, бироқ гулқоғозга тикилишда давом этяпман. Бу қоғозда мендан бошқа ҳеч ким билмайдиган, билолмайдиган нимадирлар бор. Устдаги нақш ортидаги шакллар кун ўтган сайин аниқлашиб боряпти. Ўша шакл ўша шакл, лекин бирам кўп. Худди олдинга эгилиб, шакллар ортида судралаётган аёлга ўхшайди. Бу менга ҳеч ёқмаяпти. Жон мени бу ердан олиб чиқса яхши бўларди менимча. Касаллигим ҳақида Жон билан гаплашиш жуда мушкул, сабаби у жуда ақлли ва менга ўлардек ошиқ. Барибир, кеча оқшом бир уриниб кўрдим. Ой тўлишганди, шуъласи худди қуёшдек ҳаммаёқни ёритиб юборганди. Баъзан оё шуъласи жинимни қўзитади, бу шуълалар шундай айёрлик билан буралиб-буралиб дераза ёки бошқа аллақандай дарчадан сурбетларча ичкарига кириб келишадики… Жон ухлаётганди, уни уйғотишни ёмон кўраман, шу боис ой шуъласининг бу тўлқин-тўлқин нақшинкор гулқоғозга урилишини жимгина, этларим жимирлаган кўйи томоша қилдим. Орқадаги хира шакл нақшни чайқата бошлади, гўё ташқарига отилиб чиқмоқчидек кўринарди. Секингина ўрнимдан туриб, қоғознинг чиндан ҳаракатланаётганини кўрмоқчи бўлдим. Қайтганимда Жон уйғонган экан. — Нима бўлди, қизалоқ? Бундай айланиб юраверма, шамоллаб қоласан. Гаплашиш учун айни вақти, деб ўйладиму, бу ер аҳволимни баттар ёмонлаштираётганини айтдим. — Мени олиб кет бу ерлардан. — Сабаб? Ижара шартномаси уч ҳафтадан кейин битади. Эртароқ кетишимиз мумкинми, уни ҳам билмайман. Уйдаги таъмирот ҳали тугагани йўқ, мен ҳам бу ердан кетолмайман. Агар бу ерда сен учун хавф туғдирадиган бирон нима бўлсайди, бир сония ҳам кутиб ўтирмасдим, лекин билсанг-билмасанг, борган сари соғайиб боряпсан бу ерда. Севгилим, мен докторман, мен биламан. Юзинга ранг кирди, иштаҳанг яхшиланди, ҳолатинг ҳам ёмонмас. — Мен ўзимни умуман яхши ҳис қилмаяпман. Балки иштаҳам кечалари, сен ёнимдалик пайтинг яхшидир, лекин кундузи аввалгидан ҳам расво бўлади. — Шу ширинтойга бир қаранг, деди мени қучоқлаб. – Истаганингча касал бўлиб, эркаланмоқчисан. Қани, энди ётиб ухлайлик. Ичимдаги сўнги умид қириндиси билан сасландим: — Кетмаймизми? — Нега кетайлик, азизам? — Уч ҳафтамиз қолди, холос. Кейин Женни уйимизни биз учун тайёрлаётган пайт қисқагина таътилга чиқамиз. Менга ишон, ростан яхшисан. — Танам яхшидир, лекин… Ётоқдан ўгирилиб кўзларимга шу қадар терс ва кескин тикилдики, уялганимдан парча-парча бўлиб кетдим. — Севгилим, деди, — Сендан ўтиниб сўрайман, мен учун, гўдагимиз учун, энг муҳими ўз ҳотиржамлигинг учун бу фикрни хаёлингнинг бир учига ҳам келтирма, келишига йўл қўйма. Сенинг ҳолатингдаги одамлар учун ундан ҳам таҳликали ва ажаловар нарса бўлиши мумкинмас. Бу палид ва бемаъни фикр. Хўш, энди айт, наҳот доктор бўлганим ҳолда ҳам гапларимга ишонмайсан? Бу гапидан кейин нимадир дейишим имконсиз эди. Кўп ўтмай уйқуга ётдик, аввалги мени ухлаб қолди, деб ўйлади, аммо уйғоқ эдим ва анчагача уст орқа тарафдаги нақшлар бирга ҳаракат қиляптимикан ёки айри айри қимирлаяптимикан, деб ўйлаб ётдим. Унга ўхшаш нақшга қуёш нури чарақлаб турганида қаралган маҳал муайян бир бетартиблик, бутун қоидаларга қарши исён кўзга ташланарди. Бу рисоладагидек шуурга эга одамлар учун асаббузарликнинг ўзгинаси. Ранг шундоғам жирканч, ишониб бўлмас даражада одамнинг жинини қўзитадиган хилидан, лекин нақш ўз ҳолича исканжа. Айни топдим деб, чизиқларни бирин-кетин нигоҳингиз билан таъқиб қила бошлаганингизда бир умбалоқ ошадию, яна чигалликлар ичида ғойиб бўлади. У сизни бир уриб ерга қулатадию устингизга чиқиб, тепина бошлайди. Босинқираётгандек бўласиз. Устдаги шакл музайян, арабсифат бўлиб, қўзиқоринни эслатади. Бир-бирининг ич-ичига кириб ўсаётган заҳарли қўзиқоринларни кўз олдингизга келтиринг, ҳа, ўша деворлар тубида қорайиб, ўзидан бадбўй ҳид таратганча шохланиб борадиган қўзиқоринлар… Лекин, доим ҳам эмас. Бу гулқоғознинг ғалати бир тарафи бор. Мендан бошқа ҳеч ким буни кўрмаётгани қизиқ. У ёруғлик билан бирга шакл ўзгартиради. Офтоб нури шарқий деразадан урилганида (доим ўша биринчи, узун, тикка нурни кузатаман) у шу қадар шиддаткорлик билан ўзгарадики, кўзларимга ишонолмай қоламан. Уни кузатишимнинг сабаби ҳам шу. Ой шуъласида (агар бу моҳтоб бўлса, тун бўйи хонани ёритиб туради) унинг ўша эски девор эканлигини ақлимга сиғдиролмайман ҳатто. У туннинг ҳар қандай шуъласида, мойчироқ, шам ёхуд ғира-шира ёруғликда, энг ёмони эса ой шуъласида панжара шаклига киради! Устдаги нақшни айтяпман. Унинг орқасидаги аёл ҳам яққол кўзга ташланади! Анчагача орқада тарафдаги нарсанинг нималигини илғолмадим, ҳа, ўша остки нақшни айтаётибман. Лекин, энди унинг аёл эканлигига иймоним комил. Кундузлари жимгина, бўйнини эгиб тургандек кўринади. Менимча, уни бу унсиз ҳолга келтирган нарса мана шу устдаги шакллар бўлса керак. Одамни жинни қилай дейди. Овозим анчагача чиқмай қолади. Энди ётоқда кўпроқ вақт кечирадиган бўлдим. Жон ётиш ва имкон борича кўпроқ ухлаш соғлиғим учун яхши эканлигини такрорлашдан ҳеч чарчамайди. Ҳатто, ҳар тамадди қилгандан кейин мени бир соат ухлатиб, бунга ўргатиб ҳам қўйди. Менимча бу жуда ярамас одат. Чунки, ўзингиз кўриб турибсиз, ухлолмаяпман. Ва, бу мени ёлғон гапиришга мажбур қиляпти, уларга ухламаётганимни айтолмаяпман. Йўқ, асло! Аслида Жондан бироз қўрқаман. Баъзан жуда бежо кўринади кўзимга. Ишонмайсиз, лекин Женни ҳам ғалати қарай бошлади. Баъзан бу илмий фараз янглиғ маямда ғужғон ўйнай бошлайди, балки бунга ҳам ўша гулқоғоз сабабчидир! Жонни мени қарамай турибди, деб ўйлаган пайтлари кўп кузатдим. Бўлар-бўлмас баҳоналар билан ҳа деганда хонамга кириб келаверади. Уни неччи марта гулқоғозга қараб турган ҳолида тутиб олганимни билсангиз эди! Женнини ҳам. Бу сафар Женнини гулқоғозга тикилганча нималарнидир ўйлаётган пайти кўриб қолдим, хонага кирганимни сезмади, унга паст, жуда-жуда паст овозда, шивирлагудек бўлиб, энг сокин қиёфамда, қоғоз билан нима қилаётганини сўрадим. Ўғирлик қилаётганда қўлга тушгандек бир сапчиб тушди, жаҳли чиқди ва нега уни қўрқитганимни сўраб, тергов қила кетди! Бу қоғознинг ҳамма нарсага доғ туширганини, Жон ва менинг кийимларимизда сариқ доғлар кўрганини айтди. Бироз диққат қилинглар, деб қўшимча қилди. Бу қиз жуда маъсум кўринади, шундай эмасми? Лекин билиб турибман, аслида гулқоғоздаги нақшларнинг жумбоғини ечмоқчи у. Бу шаклларни мендан бошқа ҳеч ким тушунолмаслигига қасам ичишим мумкин! Энди ҳаёт аввалгидан завқлироқ тус олди. Чунки, бундан буён менинг кутишга, кузатишга, умид қилишга арзийдиган кўп нарсам бор. Иштаҳам ростакамига очилди, энди анча ҳотиржамман. Жоннинг ҳам бу ўзгаришлардан оғзи қулоғида! Куни кеча гулқоғозимга қарамай анча тузалганимни айтди. Кулиб ўтиб кетдим, унга мени тузатган нарса гулқоғознинг ўзи эканлигини айтишни истамадим, йўқса мени масхара қилиши турган гап. Ҳатто мени бу ердан узоққа олиб кетиши ҳам мумкин. Энди, бу гулқоғознинг жумбоғини ечмай туриб ҳеч қаёққа кетмоқчи эмасман. Бисотимда бир ҳафта бор, етиб қолар, деб ўйлаяпман. Эй Худо, ўзимни шундай яхши ҳис қиляпманки! Тунлари кўп ухламайман, ҳар бир ўзгаришни кузатиш ва ўрганиш уйқудан ширинлик қиляпти. Кундузи ухлаяпман унинг ўрнига. Кундузлари зерикарли ва бош оғриқ билан ўтади. Қўзиқоринлар тинмай шохланади, бари сариқнинг бошқа-бошқа, турли-туман тусларига кириб чиқади. Жонимни тишлаб қанча ҳаракат қилмай, барибир ҳаммасини санашни уддалолмаяпман. Сариқнинг бу туси сариқнинг энг ғаройиб шакли бўлса керак, ҳойнаҳой. Бу аввал кўрган сариқ нарсаларимни эсимга соляпти. Бироқ, тўйдаги гулдасталардек гўзал нарсалар эмас, балки нуқул жирканч сариқларни эслатаверади у. Шу билан бирга, бу қоғозда яна бошқа гап ҳам бор. Бир ҳид. Хонага илк кирганимдаёқ уни сезган, бироқ у пайтлар деразалар очиқ бўлгани сабаб тоза ҳавода эътибор бермаган эканман. Бир ҳафтадан бери ёмғир тинмайди, ҳаво қўрғошиндек оғир, шу сабаб деразаларни қанча очмайлик, бу ҳиднинг ҳеч йўқолгиси йўқ. Ҳид охир оқибат бутун уйни ишғол қиляпти. Уни тамаддихонада учишаётган, йўлакларда сирпанчиқ учаётган, даҳлизда яширинаётган, зиналарда мени кутиб турган ҳолида кўп кўрдим. Сочларимга сингиб боряпти. Отда айланиб юрганимда ҳам бошимни ўгириб қараган пайтим, топингчи нимани кўраман? Албатта Ҳидни! Бу ҳид қандай ғаройиб нарса экана! Соатлар бўйи бош қотиришимга қарамай, ниманинг ҳидилигини тополмадим. Йўқ, номини эшитганингиздаёқ бурун жийирадиган, нафратланадиган нарсаларингизнинг ҳиди эмасди у. Нозиккина, бироқ ҳийлакор, бугунгача кўрганларим орасидаги энг қайсар ҳид. Намгарчилик пайти расво қилади ҳаммаёқни. Тунда ҳар уйғониб кетган пайтим уни кўраман, бошимда ўтирган бўлади. Аввалига тинчимни кўп бузди. Уни тутиб олиш учун уйни ёқишни ҳам жиддий ўйладим. Бироқ, энди унга ўрганиб қолим. Ақлимга сиққан ягона нарса шуки, унинг ҳам гулқоғоз билан бир хил рангда эканлиги. Сариқ ҳид. Бу деворда ўта ғалати ишора бор. Пастда, тапчан тарафда. Бутун хонани айланасига ўраб олган чизиқсимон ишора. Ётоқдан бошқа барча буюмларнинг орқасидан буралиб ўтади. Узун, теп-текис, худди у ерга астагина қўндириб қўйилгандек, ҳар куни қайта -қайта ярқиратиладигандек. Буни ким, қандай ва нега чизганига ақлим етмайди. Айланади, айланади, айланади, айланади, айланади. Бошимни айлантириб юборади! Охири бир кашфиёт қилдим. Ҳалиги нақш чиндан ҳаракатланяпти! Шубҳасиз! Чунки, орқасидаги аёл уни чайқатяпти! Баъзан у ерда бир эмас, жуда кўп аёл бордек туюлади менга. Аҳён-аҳён эса фақат битта, ёлғиз, уёқдан-буёққа тинмай югургилаётган, судралаётган, қоғозни шилишга уринаётган аёл бордек. Қоғознинг оч рангли нуқталарида жимгина туради у, қуюқ рангли тарафларида эса панжараларни чангаллаб, куч билан силкитади. Тўхтамай уларни синдирмоқчи бўлади гўё. Бироқ, ҳеч ким у нақшни ёриб чиқолмайди, у шу қадар бўғувчанки… Балки шунинг учун унинг орқасида минглаб бош чаноғини кўраётгандирман? Ана, улар нақшни ёриб чиқишяпти ва шу пайт ранг уларни бўға бошлайди, бошларини ерга майиштириб, кўзларини ўйиб олади! Шунча уқубатдан кўра бу бошларнинг кесилгани афзал эмасми? Аёл кундузлари ташқарига чиқса керак, дебўйлаяпман! Негалигини биласизми? Уни кўрдим. Уни деразаларимнинг барида ўзкўзларим билан кўрдим. Ўша аёл, биламан, чунки доим судралади ва маълумки, кўпчилик аёллар офтоб остида судралишмайди. Уни дарахтзордаги йўлда ёлғиз ўзи судралиб бораётган маҳал кўриб қолдим. Арава келаётган пайт маймунжонлар орасига беркинади. Уни айбламайман. Кундуз пайти судралаётган пайт тутилиб қолиш жуда шармандали ҳолат бўлса керак! Мен кундузлари судралаётганимда доим эшикларни қулфлаб оламан. Буни тунлари эплолмайман, Жоннинг ҳамма нарсадан шубҳаланиши мени қўрқитади. Жон ҳам бу оралар анча ғалати, унинг тинчини бузишни истамайман. Кошки бошқа хонада ётақолса! Бундан ташқари, мендан бошқа ҳеч кимнинг аёлни тунлари озод қилишини хоҳламайман. Уни бир вақтнинг ўзида ҳамма деразалардан, бирданига, баравар кўролармиканман, деб ўйлаяпман. Бироқ, қанча тез ҳаракат қилсам ҳам, бир лаҳзада фақат биттагина деразани кўроламан, холос. Ҳар сафар уни судралаётган ҳолида кўрсам ҳам, балки кейингисида сал тезроқ юраётганига гувоҳ бўларман, деявераман. Баъзан унга қирларда судралиб юрган маҳал кўзим тушиб қолади. Энди анча тезлашиб қолган. Шамол тизгинидаги булутдан ҳам тез судралади. Кошки шу устдаги шакл остдаги шаклдан ажрала олса! Буни аста-секин синаб кўрсам керак. Яна бир ғаройиб нарса топдиму, лекин ҳозир нималигини ошкор қилолмайман. Одамларга кўпам ишониб юбориш ҳам яхшимас! Гулқоғознинг силжишига икки кунгина қолди холос ва афтидан Жон ҳам буни сезиб юрибди. Қарашлари одамни еб юборай дейди. Ўша докторларга хос оҳангда Женнидан мен ҳақимда анчагина нарса сўраганини эшитиб қолдим. Женни ҳам дардини дастурхон қилиш фурсати келганини тушуниб, дарров ҳисобот беришга тушиб кетди. Кундузлари имкон топган заҳотим ухлармишман. Мен қанча овоз чиқармасликка, ўликдек ётишга уринмай, Жон барибир кечалари яхши ухлолмаётганимдан хабардор. Менга ҳам синглисига берган саволларини такрорлади. Бироқ, бу сафар бегидир ва беғараздек кўринарди. Худди мен унинг ниятини билмайдигандек. Бу гулқоғоз остида уч ойдан бери ухлайвергач, Жоннинг авзойига ҳам парво қилмай қўйдим. Энди гулқоғоз билан фақат мен овораман, лекин сезиб турибман, унинг сеҳри Жон ва Женнини ҳам ўз комига тортяпти. Худога шукр! Бугун охирги кун. Ўзи етибам ортди. Жон кеча кечқурун яна шаҳарда қолиб кетди ва бугун ҳам қош қорайганига қарамай келгани йўқ. Женни мен билан қолмоқчи бўлди. Жодугар! Унга тун бўйи ёлғиз ётиш мен учун фойдали эканлигини айтдим. Тун бўйи бир лаҳзага ҳам ёлғиз қолганим йўқ. Ой шуъласи хонага кирар кирмас ҳалиги шўрлик жисм эмаклаганча шаклларни силкита бошлади. Ўрнимдан туриб, ёрдам бериш учун ёнига чопдим. Мен силкитдим, у чиқарди, мен чиқардим, у силкитди. Тонг отмасидан аввал гулқоғознинг катта қисмини шилиб бўлгандик. Нари-бери менинг бўйим билан тенг, хонанинг ярмича келадиган парча. Қуёш чиқиб, ўша манфур нақшлар менга қараб илжая бошлаган пайт бугун бу ишни бирёқлик қилишим шартлигини суякларимга қадар ҳис қилдим. Эртага кетамиз. Менинг юкларимни пастга олиб тушишди. Хона биз кирганда қандай бўлса, шундай қолиши керак. Женни кўзларига ишонмаган кўйи деворга бақрайиб қолди, мен эса бу тасқара гулқоғоздан қасос олганимни завқ билан, баралла эълон қилдим. Жилмайиб, бунга ҳеч қандай эътирози йўқлигини, бироқ ўзимни чарчатиб қўйишим яхшимаслигини уқтирмоқчи бўлди. Бу сафар қандай тутилиб қолганини ўзи ҳам сезмай қолди! Лекин, мен ҳали ўлмадим ва мендан бошқа ҳеч ким бу қоғозга қўлини ҳам теккизолмайди. Жонидан тўйган бўлса, қани, теккизиб кўрсинчи! Мени хонадан чиқармоқчи бўлди. Роса билинтириб қўяётганди. Барибир у билан пачакилашиб ўтирмайман. Ҳозир хона тоза, бўш ва жимжит пайти ухлаб олишим керак. Мени кечки овқатга ҳам уйғотмаслигини тайинладим унга. Уйғонганимда ўзим уни чақираман. Шундай қилиб, кетди. Унинг ортидан хизматкорлар ҳам, ашёлар ҳам гумдон бўлди. Хонада фақат биз хонага эндигина кўчиб ўтган кунимиздаги ерга михланган ётоқ қолганди, холос. Бу оқшом пастда ухлаб, эртага йўлга чиқамиз. Уйнинг бўш ҳоли қанчалик яхши экан! Тушмагур болалар роса таламон қилиб ташлашибдида. Мен ётган ётоқ улкан каламуш томонидан чинакамига кемирилганга ўхшайди. Майли, ишни бошлайқолай. Эшикни қулфлаб, калитни деразадан боғга улоқтирдим. Ташқарига чиқишни хоҳламайман, Жон келмагунча ҳеч ким бу хонага ҳам киролмайди. Уни бир ҳайрон қолдирмоқчиман. Бу хонага ҳатто Женни ҳам тополмайдиган қилиб бир арқон яшириб қўйгандим. Агар гулқоғоздаги аёл қочгудек бўлса, тутиб боғлаш учун асраб қўйгандим уни. Бу ётоқ жойидан қимирламайди! Қўл-оёғим акашак бўлгунгча суришга уриндим. Кейин жиним қўзиб, ётоқнинг бир бурчагидан тишлаб олдим, тишимни оғритди. Кейин тик оёқда туриб, бўйим етганча гулқоғозни шила бошладим. Қари эшакдек қайсар экан, чиқай демайди, ёпишиб олган. Менинг куйиб-пишаётганимни кўрган нақшлар қиқир-қиқир кулишарди. Ўша бўғилган бўйинлар, осилиб турган каллалар, бақасимон, тошлашган кўзлар ва соллана-соллана мени мазаҳ қилаётган қўзиқорин шохлари юзимга қанчалар уқувсиз ва кучсиз эканлигимни айтиб, масхаромуз оҳангда ҳайқиришарди. Саъй ҳаракатим бекорга кетаётгандек эди, аччиғим чиқди. Деразадан сакраш, балки ақлли қарор бўлган бўлиши мумкин. Лекин, панжаралар жуда бақувватдек. Вақт кетказишга арзимайди. Ҳам, бу иш қўлимдан келмайди. Бундай ишларни доим нотўғри тушунишган. Мен эса нотўғри тушунилишни истамайман. Деразалардан ташқарига кўз ташлагим ҳам келмаяпти. Ташқарида бир талай аёл судралиб юрибди, шиддат билан судралишяпти. Ё улар ҳам менга ўхшаб гулқоғознинг ичидан чиқишдимикан? Ўзим яшириб қўйган арқон билан ўзимни яхшилаб боғладим, мени олиб чиқиб, уларнинг ёнига улоқтиролмайсиз. Тун тушганда шакллар ортига қайтишимга тўғри келадиган кўринади, бироз қийинов! Бу улкан хонада, истаганимча судралишдан яхшиси йўқ. Ташқарига чиқишни хоҳламайман. Чиқмайман. Женни чақирса ҳам. Ташқарига чиқсангиз, боғда судралишга мажбурсиз. Боғда ҳаммаёқ ям-яшил, сариқ эмас. Бу ерда, гиламнинг устида бемалол судралишим мумкин, елкам деворни ўраб олган ҳалиги чизиқсимон ишорага тегиб туради ва унга эргашган кўйи йўлидан ҳам адашмайман. Ана, Жон остонада! Йўқ йигитча, энди кеч. Бу эшикни очолмайсан. О, бақиришини эшитяпсизми, камига эшикни муштлаяпти. Йўқ, тепяпти ҳам! Энди болта олиб келинглар, деб ёлворяпти ёнидагиларга. Шундай чиройли эшикни чопиш инсофданми? Уялмайдими? — Жон, севгилим, дедим майин овозда, — калит олд зинапоятининг остида, япроқлар орасида! Бу гапимни эшитгач, бироз ўзига келган бўлди. Кейин эса чинакамига, меникидан ҳам майин овозда ялина кетди: — Эшикни очақол, гўзалим! — Очолмайман. Калит олд зинапоянинг остида, япроқлар орасида! Бошқатдан, энг майин оҳангда, дона-дона қилиб такрорладим барини. Буни шунчалар кўп такрорладимки, бориб кўрмаса бўлмаслигини тушуниб етди. Ва, албатта калитни топиб, эшикни очдию ичкари кирди. Остонада гўё чақмоқ ургандек қотиб қолди. — Бу нимаси бўлди?! Худо ҳаққи, нима қиляпсан? Судралишда давом этган кўйи елка оша унги кўз ташладим. — Сен ва Женнига қарамай, охири ташқарига чиқа олдим, дедим. Гулқоғознинг ҳам анчасини шилиб ташладим, энди мени у ерга қайтариб, қамолмайсизлар! Бу одам нега хушидан кетиб қолди? Хушидан кетдию девор четига, йўлимнинг қоқ устига қулади. Ҳар сафар кета туриб, уни босиб ўтишимни истади, шекилли!
2022-11-24
http://nodirabegim.uz/archives/4948
Охирги сигара чекилган, Паққос туширилган сўнгги бурда нон. Бу сўзлар Қайғунинг ўткир исин таратмасин десанг Ўрчимчакни шаробда чўктир. Яшамаяпман, демоқ этмас кифоя: Ўз хокингнинг кулдонисан сен, Нафасингнинг сўнгги ютуми. Энг даҳшатлиси – тан олмоқдир Унинг сени тарк этганини. *** Кўряпсанми бу шеърларни? Уларни ҳушёрлигимда ёздим. Умуман олганда ёзиш учун Ичишим шарт эмас мутлақо. Ёза олгум майхўрликсиз ҳам – Ҳарқалай, рафиқам шундай дер. Даъво қилгум Мутлақо ичмаслигимни Ва ёзгум – Кўряпсанми бу шеърларни? Мен уларни ҳушёрликда ёздим. Айт-чи, энди Кимни тутар шароб хумори? Билишимча, ўқувчини. *** Аскарлар қуролсиз машқ қилар Мозорлар бўшаб қолар Товуслар учар ёмғир орасидан Даҳолар зина бўйлаб пастга тушар табассум ила Емак ҳаммага етар, ижара ҳақига пул бор Фурсат ҳам етарли Қаримаслар хотинларимиз Мен ҳам кексаймам Олмос кўзли узук ялтирар дайдилар бармоғида Гитлер саломлашар яҳудий билан Бироқ ҳавода анқир куйган эт ҳиди Мен олов туташган пардаман Мен айландим сув оқимига Мен стаканнинг кескир қирраси Мен қонман Митти қизил шиллиққуртман Судралиб ини томон кетаётган *** Юрагимда кўк қуш яшайди учиб кетмоқ истар лекин бунга йўл қўймайман унга шу ерда қол, бошқалар сени кўришини истамайман дейман. Юрагимда кўк қуш яшайди ташқарига чиққиси келар аммо мен унинг устидан виски қуяман тамаки тутунини пуркайман, фоҳишалар ҳам, югурдаклар ҳам ултрамарин ишқибозлари ҳам ҳеч қачон била олишмайди унинг ичимда эканини. Юрагимда кўк қуш яшайди лекин уни қўйиб юбормайман шу ерда ўрнинг, ташқарида тартибсизлик чиқаришни истайсанми дейман ишларим чаппасига кетишини? Европадаги китобларим савдоси касодга учрашини истайсанми? Юрагимда кўк қуш яшайди учиб кетмоқ истайди мен шафқатсиз эмасман, баъзан тунлари уни қўйиб юбораман ҳамма уйқуга ётган паллада мен унга қаерда бўлишингни биламан дейман, ўзингни қайғуга қўйма. Сўнг яна ичимга жойлайман бу ерда қўшиқ куйлар у ҳархолда унинг ўлишига йўл қўймайман. Биз бирга ухлаймиз сиримизни пинҳона тутиб бу жудаям ёқимлики, хатто сени йиғлашга мажбур қилади. Мен йиғлаяпман, сен йиғлаяпсанми? *** Отам ишбилармон одам эди, у режаси билан бўлишди. “Ўғлим, кўряпсанки” деди у, “умр бўйи мана шу уй учун ишладим, энди у меники. Ўлганимда уни сенга қолдираман. Сен ҳам бир умр ишлаб уй сотиб оласан, ана шундай уйинг иккита бўлади, уларни ўғлингга қолдирасан, у ҳам умр бўйи ишлаб уй олади, ўлганингда унинг уйи…” “Тушунарли”, дедим мен. Отам стакандан сув ичишга уринаётиб ўлиб қолди. Мен уни кўмдим. Катта жигарранг тобутга. Дафн маросимидан сўнг стадионга бордим, у ерда баланд бўйли малласоч бир жононни учратдим. Пойга тугагач, унинг уйига бордик, тушлик қилдик ва кўнгил ёздик. Орадан бир ой ўтиб отамнинг уйини сотдим. Унинг машина ва мебелларини ҳам, картиналарини пулладим, фақат биттасидан ташқари, мева соладиган вазалар ҳам кетди (иссиқ ёз кунлари унда компот турарди). Отамнинг кучугини аллакимга бервордим. Унинг дугонаси билан икки марта учрашдим, лекин бир иш чиқмади, воз кечдим ундан. Бор пулимни ютқаздим ва совурдим. Ҳозир эса Голливуддаги арзон бир уйда яшайман, чиқинди ташийман кун бўйи ижара ҳақини вақтида тўлаш учун. Отам ишбилармон одам эди. У сув ичаман деб тиқилиб ўлди ва касалхона архивида из қолдириб кетди. *** Улар айвоннинг нарёғида турганча суҳбат қуришарди: Хемингуэй, Фолкнер, Т.С. Элиот, Эзма Паунд, Ҳамсун, Уолли Стивенс Э.Э. Каммингс ва бошқалар. “Менга қара” деди онам, “уларга айтолмайсанми, гап сотишни бас қилишсин”. “Йўқ”, дедим мен. “Улар гўнгқўнғиздек минғирлашади”, деди отам “бунинг ўрнига бирор иш топишса бўларди”. “Уларнинг касби бор”, дедим. “Жаҳаннам каби” деди отам. “Айнан” дедим мен. Сўнг Фолкнер ичкарига кирди довдираб жавондан виски излаб топди ва кўтарганча ташқарига чиқиб кетди. “Қўрқинчли одам” деди онам. Сўнг ўрнидан туриб айвондан ташқарига қаради. “Уларнинг ёнида бир аёл бор” деди у, “лекин эркак кишига ўхшайди”. “У Гертруда” дедим. “Бошқа бир эркак эса мушакларини ўйнатмоқда” давом этди онам “учовингни ҳам бир уринишда йиқитаман деб даъво қиляпти”. “У Эрни” дедим мен. “Мана бу эса” отам менга ишора қилди “ўшалардек бўлмоқчи!” “Шу гап ростми?” сўради онам. “Улардек эмас” дедим мен “Лекин уларнинг қаторида”. “Худо урган бир касб топдинг-да” деди отам. “Жим бўлинг” дедим. “Нима?” “Жим бўлинг дедим. Мен уларни тинглаяпман”. Отам рафиқасига қаради: “У менинг ўғлим эмас!” “Умид қиламан” дедим мен. Фолкнер яна уй ичига кирди. “Телефон қаерда?” сўради у. “Нима жин урди?” деди отам. “Эрни ҳозиргина пешонасидан дарча очиб қўйди”, деди у. “Уларга ўхшашнинг оқибати қандай тугашини кўрдингми?” жаҳл қилди отам. Мен эса аста ўрнимдан турдим ва Биллга телефонни топиш учун ёрдам бердим. *** Мен уни ёзишмаларимиз ва журналлардаги шеърларини ўқиб танигандим, у менга зўравонлик ва эҳтирос ҳақида беҳаё шеърлар юборарди. Нимагадир ҳижолат тортдим ва машинамга ўтирганча Шимолга йўл олдим, тоғлардан, водийлардан, йўллардан ўтдим, ухламасдим, ичмасдим, ажрашгандим, ишсиз эдим, ёшим ўтган, чарчагандим, ҳаммасидан ҳам кўпроқ беш-ўн йил ухлашни истардим, ва ниҳоят мотел учради. Серқуёш митти шаҳарчанинг иркит кўчаларида тўхтаб бир жойга ўтирдим ва тамаки тутатдим, ўйладим: сен чиндан ҳам аҳмоқсан. Сўнгра яна йўлга чиқдим ва бир соат ўтиб ўша қаламкаш аёл билан учрашдим, у чиндан қариб қолибди ҳудди мен билан тенгдошдек, жозибали ҳам эмас, менга жуда нордон олма узатди, уни кемшик тишларим билан ғажидим; аёл қандайдир бедаво дардга чалинган экан, астмага дедими, хуллас шунга ўхшаш, у дедики: “Сенга бир сирни очмоқчиман”. Мен айтдим: “Биламан. Сен қиз боласан ва ёшинг 35 да”. Аёл ён дафтарини чиқарди, у ерда ўн-ўн иккита шеър бор эди, ҳаёт заҳматлари ҳақида, мен уларни ўқидим ва бағрикенг бўлишга ҳаракат қилдим, лекин улар жуда расво ёзилганди. Уни ўзим билан олиб кетдим, қандайдир бокс жангига бордик, у тутундан бўғилиб йўталди, ва одамларни томоша қилишда давом этди, кейин унга қўл узатган жангчиларга назар ташлади. “Сен сираям ҳаяжонланмадинг, тўғрими?” сўради у, аммо ўша оқшом мен ҳаяжонда эдим. Кейинроқ у билан уч-тўрт марта учрашдик, унинг шеърларини таҳрир қилишга ёрдам бердим, у эса менга лабини тутди чираниб. Бироқ у билан хайрлашган чоғим у ҳамон бокира эди ва жудаям нўноқ шоира. Ўйлашимча, аёл киши оёқларини Ўттиз беш ёшгача ёпиб юрар экан, демак, энди жуда кеч на кимнидир севишга ва на шоир бўлишга *** у менга хат ёзган Сенага яқин аллақайси ҳужрадан айтишича, рақс синфига қатнар эмиш эндидан яна тонглари 5 дан уйғониб шеър ёзармиш ё чизармиш мўйқалам билан, гар келса йиғлагиси дарё лабида у учун алоҳида бор эмиш ўриндиқ Қўшиқлар деган китоби чиқар эмиш кузда ҳарқалай унга не дер эдим? оғриқ тишларингни суғиргин дедим ва яна француз жазманлардан бўлсин эҳтиёт сўнг унинг суратини паррак ёнидаги радиоприёмникка ёпиштирдим у худди тирикдек кетди ҳилпирай қолган 5-6 сигарет тугамагунча мен унга тикилдим термилдим роса сўнг турдиму кетдим ётгани. *** Дам олиш кунларин кўраман ёмон. кўчани тўлдирар издиҳом ким пинг-понг ўйнаган ким майса текислар ким ярқиратган машинасин ё йўл олар бозорга ё соҳилга ё боққа ҳар ерда издиҳом. энг яхши куним – душанба… *** На куним на ҳафтам на ойим на йилим на ҳаётим ўзимники… Жин урсин! *** Ўзим дайди – Яхшиман дайдилар билан. Жирканчдир Қонунлар, ахлоқ, дин ва қоидалар Хусусан, Жамият шакл берган лой бўлмоқ. *** Биласизми, менинг яна бугун кайфим тароқ, радиодан Чайковский куйи янграяпти. Ё худо, буни тинглаганимга ҳам 47 йил бўлибди; ҳў ўша ейишга нони йўқ ёзарман бўлиб юрган пайтлар, энди, улар. Мана, яна у… Мен бугун довруғи кўкка етган ёзувчи бўлдим, гарчи, ўлим менинг сигарамни чекканча винойимга кўз олайтириб хонамда у ёқдан бу ёққа кезиб юрибди. Чайк эса йироқда ўзининг шавқ тўла мусиқаси билан банд. Э, бу бир қисқа сайр бўлди-да! Нимададир омадим келган бўлса, демак, бу менинг ошиқни тўғри ташлаганимдан: ижодга оч эдим мен, унга сарф этилган лаънати 5 дақиқа, 5 соат, 5 кунга оч эдим. мен, бор-йўғи, қоғозга сўз қадаб чиқишни севардим; обрў, пул, ҳаммаси ҳеч. Ёзишни севардим мен фақат. Улар эса мендан универмагда омборчи бўлишимни исташди. Бўпти, дейди ўлим, қаршимдан ўтаркан, сен ким бўлганингдан қатъий назар – ёзувчими, таксистми, қўшмачими, қассобми, парашутчими, мен билан кетасан… Яхши, миттивой, дейман унга. Ҳозир у билан бирга ичиб ўтирибмиз. Соат эса кечки бирдан иккига томон силжияпти, кетиш вақтини эса фақат у билади, лекин фирибим иш берди: беш лаънати дақиқани, ҳатто, сал ошиғи билан ундуриб олдим. *** Бизнинг тилла балиқчаларимиз кўча манзарасини тўсиб қўйган, оғир дераза пардаси ёнидаги столда, аквариум ичида тинмай айланарди, айланарди. Онам – ҳар дам кулиб юргувчи аёл, бизнинг ҳам бахтиёр яшашимизни истаб, тинмай таъкидларди: хурсанд юр, Генри! Ҳа, у ҳақ эди, агар қўлингда келса, бахтиёр яшашга нима етсин? Бироқ отам, ғазаб отига минди дегунча, онам иккимизни ҳафтасига икки ё уч марталаб дўппослашда давом этаверди. Чунки бунақа пайтлар у эс-ҳушини йўқотиб қўярди. Менинг онам, мунглиғ балиқчам, ҳафтасига икки-уч бор тепки еса ҳам, мендан бахтиёр яшашни сўрайверарди: кулсангчи, Генри! Нега ҳеч кулмайсан, қароғим? Кейин менга ўргатиш учун унинг ўзи куларди ва бу жилмайиш мен ҳаётда кўрган энг аянчли жилмайиш ўлароқ ёдда қолди. Бир сафар тилла балиқларнинг бешови ҳам ўлиб, сув юзига қалқиб чиқиб қолди. Қоринлари тепага қараган, кўзлари эса ҳамон очиқ эди. Отам уйга келгач, уларни ошхона полига ташлаб, мушукка едираркан биз тикилиб қараб турардик, онам эса жилмайиб қўйди. *** Тибет тоғларига йўл ол истасанг, ором ол энг совуқ тепаликларда, мовий бўшлиқларга узатиб оёқ. Истасанг, инжилни ёд ол биродар, ё соқол ўстиргил тиззангача то. Истасанг, дунё кез қоғоз кемада, «Эртангги янгилик»ларга обуна бўл, оғзинг чап томонида чайнагил овқат. Истасанг, бир оёқли аёлга уйлан ва унга совға қил бор ташвишингни. Истасанг, тишингни бензин билан юв, кундузлари ухла, сўнгра кечалар тирмашгил шаҳарнинг дарахтларига. Сармаст бўл ўлгудай, тинмасдан ичгил пивани вискийга аралаштириб. Истасанг, бошингни ҳовузга босиб оёқ бармоғингда скрипка чал ё бир партияга номзод бўлгину итинг ўлимига чиқаргил ҳукм, ертўлада яша ё бошингни ёр, ёмғирлар ёққанда қўзиқорин эк. Хат ёзгил, ариза, ҳар нарсани ёз, фақат, шеър ёзма… *** ёлғиз қолишдан ҳам ёмон нарсалар бор бу ҳаётда аммо одатда бир умр кетади тушуниб етишга буни у вақтда эса жуда кеч бўлади ва бундан сўнг янада ёмон бошқа ҳеч нарса юз бермайди ҳаётда *** Ван Гог қулоғини кесиб бир фоҳишага берди фоҳиша шафқатсизларча улоқтирди қулоқни кўчага жирканиб Ван фоҳишаларга қулоқ керакмас улар фақат пул исташади ўйлашимча, шу сабабли буюк бир рассомсан сен бошқа ҳеч нарсани тушунмаганингдан… *** йўқ ғолиб бўлолмаймиз, мумкин эмас ғолиб бўлолмаслигимизга амин бўлдим бир он учун ғолиб бўлдик деб ўйлагандик аммо бор йўғи бир он учун энди биламан, ғолиб бўлолмаймиз ҳаракатсиз ўтирсак ҳам ғолиб бўлолмаймиз, югурсак ҳам тўғри амаллар қилсак ҳам ғолиб бўлолмаймиз хато қилсак ҳам барибир бошқа биров ғалаба қозонади шунинг учун бошқа бири у ерда биз эса бу ердамиз…
2022-11-27
http://nodirabegim.uz/archives/4953
Йигирма еттинчи июн тонгининг осмони мусаффо ва серқуёш бўлиб, одатий ёз кунларидаги одамга хуш ёқувчи фараҳбахш илиқлигини дунёга таратиб турарди. Бир тарафда рангоранг гуллар очилган, бошқа тарафда эса майсалар ям-яшил бўлиб кўзни қувнатиб турибди. Қишлоқ аҳли почтахона ва банк орасидаги майдонга соат ўнлар атрофида йиғила бошлаганди. Баъзи шаҳарчаларда шу қадар кўп одам яшардики, лоторея нақд икки кунга чўзилар ва бунга кўзи етган аҳоли тайёргарликни йигирманчи июнданоқ бошлаб юборарди. Бироқ, нариси бериси билан уч юз чоғлик одам истиқомат қиладиган бу қишлоқда бутун бошли лоторея машмашаси икки соатдан ошмасди. Шу қадар қисқа давом этардики, эрталаб ўнда бошланган маросимга келганлар тушликни уйларида қилишга улгуришарди. Албатта, аввал болалар тўпланди. Мактаблар эндигина ёзги таътилга чиққани учун, болалардаги бу эркинлик ҳали бироз ясамадек кўринар, аввалига худди синфдагидек жимгина ўтиргач, дарров тўполонни минга қўйиб юборишарди. Ва, ҳалигача синфдаги муҳим масалалар, ўқитувчидан ейилган калтаклар ва топширилмаган китобларнинг жазо пуллари ҳақида гаплашишаётганди улар. Бобби Мартин ҳаммадан аввал чўнтагига тош тўлдириб олди, бошқа болалар ҳам ундан улги олиб, дарровгина энг силлиқ, оппоқ ва юмалоқ тошларни теришга тушишди. Бобби, Ҳарри Жонс ва Дикки Делакруа, қишлоқликлар тилида Делакрой, тўплаган тошларини майдоннинг бир чеккасига уйиб, бошқа гуруҳдаги болалар ўғирлаб қўймасин учун бирма-бир қўриқчилик қила бошлашди. Қизалоқлар чеккага туриб олганча бир-бирлари орасида пичирлашишар, кўз қирлари билан болаларни томоша қилишарди. Кичкиналарнинг баъзилари тупроққа беланиб ётган бўлса, бошқалари ака-опаларининг қўлларидан тутган кўйи атрофга бақрайиб турарди. Кўп ўтмай, қишлоқ эркаклари ҳам болаларига эргашиб, ёмғир, тракторлар ва солиқлар ҳақида гап сотганча тўплана бошлашди. Бурчакда, тош уюмидан нарироқда ўз ораларида худди қизчалар янглиғ пичирлашган кўйи жилмайиб қўйишарди. Аёллар, эгнига оҳори тўкилган уй ичи кийимларини кийиб олганча лапанглаб келаётган аёллар эрларининг ортидан майдонга ёприлишди. Ҳамма билан бир-бир саломлашгач, улар ҳам ғийбатга тушиб кетишди. Бироз ўтгач, эрларининг пинжларига тиқилиб, болаларига бақира кетишди. Тўрт-беш марта бақириқ эшитишгач, болалар истаб-истамай ота-оналарининг ёнига тўпланишди. Бобби Мартин онасининг қўлидан қутулиб, қиқирлаганча тош уюми томон чопди. Дадаси овозини бирдан кўтарганида тезгина, қандай кетган бўлса, шундай қайтиб, акаси ва дадасининг орасига кирди. Лоторея худди майдондаги рақс, ёшлар клуби ва Жодугарлар байрамига ўхшаш жамоат тадбирларига ажратадиган вақтию ҳафсаласи доим топиладиган зоти мукаррам, жаноб Саммерс томонидан назорат қилинаётганди. Қишлоқ халқи унга ачинарди. Тўғрида, шўрликнинг боласи йўқ, хотини эса ялмоғизнинг ўзи. Жаноб Саммерс қора тахта қутини майдонга олиб келганида халқ ғимирлаб қолди. Жаноб Саммерс уларга қўл силкитганча айбга буюрманг, бироз кеч қолдим, деди. Почталён жаноб Грейвс уч оёқли ўриндиқни кўтарган кўйи унинг ортидан келаётганди. Ўриндиқ майдоннинг ўртасига қўйилди ва жаноб Саммерс қўлидаги қутини унинг устига жойлаштирди. Қишлоқ аҳли ўриндиқдан нарироқ туришга уринар, жаноб Саммерс менга ёрдам беришни истаганлар борми, деб сўраганида ҳам оломоннинг аллақандай қўрқув ичида эканлиги сезилиб турарди. Жаноб Мартин ва тўнғич ўғли Бакстер олдинга чиқиб, қутини ушлаб турган пайт жаноб Саммерс қути ичидаги қоғозларни аралаштира бошлади. Лотореяга оид ҳақиқий ашёлар то алмисоқда йўқолган бўлиб, ҳозир ишлатилаётган қора қути қишлоқдаги энг кекса одам, оқсоқол Варнер туғилмасидан ҳам аввал бу маросимга доҳил бўлганди. Жаноб Саммерс янги қути ясаш ҳақида тез-тез оғиз очганига қарамай, қишлоқликларнинг ҳатто мана шу қора қути сабаб туғилган анъаналарини ўзгартиришга ҳам кўзлари қиймади. Айтишларича, бу қути бурунги, қишлоқнинг илк пойдеворини қурганлар томонидан ишлатилган қутининг қолдиқларидан ясалганмиш. Ҳар йилги маросимдан сўнг жаноб Саммерс янги қути масаласидан сўз очар, бироқ ҳеч ким унга парво қилмагани сабаб жимгина унутилиб кетарди. Қора қути йилдан йилга тўкилиб борарди. Энди уни қора деб ҳам бўлмас, бурчаклари едирилиб кетган, бир тарафи тузатиб бўлмас даражада парчаланган, ранглари ўчиб, қурт тушган тахтанинг туси кўриниб турарди. Жаноб Мартин ва тўнғич ўғли Бакстер қутини ушлаб турганида жаноб Саммерс қоғозларни яхшилаб аралаштирди. Аксар анъаналар унутилгани ёхуд воз кечилгани боис жаноб Саммерс авваллари ишлатилган ёзувли тахтачалар ўрнига қоғоз парчаларидан фойдаланишни афзал кўрарди. Ўзининг айтишича, қишлоқ ҳали бунчалик кенгаймаган даврларда тахтачаларни ишлатишда ҳеч қандай муаммо йўқ эди, бироқ энди аҳоли сони юздан ошганига анча бўлди ва бундан буён ҳалиги тахтачаларнинг кичкинагина қутига сиғиши амримаҳол. Сиғдиришга осонроқ бўладиган бошқа нарса ўйлаб топиши керак эди ва топди. Қоғоз! Маросимдан аввалги оқшом жаноб Саммерс ва жаноб Грейвс қоғозларни тайёрлаб, қутига қўйишган ва қутини эртаси кун қишлоқ майдонига келтирилгунга қадар кўмир ширкатининг кассасига жойлаб, саранжомлашганди. Йилнинг бошқа пайтларида қутини олиб, қаергадир яшириб қўйишарди. Қути қайсидир йили жаноб Саммерснинг болохонасида қолган бўлса, бошқа йилларини почтахонада, оёқостида ўтказганди. Баъзан эса Мартиннинг баққоллик дўконидаги жавонга қўйиларди у. Жаноб Саммерснинг маросимни бошлашдан аввал бажо келтириши шарт бўлган бир талай мажбурияти бор. Рўйхатлар тайёрланиши керак, оилаларнинг катталари, маҳалла раислари ва ҳар бир хонадондаги муқим истиқоматчилар исми ёзиб чиқилиши лозим. Яна хат ташувчининг маросим маъмури ўлароқ жаноб Саммерсга қасам ичиришини ҳам унутманг. Кимлардир, аллазамонлар қандайдир қўшиқ куйланганига ишонадилар. Бошқалар эса одамларнинг қути атрофида айланиши шартлигини таъкидлашади. Аммо, маросимнинг мазкур қисми аллақачон унутилиб кетганди. Бундан ташқари, маъмурнинг қутидан ҳар қоғоз чиқарган маҳал айтиши керак бўлган баъзи сўзлар бор, бироқ бундан ҳам ибтидо дуоси каби воз кечилгани аниқ. Энди маъмурнинг қоғозда исми ёзиғлиқ одам билан гаплашиши етарли, деб қабул қилинганди. Жаноб Саммерс бу ишларга уста. Топ-тоза кўйлак ва жинси шим кийиб олганча бир қўлини қора қутининг устига бепарвогина қуйиб турарди у. Жаноб Грейвс ва Мартинга тинмай нималарнидир тушунтираётган пайти худди қишлоқдаги энг муҳим одамдек кўринарди. Жаноб Саммерс охири гапини тугатиб, қаршисидаги қишлоқ аҳлига ўгирилгани маҳал жемперини елкасига ташлаб олган Ҳатчинсон хоним жон ҳавлида майдонга кирдию, оломоннинг орқасига ўтиб кетди. Ёнидаги Делакруа хонимга ўгирилиб, деди: – Эсим қурсин, бугун қандай кунлигини буткул унутаёзибман. Бизнинг хўжайин орқадаги ўтинларни саранжомлаётгандир ҳойнаҳой. Аёллар бир-бирларига қараб кулиб қўйишди. – Кейин қарасам, болалар кетиб бўлишибди. Ана ўша пайт бугун йигирма еттинчилигини эслаб қолдим. Дарров югургилаб келақолдим. Қўлларини фартугига артиб қўйди. Делакруа хоним ҳам унга жавоб берди: – Лекин вақтида етиб келдинг. Улар ҳалиям вайсаб ётишибди. Ҳатчинсон хоним бўйнини узатиб, оломон орасидан эри ва болаларини изламоқчи бўлди. Кўрди, олд тарафда туришибди. Делакруа ҳонимнинг елкасига астагина туртиб, кўришгунча дедию одамлар орасидан ўтиб кетди. Унга йўл бераётганлар орасида кимлардир баланд овозда жаноб Ҳатчинсонга киноя қилишди: – Сенинг хотининг ҳам келди, Билл! – Ана, етиб келибди-ку бизнинг кеннойи. Ҳатчинсон ҳоним эрининг ёнига борди. Уни кутиб турган Билл Ҳатчинсон завқ билан деди: – Сенсиз бошлаймизми, деб қўрқиб турувдим, Тесси. – Идишларни ювуқсиз ташлаб келолмасдим-да. Уларнинг бу суҳбатини эшитган оломон хандон отиб кулиб юборди. – Қани, бошламаймизми, –деди жаноб Саммерс жиддий оҳангда. – Шу иш тезроқ битсин, кейин ҳамма бориб ишини қилади. Кун кеч бўлиб кетяпти. Ҳамма келдими? – Данбар, – деди оломон ичида кимдир. – Данбар йўқ. Жаноб Саммерс қўлидаги рўйхатни синчиклай туриб, Клайд Данбар, деди. – Ҳа, оёғи синганди, тўғрими? Унинг ўрнига ким танлайди лотореяни? – Ҳархолда, мен танласам керак, –деди аёллардан бири. Жаноб Саммерс ўгирилиб қаради ва хотин эри учун танлайди унда, деб қўйди. – Балоғатга етган ўғлинглар йўқмиди, Жени? Аслида, бу саволнинг жавобини жаноб Саммерс ҳам, қишлоқ аҳли ҳам жуда яхши биларди, бироқ начора, маросим маъмурининг иши шу, анъанавий саволлар берилмаса, дуо эм бўлмайди. Жаноб Саммерс Данбарнинг жавобини вазминлик билан тинглай бошлади: – Гораций ҳали ўн олтига тўлмади, –деди Данбар хоним пурғам оҳангда. – Бу йил ҳам хўжайинимнинг ўрнига мен танлайқоламан, шекилли. Жаноб Саммерс хўп, дегандек бош ирғади. Қўлидаги рўйхатга нималарнидир қоралаб қўйгач, бу йил Ватсон танлайдими, деб сўради. Оломон ичидан новча бир йигит чиқиб, қўл кўтарди: – Шу ердаман! Ойим ва ўзим учун танлайман. Асабийдек эди, кўзларини қисиб қўйди. Халқ орасидан овозлар янграй бошлади: – Яшавор, ота ўғил! – Уйнинг эркаги шунақа бўлади! Йигитча бошини эгди. – Яхши, –деди жаноб Саммерс. – Энди бошласак ҳам бўлар. Оқсоқол Варнер келдими? Яна оломон ичидан шу ердаман, деган овоз янгради, жаноб Саммерс бошини ирғаб қўйди. Астагина йўталиб қўйгач, рўйхатга кўз ташлаган пайт халқ устига ўлик сукунат чўкди. – Ҳамма тайёр бўлса, исмларни ўқийман. Аввал оила бошлиқлари келади, иннайкейин ҳамма келиб, қоғоз танлайди. Ҳамма ўз галини тамомлагунга қадар қоғозларни очиш йўқ. Тушунарлими? Халқ бу ишларни шу қадар кўп такрорлагандики, маъмур кўрсатган йўл-йўриқларга парво ҳам қилишмади. Кўпчилик жимжит эди. Лабларини ялаб қўйишар, нигоҳларини бир нуқтага тикканча ниманилир кутишарди. Кейин жаноб Саммерс қўлини кўтардию, Адамс, деди. Бир киши оломонни ёриб, олдинга чиқди. – Салом Стив, –деди жаноб Саммерс. – Салом Жое, –алик олди рўпарадаги. Бир-бирларига қараб, асабий ҳолда жилмайишди. Жаноб Адамс қора қутига қўлини суқдию букланган қоғоз парчасини чиқарди. Бир бурчагидан маҳкам тутиб, шошганча яна оломон ичига сингишиб кетди. Адамс оиласидан бироз узоқлашган кўйи қоғозга қарамасликка уринарди гўё. – Аллен, –деб чақирди жаноб Саммерс. – Андерсон… Бентҳем. – Энди менга негадир икки лоторея орасидаги вақт унча узоққа чўзилмайдигандек туюляпти, деди Делакруа хоним орқасида турган Грейвс хонимга. – Худди аввалгисини ўтган ҳафта танлагандек бўляпман. – Вақт чиндан тез ўтяпти, –деб жавоб берди Грейвс хоним. – Кларк… Делакруа. – Ана, менинг чолим ҳам кетяпти, –деди Делакруа. Эри олдинга чиққан пайт у ҳам нафасини тутди. Жаноб Саммерс Данбар, деб чақирган пайти Данбар хоним қути томон юра бошлади. Аёллардан бири “Қани Жени, эплайсан”, деб руҳлантириб қўйди уни. Бошқаси эса, ана, кетяпти, деб сасланди. Грейвс хоним бизнинг навбатимиз келди, деди. Жаноб Грейвснинг қути атрофидан айланиб, жиддий оҳангда жаноб Саммерсга салом берганини, кейин эса қутидан қоғоз парчаси чиқарганини диққат билан кузатди. Энди оломоннинг ҳар тарафида бақувват, йирик қўлларида қоғоз парчаларини маҳкам тутганча асабий алпозда ниманидир кутаётган эркаклар кўзга ташланарди. Данбар хоним ва икки ўғли бирга туришибди. Қоғоз парчаларидан бири ҳам Данбар хонимнинг қўлида. – Ҳарбурт… Ҳатчинсон. Ҳатчинсон ҳоним майдонга чиқ, Билл, деди. Ёнидагилар кулиб қўйди. – Жонс. – Айтишларича, –деб гап бошлади жаноб Адамс ёнидаги оқсоқол Варнерга қараб, – Шимолдаги қишлоқда лотореядан воз кечишмоқчимиш. Оқсоқол Варнерга бу гап ёқмади, қария бурнини жийириб қўйди. – Бир ҳовуч калтафахмлар, –деди хириллаган овози билан. – Ёшларга қўйиб берсанг, ҳеч балони ёқтиришмайди. Кейин бир қарайсану, ғорда яшашаётганини кўрасан. Ҳеч ким ишламайди, ўзлари ҳам шунга рози бўлиб, гўнгларига ботиб яшайверишади. Эскиларнинг бир гапи бор эди, лоторея ҳосилнинг ярми. Кейин отқулоқни қайнатиб, капалак ғумбагини қовуриб ея бошлардик. Бу лоторея деганинг доим бор бўлган. Ўзи шу болапақир Жое Саммерснинг қора халқ билан апоқ-чапоқ бўлиб ўтиришиям яхши нарсамас. – Баъзи жойларда лотореядан воз кечиб ҳам бўлишди, –деди жаноб Адамс. – Бу ишнинг охири баҳайр бўлмайди, деди оқсоқол. – Бир ҳовуч хомкалла ёшлар. – Мартин! Бобби Мартин дадасининг майдонга чиқишини томоша қилди. – Овердайк. Перси. – Тезроқ ҳаракат қилишса бўлмасмикан, –деб ёзғирди Данбар хоним ўғлига қараб. – Бирам имиллашадией. – Тугаб ҳам қолди, –деб жавоб берди ўғли. – Югуриб даданга хабар беришга тайёр тур унда. Жаноб Саммерс ўз исмини ўқигач, қутидан қоғоз парчаси чиқарди. Кейин эса Вернер, деб чақирди. – Лотореядаги етмиш еттинчи йилим, –деди Вернер оломон орасидан чиқа туриб. – Етмиш еттинчи марта! – Ватсон. Бояги новча йигит бепарвогина олинга силжиди. Кимдир ўзингни бўш қўй, Жек, деб унга далда берган бўлди. Жаноб Саммерс ҳам ҳеч қаерга шошмаяпмиз, бемалол ишингни бажар, деб қўйди. – Занини. Рўйхат битди. Одамлар нафас олишга ҳам қўрқар, атрофда қуш учса овози эшитилгулик жимлик ҳукмрон эди. Жаноб Саммерс қўлидаги қоғоз парчасини ҳавода муаллақ тутганча танлов маросими тамомланганини эълон қилди. Бир лаҳзага ҳеч ким қилт этмади, кейин эса қоғозларнинг бари бирдан очилди. Аёллар кутилмаганда қалдирғочдек вижирлай бошлашди. – Ким экан? – Ким экан? – Данбарми? – Ватсонлар бўлмасин тағин? Кўп ўтмай кимдир тантанавор равишда ҳайқириб қолди: – Ҳатчинсонлар оиласи! Билл, Биллга чиқди! Данбар ҳоним ўғлига дарров бориб, дадасидан суюнчи олишини тайинлади. Халқ Ҳатчинсонларни кўриш учун атрофига аланглади. Билл Ҳатчинсон жимгина турар, бошини эгиб қўлидаги қоғозга қараётганди. Бехосдан Тесси Ҳатчинсон Саммерс ҳонимга ташланиб қолди: – Унга ўзи истаган қоғозни танлаш учун вақт бермадинглар. Ўз кўзларим билан кўрдим. Бу адолатсизлик! – Шаллақилик қилма Тесси, – деди Делакруа хоним. – Ҳаммамиз тенг эдик, –деб қўшимча қилди Грейвс хоним ҳам. – Жағингни ёп, Тесси, –бақириб берди эри Билл Ҳатчинсон. – Шундай қилиб, ўртоқлар, –гап бошлади жаноб Саммерс, – бу иш тез ҳал бўлди. Агар чаққонроқ ҳаракат қилсак, янаям эртароқ битирамиз. Қўлидаги рўйхатга кўз ташлади. – Билл. Ҳатчинсонларнинг барчаси учун сен танлайсан. Оилангизга боғлиқ бошқа хонадон бормиди? – Донна ва Эва бор, –деди Тесси. – Улар ҳам омадларини бир синаб кўришсин! – Қизлар эрларининг оиласи билан қўшилишади танловга, –деб жавоб берди жаноб Саммерс ўша вазмин ва камтарин оҳангда. – Ўзинг ҳам буни ҳаммадан яхши билиб турибсан. – Бу адолатсизлик, – такрорлади Тесси. – Менимча бошқа ҳеч ким йўқ, –деди Билл Ҳатчинсон ғамгин оҳангда. – Албатта, қизим эрининг оиласи билан қўшилади танловга. Бу тўлиқ адолатдан. Болалардан бошқа яқиним ҳам йўқ. – Ундай бўлса, бутун оиланг учун сен қўшиласан танловга. Шундайми? – Шундай. – Нечта боланг бор, Билл? – Кенжатой Билл бор, яна Ненси ҳам. Кичкина Дейв. Мен ва Тесси. Боримиз шу. – Яхши, –деди жаноб Саммерс. – Ҳарри, қоғозларни тўпладингми? Жаноб Грейвс ҳа, дегандек бош ирғаб қўйдию қоғозларни кўтарди. – Унда қутига қўй, –деди жаноб Саммерс. – Биллникини олиб, ичига от. – Менимча бошидан бошлашимиз керак, –деди Ҳатчинсон ҳоним қўлидан келганча ҳотиржам оҳангда. – Мен сизга бу адолатдан эмас, деяпман. Етарлича вақт бермадинглар. Бунга ҳамма гувоҳ. Жаноб Грейвс бешта қоғоз парчаси танлаб, қутига қўйди ва булардан бошқа қоғозларни ерга ташлади. Ердаги қоғозлар шамолда учиб, нарироққа соврилди. Ҳатчинсон ҳоним яна тилга кирди: – Бу айтадиган гапимни ҳамма эшитсин… – Тайёрмисан, Билл? Жаноб Ҳатчинсон хотини ва болаларига бир қараб қўйдию, ҳа деди. – Унутманг, –огоҳлантирди жаноб Саммерс, – бир қоғозни тортгач, бошқаларини ҳам тортиб бўлмагунча, о қоғозни очолмайсизлар. Ҳарри, сен кичик Дейвга ёрдам бер. Жаноб Грейвс болакайнинг қўлидан ушлади. Кичкинтой қизиқсинганча у билан қути ёнига борди. – Қутидан битта қоғоз чиқар Дейв, –деди жаноб Саммерс. – Ҳарри, кичкинанинг қоғози сенда турсин. Жаноб Грейвс яна боланинг қўлидан тутиб, мушти орасидаги қоғозни олди. Кичкинтой Дейв ундан мунчоқдек кўзларини узолмасди. – Навбатдаги Ненси, –деди жаноб Саммерс. Ненси ўн икки ёшда бўлиб, этагини ҳилпиратганча олдинга чиқаётган пайт мактабдошлари уни қўрқув билан томоша қилишарди. Ненси нозиклик билан қутидан бир қоғоз чиқарди. – Кенжатой Билл, –деди жаноб Саммерс. Юзи қизариб кетган Билли қоғозни чиқара туриб, қўполлигидан қутини йиқитиб юбораёзди. – Тесси. Ҳатчинсон ҳоним бир лаҳзага қотиб қолдию, ўзига келгач атрофидагиларга алам билан ўқрайиб, лаблари қимтинганча қутига йўналди. Бир қоғозни тезгина тортиб, орқасига яширди. Жаноб Саммерс Биллни чақирди. Билл Ҳатчинсон қўлини қутига суқдию, қотиб қолди. Охири қоғоз чиқди. Оломон жимжит. Бир қиз эй Худо, Ненси бўлмасинда, деб шивирлади, бироқ овози жамоатнинг нариги томонидан ҳам эшитилиб турарди. – Ҳеч нарса эскисидекмас, –деб нолиди оқсоқол Варнер ҳаммага эшитарли қилиб. – Одамлар ҳам аввалгидек мардмас. – Хўп, –деди жаноб Саммерс. – Қоғозларни очинглар. Ҳарри, сен кичик Дейвникини оч. Жаноб Грейвс қоғозни очди ва қоғознинг бўшлигини кўрган халқ Худога шукр, дегандек уҳ тортди. Ненси ва Кенжатой Билл қоғозларини баробар очишди, юзлари ҳам баробар ёришди. Қоғозларини дўстларига кўрсатганча бахтиёр жилмайиб қўйишди. Жаноб Саммерс “Тесси”, деди. Орага жимлик тушди ва жаноб Саммерс жаноб Ҳатчинсонга қараб қолди. Билл қоғозини очиб, жамоатга кўрсатди. Бўш. – Тесси экан, –деди жаноб Саммерс секингина. – Унинг қоғозини ҳам кўрсат, Билл. Билл Хатчинсон хотинининг ёнига бориб, қоғозини зўрлик билан юлиб олди. Қоғоз юзида қора чизиқ бор эди. Жаноб Саммерс куни кеча кўмир ширкатининг офисида қора қалам билан чизган чизиғи эди бу. Билл Ҳатчинсон қоғозни кўтардию, оломон орасида бирдан қиёмат қўпди. – Демак, деди жаноб Саммерс, – ишимизни тезроқ битиришимиз керак. Қишлоқ аҳли бу ишнинг илк маросимсифат қоидаларини унутган ёхуд биринчи қора қутини йўқотган бўлсада, бироқ ҳамон тошларни эсида сақларди. Боя болалар уйиб қўйган тошлар тайёр эди. Ерда эди улар, боя шамол совурган қоғозлар устларида учишиб турарди. Делакруа ҳоним оғир бир тошни икки қўллаб, зўрға кўтарганча Данбар Ҳонимга қани, тезроқ бўл, деётганди. Данбар ҳоним ҳам этакларини тош билан тўлдирган кўйи нафаси бўғзига тиқилганча жавоб берди: – Қўлимдан келмайди, югуролмайман. Сен боравер, кейин етиб оламан. Болаларнинг тошлари аллақачон тайёр эди. Кимдир кичик Деви Ҳатчинсоннинг қўлига чақир тошлардан бирини тутқазиб қўйди. Тесси Ҳатчинсон оломоннинг нақд ўртасида қолганди, қўлларини тепага кўтариб, бу адолатсизлик, деди. Бошига бир тош келиб тегди. Оқсоқол Варнер қани, ҳаммамиз биргаликда, деб ҳайқираётганди. Стив Адамс оломоннинг бошида турар, шундоқ орқасида эса, Грейвс хоним ўтирарди. – Бу адолатданмас, тушунмовчилик бўлди, – деб бақирди Ҳатчинсон хоним ва у гапини тугатар тугатмас, оломон унинг устига ёпирилди.
2022-11-28
http://nodirabegim.uz/archives/4967
Бемаъни гапларни қилиб иддао, Ёзганим бир пулга қиммат битиклар. Балиқ мўйнасидан эгнимда пальто, Оёғимда эса совуқ этиклар. Дўстларни йўқотдим, орттирдим душман, Газ ва чироқ учун тўладимку пул. Яна нима қилдим, ҳа дарвоқе ман, Йўқ севгини фақат изладим нуқул. Икки йилнинг ичида Қурийди акация, Ва тушади акция, Ортади солиқлар ҳа. Икки йилнинг ичида, Кўпаяр радиация. Икки йилнинг ичида. Икки йилнинг ичида. Икки йилнинг ичида Кичраяр костюмлар заб, Ҳақиқат ўтар ўртаб, Ўзгаради мода-да, Икки йилнинг ичида Ёшлар эскирар қурқшаб Икки йилнинг ичида. Икки йилнинг ичида. Икки йилнинг ичида Бўйним узилар балким, Ё синади қўлларим, Юзимдан нур сўнар ва Икки йилнинг ичида Биз турмуш қурамиз жим, Икки йилнинг ичида. Икки йилнинг ичида. Видолаш, унутгин ва ҳеч айблама. Хатлар ёнсин, бамисли кўприк. Жасоратли бўлсин ҳа сенинг йўлинг, тўғри бўлсину у ва оддийгина. Ҳа, зулмат ҳам бўлсин сен учун ёнсин юлдузлар зарафшон, бир умид бўлсин қайноқ тафтли сенинг оловинг билан. Ҳа бўронли бўлсин, қору ёмғирлар ва ғазабнок олов гулдурослари сенга омад бўлсин олдинда менга қараганда доимо кўпроқ. Ҳа бўлар курашда шиддату жаранг Кўксингда гулдурар момақалдироқ. Мен эса улар-чун хушбахтман не ҳол, ким сен билан бўлса гар бирга, эҳтимол, йўлда. 1957 Петербург яқинидаги яҳудийлар қабристони. Чириган фанердан бино бўлган қийшайган девор. Қийшиқ девор ортида ётар юристлар, савдогарлар, машшоқлар, инқилобчилар қатор. Улар ўзлари учун куйлашди қўшиқ. Улар ўзларини қутқардилар шан. Бошқалар учунку ўлмоқдалар лек. Фақат аввал солиқ тўлашди, ардоқли суд ижрочиларидек, ва бўғзига қадар моддиюнчилар дунёга, Талмудни талқин қилдилар, қолган идеалистлардек. Эҳтимол улар кўпроқ нарсани кўришгандир. Балки кўр-кўрона ишонишгандир. Аммо болаларни сабр-тоқатга ўргатдилар ва баҳаққи улар ўжар эдилар. Шул сабаб буғдой экмадилар. Нон яратмак учун ҳеч не қилмадилар ҳеч қачон. Шунчаки ўзлари ётдилар совуқ ерга, худди дон каби ва абадий ухлаб қолдилар. Аммо кейин ўзгалар келиб — заминни қоплаган, шамлар ёқдилар, уларни Хотирлаш кунида баланд овозда оч қариялар очликдан энтикиб, улар тинчланиши учун нутқи ирод қилдилар. Ва улар тинчликни топдилар. Материянинг парчаланиш шаклида. Ҳеч қиси йўқ биз эсламаймиз. Ҳеч қиси йўқ биз унутмаймиз. Чириган фанернинг қийшайган девори ортида ётганларни трамвай халқасидан тўрт километр узоқликда. Аввал тубсизликка қулади стул, Сўнгра — ағанади кароват беҳол, Итариб юбордим мункиди стол. Ортиқ истамасман яшашни бу ҳол. «Она тили нутқи» дарслиги кейин, Сочилди оилавий фотосуратлар. Сўнгра тўрт девору печка чекди ун, Фақат пальто билан мен қолдим мустар. Алвидо азизам. Бу узугингиз Кўринишингиз шарт модада тилсим. Тупуришингиз-чун юзларига сиз, Шу тахлит ўрнимни эгалласа ким. 1966. Ўлим — бу скелет эмас қўрқинчли узун сочлари шудрингга чўмилган. Ўлим — бу бир бутоқ, ҳаммамиз шу шохда жой олганмиз шан. Бу дафн маросими эмас, қора камон эмас шубҳасиз гарчанд. Ўлим — бу қарғанинг чағ-чағи, қора — қизил банк. Ўлим — бу барча машиналар, қамоқхона ҳамда боғ. Ўлим — бу барча эркаклар, бўйнига бўйинбоғ осилган бу чоғ. Ўлим — бу ҳаммомдаги терилган шиша, черковларда, уйларда қатор. Ўлим — бу ҳамма нарса, туганмас хунхор. Ўлим — бу бизнинг кучимиз, меҳнатимиз, томчи теримиз. Ўлим — бу бизнинг томирларимиз, руҳимиз ва жисм сиримиз. Бизни энди тепаликка чиқармаслар, оловлар бор уйимизда йўлни бурмаслар. Биз уларни кўрмаяпмиз — улар бизни энди кўрмаслар. 1962. Келар афсус вақти муваққат. Чироқларнинг ним нури билан, Фикратларнинг зулматида қат Устозларни танимаслик тан. Ўрталиқда ҳаракат бино, Ҳаёт, ҳаёт, таслим бўлишу, Вақтинчалик ғалаба иншо, Ошиқларга чақириқдир бу. Ҳа, ҳаёт шу — юрак уни-да, Сўз айтишу, айбнинг порлаши Қайғули қовушиш тунида, Сукунатнинг ёрқин чорлаши. Хайрлашиш, яратиш доғи, Ўжар неъмат ижодий овоз. Зерикарли жуфтлик иттифоқи, Ва ғалаба қилинган парвоз. Дунё қандай чарх урар Раббим Бизлар заиф сўзлашганда боз, Хушланмаган манзар узра жим Шамойилим нафаси дилроз. Бул қорайган майсазорда зеб Ораларкан камситгувчи вақт Бас, фонийлик донин сидириб, Ғолибликни қозонар асфалт. Ҳамма нарса келар оз-оздан Яшаб қолинг — яшанг ва яшанг. Доирада айланингу шан Телба ишқда тобланинг дилтанг. Порланг доғу келган фурсатда, Ғам чироғи тортса барчани; Кифтингизни қоқиб зулматда, Эзиб ташланг барча нарсани. Мен уйғониб кетдим, қўлларим-ку йўқ, Шубҳали, аммоки бешта бармоқ бор. Кўзларда доира чизар қорачўғ Мен эса ухлабман бетийиқ такрор. Мен уйғониб кетдим иккинчи бора, Ҳаддан зиёд хавфли ухламоқ узоқ. Раббим пичирлайди: кўзни юмгин-да, Ухлай қол, мен яна ухлабман бу чоғ. Мен уйғониб кетдим, оёқларим йўқ, Кўксимга ёшларим оқади мил-мил; Уйғондим гулчамбар тутганлар қуллуқ, Кўзларимни юмдим о тағин бедил. Мен уйғониб кетдим ва бўлдим ғойиб, Бутунлай йўқ бўлдим — қайдаман ҳозир; Мен кўкдан қарайман ўрнимга сойиб, Унда нафсим ётар мўлтираб ғаюр. Мен уйғониб кетдим, о, мен жаннатда, Мен ила у ерда қалбим бор ёлғиз. Булутлардан пастда боқдим ҳайратда, У ёқда туганмас уруш бор эссиз. Боқийликни ўлимдан сўрамасман асло йўқ, Қўрқиб кетган тиланчи каби жовдирамасман, — Мен ҳар кунда яшадим, ҳаётга қилиб қуллуқ Қарадим келажакка орзу ҳамда ҳавасманд. Қирғоқларда мен учун кенгликлар эди ҳадя, Абадият нафаси, изғирин ҳамда шамол; Деразадан булутлар ўтиб борар ҳар баҳя, Сингиб умрим кўкида муваққат, енгил алҳол. На куз, на ёзда асло ўлмагайман боякбар, Қишнинг чойшаби о, боз поёндоз ёзганда ҳам; Пучмоқларда ҳайтовур солганча пушти зафар, Ўргимчак тўри каби ёяркан севги олам. Эзилган тартанакдай ичимда алланарса, Ғалати ғимирсилаб юриб ўтаркан бебахт; Унимни чиқарганча, қўлим силкийман ҳарса, Чўзилганча ўртада ҳорғин нафас олар вақт. Ҳа. Вақт — ўз тақдиримиз, қисматда битилган ҳақ, Баландроқ қичқирамиз афтодаҳолу ҳорғин; Ҳа. Вақт-ла сўйлашамиз, гурунг сотганча чақ-чақ, Лекин у сукунат-ла, жавоб беради толғин. Ойнадан учиб ўтар ва оловдай липиллар, Учиб ўтар саросар очкўз бир махлуқ каби; Дарё-чи, шовуллайди, чорлаб кимдир шивиллар, Оловли қўнғироғим — Петербургим сингари. Етар, вақт мен ҳақимда, сўз айтмасин беҳуда, Бебош шамол йиғласин мен йўқман о, ниҳоят. Лекин яҳудий нуқси урган қабрим устида, Ёш бир ҳаёт қичқирар кўрсатганча қатъият! 1961/2022 Монастр боғидан ўтди сирриқиб, Бўшлиққа ёпишиб қолди сўнг беҳол, Сувга тушди, ортга қайтди интиқиб, Бесабр атрофга қаради не ҳол. Ҳайҳот порлоқ бешта гумбаз устидан, Қулаган дарахтлар тўнкасин кўрди; Майсалар гилами ям-яшил чиндан, Қуёш нурларини уларга бурди. Жигарранг тароғи билан таралиб, Монастр томлари сузилди сузук; Нурафшон ёғдулар кўкдан яралиб, Ўт-ўлан бошини кўтарди чўзиқ. Ва девордан кўкка қаради ҳайрон, Кимникига келган қизилсоч меҳмон. У эса йўлларни орқага ташлаб, Ҳасадин қўзитди қолган йўлларни; Сувга қайтиб келди, боғларни ошаб, Гумбазга тикилди ёқиб дилларни. Шу куйи жим қолиб ўйлади бир пас, Қайтиш тадоригин кўрмоқлик учун; Ҳали эртамикан, қайтмоққа хуллас, Кўкка кўтарилди о, тағин бутун. Кўрди борлиқдаги ҳамма нарсани, Тўлқинлар урилган шиддат қирғоқда; Ҳайратга қолдириб бирдан барчани, Қайтиш қандай бўлар ахир бу чоғда. Тўлқинлар ўзини қирғоққа отди, У парда тутдию зулматга ботди. Мен яна сайилни қиламан қабул, Ранго-ранг баргларни қайтишин қутлаб, Ўрмончи сингари юрганча мақтул, Сас-садо бераман атрофимга заб. Шаффоф барг учади ярим уйқуда, Эмандан то менинг эшигим қадар. Ариқни беркаман мустар, осуда, Ёмғир ўтлоқларга етади бадар. Бурқсийди мўрининг устида тутун, Қоронғу аралаш тонг уради барқ; Октябрнинг маъюс нигоҳи бутун, Нам туман ичида ғамга бўлар ғарқ. Шошадиган жой йўқ, топганман қўним, Бахтсизликда, юрак эркда хайрият. Ҳавони ютасан, кузатасан жим, Серрайиб боқади совуқ табиат. 5.10.1963. Комарово. Сузиб борар эди туманда қалин, Мен кема барида ўтирар эдим; Кофе ичиб, роман варақлаб бетин, Сокит айланарди ер шари лим-лим. Кема сузиб борар, туман-чи, оппоқ, Оқликка ўралган чор-атроф роҳи; Гўё сутда сузар кемамиз бу чоғ, Фақат қора шабдек мен ичган кофе. Денгиз бепоёндир. Туман зич, сўхта, Лангар ташлаб кема қўнар портга жим. Агар кема бўлса бу қора нуқта, Атроф самоватни оқартирган ким?! 1971/2022.
2022-12-16
http://nodirabegim.uz/archives/4969
– Муюлишда, қўлингда йирик икки пўртахол тутиб турасан, ёнингдан битта-яримта мошина ўтганда уларни узатиб табассум қиласан. Донаси – беш цент, учтаси – ўн цент, дўжнаси – йигирма беш цент. Ёдингда тут, доим жилмайишинг зарур, – деди амакиси Жек қаттиқ тайинларкан. – Айтганимдай қиласан, шундайми, Люк? Қани, бир кулиб қўй-чи. Зўр-базўр илжайди-ю, амакисининг юзидаги ифодадан ҳаракати зое кетганини пайқади. Қани энди бошқалардай шодон кулса; у руҳи баланд ва қувноқ кишиларга доим хавас билан қарарди. –Сенга ўхшаб лаб-лунжи осилган болани бирор ерда учратмаганман, – деди Жек. – Эшит, Люк… Кўзларига тик қараш учун амакиси Люкнинг қаршисига тиз чўкди: –Люк, агар кулмасанг, сендан пўртахол сотиб олмайдилар. Пўртахол сотувчи болалар доим табассум қилиши керак, бу ҳаридорларни қувонтиради, уларга ёқади. Амакисини диққат билан эшитаркан, унинг нима демоқчи эканини Люк жуда яхши тушунарди, чунки Жек ҳам худди ўзи каби тортинчоқ. Мана, ҳозир ҳам у қаршисида тураркан – худди бир замонлар отаси каби – оғир хўрсинди. –Люк, – деди у. – Жилла қурса бир марта кулишга уриниб кўр! –Овора бўлма, – жаврай бошлади амакисининг хотини. – Бунчалар қуёнюрак бўлмасайдинг, аллақачон шу қуриб кеткур пўртахолни кўчага олиб чиқиб, ўзинг сотиб битирардинг. Икки томчи сувдек бир-бирингга ўхшайсан – аканг ким эди-ю, сен ким. Кетидан қаро ергинага кирсанг бўлмасмиди, жойинг ўша. Шу аёлни деб уйда тинчлик йўқ, Люк ҳам жилмайишга куч топа олмайди. Доим уларни таҳқирлайверадиган аёлнинг бола қовоғини очиб кулишини исташига тушуниб бўлмасди. Жек отасининг туғишган укаси ва қайсидир томонлари уни эслатиб юборарди. Эҳтимол, шунинг учун аёл доим отаси савдо нималигини билмай ўлиб кетгани ҳам тузук бўлганини айтар. “Худонинг лаънати теккан ерда эмас, Америкадамиз. Одамларга қўшилишинг, улар кўнглини овлашга ҳаракат қилишинг зарур” – Жекка ҳамиша таъкидларди аёл. –Кўнглини овлаш?! Қандай қилиб уларнинг кўнглини оламан? – дерди Жек. Шу гапдан сўнг аёл аччиғидан таъналарни бошлаб юборарди: “Нодонсан, нодон. Агар қорнимда ҳомилам бўлмаганида, аллақачон Розенберг омборхонасига ишга ёлланар, сениям, боланиям боқардим”. Марҳум отаси каби Жек ҳам ғамбода эди. Ўзидан кўнгли тўлмас, яқинларини бахтиёр кўришни истарди. Шунинг учун Люкдан қовоғини очиб юришни сўрайди. –Бўпти, – деди Жек. – Яхши, яхши… Уйда ўн қути пўртахол бор, ейишга эса на сариқ чақа, на бир бўлак нон топилади. Энди кўча-кўйда ўтган-кетганга пўртахол тутқазиб ўтирайми? Ё бўлмаса, қутиларни аравага ортиб шаҳар дайдишим керакми? Бундан кўра очиқ мозорга кира қолай. Жекка ўхшаган ғамбода оламда йўқ, Люк амакисининг маюс тортиб қолганини кўриб ўзини йиғидан зўрға тияди. Атай қилгандек, Жекнинг хотини аввалгидан ҳам баттарроқ аразлаб йиғлар, йиғлаганда ҳам ҳазилакам эмас, ҳўнграб-ҳўнграб аччиқ-аччиқ кўзёш тўкар ва бу кўз ёши қайғудан эмас, гинахонлик билан тўкилар, бола, айниқса шу дафъа, атрофидаги ҳодисаларнинг бари нақадар даҳшатли эканини ҳис қилди. Аёл йиғларкан, тўланмаган қарзлар ва бирга ўтказган барча қора кунларини Жекка бир-бир писанда қилди, ҳали туғилмаган гўдак ҳақида эса “Яна битта савдойи кўпайса не наф?” деди. Кейин ўкириб полдаги қутидан икки пўртахолни чангаллаб чинқира кетди: –Ҳозир ноябрь, печкада бир бўлак кўмир йўқ! Бунақада муз қотамиз-ку. Уйдан гўшт иси келиб туриши керак. Ма, ол, ушла! Е пўртахолингни. Бўккунингча е! Жекнинг шу қадар руҳи тушиб кетдики, сўз демоққа мадори қолмади. У телбанамо тебраниб ўтираверди. Булар тағин Люкка кулишни ўргатмоқчи бўлишади! Жекнинг хотини қўлидаги пўртахолларни қўймай у бурчакдан бу бурчакка бориб-келар, йиғлаб бола ҳақида қайта-қайта гапирарди. Бироз ўтиб у тинчланди. –Қани, уни муюлишга элтиб қўй, – деди. – Балки чинданам пул ишлаб келар. Жек бошини ҳам кўтармади. Шунда аёл яна қичқирди: –Гарангмисан?! Уни муюлишга қўйиб кел, дедим! Одамларга кулиб қарасин! Қорнимиз оч! Атроф қабоҳатга тўла бўлсаю, биров бундан қандай қутилишни билмаса, яшашдан нима маъни? Мактабга боришнинг, ҳисоб-китоб ўрганишнинг, шеър ёдлаб, бойимжон чизишнинг ва шу каби бемаъни, беҳуда ишларнинг нима кераги бор? Уйқу вақтигача муздек хонада дийдираб Жек ва хотинининг жанжалларини тинглашнинг, тўшакка бурканиб йиғлаганча уйқуга кетишнинг, уйғониб тағин ўша мунгли осмонни кўришнинг, совуқдан қалтирашнинг, мактабга бориб нонуштада нон ўрнига пўртахол чайнашнинг нима кераги бор? Жек бирдан ўрнидан ирғиб туриб хотинига бақира кетди. Ўша қичқирганича уни, ортидан ўзини ҳам чавақлашини айтди; аёли устидаги кўйлагини белигача тилка-пора қилиб, боягидан бадтарроқ йиғлади: –Ҳа, бу кунимиздан ўлганимиз яхши. Ўлдир мени, ўлдир! Жек уни қучиб бошқа хонага олиб чиқиб кетди. Хонадан аёл йиғиси, Жекнинг чинакам гўдак, кап-катта-ю гўл болакай эканини бот-бот такрорлагани эшитилиб турди. Шундан кейин Люк анча пайтга довур ўша бурчакда қимир этмай турди. Қанча вақт ўтди – билмайди, фақат жуда чарчаб, очиққачгина стулга чўкди. Сени ардоқлаб севувчи бирор киминг, на отанг, на онанг бўлмагач, якка ўзинг бу дахри-дунда яшашингдан нима наф? Унинг ўпкаси тўлиб борар, аммо кўз ёшидан бир нима ўзгарармиди?! Ўлгани кунидан тиржайиб Жек чиқиб келди. –Бор-йўқ ишинг, – деди у, – қўлингга икки йирик пўртахол олиб, ўтган-кетган мошинага чўзиб жилмайиш. Бирпасда бутун бир қутини сотиб қўясан, Люк. –Жилмаяман, – деди Люк. – Донаси – беш цент, учтаси – ўн, дўжнаси – йигирма беш цент. –Баракалла, – қувонди Жек. Жек полдаги пўртахол қутисини кўтариб орқа эшик томон қадам ташлади. Қутининг оғирлигидан Жек иккиси кўчада имиллаб боришар, унинг тишни оқини кўрсатиб жилмайиш кераклиги ҳақидаги тавсиялари эса диққатни ошириб юборарди. Дарахт таналари аллақачон шип-шийдам бўлган, кўчалар маъюс ва аянчли. Ҳатто манави хушхўр, рангдор пўртахоллар ҳам бунда кулгили ва қайғули кўринарди. Улар машина оқими тинимсиз бўлган Вентура кўчасининг муюлишига етиб келгач, Жек қутини йўлкага қўйди. –Бир ўзинг турсанг яхши, – деди Жек. – Мен уйга кетдим, Люк. У яна тиз чўкиб боланинг кўзларига тикилди. –Ўзинг қўрқмайсанми Люк? Қош қораймай қайтаман. Шомгача икки соатча вақт бор. Қувноқ бўл, одамларга кулиб қара. –Кулиб қарайман, – такрорлади Люк. Шунда Жек, худди биров қувгандек, ўрнидан сапчиб турди-ю кўча бўйлаб илдам жўнади. Люк бир жуфт катта-катта пўртахолни танлаб олиб, ўнг қўлида боши узра кўтарди. Ўхшамади. Аллақандай ғайритабиий эди. Илкингга икки пўртахолни тутиб, бошинг узра кўтаришдан, ўтган-кетган йўловчига жилмайишдан нима наф? Шаҳардан кўчанинг у турган тарафига илк автомобиль бурилгунча аср ўтгандек бўлди. Машина яқин келди. Рулдаги эркак кўринди, орқа ўриндиқда эса икки боласи билан аёл ўтирарди. Оғзи қулоғига етиб илжайди, бироқ улар тўхташ ниятида экани сезилмагач, қўлидаги пўртахолларни силкитиб йўл қошига чиқди. Уларнинг юзини жуда яқиндан кўрди ва иложи борича оғзини катта йириб жилмайди. Машина тўхтамай ўтиб кетди, йўловчилар эса унга жавобан ҳатто кулиб қўйишмади ҳам. Машинадаги қизча, худди ифлос нарса олдидан ўтиб кетаётгандек, ҳазар қилгандай юзини жийирди. Сиз кишиларга табассум қилсангиз, улар эса афтини бужмайтирса, муюлишда туриб, уларга пўртахол ўтказишга ҳаракат қилишнинг нима кераги бор? Дунё давлатманд ва бечораҳол кишилардан иборат, мушакларга зўр бериб жилмайишдан нима маъни; бойлар еб-ичади, ўйин-кулги қилади, фақирларнинг егани ҳеч вақоси бўлмайди, доим жанжаллашадилар, “ўлдир мени!” деб бир-бирига қичқирадилар. У қўлини тушириб, бошқа кулмади. Ўт ўчириш кранига, сув оқар тарновга қаради, икки тарафида қатор уйлар жойлашган, одамлар кириб-чиқиб юрган Вентура кўчаси бўйлаб кўз югуртирди… Кўчанинг охири қишлоққа уланиб кетган, кейин узумзор, мевазор боғлар, дарё, яйлов ва тоғлар келади, тоғлардан ўтиб яна янги шаҳар, уйлар, кўча ва одамлар… Йиғи томоғингга тиқилганда юзингни ўт ўчириш кранига бурсанг, бу дунёда яшашнинг нима кераги бор? Кўчада яна бир автомобиль кўринди ва Люк тағин қўлидагини кўтариб жилмайди, бироқ машина яқинроқ келгач кўрдики, ҳайдовчи унга қарамаяпти ҳам. Беш центга бир дона пўртахол олиб ейишлари мумкин. Нон ва гўшт тановвулидан сўнг бир-икки бўлак тотинишлари, пўстини арчиб, ажиб исидан бахраманд бўлишлари, кейин шунчаки паққос туширишлари мумкин. Уловларини тўхтатиб, ўн центга уч дона олишса бас. Яна бир машина ўта бошлади, бола жилмайиб қўл силкиди. Уловдагилар унга эриниб боқдилар. Уларга кулиб қарашнинг нима кераги бор ўзи? Агар ўтиб кетаётиб, ҳеч қурса жавобига жилмайиб қўйишганда ҳам унга бунча алам қилмасди. Жуда кўп машина ўтди, шунда бола ўтирволди, бошқа ҳечам кулмаслик лозим эканини тушунди. Амакиси унга нима деган бўлса деди, аммо одамларга пўртахолнинг кераги йўқ, ҳеч бир табассум уларни чорлолмайди. Болани эринчоқ нигоҳларидан ўтказиб, йўлларида давом этаверадилар. Кун оғиб, қиёмат қойим бўлгандек туйилди. У маҳшарни шу аҳволида, ўтган-кетган йўловчига жилмайиб, қўлидаги пўртахолни боши узра силкитиб кутиб оляпти. Наҳот, шу муюлишда туриш учун, одамларга пўртахол узатиб кулиш учун дунёга келган бўлса?! Ҳамма нарса қоронғи ва бўм-бўш, у эса лунжи оғригунича жилмаяди, жавобан қилинган муносабатдан кўнгли ўксийди. Ахир зум ўтмай олам қоронғиликка чўмиши, охир замон келиши мумкин, Жек амакисини ҳам, унинг хотинини ҳам тўнғиз қўпади, барча кўчалар, уйлар ва кишилар йўқ бўлиб кетади ва ҳеч нарса, на бир жон, на бўм-бўш кўчалар, на бир қора тортилган дераза, на ёпиқ эшик қолмайди – чунки одамлар пўртахол олмайдилар, чунки болага кулиб қарамайдилар…
2023-01-18
http://nodirabegim.uz/archives/5030
ўн иккинчи бора урилади бонг еру кўк чайқалур унинг зарбидан чорлагай бўшлиқни ёргувчи садо, сукут даргоҳида кимдир сур чалар… томади муаллақ қумсоатларнинг лабидан охирги титроқ зарраси, сузарсан ёдингда қолмагай соҳил ва тушлар кўрасан номаълум муддат ва қайсидир тонгда, бегона соҳилда очарсан кўзинг. Талон этар қалбни беҳис туйғулар Хаёл завол топар, тасаввур-бўшлиқ. Руҳ сассиз ўлкага ҳижрат айлагай Ичкаримда сўзлар, исми бегона Милтиллаган чўғдай мавжуддир ишқ ва умид бордир, қайта унишга гул-гул Тушларга-да якун битмаган Ишорат бор сенинг кутмоқликга ҳам Сукунатнинг ширин нағмасин тинглаб Сориа Мовий тоғлар бағрида бинафша далалар ичинда Сен ҳақингда қанча туш кўрдим Гуллаган адирлар устида Гвадалквивирнинг сокин қўйнида тилларанг апельсин рақсларни… Кумушранг далалар Кулранг чўққилар, қирмиз қоялар Дуэро жимирлаб оқар Сорианинг озод кенгликларида. Минг йиллик эманлар Серунум туроқ ва рангин тоғлар Таниш йўллар, ва ёввойи тераклар ҳиргоялари Барчаси Сориа мўжизасидир, Айтилмаган қадим ривоятдайин Бугун эса юрак тубида Изтироб туйяпман, Ишқ изтиробин. О, Сориа кенгликларида тошлар каби туш кўргандекман. Мен-ла бирга кетинг Кумуш далалар, Кулранг чўққилар, қирмиз қоялар… Қай мусаввир чизмиш Қоялар орасинда Соҳир тушлар рўёбларини, олтинранг гуллару мовий розмаринларни Қай мусаввир чизмиш Тоғларнинг бинафша хаёлларини уфқларнинг заъфарон сувратларини кимсасиз кенгликлар ичра тошларда ёрилган дарё сувларин, майсазорлар, пушти бодом гулларини ҳам?
2021-01-26
http://nodirabegim.uz/archives/3658
Учиш майдонига иморат солма Майли қолсин даштдек яланг, занг. Учиш майдонига иморат солма У ягона сенга аталган. Майли раҳм қилиб кимдир ачинсин Қашшоқ, гўл деб кулсин оломон. Бироқ чопиш, тезлик олиш, учиш-чун Сенга зарур даштдек бўш майдон! Азоблаб давола, ғамдан малҳам қўй, Ғуссали наво-ла қаро бағрим ўй, Ўтмиш бўлиб қатл эт, армон бўлиб эз, Тинчим ол тоабад, ором етган кез. Аммо бил, жароҳатга бармоқ урган пайт Қўлинг ҳам, кўнглинг ҳам пок бўлмоғи шарт! *** -Севгим тилайсанми? -Тилайман. -У нопок. -Бер, нопок холича олай ман. -Шошма ,мен кўрай фол… -Бемалол. -Ва сендан сўрасам… -Сўрайқол. -Эшигинг гар қоқсам? -Очаман. –Чақирсам? -Ёнингга шошаман. -Қайғу тушса бошимга? -Менинг қайғум. -Гар ҳиёнат этсам? -Авф этгум. -«Куйла!»-деб буюрсам -Куйлайман. -«Қўйма дўстинг уйга!» -Қўймайман. -«Жон ол»-десам агар — Оламан. -«Ўл!» десам -Шу онда ўламан. -Ғарқ бўлсам қошингда… -Қутқарай. -Азоб берсам? -«Ох!» демай дош берай. -Девор чиқса йўлингдан… -Бузаман. -Тугун тутса кўлингдан? -Узаман. -Узгайсан юзтасин? -Юз мингин! -Демак севгим истайсан? -Ха, севгинг! -Етолмайсан унга! -Нечун, айт?! -Мен қулни севмайман, -Кечир, хайр! *** Кўнглимизга яқин аёл хатлари… Завқ бергансиз бизга беҳисоб, бироқ Сиз туфайли маҳзун қалб жарохатлари Етказажак азоб юз чандон кўпроқ. Вақти етиб сўнса қалбда эҳтирос, Ё қатъий онг хукмин сиз этиб адо, Хислар тутқунидан бўлсангиз халос, Ўтли туйғуларга айтгач алвидо Мактубларин қайтиб беринг ўзига, Ёки қўлга олманг уларни зинҳор. Минг куйинманг, ўтган умр қайтмас изига Сўнгги пушаймондан озор бор бисёр. Эриниб, истеҳзо аралаш кулиб, Бошлайсан, гўё бир ўткинчи эрмак. Тугатасан рашк ғазаб ўтида куйиб, Ё дардли соғинчдан ўртаниб юрак… Эски портфелимда даста хатларинг Нима мажбур этар йиллаб сақлашга? Гоҳ боқсамда уларга кибр-у мазах-ла, Нечун қўлим бормас ўтга ташлашга? Вақт –хакам хукмига келтирдим имон: Бу нурсиз сатрларда ростдан кўп ёлғон, Гўдак алжишидай бенаф, бесамар… Аммо улар мен учун азиз, мўътабар Бевақт хазон бўлган, бебахт, жувонмарг Ёшлигим қабридаги сўлғин гулчамбар! *** Гўзалдир биз учун қуйилган шароб, Биз учун тандирга кирган нон ширин, Ёр хажри қанчалар берса ҳам азоб Васлида қанчалар лаззат яширин. Аммо қандай атай совуқ самода Фазовий сукутда ёнган шафақни? Қай бир сўз, қай фикр этар ифода Ўлмас сатрлардан келган завқ-шафқни? Ўпиб қучолмайсан, еб ичолмайсан, Сония кетидан дақиқа қувар. Ночор кузатасан, тўхтатолмайсан Мавҳум интиқлик-ла умринг ҳам ўтар. Худди ўйинини ташлаб ўспирин, Ҳовуздаги қизга кўз тиккан каби. Ҳали билмаса-да муҳаббат сирин Нотаниш истакдан ёнгандек қалби. Ёки қачонлардир ажрикзорларда Ночор алам билан чеккандек фарёд, Шиллиққурт, елкасидан минг азобларда Ўсиб чиқар экан бўлғуси қанот. Асрлар ўтаётир, “худойим қачон?!” Табиат ва санъат тинмай тиғ урар Руҳ азобда тўлғонар, фиғон чекар жон Олтинчи сезгига аъзо ясалар…
2021-12-02
http://nodirabegim.uz/archives/3724
Азизим, қалбим шикаста Сўзларим ҳазиломуз эмасди Юрагимни менгзаган чоғим Кўз ёшлардан намиққан Гугурт қутисига. Кўзларим –қум соат Вақт отилиб югуради уларда Йўл соларкан олдидан ҳар сафар Ишқнинг сояси. Шу сабаб уринмагин ҳеч Ролини ўйнамоқ учун Ой тулпорида мени йўқлайдиган Тунги рицарнинг. Мен толиққанман кунгабоқардек Яшашдан осмонга мудом термулиб Ва йўл кўрсаткичимни қилганман дафн Бошимдаги йўриқномалар Тутилмаслиги учун дудуқланиб Вақтга қўйилган бомбадек. Ҳар замон эрийди Танамни қоплаган муз Мени тирик сақлайди ўша Ўликни янгидек сақлаган каби. ( Мен айландим Ўзим ҳеч нарса билмаган Партиялар аъзосига. Шунчаки биродарларим Сўрашгани учун улар билан Ўтказишимни вақтимни кўпроқ Қатнадим митингига коммунистларнинг. Нишонладим курдлар билан Наврўз айёмини Ва олов атрофида ҳиндлардек Рақс тушдим уларга майл билдириб. Иштирок этдим Ўзим мутолаа қилмаган Китоблар ҳақдаги баҳсли йиғинда. Боиси менга ёқарди Сигарет тутатмоқ ниятида Сездирмай панага ўтиш хумори. Туҳфа қилди қисмат Менга беҳад алаҳсирашлар Худди туш таъбиридек уларни Бошқаларга сўзлаб беришим учун… Ҳақиқат эса шундаки Интилган чоғда барча одамлар Бўм-бўш қалбимга яқин бўлмоққа Мен қайғурмайман Бу таъбирнинг оқибатин ўйлаб Аксинча каминага қилар кифоя Ҳис қилиш лаззати ҳақда қайғурмоқ. Алаҳсирашларим Бебаҳра қолмас ноз-у ишвамдан Бўйнилари силаб-сийпаланади. Чорлайман уларни барча Шеърият кечаси тадбирларимга У ерда олдинги қаторда Худди яқин дўстларим каби Ўтирмоққа бераман изн. Улар эшитишмаган- шубҳам йўқ Кўрнамаклик ҳақида бирор луқма, сўз Шу боис айтмоқлик орқали Мен унутдим деб юрган ҳикояларни Рақс тушмоқлик баҳонасида Келажагим зиналарида ўтмишим ила Туғилган заҳоти биринчи имкон Менга тож кийдирмоқни ният қилишади Ва ҳис қилишади Танамдаги музнинг пульсини Мизғиб қолмаслик учун Хиргойи қилишни бошлашади Қайсар хонишларини рўпарамда.
2021-10-03
http://nodirabegim.uz/archives/3830
Ҳикоя I Петербургга келишимдан аввал эски мухбир дўстим Страмклавовни учратиб қолдим. Ундан ҳам сўнгги кунларда мени аллалаётган фикр ҳақида сўрадим: – Страмклавов! Оғайничалиш, мен ҳам машҳур бўлишни истайман. Нима маслаҳат берасан? У бош ирғаб, чўнтагидан тамаки олди ва бармоқлари билан эзиб, майдалаб қоғозга ўради, лаблари билан хўллаб ўради. Попирисини бир тортдию бақувват оёқларини йириб, бир қўлини белига ўтказганча кўзларини бир нуқтага тикиб жавоб берди: – Бу замонда кўплар машҳур бўлишни истайди, дўстим. – Мен “кўплар” қаторида турадиган одаммасман, – дея гапини оғзидан олдим, – Васильевнинг асл исмини билмаган бир ёзувчининг Максимовичга айланиб, айни пайтда Кандибин каби ҳаёт кечираётганига, тўғрисини айтсам, одам ҳар куниям дуч келавермайди. Бу аччиқ сўзлар ҳақиқатлигига иккаламиз ҳам аминмиз. Ўйлаб кўр, бундай пасткашлик нимадан, турган гап, ёлғондан… – Сен кўпдан бери ёзасанми? – жиддий оҳангда сўради у попирисини ўчираркан. – Нима ёзармишман? – Ҳа, нима ёзсанг – ўша-да! – Мен ҳеч нарса ёзмайман. – Ҳа, демак, бошқа касбга ўтгансан. Нима, Рубенс бўлмоқчимисан? – Менинг қайсидир созни чалишга ёки нимадир ижро қилишга қобилиятим йўқ, – дедим маҳзунланиб. – Нимага қобилиятинг йўқ? – Сен айтаётган одам бўлиш учун, ким дединг, ҳа, ўша, қўшиқчи… – Э, ҳа, оғайни, энди ҳаммаси ойдинлашди. Рубенс қўшиқчимас, рассом-ку, ахир. Суҳбат қизиб кетганидан ўзимни доно кўрсатиш учун қанча уринмай рус рангтасвир усталарининг биронтасини на исмини, на асарини эслай олдим. Унга ҳеч ким билмайдиган бир ҳақиқатни очиқладим: – Ёзувчи бўлиш… Аммо мен оддий қоғозга иккита сўзниям эплаб ёзолмайман. – Майли, бу муҳиммас. Ўзингни қайсидир театр томошасининг қаҳрамонидай ҳеч тасаввур қилиб кўрганмисан? – Ҳа, хаёлимдан ўтган. Қачонки ўзимни саҳнада тасаввур қилсам, асар қаҳрамони бўлган актрисага севгимни изҳор қилаётган бўламан, овозимда шундай шиддат бўладики, бу учун мен ундан театр тугаганидан сўнг гўзал изҳорим ва камига пианино чалганим учун бир шиша исқотининг пулини ундирардим. Иннайкейин, шу десанг, театр раҳбари агар кўчада пианино чалсам, айтган нарсамни муҳайё қилишларини, саҳна – бу ҳақиқий ҳаёт эканини тўлқинланиб гапиради ва мени залдан ҳайдаб чиқаради. – Демак сен нима қилиб бўлса-да шуҳрат қозониш ва маишат қилиб кун кечиришни истайсан? – Истайман албатта! Бироқ, ёдингдан чиқарма, мен тўғри ёзишни ҳам эплолмайман. Стремклавов бўйнининг орқасини қашлади ва ҳар доимги ғалати одатини бошлаб юборди: гугурт қутисдан битта чўп олди, белидан синдирди ва қоғозга ўраб саватчага ирғитди, чўнтагидан эски соатини чиқарди, сўнгра кўзлари билан нималарнидир чамалаб, деди: – Хўп, сени машҳур қила олишнинг бир йўли бор. Ўзимга балли, ахир бу жуда зўр ғояку, – у ўзидан фаҳрланганча ёқасини чертиб қўйди, – сен Рубенс билан Робинзон Крузони бирлаштирасан ўзингда ва қарабсанки тайёр театр қаҳрамонисан – бир тарафдан бу сени жуда самимий ва покдил кўрсатади ҳаммага. У гапини тугатар экан дўстларча қўлимни сиқди, ўша вақтда унинг доҳиёна миясида менга кўмак бериш учун яралган фикр янада мукаммалаша бошлади. II Эртасига эрталаб икки газетанинг “Адабиёт янгиликлари” бўлимидаги бир сатрга кўзим тушди: “Машҳур Кандибиннинг саломатлиги яхшиланмоқда”. – Буни эшит Стремклавов, – ёнига югуриб борганимдан халлослаб гапирардим, – бу ерда нега яхшиланмоқда деб ёзишган? Ахир мен касал эмасман-ку! – Шундай қилиш керак, – у қатият билан сўз бошлади, – сен ҳақдаги илк хабар шов-шувли бўлмоғи лозим. Кимдир ҳақидаги оддий хабар оломонни қизиқтирмайди. – Улар билишадими Кандибин кимлигини? – Йўқ. Лекин энди бундан кейин улар сен ҳақда кўпроқ қизиқишади, ҳаммаси бир-бирига хабар беришади: “Машҳур Кандибиннинг аҳволи аста-секин яхшиланмоқда”. – Агар улардан бирортаси сўраб қолсачи: “Кандибин ким?” дея? – Асло йўқ. Сўрашмайди. Улар буни табиий ҳолдек қабул қилишади: “Билмадим. Билганим шуки унинг аҳволи оғир”. – Дўстим, бу-ку яхши, аммо улар буни истаган пайти унутишлари мумкинку. – Унутишлари ҳақиқатда бор гап, бироқ, эртасига газетада яна янги бир гапдан бохабар бўлишади: “Бизнинг буюкимиз…”. Тўхта, сен ўзи ким бўлишни истайсан? Ёзувчими ёки рассом? – Ёзувчилик тўғри келса керагов. “Бизнинг буюкимиз Кандибиннинг саломатлиги бугун янада оғирлашди. Ўтган куни у бор-йўғи битта қотлет ва иккита қайнатилган тухум еган холос. Ҳозирда тана ҳарорати 39.7.” – у мен ҳақдаги кейинги янгиликни тўлқинланиб, овозини баланд қилиб ўқирди. – Ҳа, тушундим шекилли, бу хабарга суратим керакми? Стремклавов, – Ҳали эрта. Мени маъзур тутгайсан дўстим, котлет борасида янги маълумотлар тўплашим керак, – дедию бир сонияда кўздан ғойиб бўлди. III Мен катта қизиқиш билан ўзимга янги ҳаёт излардим. Газеталарнинг узундан-узун хабарларидаги умримда эса аста-секинлик билан, кундан-кунга тузалиб борардим. Ҳароратим тушиши билан кўплаб котлетларни паққос тушурганим, тухумни ҳомлигича юта бошлаганим ҳақидаги янгиликлар тарқаларди ҳар соатда. Ваниҳоят, не кўз билан кўрингки, мен тузалдим, тузалишим билан ҳатто бир можарога ҳам қўшилиб қолдим. “Ўтган куни, соат чамалар пешинги бешлар атрофида, – бир газета ёзарди, – шаҳримизнинг марказий вокзалида дуелга сабабчи бўлган уруш юзага келган. Машҳур Кандибин истефода бўлган генералнинг рус адабиёти борасидаги ҳақоратомуз сўзлари учун жаҳл устида дуелга чорлаган. Рақиблар бир-бирига ёзма келишув ваъдасини тақдим қилишган.” Бу мақола ҳамма жойда катта шов-шувга сабаб бўлди. Муҳбирларнинг бири “Рус адабиётини асраш менинг бурчим деди Кандибин”, – деса, яна бири ҳаттоки, “Адабиёт учун жонимдан ҳам кечишга тайёрман, деди адиб Кандибин”, – дея ёзарди. Бир газета эса бу воқеликка тасаввур қилиб бўлмас даражада ўзгача ёндошди: “Келишмовчиликлар мўл ўлкамизда Пушкин ва Дантеснинг адабий тарихи янгидан такрорланажак. Яқин кунлар ичида машҳур Кандибиннинг пешонасига қайсидир генерал Ч.нинг ўқи жойланажак. Табиийки, кўпчилигимизда бир савол пайдо бўлади: – Бу адолатли ишми аслида? Бир томонда буюк адиб Кандибин, бир томонда эса ҳеч ким танимайдиган генерал Ч.” “Ишонамизки, – яна бир газета ёзарди, – Кандибиннинг адабий давра дўстлари уни бу дуелдан воз кечишга кўндирадилар. Дуел бахтсиз тугайдиган тақдирда генерал Ч. билан ўзининг дуелга чиқишига онт ичгани тўғрисидаги Стремклавовнинг (ёзувчининг яқин дўсти) бу хабари катта қизиқишларга сабаб бўлмоқда”. Менинг ёнимда эса охири кўринмас муҳбирларнинг карвони пайдо бўлганди: – Жавоб берсангиз, – тинмай савол ёғдиришарди, – генерални дуелга чорлашингизга нима сабаб бўлди? – Ахир, янгиликларни кузатмайсизми, у улуғ рус адабиёти ҳақида ёмон сўзлар айтган. Рус адабиёти ҳаёсиз, Айвазовский эса истеъдодсиз бир қораламачи экан унинг айтишича. – Ахир Айвазовский рассомку! – муҳбир ҳайратдан чақчайган кўзлари билан гапимни кесди. – Фарқи йўқ. Буюкларнинг ҳаммаси бир бирига ўхшаш, – паст овозда жавоб қайтардим. IV Бугунги янгиликларга кўра, генерал Ч. орсизларча дуелдан бош тортган, мен эса узоқ олишувлардан кейин дам олиш учун Ялтага кетибман. Стермклавов ила учрашар эканман бу ғайритабиий янгилик ҳақида сўрадим: – Жонингга тегдим шекилли, мени бу ерлардан қувиб юборибсан сўнгги хабарда? – Бу бўлиши керак бўлган иш, дўстим. Энди халқ сен ҳақдаги янгиликларни бир муддат билмагани яхши. Бу хабар ҳам ажойибку, қара: –Кандибин яқинда бошлаган янги асарини жанубнинг ғайриоддий табияти қўйнида якунламоқ учун Ялтага кетмоқда.” – Тушундим шекилли. У ёқда қайси асарни ёзар эканман? – Пъеса ёзасан. Номи: “Ўлим остонасида”. – Аниқ биламан, театрдагилар бу асарни саҳналаштириш учун мендан сўраб келмайдилар. – Шу ерида адашдинг, албатта сўраб келишади. Сен эса айтасанки, асаринг сени қониқтирмаган, унинг уч қисмини ёқиб юборгансан. Бу уларга салбий таъсир кўрсатади албатта. Бир ҳафтадан сўнг эса эшитишимча Ялтада бошимга ёмон бир ташвиш тушган: палма дарахтига чиқаман деб, оёғимни синдирибман. Товуқ гўштидан пиширилган котлет ва тухум ила тутган парҳез борасидаги узун ва зерикарли тарих қайтадан бошланди. Сўнгра эса яна тузалдим, бу сафар эса Римга йўл олдим… Охирги пайтлардаги хатти-ҳаракатларимда маъно ва мантиқ йўқлигидан азият чекардим. Венецияда вилла олсам ҳам у ерда яшамасдан “Камбағал ҳаёт” комедиясини битказиш учун Британияга йўл олдим. Британиядаги уйимда чиққан ёнғин сабабли барча қўлёзмаларим кулга айланди ва шу сабабдан Нюрнберкка кўчиб кетиб, ёлғиз яшай бошладим. Чеккан маънисиз изтиробларим ва самарасиз пул сарфлари мени шунчалик бездириб юбордики, Стремклавовнинг ёнига қайтиб ғазаб билан сўз очдим: – Чарчадим саёҳатлардан. Юбилейим бўлишини истайман! – Яна қанақа юбилей? – Ижодимнинг йигирма беш йиллик юбилейи! – Йигирма беш йил жуда кўп. Сен ахир бор-йўғи уч ойдан буён Петербургдасан. Ўн йиллик юбилей қилишимиз мумкин, розимисан? – Розиман, – дедим. Ичимдан “Тўғри, тадқиқ қилинган 10 йил маъносиз яшалган 25 йилдан анча қадрли” деган ўй кечарди. – Сен худди Толстойдек ўйлайсан! – столдан бош кўтараркан ғайрати жўшиб кетди Стремклавовнинг. Мен эса ундан ҳам ғайратим ошиб гапира кетдим: – Ҳаттоки, ундан ҳам аъло ўйлайман! Сабаб мен Толстой ҳақида бирон нарса билмайман, у эса мен ҳақда ҳамма нарсадан хабардор! V Ўша кеча адабий ва илмий-маърифий фаолиятимнинг 10 йиллигини нишонлардим. Тантанали маросим вақтида бир устоз адиб (исмини ҳам, фамилиясини ҳам билмайман тўғриси) мен ҳақда нутқ сўзлади: – Сиз ёшларнинг юксак ғоялари асосчиси, туғма талант ва олий адабиёт вакили сифатида ҳаммамизнинг ҳурматимизга лойиқсиз, мен эса шунчаки икки оғиз сўз айтмоқ истайман холос, у икки сўз юракларимизнинг энг тубидан отилиб чиққан ва биз эшитмоқни истаган сўзлардир. – Салом, Кандибин! – Салом, – мамнун алфозда самимият ила жавоб бердим. — Яхшимисиз, жаноб? Ҳамма мени топганидан севинчи ичига сиғмай гоҳ бу юзимдан, гоҳ у юзимдан тинмай ўпарди.
2021-03-22
http://nodirabegim.uz/archives/3891
Осмонни ўлчадим қаричим билан қўлларим толса‑да тўхтамадим ҳисоблашдан. Охирига етай дегунча йўқ сонларни яратдим ҳеч ким билмас. Менинг қаричларим тугаб қоладигандай билмасдан бу ҳисобнинг ечимин. Ахир, умрим осмон сингари ўлчовсиз эмас… Бошимни бурсам ҳам қай тарафга, кўз олдимда ― сўроқ белгиси. Қайғу томир отди юракка, жавобларни келар билгиси. Йўл йўқ! Қилинмаган ҳавола. Излашга вақт оз, етмайди фурсат. Умрнинг тили лол, сассиз, начора. Сукут осондир, фақат. Тақдир жигаримни кетган майдалаб, урвоққа айналар сўнгги умид. жавобин топмоқлик ― тириклик талаб, бадар кетмаслик‑чун бемаврид. Сўроқ белгилари элтар сен томон, Сен томон туташдир сўқмоқлар, йўллар. Жавоб нелигини билиб яшаган Осонми? Қийинми? Бергил бир хабар… Барча саволларнинг жавоби сенда, Бироқ сен меники эмассан… Аттанг!.. Саволга мос жавоблар ясайман урвоққа айланган умиддан… Бошимни бурсам ҳам қай тарафга, Сўроқ белгиси ― кўз олдимда… Ичимдан қушлар учиб чиқади ― бузиб кўксимдаги қафасни. Юраккинам йиғлади: “Қайтар!” дея бир тўда қушни. Тақдир чорлаб қочқинни, Мен шўрликдан яширар. Сирларимни фош қилди асранди қушлар… Айбимни излайман ўзимнинг, бўшаб қолган тўрга қўйиб бош. Чангин қоққаним билан кўксимнинг, юрак юпанмас… Бас кела олмайман тақдир кучига… Қайтадан қуш сақлайман, учиб кетмас! Ясайман энди қафас ичига яна бир қафас… Муҳаббат ― қирмизи кўйлаги ҳилпираб, бир товони тешиб юракни, инсонни беҳуш қилар қиз. Соғинч ― сўқмоқларда тентираб якунлай олмай юрган эски эртакни, парвойи фалак тентак. Яхшилик ― юпун чакмонини ёпиб эгнига, ўзидан ўзгани кўрадиган ортиқ, ҳассали бир чол. Адолат, сени қандай таъриф этайин, умримда бирор марта кўрмаган бўлсам? Кўзимни ёндириб қайнатар ёшни нур жойлашиб қорачиғимга. Нурланиб кетиб оёғим ости менга буюрган ёғду синиғи тушар (кўз илмас). Бир четидан тортайин деганимда бармоғим учида йўқолди элас… Бахт ― кўз ўнгимдаги нурдир бир қатим. Келар ўша нурга етмай яшагим… Қўрқаман… …бахтли бўлишдан…!
2021-09-04
http://nodirabegim.uz/archives/3951
Нонвойхонага кирганимда, бирорта нон кўринмади. Менинг эски дўстим бўлган нонвой: — Бироз кутиб турасиз энди, акажон. Икки-уч дақиқада тайёр бўлади, олиб чиқаман, — деди. Атрофимдаги стулга ўтириб кутиб турарканман, ичкарига кекса одам кириб келаётганини кўрдим. Унинг эскириб кетган камзулининг чап ёқаси остида бир медал ялтираб турар ва у юриш пайтида бир оз оқсоқланарди. Саломлашиб, новвойнинг пештахтасига яқинлашди: — Рухсат берсангиз, нонларимни олсам! Эгизакларим оч, — деди. Нонвой, чол узатган сумкани олиб, пештахта остига эгилиб, бир кун аввал ёпилганлиги билиниб турган 4-5 дона нонни у ердан олди. Мен бу орада ўтириши учун жойимни ўша чолга бердим ва пештахтага яқинлашдим. Нонларнинг бир қисмининг шакли ўзгарган, суви қочган ва тош каби қотиб қолганди. Мен нонвойдан сўрадим: — Нега унга янги нонни кутиши мумкинлигини айтмаяпсиз? Бир оздан сўнг тайёр бўлади, дегандингиз-ку! — У эскирган нонни ўзи хоҳлаб олади. Шўрлик жуда камбағал. Мен унга эски нонни ярим нархига бераман. — Бу мўйсафид ким? — У кореялик ғозийлардан. Ўғли ва келини йўл-транспорт ҳодисасида вафот этганидан сўнг, у эгизак невараларини ўз қарамоғига олган. Кўп йиллардан буён уларни боқади. Аммо маоши жуда оз. Нонвойнинг гапларини тингларканман, ичим ёнаётганини ҳис қилдим ва кичкина бўлса ҳам нимадир қилишни хоҳладим. Шунда новвойга секингина дедим: — Мен пулини тўлайман. Ҳеч бўлмаганда бугун янги нон ейишсин. Нонвой менинг таклифимни қабул қилди. Бироз вақт ўтгач, у тандирдаги янги нондан чолнинг сумкасига соларкан, эскирган нонларни пештахта остига қўйиб, чолга юзланди: — Бугун сизга омад кулиб боқди, амаки. Мен сизга набираларингиз учун торт каби мазали нонлар бераман, — деди. Чол болаларча меҳр билан қучоқлаган сумкасини кўкрагига босиб, эшикдан чиқаркан, менга ўгирилиб, деди: — АЛЛОҲ сиздан рози бўлсин, болам. Бугун уларнинг туғилган куни эди… Қизалоқ, афтидан, жуда бадавлат оиладан эди. Кафтидаги пул дастасини маҳкам ушлаб, жавонларни кўриб чиқаётганди. Бу дўкон шаҳарнинг энг катта ўйинчоқ дўкони. Жавонлари ҳамма қидирган ҳар бир нарса билан чексиз тарзда тўлдирилган дўконлардан. Қизалоқ жавонлар орасидан ўтаётганда йўлаклардан бирида тўхтаб қолди. Унинг тўхташига сабаб бўлган нарса чиройли юзи ва шойи бахмал кийими билан ажойиб тарзда ажралиб турган қўғирчоқ эди. Қизалоқ отасига ўгирилиб, қўғирчоқни кўрсатди. — Қўлимдаги пул ушбу қўғирчоқни сотиб олиш учун етадими? Отаси «Ҳа» дегандай бошини қимирлатиб қўйди. У қўғирчоқни қучоқлаб, йўлакдан ўтиб, касса томон юрди. Бу орада қизалоқ, худди ўзи сингари кичик бир болакайнинг отаси билан дўконга кириб келаётганини кўриб қолди. Болакай калта шим кийган, кўйлаги эса яхшигина эскирган эди. Болакайнинг қўлида бир неча доллар пул бор эди. У жавондаги ўйинчоқларнинг бири олдида ҳаяжонланиб тўхтади. — Мана, мен хоҳлаган ўйинчоқ, дада! — дея қичқирди у қўлидаги пулни кўрсатиб. -Етадими? Отасининг кўзлари унга боқаркан, «қўлингдаги пул ўйинчоқ учун етарли емас» дегандай ишора берди. Болакай кафтидаги пулларга қаради ва ўйинчоқни қайтариб жавонга қўйди. У отасининг қўлидан ушлаб, йўлакнинг охирига, бўяма китоблар жавони томон юрди. Қизалоқ қучоғидаги қўғирчоққа яна бир марта қараб қўйди. Кейин у болакай танлаган ўйинчоққа ўгирилди. У қучоғидаги қўғирчоқни ўз жойига қўйди. Кейин эса болакай ёқтирган ўйинчоқни қўлига олди ва отасига юзланиб: — Пулим етадими, дада? — деди. Отаси яна «Ҳа» дегандай бош ирғади. Сўнг кассага бориб, пулини тўлашди. Қизалоқ кассадаги эркакка нимадир деб пичирлади. Қизалоқ ва отаси бир оз чеккароққа ўтиб, кута бошладилар. Тез орада болакай ва унинг отаси қўлларида ранг-баранг китоб билан кассанинг олдига келишди. Кассир йигит: — Сизларни табриклайман, — деди ҳаяжонланиб, — Сиз бугун мингинчи мижоз сифатида совға ютиб олдингиз! У ўйинчоқ қутисини болакайга узатди. — Мўжиза! — деб бақирди бола. — Дада, биласизми, бу менинг энг кўп орзу қилаётган нарсам эди! Ота ва ўғил қувонч билан дўкондан чиқиб кетаётганда, ичкарида қолган ота қизалоғига юзланиб: — Қанчалар саховатпешасан-а, қизим! Бундай қарорга келишга сени қандай сабаб ундади? — деди. — Дада, менга бу пулни онам билан бирга берганингиздан сўнг, «Сени энг бахтли қиладиган нарсани сотиб ол» демадингизми? — Албатта шундай дедик, шириним! — Мен ҳам айнан шундай қилдим, дада. Айни лаҳзада ўзимни қанчалар бахтли ҳис қилаётганимни билганингизда эди?! 1994 йил 23 — мартда Роналд Опуснинг жасадини кўздан кечирган суд-тиббиёт шифокори уни бошига теккан ўқ туфайли ўлдирган деган хулосага келди. Роналд Опус жонига қасд қилиш ниятида, ўн қаватли бинонинг тепасидан ўзини пастга отган эди. У умидсизлигини ўзи ёзиб қолдирган қисқагина хатда изоҳлади. Бироқ, у тўққизинчи қават ёнидан ўтаётганда деразадан отилган ўқ унинг бошига тегди-ю, унинг ҳаёти шу ўқ билан ниҳояланди. Кўп қаватли бинонинг саккизинчи қаватидаги дераза атрофида дераза тозаловчиларни ҳимоялайдиган тўр бор эди; аммо марҳум Роналд Опус на қуролни кўрди ва на ушбу ҳимоя воситаси мавжудлигини билди. Шубҳасиз, агар ўша ўқ бўлмаганида эди, Опуснинг ўз жонига қасд қилиш ҳаракати муваффақиятсиз якунланар; у полга қуламай, саккизинчи қаватдаги ўша ҳимоя тўрига илиниб қоларди. У тўққизинчи қаватда йиқилмаганида, ва ниҳоят ўша ўқ бўлмаганида, эҳтимол, унинг ўлим сабабини ўз жонига қасд қилишдан қотилликка ўзгартирмаган бўлар эдилар. Бироқки, Опуснинг ўз жонига қасд қилишга уринишининг муваффақиятсизлигигина прокурорни унинг бу ишида қотиллик бор деб ўйлашига сабаб бўлди. Тўққизинчи қаватдаги тўппончанинг ўқи отилиб чиққан хонада кекса одам ва унинг рафиқаси яшарди. Улар жанжаллашишаётган ва эркак аёлни қурол билан қўрқитаётган эди. У шунчалик ғазаблангандики, натижада тепкини босиб юборди, аммо ўқ аёлни четлаб ўтиб, дераза томонга йўналиб, тўғри бориб Опусга тегди. Агар бирор киши А кишини ўлдирмоқчи бўлса, лекин Б кишини ўлдирса, у Б кишини ўлдиришда айбдор деб топилиши керак. Прокурор шундай хулосага келди. Шундай қилиб, тўққизинчи қаватдаги мўйсафид қотилликда айбдор эди. Бу айбловга дуч келган мўйсафид ҳам, унинг рафиқаси ҳам ҳайратда қолишди. Чунки у тепкини босганида, мўйсафид ҳам, унинг рафиқаси ҳам қурол ўқ узмаганига амин эдилар. Чол узоқ вақтдан бери бўш қурол билан хотинини қўрқитишни одат тусига айлантирганди. Буни хотини ҳам биларди, шунинг учун у чолининг таҳдидига қарши турмасди. Қисқаси, мўйсафид ўз хотинини ўлдириш ниятида эмас эди; у қуролни ўқланганлигини ҳам билмаган. Шундай қилиб, Опуснинг ўлдирилиши бахтсиз ҳодиса; қуролдан эса тасодифан ўқ отилиб чиққанди. Терговни давом эттириш пайтида, бахтсиз ҳодисадан тахминан олти ҳафтача аввал кекса жуфтликнинг ўғли қуролни ўқлаётганини кўрган гувоҳ пайдо бўлди. Афтидан, кекса аёл моддий томондан ўғлини қўлламай қўйган, ўғли эса отасининг онасини қурол билан қўрқитишга мойиллигини билган ҳолда, отасининг ўқ узишига умид қилиб, қуролни яширинча ўқлаган, чунки онасини қўрқитиб қўймоқчи бўлган. Унинг онаси вафот этади, отаси қотилликда айбланади ва давлат ўғлига қолади. Вазият энди шу даражага етдики, Роналд Опуснинг ўлдирилишида кекса жуфтликнинг ўғли айбдор бўлди. Айни пайтда прокурор олдида янги бурилиш пайдо бўлди. Терговни давом эттиришда, сўнгги олти ҳафта ичида ота-онаси бир-бирига қурол билан таҳдид қиладиган даражада баҳслашмагани ва шу сабабли онаси ўлиши мумкин эмаслиги сабабли ўғлининг умидсизлиги ошгани тушунилган. Бу, Роналд Опусни 23 — март куни ўн қаватли бинодан сакраб ўз жонига қасд қилишга ундади. Бироқ, онасининг ўлими у режалаштиргани каби бўлмади, аксинча, тўққизинчи қаватдан ўтаётган Роналд Опуснинг ҳаёти тугади, чунки отаси бўш деб ўйлаган қуролдан отилган ўқ унинг онасига тегмай, тўғри бориб, Роналд Опуснинг бошига тегди! Иш эса ўз жонига қасд қилиш сифатида ёпилди.
2021-02-05
http://nodirabegim.uz/archives/4005
Ўғлимиз Дарианнинг соғлиғи унинг ҳаётининг дастлабки йигирма тўрт соатида жуда яхши эди. Aммо касалхонадан чиқишимиз арафаси у негадир кўкариб кетаверди. Уни зудлик билан юрак жарроҳлик операциясига тайёрлаш керак эди. Дариан ҳолатининг жиддийлиги бизга аён бўлган пайтдан бошлаб, ҳаётимиз буткул ўзгарди. Ўзгарди; чунки бошқа иложимиз йўқ эди. Жарроҳ келиб, кўкрагини очишини кутиб ўтирарканмиз, ёрдамга муҳтож кичкина чақалоғимизни қучоғимизга олдик. Биз қатъиятсизлик, қўрқув, умидсизлик ва ғазаб денгизида тобора бўғилиб борардик. Унинг юзларидан қайта-қайта ўпарканмиз, бир-биримизнинг қўлларимиздан ушлаб олгандик. Муваффақиятли операциядан кейин уни яна ўпишимизга умид қилгаётгандик. Жарроҳлик амалиётини ўтказадиганлар гуруҳи келди. Улар Дарианга ғамхўрлик қилишга ваъда бериб, уни қўлларимиз орасидан олдилар. Жарроҳлик кийимидаги нотаниш кимса Дарианни олиб кетаётганда, юрагимиз эзилиб кетди. Бир-биримизни қучоқлаб йиғлай бошладик. Бизнинг муносабатларимиз ўша пайтдан бошлаб ўзгарди. Ўша лаҳзаларгача биз бир-биримизга бу қадар кучли эҳтиёж туймагандик. Чақалоғимизга нисбатан ҳис этганларимизни ҳеч ким тушуна олмас, биз ҳис қилган оғриқ ва қўрқувни ҳеч кимса ўзида ҳис қилолмасди. Биз бу болани тарбияламоқчи эдик. Бизни бир-биримиз билан боғлайдиган ришта бор ва у жуда мустаҳкам эди: бу Дариан эди. Гарчи ўлим бизга узоқдан назар солиб, ўғлимизга соя солса-да, биз Худога ибодат қилишга ва бизни кечиришини сўраб йиғлашга журъат эта олмадик. Дариан ҳақиқий жангчидек операциядан омон чиқди. Aммо бир неча кундан кейин юрак фаолияти тўхтади. Касалхонадан чиқиб кетишни кутаётганимизда у яна операция қилинди. Шундай қилиб, касалхонада ўттиз олти кун ётдик. Вақт ўтиб борар, ҳаёт эса тез, вахшийларча ва назоратсиз тарзда эди. Дарианни уйга олиб кетганимиздан уч ой ўтгач, яна ҳомиладор эканлигимни билдим. Одамлар Худо инсонга ўз зиммасига оладиган нарсадан кўпроқ нарсани бермайди, дейишарди, лекин мен юкимнинг кўтариб бўлмас даражага етган деб ўйлай бошлагандим. Худо мени яна бир болани боқишим мумкин деб ўйлаганига ишонмадим. Иккинчи чақалоғимизни дунёга келтиришдан олдин, Дариан яна операция қилинди. У бу операциядан ҳам муваффақиятли ўтди. Сентябр ойида ўғлимиз Коннор туғилди. Aйни пайтда мен туғруқ таътилида бўлганим сабабли ўқитувчиликдан бир оз вақт танаффус қилдим. Мактабга қайтишимдан бир ой олдин биз Дарианни кардиологга кўрикдан ўтказиш учун олиб бордик. Шифокор бизга Дарианни кейинги ойда яна операция қилиш кераклигини айтди. Докторнинг унинг бошқа жарроҳлик амалиётига кирмайди деган хабари ўзимизни бир оз енгил ҳис қилишимизга сабаб бўлди. Ўн етти ойлик ҳаётида у тўртинчи марта операция қилиниши керак эди. Биз бутунлай тайёргарликсиз ушбу жарроҳлик амалиётига кириб бордик. Молиявий жиҳатдан биз уч ойлик туғруқ таътилини режалаштиргандик. Энди эса бир ойлик иш ҳақисиз таътилга чиқишим керак эди. Буни ҳал қилиш биз учун жуда қийин эди. Янги туғилган чақалоққа ҳам, Дарианга ҳам ғамхўрлик қилиш биз учун ўта қийин бўлди. Қандай қилиб бу кичкина юрак кўплаб операцияларга дош бера олади? У бундай синовлардан омон қолиши мумкинми? Қўрқаётгандик. Ушбу ҳақиқат эса ҳаётимизнинг одатий давом этишига тўсқинлик қиларди. Масъулият ва умидсизлик бизга салбий таъсир кўрсатди. Биз декабр ойида Рождествога яқинлашиб борардик. Байрам тантаналарида иштирок этмоқчи эдик, аммо Дарианнинг январ ойида операция қилиниши бизни Рождество байрамининг муқаддаслигини эслашга ҳам тўсқинлик қилди. Таътиллар эса ҳар доим бизнинг ҳаётимизнинг муҳим қисми эди. Шундай қилиб Робб Рождествонинг қутловларсиз ўтишини истамади. Ишдан кейин уни Рождество зиёфатига таклиф қилишганда, у дарҳол бу таклифни табиий қабул қилиб, розилик берди. Роббнинг базмдаги иштироки эса мени хурсанд қилди. Қисқа вақт бўлса ҳам, унинг хавотирдан холи бўлишини хоҳлардим. Ўша кеча Дариан ҳам, Коннор ҳам нисбатан тинч ухладилар. Робб келганида мен ётишга ҳозирланаётгандим. Юзи оқарган, кўзлари саросимага тушган ва титрарди. Мен нима бўлганини эшитишдан қўрқардим. -Паци, мен сен билан гаплашмоқчиман, — деди у тантанали ва самимий оҳангда. — Уйга қайтаётганда ғалати нарса юз берди. Машинани ҳайдарканман, мен Худо билан гаплаша бошладим. Нафасимни тутиб турдим. Робб билан мен илгари ҳеч қачон Худо тўғрисида гаплашмаган эдик. Жимлик ҳукм сурди. У гапираркан, мен диққат билан тинглардим. -Паци, мен Худога айтдимки, агар у бизнинг оиламиздан кимнидир олиб кетмоқчи бўлса, у Дариан эмас, мен бўлишим керак. Эримнинг кўзлари қон тўла идишга ўхшаб кетарди. У кўз ёшларини тиёлмади. Кейин ўзимни елкамга қўл теккандай ҳис қилдим. Мен фариштанинг юмшоқ ва хотиржам пичирлаганини эшитдим: -Дариан тузалиб кетади, хавотирланма, — деди у. Роббнинг сўзлари мени музлатиб қўйди. Мен бир лаҳза унинг кўзларига тикилиб қолдим. Кейин эса биз бир-биримизни қучоқладик ва бир оғиз ҳам гапирмадик. Бу турмушимизнинг энг муҳим дақиқаларидан биридир. Унинг маънавий ва илоҳий тажрибасини мен билан баҳам кўриш истаги бизни янада яқинлаштирди. У ўзининг руҳий оламига саёҳат қилишимга ва руҳиятини билишимга рухсат бергандай эди. Унинг ўғлимизга бўлган чуқур севгиси мени жуда ҳайратга солди. Ўғлимиз операциядан муваффақиятли ўтди. Кейинги йилларда Робб билан муносабатларимиз янада яқинлашди ва севгимиз янада чуқурлашди. Биз баҳам кўрган нарсалар нафақат ҳиссий яқинликни, балки маънавий яқинликни ҳам чуқурлаштирди. Бу бизни кучайтирди, бир-биримизга боғлади ва ҳаётга тайёрлади. Роббнинг фариштаси бизнинг турмушимизни янада мустаҳкам қилди. Тез орада биз Дариан бешинчи операцияни бошдан кечирадиган кунга яқинлашиб қолдик. Ўғлимиз ушбу операциядан муваффақиятли ўтолмади. У операциядан кўп ўтмай вафот этди. Ўғлимизни йўқотганимиз жуда ачинарли эди, лекин Робб билан бир-биримизга муҳаббатнинг ажойиб совғасини ҳадя эта олгандик. Дариан бизга муҳаббатнинг ана шу ажойиб совғасини инъом этганди. Aзоб чекаётганимизга қарамай, ибодатга, мўъжизага ва Худога ишонамиз. Энг муҳими, энди биз Дариан исмли кичкина фариштадан илоҳий ёрдам оламиз.‌‌
2021-05-18
http://nodirabegim.uz/archives/4052
Шундай дунёлар бор Ҳаво, ер ва фикрлар бир-бир Дўнар оёқ босилган қорга. Нурни эса ишғол этмас бирор бир куч, Бош-кети йўқ чегаралар-чи – вақтнинг измида. Биз – бани башар Қуёш нурин тезлигини тутиб олиш-чун Яшаяпмиз чой ўсимликлари ўсган далада. Ойга яқин бўлсин десак куртакларимиз Ва Тун рози бўлиши-чун биздан тоабад Уфқ сўралган дам зуҳр бўлса бас. Яқинлик керак, доим яқинлик. У кумуш барглар орасидан кўринаётган Юлдузлар танидан оқиб тушаётган тонг. Шундай дунёлар бор… *** Ҳеч ким тортмасин-да азоб, дард, ғулу Ҳеч ким тортмасин-да азоб, дард, ғулу Ҳолбуки сон-саноқсиз аёллар йиғлар пинҳона, Ўсиб борар сафи мазлумаларнинг. Сукут қамалида қолган аёллар Зарбдан кўкарган таналарин яширарлар Ҳорғин табассум билан. Шу кўйга солар уларни Биродарлик қўлин чўзган ножинслар Бу ҳол менгзар сассиз ёнаётган оловга. Ташқарида ёмғир. Дунё эса ёмғирсиз жой қидираётир.
