text
stringlengths
1
1.49M
timestamp
stringlengths
9
10
source
stringlengths
21
684
Хотира маросимига казо-казолар келди. Бир гуруҳ ёшлар саватдаги гулдастани ҳайкал пойига қўйиб, таъзим қилишди. Сўзга чиққанлар эса Адиб умри давомида ёзиб кетган шох асарлар бугун минглаб нусхаларга чоп этилаётганини иштиёқ билан сўзлашди. Ёш шоир ёнидаги устозидан сўради: -Адиб ёш кетган экан-а? Нима сабабдан? -Ҳа… Касалликдан, даволанишга пули йўқ эди.
2019-10-23
http://nodirabegim.uz/archives/965
Газетамиз электрон почтасига тушган муштарийларимизнинг хат-хабарларига кўз югуртирар эканман, уларнинг биттаси ғалати битилгани билан дарров эътиборимни тортди. Мактуб дабдурустдан “ дея бошланарди. Англашимча, номанавис ёруғ оламда йўқотганини топиш илинжида яшаяпти. Қизиқишим кучайиб, у ёғини ўқишда давом этдим. “Ў Мактуб шу кўйи ҳазин оҳангда поёнига етади. Лекин уни ўқиб бўлгач, инсон зотига ТАНГРИнинг олий яратиғи — онг ва кўнгил соҳиби пешонасига бундай қисмат бежиз битилмаганини яна бир карра чуқур мушоҳадалашга интилдим. Одамнинг туғилибдики, то ўлимгача мана шу кутиш туйғусига ошноланишидан, кутиш умрининг ибтидосидан интиҳосига қадар ҳамроҳу ҳамрозлигидан ҳам фахрланиб, ҳам ўкиниб кетдим. Аслида инсон ёруғ оламда нимани кутади, кимни кутади, нега кутади, кутиш онг эҳтиёжими ёки қалб қидириғими? Мазкур турли-туман, саволларга жавобларни, ижобий-салбий сабабларни, аввало, бадиий адабиётдан излаб кўриш сабоқ учун ғоят арзирли. Боиси, адабиётшунослик инсон руҳиятини тадқиқ этади. Уни инсоншунослик сифатида юксак баҳолашади. Биз айнан инсоншунослик оламидан кутишга бўлган муносабатни ўрганиш асносида ҳаётимиздаги шу билан боғлиқ жумбоқлар ечимини излаб кўрамиз. Шояд буни уддалай олсак. Мисолни “Ўткан кунлар”дан бошлай қолайлик. Бир қарашда асардаги образларда кутиш ҳолатлари унчалик кўзга ташланавермайди. Худди йўқдегу, агар китобхон асарга синчков ва холис назар ташласа, қаҳрамонлар руҳий дунёсини мушоҳадалашга киришса, уларнинг аччиқ фожиалари ортида ҳудбинликнинг хунук иллати ётганига гувоҳ бўлади. Биз ана шу ёвуз кутишнинг икки инсон қиёфасида мужассамланган кўринишларига диққатингизни тортамиз. Ўзбек ойим — ёзувчи тили билан айтганда, чала дунбул табиатлик бир хотин бўлса ҳам, аммо эрига ўткирлиги билан машҳур эди. Биз айнан мана шу аёл, она образи орқали кутишнинг энг ножоиз, мудҳиш кўринишига гувоҳ бўламиз. Ахир у эмасми, фарзандининг бахтидан кўраям, ўзининг орзу-ҳавасни устун қўйган, берган оқ-сути, нон-тузи эвазига боласидан бир нималарни кутган, бир нималарга илимта бўлган. Буни қуйидаги сатрлар яққол исботлаб турибди: . Асоссиз кутиш қай бир мақсадга қаратилганидан қатъий назар, фақат ва фақат азоб-уқубат билан тугайди. Тўғри, Ўзбек ойимнинг кутиши оқибатида маълум маънода асос борга ўхшайди. Лекин унинг туб илдизи ҳеч қандай маъно-моҳиятга эга эмас. Ахир айтинг-чи, ҳеч бир замонда фарзанднинг кўнгли билан ҳисоблашмаган ота ёки онанинг орзу-ҳаваси ҳайрли якун топганми. Қайтангга у ўтмишдан қораланиб келадику Кўриниб турганидек Юсуфбек ҳожининг хотини қистови билан айтилган мана шу сўзларининг ўзиёқ Отабек устига жуда оғир юкни қўймоқда. Бу юкни елкага олиш қанчалар машаққатли ва охири кулфатли эканини китобхон асар сўнгигга етмаёқ фаҳмлаб олиши шубҳасиз. Худди мана шуларни башорат қилган каби Отабекнинг “- (22.137) деган хитоби янграйди. Ҳаётда бирор нарса ёхуд бирор ҳодисани кутишдан кўраям, кимни кутишимиз муҳимроқ албатта. Бордию, кутаётган инсонимиз ҳеч қачон ёнимизга келмайдиган бўлса, кутаётган нарсамиз ҳеч қачон амалга ошмаса, одиллик билан тақдирга тан бериб қўявериш маъқул эмасмикин. Энди бизнинг иложсиз нарсаларга интиқлигимиз худбинлик даражасига кўтарилмаяптимикин?! Кутиш эзгу мақсадга, эзгу амалга йўғрилмаган бўлса, самарасиз ва ҳеч вақога арзимасдир. Алал-оқибат кишига беҳад азоб-уқубат келтиради. Буни Зайнабнинг ички ҳолатида, ҳатто қиёфасида, гап-сўзларида кузатамиз. Унинг опаси Хушрўй билан мунозарасига эътибор қилинг-а. . Бордию Зайнаб кутишдан тўхтаб, буткул умидини узиб, этагини қоқиб кетаверганида, ҳаммаси рисоладагидек давом этиши мумкин эди. Минг афсусларки, асло унинг қўлидан кутишдан воз кечиш келмади. “Чин севги ҳар қандай одамни покизалаштириб, онадан янгитдан туғилгандай кўкка кўтаради” — деган экан файласуфлардан бири. Во ажаб! Зайнабнинг Отабекка бўлган ишқи не сабабдандир ўз кўнглини ғуборлардан аритолмади, тозартиролмади, эзгулик сари етаклолмади, қайта баттар тубанлаштириб бораверди? Бунинг боиси не эди? Саволимизга адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддининг “Икки аёл” мақоласидан муносиб жавоб топгандек бўламиз: “ Илоҳий ишққа на айрилиғу, на жудолик нуқта қўя олади. У ҳур қалбларнинг ботиний, бетугал туйғуларининг тинсиз ва беғубор булоғига — садоқат обизамзамига айланиб кетади. Гарчи мавжуд макони кўксимиздаги пинҳон қаср бўлса-да, гоҳ-гоҳ ошиқ-маъшуқларнинг юз-кўзларида, хатти-ҳаракатларию, сўзларида зоҳирланиш қудратига эга. Бундай ёқимли ҳолатлар Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романидаги Йўлчи ва Гулнор муносабатларида мужассам. Мард ва ҳалол, содда ва ростгўй, сабрли ва ғурурли Йўлчи суйгани Гулнордан у Мирзакаримбойга мажбуран узатилиб кетганидан сўнг ҳам кўнгил узмайди, узолмайди. яъни ўзини севишдан, кутишдан тўхтатмайди, тўхтатолмайди. Унинг хаёли кўнглидан нари кеткизмайди, кеткизолмайди. Қаерда юрмасин ўйлайди, интизорланади. Умидини сўндирмайди. Гарчи, адолатсиз ҳаёт умидларини армонлар тубига улоқтириб қўйсада, у ёрнинг дийдоридан бенасиблик қисматига кўникишдан бегона. Ҳаёт ва хаёл қўшалоқлигидан таскинланади. Ташқи оламда жудолик жабрига дош беришдан ўзга иложи йўқлигига қарамай, ички оламида висолга ташналиги кучайса, кучаядики, асло сусаймайди. Хаёлидан ҳаловат излайди. Умидларига умидланади. Бир умрга бой берганини тан олишни истамайди. Мана шу ҳолатнинг ўзиёқ инсон руҳий дунёсининг энг чекка пучмоқлари, туби нақадар англаб бўлмас, сирли туйғулар туғёнига тўла эканини, инсоният онгининг борлиққа бўйсунмас бир жараёнини кузатишимиз мумкин. Буни Гулнор вафот этиб кетгач, у турмадан қочиб озодликда юрган кезларидаги кечмишларида кўрамиз: “…Йўлчи танҳо юрганда унинг кўксини зирқираб оғритган ишқий кечинмалар қоплади, бутун борлиғини Гулнорнинг ёди асир қилди: “У тақдирга тан бериб, ниҳоят кўникдими? Мени унутдими? Йўқ, нега унутсин, Гулнор-а?.. Ҳозир боғда нима қилаётган экан? Бир кўрсам, жилла бўлмаса, овозини эшитсам… Кимни юбораман? Унсин кўрмаган, ҳам у ер анча узоқ… Ўзим борсам-чи? Теваракда гир-гир айланаман. У мени қайдан билади? Агар қадамимни бой сезиб қолса, Гулнорнинг аҳволи оғирлашмайдими…” Йўлчининг асл садоқати сийратида. Туйғулари туғёни ич-ичида. У Гулнорнинг бир умр келмаслигини, янаям аниқроғи, келолмаслигини яхши билса-да, кутишини канда қилмайди, йўлларига муштоқу маҳзун кўз тикади. Бироқ ҳеч қачон ўзини ўйлаб, ёрига эга чиқишни лозим топмайди. Биз буни йигит қизни Тантибойвачалар чангалидан қутқариб, олиб кетаётган лаҳзаларда биламиз. Йўлнинг ярмига етганда, одамлар сийрак жойда тўхтаб, Гулнор унинг ёнига келгач, ийманиб секингина: “Қаерга олиб борай сизни? Ўз уйингизгами? Тўғрисини айтверинг, Гулнор, сира тортинманг… ихтиёр сизда” деган ҳолатидан аён. Ваҳоланки, Йўлчи бошқача йўлни тутиши ҳам мумкин эди-ку. Бироқ у ҳар қандай шароитда севгилисининг манфаатини устун қўяди, не қилса-да, фақат унга яхшиликни кўзлайди, истакларига қулоқ тутади. Қиз ҳам йигитга ғоят муносиб, лекин номақбул жамият қурбони сифатида чорасиз. Гулнор бойнинг қасру кошонаси “маликаси” бўлишига қарамай, Йўлчи ҳақидаги ўй-кечинмаларидан халос бўлолмай қийналаётган ҳолатига қайта ва қайта гувоҳ бўлаверамиз : “Гулнор бутун юраги билан Йўлчига мафтун, унинг кўксини бахтсиз севги ҳасрати ва айрилиқ лим-лим тўлдирган. Унинг хаёлида ёлғиз Йўлчигина учади, фикран у билан сўзлашади, гўё йигит унинг сочларини силайди, кучли, кенг кўкрагига унинг бошини олиб эркалайди, ишқ, ёшлик нури тўла кўзлари билан унга термулади, гўё юрагидаги чин, ёлқинли мухаббатни сўз билан ифода қилолмай, боқишлари билан баён қилади…” Кўриниб турибдики, асарда ҳар икки қаҳрамон бир-бирларига етишмоқни кутиб яшашдан бир сония-да, ўзларини тўхтатолмайдилар. Соф муҳаббат эгалари учун умрбоқий висол умиди умрбоқий юракларида яшаб турар экан уларнинг кўнгил боғларига хазонрезлик ҳукмини ўтказолмайди. Шунинг ўзи ҳам гўё бахтдек нолишга ўрин қолдирмайди. Аммо бадиий адабиётда севги-муҳаббатдан бўлак нарсаларни кутаётган қаҳрамонларимиз ҳам талайгина. Мисол учун таниқли адиб Саид Аҳмаднинг “Уфқ” тирилогиясидаги қуйидаги сатрларга эътибор қаратинг: “Турсунбой Зебини овозини эшитди. Эшитди-ю, ўзи овоз чиқазолмади. Агар ёлғиз учратолса эди, албатта, овқат келтиришини ялиниб сўрарди. Йўқ, ёлғиз учратолмаяпти. У кимдандир моховлар яшайдиган орол ҳақида эшитганди. Моховлар оролига ҳеч ким киритилмайди, ҳеч ким у ердан чиқарилмайди. Наҳотки, Турсунбой ҳам ўша моховлардек танҳо яшаса?.. У қачонгача шу хил яшашини билмасди. Бу тўғрида ўзидан сўрамасди ҳам. Мабодо, шунақа хаёл бошига келса, ўзидан-ўзи қўрқиб кетарди. У ниманидир кутарди. Нимани кутаётганини ўзи билмасди. У кўпинча эртани, тақдирни эмас, онасининг олиб келадиган овқатини кутарди. Шундан бошқа ҳаётдан илинжи қолмаганди…” Демак, ҳаётда овқатни кутиб яшайдиганлар ҳам йўқ эмас. Дунёда кутишданда оғирроқ юмуш йўқ, дунёда кутишданда аянчли ҳолат йўқ, дунёда кутишданда мушкулроқ вазият йўқ, бордию у икки инсоннинг бир умрлик қисматига айланса-чи? Биз ана шундай тақдирлари бир умр фарзанд йўлига интизорликка маҳкумланган кимсаларни Тоғай Муроднинг “Ойдинда юрган одамлари” асарида учратамиз. Асар қаҳрамонлари Қоплон ва Оймомо бир умр фарзанд илинжида ўтади. Таниқли адибимиз Саид Аҳмад тили билан айтганда “Улар фарзанд илинжида туни кунга, кунни ойга, ойни йилга улаб яшайди. Қоплон хотинини Момоси деса, Оймомо эрини Бобоси, деб чақиради. Улар йўқ боланинг бобоси, йўқ боланинг момоси бўлиб, йилларни йилларга улайди. Бир-бирига мўлтираб яшайди. Улар учрамаган доктор, улар кўринмаган табиб қолмайди…” чиндан ҳам Қоплон ва Оймомо минг бир умидлар билан Синодаги табиб, Даҳана Обширдаги фолчи Хожар кўр, Термиздаги дўхтирлар ва ҳатто Ваҳшинвордаги Сўфи Оллоёр сағанасига бориб, қўй сўйишиб, тўлиб-тошиб сиғинишади, сумалакларда ният қилиб тош ташлашади. Бироқ… Асар боши икки ёшнинг ширингина тўйи билан бошланади. Гўё бахт уларни бир умр қучоғига олган каби таасурот уйғотади одамда. Бир қарашда ҳамммаси рисоладаги каби кетаётгандек кўринади одамга. Бироқ маълум вақт ўтгач, уларнинг ҳаётига босқичи кириб кела бошлайди. Уч-тўрт кунлик келинчак Оймомо Қурбон ҳайитида шунқанги юқорилаб учадики, шунақанги гир айланиб учадики, буни кўриб Қоплон юрагини ҳовучлайди, “Ё пирим, ё, прим-е”, — дея пичирлайди, оғзидаги ҳолва оғзида қолади, бўғзидаги ҳолва бўғзида қолади. Фақат ҳалинчак оҳисталангачгина Қоплон енгил нафас олади. Ва кечқурун қайлиғига “Аэропландай учдинг-а!” -дея қойил қолган чоғда улар орасида фарзандли бўлишнинг илк ширин орзуларига лимо-лим суҳбат кечади. Бироқ бу энтикишлар кўпга чўзила бошлади. Икки ошиқ-машуқ дилига секин-аста алланечук бир ғашлик солди. Биз буни ғожир жўжалардан бирини ўғирлаб қочган чоғдаги Қоплоннинг руҳият ҳолатида яққол кузатишимиз мумкин: Шу кўйи юракка кирган дард, юракка кирган оғриқ тобора икки инсоннинг гулдек ҳаётида заҳарли оғуга айланадики, бу оғунинг номини фақатгина кутиш деб номлашимиз мумкин. Оймомо ва Қоплон кейинчалик шу қадар кутиш касалига чалиндиларки, Қоплон ҳали туғилмаган гўдакка бозорга бориб, бешик излади, ҳатто буни бир-икки одамларга мақтанмоқчи бўлди ҳам. У яна ўғлим Хушвақт катта бўлса, ўқийди деб китоб дўконига ўтиб, ҳали туғилмаган фарзандига “Ўткан кунлар”ни ҳарид қилди. Оймомо эса қизини тушларида кўриб севинди. Бироқ нетонгки, кутиш уларни бир умр чангалидан озод этмади, кўнгилларини бир лаҳзага бўлсада тарк этмади. Кутиш — икки инсонниг ҳам ҳаёти маъносига айланди гўё пешоналарига битилган ёзуқдек қабул қилишларига тўғри келди. Шахсан мен асарни ўқиш асносида бир лаҳза бўлсада ўзимни йиғидан тутиб туролмаганман. Ҳар гал шу китобни қўлимга олган чоғим, дарров кўзимга ёш инади. Бу дард қанчалар оғир дард эканки, ҳатто китобхоннида ўзига ошино этса, ҳар гал қайтадан ўқиганида оғриқларини қайталайверса. Кутаётган одамлар — бетоблар, касаллардир аслида, улар гўё буюк эҳтиёжмандларга ўхшашади. Кутишга кўниккан кўнгиллар эса, энг ожиз, энг синиқ кўнгиллардир. Бордию инсонда ҳаётдан, одамлардан шукроналик ва қониқиш ўрнида ҳам ниманидир “кутиш касаллиги” авж олса, умр фожиадан фожиа, заволдан заволдир. Чунки, кутмасликкина ҳақиқий яшашдир. Ёзувчи Эркин Аъзамнинг “Пакананинг ошиқ кўнгли” асаридаги Пакана шахсида ана шу “бахтсиз кутиш” ҳолати гарчи хунук бўлса-да, тўрт мучаси соғ, саранжом-саришта, турли хил салбий иллатлардан ҳоли, камсуқум хотини борлига қарамай, орзусидаги малакни тинмай излаётганида яққол кўринади. Аслида у ўзига тўқ, тинч ва фаровон оила раҳбари. Бир-биридан ширин ва ўктам учта қақажон қизалоқлари ҳам бор, уй-жойи ҳам рисоладагидек, касби, ишида ҳам айтарли муаммо ва қийинчилик йўқ. Бироқ унинг кўнгли ҳаловатда эмас. Унинг кўнгли иложсиз орзулардан қайтмайди. Унинг кўнгли бўйи новча, қомати келишган бўлишинию, оламда тенгсиз бир соҳибжамолга эга чиқишни тинимсиз кутади, кутаверади. Шу қадар кутадики, азбаройи ҳар ҳил олди-қочдилар босиладиган “енгилтакроқ бир рўзномага обуна бўлиб, журнални қўлига олган заҳоти “Совчи” деган жойига разм солади. Сабаби биргина нарсадан умидвор: Бўй-пўйининг аҳамияти йўқ, паканасиям бўлаверади, одам бўлса бас”, деган эълон чиқиб қолармикан деган ўй яшайди хаёлида, бўйини ўстириш учун ҳафтасига бозорга тушиб бир тўрва-бир тўрва сабзи олади, бошқа таомни йиғиштириб сабзихўрлик қилади, турникка тортилади, ҳатто ёрини ҳам бўй ўстириш ишига сафарбар этади. Меҳрибон ёр эса тинмай эрининг бўйини ўстириш учун турли хил йўлларни, чораларни излаб яшайди. Бир вақтлар орзуман паканамиз рассомлик билим юртини тугаллаш арафасида диплом иши сифатида “Орзу” аталмиш каттакон бир портрет яратади. Мўйқалам тутган кунидан бошлаб, расмини чизиб келган сулув қиз-жувонларнинг энг жозиб жиҳатларини, гўзал-гўзал шаклларини ана шунга жамлайди. Бу картина бирдан шуҳрат ва шов-шувга эга бўлишининг сабаби эса, тасвирда ўзи кутаётган “Орзу” акс этган эди. Ҳа, у бир умр қалбида идеаллаштириб келган ягона аёл тасвирини акс эттиради. У шу қадар мукаммал тасвирланганки, гўё нусхасини ҳаётдан топишнинг иложи йўқ. Тўғри, кейинчалик у уйланиб, уч қизнинг меҳрибон отаси, фариштадек беғубор аёлнинг эри бўлиб юрган кезлари “Орзу”сини учратади ҳам гўё. Яъники, Сафсар исмли эридан ажрашган гўзал жувонга ошиқи беқарорланиб, “Умид” номли портретини чизади. Тўғри, актриса аёл унинг ягонагина умидига айланади, бироқ бу умиднинг умри жуда-жуда қисқа, тўхташ манзили кўз илғарлик даражада яқин эди. Энг ёмони шундаки, оилали, уч фарзанднинг отаси бўлмиш бизнинг пакана ўзга аёл (майлики гўзал) кўйида жунунваш девона Мажнунга айланади. Туну-кун хаёлидан гўзал аёлни кетказолмайди. “Эсладимми, лабим тамшанур. Сен бир қувонч, шиддатидан кўзим ёшланур” дея тунлари хаёлан у билан суҳбатлар қуради, худди ўн саккиз яшар шайдо йигитчага айланади. Пакананинг қиз ўлгандан кейинги илтижоларига бир эътибор қаратинг-а: “Энди сендан менга ёдгор бўлиб армонга айланган мана шу умид қолади. Яхши кунларингга атаб чизганим, эвоҳки, қора кунингга яради, Сафсар. Сен бу оламда мендек бир нотавон борлигини, у сенга талпиниб яшаганини кўриб, билиб кўз юмдинг, Сафсар. Қорачўғингда кетдим, Сафсар, шуни ўзи мен учун ҳар недан ортиқ. Сен эса менинг кўнглимда қолажаксан, Сафсар. Ҳамма унутар, ёр-дўстларинг унутар, ота-онанг унутар, қизинг унутар, аммо менинг кўкрагимда қоласан. Кетсам, кўнглимда кетасан, Сафсарим!…” Пакана кутаётган “Умид”идан айрилганини англагач, ростакамига касал бўлади, шифохонада ётиб ҳам чиқади. Хуллас, асар Пакананинг бахтсиз, аламзада ҳолатда кўзгуга тикилиб турган ҳолатида якун топади. Кутишнинг мукофоти ҳам икки хил. Биринчиси, ўзбек халқ эртакларидаги ақлли ва доно Зумраднинг олтин сандиғи ва ичи тўла олтин зарлар кўринишида бўлса, иккинчи тури ҳам ана ўша асардаги ўрмондаги нотаниш кампирнинг нотавон Қимматга берган ёмон совғаси шаклида ҳисобланади. Бизнингча, Пакана ана шу ёмон соваға билан тақдирланган кимсанинг ўзгинаси. Иккинчи Жаҳон уруши минглаб одамларни ўз яқинларидан жудо қилди, минглаб одамларни бир-биридан айирди ва шу қатори минглаб ўзбек хотин-қизлари ҳам кутишга маҳкумлаб ташлади. Таниқли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” номли асари айнан уруш, омонсиз таҳликали йиллар, қаҳатчилик, қийинчилик даврларини ўзида ифо этгани сабаб ҳам биз кутишнинг ранг-баранг шаклу ҳолатларига дуч келамиз. Робия ва Раъно… Нега бу икки аёл исмини ёнма-ён келтираётганимизга ажабланаётгандирсиз. Боиси, четдан қараганда булар ўртасида ҳеч қандай ўхшашлик йўқдай. Аслида бу икки образ ҳаётига назар ташлаб, улар ўртасида нақадар фарқли ва ҳаттоки, ўхшаш жиҳатларни ҳам топиш мумкин. Ўхшаш жиҳати шундаки, бу икки аёл урушга ёрини жўнатадилар. Раънонинг “Мени ҳам ўзингиз билан олиб кетинг, ё бўлмаса ўлдириб кетинг” дея аюҳанос солишидан фарқли ўлароқ Робия Кимсанни кузатаётганида пинагини бузмасликка астойдил тиришади, ўзини мағрур ва кучли тутишга ҳаракат қилади. Фақат Кимсан вагонга чиқар чоғи “кутасан-а” дея қиз кафтини оҳиста қисиб қўйганида “Кимсан ака…Кимсан ака” дея кўзидан тирқираб ёш чиқиб кетадию, лекин ўзини бардам тутади, ўғли кетгач, хушсизланиб йиқилган онасига сув тутади. “Жон болам, ёлғизим”…деб инграётганида “Мен борманку ойижон, мен сизнинг болангиз эмасманми? дея” астойдил юпатишга тушади. Кечаётган воқеаларга имкон борича ўзини совуққон тутади. Раъно эса Қора амма тили билан айтганда, эрига кетар чоғи “ялакат данакдай ёпишиб, бўйнига чирмашиб, тинмай “мениям обкетинг” деб йиғлайдию… бироқ кетгач… Ушбу асарда кутгувчилар бисёр, куттиргувчилар бисёр. Бироқ Робиянинг ёр йўлига муштоқу маҳзун қалби, меҳру садоқати, ўлмас умрбоқий муҳаббатини адиб шу қадар ўзига хос усул билан фидойилик ва бурчга, меҳр-шафқат, раҳмдиллик ва одамийликка асослаб яратадики, гарчи Робиянинг Кимсанга бўлган сўнмас муҳаббатини кутишдан тўхтаб кичкина Музаффарнинг отаси Шомуротга турмушга чиқиб, фарзандлик бўлганида ҳам ўлмагани, совимаганини тан олишга мажбур бўлаверамиз. Қуйидаги сатрларга эътибор қаратинг-а: “Тўғри, уруш битганига беш йилдан ошди. Аммо беш йил нима бўпти? Керак бўлса, ўн йил нима бўпти? Керак бўлса, ўн йил, йигирма йил кутаман! Умрим борича кутаман! Мабодо Кимсан акам йўқ бўлганида ҳам (“ўлган” дейишга тилим бормайди) мен борман-ку. Бундан чиқди, Кимсан акам ҳам бор-да!” Мана шу сатрларнинг ўзиёқ Робия шахсида кутишга мутлақо кўниккиб улгурган, тамоман мослашиб бўлган, кутишни тақдирим деб билган инсон образи кўринади. Бироқ Раъно образида биз бутунлай бунинг аксини кўрамиз. У ёрини кутиш ўрнига Умар закунчи билан “ошиқ-маъшуқ” саргузаштларини бошлаб юборади ва ўз-ўзидан гуноҳ сари, хиёнат сари қадам қўяди. Кутиш — яшаш зурурияти. Хаёлдан ҳаётга, ҳаётдан хаёлга кўчувчи қалб кечинмаларида улар етовига боғланган руҳий ҳолатларда зоҳирланади. Адабий асар қаҳрамонларининг ички олами ва хатти-ҳаракати, яъни сийрати ва суратини кўз ўнгимизда жонлантиради. Кутишлик ҳам, кутмаслик ҳам ижобий ва салбий жиҳатлари билан кўнгилларимизда ёқимли ва ёқимсиз ҳислар уйғотишга қодир. Иккиси ҳам яшаш сабоғини теппа-тенг бера олади. Зеро, адибларимизнинг асарларининг тарбиявий аҳамияти ҳам ана ўшанда.
2019-12-16
http://nodirabegim.uz/archives/1100
Сочимни олдириб келдим. Тап-тақир бошимга разм солиб отам хўрсинди. – Кетяпман, дегин. – Кетяпман, ота. – Қаергалиги маълум бўлдими? – Маълум. Афғонга дейишяпти. Яна… ким билсин? – Совуқ хабарнинг ёлғони бўлмайди. Демак, урушга кетяпсан… Отам бошини сарак-сарак қилди. Оғир уҳ тортди – ўпка-жигари узилиб кетгандай иҳради: «Ҳой бола-я, ҳой бола…» Ичидан бир иҳроқ отилди. Устунга суяниб, менга тош қотиб термилиб турди. – Отамни уруш ўлдирганини биласан-а, – деди ниҳоят. – Уч ёшимда етим қолдим. Отам мени етим қилди. Лекин, лекин сен мени етим қилма, болам… – Отам ўпкаси тўлиб ўкириб йиғлаб юборди. Оёқ-қўлим бўшашиб, силлам қуриб супага ўтириб қолдим. Назаримда, шу устун бўлмаганда отам қулаб тушарди. Назаримда, шу устун отамнинг бошидаги осмонни ҳам суяб турарди. Урушга кетдим. Ўт-олов, ўқ ичида саргардон кезларимда қулоқларим остида бир ялинч жаранглаб турди: «…Сен мени етим қилма, болам!..» Госпиталда тиғ остида ётганимда ўша илтижо жаранглади: «Сен мени етим қилма, болам…» Даҳшатли жанглар олдидан Парвардигорга ялиндим: «Эй, худо, ўзинг асра, мен ўлмайин, отам етим қолмасин…» Мен қайтдим. Мен бир урушни кўрдим. Отам икки урушни – мен ва отаси туфайли икки урушни кўрди. Тўғри, урушнинг катта-кичиги бўлмайди. Фақат бир нарса таскин беради: «Менинг урушим» отамни етим қилмади. Худога шукр, отажоним ҳаёт! Умри узоқ бўлсин, саксон ёшга қараб юряпти. Ҳовлимиз ўртасида ўша устун ҳали ҳам турибди. Яқинда мен устун атрофига тўртбурчак қилиб одам бели баробарида мармар девор тортдим. Мен бу ишни энди ҳеч ким устунга суянмасин деган ўй билан қилдим. Чунки устунни ағдариб ташлашга журъатим етмади. Чунки у оғир кунда отамни суяган эди, мен отамга устун бўлолмаган кез устун отамга бир ўғилдай суянч бўлган эди. Фашистлар билан узоқ ва аёвсиз жангдан сўнг у ва оёғидан ўқ еган яна бир аскар омон қолди. У аскарнинг қўлини елкасига ташлади-да, ўрмон оралаб анча йўл юрди. – Шу ерда бироз нафас ростлаб олайлик, буёғи яқин қолди, — деди у қуюқ ўрмон ичкарисига кириб олгач, улкан қарағайнинг тагига чўккалаб. – Исминг нима? Аскар оғриқдан юзи буришиб, зўрға жавоб берди. – Сергей. – Меники эса Содиқ. Бир пас чида, бу ёғига оз қолди. Эшитяпсанми? Аскар жавоб бермади. Уни “Наҳотки шу гадойтопмас ўрмонзорда итдай ўлиб кетсам!” деган ўй қийнарди. – Тамакинг борми? – деди Содиқ анча хотиржамлик билан. Аскар чўнтагидан тамаки чиқариб, унга узатди. – Бу ёғи оз қолди, хавотир олма, етиб оласан, – деб Содиқ тамакини чуқур тортди-да ёнига ағдарилди. Ўқ унинг биқинини тешиб ўтганди. Сочларига оқ тушган, юзлари доғли бир кампир эшикдан кўзини узмай деди: —Болам, йўлларингга зор қилдинг-а, қачон келасан, интизорликдан толдим-ку… Йигит эшикдан кириб келар экан, онасининг олдига шошилди. Қўлтиқ ҳасса ҳалал бермасайди, унинг ёнига яна ҳам тезроқ келарди. Йигит қизнинг қўлларини маҳкам ушлади: —Кел, бир — биримизга ваъда берамиз! Қиз кўзлари ёшланди: —Розиман! —Кутасанми? —Кутаман. Қайтиб келасизми? —Албатта… Аскар сўнгги нафасини олар экан, қўйнидан суратни чиқариб қуролдош дўстига узатди: “Қайтиб борсанг уни топ. Мени кечирсин. Ваъдамни бажара олмадим”. Аскар ўлди. Дўсти қизни излаб йўлга тушди. Уни ахтариб топганида суратдаги қиз аскарнинг хабаридан кўзлари чақнаб кетди: “Фақат сиз ваъдангизда турибсиз! Раҳмат!” —Қайтишга ваъда беринг, — ёлворди қиз. —Қайтаман, — ишонтирди йигит. Шу тариқа қиз кутишга, аскар йигит омон қайтишга аҳдлашдилар. Дайди ўқ йигит аҳдини бузган бўлса бетизгин йиллар қизнинг ваъдасини бажаришга мажбур қилди. Она жангга кузатаётган ўғлини “бошинг тошдан бўлсин”, деб дуо қилди. Ҳайкалтарошлар қаҳрамоннинг ҳайкалини ноёб тошдан ишлашга келишиб олишди! Қонли уруш миллионаб инсонларни ҳаётдан олиб кетди. Кўплаб оилалар боқувчисиз қолди. Яшаш оғир эди. — Мен қайтдим, — деди йигит қизни қўриши билан елкасидаги йўл халтасини ерга отганча, қўлларини икки ёнга ёзди. — Азизам! Қиз қайрилиб қарадию, эсини йўқотаёзди. Наҳотки у қайтган бўлса? У тирик! Қандай ажойиб… Қиз бир неча сония жойида қотиб турдида, ўзини йигитнинг қучоғига отди. — Худога шукур, — деди у кўзларида ёш билан. — Омон экансиз! — Сенга бўлган муҳаббатим бор экан, бизни ҳеч ким айира олмайди. — Сизни тўрт йил кутдим, — деди қиз ва ногоҳ кўзлари йигит етаклаб келган болаларга тушди. — Уйландингизми? Мен эса сизни кутиб… — деди ранги оқариб. Йигитнинг юзларига ажиб бир табассум югурди. — Менга сендан бошқаси ҳаром. Болаларга келсак, буёғи ўзбекчилик. Кўчада бошпанасиз юрган экан, индамай ўтиб кетишга кўзим қиймади…
2020-01-14
http://nodirabegim.uz/archives/1204
Шундай нозик ва инжа туйғулар бўладики, моҳиятини ифодаловчи сўзларга ҳам осон эмас. Санъат эса ана шу туйғулар тафтини туяётган соҳибларигагина аён ҳақиқатлар орқали нафис суҳбатлар оғушига чорлайди: сирларингизни тинглаётганини билдиради, англаётганини билдиради, қулоқларингизга малҳаму маҳрам бўлмоқ истагини ҳазин оҳанглари ила оҳиста шивирлаб, ҳеч кимсага ошкорламасликка ишонтиради ҳамда бутун ярмингизга айланиб, бирга-бирга изтироб чекади, шодланади, йиғлайди ва қувонади. Балки айнан қалб унга шайдойи ошуфта бўлган кезлар озурдаланган, покланган, тозаришга шай, илоҳий онларни бошдан кечиришга чоғланар. Худди илк бор унинг қаршисида ожизу телба аҳволга тушиб, пойларига жонини нисор этишни ихтиёрлаган Ламиа каби. Бироқ такомилига етмаган, ўз бағрида мукаммаллик сийратини яратиб улгурмаган санъат фавқулодда чиройли кучга эга бўлиши билан бир қаторда бешафқатдан бешафқатдир. У ўзини ҳам, мухлисини ҳам жабрлаб, оғирдан-оғир савдоларга гирифторлаб қўйиши мумкин. Унинг эндигина кўз очиш остонасида туриб-да, туғилишга улгурмагани ёхуд туғилсаям ҳаличоқ яратувчиси томонидан инкишоф этилмагани инсонни кутилмаган бир фожиа сари буриб юборувчи кучга эга. Рашод Гунтекиннинг “Муҳаббат симфонияси” романини ўқир эканман, бир инсоннинг инсонларга бўлган ошиқлиги асли нимаю, у кимларга хос туйғу экани тўғрисида бош қотирмасликнинг иложи қолмаганини онгу шууримдан ўтказаман. Боиси, ишқ аталмиш бежилов туғён даставвал қизнинг покиза қалбидаю ҳаракатларида, фидокорлигида, қурбонликларида, чекаётган изтиробларида, оғирдан-оғир кечмишларида бўй кўрсатиб, кейинроқ йигитнинг бир умрлик қисматига кўчиб ўтади. Унинг аччиқдан-аччиқ бахтсизлигига айланиб, бевақту беқадр фожиаси билан интиҳоланади. Мазкур асар бой ва киборли Вафиқ Пошонинг қизи малика Жовидон билан Мунирбей хонадонидаги меҳмондорчилигини ҳикоялашдан бошланади. Бу вақт роман бош қаҳрамонларидан бири бўлмиш Жовидон боғ айланиб юриб, тўсатдан камоннинг мусиқий садосини эшитиб қоладию, унинг чолғучиси йиллар бўйи қашшоқлик ичида яшаб, бирдан кўкларга кўтарилиб, шуҳрати оламга кетган Ҳусайн Канон эканидан воқифланади. Келажакда машҳур композиторга айланиши башорат қилинган ҳамда юртга таниқли бой Сойиб Пошонинг жияни бўлмиш хушсурат ва истеъдоди баланд бу йигитни куёв қилмоқни кимлар орзуламасди дейсиз? Бир зумда йигит ва қиз учрашувию, унаштирилуви билан ният сари илк қадам ташланади. Афсуски, англашилмас меҳр оташида ёниб, севиш ва севилиш эҳтиёжи билан кўзлари тўлган Канон бир ёқдаю, кўпроқ ақл измида юришни тўғри ҳисобловчи Жовидон бир ёқда эди… Ҳатто буни Мунирбейнинг йигитга айтган қуйидаги мулоҳазаларидан ҳам тезгина илғаб олиш мумкин: “Никоҳ қилинишингизга ҳеч бир моне йўқ… Шундай бўлса ҳам менинг фикримни билмоқчи бўлсанг, мен сизлардай бунга тарафдор эмасман. Менинг бошқача мулоҳазаларим бор. Муҳитларингиз тамомила бўлакча. Завқларингиз ҳам шундай табиий. Малика Жовидоннинг асосан ёмон томони йўқ. Руҳи покиза… фақат кўпроқ бойлик орттириш иштиёқи билан бу руҳ устида керагидан ортиқ заргарлик қилганлар…” Не таассуфки, Канон фақат қизнинг қиёфасида порлоқдан порлоқ келажагини забт этиши мумкин бўлган юксак чўққиларга тўла бахтли ҳаётини кўрар эди. Унинг эътирофи, таъкидича, санъатдаги каби ҳаётда ҳам ўртачалик йўқ, муваффақият қозонганларгина билганларича, хоҳлаганларича яшай оладилар, бошқа бахти қаролар эса қоронғу бир бурчакда маҳрумиятларини яширганча кун кўришга маҳкумдирлар. Унинг ўй-қарашлари-ю, фалсафалари нақадар қаттиқ адашиш эканини “муваффақият ҳар нарсага ҳақли қилади” деган фикрга келиб қолгани ҳам яққол кўрсатиб қўяди… Ламиа ва Канон… Дастлаб Канон Ламиани Неъматхоним каби вужудию юзида жиддий бир нарса йўқ, фақат “қўғирчоқ”, ширин болача сифатида кўрарди. Гоҳи-гоҳида эса жувоннинг ҳеч ёнидан кетказмай, қоровул каби етаклаб юришига тоқат қилолмай душмани каби биларди. Ҳатто бир куни Қирқчамларга боришга ҳозирланаётган чоғлари аёлга қарата: “Нима десангиз денг, лекин бу қизни ортиқ судраб келаверманг, орамизда доим қора тикон демайлигу, лекин сариқ тикон каби…” Бироқ кейинчалик Неъматхоним Ламиани атай ёнида олиб юриши, одамларнинг гап-сўзига қолмаслик учун қилган тараддуди эканига тушуниб, бу бемисл дўст-болачага меҳри ортади. Қиз учун эса аввалига Канон ва Неъматхоним ўртасидаги муносабатлар “Лайли ва Мажнун” достони каби гўзал кўринади. Унда ўзининг ҳам ўрни, вазифаси борлиги жуда-жуда ёқар, бир-бирларини севиб қолишларини ич-ичидан истарди. Аммо кейинроқ эса улар ажралиша бошлашгач, муносабатлари ўткинчи бир ҳолат эканини фаҳмлаб, аллақандай нафрат туяди ҳам. Не бахтки, илгари Канонда ачиниш ҳиссини уйғотган Ламианинг қалбини йигит тобора меҳру муҳаббатга тўлдириб бораверади. Чунки қизнинг руҳиятини ёши ўтган, алам кўрган, изтироб чеккан инсонларга хос аллақандай ҳазинликлар қоплаганди. Балки айнан шунинг учун ҳам дардли дил дардкашини топгандай бўлди. Қиз туну кун Канонни ўйлаб юрар, имкон топилди дегунча ҳузурига тинмай ошиқар, унинг пианиносига бош қўйиб, мусиқаларини абадул-абад тинглагиси келарди. Канон ҳам Ламиага ўзи билмаган ҳолатда ўрганиб, боғланиб борарди. Назарида у бор экан, иши осон юришар, чиройлироқ нарсаларни ижод қиларди. Гўё илҳом туҳфалаётгандай сезарди. Нима деса, нима хоҳласа нуқул “Сиз биласиз” дея жавоб беришидан, қизнинг ўзига бўлган соф ва самимий муносабатларидан фойдаланиб, зимдан ўзининг заҳарли ғуборларини унга ўтказаётгандек эди гўё. Инчунун, Канон балоғат палласи остонасидаги қизнинг туйғуларини билиб-билмай топташдан ўзини тиёлмади. Унинг беқарор севгиси ўн гулидан бир гули ҳали очилмаган қизни кулфатлар гирдобида қолдириб юборди. Энг ачинарлиси, қалбий кечинмаларига совуққонлик билан қараб, ўзини оқловчи фалсафасини қизга сингдиришга уринади: “Мен гулларнинггина тупроқнинг савдоси дейман, Чарос. Улар тупроқнинг дудоғида бир бўса сингари очилиб сўнадилар. Қани қайси бири тупроқнинг қалбига сингишини ўйлайди”. Қиз ҳам ҳар доимгидек унга бўйсунган тарзда “Мен билан бахтли бўлишингизнинг имкони йўқ… Қайси фазилатим учун мени хоҳлай оласиз, бутун умрингизни менга бера оласиз. Мен билан ҳаётингиз қашшоқ бўлади. Сизга кўнглимдан бошқа берадиган бирор нарсам йўқку. Кўнглим сиз учун етарли бўлсайди, сизни ҳаммадан ортиқ бой, ҳаммадан ортиқ бахтли қилардим, аммо не чора… Афсус…” — дейди қиз бошига оғир кулфат қўноқлаган онларнинг бирида айрилишни маъқул кўриб. Аслида Ламиа севилмасдан Каноннинг ёнида яшашга сира-сира тоқат қилолмасди. Канонга завжа бўлиб, унинг нафратига ноил бўлишни истамасди. “…аёл бирини севаркан, қандай қилиб бошқасини завжаси бўлсин” — дея ноланавор ўйларди. Ҳақиқий тул деб эри йўқ аёлларни эмас, эрини севмай яшаётган аёлларни биларди. Шу боис, унаштирилган йигитини келиши ҳақдаги хушхабарни тоғасидан эшитган маҳали ов тўппончаси билан ўзини ўлдиришга уринади. Кейинчалик ҳам бу ишқ савдоси унинг ёш бошига жуда кўп фалокатларни ёғдиради. Ўликлар қандай хазин, сокин, умидсиз қўмсаш билан севилса, у ҳам Канонни шундай севди. Ўликлардан кўрилган жафо қандай унутилса, Канонни ҳам шундай авф этишга уринди. Тунлари ухламай Канонга мактублар ёзди ва мактубларга ўзи сезмаган ҳолда бутун қалб яраларини кўчирган бўлди. Аслида мактублар фақат юбориш учун ёзилади, бироқ унинг мактублари на юборилди, на жавобларга интиқланди. Кўнгил сандиғидаги нолаларини ростакам сандиқнинг ичига осонгина жойлаб, ўзини ўзи таскинлади. Бир кеча қаламидан ғайриихтиёрий тарзда “боламиз” деган сўз тўкилди, тўкилдию, кўп ўтмай, бегуноҳ қизчасини — “У”дан ягона ёдгорлик” деб бағрига суюб оғушлади. Ламиа гўё қуёш янглиғ бир хилқат эди-ю, уни бевақт уйғотиб қўйиб, чароғон дунёни кўзларига зимистонлатган, тубсиз жарликка қулатган эдилар. Бироқ у бу жарликда ҳам, қоронғулик бағрида ҳам сўниш бермади, нурланишдан тўхтамади. Ва ёки қалбига экилган Муҳаббат номли ўлмас туйғу ниҳолини юлиб отишга чоғланмади, ўзининг пок вужудини зулмат бағрида туриб ҳам бегард сақлай олди. Унинг севгиси беомонликка грифтор этилгандию, лекин нурлари шу қадар оташин эдики, шу қадар курашчан эдики, ҳатто ўзи ёқтирмаган кимса уни ёқтириб қолиб, хира пашадай ёпишаверганида, тажовуз қилганида ўзини ҳимоялаш учун сўнгги аянчли қадамни қўйиш журъатини берди. Полиция таъқиблари остида, ҳибсхонада, касалхонада, бировларнинг уйларида сиғиндиланиб юрган кезларида, охир-оқибат ўзи тенги дугонасининг онасига айланиш қисматига дучорланганида ҳам совиш нималигини билмади. Фақат ва фақат кун келиб, Ламианинг ишқ олови Ватодбейдан тинглаган биргина ҳақиқат қаршисида устига сув сепилгандек ожиздан ожиз аҳволга тушди. Бир вақтлар ўзига бағишлаб чалинган “Алла” билан энди Канонбей икки ой Жовидонни овунтириб ухлатгани ҳақидаги аччиқ хабар юрагини музлатиб юборди. Дунёда изтироб билан айрилиқдай зўр тарбиячи бўлмайди. Вақт ўтиб боргани сайин Канонда ҳам таскин бериб бўлмас бир дард тобора улғайиб бораверди. Бу дард ишқ дарди, соғинч дарди, қумсаш ва талпиниш дарди эди. Йигит қачонлардир бехосдан билиб-билмай уйғотиб юборган қуёшни бир кўриш илинжида адойи телба, бечорадан-бечора аҳволга тушди. Энди на юлдузлару ой тўла осмони, на бағрини ёритгувчи қуёши бор эди унинг. Айрилиқ мангу ҳукмини ўқиб бўлди. Севги савдоси кечириб бўлмас айби учун унга ҳаётни ортиқ кўрди… “Муҳаббатнинг саройи кенг” дегувчилар ҳеч вақт унинг кўксига ойу қуёш бир вақтнинг ўзида сиғмаслигини билишармикин? Агар инсон олдида буларнинг қайсидир бирини танлашга тўғри келиб қолса-чи? Бу танлов ичра хато қилишнинг товони тоғдек оғирдан-оғир, сўровига ҳатто умр камлик қилади. Адиб мазкур асари орқали ишқ йўлида йигит ҳам, қиз ҳам ҳеч қачон адашмаслиги зарурлигини аламли воқеалар асносида ақлу шууримизга уқтиради, кўнглимизга юқтиради. Канонинг қисмати, Ламианинг илк мухаббатига бенолиш садоқати тимсолида бизларга огоҳли дарс беради… Халқимизнинг: “Ақлни ақлсиздан ўрган” деган нақли нуқтайи назаридан мутолаа мушоҳадаларимизни ниҳояласак, “Муҳаббат симфонияси”даги қаҳрамонларнинг кечмиши шубҳасиз ҳар бир замондош ёшларга таъсирчан сабоқ бўлишга арзийди.
2020-02-02
http://nodirabegim.uz/archives/1693
Ҳар тонг Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ёнидаги катта майдонда жойлашган Алишер Навоий ҳайкали ёнидан ўтаман. Ҳайкалнинг орқа тарафидан қуёш аста мўралаб, илиқ нурларини оламга сочади. Назаримда, Алишер бобомиз бир қўлида асо, иккинчи қўлида китоб билан қуёшни тутиб тургандек. Ҳар гал улуғ мутафаккир юртига тонгги тилак айтаётгандек туюлади менга. Ҳайкалга яқинлашган сари юрагимда ғурур ва фахр, соғинч ҳиссини туяман. Ундан узоқлашган чоғимда ҳам, мени ифтихор туйғуси анчагача тарк этмайди. Бугун ушбу олийгохнинг юқори қаватидан туриб деразадан атрофни кузатар эканман, кўнглимдан шу ўйлар кечди: Рўпарамда турган ҳайкал тўғри ва икки томонга кетган кўча ўртасига ўзгача кўрк бериб тургандек. Ҳа, юқоридан туриб атрофни тинчлигини, гўзаллигини кўриб қалбингизда ифтихор туйғусини туясиз. Ҳайкални қайси тарафидан қараманг улуғ зот кўнгилларга илм ва маърифат зиёсини улашгандек туйилади, гўё… Алишер Навоийнинг ҳаёт ва ижодига назар ташлар эканмиз, ўз даврида мадрасалар қурдириб, илми толиблар ҳолидан хабар олган бу улуғ зотга бўлган хурматим янада ошади. Халқига ҳар бир ишда ҳам моддий ва маънавий жиҳатдан кўмакдош бўлган илм ва маърифат ривожининг етакчиси Навоий битган асарлар бирма-бир кўз олдимда жонланади. Ҳайкал пойида мени яна ўй хаёллар чўлғайди. Дўстга содиқлик, алам ва ситамларга сабрли, бағрикенглик, эл улус қайғуси ила яшаш бахтини ҳис этаман юрагимдан. Ободлик, яхшилик, фидоийликка йўғрилган буюк қалб эгаси, юрт ободлиги, фаровонлиги йўлида бор будини бахшида этган улуғ инсонга бўлган ҳурматим янада юксалади. Халқнинг маънавий меросидан сўз териб, яна халқининг хазинасига дуру гавҳар қилиб қайтарган заргар Алишер Навоий ижоди орадан 579 йил ўтса ҳамки, миллионлаб кўнгилларни ҳаяжонга солиб келмоқда. Навоий қолдирган адабий меърос, унинг олтинга тенг дурдона асарлари доим эртанги кунимиз учун дастурамалдир. Давлат арбоби Жавоҳарлал Неру дилбар шахс деб таърифлаган шоҳ ва шоир ҳақида ўйлаганимда, қалбимни албатта фахр, шу билан бирга маҳзунлик эгаллади. Қалбимда кандайдир безовталик пайдо бўлди. Ёзишга жазм қилиб билдимки, юрагимга ботаётган нотинч туйғу — бу юрт соғинчи экан. Соғиниш юки шунчалик залворли, рости, гоҳи қалам ҳам бу юкдан синади, ёзишга ожизлик қилади. Оёқ яланг, қишлоқнинг қайноқ чанг-тупроқ кўчаларида кечган болаликни соғинган эканман. Онам ёпган иссиқ кулча нонни ариқлардан тўлиб тошиб оқаётган қўқон сувига оқизиб, болалар билан қий-чувлашиб, нонни тутиб олиш учун чопган ёшлигимни соғинган эканман. Бобур… Буни балки тақдири азал дейишар. Ёш бошига юртни бошқариш юки тушди. Қилган саъйи ҳаракатлари зое кетди. У ўз тупроғини ташлаб кетишга мажбур бўлиб, бир умр юрт соғинчи билан яшаб ўтди. Бугунчи? Бизчи? Сизчи? Ҳақли савол туғилади? Нима қилдик ВАТАН учун? Ҳар бир воқеликда ҳам бир ҳикмат бор. Ана шу (қаролиқ) ўзга диёр ҳалқларига Бобур тафаккуридан ёруғлик олиб боргандир!? Забардаст, шерюрак одамгина юрт олади, тарихда Бобурийлар сулоласига асос солган саркарда, қисқа ҳаёти давомида бутун бир мамлакатни ислоҳ этиб, юрт яратди. Ўша қалбидаги илҳоми, соғинчининг ховури, зора шу орқали босилган бўлса, ажаб эмас. Мен ватан қадрини «Бобурнома» асарини ўқиганимда билганман. Аслият шу эмасми? Ўз юртингда яшай олмасангда, бутун борлиғинг, нафасинг, юрагинг ила ватан туйғуси билан яшаш. Яшаганда ҳам ватан ҳиссини туйиб яшаш. Жисман яқин бўлмасангда, руҳан ватанни қалбга жо қилиб яшаш. Ҳаммамизнинг елкамизда қарздорлик юки, фарзандлик бурчимиз бор. Ота-она, ватан олдида. Ватан эса худди она каби ўз фарзандини ҳеч қачон унутмайди, у дунёни қайси бурчида бўлса ҳам. Чунки асл фарзандлар ватан олдидаги бурчини қаерда бўлса ҳам адо этади.