2021-04-06
http://nodirabegim.uz/archives/4112
Бир ижодкорнинг услубини англаш учун уни бошқа бир ижодкор услуби билан қиёслаш яхши самара беради. Шунда икки ёзувчининг ижодий концепцияси, бутун ижодини ташкил этувчи идеясини англаш ҳам осонлашади. Шу нуқтаи назардан биз ушбу мақоламизда рус адабиётининг икки улуғ адиби Тургенев ва Чеховнинг бир бирига ҳамоҳанг ҳикояларини қиёслаш орқали икки адибнинг услубини кўздан кечирамиз. Бу ҳикоялар – Тургеневнинг «Учрашув», Чеховнинг «Овчи» ҳикоялари. Икки ҳикояни бирлаштирувчи жиҳати – аёл туйғуларининг эътиборсиз қолдирилиши, уларнинг хўрланиши мавзусидир. Ҳар иккала ҳикоядаги воқеалар кечадиган жой – ўрмон, ҳар иккала асарда овчи образи бор: «Учрашув»да овчи ҳикоя қилувчи ровий бўлса, «Овчи»да воқеанинг бевосита қатнашчиси. Иккала асар воқеалари ҳам ҳамоҳанг. «Учрашув»да Виктор исмли йигитнинг Акулина исмли қиз қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб келганидан ҳикоя қилса, «Овчи»да Егор исмли овчининг Пелагея исмли аёл орзу-умидларини эътиборсиз қолдирганидан ҳикоя қилади. Ҳар бир ёзувчи бу идеяга ўз услуби, манерасидан келиб чиқиб ёндашади. Масалан, Тургенев асарида пейзаж – табиатнинг ўзига хос поэтик манзаралари, қаҳрамонлар руҳиятидаги жараёнларнинг ташқи тасвири етакчилик қилса, Чеховда қаҳрамонлар ўй-мулоҳазаларини, фикрлаш тарзини диалоглар орқали, ўзларини «гапиртирган» ҳолатида тасвирлашга мойиллик сезилади. «Учрашув»да воқеа овчининг (исми келтирилмаган) ўрмонга бориши, у ерда мизғиб олиши ва уйғонганида деҳқон қизи Акулина келиши билан бошланади. Қуйидаги нозик тасвир орқали Акулинанинг аянчли тақдирига ишорани кўришимиз мумкин: « …киприклари ҳўл эди, сал оқарган лабларига оқиб тушган кўз ёшларининг қуриган изи бир ёноғида офтобдан ялтирарди.» Қуйидаги парчада эса маъсума қизнинг қиёфасини, характер-руҳиятининг тиниқ тасвирини кўрамиз: «Менга (яъни овчига – таъкид) унинг айниқса чеҳраси ёқди. Бу чеҳрада ниҳоятда софдиллик ва беозорлик, ниҳоятда ғамгинлик ва ўз қайғу-аламининг маъносини тушуна олмай болаларча ҳайрон бўлиш кўринарди.». Бу тасвир парчаларида маълум маънода бўлажак учрашувнинг ҳосила-оқибати мудҳиш кечишига ишоралар бор. Чехов ҳикояси ҳам пейзаж тасвири билан бошланади. Лекин бу манзаралар характерли, муҳим аҳамиятга эга. Чунки биринчидан қаҳрамонлар психологик ҳолатига мос тушса, иккинчидан асар воқеасини рамзий тусда ўзида мужассам этганлиги билан муҳим. «Дим ва нафасни қайтарувчи туш маҳали. Кўм-кўк осмонда булутдан асар йўқ… Қуёшнинг тиғидан сўлиб қолган ўт маъюс ва умидсиз боқади, ёмғир ёғса ҳам кўкармаймиз деётганга ўхшайди. Сокин ўрмон қилт этмайди. Унинг баланд учи аллақаёққа боқаётгандай ёки ниманидир кутаётгандай туйилади.». Адиб қуёш тиғидан сўлиб қолган, маъюс ва умидсиз боқиб, ёмғир ёғса ҳам кўкармайдиган ўтни тасвирлаш орқали Пелагеяни назарда тутган бўлса, қилт этмайдиган, баланд учлари аллақаёққа боқаётган ёки ниманидир кутаётган ўрмон тасвири билан овчи Егорни назарда тутади. Тургенев табиат манзараларини маълум маънода романтик бўёқлар, пафос билан билан ёзсада унинг услубини қоралаш мутлақо ноўрин. Негаки, ўқувчининг кўзи ўнгида воқеа бўлиб ўтадиган жойни тўлиқроқ гавдалантириш, унга эстетик завқ бериш учун ҳам бу услуб ниҳоятда муҳим, қимматлидир. Масалан, қуйидагича ифода ҳар бир китобхонга бадиий-эстетик завқ беришга ишонамиз: «Тоғ тераги ёз кунларининг баъзи бир кечки пайтидагина, яъни пастак бутазорда бир ўзи баланд қад кўтариб, ботаётган қуёшнинг қип-қизил нурларига тўш бериб бошдан-оёқ бир хил тўқ-сариқ рангда ялтираб ва тебраниб турган чоғидагина, ёки ҳаво очиқ, шамолли кунда мовий осмонда ҳар ёнга силкиниб, гувиллаб овоз чиқарганида ва шу силкинишда ҳар қайси япроғИ бандидан узилиб узоқларга учиб кетгудек бўлиб тургандагина чиройли кўринади, холос» Шу нуқтаи назардан қаралса, Тургенев ўрмоннинг қуюқ тасвирини пафос билан, поэтик завқланиш ортидан ёзган бўлса, Чехов асарнинг умумий руҳига мослашган ва ғоявий йўналтирган тарзида ёзади. «Овчи»да учрашув жойига дастлаб овчи Егор келса, Тургенев ҳикоясида Акулина аввал келади. Аёл туйғуларига бефарқлик қилган икки образ – Егор ва Виктор қиёфасини чизишда ҳам икки ёзувчи икки йўлдан боришади. Ҳар бири ўз манерасидан келиб чиқиб ёндашади. Тургенев овчи образи орқали Викторга нисбатан ўзининг салбий муносабатини очиқ-ошкора намоён этса, Чехов бу масалада объектив, холис тасвирлаш йўлидан боради. Тургеневда: «Тўғрисини айтсам, у табиатимга ўтирмади. Бутун қиёфаси унинг ёш, бадавлат бир бариннинг эрка камердинери ва бемаъни олифталигини кўрсатиб турарди: эгнида тугмалари ёқасигача солинган бронза тусли калтагина пальто (бариннинг эски пальтоси бўлса керак), бўйнида учлари бинафша ранг галстукча ва зарҳал жиякли қора бахмал картуз бор эди». Чеховда: « …тор елкали, баланд бўй, Ёши қирқларга броган, бир эркак лапанглаб келади. Эгнида қизил кўйлак, хўжайин берган ямоқ шим, оёғига эса каттакон этик кийиб олган. У лапанглаб келади… Одам қизариб ва терлаб кетган. Унинг малла сочли хушбичим бошида чавандозларникига ўхшаган текис соябонли оқ шапка олифтанамо қўниб турибди. Афтидан, сахийлиги тутиб кетган биронта бойвучча берган бўлса керак…» Иккала маъсума аёл Акулина ва Пелагеянинг истаклари ҳам эътибор ва меҳрдан иборат. Пелагеяни қайсидир граф Егорнинг мастлигидан фойдаланиб никоҳлаб қўйган (Егорнинг айтишича, ундан яхши мерган бўлгани учун кўролмаганидан қилган.) Пелагея орзу-умидлар билан бир ёстиққа бош қўйган эрининг яна уйга қайтишини, ҳеч бўлмаса бир бора боришини, уни меҳри билан сийлашини истайди. Акулина бўлса Викторнинг ширин сўзларига учиб, туйғуларини унга ишониб топширган ва пировардида панд еб, сатанг ошиғи томонидан оёқости қилинган эди. Виктор Егорга нисбатан риёкор, чунки у аввалига турли алдовлар билан қизни ўзига оғдирган эди, кейин эса ташлаб кетди; Егор эса аёлга заррача ҳам умид инъом этмаган. Аслида иккаласи ҳам ҳиссиз, худбин. Уларнинг иккиси ҳам аллақандай барин хизматчиси. Ҳар иккала образда ўз масканидан безиш ҳолати кузатилади. Егорда қишлоқ ҳаётидан безиш ва қочиш ҳолати кузатилса, Викторда шаҳар ҳаётига интилиш ҳисси кучли. Масалан, Виктор шундай дейди: «– Барин билан мен бу ерда қола олмаймиз: қиш яқинлашиб қолди, қиш вақтида эса қишлоқ ўлгудай хунук, зериктирадиган бўлиши ўзингга маълум. Петербург буткул бошқа жой! У ерда шундай ажойиб ва ғаройиб нарсалар борки, сен аҳмоқ уларни тушингда ҳам кўра олмайсан. Шунақанги данғиллама уйлар, кўчалар борки, улфатларни, илм-маърифатни айтмайсанми – кўриб ёқангни ушлаб қоласан!..» Егор эса шундай дейди: «– …мен учун ҳамма нарса жойида бўлиши шарт, у ерда, сенинг қишлоғингда бўлса қашшоқлик, ис-қурум холос… у ерда бир кун ҳам туролмайман…» «Овчи»даги Егорнинг ўзига интилган Пелагея туйғуларига бепарволиги сабаби нимада эди? Адиб ҳикоя давомида диалог жараёнида белги бериб ўтади: «– Одамлар Акулинага янги уй солиб берганмишсиз, дейди. Егор индамади. – Демак, кўнглингизга у ёқар эканда… – Пешонангга битилгани шу экан, тақдирда! – дейди овчи керишиб туриб». «Учрашув»даги Викторнинг ўзига жони-дили билан интилган Акулина туйғуларини назар-писанд қилмагани сабаби нимада эди? Бунинг сабаби фақатгина ўз эҳтиросларини қондириб бўлган аёлдан кўнгил қолиши эди, холос. “– …Мен сени унутмайман: лекин сен эсингни йиғ, аҳмоқлик қилма, отангнинг измидан чиқма… Мен эса сени унутмайман, йў…қ. (Шу сўзларни айтиб, у бамайлихотир керишди ва яна эснади.)“ Бу тасвирдан Виктор Александричнинг қанчалик тубан инсон экани равшанроқ намоён бўлади. У Акулинани ташлаб кетмоқчи, ҳатто кетар чоғида ҳам «қайта кўришамиз» деб ёлғон умид беришга уринмоқчи бўлаяпти. Ҳар иккала адибнинг бу асарлари бир ғоя илдизидан ўсиб чиққан дарахтнинг икки мевасидир. Икки адиб ҳам воқеага ўз нигоҳи, ўз бадиий маҳорати билан ёндашиб, ўз услуби асосида ёзишган. Ҳикоялардаги ўхшашликка адибларнинг бир миллат, бир халқ вакили эканини ҳамда кичик замондош эканлигини сабаб қилиб кўрсатса бўлади. Адабиётда ғоявий, воқеавий ўхшашликлар муҳим эмас, муҳими сўз ва ғоянинг кучидир. Ҳар бир буюк адиб ўз сўз кучига, ўз бадиий услубига эга ва шу нарса адабиётни ранг-баранг этади.
2021-11-07
http://nodirabegim.uz/archives/4183
Болалигимдан бери манзили мени ҳалиям адаштираётган йўлда эканлигимни ҳис қилиб келаяпман. Ёз қуёши равшанлигига қарамай, яна бир мавҳумлик. Йиғлаётган атиргули соясида мен туғилган Қассабиндан бошланувчи йўлим — иккиланиш, эҳтиёткорлик ва довдираш туфайли танланган излам эди. Тонгнинг юзини совуқ сув билан ювганимдан сўнг дарҳол оҳанги илтижога ўхшаш сўзлар билан уни тарк қилганимни эслайман. Илгарилари мен реалликда эмас, балки хаёлимда бу ердаги дарахтлар ошиқ қадамларини эшитганликлари ҳақида ўзаро сўзлашаётганини ҳикоя қилувчи овозларни тинглаб бахтли эдим. Тасаввуримдаги бошқа тасвирда эса улар бахтиёрликдан рақсга тушганича ўша ошиқнинг деразалари тагидан ўтаётганини уй ичидан кузатиши тўғрисида айтишарди. Йўл қаттиқ ва момоталоқ, агар кимдадир оёқлар ўрнига эчкининг туёқлари бўлса ҳам кесиб ўтиш мушкул уни. * * * Боғимиз бўлмаган. Уйимиз қаршисидаги майдон ҳамиша чанқоғидан шикоят қиларди. Қишдан ўзгасида унинг лаблари доим қуруқшаган, томоғи чангга тўлган бўларди. * * * Айни дам эса болалик кунларимни эсласам ажабланиб кетаман. Мен оддий қишлоқ шароитида қишлоқ одамлари орасида улғайдим. Ҳеч қачон уларнинг ўлим уларни қўрқитиб қўйгандек ёки улар ўлимни қўрқитиб қўйишгандек гапиришганини эшитмаганман. Ҳаммаси келаси баҳор ҳақида қандай гапиришса, у тўғрисида ҳам шундай гапиришарди. Ҳаётий тажрибага эгароқлари эса зиёнсиз тасодиф ёки оддий ҳодиса сифатида қабул қилишарди фақат. Ажаблана бошлашимнинг сабаби шуки, бу иннервация, бу ўлимдан бохабарлик мени қандай топди? Нима учун ҳар қадамимда, ҳар ҳаракатимда мени кутиб тургандай ундан муттасил қўрқувчи гўдак эдим? Бунинг қандай содир бўлганини билмайман, аммо қишлоқдаги одамларга номаълум бўлгани ҳолда унинг менга кўпроқ дахлдор бўла бошлаганини, яъни бу адолатнинг боисини оз-оздан англай бошладим. Эҳтимол, мавжудлик улар учун қандайдир структура ёки шеърнинг яхлит тузилиши каби, яхлит таркиб деб ўйлагандирман. Туғилишнинг ибтидо, ўлимнинг интиҳо бўлгани каби, шеърнинг муқаддима ва хотимаси ҳам бир тўлқинда бирлашади. Менинг табиатим қишники ва ўзга фаслларники тасвирлару бадиҳаларми? Қадим ташвишлар ёз ҳукмронлиги пайти қайтади, шу сабабдан ўлим қишнинг яратиғи деб ҳисоблардим. Сўровим боиси айнан шу. * * * Ёзнинг бошлари, яъни айни шу пайт дарахтларнинг остида қишлоқ болалари билан камалак ерга қадам қўяр вақти уни банди қилиш учун чиранган лаҳзамизни эсга солади. * * * Уни уйимиз олдидаги тамаки майдонида кўргандим. Камалак икки қутбдан кўтарилиб турар, бири майдондан, бошқаси эса анча узоқлардан бошланганди чамамда. Ё менга шундай туюларди. Қуёш кул рангли қора ва оқ иплар билан безатилган, юзининг бор йўғи ярмини ёпувчи чиммат ташлаб олганди. У ерда Рембо кўрган, лекин ном бермаган камалак ҳақида менга эслата оладиган на қуённинг, на ўргимчакнинг макони бор эди. Тамакилар йиғиб олинди. Ернинг яланғоч баданида бамайлихотир ётган бир нечта ўт-ўланлар қолди, холос. Камалак ранглари билан уларнинг атрофидаги ғира-шира ранглар омухта бўлиб кетди: яшил, қирмизи, кулранг, сариқ, жигарранг. Бари уни кўргани келган болаларнинг нигоҳлари билан қоришди сўнг. Ғира-шира туман булутнинг сиёҳидан тома бошлади, бу асли далаларга юборган мактублари унинг. Булутлар осмонни қуршаб олди ва қуёш келаси саҳаргача ётоғига шўнғиди. Деярли бутун кунни камалакнинг қайтишини кутиб ўтказдим, аммо кўриниш бермади ҳеч. Ўзимча тасаввур қилдим: балки, об-ҳаво кўзёшлар кўлига айланиб улгургандир. * * * Деҳқонлар қуёш келиб соясида ҳордиқ чиқарувчи дарахтларга ўхшашади: саҳарлаб тонгни бошлаб келишади-ю, унинг келганини далаларда эълон қилишади, ҳатто ўша куни Муқаддас кун бўлса ҳам. Муқаддас кун қаергадир ташриф буюриш эмас, дейишади улардан бири. Муқаддас кун бизнинг ҳеч қачон содир бўлмайдиган тасаввурларимизга саёҳат қилишимиз. Муқаддас кун жавоб ҳам эмас, дейди ўзгаси қўшимча қилганича, аслан у бўғзимиз шаклига кириб улгурган савол. Муқаддас кун — вужудимиз ичига қувғин қилинган вужуд. Муқаддас кун бу — дала. Деҳқонлар… Уларнинг қадамлари йўлнинг момоталоқларига суркалувчи малҳам. * * * Болалигимдан бери эшик ортида мени недир кутиб турибди. Ҳар сафар қишлоғим Қассабинга келганимда уни ҳис қиламан, бироқ кўриниш бермайди у. Бир сафар айтгандинг «эшик ортида кутаман» деб. Сўнг болалигимга қоришиб кетдинг. Энди иккингизни қандайин фарқлай?! Жавобландим. Вақтдан унинг маъно марваридини ёпувчи қобиқ бўлиб шаклланишидан бошқа ҳеч не кутмадим. Маъно бўйунсундиради, тоширади ва муаллақ ушлаб туради вақтни. Вақт хотиралар учун кема, холос. Тасаввур, мени ўзингга омухта қил. Тонгда денгиздан на бир калом йўқлади мени. На туннинг бир парчаси хонамда қолган.
2021-09-14
http://nodirabegim.uz/archives/4287
Ливанлик араб шоири ва таржимони. 1995 йилда туғилган. Ливан университетининг Тарих ва Мифология факультетини тамомлаган. “Ёруғлик кўкдаги сўнгги қушдир”, “Лаблар учун шамол қўйган концерт” каби шеърий китоблар муаллифи. Таржимон сифатида Жан Кокто, Эммануэль Бове, Рене Базен каби ижодкорларнинг китобларини араб тилига ўгириб, нашр эттирган. Қайтаман илк марта Жажжи гўдакка айланиб Чангга беланганимдан сўнг. Мен ортга қайтаман Кўз ёш тўккан кунимга Худди ҳўнграган тимсоҳдек Туширгач зебрани паққос. Вужудимда сероб ўликлар Аза маросимидирман Кўчиб юрувчи эҳтимол. Вужудимдан бироқ Энди бера олмайман Дафн учун жой. * * * Менга бер қайғунгни Бутунича ёки бир қисмин Пойабзал тиксин Оёқларим ўлчовига мос У эскирсин токи Кетарканман қуёш сари юриб. * * * Сенинг ҳайратингда Атрофга таралар Ўлик сукунат Ва ёриб ўтади вақтни Бир қанча ойна синиқлари Ажойиб табассум учун. Сенинг ҳайратингда Жой топаман базўр Эски кулгуларимга Улар кўтарган шовқинда Кетмаслиги учун пинакка шамол. Уруш аксини илғайман зўрға Аскар милтиғин Найзаси санчилаётган Бева аёл кўзлари билан. * * * Бир қанча сўқмоқлардан Иборат бу йўл Менга кўринар бироқ Улардан фақат биттаси — Ёшлик айёми сари Ўзим кетган йўлгина холос. Яқинлашар улар гоҳида Ва мени қилар тановул Худди кўзгу каби ярқираётган Француз олмасин тишлаб ютгандек. Бўйним устида олади ором Лаҳзаси қотганча бутун коинот Қариб-қартайган чоғим Бошимга олар жойлашиб Вақт қабристони. Менга ишонишар Шифохона равонидан Каминани кузатиб турган Мўйсафидлар фақат Уларга жуда ҳам Ўхшаганим учун эҳтимол.
2021-10-27
http://nodirabegim.uz/archives/4406
1984 йили Минас Жерайис шаҳрида 10 ёшли бола яшарди, у футбол ўйнар, “Иркит ўрдакча”, “Катта аскар” каби классик эртакларни мутолаа қиларди. Севимли маскани — шаҳардаги қандолат дўконида телевизор томоша қилар, у ерда Мексикада ўтган Жаҳон чемпионатини — Бразилия ва Франция ўртасида кечган шиддатли ўйинни кўзда ёш билан кўрарди. У ўз қайғули ҳаётини тарк этиш орзусида мактаб кутубхонасидан география китобини қўлга олди. Экран орқали кўрган мамлакатлар ва ўлкаларни томоша қилди. Қизиқиши ортиб, айрим давлатларнинг пойтахтларини ёд олди: Бразилиянинг пойтахти Бразилиа; Аргентинаники Буэнос Айрис; Уругвайники Монтевидео; Парагвайники Асунсьон; Чилиники Сантияго; Перуники Лима; Колумбияники Богота; Эквадорники Кито; Венесуэланики Каракас; Боливияники эса Лапас. У Жанубий Америкадаги ўнта давлатни осонгина ўрганиб чиқди. Бола хаёлан у ерларда саёҳат қилар, баъзида Европа давлатларига ҳам ўтар, шу тариқа хотирасида сақлаб қолишга уринар эди. У такрорларди: Италия пойтахти Рим, Испанияники Мадрид, Португалияники Лиссабон, Францияники Париж, Шарқий Германияники Бонн, Ғарбий Германияники Берлин, Швецарияники Берн, Австрияники Вена, Люксембургники Люксембург, Ватиканники Ватикан, СССРники Москва, Венгрияники Будапешт, Руминияники Бухарест, Югославияники Белград, Чехословакияники Прага, Польшаники Варшава, Туркияники Анқара, Грецияники Афина, Болгарияники София, Голландияники Гаага, Бельгияники Брюссель, Англияники Лондон, Шотландияники Глазго, Шимолий Ирландияники Белфаст; Жанубий Ирландияники Дублин, Андорраники Ла-Вьеха, Норвегияники Осло, Данияники Копенгаген, Швецияники Стокгольм, Финляндияники Хельсинки, Исландияники Рейкьявик ва бошқалар. Шунингдек, у Африка мамлакатлари пойтахтларини ҳам ёд ола бошлади. Ночор бола ҳамма нарсани билишни истарди. Унинг ўзи каби зукко дўсти саволлар берар, у эса тезда жавоб қайтарарди: Алжирнинг пойтахти Алжир, Японияники Токио, Тунисники Тунис, Австралияники Канберра, Мисрники Қоҳира, Сурияники Дамашқ, Ироқники Боғдод, Канаданики Оттава… 2018 йилда камбағал бола ёзувчи бўлиб етишди. У Словакия пойтахти Братиславада бўлиб, у ерда қизиқарли қиссасини ёзарди. У ердан тўғри Венага учди, Прагада вақт ўтказди. Меҳмонхонага кетишда таксига ўтирди ва вақт ҳақида ўйлай бошлади. СССР парчалангач кўплаб давлатлар мустақил деб эълон қилинди: Латвия, Черногория, Босния, Молдавия, Литва; шунингдек Берлин девори қулагач, Германия бирлашди. У манзилга келиб, кундалигида одатий қайдларини ёзди, у ҳамиша саёҳат таассуротларини ёзиб борарди. “Римда ҳаракатланиш — тартибсизлик”; “португаллар картошка қовурганда кўп ёғ ишлатишаркан”, “Сикстин черкови пештоқларидаги чизгилар ғаройиб”, “Кафка музейига боришни интиқиб кутяпман (Дастхат қўйиш маросимим “Жараён”нинг муаллифи уйи яқинида ташкиллаштириши тушимга ҳам кирмаганди)”, “Деворлардаги излар-Берлиндаги чандиқлардир”, “Луврдаги Мона Лиза суратини томоша қилиш ғаройиб бўлди”… Қўнғироқ овози уни чалғитди, бу унинг тарғиботи учун қайғурувчи адабий агенти эди. У меҳмонхонага шеригини жўнатганини, ўзи ҳам тадбир бошланишида ҳозир бўлишини таъкидлади. Бир муддат ўтиб ёзувчи Америкага учди. Аввалига Нью Йорк ва Гвалахарадаги бир нечта анжуманларда қатнашди, кейин Чилидаги Буэнос-Айрес ва Сантяго шаҳарларида бўлди. Бразилияга қайтиши билан аэропортдан такси тутиб уйига етиб олди, юкларини тушириб душ қабул қилди ва ётоғига кириб тўйиб ухлади. Эртасига бир финжон қаҳвани ичиб бўлгач, ўрнидан турди ва болалиги ўтган хонага кирди. Деворда, ёғочдан ишланган ёзув столи тепасида дунё харитаси илиниқ турарди. У қувонч билан чўнтагидан бир неча магнит олди ва борган мамлакатлари устига қўйиб чиқди. Европада атиги бир нечта манзил бўш турарди. Ёзувчи ўтмишини эсларкан, хаёлан 1984 йилга қайтди ва ўзига савол берди: “Қизиқ, Молдованинг пойтахти қаер экин?”
2022-01-13
http://nodirabegim.uz/archives/4474
Баъзилар учун ҳислари ҳақида ошкор сўзлаш осон эмас. Бунга азалдан кўникмаган бўлсалар, бошланиши ҳам мушкул кечиши турган гап. Ҳолбуки, кўмилган ҳислар залвори — вақт ўтгани сари оғирлашиб, худди ёрилмаган ярадек жонингга азоб беришни бошлайди. Аёл сафар учун ҳозирланаётган эрини жимгина кузатмоқда. Уларнинг турмушига тез орада улкан ўзгариш кириб келади, бироқ аёл учун айни пайтда, эрининг эски жомадони ҳақида сўз очиш осонроқ. Кийимлари ва никоҳ костюмини жойлаётган эрини кузатар экан, аёлнинг димоғига аллақандай атир иси урилди. Эри охирги марта қачон бирор ифор сепганди? Ҳа, ёдига тушди, никоҳ тўйларида эди. Ўшанда ҳам ундан келаётган ҳид аёлга ғалати туйилганди. Ўзи эса одатда бундай нарсалардан фойдаланмасди. Ахир, уззукун иш билан банд бўлган аёлга ифорга бурканишни ким қўйибди? Одамларнинг фикрича, оилали бўлса-да, турли хушбўй ифорларга кўмилиб юрадиган аёллар одатда ўзларига ҳуштор ахтариш, эркаклар эьтиборини тортиш пайида бўлар эканлар. Унинг эса ҳозир бинойидек, меҳнаткаш, ўз дўконига эга эри бўлса, унга бундан ортиқ яна нима керак? У бахтли турмуши ҳақида ўйларкан, ўзини анча хотиржам ҳис қила бошлади. Шу пайт жомадоннинг бирдан қаттиқ шиқирлаб ёпилгани, хаёлга чўмиб ўтирган аёлни чўчитиб юборди. Эркак хонага синчиклаб разм солди, бироқ айнан нимани ахтарарди? -Зарур кийимларингни аллақачон жойлаб қўйгандим. Қолгани ортиқча. Жомадонинг ўзи кичик бўлса, — деди аёл эрига. Эркак бир лаҳза хотинига тикилиб қолди. Аёлнинг кўзлари, бурни, тиниқ юзи, тартиб билан йиғилган узун, текис сочлари бошқа хитойлик аёлларники каби, эгнида ўзининг доимий оч кўк самфусида турарди. Йўқ, у мафтункор эмас, лекин меҳнаткаш аёл, — ўйлади эр. Ўшанда уйдагилари, — У сенга яхши рафиқа бўлади, сен учун астойдил меҳнат қилади, ҳали кўп ўғил фарзандлар кўрасизлар,- дейишганида ҳақ гапни айтишган эди. Турмуш қургач, янги уйларига, худди шу жомадон билан кириб келган кунларидан бери эркак рафиқасидан бирор марта нолимади. Аёлнинг чеҳраси ҳамон ўзгармаган, туйғулардан ҳоли юзига тикилиб, қалбидан кечаётганларни илғаш, хоҳишларини англаб бўлмасди. Ҳатто эри ҳам унга нима кераклигини билмайди. Ваҳоланки, аёлининг истаклари билан бирор марта ҳам қизиқиб кўрмаганди. -Жомадонинг сенга анча вақт хизмат қилди. -Менимча ҳам шундай, лекин ҳалиям кичик. Аёл ўрнидан туриб, атрофидаги ёстиқларни қоқиб кўрди. Уларни ювиш лозим. Эҳтимол, кечаги ғуборлардан ҳам халос этиш керакдир. Деярли ўтмишда қолган турмушидан ҳам. Энди ниманидир ўзгартириш имконсиз. -Бўлди, ҳаммаси жойланди. Эркак чамадонини тахт қилди, йўл ҳозирликлари тайёр. Аёл эрига тикилиб турар, атир иси ҳамон димоғида, эҳтимол унинг қўрқувига ҳам шу ифор сабабчидир. Аёл эри билан гаплашиб олиши, унга ўз туйғулари ҳақида ошкор айтиши лозим эди. Бироқ у ишли аёл, у каби хитойлик аёллар эса ҳиссиётларига эрк бермасликлари шарт. -У сени ўша ерда кутиб турибдими?- сўради аёл секин. -Меҳмонхонани айтяпсанми? -Ҳа, маросим тез орада бошланиб қолса керак-а? Аёл ўзини бепарво тутганча, ёстиқлардан бирини олиб, жилдидан ажрата бошлади. Ҳа, буларни дарҳол ювиши лозим. Шу пайт, аёл, эрининг ёқасидан тутганча, “Йўқ–йўқ ўтинаман, кетма, қол, кетма. Мен яхши рафиқа бўламан. Янада кўпроқ меҳнат қиламан. Иккита аёлнинг ишини қилишга ҳам розиман”,- дея эркакнинг қаршисида тиз чўкиб фарёд қилишни истарди. Бироқ ҳамон ўз жойида, ҳиссиз қотиб турар, бир сўз демас, юзидан, қалбидан ўтаётганларни билиб бўлмасди. -Ҳа, маросим ҳам тез орада бошланиб қолади,- дея жавоб берди эр. -Икки кунларда қайтасанми? Эркак хотини билан унинг ҳиссиётлари ҳақида гаплашишни истамасди. Аёл ҳам ҳислари ҳақида ҳеч оғиз очмаган. Модомики, эри оиласига бошқа аёлни олиб келар экан, ҳаммаси аввалгидек бўлмаслиги аниқ. Ёшгина аёл. Энди ўн тўққизга тўлган. Ёш ва бахтли бўлганидан — мафтункор, тўқ жигарранг кўзлари порлаб турарди. Эркак қарор қилишидан аввал қизни бир мартагина кўрган, бироқ унинг кўзлари ёдида қолганди. Уни оиламга олиб келсам, ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйлаганди. Ниҳоят, энди унда иккита ишлайдиган хотини бўлади — бири кучлироқ бўлса, иккинчиси янги очилган гул каби. Эркак чамадонини қўлига олиб, -Ҳа, эҳтимол тез орада қайтарман. Лекин аниқ билмайман,-дея жавоб берди. -Келгунингча дўконга ўзим қараб тураман,-деди аёл. -У билан қайтганингда унга ҳам мос иш топиб берарман. Аёл яна ўрнига чўкди, кутилмаганда ўзини аллақандай хорғин ва заиф ҳис қилди. Эркак буни тушунмайди. Аёл эса эрини йўлдан қайтаришга журьати етмади. Эҳтимол, эрини ҳадеб сўроқлайверишини ҳам одамлар тўғри деб билмас. Эркак хотини иш ҳақида ўйлаётганидан мамнун эди. Иш муҳим. Ахир, қанча одамни тўйдириши керак. Эркак остонага етганда, аёлига ўгирилиб деди: — Бугун оиламиз учун ажойиб кун. Иккита хотин олишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Авлодимизни давом эттириш учун энди кўп ўғил фарзандларимиз бўлади. Шу гапларни айтар экан, эркак аёлига жилмайди. — Мен ҳозироқ жўнашим зарур. Кечикяпман. Эркак хотинига ҳеч нарса айтишни истамади. Аслида, аввал ҳам аёлнинг туйғулари ҳақида сўраб кўрмаганди, эҳтимол жавобидан қўрқар. Балки, уни ҳамиша бахтли қиёфада тасаввур қилиш осонроқдир. -Жомадонинг эскирибди. Балки янгисини оларсан… Эркак аёлига мамнун ўгирилди. Саволга ўрин қолмади, жавобга эса ҳожат йўқ. -Кейинроқ янгисини сотиб оларман. Эркак хонадан чиқиб кетар экан, эшик ҳам ортидан секин ёпилди.
2022-03-13
http://nodirabegim.uz/archives/4644
Нечун ғамга ботдинг, Мерион, Ранжитдими бирон беимон?! Малаксиймо чеҳрангга рости, Ранжу алам ярашмас асти. Дарди ишққа йўлиқдингми ё, Фавворадай тўлиқдингми ё? Муҳаббат,оҳ,ҳам қувонч, ғусса, Гоҳо шод, гоҳ қайғули қисса. Гарчи қилар телба-девона, Бироқ бу дард сенга бегона. Билмам нечун ботибсан ғамга, Не кам, айтгил, сендай санамга?! Офтобдай чарақла дилдор, Қолмагай ҳеч қалбингда ғубор. Бўлгай десанг жумла эл банда, Жилва қилгай чеҳрангда ханда. Чарақлагай кўзларинг юлдуз, Табассум қил, қошлари қундуз. …Маликаси қалбимнинг бўлак, Даъватимга қулоқ тут малак. Қанча чарос бўлмагай кўзлар, Болдан тотли бўлса-да сўзлар, Сунбул сочлар қайта-қайта дом, Тикса-да боз, инон, дилором. Яккаш оний кўрсатгай таъсир, Йўқ, бутунлай қилолмас асир. Олам бино бўлгандан буён, Ишқ бобида муқаддас мезон: Юрак ила меҳрга тўла, Қозонилар севги бир йўла! Фурсат етди! Гувиллар уммон, Сафарга шай кема ҳам шул он. Елканини ўйнайди шамол, Фурсат етди дегандай,алҳол, Кетар бўлдим юртимдан такрор, Ёлғиз сени севарман, эй ёр! Тўйдим ғариб ҳаётдан, нетай, Ҳасратимни оҳ, кимга айтай. Ёлғиз сафар- ягона нажот, Ортиқ васлинг бегона, ҳайҳот, Ортда қолдибарчаси, эсиз, Эй ёр, Сени севарман ёлғиз. Гоҳ йиғлатиб, қувонтирган гоҳ, Кўпдан менга бегона нигоҳ, Гарчи менга оғирдир ғоят, Унутарман бир кун ниҳоят. Гар тор қафас қадрдон гўша, Юрагимга ҳоким тек ўша. Якка-ёлғиз мардона, шоввоз, Долғаларга чиқарман пешвоз. Чор-атрофга назар ташлайман, Дўст тополмай дилим ғашлайман. Узундан ҳам узун йўл босиб, Топарман бир макон муносиб. Лекин Латиф хаёлинг, эй ёр, Ҳаловатинўғирлар такрор. Ҳажрин аро қоларман якка, Сендан ўзга сиғмас юракка. Ҳатто қашшоқ дайди ҳам ғариб, Бир бошпана топгай ахтариб. То бор экан савобталаб жон, Яккаланиб қолмас ҳеч қачон… Қай бир зоттан кутай, айт, мадад, Ёлғиз сени севиб тоабад. Саргаштаман – бу қисмат надир, Қай бир юртда топарман қадр? Учрармикан жонини нисори – Айлагувчи фидойи бир ёр? Сен-чи ҳануз сир бермайсан, сир, Ёлғиз сенга бўлсам-да асир! Недан маҳрум, неларга эга, Кимлар эдик, айландик кимга? Тегирмоннинг тошидек тақдир, Ожизларнинг енгмоғи ҳақдир. Олов-оташ қалбим мардона, Мангу сени севар ягона. Хаёлимга ҳоким қай жонон, Билмагай ҳеч сергап оломон. Ишқимни рад этмиш қай малак, Сенга аён-мен шўрлик ҳалак… Бу дунёда саноқли сарбаст, Биргина ёр ишқи ила маст. Севмоқни боз айладим хаёл, Паривашни фаришта тимсол. Ҳажринг багърим этмаганда қон, Севар эдим такрор бегумон. Ўзга ҳурни севмоғим оғир, Ёлғиз сени деганман, ахир. Нигоҳингга, оҳ, севимли ёр, Тўёлмадим, ҳайҳот, сўнгги бор… Сендан жудо кўнглимга мискин – Олис сафар ҳам малҳам, таскин. Гар Ватандан, толедан йироқ, Ёлғиз сени севарман бироқ. ******* Қалбим каби жўшқин, беором, Денгизларда улоқиб сарсон, Тоғу ўрмон, қирларда хиром – Айлаб умрим ўтса беармон. Зиндонсан сен, Англия, зиндон, Озод қалбим ҳурликка ташна. Барчасидан юз буриб ҳандон – Ҳур ҳилқатга бўлсайдим ошна. Дов-дарахтлар бағрида, ё раб, Унут бўлган қуллару хонлар. Лаганбардор, ялтоқи ҳароб, Турланувчи манфур бўҳтонлар. Муҳаббатга муҳиб, асира, Бокира ишқ бокира имон, Шовуллаган тўлқинлар узра, Қояларда кезай беармон. Гарчи ғўрман, аёндир бироқ – Мен – дунёга, дунё менга ёт. Кўринмагай милт этган чироқ, Зимистон тек, зулмат, зулумот. Тушларимда ахир инчунун, Толе кулиб боққан, толе ҳур. Қалбим кўзин очдинг не учун, Эй, Ҳақиқат, Эйилоҳий нур. Қайда қалбим саҳобалари, Қайда ошна, қайда дўст-ёрон. Наҳот ёт ҳам бегона бари, Дардларимга бўлолмас дармон. Фақат сархуш этганда шароб, Оний сурур инар юракка. Давраларда яйрайман шитоб, Бироқ қалбан яккаман, якка. Бетайинлар – на дўст, на душман, Сафсатаси ёқмагай асти. Қай бирлари бадавлат, манман, Қай бирининг боз дароз дасти. Қайда холис дўстлар беғубор, Жондан азиз ёронлар қани? Хор бу каслар не учун даркор, Касларки сур, манфур, бемаъни. Сен эмасми муҳтарам Аёл, Бахт, Саодат, Толе беармон. Бироқ васлинг ё раб, бу не ҳол, Ортиқ масрур этмас ҳеч қачон. Юрагимни бездирган ғариб – Қашшоқ қисмат, сендан кечиб воз, Дардларимга дармон ахтариб, Бўронларга чиқай боз пешвоз. Саҳроларга бош олиб кетсам, Йўқ, йўқ, Сизга ихлосим катта. Оташ қалбим, ростини айтсам, Долғаларда яйрар, албатта. Юксакликлар қалбим этган ром, Тубанликдан кечиб батамом, Озод қушдай боз айлай парвоз. Ўтиб бўлди ҳаётим магар, Гарчи етди видо маҳали. Мени ҳеч ким севмаса ҳам гар, Севишни боз истайман ҳали. Кундан-кунга яқин интиҳо, Эсар фасли хазон еллари. Қаро қабр кутар оч, юҳо, Бағримда тек армон унлари. Гар дилимда аланга, учқун, Ҳамон ёнар ва боз ўт олар, Руҳимни шод айламоқ учун, Ёқилган шам бўлиб туюлар. Гарчи кулиб боқмади тақдир, Халоскорим бўлдинг муҳаббат. Йиллар абгор айлаган тақир, Дилимга ёр ўзинг то абад. Надоматлар пайтимас бу он, Тўрт тарафда шодлик, тантана. Гулчамбарлар ёқутдай алвон, Ғолибларга интизор, ана. Юнонистон! Қиличинг, туғинг, Ўғлонларинг чорлайди жангга. Завол билмас зафар, ютуғинг, Фидо минг жон она Ватанга. Қанот боғла беором руҳим, Сор лочиндай парвозга шайлан. Надоматим, афсус андуҳим, Шижоатга, шиддатга айлан. Жасоратни касб айла боз, Пуч орзулар етмагай асир. Ишқ Тангриси чертаётган соз, Қалбинггайўқ,қилмагай таъсир. Чекма қанча алам-изтироб, Ёшлигинг ҳеч келмагай қайтиб. Жангга отлан ёвқур ҳам шитоб, Жангга отлан алёрлар айтиб. Мардлигингга элу юрт шоҳид, Кўкрагингни қалқон қил, қалқон. Шер йигитга кетмоқдан шаҳид – Зиёд толе бўлмас ҳеч қачон! ****** Кунинг битди, қаҳрамон, бироқ, Бошлангуси мангу ҳаётинг. Завол билмай то абад порлоқ – Алёрларда яшагай отинг. Ватан учун фидо этган жон, Завол билмай яшар бегумон. Элу юртинг то эмин-эркин, Хотирангни эъзозлар мудом. Орамизда йўқсан ва лекин, Йўқлаб сени кўтаргаймиз жом. Жасоратинг, эй мардона зот, Бағишлагай бизга қўш қанот. Қутлуғ номинг янграган палла Ғанимларга дунё бўлгай тор. Хонандалар куйлагай ялла, Жасоратинг шаънига такрор. Хотиранг боз баҳодирона, Куйлагаймиз мағрур мардона! Чарос шаҳло кўзингдан, жонон, Боз бўсалар олсам беармон! Бўсалар боз айласа сархуш, Асрларда-да ўтса мисли туш. Муҳаббатдан ким ўлган безор?! Бўсаларим ёндиргай такрор. Бор дунёга бегона, бефарқ, Бўсаларнинг уммонида ғарқ Боз беадад бўсалар олсак, Саноғига етолмай қолсак. Ҳижрондан ҳеч гап очмагил, ёр, Сендан айро тушмасман зинҳор! Эй довюрак жасур паҳлавон, Аламдийда қисматимизга, Шармандали исматимизга Хайрихоҳ боз тикилдинг шоён. Бунинг учун, ё раб, мукофот, Бўлди сенга бесаноқ офат. Боз бандига айландинг ўзгун. Нимта айлар бағрингни қузғун. Ҳам оёғу қўлингда кишан, Ҳам таҳқиру, лаънатга нишон. Ўртанса-да, азобда жонинг, Ичга ютиб фарёд-фиғонинг, Маъбудларга ғаним, тошбағир, Ялинмассан мардона мағрур II Эй баҳодир! Қирғин-барот жанг, Долғалардан чиққансан омон. Қийноқлару азоб бeомон, Қилолмагай ҳолингни ҳeч танг. Қаҳри қаттиқ бeаёв қисмат, Боис бўлиб аччиқ хусумат, Ҳаётингни азобга қўйди, Жигар бағринг бeаёв ўйди. Мангу азоб-уқубатни боз, Шон-шарафдай этдинг сeн ҳамроз. Қасирғалар соҳиби шўрлик, Сeндан такрор кўрди зўр хўрлик: Қийноқларни билиб сeн афзал, Қисматини унга муфассал, Сўйламадинг, нигоҳинг бироқ, Тақдиридан айлади огоҳ. Шўрликни боз ваҳима қучди, Найзалардай чақмоқлар учди… III Олижаноб, ҳотамтойлигинг, Мурувватга бeҳад бойлигинг, Жиноятга йўйдилар, алҳол – Орзуларинг топди боз завол. Кулфатларга чeк қўйиб такрор, Қилолмадинг бизни бахтиёр! Орзуларинг бўлса-да барбод, Қисматга бош бeрмайин озод, Мағрурлигинг бизларга ибрат, Ҳизрсифат соҳиби қудрат. Йўлларимиз ёритган зиё, Эй мададкор азиз-авлиё! Одамзотнинг шудир қисмати, Манглайида тақдирнинг хати, Фeълида гар саркашлик зоҳир, Тақдирга тан бeргайдир охир… Бироқ қалби барқарор қоя, Эзгу ўйга ҳамроҳ, ҳамсоя, Аксарият минг дард, минг алам, Бўлар унинг дардига малҳам. Ажални ҳам eнгиб мардона, Яшагай боз ғолиб, фарзона! Кап-катта одаму эси паст, басир, Тeк турфа куфроний ишларга асир, Қўрқмас ҳeч Худодан, элдан уялмас, Шайтони лаъиндан фарқи йўқ хуллас. Онадан туғилган шундайин худбин, Шамолдай бeқўним, бeҳаё, бадбин. Қизларни алдашга устаси фаранг, Бандаки, дуч кeлган ҳоли бўлар танг. Ашаддий қароқчи эсини eган, Манглайда тамғаси “нобакор” дeган Боз қонга бўялган ҳар икки дасти, То ҳануз қилмишин қўймайди асти. Гарйўлга сололмас бандаси ожиз, Худо жазосини бeрар шубҳасиз. Учқур Замон! Нe бир насллар, Карвонингда бор жумла жаҳон. Турнақатор ўтгай фасллар, Бeшафқатсан, ёвқур бeомон. Бўлсанг-да гар бeшафқат очун, Нолимасман ғамбода, мискин. Ёлғизгина бир бошим учун, Бир гўшадан топарман маскан. Яхши-ёмон кeзда ҳамнафас, Ҳамроҳларим ўтгандан буён, Бўлак ҳeч нe қўрқита олмас, Бардош ила тўзим топгай жон. Балоларни ёғдир майлига, Балоларга айлагил дучор. Гирифторман йиллар хайлига, Азоб-уқубатга гирифтор.
2022-06-07
http://nodirabegim.uz/archives/4750
ҳикоя Ўтган куни сенинг телефонинг вафот этди. Ўйлама, фақатгина инсонлар ўлмайди, телефон рақамлари ҳам ўлади. Умр бўйи кўплаб рақамларни унутасан: паспорт рақамингни, охирги ишингда олган маошингни, дўстингнинг улови номерини, ойга қадар бўлган масофани, яшаётган шаҳрингнинг аҳолиси миқдорини… Шунингдек, бошқа кўпгина рақамларни, барчасини унутасан. Биргина бу беш рақамдан бошқа барчасини. Бу беш рақам сен учун энг азиз ҳадялардан бири эди. Беш рақам, унинг овози ва телефон дастагидан келган бинафша ифори… Баъзида мен бу қора телефоннинг дастагини нафис овозли бир роялнинг қопқоғини ёпган каби қўйсам, баъзида тобут қопқоғини ёпгандек чуқур ғамгинлик билан жойига қайтараман. Энди бу рақам йўқ. Йўқ-йўқ, аслида бор, бироқ мен учун йўқ. Мен учун бу рақам энди таъқиқланган ҳудуддир. Шундоқ бармоқларим ёнида, телефон қорнининг остида жойлашган бу беш рақам эндиликда мен учун босиб ўтиб бўлмас бир масофа — қанчадир километр, қанчадир мил ёҳуд чақиримдир. Мен бу масофанинг бешдан тўртини кечиб ўта оламан, яъни тўрт рақамни тўплашим мумкин, аммо ҳеч қачон сўнгги рақамни — бешинчисини боса оламайман. Сенинг рақаминг қулфланган эшикдир — мен эса калитни йўқотганман. Сени кўрмасам ҳам қўнғироқ қилардим, масъум овозингни эшитар ва шундай дердим: “Азизим, қўлларинг нега бунчалар совуқ?” Сени кўрмасам ҳам, олисдан бўлса-да барчасини ҳис қилардим. Соҳил ёнидаги қишлоқликлар денгизни кўрмасалар ҳам уни ҳис қилишгани каби. Энди эса денгиз ғойиб бўлди. Йўққа чиқди, йўққа. Минг марталаб такрорланаётган нарса мен, сен, шунингдек, у. Бироқ телефон ҳам бор. Барчаси Расимнинг тўйидан бошланди. Феруз унда қадаҳсўз айтарди: “Биз беш оғайни эдик. Худди ўша филмьдагидек, эсингиздами, улар ҳам беш нафар эди. Мен, Камол, Мурод, Расим ва Сеймур. Бизни бирма-бир ишғол қилишди, бирма-бир ушлаб, кишанлашди. Ким қилди бу ишни дейсизми, албатта мана бу хонимлар. Уйдаги кулфатни айтмаса ҳам бўлади — болаларни. Ҳа, шундай, бизни кулфат босди, босгандаям ёмон босди”. Ҳамма кулди. У сўзида давом этди: “Мана бугун Расимни ҳам йўқотдик. Борган жойингда тошдай қот, оғайни. Албатта, булар бир ҳазил. Бахтли бўлинг Фарида, Расим. Мен сизга узоқ умр, саодат, саломатлик тилайман. Фарзандларингиз мўл бўлсин. Сизнинг соғлигингиз учун ичдик, яна ичамиз ҳам. Бироқ қўлимдаги ушбу қадаҳни жон жигаримиз Сеймурнинг соғлиги учун кўтаришни таклиф қилмоқчиман. Сеймур ўз-ўзига хон, ўз-ўзига султон. Соғ бўл дўстим, булбул бўл, қафасда бўлма”. Ҳамма менга термулар, идишлар орасидан таниш юзларни кўряпман — дўстларимнинг юзларини. Уларнинг юзида севинч билан бир қаторда ҳайрат ифодаси ҳам бор. Меҳмонлар бир-бир тарқалишни бошлаганда биз ҳам — Феруз, Камол, Мурод аёллари ва мен кўчага чиқдик. Тун қўйнида мудраётган шаҳарнинг сокин кўчасидан юриб борарканмиз, Ферузнинг аёли биқинимдан туртди: — Сеймур, сенинг тўйингни қачон қиламиз? — Олис келажакда. — Нега ахир? Ё мен мана бу бекорчи ошнангнинг сўзларига ишонасанми? — у кулимсираб эрининг қўйнига суқилди, — у айтгандир, оилам жаҳаннам, деб. Феруз: — Ўзига лойиқ қиз тополмаяпти, — деди. — Ростанми? Эшитдингизми болалар? Келинглар, Сеймурга бир қиз топайлик. Сеймур, сен учун Бокунинг энг гўзал қизини топсак, уйланасанми? — Албатта, — дедим қатъият билан, — фақат бир шарти бор. Шундай экан, ҳозир, айни дақиқада топсангиз розиман. Йўқса фикримни ўзгартираман. Камол: — Вой нозикойимей, — деди, — ярим тунда сенга қаердан қиз топамиз? Кўчадан топмасак керак… Ёки сен туннинг бундай палласида юрган қизга уйланаверасанми? — Албатта, — дедим, — нима десангиз шу. Бу суҳбатдан уям бохабар бўлсин фақат. — Менинг бир таклифим бор, келинглар Сеймурга телефон орқали қиз топамиз. Ана, анави ерда автомат ҳам бор экан. — Жуда яхши фикр, — дедим, — бироқ тангам йўқ. Ҳар тарафдан менга танга узатишди. Буткага кирдим. — Қани, рақамни айтинглар, — дедим. Феруз: — Жўра, ақлингга келган рақамни тер, — деди. — Масалан… У сўзини ярим қолдирди. — Йўқ, дўстим, бўша кема сувга кетмасин. Ёмон қайнона чиқиб қолса менинг ёқамдан оласан. — деди бироз хаёл сургач. — Қўрқоқ, — дедим, — муаммо ҳам шунда. Уйланмоқ жиддий иш, ҳазилмас. Ҳеч ким масъулиятни бўйнига олишни истамайди. Камол, эҳтимол сен айтарсан-а? — Менинг бир таклифим бор, — деди Ферузнинг хотини суҳбатга қўшилиб, унинг ўзи ҳамиша бир фикри бўлади, — ҳеч ким бўйнига бундай оғир масъулият олишни истамайди. Келинг, яхшиси масъулиятни ҳаммага тенг бўлайлик. Ҳар ким бир рақам айтсин. Феруз: — Маъқул, — деди. Тўғрисини айтсам, у ҳамиши аёлининг сўзини маъқуллайди. — Икки, — деди Феруз менга истеҳзоли қараб. Ферузнинг аёли: — Тўққиз, — деди. Камол: — Рақамми… — дея ўйланиб хотинига боқди, — сен айтақол хотинжон. — Мен? Мен нима дей, билмайман… Майли, тўрт. Мурод чаққонлик билан: — Беш, — деди. Мен айтилган рақамларни тердим, Муроднинг аёли сон айтишга улгурмади, чунки телефондан қисқа сигналлар кела бошлаганди. — Жуфти ҳалолим уйқуга кетган шекилли, — дедим. Ҳамма кулди. Гўшакни жойига қайтардим. Сўнгра йўлимизда давом этдик, бир-бир уй-уйга тарқалдик. Мен негадир ўзимни ёлғиз ҳис қилардим… Секин-аста юриб денгиз тарафга қайтдим, узоқ вақт кимсасиз булварда сайр қилдим, қоронғулик кўрпасини ёпиб олган денгиз ва олисдаги рангбаранг чироқларга термулдим, тўсатдан ўша рақамлар эсимга тушди. Тунгги соат икки эди. Сўнгра яқиндаги автомат буткасига кирдим, танга ташладим ва рақамларни шарақлатиб тердим. Гўшакдан аёл овози эшитилди. Овоз ухлаётган эмас, бироз ҳорғин ва ҳайратланган одамнинг овози эди: — Лаббай. — Салом. — Салом. Ким бу? — Менман. Келинг, танишамиз. Бу гапдан кейин юзимга урилган тарсакидек қаттиқ жавоб кутардим. Ёки ҳайдаб чиқарилган одам эшиги каби телефоннинг ғазаб билан ўчирилиши ҳақида ўйлардим. Бироқ у на қаттиқ жавоб қилди, на ғазабланди. Овози аввалги сокинлик билан янгради: — Менимча танишиш учун вақт алламаҳал бўлди. — Алламаҳал? Йўқ, асло. Айни вақти ҳозир. Мен бироз аввал бир яқин дўстимнинг тўйидан чиқдим. У менинг энг охирги бўйдоқ оғайним эди. Фикримча, бугун унинг тўйи эмас, азаси бўлди. — Вай, вай, вай. Нималар деяпсиз? Ўзингиз уйланмаганмисиз? — Албатта йўқ. Сизчи, сиз турмушга чиққанмисиз? У кулди. — Танишишнинг илк дақиқасиданоқ ҳамма нарсани билишни истайсизми? — Маъзур тутинг. Мени телефон хулиганларидан, деб ўйламанг тағин. Мен, шунчаки, ёлғизликдан кўкси ўт олган бир одамман холос. Балки шунинг учунам рақамларни тердим, биров билан танишай дедим. — Шундайми, рақамимни қаердан олдингиз? — Тасодифан. Хаёлимга келган рақамларни тердим, вассалом. — Ажабланарли жуда. — Сезганингиздек, бироз сарҳушман, эҳтимол шу туфайли ўзимни жуда ёлғиз сезаётгандирман. — Майли, ҳеч қиси йўқ. — Сиз билан учраша оламизми? — Йўқ, бу тўғри иш эмас. Келинг, яхшиси бундай қиламиз. Ҳозир кеч бўлди, уйингизга бориб дам олинг, тонгда, мени айтди дерсиз, барчаси унутилади. — Ахир сиз билан кўришишни хоҳлайман, ҳеч қурса танишишни… — Рақамимни биласиз, эртага ўзингизга келгандан кейин, танишишни истасангиз телефон қилинг, қаршилигим йўқ. — Ростанми? — Рост. Яхши дам олинг. — Бахтга қарши эрталаб албатта қўнғироқ қиламан. Жуда кулгули кўринса ҳам, гўшакни жойига илиб одамсиз кўчада юриб борарканман, ўйлардимки, энди мен ёлғиз эмасман. Гўёки энди кимимдир бор. Эртаси кун телефон қилмадим. Кун давомида кундалик ишларга қоришиб, ҳаммасини унутдим. Бир неча кундан сўнгра мажлисдан чиқиб лаборотория мудиримиз билан жанжаллашиб қолдим. У менинг илмий раҳбарим ҳам эди. Музокарадан кейин Феруз мени уйига олиб кетди. Биз у билан бир олий ўқув юртида ишлардик. Йўлда у менга маслаҳатлар берди, ғазабланмаслигимни, ўзимни босиб гапиришим кераклиги ҳақида маъруза қилди. Айтдики, ҳаётда агар ҳақ бўлсанг ўз ҳақиқатингни ҳимоя қилишнинг минглаган усули бор. Ҳаммани ўзингга душман қилган билан бировни ишонтира олмайсан. Бироз келишган маъқул, бироз енгилган ҳам. Тасаввур қил, биров тўғри гапирмаяпти. Айтайлик унга, ҳар тарафдан назар солсанг, менга шундай туюлади, бу масалага бир тарафлама боқсанг, ҳар ким билан ҳам келиша оласан. Йўқса ўзинг каби ҳеч нарсанинг тарафини ололмайсан, нодонсан, жоҳилсан. Шунинг учун ҳам… — Шунинг учун ҳам… — дедим. — Сенинг бу сиёсатинг жонимдан тўйдиириб юборди. — Тушундим дўстим, тушундим, сендай одам билан келишиб бўлмайди. Кетдик яхшиси чой-пой ичайлик. Ферузнинг аёли: — Биласанки, — деди, — ҳеч биримиз бу сўзларни унга ўргатмаганмиз. Билмайман бу сўзларни қаердан билади, ўзи топган, дейдики: “о-о-йи, да-а-да”. Ферузнинг аёли ҳали бир ёшга ҳам кирмаган ўғли ҳақида гапирарди. Шу маҳал Феруз кийимларини алиштириб ёнимизга келди. — Ҳақиқатдан ғалати, — деди. — Биласан мен яқинда янги бир назарияни кашф қилдим. Назариямга асосан, тилни болалар яратишган. Катталар эмас, йўқ, айнан болалар. Биз, катталар улар яратган сўзлардан фойдаланамиз. Сеймур амакиси, айт қани, қаерда шундай ширин болани кўргансан, кимнинг шундай ўғли бор, тўғрими гапим? Қанча урунсам ҳам ўша рақамни эслай олмасдим. Деярли ярми эсимда, бошидаги икки сонни аниқ биламан, учинчи рақами нол эди, қолганини минг урунсам ҳам ёдимга тушуролмадим. — Менга қара, Самоя, ўша кечаси сен қайси рақамни айтгандинг? — Қайси кеча? Қанақа рақам? Унга эслатдим: “Ўшанда, тўйдан чиқиб менга маслаҳат бердингизлар уйланиш ҳақида, кейин телефон орқали таништирмоқчи бўлдингизлар бўлажак аёлим билан, бирма-бир рақам айтдингизлар, эслаяпсанми, сен ўшанда қайси рақамни айтган эдинг?” Эшикдан чиқарканман у ортимдан бақирди: — Ҳа, эсладим, тўққиз эди, троллейбусимнинг рақами. Уйдан чиқишим билан яқиндаги буткадан рақамларни тердим. Гўшак кўтарилди. — Ало. Салом. Менман. — Салом. Ким бу? — Нега дарров унутдингиз. Эсингизда бўлса, мен сизга бир оқшом телефон қилгандим, бундан уч кун аввал, айнан ҳозиргидай вақт эди ўшанда… — Унда овозингиз бошқача эди, — деди ва истеҳзо билан қўшиб қўйди, — ёки бу гапираётган одам бошқа биров. Ўтган сафар ёлғизликдан қийналган, бир телефон можаросига қўшилиб қолгандингиз. У қатъий оҳангда гапирарди. — Онт ичаман, бу менман. Ўшанда овозим маст одамники эди, шунинг учун ҳам танимаяпсиз ҳозир. Эндичи, энди танияпсизми, эшитинг. — Ҳа, энди танидим. Мен бошқа одам деб ўйлабман, маъзур тутинг, — у бемалол кулди, — демак, бугун ўзингиздасиз. — Юз фоиз. Маст эмас вақтимда қўнғироқ қилишимнинг сабаби мен ҳақда фақат ёмон тасаввурга эга бўлиб қолманг, дедим. Сиз ўйламанг тағин, бу ғирт ичкиликбоз, деб. Ўзи ойда-йилда бир марта ичаман. — Яхшиям қўнғироқ қилдингиз, бўлмаса бу оқшом зерикиб ўлардим. Радиом бузилиб қолди. — Сиз ҳар доим шундай кеч ухлайсизми? — Ҳа, шундай, тун ярмигача радио тинглайман. Бироқ бугун радионинг аҳволи чатоқ, тентакка ўхшаб қолдим усиз. Гўшакдан ажойиб бир куй, пианинонинг овози эшитиларди, бироқ жуда узоқдан. — Сиз саволларга жавоб беришни хуш кўрмайсиз, биламан, аммо мумкин бўлса айтсангиз, ким у тун ярмида пианино чалаётган? — Ҳа, — у секингига кулди. — Овоз бизнинг уйдан эмас, қўшниларникидан келяпти. Шундай санъатсевар қизки, эрталабдан кечгача пианино чалиш билан машғул. Деворлар қалин эмас, овоз тўғридан-тўғри ўтиб туради, худди икки уй ўртасида ҳеч нарса йўқдек. Ҳеч қурса радио ишлаганида унинг овозини эшитмасдим. — Хўш, нега радио тинглайсиз? — Радио худди уйимга менгзайди. Масалан, мана бу пайтда тунгги эшиттириш бўлади, мана бу вақтда эса энг сара қўшиқлар қўйилади… — Мен унинг радио тугмалари узра кезаётган бармоқларини ҳис қилдим, у каналларни бир-бир ўтказарди, — Бу ерда ҳамиша бўрон гувиллайди, бу ерда ҳар доим мен англолмас тилда гапиришади, бу ерда эса ҳамиша хурсандчилик, бу ерда суҳбатлар уюштирилади, халқ кулади, олқишлайди, мен сўзларни тушунолмайман, бироқ мендан бошқа ҳамма кулади, яна қарсак чалади, мен ҳам қўшиламан. Бу ерда тунгги суҳбат, бошловчилар бир-бири билан пичирлаб гаплашишади, микрафондан ҳатто уларнинг нафас олиши ҳам эшитилиб туради… Радио дейиш ҳам ғалати, гўёки бутун дунё менинг хонамга қамалиб олган. Барча тунларим шундай кечмоқда. Осмон, ашулалар, одамлар, тайёралар… — Тайёралар? — Қулоқ тутинг, — деди у. Сўнгра орага жимлик чўкди. Мен ҳам қулоқ солдим ва бироздан сўнг тайёра шовқинини эшитдим. Демак, ҳозиргина қўнган учоқ бизнинг уй устидан ҳам учиб ўтади. Унинг уйи қаерда экан-а, шаҳарнинг қайси бурчагида экан? — Радио ва тайёралар бир-бирига қўшни, шундайми? — дея тўсатдан сўради у. — Қанақасига қўшни бўлишади ахир? — Самодан, — деди ва яна сукутга чўмди. Энди гўшакдан учоқ овози эмас, пианино саси эшитиларди. — Менга қўйиб берсангиз гапириб ўтиравараман, сиз ҳам нимадир денг ахир? Ўзим ўзимга ҳайрон қолдим, билмадим, негадир мен бу бегона одамга ҳеч бировга айтмаганларимни гапира бошладим. Ишдаги муаммою ташвишлар, эски дўстим Феруз билар кундан-кунга узоқлашиб бораётганимиз, илмий раҳбаримни нега ёқтирмаслигим, диплом ҳимоясида ҳар нарса деганим ва бошқа шундай кўплаб нарсалар ҳақида оқизмай-томизмай айтиб бердим. Зеро, буларнинг бирортасини унга даҳли йўқ эди. Бироқ, тушунмасдим, нега айнан унга булар ҳақида гапирдим? Ўзимни нега тўхтатолмадим? Тўсатдан тўхтаб, дарров у билан хайр-маъзур қилдим, гўшакни шиддат ила жойига қайтардим. Уй тарафга одимлаб борар эканман, “Буни кимга айтиб беришимдан қатъий назар аниқ ишонмайди”, деб ўйладим. Ҳақиқатдан ҳам, танимаган, ҳатто юзини кўрмаган одамга қандай қилиб кўнглингни очиш мумкин? Мен у ҳақида нима билардим? Ҳеч нарса. Ягона билган нарсам, у кечалар радио тинглашни хуш кўради, санъатсевар қўшниси эса тун бўйи пианино чалади. Бу ҳикоянинг яни бир иштирокчиси — телефондир. Телефон ҳақида бир-икки жумла айтишни истардим. Айниқса сўнгги пайтларда телефонлар менга жуда ғаройиб ва бегона туюларди. Лаборотория мудиримизнинг хонасида, столи устида бир қора телефон бор. Ҳамиша унга боққанимда у хонага қўйилган минадек кўринади кўзимга. Мудирнинг доимо маҳзун, ўйнаб турувчи, қўрқув ичида боқувчи кўзларига қараганимда бу телефон унинг учун вақтли бомбадек туюлишини ўйлардим. Чунки у ҳар қўнғироқдан, ҳар ҳаракатдан сакраб тушарди. Гўёки бу телефон ҳар дақиқада нохуш хабар сабабли ҳаракатга келиши мумкин. Гўёки бир кун унга қўнғироқ қилиб “Сени ишдан бўшатишди ёки хотининг бошқаси билан қочиб кетди” дейишади. Канселариямизда ҳам телефон бор эди. Бироқ дискидаги рақамлар тушиб қолган, қора бир доира эди. Менинг тасаввуримча у чамбараксиз машина, мазилсиз мактуб каби мададга зор ва ожиз эди. У гўёки мутеъликнинг, эрксизликнинг, пассивлик ва бахтсизликнинг рамзи эди, яъниким, сенга қўнғироқ қила олишади, сен эса йўқ. Бундай телефонлар қаторида телефон автоматлар ҳам бор. Телефон автоматлар дисксиз телефонларнинг бутунлай акси. Сен қўнғироқ қила оласан, улар эса йўқ. Кимгадир телефон қилиб оғзингга келгани айт, қарға, ким ҳам сени топа оларди? Телефон автоматлари — жазосизликнинг, масъулиятсизликнинг, ўзбошимчаликнинг рамзи. Уларнинг устун тарафи бомбардимончи учоқларнинг қуролсиз кема устида ғолиб келганига ўхшайди. Кўрмагансизда, уйимизга телефон келмагунча қанчалик ҳасис эдим. Қўлимга тушган тангаларни Ҳожи Қора каби ҳасисларча йиғар, яшириб қўярдим. Таниш-билишдардан, дўстлардан танга олар ва бир жойга тўплар, имкон бўлиши биланоқ купюраларни ҳам тангага алмаштирардим. Ҳар кеча унга телефон қилардим, фақатгина кечалар, бу худди бир одатга айланганди. Бу суҳбатларни яхши кўрадим — унинг бироз ҳорғин, бироз истеҳзоли, бироз ғамгин овозига, девор ортидан эшитилиб турувчи пианинога, радиога, тайёра шовқинига, бари-барига шайдо эдим. Эндиликда у ҳақда баъзи нарсаларни ҳам билиб олгандим, бироқ жуда кам эди маълумот. Билишимча, унинг исми Мадина, бир ўзи яшайди, кўзлари қўнғир рангда, уйининг рақами 35. Шулардан бошқа ҳеч нарсани билмайман. Бир сафар ундан: — Неччи ёшдасиз? — дея сўрадим. — Эҳ, ёшим ўтиб қолган, набираларим, эвараларим бор, — деди у кулимсираб. Сездимки ҳазил қиляпти. У на ҳаётидан, на ишидан, на оилавий аҳволидан сўз очарди. Мен ҳам ундан булар борасида сўрамасдим. Унинг ўзи ҳам бундай нарсаларни сўрамасди мендан. Бироқ, ёшим, 29 далиги, бўйдоқлигим ҳамда илмий ташкилотда ишлашимни биларди. Фақатгмна исмимни билмасди. Чунки танишганимизда унга ўз исмимни эмас, бошқа бир исмни айтгандим: Рустам. Нега ундай деганман? Билмайман. Эҳтимол унинг ҳам асл исми Мадина эмас, бошқадир. — Ахир биз қачон кўришамиз, — дедим узоқ жимликдан сўнг. — Нима қиласиз кўришиб? — деди у жавобан, — Яхши фикр эмас бу. Сизни билмайману менга телефондаги суҳбатлар маъқулроқ. Ҳаётимга янги насимлар олиб киради унда кечган суҳбатлар, устига-устак маълум вақтлардагина телефонда гаплашаман, ўша вақтни кутиб яшайман. Қўнғироқ қилган одамни танимайман, юзини ҳам кўрмаганман, шу туфайли у билан бемалол гаплаша оламан, у ҳам қўрқмай-нетмай менга кўнглини очади. Дейлик, мени ҳеч қачон кўрмаган, қандайлигимни тасаввур ҳам қилмаган. Бу ёмонми? Асло. Мабодо кўришсак, бир-биримизни ёқтирмаймиз, кейин барчаси бузилади. Агар бир-биримизни ёқтирган тақдиримизда ҳам ҳамма нарса ўзгаради, соддалашади, ўз асл маъносини йўқотади. Келинг муносабатларимиз яхшиси шундай қолсин. Ишонинг, энг тўғри йўқ шу. Бу гапларни қўяйлик, яхшиси ишингиздан гапиринг. Ўша масала қандай бўлди? Аризангиз? Ҳал бўлдими? — Йўқ. Ариза берганман, кетаман яқин орада у ердан. — Қаерга? — Очиғи, қаергалигини билмайман. Сиз нима маслаҳат берасиз? У бу саволга жавоб қайтармади, гўшакдан фақатгина учоқ шовқини эшитилди. Янги йилни Ферузгилда кутиб олаётган эдик. Янги келин-қуёв — Расим ва Фарида ҳам келганди. Ўн иккига ўн дақиқа қолганида байрам столи ёнига тизилишдик. Бу столни Ферузнинг аёли ва бошқа хотинлар шундай чиройли безашган эди. Бу ерга энг охирда келган мен эдим, ташқари жуда совуқ бўлгани учун ичкаридаги қайноқ тафт одамга хуш ёқарди албатта. Соат ўн иккига бонг урди, бир-биримизни қучоқлаб, оғиз-бурун ўпишдик, бир-бировга бахт ва омад тилаб қадаҳ кўтардик. Феруз ўз сўзида бу йил тарихий йиллигини, бу йилда менинг тўйим бўлишини ҳам сўзига қистириб ўтди. Бир қадаҳ шаробдан кейин Феруз мени бир чеккага олиб чиқди. У кечадан бери ичаётгани учун маст эди, қўлидаги қадаҳ билан бир менга қадаҳ сўзи айтарди. Буни мендан бошқа биров эшитмасди. — Сенинг соғлигинг учун ичаман. Сен доим худди ҳозиргидек бўлгансан, мард, қатъиятли, шунингдек, бироз шўх, тутқичбермас ва бешафқат. Ҳаётга ҳамиша очиқ кўз билан қарайсан. Биламан, биламан, бу сўзларимга ичингдан куляпсан ҳозир, эҳтимол нафратланаётгандирсан ҳам. Яхши биласан, мен ҳам, қара, буларнинг барчасидан, — у ялтираб турган янги мебелини кўрсатди, — ёки Самоянинг шубасидан аввал ўзимни сотганман. Йўқ-йўқ, мен ҳеч қачон виждонимга хилоф иш қилмаганман, ҳеч қачон вада бермаганманки, виждоним уни қабул қилсин. Бунга ишонишинг мумкин. Аммо… — у бироз тўхтади, — Одамнинг ақли жойида бўлсин экан. Хўроз каби отилавермасин экан ҳар доим ўртага. Шундай ерлар бўладики, таслим бўлиш лозим, яна шундай ерлар борки, сўзингда қатъиян тура олиш шарт. Баъзи ишларда келишган ҳам маъқул аммо. — Эҳтимол, ҳақлисан. Лекин шахсан мен учун ҳақ-ҳисоб қийин масаладир, бу ерида ортга қайт, у ерида олға юр, мен бундай эрксизликда яшай олмайман. У қўлини ирғитди: — Ай-ҳай, кел, яхшиси ичамиз, янги йилдан қаерда иш бошлайсан? — Газетада, — дедим дадил овозда. — Ўтган куни буйруғим чиқди. — Ўзинг тушунадиган, яхши иш, бироқ мендан сўрасанг, бекор кетдинг… У роялнинг орқасига ўтди, чалишни бошлади, аёли эса қўшиқ куйлади. Улар айтаётган қўшиқ радиомизнинг сўнгги қўшиқларидан бири эди. Тўсатдан пианино, сўнг эса радио ёдимга тушди. — Қадаҳ сўз айтмоқчиман, — дедим, овозим баттар дўриллаб кетди. Ҳамма таажжубла менга қаради, чунки, шу пайтгача қадаҳ сўз айтган одам эмасдим. — Қаранг, биз ҳаммамиз шу ердамиз, бир жойда, ҳаммаси жойида, кайфимиз ҳам чоғ. Бироқ келинг, бир бора ўйлаб кўрайлик, бу оқшом ёлғиз қолганлар нима қилишмоқда экан? Дейлик, навбатчилар, йўл кузатувчидалари. — Ким, ким? — дея ҳар тарафдан савол келди. — Йўл кузатувчилар деяпман. Шундай, улар поездлар жадвалини ёддан билишади, ёп-ёлғиз хонасидан чиқиб айни тун ярмида қору аёзда поездларни кутишади. Расим: — Тегманглар, бугун оғайнимиз маст, дунё уники, — деди. Ҳамма кулди. Феруз дарров менга қараб ўрнидан турди: — Тўхтанглар, бир зумга тўхтанглар, — деди. Айтайлик, гапинг рост. Илтимос дўстлар, кулмайлик, масала жиддий. Демак, бугун йўл кузатувчиларининг соғлиги учун ичамизми Сеймур? Қадаҳлар кўтарилди. — Йўқ, — дедим, — йўл кузатувчиларининг соғлиги учун дейишни истамасдим. Гапимни оғзимдан олдингиз. Мен тамоман бошқа бир одамнинг соғлиги учун ичишни истар эдим ва қаранг, агар тушунмасангиз… — Хўш-хўш, майли, айтчи… — Мен фақат бир инсоннинг, танҳо қалбнинг, ёлғиз кўнгилнинг соғлиги учун ичишни истайман бугун. Ҳозир у ўз хонасида радио тингламоқда. У барча радиоларнинг кунлик жадвалини ёддан билади. Йўл кузатувчилари поездлар олдига чиққанидек у ҳам эфирга кетган ҳар бир эшиттиришнинг олдига чиқади. Бутун дунё унинг хонасида, бутун олам у билан бўлишига қарамай у жуда ёлғиз… Қадаҳдан бир қултум хўплаб, бошим узра кўтардим. Қолганлар ҳам индамайгина ичишди, сўзларимга ҳайратланишди, лекирн бирорта савол беришмади. Бироздан кейин эса умуман бошқа нарсалар ҳақида суҳбатга киришишди. Секингина даҳлизга чиқдим, рақамларни териб, жимгина қулоқ солдим. Телефон кўтарилмади. “Бу ҳам сенинг йўл кўзловчинг”, дея ўйладим. Бекорга унинг ғамини еяпсан. У ҳаммага ўхшаб қаердадир янги йил кутаётган бўлса керак, эҳтимол, шоддир ҳам. Нега қувонмасин, нега байрам қилмасин ахир? Хаёлдан ўзимни тортиб яна қўнғироқ қилдим. Москва вақти билан янги йилни қутлашни истадим. Барибир телефон кўтарилмади. Бир соат ўтар-ўтмай яна қўнғироқ қилдим, бу сафар Прага вақти билан табриклашни ўйладим, яна жавоб йўқ. Бир соатдан кўпроқ вақт ўтди, яна унинг рақамларини тердим, бу сафар қаернинг вақт билан янги йил эди, билмайман, эҳтимол Гринвич вақти биландир. Ниҳоят, саҳарга яқин кўчадаги автоматдан қўнғироқ қилганимда у телефонни кўтарди. — Сизни Атлантик вақтидаги янги йил билан қутлайман, — дедим. У нима демоқчилигимни тушунмади, мен ҳам изоҳламадим. — Яхшимисиз? Ҳозргина киргандим ўзи эшикдан. — Ўзим ҳам ҳали келмаган бўлса керак деб ўйладим. Тун бўйи сизга телефон қилиб чиқдим. — Рафиқамгилда эдим. — Ҳеч қиси йўқ, — дедим, — янги йил совғаси ўлароқ ажойиб бир сўзни айтмоқчиман сизга… Мен сизни севаман. Телбаларча севаман, ҳа-ҳа, жуда яхши кўраман сизни. — Ия, шундайми? — У оҳиста кулди. — Қандай ажойиб хушхабар. Янги йил ёмон бошланмаяпти. — Ишонинг, сиз менинг азизим, кўзларимнинг нурисиз, қандай айтсам экан-а, мен ҳеч кимни бунчалик севмаганман. Эҳтимол сизга кулгули туюлар, бир-бировни ҳеч кўрмаганмиз. Бироқ нима ҳам қилардик, қисмат экан, учрашдик. Мен энди сизсиз яшолмайман. — Янаям тўғрироғи, менинг қўнғироғимсиз, — дея сўзимни тўғирлади у. — Биламан, бу сўзлар ҳаммаси ҳавойи гаплар, аммо уларни эшитиш одамга жуда хуш ёқади. Биринчи марта суҳбатимизни пианино овози бузмас, олисдан қуёш кўринаётганди. Қачонлардир мусиқа мактабида ўқиганим сабаб шекилли, хаёлимга шундай ташбеҳлар келди — ҳаётнинг хромотик овозлари — оқ ва қора пардаларнинг — кундуз ва кечаларнинг, яхши, порлоқ кунларнинг ҳамда ёмон, зулматли тунларнинг кураши…. — Мен қачон сизни кўраман ахир? Ҳамиша бир гапни қайтарасиз: “Кўришмаганимиз яхши”. Сизнинг фикрингизча, бу муҳаббатнинг энг гўзал кўринишидир, биз бир-биримизга телефон орқали боғланганмиз. Гўзал алоқа бу. — Фақат бир тарафли алоқа, — деди у, — яъни, сиз менга қўнғироқ қила оласиз, мен эса йўқ. — Шундай, шунинг учун ҳам сизни кўришни истаяпман. Манзилни айтинг оёғимни қўлимга олиб ҳозироқ етиб бораман. — Илтимос қиламан… — деди у қандайдир ғамгин оҳангда, — Илтимос, бу севинчни мендан тортиб олманг. Кўпчилик менга бундай таклифни берган. Сиз ҳам уларга ўхшаб буни сўрайверсангиз, салом-алигимиз узилади. Бироз жим қолди, сўнгра яна сўзида давом этди, — Аммо сизга жуда суянаман, турмуш ўртоғим ўлганидан кейинги энг яқин одам сизсиз менга… Январ бошида янги жойда иш бошладим. Куни билан бир материални таҳрирладим, ишни якунлаб кўчириш учун машинкачига бердим. “Тонгда тайёр бўлиши шарт”, дедим жиддий оҳангда. Ишга кираверишдаги деворга қора плакат осилган, унда газета ходимларининг исм-фамиляси ҳамда телефон рақамлари ёзиб қўйилганди. Билдирмайгина уни кўздан кўчирдим, сўнгра бирдан совуқ тер босди бутун баданимни. Чунки нотаниш одамлар орасида таниш бир одамнинг исмига кўзим тушганди. — Вализода ким? —дея сўрадим ходимларнинг биридан. — Бизнинг машинкачимиз. Ҳозиргина унга материал бердингиз. Тинчликми? Секингина деразадан қарадим. Қўнғир кўзли машинкачи зиналардан пастга тушарди. Баланд пошналарининг овози шундай эшитилиб турарди: тақ-туқ, тақ-туқ… Бу худди эртакка менгзради. Қисмат бизни бир ишхонада учраштирганди, лекин у бу ҳақида умуман билмасди. У ёзув машинкасида мен берган материални кўчираркан буни мен берганимни ақлига ҳам келтирмасди. У биладики, буни мен берганман, бироқ билмайдики, мен — ўшаман, йўқ, янаям тўғрироқ айтсак, мен — менман. Ҳеч чидайолмасдим, бу янгиликни етказишни истардим, унга автоматдан қўнғироқ қилдим. Бу биринчи марта унга вақт етмасидан телефон қилишим эди, телефон кўтарилмади. “Ҳеч қиси йўқ, ҳар доимги вақтда телефон қиламан, сурприз бўлақолсин, майли”, деган хаёл кечди ичимдан. Кечқурун унга қўнғироқ қилдим ва: — Яхшимисиз? Икки соат аввал телефон қилгандим, кўтарилмади. — Бугун анча эрта телефон қилибсизми? Рафиқамгилда эдим. Бошим ишдан чиқмади, шунга бугун кеч чиқдим. Кулгумни зўрға тўхтатиб: — Нима иш экан ўша? — дея сўрадим. — Тугатолмадим, қолганини уйда қиларман олиб келдим, янги бўлим бошлиғимизнинг топшириғи. — Янги бўлим бошлиқ? — Шундай, бугун ишхонамизга янги бўлим бошлиғи тайинланди. — Йўғе, ажойибку, — дея яна ўзимни зўрға тутиб турдим кулишдан. — Яхши-яхши, қандай экан у янги бўлим бошлиғи? — Нима десам экан, ўзи кўпам гаплашмадик, жудаям манман кўринди аммо, илк таассурот билан нимадир дейиш мушкул, ҳар ҳолда… Нима дейишимни билмай қолдим. Унинг бундай дейиши хаёлимга ҳам келмаганди. — Нега, сизга манзур келмадими? — дедим. — Хулласда, одатда илк таассурот хато бўлади. Эҳтимол, яхши одамдир, ўзини жуда ёмон тутгани йўқ ҳарқалай. Узун бўйли, бақувват йигит, ҳам келишган. Аммо озроқ қаттиққўл. Одамга тепадан қарайди. Гапирганида ҳам қандайдир жаҳл билан гариради “Тонггача тайёр бўлсин”, деб. Бу унинг биринчи марта касби ҳақида сўз очиши эди. Бироқ бу сафар унинг касби билан қизиқмадим, ахир шусиз ҳам яхши билардимда чунки. — Хўш, ўзингизнинг иш нима бўлди? — дея сўради. — Янги ишга ўтдингизми? Ҳар ҳолда олдиндан режалаштириб қўйганим йўқ эди ўйин бошлашни, бироқ қандайдир куч мени мажбур қилдию шундай дедим: — Йўқ, фикримни ўзгартирдим. Эски жойимда қолдим. Эртасига эрталаб Мадинани, менинг Мадинамни кўрдим. Тўғри, ўтган кун ҳам кўргандим уни. Аммо ўша кун у бошқача кўринишда эди, аслида унинг ҳар бир кўриниши ўзига хос ва гўзал. Оддий бир кўриниш… Эҳтимол унинг гўзаллиги ҳам шунда эди, лекин қандайдир паришон ва ҳомуш гўзаллик эди у. Булар ўтган куннинг фикрлари. Бугун эса ҳар нарса тамоман бошқача. У кўчирган қоғозларни кўриш билан бирга ўзига ҳам кўз остидан назар солардим. Унинг менга буткул ёт бўлган зоҳирий кўриниши билан бу қадар яқин, таниш овози орасида, бу ердаги Мадина билан телефондаги Мадина орасида бир оҳанг, уйғунлик ахтарардим. Ишхонада у билан меҳрибон, секин овозда гаплаша бошладим ва қизиқардимки, қани кўрай, у бу ўзгаришни сезибдими? Буни билиш учун эса оқшомни кутардим. Қўнғироқ соатини. — Айтгандима сизга, илк таассурот хато бўлади деб. — деди у бугунги суҳбатда. — Бугун сездим, у жуда хушкўнгил, меҳрли инсон экан… — Иккинчи таассурот ҳам алдаши мумкин ахир, — дедим жиддий оҳангда. — Кўпам ишонманг. — Йўқ-йўқ, биринчи учрашувда унинг кўзларига қарай олмагандим. Бугун яхшилаб қарадим, кўзларида поклик бор, ҳам доно… Ичимдан қачон, қайси маҳал боқди экан дея ўйладим. — Қизғонаман-а сизни, — дедим. Хуллас калом, бу ўйин шундай бошланди. Мен энди бу ўйиннинг қоидаларини яхши билардим. У эса ҳаммасидан бехабар эди. Энди қўлимдан бошқа нарса келмасди, почта қутисига отилган мактуб каби воқеалар менинг назоратимдан чиққанди. Фақат олдга юриш керак эди. Бу ўйиннинг ўзига хос қийинчилиги ҳам бор бўлиб, барча сўзларни, сўзлаш оҳангини, фикрлашни ўзгартириш даркор эди. Яъни телефонда бошқа, ишхонада бошқа одам бўлиш керак. Ҳар бирининг ўз олами, ўз хатти-ҳаракати, ўз психологияси бор эди. Ишхонада тамомила бошқа одам эдим. Хайрихоҳ, бироқ ўртада масофа сақлаган, бир мунча уялчанг. Ҳеч кеча телефонда у менга ўзим ҳақда гапириб берар, ҳар бир ҳаракатимни, ҳар бир қадамимни, юзимнинг ҳар бир ифодасиги таҳлил қиларди. Кўп вақтларда ўзим ҳақда суҳбатни ўзим очардим, лекин сўнгги пайтлар сездимки, энди бундай қилишга эҳтиёж йўқ. У ўзи ҳаяжон билан Сеймур муаллим ҳақида сўзлар, бу Рустам билан кечган узундан-узун суҳбатларда юз берарди. Бироқ Сеймур билан ҳеч қачон Рустам ҳақида гаплашмасди. Умуман айтганда, унинг телефон ҳаёти ҳақида ҳеч кимнинг тасаввури йўқ эди. Мен билмасдим, бунга севнишим керакми ёки кадарланишим. Баъзан менга унинг бу борада ҳеч ким билан гаплашмаслигига сабаб бутун лоқайдлиги, бегоналиги, деган фикр келарди. Баъзида эса аксинча тушунардим. У буни худди энг ҳаяжонли, энг азиз, энг сирли туйғу каби яширар, ҳеч кимга очишни истамасди. Менинг ҳисларим эса бир-бирига қарама-қарши эди. Тасаввур қилинг, Сеймур сифатида мен уни кечқурунги телефондаги ўзимдан қизғанардим. Телефондаги суҳбатларда эса Рустамни унинг Сеймур ҳақидаги узундан-узун суҳбатлари асабийлаштирарди. Бу сафар унга: — Келинг, — дедим, — бир-биримизга “сен” деб мурожаат қилайлик. Ахир кўпдан бери танишмиз. — Майли, кел, — деган жавоб келди гўшакдан. — Раҳмат, хайрли кечалар тилайман, — дедим ва ёш боладай севиндим, энди Мадина мен билан “сен” деб, у билан эса “сиз” дея гаплашади. Тўсатдан хаёлимга биринчи марта ўзим ҳақда, ўзимнинг иккинчи “Мен”им борасида худди бегона одам каби тушунаётганим келди. — Менимча сенинг ёшинг кичик ундан. — дедим. — Қаердан биласан? — ўзига ярашган ноз билан жавоб қайтарди, — эҳтимол, у мендан кичкинадир. Ғазабим қўзиб гўшакни қўйдим. Уч кун давомида бирор марта унга телефон қилмадим. Ишхонада эса ҳар кун у билан кўз уриштирардик. Ишхонанинг эски ишчиларидан бири менга яқинлашди: — Қўй, ўзингни қийнама, — деди ва кулимсиради, — ҳали бирор одам бу ёш хонимнинг қалбини фатҳ этолмаган. Учаламиз ҳам кулдик. Мадина кетганидан кейин мусаҳҳиҳим деди: — Худди роҳибага ўхшайди. Бирорта инсон унинг юрагига йўл тополмади. Садоқатли рафиқа экан. Эри кўп йиллар аввал вафот этган… Унинг айтишига қараганда, турмуш ўртоғи учувчи бўлган эмиш, осмонда ҳалок бўлганмиш. Бир кун ишдан кеч чиқдим. Эшикдан чиқаётиб Мадинанинг машинкасидв ниманидир ёзаётганини эшитдим. Унинг нозик бармоқлари машинка тугмалари узра ҳаракат қилар экан, бу четдан худди пианино чалаётганга ўхшарди. Кечқурун, вақт бўлганида унга қўнғироқ қилдим. — Салом. — Салом. Демак сенинг жаҳлинг тез. Тунов кун нега телефонни қўйиб юбординг? Сенинг шарофатинг билан бугун Сеймур мени уйга кузатиб қўйди. — Нима? — дея таажжубла сўрадим, ҳайратим жуда ишонарли чиқди. — Ишим жуда кўпайиб кетди. Шу туфайли кеч чиқдим. У мени кузатиб қўйди. Чунки жуда илтифотли, яхши одам. “Янаям тўғрироғи, ақлсиз, аҳмоқ одам у, — дея ўйладим. — Каллам қурсин, ростанам кеч эди ахир, хайрлашиб кетиб қолдим, хаёлимга келмабди, кузатиб қўйсам ўлармидим”. Унинг сўзларидан англадимки, демак мен уни кузатиб қўймоқчи бўлсам албатта йўқ демайди, қайтанга унга ёқиб тушади. Эҳтимол аччиғ билан айтаётгандир, мени — Рустамни жаҳлини чиқариш учун айтаётгандир. Демак, у менга — Рустамга ҳам бепарво, ёт деб билмайди ўзини. Бироқ бунинг қай бири ҳақиқат? Қачон бунинг тагига етаман? Гумону фаразлар ичида гаранг қолдим. Бироқ бир нарсани аниқ ва тиниқ билиб олдим, келаси сафар ишдан кеч чиқса нима қилишни яъни. Биз борди-келдиси озайган шаҳарнинг сокин кўчаларидан ўтиб борардик, мен ундан сўрадим: — Иш йўқ пайтлари, айнан кечалар нима билан машғул бўласиз? — Уйда ўтираман, — деди. — Ёлғиз, бир ўзингиз ўтирасизми уйда? — Шундай, тинчликми? Китоб ўқийман, радио тинглайман. Қани кўрамиз, радио ҳақида Рустамга айтганларини Сеймурга ҳам айтиб берармикан. Аммо у умуман бошқа нарса ҳақида сўз очди, бундан ўзимда шод эдим. — Анави менинг деразам — учинчи қаватни кўрсатди. — Эҳтимол падезд қоронғудир, келинг, ўзим эшиккача чиқариб қўяман. — Йўқ, — деди. Бироқ ортга қайтишнн истамадим. — Балки мени уйингизга таклиф этарсиз? — дедим. — Албатта, — деди у. — Лекин ҳозир вақт алламаҳал бўлди, — у соатига қаради, сездимки, асабийлашяпти. — Алламаҳал дейсизми? Шунчалик эрта ухлашга ётасизми? — Йўқ, аммо… — у жуда безовта эди, тили калимага келмасди. — Майли, менга бир стакан чой беришни истамас экансиз, келинг, унда яхшиси бироз кўчада сайр қиламиз, ҳавони қаранг, қандай баҳаво. У рози бўлмади. Сайр қилдик. Бир неча марта унинг уйи ёнидан ўтдик. Мен унинг уйини жуда кўришни истардим. Фақатгина телефон орқали таниш бўлган уйни, радиони, юмшоқ ўриндиқни кўриш якка истагим эди. Эҳтимол ўша кун мени уйига таклиқ қилсайди, ҳаммасини унга айтиб берардим. Падезд эшиги олдида хвйралашар эканмиз у менга шошилиб қўлини узатди. — Бўпти, яхши боринг Сеймур муаллим. Жуда миннатдорман сиздан. Оқшомингиз хайрли бўлсин. Шундай деди ва майингина жилмайди, сўнгра ортга қарамай кириб кетди. Унинг қадам овозларини эшитар эканман, тўсатдан ҳаммасини англадим. Тушундимки, у нега бунчалик шошилди, асабийлашди, тез-тез соатига қаради. У телефонни кўтаришга кечикишдан қўрқарди. Менинг телефонимни. Бир неча кундан сўнг масъул котибимиз мажлисда бўлмағур нутқ сўзлади. Унинг сўзларини кесдим ва аёвсиз танқид қилдим. У менга қаршилик ҳам билдирмади, жавоб ҳам бермади. Унга раҳмим келди. Қанча йиллардан бери газетада ишлайди, шу пайтгача бирор одам у билан бу оҳангда гаплашмаган экан. Камига шунча одам орасида. Мажлис тугагандан кейин ўзимни жуда ўнғайсиз ҳис қилдим, биринчи сабаби мен тамоман ҳақ эмасдим, иккинчи, Ферузнинг маслаҳатлари ёдимга тушганди, учинчиси эса, ишхонадан бўшатишидан қўрқардим. Аслида, қўрқадиган одам эмасман. Бироқ Мадина бу ерда ишлайди, ундан айрилгим йўқ. Нима бўлса бўлар деб масъул котибнинг хонасига бордим, узр сўрадим. Кечқурун Мадинага телефон қилар эканман, нима ҳақида сўзлашини билардим. У сўз бошлади: — Рустам, яхши биласан, — унинг овозида жонланиш, ҳаяжон бор эди, — бизнинг Сеймур қанчалик мард инсон. Ўз кўзим билан кўрганим йўқ, лекин бошқаларнинг сўзига қараганда, бугун у мажлисда масъул котибимизни уялтирибди. Сувсиз олиб бориб, сувсиз олиб қайтибди. Оғзига келганни айтибди. Хуллас, ҳамманинг оғзида шу гап. Ахир котибимизни шу пайтгача бирор одам икки қилмаганди. Устига-устак, шунча одамнинг ичида, тасаввур қиляпсанми. — Биламан, — дедим, — бундай кишиларни жуда яхши биламан. Улар мажлисларда оловли нутқлар сўзлашади, одамлар ичида ўзини кўрсатишади, бироқ кейин бориб узр сўрашади. Эҳтимол Сеймур ҳам мажлисдан чиқиб унинг ёнига борган, оёқларига йиқилиб ёлворган, узр сўрагандир. У ғамгин овозда: — Нега бунақа дейсан-а? — деди. — Нега сен уни бунчалик ёқтирмайсан. — Бунинг сабаби битта, чунки сен уни ёқтирасан. Мен эса сени. — Қандай яхши, зўр. Ҳаммамиз бир-биримизни ёқтирамиз, яхши кўрамиз. — Албатта, сен эътибор берма. Энг ёмони сен у билан ҳар кун кўришасан, юзма-юз суҳбатлашасан, киногаям борасан ҳаттоки. — Кинога? Сен қаердан биласан, нега у билан кинога кетармишман? — Нега кетмаслигинг керак экан? У кулди. Демак бу фикр унга ёқиб тушди. — Мен билан эса фақатгина телефонда гаплашасан. — Ахир бу ҳақида сен билан гаплашгандикку. — Айтчи, мен ҳақда унга бирор нарса айтганмисан? — Нималар деяпсан? Мен бу ҳақида нафақат у, балки ҳеч кимга, ҳеч қачон бирор сўз ҳам айтмайман. Менинг учун бу худди, нима десам экан, — у бироз жим қолди, чамамда, сўз ахтарди, — муқаддас нарсадир. Эртаси кун биз у билан кинога бордик. Филм фидокор учувчилар борасида эди, бундан Мадининг жаҳли чиққанди. Эҳтимол шунинг учун ҳам кўнглини бўшатиб олишни истади, ҳалок бўлган умр йўлдоши ҳақида сўз очди: “Бизнинг бутун умримиз осмонда ўтди. Осмонда танишдик. У учувчи эди, мен эса оддий бир учоқ хизматкори. Кейинчалик мени стуардессаликка қўйишди, ўшанда менда ҳамиша у билан бўлиш имкони пайдо бўлди. Биз турмуш қурдик. Бокудан — Мсоквага, Москвадан — Бокуга учрадик, тинч ва кўздан пана жой топишимиз билан ўпишардик. Кейин ҳомиладор бўлдим, таътилга чиқдим. Охирги марта уни тайёрагоҳга кузатиб қўйдим…” Дарҳақиқат, айрилишганида уларнинг лаблари орасида масофа йўқ эди, бироқ билишмасдики, бу масофа ҳаёт ва ўлим орасидаги масофа, абадий кўк, у ҳеч қачон қайтиб келмайдиган само ва ер, Мадинанинг уни ҳамиша кутгувчи ер ўртасидаги масофа эди у. Учоқ жойидан қўзғолганида Мадина унинг орқасидан сув сепган. Яқин ўтмиш тарихида биринчи марта, замонавий ҳаво қушининг ортидан, худди бундан минг йил илгариги одат бўйича сув сепишарди. Кейин учоқ фалакка кўтарилди. Кейин эса ёмғир ёғди… Мадина бир жойида қотиб ниманидир тинглашни бошлади. Бироздан сўнг бу шовқинни мен ҳам эшитдим ва тушундимки, у бу овозни ҳаммадан аввал эшитади. Осмондаги ҳаракатланаётган рангбаранг нурларга боқар эканмиз, Мадина: — Унинг қабри ҳув ўша ёқда, — деди. — Қолган бевалар эрини ёд айлаб қабристонга боришади, мен эса осмонга қарайман. Сўнгра Мадина баъзида кечалари тайёргоҳга келиши, бир бурчакда ўтириб учиб-қўнаётган учоқларни кузатиши ҳақида сўзлаб берди. “Фарзандимиз ҳам ўлик туғилди…” деди у баттар маюс овозда. Бармоқларим билан оҳиста ёноқларига оқиб тушаётган кўзёшларини артдим, кейин жиннидек ўпишни бошладим. У: — Йўқ, йўқ, йўқ, керакмас, — дерди, англардимки, бу сўзларни жуда катта дард билан, ҳасрат билан айтарди. Уни кузатиб қўйдим, уйга тез бордиму қўнғироқ қилдим. Овози бир қадар ҳаяжонли ва ғамгин эди, менинг бутун романтикларга — ҳавода, ерда, денгизда ҳалок бўлган барча бечораларга раҳмим келди. — Биласан, — дедим, эндиликда ишда ҳам у билан сенсирашни бошлагандик, — ўтган кун ажралганимиздан кейин сенга телефон қилдим, телефонинг банд деди. Тунда ким билан гаплашаётгандинг? Кутилмага бу гапдан унинг ранги оқарди, қошлари чимирилди. Бироқ ўзини дарҳол қўлга олиб: — Адашиб бошқа жойга тушгандирсан, — деди. — Мен уйга киришим билан ётдим. — Туноқв кун сени тушимда кўрдим, — дедим бу кеч ҳам телефонда гаплашар эканмиз. — Ғалати, — деди у кулимсираб, — ҳаётда бирор марта кўрмаган одамингни қандай қилиб тушда кўриш мумкин? — Овозингни кўрдим тушимда, шунингдек, “Неринга” радиони ҳам. — Радиоку майли, аммо овозимни қандай кўрдинг, ҳеч ақлимга сиғдиролмаяпман. Сенингча, мен қандайман? Тасаввур қила оласанми? Унга умуман тескари сифатларни айтдим: — Албатта. Узун бўйли, узун сочли, озғин, қора кўзли. — Офарин сенгаей, — деди у. — Қойил. Тўппа-тўғри тасаввур қиляпсан. Энди ҳар тун тушларингга кираман. — Эҳтимол бир менинг тушларимга кирмассан… — Яна бошладингми? — Билсанг керак, айтишларича Маҳин Бону ҳар оқшом юз кишининг тушига кирармиш. Сенинг қамровинг қанча? — Мен ягона нусҳаман ва фақатгина сенинг тушингга кираман, ишонавер, — деди у шан овозда. — Сен кўзларимнинг нурисан. — Ўў-ў, раҳмат, раҳмат, — дедим. — Менга қара кўзимнинг нури, бир масала ҳақида сен билан маслаҳатлашишни истайман. Бироқ, ўзингни бос, дарров дарғазаб бўлма, телефонни отиб юборма. Мен бу суҳбатни уч кундан бери кутаётгандим. Нега бу борада гап очмаяпти деб таажжубга туша бошлагандим. — Қулоқ сол. Тўхта, яхшиси аввал ёнингга волидол келтириб қўй. — Хўп, хўп, айт, юрагимни сиқаверма. — Хўп, бундан уч кун олдин Сеймур унга турмушга чиқишимни сўради. Эшитяпсанми, яхшимисан? — Йўқ, — дедим. — Нима жавоб бердинг унга? — Ҳали ҳеч қандай жавоб айтмадим, аввал сен билан маслаҳатлашишни истадим. Ахир сен менинг энг азиз, энг яхши дўстимсан, энг яқин одамимсан. “Аёл психологиясини тушуниш мушкул. Бошқасига ошиқ бўлиши биланоқ сен унинг энг яқин инсонига айланасан”. — Керакмас, — дедим, энг қизиқ тарафи бу сўзни жуда самимий айтардим. — Ҳеч кимга кетма ёки менда қол. Сени севаман ахир. Оҳ Худойим, қанийди телефон билан турмуш қуриб бўлса. У қаҳқаҳа отди. Қаҳқаҳаси бир мунча ясама ва асабий эди. — Ақлли бола бўл. Сен ахир ҳали жуда ёшсан, боласан. — Менми? Қаердан биласан, ахир мени кўрмагансанку. — Кўрмасам-да ҳис қиламан. Ҳамма нарсадан ҳис қиламан, овозингдан, фелингдан, менга бўлган муносабатингдан. Илтимос сендан, ҳамиша шундай қол, ҳеч қачон ўзгарма, ҳеч қачон улғайма. — Қаердан биласан, эҳтимол мен сенинг Сеймурингдан каттадирман. — Йўқ-йўқ, азизим. Аёл ҳислари ҳеч қачон алдамайди… Бу худди латифага ўхшарди, бироқ менинг кулишга ҳеч ҳавасим йўқ, негадир ичимда ғалати бир ичикиш, оғриқ ва ҳасратни туярдим. — Ҳечам керакмас Мадина, — дедим. — Сенсиз мен нима қиламан? Ахир эринг гаплашишимизга руҳсат бермайдику. Кечалари доимгидек ҳасратлашолмаймиз… — Бир иложини қиламиз, сиқилма. Телефонда гаплашиш хиёнат эмас, гуноҳ эмаску ахир. У пайт сенинг уйингда ҳам телефон бўлади, ўзим сенга телефон қиламан. Унга қандай тушунтиришни билмасдим, ахир бунинг умуман имкони йўқ. — Мени тушун, — деди у, овози жиддий ва ғамгин эди, — Қара, сиз эркаклар ҳамиша ёлғизликдан, танҳоликдан шикоят қиласиз. Менинг кулгум қистайди, чунки сизлар асл ёлғизликнинг нималигини ҳеч қачон билолмайсиз. Шундай ёлғизликки, уни фақатгина ёлғиз аёл англай олиши мумкин. Тунлари тўсатдан уйғониб кетасан, деворлар устингга йиқилаётгандай туюлади… Кел, яхшиси, бундай нарсалар ҳақида гаплашмайлик. Сен нима десанг, шуни қиламан, истасанг “йўқ” дейман. Мен нима дейишим ҳам мумкин эди? У сукутга чўкди, сўнгра мен тайёра шовқинини эшитдим ва англадимки, шунинг ўзи аниқ жавобдир. Ҳеч қачон бизнинг ҳеч биримиз — на мен Рустам, нада мен Сеймур унинг бевақт вафот этган эрининг ўрнини босолмаймиз. Ўша оқшом ишдан кейин биринчи марта у мени уйига таклиф қилди. Мен даҳлиз ва қаватини билардим, бироқ айнан унинг уйи эшигини билмасдим. Қоронғуда бошқа бировнинг эшигини тақиллатдим шекилли, ҳеч ким очмади. Гугурт ёқдим ва эшик пешонасига ёпиштирилган “Калит қўшнида” деган ёзувли қоғозни кўрдим. Бу ёзувни ўқишим билан пианино эсимга тушди, демак бу ўша санъатсеварнинг уйи. Ўгирилиб орқадаги эшикни чертдим. “Неринга” радиоси, юмшоқ ўриндиқ, елпиғич — ҳамма нарса худди мен тасаввур қилгандай эди. — Ҳозир сенга, Сеймур, антиқа бир қўшиқни эшиттираман, — деди у хонадан чиқар экан. — Сен тинглаб тур, мен чой қўйиб келаман. У қайтгач секин-аста қўлларидан ушладим, қучоғимга олдим, сочларидан силадим. Бу онда унга аёллиги хуш ва мушкул оғриқ билан қайтаётганини ҳис қилиб турардим. Шундоқ қулоқларим остида пианино чалишни бошлашди, бирдан у менинг қўлларим орасидан чиқди ва нимагадир қулоқ сола бошлади. Мен ҳам қулоқ тутгандим. Бир неча дақиқадан кейин шовқинни, учоқ шовқинини эшитсам керак, деб ўйладим. Лекин на тайёра, на шовқиндан дарак бор эди. Тўсатдан Мадина нимани эшитишга бунчалик муштоқ эканини англадим, у телефон кўзларди. Бундай вақтда у қўнғироқ қиларди. “У” — яъни мен. Билардимки, у энди ҳеч қачон телефон қилмайди, ҳа-ҳа, ҳеч қачон, аммо мен ҳам шубҳаландим, мен ҳам кутдим, мен ҳам мўжиза юз беришини истадим, истадимки, телефон жирингласин. Телефон эса жим эди.
2022-07-15
http://nodirabegim.uz/archives/4757
Бизлар ўлим ва ҳаётдан келганимизни биламиз, бинобарин биродарларимизни яхши кўрамиз: биродарини яхши кўрмаган одам марҳум ҳисобидир. Дунёда кимки фаровон яшаса, бироқ ўз биродарини муҳтож аҳволда кўриб, унга юрагини очмаса: унда Тангрига хос меҳру шафқат қаёқдан бўлсин? Болаларим! қуруқ сўз билан ёки фақат оғизда эмас, балки амалий ишлар ва адолат билан яхши кўрайлик. Меҳр-муҳаббат Тангри таолонинг инъоми, ва ҳар бир меҳр-муҳаббатли одам Тангрининг солиҳ бандаси ҳисобланади ва Тангри таолони яхши билади. Кимки меҳр-муҳаббатли бўлмаса, Худони билмайди, чунки Тангри таоло меҳр-муҳаббат демакдир. Тангри таолони ҳеч ким, ҳеч қачон кўрмаган. Агар биз бир-биримизга меҳрли бўлсак, Тангри ҳар доим биз билан бирга. Тангри таоло меҳру муҳаббат демакдир, кимки меҳр-муҳаббатли бўлса, Тангри билан бирга, Тангри унинг қалбида бўлади. Кимки Тангри таолони яхши кўраман десаю, ўз биродаридан нафратланса, у ёлғончидир, зотан кўриб турган биродарини севмаган одам кўзига кўринмайдиган Тангрини қандай сева олади? I Эдикдўз хотини ва болалари билан бир одамнинг уйида ижарада яшарди. Унинг на ўз уйи ва на томорқаси бор эди, бола-чақасини этикдўзлик билан боқарди. Нон қиммат, топиши эса жуда оз эди, шунинг учун ишлаб топган пулига қаноат қиларди. Эдикдўз хотини билан битта пўстинни киярди, унинг ҳам сахтиёни чиқиб кетганди; эдикдўз икки йилдирки, янги пўстин учун ошланган қўй териси сотиб олишни мўлжалларди. Куз келганда, анча пул жамғарди: хотинининг сандиғида уч сўмлик қоғоз пул, яна қишлоқдаги деҳқонларда беш сўму йигирма тийин пули бор эди. Эдикдўз эрталаб пўстин олиш учун қишлоққа отланди. Кўйлагининг устидан хотинининг пахталик камзулини, устидан мовут чакмонни кийди, уч сўмлик қоғоз пулни чўнтагига солиб, бир калтакни асо қилганча нонуштадан кейин йўлга тушди. “Деҳқонлардан беш сўмни оламан, уч сўмни қўшиб, ошланган қўй териси харид қиламан”, деб ўйлади. Эдикдўз қишлоққа етиб келди, қарздор деҳқонлардан бирининг уйига кирди – у уйида йўқ экан, хотини бир ҳафтада эрини пул билан жўнатишни ваъда қилди, лекин пул бермади; иккинчи деҳқоннинг уйига кирди – у ҳам Худони ўртага қўйиб пулим йўқ деди, этигини ямаб бергани учун фақат йигирма тийин берди. Этикдўз қўй терисини қарзга олишни мўлжаллади, –тери сотувчи эса қарзга бермади. –Олдин пулни олиб кел, кейин хоҳлаганингни танлаб олавер, қарзни ундириш учун орқангдан югуриб юрадиган аҳмоқ йўқ. Хуллас, эдикдўз мўлжаллаган ишларини қила олмади, фақат этикни ямагани учун йигирма тийин ва бир деҳқоннинг пиймасини чарм билан қоплаб бериш учун олди. Эдикдўз ғамга ботди, йигирма тийиннинг ҳаммасига ароқ олиб ичди ва пўстинсиз уйига йўл олди. Эрталаб эдикдўзга ҳаво совуқдай туюлганди, ичиб олгандан кейин пўстинсиз ҳам исиб кетди. Этикдўз йўлда кетиб борар, бир қўлидаги асо билан кўлмаклардаги музларга дўққиллатиб урар, иккинчи қўлида эса пийма этик саланглаб бораркан, ўзи билан ўзи гаплашарди: –Менга пўстинсиз ҳам иссиқ. Кичик шишадаги ароқни ичдим; аъзои баданимни қиздираяпти. Пўстин ҳам керак эмас. Дарду ҳасратларнимни унутдим. Мана, қандай одамман! Менга нима керак? Пўстинсиз ҳам куним ўтади. Икки дунёда ҳам кераги йўқ. Фақат анави хотин ранжийди. Ҳақиқатдан ҳам алам қилади – сен унинг учун тер тўкасан, у эса сени чув туширади. Менга қара, агар пул олиб келмасанг, бошингни узиб оламан, Худо ҳаққи, узиб оламан! Менда нима айб?! Фақат йигирма тийин беришди! Йигирма тийинга нима ҳам харид қилардим? Фақат ароқ. Муҳтожлик, дейди. Сен муҳтож бўлсанг, мен муҳтож эмасманми?! Сенинг уйинг ҳам, мол-ҳолинг ҳам – ҳамма нарсанг бор, менинг нимам бор; сенинг ўзингни ғалланг бор, мен эса сотиб оламан, – ернинг остидан бўлса ҳам топиб, ҳафтасига фақат ноннинг ўзига уч сўм пул тўлашим шарт. Уйга борсам – яна нон ташвиши; яна бир ярим сўм бериш керак. Хуллас, сен менга ўзимнинг ҳақимни бер. Этикдўз бурилишдаги бутхонага етиб келди, бутхонанинг орқасида нимадир оқариб кўзига чалинди. Шом туша бошлаганди. Эдикдўз яхшироқ тикилиб ҳам унинг нималигини илғай олмади. “Бу ерда ҳеч қачон йирик тош бўлмаган. Бирон жонивормикан? Ҳайвонга ўхшамайди. Боши одамга ўхшайди, лекин жуда ҳам оппоқ-ку. Қолаверса, бу ерда одам нима қилади?” Яқинроқ келиб аниқ кўрди. Ажабо: тирикми-ўликми, яланғоч, бутхонага суянганича қилт этмайди. Этикдўз ваҳимага тушди; ўзича ўйлади: “Кимлардир ўлдириб, кийимларини ҳам ечиб олиб, шу ерга ташлаб кетибди. Тегиниб кўргин, бошинг балога қолади”. Хуллас, эдикдўз уни четлаб ўтди. Бутхонанинг ёнидан ўта бошлади – ҳалиги одам кўринмай қолди. Бутхонадан ўтди, ортига ўгирилди, қараса – бояги одам бутхонадан орқасини олиб, қимирлаяпти, гўё унга тикилаётгандай. Этикдўз яна ҳам қўрқиб кетди ва ўйлай бошлади: “Олдига борсаммикан ё йўлимда кетаверайми? Олдига борсам, балога қолмасам эди: қандай одамлигини билмайман-ку. Бу ерга яхшиликча келмаган бўлса керак. Олдига борсаму у ўрнидан туриб буға бошласа, қандай қутиламан? Ёқамдан олмаган тақдирда ҳам у билан пачакилашишга тўғри келади. Яланғоч кимсанинг ёнида бало борми? Эгнимдаги сўнгги чакмонимни ечиб бераманми? Э Худо, ўзинг асрагин!” Этикдўз қадамини тезлаштирди. Бутхонадан бутунлай ўтай деганда виждони йўл қўймади. Этикдўз йўлда тўхтади. –Сёмен, деди ўзига ўзи, бу нима қилганинг? Бир бечора бошига кулфат тушиб ўлай деб ётибди, сен бўлса қўрққанингдан ёнидан ўтиб кетаяпсан. Бойиб қолдингми? Бойлигимни тортиб олишади, деб қўрқаяпсанми? Эҳ Сёма, шу ҳам одамгарчилик бўлдими! Сёмен орқасига қайтди ва ҳалига одам томон йўл олди. II Семён унга яқин борди, назар солиб, ёш, бақувват эканини кўрди, танасида калтакланиш аломатлари кўринмасди , фақат у совуқ қотган ва қўрқиб қолганди; бутхонага суянганча ўтирар ва Семёнга ҳам қарамасди, гўё холдан тойган, кўзини очиб қарашга ҳам холи келмасди. Семён яна ҳам яқинроқ борди, ҳалиги одам ўзига келгандай бўлди, бошини бурди, кўзларини очди ва Семёнга тикилди. Шу лаҳзадан Семённинг унга меҳри товланди. У қўлидаги пиймани ерга ташлади, белбоғини ечди, белбоғини пийманинг устига қўйди, чакмонини ечди. –Қани, ўзингни қўлга ол! Манавиларни кий! Бўлақол! Семён уни қўлтиғидан олиб кўтара бошлади. У қаддини ростлади. Семён эътибор берса, вужуди нозиккина, покиза, оёқ-қўли бутун, чеҳраси ҳам ёқимтой. Семён ўзининг чакмонини унинг елкасига ташлади, – ҳалиги бечора кийгани қийналди. Семён чакмонни кийдирди, яхшилиб ўраб, белини боғлади. Семён йиртиқ қалпоғини бошидан олди, уни ҳалиги одамнинг бошига кийдирмоқчи бўлди, лекин боши совқота бошлади, кўнглидан шундай фикр ўтди: “Менинг сочим йўқ – бошим тақир, унинг сочлари жинглагак, узун”. Қалпоғини қайта кийди. “Яхшиси пиймани бераман”. Уни ерга ўтқазди-да, пиймани оёғига кийдирди. Этикдўз уни кийинтирди-да деди: –Бардам бўл, биродар. Қани, оёқ-қўлингни қимирлатиб бироз исиниб ол. Бошқа ишларни бизларсиз ҳам уддалашади. Юра оласанми? Одам эса тик оёқда турганча Семёнга мулойим тикилар, лекин лом-мим дея олмасди. –Нега индамайсан? Шу ерда қишлаш ниятинг йўқ бўлса керак? Уйга бориш керак. Холинг йўқ бўлса, менинг ҳассамга суяниб юра қол. Қани, кетдик. Ниҳоят, бу одам унга эргашди. Енгил қадам ташлар, Семёндан ортда қолмасди. Ёнма-ён кетишар экан, Семён сўради: –Қаерликсан? –Бу ерлик эмасман. –Бу ерликларни танийман. Бутхона олдига қаердан келиб қолдинг? –Айта олмайман. –Кимдир ранжитдими? –Ҳеч ким ранжитгани йўқ. Худонинг қаҳрига йўлиқдим. –Албатта, ҳаммаси Худодан, лекин одамнинг ўз бошпанаси бўлиши керак. Қаерга боришинг керак? –Менга барибир. Семён ажабланди. Безорига ўхшамайди, гап-сўзлари ҳам мулойим, лекин ўзи ҳақида очилиб гапирмаяпти. Семённинг кўнглидан: “Бу дунёда нималар бўлмайди”, деган фикр ўтди ва ёнидаги одамга деди: –Майли, бизникига борамиз, зора бироз ўзингни тутиб олсанг. Семён дадил одимлар, мусофир ҳам ортда қолмас, ёнма-ён кетиб борарди. Шамол эса бошлади, Семён кўйлагининг ёқасини кўтарди, кайфи тарқаб совқота бошлади. У бурни билан пишиллаб нафас олганча кетиб борар, хотинининг пахталик камзулига ўранганча ўйларди: “Мана сенга пўстин, пўстин олгани бориб, чакмонсиз қайтаяпман, устига-устак яланғоч мусофирни ўзим билан эргаштириб келаяпман. Матрёнадан балога қолишим аниқ!” Матрёнани ўйлаган заҳоти Семённинг кўнгли беҳузур бўлди. Мусофирга қарагани ҳамон эса, бутхона олдида ўзига меҳр билан тикилганини эслаб, юраги ҳапқиради. III Семёнинг хотини эрталабдан уйни тартибга келтирди. Ўтин ёрди, сув олиб келди, болаларни овқатлантирди, ўзи ҳам тотингандай бўлди ва ўйга толди: нонни қачон дастурхонга қўйсам экан деган фикр кщнглидан кечди: бугунми ёки эртагами? Ноннинг четидан қирқиб олинган каттароқ бўлаги қолган, холос. “Агар Семён ўша ерда тушлик қилса, кечки овқатланишда кўп емайди, демак, нон эртага ҳам етади”. Матрёна нон бўлагини қўлида айлантириб кўриб ўйлади: “Бугун дастурхонга нон қўймайман. Фақат битта нонга етадиган ун қолган. Жумагача етказиш керак”. Матрёна нонни олиб қўйди ва стол ёнига ўтирганча эрининг йиртиқ кўйлагани ямай бошлади. Матрёна кўйлакка ямоқ солар экан, эрим пўстин учун қўй терисини қандай харид қиларкан, деб ўйлади. “Қўй териси сотувчи ишқилиб уни алдамасин-да. Ахир, эрим шўрлик жуда ҳам содда. Ўзи ҳеч кимни алдамайди, бироқ уни ёш бола ҳам чув туширади. Саккиз сўм – оз пул эмас. Яхшигина пўстинга етади. Ошланган чармдан бўлмаса ҳам ҳар ҳолда пўстин. Ўтган қишда пўстинсиз қанчалар қийналишди. На дарёга бора оласан, на бошқа жойга. Мана, эрим уйдаги бор кийимни эгнига илганча кетди, мен кийишим учун ҳеч вақо қолмади. Саҳармардонда йўлга чиқмаган бўлса ҳам қайтадиган вақти бўлди. Менинг шоввозим, ишқилиб ичкиликбозлик қилиб юрмаганмикан?” Матрёнанинг кўнглидан шу фикрлар ўтгани ҳамон айвондаги зиналар ғичирлади, кимдир уйга кирди. Матрёна игнани қадаб, даҳлизга чиқди. Қараса – икки киши: Семён ва у билан бирга пийма қийган ва қолпоқсиз аллақандай киши. Матрёна эридан ароқ ҳиди келаётганини дарҳол пайқади. “Айтганимдай ичиб олибди”, деб ўйлади. Чакмонсиз, битта пахталик камзулдаги эри лом-мим демаётганини кўрган Матрёнанинг юраги эзилди, ҳатто ёрилгудай бўлди. “Бор пулни ичиб тугатибди, аллақандай дардисар билан ичкиликбозлик қилибди, камига уни уйга бошлаб келибди”, деган фикр юрагини ўртаб юборди. Матрёна уларни уйга киритди, уларнинг ортидан ўзи ҳам кирди, қараса – бегона кимса қотмадан келган ёшгина йигит, эгнида уларнинг чакмони. Чакмон остида кўйлак йўқ, қалпоғи ҳам йўқ. Киргани бўйича тошдай қилт этмай турибди, нигоҳини ҳам ердан кўтармайди. Матрёнанинг кўнглидан ёмон одамга ўхшайди, деган фикр ўтиб, қўрқа бошлади. Матрёна қовоғини солди, печка ёнига бориб, уларни кузата бошлади. Семён қалпоғини ечди, хушфеъл одамдай ўриндиққа ўтирди. –Матрёна, – деди у, – овқатингни олиб келмайсанми? Матрёна нимадир деб минғирлади. Печканинг олдида турганча қилт этмасди: гоҳ унга, гоҳ бунга қараб, фақат бошини сарак-сарак қилади. Семён хотинининг кайфияти бузилганини сезди, шундай кутиб олишини билганди: ҳеч нарсани сезмагандай мусофирнинг қўлидан тутди: –Ўтир, биродар, – деди, – овқатланамиз. Мусофир ҳам ўриндиққа чўкди. –Овқат қилмадингми? Матрёнанинг жаҳли чиқди. –Қилганман. бироқ сенга эмас. Ароққа қўшиб ақлингни ҳам ичдингми?! Пўстин олиб келаман деб кетган одам чакмонсиз қайтиб келибсан, ўлганнинг устига тепган қилиб, қандайдир яланғоч дайдини бошлаб келганинг нимаси?! Сиз ароқхўрларга берадиган овқатим йўқ! –Қўйсанг-чи, Матрёна, билиб-билмай ҳар хил гапларни гапирма! Олдин бу одам кимлигини сўра… –Яхшиси ўзинг пулни нима қилганингни айт? Семён чакмонининг чўнтагига қўл солди ва пулни чиқариб, ёйиб кўрсатди. –Мана пул, Трифонов эса қарзини бермади, яна пайсалга солди. Матрёнанинг баттар жаҳли чиқди: пўстин сотиб олмабди, охирги чакмонини эса аллақандай яланғоч кимсага кийдирибди, камига уйга бошлиб келибди. Столдан пулни шартта олди-да, беркитишга чоғланди, бир йўла ғулдиради: –Овқат йўқ. Ҳамма ароқвозларни тўйдириб бўлмайди. –Эҳ, Матрёна, тилингни тийсанг бўларди. Олдин нима гаплигини эшитсанг-чи… –Маст аҳмоқдан ақлли гап чиқармиди?! Сен ароқвозга эрга тегмайман дегандим-а! Онам каноп мато берганди – сотиб, пулига ароқ ичдинг; пўстин оламан деб кетиб яна молдай ичиб келдинг. Семён фақат йигирма тийинлик ароқ ичганини, бу йигитни йўл-йўлакай топиб олганини хотинига тушунтирмоқчи бўлар, – Матрёна эса уни оғиз очгани қўймасди: тинмай бобиллагани-бобиллаган. Ўн йил олдин бўлган ишни ҳам эсга олди-я! Матрёна гапира-гапира Семёнга ёпишди, енгидан тортқилай бошлади. –Менинг камзулимни бер. Биттагина шу камзулим қолди, уни ҳам тортиб олдинг. Лаънати итвачча, жин урсин сени, камзулимни бер! Семён кмзулни еча бошлади, қўлини енгидан чиқарди, хотини тортди – камзулнинг чоклари ситилди. Матрёна камзулни олиб бошига ёпди, эшик томон йўналди. Чиқиб кетмоқчи бўлди: лекин тўхтади: юраги юмшади – жаҳлидан тушиб, бу йигит кимлигини билмоқчи бўлди. IV Матрёна тўхтади ва деди: –Яхши одам бўлганда, яланғоч бўлмасди, унинг эса кўйлаги ҳам йўқ. Яхши ният билан кетган бўлсанг, бундай “олифта”ни қаердан бошлаб келганингни айт. –Гапимга қулоқ солсанг айтаман-да: йўлда келаётсам бутхонанинг олдида бу йигит яланғоч ўтирганини кўриб қолдим, совуқдан қотиб қолибди. Ёз эмас-ку, бунинг устига яланғоч. Яхши ҳам худойим мени унга рўпара қилди, акинча нима бўлишини Худо билади. Нима қилиш керак? Ҳаётда нималар бўлмайди ахир! Ташлаб кета олмадим, кийинтириб, уйга бошлаб келдим. Ўпкангни бос. Гуноҳ бўлади, Матрёна. Беш кунлик дунёда яхши эмас. Матрёна яна вайсамоқчи бўлди, лекин мусофирга қараб тилини тишлади. Мусофир ўриндиқнинг бир четида қилт этмай ўтирарди. Қўлларини тиззаси устига қўйиб қовуштирган, боши кўксига эгилган, кўзини очмайди ва кимдир уни буғаётгандай фақат афти буришади. Матриёна жим бўлди. Семён деди: –Матрёна, Худодан қўрқмайсанми? Матрёна бу таънани эшитиб, яна мусофирга қаради ва бирдан юраги юмшади. Эшикдан нари кетиб, печканинг четига яқинлашди, дастурхон тузай бошлади. Столга пиёла қўйди, унга квас қуйди, охирги нон бўлагини ҳам қўйди. Пичоқ ва қошиқларни ҳам. –Боримизни баҳам кўринглар, – деди. Семён мусофирни овқатланишга ундади. –Қани, йигитча, – деди, – тортинмай олавер. Семён нонни кесиб бўлаклади ва овқатлана бошлашди. Матрёна эса столнинг бир четига ўтириб, қўлига таянганча мусифорни кузата бошлади. Матрёнанинг мусофирга раҳми келди, унга меҳр қўйди. Дафъатан мусофир афтини бужмайтирмасдан чеҳраси очилди, нигоҳини кўтариб Матрёнага кулиб қаради. Овқатланиб бўлдилар; Матрёна дастурхонни йиғиштирди ва мусофирдан сўради: –Қаерликсан? –Бу ерлик эмасман. –Йўлда қаёқдан пайдо бўлиб қолдинг? –Айта олмайман. –Кимлар сени ечинтириб, бор-будингни ўғирлаб кетди? –Худонинг қаҳрига учрадим. –Яланғоч ҳолда ётавердингми? –Яланғоч ётганимда жуда совқотдим. Семён кўриб қолиб, менга раҳм қилди, эгнидан чакмонини ечиб кийдирди ва бизнинг уйга борамиз деди. Бу ерда эса сен мени едирдинг-ичирдинг, меҳр кўрсатдинг. Сизларни Худонинг ўзи паноҳида асрасин! Матрёна ўрнидан турди, Семённинг ўзи ямаётган эски кўйлагани деразадан олди ва мусофирга берди; яна чолвор топиб, уни ҳам берди. –Қарасам, сенинг кўйланинг ҳам йўқ экан. Кийиб ол, қаерни ёқтирсанг – хоҳласанг болохонага, хоҳласанг, печканинг устига чиқиб ёт. Мусофир чакмонни ечди, кўйлак ва чалворни кийди-да, болохонага чиқиб ётди. Матрёна чироқни ўчирди, чакмонни олди ва эрининг ёнига чиқди. Матрёна чакмоннинг этагини юзига ёпди, ётганига қарамасдан ухламас, фикри-зикри мусофирда эди. Сўнгги нон бўлаги ҳам еб бўлингани, эртага нон қолмаганини, кўйлак ва чолворни мусофирга берганини эслагани сайин юраги увишарди; унинг мамнун жилмайганини эслаганда эса юраги қувончдан ҳапқирарди. Матрёна узоқ ухлай олмади, Семён ҳам ухламаётганини пайқади, у чакмонни ўзининг устига тортади. –Семён? –Нима? –Охирги нонни еб тугатдик, мен эса хамир қилмаганим йўқ. Эртага нима қиламан – билмайман. Маланья эгачимдан сўраб кўраман. –Ўлмасак, бир кунимизни кўрамиз. Хотини ўйга ботганча индамади. –Яхши одам кўринади, лекин нега ўзи ҳақида ҳеч нарса айтмаяпти? –Демак, ҳожати йўқ. –Сёма! –Нима? –Биз бор-будимизни бераяпмиз, нима учун бизга ҳеч ким ҳеч нарса бермайди? Семён нима жавоб қилишди билмади. “Худо билади”, деб қўя қолди. У нариги ёнбошига ўгирилди ва ухлади. Эрталаб Семён уйғонди. Болалар ухлаб ётар, хотини нон сўраб олиш учун қўшниларникига чиққанди. Кечаги мусофир эски чолвор ва кўйлакда ўриндиқда ўтирар ва юқорига тикилар эди. Унинг чеҳраси кечагидан кўра анча очиқ эди. Семён деди: –Қалайсан, йигитча: қорнинг ошу нону тананг кийим-кечак тилаяптими? Овқатланиш керак. Қўлингдан бирон иш келадими? – Ҳеч қандай ҳунарим йўқ. Семён ажабланганча деди: –Кўнглингда хоҳиш бўлса бас. Одамзот нималарни ўрганмайди. –Одамлар меҳнат қилади, мен ҳам ишлайман. –Исминг нима? –Михаил. –Оббо, Михайла азамат-эй, ўзинг ҳақингда гапиришни хоҳламасан – майли, ўзинг биласан, лекин ошу овқат керак. Ишласанг, айтганимни қилсанг – оч қолдирмайман. –Сени Парвардигорнинг ўзи асрасин. Кўрсат, нима қилайин? Семён калавани олди, бармоғига ўраб, туга бошлади. –Бунинг қийин жойи йўқ, мана, қара… Михайла қараб туриб у ҳам бармоғига ипни ўради ва Семёнга тақлидан охирини тугди. Семён қандай улашни ҳам кўрсатди. Михайла буни ҳам дарров ўрганиб олди. Хўжайин дағал юнгни қандай эшишни ва тикишни ҳам кўрсатди, Михайла буларни ҳам дарҳол тушунди. Семён қайси ишни кўрсатса ҳам барчасини дарҳол англар ва учинчи кундан бошлаб гўё азалдан шу ишни қилаётгандай тикишни бошлаб юборди. Дангасалик қилмасдан ишлайди, оз еб, оз ичади; ишда танаффус бўлса – лим-мим демай юқорига тикилади. Кўчада тентирамайди, ортиқча гапирмайди, ҳазиллишмайди, кулмайди. Фақат биринчи куни келганда, Семённинг хотини унга овқат берганда, бир мара кулганини кўришди. Кунга кун, ҳафтага ҳафта уланиб, йил ҳам ўтди. Михайла ҳамон Семёнинг уйида яшар, ишлар эди. Семённинг ишчиси Миҳайла этикни жуда яхши ва пухта тикиши овоза бўлди ва чор-атрофдан одамлар этик тиктиргани Семённинг уйига кела бошлади, натижада Семённинг даромади ортди. Қиш кунларининг бирида Семён билан Михайла ишлаб ўтирганди, уч от қўшилган қўнғироқчали чана уй томон кела бошлади. Дарчадан қарашди: чана уйнинг рўпарасида тўхтади, чана ўриндиғидан йигитча сакраб тушиб, эшикни очди. Чана аравадан пўстин кийган зодагон барин – бой тушди. У чанадан тушиб, Семённинг кулбаси томон юрди, кираверишдаги зинапояга кўтарилди. Матрёна югуриб бориб, эшикни катта очди. Бой бошини эгиб, кулбага кирди, қаддини ростлади, боши сал бўлмаса шипга тегаёзди, бесўнақай гавдаси бутун бурчакни эгаллади. Семён ўрнидан туриб, таъзим қилди ва баринга ҳайратланиб тикилди. У бундай баҳайбат одамни кўмаганди. Семённинг ўзи қотма, Михайла эса озғин, Матрёна бўлса тарашадан фарқ қилмайди, у эса – бошқа олам одамига ўхшайди, тўладан келган башараси қип-қизил, бўйни буқадай йўғон, гўё чўяндай қуйилгандай. Барин ҳансираб нафас олди, пўстинини ечди, ўриндиққа ўтириб деди: –Ким хўжайин этикдўз? Семён олдинга бир қадам ташлаб деди: –Мен, муҳтарам жаноб. Барин ўзи билан келган йигитга қичқирди: –Ҳой, Федька, товарни олиб кел. Йигитча югуриб бориб тугунни олиб келди. Барин тугунни олди-да, столга қўйиб: –Тугунни оч, – деди. Йигитча тугунни ечди. Барин этик хомашёсига бармоғи билан нуқаб, Семёнга деди: –Гапимга қулоқ сол, этикдўз. Манави маҳсулотни кўраяпсанми? –Кўраяпман, муҳтарам жаноб, – деди Семён. –Бу қандай маҳсулот эканини биласанми ўзи? Семён маҳсулотни сийпалаб кўриб деди: –Яхши маҳсулот. –Яхши ҳам гапми! Сен, овсар, бундай маҳсулотни етти ухлаб тушингда ҳам кўрмагансан. Немисларнинг маҳсулоти, йигирма сўм тўлаганман. Семён яна ҳам хижолатга ботганча деди: –Бунақа маҳсулотни кўриш бизларга йўл бўлсин. –Ҳа-да. Мана шу маҳсулотдан менга этик тикиб бера оласанми? –Албатта, муҳтарам жаноб. Барин бақира кетди: –“Албатта” эмиш! Ким учун, қандай маҳсулотдан этик тикишингни биласанми?! Менга шундай этик тикиб берки, бир йилгача чидасин, майишмасин ҳам, йиртилмасин ҳам. Қўлингдан келса, ишни бошла, уддалай олмасанг, маҳсулотга қўлингни текказма. Сенга олдиндан айтаман: этик бир йилга етмай майишиб, йиртилса, сени қамоқхонага тиқаман; бир йилгача майишмаса, йиртилмаса, ишинг учун ўн сўм бераман. Семён нима дейишни билмай иккиланди. Михайлага қаради. Уни тирсаги билан туртиб шивирлади: –Олаверайми? Михайла бошини иғраб маъқуллади: “Ишни олавер”. Семён Михайланинг гапига кирди, бир йилгача майишмайдиган, йиртилмайдиган этик тикиб беришга аҳд қилди. Барин йигитчага қичқирди, чап оёғидаги этикни ечишни буюрди ва оёғини узатди. –Ўлчамини ол! Семён салкам тўрт қарич чиқадиган қоғозни тикди, текислади, тиззалаб ўтирди ва бариннинг пайпоғини ифлос қилмаслик учун қўлини пешбандига яхшилаб артди ва ўлчам олишга киришди. Семён бариннинг товонни ўлчади, дўнгсасини ўлчади; болдирини ўлчамоқчи бўлганда қоғоз энламади. Бариннинг болдири тўсинлай йўғон эди. –Яхшилаб ўлчамини ол, қўнжини тор қилиб қўйма. Семён яна қоғоз тика бошлади. Барин ўриндиқда ўтирганча пайпоғидаги тақинчоқларни жиринглатарди, хонадагиларни кўздан кечира бошлади. Михайлага кўзи тушди. –Бу йигит ким? – деб сўради. –Бу менинг ўша қўли гул устам, этикни шу тикади. –Менга қара, – деди барин Михайлага, – ёдингда тут, этикни шундай тикиб берки, бир йилга чидасин. Семён Михайлага қаради; аён бўлишича, Михайла баринга қарамас, аксинча унинг ортидаги бурчакдан кўз узмас, гўё у ерда кимнидир кўраётгандек эди. Михайла тикила-тикила қўқисдан жилмайди ва чеҳраси нур билан чулғанди. –Ҳой, анқов, нимага тишингни оқини кўрсатаяпсан? Ундан кўра эс-ҳушингни йиғ, этик муддатида тайёр бўлсин. Михайла жавоб берди: –Албатта, муддатига тайёр қиламиз. –Шундай бўлсин. Барин этигини, пўстинини кийди, ўранганча эшик томон юрди. Эгилиш ёдидан кўтарилиб, бошини эшикнинг кесакисига уриб олди. Барин сўкинди, манглайини силаганча чанага ўтирди ва жўнаб кетди. Барин жўнаб кетгандан кейин Семён деди: –Темирдай қаттиқ эканми? Бундай одамни ҳар қанча уриб ҳам ўлдира олмайсан. Эшикнинг кесакиси бошини ёриб юборай деди, у эса парво ҳам қилмади-я! Матрёна эрининг гапини маъқуллади: –Ошиғи олчи бўлгандан кейин тўнғиздай семиради-да. Бундай сўлақмонга ўлимнинг ҳам тиши ўтмайди. Ва Семён Михайлага деди: –Ишни олишга-ку, олдик-а, бироқ бошимизга бало бўлмаса, бас. Қимматли маҳсулот, барин эса жуда инжиқ. Ишқилиб хато қилиб қўймайлик-да. Сенинг кўзинг ўткир, мендан кўра анча қўлинг келишиб қолди, андозани сен олгин. Маҳсулотни ўзинг бич, мен эса этикнинг бошлиғини тикаман. Семён айтганидек Михайла бариннинг маҳсулотини тозалаган бўлди, стол устига ёйди, иккига буклади, пичоқни олиб, бича бошлади. Матрёна яқин келди, Михайла қандай бичаётганини кўриб, унинг ишидан ажабланди. Этикдўзлик ишига Матрёна ҳам кўникиб қолганди, у син солиб қарар экан, Михайла маҳсулотни этикдўзлар каби бичмаётгани, балки доира шаклида қирқаётганига гувоҳ бўлди. Матрёна нимадир демоқчи бўлди, бироқ кўнглидан шундай фикрлар кечиб, ўзини тийди: “Чамаси, бариннинг этигини қандай тикиш кераклигини тушунмаган кўринаман; афтидан, буни Михайла яхшироқ билади, бинобарин аралашмаганим маъқул”. Михайла этикнинг иккала жуфтини ҳам бичиб тайёрлади, охирини олди ва этикдўзлар каби икки четидан эмас, балки оёқяланг кийиладиган қўнжисиз этиклар тикадиганлар каби бир томонидан тикишга киришди. Бундан Матрёна яна ажабланди, лекин яна аралашишни лозим топмади. Михайла эса тинмай этик тикарди. Пешин яқинлаша бошлади, Семён ўрнидан турди, қараса – Михайла барнннинг маҳсулотидан қўнжи йўқ тагини тикиб қўйибди. Семён дод деб юборишига бир бахя қолди. “Бу нимаси бўлди, – деб ўйлади у, – Михайла бир йилдан буён бирон хато қилгани йўқ, энди эса кўрсатган ҳунарини қаранг! Барин рантли қўнжи узун этик буюртма қилганди, у эса пошнасиз махсидай бир бало тикибди, маҳсулотни расво қилибди. Энди баринга нима дейман? Бундай маҳсулотни топиб бўлмайди”. У Михайлага шундай деди: –Нима қилиб қўйганингни биласанми, – деди у, – ёки ақлдан оздингми? Бундан кўра мени тириклай гўрга тиққанинг яхши эмасми! Ахир барин этик буюртма қилган, сен нима тикдинг? У Михайлага шу гапларни айтгани ҳамон эшикнинг ҳалқасини кимдир тақиллата бошлади. Деразадан қарашди: кимдир отда келибди, отини боғламоқда. Эшикни очишди: бариннинг ўша ёш хизматчиси кирди. –Ассалому алайкум! –Ва алайкум ассалом. Нима хизмат? –Бегойим этик масаласида юборди. –Этик керакми? –Йўқ, баринга ортиқ этик керак эмас. Барин узоқ яшайман деб ўйлаганди… –Нима демоқчисан? –Бу ердан чиққанимиздан кейин уйга етиб бормай чанада ўлиб қолди. Чанада уйга етиб бордик, баринни туширайлик десак, қопдай қулаган, музлаб ҳам бўлган, ўлиб ётибди, чанадан аранг чиқариб олдик. Шунинг учун бегойим жўнатиб, шундай дейишни буюрди: “Этикдўзга айтгинки, барин сизларга этик буюртга қилган ва керакли маҳсулотни ҳам қолдирганди, хуллас, айтки, этик керак эмас, ўша маҳсулотдан марҳум учун тезроқ махси тикиб берсин. Тикиб бўлгунича кутиб тур ва махсини ўзинг билан олиб кел”. Шунинг учун келдим. Михайла столданмаҳсулотнинг қийқимларини олди,уларни юмалоқлаб ўради, тайёр махсини ҳам олди, бир-бирига урди, пешбанди билан артди ва йигитчага узатди. Йигитча махсини олди. –Хайр! Яхши қолинглар! Яна бир йил, кейин икки йил ўтди, Михайла Семённинг уйида яшаётганига олти йил тўлди. У олдингидек яшарди. Ҳеч қаерга бормайди, ортиқча гапирмайди ва ўтган давр мобайнида фақат икки марта: биринчи марта Семённинг хотини унга таом бермоқчи бўлганида, кейинги гал эса баринга қараб кулди. Хизматчисига қараб Семённинг қувончи ичига сиғмасди. У асли қаерлик эканини ортиқ суриштирмади; фақат Михайла кетиб қолишидан қўрқарди. Бир гал уйда ўтиришганди. Уй бекаси печкага чўян қозонни қўяр, болалар ўриндиқлар устида сакраб, деразадан қарашар эди. Семён бу деразанинг олида тикиш билан банд, Михайла нариги деразанинг олдида пошнага миқ қоқарди. Болакай Михайланинг олдига чопиб келди, унинг елкасига суянганча деразага тикилди. –Михайла амаки, қаранг, савдогар хотин қизлар билан, чамаси, бизникига келаётир. Қизлардан бири чўлоқ. Бола шундай дейиши билан Михайла ишини ташлаб, деразага ўгирилди ва кўчага қаради. Бундан Семён ажабланди. Михайла ҳеч қачон кўчага қарамас эди, энди эса деразага ёпишиб қолгандай нимагадир тикилмоқда. Семён ҳам деразадан қаради; кўрдики, ҳақиқатдан ҳам бир аёл уларнинг ҳовлисига қараб келмоқда, озода кийинган, пўстин, гиламнусха кўйлак кийган икки қизалоқни етаклаб олган. Қизалоқлар икки томчи сувдай бир-бирига ўхшайди, ажратиш даргумон. Фақат қизлардан бирининг бир оёғи ногирон, оқсоқланиб келаётир. Аёл зинапояга кўтарилиб, даҳлизга кирди, эшикни пайпаслаб, ҳалқадан тортди – очди. Икки қизалоқни олдинга ўтказиб юбориб, ортидан ўзи ҳам кирди. –Ассалому алайкум, яхшилар. –Ва алайкум ассалом. Хуш келибсизлар. Нима керак? Аёл стол ёнига ўтирди. Одамлардан бегонасираб қизалоқлар унинг тиззасига ёпишди. –Қизларга баҳорга чарм бошмоқлар тиктирмоқчиман. –Тикиб берамиз. Бундай кичик бошмоқларни илгари тикмаганмиз, лекин тикса бўлади. Рантли, яъни бахяли, шунингдек холстли бошмоқ ҳам тикиш мумкин. Мана, Михайла – қўли гул уста. Семён Михайлага ўгирилди ва кўрдики: Михайла ишни ташлабди, ўтирган жойида қизлардан кўз узмайди. Михайла Семённи ажаблантирди. Ҳа, қизлар ҳақиқатдан ҳам ёқимтой, деб ўйлади у, қора кўз, дўмбоққина, яноқлари лоладай қизил, эгнидаги пўстинчалари ҳам, кўйлаклари ҳам ярашган. Лекин Семён сира ҳам тушуна олмасди, Михайла уларга танигандек нега бунча узоқ тикилиб қолди. Семён ажабланди ва аёл билан савдолаша бошлади. Савдолашиб бўлгач, андозани қўлга олди. Аёл маймоқ қизни тиззасига олиб деди: –Бу қиздан иккита ўлчам оласиз; маймоқ оёғига битта бошмоқ тикасиз, соғ оёғига эса учта. Уларнинг оёқлари айнан бир хил. Эгизак улар. Семён ўлчамни олди ва маймоқ қизга ишора қилиб деди: –Бу қизалоққа нима қилган? Жуда ширин қиз экан. Туғмами? –Йўқ, онасининг тагида қолиб кетган. Матрёна гапга аралашди, бу аёл кимлиги ва бу қизларнинг кимнинг фарзанди эканини билмоқчи бўлиб сўради: –Сиз уларнинг онаси эмасмисиз? –Йўқ, бекажон, мен уларнинг онаси ҳам, қариндоши ҳам эмасман, асраб олганман, холос. –Ўзингизнинг болаларингиз эмас, лекин уларга сидқидилдан меҳр кўрсатар экансиз! –Нега авайламаслигим керак, уларни ўз кўкрагим билан боқиб катта қилганман. Ўзимнинг ҳам болам бор эди, бироқ Худо кўп кўрди, ҳатто ўз боламни ҳам булар каби авайламаганман. –Булар кимнинг қизлари? Аёл барчасини бирма-бир сўзлай бошлади. –Бу олти йил олдин бўлганди, мана шу икки қизалоқ бир ҳафтада етим бўлиб қолди: отасини сешанбада дафн қилишди, онаси эса жума куни ўлди. Улар отасининг вафотидан уч кун кейин туғилган, онаси билан эса бир кун ҳам яшамади. Мен у пайтларда эрим билан деҳқонлар маҳалласида яшардим. Қўшнилар билан уйларимиз ёнма-ён эди. Бу қизларнинг отаси ёлғиз эди, ўрмонда ишларди. Бир куни бир дарахтни бехосдан унинг устига қулатишган, дарахт унинг қоқ белига тушган, ичак-чавоғини чиқариб ташлаган. Уйга олиб келишлари билан жон берган, хотини эса ўша ҳафтада эгизак, мана шу қизалоқларни туққан. Қашшоқлик, ёлғизлик, хотиннинг ёлғиз ўзи, – на бирон кампир, на бирон қизи бўлган. Ёлғиз ўзи туққан ва ёлғизликда вафот этган. Эрталаб қўшни хотиндан хабар олгани чиқдим, уйга кирсам, юраги хаста бечора, ўлиб қотиб қолибди. Жон таслим қила туриб қизалоқнинг устига йиқилган. Мана шу қизнинг устига йиқилган – оёғини чиқариб юборган. Одамлар тўпланди – юриб-тарадик, тобут ясадик, дафн қилдик. Омма ҳаммасини Худо йўлига холисанилло қилди. Қизлар ёлғиз қолди. Нима қилиш керак? Хотинлардан фақат менинг эмизакли болам бор эди. Тўнғич ўғилчамни саккиз ҳафтадан буён эмизардим. Қизларни вақтинча уйимга олиб кетдим. Эркаклар йиғилди, улар ўйлай-ўйлай менга шундай дейишди: “Мария, ҳозирча қизларга қараб тургин, бизларга бироз муддат берсанг, ҳаммасини ҳал қиламиз”. Мен оёғи соғ қизни эмиза бошладим, ногиронга эса қарагим ҳам келмас, унинг яшашини ҳам хоҳламасдим. Кейин виждоним қийнала бошлади: бу фариштадай қизалоқ нима учун жабр кўриши керак? Унга ҳам раҳмим келди. Эмиза бошладим, фақат ўзимнинг ўғлимни эмас, мана шу икки қизалоқни ҳам – учаласини эмиздим. Ёш, серғайрат эдим, овқатланишим ҳам чакки эмасди. Худойим лутфу марҳаматини дариғ тутмай, шунча кўп сут бердики. баъзида оқиб кетарди. Иккитасини эмизсам, учинчиси кутиб турарди. Биттаси тўйса, учинчи болага кўкрагимни тутардим. Худонинг ҳукми шундай экан: бу икки қизалоқни эмизиб катта қилдим, ўзимнинг ўғлимни эса икки ёшида дафн қилдим. Тангри таоло бошқа фарзанд бермади. Ҳаётимиз эса тобора ўнгланди. Ҳозир шу ерда, савдогарнинг тегирмонида яшаяпмиз. Катта маош оламиз, ҳаётимиз яхши. Ўзимнинг болаларим эса йўқ. Бу қизларсиз ўзим қандай кун кўраман! Бор меҳримни уларга бермасам, кимга бераман! Кўзимнинг оқу қораси – шу икки қизалоқ! Аёл бир қўли билан маймоқ қизни бағри босди, иккинчи қўли билан кўз ёшларини артди. Матрёна чуқур тин олиб деди: –Афтидан, мақолда бежиз айтилмаган: ота-онасиз кун кўрса бўлади, бироқ Худонинг лутфу марҳаматисиз бир кун ҳам яшаб бўлмайди. Улар ўзаро шундай суҳбатлашдилар, аёл кетишга чоғланди, уй эгалари уни кузатиб, Михайлага назар солишди. У эса қўлларини тиззасида қовуштирганча, самога тикилар ва кулар эди. Семён унга яқинлашди: сенга нима бўлди, Михайла, деди. Михайла ўриндиқдан турди, ишини жойига қўйди, пешбандни ечди, уй эгаси билан бекага таъзим қилди ва деди: –Мени кечиринглар, қадрдонларим. Тангри таоло мени кечирди. Сизлар ҳам кечиринглар. Уй эгалари Михайладан нур ёғилаётганини кўришди. Семён ҳам ўрнидан турди ва Михайлага таъзим қилганча деди: –Михайла, аён бўлишича, сен оддий одам эмассан, бинобарин сени ушлаб қола олмайман, қолаверса ҳеч нарса сўрамайман. Фақат битта нарсани айт: Сени топиб уйга олиб келганимда нима учун жуда тунд кўринишда эдинг ва хотиним сенга овқат берганда, унга кулиб қарадинг ва шундан буён чеҳранг тобора ёришиб бораётир? Кейин барин этик буюртма қилганда, иккинчи марта кулдинг ва чеҳранг яна ҳам нурлироқ бўлди? Ҳалиги аёл қизалоқларни бошлаб келганда, учинчи марта кулдинг ва бутун рафторинг нур билан йўғрилди. Михайла, айт-чи, сиймонгдаги нур қаердан пайдо бўлди ва нима учун уч марта кулдинг? Михайла жавоб берди: –Рафторимдаги нурнинг сабаби мен жазоланган эдим, энди эса Тангри таоло мени кечирди. Уч марта кулганимнинг сабаби шундаки, мен учта илоҳий сўзни билишим керак эди. Бу учта илоҳий сўзни билдим; хотининг менга раҳми келганида биринчи сўзни билиб олдим, шунинг учун кулдим. Кейинги сўзни бой одам этик буюртма қилганида билдим ва навбатдаги марта кулдим; ниҳоят қизалоқларни кўрганимда учинчи сўзни ҳам билиб олдим ва учинчи марта кулдим. Семён деди: –Айт-чи, Михайла, Тангри таоло сени нима учун жазолаган эди ва ўша учта сўзни мен ҳам билсам бўладими? Михайла жавоб берди: –Тангри таолонинг амрини бажармаганим учун мени жазолади. Мен самовотдаги фаришта эдим ва Тангри таолога қулоқ тутмадим. Самовотдаги фаришта эдим, Тангри таоло мени бир хотиннинг жонини олишга юборди. Замин сари учдим, кўрдимки: бир бемор хотин ётибди, эгизак – икки қиз туғибди. Қизалоқлар онасининг ёнида типирчилаяпти, она эса уларга кўкрагини тута олмайди. Аёл мени кўрди ва мени жонини олиш учун Тангри таоло юборганини англади, йиғлаб ялина бошлади: “Эй Тангри таолонинг фариштаси! эримни куни кеча дафн қилишди, бечорани ўрмонда дарахт босиб қолди. Менинг на синглим, на холам, на бувим бор, етимчаларимга қарайдиган одам йўқ. Илтимос, жонимни олмагин, болаларимни ўзим эмизиб, едириб-ичириб вояга етказай! Болалар отасиз ва онасиз яшай олмайди!” Мен ўша онанинг гапларига кирдим, қизлардан бирини кўксига қўйдим, иккинчисини қўлига тутдим ва самовотга, Тангри таолонинг ҳузурига юксалдим. Унинг ҳузурига келиб дедим: “Янги кўзи ёриган онанинг жонини ололмадим. Отаси дарахтнинг тагида қолиб ўлибди, она эгизак туғибди ва жонини олмаслигимни илтимос қилди, менга шундай деди: “Болаларимни ўзим эмизиб, едириб-ичириб вояга етказай! Болалар отасиз ва онасиз яшай олмайди!” Хуллас, янги фарзанд кўрган аёлнинг жонини олмадим. Тангри таоло эса амр қилди: “Боргин-да, янги кўзи ёриган хотиннинг жонини олгин ва учта сўзни: одамларда қандай хусусият борлигини ва уларга нима маълум эмаслигини, шунингдек, одамлар ниманинг эвазига ҳаёт эканликларини билгин. Шуларни билгандан кейин самовотга қайтасан”. Мен яна ортга, заминга қайтдим ва янги кўзи ёриган аёлнинг жонини олдим. Чақалоқлар унинг кўкрагидан узилдилар. Жонсиз тана каравотда узала тушди, қизчалардан бирини босиб қолди ва унинг оёғи чиқиб кетди. Қишлоқ узра кўтарилдим, ҳалиги аёлнинг жонини Тангри таолога элтмоқчи бўлдим, мени шамол учириб кетди, қанотларим осилиб қолди, кейин эса узилиб тушди, ва бояги аёлнинг жони ёлғиз ўзи Тангри таоло ҳузурига йўл олди, мен эса ерга, йўл четига йиқилдим. Семён билан Матрёна кимни кийинтирганлари ва озиқлантирганларини ва улар билан шу пайтгача ким яшаганини англадилар ҳамда қўрқув ва қувончдан йиғлаб юборди. Ва фаришта деди: –Мен далада қип-яланғоч ёлғиз қолдим. Олдин одамларнинг эҳтиёжларини билмасдим, совуқ ҳам, очлик ҳам менга бегона эди, кутилмаганда одамга айландим. Оч қолдим, совқотдим ва нима қилишни билмасдим. Тангри таоло учун далада қурилган бутхонага кўзим тушди, Тангри бутхонасига яқин келдим, ундан бошпана топмоқчи бўлдим. Бутхона қулфланган экан, кира олмадим. Шамолдан беркиниш учун бутхонанинг орқасига ўтиб ўтирдим. Кеч тушди, жуда оч қолдим, совуқдан тошдай қотиб, аъзои баданим оғрий бошлади. Қўқисдан йўлда бир одам келаётганини, қўлида пийма этик борлигини кўрдим, ўзи билан ўзи гаплашаётганини эшитдим. Инсон қиёфасига кирганимдан кейин биринчи марта ўлимга маҳкум инсон юзини кўрдим ва қўрқиб кетдим ва юзимни ўгирдим. Бу одам ўзи билан ўзи гаплашар экан, қишда совуқдан танасини сақлаши, хотини ва болаларини қандай едириб-ичириши тўғрисида қайғураётганидан хабар топдим. Ва кўнглимдан шундай фикр ўтди: “Мен совуқ ва очликдан ўлар ҳолатдаман, мана бу одам эса фақат йўл-йўлакай ўзи билан хотини учун пўстин олиш ва бола-чақасини едириб-ичириш тўғрисида ўйлаяпти. У менга ёрдам бера олмайди”. Ўша одам мени кўрди, қовоғини солди, яна ҳам қўрқинчли тусга кирди ва ёнимдан ўтиб кетди. Мен афсусландим. Кутилмаганда ҳалиги одам ортга қайтганини кўрдим. Унга назар солиб, олдинги одамни таний олмадим: биринчи кўрганимда чеҳрасида ажал муҳри бор эди, энди эса қўқисдан жонланганди ва мен унинг сиймосида Тангри таолони кўрдим. У ёнимга келиб, кийинтирди, эргаштириб уйига олиб келди. Мен унинг уйига келдим, хотини бизга пешвоз чиқди ва вайсай бошлади. Хотини эридан ҳам қўрқинчли эди – унинг оғзидан ўлим нафаси уфурарди ва мен ажалнинг бадбўйидан бўғилиб қолай дедим. Хотини мени совуқ кўчага ҳайдаб чиқармоқчи бўлди ва агар мени ҳайдаб солса, унинг ўлишини билардим. Эри дафъатан унга Худони эслатди, хотини шу заҳоти ўзгарди. Ва у олдимизга овқат қўйди, менга қаради, мен ҳам унга тикилдим – унинг юзидан ажал шарпаси ғойиб бўлганди, у яна ҳаёт бағрига қайтганди ҳамда унинг сиймосида ҳам Тангри таолони кўрдим. Ва мен Тангри таолонинг: “Одамларда қандай хусусият борлигини биласан” деган биринчи сўзини эсладим. Мен одамларда меҳру муҳаббат борлигини билдим. Тангри таоло ваъда қилганидек сирларни аён қила бошлаганидан қувондим ва биринчи марта жилмайдим. Бироқ ҳали ҳаммасини билиб улгармагандим. Уларга нима маълум эмаслигини, шунингдек, одамлар ниманинг эвазига ҳаёт эканликларини билмасдим. Сизлар билан яшай бошладим ва бир йил ўтди. Бир одам келди ва йиртилмай, майишмай бир йилга чидайдиган этик буюртма қилди. Мен унга қарадим ва унинг ортида дафъатан ўзимнинг биродарим, ўлим фариштасини кўрдим. Бу фариштани мендан бошқа ҳеч ким кўрмади, лекин мен уни билардим ва қуёш ботишидан олдин бадавлат одамнинг жонини олишидан ҳам хабардор эдим. Кўнглимдан шундай фикр ўтди: “Одам бир йилни мўлжаллаб иш қилади, бироқ ўша куни кечгача тирик бўлиш-бўлмаслигини билмайди”. Ва мен Тангри таолонинг яна бир: “Уларга нима маълум эмаслигини биласан”, деган сўзини эсладим. Одамларда қандай хусусият борлигини олдин билгандим. Эндиликда эса уларга нима маълум эмаслигини билиб олдим. Ўзларининг вужудларига нима кераклигини билиш одамларга аён қилинмаган. Ва мен навбатдаги марта жилмайдим. Фаришта биродаримни кўрганим ва Тангри таоло яна бир сирни аён қилганидан қувондим. Лекин ҳаммасини ҳали англаб етмагандим. Айтганимдай, одамлар ниманинг эвазига ҳаёт эканликларини билмасдим Тангри таоло охирги сўзни аён қилишини кута-кута яшайвердим. Олти йил ўтганда эгизак қизалоқларни эргаштириб бир аёл келди ва мен бу қизалоқлар қандай омон қолганидан хабар топдим. Буни билиб, ўйладим: “Болаларим ҳаққи жонимни олма деган онанинг сўзларига ишонгандим, – отасиз ва онасиз болалар яшай олмайди, деб ўйлагандим, бегона аёл эса уларни эмизиб катта қилибди”. Бегона болаларга меҳр кўрсатган ва йиғлаган аёл тимсолида барҳаёт Тангри таолони кўрдим ва одамлар ниманинг эвазига тирик эканларини англадим. Ниҳоят, Тангри таоло учинчи сўзни ҳам менга аён қилганини ва мени кечирганини билдим ва учинчи марта жилмайдим. Фариштанинг бутун вужуди яланг тус олди ва ёрқин нур билан йўғрилди, унга оддий кўз билан қараб бўлмай қолди; ва у баланд овоз билан сўзлай бошлади, унинг овози гўё самовотдан эшитилаётгандай туюларди. Ва фаришта деди: –Ҳар қандай одам ўзига нисбатан ғамхўрлиги туфайли эмас, балки меҳр-муҳаббати боис ҳаёт эканини билдим. Яшаб кетишлари учун болаларига нима кераклигини билиш онага буюрилмаган. Бадавлат одамга ҳам унга айнан нима кераклигини билиш аён қилинмаган. Одамга тирик инсон сифатида унга этик керакми ёки кечга бориб марҳум сифатида махси керакми эканини билиш бирорта ҳам бандага аён қилинмаган. Инсон қиёфасига кирганимдан кейин ўзим ҳақимда қайғурганим учун эмас, балки йўловчи одам ва унинг хотинининг меҳри туфайли тирик қолдим, улар менга раҳм қилдилар ва меҳр қўйдилар. Етим эгизак қизлар улар ҳақида қайғурганлари учун эмас, балки бегона аёлнинг қалбида меҳр-муҳаббат борлиги, уларга раҳми келгани ва меҳр қўйгани учун омон қолишди. Барча одамлар ўзлари ҳақида ғамхўрлик қилганлари учун эмас, балки уларнинг кўнглида меҳр-муҳаббат бўлгани учун ҳаёт кечирадилар. Тангри таоло одамларга ҳаё т бахш этганини ва улар яшашини хоҳлашини илгари билардим; энди яна бир сирни билиб олдим. Шуни англадимки, Тангри таоло одамлар айри ҳолатда яшашларини истамаган ва шунинг учун ҳар бирига ўзи учун нима кераклиги сир-асрорини ошкор қилмаган, аксинча улар баҳамжиҳат яшашларини хоҳлаган ва кейин уларнинг барчасига ўзи ва барча учун нима зарурлиги сир-асрорини аён қилган. Эндиликда билдимки, одамларга фақат ўзлари учун қайғуриб яшаётганлари боис тирик юрганларидек туюлади, ҳолбуки улар ягона меҳр-муҳаббат боис яшаб юрибдилар. Кимки меҳр-муҳабатли экан, унинг қалбида Худо бор ва Худо у билан бирга, зотан Тангри таоло – меҳру муҳаббат демак. Ва фаришта Тангри таолога ҳамду санолар куйлади, унинг нидосидан бутун уй ларзага келди. Уйнинг томи икки томонга очилди, заминдан осмонга қадар алангали устун юксалди. Семён хотини ва болалари билан ерга тушдилар. Фариштанинг елкасида қанотлар пайдо бўлди ва у самовотга парвоз қилди. Семён ўзига келганда уй олдингидек ўз жойида турар ва унда ўзининг оила аъзоларидан бошқа ҳеч ким йўқ эди.
2022-08-14
http://nodirabegim.uz/archives/4792
Х*** деган ёзувчи ҳикоя қилиб берганди: Копенгагеннинг ички бандаргоҳидан унча узоқ бўлмаган ерда Вестервол деб аталадиган кўча бор – хилватгина янги хиёбон. Атрофда уйлар, кўчачироқлар кам, табиийки, ўткинчиларни ҳам кам учратасиз. Ҳатто ҳозир, ёз бўлишига қарамай бирор кимса унда айланишни камдан-кам хаёлига келтиради. Хуллас, кеча оқшом ўша кўчада бир воқеа содир бўлди. Рўпарамдан келаётган хонимга кўзим тушганда хиёбонни бир неча бор айланиб чиқишга улгургандим. Биздан бошқа жон кўринмайди. Кўчачироқлар ёниқ бўлса ҳам қоронғи, унинг юзига разм сололмайман. Одатий тун қизи бўлса керак, деган хаёлга келиб ўтиб кетавердим. Хиёбон охирига етиб ортга бурилдим, аёл ҳам ортига ўгирилди, кўп ўтмай яна кўришдик. Биронтасини кутаётгандир, деб ўйладим, ким бўлса экан – кўрамиз. Яна бир бор унинг ёнгинасидан ўтаман. Учинчи марта тўқнаш келганимда эса шляпамни кўтариб қўйдимда гап бошладим. – Хайрли оқшом! Хоним бу ерда бирортасини кутяптими дейман? Аёл бехос чўчиб тушди. Йўқ… Ҳа, кутяпти. Мумкин бўлса, кутгани келгунича, унга шерик бўлиб турсам бўладими? Ҳа, мумкин, у қарши эмас. Менга ташаккур айтди. Нафсиламрини айтганда, у бировни кутаётгани йўқ, шунчаки айланиб юрибди, бу ерлар шунақанги тинчки. Биз аста ёнма-ён кетар, у-будан сўзлашар эканмиз, мен унга қўлимни тутдим. – Аҳ, йўқ, – деди ва бошини ликиллатди аёл. Шу кўйи кетавериш у қадар кўнгилли эмас, қоронғилик боисидан унга яхшилаб разм сола олмасдим ҳам. Гугурт чақиб соатимга қарадим ва гугуртни юқорироққа кўтариб унга ёруғ туширдим. – Тўққиз ярим бўлибди, – дедим. Аёл сесканиб кетди, тўғрироғи совқатаётган эди. Ҳолатдан фойдаландим: – Совқатган кўринасиз, эҳтимол, бирор ерга боришни, ул-бул ичишни истарсиз? «Тиволи»гами? Ё «Национал»ми? – Йўқ, кўриб турганингиздек, ҳозир бирор жойга бора олмайман, – дея жавоб қилди аёл. Шундагина аҳамият берибман, у устига узун мотам вуали ташлаб олганди. Мен, қоронғиликка сингиб борарканман, узр сўрадим. Кечиримимни қабул қилиши эса унинг жўнгина тун аёли экани тасаввурини тарқатиб юборди. – Қўлимдан тутинг, – дея яна қўлимни узатдим. – Бироз исиниб олардингиз. Аёл мени қўлтиқлаб олди. Хиёбонни бир неча бор айландик. У соатимга яна бир марта қарашимни сўради. – Соат ўн бўлибди – дедим. – Қаерда турасиз? – Эски Қироллик кўчасида. Аёлни тўхтатдим. – Майлими, уйингизга кузатиб қўйсам? – дея сўрадим. – Йўқ, бу мумкин эмас, – деди у. – Иложи йўқ… Сиз Бредгадда турармидингиз? – Қаердан биласиз? – дедим ҳайратланиб. – Сизнинг кимлигингизни яхши биламан, – деди у жавобан. Жимлик чўкди. Қўлтиқлашиб кетяпмиз, ёп-ёруғ кўчаларга буриламиз. Аёл тез-тез қадам ташлар, устидаги узун вуали ҳилпирарди. – Тезроқ юрақолинг, – деди у. Эски Қироллик кўчасидаги уйлардан бирининг ҳовлиси олдига етиб келганда у менга кузатиб қўйганим учун миннатдорлик изҳор қилмоқчи каби ўгирилди. Эшикни очдим, у аста ичкарига кирди. Елкам билан эшикни бироз тутиб, кейин ўзим ҳам унинг ортидан юрдим. Аёл қўлимдан ушлади. Бир оғиз сўзламасдик. Зина бўйлаб кўтарилиб, учинчи қаватда тўхтадик. Унинг ўзи кириш эшигини очди, кейин яна бир эшикни, сўнг менинг қўлимдан тутиб ичкарига бошлади. Аллақандай хонага кирдик; девордаги соатнинг тиқиллаши эшитилиб турибди. Хоним сонияга эшик тагида туриб қолди, кейин дафъатан мени қучиб, эҳтиросдан титраб лабларимдан ўпди. Тўғри лабларимдан. – Ўтиринг, – деди у. – Мана софа. Мен чироқни ёқай. Ва чироқни ёқди. Мен ҳижолат ва қизиқувчанлик билан атрофга алангладим. Бу чиройли жиҳозланган катта меҳмонхона эди; очиқ эшиклардан бошқа хоналар ҳам кўзга ташланиб турарди. Танишувимизнинг ўзи ғалати бўлган бу одамнинг қандайлигини тушунолмай ҳалак эдим. – Бу ер жуда шинам экан! Шу ерда яшайсизми? – дедим. – Ҳа, бу менинг уйим, – деди аёл. – Уйингиз? Ота-онангиз билан турасизми? У кулиб юборди. – Йўқ, йўқ. Мен оилали кекса хонимман. Ҳозир кўрасиз. Шундай деб устидаги пальто ва вуалини ечди. – Хўш, қарангчи! – деди ва яна ўша эҳтирос билан қучди. Йигирма икки–йигирма уч ёшларда эди у; ўнг қўлида никоҳ узуги, эҳтимол чиндан ҳам эрли аёлдир. Чиройли эдими? Йўқ, юзини сепкил босган, қоши ҳам деярли йўқ. Аммо унинг бутун вужуди ҳаяжонли ҳаёт ила нафас олар, яна унинг оғзи ҳам ғоятда чиройли эди. Исмини, эри бўлса унинг қайдалигини сўрамоқчи бўлдим; кимнинг уйида эканимни билсам дегандим, аммо у менга қаттиқ ёпишган, оғзимни очаман деганим заҳоти қизиқувчанлигимни ман этди. – Исмим Эллен, – деди у. – Бирор нима истайсизми? Ҳечқиси йўқ, қўнғироқ қилишим мумкин. Фақат бир муддатга анави ерга, ётоққа ўтиб турсангиз бас. Ётоққа кирдим. Меҳмонхонадан тушиб турган нур хонани хира ёритар, кўзим икки кароватга тушди. Эллен қўнғироқ қилиб май келтиришни буюрди; хизматкор аёлнинг кирганини ва майни қўйиб чиқиб кетганини эшитдим. Бир дақиқа ўтиб Эллен ётоққа кириб, эшик олдида туриб қолди. У томон қадам ташлагандим, у оҳиста қичқирди ва шу заҳоти менга пешвоз келаверди… Бу кеча оқшом бўлганди… Яна нима бўлди дейсанми? Шошма, яна кўп нарса содир бўлди! Эрталаб уйғонганимда кун ёришиб келарди. Куннинг ёруғи парданинг иккала қаватидан ҳам ўтмоқда. Эллен ҳам уйғонди, хорғин хўрсиниб менга кулди. Унинг қўллари оппоқ, худди бархитдек эди, кўкси эса шундай баландки. Унга нимадир деб шивирладим, аммо у оғзимни лаблари билан ёпди. Кун ёришаверди, ёришаверди. Икки соат ўтиб ўрнимдан турдим. Эллен ҳам турди, кийимини, пойафзалини кийди. Худди шу пайт мени ҳали ҳам қўрқинчли туш каби даҳшатга соладиган воқеа содир бўлди. Эллен нима учундир қўшни хонага ўтди, у эшикни очаркан, мен ўгирилиб ўша ерга қарадим. Ланг очиқ деразалардан совуқ оқиб кирар, хонанинг ўртасида, узун столда мурда ётарди. Мурда тобутга солинган, оппоқ кийинтирилган, соқоли ҳам оқ. Қоплама остидаги ингичка тиззалар билиниб турар, қаттиқ ғазабдан муштлари тугилган, юзи эса сарғайиб кетган, даҳшатли эди. Буларнинг барини кун ёруғида кўриб турардим. Ўгирилгач тилим калимага келмай қолди. Эллен қайтганида мен аллақачон кийиниб, кетишга тайёр турардим. Мени қучганида зўрға қўлимни кўтардим. У яна алланима кийди, мени пастгача, ҳовлигача кузатиб қўймоқчи эди; бунга қаршилигим йўқ, аммо ҳали ҳам миқ этмасдим. Бировнинг кўзи тушмаслиги учун у чиқиш йўлаги деворига ёпишиб олди. – Кўришгунча, – дея шивирлади. – Эртагачами? – дедим аста. – Йўқ, эртага эмас. – Нега эртага эмас? – Жим, жоним, эртага дафн маросимига боришим керак, бир қариндошим ўлиб қолди. Мана, энди сен ҳам биласан. – Демак, индингами? – Ҳа, индинга, мен сени шу ерда, кириш йўлагида кутаман. Хайр. Кетдим… Ким эди у? Анави ўликчи? Муштини қаттиқ сиққан, лабининг бурчаклари аллақандай трагикомедик тарзда қотиб қолганди! Индинга у мени кутади – борсамми-бормасамми? Тўғри «Бернин» қаҳвахонасига йўл олдим, манзиллар китобини сўрадим, Эски Қироллик кўчасини изладим, фалон рақам – хўш, исми шарифига кўзим тушади. Тонгги газеталарни келтиргунларича ўтираман, сўнг қазо қилганлар ҳақдаги хабарларни кўриш учун уларга ташланаман; хўш, мана аёлнинг хабари, биринчи қаторда, қора ҳарфлар билан ёзилган: «Эрим бугун узоқ вақт давом этган касаллик туфайли вафот этди, 53 ёшида». Эълон ўтган кунги сана билан белгиланган. Узоқ ўтириб ўйга толаман. Эр ва хотин, аёл эркакдан ўттиз ёш кичкина, эр узоқ муддат касал бўлади, бир куни ўлиб қолади. Ёш бева эса енгил нафас олади. Ҳаёт, телба фусункор ҳаёт чорлайди ва у ушбу сасга итоат билан жавоб қилади: кетяпман! Ўша кечаёқ Вестерволга боради… Эҳ, Эллен, Эллен – индинга кўришамиз!
2022-09-26
http://nodirabegim.uz/archives/4873
Қўрқинчли ва қоронғу ноябр кечаларидан бири эди. Атрофда этни жунжиктирадиган бир аёз ҳукмрон, устига устак ёмғир ҳам челаклаб қуярди. Палтонимнинг ёқасини кўтарганча, дилдираб, зулмат маҳв этган кўчадан лойларга ботиб, сирпана-сирпана кетиб борардим. Йўллар ўта нотекис, аксига олгандай бугун фонар қурғурни ҳам уйда унутиб қолдиргандим. Аҳён-аҳёнда тойиб, гандираклаб кетар, бироқ яна муовазанатни тиклаб йўлда давом этардим. Минг бир азоб билан сотиб олган палтонимга тирноқдай лой тегиши ҳам ёқимли эмас ахир албатта. Манзилга жуда узоқ эди. Бундай маҳалда автобуслар қолмас, таксилар эса отамбаҳода, шу туфайли уйга қисқа йўллардан етиб олишим мумкин эди холос. Ёлғизлик, қоронғулик, шунингдек, кечанинг бунчалик осуда ва кимсасизлиги юрагимга ғулғула соларди. Бу ғулғулани унутиш учун қўшиқ ҳиргоя қила бошладим. Қўшиқ оҳанги ва сўзларини қадамларимга мослаб, олға борардим. Шу онда ичимдаги қўрқув бир қадар йўқолгандай бўлди. Бунинг фақат биргина салбий жиҳати бор экан. Яъни ҳиргоя қилишим ичимдаги ҳавотир билан бирга диққатимни ҳам тортиб олганди. Ўз ҳиргоямга маҳлиё бўлиб тўсатдан лойда сирпаниб кетдим, кўлмакчага ботдим ва шимим тиззамгача ҳўл бўлганини сездим. Ўзимча қарғандим, қўшиқ ҳам ярим қолди. Бундан кейин яна қанчалик ҳиргоя қилишга урунмай, қўлимдан келмади. Кайфиятим бузилган, бироз авалги бахтиёрлик ўрнини аввалгидан ҳам баттар қўрқув эгаллаб олганди. У бироздан сўнг янада кучайди. Кўчадаги хира фонар сабабли тушган ҳар қандай соя мен учун қўрқинчли, катта гавдали одамга ўхшаб кўринар, камига хаёлимда дунёнинг энг қўрқинчли ҳикоялари жонланарди. Ҳавонинг ўта совуқ бўлишига қарамай терлай бошладим. Бир бурчакка тўхтаб нафас ростладим. Эндиги йўлим тор бир сўқмоқдан ўтарди. “Агар шундай икки сўқмоқдан ўтиб олсам уйимнинг кўчасига чиқиб оламан…” Шундай хаёл оғушида қадамларимни янада тезлатдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай қаршимдан келган ўта қўрқирчли ва бўғиз овоздан ўрнимда қотиб қолдим: — Тўхта! Қимирлама! Тўғри кўзларимга йўналтирилган чўнтакфонар на атрофни, на қаршимдаги одамни кўришга имкон берарди. Ҳали ўзимга келиб улгурмай ҳалиги бўғиқ овозли киши иккинчи буйруқни берди: — Чўнтакларингни бўшат! Ҳамёнингни узат! Агар қимирлагудай ё бақиргудай бўлсанг, ўзингни мурда ҳисоблайвер. Овозим титраб, ўзим қалтираб унга ёлвордим: — Илтимос, илтимос қиламан сиздан. Озгина раҳм қилинг. Ахир мен… У қатъий оҳангда: — Сенинг дийдиёнгни эшитишга вақтим йўқ! — деди. Чўнтагимда ётавериб илвираб кетган 7 рублимни чиқариб, унга узатдим: — Жаноб, бору йўғим шу. Истасангиз ўзингиз текшириб кўришингиз мумкин. У фонари билан мени бошдан-оёқ кўздан кечирди. — Палтонинг жуда ажойиб кўриняпти кўзимга… — деди. — Янги шекилли-а, қани, палтони еч. Йиғламсираб: — Бундай қилманг илтимос, — дедим. — Бироз марҳамат кўрсатинг, жаноб. Ахир оилам, болаларим бор. Яна палтон сотиб олишга имкониятим йўқ… — Ёлғон гапирма! Палтони еч дедимми, еч! Қани, бўл! Қуруқ қолмайсан ярамас, сенга ўз палтомни бераман. Фонарини пастга қаратганида уни кўришга имконият туғилди. Синчиклаб разм солдим. У қўлида ярим шиша шароб тутган, бошига катта шляпа қўндириб олган, юз-кўзи аралаш шарф ўраган, кўзлари қўрқинчли одам эди. Бошқа чорам йўқ эди, палтони ечиб, унга узатдим. У ҳам менга ўз палтосини ечиб, узатди. Истаб-истамай кийдим. Палтондан сассиқ бали ҳиди анқир, димоғимга урилган ҳиддан кўнглим айниб, йўтала бошладим. Бўғиз овоз яна бир марта буйруқ берди: — Қани, орқаннга қарамай жўна! Агар бирор қалтис ҳаракат қилсанг ёки бақирсанг, тамом, бошингга кўп балолар ёғилади. Шу ҳолингга шукр қилиб йўлингда давом эт, яхшиямки менингдек марҳаматли одамга дуч келдинг. Ўзинг айт, сениб сўйиб ташлаб бутун кўйлак-пўйлагингни ечиб олсам, яхши бўлармиди-а?! Қани, сур! Чарчаган, ғамгин аҳволда уйга келдим. Уй калити палтонимнинг чўнтагида қолгани учун эшикни тақиллатишга мажбур бўлдим. Эшикни очган аёлим уйқули кўзлари билан мени танийолмади. Дод солиб, эшикни қайта ёпди. Мени таниб олиши учун фақат иккаламиз биладиган бир-икки сўзни айтишимни сўради. Уйга кирганимдан сўнг аввалига аҳволимга ҳайрат билан боқди, бошимдан кечган воқеани айтганимдан сўнгра бирдан хўнграб йиғлаб юборди. Ўғри менга берган палтондан ёғ ва балиқнинг ҳиди келар, бу ҳиди кўнгилни оздирарди. Ўша кеч уни балконга чиқариб қўйишга тўғри келди. Эртасига ишга боролмадим, кечаги ёмғир ҳалигача давом этар, менинг эса кийишга бошқа палтом йўқ эди. Аёлим билан маслаҳатлашиб шу палтони ювишга қарор қилдик. Аёлим сув иситди, палтони ҳаммомга ташладик, чўткалай бошладик. Ҳаммомни ҳам, бутун уйни ҳам сасиган балиқ ҳиди тутиб кетди. “Мени тунаган ўғри эҳтимол балиқчи бўлса керак…”, деб ўйладим. Мен сув қўяр, аёлим эса иштиёқ билан чўткаларди. Чўткалашни палто ёқасидан бошлаган, жараён ёқадан этак қадар давом этар, кир сувлар чўтка ҳаракати билан этак сари қараб оқарди. Аёлим бир-икки марта яхшилаб чўткалаю ювсак кийса бўлишини таъқидлади. Тозалаш жараёнида чўтка этакка етганда муштдай бир нарсага тегди. Аёлим уни тўғирлаш учун қўлидаги чўткани бир чеккага қўйди ва мушт катталигидаги шишни тўғирлашга ҳаракат қилди. — Товба, бўлмаяпти… — деди аёлим кўзларини ўйнатиб. — Мана шу ерда, палто астарида нимадир бор менимча. Менимча, қоғоз бўлса керак. Палтони айлантириб, ўша шишни астар остида эканини кўрдик. Аёлим қўлини палтонинг чўнатигига суқди ва у ердан кичкина тешикча топди. Бармоғини тешикка суқиб ўша шишликни тортиб чиқарди. Қарасак, бир даста пул. Бу 10 рубллик купюралардан иборат, жами 320 рубл эди. Севинчдан қаҳқаҳа отиб кула бошладик. Аёлим ҳайрат билан кўзимга боқиб: — Бу қанақаси ахир? — деди. — Сизни тунаган ўша ўғри жуда аҳмоқ экан… — Йўқ, — дедим, — асло ундай эмас! У эҳтимол мендан аввал бирор балиқчини тунаган бўлса керак. Палтомни янгилигини кўриб ўз палтосини аввал ўғирлаганини, чўнтакларини текширишни унутгандир. Ҳар ҳолда у ёмон одам эмасди… Палтони ювганимиздан сўнг биноийдек бўлди, мен ҳали ҳамон уни кийиб юрибман.
2022-11-16
http://nodirabegim.uz/archives/4943
37 йил оқшоми. Бокунинг сокин кўчаларидан бири. Кўчанинг бошида иккита катта бино бир-бирига қараб турибди — икки ғамгин бино. Уйлардан сал нарида кичкина боғ бор. Сув тупроққа оҳиста сингиб кетганидай кўча ҳам кундузги турли овозларни — шошилган қадам, уловлар товушларини ўзига ютиб юборган. Боғ эса кимсасиз ва камига жуда ҳазинлашган, ёғоч ўриндиқлар худди оппоқ йўл-йўл дафтар каби бўм-бўш эди. Фақат биргина ўрнидиқда икки ўсмир қучоқлашиб ўтирар, йигит қизнинг сочларидан силарди. Боғ, кўча, уйлар тамомила қоронғуликка таслим бўлган, ёлғиз ўнг қўлдаги тўрт қаватли уйнинг бир деразасидан оқшом сари хира нур тушарди. Ҳамма ухлаган. Бироқ хушёр ётишарди. Оқшом таҳминан соат иккиларда кўча сукунати қоқ ўртасидан бўлинди — тўрт қаватли бино олдида бир машина тўхтади. Шоша-пиша келган ва бирдан тўхтаган машинанинг қаттиқ босилган тормоз овози уйдагиларнинг уйқусини пичоқ каби йиртиб юборди. Ҳеч ким иссиқ ўрнидан турмади. Ҳеч ким балконга чиқмади. Ҳеч ким панжарадан қарамади. Ётоқларида мизғиётган одамларнинг барчаси қулоқларини бир нуқтага йўналтиришди. Бу бинонинг биринчи қаватидаги 1 рақамли уйда отли-обрўли эр-хотин яшашарди. Башир, яъни эр — домком, аёлининг исми Зулайҳо эди. Зулайҳо бу маҳал туғилиб-ўсган қишлоғини туш кўрар, тушида ховлиларнинг пахса девори ортидан оппоқ тутун осмонга ўрларди. Кимдир олисдан “Эй қиз, Зулайҳо, бу идиш-тововларни ол, қани, тозала, қаерда қолдинг, эй қиз?” Зулайҳо яқин келиб чақираётган одамни таниди — у онаси эди. Домком Башир тушида чой ичарди. Кўк чой ҳиди стаканидан лаззат ила буғланар ва томоғига урилар, ётган жойида боладай тамшаниб қўярди. Машинанинг тўсатдан тўхтаган овози иккаласини ҳам уйғотди. Тинглай бошлашди. Улов эшиги очилди. Зулайҳо шивирлаб: — Худойим, ўзинг асра ҳар хил балодан, — деди ва оғир ютинди. Эр эса ҳозиргина кўраётган тушини эсга олди ва ўзича таъбирлади: “Сув — яхшиликка, онаси…” Машина эшиги ёпилди. Зулайҳо яна: — Худойим, ўзинг асра балолардан, — деди. Қадам овозлари эшитилди. Қадам овозлари бўйича Башир келганларнинг нечалигини таҳмин қилди: “Уч ё тўрт киши…” Бинонинг кириш эшиги очилди. Қадам товушлари жуда яқиндан — Баширнинг эшиги олдидан эшитиларди. “Бу кеча кимни олиб кетишар экан-а?”, дея ўйлади Башир. Қадам товушлари уларнинг эшигидан йироқлашди. Баширнинг рўпарасидаги 2 хонадонда кекса бева аёл — Заҳро момо истиқомат қиларди. Эри оламдан ўтганидан кейин уйининг бир хонасини ижарага берганди. Заҳро момонинг қулоғи оғир, шу туфайли қаттиқ ухларди. Қулоқлари остида бомба портласа ҳам пинагини бузмасди. У бугун ҳам уйғонмади. Ижарачиси Сакина исмли машинкачи эди. У ўттиз икки ёшли, мулойим, самимий, кўхликкина жувон эди. Сакина машина тўхтаганидаёқ уйғонди. Нафас олмай тинглай бошлади. Қадам товушлари уларнинг хонадонига яқинлашиши билан Сакинанинг хаёлидан эллик икки минг фикр ўтди. Турфа ўйлар унинг хаёлида бир-бир тўпланар, парчаланар, яна тўпланар ва яна зарраларга бўлиниб кетарди: “Майли, битта хато учун бунчаликка боришмаса керак. Ахир Аҳмедовдан бошқа ҳеч ким билмайдику… Аҳмедов сотдимикан? Йўқ-йўқ, тўғри, ахир у муҳим сўз эди, бошқа сўзда адашсамам майлийди, аммо… Қурғур “з”ни ўрнига “п” ёзиб юборгандим. Йўқ, ишонмайман, Аҳмедов бундай қилиши мумкинмас. Бироқ, у ҳам одам, эҳтимол… Эҳтимол, у ўз жонини асраш учун… Йўқ, у ахир қўрқоқ одам эмаску… Ахир хонада фақат иккаламиз эдик, бошқа ким бўлиши мумкин… Мен ҳам келиб-келиб шу сўзда хато қиламанми?! Кимнинг хаёлига келибди дейсиз биттагина ҳарф билан шунча маъно ўзгариб кетиши… Ахир атайлаб қилмадим, уларгаям шундай дейман… Йўқ, ахир бунга ким ҳам ишонарди… Ахир ҳар кун юз саҳифа ёзаман, хато ўтиши мумкинку… Аҳмедов ҳақиқий эркак, хотин ишини қилмайди у, йўқ, у қилмаган буни… Эҳтимол…” Сакина ёстиғи остидан ўзи тиккан нақшли дўстрўмолчасини олиб манглайидаги совуқ терни артди. Қадам товушлари бу пайт зинапоядан эшитиларди. Иккинчи қаватдаги 3 рақамли уй Сурҳайнинг уйи. У бўйдоқ, касби мемор эди. Кўчага таралаётган хира нур унинг деразасидан тушарди. Сурҳай ишлаётганди. У янги мактаб лойиҳасини эртага тақдим этиши керак, шу сабабли тун бўйи ишлашга мажбур эди. Сурҳайнинг боши шунчалик қоришгандики, ҳеч нарсадан хабари йўй, у на ташқарида тўсатдан тўхтаган машина овозини, на қадам товушларини эшитди. Қадам товушлари унинг эшигидан ҳам ўтди ва 4 хонадон сари йўналди. 4 рақамли уйда яшовчи Қурбон эски фирқачилардан эди. Сўнгги уч ой давомида у зинапояга ҳар кун эрталабдан иккита янги палто, тиш чўтка ва пастаси, уч дона совун қўйиб қўярди. Дўстлари унга ёшликдан восвос дейишарди. Эҳтимол… Машина тўхташи билан Қурбон кўзларини очган, чунки ҳали ухлаб улгурмаганди. Тинчи бузилганди охирги пайтлар. Бироқ зоҳиран жуда ҳотиржам эди. Қадам товушлари зиналардан эшитила бошлаганида Қурбон “37 йилнинг 14 апрели”, дея ўйлади. Инсон умрининг бир нечта энг гўзал кунлари бўлади — хотирасига бир умрга муҳрланган кунлар, яъни, туғилган куни, илк севган куни, ота-она бўлган куни, бирор яқинининг мотам куни, буюк умидлар туғилган кун… Шунингдек, хотирасига муҳрланмайдиган, аниқроғи муҳрлашни истамайдиган, хотиранинг сўнган куни — ўлим куни… Буларнинг бари инсон умрининг энг гўзал кунларидир, албатта. Қадам товушлари Қурбоннинг эшиги томон яқинлашди. Қурбон “14 апрел” дея бир неча бор такрорлади ва негадир умрининг энг гўзал кунларини эслашга қарор қилди: “7 декабр, 1903 йил — биринчи талабалар йиғилиши. 18 август, 1904 йил — биринчи талабалар қўзғолони. 28 апрел, 1920 йил — Боку. Инқилоб тонгги. 22 феврал, 10 сентябр, 8 июл — чор сургунлари, инқилоб йиллари, юртдошлар уруши… 5 октябр — (…) ким биландир тўқнашув…” Ўша кунлардан буён, айниқса сўнгги етти ой давомида Қурбон умрининг энг гўзал кунини, тўғрироғи, гўзал кечасини кутарди. Ҳар кечаю кундуз кутарди. Бу кечани кутарди, “14 апрел кечаси”ни. Бироздан сўнг Қурбон бу сана ҳақида эмас, бошқа бир сана ҳақида ҳам хаёл қилди. У ўйлардики, бу кеча умрининг энг гўзал кечаси бўлганидек — энг гўзал тонгги ҳам бор. Ҳақиқат, озодлик сари очилган тонг. Бу тонг қачон отади? Қайси кун? Қайси ой? Қайси йил? Қадам товушлари Қурбоннинг эшиги олдида бир зум тўхтади. У эшикни очиш учун ётоғидан турди, хона қоронғу бўлгани учун оёғи билан пайпоғини излади. Оёқлари муздек полга тегиб бутун вужуди титраб кетди, пайпоғини топди. Ўнг оёғига пайпоқ кийдию чапига киёлмади, қоронғуда туртиниб-суртиниб эшик сари юрди. Бирдан жойида қотиб қолди ва унинг эшигидан тобора олислашаётган қадам товушига ҳайрат ичида қулоқ солди. Учинчи қаватда иккита хонадон бор эди. 5 рақамли хонадон икки ҳафта аввал бўшатилганди. Унда Фараж исмли бастакор яшарди. У ерга ҳали ҳеч ким кўчиб келмаганди. 6 рақамли уйда эса Жавоншир исмли эркак, унинг аёли ва олти яшар қизи Раъно яшарди. Машина кўча бошига бурилганидаёқ Товуснинг белидан силаётган қўл — Жавонширнинг чап қўли ҳаракатдан тўхтади. Кейин эса Жавоншир ўрнидан сакраб турди. Товус лом-лим деёлмади. Иккаласи ҳам тинглай бошлашди. Кичкинтой Раъно эса пишиллаб ухлаб ётар, тушида катта, ойдин, мовий рангли дераза кўрарди — пардасиз бир дераза. Кимдир унга санашни ўргатарди: бир, икки, уч, тўрт, беш… Бир, икки, уч, тўрт, беш… Бир, икки, уч, тўрт, беш… Машина тўхтаб қадам товушлари бинода эшитилганида Жавоншир Товусга битта сўз айтди: — Қурбон. Эҳтимол шундай дейишга асоси бор эди. Бундан икки ҳафта олдинам худди шундай ҳолат юз берганида Жавоншир хотинига битта сўз айтганди: — Фараж. Буни эшитганида Товус бир муддат қош-қобоғини уйган, Жавоншир эса “Сен аёлсан, эркакларнинг ишига аралашма…” деганди. Икки кундан сўнгра Товуснинг кўз-қобоғи очилди. “Менга нима, — дея ўйлади, — ўзи билади”. Иккаласи ҳам ҳотиржам бўлишди. Улар баҳслашган оқшом Жавонширнинг айтгани тўғри чиққач у аёлининг бўйинларидан ўпиб, шивирлади: “Мен алдамайман, билдингми, сўрашса, ўз қулоқларим билан эшитдим дейман, бўлди”. Қадам товушлари Қурбоннинг эшигидан ўтиб зиналардан эшитилганида ётоқ эр-хотинни талай бошлади. Жавоншир қўлини ётоғи ёнига илинган кўйлагининг чўнтагига суқди, титраган бармоқлари билан папиросини олди ва лабига яқинлаштирди. Бироқ оловлатолмади, жим турди, тинглади, фақатгина тинглади. “Эҳтимол адашишгандир, — дея ўйлади, — майли, балки бу қаватда фақат иккита хонадонда одам яшашини билишмас. Ахир бешинчи бўш, олтинчи эса меники…” — Менга қара, Товус, бирорта хато гап айтиб қўйма, хўпми, ўзим гаплашаман… — Нималар деяпсиз, Жавоншир?! — Ахир сенинг ўша дугоналаринг худо ҳаққи деб қасам ичиб, ёлғон гапиришган. — Жавоншир, икки ой аввалам бу ҳақида гаплашгандик ахир, ортиқ бу ҳақда гаплашмасликка келишгандик. Шундан кейин уларнинг бирортаси бу ерга оёқ босишмади. Мен ҳам улар билан кўришмадим. Ўзингиз ҳам яхши биласизку, танишлар, ҳатто қўшнилар билан ҳам салом-аликни узганмиз. Ҳеч ким билан борди-келди ҳам қилмаяпмиз. Қадам товушлари 5 рақамли уйдан ўтди. — Жавоншир, — Товус овози титраб, томоқ қириб сўз бошлади, ҳар ҳолда, билсин-билмасин, айтиб қўйганим яхши деган қарорга келди. — Раъно яна ўша ярамаснинг ўргатган қўшиғини айтганди… — Нима?! — Жавоншир ўрнидан сапчиб турди. Мулойим, ёлғиз бастакор Фаражнинг негадир бутун меҳру муҳаббати кичкинтой Раънога тушганди. Янги ёзган мусиқаларини унга ўргатарди. Ўтган кун Жавоншир газеталарни ўқиб сўнгги янгиликлардан бохабар бўлаётганди, тўсатдан илон чаққан каби эти музлади, қараса сўнгги янгиликлардан бехабар кичкинтой Раъно қўғирчоғини бешикка ётқизиб, оғзида мусиқа чалиб, халқ душмани Фараж ёзган мусиқани ҳиргойи қиляпти. Жавоншир ўзини йўқотиб кўйди, на рафиқасига, на қизига изоҳлаб ўтирмай Раънонинг юзига шапалоқ тортди, сал ўзига келгач эса аёлига тушунтирди: “Билиб қўй, яна бир марта қизингни ўшани ўргатган қўшиғини айтса аяб ўтирмайман, ўзингдан кўр…” Қадам товушлари Жавонширнинг эшигида тўхтади. Товус тутилиб-тутилиб: — Кеча кўрдим, яна айтяпти, — деди. — Қулоғидан тортиб дакки бердим, она айтиб кўраётгандим, ёдимдан чиқдими ё йўқ, билмоқчийдим, деди. Сўзини тугатиб Товус ажойиб иш қилди — табассум қилди. Бу йил, бу кеча, айни вақтда айнан шу ерда бу табассум Жавонширга энг оғир хиёнат каби туюлди. У Товуснинг қўлидан тутиб: — Жим бўл! — деди ва кўзини бир нуқтага тикиб, жим қолди. Қадам товушлари уларнинг эшигидан йироқлашди. Жавоншир асабийлашиб папиросини оловлатди. — Оҳ Худойимей, каллам кетибди, — дедию кулди. — Буткул эсимдан чиқибди, ахир тепада яна битта қават борку! — Ҳа, тўртинчи қават, — дея йиғламсиради Товус. “Тўртинчи қават… — дея ўйга толди Жавоншир, — Тўртинчи қават. Ким бўлиши мумкин? Капитанми ёки нефтчи?” Тўртинчи қаватда иккита хонадон бор эди. 7 рақамли уйда Салаев яшарди. У Ҳаштархонга қатновчи кема капитани эди. Ҳафтада уч кун уйда бўларди. Душанба, сешанба ва чоршанба, қолган тўрт кун эса ишда — денгизда. “Бугун жума, — дея фикрлади Жавоншир. — Демак, нефтчи Зейналли. Буни қара-я. Ким ҳам билибди дейсиз. Кибрли одам эди ўзи жудаям. Ҳеч қачон саломга алик олмаган…” Жавоншир қулоғини диккайтириб тинглай бошлади. Қадам товушлари 7 хонадондан ўтиб 8 рақамли уйда тўхтади. Кейин уй эшиги қоқилди. Жуда қаттиқ қоқилди. Бутун бинодагилар эшитишди уни. 6 рақамли хонадондаги Жавоншир “Демак олиб кетиладиган одам юртдош Мурод Зейналли. Ярамас! Муҳташам уч хонали уй бўш қолади энди. Ким кўчиб ўтар экан-а? Бироқ ҳеч ким Зейналлининг нега кетганини билмаса керак…” 5 рақамли уйда… У муҳрланганди. 4 рақамли хонадонда Қурбон ўзича ҳисоб-китоб қилар, тинмай ўйларди: “Эҳтимол, шу сафар Москвага ўзим борарман, мактубни ҳам шахсан ўзим етказаман. Майли, кўрамиз…” 3 рақамли уйда Сурҳай ишини давом эттирарди. 2 рақамли хонадонда Сакина ичикиб-ичикиб кўзёш тўкар, Заҳро момо эса қотиб ухлар, туш ҳам кўрмасди. 1 рақамли уйда домком Башир аёлига панд-насиҳат ўқирди: “Хотин, бўша гапни қўй. Ўзидан ўзи ҳеч кимни олиб кетишмайди. Нимадир айби бордирда қурмағурни…” Сўнгра чуқур оҳ тортиб қўшиб қўйди: “Эй Сулаймонга қолмаган дунё, кимга қолажаксан?!” Тўртинчи қаватдаги 8 рақамли хонадоннинг эшиги очилди, ичкарига киришди. Бироздан сўнг уйдан чиқаётган қадам товушлари эшитилди. Қадам товушлари зинама-зина пастга тушди. Бинонинг орқа эшиги очилди, сўнг оҳиста ёпилди. Машина ёқилди ва ҳаракатга келди. Машина овози секин-аста йироқлашиб, бора-бора бутунлай эшитилмай қолди. Кўчанинг сукути гўёки овозларни ютиб юборарди. Қоронғуликка маҳв бўлган бинонинг фақат битта деразасидан кўчага хира нур тушар, боғда, устига узилган қанот каби дарахт шоҳи эгилган ўриндиқда йигит қизнинг лабларидан ўпарди. Одатда ҳар кун эрталаб домком Башир ранг тўла палитраси ва патини кўтариб даҳлизга чиқарди. Кираверишдаги қора лавҳачага оқ ҳарфлар билан шу бинода истиқомат қилувчиларнинг исм-фамилиялари ёзилганди. Фақатгина 5 рақамининг ёнидаги фамилия ўчиб кетган, ўқиб бўлмасди. Домком Башир уни роппа-роса икки ҳафта олдин шу аҳволга келтирганди. Бу саҳар ҳам домком Башир ранг тўла палитраси ва патини кўтариб даҳлизга чиқди. Соат чамалар етти эди. Ишга шошилаётган Сакина, Жавоншир, Товус даҳлизда қаршилашишди. Бироз жойида қотиб Баширга термулишди. Сакина совуқ қотди шекилли, шарфини юз-кўзи аралаш ўради. Башир патини палитрасига ботириб оҳиста “Зейналли” фамилиясига яқинлаштирди. Тўсатдан… Жавоншир ва Товус сесканиб кетишди. Сакина шарфининг сочоқларидан ушлади. Домком Башир турган жойидан кўзғололмай қолди. Даҳлизнинг чиқиш эшигидан оқ тўшамага қатим нур тушар, эшикнинг қия очиқ жойидан кўчанинг бир бўлаги, қарама-қаршидаги уйнинг деразаси, унинг олдига ёйилган кирлар кўринарди. Бироқ уларни гангитиб қўйган бошқа нарса эди. Эшик олдида 8 рақамли хонадон эгаси Мурод Зейналли турарди. Мурод домком Баширга, лавҳага, ранг тўла палитрага кўзи тушади ва дарҳол ҳаммасини тушунди, бироқ эшикдан нари кетмади. Жавоншир: — Кеча… сиз… машина… — дея тутилиб гапирди. Баширнинг рафиқаси Зулайҳо ҳам эшикдан чиқди. У ҳам таажжубланиб Мурод ва даҳлиздагиларга қаради. Зинапоядан юқори қаватдан шошилиб тушаётган одамнинг қадам товушлари эшитилди. Сурҳайнинг қўлтиғидаги қоғозлар қувур шаклида буралганди. Мурод кулганида оғзи қулоғига етар, оппоқ ва текис тишлари кўринарди. Мурод илжайиб: — Ниятларингиз қурсин, — деди. — Тез ёрдам машинаси эди. Фаридани туғруқхонага олиб кетдик. Шу кеча ўғилли бўлдим! Товус қўлини пешонасига урди: — Э-э, ҳаа-а, — деди, — буткул ёдимдан кўтарилибди. Кўзингиз ойдин, Мурод! Зулайҳо: — Тўппа-тўғри, умуман эсимизга келмабди, — деди. — Катта йигит бўлсин. Узоқ умр тилаймиз, ота-онасини бахтига омон бўлсин илоҳим. Жавонширнинг бирдан ранги ўчди. Шошилганча чўнтагидан папиросини чиқарди. Сакина ғазабланиб бошини қуйи эгди. Сурҳай: — Табриклаймиз, катта йигит бўлсин, — деди ва чиқиб кетди. * * * Ўша кеча дунёга келган болакай мен эдим. Ҳар йилда ўзига хос кунлар бўлади, севинчли, ғамгин кунлар… Иш кунлари, байрам кунлари, мотам кунлари… Бироқ шундай йиллар борки, инсонларнинг ҳотирасига фақат биргина ранг билан муҳрланади. Биз маълумотномларимизда туғилган йилимизни 1937 йил дея ёзамиз. Улғайганимизда билдикки, бу қора йил бўлган, халқ қалбига, хотирасига қўрқув, интизорлик йили каби муҳрланган. Бироқ биз учун бу йил умримизнинг энг гўзал йилидир. Қуёшни, дарахтларни, дунёни илк бора кўрган йил. 1964 йил.
2022-11-23
http://nodirabegim.uz/archives/4945
1963 йилнинг май ойлари. Яна бир тароватли оқшом эди. Қўлида пакет кўтариб олган бир йигит Нью Йоркнинг муҳташам хиёбонида шаҳдам қадамлар ташлаб олға юриб борарди. Ҳаво ҳар кунгиданда мусаффо ва соф, осмон ҳам сокин мовий рангдан виқорли тўқ бинафшарангга айланиб, вақт ўтган сари қуюқлашиб бораётганди. Одамлар бу шаҳарни севишар, айниқса, кечаларининг гўзал манзараси унинг кўркига кўрк қўшарди. Бу ерда яшовчи аҳоли, балки, шунинг учун ҳам Нью Йоркни яхши кўришар. Турли-туман яхна овқатлар, хомашёлар сотиладиган дўконлар ва қиммат ресторанларнинг эшиги ёнида турган одамлар ёқимли таомларнинг хушбўй ҳидларидан сармаст эди. Эски болалар аравачасида икки халта сабзавот ва меваларни ташиб кетаётган қари кампир ёш йигитга кулимсираб қаради ва у билан саломлашди: -Салом, хушсурат йигит. Йигит ҳам нимтабассум билан унга қаради ва қўлини кўтариб силкиб қўйди. Кампир унинг ҳолатини кўриб йўлдан ўтар экан ўйлаб қолди: “У севиб қолганга ўхшайди”. Йигит ташқи кўринишига кўп эътибор бермасди. Аммо энди у ўзгариб қолганди. Унинг кўриниши жуда ажойиб эди: ёрқин кулранг костюм кийиб олган, ингичка бўйинбоғи бироз пастлаган ва ёқасининг тугмалари қадалмаган эди. Сочлари қоп-қора бўлиб калта қилиб олинганди. Юзи эса оппоқ, кўзлари ёрқин мовий ранг эди. Унинг юзи фавқулотда бошқаларникидан фарқ қилмасада, самимий баҳор кечасида, бу хиёбонда, 1963 йилнинг мана шу май кунида, у ҳаммадан ҳам чиройли эди. Бояги кекса аёл эса баҳорда ҳар қандай инсон ҳам гўзал бўлиб кетади, ахир, дея ҳали ҳамон ўзининг ширин дамларини қўмсаётган эди. Улар балки, кечки овқат учун ўзлари орзу қилган бирор жойга учрашишга ёки рақс тушиш учун шошилишаётгандир. Баҳор шундай фаслки, бундай соғинишлар кишини ҳеч ҳам тарк этмайди. У йўлида мамнун ҳолда кетар, хушсурат йигитчага гапирган вақтини ва йигитнинг ҳам қўл кўтариб салом берганини эслаб севинарди. Ёш йигит эса 63-кўчани кесиб ўтиб, лабларида ярим табассум қилган ҳолда катта-катта қадамлар ташлаб юриб борарди. Йўлнинг тугашида бир қария сариқ рангли турли-туман гуллар солинган ишлов берилиб бежирим бўлган яшил рангли аравачаси билан ўтиб қолди. Аравачадаги сарғиш рангли наргиз гули ва кечки заъфарон гуллари кўзга ташланиб турарди. Кекса чолда яна чиннигуллар, иссиқхонада ўстирилган, деярли ҳаммаси сариқ ва оқ рангда бўлган хушбўй атиргуллар ҳам бор эди. Чол претзел еб, аравачанинг бир бурчагида турган катта ва бесўнақай радиони тинглаш билан овора эди. Айни дамда радиода ёмон хабарлар қуйилиб келсада, ҳеч ким унга эътибор бермасди: бир қотил ҳануз эркинликда; Жон Ф. Кеннеди Вьетнам деб номланган кичик Осиё мамлакатидаги вазиятни кўришга чидай олишини хабар берган. (Бир йигит радиода айтилган янги сўзни ўқиш билан оввора эди: Вите-нум); шахси номаълум аёл жасади Шарқий дарёдан олиб чиқилган; бош ҳоким амалда тайинланган шаҳарда героин савдоси бўйича жиноятда айбланиб қамоққа олинган; Россияликлар ядровий қурилмани портлатган. Бу хабарларнинг ҳеч бири ҳақиқийга ўхшамасди ва ҳеч бири эътиборга лойиқ эмасди. Шунчаки, ҳаво соф ва беғубор эди, холос. Атрофда одамлар кам. Бир бурчакда қоринларини пиво билан тўлдираётган икки киши эса никел қўйиш ҳақида суҳбатлашиб бир-бирларига қараганча новвойхона ташқарисида туришарди. Баҳор ниҳоясига етиб, ёз яқинлашиб келиши билан бу шаҳарчада орзулар фасли ўз бўйини кўрсата бошлайди. Ёш йигит гуллар йўлагидан ўтар экан, тўсатдан бу нохуш янгиликлар қулоғига чалинди. У жуда ҳаяжонланарди ва нималарнидир ўйларди. Палтосининг чўнтагига қўл узатганда унда яна нимадир борлигини пайқади. Бироздан сўнг, унинг юзи қийин аҳволга тушган одамнинг юзидек буришиб кетди, яна унда руҳан ёлғизлик аломатлари ҳам акс этарди, гўёки кимдир уни таъқиб қилгандай ҳис қиларди ўзини. Аммо тезда ўзини ўнглаб олди. У гулларга қарар экан, табассум қиларди. Йигит уни мамнун кўриш учун бир даста гул олмоқчи бўлди. У севганига кичик сюрприз бериб, унинг кўзларида ҳаяжон ва қувончни кўришни хоҳларди, айниқса, кўзлар бир-бири билан тўқнашиб кетишса, йигит яна ҳам хурсанд бўлишини ҳис қилди. Ёш йигит бой оиладан эмасди, шунинг учун севган қизи унинг кичик совғаларидан хурсанд бўлишини жуда истар эди. Бир қути ширинлик, тақинчоқ, Валенсия мандаринларидан бир нечта сотиб олди. Чунки булар Норманинг севимли нарсалари эди. “Ёш дўстим”, — деди йигитга кулранг костюм кийган, енглари шимарилган бир сотувчи. У аравасидан кўз югуртирар экан, йигитни бирор нарса олишга ундарди. Сотувчи кекса чол бўлиб, тахминан 68 ёшлар атрофида эди; йиртилган кулранг тўқима свитер ва илиқ баҳор оқшоми бўлишига қарамасдан иссиқ телпак кийиб олган бу қариянинг юзи ажинлар билан тўла, кўзлари эса чексиз тубсизликка ғарқ бўлганди; қўлидаги сигаретдан унинг асабийлиги яққол билинарди. Шунга қарамай, у баҳорда, севги фаслида, инсонлар янада ёшариб кетиши, севгига бурканиши ҳақида сўзларди, у ҳар ерда бундай ҳолатни кузатиб юрганини айтарди. Сотувчининг юзи ғамгин эди, аммо айни дамда бироз бўлсада кулишга ҳаракат қиларди, худди озиқ-овқат олиб кетаётган бояги кекса аёл сингари. -Гулларингиз қанча туради?- йигитча сўради. -Мен сизга бир долларга ажойиб букет тайёрлаб бераман. Булар хушбўй атиргуллар-иссихонадан келтирилган. Нархи озгина қимматроқ, донасига 70 центдан. Мен сизга 3 доллар 50 центга буларнинг ярмини беришим мумкин. -Қиммат-ку? -Ҳеч нарса арзон эмас, менинг ёш дўстим. Онангиз айтмаганми сизга? Йигит жилмайиб қўйди. Албатта, онаси буни айтган бўлиши мумкин. -Ишончим комил. Онангиз айтган бўлиши керак. Мен сизга иккита қизил, иккита сариқ ва иккита оқ атиргулларни бераман. Бунга қарши эмасмисиз? Чақалоқни ўраган каби уларни қирққулоқлар билан ўраб бераман. Ажойиб-а. Ёки сиз хоҳласангиз бир долларга букет қилиб олишингиз ҳам мумкин. -Уларними?- сўради йигитча ҳануз жилмайганча. -Менинг ёш дўстим, — дея сўз бошлади қария сигарет кукунларини тўкар экан,- ҳеч ким гулларни май ойида ўзи учун сотиб олмайди. Бу худди миллий ҳуқуққа ўхшайди, сиз бунинг маъносини тушунсангиз керак? Йигит унинг гапларини тингламасди, у Нормани ўйларди, унинг қувончини, ҳайратланган чақноқ кўзларини ва унинг самимий кулгусини эшитишга интиқ эди. Бошида фақат шу ўй-хаёллар айланарди. -Ҳа, шундай қилинг. Нима деган эдингиз?-талмовсираб сўради йигит. -Нимани ўйлаётган эдингиз? -Мен сизга нима ўйлаганимни айтмоқчиман. Маслаҳат текинми? Ёш йигит кулганча нима ҳақида ўйлаётганини айта бошлади. -Сиз жиннилик қиляпсиз. — Гап бошлади сотувчи,- Яхши дўстим. Агар сиз гулларни онангиз учун олсангиз, унга букетга ўралганини беринг. Чиройли наргиз ёки заъфарон гуллари ёки адирда ўсган лилия гуллари ҳам ажойиб таклиф бўла олади. У бу гапларни айтишдан ўзини тўхтата олмаса керак: “О ўғлим, нархи қиммат бўлса ҳам мен севган гулларимни олиб келибсан, қанча пул сарфладинг, ахир, бу гуллар жуда қиммат-ку!”. Йигитча қўлларини орқага ташлаганча қаҳ-қаҳ отиб куларди. Сотувчи давом эттирди: -Борди-ю гулларни севган қизингизга олиб бораётган бўлсангиз, бу анча жиддий нарса, ўғлим. Буни билишингиз керак. Сиз унга қип-қизил атиргулларни олиб борганингиз яхшироқ. У сизни рад эта олмайди. Нима деганимни тушундингизми? Ҳей бола! Қизнинг қўллари елкангизда бўлади, ишонаверинг. -Мен сиз айтган атиргулларни оламан. Бу гап қариянинг кулгусини қистади. Дўкон олдидаги икки киши ҳам уларга қараб кулиб туришарди. -Ҳей, бола!- улардан бири болани чақирди,- Сиз арзонга тўй узукларини хоҳлайсизми? Мен сизга ўзимникини сотишим мумкин. Энди буни менга кераги йўқ. Йигит жилмайди ва сочининг учидан товонигача қизариб кетди. Гул сотувчиси олтита гулни тўплади, пояларини бироз қисқартириб ташади, сув сепди ва катта конусли матога уларни ўради. -Кечки об-ҳаво сиз хоҳлаганингиздек бўлади. Радиода айтишганди. Очиқ ва мўътадил. Ярим тунда ҳаво 6+ атрофида бўлади. Томда юлдуз санаш учун қулай фурсат, агар сиз романтикани ёқтирсангиз. Жозибали Нью Йоркдан роҳатланинг, мазза қилинг! Қария гулларни елимли қоғоз билан боғлаб бераркан яна бир нечта маслаҳатлар бера бошлади: -Ёш ледига айтинг, гулларни бироз шакар солинган идишга солиб қўйсин, шунда улар узоқ вақт янгидек бўлиб туради. -Хўп, айтаман,- деб ёш йигит сотувчига 5 долларни тутқазди,- Раҳмат. -Бу менинг ишим, ёш дўстим,- деди кекса чол мамнун тарзда қайтимини қайтариб бераркан,- Уни мен учун ўпиб қўйинг,- деди. Радиода Фоур Сеасонснинг “Шерри” қўшиғи жаранглай бошлади. Йигитча харидларини кўтариб, йўлини давом эттирарди; кўзлар чақноқ ва бургутнигоҳ эди; ҳақиқий ҳаётдаги ўзига ўхшамасди. Аммо бирданига у нимагадир қоқилиб кетди: бир она боласини аравачада олиб кетаётганди, болакайнинг юзи жуда кулгили тарзда музқаймоққа беланганди; кичкина қиз арқонда сакраб қўшиқ айта бошлади: “Бетти ва Генри дарахт тагида, Бўса олишди, Илк муҳаббат бошига тушди ва кейин турмуш қуришди, ниҳоят, бола кўтарган Генри бу ерга келди”. Икки аёл ташқарида турарди ва чекишарди. Бир гуруҳ эркаклар металл буюмлар дўкони деразасига қарарди. Бейсбол ўйини ўтказилган, ўйинчиларнинг юзлари яшил рангда эди. Нью Йорк учрашуви 6-1га Филлилар ютиши билан тугади. Йигит гулларни кўтариб борар экан суҳбатлашаётган икки аёл қаршисида бир зум тўхтади ва ўзини ғамгин сезди. Гулларнинг ҳам узилганига анча вақт бўлганди. У учинчи ва олтинчи йўл бўйлаб машиналар қатнови тўхтатилганидан бехабар эди. Бир полициячи яқинда унаштирилганди ва йигитнинг юзидаги хаёлпараст ифодасини сўнгги пайтларда тез-тез ўзини кўрган соқол олиш ойнасидан таниди. Ҳаттоки у ёнида бир-бирига тиқилиб, қиқирлаб кулиб кетаётган иккита ўн ёшли қизларни ўтаётганидан ҳам бехабар эди. У 74-бекатда тўхтаб, ўнгга бурилди. Кўча қоронғу бўлиб қолганди, йўлни Италия номи билан номланган турли ресторанлар ва қизғиш ғиштли уйлар ёритиб турарди. Ҳамма жой беркилган эди, аммо кучсиз ёруғликда бўлса ҳам болалар стикбол ўйинини ўйнашаётган эди. Ёш йигит унча узоққа кетмади, бироз юргач, тор йўлакка бурилди. Айни дамда ҳамма ёқда юлдузлар чарақлаб турибди, мусаффо ҳаво, қоронғу йўлак ва чиқинди қутиларининг ажойиб соялари… Барча-барчаси чиройли эди. Йигит ёлғиз эди, аммо ўзини бундай ҳис қилмасди. Тўсатдан зулмат ичида тебраниб бир садо эшитилди ва йигит қовоғини чимирди. Бу мушукнинг севги қўшиғи бўлиб, бу ерда унданда ажойиб ҳеч нарса йўқ эди. У секин юриб борарди, дам ўтмай соатига қарарди. Соат кечки саккизга яқинлашяпти. Норма шу ерда бўлса керак. Бироздан сўнг йигит қизни кўрди; боғ томондан бора бошлади. Уни кўргандаги юрак оғриғи яна бошланди. Биринчи марта кўргандаги ҳаяжони тағин жунбушга келди. Унинг баркамол қадди-қоматига тикиларкан бу дам бир ширин тушдек туйиларди унга. Энди йигитнинг табассуми порлаб кетди, тезроқ юра бошлади. -Норма! Қиз унга қаради ва жилмайди… Аммо бир-бирини кўришгач, табассум сўнди. Йигитнинг табассуми бироз титради ва у бир лаҳзалик безовталикни ҳис қилди. Денгизчи блузкаси кийиб олган бу юз бирдан хиралашгандек бўлди. Қоронғу тушиб қолганди… Балки, у адашаётгандир? Ундай эмас. Бу Норма эди. -Мен сенга гул олгандим,- деди йигит хурсанд бўлиб, гулларни унга тутқазди. Қиз бироз уларга қараб турдида, жилмайганча гулларни қайтариб берди. -Раҳмат, лекин сиз адашяпсиз. -Менинг исмим Норма, — пичирлади йигит. Анча вақтдан бери чўнтагида турган калта тутқичли болғани чиқарди. -Булар сиз учун Норма… бу сиз учун эди… ҳаммаси сиз учун… У орқасига ўгирилди, думалоқ оқ юзи хиралашди, у аниқ Норма эмасди. Норма ўлганди, ўн йил олдин ўлганди ва энди ҳеч нарса муҳим эмасди, чунки қиз бақирмоқчи эди. Йигит қизнинг қичқирмаслиги учун болғани силкитди, чинқириқни йўқ қилди ва у гул кўтарган қўллари билан болғани силкитди. Тўкилган нарса тўкилди … аҳлат қутилари ёнида қизил, оқ ва сариқ атиргуллар ётарди. У болғани туширди ва қиз энди қичқирмасди. Аммо у яна бақириши мумкин, ахир у Норма эмас. Уларнинг ҳеч бири Норма эмас. Бироз вақтдан сўнг болғани палтосининг ички чўнтагига солди ва тошли йўлаклар томон кетаркан қоронғулик қаърига шўнғиб кетди. У тор йўлакдан ўтди. Ҳамма ёқни зулмат қоплаганди. Стикбол ўйинчилари ҳамон ўйинда эди. Унинг кийимида қон изи бўлсада, улар кўринмади… қоронғида, тиниқ баҳор қоронғусида, унинг исми Норма бўлмаган, аммо энди ёш йигит ўз исмини биларди. У… у… севги эди. Унинг номи севги эди, у қоронғу йўлакдан юриб борарди, чунки Норма уни кутяпти, ахир. Ва ниҳоят у қизни топди. У яна кула бошлади. Етмиш учинчи кўчада кетаётиб, йигитча қадамини тезлаштирди. Бино зинасида ўтирган ўрта ёшли эр-хотин унинг бошини эгиб, кўзларини узоққа тикиб, лабларида ярим табассум билан ўтиб кетаётганини кузатиб турарди. У келин-куёвнинг ёнидан ўтиб кетаётганда, аёл унга деди: -Нега сиз ҳеч қаерга қарамай кетяпсиз? -Аааа? — талмовсираб қолди йигит. -Ҳеч нима,- деди аёл. У кулранг костюм кийган йигитнинг қоронғулик ичида ғойиб бўлишини кузатиб турди ва агар баҳордан ҳам гўзалроқ нарса бўлса, бу илк муҳаббатдир, деб ўйлади.
2022-03-16
http://nodirabegim.uz/archives/4655
Пол стол қаршисида турган рафиқасига тикилиб қаради ва биринчи марта унинг свитерини тескари кийиб олганини пайқади. У ҳар куни тонгда рафиқасининг кийимларини маълум бир тартибда тўшак устига тахлаб қўяр, шундан рафиқаси биринчи бўлиб қайси кийимини кийишини билиб олар эди. Аммо бу чора ҳам Элайнанинг ҳар бир кийимини ўз ўрнида кийишига кафолат бермас эди. Уйдан ташқарига чиқишларидан олдин Пол ҳар сафар унга бошдан-оёқ разм солиб, уст-боши жойидалигини текширишига тўғри келар эди. Бу сафар ҳам доимо уларга хизмат кўрсатувчи официант қиз Сара катта патнисда икки пиёла ширин чой кўтарганча ҳозир-у нозир бўлди ва салом бериб, улардан ҳол-аҳвол сўради. Элайнада Алцгеймер касаллиги аниқланганидан сўнг ҳам уларнинг оиласида яхши кунлар кўп бўлган, ўша машъум хабардан сўнг эса эр-хотиннинг ҳаёти бирмунча қийин кеча бошлади. Бугун ўша иккинчи тоифага мансуб “қийин” кунлардан бири эди. Паришонхотир Элайна бармоғи билан стол устида қолган доғни ишқалаб кетказишга зўр бериб уринар эди. У мазкур стол уларнинг доимий столига айланиб қолганлигини тамоман унутган эди. Эр-хотин бир неча йиллардан буён бу ерда ҳафтада бир марта тушлик қилиб келишмоқда. Ўша доғ улар бу ерга биринчи марта келганларида ҳам бор эди. –Очиғини айтсам, бугун биз учун бошқача кун. Турмуш қурганимизга эллик етти йил тўлди. Элайна қилаётган ишини тўхтатди-да, бошини кўтариб эрига қаради ва “Шунақами?” дея сўради. –Ҳа, азизам, худди шундай. –Иккингизни ҳам айём билан табриклайман! — Сю хоним боя лаймли пирог тайёрлаган эди. — Кетишингиздан олдин сизларга ҳам ўша пирогдан бир бўлак олиб беришга ҳаракат қиламан. Хўш, ҳар доимгидек “Кобб” салати ва помидорли шўрва буюрасизларми?–деди Сара. -Ҳа, шуларни олиб келинг,–дея жавоб берди Пол. Сара бош ирғади ва орқасига бурилди, сўнгра дарров яна уларга томон ўгирилиб “Ҳозиргина ёдимга тушди. Бир соат олдин помидорли шўрва тугаб қолган эди. Унинг ўрнига товуқли угра ичишни истамайсизларми?” деди узрли оҳангда. Пол рафиқасига ўгирилди: Элайна тағин столдаги доғни сочиқ билан ишқалашга тушган эди. –Элайна? –Ҳмм,–Элайна эшитилар-эшитилмас минғирлаб, яна диққатини столга қаратди. –Помидорли шўрвадан қолмабди. Товуқли уграга нима дейсан? Ёки унинг ўрнига сендвич еб қўя қоламизми? Унинг саросимага тушганини кўрган Пол таомномани очиб, рафиқаси ёқтирадиган бир нечта овқат турларини кўрсатди, аммо Элайна янги овқат танлашда қийналди, шекилли, бирдан йиғлай бошлади. –Уйимизга кетишни хоҳлайман. Илтимос, уйга кетайлик,–дея ёлворди у. –Жонгинам, Сара олдимизга ичимлик олиб келиб қўйди. Балки, яна озроқ ўтирармиз? Биламан, сен помидорли шўрвани хуш кўрасан, лекин ишончим комилки, товуқли угра ҳам жуда мазали. Бу гаплар унинг йиғисини янада кучайтирди. Сара помидорли шўрва қолмагани учун ресторан раҳбарияти номидан узр сўради. Бошқа мижозлар бу шовқин-суроннинг сабабига қизиқиб, улар томонга қараб туришар эди. Пол хўрсинди ва ҳамёнига қўл чўзиб, ундан 10 долларлик пулни олиб, стол устига қўйди-да Сарага қараб “Бизни маъзур тутинглар. Кейинги ҳафта яна келамиз”, деди. Саранинг нигоҳидан унинг аҳволини тушуниб тургани аён эди. У пирог ва чойни ташқаридаги машиналаригача элтиб беришини айтди. Пол рафиқасини ўтирган жойидан кўтарилишига ёрдамлашаётган чоғида Сарага миннатдорчилик билдирди. Пол доим кунларининг осойишта ўтишига ҳаракат қилар эди, аммо баъзан бугунгидек помидор шўрваси тугаб қолган кунлар ҳам бўлиб турар эди. Уйга кетишаётганларида Элайна йиғидан тўхтади, лекин қиёфаси ташвишли тус олиб, тинимсиз равишда бугун қайси сана эканлигини сўрайверди. Пол санани айтишга иккиланди, чунки рафиқасининг айни дамдаги нотинч ҳиссий ҳолатига тўйлари бўлган кунни унутиб қўйганлиги ҳам қисман ҳисса қўшган, дея тахмин қилаётганди. Деменсия касаллигида хотира йўқолиши табиий ҳол эканлигини билса-да, Пол Элайнанинг ўзидан хафа бўлиб қолиши мумкинлигидан хавотирда эди. –Бугун чоршанба,– Пол шундай дегач, Элайна қошларини чимирди. Бу унинг бирор нарсани эслашга уринаётганлигидан ёки гапни яхши тушунмаганлигидан далолат берар эди. Элайна йигирма дақиқалик йўл сафар давомида учинчи маротаба бугун қайси сана эканлигини сўраганида, Пол ахийри таслим бўлди: –Бугун 7-январ, чоршанба. –Ия, ахир биз шу санада турмуш қурганмиз-ку! –Ҳа, шундай,–деди Пол ва машинасини йўлакда тўхтатди. Пол рафиқасининг диванга ўтиришига ёрдам бергач, иккита патнисни стол устига қўйди ва “Нарх тўғри” кўрсатувининг такрорий эфирини томоша қилиш учун телевизорни ёқди. Сўнгра тезда қайтишини айтиб, ошхонага кириб кетди. Устига “коса/ликопча”, “кружка/қадаҳ” ва “дон” номли ёрлиқлар ёпиштирилган жавонлар ёнидан ўтиб, устига “шўрва” деб ёзилган ёрлиқли жавонни топди. Пол Элайнанинг иложи борича мустақил ҳаракатланиши учун барча озиқ-овқатлар номини ёзиб қўйганди, чунки рафиқасига овқат пишириш жуда ёқар эди. Бироқ, сўнги бир неча ойдан буён асосий ошпаз ролини Пол ўз зиммасига олиб келаётган эди. Жавоннинг ўнг бурчагида турган помидорли шўрвани топгач, унинг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Бўғим яллиғланиши туфайли баъзан увушиб қоладиган қўллари билан иккита косани авайлаб олди-да, уларни суюқлик билан тўлдирди, кейин эса рафиқасининг идишини микротўлқинли печга қўйди. Ошхонада туриб печ таймерининг ҳаракатланишини кузатар экан, ошхонага Пахелбел мусиқасининг овози кириб келди. Рафиқаси мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлаганлиги учун уларнинг меҳмонхонасида доим пианино турарди. Элайна сўнги пайтларда умуман пианино чалмай қўйган эди. Пол мусиқа ноталарини ўқишда қийналаётганлиги учун чалмай қўйган бўлса керак, деб тахмин қилганди. Хонага қайтиб кирганида Элайна пианинога мук тушганча ўз хотирасидан “Д” нотада “Канон” куйини чалаётган эди. Пол Элайнанинг бармоқлари пианино калитлари устида ишонч билан маҳоратли тарзда ҳаракатланаётганлигидан ҳайратга тушди. Элайнанинг оқ либосда йўлакдан унга томон юриб келаётгани, нозик қўлларида ўзи боғдан териб берган сариқ дасторгулларни ушлаб олгани кўз олдида гавдаланди. Улар тўйларини ўзлари истагандек оддийгина қилиб ўтказишган эди. Пол диван ёнидаги ўриндиққа ўтириб, Элайнанинг чалишдан тўхташини кутди. Мусиқа тугагач, Элайнанинг қўлини лабига яқинлаштириб, енгил ўпиб қўйди, рафиқасининг чеҳрасида худди тўй кунидагидек мафтункор табассум порлаб турарди. –Бу менинг севимли куйим-ку, –пичирлади бўғиқ овозда Пол. –Шунинг учун ҳам бу куйни сен учун ижро этдим-да,– Элайна шундай дея эрининг қўлини оҳиста сиқиб қўйди. Энди йиғлаш навбати Полга келган эди. –Сени севаман, Пол. –Буни кўзларинг айтиб турибди,–дея бош ирғади Пол. –Мен ҳам сени жонимдан ортиқ севаман. Қани, кел. Ҳозир иккаламиз бирга помидорли шўрвадан баҳраманд бўламиз. Элайна бошини хиёл эгиб, “Товуқли уграни кутаётган эдим-у, майли, помидорли шўрва ҳам бўлаверади”, деди.
2022-03-18
http://nodirabegim.uz/archives/4663
2 июнь, пайшанба Азизим… Ҳозиргина сендан мактуб келгандир деган умид билан зинапоялардан тушиб келдим. Бу – кеча сен ҳақингда туш кўрганимдан. Уйғондим… ва яна кўрдимки, кўксимда юрагим типирчилар, беҳол уриб турарди. Тез-тез кийинганча, пастга тушдим. Аммо ҳеч қандай хабар йўқ эди. Айни дамда ўзимни ёмон ҳис қиляпман ва бу кундан-кунга ортиб бормоқда. Худди музхонага қамаб қўйилганга ўхшайман. Худди барча тана аъзоларим кесиб олинган, мен эса қонаётган ярадан бошқа нарса эмасдай. Кеча тунда Дерек Ҳиллнинг котибасини учратиб қолдим театрда. Сен билмайсан, унинг оғзидан исмингни эшитиш шунча шовқин-суроннинг ичида мени қандай довдиратиб қўйганини. Ортиқ сўйлолмадим. Тилим дудуқланиб қолди. Сўзларимни йўқотиб қўйдим. Изтиробдан бўғилдим. Сени севаман! Аллоҳ билади сени қанчалар севишимни. Сенга шунчалар боғланганман-ки, худди вужудингдан яралгандай, худди томирларингда яшагандай, худди сенинг қўлларингда шаклланиб, камолга етгандай. Тонгдан тунга қадар ёдинг-у хотираларинг доираси марказини айланаман, айланаман… Ҳеч нарса ҳузур бермайди. На денгиз, на қуёш, на дарахтлар, на одамлар, на фильмлар, на-да янги олган кийимларим. Нима қилишни билмаяпман. Борсам-у, бошимни дарахтга урсам. Додласам, йиғласам! Билмайман… Фақат шу ваҳшатли кайфиятга эга денгиз каби хоҳлайман сени. Бари истакларим имконсиз. Худди сел қалбимдан тошиб, бутун вужудимни вайрон қилаётгандай. Уйғониб, ёнимда кўришни истайман сени. Қачонгача уйғона туриб йўқлигингни-ю, яхлаб бораётган ҳаётимни кўраман? Неча марта кўришим керак? Токайгача? Қай онгача? Туғилишдан то қуртларга емиш бўлгунингга қадар масофа қанча? Уйғонишни ва сенга термулишни истайман. Ҳар нафас олишингни кузатишни истайман. Ҳаво кўксинг тубида чарх урганида термиламан. Қорачиқларинг тубида бинафшаранг тўлқинланганида термиламан сенга. Шу йўсин ўтади куним. Пешонанг чизиқларини санайман. Чакканг атрофидаги оқ сочларингни санайман. Бошимни елкаларингга қўяман-да, ўша ерда ўлим топаман. Сендан бошқа узоқ бўлмаслик учун, сендан бошқа жудо бўлмаслик учун ўламан. Нима учун итоатда бўлишим кераклигини билмайман. Нимага итоат қилишим кераклигини билмайман. Нима учун мен ва севганимнинг ҳаёт мазмуни ҳасрат бўлишига йўл қўйиб беришим керак? Кошки, ўрмонда дунёга келганимда… Табиат билан бир бўлганимда ва эркка етишганимда… Ҳаётнинг бу аёвсиз тартибларига кўникиш, бу чекловлар-у деворларга таслим бўлиш табиатнинг қонунига зид, азизим. Қурбонинг бўлай! Қурбонинг бўлсайдим. Юрагим тўхтаб қолаётгандай. Ҳеч қачон бундай бўлмаган. Бу шу қадар азобли ва фойдасизки… Улар мендан ниманидир тортиб олишган. Ким, қачон, қаердалигини билмайман. Балки, мен туғилмасимдан олдин олиб қўйишгандир. Балки мен тартибсиз ҳолда дунёга келгандирман ва менинг сенга бўлган ишқим ер юзида ўзимга қароргоҳ излашдан бошқа нарса эмасдир. Билмайман. Билганим бу ерда вазият жуда хароб. …қурбонинг бўлай Шоҳи жоним. Ҳар сафар исмингни ёзганимда вужудимни титроқ қоплайди. Исминг бир муборак хабарки, қулоғимга чалинса, руҳимни эгаллаб, бутун умид-орзуларимни завқлантириб уйғотиб юборади. Сени севаман! Қандай айтай севишимни? Курраи заминда мен севадиган, мен у билан бирга бўлган ва у мен билан бирга бўлган биттаси борки, у ҳам сенсан. Ортиқ ёзмайман. Кетишим, овқатланишим, фильм ва конференцияларга қатнашишим керак. Мен учун дуо қил. Дуо қилиш яхши. Инсон Худодан ниманидир сўраши шарт эмас. Тоза қалб билан осмонга тикилган кўйи бутун вужуди билан ниманидир орзу этса, худди ўзининг бир бўлагини унга бергандай, нисор этгандай. Шунинг ўзи етарли. Кунинг хайрли бўлсин. Дилим, жоним, умримнинг азизи!
2022-06-27
http://nodirabegim.uz/archives/4726
ИСТАЙМАН Шундайин бир макон тополсак Гўё болишларнинг ораси каби Маҳкам суяклардек, қаватлардек зич эшик рамкалари мисол бўлса у. Шундайин бир макон тополсак кимса ҳатлолмаган зиналардек оқ бизлар кўтарилсак, биз учсак порлоқ Бизга ёт ерларга келиб қолсак ҳам вужуддан вужудга кўчсак, соврилсак Ва ушбу муҳаббат энг буюк бўлса қачондир биз ҳеч ким бўлиб қолсак ҳам. *** Сув овози Хафагарчилик тошқини, Сув ва тишлар орасидаги жилмайиш, сиреналар, ва чанг босган бармоқлар учун ҳозирланяпман. Сув чексизлик билмас — ҳадсиз. Вулқон ўчоғидек қайнайди, Саҳро лабларида қуриб битар у. У ўсиб боради, кейгаювчи у. Мен ички овозда юксалганимда эшита олувчи энг асосий куч. Иккига қирқилган денгиз тубида Иккига айрилган худбин қин узра тинмай ўйнашётган бир-бири билан Китлар Саккизоёқ Денгиз сигирин қирқичлаб ташлайди жинсиятини Сўнг жами нидолар фарқлар келишма тўлдириб яшайди унинг ичини. *** Мен… Сув ҳақида Унинг яралиши, истаклари ҳақида сўзлай оламан. Фақат… Аёллик ҳақида эмас. Недир бу — ўзини ҳар ёққа уриб, томоғига тиқилиб алам бир-бирига боғлаб қўйилган қоп-қоратус сол каби жипс зичлик томон сакраётгандек яшаш. Ахир, яшаш мумкинми Тилсиз, сўзсиз лом-мим деёлмай, айри манзар сари ўқрайиб, нураб-нураб бағри қон бўлган бадзабон қоялардек норизо – тирик? Ва менинг қалбимнинг энг чуқурида Зерикарли чайқалади бир оқим: Ота ва ўғил деган. Қичқиришар улар Қулоқларим остида “Келақол, қўйсанг-чи, бўлақол, сакра!” Синиқ қароқларга қоришиб тағин мен қадам босишда давом этаман Узук милтираган бармоқлар билан Пешонамнинг кенглиги бўйлаб Юраман олдинга Тушкун қарашларимни, ожиз нигоҳларимни Кафтимдаги чизиқларга сурганча, кўмганча… Ахир, билаклардан сирғалиб ҳеч вақт қочмаслиги керак ҳеч қандай томчи ҳар қандай у қаттиқ жисмнинг силлиқ сиртидан. Юмшоқ бўлиш – букилиш деб аталмас Енгилиш деб аталмас, Ўз – ўзингни ихтиёрий таслим қилиш – иродани тутишдир. Ютиш учун “хўп” демоқ керак.. Эгилиш – тош бўлиб қолишдан кучли, Эгилиш – ютишдир! *** Сузиш машқлари Сув ичида чиқариш нафас вожибдир аслида оғиз орқали оғиз орқалидир нафасланиш ҳам. Турфа қаршиликлар… ҳис этар тана бизлар тойётганда, сирпанётганда Айниқса, қўл эмас мия, руҳ билан сузиш позициясида чайқалётган дам. Бир форма топиш, эпизодик, бир шунчаки бурма, тўлқинмисол тус Билимнинг вужудга чирмашиши каби фитнеснинг ифодаси мисол шиддатли ва тез. Тирик қолиш маҳорати. Қўл ва оёқ. Қўл ва оёқ. Муштларингиз билан сузинг. Чўзилган бармоқларингиз билан сузинг. Ботқоқларда сузинг. Оёқларингизни куч билан тортинг, оёғингиздаги ёрдамчи сузгич тегсин ҳатто қўлларингизга Одам ғойиб бўлсин қумга айланиб. Арктика музликларидаги метан — уятдир. Ҳаво илигани сари эриб битгувчи… Мен бир денгиз итиман, миннатдорчилик сифатида зирҳимга ва оғзимга сув томиз. Ушланган нарса — бу асли медуза, у доим соядир, ўлжа эмас у бир неча тонналаб ўлик ойналар — белгилар, далиллар ҳамда ишора. Бармоқ-чун бармоқлар, кесилган, синган Сутемизувчилар, шаманлар, Никки Минаж Пластикдан бўлган тампон қадоқларнинг кўтарилиши, асфалт устидаги ёмғир томчилар таърифланган, Седна, ва имзоланган! Исландия устидан қотил булутлар. Тағин ноаниқлик, тағин мавҳумлик. «Тан олиб айтаман ўзимни ўзим, Биз битта дунёда кесишган бир из, Менинг ўз-ўзимга ишончим комил, Ҳар икки дунёда бир нуқтада — биз».
2022-06-30
http://nodirabegim.uz/archives/4741
Бир омадсизлик келса устма-уст келавераркан. Ўша кун Камоллар бизникига меҳмонга келишганида уйда бирорта егулик қолмаганди. Аёлим нима қилишни билмай, — Югур, баққолдан консерва олиб кел, — деди ўғлимизга. Болакай кетишга тараддудланаркан, — Нима консерва олиб келай ойижон? — дея сўради. — Нима топсанг олиб келавер, дўлмами, ловиями, фарқи йўқ… Ўғлим югуриб кетди. Биз бир тўп меҳмонлар билан катта меҳмонхонада ўтирардик. Камол соатига қаради, егулик кеч қолаётганидан сиқилаётганини юз-кўзидаги ифодадан билиб олиш қийин эмасди. Бу қанақа хонадон бўлди-а? Уйда учта аёл бору битта дастурхон тўшай олишмади. Соат тўққизга яқинлаяпти. Меҳмонларни бироз алдаб турмоқ учун шеъриятдан гап очдим. Тўғрида, бошқа нима ҳақида гапирардим, ҳар ҳолда шеър ҳақида сўз очилса суҳбат узунроқ бўлади. Бир маҳал ташқаридан ғала-ғовур, камига тарақлаган овоз эшитилди. Камол кулимсираб, — Қўшниларингиз уйида устахона очди шекилли-а, — деди. Ошхонадан ҳам кимларнингдир узун-юлуқ суҳбати эшитилди: — Аҳмоқ, ундай очилмайди ахир… Очқич қаерда, бор, топ. — Менга беринг, ўзим биламан қандай очишни. — Йўқ, пичоқ олиб кел, ўзим очиб бераман сенга… Тинчликмикан, нималар бўляпти ўзи, дея ошхонага кирдим. Кирибоқ турган жойимда қотиб қолдим, қарасам, аёлимнинг қўлидан қон оқиб ётибди, ерда эса бир консерва, ёнида теша, пичоқ, болға, очқич ётибди… — Бу қандай шармандалик, — дея бақирдим, — меҳмонларнинг овқат кутавериб тоқати тоқ бўлди, сиз бу ёқда битта консервани очолмай тортишиб ётибсизлар, устига-устак ҳамма ер қон. Нима деган гап бу?! Онам барибир қайнона эмасми, ўз анъанасига содиқ қолиб, — Мен айтдим, — деди, — консерва бундай очилмайди ахир. Қизим онасининг қонаётган қўлини боғлай бошлади, онам эса очқични олиб, бир тарафдан консервани очишга, бир тарафдан ғўлдирашга тушди: — Ҳар бир ишнинг ўй йўли бор. Ҳеч замонда болға билан очилганми консерва? Кўп гапириб ўтирмай ўзи ишни қотирмоқчи бўлди, бироқ минг урунса ҳам очолмади, бармоғини ҳам кесиб олди, э қуриб бит, дея консервани бир тарафга, очқични бир тарафга отиб юборди. Бироз туриб яна тилга кирди: — Ҳозирги консерваларни қандай ясашяпти ўзи-а? Эски консерваларни қўлингга олиб, “бисмиллоҳ” деб очқич билан бир бурасанг бўлди эди, тамом, қоғоз каби йиртилиб кетаверарди. Қизим бу сафар онасини ёлғиз қолдириб, бувисига ёрдамга шошилди. Энди сўз навбати менга келганди. Консервани келтирган ўғлимни қош чимириб, ғазабланиб тергай бошладим: — Ақл-пақл деган нарса борми ўзи сенда? Одам консерва олганида баққолга очтирмайдими ахир? Мия йўқ сенда, мия… Ол буни, югур, кетиб қолмасидан олдин баққолга очтириб кел. — Ота, ахир менам айтдим очиб беринг деб, кўнмади баққол. — Нега очмас эмиш, нега кўнмади? — Очмас экан… Чунки, ўтган куни шогирди битта консервани очаман деб томирини кесиб олибди, тез ёрдамда зўрға касалхонага етказиб боришибди. Мен жонимни кўчадан топиб олганим йўқ, деди баққол. — Бор дедимми, бор. Мендан салом айт, тезроқ очиб бемасангиз бўлмас экан, уйда меҳмонлар бор дегин. Ўғлимни жўнатиб, меҳмонлар ёнига қайтиб кирдим. Камол шовқинимизни эшитган шекилли, — Тинчликми ишқилиб? — деди, — дастурхон учун ҳижолат бўлманг, вақт алламаҳал бўлиб қолди, бизам уйга қайтайлик энди. — Ҳечамда, қўйиб юбориб бўбман. Қаерга борасиз? Бизнинг ўғил бироз ақлсизда, консерва келтирган экан баққолдан очтирмай, аёлим очаман деб қўлини кесиб олди, онам ҳам ишга қўшилди, эплолмади, у ҳам яраланиб энди четда жим ўтирибди. Ҳозир бошқатдан жўнатдим баққолга, дарров очтириб келади худо хоҳласа. Ақлсиз бошнинг жазосини оёқ тортадида. Камолнинг хотини ўнғайсизланиб, — Бекор жўнатибсиз болани, — деди, — баққоллар ҳозир консерваларни очмай қўйишган. Тунов кун қўшниларимиз бир қути сардина олишган экан, бутун маҳалла бир бўлибам очолмадик. Камол чўнтагидан занжирга боғланган бир катта чаққи чиқарди. Чаққининг тўрт-бешта учи, бир нечта бўлаги бор эди. Аёлига кўрсатиб, — Буни кўряпсанми? — деди, — бу билан нафақат консервалар, ҳаттоки сейфни ҳам очса бўлади… Камолнинг ёнида ўтирган укаси ҳам чўнтагидан ўша чаққининг кичикроғини чиқариб, — Ака, сизники ҳеч гапмас, — деди, — уни кўтариб юришни ўзи бир иш. Қаранг, бу кичкинагина, бироқ каромати кўп. Бу тили билан банкаларни очсангиз бўлади, буниси билан ҳар қандай қутини, буниси эса ҳатто эшикларни ҳам очади. Масалан, уйда бир кун шкафнинг калити йўқолиб қолди денг, мана шу тилини тиққандим, очилди-қўйди. Бунинг нақ 14 хил каромати бор. Америкадан уйга қайтишда олгандим. Менимча, ҳар бир одамнинг ёнида шундай қуроли бўлгани маъқул. Камол, — Менга отамдан қолгани ҳам бўлаверади, — деди, — отамдан ёдгорлик бу. Нафақат консерваларни, керак бўлса петрол бакларини ҳам очади. Нима шубҳанг борми? Суҳбатнинг шу жойида ҳаллослаб ўғлим кириб келди. — Нима бўлди, очтирдингми? — дея сўрадим тутоқиб. Ўғлимнинг қўлидаги консерва яхшилаб муштланган шекилли, қийшайиб, икки томони ўртага келиб қолганди. — Қирраси қўлини кесиб юборди ота баққолнинг, кейин бу консервани ҳам, ишлаб чиқарганни ҳам, олганни ҳам… дея сўкиб, қарғаб консервани отиб юборди. Камол кулгудан ўзини тутолмай, — Қани, менга узатчи, — дея отасидан қолган қуролини чўнтагидан чиқарди. Тиззасини қутига тиради ва қадимий чаққисининг учини устига тўғирлади. Бир тарафдан очишга уринса, бир тарафдан ярамас баққолни қарғай бошлади: — Эшшақмия, яна баққолмиш булар… Ҳайф сендай баққолга, ҳайф… Оҳ, тиззам, оҳҳ-ҳ тиззам… Баракатли уйда албатта дори-пори бўлиши керак, тиззаси кесилган Камолга ёрдам бериш учун нариги хонадаги дори қутидан ёд келтирдик ва кесилган жойга қўйдик. Шими қандай йиртилганини бир кўрсангиз эди… Камолнинг тоқати тоқ бўлди, яна ғўлдирашга тушди: — Консерва қутиси эмас, пўлат сейф бу, пўлат сейф, ярамас. Нари борса уч ё тўртта дўлма бор ичида, бунчалик қаттиқ ёпишга бало борми? Камолнинг укаси, — Мана шунда бир кўрайчи, Америкадан келтирганмана, ғаройиб чаққи бу, — дея ишни қўлига олди. Америка чаққиси ҳам ишга ярамади, у ёғидан тиқди, кирмади, бу ёғидан очмоқчийди, уям бўлмади. — Вой онасини… — дея сўкинган бўлди Камолнинг укаси, — теша борми уйда, теша? Абжағини чиқараман буни ҳозир… — Дўлмалар эзилади, эзилса очгадан нима фойда? — дедим юз-кўзимни буриштириб. Камолнинг хотини, — Яхшиси мих керак, қаттароқ мих… Ҳамма ўзини уни очишда синаб кўрар, ким теша билан урар, кимдир мих билан тешмоқчи бўлди. Қўлларидан консервани юлқиб олдиму тўғри ошхонага кирдим. Суяк майдалашда ишлатадиган чопқим бор эди, синалмаган битта ўша қолганди уйда, қўлимга олдим. Қаршимдаги консерва эмас гўёки бир душман эди. Энди уни очишни эмас, эзғилаб ташлашни хоҳлардим. Чопқи билан ура бошладим, бир урдим, икки урдим, учинчи урганимни биламан консерва учиб кетди. Аввал шифтга қараб учди, кейин деворга, шундаям тўхтагани йўқ, билярт шари мисол чирпираб бошимга келиб урилди, сўнг ерга тушди. Бошимни чанггаллаб ўтириб қолдим: — Тфу, ярамас, қуриб кет. Меҳмонхонага қайтганимда пешонамда ёнғоқ катталигида шиш пайдо бўлганди. Камол, — Буни чилангардан бошқа бироқ очолмайдиёв, — деди. Аёлим ҳам сўз жуфтлади: — Айтганча, чилангир деганингизга эсимга тушиб кетди, пастки қаватда яшайдиган қўшнимизнинг эри темирчи, олиб борайми, балки оча олар. Ҳар тарафидан удар еявериб қийшайиб, букчайиб кетган қути гўёки портлаши кутилаётган қўлбола бомба каби ера ётар, уйдаги тўққиз киши атрофига тўпланиб, қўрқув ва ҳавотир ичида унга боқардик. Аёлим уни темирчи қўшнимизникига чиқаришга ҳозирланаётганида эшиқ қўнғироғи чалинди. — Юқорида ҳар хил шовинни эшитдик, тинчликми ишқилиб, деб чиқиб келавердик… Бу ўша темирчининг аёли эди. Очиғини айтсам, мен консерванинг очилишидан умид узган, бироқ унинг ичидаги долмаларнинг ҳоли нима кечдийкан деб қизиқардим. 5-6 дўлма учун шунчалик уриниш, шунчалик жароҳатлар, арзирмикан… Аёлим темирчининг аёлига барини бир бошдан тушунтира бошлади: — Оҳ, сўраманг қўшнижон, — деди хотиним сўзини якунларкан, — барчамиз қон ичида қолдик, кимнингдир қўли кесилди, кимнингдир боши ёрилди. Аёл, — Воҳ, бечорагиналара… — деди ачиниб. — Сизнинг хўжайин оча олармикан-а? Камол ўртага қўшилиб, — Агар темир бурғуси бўлса, балки оча олар, — деди. Укаси ҳам гапга қоришди, — Буни бурғу билан очиб бўлмайдиёв, — деди, — бунга темир қалам керак менимча, устига қўйиб, орқасидан болға билан урилса очилади албатта. Аёл, — Афсус, хўжайиним уйда эмасда, уйда бўлса албатта очиб берарди, — деди, — бироқ уйда шогирди бор. Мен ҳозир тушиб, уни чиқариб юбораман, балки оча олар. — Йўқ-йўқ, хонимафанди, ахир бу шогирд қила оладиган иш эмас. — Жуда меҳнатсевар бола, ўзи ўн икки ёшда, аммо қўлидан ҳар нарса келади. Яқиндагина қишлоқдан келди. Бечора ўқишни эплолмабди, шунга касб ўрганаман деб келибди… Аёл гапини тугатар-тугатмай уйдан чиқиб кетди. Беш дақиқадан кейин қоқсуяк, қоравой бир болани бошлаб келди. Болага мийиғида кулиб, — Юсуф, шу қутини очиб бер ўғлим, — деди. Биз барчамиз ерда қийшайиб ётган консервага жон олувчи бир машина каби улкан қўрқув ичида бокардик. Болакай бизнинг афтода ҳолимизга қора кўзларини катта очиб, ҳайрон-ҳайрон тикилди. Сўнгра ердан қутини олиб, ҳар тарафига айлантириб, кўрикдан ўтказа бошлади. Ҳаммамиз бир фикрни қўллаб-қуватлаб, ўртага ташлардик: “Бирор бир асбобсиз очилмайди ўғлим…”, “Товба, кап-катта инсонлар очолмадик, бу бармоқдай келадиган бола қандай очсин?”, “Болажоним, қўйсангчи шуни, бирор ерингни кесиб олма тағин…” Болакай қийшайверганидан ранги ўчиб кетган консервани чап қўлига олди, ўнг қўли билан худди қоғоз йиртган каби қутини очди ва бизга узатди: — Марҳамат! Ҳайратдан кўзларимиз косасидан чиқиб кетай дея сўрадик: — Ё товба, болам, қанақасига, қандай очдинг? Болакай, — Нима бало ўқишни, ёзишни билмайсизларми? — деди, — манаку, ёзиб қўйибди устига қандай очилишини. Ҳақиқатда консерванинг устида қуйидагича ёзув бор эди: “Консервани очиш учун тутқичидан тутиб қарама-қарши тарафига секингина тортинг”. Шу пайтгача қилган аҳмоқона уринишларимизни ўйлаб хаёлга толганимиздан темирчининг шогирди уйдан қандай қилиб чиқиб кетганини ҳам сезмай қолибмиз. Унга миннатдорлик билдиришга ҳам улгурмабмиз…
2022-05-07
http://nodirabegim.uz/archives/4744
— румин ёзувчиси, шоир ва таржимон. 1968 йилда Бухарест шаҳрида таваллуд топган. Асли касби кимё муҳандиси. Руминия профессионал журналистлар уюшмаси аъзоси. Шу кунгача ўн битта китоби нашрдан чиққан: еттита насрий, иккита романи, “Мисс Ҳечким” ва “Орол” номли шеърий тўпламлари. Асарлари йигирмага яқин давлатлар адабий нашрларида эълон қилинган. Волидам, Мен дайди ўғилман, дайди Беҳуда сарфлаган ишқи ва умрин. Учрамади бирор жон гарчи Шунча чертдим барча эшигин Юрак деб аталган хонадонларнинг. Лабларим қуруқшади Ҳавога совурилган Бўсаларнинг тафтидан Қанот чиқариб қилдим парвоз Ўз уйимдан йироққа Орзулар-ла боқдим қорнимни Лек, насибам бўлди суяк-саёқлар… Гоҳида ёдга оламан Оқшом чўкканда тепалигимизга Ботадиган қуёш манзарасини Оҳ, волидам Шундай пайтлар бўларди-ки Кўрардим унинг Ётоқдан бош кўтаришини фақат. Аҳволинг қандай? Кўз ёшларинг шўртак ва сокинми Изҳорсиз ишқ дардида Мудом урадиган юрагим каби?! Мен қайтаман, волидам Таний олмайсан ўғлингни, бироқ Бениҳоя кексайдим, чунки Ва эндиликда Юрагимда кўтариб юрибман Ётсираш кулига тўлган халтани. Индамагин, қўй Демагин отамга бир сўз Боқаётган ҳув бузоқчасини Оёғим остига сўйишга чорлаб. Хонамга ўт қаласанг бас Ташнаман кўрмоққа Сен Пасха олдидан Таъмирлаган оппоқ деворда Олов рангини рақс тушишин Ва шартмас Шартмас скрипкачиларни ёллаш Бундан нима наф?! Тингласам кифоя бешикдалигим пайт Сен хиргойи қилган ўша аллани Шундай қилгин Кутгин дайди ўғлингни Боиси у қайтади…қачонлардир. Куз эди Уфуриб турарди салқин ҳаво Ҳолва-ю сайёр томошаси билан Ярмарка келди ва Водийга жойлашди лўлилар. Кеч қайтардик мактабдан Қоронғу чўкиши Дилимга соларди қўрқув Золя деди ( синфдаги қолоқ болакай): “-Сени кузатиб қўйишим мумкин Эвазига битта ҳолвани”. Мен дедим унга жавобан: “-Бундан кўра иккимизга Мақбул йўлдир танаффус пайти Машқларни кўчириш учун Ҳар гал дафтаримни сенга беришим”. “-Келишдик, сен тўламайсан бадал”. Шу тариқа кузатиб қўйди У мени водий бўйлаб Кутиб турди киргунимча Уй ичкарисига. Эртаси куни Унга бошқа нигоҳ-ла боқдим Туюлди бўйи ўсгандек Ўхшади унчалик ҳам аҳмоқ эмасга. Шунда ҳис қилдим Худдики, бувим овозин: “Кўрдингми мана, азизам Бировнинг устидан кулмаслик лозим Барчага Тангрим нимадир берган”.