2020-02-16
http://nodirabegim.uz/archives/1775
Олтинчи қаватдан ташқарига боқаман: узоқдан қорли чўққилар кўзга ташланади. Ўпкамни ўраб тургандек ҳиссиёт қолдирадиган юпқа пардани олиб ташлагим келиб қўлим билан кўксимни ғижимлайман, бу ғалати парда доим тўйиб нафас олишга ҳалал беради. Кўнглим ҳам, ўпкам тоза ҳаволарни истаяпти. Тоғларни, адирликларни, кенгликларни, яшилликни соғиняпти. Ҳар йилги одатимга кўра лолақизғалдоқлар очилгач тоғлар сари отланаман. Бир-икки кунга бўлсада, қиш бўйи йиғилиб қолган ғуборларим соф ҳаво эриб йўқ бўлаётганини теран ҳис қиламан. Бу сафар кун исишини кутолмадим. Баҳорнинг енгил шабадасини сезгач, айниқса уйимиз ёнидаги гулзорда митти бинафшаларни кўргач, саёҳат тадоригини кўра бошладим. Фарғона мени кутяпти. Болалигимда йўталдан халос бўлавермасам мени доим водийга жўнатишарди. У ердан икки юзимга қон кириб, ҳаётга ташна нигоҳлар билан қайтардим. Ойлаб юрардим у ерда. Улғайишни жазоси шу экан – сафарлар, таътиллар, дам олишлар қисқариб боравераркан. Доим саёҳатим учун шерик сифатида қўлимда, албатта бирор китоб бўлади. Вақтни ўлдириш учун менга бу гал Кафка ҳамроҳлик қилади. Мен унинг “Эврилиш” деган катта ҳикоясини ўқиганман, холос. Шу биргина асар Кафкани севимли ёзувчиларим қаторига киришига, унинг ижодига қалбан яқинлик ҳис қилишимга сабаб бўлган. “Эврилиш” ҳақда тўхталиб ўтмайман, мени кўпроқ Кафканинг бундай ноодатий асар ёзишига нима мажбур қилгани қизиқтирарди. Севимли муаллифларимнинг шахсий ҳаётига қизиқиш – одатимга зид. Кўпинча уларнинг турмуш тарзи, камчиликлари, умуман тақдири – севган асарларимга бўлган иштиёқимга соя соладигандек туюлади. Қўлимдаги Дунё адиблари китобидан 146 бетни – Кафкани белгилаб қўйганман. Бугун унинг ҳаёт йўли билан танишишни истадим. Оқ машина баланд тоғлар бағрига кириб келгунча Кафканинг биографияни ўқиш, сўнг тоғ манзараларидан баҳра олиш, сойларни томоша қилиш, янги майсалар исини туйишни дилимга тугиб қўйдим. Унинг кўпчиликка таниш бўлган васияти: “ўлимимдан сўнг барча ёзганларимни ёқиб юборинг” деб дўстига илтимос қилиши мени ўйлантирарди. Яхши ҳамки, фаросатли дўст васиятни бажармай, Кафка мухлисларига катта марҳамат кўрсатган. Ўз асарларини хурмат қилган, унга юрак қўрини бериб ёзган, уйқусиз кечаларда янги ғояларини машаққат билан қоғозга туширган ёзувчи нега бундай қарорга келган бўлиши мумкин? Унинг сирли ҳаёти тубига ета олмаган адабиётшунослар сингари мен ҳам шу ҳақда ўй сура кетаман. Оиласида ўзини доим ёлғиз сезган, айниқса отаси билан келишмовчиликлар гирдобида қолган ҳиссиётли Францнинг ёшлик йилларини ўқирканман, “Эврилиш”нинг моҳиятини янада англай бошлайман. Қолган асарларини ҳам топиб ўқишга қарор қиламан. Ўлими туфайли якунланмай қолган учта романи агар битганида адабиёт дунёсида қандай муҳокама бўлишини тасаввур қиламан. Менга алам қилгани Кафканинг отасининг тахмини ўз исботини топгани: Франц омадсиз тақдир соҳиби эди. Бирор касбга бўйин эгмади, оила ҳам қурмади. Аммо севди! Ижод қилди! Назаримда, у фақат адабиёт ва кўнгил учун туғилганди. Китобдаги котма юзи, ғалати турмаги, кичик жуссасига қарарканман, бу сурат ортида беркинишга шай, ҳеч ердан қўним тополмайдиган, аммо меҳр-муҳаббатга ташна қалбни кўраман. Кафканинг Прага қабристонларидан бирига кўмилгани, ҳозирда унинг кўплаб мухлислари у ерни зиёрат қилиб туришини ўқиб, отасига нисбатан аламим тарқагандек бўлди. Йўқ, Кафка омадсиз эмас. Омадсиз бўлса шу кунгача ям яшил дарахтзор қўйнидаги қумранг қабртоши атрофи гуллар билан безатилмаган бўларди. Унинг навқирон ёшда сил касаллигига чалиниши, 41 ёшида дунёни тарк этиши дилимни ларзага солади. У пайт силнинг давоси бўлмагани туфайли бу ҳасталикка чалинганлар эрта ўлиб кетганликлари рост. Шунчаки тоза ҳаво, яхши озуқа, хушкайфият билан бу дардни енгиб бўлмаган. Беихтиёр тортмамда уюлиб ётган дорилар кўз олдимга келади: уларни Кафкага илинаман, дориларни ичса ва ўлмаса, қолган асарларини ҳам битирса, эҳтимолки севган аёли билан оила қурса, ўзини бахтли ҳис қилса, ёлғизлик азобидан қутулса дейман… Бир пайт дераза ортидаги адирликлар ўрнини Кафканинг ўлим тўшагида ётган лаҳзалари эгаллайди. Аёлларга бўлган қўрқувни енгган Франц ниҳоят 40 ёшида уйланишга қарор қилди. Вена четидаги сил касалликлари шифохонасида ётган Кафкадан 19 ёшли Дора тез тез хабар оларди. Ёзувчи қизнинг отасидан тўйга оқ фотиҳа беришини сўраб мактуб битар, бироқ тез орада ўлими маълум эркакни ёш қизига муносиб кўрмаган ота бунга сира изн бермасди. Илтижолар ичра орадан ойлар ўтди. Озиб тўзиб кетган Кафка шифохонанинг файзсиз палаталаридан бирида очликдан азобланарди. У томоғидаги кучли оғриқ туфайли бир луқма ҳам ея олмай қолди. Оқибатда очлик ва касалликка таслим бўлди. Франц ёз фаслининг илк кунларида Доранинг қўлларида жон берди. Етти йил давом этган оғир ҳасталик уни енгди. Севгани билан бирга оила қуролмай доғда қолган ёзувчи аламдан ўлими олдидан барча асарларини ёқиб юборишларини сўраган бўлса эҳтимол. Машинамиз бўлса бу пайтда Фарғона деган катта ёзувга яқинлашиб қолган бўлади. Бир он Кафкадан узилиб, қалбим энтикади… Тоғлар, яшил адирлар, сойлар аллақачон ортда қолган, мен эса Кафка билан бўлиб гўзал манзарадан бебаҳра қолгандим. Лекин ачинмайман: эртага қайтишда табиатдан завқланишни режалайман. Шунда бирдан Кафка ҳаёти билан танишув икки ҳафта бурунги дилхираликни ёдимга солади. Лабимни тишлаганча, яна тушкунликка тушаман. -Сен дориларни ичмаяпсан, тузалмайсан, — тунд юзли ҳамшира ёнимга тап этиб дорини қўяди. –Вақтида келмаяпсан. Икки йилдан бери унинг қўпол муомаласи ва кўнглимни оздирадиган қиёфасига чидаб келаётган – мендек босиқ ва сабрли одам дорилар якунига етишига бир ой қолганда портлайди. Портлаш – унга қарата қаҳру ғазаб сочиш эмас. Портлаш – ўтган оғир йиллар учун аламдан йиғлаш. Ва албатта кўнгилдан ўтганларини шу беминнат қоғозга битиш. Мен у аёлга шунчаки ачинаман. Берган дориларини бўлса кўз кўрмайдиган тортмага яшириб ташладим… Шу дориларга қарасам, ўзимни жуда ожиз сезаман, уларсиз яхшироқ яшашимга ичимдан ишонаман. Энг ёмон чўчиганим ҳасталик қайталаниб яна унинг ёнига боришим, ундан дори олишим, “мен сенга нима дегандим, тузалмайсан барибир”, деб тиржайиб туришини тасаввур қилишим… Бу тасаввур шу кунларда – йўтал яна қийнаётганда, мени заифлаштирадиган баҳор фасли яқинлашаётганда янадаям ойдинлашиб бораяпти. Хаёллардан чалғиш учун ҳали барг чиқармаган қуруқ токзорларга қарайман. Кузда улар қандайин чирой очади. Барибир Фарғонадан руҳим кўтарилиб, ўпкам ҳам енгиллашиб келишига ишонаман. Манзилга яқинлашиб қолай деганда китобни яна қўлимга оламан. Мактублар бўлимига кўзим тушгач, сергакланаман. Тўлиқ ўқишга киришаман. Эътиборимдан четда қолган бу мактуб менга айни вақтида берилган далда, энг керакли тасалли эди. Кафканинг чех журналист дугонаси Миленага ёзган хати (Неъмат Арслон таржимасида) гўё менга аталгандек эди. Ўқирканман, яна кўзларим ёшланади. Машина тўхтаса ҳам тушишга шошилмайман, мактубни бағримга босаман. -Раҳмат сенга, Франц. Тушунганинг, далда бўлганинг учун ташаккур… XXI асрда ҳам бу дард бор. XXI асрда ҳам ёлғизлик бор. XXI асрда ҳам сени тушунмайдиган ҳиссиз инсонлар тўлиб ётибди. Шунга қарамай инсонда битта бўлсада чин дўст топилади. Дардингга малҳам бўлувчи одамлар қирилиб кетмаган… Умид ўлмайди, тўғрими, ўлмайди, Франц. Йўлдан териб олганим – митти банафшаларни ўқиб келган китобим ичига, 146 бетга бостираман – хаёлан Кафканинг қабрига гул қўяман. Йиллар ўтсада улар шу ерда чиройли қурийди ва бошқа гербариларим қатори асраб авайланади.
2020-06-03
http://nodirabegim.uz/archives/1854
Бир неча кундирки иситма ичида ёнаяпман. Кундузи уни оёқ устида ўтказганим учун кўп ҳам билинмайди, лекин кечқурун бош оғриғи, куйдириб юборгудек ҳарорат, миянгни портлатмоқчидек босиб келувчи хаёллар ва алаҳсираш туфайли ўйларим калава ипи каби чувалашиб кетади. Деразадан кўзга ташланиб турган ой янаям катталашиб қолгандек, ана-мана дегунча хонагача бостириб кирадигандек, тунчироқ атрофида эса аллақандай шарпалар кезаётгандек туюлади. Касаллигим туфайли бирор нарса ёзишга ҳафсалам бўлмай, яқин кунларда яна қўлимга олганим “Кеча ва кундуз” китобини очаман, аммо кўзларим тиниб, ҳарфлар гоҳ сўзлар ичидаги ўрнини алмаштираётган бўлса, гоҳ тизилиб олиб, ёки саҳифадаги барча ҳарфлар сўзларни ташлаб, бир ерга тўпланиб мени калака қилишаётгандек туюлади-ю, китобни отиб юбораман. У анча узоқда, очиқ саҳифаларига тўнкарилиб қолганча ётаркан, муқовасида йирик қилиб ёзилган адибнинг исмига, ЧЎЛПОН номига кўзим тушади. Шу кунларда мени тез-тез қийнаётган савол яна шууримни ўртай бошлайди. “Адабиёт нима ўзи, Чўлпон домла?” дейман муқовадаги ёзувга қараб. Аммо, тун қаъридан чиқиб келган ўйчан нигоҳ – Чўлпоннинг нигоҳи менга сассиз қадалади-ю, бир сўз демайди. Сўнг қачонлардир интернетдан чиқариб олганим унинг “Адабиёт надир?” номли мақоласини, қорайиб, ҳарфлари хира тортиб қолган қоғозни оламан. “Айтинг ахир, сиз доим шу саволга жавоб топиш илинжида бўлгансизку!” дейман пичирлаб ва мақолани ўқий бошлайман. “Адабиёт ҳар бир миллатнинг ҳисли кўнгул тарихининг энг қоронғу хоналарида маишат(тирикчилик)нинг кетишига қараб, ҳар хил тусда ва рангда етишган, файзли тил бирла тақдир этула олмайдирғун бир гулдир…” Яна ҳарфлар чапланиб кета бошлайди ва уни ҳам ортиқ ўқий олмаслигимни билиб, кўзимни юмаман. Шу лаҳза китоблар билан тўлган бир уйда, Хуршид Давроннинг кутубхонасида бўлиб қоламан. -Айтинг-чи, устоз, адабиёт нима? -Адабиёт… бу Самарқанд! – Пойтахтдаги аҳоли сиқилиб яшовчи туманлардан бирида, кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи у хонадони деразасидан ташқарига ҳорғин кўз ташлаб тураркан, шу саволимдан сўнг негадир жилмаяди. – Унинг бағрида доим ўзимни эркин, сокин ва мамнун, ҳаловат топгандек, ҳаётга нега келганимни англаб етгандек ҳис қиламан… Самарқанд… Хуршид Давроннинг шеърлари ва тарихий асарларини ўқирканман, унда доим Самарқанддаги маъсумлик ва ўйчанлик билан йўғрилган тарих ва бугунги замон бақамти келишини, ўқий туриб унинг ижоди доим бу шаҳарни эслатишини эслайман. Бу шаҳарга кўп борганим, аммо доим соғинаверишим ёдимга тушади ва хаёлан унда кеза бошлайман. Баланд кўк гумбазлар осмон билан сирлашган, миноралар Яратганга салавот айтиб турган ерда – регистонда ўзимни кўрарканман, ўрта асрлар Европасининг шоҳона либосларини кийган ғоят гўзал аёл диққатимни тортади. Бундан юз эллик йилча аввал аввал яшаган, Австрия императори ва Венгрия қироличаси бўлган Элизабетани дарров танийман. -Сиз?.. Бу ерда нима қиляпсиз? – Ҳайрон бўлганимни яширолмай сўрайман. -Мен бир умр адабиёт ва санъатни, шеъриятни севганман, унга талпинганман. Бу ерни адабиёт дейишди-ку…шунинг учун келдим – дейди қиролича майин жилмайиб. Унга боқиб турарканман, хаёлан тарих саҳифаларини варақлайман. Саҳифалар қатида герцог оиласида туғилиб-ўсган бўлса-да, камтарлиги ва очиқ кўнгли туфайли қўшни деҳқон қизлари билан ҳам дугона тутиниб, ўйнаб кетаверадиган кўримсиз қизча Элизабетанинг улғайиб тенгсиз соҳибжамолга айланиши, шу туфайли Австрия императори Франц Йозефга узатилиши, тилларда достон малоҳати туфайли аввал саройда, кейин чиройига ёндош гўзал қалби, ўзини ўта табиий ва камтарин тутиши билан халқ орасида ҳам машҳур бўлиши ва ҳатто оддий одамларнинг император саройидаги севимли кишисига айланиб қолиши, бироқ, гарчи сарой муҳитида яшаса-да доим унга бегона бўлгани, ундан қочиб ҳали Мюнхенга, ҳали Женеванинг ўрмонли дараларига, ҳали Венгриянинг киши билмас хилватларига кетиб қолавериши, анча вақт ўтиб эса кутилмаганда Венага–саройга қайтиши ва жазавага тушгандек шоҳона баллар кетидан баллар ўтказиши ва қалбига ҳаловат излаб, яна саройдан қочиб кетиши манзараларини кўраман. У ўша ҳаловатни адабиёт ва санъатдан, шеъриятдан қидиради, тинимсиз шеърлар ёза бошлайди ва ҳукмдорликнинг кўринмас кишанлари орасида ортиқ яшолмаслигини англагач эса, кунлардан бир куни тахтдан воз кечади. Кейинчалик анархистлар томонидан ўлдирилган бу дарбадар руҳ эгасидан катта адабий меърос қолади. Тарихий китобларда айтилишича, унинг ўлими эрига – император Франц Йозефга қаттиқ таъсир қилган, “Ҳеч кимга, ҳеч қандай ёмонлик қилмаган аёлни қандай ўлдириш мумкин?” дея кўп такрорлаганини бир неча сарой аёнлари ўз хотираларида ёзиб қолдиришган. -Мен…ҳақиқатдан ҳам қиролича бўлиш учун туғилмаганман…биламанки, тарбиямда камчилик кўп, бироқ мен ҳеч қачон нотўғри иш қилмаганман, Худо гувоҳ!¹ – Элизабетанинг Тиллакори мадрасасидан кўз узмай айтган сўзлари унинг тарихи ҳақидаги хаёлларимдан мени чалғитади. Яна бир нимани сўраш учун оғиз жуфтлаганимда эса, у шундай дейди. -Адабиёт – бу эркин руҳнинг дарбадар кезишидир. – Сўнг аста тун бағрида ғойиб бўлади. “Шошманг, яна саволим бор эди!” деганча сукунатга қичқириб қолавераман. -Ҳалиям шу саволга жавоб излаяпсизми? – Ёнимда тўсатдан пайдо бўлган баланд бўйли, озғин йигитчага кўзим тушиб, чўчиб кетаман. – Биз эса ўқишни давом эттириш учун, Хуршид билан хорижга кетяпмиз. -Қайси Хуршидни айтяпсиз? Кимсиз ўзи? – дейман. -Мен Мирзоҳидман… Хуршид Абдурашидни айтяпман. Форма учун, қолаверса давомат учун ўқишдан бездик бу ерда… ва энди билим олиш учун, ҳақиқатдан ҳам ниманидир ўрганиш учун кетяпмиз – у дона-дона қилиб жавоб беради энди. -Сизлар курсдошмисизлар? Ахир, у бошқа йўналишда ўқирди, шекилли? Қолаверса, ўқишни аллақачон тугатган, менимча… -Алаҳлаяпсизми? – Унинг аччиғи чиқиб хўмраяди. -Ҳа, иситмам бор… алаҳлаётган бўлсам керак – бутун танам қизиб кетаётганини ҳис қилиб, жавоб бераман. Сўнг ёнимдаги ўриндиққа чўккалайман. Боядан бери унда ўтирган, соқолига бироз оқ тушган қора кўзойнак таққан киши сўз қотади. -Адабиёт бу – Абдулла Қодирийнинг жовдираган нигоҳларидир – у титроқ овозда гапираркан, тун бўлса-да, яна газетасини ўқишда давом этади. -Абдулла Қодирийнинг ўша суратини мен КГБ архивидан топганман – тун қўйнидан, қаердандир Набижон Боқийнинг овози эшитилади. – Гўзал, сиз тарих факультетини тугатгансиз-а? Биласизми, бутун бошли тарих ҳақида, Бухоро тарихи ҳақида ажойиб бадиий асар ёзишингиз мумкин. Тарих ва адабиёт бирлашган ўзанда фалсафа пайдо бўлади, биласизми шуни? -Шошманг…Абдулла Қодирийни айтаётгандингиз…унинг кўзлари… – бўшлиққа аланглаб, пичирлайман. Шу пайт ёнимдаги киши газетадан кўзини олиб, сал нарига ишора қилади. У кўрсатган жойда гарангсиб ва жовдираб турган Қодирийни кўраман. Ўрнимдан туриб, жон ҳолатда унинг ёнига югураман. -Қодирий домла! Сизмисиз?.. Сизни кўриб турганимдан шунчалар хурсандманки… – нафасим оғзимга тиқилиб гапирарканман, ўша жовдираган нигоҳлари бир лаҳзага бўлсин ўзгармайди. -Биласизми, шошиб турибман…Намозимни ўқиб олишим керак…мени ҳозир қатл қилиш учун олиб кетишади. – У хижолатомуз оҳангда гапираркан, қўлида турган обдастага энди кўзим тушади. Юрагим бир лаҳзага тўхтаб қолганини, томирларимдаги қон музлаб бораётганини сезаман. Нимани сўрамоқчи эканимни кўзларимдан пайқайди барибир. -Адабиёт нималигини билмайман… Билганим шуки, ҳамиша ўзим ҳақ деб билган нарсани ёздим, виждонимга заррача қарши бормадим… – Шу лаҳзада унинг нигоҳлари қатъийлашади. – Ва… агар ҳақиқат учун бошим кетса, “их” дейдирган йигит эмасмен! Бошим айланиши шу лаҳзада тамоман кучайганини, миноралар, мадрасалар ва уларнинг заррин кошинли кўм-кўк гумбазлари устимга қулаётганини ҳис қиламан. Улар шунчалар оғир ва оғриқлики, бутун танам ерпарчин бўлгандек, залвор дастидан ер остига кириб кетгандек сезаман ўзимни. Қанча вақт ўтганини билмайман, аммо кимнингдир жўшиб, қайнаб шеър ўқиши мени аста ер юзасига олиб чиқади. Мени севинг, Мендан нафратланинг – Бошқасига рухсат бермайман. Мен сизни севаман Ва нафратланаман, Майда туйғуларни кўрмайман раво. Шеър ёзаман – севги, Шеър ёзаман – нафрат, Сиз бўлса, лаънатилар, Алдайсиз мени, Қўлда ханжар тутиб “Севаман” дейсиз. Қўрқманг, Ростини айтинг, Балки сизни ўшанда севиб қоларман, Мана, мен Сизга Нафратим ва севгимни Ҳар битта шеъримда Айтаяпман-ку! Балки, шунинг учун Мендан Нафратлансангиз ҳам Севгилингизга Шеърларимни ёддан ўқиб берасиз! Мен сизнинг рост гапингизни Севгилимга Айтаман қачон?..² -Адабиёт нима? – шеъри тугагач, сўрайман шоирдан. -У кенг дашт. Унинг бағрида эркин қулун каби хоҳлаганча чопиш мумкин, кўксингни осмонга тутиб, юлдузлар билан юзлашиб ётиш мумкин. Аммо, у рўёни ёмон кўради, кичкинагина қора нарса ҳам унда аниқ-тиниқ кўриниб туради – деб жавоб беради у. – Муҳими, ҳақиқатдан қўрқмаслик. -Аммо, адабиёт ҳақиқатни доим ҳам айта оляптими? Шоир индамайди. Унинг сукутининг ўзи мингта жавобдан кўра аниқроқ эшитилади. -Дашт адоғида атрофга соя солиб турган дарахт бўлишига қарамай, офтобнинг тиккасида ўтирган, кичкина чиллак оёқлари совуқ урган каби увушган, қора кўзлари ич-ичига ботиб кетган қизчага кўзим тушади. Сояга бориб ўтиргач, уни ёнимга имлайман. -Ҳой, офтобда куйиб қоласан, бу ерга кел! Лагернинг қуёш нури тушмайдиган камераларида ўтиравериб, уни соғиниб қолганман – у яқинлашаркан, хомуш жавоб беради. -Нималар деяпсан? Қанақа лагер? -Қаранг-чи, мана шу адабиёт бўла оладими? – У саволимга аҳамият бермай, қандайдир дафтарни узатади. Ғўлдираб гапираркан, сўз оҳангги сўрашдан кўра инграшни эслатишини пайқайман. Сўнг дафтарни очиб, ўқий бошлайман. “1943 йил, 13 январь, чоршанба Дугонам Китти! Ташқарида даҳшатли воқеалар юз бермоқда. Бечора одамларни истаган вақтларида уйларидан судраб олиб кетишяпти. Фақат, кийим-кечак солинган сумка билан ҳамён олишга рухсат этилади, холос. Уларни ҳам барибир йўлда ўғирлатиб қўйишади. Оилалар бўлиниб кетади, эр-хотинлар, она-болалар бир-бирларидан айриладилар. Болалар мактабдан қайтишганда, қарашсаки, ота-оналари йўқ, қаергадир олиб кетилган. Аёллар бозордан қайтишганда уйлари, бор бисотлари сотиб юборилган бўлади.” Ушбу дастлабки сатрларданоқ Анна Франкни ва унинг машҳур кундалигини танийман. Бўғзимга аччиқ йиғи тиқилса-да, катталарга ўхшагим келади, йиғламайман. Биласанми, бутун дунё бу кундаликни фашизм даҳшатлари очиб берилган энг яхши асарлардан бири деб ҳисоблайди. Айниқса, унинг муаллифи ўн тўрт ёшли қизча бўлса! – унинг кўнглини кўтармоқчи бўламан. Аммо, у индамайди. Ҳақиқатни ёзиш қанчалик қийинлигини менга – катта одамга қандай тушунтиришни ўйлаётгандир, эҳтимол. Балки, ўшанда ҳақиқатни ёзмаганида қийнаб ўлдирилмаган бўлар ва ҳозир қариб-чуриб ўлимини кутиб, соатга қараб ётган ва фақат узоқ умр кўрган буви сифатидагина набираларининг ёдида қолиши мумкинлигини ўйлагандир. Унга қараб туриб, ёзувчи Шерзод Ортиқовнинг куюниб айтган сўзлари ёдимга тушади. -Бизда шоирлар, ёзувчилар бор…ёзувчилар уюшмаси аъзолари бор бунинг устига. Аммо, адабиёт йўқ. Бу шоирларнинг сохта изтироблари-ю, пафосли қичқириқларидан, ёзувчиларимизнинг ўзлари ишонмаган сохта ҳикояларидан чарчадим. Қани энди, Маркес ҳалиям тирик бўлса эди! – У хўрсиниб қўяди-да давом этади. – Уфф, чекким келяпти… -Сиз чекмасдингиз шекилли? -Ҳа, аммо бундай асабийлашиб, изтироб чеккандан кўра, сигарет чеккан маъқул деб ўйлай бошлаганман анчадан бери. -Хўш, сиз учун адабиёт нима? -Адабиёт бу реал воқеликни бадиийлик билан тасвирлаб кўрсатиб беришдир!… Қачонгача, ёлғон-яшиқ романтизм ва шунга ўхшаш жанрлар билан ўқувчини алдаймиз… Шу пайт даштда бораётган бир қанча дарвешларга кўзим тушади. Улар қуёшнинг қайноқ ҳароратига қарамай эгниларига қалин жанда илиб олган, “Ё ҳақ, ё Аллоҳ!” дея ҳар бир юкунишда белларидаги кашкуллари жаранглаб, унинг ичидан тўрт-беш мис чақа овози эшитилади. Тангрининг бу мағур бандалари унинг ўзидан бошқасига бош эгмасликларини яхши билганим ҳолда, уларнинг даврасида турган, улар каби кийинмаган бўлса-да, соч-соқоли ўсиб кетган кишига қараб садр тушаётганларини сезаман. Бир қарашдаёқ шоир Машрабни танийман. У нигоҳимдаги саволни узоқдан илғаб, даштнинг нариги четида қурилган ва совуқ тебраниб турган дорга ишора қилади. Бу билан, адабиёт йўли дор йўли демоқчими, ёки ҳақиқат йўли шундай тугайди, демоқчи бўляптими англолмайман, аммо, этим ғалати увушиб кетганини ҳис қиламан. Бу увушиш бутун аъзои-баданимга тарқаганини, оёғим учидан сочимгача қалт-қалт титраётганини сезаман. Қуёш чарақлаб турган мана шу даштдан ҳам, тун қўйнидаги Самарқанддан ҳам кетгим, аниқроғи ўзимга келгим келади. Қаерларгадир, қайсидир бурчакларгадир югураман, қандайдир эшиклар очилади ва ёпилади; тарақлаган овозлар, кулган, бақирган, ҳўнграган, чақирган товушлар эшитилади. Нимадир йиқилади, нимадир тўкилади, йиқилган нарса устимга тушган каби оғирликни, тўкилган нарса менга сачрагандаги шалабболикни ҳис қиламан, қора терга ботаман, аммо, бундан чиқиб кета олмайман. Аксинча, югуриб борарканман, нимагадир қоқилиб гандираклаб кетаман. Бошимни кўтариб, тоғ каби уюлган жомадонлар, сафар халталарни, атрофда эса гуррас-гуррас бўлиб, қаергадир кетаётган одамларни кўраман. Кетаётганларнинг аксари ёшлар эканини, уларнинг эса аксари хўмрайган, қовоғи солиқ, руҳи тушкунлигини сезиш қийин эмас. Ё, алҳазар, уларниг барчасининг нигоҳидан “Адабиёт нима?” деган саволни ўқийман. -Ҳой, ҳаммангиз қаёққа кетяпсиз? Нега кетяпсизлар ўзи? -Нима эди? Ишлагани, пул топгани, ўқигани, яшагани кетяпмиз – кепкасини бошига чапанича қўндириб олган бир йигит жавоб беради. -Яна автобусда кетяпсизларми? Шунча йўқотишлардан, ўзбекнинг шунча ўлимларидан хулоса чиқарасизми ўзи? – Олдинроқда кетаётган бир-нечта йигит автобус бекати томонга қайрилганини кўриб, бўғилиб гапираман. Ҳалиги кепкали йигитнинг ёнида келаётган катта ёшли киши чарчаган ва маъюс қабоқларини кўтариб менга қарайди, унинг нигоҳларида чексиз ғазабни кўраман. Аммо, негадир индамайди. -Ҳа, биз шунақамиз – хулоса чиқара олмайдиганлармиз! – Боядан бери телефонидан кўз узмаётган бошқаси, жингалак сочли йигитча матоҳини чўнтагига намойишкорона солиб қўяди-да, энсаси қотганини яширмай, менга тикилади. – Кетаётган одамга қандай уловда кетаётганининг фарқи бор эканми? Мана, масалан, мен яқинда техника соҳаси бўйича олийгоҳни тугатдим. Олий маълумотли муҳандисман. Аммо, ишга киришим учун фалон сўм пул сўраяпти(хунук сўкинади). Ота-онамга ўша пулни ишлаш учун кетаётганимни айтдим, лекин аслида кўпроқ пул ишлагач, Европагами, Америкагами сурмоқчиман. Нега дейсизми? Ишга кириш учун пул сўрашаётганидан билдимки, шунча йил ўқиганимнинг ҳам, билимимнинг ҳам ватаним учун тариқча аҳамияти йўқ экан… балки ўқиганларим бошқа жойда керак бўлар деб кетяпман энди! Индамайман, кўзларим бўғизлагани олиб кетишаётган қўйники каби олайиб бораётганини ҳис қиламан, холос. Масалан, мана бу амакини олсак – жингалаксоч йигит бояги ғазабланган кўзлари чарчаган ва маъюс қиёфали катта ёшли кишини кўрсатади – бу киши кечаги кунгача олийгоҳда математикадан сабоқ берган. Ҳатто профессор деган номи бор… аммо, ҳеч балони билмайдиган бир сўтак талабасига баҳо қўйишни хоҳламаган. Кейин нима бўлган дерсиз? Бутун факультет, деканат унга босим ўтказган, чунки, ўша талаба олий таълим вазирлигидаги бир каттаконнинг боласи экан. Кейин, барибир ўша сўтакка баҳо қўйилган, домланинг эса бошқа ҳеч қайси олийгоҳ ишга олмайдиган қилиб, думини тугишган. Домла ҳам нима қилган? Ўзи орқаравотдан билган бир нечта хориж олийгоҳларига маълумотларини, илмий ишлари нусхаларини жўнатган ва кўп ўтмай биридан хат келган. Мана энди у ҳам кетяпти… ҳа-я, хавотир олманг, у автобусда эмас, самолётда кетяпти, чунки, уни чақиришган давлатга биздан автобус жўнамайди!.. Ха-ха-ха! У ва ёнидаги бошқа ёшлар мазах қилгандек, хохолашади. Кулганлар орасида бир нечта қизларни ҳам кўраман. -Мен эса турмушга чиққани Туркияга кетяпман, турк йигитлари ўзбек қизларини қадрлашармиш, дейишяпти – қизлардан бири сўз қотаркан, тўсатдан аччиғи чиқади: – Нега бунча сўраб қолдингиз ўзи?! Нима, терговчимисиз? Яхшиси, бориб ўт-ўланлару, қўй-қўзилар, ишқ-муҳаббату, ёлғон сафсаталар ҳақидаги адабиётингиз билан шуғулланинг. Сизлар барибир бизнинг муаммоларимизни ёзмайсизлар-ку! -Нега ёзишмайди? Адабиёт нима ўзи? У халқнинг, одамларнинг муаммоларини очиб бермайдими? -Йўқ, адабиёт бошқа олам. Унда ўша бегона оламдаги дард-аламлар, изтироблар ҳақида ёзилади, аммо ёзувчи ёки шоир билан бир макон ва замонда яшовчи одамларнинг уйида йигирма биринчи асрда ёққани олови ёки чироғи йўқлиги ҳақида, порахўрлик, таниш-билишчилик туфайли оддий муаммосини ҳал қилолмаётгани ҳақида ҳеч нарса демайди. Айтсаям, шунчалар ўраб-чирмаб айтадики, у ўраб-чирмалган нарса муаммо эканлиги ўқувчининг хаёлига ҳам келмайди – жингалаксоч яна гапга аралашади. -Ҳеҳ! Сизлар билмайсизлар, булар аллақачон вазифаларни тақсимлаб олишган. Қўй-қўзи ва ўт-ўланларни, бундан ташқари ўша ўз оламларидаги дард-изтиробларни ёзиш буларга, бизнинг оламдаги одамларни қийнаган муаммолар ҳақида ёзиш блогерларга берилган, менимча! Бўлмаса, халқ уларни эмас, китобларни ўқиган бўларди…чунки, одамлар ҳақиқатга ташна! – Ҳалиги қизнинг ёнида турган дугонаси, чиройли қиз гапга аралашаркан, асабийлашиб оғзидаги сақичини қарсиллатади. Шунда улар орасида ёш адабиётшунос Доно Бекчанни кўргандек бўламан ва яқингинада шу ҳақда куюниб айтган гапларини эслайман. -Эҳ, очиқ-ошкораликка йўл қўйиб берилган, эркин ёзишга имкон берилган ҳозирги замонда халқ дардини айтиб, йўлчи юлдуз каби одамларни ўз ортидан эргаштироладиган шоир ва ёзувчи чиққанида эди!.. Ҳеч бўлмаса, биттагина чиққанида эди! Ўшанда у халқнинг чўккан қалбини кўтарган, сўниб бораётган умидларини ёққан бўларди… Афсуски, адабиётнинг бир пайтлар Фитратлару Беҳбудийлар, Усмон Носирлару Чўлпонлар уддалаган вазифасини бажариш энди блогерларга юкланибди… – У чуқур “уҳ” тортади. -Доно, адабиёт нима ўзи? -О, нимасини айтай! Яхшиси, нима адабиёт эмас денг, бир-бир санаб берай… – сўнг асабийлашиб, хўрсиниб қўяди. – Йўқ, бўлмас экан…саноқдан адашиб кетар эканман. Адабиёт бу Аллоҳ кўрсатиб турган ҳақиқат бўлиб туюлади менга. Унга риё аралашса, ёлғон аралашса, ёки сохталик ва мадҳ аралашса ҳам, адабиёт бўлмай қолади… Аммо, бояги қизнинг овози яна хаёлларимни чалғитаркан, бошим тобора оғирлашиб бораётганини, ҳозир, шу ерда ҳушимдан кетишим мумкинлигини ўйлайман. -Мен эса ишлагани кетяпман. Олдинги ҳукумат даврида бодроқ сепгандек қилиб, ҳамма ёққа коллежларни қуриб ташлашганди. Мен ҳам коллежни битириб, боғчада бинойидек ишлаб юргандим, аммо, энди маълумотим тўғри келмасмиш!.. Қизиғи шундаки, маълумотим тўғри келмаса, бошида нега ишга олишган, умуман, маълумоти тўғри келмайдиган, ҳеч қаерда ишлаб бўлмайдиган бундай муассасаларни нега ташкил қилишган ўзи? – У сақичини чайнаш баробарида, пешонасидаги сочини қўли билан четга суриб, хўрсиниб қўяди. – Туркияга ишлагани кетяпман энди…унаштирувим бўлганди, аммо куёв бўлмишга танлаган мебелларим ёқмаганмиш. Бор-е, хотинчалиш, деб ўша куниёқ фотиҳамни бекор қилдирдим! Худо омадимни берса, энагаликми, фаррошлик қилибми, бироз пул жамғарсам, ўша ёқдаги бирор олийгоҳга ўқишга кирмоқчиман. Мана сизга замонамиз қаҳрамонлари! Уларни ўз ватанларида турткилашган, аммо уларнинг, албатта хорижликка турмушга чиқмоқчи бўлган қиздан ташқари, кўпчилигининг ниятлари яхши. Ўқишмоқчи, ишлаб, пул жамғариб барибир ўқиб-ўрганишмоқчи! Хўш, сизга яна нима керак? – Кепкалик йигит менга қараб тиржаяди. – Аввало, адабиёт нима ўзи, шуни айтинг-чи? -Адабиёт бу – инсон қалбини поклайдиган, уни ҳар хил ёт туйғулардан асровчи, одоб-ахлоқ… – турли тадбирларда минбарларда айтиб ўрганган таърифимни бошлашим билан, шу пайтгача хўмрайиб гапга қўшилмай турган математика профессори ниҳоят тилга киради. -Э, қўйсангизчи! Сиз ҳозир томи очиқ уйда гул парваришламоқчи бўлаётганингизни биляпсизми? Агар сиз айтаётган поклик, одоб-ахлоқни парваришлаш керак бўлган гулга қиёсласак, томи очиқ уйни қалб деб олсак, асл адабиёт том вазифасини ўташини тушуняпсизми? Асл адабиёт, яъни реал воқелик, ҳақиқат ёритилган чиройли адабиёт қалбни ҳар қандай бало-қазолардан асрайди, ҳимоялайди; у инсонда ҳақиқатга, адолатга, тенгликка ишончни пайдо қилади. Мана шу ишонч бор жойда анави минбарбоп гапларингизни гапирсангиз арзийди, тушуняпсизми? – У ҳар бир гапига “тушуняпсизми” дея урғу бераркан, йигит-қизлар уни диққат билан тинглашаётганини сезаман. – Сиз адабиётчилар бўлса, бемаъни сафсаталар билан қоғозларни исроф қилаверасиз…бу бемаъни сафсаталарингиз билан тўйинтирилган ва ҳеч қандай инсоний эзгуликка ишончи қолмаган мана бу авлод бўлса, юртидан безиб кетиб қолаверади. Уларнинг номи эса “йўқотилган авлод” дейилади! Ҳа, уларни том маънода ҳам, мажозий маънода ҳам йўқотяпсизлар…йўқотяпмиз, тушуняпсизми? – Унинг бу гапларидан бошим чир-чир айланаётганини, еру-осмон туташиб бораётганини сезаман. Қулоқларимни бекитиб олгим келади. Аммо, қўлларим ўзимга бўйсунмайди. У эса бураб қўйилгандек, ҳамон давом этади. ..мана нима учун одамлар, айниқса ёш авлод қитоб ўқишмайди! Чунки, улардаги ёлғонлардан чарчашди. Бунга интернет ёки ижтимоий тармоқларни сабаб қилавермаслик керак, ҳозирги авлод биздан кўра ақллироқ, эслироқ аслида…олимлар буни аллақачон исботлаб бўлишган… Ва мана шу ақллироқ бўлганликлари учун ҳам ўзбек болалари ўзбек адабиётини деярли ўқишмайди бугун! -Вой, нега ундай дейсиз, амаки? Биз китоб ўқиймиз! – қаердандир пайдо бўлган ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги лўппи юзли бола чўзиб гапирганча суҳбатга аралашади. – Ахир, бунинг учун “спарк” беришяпти-ку! Билмайсизларми, Эркин Маликнинг “Чампо лақабли илон” номли китобининг лотин ёзувидаги нашрини қаердан топсам бўлади? “Ёш китобхон”нинг ўқиш керак бўлган китоблар рўйхатида бор… Шу гапдан кейин математика домласи менга қандайдир ғолибона, масхараомуз нигоҳ ташларкан, жаҳл билан тупуради. Менга у атайлаб шундай қилгандай, гўё адабиётнинг бетига тупургандек туюлади-ю, иситмам бор алангаси билан мени ўз дамига олади. Бошимдан-оёғимгача ёнаётганимни сезиб, тўлғона бошлайман. Азоб ичида, бир амаллаб кўзимни очиб, атрофга аланглайман. Ҳалиги ёш-яланглару, ғазабнок профессор ҳам, жомадонлару, сафар халталари ҳам туман ичига сингигандек ғойиб бўлади. Енгил тортганимни ҳис қилиб, ёнимдаги совуб қолган чойни ҳўплайман. Сўнг жон аччиғида бир варақ қоғозга нималарнидир қоралайман-у, тамоман ҳушимдан кетаман. Эрталаб уйғонганимда бутун танам калтаклаб ташлангандек мадорсиз бўлса-да, иситма ўтиб кетганини сезаман. Сўнг ёнимда ётган қоғозни қўлимга оламан, ундаги кеча оқшомги аланга ичида, қинғир-қийшиқ қилиб ёзилган ўз ёзувимни зўрға ўқийман. Унда қуйидагилар ёзилган: Адабиёт бу – иситма деган гап. Одам унинг домига тушса, азобланади. Бу қийноқ ичида алаҳлаётган одам эса фақат ўзида боринигина ёза олади.
2020-03-23
http://nodirabegim.uz/archives/1939
Феллини бўлмоқчи эдим. Тан оламан. Унинг қўлларини камера штативига қўйиб, штативни аёл бели деб ўйлашларини ва шу белдан қучганча камера билан рақсга тушишларини кузатардим. Бу рақснинг номи ҳар нима бўлиши мумкин. Келинг, танго деб атайлик. Фақат танго мусиқаси шу қадар ғалат эдики, Феллини “аёл” белидан тутиб ўзига қаттиқ тортар ва тортган сари манзара яқинлашиб келавераркан, мусиқа – ҳолат теранлашиб борарди. Бу теранлик охири тубсиз жарликка дўниб ўз ичига фоҳишалар, роҳибалар, телбалар, даҳолар, унутилган ва унитишни истаётганлар, Рим кўчаларида эгасиз соғинчини қучганча эски плашига ўраниб кулбасига югураётганлар, яратган ғоялари пуч эканини била туриб унга ўзи сажда қилганлар бир-бир қулаб борарди. Қўрқардим. Қаттиқ. Титраётган бармоқларим билан кўзимни ёпаркан, қулоғимга “Аёллар шаҳри” даги ҳонимларнинг ёқимли ингроқлари ина бошлар ва мен уятдан ҳалиги жарликка қулаб, ўша ерда йўқ бўлиблар кетишни истардим. Истардимки, бўшлиқ тўлдирарди эҳтиёжимни. Болалик ва тушлар. Ўрмонлар бор эди тушларимда. Совуқ. Туманли, туманки, мовий тусдан қорага ўзгартира оларди рангларини. Бу рангларнинг эврилишида карнавал зоҳир эди. Ниқобларсиз карнавал. Карнавал бирдан циркка айланиб қоларди гўё. Цирк шу қадар шиддат билан чир айланардики, қароғларимга элас-элас Феллининг қаҳрамонлари – чўккан буржуазиянинг бепушт доҳийлари, бир хонага қиз маъсумияти билан кириб, ундан эркак кўрган аёл кўринишида чиққан ёш хонимлар, нега яшаяпман, дея ўзига бемаъни саволлар бергувчи кишиларнинг тасвирлари лангарга илашган сув ўтларидек ёпишиб қоларди. Тозалай олмасдим. Бир ҳаяжон, бир исён, бир ҳазинлик ва бир қўмсаш бор эди бу фильмларда. Дарвоқе, қўмсаш. Келинг, уни ностальгия деб атай қоламиз. Назаримда, ностальгия бу инкор демак. Ўзинг яшаб турган замон ва маконни инкор қиласан. Келажакка қарайсан – мавҳумот. Ўтмиш… Негадир сен кўрган бутун бахтли дамлар фақат ўтмишдагина содир бўлган бўлади. Сен унга интиласан. Шу интилиш – инкор. Шу инкор – ностальгия. Эҳтимол менинг Феллини бўлмоқ орзуйим ҳам шу, ностальгия билан руҳимнинг эгизак эканлиги сабабдир? Йиллар ўтди. Бу йилларнинг ханжар тутган кунлари Феллинини, унга оид бутун ўй-хаёлларни ва… ҳаяжонни ўлдирди. Қотил вақт сабаб онгимиз қабристонида кечинма мурдалари – хотираларгина қолади, холос. Бу бобомдан ҳам аввалги ҳақиқат… Илонга ўхшайди хотиралар. Пўст ташлайверади. Улкан ва бўм-бўш саҳнада туриб томошабинсиз залга термилганча ҳўнг-ҳўнг йиғлаётган пантомима артисти кабисан гўё. Қайғуларинг тунга, хотираларинг ўтмишга, орзуларинг эса сендан аввал ўлган ва сен ҳеч қачон етолмайдиган чўққи – Феллинига оид. Томошабинни залга зўрлаб киритиб бўлмаганидек сен ҳам истаганингни қилолмайсан. Чоррасизлик чорраҳаларида ёдинг парчаларини териб юраверасан. Бундан ёмони борми? Сенга “ҲАҚИҚАТ” деб ўргатилган тушунчалар сенинг ботинингни, хаёлларингни портлатиб юборади ва болалигинг деворларига қора қон сачраб кетади бехос. Узоқлашиш – улғайиш дегани шу, назаримда. * * * Феллини бўлолмаслик. Уялмай айтаманки, мен лақма эканман. Алдандим. Қаттиқ алдандим. Энг оғриқли тарафи, мени алдаган одам ўз ичимда эди. Бу ҳудди жаҳаннамнинг энг чуқур ерида, оловлар гирдобида туриб жаннатда шуъла сочиб турган тақиқ олмасига тикилган одамнинг беҳуд илинжига ўхшайди. Мен ҳам кўзларимни ёпиб турган қўлларимнинг бармоқларини панжарасифат очганча бугун Феллини фильмографиясига, фильмларига фон бўлган, рўё ва воқелик бир-бирига сингишиб, қабариб-қабариб кетган бўшлиқсифат муҳитга қарайман. Минг ваҳки, атрофим оловлар – балоғат нишоналари билан тўла. Нега сигарет чекиб ўзини ўлдираётган эмас, иягида соқоллари титраб-титраб йиғлаётган кишининг устидан кулаверишади, деган саволларни беролмайсан энди. Улғайишинг, тушунишинг, мослашишинг керак. Тун якранг ниқоб кийиб чиқувчи ягона масхарабоз. Уйғонасан ва ҳаммаси йўққа чиқади. Кўрпани тўлиқ очмай туриб Павезенинг ҳаммани алдаганини сезиб қоласан: “Неччи ёш бўлсанг бўл, туш ҳамма учун баробар.” Ундай эмас экан. Масалан мен болалигимда тушларнинг мени ташлаб кетишидан қўрқмас, энг яхши жойига келганда уйғониб кетсам аламдан лабларимни тишламасдим. Павезе ҳам ёлғончи экан. Ичимдаги одам каби… Бир тонгда уйғондим ва англадимки, энди менинг Феллини у ёқда турсин, Гуидо бўлишга-да мажолим қолмаганди. * * * Қишнинг увада кечаларидан бирида Брессонни топдим. Балки Брессон мени топди. Буни ҳеч қачон аниқлолмасам керак. Билганим ягона нарса, мен – бир ўқувчининг у кеча ва унга ўхшаш бутун кечаларда ҳеч қандай сўзу ҳаракатга сиғмас тушга эҳтиёж сезганим эди. Туш истардим. Феллини бўлсин, Брессон бўлсин унда, дердим ўзимча. Ҳаяжондан қўлларимни чалиштириб олдим. Қўлларим, Брессон образларининг қўлларига ўхшаб кетарди. Ишонч билан айтишим мумкинки, деярли бир хил эди улар. Фақат улар менинг қўлларим, Брессон қаҳрамонлариники эмас. Чунки шамолни меҳмонга чорлаган ўша қиш кечасида мендан аввал яшаган, яшаётган ва яшайдиган бутун аросатдагиларнинг қўллари Брессон яратган қўллардан фарқ қилмасди. Бу қўллар шунчаки образ эмас, балки яҳлит, психологик характерга эга тўлақонли персонажлар. Бунга шубҳам йўқ. Рутубатли Варшава кўчаларининг мовийлигини Тошкентдан ахтариб юрган кезларим Киесловский билан алоқа боғладим. Тошкентнинг совуқлари ҳарчанд суяк қақшатар бўлмасин, қандайдир бахтли тасодиф, узлуксиз таҳайюл силсилалари сабаб мен, ҳа, айнан мен ўзим излаётган мовийликни топишим ва топиш бахтидан сархуш бўлиб муҳаббатнинг кўздан нари, совуқдан дир-дир қалтираётган табассумини киноленталаримга муҳрлай олишим, ўзим танимаган, буткул бегона, бошқасининг жуфти бўлган бир аёлнинг сочларини кимсасиз меҳмонхона ҳужраларида тарай туриб, у билан ўтган инқилоблар, давлат тўнтарилишлари ҳақида узун-узун суҳбатлар қуришим ва тонгнинг илк шуълалари кўлмакларга урилгани пайт ёқимли ҳорғинлик билан деразадан шаҳарга тикилганча сигарет тутунларини симира олишим мумкин эди гўё. Лекин мен, афсуски у пайтлар чекмасдим… Ўйлардим. Ўйлардимки, унутилиш изтиробларини Киесловский каби мен ҳам жонлантира олармиканман? Кулгуларни қайғу хабарчиси ўлароқ тасвирлаш ва бу тасвирларни ҳам сокин, ҳам даҳшатли суҳбатлар орқали кинода жонлантиришга кучим етармиди? Шунчаки кулиб қўйдим. Мен киму, Киесловский ким. Камига у европалик бўлса… О, бу кулиш мўлжалга шу қадар аниқ бориб теккандики, гарчи сабабсиз бўлсада, чорасизлигимни фош этарди у. Ким билсин, агар ўша пайт лабларимни икки тарафга ёймаганимда, кўзимдан ёш тирқираб кетармиди балки. Унинг шеърсифат фильмлари – мовийлиги, ишқи ва унутиши – мен ёзган шеърларга ўхшамасди. Менинг унутгувчиларим йўқ эди. Ким учундир унутилган хотира эканлигимни билганимда эса кеч бўлганди – завқимнинг мурдаси қайси бир гўрларда кўкариб чиққанди аллақачонлар. Агар барча тушунчаларни, манзиллару қоидаларни истисно қиладиган бўлсак, менинг “мен” бўлолмаганларим соясида фақат ва фақат ўзимни излардим. Излаш. Гўзаллик фақат излаш орқалигина ўзини намоён қилади. Бергманлар, Феллини ва Тарковскийлар, буюк композиция усталари Куросава, Антонионилар – мени, ёш ва дардга ташна ҳолимдан ёруғликка олиб чиқдилар. Мана шу – кино эди. Шеърият, таржима ва бошқа ҳавасларим ҳам мени тўрт томонга тортар, ботиним парчалана бошлаганди. Кино эса ҳеч нарса қилмади. У шунчаки ўзининг борлигини сездириб қўйди, холос. Драматизациянинг театрлашувдан, фожианинг трагедиядан ажралиб чиқаётган даври эди бу. Эҳтимол, кино тили билан айтсак, “Ёввойи қулупнайлар” дан “Токио ҳикояси” га ўтиш бўлгандир. Вақт мени бу орада Эрон фильмлари билан алдаб қўйди. Маром бузиларди ҳар бир кадрда. Кимнингдир кимгадир сажда қилмагани учун дўзахга мустаҳиқликлари, моҳовлар фарёди, аёлларнинг хижоб ичидан қип-яланғоч овоз билан фарёд солишлари… Энди мен кўзимни эмас, қулоқларимни ёпиб олишни ўргандим. Албатта, бунда Мажид Мажидийнинг айби йўқ. Годар шаҳар қариялари – ўтмиш сарқитларининг капитализм залворини кўтаролмай жон бераётганини кўришга мажубрлар, Де Сика эса фашизм сиёсий майдонда ҳукмронлик қила бошлагач ўзлигидан босқичма-босқич ажралиб бораётган италянлар руҳиятини байроқ қилиб қаршимдан чиқиб келарди. Бела Тарр эса топталган ғурур ва ниқобланган аҳлоқ шеъриятини яратишдан чарчатмасди. Ҳа, буларнинг ҳаммаси шеър эди аслида. Бу иккинчи алданиш даврим эди. Мен олдинги синишлардан ибрат олмагандим эҳтимол. Улар ҳам балоғат оловида ёниб кетди. Замон шамоллари уларнинг кулини қўлларимдан олиб бўшлиққа сочди ҳовуч-ҳовуч. Энди боя истисно қилганим исмлар, манзиллару қоидалар мени истисно қила бошлаганди. Хаёлларсиз қолгандим. Коллеж пайти биринчи курсда Феллини, иккинчида фон Триер, учинчида эса ўзим эдим. Коллеж битгач ҳеч ким эмаслигим ойдинлашди. Сафран Фоер айтганидек: “Everything is illuminated!” Кинодан қайтдим ва бутун хотираларни унутиш учун Прустнинг “Йўқотилган вақт изидан” туркумини мук тушиб ўқий бошладим. Энди бу бошқа ҳикоя… Мен тан олган ҳақиқатларга “мағлубият” дея ном бериш мумкинми? Қай биримиз мағлуб бўлдик, ҳамон киночи бўлиш истагида юрган менми, ё жаллод вақт? Бу ерда масала ғолибликда ҳам эмас. Асосийси, жанг учун мажол топа олмоқликда. Жангоҳ ҳансираб қолди. Унинг саҳнида туриб бўшлиққа қарата “урҳо” отсак гуноҳ бўлмайдими? Бу савол мени Ҳамлетни ҳаёт ва мамот масаласи қандай қийнаган бўлса, шундай қийнаяпти. Унинг жавоби мени дунёга келтиргани учун ота-онамни судга бериш билан бир хил бўлишини сезиб турибман. Сезиб турибманки, жавобни шивирлаган лабларнинг сўнги сўзи билан баробар қулоғимга унинг сўнги нафаси ҳам урилажак. Сезиб турибман… Ўзингни ижарахонанг деворларига ҳарчанд урма, фойдаси йўқ. Сен улғайиб бўлгансан. Улғаймоқ баробарида севган киноматографларингдан узоқ-узоқларда буткул янги кинолар яратиш мажбурияти Сизифнинг тошидек қаршингда намоён бўлади. Яратиш мажбуриятга айланади. Гарчи истамасангда, етуклик сени гиппералист бўлишга мажбурлаши аниқ. Буни минимум имкон билан максимум натижага эришиш учун курашиш дейдилар. Қисқаси, қайсидир маънода чўп устига тегирмон қуришдек гап. На Тарковский, на Киесловский, на Феллини. Энди ҳеч ким ёрдам беролмайди. Кўзгулар доимгидек бешафқат – фақат ва фақат ўзингни кўрсатаверади улар. Иложсизликдан кўзгуга қарайман. Феллини эмас. Унинг Феллини бўлиб қолишини шу қадар истадимки… Аммо бари ойдинлашиб бўлганди: кўзгу менга қараб турарди, Феллинига эмас.