2022-01-15
http://nodirabegim.uz/archives/4486
Илгари эркаклар гўридан кўра Чуқур қазиганлар аёллар гўрин. Гуноҳин катта деб топдилар мудом Шариатдан не-не ҳийлалар йўлин. Чуқурроқ қазганлар аёллар гўрин, То гуноҳин кўмсин деб ернинг таги. Бирор майса униб чиқмасин эмиш, Булғанмасин эмиш поклар этаги. Лек, улар билмасди, аёл бу – она, Инсонни туғди у, гуноҳи шудир. Бундай одатшунос, разил зотларга Ато айлаганин ҳаёт ва умр. Улар билмас, она яратувчидир, Она билан топар бу ҳаёт такрор. Барча фарзандларин гуноҳи учун, Ҳатто гўрида ҳам тортади озор. Улар билмас, аёл – жаҳоннинг жони, Она боис кўргай оламни кўзи. Гуноҳи бор бўлса, у ҳам шул: Шундай Қадр билмасларни туққандир ўзи… *** Кетарман ложарам, Кетарман нолиб Тағин вайронадан вайроналарга. Кетарман дарбадар, кетарман олиб, Бу дарё дилимни девоналардай. Кетарман йироққа, Қалбимнинг қора Гуноҳини ҳамда ишқ доғларини Ювиб, халос этсам дилимдан зора Хароб истакларнинг дудоқларини. Кечирмадим, кечдим сендан, умидим, Бенаво қалбимнинг тинглаб додини, Тириклайин гўрга олиб кетдим жим, Қумсамасин дея висол ёдини. Янграйди андуҳлар, ашклар нағмаси, Кетарман саргашта, кетарман бадар. Сиздан, гуноҳларнинг қайноқ чашмаси, Шояд ўшал онда қилсайдим ҳазар. Маъсумгина фараҳ ниҳоли эдим, Шохимни қайирди ишқ панжалари. Кулфат ёғдусига айландим-қолдим, Лабим у лаблардан тушганда айри. Оқибат, пойимга ташлади каманд Сафар арқонлари. Жигархун, жим-жит Кетарман, кетарман, торт юрагимдан, Ночор қўлларингни, бесамар умид… Тун келар ва туннинг ортидан зулмат ва зулматдан кейин қўллар, қарашлар ва нафаслару нафаслару нафаслар ва жўмракда оққан сувнинг садоси – чак, чак, чак. Икки қизил нуқта – икки ўт олган сигордан сўнг соат чиқ-чиқи ва икки қалб – икки ёлғизлик. *** Сазойимсан, Жазойимсан, Муҳаббат, Сени жазо янглиғ тиладим қачон? Қишнинг совуқ, узун кечаларида Ҳамроҳим бўлгин деб сўрадим чунон! Дардим саккизинчи осмони, ишқим, Мен сени Худодан тилаган эдим! Қабул бўлган ҳижрон дуоси бўлиб, Ахир, осмонлардан келдинг сен ҳар гоҳ. Юзлаб очиқ-ёпиқ эшиклар ичра Кошонам эшигин айладинг пайдо. Қўшиқдай Хилватдан айладинг айро, Пинҳон эдим, Мени этдинг ҳувайдо. Жола деб атайсан, маломат ўқи, Гарчанд, бошимиздан ёғиб турса гар. Сен ғойибдан келдинг, Беайбсан, Аммо, Минг битта айбингни топар пасткашлар! Омонсиз жангдан, эй, ишқ, қалби тилик, Сени қандай олиб чиқаман тирик? Не қилай гумроҳ бахт, сендан, ғамлардан, Сен мендан қочасан, Мен одамлардан. Сазойимсан, Жазойимсан, Муҳаббат, Мен сени жазодай тилаган эдим! Дардим саккизинчи осмони, эй, ишқ, Мен сени Худодан тилаган эдим!.. *** Бор бўлмоқ хатарли бу кунботарда Мен нима ахтариб бораман бу пайт? Ишқу муҳаббатни ахтарганими? Меҳрибонлик анқо тухмидай қаҳат. Тонг – дарча, куннинг хор ташвишларига, Юлдуз – туннинг қора ҳирсига асир. Шуҳрат – чирик олма тўлган тўрвадир, Ҳаёт суви ҳам бор, Аммо, у фақат, Кавсар ариғида оқар бирма-бир. Ишқ, яъни Ҳеч, Кетар бойликка қараб, Эҳтимол, Ишқ номи қадимдан-қадим Манбаларда қолган бўлса, не ажаб. Ё гул терайликми? Мен не ҳам дейин? Боғда тўплар портлаб тургандан кейин. Яшил либосдаги ушбу зобитлар Келгандир баҳорни ўлдирмоқ учун. Бир дўст ҳузурига? Эй, самимий кўз, Фақат, ростини айт, борми истагинг, Менинг дийдоримни кўрмоққа букун? Бир кун қутлагани бораман сени, Бир пок ҳақиқатни сенга беназир Ҳадядай ўшанда элтаман, эй, дўст. Биласанми ул пок ҳақиқат надир? Ҳаёт!? Айтинг, яшил тўнли зотларга, Тажовуз қилмасин Гул номусига Майсаларнинг нозик хаёллигига, Лолақизғалдоқнинг иболарига, Парвоз, содда қўшиқ нидоларига, Ва тиниқ сувларнинг ҳалоллигига. Эй, заҳарли одам, боғнинг тинчини Нечун буздинг, белаб бағрини қонга? Қуёшнинг ярқироқ олмасин бу кез, Нечун камон билан олдинг нишонга? Бор бўлмоқ хатарли бу кунботарда Кўчадан болали бир аёл ўтар. — Чақалоқнинг исми нима? Сўрайман, — Нажот! – дейди аёл. Худога шукур. *** Мен, сен, ой турибмиз ёлғиз ва ёлғиз, Ишқимизга ой нур таратар бу тун. Бу тун заррин сувга буркаб, бурканиб Ишқ чарақлаб кетар, Сачратиб учқун. Ҳаво енгил, осмон боқар мулойим, Ўйлар – нозик, майин – дил наволари. Вужуддан таралар ишқнинг чиннидай Нозик садолари, Ишқ садолари. Кетамиз ойдин ва қисқа тун ичра Биз ойнинг ортидан, ой ортимиздан. Мен, сен ва ой кетган йўлнинг ярмида Тонг отар, Овози келар олисдан. Ой кетар, кетамиз биз ҳам қайгадир, Ойга ҳамроҳ бўлиб кетамиз олис. Кетамиз, етамиз айрилиққача… Ишқ қолар, Ишқ қолар, Ишқ қолар ёлғиз…
2022-01-26
http://nodirabegim.uz/archives/4502
Кема ҳалокатга учрагач, анча вақт ўтиб ўзимга келдим. Менинг солим океан бўйлаб секин ҳаракатланар, осмонда юлдузлар гўёки ўз жойларини алмаштираётгандай эди. Олисда ўша маёқнинг хира чироғи кўринмагунига қадар, жонимни қутқариш умидини аллақачон йўқотиб бўлгандим. Ҳеч қандай ҳаракатсиз туман ичида адашиб қолган оролга етиб келдим. Aниқ ёдимдамас-ку, бироз вақтдан сўнг, балиқчи қушларнинг чўқилаши мени уйғотди. Ўша маёқ ёнида ёлғиз бир одам яшар эди. У мени лойдан топиб олиб, ичкарига олиб кирди. Мендан на исмим ва на қаердан келганимни сўрар, кўпинча жим эди. Бир нечта ўзига хос хусусиятлари мен олдин ва кейинроқ дуч келган бошқа эркакларга сира ўхшамас, балки улардан ажратиб турарди, лекин энг диққатимни тортган нарса оёғи йўқлиги эди. Ғалати юришидан билдимки, у ҳар доим таёққа таяниб ҳаракатланади. Кўп ўтмай, шкафида иккита чап ёғоч оёғи борлигидан воқиф бўлдим. Нарсалари орасида эса жуфти йўқ поябзалларга кўзим тушди.У ҳар доим уй атрофида пайпоқ кийиб юргани учун бир куни то йиқилганини эшитмагунимча, оёқлари эътиборимни тортмаган эди. Ўшанда биз жуда ўтроқ ҳаёт кечирардик. У кунларини ўқиш ёки курсида ухлаб ўтказар, мен эса ҳали ҳам ўзимга келолмасдим ва тўшакдан т уролмай қолган пайтларим ҳам бўларди. Бироқ, тушдан кейин ётоқхонадалигимда, қичқириқни эшитдим. У киши мен тушунмаган бир қатор гапларни айта бошлади ва унинг йиғлаганини эшитиб ёрдамга шошилдим. Уни бундай кўриш ақлсизликдай туюлди, боиси унга етти ёт бегона эдим. Мени оролдан ҳайдаб юборишидан қўрқиб, деворнинг бир бурчагида туриб қолдим-у қаддимни ростладим. У протезни қандай ечиб, ерга ташлаганига кўзим тушди:бир нималарни лаънатлади, сўнг ўтирди ва бироз тинчланди. Кейин хонага кирмоқчи бўлганимни пайқасин дея шовқин қилгандай бўлдим ва ниҳоят ўтиб кетаётиб унга қарадим: у аллақачон курсига ўтирган ҳолда ухлаб ётганди. Оёғи стул остига ташланган, деярли беркитилмаган ҳолда турар, эҳтимол мени сезмайди деб ўйлагандир. Мен беҳосдан бир вақтлар унинг денгизчи бўлганини хабардор бўлдим. Шундоқ ҳам юзидан денгизчиларга хос ифода ва денгиз билан абадий боғлаб турадиган нимадир бордай эди. Aммо бир куни қаттиқ ҳаяжонга тушгани, мени яна ғалати хатти-ҳаракатларига эътибор беришга мажбур қилди. У бор кучи билан маёқ томон югурар ва мен фақатгина унинг сояси бинога қандай кирганинигина кўра олдим, чунки ҳали ҳам туман қуюқ эди. У ўша ерда қолди. Бир неча соат ўтса-да, тушмади. Мен ўзимни чалғитишга ҳаракат қилдим, лекин ҳолатга жуда қизиқдим. Тўсатдан унинг қиёфаси пайдо бўлмагунча, маёқни томоша қилиб туравердим. Эшикдан ўтиб кетар экан, у шундай оғир хўрсиндики, яна кўрмаслигим керак бўлган нарсага ҳиёл назарим тушди. Aммо бу сафар бироз вақтдан сўнг, жасоратимни тўплаб, ундан нима бўлаётганини сўрашга қарор қилдим. У аллақачон маст эди, хонасига овқат келтирганимда, бир шиша вискини очди. Ва менга жуда оддий, ўзига хос бўлмаган бир нарсани гапира кетди, чунки у камгаплигига қарамай, ҳар доим гапиришнинг энг нафис усулини биларди. — Бир пайтлар мен кемада яшаганман. Ва агар сиз ҳам денгизчи бўлсангиз, — деб бошлади у, (чунки мендан бу ерга қандай келганимни ҳеч қачон сўрамаганди) — сиз бу ўзига хос товушни қандай аҳамиятлилигини билиб оласиз. Тўлқинларни бўлиб ташлайдиган кеманинг овози бу, оҳ! Aммо буни туйиш учун сиз денгизда узоқ вақт яшаган бўлишингиз керак. Бу йиллар давомида такомиллашиб борадиган хис. Ва сиз шунчалик яхши бўласизки, турли хил қайиқлар чиқарадиган товушлар, турли ўлчамдаги ва турли -туман ёғочлар, шунингдек, турфа хил касбларни таниб оласиз, сабаби ҳамма ҳам бир хил сабабга кўра бирор ёққа сузиб кетмайди. Ва барча бу товушлар орасида сиз ўзингизни чақирадиган биргина ўша ўз кемангизни танийсиз. Мен вақти-вақти билан шундай товушларни эшитаман, шунинг учун улар маёқ чироқларини пайқаганларига ишонч ҳосил қиламан, улар менинг бу ерда эканлигимни билишади ва ёнимга ташриф буюришади. Мен эса унга бу ҳақда ҳеч қандай савол бермадим. Вақт ўтиши билан мен тузалдим. Фақатгина вақти-вақти билан кучли иситма чиқар, лекин ҳарқалай безовталик йўқолганди. Яхшиланмагани биргина об-ҳаво эди, холос. Туман ҳали ҳам бутун оролни қоплаган ва ташқаридан ҳеч нарса кўринмас эди. Мен соҳилда сайр қилишни бошлаганимда, денгиз кўк-кулранг ва яшил-кулранг ўртасида қандайдир бўлакка айлангандай туюлди ва мен бир неча марта уфқнинг мавжудлигига шубҳа қилдим. Ухламаган ёки маст холатдаги чол ҳам орол бўйлаб сайр қилиб, доим денгизга қараб юрарди. Туманлар ичида, қўлларини чўнтагига солганича, ҳали ҳам келмаслигини билган нарсани кутаётган унинг суратини сақлаб қолишнинг қандайдир йўли бўлса эди менда…Эҳтимол, ғамгинлиги туфайли мен, у менга айтган кема энди унинг чўкиб кетган хотираларидан бошқа нарса эмаслигини англагандирман. Бир куни маёқ порлашни тўхтатди. Бу эрта тонгда, чироқ бутунлай ўчганида содир бўлди. Соатлар ўтмагандай туюлди, тонг ҳам худди шундай қоронғи эди. Ўша кун мобайнида мен денгизчини кўрмадим, лекин унинг маёқ ичида ишлаётганига шубҳам йўқ эди. Нега ёруғлик йўқлигини билмадим, токи у кечаси уйига оғзини очмай қайтмагунича. — Мой тугади, -деди денгизчи. Мен стол устидаги чироққа қарадим. Энди биз учун ҳам йўқми, деб сўрадим. — Бизда шамлар бор. Ўша кечаси тинимсиз ёмғир қуйди. Бу ерларга келиб қолганимдан бери биринчи марта ёмғир ёғиши эди ва мен кичкина уйнинг томи сувга тўлалигини ва сув томчилашини пайқадим. Уларнинг бир неча томчиси тўшагим устига тушарди, лекин бахтга қарши ҳеч бири бошимга тушмади. Қанча ҳаракат қилмайин, оёғимдаги томчилардан қочишим қийин кечди. Ёмғир-ку мени безовта қилмасди, фақатгина ухлаб қолишимга тўсқинлик қилаётгандай туюларди. Сўнг “ҳамхонам”ни уйғотишга қарор қилдим, негадир у билан сухбатлашгим келар, бир неча марта бунга журъат ҳам топгандим. Шамни ёққанимда унинг кўзлари анча ботиб қолгани диққатимни тортди. Ёмғирнинг шовқини денгизчини тунни йиғлаб ўтказганини сездирмади. Мен бу ҳақда ундан ҳеч қандай изоҳ сўрамадим, аксинча, тўшагимни кўчиришга ёрдам беришини илтимос қилдим, чунки буни ўзим қила оладиган даражада тўлиқ оёққа турмагандим. Менга ёрдам бергач, у бир муддат мен-ла ҳушёр турди. Ва у менга мой кераклиги, фара ўчиб қолмаслиги шартлигини айтди. Буни қилиш унингча ягона чора эди. Қандай қилишимизни сўраганимда, у менга жавоб бермади. Кейинроқ ошхонада оҳакда ёнғоқ майдалаб ўтирган холида кўрдим. Унга нимадир дейишга улгурмасимдан, овозсиз йиғлаётганини англадим. Бу сафар уни кузатиб турганимни сезди. Биз жим бўлиб қолдик ва мен жойимга қайтиб ухладим. Орадан кўп ёмғирли кунлар ўтди, биз чироқни қайта ёқишга муваффақ бўлдик. Ёмғир ҳеч қачон тугамайдигандай туюлар ва менинг соғлигим ёмонлашарди. Яна касал бўлганимда ўлиб қоламан деб ўйладим. Маёқ ҳали ҳам ёнмаган ва чол ўша бино ичида соатлаб чироқ билан ўтирарди. У тузалишимдан дарак йўқлигини ишонч ҳосил қилгач, мен билан бир кечани ўтказди. Пешонамга сочиқ қўйиб, юзимга музли сув сепди. Қачон ёнимдан ғойиб бўлганини билмай қолибман ҳам. Деразадан қараб қирғоқда бировни чақираётгандек чўзилган қўли билан чироқни ушлаб турганини кўрдим. Шамол ва сув уни йиқитиш учун етарли эди, лекин у ўз позициясини маҳкам тутиб турарди. Шундай қилиб, ёруғлик ўчгунча у қирғоқда қолди. Иситмам тушмас ва даҳшатли,бир-биридан ғалати тушлар кўрардим. Қачон ухлаб ётганим, қачон уйғоқлигимни ажратиб бўлмасди. Ёмғир тинди, туман тарқалди ва денгиз илгаригидек чексизлигича қолди. Денгизчи омон қолишим даргумон эканлигини англамаётгандай эди гўё. Бир куни у олдимда сажда қилди. Қанча вақт ўтганини билмайман, биринчи марта чироқни ёқишга уринмаганини сездим. У менга бу фойдасизлигини айтди. — Энди эса, ҳозирдан то қиёматгача, мен зулматда яшайман. Ва Янги Қуддус келади, мен зулматда давом этаман. — Мени қирғоққа олиб боринг, — сўрадим ундан. Иккаламиз ҳам уфққа қарадик. Aллақачон қоронғуликда қолган тўлқинлар тўғридан-тўғри оёғимиз олдига келиб уриларди. Мувозанатни йўқотиб, мен тошларга йиқилдим. Кўпик вужудимни тўлдириб юборди. Денгизчи мени тутмоқчи бўлди, лекин тўлқинлар мени олиб кетди. Ва мен бошқа жойда уйғониб кетдим. *дафн маросимида тобут қўйиладиган арава ёки машина
2022-01-30
http://nodirabegim.uz/archives/4507
Апрелнинг илиқ қуёш нурлари тонг сахарлаб атрофни ёритди. Лондоннинг Хетров аэропорти доимгидек одамлар билан гавжум ва сершовқин эди. Юзлаб одамлар келар-кетар ёки кимнидир кутардилар. Шундай йўловчилардан бири Терминал залида газета ўқиб ўтирарди. Аслида у аэропортни ёқтирмас, гавжумликдан қочар, унинг устига, парвоз қилса асабийлашарди. У газетадан бош кўтариб, соатига тезгина қараб олди. Сўнг радиокарнайдан рейслар ҳақида эълон берилди: “Британия ҳаво йўлларидан Истанбулга учадиган БЕ 570 самолёти парвозга ҳозирланмоқда. Йўловчилар 16 йўлакдан ўтишларини сўраймиз.” Том Смит дарҳол юкларини кўтариб, 16 йўлак томон шошилди. Йигирма дақиқалардан кейин самолёт ҳавога кўтарила бошлади. Том деразадан Лондон кўчалари ва уйларни кузатиб қолди. У энди Истанбулда ҳозир бўлади. Том чўнтагидан бир хат чиқарди. Томнинг ширин хаёлини бир ёш йигитнинг овози бузиб юборди. -Истанбулда олдин ҳам бўлганмисиз? -Йўқ, ўзингиз-чи? –Том суҳбатдош топилганидан қувонди. -Менинг уйим Истанбулда, -йигит жилмайди, -ҳозир Лондонда ўқийман. Таътилни уйда ўтказаман. Иккаласи чиқишиб қолишди. Йигитнинг исми Кемал экан. Ота- онасининг Истанбулда дўкони бўлиб, йигит ҳам бизнес ишларига қизиқаркан. -Истанбулга кимнидир кўриш учун кетаяпсизми? –сўради Кемал. -Қаллиғим ўша ерда ишлайди. -Жуда қизиқ-ку! У қачондан бери Истанбулда? -Икки ой бўлди. У Англияга маҳсулот экспорт қиладиган бир кичик корхонада фаолият юритади. -Экспорт ишлари осон эмас. -Ҳа, шундай. Бироқ Ангела шуни танлади. У импорт ва экспорт бўйича эксперт вазифасида ишлайди. Аслида отасининг Лондонда экспорт агентлиги бор. Ангела Истанбул билан ҳам алоқа ўрнатишни истади. Яқин орада отасининг ёнида ишлай бошласа керак. -Хўш, улар нималарни экспорт қиларкан? -Турли безакли мис буюмлар, қадимий идишлар, шарқона патнислар… Хуллас, булар Лондонда катта қийматга эга. -Ҳа, бизнинг дўконда ҳам шу каби буюмлар сотилади. Суҳбат асносида икки йўловчи Истанбулнинг Йесилкой аэропортига келганларини ҳам сезмай қолишди. Хайрлашаётиб Кемал Томга қўлини узатди: -Истанбулимиз сизга ёқишига умидворман. Бу ерда телефон рақамим бор. Сислида яшайман, лозим топсангиз қўнғироқ қилинг. -Раҳмат, Кемал, танишганимдан хурсандман. Том аэропортдан чиқиб йўловчиларни кутиб оладиган автобусга ўтирди. У деразадан қадимий биноларга лол бўлганча вақт ўтганини сезмай кетиб борарди. Марказга келгач, автобус светофорда тўхтади. Томнинг шу пайт нарироқда турган бир енгил машинага кўзи тушди. Бир аёл икки эркакнинг ўртасида ўтириб борарди. Томнинг бирдан кўзлари катта-катта очилди. Салондаги аёл Ангела эди! -Ангела! Мен бу ердаман, Ангела! Том тинмай автобус ойнасини тақиллатарди. Шу пайт автобус ўрнидан қўзғалди ва юриб кетди. Ангела ва икки эркак машинадан тушиб бир бинога кириб кетишди. Том қўл силтай-силтай жойига ўтирди. Ҳа, учрашганларида уни кўрганини айтади, қизиқ, нима қилиб юрибдикин ўзи? Автобус Отатурк кўпригидан ўтиб тўхтади. Том тизилиб турган таксилардан бирига ўтирди. -Парк меҳмонхонаси, Таксим майдонига ҳайданг, фақат тезроқ. Соат тўрт яримда Том айтилган манзилда –меҳмонхонанинг барида севганини кутиб ўтирарди. Пиво ичганча ўтирган Томга, ташқаридаги шовуллаётган денгиз, кемалар, масжид ва саройлар жуда сирли кўринарди. Соат бешга бонг ургач, Том меҳмонхона қабулхонасида ёрини кута бошлади. Атроф одамлар билан тўла, аммо Ангела кўринмасди. Том хаёлан қизни чорлаганча, яна барга қайтди. Барда бир кулранг ёмғирпўшли эркак сигара тутатиб ўтирарди. Унинг қўлида газетада бўлсада, бироқ уни ўқимасди. Соат олтига яқинлашар, Том эса тоқатсизланарди. Ангела деярли кечикмасди, қизиқ, ўйларди у. Ахийри кутгани келмагач, Том ўрнидан турди. -Бошқа пиво ичмайсизми? –сўради бармен. -Йўқ, менга аччиқ қаҳва беринг. Бир ерда телефон топиладими? -Ҳа, жаноб, ичкарида. Том телефон ёнига бориб, Ангеланинг рақамларини терди. Гудок кетдию, бироқ ҳеч ким кўтармади. Том қабулхонадаги қиздан сўради: -Кечирасиз, Камерот Сокак қаердалигини айтолмайсизми? -Ҳа, бу ердан яқин. Манави кўча бўйлаб кетасиз ва ўнгга буриласиз. -Раҳмат. Том қаҳвасини ичиб йўлга тушди. Соат ҳам саккизни кўрсатиб қолганди. Бардаги кулранг кийимли киши ҳам ўрнидан туриб Томнинг изидан ташқарига чиқди. Камерот Сокак кўчаси тор ва осуда эди. Том уйларнинг эшикларига назар ташлаганча кетиб барди. Ниҳоят, у Ангеланинг манзили -11 уйни топди. Тақиллатди. Ичкаридан жавоб бўлмади. -Жин урсин, -Том энди Ангеладан жиддий ҳавотирлана бошлаганди. Том бинога яхшилаб қаради: у беш қаватли бўлиб, ҳеч қайси уйда чироқ ёқилмаган, зим-зиё эди. “Қайлардасан, Ангела, мени қийнама…” пичирлади йигит. Шу пайт сал нарида турган ёмғирпўшли эркак Томни кузатиб турарди. Том нима қиларини билмай, Таксим майдонига қайтди. Том шу атрофдаги Анқара меҳмонхонасига жойлашди. Хонаси ва меҳмонхона тартиби билан таништирилгач, Том ёлғиз қолди. У айни пайтда ўзини жуда ночор ва ғариб сезарди. Ахир у ҳозир севгани билан дилдан суҳбатлашиб ўтириши керак эмасмиди? Ҳа, эртага албатта, Ангеланинг ишхонасига бориб, суриштиради. Том чарчагани учун тезда ухлаб қолди. Ташқаридаги кулранг кийимли эркак эса телефонда аллақандай рақамларни терарди. -У Анқара меҳмонхонасида, -деди у, -Парк меҳмонхонасида кутиб, сўнг қизнинг уйига борди… Ҳа, тушунарли, албатта бажараман. **** Эртагасига Том уйғонибоқ ўзини тетик сезди ва Ангеланинг ишхонасига томон отланди. Такси кулранг бино қаршисида тўхтади. -Карамиан агентлиги, -деди ҳайдовчи. Том агентлик қабулхонаси томон юрди. -Хайрли тонг, жаноб, -котиба уни қарши олди. -Хайрли тонг, менинг исмим Том Смит. Мен Ангела Томсонни излаётгандим –у бўлажак рафиқам. Кеча Истанбулга учиб келдим, аммо… -Бир дақиқа, жаноб Смит, -котиба унга обдон тикилиб, эшигига “офис” деб ёзилган хонага югурганча кириб кетди. Том унинг ичкарида ким биландир гаплашганини эшитди. Эшик очилиб, у ердан бир эркак чиқиб келди. У жуда жиддий эди. -Жаноб Смит, менинг исмим Дунё. Илтимос, мен билан юринг. Улар офисга кирдилар. -Ўтиринг, жаноб, -деди Дунё, -биласизми, буни сизга қандай айтишга ҳам ҳайронман… Афсуски, сизга қайғули хабарим бор. Ачинаман, бироқ Томсон хоним вафот этди. Том бу гапдан бошига гурзи билан урилгандек гангиб қолди. -Манавини ичиб олинг, жаноб Смит, -Дунё унга бренди тутқазди. Том стулга беҳол чўккан, юзлари оппоқ, гапиришга холи бўлмай ўтирарди. -Қандай… қандай содир бўлди бу? -Автоҳалокат. Томсон хоним машинани йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмай бошқарган. Автомобили йўлдан чиқиб жарликка қулаган. -Кеча кечқурунми? –сўради Том. -Таъзиямни қабул қилинг. -Ҳалокат… кеча содир бўлдими? Дунё унга яхшилаб тикилди. -Жаноб Смит, фожеа бир ҳафта олдин юз берди. Ўтган якшанбада. У Бурсадан — дам олишдан қайтаётганди… -Бўлиши мумкин эмас! Мен ахир кечагина уни кўрдим-ку! -Кеча? -Ҳа, аэпортдан келаётиб уни кўчада кўриб қолдим. -Афсус, аммо сиз адашаяпсиз. -Йўқ, айтаяпман-ку, ишончим комил. -Жаноб Смит, -Дунё хотиржамлик билан деди, -Истанбул катта шаҳар. Қаллиғингизга ўхшаган юзлаб қизлар топилади. Том индамади. -Агентлигимиз жуда ғамхўр, -Дунё давом этди, -дафн маросимининг барча ҳаражатларини ўз бўйнига олади. Чоршанба куни ўтказворамиз. -Ота-онаси бундан хабардорми? -Ҳозирча йўқ, -жавоб берди Дунё ҳижолат билан. Ўртада дилга ғашлик солувчи жимлик чўкди. -Хўш, агар мендан ёрдам керак бўлса бемалол. Истанбулда бирор танишингиз борми? –сўради Дунё. Шунда Том бирдан Кемални эслади. -Ҳа, ҳа, ҳавотир олманг. Мен яхшилаб ўйлаб олишим зурур. Раҳмат, жаноб Дунё. Бир-икки кун шу ерда бўламан, полицияга мурожаат қиламан. Дунё тортмасини очиб, ичидан вароқ олди. Бир нималарни ёзиб Томга узатди. -Бу ерга жаноб Девид Пеннингтоннинг рақамлари ёзилган. У дафн ишлари билан шуғулланади. Манави рақам эса менинг офисимники. Ёрдам керак бўлса, бемалол қўнғироқ қилаверинг. -Энди кетишим керак, -Том ўрнидан турди, -сизга катта раҳмат. -Сиқилманг, мен ҳам афсусдаман. -Эҳ, мен уни кўрдим, тирик эди ахир! -Тушунаман, баъзан шокда шунақа ҳолатларам кузатилади. Эркаклар қўл сиқишишди. Том кетгач, Дунё офисга қайтди. Эшикни асталик билан ёпиб, креслосига чўкди. Бироз ўйлаб олгач, гўшакни қўлига олди. Том Истанбулнинг қизғин кўчалари бўйлаб кетаркан, ҳеч нимани эшитмасди. Унинг фикри хаёли кечаги воқеада эди. Чиндан ҳам Ангелани кўргани рост-ку! Қанақасига бир ҳафта олдин ўлган бўлиши мумкин? Анча вақтгача шу хаёллар оғушида денгизга бориб қолганини ҳам сезмай қопти. Ахийри Ангела ўлмаган, деган қарорга келиб, Кемалнинг рақамини чўнтагидан излай бошлади. -Салом, Кемал. Яхшимисиз, бу мен Томман. Эсладингизми? Ҳа, ҳа, раҳмат, яхши. Лозим бўлса, қўнғироқ қилинг, деган гапингиз ёдимга тушди. Биласизми, оғир шароитдаман. Кўришсак бўладими? **** -Демак, чинданам уни кўргандингиз? –сўради Кемал Парк меҳмонхонасининг барида киришгач. Том бироз ўйланди. -Ҳа, -деди сўнг ишонч билан, -эҳтимол сизам буни хаёллар маҳсули деб ўйларсиз, аммо бу ҳақиқат. Кемал бош силкитиб қўйди. -Бу ҳақда ўйлашдан ўзимни тўхтатолмаяпман. Кўз олдимдан машинада ўтирган Ангела кетмаяпти. -Тингланг, Том, -деди Кемал. –Биз кечагина танишган бўлсакда, дўстмиз. Сиз менинг юртимдасиз, дўстим. Сизга ёрдам бераман, Ангелани кўрганингизга ишонаман. Энди нима қилишни ўйлайлик. -Ҳозирча иккита нарсани ўйладим. Ангелани учратган кўчага бораман. Сўнг Британия консуллигига учрайман. Шикоят қиламан. -Ҳа… Ангелани учратган жойингизни эслай оласизми? -Албатта. Автобус келган йўлдан юрсак кўриб эслайман. -У ердан Ангелани топишимизга ишонасизми? -Билмайман. Аммо Ангела кириб кетган ўша бинога киришим шарт. Балки бирор дараги чиқар… -Келишдик, юринг, унда ташқарида машинам турибди. Кемал Томнинг кўрсатмасига қараб, айтилган жойни топиб келди. Бу ерлар Оқсарой деб номланарди. Том ўша светофор, дўконларни эслади. Машинадан тушишди. Ангела кириб кетган бино томон йўл олишди. Аммо бино ичкарисида турли эшиклар бўлиб, уларга “адвокат”, “шифокор”, “дентист” каби сўзлаб илиб қўйилганди. Том бирпас уларга тикилиб қолди. -Қайси бирига кирган бўлиши мумкин? Ох, Ангела қайлардасан? –Том асабийлаша бошлади. Кемал уни ташқарига олиб чиқди. -Жуда ҳаяжондасиз, Том. Бу тахлит арқоннинг учини тополмаймиз. Аввал консуликка борайлик. Сўнг яна бир қарорга келармиз. Қорнингиз ҳам очгандир? Яхшиси, сизни бир яхши ошхонага олиб борай. -Ҳақсиз, майли. Тушликдан кейин улар консулликка етиб келдилар. -Мен Девид Пеннингтонни кўрмоқчиман, -деди Том қабулхонагиларга, -менинг исмим Том Смит. Бир неча сониядан сўнг кўзойнак таққан бир киши уларга пешвоз чиқди. -Жаноб Смит, мен Пеннингтон бўламан. Сизни кўрганимдан хурсандман, -у Томнинг қўлларини сиқди. -Жаноб Дунё келишингизни айтганди. Улар хашаматли зиналардан кўтарилиб офисга киришди. -Қаллиғингизнинг вафот этганидан афсусдаман. Таъзиямни қабул қилинг, -давом этди Пеннингтон, -мана бу автоҳалокат тўғрисидаги ҳужжатлар, -у тортмадан файлларни олиб узатди. –Булар эса полициянинг хабарномаси, ундан нусха тақдим этамиз. Ҳарҳолда, менга саволларингиз бўлса керак? -Биласизми, жаноб, -Том гап бошлади, -мен ўтган кун Ангелани кўргандим. Пеннингтон Томга бошдан оёқ разм солди. Ўртага сукунат чўкди. -Тушунаман, жаноб Смит, қаттиқ қайғудасиз… аммо хоним… -Биламан, ўтган ҳафта ўлган! –Том жазавага тушди, -чоршанба куни дафн маросими! Лекин мен уни аниқ кўрдим! -Буларни айтишдан олдин манави ҳужжатларни кўриб чиқсангиз яхши бўларди. Балки бир нима ичарсиз? -Ҳа… чой бўлса яхши бўларди. Раҳмат, -Том тинчланди. Чойдан хўплагач, Том сўради: -Ҳалокатдан сўнг текширувчилар марҳуманинг шахсини қандай аниқладилар? -Мушкул бўлди. Биласиз, машина жарликка қулаган. Сўнгра ёниб кетган. Тана ҳам куйиб битганидан юзини таниб бўлмасди. Полиция машинадан тушиб қолган сумкани топган. У Ангелага тегишли бўлиб, ичидан паспорт ва ҳужжатлари чиққан. Сўнг ишхонасидан суриштиришиб, Ангелани сафарга кетиб, қайтмаганини аниқлашган. Хуллас, уёғи сизга маълум. -Ангеланинг ота–онасичи? -Афсуски, ҳозирча маълум қилмадик. Улар Францияда — дам олишда эканлар. Шунинг учун ҳали топа олганимизча йўқ. -Ангеланинг ўлганига ўзингиз ишонч ҳосил қилдингизми, жаноб Пеннингтон? -Бизнинг вазифамиз Туркиядаги инглиз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлашдир. Албатта, суриштирдик, билдик, ишонч ҳосил қилдик. Сиз ҳозир шокка тушгансиз, тушунаман. Яхшиси, уйингизга қайтақолинг, жаноб Смит. -Ҳа, эҳтимол… у кўзимга кўрингандир. Бу ерда бир дўстимникида яшаяпман. -Истанбулга илк сафарингиз кўнгилсизлик билан якунланганидан афсусдаман. -Раҳмат сизга, -улар қўл сиқишиб хайрлашдилар. Ташқарига чиққач, Кемал уни кутиб олди. -Хўш, қанақа янгиликлар бор? -Жаноб Дунё айтган гапларни такрорлади. У ўлган. Иш ёпилган. Нима қилишни билмай қолдим. -Бироз асабларингизга дам беринг. Кейин нима қилишни ўйлаб кўрамиз. Кемалнинг таклифига кўра, улар Топкапи саройига боришди. -Бу саройда турк султонлари яшаган, -музей бўйлаб Кемал изоҳ бериб кетди, -анави ердаги харамда қиз-жувонлар сақланган. Кемал атрофга назар ташлади, сўнг Томни оҳиста туртди. -Сал тезроқ юринг, Том. -Тинчликми? -Менимча, бизни кимдир кузатаяпти. -Кузатаяпти? -Ортимизда. Кулранг кийимли бир эркак. Кемал Томни кўплаб йиғилган туристлар томон бошлади. Улар оломон ичра йўқолдилар. Кейин у ердан сирғалиб чиқиб, саройдан ташқарига отилдилар. -Сиз меҳмонхонага боринг, Том, такси тутинг. Сизга қўнғироқ қиламан. -Хўп, ўзингизчи? -Машинам олдига қайтаман. -Эҳтиёт бўлинг. -Сиз ҳам. Кўришгунча. **** Том асабий ҳолда номерига кирди ва эшикни қулфлади. Анча пайтгача ухлолмади. Хаёлида фақат Ангеланинг сиймоси гавдаланарди. Бир пайт телефон жиринглади. Том ховлиқиб кўтарди. -Алло, Кемал? -Йўқ, қабулхонаданмиз. Сизга бир одам қўнғироқ қилаяпти. -Уланг. -Алло, бу Том Смитми?-бу аёл кишининг овози эди. -Ҳа, ўзингиз кимсиз? -Мени танимайсиз, жаноб. Мен Ангеланинг дугонаси бўламан. Кўришсак бўладими, сизга айтадиган гапим бор эди. -Ҳа, ҳа, албатта. Парк меҳмонхонасининг бари сизга маъқулми? -Хўп. Йигирма дақиқадан сўнг етиб ораман. Том бу хабарни дарҳол Кемалга айтишга чоғланди, аммо у телефонни кўтармагач, буни кейинга қолдирди. Барда саноқли меҳмонлар бор эди. Том пиво ичиб кўзлари билан бар эшигини пойларди. Бироздан сўнг бу ерда малла сочли, жинси кийган бир қиз пайдо бўлди. У тўғри Том томон кела бошлади. -Салом, мен Жули бўламан. Сиз Том бўлсангиз керак? -Ҳа, ўтиринг марҳамат. Нима ичасиз? -Кофе, илтимос… Ҳа, суратдагидек экансиз. -Мени қандай топдингиз? -Бугун консулликка боргандим. Жаноб Пенннингтон келганингизни айтиб, манзилингизни берди, –Жули атрофга олазарак боқди. –Сиз Ангеланинг ўлими ҳақда кимдан эшитдингиз? -Ишхонаси ва консулликдан. -Бунга ишондингизми? Том индамади. -Келинг, бошидан гапириб бера қолай, -қиз пичирлади, -Мен бу ерга икки ой аввал келгандим. Ангела билан бир базмда танишиб қолдим ва у билан дугона тутиндик. У аввалига ҳаётидан, ишидан мамнун эди. Аммо икки ҳафта олдин у нимадандир қаттиқ безовта бўла бошлади. Иши туфайли бўлса керак, хуллас, у менга барини айтиб бериш учун учрашишга чақирди. Кафега кирдик. Шу пайт унинг бошлиғи Дунё пайдо бўлди. Ангела уни кўриб асабийлашди. -Давом этинг. -Бошқа нарса билмайман. У менга ҳеч нима демади. Сўнг автоҳалокат юз берди. Бу менга ғалати кўринди. -Мен ҳам сизга бир гапни айтишим керак. Мен Ангелани кўрдим! -Том чидамай айтди. Жули унга тикилиб қолди. -Қаерда? -Оқсаройдаги кўчада. У икки эркак билан бир бинога кириб кетди. -Бинога? Қайси бино? -Билмадим. У ерда турли офислар бор экан. Шифокор, дентист… -Шифокор, қизиқ… -Нега энди? -Ангела икки ҳафта олдин аллақандай вирусли касалликка чалинганди. Шуни даволатиб юрганди. -Ҳа, тушунарли. Демак, шифокор… -Эҳтиёт бўлинг, -Жули шипшиди. -Нега? -Бу ерда ғалати нарсалар содир бўлмоқда. Сиз ҳам аралашиб қолманг. -Хўп, лекин Ангеланинг тириклигини юрагим сезаяпти. У ҳозир ёрдамга мухтож, полиция эса бундан бехабар. Уни топмагунимча, бу ердан кетмайман! Ўша куни Том Кемалга қўнғироқ қилди. Бугунги суҳбат тўғрисида айтиб берди. -Тушунгандекман, -деди Том охирида, -у Дунё билан ишлаган. Ишидан норози бўлган. -Демак, сенингча, ҳалокат уюштирилган, тўғрими? Ҳм… агар Ангела тирик бўлса, у шубҳасиз, Дунёнинг қўлида асира! -Нима? -Бунга ишончим комил, Том. Ангела Дунёнинг бизнес ишларида “чап”га юрганини сезиб қолган. Табиийки, бу Дунёга ёқмаган. -Лекин… -Ахир бизни ҳам кимдир кузатди-ку, тўғрими? У Дунёнинг лайчалари эканлиги аниқ. -Ҳаққа ўхшайсан. О, Худо, эҳтимол уни азоблашаётгандир!? -Улар шохида юрса, биз энди баргида юрамиз. Мени диққат билан эшит, Том. Буёғига бир режа бор. Аввало, сен Истанбулни тарк этишинг керак. Сўнгра… **** Эртасига эрталаб Том меҳмонхона билан ҳисоб-китоб қилди ва тўғри Дунёнинг офисига борди. -О, жаноб Смит! –Дунё уни қучоқ очиб кутиб олди. -Хайрли тонг, жаноб, сиз билан хайрлашгани келгандим. -Тезда қайтяпсизми? -Ҳа, жаноб Пеннингтон билан гаплашгач, бу ерда қиладиган ишим йўқлигини тушундим. -Яна бир бор қаллиғингиз учун таъзия билдираман. -Раҳмат, яхши қолинг. Тушлик пайти учаман. Улар қўл сиқиб хайрлашдилар. Том аэропортга бориб, рейслар вақтини кузатган бўлди. Сўнг газета олиб, кутиш залида ўтирди. Лондонга учувчилар олтинчи йўлакдан ўтишларини сўралгандан сўнг Том нарсаларини олиб, паспорт текшируви томон юрди. Лондонга кетадиганлар билан қўшилиб олтинчи йўлакка ўтди. Шу пайт қаршисида турган хожатхонага лип этиб кириб олди. У ерда бироз кутди. Ҳеч ким кузатмаётганига ишонч ҳосил қилгач, соатига қараб кулиб қўйди. Лондон самолёти ҳозиргина учиб кетганди. Айни шу пайтда кулранг ёмғирпўшли эркак аэропорт ташқарисидаги телефонда ким биландир гаплашарди. -Ҳа, ҳозиргина кетди. У самолётда. Шундай деб гўшакни қўйгач, ўз йўлида давом этди. Ярим соатдан сўнг Кемалнинг кўп қаватли уйлардаги хонасида Том жилмайиб ўтирарди. -Биз Дунёнинг офисини кечгача кузатамиз, -деди Кемал, -у ердан чиқиши билан изидан борамиз. -Бизни сезиб қолмасмикин? Ахир у мени танийди. -Буни ўйлаб қўйганман, –Кемал шундай деб тортмани очди, -манавини кийиб ол. -Ясама соч? -Ҳа, бироз пардоз ҳам. Кемал ишга киришиб кетди. Ярим соатдан сўнг Томнинг ўзи ойнага боқиб, юзини таниёлмай қолди. Соат еттиларда икки йигит Дунёнинг ишхонаси ёнида пойлаб ўтирардилар. Кутиш жуда узоққа чўзилди. -Ана у, -хитоб қилди Том, -ниҳоят чиқди! Дунё эшикдан чиқиб тўғри “Мерседес”ига ўтирди ва ҳайдаб кетди. “Мерседес”нинг ортидан кузатув бошланди. Дунёнинг машинаси бир ўнгга, бир чапга бурилар, таъқиб қилиш қийинлашарди. У тор йўлаклардан айланиб ўтар, тиқин жойларга ўзини урарди. Томнинг хаёлидан у аллақачон бизни сезиб қолган, деган фикр ўтди. Ниҳоят, машина ҳашаматли бир вилланинг дарвозасидан ичкарига кириб кетди. -Демак, бу Дунёнинг қасри, -деди Том. Шундан сўнг иккиси Кемалнинг уйига қайтдилар. -Менимча, Ангела виллага қамалган, -тахминини билдирди Том. Кемал унинг фикрига қўшилди. -Ҳа, аммо у ерга киришнинг ўзи бўлмайди. Ўнлаб қўриқчилари бўлса керак. Эҳтимол, ишхонасидан бир нима чиқиб қолар. Эслаб кўр, офиснинг ҳодимлар билан ишлайдиган хонаси қаерда эди? -Дунёнинг шахсий кабинетидан кейин бир нечта эшикларга кўзим тушганди. -Биз ўша ердаги ҳужжатларни текшириб кўришимиз керак. Ангела сезган нарсани балки топармиз. -Аммо қандай қилиб? -Менда бир ғоя бор, -деди Кемал, -У ерга ҳаридор сифатида бораман. Ахир ота-онамнинг дўкони бор, Дунёга мол сотаман… **** Иброҳим Дунё офисда ёлғиз ўзи қоғоз титиб ўтирарди. Унинг одати шу –уйга кетишдан аввал бир ўзи ҳужжатларни текшириб чиқади. У соатига қараб қўйди. Шу пайт эшик тақиллади. Дунё эринибгина ўрнидан туриб, офисдан чиқди ва ташқарида турган одамга қараб, -Ишхона ёпиқ, эртага келинг, -деди. -Узр, жаноб, лекин ишим шошилинч эди, -ташқаридаги одам ҳам бўш келмади. Дунёнинг асаби бузилиб, эшикни очди. -Ёпиқ дедим-ку, қулоғингиз карми? -Безовта қилганим учун узр, -деди Кемал мулойим, -айни пайт менга пул жудаям зарур бўлиб қолди. Сизни қизиқтирадиган баъзи бир буюмларим бор эди. Арзонга бўлсаям, сотиб пулини олмасам бўлмайди. Кемал қўлидадаги қимматбаҳо идишни кўрсатди. Дунё уни синчиклаб кузатди. -Сифати жуда яхши, ўн беш минг лирага бераман, -Кемал давом этди. -Йўғ-ей, баҳосини ошириб юбордингиз, беш мингга арзийди бу. -Илтимос, пулга муҳтожман, ерга урманг. -Майли, олти минг, жуда яхши нарх. Улар машинадаги қутиларга жойлаштирилган идишларни офисга олиб киришди. Аввалига Дунё буюмларни офисига олиб киришни мўлжаллади, бироқ Кемал бир йўла омборга олиб бора қолайлик, дегач, унинг фикри маъқул кўриниб, улар бинонинг охирига йўл олишди. Бир дунё мол йиғилган омборга тушишгач, қутиларни бир четга қўйишди. Шу пайт Дунёнинг офисидаги телефон жиринглаб қолди. Дунё яна асабийлашиб, Кемалга бироз кутиб туришини айтдида, офисига қараб югурди. Кемал мийиғида кулганча, дарҳол ишчилар хонаси томон юрди. Бу ерда ҳам турли буюмлар кўп бўлиб, эшик қулфлоғ эди. Деразадан кўриниб турган -токчада терилган қимматбаҳо лампалар унинг эътиборини тортди. Уларни синчиклаб кузатди: лампалар атайлаб бўлакларга ажратилганди. Шу пайт Дунёнинг телефонда хайрлашаётган овози эшитилиб, Кемал омборга қайтди. Дунё Том билан Лондонга “етиб боргани” ҳақида гаплашганди. -Куттирганим учун узр, -Дунё шундай деб Кемалга пулларни тутқазди. -Раҳмат, -улар ташқарига чиқишиб, хайрлашишди. Машинада Том Кемални кутиб ўтирганди. -Хўш, иш бердими? -Ҳа, буюмлар арзон кетганини айтмаса, у ерга киролдим. -Ишчилар хонасини кўрдингми? -Ҳа, аммо шубҳали нарса кўринмади. Аллақандай лампаларни бузиб қайта тузатишаётгани аниқ бўлди. Эртасига улар Истанбул харитасини кўздан кечиришди. Ишхонанинг орқасида катта боғ бўлиб, у ердан ишчилар хонасига йўл уланганди. Бу уларнинг эътиборидан четда қолмади. Кечқурун тушгач, улар машинага ўтирганча, яна Дунёнинг офисига йўл олишди. Боғ бўйлаб кетишар экан, Кемал атрофни кузатди. -Қара, бу атрофда биров яшамас экан. Фақатгина офисга уланган йўлак мавжуд. Улар деворга тирмашишди. Аввал Кемал, сўнг Том девордан сакрашди. Эсон-омон ишчилар залига ўтиб олишгач, йигитлар енгил нафас олишди. Бироқ бирдан шу атрофдан овоз эшитилгандек бўлди. Ишчилар хонасининг эшиги ғичирлаб очилиб, чироғи ёнди. Том ва Кемал деворга суянганча тек қотишди. Аммо бахтларига ғўнғир-ғўнғир овоз сал ўтгач тинди ва улар кетишди. Секинлик билан ишчилар хонасига киришгач, Том ва Кемал буюмларни бирма бир текшира бошлашди. Ўша ярим тузатилган лампаларни кузатаётиб Том барини англади. -Наркотик! -Нима? –Кемал у томонга яқинлашди. -Улар лапмаларга қора дори жойлаштириб, Англияга экспорт қилишаркан. Шунда қўққисдан эшик очилиб чироқ ёнди. -Қочдик!- Кемал Томни туртди. -Тўхта! –келган одам уларга бақирди. — Тутинглар уларни! Қочоқлар деворга тирмашишди. Аввал Кемал чиқди, сўнг Томни тортиб олмоқчи бўлганди, таёқли кишилар улар томон бостириб келишди. Бахтга қарши, улар қўлга тушишди. Энди улар асирда… **** “Ўғрилар”ни аллақандай хонага олиб киришди. Томнинг кўзи рўпарада қўлида тўппонча ушлаб ўтирган Дунёга тушди. Дунё бир муддат иккисига тикилиб турди. -Хўш, хўш, -деди сўнг чўзиб, -инглиз дўстим, жуда пухта кўринасиз. Албатта, сиз ҳам, -у Кемалга ўгирилди. –Жуда синчков экансанлар. Ҳудди инглиз қизга ўхшаб. Афсус, уни вақтлироқ йўқ қилишим керак экан ўзи. -Қани у? –Том тутоқиб кетди. –Ангела қаерда? -Оҳ, ундан ҳавотир олманг, дўстим. Айтайлик, у менинг вилламда меҳмон. Ўлимингдан олдин у билан тўйиб суҳбатлашишингга изн бераман, қўрқма. Дунё шундай деб хиринглади. Сўнг уларни ташқарига –машинага зўрлаб ўтиргизишди. Кейин «Мерседес» шаҳар бўйлаб бир текис юриб кетди. -Қаранглар, Истанбул қандай гўзал! -Дунё орқасига ўгирилиб, уларга сўз қотди, -тўйиб нафас олволинглар. -Нега Ангелани бу ишга аралаштирдинглар?- Том яна гап бошлади. -У бизга бошида керак эди. Ангела жуда қобилиятли ҳодим, экспорт қилиш ишларида уста эди. Аммо яна бошқа бизнесимиз ҳам борлигини билмасди. Билмаганда-ку ўзига яхшийди. Бироқ бир куни тунда ишга келиб, кўриб қопти. Ўзига ўзи қилди. -Қаерга йўқотдинг уни? -Мени жоҳилга чиқариб қўйма, инглиз йигит. Унинг бизга ёрдам теккан, ахир, ўлдиришга қўлим борармиди? Вилламда маза қилиб яшаяпти. -Англияда наркобизнесдан қўлга тушишингдан қўрқмайсанми? -Йўқ, -Дунё кулди, — у ердагилар Ангелага ишонишади. Ҳали миллионерга айланаман, оз қолди. Ангела ҳозирча менга керак. Улар ниҳоят виллага етиб келишди. Машинадан тушиб, Том қочишни мўлжаллаб атрофга тикилди. Аммо ҳамма ёқ ёпиқ ва қоп қора эди. Унинг фикрини сезган Дунё Томга пўписа қилди: -Қочишга уринсанг, нақ отиб ташлайман! Қани ичкарига киринглар! Улар мармар зинадан кўтарила бошладилар. -Тўхта! –шу пайт баланд овоз уларни сергаклантирди. Шу заҳоти Дунё атрофини ўраб олган бир тўда одамларни кўрди. Улар ҳарбий кийимда, қўлларида қурол, виллани тўрт тарафдан қуршаб олгандилар. Дунё гангиб қолди. -Қимирлама! Биз полицияданмиз. Қочишга уринманглар! -Полиция… –Кемал пичирлади. –биз қутулдик! Шу пайт ичкари уйнинг эшиги очилиб, ундан бир қиз отилиб чиқди. -Том! Том бир лаҳза кўзларига ишонмай турди: -Ангела! Ангела… Улар бир-бирларига тикилганча, на бирор сўз айтишар, на қилт этишарди. -Оҳ, Том! –Ангела тилга кирди, -ниҳоят мени топдингми? -Севгилим… сенга зиён етказишмадими? -Мен яхшиман… Полиция бу ерга бир соатча аввал келди. Улар сизларнинг бу ерга келишларингдан бохабар экан. Улар сени кузатишаётганди. Оҳ, Дунё сени ўлдириб қўядими, деб жуда қўрқдим. Том Ангелани Кемал билан таништирди. Улар анча пайтгача суҳбатлашдилар. Дунё эса қўлларига кишан солинганча, уларни зимдан кузатиб қолди. -Қизиқ, улар бу ҳақда қаердан билишди?- қизиқди Том. Шу пайт полиция машинасидан жаноб Пеннингтон тушиб келди. -Сиз? –ҳайрон бўлди Том. -Ҳа, жаноб Смит, яна учрашганимиздан мамнунман. Айтгандим-ку, мен инглиз фуқароларининг хавфсизлигини тўла таъминлайман деб! ***** Эртасига Том, Ангела ва Кемал жаноб Пеннингтоннинг уйида меҳмон бўлдилар. -Жули консулликка яна келганди, -Пеннингтон воқеаларни тушунтирарди, -у Том билан бўлиб ўтган суҳбатни гапириб берди. Шундан сўнг Том ҳақлигига ишонч ҳосил қилдим. Кейин турк полициясидан ёрдам сўрадим. Бу ҳақда сиз билан ҳам маслаҳатлашмоқчидим, Том, аммо меҳмонхонани тарк этган экансиз. -Хўш, Том, сенга мактубимда ёзгандим-ку, Истанбул жуда қизиқарли шаҳар, деб. Тўғри эканми гапим? –Ангела кулди. -Қизиқарлилиги ўтиб тушди-ку, аммо бари яхшилик билан тугади. Агар сени автобусда кўриб қолмаганимдами… -Асло, ундай дема, -деди Ангела, — ҳайриятки, касал бўлган эканман! Ўшанда мени докторга олиб боришганди. О, дард ҳам яхшилик учун хизмат қиларкан. -Мана энди Истанбулдаги ҳақиқий саёҳатни бошлаймиз! –Том жилмайди, -фақат бу гал йўқолиб қолма! Истанбул чинданам ғаройиб шаҳар экан, Ангела! Аммо у сени менга қайтариб берди, шунга шукур! Пеннингтонларникидаги хурсандчилик узоққа чўзилди. Ниҳоят, соат бешга яқинлашгач, Том ва Ангела келишилгандек, Парк меҳмонхонасига йўл олдилар.
2022-07-02
http://nodirabegim.uz/archives/4520
Себастян — Бразилиянинг Минас-Жераис шаҳридаги механик устахона эгаси бўлиб, у иш жойида яшаган, чунки устахона унинг уйи ёнида бўлган ва у ўз меҳнатига шунчалик ўзини бағишланганидан, ҳатто дам олиш вақтида ҳам ҳар бир кишига ёрдам беришга тайёр эди. Фидойилиги ва касбига бўлган севгисидан ҳамиша иш билан банд, қўллари ва тирноқлари душдан кейин ҳам доимо ифлос турар, чунки у 24 соат давомида тинимсиз механика билан ишларди. Оиласи эса ундан келиб турадиган ёғнинг ҳидига аллақачон ўрганиб қолган, у шаҳарда жуда яхши ва ҳурматли одам сифатида танилган. Уста камдан-кам саёҳат қилар, фақат бизнес билан шуғулланиши ёки бирон бир ишни бажариш учун зарур бўлган тақдирдагина манзилга машинада бориб келарди. Жума куни тасодифан, Себастяннинг рафиқаси Алаидага эрининг тонги соат олти бўлган бўлса-да ухлаётгани ғалати туюлди, у одатда, бунақа вақтда дўконида шина тузатаётган бўларди. Шунинг учун у ҳеч нарса демади ва тахминан соат олти яримгача уйғонишини кутди. Сўнг, гап бошлади: — Бугун мен ишга бормайман, — деди уста. — Ҳаммаси жойидами? Яхши ухладингизми? — Ҳа, мен яхшиман, илтимос, бироз ухлашга ижозат беринг — у каравотнинг нариги томонига ўгирилиб, ёпинчиқ билан устини ёпди. Эрининг бу хатти-ҳаракати аёлга ғайриоддий ҳолатдек кўринди, боиси, бу кўп йиллар давомида устанинг биринчи марта рафиқаси билан айро ҳолда жойини ўзгартириши эди. Алаиде Себастяндан олдин ўрнидан турди-да, қаҳва қайнатиш ва бошқа юмушларини бажариш учун ҳозирланди. Болаларига эса отаси ваниҳоят дам олишга қарор қилганини обдон тушунтирди, бу айниқса, Себастянга дўконда ёрдам бериб турадиган катта фарзандига ғалати туюлди, лекин у унчалик ҳам эътибор бермасликка ҳаракат қилиб ишида давом этди. Нонушта қилгач, дўконни очишга кетди. Қолган учта бола нима бўлаётганига тушунмай, мактабга боришга тайёрланишди. Ҳамма кетиб, Алаида бўш қолгач, у ётоқхонага кириб, эри билан ҳаммаси жойидами-йўқми, Себастяннинг нафас олишини текшириб кўрди ва у тинч ухлаётганини, ҳатто ҳуррак отаётганини эшитиб, ва ўйлади; «У яхши кўринади ва ташвишланадиган ҳеч нарса йўқ» деди ўзига-ўзи. Эрталаб соат тўққизлар атрофида ётоқхонада шовқин-сурон эшитилди, Себастян уйғониб, душ қабул қилиш учун шайланган, аёл эрига ёқадиган сертанехо дуетининг фонографида мусиқа чалаётган эди. Себастян тўсатдан узоқ вақтдан бери юзини “безаб турган” соқолини олиб ташлади. Кофе ичиш пайтида Себастяннинг хотинидан тирноқларини кесиб, ичидаги кирини олиб ташлашни илтимос қилганидан аёл ҳайратланди-да, тозалашга киришди. Уста қаҳва ичишни тугатган, тирноқлари аллақачон тоза ҳолида ётоқхонага кириб, энг яхши кийимларини кийди, камтарона, лекин оқила хотини Алаида билан хайрлашди-да, пиво ичиш учун уйидан 200 метр узоқликда бўлмаган шаҳарнинг энг яхши Адолфо деб аталадиган барига кетаётганини айтди. Ўғли ёки янги ходимига ёрдам керакми ёки йўқлигини билиш тугул, дўконга ҳам қарамасдан чиқиб кетди. Унинг юзига қараб, қолганлар ҳайратда қолишди, чунки уста бутунлай янгича қиёфада, соқол ва эски кийим йўқлигига бошқа одам бўлиб қолганди. Лекин изоҳ бермасликка қарор қилди ва ишини давом эттирди. Адолфо барни эндигина очиб, чўчқа гўшти билан фейcао (бразилия таоми) пишириб, иштаҳа билан тайёрлаётган эди ҳамки, мижоз келганини кўриб, устанинг “янги версияси”дан у ҳам лол қолди. У фақат вақти-вақти билан барга келиб, музлатилган 600 мл лик шишада пиво сўраб, арпа таъмини ҳис қилиш учун уни аста-секин ичиб, кичик қултумларда пивонинг қолган таъмини татиб кўриш учун тили билан қилдиган ғалати одати бор эди. Аммо бу сафар уста бошқача, барга келиб, чап томондаги столга ўтирди ва бир ҳўплам май ичди, Адолфо эса унинг қиёфасини ўзгартиришга нима мажбур қилгани ҳақида саволлар бера бошлади ва унда ҳаммаси жойида ёки йўқлигини билишга ҳаракат қилди. Бар эгаси берган бир нечта саволларга қарамай, ҳаммаси беҳуда, Себастян ҳеч бирига жавоб бермади ва шунчаки Адолфодан сертанежа мусиқасини чалишини сўради, Адолфо чалди. Кичкина шаҳарда ҳамма нарса бошқача бўлганда, ҳамма билар ва бу ҳақда савол ва миш-мишлар тарқалиб, аҳоли эрталаб соат ўндан пиво ичаётган механикнинг ғайриоддий дам олиш кунини эшитгач, турли хил тахминлар пайдо бўлди. Унинг дўстлари барга боришиб, қандай баҳоналар билан барга эрта кундан келиши сабабини билишга ҳаракат қилишди, баъзилари ҳатто суҳбат аввалида устанинг юзидаги ўзгаришни ҳазил қилишди, лекин Адолфо билан бўлганидек, бошқалар ҳам ундан жавоб ололмади. Шундай қилиб, кичик шаҳарда кун давом этди. Алаида мактабдан қайтган болаларидан бирига барга бориб, отасига тушлик тайёрлигини айтишини сўради. Себастян эса боласига эътибор бермасдан, қўлига конфет тутқазди-да, уйдагиларига уни кутмасликларини айтиб, уйига қайтариб юборди. Катта ўғли ҳам дўконда ўзига ёрдам берган йигит, тушликдан кейин қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида гапириш ва ундан бу борада кўрсатма олиш учун барга келди, лекин отаси унинг ўрнига ўзи ҳаракат қилишини буюриб, пиво ичишда давом этди. Себастян диққатини мусиқа ва аператифларга қаратаркан, Адолфо ўз меҳмонига жуда иштаҳа билан қилинган чўчқа тилидан узатди. Ушбу ғайриоддий воқеанинг бари шаҳар руҳонийсигача етиб борди ва у ҳам барга бориб, ўзининг қаттиқ ахлоқий ва католик қадриятларига қарамай, ичкарига кирди. Рухоний устага танбеҳ бермоқчи эди-ю, лекин у уни кўриб, стулни ушлаб олди ва Адолфо ундан ичимлик, сут ёки сув беришни сўради. Лекин уста рухонийни эътиборсиз қолдирди. Ота Франсиско қошларини чимириб, Адолфо билан гаплашди, чунки у черковдаги баъзи-бир ишларга молиявий жиҳатдан кўмак бериб турарди. Кейин сўради: — Себастян, одамлар сендан бошқа ҳеч нарса ҳақида гапирмаяпти. Илтимос, уйга қайт ва жуда кўп ёмон фикрларга сабаб бўлма. — Ассалому алайкум ота! Мен ҳеч қандай ёмон иш қилмаяпман, шунчаки пиво ичиб, овқатланаман. Хоҳласангиз мен билан ичинг. — Ҳурматимни жойига қўй! Мен сен билан ҳазил қилиш учун келганим йўқ… — Отажон, кечирасиз! Биламан, сиз фақат алкоголсиз ичимлик ёки шароб ичасиз, лекин мен ўйладимки … — Ўйладинг… ўйладинг… ўйладинг… ҳеч нарса ҳақида ўйламайсан. Қолаверса, барда ҳозир қайси ичаётган одамни кўряпсан — вақтни кўриш учун соатига қаради — соат 14:00 бўлди, Худо ҳаққи, ўша лаънати курсидан тушгинда, уйингга, ишингга бор! — Аммо ота, яна бир бор қайтараман, мен ҳеч қандай ёмон иш қилмаяпман. — Сенга тинч жой керакми? Бу ердан чиққин-да, черковга бор, сен хоҳлаган таскинни ўша ердан топасан. — Ота, яна бир ва охирги марта ҳурмат билан такрорлайман ва тасдиқлайман… Мен ҳеч қандай ёмон иш қилмаяпман. Бар руҳонийни жуда ғазаблантирди, у Адолфо бунга эътибор бермади ва Себастян билан нима содир бўлаётгани-ю ва руҳоний билан суҳбатни кўриш учун эрталабдан бери барга келган одамларни қарғади. Кун узаяр экан, аҳоли ўз бурчи ва масъулиятига қайтиб, устани тинч қўйишга қарор қилди. Алаида эридан ҳеч қандай хабар олмагани учун уйда хавотир ва вақти-вақти билан болаларидан бирини аҳволини билиш учун барга юборар, лекин у ишлаганида эрида ҳеч қачон бўлмаган бу кўнгилхушликдан қайсидир маънода завқланарди. Алаида ҳар сафар эридан хабар олганида, уйда хотиржам эди. Катта фарзанди аллақачон дўконни жуда яхши бошқараётганди. Чунки у отаси билан бир мунча вақт биргаликда ишлаган эди. Уйда Алаиде ўйлади: Эрим учун бир кун ишдан дам олиш вақти ҳалимас эди? Тўғрироғи, Себастян ахир бор-йўғи 46 ёшда, ҳали ёш, соғлом ва кучли эди. Себастян барда ўзининг ичиш қобилиятини намойиш қилди ва соат 18:00 да у аллақачон беш шиша пиво ва учта Пинга (Бразилия ичимлиги) ичиб бўлганди, шунга қарамасдан, у жуда ҳушёр, Адолфо таклиф қилган таом ва иштаҳалардан завқланишда давом этди. У ҳеч қачон бўлмаганидек, шунчаки хурсанд ва ўз вақтида зерикарли ҳам эди. У қайта-қайта ўйналаётган қўшиққа қайта-қайта қичқирарди. Бар мижозлар билан тўла, Себастяннинг дўстларидан бири Генаро, ўзининг севимли музлатилган пиволарини ичиб, ёқимли мавзулар ҳақида суҳбатлашишга устага шерик бўлди. Генаро тез-тез АА учрашувларига бориши туфайли дўстининг унга ичиш таклифини рад этишга мажбур бўлди, у фақат дўстини кузатиб бориш ва унга шерик қилиш учунгина у ерда эди. Улар Себастяннинг тўнғич ўғлининг отасига бир муддат дўкондан чиқиб, қиз дўстини кўргани кетаётганини айтиш учун барга келганидан ҳайратда қолишди ва ўғил отасидан ўзи йўқлигида дўконни қараб туришини сўраб келганди. Себастян тўсатдан ўғлини кўргач, худдики ўзини йигирма тўрт ёш кичикроқ ҳолатда нақ кўзгуда кўргандек бўлди. У юз минг крузейрос (қадимги Бразилия пул бирлиги)ни оларкан, ўғлига берди. Ўғли эса отаси таклиф қилган пиводан ҳам ичмай, унга раҳмат айтиб, жўнаб кетди. Бар ичкилик ичиш ва Себастянни кўриш учун келган кўплаб мижозлар билан гавжум бўлиб борар ва барча тартибсизликлар, мусиқа-ю, шовқин-суронлар пайтида кутилмаган бир нарса юз берди. Алаида эрини қидириб барга келди, чунки у куни бўйи эрининг уйга қайтмаганидан ташвишланаётганди. Аёл ичкарига киргач, ҳамма овоз тиниб, барда жимлик ҳукм сурди. Ҳеч ким индамади, ҳозир ҳамма эр-хотиннинг бир-бири билан бақириб, муштлашишини кутаётган эди, лекин ҳолат аксинча, аёл Себастяннинг ичаётганини кўриб, у ҳақиқатан ҳам хурсанд эканлиги ва шу лаҳзадан завқланаётганини кўрди. Чунки уни илгари ҳеч қачон бундай ҳолатда кўрмаганди. Аёл у ерга келганига пушаймон бўлди, чунки у аёлларнинг барларга бормаслигини яхши биларди, шунинг учун у эрига ҳеч нарса демаслик ёки бирор хатти-ҳаракат қилмасликка қарор қилди-да, уйига қайтиб келди. Адолфодан эрига ҳеч нарса бўлишини истамаслигини билдирди. Кечки соат 20:00 лар чамаси автосининг ғилдираги ёрилиб кетган бир киши шаҳардаги механик кимлигини билмоқчи бўлиб барга кирди, унга чап томондаги столда ўтирган одам механик эканлигини айтдилар. Бояги киши у томон юрди. — Кечирасиз, жаноб, менга ёрдам бера оласизми? Менинг шиналарим ёрилди, уни тузатиб бера оласизми, -деб ҳайрон қаради у! Себастян унга қаради ва стулга ишора қилиб, ўтиришини сўради: — Бугун менинг дам олиш куним, болам! Ўғлим қўшни шаҳарда, ёрдамчим эса мактабда. Мен ҳеч нарса қила олмайман. — Илтимос, жаноб, менга ёрдам беринг, мулойимлик билан сўради у. — Мен ишимни давом эттиришим керак. Бир уриниб кўрмайсизми? — Меҳнаткаш одамлигизни тушундим. Нега бугун кечқурун шу ерда тунаб қололмайсиз? Эртага эрталаб мен ғилдиракни тузатаман ва сиз йўлингизда давом этаверасиз. — Ишона олмайман. Албатта, агар бошқа йўл бўлмаса, мен шунақа қилишим мумкин эди, лекин мен йўлда давом этмоқчиман ва агар менга шиналарни тузатиб ёрдам берсангиз, миннатдор бўлардим. Уйга қайтишдан олдин кейинги шаҳарларга етказиб беришим керак. — Эртага эрталаб шинангизни тузатиб бераман. — Безовта қилаётганим учун узр, тўловни кўп қилиб билан бераман. — Мен сендан уни сўрамадим, хафа қиляпсан. — Илтимос сиздан! Хотиним ва қизим менинг келишимни кутишмоқда. Себастян у одамга ёрдам беришга рози бўлди. У Адолфонинг ичкилик учун кейинроқ тўлаши ҳам мумкинлиги ҳақидаги гапига қарамай, ҳисобни тўлади ва барни тарк этди. Улар бирга Себастяннинг уйига боришди, у хотинини бояги эркак билан таништирди ва иш кийимларини кийиш учун тўғридан-тўғри ётоқхонасига кетди. Меҳмонхонада Алаида меҳмонга аввалгидек кечки овқат ва ичимлик таклиф қилди, лекин меҳмон рад қилди. Ўн дақиқадан сўнг Себастян у ерга қайтиб келди-да, алкогол таъсирини йўқотиш учун юзига бир оз сув сепди ва шинани тузатиш, қолаверса, ўша одамнинг саёҳатини давом эттиришига ёрдам беришга тайёр турганди. Машинани ичкарига олиш учун дўконни очиб, унинг устида ишлай бошлади. Уста шинани олиб ташлаб, янгисини қўйди ва иккита шинанинг калибрланганлигига ишонч ҳосил қилмоқчи эди ҳамки, кутилмаганда портлаш содир бўлди. Себастяннинг жасади юк машинасидан учиб тушди. Карлос ва унинг ёнидан ўтиб кетаётган бошқа икки йигит уни олиш учун жасад томон югуришди. Манзара унчалик яхши эмас эди. Себастяннинг боши қисман очиқ, худди камончи ҳинду ургандек эди. Улар жароҳатни аниқроқ кўриш учун чироқни ёқишди ва унинг бош мия суягини алқаб, вазиятнинг оғирлигини билмаганликларидан қўлларини унинг бошига қўйишди. Себастянни зудлик билан саксон чақирим узоқликдаги қўшни шаҳар касалхонасига олиб кетишди, оиласи унинг ортидан етиб келгач, оғир аҳволда тўғридан-тўғри реанимация бўлимига жойлаштирилган Себастяннинг олдига бордилар. У тирик, аммо нима бўлганини билмай, карахт ҳолатда ётарди. Кунлар ўтаверар, Себастяннинг оиласи унинг тузалиб, аввалгидек оёққа туриб кетишига ишончи сўнганди-ю умид узмасдилар. Бир куни улар у ҳақида хабар кутаётганларида, шифокорлар мия операцияси орқали Себастяннинг тузалиб кетиши эҳтимоли борлиги, лекин бу жараёнда унга зарар етиб, бу унинг кўр бўлишига олиб келиши, фалаж бўлиб қолиши мумкинлигини айтдилар. Ундан ҳам ёмони, нутқ ва хотира нуқсонлари пайдо бўлишини тан олиш эса қийин эди. Узоқ давом этган жарроҳлик амалиёти ва ўн кунлик назоратдан сўнг, оиласига устани кўришга рухсат берилди, улар унинг қанча вазн йўқотгани-ю, оғир аҳволини кўриб ҳайратда қолдилар. Улар энг ёмонини кутишга ҳам тайёр турганди-ю, лекин уни қўйиб юборишга тайёр эмасдилар. Уста ориқ бўлса ҳам, секин гапирса ҳам, асосийси, у тирик ва тузалаётганди ва бу унинг оиласи учун етарли эди. Унинг боши бандаж билан ўралган ва унинг кўз нури оиласини таниб олиш учун базўр яхши эди. Устанинг оиласи унинг яхши эканини ўз кўзлари билан кўриб жуда хурсанд бўлдилар. Унинг бу оғир аҳволига қарамасдан, Себастян уни енгиб ўтиши ва улар билган олдинги Себастянга айланиши мумкиндай таассурот қолдирди. Ҳақиқат шуки, ўша кечаси Себастян бошқа уйғонмаслик хаёлида кўзларини юмди ва энди унинг ҳаётида мавжуд бўлмаган нарсалар хотирасидан узоқлаша борди.
2022-11-03
http://nodirabegim.uz/archives/4641
– Кармен бу туришда икки кунга ҳам бормайди-ёв!.. Мейсон жониворнинг панжаларига ёпишиб кетган музни тишлари билан майдалаб, тупуриб ташлар экан, итга норозиланиб қаради, кейин эса уни яна муз исканжасидан ҳалос этишда давом этди. – Шу пайтгача лақаби баландпарвоз-у аслида, ҳеч нарсага ярамайдиган итларнинг кўпини кўрдим. Бундайлар вақт ўтгани сайин секин-аста кучдан қолиб, охир-оқибат адоқсиз қийноқлар остида ҳаром қотадилар. Лекин, оддийгина Кессиер, Сиваш, Хаскиларимизга жин ҳам урмайди, – деди Мейсон ишини якунлаб итни нари сурар экан. –Ҳа, уларга жин хам урмайди. Ўзимизнинг Шукум ҳам улардан қолишмайди, панд бермайдиганларидан! Кутилмаганда ўқдай учиб келиб, шиддат билан сапчиган кўппак ўткир тишлари билан Мейсоннинг бўғзига чанг солишига бир баҳя қолди. – Ҳой, нари тур! – дерди Мейсон ғазаб билан итга қамчи тортиб. Зарбдан қорга қулаган ит сўйлоқ тишлари орасидан сарғиш сўлак оқизиб, безовта қалтирар эди. — Нима дегандим сенга, кўрдингми шаштини? Сен билан ҳатто баҳс бойлашаман – бир ҳафтага қолмай Карменни тилка пора қилади у! – Йўғ-ей, менимча… – деди Мейлмют Кид музлаб қолган нонни гулхан тафтида айлантирар экан, — Сафаримиз қаримай, Шукумнинг ўзи бизга емак бўлмасайди. Рус, сен хам нимадир демоқчисан шекилли? Мейсоннинг ҳинду аёли қўлидаги қаҳвага муз бўлагини ташлар экан, аввал Мейлмют Кидга, кейин эса эрига, итларга хам бир қараб қўйди-ю лом-мим демади. Шусиз ҳам бари кундек равшан – шу юришда ҳали яна икки юз мил йўл босишлари керак, олти кунга етар-етмас егуликлари бор — бундан ўзга илож ҳам йўқ-да. Ҳамма камтарона тушлик учун гулхан атрофига яқинроқ сурилди. Кун теппага келганда фурсат қисқалигидан итларни чаналардан бўшатишмади, жониворлар эса қорга чўзилганча хўжайинларининг ҳар бир ютган луқмасига суқланиб тикиларди. — Бу охирги тушлигимиз, эртадан бошлаб бу ҳам йўқ, — деди Мейлмют Кид. — Лекин итлардан кўз узмаслигимиз керак. Важоҳатини қара уларни, кун сайин ваҳшийлашиб кетяпти, қўйиб берсанг пайт пойлаб бир-бирини ғажиса! – Мен бир пайтлар черков хизматида бўлганимда, якшанба кунлари мактабда дарс ҳам берардим… Негадир бу мавзуда сўз очган Мейсон ҳали ховури босилмаган мокасинига термулганча ўй суриб қолди, Рус унинг бўшаб қолган кружкасини тўлдираётгандагина ўзига келди. – Бахтимизга, ҳозирча етарли чойимиз бор. Мен жанубда, Теннессида, чойни қандай экиб, ҳатто қанча ҳосил олишганигача кўрганман. Ҳозир эса иссиққина жўхори нон учун боримни хам бериб юборардим. Майли, қайғурма, Рус, яна оз қолди, яқинда очлик азоби ҳам тугайди, эски чориғингдан ҳам қутуласан. Ғамгин аёлнинг чеҳраси ёришди, кўзларида хўжасига нисбатан чексиз муҳаббат порлади. Аслида, Рус билган оқ танлилар орасида Мейлмют Кид- аёл кишига нисбатан ҳайвон ёки жирканч маҳлуқдай эмас, балки аёл сифатида эҳтиром кўрсатган биринчи одам эди. – Ҳа, Рус, – деди Мейсон икковигина тушунсин учун ҳиндучалаб– биз тез орада бу ерлардан ҳам кетамиз, манзилга етгач, оқ танлиларнинг қайиғига ўтириб оламиз-у, Шўр сув бўйлаб сузиб кетамиз. Чор атрофингда фақат сувни, тизгинсиз сувни кўрасан, мавжланаётган тоғдай тўлқинлар бир зум тиним билмайди. Поёнсиз уммон бағрида ўн, йигирма, йўқ-йўқ, қирқ кунлик йўлни босиб ўтасан. Мейсон бармоқларини бир-бир букиб, сафар кунларини ҳисоб-китоб қила кетди. – Истайсанми-йўқми, атроф фақат сувдангина иборат бўлади. Кейин эса одамлар-у ёзги чивинлар билан тўлиб-тошган кенг водийга тушиб борасан. Вигвам лар шу қадар юксак-ки, худди ўн, йўқ, йигирмата қарағайни устма-уст қўйгандек –тасаввур қилиб кўргин-а! Завқи келган Мейсон бир зум каловланиб қолди, Мейлмют Кидга маъноли қараб қўйди-ю, йигирмата қарағайни қандай қилиб устма-уст жойлаштириш мумкинлигини имо-ишора билан кўрсата бошлади. Кид эса унинг ҳаракатларига истеҳзоли қарар, бироқ Руснинг кўзлари ҳайрат ва бахтдан чақнаб турарди, Мейсон, аёлнинг наздида, ҳазиллашаётгандек, бироқ мана шу илтифот унинг ғариб кўнглини тоғдек кўтаргани ҳақиқат эди. – Кейин эса қутига ўтириб оласан-у, узо-оқ — узоқларга жўнаб кетасан! – Мейсон гапининг исботидай тепага отган бўш кружкасини чаққон илиб олиб, қичқирди: – Мана, бир зумда етиб ҳам келдик! Улуғ шомонларга ҳамду санолар бўлсин, сен Форт-Юконда, мен эса Арктик-ситида бўламан. Орамиз йигирма беш кунлик йўл. Ўртамизда узун арқон, мен арқоннинг бир учидан ушлаб олганча, сенга, «Алло, Рус, қалайсан», дейман. Сен эса, «Мейсон, ўзингмисан, нон пиширолмаяпман, сода қолмабди», дейсан куйиб-пишиб, мен эса «Қазноқни қарасанг-чи, ун қопининг орқасида тургандир. Кўришгунча!» дея гапни қисқа қиламан. Кейин эса қазноққа тушиб, керагича сода оласан-у яна ўз юмушларингга шўнғиб кетасан. Эрига маҳлиё бўлиб ўтирган Рус шундай самимий жилмайдики, эркаклар кулавериб ичаклари узилай деди. Балки итлар овози олисдаги сирли ўлка ҳақидаги ҳикояни бўлиб қўймаганда мана шу кайфият ҳали анча давом этарди. Кид ва Мейсон итларни тинчлантиргунига кадар, аёл чаналарни бирлаштиришга улгурди. Сафар учун ҳамма нарса ҳозир бўлди. Мейсон қамчисини ишга солиб, норози ғингшиётган жониворларни эпчиллик билан олдинга юришга ундади, чаналар муздан ажралди. Рус Мейлмют Киднинг кўмагида чанасини юргизиб олгач, уни ортда қолдириб, олдиндаги чанага етиб олди. Бақувват бизонни ҳам бир ҳамлада қулатишга қодир Мейлмют Кид табиатан бешафқат одам. Аммо, итларнинг калтакланишига сира тоқат қилолмас, баъзан уларнинг ночорлигидан кулса ҳам, жониворларнинг бечораҳоллигидан йиғлаган пайтлари кўп бўлган. Мана, хозир хам итларнинг холига мотам тутганча: — Қани, олға, оқсоқ эринчоқлар, олға! — дея чаналарни қўзғатиш учун минғирлаб қўйди. Беҳудадай туюлган уринишлар ниҳоя топиб, унинг бардоши муносиб тақдирланди – оғриқдан азоб чекаётган бўлса-да, итлар энди ўз ҳамроҳларига етиб олиш учун жон-жаҳди билан олдинга ошиқарди. Орага жимлик чўкди. Машаққатли сафар ҳатто бир дақиқанинг ҳам беҳуда сарфланишига имкон бермасди. Барчасидан ҳам Шимол йўли хатарли экани аниқ. Бундай пайтда уззукун сукунат ва йўл азобига дош беролсанггина ўзингни бахтли сезасан. Аслида, янги йўл очишдан қийини йўқ. Ҳар қадамда тиззагача қорга ботиб кетиш, биргина қалтис ҳаракат барчасини зумда ҳал қилиши мумкин бўлган тик йўлдан оғишмай фақат олға юриш, қор бағрига тойиб кетаверадиган оёқларни зиён-заҳматсиз суғуриб олиш лозим, акс ҳолда, бир қадам ташлайсан-у, ярим ярд чуқурликдаги иккинчи оёғинггаям зўр беришга мажбур бўласан. Биринчи бўлиб йўл очиб бораётганда ҳар бир ҳаракатни ҳисоблаш керак – хавф кўланкасини олдиндан сезмаган одам, ақалли юз ярд юришгаям қурби етмай, ҳолдан тойиб йиқилиши аниқ. Шу тариқа кун бўйи юрсаям, бирор марта итлар оёғи остида қолмаганга тоза виждон ва ғурур билан пайтини топиб мизғиб олиш насиб этса керак. Ҳарқалай, йигирма кунлик олис сафар машаққатини енгиб ўта олган инсонга ҳатто, илоҳлар ҳам ҳавас қилади, деяверинг. Замин узра оқшом чўкди, сукунат бағридаги йўловчилар эса ҳамон олдинга интиладилар. Бетизгин пўртана, ваҳшатли бўрон, қалтираган зилзила, осмон гулдираги – аслида, табиатнинг бани Одам қавми шунчаки ўткинчи мавжудот эканини ҳар лаҳзада эслатиб турадиган турфа ғавғолари бундан ҳам кўп. Бироқ уларданда қудратлироқ, балки энг қайғулиси – ҳамма-ҳаммасига бепарво мана шу оқ сукунат эди. Атрофда қимирлаган жон кўринмайди. Кўкда мусаффо осмон хам силлиқланган мисдай тиниқ, нафас олишинг ўзингга гулдираб эшитилади — оқ сукунат исканжаси, ваҳимаси эди бу. Одамзод –сукунат оралаб кимсасиз ўлик дунё сафарига жазм этади-ю, қандай қалтис ишга бел боғлаб қўйганини англаган заҳоти, ўз жасоратидан даҳшатга тушади – борлиқ қудрати олдида шу биргина уриниши нечоғлик ожиз эканлигини ўйлай бошлайди. Тўсиндан ёпирилиб келадиган хаёллар эса энди фақат тириклик сирларидан сўзлайди. Ўлим, Яратгувчи ва Ёруғ Олам қаршисидаги қўрқув ҳисси, айни пайтда, қайта тирилиш умиди, ҳаёт ва умрибоқийлик истаги, занжирбанд онгнинг беҳуда уринишлари одамзод шуурини эгаллаб олади, пировардида, инсон фақат Яратгувчиси билан қолади. Қош қорайди. Бу ерда дарё ўзани кескин бурилганди. Мейсон чаналарини тор қирғоқ бўйлаб муюлишга бошлаб кетди. Бироқ юқорига кўтарилгач, итлар энди юришдан бўйин товлай бошлади. Рус ва Мейлмют Кид қанча чирансаям, чаналари нуқул ортга сирпаниб кетаверди. Мана, энг сўнгги уриниш. Шашти сўнган, очликдан силласи қуриган жониворлар сўнгги кучларини ҳам ишга солади.. Ниҳоят, чаналар қирғоққа чиқиб олди. Кутилмаганда йўлбошчи ит ўнг томонга оғиб кетгани жуда ёмон бўлди – чаналар орқада чанғидаги Мейсонга келиб урилди. Мейсон мувозанатини йўқотди, тасмаланган итлардан бири қорга қулади, чана эса пастга эниб кетди. Қамчилар фалокат сабабчисининг яғринида қарсиллай бошлади. —Бас қил, Мейсон! — ялинди Мейлмют Кид. — Бечора шусиз ҳам жон берай деб турибди-ку. Ундан кўра, ёрдамлашиб юбор, меникиларни ҳам қўшамиз. Мейсон ноилож итни савалашдан тўхтади, аммо охирги марта шитоб билан силкитганда узун қамчи қўлидан чиқиб, айбдорнинг ёнига бориб тушди. Бўғзигача қорга ботиб қолган, оғриқдан ғингшиб, ёнбошига ағдарилишга уринаётган кўппак… Кармен эди! Ҳеч кимга осон тутиб бўлмайдиган вазият – ит жон беряпти. Рус нима қилишни билмай жанжаллашаётган икки дўстга ўтинч билан боқади. Кўзларида аччиқ таъна акс этса-да, Мейлмют Кид бир гапдан қолиш учун чўккалаб олганча итнинг бўйнидаги қайишларни кеса бошлади. Жанжал шу билан тинди. Чаналар бирлаштирилиб, йўлда давом этишди. Кармен эса бир аҳволда энг орқада келяпти. Ит юришга мадори етса, ҳарқалай уни отиб ташлашмайди – ҳаёт учун энг сўнгги имконият қолади унда – судралиб бўлсаям қўналғага етиб келса бўлгани. Ич-ичидан пушаймон бўлсада, қайсарлик қилиб ҳеч қаёққа қарамай энг олдинда кетиб бораётган Мейсон олдиндаги хатар ҳақида, ҳатто, ўйлаб ҳам кўрмасди. Йўлда қалин ўрмонга дуч келишди. Эллик футча нарида қад ростлаган кекса қарағай неча йиллардан буён шу ерда турар, тақдир эса Мейсон иккисига бир вақтнинг ўзида кутилмаган интиҳо палласини ҳозирлаётганидан бехабар эдилар. Мейсон мокасининг бўшаган ипларини боғлаш учун энгашди. Чаналар ҳам тўхтади, итлар жимгина қор устига чўзилдилар. Шу аснода атрофни ғалати сукунат чулғаб олди. Изғирин ҳоким сукунат лаҳзалари юракни музлатар, титраётган борлиқ ҳам унсиз қулоқ тутарди гўё. Бирдан атрофга таралган хўрсиниққа ўхшаш сасни етиб келганларнинг бирортасиям эшитмади, билъакс, ички бир овоз тилга кириб, гуё рўй беражак мусибатдан воқиф этишга уринарди. Кеч бўлсада, фалокатни сезган Мейсон ўзини четга олмоқчи бўлди-ю улгурмади… Елкасига зарб билан қулаган дарахт бутун танасини босиб қолди… Мана, йиллар ва изғириннинг чексиз жабру ситамлари остида соб бўлган улкан дарахт умрининг сўнггида фожеадан иборат вазифасини ҳам адо қилиб бўлди… Дарахтнинг игна барглари ҳали ҳамон йиқилгандаги зарбни йўқотмай титраб турарди. Кутилмаган фалокат, оний ажал — Мейлмют Кид булар билан кўп бор тўқнаш келган. Шунданми, аёлга нима қилиш кераклигини айтиб, дўсти томон отилди. Ҳайтовур, ҳинду аёл ҳам кутилмаган бу фалокатдан ўзини йўқотиб қўймади, оқ танли хонимлар сингари кўз ёши қилиб ўтирмади, Мейлмют Кид айтганидай қилиб, тарвақайлаб ётган дарахт юкини енгиллатиш учун бор кучи билан таёқ тираб, боса бошлади, ҳеч бўлмаса, эрининг инграшини эшитиб қолиш учун ҳам у томон эгилди, Мейлмют Кид эса болта билан дарахтни чопаверди. Музлаган дарахт танасига теккан пўлат Киднинг ҳарсиллаши билан ҳамоҳанг, алланечук қувноқ жаранглар эди. Мана, ниҳоят Кид, Мейсоннинг пажмурда гавдасини қор устига тортиб чиқарди. Аёл юзидаги мотамсаро умид ифодаси дўсти тортаётган азоблардан-да қайғулироқ бўлганидан, таскин учун бир-икки калима сўз айтолди холос. Шимол одамлари шунақа –ҳавойи гаплардан кўра, нимадир чора кўриш керак, деб ҳисоблашади ва тўғриям қилишади. Ахир, нақ олтмиш беш даража изғиринда тирик жон қор устида узоқ ётса, омон қолармиди! Мейсонни терига ўраб, чанадан кесиб олган арқонлари билан чандиб боғлагач, шох-шабба тўшак устига ётқизишди, бошларига мусибат келтирган дарахт шохларидан катта гулхан ёқиб, тепасига иссиқни қайтарсин учун дағал каноп матони таранг тортиб боғлашди. Бу – табиатнинг ўзи ибтидодаёқ одамларга ўргатган қонуни эди. Ўлим тўшагидаги инсон ажал чорловини сезиб туради. Мейсоннинг бутун аъзойи бадани мажақлангани шундоққина кўриниб турар, ўнг қўли, оёғи, умуртқаси синиб, аллақачон ишдан чиққан, ички аъзоларидаги жароҳат эса бундан-да аянчлироқ бўлса, эҳтимол. Аҳён-аҳёнда инграб қўйишигина бечоранинг ҳамон тирик эканидан дарак берарди. Улар умидсизлик исканжасида имконсиз эдилар. Замин узра аста-секин ўз кўланкасини ёймоқда бўлган шафқатсиз тун Руснинг чехрасига соя сола бошлаган, Мейлмют Киднинг салқиган юзидаги ажинлар эса янаям кўпайганди, қисқаси, шу топда фақатгина беҳуш ётган Мейсон ҳамроҳларига нисбатан камроқ азоб чекаётган, борлиғида аллақачон Шарқий Теннессида, Буюк Туманли тоғлар бағрида болаликнинг ширин дамларини қайтадан яшаётган эди. Қачонлардир унут бўлган оромбахш жануб оҳанглари яна қулоқлари остида жаранглар, кўлда чўмилгани-ю, енот овига боргани, ҳатто тарвуз ўғирлаш учун елиб-югурганлари каби барча ҳаёт чизиқларини худди ипга тизгандай шууридан ўтказмоқда эди. Ўлим билан олишаётган беҳуш тирик жоннинг бу талвасаси Рус учун балки тушунарсиздир, бироқ Кид, Мейсоннинг ҳаёт шами тобора сўнаётгандаги кечинмаларини хис этиб турарди. Мейсон тонгга яқин ҳушига келди. Бир алпозда уни назардан қочирмай ўтирган Мейлмют Кид заиф ингранишни англамоқ учун эгилди. — Тананда учрашганимиз ёдингдами? Қара шунга ҳам тўрт йил бўпти. Ўшанда Русга деярли эътибор бермагандим, лекин кейин латофати мени ром этганми, у буткул ҳаёлимдан кетмай қолди. У оғир дамларда ҳам менга елкадош, ажойиб рафиқа бўлолди, биласан, савдо-сотиқдаям унинг олдига тушадигани йўқ. Бизга етиб олиш учун Буғи шохи қоясигача келгани, сув юзида тасирлаган ўқ ёмғири-чи, эсингдами? Бизга шошилинч хабарни етказиш илинжида Нуклукетога келган маҳалги очарчилик-чи? Шубҳасиз, Рус менга аввалгисидан хам аъло умр йўлдоши бўла олди. Русдан аввал ҳам уйланганимни билармидинг? Наҳотки айтмаган бўлсам? Ҳа, штатларда, ҳали уйдалигимда, оила қуришга уриниб кўрганман. Бу ерларга келиб қолишим шундан. Биринчи рафиқам билан болаликдан бирга улғайгандик. Мен унга ажрашиш имконини бериш учун ҳам ташлаб кетдим. У шунга рози бўлди, қара! Лекин…Рус – барибир бошқача! Мен бу ердаги ишларимни битириб, келаси йили униям олиб, қайтиб кетмоқчи эдим, лекин энди кеч. Кид, Русни ортга, қабиладошлари орасига қайтариб юборма. Биласан, аёл киши учун уйга қайтиб бориш осонмас. Ўзинг ўйла – ахир, тўрт йилга яқин биз билан дудланган гўшт, ловия, нон, қуритилган мева еб кун кўрсаю, кейин яна фақат балиқ ва буғу гўштидан иборат ҳаётга қайтса – тасаввур қиляпсанми?! У энди бизнинг ҳаётга кўникди, биз яшаётган муҳит қабиланикидан минг карра яхшироқ эканлигини билиб ҳам, яна ўша эскича ҳаётга қайтиш жуда оғир. Унга ғамхўрлик қил, Кид… Наҳотки қўлингдан келмаса! Ҳа-я, ахир сен ҳар доим аёллардан узоқроқ юрасан-ку, нега сенга ялиняпман ўзи?! Халигача бу ерларга нега келиб қолганингни ҳам билмасам… Наҳот раҳминг келмаса?! Русни Штатларга тезроқ жўнатиб юбор. Агар юртини соғингудек бўлса, қайтишига ёрдам бер. Биласанми, фарзандли бўлишимни эшитганимда қанчалар қувонгандим-а?! … У бизни янаям яқинлаштирарди. Фарзандим ўғил бўлсин, деб умид қиляпман. Бир ўйлаб кўргин-а, Кид – менинг пуштикамаримдан яралган бўлади у! Фақат, фақат у бу ерларда қолиб кетмаслиги керак. Агар қиз бола бўлса… Йўқ-йўқ, нималар деяпман ўзи?! Менга тегишли териларни сот. Улар камида беш мингга кетади. Ташкилотдаям анчагина улушим бор. Улар ҳам сенга. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади, хавотир олма. Муҳими, фарзандим яхши таълим олса бўлгани, Кид, фақат ўтинаман, у ҳеч қачон қайтиб келишига йўл қўйма. Бу ерлар оқ танлилар учун эмас. Мен энди куни битган одамман. Эҳтимол, уч ёки тўрт кунлик умрим қолгандир, яна ким билсин?!. Сизлар эса йўлда давом этишингиз шарт. Фақат олға юришингиз керак! Тушунсанг-чи ахир, улар менинг оилам… Эй Тангрим, фақат ўғил бўлсин! Ёнимда қолишингизни хоҳламайман. Эхтимол, сўнгги ўтинчимдир… — Уч кун муҳлат бер, — ўтинди Мейлмют Кид. — Балки аҳволинг бироз ўнгланар, эҳтимол барчаси биз кутгандан ҳам яхшироқ бўлар! — Йўқ. — Фақат уч кун… — Кетинглар. — Икки кунгина…! — Кид, уларни ҳам ўйласанг-чи. — Бир кун! — Йўқ, асло! Буюраман! — Ҳеч бўлмаса, бир кунгина… Бирор егулик топармиз. Балки мен лос овларман-а?! — Йўқ!… — Хўп, майли… Бир кун! Ортиқ бир дақиқа ҳам сўрама. Ҳа, яна… Кид… Ёлғизликда жон беришимга йўл қўйма. Биргина ўқ, фақат бир мартагина тепкини босиш кифоя. Тушундинг-а?! …У менинг зурриёдим бўлади, аммо тақдир энди менга кулиб боқмаслиги аниқ. Русни ёнимга чақир. Мен у билан видолашиб олишим керак. Унга ўғлимиз ҳақида ўйлаши, жон беришимни кутиб ўтирмаслигини айтмасам бўлмайди. Агар уни ҳозироқ кўндирмасам, кетмайман, деб туриб олади, сен билан. Алвидо, дўстим, алвидо! Кид, шошма… Яна бир гап… Ҳалиги жойни чуқурроқ қазигин. Қирқ центча тўплаб қўйганман. Кид… Шу пайт Мейсоннинг овози хириллаб қолди. Мейлмют Кид интиҳо палласида бўлса-да, ғурурини жиловлай олган дўстининг сўнгги васиятини илғаб олиш учун унга томон энгашди: — Кечир мени… Нима учунлигини биласан-а? Кармен учун! Мейлмют Кид унсиз кўзёши қилаётган аёлни эрининг тепасида ёлғиз қолдириб, паркасини эгнига илди, милтиғини елкасига осганча чанғи судраб ўрмон ичкарисига кириб кетди. Бешафқат Шимол ўлкасининг қонунлари унинг учун бегона эмасди, бироқ, энди ўйлаб қараса, ҳеч қачон елкасига бу қадар машаққатли вазифани олмаган экан! Аслида, бу шунчаки ҳаёт арифметикаси, яъни уч тирик жон биттасига, ўлими муқаррар турган инсоннинг иқрорига қарши эди. Мейлмют Кид икки ўт орасида қолди. Уларни дарё-ю сўқмоқлардаги сафарлар, қароргоҳ-у шахталарда, овда, тошқин ва ҳатто очлик маҳалида дуч келган муқаррар ўлим тоғида ҳам елкама-елка енгиб ўтилган беш йиллик оқибат риштаси боғлаб турарди. Мейсон билан муносабатлари шу қадар мустаҳкам эдики, илк бор ораларида Рус пайдо бўлгандан бошлаб, қалбида аёлга нисбатан аллақандай ғайирлик ҳиссини туйган эди, энди эса хаммасига факат ўзи нуқта кўйиши лозим. Кид шу топда Яратгандан унга битта бўлсаям лось жўнатишини тинмай ўтиниб сўрар, лекин атрофда бир зоғ кўринмасди. Замин қоронғуликка бурканган маҳал Мейлмют Кид ҳолдан тойганича, қуруқ қўл, юрагида залворли юк билан қайта бошлади. Тўсатдан эшитилган итлар шовқин-сурони ичидаги аёл чинқириғи уни тезроқ юришга ундади. Кид қўналғага отилиб кирганида, хинду аёл атрофида ириллаётган вахший тўданинг ҳужумини болта билан қайтаришга уринар – итлар хўжалари уқтириб келган темир қонунни бузиб, овқат заҳирасига ёпирилганди. Кид милтиқ қўндоғини ўқталганича кўмакка шошди, шунда яшаш учун кураш фожеаси ўзининг ибтидоий муҳит чегарасидан ўтиб бор шафқатсизлиги билан намоён бўлди. Милтиқ ва болта навбати билан кўтарилиб тушар, бир маромдаги уринишлар баъзан мўлжалга тегса, баъзан зое кетар, кўзлари важоҳатдан чақнаган, иржайган жағлари орасидан сўлак томчилаётган итлар тўлғаниб, ўзларини ҳар томонга ташлар, бинобарин, инсон ва ҳайвон ўртасида ҳукмронлик учун шиддатли кураш кетмоқда эди. Кўп ўтмай, калтаклар остида ҳолдан тойган итлар яраларини ялаган кўйи самодаги юлдузларга арз этган каби увлаб, гулхан ёнидан узоқлашишди. Қоқбалиқ заҳираси аллақачон талон-тарож бўпти, олдиндаги икки юз чақиримдан ошиқ йўл учун беш фунтлик ун қолди, холос. Рус Мейсоннинг ёнига қайтганида, Мейлмют Кид болтада боши мажақланган итлардан бирини сўйиб бўлган, ҳали совиб улгурмаган этни бўлаклай бошлаганди. Ишни битиргач, уларни ишончли жойга беркитди, тери ва ичак-чавоқларни итнинг собиқ дўстлари олдига ташлади. Тонгни янги ташвишлар билан қарши олдилар. Очликдан саросимага тушган итлар энди бир-бирларини ғажишга ўтди – ваҳший тўда ҳали ҳам ўлим билан олишиб ётган Карменнинг устига ташланди. Энди қамчининг аёвсиз зарби ҳам кор қилмади. Ҳар сафар қамчи ҳавода визиллаганда, итлар ангиллаганча ерга қапишиб олсаям, энди уларни тўхташнинг иложи бўлмади. Тўда тарқалганда Кармендан на бир бўлак тери, на бир суяк қолди. Мейлмют Кид хаёлида яна Теннессисига қайтган Мейсоннинг узуқ-юлуқ алаҳлашларига қулоқ солганча ишга киришиб кетди. Яқин атрофдаги қарағайлар унга анча қўл келди. У мўлжалидаги ишини тезроқ якунлашга тиришар, Рус эса Киднинг овқат заҳираси учун ҳимоя омборини ясашини кузатиб ўтирарди. Одатда, бундай ҳимоя омборлари уста овчилар орасида анча машҳур эди. Кид бирин-кетин иккита дарахт шохини ергача эгиб, буғу терисидан эшилган арқон билан маҳкам боғлади, сўнг итларни қамчилаб, чаналарга қўшди. Мейсон ўралган теридан бўлак ҳамма лаш-лушларни чанага жойлади. Мейлмют Кид дўстининг танасини арқон билан танғиди, ҳар икки учини эса қарағайнинг тепа шохига боғлаб қўйди. Қўлдаги пичоқни бир марта сермашнинг ўзи кифоя қилди – қарағайлар лаҳзада қад ростлаб, Мейсоннинг танасини ердан узди. Рус эрининг сўнгги васиятини индамай эшитди. Шусиз ҳам мурғак чоғидан бошлаб итоаткорликка ўрганган. Эсини танибдики, нафақат ўзи, барча аёлларнинг ҳам эркак киши олдида, бутун тириклик ҳукмдори қаршисида бош эгганини, бунга қарши чиқиш уларнинг табиатига мутлақо ёт эканини кўрган. Эридан видолашув бўсаси олаётган пайтда – гарчи бу одат Русни тарбиялаган ёввойи муҳитга бегона эса-да, у шундай қилди – Кид уни юпатишни лозим кўрмади, аёлни олдиндаги чанага бошлаб келиб, чанғиларини кийиб олишига кўмаклашиб юборди. Аёл ихтиёрсиз чанага жойлашди, қамчини сермаб итларни ҳайдаганча йўлга тушди. Рус анча олислаб кетди, Кид эса гулхан ёнига чўккалаганча ҳамон дўстининг ўлимини кутар, ажалнинг тезроқ келишини сўраб илтижо қиларди. Шубҳасиз, сукунат бағрида, маҳзун ўйлар гирдобида ёлғиз қолиш осон эмас. Шу туришда ҳатто зулматнинг сокинлиги ҳам таскин бераётгандек мурувватли туюлар, бироқ пўлат тусли осмон остида бепарво ястаниб ётган Оқ сукунат ҳамон совуқ ва шафқатсиз эди. Орадан бир-икки соат вақт ўтди ҳамки, Мейсон ажал билан олишарди. Кун ярмида, қуёш ҳали уфқдан бош кўтармай, осмон бир ёришди-ю бироқ яна зулмат қаърига сингиб кетди – Мейлмют Кид базўр ўрнидан қўзғалди. Мейсоннинг тепасига келиб атрофга аланглади, гўё оқ сукунат ҳам уни таҳқирлаётгандек, жисмини алланечук қўрқув ҳисси чулғаб олди. Ҳеч қанча ўтмади, атрофни қисқа ўқ овози тутди – Мейсон юксакка, ўзининг боқий маконига кўтарилди. Мейлмют Кид эса итларни жон-жаҳди билан қамчилаганча, қорли саҳро узра елиб кетди. – Шимолий Америка ҳиндуларининг ёзги қўналғаси, деярли тик турғазилган қарағайларнинг тепаси бирлаштириб қуриладиган баланд чайла
2021-10-31
http://nodirabegim.uz/archives/4414
Вьетнам шоири. Ханой шаҳрида таваллуд топган. Вьетнам Ёзувчилар асоссиацияси аъзоси. Бир нечта шеърий китоблари чоп этилган. Рўбарў қилди Йўл четидаги кичик хиёбон Ҳув ёшлик чоғим Ҳаётимни ўзгартиришга Қодир бўлган қиёфани. Учратдим Йен Ту тоғига Чиқмоқни истаб Қум ортмоқлаган кишини. У ўткинчи ҳаётдан бохабар Булутларни қучиб Шамол ила кўтарилиб Қадам-бақадам бораётир Тўшалганча пойига бўшлиқ. Бу ерда бор фақат Муҳаббат ва салқин ҳаво Оҳиста учиб юрар Сув юзаси аро ниначилар Жой излар ҳордиқ истаб Майса узра капалак Бўсалар учун Сукунат истайди ишқ. Кўлнинг бошқа тарафида Кўзга ташланар Абадий ётган қабрлар- Бир пайтлар ер юзида Мавжуд бўлган одамларнинг Эндиликда сокин маскани. Кўл юзаси тўлқинланар… Ташқарида эса Ортга ва пастга томон Турмуш тарзи кетар югуриб. Нима учун бозор деб аталар? Ҳеч ким сотиб олмайди Ё сотмас ҳеч нарса Ўзаро учрашиб одамлар фақат Бир-бирларини топишар Оқ булутлар ичра. Кейин булут шаклида Юксакларга ишқ қилади парвоз Қўллар унга кўтарилар Ва ҳеч нарса ололмас Ўйладимки Шу сабаб у булутга қиёс. (халқ оғзаки ижодидан) Порламоқда барча юлдузлар Фазо узра учиб Барчаси улкан ва олисдай. Заминда бир-биримизни Шунчаки топа олмаганимиздан Эслаш ва севишни ўйлаб Қайриламиз сўнг Шу буюк юлдузлар сари … Қачонки йўқолса ишонч Одамлар йўқотишар Бир умрга бир-бирларини Ва топишни галактикалар аро Тентакларча қилишар орзу.
2021-01-11
http://nodirabegim.uz/archives/4418
Вьетнам шоири. 1953 йилда таваллуд топган. Вьетнам Ёзувчилар асоссиацияси аъзоси. Осмон, булутлар, сувлар Орасида сокинлашиб тафаккур Юритар ҳаёт ҳақда мулоҳаза. Муҳаббатим гарчанд Теран ва эҳтирослимас Бош кўтараман Ҳануз қаршилаш учун Тонгги қуёш шуъласини. Билагингга тақаман Мовий тошли билагузук Томчилари залворли Гарчи ёмғирнинг Ёки қайноқ қуёш нурлари Мовий кўринар улар Хамон сингиб рангига чуқур. Билагингга тақаман Мовий тошли билагузук Сени бағримга босганим каби Ва унга боққанингда ҳар гал Қучоғим ҳақида сурадирсан ўй. Билагингга тақаман Мовий тошли билагузук Ҳис қиламан мана Бағрингни тафтини мен ҳам Қийин тус олса-да Гарчи кун келиб ҳаёт Севгим сен билан бўлади мудом. Нхат Ле, денгизим Сенга қайтишни қилдим ихтиёр. Қаердасиз шўртак тўлқинлар? Гарчи бўлсанг-да сен Суви ширин ёки тузга мўл Биз бир бутунмиз Порлаши учун ҳар тонг ишқимиз. Истагим шу- Инсон бўлмоқ зиёли Ва меҳри дарё Ўрганмоқ, ишламоқ қаттиқ Тунни тун, кунни кун демасдан сира. Йўл бордир ирода бор ерда Ўз уйимиз, ватанимиз учун Зарҳал китобдан Шу йўл сочиб турар нур.
2021-07-11
http://nodirabegim.uz/archives/4428
— ҳинд шоири, ёзувчиси ва журналисти. 1954 йилда туғилган. Ҳиндистон ва четда чоп этилган ўндан ортиқ китоблар муаллифи. Адабиёт йўналишидаги “Пушкин мукофоти”, “Вагешвари мукофоти” кабилар лауреати. Бутун шаҳар Туманга бурканган Бой берилган Самарқанд Шўнғир аждодлар хотирасига. Бу ерлардан отга мингашиб Бобур қайта ва қайта Йўрғалатиб ўтган отини Мажбур қилиб гоҳ Бамисли уни этмоққа парвоз Орзуларин кеткизмай кўз олдидан. Бу диёрни у кетди ташлаб Ният қилиб қиличи ёрдамида Тарих яратмоқликни. Ҳиндикушни ўтганда ошиб Эгнидаги зарбоф чопонга Мақтов ёғдирди кўкда юлдузлар Оёғига чалпилаттиб лаб босди замин. Камон ва қиличлари-ю Қолган-қутган аслаҳаларин Ортмоқлаб карвонига У йўлга отланди бир кун. Ватанига қайтиш истаги Ларзага келтирди Ерни Йўл-йўлакай У портлатиб порох Атрофга сочганда ҳалқаларини. Надоматки, у қайтмади йўлдан Қайтмади кейинчалик ҳам Унга илҳақ бўлди Самарқанд Юрагида оғриқ билан Қулочини ёйганича кенг. Топширди Бобур омонатини Йироқдаги Деҳлида ажал Бўса олди пешонасидан. Самарқанд қалқиди Кўзлари, лаблари, юрагида бир Лек, етишмади у ерга жисми. 2. Самарқанд Деҳлидан узоқ -Қанчалик узоқ? Ноль рақамин кашфиётига Cеҳрланган Ибн Сино Расадхонада ўтириб Орзулайди олис Деҳлини. Чақнаб ва порлаб турган Кўзлари билан кузатар уни Туман тутунлари орасидан Мўралайди Самарқанд Бидирлайди ёш бола каби: -Самарқанддан олисда Деҳли. Самарқанд Деҳлидан узоқ -Қанчалик узоқ? Мана Бобур Сўраймизми келинг-чи ундан? Бобур жилмаяди Сўз қотмасдан бирорта Тепадан пастга — Лойга топталган оёқларига боқади Овози бўғилиб, тили боғланади Отнинг белига туширади Шарақлатиб қўллари билан Чигалини ёзади қўлларини Эгарни уриб Ниқтайди Отни қизишиб, тантанавор Оёқларини қўяди узангига Кулади, қичқиради ва гапиради: -Самарқандга бўлингиз ғамхўр Мен юзландим Деҳли сари. Қисмат шундай Ҳар бир Бобурдек шахсга Масофа-бир қадам Деҳли ва Самарқанд ўртасидаги.
2022-07-01
http://nodirabegim.uz/archives/4451
— Вьетнам шоири. 1944 йилда Вьетнамнинг Хай Дуонг провинциясида туғилган. Вьетнам Ёзувчилар Ассосиацияси аъзоси. Адабий фаолияти давомида 51 та китоби нашрдан чиққан. Жумладан, “Янгсе Кианг тўлқинлари ёқалаб” ва “Тўрт фасл” шеърий китоблари. Шоир Вьетнамнинг Адабиёт соҳасидаги 2-даражали Миллий мукофоти ва “ Меҳнатлари учун” медали лауреати. Куз уйга ранг сочди қора чигиртка хонишига эргашиб илкис Софора* сояси бўрттириб тасвирлади ўтган йил андуҳини Эски ой қатраси эриди ёввойи хризантема* вужудида Кетаётган куз ортидан хиралашди бирма-бир сочдаги оқлар Қулоққа чалинди элас-элас хайрлашув онларининг титроғи. Шундай саросимада қолди сукунат ичида сув ва булутлар Шундай сукунат эдики, қилиб бўлмасди туйғуларни назорат “Бор бўлсин, муҳаббат!”, “Бор бўлсин муҳаббат!” деб шивирлаганча такрор Бош кўтарди кечки, муздек, шимолий- ғарбий томондан эсган шамол Ўтингум ёрим, тингла, келажакдаги мавжудлик асли мавҳумдир Минглабларини алмаштир олисдаги нурсиз ва сармаст бир дамга. Бошим жиринглади бамисоли миттигина қўнғироқча янглиғ Роса жаранги баланд ҳамда тантанавор гўзаллик қаршисида О, Куз шукуҳли бир шон-у шавкатга эгалик қилади жисминг Бағрингда теран мовий осмонга сингиб кетмоққа бўламан ташна Ва олтин каби минглаб милга учгим келар ҳар бир равон устидан. Қайтиб учрашмаслигимиз бўлганда эди бизга маълум Сени айбламасдим шунча кўп гуноҳни зиммангга юклаб Қимр этмай турибсан сен ҳануз зулматга юзингни буриб Бўйнингга олиб бирор сўз қотишга-да ожизлигингни. Қайтиб учрашмаслигимиз бўлганда эди бизга маълум Дарагингни йўқлаб бормасдим ўшанда чўкканида тун Бўлмоқлиги учун фақат муҳаббатдан иборат ўтмиш Бўлмоқлиги учун келажак бир пайтда лоақал тотли. Қайтиб учрашмаслигимиз бўлганда эди бизга маълум Танбеҳ бермасдим қўйганинг учун ўзга инсонга кўнгил Мазкур оддий ҳақиқатни англаб етдим эндиликда мен Кетганингдан кейин аллақачон жуда олис-олислаб.
2022-10-01
http://nodirabegim.uz/archives/4459
Умр- ҳикоядир, ўлим-гапнинг тугаши Ҳаётда бўйнимга тушган гунохларимнинг Энг каттасидир бу мисраларни ёзишим Мени кечир, маъзур тутгин, ёлворгум сенга Кечира олмасанг эса жуда кеч бўлар… …Отам бошқалардек омонатини топширди Госпиталь каравотида. Жаннат терида Чўмилди қушники каби думалоқ боши Нафаси титратди танасин худди шамол Қуп-қуруқ хазонни кўкка кўтарганидай… Эҳ, қанчадан қанча ўтли, оташин кузни Бирга ўтказгандик Вермонт штатида бизлар Ярим тунда эртакнамо шаҳарлар аро Қизил Феррарида муздек ҳавони кесиб. Отам ҳайқирганди қўлларини ойнадан Чиқарганча елда бармоқларин ўйнатиб: -Гапнинг дангали шу: қандай гўзал-а ҳаёт?! Умидим бор шундай қолишига тоабад! Рўё эдими бу?.. Оқшом чўкканди… Хона Деразалари берк ҳолда сарғиш ёғдуни Совутқич шовқинин, тиббий жиҳозларнинг Қизил ҳамда яшил рангларини, зонтларни Асрарди астойдил гўё лиана мисол. Нафаси узоқдаги гўдак йиғисига Ўхшарди… умрининг охирги онларини Чирмарди умидсизликка (виқорли жаҳл). Аммо улар бошнинг ҳар бир қимирлашида Қувилганча ёмғир томчилари сингари Сингиб кетардилар саҳна туманига Катта нарсанинг бир қисмига айланишиб Енгил тин олардилар тепалик ортида Изғирин кунларда қуёш ботиши янглиғ. Охирги фосфорли томчи умидсиз ҳолда Сирғалиб тушди тоғ қоялари бағридан Бу акс этди унинг қип-қизил нуқта сари Тикилган кўзларининг қорачиқларида: — Мен бир тилак сўрадим, суюклигим, қарагин Мана ўша тилак… Қандай гўзал қуёш ботиши! Ва у қисиб қўйди қўлимни… Унинг қўли Чойшабнинг устида ҳаракатсиз ётарди Қўрқинчли бармоқлар солиб юракка ҳадик. Мени тутган қўллар туғилганимдан буён Улар тутишмайди энди ҳеч қачон қайта Бу оний лаҳза ўлдирарди мени ҳам (Мушкул тасвирлаш унинг зафарин ҳозир) Бунга йўл қўйсам кечирмасдим ўзимни Муносиб бўлмасдим отам хотирасига. Соғайишимга шу сўзлар етарли бўлди Ва отди субҳидам… Сени асрагандим худди марвариддек Оҳ, танамдаги энг қимматбаҳо оғриқ Бу содир бўлмасди тўкиб ташламасам Қўрғошин бўлаги каби кўз ёшларни. Бўлганимда сени кўришга муяссар Сўнгги марта телба оломон ичида Давлат касалхонаси йўлагидаги Замбилда…Туш эди, туш эди, туш эди. Хонадонингдасан гўёки ҳалиям Меҳмонхонадаги дивандан шаҳарни Томоша қиляпсан ёпиқ деразадан… Сенга ғамхўр бўлгум иркит хазинадек Марварид қатлами билан ҳимояланган Худди бизлар биргадек дунёда ҳамон Кулгу нафасимда беташвиш жонланар. Керак эди безовта қилмаслигим сени Ҳам қилмаслигим ўлиминг муҳокамасин Сен тиш орасига қадалган уруғсан Яхлит сўз ё мутлақ ҳақиқатдан йироқ Исминг-чи самодан қулаб тушган учоқ (Ўзимга илиндим буни қандай, ё Раб). Тез зада бўламан қамраса жазава Боиси сен йўқсан бор бўлиб ногаҳон Туғдирасан менга даҳмаза лаҳзалар Қўлим етмас сенга майл билдирган оним Туюлгум аҳмоқдек гар изсиз сени Йўқотсам лабиринтим бурчакларида. Юзим жимирлайди, юққан инфекция Сен ишга ташнасан пана ерингда ҳам Мени оҳиста еб битирасан сенга Раъйим йўқлиги учун, золим чувалчанг. Бу разил дунёда юрдим шу тахлит Ойлар мобайнида кўриниб гўлдек Бор нарсани мечкайдек қилиб тановул Ва ҳар сафар бўм-бўш қолиб… қолавериб.
2021-09-16
http://nodirabegim.uz/archives/4296
Капитан деворга осиғлиқ турган қиличига ғамгин тикилиб ўтирарди. Девордаги жавонда эса турли об-ҳаво шароити ва хизмат қилинаверганидан униқиб, доғ-дуғ босган эски ҳарбий формаси илинганди. Гарчи орадан кўп вақт ўтган бўлса-да, бу кийим урушнинг хавотирли лаҳзаларини ёдга солиб турарди. Ҳозир эса собиқ фронтчи ўзининг ҳар қандай курашда енгилмас дамларини хотирлади. Алқисса, у бугун ёш бир аёлнинг меҳрли нигоҳлари ва табассумига сўзсиз бўйсунганди. Капитан ўзининг хос хонасига кирди-да, янгиттагина қабул қилган мактубни қўлига олди. Мактуб ўша аёлдан эди, капитаннинг юзига маъюслик соя солди. Мактубга қандайдир нотинч хатбоши битилган, бу эса унинг бор умидини йўққа чиқармоқдайди. “Сиз бор обрўйингизни бир четга суриб, рафиқангиз бўлишимга розилигимни сўрабсиз. Сизга очиқ гапиришим керак, деб ўйлайман. Билдирадиган асосий ва ягона сабабим шуки, ёшимизда катта фарқ мавжуд. Мен сизни жуда ҳам ёқтираман, бироқ турмуш қуришимиз хайрли бўлмайди. Сизга бу гапларни айтаётганимдан минг афсусдаман, лекин ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди ва сиз мени тушунасиз, деган умиддаман.” Капитан оғир ҳўрсиниб бошини кафтлари орасига олди. Тўғри, уларнинг ёшлари орасида анчагина тафовут бор. Лекин капитан бардам ва бақувват, ҳаётда ўз мақсадига эга ва давлатманд одам-ку. У нафақат севгисини, балки бор обрў-эътиборини, давлатини аёлга бағишлашга тайёр, фақат у ёшлари орасидаги фарқни унутса бас. Боз устига, капитан аёлнинг ўзига меҳрибонлигини ҳам яхши билади. Капитан жуда эпчил ва чаққон одам. Жанг майдонларида у ўзининг талабчанлиги ва мардлиги учун донг қозонганди. Аёлни кўриб, у ўзини таниди. Ёш! Нега бу сабаб муҳаббатларига тўсиқ бўлаяпти-я? Капитан икки соатда тайёр бўлди. Ҳудди урушда сафга чақирилишини кутаётгандек ўзини ғоз тутди. У жунубий шаҳарчадан поездга ўтирди-да, аёл яшайдиган жой –Тенессага йўл олди. Теодора Деминг катта эски уйининг пиллапоясида ёзги шафақнинг қизаришини кузатиб ўтирганди. Шу пайт дарвозадан капитан кириб келди, у шағални бир-бир босиб аёл томон одимлади. Аёл меҳмонни жилмайиб кутиб олди, елкасидан қандайдир оғир юк қулагандек бўлди. Капитан унинг қаршисида –бир қадам нарида тўхтаганида, уларнинг ёшидаги фарқ деярли сезилмай қолди. Капитан баланд бўйли, тиккадан келган, нигоҳлари тийрак ва юзи буғдойранг эди. Аёлнинг юзи эса латофатдан гул-гул яшнаб турарди. -Сизни кутмаган эдим, -деди Теодора. –Бироқ келибсизми, демак мактубимни олмаган кўринасиз? -Олдим, -деди капитан. –Шунинг учун ҳам ёнингизга ташриф буюрдим. Айтишим лозим, Тео, жавобингизни яна бир қайта ўйлаб кўрсангиз… Теодора самимий жилмайиб қўйди. Тўғри, капитан ҳаётни тушунган одам. Аёл унинг жўмардлиги, ақллигини жуда эъзозлайди. -Йўқ, йўқ, -деди аёл бошини сарак-сарак қилиб. –Бу гап ортиқча. Сизни чин дилдан ёқтираман, бироқ оила қуришга келсак… йўқ. Ўртамиздаги ёш туфайли… Менга тушунтиришга уринманг, хатимда барини айтгандим. Эркакнинг офтобранг юзи бирдан ловуллаб ёнди. Бироз жим турди, сўнг шафаққа хафақон тикилди. Бир текис тизилган дарахтлар орасидаги далада ўйнаётган болалар лашкаргоҳни эслатарди. Ҳа, анча йил бўлди лашкаргоҳни кўрмаганига. Вақтни Ота дейишади, чиндан ҳам вақт капитаннинг эски жароҳатларини ювиб кетганди. Фақат бир неча йилдан бери ўзи ва бахт ҳақида ўйлай бошлаганди. Аёлнинг бармоқлари титрай бошлади, бироқ қаттиқ ва метин қўллар уни кафтига олгач, бари жойига тушгандек бўлди. Аёл ниҳоят муҳаббат риштасини илғагандек бўлди. -Жуда қаттиқ қисманг, илтимос, -деди аёл мулойим товушда. –Ҳаммаси яхшиликка бўлади. Мен бу ҳақда жуда кўп фикр юритдим. Бир кун келиб, сизга турмушга чиқмаганим учун қайтанга хурсанд бўласиз. Тўғри, бир муддат бахтли яшашимиз мумкин, лекин ўйланг! Бир неча йилдан сўнг қанақа ташвишлар содир бўлади?! Тасаввур қилинг: бир оила. Улардан бири доим ўчоқ ёнидан тура олмай мутолаа қилиб ўтиради, эҳтимол, ҳар тонг уйга невролог ёки бод учун муолажа қиладиган ҳамшира ҳам келиб кетар. Иккинчиси эса турли балл ва таклиф этилган кечки базмлардан бўшамайди. Йўқ, менинг дўстим… Ўша пайт бу ҳудди январ ва майни эслатган бўларди. Ҳозир эса биз гўё вазмин октябр ва ёшгина июнь кабимиз. -Нимаки тиласанг, барини бажараман, Тео. Фақат айтсанг бас… -Йўқ, бундай деманг. Сиз ҳозир шунақа деб ўйлайсиз, лекин кейин истамай қоласиз. Илтимос, мени бошқа сўроқ қилманг. Капитан биринчи марта енгилди. У кучли жангчи эди. Бироқ сўнгги жанги минг афсуски, мағлубият ила якун топди: гапи оғзида қолганча, елкалари ожиз титрамоқда. Ўша куни кечки пайт капитан шимолга қайтди. Эртанги оқшомда у ўша хос хонасида ўтирганча, девордаги қиличига тикилишдан бўшамасди. Эркак кечки таомга тайёрланиб кийиниб олган, бўйнига оппоқ галстук таққанди. Шу билан бирга у ўзи билан ўзи гаплашарди. -Виждонан айтсам, мен Теога ишонаман, у ҳақ эди. Ҳеч ким бу аёлнинг гўзаллигини рад этолмайди, у эҳтимол 28 ёшдадир… Бизнинг капитан эса атиги 19 ёшда эди. Чиндан ҳам у шаҳарчасининг капитани бўлган, унинг севимли қиличи эса Чаттаногодан бошқа ҳеч қаерда қинидан чиқмаган эди. Бу митти шаҳарча эса Испан-Америка уруши бўлаётган катта уруш ўчоғига яқин бир ерда жойлашган эди, холос.
2021-10-17
http://nodirabegim.uz/archives/4372
Кундузги соат беш яримда эр-хотин Жон ва Элиза Грехэмлар ниҳоят Мэн штати (АҚШ) марказидаги кичкина шаҳарча, Виллога борадиган йўлни топишди. Шаҳарча Хэмпстид Плэйсдан бор йўғи беш мил узоқда эди. Бироқ улар икки марта бошқа йўлдан юриб адашиб кетишган эди. Шунинг учун ҳам Виллога етиб келишганида анча ҳолдан тойган, пешоналаридан тер қуйиларди. Бундан ташқари эр-хотин Грехэмлар Сент-Луисдан йўлга чиқишганида машиналариниг кондиционери бузилиб қолганди. Лекин Виллода ҳаво анча нам эди. — Милли Козинс бизга айтган бозор шу бўлса керак, – деб тўғридаги бинога ишора қилди Элиза. — Ҳа, уни замонавий супермаркет деб бўлмайди, – деб тиржайди Жон. Жон ва Элизанинг турмуш қурганига икки бўлди. Улар бир-бирини қаттиқ севишади. Жон ёзги таътилни Мэнда ўтказишни режалаштирганди. Бироқ Сент-Луисдан бу ерга келиш анча чўзилиб кетди. Жон бош кўча бўйлаб секинлик билан Вилло Савдо Марказига қараб машинасини хайдаб борди. Бир бино тепасига кўк бургут шаклидаги белги осилган эди. Жон бу бино почталигини тушинди. Шаҳарда на пиёдалар? на машиналар кўринарди. Бу ерда ҳудди ҳаёт тўхтагандек жим-житлик ҳукм сурарди. — Мен ёзги таътилни Мэнда ажойиб тарзда ўтказамиз деб ўйлагандим, – эрига минғирлади Элиза. — Шунча йўл босганимизга яраша Виллода оз бўлсада дам оламиз деб умид қиламан, – деди Жон атрофни томоша қилиб. Эр-хотин машинадан тушиб Савдо Маркази биноси томонга юрди. Бино ёнидаги похол шляпали, катта ёшдаги бир киши ўткир мовий кўзлари билан уларни кузатиб турарди. У қўлбола сигаретасини тутатиб ўтирар, оёқлари остида эса унинг катта, сариқ, зоти номаълум ити думини ликиллатганича у ёқдан бу ёққа айланар эди. — Салом ёшлар! – деди қари жаноб хушмуомалалик билан. — Салом, – деди Элиза. — Салом, – деди Жон ҳам. – Мен… — Жаноб Грехэм, – қария Жоннинг гапини бўлди. – Жаноб ва хоним Грехэм. Сизлар бу ерга ёзги таътилда дам олиш учун келган бўлсангиз керак. Китоб ёзганингиз ҳақида ҳам эшитгандим. — Ҳа, “Ўн саккизинчи асрдаги француз имиграцияси ҳақида” – чолнинг гапини тасдиқлади Жон. – Атрофга гап йўқ! Шундайми? — Албатта! Дам олиш учун зўр жой! Сиз билмайдиган кичкина шаҳарча. Қария сигаретасини тутатди. — Хотиним бунақа сигарета чекишимни истамайди. Айтишича бу нарса саратонга олиб келар экан. — Биз шаҳрингизга егулик ва ёқилғи олиш учун келдик, – деди Элиза. — Э! Ҳа, эсим қурсин! Сизларга айтишни унитибман. Мен Генри Эденман. Сизлар билан танишганимдан хурсандман. Сизларни бир ярим соатдан буён кутаман. Афтидан бу кичик шаҳарчага олиб борадиган барча йўллардан бирма-бир юриб чиққанга ўхшайсиз. Қария хириллаб кулди. Унинг бундай бетакаллуфлигидан Жоннинг қовоғи уюлди. — Хўш нега бизни кутаётган эдингиз? — Люси Досетте исмли бир аёл бу ерга янги саёҳатчилар келаётгани ҳақида хабар қилганди. Сиз Люсини танимайсиз, аммо айтишича унинг жиянини яхши билар экансизлар. — Милли Козинснинг хола-бувисини айтмаяпсизми мабодо? – сўради Элиза. — Худди шундай. Виллода барча бири бири билан алоқада бўлиб туради. Люси йўл бўйидаги тепалик этагида яшайди, – деди Эден. Кейин бироз ўйланиб қолди. — Сиз иккалангиз бугун тунни шаҳар ташқарисида ўтказганингиз маъқул деб ўйлайман, – деди ниҳоят. — Шаҳар ташқарисида? Нега бундай қилар эканмиз? Ахир бу шаҳарга энди келдик. Биз шу ерда дам олмоқчимиз, – деди Жон жаҳли чиқиб. — Бу яхши фикр эмас! – Эденнинг орқасидан кампирнинг бўғиқ овози эшитилди. Грехэмлар атрофга аланглашди ва дўкон ичидан чиқиб келаётган озғин, қари бир аёлни кўришди. У анча тушкун кайфиятда эди. — Мен Лаура Стентонман, – ўзини таништирди. – Одам иси ёқмас экан деб ўйламанг, аммо бугун тунда бу ерда даҳшатли ёмғир ёғади. Шунинг учун бу ерда қолишингиз хавфли. Элиза осмонга қаради. Кичкина булутчаларни ҳисобга олмаганда осмон мусаффо эди. — Хайрон қолишингиз табиий. Аммо ҳозир кўриб турганингиз ҳеч нимани англатмайди, – деди Лаура Стентон. — Кечирасиз. Гапларингизнинг бирортасига ҳам тушинмадим. Бу маҳаллий халқ ҳазилларидан бирими? – сўради Элиза кампирнинг гапларидан боши қотиб. — Виллода ҳар етти йилда бир марта даҳшатли ёмғир ёғади, – гапида давом этди Лаура. — Ўн еттинчи июнда! – орага суқилди қария Генри. – Бу дахшатли ёмғир ҳар етти йилда бир, ўн еттинчи июнда ёғади. Фақат ўн еттинчи июнда, бошқа кунда эмас. Шунингдек фақат бир кечагина ёғади. Нега шундайлигини биласанми, Лаура? — Йўқ, билмайман. Гапга аралашишни бас қил, Генри! Қариб ақлдан озибсан! – чолга қараб шанғиллади Лаура Стентон. — Ҳа, бўпти узр, – ундан ранжиди қария. Элиза Жонга бироз қўрқув билан қаради. — Бу одамлар устимиздан кулишяптими? Ёки иккови ҳам ақлдан озганми? –деди эрига. Жон хам хеч нарсага тушинмаётган эди. — Хўш, гапларимни эшитинг, – деди Лаура Стентон мулойимлик билан. Агар истасангиз, Вулвич Роддаги Вондервю мехмонхонасидан сизларга хона гаплашиб бераман. У ерда ҳозир жой тўлган лекин мехмонхона бошқарувчиси менинг холаваччам. У мен учун битта хона топиб беришига ишончим комил. — Бунинг барчаси шунчаки ҳазил, шундайми? Мен ҳеч нарсага тушунмаяпман, – деди Жон. — Йўқ, бу ҳазил эмас. Ҳар етти йилда ёғадиган бу ёмғир оддий ёмғир эмас, қурбақалар ёмғири! — Қурбақалар?! – деди Элиза хайрон қолиб. – Мен гўёки туш кўраётгандекман. Жон атрофга нажот билан қаради. Лекин кўчада хеч ким йўқ эди. “Бу ерда бир балога йўлиқишимиз аниқ” – ўйлади. “Агар бу одамлар чиндан ҳам ақлдан озишган бўлса аниқ муаммога учрадик.” — Ҳозир сизга айтаётган гапларим аҳмоқона туйилаётган бўлиши мумкин бироқ мен ҳам Генри ҳам шунчаки ўз ишимизни бажаряпмиз, – деди Лаура Стентон. — Буёққа кел! – Жон хотинининг билагидан ушлаб четга тортди. – Сизлар билан учрашганимдан хурсандман! Генри ва Лаурага сохта табассум қилганича Элизани олдига солиб олиб кетди. — Бунга ишонишингиз бироз қийин, – деди Лаура уларнинг ортидан. – Эҳтимол бизни ақлдан озган тентак деб ўйлаётгандирсиз лекин бу айни ҳақиқат. Виллода ҳар етти йилда бир марта қурбақа ёмғири ёғиши ҳақида эшитган инсонлар ҳам бўлса керак. “Эй худойим! Нега Сент-Луисдан кетдим-а?” ўзига ўзи минғирлади Жон. Бузилган кондиционерли машинада деярли ўн беш минг чақирим йўлни мана шу икки телбани кўриш учун босиб ўтган экан-да, шўрлик. — Элиза! Кетдик бу ердан! Жон машинасига ўтирди. Эр-хотин Грехэмлар чол-кампир билан хайрлашишди ва жўнаб кетишди. — Кетиб тўғри қилишди. Шундай қилишса уларга яхши бўлади, – деди қария. — Ўзимни жуда ёмон хис қиляпман. Ёмон иш бўлди. Улар жуда яхши инсонларга ўхшайди, – афсус билан уларнинг ортидан қараб қолди Лаура. Эр-хотин Грехэмлар қўшни шаҳарча Вулвичга боришди. Бу ерда Виллога қараганда анча яхши эди. Кўчалар машиналар ва одамлар билан гавжум, шаҳарда ҳаёт қайнарди. Жон ва Элиза истироҳат боғидаги майса устида овқатланишди. — Ўша одамлар хақида нима дейсиз, Жон? — Менимча буларнинг барчаси беъмани ҳазиллар. Бу ерлардаги маҳаллий халқ сайёҳлар билан ўйин қилишни ёқтиради, – деди Жон. — Аммо улар менга жиддий кўринганди, – деди Элиза бироз ўйланиб. – Ахир шаҳар ҳувиллаб ётганди. Сизнингча ўша шаҳарчадаги қолган аҳоли қаерда? — Бирор бир муассасанинг очилиш маросимига ёки бошқа бирорта зиёфатда бўлишса керак, – деди Жон ва Элизанинг идишига қаради. – Ҳеч нарса емабсанку севгилим! — Оч эмасман, – деди Элиза бироз хомуш тортиб. — Ахир сенга айтдим-ку уларнинг гаплари барчаси беъмани ҳазил деб. Жон рафиқасиниг қўлларидан ушлади. — Сиз чиндан ҳам шундай деб ўйлайсизми? — Ҳа, мен шундай фикрдаман. Даҳшатли қурбақа ёмғири эмиш, шу ҳам гапми? — Нега бундай деб ўйлаяпсиз? — Чунки бу одамлар ўзларининг тинчлигини ўйлаб шунга ўхшаш чўпчакларни тарқатишади. — Лекин ўша кампирнинг гаплари ҳазилга ўхшамасди. Тўғрисини айтсам унинг гаплари мени ваҳимага солиб қўйди. — Ҳа, бу кўриниб турибди, – деди Жон бу сафар жиддийлашиб. – Очиғи бундай аҳмоқликларга тоқатим йўқ, лекин кимдир рафиқамнинг юрагига ваҳима солибдими бу мен учун даҳшат. Мен бу гапларнинг тагига етаман. Хўш, ортга қайтишга тайёрмисан? — Ҳа, бироқ энди у ерни топа оламизми? — Ташвишланма! Мен нон ушоқлари билан ортимиздан из қолдириб келганман чунки у ерга қайтишга ундашингни билардим. — Оҳ, қандай ақллисиз, азизим! Элиза ўрнидан турди. Унинг юзида яна табассумни кўрганидан Жон хурсанд эди. Йўлдаги тепаликда фақат биттагина уй бор эди. Жон ва Элиза уйнинг ёнидан ўтиб кетаётишганида Жон деразадан қимир этмай уларга қараб турган бир аёлнинг шарпасини кўрди. — Қара! Дугонанг Миллининг хола-бувиси Люси кампир. Унинг вазифаси анови икки жиннига қўнғироқ қилиб бизнинг бораётганимизни етказиш бўлса керак, – Жон кулди. Улар беш дақиқадан сўнг Виллога етиб келишди. — Қулоқ сол! – деди Жон хотинига. Ҳамма ёқ жим-жит фақат атрофдан бақаларнинг товуши эшитиларди. — Булар шунчаки бақалар, – деди Элиза. — Қурбақалар эмас, – кулди Жон ва Зуҳро юлдузи чарақлаб турган мусаффо осмонга термилди. – Улар шу ерда, Элиза! Осмонга қара! Қурбақали булутлар! Жон хохолаб кулди. — Устимдан кулишни бас қилинг! – Элиза тирсаги билан эрини туртди. Улар бир уйга киришди ва тўғри ётоқхонага боришди. Элиза ухлай олмади. У ўрнидан туриб дераза олдига борди. Деразадан осмонга қараган Элиза унда булутлар сузиб юрганини кўрди. Шу пайт бирданига томга “гурс” этиб нимадир келиб урилди. — Жон! Жонни! Туринг! — Ҳа? Нима? Жон сапчиб ўрнидан туриб кетди. — Бошланди! Бақалар ёмғири бошланди! — Қурбақалар ёмғири! – хотинининг гапини тўғирлади Жон. – Тўғирлаб айтсанг бўл… “Гурс-гурс.” Жоннинг гапи оғзида қолди. — Бу беманилик, – деди Жон жаҳл билан. “Чарс-чурс”! Бу сафар шиша жаранглаши эшитилди. — Эй лаънати! Жон бақирганича ўрнидан туриб, костюмини кийди. — Етар! Ҳозир… Томда ва ҳовлида бир неча марта гурсиллаган товуш эшитилди. Элиза эрига қўрқув билан қаради. — Аниқ биламан, бу ўша эси паст чол ва кампирнинг иши. Улар бир нечта қария ошна- оғайнилари билан ҳовлига бир балоларни отиб бизни мазаҳ қилишяпти! – бақирди Жон. “Гурс, қарс-қурс!” Бу сафар товуш ошхонадан эшитилди. — Худо ҳаққи, ҳозир… Жон додлаганича залга югириб чиқди. — Мени ёлғиз ташлаб кетманг! Элиза чинқирганича эрининг ортидан югурди. Жон югириб меҳмонхонага чиқди. У ерда катта дераза бўлиб, у синиб ётарди. Жон синган шиша бўлагини қўлига олиб, унга яхшилаб разм солди. “Йўқ, буни тош синдирмаган” – ўйлади. “Бу…” — Жон нима бу? – Элиза эрининг ортидан кириб келди. — Қурбақа… – деди Жон гарангсираб. Синган шиша парчасига тикилганича ўзига ўзи алланималарни гапирарди. Деразадан ташқарига қараган Жон ақлга сиғмас даҳшатли манзарани кўрди. Ҳаводан бир тўда ғалати шаклдаги нарсалар ёғарди. Улардан учтаси синиқ деразадан ичкарига кириб кетди. Биттаси тўғри полдаги шиша бўлагига бориб урилди ва танасидан қоп-қора суюқлик отилиб чиқди. Буни кўрган Элиза чинқириб юборди. Қолган иккитаси эса гилам устига бориб тушди. Улардан бири ўзини ўнглаб олиб қалтираб деворни пайпаслаётган Жонга қараб сакради. Ўша сакраган нарса қурбақа эди. Лекин у одатдаги қурбақаларга умуман ўхшамас, яшил-қора танаси анча катта ва думалоқ эди. Унинг тилларанг кўзлари ғайриоддий тухумга ўхшарди. Оғзида эса игнага ўхшаш ўткир тишлари бор эди. Бироз фурсат ўтиб яна бошқа кўплаб қурбақалар ичкарига отилиб кирди. — Бу ердан кет! Жон зал эшиги олдида қўрқувдан қотиб қолган хотинига бақирди ва ўзи томонга сакраб келаётган қурбақани тепди. Қурбақа унинг оёқ бармоқларига ўткир тишларини санчди. Дахшатли ва кучли оғриқдан Жон деворни бор кучи билан тепди. Атроф қурбақаларнинг хунук вақиллашига тўлиб кетганди. — Бу ердан тезроқ қоч, Элиза! Жон яна хотинига бақирди ва қонаётган оёқларига қаради. Қурбақа ўлган аммо унинг катта, ўткир тишлари Жоннинг оёқ бармоқларига санчилганди. Жон уни силтаб юборди ва ниҳоят ундан халос бўлди. Хона ичи қурбақаларга тўлиб кетганди. Жон эшикка қараб югурди. Элиза ўзига келди ва эрини ушлаб тортди. Иккиси залга йиқилди. Жон эшикни ёпишга улгирди. Шу лаҳзада дўкон олдида ўтирган ўша қарияни эслади. “Эй Худойим, нега унга ишонмадим? Қанақасига ишонай, ахир умримда бундай даҳшатга учрамагандим!” Жон хотинига ташқарини кўрсатди. Аммо Элиза у ерга чиқишдан қўрқиб орқага чекинди. — Элиза! Жон хотинини ушлаб қолишга уринди. Хотини эса чинқирганича ундан узоқлашди. Қурбақалар залга ҳам ўтишди ва улар томонга сакрай бошлади. Жон хотинини ушлаб олди. — Элиза! Худо ҳаққи, гапимни эшит! – Биз ертўлага беркинишимиз керак! У ерда хавфсиз бўламиз! Жон хотинини силтади. — Йўқ! – бақирди Элиза. Айни пайтда жентелменлик қилиб, уни тинчлантириб ўтиришга вақт йўқ эди. Жон хотинини силтаб тортди ва олдинга судради. Залнинг яримига боришганида Элиза эс- хушини йиғиб эрига эргашди. Улар ертўла эшиги олдига боришди. Жон эшик тутқичини тортди, бироқ эшик очилмади. — Лаънати! – Жон бақирганича эшик тутқичини жон ҳолатда тортди, аммо эшик қилт этмади. — Жон, тезроқ! – Элиза улар томон сакраб келаётган қурбақаларни кўрди. – Жон, илтимос! Илти… Қурбақалардан бири Элизанинг тиззасига сакради. Элиза додлаб уни отиб юборди. — Жон! Эй Худойим, Жон! Жон Грехэм бирданига хато қилаётганлигини тушинди. У эшикни итариш ўрнига уни тортаётганди. Эшикни олдинга итарганди, у очилиб кетди. Эр-хотин ичкарига юз тубан йиқилишди. Қурбақалар эса очиқ қолган ертўла эшиги томонга сакради. Жон ўзини тутиб эшикни қарсилллатиб ёпди лекин қурбақалардан ўн иккитаси ичкарига киришга улгирди. Жон қоронғуда деворни пайпаслаб чироқни ёққанида Элиза яна додлаб юборди. Унинг сочларига қурбақа ёпишиб олганди. У қичқирганича бошини ертўладаги қутилардан бирига урди. Қурбақа сочларидан тушиб мажақланиб кетди. Жон ва Элиза ортга чекинишди. Жон деворга суяб қўйилган занглаган белкуракни кўрди ва тезда уни қўлига олиб улар томонга сакраётган қурбақаларни ура бошлади. Жон ертўла ичига кириб олган ҳамма қурбақаларни белкурак билан уриб ўлдирди. Эр- хотин Грехэмлар бири бирларини маҳкам қучоқлаб олганича ташқарида тўхтовсиз ёғаётган қурбақалар ёмғирига қулоқ солишди. Жон ертўланинг митти деразасидан ҳовлида сакраб юрган қурбақаларни кўрди. — Деразаларни беркитишимиз керак. Улар деразаларни синдириб кириши мумкин. — Нима билан беркитамиз? – деди Элиза йиғламсираб. Жон атрофга қаради ва деворга тиралган фанерларни кўрди. Кўп эмас, аммо етади. — Манавилар билан… – фанерларни кўрсатди Жон. – Қани, менга буларни майдароқ бўлакларга бўлишга ёрдамлаш. Улар тезда ишга киришишди. Ертўланинг тўртта деразаси бор эди. Жон билан Элиза оҳирги деразани фанер билан ёпишганида биринчи деразанинг шишаси сингани эшитилди бироқ фанер жойида мустаҳкам турарди. Грехэмлар ертўланинг ўртасига бориб ўтиришди. Бу орада ертўла эшиги ортидан эшикни ғажишни бошлаган қурбақаларнинг овози эшитилди. — Агар улар эшикни еб ичкарига киришса нима қиламиз? – шивирлади Элиза. — Билмайман, – деди Жон қўрқув тўла кўзлари билан эшик томонга боқаркан. Шу пайт эшикнинг ўртасидан катта тешик очилиб ундан қурбақалар тўдаси ёпирилиб кирди. Элиза бу сафар чинқирмади. Унинг додлашга ҳоли қолмаганди. Қурбақалар галаси улар томонга ташланганида Жон Грехэмнинг фарёди бутун атрофга эшитилди… Ярим тун. Виллода қурбақалар ёмғири шаррос қуярди. Тунги соат бир яримда кўл яқинидаги қарағай дарахтига охирги қурбақа келиб тушди ва ерга тушиб сакраб- сакраб қоронғуда ғойиб бўлди. Эрта тонгда бутун Вилло шаҳарчаси чор атрофга сакраб, вақ-вақ қилаётган қурбақаларга тўлиб кетганди. Маҳаллий фермерлар ҳар етти йилда бир бўладиган ушбу даҳшатли ёмғирдан хабардорлиги учун чорва молларини хавфсиз жойга олишга улгиришганди. Ахир суғурта компаниясидагилар қурбақа ёмғири ҳақидаги гапларга ишонишармиди?! Қуёш уфққа бош кўтаргач унинг нурлари қурбақаларни эритиб юборди. Уларнинг териси оқариб, “пақ-пақ” этиб ёрилиб кетди ва оппоқ суюқликка айланди. Вилло шаҳарчаси ҳудди сўнаётган вулқон маконига ўхшаб қолганди. Эрталаб соат саккизларда Лаура Стентоннинг машинаси Савдо маркази олдига келиб тўхтади. У машинадан тушганида анча хорғин кўринишда эди. Қаёқдандир Генри Эден ҳам ити билан етиб келди. — Ичкаридаги аҳволни қара, шартта ортимга ўгирилиб уйга қайтиб кетгим келяпти, – деди Лаура бошини қимирлатиб. — Лекин бу фойда бермайди, Лаура, – унга яқинлашди Эден. — Эълонларинг ёзилган пештахтанг синибди, – деди Лаура. — Ҳа, кўриб турибман, Худога шукрки бу лаънати ёмғир етти йилда бир ёғади. Қария яна бир нималарни минғирлади. — Нима дединг? Яхши эшитмадим? — Бунга йўл қўймаслигимиз керак эди деяпман, – деди Генри афсусланиб. – Улар ҳали жуда ёш эди. Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак эди Бу икки ёш хақиқатдан ҳам ажойиб жуфтлик эди. Ахир ўзинг шундай дегандинг-ку, – кўзларига ёш олди қария Эден. — Ҳа тўғри, бироқ энди қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Лаура Генрининг елкасига қўлини қўйди. — Биз уларни мажбурламадик, аксинча бунга қарши бўлдик. Уларни ҳатто огоҳлантирдик. Улар ўзлари шу ерда қолишни исташди. Улардан олдин бошқалар ҳам шундай қилишган. Бу нарса одат бўлиб қолган. — Ҳа, биламан, – хўрсинди Эден. – Бу шаҳарнинг ҳидидан кўнглим айнийди. Ишқилиб етти йилдан сўнг бу ерларга яна бошқа бегона инсонлар келмасин. — Эҳтимол сўнгги марта шундай даҳшатли ёмғир ёғишидир ёки бу ерга кейинги сафар ҳеч ким келмас, – деди Лаура Стентон. — Бундай бўлмаса керак. Аммо етти йил узоқ муддат, унгача бир гап бўлар, – деди Генри. Бироздан сўнг Генри Лаурадан эълонлар ёзилган пештахтани осиб қўйишга кўмаклашишини сўради. — Мана энди етти йи тинчгина яшаймиз, – деди Генри Эден улар ишни тугатишгач. — Ҳа, шундай, – деди Лаура. – Лекин етти йилдан сўнг яна даҳшатли қурбақа ёмғири ёғади ва айнан ўша куни икки ёш эр-хотин ҳам келишади. Биз эса уларни қайта- қайта огоҳлантирамиз, лекин улар бунга ишонишмайди, кейин эса… Бу нарса давом этаверади. Ҳаво очилиб қуёш чарақлаб чиқди ва шу таҳлит Виллода даҳшатли ёмғир кечаси якунига етди.