2020-04-04
http://nodirabegim.uz/archives/2028
Жаъфар Паноҳий ҳақидаги маълумотларни ўқиётиб Шавкат Раҳмоннинг шеърини эсладимми ёки Шавкат Раҳмон шеърини ўқий туриб Жаъфар Паноҳийними – эсимда йўқ. Шеър мана бундай эди: Жаъфар Паноҳий эса мана бундай: кинорежиссёр ва сценарийнавис, замонавий Эрон киносининг энг етук муаллифларидан бири, ўз матонати билан ҳақиқий режиссёр ҳар қандай ҳолатда ҳам ижод қилишдан тўхтамаслигини исботлаб келаётган Жаъфар Паноҳий 1960 йил 11 июль куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон провинциясида туғилган. Болалигидан кинога қизиққан йигитча мустақил равишда қисқаметражли фильмлар яратади, ҳарбий хизмат пайти Эрон ва Ироқ ўртасидаги уруш (1980-1988)да қатнашиб, курдистонлик жангарилар қўлида 76 кун асир бўлади. Урушдан сўнг университетга ўқишга киради, ҳаваскор сифатида бир қатор ҳужжатли фильмлар тасвирга олади. Жаъфар хатто эрон классиги Аббос Киаростамийнинг “Зайтунлар аро” фильмида ассистент бўлиб ишлайди. Болаликда қурувчи бўлмоқчи бўлган бола тупроқдан уй қуриб кўради. Кулол ҳам орзусидаги буюмларни дастлаб пишитилмаган лойдан ясаган бўлиши табиий. Масалан, архитектор бўламан дейдиган кичкина жияним нозик ёғочлардан уй қурмоқчи бўлиб ҳаракат қилаётганини кўрдим. “Уй нозик ёғочлардан қурилмайди!” дегим келдию, орзуларини синдирмай деб индамадим. Вақти келса ўзи тушуниб етади. Ҳозир бола-да, муҳими уй қуряпти-ку, дедим. Бироқ санъатга қизиққан болакай (Паноҳий)ни кўп синдиришди. Нафақат жисмонан, балки руҳий босимлар кўп бўлди ҳаётида. Бироқ у парвоз қилди. Синмади. Кўплаб ютуқларга эришди. Илк фильми “Оқ пуфак” (1995 йил) картинаси учун Канн халқаро кинофестивалида энг яхши дебютант сифатида «Олтин камера» билан тақдирланди. 1997 йилда “Кўзгу” фильми учун Локарно кинофестивалида «Олтин леопард» совринини, 2000 йилда эса “Доира” фильми учун Венеция кинофестивалининг бешта мукофотини (шу жумладан, бош соврин «Олтин арслон»ни), 2006 йилда эса “Офсайд” фильми учун Берлиналеда Гран-при «Кумуш айиқ»ни қўлга киритди. Тан олиш керак саноқли режиссёрларгина бундай бой мукофотлар тўпламига эга. Кўз тегдимикан, 2009 йилда режиссёр учун оғир кунлар бошланди. Ўша йили Маҳмуд Аҳмадинижод Эрон президенти этиб қайта сайланганидан сўнг мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Паноҳий ҳам бу намойишларда фаол иштирок этиб, халқ норозилиги тўғрисида ҳужжатли фильм ола бошлайди. 2010 йилнинг март ойида ҳукумат уни “миллий хавфсизликка таҳдид солиш ҳамда мавжуд тартибга қарши одамларни қайраш”да айблаб, 6 йил қамоқ жазоси тайинлайди. Хайрият, кейинчалик бу ҳукм уй қамоғига алмаштирилди. Режиссёрга 20 йил давомида фильм тасвирга олиш ва интервью бериш, шунингдек, мамлакатни тарк этиш тақиқланди. Ҳатто унинг паспорти тортиб олинади. Бироқ ижодкор аёвсиз тақиқлар орасида учмоққа қаноти бўлмаса-да, учди! Шундай вазиятда ҳам яна 4 та фильм яратишга муваффақ бўлди. 2011 йили янги янги сценарийсини ўз уйида, оддий қўл камераси қаршисида ўқиб “Бу фильм эмас” номли киноасар яратди. Мазкур ҳужжатли фильм ширинликлар ичига солинган флешкада яширин йўл билан Эрондан олиб чиқилиб, Канн кинофестивалида намойиш этилган. Тақиқларга қарамай 2013 йили Берлин кинофестивалида Паноҳийнинг навбатдаги премьераси бўлиб ўтди. “Ёпиқ парда” фильми режиссёрнинг шаҳар ташқарисидаги ҳовлисида, уй шароитида тасвирга олинган бўлса-да, энг яхши сценарий учун «Кумуш айиқ» билан тақдирланди. “Такси” (2015) фильми эса шу фестивалнинг олий мукофоти – «Олтин айиқ» ҳамда Киноматбуот халқаро федерацияси (ФИПРЕССИ)нинг махсус мукофоти билан тақдирланган. Фильмда бош ролни режиссёрнинг ўзи ижро этган. Паноҳий киракашлик қилиб, Теҳрон кўчалари бўйлаб одамларни олиб юради. Улар билан суҳбат қуриб, мамлакатдаги вазиятга ўз баҳосини беради. Бутун бошли фильм биргина автомобилнинг ичида, уч дона blackmagic камерасида тасвирга олинган. Ҳамма актёрлар нопрофессионал. Фильмнинг ҳатто титрлари йўқ. 2018 йил май ойида 71-Канн халқаро кинофестивалида режиссёрнинг янги “Уч сиймо” картинаси энг яхши сценарий учун номинацияси билан тақдирланди. Афсуски, ҳали-ҳамон уй қамоғида бўлган Паноҳий бу фестивалларнинг ҳеч бирида қатнашолмаган. Сўзим бошидаги шеърда намоён бўлган қуш эса эркинлик рамзи эди. Паноҳийдаги озод руҳнинг парвози эди. Режиссёрнинг асарлари осмонга парвоз қилиб, кенг ёйилди, юракларни забт этди. Том маънода, ижодкор қалби ва руҳоний олами қафасни кўтариб учди… Азизлар, биз эса тақиқ ва қафаслар ичра қолганимиз йўқ. Биз шунчаки карантиндамиз, холос. Бугун олам аҳли “узлат”га чекинди деб билайлик. Бундай паллаларда инсониятнинг дилкаш дўсти яна кино, китоб, бир сўз билан айтганда, яна санъат, яна адабиёт бўлиб қолди. Санъат иншоотининг меъморлари эса шоирлар, адиблар, режиссёрлар, рассомлардир. Шундай экан, коронавирусни баҳона қилмайлик. Уйда ўтириб ҳам кино олса бўларкан-ку. Ижод қилишдан тўхтамайлик!
2020-04-15
http://nodirabegim.uz/archives/2120
Қишда поезд орқали Марғилондан Тошкентга боришнинг ўзи бўлмайди. Аввалига бекатнинг катта ва совуқ залида, муздек ўриндиқлардан бирига омонатгина ўтириб уни кутиш керак. Орада бекат тамаддихонасида ширин кулчанинг четидан тишлаб газета ўқилади. Кўпинча газета ярмига етганида, навбатчи аёлнинг ёқимли овози бекат бўйлаб таралади. “Андижон- Тошкент йўналишидаги поезд бекатга етиб келди!” Поезд жонивор тарақ-туруқ қилиб Андижон томондан келади. Тамаддини якунлаб, газетани қўлтиққа қистириб, жомадон билан вагонга чиққач, бошига андижонча дўппи кийган эркаклар ва шеваларига урғу бериб гапиришни хуш кўрадиган аёлларга кўзим тушади. Чиптада кўрсатилган жойимни қийинчиликсиз ахтариб топаман. У одатда икки кишилик бўлади. Ё қора кўзойнак таққан соҳибжамолнинг, ё аёллар шарфини бўйнига ўтказиб олган тадбиркор опанинг ёнига ўтираман. Нега шундай, билмайман? Ижодда ҳам, поездда ҳам аёллар доим мен билан ёнма-ён. Бировга айтсанг ўла қолса ишонмайди. Поезд ўрнидан силжигач, ҳақиқий йўл азоби бошланади. Тошкентгача камида беш соатлик йўл, эсли бола бўлиб жим кетасан, қўшимчасига димиққан ҳавода нафас қисади. Атрофда турли дид ва дунёқарашдаги одамларнинг гурунги тинмайди. Ҳар тўрт қадамда шифтга ўрнатилган телевизорлар уларга жўр бўлиб, қулоқни қоматга келтиради. Вагоннинг бир бурчида жойлашган поезд ошхонасидаги бемаза таомлар устингдан кулгандек ёқимсиз ҳид таратади. Ҳар ўн беш дақиқада хизматчи патнисда олиб ўтадиган қаҳва, биринчидан шакари тежалган, иккинчидан бекат ёки уйинг олдидаги тамаддихонада дамланадиганидан икки баравар қиммат бўлади. -Поезд қачон Тошкентга етиб келаркин-а? – дейман бундай манзарадан юрагим сиқилиб. 2019 йилнинг декабрида ҳам Тошкентга поездда кетаётиб ўз жойимга ўтирарканман, мусиқа тинглаш учун қулоқчинимни бўйнимдан ўтказаётиб шундай дедим. -Аксинча,- деди менга жавобан кимдир.- Тошкент қачон поездга етиб келаркин, десангиз тўғрироқ бўлади. Мен шоша-пиша атрофимга ўгирилдим. Рўпарамдаги ўриндиқ бўм-бўш, унинг ёнидагисида боласини эмизиб кетаётган аёл, ёнимда Тошкентда ўқийдиган талаба қиз ўтирибди. Қолган йўловчилар бир-бири билан овора. Йўлакда поезд хизматчиси патнис кўтариб, уларнинг ҳожатини чиқариб юрибди. -Тошкент поездга қачон етиб келаркин?- деди яна ўша овоз сал ўтиб ва рўпарамдаги бўш ўриндиқда унинг соҳиби — сочлари паҳмоқ, мўйлаби тарашланмаган, юзи ажинлар сабаб буришиб кетган, кулранг пальтосига ўранган, эски урфдаги шляпа кийган кекса амаки пайдо бўлди. Осмондан тушдими ё ер остиданми — билмайман. Мен томонга қараб жилмайиб қўйди. -Альберт Эйнштейн,- деди ўзини таништириб менга қўлини чўзаркан. -Шерзод Ортиқов,- дедим у билан иккиланган кўйи қўл бериб кўришгач. -Бир финжон қаҳвага нима дейсиз? -Майли… У йўлак бошида турган хизматчига иккита қаҳва буюртма берди. -Тошкент поездга тезроқ етиб келса зўр иш бўларди,- деб қўйди шундан сўнг қўлларини бир-бирига ишқалаб. -“Нисбийлик назарияси”ми бу?- сўрадим ниҳоят унинг гапларини мағзини чаққандек бўлиб. -Зийрак экансиз,- деди у яна жилмаяркан.- Бениҳоя зийрак! Мен кўзларимни юмганча пуфлаб-пуфлаб хизматчи олиб келган қаҳвадан ича бошладим. У ўзиникига лабларини сал теккизиб қўйиб, финжонни стол устига қўйди-да: -Адабиёт ўладими?- деди менга ўсмоқчилаб. -Нима?- дедим томдан тараша тушгандек берилган бу саволдан эсим оғай деб. -Бу саволни кўпчиликка бераркансиз,- деди у менга синашта нигоҳ ташлаб.-Дўстларингизга, ёзувчиларга, шоирларга… Уни ўртага ташлаб, дуч келган кишининг қонини ичаркансиз. Сизга бир олим сифатида эмас, оддий инсон сифатида шуни айтишим мумкинки, адабиёт ҳеч қачон ўлмайди. Дўстим, шундай. У ўлмайди! Ер юзида одамзод яшаркан, адабиёт ҳам у билан узвийликда нафас олишдан тўхтамайди. Қаҳвамни охиригача ичиб бўлгач, финжонни стол устига қўйишга шошилмадим. Уни кафтимда анчагача тутиб, хаёл суриб қолдим. Эйнштейннинг адабиёт ҳақида билдирган фикри ўйлантирди. Шунингдек, оғир феъл-атворимдан унинг ҳам хабардор экани менга сал ғалати туюлди. Олдида хижолат бўлдим. -Адабиёт менга кўп нарса берган,- сўз бошлади у бир оз ўтиб, юзига жиддий тус бераркан.- Аниқ эсимда. Йигирманчи аср бошларида “нисбийлик назарияси”ни яратиш жараёнида Гаусснинг назарий ёки Максвеллнинг амалий ишларини ўрганишдан кўра унга кўпроқ мурожаат қилганман. Математика ва физикага оид асарларга қараганда Сервантес қаламига мансуб “Дон Кихот” асари назариямни яратишимда муҳим роль ўйнаган. Физика ўрганадиган жисмлар худди адабиёт ўрганадиган одамларга ўхшаш, улар ўртасида ҳатто нисбийликда боғлиқлик бор. Буни кўпчилик тушунмайди, олимлар ўзларича инкор қилишади. Аслида сен жисмлар динамикасини таҳлил қиларкансан, бевосита шу борлиқдаги одамлар ва уларнинг динамикасига ҳам эътибор қаратишга мажбур бўласан. Сизга айтсам, Дон Кихот- нисбий назариётчи. Чин маънода шундай. Романда шунақа саҳна бор: унда қўйлар подаси Дон Кихотнинг кўзига бир гала рицарлар бўлиб кўринади. Тўғрими? Адашмаяпманми? Ёки зодагонни вино тўлдирилган бочкага ўхшатиб, чол у билан жанг қилади. Ўша асарда яна шунга ўхшаш бир қанча антиқа саҳналар учрайди. Оддий ўқувчи буларга эътибор бермай, сюжет кетидан қувади. Синчкови эса уларда нисбийлик унсурларини илғайди. Сервантес қўйлар подаси орқали ўша даврдаги фикрлашдан маҳрум бўлган, ўз фикрига эга бўлмаган, хўжайинлари буйруқларига кўр-кўрона итоат этган рицарларга нисбат берган ёки вино бочкаси мисолида шу юмалоқ бочка каби вужудида винодан бўлак ҳеч нима бўлмаган маишатпараст зодагонларга. Мана, менинг назариям аслида қаердан олинган. Гаусснинг зерикарли тенглама-ю формулалари ёки Максвеллнинг илмий-назарий мақолаларидан эмас, адабиётдан. Қисман бўлса-да, шундай. У қаҳвасини қўлига олиб, бу гал уни ҳудди менга ўхшаб охирги томчисига қадар ичиб тугатди. Бу ишни ниҳоялагач, дастрўмоли билан лабларини артиб қўйди. Мен бўш турган финжонни тўнтариб қўйиб, ундан кулдон сифатида фойдаланиб сигарет чека бошладим. Поезд довонга етиб келганди. -Умримнинг сўнгги йилларини АҚШда ўтказдим,- давом этди у. — Принстон университетида физикадан дарс бердим. Шу йиллар давомида адабиётга мурожаатим янаям ошди. Ёшлик ва камолотга тўлган йилларимда у назариямни яратишимга муносиб ҳисса қўшган бўлса, умрим намозшом пайтига яқинлашган чоғда таскин берувчи восита сифатида унга эҳтиёжим ортди. Биз католикларда черковимиздаги ёнма-ён жойлашган ёпиқ ҳужраларда руҳонийга тавба-тазарру қилиш одати бор. Агар таъбир жоиз бўлса, умрим якунида адабиёт мен учун шу черковдаги руҳонийдек бўлиб қолди. У ҳар сафар менга маънавий озуқа беришдан кўра ҳам чокидан сиртилиб кетган юрагимга таскин берар ва уни залворли юки билан оғритаётган виждон азобига малҳам бўларди. Сўрашингиз мумкин, физик олимда виждон азоби нима қилсин деб. Энг кўп виждон азоби-менда. Агар адабиёт бўлмаганида, Тангри жонимни олишини кутиб ўтирмай, аллақачон пешонамга тўппонча тираб, ўзимни отиб ташлаган бўлардим. Виждон азоби бир умр мени таъқиб этиб келди, йиллар давомида тўпланиб-тўпланиб, охири тоғдек уюмга айланди. Уни илк марта қачон ҳис қилганимни яхши эслайман. Бу “нисбийлик назарияси”ни яратганимдан сўнг рўй берганди. Ўшанда француз олими Пуанкаре ҳам ҳеч меникидан қолишмайдиган ўз изланишлари билан бу назарияга жуда яқин келган, шу мавзуда бир қанча мақолалар ёзиб, уларни илмий журналларда чоп эттирганди. Лекин тақдир тақозоси билан фан оламида унинг яратувчиси мен бўлдим. Фан кўплаб шов-шувли баҳс-мунозараларга аҳамият бермай, фақат менинг изланишларимни бирламчи сифатида тан олди. Аслида, унинг яратувчилари сифатида Пуанкаре иккимизнинг номимиз тилга олиниши зарур эди. 1922 йили швед академиклари менга Нобель мукофотини беришганида, шунинг учун атайин Стокгольмга бормадим, боиси Пуанкаре кўз олдимдан кетмади. Шведлар ҳам бу баҳсдан хабардор эдилар. Шунинг учун қўмита ўз академиги Кристофер Ауривиллиус бошчилигида оловга мой сепишни истамай, Нобель мукофотини нисбийлик назарияси учун эмас, фотоэффектлар йўналишидаги кашфиётим учун берилганини матбуотда оммага эълон қилди. Аммо одамларни, айниқса фан одамларини бу йўсинда алдаб бўлмасди. “Нисбийлик назарияси” яратилмаганида, бу мукофотни менга ҳеч қачон беришмасди. Буни ёш бола ҳам биларди. Шунга бўлса керак кексайгунимча ўша мукофотни юрагим қабул қилмади. Шу-шу шахсий буюмларим орасида Нобелнинг тилла медали ёки дипломига тасодифан кўзим тушиб қолса, қўл теккизмас, уларга қараганим сари Пуанкарени ўйлаб юрагим сиқилар, виждон азобидан ўзимни қўярга жой топа олмай қолардим. 1929 йилда Ленин ҳақида матбуотда чиқиш қилдим. Унинг инсонпарвар доҳий бўлганлигига, у қурган социализм инсонлар орзу-умидларини рўёбга чиқарувчи куч, гуманистик дастаклигига бутун Оврўпони ишонтирдим. Ўша мақолам жуда ҳам узун, ҳеч бир коммунистнинг публицистик асаридан қолишмайдиган сифат ва савияда бўлиб, қолаверса обрўйим унинг қийматини бир неча бараварга оширарди. Аммо 1937-1938 йилларда доҳийнинг меросхўри Сталин томонидан шўролар юртида олиб борилган қонли қатағонлар ҳақида эшитгач, юрагимни чангалладим. Минг-минглаб зиёлилар у ерда йўқ қилингани мени карахт аҳволга солиб қўйди. Беихтиёр лабларимни тишладим, қўлларим қалтираб, ўша ёзган мақолам нашр қилинган газетани майдалаб йиртиб ташладим. Бир неча ой руҳий ўрадан чиқолмай яшадим. Кейинроқ маълум бўлишича, қонхўрлик ва одамларни алдаш йўлида Ленин ҳам Сталиндан фарқ қилмаган, шунчаки большевиклар ундан идеал кўринишдаги пайғамбар қиёфасини ясашган экан. Поезд довон бўйлаб кетаётганида тоғларни қоплаган қорларга эриниб қараб қўйдим. Эйнштейн мендан фарқли равишда уларга қизиқиб боқарди. Орага бир муддат чўккан сукунат шу қорли тоғларга поезд янаям яқинлашгунча чўзилди. -Виждон азоби кундан кунга ортиб борарди. 1933 йилда нацистлар тепасига Гитлер келгач, Германияни тарк этдим. У ерда барча кутубхоналардаги китобларимни битта ҳам қолдирмай ёқиб юборишди. Швейцарияда бир йилча туриб, уммон орқали АҚШга келдим. “Оқ уй” да Америка президенти Франклин Рузвельт билан учрашдим. У мени яхши кутиб олди, учрашувимиз давомида менга илиқ муносабатда бўлди. Икки кун меҳмон қилди. Шу тариқа “Оқ уй” нинг доимий ва фахрий меҳмонига айландим. Президент билан ўртамизда дўстлик ришталари ўрнатилди. Бунинг самараси ўлароқ, иккинчи жаҳон уруши бошида унга мактуб йўлладим. 1939 йилда йўллаган мактубимда фюрер бошчилигидаги Германия ядро бомбаси яратиш учун жиддий курашга киришганини, Рузвельт ҳукумати бунга долзарб масала сифатида қараши лозимлигини, кечиктирмасдан тез муддатда ўз ядро бомбасини яратиш учун муайян дастур ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаб, лойиҳада маслаҳатларим билан иштирок этишга тайёрлигимни етказдим. Орадан ҳеч қанча ўтмай, АҚШ Рузвельт бошчилигида ўз ядро бомбасини яратди. Гарчи мен бу лойиҳада бевосита иштирок этмаган бўлсам-да, унинг амалга ошиши учун доимий равишда назарий билимим ва маслаҳатимни аямадим. 1945 йили Рузвельт сирли равишда вафот этгач, ҳукумат тепасига Трумэн келди. Ўша йили августда Япониядаги иккита шаҳарга у ядро бомбасини ташлашга буйруқ берганида, бу лойиҳанинг бутун даҳшатини ўз кўзларим билан кўрдим ва шу тарзда оғир айбдорлик ҳисси ортиқ менга тинчлик бермай қўйди. Бу ҳаётимнинг энг катта фожеаси бўлди (иккинчи жаҳон уруши ўзи шундоқ ҳам мени виждон азобига тўла-тўкис ташлаб бўлганди. У бошланганида ўз пацифистик қарашларимни деб Германияда қолган дўстим ва сафдошим, фан арбоби Макс Планкни нацистларнинг малайига айланганликда айблаб, ундан юз ўгиргандим. Сингилларим Лина ва Берта пешоналарига яҳудий тамғаси ёпиштирилиб, концлагерларда ҳаёт билан видолашаётган бир пайтда, мен бундан бехабар Америкадаги университетда маъруза ўқиш билан банд бўлгандим). Ўша кезлари виждон азобидан қаерга қочишни, қандай қутулишни билмасдим. Ишонасизми, ўз жонимга қасд қилишга бир неча марта уриндим. Бўлмади. Негадир ўлгим келмади. Тўғрироғи, бу саволларга-виждоним рўпарамга кўндаланг қўйган саволларга жавоб тополмай ўлиб кетишни истамадим. Шу ерда қаршимдан яна адабиёт чиқди. Толстой ва Достоевский… Уларнинг асарлари умрим ниҳоясида камина энг кўп мурожаат қилган китоблар эди. Умрим бино бўлганидан бери математика ёки физикага оид бирор бир илмий асарни икки марта ўқиганимни эслолмайман. Аммо “Тирилиш” , “Жиноят ва Жазо”, “Ака-ука Карамазовлар”ни беш-олти мартадан қайта ўқиб чиқдим. Уларни ўқий бошлагач, ўзимда беихтиёр енгилликни сезардим. Инсоният олдидаги катта-ю кичик гуноҳларим ювилаётган бўлмаса-да, ҳар ҳолда ўз мудҳиш хатоларим учун чин дилдан афсусланиб, юрагим кучли мағфират илинжида ура бошларди. Раскольников фожеаси, Нехлюдов изтироблари ёки Карамазовлар олами қайсидир маънода менинг фожеам, изтиробларим ва оламимга ўхшашиб кетарди. Буни янаям чуқурроқ англаш ва ўзим учун бир ифодага солиш мақсадида асарларни яна ўқир, натижада ҳар гал мутолаа жараёни якунига етгач, ўзимни гуноҳлардан фориғ ҳолда қайта туғилгандек ҳис қилардим. Уларни ўқирканман, виждон азоби ҳам секин-аста мени азоблашдан тўхтаб, йиллар давомида залворли юкдан чарчаган заиф юрагим ҳаловат топиб борарди. Шундай лаҳзаларда Достоевскийнинг китобини бағримга босиб, Пуанкаредан хаёлан кечирим сўрасам, Толстойнинг китобини кўзимга суртиб, ядро бомбаси лойиҳасини фақатгина тинчлик йўлида ишлатилиши учун қўллаб-қувватлаганимни виждонимга кўзларимда ёш билан тушунтирардим. Ўйлаб кўринг-а, адабиёт ўлса нима бўлади? Одамлар тушкунликка тушган онлари ёки виждонлари азобда қолган дамда нимадан таскин-тасалли олишади? Бир-бири билан неча асрлардан бери чиқишмайдиган, ҳатто ҳар бири турли ички мазҳабларга бўлиниб, ўзаро низолардан боши чиқмайдиган динлар ва уларнинг онги паст, мунофиқ руҳонийларданми? Ё бўлмаса аниқ ва табиий фанлар эришган кашфиётларданми? Ньютон қонуни, Вольта кашфиёти, Эдисон лампочкалари, академик Павлов рефлекслари, Александр Белл телефони, Ака-ука Райтлар аэроплани, Генри Форд машиналари тушкунликка ботган ва виждон азобида қоврилаётган инсон зотига қандай таскин-тасалли бериш хусусиятига эга? Йўқ, адабиёт керак барибир! Сиз яшаётган йигирма биринчи асрда ҳам, йигирма иккинчи асрда ҳам албатта, унга эҳтиёж топилади! У гапирар, мен эшитардим. Сигаретни ярмигача чекиб, хизматчининг “илтимос, чекманг” деган гапи туфайли қўлбола кулдонга ташлаб қўйгандим. Бир пайт Эйнштейн рўпарамдан йўқолиб, кўзга кўринмай қолди. Ўриндиқ бўш хувиллаб турарди. Уни ахтариб вагоннинг ҳар бир бурчагига қараб чиқдим. Аммо у кўринмади. Шунда унинг арвоҳи билан суҳбатлашганимга ўзимни ишонтирдим. Поезд довонни ортда қолдирган пайтда уйқум келди ва мизғиш учун ўриндиққа яхшироқ жойлашиб олдим. Қанча фурсатга кўзим илинганини билмайман. Уйғонганимда қаршимдаги болалик аёл боласини учинчи марта эмизиш билан овора, мендан сираям уялмас, парвойи фалак ўтирар, унинг оёғи остида қандайдир оқ-қора рангдаги фотосурат ётарди. Суратни қўлимга олдим. Бу Эйнштейннинг сурати эди. Унинг чангини қоқдим-да, аёлга юзландим. -Сурат сизникими? -Нега меники бўларкан?- деди у юза қисми очилган кўкрагини яширишни ҳам ўйламай норози бир қиёфада.- Менимча, ёнимда ўтириб келган ўқитувчининг портфелидан тушиб қолган. У сиз чиққан бекатда тушганди. Суратни жимгина қўлимда ушлаб кетдим. Қайтиб-қайтиб томоша қилдим. Жилмайдим, хўрсиндим, ютиндим… Тошкентга етиб келгач, унинг олд қисмини ташқарига қаратиб, дераза ойнасига маҳкам қистириб қўйдим. Вагондан тушиб перрон бўйлаб кетарканман, у томонга бир-икки кўз қиримни ташладим. Кўчага чиқишдан олдин эса у билан хаёлан хайрлашдим. У ҳам хайрлашди. -Хайр, Альберт Эйнштейн! -Хайр, Шерзод Ортиқов!
2020-04-16
http://nodirabegim.uz/archives/2123
Шаън ўзи нима? Нега ҳар вақт ҳимояга муҳтож? Ё рақиблари кўпми? Ундай бўлса, ҳар қадамимизни ўлчаб босишимиз, ҳар сўзимизни ўйлаб айтишимиз кераклигини гоҳ-гоҳ унутишимиз бандаи ожизлигимизми? Ҳаёт шунақа – бешафқат, не кўйларга солмайди, не синовлардан ўтказмайди, деган таскин аслида пушаймонлигимизни бошимиздан арита оладими. Ақлимиз донишликка қанчалар даъвогар бўлмасин, кўнглимиз сезувчанликда ўзини қанчалар танҳо атамасин, барибир панд еб қўядиган ҳолатлари билан ҳиёнатни ҳам канда қилмаслигига ким кафолат беришга қодир. Мадомики, бир боралик – бетакрор умримиз Ватан шаъни, миллат шаъни, оила шаъни, эру хотинлик шаъни, борингки, йигитлик ва қизлик шаъни ичида кечар экан, чинакам инсондай яшай олишимизнинг оғирлиги ҳам, мураккаблиги ҳам доимо елкамизда. Бу юк – меники, сеники, уники – демакки барчамизники бўлгани билан беҳад буюкдир. Уни кўтариш чоғида кимнинг кимлиги аёнланади. Гап ҳаракатларнинг қандайлигида эмас, мақсад-муддаода, ақл ва кўнгилнинг мувозанатида. Мақсаднинг моҳиятида шаън ва қадр-қиммат ётади ҳамиша. Кимдир ҳар қандай шароитда шаффофдай сақлайди, кимдир булғайди. Ўзигагина эмас, яқинларига, элу юртига иснод келтиради. Таниқли қаламкаш Иқбол Мирзонинг “Бону” романини ўқиш асносида шуларни янада чуқурроқ тушуниб етамиз. Ҳаётда муҳаббат ва нафрат, ҳавас ва ҳасад, омад ва кулфат, бойлик ва фақирлик, ишонч ва фириб, ҳиммат ва таъма худди кеча ва кундуздек ҳамиша ёнма-ёну бардавомлигини кўрамиз. Улар олдида ўзимизни, ўзлигимизни йўқотиб, орзу-умидларимизни барбод қилиб қўймаслигимиз учун шукур ва сабрдан, ирода ва матонатдан кучланишимиз жоизлигига ота-оналаримиз, замондошларимиз тақдири тимсолида яна бир бор иқрорланамиз. Асарнинг шаклан битувчиси ҳам, бош қаҳрамони ҳам бир шахс, яъни Бухоро қизи – Бону. Жафокаш қиз бошидан кечирганларини интернетда кундалик тарзида воқеабанд усулда ёзиб ҳикоялайди. Китобдаги 370 саҳифали 164 кунлик ёзувлар аслида кўпдек туюладию, лекин зериктирмайди. Уч авлоднинг – бобо, дада ва фарзандларнинг қисмат занжири гоҳ шодумон, гоҳ ҳазин ҳодисалар ҳалқасидан иборат. Қизиқишимиз бошидан охиригача сусаймайди. Аксинча, кучайиб бораверади. Дам лирик интим кечинмалар, дам кутилмаган саргузаштона воқеалар, дам ширин хотиралар бир-бирига алмашиб, бир-бирини тўлдириб, ҳаяжонга солади, ўйлатади, меҳримизни қаҳрга, қаҳримизни меҳрга эврилтириб, Бонуга руҳий яқинлаштириб қўяётганини сезмай қоламиз. Кундаликнинг ўзига хослиги Бонунинг бугунги кечмиши, кечаги ўтмишига уйғунлашиб, фарахбахш хотиралар хаёли кўшкида қайта жонланади. Бизнинг тасаввур мушоҳадамизни ҳам тўлиқтиради. У билан бирга ўзимизни беихтиёр ўтмишдошу кечмишдош сезамиз. Россияга ризқ излаб борган ўзбекистонлик бир гуруҳ йигит-қизларнинг, эркак-аёлларнинг ўзгарган турмуш тарзи, феъл-атвори номуносиб муҳитнинг номуносиб таъсири, “тарбияси” оқибати эканини англаб, кўнглимизда озорли ачиниш ҳислари уйғонади. Бобомерос қадриятларга, туйғуларга улар бегоналашиб қолаётганидан нафратимиз исёнланади. Аммо, бир муҳитда бирга яшаётган Зуҳро юлдузидек танҳо ва ёрқин Бону разолатга метин иродасини қалқон қила олаётганидан қалбимизга қайтадан хушнур инади, инаверади. Ҳозирги Бонуни аввалги Бонудай тутиб турган кўзга кўринмас бетизгин ички туюмларининг илдизлари бобосига боғланганини, дадасига тортганини пайқашимиз қийинмас. Ахир унинг беш кунлик дунёдаги дийдори ғанимат бобоси “Мир Араб мадрасаси тупроғини ўн йил ялаб, илми комил бўлган мўмин эди”. Қизнинг болалик бахти шундаки, ана шу донишманд қарияга дастёрликни, ҳамсояликни Аллоҳ насиб этганди. Яхшиям бобонинг суюмли набирасига китоб ўқиш одатини юқтириб кетгани. Қизча ноёб эсдалик – бобосининг мадрасадаги водиллик ҳужрадоши Ҳувайдонинг қўлёзма девонини кўзларига суртиб ҳижжалайди. Сўфий ошиқнинг дил изҳорлари куйланган ғазалларнинг ботиний маъноларини тўлалигича чақишга ақли етмаса ҳам, илоҳий сеҳр оғушида хаёлларини безайди. Она тили ва адабиёти ўқитувчиси — дадасининг, кутубхоначи – онасининг оила даврасида тарбия сабоқларини қулоқларига қуйиб улғаяди. Коллежнинг аълочи ўқувчиси университетнинг фаол талабасига айланади. Бу ҳам камдек йигитларнинг чиройли ҳуснига маҳлиёлигидан ғурурланиб, тиббиёт талабаси Олмос билан ишқий жуфтлик тақдири пешонасига битилганига шукроналик кайфиятида фалакнинг еттинчи қаватида учиб юради. Билмасдики, ҳали олдинда ўзини ҳаётнинг не-не зарбалари, не-не синовлари кутиб турганини. Айни вақтда у билан бирга биз ҳам. Қандай кўргуликки, абитуриентлик чоғида рангли журналнинг муқовасида босилган, кўрганнинг ақлини шоширадиган гўзал сиймоси бугун… Қандай кўргуликки, кечагина — омадли талабалик завқидан сармаст, курс раҳбари қистови билан бўлса-да, гўзаллик танлови вилоят босқичи ғолиблигига лойиқ топилган энг латофатли қиз бугун… Эсиз, афсус бечора, дейишарди атрофдагилар бош чайқашиб. Кўзгуга қарашга юраги ботинолмасди Бонунинг. Даҳшат! Наҳот шу биргина сўз тилига кўчибоқ тугаса. Дилини даҳшатнинг ўзи тобора қамраб борарди. Юзлари, қўллари оқарган қизга энди одамлар жирканиб боқаётганини сезмасликнинг иложи қанча. Бу суймаганга суйканган Юсуф томонидан ўзига илгарироқ уюштирилган тажоввуздан ҳам беш бадтар ҳолат эди. Унинг учрамаган дўхтири, халос истамаган табиби, илтижо қилмаган азиз – авлиёларнинг руҳлари қолмади ҳисоб. Ҳаммасидан умид бор эдию, нажот кўринмасди. Лекин Бону Қизилқумни одамтопмас еридаги Хожа Уббон мозоридан қуруқ қайтмади. Бобосига ўхшаш мўйсафидга дуч келди. Ҳаммада… Таажжубланади. Изоҳни эса бобонинг ўзидан эшитди: “Ҳа,болам, менда тери асорати йўқ, вале мен ҳам аёлим туфайли эл ичра юролмай, халқ ичра туролмай қолганман. Ҳамма мени масхара қилар, кўрсаткич бармоғини тўппонча қилиб ўқталар, турмуш нелигини билмаган ўспиринлар жирканиб юз бурар, дўстларим аро тили қисиқ бир банда бўлдим. Кўп кентларни, қишлоғу овулларни кездим, водариғ қайда бўлмай маломат тоши ортимдан етиб келиб бурнимни қонатаверди. Гўё гуноҳ қилган хотин эмас, мен, уч фарзанднинг шаънини ўйламай ўйнаш қидирган у эмас, мен, Яратганнинг нигоҳидан қўрқмай шайтоннинг қўйнига кирган осий анави эмас, мендек… Сен эса қизим, таслим бўлма, бахтдан умидингни узма! Ҳали ёшсан, ҳаммаси олдинда…”. Бону битикларида эътироф этганидай, бобосини қайта топгандай, йўқ, Ҳувайдо бобонинг ўзини кўргандай бўлади. Илдизлари бут дарахтга йиқилмоқлик ёт. Шамолу бўронларда ҳам шохлари эгилса эгиладики, қадди асло букилмайди. Бонунинг тупроқ остидаги икки илдизи, учтага айланди гўё. Иймон-эътиқодда собит мўйсафид ўша овлоқда дафн этилса-да, қизнинг қалбида қайта кўз очади. Ўзбекона инсонийлик шаънининг хиёнаткор хотини касри билан булғангани учун, бундан ғофил қолгани учун эркаклик орияти ва ҳамияти кучлилиги туфайли қанчалик ғазабланмасин жазони Яратганнинг ўзига қўйиб, тирик танишлар нигоҳидан нарида сўнгги нафасига қадар якка яшашни афзал билган дунёдаги энг ҳокисор, энг покиза зот тимсолида туғилади. Асар мутолаасида давом этиб, Бонуга қанчалар меҳримиз товланмасин, усти-устига ноҳақликка рўбарў келавериши яна шунчалар ичимизни ачитади. Энг ёмони, курсдошларига олачипор қиёфада кўринишга иймана-иймана талабаликни тўхтатишга мажбур бўлади. Боз устига дадасининг мактабида ишдан ҳақгўйлиги, адолатталаблиги туфайли қувилади. Энди ёш бошини қаерга уради, ёлғиз онасига фойдаси тегиши ўрнига ташвишига ташвиш қўшиб ўтириши эпми. У онасини ўйласа, онаси уни ўйлаши табиий ҳол эди-ю, бироқ ёнидан йироқ кетишига йўл қўймаса керак, деган хаёлда юрарди. Онаизори эса уни ҳаво алмаштириб келишини, ишлаб ҳарна чалғишини истаб қолди. Москвага Ботир тоғаси ва Мирхонд акасининг ёнига юборишга мойиллик билдирди. Бироқ у эртасини ҳали туман ичида тасаввур қиларди. “Кетай, “Ҳувайдо” бобомдай бош олиб кетай, манглайда бўлса, бир кунимни кўрарман, бўлмаса, пешонадан… Ҳечқурса, уч-тўрт танга топиб, онажонимнинг жонига оро кирарман, опаларимга, Шоира опамга қарарман. У ёғига худо пошшо…”. Бону ўтирган поэзд тўрт кеча-кундуз юриб, манзилга етди. Яхши биламиз, руснинг рубли, Американинг доллари у ёқларда сочиб қўйилган хазон эмаски, белинг оғримай, пешонанг терламай йиғиштириб, уйингга жўнатаверсанг. Бонудек мунису муслима қизнинг бошқа диндаги миллатнинг бошқача турмушига енгилгина кўникиб кетиши амримаҳол эди. Русча гаплашишни тузуккина уддалашига қарамай, яшаши ва ишлаши ҳадеганда изига тушиш ўрнига бошига турли балолар ёғилишидан унинг қалби эзилди. Мусофирликнинг тошнони тишини синдирмади, кўнглини синдирди. Ўзининг таъкидича: “Мусофирлик бу – ўз ихтиёринг билан келиб, ўзгалар ихтиёри билан яшайсан дегани…”. Ўзга юртда энг қимматли эркингни йўқотасан, наинки ноғорасига, имо-ишорасига етти букилиб ўйнайсан, қўлига қараб мўлтирайсан, қулига айланасан. Бироқ Бону каби ғурури осмон қизлар иймон-эътиқодини бойликка, пулга ҳеч қачон алишмаслиги билан ҳою-ҳаваслардан ору-номусини ҳамиша устун қўйиши аниқ. Бу билан нафақат ўзининг, балки ўзбек миллатининг ҳар жойда, ҳар қандай шароитда қадрини баланд, қаддини тик тутишини амалда исботлаб кўрсатишини сира-сира тасодий ҳолга йўйиш мумкин эмас. Шарқона ибо, Тўмарис момомизга хос жасорат, Барчинойга монанд севгида сабру садоқат руҳида гупиллаб юраклари уриб туради. Иқбол Мирзонинг Бонуси янги замон қизи. У янги замон муаммолари олдида ҳеч эсанкирамайди. Ташқи гўзаллиги “ғойибланган” дамларда ҳам ожизланмайди. Инчунун, бобоси ва дадасининг ҳам ботиний, ҳам зоҳирий эзгу туйғу ва хислатларининг чинакам соҳибаси сифатида қизу аёлларгагина эмас, йигиту эркакларгача ибрат тимсолида кўз ўнгимизда гавдаланади. Бундан бошқача бўлса, ҳаётий ҳақиқатдан йироқ, олди-қочди асарнинг ясама мафтункор “қаҳрамони”га айланиб қоларди. Ахир уни Россияга етаклаган куч мутлақо енгил табиати эмас, бойликка ўчлиги-ю, қисқа фурсатда мўмай пул жамғариб қайтиш иштиёқи эмас, билъакс яқинларига, яхшилик кўрганларига нафи тегиб яшаш имкониятини излашида, онасининг кўнглига ҳаловат қайтариш илинжида, уёқдаги тоғаси, акаси ва жияни паноҳида юришига ишончида эди-ю, ўйлаганларини кўрганлари тезда пучга чиқаришига йўл бермади. Ўз юртидаги беоқибатликлар ўзга юртдаги шўришлари олдида ҳолва эканидан дастлаб юраги орқага тортди. Ажабтовури мусофирларнинг мусофирларга бемеҳрлиги, зиён-заҳмат етказиши бўлди. Ҳатто тоғаси асл жирканч башарасини кўрсатганида жуда нафратланса ҳам ичига ютди. “Ўриснинг иймони бўлмаса ҳам инсофи бор, дейишади. Рост гап, директор босиқлик билан полисларга мен ҳақимда ижобий гаплар айтди, бунинг қўлидан жиноят келмайди, тўғри, пок аёл деб таърифлади”. Бонуннинг бу сўзлари унинг қалби самимиятга беҳад тўлалигини тасдиқлайди. Яхшилик ва ёмонликнинг ватани бўлмайди. Инсонлар ўзаро муносабатда қаердалигидан қатъий назар, ҳаётнинг оқ ва қора кўриниши қиёфасида зоҳирланаверади. Бону буни дадасидан тириклик чоғида эшитган, яшашнинг рисоладаги фалсафаси ўрганган. Бегоналар ватанида, аксарият нотанишлар орасида юрганида дадасининг уқтиргиларини эслаб-эслаб, уларга амал қилиб, йўлидан адашмайди. “Одамларнинг муносабатига қараб муомала қилиш керак. Сенга ташланмаган одамга сен нима учун тиш қайрайсан? Ҳаётда шундай вазиятлар бўладики, ваҳшийлик терисини эгнингга тортмасанг, тилка-пора қилиб ташлашади. Бу – ҳаёт-мамот масаласи. Лекин инсон дунёда инсондай яшаши, имкон қадар бировга озор бермай ўтиши керак. Чоғинг келган ишга бел боғла, беҳуда кучаниш белни чиқаради, агар кучинг етмайдиган тоифага дуч келсанг, уни айланиб ўтишни ҳам ўрган. Охури баланд пасткашларни эса худога сол! Энг олий ҳакам Унинг ўзи!” Шудайликка шундайку-я, баъзи гумроҳ бандаларнинг кўнглига нега инсоф кирмайди? Нега улар савоб билан гуноҳни фарқлашни исташмайди? Нега нафслари гирдобида яйрашиб, ақлларига қулоқларини беркитишади? Нега ноинсоний эҳироснинг жирканч жиловида жавлон уришади? Бонунинг воқеабанд битиклари бизда ҳам саволлар устига саволларни тахлайверади. Мутолаа мушоҳадага етаклайди. Ҳа-ҳа, улар аслида сохталик суратидаги “қўрқмас”, “кучли”, “уддабурон” кимсалар. Бонунинг бундайларга қарата: “Дўконнинг камерасидан қўрқасану, худонинг “камераси”дан нега чўчимайсан?” деган мантиқан изтиробли, аммо сокин ички ҳайқириғи бесабабми? Ҳеч-да, одамлар тобора яратгандан йироқлашаётганига ўкинч ишорали сўроқ эмасми бу. Ўйлаб кўринг, агар одамларга ишонч йўқолмаганида қоровуллар туриб, камералар ҳам ихтиро қилинармиди. Агар жамиятда тўлалигича эзгулигу ҳалоллик ҳукм сурса, бировнинг ҳақига биров ҳиёнат қилмаса, фуқаро давлатнинг, харидор сотувчининг мулкига, бойлигига, нарсасига кўз олайтирмаса, “ўғри”, “жиноятчи” деган тавқи лаънатли тамғанинг шаънига босилишидан ўлимдан қўрққандек қўрқса, олам гулистон эди-ку! Жамиятда ҳалол луқманинг юқишига, ҳаром луқманинг йиқишига одамларнинг беписандлигидан камерага эҳтиёж туғилмадими?! Ҳар бир ҳовлига, уйга, кўчага, бозорга, дўконга, барча жамоат жойларигача қўйилган “ойнакўз”ларга ҳам одамлар фириб бермаслигини ким тўла кафолатлай олади? Ҳеч ким! Ягона кўриб ва билиб тургувчи болаликдан қалбимизга қўноқлашмаса, на иймон бут, на виждон уйғоқ туради. Шайтонга осонгина эргашиб, ҳамроҳланиб кетаверамиз. Бону шундан куюняпти. Инсон шаънининг ягона, собиту собир қўриқчиси Иймон ва Виждон гўёки Аллоҳнинг кўзи, Аллоҳнинг ўзи. Ундан жудолик зоти шарифликни унутмоқликдир. Ўзлигини унутган – Аллоҳни ҳам унутади. Бундайларнинг бандаликни даъво қилишига заррача ҳақлари бормикин?! Аксарият одамлар бошқалардан кўрган яхшиликни тезда эсдан чиқаришади-ю, ёмонлигини эса… Бонунниг одати бунга мутлақо терс. У ёмонликни осонгина унутиб юборади-ю, яхшиликни ҳеч қачон. Худди шу феъли учун ҳаракатдан, интилишдан, курашишдан тўхтамайди. Ўзи руҳига руҳ қўшиб олаверади. Балки, бошқаларнинг ҳар бир яхшилигида таъма бўлса бордиру, уники — беғараз, беминнат. Яхшиларнинг яхшиликларига яхшиликлар ярашишидан яйраб-яшнайди. Бухорода ҳалол тадбиркор эри ҳасадчиларнинг туҳмати билан ичкарида ўтирган икки фарзандли, туғишганларидан ҳам аъло Шоира опасига, “севиб” севдириб, оқариб қолгач, ўзини тортган, орзуларини саробга айлантирган ва ҳозирда “саратонга чалиниб” касалхонада оғир ётган Олмос акасига қўлига пул тушиши билан моддий мададини сира-сира аямайди. Ўзбекистондан бориб, руслар ичида нонини ҳалоллаб еяётган, ўзига тўқ самимий инсонлар – Шакаржон опаси ва Алишер акасига муносиб юртдош, муносиб миллатдош, муносиб сингил бўла олганидан беихтиёр фахрланамиз. Ахир у керагида ёрдам қўлини чўзганларнинг ишончини оқлади. Ахир бошпана берган, қорнини тўқлаган, иш ҳақини тўлаган инсонларнинг миллатига қарамади, русми, озарбайжонми, ҳатто лўлими муомаласи, ақл-фаросати, уқуви, ғайрат-шижоати билан меҳрини қозонди. Артистдек сохта ролга кириб эмас, вазифасини сидқидилдан адо этиб. Фақат вазифасинияммас, кези келганда ўз жонини ҳеч аямай инсоний бурчини ҳайратомуз ҳолатда ўтади. Сийлови ҳам ҳайратомуз тус олади. Ҳаётида кутилмаган бурилиш ўшандан сўнг бошланди. Жажжи эгизак – Лора ва Ларани кўчада юрган тишлоғич итларнинг тасодифий тажоввузидан асраб қолишга улгурди, лекин ўзини… Бону буни ҳеч қандай жасоратга йўймади аслида: “Мен атай қаҳрамонлик қилиш учун ит йўлини тўсмадим, азбаройи жужуқларнинг ҳимоясига бордим, агар худо кўрсатмасин, кўппак бирортасини ғажиб ташлаганида менинг бу дунёда юришимдан маъно қолмасди”. У шифохонадан қайтгач, бу оилада халоскорга кўп ҳимматлар кўрсатишди. Бироқ Бону бойиб кетмади. Топган-тутганини онасига жўнатди. Яқинларининг бошларидаги кулфатларини аритишга эҳсонлашдан тўхтамади, кўнгли хотиржам тортаверди. Шимол юрти қишининг узоқлиги, қаҳри-қаттиқ совуғи тўрт фасли тўкис мамлакатдан борган қизнинг ҳаётини қил устида қолдирган маҳаллари ҳам бўлди. Ҳеч ким танимас жойда, кўча бекатида яккаю ёлғиз тунни ўтказиш ўлим билан олишишга тенг. Ким ғолиб чиқади ноаён. “Ўрнимдан тез турмасам, бўғотдаги сумалакдай яхлашим аниқ! Турдиму, кўзимни очолмай қолдим. Водариғ, инсоннинг ҳамма аъзоси музлаши мумкин, фақат қорачиғлари ҳеч қачон музламайди дейишардику… Йўқ, кўз эмас, намхуш киприкларим оғиздан чиққан ҳовурдан баттар шувашиб, бир лаҳзага қовоқ юмганимда музлаб, бир-бирига пайванд бўлиб қопти. Кафтимни кафтимга ишқалаб қизитиб, кўзларимга босиб, кўзёши ёрдамида киприкларимни айириб олдим. Кўз очилиши учун ёш тўкилиши шарт экан-да, акажон”. Алам ва соғинч чегарасига етаётганида сабрнинг ҳам таги кўрина бораркан. “Олтини”га эгалликка жуда ишонганимиздан шошилмаймиз, холос. Охир-оқибат ундан-да аълосини қумсаш ҳар қандай мусофирнинг манглай ёзиғи.” “Ўз уйим — ўлан тўшагим” ҳиссиёти Бонунинг қон-қонига, жон-жонига сингиб кетган эди: “Нега доим дилимнинг бир чети хижил, ўқпати юлиб олинган каптардайман, имкон туғилиши билан ўзимнинг барханларим томон йилдиримдек учгим келаверади? …мен шу кўҳна тупроқда ҳурпайиб ўсган янтоқлар панасида дунёга келган хонгули қуралайи кабиман, тилло қумлар ўйнаган булоқларда кўз очган гулимоҳдайман. Ҳужайраларим шу диёрнинг иқлимида семириб, об-ҳавосидан атиргулдай очилган, ҳар бир заррам қишлоғим сувтомчисини танийди… фақат онамдай мунис ва мунир ўлкамнинг ҳур шабадасигина тани-жонимга лаззат бахш этади…”. Ниҳоят, Иқбол Мирзонинг янги давр романи қаҳрамони Бону кўрган-кечирганларидан тартибланган кундалик — номалари якунида эсон-омон Ўзбекистонга қайтаётганидан ўзи каби қувончу ҳаяжонимиз бисёр эди. Неажабки, ҳаётнинг зарбалари – минг хил, хабарлари – қулоқ эшитмаган, ҳодисалари – кўз кўрмаган. Асал кутгани – заҳар тутади. Ишонгани чув туширади. Онаси осонгина жон таслим қилди. Акаси – бақрайиб алдади. Суйгани фирибгар экан. Муҳаббати – сароб чиқди. Оҳ, Бонужон-а, Бонужон! Кўп ранжидинг, кўп қайғу чекдинг, кўп ўксидинг. Етар бас, энди бошингни баланд кўтар. Юзларинг ойдай тўлишсин, ойдек балқисин, кўзларинг юлдуздай ёнсин, порласин. Умидлар кўнглингни чулғасин. Ўзинг айтяпсанку “Ҳаётдан безганим йўқ” деб, ўзинг айтяпсанку “бировлардан зерикдим, холос” деб. Сен Худойимнинг суйган бандасисан, шундан дард берди, шундан синовларга ташлади. Қаерлардан қидирмадинг-а шифони, нажотни. Чиройингни аслига қайтаришнинг чорасини тополмай унсиз йиғлаб, ич-этингни эдинг. Юзларинг доғланган ёғ сачрагандай олачипорлигича қолаверди-я. Ўшанда ҳам ҳеч-ҳеч нолимадинг. Сабрларга сиғиндинг. Мўъжиза кутишлардан сира-сира чарчамадинг. Балки Яратганнинг ўзи ёмон кўзларнинг суқидан сақлаш учун сени шу кўринишга солгандир. Сирти одаму, сийрати тўла шайтонлар орасига ташлаб, ёвузликларга кетма-кет рўбарўлаб, бардошингни имтиҳондан ўтказгандир. Бу фақат ўзигагина аён. Хорижга фариштадай кетиб, Ватанингга, шаънингга зарра гард юқтирмай, яна фариштадай келганингда гўзал чеҳранг аслига қайтганидан ҳам бир ҳикмат англадим. Иқрорингдек: “Ўзи чевар…ўзи зардўз…”. Неларга қодирлигига ҳамду санолар муносиб. Эҳ, Бонугинам-а, Бонугинам! Сен инсонлик шаънини, ўзбеклик шаънини юрту миллатинг шаънидек юксакдан-юксак тута олган шарму ҳаёси тоғдек мардона қизсан! Сен элимиз шаънидек ҳеч қачон бизни ташлаб кетишга ҳаққинг йўқ! Сен биз билан орияти олтиндай зангламас ўзбекона бедоғ шаънимизнинг боқий тимсоли бўлиб яшашинг шарт!.. “Бону”нинг мароқли мутолаасидан бош кўтарар чоғ беихтиёр дилим нидоланди, тилим шивирлади. Уни ёнимга чорладим хаёлан узоқ кетса, гўё менинг ҳам юрагим таққа тўхтайдиган алфозда. Ҳа-я, бу бадиий асарку… Барибир кўнглимга ажиб мунавварлик нақшланди. Туйғуларим улғайди. Ҳаёт йўллари қанчалар пасту баланд бўлмасин, бахт бекатлари ҳамма учун интиғу мунтазирлигига ишончим ғоят ортди. Гап фақат ўша сизу бизга аталган бекатларга ким эртаю, ким кеч етиб бора олишидагинамас, яна покиза ният, хайрли ҳаракат, эзгу амаллар билан боришимизда, очиқ қалб ва ёруғ юз билан ташриф буюришимизда эканини ҳеч биримиз ҳеч қачон унутмаслигимиз кераклигини чуқур идрок этдим. Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг биринчи насрий ижодий туҳфасидан кўнглим мамнунлик ҳисларига беҳад тўлиб-тошди.