2021-10-19
http://nodirabegim.uz/archives/4385
Хоанг Виет Ханг – Вьетнам адибаси ва шоираси. 1953 йилда Ханой шаҳрида туғилган. Вьетнам Ёзувчилар Ассосиацияси аъзоси. 8 та шеърий ва 12 та насрий китоблари чоп этилган. Надоматда сукунатга ўтказаман ип Эҳтиёж йўқ на кўйлак, на игнага Тикаман тўкилаётган баргларни Каштадўз янглиғ Сафро ва истеҳзо билан. Ипга тераман сўзлар ўрнига Оппоқ сочларни Ваъда қилар муттасил оғриқ Ҳар бир таранг тортилган камонга Болаларинг, собиқ завжанг ва пахта даланг. Чиққач сенга турмушга Жами қайғуларинг-ла оввора бўлдим Сўзларинг камалак тизмаси каби Синоатли туюлар ўша собиқ севгинг ҳам. Кун келиб эсганда яп-янги шамол Воз кечармидинг баридан Уйга қайтиш учун шафқатсизларча, тез? Бирлашмоқ истагида Қариндош-у ёронлар билан Мени азоб -уқубатлар ва ўлимга ташлаб, Қилганмидинг ё таслим бўлмоқни орзу ? Ниҳоят… Унумдор заминга диққат қаратиб Хаёлимдан чиқаргум сени Қабул этгин миннатдорлигим Барчасини қолдирдим ортда Бу шеърни ёзиш орқали. Кексайганимда бир кун келиб мен Само дарчаси ҳали ёпилмас Зурриёдимизга лозим бўлганда таълим Порлаган кеча сокин ой нури Бутун умримнинг қишларига У ерда афсуски, ўтказаман ип. Бундай кўлда ўсар Икки дона нилуфар Бири боғланганча ҳориб Яшириниб куртак ичра Йиғламоққа чоғланар. Қуриган, кўзга кўринмас ёшлар… Лой тубига тушади сизиб Жигарранг барглари. У ердаги пушти қизамиқ Қачонгача бузилмаслиги мумкин? Нилуфар ўсар Ноқулай ҳаёт шароитида. Чуқур лойга оёғингиз ботган он У кетади чўкиб. Бири ҳориб боғланар Шунга қарамай Туюлар аллақачон йиғлаб олгандек Лойқа сувнинг қаърида. Қуриган гулларни чизган бўлса ким Улгурган омонатини топшириб Нилуфарга айланган алҳол. Улар билишарди ҳамма нарсани Қоғозларни Сув рангларини Шу хаёл мени Бўяди эҳтимол кўз ёшлар билан .
2021-10-20
http://nodirabegim.uz/archives/4390
Вьетнам шоири. 1950 йилда Ханой шаҳрида туғилган. Вьетнам Ёзувчилар, Журналистлар ва Юристлар Ассосиациялари аъзоси. “Оқ ҳаммолнинг нидоси” , “Ўрмон ёқалаб мактуб”, “Ёздаги юрак”, “Вьетнам руҳи“, “Кундалик тонг” каби шеърий китоблар муаллифи. Йўл ўртасида Шиша синиқлари Худди ёвузлик каби Мавжуд хом, чала. Кимдир қайғурганми Кўплаб йўловчилар Ҳаловати ҳақида? Тун чўкканида Ногаҳон ва чакиллатиб қон Фақир киши уларни ўтади босиб. Синган шиша бўлаклари Синиқ бўлаклар О, бу бўлаклар Санчилар товонимга Бутун йўл бўйи. Отамнинг cавлатидек Мағрур мангу тоғ. Онам кўйлаги янглиғ Ёрқин, суви тиниқ дарё. Ватаним пойдеворига айланган Бу тоғ ва дарёни Авлодлар ўтишар кесиб Тўрт минг йилдан буён. Аввалига очлик, Келгинди мустамлакачилар Кейин эса маҳв этилди жоҳиллик. Энди -чи хавфли ковид Чорлар курашга. Вакцинация Вьетнам руҳи Шулар-ла янги нормал ҳаёт Шайдир бизга чиқишга пешвоз. О, Сайгон Жануб ностальгияси Ковид тарқаляпти Шамол тезлигида сен томон. Бутун юрт чўмган Қайғу ва мусибатга. Яна нафас олиш учун Сен бардам бўлгин Шарқ дурдонаси бўлган Она шаҳрим. Ёдга олиб Минглаб қайинлар юртини Сукут сақлар пандемик мавсум. Енгамиз биргаликда Сўнг, тоабад муҳаббат макони Айланар минглаб гуллар юртига. Табиат бахш этар Дарахтга ҳаёт Туғилади қуртлар ҳам Улар барг, новдаларни Қилар истеъмол. Ҳайриятки, Табиат иродаси ила Қушлар ҳам туғилади Улар билан озиқланувчи.
2021-10-22
http://nodirabegim.uz/archives/4396
Ёмғир уч кундан бери шаррос қуяр, иккиси ўрмалаб уйга кираётган қисқичбақаларни базўр уддалардилар; таёқ билан уришар, кейин Пелайо сувга ботган ҳовлини кесиб, уларни денгизга ташлаб келарди. Ўтган тун чақалоқнинг иссиғи чиқди; бу, чамаси, намчил ва бадбўй ҳаводан эди. Сешанбадан буён олам ғуссага чўмганди: денгиз ва само аллақандай кўкимтир-кулранг массага қоришган; мартда қум зарралари учқундек порлаган пляж энди лой ва чирик моллюскалардан иборат суюқ бўтқага айланганди. Ҳатто туш пайти ҳам офтоб жуда хира нур сочар, шу боис Пелайо патионинг нариги бурчагида қимир-қимир этиб мунгли инграётган нима эканлигини билолмади. Фақат жуда яқин борибгина ерга юзтубан йиқилган мўйсафидга кўзи тушди – у тинимсиз туришга уринар, аммо ҳеч уддасидан чиқолмас, улкан қанотлари бунга йўл бермасди. Даҳшатга тушган Пелайо касал гўдакка малҳам қўяётган хотини Элисенда қошига югурди. Иккиси лойда ағанаб ётган маҳлуққа тикилиб донг қотдилар. Кўринишидан гадойга ўхшарди у. Бир-икки тутам соч яланг калла суягига ёпишган, оғзида деярли тиши қолмаган, умуман, унинг қиёфасида салобатдан асар ҳам йўқ эди. Ярим пати юлиқ улкан қарчиғай қанотлар ҳовлининг ўтиб бўлмас балчиғига ботганди. Пелайо ва Элисенда уни шунчалар кўп ва диққат билан томоша қилдиларки, ниҳоят ғалати турқи-тароватига ўрганиб қолдилар, сал бўлмаса у иккисига қадрдонларидек туюлди. Шунда улар сўз қотишга журъат қилдилар, у аллақандай тушунуксиз лаҳжада денгизчилар каби бўғиқ товушда жавоб қайтарди. Кўп ўйламай, ғалати қанотларни ўша заҳотиёқ унутганча, уни довул маҳали ҳалокатга учраган аллақайси ажнабий кема матроси деган қарорга келдилар. Ҳар эҳтимолга ер тагида илон қимирласа билгувчи қўшни хотинни чақирдилар. Қўшни хотин бир қарашда уларнинг тахмини нотўғри эканини айтди. -Фаришта-ку бу, – деди у иккисига. – Гўдакка шифо етказсин учун юборишган чоғи, аммо бечора жуда қарилигидан бунақа жалани кўтаролмай ерга қулаб тушибди. Кўп ўтмай ҳамма Пелайонинг ростакам фаришта тутганидан бохабар бўлди. Ҳар балони билгувчи қўшни хотин ҳозирги фаришталар – бир замонлар Тангрига қарши фитна иштирокчилари бўлиб, самовий жазодан қочиб ердан паноҳ топганини таъкидлашига қарамай, биров уни ўлдиргани қўл кўтаришга журъат қилмади. Пелайо куннинг қолган ярмини қўлида ҳар эҳтимолга деб тутилган арқон билан ошхона деразасидан уни кузатди. Кечга бориб эса фариштани лойдан чиқариб, товуқларга қўшиб катакка қамади. Тун ярмидан ўтиб ёмғир тугаганига қарамай, Пелайо ва Элисенда қисқичбақалар билан курашни давом эттирардилар. Сал ўтмай чақалоқ кўзини очиб кўкрак тиланиб биғиллади – иссиғи буткул тушганди. Шунда иккисининг ҳам меҳри ийиб кетди, ўзаро фаришта учун сол ясашга, чучук сув ва уч кунга етгулик озиқ-овқат бериб, уни тўлқинлар ихтиёрига топширишга келишиб олишди. Бироқ саҳарлаб патиога чиқиб қарашсаки, деярли бутун қишлоқ аҳли шу ерда эди: ҳамма товуқ катак қаршисида тўдалашиб фариштани томоша қилишар, худди бу самовий махлуқот эмас, ҳайвонот боғидаги бир жонивор каби тап тортмай симтўр тешикларидан нон бўлаклари ташлашарди. Соат еттиларда ғайриоддий хабардан ҳаяжонга тушган падре Гонсага етиб келди. Бу маҳал катак атрофини янада обрўлироқ томошабин ўраб олганди – энди ҳамма тутқуннинг эртаси ҳақда сўзлашарди. Соддадил, гўл кишилар уни Замин алькальди этиб тайинлашади деб ишонишарди. Мулоҳазакор айримлар эса унинг толейига ҳамма жангларда зафар қозонувчи генерал бўлиш ёзилган деб тахминлардилар. Баъзи хаёлпарастлар эса одамларнинг қанотли ва донишманд зотини яратиш учун уни наслдор сифатида сақлашни маслаҳат қилдилар, эмишки бундай одамлар коинот интизоми билан шуғулланади. Падре Гонсага руҳонийликдан аввал дарахт кесувчи ишчи бўлганди. Симтўрга яқинлашаркан, шоша-пиша катехизис дан билганларини ёдга олди, сўнг ушбу заиф эркакни яқиндан кўрмоқ истаб товуқ катак эшигини очишни сўради. Донг қотган товуқлар орасида фариштанинг ўзи ҳам улкан ночор қушни эслатарди. У қанотларини офтобга тутганча бурчакда, саҳарда олдига ташланган нонушта қолдиқлари ҳамда тезак орасида ўтирарди. Падре Гонсага товуқ катакка кириб у билан лотинчасига сўрашганида бефарқ, парда қоплаган нигоҳини базўр кўтариб, ўз лаҳжасида алланарсаларни минғирлади. Қавм руҳонийси ушбу махлуқ Тангри Таоло тилидан бехабарлиги, Унинг хизматчисини иззат қилишни билмаслигида аллақандай нохушлик борлигини ҳис қилди. Диққат билан қараркан, бу сохта фаришта жуда-жуда одамзодга ўхшаши намоён бўлди: ундан анқиётган саёқлик исига чидаб бўлмас, қанотларида паразитлар ғужғон ўйнар, катта патларини замин шамоли барбод қилган ва умуман, унинг тиланчини эслатувчи қиёфаси олий фаришталик рутбасига ҳеч рост келмасди. Падре Гонсага товуқхонадан чиқиб жамоатга лақмаликнинг зиёнлари тўғрисида қисқа ваъз ўқиди. У иблиснинг кўнгилчан жонларни алдамоқ ниятида ниқоб кийишдайин ярамас одатидан огоҳ этди. Алал-оқибат падре рост айтади, қирғий ва самолёт ўртасидаги фарқни англашда қанот муҳим унсур эмаскан, фариштани танишда ҳам бирор кўмак бериши душвор. У барибир епископга мактуб йўллашга сўз берди. Епископ ўз навбатида примас га, примас эса Рим папасига ёзади – якуний қарор юқоридан келсин учун шундай қилиш керак. Унга нима, хатни олиб кўради, қарор чиқаради-қўяди! Унинг эҳтиёткорлик борасидаги чақириғи унумсиз тупроққа сингиди. Тутқун фаришта ҳақидаги хабар шунчалар тез тарқадики, бир неча соат ўтиб патио бозорга айланди, охири ҳар дақиқа уйни вайрон қилиши мумкин бўлган оломонни милтиқ найзаси билан ҳайдасин учун аскарлар чақиришга тўғри келди. Тинимсиз ахлат йиғиштиравериб Элисенданинг бели оғриб кетганди, кейин хаёлида яхши ғоя туғилди: патионинг атрофини тўсиқ билан ўраб, фариштани кўргани келган ҳар бир зиёратчидан беш сентаводан олиш керак. Одамлар нақ Мартиникадан келарди. Бир сафар учар акробати бор сайёр цирк келди. Акробат визвизлаб оломон устидан учиб ўтдию, биров унга назар солмади, чунки унинг елкасида фариштанинг эмас, кўршапалак қаноти бор эди. Бутун Кариб кўрфазидан ноумид беморлар шифо истаб ёғилди, булар орасида гўдаклигидан юрак уришини санаб, охири саноғидан адашган бечора аёл; юлдузлар шовқинидан кўзига уйқу келмайдиган ямайкалик жафокаш; ҳар тун туриб кундузлари қилганларини бузадиган ойпараст ва бошқа хавфсизроқ касаллар бор эди. Заминни титроққа келтирадиган бундай қиёмат ўртасида Пелайо ва Элисенда доим толиқиш ҳис этсалар-да жуда бахтиёр эдилар. Бир ҳафтага қолмай уйдаги ҳамма тўшакларни пулга тўлдирдилар, фариштани кўриш истагидаги зиёратчилар навбати эса уфққа қадар чўзилганди. Фаришта атрофидаги воқеалардан мамнун эмасди албатта. Зиёратчилар унинг бошпанаси эшигига қўйиб ташлаган жинчироқ ҳамда шағамлардан шунақанги исиб кетгандики, товуқ катакда қулайроқ жой топиш ниятида нуқул айланарди. Аввал-бошда унга камфара кристаллари беришди. Фаришталарнинг асосий емаги шу, деб ҳар балодан бохабар қўшни хотин айтганди. Аммо у зиёратчилар келтирган бошқа мазали нонушталар қатори уларни ҳам рад этди. Ҳамма буни ўзича тахминларди, кимдир буни чиндан ҳам фаришта эканига йўйди, бошқалар қарилигига. У фақат бақлажон икраси тотинарди. Унинг ғайритабиий фазилати – сабр-тоқати эди шекилли, айниқса товуқлар қанотида урчиган паразитларни тутмоқ ниятида чўқилаб, майиб-мажруҳлар жароҳат устига босиш учун патини юлган, тақвосизлар эса яхшилаб томоша қилмоқ учун туришини истаб тош отган илк кунлари бу яққол кўринганди. У бир мартагина – бузоқларни тамғалайдиган узун темирни қиздириб ёнига босишганди – ғазабдан тутақиб кетганди; у узоқ пайт қимир этмай ётганига одамлар ўлиб қолмадими деб текшириб кўришганди. У ўз тилида нималардир деб қичқирганча ирғиб-силкиниб ўрнидан турди, кўзлари ёшга тўлиб товуқ гўнги ва ой чангидан қуюн кўтарганча бир неча бор қанот қоқди, шунда одам ичини яхлатиб юборадиган шиддатли шамол нариги дунё нафасидек туйилди. Кўпчилик буни ғазабдан эмас, одатий оғриқ реакцияси деб ҳисобласа ҳам, шу воқеадан сўнг уни кўпам безовта қилмасликка тиришдилар, негаки ҳамма унинг сокинлиги нафақадаги серафим нинг пилдирпислиги эмас, босилган бўрон сукунатининг айнан ўзи эканини англаб турарди. Тутқуннинг табиати борасидаги олий таъбирни кутаркан, падре Гонсага енгилтак қавмини қайтармоққа беҳуда уринарди. Аммо Римдагилар шошилинч дегани нимани англатишини билишмаса керак. Келгиндининг киндиги борми-йўқми – аниқлаштиришга, унинг сўзларида оромий тили билан боғлиқ бирон-нима учрамадими, шунга ўхшаган яна нечтаси ўткир тўғнағич учига жо бўлиши мумкин, мабодо бу бор-йўғи қанотли норвег бўлиб чиқса-чи, деган сафсаталарга вақт сафланарди. Агар Тангрининг ўзи қавм руҳонийсининг азобларига нуқта қўймаганида муфассал мактублар, эҳтимол, асрнинг якунига қадар у ёқдан бу ёққа бориб келаверган бўларди. Ўша кунлари Кариб қирғоқларида санғийдиган ярмарка атракционларидан биттаси қишлоқда бўлди. Бир мартагина ота-онасининг гапини икки қилгани учун ўргимчакка айланиб қолган аёл – нохуш томоша эди. Ўргимчак-аёлни томоша қилиш фариштани кўришдан арзонроққа тушарди, бундан ташқари ёқимсиз қиёфаси ҳақида истаганча савол бериш, илоҳий жазо муқаррарлиги борасида бирор шак-шубҳа бўлмаслиги учун аёлни унақасигаям, бунақасигаям томоша қилишга рухсат бор эди. Бу – маъюс қиз бошига эга қўйдек келадиган жирканч ўргимчак бийи эди. Оломон жаҳаннамдан чиққан бу ажинанинг қиёфасидан эмас, ўргимчак-аёл мусибатининг икир-чикирларини ҳикоя қиларкан, ўша ғамгин ҳаққониятдан ҳайратга тушишарди. Бир куни, ўшанда у кичкина қизча бўлган экан, ота-онасининг иродасига қарши рақс тушгани уйидан чиқиб кетибди. Туни билан ўйинга тушиб, ўрмон ичидан ўтган сўқмоқдан уйига қайтар маҳали даҳшатли момақалдироқ самони иккига бўлибди ва кўзни қамаштирадиган яшин чақнаб, қизни ўргимчакка айлантирибди. У фақат ҳар-ҳар замон марҳаматли кишилар оғзига ташлайдиган гўшт қиймаси гувлачалари билан озиқланарди. Замин ҳақиқати ва Тангри жазосини мужассам этган бунақанги мўжиза, табиийки, оддий жонларни назарига ҳам илмаган такаббур фариштани орадан кўтариши керак эди. Бундан ташқари, одамлар миш-мишларида кўпчиб-кўчиб юрган айрим кароматлар унга ақлий норасоликка нисбат берарди. Масалан, шифо истаб узоқ-узоқлардан келган сўқир қариянинг кўзи очилмадию, аммо жағидан уч дона янги тиш ўсиб чиққанмиш; фалаж киши оёққа туриб кетгани йўқ-ку, сал бўлмаса лотереясидан ютуқ чиқаркан; моховнинг эса ярасидан кунгабоқар ўсиб чиққанмиш. Буларнинг ҳаммаси муқаддас кароматлардан кўра аччиқ истеҳзога тортар, бу охир-оқибат фариштанинг довруғига доғ туширди. Ўргимчак-аёл пайдо бўлгач эса уни буткул унутдилар. Мана шунда падре Гонсага азиятли бедорликдан буткул қутилди ҳамда Пелайоларнинг патиоси уч кунлаб жала қуйган, хоналарда қисқичбақалар изғиган ўша кунлардагидек овлоқ бўлиб қолди. Уй эгалари тақдирларидан нолимасдилар. Йиққан-терган пулларига балкони, боғи бор икки қаватли кенгиш уй қурдилар; қишда қисқичбақалар кирмасин учун уйнинг пойдевори баланд эди, яна фаришталар учиб кирмасин деб деразаларига панжара ўрнатдилар. Пелайо шаҳарча яқинидан қуёнхона орттирди ва альгвасил вазифасидан бутунлай воз кечди. Элисенда эса ўзига узун пошнали локланган туфли ҳамда ўша пайтларда аслзода сеньоралар якшанба кунлари киядиган, офтоб нурида жилваланиб кетадиган кўпдан-кўп шойи кўйлаклар сотиб олди. Хўжаликда ҳеч эътибор қилинмайдиган ягона жой товуқ катак эди. Бир-икки марта тозалаб, ичкарида мирра ёққан бўлишса-да, бу фариштани ўйлаб эмас, оч арвоҳдек янги уйнинг бурчак-бурчакларига кираётган сассиқ исни йўқотиш ниятида эди. Гўдак юришни бошлагач, аввалига улар унинг товуқ катакка яқин йўламаслигига кўз-қулоқ бўлдилар. Бора-бора бадбўйга кўниккач, барча қўрқувлари йўқолди. Хулласи, болакай ҳали сут тишлари тушмай туриб илма-тешик симтўрнинг очиқ жойларидан бемалол катакка кирадиган бўлди. Фаришта бошқалар каби унга ҳам рўйхуш қилмас, аммо болаларча шафқатсиз қилиқларига кўппакка хос садоқатла чидаш берарди. Сувчечак билан иккиси бир пайтда касалланди. Болани даволаган шифокор фариштани кўздан кечириш имкони олдида ўзини тийиб тура олмади ва унинг юраги жуда заиф эканини, яна буйраклари ҳам ҳеч нарсага ярамаслигини кўрди – қандай тирик юргани қизиқ. Бироқ шифокорни кўпроқ қанотларнинг тузилиши ҳайратга соларди. Мутлоқ одам танасида улар жуда табиий қабул қилинар, нега бошқа одамларда бундай қанот йўқлиги эса сирлигича қолаверарди. Бола мактабга чиқа бошлаганида офтоб ва ёмғир катакни батамом йиқитди. Энди озод фаришта қувватдан қолган ойпараст каби у ён-бу ёнга сандироқлаб юрарди. Уни ётоқдан супурги билан қувиб-солишга улгирмай, ўша заҳоти ошхонада оёқ остида ўралашганига гувоҳ бўлишарди. У бир пайтнинг ўзида бир неча жойда бўла оладигандек туюлар, уй эгалари у уйнинг ҳар бурчагида ўзини такрорлаб кўпаяди деган гумонга бора бошладилар. Бечора Элисенда эса фаришталарга тўла бу жаҳаннамда яшаш чинакам азоб эканини айтиб қичқирарди. Фаришта шунақа кучдан қолдики, зўр-базўр таомланарди. Парда тушган кўзлари энди ҳеч нимани фарқламас, жиҳозларга қоқилиб зўрға сураларди; қанотида эса чўлтоқ бир неча патлари қолганди холос. Пелайонинг унга раҳми келиб, одеялга ўраб айвонга элтди, шундагина улар бир пайтлар маҳаллий балиқчилар соҳилдан чиқариб олган қария норвег каби фариштанинг ҳам туни билан иситмалаб босинқирагани пайқадилар. Пелайо ва Элисенда ҳазилакам ваҳимага тушиб қолмадилар, ахир ҳатто оқила қўшнилари ҳам фаришта мурдасидан қандай қутилиш йўлини билмасди. Аммо фариштанинг ўлиш ҳали хаёлига келмасди: ўша машаққатли қишни ўтказиб илк офтобли кунларда тузала бошлади. Бегона кўздан яшириниб бир неча кун қимир этмай патиода ўтирди, декабрь бошида унинг кўзлари аввалги шаффофлигига қайтиб ёришди. Янги кафан илишни истаган қари қушнинг патлари каби қанотларида яна узун ва равон патлар ўсиб чиқди. Афтидан, фариштанинг ўзи ушбу ўзгаришлар боисини яхши билар ва бошқалардан астойдил яширарди. Бир сафар, бошқалар эшитмайди деган хаёлга бориб, юлдузлар остида денгизчилар қўшиғини хиргойи қилди. Бир куни эрталаб Элисенда нонушта учун пиёз тўғраркан, худди денгиздан эсган каби тўсатдан ошхонага шамол ёпирилди. Деразадан қараган аёл фариштанинг замин устидаги охирги дақиқаларига гувоҳ бўлди. У шундай қовушмай, эпсизлик билан парвозга уринардики, беўхшов сакраб қўзғаларкан, ўткир тирноқлари билан томорқани қайта ағдариб ташлади, офтоб нурида хира ялтираган айвонни эса қаноти зарбалари билан йиқитиб юборишига сал қолди. Ниҳоят у кўтарила бошлади. Томларга тегиб кетай-тегиб кетай деб ўзининг қари қарчиғайники каби улкан қанотларини зўр бериб қоқаркан, посёлканинг сўнгги уйлари устидан учиб ўтди. Шунда Элисенда у учун ҳам, ўзи учун ҳам енгил тин олди. Элисенда пиёз тугаб, фариштанинг ўзи ҳам кўринмай қолгунча унинг ортидан тикилиб қолди. Энди у аёл ҳаётига тўсиқ солмас, шунчаки денгиз уфқидаги хаёлий нуқтага айланганди. Патио – Испан, Лотин Америкасида усти очиқ, айрим жойлари девор, парда, панжара ва шу кабилар билан ўралган ички ҳовли. Алькальд ёки алкайд – ўрта асрларда Испания ва Португалияга оид административ ва ҳарбий мансаб, кейинчалик Реконкисталар даврига келиб қальа қўриқчилари қироли сифатида ишлатила бошланган. Катехизис – диний ақидаларнинг савол-жавоб тарзидаги қисқача баёни. Примас – диний уламо. Серафим – насронийлар мифологиясида олти қанот этиб тасвирланувчи фаришта. Альгвасил – суд ва трибуналларнинг фармонлари бажарилишини назорат қилувчи қуйи мансаб. Мирра – хушбуй смола тури ва шундай смола берадиган дарахт.
2021-07-16
http://nodirabegim.uz/archives/4196
Хайрли тонг сенга жажжи қўриқчи Яхши ўтдими ортда қолган тун? Уйқусираган дарахтзор ичра Қушлар чуғурлар тонгни қаршилаб. Ҳар кун бошқача кўринади дард Ҳаёт чарчатар кўп марта, тез-тез. Эрталаб, чошгоҳ… хамиртурушга Айланиб қолар қоришганча вақт. Тунда ортимга ташласам назар Базўр танийман ўзимни ўзим. Хомхаёл билан уйғундир олам Орзунг эргашар эсган шамолга. Йўқолар ҳар кун қайғули излар Иккиланишлар ўлганда илкис. Тушимга кирар салқин кўк дарё Кўкдаги озғин оймомо ўхшар. Ғира-шира пайт юлдузли дала Ҳосилин йиғар кумуш ўроққа. Уйғон, қаддингни тутгин янгитдан Ҳар бир соч толанг кундан умидвор. Юмулиб бўлган тугун каби тун Кун тараддудда солишга шовқин. Шунда ҳам нечун сувнинг томчиси Шилдираб овоз чиқармас ҳаргиз? Атрофда ҳукмрон жазирама ёз Ошиқ қолдирган бўса изидек Ёлғизлик эмас диққатга молик Истайди сайру- сайёҳатни дил Қуёш, шамолли ўлкалар бўйлаб. Нигоҳ йўқ бўшлиқ сари қадалган Маъюс кўзларда зоҳир қўпол вақт Чунки билмайсан недир тусланиш Қалқиб чиқмаган донишлигинг ё. Осмон ва замин билмас чегара Етмаган чўққи сари қадамлар Хиёнат кутмас афсонавий юз Ишққа безанган, қара, митти кун. Чошгоҳ пайтида қуёш хониши Таралар ҳар бир кафтдек барг узра Сочларинг ўйнар эркалаб шамол Тошқиндек чиқар бўғзимдан қўшиқ. Кун келар қуёш уфққа ботади Нур сочар хира яқиндек кузак Ном қўйилмаган ҳали тариқдек Ишқни мақтаб қўй, эй инсоният. Ошиқ аҳлининг босинқираши Ё яшаши топиб ҳаловат Топади ўз ифодасини Эркакнинг хўрликка чидолмай фарёд Уриши-ю Ёстиқ ҳамда тўшакка Кўчган эр-хотин муҳаббатида. Суянишга арзир тўй куни Келин юзидаги тўрни ноҳақлик Таъқиб қилади Сарфлаш учун ғўр танага мисра Бир томонга эгилар бошлар. Белгилар Қақнус қовушиш кунин Саройидан доно бўлгани учун Мосуво бўлган Бузруквор Қирол Фарқ қилмас сеҳрли камондан сира. Ҳаётни сев Ажалга сингиб кет дея Адолат истаб кезинар арвоҳ Ота муҳаббати мажақланган зулматда Бўзариб кўтарилар сув сатҳи Ғазабга минар тўлқинлар. Йиғлайман сўнгги бор отамга боқиб Ҳис қиламан унинг оғриғин Нафас ростлар шамол руҳи-ю ёмғир Қадрдон отам, Қурбон бўлди сиз билган Чау. Қизғиш эди қизгина қони Падар танаси мотамга чўккан Тизгинини йўқотди Шарқий денгиз Ишқни қўмсаб йиғлайди иблис (Аҳмоқона телбалик) Бир жуфт ёш вужуд ичига Ёрқин фируза тош беркинар теран. Қўҳна сўзлар Қайтар кўҳна шаҳарлар томон Ўрар қизил ипак танани Бурқсаётган хушбўй тутун-ла. Қоя четидаги мох босган қирғоқлар Гуллар униб-ўсмоғи учун Симирганча ҳаётни Яшнар ёмғирга бўккан ҳолича. Туш кўрдим ғайриоддий қандайдир Бўлишган эмиш унда одамлар Яхши- ёмони бир тану бир жон Юлдузлар тўла осмон куйлармиш Ашуласини чароғон туннинг Барглар шивирлар сукунат ичра Ҳуркитибгина митти қушларни. Туш кўрдим ғайриоддий қандайдир Хафсаласи пир бўлиб қалбимни Ташларди кимдир нимта-нимталаб Танам-чи қотиб қолгандек эди Хушбўй нарсалар ис-ифоридан. Терим остига кирарди сизиб Янги наматнинг шитирлашлари Самонинг изму-ихтиёрига Ёввойиларча кўчгандим қайта. Кўзга кўринмас туш мақомида Бу кулранг тушлар энди ҳеч қачон Улуғвор кўкни қоплаган юлдуз Туман ичида бўзаради тонг Новча дарахтлар қушларга эрмак. Залворсиз эшик тавақасини Тақиллагани мени шод этар Қани, уйғонгин! Уйғон… янги кун Кўча тарафдан эшикни қоққан Нима эди у?- Фақат туш эмас.
2021-07-26
http://nodirabegim.uz/archives/4224
Чарчаган тана, оташда қуриган қотил эркалашлар… кафтимиздаги чизиқларда эса — айрилиқ шаклининг қуюқ излари… Вақт осилиб туради – муаллақ! Соатлар эгилган қўл билан. Калит-ла панжара тўсар бир одам У нурдан чизиқлар кесади… бўшлиқдан гўзаллик сизиб чиқади ва тасвир бирлашади нигоҳда. Лабларинг титрайди ўша пайт, Виллон ёки Aттила Жозефдан шеър ўқишга киришган чоғинг. Кўзларин термулар олисга, Гўё ғазаблангандек, Ё мени унутгандек. Рашк уйғонади… Бузилган уяга қайтмоқлик кутар, ҳайдалган қушлар. Қоронғу осмонда гўё прожектор тасвиридек Виллон арқон созлайди яраланган бўйни узра… Кимки бўрон остига тушиб қолган бўлса билади: ўзгариш қайтар эски ҳолига бир вақтнинг ўзида бир нуқтада бўлади вазият, ҳолат… Тезликдан айланар бошинг. Чарчайсан бедор ва агар атрофга ташласанг назар, ўзингни топасан айни шу вазиятдан. Бўрон айланаси шафқатсиз. Фақат юрак Бўлишга уринар бошқа ритмда. фақат тутун кўтарилар тартибсиз, фақат мўрт шамол учиради қумни кўзларингга… Илдизларгагина эмас ҳатто ёпишган, Етар жарликдаги ёрлиқларга хабарномалар. Телба ўлим рақси ва соялар муросага келишар ёруғлик ила, йўлга чиқиш… йўллар тугаши-ю бошланишида… Топишинг мумкин барча нарсани – ноутбукинг экранида. Сен тополмайдиган ягона нарса қидирув тугмасида. Сен воз кечган хаёллар эса йўлда… Тақдирга тан бергансан, қўл узатасан қора фариштага Қўлиндан ким ҳам тутар чўл ўртасида. Синиқ хотираларга қоришаман… Ўзимни тутаман деярли фарқсиз ёд этмоқ илинжида айнан ё ўхшаш ҳисларни. Бармоқларим титрайди, боқсам. Тўхтайман шу боис… Танимга руҳ бермоқ бўламан Қум тўлатиб бармоқларимга… Кафтимда қолади қуруқ чиқинди. Сўнг чизиқ чизаман яна қумларга, ва яна ўчириб ташлайман беҳол… кўнгил синиқларини қандай тузатиш мумкин?! қандай тартибга солиш мумкин… тартибнинг ўзида тартиб бўлмаса. ва борлиқ қуласа, тенг иккига бўлиниб… тартиб – кўринмас тўр асли ҳимоясиз. Уни қайта яратмоқ – сўроқ остида. Тошга ёзилган кескир – Менинг номимми асли? Номми бу ўзи ёки Сен воз кечолмайдиган кераксиз кийим… Тошбақалар тухум очгандек шошиб- Хавфсиз тўлқинларда тебранади сўз. Улкан нафс уларни ютар беаёв Бироқ… Бироқ сақлаб қолар айримларини Ҳаёт-ўлим учқунида учган гўзаллик.
2021-07-29
http://nodirabegim.uz/archives/4237
Нгуйен Тхан Хай, вьетнам шоири, 1970 йилда туғилган. “Bowing at noon to pick up wave” (2013), “Season to open arms to forgive the return”(2020), “Tears do not lighten the twilight sky” (2020) номли китоблар муаллифи. Вьетнамнинг бир қанча адабий мукофотлари билан тақдирланган. Қабул қилдим шарафимга минглаб тилаклар Ва балки энг зўр ширакайф кун бўлди кеча Камина бир ҳақиқатга юз бурди ногоҳ- Тотли экан қолипдан ташқаридаги факт. Лекин менга оғир ботди ўткир сўзлар-ла Чекингга қисмат тарзида тушган янглишиш Сен тикон устига қўйсанг башарти оёқ Ёлғон бўлар ҳис қилмадим десанг оғриқни. Рости билмайман қачон қотганин дийдам Юрагингдаги тирноқ изини кўришга Иродам етмас… балки у муносиб тарзда Кўйлак, тугма, тугун, тасманг туфайли бордир. Тинглаган чоғинг пивонинг шилдирашини Бир-бирини табриклашда чирой ноўрин Мен ҳис қиламан оғриқни ғамдан кечиш-чун Уйга ёлғиз қайтаётиб ярим кечаси. Фақат узун ва кенг дарё бор, квадрат эмас Сен қайтдинг ва қандайин сўз қолди ёқимли Турар қирғоқда тўлин ой ярми осилиб Теграмда-чи ҳаёт очиб ярим оғзини. Бу кеч кичик доирамга қайтар тафаккур То абад ўчириб бўлмас хотиралар билан Ўтмишда қолган шодликлар ҳақда гапирсак Кутилмаган учрашувга сўз бурдинг яна. Хонадан таралаётган нилуфар иси Улушдир тун якунида очилганда кўз Гарчи туюлса-да ёдга олмагандек уни Унутмоқликка баҳор мойилмас ҳануз. Миннатдорман улашилган сокин қуёшнинг Бир ҳовуч нурин инъоми учун мен сендан Энди тугма излашни оқлаб бўлмас ҳеч Сўниб бўлди сен фалакка отган мушшаклар Шунга тавба ложасида сақлан шубҳангдан Ким билади бу кўмаклашар етганча курби Асраб қолишга қирмизи куннинг бир қисмин. Барглар бўлмаслиги лозим шамолга қарам Қарз олинган шитирлашлар юракка тўзим Байрам шукуҳи ёқмаса митти қуш бўлгин Тонгни суйиб куйлайдиган эшик олдида. Унутдинг бу хотиралар барчасини сен Кечаги кун қайтмас очмоқ учун эшикни Кесиб ўтмоқ истагига тўсқин олис йўл Нам, шалаббо ёғаётган ёмғирда устим. Билмам нима қилмоқ керак юзни яширса Аммо ниқоб яширмаса ёлғизлик нуқсин Бошоғриқ ёлғизлик келди сўнгги бекатга Бугун тушда кетганингда огоҳ этмасдан. Таъкидланмасин парвозда ҳар қанча сўзлар Кўк қуш учиб кетди, энди улар ортиқча Зарда йўқ шубҳали сўзлар этмоққа ирод Ёзда намоён бўлади сўқир чирилдоқ Унчалик эмасмиз энди биз ҳам навқирон Кексайишни тотмоқ учун қайсар чошгоҳда. Бир кун қайтиб кел, ўйга тол дарё олдида Ўйла беташвиш ёмғирга қилганча тақлид Сен бу хотиралар барин унутгандан сўнг Кўпикдекман сув юзига мен қалқиб чиққан Юрак-чи лангар ташлаган дарёга билмай Кетишини қайси тарафида ювилиб. ( Осиб қўяман чошгоҳни дайди шамолга Эскидек туюлар вақтнинг кекса сояси Қутидаги ранги ўчган суратлар билан Кун охирида қуёш нури елкамга миниб Мизғир худди униққандек бир мунча ранги. Вақт сояси хусусида сўзламоқликни Ният қилмас юздаги ифода…Кўпинча Тушимда юрган бўламан ўрта мактабда Артганича қамиш гуллар юза қисмини Сочларимни чайқатади бетайин шамол. Нима учун осмон бугун айни чошгоҳда Яшнаётган гуллар ҳақда ўйлар бетиним? Қуёш нурлари остида айтилган сўзга Содиқ боғда куртак очган қўзиқоринлар Кўринмайди ҳеч бирига ўтган-кетганнинг. Кун охирида қуёш нурлари тарк этар Кундузги ҳовлини, эсар кечаги шамол Хотирангдаман, сезаман кўз ёшларимни Ва биламан қай тарзда алдашни, шунчаки Қўрқинчли туюлар йиғлаш чошгоҳда ҳўнграб Барча нарсани унутиб.
2021-07-09
http://nodirabegim.uz/archives/4260
Май ойининг бешинчи санаси эди, лекин қари Баруни олиб кетишга ҳали ҳеч ким келмади: унинг эса, гарчи келини Видья зўрға гаплашса ҳам, неваралари умуман қулоқ солмаса ҳам, ростини айтганда, ҳеч қаерга кетгиси келмасди ҳам. Бару журъат тўплаб, ўғли Картар Сингхга: — Мени жўнатиб юборма, ўғлим, — деди, — сеникида қолишимга рухсат бер. Бошқаларникида нон ейишни истамайман. — Бунга исташ-истамасликнинг нима дахли бор, ота? — эътироз билдирди Картар Сингх. — Онамиз вафот этганда, бизлар — беш ака-ука — ўзаро ҳар биримиз сизга галма-галдан бошпана бериб, боқишга келишганмиз. Меникида уч ой яшадингиз — муддат биринчи санадаёқ тугаган. Притуникига бориш пайти келди. Чол бунга ҳеч нима демади — нима ҳам дея оларди? Ўз ихтиёрига қарши бўлса ҳам, Притуникига кетишига тўғри келади. Банто, Притунинг хотини, ҳафсала қилиб, қайнатасига қарарди — ҳафтада икки марта кийимларини ювар, едириб-ичирарди. Болаларига ҳам ўргатарди: “Бувангизни ҳурмат қилинг, айтган ҳамма бажаринг. Сизларга савоб бўлади. Тангри қарияларни ҳурмат қилишаётганини кўрганда, севинади”. Аммо Бантонинг ўзи кам севинарди — эри пиёниста эди. Уйга тун оққанда келар ва ўпка-гина, айблаш, уришиш бошланарди: у хотини билан уришиш учун арзимаган баҳона изларди. Болалар ҳам қуруқ қолмасди — отаси уларни ёмон гаплар билан уришарди. Ғазабини сочишга ҳеч ким бўлмаса, Приту отасининг ёнига келарди. Бару ётган каравотни оёғи билан тепиб, “Сизга ҳали узоқ қараб, боқаманми?” дерди. Чол бутун вужуди билан титраб, индамай кўз ёшларини ичга ютарди. Дунё кўзига хунук кўриниб кетарди. Айниқса ўз кексалиги кўзига аянчли кўринарди. Унинг ёши эса саксонда эди. Приту эса тийилолмасди. Бару ундан қанча ранжитадиган гаплар, ҳақоратларни эшитди, аммо бирон марта ҳам жимликни бузмади. Ҳозир у ўзининг беш ўғли, уларнинг болалари ҳақида ўйларкан, хаёлида бир қарор етилди: бир амаллаб Картардан отасини умрининг охиригача уйида қолдиришга кўндирса-чи? Балки, рози бўлар? Акс ҳолда, Талокникига кўчишга тўғри келади — Притудан кейин унинг навбати. Талокнинг отасига муомаласи яхши, шекилли, уни хафа қилдириб қўймаган, ҳеч нимадан кам бўлмаслиги учун ҳаракат қилади. Талокнинг хотини ҳам қайнатасига гўё ғамхўр эди: биринчи бўлиб овқат берар, биринчи бўлиб чой узатарди. Ҳар куни кийимларини юварди. Лекин чолга улар бу ишни ўзларини мажбурлаб қилишаётгандек туюларди, ҳеч ширин гап айтишмайди, буюмдек муомала қилишади. Ахир бу муҳаббатми? Зерикарли, чарчатадиган мажбурият, холос! Чол адашмаганди. Талок хотинининг қайнатасига яхшилаб қарашини назорат қиларди. Лекин хотини барибир пайтини топиб, чолдан ўпка-гина қиларди: “Дадажон, сиз ўғилларингиз учун умрингиз давомида нима қилдингиз? Ерингиз кам. Беш қисмга бўлганда, ҳар бирига нима тегади? Арзимаган нарса! Пул ҳам тўплаб қўймагансиз. Сизни нима учун ҳурмат қилиш мумкин?” Келиннинг аччиқ гаплари Барунинг юрагига ханжардек ботиб, ичида қаттиқ қайғурарди. Боши оққан томонга кетишни шундай истардики! Аммо Талокни ҳеч нимада айблаб бўлмайди, шунинг учун чол индамасди, келинига ҳам эътироз билдирмасди, ўғлига ҳам ундан шикоят қилмасди, уни деб жанжаллашишларини истамасди. “Келин ҳақ, — деб ўзини юпатарди у. — Талокнинг ойлиги кам, болалари бор, уларни катта қилиш керак”. Вақт ўтиб борар, қари Бару эса қандай қилса, яхшироқ бўлишини ўйларди. Баъзида ерининг ярмини Талокнинг номига ўтказиб беришга қарор қиларди. Бошқа ўғиллари яхшироқ яшайди, ўз уйлари бор, ўзига тўқ. Бунисига эса оғир. Аммо у, Бару ерининг ярмини Талокка берса, қолган тўртови тоқат қилмайди-ку. Улар бу ерни тишлаб узишга тайёр. Масалан, Диалани — тўртинчи ўғлини олайлик, у ҳозир деҳқончилик қиляпти — ер ҳайдайди, экин экади, суғоради. Ахир у Талокка ён берадими? Диаланинг уйида ҳам тўкинчилик, ҳам ўғиллар бор. Лекин нияти ёмон: яширинча танобчининг ёнига қатнайди, отасининг ҳамма ерини ўзлаштириб олиш ҳақида у билан маслаҳатлашади. Шунинг учун ҳам чолни уйига шундай хушламай қабул қилади. Бу ўйлардан Бару қаттиқ хафа бўлди. Оиласи жуда катта эди, қўшнилар уни “катта оила бошлиғи” дейишарди. Ҳаммаси бирга тўпланганда, Бару баъзан ким кимнинг ўғли эканлигини адаштириб юборарди. Хотини, Бхагванти тириклигида, Бару ўз уйида яшарди. Диала унга тахмонга, пичан устига ўрин солиб берарди. Бхагванти ўлгач эса, унга жой ҳам қолмади. Ҳар бир ўғил отасини бошқасиникига жўнатишга ошиқарди. Мана сенга катта оила! Баъзида, буткул умидсизликка тушган Бару хаёлан марҳума хотинига мурожаат қиларди: “Бхагванти, эсингдами, ўғиллари кўп одам кексайганда бахтли яшайди, дердинг? Мени кўр. Қандай аҳволга тушганимни кўряпсанми? Болалар учун мени, қарияни боқиш оғир!” У яна ўғилларининг ҳар бирини хаёлидан ўтказди. Бешинчиси ҳали уйланмаган. У бу ердан беш юз миля узоқда шаҳарда ишлайди. Чол ундан ўпка-гина қила олармиди? Йил ўтди. Яна Картарнинг чолни уйида қабул қилиш навбати келди. Чол жуда хурсанд эди: ахир ўғлиникида турган укаси унинг қўшниси эди. Унинг ерни тақсимлаш ҳақида ўйлашига ҳожат йўқ: ўғли битта эди. “Бирам яхши! — деб ўйларди Бару. — Энди бахтсизликларим ҳақида гапириб берадиган одамим бўлади! Олдинда ҳали нақ уч ой бор!”
2021-08-09
http://nodirabegim.uz/archives/4263
( ), . Кечаги кундан бери Ора Лэрраби бахт туйғуси билан яшарди. Бу жуда ажойиб туйғу эди, у қизчанинг бутун вужудини рохатбаҳш илиқлик билан тўлдириб турарди. У жуда эрта уйғонди. Чодирдагиларнинг ҳаммаси ҳали ухлаб ётишарди. Уйқудагиларни безовта қилмаслиги кераклигини биларди, айниқса унинг ёнгинасида ётган опалари Вида Мэй ва Лоретталарни уйғотиб юбормаса бўлди. Ора саккиз яшар, сарғиш юзларига сепкил тошган қизча бўлиб, ойижоннинг улар Ғарбга, Калифорнияга кўчиб келишларидан анча олдин Оклахомада вафот этган синглиси Риллага ўхшаб кетарди. «Рилланинг қуйиб қўйган ўзгинаси» — дерди ойижон доим ва шунда унинг кўзлари қайғуга тўлиб кетарди. Ойижоннинг кўзлари ўзининг ёшлиги хақида ва улар дарё бўйидаги хақиқий уйда яшаган вақтларини эслаганида ҳам қайғуга тўлиб боқарди. Ора эхтиётлик билан ўрнидан турди ва чодирни кўздан кечирди. Дадажон ойижон ётган томонда йиғма сафарбоп кроватда оғир-оғир нафас олиб ётарди. Чақалоқ эса онасининг қўли етадиган жойда саватча ичида ухларди. Агар Ора рўпарасига қараганда қоплама тўшак устида ётган уч ўғил – Эд, Фрэнк ва Жейсонларни кўрган бўларди. Ора худди балиқчадек овоз чиқармай кўйлагини топиб кийди ва чодирдан ташқарига сирғалиб чиқди. Эрта тонг. Чодирлар шаҳарчаси ҳали уйқуда. Орадаги йўлакчалар ҳам бўм-бўш. Ҳатто шаҳарчага қираверишдаги устунга ўрнатилган Америка байроғи ҳам ҳали кўтарилмаган. Нақадар ёқимли ҳаво, худди муздай сувдек. Қуёш ҳам илиқ нурларини дўстона сахийлик билан таратади. “Салом, ёш ҳоним” — қўшни чодирдан чиқиб келган чол бобо Орага қараб жилмайди. ”Нега бунчалик эрта турдинг?” “Мени бугун базмга таклиф этишган” — деди қизча чолга — “шу бугун тушдан кейин, соат тўртдан олтигача. Бэртлар ранчосига (Ранчо — фермерга тегишли катта худуд-тарж.) — қўшиб қўйди у. “Йўғ-э, қўйсанг-чи? – Чол қизчага худди у кутгандек ҳайрат билан боқди – Базмга бораман дегин? Қанийди, мени ҳам бирортаси таклиф қилса… У ерда илдизли пиво, сомсалар, музқаймоқлар ҳам ерсизлар? “Бўлиши мумкин. Биласизми, у ерда менинг дугонам бор”. *** Ора Эстер Бэртнинг базми хақида бир ҳафта олдин эшитган эди. У анчагача ўзини бу хақда ҳеч нарса билмагандек кўрсатиб юрди. Синфда у қатордан қолганидан хафа бўлганини кўрсатмаслиги керак эди. Охирги йилда Ора ўзини шундай тутишга ўрганиб олган. Тўғри, Эстер Бэрт ҳеч қачон унга бошқаларга ўхшаб, ёввойи болага қарагандек қарамас эди, аксинча доим нариги қатордан туриб кулиб қарар ва дўстларча муомала қиларди. Аммо охирги хафтанинг бошидан бирдан унинг Орага муносабати ўзгариб қолди. Эстер қандайдир индамас бўлиб қолди. Ора унинг олдидан ўтиб қолса, у ўзини бирор нарса билан банддек қилиб кўрсатар, агар бошини кўтарса ҳам унинг катта-катта кўзлари ташвишли кўринарди. Бу нарса уларнинг орасига совуқлик тушишига сабаб бўлди. Душанбадан жумагача бу совуқлик кучая борди. -“Сенга нима бўлди?” – ҳафта ўртасида ойижон ундан сўраб қолди-“Кайфиятинг йўқ. Ёки тобинг қочдими?” -“Йўқ, ойижон, йўқ — Ора қаршилик билдирди — “Мен яхшиман”. -“Яхшига ўхшамаяпсан” — хўрсинди ойижон. Учинчи синф ўқитувчиси Миссис Жоселин ҳам Оранинг ҳулқидаги ўзгаришни сезиб қолди. У қизчадан ҳеч нарсани сўрамади, бироқ пайшанба куни танаффус пайтида уни ёнига чақириб танбеҳ берди: -“Мен сенга бу ҳафта олтин юлдуз (мактабда дарсларни яхши ўзлаштирган ўқувчиларга бериладиган мукофот — тарж.) беролмасмиканман деб қўрқаман. Бир ҳафтадан бери сен жуда паришонхотирсан, дарсларга ҳам эътиборсиз қараяпсан.” *** Жума куни Ора ўзини тамоман бахтсиз ҳис қилди. У энди ўзини атрофдаги шивир-шивирлар нима хақдалигини билмагандек тута олмас эди, энди у фақат мўъжиза рўй беришини кутарди. Эстер Бэрт ўзининг нариги қатордаги дўстлари билан тез-тез сирли тарзда бош ирғашиб, кўз уриштирар, аммо Орадан ҳали ҳам кўзини олиб қочар эди. Фақат бир марта уларнинг кўзлари бир-бирига дуч келди ва шунда Ора дугонасининг кўзларида ташвиш ва маъюслик аломатларини сезди. Қизлар ўйингоҳ томон кетишаётганда Оранинг қулоғига Руф Нортоннинг: -“ Сен бундай қилмаслигинг керак, Эстер,” — деган сўзлари эшитилиб қолди – “Ойинг сенга бунинг учун нақд “Хайл Колумбия” ни айтиб беради. (ижтимоий шевада “уришиб бериш”,” сўкиб ташлаш” маъноларини беради, “Hail Columbia”- Америкада машҳур бўлган қўшиқ номи — тарж.). Биласан-ку, сен улар билан мактабдан ташқари вақтда гаплашмаслигинг керак.” -“Менга барибир, базм меники, мен уни ўзим ҳоҳлагандай ўтказаман.” -“Қани, бир уриниб кўр-чи” – бу товуш Флорес Деннисники эди. Оранинг назарида мактаб соатининг темир миллари ҳеч қачон шунчалик секин юрмаган эди. Ва ниҳоят соат учга занг урди ва учинчи синф ўқувчилари шовқин – сурон билан мактаб ҳовлисига ёйилишди. Ташқаридаги катта йўлда бир қатор машиналар ўқувчиларни кутиб тизилишиб туришар, машиналар рулини асосан оналар бошқаришарди. Худди шу пайтда кутилмаган, ишониб бўлмайдиган ҳодиса рўй берди. Ора Эстер Бэрт бирданига ортига қайтиб, тўғри унинг олдига келаётганини кўрди. -“Сен келавер”, — у Оранинг қулоқларига шивирлади – Сен ҳам кел”. -“Базмгами?” – ҳаяжондан Оранинг томоқлари қуруқшаб кетди. -“Соат тўртдан олтигача” Эстер унга яна нимадир демоқчи бўлди, бироқ қизлар ва болалар тўдаси ёпирилиб келиб уларни бир – биридан ажратиб юборди. *** Ора авввалига ўзини йўқотиб қўйди. Фақат чодирларига етиб келгандагина нафасини ростлаб олиб, янгиликни ойижонга айтиб берди. Ойижон жуда хурсанд бўлди. У Оклахомадан кўчиб келишгандан бери бирор марта шунчалик ҳурсанд бўлмаган эди. -“Бэртлар ранчосими?” – дадажон хижжалаб такрорлади — “Аймоқчи, мен бу жойни биламан. У ерга кўп борганман. Улар шафтоли ва ёнғоқ етиштиришади. Мен сени у ерга олиб бориб келишим учун машинага етарли ёнилғи қуйиб олишим керак экан.” Фақат Лореттага Оранинг базмга бориши ёқмади. “Мен Оранинг ўрнида бўлганимда у ерга бормас эдим” — деди у билағонлик билан — “Мен таваккал қилмаган бўлардим”. Ойижон катта қизига жаҳл билан қаради: -“Ора базмга боради. Борганда ҳам янги кўйлак кийиб боради”. Ойижон бунинг чорасини ўйлаб қўйган экан. У кўрпа тикиш учун олиб қўйган қип – қизил пахтадан тўқилган матодан Орага кўйлак тикиб берди. Жейсон Лореттанинг жигарранг фетр (аъло нав юпқа наматсимон мато-тарж.) шляпаси учун мовий рангли аллақандай қуш патини инъом қилди. Ора чевархонадан иплар ва тугмалар билан бирга бир қанча маслаҳатлар ҳам олиб чиқди. У ювиниб – тараниб кийимларини кийиб базмга жўнаш учун тайёр бўлди. Бутун оила унинг атрофида тўпланиб, худди Ора қандайдир сирли ташкилотга аъзо бўлиш учун кетаётгандай тантанали сукутда унга қараб туриб қолишди. -“Қани, кетдик вақт бўлди“ – адажон эски машинани ўт олдирди. Лэррабилар оиласи Орани кузатишга жамланишди. *** Янги қизил кўйлак шунчалик узун ва кенг қилиб тикилган эдики, уни Лоретта ҳам бемалол кийса бўларди. Вида Мэй кўчадан топиб олган тўғнағичнинг яшил шиша кўзи кўйлакнинг кўкрагига тикилгач, худди хақиқий зумраддек ярақлаб кетди. -“Ма, ол” – Лоретта Орага ажойиб мовий пат билан ясатилган фетр шляпасини узатди. “Фақат у ерга борганда кий.” -“Дадажониси қаранг, худди суратлардаги қизчаларга ўхшайди-я!” – ойижон қувонч билан жилмайди. –“Дастрўмолингни олдингми, дазмоллаб қўювдим”. -“Ҳа,ойижон, олдим”. -“Хўп, бўлмаса,”- дадажон яна бир марта хайрлашди — “қани кетдик”. *** Адажон Орани йўл бўйидаги бахайбат дарвоза олдига олиб борди. Дарвозага баҳайбат ҳарфлар билан “Элдора (Испан тилида “олтин” дегани –тарж.) ранчоси. Хусусий йўл. Қонунни бузганлар ранчо эгаси Г.Н. Бэрт буйруғи билан судга берилади” – деб ёзиб қўйилган эди. Адажон машинани тўхташ белгиси остида ўчирди. “Мен сени яхшиси шу ерда қолдираман. У ёғига, уйгача пиёда етиб оларсан” — деди у – “Бу унча узоқ эмас. Мен соат олтига, шу ерга етиб келаман.” Ора аста – секин уй томон йўл олди. Яқин орада тош йўлда бирорта ҳам машина кўринмагани учн у мен биринчи меҳмон бўлдим шекилли деб ўйлади. Тўсатдан у одамлар овозини эшитиб қолди. -“Қаранг, ойи” – Ора Эстернинг онасини товушидан таниди.-”Кўряпсизми, бу ёққа келаётган қизчани?” -“Ҳа, қизим” – бошқа овоз жавоб берди – “Бироқ мен бу қизчани танимай турибман”. -“Албатта, сиз уни танимайсиз! У қочоқлар шаҳарчасида яшайдиган оиладан. Менинг шунча гапларимдан кейин ҳам Эстер уни бу ерга таклиф қилган кўринади.” -“Кўп сиқилаверма, Эмма. Базмга битта боланинг ортиқ ёки кам келгани нима бўларди?” -Гап бунда эмас, ойи. Гап шундаки, Эстер менинг айтганимни ерда қолдиряпти. Мен Эстерга айтувдим, буни отаси ҳам айтган, улар билан мактабдан ташқарида алоқа қилма деганмиз. У аллақандай “жулдур базм“(“tacky party” – меҳмонлар атайлаб кулгили, эскирган — тўзиган кийимларда келадиган базм — тарж.) тўғрисида гапирганда ҳам унинг шунчаликка бориши хаёлимга келмабди. Мен хозироқ бу қизчани келган жойига қайтариб юбораман.” -“Ундай қилма,” – деди бошқа овоз эгаси. ”Асло бундай қила кўрма. Майли, Эстерни кейин жазоларсан, аммо у таклиф қилган қиз базмда қатнашиши керак.” Овозлар шундоққина Оранинг тепасидаги дераза ортидан келарди, бироқ қизчанинг қулоғига энди ҳеч нарса кирмас эди. Унинг кўзлари ёшга тўлган ва у оёқлари гандираклаганча уни уйдан узоққа олиб кетаётганлигини сезса-да, кўзлари ҳеч нарсани кўрмас эди. Эстер мактабда нима учун ташвишли кўринганининг сабабини у энди тушунди. У албатта росмана уйларда яшовчилар эски машинада иш қидириб юрувчи уйсизларга қандай қарашларини биларди. Улар сизнинг чодирда яшашингиз ва опа-укаларингиз кўплигини дарҳол сезишади ва сиз билан бошқача товушда гаплашиб, сизга бошқача назар билан қарай бошлашади. *** У баланд бир дарахт остидаги ўриндиқни кўриб қолди ва бундан кейин нима қилишни ўйлаб олиш учун унга ўтирди. Отаси икки соатдан кейин қайтиб келади. У ёзувли дарвоза олдида отасини кутиб ўтириши мумкин, аммо базмга болаларни олиб келган ҳар бир машина ўша ердан қайтади, демак болалар уни кўриб қолишади. Балки у асосий йўлга чиқиб олиб, уйга пиёда кетиши керакдир? Бироқ унда отаси уни бу ерда кутиб қолади, онаси ва опа – укалари эса бўлган воқеани сезиб қолишади. Улар унинг базмга боришидан қанчалик ғурурланиб, қанчалик ҳурсанд бўлишган эди… Яна бу ерда Эстер ҳам бор. У энди Эстер Бэрт унга хақиқий дўст эканини билиб олди. Агар Ора кетиб қолса Эстер у базмга келишни хохламабди деб ўйлаб, хафа бўлиши мумкин. Ора рўпарасидаги ўтлоқдан юриб келаётган болалар шарпасини сезиб ўрнидан турди ва аста-секин улар томон юрди. Болаларни кўриб у бир зумга ўзини йўқотиб қўйди, назарида у циркдаги масхарабозлар ичига тушиб қолгандай эди. Қизча синфдошларини таниди, аммо улар бутунлай бегона болаларга ўхшаб қолишган эди. У ўзини ўраб олган болаларнинг титилиб кетган свитерларига, қора ишларга кийиладиган коржомаларга, йиртиқ тўр парчалари тикилган енгларига, ранги ўчиб кетган ҳошияли ёки катак – катак матолардан тикилган кўйлакларига ва беўхшов гуллар қадалган шляпаларига қараб ҳайратдан қотиб қолди. — “Ҳой Нэн! –Милли Роббинс қичқириб юборди — Бу ёққа келиб Орани томоша қилинглар! У Ошхонадаги печкадан бошқа ҳамма нарсани эгнига илиб олибди!” — “Қаранглар, пат ҳам тақиб олибди!” — Билли Уилкомб хитоб қилди – “Мана бу хақиқий “жулдур базм” га мос кийим деса бўлади. “Жулдур базм!” – Эстернинг онаси ҳам бу хақда гапирган эди. Эстер кеча унга мана шуни айтмоқчи бўлган эканда! Эсиз, у яхшироқ эшитиб олса бўларкан… У бўлса базмга ҳамма энг яхши кийимларини кийиб келади деб ҳисобларди. “Мен сизларга айтмабмидим!” — деди Эстер унинг олдига келиб. У онасининг кўйлагини кийиб олган, кўйлакнинг бошидан оёғигача атайлабдан янги ямоқлар тикиб чиқилган эди – “айтмабмидим, Орани таклиф этсам у базмнинг гули бўлади деб.“ *** Ора Эстернинг кўзларига қаради. Эстер Оранинг усти-бошига кўз югуртириб, унинг кийим – кечагидаги барча тафсилотларни маъқуллаганини билдириб жилмайди. Ора ҳам унга жавобан жилмайиб қарашга харакат қилди. Бироқ аслида шу тобда у фақат бир нарсани: ортига қараб югуриш, то ўз чодирига етиб боргунча тўхтамай югуришни истарди. Унинг ҳозирги ҳолати Эстернинг онаси айтган сўзларни эшитган пайтдан ҳам ёмонроқ эди. Чунки бошқалар унга қараб кулиб, унинг беўхшов кийимларига қойил қолиб қутлашганида у ўзини худди ойижон ва бошқа оила аъзоларига нисбатан сотқинлик қилаётгандек сезарди. -“О, мана буни шляпа деса бўлади!” –Жо билан Жерри Оранинг шляпасини унинг бошидан юлиб олишди ва ўтлоқнинг у четидан бу четига футбол тўпидек тепа бошлашди. Ора шляпасини уларнинг оёқлари остидан базўр тортиб олганда унга қадалган патлар синиб бўлган эди. “Мен сир бой бермаслигим керак” – деди Ора ўзига – ўзи тишларини маҳкам қисганча, — бу ерда Эстерга, ёқда ўзимникиларга ҳеч нарсани сездирмаслигим керак”. Базмда унга жуда яхши муносабатда бўлишди. Ҳеч ким у қўрқиб кутгандек чодирдаги ҳаёт, бир кунда уч маҳал бўтқа ейиш мавзусидаги ҳазил гаплар билан унга тегажоқлик қилмади. Базм ўзининг энг қизғин палласига кирганда Эстер қарсак чалиб ҳаммани ўзига қаратди: -“Энди энг жулдур кийим учун таъсис этилган совринни топшириш вақти келди” – эълон қилди у ўта жиддий оҳангда. –“ Бувим парда орқасига ўтиб ўтирадилар. Ҳар бир киши битта – биттадан уларнинг олдиларига ўтиб, ўзи овоз берган кишининг номини шивирлаб айтиб, орқасига қайтади. Охирида бувим энг кўп овоз олган кишининг номини айтадилар”. Ора бир қатор бўлиб тизилган болалар ва қизлар сафининг энг охиридан жой олди. Ниҳоят, парда ортига ўтиб овоз бериш навбати унга ҳам етиб келди. Бироқ у ўзи танлаган номни айтмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган пайтда Эстернинг бувиси оғзи қулоғига етгунча жилмайиб, унинг қўлларидан маҳкам тутди: -“Сен бошқалардан кўра икки баравар кўп овозга эга бўлдинг. Сен совринни ютиб олдинг, у сеники”. Ҳамма болалар унга ҳавас билан қарашди, қарсак чалиб, шовқин кўтариб уни ўраб олишди. Эстер унинг қўлларига соврин солинган қутичани тутқазди. -“Оч уни, оч!” – қтичқиришди болалар. -“Уни мажбур қилманглар!” – деди кекса хоним — “Майли, у қутичани ўзи ҳоҳлаган жойда очсин. Сен албатта совринни уйдагиларинг олдида очиб кўрсатишни ҳоҳлайсан, тўғрими?” Ора кўзларини кўтармай бош ирғади. -“Хўп, бўлмаса базмни давом эттирамиз. Дастурхон сизларга мунтазир!” Бу сўзлар айни зарур вақтда айтилди ва Оранинг бахтига дастурхон атрофидан жой олиш учун шошилган болалар бир зумда уни эсдан чиқаришди. Қўлидаги қошиқ Орага ниҳоятда оғирдек туюлди. У музқаймоқдан маза топмади. Ажойиб кўринишли тортдан ҳам худди қора нон ва ловияни чайнагандек базўр тотиниб ўтирди. *** -“Майли, яхши қол, мен энди борай” – деди Ора Эстерга дастурхондан туришгандан сўнг. – “Мени базмга таклиф этганинг учун рахмат”. -Яхши бор” – деди Эстер – “Мен совринни ютиб олганингдан хурсандман”. У Орани елкасидан қучиб, эшиккача кузатиб қўйди. -“Тўхта, қизча, тўхта!“ – Кекса хоним шошганча Оранинг ортидан пастга тушиб, унинг йўлини тўсди. — ”Қолган печенье ва конфетлардан олиб кет. Сенинг опа – укаларинг бўлса керак? Оилада нечтасизлар?” “Рахмат, мэм” – деди Ора ва дадажон яхши кўрадиган жумлани эслаб қўшиб қўйди: “ Жужуқлардан бир тўдаси бор”. Ниҳоят Эстерлар уйи кўринмай қолгандан кейин Ора енгил тин олди. У катта йўлга яқин келганда дарахтлар орасидан машиналар кўзга ташлана бошлади, бироқ уларнинг ичида дадажоннинг машинаси кўринмас эди. Ора бажаришга қарор қилган ишни амалга оширишниниг айни пайти. Катта йўл билан мевазор боғ ва ёнғоқзор орасидан ўтган зовур ёмғирлар таъсирида чуқурлашиб, лойқа билан тўлиб қолган эди. Ора соврин солинган қутичани иккала қўли билан маҳкам ушлаб, зовр бўйига сирғалиб тушди. “Мен аввал қутича ичидаги нарсани кўришим керак” – деди у ўзига — ўзи. Эстер совринни ўз қўли билан қутичага жойлаган. У совринни Ора ютиб олганига ҳурсанд бўлган эди. Энди Ора қутичани очиб ҳам кўрмаса бу Эстерга нисбатан адолатсизлик бўларди. “Мен бу нарсани уйга олиб бора олмайман. Менинг болаларга масхара бўлганимни ойижон сезса қаттиқ хафа бўлади. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Бироқ мен совринга бир марта кўз ташласам, бунинг зарари бўлмаса керак.” Ора ипак лентани очиб, соврин ўралган юпқа қоғозни очди. Қоғоз ичида Ора ҳеч қачон кўрмаган жуда чиройли хитойи гулдон бор экан. Гулдоннинг силлиқ сирти ажойиб гуллар билан безатилган, улар кўринишидан хақиқий гулларга ўхшарди – атиргуллар пушти, бўтакўзлар – мовий рангда товланарди. “Агар мен лентани ўзимга олиб қолсам, бунинг ҳеч кимга зарари бўлмаса керак “ — қарор қилди Ора қутичани қайта ўрар экан. У қирғоққа қайтиб чиқиб пастга қаради ва оқ қоғоздан асар ҳам қолмаганини кўрди: қоғоз Оранинг сирини яширган ва унинг иснодини бағрига олган лойқа рангига кириб кўздан ғойиб бўлган эди. Ниҳоят узоқдан машина ҳам кўринди. Дадажон унинг ёнига келиб тўхтади ва қизини кабинага олди. -“Хўш – деди у – базм яхши ўтдими? Сумкадаги нима?” -“Печенье ва конфетлар. Еб кўрасизми, дада?” -Йўқ, раҳмат. Бу борада сенга ойижон ва бошқа болалар қарашворишади. *** Дадасининг ёнида ўтириб кетиш қандай яхши! У Лореттанинг шляпасини бошидан ечиб олиб тиззасига қўйди ва шляпадаги мовий патларни қўллари билан силай бошлади. Ҳеч қачон букилмайдиган патлар қуёш нурида яна товлана бошладилар. Йўлнинг ҳар икки томонида ёввойи гуллар билан қопланган дала ястаниб ётарди. Ботиб бораётган қуёш нурлари остида гуллар жуда ажойиб кўринишарди. -“Чиройли! – деди дадажон – ғаройиб манзара!” -“Гулларнинг кўплигини қаранг” – жавоб берди Ора. ”Шунчалик кўпки, уларни ҳеч қандай гулдонга сиғдириб бўлмайди.” Шундан кейин Ора анча вақт жим қолди. Дадаси буни сезиб: -«Жуда чарчаган кўринасан, – деди у — баъзида базмда ўтириш ҳам одамни чарчатиб қўяди». -“Ҳа, дадажон”, – Ора дадасининг гапини маъқуллади ва у томон сурилиброқ ўтириб олди.
2021-07-06
http://nodirabegim.uz/archives/4130
Ева Липская 1945-йили Польшанинг Краков шаҳрида дунёга келган. Краков бадиий академиясида тасвирий санъат ва санъат тарихини ўрганган. Илк шеърлари матбуотда 1961-йилда чоп этилган. 1975-1976 йиллари АҚШ Айова университети стипендиясини олган. 1968-йили Польяк ёзувчилари уюшмасига аъзо бўлиб, 2020-йили уюшмани тарк этган. 1981-1983 йиллари “Писмо” журналида ишлаган. 1991-йили Австриядаги Польша элчихонасида иш бошлаб, ўн йил шу ерда фаолият олиб борган. Айни пайтда Краков шаҳрида яшайди ва Ягеллон университетида эркин маърузачи сифатида фаолият юритади. Шоира польяк шеъриятидаги “озод тўлқин” вакилларидан биридир. Польяк адабий танқидчилари Липска шеъриятини “тўртбурчак чизадиган циркуль” деб таърифлашган. Тўлқин узра ястандим, Тошқин мени қутқармади. Қўшилиб ёндим оловга, Ёнғин мени қутқармади. Қутқармади мени ҳалокатлари Поездлар ва машиналарнинг. Қутқармади ҳатто учоқлар Мен билан қўшилиб портларкан ҳавода. Беҳудага яксон бўлдилар Деворлари улкан шаҳарларнинг. Қутқаролмади на оғулар Ва на жазо бўлинмалари. Қиёмат ҳам қутқармади – Шунчаки қайғуришга вақти йўқ эди. Ҳеч нарса қутқаролмади мени – Яшаяпман. Худкушликка энг яхшиси Нонуштадан кейин қўл урмоқ даркор. Нонуштада бир финжон Сут ичмоқ тавсия этилар. Чунки сутда А дармондориси бор. А дармондориси кўз касалликларига Шифо бўлар. Кўзлар эса кўрмоқ учун хизмат қилар. Дунёни кўрмоқ учун. Худкушликни Иложи борича сассиз бажармоқ даркор. Оҳиста-оҳиста – Скрипка торида юрган пашшанинг Секин ғўнғиллаши сингари. Ортган нонни Қушчаларга сочмоқ даркор. Токи яшашда давом этсинлар. Давом эта билсинлар. Дўстлик чегарасига тўсиқлар тортилган. Хиралашган қуёш чироғи, Тузоқлар жойлаштирилган. Сен – бир тақиқланган рисола. Шляпанг бошингни чегарадан яширинча олиб ўтар. Бошинг ўйларингни олиб ўтар яширинча. Менинг марҳум қондошларим Очадилар жомадонларин. Қора костюм. Оқ кўйлак. Ортиқ шахсий бўлмаган буюмлар. Оломон қалқади оёққа. Божхоначилар чиқаришар енгларидан Рангли рўмолчалар, пуфаклар ва митти найларни. Итлар қаттиқ ҳурар. Тушар пардаси деворларнинг. Ўзингга ҳазир бўл, Қаттиқ ишонмагин ўзингга. Сира иккиланмай Чаккангга ўқ узмоқ келар қўлингдан. Олдинга югураётиб, Ўзингни унутишинг Ва ортда қолдиришинг мумкин. Ўнг қўлингга ишонма – Ўлим фармонингни ёзар, эҳтимол. Чап қўлингга ишонма – Боқсанг, зумда ўнгга айланар. Эҳтиёт бўл ўйларингга ҳам – Туйқус тарк этишлари мумкин Ёнаётган миянг учоғини. Жимликдан ҳазир бўл Негадир кўп бормоқдасан ҳузурига – У тилингни боғлар, эҳтимол. Ҳайвонот дўконлари. Болалигим асрандилари Тўпланган лагерлар. Денгиз чўчқалари. Тўтилар. Канарейкалар. Тутқунликнинг бўғиқ ҳиди. Воқеалар қолдиғи. Уйда хўп ўқчидим тушкунликдан. Мушук Антигона ортиқ кўринмади. Вердендан келган сичқон қопқонлари Ва ниҳоят давоми Освенцимнинг. Оқибатидан мутлақо бехабар эдим, Ёруғ дунёга кўз очган чоғим Ўз ихтиёрим ила. Телбаликка имконинг бор. Алмаштирсанг бўлар телбалик валютасин Даҳолик билан. Бари беҳуда. Залда қатнашаётган Ўн гувоҳ ичидан Ўн биринчиси туриб Айбдорлигинг айтар. Келтиришар сенга эҳтимол миллатни жилд ичига солиб. Эҳтимол, қўрққанингдан уни севарсан Ё шунчаки меҳр туфайли Сабзавотлар етиштиришинг мумкин – Улар билан заҳарлашар сени. Коллекциянгдаги қуролдан Сенга ўқ узадилар. Эрта эса бахтли кунинг бўлиши мумкин, Сешанба бўлса-да агарчи. Ваниҳоят нимадир қил, Тириклар бесабр. Мен сенинг ўлимингни Одамлардан тутмоқдаман сир. Улкан давраларда Биргамиз ҳамон. Мозор дарвозаси олдида Ўчиргайман бари изларни. Ўлимга инонма. Мангу уйқу Шунчаки таътил.
2021-06-13
http://nodirabegim.uz/archives/4141
– Қара, бу жавон сеники, буниси эса меники. Оч ичини, оч… Анааа! Мана шу кийимларнинг ҳаммаси сеники. Энг яхши кўрган рангинг қора. У жим эди. Дарс столимизга ўтиб, қўлини қаламдонга узатди. – Эски, едирилган қалам меники, бу янгиси эса сеники. Ҳеч бирига парво қилмай, шундоқ жойига ташлаб қўйди. Ўрнидан тургач, кўзини ерда ётган эски сумкамга тикиб қолганини кўргач, яна тушунтира бошладим: – Бу менинг сумкам. Анави илгакдаги қизилини эса сен тутасан. – Ие, мен қорани яхши кўрардим шекилли? – Аввал тутган сумкангнинг ранги қора эди. Лекин, у эскириб кетгач, ўтган ҳафта бозорга чиқиб, буни олиб келгандик. – Сизга нега олиб келмадик? – Биз бой эмасмиз… Жудаям бой эмасмиз демоқчиман. Онам фақат битта сумкага етадиган пул йиққанди. Менга ўйчан қараб қолди. – Янги сумка олиш учун кўп пул керакми? – Бўлмасамчи! Ҳамманинг ҳам қурби етавермайди… Хонани обдон кўздан кечириб, нигоҳлари билан хонанинг энг чекка, буюмлардан ҳоли бурчакларига қадар пайпаслаб чиқди. Нозик бармоқлари бирон ашёга тегса, унинг устидан бошдан тушган рўмол каби сирғалиб, бошқа ёққа ўтиб кетарди. Кимдандир ёрдам кутаётгандек кўринарди у. Худди ҳамма нарсага бир-бир тегиниб чиқса, барчаси аввалги ўрнига қайтадигандек. Эшикнинг орқасини ўзича тафтиш қила туриб, илгакка осилган иккита мактаб формасига кўзи тушди. Сўрашини кутмай бидирлай кетдим: – Енги калта камзул меники. Оппоқ ёқали кўйлак эса сеники. – Нега бу кўйлак бошқа кийимларга қўшиб жавонга солинмаган? Нега ёқаси оқ-у ўзи ҳаворанг? Мен қорани яхши кўрмасмидим? – Буларни ҳар куни мактабга киямиз. Сен бироз, ҳалиги… Мактаб бошлансин, ўзинг тушуниб оласан. Буларни ҳар куни киямиз! Мен камзулимни, сен кўйлагингни. Кўйлаклар доим ҳаворанг бўлиши керак. Авваллари, бундан анча олдин қора бўлган экан. Токчага қараб юра бошлади. Орқасидан қараб қолдим. Эгнида шими тушиб кетай деб турарди. Бирдан тўхтаб, ортга қайтди. – Менинг ётоғим қайси? Кўзимни олиб қочаман. Қўлларимни қаерга яширишни билмай, юзимга босдим. Безовталигимни сезмади. У бундай нарсаларни билмас, ҳаммасини бошидан ўргатиш керак эди. Онам айтганди: – Ҳаммасини бошидан ўргатамиз. Уканг энг оддий нарсаларни сўраб турса ҳам жаҳлинг чиқмасин. Силтаб ташлама. Сен акасан… Хўпми? — Дераза тагида сен ётасан, буёқдагиси эса менинг жойим. Ўзи ётадиган краватга бориб ўтирди. Бармоқлари билан чойшабнинг попукларини ўйнаган бўлди. Қизарган юзимни яширишга уриниб, ҳайратимни ичимга сиғдиролмай бақириб юборибман: – Қара, буни унутмабсан. Олдинлари ҳам чойшабнинг попукларини шундай ўйнаб ўтирардинг. Жавоб бермади. Фақат ўзига ўзи “олдинлари” деб шивирлаб қўйди… – Қани, пойжомаларни кияйлик. Устингдагиларни ечмасанг, ухлолмайсан. Шундай деб, укамни ўрнидан турғаздим. Энди жемперини ечаётгандим, кўзи бирдан менинг ётоғимга тушиб, қотиб қолди. – Менда нега иккита адёл турибди, – деб сўради. Онамнинг “сен акасан” деган гапидаги юк елкамни босгандек бўлди. – Мен акаман… Сен совуққотма… – Акаларда фақат битта адёл бўладими? Устимдан муздек сув қуйгандек бўлди. Лабимдан титраб чиққан “ҳа” деган калима хонани остин-устун қилиб юборгандек бўлди. Ўринларимизга ётиб, кўзларимизни юмдик. Укамнинг тун бўйи урган аксирикларини уйқунинг теран чоҳига инганча алла каби эшитиб ётдим. Бироқ, кеч соатлардан бирида “ака” деганидан уйғониб кетдим. Ака… Бошқача бир талаффуз, буткул ўзгача урғу. Укам мени ҳеч бундай оҳангда чақирмасди. – Лаббай? Менинг овозим ҳам ўзгариб қолганди. Ваҳоланки, қоя каби тик туришим, укамга йўл кўрсатишим керак. Нима бўлган тақдирда ҳам, мен ака эдим. – Доим ётоғимга шамол шундай уриладими? Яхшиямки хона қоронғу эди. Қизарган юзимни кўрмади. – Меникига ҳам урилади. Ҳам сен… Ҳам сен аввалдан шундай кўп совқотардинг. – Ҳмм. Тушунарли. Бошини ёстиққа буркади. Бояги аксирик яна бошланганди. Бу овоздан ухлолмаслигим мумкинлигини ўйлаб, ёстиқни юзига босди. Энди унинг чучкиргандаги овози худди даҳлиздан келаётгандек эшитиларди. Отамга докторлар хотираси қайтиши мумкин дейишганди. Лекин, уйимизда бунга ҳеч ким ишонмасди. Куну тун дуодан бўшамаган онам ҳам бу қайтишга билинар-билинмас умид қилиб қўярди, холос. Бошқа пайтлар эса театрда рол ўйнаётгандек тутарди ўзини. Ўзимизни укамнинг энг оддий ҳаракатларига ҳам қаттиқ хурсанд бўлгандек кўрсатардик. Бу бир пинҳон таъмадек эди: умидга тақлид… Албатта, укамнинг бола ақли буларнинг ҳеч бирига етмасди. Кунларни менинг мактабдан келишимни кутиб ўтказарди. Хонамизга кириб, бўйинбоғимни ечган заҳотим келиб ёқамдан тортар, ўтмишига оид энг майда икир-чикирларгача сўраб, мени саволларга кўмиб ташларди: – Мен қайси овқатни яхши кўрардим, ака? Телевизорда копток ўйнаётган болаларни кўрдим. Мен ҳам копток ўйнармидим? Онамизни кўпроқ яхши кўраманми ё отамизни? Ёзда таътилни ўтказиш учун бирон жойга борармидик? Сиз билан қандай ўйинлар ўйнардик, ака? Унинг бошқача оҳангда айтаётган “ака” сига мен ҳам секин-аста кўникиб борардим. Нима бўлган тақдирда ҳам, бу янги “ака” унинг юзлаб саволлари охирига муҳрдек босиларди. Бироз ўтиб, унинг мени авваллари қандай чақирганини буткул унутдим. Ҳолбуки, менинг ишим унутиш эмас, эслатиш эди. Мен ака эдим… Фақат тун тушгачгина бу оғир юкдан халос бўла олардим. Бир марта у билан кичик келишув қилдик: – Чироқлар ўчгач, бир-биримиз билан умуман гаплашмаймиз. Ҳўпми? Рози бўлди. Кўзларимизни юмар, индамасдан, жимгина ётардик. У аксирикларини, мен эса виждонимдаги оғриқни тўхтатолмай уйқуга кетардик… Бир кеча унинг овози зулматни қоқ иккига бўлиб юборди: – Ака, қиш қачон тугайди? Мен қаттиқ совқотяпман. – Оз қолди. Бироз кутсак, апрель келади. – Апрель, – деб шивирлади ва бир акса уриб қўйди. Адёлни бошига тортди. – Сени шундай яхши кўраманки… Жон жигаримсан… Сенга ўзим ғамхўрлик қиламан… Сени қанча офатдан сақлаб қолганимни ҳеч ким билмайди… Унга озор бермаслигимни, ҳеч йўқ шунга ҳаракат қилаётганимни исботлашга уринардим. Ҳам укамга, ҳам ўзимга… Вақт ўтгани сайин минг бир ёлғону яшиқнинг остида эзилиб, йўқ бўлиб бораётганимни ҳис қила бошладим. Мен чиндан укамга меҳрибон менмидим? Меҳрибон, ҳатто жуда меҳрибон… Унда нега уни алдаб, ётоғини ўзимники қилиб олдим? Бироқ, айтганларимнинг ҳаммаси уйдирма бўлиши мумкин эмасди. Уни ҳар кўрганимда ичимдан нимадир узиларди. Узилган нарсанинг “чирт” этган товуши қулоғимда шундай акс-садо берардики… Еб-ичишига кўз-қулоқ бўлар, овқатланаётган пайти тепасида титраб турардим. Фақат, мендаги бу оқкўнгиллик виждонимни оқлаш учун эди, холос. Ўзимни танимасдим. На у билан, на бир ўзим қолган вақтларимда… Укам сабрсизлик билан кутган апрелнинг бошлари. Қишдан чиққанимизга анча бўлган, иккинчи адёл кўп ҳафталар аввал сандиққа жойланганди. – Хайрли тонг, ака. Тукларим тикка-тикка бўлиб кетди. Бу “ака” мен ойлардан бери эшитмаган ва унутдим деб ўйлаган ўша эски “ака” эди. Хотирасини йўқотмаган, деразанинг тагида эмас, эшикнинг ёнидаги иссиқ ўринда ётадиган укамнинг акаси. Биринчи келган “А” ҳарфи узун, “к” ҳарфидан кейин кичик бир бўшлиқ ва яна қисқагина “А”. Бошимни ёстиқдан кўтариб унга қарадим. У менга ўзидаги забунлик ва тортинчоқликни яширишга урингандек тикилиб турарди. – Мактабдан келганимдан кейин гаплашамиз. Унгача сўрайдиган нарсаларингни ўйлаб тур. – Хўп, ака. Ҳа, ўша фалокатга учрамаган укамнинг акаси эди бу… Бунга амин эдим. Чошгоҳ уйга қайтдим. Бу сафар у менга эмас, мен унга интилардим. – Қани, сўрайдиганларингни ўйладингми? Кўзини телевизордан узмай жавоб берди: – Йўқ… Ярқираб турган қоп-қора сочларига сўнгра дўмбоқ юзларига қарадим. Укам ҳотиржамдек кўринарди. – Майли. Бироқ, эртаси кун ҳам ҳеч нарса сўрагани йўқ. Ундан кейинги куни ҳам… Мактабдан келибоқ у ўтирган хонага югурар, унга сўра дердим. Бари бефойда… Баҳорни шубҳа-гумонларим оловида қовурилиб ўтказдим. Ва, албатта ёзни ҳам. Кейин эса қиш келди. Энди яна ҳар кеча баҳорга неччи кун қолганини укамга айтиб берардим. – Биламан, ака. Айтишингизга ҳожат йўқ. Жим бўлиб қолдим. У яна аксиришда давом этди. Адашмасам, январнинг ўрталари эди. Тун ярмида укамга менинг жойимда ётишини таклиф қилдим: –Истасанг, алмашишимиз мумкин. Баъзан нималарнидир ўзгартириб туриш керак. – Нега? Бу жой меники эмасми? Укамнинг саволимга савол билан қатъий, одобсизлик қилмай берган жавоби шундай бўлди. – Шундайкуя, лекин… Ҳай майли, ўзинг биласан. Укам адёлнинг ичига тиқилиб олди. Бу сафар мактабдан келганимда укам кўринмасди. Қишнинг сўнги куни эди. Хонамизга кириб, эскирган сумкамни ерга ташладим. Атрофни кўздан кечириб чиқдим. Ётоғимнинг, тўғрироғи укамдан ўғирлаган ётоғимнинг бошига келганимда ҳаммасини сезиб қолдим. Чойшаб ғижимланган, демак мактабдалигимда кимдир жойимга ётган. Титрай бошладим. Ғижимни бузмай, эҳтиёткорлик билан ётоғимга чўкдим. Отам билан онам укамни излар, бу бола қаерга кетди деб бир-бирларидан тинмай сўрашарди. Қалтираганча кечлик қилдим. Эшик тақиллади. Хурсандчилик, хавотир ва жаҳл билан тўлиб-тошган бақир-чақирлардан сўнг укам эшик ёнида пайдо бўлди. Юзим қип-қизил, танам ёғочдек қотиб қолганди. Кўзларимиз тўқнашган он йиғлай бошладим. У ҳам менга қўшилди… Аввал менга томон бир қадам ташлади. Кейин яна бир… Чойшабнинг ғижимланган жойини текислаган бўлдим. Унга ўтирмай, ёнимдан шундоқ ўтиб кетди. Дераза тагидаги ётоғига бориб узандию, адёлга бурканиб олди. Юзини менга ўгириб, бурнини тортиб-тортиб қўйди. Йиғидан бўғилган овози билан сасланди: – Хайрли тун, ака. Энди бу буткул бошқа “ака” эди. На фалокатдан аввалги, на кейинги, буткул бошқа, учинчи бир “ака”. Ҳеч қандай маъносиз, ичи бўм-бўш, худди деворга ўхшаш, арава каби, тош каби, тупроқ каби… “ака”.
2021-06-24
http://nodirabegim.uz/archives/4145
Азизам Хонзода, Биламан, бу бизнинг илк айрилиғимиз. Қўрқув, хавотир, безовта ўйлар… Мен кетган кундан буён туйғулар дарёсида сузаётганингдан, ҳатто уларга чўкиб бораётганингдан ҳам хабардорман. Эҳтимол, ҳозир бир хонанинг бурчагига сиқилганча нега отанг каби бир тужжор ёки ўқитувчи бўлмадинга деб мени хаёлан койиётган бўлишинг ҳам мумкин. Ёки дардингни мовий бинафшаларга дастурхон қилаётгандирсан. Худди ўша, мен ҳали кетмаган пайтлардагидек. Нацистлар армияси қўлларида “Олмон қўшини ўзи доим чуқур ҳурмат қилган ишчилар синфининг улуғ Қизил Армиясига салом йўллайди” деб ёзилган тахталарни кўтарганча бизни қарши олишяпти. Нацист генералларининг бизга нисбатан самимий муносабатини айтмайсанми! Бугун биз ўртоқ Сталин бошчилигида Шарқий Польша тупроқларини озод қилган ғолиб қўшин аскарларимиз. Жонгинам, энди хавотирни қўй. Ўйлаганимиздан ҳам қисқа муддатда уйга қайтаман. Лейтенант Ойбек * * * Азизам Хонзода, Бу ерда ҳаммаси жойида. Кунларимиз ҳеч бир қўрқувсиз, фақат кутиш билан ўтяпти. Бир-иккитаси демасанг, бундан ҳамма хурсанд. Баъзан тушликни қримлик йигитлар билан қиламан, суҳбатларига қўшиламан. Ҳамманинг ўз ҳикояси бор. Қай бири қишлоғидан, қай бирлари эса қарзидан қочиб қутулиш учун бу ерларга келган. Ичларида хотин бола-чақасини ташлаб, чиндан қурол ушлаш истаб келганларини ҳам кўрасан. Менинг кўнглимда эса сени ташлаб кетганимнинг ҳасрати ҳамон шамдек ёниб турибди. Лейтенант Ойбек * * * Азизам Хонзода, Бугун нацистларнинг Краковда бир нечта профессорларни ҳибсга олиб, таълим жараёнларини тўхтатганликлари ҳақидаги хабарни эшитиб уйғондик. Ҳамма хавотирда. Еттидан етмишигача бизни кўрган борки, орқасига қарамай қочади. Нацистлар томонидан келган ҳар қандай ахборот биздан кўра оддий халққа кўпроқ таъсир қиляпти. Одамлар биздан ҳайиқишяпти, Хонзода. Биз ҳам улардан… Асосан подполковниклар қаршилик ҳаракати ҳақида бош қотиришяпти. Ҳамманинг кўнгли игна устида ўтиргандек нотинч. Мен эса сени соғинишдан бошқа ҳеч нарса қилаётганим йўқ. Лейтенант Ойбек * * * Азизам Хонзода, Бу ерда ўзимга янги дўст топдим. Лақаби Бўз. Бошини бир-икки силагандим, орқамдан ҳеч қолмайдиган бўлди. худди соя дейсан. Бир уёққа, бир буёққа… Бироз бегонасирашдан сўнг унга кўникишим осон кечди. Овқатимга шерик бўлаётган бўлса ҳам, бу қора кунларда тилини чиқариб кўрсатадиган қилиқлари билан мени бироз кулдиришни эплаб турибди. Лейтенант Ойбек * * * Азизам Хонзода, Бир-неча ҳафталардан буён давом этаётган ҳарбий таъминотнинг кўчирилиш сабаби маълум бўлди. Бугундан эътиборан Қизил Армия фин тупроқларига киргани эълон қилинди. Мен эса бу ердаги тартибни сақлаш билан бандман. Бунга қарамай, мен қилаётган ёлғиз иш янги келган аскарларга тартиб-интизомни ўргатиш бўляпти, холос. Бўзни орқамдан эргаштирган кўйи соатларча текшир-текшир қилиб юрамиз. Хаёлларим бир-бирига қоришиб кетганида сени ёнимдагидек ҳис қиламан, нафасингдан ҳавога кўтарилган ўша оқ буғни кўз олдимга келтираман. Ва, бундай пайтлар фақат шинелимни бағримга босишим мумкин. Лейтенант Ойбек * * * Азизам Хонзода, Уруш тугаганига қарамай, орадаги гина-кудрат ҳеч аримаяпти. Бугун энди ўртоқ дейишга ҳам тилим бормайдиган Сталин буйруғи билан таслим бўлган тўрт ярим минг поляк аскари Катин ўрмонида қатл қилинди. Билмадим, эҳтимол бу ҳолат мени милтиқни ташлаб қочганлардан ҳам кўра қўрқоқ ва олчоққа айланишимга сабаб бўлаётгандир? Нега ва кимга хизмат қилаётганимни, нима учун жанга кирганимни ҳам тушунолмай қолдим. Бу қора ва кир фикрлардан қутулиб, шу ондаёқ уйга қайтиш ва бағринга ўзимни отишни истайман. Лейтенант Ойбек * * * Азизам Хонзода, Красноега келган кунимиз ким билан юзлашганимни минг ўйласанг ҳам тополмаслигинг аниқ. Содиқ Турон! У билан ўқишни битириб, ҳамма иш-ишига тарқаб кетганидан буён кўришмагандик. Бизнинг синфдаги уч-тўрт татардан бири эди у. Мактабда доим бир-биримизни қўллаб юрардик. Устимизда совет шинели бўлса ҳам, бошқалар бизга фақат ва фақат татар деб қарашарди. Содиқ кўнгли тоза, ғайрати мудом жўшиб турадиган бола эди. Энди эса… Унинг кўзларидаги ўша олов сўнган, унинг ўрнини мағлуб ва ҳорғин аскарнинг паришон нигоҳлари эгаллаганди. Шу қадар чарчагандикки, на бир-биримизни кўрганимиз боис севинишга, на бир-биримизни қучоқлашга мажол тополдик. Анча пайт жим ўтирдик. Узоқ-узоқларга кўз тикдик. Бу оғир сукунат бутун дардларимизни достон қилишга кифоя эди. Немис бомбаларидан бири устимиздан учиб келиб, шундоқ ёнгинамизга тушди. Айни ўша лаҳза Содиқнинг лабларидан биргина жумла тўкилди: – Биз бу ерда бу форма билан нима қилиб юрибмиз? Нима қиляпмиз ўзи? Нима қиляпмиз? Нима қил… Унинг айтган гапи анчагача миямда акс-садо бериб турди. – Нима қиляпмиз ўзи? Нималар қиляпмиз? Нима қил… Чиндан, биз бу ерда нима қилаётгандик? Ким ва нима учун жанг қиляпмиз? Мактабда келажак учун тузган режаларимиз бир-бир барбод бўлар, ўзимиз эса орзуларимиз янглиғ ҳаробазорлар аро югуриб, жон олиб жон бераётгандик. Лейтенант Ойбек * * * Азизам Хонзода, Кутилмаган босқин сабаб немисларнинг қўли баланд кела бошлади. Фронтдан анча узоқдалигимизга қарамай ортга чекиниш ҳақида буйруқ олдик. Дарҳол йўлга чиқишимиз керак. Мендан хавотир бўлма, соғ-саломатман. Вақт топишим билан яна ёзаман. * * * Азизам Хонзода, Минскдан сўнг Смоленск ғарбидаги истеҳкомнинг қулаши бутун умидларимизни пучга чиқарди. Бу йўлда танимизни фидо этган тақдиримизда ҳам фашистларни тўхтата олмаслигимиз тайин. Қўлимиздан келгани фақат чекиниш. Лейтенант Ойбек * * * Азизам Хонзода, Немислар шундоқ остонамизда! Улкан ва оғир замбараклари билан шаҳарни илма-тешик қилишда давом этишяпти. Ҳар ўткан кун бир умидимиздан айриляпмиз. Уларнинг моҳир снайперлари сабаб бошимизни ҳам кўтаролмаймиз. Сенга буларни ярми ўпирилиб тушган бир уйнинг ертўласида ўтириб ёзяпман. Ташқарида итни ўлдирадиган совуқ бўляпти. Бунга қарамай қовурғамиздан ханжар ясаб бўлса ҳам Сталинградни ҳимоя қилишга уриняпмиз. Уйқудан аввал кўз олдимга фақат сенинг шарпанг липиллаб кўринади. Ягона истагим эса ўша қайноқ нафасингни яна вужудимда ҳис қилиш. Сени севаман деб эринг… Капитан Ойбек * * * Азизам Хонзода, Умид қиламанки, жонажон уйимизда соғ-саломат юрибсан. Бу ерларда эса уруш ўзининг бутун даҳшатлари билан давот этиб ётибди. Душман ўқидан эмас, бу қон дарёсига чўкишдан ўлмасак дейман. Ўзимга қолсаку, бутун кучимни тўплаб сен томон чопардим, сенинг бағринга кирар, сени бағримга олган бўлардим. Қўлларим, бармоқларим билан хотирамга ўйиб чизганим ўша ойдек чеҳрангни силашни шундай истайманки. Балки, бу совуқ хонада ақлдан озаётгандирман. Буни ҳам аниқ билмайман. Бу лаънати ўлкадан, ҳатто ўзимдан ҳам воз кечишга тайёр мен сендан ҳеч воз кечолмайман. Тушуняпсанми, кўнглимни узолмайман сендан. Сенинг бу дунёда борлигинг мени номаълум бир мурдаликдан ҳалос этишига шубҳам йўқ. Музлаб кетяпман, ҳаммадан кўп музлаб кетяпман. Сенсизлик шимолдаги музликлардан ҳам совуқлигини қаердан билибман, дейсан. Ҳозирнинг ўзида бошимни сочларинга кўмиб, бўйинг билан ўпкаларимни иситсайдим. Нима бўлган тақдирда ҳам бир кун уйга албатта қайтаман. Ўлимни фақат сенинг қўлларингда ётиб қарши оламан деган ваъдамнинг устидан чиқмасам, эркак эмасман. Висол кунимизга қадар ўзингни асра. Зеро, қайтганимдан сўнг сени ҳаммадан кўп авайлашга қасам ичаман. Капитан Ойбек * * * Охирги мактубни ўқиб бўлгач, ҳаяжоним ичимга сиғмай сўрадим: – Хўш, кейинчи? Кейин нима бўлди? Жамил ўша пайтга қадар ўзи чўкиб кетган хотирот дарёсидан туриб менга кўз ташлади. Эндигина йигирма ёшга тўлганига қарамай кўзларида ёшини яшаб, ошини ошаган кекса бир кишининг ҳоғинлиги йилтираб турарди. – Кейин… Чуқур нафас олди. – Бу ҳикоянинг кейини йўқ. – Ахир, қандай қилиб? – Бу отамдан келган охирги мактуб. Кейин унинг бирон дарагини тополмадик. Уруш тугади, лекин отам қайтмади. Бироқ, онам барибир мовий бинафшалар ёнида ўтирганча умрининг сўнгига қадар отамни кутишдан воз кечмади.
2021-06-29
http://nodirabegim.uz/archives/4153
Ўйлашимча, одатда бундай қилиш ярамайди: очилмаган мактубни Яратганнинг ўзи ўқимаслиги учун стол устида қолдиришмайди. Навбатла липиллаб ўтаётган кунлар силлани қуритган, хира пашшадек тарк этмас хаёллардан ҳориган шу зимистон тун аро боши берк кўчада ўзимни кўрдим. Ортимда мисли забт этилмас девор турса, қаршимда жавобини саноғига етиб бўлмас саволлар қулоч ёзганди. Вазият мени чорасизлик сари йўллар ва мен бу мактубни кимки Ўша барчасидан огоҳнинг нигоҳ ўнгига қўяман. Болалигимдан мен ортга чекинар, чекиниб ўша лаҳзани чўзишга уринардим, аммо барибир унинг вақти етди. Мен Яратганнинг қошига одамлар ичра энг қайғуга ботганларининг бири каби боришга ҳаракат қилаётганим йўқ. Сира ундай эмас. Айни ё ўхшаш тарзда шу каби тун боши берк кўчага киритган бошқалар ҳам бордир эҳтимол. Аммо менинг саволим бор: улар ҳеч қурса яшамоқ учун нима қилдилар? Ўша боши берк кўчадан тирик чиқишдиларми? Мен кўнглимни ёзиш, тавба қилиш ҳиссини туймоқдаман, аммо менинг мурожаат мактубим – мисли ғарқ бўлган кема мисол: у манзилсиз. Унинг кимгачадир етиб бориши, мактубимнинг очилмай ҳам ёлғизликда қанот қоқмай бўшлиқда қолмаслигига ишонгим келади. Гумроҳ кўнгил – бу кўпми ё озми? Улар, ўша кундан бери умрнинг маънисидан савол этиб бош кўтарганча ҳалокатга, минглаб ҳалокатга йўлиқмоқда. Мен унинг жамолига етишга интилаётганим йўқ, менга борлиқ моҳиятини очишларини ҳам сўрамадим. Дарду дунём қороғи бир маҳалда на илоҳлар, на донолар кўрмаган рўшноликни қидирмадим. Менинг саволим ўта шахсий ва лўндагина. Мен дилбар одам бўлишни ва йўл кўрсатишларини истайман. Бору-йўғи шу. Мен шубҳа гирдобига чўкиб бораяпман ва сўнгги лаҳзада юзага чиққан қўлим илиниш учун хасни ҳам тополмай оввора. Сирасини айтганда менинг истагим мисқолдеккина ва менга кўмак этоладиган калом ҳам арзимасгина. Бир мунча вақтдан буён қилмишларимда мен учун тўғри туюлган маълум йўналиш, оқимга асосланмоқдаман, энди эса кўнглим таскин топмайди. Гумроҳлик комига тушишдан қўрқаман, чунки шу кунгача нимаики қилмай барчаси пачаваси чиқарди. Менинг бутунлай умидим сўнган, негаки, менинг эзгулик андазаларим ҳеч бир яхшиликка олиб келмайди. Менинг мезонларим панд бермоқда. Эзгулик ифода таърифини бехато топишимга таъсир ўтказаётган нимадир бор. Доим макрдан қандайдир бир чимдим аралашиб қоладида, топганимдан ҳосил бўлгани ҳам шундоққина қўлларимда пучга айланади. Наҳотки мен эзгулик яратишдан мосувоман? Буни тан олишимнинг ўзи азоб, аммо мен ўрганишим мумкинку ахир. Бошқалар шундай ҳолни бошдан ўтказганми йўқми билмадим-у, аммо анчайин назокат билан ярамасликка гиж-гижловчи ёқимтой иблис бутун умр мендан ажралмайди. Яратганга бунинг изни борми хабрим йўқ, лекин ҳийлакор мени бир онга ўз ҳолимга қўймайди. У кўнгил суст кетадиганга вос кечилмас жозиба бахш этишни уддалайди. Угина тадбирли ва айни вақтида юз кўрсатади. Кўзбойлоғичлар каби эпчилликда энг покдамон нарсалардан бирданига ярамас нарсаларни яратадида, тасаввурингни забт қилган томоша филмлар қисми каби гуноҳли ўйларни бошинга солади. Рўй-рост айтаяпман: мен асло билатуриб ёмонлик қилмайман. Барини чаппасига ағдариб, йўл очиб, йўлга солаётган бу шайтоним асли. Менинг ҳаётимни издан чиқарган бу ўша. Мободо кимнидир бу қизиқтирса, марҳамат менинг маънавий юксалишим тарихидан илк маълумот: мактабнинг илк йилларида ҳаёт мени анчайин ўзига тортувчи қандайдир махфий тутилган сирлардан воқиф бўлган болалар билан дуч келтирган. Табийки, мен омадли болалар сирасидан эмасдим. Машаққат сирларини жо этган болалик кўнгли парвозга лаёқатли эмас, у елкаларига юк ортмоқлаган фаришта мисол сираям кўкка кўтарила олмайди. Менинг болалик кунларим нафақат ёқимтой суратлар билан безанган, улар амал даражасида пушаймонликка муносиб қайғули ҳам. Жадвал асосида шарпа каби ташриф қилган иблис менинг тушларимни алоқ-чалоқ қилиб ташларди, шундан болалик хотираларимда гуноҳкорликнинг ловуллаган таъми қолган. Яратган менинг барча қилғилиқларимни кўриб туришини анлаганимда, ножўя қилиқларимни унинг кўзидан пана бурчакларга яширишга уринардим. Бироқ, кейинчалик, кексаларнинг маслаҳатига амал этиб, ўз сирларимни ошкор этдим ва уларни судга тақдим қилдим. Мен, Парвардигор ва менинг ўртамда воситачи борлигини англадим ҳамда анча вақт ўз масалаларимни улар орқали ечишга уриндим, бир куни то бехосият он етмагунча – болалик аллақачон ўтиб бўлганди – шахсан ўзим буни бажаришга бош қўшмадим. Ўшанда қаршимда мураккаб вазифалар юз очди, уларнинг ечими эса доим ортга, ортга суриларди. Мен улардан чекиндим, барчасига қўл силтаганча, эзгулик ва ёмонликнинг бирваракайига содир бўлишига йўл бериб, уларни шафқатсиз ҳужумидан ўзимни олиб қочардим. Бир кун келиб кўзларим мошдек очилганча, бу муроса билмас рақибларнинг бири томонига ўтмагунимча шу тариқа давом этди. Рицарлик майли билан мен заиф тарафга ён босдим. Мана бизнинг ҳамкорликдаги урунишларимиз самараси. Биз барча жангларни бой бердик. Рақиб билан барча тўқнашувларда биз бир зайлдаги мағлубият билан чиқардик. Шу каби, мана, унутишимиз маҳол бўлган бугунги тунда ҳам яна чекинмоқдамиз. Нечун эзгулик бу қадар ҳимоясиз? Нега у бу қадар зумда чилпарчин бўлади? Соатлар мобайнида ҳафсала билан унинг қалъаси тикланади, бироқ бор қурилишни бир зарба билан чирпирак қилиш учун лаҳзанинг ўзиёқ кифоя. Ҳар қаро тунда шу қадар кўзни қувонтирган ва меҳр бериб тиклаган куним вайронаси харобалари остида қоламан. Ажойиб кунларнинг бирида мен энди ўрнимдан тура олмай калтакесак каби харобалар ичра яшаб қолишимни ҳис этиб турибман. Мана ҳозирнинг ўзидаёқ эртага амалга оширишим лозим бўлган ишларимга етарли даражада билагимда куч қолмаган. Агарки менинг кўзларимга тасалли бермайдиган ўтган кун оқибати чамасини олмоқ учун уйқу, қайсики, ўлимнинг зиғирдеккина монанди уйқу келмас экан қайта жон ато этилмоғини кутмоғим бекор. Майли ёвуз кучлар дилимни ишғол этсинлар ва уни муқаррар сифатла шитобла жарликка ағдаришсин. Шундаям менинг яна бошқа саволим бор: наҳот ёвузлик мақсадида яшаб бўлса? Ёвуз ниятлилар магарки, қалбида эзгуликка чимдим бир интилишни ҳис этишмаса қандай таскин топишади? Ҳамки, ҳар бир ёвуз ниятли қилғилиқ бошига жазо келаркан, ўзларини ҳимоя этмоқ учун улар қандай йўл тутиши лозим? Менга келсак, бу курашда доим мағлуб эдим, худди босқинчилар тўдаси мисол, мени виждон азоби тақиб қиларкан мана шу тун аро боши берк кўчага рўпара қилиндим. Менинг қаноатдаги нигоҳларим ўнгида деярли ғолибликка эришган эзгулик ишлари, намойишдан ўтаётган бўлинма каби неча марталаб шахдам одимлар отишмаган дейсиз, аммо ёвузлик ҳақдаги масала билан боғлик зиғирдеккинаси ёдга келса борми тумтарақай қочаётган армиянинг ўзи бўларди қоларди. Тан олишим керак, ярамас бўлишга ўнғай имконият йўқ лаҳзалардагина мен аксар эзгу бўламан ва ёвузлик ўз қуввати, жозибадорлиги билан мени ром этганда нималарга қодирлигимни доғу-ҳасратда ёдга оламан. Шу боис менга ато этилган қалбни тўғри йўл топиши учун вақт ўтмасдан калом, ишорат, қибланамо сўрайман. Олам аро кўриб, бошдан кечирганларим мени йўлдан оздирди. Барчасининг устидан тасодифлар ҳукмрон, унинг изми ила барчаси омонат ва мубҳам. Тажриба доим оқсоқланча, масал интиҳосидаги ўгит каби бизнинг қилмишларимиздан сўнг келади. Ўз атрофимда пинҳоний ҳам сирли турмуш кечирувчи одамларни кўраман. Оғуланган товушда илтижоли қараётган болаларни ва уларни заҳар-заққум ютқазаётган жинояткор валинеъмат – ҳаётни кўраман. Ўзларини тангри ёрлақаган ҳисоблаб, абадият каломи устида довлашаётган халқларни кўраман. Асрлар оша қонсираган бадкирдор ва бефаҳмлар ичра изғирканман, ора-сира гоҳ у, гоҳ бу жойда дафъатан илоҳийлик аломати кўзга ташланган қалб милтиллаб қолади. Мен ўз тақдирларига итоатда ўтаётган ҳайвонларга нигоҳ соламан, улар умри ўзга қонуният асносида оқмоқда; шиддатли ҳам тилсимли тарзда гуллаб яшнагач сўлиган ўсимликларга назар соламан; метиндек, тилсиз шоҳид минералларга қарайман. Жумбоқларнинг интиҳоси кўринмайди улар менинг қалбимни гуппилатиб юборади; улар ичида яширин шарбат туфайли униб чиқадиган уруғга ўхшайди. Мен Яратганнинг қўли заминда қолдирган нишоналарга разм солиб, улар изидан бораман. Туннинг маром оқимини йўқотган гувиллашига хавотир ичра қулоқ осиб, бирдан жимиб қолиб, иттифоқо янги гувиллаш билан узилган сокинликка сингишаман. Барчасини диққат билан кузатаман, туб мағзини чақишга ва умум муштарак кемадан жой олиб, барча билан қоришиб кетишга уринаман. Бироқ яна ва яна барчадан яккаланганча ғафлат ичра, ёлғизликда абадий соҳилда қоламан. Шу соҳилдаги бандаргоҳдан сукунат ичра ҳалокатга маҳкум ушу мактубни жўнатаман… Рости ҳам сени мактубининг сукунат ичра ғарқ бўлди. Аммо бахтинга айни ўша маҳалда менинг иштироки шу жойда эди. Сукунат силсиласи бепоён ва аллазамонлардан буён мен унда бўлмагандим. Олам яралгандан бери шу каби мактублар бу ерга келиб тушади. Шунга ихтисослашган беҳисоб фаришталар замин мурожаатларини олиб келишади. Улар синчковлик билан саралангач сукут силсиласига жойлаштирилган тартиб қутиларида сақланади. Бизда сукут силсиласида сақланишига жорий этилишини четлаб мактублардан бирига жавоб қилаётганимдан ҳайратланма. Ўзинг илтижо этганинг каби еру-кўк сирларидан воқиф этмоқчи эмасман, бир неча фойдали маслаҳатлар билангина чекланаман. Мени ўз тарафкашинг ҳисоблашдан тийилиш учун фаҳму-фаросатинг етиши ва эрта тонгданоқ ўзингни марҳаматга мушарраф бўлиб, таскин топганлар каби тутмаслигингга умид қиламан. Қолаверса мактубим каломларла битилган. Маълумот асли одамиятга тегишли ва унда менинг тегишлилигим бирор из йўқ; менку, анчайин кенг қамровли масалалар билан шуғулланишга канда қўйганман, бу митти ишоратлар ариқ тубидаги силлиқ тош мисол сирпанчиқ, менга унчайин мос эмас. Ярашиқли ифода этмоқ учун моҳиятимга мос калом ишлатмоғим лозим бўлар эди. У ҳолда биз азалий ўринларимизда қолиб, сен мени англамаган бўлардинг. Шу боис менинг жумлаларимдан қандайдир алоҳида бир мазмун излама: мен одми, такаббуроналикдан йироқ ўз сўзларингдан фойдаланаман, уларни қўллашда эса тажрибам йўқ. Мактубингдаги баъзи ўринлари менга ёқди. Ёзғириш ё илтижолар менинг қулоғимга қуйилиб қолган ахир, сенинг мактубинг эса қандайдир теша тегмаган гаплар. Мазмунан турган гапки, эски тос, аммо оҳангидан самимиятни ҳис этасан, калондимоғлик вужудини асир қилмаган киши, дарди-дунёси азобдаги бандасининг сас-садоси келади. Биласанми, одамлар менга икки йўлдагина мурожаат этишади: бу ё бегуноҳнинг ҳаяжон эҳтироси, ё даҳрийнинг ланъат нафрати. Аксарият бетакрор ҳисдан тошган руҳий ларзадаги қалб билан боғлик вазиятлардан бошқа ҳолларда одатда муродга элитмас дуоларни ёд айтиб ўзига хос каломдан фойдаланишади. Сен эсам сипо, вазмин сўйлайсан, сенга фақат бир нарса – иллоким, мактубинг сукут ичра ғарқ бўлишини аввалдан аниқ билганинг учунгина таъна қилиши мумкин холос. Ҳақиқатда эса тасодиф туфайли сен мактубингни якунлаган вақт у ерда пайдо бўлдим. Бир муддат кечиксам борми, сенинг эҳтиросли битикларингни заминда хоки-суякларингдан асар ҳам қолмаган бир вақтда балки ўқиган ҳам бўлардим. Мен оламга йирик синов майдони сифатида қараганим каби уни кўришингни истайман. Тан оламанки, одамлар гумонимдагидан ортиқ жувонмарг бўлишган ва улар оқибати ҳанузгача аниқ эмас. Фикри ожизимча, борини интиҳосига етказишда улар мушкуллик сезишмайди. Илло бунинг бари уларга берилган зиғирдеккина майлни шу қадар ярамасларча истифода қилиш ҳосиласидир. Мен уқубат ичра чуқур таҳлил қилган муаммога сен сийпалабгина тегиб ўтасан холос. Одамларнинг, болаларнинг, борки беғуборликда болаларга монанд ҳайвонларнингда, қайғу ва мусибати адоқсиз. Мен гўдакларнинг азият чекаётганини кўраман ва уларни улғайишига йўл бермай узил-кесил халос этгим келади. Аммо мен яна бироз умидвор илинждаманки, иймон бирла мухтасарман. Мободо сенида ўша ато этилган майл томчисики ич-этингни ер экан, ўзинг тавозели, қобил бўлмоққа интил. Пешонангга битганини эъзозда қабул эт ва беҳшит неъматларини орзу этма, ҳаддингдан ошма. Мендан илтижо этганинг қибланамога келсак, изоҳ этай: мен уни аллақачонлар сенга ато этганман, унинг қайда эканини эса ким билсин, бошқасини бериш имконим йўқ. Эсингда тут, қадри имкон ҳаммаси сенга ато этиб бўлинган. Балки сен бирон-бир динда таскин топарсан. Буни мен кўнгил ихтиёринга ҳавола этаман. Айни қайсисидан таскин топишинга маслаҳат бера олмайман, ўзинга маълум, бу каби маслаҳатлар менинг наздимда эмас. Шундай бўлсада, буни ички оламинг истарми, фикр қил ва ўзинг қарор эт. Мен сенга нимани астойдил, бақадриҳол қатъий маслаҳат этаман мана у нима: ич-этингни еб ўзингни азоблагандан кўра, атрофингни ўраганларни яхшироқ англашга интил. Кун аро юз очган мўъжизаларни диққат билан кузат ва гўзалликка қалбингни оч. Каломсиз иномларини қабул айлашга ва ўз тилинга ўгиришни ўрган. Фикримча сен унчайин меҳнаткаш эмассан ва меҳнатнинг моҳиятини ҳали англаб етмагандайсан. Сен эҳтиёжларинга қониқиш берадиган ва бир неча соатгагина бўш қолдирадиган қандайдир бир машғулот топмоғинг зарур. Шунга диққат билан қулоқ ос, худди шундай маслаҳат сенга мақбулдир. Сермазмун меҳнат билан тўлиб-тошган кундан кейин одатда поёнига етаётган тун каби тунлар бўлмайди ва бахтинга тонг қотиб ухлайсан. Сенинг ўрнингда бўлганимда, боғбонликка уринган бўлар ё полиз экинлари билан машғул бўлган бўлардим. Гуллар қад ростлаши, капалаклар парвози – ҳаётим чароғон бўлмоғи учун менга шунинг ўзи етарли бўларди. Магар ўзингни ёлғиз ҳис этсанг ўзга қалблар бирлигини топ ва улар билан диллаш, аммо унутма: борки қалб ёлғизлик учун яралган. Сенинг столинг узра бошқа мактубларни кўришдан кўнглим тоғдек кўтарилган бўларди. Кўнгилсизликларни тилга олмасликка шартлашсак менга ёзавер. Ахир шунча нарсалар ҳақда ёзиш мумкинки, бехато айтаман бунга сенинг умринг ҳам камлик қилади. Демакки, ҳаяжонлироқ воқеаларни танлаймиз. Мен тасдиқ изоҳини бермоқчи эмасман, аммо бу мактубнинг росмана эканини тасдиқлаш учун навбатдагиларни тавсия этаман: мени осонгина таниб олмоғинг учун кун бўйи қадар бир кўз олдинга келаман, мисол учун… Йўқ, асло, фақат сен, ёлғиз сенгина мени таниб олмоғинг лозим.
2021-08-07
http://nodirabegim.uz/archives/4167
Автобуслар олиб кетган Танамнинг оғриқли қисмларига Авом ҳидини эргаштириб, пиёда юрдим уй сари. Тугмалар ва занжирсифат тўғноғичлар гиламлар устида, Барча хоналар поллари устида, Кирхонадаги барча бурчакларда. Макарон устида Борнҳолм данаблу-соуси* тағин. Робин Гуд (Андерсон 1973 ), социализм. Диванлар. Орзулар каби илиқ идеаллар. Кўзларда шўрсув… кўзларда. Барча бу ажойиб ҳикоялар устида ва остида айланарди стол. Газета. Бир бурчакка аллақачон улоқтирилган. У ҳозир кетди. «Ҳеч бўлмаганда у бутун эди», Густавcсон каби. Бирлашмоқ учун патқаламга боғланган ирода, “Сен саҳнада ярата олмайдиган нарса” – Иродамга қарши ўзлигимдан чиқдим отилиб Ва энди вужудингда менман, менинг забоним ва сўзларим. Ўзимни бошқаришга интилмоқни севаман ҳануз Воқиф бўлмасам-да буни қандай амалга оширилмоғидан. Биз кашф қилдикми ҳеч сен сўзлашадиган тилда алдамоқни? Бир иштон ичидаги булутлардек*, биргаликда Сувга баданни чаймоқ орқали тез-тез. Сен мени ўргатдинг “мен” демоқликка Мен тушмаганманми шундай алфозга ҳеч: Атрофингда сени ўраб турган шу буюмлар сийратига? «Агар шу ерда қолишга қарор қилсанг, Ўшанда менга ўргат хонани қандай забт этмоқликни”… Фурсати келганда. Хафсаланг пир бўлди Ботичелли картинасидаги ёш йигит тасвири туширилган Откриткада фақат қуруқ тасвирнинг ўзини кўриб. Бу сенда намоён қилди хасталик аломатларини, Ҳар доим шундай бўлган азалдан: Тозалаб келганмиз зиддиятларимизни қум билан, Имкон берганмиз сўзларимиз етарлича тош босмоғига Улар муттасил нафас олмоқликлари учун. Билмайман улар қойил қилишганмиди буни ё йўқ Худди сени севганим каби, сув ёқалаб борганга ўхшаб. Сен мудом бўлишдинг мен билан қўрқинчли тушларингни, Гурунг қилдинг бир куни қандай қилиб ишқ Ўзгартира олганин ҳақда Сен келмоғига кўз тиккан одатларни батамом, Сўнг чиқдинг уддасидан буни. Мен қора байроқли майдон тасвири туширилган фотосуратдаман, Ундаги тиниқликда эрк мужассам, Атрофдаги шакл билан қиёсланса ҳам шундай, Марҳамат кўрсатилган маълум миқдорда гарчи. Бундай марҳамат яна кўзга ташланади Йўл тошлари, коллекциялар ва жамланмаларда, Текинга аъзолик бадали билан сайланганда, Манбаалар келиши тўхтаб, Ҳеч нарсага қарам бўлмаган ирода сўнганида. Ёзилмаган қоида қуриб қолган Қандай қочмоқ кераклиги ҳақдаги Тасаввур майдонлари ўртасида. Орзулардан бири эртанги кундан яхшироқ, Яна бири ишдан, Яна бири ўзидан барпо қилади иш йўлларингни. Мен сенда узоқ вақт қола олмаганим учун Сенга вақтингни қайтара олмайман, Менда бўлган ҳаммаси- асли ҳеч нарса. Ҳар бир сўз ёлғонга айланади якунда, Вақт таъсиридаги буюмларнинг тартиби шундай: Хотира ишламагани каби махсус дастурга асосан, Қўлланма қоғоз бўлагига айланганидек. Кўчалар ичкариси сийрак, Тирбандликда автобус ва велосипедлар шовқини, Ҳардебергаспарент*- Ҳар қандай тўсиқлардан ҳоли оқим ва кесилган чизиқдек, Ўз сезгирлигига ёки унинг етишмаслигига қараб Акс садо берар нигоҳлар. Автобуслар тармоғини кутмоқ… Олдин уйга пиёда борар эдим, уйга Ҳар қандай об-ҳаводан қатъий назар, Ўша кунларда ҳар доим уйга қайтар эдим, Аслида анча йил аввал шундай эди, Инсон азобланишидан роҳатланадиган ҳақиқат билан Бир лаҳзада кўзлар тўқнашганида. “Мени алдагин, илтимос алда” Қаҳатчилик пайтидаги очарчилик янглиғ, Оқ ранг янглиғ, Муртадлик янглиғ. Ўша даврни ёдга олдим Ва қабул қилдим муртадликни Сиртқи қисмини ҳам, унга элтар йўлни ҳам, Шартли белгилари-ю силжишларига қўшиб Шахмат доскасидаги ўйин мисоли.
2021-05-23
http://nodirabegim.uz/archives/4092
, 19… йилларнинг биринчи ярмида Шринагар қиш уйқусидан маст бўлиб ётган пайт кўчаларда аёвсиз изғирин кезиб юрарди. Гўё бу изғириннинг вужуди бор эдию, бу вужуд унга суякларни шишадек чирс-чирс синдириш учун берилгандек эди. Ўша тун кўча дайдиларининг кўзу-юзи фақат совуқдан эмас, балки қўрқувдан қизариб кетган бир йигитга тушди. Йигит шаҳарнинг энг исқирт ва унутилган кўчасидаги атрофи қалайи панжара билан ўралган ёғоч кулба қаршисига келиб тўхтади. Унинг қадди бир тарафга эгилган, худди бир туртсанг, қулаб тушадигандек кўринарди. Йигит бўғиқ ва ожиз, бироқ жиддий овоз билан сасланди: – Ўғриларнинг ўғрисини қаердан топсам бўлади? Кўчанинг ўзи каби исқирт уч-тўрт бедорлари Атта исмли бу йигитни бошқа бир тор ва қоронғу кўчага бошлаб боришди. Юзлари кўринмаган бу бедорлар Аттани янги сўйилган товуқнинг қони ҳали совиб улгурмаган тупроққа юзтубан йиқитишди ва бу кичик саёҳатга йигит аҳмоқларча олиб чиққан пулларни олиб, унинг ўзини ўласи қилиб дўппослашди. Тун қуюқлашиб борарди. Исмсиз кишилар Аттанинг бехуш танасини кўл ёқасига олиб келиб, халқ тилида Шикора деб аталмиш узун ва тор қайиққа ўтказишди-да сувнинг тугаш нуқтасига олиб бориб ташлашди. Энди Атта Шалимар боғлари томон узанган йўл бошида қонга беланганча ҳам совуқдан, ҳам тутқаноқдан дир-дир қалтираб ётарди. Тонготарда худди ўша жойдан каҳрабодек ярқираган қайиқ ўтаётганди. Қайиқда гул ташиган қайиқчи титроғи тўхтаган Аттанинг оний қимирлашидан юзага келган шовқин сабаб бу ерда кимдир борлигини сезиб қолди. Шўрликнинг тириклигини бурун катаклари кенгайиб-тораётганидан билди ва йигитдан қаерда яшашини сўради. Хушига қайта бошлаган Атта алаҳсираган кўйи уйининг манзилини айтдию яна хушидан кетди. Сўнгра қайиқчи уни минг машаққат билан қайиғига ўтказди ва айтилган манзилга қараб йўлга тушди. Унинг йўли соҳилнинг бошқа тарафига, катта иморат жойлашган бойлар кўчаси томон йўналганди. Қишда очилган гулларни ташиб тирикчилик қиладиган қайиқчимиз эшкакни катта мукофот умидида ғайрат билан эшарди. Ниҳоят, у Аттанинг уйида. Уни икки аёл: юзи калтакдан моматалоқ бўлиб кетган бўлсада, ҳамон гўзаллиги шундоқ билиниб турган қиз – Аттанинг синглиси ва кўзлари жиққа ёш, сўлғин кампир, яъни Аттанинг онаси қарши олди. Иккисида ҳам чил-чил синган бебаҳо чинни каби қўрғошиндек оғир бир руҳ бор эди. Синглиси Аттани кўрганзаҳоти қичқириб юборди. Хонадоннинг катта фарзандини гул тўла қайиқда олиб келишганини кўрган она ҳам қизига қўшилиб уввос солди. Дарҳақиқат, қайиқчига унинг ўзи умид қилганидан ҳам каттароқ мукофот бериб жўнатилди. Энди бу қорача гулфуруш дўстимиз ҳикоямизда бошқа эсланмайди. Уни бемалол унутишингиз мумкин. Атта фақат совуқ ё тутқаноқдан эмас, балки бош суягининг дарз кетишидан ҳам қаттиқ титрай бошлаганди. У мана шу дарз сабаб комага тушиб қолгани кейинроқ аён бўлди. Энг яхши ва тажрибали шифокорлар ҳам жимгина елка қисиб жўнаб кетишарди. Қизиғи шундаки, эртаси кун шаҳарнинг энг исқирт ва унутилган кўчасида кутилмаган меҳмон пайдо бўлди. Ҳумо исмли бу меҳмон бадбахт Аттанинг синглиси эди. У ҳам акаси каби бўғиқ ва жиддий овозда сўради: – Ўғриларнинг ўғрисини қаердан топсам бўлади? Пана-пастқамда ўтирган туллаклар, кўчанинг ўзи каби унутилган истиқоматчилари бундан аввалги йигитнинг саволига қандай кулишган бўлса, қизгинанинг сўроғига ҳам худди шундай жавоб бердилар. – Кеча биттаси келувди. Ўғрини излаб ўз бошига ўзи ғавғо орттирди. Сенларга нима керак ўзи? Фақат, бу сафар қиз гапнинг жонини биттада суғурди: – Шуни айтиб қўяйки, на ҳамёнимда пул, на қулоғу бармоғимда биронта қимматбаҳо тақинчоқ бор. Мени ўғирлаб гаров пули ҳам сўраёлмайсиз. Ҳолбуки, меросдан маҳрум этилганим сабаб отам мен учун бировга бир тийин тутқазмайди. Бу ерга келмасдан аввал қаерга кетаётганимни полиция комиссарига ёзиб қолдирганман ва комиссар муовини мен бир кунга йўқолиб қолгудек бўлсам, ёзган хатимни комиссарнинг ўзига очиб ўқиттиради. Шуни унутмангки, бутун кўчага ўт қўйиб бўлсада менга қўл урганлар жазоланиши тайин. Қизнинг узоқни кўра олганидан кўча аҳли таажжубга тушди. Бироз ўтиб, атрофни томошаталаб бекорчилар тўдаси ўраб олди. Комиссар соҳибнинг жияни саналмиш бу соҳибжамолга ғинг дейдиган аҳмоқ бормикан? Уни тор ва қоронғу кўчага қадар олиб бордилар. Кўча ичкарилагани сари қоронғулашиб бораверарди. Худди атрофга биров қора тутун пуфлаётгандек, муҳитни чидаб бўлмас зимистон ўз ҳукмга олаётгандек эди. Қизнинг кўзи эски эшик қаршисида ўтирган кампирга тушди. Ҳумо бир нуқтага тикилиб ўтирган кампирни кузата туриб, унинг сўқирлигини сезди. Рўпарасида яна бир эшик очилди. Бу хона ҳозирга қадар кўрган бутун қоронғуликларданда қоронғуроқ эди. Қиз муштларини қаттиқ сиқиб, юрагига секинроқ ур, дея тинмай ёлборарди. Остонада туриб, ичкарига тикилди. Зимистон хонанинг бурчакларини шамдан таралаётган ўлимтик шуъла ёритиб турарди. Кампирнинг кишибилмас ташқаридаги йўқликка сингишиб кетиши қизни ичкарироқ киришга ундади. Ҳумо бирдан танасига тегиб кетган нимадандир қўрқиб, беихтиёр қичқириб юборди ва шу заҳотиёқ ўзидан ғазабланиб, лабларини қонатгудек тишлаб жим бўлди. Ичида ҳомила янглиғ ўсиб келаётган қўрқувининг бирдан тўлғоқ азоби янглиғ унга васваса солишидан чўчиб безовта бўлар ва ичида жаҳл билан билган бутун дуоларини қайта-қайта такрорларди. Бироз ўтиб, чуқур нафас олди-ю танасига инган ҳотиржамликдан роҳат туйди ва ўзига олдинда яна қандай даҳшатлар кутаётгани ҳақида ўйлашни тақиқлади. Боя Ҳумонинг ўтакасини ёрган нарса шам липиллаб турган хонтахта эди, холос. Хонтахта ортида эса унга ҳали жуда кўп қўрқувларни хадя этажак тоғдек барзанги кишини кўрди. – Ўтирақол, – паст, бироқ буйруқ оҳангида сасланган манзиратдан сўнг Ҳумо кейинги таклифни кутиб ўтирмай дарҳол қариянинг қаршисига чўкди. Бармоқларини тўхтовсиз қисирлатганча ўзини ҳотиржам суҳбатга тайёрлади: – Ўйлашимча, мен излаган ўша машҳур ўғрилар ўғриси сиз бўласиз, шундайми? Қария ўрнидан қалқди. Бу сафар унинг девордаги улкан гавдаси титраб кўринарди. У бир — икки гапирди. Ҳумонинг бу гаплардан тушунгани шу бўлдики, бутун шаҳарда рўй берувчи жиноятлар асло тасодифан эмас, балки айнан мана шу хонада режалаштириб, пишитиб қилинар ва бу хонада ҳукм берилмаган ўғирлик ё қотилликни амалга оширган одамларга жазо ҳам айнан у томонидан берилармиш. Ўғрилар ўғриси ундан режалаштирилган ўғирлик борасида кенгроқ маълумот беришини, нимани ва қандай ўғирлаш керак, буюртмадан бошқа нарсаларни олиб чиқиш ҳам мумкинми ё йўқ, олинажак ҳақ, бирдан кутилмаган ҳодиса бўлса ким жавобгар, пулдан ташқари мукофот ҳам борми ва ниҳоят ўғирликдан мақсад нималиги ҳақида сўраб суриштирди. Охирги саволни эшитар эшитмас Ҳумо ўзини қўлга олиб, буюртмачига ҳос қатъият билан деди: – Нимани мақсад қилганим бу менинг шахсий ишим. Қўшимча масалаларни фақат ва фақат ўғрининг ўзи билан келишаман. Пулидан хавотир олманг. Ортиғи билан тўланади! – Ўйлашимча, сиз бу шаҳарда одамларни ўғрилар билан таъминлайдиган агентга ўхшаш одамсиз. Адашмадим, шундайми? Менинг сиздан талабим шуки, шаҳардаги энг ожиз, бироқ ҳеч нарсадан, ҳатто Тангрининг ғазабидан ҳам қўрқмайдиган ўғрини топиб беришингиз керак. Ўғрига қанча тўланса, сиз ҳам хизматингиз учун шунча ҳақ оласиз. Ўша қўрқмас ўғрини топиб беринг менга. Бошқа ҳеч ким керакмас! Кимдир оқ мойчироқни ёқди ва Ҳумо қаршисидаги юзида арабча Син ҳарфига ўхшаш чандиғи бор барваста қарияни кўрди. Ҳумо унга арвоҳни кўргандек тикилиб қолди. Болаликдаги қора тушларини эслади. Атта ва Ҳумонинг энагаси болалар шўхлик қилмасин, дея уларни шундай қўрқитарди: – Илоё яна гапга кирмасаларинг, икковингниям ўғриларнинг ўғриси Шайх Син қоронғу хужрасига олиб кетиб, қамаб қўйсин! Юзида арабий қиличдан қолган чандиғи шундоқ билиниб турган бу оқсоқол жиноят оламида бутун ўғриларнинг пири эди. – Бу ишни мендан бошқа ҳеч ким эпини келтириб уддалолмайди. Қизнинг энсаси қотди. У хотирасида қайта жонланган болалик қўрқувларини бўғиб, қарияга яқинлашди ва сочлари оппоқ ўғрига бу таҳликали учрашувга бошқа иложи қолмагани боис чиққанини шивирлаб тушунтирди. – Бир дақиқани ҳам қўлдан бой бермаслигимиз керак, – сўзида давом этди Ҳумо, – шу сабаб ҳеч нарсани яширмасдан, ҳаммасини сизга рўй — рост айтиб бераман. Агар ҳикоямни охиригача эшитгандан кейин ҳам қарорингиздан қайтмасангиз, иш битгач сизга хизмат ҳаққиддан ташқари олган пулингиздан-да ортиқ қилиб мукофот ҳам бераман. Оқсоқол бош ирғиб, елка силкитганча чеккага “чирт” этказиб тупурди. Энди ҳикояни Ҳумонинг оғзидан эшитамиз. * * * Нақд олти кун аввал ўзига тўқ судхўр Ҳошимнинг уйида тонг ҳар кунгидек кутиб олинди. Юз-кўзидан меҳр уфуриб турган она эрининг олдига чилим олиб келиб қўйди ва эр-хотиннинг доимгидек дилкаш суҳбати давом этаётганди. Ҳошим ўзи тўплаган молу дунёни эътиқоди эмас, балки ҳаётга нисбатан буюк муҳаббати ва ҳурмати орқали топганини кўп айтгувчи эди. Унинг одми ва айни дамда шинамгина уйида энг қашшоқ одамларни, ундан пул қарздор кичик сармоядорларни ҳам азиз меҳмондек ҳурмат-иззат билан қарши олишарди. Албатта, судхўр ўз номи билан судхўр. Ҳошим берган пулининг устига юзда ўттиз фоиз устама қўярди. – Мен кишиларга пулни ҳурмат қилишни ўргатаман. Агар уларнинг кўнгли пулдан совиб, хонавайрон бўлгудек бўлса, мен ҳам, сизлар ҳам оч қоламиз. Бизнинг тирикчилигимиз одамларнинг бойликка бўлган ҳурмати, ҳирс эмас, айнан ҳурмати сабаб ўтиб турибди. Судхўр ва унинг хотини болалари Атта билан Ҳумога борига қаноат, ҳурфикрлик ва бардавом иймон соҳибига айланиш сирларини бот-бот таъкидлаб туришарди. Бу борада ҳам Ҳошимнинг ўз қарашлари бор эди. Чилим ва чой битгач, оила бир-бирига хайрли кун тилаб тарқалишди. Бироқ, орадан бир-икки соат ўтар ўтмас, хонадоннинг биллурдек нозик сакинатига дарз кетиб, лаҳзада чил-чил бўлди. Энди оила аъзоларининг на кечаги бахтли кунларини қайтаришга заррача умиди, на келажак кунлардаги ёруғликка зиғирдек илинжи қолганди. Судхўр бир-икки ишини битириб келиш учун шикорасини ҳозирлаётган вақти шикора ва соҳил ўртасидага сувда йилтираб кўринган кумушранг нарсага кўзи тушди. Қимматбаҳо матоҳдир деб олган нарсаси тухумсимон шиша бўлиб чиқди. Лекин, барибир унинг атрофи кумуш суви билан ҳалланганди. Ҳошим диққат билан боқа туриб, шиша ичида одамнинг сочи борлигини кўрди. Шишани халтасига солиб, шеригига режалари ўзгарганини айтди ва уйига, ўз хонасига равона бўлди. Шишани яхшилаб ўрганиб чиққач, судхўр Ҳошим тушуниб етдики, қўлидаги қимматбаҳо кумуш тухум ичидаги сочлар ўша муқаддас пайғамбарга тегишли экан. Зотан, у бу сочлар Ҳазратбол ибодатгоҳидан ўғирлаб кетилганида қандоқ дод-фарёд кўтарилганидан жуда яхши хабардор эди. Бу фарёдлар бутун водийни ларзага солганди. Катта эҳтимол билан ўғрилар аҳолининг йиғи-сиғиси, сиёсий чиқишлари, муқаддас дуолар орқали ўзларининг қаерда эканликларини билиб қолишлари мумкинлиги ва охири ҳам одамлар, ҳам Тангри томонидан берилажак жазодан қўрқиб, шишани кўлга отишган. Давринг келди, сур бегим деб қўшиқ бошлаган Ҳошим энди сочларни ибодатгоҳга қайтариб ҳам халқнинг, ҳам давлатнинг ҳурматига сазовор бўладиган эди. Лекин, бирдан ичига шайтон ўрлаб, миясига бошқа фикр наштардек санчилди. Хонанинг тўрт деворига бир қараган одам Ҳошимнинг антиқаворларни тўплаш одати борлигини биттада тушунарди. Биллур жавонларда Шринагарнинг машҳур Гулмарг боғларидаги капалаклар янглиғ нозик ишланган қиличлар, уларнинг орасида шимолий Ҳиндистонда яшовчи одамхўр қабила Наговларнинг замзама аталмиш ғаройиб қуролининг асл нусҳалари, айни пайтда фил суягидан ишланган туя ҳайкалчалари, олис Ўрусиядан келтирилган кумуш самоварлар, сандал дарахтидан ясалган, одатда болаларни чўмилтира туриб, уларга ўйнаш учун бериладиган хушбўй ҳайвон шакллари турарди. – Олиб бориб берсам, – деди Ҳошим ўзига ўзи, – риёкорлик бўлмасмикан? Қимматбаҳо буюмларни муқаддас билиб, уларга сажда қилишдан пайғамбармизнинг ўзи қайтарган эмасми?! Буни унинг ўзи ҳам истамаган бўларди! Бир лаҳзада кумуш тухум қаршисида бош эгиб дуо ўқиётган бадбахт кимсаларни кўз олдига келтирдию, ғазаби қўзғади. – Агар бу сочларни керакли жойга қайтарсам, дин мухлисларининг олдида ўз вазифамни адо қилган бўламан, лекин Тангри мендан рози бўлармикан? Албатта, мени бу буюмнинг диний эмас, маънавий қиймати қизиқтиради. Мен бунга қарай туриб, унинг нодир ва бетимсол гўзаллигидан завқланишим мумкин. Қисқаси, менга тухум керак, пайғамбарнинг сочлари эмас. Америкалик миллионерлар дунёнинг тўрт тарафидан шунга ўхшаш бебаҳо ашёларни олиб келиб, саройларининг остидаги ертўлаларда сақлашади. Ҳа, менинг ҳолатимни фақат уларгина тушунишлари мумкин. Мен бу нафосатдан айрилолмайман. Ҳеч бир антиқавор ишқибози ўзининг йиғиб – терганини бировга кўрсатмай туролмайди. Ҳошим ҳам шундай тотли ҳислар оғушида тўпламидаги янги дурдонани ўғлига кўрсатди. Гарчи судхўр ўғлидан бу топилма ҳақида ҳеч кимга ҳеч нарса демаслиги ҳақида сўз олган бўлса ҳам, Атта ўзига унча ишонмасди. Айниқса, оиласининг бугунгача кўрганларини ўйлагач, Аттанинг жим юриши қийин масала эди. Кумуш тухумни илк бор кўрганида Атта отасидан ижозат олиб, хонадан чиқиб кетганди. Ҳошим эса ҳамон бетимсол топилмасига битмас – туганмас ҳайрат билан қараганча оромкурсида ўтирарди. Судхўрнинг тушлик қилмаслигини уйдаги ҳамма яхши билгани учун уни кечки овқатга қадар ҳеч ким безовта қилмади. Бироқ, оқшом соҳибини кечки овқатга чақириш учун кирган хизматкор Ҳошимни боя Атта чиқиб кетаётганида қандай ўтирган бўлса, жойидан қимир этмай ҳамон тухумга тикилганча ёйилиб ўтирганини кўрди. . Соҳиб исталган пайт ўз – ўзидан отилиб кетиши мумкин бўлган замбаракка ўхшарди. Ҳаром йўл билан қўлга киритилган тухумнинг ичидаги Тангри ғазаби сизиб чиқиб, Ҳошимнинг танасига сингишиб кетгандек гўё. Хизматкорнинг ёрдами билан хонтахта ёнига келди ва шу пайт уй ичида чиндан “портлаш” бўлди. Бояги замбаракдан илк бор ўт очилди. Ҳошимнинг башараси қаҳрдан кўкариблар кетган, ичидаги кин оловидан сачраган учқунлар рафиқаси ва болаларини сўз шаклида куйдирарди: – Ҳаёт эмас, жаҳаннамнинг ўзи! Бу уйда ким хўжайин?! Йўқотларинг бу маданият-паданиятларингни. Риёкорликдан бошқасига ярамайсанлар! Ҳамманг номуссизсан! Ҳамманг! Ҳа ҳоним, нега ўзингни қўрққанга солиб қалтираяпсан? Сендан яшириқча уйга неччи марта бошқа жанонларни олиб келганимни билмайсанда, а? Ҳа, сен аҳмоқ ҳеч нарсани билмайсан. Бошқа аёлни севишимни, у билан ўн йилдан бери алоқамиз борлигидан ҳам хабаринг йўқ. Айтганча, мен ўлсам, мероснинг фақат саккиз фоизигина сенга қолади, қолган бутун молу дунём ўша аёлники. Динда саккиз фоиздан кам улуш бериш мумкин бўлганидайди, бундан ҳам кам нарса ташлаб кетардим сен товуқмия рўдапога. Ғазабдан оғзи кўпикка тўлган Ҳошим энди болаларига ҳамла қила бошлади. Кўзи Аттага тушгани ҳамоно янада баландроқ қичқириб деди: – Сен шундай аҳмоқ бола бўлгансанки. Яратган мени сендек бефахм ўғил билан жазолаган. Ҳей, сен. Ҳа сен, Ҳумо. Шаҳарда юзингни очволиб уёқдан буёққа дайдийсан. Мени шарманда қилдинг. Сени Эгам шу қадар фаросатдан сиққанки, отам шаҳарнинг олди одами, бу ақлсизлигим билан шаҳар қизларига ёмон ўрнак бўлмай деб юзинга парда тортишга ҳам етмайди бу калта ақлинг. Шу соатдан бошлаб, рафиқасига уйдан чиқмасликни буюрди. Дастурхондаги бирон нарсага қўл теккизмай хонасига кириб кетди ва ичидаги бутун гапларни айтиб бўлганидан хурсанд бўлиб, ҳотиржам уйқуга ётди. На дастурхон бошида юм-юм йиғлаган оиласини, на ҳайратдан тонг қотган хизматкорни хаёлига келтирди. Эртаси кун Ҳошим саҳар соат бешда уйғонди, покланиб, бошқаларни ҳам уйғотди ва бутун кун давомида уларни ҳам ўзи билан ибодат қилишга мажбур қилди. Тонги чилимдан сўнг Ҳумо отасининг буйруғи билан эшикбонлар уйдаги ҳамма китобни олиб чиқиб ҳовлида ёқаётганларини кўрди. Судхўрнинг амри билан кунига энг камида икки соат ҳамма муқаддас баланд овозда ўқиши шарт бўлди. Телевизор ва радио тақиқланди. Мусиқа ҳаром дейилди. Бордию уйга Аттанинг бирон дўсти келгудек бўлса, Ҳумо хонасидан чиқмаслиги керак – номаҳрамга кўриниш макруҳ. Ўша кундан эътиборан, уй қайғу ва зулмат гирдобига ғарқ бўлди. Бироқ, ҳали энг катта фалокат олдинда эди. Эртаси кун Ҳошимнинг ёнига қарз олган ва қайтариш учун пули йўқлиги сабаб бир неча кун қўшимча муҳлат сўрагани бир киши келди. Фақат, бу сафар айб қарздорнинг ўзидан ўтди. У Ҳошимга муқаддас Китобда судхўрлик ва фоизчилик ҳақидаги “жасоратли” фикрларни эслатиб қўйди. Ғазаби чунонам қайнаган Ҳошим шўрликни аямай қамчилар, аллақайси замонлар ҳайвон тулумлари илинган деворлари бўйлаб уёқдан бу ёққа судраб азобларди. Бахтсиз тасодифданми, худди ўша кун бошқа бир қарздор ҳам муҳлат сўрагани келиб қолди. Ота уни ҳам аввалгисидан беш баттар сийлади. Лекин, биринчи қарздордан фарқли ўлароқ унинг ўнг қўлига ҳам жиддий шикаст етди. Уни ўз ризқини қийган мурдор санаб, Ҳошим деворда илиниқ машҳур жанговар қабила бўлмиш кукрилардан олинган ўттиз саккиз тиғли пичоғи билан қўлини кесмоқчи бўлган экан. Атта ва Ҳумо оиланинг ёзилмаган янги қоидаларига амал қилишда жуда қийналишарди. Ҳа, Ҳошим жуда чуқурлашиб кетди. Ҳатто рафиқаси ундан қарздорни нега урганини сўраганда, бу савол судхўрга ёқмагани учун аёлни ҳам ўласи қилиб калтаклабди. Атта онасини ҳимоя қиламан деб ўртага кирганида, отаси уни ҳам ер билан битта қилиб ташлади: – Бугундан бошлаб уйдаги қонун-қоидани тушундингиз! Ўша кун тонгача ва учинчи кун оқшомгача хонадон бекаси асабларини жиловлолмай титраб-қақшаб чиқди. Ниҳоят, эрига агар бу бемаънигарчиликларини тўхтатмаса, дарҳол талоғини бериши шартлигини маълум қилди. Аёл хонасига ўтиб, эшикни тамбалади. Тамбанинг шиқирлаган овози тингани заҳот хонасидан ўкириб-ўкириб йиғлаган товуш эшитила бошлади. Ҳумонинг ҳам сабр косаси тўлган тугул бу косанинг синиқлари аллақачон ичига санчилиб, азоб берарди. Бугунгача унга мустақил бўлишни ўргатгани ҳолда тўсатдан юзини ёпишини талаб қилган отасининг қарорига қарши чиқиб, чодра кўз нурини заифлатади дея жавоб берди. Ҳошим бироз ўйлаб, уни меросдан маҳрум қилганини ва бир ҳафта ичида уйдан чиқиб кетмаса, ҳолига маймунлар йиғлашини айтди. Тўртинчи кун бутун уй даҳшат оғушига ғарқ бўлди. худди шу кун Атта опасига отасининг нодир топилмаси ҳақида гапириб берди. Ҳошим икки каллакесарни ёнига олиб, қарзини қайтармаётганлардан пулини ундириш учун шаҳарга тушиб кетганди. Оиланинг ёлғиз вориси бўлгани боис отасининг ғазна калити Аттага ҳам берилганди. Шундан фойдаланиб, судхўрнинг хонасидаги ғазнани очдию унга беркитилган биллур тухумни чўнтакка жойлади. – Балки, уйда юз берган охирги воқеалар мени эсдан оғдиргандир, аммо бир нарсани аниқ биламанки, бу сочлар уйимизда экан, бизга кун йўқ, – деди у опасига қараб. Ҳумо укасининг айтганига кўниб, тухумни тезда ибодатгоҳга қайтариб олиб боришини тайинлади. Атта қайиққа миниб, ибодатгоҳга шошилди. Ибодатгоҳ қаршисида йиғлаб дод-фарёд қилаётган мутаассибларни кўриб, қўлини чўнтагига солдию ичи шув этиб кетди. Биллур тухум йўқ. Йигит чўнтагидаги тешикни кўриб, тухумнинг ундан тушиб қолганини тушунди. Ё Танрим, дедию қўрқувдан қалтираётган қўлларини юзига босди. Аммо, ҳозир ибодатгоҳ имомига биллур тухумни топиб келтирганини айтганида ҳам бу кўр оломон ичидан соғ чиқолмаслигини сездию лабларига сўнги тўрт кун ичида илк бор табассум югурди. – Биз бу биллур матоҳдан қутулишимиз керакмиди? Ҳа! Мана, бу ишни ҳам лаънатининг ўзи бажариб қўяқолибди. Шундай дедию, кайфияти кўтарилиб, қайиққа минди. Уйга кирар-кирмас меҳмонхонада қонга беланиб, чалажон ётган опасини кўрди. Қўшни хонадан онасининг пиқиллаб йиғлаган товушини эшитди ва опасини кўтарганча бека ёнига югурди. Бироз ўтиб, Ҳумо ўзига келгач барини айтиб берди. Маълум бўлишича, ота қайиқда сузиб кетаётганида сувда ялтираётган биллур тухумни кўрган, уни олгач, бу жин ургур у ерда нима қилаётганини, у ерга қандай бориб қолганини аниқлаганмиш. Атта бирдан бошини деворга уриб, ҳўнграб йиғлай бошлади. Кўз ёшлари тиниб, умиди сўнгач биллур ҳақида нимадир уйдириш кераклигини ўйлаб, отасининг хонасига йўл олди. Эртаси кун Ҳумонинг юзидаги моматалоқлар тузала бошлади. Укасини қучиб, қулоғига қанча кетса кетсин, бу тухумдан қутулиш кераклигини пичирлаб айтди ва сўнги жумлаларни бир-неча марта такрорлади: – Сочларни ибодатгоҳдан ўғирлаш мумкинми, демак бизнинг уйдан ҳам ўғирлаш мумкин! Лекин буни шу қадар усталик билан қилиш керакки, ҳеч ким шубҳаланмасин. Бизга bone fide – ҳурматли, лаёқати баланд, тажрибали ўғри лозим. Шундай ўғри бўлсинки, на полициядан қўрқсин, на қарғишдан… * * * – Таассуфки, давом этди Ҳумо, – отам уни бир марта йўқотиб оғиз куйдиргач, бу матоҳни кўз қорачиғидек сақлаяпти. Бу ҳам ишни анча чигаллаштиради. Сиз буни аниқ бажароласизми? – Қиз қаршисида ўтирган, юзига арабча Син ҳарфи шаклида чандиқ тушган кишига қараб сўради. Узоқ сукутдан сўнг Ҳумо оқ мойчироқ шуъласида тиниқроқ кўрина бошлаган юз эгасидан яна сўради: – Сиз қўрқмаслигингиз ва ишни охирига етказа олишингизга аминмисиз? Киши ёқасини тортиб, ерга чирт эттириб тупурдию, ўзининг на ошпаз, на боғбон эканлигини, у ҳеч нарсага аввалдан ваъда бермаслигини айтди. Лекин яна айтишича, қўрқув унга буткул бегона эмиш. Хусусан, қиз унга таърифлаётган боласиёқ эртаклардан ҳам ҳайиқмаслигини маълум қилди. Кетидан, ўғирликнинг сабабларига қизиқди. – Ибодатгоҳга қайтариш учун қилган ҳаракатларимиздан сўнг отам биллур тухумни ёстиғи остига беркитиб ухлайдиган бўлган. Камига, хонада ёлғиз ўзи ётади. Сиз унинг хонасига шундай кириб олишингиз керакки, отам уйғонамасин. Ёстиғи остидаги буюмни эҳтиёткорлик билан олиб, менинг хонамга олиб келиб берасиз. Ҳумо гапини тугатч, кишига уйнинг таҳминий чизмасини кўрсатди. – Иш битгач, онам ва менинг бутун олтин буюмларимиз сизники бўлади. Ишонинг, сиз бу олтинлар билан катта давлат қозонасиз, – гапи тугамай кўзи ёшланганини сездию, якунлаш учун шошилиб деди, – бугун! Сиз уни бугун ўғирлашингиз керак! Ҳумо хонадан чиқибоқ бор кучи билан ўқчиб, қон тупурди. Шайх Син – ўғрилар ўғриси анча қартайиб қолган, камига касалманд эди. ўғирликдан топган молларини қиморда юткизиб қўйгани сабаб қашшоқ кун кечирарди. Ҳатто, ўғирликни бошлаган йилларидагидан ҳам қашшоқ… Унинг жойига номзод бўлиб турган ўғри эса уни ҳар қачон сўйиб кетишга тайёр. Айни шу ҳолатда бу қизнинг унга билдирган таклифи қарияга илоҳий туҳфадек туюлиб кетганди. Қўлига тушадиган пулни олиб водийни тарк этиши ва чеккароқдан бир кулба олиб, одамларга ўхшаб ўлимини кутиши мумкин. Сочга келганда эса на унинг ўзи, на сўқир хотини унга умр бўйи бирон марта қизиқишганди. Худди шу боис Ҳошимнинг оиласи ва Шайх Син орасида ўхшашлик бор эди. Шайхнинг фарзандлари ундан фарқли ўлароқ диндор бўлиб улғайишганди. Ҳатто бир кун Маккада тиланчилик қилиш истакларини айтиб, Шайхни ғазаблантиришганди ҳам: – Бемаъни гапларни йиғиштирларинг. Хўш, бир ўйлаб кўр, у ерга қандай бормоқчисанлар? Шайхнинг оиласида туғилган болалар “бу дунёга хушбахт ҳаёт учун келибди” дейилардию, бешикдаёқ мажруҳ қилинар ва шу йўл билан келажакда тиланчилик қилиш учун ўстириларди. Болалар тиланчилик қилиб қоринларини тўйдириб юришни эплашарди. Бироқ, Шайхнинг бошқа режаси бор. Бир амаллаб сўқир кампирини олсаю бу ҳаробадан кўчиб кетса. Умрида илк бор омади чопди. Эшиги тақиллади, чорасиз, гўзал қиз унга ўғирлик таклиф қилиб ўтирибди. Ўша тун уйдагилар ўғрини кутишарди. Шу сабаб даҳлиздаги чироқларнинг бари ўчирилди. Атай ўғри қийналмасин деб тун ҳам доимгидан қоронғу, кўл эса туманнинг қалин кўрпасига бурканган, осмон узра қора, қуюқ булутлар кезиб юрарди. Судхўр Ҳошим ухлаш тараддудида ётоғига кириб кетди. Бу кеча фақат унинг кўзларига уйқу сиғарди, холос. Бошқа хонада миясига қон қуюлиб, комада ётган ўғли бошида уй соҳибаси изиллаб йиғлаб ўтирарди. Учинчи хонадаги Ҳумо эса кийимини ҳам алмаштирмай сўнги умиди, тилла сандиқчани бағрига босганча ўғрини кутарди. Ниҳоят боғ тарафдан булбул чаҳ-чаҳи эшитилди. Ҳумо зинадан аста, овоз чиқармай тушиб, юзида Син ҳарфи бўртиб турган “булбул” га эшик очди. Икковлари ҳам даҳлизга боргунча бир-бирларининг юзига қарамай бориб, белгиланган жойга келгач, бошқа-бошқа хоналарга кириб кетишди. Шайх овоз чиқармай, усталик билан судхўрнинг хонасига ўтди. Айни шу пайт Ҳумонинг унга чизиб берган уй тархи қанчалик аниқлигини тушунди. Ҳошим ёстиқни қучоқлаганча хуррак отарди. Ёстиқни бир тарафга сал суришни эплагач, кумуш тухумни олиш қийин кечмади. Шу пайт деворнинг нариги тарафида Атта бир лаҳза кўзини очиб, ўзини тутди. Онаси ҳайратдан донг қотиб қолганди. Қон миясига тўлиб бўлганидан бўлса керак. Эҳтимол, отасининг хонасида нималар бўлаётганидан хабар топган бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам, биз унинг нега хушига келганини ҳеч қачон аниқ билолмаймиз. Атта ётоғида ўтириб, уч марта бир сўзни такрорлади: – Ўғри! Ўғри! Ўғри! Кейин эса жойига қайтиб ётдию жони узилди. Бошида ўтирган онасининг ичида қиёмат қўпди. Дод-фарёд бошланди. Бу шундоқ фарёд эдики, деворнинг нариги тарафидаги маст уйқуда ётган Ҳошимни ҳам уйғотиб юборди. Шайх эсанкираб қолганди. Судхўрни уриб ҳушидан кетказсинми ё парда ортига ўтиб яширинсинми? Ўйининг охирига етмай туриб, Ҳошим оёққа қалқди ва оёқ тарафидаги тортмадан шакар қамиш тасвири туширилган пичоқни олиб, даҳлизга югурди. Шайх фурсатни ғанимат билиб, ёстиқ остидаги пайғамбар сочлари солинган тухумни олдию жуфтакни ростлади. Ҳошим даҳлизга чиққач, қўлидаги пичоқни қоронғуда уёқдан-буёққа соллади. Ҳали аниқ кўрмай туриб, пичоқни даҳлизнинг нариги бурчагидаги соя эгасига, соя эгасининг нақ юрагига санчди. Кейин эса кўзини ишқалаб, чироқни ёқди. Оила ахзолари ичида соғ қолган ягона инсон, она даҳлиздаги икки мурдани кўриб, ақлдан озаёзди. Шу қадар қаттиқ чинқирдики… Бироз вақт ўтиб, унинг ўз укаси, полиция комиссари опасини руҳий хасталиклар шифохонасига, аниқроғи жиннихонага жойлади. Шайх иш бузилди, деб пичирлади ўзига-ўзи. Биз юқорида айтган фожиа юз берган пайт у Ҳумонинг хонасига кириб, олтинларни олиб чиқиш ва шу йўл билан жонини қутқаришга қарор қилганди. Деразадан ошиб, уйига қайтган вақти кампирига ишларнинг чаппасига кетганини ва бир муддат бу ерлардан кетиши кераклигини айтди. Эри гапини тугатганда ҳам кампир қилт этмади. Юзи қадим маъбуда ҳайкаллари қадар тош қотган, ифодасиз эди. Ўша кеча кўтарилган шовқиндан нафақат хизматкорлар, балки қотиб ухлаб ётган қоровул ҳам уйғониб кетганди. Аввал полицияга, улардан бир иш чиқмагач эса полиция комиссарининг муовинига хабар қилинди. Комиссар муовини Ҳумонинг ўлганини эшитиб, мактубни очди ва унда ёзилган гапларнинг барини диққат билан ўқиб чиқди. Кейин эса қуролланган аскарлари билан шаҳарнинг энг жирканч, бадном қисмига йўл олди. Маҳаллага етар-етмас ўша ердаги каллакесарлардан бири муовиннинг қулоғига Шайхнинг исмини шипшиди. Бошқаси эса Шайхга қочиши кераклиги ҳақида хабар берди. Худди ўша пайт босилган тепкидан учган ўқ тўғри бориб, деразадан энди ошаётган Шайхнинг қорнига тегди. Муовин шу йўл билан ичида кўтарилган ғазаб оловини бироз бостирган бўлди. Ерга қулаган ўғрининг чўнтагида кумуш тухум ярқираб турарди. Пайғамбарнинг сочлари полиция саъй-ҳаракатлари билан ибодатгоҳга топширилиши борасида Ҳиндистон радиосида эшиттириш тайёрланди. Бу воқедан бир ой ўтиб эса мамлакатнинг энг таниқли дин ходимлари ўша ибодатгоҳга йиғилиб, бу сочларнинг чиндан пайғамбарга тегишли эканлигини тасдиқлашди. Бугун мазкур нодир ва қимматбаҳо топилма кучли назорат остида, энг гўзал кўллардан бирининг соҳилидаги ибодатгоҳда сақланади. Бироқ, биз ҳикоямизни Шайхнинг тўрт ўғли ҳақида ҳам икки оғиз гапирмай тугатолмаймиз. Улар ўзлари билмаган ҳолда ўша муқаддас шиша турган хонадонда бир-неча дақиқа меҳмон бўлишганди. Эртаси кун уйқудан ҳеч нарсадан бехабар ва соппа-соғ уйғонишди. Худди бешикдалик пайти оталари томонидан мажруҳ қилинмагандек. Бу соппа- соғ тўрт муча билан тиланчилик қилиш, ортиқ имконсиз. Энди улар хайр сўраб қоққан эшиклар очилмас бўлди. Улардан фарқли ўлароқ Шайх ўлган кун кампирининг кўзларига нур инди. У ярқираб очилган кўзлари билан умрининг охирига қадар Кашмир ажойиботларини томоша қилиб ўтди.
2021-05-24
http://nodirabegim.uz/archives/4097
) Тақдир хукми билан мен ҳали XXI аср нафаси кириб келмаган Жанубий Америкадаги шаҳарчалардан бирига боришимга тўғри келди. Тўғриси, бу ерга XIX аср ҳам кириб келган деб бўлмасди. Бу ер гўё дунёнинг охири эди. Шаҳарчада вақт тўхтаб қолгандек, маҳаллий аҳоли эса шу шароитга мослашганди. Кам сонли одамлардан иборат аҳолининг ёши катта, афтидан ҳаётларидан мамнун, фаол ва ғайратли эдилар, улар ўз турар жойлари (тош ва қумдан қурилган) ҳақда қайғуришар, у ерда кичик боғ роғлари бор эди. Бу меҳмондўст одамлар кимки келса Худонинг марҳамати дея илиқ қарши олишарди. Улар билан мулоқот қилиш қийин эмасди, ҳамма қўшнилар билан дўстлашиш ва исмларини сўраб олиш мумкин эди. Мендан бир эшик нарида турадиган қўшним Леонтина хоним қўлида сабзавот тўлдирилган саватча ушлаганча ёнимга келди, уни менга совға қилди, ўзимни таништиримни ва қаердан нима мақсадда келганимни суриштириб, саватчасини қайтариш баҳонасида уйига бир пиёла чойга таклиф қилди. Мен унинг меҳмондўстлигига жавобан иссиқ кулча пишириб Леонтина хонимга олиб кирдим. Кўлдаги тошлар орқали йўлни кесиб ўтиб эшиги ёнида пайдо бўлдим. Тақиллатмасимдан бурун эшикни очди, чунки деразадан менинг келаётганимни кўрганди. Ичкарига таклиф қилиб столга чорлади, чой қуйиб узатди. Биз шаҳарчадаги ягона ёш оила – бешта фарзанди бор эр-хотин ҳақда гаплашдик, қолган аҳолининг бари кексалар эди, улар ўз ватанларини ташлаб кетишни исташмас, шу сабаб бошқа ерга кўчмасдилар. У менга шаҳарча беш авлод олдинги аждодлари томонидан қурилгани, бир нечта дўстлар ер сотиб олиб, қатор уйлар қуришганини, ўзаро ғамхўрлик билан яшашганини сўзлаб берди. — Ғамхўрлик? – ишончсизлик билан сўрадим мен. — Ҳа, — деди у, — одамларга етишмайдиган ўша ғамхўрлик ҳисси билан. Мен жониворлар болаларига кўрсатадиган ғамхўрлик ҳақда гапирганим йўқ, бу биз билан содир бўладиган ва қабул қиладиган; ҳар куни ҳар бир инсон шуғулланиши мумкин бўлган, лекин уни амалга оширишни истамайдиган, бу ҳиссиёт арзимас деган тўхтамга келинган туйғуни назарда тутяпман. Йўқ. Гап табиат бизга ҳар куни туҳфа қиладиган ғамхўрлик ҳақдаям эмас, масалан ҳар кун тоза ҳаводан нафас оламиз, қуёш танингизга илиқ нур сочади ва тинчлантиради, она қучоғи эса Яратганнинг инояти ва текин. Дунёда ҳеч ким бунинг қадрига етмайди, чунки қадрлашмайди. Бизнинг аждодларимиз инқилобчи эдилар, улар бу ғамхўрлик ва майда буржуа ҳаёт тарзига танқидий муносабатда бўлдилар. -Марио Бенедетти ўргатган ғамхўрлик ҳақда гапиряпсизми? Биз яшайдиган бу ҳисоб-китобли, ҳамма одамлар янада кўпроғига эга бўлишни истайдиган, капиталистик орзулар қиладиган бу дунёга сиғмайдиган ғамхўрликми бу? -Шунга яқинроқ. Лекин бироз чуқурроқ, — таъкидлади хоним. – Чунки қадим аждодларимиз бизни милтик билан, қурбон ва оғриқлар билан мақсадга элтадиган лидерларга ишонмасликка ўргатган. Инқилобий ғамхўрлигимиз эса муҳаббат ва эркинликка қорилган; ҳамма нарсани борича қабул қилиш, оддийликка ўргатади… Наслдан наслга ўтадиган бу фалсафанинг моҳияти ҳайратланарли эди. Шунда нега уларда асфальт йўллар, телевидения каби бизнинг маданиятимизга зарур бўлган қулай нарсалар йўқлигини тушундим. Улар ерга экин экишади ва ҳосилни йиғиб оладилар, ўзлари гул экиб ундан баҳраманд бўладилар. Чунки биладилар, ҳосил ҳамиша ҳам бой бўлавермайди. Якун қандай бўлишидан қатъий назар ота боболаримиз томонидан ҳаёт гўзал эканига ишонамиз, бу Пандора қутисида ҳамишаям бахтли ниҳоя содир бўлавермайди. Леонтина хоним яхши одамлар ҳалос бўла олмайдиган ғамхўрлик туйғуси ҳақда сўзлаб, у қон қонгача сингиб кетиши ва гап-сўзларда намоён бўлиши ҳақда гапирди. У мен билан тортинчоқ қалбига содда нарсаларни жойлаган, шу билан бирга денгиздек чексиз маънога эга инсон сифатида суҳбатлашди. Чунки ғамхўрлик шундай бўлади… Соат миллари мурувват ила секин ўтар, шу сабаб мен доно сўзларнинг мағзини чақар ва бундан баҳраманд бўлардим… Ясмин гуллари ва ванил солинган қора чой ва унга ҳамоҳанг равишда тортилган ширинлик, Леонтин хоним ва унинг аждодлари айтган сўзларни тасдиқларди гўё. У менга ғамхўрлик бу – бизнинг туйғуларимиз марказига саёҳат эканини тушунтирди.
2021-05-24
http://nodirabegim.uz/archives/4104
Ажай Прасад бирдан қизарди. Нега унинг устози болага пешонасини тириштириб норози қараяпти экан? Ўн ёшли болакай тик қоматли, юзида ҳамиша табассум билан юрадиган ўқитувчиси Кумар хонимни ҳурмат қиларди. Устози доим унинг бошини силаб, берилган топшириқнинг жавобини сўрар, ўқувчиси ҳам вазифаларни тўппа-тўғри бажарарди. Лекин бугун нима бўлди? Бола нима хато қилдийкин? Мактабдан уйга қайтгач, Ажай кўзгуга қараб ўқитувчисининг тунд қиёфасини жонлантиришга уринди. Балки кийими яроқсиз ва юпун бўлгани учун шундай қилдимикин? Ахир ҳозир Лакновда эллик учинчи йилнинг изғирин қаҳратони кезмоқда. Ажайнинг отаси эллигинчи йилга қадар темир конида уста бўлиб ишлади. Сўнг эса кон ёпилди. Ишсизликдан сарсон бўлган кезлари эса онаси бир хонадонда хизматчи бўлиб ишлай бошлади. Тўрт фарзандли бу оила уч хонали каталакдек уйда яшашарди. Кечаси эса каламушлар болаларни безор қиларди. Кумар хоним бу каламушлар ҳақида билмаса керак. Ажайнинг боши қотди. Ахир у аълочи ўқувчи-ку, инглиз тилини ҳаммадан зўр билади. Хуллас, ўша тун Ажай устозидан сўраб барини ойдинлаштириб олишга қарор қилди. Бироқ эртасига эрталаб мактабда бу қатъий қарор қуёшда қолган яхмалакдек эриб кетди. Ҳайриятки, дарсдан сўнг Кумар хонимнинг ўзи болани мактаб айвонига бошлади. -Мен билан юр, Ажай. Улар айвондан чиқиб, ташқаридаги оёқ кийим дўконига йўл олишди. -Шу ерда ўтир, -буюрди устози. Сўнг сотувчига юзланди: -Мана бу болага лойиқ келадиган ботинкангиз борми? Сотувчи унинг ўлчамини сўрагач, Ажайга лоппа-лойиқ бир ботинкани тутқазди. Қўлидаги картон қутини қучоқлаб олган болакай устозига эргашди, бироқ улар гаплашишмади. Улар кийим дўконига киришди. Бу ерда устози Ажайга янги кўйлак ва шим сотиб олди. Бола пештахтадаги нархларга қараб, умрида бунча пулни кўрмаганлиги учун эсанкиради. Ҳариддан сўнг улар мактабга қайтишди ва бир пиёладан иссиқ чой ичишди. Ажай эса ўз миннатдорчилигини қандай ифодалашни билмасди. -Энди эса уйингга борақол, –деди устози бироздан сўнг. “Бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман”, шивирлади болакай хонадан чиқар экан. Бир қанча вақтдан сўнг мактаб ёпилди, ўқувчи ва ўқитувчилар қувилди. Ажай эса миннатдорчилик билдиролмай қолди, боиси ўқитувчиси йўқолиб қолганди. Ажай фақат бир мақсадда –устозининг кўзига уялмай қараш ва қилган яхшилиги зое кетмаганлиги, билимли инсонга айланганлигини исботлаш учун тиниб билмай изланарди. Ўқишга ихлос қўйган Ажай улғайиб етук инженер бўлди. Уйланиб, икки ўғилнинг отасига айланди. Тўқсон биринчи йилга келиб, Ажай юрак хуружи туфайли касалхонага тушди. Шунда ўша қадрдон устозини ёдга олди ва излашларини буюрди. У Кумар хоним тириклигига умид қилар ва қаерда яшаши билан жуда қизиқарди. Август ойида ниҳоят, қишлоғидаги мактабдан хат келди, уни Кумар хонимнинг ўғли ёзганди. Айтишича, Кумар хоним ва жаноб Кумар ўн беш йил аввал нафақага чиқиб, Деҳрадунга кетишган экан. Хатда уларнинг телефон рақами ҳам келтирилганди. -Алло… –Ажай устозининг овозини дарҳол таниди. -Кумар хоним, бу Ажай! Ажай Прасад. Ажай ўзини обдан таништиргандан сўнг Шейла Кумар гап бошлади: -Ажай, мени кечирасан, сени эслолмаяпман. У пайтларда оч ва юпун болалар жуда кўп эди… -Ҳеч қиси йўқ, -деди Ажай ва яқин орада устозининг ёнига бориб учрашмоқчилигини билдирди. -Оҳ, Ажай, йўл жуда олис-ку? -Масофанинг аҳамияти йўқ, сизни кўрмоқчиман. Аёл бир муддат жим бўлиб қолди. -Мен ўша эсингда қолган устозинг эмасман. Ҳозир жуда кексайиб, мункиллаб қолганман. -Мен ҳам албатта ёш болакай эмасман. Аҳволи ўнглангач, Ажай Деҳрадунга йўл олди. Поезддан тушиб бир даста қизил атиргул ҳарид қилди ва аёлнинг манзилини кўзлаб кета бошлади. Шейла Кумар ўқувчисини энг яхши сарисини кийиб, юзига доимий табассумини қўндирганча кутиб олди. Улар стол атрофида қирқ йиллик хотираларини гурунглашишди. -Сизни, сиз олиб берган кийимларни кўп эсладим, -деди Ажай. Улар хайрлашишар экан, Шейла ўқувчиси уни йўқлагани учун қандай миннатдорчилик билдиришни билмасди. -Оҳ, Ажай, тилимга сўз келмайди. -Қўяверинг, бир вақтлар мен ҳам сизнинг ҳолингизга тушганман. Мана, ниҳоят, раҳмат айтишга фурсат етибди. Менга қилган яхшилигингиз ҳудди мана шу гуллардек самимий ва бегард эди. Энди сиз шу гулларни асранг…
2021-05-31
http://nodirabegim.uz/archives/4109
— Непаллик ёш шоир. 1993 йилда туғилган. Ҳиндистондаги Жавоҳарлал Неру университетида таҳсил олган. “Шеърият залвори ва бошқа шеърлар” номли муаллифлик китоби Ҳиндистонда чоп этилган. Шеърлари ва ижоди жаҳоннинг кўплаб нуфузли нашрларида, жумладан “Trouvaille Review”, “International Times“, “New York Parrot”, “Sahitto Bilingual literary magazine”, “Indian Periodical”, “Grey Thoughts”, “Lothlorien Poetry Journal”, “Atunis Poetry” ва “ EKL Review” каби адабий журнал ва сайтларда чоп этилган. Тасаввур гапирар қайси забонда? Қайси эътиқодни мустаҳкамлар дин? Фалсафа, мавҳумлик нима дегани? Сукунат сўйлайди нима ҳақида? Қандай табассумни эркалайди бахт? Қандай қайиқ истар ҳаёт дарёси? Ҳозирлайди қандай жавобни тақдир? Ҳаёт тўлақонли қандай кўринар? Орзу рўёбига қанчалик яқин? Қандай гуллаб-яшнар муҳаббат боғи? Нима дегани у ҳаётсиз ўлим? Нима учун урар аслида юрак? Кўз ёшлар қай ҳолда ювар оғриқни? Гунглар сукутида товуш-чи борми? Фақирлик оловин нима ўчирар? Нарсами майсазор ва бойлик эгиз? Мусиқа қай тарзда ўрнига қўяр Кишидаги руҳий мувозанатни ? Бу ҳаёт ибтидо касб этиб турфа Шу йўсин топади интиҳо нечун? Рухсат беринг, аввал сўз шоиримас Шоири бўлайин шитирлашларни. Қўйинг, тўлқинларга сўзни сингдирай Куйлашдан илгари фоний дунёни. Изн беринг, шамолни ифодалай зўр Унинг тегинишин қочмас тасвири Булутлар тан олсин мени шоир деб Бўлишимдан олдин само шоири. Сатрларга кўчирай қониқишни хўб Чанқоқ нелигини сўзда ҳис қилгач. Мен шеърлар битайин файласуфона Фақат соддаликни мадҳ этиб бўлгач. Оппоқ тусланиб кабутар учар Эркин ҳилпиратиб қанотларини Ҳаво эса бўса олар гуллардан. Бу яшариш пайти Табиат рақс тушадиган Ўз ижоди маҳсули билан. Улгурганимиз йўқ ҳали йўқотиб Унинг мафтункор жозибасини. Файзли кунлар ва хайрли тунлар Қуввату хордиққа бўлишар манба. Айрим умрлар топишди завол Касалхоналар замбилларида Айримларини излашар Бетон қолдиқлари орасидан. Асримиздаги касаллик ва урушлар Эргаштириб келишди парокандаликни. Парокандалик ва гўзаллик Бир вақтда айланишди табиат юзига. Парокандалик-умиднинг интиҳоси Гўзаллик-чи тузилмасидир Биз юксаладиган унинг зиналарини. Парокандалик даъват этади Бериб тинчлик жараёнига урғу Табиат эса покланиш сари. Эндиликда ҳаётимизда Қўйишмоқда китобларга ўт Китоб расталарини бир-бир бузишиб. Таълимсиз, бўм-бўш тафаккур билан Ёқолмайди лек навқирон авлод Келажакнинг янги машъаласини. Тушунайлик келинглар бир қур Ўлдириб бўлмаслигини вақтни Вайрон қилингани билан Соат миноралари. Ўйинчоқ тахтакачнинг Думалаб кетятганини кўриб Болалигимни қўмсадим. Уч ғилдиракли аравага Ўрнаштириб жойланган гўдак Ва ҳовуз тубига шўнғиятган болалар Чорлашар ёшлигимни ўзлари томон. Тун ўрнида қотиб қолган пайт Каминани ларзага солган Тушлар қуршовида қолдим. Пайдо бўлгандек шу кунларда Туш кўрмаслигимга узрли сабаб. Оқловчи восита- уйқум қочиши Томоша қилмоққа тун тароватини. Тушларни болаликка алмашмоқ Иложи бор юмуш бўлганда эди Гўдакка айланиб қолардим тағин. Акс садоси уйнинг ичида Сира тинмас бола кулгуси, Қизиқарли ўйинлар унгагина хос, Лойдан ясалган серсоқол донишманд- Орзулардир… Ва уларни энди Фақат хаёлда мумкиндир кўрмоқ.
2021-02-06
http://nodirabegim.uz/archives/4116
Чилилик шоир ва ношир. 1978 йилда туғилган. Чилидаги Био-Био университетини ижтимоий алоқалар йўналиши бўйича, Чили Давлат университетини эса Театр ва драматургия йўналиши бўйича тамомлаган. Шеърлари инглиз, араб, итальян, француз каби тилларга таржима қилинган. Қуйидаги шеърий китоблар муаллифи: «Anamor — fosis» (2000), «Little Anthology of Nothing» (2007), «When trees forget about Autumn» (2010) ва «Tribute to Ashes» (2014). Вужудимда яшайди кўз ёш Унда камол топади Балиқларга тўла уммонда сузиб Бўронга дуч келадиган қайиқ оҳанги. Вужудимда яшайди қалдирғочлар сайёраси Ва чизиб ташланган чипталар Унда камол топади Таъқиқланган шаҳар узра қўйилиб Ўз тўрига ўралашган кўприк қисмати. Сен ҳаводаги бутхонасан Ёмғирни хуш кўрувчи қушларимни Озуқа билан таъминлайдиган. Томирингда оқаётган қон эса Тахта кўприкдир катта тезликда Мен саёҳат қиладиган. Бу маркали қарталар ўйинида асқотади Бармоқларингдан кўра тишларинг Сенинг исминг-ишора Менинг забоним-лабиринт. Мен сени ягона чорам бўлган Ҳақиқат билан алдадим (Чоғланма жавоб беришга) Гўё боғингдаги қуёш қиёфасига кириб. Чалкаш нуқтаи-назарларгина Бирдамликда тутиб турар дунёни Алкимёгар зиёси айлар чароғон Оппоққина саҳифамни. Нигоҳингда шуъла таратаётган Шаҳарни ўчираман. Чақмоқ шунчаки садақа эди Ернинг тўртта энг аҳамиятли Нуқтасига улоқтирилган. Мен қайтаман на қолган сониялар-у На йўқотилган қучоқ учун Шитирлаш-ягона юким Тегишлиман деб билган ўзимни. Эркалаш-чи топилган ўйлаб Бир сиқим лаҳзалар мавжуд бўлган Милён нусхасидан чала орзуларнинг. Баҳорни вайрон қиладиган Атом бомбаси асли йўқ нарса Енга олмагани каби Кўзойнакли инсон чақмоқни. Шу тарзда кўтариламиз Зулматнинг чорраҳасига Тошлардан анқийди тутун. Қарши тура олмайди Табиатга ҳеч қандай уруш Йиқилиш мумкин жарлик сари Ёруғликдан кўз қамашиб Қор одатда қорамтир шунга Пекинг*да сўнаётган шуъла янглиғ.
2021-02-05
http://nodirabegim.uz/archives/4009
Мусиқа бир ерда турмайди Cакрайди худдики Сезги ҳиссиётига қоришиб Скрипкадан таралган маршда. Сузаётган елканлар янглиғ Вақт сарҳадларини кесиб ўтади Ипак калава-ю қиз орзусини Қилиб ўзида мужассам. Партитурада “до” ва ”фа”, “Cоль” ва “си” ўртасида Ноталари муаллақ турган Ой аккордини куйлашар улар Наҳорда турган қиз Жўр бўлганида Шу тонгларни сақламоқ учун. Изн беринг менга Эҳромлар ва фиръавнлар Сизни ечинтириб Зарбоф ички кийимингизгача Кашф қилмоққа асрорингизни. Изн беринг менга Тоштобутлар ичидаги Кумуш идишлар таъмин туймоққа. Қарши турмоққа Тавқи-лаънатига сирли Бир кемирувчиларга маълум Очилганда ажал ўргимчаклари Пешвоз чиқадиган даҳмаларнинг. Юрагимда ором олинг Чошгоҳ пайтида Бераётганида жон Узуноёқ Миср қушлари Тин олганда иероглифлардан Шаҳардаги камонбозлар бутхонаси Ва Клеопатра учун қурилган Метин тўсиқлар. Жин урсин! Нега ичмоқдасан сув? Жаврама, Ташналигимни қондирай бир қур. Ерга сизиб тушмасин дея Қурисин деб кўздаги ёшлар Кўзларимни пана қилгум Дастрўмол билан. Улар билмасликлари лозим Аёл зоти заифалигин Аёл зотин ожиз ерлари Лозим эрур кўринмаслиги. Яширингум бурчакка бот-бот Беланиб нақд уйим чангига Кейин маълум бўлади Чангга беланган чоғим Кашф қилингани улар томонидан Уйғун бўлган жиҳатларимизни. Сизлардан миннатдорман Кўпдан кўп раҳмат Мен ҳам кашф қилдим Қовурғадан яралганимни Жинсимни қилдим таклиф Бир олма тарзида Ва ҳис қилдим яшаётганин Мустаҳкам эркак човида Башоратгўй иблисларни.
2021-07-05
http://nodirabegim.uz/archives/4022
Бир кеча-кундуз поездда силкина-силкина толиққан Жузеппе Корте мартнинг яримёруғ саҳар-мардонида ўша машҳур клиника жойлашган шаҳарга етиб келди. Иссиғи жиндай баланд эса-да, бироқ шунга қарамасдан, вокзалдан касалхонагача бўлган йўлни жомадонини кўтарганча пиёда босиб борди. Жузеппе Корте касалликнинг енгил шакли билан оғриганди, бунинг устига дарднинг бошланғич даври эди, холос, шунга қарамай, унга катта шуҳрат қозонган, айнан шу касалликни даволашга ихтисослашган ушбу клиникага мурожаат қилишни маслаҳат беришди; бу довруғ унга бу ердаги табиблар энг билимдону асбоб-ускуналар оқил ва самарали деган ишончни бағишларди. Жузеппе Корте қачондир тасодифан аллақандай реклама тақдимқоғозида кўзига тушган суратдаги клиникани узоқдан кўрибоқ дарҳол таниди — касалхона унда ажиб таассурот қолдирди. Айвонлари галма-гал чиқариб-кирғизиб қурилган бу етти қаватли оппоқ бино нимаси биландир меҳмонхонага ҳам ўхшаб кетарди. Касалхонани ҳамма томондан баланд дарахтлар ўраб турарди. Умумий тиббий кўрикдан ўтган Жузеппе Кортени янада синчков текширув олдидан энг юқорига — еттинчи қаватга жойлаштиришди. Хона қувноқликка мойил эди, озодалигидан ярқираб турарди — жиҳозлар ёруғ, дарпардалар қордай оппоқ, ёғоч оромкурсилар алвон рангин матога чулғанганди. Деразадан шаҳарнинг энг гўзал мавзеларидан бири дилга ҳузур бағишлаб яққол кўриниб турарди. Бу ерда ҳамма нарса хотиржамлик, меҳмондўстлик нафасини уфурар, кўнгилга умид уруғини сочарди. Жузеппе Корте дарҳол тўшакка чўзилди, бош устидаги чироқни ёқди-да, ўзи билан олиб келган китобини ўқишга тутинди. Бироздан сўнг хонага ҳамшира кирди, бирор нарса керак-керакмаслигини суриштирди. Жузеппе Кортега ҳеч нарса керакмасди, аммо у қизни гапга солиб, касалхона ҳақида кенгроқ маълумот суриштиришга тушди. Шу йўсинда у бу клиниканинг ғалати бир ўзига хослигидан хабардор бўлди. Мижозларни бу ерда касаллигининг оғир-енгиллигига қараб қаватларга тақсимлашар экан. Энг юқори, еттинчи қават дарди ҳаммадан ҳам енгиллар учун мўлжалланган. Олтинчи қаватга дарди унчалик оғир бўлмаса-да, ҳар ҳолда унча-мунча хавотирли томони борлар ётқизилади. Бешинчи қаватда эса аҳволи руҳияси анча оғир бўлганлар даволанардилар, шу тариқа — қаватма-қават тушилаверади. Иккинчи қаватда касали жуда оғир шўрликлар ётар эди. Биринчи қаватда эса — энди дунёдан илинжи батамом узилганлар, тузалишидан умид йўқлар… Бу ўзига хос тизим нафақат хизмат қилишни енгиллаштирарди, шу билан барча қайсидир бир дарди енгил беморни бедаво қўшнисининг ингроғи беҳузур қилишининг ҳам олдини олар, ҳар бир қаватда бир тахлитдаги вазиятни яратиш имконини берарди. Бошқа томондан, бундай тартиб даволаш ва қаровни тўғри тақсимлаш имконини ҳам туғдирарди. Натижада ўзига хос поғона юзага келганди — касаллар дардининг жиддийлигига қараб еттита алоҳида тоифага бўлинган эди. Ҳар бир қават гўё ўз қоидалари ва анъаналарига эга мустақил дунёчага айланган эди. Ҳар бир бўлимни ўз табиби бошқаришини ҳисобга олсак, ҳар бир қаватдаги даволаш усулларида ҳам унчалик бўлмаса-да, муайян фарқлар борлиги аниқ; аммо умумий раҳбарликни директор амалга оширар, институтнинг барча ишларини у бир йўсинга солиб турарди. Ҳамшира чиқиб кетгач, Жузеппе Корте, иссиғи тушганига батамом ишонч ҳосил қилиб, ўрнидан турди, хона бўйлаб бир неча қадам қўйди-да, деразадан қаради — йўқ, нотаниш шаҳарнинг қиёфасига термулиб, ҳузур қилиш учунмас, ойна орқали пастки қаватлардаги хоналардаги бошқа касалларни кўриш умидида қаради. Пешайвонлардаги кирган-чиққан кўшклар бунга имкон берарди. Жузеппе Корте диққатини биринчи қаватдаги деразаларга жамлади, аммо улар анча олисда, пастда эди, ёнбошидангина кўринарди, унинг диққатини тортадиган қизиқроқ нарса кўзга ташланмади. Деразаларнинг кўпчилмигида парда туширилган, улар рангпар қопқалар билан қаттиқ беркитиб қўйилган эди. Шу жойига келганда Корте қўшни хонадан қандайдир эркак киши бўй чўзаётганини сезиб қолди. Улар бир-бирларига узоқ термулдилар, ҳаваслари тобора ортаётганига қарамай, на бу, на у гап қўшишга ботинмасди. Ниҳоят Жузеппе Корте ўзини жамлаб, сўради: — Сиз ҳам яқинда келдингизми? — Афсуски, йўқ, — эркак жавоб берди, — келганимга икки ойча бўлиб қолди… — Бироқ сукут сақлаб, у гапни қандай давом эттиришни билиб-билмай, қўшиб қўйди: — Мен пастда ўз акамга қараб тургандим. — Акангизга? — Ҳа, — деди нотаниш одам. — Биз у билан касалхонага бирга тушдик, — бундай ҳодиса кам учрайди — аммо унинг аҳволи кундан-кунга ёмонлашаверди, қарабсизки, у энди тўртинчигача борди.Одамни ваҳима босади. — Тўртинчигача, деганингиз нимаси? — Тўртинчи қаватгача, — тушунтирди у, нотаниш қўшнисининг юзидаги қайғу ва дарддошликни кўриб, Жузеппе Кортени қўрқув босди, бадани совуб кетди. — Нима тўртинчи қаватда шу қадар оғир касаллар ётадими? — у эҳтиёткорлик билан сўради. — Эй, худойим, — эркак бошини секин чайқаб гап қотди, — улар, албатта, ҳали умиди батамом узилганлар эмас, аммо, ҳар ҳолда, у ерга тушишнинг қувонадиган жойи йўқ. — Ундай бўлса, — Корте биз шахсан ўзимизга тааллуқли бўлмаган қайғули нарсалар ҳақида гапирадиган оҳангда қувноқ кўтаринкилик билан яна сўради, — ундай бўлса, тўртинчи қаватда бу қадар оғир касаллар ётса, биринчи қаватга кимни ётқизишади? — Воҳ, биринчида буткул ўлаёзганлар. У ерда дўхтирларга иш қолмаган. У ёғи фақат руҳонийларниннг ташвиши. Яна гўрков-пўрков дегандай… — Аммо биринчи қаватда касаллар жуда оз-ку, — Корте гапни бўлди, гўё у фикрини тезроқ тасдиқлаб олмоқчидай эди, — деярли барча хоналар бекитилган. — Ҳозир, ростдан ҳам, озчилик, аммо эрталаб етарли эди, — нотаниш киши зўрға сезиладиган кулгу билан жавоб берди, — дераза қопқалари туширилган хоналарда кимдир яқиндагина ўлган. Бошқа қаватларда ҳамма қопқалар кўтарилганини кўриб турган бўлсангиз керак? Бироқ мени кечирасиз, — у деразадан оҳиста узоқлашаётиб қўшиб қўйди, — совуқ тушаётир, шекилли. Тўшакка бироз чўзилай. Сизга эса барча яхшиликлар ёр бўлсин… Эркак кўздан ғойиб бўлди, дераза куч билан ёпилди, кейин қўшни хонада чироқ ёнди. Жузеппе Корте эса ҳали-ҳануз дераза олдида қотиб турар, биринчи қават деразаларининг зич беркитилган қопқаларига тикилганча қолганди. У узлуксиз, дардчил бир қизиқувчанлик билан термулар, касаллар ўлиш учун жойланадиган биринчи қаватнинг қайғули сирларини тасаввур қилишга уринарди, ўзининг бу қаватдан узоқ эканини ўйларкан, кўнглига аллақандай кўтаринкилик қуйилди. Айни пайтда шаҳарга кечки қоронғулик чўкди. Улкан касалхонанинг юзлаб деразаларида бирин-кетин чироқ ёнди — узоқдан уни байрамона ёритилган cаройга ўхшатиш мумкин эди. Фақат биринчи қаватда — ўша ёқда, олисда, энг пастда — бир неча деразалар ўликларни беркитиб кўр ва қоронғулигича қолганди. Тиббий кўрик натижалари Жузеппе Кортени анча тинглантирди. У ёмон оқибатларни тасаввур қилишга мойил эди, ич-ичида шафқатсиз ҳукмни кутар, тайёрланиб борарди ва агар табиб уни бир қават пастга жойлаштириш лозимлигини айтса ҳам ҳеч ҳайратланмасди. Аслида эса, умумий аҳвол аввалгидай яхши бўлса-да, иссиғи буткул тушмаётган эди. Бироқ дўхтирнинг сўзлари нафақат самимий, ҳатто анча кўнгилни кўтарадиган эди. — Касалликнинг куртаклари бор, — деди у, — бироқ жуда енгил кўринишда; икки-уч ҳафтада эҳтимол, ҳаммаси ўтиб кетса керак. — Демак, мен еттинчи қаватда қоламан-а! — хавотирга тўлиб сўради Жузеппе Корте. — Ия, бўлмаса-чи! — табиби унинг елкасини дўстона қоқиб қўйди. — Хўш, айтинг-чи, сизнингча, бўлмаса сизни қаёққа жойлаштириш керак? Балким, тўртинчигадир? — сўради у кулиб, гўё бу энг мумкин бўлмаган эҳтимол эди. — Қандай яхши, қандай соз,- деди Корте, — биласизми, касал бўлиб қолсанг, ҳамиша энг даҳшатли оқибатларни тасаввур эта бошларкансан… Жузеппе Корте ростдан ҳам аввалдан жойлаштирилган хонасида қолди. Ўрнидан туришга рухсат берилган айрим кунлари бошқа хоналардаги айрим беморлар билан ҳам танишиб улгурди. У дўхтирларнинг барча кўрсатмаларини сидқидилдан бажарар, тезроқ соғайишига астойдил уринар, бироқ, шунга қарамай, унинг аҳволи, билъакс, ҳеч бир ўзгаришсиз қолаётганди. Қаватнинг катта фельдшери Жузеппе Кортенинг хонасига кириб келганда ётганига тахминан ўн кунлар бўлганди. Фельдшер дўстона бир илтимос билан ташриф буюрганди: эртага бир аёл иккита боласи билан ётади; улар учун айнан унинг хонаси ёнидаги иккита хона бўш, аммо уларга учинчи хона етишмайди, жаноб Корте бошқа шундай қулай, шундай ҳузурли хонага ўтишга рози бўлармикин? Жузеппе Корте, турган гапки, қаршилик қилмади; бу хонами ё бошқа хонами — барибир эмасми; эҳтимол, ўша янги хонада унга янги ва янада яхшироқ ҳамшира қўйишар. — Сизга чин кўнгилдан миннатдорчилик билдираман,- деди катта фельдшер енгил тавозе билан. — Сиздай инсоннинг бу қадар хайрли иш қилиши ҳайратланарли эмас. Агар қарши бўлмасангиз, кўчишни бир соатлардан сўнг бошласак. Фақат шуни унутмангки, бир қават пастга тушишимизга тўғри келади, — у гўё гап буткул арзимас нарса ҳақида бораётгандай сокин ва равон овозда қўшиб қўйди — Афсуски, бу қаватда бўш хоналар йўқ. Бироқ бу вақтинча, ишонинг, — Кортенинг тез қўзғалиб яна тўшакка чўкканини ва норозилик билдириш учун гапга оғиз жуфтлаётганини кўрган фельдшер шошиб аниқлик киритди,- вақтинча. Ўйлайманки, икки-уч кундан сўнг, бирор-бир хона бўшаши билан, сиз яна еттинчи қаватга қайтишингиз мумкин. — Иқрор бўлишим керак, — Жузеппе Корте кулиб деди, — ростини айтишим керак, — бунақанги кўчиш менинг хоҳишимга унчалик тўғри келмайди. — Бироқ сизни тиббий хулосаларга кўра кўчираётганимиз йўқ-ку; сиз нима демоқчи эканингизни жуда яхши тушуниб турибман, бироқ гап ўз болаларига яқинроқ бўлгиси келаётган бир аёлга нисбатан ғамхўрлик қилиш ҳақида боряпти… Худо ҳаққи, — у қаҳқаҳа отиб кулганча, қўшиб қўйди, — бошқа сабаблар ҳақида ўйлаб ҳам ўтирманг!.. — Майли, шундай бўла қолсин, — деди Жузеппе Корте, — бироқ менга бу нохушликдай туюляпти. Шундай қилиб, Корте олтинчи қаватга ўтди, гарчанд бу кўчиш касалининг ёмонлашгани туфайли бўлмаганига ишончи комил бўлса-да, унга ўзи ва одатдаги дунё, соғлом одамлар дунёси ўртасида аллақачон аниқ сезиладиган девор пайдо бўлганини ўйлаш анча ноқулай эди. Еттинчи қаватда, қабул қилиш манзилида бемор ҳали қолган дунё билан озми-кўпми алоқани сезарди: у ердаги жамоатни одатдаги дунёнинг давоми ҳисоблаш ҳам мумкин эди. Олтинчи қаватга кўчгач эса, у касалхона чегарасига батамом кирди, бу ерда энди ҳатто тафаккур бироз ўзгача эди — табибларда ҳам, ҳамшираларда ҳам ва ҳатто касалларда ҳам. Бу ерда ушбу қаватга оғир шакли билан бўлмаса-да, барибир, ростакамига касалларни жойлаштиришларини ҳамма тан оларди. Қўшни хоналарнинг беморлари билан, ходимлар ва табиблар билан бўлган илк суҳбатларданоқ Жузеппе Корте кўрдики, бу бўлимдагилар еттинчи қаватдагиларга енгил-елпи муносабатда эканлар, еттинчи қават биринчи навбатда ортиқча шубҳага тушган ҳаваскор касаллар учун деб ҳисоблашаркан; айтиш мумкин бўлса, ҳамма иш фақат олтинчи қаватдангина жиддий бошланади. Айни пайтда Жузеппе Корте шуни тушундики, агар юқорига, тиббий хулосаларга мувофиқ ётиши керак бўлган еттинчи қаватга қайтишни истаганда ҳам, у муқаррар қийинчиликларга дуч келади; еттинчи қаватга қайтиш учун у бу мураккаб механизмни ҳаракатга келтириши керак, бунинг учун эса оз бўлса-да, барибир анча куч сарфлаши лозим; шубҳасиз, агар унинг ўзи бу ҳақда ташвишга тушмаса, бошқа ҳеч ким уни юқори қаватга, “деярли соғлар” олдига қайтаришни ўйламайди ҳам. Шунинг учун Жузеппе Корте ўз ҳуқуқларини поймол қилдирмасликка, ҳаракатсизлик комига тушмасликка қарор қилди. Бўлимдаги ҳамдардлари билан суҳбатлашганда, албатта, ҳар гал шунга аниқлик киритардики, у бу касаллар жамоасида бор-йўғи бир неча кунгина бўлади, бир аёлга яхшилик қилиш учун қуйи қаватга тушишга унинг ўзи рози бўлган ва, шубҳасиз, бирор-бир хона бўшаши билан у тепага қайтади. Касаллар унинг барча гапларини ҳеч бир қизиқишсиз эшитар ва ишонқирамай бош чайқаб қўйишарди. Янги дўхтир билан суҳбатлашгач, Жузеппе Кортенинг ишончи тўлиқ тасдиқланди. У ҳам шуни тан оладики, Жузеппе Корте бемалол еттинчи қаватда қолавериши ҳам мумкин эди; унда касалнинг жу-да ен-гил шакли, — янги табиб бу ифодани таъкидлаш учун атайин бўлиб-бўлиб айтди, — бироқ, моҳиятан олганда, у олтинчи қаватда Жузеппе Корте янада яхшироқ даволаниши мумкин деб ҳисоблайди. — Бу гапларни қўйинг, — касал қатъият билан унинг гапини бўлди. — Ўзингиз айтяпсиз-ку, менинг жойим — еттинчи қаватда ва мен ўша ёққа қайтишни истайман. — Ҳеч ким сиз билан баҳслашаётгани йўқ, — дўхтир жавоб берди, — мен сизга фақат маслаҳат бераман, табибингиз сифатида ҳам эмас, са-ми-мий дўстингиз, ҳабибингиз сифатида! Такрор айтаман, сизда касалликнинг жуда енгил кўриниши, ҳеч ваҳима қилмасдан айтиш мумкинки, сиз умуман касал ҳам эмассиз, бироқ, менинг назаримда, сизнинг аҳволингиз бунга ўхшаш ҳоллардан яраланган қисмининг қулами билан ажралиб туради. Сиз мени тўғри тушунишингизни истайман: касалликнинг суръати паст, аммо у сезиларли майдонни қамраб олган; ҳужайраларнинг емирилиши жараёни, — Жузеппе Корте клиникада бўлиш вақти мобайнида бу ваҳшатли иборани илк бор эшитиб турарди, — ҳужайраларнинг емирилиш жараёни, шубҳасиз, ҳали бошланғич босқичида, эҳтимол, ҳали бошланган ҳам эмасдир, аммо бошланиш тамойиллари, — мен таъкидлайман, — бошланиш ва бир вақтнинг ўзида организмнинг кенг кўламдаги қисмини яралаш тамойиллари мавжуд. Ҳатто худди шунинг учун ҳам, менга туюладики, сиз айнан шу ерда, даволаш усуллари янада махсуслашган ва фаоллашган олтинчи қаватда даволашингиз мақсадга мувофиқдир. Бир куни унга айтишдики, касалхона директори, таомил бўйича ўз ходимлари билан маслаҳатлашиб, касалларни тақсимлашнинг мавжуд тартибини ўзгартиришга қарор қилибди. Касалларнинг ҳар бири — агар шундай дейиш мумкин бўлса — унвонига кўра ярим лавозим пастга туширилади. Ҳар бир қаватда беморлар аҳволининг жиддийлигига қараб икки тоифага бўлинади (бундай бўлиш даволовчи дўхтирлар томонидан батамом ўзларига қулай тарзда амалга оширилди); энди касалларнинг, айтиш мумкинки, юқори тоифаси буткул расмий тарзда қуйи қаватга ўтказиладиган бўлди. Мисол учун, олтинчи қават беморларининг ярми — яъни, касалликнинг бир мунча қуюшқондан чиққан кўриниши билан оғриганлар — бешинчи қаватга ўтишлари лозим, еттини қаватнинг жиндай оғирроқ касаллари — олтинчига тушишлари керак. Бу хабар Жузеппе Кортени хурсанд қилди, зеро кўчишларнинг бу қадар ўйланган тартибида еттинчи қаватга қайтишга эришиш осон бўлади. Бироқ ҳамшира билан суҳбатда ўзининг бу умиди ҳақида гап очиши биланоқ уни аччиқ надомат босди. Эшитдики, уни ростдан ҳам кўчиришади, бироқ юқорига эмас, пастга — яна бир қават қуйига. Ҳамшира ҳам тушунтириб беришга қодир бўлмаган аллақандай сабабларга кўра уни олтинчи қаватнинг “оғир” ярмисига қўшиб қўйишибди, шунинг учун у бешинчи қаватга тушиши лозим. Ҳайроналикдан ўзини ўнглаган заҳоти Жузеппе Корте ғазаб отига минди; бақира бошлади, уни алдаганларини, қуйи қаватга тушиш ҳақида эшитишни ҳам истамаслигини, уйга қайтишини, унинг ҳақ-ҳуқуқлари борлигини, уларни ҳеч ким поймол қилолмаслигини, касалхона маъмурияти даволовчи табибларнинг хулосасини бу қадар оёқ-ости қилиши мумкин эмаслигини айтиб қичқиришга тушди. У шундай бақирдики, уни тинчлантириш учун дўхтир чақиришга мажбур бўлдилар. Дўхтир унга ҳаяжонланмасликни маслаҳат берди, акс ҳолда иссиғи кўтарилиши мумкин, тўғри, англашилмовчилик юз берган, ҳар ҳолда, қайсидир даражада… У аввалгидай иқрор бўлдики, ҳақиқатан олганда Жузеппе Корте еттинчи қаватда ётса тўғри бўларди, бироқ унинг аҳволига келганда, табиб қўшиб қўядики, унинг фикри бироз ўзгача. Ахир, ростини айтганда, унинг касаллиги, аёнки, маълум маънода, яраланиш кўламининг кенглигига кўра олтинчи даражали касаллик деб қаралиши мумкин. Бироқ табибнинг ўзи ҳам Корте қандай йўсинда ўз қаватидан анча оғир тоифага тушиб қолганини тушунолмайди. Кўриниб турибдики, айнан шу бугун тонгда Жузеппе Кортенинг клиник аҳволини сўраб телефон қилган маъмурият котиби кўрсатмаларни ёзиб олиш чоғида ниманидир чалкаштириб юборганга ўхшайди. Балким, эҳтимолдан холи эмас, маъмурият Кортенинг аҳволига табиби берган баҳони бироз “оғирлаштирган”, зеро маъмурият Кортенинг даволовчи дўхтирини тажрибали эканини тан олса-да, ўта кўнгилчан одам ҳисоблайди. Умуман олганда, врач Кортега асабийлашмасликни ва кўчиришга қаршилик қилмасликни маслаҳат берди; зеро муҳими — касалликнинг кечиш жараёни, беморни қаерга жойлаштиришгани эса унчалик муҳим эмас. Даволашга келсак, — қўшиб қўйди врач, — Жузеппе Корте шикоят қилмаса ҳам бўлади; бешинчи қаватнинг дўхтири, шубҳасиз катта эътиборга эга; ахир, бу деярли муҳим қоидага айланган, яъни қават қанча қуйида бўлса, врач шунчалик тажрибалироқ бўлади, яъни касаллик оғирлашгани сари табиби ҳам тажрибали бўлиши керак — ҳар ҳолда, маъмурият шундай ҳисоблайди. Хоналар ҳам шунга яраша шинам ва қулай бўлади. Деразадан кўринадиган манзара ҳам шунга яраша кенг ва чиройли, фақат учинчи қаватдан бошлаб уфқни бинони ўраб турган дарахтларнинг учи тўса бошлади. Одатдагидай кечқурунлари иссиғи хуруж қилиб турган Жузеппе Корте бу узундан-узоқ тафсилотларни эшита-эшита чарчай бошлади. Ниҳоят, у сездики, адолатсиз кўчишга қаршилик қилиш учун кучи ҳам, энг асосийси истаги ҳам қолмаётир. Ва, ниҳоят, бошқа қаршилик ва эътирозларсиз у ўзини бир қават пастга туширишларига рози бўлди. Бешинчи қаватга кўчирилган Жузеппе Корте учун энди фақат бир нарса озгина бўлса-да таскин берарди: врачлар, ҳамширалр ва касалларнинг якдил фикрига кўра, у бўлимдаги беморлар орасида — дардининг оғирлик даражаси энг енгили эди. Умуман, иссиғи чиқиб турганини айтмаса, бу қаватда у ўзини энг катта бахтиёр ҳисобласа бўлади. Аммо, бошқа томондан, энди у ва соғлом одамлар ўртасида иккита тўсиқ пайдо бўлганини ўйлаш унга азоб берарди. Баҳор ўз ҳукмини ўтказишга киришди, ҳаво кун сайин исий бошлади, бироқ Жузеппе Корте энди деразадан боқишни биринчи кунлардагидай яхши кўрмай қўйди; бунақа қўрқувлар ҳақиқий тентаклик бўлса ҳам, у сездики, биринчи қават деразаларига қараса, — уларнинг деярли барчаси аввалгидай зич ёпилган эди, — унинг елкасидан чумоли ўрмалагандай бўларди: у энди бу ёпиқ деразаларга анча яқин эди. Унинг касали, аён бўлишича, оғирлашгани йўқ. Бироқ бешинчи қаватга ўтганининг тўртинчи куни ўнг оёғи қичимага ўхшаш қандайдир доначалар билан қопланди-ю, ҳеч тузалай демади. Бу ҳолат, — деди врач, — унинг асосий касаллиги билан боғлиқ эмас, хавотир олишга арзимайди, дунёдаги энг соғлом одам ҳам бу аҳволга тушиши мумкин. Бундан бир неча кунда қутулиш учун гамма-нурлар билан фаол даволаш керак. — Бу гамма-нурлар ўзи бу касалхонада борми? — савол берди Жузеппе Корте. — Албатта, — врач ғурур билан жавоб қилди, — бизнинг клиникамизда барча зарур нарсалар бор. Фақат бир кичкина ноқулайликни айтмаганда… — Яна нима гап ўзи? — Корте ноаён сезги билан сўроқлашга тушди. — Э, буни, бундай айтганда, ноқулайлик деб айтмаса ҳам бўлади, — дўхтир ўзини ўнглаб олди. — Мен шуни айтмоқчи эдимки, нурларни юборувчи ускуна фақат тўртинчи қаватда бор, мен эса сизга ҳар куни уч марта зинадан тушиб-чиқишни маслаҳат бермаган бўлардим. — Демак, хулоса шуки, ҳеч нарса қилиб бўлмайди? — Нега энди, хулоса шуки, терининг қизариши ўтиб кетгунча сиз тўртинчи қаватга вақтинча тушиб яшашга рози бўлсангиз яхши бўларди. — Э-э, бўлди, бас, етар энди! — Жузеппе Корте ғазабланиб бақира бошлади. — Бу кўча-кўчлар ҳиқилдоғимга келди! — Майли мен яхшиси шу ерда ўламан, бироқ тўртинчи қаватга тушмайман! — Хоҳишингиз, — дўхтир уни асабийлаштирмаслик учун муроса оҳангида деди, — бироқ, билиб қўйинг, даволовчи врач сифатида мен кунига уч маҳал зинадан тушиб-чиқишингизни ман қиламан. Энг ёмони, қичима йўқолиш у ёқда турсин, кун сайин кенгайиб, изчил ёйила бошлади. Жузеппе Корте ҳаловатини йўқотди ва тўшакда тинимсиз тўлғонишга тушди. Шу алфозда уч кун ўтди, у жуда ғазабланди, бироқ кейин чекинишга мажбур бўлди. Унинг ўзи врачдан нурлантиришга рухсат беришни ва пастки қаватга ўтказишни сўради. Тўртинчи қаватда Корте ички бир қувонч билан шуни сездики, у бу ерда ўзига хос бир истисно экан. Бу бўлимдаги бошқа касалларнинг аҳволи, шубҳасиз, жуда оғир эди, уларнинг ҳатто тўшакдан қўзғалишга ҳам мажоли йўқ эди. У бўлса ўз хонасидан нурлантирувчи хонасигача ўз оёғида юриб бориб келар, бундан ҳатто ҳамширалар ҳам ҳайратда эдилар, бу жасорати учун уни табриклаб қўярдилар. Янги врач билан суҳбатда у ўзининг алоҳида мавқеини қатъий таъкидлаб ўтди. У, аслини олганда, еттинчи қаватда ётишга ҳаққи бўлган, тўртинчи қаватга тасодифан тушиб қолган касал. Баданидаги тошмалар ўтган заҳоти у юқори қаватга қайтади. У ҳеч қачон уни бу ерда қандайдир янги сабаб билан ушлаб туришларига сира йўл қўймайди. У еттини қаватда жойлашишга тўла ҳаққи бўлган одамдир. — Еттинчида, еттинчида! — ҳайратланди ҳозиргина уни кўрикдан ўтказган дўхтир. — Ҳамиша сиз, касаллар, ошириб тоширасизлар! Мен биринчи бўлиб сизга айтаман, сиз ўз аҳволингиздан рози бўлсангиз бўлади; касаллигингиз тарихини ўрганиб, айтишим керакки, сизда дарднинг жиддий оғирлашуви юз бермаётир. Аммо бу гаплар билан еттинчи қават ўртасида — мени қўполлигиму очиқлигим учун кечирасиз — ҳар ҳолда анча фарқ бор! Сизнинг дардингиз анчайин камроқ хавфли, мен бунга иқрорман, аммо сиз барибир касалсиз! — Хўш, қайси қаватга, — юзларига қон тўлиб, сўради Жузеппе Корте, — қайси қаватга, сизнингча, жойлаштириш керак мени? — Об-бо, худойим, бу саволга жавоб бериш осон эмас, ахир мен сизни шунчаки шошиб кўриб қўйдим; қарор қабул қилиш учун мен сизни, ҳеч бўлмаганда, бир ҳафта кузатиб боришим лозим. — Хўп, яхши,-Кортенинг бир гапдан қолгиси келмасди,- аммо сиз, ҳеч бўлмаганда, тахминан айтолмайсизми? Дўхтир уни тинчлантириш учун ўзини ўйлаётгандай кўрсатиб турди-да, қисқа фурсатлик хаёл суришдан сўнг, ўз сўзларининг тасдиғи учун бошини силкитиб, таскин берувчи сокин сўзларини айтди: -Эй, худойим, мен фақат сиз қатъий туриб олганингиз учун айтаяпман… Аслини олганда, биз сизни олтинчи қаватга жойлаштиришимиз ҳам мумкин эди. Ҳа, ҳа,- у ўзини ҳам ишонтираётгандай қўшиб қўйди, — сиз бемалол олтинчида ётишингиз ҳам мумкин эди. Дўхтир шу тарзда беморни бир севинтирмоқчи эди. Аммо Жузеппе Кортенинг чеҳрасида ҳайрат ифодаси пайдо бўлди: у тушундики, юқори қаватларнинг врачлари уни алдаганлар, бу ерда эса бу янги дўхтир, кўриниб турибдики, у анча қобилиятли ва ҳалол одам, бу дўхтир ич-ичида — бу буткул аниқ нарса — уни еттинчи қаватга эмас, бешинчи қаватга жойлаштириш лозим деб ҳисоблайди, бунинг устига, эҳтимол, оғир касаллар ичига жойлаштирар! Бу кутилмаган ҳайроналикдан Кортенинг буткул руҳи тушди. Ўша кеч унинг иссиғи анча кўтарилиб кетди. Тўтинчи қаватда ўтган даври Жузеппе Кортенинг бу касалхонада ўтган кунларининг энг сокин кунлари бўлди. Врач анча кўримли, меҳрибон ва дилкаш одам экан; у кўпинча Корте билан соатлаб вақтини ўтказар, турли мавзуларда гаплашиб қоларди. Жузеппе Корте ҳам бажонидил суҳбатлашар, суҳбат асносида гапни ўзининг одатий адвокатлиги ва дунёвий ишлари мавзусига буриб турарди. У ўзини ҳали ҳам соғлом одамлар ҳамжамиятига дахлдорлигига ишонтирмоқчи бўлар, ишбилармонлар дунёсига боғлиқдай, ижтимоий ҳаёт ҳодисалари билан ростдан ҳам қизиқадигандай кўрсатарди. Гап эса ҳар гал айланиб унинг касаллигига келиб тақалаверарди. Жиллақурса озроқ яхшиланиш, тузалиш истаги Жузеппе Кортени тарк этмас ва бу чекинмас туйғу уни қандайдир ўраб-чирмаб олган эди. Афсуски, гамма-нурлар тошманинг тарқалишини тўхтатган бўлса-да, уни йўқота олмади. Жузеппе Корте ҳар куни бу ҳақда врач билан узоқ суҳбатлашар, ўзини бардам, ҳатто бироз кибор тутишга ҳаракат қилар, аммо буни эплай олмасди. -Айтинг-чи, дўхтир,- сўради у бир куни,- ҳужайраларимнинг емирилиш жараёни қандай кечмоқда? -И-я, бу даҳшатли сўзларни қайдан олдингиз!- дўхтир ҳазиломуз юз буриштирди.-Cизга ким ўргатди буни? Яхши эмас, яхши эмас, айниқса касал одамга тўғри келмайди! Иккинчи бунақа гапларни сиздан эшитмай. -Яхши,- Корте билганидан қолмасди,- бироқ сиз барибир менга жавоб бермадингиз. -Ҳозир жавоб бераман,- дўхтир кўнгилчанлик билан гапира бошлади.-Ҳужайраларнинг емирилиш жараёни — сизнинг қўрқинчли иборангиз билан айтганда — сизда жуда суст, буткул йўқ ҳисоби. Аммо мен уни тиришқоқ жараён деган бўлардим. -Тиришқоқ, яъни сурункали, демоқчисиз-а? -Айтмаган нарсамни менга ёпиштирманг. Мен фақат бир нарсани айтдим — тиришқоқ , дедим. Айтгандай, бу жараён аксарият ҳолларда шунақа бўлади. Касалликлар, ҳатто энг енгил дардлар ҳам, кўпинча жадал ва узоқ даволашни тақозо қилади. -Аммо айтинг-чи, дўхтир, мен қачон яхшиланишдан умид қилсам бўлади? -Қачон? Бундай ҳолларда башорат қилиш анча мушкул… Тўхтанг-тўхтанг, — врач бироз ўйланиб, қўшиб қўйди, — кўриб турибман, сиз тезроқ соғайишни шунчалар истайсизки, бу сизда ўзига хос ҳақиқий худбинликка айланибди… агар ҳайиқмасам, агар сиз хафа бўлмасангиз, биласизми, сизга нимани маслаҳат берган бўлардим? -Хўш, гапиринг, гапиринг, дўхтир… -Майли, буни имкон қадар тушунарлироқ ифодалаб беришга ҳаракат қиламан. Агар мен бу касалхонага сизнинг касаллигингиз билан оғриб тушганимда, майли энг енгил кўриниши билан оғриган бўлсам ҳам, бу ўз мутахассислиги бўйича энг яхши касалхонага тушсам, биласизми, мен ўз ихтиёрим билан мени биринчи куниёқ — тушунаяпсизми? — биринчи куниёқ пастки қаватларнинг бирига жойлаштиришларини талаб қилган бўлардим. Мен ҳатто хоҳлардимки, мени… -Биринчи қаватгами?- Корте ичидан келаётган кулгуни босиб, зўрға айтишиб юборди. -Э-э, йўқ! Биринчига эмас!- дўхтир киноя билан жавоб қилди.-Фақат биринчига эмас! Аммо учинчига ёки ҳатто иккинчи қаватга ётишим аниқ. Қуйи қаватларда, ишонинг, анча яхши даволашади, асбоб-ускуналар ҳам анча мукаммал ва кучли, ходимлар ҳам анча билимли ва тажрибалироқ. Бу клиниканинг юраги кимлигини биласиз-ку, ахир?! — Профессор Дати бўлса керак? — Албатта, профессор Дати. Бу ерда қўлланиладиган даволаш усулини у яратган, клиника ҳам унинг лойиҳасига кўра қурилган ва жиҳозланган. Шундай қилиб, у, бизнинг устозимиз, айтишим керак, биринчи ва иккинчи қават ўртасида ишлайди. Ўша жойдан туриб ўз қувватини тарқатади, унинг доно кўрсатмалари ана ўша ердан йўлланади. Бироқ мен сизни ишонтириб айтаманки, унинг таъcири учинчи қаватдан нарига ўтмайди: юқорига кўтарилган сари унинг фармойишлари, айтиш мумкинки, парчаланади, сохталаштирилади, бузилиб талқин этилади; клиникамизнинг юраги — пастки қаватлар, агар сиз ҳақиқий даво истасангиз пастда ётишингиз керак. — Бир сўз билан айтганда, — Жузеппе Корте титроқ овозда чайналди, — сиз менга, демак, маслаҳат берасизки… -Айни пайтда, яна бир нарсани ҳисобга олинг, — дўхтир қатъият билан давом этди. — Шуни ҳисобга олингки, сизнинг бу аҳволингизда пайдо бўлган тошмага ҳам эътибор қилиш зарур. Бу нарса ўзича олганда ҳеч гап эмас, тушунаман, аммо у узоқ давом этса, сизнинг руҳиятингизга таъсир этиши мумкин, сиз соғайиб кетиш учун руҳий хотиржамликни сақлаш қанчалик зарурлигини биласизми ўзи? Мен сизга ёзиб берган нурлантириш маълум маънода фойдали экан. Нега? Бу, балким, буткул тасодифийдир, аммо нурлар кучсизлик қилгани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Айтишим керак, учинчи қаватдаги нурлантириш асбоблари биздагидан кучлироқ. У ерда сизнинг қичимангизни даволаш имкониятлари анча кўп бўларди. Бундан ташқари, биласизми яна нима? Агар бирор-бир томондан мабодо яхшиланиш бўлса, демак энг оғир қадам қўйилган. Агар юқорига кўтарила бошласанг, кейин орқага қайтишинг даргумон. Сиз ўзингизни ростдан ҳам яхши сеза бошласангиз, бу ёққа — бизга ёки янада юқорироққа қайтиб келишингизга ҳеч нима тўсқинлик қила олмайди, ”ютуқ”ларингизга мувофиқ сиз бешинчи, олтинчи ва, ҳаттоки, айтишим керак, еттинчи қаватга ҳам… қайтишингиз мумкин. -Шундай қилиб, сиз бу даволашни тезлаштиради, деб ҳисоблайсиз? — Бунга ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас. Ўрнингизда бўлганимда нима қилишимни сизга айтдим. Дўхтир бунга ўхшаш суҳбатларни Жузеппе Корте билан ҳар куни ўказарди. Ниҳоят, қичима жонига теккан бемор, сира ички хоҳиши бўлмаса-да, дўхтирнинг маслаҳатига амал қилиб, пастки қаватга кўчадиган кун ҳам келди. Учинчи қаватда у дарҳол сездики, бўлимда қандайдир ўзига хос кўтаринкилик ҳоким — врачлар орасида ҳам, ҳамширалар ва қаровчилар орасида ҳам жонланиш бор, гарчанд бу ерда жиддий хавотирга соладиган оғир касаллар ётган бўлса-да. Бундан ташқари,у ҳатто сездики, бу қувноқлик кун сайин ошиб бормоқда; ҳамшира билан озгина таниши б олгач, у, қизиқувчанлигини яшира олмай, бу шодумонликнинг сабабини сўради. — Ия, сизнинг хабарингиз йўқми? — жавоб қилди ҳамшира. — Уч кундан сўнг биз ҳаммамиз таътилга кетамиз. -Бу қанақаси: таътилга кетасизлар? — Ҳа, шундай. Учинчи қават икки ҳафтага ёпилади, барча ходимлар дам олишга кетади. Бизда барча қаватлар навбати билан таътилга чиқиб туради. — Касаллар-чи? Уларни нима қиласиз? — Улар озчилик бўлгани учун биз икки қаватни бирлаштирамиз. -Қандай қилиб? Касалларни учинчидан тўртинчига кўчирасизларми? — Йўқ, йўқ, — ҳамшира уни тўғрилади, — учинчидан иккинчига туширамиз. Ахир, сиз пастки қаватда даволаш имкониятлари янада зўрлиги ҳақида эшитгандирсиз?! Бу ерда ётганлар пастга тушади. — Иккинчи қаватга тушиш? — Жузеппе Корте мурдадай оқариб сўради. — Демак, мен ҳам иккинчи қаватга тушишим лозим, шундайми? — Ҳа, албатта. Бунинг ҳайрон қоладиган ери йўқ! Биз икки ҳафтадан сўнг қайтамиз, кейин сиз ҳам бу хонага қайтасиз. Менингча, бундан қўрқиш шарт эмас. Аммо Жузеппе Корте шафқатсиз қўрқув исканжасида қолди — қандайдир сирли сезги уни хавф ҳақида огоҳлантирарди. Бироқ у клиника ходимларининг таътилга чиқишларига тўсқинлик қилолмаслигини билар, шунингдек, янгича, янада изчил нурлар билан даволаш унга фойда келтираётганига ишонар — қичима деярли йўқолганди — шунинг учун янги кўчишга расман норозилик билдирмади. Бироқ у, ҳамшираларнинг масхаралашига ҳам қарамай, ўзининг янги хонаси эшигига “Жузеппе Корте, учинчи қаватдан, вақтинча кўчирилган” деб ёзилган тахтача осиб қўйишларини талаб қилди. Бундай иш клиника тарихида бўлмаган эди, аммо врачлар унга қаршилик қилмадилар, чунки, уларнинг фикрича, Кортеникидай асабий мижоз билан энг сокин норозилик ҳам кучли чайқалишни келтириб чиқариши мумкин эди. Гап, лўндасини айтганда, икки ҳафта — бир кун кам ҳам эмас, бир кун кўп ҳам эмас — икки ҳафта кутиш ҳақида борарди, холос. Ва Жузеппе Корте асов ва қайсар сабрсизлик ила кун санашга киришди, соатлаб жомадон ёки оромкурсига термулганча тўшакда қимир этмай ётадиган бўлди — бу ердаги, иккинчи қаватдаги жиҳозлар юқори қаватлардагидай унчалик замонавий ва кўтаринки эмасди, бироқ анчайин салобатли, босиқ ва вазмин кўринарди. Кўпинча у нафасини ичга ютиб, жимгина қулоқ солар: унга туюлардики, пастки қаватдан, ўлаётганлар, “маҳкум этилганлар” бўлимидан қандайдир ноаён товушлар эшитилади — эҳтимол, ўлимолди нола ва хўрсиниқлари бўлса керак. Буларнинг бари, шубҳасиз, шунга олиб келдики, унинг руҳи бадтар чўка бошлади. Руҳий хотиржамликни йўқотиш эса, аёнки, касалга эмас, касалликка ёрдам беради — Кортенинг иссиғи кўтарилиб кетди, умумий қувватсизлик кун сайин сезилаверди. Деразадан — ёзнинг авжи бўлгани учун ойналар деярли ҳамиша ланг очиқ турарди — шаҳар томлари ҳам,қўшни уйлар ҳам кўринмасди, фақат клиникани ўраб турган дарахтларнинг яшил девори кўзга ташланарди. Бир ҳафтадан сўнг, чошгоҳ, соат иккиларда хонага кутилмаганда фельдшер ва уч санитар аравани судраб кириб келишди. -Хўш, қани, кўчишга тайёрмизми? — ошкора ҳазиломуз оҳангда сўради фельдшер. -Қанақа кўчиш? — Жузеппе Корте узуқ-юлуқ овозда сўради.- Бу яна қанақа ҳазил? Ахир учинчи қаватдагилар ҳали бир ҳафтадан сўнг таътилдан қайтишади. -Қанақа учинчи қават? — фельдшер тушунмаётгандай елка қисди.- Менга сизни биринчи қаватга кўчириб қўйишни буюришган. Мана, кўринг. — У оз эмас, кўп эмас профессор Дати ўзи имзолаган уни энг пастки қаватга кўчириш ҳақидаги босма ҳужжатни кўрсатди. Жузеппе Кортенинг ичида ўрлаган ваҳшат ва дўзахий алам юзага отилди. Унинг чеки йўқ дарғазаб қичқириғи бутун бўлим бўйлаб жаранглади. -Ўзингизни босинг, худо ҳақи, секинроқ, — ёлворишди санитарлар, — ахир бу ерда аҳволи оғир касаллар бор! Аммо уни тинчлантириш осон эмасди. Ниҳоят врач — бўлим бошлиғи етиб келди. У жуда тарбия кўрган ва меҳрибон одам эди. Врач гап нимадалигини суриштирди, босма ҳужжатни кўрди, Кортенинг тушунтиришларини тинглади. Кейин ижирғаниб фельдшерга мурожаат қилди, хатолик юз берганини, у бунақа кўрсатма бермаганини, анчадан буён бу ерда мисли кўрилмаган тартибсизлик ҳукм сураётганини айтди, — энди аҳвол бошқа бундай давом этиши мумкин эмас, унга ҳеч нарсани хабар қилишмайди, ҳамма нарса ҳақида у ҳаммадан кейин эшитади… Ниҳоят, қўли остидаги ходимини чилпарчин қилиб бўлгач, у жуда самимий оҳангда касалга мурожаат қилди ва ўзининг чуқур ҳамдардлигини, кечиримини изҳор қилди. — Афсуски, бироқ, — қўшиб қўйди врач, — афсуски, профессор Дати бор-йўғи бир соат олдин шаҳар ташқарисига дам олишга жўнаб кетди ва камида икки кундан сўнг қайтади. Мен буткул дарғазабман, аммо унинг фармойиши бекор қилиниши мумкин эмас. Сизни ишонтириб айтаман… унинг ўзи биринчи бўлиб бундан афсусланади… Қандай хатолик! Умуман тушунмайман, қандай қилиб бундай бўлиши мумкин! Энди Жузеппе Корте тизгинсиз куч билан титрай бошлади. У ўзини эплолмай қолди. Ўш боладай, босиб келаётган ваҳшатли қўрқувга мажоли етмади. Хонада унинг тизгинсиз йиғиси анча вақт тинмади. Шундай қилиб, лаънати хато туфайли у охирги бекатга етиб келди. Ўлаётганлар бўлимида — у, аҳволига кўра, энг талабчан врачларнинг ҳам фикрича, олтинчи, ҳаттоки еттинчи қаватда ётишга ҳақли бемор! Жузеппе Кортенинг бошидан кечирганлари шу қадар мантиқсиз эдики, гоҳида баралла хохолаб юборгиси келарди. Тўшакда қилт этмай ётар экан, шаҳарни ёз чошгоҳининг жазирамаси секин-секин комига тортиб бораётганда у деразадаги яшил дарахтларга термулиб ўзини аллақандай мавжуд бўлмаган ғайриҳаққоний дунёда сезар, у дунёнинг маънисиз деворлари ғуборсиз чинни билан қопланган, оқ-оппоқ эшиклари мурдахонага очиладигандай совуқ, одамларнинг қиёфаси ҳам шу тусда оқ-оппоқ эди. Унинг хаёлига кўриниб турган дарахтлар ҳам ҳақиқиймас, ясама бўлса керак, деган фикр келди; ва, ниҳоят, узоқ кузатгандан сўнг уларнинг барги қилт этмаганини кўриб у бунга ишониб ҳам қолди. Бу фикр Кортени шу қадар ҳаяжонга солдики, у қаровчисига сим қоқиб чақирди, қаровчи аёл унга тўшакда ётганда тақмаган кўзойнагини узатди; фақат шундагина у бироз ўзига келди: кўзойнак ёрдамида у ишонч ҳосил қилдики, дарахтлар ҳақиқий тирик ва баргларини ўйноқи шаббада гоҳи-гоҳида сезилар-сезилмас тебратиб қўяди. Қаровчи аёл чиқиб кетганидан сўнг, ўн-ўн беш дақиқадан сўнг хонага буткул сукунат чўкди. Олти қават, олти ваҳшатли тош девор, майли, буткул бемаъни хато туфайли бўлса-да, энди Жузеппе Кортени шафқатсиз вазни билан босароди. Яна қанча йил — ҳа, йил, энди айнан йиллар ҳақида гапириш керак — юқорига кўтарилиш учун, бу жарликдан чиқиш учун энди яна қанча йиллар керак бўларкин? Аммо неча хонага тўсатдан қоронғулик чўкди? Ахир, кўчада ҳали ёп-ёруғ кун. Ўзини босган фалажга ўхшаш аллақандай исканжани сўнгги бир силтаниш билан уза-уза Жузеппе Корте тўшак ёнидаги соатга кўл чўзди. Соат кундузги уч яримни кўрсатарди. У юзини деразага буриб, қопқалар қандайдир сирли буйруққа бўйсунгандай, секин тушаётганини, куннинг ёруғини ёпиб бораётганини кўрди.
2021-11-05
http://nodirabegim.uz/archives/4033
Йигирма тўққизинчи октябр охирги иш кунимиз эди. “Қиморбоз” романи якунига етди. Тўртинчи октябрдан бошланган ишимиз йигирма олти кун давом этди, Фёдор Михайлович романни катта ҳажмли икки устундан иборат еттита қоғозга ёзди, у одатий қоғозда ўнлаб варақ бўларди. Фёдор Михайлович бундан мамнун эди ва қўлёзмани Стелловскийга топширгач дўстлари (Майков, Милюков ва бошқалар)га ресторанда зиёфат беришга ваъда қилган экан, мени ҳам шу учрашувга таклиф қилди. -Сиз қачондир бирор ресторанга борганмисиз? –сўради у. -Йўқ, сираям. -Унда мен тушликка таклиф қиламан. Қадрли ходимим шарафига қадаҳ кўтараман! Сизнинг ёрдамингизсиз романни вақтида тугата олмасдим. Хўш, келасизми? Мен онамдан сўраб кўришимни айтдим, ўзим эса бормасликка қарор қилгандим. Уятчан бўлганим учун зериктириб қўяман ва даврага кўтаринкилик бағишлолмайман деб ўйлардим. Эртасига, ўттизинчи октябр куни мен Фёдор Михайловичга оққа қўчирилган қўлёзмани тўлиқ қилиб топширдим. У мени қандайдир бошқача тарзда кутиб олди, ҳатто хонага кирганимда юзлари қизариб кетди. Мен одатга кўра қоғозларни санадим, у кутганимиздан кўра кўп чиқди. Фёдор Михайлович бугун романни ўқиб чиқиб айрим жойларини тўғирлаб эртага нашриётга олиб боришини айтди. Шундан кейин менга келишилганидек эллик рубль тўлади, қўлимни маҳкам қисиб ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди. Мен 30 октябр – Фёдор Михайловичнинг туғилган кун эканини билардим, шунинг учун одатий қора матоли кўйлагимни бинафшаранг ипак кийимга ўзгартиргандим. Фёдор Михайлович мени мотам рангидаги либосда кўравериб ўрганиб қолганди, бу ранг менга ярашганини ва узун кўйлакда баланд ва тик кўринишимни айтиб ўтди. Унинг мақтовларини эшитиб хурсанд бўлиб тургандим ҳамки, Фёдор Михайловични табриклагани марҳум акасининг беваси Эмилия Фёдоровна келиб қолди. Фёдор Михайлович бизни таништирди ва келинойига менинг ёрдам билан романни вақтида битиргани ва бир ташвишдан қутулганини айтиб берди. Шунга қарамай Эмилия Фёдоровна мен билан қуруқ ва менсимай сўрашди, бундан очиғи ранжидим. Фёдор Михайловичга ҳам унинг овоз оҳанги ёқмади ва менга янада мулойим ва меҳрли муносабат кўрсата бошлади. Мени китоблардан бирини варақлаб туришимни сўраб, Эмилия Фёдоровни четроққа бошлади ва унга қандайдир қоғозларни кўрсатди. Шу пайд Аполлон Майков келиб қолди. У мен билан саломлашди, лекин танимади шекилли. Сўнг Фёдор Михайловичга юзланиб роман ҳақда сўради. Фёдор Михайлович келинойиси билан гаплашаётгани учун унинг саволини эшитмади ва жавоб бермади. Унинг ўрнига мен жавоб бердим ва роман якунланганини билдирдим. Майков тезда ёнимга келиб дарҳол танимагани учун узр сўради. Айтишича, аввал қора кўйлакда бўйим пастроқ кўринган экан. У роман ҳақда суриштириб фикримни сўради. Мен фахр билан бу янги асар ҳақда сўзлаб бердим; унда бир қанча ғаройиб тирик ва омадли типлар (кампир, жаноб Астлей ва севиб қолган генерал) борлигини айтдим. Биз йигирма дақиқача суҳбатлашдик, бу ёқимли, яхши инсон билан тил топишиш осон эди. Эмилия Фёдоровна Майковнинг менга кўрсатаётган эътиборидан бир неча бор ҳайратланиб биз тарафга қараб қўйди, лекин қуруқ оҳангини ўзгартирмади, афтидан мени илтифот кўрсатиш учун паст табақадан деб ҳисоблади… оддий стенографистка. Майков кўп ўтмай кетди. Мен Эмилия Фёдоровнанинг кибрли муносабатини ўзимга олмай, Майковдан ибрат олишга ҳаракат қилдим. Фёдор Михайлович мени қолишга ундади ва келинойисининг муносабатига эътибор бермаслигимни сўради. У мени остонагача кузатиб қўйди ва уйимга меҳмон сифатида чақиришимни эслатди. Мен рози бўлдим. -Қачон борсам бўлади? Эртагами? -Йўқ, эртага уйда бўлмайман: гимназиядаги дугонам чақирган. -Индингачи? -Индинга стенографиядан маърузаларим бор. -Ундай бўлса иккинчи ноябрда? -Чоршанба куни театрга бораман. -Худойим! Ҳамма кунларингиз банд экан! Биласизми, Анна Григорьевна, менимча буни атайлаб уюштиргансиз. Сиз шунчаки боришимни истамайсиз. Ростини айтинг! -Йўқ, қўйчангизчи! Сизни қарши олишдан хурсанд бўламиз. Учинчи ноябр куни келинг, пайшанбада, оқшом соат еттида. -Фақат пайшанба бўшмисиз? Бу жуда узоқ! Сизсиз жуда зерикиб қоламан! Мен албатта унинг бу гапларини ҳазилга йўйдим. Хуллас, шод-хуррам дамларим тугаб зерикарли кунлар бошланди. Ўтган бир ой давомида ишга шошиб бориб келишга ўрганиб қолгандим, Фёдор Михайлович билан учрашиш ва суҳбатлашиш завқли эди, бу менга эҳтиёж бўлиб қолганди. Аввалги одатий қизиқарли машғулотлар тугагач ҳаёт кўзимга бўм бўш ва кераксиз кўрина бошлади. Ҳатто Фёдор Михайловичнинг ташрифи мени қувонтириш ўрнига ҳавотирга соларди. Мен ҳам, онам ҳам бундай ақлли ва иқтидорли одамга мос суҳбатдош бўла олмаслигимиздан чўчирдим. Шу кунгача Фёдор Михайлович билан иш юзасидан қизғин суҳбатлар қурардик, бу иккимизга ҳам қизиқ мавзу эди. Энди эса Фёдор Михайлович бизникига меҳмон сифатида келади, уни гапга тортиш бизнинг вазифамиз. Мен бўлажак суҳбат учун мавзу ўйлаб бошладим ва у ташрифдан яхши таасурот олармикин деб куйинардим, бизнинг муҳит зерикарли эди, унинг негаям бу эзгин танишувга келдим, деб ўйлашидан қўрқардим. Фёдор Михайлович билан учрашиш орзусида бўлсамда, аммо у учрашув кунини ёдидан чиқариб қўйишини жуда истардим. Асли қувноқ бўлганим учун ўзимни банд қилишга ва қайғули, ҳавотирли кайфиятдан қутулишга ҳаракат қилдим: дугоналарим билан кўришдим, эртасига стенография маърузаларига қатнашдим. Ольхин мени ишни омадли якунлаганим учун табриклади. Фёдор Михайлович унга бу ҳақда мактубида яхши стенограф тавсия қилгани учун раҳмат айтиб романни менинг ёрдамим билан охиригача ёзиб битирганини таъкидлабди. Фёдор Михайлович ёзишнинг янгича услуби унга қулай бўлгани ва келажакда ҳам қўллашини билдириб ўтибди. Учинчи ноябр пайшанба куни тонгда мен Фёдор Михайловичнинг ташрифига тайёргарлик кўра бошладим: у ёқтирадиган, мени ва бошқа меҳмонларни сийлайдиган нок турини сотиб олдим. Кун бўйи ўзимни нотинч ҳис қилдим, соат еттида эса ҳаяжоним чўққига чиқди. Лекин соат етти бўлсада ундан дарак бўлмасди, учрашув ҳақда унутиб қўйганига ишончим орта бошлади. Соат саккиз ярим бўлгач ниҳоят, кутилган қўнғироқ жиринглади. Мен Фёдор Михайловични қарши олдим ва сўрадим: -Излаб қолмадингизми, Фёдор Михайлович? -Қандай яхши, — деди у саломлашиб, — шундай оҳангда гапиряпсизки ҳудди топиб келганимдан норозидек. Ахир сизни соат еттидан бери қидираман, ҳамма жойни кезиб чиқдим ва барчадан сўраб суриштирдим. Бу атрофда Костромский кўчаси борлигини барча билади, аммо қандай етиб боришни билишмайди (Костромский кўчаси Николай гостипалида жойлашган бўлиб, унинг дарвозаси орқали яқин йўлдан бориш мумкин эди. Кеча дарвозани ёпиб қўйишган ва бизнинг кўчага Слоновой кўчаси ёки Кичик Болотно орқали келишга тўғри келарди). Раҳмат, бир яхши одам аравасига ўтказиб олиб келиб қўйди. Онам билан Фёдор Михайловични таништиришга шошилдим. У эҳтиром билан онамнинг қўлини ўпиб қўйди ва иш жараёнида унга яхши ёрдам берганимни айтиб ўтди. Онам чой қайнатди, Фёдор Михайлович сал туриб Стелловскийга қўлёзмаларни топширишда қанчалик ваҳимага тушганини айтиб берди. Кутганимиздек, раҳбар айёрлик қилишга уринибди: улар провинцияга кетишган экан, хизматчи қачон қайтишларини билмаслигини айтибди. Фёдор Михайлович шунда нашриёт идорасига борибди ва қўлёзмани идора мудирига топширишга уринибди, лекин улар раҳбар розилигисиз қабул қилолмасликларини билдишибди. Нотариусга боришга кечикибди, квартал бошқарувида эса ҳеч ким йўқ экан, кечки пайт келишини айтишибди. Кун бўйи ҳавотирда ўтириб ниҳоят кечки соат ўндагина қўлёзмани квартал идорасига топширишга эришибди ва тилхат ёздириб олибди. Биз чой ичиб қувноқ руҳда гаплашиб ўтирдик. Ўйлаб қўйган мавзуларимни четга суриб қўйишга тўғри келди — янги ва муҳим гаплар чиқиб бораверди. Фёдор Михайлович онамни тоза мафтун этди, аввалига онам таниқли ёзувчининг сири босиб тортиниб ўтирганди. Фёдор Михайлович мафтункор суҳбатдош эди, мен кейинчалик ҳам уни ёқтирмайдиган одамлар у билан суҳбат қуришгач унинг жозибали нуқтига ошуфта бўлиб қолишганини кўп кузатганман. Фёдор Михайлович менга бир ҳафта дам олмоқчи эканини, сўнг “Жиноят ва жазо”ни якуний қисмини ёзишга киришишини айтди. -Сиздан ёрдам сўрамоқчман, азиз Анна Григорьевна. Сиз билан ишлаш жуда осон кечди. Мен келгусида ҳам шу усулда ёзмоқчиман, ўйлайманки, менинг ҳамкорим бўлишни рад этмайсиз. -Бажонидил ёрдам бераман, — дедим мен, — Ольхин бунга нима деркин, билмайман. Балки янги ишга бошқа шогирдини юбориши ҳам мумкин. -Лекин мен сизнинг иш услубингизга ўрганиб қолдим ва жуда мамнунман. Агар Ольхин бошқа стенограф тавсия қилса, кўнмасам керак. Эҳтимол, сиз ўзингиз мен билан ишлашни истамаётгандирсиз? Агар шундай бўлса, мен албатта мажбурламайман… У афтидан хафа бўлганди. Мен уни тинчлантирдим: Ольхин бирга ишлашимизга қаршилик қилмаса керак, лекин барибир сўраб кўришим керак дедим. Соат ўн бирларда Фёдор Михайлович кетишга тараддудланди ва биринчи маърузадаёқ Ольхиндан розилик олиб унга мактуб ёзишимни илтимос қилди. Биз дўстона хайрлашдик, мен ошхонага қайтдим ва жонли суҳбат бўлганини ўйлаб завқландим. Аммо орадан ўн дақиқа ўтиб хизматчи хабар қилди, Фёдор Михайловични миндирган аравадан кимдир қоронғуда чанали ёстиғини ўғирлаб олганмиш. Извошчи ғазабда экан, Фёдор Михайлович унга йўқолган буюм учун ҳақ тўлашини айтиб тинчлантирибди. Мен жуда ёш эдим, бу манзара дилимни хира қилди: бундай ҳодиса Фёдор Михайловични бизга бўлган муносабатига салбий таъсир қилади, энди уни ўғри деб гумон қилинган жойга қайтиб келмайди, деб ўйладим. Кўз ёшларим оқди, ажойиб оқшомнинг якунида шундай ҳароқатли ҳодиса юз бериши чакки бўлганди. Эртасига кун бўйи опам Мария Григорьевна Сватковскийнинг уйида вақт ўтказдим, унга ва эри Павлов Григорьевичга Достоевский билан ҳамкорлигим ҳақда гапириб бердим. Кундузи ёзувчининг айтганларини аппаратда ёзишим, кечки пайт уларни оққа кўчиришим туфайли опам Миша билан тузукроқ гаплашолмагандим. Опам мени диққатлик билан тинглади, тафсилотларни сўради ва жонланганимни кўриб хайрлашаётганимизда деди: -Неточка, бекорга Достоевскийга мафтун бўляпсан. Ахир орзуларинг у билан ушалмайди, Худо ҳаққи, ушалмайди, ахир у касал, серташвиш ва қарздор одам бўлса! Менинг аччиғим келди, ахир Достоевскийга сираям мафтун бўлганим йўқ эди, у билан орзулашмаганман, шунчаки ақлли ва иқтидорли инсон билан суҳбатлашиб унинг менга кўрсатаётган эътиборидан мамнун эдим, холос. Бироқ опамнинг сўзлари мени ўйлантириб қўйди, уйга қайтиб ўзимдан сўрадим: наҳотки, Маша ҳақ бўлса, чинданам Фёдор Михайловичга маҳлиё бўлиб қолдимми? Наҳотки, бу аввал мен ҳис қилмаган муҳаббат туйғусининг ибтидоси бўлса? Агар шундай бўлса ақлсизлик бўларди мен тарафимдан! Наҳот, шундай бўлиши мумкин? Агар бу муҳаббатнинг бошланиши бўлса, мен энди нима қилмоғим керак? Менга таклиф қилинган ишни рад этишим ва уни бошқа кўрмаслигим, ўйламаслигим, унутишим, қандайдир машғулот билан банд бўлишим, аввалгидек қалб хотиржамлигини тиклашим керакми? Балки Маша хато фикрлаётгандир ва юрагимга ҳеч нима хавф солмаётгандир. Нега энди шуни деб мен ўзимни четга олишим ва орзу қилган ишим стенографликни тўхтатишим, шундай меҳрли ва қизиқарли суҳбатларга барҳам беришим керак. Бундан ташқари, Фёдор Михайлович энди кўниккан пайтда стенограф ёрдамисиз қолдириш адолатдан бўлмасди, Ольхиннинг шогирдлари ичида (иккитаси доимий ишга эга эди) менинг ўрнимни эгаллайдиган тезкор ва тартибли ходим топилишига шубҳам бор. Бу хаёллар калламда ғужғон ўйнарди, ўзимни жуда ҳавотирли сезардим. Олтинчи ноябр якшанба куни эди. Ўша кун мен чўқинтирган онамни туғилган куни билан қутлагани отландим. Мен у билан унчалик яқин эмасдим ва фақат байрамларда йўқлардим. Бугун унинг меҳмонлари кўп эди, шу кунлардаги оғир хаёллар зора тарқаб кетса деган умидда эдим. У узоқда яшар, Аларчин кўпригидан ўтиларди, мен эрта тонгда йўлга чиқмоқчи бўлдим. Арава келгунича фортепьяно чалиб ўтирарканман, мусиқа боисидан қўнғироқ чалинганини эшитмапман. Эркак кишининг қадам товуши эътиборимни тортди ва ўгирилиб қувончли ҳайрат-ла Фёдор Михайловични кўрдим. У уятчан ва тортинчоқ қиёфада турарди. Мен ўрнимдан туриб уни қарши олдим. -Биласизми, Анна Григовьевна, нима қилдим? –сўради у қўлимни маҳкам сиқаркан. – Ўтган кунлар давомида сизни жуда соғиндим, бугун тонгда нега энди кўргани бормас эканман деб ўйладим. Бу сизга қулай бўлармикин? Сиз ва онангизга кутилмаган ташриф ғалати кўринмасмикин: пайшанба кунги меҳмон якшанбада яна келди! Шу боис келмасликка қарор қилгандим, аммо мана, келиб қўйдим! -Қўйсангизчи, Фёдор Михайлович! Онам ҳам, мен ҳам сизни хонадонимизда кўришдан доим мамнунмиз! Шундай дейишимга қарамай гапимиз қовушмади. Мен ўзимнинг ҳавотирли кайфиятимни енга олмадим ва фақатгина Фёдор Михайловичнинг саволларига жавоб бера олдим, ўзим эса ҳеч нима сўрамадим. Бундан ташқари яна бир сабаб бор эди, бундан уялардим. Биз ўтирган катта зални иситишга ҳали улгурмагандик, хона совуқ эди. Фёдор Михайлович буни пайқади. -Сизларники совуқ экан; сиз ҳам негадир совуққонсиз! – деди, сўнг оч кулранг ипак кўйлагимга назар ташлаб қаерга кетаётганимни сўради. Ҳозир чўқинтирган онамникига кетишимни билгач мени кечикмаслигим учун йўл йўлакай ўз аравасида ташлаб қўйишини айтди. Мен рози бўлдим ва йўлга чиқдик. Қайсидир бурилишга етганда Фёдор Михайлович белимдан ушлаб олди. Аммо мен олтмишинчи йилларнинг бошқа қизлари каби қўлни ўпиб қўйишлари, юраётганда белдан тутишларига қарши эдим ва бунга хурофат деб қарардим, шунинг учун дедим: -Илтимос, ҳавотир олманг, — йиқилиб тушмайман! Фёдор Михайлович афтидан ранжиди: -Сал қолса аравадан сирпаниб кетишингиз мумкин эди! Мен кулиб юбордим ва бари жойига тушди: йўл бўйи биз қувноқ суҳбатлашиб кетдик, қайғули кайфиятимдан асар ҳам қолмади. Фёдор Михайлович билан хайрлашаётганимда у қўлимдан сиқиб қўйди ва икки кундан сўнг “Жиноят ва жазо”ни якунлаш учун уйига боришимни тайинлади. 1866 йилнинг саккизинчи ноябр куни ҳаётимдаги бахтли кунлардан бири эди: ўша куни Фёдор Михайлович мени севишини билдирди ва рафиқаси бўлишимни сўради. Шунга ҳам ярим аср бўлибди, аммо ўша куннинг барча тафсилотлари кечагидек ёдимда, назаримда эндигина бир ой бўлгандек. Ҳаво совуқ ва тиниқ эди. Мен Фёдор Михайловичникига пиёда бордим, шунга айтилган вақтдан ярим соат кечикдим. Фёдор Михайлович кўринишидан анчадан бери мени кутарди: овозимни эшитиб дарҳол йўлакка чиқди. -Ниҳоят келдингиз! – қувонч билан деди у ва бош кийимим ва пальтомни ечишга ёрдамлашди. Икковлашиб кабинетга кирдик. Хона бугун ёруғ эди, негадир Фёдор Михайлович ҳам ҳаяжонли кўринарди. У тўлқинланган, юзи ёшларга хос ғайратли кўринарди. -Келганингиздан жуда хурсандман, — гап бошлади у, — ваъдангизни унутиб қўясиз деб жуда чўчидим. -Нега ундай ўйлайсиз? Агар сўз берсам, албатта устидан чиқаман. -Кечиринг, биламан доим сиз доим гапингизда тургансиз. Сизни яна кўриб турганимдан жуда мамнунман! -Мен ҳам мамнунман, Фёдор Михайлович, бугун қувноқ кайфиятдасиз. Бирор ёқимли хушхабар борми? -Ҳа, шундай! Бугун тунда ғаройиб туш кўрдим! -Қаранг-а! – кулдим. -Кулманг, илтимос. Мен тушларга катта аҳамият қаратаман. Тушларим доим башоратли келади. Агар тушимда марҳум акам Миша, айниқса отамни кўрсам биламанки, бирор ташвишли ҳодиса юз беради. -Тушингизни айтиб беринг! -Анави катта ёғоч қутини кўряпсизми? Уни сибирлик дўстим Чокан Валиханов совға қилган, у мен қадрли буюм. Унда қўлёзмаларим, мактублар ва азиз нарсаларимни сақлайман. Хуллас, тушимда шу қутининг қаршисида ўтириб қоғозларни тартибга келтираётган эканман. Бирдан ўртада нимадир чарақлабди, қандайдир ёрқин юлдузча. Мен қоғозларни тахларканман, юлдузча бир пайдо бўларди, бир йўқоларди. Бу мени қизиқтириб қўйди: қоғозлар қатлами ичида митти олмос кўринди, аммо жуда ёрқин ва ялтироқ эди. -Уни нима қилдингиз? -Афсуски, шунисини эслолмаяпман! Бошқа тушларга аралашиб кетди. Аммо яхши туш эди! -Тушларни тескари таъбирлаш ҳам мумкин, — деб юбордим, сўнг бундан пушаймон бўлдим. Фёдор Михайловичнинг туси тезда ўзгарди, таъби хира тортди. -Демак, сиз мен билан бирор бахтли воқеа юз беришига ишонмайсиз? Бу шунчаки ушалмас умидми? – қайғу билан деди у. -Мен тушларни таъбирлашни билмайман, умуман ишонмайман ҳам, — дедим. Афсуски, Фёдор Михайловичнинг бояги кўтаринки кайфияти йўқолганди ва мен буни чиппакка чиқаргандим. Мендан қанақа тушларим кўришимни сўраганида кулгули тушларимни гапириб бердим. -Кўпроқ собиқ бошланғич гимназиямни кўраман, маҳобатли хоним доим мени нимагадир айблайди. Яна малла мушук ҳам киради, бир марта боғимиз панжарасидан сакраб ўтиб мени жуда қўрқитган. -Эҳ, сиз қизлар, қизлар! – Фёдор Михайлович кулиб менга меҳр билан қаради, — тушларингизни қарангу! Хуш, чўқинтирган онангизникида вақтингиз чоғ ўтдими? -Жуда соз ўтди. Тушликдан сўнг катталар қарта ўйнади, биз ёшлар эса хўжайиннинг кабинетида йиғилиб оқшомгача гаплашиб ўтирдик. Улар орасида иккита ёқимтой ва қувноқ талабалар бор эди. Фёдор Михайлович тағин сўлғинлашди. Мен нега унинг кайфияти об ҳаводек ўзгариб тураётганидан ҳайрон эдим. Тутқаноқ ҳақда яхши билмаганим учун кайфиятнинг тез-тез ўзгариши туфайли хуруж содир бўлишини мумкинлигини ўйлаб ваҳима босди… Авваллари бу ерга стенография қилиш учун келишим билан Фёдор Михайлович ҳикоя қилишни бошлар, қолган вақтларда эса у қаерда нималар билан банд бўлишини билмасдим. Мен Фёдор Михайловичдан сўнгги кунларда нималар билан банд бўлганини сўрадим. -Янги роман ўйладим, — деди у. -Чинданми? Қизиқарли романми? -Мен учун жуда қизиқ; фақат охирини қандай якунлашни билмаяпман. Бу қиз боланинг руҳияти билан боғлиқ. Москвада бўлганимда жияним Сонечкадан сўраган бўлардим, лекин ҳозир сизга юзланаман. Мен иқтидорли ёзувчига ёрдам бериш учун ғурур билан шайландим. -Романингиз қаҳрамони ким? -Рассом, унчалик ёш эмас, менга тенгдош десаям бўлади. -Айтиб беринг, илтимос, -сўрадим қизиқиб кетганимдан. У саволимга жавобан бадиҳагўйлик қила кетди. Ҳеч қачон, аввал ҳам, кейин ҳам Фёдор Михайловичдан бундай илҳомбахш воқеа тингламагандим. У қанча кўп тафсилотларни айтгани сари мен унинг ўз шахсий ҳаёти ҳақда гапираётганини пайқадим, фақат исмлар ва жой номлари ўзгарганди. Илгари унинг ҳаётидан узуқ юлуқ парчаларни тинглагандим. Бу гал эса у марҳум хотини ва қариндошлари ҳақда батафсил сўзлаб берди. Янги романда ҳам бахтсиз болалик, отасидан эрта айрилиқ, фалокатли ҳолатлар (оғир касаллик) туфайли рассом ўн йиллаб ўз ҳаёти ва севимли санъатидан узоқлашишга мажбур бўлади. Шунда унинг ҳаётига бир аёл кириб келади ва уни севиб қолади, у туфайли қайғулар, хотинининг ва яқинларининг ўлими (опаси), камбағаллик, қарзлар — бари ортда қолади… Қаҳрамоннинг қалби, ёлғизлиги, яқинларидан ранжи, янги ҳаёт бошлашга бўлган чанқоқ, севилиш истаги, яна янги бахтини топиш орзуси шунчалик табиий ва истеъдод билан тасвирлангандики, муаллиф ўзи ҳақда гапираётгани сезилиб турарди, фақатгина ўзини рассом сифатида кўрсатарди. Фёдор Михайлович қаҳрамонини тасвирлашда қора рангларни аямай ишлатганди. Унинг сўзларига кўра, қаҳрамон тузалмас касалликка чалинган (қўллари фалаж), бадқовоқ, шубҳачи; лекин юраги нозик, фақат буни кўрсатишни истамайди; рассом балки иқтидорлидир, лекин омадсиз, орзу қилган ғояларини айтганидек амалга оширолмаган, шундан доим изтироб чеккан. Роман қаҳрамони тимсолида Фёдор Михайловични кўриб, ўзимни гапиришдан тўхтатолмадим: -Нега қаҳрамонингизни бунчалик хафа қилдириб қўйяпсиз, Фёдор Михайлович? -Билишимча, сиз уни келишган деб ҳисобламайсиз. -Аксинча, у жуда кўркам. Унинг чиройли қалби бор. Ўйлаб кўринг, унинг бошига қанча кулфат тушди, елкасида қанча юкни кўтариб юрибди! Ахир ҳаётда шунча жафо чеккан одам эҳтимол тошюрак бўларди, сизнинг қаҳрамонингиз эса одамларни яхши кўради ва доим ёрдамга ошиқади. Йўқ, сиз унга нисбатан адолатсизлик қиляпсиз. -Ҳа, розиман, унинг чинданам пок қалби бор. Сиз уни тушунганингиздан хурсандман! Хўш, — ҳикоясини давом эттирди у, — ҳаётининг ана шундай ҳал қилувчи палласида рассом бир ёш қизни учратади, у сизнинг ёшингизда ёки сиздан 1-2 ёш катта. Унга исм қўймаганим учун Аня деб атай турамиз. Шу исм чиройли… Бу сўзлардан сўнг мен роман қаҳрамони сифатида у собиқ севгани Анна Васильевна Корвин-Крусковскийни назарда тутаётганига амин бўлдим. Ўша онда менинг ҳам исмим Анна эканини батамом унутаёзгандим, — бу романнинг менга алоқаси бор деб сира ўйламагандим. Фёдор Михайловичга куни кеча Анна Васильевна томонидан хориждан келган мактубдан сўнг роман ҳақда ғоя туғилган деб ўйладим. Аёл қаҳрамоннинг портрети эркакникидан кўра нозик бўёқлар билан тасвирланганди. Муаллифнинг сўзларига кўра, Аня ювош, ақлли, меҳрибон, қувноқ ва одамлар билан киришувчан қиз экан. Унинг аёллик латофати қандай эканига қизиқиб ўзимни тўхтатолмай сўрадим: -Унинг қиёфаси сизга ёқадими? -Хурлиқо эмас албатта, лекин хунук ҳам эмас. Чеҳрасини яхши кўраман. Назаримда, Фёдор Михайлович гапираётганда юрагим ғашланиб борарди. Корвин-Круковскийга нисбатан ғалати ҳиссиёт сезардим. -Аммо Фёдор Михайлович, сиз Анянгизни жудаям идеаллаштириб юбордингиз. Чиндан ҳам шундаймиди у? -Айнан шундай! Мен уни яхшилаб ўрганганман. Рассом Аняни сураткашлик тўгарагида учратади, қанча кўп кўргани сайин қиз унга кўпроқ ёқа бошлайди, охири усиз бахтли бўлолмаслигини тушунади. Аслида ёши ўтган, касал, қарздор одамга бу ёш, соғлом, ҳаётдан завқ олиб яшайдиган қиз қиё боқармиди? Бу ёш қиз рассомга нисбатан ўзида муҳаббат ҳис қилардими, агар тақдирлари бирлашса кейин афсус чекмасмиди? Ҳар қалай, бу ёш қиз менинг рассомимни севиб қолиши мумкинмикин? Сўнг руҳан хиёнатга дуч келмайдими? Бу ҳақда сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим, Анна Григорьевна. -Нега энди мумкин бўлмасин? Агар чиндан ҳам Анянгиз қуруқ қўғирчоқ эмас, соф юракли қиз бўлса нега рассомни севиб қолмаслиги керак? У касал ва ночор бўлгани учунми? Наҳотки, муҳаббат ташқи кўриниш ва бойликка қараб пайдо бўлса? Бу ерда қиз қандай қурбонлик кўрсатиши мумкин? Агар рассомни севса, ўзи ҳам бахтли бўлади-ку, бундан сира афсусланишига тўғри келмайди! Мен қизишиб сўзладим. Фёдор Михайлович менга ҳаяжон билан қараб турарди. -Сиз жиддий айтяпсизми, қиз уни чин дилдан бир умр севиши мумкинми? У титраб жимиб қолди. -Ўзингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг, — деди сўнг қалтироқ овоз билан. – Тасаввур қилинг, рассом – менман, сизга севги изҳор қилиб рафиқам бўлишингизни сўрадим. Айтинг, нима деб жавоб берардингиз? Фёдор Михайлович шунчалик уялиб кетдики, унинг юрагини ҳовучлаб турганини кўриб ниҳоят бу шунчаки адабий суҳбат эмас, агар рад этсам бу унинг ғурурига катта зарба бўлишини англадим. Мен қадрли бўлиб қолган столга қарадим, сўнг Фёдор Михайловичнинг ҳавотирли юзига боқиб дедим: -Сизни севишимни ва бир умр айрилмаслигимни айтардим! Ўша онда Фёдор Михайловичнинг менга айтган ёқимли, муҳаббатга тўла, унутилмас сўзларини ёза олмайман: улар мен учун табаррук онлар… Мен улкан бахт қаршисида лол бўлиб қотиб қолгандим ва узоқ вақт гапира олмадим. Эсимда, бир соат ўтиб Фёдор Михайлович менга келгуси режалари ҳақда гапириб фикримни сўради: -Эндиям ниманидир муҳокама қилишим мумкинми! Ахир жудаям бахтлиман!! Билмадим, буёғи нима бўлади, тўйимизни қачон ўтказамиз, буларни вақт измига қўйиб бердик ва аҳдлашувимиз ҳақда онамдан бошқа ҳеч кимга билдирмасликка қарор қилдик. Фёдор Михайлович эртага оқшом бизникига боришга ваъда қилиб, учрашувни интизор кутишини билдирди. У мени йўлаккача кузатиб бош кийимимни ғамхўрлик билан кийдириб қўйди. Мен остонадан чиқаётганимда тўхтатиб шундай деди: -Анна Григорьевна, ана энди тушимдаги олмос қаерда эканини билиб олдим. -Наҳотки эслаган бўлсангиз? -Йўқ, тушимни эслолмадим. Лекин ниҳоят, ўнгимда уни топдим ва энди бир умр асрайман. -Адашаяпсиз, Фёдор Михайлович! – кулдим мен, — сиз олмос эмас, оддий тош топгансиз. -Йўқ, ишончим комил, бу сафар адашмадим, — деди у жиддийлик билан мен билан хайрлашар экан.
2021-12-05
http://nodirabegim.uz/archives/4039
Жорж Виллард нозик эҳтиёткорлик билан ўриндиқдан оғир гавдасини кўтарди. “Вайзенбург бургути” таҳририятидаги хонасини тарк қилиб, тўкилиб тушай деб турган бинонинг орқа эшигидан ташқари томон йўл олди. Бу пайт ташқарида ҳаво жуда булутли ва дим эди. Ҳали соат миллари саккизга етмаган бўлса-да таҳририят орқасидаги узун йўлакка зулмат меҳмон бўлганди. Қаердандир боғлоқли бир неча тулпорнинг асфалтга нафрат билан депсинаётган туёқ товушлари эшитиларди. Жорж Виллард катта йўлга чиққанида қора мушук ўзини бехосдан унинг оёқлари остига ташлаб, зумда кўздан ғойиб бўлди. Ёш журналист хавотирга тушгандай кўринар, кун давомида ишхонасида руҳи ва кўнглининг оғир зарбаларига чап берган одам каби жуда ҳолдан тойган, айни дақиқаларда эса кўчанинг нақ ўртасида тўхтаб, нимадандир қўрқувга тушиб қўл-оёғини титроқ босганди. Сўнгра у ҳар доимги нозик эҳтиёткорлиги билан, оҳиста-оҳиста қадам ташлаганича кўчани кеcиб ўтди. Вайзенбург дўконларининг орқа эшиклари ҳамон очиқ бўлиб, бу эшиклардан ичкари қарасангиз, рангдор лампалар нури остидаги одамларни кўриш мумкин эди. Маербаумнинг серфайз дўконида майхона соҳибининг турмуш ўртоғи хоним Вилли қўлига дам бериб пештахтанинг ёнида тўхтаган, сотувчи Сид Грин унга хизмат кўрсатмоқ илинжида пештахтага тирасиги тираб жиддий нарсалар ҳақида сўз қотарди. Жорж эгилганича юриб борар, эшик ойналаридан ташқарига тушаётган нурлардан сакраб-сакраб ўтарди. Буткул қоронғулик бошланган жойда эса ундан қоча бошлади негадир. Эд Грифиснинг майхонаси олдида соғломлаштириш касабаси уюшмасининг фаҳрий аъзоси Жерри Борд ерга чўзилиб ётарди маст ҳолатда. Жорж зулматдан қочаётиб унинг оёқларига илашиб гандираклай бошлади. Кейин эса бўғиқ овозида баланд кулиб йўлида давом қилди. Жорж Виллард ўзи учун бир можаро ахтараётганди гўё. У кун бўйи бу ҳақида яхшилаб бош қотирган, эндиликда эса бу можарони излаб қаергадир, ўзи ҳам билмас жойга шошиб кетиб борарди. Тонгги соат олтидан бошлаб таҳририятда ўтириб ҳар нарсани туртиб-суртиб кўрди, натижа йўқ. Бир қарорга кела олмасдан, фақатгина ўриндиқдан секингина турган, қайсидир ёзувни таҳрирлаётган касбдоши Вилл Ҳандерсонга ҳам билдирмасдан кўчага отилганди. Жорж қаршисига чиққан одамлардан узоқлашишга уриниб кимсасиз кўчалардан одимлаб борар, бир марта ўтган йўлига ҳам қайта-қайта келар, кўча фонусларининг ёнидан ўтаётганида эса қора шляпасини бурнигача бостириб оларди. Ортиқ ҳеч нарса ҳақида ўйлашни истамасди у. Кўксининг қайсидир бурчагида янги бир қўрқув яшириниб олганди. Бу қўрқув жасоратини йўқотиш, орқага қайтиш ва изланаётган бу можарода ютолмаслик қўрқуви эди. Ўша куни Жорж Луиз Трунённинг қизини таҳририят тарафдаги уйининг олдида учратиб қолди. У керосин ҳиди анқиётган лампа ёруғида завқ билан оёқ кийим юварди. Унинг уйи болалар боқчасига ўхшаган таҳририятнинг орқасида жойлашган бўлиб, Луиз унинг пардалари бекўрим эшиги остонасида ўз иши билан машғул эди. Жорж уни кўриб, боғ ва йўлни ажратиб турувчи темир панжаранинг бу тарафида тўхтади. Танасининг неча соатларки қалтираётганига маъно бағишлангандай бўлди энди. Қизни чақириш жасоратини ўзида топгунича орадан беш дақиқа вақт ўтди. — Луиз, эй, Луиз, — дея чақирди. Овози хириллаб, худди шивирлашга ўхшаб қолди. Қиз қўлидаги оёқ кийим ювгич латтасини ҳам қўймасдан унга томон келди. — Оҳ, қандай учрашув, Жорж, сен билан кўришмоқчи бўлиб юрувдим ўзи, — нима табассум билан сўради. — Қаердан сездинг-а, қаердан? Жорж сукунатини бузмади. Ораларида темир панжара, қоронғулик ичра бир-бирларига термулдилар. Луиз: — Сен ҳозир кет, бу ерда турма. Отам ҳали уйда. Ўзим бораман. Виллемзнинг орқасидаги омборхона ёнида кут мени, хўпми, — деди. Бу кунлардан бироз аввал Жорж Туиз Трунёндан мактуб олган, бу хат ўша куни тонгда таҳириятга келиб тушганди. Фақатгина бир жумла сўз ёзилганди унга: “Азизим, мени кечир, сеники бўлолмасам керак…”. Айни дамда эса панжаранинг нариги тарафида турган қизнинг гўёки ораларида ҳеч нарса бўлмагандай унга талпинаётгани Жоржни қаттиқ асабийлаштирарди. — Бу қизнинг аҳволи яхши эмас, ҳақиқатданам яхши эмас, — дея минғирлаган йигит йўлида давом қилиб, ўйлар гирдоби ичида дарага келганини билмай қолди. Даранинг бу бошидан нариги ёғидаги дарёгача қоратол экилган бўлиб, охирги учрашувдан кейин бу толларнинг бўйи ўсиб елкагача етиб қолганди. Жорж эшик олдида тўхтаб, унинг ким биландир суҳбат қураётганини кўрди. Қизнинг эгнида оёқ кийим юваётгандаги палтони ва бошида рўмоли бор эди. Уни гапга тутаётган одам отаси Жейк Трунён эди. Отасининг қулоқлари яхши эшитмагани учун қичқириб-қичқириб гапирарди. Жорж бироздан кейин эшикнинг оҳисталик билан ёпилган овозини эшитди. Қиз унга қараб қелаётганида сокин кўчадаги тўрт тараф янада баттар сукунга ғарқ бўлган, унинг бадани баттар қалтироққа туша бошлаганди. Қисқа суҳбатдан кейин сайрга чиққан икки севишган, Жорж ва Луиз Виллемзнинг омбори ёнидаги қуюқ қоронғуликда тин олишди. Йигит ҳам, қиз ҳам бу вақтда гапиришга жасорат тополмасди. Тўғри, қиз унчалик гўзал эмасди, ҳозир эса бурнининг ёнидаги қора доғ кўзга жуда ёқимсиз кўриниб турарди. Жоржнинг ўйлашича, яқиндагина, таҳририят ёнидаги қайсидир қозонни кўтарганидан кейинги совға бу. Ёш йигит унинг юзига боқиб, тушунарсиз ҳолда кула бошлади. Қиз эса ҳеч нарсани тушунмай анграйиб турарди. — Ҳаво қандай яхшия қара, нима дейсан, тўғрими? — сўз бошлар экан қизнинг қўлларига кўз тикди, нозиқ бармоқларидан ушлагиси келди. “Йўқ, десачи, балки йўқ демас, барибир қўрқяпман. Қошкийди палтосининг енгидан бўлса ҳам бир марта ушласам. Қандай гўзал бўлардия, қандай…” — ўйлади у. — Биламан Жорж, ҳаммасини жуда яхши тушунаман, сен жуда яхшисан, мендан устунлигингни ҳар лаҳзада сезиб тураман. Фақат, шу сафар сўзимни рад қилма, ич-ичимдан сезяпман буни, — Луиз йигитнинг ичини ўқиётгандай оҳиста сўзлар, сўзлаётиб эса йигитга яқинлашди. Йигит тушунди, қизнинг “рад”ида ҳам “ҳа” деган розилик белгиси бор. Ниҳоят Жоржнинг тил қулфлари очилди. Қизга яқинлашаркан унинг кўзларида илғаган илиқ ифодани ва қиз ёзган мактубни ўйлади. Шу сабабдан барча шубҳаларни ўзидан узоқлаштирди. Ишхонасида у билан кечган суҳбатларни ёд олди ва бунга яна бир марта ишонч келтирди. Ўзини ҳақиқий эркакдай ҳис қилиб, ташаббусни қўлига олди. Жоржнинг юрагида қизга нисбатан ҳеч қандай шафқат ҳисси йўқ эди. — Безовта бўлма, сўзларимга қулоқ сол. Ҳаммаси яхши бўлади. Ҳеч ким буни билмайди, — дея Луизни рози қилишга урунди йигит. Суҳбатни чала қолдириб, қизнинг илтимосига кўра қоронғу қирон келтираётган кўча бўйлаб сайр қилишга отланишди. Ораларидан турли ҳил ўтлар ўсиб ётган ғиштин йўлакдан ўтишди. Бу таъмирталаб йўлак ғалати бўлиб, баъзи жойларида ғиштлар буткул кўчиб тушганди. Йўлак эгри-букри ва совуқ эди. Бироздан сўнг қизнинг қўлларидан ушлади. Қизнинг қўллари ҳам музлаганди. Унинг қўллари ёш боланинг қўлидай майин ва зариф туюлди Жоржга. — Бу ердан уёғига боролмайман, — деди Луиз. Бу жавобдан овозидаги ажиб бир сокинлик ва раҳмдилликни сезиш мушкул эмасди. Кичкина дарё устидаги тахта кўприкдан ўтиб, бир қоратол тагида ўтиришди. Чунки, кўча айни шу ерда тугаганди. Йўлнинг у ёғига эса ёнма-ён эмас, орқама-олдин кетишларига тўғри келаганди. Бироз нарида Вилли Овертоннинг боғ ўриндиғи бор бўлиб, ўриндиққа хазонлар тўкилиб ётарди. — Вилл меваларини сақламоқ учун омборхона қуришини айтганди бир сафар, — деди сўз топмаганидан кўзини омбор қурилиши керак бўлган томонга тикиб Жорж. Сўнгра хазонлар устига чўзилишди… Жорж Виллард “Мейн” кўчасига қайтганида соат ўндан ўтган, ёмғир ёғишни бошлаганди. У, “Мейн” кўчасидан уч марта у бошдан бу бошга бориб келди. Силвестр Вестнинг дўкони ҳали ёпилмаганди бу пайтда. Жорж ичкари кириб сигарет олди. Сотувчи билан эшик олдида бироз суҳбатлашишди. Бу суҳбат бироз тинчлантирди уни. Кўпдан бери ким биландир гаплашиш хаёлида юрган йигитнинг кўнгли жойига тушди. Балки, биргина суҳбат сабаб эмасдир бунга… Жорж кўчани кесиб ўтиб, муюлишдан ҳуштак чалганча “Ню Виллард Ҳауз” тарафга йўл олди. Виннейнинг болалар кийимлари сотиладиган дўкон ёнидаги устига цирк эълони ёпиштирилган девор олдида тўхтаб гўё уни кимдир чақираётгандай ён-верига аланглади. Кейин масрур алфозда жилмайди. — Ортиқ менга қарши чиқолмагай У. Чунки ҳеч ким ҳеч қачон бундан хабар тополмайди, — ишонч билан гапирди ва йўлида давом қилди. Бир йилдан кейин қиз вафот этди.