2020-04-19
http://nodirabegim.uz/archives/2145
Агар аёллар бўлмаса биз ўз ҳаётимизнинг дастлабки лаҳзаларида ёрдамдан, кейинроқ лаззатлардан, энг сўнггида эса овунчоғимиздан маҳрум бўлар эдик, деган эди бир фаранг олими. Менимча, аёлларни ҳақиқатан ҳам бундан ошириб мақташнинг иложи йўқ. Аёлнинг қадди-қоматиёқ унинг на руҳий, ва на кетмон чопишдек оғир жисмоний меҳнат учун яратилмаганини кўрсатиб туради. Аёл яшаш мажбуриятини борлигича эмас, балки азоб-уқубатлар тарзида ўтайди: туғиш машаққатлари, бола боқиш, эрга қарам бўлиш. Яна денг, аёл эрга чидамли ва қувват бағишлайдиган дўст бўлиши керак. Аёл катта дардлар, катта қувончлар, баҳодирлик талаб қилинадиган ишлар учун яратилмаган. Унинг турмуши эркакникига нисбатан тинчроқ, бахтлироқ, майинроқ кечиши зарур. Аёллар табиатан болафеъл, инжиқ, узоқни кўра билмайдиган бўлганлари туфайли бола тарбиялашга мойилдирлар (ва шунга мослашишган). Бир сўз билан айтганда улар бутун ҳаётлари давомида катта бола ишини қилиб юрадилар: болалик давридан ўтаётган, лекин ҳали тўлақонли эркак даражасига етмаган ўспирин сифатида иш тутадилар. Қизларга қаранг, кун бўйи ёш бола билан ачомлашиб, ўйнаб-кулиб юришдан эринмайдилар. Энди шу қизнинг ўрнига ўғил болани қўйиб кўринг… Томошага чиққанингизда бир нарса қарс этса, бирдан ҳамма чалғиб, ўша томонга қарайди. Табиат қиз болани ҳам шу тахлит яратган. Табиат қизларга — кейинги бутун ҳаётлари ҳисобига — бир неча йиллик гўзаллик, қараганни маҳлиё қилиш ва бошқа шу тахлит оҳанраболарни бахшида этган. Айнан шу даврда у эркакнинг хаёлини ўғирлаши, кейин эркак шу гўзалликка банди бўлиб, чин юракдан аёлнинг кейинги ҳаёти учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак. Эркакни бу йўлга шунчаки соғлом фикрлаш тарзи билан киритмоқчи бўлсангиз, уларнинг кейинги ҳаёти силлиқ кечишига ишонч йўқ. Шу туфайли табиат аёлни, қиз болани – у ўз келажагини таъминлай оладиган даражада қуроллантирган. Урғочи қумурсқа туққандан сўнг кераксиз (тухумчаларни парваришлашда ҳатто хатарли) қанотларидан маҳрум бўлади. Шу тахлит аёл ҳам икки-уч бола туққандан сўнг гўзаллигидан ажралади. Балки шунинг учун ёш қизлар уй ва дала ташвишларини иккинчи даражали иш, балки шунчалик арзимаган нарса сифатида қабул қиладилар. Улар учун энг асосий жиддий ташвиш: муҳаббат, ғалабалар ва шунга боғлиқ бошқа нарсалар: ясан-тусанлар, атир-упа, рақс-ўйин ва ҳоказо… Бирон бир нарса қанчалар тугал ва олиймақом бўлса, у шунча аста ва кечроқ етилади. Эркак руҳан ва ақлан аксарият ҳолларда йигирма саккиз ёшларда етишади, аёл эса – ўн саккизда. Ва шунга кўра қобилиятга эга: қисқа ўйлайдилар. Шу туфайли аёллар кейинги бутун ҳаёти давомида ҳам болалигича қоладилар, кўриб турганини тан оладилар, тутганини маҳкам ушлайдилар, шунчаки ташқи кўринишни борлиқ-йўқлик сифатида тан оладилар ва майда-чуйдаларни катта нарсалардан афзал биладилар. Ақл туфайли одам худди жонивор янглиғ айнан ҳозирги дақиқа билан яшамайди, балки ўтмишни ва келажакни мушоҳада қилади. Ақл туфайли у эҳтиёткор, орқа-олдини ўйлайди, сергак бўлади. Шунинг орқасидан келадиган фойда ва зиёнларга аёл – ақли калта бўлгани туфайли! – кам аралашади. Янаям аниқроғи: руҳан узоқни кўра билмайди. Унинг сезгир ақли кўз олдидагиларни яхши кўради, унинг ўй доирасига узоқдаги нарсалар сиғмайди. Шунинг учун йўқ нарсалар, ўтиб кетган нарсалар бизга нисбатан аёлларга кам таъсир қилади. Шу сабабли улар баъзан топган – тутганингизни телбаларча ўйсизлик билан совуриб юбораверишга мойилдирлар. Улар ўзларича ишонадиларки, эркак – топиш учун, аёл – совуриш учун яратилган. Иложи бўлса, эри тириклигидаёқ, йўқса, эри ўлгандан сўнг. Эр топган-тутганини аёлининг ихтиёрига топшириб қўйгандан сўнг аёлдаги бу ишонч янада мустаҳкамланади. Бу тушунча ҳар қанча зиён келтирмасин, фойда томони ҳам бор: аёл ҳозирги дақиқа билан банд. Аёл мавжуд нарсадан бизга нисбатан кўпроқ нафланади. Шу туфайли аёлнинг фикри тиниқ. Шу туфайли, агар сиз оила боқишдек ташвишларга чалкашиб қолган бўлсангиз, аёл сизнинг дардингизга малҳам бўла билади. Қадимги немисларнинг одатини ташлаб юбормаслик керак. – Оғир дақиқалардаги йиғин-маслаҳатларга аёллар ҳам таклиф этилган, чунки аёл ҳозирги дақиқада нима қилиш кераклигини билади. Мақсадга етказувчи энг қисқа йўлни кўрсатади. Хуллас, эркак узоқни ўйлаб, тумшуғи тагидаги нарсани кўрмай ўтирганда, аёл уни ушлаб, қўлингизга тутқазади. Шу сабабга кўра аёл бизга нисбатан ҳушёр, у бирон бир нарсани бор бўйича кўра билади. Биз эса, агар ҳаяжонланиб турган бўлсак, оппа-осонгина пашшадан фил ясаб, ваҳима кўтариб юбораверамиз. Шу нуқтаи-назардан аёллар бахтсизларга эркакдан кўра кўпроқ ҳамдард бўладилар. Аёллар меҳрибонроқ ва оқкўнгилроқ. Аммо қозиликда, ҳақиқатни юзага чиқаришда, виждонийликда эркакларга ютқазадилар. Аёлнинг ақли калталиги туфайли мавжуд, ушласа бўладиган, кўз кўриб турган нарсалар уларга ҳокимлик қилади. Узоқ-яқин қоидалар, ақида ва ғоялар, қабул қилинган қатъий қарорлар, ўтмиш ва келажак, йўқ ва узоқдаги нарсалар — улар учун иккинчи ва учинчи даражали нарсалардир. Ана шу сабабли аёл феълидаги узвий етишмовчилик, балким камчиликдир, бу – адолатсизлик! А д о л а т с и з л и к ! Бу ҳол биз илгари таъкидлаганимиздек, ақл калталиги ва узоқни кўра билмаслик туфайли содир бўлади. Яна бир жиҳат: кучсиз жондор табиатан кучлига нисбатан айёрроқ, ҳийлакорроқ бўлади. Ахир табиат шерга тиш ва тирноқ, филга – хартум, тўнғизга – сўйлоқ, ҳўкизга – шох бахшида этганидек, аёлга ўзини ҳимоя қила олиши учун – ҳийлакорлик ва ёлғончилик бахшида этган. Шу туфайли биз тилга олган жондорлар ўзларидаги қурол билан ҳужумга ўтганлари мисол, аёл ҳам ҳар бир қулай вазиятда ўз қуроли билан ҳужумга ўтади, ҳимояланади. Ва бунда ўз ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланаётганларига шубҳа қилмайдилар. Ана шулардан келиб чиққан ҳолда мутлақо ҳақиқатгўй ва самимий аёлни топиш мумкин эмас. Шу хислатлари боис улар ўзгаларнинг турланаётганларини жуда тез пайқайдилар. Ҳар қалай аёл қошида носамимийликка йўл қўйиш жуда хатарли. Ана шу узвий камчиликлари боис аёл ёлғончиликка, хиёнатга, эгриоёқликка мойилроқ бўлади. Қозихонада аёллар эркакларга нисбатан бир неча баравар кўп ёлғон қасам ичиб, гуноҳга ботадилар. Ва умуман, аёлга қасам ичириш керакми, йўқми, деган саволнинг ўзи баҳсли. Ахир баъзан-баъзан ҳамма жойларда ҳам моддий жиҳатдан тўлиқ таъминланган аёллар дўкондан ул-бул ўмараётганининг гувоҳи бўлганмиз-ку. Инсон зоти тугаб кетмаслик учун уни мудом кўпайтириш ёш, соғлом ва гўзал йигит-қизлар бурчи. Худонинг хоҳиши –шу! Мазкур қонун бошқа барча қонунлардан қадимий ва боқийдир. Агар ким бу қонун йўлига чиқмоқчи бўлса – ўзининг шўри: нима демасин, нима қилмасин, биринчи фурсатдаёқ аёвсиз топталади. Чунки аёлларнинг яширин, айтилмайдиган, ва ҳатто онгланмайдиган феъли қуйидагича фикрлайди: “Бизга ғамхўрлик қилганлари боис энди қандайдир ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлдик, дея ўйлайдиганларларни алдашга ҳаққимиз бор. Яқин кишингнинг яқинлашиши туфайли бизда пайдо бўладиган авлод, унинг кўриниши ва хусусиятлари бизга боғлиқ. У бизнинг қўлимизга берилган, уни биз тарбиялаймиз ва биз бу вазифани виждонан бажаряпмиз”. Бироқ бу олий қонунларни олисдаги шарпалар мисоли эмас, балки қўлда мавжуд, бор нарса сифати англайдилар. Ва бу ҳолда уларнинг виждони биз ўйлаганга нисбатан анча тинч бўлади, чунки юракларининг энг ички қатламларида улар тушунадиларки, улар бир шахсга нисбатан ўз мажбуриятларини бузганлари билан ҳуқуқлари бир неча баравар зиёд бўлган авлод олдида керагидан ортиқ хизмат қиляптилар. Аёл инсон зотини кўпайтириш мақсадида яратилгани ва унинг бошқа хизмати йўқлиги боис улар алоҳида шахсга нисбатан кўпроқ авлод ташвишида яшайдилар ва авлодга ташвиши шахсга нисбатан жиддийроқ бўлади. Бу уларнинг борлиғига ва ҳаракатларига маълум даражада енгилтабиатлик бағишлайди. Бу балким эркакка нисбатан мутлақо ўзгача бир йўналишки, ана шулар аксарият эр-хотинларнинг жанжалига, ажраб кетишига олиб келади. Эркаклар табиатида бир-бирига лоқайдлик мавжуд, аёллар табиатида эса душманлик. Буни ҳатто бир касбдошнинг иккинчисига нисбатан ҳаваси, ҳасади, кўролмаслиги деб тушуниш ҳам мумкин. Гадонинг душмани гадо бўлади, деганларидек. Бу ҳол эркаклар орасида онда-сонда учраса, аёл зоти борки, бир-бирини кўролмайди, чунки уларнинг ҳаммаси битта касб билан шуғулланади. Кўчада дуч келиб қолсалар, худди рақобатчи партияларнинг вакилларидек, бир-бирига синчков тикиладилар. Икки аёл биринчи бор учрашганларида – худди шу ҳолатдаги икки эркакка нисбатан анчайин – ҳаракатлари ясама ва ғайрибатиий бўлади. Шу сабабли бир-бирларига нисбатан мақтовлари беўхшов ва кулгили чиқади. Бундан ташқари эркак ўзидан паст табақали одам билан маълум даражада босиқлик ва ҳурмат билан гаплашса, худди шу ҳолатдаги аёлнинг иккинчисига нисбатан сохта манманлигини кузатиб энсангиз қотади. Бу, демак, аёллар орасидаги табақаланиш тасодифга, — яъни эрнинг жамиятдаги ўрнига боғлиқ бўлиб, у тез-тез ўзгариши ва йўқолиб кетиши ҳам мумкин. Биз эркаклар ўзимиздан пастроқ билан гаплашаётиб минг бир нарсани ўйлаймиз. Аёл эса бу пайт фақат қайси эркакка ёққанини назарда тутади,холос. Бундан ташқари уларнинг ҳаммаси касбдош бўлгани боис бир-бирларига эркакларга нисбатан яқин туради ва ўзларининг турли-туман найрангларини намоён этадилар. Бўйи паст, елкалари тор, белидан пасти кенг жинсни фақат жинсий ҳиссиёт туфайли ақли хиралашган эркаккина гўзал дея баҳолай олади: жинснинг барча гўзалликлари ана шу ҳиссиётга қоришиб кетади. Бу жинсни бир қанча асосларга таяниб, к ў р и м с из ва х у н у к дея баҳолаш мумкин. Ҳақиқатан ҳам аёллар таасуроти ожиз. Мусиқага, шеърга, санъатга чин юракдан берила олмайдилар. Агар берилсалар ҳам, бу шунчаки бировга ёққиси ва ўйнашгиси келган маймуннинг ҳаракатидан бошқа нарса эмас. Шу туфайли улар бирон-бир ҳолатга холис ёндошолмайдилар. Сабаби, ўйлайманки, қуйидагича: Эркак ўзининг нарсаларига б е в о с и т а ҳ о к и м л и к қилишга уринади. Ёки ақл билан уларга эгалик қилиш ва бўйсундириш йўлидан боради. Аммо аёл ҳамиша бировнинг ёрдами туфайли ҳокимлик қилишга мажбур, яъни эри — бирдан бир ўзи қўлида тутиб турган восита – орқали. Шу туфайли аёллар ҳар бир нарсага – эри олиб бериши мумкин ва мумкин бўлмаган нарса сифатида қарайдилар. Ва уларнинг бирон нарсага қизиқиши шунчаки ясама ҳолатдан бошқа нарса эмас. Бир вақтлар Руссо: “умуман олганда аёллар санъатнинг ҳеч бир турига қизиқмайдилар, санъатни тушунмайдилар ва ҳеч қандай қобилиятга эга эмаслар”, дея таъкидлаган эди. Ҳа, ҳар бир буюмга бир қарашдаёқ уларнинг ташқи кўринишидан бошқа жиҳатларини ҳам англай оладиган зот буни дарҳол тушунади. Аёлларнинг концерт, опера ва драматик томошаларда ўзини тутишига бир аҳамият беринг. Санъатнинг ноёб дурдоналаридан энг зўр саҳналар ижро этилаётганда аёл болаларча соддадиллик билан ёнидагига сафсата сотишда давом этади. Агар ҳақиқатан ҳам греклар аёлларни саҳна томошаларига киритмаган бўлсалар, тўғри қилганлар. Ҳар қалай уларнинг театрида ниманидир бемалол томоша қилиш, тинглаш мумкин бўлган. Бизнинг замонамизда: “Аёл черковда жим турсин”, деган иборани “театрда ҳам” деган жумла билан тузатиш керак. Ва буни катта ҳарфлар билан саҳна пардасига осиб қўйса маъқул бўларди. Ҳар қалай аёлдан бундан бошқа нарсани кутиш мумкин эмас. Ахир уларнинг энг ёрқин намоёндалари ҳам нозик санъатда ҳеч бир ҳақиқий буюк ва нодир асар яратмаганлар. Ва умуман, дунёга ҳеч бир эскирмайдиган, ўлмайдиган асар тақдим этолмаганлар. Бу айниқса, рассомликда тез кўзга ташланади. Ахир айнан шу соҳада аёллар ҳам эркаклар қатори шуғулланиш имкониятига эгалар. Шуғулланяптилар ҳам. Аммо бу соҳада ўзларининг бирон бир юксак санъат асари билан мақтана олмайдилар, чунки уларда рассом учун жуда зарур бўлган руҳий холислик йўқ. Бундан 300 йил муқаддам Хуан Уарте: “Аёлларда ҳеч қандай улкан қобилият бўлмайди”, деган эди. Истисно тарзида битта – яримта учраб қолиши мумкин, лекин улар умумий кўринишни ўзгарта олмайдилар. Аёллар ғоятда тор фикрлайдилар, шу сабабли ғоят ахмоқона тарзда ўзларини эрларига тенглаштириб, ҳақиқатда эса эрларининг амали ва жамиятдаги ўрнига шерикчилик қилиб , ўзлари ўзларинингг разил шуҳратпарастликларини қондириб турадилар. Уларга нисбатан Наполеон 1 айтган иборани аслида қонун сифатида қабул қилсалар яхши бўлади: “Улар бизнинг камчиликларимиз билан, бизнинг тентакона қилиқларимиз билан алоқа қилиш учун яратилган. Зинҳор ва зинҳор ақлимиз билан эмас. Аёллар ва эркаклар орасида баданлар яқинлашуви бор . Ақллар, юраклар ва феъллар яқинлашуви камдан-кам содир бўладиган ҳодисадир”. Аёллар барча жабҳаларда эрдан кейинги даражадаги иккинчи жинс. Шу сабабли уларнинг камчиликларига нисбатан олижаноб бўлмоқ лозим, аммо уларнинг ҳурматини ошириб юбориш, елкага чиқариб олиш – ғирт ахмоқлик. Бу ҳолда аёлнинг ўзи биринчи бўлиб эрни назар-писанд қилмай қўяди. Табиат инсон зотини икки жинсга бўлиб, улар ўртасидаги чегара чизиғини қоқ ўртадан бўлмаган. Бурунгилар ва шарқликлар аёлларга нисбатан айнан шу нуқтаи-назардан қараганлар, аёлларга ҳақиқий ўрнини кўрсатиб қўйганлар ва тўғри қилганлар. Биз эса кўҳна фаранглар каби бачканалик билан ва кулгили тарзда аёллар қошида ўзимизни йўқотиб қўямиз. Натижада аёллар шу даражада олифта ва безбет бўлиб кетишдики, энди улар ўзларини гўё қўл етмас фаришталар мисол тутмоқдалар . Ғарб аёли ёлғон муҳитга тушиб қолган: ахир аёллар, муқаддас битикларда айтилгани каби, илоҳийлаштириладиган жонзот эмас. Натижада биз ўзимиз яратган ёлғон муҳит жабрини тортаяпмиз. Шу сабабли Оврупода инсонга ўз ўрнини кўрсатсалар ва ўз жойига ўтишга мажбурласалар ғоят савоб ишни амалга оширган бўлардилар. Ахир шу туфайли нафақат бутун Осиё бизнинг устимиздан куляпти, балки Рим ҳам, Греция ҳам ўзини тийиб тура олмаяпти. Мазкур тадбирнинг ҳам сиёсий, ҳам фуқаролик ижобий натижаларини ҳисоблаб улгуролмай қолар эдик. Оврупо аёли шунақа жонзотки, у аслида яшашга ҳақли эмас: майли, бизда уй бекалари бўлсин, қизлар уй бекаси бўлишни орзу қилиб яшасинлар, яъни олифталикка эмас, уй кишиси сифатида тарбиялансинлар. Айнан Оврупода паст табақали аёллар мавжуд бўлгани сабабли Оврупо аёли Шарқ аёлига нисбатан анчайин бахтсиз. Ҳиндистонда ҳеч қачон ҳеч кимга бўйсунмайдиган, ҳеч кимга қарам бўлмаган аёллар яшамайди. У ерда ҳар қандай аёл зоти ё отасининг, ё эрининг, ё ака-укасининг, ё ўғлининг қарамоғида. Мену қонунининг 5-боб 148-бандида дейилади: “Аёл зоти болалигида отасининг, вояга етгандан кейин эрининг, эри ўлса ўғилларининг, агар ўғиллари бўлмаса, эрининг яқин қариндошларининг, агар ота томондан ҳам қариндош бўлмаса, отасининг қариндошларининг, агар ота томондан ҳам қариндош бўлмаса, пошшоликнинг қарамоғида бўлиши лозим. Токи аёл ҳеч қачон мустақиллик даъво қилмасин”. Албатта, аёл ўзини эрининг жасадига қўшиб ёқиб юборишига чидаш мумкин эмас, аммо эри бутун умри давомида эшшакдай ишлаб, бола-чақам ҳеч кимдан кам бўлмасин, деб топган мол-дунёни аёл ўйнаши билан ўйин-кулгуга сарфлаб юборишига ҳам чидаб бўлмайди. Дастлабки она муҳаббати инсонларда ҳам, ҳайвонларда ҳам инстинкт, холос. Ва бола жисмоний жиҳатдан ўзини ўнглаб олиши билан инстинкт тўхтайди. Ўрнини ақл ва одатларга асосланган муҳаббат эгаллайди. Аммо афсуски, кўп ҳолларда, — агар она отани севмаса, — бу нарса рўй бермайди. Отанинг болаларига муҳаббати эса мутлақо бошқа нарса ва мустаҳкам пойдеворга асосланган: ота ўз фарзандида яна битта ЎЗИни кўради. Салкам барча эски ва янги халқларда, ҳатто готтентотларда ҳам мерос эркакдан эркакка қолдирилади. Фақат Оврупода, дворянларни бу ҳисобга қўшмасак, мазкур одатга чап беришади. Эркак бутун умр қора тер тўкиб топган мол-дунё аёл қўлига тушсаю, аёл қисқа муддатда уни ҳисоб-китобсиз совурса, бу жуда ҳам буюк, жуда ҳам шармандали ноҳақликдир. Аёлнинг меросхўрлик ва мулкий ҳақ-ҳуқуқларини қайта кўриб чиқиш билангина бу одатга чек қўйиш мумкин. Менимча, шундай қарор қабул қилиш керакки, унга кўра хотинлар, — ва қизлар ҳам, — мероснинг бир бўлагини олиш ҳуқуқига эга бўлсинлар, зинҳор ва зинҳор бутун меросни эмас. Албатта, оилада эркак меросхўр йўқ бўлган ҳолатлар бундан мустасно. Мол-мулкни аёл эмас, эркак топади. Шу туфайли аёл унга шаксиз эгалик қилиши ҳам, уни ўзи хоҳлаганча ишлатиши ҳам мумкин эмас. Аёл ўз мулки: пули, уйи, ерига ҳеч қачон ўз билганича эгалик қила олмайди. Уларга доим қаровчи керак: шу сабабли уларга фарзандларининг қаровчиси деб ишониб қўйиш мумкин эмас. Аёлнинг мағрурлиги, — эркакникидан зиёд бўлмаган тақдирда ҳам! – бир ёмон томонга оғиб кетади: айнан моддий буюмларга, яъни шахсий гўзаллик, ялтир-юлтур, сирти чиройли нарсалар учун кўп нарсани қурбон қилиб юборадилар. Эркакнинг мағрурлиги эса, аксинча, номоддий афзалликларга эга, яъни ақл, билимдонлик, мардлик ва бошқа шу каби жиҳатлар билан ўлчанади. Арасту ўз “Сиёсат”ининг 11 қисм 9-бандида тушунтирадики, Спарта аёлларга жуда кўп ўрин бергани туфайли (Спарта даврида аёллар меросхўр бўлган, сеп олган, эркин бўлган) ғоят оғир аҳволга тушди ва охир-оқибат йиқилди. Менимча Фаранг ҳукумати ва саройидаги Людовик ХIII давридан айнишларга аёллар сабабчи бўлса керак. Айниб, ижғиб-бижғиб, ниҳоят биринчи революция юз берди. Кейин бир неча тўнтаришлар амалга оширилди. Нима бўлганда ҳам аёл жинсининг биздаги сохта ҳолати жамоатчиликнинг юрак касалидай гап. У юракдан чиқиб, бутун вужудга таъсир кўрсатади. Аёл туриш-турмуши билан бўйсунишга маҳкум этилгани шундан ҳам маълумки, уларнинг ҳар қанақаси ҳам ўзи кўникмаган, ўзи учун нотабиий бўлган тўла эркин ҳолатга тушиб қолса, шу заҳоти бошқа бир эркакнинг ёнига боради ва ўзининг устидан раҳбарлик қилишни ўша эркакка топширади. Чунки аёлга ҳамиша хўжайин керак. Агар аёл ёш бўлса, — эркак ўйнаш, аёл қари бўлса, — эркак маънавий пир бўлади.
2020-04-19
http://nodirabegim.uz/archives/2148
Салом, салом! Мен ўша Мумуман, аниқроғи унинг руҳиман. Тириклигида қордек оппоқ соч-соқоли доим ўсиб юрган Иван Тургенев қаламига мансуб адабий қисса бош қаҳрамони — каминаи камтарин бўлади. Рус ёзувчиси мен ҳақимдаги асарини нобуд бўлганимдан кейин икки йил ўтиб, 1854 йили ёзган ва ўша йили “Современник” журналида эълон қилганди. Шу бўйи менинг номим ҳам, қотилим Герасимнинг номи ҳам нафақат адабиёт оламида, балки инсонлардан ташкил топган ҳар қандай жамиятда роса машҳур бўлиб кетган ва асарни ўқиган минглаб кишилар шўрлик қисматимга ачинишганча гоҳ унсиз, гоҳ уввос тортиб йиғлашганди. Кўпчилик икки оёқлилар, яъни одамлар ўлганларидан сўнг машҳурликка эришишгани каби, ҳайвон бўла туриб мен ҳам Герасим томонидан сувга чўктирилгач, Тургенев кўмагида машҳурликка эришдим. Унинг мен ҳақимдаги битиклари жамланмаси юздан ортиқ дунё тилларига таржима қилиниб, ўша диёрлардаги дини, миллати, ирқи, касбидан қатьий назар кўплаб одамлар томонидан илиқ қарши олингани ва қизиқиб ўқилгани бор гап. Ўлимим билан боғлиқ воқеанинг бадиий талқини ортидан жаҳон адабиётида қанчадан-қанча тақризлар, катта-катта монографиялар, илмий мақолалар, докторлик диссертациялар ёзилганини бугун ер юзида кўпчилик билади. Кўплаб адабиётчилар шу арзимас ўлимим ифода қилинган қисса таҳлилига эллик-олтмиш йиллик умрларини сарфлаб, соч оқартиришганини ҳам биров инкор қилмайди. Битта кучук эришиши мумкин бўлган шон-шуҳрат бўлса шунчалик бўлади-да. Яратганнинг иродаси билан эндиликда бир юз етмиш йилдан бери Арши аълода умргузаронлик қиляпман. Бу ерда жониворларга яхши муносабатда бўлишаркан. Айниқса, ўша жонивор ердаги башар авлоди томонидан яратилган бадиий асарлар прототипи бўлгани ошкор бўлса, шохона ва қадри баланд бўлиб яшаркан. Атрофида эрта-ю кеч қанотли, жингалаксоч ва дўмбоқ фариштачалар гирдикапалак бўлишиб, кунини мазмунли ўтказиши учун унга ёрдамлашишар, турли-туман жониворлар суҳбатлашиш илинжида бир зум ҳам уни тиндиришмас экан. Натижада, мана ёш кучуклар Герасим билан боғлиқ бўлган ўша воқеа тафсилотини қайтиб-қайтиб ҳикоя қилиб беришимни сўраб ҳолу жонимга қўйишмай, тез-тез мени йўқлаб келишни одат қилишди. Фариштачалар қиёматли дўстларимга айланишди. Ўша сокин ва муздек кўлни, иркит қайиқни, кар ва соқов Герасимни бу ерда кўп эслайман. Кўл тубига чўкаётиб кўзларимни жавдиратиб атрофга охирги марта тикилганим, секин-аста пастга шўнғиб борганим сари нафас ололмай қолганим, шўрлик хизматкорнинг аянчли қиёфаси, эшкаклари шитирлаб узоқлашаётган қайиқнинг оҳиста кетиб бориши — ҳаммаси эсимда. Бахтга қарши бу фожеа хотираси ҳануз мен билан руҳимнинг бир чеккасида яшайди. Бугун иним олдида хаёл суриб ётиб, Герасим мансуб бўлган ва Тургенев қаламга олган ўша жамиятни, умуман олганда Ерни негадир кўргим келди. Илк марта уни зиёдроқ қўмсадим. Авваллари у ҳақида бирор марта ўйламаганман десам нотўғри бўлади. Кўп ўйлаган ва соғинган вақтларим бўлган, албатта. Унинг мафтункор табиатини соғинишдан кўра ҳам қисматимга ачиниб ва куйиниб, Иван Сергеевичнинг қиссасини йиғлаб ўқиган одамларни кўргим келганди. Лекин бугунгидек кучли эмас. Шунгадир тонг отиб улгурмай, дўмбоқ фариштачаларнинг биридан қанотларини сўрадим. У йўқ демай, бир кунга уларни менга бериб турди. Бу хосиятли қанотлар билан курраи заминга бир нафасда учиб бориш ва одамларнинг кўзига кўринмай уни истаганча айланиб, ҳолдан тойгунча кезиш мумкин эди. Қанотларни ўзимники қилиб олгач, бошида уларда учиш ноқулай бўлди. Худди Да Винчи амакининг кашфиётидаги сунъий қанотлар каби буларда ҳам камчилик бордай туюлди. Аммо айб ўзимда экан. Қулочимни кенг ёзмасдан учаётганим боис муаммога дуч келибман. Кўп ўтмай, учиш руҳимга роҳат бағишлади. Роҳатланиб ерга қандай келиб қолганимни сезмай қолдим. Яхшиям кўзга кўринмайман. Акс ҳолда, осмон узра парвоз қилаётган кучук ҳақидаги гап дам ўтмай бутун ер юзини қамраб оларди. Қўлимдаги нарса рўйхат эди. Унда мен ҳақимда ўқиб, қисматимга энг кўп ачиниб йиғлаган ва оғир руҳий ҳолатга тушиб қолиб, анча вақт ўзига кела олмаган мухлисларимнинг исми-шарифлари билан хонадонлари рақамлари қайд этилганди. Мен уларни яқиндан кўриб, ўзлари билан зимдан танишмоқчи ва ҳар бирига қуюқ миннатдорчилик билдирмоқчи эдим. Ерга қайтишимдан бош мақсад ҳам аслида шу эди. Юқорида айтганимдек, Ер кўринди. Кўп қаватли осмонўпар бинолар ва бир текисда қурилган ҳовлилар кўзга ташланди. Қанотларим сеҳрли эди. Улар ўзлари мени бошқариб кетишар, рўйхатдаги исм-шарифларнинг қайси бирини хаёлимдан ўтказсам, улар ўшалар ҳузури томон ошиқишарди. Биринчи бўлиб кўп қаватли бинолардан бирига дуч келдим. Унинг тўртинчи қаватидаги хонадон деразаси қаршисига бордим. Назаримда, бу ерда қандайдир лаборатория жойлашганди. Чунки унинг ичкарисида ҳар хил ҳайвонлар темир қафасларда сақланар, уларнинг ўртасида оқ кийинган, кўзойнакли, тепакал эркак ивирсиган столда букчайиб ўтирарди. -Рўйхатда биринчи ўринда қайд этилган киши шуми?- дедим аввал ўнг, кейин сўл қанотимга боқиб. Улар худди шундай дейишгандек бир-икки қимирлаб қўйишди. Мен деразага таппа ёпишиб, унга обдон назар солдим. Демак, шу киши менга энг кўп ачинган, қиссани ўқиб чин дилдан кўз ёш тўккан экан-да, дедим руҳим ловуллаб. У ҳолда унинг қалби хассос ва жудаям пок, ўзи бўлса раҳмдил инсон… Дақиқа сайин унга нисбатан менда миннатдорчилик туйғуси жўш уриб, тезроқ у билан танишиш истагида ёна бошладим. Дераза орқали ичкарига кираман деб турганимда, мендан олдин хонага бошқа — у ҳам оқ кийинган, кўзойнакли, лекин сочлари пахмоқ киши эшикдан кириб келди. -Вакцина тайёр бўлдими, профессор?- деди у мухлисимга қарата. -Ҳозирча йўқ,- деди мухлисим микроскопдан бошини кўтариб. -Синаб кўрганингизга ишонмайман,- деди пахмоқсоч унинг қаршисига бориб. Шунда энг таъсирчан мухлисим энсасини қотириб, шошилмай ўрнидан қўзғалди. Қўлқопини кийди ва юзига ниқобини тақиб, хонадаги ойнаванд жавондан қандайдир препаратни олди. Уни столдаги микроскоп ёнида турган суюқликнинг ичига қўшиб, узоқ аралаштирди ва унда ҳосил бўлган кимёвий бирикмани шприцга тўлдирди. Кейин шприцни кўтариб, қафаслардан бирида ётган кучук олдига борди. Кучук дальматин зотидан бўлиб, ётган ерида беҳол ғингширди. Доктор уни ташқарига чиқариб, шприцдаги суюқликни унинг танасига юборди. Кучук бошида амаллаб қаршилик кўрсатди, лекин мажоли етмай охири тақдирга тан берди. Сал ўтиб, у бутунлай нафас олмай қўйди. Кўзлари бир нуқтага тикилганча қотиб қолди. -Ана кўринг,- деди доктор ҳамкасбига хафсаласи пир бўлиб қараркан.- Вакцинани унга юборгандим, у тузалиш ўрнига жон таслим қилди. Вакцина тайёрмас, камчилиги бор. Бирор бир одам танасига юборсангиз, у ҳам шу кучукка ўхшаб дарров жон беради. -Тажриба учун жониворларингиз кам қолибди,- деди пахмоқсоч айбини тан олгач, мавзуни бошқа ўзанга буриш мақсадида қафасларни кўздан кечираркан. — Хўжалик бўлими бошлиғига етказаман. Эртага манави ўлган кучук ўрнига бошқасини беради. Яна мавжуд қуён ва мушуклардан ҳам. Нобуд бўлган кучукка ачиниб-ачиниб дераза олдидан узоқлашдим. Ичкарига киришга юрагим бетламади. Кайфиятим тушиб кетганини кўришиб, қанотларим иккинчи мухлисимнинг хонадони томон тезликда олиб кетишди. У каттакон ҳовлида яшаркан. Барака топгур айланмасига уй солганидан атрофда оёқ қўйгани жой топилмасди. Хоналар ҳам роса кўп эди (уларни кўздан кечираркан, шунча хонанинг уч ё тўртта жонга нима кераги бор деб, одам тугул исталган ҳайвон ҳайратга тушарди). Бу мухлисим ўз вақтида мен ҳақимда ўқиб, ачиниш ҳисси оқибатида иштаҳаси бузилган ва уч кун овқат емай, ўзига очлик эълон қилган экан. Қанотларимнинг унга тавсиф беришларига кўра, шундан сўнг у тушкунликка тушиб, ўз жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлган. Нақадар ҳиссиётли инсон-а, шундай эмасми? Сон-саноқсиз хоналарни ахтариб чиқиб уни топа олмадим. Бу хоналар лабиринтга ўхшар, уларнинг ичидаги ранг-баранг жиҳозлар кирган одамнинг юрагига ваҳм соларди. Мен кучук эдим. Шунга уларга эътибор бермадим. Ҳиссиётли мухлисимни ҳовлидан топдим. У қиртишланган бошига дўппи кийган, серсоқол, бурни картошкадек катта, ўзи ориқ бир киши эди. -Шундай тарзда ушлаб турайми?- дерди у оёғи остида типирчилаётган қўйнинг оёғига боғланган арқонни қаттиқроқ тортиб қўйиб, рўпарасидаги қассоб йигитга юзланаркан. -Худди шундай,- жавоб қайтарди қассоб қўлидаги пичоғини чархларкан. -Қанча гўшт бераркин, чамангизни айтинг-чи? -Камида олтмиш килограм. Қўй ҳамон типирчилар ва бошини бир томонга узатиб, тутқунликдан чиқиб кетишга уринарди. Бир оз ўтиб, қассоб унинг бўғзига пичоқ тортди. Атрофга тирқираб қон сачради. Қўйнинг хириллаши эшитилди. -Бола-чақа билан қўй гўштига тўйиб, бир семирарканмиз-да,- тиржайиб қўйди мухлисим қўй жон бергач, ўрнидан туриб керишаркан.- Пушти мағзи билан биқинидаги гўштини алоҳида қилиб, кундада майдалаб берасиз. Улардан дам олиш кунлари кабоб ва котлет тайёрлайман. Сизга айтсам, бу иш менга эстетик завқ улашади. Ортиқ унинг совуқ нафаси олдида тургим келмай, катта машина йўлига чиқдим. Кун кеч бўлишга чоғланарди. Қаердандир келаётган азон товушига қулоқ тутиб турганимда, қанотларим тўсатдан шу асфальт йўлда кетаётган қора машина ортидан мени учириб кетишди. Машина рулида қирқ ёшлар атрофидаги, семизлигидан бақбақалари осилган, кўзлари қисиқ киши кетар, унинг ёнидаги ўриндиқда халтадан бошини чиқариб олган катта оқ-қора мушук унга ҳамроҳлик қиларди. Қанотларимнинг айтишича, бу киши рўйхатда учинчи ўринда қайд этилган бўлиб, мен ҳақимдаги қиссани ҳануз қайта-қайта ўқиркан. Илк марта ўқиганида кучли ҳис-ҳаяжонга берилиб, Герасимни бу ишга мажбурлаган замонни роса лаънатлаган ва шу бўйи Тургеневнинг барча китобларини портретига қўшиб, уйидаги шахсий кутубхонасида сақларкан. Машинадан ортда қолмай, унинг ортидан учиб кетавердим. Ниҳоят, орқа ойна орқали ичига кириб олдим. Тургеневпараст мухлисим жимгина рулни эшиб кетар, ҳамроҳи бўлган қари мушук онда-сонда миёвлаб қўяр, шуни ҳисобга олмаса кабинадаги сукунат бузилмас, бундай жимжитлик беихтиёр ширин уйқуни чақирарди. Ҳатто мени ҳам уни бузишга ҳаддим сиғмади. У билан танишиш учун минг уринмай, ҳар сафар истиҳола қилдим. Орада кўзларим илинди. Ногаҳон телефон қўнғироғи жиринглаганда, бу сукунат бузилиб мен бир чўчиб тушдим. -Кеч қолиб кетдим, тўғри,- деди мухлисим қўл телефонини қулоғига тутгач, ўзини оқлаб гапираркан.- Жонгинам, асабийлашма! Ўйнашимнинг олдига кетаёганим йўқ-ку! Йўлда, машинадаман. Ахир, ўзинг уни узоқроқ жойга элтиб, адаштириб келинг демаганмидинг. Мана узоқроқ жойга олиб кетяпман. Уйимизни қайтиб топиб келмасин деяпман мен ҳам. Мушуклар исни яхши олишади-да. Унинг телефонда айтган гапларини эшитгач, машина ичида ўтиришдан ҳеч қандай маъно кўрмадим ва тарвузим қўлтиғимдан тушиб ташқариладим. Қанотларим осмон-у фалакда эркин қулоч ёзиб, учиб кетишаётганида ерга шом чўка бошлаганди. Улар яна пастлашди. Шунда рўйхатдаги тўртинчи одамнинг хонадонига кетаётганимизни тушундим. Бу киши мен ҳақимда болалигида ўқиган, мактабида расмимни чизиб деворий газетага қўйган, синфида шериклари билан жонли бурчак ташкил қилган экан. Сеҳрли қанотларим у ҳақида шундай тавсиф келтиришди. Хонадонига борганимда дастлаб уни тополмадим. Ҳовлидаги кўпгина дарахтлар орасида адашиб қолмаслик учун улардан бирининг остида қисиниб-қимтиниб турдим. Вақт алламаҳал бўлганида у дарвозадан кириб келди. Бир ўзи эмас, қандайдир хўрозни қучоқлаганича. Қоронғуликда унинг афт-ангори яхши кўринмади. Чироқ ёруғига келгач, асабийлашаётгани яққол билинди. Хўрознинг эса юзи ва бўйни қонга беланган, бошидаги тожи осилиб тушган, жонивор зўрға нафас оларди. -Хотин, ҳали овқатга қозон осмадингми?- сўради у кела солиб бақирганича. -Йўқ, улгурмадим,- деди хотини ошхона тарафдан югуриб чиқиб.- Томорқада иш кўпайиб кетди. -Пичоқни келтир,- деди у хотинига кўзи тушгач.- Манавини сўйиб, гўштидан ҳозир шўрва тайёрлаймиз. Барибир жангларга ярамаяпти. Аҳволига бир қара. Яна ютқазиб, эл-юрт олдида мени шарманда қилди. Шу билан учинчи марта. …Қанотларим билан арши аълога қайтганимда қўлимдаги рўйхатни ташлаб юбордим. У секин-секин пастлаб, фазода кўздан йўқолди. Фурсат ўтиб, у одам болаларига тўла бўлган ер бағрига бориб тушади ва у ердаги майдалаб ёғаётган ёмғир остида лойқаланиб, кўлмак сувга бўкиб, эҳтимол бир неча соат ичида титилиб кетади. -Омонатингни ола қол,- дедим остонада мени кутиб ўтирган фариштачага қанотларини қайтариб берарканман. -Ер ўзгарибдими, Муму?- сўради фариштача уларни қабул қилиб олаётиб. -Ўзгармабди,- дедим бир хўрсиниб қўйгач.- Бир юз етмиш йил олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай экан.
2020-04-23
http://nodirabegim.uz/archives/2171
«Кун бўйи рўзадор ҳолида қурилишда, офтоб тиғида ишлади, жуда очиққандир», ўйлади аёл эрига зимдан қараб. «Яхшиси, боя еб олгандим, қорним тўқ деб айтаман». «Ҳомиладор аҳволида тузук-қуруқ едира олмаяпман», ўйлади эркак аёлига гуноҳкорона боқиб. «Икки киши учун ейиши керак. Яхшиси… дўстимникида ифторлик қилиб келдим, дейман». Дўппидеккина палов эру хотин ўртасида хокисор турарди… — Иссиққина, ёғлиққина янги соғилган сут, сотаман-у кетаман, келинг, янга. -Бунизга сув қўшилмаганми? -Тавба денг, янгажоним, рамазон ойида-я?! -Айланай, шунчаки сўрадим, қўйдим-да. -Ҳайитгача қўрқмай олаверинг, қоқиндиқ. «15 … дақиқа… қолди», пичирлади бола лой йўлдан сирғалиб чопиб бораркан. Магазинга шошиб кириб ғижимланган пулни узатди. Сотувчи қиз менсимайгина пулни оларкан болани жеркиб берди: «Нима бало, ахлатдан олдингми?» Бола бошини эгиб, аранг гапирди: «Ахлат тозалаганим учун олдим». Уйга югуриб кирди, анчадан бери аёл кишининг изи тушмаган ҳовли ичкаридаги бемор каби болани мунғайибгина қаршилади. «Келдим….», деди бола ҳансираб. У пиёладаги сувга иссиққина нонни ботириб, бувасининг оғзига тутди. Бемор тамшана-тамшана кўзларини юмди. Бувасининг сўнгги ифторлиги эди бу. Шомга яқин немислар чекина бошлади. Жанггоҳни ғалаба овозалари тутиб кетди. У борган сари тўхтаб бораётган юрак дукурини тинглар, кўзини ботай-ботай деб турган қуёшдан узмасди. Ниҳоят қуёш ботди. Вақт бўлди, ўйлади у. Сўнгги кучини тўплаб бир сиқим тупроқни оғзига солди. Вокзалга кетаверишга яқин жойда ошхона жойлашган. Одимлар эканман, кимдир «ҳалол шашликлар бор» деб ҳайқирса, кимдир иссиқ сомса, иссиқ чой борлигини овоза қилади, яна кимдир эса пластик картага ҳам савдо қилаверишини жар солади. Улар асосан ўрта ёшли кишилар, йигитлар бўлгани учун овозлари жарангдор янграйди… Бурчакда бир 60-65 ёшни қоралаган, кўринишидан қаровсиз эканлиги яққол намоён бўлаётган онахон рўмол очиб эски кийилган кийимлар, ишлатилган рўзғор буюмлари, ўқилган китоблар ёйиб ўтирибди. Жуда таниш чеҳра… эсладим: ишга шошаётган пайтим бу онахондан пирашка олиб еб кетардим. Унинг ҳеч кими йўқлиги, ўз қорнининг ғамини шу йўл билан ейиши ҳақида эшитганларим ҳам бор эди. Китоб қизиқишида ёнига яқинлашдим ва «она, энди пирашка сотмайсизми?»- деб сўрадим. Онахоннинг жавобидан қаттиқ таъсирландим, атрофдаги сотувчи-жарчиларга қарадим-у кўзимни ерга олдим: — Ҳозир Рамазон ойи-ку, уят бўлади, болам, уят…. Азонга яқин шитир-шитир сасидан уйғаниб кетдим. Сув ичиш учун ошхонага чиқдим: -Чироқни ёқма! Дадамнинг кутилмаганда эшитилган овозларидан чўчиб кетдим. Хонтахта ёнида онам ва дадам рўза тутиш учун шам ёруғида оғиз ёпишарди. Ишхонамдан чиқиб тушлик қилиш учун уйга кетаётган эдим. Йўл бўйидаги одами гавжум ресторан олдидаги бир болакайга кўзим тушиб қолди. Чамаси ўн икки ёшлар атрофидаги бола ресторан ичидаги ҳўрандаларга қараб турар эди. Қорни очдир у-бу нарса олиб берсаммикан деган ўйда унинг ёнига яқинлашдим. —Нимага қараб турибсан? Қорнинг очми? Юр, бирга овқатланамиз, -дедим. —Оч эмасман. —Унда нимага бу ерда турибсан? У менга ғалати қараб қўйди-да, саволга тутди. —Амаки, ҳозир биз қайси ойдамиз? Очиғи гапидан ҳайрон бўлиб жавоб қилдим. —Апрел ойида. Нимага сўраяпсан? —Бугун қайси кун? -деди бола кўзларимга тикилиб. —Жума. —Йўқ, амаки Рамазон ойининг илк кунидамиз-ку. Ичкаридаги одамлар нега улуғ кунда рўза тутишмаганига ҳайрон бўлиб қараб турибман. Болакайнинг гапларидан рўза тутмаганим ёдимга тушиб уялиб кетдим. —Янги келин-куёвлигимизда қотган нонни қайноқ сувга ботириб саҳарлик қилардик. Куни билан меҳнат, чарчаш… Ифторликка ёвғон шўрва. —Ҳа. Аллоҳга шукр, мана энди анвойи таомлар, яхна ичимликлар тайёр. —Энди тиш йўқ, кампир. Барибир яна нонни қайноқ сувга ботириб ейяпмиз… Анчагача чўзилган кулгуни бомдод азонигина тўхтатди. — Шу ҳолингизда рўза тутиш шартмиди, она? — Чидайман, болам, икки дақиқа қолди. Уни ҳеч ким кўрмаслиги ва эшитмаслигини билсада эшик ёнида турган шарпа кампирнинг гапини такрорлаб қўйди: «Икки дақиқа қолди»… Олдинлари ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига рамазон ҳақида тинмай расмлар-у «Йиғлаб кутдим», «Бир йил кутганим Рамазон», «Рамазонга шунча қолди» каби кун санаб ёзилган постларни кўрсам кибрга йўярдим. Лекин ўтган йили рўза тутолганимдан кейин бу ҳолатга нисбатан ҳеч бир изоҳга ҳожат қолмади… Бугун кечки пайт маҳалладошларимиздан бириникда ифтор экан, боя айтиб кетишибди. Ишдан келсам бу ҳақда ўғлим худди еткизаётган хабари учун суюнчи оладигандай, мени кўргандан югуриб олдимга келиб хабар берди: – Дада, дада, сизни кечга ифторга айтиб кетишди. Борар экансиз. – Хўп ўғлим, хўп. Ишдан чарчаб келганим учунми ифторга бориш ҳам малолдай туюла бошлади. Аммо, бориш керак, маҳалладош хафа бўлиши мумкин. Ифтор вақтигача бироз дам олиб, сўнг оғиз очишга ярим соат қолганда уйдан чиқа бошладим. Қарасам хотиним аллақачон ҳар кунгидай қилиб ифторлик дастурхонини тузаб қўйибди. Дастурхонда бир идишда озроқ салат, бир стакан қатиқ, икки бўлак қозонда ёпиб пиширилган чалпак, бир ҳовуч хурмо ва бир тарелкада мевалар турар эди. Қўл калталик қурсин, ҳойнаҳой нимадир овқат қилган бўлса ҳам гўштсиз овқат қилган. Эшиккача бордим ва тўхтаб сонияларда ҳаммасини ўйлаб кўрдим: ифтордаги тўкин дастурхон, икки-уч хил овқат, турли салқин ичимликлар ва турли хориж мевалари… Йўқ, томоғимдан ўтмайди, ўтса ҳам барибир татимайди… Секин ортга қайтдим ва ўзимнинг қадрдон дастурхоним ёнига ўтириб, Қуръонни қўлимга олдим ва болаларимни ёнимга чақирдим.