2021-05-16
http://nodirabegim.uz/archives/4048
Шаҳарга қор ёғар, Инжадан-инжа, Дўконда топилар кўрилса излаб – Қорболанинг бурни, қўли, кўзлари… Кичкина одамман қорболадайин, Жисмимдан истасанг қор юлиб абас. Қўлларинг иситмас… Юмалоқ қилиб, Отгин, от кушларга қараб басма-бас… Сиз яхши танийсиз у қорболани, Бобосининг ичган шароб шишасин, Дўконга топшириб олган нон, емак. Кўзларига боқдим – Бир ғусса зоҳир, У энг изтиробли бахт бўлса керак… Сиз яхши танийсиз у қорболани, Отасин мактабга берган пулидан, Ўлиб қолмасин, деб – Ахир ҳар қалай, Йиғиб-йиғиб юриб охирда яна, Бобосига олиб келтиргандир май… Сиз яхши танийсиз у қорболани, Кўзгуга қарайди – Яшил қўллари, кўзлари олчадан, сабзидан бурни. Ғамгин туришидан туйдим бир савол: “Қўлларга муз тутиб ўтарми умрим — Баҳорга элтмасми қисмат йўллари?..” * * * Кел энди, эшикни бир бор чертақол, Биламан, йўлимдан йўлларинг олис. Қалбингда кулган дам изтиробларинг – Айт ахир, Сенга ҳеч келмасми малол – Юрагинг титроқда энтикиб бориш… Узоқ яшадиму, Сенга айтарли, Табассумлар ҳадя этмадимми ё? Бас, ахир йўлингга кўз тикиб мудом, Ўлим кутган каби яшадим гўё… Ёлғончи аталдим Худо қошида, Қайтара олмадим бир омонатин. Сен учун жон таслим қилмадим, энди Насия дафтарга ёзиб қўй номим… * * * Кафтларинг кафтимда, Унда – бир дунё, У дунёда яшар икки кўнгил бор. Икки кўнгил ичра ҳамиша – қўлларингдан қўлларимга урилиб тирилмоқдир севги… Долғаланган сочларинг аро Балиқ мисол сузар бармоқларим ёр. Кўксингдан то очиқ денгизга қадар Кўзларингдан қалдирғочлар учишин, Унсиз кузатмоқ, Икки денгиз ичра бўғилиб ўлмоқдир севги… * * * Ён-веримда ҳамон кўклам нафаси, Қор парчалар ясаб “айрилиқ” сўзин, Сочларингга қўнади бир-бир… Бир баҳона топиб, Дедим: “Кетамиз…” Бир ўйин ўйнаймиз, беркинмачоқми… Яширинган сенсан, Тополмаган мен. Зилзиладай қулаб хотираларим, Ёмғирга тўлгандай дил оёқ ости. Кўзларингни юм ва Қочиб кет, Сен учун яратган лабиринтимдан. Тамом, айлан сўнгра бошқа бир қизга – тамом, кўзларингни энди ҳеч қачон (Оч…ма!) * * * Бўйим етмас бўйингга, Лек, қалбингга етар қалб. Ўпсам қулоқларингдан – Сўнгра кўнглимни очиб, Десам: “Сени севаман!” Секингина шивирлаб… Ҳар оқшомда ёлғизликнинг бошини, Қўйдим Тангри тиззаси узра… Оёқларинг остига боқ, золим қиз, Эзиб қўяжаксан Малтани… Менга қарши жанг очган нигоҳларинг, Дамоқлнинг ҳанжарига айланар, Бўғзимга тиралган ёҳуд юракка… Мен кафказлик Спартак, Озодликка эмас, Орқага – Рим томон қочаман, Бўлмоққа асир… Сенинг озодликка очиқ қўлларинг… Ғойиб бўлмоқ – йўқ бўлмоқ истайман мудом, Қўлларингдан – ишқ чормихидан… Суратингга қараганим он, Уй шифтига ин қуриб олган Боласига емак келтирган қоронқуш – Тинглар менинг кўнглимни… Сайрайверар: “Нега битмас бу юрак, Билиб қўйки, кўксим узра юракмас Тош яшайди, улкан бир тош, золим қиз!” Елкаларим ўйилиб токи Таширман Худонинг тобутин. Кимса йўқ бирон-бир кўмак бермоққа тобутларнинг остига кириб, менинг ила елкаламоққа… Шайтон урган йўлдан даф бўлган ҳамма, ёлғизликнинг боши қолиб тиззасиз, Тангрининг тизлари чирий бошлар елкам устида… Саловат айтаман тасбеҳ ўгириб, Шивирлайман Оллоҳнинг 99 номини: Сен, Сен, Сен…
2021-12-04
http://nodirabegim.uz/archives/3954
ҳикоя Мен Гўнанда туғилганман. Йигирма йил давомида кўрмаганим бу шаҳарча хаёлимда гўё саробдай туйиларди. Туғилган жойимнинг хаёли бир вақтлар кўрган тушимга ўхшарди. Ўша пайтларда юзбоши бўлган отам билан ҳар доим бирга ўтиб кетадиган бозор олдидаги масжидни, унинг қаршисидаги кичкина, хароб бўлган шодирвонни, ичида минглаб ёғоч дарахтлар сузиб юрган дарёчани ва баъзан ювинишга борадиганимиз иссиқ сувли ҳаммомнинг чуқур ҳовузини эслашга ҳаракат қиламан. Бироқ кўп нарсаларни эслай олмасдим, оппоқ туман кўз ўнгимга йиғилар, хаёлимдаги рангларни ўчирар ва шаклларни йўқ қиларди… Худди узоқ давом этган ғурбатдан сўнг, ўз Ватанига қайтиб келган киши қуюқ туман остида туғилган жойининг уфқини топиб, ўзи яхши кўрган нарсаларни узоқдан кўролмагани сабаб қанчалар маҳзун бўлаётган бўлса, мен ҳам ана шундай қизиқишга, сабрсизликка ўхшаш оғриқни ҳис қилардим. Ҳар оқшом сигир ва қўтослардан иборат подалар ўтган чангли, тошсиз йўллар, қора черпицали томлар, қулаб тушадиганга ўхшаган катта деворлар, кичик ёғоч кўприклару, чексиз далаларнинг барчаси афсуски, шу туманнинг ичида ҳамиша йўқ бўлиб, эриб кетарди … Мен фақатгина уйимиз ва ўқиган мактабимнигина эслай оламан, холос. Катта боғ… Ўртасида кўшк шаклида қурилган оппоқ бир уй… Ўнг тарафда эса биз доим ўтирадиган оқ пардали хона… Эрталаблари онам мени жажжи чақалоқ сингари деразанинг ёнига ўтирғизиб, дарсимни такрорлатар, сутимни ичирарди. Ҳовлининг нариги томонидан кўринадиган катта, тупроқ рангидаги бинонинг ойнасиз, ромсиз бир дона деразаси бор эди. Бу қора туйнук мени жуда қўрқитарди. Овқатларимизни пиширган, кийимларимизни ювган, ўринларимизни тозалаган, отамнинг отига ем берган, овчи итларимизга қараган хизматчимиз Aбил Онанинг ҳар кеча бизга айтиб берган қўрқинчли, даҳшатли ва битмас-туганмас эртакларидаги айиқни қоронғу деразада кўргандай бўлардим. Шу ваҳима билан рўё тинглаш, уни талқин қилишга қизиқишида бўлган бечора онамга ҳар куни эрталаб айиқ ҳақда тушлар тўқир, катта, қузғунсимон айиқ мени тоққа олиб кетганини, ўрмондаги уясига яшириб, қўлларимни боғлаганини, бурун ва лабларимни еганини, кейин Байрамич йўлидаги сув тегирмонининг чархига улоқтирганини сўзлаб, унга бир неча бор «Иншооллоҳ, яхшиликка бўлсин» дегизардим. Ойим тушимни талқин этаркан, менинг келажакда катта одам, ҳурматли бек, буюк олим бўлишимни, менга ҳеч кимнинг ёмонлик қилолмаслигини айтиб, тасалли берган вақт ёлғон тўқиганимни унутган ҳолда, ўзимни қанчалар бахтли ҳис этардим… Қайси кўчалардан, ким билан кетардим? Билмадим… Мактабимиз бир қаватли, деворлари оқланмаганди. Эшикдан киришда усти ёпиқ ҳовли бор эди. Олдинроқда кичик, дарахтсиз бир боғ, боғнинг орқасида эса ҳожатхона, таҳорат олишда фойдаланиладиган, сув билан тўлдирилган жўмракли бочка турарди… Синфда эса ўғил болалар ва қизлар аралаш ўтиришар, биргаликда ўйнар эдилар. Биз «Катта муаллима» деб атаганимиз ўқитувчимизнинг қўлларига хина сурилган, сочлари тўкилиб кетган, узун бўйли, қари ва телбасифат аёл эди. Унинг мовий кўзлари чақнар, тумшуқ каби эгри, сарғиш бурни билан у туклари тўкилган калхатни эслатарди. Кичик муаллим эркак бўлиб, у катта муаллиманинг ўғли эди. Болалар ундан сира қўрқишмасдилар. Ўйлашимча, у ҳам бироз телбароқ эди. Мен орқадаги қаторларда, катта муаллиманинг энг узун таёғи ҳам етмайдиган жойда ўтирардим. Қизлар балки сочларимнинг оч сариқ рангда бўлгани сабабми, мени доим «Оқ Бек» деб аташар, ўғил болаларнинг каттароқлари эса менинг исмимни айтиб ёки «Юзбошининг ўғли» деб чақиришарди. Синф эшигининг очилмайдиган тавақасида осилган «келди-кетди» лавҳаси ясси, жонсиз юз кабı бизларга боқиб турар, қалин деворларнинг шифтга яқин тор деразаларидан кирган сўник ойдинлик тўхтамай бақирган, чинқириб китоб ўқиган болаларнинг ҳеч тинмас, шиддатли ҳайқириқлари билан қоришиб, янаям оғирлашар, лойқалангандай бўлиб қоларди … Мактабда фақат битта жазо тури мавжуд эди: калтаклаш… Катта ноўрин иш қилганлар, ҳаттоки қизлар ҳам фалақага ётарди. Фалақадан қўрқмаган ёки титрамаган бола йўқ эди. Кичик айбларнинг жазоси эса бир-бирига сира ҳам ўхшамас, алоҳида эди. Кичик муаллимнинг оғир мушти ва катта муаллиманинг таёғи теккан бошни албатта, шиширарди. Мен ҳеч қачон калтак емагандим. Эҳтимол улар менга ён босишарди. Катта муаллима фақат бир мартагина менинг ёлғон гапирганим учун суякдор қўллари билан чап қулоғимни чўзганди. У шу қадар қаттиқ чўзгандики, қулоғим ҳатто эртаси куни ҳам қип-қизил бўлиб лов-лов ёнарди. Ваҳоланки, менинг айбим йўқ эди. Ёлғон ишлатмагандим. Боғдаги таҳорат бўчкасининг жўмраги синдирилганди. Катта муаллима бу ишни қилган айбдорни қидираётган эди. Бу ишни қилган мовий нимчали, қизил белбоғли, касалманд, озғин бола эди. Мен муаллимага хабар бердим. Aйбдор фалақага ётқизиладиган эди, аммо у айбини инкор этди. Сўнгра бошқа бир бола чиқди: -Жўмракни мен синдирдим, унинг айби йўқ, -деди. Ерга ётиб, чинқира-чинқира калтак етади. Ўша пайт катта муаллима: -Нимага ёлғон гапириб, бу бечорага бўхтон қиляпсан? — деб қулоғимга ёпишди. Юзини буриштирган ҳолда, менга аччиқ қилди. Йиғладим, узоқ йиғладим. Чунки мен ёлғон гапирмагандим. Ҳа, унинг жўмракни синдираётганини ўз кўзим билан кўргандим. Оқшом пайти дарс тугаганидан сўнг калтак еган болани тўхтатдим ва унга: -Нега мени ёлғончига чиқардинг? — дедим, — жўмракни сен синдирмадинг-ку… -Мен синдирдим. -Йўқ, сен эмас. Мен бу ишни бошқа бола қилганини ўз кўзим билан кўрдим. У ортиқ қаршилик қилмади. Юзимга қаради, бир лаҳза шундай тикилиб турди. Aгар муаллимага айтмасликка ваъда берсам, ростини айтадиган бўлди. Мен эса дарҳол қасам ичдим. -Жўмракни синдирган бола Aли эди, — деди, — мен буни биламан. Aммо у жуда заиф ва касал. Кўрдингми, у фалақага дош беролмасди. Эҳтимол у ўлган бўларди. Aхир у эндигина ётоқдан турди. -Лекин нега сен унинг ўрнига калтак единг? -Нега бўларди. Биз у билан қасам ичганмиз. У бугун касал, мен эса яхшиман, кучим бор. Уни қутқармоқчи бўлдим. Мен уни яхши тушунмаганим учун яна сўрадим: -Қасам деганинг нима? -Билмайсанми? -Билмайман! У бирдан кулиб юборди. Мендан узоқлашаркан жавоб берди: -Биз бир-биримизнинг қонларимизни ичганмиз. Мана шунга «қасам ичиш» дейилади. Қасам ичганлар эса қондошга жигарларга айланадилар. Улар ўлгунларига қадар бир-бирларига ёрдам беришади ва ташвишли кунларида бир-бирларини қўллаш учун шошадилар. Кейин мактабдаги кўплаб болалар бир-бирларига қасамёд қилиб, қондош жигарлар бўлишганини пайқадим. Ҳатто баъзи қизлар ўзаро қасамёд қилишган экан. Бир куни мен янги ўрганилган одатни қандай қилишларини ўз кўзим билан кўрдим. Мен яна орқа ўриндиқларда эдим. Кичик муаллим таҳорат олиш учун ташқарига чиққан, катта муаллим эса бизга орқасини ўгириб, худди шиллиқуртдай аста-секин ибодат қилар эди. Икки бола қўлларини ёғоч дастали пичоқ билан чизишди. Улар бу чизиқдан чиқаётган қонларни бир-бирига суртишди. Кейин улар бир-бирларининг қўлларини шимдилар ҳам. Қасам ичиб қондош жигарлар бўлиш… Бу нарса мени ўйлашга ундади. Aгар менинг ҳам қондошим бўлса, менинг қулоғимни муаллимага торттирмаган, фалақага ётар онимда мени қутқарган бўларди. …Бутун мактаб бўйлаб мен ўзимни ёлғиз, дўстсиз, ҳимоясиз ҳис қилардим ва бир куни онамга барча болалардек ким биландир қасам ичмоқчилигимни айтдим. Мен қасам қандай бўлишини тушунтирдим. Aммо онам рози бўлмади: «Мен бундай бемаъниликни хоҳламайман. Жиннилик қилма», дея мени огоҳлантирди. Лекин қулоқ солмадим. Мен қасам ичмоқликни аҳд қилдим. Лекин ким билан? Тасодиф, кутилмаган воқеа эса мени қон қардошимни аниқлаб берди. Жума кунлари қўшниларнинг барча болалари бизнинг ҳовлимиздаги боғга йиғилишарди. Биз кечгача бирга ўйнар эдик. Бизнинг орқамиздаги уйларга эгалик қилувчи Ҳожи Будакнинг мен тенги ўғилллари бор эди, унинг менга энг кўп ёққан нарсаси бу унинг исми эди: Мистик… Мен бу сўзни айтарканман, сўздан роҳатланиб, такрор ва такрор қайтарардим. Бу исм шу қадар оҳангдор, жозибали эдики… Қизлар бу гўзал исмга тўқиган қофияларни Мистикни боғда, кўча-кўйда кўришлари билан бирданига куйлашлари ҳали ҳамон ёдимда. «Мустафо Мистик, Машинага қисдик. Учта шам ёқдик, Сайрига боқдик!» дея бақиришар, қўлларини мушт қилиб унга қарши туришар эди. Мистик ҳеч қачон ғазабланмасди. Aксинча, нуқул кулиб юборарди. Биз ҳам баъзида ушбу тўртликни такрорлаб, завқланар эдик.‌‌ Ушбу кичик шеър ҳатто менинг хаёлларимга ҳам таъсир қилганди. Тушимда кўпгина орсиз қизларнинг Мистикни катта иммигрантлар машинасига сиқиштириб олиб, атрофида учта шам ёққандан кейин, уни томоша қилиб турганликларини кўрдим. Нега Мистик ўзини бу қадар яхши тутади? Нега у сакраб чиқиб, бу қизларни бирор маротаба урмас, машина ичидан чиқаётган қатрон ҳидидан қочмасди? Сабаби у ҳаммамиздан кучлироқ эди. Худди исми сингари, ҳар тарафи юмалоқ эди: боши, қўллари, оёқлари ва бутун танаси… Ҳатто қўллари… У барча болаларни курашда енгарди. Ёзнинг ҳар жума куни эрталаб бир қучоқ тол шохи новдаларини олиб келарди. Биз ўзимиз учун ушбу новдалардан отлар, найзалар ясаб, пойга ўйнардик. У мусобақаларда ҳам барчамизни енгар, уни ҳеч биримиз тутолмасдик. Мана шундай жума кунларининг бирида Мистик тол новдалари билан келди. Энг узунини ўзимга олиб, бошқаларини болаларга тарқатдим. Биз бу новдаларнинг учларини пичоқ билан кесиб ташлар, худди отнинг боши сингари қобиғидан иккита қулоқ ва бурун ясардик. Бу ишнинг энг аълосини мен қилардим. Мен одатдагидек, ўз отимни ясарканман, Мистик билан болалар ўз навбатларини кутишарди. Қандай содир бўлганини сезмай қолдим, новданинг ёқа қобиғи тўсатдан ёрилиб кетди. Пичоқ унинг орасидан ўтиб, чап қўлимнинг кўрсаткич бармоғини тилиб юборди. Бирдан сувли, қизил қон оқишни бошлади. Шу пайт хаёлимга бир фикр келди: қасам ичмоқ… Мен бармоғимнинг оғриғини унутиб, Мистикка шундай дедим: -Қара, менинг қўлим кесилди. Қани, кел, қондош жигарлар бўламиз. Сен ҳам кес… У иккиланиб, қора кўзларини ерга тикди, катта ва юмалоқ бошини силкитди: -Шундай қилса бўладими… Қасам учун қўл кесиш… -Бунинг ҳеч қандай зарари йўқ-ку, — мен шундай деб туриб олдим, — Бу қон эмасми? Ҳаммаси бир-ку. Қўлдан ҳам, бармоқдан ҳам… Қани-қани, бўлақол! Рози бўлди. У менинг қўлимдан олган пичоқ билан қўлини бироз чуқурроқ кесди. Унинг қони шу қадар қуюқ эдики, ҳатто оқмади, бир томчидан сўнг шишиб, катталашиб кетди: бармоғимнинг қони билан унинг бармоқ қонини аралаштирдик. Энг аввал мен унинг қонини шимдим. Тузли ва қандайдир иссиқ эди. Кейин у ҳам менинг бармоғимдаги қонни симирди. Билмадим, орадан қанча вақт ўтди. Балки олти ой… Балки бир йил… Негадир мен Мистик билан қондош-жигарлар эканлигимизни унутиб қўйгандим. Биз яна бирга ўйнар, бирга мактабдан уйга қайтардик. Бир куни об-ҳаво жуда иссиқ эди. Катта муаллима бизга ярим кунлик таътил берди. Худди пайшанба сингари… Биз Мистик билан бирга кўчанинг чангли йўлларида секин-аста юриб борардик. Мен фесимнинг ичига рўмолчамни қўйгандим… Теримни артолмаганим учун юзим терга ботганди. Биз кенг, катта йўлдан ўтаётгандик. Четроқда йиқилган деворнинг қолдиқлари бор эди. Тўсатдан қаршимиздан улкан, қора ит чиқди. У биз томон югуриб келаётган эди. Бир неча киши қалин таёқлар билан унинг орқасидан қувишарди. Улар бизга: -Қочинглар, қочинглар! Тишлайди! — деб бақиришди. Биз қўрқдик, ҳайрон қолдик. Натижада шундайлигимизча қотиб қолдик. Энг биринчи мен ўзимга келдим-да: -Қани, қочдик… — дедим. Кўзлари оловдай ёниб турган ит бизга етиб олди. Шу пайт Мистик бақирди: -Сен менинг орқамга яширин! Ит унга ҳужум қилди. Aввалига улар тезда бир-бирларига қоришиб кетишди. Кейин улар хўрозларга ўхшаб, тиккама-тикка келишди. Ит ҳам орқа оёғида турарди. Бироз шу тариқа кураш олиб боргач, иккиси ҳам ерга йиқилишди. Мистикнинг кичкина феси, мовий рўмолчаси ерга тушди. Бу уруш менга жуда узун туйилди. Титрардим. Шу пайт ўтинчи амакилар етиб келишди. Улар бор кучлари билан қўлларидаги таёқларнинг бир нечтаси билан итнинг бошига туширишди. Мистик қутулиб қолди. Унинг қўлларидан ва бурнидан қон оқарди. Ит думини оёқлари орасига қисиб, оғзи халлослаб, чопиб кетди. Мистик эса: -Ҳеч нарса қилмади… Зарари йўқ. Бироз тирналди холос, — дерди. Уни уйига олиб боришди. Мен ҳам дарҳол уйимизга югурдим. Бизга нималар бўлганини онамга айтиб бердим. Aбил Она мени дарҳол ерга ётқизиб, узоқ вақт қорин бўшлиғимдаги, томирларимдаги «қўрқув»ни босди. У аллақандай дуо ўқиб, юзимга шундай пуфладики, натижада мен сарсоқнинг қўланса ҳидидан аксириб юбордим. Эртаси куни Мистик мактабга келмади. Ундан кейинги кун ҳам келмади… Мен онамга Ҳожи Будакникига бориб, Мистикни кўриб келишимизни илтимос қилдим. -Унинг тоби йўқ эмиш, болам, — деди, -Худо хоҳласа, тузалиб кетса, яна биргаликда ўйнайсизлар, ҳозир эса уни безовта қилсак уят бўлади. Шундан сўнг, мен доим Мистикни тузалиб кетган ҳолда учратарман деган умид билан мактабга борардим. Aфсуски, у бошқа ҳеч қачон келмади… Ит қутурган экан. Мистикни яхшироқ қаратиш учун уни Бандирмага олиб боришибди. У ердан Истанбулга жўнатишлари керак эди. Aммо афсуски, кунларнинг бирида биз Мистикнинг вафот этганини эшитдик… Доим эрта тонг маҳали уйғонганимда, очиқ, булутсиз ҳаволар, бошқаларда бўлгани сингари, менинг ҳам болалигимни эслатади. Ёдимда мангу ва сарғиш тонгнинг қизғиш мамлакатидай қолган туғилиб, ўсган жойларимни аниқроқ тасаввур қилгим келади. Ва мен ҳамиша чап қўлимнинг кўрсаткич бармоғига онгсиз равишда тикиламан. Бармоғимнинг биринчи бўғимида ҳали ҳам оқ чизиқ шаклида қолган кичик чандиқ изи мен учун жуда муқаддасдир. Қасами учун ҳалок бўлган, ҳаётини қурбон қилган қаҳрамон қондош-жигаримнинг илиқ лабларини бармоқларимнинг учида ҳис қилар, мени қутқариш учун ўзидан-да улкан, қутурган, чўпон ити билан урушаётган довюрак, арслонни энди фақат хаёлларимдагина кўргандай бўламан. Биз ўз миллатимиздан, хусусан туркчилигимиздан узоқлашган пайтимиз чириган чуқурликларга шўнғиган жарликнинг, ахлоқсиз ва бузуқилик, вафосизлик ва худбинлик, пасткашлик ва мискинлик жаҳаннамининг энг тубида ғамгин ва шартланган, пок нурдан пайдо бўлган тарих, йўқолиб бораётган чинакам жаннатнинг ўзи қаршимда тобора очилиб борар ва бу очилиш мени тобора бахтли қиларди. Мистикни соатлаб ёд этарканман, эскирган ва унутилган сари қадри ошиб бораётган бу азиз ва эзгу мотамнинг ширин қайғусини яна-да яхшироқ ҳис қилиб, ундан ҳузурланаман.
2021-04-21
http://nodirabegim.uz/archives/3975
(баллада) Сенга қадалади нигоҳим Қизларимизни Ностальгия илинжида зор қилган Тонакcочилько** қорнида Кўтарилган чанг тўзондан йироқда Ахуэуэте*** барглари кўздан йўқолган жойда Ёдда тутмоғим лозим бўлган истакдек. Сенинг акс садонг Сув кўтарилган пайтидек Тарқайди чайқалганича Сўқир қизил сийнали белги Тунги қайтишинг ҳақда этади воқиф. Эслайман тошга муҳрланган Ўзгалар эътиборсиз қолдирган ҳижратингни Кутганимча қуёш оламга келадиган Киндикдаги ясси тепалигингни қучмоқни. Аччиқ замин қарс этади… Фарёд уради ўзини танитмоқ учун Худди сен турган тик қоялар ўртасидаги Бугун улар мерос сифатида оладиган унвондек Ҳалигача номсиз ўлимлар янглиғ. Мен ҳис қиламан Сен бўлгансан бунёд Уруғи қуруқ ғазабдан иборат бўлган Бу йўналишли замин устида Санқиб юрган руҳларга тақлид қилувчи Фумарола****да турган дарахтдан. Илғайман… Таом тайёрланадиган ичак чавоқларингда Мен ишратни топган саҳро ўртасида Худди илдизлар бўйлаб яёв кетаётган соянгни Гўё ҳозиргина бу ерда бўлиб кетганингдек. Куауксочитл*****.. Қизил, муҳофаза қилишни мақсад қилган Сочларинг орасидаги тикон мисолида Ёқимли адашган ифорни Манглайингдан ҳайдайман Ва сен айланасан бизда мавжуд бўлмаган Рамзлар билан улуғланган Тунги самовий устунлар аро Дам ширин этилган Дам маза билан бойитилиб шунчаки Аччиқ қилинган зулматдаги тоғ ифорига. Шу кифоя қилади билъакс Борлигинни англамоқ учун Англамоққа оҳангдош тиллар-у Бошқа тиллар сенлигин Англамоқ учун она тилларни Ўз тилингни Бир-биримизни забонсиз англамоқ учун Англамоқ учун оғриқни Англамоқ учун баайни сен каби Тирик эканимни. Мистикага мўл замин Ҳис қиламан хушбўй бўйингни Тараламан тер ва нафас ёғдирилган Офтобда қорайган Ёқимли ҳидинг ва қуруқ қумли тананг-ла Ва ишонаман сенга Ҳеч қачон ўзимники бўлмайдиган оғзингдан Сўзлар билан бирга чиқадиган ваъзларга Ваъзларки кун давомида Қулаётганида танани эркин қолдирадиган. Сен соатларни бўғиб ташлайсан Доимгидек нимадир сўраб олмоқ-чун Менга талпинган қўлларинг ила Улар сени унутмоққа чоғланганда Қаърига тушасан Ҳукмронлик қиласан Ҳайратда қотасан Тез фурсатда қора қон билан Қўлларда акси кўринадиган Ой остида тушасан рақс Ва сен топасан Ғамгин сингилларингга ўхшаш Ўлик гулларнинг чиркин ҳидида Ҳануз ўзинг эришган Саботнинг манбаси бўлган кучни. Юрагим сени деб уради Тошлардан сизиб чиққанда кўз ёш Чийиллаган барабан пичирлаганда Такрорларкан исмингни Ҳуштаклар орасида нафаси бўғилиб Мен туяман ҳар бир зарбани Товушдек, чайқалишдек Кўтарилиб тушадиган сувдек овозингни. Ҳар бир елкадаги Тез фурсатда туғиладиган Шикоятга монанд тебраниш сени чорлайди. Барглар сўзлашади Жумбоқли ёмғир таъмини берувчи Яширин ранг-баранг оҳанг Шовқини ўртасидаги забонда Фақат шамолга ёзилган Барча тиллардаги ибодатлардек Фақат денгиз куйлайдиган оҳангни Яланғоч оёқлари билан ўпади замин. Тегинарканман эндиликда сенга Сезаман қўлларимдаги сўқмоқ бўйлаб Қадам олишингни Ғордаги маконига тушиб сокин оқадиган Ясси тоғлар ўртасидаги шўрсувдек Саёҳатингни Юрганча давом эттираётганингда Барча қизларингни кутишаётганда Кимдир йўлдан топганида Сен қоласан. Мен сени эшитаман Чошгоҳ пайтида эса Одамлар унутишга чоғланишганда Тутунни фақат кундузи кўрадиган Барча оналарнинг кўзи очилади Қайтиб само сари кўтарилмайдиган Алангалар орасидаги кун Кун… бошқа кун Мажақланган таналарга Сенинг, менинг танамга , ҳар бирига Юзини босишни билмай кириб боради Саҳро тафтида қорайиб Улар кулга айланмагунларигача. Сен хануз тириксан Улар… Уларни ном қўйиб атай олмайман Боиси четда турганларга Излашдан толмаётганларга Ўлик эканликларини Дафн бўлганликларини Йўқолганликларини билишса-да Шу сўниш оралиғида Тирик эканликларига ишонадиганларга Нахуалес каби кеч тушишин кутмоқ Салом юбормоқ учун Таналарида уларни асар йўқ юздан. Нахуалес- Лотин Америкасидаги ацтеклар мифологиясидаги авлиёликка дахлдор шахс. Тонаксочилько- Лотин Америкасидаги ацтеклар мифологиясидаги заминни мўл-кўл қилиб яратган Худо. Ахуэуэте- дарахтнинг номи Фумарола- вулқон ён-бағри Куауксочитл- Лотин Америкасидаги ацтеклар мифологиясидаги муқаддас тош.
2021-04-28
http://nodirabegim.uz/archives/3989
Поезд секингина жойидан силжиди. Икки хоналик люкс вагонга мен, дўстим ва нотаниш одам кетма-кет кирдик ва юмшоқ ўриндиқларга жойлашдик: мен ташқарини томоша қилиб кетиш илинжида дераза олдига, қадрдоним Незапяткин ўнг томонимга, рўпарамиздаги дўстимнинг жойига эса ўша нотаниш одам ўтирди. Бу одамни зимдан кузатар эканман, айёрона кўзлари тез-тез деразадан ташқарига қараётганини, худди одамлар орасидан кимнидир излаётгандек аланглаётганини сездим. Эгнига бежиримгина қора плато кийиб олган бу одам, бўйнига шундайин ажойиб шарф ўраб олгандики, озғинлигига келишмаган бу иши билан у худди ғалтакка ўхшаб кўринди кўзимга. Поезд юриши биланоқ мен ўз ёқтирадиган журналимни кўкрак чўнтагимдан чиқариб ойнага янада яқинлашдим ва кўз югуртира бошладим. — Биз ўз саломатлигимизга қанчалик зарар берамиз-а, афсуски буни ўзимиз билмаймизда, — сўз бошлади нотаниш одам менга томон юзланиб. Унга ҳайрон тикилиб, — Эшитаман жаноб, тушунолмадим, — дедим. — Ҳа, мана масалан сиз ўқияпсиз… Ахир билмайсизми, ҳаракатланаётган пайтда нимадир ўқиш кўзларни ўлдиради. — Ўлдиради? — Шундай, шундай. Ҳа, барчангиз жаноблар бунга аҳамият бермайсиз… Бир немис олими менга бир сафар ҳаракатланаётган вақтда китоб ёки бошқа нимадир ўқиш зарар эканини айтганди. Кўзларни бундай қилиб секин-секин заҳарлагандан кўра биртўла кислота қуйиб, куйдирган маъқул, деганди у. Қалай, яхши таклиф-а, — илжайди у. — Барибир англай олмадим, ўқишнинг зарари нима? — Ўқишнинг қандай зарар бор дейсизми? Унда қулоқ солинг. Биласизки, кўзларимиз линзалари махсус суюқлик пардаларидан иборат дейлик. Сиз ҳаракат пайтида нимадир ўқисангиз у пардалар чайқалиш натижасида торайиб, қурий бошлайди, шунда одам кўзларида оғриқли ачишиш сезади. Кейинчалик эса пардалар ёрилади ҳаттоки. Ахир бу қанчалик зарар кўряпсизми? Бир куни эрталаб турганингизда қарайсизки кўзларингиз кўрмай қолган буткул. Бундай пайтда сизга табиийки ҳеч ким ёрдам беролмайди. Масалан, мана сиз, кўзларингизда ачишиш сезасизми ҳозир? — Ҳа… Шундай шекилли… Сал-пал оғриқ бор, — дея оҳиста гапни якунламоқчи бўлдим. — Кўрдингизми, сизда бошланиб бўлган ҳаммаси, — деди дўриллаган овозини баттар дўриллатиб. Сўнгра бирдан жимиб қолди. Мен тезлик билан журнални варақладим, ўқишни қанчалик истасам-да унинг олдида бу ишни қилиш бемаънидай туюлди ва газетани юқорига, жомадонларим ёнига ирғитдим. — Рухсат берасизми, жаноб журналингизни бир варақлаб кўрсам? — сўради ҳалиги нотаниш. — Майли, бемалол. Лекин сиз кўзларингизга зарар бериб қўясизку… — Ҳа, ҳавотир олманг, менинг кўзларим буткул зарарланиб бўлган. Бундан буёғига мени фақат ўлим зарарлай олади холос. Чунки, бир танишим таклифи билан бир мартагина кокаин қабул қилгандим. Бир мартаси ҳам етарли экан, хуморига чидаб бўлмасди. Буни йўқ қилиш учун ўтган йили ёзда Самарага бориб музлаган дарёдан тешик очиб чўмилдим. Бу менинг райимдан қайтаришига ишонгандим. Йўқ, асло. Баттар бўлса бўлди, лекин тузалмадим. Бир сафар Петроградда ташналикка чидолмасдан ўлган одамнинг чўнтагидан сигареталарни ўғирлаб чекканман ҳатто, балки бу ўғирлик ҳам саналмас, чунки у ўлиб бўлгандида… Бу гапларни кўзлари олайиб мароқ билан тинглаётган Незапяткин бирдан оҳ тортиб, қўлларини бошига қўйди: — Ё Худойим, қандай даҳшат. Гиёҳвандмисиз? — Таасуфки шундай, ҳали ҳамон тузалганим йўқ. Бу ҳасталикда яширин ва даволаб бўлмас хавфлар мавжуд. Масалан, сиз дераза ёнида ўтирибсиз. У ердан эса оз бўлса-да совуққина шамол келиб турибди. Сиз “тоза ҳаво” атаётган бу совуқ шамол эса бурнингиз орқали кириб, тўғри ўпкангизга йўл олган. Шундан кейин эса ўпка томирлари шамоллаши юзага келади, ўпкада шишлар, ёриқлар пайдо бўлади, сўнгра турли шифо билмас касалликлар, масалан, гемоптизи, гемо бир бало, хулласда… Жаноб, билингки ўпка касалликлари ҳам гиҳвандликдан сира қолишмайди. — Нима ҳам қила олардик, — дедим унга айни дақиқаларда тоза хавога жуда мухтожлигимни билдириб, — ахир, бошқа қаерда ўтирамиз? — Истасангиз ўринларни алмашамиз, зарар бўлса менга бўлсин, — деди у қаҳрамонларча, Незапяткиннинг жойини кўрсатиб “келинг”, деган ишорани қилди. — Бироқ, сизнинг ўпкангиз… — Э, ўпкамга раҳмим келмайди, — деди у гапимни нақ ўртадан бўлиб, — у тугаб битган. Хавотир олмай қўяқолинг мендан. Константинопол қиш кечаларининг бирида юпқа куртка билан икки кун ташқарида, қаҳратонда қолиб кетганман. Шундан бери ўпкам ҳеч нарсага ярамай қолган. Нимаям қилардим. Келинг яхшиси ўринларни алмашамиз. Биз сўппайиб у ўтирган томонга ўтдик. — Биласизми марҳаматли жаноб, — деди дўстим нотаниш одамга бошини кўтариб, — тўғри, у менинг дўстим, жондай яқиним, лекин шундай одам учун ҳам мен ўз жонимни, танамни хавфга қўймаган бўлардим. — Майли, ҳеч қиси йўқ, — деди нотаниш киши қуриб қолган чўпдай қўлларини бир силкиб. У деразага яқинроқ ўтириб совуқ хаводан чуқур ичига тортди, журналимни очиб зўр қизиққонлик билан ўқий бошлади Биринчи марта поездда нимадир ўқимасдан кетяпман, англаганим биргина шу — жуда зерикарли. Нотаниш одам эса мароқ билан журнал варақлар, гоҳ-гоҳида мен ва дўстимни кўз остидан кузатиб қўярди. Мен бу зерикарли онларни салгина бўлса-да бузиш илинжида Незапяткинга луқмалар отдим: — Қачон Тфилисида бўларканмиз-а? — Ҳали-бери етиб бормасак керак, йўл узоқ деб эшитганман, — деди у бепарволик билан. — Вақт ўтмаётгандай туюляпти менга, — хўрсиндиму кўзойнагимни ечиб, ташқарини кўриш учун дераза томон қарадим. — Ҳа, нимасини айтасиз, жуда имиллаяпти соат миллари. — Бу поездмас, аравага ўхшайди кўпроқ, жуда-жуда секин юряпти. — Нимасини айтасиз, юраётганмас, судралаётганга ўхшаймиз ҳудди. — Лекин қара, биз тарафларда ҳали қиш тугамаган бўлсаям бу ерларга баҳор келиб қолибди. — Ҳа, тўғри, — деди у ҳам ойнадан ташқари қарашга уруниб, — анави дарахтларнинг гуллаганини қаранг, сутдай оппоқ. — Ҳа жуда улкан ва чиройли, — қўшиб қўйдим. Нотаниш одам журнални ёпиб менга узатди, оғзини катта очиб эснаб, менинг юмшоққина ўрнимга чўзилди. — Вақтни тез ўтишини қаранг-а, бир пасда ухлайдиган вақтим бўлибди, — деди ва кўзини уни диққат билан кузатаётган Незапяткинга қадади: — Бу Россиядаги энг ёмон йўл, шу учун ҳам секин юряпти поезд. — Нимага? — яна дўстимнинг кўзлари олайди. — Наҳот эшитмагансиз? Деярли ҳар кунги рейсларда поездлар тўқнашуви содир бўлади бу йўлда. — Гапларингиз ёлғон, — сўзида қатъий турди Незапяткин, — агар шундай бўлса нега газеталарда ўқимаганман, эшитмаганман шу пайтгача бу ҳақида? — Ўзингиз биласиз, буни яширади вокзал раҳбарияти, хабар топганларнинг эса оғзини пул билан мойлайди, чунки шундай бўлганини одамлар эшитса поездларга чиқмай қўйишади. Ўзингиз ўйланг, қа-а-анча қурбон бўлади ахир битта ҳалокатда… — Даҳшат, жуда даҳшатку, — дами ичига тушган дўстим кўзларини менга олайтирди, — Худо асрасин. — Энг ёмони бумас, азизим, энг ёмони, мана, — бармоқларини вагон деворига ниқтади, — мана бу вагон деворига одатда олдан ё орқадан бошқа бир поезд келиб урилса, тамом. — Нима тамом? — Ғалчамисиз. У поезд катта тезликда келади ва бизнинг поездга урилади, табиий ҳолатда қўшни девор бизнинг деворга қапишади, қўшилган деворлар оёқларимизни иягимизгача олиб келиб ёпиштиради. — Кейин нима бўлади, кейин? — деди девор ёнидан сал тисарилиб баттар қўрқувга тушаётган Незапяткин. — Нима бўларди? Масалан, оёқларингиз қорнингизни тешиб ичакларингизни салла қилиб ўрайди, биратўла жигарингизни ҳам суғуриб ташқарига олиб чиқади. Қарабсизки, сиздан ажойиб мунажжимлар телескопи тайёр. Яна биласизми… Бундай пайтда одам табиатнинг нақадар ожиз бўлаги эканини ҳис қиласиз. Мен ҳам, дўстим ҳам бу гапларни эшитгандан тушкунликка тушдик, нафас ҳам чиқармасдан қотиб қолдик. — Бундан омон қолганлар эса, — “омон қолган” жумласини эшитиб яна унинг умидвор сўзларига берилдик, — бир умр шол бўлиб қолишади, ҳа-ҳа, шундай, бир танишим яқинда оламдан ўтди, қайсидир йил худди шу йўлда шундай ҳалокатка учраганди. — Айтингчи марҳаматли жаноб, — худди уни айни шу одам қутқара оладигандай ёлвориш оҳангида сўз очди Незапяткин, — агар ҳалокат пайтида одам анави йўлакда турган бўлса, хавф даражаси қандай бўлади? — Ўзингиз тасаввур қилинг. Мен орқа ёки олдидан келиб урилса, деворларни қапиштириб, устимизга қулатади дедим, демак йўлакда девор йўқ, девор йўқми бу қайсидир маънода хавфсиз дегани. Мен Ноувзевскда бир одамни биламан. У мана шу йўлда юз берган ҳалокатларнинг бирида омон қолганлардан. У қандай қилиб соғ қолган дейсизми? Чунки у ҳалокат пайтида йўлакда бўлган. Фамилияси, адашмасам, Семёнов эди. Бу сўзлардан баттар қўрқувга тушиб дўстим билан бир-биримизга нажот кутиб термулдик. Биз ўзимизни мард кўрсатиш учун уч дақиқа чидаб, хонадан чиқмадик. Ахийри ўзим қарор қилдим ва: — Оёқларим бутунлай увишиб қолди, балки, йўлакка чиқиб, бироз айланиб келарман, — дея оёққа қалқдим. — Мен ҳам сиз билан бораман, — Незапяткин ҳам ўрнидан шошилиб турди, — сигарет ҳам чекиб келардим баҳонада. Вагон йўлагига чиқдик. Қадрдоним қалин сигарасини лабларига қистириб, менга ҳам бир дона узатди. — Олинг сизам, асаблар бироз тинчланади, — деди уйқучан кўзларини ишқалаб. Мен сигаретни олмасдан, чекиш мумкинмас деган ёзувга кўзларим билан имладим. У ишорамга бепарволик қилиб, ўзини босиш учун сигаретасини оловлатди: — Нима деб ўйлайсиз, у бизни қўрқоқ деб ўйлаб бўлди шекилли, тўғрими? — Ҳа, менам шуни ўйлаяпман. Ҳар ҳолда уч дақиқа бўлса ҳам ўтирдикку, балки ундай ўйламас. — Унинг ақли жойидамас шекилли, гаплари тутуриқсиз, лекин одамни юрагини ёриб юборди роса, шунча нарсани биларкан, лекин ўлимдан қўрқмаслигига қойил қолдим. Балки, у билан гаплашарсиз ўрнимизни берса бироз дам олармидик, ҳеч қурса ўн-ўн беш дақиқа, — деди ва нотаниш кимсанинг нима билан бандлигини кўриш учун хона эшигига бошини суқди: — Сизнинг юмшоқ ўрнингизда ухлаб ётибди, — деди бошини қайтариб. — Майли, у ётаверсин. Деразага яқинроқ кел, ташқарини бир қара. Ташқарида охири кўринмас дашт, ора-орада эса бир икки уй чироқлари ёниб тургани кўринарди. — Ҳа, ростан ҳам бу ерларнинг табиати бошқача экан. Жанубга оз қолдик чамамда, иссиқ ҳаво тафтини сезяпман. — Юрагим сиқилиб кетди. Эҳтимол мана бу ойнани очармиз. Тоза хаво кирармиди ичкарига. — Дераза очилмаса керагов, ахир поезд ҳали қишки ҳолатдаку. — Тўхтачи, бир очишга уруниб кўрай, — дераза қулфини оча бошладим. — Тўхтанг, кимдир буни кўриб қолса нима деймиз, ахир мумкинмас. — Дод-войни кўйсангчи, кимдир кўрса биз келишимиздан аввал очилганини айтамиз. Дераза қулфи шарақлаб очилиб юзимизга дашт ва баҳор ҳавосининг салқинлиги урилди. — Қандай ажойиб ҳаво-я. Сенам ҳис қиляпсанми, қандай мусаффо ҳаво. Бу Кавказ дегани дўстим, Кавказ. — Танга ёқувчи покизалик. Тун суратига мос алфозда олис-олислардан баланд-баланд тоғлар кўринар, ер эса соф ҳаводан нафас олаётганга ўхшаб титраб-титраб қўярди. Икки соатларча ташқарига термулганча Кавказ ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олиб, гаплашмасдан турдик. Бу сукунатни орқадан дўриллаган овоз бузди: — У ерда нима қиляпсизлар? — нотаниш одам жойидан туриб, биз томонга келди. — Сизам сезяпсизми жаноб, қаранг қандай ажойиб ҳаво, — дедим мен. — Ёрдам берсангиз, менам мана бу деразани очсам, келинг дўстим, — мени чорлади кейинги дераза ёнига. — Мумкинмас жаноб, — эътироз билдирди Незапяткин. — Поезд қишга мосланган ахир, мана биттасини очдик, ҳаммамизга етади шу. — О, Кавказ. — ҳалиги кишининг яна гап халтаси очилди, — бир вақтнинг ўзида ҳам ажойиб, ҳам ўлимларга тўла мамлакат. Мен, бу ўлкани питон илонига ўхшатаман, чиройли, кўркам, силаб кўргинг келади одам, бироқ худди шу илондай заҳарли, бир чақса тамом, тил тортмай ўласан. — Нима ўлади, ким ўлади, тушунолмадим, — анграйди дўстим. — Кавказ, Кавказ. Ахир бу ўлим маъбуди бошқарадиган ўлка-ку, наҳот билмайсиз. Масалан, сиз дераза қошида тоза ҳаводан ҳеч кимга зарар бермай симириб турибсиз, бирдан пақ этган овоз эшитилади ва ерга қулайсиз. — Ё товба, ким бизни отади ахир? — Уларни кундузлари аниқ кўриш мумкин: маҳаллий аҳоли. Ахир икки кун олдинги газетада, йўқ, ўзи даврий нашрлар кўп ёзишган бу ердаги қурбонлар ҳақида… Ўқимаганмисиз? — Йўқ, хабаримиз йўқ, — дея иккаламиз ҳам капалагимиз учиб, деразадан йироқлашдик. — Хуллас, яқинда бир арабистонлик ҳам деразани очиб ҳудди шундай дераза ёнида турган. У ҳам ўлимолди Кавказнинг тоза ҳавосидан бироз ҳидлашга улгурган, қаердандир пақ этган овоз эшитилган-у шу ернинг ўзида жон берган бечора. Ўқ шундоқ миясини тешиб ўтган экан. Фамилияси Азиенштукми, валлоҳу алам, Азиентушми, хулласда… — Ё Худойим, бу яна қанақаси бўлди? — Ҳайрон қолишнинг кераги йўқ. Ўқ узиш бу ерликларнинг қадимдан келаётган анъанаси. Қишлоқларда ким кўпроқ одамни мўлжалга олиб, уриб туширса, ҳурматга сазовор бўлади. Кимки бир ойда ўнтадан кам одамни нишонга олса, у оилага қиз беришмайди, у оиладан қиз ҳам олишмайди. — Худо сақласин. Келинг, яхшиси деразани ёпамиз, Незапяткин, — дедим талмовсираб. — Тўхтанг, тўхтанг, бу мен учун яхши имконият, ажалим балки шу ерликларнинг милтиғида мудраб ётгандир шу лаҳзаларда. Майли, ўлимим эвазига қайсидир оила бахтли бўлсин, мен розиман. Дўстларим, аммо сизларга бир васиятим бор. Агар бугун куним етган бўлса, жомадонларимни олиб, Тифилисига, Головинский кўчаси, 11 уйга элтиб берсангизлар, қабул қилувчи Михаёнко исмли одам. Майлими? Авваллари ҳеч қачон ўзининг ўлимини бундай хотиржам кутаётган ва меҳр билан васият қолдирган одамни учратмагандим. Қанчалик уни дераза ёнидан кетказишга уринмайлик жойидан жилмади. Билганини қилсин деб ичкарига, ўз тўшакларимизга кириб ётдик. Худога шукр, поездимиз талофатсиз, қурбонларсиз соғ-омон Тифилисга етиб келди. Меҳмонхонага бориш учун фойтунга чиқаётганимизда ўша нотаниш одамнинг баланд бўйли, гўзал бир аёл билан қучочлашиб кўришаётганини кўриб қолдик. — Сафарингиз қандай бўлди, азизим? — деди унинг озғин юзларидан ўпиб чиройли аёл. — Ажойиб. Ҳар қачонгидан ҳам ажойиб, худди содда ва ишонувчан йўлдошларим каби, — деди у бизни кўрсатиб, аёл эса бизга қараб майин жилмайди, — шундай одамлар ҳали ҳамон бор экан, Россия бўйлаб билетсиз ҳам бемалол саёҳат қилиш мумкин. Незапяткин фойтун деразасидан бошини олиб, жойига ўтирди: — Унинг сўзларини чалароқ эшитдим, аммо қаранг бизга шунча яхшилик қилибам яна бизни аёлига мақтаяпти. Менимча биз унга анча хуш келдик. Сиз ҳам шундай фикрдамисиз? Мен елка қисдим: — Албатта, ахир биздан ёмон сафардош чиқмаслиги аниқ-ку…
2021-04-29
http://nodirabegim.uz/archives/3996
Барглар шодаси орасидаги Сен қўрқувларингни битган сатрларда Интиҳо топган муҳаббатимиз Ғарқ бўлган кўз ёшларга. Ҳожат йўқ энди бўсаларга ҳам Сен томонга талпинган Қадамимни ёритган чоғида маёқ Сақлаганман сирларсиз пинҳон Ўтмишимни сийнам остида. Қўлларинг тутмади қўлимдан, э воҳ Мустабидлик тантана қилган Зулм кенг авж олган кез Фалакни чулғаганда ярадор булутлар Тунларингда ой сукутга шўнғиб (У ҳануз сукутда) Ўрнига бошқаси шивирлаганда. Бисотингда йўқ самимий сўз наҳот? Шудир асли чексиз масофа Ўртамиздаги севги-чи Ўзгинаси теран азобни Бир пайтнинг ўзида ифори сероб Ва ифорсиз ҳеч нарса каби. Нафосатни мерос оламиз қайдан? Мен яшираман қайғумни Яшириб йиқилдим мана Умид қиламан шунда ҳам Бўласан деб қалбимга йўргак Боқаман ногоҳ бир тушкун алфозда Ўзига хос бўлган тошойна сари Ва… айланаман сен учун Ҳеч нимага бир шеърдан бўлак. Сен алвидо дединг Қандай сукунат Нақадар етишмас ҳаво! Ўртамизда қолар уқубат Ўлик бўсалар-у Шеърий мисраларга кўчган сўзлар Ва бир шингил ғазаб. Ўзимда қолар Қўрқинчли соялар қаватидаги Ипак қуртининг хотиралари Сен ҳеч қачон дарак топмайдиган Юқумли бўлмаган оғриқ. Ташқарида эсар қутурган шамол Сустлашган кунларда бўлса Гавдаланар пароканда бўлган ҳаёт Чокидан сиртилган қалб Бир пайтлар арзирли умидга тўлган Лаҳзалар, сарҳадсиз соғинч Ва ҳеч қаерга элтмайдиган йўл. Сира ҳам қайтмайди Пинҳона тутилган муҳаббат Миналанган майдонлар Масофани чўзгани янглиғ Ақл -чи қийноқларда тобланиб Кутади белги, ишора холос… Мен сукунат жумбоғида Ўзимдан ўзимни ажратарканман Бўлакларга бўлинган нигоҳинг билан Юзимга сепиб шўрдеккина сув Хайрлашиш учун чоғландинг шундай Хайрлашдим шу тарзда мен ҳам Қисқагина олганча нафас. Дунёга келишимдан илгари Қазо қилиб бўлишганди Бувим Антуанетта Бувим Негрита Бобом Сезарио Бувим Леонтина Бобом Игнасио… Етмагандек булар Холаларим ва амакиларим ҳам. Фақатгина мен Тирикман бугун Ўзимда ифода этиб Барча ўлимлар жамланмасини.
2021-01-05
http://nodirabegim.uz/archives/4002
Миллат қанча талош бўлсин, не ишим бор?! Душманларга муҳтож бўлсин, не ишим бор?! Қўй, мен тўқ бўлай, ўзгалар-ла ишим йўқдир, Дунё-ю жаҳон оч бўлсин, не ишим бор?! Сас берма, ётганлар бидьатда, қўй яна ётсин, Ётганига рози бўлмаса, кимса уйғотсин, Битта-битта ботса-да, ҳақ додимга етсин, Ман омон бўлай, жумла жаҳон ботса-да ботсин; Миллат қанча тор-мор бўлсин, не ишим бор?! Душманларга муҳтож бўлсин, не ишим бор?! Солма ёдимга суҳбати тарихи жаҳонни, Айёми салафдин дема сўз бир-да фалонни, Бор бўлса, келтир, олайин дўлмани, нонни, Истиқболни кўрмоқ не керак, умр, ахир, фоний; Миллат қанча тор-мор бўлсин, не ишим бор?! Душманларга муҳтож бўлсин, не ишим бор?! Ватану авлодни қўй ҳолига, овора тўлғонсин, Чиркин разолатда қўли, боши булғонсин, Тил аврат бўлса, бадтар бўлсин, ўтда ёнсин, Фақат менинг овоза-ю шоним юксалсин; Миллат қанча тор-мор бўлсин, не ишим бор?! Душманларга муҳтож бўлсин, не ишим бор?! Ҳар миллат этар дунё саҳнида тараққий, Айлар ҳар бир манзилу маъвода тараққий, Юрган-ётганимда тушар ёдга тараққий, Биз ҳам этайлик олами рўёда тараққий; Миллат қанча тор-мор бўлсин, не ишим бор?! Душманларга муҳтож бўлсин, не ишим бор?! В а к и л Ҳақсизга ҳақлисан деб, кўп гуноҳга ботганман. Ҳ а к и м Дардга ташҳис қўймасдан, хеш-ақрабони йиғлатганман. Т о ж и р Мен ҳалолу ҳаромни билмасдан ишлатганман. Р о в з а х о н Умматнинг пулин олиб, кўзини ёшлатганман. Д а р в и ш Қайда бўлсам “суф-суф”лаб, ёлғон сўзлар сотганман. С ў ф и Туну-кун ҳақ-ҳақ деб, ҳаммани ўйнатганман. M у л л а Ҳар кун бир фатво бериб, махлуқни алдаганман. О л и м Қатъий умид этганман, қавмим дардин отганман. Ж о ҳ и л Доимо кайф устида – мен ҳам маромга етганман. Ш о и р Булбул, ишқу гул дебон ёлғон сатрларни битганман. А в о м Йиғламайман, гарчанд жаҳолат остида ерга ботганман. Г а з е т а ч и Мен газетам тўлдирай деб, матлабимни унутганман. Билмам не кўрибдур бизнинг ўғлон ўқимоқдан?! Динг бўлди қулоғим! Журнал, газета, ҳар нени ҳайрон ўқимоқдан Қийналди ушоғим! Ақлини ишлатмоқ бас ки, боқсин бир оламга, Ё раб, не ҳамоқат! Сўз этмас асар, чора қолди фақат дуодан, Тадбир айла, ўргат! Лаънат сенга, эй иблис, сенингдир бу жаҳолат, Этдинг не хиёнат! Сендан тарқалибдир бизнинг уйда бидъат, Эй мояи ҳийлат! Тутсин, кўрайин, кўзларингнинг оқу қаросин, Эй ҳамсари бадхоҳ! Сувда чўкмас, ўтда ёнмас балосан, Ёқсин сени Аллоҳ! Бу бола ўқитмоққа этдинг мени тарғиб, Хўп айладинг иғво. Энди недир фикринг? Ишимиз бўлди бу тартиб, Йўқ чораси асло. Ҳайҳот ки, тадбир шу бўлди ҳоли харобга, Зоил бўлди ақли. Дарсга, газетга, мактабга, журналга, китобга Мойил бўлди ақли. Йиқдинг ўйимни, айладинг авлодимни зое, Иш ўтди маҳалдан. Мен англамадим илм надир ёки санойе, Кечдим бу амалдан! Истадимки у ҳам мен каби бир ҳурматга етсин, Дунёга белансин; То қўл кучига молик бўлиб шуҳратга етсин, Озодга айлансин; Бир вақтидир бугун, бўлсин Рустами даврон, Бир от қозонсин; Ғоратлар этиб токи топсин сару сомон, Бир нени-да топсин. Пуч айладинг, иблис, бу гўзал, содда жавонни! Тилбилмас ўғил, вой! Ранги сарғайди, қолмади асло ярим жони, Бир кулмас ўғил, вой! Оҳ, ноқобил ўғлим, не оғир машққа тушибсан, Кошки, кечсайдинг! Фойдаси йўқ, олма талаб ишққа тушибсан, Бу ғамни ичсайдинг! Эй, икки кўзим нури, ўқимоқдан ҳазар этгин, Солиҳ валад бўл, кел! От уни, ҳунар ўрган, сен мени бахтиёр этгин, Ишда пўлот бўл, кел! Басдир, ўқидинг, оз қолдики жонинг адо бўлди, Бу ишдан қўл торт! Ёзмоқ, ўқимоқ бошингга бадтар бало бўлди, Ёзишдан қўл торт! Минг илм ўқирсан, сўз биларсан – ҳурматинг бўлмас Бу дорул жаҳонда; Сўз баҳрида гавҳар бўларсан – кимматинг бўлмас Бул хаста замонда. Йўқ, йўқ, боқдим фикрингга, сендан ўғил чиқмас, Жойингми жаҳаннам! Милт-милт ўқимоқдан, инсон, бир танга пул чиқмас! Минғирла дамодам, Илм олгин ҳар дам, Бўл қиссага ҳамдам; Умринг бўладир кам, Душман сенга олам!.. Ул кунки, сенга холиқ этар лутф бир авлод, Бўлсин юрагинг шод! Фолбинга олиб борки уни, айласин имдод, Кўз тегмасин, ҳайҳот; Соғдан сўлга, сўлдан соғга сол бўйнига хантал, Қўй шинни мааттал; Исириқ тутатиб минг бор айла муқаффал, Қиздир уни ол-ол; Гар тегса совуқ, иситмада бўлса-да бемор, Дорисига ўту ўлан бор; Кўрсатма табибга у жигаргўшангни зинҳор, Кетсин у мурдор; Йиғласа гўдак дардига ахтарма давосин, Чақиргин онасин; Қўқитсин у ҳам қарғаб бола-чақасин, Бўғсин садосин; Ўргат унга, албатта, ўзинг бир неча мавҳум, Махдуд ила маъсум; Шу ҳолда яшаб ўтар дунёда у мазлум, Ҳар ҳолати мазмум; Бир-бир тил очганда унга таълим айла равон, Ҳеч бўлма пушаймон; Билдир унга минг турли қабҳатларни ҳар он, Олсин шундай унвон; Ўн ёшга етгунча ўғлонинг айлама ғафлат, Йўлла неча бидъат; То ўн бешга етгунча топар ишда маҳорат, Ҳам айлаюр одат; Юборма уни мактабга, қотирмагил бошин, Оқизма кўз ёшин; Панду насиҳат бирлар касб этар маошин , Сақлар ўзи бошин; Роҳат нелигин ўргат, у қилсин-да маишат, Каззобликни ўргат; Ватан авлодини қўйгил, овора тўлғонсин, Чиркин сафолат-ла, мудом боши булғонсин, Миллат қанча тор-мор бўлсин, не ишим бор?! Душманларга муҳтож бўлсин, не ишим бор?! Ул кунки, сенга холиқ этар лутф бир авлод, Бўлсин юрагинг шод! Исириқ тутатиб минг бор айла муқаффал, Қиздир уни ол-ол; Сен унга қимор ўргат, қатл этмоққа қарат, Хушдир бундоқ санъат; Мол-дунё севиб айласин ҳар кун сени хурсанд, Соғ бўл, азиз фарзанд! Уйда топилур энди, ахир, чой, палов, қанд, Кимдир сенга монанд? Ногоҳ ҳибсга олинса, тутса сени ваҳшат, Қозига бер пора-ю ришват; Сот бор-йўғингни, пулларингни олсин адвокат, Бечора оқибат; Охирда қолурсан ҳасратда,тансиқ жамоли, Чўнтак ҳам пулдан холи; Қолдингда ўғилсиз, энди бир бошла саволни, Насиҳат сенга ҳавола; Топ ризқнинг ҳалолин, Эй, боши балоли, Йиғ кечмишни, қолни, Маҳол ўқимоқдан Топмоқ бу жалолни!.. Эй пул! Эй дилнинг завқи, таннинг руҳи, қуввати жон! Менинг ва умматнинг қони, сенга жоним қурбон! Олам аҳли тинимсиз ахтарар, эй жон, сени, Бир йўлин топиб, айлар дардига дармон сени, Бири пора қилиб, айлар мояи эҳсон сени. Қадрингни билмас этар миллатга қурбон сени; Ошиқман сенга, пул, шундоқ бўларсан муниси жон, Менинг ва умматнинг қони, сенга жоним қурбон! Мойилман, барча билар, давлату пулдорингга мен Ки, боқдим субҳу шом шавқ ила дийдорингга мен, Динимни, мазҳабимни сарф этдим узорингга мен, Тўймасман тўлса жаҳон, дирҳаму динорингга мен, Мустаҳақлар турар сандиғига яксар нигорон, Менинг ва умматнинг қони, сенга жоним қурбон! Истарман – сени ҳар кунда зиёрат айласам, Ақчам, амринг вожиб, шундоқ сенга тоат айласам, Нозингга чидарман, тақсирингга хизмат айласам, Шўр тузу нону патир билан қаноат айласам, Бошимга гўё тош тушар, агар чўнтакка бўлса зиён, Менинг ва умматнинг қони, сенга жоним қурбон! Сақларман жон каби, эй севгили сармоя, сени, Сарф этмасман абас масжиду муллога сени, Қарз ола билмас кимса бир-икки ойга сени, Бермасман оч-яланғоч аҳли таманнога мени, Кўра билмас юзингни асло, гар қусса ҳам қон, Менинг ва умматнинг қони, сенга жоним қурбон! Пул, топмай бир куним ўтса, минг афғон айларман, Сендан бошқа бутун авлодимни гирён айларман, Ғайрату шаънимни ҳифзингда нигоҳбон айларман, Пул, бир кун жонимни сенга қурбон айларман, Шод бўлур ворисим, аммо кетарман нигорон, Менинг ва умматнинг қони, сенга жоним қурбон! Оҳ, юз оҳ, кетар руҳу равоним кўкка, Муллолар ҳозир бўлар дафнимни қилмакка, Пулимни ворисларга айларлар садақа, Эшитган бўлса, кўрар ким, чиқар оҳим фалакка, Боқарман қабримга ҳасрат-ла, алм-ла, вой-омон! Менинг ва умматнинг қони, сенга жоним қурбон! Менга раҳмат айтмас-у, пулимни ҳайф қилар, Сени тақсим қиларкан, ҳар бири бир айб қилар, Унда-бунда, не билай, роҳат этиб этиб, сарф қилар, Неча бир Аннани, Соняни тутиб, кайф қилар, Дейди: эй сарв қад-у лола руҳу ғунча даҳон, Менинг ва умматнинг қони, сенга жоним қурбон!.. Айб экан касга кўра нафсини қўймоқ, ажабо, Шайхулислом ўзга бунча давлатни тақдир айлагай? Муллодир чунки, у ўз кўргани рўёларин Бошқадан сўрмас сира, ўзига такбир айлагай. Лаънат сенга, эй жоҳил, нега бедод этарсан! Ҳар кун яна минг бора лаънат ижод этарсан! Сармашқ этдинг Қобилу Ҳобилнинг ҳаракатин, Қардошларни қардошларга қайраб, жаллод этарсан! Нокасларга имдоду касларга этдинг бедод – Бир кўр, кимга ёрдаму кимга бедод этарсан?! Ғофил яшамоқдан зўр кордир ўлмоқ, Ҳарчандки, ғафлат-ла бир ордир ўлмоқ; Жаҳолат занжирида олчоқдай яшамоқдан, Жоҳил, сенга дор узра сазовордир ўлмоқ! Раҳм эт менга, жон мадмуазел! Кўнглим бўлди қон, мадмуазел! Бирбош Адасдан келганман Олдинга, жонон мадмуазелl! Кўр ҳоли беоромимни, Тил бесукундир, кел менга! Ишқим фузундир, кел менга! Йўқол, эй золим Мамдали! Шоҳи серзулум Мамдали! Сен ҳаёсизни кўрмоққа Йўқдир мажолим, Мамдали! Кет, кет ки, зулмингдан ватан Бир дарё қондир, келмасман! Бўйнинг йўғондир, келмасман! Мен ўз еримда шоҳ эдим, Шоҳи фалак даргоҳ эдим, Шоним, жалолим бор эди, Ахир, не зилуллоҳ эдим; Эрон кўп ерда яна Шоним маҳзундир, кел менга! Ишқим фузундир, кел менга! Сенки, бир дона мардудсан, Ҳар шондан матрудсан, Бир мустабид Шаддодсан , Бир мустақил Намрўдсан , Минг марта улардан яна Зулминг ёмондир, келмасман! Бўйнинг йўғондир, келмасман! Ноз этма, Эрон сарбасар Бўлмиш маним-ла шу қадар; Ахир, Эронда бор яна Навкарларим минг-минг нафар; Улар бутун қирғин-ажал, Миллат қўйдайдир, кел менга! Ишқим фузундир, кел менга! Бу ростдир, лекин аҳли кор, Оз бўлса-да, Эронда бор; Тақдир бу хоин ниятинг Этмас ижобат зинҳор; Чунки сенинг ҳолу кунинг, Шахсинг забундир, келмасман! Бахтинг нигундир, келмасман! Фикринг бу дундир, келмасман! Ишинг ўйиндир, келмасман! Сўз мухтасардир дафъатан: Бўйининг йўғондир, келмасман!.. Оч тилингни, юм кўзингни, зоҳидо, Такрор ўқи, ҳеч англама маъносини! Боқма бир ибрта-ла бутун оламга, Кўрма Ҳақнинг нури тажаллисини! Хушку ибодат-ла, қуруқ зуҳд ила Англама сен ишқ муаммосини. Зуҳд этиб, айлама инкори ишқ, Шахс билур ишқ-ла ўз мавлосини. Қайсга ман этма ишқнинг номини, – Кўрмас унда сурати Лайлосини . Хилват гўшаларда ўтирма, инсон, Билма Ҳақнинг гўшада маъвосини. Қасдинг агар бор эса, кел, кўрсатай, Кўзинг бўлса, кўргин томошосини. Санъатга боқ, кинога бор, бир қара, Тарк айла кайфияти иншосини. Лекин қани сенда басират кўзи, – Токим кўрсанг важи дилоросини?! Ёҳу, дебон охир очарсан қобоқни, Тарк этарсан зуҳд мусалласини . Куфрда тақлид этарсан шоирга, Зикр этарсан шеъри муқаффосини. Байрам қилар шавкатлилар шонлилар, Давлатлилар, пуллилар, милёнлилар, Тўқбўйинлар, шишқоринлар, жонлилар Қурбон қилур Халилуллоқ ишқи деб, Фисқу фужур қилар Аллоҳ ишқи деб. Икки қўшни – бирдир асли миллати, Ҳар иккиси бир пайғамбар уммати, Бири қурбон қилар, пиширар этни, Байрам қилар Хилуллоҳ ишқи деб, Бошқаси ҳам боқар Аллоҳ ишқи деб. Бу қўшнининг ўғли ғаюр, солланар, Бўйинбоғин тақар, жим таннозланар, Ота-она боқар-у беҳолланар, Фахр этарлар Халилуллоҳ ишқи деб, Қўлларин узатар Аллоҳ ишқи деб. Кўрармисан юртнинг Ҳожи Пирини, Еёлмайдир гўштнинг ўндан бирини, Қўшниси оч, сўрар бармоқ кирини, Ҳожи ейди Халилуллоҳ ишқи деб, Ётар, турар, шишар Аллоҳ ишқи деб, Дедим, ҳожи, кўзла ишнинг бирисин, Диққат айла нарисин ва берисин, Мактабга бер болаларинг барисин, Илм ўқисин Халилуллоҳ ишқи деб, Болаларни шод эт Аллоҳ ишқи деб. Деди, бизда йўқдир бермоқ фироғи, Берсам, хотин додлаб солар қийноғин, Гўшни ермиз хамир ўраб тун чоғи, Барокатдир, Халилуллоҳ ишқи деб, Уйда турсин, бу ҳам Аллоҳ ишқи деб. Наъра тортиб, шод бўлинг, эронлилар! Ғуссадан озод бўлинг, эронлилар! Оламга таъсир айлади оҳ-воҳингиз, Туғди яна беҳожат ул моҳингиз, Ёдга солур сизларни ўз шоҳингиз, Кундан-кун обод бўлинг, эронлилар! Ғуссадан озод бўлинг, эронлилар! Ёр бўлур сояи султон сизга, Айлагай лутфу қаровон сизга, Келгайдир Мамдали меҳмон сизга, Энди сиз иршод бўлинг, эронлилар! Ғуссадан озод бўлинг, эронлилар! Дарду ғамни, ғуссани бир ён отинг, Истаган мақсадга якдил етинг, Энди яна тонгга қадар ғарқ ётинг, Тушлар кўриб шод бўлинг, эронлилар! Ғуссадан озод бўлинг, эронлилар!.. Ёшсан, қашшоқликдан шикоят қилма, Ёшликдан-да буюк бир сарват бўлмас! Кексанинг тўрт ёни тўла пул бўлса, Белинда гўдакча бир қувват бўлмас! Дер эдик бир замонлар биз камоли фахру ҳиммат-ла: “Жаҳонгирона бир туркий давлат чиқарсак бу юртдан!” Бу кун-да ифтихор этсак сазодир қайғу, ҳасрат-ла: Карамкорона беш давлат этишди бир раиятдан! Ориф кимдир? – дея сўрдим, дедилар бул замонада: Орифнинг энди на дини ва на илм, иймони бордир. Буни билдим, танидим мен. “Зоҳид ким” деб сўрдим. Дерлар: Зоҳиднинг илми йўқса-да, хўп тубсиз жиғилдони бор. Эронли дерки, мудом адл ила тот бўлсин; Усмонли дерки, Аллоҳ, миллат озод бўлсин; Зоҳид не дейди? – Дейдики, қорним тўлсин, Эронли ҳам, Усмонли ҳам барбод бўлсин! Савдогар чопар – бир тижорат қилсин, Оми чопар – шунга бир хизмат қилсин, Иш муллоларники – эл чопсин, топсин, Ётсин, турсин, қуш гўштли овқат қилсин. Журнал, газета чиқар ки, миллат ўқисин, Ҳар бир асариндан олсин ибрат, қўисин; Ўрисча ўқиганга бу иш малол келар, Дерлар, буни қўй, қора жамоат ўқисин. Шошгин зикру саждага бош қўймоқ учун, Зоҳид югурар масжидга ажр юлмоқ учун, Дунё берганини олди-да еди, Энди югурар мавлодан ҳам олмоқ учун. Бошқа миллатдин ҳуқуқин олмоқ учун ҳар замон Инқилобиюн, салоҳиюн, рашодиюн чиқар! Биздан эса сотмоққа номуси орзуи миллатин Сотқиниюн, хумориюн, фасодиюн чиқар! Зоҳид югурар ки, масжид обод бўлсин. Ориф югурар ки, миллат озод бўлсин Сўз бўйинбоғи силлиқларга берилди: Бир мадмуазел бўлсин ки, паризод бўлсин! Тиндирар аср бизни – тинмагаймиз, Тўкилган эл учун ўксинмагаймиз; Ажнабий сайрга ҳаво шарида чиқар, Биз ҳалигача автомобил минмагаймиз; Қушдай кўкда учар ул ерлардагилар, Бизни ерга кўмди минбардагилар! Азроил арз этаркан, сўйлади: “Эй, роббил олам… Бир табиб банданг бу йил қулларингни қирди тамом. Мен бир жонни олмоққа ҳалак эрдим қанчалаб, Бу табиб жонни олар бемалол минг-мингталаб. Сен берган жонларни минг-мингин бу золим олади, Кўрдимки, қулинг деб, ёҳу, бу оламда ким қолади? Қўй, олай жонин унинг, эл кутсин маҳшарини, Йўқса, биллоҳ, бу қирар қулларингнинг барини. Бу илтижойимни қабул айламас бўлсанг бироқ, Карам эт, то амалимдан кетказганинг ҳам яхшироқ. Бошқа бир хизматни бер, айла мени миннатдор, Азроил бўлмоқни бер шу табибингга зинҳор”. Эй пуллиларнинг сафоси, Наврўз! Тожирларнинг ошиноси, Наврўз! Бир миллатнинг байрамисан, нечун Бўлдинг бечоранинг қазоси, Наврўз?! Эй, тўймас муллаларинг оғзида шарбат, Наврўз! Ағниёлар бир-ла қурарсан мажлису ишрат, Наврўз! Сендан ҳар кима севинар, бас, нега қашшоқ фуқаро Болаларин кўрган замон бўлар ҳижолат, Наврўз?! Тангри ҳар ерда пулни бир юраги сахтга берар, Маърифат дардини бир косиби бадбахтга берар. Оми Ҳожи Рустамга етти ўғил берару, Лекин баққол Жабийга етти қизни шартта берар. Чўққи соқол кимсага йил бўйи кунда палов, Лекин абдол Кўсага ҳафтада бир луқма берар… Сен пири жаҳондирсен, эй, саййиди саркор, Мени қўйгин, майли, айлагин пир ила рафтор! Сенга қисмат бўлмас яна бу давлату дийдор, Энди менинг ҳажримда жигари қон бўларсан! Ошиқ менга бир мен каби зебо керак бўлсин, Гулга мойил бир булбули шайдо керак бўлсин, Сенда бу ишга сабру бедаво керак бўлсин, Аммо, биларман, сабр ўйи вайрон бўларсан! Собири шайдо ки, тарки шаҳри Ширвон айлади, Ким ки булбулга ўхшар, майли гулистон айлади; Минг уч юз бирда ҳижратдан кейин маймун йили, Шавволнинг сўнгида азми Хуросон айлади… Во-ҳасрато!.. Барҳам бўлди иттифоқи миллат! Миллият ижтимийсин бузди нифоқи миллат! Амну рафаҳу рафот табдил бўлди фасодга, Меҳру вафо-ю улфат қурбон бўлди ҳасадга, Қуръонимиз чақирар бизни бир эътиқодга, Шаръи шарифга солди минг бир нифоқи миллат! Таблиғга бошлади чун Пайғамбар алайҳиссалом, Амру расолатига шундоқ келтирди ислом, Бир динни, бир Худони исломга қилди аълам, То бир иттифоққа келсин, битсин нифоқинг, миллат! Асҳобу поклар бўлди хизматгузори ислом, Жаҳонни тутди бугун зулиқтидори ислом, Чунки тамаддун эди асли шиори ислом. Талпинди гарчи аршга тоқи-равоқинг, миллат! Нашр этдилар исломнинг шиорин ҳар диёрга, Билиттифоқ бўлдилар хизматда интизорга, Билмам, ким этди ахир исломни пора-пора, Халқ бўлди фирқа-фирқа, бўлдинг мазохи, миллат! Ким хизмат этар, эй дил, исломга, иттифоққа? Ким тикди бошу жонин бу маслакка, сабоққа? Мазлуми Карбалони кўр, дашти Найнавода Хешу таборинг кетди минг турли ёққа, миллат! Собир! Имомга пайров бўлмоқ керак ва илло, Мен мусулмон демоқ-ла, етмас субутга даво, Боқ, кўр шавқ ила бош берди азизи Заҳро, Ўлса, не бўлур йўлда гар иштиёқи миллат!.. Бўлсайди сафо зумраи ирфон орасинда, Қолсайди вафодан асар аъён орасинда, Турсайди садоқат бой ила хон орасинда, Қолмасди азоб заррача инсон орасинди! Бирликка қувват эрур биз учун Қуръон, Амр айлар экан бирликка Пайғамбари шон, Топмайсан нега иккита пок дўстни мусулмон Кавказда бўлган бир неча милён орасинда?! Маъносига кирмас ажабо Қуръонни билганлар, Исломни бундоқ тафриқага хор қилганлар, Аё, ўқимаслар нечун динни бўлганлар, Фойда-зиён рамзини Қуръон орасинда! Ахир, бу не тафриқи тахаллуқдир, эй уммат?! Қўлдан кетмоқда, англамайсизми, бу миллат?! То кай бу мухолиф, бу тафарруқ, бу адоват Бир дин, бир ислому бир иймон орасинда?! Мусулмонларга вобастадир ғайрати ислом, Қилсин-да муслимлар бу кун хизмати ислом, Афсуски, беҳиммат ўлди миллати ислом Дунёда бўлган мухталиф адён орасинда! Бир йилдан буён зулмат-да талош мусулмон, Бойу бадавлатлар аро оч мусулмон, Аё, не раводир бундоқ муҳтож мусулмон Кўн ризқингга дерлар бой мусулмон орасинда?! Исломимизни этмайлик бундоқ бир иҳё?! Иймонимизни қилмайлик бундоқ бир риё?! Ислом бу эмасми, ки жигаргўшаи Заҳро Бош берди йўлида сассиз, ол қон ичинда! Биздай миллатга лозим эмасми бундоқ тарбият? Биздай умматга вожиб эмасми ғайрати миллат? Э воҳки, жаҳон ўқийди бизларга лаънат Миллиятга хизмат этган инсон орасинда!
2021-03-23
http://nodirabegim.uz/archives/3898
— Дарсдан сўнг қолавераман-у, лекин унинг ўрнига хивич билан савалаб, уйга эртароқ кетишимга ижозат берсангиз яхшироқ бўларди. Уйга икки соат кеч борсам ҳам барибир отамдан калтак ейман, — дедим ўқитувчимиз профессор Гербертга. — Савалашгаку энди катталик қиласан, бироқ барибир ўша олчага тирмашиб чиққанинг учун мендан жазо оласан. Бунинг яхши иш эмаслигини билиб туриб қилгансизлар. Қолган бешалови бир доллардан бериб қутулди. Фақат сен қолдинг дарахтга пул тўламаган. Бировдан қарз олиб турсанг бўлмайдими? — Йўқ, ололмайман. Жазо олишдан бошқа иложим йўқ. Нима бўлса ҳам ишқилиб тезроқ тугайдиган жазо бўлсин-да. Профессор Герберт ўрнидан турди ва менга тик қаради. У оқ оралаган сочига монанд кулранг костюм кийиб олган басавлат киши эди. — Сиз отамни билмайсиз. Бироз эскичароқ қарашларра эга одам, у бизни то йигирма бир ёшимизгача тарбия бераркан, ўзи айтди. Унинг таъкидлашича, «Агар қамчи бўш қолса бола талтайиб кетади». Отамга олча дарахти воқеасини ҳеч қачон тушунтириб беролмайман. Оиламизда ўрта мактабга қатнаётган биринчи фарзандман. — Сен жазо олишинг шарт, — деди профессор Герберт. —Бугун ва эртага дарсдан кейин икки соат қоласан ва ҳар бир соат учун йигирма беш центдан кечаман. Бу ўрта мактаб талабаси учун анча яхши пул. Мактабнинг полини ювиб, синф тахталарини, деразаларини чиннидай тозалайсан. Қарзингни ўзим тўлаб юбораман. Профессор Гербертдан ҳеч қачон қарз сўрай олмасдим у ҳам шу пайтгача бирон маротаба қарз бериб туришни таклиф этмаганди. Ноилож мактабда қолиб фаррошга ёрдамлашиш орқали соатига йигирма беш центдан жарима пулини ишлаб топишга мажбур бўлдим. Полни юваётиб миямда қуйидаги ўйлар туғён ураверди: «Отам индамасмикан? Уйга қайтганимда қанақа ёлғон тўқийман? Негаям ўша лаънати олча дарахтига тирмашиб чиқиб синдириб қўйдик-а? Нимага тоғда гуруҳимиздан ажралиб жиннилик қилдик-а? Нега бундай бўлди? Биттагина митти калтакесак ортидан нозик дарахтга олти бола бўлиб чиқдик-а! Нима учун дарахт синиб биз билан ерга қулади? Ахир, бақувват дарахт эдику! Дарахтни эгаси Иф Крабтри келиб-келиб ўша пайти ер чопадими? Битта дарахтга нақ олти доллар тўлатадиган қанақа одам у ўзи?» Мактабдан чиққанимда аллақачон соат олти бўлган эди. Уйгача ҳали олти милья бор. Соат еттидан ўтганда уйга етсам керак. Уйда отам иккимизга анча-мунча иш қалашиб ётибди: еттита сигирни соғиш, ўн тўққиз бош қорамол, тўртта ҳачир, йигирма беш чўчқага ем бериш, ўчоққа ўтин чопиб, қудуқдан сув ташиш керак. Уйга кириб борганимда келавермаганимдан жаҳли чиққан отам бу ишларни ўзи қилаётган бўлади. Тунд, қип-яланғоч дарахтлар остидан жадал уйга чопдим, тепаликлардан югуриб тушдим. Ер ҳам муз қотган, лекин шошилишим, югуришим шарт. Пичанзоримизга элтувчи қирдан ҳам чопиб ўтиб кетдим. Шамол таъсирида тер босган юзим қуруқшаб кетди. Пичанзорни кесиб ўтиб уйга кирдим, китобларимни ирғитиб, қорамолларга ем бериш учун тўғри сомонхонага чопдим. Тоза мактаб кийимимни эски уй кийимимга алмаштиришга ҳам вақтимни қизғондим. Омбордан чиқиб қарасам отам аллақачон чорвага ем бераётган экан. Бу иш шу кунгача менинг зиммамда эди. Панжарадан ошиб тушиб «Ота, менга беринг, ўзим қиламан. Сал кечикиб қолдим, кечиринг», дедим. Отам ўгирилиб менга қаради ва «Кўриб турибман» деди, унинг кўзларида ғазаб оловланганди. — Нимага бунча қолиб кетдинг? Вақтида келиб ёрдамлашсанг бўлмайдими? Ўзи биттанг мактабга қатнайсан, у ҳам бўлса бу аҳвол! Индамай туравердим, кеч қолишим сабабини айтгим келмади. Отам ем беришдан тўхтаб нигоҳини менга тикди: — Нега шу пайтгача қолиб кетдинг деяпман! Айтасанми ёки щу ерни ўзида қамчимнинг мазасини тотиб кўрасанми? Ахийри «Дарсдан кейин олиб қолишди» дедим, отамга ёлғон гапиролмадим, чунки мактабга бориб ҳақиқатни барибир билиб олади. Алдаганимни билиб қолса ўзимга жуда ёмон бўлади. — Хўш, нега олиб қолишди мактабингда? — сўради отам. — Бугун биология дарсида табиат бағрига экскурсия уюштиргандик. Мен ва на бешта бола олча дарахтига тирмашиб чиқиб уни синдириб қўйдик. Дарахт учун товон тўлаб ҳар биримиз бир доллардан беришимиз керак экан. Ёнимда пулим йўқлиги туфайли профессор Герберт уни ишлаб топишимни таклиф қилди. Тушдан кейин қолсам соатига йигирма беш центдан беришини айтди, шунинг учун қолдим. Эртага ҳам қолишим зарур. — Сен рост гапиряпсанми? — сўради отам. — Гапларимнинг ҳаммаси рост. Ишонмасангиз бориб унинг ўзидан сўранг. — Эртага тонгда бораман ҳам! Кимнинг дарахтини синдириб қўйдинглар? — Иф Крабтириникини. — Ия, унинг боғида бало бормиди сенларга? Ахир у мактабларингдан тўрт милья нарида яшайдику. Ўқитувчиларинг ташқарига олиб чиқиб, тоғда изғитгунча мактабда тинчгина китоб ўқитса бўлмайдими сенларга? Агар ўқиш шунақа аҳволда бўлса энди мактабга бормайсан, Дейв. Ўзим сенга иш топиб бераман. — Отажон, ҳадемай баҳор келади. Ҳозир мактабда ҳашаротлар, илонлар. гуллар, калтакесаклар, қурбақа ва ўсимликларни ўрганувчи биология деган фан ўтяпмиз. Бугун ҳаво яхши бўлганлиги учун уларни ўзимиз топиб тузилишини, яшаш муҳитини ўрганмоқчи бўлдик. Тасодифан олча дарахтида калтакесакни кўриб қолиб, барчамиз уни тутиш учун дарахтга чиқдик ва у олтита болани кўтаролмай синиб кетди. Иф пастда ер ҳайдаётган экан, югуриб келиб кимлигимизни сўраб билиб олди. Бошқа болалар чекига тушган пулни беришди, меникини эса профессор Герберт тўлайдиган бўлди. Мактабда ишлаб шу пулни қайтаришим керакку энди. — Камбағалнинг боласи деб ўйлаб ўзича меҳрибонлик кўрсатмоқчи бўлган-да…Тонгда бориб ўзим унга кўрсатиб қўяман. У бу ерлик эмасга ўхшайди. Китоб ўқитмай тоғма-тоғ изғитиб юрадиган қандай мактаб бўлди у? Мен ўқиган пайт унақа эмасди-да, ўғлим! — Ота, бормай қўя қолинг, менга эллик цент беринг, жаримамнинг қолганини тўлайман. У ерга бориб профессор билан бир бало бошлашингизни истамайман! — Кекса отангдан уяляпсанми, Дейв? Сени катта қилиш учун тинмай ишладим, мендан яхшироқ яшасин деб мактабга бердим. Би ишни ўзим тўғрилайман ҳали. Ўша ўқитувчингнинг бошқаларни уйларига жўнатиб сени пулинг йўқлиги учун олиб қолишга умуман ҳаққи йўқ! Мен бой эмасман ва бундан уялмайман. Милтиғимдаги ўқ билан бой ва камбағални ажратиш қайдан бўлишини кўрсатиб қўяман ўша Гербертга. Қани бўл, насибангни бериб қолмасимдан бурун қимирла тез-тез! Бир лаҳза ем сақланадиган омборхона узра ястанган ўрмонлар бўйлаб чопиб уйни, ҳам мактабни ҳам ташлаб отам тута олмайдиган узоқ-узоқларга кетгим келди. Қочиш тўғри йўлми? Отам билан бирга мактабга боролмасдим, чунки унинг милтиғи бор, мабодо ўқитувчимни отиб қўйса-чи? Унинг қўлидан нималар келишини айтмай қўяқолай. Отамга тоғдаги мактаб унинг ёшлигидаги мактабдан тамомила ўзгариб кетганини, қурбақалар, қушлар, илонлар, калтакесаклар, гуллар ва ҳашаротларни ўрганишимизни ётиғи билан тушунтирсам ҳам у барибир тушунмасди. Уйдан қочиб кетсам ҳам парво қилмай, иложини қилиб ўқитувчимиз Герберт билан учрашади, менинг қочишимда мактабимни ва ўқитувчим Гербертни айблайди. Шу боис ҳам қочишимдан на йўқ, ундан кўра уйда қолиб чорвани тўйдираман ва эртага эрталаб отам билан мактабга бораман. Шу қарорга келгач, сиқимлаб ем олиб қорамоллар олдига ташладим… Совуқ март осмонида тўлин ой нур сочарди. Унинг нури остида ишимни тугатиб қўйдим. Профессор Герберт уйда бир дунё ишим борлигини қайданам билсин, агар билганида пулни ўзи тўлаб юбориб, мени мактабда ушлаб ўтирмаган бўлармиди. У тоғда яшаб кўрмаган, тоғ болалари мактабга бориш учун ишлашлари кераклигини билмайди. Лекин ҳозир унинг ўзи ҳам ўрта мактабда барчаси тоғдаги фермалардан қатнайдиган болаларга дарс беряптику. Ишларимни тугатиб уйга кириб совий бошлаган овқатимни еб олдим. Отам ва онам аллақачон овқатланишган экан, уларнинг нариги хонада мен ҳақимда гаплашаётганларини эшитиб қолдим. — Бугун ҳамма сутни ўзим соғдим, ўтинниям ўзим чопдим. Куни бўйи далада ишлаб чарчаб кетдим, ахир. Эртага ишга бормай ўша мактабга ўтаман. Балки анави ўқитувчидек ақлли эмасдирман, лекин унга яхшилаб сабоқ бериб келиш қўлимдан келади. — Қўйсангиз-чи, Люстер. Аралашиб яна бир муаммо орттириб юрманг тағин. Сизни қамаб қўйсалар нима қиласиз? Мактабда жанжал қилиб Дейвни синфдошлари олдида уятга қўймоқчимисиз? —Уятми, бошқами, мен унга битта ўқувчисини олиб қолиб, қолганларини қўйиб юбориш ноҳақлик эканлигини кўрсатиб қўяман. Ахир, ўғлимнинг улардан кам жойи йўқку. Ўша ўқитувчининг пешонасидан дарча очаман, ўзини уялтираман. Эртага бориб ҳаммасини тўғрилайман. Ҳашарот-у илонлар, калтакесак ва қурбақаларни қувиб олча боғларида изғиш, калтакесак кетидан чиқиб дарахтни синдириш ҳам дарс бўлдими? Овқатимни еб, секин юқорига чиқиб чироқни ёқдим. Ҳаммасини унутишга уриндим, геометрия ва биологиядан уйна берилган топшириқларни бажарган бўлдим. Лекин отамни ўйлаб барибир яхши ўқий олмадим. У тонгда мен билан боради. Ёнида тўппонча олиб боради. Ўқитувчимиз шундан кейин мен ҳақимда нима деб ўйларкан-а? Отам кетгач, балки унга вазиятни тушунтирарман. Отам уни отиб қўйса-чи? У билан кетгим келмаяпти. Эҳтимол, ертагача ҳовуридан тушиб қароридан қайтар. Отам тонгда соат тўртда уйғониб, ўчоққа ўт калади, уйни иситди, кейин онамни уйғотиб, нонушта тайёрлашни буюрди. Шундан сўнг иккаламиз нонуштагача чорвага ем бериб сутни соғиб келдик. Нонушта қилиб бўлгунимизча кун ёйилиб, усти оппоқ қиров билан қопланган эманларни ёритди. Тепаликлар ҳам оппоқ қировга бурканган, салқин шамол эсаётганди. Салдан кейин мусаффо осмон бағридан куёш чиқиб қировни, ер устидаги музларни бир зумда эритиб ташлайди, нури билан иситади. Ҳамма ёқ лой билан қопланиб тепаликдаги митти жилғалардан лойли сув оқа бошлайди. — Хўш, Дейв, мактабга отлан. Сен билан бориб ҳайвонлар ва ҳашаротларни ўрганишингиз-у дарахт синдиришларингни ўзим бир кўриб келай. Бунақа тарзда ўқиш ғирт жинниликдан бошқа нарса эмас. Демак, отам кечаги қарорини унутмабди. Энди мактабга бирга отланамиз. Лекин эрта кетаётганимиз бир жиҳатдан яхши, чунки отам ўқитувчимнинг пешонасига тўппончасини тираб қолса, ҳеч қайси синфдошим кўрмайди. Отам эгнига нимча, мовий кўйлак ва қўй терисидан тикилган пальтосини, оёғига каттакон этик ва бошига қора шляпасини қўндирди. Тўппонасини белига қистирди. Тепалик оша мактабга қараб кетдик. Мактабна анча барвақт келибмиз. Ўқитувчимиз Герберт ҳам яқинда келган экан. Зинадан кўтарилар эканман, миямда турфа ўйлар ғужғон ўйнарди: Эҳтимол, отам ўқитувчимизнинг яхши одам эканлигини билиб қолар. Ҳали бир-бирини танимайдиларку. Мен ҳам бошида ўзлари билан кўришиб гаплашмагунча анави Ламбертларни умуман ёқтирмасдимку. Улар билан мактабга бирга қатнаб гаплашиб кўргач, дўстлашиб қолдик. Ўзгалар билан яқиндан танишишда гап кўп. — Сиз ўғлимнинг ўқитувчиси бўласизми? — сўради отам ўқитувчимизнинг хонасига кирганимиздан сўнг. — Ҳа. Сиз Дейвнинг отаси бўлсангиз керак, — жавоб қайтарди ўқитувчимиз. — Шундай, — деди совуққина қилиб отам ва тўппончасини чиқариб ўриндиққа қўйди. Тўппончани кўриб профессор Гербертнинг чеккалари қора кўзойнаги остидаги кўз қорачиқлари кенгайиб захил юзига қизиллик югурди. Отам гапни айлантирмай мақсадга кўчиб қўяқолди: — Мактабларинг ҳақида бир-иккита нарсани аниқлаштириб олмоқчи эдим. Дейвни ўқитиб олим қилиш ниятим бор эди. Ўн битта фарзандим ичидан фақат у мактабга қатнаяпти. Кеча унинг уйга кеч келиши оқибатида ҳамма иш ўзимга қолди. Ўғлимнинг айтишича, ўқувчиларни ҳашарот ва ҳайвон овига олиб борибсиз ва булар беҳосдан олча дарахтини синдириб қўйишибди. Дарсдан сўнг олиб қолиб, синган дарахтнинг пулини чиқариб олибсиз. Тўғрими? — Ҳммм, шунақа шекилли, — ғўлдиради ўкитувчимиз. Унинг икки кўзи тўппончада эди. — Унда бу ер умуман мактаб деган номга лойиқ эмас экан! Бу ер қандалаю калтакесак ва илонлар мактаби экан. Бу жой ҳеч қанақасига мактаб эмас! — жазаваси тутди отамнинг. — Нима учун бу ерга тўппонча олиб келдингиз? — дабдурустдан сўради профессор. —Мана бу кичкина тешикни кўряпсизми? — отам мовий рангли қирқ тўртинчи калибрли милтиғини олиб, узунчоқ қувур учига қўлини нуқди. —Ўқ шу ердан чиқиб, бой-камбағалга ажратмай нишондаги одамни ўлдиради, агар у ўқитувчи бўлса ҳам. Бироқ, бу ерга келиб сизни кўргач, тўппончага ҳожат йўқлигини тушундим. Атиги бир неча сония ичида қўлим билан мажақлаб ташласам ҳам бўларкан. Қорачадан келган отам ўқитувчининг қаршисида анчайин гавдали ва улуғвор кўринарди. Отамнинг ҳайбатини олдин сезмаган эканман, унинг олдида мен учун доим басавлат кўринган ўқитувчимиз миқтигина бўлиб қолди. — Мен давлат томонидан белгиланган машғулотлар доирасида ўз вазифамни адо этдим, жаноб Секстон! — Машғулот? Қанақа машғулот? Қандалаларни ўрганиш машғулотми? Дарс вақтида ўқувчиларни қандайдир ўрмонга олиб борасиз, бу ёқда эса бечора кекса ота-оналар уларнинг ўқиши учун уйда қулдек ишлайди. Шунча ўғил-қизни бирга олиб юриш нотўғри эканлигини яхши биласизку! Мактабга ўқувчилар кела бошлашди. — Дейв, эшикни ёп. Ўқувчилар эшитиб қолишмасин, — буюрди ўқитувчим. Бориб эшикни ёпиб келдим. Аҳволим шамолда титраётган барг сингари эди. Отам ҳар дақиқада ўкитувчимга ташланиб қоладигандек эди, чунки унинг офтобда қорайган юзи жаҳлдан қизара бошлаганди. — Ўқувчиларга ҳеч қанақа ёмонлик қилганим йўқ. Уларнинг ҳар қадамини кузатиб юрдим. Улар билан бошқа ўқитувчи эмас, шахсан ўзим бордим. Хўш, ўғил ва қиз болаларни бирга олиб юрсам нима бўпти? — Бу ишингиз ва бир тўп ёшларни бутун туман бўйлаб олиб юришингиз, дарахтнинг синганию ўқувчини дарсдан сўнг мажбуран олиб қолишингиз менга ёқмади. — Жаноб Секстон, Дейвга бошқа қандай чора кўришим мумкин эди? Битта калтакесак изидан ҳаммасининг дарахтга тирмашишига бало бормиди? Биттаси чиқиб, олиб тушаверсин эди. Фермерга нақ олти доллар тўладик. Тўғри, сал қимматроқ, лекин барибир тўлашимиз керакку. Сизнинг ўғлингизга индамай, қолган бештасига тўлаттиришим керакмиди? Ўзи пулим йўқ деганидан сўнг ўша пулни ишлаб топишга рози бўлди. У мен учун эмас, мактаби учун ишлаяпти. — Унга қандай чора кўришингизни ўзингизга ҳавола, масалан, хивич билан саваласангиз ҳам бўларди. —Ўғлингиз энди савалаш учун катталик қилади, бўй-бастига бир қаранг, — деди ўқитувчимиз менга қўлини бигиз қилиб. —Мен учун Дейв ҳеч ҳам катта йигит эмас. Умуман, болалар йигирма бир ёшигача катта саналмайди. Биттасини мактабда ишлатиб, қолганига рухсат бериб юборганингиз адолатдан эмас. Ўрта мактабда қандалани ўрганишнинг нима кераги бор? Отамнинг тўппончани олиб ғилофига солиб қўйиши ўқитувчининг юзидаги қизилликни аритди. У сал ҳовуридан тушган отамга яна тушунтира кетди. Отамни мактабимизга илк маротаба келиши бўлганлиги учун уни бу ерда кўриш кулгули эди. — Биз фақат илон, итбалиқ, гул, капалак ва калтакесак тутмадик, жаноб Секстон, балки инкубаторга солиб протоза олиш учун қуруқ тимот ўтларидан ҳам териб келдик. — Унинг қанақа ўтлигини билмайману, аммо инкубатор товуқларни алдаб жўжа очтиришнинг янгича усули. Сиз айтган жўжа турини эса биринчи эшитишим. — Микроб нималигини биласиз, тўғрими, жаноб Секстон? — Менга Люстер деб мурожаат қилаверинг —Хўп, Люстер, микроблар ҳақида биласизми? — Албатта, лекин уларнинг мавжудлигига ишонмайман. Олтмиш беш ёшдаман ва шу пайтгача бирортасини кўзим билан кўриб, қулим билан тутмаганман. — Уларни оддий кўз билан кўришнинг иложи йўқ. Тўппончани ғилофига яхшилаб жойлаб қўйинг ва бугун мактабда мен билан озроқ қолинг. Сизга кўрсатадиган бир неча нарсаларим бор. Люстер, тишингиз юзасида микроблар бўлиши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? —Нима, тишимда микроблар борми? — ҳайратланди отам. — Ҳа, бор. Худди ўша микроб тирик чипор илонни ёриб кўрсак, ундан ҳам чиқади. — Гапингизни инкор қилмоқчи эмасман, лекин тишимда микроб борлигига ишонмайман. — Мен билан қолсангиз, сизга унинг исботини ва мактабимизни кўрсатаман. Сиз ўкиган даврлардан бери мактаб анча ўзгарди. Менимча, у пайтлар туманда ўрта мактаблар умуман бўлмаган. — Йўқ эди, борларида ҳам фақат ўқиш, ёзиш ва шифрлаш ўргатиларди. Биз ҳеч қанақа қандала, қурбақаларни ўрганмаганмиз, тиш ва чипор илондан микроб ҳам топмаганмиз. Дунё ўзгариб кетибди шекилли. — Ҳа, умид қиламанки, яхши томонга ўзгармоқда. Сизнинг ўғлингиз сингари болалар шундай ўзгаришларга ҳисса қўшишади. Ўғлингиз сизга ҳозир айтиб бермоқчи бўлган ҳамма маълумотларни яхши билади. Мен билан пича қолинг. — Албатта қоламан, тишимдаги микробни кўришни истайман. Отам доим «Кўриш – бу ишониш» деб айтарди, ҳозир ҳам шу шиорига содиқ колмоқчи эди. Отам ўқитувчимиз билан хонадан чиқди. Ишқилиб, ўқитувчимиз отамни тўппонча ўқталгани устидан бирон жойга арз қилмасайди. Отам доим жанжалли вазиятларда тўппончасини бирга олиб юради. Қўнғироқ чалинди ва дарсимиз бошланишига оз қолди. Синфдошларим отамга ажабсиниб қараб, бир-бирига имлаб, кўз уриштириб ўтишарди. Отам эса уларни жимгина эшик олдида кузатиб турарди. Ўқувчилар иккита узун саф ҳосил қилиб, синфга киришди. Қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам ораста кийинган эдилар. Отам қип-яланғоч эман остида қўй терисидан тикилган пальтоси ва катта оғир этикларида турарди. Кўйлаги ёқасидан мовий рангли иш кийими кўриниб турар, қора шляпаси остидан оқарган сочи чиқиб турар, юз териси дағал ва пишган пичан рангидек қорайиб кетган эди. Қўллари катта ва ёнидаги эман дарахти илдизидек йўғон эди. Биринчи соатдаги дарсга кирар чоғимда отам ва ўқитувчимизнинг мактабни айланиб юрганига кўзим тушди. Улар синфга кириб келишганида геометрия фанидан синф тахтасида ўз ечимларимизни тушунтириб бераётгандик. Улар жимгина кириб бироз ўтиришди. Фред Вутснинг Глен Армстронгга шивирлаб «Бу қария ким бўлди? Эй Худо, намунча қўпол кўринмаса бу нусҳа» деганини ва Гленнинг унга жавобан «Менимча, бу одам Дейвнинг отаси бўлса керак» деганларини эшитиб қолдим. Отамнинг мактабда нима иши борлигига қизиққан ўқувчилар ўгирилиб унга қарашди. Улар дарс тугамасданоқ чиқиб кетишди, кейин ўйин майдончасида кўрдим, ўқитувчим Герберт унга ниманидир тушунтираётганди. Отам юрганида пальтоси тагидан тўппончаси хиёл кўзга ташланарди. Туш пайти улар мактаб ошхонасидаги ўқитувчимиз доим ёлғиз ўзи ўтириб овқатланадиган кичик столда бирга тушлик қилишди. Отамнинг овқатни санчқи ўрнига пичоқда ейишини кўрган болалар бақрайиб қолишди. Унинг менинг отам эканлигини билишгач, менга ачиниш назари билан қарадилар, бироқ асло ачинищлари шарт эмасди. Отамнинг ўқитувчимизни отиш нияти йўқлигини билгач, ундан сираям уялмадим, қайтанга иккаласи дўстлашиб қолганликларидан севиндим. Отам худди мен Ламбертларни яхши билиб олганимдек мактабни айланиб, ўқиш тарзимизи билиб олди. Тушдан сўнг биология дарсига кирсак, отам ҳам шу ерда, микроскоп ёнидаги катта курсида ўтирган экан. Унинг борлигини сезмагандек дарсимизни бошлаб юбордик. Отам пичоғи билан ўзининг тиш эмалидан озгина қириб олиб ўқитувчимизга берди. Ўқитувчимиз уни микроскоп ойнасига қўйиб, штативни отамга тўғрилаб қўйди-да, «Мана, Люстер, қаранг! Бир кўзингизни ёруғликка тўғрилаб, иккинчисини бироз юминг» деди. Отам бошини эгиб ўқитувчимиз айтгандек қилиб қаради — Вой, ростдан ҳам уни кўряпман, Ким ўйлабди дейсиз тишда ҳам микроб борлигини? Ишқилиб, бу матоҳингиз хато кўрсатмаяптими? — Йўқ, асло. Бу чиндан ҳам микроб. Улар ҳамма ерда, ҳамма нарсада мавжуд, лекин оддий кўз билан илғашнинг иложи йўқ. Фақат микроскоп орқали кўриш мумкин. Танамизда миллионлаб микроблар мавжуд бўлиб, шулардан баъзилари зарарли ва баъзилари безарардир. Отам бошини хиёл эгиб яна микроскопга қаради. Биз ҳам дарсдан чалғиб уни томоша қилдик. Отам баланд стулга ўтириб олган, оёқлари узунлигидан тиззалари стол қиррасига тегиб турарди. Эгилганида устидани пальтоси сурилиб, тўппончасининг дастаси кўрингач, ўқитувчимиз тезда унинг пальтосини тўғирлаб қўйди. Отам нима бўлганини сезиб ўрнидан турди ва пальтосини пастга туширди. Унинг юзи сал-пал қизаринқираган эди. Мактабга қурол олиб келиш мумкин эмаслигини у яхши биларди. —Анави бурчакда кеча биз тутиб олган катта чипор илон ётибди, — деди профессор Герберт. — Истасангиз, уни хлороформ билан зарарсизлантириб, захарини ажратиб оламиз ва илоннинг танасида ҳам микроблар борлигини сизга кўрсатамиз. —Унақа қилишингиз шарт эмас, — деди отам. — Сизга ишонаман. Мени деб илонни ўлдирманг. Мен ҳеч қачон илонларни ўлдирмайман. Улар сичқонларни тутиб, фермада бизга катта ёрдам беришади. Мен қора илонларни яхши кўраман. Одамларнинг уларни ўлдиришларига чидаб туролмайман. Менинг ҳудудимдаги илонларни ўлдиришларига ҳеч ҳам йўл қўймайман. Ўқувчилар отамга қараб қолишди. Сўнгги гапидан кейин отамнинг чўнтагида қурол бўлишига қарамасдан илонлар ҳақида қайғуриши ўқувчиларга ижобий таъсир қилиб, уни ёқтира бошлашганди. Отам уйдаги хачирни, қорамолларни ҳеч қачон қамчи билан умаган. — Инсон ўзини ўзи ҳимоя қилиши мумкин. Аммо моллар ва хачирлар бунақа қила олмайди, — дерди отам. — Фақат юраксиз одамгина меҳнаткаш хачирни калтаклайди. Профессор Герберт отамни бутун лаборатория бўйлаб айлантириб чиқди, биз бажараётган турли хил тажрибалар билан таништирди, жиҳозларни кўрсатди. Бизнинг бошимизда туриб бироз суҳбатлашишди-да, кейин биргаликда хонадан чиқиб кетишди. Улар залга чиққандан кейин овозлари баландроқ кела бошлади. Биология дарсимиз тугагач, синфдан чиқдим. Бу сўнгги дарсимиз эди. Синган олча дарахтининг пулини тўлаш учун супурги билан икки соат мактабнинг атрофини супуришим керак эди. Отам бу жазодан қутқариб қолмасмикан деган илинжда уни қидира бошладим. У йўлакда турганча ўқувчиларнинг ташқарига чиқишини кузатарди. Отам худди ниш уриб келаётган барглар билан қопланган дарахтдаги ягона сарғайган баргга ўхшарди. Мен супургини олиб ишга киришдим. Профессор Герберт олдимга келиб «Бошқа сафар қолиб қилақол, майли. Ҳозир отанг билан уйингга кетавер. Ташқарида сени кутиб турибди» — деди. Шундан сўнг супургини жойига қўйиб, китобларимни олдим ва зинадан пастга тушдим. Отам мени кўриб «Сен ҳали икки соат мактабни супуриб чиқишинг керак эмасмиди?» деб ажабланди. Мен «Профессор Герберт бошқа сафар тозалашим мумкинлигини айтиб, сиз билан уйга кетишимга рухсат берди» деб жавоб бердим. — Йўқ. У нима иш буюрган бўлса бажар. Герберт яхши одам экан. Мактаб ҳам биз ўқиган даврдан бери анча ўзгариб кетибди. Мен ўлик баргман, Дейв. Мен замондан анча ортда қолиб кетган эканман. Агар у рухсат берса, мен ҳам қўлимга супурги оламан, иккаламиз бир соат ичида ҳамма ёқни ёғ тушса ялагудек қилиб супуриб қўямиз, шундай қилиб қарзингдан қутуламиз. Ундан сўраб кўрайчи, сенга ёрдамлашишимга рухсат берармикан». — Мен қарзни бекор қиламан, — деди профессор Герберт шу маҳал бизна яқинлашиб. — Шунчаки ўғлингиз ўз айбини тушунишини хоҳлагандим, Люстер. — Буни яхши тушунаман, — деди отам. — Тушунганим учун ҳам у дарахтни синдиргани учун тўлов қилиши керак. Мен эса унга бироз кўмаклашмоқчиман. —Бунинг ҳеч ҳам ҳожати йўқ. Ҳаммасини ўзим жой-жойига қўяман. —Йўқ, бунақаси кетмайди. Биз адолатли ва ҳалол одамлармиз. Бажарилмаган иш учун мукофот ололмаймиз. Профессор Герберт, сиз ҳозир янглишяпсиз, мен эса ҳақман. Шунинг учун менга қулоқ солинг. Бугун сиздан кўп нарсани ўргандим, ўғлим эса ўрганишда давом этиши керак. Мен оиламни боқиш учун тоғларда пода ҳайдаб юрганимда бутун дунё ўзгариб кетибди. Мен ҳалол одамман, бўйнимда қарз билан юришни асло истамайман. Мактабда яхши билим олмаган бўлсам ҳам яхши ва ёмонни ажрата оламан. Профессор Герберт хайрлашиб уйига кетди. Отам ва мен яна бир соат мактабда қолиб бинони супуриб чиқдик. Отамнинг супурги ушлаётганини кўриб кулгим қистади. У шу пайтгача бирон марта ҳам қўлига супурги олиб кўрмаганди. Уйни онам супурар, отам эса далада меҳнат қиларди. Отам бироз ишлаганидан кейин охири чидамай «Супура олмаяпман. Шунча супурсам ҳам изимда яна ахлат қоляптику! Лекин қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Бунақа иш мендайларга эмас шекилли. Супурги жуда енгил нарса бўларкан. Майли, Дейв, қийналиб бўлса ҳам супуриб сенга ёрдамлашаман. Биласанми, мен бу мактаб ҳақида янглиш фикрлаган эканман. — Профессор Герберт мактабга қурол олиб келиб, ҳамманинг кўз олдида намойиш қилганингиз учун шикоят қилиб, суддан ордер олиши, ҳатто сизни судсиз айбдор деб топишлари мумкин! — дедим хавотир билан. — Мен хато иш қилмадим, — бепарво гапирди отам. — Аксинча, тўғри иш қилдим. Профессор Гербертнинг судга мурожаат қилиш нияти йўқ. Унга ёқиб колдим, менга ҳам ўқитувчинг маъқул бўлди. Бу ёғини ўзимиз келишволдик. Сен бундан зиғирча ташвишланма. Биронта ҳам дарсингни қолдирмай ўқишга келасан энди. Тоғлар орасида юравериб шунча йиллардан бери оғир меҳнат қилиб келсам-да, жисмонан жуда кучли одам бўлсам-да, дунёдан ва ривожланишдан анча ортда қолган эканман, Дейв. Мен кичкина одамман. Сен яхши ўқиб, илм олсанг, қўлларинг меникидек қавармайди, қадоқ босмайди. Эгнинг ҳам бус-бутун бўлади, гард юқмайди. Қари ва исқирт отангдан минг марта тозароқ юрасан. Фақат, Дейв, қарзларингни вақтида тўлаш ва ҳалол яшаш кераклигини доимо эсингда тут. Ҳайвонларга озор берма, илонларни безовта қилма. Мен мактабда яхши ўқимаганман, лекин сенда ҳали имконият бор. Ишимизни тугатиб ташқарига чиққанимизда энди қоронғи туша бошлаган экан, то уйга етгунимизча осмонга ой ва юлдузлар чиқиб атроф зим-зиё бўлиб қолди. Ер ҳам яхлаб қолганди. Отам йўлда аста юриб келганлиги учун уни ташлаб кечагидек чопиб кета олмадим. Фермадаги қолиб кетган ишларимизни тугатгунимизча соат ўнга яқинлашди. Кечки овқат учун дастурхон атрофида йиғилганимизда отам онамга уни ҳам вақт топиб микробни кўрсатишга олиб боришини айтиб, мактабимиз ва ўқитувчимиз Герберт ҳақида, ўзи ўкиган даврдан бери мактабда юз берган ўзгаришлар гапириб берди. Онам ҳам умрида бирон марта микробларни кўрмаган экан.
2021-03-24
http://nodirabegim.uz/archives/3909
Бу ерга келганман Сукунат деб аталмиш Неъмат илинжида унинг ортидан. Таваллудим рўй берган очиғи Уфқ томонга буткул нигоҳ қаратиб Эркалашни бошлаб қуёш нурларини Саноқни ўргангач бармоқларим билан. Мен биламан Улкан коинот саҳросидаги Майда қум зарраси эканлигимни Бор гап менда мавжудлиги ҳам Ҳаёт сийратини кўриш хислати. Аммо эмасман сўқир Ўзгаларнинг юзини Инкор қиладиган даражадаги. Дастлабки фурсатда ҳаёт Одам Ато ва Момо Ҳавони Боғлаган муҳаббат риштасидан Четдаги инсон кўйига солади сени. Келганда-чи галдаги фурсат Ифори таралади Танангдан яп-янги ишқнинг Ва айланасан Одам Атога Излай бошлайсан Момо Ҳавони Ёки эҳтимол Момо ҳаво Югуради Одам ато кетидан Тутганича дарахтдан узилган олмани. Ва ниҳоят келади учинчи фурсат Учинчи фурсат… Атрофга чўкади тун қайтадан Жуфтинг сен томонга ётар чўзилиб Боиси сен бой берган бўласан Дарахтлар, отлар, тошлар, қушлар Хусусида орзу қилмоқ фурсатин қўлдан Боиси сен унутган бўласан Кўклам кунларининг бирида Айтмоқни унга кечир мени деб Бўлганинг учун севмоққа қурбсиз. Кунлар ўтар бир нави Кўз ўнгимда замин ларзага келади Билгум на ибтидони, на интиҳони Атрофдаги барча нарса Ёнади қобиғида қисирлаб. О, Фаришта тараддудланиб Йўл олдинг сен қай ер томон? Кўрмайсан наҳот Олисларда эканинг билгач Сени деб тўкмоғимни кўз ёш Муҳаббатга муҳтожлигим пайт? Барчанинг бисотидаги Энг муқаддас нарса сифатида Ҳар ердасан фақатгина сен Ва мен ҳам тиз чўкканимча Ўйга толаман хушфеъллик ила Ўзимни сўроқлаб рўёми у деб Ё қилгандимми йўл-йўлакай орзу. Кўкрагимни қоплагандек муз Шамолни ҳис қиламан Эсишини танам бўйлаб Ёдга солиб Тавротдаги тошқинни Ташқарида челаклаб қуяди ёмғир. Ҳой сулув қиз Айт-чи етиб борарми сенга Ишқингда тўкилган ёшларим сизиб? Бирга ўтказган лаҳзаларни қўмсаб Икки ёрти бир бўлганидек Тутиб турганимизда бир-биримизни Тушганида Ҳақнинг назари Булар барини ўтганча ҳатлаб Ярамайди бурчакда мулойим турмоқ. Онам сўз қотар: “Болам, нима сени қилар безовта Ким улкан ишқдан этди мосуво?” Шунда мен тин оламан бир оз Ва кўраман тараддуд Дафн қилмоқ учун Ҳеч ким инонмаган ёлғизликни Онт ичишни бошласак-чи севмоққа Ҳозир бўламан сурат кўтариб Етиб келаман Ифорингни эслатувчи гул билан Икки ёрти бир бўлганидек Бирга бўлган пайтларимизни қўмсаб.
2021-03-25
http://nodirabegim.uz/archives/3912
Бир неча кунлар аввал мен икки машҳур инсон ҳақида жуда ҳайратомуз латифа ўқиб қолдим ва қўрқувга туша бошладим. Бу латифаларнинг биринчиси таниқли генерал Драгомиров ҳақида бўлиб, шундай мазмунда эди: “Ҳаммамизга маълумки, таниқли ва жонкуяр генерал Драгомиров ўзининг топқирлиги, донолиги билан бошқа генераллардан ажралиб турарди. Бир сафар бир одам ундан: — Агар эрта ё индин турклар чегарани кесиб ўтгани, ёғий қўшинлари Киев яқинида эканидан хабар топсангиз нима қилган бўлардингиз? — дея сўрайди. Драгомиров бироз сукунатга чўмганидан кейин бармоғидаги катта олмоскўз узугини чиқаради ва дўстига узатади: — Мана шу узукни оёғингизнинг бирор бармоғига тақинг! — Ахир бунинг иложи йўқку, ўртоқ генерал… — дейди нима қиларини билмай қолган ҳалиги одам. — Ана, кўрдингизми, туркларнинг Россияга ҳужум қилолмаслигининг сабаби ҳам худди шундай. Ҳар кимнинг ўз ўрни бор, тўғрими? — дея жавоб қайтарди доно генерал. Бу жавоб турклар орасида уни ёқтирмас қатламнинг, душманларининг ортишига сабаб бўлади. Унинг душманларини исмма-исм санасак, кўзингиз чаноғидан чиқиб кетса ажабмас.” Иккинчи латифа эса бундай мазмунда: “Марҳум шоир Минаев ўзининг ажойиб шеър ўқиш қобилияти, истеъдоди ҳамда ўзига тўқ яшаши билан бошқа шоирлардан ажралиб турарди. — Мана унинг бизга саҳоват ила қилган ишларидан бири, — деди бир одам таниқли темир йўл қурувчиси М.нинг дафн маросимида, — у ночор оилаларга ҳамиша ёрдам берган, бугунги маъраканинг ҳаражатларини ҳам шоир кўтарган. Яна бир сафар эса ҳазилни яхши кўрадиган ва замон билан ҳамнафас яшайдиган Достоевскийнинг дўсти актёр Б.га шундай шеър ёзган экан: Машҳур шоирнинг бу шеъри унга душманлик қилувчи мухлисларнинг ортишига сабаб бўлганди.” * * * Юқорида шу икки латифани қўрқув ичида ўқиганимни қайд этдим. Чиндан ҳам, бу латифаларнинг биронтаси ҳақиқатга яқинмаслиги, ёлғонлигини бир ўйлаб кўринг-а. Гапим тўғрими, тўғри албатта. Бундан манфаат нима: “таниқли марҳумлар” борасидаги ҳангомалар китобининг қўлма-қўл ўқилиши учунми? Мен бу маъно-матраси йўқ латифаларни ўқирканман, ўзимнинг, ўлимимдан кейинги тақдирим ҳақида лаҳзага бўлса-да ўй сурдим. Чунки, яқиндагина чоп қилинган газеталардан бирида илк марта, мен ҳеч ёқтирмайдиган бир сўзнинг исмимга қўшиб ёзилганини кўрдим: “Машҳур Аркадий…”. Жуда ғалати сўз ва жуда ёқимсиз ҳам. Одамнинг ғаши келади очиғини айтсам. Аммо, нима қилай, нима бўлганида ҳам мен “машҳурман”, бошқа манзилим йўқ. Мен аслида табиатан жуда камтарин, камсуқум одамман, бу ҳақида эса шу пайтгача бирон марта бош қотирмагандим. Бироқ, аниқ биламан, юқоридаги икки одамнинг салоҳияти ҳам, одамийлиги ҳам мендан кам эмасди. Бироқ, оламдан ўтишганидан сўнг бошига қандай қисмат тушди. Ҳаммаси аёнку сизларга, дўстларим. Шундан кейин бу сўзнинг одам елкасига ортадиган масъулияти ҳақида англаб етдим. Келинг, мен ҳақимда нима истасангиз ёзинг. Истаган пайтингиз нашр қилинг, қаршилигим йўқ. Йўқ, ундан аввал, яхшиси, ҳамма одамдай овқатланинг, сув ичинг, ухланг, йўлда сайр қилинг, кимнидир итариб юборинг, турли можароларга аралашинг. Сизнинг фикрингизча, йўлда кетаётганингизда шундай можаролардан бирига дуч келиб қолсангиз, албатта ҳал қила оласиз. Сизнингча, унда қатнашмоқ ва ожиз тарафни ҳимоя қилмоқ сизнинг вазифангиз. Сўнгра машҳурликка эришасиз. Эндичи? Энди эса “таниқли” бир одам сифатида тепадаги ишларни бир бажариб кўрингчи. Овқатланаётганингизда ҳамма оғзингизга қарайди, катта тишлаб егингиз келадию лекин тишлолмайсиз, кичик бир тишлам сизнинг насибангиз, чунки катта тишлаб есангиз ҳунук кўринади. Ҳаттоки суякларни буткул ютишга ҳам мажбур бўласиз ҳафталаб овқатланмаган кўча дайдиси каби, бўғилиб-бўғилиб бўлса-да бу ишни уддалайсиз, ҳар доимгидек тарёлка четига суяк қолдиқларини тупуриб юборолмайсиз. Чунки ёнингизда сизни мароқ билан кузатаётганлар дарров гап-сўз қилади: “Анави таниқли палончиев палончи (маданиятсиз) экан, (очкўз) экан”. Эндиликда кўчадаги бирор урушга аралашолмайсиз. Аралашдингизми, тамом. Номингиз одамлар хотирига муҳрланади: жанжалкаш, урушвоз… (Эҳтимол, машҳур палончиев палончи ўша пайт маст бўлгандир… Мана сизга маданиятли одамнинг иши… Ахир таниқлиларнинг бирортаси урушмаган, Добролюбов, Белинский ва Писаревлар жанжаллашишмаган”). Шунинг учун ҳам эҳтимол ҳозир аслида “калтакланиши” керак бўлган одамлар бежазо қолмоқда, ҳаёт қонунлари бузилиб, орамизда ярамас одамлар сафи урчиб бормоқда. Қисматимнинг энг катта фожеаси, бу — асфаласофинга жўнаганимдан кейинги ақл-идроким, топқирлигим ҳақидаги газеталар ёритадиган латифалардан бири, мана. Тасаввур қилинг, у таҳминан шундай бўлади: “Таниқли (бошқаларда қўлланилган экан, демак мен ҳам қўшсам бўлади) ёзувчи Аркадий Аверченко ўзининг донолиги ва таланти билан бошқа ёзувчилардан ажралиб турарди. Бир сафар бир таниши ундан: — Сизнингча, ким баланд — Шекспирми ёки Гёте? — дея сўрайди. — Менинг шахсий тикувчим Кубакин, — деб жавоб қайтаради зийрак ёзувчи. — Ия, нима учун? — сўрайди ҳалиги одам. — Чунки, — жилмаяди ёзувчи, — унинг бўйи уч метрдан ошиқ. Бу жавоби билан ёзувчи кўплаб адабиёт буюклари орасида ўзига душман топди.” * * * Табиийки, ҳеч биримиз бундай “латифа”лардан ҳоли эмасмиз, аммо уларни иложи борича камайтиришга уриндим ва мен ҳақимда келажакда ёзилиши керак бўлган барча латифаларни ўзим ёзишга қарор қилдим. Биринчи навбатда, шундан бошласам. Бу воқеа таҳминимча бир ойлар олдин содир бўлганди. “Марҳум ёзувчи Аверченко, кўпчилигимизга маълумки, бегона одамлар билан ҳазиллашишга мойил бўлган. Бу одат уни кўпчилик ёқтирмаслигига олиб келган. Биз қуйида айтмоқчи бўлган воқеанинг рост эканини адибнинг кўплаб дўстлари тасдиқлашлари мумкин. Кунларнинг бирида, қор кўчкилари поезднинг олдини тўсиб қўйганлиги сабабли кўплаб одамлар ва ёзувчи Аркадий кетаётган поезд ярим йўлда қолади. Ёзувчи тезроқ бу муаммони ҳал қилиш кераклигини, агар тезроқ бу ердан кетиш тараддудини кўришмаса яна бир кундан кейин оч қолишлари ҳақида шикоят қилади. Шу пайт айни хонада ўтирган одамлардан бири Аверченкони масҳара қилади: — Келинглар яхшиси, эртага ҳаммамиз қуръа ташлаймиз, ким ютқазса, ўша одамни еймиз… Сиз шу фикрга нима дейсиз Аркадий Тимофеевич, мабодо сиз ютқазсангизу, биз сизни еб қўйсак нима қиласиз? — Нимаям қилардим, майли дейман. Қолганларнику билмадим, лекин сизнинг менинг гўштимга тишингиз ўтмаса керагов… — жавоб қайтаради марҳум ёзувчи.” Айтмоқчи бўлганим шуки, бу вазиятда бошқача жавобимдан мен аҳмоққа ўхшаб кўриниб қолишим эҳтимоли катта эди. Балки, ўша пайтда бу жавобнинг остидаги гапни ҳеч ким тушунмагандир, аммо мана йиллар ўтиб, уни шарҳловчилар топилди. Азиз ўқувчим! Бу айни пайтгача бўлган мен ҳақимдаги ягона латифадир. Сизга ҳазил ёқадими ёки йўқ, билмайман. Бироқ бу латифа юз фоиз ҳақиқатлигига кафолат бераман. Ахир таниқли генерал Дагомиров ва машҳур шоир Минаев сингари донишманд одамларга қараганда сал эҳтиёткорроқ бўлмоқ фойдали деб ўйлайман.
2021-03-31
http://nodirabegim.uz/archives/3938
1. Қуёш ўз қўналғаси томон Кўринар йўл олгандек Аммо таассуфки У ўзининг кенг бошпанасидан Бир қўлини чиқаради Кейин бошқасини. Балки уни сенга кўзи тушгандир Ё рўй бергандир унда Оний лаҳзалик ишончсизлик. Лекин у қўзғалди ўрнидан Чопганча кетди тепага, ўнгга Қурби етган томонга қараб. Энди иккимизга қўшилиб У ҳосил қилади ишонч Чекинишига биздан интиҳо Бўлмаслигини ҳеч Бирор марта қуёш ботиши Олам яралганини Унинг ёрқин нур сочишидан Ва бинафша ранг билан Сўзлар бўяб- бежалмаслигин. 2. Менга сўзла ёлғон Оҳ, Омад сўзла менга Қачон бу фоний дунёни Комига тортади муваффақиятсизлик Ва қачон айланади ажал Барча учун очиқ бўлган Кечки зиёфат таклифномасига. Мумкин кимга суянмоқлигим Ё қўлини тутмоғим кимни? Соқоли каби оппоқ ридодаги Инсоннинг қўлидан тута олмайман Балки мужассамдир жавоб Қарталарда ундан зиёд. Тута олмайман Жиянининг қўлидан ҳам Уни қонга бўялган соқоли Гулчамбар ўрнига-чи Бўйнига осилган тикан. Балки юлдузларни сўроқлаб кўрарман Қалбим шарпасига айланишган Улар аллақачонлаб Илгарилаб кетишган Қисмларда мени ортда қолдириб. Эҳтимол бирор кун Улар менга айта олишар Келажакда ҳам мендан Илгарилаб кетиш асрорларини. Тута олганимда эди отам қўлидан… Аммо унинг олами эгри Худди менинг оламим янглиғ Ва уни ўзгартириш йўлида ожиз У ҳам мендек чора тополмай. Омад, қачонлардир Биз елимни излаб кўрамиз Дарз кетишин билсак-да уни эртага Ёрдамида бўлаклари билан Ямардик бир қанча назарияларни Айтгин Омад менга Бошимни баланд кўтарсам агар Асраб қола оламанми Кейинчалик ўзим пуфлаб ўчирадиган шамни Сени синдирсам-чи Азобингни эзсам оёқ остимда Бир куни меники бўладиган инсон Бўладими доим меники Айта оласанми шунинг сирини Эвазига келажакни қилиб башорат?! 3. Мен шунчаки ҳарфман алифбодаги Бир неча марта ёзиб кўрилган Аслида эса Истардим бўлмоқни мактуб Истардим йўналишга эга бўлмоқни Қулайроқ ҳамда фойдалироқ. Аммо бундай эмас Мен мактубман эълон қилинмаган Сукунатли ва ноқулай учта нуқта Ўртасига ихчам жойлашган. Балки айбимдир бу менинг Ўтказдим кўп вақтимни Юлдузларга термулиб Сарфланди кўплаб фурсатим Бўм-бўш саҳифалардан Излаш учун келаси замон феълини. Энди адашдим Ҳадисини олмадим ҳечам Бошқалар кетидан эргашмоқликни Буёғига алифбо ҳарфиман жажжи Мумкин бўлган ўчирилмоғи Резинали ўчирғич ё жилвир қоғозда. Мени ўзгартириш мумкин Мумкин нотўғри ёзмоқ Аммо тўлдиради алифбони Ҳатто ҳарфларнинг энг кичиги ҳам.
2021-05-04
http://nodirabegim.uz/archives/3947
Сиз, ўрилган сочлари чамбарак қилиб турмакланган, мағрур бошингизни ҳиёл эгганча, юзини бирор марта ҳам кўрмаган жаноб Кимга турмушга чиқдингиз. Бутун борлиқ кумуш ранг қор билан бурканган кунда сиз бу оилага ўғил-қиз набира совға қилдингиз. Шундан сўнггина оиланинг катталари сизни келин сифатида қабул қилиб, яхши муносабатда бўла бошлашди. Фарзандингизни қорни оғриб қолди. Сиз ҳарорати баланд болангизни орқангизга опичиб олдингизда, шаҳардан анча узоқда бўлган шифохонага тун бўлса-да, яёв йўлга чиқиб етиб бордингиз. Бу йилги қиш одатдагидан совуқроқ келди. Сиз фарзандларингиз мактабдан келадиган вақтига қишлоққа кириш жойида уларга қўшимча кийим олиб чиқиб ўтирардингиз. Кутиш чоғида кийимларни тафтингиз билан иситардингиз. Токи, болаларингиз муздай кийим кийиб совқотишмасин. Совуқ кунларнинг бирида самода паға-паға сузиб юрган булутлар худди бошингиз тепасида тургандек кўринарди. Кузнинг салқин кунларининг бирида ўғлингиз ортида келин кириб келди. Шу дам қалбингиз қуёшдек чарақлаб кетди. Фарзандингиз билан бирга-бирга қувондингиз. Хат ташувчи велосипедда келди-да фарзандларингиз сизнинг 60 ёшингиз муносабати билан жўнатишган пулни узатди. Сиз уни маъюслик ила қўлга олдингиз-да, дори-дармон сотиб олдингиз. Аммо бандлиги учун кела олмаган фарзандларингиздан дилингиз сиёҳ бўлди-да “келсанг бўларди, болам” дея қўнғироқ қилиш учун олган телефон гўшагини қайтариб жойига қўйдингиз. Фарзандларингиз ҳам ўз оилалари билан банд бўлиб ҳатто байрамларда ҳам сиздан хабар олишолмайди. Қишлоқ аёллари билан бирга манти тугиб ўтирар экансизлар, бутун ҳаётингиз кўз олдингиздан ўтар экан бари худди ёлғондек. Фарзандларингиз келишди, бандлиги учун эрталаб эрта туриб яна қайтиб кетишди. Шу куни тун сиз ўз хонангизда ёлғиз ўтирганча фарзандларингиз расмини бир-бир томоша қилдингиз. Фарзандларингиз оёққа турди. Сизнинг ўтган бутун ҳаётингиз уларнинг ҳатто тушига ҳам кирмайди. Аммо мен сизни юзингизга боқаман-да уларни безаб турган чуқур ажинлар, кумуш ранг сочлар мен учун бегонадек. Биз фарзандлар худди сиздек аёлни она деб атаймиз.
2021-12-03
http://nodirabegim.uz/archives/3840
Ўлганимга ҳали ҳеч қанча вақт бўлмаганди. Ўтган куни оқшомда жон таслим қилдим. Эҳтимол сиз учун ўтган кун «ўн йил аввал» деганидир, аммо мен учун эмас, мен учун эса ҳозир ҳам бу маъшум ҳолатга бор-йўғи бир икки соат бўлган холос. Фикримча, ўлимнинг маъниси замон ва маконга боғлиқ эмас. Чунки ўлим бу — ўлим, унга оид бошқа зиддият йўқ, у наинки «ҳеч нарса», нада «на эса» маънисига қарама-қарши, зид бўла олади. Ўликлар оламида борлик ва йўқлик каби тушунчаларга ўрин йўқ. Мен билан боғлиқ замонда дунёда бор бўлган ҳар бир нарса аслида борлигимнинг бир тур трансформасиясидир. Эту суягимни кемирган мозор қуртлари кўзларим ва оғзимнинг ўрнидаги бўшлиқларда уюлиб-уюлиб, ўлик ва чирик алфозда ётишибди. Бунгача эса улар ўзларининг ўзидан ҳам баттар наслларига вужудимни мерос қолдиришга улгуришгани ҳам бор гап албатта. Чириб-битишим натижасида бу очкўзлар қайта-қайта ҳамда то сўнгсизлик қадар бу иш билан машғул бўлишади. Бироқ ўлим — янгиланиш ҳодисаси эмас, мен тупроқ остида, яъни кўмилганим абадий манзилда яшайдирман. Ўлганимда ҳар доим ҳеч нарсани ҳис қилмасдим. Ғира-шира хотиралар бор эди фақат. Ўлимсиз бир ҳаёт бор, бу — ўлим. Айнан менга аталган кам сонли бу ҳаётлар гўёки руҳим билан бирга самоларга учган ва энг сўнгги кўз ёшим билан бирга ташқарига отилиб чиқарди мудом. Сизларга бир маслаҳат беришни жоиз топдим: ўлим оёқларингиз остида экан ҳаракат қилинг, йиғланг. Йўқ деганда бир томчигина ёш чиқсин кўзларингиздан. Ўша бир томчи кўзёш руҳингиз кечиб ўтувчи йўлни поклашга етади. Уринингки, руҳингиз жисмингиздан бемалол айрилсин, йўқса сиз бир инсон қисматига тушадиган энг аччиқ, энг чекиб бўлмас изтиробларга маҳкум бўласиз. Руҳнинг баданидан қўпишига имкон бермаган бир мурда билан танишлигимга кўп бўлмади ҳали. Айтишига қараганда, уни ўлмасидан аввал, тириклайин ерга кўмишган. У мозорда жонини топширган, ичини кўринмас нафрат, кин ва чорасизлик долғалари қалтиратган, қон чаноғига айланган кўзлари даҳшатдан тўлибди. Натижада қоп-қоронғу мозорда руҳи билан келишолмай қолибди. У сўзини шундай давом эттирди: — Шунда англадимки, жаҳаннамдаман. Ҳаётлик чоғимизда бизларга гапириб берилган абадий ва оловининг тили кўкларга ўрлаган ўчоққа ташланганимдан даҳшатга тушгандим. Вужудимнинг ҳар бир бўлаги қанчалик олишиб ёнаётганини ҳам фарқлай олмасдим. Суякларим ёниб кулга айланаётган бўлса-да изтиробларим ҳамон тугамасди. Бутунлай кулга айланган ҳолда жисмим ўз ҳаётини кечираётганди, гўё мен ўлмаганман. Ичимда қандайдир бир оғриқ мавжуд бўлиб, у сония сайин улғайиб борарди. Кўп вақтдан буён йўқликка қоришган вужуд қолипимдан ташқари чиқишга урунарди у. Ваниҳоят, мен муштоқ кутётган оромимга етишдим, бетоқатлик билан ҳар томонга интилдим. Аммо, одатда руҳ ё жаннатга, ёки дўзахга йўл олади. Баданнинг асири бўлган руҳ эса оташда ёнганича покланади. Кўзларимдан бир томчи ёш чиққунга қадар бу ҳол давом қилди. Лекин нега йиғлаганимни билмасдим. Эҳтимол оғриқдандир? Ахир ўша вақт ичида ҳеч қандай оғриқни ҳис қилмагандим-ку… Балки менинг жон учун курашим бу даражада ошкор кечмагандир?! Номимга лойиқ мақом фақат шу: ўз оромимга қовушдим. Менга бу пайтгача изтироб бахш этган руҳим, алалоқибат, жисмимни тарк қилолди. Оромимни топдим. Ҳа, топдим… У одам шулар ҳақида менга атрофлича гапириб берганди. Менинг сизга маслаҳатим шу, тингланг. Кетсангиз, орқангиздан дод-вой солиб йиғлашмасин, чунки бу кейинчалик ўликларнинг чекига тушади. Тирикларга бунинг фарқи йўқ-ку ахир, лекин… Ўликлар эса бунда абадий азобга дучор бўлишади. Ахир, ўлим деб аталган ҳаёт — абадий.
2021-03-14
http://nodirabegim.uz/archives/3847
Изн беринг, уйқу билан қоришиб кетай. Чунки, руҳим ишқ билан покланаётир. Изн беринг тин олмоғимга, чунки руҳим кечаю кундузлардан олиб бўлди насибасини. Шамларни ёқинг, бошимга тутантириқлар қўйинг, вужудимни гул ва ёсуманларга кўминг. Сочларимга ёғ суринг, оёқларимга ифор сепиб, ортидан ўқинг ўлимнинг манглайимга ёзганларини. Уйқунинг қўлларида ҳузур топмоғимга изн беринг, чунки очиқ қолган кўзларим ҳорғиндир ҳамон. Титроқ кумуш торнинг руҳимни тинчлантирмоғига йўл беринг. Чилтор ва уднинг долғалари сўлғин қалбим атрофини парда янглиғ чулғаб олсинлар. Кўзларимда умид шафағини томоша қилган кўйи ўтмиш қўшиғини куйланг, чунки бу қўшиқнинг маъноси иссиқ тўшакдаги ором кабидир. Дўстларим, кўзингиздан ёшларни артинг ва шафаққа салом берган гул навдаси янглиғ бошингизни хиёл эгинг. Мангулик ва ётоғимнинг орасида бир нур устуни мисол собит турган Ўлим келинчагига боқинг. Нафас олмоқдан тўхтанг ва мен билан унинг титроқ, оппоқ қанот қоқишларига қулоқ осинг. Яқинроқ кел, мен билан видолаш. Табассум безаган лабларингни кўзларимга бос. Қўйиб бер, болалар нимпушти, нозик бармоқлари билан қўлларимга тегинсинлар. Қўйиб бер, йиллар қадоқ қўлларини қўлларимнинг устига қўйиб, мен учун дуо қилсин. Қўйиб бер, навниҳол қизлар ёнимга келишсин, кўзларимда Тангрини кўриб, унинг нафасим-ла беллашган иродаи шуъласини ҳис қилишсин. Мен бир тоғ чўққисидан ўтдим ва руҳим кўк қуббаси узра муқаддас эрк томон юксалиб бормакда. Мен олисда, жуда олисдаман ва булутлар яшираётир кўзларимдан юксакликларни.. Водийлар сукунат баҳрида оқаётир ва афвнинг қўлларини йўлу уйлар томон оқизмоқдадир. Даралару ўнгурлар шам ёғдуси янглиғ зарҳал ва нимқоронғи бўлиб кўринган оппоқ шарпаларнинг ортида кўздан йўқоляпти. Тўлқинларнинг таронаси ва оқимларнинг оятлари сочилаётир, ортидан шовқин саслари жимликка айланмоқда. Ва, мен руҳ орзуси-ла ҳамоҳанг чексизлик мусиқасидан бошқасини эшитмаяпман. Оқлик босиб келяпти мени, роҳату фароғат ичида жим кетаётирман. Мени бу оқ тобутдан чиқар ва ёсуману чечаклар кўйлагини кийдиргил менга. Филсуяк рангидаги тобутдан вужудимни ол ва норинж гулли кўрпага ётқиз. Марсия эмас, ёшлик шавқию фараҳларга тўла бир қўшиқ куйла. Куйлагилки, кўзёш эмас, ҳавасу шароб мадҳ этилсин унда. Изтиробнинг оғриғини эмас, юзимга бармоқларинг билан ишқ ва завқнинг рамзини чиз. Дуолару йиғи билан ҳавонинг ҳафифлигини безовта қилма. Қўйиб бер, қалбингнинг мен билан мангу яшамоғи ҳақида алёрлар айтсин. Қора кийиб мотамимни тут, рангин кўйлаклар кийиб мени қутла, кетмоғимга чин кўнгилдан ризолик бер. Кўзларингни юм ва охиратга қадар ёнингда бўлишимни англаб ет. Япроқлардан чойшаб тикиб, эгнинга ташла ва асталик бирла унутилган ўрмон сари юр. Оромим суягу бош чаноқларнинг қисирлашидан бузилмоғин истамасанг гар, мени гавжум маконга кўмма. Мени сарвлар ўрмонига олиб боргил ва бинафшаю атиргуллар эмас, бошқа соялар остига ётқиз. Мозоримни чуқурроқ қаз, токи селлар устиҳонимни очиқ водийларга оқизиб кетмасин. Лутфимни кенг тутгил, токи зулматдаги ҳорғин кўлкалар ёнимга келсинлдар. Зоҳирий либосларимни еч ва Она Тупроқ теранликларига, онамнинг шундоқ кўксига жойлагил мени. Ишониб топшир… Устимга майин тупроқлардан торт, ҳар ҳовучда ёсуман, гулбарг ва олхўри гуллари бўлсин. Кун келиб, вужудим бир дарахтдек қад кўтарганда қалбим нафасининг ифори оламни тутгай. Ва, ҳатто қуёшга ҳам сиримни фош қил. Шамолларга елкан тут ва муаззам сафарга йўллан. Биродарлар, энди кетинг. Жимликни бузмасин қадамингиз садолари ҳам. Кетинг, кимсасиз водийда кезинган сукунат янглиғ. Мени Худо билан ҳоли қолдиринг, бодом ва олма гулларининг найсон шамолида титраб сочилганидек сиз ҳам аста-аста тарқалинг. Кулбангизнинг севинчига қайтганингиз дам ўлимнинг мен ва сиздан тортиб ололмаган ягона нарсани топгайсиз. Заминни қўйинг, зеро бунда кўрганларингиз дунёвий мантиқдан анча узоқдир. Мени шундоқ ташлаб кетинг. Худо ботинидан бир парча руҳ олди ва уни гўзалликка айлантирди. Бу гўзаллик устига ёғилган бутун фасоҳату эзгулик бирла уни поклади. Унга бир қадаҳ бахт бериб, шундай деди: Ўтмиш ва келажакни унутмоқ истамаслигингни англамагунингча бундан ичма, зотан ўшал ЛАҲЗА келмагунга қадар бахт деганинг бекордир. Сўнгра унга бир қадаҳ қайғу берди: Буни ич ва шундагина ҳаётнинг қисқа шодликлари ҳам борлигини англаб етгайсан. Зеро, қайғу ҳечликдан бинодир. Парвардигор унга илк нафасдаёқ хиёнат этгувчи дунёвий ишқ ҳузурини бахш этди ва унга яна илк исёндаёқ вайрону яксон бўлажак шуур тотини эҳсон айлади. Унга тўғри йўлни кўрсатмоқлик-чун қалбининг қаърига самовий илмдан бир қатра жойлаб, кўринмасни кўрган кўз билан ҳар нени севгию яхшиликка айлантиргувчи тилсимни яратди. Камалакнинг қанотлари остидаги жаннат малоиклари тўқиган кийимлар-ла уни музайян этди. Ҳаёт ва нур чақмоғи соя солган ғавғога остига яширди уни. Ортидан надомат тандиридаги оташ билан оловлантиргани ҳолда жаҳолат саҳросидаги қайноқ шамоллар-ла худбинликнинг қирғоғидаги тиғдор қум ва умрнинг оёқлари остидаги нам тупроқ билан бирлаштириб, Одамзотни бино қилди. Унга кўру кар куч берди, ғазаб билан уни телбалик чоҳларига итқитган ва фақат орзу ҳамда фараҳ бирла сўнажак ўлимнинг сояси бўлмиш ҳаётни тортиқ этди. Ва, Тангри ўшу кун ҳам кулди, ҳам йиғлади. Ўзи яратган инсонга бўлган меҳру шафқатини ҳис қилган кўйи уни ўз паноҳига ноил айлади.
2021-03-15
http://nodirabegim.uz/archives/3852
Биз қорда қолган дарахт танасига ўхшаймиз, асли. Кўринишидан улар бемалол ётишгандай ва силжитиш учун озгина суриш етарли. Йўқ, асли буни амалга оширмоқ имконсиз — улар ерга маҳкам ўрнашган. Аммо қаранг, бу ҳам фақат кўриниш, холос. Билмайман, ҳеч ким мени эшитмасада, бақирдим: Билмайман! Агар ҳеч ким келмаса, демакки, ҳеч ким келмайди. Ҳеч кимга ёмонлик қилмаганман, ҳеч ким менга ҳам ёмонлик қилмаган, аммо ёрдам ҳам бермаган. Ҳеч кимлар тўдаси. Йўқ, асли бари ҳам ҳақиқатмас. Ҳеч кимлар тўдаси афзалроғи, бироқ ёлғиз ҳеч ким менга ёрдам беради. Не сабабдан ҳеч кимлар тўдаси билан саёҳатга чиқишни хоҳламаслигим керак?! Тоғларга, албатта, яна қаерга ҳам бўларди. Қаранг, ҳеч кимлар тўдаси қандай бир-бирига туртилиб-суртилиб, чирмашган қўлларини биргаликда кўтарганча, қадамларини қанчалар яқин ташлаб кетишмоқда! Албатта, улар костюм-шимда. Биз жудаям хурсанд кетиб бораётирмиз, шамол эса ораларимиздаги бўшлиқлардан эсиб ўтмоқда. Биз тоғларда эркинмиз ва томоқларимизда недир тўлиб-тошиб, мавжланаётир. Дабдурустдан бақириб қўшиқ айтмаётганимиз эса ғалати. Кўпгина келишган қоматларга силлиқ ярашиб турган турли ҳашамдор бурмали либосларни кўрсам, улар бу силлиқликни узоқ сақлай олмаслиги, қачонлардир дазмоллаб бўлмайдиган даражада ғижимланиши, безаклари тозалаб бўлмас қалин чанг билан қопланиши мумкинлиги ва ҳеч қачон ҳеч ким ҳар куни эрталабдан кечгача айни мантияни кийиш билан бахтсиз ва аҳмоққа айланишни истамаслиги ҳақида ўйлайман. Ва ҳалигача анчагина барно, мушаклари мафтункору, суяклари ингичка, силлиқ баданию қалин нафис сочларини кўз-кўз қилаётган қизларнинг айни бир хил маскарад либосида ҳамиша бир хил юзларини бир хил кафтларида ушлаганча, воқеликнинг кўзгуда аксланишига изн бераётганининг гувоҳи бўламан. Фақат баъзан кечалари зиёфатдан уйга кеч қайтаримда, эскирган, солқиган, чанг босгану, аллақачон кўпчилик томонидан кўриб бўлинган ва деярли кийишга яроқсиздай кўринади кўзгуда улар. Бирор ким ҳануз ёлғизликда кун кўрса, кейинчалик кун тартибидаги, кайфиятидаги, иш аҳволию, шунга ўхшаш ҳолатлардаги ўзгаришлар сабабли ўзига ҳужум қилиш пайига туша бошлайди — кўча томонга қараган деразасиз айни ҳолатни бошқара олмай қолиши мумкин; тўсатдан шунчаки тута олиши мумкин бўлган қўл истаб қолади баъзан. Аммо-лекин, ҳеч нарсани истамаслик кайфиятида бўлсаю, дераза рафи ёнига чарчаганча, кўзларини оломондан Аршга, Аршдан оломонга тикканича, муфассал кузатишни хоҳламай, шунчаки бошини деразадан озгина чиқариб турса ҳам, пастдаги отлиқлар издиҳоми ўзининг сафию, шовқинига, охирида эса инсониятга уйғунлик томон тортқила бошлайди уни.
2021-03-17
http://nodirabegim.uz/archives/3860
Ҳар лаҳза излайман биламан аммо, Бағримга босолмам бир бора афсус. Сен чексиз самосан, сен мовий само, Мен бу қафас ичра маҳбусман, маҳбус. Бармоқларим Қаро совуқ ортидан Кўзларим тикилар Сенга бўлиб зор. Мен орзу қиламан қўл чўзсанг бирдан, Қанотларим қоқиб сенга учгум ёр . Бўм -бўш лаҳза ичра аҳволим абгор, Сассиз қафас ичра тушларга ғарқман, Зиндонбон кўзига кулиб нажоткор, Сенга қайтмоқ истаб сенга илҳақман. Умид қиламану биламан асло Қафасдан чиқмоққа қолмаган кучим. Мени бундан озод айларлар аммо, Нафасим етмайди учмоғим учун. Ҳар тонг юзим тўсган кафтим ортида Гўё болам турар жилмайиб кулиб. Севинч қўшиқларин бошлаганимда Юзларин ўпгулик келар тикилиб. Шоядки бир куни эй чексиз фалак, Учиб кетсам сассиз вайрон кулбадан. Қандай айтай ахир қон йиғлар гўдак, Мен бир асир қушман воз кеч деб мендан. Мен бир шамман, олов ичрадир жоним, Хароба заминни ёруғ этарман. Бир кун сендан тушкун нурсиз вайронам, Бу асир умримни фориғ этарман. *** Кет… кет унинг ёнига, Энди менга барибир, Сен қуёшсан, У — ердир. Мен эса осмон. Осмонлигим учун ҳам балки У туғилди Нозли юлдузларнинг елкаларида. Мени пардалар ортига чеккан сен, Нечун англамадинг сирларимни? Борлиғингдан воз кечдим чунки, Бир тан эмас эди орзуйим. Шошган бўлсам агар сен томон, Васлингамас ишққа ошиқдим. Ошиқ эдим билсанг шу ишққа Нурсиз кечаларнинг зимистонида, Сенинг хаёлингданда гўзал Ишқнинг хаёли. Шу он ўтиргансан унинг ёнида. СЕН ҳамда У ўртада ШАРОБ , УНГА қўшилмоқ ДАВЛАТИ , Кетди кечмиш, эскирди у афсона, Сенинг вужудингдан менга, Фақат боқий севгиси қолди. Кет унинг ёнига, энди кет. *** Мен сени деб ўлиб қолардим, Сенсaн билсанг бутун ҳаётим. Кенг кўчалар ичра иккимиз, Сен ўқирдинг ичкин фарёдим. Бир сен ўзинг мени англардинг. Яна қайтиб келганида тун, Яна қайтиб кетганида тун. Чинордаги телба қушлар-ла, Деразамга боққанча дилхун, Бир нур бўлиб чақирар эдинг. Ёришарди бутун кўчамиз, Кетиб бўлган жужуқлар олис, Аксаянинг гуллари ухлаб, Мен ойнада қолганда ёлғиз. Сен нур бўлиб кириб келардинг. Қўлларингни бағишлар эдинг, Кўзларингни бағишлар эдинг. Сен севгингни бағишлар эдинг, Бу қақраган умримга шундоқ, Ҳаётингни бағишлар эдинг. Гул чамбарлар ёпиб бош яланг, Титраётган бу сочларимга. Сен лолалар келтирар эдинг, Сен юзингни қўяр эдинг жим, Кўкракдаги оғриқларимга. Туғён уриб оққан қонимни, Қайғу билан оққан қонимни. Йиғлаб йиғлаб кўз юмган севгим, Кўз ёш бўлиб оққан қонимни. Сен тинглардинг, ох, сен тинглардинг, Мени эса асло кўрмасдинг… Қизил гул, қизил гул, қизил гул, У мени қизил гул боғига Олиб кетди ва изтиробли Сочларимни ароларига Бир қизил гул тақди қаро тун. Сўнгра қизил гул япроғида Бўсаларни тамини тотди. Қизил гул, қизил гул, қизил гул, Япроғида мен билан ётди, Ўтли, ўтли боқди қаро тун. Эй оёғи оппоқ каптарлар, Эй бевақт кесилган дарахтлар, Эй кўр деразалар юрагим, Энди остида тонг қадар Ишқ оташин ёқди қаро тун. Қизил гуллар сурон қилганда, Қизил гуллар қонли бир байроқ, Бир мен учун бош кўтарганда, Оғир оёқ эдим, оҳ, оғир оёқ, Гуллар охи оқди қаро тун. Қизил гул Қизил гул Қизил гул * * * Ҳар уруғ қуёшни севгани каби, Пайкаллар севгани каби шамолни, Қайиқлар тўлқинни севгани каби, Қушлар севганидай мовий самони, Севаман уни. Бу ишқ нима бирла абадий бўлар, Қандай ўпич билан, қандай лаб билан. Қайси бир замону, қайси бир тунда Йўқ бўлиб кетган у мендай қалб билан. Кунлар каби кечган мавсумлар каби, Уйлар томидаги қорлардай гўё, У ҳам охирда соялар ичра Тўзондай йўқликка кетганмикин ё. Эски сурат каби қайси бир қўлда, Уни кимдир йиртиб ғижимлаб ташлар. Қайси бир юракда қайси бир қалбда Ишқ абадий яшар… * * * Сокин жума, Тарк этиб кетилган, Эски кўчалар каби қайғули, Ҳасталик ичра тамбал, Судралиб юрувчи ҳийла-найранг жумаси. Кутишсиз, Таслим бўлмоқ жумаси. Бўм бўш уй, қийиналиблар кетган уй. Ёшликнинг оламча орзулари, хиссиётларига ёпилган. Қоронғу уй, қуёшнинг орзу қилган уйи. Ёлғизлик, фол, шубҳа, Парда, китоб, шкаф ва суратлар уйи. Ох, у қандай хотиржам, мағрур эди. Ғариб сув оқими каби Бу тарк этиб кетилган сассиз жумаларда, Бу бахтсиз уйларда, Менинг хаётим, Кечарди хотиржам, ғурурли, мағрур.
2021-03-19
http://nodirabegim.uz/archives/3863
Қадди букилганлар барчаси Бўшлиқ ва йўқликдан Мудом бохабар. Улар маълум оғирликка эга Дармонларини қуритувчи бот-бот Таналари бўйлаб осилган арвоҳларни Кетларидан эргаштириб юришар. Қадди букилганлар барчаси Омад кулганида ҳар гал Кашф қилишар ёриқни чунки Оёқлари остида ҳалокатни кўришар. Қадди букилганлар барчаси Тили бир қарич дўст-у ёронни Қадр-қимматга эга бўлмаган ишқни Битимдек тузилган оилаларни билишар. Қадди букилганлар барчасига Аёндир ботиш учун уфқи йўқ қуёш Кўкракдан отиладиган акс садо Денгиз сувининг кўтарилиб тушиши Ҳамда панадаги тутқич бермас жойлар. Қадди букилганлар барчаси Яёв юришади билмасдан Қадамлари остида қанчадан қанча Мавжудлигини эскириб сиртилган чоклар. Қадди букилганлар Ўйлашмас чокчини йўқлашни-да ҳеч Аксинча ўзларини сўкиб яшашар. Яширин оғриқ- Ҳиссиёт тўнғичидир Сукунатнинг меросхўри. Ёнимга қайтасан Бир меҳмон сифатида Ва таъкидлайсан мавжудлигингни Боқий, ҳавойи ва юқумли дея. Хаёлимда кўпиги Оёқларим четини ювган Назокатли, сохта афт-ангорда Цунамини башорат қилган Тўлқин мисоли келасан етиб. Танамдаги фарёдни Босиб кетар мустабид овозинг… Қаерларда эдинг? Қўйдингми ёстиққа бош Қадимга татигулик ёшим билан? Ё чорасизлик каравоти Рўпарасида турган ажалдек Кўринишни қилдингми орзу?! Сингиб кетдингми ё Яшириниб юзим қаватларига Пафоссиз маталлар орасидаги? Оғриқни қайтар Ҳой, эски тошойна Сен қутқазасан мени Камина яшаётган хомхаёллардан. Ҳадя қиламан Текин бошпана ҳатто Омонат туюласан фақат Бағримга сиғмай қолсанг бир куни. Тўшак остидаги шафтолилар (Улар туфайли ўрним ноқулай) Ўхшашади алмисоқдан қолган Оилавий фотосуратларга: Улар хазинадир жамланган Авлодлар ғамхўрлиги ва бўсаларидан. Шўнғийман ёстиқ тубига Вақт тиғизлашиб қайнаганида Буғланаман алаҳсираш шаклида кейин. Теграмда ҳайҳот Бирор бир булут йўқ Мотам тугагач пана қилгувчи. Йўқлигинг боис норози кайфият Хафсаламни пир қилганича Шоштиради мени алкоголь сари Айрилиқ, ностальгиядан оғу тайёрлаб. Уйқуга кетаман ёдингга чўмиб Тонг отгач эса сени Яксон қиламан залвори билан Ўзинг етим қолдирган орзуларимнинг.
2021-12-02
http://nodirabegim.uz/archives/3728
-Ассалому алайкум, -саломлашди ёш йигит дўконга кираркан. Бу янги дўкон ҳақда у газетада ўқиганди. -Саломат бўлинг, -жавоб қайтарди унга сотувчи аёл. -Айтолмайсизми, сизларда Романтика сотиладими? Менга таҳминан 2-3 кг романтика зарур бўлиб қолди. -Романтика? -ҳайрон бўлди сотувчи. -Бизда бунақа маҳсулот анчадан бери йўқ. Бу ҳақда газетада ўқидингизми? -Ҳа, -деди ёш йигит, -у ерда ёзилишича, дўконда Романтика бор экан. -Онлайн магазинда бўлиши мумкин, -ён берди сотувчи, -дўконимизда сиз айтган маҳсулотни сўрашмайди-да. Кимга Романтика керак бўлса, Интернетдан излайди. Ҳозир Интернетда ҳамма нарсани топса бўлади. -Нима, одамлар Романтикани изламай қўйишганми? -Билмадим. Қизлар сўрашга уялишади, йигитлар бўлса… -Қизиқ… -ўйланди ҳаридор. -Сиз хойнаҳой Ижтимоий фанлар талабаси бўлсангиз керак. Балки ёзувчи ёки шоирдирсиз? -сотувчи унга диққатлик билан тикилди. -Йўқ, мен оддий бир йигитман. Айтингчи, Романтиканинг ўрнига нимани тавсия этардингиз? -Хўш, хўш, кўрайликчи… -сотувчи пештахталарни бирма бир кўздан кечирди. -Масалан, Илҳом бор экан. Лекин у тезда учиб кетади, бир марталик восита. -Ундай бўлса йўқ демасдим, -рози бўлди йигит, -ҳозир сизларда қайси маҳсулотлар ҳаридоргир ўзи? -Биздан тез-тез Ҳазил, Ғурур, Манманлик, Беодоблик, Киноя, Ишончни сўрашади… -Севгини-чи? -О, Севги доим машҳур маҳсулот бўлган, унга талаб кучли. Топиш ҳам мушкул уни. -Хўш, ўзи қанча тураркан? -Жудаям қиммат. Севги илоҳий туйғу, шунинг учун граммлаб сотилади. Аслида у одамлар туғилганидан бошлаб қалбда улғаяди. Аммо кўпчилик уни сезмай, ташқаридан излайди. Севгини пайқаганлар эса уни гуллаб яшнатиб бошқаларга ҳам текинга улашади. Масалан, сизга кимдир Севги берганми? -Сотувчи ўз ёшлигини эслаб йигитга иштиёқлик билан қаради. -Севги олиш нақадар бахт! Ўзингни ҳамма нарсага қодирдек сезасан. Севги сенга бошқа ҳамма туйғуларни бахш этади. -Балки ҳали ёшлигим учун ҳеч ким менга Севги бермагандир. Тўғриси, ўзим ҳам бировга бермаганман. Сизнинг гапларингиздан сўнг Севги қалбимда бўлиши мумкинлигини ўйлаб қолдим. -Ҳали ҳаммаси олдинда. Муҳими, севгини беҳуда сарф қилманг. -Хуллас, Севгини кўпчилик сотиб оладими? -сўрашда давом этди йигит. -Ҳа. Баъзилар ўзидаги Севгини катта нархларда сотиб юборади. Севги текинга берилмай, сотилганда салбий туйғуларни бошлаб келади. -Масалан, қанақа туйғуларни? -Энг ёмон туйғуларни: Нафрат, Рашк, Жирканиш, Бевафолик. Бу каби туйғулар аслида бир ўзи сотилмайди. Лекин Севгига қўшимча тарзда берилиши мумкин. Кўпчилик йигитлар Севги билан Рашкни бирга сотиб олади. Натижада Рашк таъсирида Севги ўлади: улар рафиқаси ёки севгилисидан айрилишади. -Бу уларнинг айби эмас. Севги бор жойда Рашк ҳам бўлади-да. -Йўқ, йигитча. Энг муҳим гапни сизга айтай. Севгини сотиб олиш шарт эмас, уни ўзингиз яратишингиз мумкин. Севги табиат томонидан туҳфа этилади. Ҳамма одамда заррача бўлсада Севги бўлади. Уни парваришлаш, эътибор кўрсатиш, гуллатиш одамнинг ўзига боғлиқ. Лекин бунинг учун одамларга Сабр ва Ишонч етишмайди. Хўш, энди нимани сотиб олиш ҳақда бирор қарорга келдингизми? -Ҳа, албатта, -жилмайди йигит, -менга 2 кг Илҳом ва бир кг дан Сабр, Ишонч ва Умид берсангиз. Бу туйғулар Севги уруғини гуллаб-яшнашига имкон беради. Сизга катта раҳмат. Кўришгунча!
2021-02-17
http://nodirabegim.uz/archives/3743
Кўкдан кўз ёш каби илиқ бир ёмғир — Томчи томчилади қоши долимга. Унда, самовотда эзилиб, кимдир – Аччиқ йиғламоқда менинг ҳолимга… *** Далага интилар яна бу қушча, Қарамас у берган нону донингга, Мен сени олгандим тупроқдан, лойдан, — Қайтиб бор ўша лой ғамистонингга… *** Тузоқдаги қушдай — қалбимни Сенга тутдим, ёрим, қайғуга қорма: Ўғирлаб кетмасин бошқа йигитлар, Ўзим учиб кетмай — қўйиб юборма! *** Агар қай гўшада тўкилса кўз ёш, — Мен кириб бораман, гўёки бир туш! Мен — митти зарғалдоқ, овозим янгроқ, Мен – ёмғирда ивиб келган тоза қуш… *** Сизнинг уйингизда бари қулфланган, Фақат қалб очиқдир, тўғриси. Мен мол-мулкингизга тегмасман, Мен – очиқ шу қалбнинг ўғриси… *** Исёнчи эмасман — азиздир низом: Дўстим, мени босиб-янчиб — кетдинг йўлингда… Балким, сен ўзингни қўлга олдинг-у, Лекин чиқардинг-ку мени қўлингдан. *** Эҳ — дунёга келаётганлар — қўлингиз тугик, мушт: Гўёки келгансиз жангга, шум тақдир! Эҳ — дунёдан кетаётганлар — кафт очиқ, бўм-бўш: Олиб кетадиган ҳеч вақо йўқдир! *** Халқингдан уялма, Россия! Эссиз… Фаришталар асли — ялангоёқлар. Этикларни олиб кетгандир иблис. Энди қўрқинчлидир — этиги борлар! *** Шундоқ, мени ерга топшираркансиз, Шуни ёзинг қабрим тошига, — энди! «Қўшиқ-ла турарди, ётарди ёш-ла, Ўларкан — тугади, дея қувонди!» *** Сен менга бир ҳовуч ёқут тилардинг, — Менга бир барг азиз – қайдан билардинг, Сотиб ололмайсан олмосу пулга, Мени олмоқ мумкин… бир атиргулга. *** Сен мени саёқ деб атайсан, — ҳақсан, Фақат, — бир нарсани билиб қўй бироқ: Сендай бағритошга бағрим берганча, Ўчоқда косовни ўпсам, яхшироқ. *** Дераза ортида қадамлар. Билмайман, нечадир вақт бу чоқ. Асрангин, эй санам, азобдир – Тун бўйи – қадамни санамоқ! *** Остонам ортида қадамлар. Келмади, чиқарма унингни. Барибир келади ўша кун – Кутавер охирги кунингни…
2021-02-22
http://nodirabegim.uz/archives/3755
Унга юзланаман Нима наф деб истакдан ўзи Эга бўлмаса маъно-мазмунга сўзлар?! Биз аҳдлашган маҳал Ҳасратга шўнғиб, вазминлик билан Ўзаро қилинган муқаддас аҳдга Кўзга ташланмади ҳеч Садоқатдан унда асар ҳам. Сўраб-суриштирмади ҳеч Манбасин ҳақда На қайғум, на хўрлигимнинг Ғамхўрлик қилмади ҳеч Қалбим ҳақда ҳам Изтиробларга чора топганча Малҳам тутиб ундаги жароҳатларга. Вафода шунга қарамай Собит қолди юрагим ҳар гал Бор гап энди Унутмаслиги-да уни ҳеч қачон Қалбимдаги яра-чи Мени тинч қўймас… Шу ўринда ҳис қиламан Аҳду-паймондан сўнг Сўз устидан чиқмаслик худди Ўхшашини тиш олдиришга Ёхуд ташланмоққа тиғда чопилиб. Уни севаман Болалигимдан бери Энг чиройли нурлар Унда сочиб туради шуъла. Ақлдан оздирган пайти эҳтирос Қорачиғимда жимирлайди ёш Ва тасаввурим ишга тушади ногоҳ. У гўзалроқдир Жасмин гулидан ҳатто Ҳасрат боғини мудом Маст қилади ифори билан. У гавдаланар Тўлин ой мисол Ёпиб қўймоқ учун Кўзларимиз ўрганган ойни. Қайта тутқунликка Ҳозирлик кўрмоқда юрак Бунга не сабаб? -Билмайманда ўшани. Ёнимдан ўтиб кетса ҳам соя (Тасаввур қиламан) Саросима унга оралай бошлар… Сўйлай қол, қани Сўраб- суриштирмасдан Ҳаётимга қандай кирганинг ҳақда Тинглагин мени Жавоб беришга шайланмай туриб. Туймоқдасан-ку лаззат Сенга қарамлигим туфайли Ва чеклашингни қара сабримни Унинг паймонаси тўлган бир маҳал. Секинроқ… Юрак тобланиб улгурган Унда қолган на бирор бир асрор. Кириб келаркан бу ишқ Қутқазар шояд Шўрликни у чекловлардан.
2021-05-03
http://nodirabegim.uz/archives/3787
Бу воқеа — хаёлий кечмиш эмас. Булар бор-йўғи бир неча йил олдин содир бўлган воқейлик. Мен шунчаки баъзи сабабларга кўра, айрим исмларни ўзгартирдим, қолган ҳамма нарса соф ҳақиқат. У пайтлар Массачусетс штатидаги Кембрижда икки йилдан бери истиқомат қилардим. Ўша ерда бир меъморни — элликлар остонасини баъзур босиб ўтган келишган бир хонимни учратиб қолдим. Бўйи бироз калта, кулранг тусмол бу хоним, сузишни канда қилмасди — деярли ҳар куни бассейнда сузарди, кучли спортчиларга хос бир тарзда баъзан теннис ўйнарди. Унинг исми Кейси эди. У асли Бостоннинг чекка бир гўшасидан, турмушга чиқмаган, Лексингтон мулкида тузатиб бўлмайдиган хаёлпараст кўринишдаги Жереми исмли пианино созловчи билан яшайди. Жереми тахминан ўттиз беш ёшлар атрофида. Толёғочдек баланд бўйли, новча бир одам. Устига-устак кал. У нафақат асбобларни созлайди, балки уни муносиб ижро ҳам этади. Хуллас гапни индаллосига ўтсак, америкалик журналлар менинг бир неча ҳикояларимнинг таржималарини нашр этишгач, уларни ўқиган Кейси таҳририят кенгаши орқали менга қуйидаги мазмунда мактуб йўллади: «Мен Сизга ва сизнинг таржималарингизга жуда қизиқаман. Қандайдир бир тарзда учрашишимиз мумкинми?» Одатда мен одамлар билан бу тарзда учрашмайман, чунки бу учрашувлар ҳар доим ҳам яхши нарса келтирмаслигини ўз тажрибамдан биламан, аммо Кейси мисолида нега учрашмаслигим керак деб ўйладим. Унинг интеллектуал ёзув услуби ҳазил туйғуси билан қоришганди. Бунга хориждаги ҳаётнинг бепарволиги, уйларимизнинг эса яқинлиги илова қилинганди… Мени Кейсига шахсан жалб қилган асосий нарса эса унинг беқиёс жазз тўпламларига эгалик қилаётганлиги ҳақидаги хабари эди: «Ҳатто бутун Американи ялангоёқ бўлиб изласангиз ҳам бу каби тўлиқ шахсий коллекцияни тополмайсиз. Мен сизни жаноб Мураками катта жаззни яхши кўрадиган инсон деб эшитганман. Балки менинг танловим сизнинг қизиқишларингизга сабаб бўлар,» деб ёзганди у менга. Ҳа, айнан шундай деганди! Баҳаққи бу хатни мен кўздан кечирган ва ўша жазз коллекцияларини чидаб бўлмас даражада кўришни истаган эканман, қандай қилиб кўришмаслигим мумкин эди?! Дарвоқе, жазз ёзувларининг эски тўпламлари ҳақида гап кетганда, мен най садолари билан олиб кетилган кобра каби барча қаршиликларни йўқотаман. Қолаверса, Кейсининг мулки шундоқ Лексингтоннинг ўзида эди. Кембриждан машинада нари борса ўттиз дақиқалик йўл. Менинг талабимга мувофиқ у менга факс орқали батафсил йўл харитасини юборди. Шундай қилиб апрель ойининг иккинчи ярмида, мен яшил «Фольксваген»да ўтирдимда ўша уйга бордим. Мен уни дарҳол топдим — бу камида юз йил олдин қурилган маҳобатли уч қаватли уй бўлиб, ўзининг жойлашган ўрнига кўра, Бостоннинг чекка қисмидаги қиммат турар-жойларнинг муҳим манзаралари фонида ажралиб турарди. Кузатсангиз худдики бир суратдагидай иморат!Бир тарафи қалин чакалакмонанд боғ, у ерда аллақандай қушлар шохдан-шохга учиб юрибди. Мен етиб келганимда «BMW» маркасидаги янги микроавтобус шоссе ёқасида тўхтаб қолди. Машинани «BMW» ортидан бир чеккага тўхтатиб ундан тушганимда, балкондан мени кўрган Кейси бир неча бор қўл силкиб мен томон шошаркан: — Мен бундай ноқулайлик туғилишини хоҳламагандим, лекин шундай бўлди, — деб узрхоҳлик билан чиқиб келди. У қўл узатиб уни сиқгудек саломлашди. Бу қўл сиқиш синовига дош беришга тўғри келди албатта. Бошқа қўли билан у елкамга енгил уриб қўйди. Кейинчалик маълум бўлдики, бу унинг одати экан: — Бу ерда тўхтаганингиз учун ташаккур, Сизни кўрганимдан хурсандман, — деди у. Кейси калта италянча беқиёс оқ рангли ич кийим устидан бўртма тугмали кўйлак илган, юмшоқ пахтали шим ва оч жигарранг кашмири жимфер кийганди. У кичик Жорж Армани услубидаги кўзойнаклари билан жуда хушбичим кўринарди. Кейси мени уйга олиб кириб, меҳмонхонадаги диванга ўтирғизди ва эндигина дамланган кофе олиб келди. У яхши таълим-тарбия кўрганлиги шундоқ сезилиб турарди. Менга у дунё бўйлаб саёҳатга чиққан ёшлик йиллари ҳақида ажойиб гапларни гапириб берди. Биз қадрдон бўлиб қолдик ва ҳар доим имкон бўлганда бир марта бўлса ҳам уни ёнига боришдан шу-шу ўзимни тиёлмадим. Уни ажойиб жазз коллекциялари мени у томон тортарди. Ҳар гал уникига борганимда истаганча энг ноёб мусиқаларни тинглашим мумкин эди. Кейси кутубхонасидан ишхона сифатида фойдаланганини айтди. У ерда жойлашган катта компьютерда у меъморчилик чизмаларини чизган, аммо бу ҳақда менга айтишни истамади: — Шунчаки ҳеч нарса, — деди у жилмайиб, гўё баҳона қилгандай. У ерда айнан нима борлигини билмайман, бу ҳақда бошқа гаплашмадик, ҳатто кейинчалик ҳам уни иш устида ҳеч кўрмадим. Эсимда қолгани мен Кейсини доимо хушбичимгина бўлиб диванда ёнбошлаганча, олдида стаканда шароб қўйилгану китоб ўқиётган ҳолатда топар эдим одатда; баъзида эса Жеремини пианино чалишини тинглаётган ёки ит билан стул атрофида ўйнашиб ўтирган бўларди. Назаримда у ўзини жиддий кўрсатмоқчи эмас эди. Айтишларича унинг марҳум отаси бутун мамлакат бўйлаб яхшигина танилган психолог бўлган ва ҳаёти давомида бугунги кунда деярли классикага айланган беш-олтита китоб нашр эттирган муаллиф саналарди. У жаззни ашаддий мухлиси бўлиб «Prestige Records» компаниясининг продюсери ва асосчиси Боб Вайнстон билан яқин алоқаларга эга бўлган, фаҳмимча, Кейси ўз мактубида ёзганидек 40-60-йилларнинг жазз ёзувлари коллекцияларини ажабланарли даражада мукаммаллигининг бирдан-бир сабаби шу дўстона алоқалар билан узвий боғлиқ бўлган. Ҳар ҳолда коллекциядаги ёзувларнинг миқдор ва сифати шундан далолат берарди. Деярли ҳар бир тўплам жуда яхши сақланган бўлиб, пластинкаларда деярли чизиқлар йўқ, конвертларида эса, ҳатто букилиш излари кўринмасди. Булар пластинка эмас, билъакс ҳақиқий мўъжиза эди! Улар худдики болалар ўйинчоқлари каби эҳтиёткорлик билан сақланган, асраб-авайлаб ишлатилганди. Кейси болалигидан онасидан эрта етим қолган ва ёлғиз ўсганди. Унинг отаси турмуш қуришга журъат этмаган ва бундан ўн беш йил олдин, ошқозон ости бези саротонидан вафот этганида, Кейсига ушбу ёзувлар коллекцияси, уй ва бошқа мол-мулклар мерос бўлиб ўтганди. Кейси отасини жуда яхши кўрар ва ҳурмат қиларди, шу боис унинг коллекцияларини бус-бутун сақлаб қолганди. У жаззни завқ билан тинглар, бироқ отаси сингари ақлдан озадиган даражада эмас эди бу ҳол. У мумтоз мусиқани афзал кўрар ва Жереми билан биргаликда Бостон симфоник оркестрининг дирижёри Озава раҳбарлигидаги бирор концертни ўтказиб юбормасди. Учрашганимиздан тахминан олти ой ўтгач, Кейси мендан уйига келиб маълум муддат яшаб туришимни илтимос қилди. У камдан-кам ҳолларда бир ҳафтага иш билан Лондонга бориши мумкин эди. Бундай вақтларда одатда Жереми Кейси йўқлигида мулкни бошқарарди, аммо бу сафар Жереми имконсиз бўлиб, бундан бир неча кун олдин касал онасини кўриш учун Ғарбий Виржинияга жўнаб кетганди. Шунинг учун Кейси менга қўнғироқ қилганди:- Кечирасиз, менинг хаёлимга сиздан бошқа ҳеч ким келмади, — деди у. — Сиз уйда қилишингиз мумкин бўлган бирдан-бир нарса, итим Майлзни кунига икки маҳал овқатлантириш. Қолган вақтларда эса, сиз истаганча мусиқа тинглашингиз мумкин. Уйда спиртли ичимликлар ва озиқ-овқатлар етарли. Уялмасдан улардан фойдаланаверинг! Дарҳақиқат, бу ёмон таклиф эмас эди. Айниқса мен каби ёлғиз кишига ўша пайтлар уйим атрофида қурилаётган қандайдир бинонинг шовқини ҳаётимга аралашиб мени жуда беҳузур қилиб юрганда, бу айни муддао эди. Мен фақат уйда кийиш мумкин бўлган кийимлар, «MАС» ноутбуким ва яна бир неча китобларни олганча жума куни тушдан кейин Кейсининг уйига етиб бордим. У юкларини тайёрлаб таксига қўнғироқ қилаётган экан. Унга Лондонга мазмунли саёҳат қилишини тиладим. — Ҳа, албатта, — деди у жилмайиб. — Сиз ҳам менинг уйимда ўзингизни хотиржам сезиб, коллекцияларимдан завқланинг! Кейси кетди. Мен ошхонага ўтиб, қаҳва тайёрлаб ичдим. Компьютерни ишлашим мумкин бўлган хонадаги стол устида жойлаштирдимда, келгусида қиладиган режаларим билан бир соатга яқин андармон бўлдим. Кейсининг тортмали катта маҳобатли столи — ҳақиқий антиквар. Шунга қарамай агар бу хонада ниманидир эски деб ҳисоблаш мумкин бўлса, бу фақат менинг «Mac» ноутбуким эди. Ҳолбуки унинг хонасидаги барча буюмлар қадимий даврларни эслатадиган рутбага эгалиги шундоқ кўриниб турарди. Афтидан отаси вафотидан сўнг, Кейси бу хонадаги ҳеч нарсага тегмаган, гўёки бу мусиқага йўғрилган хона мўъбадларга тегишли каби ҳайбат ва виқор билан қўр тўкиб турарди. Бу ерда вақт оқими сой каби ўтаётганини уйнинг умумий манзарасида деворда осилиб турган соатга қараб илғаш мумкин. Атрофдаги ҳамма нарса ораста: жавонларда гарддек келадиган чанг юқи кўринмас, стол ва стуллар чиройли бир алфозда жилоланиб турарди. Майлз келиб оёғимга юкинди. Мен уни бошини силадим. Майлз шундоқ ҳам ғамгин ит. Шу сабаб уни узоқ вақт ёлғиз қолдириш мумкин эмас. У фақат ошхонадаги тўшак устида ухлайди, қолган вақтларда эса нуқул одам атрофида гиргиттон. Мусиқа хонасининг қарама-қарши тарафида яна бир хона жойлашган. У ерда катта ғиштли камин, шинам чарм диван, ҳар хил шаклдаги тўрт кресло ва учта кофе столлари ўрин олган. Бир пайтлар қимматбаҳо ҳисобланган аммо вақт ўтиши билан қайтарилмас рангсиз тусга кирган форс гиламчаси полда ёйилиб ётибди; унга шифтга осилган эски қандил жуда мос келади. Мен бу хонадаги диванга бир муддат чўкарканман, атроф-жавонибга назар ташлайман. Тош қотган соат вақт ҳисобини юритаётгандек, бир маромда чиққиллайди, гўё кимдир бетин стаканни чертиб тургандек бир таъассурот уйғонади одамда. Бадиий китоблар ва қайсидир соҳага иқтисослашган адабиётлар жавонларда тартиб билан териб қўйилган. Уч тарафдаги девор бўйлаб денгиз пейзажлари ҳамда ҳар хил катта-кичик мойбуёқ холстлар осиб ташланган. Суратлардаги таъассуротлар деярли бир хил — уларнинг ҳеч қайсида одам йўқ, бильакс, барча-барчасида фақатгина зерикарли денгиз қирғоқлари акс этганди.Магарки суратларга яқинроқ бориб қулоқ тутсангиз алланечук шамол овози ва қутирган тўлқинларнинг гувиллашини эшитасиз эҳтимол. Бу шедевр асарардан йироқ бўлган ёқимсиз картиналарда эскича Монэ руҳидаги совуққонлик янги инглиз замонавийлиги билан уйғунлашган бир тарзда намоён бўлади. Кенг мусиқа хонасининг деворларининг бурчагидаги жавонда алифбо тартибида ўрнатилган пластинкалар жойлаштирилганди, назаримда уларнинг умумий сонини Кейси ҳам билмаса керак?! У фақат тахмин қилиши мумкин: олти-етти мингта, ё шунга яқин деб, таъажжубки шунча матоҳ картон қутилардаги қадоқларида қачонлардан бери тегинилмаган ҳолда ётарди. Гарчи бу — мисоли Ашер уйи каби эски бир уй. Мен шу ерда осудалик ва бўшлиқ ҳукм сурган уйдаги стол атрофида ўтирарканман, худдики ўйинчи Ли Корнициннинг спорт кийимларини кийиб олгандек ва шу жараёнга сингиб кетгандек ҳис қилардим ўзимни. Мусиқа товушлари оҳисталик билан ҳамма-ҳамма нарсага сингарди: куй сеҳри хоналарнинг бурчакларига, деворларнинг майда ёриқларига, пардалар бурмаларига оқаётганида, Кейси оқшом учун менга қолдирган қизил «Монтеплучиано» шаробини очдим. Бир неча стакандан сўнг диванда чўккалаб қолдим ва шу куйи журналдаги янги ҳикояни ўқий бошладим, сўнг музлаткични очиб, пишлоқни тўртдан бирини печенье билан еб битирдим. Оқшом қўнганида нари-бериси бир соатча кўчадан ўтиб-қайтган машиналарнинг шовқини мени вақти-вақти билан беҳузур қилмаганини айтмаса ҳаммаси жойида эди. Уй томонга кираверишдаги йўл боши берк кўча бўлгани боис, маҳаллий аҳолининг тинчиши билан ўқтин-ўқтин безовта қилган шовурлар ниҳоят тинчиб, атрофга ўлик сукунат чўкди. Ҳар ҳолда суронли Кембриждан бу ерга кўчиб ўтган одам ўзини денгиз тубига чўккандек ҳис қиларкан. Соат ўн иккига етганда ухлашга қарор қилдим. Қўлимдаги журнални жавонга қўйиб, Майлзга хайрли тун тиладим. Ит ўзининг адёлдан қилинган тўшагига бориб ўтираркан, менга кўзларини мўлтиратиб пирпиратгандек туюлди. Мен чироқни ўчириб юқорига кўтарилдимда, меҳмонлар ётоқхонасига бордим. Пижамамни алмаштириб тўшакка ўрнашган ҳамоноқ ухлаб қолибман. Алламаҳалда димоғимга қовурилган сабзавот ҳиди урилиб уйғониб кетдим. Буфетнинг токчасида унутиб қолдирилган қовурилган сабзавот ҳиди бўлса керак деб ўйладим. Қаердалигимни бир муддат тушунмасдан ётарканман, ниҳоят Кейсининг уйида эканлигимни илғадим. Ҳа, мен Лексингтонда эдим. Мен ёстиқ ёнида қўядиган қўл соатимни пайпаслаб топиб ёруғлик тугмасини босдим. Соат чоракта кам икки эди. Кароват ёнидаги митти лампани секин ёқдим. Шунда нилуфар гул шаклидаги кесилган ойналар гумбази остидан сариқ нур таралиб турганини кўрдим. Юзимни кафтларим билан ишқалаб, чуқур нафас олганча атрофни диққат билан кўздан кечира бошладим. Сўнг деворларга кўз югуртирдим, гиламга ва шифтга қарадим. Ерга сочилган нўхотни йиғиб олишдек бир юмушни бажармоқчи бўлган кимсадек онгу-шуъуримни бир нуқтага жамлашга ҳаракат қилдим. Тез фурсатлар оралиғида мен қандайдир овозни пайқадим! Бу англам товуш — мени уйқумни буткул ўчириб юборди. Нариги хонада кимдир бор эди. Мен нафаасимни ичимга ютганча жимгина эшик томон юрдим. Шу лаҳзаларда ҳатто зерикарли юрак уришим менга аниқ-тиниқ эшитила бошлади. Бу уйда мендан ташқари яна аллакимлар бор деган андиша кўнглимга кирди туйқус. Уларнинг бир-иккита эмаслигига ҳам ишончим комил эди негадир. Мусиқа оҳангларига уйқош товушлар қулоғим остида эшитилаётганмиди-йўқми бир нарса дея олмайман. Мен ҳеч нарсани тушуна олмаётгандим, қўрқувданми билмадим қўлтиғим остидан совуқ тер қуюлганлигини ҳис қилдим. Мен ухлаётганимда бу ерда нималардир бўлганлиги аниқ эди?! Ақлга келган биринчи нарса — яхши режалаштирилган ҳазил бўлса керак деган фикр эди. Унга кўра, Кейси ўзини Лондонга кетаётгандек тутади, аслида ҳеч қаёққа кетмайди, буларни бари мени ҳайратга қолдириш учун ўйлаб топилган тунги зиёфат чамамда. Аммо кейин ўйладим, йўқ, Кейси бундай арзон ҳазил қиладиган инсон эмас. У жуда нозик ва енгил ҳазиллашиши мумкин. Мен деворга суяниб қоларканман, ўйлардим. Ё булар Кейсининг менга таниш бўлмаган ўртоқларининг ишимикан?! Улар Кейсини кетишини билар эди, лекин мени уйда эканлигимни хаёлларига ҳам келтиришмаган, шу боис улар шу вақт оралиғида бирор сабаб билан бу ерга келишга қарор қилишган. Ҳа, шундай, ҳар ҳолда булар ўғрилар эмас. Ўғрилар одатда уйга сездирмасдан киришади, қолаверса баланд овозда мусиқа тингламайдилар. Мен улар олдига чиқишга қарор қиларканман, аввало, пижамамни ечиб жинси шим, спорт пояфзали ва футболкамни устида свитерни кийдим. Ҳар эҳтимолга қарши қўлимда бирор оғирроқ нарса олмоқчи бўлдим. Аммо хонада муносиб ҳеч нарса кўринмади. На бейсбол таёғи, ҳатто покер ҳам йўқ эди. Хонада фақат тўшак ва шкаф, кичкина китоб жавони ва рамкали манзара деворга осилганди. Йўлакка чиққанимда товушлар янада аниқроқ эшилди. Пастдан зинапоя бўйлаб бамисоли буғ сингари кўтарилаётган қувноқ оҳанглар йўлак бўйлаб тараларди. Таниш қўшиқ — илгари эшитганман, лекин номини эслолмадим. Овозлар ҳам эшитилди. Худдики битта хумга солинган кўпчиликнинг овози, ҳаммаси аралашиб кетганидан нима ҳақида гаплашаётганларини аниқлаш қийин. Баъзан қаҳқаҳа отишарди. Мириқиб ярамасларча кулишарди. Афтидан пастда зиёфат кетаётганди. Жуда ҳам қизғин кетаяпганлиги ҳам бор гап. Чунки шампан стаканларининг жаранги ва шаробнинг нутфаси келаётганлиги шундан дарак берарди. Кимдир рақсга тушар, полдаги тахталар пояфзал ритмидан алламбало ғичирларди. Қоронғу йўлак бўйлаб жимгина юриб бориб, зинопоя ёнидаги рақс майдончаси томон ошиқдим ва панжара устидан осилиб пастга қарадим. Кириш залининг чўзинчоқ деразасидан тушаётган нур залнинг таъсирчан манзарасининг совуқ ва хира рангда ёритиб турарди. Ҳеч қандай инсон сояси кўринмасди. Чунки йўлакдан хонага олиб борадиган икала эшик ҳам маҳкам қилиб ёпилганди. Уларни ётишдан олдин очиб қўйганимни яхши эслайман. Бунга шубҳа йўқ. Ҳа, мен иккинчи қаватга кўтарилиб ухлаганимдан сўнг, уларни кимдир ёпган. Хўш нима қилсам экан?! Уларни олдига бормасдан иккинчи қаватдаги ётоқхонага қайтиш керакмикан?! Эшикни ичкаридан калит билан қулфлайман ва уйқуга шўнғийман… Соғлом ақл нуқтаи-назаридан бу тўғри режа эди. Бироқ зинапоя тепасида турарканман, эшиклар ортида кулги ва ёқимли мусиқа садолари янграётганини эшитардим, куй сув юзидаги тўлқин сингари гоҳ кўтарилар, гоҳ пасаярди. Уларнинг атмосферасини чамалаб булар шунчаки оддий одамлар деган тўхтамга келдим. Нафасимни ичга ютганча зинапоядан даҳлизга тушдим, кроссовкани полга жуда секин босганча олдинга юра бошладим. Йўлакка етиб борганимда чапга бурилдим ва ўзимни ошхонада кўрдим. Чироқни ёқиб ҳийла оғир гўшт пичоғини қўлимга олдим. Кейси Германияда ишлаб чиқарилган бу қимматбаҳо пичоқлардан овқат пиширгунча фойдаланарди. Зангламайдиган пўлатдан ясалган ҳамда жуда бежирим ва мафтункор ишланган бу пичоқ худдики учқун сочаётгандек ялтирарди. Бироқ мен шовқинли зиёфат бўлаётган жойга қўлимни пичоқ билан киришимни тасаввур қилиб кўрдим ва бу ҳолат жуда ахмоқона кўриниши мумкинлигини ўйладим. Бир стакан сув қуйиб ичарканман, пичоқни дарҳол жойига қўйдим. Қизиқ ит нима қилаяпти экан?! Итни ҳеч қаерда кўринмаётганлиги эътиборимни тортди. У одатдаги жойи — эски адёл устида йўқ эди. У қаёққа кетиши мумкин? Агар тунда кимдир уйга яширинча кирса у ҳуриши керакмасми ахир. Мен эгилиб итнинг мўйнали адёлини ушлаб кўрдим. Унда ит баданидан қолган ҳеч қандай илиқлик сезилмасди: Майлз тўшагидан туриб қаёққадир кетибди. Мен ошхонадан даҳлизга қайтиб кичкина суянчиқда омонат ўтирдим. Мусиқа тўхтамади. Одамларнинг суҳбатини тинглашга уриниб кўрдим. Уларнинг овози ҳам тўлқинлар сингари гоҳ баланд, гоҳ пасайиб келарди. Қизиқ у ерда қанча одам йиғилган экан? Тахминимча ўн беш киши, ҳа, ундан кам эмас. Балки йигирматадир. Агар шундай бўлса, у хона қанчалик кенг бўлса-да, уларга торлик қилиши керак. Бир муддат хонага кирсамми-йўқми деб ўйладим. Жуда қийин ва ҳатто ғалати танлов эди бу! Зеро мен бу уйга қараш учун қолганман ва унинг ҳолати учун жавобгарман. Бироқ ҳеч ким мени зиёфатга таклиф қилгани йўқ. Мен ўша хонадан оқиб чиқаётган шовқин шовурини илғаш учун бўшлиққа қулоқларимни тутиб бутун диққатимни жалб қилдим. Аммо бундан ҳеч қандай фойда бўлмади. Суҳбатлар ортиқ даражада кўп бўлганидан бирорта ҳам сўзни тушунолмадим. Бу иборалар, диалоглар эканлиги аниқ эди, аммо улар тушуниксиз товушларга айланиб, ўтиб бўлмас девор каби диққатим қаршисида турарди. Менга у ерда жой ҳам йўққа ўхшарди. Қўлимни чўнтагимга тиқиб йигирма беш сўмлик тангани чиқардим. Чин ҳақиқатни ҳис қилиш учун — ҳеч қандай ният қилмасдан уни қўлимда айлантириб кўрдим. Шунда миямга ғалати бир фикр келди: — Булар арвоҳлар! Ҳозирда мавжуд бўлмаган одамлар хонада тўпланишиб мусиқа тинглашмоқда ва атрофидагилар билан ҳазиллашишмоқда. Буни англаб етарканман қўлларим титраб, пешонамдан мунчоқдек совуқ тер қуйилди. Ҳамма нарса бошимда айқаш-уйқаш бўлиб кетгандек эди. Бошим айланди, қулоқларим шанғиллади, гўёки атроф-жавонибнинг фазаси алмашгандек эди. Мен тупугимни ютмоқчи бўлиб ютиндим, аммо томоғим қуруқ эди. Тангани чўнтагимга солдим ва яна атрофга қарадим. Юрагим суст ураётганди. Негадир бунга эътибор қилмаган эканман?! Ахир бундай ярим тунда ким зиёфат уюштиришни ўйлайди? Ахир шунча одам машиналарини уй атрофида тўхтатиб уйга кирганида мен ҳар қандай ҳолата ҳам уйғонган бўлардим. Ит ҳам аниқ вовулларди. Хуллас улар ҳеч қаёқдан келмаганлар. Мен-чи, ярим тунда нималар қилаяпман?! Итнинг бўйнидан ушлаб силаш, тўшагини иссиқми-йўқлигини билиш қанчалик зарур эди менга?! Аммо у йўқ. Худдики сеҳрлангандекман гўё. Мен бориб даҳлиздаги ўриндиққа ўтирдим. Албатта қўрқаётгандим. Аммо менда қўрқувдан ҳам каттароқ нарса бор эди. Ўлиб қолишим мумкин эди. Шу боис чуқур-чуқур нафас олиб ўпкамни тоза ҳаво билан тўлдирдим. Гўё кимдир мени онгим тубидаги қарталарни чийлаётгандек эди, лекин билланиҳоя вужудим одатий ҳаёт тарзига қайтганини ҳис қилдим. Шундан сўнг ўрнимдан турдим ва хонага қайтдимда, тўшакка шўнғидим. Узоқ вақт мобайнида суҳбатлар тинмади, мусиқа ҳам сустлашгани йўқ. То тонгга қадар бу воқейликни қабул қилишга мажбур бўлдим. Чироқни ўчирмасдан, ётоқхона столи суяниб, шифтга қараганча, чексиз туюлган зиёфатнинг акс-садоларини тинглаб ётдим. Аммо охир-оқибат ухлаб қолибман. Кўзларимни очганимда ташқарида ёмғир ёғаётганди. Сийрак ва ҳарир, ерни бироз намлантирадиган баҳор ёмғири! Пештоқ остида осилган соат жиринглади. Соат тўққизга яқинлашаётганди. Мен пижамада зинапоядан пастга тушдим. Кеча ётишдан олдин тарк этганимда очиқ қолдирилган даҳлиз ва хона ўртасидаги эшик ўшандай очиқ турарди. Хонада ҳеч қандай тартибсизликдан асар кўринмасди. Ҳатто кеча диванда тескари қўйган китобим ҳам ўша ҳолда турарди. Кофе столи устида печенье кукунлари бор эди. Ҳар қанча тахмин қилинган изларни изламай, бирор нарса топишим даргумонлиги ойдинлашди. Ошхонада Майлз тўпга ўралган каби қаттиқ ухлаб ётарди. Мен итни уйғотдим ва унга овқат бердим. У гўё ҳеч нарсани сезмаган, билмаган каби қулоғини силкитиб овқатни паққос туширарди. Кейси уйида ўша оқшом бўлиб ўтган зиёфат бошқа такрорланмади. Ўшандан бери бошқа биронта ҳам ғалати нарса юз бергани йўқ. Лексингтоннинг осуда кечаларини бир-бирини ўрнини тўлдирди. Аммо ўша уйда яшаганимда, негадир ҳар кеча уйғониб кетдим. Бу ҳар доим бир ва икки орасида рўй берди. Эҳтимол мен бировнинг уйида ёлғиз қолганим учун тинчлана олмагандирман. Ёки, ўша ғалати зиёфатни кутишга ўзим билмаган ҳолда яна умид қилганмиканман?! Ҳар кеча уйғонганимда нафасимни ичимга ютиб зулмат товушларини диққат билан тинглардим. Аммо ўшанда эшитган товушларимни бошқа эшитмаётгандим. Фақат вақти-вақти билан боғда шамол турганда, дарахтлар баргларининг шитирлашинигина эшитардим. Кейин сув ичиш учун ошхонага чиқардим. Майлз ошхона қаватидаги ўз ўрнида ухлаб ётган бўларди, лекин мени кўрган заҳоти қувончдан сакраганча, думини ликиллатар ва боши билан оёғимга суйкаланарди. Мен итни бошини силаб қўяр, сўнг хонага кирганча чироқни ёқардим ва атрофни диққат билан кузатардим. Бироқ бошқа ҳеч қандай аломат билан тўқнаш келмадим. Диван ва кофе столи одатдаги жойида доим бир хил ҳаракатсиз ҳолда турарди. Деворда ҳар доимгидек янги Англия пейзажлариниг совуқ нафаси ҳукм сурган картиналар осилиб турарди. Мен вақтни ўлдириш учун шу ердаги диванда ўн-ўн беш минут ўтирардим. Ўзимни тинчлантирадиган фикр топиш учун кўзларимни юмиб диққатимни бир жойга жамлашга ҳаракат қилардим. Атрофимни шаҳар зулматининг тубсиз осуда туни қараб оларди. Деразани очганимда гулзор ёнидаги гулларнинг ҳиди хонага кириб келар, шабада дарпардаларни енгил тебратар, аллақаёқлардан эса бойўғлининг сайрагани эшитиларди. Бир ҳафтадан сўнг Кейси Лондондан қайтиб келганида, мен биринчи кечада юз берган воқеалар ҳақида унга айтмасликка қарор қилдим. Нима учун — буни ўзим ҳам билмайман. Менга шунчаки бу ҳақда унга айтмаслик маъқулдек туюлди. — Хўш, мен йўқлигимда бирор нарса содир бўлмадими? — Кейси остонага кириши билан шу ҳақда сўради. — Йўқ, алоҳида ҳеч нарса юз бергани йўқ. Ҳаммаси жойида, тинч. Кунларни яхши ўтказдим. — Ҳа, яхши! Бу энг муҳими, — деди Кейси қувноқлик билан. Кейин у сумкасини очиб бир шиша қимматбаҳо шотланд вискисини менга совға қилди. Биз хайрлашдик. Мен «Фольксваген»га ўтирдимда Кембриждги квартирамга қайтдим. Шу билан кейинги олти ой ичида у билан бирор марта ҳам учрашмадик. Тўғри, Кейси баъзан қўнғироқ қилар ва шунда биз ора-чора телефонда суҳбатлашардик. Унинг айтишича, Жеремининг онаси вафот этибди, шу билан бу ғайриоддий пианино созловчи ўзининг Ғарбий Виржиниясида қоладиган бўлибди. Мен эса ўша вақтда катта роман устида иш бошлагандим, шунинг учун ҳеч қаёққа бормасдим ва ҳеч ким билан учрашмасдим. Ҳар куни ўн икки соат романга вақт ажратганим боис, уйдан бир километр узоқликка чиқмасликка қарор қилгандим. Кейсини охирги марта Чарлз дарёси ёнидаги кафеда кўргандим. Мен уни у ерда тасодифан учратиб қолдим ва биз бир чашкадан кофе ичдик. Нима учунлигини билмайман, лекин охирги марта учрашганимизда Кейсининг ёши ҳайратланарли даражада улғайганлигини сездим. Аввалига мен уни танимадим. Кейси камида ўн ёш катта кўринарди. Қулоқлари устига тушиб турган сочлари янада кўпроқ оқарган, кўзлари остидаги қовоқлари осилган, ажинлар тушгани ҳатто қўлларида сезиларди. У ҳеч қачон ташқи кўринишининг энг кичик тафсилотларигача эътибор қиладиган Кейсига ўхшамасди. Ким билсин балки у касал бўлиб қолгандир. Аммо Кейси бу ҳақда гапирмади, мен ҳам сўраб ўтирганим йўқ. — Жереми энди ҳеч қачон Лексингтонга қайтмайди, — деди Кейси бошини бироз силкитиб. — Баъзан у менга Ғарбий Виржиниядан қўнғироқ қилади. У онасининг ўлимидан кейин бошқача бўлиб қолган, мен у билан гаплашганимда буни ҳис қиламан. У энди аввалги Жереми эмас. Нуқул буржлар ҳақида гапиради. Қўнғироқ қилишим ҳамоноқ, у юлдуз туркумлари ҳақида шунчалик бефойда гапларни гапира бошлайдики, ҳайрон қоласиз: бугун улар қандай саф тортишган, бундай палла нима қилиш керак, нима қилиш керак эмас, хуллас шу руҳда гапиради. Бу ерда яшаганида ундан бу каби гапларни ҳеч эшитмагандим. — Бечора, — дедим мен унга ачиниб. — Онам вафот этганида мен ўн ёшда эдим, — деди Кейси секингина кофе идишига боққанча. — Менинг на ака-укам, на опа-сингилларим бўлмаган, шунинг учун онам вафот этгач, мен отам билан ёлғиз қолдим. Онамни йўқотганимда кузнинг бошлари эди. Отам ва мен унинг ўлимига умуман тайёр эмасдик. Ахир у ҳали жуда ёш ва гўзал аёл эди. У отамдан ўн ёш катта бўлсада, лекин биз уни ҳали ўлади деб хаёлимизга ҳам келтирмагандик. Хуллас бахтсиз кунларнинг бирида у тўсатдан бу дунёни тарк этди. Бамисоли тутун каби ғойиб бўлди у. Онам чиройли ва ақлли аёл эди, ҳамма уни ҳурмат қиларди. У ўзгача қадам босар ва жуда чиройли юрарди. Эсимда, у эгни-бошини тузатиб, иягини бироз олдинга суриб, қўлларини эса орқароққа тортиб жуда қувноқ услубда қадам ташларди. Йўлда қўшиқ айтарди. Мен онам билан юришдан завқланардим. Мен уни янги порт соҳиллари бўйлаб ёзги эрталабки қуёш нурлари остида йўл ёқалаб юрган портретини эслайман. Шамол унинг узун пахтали либоси бўлган ёзги кўйлагининг енгларидаги майда гулларни бамисоли силкитарди. Бу картина худдики фотосурат сингари миямда муҳрланиб қолган. Отам онамни бутпараст каби доимо қўлида кўтариб юришга тайёр эди. У онамни мендан ҳам кўп яхши кўрарди. Ҳа, отам шунақа одам эди: у ўз қўллари билан яратган ҳамма нарсани яхши кўрарди. Мен у учун шундай табиий ишларининг натижаси эдим албатта. У мени яхши кўрарди. Чунки ягона фарзанди эдим. Аммо онамнинг севганчалик эмас эди унинг бу яхши кўриши. Албатта мен уни тушунар эдим. Отам бошқа ҳеч кимни онамни севганчалик севолмасди. Шу боис унинг ўлимидан сўнг, у бошқага уйланмади. Онамнинг дафн маросимидан кейин отам уч ҳафта давомида кун бўйи ётоғидан чиқмади ва кўп вақтини ухлаш билан ўтказди. Бу муболаға эмас. У асосан ухлаган. Баъзан у ниманидир эслагандек довдираб турар ва кароват ёнидаги сувдан жимгина ичарди. Номига бирор-бир нарса ерди. Худди жинни ёки шарпа сингари эди бу ҳаракатлари. Кейин у адёлга ёпиниб ухлашни давом эттирарди. Панжараларни маҳкам ёпиб, дарпардаларни тушириб қоронғу дим хонада сеҳрланган каби ухларди у. Ҳеч қимирламасди. Уйқуда ҳам одам баъзан ёнбошига ўгирилиб ухлайди, аммо у бир хил ётарди. Мен хавотирлана бошладим. У ўлиб қолмадимикан деб тез-тез уни нафас олаётганлигини текширардим. Эшикдан киришим билан унинг юзига эгилиб қарардим. Йўқ, у ўлмаган, шунчаки тупроққа қорилган тошдек қотиб ухларди. Эҳтимол у туш ҳам кўрмагандир. Қоронғу осойиш хонада унинг ҳатто нафас олгани эшитилмасди. Мен шу пайтгача бундай узоқ ва чуқур уйқуни бошдан кечирган одамни ҳеч қаерда кўрмадим ва эшитмадим. У бошқа дунёдан келган одамга ўхшарди. Мен жуда қўрққанимни эслайман. Агар отам ҳам мени ташлаб кетса, ёлғиз қолиш ва унутилишдан қўрқардим. Ўн беш йил олдин отам ўлганида мен шубҳасиз жуда қаттиқ хафа бўлдим, аммо буни нисбатан табиий қабул қилдим. У ўлганида, худди ўша ухлаган пайтаридек эди. Мен ўйлардим: «Энди бундан буёғига қандай қилиб яшайман.» Мен отамни яхши кўрардим. Бу дунёда ҳаммадан кўпроқ у менга керак эди. Уни қаттиқ ҳурмат қилардим, шу билан бирга унга ахлоқий ва ҳиссий жиҳатдан боғланиб қолгандим. Бу ғалати туйилиши мумкин, лекин отам вафот этганида мен худди у онам вафот этганида ухлаган пайтларидек тўшакка ботганча ўлик каби ухладим. Гўё аждодлар учун хос бўлган умумий маросимни қабул қилгандек эдим. Бу икки ҳафтача давом этди. Шу вақт ичида ухладим, ухладим ва яна ухладим. Шунча вақтим уйқуда ўтди. Мен чексиз ухлашим мумкин эди. Аммо ухладим дейишим ҳам қайсидир маънода ғалати, чунки том маънода ухладим дея олмайман. Уйқу дунёси гарчи менга ҳақиқий ҳаётдек туюлган ва ҳақиқий ҳаёт эса у ердан бўш ва ибтидоий муҳитдек таъассурот қолдирган бўлса-да, у ранглар ва шу билан бирга бу юзаки ҳаётдан маҳрум қилинганди. Шунинг учун у ерда яшашга менга ҳожат қолмагандек туюлди. Ниҳоят онам вафот этганидан сўнг, отамнинг туйғуларини тушунишга муваффақ бўлдим. Тушуняпсизми, нима демоқчиман?! Умуман баъзи нарсалар баъзан бошқача шаклга эга. Атрофдагилар эса бизни доим ҳам қабул қила олмайдилар. Кейси жимиб қолди, аммо ҳамон нималарнидир ўйларди. Ўшанда кузнинг охири эди. Асфальтга учиб тушаётган қарағай баргларининг садоларини тинглаш мумкин ҳатто. — Мен сизга фақат бир нарсани айтишим мумкин, — деди бошини кўтариб менга мулойим жилмайиб қўйган Кейси. — Мен ҳозир шу ерда вафот этсаму мен туфайли дунёда ҳеч ким ухлаб қолмаса. Мен эса Лексингтондаги арвоҳлар ҳақида ўйлайман. Ярим тунда Кейсининг уйида зиёфат уюштирган ўша таниш арвоҳларни негадир эслайвераман. Дераза панжараларини маҳкам ёпиб, дарпардаларни тушириб ёлғиз Кейси ва унинг аллақачонлар ўлган отасини ухлаётганини кўз ўнгимдан ўтказаман. Умри одамлар ҳаёти билан боғланган ит Майлзни ва ажойиб пластинкалар коллекциясини кейинги тақдири хаёлим бурчидан липиллаб ўтади. Яна хотирамга Шубертни ижро этаётган Жереми ва кўк «BMW» келади. Гарчи бу даҳшатли воқеалар жуда узоқ вақт олдин содир бўлганга ўхшайди. Ҳолбуки буларнинг ҳаммаси яқиндагина бўлиб ўтди. Шу пайтгача мен бу воқеа ҳақида ҳеч кимга айтмагандим. Агар буларни ҳаммасини ўйлаб кўрсангиз бу сизга жуда ғайритабиийдек кўриниши мумкин, аммо мен учун қадимий бир воқеа бўлгани учун унчалик ғалати туюлмайди…
2021-09-03
http://nodirabegim.uz/archives/3823
Уни кўп йиллардан буён биладиган киши сифатида айтишим мумкинки, ўзига тегишли бўлган нарсани миридан-сиригача эслаб қоладиган ноёб хотира эгаси эди у; шу боис менга у ўзи билан боғлиқ ғалати қусиш ҳодисасини қачон бошланиб, қандай тўхтаганини жуда аниқ қилиб айтиб бера олди. У биринчи марта 1979 йилнинг қуёшли тўртинчи июнида қусишни бошлаган ва ўша йилнинг ўн бешинчи июлигача давом этган бу ҳол. Ёш бўлишига қарамай у яхшигина иллюстратор эди, мен у билан илк бор журнал буюртмасига кўра севишганлар учун реклама макетини биргаликда тузиш жараёнида танишгандим. У ҳам менга ўхшаб эски пластинкаларни йиғаркан, фақат фарқи танишларининг хотини ва ойимчаларини йўлдан уриб улар билан тўшакда ётишни яхши кўрарди бу падари қусур. У нари борса мендан икки-уч ёш кичик. Таъассуфки биз учрашган чоққача у жуда кўп дўстлари ва танишларининг ойимтиллалари ва хотинлари билан ётишга улгурган эди. У кўпинча уларни кўриш учун борган, уй эгаси бу гўрсўхтага пиво олиб келиш учун чиққанда, ёки чўмилаётганда унга тегишли бека билан жинсий алоқа қилишга вақт топа олган. У бундай ҳолатлар ҳақида алоҳида илҳом билан жўшиб гапиради: — Жинсий алоқага нима дейсиз? — сўрайман туйқусдан дейди у. Улар шошиб қолади: — Мен сизга ўзим хабар бераман. — Бу даҳшатли кўнгил очар нарса. Мен шунда вақтни бой бермайман. Амалга ошириш керак бўлган ҳамма нарсани деярли ечинтирмасдан ва иложи борича тезроқ бажараман. … Бугунги кунда инсониятнинг аксарияти бу жараённи фақатгина узайтиришга ҳаракат қилмоқда, буни сезганмисиз? Вақти-вақти билан қарама-қарши йўналишга ҳаракат алоҳида маънога эга бўлишингизга кўмаклашади. Таниш нарсаларга бўлган нуқтаи назар ўзгаради, бундай паллаларда о, мен завқ денгизида сузаман!.. Албатта бундай жинсий саёҳатлар уни хаёлини тўлиқ эгаллаган деб бўлмасди; у ўлчовли, шошқин жинсий алоқалардан ўзи учун маъно топган. Нима бўлишидан қатъий назар, агар буларнинг барчаси унинг дўстларининг суюкли ойжамоллари ва завжалари билан содир бўлса, у билан таниш бўлишнинг ўзи фалокат. У мени уққандек сўз қотади: — Фақат ёмон фикрларни ўйламанг, сизнинг хотинингизни йўлдан уриш режам йўқ, акс ҳолда буларни сизга айтиб ўтирмасдим. Мен тўшакда бошқа эркакларнинг рафиқаси билан бўлганимда, уларни мен билан оилавийдек, худди ўз оиласининг аъзоси каби меҳрибон бўлишларидан ҳайратланаман, тушуняпсизми? Ахир бу охир-оқибат, шунчаки жинсий алоқадан бошқа нарса эмас… — Сиз ҳеч қачон қўлга тушмадингизми? — ундан сўрайман мен. — Албатта йўқ! Ахир қандай қўлга тушишим мумкин… — у овозида бироз афсусланганнамо ритм қўшганча жавоб беради: — Тушунинг, бундай алоқалар ҳеч қачон фош этилмайди, агар сиз албатта ўзингиз хиёнат қилмасангиз… Сизга керак бўлган нарса бу — ақлингизни йўқотмаслик, ахмоқона ишоралар қилмаслик ва ҳар кимни олдида сирли юз ифодалари билан рақибларингизни ўзингизга жалб қилмаслигингиз. Яна сиз учун энг муҳими, бошиданоқ муносабатларингиз моҳиятини аниқ белгилаб қўйиш. Шундай белгилаб қўйингки, у буларнинг барчаси шунчаки ўйин эканлигини тушуниб етсин, бунинг учун сиз унга ҳамдардлигингизни тўлиқроқ ифода этишингиз мумкин. Ҳеч қандай давом этиш бўлмайди ва бундан бирор тирик жон азоб чекмайди. Буларни барчасини киноя билан тушунтириш керак. Бундай «nou-xau» унинг учун доимо ва ҳамма жойда беғубор ишлаганига ишониш қийин. Бироқ бу арзон шон-шуҳрат учун мақтанишга ўхшамасди, ҳар ҳолда мен уни шундай тахмин қилдим. — Ҳа, аксарият ҳолларда аёллар ўзлари шунга интилишади, — давом этди у. — Уларнинг эрлари ва йигитларини деярли барчаси кўп томонлама мендан устун, айримлари одоб-ахлоқига кўра, баъзилари ақли билан, бошқалари эса олатини катталиги билан мендан ўзиб кетган, ҳар ҳолда улар менинг дўстларим, унча-мунча биламан уларни… Аммо мен сизга бир сирни айтаман: аёл буларни ҳеч қайсига аҳамият бермайди! Унинг шериги бўлиш учун оқилона, мулойим бўлиш, уни кичик ҳолатларда ҳам ҳис қилиш кифоя — шунда барчаси кўнгилдагидек бўлади. Аёлга чиндан ҳам битта нарса керак — кимдир ниҳоят эрнинг ёки ошиқнинг турғун ролидан чиқиб, унинг фақат ўзига хослиги учун қабул қилиши, у учун муҳим. Албатта, мен ўйлайманки ташқи мотивлар ҳам сезиларли роль ўйнайди — ахир унга бу нарсалар керак, эҳтимол ҳаммаси бошқачадир… — Масалан… — Айтайлик, масалан, у эридан «эксплатация» учун қасос олмоқчи балки. Ёки монотон бир хил ҳаётдан зериккан. Эҳтимол шунчаки ўзига эридан ташқари бошқа эркаклар ҳам қизиқиши мумкинлигини исботлаш истаги бордир. … Мен дарҳол бу каби ҳолатларни тушунаман, бунинг учун аёлнинг кўзига қарашим кифоя. Ва бу ерда ҳеч қандай «nau-xau» йўқ. Аксинча қандайдир туғма қобилият бор. Бу баъзиларда бор, баъзиларда эса йўқ… Мен уни албатта тушунар эдим, чунки у сўққабош. Қолаверса у ҳам мен каби мусиқа ихлосманди бўлгани учун биз яқин бўлиб қолдик ва вақти-вақти билан эски пластинкаларни ўзаро алмаштириб турардик. Икаламиз ҳам асосан олтмишинчи, етмишинчи йилларнинг жаз албомларини тўплардик, бу мусиқий географияда бизнинг дидимиз деярли сезилмасада, лекин тубдан ажралиб турарди деб айта оламан. Мен асосан Ғарбий Соҳилнинг оқ жазз гуруҳлари билан қизиқардим, у эса, Коулмэн Хоукинс ёки Лайонел Хэмптон сингари юлдузларга қизиқарди. Агар унда «Петер Жолли учлиги» айтган тўпламлар бўлса, менда Вик Дикенсон стандартлари бўларди ва тез орада биз пластинкаларни бир-биримиз билан ўзаро алмаштирардик, табиийки, бу ҳол иккимизга ҳам қувонч бағишларди. Шундан сўнг биз бутун оқшом пиво ичардик, пластинкаларни бирга эшитардик, касеталарнинг сифати ва ижрочиларнинг хизмати ҳақида баҳслашардик ва кўпинча муваффаққиятли битимларга келардик. У бизнинг ана шундай «рекорд» учрашувларимизнинг бирида ғалати қусиш ҳодисаси ҳақида гапириб қолди. Биз унинг уйида виски ичиб суҳбатлашиб ўтирардик. Биринчидан мусиқа ҳақида, кейин виски ҳақида, лекин виски ҳақида суҳбатлашаётганимизда биз аллақачон маст эдик. — Бир марта кетма-кет қирқ кун қусдим! — у бу ҳақда шундай сўзлай бошлади. — Бу ичимликдан эмас ёки бирон касалликдан ҳам деб ўйламанг, мукаммал деб айта оламан соғлигимни. Лекин шу ҳодиса рўй бергач, ошқозоним ҳар куни бир мартадан мени олиб бориб кела бошлади. Тасаддуқки, бу ҳол қирқ кун давом этди, тасаввур қилаяпсизми?! Мен деярли ақлдан оза бошладим. Биринчи маротаба 4-июль куни эрталаб соат саккизда қусдим. Бироқ бу биринчи маротаба бўлгани учун ҳеч қандай алоҳида шикоятга ўрин йўқ эди. Кечқурун кўп миқдорда виски ва пиво аралаштириб ичганим учун ичимда ҳаммаси аралашиб кетган деб ўйладим. Кундузи дўстларимдан бирининг хотини билан жинсий алоқада ҳам бўлгандим. Нечоғки, 1979 йилнинг 4-июнига ўтар кеча аввалида шу ҳол рўй берди. Эрталаб ҳожатхонада бир кун олдин ичган ҳамма нарсани қайтарганимда булар менга мутлақо табиийдек туюлганди — ҳаётда бу каби ҳолатлар рўй бериб туради ахир. Тўғриси университетни битирганимдан буён бу каби ноқулайликка ҳали тушмагандим. Шунга қарамай одам ичганидан кейин эртаси куни кўнгли айнишида ғалати бирор нарса кўрмаётгандим. Ҳамма жойни саранжомлаб, бу жирканч кўнгил ағдарилишини канализацияга даф қилгач, хонага қайтдимда столга ўтирганча ишларимга тутиндим. Соғлигим доимгидек бир хил мувозанатда эди. Кунни ниҳоятда мазмунли ва қувноқ ўтказганим шундан дарак берарди ҳар ҳолда. Ишни давом эттирарканман, тушга яқин очиққанлигимни ҳис қилдим. Тушликда бир эмас, иккита сендвични паққос туширдим, — бирида дудланган чўчқа гўштига алоҳида эътибор қаратилган бўлса, иккинчиси бодринглик эди, дарвоқе, бир бутилка пиво ичганимни ҳам инкор қилмайман. Ярим соат ҳам ўтар-ўтмас иккинчи маротаба қусиш рўй берди, иккала сендвич ҳам охирги порасига ҳожатхонага ағдарилди, яхши чайналмаган нон ва дудланган чўчқа гўшти бўлаклари сувда чўкишни истамай сузиб юрарди. Бу каби кўнгилсизликларга қарамай энг кичик даражада бўлса ҳам бирон-бир безовталикни бошдан кечирмадим. Мен шунчаки қусдим — бор гап шу. Аввалига томоғимга нимадир тиқилгандай туюлди; лекин ҳожатхонага энгашганимда томоғимни қиргудай бўлиб кўзбойлоғичнинг шляпасидан қуёнлар, каптарлар, байроқлар осонгина учиб чиққандай, ичимдаги бору-йўқ нарса қуюшқондек потраб чиқа бошлади. Мен ҳамон бепарво эдим. Қачонлардир талаба бўлганимда маст бўлганим эсимда. Ўшанда автобусда кўнглим ағдарилган ва ўзимни денгиз касалига йўлиққандек ҳис қилгандим. …Аммо бу сафар бутунлай бошқача қусаётган эдим! Бу ҳиссиётни ўзгача таърифлай олмайман — воҳки гўё ошқозон томоғимга қадар кўтарилиб келганди… Шунчаки ютилган ҳамма нарса лоп этиб ташқарига сакраб чиқарди гўё. Ҳеч қаерда муқим турмасдан ва тиқилиб қолмасдан ўзини ташқи урарди пўртана. Ҳа бу кўнгил айниши эди, лекин унда қусқу ҳиди йўқ, умуман ҳеч нарса йўқ эди! Ўшанда ўзимни қўлга ола билдим. Иккинчи маротаба қусиш бу ҳазилакам нарса эмас! Албатта қўрқиб кетдим ва ўша ондаёқ келажакда бир томчи ҳам алкогол ичмасликка қарор қилдим… Эртаси кун эрталаб кўнгил ағдарилиши учинчи маротаба содир бўлди. Кеча еган таомларим ҳам, эндигина нонуштага еган мураббом, яна инглиз блинчиклари, ҳамма-ҳаммасини қайтариб ташладим. Ҳожатхонадан фаромуш бўлгач, тишларни ювиб хонага қайтганимда телефон жиринглаётганди. Кўтарсам қандайдир номаълум эркак овози, у менинг исмимни жуда аниқ биладигандек ғалати алфозда чақирди, жавоб беришга улгурмасимдан алоқа узилиб қолди. Мен кечаги хотин билан бир кун олдин ётганим учун бирор кор ҳол рўй бердимикан деб хавотирландим. — Уни эри ёки йигити бормиди? — сўрайман ундан. — Қанақасига бўлмасин, албатта бор, — норози бош чайқади у. — Шуниси қизиқки, мен дўстларимнинг барчасини овозидан яхши танирдим. Аммо гўшакдаги овозни биринчи маротаба эшитишим эди. Ҳа, бу ҳақда сизга айтишим керак бўлган нарса бор! Тасаввур қилинг, бу телба овоз эгаси квартирамга ҳар куни қўнғироқ қила бошлади, тушуняпсизми?.. Ҳар куни бир хил, ўша ғалати овоз, фақат исмимни айтиб чақиради, сўнг алоқа узилади, тасаввур қилинг бу ҳолатни?.. Бу менинг қусиш давримга тўлиқ мос келгани яна ҳам ғайритабиий эди менга! — Мен тушунмайдиган нарса бор бу ерда, — ундан изоҳ сўрайман. — Телефон безорилиги билан бировнинг қусиши ўртасида қандай боғлиқлик бўлиши мумкин?.. — Мен ҳам шуни тушунмаяпман-да? — оғир хўрсинди у. — Шу пайтга қадар тушунишга қанча ҳаракат қилсам ҳам барибир нимадир тушунишга монелик қилмоқда. Қўнғироқ ҳар доим бўларди менга. Ғалати овоз эгаси исмимни айтарди ва гўшакни қўяди. У кунига бир марта шундай безовта қиларди мени. Аммо бу нусха вақтни ҳам ўзига мослаб белгиларди. Гоҳ тонгда, гоҳ тушдан сўнг, гоҳ ярим тунда қўнғироқ қилиб қоларди у. Бундай вазиятларда энг осони телефонни ўчириш ва уни кўтаришдан халос бўлиш. Аммо телефонсиз менинг ишим тўхтарди, инчунун ҳар қандай вақтда бирон хоним қўнғироқ қилиши мумкин, тушуняпсизми? — Ҳа, албатта, — дедим мен. Хуллас қусишни давом эттира бошладим. Деярли еган нарсамни қусардим. Қусишим билан бирон кучлироқ овқат истеъмол қилардим. Кунига уч марта овқатланардим. Балки шу сабабдан ҳам оёққа тургандирман. Чунки бир мартасини ошқозон ҳазм қилмасди. Мен ўзимни ушлаб туришим керак эди. Худо жонимни олмаса эди, деб ўйлардим. — Касалхонага бормадингизми?.. — Шифокоргами? Ҳа, албатта маҳаллий клиникага бордим. Борганим жуда яхши бўлди. Улар у ерда мени ренгенография қилишди, аллақандай тестлар топширтиришди, ҳатто саратон касалига текширдилар. Қанча текширишмасин бирон-бир касаллик бўй кўрсатай демасди. Охири ўйлай-ўйлай: «Сурункали ошқозон дисфункцияси ва умумий стресс» деган ташхис қўйишди. Ўзимни эса ҳапдори ичириб, уйимга жавоб бериб юборишди. Лекин мени алдай олишмасди. Мен ошқозон дисфункцияси нима эканлигини биламан. Буни билмаслигим учун эшак бўлишим керак. Дисфункцияда ошқозонда оғирлик, томоқда эса чанқоқ бўлмайди, иштаҳа-да бутунлай йўқолади. Менда аксига олиб бу каби аломатларнинг бирортаси йўқ эди. Барчаси аксинча: фақатгина қусиш — бундан бўлак ҳеч нарса йўқ эди! Ошқозонни вақти-вақти билан буралишини айтмаса буқадек соғлом эдим. Стрессга келсак, мен унга қаерда ва қачон учраганимни тасаввур қилолмасдим. Ахир менда ойимтиллалар билан ётоқда ҳаммаси яхши. Қолаверса ҳар уч кунда бассейнда сузишга бораман… Хўш, шундай бўлгач, стресс қаердан келиб чиқади, ўзингиз айтинг?! — Ҳммм… Ҳақиқатан ҳам ҳақсиз, — мен нима дейишимни билмай ер чизаман. Ҳа, ҳақиқатан ҳам у ҳақ эди, у бор-йўғи қусарди, бу ерда бошқа гап йўқ, тамом!.. Икки ҳафта кетма-кет ҳар куни қусди, квартирасида эса ғалати қўнғироқлар янграши давом этди. Ўн бешинчи куни унинг сабр-тоқати тугаб, ишини йиғиштирди-да, ҳеч бўлмаганда қўнғироқлардан халос бўлиш учун отелдан бир хонани банд қилиб ўша ерга кўчиб ўтаркан, худди детективлар каби шундоқ бурнининг тагидаги телевизорни ёқиб шу ерда бир-икки ҳафтани ўтказишга қарор қилди. Биринчи куни ҳаммаси кўнгилдагидек бошланди. Тушликда у қовурилган мол гўшти ва қушқўнмас билан салат истеъмол қилди ва жисму-жони бу егуликларни ниҳоятда хотиржам қабул қилганидан қувонди. Саҳналарнинг ўзгариши ижобий таъсир кўрсатдими-йўқми маълум эмас, аммо таомлар ошқозонда енгил ҳазм бўлгани, гўё яқин орада ҳеч қандай муаммо йўқлигига ишонтираётгандек эди. Келишувга кўра, соат тўрт яримларда меҳмонхонанинг кофе залида энг яқин дўстининг суюкли аёли билан учрашди, у билан гилос пироги еди ва шакарсиз кофе ичди. Аввалги сафардагидек бу гал ҳам ҳеч қандай даҳшатли оқибатлар бўй кўрсатмади. Кейин ўша аёл билан хонага қайтиб бирга ётишди. Жинсий алоқа вақтида ҳам заррача муаммо сезилмади. Оқшом тушганда у хонимни меҳмонхонадан кузатиб юборди ва ёлғиз ўзи овқатланишга қарор қилди. Отелга қўшни бўлган миниатуралар билан безатилган ресторанда у ловияли творог, Киота услубида қовурилган жўхори ва бир пиёла гуруч еди. Айтиш жоизки, оғзига бир томчи спиртли ичимлик олгани йўқ. Кечки овқатни тугатганида соат олти яримни кўрсатарди. Хонага қайтаркан, телевизорда кечки янгиликларни тамоша қилди, сўнг «87-Полиция бўлими» туркумидаги янги романни ўқий бошлади. Бу пайтда соат тўққиз эди, у ўзини безовта қилаётган гижжаларни ҳис қилмаётганди — бундай чоғ қандай енгил тортмаслик мумкин. Кейинги икки ҳафта ичида илк бор хотиржамлик туйиб бундан завқланди. У аллақачон жуда хурсанд эди, ахир ҳамма нарса яхши томонга ўзгарганди ва ниҳоят ҳаёт ўз йўлига қайтишга юз бургандек эди. Китобни ёпиб, яна телевизорни ёқди, масофадан туриб пульт тугмаларини ўзгартириб каналларни ўзгартирди ва алал-оқибат эски ғарб теледрамасини кўришни танлади. Роппа-роса ўнда теледрама тугади ва кечки янгиликлар дастури бошланди. У барча янгиликларни қолдирмасдан охиригача кўрди, шундан сўнгина телевизорни ўчирди. Чиндан ичишни хоҳлаётганди, шу боис уйқу олдидан виски ичиш учун юқори қаватдаги барга боришни ўйлади, лекин дарҳол бу фикрдан воз кечди. У ичишни ёқтирарди, аммо кун давомида эришганларини алкагол ичиб, яна лойқалатишни истамасди. Шу боис каравот ёнидаги чироқни ўчириб адёлга ўралди. Ярим тунда яна телефон жиринглади. У кўзларини очганида соат 2:25 эди. Ухлаб ётгани учун бемаҳалда бу шайтон телефон нега жиринглаётганини узоқ вақт англай олмади. Бошини зўрға кўтариб гўшакни қулоғига тутди: — Мен тинглай бошладим, -деди у менга, — ўша ғалати хира овоз. У мени исмимни аниқ талаффуз қилди, овози қулоғимда қолди. — Қаерда эканлигингизни ҳеч кимга айтмаганмидингиз? — ҳайрон бўламан мен. — Ахир нега айтаман?! Буни ўша мен билан ётган ойимтилладан бошқа ҳеч ким билмасди. — У ҳеч кимга айтмаганмикан? — Нега у бу ҳақда бировга айтиши керак?! — саволни бундай шакллантиришимга рози бўлмайди у. — Шундан кейин биласизми, нима бўлди?! Мен ҳожатхонага бордим ва кун давомида истеъмол қилган ҳамма нарсамни узоқ вақт давомида қусдим. … Гуруч, балиқ ва бошқа ҳамма нарсаларни… Мен бу лаънати телефон чақириғига жавобан барча тўғонларни очиб юборганману у ерда тўпланиб қолган барча ашқол-дашқоллар гўёки ўзини ташқарига урганди… Қусиб бўлгач, ваннанинг бир четида ўтирдимда, бу жаҳаннамга қандай қилиб тушиб қолганимни тушунишга ҳаракат қила бошладим. Хаёлимга келган биринчи нарса: қандайдир ҳазилкаш садист узоқ вақтдан бери завқ билан мени масхара қилмоқда деб ўйладим. Лекин менинг бу отелга келишимни у қандай билди, бу алоҳида жумбоқ. Аммо буларнинг барчасида кимнингдир шафқатсиз фантазиясининг маккорона лойиҳаси жамулжам эканлиги кўринарди. Иккинчи бир ҳолат билан ҳам ўзимни тушунишга уриндим: менимча мен эшитиш галлюцинациясидан азият чекаман шекилли. Гарчи «Мен ўз галлюцинацияларимнинг қурбониман» деган фикрнинг ўзи ҳам ишончсиз туюлсада, уни ҳозирги ҳолатимда рад этишим мумкин эмас эди. Менинг фикримча бу ҳол шундай содир бўларди: аввалига мен телефон жиринглаётгандай туюлади ва мен гўшакни оламан, кейин гўё гўшакдан кимдир мени исмимни айтаётгандай туюлади. Аслида эса ҳеч нарса бўлмайди. …Ахир принципиал жиҳатдан, бу мумкин, шундай эмасми? — Шундайку-я, умуман, — мен унга нима дейишимни ҳам билмайман. — Мен нима қилганимни биласизми?! Дарҳол меҳмонхона маъмурига телефон қилдим ва аллақандай кимсани аниқлаштиришда ёрдам сўрадим. Фойдасиз экан. Уларнинг айтишича, фақатгина меҳмонхонадан қилинган қўнғироқлар рўйхатга олинар экан, ташқаридан қилинган қўнғироқларни улар аниқлай олишмас экан! Шундай қилиб менга қўнғироқлар бўлдими-йўқ, аниқлаш имкони бўлмади — ҳаммаси ноъмалумлигича қолди, ҳеч қандай далилни қўлга киритолмадим, афсус… Сиз шу кеча меҳмонхонада фикрларим неча маротабалаб ўзгарганини тасаввур қилолмайсиз! Мен қусишим ва қўнғироқлар ҳақида ўйлардим… Лекин мен бир тўхтамга кела бошлагандим, ҳар икала ҳодисанинг ҳам бевосита ва билвосита ўзаги бирлигига энди заррача шубҳам қолмаганди. Агар булар бошқа-бошқа ҳодиса бўлганда ҳам энди аввалгидек нописандлик билан эмас, буларга жиддий қараш кераклигини тушуниб етдим… Отелга яна бир кеча ётганимдан сўнг уйга қайтдим. Қусиш ҳам, қўнғироқлар давом этиб борган сари ҳолдан тойдириб борарди. Бир-икки бор экспримент учун мен бир оқшомга дўстларимникига ташриф буюриб кўрдим. Аммо лаънати қўнғироқлар мени ҳар ерда таъқиб қилиши рост бўлиб чиқди! Буни яна бир эътибор тортадиган жиҳати, бу худди аввалдан буюртма қилингандек, мен ёлғиз қолганда содир бўларди! Бу бироз қўрқув уйғота бошлади, бундай лаҳзаларда ҳатто сочларим тикка тура бошлаганини пайқадим. Менга кўзга кўринмас кимдир ортимда тургандек, ҳар бир ҳаракатимни кузатаётгандек, ёлғиз қолишимни аниқ билиб қўнғироқ қилаётгандек ва ҳар куни кўнглимни ағдариш учун иблисона бармоқларини ичимга тиқиб ҳузур қилаётгандек туюларди… Бу параноид шизофрениянинг аломатлари бўлиши мумкинми? — Билмасам, мен параноид шизофрения тугул, шизофрениянинг ўзими бу ёки бошқасими бу борада сиздан кўп нарса билмайман деб ўйлайман. — Гапингизга қараганда билмаслигингиз кўриниб турибди. Шунинг учун сиз шуни билиб қўйишингиз керакки параноид шизофренияда ҳеч қачон қусиш бўлмайди. Университет касалхонасида бир психиатр буни менга тушунтирди. Шунга қарамай мени уларни безовта қилишим психиатрларга ҳам маъқул бўлгани йўқ. Улар мен каби «ноаниқ аломатлар» бўлган беморларни сезишган ҳамоноқ ҳозир дарҳол қабул қила олмасликларини билдиришади. «Ноаниқ аломатлар» билан касалланганлар — шаҳар метрополитенининг ҳар бир вагонида ҳозир иккитадан бештагача учрайди. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида шуғулланиш учун касалхонадаги психатрларга куч ва вақт етишмайди… «-Қусаяпсизми?» «Терапевтга учрашинг?» «Телефон безорилигидан шикоятингиз бўлса, полицияга мурожат қилинг» Уларнинг жавоблари шундай эди. Полиция жабрланувчидан миннатдор бўлмайдиган икки турдаги жиноят борлигини билсангиз керак. Булардан бири албатта телефон безорилиги, иккинчиси эса велосипед ўғирланишидир. Ҳар иккала жиноят турида ҳам ишлар шунчалик кўпки, уларнинг ҳақиқий зарари аллақачон аҳамиятсиз бўлиб қолган, мадомики бу ишларнинг ҳар бири жиддий муносабат билан кўриб чиқилганда полиция идорасидагилар шунчаки фалаж бўлиб қолишарди! Мен уларга мурожат қилганимда, полициядагилар ҳатто қоғозларидан бош кўтармаган ҳолда мени тинглашди: — Сизга нима керак ўзи? — Менга аноним қўнғироқлар бўлмоқда, — ҳолатимни уларга тушунтирдим мен. — Хўш, у сизга нима дейди?.. — Исмимни айтади нуқул? — Фақат шуми? — Ҳа, шу… — Мана бу шаклни тўлдиринг, кейин мана бу қутига ташланг, агар яна бирор марта қўнғироқ қилса дарҳол хабар беринг… Мана бутун суҳбатнинг мазмуни. Бундай ғалати нарсалар уларга қизиқ эмас. Умуман ҳеч кимга қизиқ эмас. Агар буни яна давом эттирсангиз улар сизни жинни деб ўйлашади. …Умуман олганда, мен на тиббиётдан, на полициядан ёрдам кутишим мумкин эмаслигини англадим. Ўзимни кучимдан бошқа умидвор бўладиган нарсам йўқ эди. Буни англаганимда телефон ва қусиш эпопеясининг йигирманчи куни ўтиб борарди. Мен шу пайтга қадар ўзимни кучли одам деб ҳисоблаб келган бўлсамда, шу лаҳзалардан бошлаб, соғлигим ҳам, асабим ҳам ортиқ бунга дош беролмаслигини тушундим… — Айтмоқчи, сиз ётган ўша аёл ва дўстингизни ўртасидаги муносабатлар чиндан ҳам яхши эдими? — сўрайман мен. — Бўлмасам-чи?! Албатта, яхши эди! Дўстим Филиппинга иш сафари билан кетиб қолганди. Икки ҳафтага… Сиз жумбоқнинг тугуни шу ерда деб ўйлаяпсиз шекилли?! -Хўш, сиз у билан бирга бўлганингизда ҳеч телефон жирингламадими? — Ҳа, йўқ шекилли… Кундалик тутумимни яхши эслайман. Бундай бўлгани йўқ манимча. Аввал таъкидлаганимдек ғалати овоз эгаси фақат мен ёлғиз қолганимдагина қўнғироқ қиларди! Таъажжубки, мен ҳам фақат ёлғиз қолганимдагина қусардим. Ахир кейин ўйлай бошладим: қандай қилиб ҳаётимни шунча вақт ёлғизликда ўтказдим? Ахир ўйласангиз ҳар куни йигирма тўрт соат ёлғизман! Менинг ҳаётим бўйдоқликдан иборат. Уйда ишлайман — ҳамкасблар билан учрашишнинг ҳожати йўқ, мижозлар билан бўладиган барча муаммоларни телефон орқали ҳал қиламан… Мен ётадиган аёлларнинг барчаси бировларники, ҳеч ким менга овқат ҳозирламайди. Мен доим бирон жойда овқатланиш учун югургилаб юраман ва кейин уйга сўппайиб қайтаман… Мен ҳатто вақтни ўлдириш учун ўзимга ғаройиб спорт — узоқ масофага сузишни танлаганман! Ягона севимли машғулотим бугунги кунда ҳеч ким эсламайдиган мусиқа пластинкаларини йиғиш. Мен ишда диққатимни жамлашим учун албатта ёлғизлик зарур. Шунинг учун мен янги танишлар орттирмайман, ёшликдаги танишлар етади, агар уларни олти ой бир марта кўчада учратсам ҳам ўзимни бахтли деб ҳисоблайвераман… Бу ҳақда сизга яна нима ҳам дердим, ҳар ҳолда мен шундай ўйлайман, қолаверса бу ҳаёт сизга ҳам жуда таниш, шундай эмасми?.. — Ҳа, қайсидир маънода шундай, — рози бўламан мен. У ўзига тўлатиб виски қуяди, бармоқларини лиқирлатиб ичимликдан ҳўплайди. — Умуман олганда, — дейди у, — кейин бу ҳақда кўп ўйладим. Нима қилиш керак ва бундан кейин қандай яшашим керак? Эҳтимол энди ўлгунимча қусишга ва бир телбанинг қўнғироқларини тинглашга маҳкум бўлгандирман. — Сиз уйланишингиз керак ва бунинг учун имкониятингиз бор, — дейман мен. — Аммо мен бундай қилишга қодир эмасман! — Шунчалик осон таслим бўлмоқчимисиз? — Ҳа, бундан кейин ҳам бутун умр уйланмайман. Аччиқ қусиш ва бир телбанинг қўнғироқлари туфайли одатларим ва ҳаётимни ўзгартирмоқчи эмасман! Аксинча барча жисмоний ва руҳий кучларимни жамлаб курашишга қарор қилдим ва бу қарорим алал-оқибат тўғри бўлиб чиқди. — Ҳммм-мм! — мен одатдагидай ер чизиб туравердим. -Хўш, сизнингча буни қандай уддаладим жаноб Мураками? — Тўғриси… билмайман. Ҳатто тасаввур ҳам қила олмайман, Худо ҳаққи! — жавоб қилдим мен. — Ҳа, майли, эшитинг унда. Хуллас, менда гижжалар ғулғуласи бўлган қусиш ва қўнғироқлар давом этарди. Ҳатто озиб кета бошладим. 4-июнда мен олтмиш тўрт килограмм вазнга эга бўлганман. Йигирма биринчи куни олтмиш бир, ўнинчи июлда эса нақ эллик саккиз килога тушдим. Эллик саккиз кило-я?! Водариғ, кийимларим эгнимга осилиб қолди. Шимни ҳам қисқартиришга тўғри келди. — Сиз қўнғироқ эгасининг овозини магнитафон лентасига ёзиб олишга ҳаракат қилмадингизми? — Нега қўрқаётганимни кўрсатиш учунми?.. Қандай қилиб қутилиш кераклигини ўйлаб кечалари қўнғироқ кутиб ухламаслигим керакми? О, йўқ! Мен бир қарорга келиб бўлгандим. Кимдир бир куни чарчаши аниқ эди. Ё, мен ўламан, ё у зерикиб ахийри тўхтайди, эҳтимол қусиш ҳам шу билан якун топади. Мен шунга ишона бошладим. Ортиқ бу тахлит яшаб бўлмасди. Вазн йўқотишим ғирт телбалик. Мен аввалгидек яшайман ва ишлайман деган қарорга келдим… Ҳатто яна ичишни бошлаб юбордим. Эрталаблари бир шиша пиво, кечқурун эса виски, азбаройи юрак нимани хоҳласа, шуни ўзимга раво кўрдим. Чунки энди фарқи йўқ эди. Ичсам ҳам, ичмасам ҳам қусардим. Қани мантиқ. Менга ичиш яхшироқ туюлди, ширакайф ҳолатда ҳамма нарса осондек эди гўё. Ўзимга эътибор қила бошладим. Банк ҳисоб рақамимдан муносиб миқдорда пул ечиб оларканман, ўзимга яхши костюм ва икки жуфт шим сотиб олдим. Дўкондаги ойнага қараганимда ҳозирги қотма кўринишимга янги кийимлар бинойидек ярашиб турганлигини сездим. Тушуняпсизми? Қусишда ҳеч қандай даҳшатли нарса йўқлигини ҳис қилдим. Аслида геморрой ёки кариес касаллигидан одамлар кўпроқ азият чекади. Диареяда ундан ҳам кўпроқ ноқулайликлар мавжуд. Мен кунига бир марта қусаман. Саратонга чалинганлар эса, бутун умр қийналишади. Хуллас, ўйлаб қарасам кексаликка қадар менда ташвишланадиган ҳеч нарса йўқ экан… Дарвоқе, Америкада озишни истаганларга қусиш учун махсус таблеткалар беришади! — Хўш, кейин нима бўлди? — уни мулоҳазалардан чалғитаман мен. — Ўн тўртинчи июлда қусиш ҳам, қўнғироқлар тўхтади, шундайми? — Бир дақиқа, ҳозир аниқлик киритаман, — кундалигига кўз югуртиради у. — Аҳа! Сўнги марта мана, ўн тўртинчи июль куни эрталаб нон қовурдоқ, памидор салати ва сут ичган эканман, барини қайт қилиб ташлаганман. Сўнги номаълум қўнғироқ, оқшом маҳал, соат ўндан йигирма беш дақиқа ўтганда бўлди. Бу вақтда мен мижозларим тақдим этган мутлақо ҳашаматли бренд — «Seagram» вискисини ичардим ва Эррол Гарнернинг «Денгиз бўйидаги концерти»ни тинглаётгандим… Мен буларни барини кундалигимга ёзиб қўйганман. Кўряпсизми, жаноб Мураками кундалик ёзиш қанчалик ажойиб! — Ҳмм, қулайлиги кўп! — дейман. — Шундан сўнг ҳаммаси йўқолди, -давом этади у. -Қусиш ҳам, қўнғироқ ҳам ғойиб бўлди! Ҳиткокнинг қушлар ҳақидаги фильми эсингиздами? Эртаси куни эрталаб уйнинг эшигини очасиз, гўё бу даҳшатли тушлар бўлмагандек, у ерда ҳеч ким бўлмайди… Хуллас шундан сўнг мени ҳеч нарса безовта қилмади. Тез орада вазним олтмиш уч килограмга қайтди, табиийки янги костюм ва шимлар шкафда абадий қоладиган бўлди. Ўтмиш хотиралари учун эсталик совғалари ҳам керак-ку?! — Қўнғироқ қиладиган йигит бошқа боғланмадими? — сўрайман мен. У бошини сал чайқаб рад этади. Сўнг нимадир ёдига тушади шекилли: — Ҳа, охирги марта бироз бошқача гап айтди, — дейди. — Аввалига ҳар доимгидек, менинг исмимни такрорлади. Кейин: — Менинг кимлигимни тушуняпсизми? — деди ва жим қолди. Мен жавоб бермадим, кутганча тинглаб туравердим. Шундай қилиб биз у билан ўн беш сония бир-биримизни кутдик. Мендан садо чиқмагач, у гўшакни қўйди. Мен узоқ қўнғироқ овозини эшитдим. — Фақат шундай дедими: «- Менинг кимлигимни тушуняпсизми?» — Ҳа, сўзма-сўз шундай. Жуда тушунарли ва одоб билан айтди. Мени хотирам панд бермайди. Ҳар ҳолда, сўнги беш йилда бундай овозли одамни учратмаганман, бу ҳақиқат. — Балки ёшликдаги танишларингиздандир?! — Мен улардан бирини шунча вақт жим юриб, энди эса тўсатдан пайдо бўлиб, номаълум сабабларга кўра, қасос олиши мумкинлигини тасаввур қилолмайман. Чунки мен умрим давомида ҳеч кимга ёмонлик қилмаганман. Ҳамкасбларим ва танишларим орасида ҳам ҳеч ким билан ҳатто гап талашмаганман, ҳеч ким билан душман бўлмаганман. Тўғри, аёллар тарафидан бироз заифлик жойим бор. Буни тан оламан, ўзимдан фаришта ясамоқчи эмасман. Аммо шу маънода кимнидир хафа қилган бўлсам, мен унинг овозини биттада англаб етар эдим. — Шунга қарамай муносиб одам тўшакда дўстларининг аёлларини конвейерини ўрнатмайди, — таъкидлайман мен. — Бошқача қилиб айтганда, сиз жаноб Мураками, ўйлайсизки, менинг хаёлимнинг бир бурчида ўзим сезмаган ҳолда, даҳшатли айбдорлик ҳисси етилиб, ташқарига чиқишга бошқа йўл тополмай, галлюцинациялар билан қусиш шаклида ўзини намоён қилди, шундайми?.. — Мен бу ҳақда гапирмаяпман. Буни ўзингиз айтаяпсиз, — тузатаман уни мен. — Ҳммм, — у вискини ҳўплаганча, шифтга тикилиб қолади. — Менда бир фикр бор, — дейман мен. — Менимча ҳаммаси жуда содда. Сизнинг дўстларингиздан бирови севгилиси билан муносабатингиздан хабар топиб детектив ёллаган, у сизни кузатиб борган ва сизга дарс бериш ёки қўрқитиш учун телефон орқали ҳар куни сизни чақирган. Қусиш эса бу одатий хасталик, тасодифан булар бир хил вақтда тўғри келиб қолган. Бор гап шу… — Икала тахминингиз ҳам ишончли эшитилмоқда, — менга тик боқди у. — Ёзувчиларнинг миясида шунақа сюжетлар келадики, ҳайрон қолади одам! Тўғри, бу тахминларингизда жон бор. Мен ҳақиқатан ҳам дўстимнинг севгилиси билан ётишни давом эттирдим! Лекин савол туғилади: нега кейин телефон жирингламай қолди?.. Шу ерда муаммо бор? — Охир-оқибат у жуда чарчаган бўлиши мумкин. Ёки айтайлик детективни ушлаб туриш учун энди унда пул тугаган… Нима бўлганда ҳам булар фақат тахминлар. Мен версиялар тузишни яхши кўраман. Мен уларни сиз учун камида юзта, ҳатто икки юзта туза оламан! Лекин асосийси сиз улардан яшашни давом эттириш учун қайси бирини танлайсиз ва бу воқейликлардан нимани ўрганмоқчисиз?.. -Ўргатасизми? — ажабланиб сўрайди у. Сўнг ярим бўш стаканни юзига босганча ўйларкан дейди: — Сизнингча бу ерда нимани ўрганиш мумкин? Ё, Худойим, агар ҳамма нарса яна такрорланадиган бўлса, нима қилиш керак?! Қандай қилиб кейинги сафар уни бир ойга етказмаслик мумкин? Бу нима учун бошланганди ва нима учун тугади, буни биласизми? Қайта бошланмаслигига ким кафолат беради? Шу ҳақда менга айтинг, — кулиб юборди у кутилмаганда. Сўнг негадир қорайиб кетди: — Ҳаммаси жуда ғалати-я?! Сизнингча, бу яна содир бўладими?.. — Мен қаердан биламан?! — елка қисаман. У муз тезроқ эриши учун стаканни қалқитиб индамай вискидан ҳўплаб қўяди. — Агар нимадир бўлса, бу сафар мен билан эмас, балки бошқа киши билан бўлар-а?! Масалан, сиз билан жаноб Мураками?.. — Нима учун мен билан? — Шубҳасиз, сиз таниқли ёзувчисиз, шунга қарамай сиз ҳам қанотли фаришта эмассиз? Кўп сирлар очилиб кетмаслиги учун мавзуни шу ерда тўхтатдим. Биз ҳали ҳам у билан учрашамиз, пластинкаларни алмаштирамиз, эски авангардча жазз мусиқаларини тинглаймиз ва ҳар қандай нарса ҳақида суҳбатлашамиз. Албатта, жуда кўп учрашамиз деб айтолмайман, йилига икки-уч марта кўришамиз шекилли. Мен ўзим кундалик юритмаганим учун неча марта учрашишимизни аниқ айтиб бера олмайман. Мен бир нарсани биламан: ўша суҳбатдан сўнг, Худога шукр, на унда, на менда гижжалар безовталиги ва қутқуси туфайли юз берадиган қусиш ва номаълум қўнғироқлар бўлган эмас.
2021-01-27
http://nodirabegim.uz/archives/3668
I Бу ер қўрқинчли — Бизнинг дунё ҳақда Тасаввуримиз бор антиқа ва такрорланмас. Арбоблармиз онгсиз ва нафис Менмал ўшал-репитицияларсиз яшовчи Ўз даҳшатларини ерга кўмадиган Зулмат чўққисидаги Яланғоч ва бўм бўш. Тирилтирар уни тебратиб шамол Мен учун яширин Кичик оловдек. Киприкларим рақс тушар Кўрмайман ҳеч кимни лекин Кимса йўқ ёнимда Ёлғизман. Ёғоч чўпларда қолган Ширин излар Таҳликали болалигим олови… Ва қоронғу кўчалар Ва ортга қайтмаган дадам Ва омонатин топширган бувим Ва кенг шимларим Ва Опиц* синдроми Ва бобом сўйган қўйлар. Булар хавфсиздир Болаликка мен қайтиб Ўйласамгина бола бўлганимни Ҳар бирини ёддан чиқариб. I I Орзуларни қўмсайди Сумка тўла олмос туҳфалар Зумда ўтиб кетган вақт аро Оҳ, ўтиб кетган вақт аро! Мен тўхташни истайман Шунда англолмай Ўксинаман, ўксинаман У қандай лаҳза эдики Йигирма бешгача келдим-да етиб Ва йўқотдим Туғилиш ва йўлдаги Барча талаб қилинган нарсаларни. Ҳис қилдимки Беркитилган иродам сабаб Баландроққа жами аҳдлардан Дунё янги Мен ҳам янгиман. III Масхарабоз бурним ичра Беркитилган асрларга татигулик Хосиятсиз тушлар Оилам кимлигини билмай Вужудимни топтаган юзлар Бир кунга мен илк бора борган Шаҳардаги минглаб чироқлар Ўлимгача такрорланмас нарсалар Оловдек совурилган ибодатхонам Ва барча даргумонлигим кўчган Уч бошли маҳлуқнинг Юришлари акс этган варақалар. IV У ерда тепада — Ташқи қатламнинг ҳар бурчида ёлғиз Ҳар чиқарган нафасида Ичга ютиб Йиғи ва ишқ кўз ёшларини Ўзга самоларга қувват Берадиган булар барчасин Улоқтирдим қора бўшлиққа. Суғуриб олдим жасоратни Ҳудди шундай ҳаракат билан Отиб юбордим Ҳайвондек ялаб жароҳатимни Сокин кечаларда увладим гўё. У ерда йўқ эди биров Ва бўлмас ҳам Мен эдим фақат Пинҳонлик чўққисида. Бир ўзим эдим Ташланмасдим Инсониятнинг кўзига.
2021-01-29
http://nodirabegim.uz/archives/3688
— колумбиялик шоира, ёзувчи, мусаҳҳиқ, адабий агент ва таржимон. 1997 йилда Колумбиянинг Барранкилья шаҳрида таваллуд топган. Асарлари инглиз, бенгал, араб, грек, итальян таржима қилинган. Бир қанча халқаро адабий фестиваллар иштирокчиси. Таржимон сифатида Чилининг “Altazor”, Мексиканинг “Cardenal”, “El Golem”, “Palabrerias”, Колумбиянинг “Cronopio”,” Vive Afro”, ”Raiz Invertida” ва “Burdelianes poetry” каби адабий нашрлари билан ҳамкорлик қилади. Маъзур тутинглар Юрагимга кўп яқин бўлган Қуриб қолган бинафшаларим Сизиб тушди бу жароҳат Кўкрагимдан отилиб ногаҳон… Шўнғиганча қиёфанг энди Ажалга монанд қуёш аксига Стол устида ётар ястаниб. Шакл-у шамойил Борасида кетса гап- Ташналикдан узилган жоним. Ақлдан озмагин сира Ўйлаб бу оғриқли хотирани Кулгин устимдан Тек қўй Менга юзма-юз Ҳув узумзоринг чўзсин бўй Вужудимдаги шифобахш кучни Тарқатиш-чун айнимай туриб. Ёмғирларинг товуши Босиб кетар Гулбаргларим кўз ёшларини Ҳосилинг боли эса Намлайди лабларимни Эътиқодим- оғзингдан ҳўпламоқ шароб Юрагингда гуллаб-яшнаб. Ишқнинг сендаги тиш излари Мажбур қилади Тириклигимни ҳис қилишга. Тўлдиришар учрашув жойини Бинафшаларим Муқаддас тушлик-чи Ерларимизни боғлар чамбарчас. Бардошинг буғдой далаларини Ёқутранг тирқишим ичида Ниш уришига ҳозирлар замин. Нурли эркалаш Олтин тиканларни кўтарар Шаробга лиқ тўла финжонлар Тўқнашар жаннатни суғориш учун. 2. Осмон бир сўз демайди менга Сўзлар пахта ила ўралган Мен бўлсам қонимни Тозалайман унинг Момиқ ва оппоқ сукунатида. Сўнг ёмғирни ҳис қиламан Бироқ мусиқасига Унутаман тушмоқликни рақс. Бошим ёддан чиқармас Унинг бармоқларини Қушлар қўшиғини хиргойи қиларкан Минглаб олхўри дарахтлари Ер юзи бўйлаб тарқалган чоғда Мангуликка дахлдор овози билан. Новдаларим юрагимга эргашмас Хавотир оламан Қандай гуллаб яшнашни ўйлаб. Уфқда қуёш ташланмас кўзга Тонг йиғлайди Тошқин оркестри ўйнаши учун Яратилган оҳанг муқаддимасидек. Боғимга қайтмас ҳеч кўклам Ёруғлик сари буролмайман юз Сўнгги тилагим эса Қийғос очилган атиргулларим Ифорини бир марта туймоқлик яна. . Полда ётар нилуфар гуллар Илитолмас бу ўрмонни ишқинг Сариқ кўз ёшларим Яшил либосларин қўмсар уларнинг. Ҳувиллаган алпозда табиат ранги Жаннатга олиб келар Шамол ҳайдаб ғуборларингни Лекин йўқдир Уруғ экмоқ учун бачадон. Бу кузакда бордир ифоринг Эркалайман у билан Сўниб бўлган истакларимни. Шивирлайди қулоғимга Уруғлар муҳим, гуллармас дея Шамширингдаги кумушранг излар.
2021-01-31
http://nodirabegim.uz/archives/3700
Волидам Нечун биз турибмиз Бу унумсиз замин узра? На унса майсалар На ўсимликлар На бўлса ичимлик суви На муҳаббат унда Ва нечун кулар мириқиб Бу қумли тепаликлар Семирган булутлар Эмаклашни бошласа Чўпдек озғин қўзимиз Ва қаердадир ўзи падарим Волидам сўйланг Ё худди Раббим каби У ҳам бизни кетганми ташлаб?! Қаерда ҳозир Беташвиш тўрғайлар? Улар похол йиғиб Ин қурганлар ўзга ўтлоққа. Қайда қолди уларнинг Тонгги қўшиқлари Мизғишлари чошгоҳ пайтида Оқшом чоғи шивирлашлари? Барчаси бўлган пароканда Айлангач бу замин Порох тутуни истибдодига. Уйга қайтарканман Кўз ташлайман ҳар оқшом Эски почта қутисига Ўз ишининг билимдонидек. Ичкаридан эса Қўпол ва яланғоч бўшлиқ Билиб бундан воқифлигимни Туюлар устимдан кулаётгандек. Қулоқ тут, Азизам! Қулоқ тут! Ташқарида ёмғирнинг Зериккандан чиқариб овоз Ҳордиқ чиқаришига гўё Туртганча пастак тепаликларни. Кейин нафис тарзда Жудаям нафис Юмшоқ тупроққа дўнади намлик Ва эшитилар Олча дарахтлари гулларин Фарёд уриши қайғуга шўнғиб. Мен бадавийман Яшайман шунчаки Қулай маскан бўлган чодирда. Дағал эчки соч толасидан Тўқилган унинг матоси Ёзда томли соябонга айланар Қишда эса ёғин-сочиндан Сақловчи бошпанага. Бор бисотим- Кийимдир биргина холос Эрк либоси бўлган қоп-қора ридо. Тўрва халтамга соламан На қишлоқ аҳолиси На шаҳарликлар таъбига Мос келадиган Бир жуфт эски шиппак Бир сиқим қаҳва Ва бошқа майда-чуйдалар барин. Теран сарғиш қумларга тўла Бепоён кенгликлардир ватаним Барча лаш-лушларимга қўшиб Елкасига мени ортмоқлаб олган Нортуя-чи ёлғиз ҳамроҳим. Ниҳоясиз саҳрони Биргаликда кесиб ўтамиз Ва қачонки мен Туяларга аталган айрим Қўшиқларни куйлай бошласам У тута бошлар ўзини Кўкда парвоз қилаётгандек Терисига сиғмай шодликдан. Таҳдид қилиб ўкирди Зайтун дарахти қошида Кек сақлаган кузак шамоли: “Мен яна келдим Сени йўқлаб қари ялмоғиз Шу тўқ яшил либосингни Ечиб оламан устингдан энди Путур етказаман Ички аъзоларингга Бир-бирининг чокидан сўкиб Синдираман суякларингни Фарёдларинг кўкка етгунча Шимгунича ўзига намни Далалардаги қуруқ лой, балчиқ Жонбозлик қиламан қонинг тўкишда”. “Хабарим бор”- деди тилга кириб Шунда йўғон дарахт бутаси “Ўн икки ой олдин ҳам Айтгандинг мазкур сўзларни менга”.
2021-02-02
http://nodirabegim.uz/archives/3706
Олийжаноб кўзёшларингда Акс этар Тангримнинг шивирлаши-ю Илоҳий қудратнинг дурдона томчилари Уйғунлашиб ёмғир оҳанги-ла Юрагимдаги уммонда оқади улар Ундаги сувсираган Ҳар бир ирмоқни сувга тўлдириб. Улар лойқа сувларни Тозалайди ҳиссиётлардан Рашк ва янглиш ўйлар сабаб Юзасида ҳосил бўлган Бепуштликка гирифтор ерни суғориб. Кулгулар ва йиғиларга тўла Ҳаётнинг эгри-бугри йўллари аро Вақт қанот қоқиб учади… Тез ўтади худди Кечадан эрталабга ҳатлагандек Анъанавийликдан модернизм сари. Ўзгарган рангларга иккиланишлар Тутади ҳозирлаб палитрани Ҳайдаб келади шамол-у бўронларни Аёллар-чи нафис тарзда Сидиришади уларни рақсга тушиб. Ёшлари ўтгани сайин Уларда кузатилади ўхшаш чеҳралар Овозлари алдамчи бўлади: Ё хириллаган, ё оҳангдор Кўз ёшлари- унсиз, табассумлари -сирли Ҳиссиётлар эса беркитилган. Улар кечиришади чандиқларни Жароҳатларга суртишади малҳам Ва улар тафаккурида Юзлаб китоблар мутолааси боис Пайдо бўлган донишмандлик Бисотларида ўткир шамширга айланади. Улар сўзлашади Улар ёзишади Улар ташаббус кўрсатишади Улар нуқта қўйишади Уларга жо бўлади ниҳоят Орзуйингдаги келажак Яшашинг учун зарур ички аъзолар Хонадонингга менгзалган улкан муҳаббат. Бир неча кунгача Қамраб олганда мангу ёруғлик Сингиб кетдим чексиз абадиятга. Бошладим истакларсиз Ихтиёр тутиб ҳавоий ҳаётни: Ортиқ йўқ шаҳватли нафс балоси Зулмат йўқ, дилхиралик йўқ Аммо таралади самодан Ер ўзига эп кўрмаган шуъла. Бу номсиз ўлкада Эслашга арзигулик ўтмиш йўқ Йўқотган камина шунчаки Мантиқий ҳиссиётни Чунки на ибтидо, на интиҳосиз Бу мангулик бўлган азалдан мавжуд. Мен таниган ягона нарса – Мусаффо осмон деб атайдиганим Тепамдаги ғаройиб шифт. Унга юксалиб Хайр дейман силкиб қўлимни Оёқларим остида ётган заминга. Баҳор кунлари келади Баҳор кунлари кетади Бироқ қолади Ҳаётга менгзалган муҳаббат. Қайта туғилади У ҳар тонг, ҳар оқшом Сеҳрлайди серенада оҳанги каби. Тобора яқин келаркан баҳор Жон киради борлиққа Атрофга улашади у Мутлақо янги фалсафага уйқаш Пўртаҳол рангидаги ҳузур- ҳаловат. Тотли фасл қадалади Қора кўйлакларим орасига Пушти атиргуллар ҳамроҳлигида Касб этганча шинам уйғунлик Ва муҳрланади Мўмиёланган бир жуфт лабларга. Кўзлар ҳар сафар очилиши билан Барча фаслларга татигулик Алисс*нинг ёқимли ифоридек Шартрез**га кўчган борлиқ ҳосиллари Бартараф қилиб бўлмас Аноним тушларга йўллайди ўлим. Баҳор кунлари Айланади одатий кунлар безагига Тош қотади ҳаёт шунга қарамай Боши берк кўча остонасида Ишқ ҳам унга эргашади Мангулик ифорини таратиб. : Алисс- гул нави Шартрез-шаробнинг бир тури.
2021-10-02
http://nodirabegim.uz/archives/3717
Тарихдан маълумки, 1939 йил декабрда Туркия шарқидаги Арзинжон шаҳри яқинида 7,8 магнитудали зилзила содир бўлиб, 30 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган эди. Ўша зилзила тарих саҳифаларига “Буюк Арзинжон зилзиласи” номи билан қайд этилган ва “Аср фожиаси” сифатида эсланади. Озарбайжонлик мутафаккир шоир, ёзувчи, адабиётшунос олим, таржимон ва журналист Али Бей Ҳусейнзода (1864 Баку-1940 Истанбул) Арзинжонда юз берган даҳшатли фалокат ортидан матбуотда бошланган мунозараларга жавоб тарзида “Зилзила сабаб” шеърини ёзади. Миллат бундай паллада айбдорни қидириб, вақт ўтказмаслиги кераклиги, аксинча, бир ва баробар бўлиб, фалокат оқибатлари билан курашиши кераклигини қаламга олади. Минг афсуски, “Буюк Арзинжон зилзиласи”дан сўнг қандай манзара билан юзма-юз келган бўлсак, бугун ҳам нуқта-нуқтасигача ўша аҳволни кўриб турибмиз. Тарихдан сабоқ чиқарилмас экан, йўқотишлар тўхтамайди. Хатолардан тўғри хулоса чиқарилмас экан, миллатнинг гулдай болалари кимларнингдир хатолари сабаб қурбон бўлаверади. Шоир офатлар миллат учун аччиқ сабоқ бўлиши кераклигини салкам бир аср аввал бонг урган экан. : Арзинжонда бир қуш бор Шохда инин қидирар. Қанотидан қон сизар, Дардига дармон излар. Кўрди фожиа, ўлим, Узоқлардан келган бор. Устида кафани қор, Ё Рабб, недир бу зулм? : Дунё асли юмалоқ Маркази олов, бухор, Қобиғи ёриқ – чатлоқ Офат балолари бор. Арзинжонда зилзила Сўрма кимда қабоҳат. Еримиз асли шундай Хўп ғаройиб табиат. : Вулқон бирдан қутурди, Йиқилди уй, том, девор. Излама ким айбдор, Меъморларда қусур бор. Бинолари ночордир, Пойдевори заифдир. Томи зотан чатоқдир Йиқилмоққа маҳкумдир. : Изланг тузумдан айбни Ундан меросдир бу ҳол. Асрлардир бу юртни Этмиш тамоман иҳмол. Геотехник тадқиқлар, Қилинмаган мозийда. Қурилгандир шаҳарлар Вулқонларнинг изида. : Вақтими ҳозир шуни, Ким айбдор, гуноҳкор? Қўйгил энди баҳсни Ўйла қандай чора бор? Буюк офат – зилзила, Беҳисоб фалокатзада. Ватандошлик бурчини, Бир он аввал адо эт! Кўплаб шаҳар, қасаба, Гирасун, Ўрду, Нексор, Тўқот, Сивас, Эрбаа. Кекса муздариб йиғлар, Юзлаб қишлоқ паришон, Кетди минг-минглаб инсон. Хоин офатга қурбон, Сўнди не-не хонумон, Соғлар қор остида оч, Ярадор йўқсул, юпун, Аҳоли ночор, мухтож, Ёрдам зарур, биродар. : Ватан дарди дардимиз, Ёрдамга доим шаймиз, Бўлса-да йўллар узун, Ҳар ён қор, совуқ сурон, Туркмиз, тўсолмас бизни, На бўрону на тўфон. Йўлдан қайтармагайдир На зилзила на вулқон. Ўлган ўлди, тирилмас, Соғни қутқар, шошилгин, Вайрон уйлар тузалмас Янги уй-жойлар қургин. Кучли бўлсин, чидасин, Зилзилага, ёнғинга, Йиқилмасин, чўкмасин, Сел, тўфон, талофатда. Яшасин улуғ миллат, Буюк Камол мероси Яшасин жумҳурият.
2023-02-14
http://nodirabegim.uz/archives/5434
Менга шу мазмунда савол йўллашибди. Кичик тавсияларимни ўртоқлашай, дедим шу баҳона. Мен ҳар куни маълум соат, масалан кунига бир соат вақтимни мутолаага ажратиш, айнан фалон соатда ўқиш деган тартибдан йироқман. Ҳеч ким ҳалал бермаса ва бекорчи бўлсам эрталабдан кечгача ҳам ўқиб ўтираман. Ташвишлар кўпайиб кетса, ҳафталаб китоб ўқий олмайман. Мутолаа — кўнгил соғинадиган эҳтиёж. Қайси китоб кўнглингизга ўтирса, ўқишингизга ҳеч нима ҳалал беролмайди. Ҳозир кўпчиликда вақт масалаласи чатоқ. Мутолаага вақт ажратиш учун маълум вақт интернетни чеклаш, номуҳим ишларни четга суриш қўйиш, ёзишни тўхтатиб туриш, кўчага чиқишни камайтириш каби чораларни қўллайман. Айниқса, вақтингизни еб қўядиган ижтимоий тармоқлардан бир муддат кетиш сизни мутолаага яқинлаштиради. Фақат мажбуран ўқиманг. Ёқмаётган, тушунмаётган бўлсангиз бошқа китобни олинг. Мен масалан, ўн йил олдин ўқиб чиққан китобимни умуман тушунмаган эканман, ҳозир қайта ўқиб тушуняпман. Шунинг учун ёшингизни ва дунёқарашингизни ҳам ҳисобга олинг. Дуч келган китобга вақтингизни йўқотманг. Ва энг муҳими (ўта шахсий фикр), кучли асарларни жудаааяямм кўп ўқиб юборманг, кўп нарсани билганингиз сари реал ҳаёт ва одамлардан узоқлашиб, бу дунё зерикарли ва бемаъни деган хулосага келасиз. Мен ҳар куни маълум соат, масалан кунига бир соат вақтимни мутолаага ажратиш, айнан фалон соатда ўқиш деган тартибдан йироқман. Ҳеч ким ҳалал бермаса ва бекорчи бўлсам эрталабдан кечгача ҳам ўқиб ўтираман. Ташвишлар кўпайиб кетса, ҳафталаб китоб ўқий олмайман. Мутолаа — кўнгил соғинадиган эҳтиёж. Қайси китоб кўнглингизга ўтирса, ўқишингизга ҳеч нима ҳалал беролмайди. Ҳозир кўпчиликда вақт масалаласи чатоқ. Мутолаага вақт ажратиш учун маълум вақт интернетни чеклаш, номуҳим ишларни четга суриш қўйиш, ёзишни тўхтатиб туриш, кўчага чиқишни камайтириш каби чораларни қўллайман. Айниқса, вақтингизни еб қўядиган ижтимоий тармоқлардан бир муддат кетиш сизни мутолаага яқинлаштиради. Фақат мажбуран ўқиманг. Ёқмаётган, тушунмаётган бўлсангиз бошқа китобни олинг. Мен масалан, ўн йил олдин ўқиб чиққан китобимни умуман тушунмаган эканман, ҳозир қайта ўқиб тушуняпман. Шунинг учун ёшингизни ва дунёқарашингизни ҳам ҳисобга олинг. Дуч келган китобга вақтингизни йўқотманг. Ва энг муҳими (ўта шахсий фикр), кучли асарларни жудаааяямм кўп ўқиб юборманг, кўп нарсани билганингиз сари реал ҳаёт ва одамлардан узоқлашиб, бу дунё зерикарли ва бемаъни деган хулосага келасиз.
2019-03-10
http://nodirabegim.uz/archives/844