2020-04-26
http://nodirabegim.uz/archives/2184
Йигирма биринчи аср бўсағада турган бир пайтда Политехника институти қошидаги академик лицейнинг юқори синфида ўқирдим. Ўша кезлари февралнинг ўн тўртинчи санасида лицей биноси Бобурнинг таваллуд айёмини нишонлаш қолиб, илдизи насронийларга бориб тақаладиган “Севишганлар куни”ни оммавий тарзда байрам қилишдек куфрга берилган келажаги порлоқ ёшларнинг шодон афт-башараларига тўлиб кетарди. Қизиғи, ҳар йили шундай бўларди. 14-февраль куни лицей биносининг ҳар битта қаватидаги фойе ўртасига парта қўйилиб, унинг устига катта-ю кичик ва ранг-баранг юрак тасвирлари туширилган ялтироқ қоғоз билан ўралиб, ясатилган қоғоз қути қўйилар, ким кўнглидаги инсонга атаб дил изҳори битилган мактуб ёзган бўлса ана ўша қутига солар, куннинг эртасига мактублар тақсимланиб, ўз эгаларига етказиларди. Ўша куни бизнинг синфда асосан, мен ва бир қиз синфдошимга мактублар ёзилган бўларди. «Маъсул» шахслар уларни бир даста қилиб қўлимга тутқазишганда синфдаги барча йигитларнинг менга ҳаваси келар, мен бўлсам конвертларга аҳамиятсиз бир буюмдек қараб, барини портфелимнинг ичига яширардим. Мактубларни ўқимасдим, дея олмайман. Ўқирдим, фақат ёлғиз қолганда. Кўпинча уйда. Шунда ҳам охиригача эмас. Чунки, уларда нималар ёзилганини, қандай кечинмалар ифодаланганини, бошидан охиригача бир хил руҳда ёзилган сценарий жониворни ёддан билардим. Ҳар бирини қўлимга олиб кўрарканман, уларга яқиндан танишиш учун восита сифатида қайд этилган электрон почта манзилларини кўриб, ўзимнинг ҳалигача электрон почтам йўқлигига мийиғимда кулсам, бачкана мактублар охирига имзо сифатида қўйилган “Хурмат билан Нилу”, “Самимият билан Нози”, “оддийгина қиз Диля” каби ёзувлар энсамни қотирарди. Охирида улардан юрагим батамом сиқилар ва уҳ тортганча ҳар бирини ғижимлаб ташлардим. -Татьянанинг мактубига ўхшамас экан, -дердим уларни гуриллаб ёнаётган чўян печнинг ичига ташларканман. — Бирортаси ўхшамайди. Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романи ўша йиллари энг севимли бадиий асарим эди. Шубҳасиз, бу асарга қаттиқ меҳр қўйган, айниқса, Татьяна образи идеалимдаги муқаддас, пок ва мен жуфти ҳалол сифатида ҳаётимга киргазмоқчи бўлган аёл сиймосининг қуйиб қуйган ўзгинаси эди. Мен ўз идеалимдаги аёлни бетиним унга менгзаб яшардим. Ҳар куни оппоқ тонг отиб, ширин уйқудан уйғонганимда дарров ёнимга ўгириларканман, уни пар ёстиққа азиз бошини қўйиб, кўзларини юмиб ётган сиймоси кўзимга кўринар, ҳаяжонланиб ва сесканиб унинг истарали юзини, ингичка лабларини ва тотли ифор таратиб турган узун сочларини қўлларим билан хаёлан силаб-сийпалардим. Нонушта қилаётган пайтимда уни рўпарамда кўрар, у доим финжонда сут ичганча мени тамадди қилишимни жимгина кузатиб ўтирарди. Ичи тўкилиб кетган, соғ ўриндиғи қолмаган автобус ичида — лицей сари тиқилинч сабаб нафасим қайтган бир алфозда кетаётганимда ҳам уни ёнимда пайқаб қолардим. Худди меникига ўхшаган, лекин қизил рангда бўлган портфелини менга намойишкорона кўрсатиб, жилмайганча қўлини силкиб, йўл бўйи мен билан ёнма-ён кетарди. Зерикарли дарслар пайтида эса уни ўзимдан олдинги қатордаги парталардан бирида илғар, у вақти-вақти билан мен томонга бошини буриб, нима қилаётганим билан қизиқиб нигоҳ ташлаб қўярди. Кечқурунлари ўқитувчилар томонидан берилган уй вазифаларини ҳар гал вақтли бажариб бўлгач, оғир юк елкамдан ағдарилгандек енгил тин олар, баъзан хурсандчиликдан бақириб хонамни бошимга кўтарардим. Чунки, буёғига эркинлигим таъминланиб, тонггача бирорта арзигулик бадиий китоб ўқишим мумкин бўларди-да. Мен бўлсам қўлимга яна “Евгений Онегин”ни олар ва ҳар сафар Татьянанинг мактубини овозимни чиқариб ўқир, ўқишим давомида хонада болаларча беғубор кулгу таралар ва кўп ўтмай унинг бир бурчида оппоқ, узун ва кенг кўйлакда турган сочлари узун Татьянага кўзим тушарди. Шу ердан мен ўқишни бошлаган мактубни гўё у давом эттирарди. Шундай лаҳзаларда, биз у билан баҳру байт ўйнаётганга ўхшардик. Навбат билан мен тўрт қатор, у тўрт қатор айтар, айрим ҳолларда мактуб якунини овоз чиқариб ўқиш унга насиб қиларди. Мактуб якунлангач мен ўзимда жиловланмаган сархуш кайфиятни туярканман, бир пасда ўзимни ҳар қандай безовталигу тушкунликдан абадий фориғ бўлган кимсадек тутишни бошлардим. Мактубни аслида Онегин учун мўлжалангани сира мени хафа қилмасди. Татьянани ундан қизғонмасдим, рашк қилмасдим. Аксинса, ўзим Онегинга ўхшашга интилардим. Биров билан мулоқот қилган чоғларим унга ўхшаб дона-дона ва сал киноя билан гапирар, кўчада бошимни мағрур, қаддимни алп тутиб сал ён томонга ташлаб юрар, ҳар соҳада билимдонлигимни давра ва гурунгларда ҳаддим сиғиб намойиш этар, хуллас унга тақлидимда ҳамма унсурларни майда деталигача кўздан кочирмас, ўзимни биргина жамият учун ортиқча одамдек тутмасдим, холос. Ўшанда бу томоша ўспириннинг шунчаки тақлидидан кўра мен учун кўпроқ аҳамият касб этарди. Ғўр тафаккуримда шундай бўлган тақдиримдагина ҳаётда идеалимдаги Татьянани учратишим мумкин, унга албатта Онегинга ўхшаганлар ёқади, бошқалар асло ёқмайди, мактубидан аён барчаси деб ўйлар, ўз навбатида менда ҳам Татьянага ўхшамаган исталган қизга нисбатан туйғуларим суст, 14-февралда менга мактуб битадиган Нилу, Нози ва Диляларга сираям эҳтиёжим йўқ эди. Бу асарни неча марта ўқиб чиққанимни аниқ эслолмайман. Кўп марта қайта ўқиганимдан бу эсимда қолмаган ё саноқдан адашиб кетганман. Ойбек таржимасидаги ўзбекча вариантини ҳам, аслиятдагисини ҳам қайтиб-қайтиб ўқиганман. Ҳар доим ўқиганимда Татьянанинг мактуби мени у ердаги бошқа сатрларга қараганда зиёдроқ мафтун этиб, юқорида айтганимдек ўзига ипсиз боғлаб оларди. Мактубда мен истаган, наинки истаган, балки ҳар бир аёл зотида мен кўришни орзу қилган барча нарса — самимий кечинмалар шарҳи, бокира ҳислар ифодаси, сокин феъл-атвор тараннуми мужассам эди. Бир томонда йиллар бир-бирини қувиб ўтаверарди. Надоматким, Татъянадан дарак бўлмас, у фақатгина тасаввуримда яшар, у билан хаёлан йигирма тўрт соат бирга бўлсам-да, жисман унга эгалик қила олмасдим. Ўн тўртинчи февраль ҳам ҳар йили такрор-такрор келаверарди. Шу куни одатдагидек ўша парта устига бошқатдан ясатилган ялтироқ қути қўйилар, унинг ичи оташин мактубларга тўлар, куннинг эртасига мактублар яна ўз эгаларига топшириларди. Доимгидек менга ўтган йилгидан қолишмаган сифат ва сондаги мактублар етказилар, йилдан йилга мактуб оладиган синфдошларим кўпайгани сари мактублардан ташкил топган хазинамга энди ҳеч ким кўзларини бақрайтириб эътибор бермас, биргина мактуб юборган қизларнинг янгиланган электрон почталарини ҳисобга олмаса, вазият айтарли ўзгаришсиз якунига етарди. Тўғри, баъзида шунақа пайтлар бўларди. Бирорта қиз кўнглимга ёқиб, қизиқишим сабабчиcига айланарди. Кийинишими, ўзини тутишими ё ташқи чиройими — ажратолмасдим буни. Феъл-атвори деса ҳам бўлаверади. Лекин ундан Татьянанинг сифатларини излашим билан дарҳол кўнглим қолар, шу бўйи лицей кутубхонаси ёки мажнунтол остидаги бир-икки кунлик қизғин суҳбатдан сўнг унга бошқа қорамни кўрсатмас, у билан бир умрга хайрлашардим. Бошқа томондан ўқувчиликдаги ҳаётим ниҳоялаб, институт талабасига айланарканман, жаҳон адабиётига қизиқишим бутун борлиғимни маҳв этиб, тобора онгу-шууримни ёруғлик тезлигида эгаллаб борар, оқибатда, кундалик ҳаётим турли-туман жанрда ёзилган, янгидан янги ажойиб асарларни хазм қилишга бағишланиб кетиб, кези келганда Татьяна ҳақида ўйлаш тугул ўзимдаги мутолаа иштаҳасини назорат қилишни, унга вақтимни равон тасарруф қилишни эплолмай қолардим. Институтга энди қадам қўйганимда “Евгений Онегин” ҳануз севимли асарим бўлиб, Татьяна образи идеалимдаги пок аёл сиймоси сифатида қилт этмай турар, мен ҳалигача уни реал ҳаётда учратиш мумкин деб, бунга ишониб яшардим. Шу билан бирга янги қарашлар, янги мулоҳазалар ўчоғига айланиб бораётган тафаккурим борган сари турли-туман аёл характерлари ва прототипларига дуч келишни бошлаган, бу мени андак ҳавотирга ҳам соларди. Институтни тамомлаш арафасида Достоевский, Толстой, Бальзак каби даҳоларнинг сўз ва фикр маҳорати маҳсули бўлган асарлари дунёқарашимни ёриб кириб, у ерда ўз ҳукмронлигини аллақачон ўрнатиб бўлишганди. Мен буни аввалига сезмадим, кейинчалик бутун оғриқлари ва ташвишлари билан сездим. Қачонки Ремарк, Кафка ва Камю ҳаётимга кириб келишганида бу оғриқ яққол ўзидан далолат бера бошлади. Тасаввуримдаги Татьянанинг сиймоси ёнида ўнлаб ва юзлаб унинг ораста қалбига сира ўхшамаган қалбдаги, беғубор самимийликдан минглаб километр узоқликда бўлган, дилга меҳрдан кўра ҳадик солиш хусусиятидаги сатанг, енгилтак, исёнкор аёл қиёфалари кўриниш бериб, бир пасда муқаддас идеалим борасидаги қарашларимга чанг солиб, уни остин-устун қилиб, тўзитиб юборишди. Шунда тасаввуримда неча йиллар муқим яшаган романтизмга жаноза ўқилди. Ўлганнинг устига тепган қилиб Пушкин кўзимга оддийдек кўрина бошлади. “Евгений Онегин” ҳақидаги қарашларим жамланмасига ҳали сезиларли путур етмаган бўлса-да, кутилмаганда кўп ўтмай Татьянани бошқа орзуламай қўйдим. Албатта, уни ҳамон хаёлимда гавдалантирар, у мудом ўша ердан кетмас, бироқ мен энди уни ҳаётдан топишга бошқа уринмас, умидим сўниб, хафсалам пир бўлиб, бу қийналиб яшашимга арзимайди деган бемаъни хулоса билан кун кечирардим. Қўшимчасига мутолаа қилган китобларим натижасида тасаввурим чалкашиб, унга кириб келган сон-саноқсиз аёл образлари таъсирида асаб ҳужайраларим кучли зўриққан ва бу кўнгилсиз ҳолат Татьяна билан боғлиқ покиза хаёлларимга салбий таъсир қиларди. Эндиликда мен фақат Татьяна ҳақида ўйламас, аксинча Пушкин юрагимга михлаган ўша аёл образидан тубдан фарқ қиладиган кўплаб ношуд аёллар ҳақида ҳам хаёл сурардим. Назаримда, ҳаёт ҳам зўр бериб уни йўқотишимни кундан кунга тезлаштирарди. Унда тўлиб-тошиб ётган Нилу, Нози ва Дилялар талабалик пайтимда бошқача қиёфаларда рўпарамдан чиқиб, янаям бачкана ва хунукроқ туюлишар, уларга қараб ҳатто беш дақиқа суҳбатлашишга кўзим етмас, оқибатда асабийлашиб нишимни дуч келган одамга санчар, Татьяна каби идеал аёл образини атрофда йўқ деб баралла жар солар, киноя ва истеҳзоларим янги устозларимнинг саъй-ҳаракатларига эврилган ҳолда биргаликда мени соат сайин ўткир реалист сифатида тарбиялашарди. Татьяна тасаввуримда қўл етмас кенгликларга узоқлашаркан, мен ҳам қалбимдаги романтизм кўмилган қобиғимдан тобора олислаб, янгитда ўзлаштирилган реалистик нуқтаи назарим оқибатида одамови, чидаб бўлмас жиззаки ва аламзада инсон ролига кирар, бу ролим орқали теграмдаги одамларнинг идрокида бир ҳиссиз, юраги бўм-бўш, меҳр беришга қодир бўлмаган инсонга айланиб борардим. Пушкин вужудимда тарбиялаган романтизмнинг тупроғи совумай туриб, янги устозларим тарбиясидаги реализм Тангри қорган лойимнинг зуваласини тошдек қотирар, бунинг эвазига аёлларга ҳам қандайдир шу лаънати реализм асносида ёндошардим. Чунки тасаввуримда энди Татьянага ўхшаган қишлоқнинг тортинчоқ, уятчан ва самимий қизлари ҳаётда умуман учрамайди деган хулосага келган, ҳар қандай жамият эрига хиёнат қилиб бола орттирган ва иснодга чидолмай ўзини поезд остига ташлаган Анна Каренина, куппа кундуз куни фойтун ичида ўйнаши билан кўнгилхушлик қиладиган Бовари хоним, нуқул кўк рўмол кийиб юрадиган ақли ноқис Соня Мармеладова, отаси жаноб Горионинг охирги пуллари эвазига ўйнашининг қартада ютқазган қарзини тўлайдиган мадам Де Ресто, карьера учун ҳамма нарсага тайёр бўлган бахтиқаро Керри ва Ремаркнинг пиёниста-ю кашанда аёлларидан иборатдек, уларнинг орасида менинг Татьянам йўқ бўлиб кетгандек туюлаверар, у энди оппоқ, узун ва кенг кўйлакда ҳечам менга кўринмас, ортимдан эса борган сари “Ҳиссиз инсон”, “У севишга қодирмас”, “Ўзига бино қўйган олифта” каби гап-сўзлар тинмасди… …Бугунги кунга келиб “Евгений Онегин”ни ўқимай қўйганман (Пушкинни-ку, умуман). У китоб жавонимда — юзлаб китоблар орасида қўл теккизилмай ётади. Уларнинг чангини артаётганимдагина кўзим тушади, шунда ҳам эътибор бермайман. Ҳар куни Фарғонадаги иш жойимга кетаётганимда эса зарурат юзасидан ҳафтада бир ёки икки марта ўзим ўқиган лицей ёнидан ўтаман. Ҳозирги кунга келиб унинг дарвозаси олдига бекат тушган, светофор ўрнатилган ва пиёдалар йўлакчаси чизилган. Шунгами тез-тез қизил чироққа дуч келиб, бекат яқинида ўттиз сонияга тўхтайман. Шунда кўзим тўрт қаватли лицей биносига ва бекатга келиб тўхтаган автобус ичидан отилиб тушаётган ўқувчиларга тушади. Тикилганим сари бўғзимга нимадир тиқилади. Вақтнинг шу арзимас сониялари ичида лицей, ҳар йили 14-февралда залга қўйиладиган парта ва ялтироқ қути, қизларнинг ўсмирларча ишқий мактублари ва охирида Татьянанинг пок сиймоси кўз олдимдан ўтади. Шу фурсат оралиғида яна ўша Татьянани севган, уни ўз идеали сифатида кўрган, унга топинган хаёлпараст ўспиринга айланаман. Аммо кўк чироқ ёниши билан ортимдаги машина сигнал чала бошлайди ва эндигина жонлана бошлаган ўтмишдаги хотираларимнинг белига тепади. Мен тезда ўзимга келиб, газни босаман. Машинани иккинчи тезликка олганимда, ортимдан сигнал чалган машина катта тезликда чап томонимдан қувиб ўтади. Норози бир қиёфада унга пешонамни тириштириб, сўкинишга шай ҳолда қарайман. Унинг рулида эри олиб берган машинага ястаниб ўтириб олган, энг сўнгги урфда кийинган, пардозни дўндирган, ўттиз ёшдан ошиб улғайган “Хурмат билан Нилу”, “Самимият билан Нози” ёки “Оддийгина қиз Диля”лардан бирига лип этиб кўзим тушаркан, кулимсираб ҳамда истеҳзоли нигоҳларим билан уни олдинга кузатиб қўяман. -Бовари хоним-ку!- дейман киноя қилганча машинамни учинчи тезликка оларканман. — Ўлай агар ҳудди ўзи!
2020-07-04
http://nodirabegim.uz/archives/2042
– Энди ухла, тойчоғим, – она шундай деб чироқни ўчирди. – Ойи! Ўчирманг, илтимос. Қоронғуликдан жуда қўрқаман! – деди кўзлари ожиз болакай. – Мен катта ёзувчи бўлмоқчиман! – деди у хотинига, фарзандларига. – Ижод қилаётганимда ҳалал берманглар! У туну кун ижод қилди. Унга кўзларини мўлтиратиб тиккан қизини ҳам, юрак ютиб бўйнига осилолмаган ўғлини ҳам кўрмади. Жуфтига бағишлай олмаган изҳорларини китобига битди. Фарзандларига айтолмаган ширин сўзларини китобига ёзди. Оиласига кўрсатолмаган ғамхўрликни китобда исботлади! У танилди. Шоҳ асарлари минглаб нусхаларда чоп этилди. У шону шуҳратга бурканди. – Энди етар, – деди бир кун қўлидаги қаламни қўйиб, – кексайибман… Шундай дея атрофига қаради: ҳеч ким йўқ эди. У бир уюм китоблари ичра ёлғиз қолган эди. У китобни турфа кўйга солди. Тандирни ёқиш учун тутантириқ қилди. Писта сотаётганда варақларини йиртди. Асабига тегаётган пашшаларга қарата қурол қилди. Ўғилларига «самолёт» ясаб берди. Эшик очиқ турсин учун тиркагич қилди. Дераза ойналарини артди. Ҳожатхонада ҳам хоҳлаганча фойдаланди… Аммо бирор марта ўқиб кўрмади. Йиллар ўтиб, нурсиз қалбига недир етишмай қолди… Китобни қўлига олди. Ўқий деганда эса кўзлари аллақачон нурдан қолган, қўллари эса тинимсиз қалтирарди… Йигит ногирон эди. Расо қизни севиб қолди. Унга эришиш имконсиз… Аммо мўъжиза содир бўлди. Қаршисида пайдо бўлган Хизрни кўриб йигит шошиб қолди. – Муҳаббатингга етасан, бўтам. Тила тилагингни! Хизр йигитдан «оёқларим юриб кетсин», деган истакни кутганди. Бироқ унинг тилидан: – Суйганим ҳам юролмай қолсин, – деган сўзлар учди. – Келинингизга «болани олдир» деб айтдим. Тўрттаси етади ўзи. Шундоғам рўзғорга етказолмай юрибман, – ҳасрат қилди ўғил онасига. – Шундай дегин… Отанг ҳам бир вақтлар сени, бешинчи фарзандимни «олдир» демаган экан-да? Шунда бойиб кетармидик? Сенсиз… Ўғилни ток ургандек бўлди. – Севиб қолдим, дўстим… Сендан маслаҳат олиш учун келдим. Афсуски, у оилали аёл. Бошим қотди! – Аёл ҳам сени деса бирга бўлинглар. Умр бир марта берилади, ахир! – дедим дангал. – Энг ёмони шундаки, унинг эри… – Э, эри вақти келиб тушунади. Севмаган одаминг билан яшашдан нима наф? – қўл силтадим мен. – Маслаҳатим, уни бахтли қил! Дўстим билан бўлган бу суҳбатдан кўп ўтмай хотиним мени ташлаб кетди… – Ҳеч гул бермайсиз… – маъюс кулди аёли. – Тўйимизда берганман-ку! – ҳазилга олди эркак. – Шунгаям ўн йил бўлибди-я… – Ҳали сенга кўп гул бераман. Ҳаётимиз олдинда… Аммо ҳар куни гулбозордан ўтаркан, эркак ўйларди: «бирор кун албатта, гул оламан!» …Ваъдасини бажариб ниҳоят гулдаста олди. Уни аёлининг қабрига қўйди. – «Онажоним» номли шеърингиз шундай юксак мукофотга лойиқ қўрилибди! Табриклаймиз, – деди мухбир шоирга. – Ташаккур! – мағрурланди ижодкор. Буни телевизордан томоша қилаётган онанинг шодликдан кўзларига ёш келди. Ўғли машҳур шоир бўлибди! Сўнг қариялар уйидаги чироқлар ўчирилди. Она ўрнига чўзилди. – Ҳаётингиздаги энг бахтиёр онлар? – Туғилгунимча тўққиз ой жуда бахтли эдим. Чунки онамнинг юраги остида хотиржам яшардим… – Обрўйимга путур етказадиган бирор иш қилмаларинг! – эркак ўғилларига дўқ урганча, кеча мастликда ариққа йиқилиб лой теккан шимини қоқа-қоқа нари кетди. Гуллар эгасига берилди. Аёл хурсанд бўлиши кераклигини ҳис қилди. Ҳа, ахир шундай бўлиши керак эди. Эркак ҳам латиф сўзлар излай бошлади ва ниҳоят топди ҳам. Ёдлаб бериш қийин бўлмади. Уни эркалаб қўйиши кераклигини масъулият билан англаб турарди… Эртасига Ҳақиқат куни кириб келди. Иккиси ҳам анча енгил тортишди. Хонада сўлий бошлаган гуллар ва тўққизинчи март санасини кўрсатиб турган хотиржам тақвимдан бўлак ҳис қолмаганди. Шеърларимни сотаман… Онам оғир касал. «Кун бўйи рўзадор ҳолида қурилишда, офтоб тиғида ишлади, жуда очиққандир», ўйлади аёл эрига зимдан қараб. «Яхшиси, боя еб олгандим, қорним тўқ деб айтаман». «Ҳомиладор аҳволида тузук-қуруқ едира олмаяпман», ўйлади эркак аёлига гуноҳкорона боқиб. «Икки киши учун ейиши керак. Яхшиси… дўстимникида ифторлик қилиб келдим, дейман». Дўппидеккина палов эру хотин ўртасида хокисор турарди… −Шунча йилдан бери кимни кутяпсан ўзи? Оқ отдаги шаҳзодангними? −Йўқ. Ёмғирда соябон тутмайдиган одамни.
2020-07-04
http://nodirabegim.uz/archives/2053
Қўлимда иккита сурат турибди. Ҳар иккови ҳам оқ-қора рангда. Тасвири тиниқмас. Бир оз хира. Уларга узоқ тикиламан. Ҳам қизиқиш, ҳам ачиниш билан. Қизиқишимга биринчи сурат замин ҳозирласа, иккинчиси қалбимда оғир ачиниш ҳиссини уйғотади. Улар моҳияти ва маъноси жиҳатидан бир-биридан тубдан фарқ қилади. Бирида инсон ибтидосининг равон, улуғворлик касб этган ва Худога менгзалган тасвири акс этган бўлса, иккинчисида унинг интиҳоси сабаб аянчли, ночор ва ортидан оғриқли мушоҳадаларни эргаштириб, жавобсиз саволларни онг остига қалаштириб ташлайдиган ифода сурат кўринишида ўзини намоён қилади. Қайси биридан бошлаганим маъқул? Шарҳлашни дейман-да. Суратларни шарҳлаш бобида устаси фаранг бўлмасам-да, негадир шу икки суратга астойдил шарҳ ёзиб, уларни изоҳ ва қайдлар ёрдамида мағзини чақиш шу тобда кўзимга хайрли ва кўнгилли ишдек кўринди. Эҳтимол, шу шарҳ қурғур орқали илк дафъа тикилганимда иккиси юрагимда баравар миқдорда қолдирган оғриқни сал-пал унутарман ёки азалдан борлиғим чиқиша олмаган фоний дунё неъматларига бутунлай кўз юмарман. Шарҳлашдан олдин уларни қаердан олганимни айтиб ўтай. Шахсий кутубхонамда италиялик санъатшунос Мария Тибальди-Кьезанинг машҳур скрипкачи Паганини ҳаётига оид рисолалари жамланган китоби бор эди. Қачонлардир таниш букинистларимдан бири уни арзимаган чойчақага менга сотиб кетган, шу бўйи уни кутубхонамда сақлар, аммо анчадан бери бошидан охиригача ўқиб чиқмагандим. Кеча ниҳоят уни ўқиб тугатдим. Суратларни ўша китобга илова тариқасида берилган альбомдан қирқиб олдим. Очиғи, қолган суратлардан кўра шу икки сурат эътиборимни кўпроқ тортди. Демак, энди суратларга ўтсам бўлар? Ибтидони ўзида акс эттирган суратдан бошлай қоламан. Зеро, бу дунё Одам Ато замонидан буён бор-буди билан ўз ибтидоси қовурғасида ҳануз интиҳо нелигин билмай нафас оляпти, соат каби, ер каби ўқи атрофида айланяпти. Шундай экан, унга ҳавас қилган кам бўлмайди. Қолаверса, мазкур сурат ўнг қўлимда турибди (ирим ёмон-да барибир). Ўнг қўлимда турган суратда Оврўпо меъморчилигининг барокко услубида барпо этилган катта зал тасвирланган. Унинг баланд шифтидаги улкан қандил атрофига ўрнатилган юзлаб шағамлар ёрдамида зални ёритиб турибди. Зал ўртасидаги ердан тизза бўйи тепаликдаги саҳнада Паганини савлат тўкиб, бир томонга оғишиб ва бўйнини чўзиб, зални тўлдириб ўтирган одамларнинг табрикларини бирма-бир қабул қиляпти. Бир қўлида скрипка, бир қўли уни олқишлаб, юксак санъати учун табрик этаётган аёлларнинг қўлларини миннатдорчилик юзасидан сиқиб қўйиш ва уларга жавоб қайтариш билан овора. Уни табрик этмоқ истагидаги кимсалар гўё навбатда туришгандек, ортдагилар эса ҳайратдан бир-бирларига нимадир дейишяпти. Уларнинг эс-ҳуши жойидамас, ҳаяжон барчасини бўғзидан тутиб енгил нафас олишларига йўл қўймаётгандек. Паганини ўз фаолияти давомида одамларга лиқ тўла бўлган, кенг ва ёруғ, муҳташам залларнинг кўпини кўрган. Сон-саноқсизини дейилса ҳам асло муболаға бўлмайди. У юздан ортиқ мана шундай концерт залларида, бундан ташқари қироллар саройи ва оқсуяклар даргоҳида скрипкачилик санъати борасидаги ўз маҳоратини оммага намойиш қилган, афсонавий шон-шуҳратга бурканган, номи тилларда достон бўлган. Бу турфа заллар гоҳ Миланда, гоҳ Флоренцияда, гоҳ Турин ва Римда реал ҳаётдан зерикиб, санъатдан лаҳзалик ором ва руҳий озуқа олиш истагида бўлган ўз санъат шинавандалари билан унга ҳар доим тантанали равишда пешвоз чиққан. Кейинчалик Париж ва Лондон каби кўркам шаҳарлари бўлган Оврўподаги залларда ҳам у шунақа санъатга кўнгил берганлар қаршисида скрипка чалишига тўғри келган. Мана шундай залларда скрипкаси воситасида намоён бўлган унинг қудрати бемисллигини, истеъдодининг нақадар закийлигини, куйларининг жозибадорлигини одамлар кўришган ва гувоҳи бўлишган. Мана шундай заллардаги концертларидан сўнг у ҳақида газеталарда тинимсиз узун тақризлар ва катта мақолалар ёзилган. Мана шундай залларда эҳтимол Генрих Гейне уни учратган ва у ҳақидаги ўзининг “Флоренция тунлари” деб номланган ажойиб эссесини ёзган, унга эргашган бошқа шоирлар илҳом олиб ва ҳайратланиб назокатли скрипкачининг ижодини тараннум этган шеърлари-ю элегияларини вазн билан қофияга тизишган, ўз даврининг етук рассомлари унинг суратини чизиш учун қабулига ёзилишган. Заллар… заллар… Сиртдан қараганда уларнинг барчаси бир хил. Барчаси барокко услубида қурилиб, мана шундай қандилларга ўрнатилган шағамлар ёруғида ичи мунавварлашган, барчаси кенг, ҳар бири қиррали ва нақшинкор устунли, ҳар бирининг дераза ромлари баланд. Хуллас, бир хил… Аммо, Паганини эмас. Бир хил заллардаги бир хил одамлардан ташкил топган муҳит унга мутлақо бегона эди. Турфа хиллигининг илк нишонаси шунда эдики, у ўз маҳоратини ё уста Амати, ё уста Страдивари ясаган скрипкаларда кўрсатарди. Ҳеч қачон битта скрипкада эмас. Мана шундай залларда қўлида қайси скрипка бўлмасин, Паганини у билан гоҳ иблисдек ваҳший ва бузуққа айланар, гоҳ қанотли ва беғубор фариштадек вазминликка майл билдириб, бирдан мулойимлашарди. Гоҳ бутун концерт давомида унинг қовоғидан қор ёғилар, гоҳ лабларидан табассум аримасди. Гоҳ қаддини ғоз тутиб, елкасидаги скрипкасини баланд кўтарар, гоҳ номаълум дарддан қадди букилиб, бир томонга энкайиб қоларди. Унинг скрпикаси ҳам бир хил заллар ичидаги бир хил одамларни ўз ранг-баранглиги ва тусланиши билан қойил қолдирарди. Паганини учун уни нечта тори борлигини аҳамияти йўқ эди. Скрипка битта тордан иборат бўлса ҳам Николло унда мўъжизалар яратар, унинг узун ва эгри бармоқлари ёрдамида шўрлик скрипкага жон кирар, у ўз соҳибининг елкасида шунчаки чийиллаб овоз чиқармасди. У скрипка эмас, иккита қўли ва оёғи, кўз-қулоғи бор одамдек таасурот уйғотарди. Амати скрипкаси ҳам, Страдивари скрипкаси ҳам залга йиғилган юзлаб одамлар билан худди улар каби забони бордек улар тушунган тилда гапирарди. Одамларга Паганини басталаган мусиқий композицияни етказиб берувчи воситадан аллақачон четга чиқиб, у бамисоли ҳазрати инсон мақомини олганди. У одамлар қаршисида хахолаб кулар, ҳўнграб йиғлар, куйиниб ачинар, дод солиб бақирар, ақлдан оздирадиган саволларни кўндаланг қўяр, бўралаб сўкинар, иблисона тавқи-лаънатлар ёғдирар, айрим ҳолларда эса уларнинг дардига ўзини малҳамдек тутар, ютуқларига шерик бўлиб, муваффақиятсизликларига ҳамдард бўларди. Залда унинг овозини эшитиб ўтирган нотариус бир зумга бўлсин иш жойидаги ниҳоясиз ва бир тийинга қиммат мерос масалаларини унутар, тижоратчи муддати ўтган векселлари ҳақида бош қотирмас, тикувчи қарздор мижозлари гўрига ғишт қаламас, заргар ўғирлатган тиллаларига куйинмас, зобит олдинда турган уруш ёки сулҳнинг оқибатлари ҳақида фикр қилмас, давлат арконлари бемаъни ва зерикарли сиёсий музокаралардан қолган чарчоқларини ёзишар, руҳоний нариги дунё ва қабр азоби ҳақидаги ҳатто ўзи ишонмайдиган ваъз-насиҳатларини калласидан чиқарар, қонун чиқарувчи ҳуқуқшунос фақат бойлар манфаати учун чиқарилган қонун лойиҳаларини хас-пўшлаш учун тўпланган сохта далилларини ўйлаб виждони қийналмас, беқарор ошиқ кўз олдида ўз суюклисининг дил изҳорини тинглагандек ҳаяжонланар, врач томонидан ўлим ташхиси қўйилган бемор эса жаннатдаги ҳурларнинг овозини эшитгандек бўларди. Шу ерда хассос шоирнинг Паганини ҳақида ёзган битикларида жон бордек туюлади: Машшоқ чалар эди- томошагоҳ гунг, Ишонган эдилар Одам Атога Жонни Ҳақ куй билан киритганига Машшоқ чалар эди — оломон телба, Ишонган эдилар Паганинининг Иблисга қалбини сотганлигига. Машшоқ чалар эди бахтни, сурурни, Издиҳом тебраниб бири-бирига Жонларин бахшида айлар эдилар. Машшоқ чалар эди ғамни, қайғуни, Руҳлари жисмини тарк этиб чиқиб Еттинчи фалакка йиғлар эдилар. Заллар… концерт заллари… Паганини уларни бирор марта бўш бўлганини эслолмасди. Ҳеч қачон бундай бўлмаган. Зал ҳам, одамлар ҳам бутун концерт давомида уни диққат билан, юрак ҳовучлаб ва ақлдан озар даражада таъсирланиб эшитишарди. Шундай лаҳзаларда залда пашшанинг учганиям билинмас, деворларидаги акустикада фақатгина скрипка овози жаранглар, скрипка торларида дунёга келган илоҳий куй ҳомуза тортиб атрофда кезинарди. Куй эмас эди у – тонг йиртиғидан Гўдаклар кулгусин ўғирлаб чиққан Мангу булоқларнинг Қўшиғи эди, Куй эмас эди бу-муждакаш елнинг Яралмоқ сирини билмоқлик учун Заминдан осмонга Сўроғи эди. Концерт тугагач, Паганини олқишлар, табриклар, гулдасталарга кўмиб ташлангани етмагандек юксак мартабали зотлардан кечки овқатга ёки балга таклиф оларди. Кечки овқат пайти қадаҳда унга Бургундиянинг энг аъло нав винолари узатилар, қўл қўйгани жой қолмаган дастурхонга устрица, чўчқа эти, балиқ икраси каби шоҳона таомлар ва меваларнинг энг саралари тортиларди. Балда у билан чиройда тенгсиз, корсети белига ёпишган, сочлари антиқа турмакланган, аслзода аёллар сокин куйга рақс тушишарди. Шундай лаҳзаларда, Паганини ўз ибтидосининг энг гўзал лавҳаларига рўпара бўлар, бундан қалбида беихтиёр масрурлик ва шодонлик туяр, ўзини тангрига яқиндек еттинчи осмонда сезар, боз устига бу лавҳалар эртасига ва индинига бундан-да гўзалроқ сифатда рўй бериб, янаям ёрқин манзараларда ўзларининг давомийлигига уни тўлиқ ишонтиришарди. Бошқа томондан ундаги оғриқли йиллар ва машаққатли меҳнат шакллантирган скрипка ижрочилик маҳорати кундан кунга мукаммалашиб, инсонга берилиши мумкин бўлган камёб бахт акс этган бундай ажиб лавҳа ва манзараларнинг умри узоқ бўлишини тахмин қилишига туртки берарди… Чап қўлимдаги суратга ҳам навбат етиб келди. Менимча, унинг шарҳига тўхталишнинг айни пайти (темирни доим қизиғида босиш керак). Бу суратда Италиянинг Парма шаҳридаги Паганини дафн этилган даҳма тасвирланган. Даҳманинг устида гумбаз, уни чамаси олтита устун кўтариб турибди. Унинг атрофи темир панжаралар билан ўралган, пештоқига “Николло Паганини” деган ёзувлар катта ҳарфлар билан лотин тилида ўйиб жойлаштирилган. Балки ички қисмида, яъни кадр ортида мармартошга скрипкачининг туғилган ва қазо қилган саналари ёзиб қўйилгандир. Ҳар ҳолда, даҳма бўлгандан кейин шундай бўлмай иложи йўқ. Шу даҳма ичида ўлик Паганини ётганига ишониш қийин. Паганини 1840 йилда оламдан ўтган. Демак, бу даҳмада бир юз саксон йилдан бери у мангу уйқуда. Балки, ернинг остида ундан эндиликда бир уюм суяклардан бошқа ҳеч нима қолмагандир. Тобути ҳам чириб, қолдиқлари қурт-қумурсқаларга ем бўлиб, ҳидланиб, пўпанак босиб кетгандир. Бу даҳма қўриқлаётган нарса фақат Паганинининг номи, холос. Тўғрироғи, исми ва шарифи. Шу ерга унинг кўмилганини кўрсатиб туриш даҳманинг асосий вазифаси. Паганини эса жисман борлиқни тарк этган. Унинг бир пайтлар одамга ўтли нигоҳ ташлаган кўзлари мангуга юмилган, юнонларники каби узун бўлган бурни энди ҳид билмайди, лаблари бутунлай қимтилган, доим елкасига тушиб юрган сочларидан асар қолмаган, скрипкада мўъжизалар яратган бармоқлари тарашадек қотган, туянинг ўркачига ўхшаган елкаси одам анатомияси дарсида экспонат сифатида кўрсатиладиган устихоннинг шу аъзосидан фарқ қилмайдиган аҳволга келиб улгурган. Шу ерда ўйланасан киши. Унинг скрипкачилик маҳорати, эгаллаган билими-чи? Қаерга йўқолди? Наҳот, шундай интиҳо учун ҳар бир инсон ўзида ибтидони шакллантирса, ривожлантирса, мукаммал ҳолга келтириш учун ўзини ўққа-чўққа урса, изланса, кунни кун ва тунни тун демаса? Паганини тириклигида болалигидан бошлаб тинимсиз машқлар қилган, мусиқа назариясини — фуга, контрапункт, композиция, ноталар бирикмаси каби бало-баттарларни ўрганган, скрипкани маҳоратли чалиш учун кеча-ю кундуз меҳнат қилиб унинг муқаддас илмини эгаллаган. Бир кунда эса буларнинг барчаси ҳавога учиб кетган ва энди мана бу даҳма ичида ётган скрипкачидан бир уюм суяклар, исми-шарифи, туғилган йили ва қазо санаси акс эттирилган мармартошли плитадан бўлак ҳеч нима қолмаган (ижодий мероси ўз йўлига). Даҳма… даҳма… У қишин-ёзин ўзгармайди. Шундай тураверади. Салкам икки юз йилдан бери шундай турибди, буёғига ҳам унинг абгор қисматига зиён-заҳмат етмайди. То қиёматгача шундай бўлади, валлоҳи аълам! Тирик Паганинидан фарқли равишда ўлик Паганини бу ерда ёлғиз. Ўз вақтида концерт залларида шуҳрат ва гулдасталарга кўмилган, қимматбаҳо фойтунларда гастрол кетидан дунёни кезган, неча-неча улуғвор кимсаларнинг хонадонларида партўшак ва юмшоқ ёстиқларда тонг оттирган, ноз-неъматларга тўла дастурхонларда олиймақом меҳмонга айланган, соҳибжамол аёлларнинг суюклиси бўлган, скрипкаси орқасидан таърифлаб бўлмас бойлик орттирган Паганини энди манави кўримсиз, устунлари уринган, атрофини бегона ўтлар босган даҳма остидаги икки метргина жойда, тахта тобут ичида бир ўзи ётибди. Бир ўзи… На оиласиз, на дўсту биродарисиз, на уни кўкларга кўтарган мухлисларисиз ва на уни севган аёлларисиз… Қишда атрофга қор ёғиб, ҳаво совиб, изғирин бошланганида одамзод тугул мушук ёки қарғалар ҳам даҳма атрофида қорасини кўрсатмайди. Баҳор келганида табиат жонланиб, атроф кўкаламзорга айланганида унинг қаршисида қора қутига солинган скрипка ёки виолончелини елкасига осганча бир-иккита ёш мусиқачилар пайдо бўлиб қолишади ва у ерда ўзларини “селфи” қилиб, қувноқ фотосессия уюштиришади. Бу иш жонларига теккач, бир-бирларини турли ракурсларда суратга ола бошлашади. Баъзан даҳма устунига суяниб, ўйчан турган қиёфада суратга тушишса, баъзан унинг ўртасида қўлларини чалиштириб ўзларини лентага муҳрлашади. Шундан сўнг, улар бу суратларини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштириб, унда қалашиб ётган бекорчи обуначилари билан баҳам кўришади. Ёз келиб саратон ўз тафти билан борлиқни куйдиришга тушганида даҳма яна ёлғиз қолади. Ёзнинг исканжасида қовжирайди. Куз ҳукмронлиги ўрнатилганида уни жануб ёмғири тинимсиз ёғиб савалайди, Апеннин ярим оролининг қуюқ тумани қоплайди, шамол учириб келган хазонлар унинг остонасида жон бериб, ҳаёт билан видолашишади. Паганини унда ёлғиз ётишда давом этади. Кейинги манзили қаерлигини билмай, кўзларини юмиб, сукут сақлаб… На одамлар бор атрофида, на боши остида юмшоқ ёстиқ, на устида партўшак… Даҳма ҳудудида эса унинг маҳшаргача чўзилган изтироблари, якуни йўқ дод-фарёди ва хириллаган овози биргалашиб худди аросатда қолган дайди руҳлардек сарсон-саргардонликда учиб юришади… Эй, менга олқиш-у санолар айтиб Пойимга бош урган ожиз бандалар! Эй, менга санъатда худосан, деган Беҳишт қувғиндиси-гуноҳкор пуштлар! Айтингиз- қаердан қуёш ва зулмат, Қаердан муҳаббат, қаердан нафрат? Кўзингиз яширманг, айтинг-бошланар Қаердан дўзах-у, қаердан жаннат? Суратларни пича вақт ўтгач алмаштириб кўраман. Ўнг қўлимдагисини чап қўлимга ва аксинча қилиб. Лекин, улардан қолган аччиқ таассурот барибир ўзгармайди. Шунда ўйланиб қоламан: интиҳо рўй бергач, Паганини каби мусиқа санъатида беқиёс бўлган скрипкачининг елкасида кўтариб юрган ибтидосидан жисман ҳеч нарса қолмабдики, бошқалар ўз ибтидосини бошида кўтариб юриши, унга бир осий каби сиғиниб яшаши шартмикин? Барибир Одам Ато болаларининг барчасини устидаги жисмдан вақти келиб заррача ҳам қисм қолмайди ва икки дунё оралиғида у беқиёс бўладими ёки сариқ чақагаям арзимасми, сўроқсиз албатта ечиб олинади. Бу граммафоннинг титилиб кетган эски пластинкасидек гап ва бир вақтнинг ўзида янгисидек ҳам. 2020 йил, апрель. Марғилон
2020-10-04
http://nodirabegim.uz/archives/2072
Ўн олтимда сувчечак деган алламбало дардга чалиниб тўшакка михландим. Аъзойи-баданимга яшил дори чапланди. Қўлимни сувга теккизишим, қуёш нуридан баҳра олишим мумкинмасмиш, тошмалар кўпаймаслиги учун яна бир қанча тақиқлар қуршовида қолдим. Умрим бино бўлиб ҳеч бир ҳасталикдан бунчалик ижирғанмаган эдим. Афт-ангоримга кўзи тушган кимса мендан узоқроқ турар, айримлар бурин жийириб қўярди. Бошқаларга юқтириб қўймаслигим учун оиламдагилар хонамга қамаб қўйишди. Фақат егулик олиб кириш учун аввал сувчечак бўлганларгина мени йўқлаши мумкин. Зарурат бўлмаса ташқарида узоқ муддат қолиш йўқ. Уйдан чиқмай, туққан жувондек чилла сақлашни бошладим. Нақд қирқ кун! Яхшиямки хонамда китоблар бор, зерикмайман. Ҳар бир токчага яширинча коллеж кутубхонасидан ўғирлаб келган китобларимни тахлаб қўйганман, шоирларни алоҳида, ёзувчиларни алоҳида қилиб. Яна ўзимга ёққану ёқмаганларини бир биридан айриб қўйганман. Ўшанда қишнинг илк ойи эди. Танчага кириб олиб мутолаадан ором олар, касаллик аломатларини шу йўсинда унутардим. Бир чақага ҳам арзимайдиган, шалвироқ китобларни, чираниб ёзилган шиғирлар тўла машқ дафтарларимга қўшиб печкага тутантириқ қилиб юборардим. Ўқишга бормаслигим заб иш бўлди-ю, аммо, ижодкор оғайниларим дийдоридан маҳрум бўлишим кўнглимни беҳузур қилаверарди. Улар билан кўришиб, китоблару шеърлар ҳақида фикр алмашиб турмасам, кайфиятим кундан кунга тушиб бораверарди. Ёзнинг айрим илиқ, кузнинг баъзи салқин кунларини ёш қаламкаш дўстларим билан йиғинлару анжуманларда ўтказгандим. Танамга илашган касаллик-ку майли, лекин қаҳратоннинг совуқ авзойи руҳиятимга ҳам таъсир қила бошлади. Дўстларимни чақирув хабарларига ҳафаҳол рад жавобини бериш, яхши кўрган ўқитувчиларимнинг маъруза дарсларини хотирлаб, шифтга термулиб ётиш ҳафсаламни пир қилаверди. Ўша йили Эркин Воҳидов вафот этганди. 80 йиллигини нишонлаш учун Тошкентдан шоир-ёувчилар келишидан хабар топдим. Ҳавасмандлик оғушида уларни бир кўрсаму дастхат олиб, суратга тушсам армоним йўқ эди гўё. Юбилей куни дўстларим қўярда-қўймай қўнғироқ қилаверишди. Аммо рухсат йўқ, ҳали яна ташқарига чиқишим учун бир ой бор. Болаларча ишқибоз кўнгил илинжида, бутунлай соғаймасимдан ювиниб-тарандиму оиламга сездирмаслик учун ўрнимни қаппайтириб, ҳудди ўзим ётгандек тўшадим-да, Олтиариққа йўл олдим. Э.Воҳидов уй музейи. Очилиш маросими бошланмасдан аввал етиб бордим. Кутиб олиш учун остонага жуда кўп қаламкашлар йиғилган. Камига, шундай изғиринда қўлига гул тутқазиб, мактаб ўқувчиларини бир сафга тизиб қўйишибди. Улар формада, жуда юпун кийинган. Совуқдан қалтираб, қўлларини кўксига қўйганча қунишиб туришарди. Ўзим ҳам маросим бошланишини кутавериб яхлаб қолдим. Ниҳоят, меҳмонлар етиб келди. Карнай-сурнайлар садоси остида иккита катта автобусдан бўйинбоғ таққан бир гуруҳ эркаклар, сочларини турмаклаган, бир-биридан чиройли кийинган аёллар туша бошлади. Қориндору калондимоғлар орасида икки хокисори ажралиб турарди. Бирининг бўйи пастроқ, тўкилмаган сочлари ёнга силлиқ таралган. Лаблари ширинликни хуш кўрадиган гўдакникидек тамшанётганга ўхшар, қулоқлари катта бўлса ҳам нур ёғилиб турган чеҳрасига ярашиб турарди. Дарров танидим, бу Худойберди Тўхтабоев. Иккинчиси ориққина, сочлари оқарган, чақалоқникидай кўзларидан ҳаётнинг паст-баландини кўрганлиги, ижод меҳнати-ю турмушнинг машшаққатини бошдан ўтказганлиги яққол сезилиб турарди. Бу эса Анвар Обиджон эди. Қувончим ичимга сиғмай, маросим тугашини интиқиб кутдим. Тезроқ улар билан қўл бериб кўришгим, овозларини эшитгим келарди. Аксига олиб, меҳмонларнинг тенг ярми минбарга чиқиб, хотираларини ипидан игнасигача айтиб беришарди. Тик оёқда туриб эшитганимгами ё улар мени заррача қизиқтирмаслигигами, қани энди тинглай олсам. Фикру хаёлим фақат ана шу икки инсонда эди. Ахири, шом тушгач хотима нутқи ўқилди. Дўстларим билан дарров улар томонга қараб ошиқдим ва бирма бир қўл бериб саломлашдим. Суратга ҳам тушдим. Шу пайт на иситма чиқараётган тошмаларим, на хонамда йўқлигимни сезган оилам мени ташвишга соларди. Ўзимча машҳур ёзувчи ва шоир билан кўришган қишлоғимиздаги ягона одам мен эдим. Уйга қайтгач бобом ва ўртоқларимга уларни кўрганим ҳақида айтиб, мақтанаётганимни хаёл суриб ғурурланардим. Ахир, бу илк бор тирик шоир ва ёзувчини кўришим эди-да. Юбилей уч кун давом этди. Мен шаҳарга яқин жойда яшайдиган ижодкор дўстларимникида тунаб қолдим. Иккинчи кун санъат саройида “Олтин девор” спектаклини кўрдик, учинчи кунни қайсидир туманда (ҳозир аниқ эслолмадим), кўпкари сайлида ўтказдик. Кечликка Марғилондаги бир ҳашаматли ресторанда йиғилдик. Юбилейнинг якунида Анвар Обиджонга сўз берилди. Масту ҳушёрлар кўнглини кўтариб, болалар тилидан ёзилган шеърларидан ўқиркан, айни дамда, китобларини ўқиган инсонларим орасида эканимдан, шу давранинг бир бурчагидан менга ҳам ўрин текканлигидан бахтиёр эдим. Уйга қайтгач аямдан эшитмаган дакким қолмади. Яна ўша ўрнимга ётдиму касаллигим ёдимга тушиб, тошмаларим кўпая бошлади. Қирқ кунлик қамоқ жазоси узоқроқ вақтга чўзилишига тўғри келди. Шоирлар билан кўришганим қимматга тушди. Жон ширин эканда! Бу балони душманимга ҳам раво кўрмасдим дея тавба-таззару келтирганларим ҳамон эсимда. Баҳорга чиқиб бутунлай соғайиб кетдим. Яна ижодкорлар даврасига қайтдим. Анвар Обиджон билан кўп кўришдим. Энди илк кўришганимдаги завқни туймайдиган бўлдим негадир. Аммо, ҳеч яқин мулоқотда бўла олмагандим. Ўша йилнинг ёзида “Зомин семинари”нинг вилоятлар ўртасидаги саралаш босқичида суҳбатида бўлиш насиб қилди. Мен насрдан қатнашгандим. Уч-тўрттагина ҳикоя-эссега ўхшаш нималардир ёзганим учунми мени Фарғонадан тавсия қилишибди. Ҳаваскор ёшлар орасида назмга ошуфталари бисёр. Балки мени ҳам кўпроқ нарига хонага йиғилиб шеър ўқиётганлар оғушига чорлатаётгандир, тағин билмадим. Носирлар хонасида ҳакамлардан тортиниб, ёзганларимни қўлтиқлаганча навбатимни кутиб, қимтинибгина ўтирардим. Хонага Анвар Обиджон кириб келди ва менга синиқ қараш билан ёнидаги стулга имлади. Аста бориб ўтирдим. Қўлимдаги файлимни узатдим. Биографиямни ўқиб чиққан Анвар Обиджон: – Тахаллусни ўзинг танладингми? – деб сўраб қолди. Мен: – Йўқ, асли имим шундай, – дея бундан фахрландек жавоб бердим. Сўнг устоз: – Маъносини билсанг керак, исмингга муносиб бўлгин, – деди ва ёзганларимни синчиклаб ўқий бошлади. Чўнтагидан ручка чиқариб биринчи жумладаноқ таҳрирлашга киришиб кетди. Ҳикоямни якунлагач, устига чизиқ тортилмаган бирорта гап қолмади. Ҳар бир қатордаги орфографик хатоларни, сўз бирикмаларидаги ғализликларни, кўрга хассадек қилиб, белгилаб чиқди. Саводсизлигимдан уялдим. Ижодга бунчалик юзаки қарамаслигимни, ёзганимдан кейин қайта-қайта ўқиб, кимгадир кўрсатишдан олдин ҳеч йўқ имло хатоларини тузатишимни таъкидлади. Ўзи ўсмирлик даврида ёзган икки куплетли бир шеърини ҳалигача устида ишлаётгани, ҳеч қаерда эълон қилмай, салкам қирқ марта таҳрирлаганини айтиб берди. Уларнинг бу қадар сабрли эканлигидан ҳайратландим. Мен ва мен тенгқурлар, айрим катта қаламкашлар эса, аксинча, ёздими тамом, дарров ўзини буюк ишга қўл ургандек ҳис қилиб, ҳамма ёққа жар солади ҳозир. Ҳикояларимни ҳаммасини ўқиган Анвар Обиджоннинг ҳафсаласи пирдек кўринди. Ўзимниям шаштим тушди шекилли, файлнинг охирги саҳифасига солинган шеърларимни ҳам кўриб беришини сўраб: – Буларни ҳам ўқиб кўринг, мен ўзи назмда ёзаман, шеърларим анча яхшироқ, – дея мақтов эшитишга чоғландим негадир. Шунда устоз: – Йўқ, шартмас. Энди шеърни ҳамма ҳам ёзаверадида, насрда қалам тебратиш осонмас. Сен шеърни камроқ ёз, ўсмирлик даврингни фақат ўқишга сарфла, ҳозир кўпроқ ўқиб ол, ёзиш қочмайди. Менга ўхшаб қариганингда тинмай ёзаверасан кейин, – деб мийиғида жилмайиб қўйганди. Ўшандан бери насрда ёзишга қийналаман, ёзсам ҳам кимгадир кўрсатишга чўчийман. Гўё менда истеъдод йўқлигини пайқаб қолишадигандек, оқибатда уялиб қолишимдан ҳайиқаман ҳалигача. Анвар Обиджон билан боғлиқ хотираларим, деярли шулардан иборат. Айрим шогирдларидек улар билан кўп мулоқотда бўлмаган эсамда, етарлича сабоқларини олишга улгурганман, менимча. Кеча оламдан ўтганларини эшитгач, ана шу воқеалар бошимда тинмай айланаверди ва буларни кундалигимга қоралаб қўйгим келди. Ёзгач эса нимагадир эришишдан йироқман. Шунчаки Фарғонанинг яна бир хокисор чинори қулаганидан мен ҳам чуқур қайғуга ботдим ва оддий ҳаваскор сифатида хотирлаб қўйишни лозим топдим, холос. Шундай синовли кунларда вафот этганлигида ҳам бир ҳикмат бордек. Афсусланишга ўрин йўқ, тиригида йўқлашга қурби етмаганлар энди вафот этганида ёдга олишини ҳам тўғри қабул қилса бўлади. Ҳар кимнинг қазоси кимгадир армон, кимгадир шодлик олиб келганидек, Анвар Обиджоннинг бизни тарк этишида ҳам бир шафоат гизланганлигига аминман. Мен эса уларни мангу ҳаловат ва маъсуд хотиржамлик билан қутлаб, бу дунёни англаш йўлида нималардир ёзишдан сира тўхтамайман.
2020-04-13
http://nodirabegim.uz/archives/2091
Баҳорнинг илк кунлари эди. Февраль ниҳоясида ёғиб, қишдан сўнгги нишона бўлиб қолган қор қолдиқлари оёқ остида эриб борарди. Эрталабдан муздек шамол эсаётган бўлса-да, кўкламнинг нафаси бот-бот сезилар, заминнинг ҳар бир бурчида уйғонаётган табиат ўзидан дарак беришга шошиларди. Мен совуқда шамоллаб қолмаслик учун иложи борича қалинроқ кийиниб олгандим. Пальтомни ҳануз ечмаган, бўйнимдаги шарф жойида, бош кийимимни бурнимгача тушириб олиб, тротуар бўйлаб кетиб борардим. -Сизни мумкинми, биродар?- деди эски, кўримсиз, шувоқлари тўкилиб кетган кинотеатр ёнидан ўтаётганимда кимдир. Жарангдор овоз кинотеатр ичкарисидан келарди. Йўлакда туриб гапиргани ва ичкари қоронғу бўлгани боис овоз эгасининг афт-ангори тузукроқ кўринмади. -Азазель!- дедим унга яқинлашгач, қаршимда Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” романи персонажларидан бирига дуч келиб.- Наҳотки, бу сен бўлсанг? -Азазелло десангиз-чи, қадрдон!- деди у жилмайганча қучоқ очиб менга пешвоз чиқаркан. Дам ўтмай у мени қучоқлаб, чирпирак қилиб айлантириб ташлади. Қучоғидан бўшатгач, бирдан юзи жиддийлашди. Чарм плашчининг тугмаларини ечиб, шляпасини қўлига олди. -Мефистофель ҳам шу ерда. Аниқроғи, залда. -Мефистофель?!- ҳайратимни яширолмай зал томонга кўз қиримни ташладим. -Айнан ўзи,- деди Азазель сўйлоқ тишларини кўрсатиб тиржаяркан.- Биз у билан икки-уч ой олдин режиссёрлик ишига қўл ургандик. У ҳам, мен ҳам шу ишга қизиқиб қолиб, кино олдик-да… Биласиз-ку бизни, роса қизиқувчан зотлармиз. Миша* ҳам, Вольфи** ҳам лойимизни антиқа қилиб қоришган… Хуллас, ўша фильмлар, тўғрироғи қисқа метражли фильмлар тайёр бўлди. Аммо… аммо энг қизиғи уларни томоша қилиб, баҳо берадиган одам йўқ. Бирорта ҳам. Ҳеч ким кинотеатр биносига киришни истамаяпти. Ғирт текин десак ҳам. Мени турқи совуқ деб қочиб кетишди, Мефистофелни исқирт чол деб таъблари тортмади. Нима бало, уларнинг барчаси Мишанинг романини ўқишганми-а? Ўша ерда “бегоналар билан гаплашманг” деган ўгит бор эди, шунга амал қилишяптими дейман-да барака топгурлар. -Майли, мен розиман. Текин бўлса, бўлмаса. -Текин, текин,- деди Азазель юзи ёришиб кетиб. У қўлтиғимдан тутиб, қоронғу йўлакдан зал томон етаклаб кетди. Юз кишилик зал бўм-бўш эди. Чироқлари ёқилган, экран ҳам тап-тайёр, лекин ҳеч зоғ йўқ. Олдинги ўриндиқлардан бирида Азазелга ўхшаб қора шляпа ва узун плашч кийган кекса Мефистофелга кўзим тушди. У ҳорғин ва анча-мунча зериккан кўринар, оғзидаги трубкасидан атрофга эриниб-эриниб тутун пуркарди. -Отахон қара, битта бўлса ҳам томошабин топилди,- деди Азазель мени кўрсатиб суюнчиларкан. -Азазелло бўтам, сен даҳосан!- деб қўйди Мефистофель мен томонга нигоҳини буриб, тутун пуркашда давом этаркан. -Шу киши фильмларимизга холис баҳо беради, -деди Азазель мамнун ҳолда елкамга қоқиб қўйиб. Мефистофель аста ўрнидан туриб, мен турган томон оғир қадам ташлади. Шошилмай келиб, менга қўлини узатди. Унинг ҳайбатидан кўра дағал ва жун босган кафтини кўриб сесканиб кетдим. Шундай бўлса-да, амаллаб қўл бериб кўришдим. У қўлимни бир-икки қаттиқ сиқиб қўйди. -Вольфи тасвирлаганчалик ёмон эмасман, -деди трубкасини оғзидан олиб, бир йўталиб олгач. — Чўчиманг мендан, биродар. Аёлларни ҳам, эркакларни ҳам йўлдан урмай қўйганман. Гретхен ва Фауст ўтмишда қолишган. Кексалик буёғи. Шунга ўзингизни бўш қўйинг, ҳаяжон ва қўрқувсиз… Азазелло айтгандир, биз режиссёр сифатида ўзимизни синаб, ихчамгина фильм суратга олдик. Иккимиз ҳам бир мавзуда. Уларни томошабин ҳукмига ҳавола этмоқчидик. Бироқ, кино ихлосманди анқонинг уруғими дейман бу ерда ёки бизнинг афтимиз уларни чўчитяптими — ҳар ҳолда биров ичкарига киришга шу пайтгача хоҳиш билдирмади (масалан, Азазеллонинг узун бурни билан сўйлоқ тишлари ёки менинг елкамга тушиб турган пахмоқ сочларим билан жун босган кафтим уларнинг юрагига ваҳм солган бўлиши мумкинми? Мумкин. Менимча, шунга уларнинг юраги бетламади)… Хуллас, эрталабдан овораи сарсонмиз. Уни ҳам, мени ҳам томошабин жалб қиламиз деб эшик олдида галма гал томоғимиз қирилди. Бу кетишда кинотеатрга тўланган ижара пули ҳавога учиб кетмасайди, деб тургандим. Йўқ, мана Худонинг ўзи биз иблисларга сизни рўпара қилди. Бир марта марҳамат қилди-да… Аммо сиз мард инсон экансиз. Садқаи жон деб келдингиз. Айланай, сиздан. Кўринишингиздан яхши одамга ўхшаяпсиз. Санъатни тушунишингиз ҳам шундоқ чеҳрангиздан билиниб турибди. -Отахон, кўп гапирвординг,- деди Азазель шоша-пиша унинг ёнига ирғишлаб келиб. — Фильмлар намойишини бошлайлик. Сен менга қараганда катта ва обрўлироқсан, шу сабабга кўра сенинг фильмингдан бошлаймиз. -Маъқул, бўтам,- кулганча бошини қимирлатиб қўйди Мефистофель ва қулоғимга пичирлади. — Мен яратган фильм мозий ҳақида. Зеро, мозийга қараб иш кўрмоқ хайрлидир, шундай эмасми? Ўша ватандошингиз ақлли гапни топиб айтган. Улар иккиси — бири ўнг қўлтиғимдан, иккинчиси чап қўлтиғимдан тутиб, катта экраннинг рўпарасидаги ўриндиқлар сари олиб кетишди. У ерда уччаламиз ёнма-ён ўтирдик. Уларнинг ўртасида ўтириш мен учун бошида ноқулай бўлди. Аммо сал ўтиб буни эсдан чиқардим. Чунки, экранда Мефистофель яратган фильм намойиши бошланди. -Бергманнинг руҳидан илтимос қилгандим,- деди Мефистофель трубкасини бурқситишда давом этиб.- Менга бадиий раҳбарлик қилди. У билан осон тил топишдик. -Менга эса съёмка жараёнида Феллинининг руҳи кўрсатмалар бериб турди,- қувноқ сўз қотди Азазель. -Ҳечқиси йўқ,- дедим уларга бирма-бир қараб қўйиб.- Улар иккиси ҳам тириклик чоғида яхши режиссёрлар бўлишган. Ҳозиргача исталган режиссёр уларга, шунингдек Андрей Тарковский ва Милош Форманга мурожаат қилиб туради. Мефистофелнинг фильми ўн тўққизинчи аср биринчи ярмидаги Англия қишлоқларидан бирининг тасвири билан бошланарди. Лента орқали бирма-бир кўз олдимдан ботқоқликлар, тошдевор уйлар, ҳувиллаган адир ва тепаликлар ўта бошлади. Шундан сўнг, кадрда қишлоқнинг бир четидаги кўримсиз хонадон тасвири кетди. Унинг пастак хоналаридан бирида учта қиз бир стол атрофида ўтиришарди. Қизларни дарров танидим. Москва миллий кутубхонаси томонидан Лондондаги “Опа-сингил Бронтелар” музейи ҳақида тайёрланган фото альбомда шундай фонда чизилган уларнинг суратларига рўпара келгандим. Шунинг учун таниш қийин кечмади. Фильм аста давом этарди. Опа-сингиллар гоҳ дераза орқали ташқарида гупиллаб ёғаётган қорга, гоҳ бир-бирларининг машғулотларига тикилганча, ўзаро илиқ гурунглашишар, оёқ остида куймаланиб юрган кучуклари уларга навбат билан анқайиб термулиб чиқарди. Хона ихчамгина бўлиб, деразага тортилган пуштиранг пардалар бир четга тортиб қўйилган, унинг ёнида жойлашган жигарранг ойнаванд жавонга турли китоблар тартиб билан терилган, бир чеккада турган тўқ қизил пианино девордаги натюрморт билан хонанинг кўркига кўрк қўшиб турар, каминда қасир-қусур этганча ўтин жонивор тобора гуриллаб ёнарди. -Шарлотта,- сўз қотди қизлардан бўйи узуни ва нозикроғи.- “Жейн Эйр” романинг роса шуҳрат қозонди-а? -Сени эса “Момақалдироқли довон” романинг, — деди Шарлотта ўқиётган китобидан бошини кўтариб.- Эмили, уни меникидан ҳам кўпроқ одам ўқиди. -Менинг эса шеърларим,- деди қизларнинг кичиги касалманд одамлардек хазин табассум қилиб. -Бадиий асар ёзишдан мақсадларинг нима бўлгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисизлар?- деди Эмили камин олдига келиб, чўк тушганча оловнинг шўх-шодон рақс тушишига разм соларкан.- Нега ёзяпман, ёзишдан қандай мақсад ёки манфаатни кўзлаганман деб? Шарлотта ўқиётган китобидан яна бир марта бошини кўтариб, ўртанча синглиси томонга ўйчан назар солди. Унинг думалоқ юзи охирги кунларда кўп ўқиб ва ишлаганидан рангпарлашиб салқиган, кўз қорачиғларидан тортиб танасининг ҳар бир аъзосида элас-элас сезилаётган чарчоқ кичкинагина жуссасини янаям кичрайиб кетгандек кўрсатар, столга тияб олган қўлларидаги бармоқлари асабий қалтирарди. -Жейн Эйр ҳақидаги романни ёзишимдан мақсад,- деди у камин олдига келиб қўлларини иситаркан.- Жамиятда аёллар ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб, қарор топтириш эди. Романни кўпчилик ўқиди. Мен ишонаман — келажакда ҳам уни кўпчилик ўқийди ва ҳақиқат қарор топиб, исталган жамиятда аёллар худди эркаклар каби тенг ҳуқуқли бўлишади. Уларга ҳам барча жабҳаларда эркакларга берилган ҳуқуқлар берилади. Уларни парламентга сайлашади. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида эркаклар билан бир ишни бажаришса, тенг ҳолда маош тўлашади. Тамаддун тараққий этишида уларнинг овозлари ҳам инобатга олиниб, бунга сезиларли ҳиссалари қўшилади. Романни ёзаётиб, шунақа феминистик мулоҳазалар кўнглимдан кечганди. Бошқа ҳеч нарса эмас. -Мендаги мақсад эса,- деди Эмили ҳануз оловдан кўзини узмай.- Одамларни муҳаббат борлигига, бўлганида ҳам беғубор, пок ва улуғ муҳаббат борлигига ишонтириш эди. “Момақалдироқли довон”ни шунинг учун ёздим. Роман орқали одамларга қарата “сизлар муҳаббатга ишонмай қўйганингиз учун аслида кексаясиз, қалбингиз моғорлашади, ҳисларингиз чиркинлашади”, деб ичимдаги айтолмаган гапларимни баралла айтиш эди. Биласанми, Шарлотта, романни ёзиш жараёнида доим эрта турардим (ўша пайтда сизлар ҳам, отам ҳам ширин уйқуда бўлардиларинг). Оёқ учида йўлакдан ўтиб, апил-тапил юз-қўлимни ювардим. Кейин нонушта қилмай, тўғри ўша довон сари югурардим. У ердаги таниш ҳарсангтошда кўзларимни юмиб узоқ вақт ўтирар, тонгни қарши олиб, кўкка бўй чўзаётган қуёшни илиқ кутиб олар ёки томчилаётган ёмғир остида орзуларимни жонлантирардим. Шундай кезларда роман бош қаҳрамони Хитклиффнинг кафтини юзимда, сочларим орасида ҳис қилар, тотли бўсасининг тафти лабларимни ёқимли куйдирар, белимдан қучган бағрининг ўткир ифори димоғимдан кетмай вужудимни маст қиларди. Аслида бу шамол, қуёш ёки ёмғирдан бири бўларди, лекин мен тасаввуримда худди тирик Хитклифф билан харсангтошда ёнма-ён ўтиргандек ўзимни ишонтирар, шу боис кўзларимни сираям очгим келмас ва бахтдан масрур ҳолда ўша ерда соатлаб қолиб кетардим. Уйга келгач эса романнинг давомини ёзардим. Ўзимни худди Кэтрин билиб, Хитклиффга қалбимдаги мавжуд меҳрнинг охирги томчисигача берар, китобхонга у қанчалик қайсар, мағрур ва аламзада инсон бўлмасин, аслида инсоний парваришга муҳтож ва севиш-у севилишга эҳтиёжманд, тоза қалб эгаси эканлигини жон куйдириб тушунтиргим ва баён қилгим келарди. Роман бошидан охиригача муҳаббат ҳақида. Унга ишонган ва ишонмаган одамлар ҳақида. Ишонганларнинг изтироб ва фожеаси, ишонмаганларнинг зерикарли ва бир хилликда ўтаётган ҳаёти ҳақида. Уни ўқиган одам шубҳасиз, муҳаббатнинг фусункор жозибаси билан бир неча кун яшайди. Уни ёзишдан мақсадим шу ўзим англаган нарсаларни ўқувчига етказиш бўлганди. Бошқа ҳеч қандай мақсадни ўз олдимга қўймаганман. Патқаламни тинмай сиёҳга ботириб, оқ қоғозни шеърий мисраларга тўлдираётган қизларнинг кичкинаси — жаноб Бронтенинг эркатойи Анна опаларига шаҳло кўзлари билан бирма-бир боқаркан, гапиришга дастлаб уялди. Кулчадек юзини камин томонга буришга ийманиб, оёғи остидаги кучукка диққатини қаратди ва унинг ҳурпайган тукларини қўллари билан силай бошлайди. -Мен нимаям дердим,- деди шундан сўнг қўлидаги патқаламни сиёҳдоннинг четига қўйиб.- Шеър ёзишдан мен ҳам бирор бир мақсад ёки манфаатни кўзламаганман. Шунчаки шеърларимни оддий одамлар ўқишини орзу қилганман, холос. Эрталабдан кечгача, кунига керак бўлса ўн саккиз соатлаб, ҳатто дам олиш кунлари ҳам конларда, фабрикаларда, саноат корхоналарида оғир меҳнат шароитларда ишлаётган одамларнинг кўнглига улар кўмагида сал бўлса-да чироқ ёқишга умид қилганман. Ўша бир гуруҳ шўрликлар ҳеч бўлмаганда шеърларимни ўқиб, беминнат шеърият оламида оний лаҳза бахтиёр ва хушнуд бўлишларини, теграларидаги оғриқли ва изтиробли борлиқни вақтинча унутишларини, адолатсизликка ғарқ бўлган жамият дунёга келтирган фожеали ситамни бир муддат таналарида ҳис қилмасликларини ва шу орқали эртанги саодатли кун учун ўзларидаги ишончни мудом тирик сақлашларини истаганман. Шу ерда кутилмаганда «The End» деган ёзув экранда пайдо бўлди. Буни кўриб, хафсалам пир бўлди. Ўнг томонимдан ўтирган Мефистофель енгил тин олди. Азазель оёғи куйган товуқдек питирлаб қолди. Ўрнидан туриб асабий тарзда у ёқдан- бу ёққа бориб кела бошлади. -Мефистофелнинг фильми тугади,- деди келиб тағин қўлтиғимдан тутгач. – Энди мен яратган фильм намойиши бўлади. Меники ҳам худди шундай мавзуда. Номи ҳам бир хил: “Уч опа-сингил”. Фақат бадиий-публицистик. Отахонникига ўхшаб тўлиқ бадиий эмас. Феллини билан маслаҳатлашиб, шунга келишдик-да. У хи-хилаб кулиб қўйди. Мефистофель трубкасининг тутунларидан ҳавода турли туман расмлар ясашга киришиб кетиб, биз томонга айтарли аҳамият бермай қўйди. Азазель фильмини экранда кўрсатди. Унда дастлаб қандайдир атрофи тоғлар билан ўралган, хушманзара, кўм-кўк ўтлоқли ва сойлари шилдираб оқаётган жой тасвири кадрда кўринди. Сўнг ана шундай сойлардан бири олдида суҳбат қуриб ўтирган учта қиз намоён бўлди. Азазель режиссёрлик ишининг илк қалдирғочи бўлган фильм бош қаҳрамонлари ҳам ижодкор опа-сингиллар бўлиб, у Мефистофелникидан иккита тавофут билан ажралиб турарди. Биринчиси — воқеалар ҳозирги замонда кечган бўлса, иккинчиси — қизлар тутинган опа-сингиллар эди. -Зомин-ку!- дедим хушманзара жой таниш чиқиб қолгач, Азазель томонга ўгирилиб. -Шунақа зийрак томошабинларни кўрсам, илҳомим жўшиб кетади-да,- деди у пешонамдан чўлп этиб ўпиб қўйиб.- Томоша қилишда давом этинг, қадрдон! Опа-сингилларнинг уччови ҳам бир хил кесимда бўлиб, каттаси чўрткесарроқ, ўртанчаси тегма нозик, кичиги ўта романтик кўринишарди. Улар бир хилда кийинишгани учун четдан қараган одамга ҳозиргина инкубатордан чиққандек таассурот қолдиришарди. Ҳар бирининг қўлида китоб бўлиб, қизиғи бири “Жейн Эйр”ни, иккинчиси “Момақалдироқли довон”ни, учинчиси Анна Бронтенинг шеърий китобини ушлаб олган, гурунглари орасида китобларни онда-сонда варақлаб қўйишарди. -Ижодкорнинг ёзишдан мақсади нима ёки унинг остида қандай манфаат ётади?- деди уларнинг каттаси ногаҳон китобдан бошини кўтариб.- Шу ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисизлар? -Очиғи, мен уюшмага тезроқ аъзо бўлишни истайман,- деди ўртанчаси китобни ёпиб қўйиб шаддод бир оҳангда.- Ҳозирча иккита китобим нашрдан чиқди. Бир неча тавсияномаларни тўплаб, зарур ҳужжатларни йиғиб, яқинда уларни уюшмага топширдим. Аъзоликка қабул қилишгунча энди тинмай шеър ёзаман. Бир куни қабул қилишса, азалий орзум ушалади. Шунда китоб чиқариш ҳам муаммо бўлмайди. “Адиб ва жамият” рукнида навбат билан уюшма ҳисобидан китобим чиқаверади. Ҳар йили бепул йўлланма асосида сиҳатгоҳларга бориб, ҳордиқ чиқариб келаман. Навбатга ёзилсам, эҳтимол катта шоирлардан ортса, имтиёзли кредит ҳисобига уй оларман. Бу ҳам уюшма ёрдамида амалга ошади ва кетидан “прописка” масаласи ижобий ҳал бўлади-да, ортиқ Тошкентда сиғиндига ўхшаб қимтиниб яшамайман. Вақти келиб халқ шоири бўлишим ҳам мумкин, чунки уюшмага аъзо бўлганларда бу унвонни қўлга киритиш имконияти роса юқори бўлади. -Мен ҳозирча шаҳар депутатлар кенгашига сайландим,- гапни илиб кетди саволни ўртага ташлаган уларнинг каттаси бир пайт.- Шеърларим орқали машҳурликка эришгач, туғилган шаҳримга депутат қилиб сайлашди. Халқ бир овоздан шу шоир қизимизни сайлаймиз, деди. Галдаги мақсадим- Олий Мажлисга депутат бўлиш. Албатта, яна яхши шеърлар ёза бошласам, бу мақсадимга эришаман ҳали. Ҳозирча учта китобим нашрдан чиққан. Тўртинчиси чиққач, бу мақсадимга андак яқин келаман ва халқ олдида обрўйим янада ошиб, улар Олий Мажлис депутатлигига ҳам мени сайлашади. Қизларнинг кенжаси сал ғалатироқ эди. У қўлидаги китобни очиқ қолдирган ҳолда кўзларини юмиб ўтирар, тутинган опаларининг суҳбатига деярли аралашмасди. Бир маҳал унинг қорачиқларидан ёш тўкила бошлади. -Нима бўлди сенга?- деди қизларнинг каттаси. -Айтарли ҳеч нима,- деди у ҳаяжонланиб.- Анна Бронтенинг шеърлари зерикарли экан, руҳиятимга мос тушмади. Ника Турбинанинг шеърларини соғиндим. Кўзимни юмиб, айни шу дамда Ника билан хаёлан дардлашаётган эдим. -Мендаги роман ҳам қизиқиш уйғотмади,- деди қизларнинг ўртанчаси.- Йигирма бетгача аранг ўқий олдим. Ўткир Хошимов ва Паоло Коэльо бошқача ёзишади барибир. -Бронтени кўп ўқий олмайман,- давом этди кенжатой қўлидаги китобга ишора қилиб.- Ника Турбина бошқа гап. Кеча у руҳимга мос тушди, у билан бир-биримизни яхши тушундик. Бронтедан фарқли равишда уни руҳиятимга, ички оламимга дадил киргиздим. Аввалги кунлари, ҳатто илгари куни ҳам уни чизиқдан ўтказа олмай қийналаётгандим. Энди у билан ҳам опа-сингил тутиндим худди Белла Ахмадуллина ёки сизларга қиёматли сингил бўлганим каби. О, бу қандай ширин бахт! Дугоналарим сони яна биттага кўпайди. Ника энди менга тунлари ҳамроҳ бўлади, хаёлимдаги қиёфаси ҳар тун қулоғимга шеърлар пичирлаб чиқади, хассос руҳи билан тонгда ёнма-ён кўз очаман. Бронте эса… -Сенга ҳам шу савол: нима учун бадиий ижод билан шуғулланасан?- сўради қизларнинг каттаси ундан. Кенжатой боягидек кўзларини катта-катта очиб, унинг кўзларига энтикиб ва жиловланмаган ҳиссиётлар оғушида сарсон бўлиб қаради. -Наҳот, шу савол борасида баҳслашаётган бўлсаларинг? Ахир, бунинг жавоби оддий-ку! Ватаним равнақи учун, унинг тараққий этиши учун ёзаман. Мен шу юртнинг қизиман. Манави пурвиқор тоғлар, кўм-кўк ўтлоқлар, шилдираб оқаётган сойлар менинг бир бўлагим. Шу заминда туғилганим учун бир умр серқуёш юртим олдида қарздорман. Бу йил ватаним ижодкор қизлари учун мўлжаллаган нуфузли мукофотга мени лойиқ кўрди (ўтган йили лойиқ кўрилмаганимда , йиғлаб ўзимни оқаётган сойга ташлайман дегандим онамга). Ҳали кечқурун хонамда ўша орден билан дипломни кўрсатаман сизларга… Бу мукофотнинг юки оғир. Ишонаверинглар, оғир. Мени тақдирлагани — ватанимнинг менга юксак ишонч билдирганини англатади. Энди мен унда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида ёзиб, замон қаҳрамонларини асарларимда гавдалантиришим керак. Минбардан туриб халққа шуни ваъда берганман. Довонлар, сув омборлари, темир йўллар ва ҳоказолар ҳақида ёзишим лозим. Мен бошланишига унинг келажаги сифатида баҳоланаётган атом электростанцияси ҳақида шеър ёки достон ёзаман. Ўтмиши буюк бўлиб, шундай келажак сари интилаётган юрт фарзандларига бу лойиҳанинг берадиган улуғ имкониятлари ҳақида ёзиш мен учун катта шараф бўлади. Азазелнинг фильми ҳам худди Мефистофелникига ўхшаш мавзудагина бўлиб қолмай, тўсатдан тугаб қолиши ҳам ўхшарди. Гўё улар иккиси келишиб олишгандек эди. Мавзу, ғоя, фильмнинг метражи, қўққис якуни — барчаси бир хил эди. Фақат актрисалар бошқа эди, холос. -Қайси биримизники маъқул бўлди?- деди Мефистофель Азазелнинг фильми ҳам худди уникига ўхшаб қизғин палласида якунланиб, экранда яна “Тhe End” ёзувчи кўрингач. -Айта қолинг, қадрдон,- деди сукут сақлаб турганимни кўриб, Азазель бетоқат бўлганча ўрнида бир-икки сакраркан.- Юрагим эзилиб кетади, акс ҳолда. -Иккови ҳам яхши,- дедим мен озгина иккиланиб тургач. -Биттасини танлаш лозим, биттасини,- деди Азазель яна у ёқдан бу ёққа бориб келиб. -Биз Азазель билан баҳс бойлашганмиз,- деди Мефистофель қалин қовоқларини уйиб, норози бўлганча.- Биттасини танлаш лозим. Мен танлай олмадим, дея олмайман. Мефистофелники менга кўпроқ ёқди. Азазелники палитрасиз бўлиб, ҳаётдан одамнинг кўнглини қолдирарди. Шунга қарамай, улардан бирини хафа қилгим келмади. Шу тобда улар иблислардан кўра беғубор болакайларга айланиб қолишганди. Юзларига боқиб, фильмларни ажратиш ёки томошабин сифатида таҳлил қилиш орқали уларга озор бериб қўйишим мумкинлигини ўйладим ва бетараф йўл тутишни афзал билдим. -Унда сизга рухсат,- деди Мефистофель менга кутилмаганда эшик томонни кўрсатиб.- Азазель, бу жанобни эшиккача кузатиб, дарров бошқа томошабин топиб кел. Азазель бошини эгиб, хўрсиниб қўйди ва қўлтиғимдан тутганча залдан олиб чиқиб кетди. Йўлакдан юриб ташқарилагач, мени эшик олдида қолдирди. У ерда мавжудлигимни бир пасда эсидан чиқариб, ён-атрофни сергак кўздан кечиришга тушди. Мен йўлимдан қолмай кетиш ўрнига бир четда уни кузатиб турдим. Аксига олиб, у мен турган ерга бошқа эътибор бермади. Фикру зикри гўёки кинотеатр олдидан ўтаётган одамларда эди. Кўп ўтмай тротуарнинг ярмигача чиқиб, уларни текинга фильм кўриш учун бирма-бир кинотеатрга таклиф қила бошлади. Бу жараён анчага чўзилди. Туриб-туриб зерикиб кетдим. Ортиқ жойимда қолмай, автобус бекати томон кетаётганимда ҳам унинг ялиниш оҳангидаги овози, одамларнинг эса зардали таҳдидлари ҳануз тротуар бўйлаб эшитилиб турарди. -Жаноб, текинга иккита фильм намойишига тушмайсизми? -Йўлдан қоч, сўйлоқ! -Сиз кира қолинг унда. Кўринишингиздан бамаъни хонимга ўхшаркансиз. -Бунча турқинг совуқ бўлмаса?! *Михаил Булгаков назарда тутиляпти. **Иоганн Вольфганг Гёте назарда тутиляпти.
2020-04-27
http://nodirabegim.uz/archives/2188
Ҳайит тонги Салимга отаси икки тилла танга бериб, тайинлади: “Бирига ўртоқларинг билан ширинлик олиб егин, иккинчисига укаларингга ҳолва келтир”. Аммо Салимнинг нафси ҳакалак отиб, бир тилла танга ёнимга қолса фойда, деб ўйлади ва ўртоқларига: – Отам ҳайитлик деб берган тангаларини йўқотиб қўйдим. Сизларни ҳолва билан сийламоқчийдим, – деб ёлғон гапирди ва ўзини афсуслангандек кўрсатди. Салимнинг кўнгли тоза Ҳасан исмли дўсти бор эди. У Салимни юпатиб, “Бу гал сенда бўлмаса, менда бор-ку”, деб баққолнинг дўконига бошлади. Тангалар ёнида қолгани, маза қилиб ҳолва еганидан хурсанд Салим отамга тангаларни йўқотиб қўйдим, дейман деб хаёл қилди. Уйга келганида эса, чиндан ҳам тангалар чўнтагидан тушиб қолган эди. Шунда отасининг: “Ким ёмон ниятда бир иш бошласа, охири вой”, деган гапи ёдига келди ва қилмишидан афсусланди. Салим йўқотган тангаларни Шермат исмли бола топиб олди. У тангаларни кўриб, ўзида йўқ хурсанд бўлди, аммо фалокат босиб, йўлдаги каттагина ўрага тушиб кетди. Қанча уринмасин бировнинг кўмагисиз у ердан чиқиб кетишнинг иложи йўқ эди. Одамларни ёрдамга чақира бошлади: – Ёрдам беринглар, ҳақига берадиган тилла тангаларим бор. Шунда Салимнинг дўсти Ҳасан шу кўчадан ўтиб қолди ва дарров ёрдамга шошилди ва уни ўрадан чиқариб олди. – Раҳмат, жўра. Сен бўлмаганингда, ҳолим нима кечарди. Мана бу тангаларни баққолнинг дўкони олдидан топиб олдим. Эгасини суриштирмай, ўзимники қилдим. Бировники буюрмас экан, ошна, – деб ваъда қилгани тангаларни Ҳасаннинг қўлига тутқазди. Ҳасан эса: – Яхшилик эвазига пул олинмайди. Ёрдами учун бирор нарса таъма қилиш ёмон иш” – дея тангаларни рад этди. Шермат унинг сўзлардан таъсирланди. – Яхши бола экансан. Шу пайтгача кўп ёмон ишлар қилдим. Бундан кейин мен ҳам сенга ўхшаб яхши бола бўламан. Шу кунгача ҳеч кимга ҳайитлик бермагандим, – деб Ҳасанни баққолнинг дўконига бошлаб борди. Икки тиллалик холва олиб, Ҳасанга тутқазди ва: “Бу ҳайитлик сенга, қўлимни қайтарма”, деди. Шунда Ҳасан отасининг: “Ким бировга холис яхшилик қилса, Аллоҳ, албатта, мукофотини беради”, деган гапларини эслади. Қўлида совға билан уйига йўл олди, аммо Салимнинг пулини йўқотиб, хафа бўлгани ёдига тушди ва тўғри ўртоғининг уйига қараб юрди. Бу пайт Салим дўстига, отасига ёлғон гапиргани, укаларига ҳайитлик олиб келмагани учун ўзини айблаб, хомуш ўтирарди. Ҳасан унга бўлиб ўтган воқеаларни бир-бир гапириб берганида, Шермат топиб олган тангалар ўзиники эканини билди. Ёмон ният қилгани учун жазоланганини ўйлаб, хижолат тортди. Аччиқ ва оғир бўлса-да, дўстига ҳақиқатни айтишга қарор қилди… *** 1956 йил 12 май куни саҳарда уйғондим. Кўзларимни очганимда ёстиғим устида бир жуфт резина шиппак турарди. Бир кун аввал, яъни арафа куни дадам уларни олиб келган эди менга. Оппоқ эди шиппаклар. Четларида қадагичлари бор эди. Мен билан тенгдош инсонларнинг аксарияти болалигида кийган бундай пойабзалларни. Дадам, онам, опам ва мен биргаликда боргандик харидга. Уччови ҳам Аллоҳнинг раҳматига қовушган яқинларимнинг тавсиясига кўра оёғимга лойиқ келганини сотиб олгандик. Арафа куни киймай, ҳайитликда кийгандим шиппагимни. Ўша куни қандай қилиб кунни кеч қилганимни ва тунда неча соат ухлаганимни билмайман. Билганим уйғонганимда пойабзаллар ёстиғим устида эди. Ҳолбуки, тунда ётоғимга кирганимда ёстиғим устида йўқ эди шиппак. Онам бомдод намозига уйғонганида пойабзалларни ёстиғим устига қўйган экан. Янги шиппагимни кийиб, опам билан қўл ушлашиб қариндошларимизни ҳайит билан табриклагани борган эдим. Ота-онам опамга қандай ҳайитлик олганларини эслолмайман. Шиппагимнинг ҳаяжонию севинчидан опамдан сўрашни ҳам унутгандим. Орадан йиллар ўтди. Ҳатто бугун ҳам ўша илк ҳайитлигимни эслайман. Шиппакларимни. Кўчага кийиб чиққанимда учардим гўё. Қушларнинг қанотлари бўлса, инсонларнинг оёқлари бор-ку! Бугунчи? Резина шиппаклар йўқ. У ёшдаги болалар ҳатто ақлли телефон ўйнайдилар. Бўлса ҳам резина шиппакка қарайдиган қанча бола бор?.. , *** Тинчликмикан, кўк қовоғин олган уйиб?.. Бормоқдаки менинг эса кўксим куйиб, Сал шошмагин, сенга бироз олай тўйиб, Кетар вақтинг бўлдими-а, Рамазоним! Ҳақ ваъдаси – ижобатдир сенда дуо – Юз қиблада, давлат сўраб қилдик нидо, Вақти келди энди сенга айтмоқ видо, Истиғфорлар айтай, шошма, Рамазоним! Баъзан қийнаб қўяр бўлди оч-ташналик, Савобингдан умид қилиб дил яшнади, Кел, илтимос! Бизга қилгил бир ошналик Бироз кетмай тургин яна, Рамазоним! Таборагу саловоту тасбеҳ-таҳлил – Таровеҳда роҳат бир-ла сайради тил. Ҳолим будир: томоғимдан ўтмайди қил, Бироз кетмай тургин яна, Рамазоним! Хатм айлади «париларнинг ёри»ларинг, Овозлари хаста қалбга дориларинг, Кўзда ёш-ла видо айтар қориларинг, Юракларни сел қилма-да, Рамазоним! Кетмавди-да ҳали «савоб халтам тошиб», Наздимизда кетаяпсан гўё шошиб, Санаб тургум, кел, ўн битта ойни ошиб, Соғинтирмай тезроқ келгин, Рамазоним! Тинчликмикан, кўк қовоғин олган уйиб – Кетар вақтинг бўлибди-да, Рамазоним?.. *** Йиллар қайтиб келмаслар, Аммо Ойлар ҳар йил қайтиб келарлар. Ҳар келганда ҳар фасли барно — Юзимизда имзо тиларлар, Сочимизда оқлик эларлар. Майли деймиз, қайғу чикора, Қайтага бахт қолар ёнларга: Пок, ёруғ дил билан кўп бора Қайтиб келсак Рамазонларга! Етиб келсак Рамазонларга! *** Ҳайитлик бер! Бугун айём, кўнгилларни масжид борар йўлга тўлдир, Ҳар бир юртни эт фаровон, ҳар шаҳарни гулга тўлдир, Бер саодат икки дунё, қалбимизни нурга тўлдир, Муҳаммадун Расулуллоҳ иймонидан ҳайитлик бер! Мадҳинг битиб, ҳамд айлабон сўз ёзурман қоғозимда, Улуғдирсан, буюкдирсан, исминг такрор овозимда, Тинчлик учун шукроналар айтдим бугун намозимда, Хар тонг шаффоф оқаргувчи, осмонидан ҳайитлик бер! Ҳар юракка шодлик солиб, ҳар кўнгилга сафо берсин, Аҳли олам мўминлари бирлашиб иттифо берсин, Бани одам бошидаги тож дардига шифо берсин, Дард устидан ғолиб бўлган шодмонидан ҳайитлик бер! Ҳалқ қудрати жўш урганда менгзалмишдир зўр дарёга, Синовлардан тобланди эл, айланди халқ шердарёга, Сабо эссин Бухорода, ҳаловат бер Сирдарёга, Энди сокин кунлар ҳукму фармонидан ҳайитлик бер! Караминг кенг, ҳар не бўлса, зироат бер ер ризқига, Йўқсил этма, бошин эгма, қаноат бер эр ризқига, Бергувчисан йўқдан борни, ҳидоят бер эл ризқига, Ҳар бир дони барокатлик хирмонидан ҳайитлик бер! Дилга солмиш саловатин, қалбга солмиш илоҳини, Бор илтижом сенга Роббим, сендан истар паноҳини, Маҳфират қил билиб-билмай банданг қилган гуноҳини, Хар мўминга жаннатнинг гул бўстонидан ҳайитлик бер! Бугун айём, кўнгилларни масжид борар йўлга тўлдир, Хар бир юртни эт фаровон, ҳар шаҳарни гулга тўлдир, Бер саодат икки дунё, қалбимизни нурга тўлдир, Муҳаммадун Расулуллоҳ иймонидан ҳайитлик бер! РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
2020-05-24
http://nodirabegim.uz/archives/2346
Йигирманчи асрнинг забардаст рассомлари Сальвадор Дали билан Рене Магритнинг сюреализмига қизиқишим ўлсин! Эътиқодим уларнинг касрига қолди. Эндиликда уни ўйласам ўзимни негадир қадимги Юнонистондаги Олимп тоғида тургандек ҳис қилиб, ақлдан озяпман. Ёзув столимдан ҳар сафар бошимни кўтариб, дераза томонга қарарканман, ўша афсонавий тоғни кўриш шарафига муяссар бўлишлик насиб этяпти. У ҳовлидаги токзор ўрнида гўё бор бўй-басти билан гавдаланиб, ҳудди Дали ва Магрит картиналари каби онг остимни шамғалат қиляпти ва бунинг таъсирида мазкур ноодатий манзара рўёми ё тушми — сира фарқлай олмаяпман. Мана ўша пурвиқор, афсонага айланган, чўққилари осмон билан ўпишишга чоғланиб турган улкан ва кўҳна тоғ. Унинг биргина тилларда достон бўлган номининг ўзи юрагимда денгиз тўлқинлари каби кучли, жиловлаб бўлмас ҳаяжонни жонлантиради. Кўринишига гувоҳ бўлгандаги ҳолатимни энди тасаввур қилаверинг. Бот-бот ўзимни унинг чўққисида тургандек кўтаринки ва юксак балоғат остонасида сезаман, аммо оёқларим остидаги ҳарсангларнинг улуғворлиги сабаб товонимдан тортиб тиззамгача дир-дир қалтирайди. Ҳар гал унинг ғор оғзига ўхшаш еридаги ингичка даҳлизи ортида катта ёпиқ майдон кўзга ташланади. Тасаввурим кенгликларида ўша ерга бирма бир қадам ташлайман. У ерда ўн икки худодан иборат машварат — Олимпнинг мангу эгалари Зевс бошчилигида ястаниб ўтирган бўлишади. Ичкарига ўғринча мўралашим билан улар бараварига ўрниларидан туриб, мени илиқ қарши олишади. Айниқса, Зевс уч шохли найзасини мен томонга нозик ўқталиб, йўғон овози билан ичкарига таклиф қилади. Чўчиб-чўчиб ичкарилайман. У юнон-рум тарихчилари ва адиблари тасвирлаган қиёфа менга пешвоз чиқади. -Биздан инсоният воз кечди! — дейди ногаҳон уларнинг даврасига бориб қўшилганимдан сўнг у ёнимга келиб, сал дарғазаб бир оҳангда. – У сурбетларча кўпхудоликдан юз ўгириб, яккахудолик томон интилди ва мазлум қисматини шу эътиқодга ишониб топширди. -Акам тўғри айтяпти,- дейди тарошланган силлиқ ҳарсангтошда чордана қуриб ўтирган Посейдон баджаҳл кўзларини менга тикиб.- Кўпхудолик улар учун эскирган тушунча энди! Унинг ортидан бу гапларни қувноқ Гермес ва мафтункор Деметра ҳам ҳомуш ҳолда таъкидлашади. Қолганлар сукут сақлаб, бир маромда нафас олиб, хона ўртасида турган мен ва Зевсдан кўз узмай ўтиришади. -Лекин бу билан инсоният ҳаётида нима ўзгарди?- дейди Зевс пича ўтиб киноя қилгандек.- Айтарли ҳеч нима. Яккахудолик унинг онгини тубдан ўзгартириб, руҳини маънан поклагани ёки осмон қадар юксакликка кўтаргани йўқ. Зевснинг доно гаплари мағзини чақиш учун шундоқ ҳам ажинларга тўлиб кетган пешонамни тириштираман. Бошимни бир томонга энкайтириб, киртайган кўзларимни қисиб, Олимп тоғи ёнбағирларига телба нигоҳимни ташлайман. Шунда бирма-бир қоя устига занжирбанд қилинган Прометейга, унинг четида сеҳрли арфасида хазин куй чалиб ўтирган Орфейга, тошни ортидан итариб қоя томон олиб чиқишга уринаётган Сизифга, суви тиниқ чашма устига эгилганча ғамгин ўтирган Нарциссга, ўзига ўзи жумбоқ айтиб, йўл-йўлакай дуч келган ҳарсангни талқон қилаётган Сфинксга, йиртилиб кетган бўз кафанда оч-наҳор тоғу тошларни кезиб юрган Танталга кўзим тушади. -Эндиликда инсоният яккахудоликка ўтган,- давом этади Зевс ёнимга келиб, қабариб кетган қўлини елкамга қўйганча. – Янги эътиқодини етук ва мукаммаллик сари эргаштириш учун у кўп иш қилди. Неча-неча минг жилдлик китоблар ёзди, унинг тантанасини истаб қонли урушлар уюштирди, ваъз-насиҳатларга тўла бир поёнсиз уммонни эслатувчи дастурул амаллар ишлаб чиқди. Оқибат-чи? У ўзгармади. Кўпхудолик пайтида унинг тоғораси қандай бўлса, яккахудоликка ўтгач ҳам шундайлигича қолди. Тешик тоғора — ҳалиям тешик тоғора! Зевс менга қўшилиб, тоғдаги бояги қаҳрамонларни қизиқиб кузата бошлайди. Илкис кимдир чап елкамга қўлини қўйганда сесканиб кетаман. Бу Зевснинг хотини Гера бўлади. У оналардек нуронийлигидан кўра ҳам бой берилмаган аёллик жозибаси билан одамни магнитдек ўзига тортади. У ҳам бизга қўшилиб, қаҳрамонларни кузатишга киришади. -Прометей маъбудларга тегишли бўлган оловни ўғирлаб одамларга келтиргани учун уни шу тарзда жазолаганмиз,- ўзини оқлайди Зевс бир оз ўтиб. – Ўшандан бери қояга занжирбанд қилинган аҳволда ётади. Ҳар куни биз юборган кекса қарға келиб, унинг баданини чўқиб, илма тешик қилиб кетади. Кечга бориб, бадани асл ҳолига қайтади, бироқ эртасига бу иш яна такрорланади. Орфей кун бўйи арфасини чалиб, вафот этган хотинини эслаб, тоғу тошни кезади. Сизиф-чи? У баҳайбат тошни чўққига олиб чиқиш учун судраб тортади, ортидан итаради, аммо чўққига етай деганда тош ҳар доим пастга думалаб тушиб кетади. У кун бўйи шу иш билан машғул. Хушсурат Нарцисс чашма олдидан кетмайди. Ўзининг аксига ошиқ бўлганча кун бўйи ўша ерда ширин хаёлларга берилиб ўтиради. Жумбоқ жинниси Сфинкс тоғу тошларга жумбоғини айтиб, улардан садо чиқмагач, уларни муштлари билан талқон қилиб хуморидан чиқади. Кибру ҳавоси сабаб Аид томонидан ҳайдалиб, ҳатто ерга сиғмаган Тантал эса шу ерларда абадий оч-наҳор дайдиб юради. Булар билан боғлиқ афсоналар бизлар тарғиб қилган кўпхудоликнинг бир қисми бўлган. Эндиликда инсоният яккахудолик доирасида умр кечиряпти. Аммо башар болалари орасида ҳозир ҳам Прометей, Орфей, Сизиф, Нарцисс,Сфинкс, Танталлар йўқ эмаслигига ким кафолат беради? Яккахудоликка ўтгач, улар яхши амалларга кўпроқ майл билдириб, ёмонларидан буткул кўнгил уздими? Ўзи орзу қилган камолотга — аъло одам рутбасига эришдими? Мен шу қадим тоғнинг ортидан туриб янгиланган дунёни кўп кузатаман. Янгиланган дунёда инсоният бахтлими, унга яккахудолик бахт келтирдими дейман? Хобгоҳимдаги мўъжизакор ойнаи жаҳон орқали худди Аристофан ёки Эсхил театрида ўтиргандек синоатли дуннинг янги манзаралари ва ундаги башар болаларининг ўзгача қиёфа касб этган кундалик ҳаётларини диққат билан томоша қиламан. Бу неча минг йиллардан бери давом этиб келяпти ва мен бу машғулотимдан сира зерикканим йўқ. Ҳар сафар бунга ўзимда иштиёқ, куч, вақт топа биламан. Табиийки, бу томоша давомида уларнинг орасида шундай қиёфа-ю дунёқарашдаги Прометей, Орфей, Нарцисс ва ҳоказоларни учратаман. Янгиланган Прометейлар ишончим комилки, эскисидан кўра минг чандон бахтсизроқ. Эски Прометейни биз маъбудлар қояга занжирбанд қилган бўлсак, янги Прометейларни башар болалари ўзлари хароб қилишди. Уларга ўткир тафаккури ва мушфиқ юраги билан кўмак илинган, саодати учун элтадиган тўғри йўлни кўрсатган, номлари бошқа бўлган Прометейлар – Исо масиҳ, Мадиналик Муҳаммад, Жордано Бруно, Мансур Халлож, Жан Жак Руссо, Робеспьер кабиларни улар ўз қўллари билан чормихга тортишди, чўлу биёбонга бадарға қилишди, ловуллаб турган гулханда ёқишди, дорга осишди, жиннихонага тиқишди, гильотинада бошларини кесишди. Нарцисс бизнинг давримизда ўзига мафтун эди, чашмадаги аксига соатлаб тикилиб ўтирар, бировга зиён-заҳмати етмасди. Нари борса офатижон аёлларнинг нозик юракларини яралаб, уларни севги оловида жизғанак куйдирар, ўтли севгиларига муносиб жавоб қайтармай уларнинг уволига қоларди, холос. Янгиланган дунёдаги янги Нарцисслар эса дунёни остин –устун қилишди. Юрагидаги биттагина Худо билан яшаб, улар яхши томонга ўзгаришмади, аксинча ўзини севишда, ўзига бино қўйишда шўрпешона Нарциссдан ўтиб тушишди. Наполеон, Гитлер, Сталин каби Нарцисснинг даҳшатли қиёфадошлари ва клонлари ўз шахсларига бўлган жунунваш муҳаббатлари ортидан миллионлаб одамлар ёстиғини қуритишди. Янгиланган Орфейлар-чи? Яккахудолик ҳукм сурган дунёда улар янаям санъатнинг қулига айланишди. Биз маъбудлар лаънатлаган санъатга умрини бахшида қилган Орфей ҳеч бўлмаганда ўз хотини Эвридикани ўйлаб қайғуради. Да Винчи, Микеланджело, Моцарт, Бетховен, Ренуар каби янги Орфейлар эса соч толаларидан тирноқлари учларигача санъатнинг ашаддий қули бўлишди. Уларнинг бу муҳаббати шунчалар телбанамо бўлдики, моддий ҳаёт ва инсонлараро муносабатларни улар тамомила унутишди. Бири қулоғи эшитмай қолса ҳам, иккинчиси қўллари ишламай тарашадек қотиб қолса ҳам санъатдан бир лаҳза бўлсин тин олишни, воз кечишни, одамдек яшаб, яқинлари қадрига етишни исташмади. Сизифлар йўқми ҳозир? Бор. Улар янгиланган дунёдаги фоиз жиҳатдан башар болаларининг энг кўпи. Ёзувчилар, шоирлар, рассомлар, бастакорлар, олимлар орасида на истеъдоддан, на уқувдан асар бўлиб, думалоқ тошни у ёқдан бу ёққа мақсадсиз итариб юрган Сизифларнинг сон-саноғи йўқ. Улар ҳам Сизифга ўхшаб бундан бир мақсад кўзлашмайди, шу бир тийинга қиммат тошни шунчаки чўққига олиб чиқиш дардида умрларини ўтказишади. Энг ёмони, янги Сизифлар шу сизифизмни урчишини, кўпайишини, вирусдек замин узра тарқалишини таъминлашга интилиб яшашади. Кўпхудолик эътиқодига эга бўлган Сизиф тош атрофида бир ўзи бўлган бўлса, яккахудоликка асосланган Сизифлар бениҳоя бисёр, улар атрофларига ўзларига икки томчи сувдек ўхшаган Сизифларни тўплаб олиб, тошни биргалашиб ёки гуруҳларга бўлинган ҳолда думалатадиган бутун бошли монопол армияни шакллантириш мақсадида нафас олиб, нафас чиқаришади. О, Сфинкслар янгиланиб, яккахудоликка асосланган дунёда янаям даҳшатли кўринишади. Эски Сфинкс жумбоғини ечган одамни ҳаётига дахл қилмаган бўлса, якка Худога сиғинаётган Сфинкслар жумбоқ айтишни ҳам лозим кўришмайди ва ўзлари истаган пайтда қурол кўтариб болалар ўқийдиган мактаб, ёшлар таҳсил оладиган дорилфунун, яккахудоликка асосланган ибодатгоҳларга кириб рўпараларидан чиққан одам борки, уни бир зумда бесабаб ҳаётдан маҳрум қилишади, тириклигига нуқта қўйишади. Тантал каби кибру ҳаво бандалари-чи? Яккахудоликка асос солингач, улар тавба-тазарру қилиб, камтаргина бўлиб қолишгани йўқ. Эндиликда уларнинг кибридан оламга ўт кетай дейди. Ўз Худоларига яқин ерда яшаш учун улар осмонўпар бинолар қуришади, улар емаган ҳайвоннинг гўшти қолмаган деярли, маишат ва айш-ишрат, ҳалол ва ҳаромни фарқлаш борасида кўпхудоликни эътиқодга айлантирган, бузуқ ва расво дея ном чиқарган юнонларни ҳам ортда қолдиришади. Зевснинг гапларини бошқа маъбудлар қатори мен ҳам жим эшитаман. Доим шундай бўлади. Бир сўз қўшмайман, гапини бўлмайман. Лабимни тишлаб, бир текисда нафас олиб қулоқ тутаман. У доим шу сўзларни гапиради. Куйиниб, лекин ғазабланмай. Қандайдир ички алам билан. -Кўпхудолик пайтида инсоният ғўр бола эди,- дейди Гера бир маҳал эрини ортидан келиб қучиб.- Яккахудолик пайтида эса у улғайди. Аммо ярамас ва ҳеч нарсадан тап тортмас бир маҳлуққа айланди. Кўз олдимдаги ўн дақиқалик сюреализм, қўпол қилиб айтганда-алаҳсираш тахминан шундай кечади. Кўпхудолик ва яккахудолик иккита квадрат шаклидаги нарсага айланиб кўз олдимда чархпалакдек айланаверади. Бир пайт бири Сальвадор Далининг, иккинчиси Рене Магритнинг онг остини портлатадиган картинасига айланади. Улар сюреализм жанрида чизилган тайёр картиналар шаклига киради. Иккисини ҳам берилиб, алоҳида иштиёқ ва қизиқиш билан, пича руҳим лаззатланиб томоша қиламан. Иккиси бир услубда, лекин бошқа-бошқа даврда яратилган бўлса ҳам, шаклан бир хил. Менга шундай туюлади. Кейин уларни қандайдир — Третьяков галереясига монанд тарихий музейда, деворга осилган ҳолатда кўраман. Катта ва четлари зарҳал ромларда, озода ва муҳташам музей деворларида улар осилган кўйи одамларни ўзларига чорлашади. У ерда санқиб юрган одамлар дастлаб тўдалашиб Далининг картинаси олдига боришади. Уни кўриб юракларини чангаллашади, кўп ўтмай узоқ томоша қилишади, ҳайратларини яширишмайди, фикрларини бир-бирлари билан ўртоқлашишади, атрофида селфи қилиб суратга тушишади. Бир оз вақт ўтиб, картина жонларига тегади-да, ўзларига бошқа эрмак излаш мақсадида, Магритнинг картинаси томон ошиқишади. Уни кўришгач, худди боягидек илк дақиқаларда бошлари айланиб, эс-ҳушлари йўқолар даражада ўзларини тутолмай, оҳ-воҳ чекишади. Пафосли гапларни исроф қилишади, сўнгра унинг атрофини ўраб олиб, ўзаро фикрлашишади, одатларига кўра ҳайратланишади, у ерда ҳам селфи қилиб суратга тушишади. Охирида эса гўё ҳеч нима бўлмагандек навбатма-навбат музейни тарк этишади. : — жорий қилинган мавжуд ижтимоий қоидалар ва меъёрларга қарши билдирилган фикр ёки хулоса.
2020-06-15
http://nodirabegim.uz/archives/2438
Қуйи Бирманинг Моламянь шаҳарчасида умримда илк бор сон-саноқсиз одамларнинг нафратига дучор бўлдим. Мен ушбу шаҳарчада ҳудудий полиция нозири бўлиб ишлардим. Бу ерларда ғайриоврўпавий қарашлар фақатгина норозиликлардан иборат эди. Исён кўтарай деса, ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди-ю, аммо бирор оврўпалик хонимча бозорга ёлғиз оралагудек бўлса, албатта, кимдир унинг кўйлагига оғзидаги бетел сувини тупурарди. Полиция нозири бўлганим учунми, қулай вазият бўлди деганда каминага қопқон қўйишарди. Бир гал футбол майдонида абжир бир бирмалик мени йиқитган маҳали ҳакам (у ҳам бирмалик эди-да!) қасддан бошқа ёққа эътибор қаратганди. Ўшанда омма мени масхаралаб шовқин солган. Бундай аҳвол шу билан қайталанмагандаям майли эди… Охири, ҳар-ҳар ерда тўқнаш келадиган ёш-ялангларнинг юзларида пайдо бўладиган илжайишлар-у, узоқлашишим биланоқ қулоққа чалинадиган бемаъни ҳиринглашлардан асабим қўзийдиган бўлиб қолди. Ҳаммасидан ҳам ёш буддавийлар ўтиб тушганди. Шаҳарчада мингдан зиёд бундай динпарастлар бўлиб, муюлишларда туриб олиб европаликларни мазах қилишдан бошқаси уларнинг қўлидан келмасди. Мухтасар айтганда, буларнинг бари асаббузар воқеалар эди. Негаки мен империализмнинг нотўғри сиёсат эканини, қанчалик тез вазифамдан бўшасам, булардан қутулишим ҳам шунчалик осон кечишини англаб улгургандим. Ич-ичимдан – албатта, бу сир – мен Бирма халқини ёқлаб, босқинчилар, яъни инглизларни қоралаган бўлардим. Хизмат вазифамга келсак, Империянинг барча кирдикорлари шундоққина тумшуғим остида намоён бўлиб турар ва мен вазифамни адо этишдан, рости, нафратланардим. Турманинг қўланса қафасларида қунишиб, бир-бирининг пинжига суқилиб ўтирадиган, одамнинг раҳмини келтирадиган бандилар; азалий маҳбусларнинг қўрқувдан оқарган афт-ангорлари; одамларнинг бамбук билан саваланаверганидан тимдаланиб кетган яғринлари –буларнинг бари мени чидаб бўлмас даражада айбдорлик ҳиссини туюшимга мажбурларди. Лекин муайян фикрга келолмасдим. Мен ғўр ва чаласавод эдим, қолаверса, ҳар бир инглиз каби сукунат оғушида ўз муаммоларим устида бош қотиришгагина ярардим, холос. Британ империясининг умри ниҳоялаб бораётганидан сира хабардор эмасдим, ҳатто унинг ўрнини эгалламоқчи бўлган янги империяларнинг кучайиб бораётганини-да билмасдим ҳисоб. Менинг билганим фақат шу эдики, мен ўзим хизмат қилувчи империяга ва атрофдагиларга бўлган нафратим аросатида қолгандим. Бир томондан, кимдир қаршилик қилганда ҳам инглиз рожасини енгилмас золим деб билсам, бошқа томондан, будда руҳонийлари устида қурол ўқталиб туришнинг ҳам гашти бор, деб билардим. Буларнинг бари тузум қадаган уруғлар ҳосили эди. (Агар вазифасидан бўшаган бирорта инглиз ё ҳинд хизматчисини учратсангиз, бу ҳақда сўрашингиз мумкин.) Одатий кунларнинг бирида бир нохушлик содир бўлди. Бу, аслида, тузум ҳақида аввалгидан кўпроқ нарсани англаб етишимга туртки бўлди. Каллаи саҳарлаб шахарчанинг бошқа бир қисмидаги полиция нозири менга қўнғироқ қилиб қандайдир фил бозорни вайрон қилаётганини айтди, менинг бориб бирор чора кўришимни илтимос қилиб сўради. Нима қилиш кераклигини билмасам-да, у ерга бориб ҳодисага гувоҳ бўлмоқчи эдим. Шу сабаб понига ўтириб йўлга тушдим. Филни гумдон қилишда иш бермаса ҳам, ихчам ва эски «Винчестер 44» милтиғимни олдим. Бир неча бирмалик йўлда учраб, менга жонивор не кулфатлар келтиргани ҳақида маълумот беришди. Айтишларича, у ёввойи фил эмас, аксинча, масиқиб қолган хонаки фил экан. У барча ўргатилган филлар каби ҳирси қўзийдиган пайти келгани учун занжирлаб қўйилган, бироқ кеча тунда занжирларини узиб, қочиб кетганмиш. Филбоқар, яъни бу жониворни уддалай оладиган ягона одам филнинг ортидан қувмоқчи бўлиб йўлдан адашган, айни дамда ўн икки соатлик масофага олислаб кетган эмиш. Фил эса эрта тонгда шаҳарда пайдо бўлган. Бирмаликлар бу ҳайвон қаршисида ожиз эди. Жонивор аллақачон бировнинг бамбук чайласини бузган, сигирини ўлдирган, мева расталарига ҳужум қилиб, бир қанча маҳсулотни паққос туширган, шунингдек, ҳукуматнинг чиқинди ташувчи фургонини учратиб ҳайдовчи энди сакраб қочаман деганда фургонни ағдариб, ҳайдовчига хавф солган эди. Нозир ёрдамчиси ва бир қанча ҳинд миршаблар фил кўриниш берган даҳада мени кутишаётганди. Бу қашшоқ даҳанинг сурати ҳаминқадар эди: бир-бирига туташ, томига пальма япроқлари тўшалган исқирт бамбук чайлалар; сирпанчиқ тепаликлар оша эсадиган жинни шамоллар… Яхши эслайман, ўша тонг ёмғир бошланишидан олдин ҳавонинг авзойи бузуқ эди. Биз ҳайвон қаерга кетганини аниқлагани одамларни сўроқлаб кўрдик, бироқ одатдагидек тайин бир маълумот олишнинг иложи бўлмади. Чунки, Шарқда бу — одатий ҳол, четдан қараганда ҳаммаси равшандек туюладию, қанча яқиндан қарасанг, тафсилотлар шунча дудмаллашиб бораверади. Баъзи одамлар жонивор у ёққа кетди деса, баъзиси бу ёққа кетди дер, баъзилари ҳатто ҳеч қандай фил-пилни кўрмагани ҳақида ёлғон тўқирди. Пуч ёнғоқдан иборат сафсата тинглаб турганимизда яқин орадан қичқирган товуш қулоққа чалинди. “Нарироқ кет, бола, ўлгинг келганми?!” деган баланд, ваҳимали овоз эшитилар, бир кампир қўлида машъал билан кулба бурчагига келиб, бир тўда луччак болаларни ҳайдамоқчи бўлиб жағ урарди. Яна бир неча аёл жавраганча кампирга ҳимо берди, демакки, бу ерда болалар кўриши ножоиз недир содир бўлганди. Мен кулбани айлана туриб майиби чиққан одамга дуч келдим. У ярим яланғоч қора танли дравидалик қулвачча эди ва, афтидан, анча дақиқалардан бери жон беролмай қийналарди. Айтишларича, фил тўсатдан у томон келиб қолган, хартуми билан тутиб, зилдай оёқлари билан босиб, шўрликни ер билан яксон қилиб эзғилаган эди. Ёмғирли об-ҳаво туфайли ер юмшоқ эди, шундан у ботиғи бир қаричдан кўпроқ, бўйи қарийб икки метрча из ҳосил қилганди. У юзтубан ётар, қўллари бежон, боши эса бир ёнга кескин қайрилганди. Унинг афти лойга беланган, кўзлари катта очиқ, тишлари эса чидаб бўлмас азобни яққол ифодалагандек тиржайиб турарди. (Дарвоқе, ўлган-нетганларни кўравериб дийдаси тош қотган деб ўйламанг, бу менга жуда таъсир қилди.) Баҳайбат махлуқнинг оёқлари, худди биров қуённи пўстдан туширгандагидек, унинг ҳам орқа терисини осонгина тилиб юборган эди. Чалажон жасадни кўришим заҳоти югурдакни яқин атрофдаги дўстимникидан филни отишга ярагулик қурол келтиргани жўнатдим. Понини эса қўрқиб жини қўзимасин, филни кўрганда мени итқитиб юбормасин учун аллақачон ортга қайтариб юборгандим. Югурдак бир неча дақиқа ичида милтиқ ва бешта ўқдон олиб қайтди, айни дамда баъзи бирмаликлар келиб, жонивор бор-йўғи бир неча юз ярд олисда, қуйидаги шоли далаларида эканини айтишди. Табиийки, мен йўлга тушганим заҳоти даҳанинг бутун аҳолиси кулбаларини тарк этиб, ортимдан эргашишди. Улар қўлимдаги қуролни кўришгани сабабли филни отмоқчилигим ҳақида ҳайратланиб чуғурлашарди. Худди инглиз оммасига қизиқ бўлгани каби, бу улар учун ҳам қизиқ эди, фарқ шундаки, бирмаликлар гўштдан умидвор эди. Бу менга бироз ноқулайлик туғдирди. Менинг жониворни отаман деган кўнглим йўқ эди, — мен нари борса ўзимни ҳимоя қиларман деб югурдагимни қуролга жўнатгандим – бироқ, ортингдан оломоннинг изма-из келши асабингни тарангламоғи бор гап. Мен эси пастга ўхшаб, елкамга қуролни осилтириб, ортимдан сония сайин қаймоқдай кўпчиб бораётган одамлар галасини эргаштириб, тепаликдан пастга томон юриб борардим. Юқорида, кулбалардан ўтиб борсангиз, темир йўл ва ундан нарида ҳали шудгорланмаган, лекин илк ёмғирлардан ивиган ва қалин ўт қоплаган минг ярдлаб шолизорлар бор эди. Фил йўлдан саксон ярдча масофада турар, чап ёни бизга қараган эди. У одамларнинг шарпасиз яқинлашганини фаҳмламади. Жонивор даста-даста ўтларни юлар, тозалаш учун тиззасига урар ва оғзига солиб ямларди. Мен йўлда қотиб қолгандим. Филни кўрган оним камоли ишонч билан англадимки, уни отмаслигим керак эи. Нафас олаётган жониворни ҳаётдан мосиво этишни – бу жиддий масала! – бирор улкан механизмнинг муҳим қисмини вайрон қилиш билан таққослаш мумкин. Имкон қадар вазиятни ўзгача якунлаш ҳақида бош қотирардим. Қолаверса, бу масофадан жонивор кўкатни оҳиста кавшаркан, сигирдан ҳам ювош кўринарди. Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам хаёлимга келгани шу бўлдики, унинг масиқиши сусайётганди. Шу ҳолатида филбон келгунга қадар безиён сандирақлаб юрган бўларди, холос. Янаям, мен унга ўқ узиш ҳавасида ёнаётганмасдим. Қайта қутраб қолмасмикин, шуни билиш учун тағин бироз уни кузатиб, сўнг уйга қайтишга қарор бергандим. Ортимдан эргашган халойиққа бир қур назар ташладим. Тўда жуда қуюқ эди: камида икки минг киши, етмаганига яна одам сони ўсиб борарди. Улар йўлнинг анча қисмини тўсиб қўйганди. Энгил-боши эътиборни тортмай қўймайдиган башараларга нигоҳим тушди – уларда кўнгилхушликдан мириқиш зоҳир эди: барча жонивор отилажагига ишонарди. Улар мени худди ўйин кўрсатгич масхарабозни кузатгандай кузатаётгандилар. Мени ёқтирмасалар-да, қўлимда аломат қуролим бор экан, ҳеч қурса шу лаҳзаларда эътибор қилмоққа арзирдим. Тўсатдан шуни фаҳмладимки, нима бўлмасин филни қулатишимга тўғри келар эди. Халойиқ мендан шуни кутар ва мен буни адо этишга мажбур эдим; икки минг кишининг тоқатсизларча мени олға ундаётган истакларини ҳис эта олардим. Ўшанда, қурол кўтариб мазкур жойда турарканман, энг аввало, Шарқда оқ танлининг ҳурмати сариқ чақа эканини тушундим. Ҳа, қурол осиб олган оқтанли, яъни камина яроғсиз оломон қаршисида гўё пьесадаги бош қаҳрамонга ўхшаб кўринсам-да, аслида, шуларнинг истамига монанд йўл тутиши керак бўлган қўғирчоқ эдим, холос. Яна шуни билдимки, агар оқ танли киши зулмга қўл урса, бу ўз обрўсини ўзи барбод қилгани бўлади, у беқадр ўйинчоққа, қуруқ савлатигагина айланиб қолади. «Маҳаллийлар» олдида мулзам бўлиб қолмаслик унинг вазифалари сирасига киргани ҳар қандай нохушликда «маҳаллийлар» ундан нима кутса, ўшани бажо келтирмоғини тақозо этарди. Хуллас, у кутилган қиёфага кира олиши зарур эди… Ўзим истамаган ишга қўл урушим зарурлигини англадим. Қуролга киши жўнатганимдаёқ бунинг учун ўзимни ёзғиргандим. Лекин, соҳиб, яъни амалдор, ўзини соҳибдай тутиши шарт, у нима чора кўришию қай тўхтамга келишини аниқлаш учун қатъиятли бўлиши талаб этилади. Елкамда қурол, ортимдан икки мингча оломонни эргаштириб шунча йўлни босиб ўтсаму, ҳеч нарсага қурбим етмаса, — йўқ, бунинг сира иложи йўқ – кулгига нишон бўлардим. Менинг ҳам, бошқа оқбаданларнинг ҳам ҳаракати бир пул бўларди унда. Бироқ, нима бўлганда ҳам, мен жониворга зарар етказиш қасдида бўлмаганман. Унинг номига мос вазминлик билан даста алафни тиззасига ураётганини кузатдим. Унга ўқ узиш гуноҳи азимдек туюлди менга. Шу ёшимда мен қонни кўриб ўзини йўқотадиган довдир эмасдим-у, кун келиб филга қарата ўқ бўшатиш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Бундан ташқари, улкан махлуқнинг эгасини ҳам ҳисобга олиш керак эди. Тириклигида у камида юз фунтга тортса, ўлгандан сўнг атиги беш фунт — мугуз тишларининг баҳосигагина арзирди. Лекин мен туйқус чора кўришга мажбур эдим. Етиб келганимизда шу ерда бўлган, ёши улуғроқ бир-иккитасидан жонивор ўзини қандай тутаётгани ҳақида сўрадим. Жавоблар бир хил эди: агар уни ёлғиз қолдирсам, менга эътибори тушмаслиги мумкин; агар яқин борсам кунимни кўрсатиши тайин. Нима қилишим энди равшан эди. Айтайлик, йигирма беш ярдча унинг яқинига бориб, оқибатини синаб кўрмоқчи эдим. Борди-ю у менга ҳамла қилса, отиб ўлдиришни, эътибор бермаса, ўз ҳолига қўйишни режа қилгандим. Қолаверса, биринчи режам юз бермаслиги жон дилимдан хоҳлардим. Камина бир нўноқ мерган, замин эса қадам қўйса ботар даражада лой эди. Агар фил ҳамла қилса-ю, мен анқайиб қолар бўлсам, улкан машина остидаги бақадай хатарда қолишим муқаррар эди. Бироқ ўшанда ҳам ўзим ҳақимдамас, ортимдагилар ҳақида ўйлаётгандим. Ортингда шунча кўз қараб турган вақтдаги билан якка ўзинг бўлгандаги ҳадиксирашнинг ўртасида озмунча фарқ бор дейсизми? Оқсуякман деганлар маҳаллий халқ қошида довдираб қолмасликка мажбур, шу боисдан ҳам мен эсанкираб қолмадим. Хаёлдан кечгани фақат шу бўлдики, мабодо бирор нарса кутилгандек юз бермаса, икки минг бирмалик кўз ўнгида фил мени тақиб қилгани, тутиб олгани, ҳамла қилгани ҳамда тепаликдаги ҳинд каби хириллаб ётган чала ўликка айланганим саҳнаси акс этиши мумкин эди. Эҳтимол, улар бундан мириқиб кулармиди? Сира бундай бўлмаслиги керак! Фақат бир чора қолганди: ўқларни милтиқ чамбарагига жойладимда, аниқ нишон олиш учун ерга чўзилдим. Оломон жўшиб борар, ахийри театр пардаси кўтарилганига шоҳид бўлгандек минглаб томоқларнинг енгил ва мамнун ҳўрсингани эшитилди. Улар кутган саҳна ниҳоят бошланишга яқин эди. Қўлимдаги — ажойиб немис қуроли. Филни нишонга олган киши унинг у қулоғидан бу қулоғигача бўлган оралиқдаги миясини кўзлаб отиши кераклигини ўшанда билмасдим. Шунинг учун, жонивор рўпарамда турар экан, қулоқ тешигига эмас, пешонасига ўт очдим. Тепкини босганим заҳоти ўқ овозини ҳам, силтанишни ҳам эмас, оломоннинг ғувиллаганини пайқадим. Ўқ нишонга етгунча неларни ўйламайсан киши? У на чайқалди, на қулади, лекин танасидаги ҳар бир бурмаси ўзгарди. У қўққис зарб қабул қилган, кичрайиб қолган, жудаям қариган каби кўринар; гўё машъум ўқ уни йиқитиш ўрнига фалажлаб қўйгандек эди. Ниҳоят, жуда узоқ туюлган вақт давомида — аслида нари борса беш дақиқа эди дейишим мумкин, — у тиззаларига мадорсиз чўкди. Оғзидан сўлаги оқди. Эси оғиб бошлагандай кўринди. Уни минг ёшларга кирган деб ўйлаш мумкин эди. Яна бир бор худди ўша нуқтага ўқ уздим. Иккинчи отишда ҳам у йиқилмади, тиришиб оёғига суяниб олди; оёғи букик, боши эгик ҳолда савлатини базўр кўтариб турди. Учинчи бор ҳам ўқ уздим. Буниси энди уни адо қилди. Филнинг бутун бадани қалтирагани, оёқларидаги сўнгги мадори соврилганини – ўша ўқ асоратини сезиш қийин эмасди. Чўкаётганда у лаҳзага қад ростлагандай бўлди. Орқа оёқлари ерга ботганда хартуми осмонга узанган дарахтга ўхшарди. У биринчи ҳам сўнгги марта айқирди. Кейин йиқилди. Ер билан тўқнашганда салкам мен чўзилган жойга довур титради. Мен ўрнимдан турдим. Бирмаликлар аллақачон лой кечиб ёнимда ўтиб кетаётгандилар. Жонивор қайта бош кўтармаслиги кундек равшан, бироқ ҳалиям жон таслим қилмаганди. У бир маромда, ҳансираб нафас олар, танасининг тепа қисми кўтарилиб-тушар эди. Унинг оғзи кенг очиқ эди – оч пушти томоғининг тубига довур кўра олардим. Унинг умри тугармикин деб қанча кутдим, лекин унинг нафас олиши сусаймасди. Ахийри, қолган иккита ўқимни ҳам юраги жойлашган ерга уздим. Жониворнинг қони қизил баҳмалдай ерни қоплади, ўшандаям у тирик эди. Унинг танаси ўққа нишон бўлганда ҳатто силкинмади ҳам, илгаригидай нафас олаверди. У жуда имиллаб, шу билан бирга жуда азобланиб, мендан сал нарида, ҳатто ўқлар ҳам умрига нуқта қўёлмаётган ерда жон таслим қилаётганди. Билдимки, унинг азобларига барҳам бериш керак эди. Шу қадар улкан мавжудотнинг қимрлашга-да, ўлишга-да мажолсиз ётганини кўриш ҳам, бунга хотима ясолмаслигинг ҳам аянчли ҳолдир. Мен тағин ихчам қуролимни келтиришга буюрдим, жониворнинг юраги ҳамда бўйин остиларини кўзлаб отдим. Булардан ҳам фойда чиқмагандай эди. Соат милларининг одимидек унинг ҳансираши ҳам барқарор давом этарди. Бўлмади! Барибир бунга чидаб туролмай ортга қайтдим. Кейин эшитдимки, жониворнинг жони узилар вақти яна ярим соатча чўзилган экан. Бирмаликлар ҳатто мен кетмасимдан баҳайбат қассобпичоқларию саватларини кўтариб келардилар. Кейин билсам, тушга қадар жонивордан фақат суякларгина қолибди, холос. Кейинроқ филнинг отилиши ҳақида кети узилмайдиган мубоҳаса авж олди. Филбоқар ҳам дарғазаб эдию, бор-йўғи бир ҳинд бўлганидан қўлидан ҳеч нарса келмасди. Бошқа томондан, яъни қонунан қаралса, эгаси эплолмаган тақдирда қутурган итларга нисбатан чора кўрилгани каби, филни ўлдиришда мен ҳақ эдим. Оврўпоиклар эса бунга икки хил фикр билдирдилар. Ёши улуғлар мен ҳақ эканимни таъкидласа, ёшлар наздида қандайдир бир қулваччанинг умрига зомин бўлгани учун бир филни қурбон қилиш аҳмоқлик эди, сабаби улар учун фил ҳар қандай қаролдан кўра қадрлироқ эди. Мен эса ўша кимсанинг вафотидан миннатдор эдим, боиси бу мени қонунан ҳақ деб кўрсатар ва филни ўлдирганим учун важ бўлар эди. Баъзи-баъзида ўйлаб қоламан, бошқалар мен филни аслида ландовур бўлиб кўринмаслик учун қурбон қилганимни англадимкан ё йўқми? Бетел суви – бирмаликлар эрмакка чайнаб юрадиган, пальма ёнғоғи, пальма япроғи ва лимондан тайёрланадиган сақичсимон маҳсулотни чайнаш жараёнида юзага келувчи суюқлик.
2020-09-07
http://nodirabegim.uz/archives/2558
Жонимга қасд қилиш учун ўзимни пастга ташладим. Кейин фикримдан қайтдим. *** Бугун мен Альцгеймерлар шифохонасидаги қари бир беморни кўрикдан ўтказдим. У ўз исмини зўрға эслайди ва кўпинча икки дақиқа олдин айтган гапини ҳам унутиб қўяди. Ва қандайдир мўъжиза билан (менимча, бу мўъжизанинг номи муҳаббат) унинг ёнига бир неча дақиқагагина келадиган хотинини кўриб, аёлнинг кимлигини эслайди ҳамда “Салом, менинг гўзал Кейтим”, дея қарши олади. *** Бугун қизимни турмушга узатдим. 10 йилча олдин мен 14 ёшли йигитчани олов ичида ёнаётган машинадан қутқариб олдим. Врачлар уни энди ҳеч қачон юра олмайди дейишди. Қизим мен билан бирга уни бир неча бор кўришга борди. Сўнгра у ерга ёлғиз боришда давом этди. Бугун эса мен ўша йигитнинг иккала оёғида мустаҳкам туриб, қизимнинг қўлига узук тақаётганини кўриб турибман. *** Бугун мен билан бахтсиз ҳодиса юз берди. Пешанам чуқур тилинди. Доктор пешанамни бинт билан ўраб, уни бир ҳафта ечмаслигимни буюрди. Албатта, бу менга ёқмади. Икки дақиқадан сўнг хонага укам кириб келди. Унинг ҳам пешанаси бинт билан ўралганди. Онамнинг айтишича, укам мени ёлғиз хафа бўлишимни истамабди. *** Бугун, 91 ёшли бувам (ҳарбий доктор, бир қанча кўкрак нишонлари соҳиби ва омади чопган тадбиркор) шифохонада ётганида ундан ҳаёти давомида эришган энг катта ютуғи нима эканлигини сўрадим. У бувимга қараб, унинг қўлидан ушлаб деди: “У билан биргаликда қариганим”. *** «Йўловчилар! Сиз билан гаплашаётган капитан эмас…» *** «Парашют сотилади — ҳеч очилмаган, салгина йиртилган.» *** “Гулдурос қарсаклардан сўнг у ёш келинчаги билан никоҳ тунини ўтказди ва орадан тўққиз ой ўтиб қайнсинглиси унга ўғил туғиб берди”. *** Бугун у учун атиргул олиб келдим, уйга калитим тўғри келмади. *** «Кечир мени, аскар. Биз оёқ кийимларини жуфти билан сотамиз.» *** «Рақамда адашдингиз», — таниш овоз жавоб қилди. *** Бугун, тўйимизнинг 50 йиллигида, у кулиб деди: “Сени барвақтроқ учратмаганимдан афсусдаман”. *** Бугун, икки йил алоҳида яшаганимиздан сўнг барча хафагарчиликларни унитиб, биринчи марта собиқ хотиним билан биргаликда кечки овқат қилишга қарор қилдик. Тўрт соат давомида роса суҳбатлашдик, кулишдик. Хотиним кетиш олдидан қўлимга катта, қалин конверт тутқазди. Унда хотиним ўтган икки йил давомида ёзган 20 та севги номалари ётарди. Конверт устига шундай ёзилганди: “Қайсарлигим туфайли юборилмай қолган хатлар”. *** Уйларга тушишга одатланган ўғри Билли ўз ишининг бетакрор лаҳзаларини ёқтирарди. Бу тонг у девор ошиб, бинога кирди. Барча қимматбаҳо тақинчоқларни йиғиштириб олиб, машинасига элтди. Бу пайт қорни жудаям очганди. Ойнаи жаҳон қаршисида тамадди қилиш учун уйга охирги марта кирди. Овқатланиб бўлгач, тарракдай қотди. Хонадон соҳиблари каламушларни заҳарламоқчи эди. *** «Бугун бизнинг олтин тўйимиз. Бир кишилик стол, илтимос.» *** Бир ёш йигит кекса аёлни велосипед билан уриб йиқитиб юборди. Узр сўраш, турғизиб қўйиш ўрнига, йўлини давом эттирди. Кампир: Эй болам, бир нарсанг тушиб қолди! — деб уни чақирди. Йигит тез қайтиб ерга кўз югиртирди. Ҳеч нима тополмади. Кампир: Кўп қидирма! Сенинг олийжаноблигинг, мардлигинг тушиб қолди. Сен уни ҳеч қачон тополмайсан! Одоб, ҳурмат — эҳтиром йўқ экан, ҳаётнинг ҳам қиймати қолмайди, — деди.
2020-12-08
http://nodirabegim.uz/archives/2834
Ёзнинг чилласи бўлишига қарамай, оламда кузнинг баҳаво нафаси ҳукмрон. Бирдан шаррос қуйган ёмғир уй четидаги боғда китоб ўқиб хаёлга толган Йўлдошали опоқимни сергаклантирди. Дарров ўзини панага олаётган бобом “Заб ҳаво бўлди-да”, деб тўйиб-тўйиб нафас оларкан, бу йил бошқача келганини таъкидлади. Айтишича, доим беҳузур қиладиган аллергия бу йил ортиқча безовта қилмаганмиш. Тоза ҳаводан баҳра олгач “Пандемия сабаб Озон қатламидаги туйнуклар ҳам тикланаётгандир”, дея уйга кириб кетди. Мен эса пандемиянинг Озон қатламига нима алоқаси бор деб ўйлаб, у билан боғлиқ маълумотларга янада қизиқиб қолдим. Яқинда Озон қатлами ҳақида дарс ўтгандик. Озон қатламининг асосий қисми стратосфера бўлиб, ер юзидан 15-50 км. баландликда жойлашган. Бу қатламнинг инсоният организми, ҳайвонлар, ўсимликлар оламини қуёшнинг зарарли ультрабинафша нурларидан асрайди. Афсуски, инсоният етказган зарарлар оқибатида ушбу қатлам емирила бошлаган. Дастлаб ундаги туйнуклар 1985 йилда Антрактида устида, кейинчалик Австралия устида кузатилган. 1998 йилда Шимолий қутб тепасида озон қатламидаги туйнук ҳажми рекорд даражага – 26 млн. кв. км. га етган. Бу эса Австралия қитъасидан уч баробар катта майдонни ташкил қилади. Ультрабинафша нурлари инсонда иммун тизимининг сусайиши, кўз зарарланиши каби ҳолатлар билан бир қаторда ҳосилдорлик пасайишига, океандаги жонзот ва ўсимликларнинг эрта ҳалок бўлишига олиб келади. Буни ўзимча тасаввур қилдим, тождор вирусдан ҳимояланиш учун таққан ниқобимизнинг ярми йўқ ёки тешик бўлса бизни вирусдан ҳимоя қиладими? Йўқ, албатта. Озон қатламини ҳам шундай деб биламан. Пандемия иқтисод, туризм ва давлатлар бюджетига зарар етказгани, тиббиётимиз ҳам катта синовдан ўтгани барчамизга маълум. Лекин табиат учун анчагина фойда келтирди. Биргина машиналар қатнови камлиги, ҳаводаги зарарли газларни камайтирган. Бу эса инсон саломатлигида катта аҳамиятга эга. Айтишларича, карантин пайтида Шанхай аҳолиси илк бор мусаффо осмонни кўришибди. Хитойнинг шимолий қисмидаги ҳаво қатламида инсон ўпкасига чуқур кириб, соғлиққа жиддий зарар етказувчи 2,5 микронгача бўлган қаттиқ зарралар ҳам 35 фоизга камайибди. Ғарбий Европа ва АҚШда эса азот диоксиди чиқиндилари ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда 40-60 фоизга пасайибди. Бу охирги 30 йил давомидаги рекорд натижа экан. Бундай мисоллардан кўплаб келтириш мумкин. Буни табиатнинг тозарганидан, осмон мусаффолигидан яхши англаб турибмиз. Телевизорда айтишича, Венециядаги дарё қирғоқларига ноёб ҳайвонлар ҳам қайтаётган экан… Аммо буларнинг бари пандемия туфайли жорий қилинган карантин натижаси экани одамни бироз ўйлантиради. Қаҳрамон шоиримиз Абдулла Ориповнинг сатрлари эсимга келади: Бундай ҳолга на йиғлаб, на кулиш керак, Наҳот бир иш битиш учун ўлиш керак?! Кейин кетма-кет саволлар ёғилаверади: озон қатламига зарар етказмаслигимиз учун, наҳотки, пандемия бўлиши шарт? Наҳотки табиатни ифлослантирмаслик учун касаллик қўрқуви билан уйларига “қамаш” керак? Наҳотки она Сайёрамизни фарзандлари бўла туриб асрашимиз учун бошимизга қандайдир бало келишини кутаётган бўлсак? Наҳотки атроф-муҳит озодалигига одамзоднинг аралашуви халал бераётган бўлса? Наҳотки…
2020-08-27
http://nodirabegim.uz/archives/2928
Кўнглим ғаш эди. Гарчи тонгданоқ ҳаво мусаффо, айниқса, шаҳар ҳавоси негадир бугун жуда тоза бўлса-да, бу ғашлик менга илашиб олган эди. Барчаси кечаги аламзадалик таъсиримикин? Бундай руҳий тазйиқлар қуршовида қандай яшаш мумкин? Балки… Инсон орзу билан тирик. Бир ташкилотда 4-5 киши ишлаб, бир-бирининг кўзини ўйишга тайёр бўлса улар. Ғалати. …да шундай ҳавосизлик бўлишини бошқалар етти ухлаб, тушида ҳам кўрмаса керак. Баъзан ўйлаб қоламан. Бошқа соҳа вакили бўлганимда, оиламдагилар сал яхшироқ яшармиди? Ўзим ҳам бунчалик қийналмасмидим? Лекин ҳеч бир соҳани инсон танламайди. У инсонни танлайди. Тақдири илоҳий деб шуни айтсалар керак-да. Тўғрироғи, тақдир Аллоҳнинг измидаги нарса, бандасининг эмас. Лекин бу азобларга чидаб яшаш, бундай манфаатлар тўқнашувини қабул қилиш… менинг қалбим уларни қабул қилолмайди. Қизиқ, қалби ўлган ижодкор бўладими? Улар бир-бирининг гўштини бунча ейишмаса-а… ҳаммаси ўз манфаатини ўйлайди. Сенинг ёнингда сени ялаб, 5 дақиқа ўтар-ўтмас, душманинг олдида уни ялашга тушади. Сенга уни, унга сени ёмонлаб, кўнгли ўсадими? Қайдам. Гап унинг кўнгли ўсишида эмас, ҳаммаси унинг манфаатларига нима хизмат қилишидадир. У ўз манфаатлари йўлида ишлайди. Бировни мақтамоқчи бўлса, ўз манфаатидан келиб… Бу — четдан қараганда, кулгили, ичдан қараганда, ўкириб йиғлашга арзигули ҳолат. Гоҳо ўйлаб қоламан: шунча йил яшаб, нималарга эришдим? Энг яқин дўстим борми ўзи? Мен ҳозир ўламан десам, ҳамма ишини ташлаб, менинг ёнимга келадиган инсон борми? Бу саволга жавоб топиш қийин. Ижодкор бўлиб, нимагадир эришдимми? Ўзимни исбот қила олдимми? Билиб туриб, тан олмайдиганлар шунчалар кўпки, улар ўз балчиғига сени тортади. Ич-ичидан тан олади сенинг тозалигингни. Лекин ҳеч қачон буни бошқалар олдида тан олгиси келмайди. Озгина ютуққа эришсанг, дабдурустдан устозларинг кўпайиб қолади-да. Аммо, сен ботқоқда бўлган пайтинг ким сени шу ботқоқдан тортиб олгиси келади-а? Борми шундай инсон? Қизиқ, инсонлар ҳақида ўйлайдиган, улардан мадад кутадиган бўлиб қолдимми? Шу эмасми ҳақиқий айбим? Ахир, энг катта айбим шу эмасми? Ғалати, ҳа. Жудаям ғалати. Эркин ижодкор деган атама бор. Эркин ижодкор. Аслида шундай ижодкор бормикин? Рўзи Чори, Рауф Парфи… саноқли. Шуларнинг юраклари яра бўлиб кетган бўлса керак. Яралари маддалаб кетган бўлса, ажабмас. Ғалати дунё бу. Ҳаммаси фойдаланиш учун, фойда кўриш учун яқинлашади. Қалбим тилка-пора бўлгани ижодкор сифатидаги бахтим, инсон сифатидаги камчилигимдир. Порахўрлар даврасида бўлиш, сенда одамзодга нисбатан нафрат уйғотадими, қайдам… Очиғи, расмий давраларга ҳушим йўқ. Табиат қўйнида ёлғиз ижод қилсанг. Кўнглинг тусаган пайт сени тушунадиган инсонлар билан дилдан суҳбатлашсанг. Улар сени мақтамаса-ю тушунса, ҳис қилса. Бўлди. Бир ижодкор учун шу етади. Мажлисбозлик, қоғозбозлик, сохта ҳайқириғу қарсаклар кимга керак? Фақат маддоҳларгина, мунофиқларгина бунга зор, ўч. Доимо ҳаммаслак, дўст излаганман. Қўрқаманки, умрбод шундай бўлиб қолмасин. Мудом “табибимнинг ўзи ҳам бемор” бўлиб келган. Бу дунёдан воз кечиб, ҳақиқат дунёсига ихлос қилишим керак. Аллоҳдан бошқага сир айтмаслик керак. Ўзидан бўлак кишидан умид қилмаслик лозим. Лекин сохта башаралар, сохта сўзларни, ваъдаларни қандай ҳазм қилай? Нажот Қуръондадир. Нажот Аллоҳдандир. Шеър — шоирнинг ибодати. Балиқ — сув билан тирик, ижодкор ижод билан. У ёзмай қўйганида ёки ёзолмай қолганида-чи..? Адабий муҳитсиз катта адабиёт яратилмайди. Маиший чўпчаклар ёки бозор адабиёти эса маънавиятни ўлдириш учунгина хизмат қилади. Нима учун савияси паст машқларнинг мухлиси кўп? Чунки уларнинг мутолааси жараёнида китобхон фикрлаши шарт эмас. Енгил-елпи детективлар, воқеий, рамзлаштирилмаган машқларнинг жамиятга зиёни атом бомбасининг зараридан асло кам эмас. Афсуски, замонавий адабиётимизда ўзидан бошқани тан олмайдиган шоири замонларимиз қўзиқоринлардан ҳам кўп. Аслида шоирдан кўра, шахснинг маънавиятимизга қўшадиган улуши улканроқ бўлса керак. Бунга Асқар Маҳкам, Аъзам Ўктам, Садриддин Салим Бухорий сингари инсонларнинг ҳаёти мисол бўла олади. Уларнинг шеъри билан шахсияти уйғун. Бу шоирларни буюклигининг сири айтганига аввало ўзи амал қилганидадир. Шоир — дард фарзанди. Асл шоирнинг шеърлари гўё йиғлаб ёзилгандек кайфият уйғотади кишида. Аммо кўнгли тоза бўлмаган инсоннинг ибодати қабул бўлармикан? Хўш, шеъри ўзига ўхшамаган шоирнинг шахсияти қандай қабул қилинади? Демак, чиқарган хулосамиз шу, ҳақиқий шеър — шоирнинг Аллоҳга ибодати бўлмоғи лозим. Боя айтганимиздай, бу ибодат тоза, кирланмаган юракдан чиқсагина юракларга етиб боради.
2020-10-09
http://nodirabegim.uz/archives/2962
Севимли режиссёрим Милош Форманнинг “Амадеус” кинокартинасини доим томоша қилсам, негадир ичим ғалати бўлади. Бир муддат юрагим эзилиб-эзилиб оғришни бошлайди. Кутилмаганда ўзимни назорат қилиш хусусиятини йўқотиб, кетма-кет қайғули ўйларга бериламан. Ўзи шундоқ ҳам мўрт бўлган асабим қақшаб, лабларим титрашга тушади. Буларнинг барчасига кинокартина эмас, унинг якуний кадридаги Моцартнинг қабри йўқлиги сабаб бўлади. Кинокартинада Моцартнинг ҳаёти кексайиб, ақлдан озганлиги учун руҳий ҳасталар шифохонасига ётқизилган Сальери томонидан ҳикоя қилинади. Улуғ бастакорни Венадаги санъат оламига кириб келиши, у ерда қўлга киритган улкан ютуқлари, эрта келган шон-шуҳрати, Сальери билан мангу аёвсиз рақобати, ҳасталик пайтидаги изтироблари ва ортидан келган ўлими режиссёр томонидан таъсирли тарзда ва маҳорат билан очиб берилган. Ортиқча кадр йўқ ҳисоби, барчаси диалектик тарзда.Эҳтимол, шунинг учун бошқа режиссёрларга қараганда Милош Форманни кўпроқ қадрларман. “Амадеус” фильмини томоша қилиб бўлгач, ҳар сафар шаҳарнинг шарқий тарафидаги қабристонга бораман (шу одатга бўйин эгганман. Биламизки, одатлардан қутулиш душвор). Қабристонлар ичида уйимга энг яқини ўша ердаги мозор ҳисобланади. Пиёда борилса, ярим соатлик йўл. Шаҳардаги энг тинч ва сўлим гўша. У ерда узоқ қолиб кетиб, кенг ҳудудини ҳолдан тойгунимча айланаман, эски-янги қабрларни кўздан кечираман, кетмон ва белкурагида терга ботиб қабр қазиятган гўрков билан суҳбатлашаман. Бугун ҳам шундай бўлди. Милош Форманнинг мазкур фильмини томоша қилдим. Бу сафар ўзбекча дубляжда. Натижаси ўзини кўп куттирмади. Доимгидек ичимда ғалаён турди, ўзимни бошқариш хусусиятим ўзанидан чиқиб кетди ва апил-тапил кийиниб, қабристон томон йўл олдим. Йўлда кузнинг ҳазин қиёфасига ва тобора сариқ тусда товланишга тараддуд кўраётган тароватига маст бўлиб кетсам-да, тезроқ қабристонга етиб олиш ташвиши пича ўтмай бу завқнинг белига тепди. Руҳиятимда пўртана сингари юзага келган таниш дард оқими кузнинг жозибасини ҳис қилишдан, ундан тўйиб баҳраманд бўлишдан йўл бўйи чалғитиб кетди. Қабристон дарвозаси одатдагидек очиқ эди (шу пайтгача уни ҳеч тамбаланган ҳолатда кўрмаганман). Ундаги ажиб сокинлик ичкарига кирган одамни дарров қамраб олар, сукунатни бузаётган қушларнинг чиғир-чиғири ёки шаббода таъсирида шитирлаётган дарахт барглари руҳиятга ором бахш этарди. Димоққа уриладиган нам тупроқнинг ҳиди бир қадар ёқимли туйилиб, тик турган ҳолатда бундан қаноатланмай, тиз чўкканча ундан тўйиб-тўйиб нафас олгинг келарди. Қабристон ҳудуди юқорида таъкидлаганимдек катта бўлиб, атрофи инсон бўйи баравар келадиган деворлар билан иҳота қилинган , марҳумлар ҳақидаги зарур маълумотлар қайд этилган, силлиқ тарошланган мармартошлар ўрнатилган қабрлар оддий, ердан дўппайиб чиқиб турган, устига марҳумнинг на исми-шарифи, на туғилган ва ўлган йиллари ёзилган, фақат қабр тартиб рақами кўрсатилган таёқчалар суқилган қабрлар билан биргаликда ўзига хос ансамблни ташкил қилганди. Асосий йўлакка ўриндиклар ўрнатилган, улар икки томонга бир хилда қилиб экилган дарахтларнинг сояси остида мудраб ётгандек таассурот уйғотарди. Ҳар гал ичкарилагач, шу ўриндиклардан бирига келиб ўтираман. Ҳатто, дастрўмолим билан уларнинг чангини артмайман ҳам. Шунчаки ўтираман. Уларга суяниб, кўзларимни шитоб-ла юмиб, оёқларимни эринибгина чалиштириб оламан. Бир оз вақт ўтиб, қабрлар орасидан аввал Марғилон дўпписи, кейин қиртишланган тақир бош кўринади. Янги қазилган қабрдан бошини чиқарган гўрков чол-Раҳим ота мени кўриб, бош ирғаб саломлашган бўлади ва қўлларини силкиб қўйиб, яна қабр ичига кириб кетади. Кўп ўтмай ташқарига чиқиб, усти-бошини узоқ муддат қоқиб-қоқиб тозалайди-да, дўпписини қўлига олиб, бир-икки шапатилаб чангдан фориғ қилади ва кетмонини елкасига ташлаганча майда қадамлар билан олдимга келади. Бу сафар ҳам сценарий ўзгармади. У шундай йўл тутди. Олисдан мени пайқагач, гўр оғзида турганча бошини ирғаб саломлашди. Пича ўтиб кетмонини елкалаб, мен турган ерга келди. -Яна ўша кинони кўрдингми?-деди ёнимга келгач, икки қадам берида тўхтаб.-Анави “музикант”инг ҳақидаги? -Шунақа,ота,- дедим у билан қўл бериб сўрашиш учун ўрнимдан турарканман. У бўйи мендан паст, кўзлари хиралашган, ёши бир жойга бориб қолган бўлса-да, анча чайир, билак томирлари бўртиб чиққан, озғинлигидан кўзлари ичига ботиб, жағ суяги яноғидан ажралиб қолгандек туюладиган, табиатан самимий ва кўнгилчан инсон эди. -Энди ўша “музикант”ингни қабри йўқ бўлса, аза тутормагин-да шунга,- давом этди у ёнимга ўтириб,кетмонини оёқлари орасига олгач.-Қабри йўқ бўлса, йўқдир. Худонинг иродаси шу бўлса, бандаси нима қилиб бера оларди. У шундай деб кулбаси томон йўл олди. Кўп қолмади ёнимда. -Бир пиёла чой ичиб кет,- деди ўн қадамча юргач, ортига ўгирилиб.-Хайрлашмай кетма! Мусулмонни боласисан-а, насронийнимас. Бу ерга келиб юрганимнинг дастлабки пайтлари у мени узоқ вақт, қизиқиш билдириб ва диққат билан эшитарди. Унга Моцартни улуғ мусиқачи бўлганини ҳаяжонланиб гапириб, қабри йўқлигига ўкиниб урғу берар, сўнг бу қабристонда ётган юзлаб одамларнинг ундан фарқли равишда қабрлари борлигига ҳасад қилишимни билдирардим. -Ҳув анави қабрга қаранг,-дердим атрофи қора мармартош билан ўралган, қабристондаги энг кўркам қабрлардан бирига унинг эътиборини тортиб.- У ерда ким ётганини яхши биласиз, тўғрими? Мен ҳам яхши биламан. Ўтган асрнинг 30-чи йилларида ўзбекнинг бошига тушган очарчилик оқибатида одамлар бир бурда нон ўрнига ўт-ўлан, кунжара истеъмол қилишга, ҳатто ўз боласини ейишга мажбур бўлган пайтда, ўша ерда ётган инсон ҳашаматли уйида қорни тўқ ҳолда ташвиш билмай яшаган, улфатлари билан ликёр ичиб, бильярд ўйнаб ўтирган. Бильярд столининг оёқларига яширинган тилла тангаларини охири НКВД топиб олган ва мусодара қилган, уни бўлса авахтага тиққан. У ўша ерда қазо қилгач, яқинлари шон-шараф билан уни шу ерга дафн этишган. Ундан ўн беш қадамча наридаги қабрда-чи? Тириклигида қиз-аёлларни Туркиядаги фоҳишахоналарга оммавий юборишни йўлга қўйган гуруҳга раҳбарлик қилган марҳум ётибди. У ҳаётлигида бу ишидан сира жирканмаган, ўзининг кирдикорларини яшириб ҳам ўтирмаган, юзлаб қизлар ўзи сабаб иффати ва номусини йўқотгани унда қилчалик виждон азобини уйғотмаган. Вақти келиб у ҳам ўлди (дунёга устун бўлармиди) ва энди устки қисми мармартош билан безатилган қабрда ётибди. Ҳар ҳолда, қабри бор. Унинг ёнидаги атрофи шоҳона панжара билан ўралган қабрдаги марҳум бир умр хотинбозлик билан машғул бўлган. Ўзбек, рус, корейс, татар, тожик, қозоқ- хуллас ҳамма миллатдаги аёллар билан кўнгилхушлик қилган. Фақат қора танли аёл билан ётмаган, холос. Вафот этгач, ердан унга ҳам жой тегди. Оппоқ мармартошли тош ётқизилган қабрда шўролар пайтида бир умр мактабда ишлаган ўқитувчи аёл ётибди. У тириклигида қандай яшаган билмайман. Аммо, шуни биламанки, ҳар йили рамазон пайтида рўза тутган мактаб ўқувчиларига мажбурлаб ширин кулча едириб, уларнинг рўзасини буздирган ва бундан терисига сиғмай роҳатланган. Коммунистик партия тараққиёти учун зарур деб билганини пеш қилиб кўкрагини керганча бу ишини оқлаган, атеистик жамиятни қуриш йўлидаги кичик пойдевор деб билган, Ленинга муносиб авлодни тарбиялаш йўлидаги ёввойи ўтларни юлиб ташлашга менгзаган. Мустақилликдан сўнг эса Маккага бориб, бир мусулмон каби Ҳаж зиёратини адо қилиб қайтган. Қабридаги мармартошга битилган арабий оятларнинг фусункорлигини қаранг. Ажойиб,шундай эмасми? У мени тинч эшитарди. Мен ўзим билган ёки ҳаёти ҳақида катта-кичикдан эшитган марҳумларга тинмай тавсиф беришда давом этардим. Шунчаки алам қилганидан гапирардим,бу ножойиз бўлса-да, уларни ҳайрихохлик билан эмас, пича нафрат билан билан тилга олардим. Шундан сўнг, Моцартга тўхталардим. -Моцарт даҳо бастакор ва пианиночи бўлган. Уч ёшида мустақил равишда мусиқа яратган. Ўсмирлигидаёқ машҳур бўлган. Гап аслида бунда эмас. Қанчадан қанча ўсмирлигида машҳурликка эришган мусиқачилар ўтган дунёда. Улардан фарқли равишда Моцарт мусиқанинг ажабтовур, ўзидан олдингилар кашф қила олмаган оҳангини яратган. Унинг мусиқаси инсонга таскин берар, эртанги кунга ишонч уйғотар, оғир кунларида дардкаш бўларди. Афсуски, у вафот этгач, жамият унга бир қарич ер ажратишни истамаган. Уни Оврўпонинг Вена деган шаҳарида жойлашган Авлиё Марк қабристонидаги кўримсизгина умумий қабрга дафн этишган. Йиллар ўтиб, бу умумий қабрдан асар ҳам қолмаган. Ҳозирда унинг қабри қаердалигини худодан бўлак ҳеч ким билмайди. Ҳозирги авлод ўша шаҳардаги Марказий қабристонга сағана қуриб, Моцарт шу ерда ётибди дейди, холос. Аслида, сағананинг таги бўм-бўш, Моцартнинг устихонидан битта кичкина суяк ҳам йўқ у ерда. У эшитишда давом этаркан, яна“Худонинг иродаси шудир-да”, деб қўярди. Бора-бора унга олдингидек кўп гапирмайдиган бўлдим. Қабристонга келгач, шунчаки салом-алик қилиш билан чекланиб, буёғига ўз оламимда қолар, қабрларни тинчгина кузатиб ўтираверар, у кулбасига қараб кетарди. Фақат кетаётганимда ўз одатига кўра бир пиёла чой билан сийлашни қўймасди. Ўриндиқда ўтиравериш кўп ўтмай жонимга тегди.Ўрнимдан туриб, ўзим доим тавсифини келтирган қабрларни яқин бориб, бирма-бир томоша қилдим. Ҳар бирининг қаршисида тик турганча, улардаги мармартошларга ёзилган қайдларни кўздан кечирдим. Ўйлаб кўрсам, бу ердаги марҳумларнинг аксариятидан туғилган ва қазо қилган санаси ўртасидаги тиредан бўлак ҳеч нима қолмаган бу ҳаётда. Айнан шундай. Уларни биров эсламайди ҳам агар менга ўхшаган телба ёзувчи келиб атрофларида айланмаса. Лекин, қабрлари бор. Бир парча ер ажратилган уларга кишилик жамияти томонидан. Асосийси шу. Шу ерда яна Моцартнинг қабри йўқлиги хаёлимга суқилиб кирди. Ҳар доимгидек алам қилиб кетди. Гўрков чолнинг “Худонинг иродаси шу экан-да”, деган гаплари мени қуюшқондан чиқариб юборди. Гўё бу гапларни унинг тилидан бутун жамият, бутун инсоният таъкидлаётгандек туюла бошлади. Нега шундай-а? Одамзод ақлини ишлатгиси келмаган ёки ақли ожиз қолган барча нарса учун Худони жавобгар қилишдан қачон тўхтайди? Буни аниқ бир муддати, куни, санаси борми ё қиёматгача шу алфозда давом этаверадими? Биздан олдинги авлод ҳам шундай эди. Европада ҳам, Осиёда ҳам, Ўзбекистонда ҳам. Масалан, бизнинг катта авлод ўтган асрнинг 30-йилларида юрт бўйлаб очарчилик бошланган кезларда ҳам, “Худонинг иродаси шу экан-да” деб бошларини эгишган, бунга кўникишган, кунжарани ёки зурриёдларининг гўштини жимгина чайнаб қорин тўйғазишган. Ваҳоланки, шўроларни ўшанда ўзбекни талаш учун буни сунъий равишда юзага келтиришганини ва одамлар очликдан фарёд уриб яшаётган бир пайтда Канадага аблаҳларча буғдой сотишганини кўпчилик билган. Орадан ҳеч қанча ўтмай миллат зиёлилари, жадидлар ва бошқа илғор фикрли кишилар қатағон қилинишди. Судсиз отиб ташланишди, Магадан ёки Сибирь каби совуқ жойларга сургун қилиниб, ўша ерларда минг бир азобда фоний дунё билан хайрлашишди, НКВД нинг сценарийси асосида қўйилган шўровий “томошалар”да тошбўрон қилинишди. Биз эса буни ҳам осонгина Худога тўнкадик. Бирор бир жон чиқиб, бу ўзбекнинг номард қатламини сотқинлиги, чақимчилиги ва бир-бирини кўролмаслиги оқибатида бўлди, Сталин Москвада туриб орамиздаги кимнинг қанақалигини қаерда билсин демади. Лўнда қилиб айтганда, яна “Худонинг иродаси шудир балки” деб тинчландик. Бу жароҳатлар ҳали унут бўлмай, Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Уруш балоси Туркистон осмонини қоплаб олди. Она замин узра башарият қони дарё бўлиб оқди. Шу қатори ўзбекнинг ҳам лахта-лахта қони тўкилди. Мустамлака давлатнинг бошлаган уруши учун, бўйнига қуллик қисматини солган давлатнинг сиёсатидаги кемтиклик учун бўлди буларнинг бари. Ўзбек боласи қўлига қурол олиб, ўзини қулликка маҳкум этган шу давлатнинг зафар қучиши учун курашди, ўзи танимаган бошқа юртнинг болалари билан ҳаёт ва мамот жангига киришди. Унга қулликни раво кўрганлар ватан учун қиляпсан бу ишни деб миясига сингдиришди. У шу мафкуранинг чизган чизиғидан чиқмай, уруш майдонларида “За Сталину” деб ҳайқирганча ёғилган ўқлардан бадани илма тешик бўлиб йиқилди, ўн гулидан бир гули очилмай хазон бўлди, тутдай ерга тўкилди, ҳали дунёга тўйиб улгурмаган қора кўзлари абадий юмулди, ўттиз ёшни қораламаб-қораламаган юраги урушдан тўхтади. Одатдагидек, бу бало ҳам биз томондан Худога тўнкалди. Бу миссияни қўлимизга қора хатни олгач, юзимизга фотиҳа тортиб бажардик. Аммо, бу уруш охиргиси эмас, нечоғлик ғайритабиий туюлмасин, ўзбекнинг бошида яна бир уруш бор экан. Оналар уруш тугади деб кўнглилари эрта тинчланган чоғи. Галдаги уруш –Афғоннинг чўлу-биёбони учун кечган жангларда ҳам шундай бўлди. Қанчадан қанча ўзбек фарзанди шўроларнинг тушунарсиз сиёсати учун жон олиб, жон берди. Афғон тупроғида мангуга қўним топди. Хонадонига уларнинг жасади ҳам келмади. Бунинг ўрнига темир-терсак билан тўлдирилган, атрофи михлаб ташланган тобутлар келтирилиб, шу ҳолича лаҳадга топширилди. Эҳ, бечора ўзбек. Бирортамиз майит бизда тобутга солиниб кўмилмайди, ювиб тозаланиб, кафанга ўралиб кўмилади, дея олмадик ҳеч бўлмаганда. Бунинг ўрнига шу ерда ҳам оғир дардимизни сукут сақлаганча Худонинг иродаси орқали енгиллаштирдик. “Ўзбек иши” , “пахта иши” каби шўролар сиёсатининг исқирт ўйинларида-чи? Ўзбекнинг ёстиғи қуригандан қуриди. Ўзбегимнинг боши эгилди, бели букилди, бўйнидаги қуллиқ занжири янада таранг тортилди. Боз устига далаларда пахта тераётган, бола чақаси билан овқатланаётган пайтида устидан аэропланларда дори сепишди. Бунинг самараси ўлароқ, ўзбек заҳарланди. Унинг оилаларида турли касалликлар ва бепуштлик авж олди. Аммо, ўзбек, ҳа шўрлик ўзбек буларнинг барчасини қисматига битилган тавқи лаънатдек худонинг иродасига йўйди. Худонинг иродаси шу эканда, деди осонгина. Шундай деди. Тили чақа бўлиб кетган бўлса-да. Юраги парчаланиб кетган бўлса-да. Қабрларни айланиб чиққач, кетадиган пайтим бўлганини тушундим. Боиси, намозшом пайтига кўп қолмаганди. Атрофга шом чўккач, мозорда санқиб юриш хосиятсиз саналишини яхши билардим. Қабристондан чиқиб кетаётганимда Раҳим отанинг кулбасига кирдим. У доимгидек бир пиёла аччиқ кўк чой узатди. -Сен ўша “музикант”ингни қабри йўқлигига ҳадеб куйинаверма,- таъкидлади Рахим ота тағин.- Боя айтганимдек , Худонинг иродаси шу бўлган бўлса, бандасининг қўлидан ҳеч нима келмайди. Чолнинг олдидан чиққач, қабристон девори бўйлаб пиёда кетарканман, Моцартнинг қабри йўқлигини ўйламасликка бутун борлиғим билан ҳаракат қилдим. Кузнинг тароватига ўзимни мафтундек тутдим. Йўлимда одамлар учрашди. Бирин-кетин уларни ортда қолдириб, бир маромда пиёда кета бошладим. Йўл юрганим сари Моцартнинг қабри йўқлиги ҳақида ўй мени тарк этиш ўрнига қаттиқроқ ўз исканжасига олди. Охири қисмат юрагимга солган бу қайғудан бир умр қутула олмаслигимни тушундим. Бунга иқрор бўлганим сайин кўз олдимдан Милош Форманнинг ўша кинокартинасидаги эпизодлар лентадек ўтиб, Венадаги Марказий қабристондаги- остида Моцартнинг устихонидан битта суяк ҳам бўлмаган сағананинг кўриниши худди рўпарамда қад ростлангандек бўлди. Атрофимдаги одамларга “Моцартнинг қабри йўқ , нима учун шундай, ахир одамга ўхшаб яшамаган исталган икки оёқли ҳайвоннинг қабри бор-ку”, дегим келди. Бироқ, йўлимда учраган йигирма-ўттиз чоғлиқ одамнинг барчасидан ўша жавобни эшитаманми деб чўчидим. Чунки, мен қанчалик бошқа жавобни эшитишга умид қилмай, улар саволимни тинглагач, менга бепарво тикилишиб, сийқаси чиқиб кетган жавобни беришлари аниқ эди. “-Худонинг иродаси шундай экан-да, дўстим! Иродаси шундай!” Шундай лаҳзаларда Худонинг борлигидан хурсанд бўлиб кетаман кўпинча. Унга қайта-қайта иймон келтираман. Яхшиям худо бор тепамиздаги осмон-у фалакда, юрагимизнинг тубида. Унинг иродаси бизни кўп нарсадан- жавобгарлик, виждон азоби, жаҳолат ва ҳоказолардан қутқаради. Бу балоларни ўзимиздан соқит қилиб, унга осонгина тўнкашимиз мумкин. Моцартнинг қабри йўқлиги келсак, бу Австриядаги немислар учун ҳам ёки атрофимда мен билан бир осмон остида яшаётган минглаб ўзбеклар учун ҳам фожеавий аҳамият касб этмайди. Зеро, улар Худонинг иродасига тўнкаган ва тўнкаётган глобал кўламдаги оғриқли фожеалар олдида бу ҳеч нарса эмас.
2020-09-15
http://nodirabegim.uz/archives/2996
Мен Абдумурод акани 2011 йил, баҳор ойларида илк марта кўрган эдим. Ўшанда туманимиздаги бир нечта ёзувчи ва шоир устозлар уйимизга меҳмонга келган, улар сафида Абдумурод ака ҳам бор эди. Эсимда, ҳаммадан кейин келган эдилар у киши. Умуман бу инсон доимо кечикиб юрар, билмайман, лекин негадир, ёруғ оламни бироз эрта тарк этдилар… Абдумурод акани ўша илк кўрган кунимдаёқ ўқитувчи эканини фаҳмлаганман. Сабаби мен билган инсонларнинг ичида фақат ўқитувчиларгина мана шундай фақир, мана шундай истарали эди. Ижодкорлар тўғрисида гурунг бошланиб, у киши Ўткир Ҳошимов билан боғлиқ бир хотирасини гапирганида эса, рости юзига ишонқирамай қараб қўйдим: “Ҳошимовнинг уйида меҳмонда эдик, дейдими? Озгина… қўшдилар-ов?!”. Кейин билсам ўзимга ўхшатиб юборибман, эски кўйлакни дазмоллаб кийган, эскигина уст бошига яп-янги дўпписи ярашмай турган бу камтарин инсон аслида обрўсини ошириб кўрсатиш каби ҳаваслардан батамом ҳоли экан. Сўнгра даврадаги шоирлар ўртасида шеър айтиш бошланиб кетди. Устоз шоирларнинг бири олиб, бири қўйиб шеър айта бошлашди. -Абдумурод ака, сиз ҳам шеърларингиздан бирорта айтиб беринг, — деб қолди у кишига устоз Темирпўлат Тиллаев. — Қўйсангизчи, тузукроқ шеърим йўқ, — кулиб рад этди Абдумурод ака. Бошқа шоирлар орада бир неча галдан шеър айтишди-ю, устоз Тиллаев тағин у кишидан шеър айтиб беришни сўради. — Шеърларим эсимда турмайди, — Абдумурод Қодиров тағин қутилмоқчи бўлди. — Эсда борини айтинг, ҳеч бўлмаса “Турналар”ни, — бу гал туриб олди устоз Тиллаев. — Ҳалиги-чи, қўшиқ бўлгани. — У эски шеър-ку, бир замонлар ёзилган… — Шеър эскирмайди, эски бўлса ҳам айтаверинг, Абдумурод ака! Шунда бироз ўнғайсизланган Абдумурод Қодиров озроқ иккиланиш билан, кулимсирабгина шеър айта бошлади. Аммо у кишининг овозидаги маъюсият ва чуқур қудуқнинг ичидан чиқаётгандек вазмин оҳанг юзидаги ифодаларга аллақандай мос тушмас, маънан шу ғамгин овози, мана шу хоксор туриши билан ўзи ҳам худди эски бир дарврлардан келиб қолган одамга ўхшарди. Зум ўтмай бутун хонани Абдумурод аканинг овозига хос вазмин ва ёқимли кайфият қамраб олди. Ҳалигина бир-бирига ҳазиллашиб, шеър айтишганда бир-бирига жўровозлик қилаётган шоирларнинг бари унинг юзига термулиб аллақандай хаёлларга ғарқ бўлган эдилар. Абдумурод ака эса мисоли бошқаларга эмас, ўзига, ўз-ўзига шеър айтиб бераётгандек бир нуқтага тикилганча шеър ўқишда давом этар, энди унинг зоҳири ва ботинидаги зиддият ҳам янада кучайиброқ кўринаётгандек эди: — Мен аҳмоқ ҳам кўпчилик қатори унинг ним табассум акс этиб турган юзига термулиб ўтирар эканман, яна дунёни ўз калта қаричим билан ўлчаган, яна ҳаммани ўзимга ўхшатган, шундай яхши истеъдод қишлоқда яшагани учун юзага чиқолмай қолиб кетибди-да, деб унга раҳмим келган эди ўшанда. Юзага чиқишга балки ўзи ҳаракат қилмагандир, балки ўзи уч бўлмагандир шонга, эътирофга, балки ўз дунёсида ура-ураларсиз ҳеч кимга малол келмай, ҳеч кимга ўзининг борлигини сездирмай мана шундай тинчгина яшашни истагандир, деган хаёл эса менинг тор тасаввуримдан анча йироқ, раҳм қилиш эмас, аксинча, бу инсонга ҳавас қилиш лозимли тўғрисида ўйлаб ҳам кўрмас эдим… Меҳмонлар уйларига тарқалишди. Менинг кўз олдимдан Абдумурод аканинг синиқ табассуми, қулоқларимдан вазмин ва ғамгин овоз оҳанги кетмай қолди. Лекин адабиёт худди отамдан қолгандай шунда ҳам ўзимча у кишини катта адабиётга даҳлдор ижодкор санагим келмас, бундай ўртамиёна шоирлар жуда кўп, чиройли қилиб ўқий олганлиги учун ҳам шеър менда илиқ таассурот уйғотди шекилли, деб ўзимга уқтирмоқчи бўлардим. Шунақа бўлган ўзи, ҳамиша ҳам фақир инсонлардаги фазилатни тан олишдан кўра, уларнинг камчилигини кўришимиз осонроқ… Кейин-кейин биз у киши билан телефонлашиб турадиган ҳам бўлиб қолдик. Асосан Абдумурод аканинг ўзи телефон қилардилару, бироқ гапиргувчи мен, у киши кўпроқ тинглашни маъқул топар эди. Мен гапимни тугатганимдан сўнггина у киши бир икки оғиз гап қўшиб қўяр, шунда ҳам гапиргани савол бўларди. Саволи ҳам ўзига ўхшаган жўн эди. Жўн ва чуқур… — Ўрисларнинг Толстойи бизда борми? — дея сўрарди, мен билганимча фикр билдирсам: — Французларнинг Балзаги-чи, Балзаги бизда борми? — деб сўрарди кейин. Абдумурод аканинг бу каби саволларини эслаб, рости мен у кишининг аслида нималарга ишора қилганликларини энди-энди тушунгандай бўлаяпман. Баъзида ўйланиб қоламан. У кишида билим ҳам, истеъдод ҳам ўзига етарли даражада бўлгани тайин, лекин нимага менинг сўзларимни эшитишга иштиёқи бўлди экан? Нимага ҳатто мен маъносига ета олмаётган саволларни бериб, жавобимни жимгина эшитиб ўтиришни яхши кўрдилар экан? Ўшанда ичларидан нима хаёллар ўтди? Ким билсин… Ким билсин балки айнан ўзида йўқ хислатларни, журъат ва ўзбилармонликни менда кўрганлари учун узоқроқ гапиришимни, хато бўлса ҳам узоқроқ гапиришимни истадимиканлар… Абдумурод аканинг уйимизга қандай кириб келишлари ҳам охирги пайтларда тез-тез кўз олдимдан ўтаётир. Мен ҳарқанча қувониб кутиб олмай, у киши дарвоза қоқиб келганидан нима учундир хижолат тортаётганга ўхшар, худди келишига бирор баҳона лозимдек қўлтиғига талабалик даврида йиққан китобларидан бир иккитасини қистира келарди. Ана, у киши олиб келган “Фауст”, “Уруш ва тинчлик”, “Телба” каби ўнлаб дурдона китоблар ҳалиям кутубхонамда тизилиб турибди. Булардан айримларининг янги чиққан нусхалари ўзимда олдиндан бўлса-да, мен буни Абдумурод акадан яширганман. Айнан шу китобни излаб юргандим, раҳмат деганман кўнглига қараб. Бошқа қувроқ одам бўлса эҳтимол буни сезарди, бироқ Абдумурод ака менга жудаям керакли бўлган китобни олиб келиб берганига ишонар, мендан ҳам кўпроқ хурсанд бўларди. Бир гал шифохонада даволанаётганимда у киши қўнғироқ қилиб, мен ётган шифохона манзили билан қизиқди. Билсам, кўргани келмоқчи эканлар. Хонадошларим – 30-40 ёшлардаги икки эркак у киши билан бўлаётган суҳбатимизни қулоқларини динг қилиб эшитиб туришди-ю: — У ким?- деб сўрашди телефонни ўчиришим билан. — Устозларимдан бири, — жавоб бердим мен. — Қаерда ишлайди? Нима учундир муаллим дегим келмади: — Шоир, — дедим, кимлар изимдан сўраб келишини кўрсатиб қўймоқчи бўлиб, — Ўткир Ҳошимовларни танийсизлар-ку? Ўз даврида ўша инсонлар билан даврадош бўлган. Билим жуда кучли, миллий энциклопедиянинг муҳаррирларидан бири… Ҳозир, шу… Қишлоқда… — Ў-ў-ў! Унда бир қўйни айириб, тенг ярмини пишириб келаётгандир? — қорнини қашлаб, гапимни бўлди хонадошлардан биттаси. Қовун туширганимни англаб, ўзимча уларни келаётган меҳмондан кўп нарса кутиш керак эмаслигига тайёралаган бўлдим: — Йў-ўқ… Қўй бўлмасаям курка-товуқ, дегандай… — Унда бугун абетга овқат буюртирмасак ҳам бўларкан-да?! Иштаҳаси карнайлардан бўлмаганим учунми, ё бошқа бир сабабларга кўрами, рости менинг ғашим келди. — Билмадим… Кутайлик-чи, — деб хонадан чиқиб кетдим. Орадан чамаси уч-тўрт соатлар вақт ўтган экан. Қўшни палатадаги отахонлар билан гурунглашиб ўтирган эдим, бир вақт эшик тақиллаб, хонадошларим чақиришди. — Устозинг келди, — дейишди улар мен залга чиққанимда қовоқларини солиб. — Нимага шоир деб алдадинг, мактабда домилла экан-ку! Тушундимки, булар шоирмисиз, деб сўрашса Абдумурод ака одатига биноан “йўқ, ўқитувчиман” деб рад этган. Ёлғончига чиқиб қолганимдан менинг ҳам қовоғим солинди: — Ўзлари қаерда? — Ўтирибди, хонада. Қўлтиғида иккита китоб! Иккаловининг ижирғаниб гапирганини кўриб, мениям хаёлимга китоб шунчалар ёмон нарсадай туйилиб кетди. Бордим. Абдумурод ака хонада ўша ўша эскигина кийим-бошига яп-янги қалпоғи ярашмай, синиқ кулимсираб мени кутиб ўтирган экан. Олдингидай илиқ сўрашмадим, хонадошларимнинг олдида изза бўлганимдан аразлаган киши бўлиб, суюққина сўрашдим. Иззатпарастликдан йироқ бўлганлари учун балким Абдумурод ака буни малол олмагандир, бироқ ўшанда нимага ўзимни бундай аҳмоқона тутдим, сира тушунолмайман. Ахир салкам отам тенги одам катта бошини кичик қилиб мени – ўғли тенги тирранчани шунча ердан сўраб келганди, қувониб дўппимни осмонга отсам арзир эди-ку? Анави иккови ўзини қориндан бошқа ғами йўқ чўчқа деб ҳисобласа, мен ўзимни инсон дер эдим, о-озгина, зиғирдайгина бўлсаям кўнглим бор, деб юрар эдим-ку?! Қани энди бугун шу инсоннинг ўзи, қани дийдори… Яна бир сафар эса Абдумурод аканинг қачонлардир ёзган шеърларини туман газетасида ўқиб қолдим. Устоз Хуршид Даврон билан қўнғироқлашганимизда у киши қишлоқда ижод қилаётган ижодкорларнинг яхши асарларидан электрон кутубхонам учун жўнатиб туринг, дегани учун, ўша шеърларни кўчириб, расмсиз ҳолатда устознинг электрон почтасига жўнатиб юбордим. Кечаси жўнатган бўлсам, шеърлар эртасига тонгдаёқ сайтда эълон қилинибди, яна устоз Хуршид Даврон ажойиб шоирнинг ижоди билан таништирганим учун миннатдорлик жавоб хати қолдирган эдилар. Ўшанда шеърлари устоз Хуршид Давроннинг кутубхона сайтида эълон қилинганни эшитган Абдумурод ака бундан гўдак мисоли қувонган, қайта-қайта раҳматлар айтган ва бот-бот шеърлари аслида бунга арзимаслигини таъкидлаган эди. Кейинчалик ҳам Абдумурод ака бу ишимдан миннатдор бўлиб ҳар ерда гапириб юргач, менга туманимиздаги шоир-ёзувчи танишларнинг кўпчилиги битган-битмаган ижод намуналарини Хуршид Давронга жўнатиб беринг, деб келтириб берадиган одат чиқарди. Менинг эса бу қораламаларни устозга жўнатишга юзим чидамай, қаердан ҳам Абдумурод акага шу ёрдамни қилдим, дуч келганга мақтанавериб бошимни балога қолдирди, деб у кишидан жаҳлим чиқарди. Шу арзимас ишимни шунчалик арзитганини, шоирликка катта даъвоси бўлмаган бу инсон шеърлари эълон қилинганини эмас, аслида кичиккина одамгарчиликка гувоҳ бўлганини ҳаммага мақтаниб юрганини англашга эса фаросатим андак камлик қиларди… Мана, Абдумурод аканинг вафот этганларига ҳам бугун бир ойдан ошиб қолибди. Эҳтимол у кишининг менга, сизга, ҳаммамизга айтадиган гаплари кўп эди, аммо нимагадир айтмади, барчасини ўзи билан бирга тупроққа олиб кетди. 2001 йилда 500 нусҳада чиқарилган, ўз ичига атиги бир ҳовуч шеърларни сиғдиролган “Ғамгин дарахт қўшиғи” номли юпқагина китоби қолди, холос. Бу китобдаги саноқли шеърларни олдингидан ортиқроқ эътибор билан қайта-қайта ўқир эканман, мен ҳеч қандай оғриниш, ҳеч қандай малолни билмайдиган Абдумурод аканинг ўз хассос қалбини шунча йил одамлардан қаерга беркитиб яшаганини англагандай бўлаяпман. Ҳамда яқин кишисидан айрилиб алланечук ёлғизланиб қолгандай аламзада ҳис этаяпман ўзимни. Нега Абдумурод акани катта адабиётга даҳлдор эмас деб ўзимча ҳукм чиқардим, бунга қанчалар ҳаққим, қандай асосим бор эди, хўп, шундай ҳам бўлсин, майли, бироқ у кишини нимага шу пайтга қадар оддий инсон сифатида яхши кўра олмадим, ўзимни сира тушунолмаяпман. Тушунолмаяпман ҳам, кечиролмаяпман ҳам… Балки инсон айнан ўзи чин дилдан севган одамларга мана шундай баланд талаблар қўяр… Гоҳида кечалари уйқим ўчиб Абдумурод аканинг ўзлари ёзган ушбу мисраларни пичирлаб айтгим келади:
2020-09-21
http://nodirabegim.uz/archives/3020
Ниҳоят бугун иш куни эмас, уйда қолишга-да тоқат етмайди. Ташқарига чиқасан, машиналар овози бу гал негадир ёқимли туйилади. Aтрофга, деярли ҳар куни дуч келадиган одамларга бошқача назар билан қарайсан. Қаергадир боришга, қайсидир белгиланган вазифани бажаришга мажбур эмассан бу гал. Биринчи келган автобусга чиқасану, ўзинг билмайдиган томонларга кетиб қоласан. Ойна ортида сен яшаб юрган олам, сен эса умуман бу ерларга тегишли эмасдек мириқиб кузатасан уни. Ногаҳон ойна бурчидаги кичкина доғга кўзинг тушади. Хафсаланг пир бўлиб келаётган бекатда тушиб қоласан. Салқин ҳавода этинг бир жунжикади, шундагина ҳис қиласан куз келганини… Нимадир шилдирайди – анҳор! Aвтобус сени олиб келган ерни қара! Дарахт, майсалар, яшиллик. Бошингда бир фикр айланаверади: дунё ҳали ҳам яшил… Яшил… Нимадир қайноқ ва аччиқ туйилади – йиғи. Шу тобда нимага бўғзингга ўрнашиб олди экан у? Ўз-ўзидан қандайдир мисраларни такрорлай бошлайсан: Сўзлар ва оҳанг билан қалбингга нур кираётгани сезилади. Қалбинг борлигини, яшаётганингни ҳис қиласан. Яна яшагинг келади… Нафасинг оғирлашар, худди ҳаво берадигандек яна ва яна янги мисраларни эслашга уринасан: Яна… Бирдан тўхтаб қоласан. Нега йиғи? Шунчалик кўп ёзилганми йиғи ҳақида? У ожизликми, кучми?.. Ким йиғламади, ким йиғлади, нега йиғлади?! Бироз ўтиб ҳушингни йиғиб олгандек бўласан ва сен ёдга олган мисраларнинг бари бир шоирнинг изҳори эканини фаҳмлайсан. Усмон Aзим! Унинг ижодида бу сўзнинг қиммати қандай? Қайта-қайта бу ҳолатга тушишдан маъни нима? “Бахшиёна”да нима деганди-я, ҳа мана: Умуман олганда, “йиғи”, “йиғламоқ” сўзлари шоирлар, шоиртабиат кишилар ижодида кўп учраши одатий. Усмон Aзимда эса улар сўзлик даражасидан рамз ва моҳият қийматига кўтарилади. Шоир шунчаки йиғламайди, йиғлатмайди. Ундан қандайдир бошқа – умумий бир маъно яратишга уринади, тошни, темирни йиғлатади… “Раққоса” шеърида эса йиғини ялонғочлаб ташлайди, яширгиси, яширингиси келмайди. Нафрат ва орият ўртасидаги музни йиғи билан эритишни таклиф қилади. Усмон Aзим шеъриятида кучли, бардошли образлар талайгина. Aммо шоир уларни-да йиғлатади. Aсл инсонийлик баҳоси куч ва бардош билангина баҳоланмаслигини уқтиради. “Ватан ҳақида шеър”и қаҳрамони бир қўли йўқ, кўрса қўғирчоқлар ҳам йиғлашдан тўхтайдиган жаҳлдор раис даладан бир сиқим буғдой олиб кетаётган қизни кўриб йиғлайди: Яна бир шеърида шоир ўз сирини очади: , дейди у ниманидир қидираётганлигини англатиб. Ўйланиб қоласан, йиғини шунчалик баланд мақомда олиб келаётган одамнинг йиғлаб қидираётгани ким, нима, қаер?! Шу пайтда қаердандир пайдо бўлиб қолган кичкина болакай олдингдан югуриб ўтади, онасини қидирасан нигоҳинг билан. Мана улар, беғубор жилмайиб қўясан. Ва… яна эслагинг келади. Биринчи бор ўтаётган ерингдаги дарахтларнинг нимасидир таниш туйилади, буни-да, шеърни-да эслолмайсан, хотирангни койиб ҳаммасини қайтадан бошлайсан. Нур йиғилиб томоғингга тиқилади – Йиғи…
2020-09-23
http://nodirabegim.uz/archives/3031
* * * Аввал гумбурлаган ёмғир хабари, кейин эса майин ва борган сари кучайиб бораётган шариллаган товуш қулоқларимга қуйилади. Сезяпман, Чирчиқнинг тошиб чиққан сувлари Лой жангидан қолган истеҳком ҳаробаларидаги ҳандақларни бирма бир тўлдиряпти. Бироз ўтиб, жигарранг сел долғаси кўчамиздан оқиб ўтадию бари тинчиб қолади. Тезроқ дарсларимни тугатишим керак. Фақат шундагина селдан кейин ёғаётган ёмғирни кузатишга вақт тополаман. Чиноздаги деярли бутун болаликлар шундай кечади. Ҳар бир уйда, ҳеч бўлмаса битта мана шундай хаёлпараст бола яшайди. Биз ҳар гал панароқ жойга туриб оламизу томорқалар узра ёғаётган ёмғирга ичимиздан ўтаётган бир ғалати кечинма билан жим тикиламиз. Ўша пайтлар бу кечинманинг номини билмасдим, бироқ бугун ҳамма нарсага ўзим қайта ном бераётган пайт сезиб қолдим… Ўша ёмғирларни томоша қилаётган болакайлар ичидан кечаётган мавҳум ҳиссиётнинг номи Изтироб экан. Умуман, бизда изтироб ва қийноқ деган сўзлар болаларнинг оғзидан чиққани заҳот ўз маъносини буткул йўқотади. Гўё изтироб чекиш учун ҳам муайян ёшга етишинг ва тажриба орттиришинг керакдек: – Белим оғрияпти, ая. – Ёш болада бел нима қилади? – Бошим айланяпти. – Эчкига ўхшаб сакраганингдан кейин айланади-да. Кетингни босиб ўтир, ўтиб кетади. Қизиқ, соғиниш нималигини билмай туриб ҳам соғиниш мумкин экан. Мен билмаслик фақат болаларга хос камчилик деб ўйлардим. Йўқ, у доим сени таъқиб этаркан. Катта бўлгач, соғинаётганингни аниқ биласану кимни соғинаётганинг, кимнинг дардида ёнаётганингни англолмай қийналасан. Улғайгач бизни битирган нарсалар ҳам шу, аслида. Туйғуларнинг номини билмоғу улар йўналган манзилни тополмаслик… Менимча, Одил Икромнинг бутун ижоди мана шу азоб нуқтасида бирлашади: Манзилсизлик… Бу кўчалар қаерда ўзи? Уларда биз ҳам бир дафъа бўлсин кезиндикми ҳеч? Хўш, бахтиқаро бахт бу кўчаларда дайдиб-дайдиб қаерга боради? Мунг нимани эплаб қўйибдики унинг юзи бу қадар ёруғ? Чирқиллаётган туннинг бағридан суғурилиб чиққан вақт – лаҳзада юзи бирдан ёришиб кетган мунгни туртиб юборади бахт. Хўш, шундай ҳикоя қилиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, келинг бошқа сатрларга ўтамиз. Яқин-яқингача Моцартнинг “Орзу марсияси” – “A Requiem for a dream” мусиқасини эшитиб юрар ва бундай жўшқин, аламли оҳанглар сўзга айланса қандай бўларкин деб ўйлаб юрардим. Қуйида шоир худди шу ўйчан саволимга мунгли жавоб беради: Тун орзусига эришмоғи учун тонгга етишиши, тонга етишиши учун эса ўзини битирмоғи керак. Ҳа, ҳар орзу рўёби ортида бир интиҳо бор. Бу худди Машҳурликка ноил бўлмоқ учун қалбини иблисга сотган созанда ҳақидаги эски бир ривоятга ҳам ўхшаб кетади. Кимдир танини, кимдир руҳини сотиб юрган дунёда бир орзу учун умрининг охирини чирқиллаб кутмоқ, менимча мантиқдан у қадар узоқ эмас. Гарчи мантиқнинг ўзи қаерда жойлашгану неччи чақирим йўл боссанг ундан узоқлашишингни билмасанг ҳам, ўқиганларинг унинг ҳароба макони атрофида содир бўлаётганини ич-ичингдан сезиб турасан. Аслида мен аввалдан воқебанд йўналишини шеъриятдан олиб ташлашни ёқлаганман. чунки шундоғам ҳар қандай шеърнинг ўз воқеаси, ўз воқелиги бор. Зотан¸юқоридаги сатрлар ҳам бир вақтнинг ўзида шахснинг руҳоний эврилишлари контекстида муайян сюжетни ҳикоя қилиб берди. Мен эса сизга шунчаки спойлер бердим, холос. Шеърнинг қолган тўрт сатрини ўзингиз ўқиб, ҳикоя (т) қандай тугаганлигини билиб олишингиз мумкин. * * * Ўтган йили Қўшма Штатлардаги “Art Basel Miami” санъат аукционида италян мусаввири Маурисио Кателланинг деворга скотч билан ёпиштирилган банан асари йилнинг энг қиммат сотилган ижодий иши сифатида катта зиддиятларга сабаб бўлди. Рассом ўз асарида ишлатган бананни бизнинг пулда ўн-ўн беш минг сўмга олган бўлса керак. Ундан кўп эмас. Зиддиятларнинг асосий сабаби эса …: Хўш, бунинг нимаси санъат? Агар бу санъат бўлмаса, яна ўз-ўзидан савол туғилади: Хўш, унда санъатнинг ўзи нима? Бу воқеалар шамоли замонавий санъатдан минглаб ёруғлик йили узоқликдаги бизнинг жамиятга қадар етиб келди. менимча, деворга ёпиштирилган бананнинг асл қиймати мана шу ерда аён бўлади: Ижодкор бизнинг ғазабимизни, ҳиссиётларимизни қўзғай олди, бизни ўйлашга мажбур қилди. Шунинг ўзи санъат эмасми? Бундан келиб чиқадики, санъат инсоннинг эзгулик ва ҳаққониятга оид ҳар қандай ухлаб ётган сезимларини уйғота олмоқдир. Унинг чиройли ё кўримсиз, ҳатто жирканч бўлиши кейинги масала. Келинг, юқоридаги фикрларга мувофиқ шеъриятга назар ташлайлик. Бугунги капитализм давридаги шеърият ҳам уйғотишга қодирми? Умуман, уйғотиш баъзан биз хаёлимизга ҳам келтирмаган йўллар орқали содир бўлмоғи мумкин. Масалан, ўтмишдаги хушбахт хотиралар ва бугунги бадбахт кунлар кечинмасини тўқнаштирган ҳолда. Одил Икром, менимча айнан шу йўлдан фойдаланган ҳолда ўз санъат асарларини яратди. Хусусан унинг “Қазо лашкари” шеърида ҳам айнан мана шу услуб ҳавосини ҳис қилиш мумкин: Биринчи сатр, умуман бутун бошли шеърий композициянинг ўзи менга Лермонтовнинг “Демон”ини эслатади. Агар иккала санъат асарини бир-бирига чоғиштирсак, ўртага чиққан натижа қувғиндилик ва қочиш изтироби экани маълум бўлади. Эҳтимол, фош бўлар… Бормоқ бошқаю кетмоқ бошқа. Ва, кезинмоқ буткул ўзга нарса. Озурда хаёлнинг қадри лойга қоришган, эшак кунини кўрган оҳудек ўз-ўзига – номуносиб ва номутаносиб жисмга тутқунлиги шоирнинг бутун бошли руҳий ҳолатини, уйғоқ ҳолидаги эрк илинжида босинқирашларини кўрсатади. Бу босинқирашни фақат қазо лашкаригина келиб тўхтатиши мумкин. фақат, Одил Икромнинг Лермонтовдан фарқи шундаки, у буткул умидсизликка тушиб қолгани йўқ. Унинг ҳеч бўлмаса қазодан умиди бор. Унинг иблис янглиғ мангу лаънатга мустаҳиқ яратиқ эмас, оддий одамлиги вазиятни юмшатиб тургувчи ягона омилдир. Шу ўринда қазо ҳақида. Ўлимни ҳеч қачон тушунмаганман. Унинг борлигига иймон келтиришнинг ўзи мени доим даҳшатга солиб келади. Ахир, ўзинг англаб етмаган нарсанинг ростлигига қандай иймон келтирасан? Ўлимни фақат ўлиб тирилгандан кейингина тушуниш мумкин. Бу ерда шоир қазодан умид қилганининг сабаби, эҳтимол унинг ўз-ўзидан қувғинда минг ўлиб тирилганидандир? Асл сабабини, менимча унинг ўзи ҳам билмаса керак. 2013 йил япон аниматори Исао Такаҳата томонидан яратилган “Малика Кагуя ҳақида ривоят” – “The Tale of Princess Kaguya” анимесини эслагим келди. Анимеда кекса, бефарзанд бамбук кесувчи ўрмонда айланиб юрган пайт унинг қаршисидан нур таратиб турган бамбук гули чиқиб қолади ва гул лаҳзада улкан тилсимга айланиб, унинг ичидан чақалоқ чиқади. Бамбук кесувчи ушбу мўъжизани кўриб маъбудлар менга фарзанд ато этди деб ўйлайдию чақалоқни уйига олиб бориб, кампири билан парвариш қила бошлайди. Чақалоқ соат сайин шиддат билан улғайиб бораверади. Худди бамбук каби… Ва, кун келиб у маликага айланади. Ривоятнинг қолган қисмини айтиб бермайман. Чунки, Одил Икром ижодига оид асосий нуқта мана шу ибтидодагина мужассам. Шеърдаги бир вақтнинг ўзида ҳам шиддатли, ҳам дардчил эврилишларни ҳис қилганим он кўз олдимда кимсасиз бамбук ўрмонида ғамгин кезиниб юрган сассиз қария жонланди. Ҳар бир сатрда қария шу қадар тиғиз, бамбук тезлиги билан қариб борардики, шеър охирида ўлиб қолмасайди деб қўрқдим. Интиҳода эса ўзга бир ибтидо мени кутиб турган бўларди. Одил Икромнинг шеърни тугатиш техникаси чиндан ғаройиб. Келинг, шоирнинг тўртликларидаги финал саҳналарига бир назар ташлайлик: Ҳар бир сўнгсатрда шоирнинг ҳорғин, аммо қатъий иқрорини, ўзи ва қисматни шафқатсиз фош қилишини кўрамиз. Аввал шоирнинг йўлидан чиққан нурафшон гул Ажал қўлларига қандай етиб бориш тарихини руҳунат тилида тадқиқ қиламиз. Хўш, бу тадқиқотларнинг натижаси нима? Пабло Неруданинг ўша машҳур гапи: “Тан оламан – яшадим” ми? Унда яшаш бир жиноят эканда? Йўқса, уни тан олишдан не наф? шоирнинг иқрорлари ҳақида кўп гапирилади, ваҳоланки ҳали ҳеч бир шоир ўзини бутунича очиб ташлашга журъат қилолмаган. Журъат қилганида ҳам бирон нарса ойдинлашадими? Иқрор дарахтининг илдизлари баъзан ўкинч ва илинж тупроғига қадалган бўлади. Бу тупроқ шу қадар бепуштки, унга умид сувини қанча қуйсанг ҳам фойдаси йўқ. Чунки челагингни тўлдирган дарё ҳам аслида Ўлик денгиздан оқиб келади. Бу тупроқда фақат ҳа, шундайман деган ҳайқириқ ва бу ҳайқириққа қадар узанган жуда олис йўл ятаниб ётади. Бу йўлдан юрган жамики дарвештабиат шоирнинг қаршисидан бир куни ўша нурафшон гул чиқадию бутун саргузашт қайтадан бошланади: у гул ичидаги илоҳий зурриёд – алмисоқда Тангри уннинг пешонасига ёзган муқаддас қайғуни хаёл қўналғасига олиб бориб, кўз қорачиғидек парваришлайди. Лирик эврилиш деганлари шу. * * * Одил Икром шеърияти Шарқ мумтоз назми, хусусан тасаввуф ва мавлавийлик қарашлари билан обдон суғорилгани сир эмас. Қизиғи шундаки, у қоралаган сатрлардаги ташбеҳлар таркибида сўзнинг донишмандликка даъво қилишдан бошқа ҳар қандай маъно тусланишларини кузатишингиз мумкин. Ҳар бир ўхшатиш ўзидан кейинги сўзга муайян даражада таъсир ўтказаркан, мазкур таъсирни қабул қилиш қилмасликни сўзнинг ўз ихтиёрига топширади. Маъно қатларига сингитилган абсурд кайфият эса дунёнинг ўткинчилиги ҳақидаги турли ривоятларни ғайб тилида ҳикоя қилиб бераверади. Ҳар бир ривоят асосида реал воқелик туради ва ривоятни ривоят қилиб турган ҳам аслида ровийнинг шахси, руҳи, хотиралари ва онгости кечинмаларидаги муайян парадоксал оғриқлардир. Ривоят доим ҳам биз ўйлагандек зоҳирий воқелик ва ажойиботлардан иборат бўлмаслиги мумкин. уни баъзан ровий мавҳумот пардаси ортидаги ташбеҳ ҳижобига ўралган сирли қиёфа шаклида ҳам тақдим этадики, мазкур қиёфа эгасининг шарпаси – таассурот биз тингловчи (ёки шеърхон) ларни ўзининг пуржозиб бўшлиғига судраб кетаверади. Ҳар бир шоирда бирозгина бўлса ҳам Шаҳризодадаги каби ўлимдан қўрқиш сабаб ривоятлар тўқиш одати бўлади. Улар унутмаслик ва унутилмаслик учун ҳам тинмай ёзаверишади. Одил Икромнинг шеърларидаги ғоявий такрорланиш аввал бошда сизга ғалати туюлишининг сабаби ҳам шунда. Шоир ўз кечинма қолдиқлари, ёдининг тубидаги оғриқ чўкиндиларини унутиб қўймаслиги, ўзининг мавжудлигига шубҳалана бошламаслиги учун ҳам тўхтовсиз бир гапни такрорлайверади. Семюэл Беккет Декартнинг фикрига қарши чиққан ҳолда “Чошгоҳ шарпалари” эссесида шундай дейди: “Менинг мавжудлигим фақат фикрлаш билангина чегараланиб қолмаслиги керак. Бу мумкин эмас. Зотан, келажакда оддий қурилмалар ҳам мендан яхшироқ фикрлаши мумкин, аммо уларнинг борлиги, моддияти сунъий бўлади. Фақат оғриқ ва қайғуни ҳис қилишгина инсоннинг тириклигига исбот бўла олади. Азобланяпманми, демак борман, тирикман.” Беккетнинг фикрига қўшилган ҳолда Одил Икром юқорида таъкидлаб ўтилганидек ўз-ўзини қувғин қилганидан сўнг қувилган манзилдаги ўзи томонидан унутилмаслиги учун хотирот маҳзанидаги тирик изтиробга шўнғийди ва у ердан албатта бир маъно топишга уринади. Хўш, ўз тириклигини исботламоқчи бўлган ва бу йўлда тинимсиз оғриққа рўбарў бўлаётган Одил Икромнинг шон-шуҳрат йўлида Артемида маъбадини ёндирган Геростратдан фарқи нима? Ахир у тасаввуф таъсирида эди-ку? Ҳа, айнан мана шу нуқтада саволларга жавоб топилиб, биз Герострат хотирасига бир дақиқа сукут сақлаймиз. Жавоблар Герострат марсиясидек янграб, қадим хаёл мақбарасини ларзага келтиради: Шоир биз билган зоҳирий ўзликдан кечиб ботиний ўзлик томон ҳаракатланмоқчи. Ракета осмонга кўтарилгани сари атмосферанинг ҳар бир қатламида ўзидан бир бўлакни “ечиб” пастга отгани янглиғ у ҳам ўзлик либосларини бир-бир ечиб, яланғоч ҳақиқатга томон юксалиб бораверади. Айни шу юксаклик – ҳақиқат меҳварида биз боя айтган мантиқ қўналғаси жойлашган. Зеро, инсоннинг ички дунёсидаги мангу қонунларга зид ҳар қандай асар ё сўз мантиққа қаршидир. * * * Мени энг аввало китобнинг номи қизиқтириб қўйди: “Хаёл мақбараси”. Келинг, типик ўзбек адабиётига бироз ётдек туюладиган теорема усули орқали мазкур номни Одил Икромнинг бутун ижоди контекстида таҳлил қилишга уринайлик. 1. Хаёл 2. Мақбара 3. Мақбара ва хаёл сўзининг ички маъноси Хаёл бугунги ўзбек тилида асосан инсон онгида вужудга келадиган ўткинчи бир шуурий ё ғайришуурий ўйлар жамланмаси сифатида тушунилади. Бироқ, аслида хаёл атамасининг асл илдизи эски туркий тилининг ўғуз шевасидаги орзунинг кучли шаклига бориб тақалади. Бугун ҳам Туркия ва озар турклари бир орзуйим бор демоқчи бўлишса бир хаёлим вор дейишади. Демак, хаёлнинг олий орзу эканлигини аниқлаб олдик. Мақбара эса маййит кўмилган иморатлиги ўз-ўзидан маълум. Мақбара ичида орзунинг мурдаси – армон кўмилган. Бундан келиб чиқсак, Одил Икромнинг бутун ижоди ўша хаёл мақбараси ичидаги муқаддас армон атрофида қуёш атрофидаги сайёралар каби айланиб ҳаракатланишини кўришимиз мумкин. Теорема ечилди. Бироқ, бу ҳали минглаб таҳминий ечимлардан бири, холос. Хаёл чиндан бугунги маъносида ишлатилган бўлсачи ё Ойбекнинг “Хаёлимдан олтин қафас тўқидим” деган сатридаги олтин қафас Одил Икромга қадар мақбара, зиёратгоҳ ва борингки ўликхонага айланиб қолган бўлсачи каби гумоний саволлар беришни ўзингизга қолдираман. Умидим шулки, китобни ўқигач бутун саволларга жавоб топасиз ва бу жавоблар йиғилиб ичингиздаги энг улуғ – тириклик мақсади нима деган саволнинг уйғонишига туртки бўлади.
2020-09-24
http://nodirabegim.uz/archives/3036
Октябрнинг булутли ва серёмғир кунлари бошланди. Орада қуёшни кўриш ҳам насиб этяпти. Ҳатто бир неча кун давомида. Шунга қарамай ҳаво илиқ эмас, ҳарорат анча тушган. Шунисига ҳам шукр. Хуллас, октябрь яна келди. Негадир октябрни яхши кўраман. Сабабини билмайман. Унда рўй берган ҳар битта воқеа-ҳодиса мудом хотирамда туради. Неча йиллардан бери шундай. Ҳечам эсимдан чиқармайман. Энг майда-чуйда деталларни ҳам. Ҳар куни болалигим ёки ёшлигимнинг маълум бир қисмидаги октябрни кўз олдимга келтираман. Унда нималар содир бўлганини ўйлаб гох энтикаман, гоҳ асабларим қақшаб оғрийди. Гоҳ севинаман, гоҳ уларни эсон-омон ҳатлаб ўтганим учун яратганга шукроналар айтаман. Бугун ўтган йилги октябрни эсга олдим. Орадан қисқа вақт ўтган, шунгами дейман ундаги бир ойлик тақвимда бўлиб ўтган ҳар бир ҳодиса шу заҳоти хаёлим кўчаларида қад ростлади. Бўлиб ўтган воқеаларнинг кўпи аҳамиятсиз эди. Шунга уларга ортиқча аҳамият бериб ўтирмадим. Фақат иккита нарса кўпроқ эътиборимни тортди: мўйсафид ёзувчимиз Темур Пўлатов ва ўртамиёна озар шоираси Ганира Пашшаеванинг бу қутлуғ, ҳеч қаерда йўқ, кўзимизга суртишга доим мажбур бўлган тупроғимизга келиши. Ганира Пашшаева Темур Пўлатовдан олдинроқ келганди. Адашмасам шундай. Октябрнинг бошларида эди. Унинг ташрифи атрофидаги воқеаларни яхши эсладим. Кўпчиликлашиб, лабларида табассум билан, қий-чув кўтаришиб уни кутиб олишганди (шу ерда Марина Цветаева тирик бўлганида ўзини аниқ қайтадан осарди). Ёзувчилар уюшмасида унга атаб алоҳида учрашув ташкил қилинган, унга кетма-кет мақтовлар ёғилган, уни еттинчи осмонга кўтаришган, замонамизнинг энг тафаккур ва хаёлоти таърифга тил ожиз бўлган шоираси сифатида билишларини тўтиқушдек такрорлашган, макияжли юзидан ёшу-қари чўлпилатиб ўпишган, биргаликда суратга тушиб кўнгил ёзишганди. Бундай эътиборни кўриб, Ганира Пашшаева Хосият Рустамовани сеҳргар деб ўйлаган бўлса не ажаб. Чунки ўзи ҳам эҳтимол ўртамиёна озар шоираси эканлигини яхши билар, фақат тарғиботнинг кучи туфайли адабиётнинг ҳимолайи чўққисида омонат турганини тахмин қилар, ўзидан кўра ўзбекнинг айрим йигирма беш яшар қизлари яхши шеър ёзишини билмаса-да, бундай эътибордан ўзбек адабиётини ночор бир адабиёт деб ўйлаб унга ачинарди. Шубҳасиз, Ганира Пашшаевага Цветаева ёки Ахматовага ҳам кўрсатилмайдиган эҳтиром кўрсатилганди. Ўшанда бу ҳақида эшитиб, ҳайрон қолган бўлсам-да, ўзимга ишонмай унинг ижоди билан танишиб чиққан, шундан сўнггина мийиғимда кулиб қўйгандим ва адабий муҳитимиздаги дид билан савия аянчли аҳволда эканлигига яна бир карра иқрор бўлгандим. Майли, бунга ортиқча диққатимни қаратмадим. Аммо ҳақиқий комедия шундан кейин бошланди. Ганира Пашшаева совға-саломлар билан самолётга ўтқазилиб, Бакуга учириб юборилгач, Темур Пўлатов Тошкентга келди. Аслида адибимиз Бухородаги ота ҳовлисига бормоқчи бўлган, шунчаки Тошкентда тушиб, у ерга кетмоқчи бўлганди. Нима бўлган тақдирда ҳам мўйсафид узоқ йиллардан сўнг ўз юртига қадам ранжида қилганди. У жаҳон даражасидаги адиб, эллик ёшигача шу юртда меҳнат қилган, ҳатто рус заминида яшай бошлаган бўлса-да, ўз юрти ҳақида сўзловчи “Самурайлар театри” романини ёзган адабиёт одами эди. Энг қизиғи, Ганира Пашшаевани кутиб олган адабиёт аҳли ҳам, ёзувчилар уюшмаси ҳам бу ташрифга эътибор қаратишмади. Мен шунга сарказм аралаш кулдим ва асаб толаларим чарс-чурс ёрилиб-ёрилиб кетди. Адабиёт аҳли-ку майли, савияси ўртамиёналардан ташкил топган, лекин маддоҳизм уяси бўлган уюшмани ўзини бу қадар ёш болаларча тутиши тўғриси мени лол қолдирди (мабодо Кусто тирик бўлганида унинг ташриф қоғозига айланган ҳайратланишидан андоза олиб, қандай ҳайратланганимни шу ерда ифода қилган бўлардим. Аксига олиб, у ўлиб кетган). Абдулла Орипов даврида уюшмадан ўчирилган Темур Пўлатовни эҳтимол кутиб олишни улар лозим топишмагандир. Аммо озарнинг шоирасига кўрсатилган эҳтиромлари, қолаверса она сути оғзидан кетмаган гўдакнинг китоб тақдимотини худди Хемингуэйнинг китоб тақдимотидек ўтказишлари олдида уюшмадан ўчирилган, рус заминида яшаётган мўйсафидга бир оз эътибор қаратилиши хамир учидан патирдек гап-ку! Шу ерда лирик чекиниш қиламан. Тургенев бир умр Францияда яшаган. Уни шу сабаб ватанпарвар эмасликда айблаган Достоевскийга қарата “ватанпарварликни юракда сақлаган маъқул, Федя” деб айтган. Ўз ватанини севишини Толстой, Гоголь, Пушкин кабиларнинг асарларини ҳеч бир манфаатсиз фаранг тилига таржима қилдириб, Парижда нашр қилдирган ва рус адабиётининг донғини кенг ёйиб исботлаб берган. Дарҳақиқат, ватанпарварликни юракда сақлаган маъқул эмасми? Минбарларда туриб олиб, ватан ҳақида шеър ёки ваъз айтишдан кўра рус заминида бўладими, Саҳрои кабирда бўладими, пингвинлар яшайдиган тундрада бўладими, ватанга муҳаббатини юракда сақласа, ватанига ўша ерлардан туриб ҳам хизмат қилса ёки севги улашса бўлади-ку! Одатда, якшанба кунлари уйда ўтирмайман. Эрталаб нонушта пайти бирор шоирнинг китобини варақлаб, кайфиятимни созлаб, сўнг кийинаман-да, кўчага чиқаман. Октябрь ўз ҳукмронлигига олган табиат қўйнида сайр қилишнинг гашти ўзгача. Кўча тамомила ўзгарган. Дарахтлар сарғайиб улгуришган, хазонрезгининг нафаси сезилади, қушларнинг осмон бўйлаб чириллаши кишига завқ беради. Кўчада яёв кетарканман, соатимга қарайман. Соат ўн бирни кўрсатади. Шунда Темур Пўлатовни ўйлайман. Мўйсафид ҳам уйғонганмикин, нонушта килиб бўлгач, одатига биноан кулранг плашчини эгнига илиб, ҳассасига таяниб Арбат ён-атрофларини пиёда кезаётганмикин? Балки, Гоголнинг ҳайкали олдида туриб, хаёл сураётгандир. Якшанба куни музей ишламайди, демак у музейда эмас. Ёки Переделкинодаги дала ҳовлисидамикин? Балки, у ердаги сокин дарахтзорлар оралаб кезиб, Пастернакнинг қабри олдида ўйга чўмиб ўтиргандир? Шунақа ўйлар қалбимни қамраб олади. Уйга қайтиб келгач, унинг қаламига мансуб бўлган- ўзим ёқтирган “Бухоро хонадони кечмишлари” ва “Самурайлар театри” каби китобларини варақлаб ўтираман. Иккиси ҳам ўзбек миллати, менталитети ва унинг ҳаёти ҳақида. Буни чалажон адабиётшуносларимиз-у, асарлари Тошкентдан нарини кўрмаган ўртамиёна адибларимиз ҳам инкор қила олишмайди. У ҳолда улар истагандек миллий руҳда асарлар битган адибга нега ҳурмат кўрсатишмади деган ўй яна теппа сочимни тикка қилиб юборади. Улар классиклар сифатида қадрлаб, эҳтиром кўрсатишадиган Эркин Аъзам билан Мурод Муҳаммад Дўст ёки Назар Эшонқул унинг олдида ўртамиёна ёзувчилардек гавдаланишади. Уларнинг ютуқлари бир умр ўзбек заминида яшашгани. Балки улар рус ёки турк заминига кўчиб кетишганида бундай тоифадагиларнинг юракларида улар ҳам мангуга ўчирилишармиди? Ё раббим, шундай. Бир оз ўтиб якшанба ҳам ўз якунига етади (кунларнинг ўтишини қара Шерзод дейман, шу ерда ўзимга ўзим). Октябрнинг тўрт якшанбасидан бири. Шу ерда ҳатто Кафкадек адиб ҳам тириклик чоғида қадрланмагани ёдимга тушади. Балки бу анъана ҳозир ҳам, кейинчалик ҳам ўз кучида қолар, ўзининг совуқ тусланишини йўқотмас. Соатимга қарайман. Уйқу пайти. Москва икки соат олдин юради. Балки ҳозир Темур Пўлатов ёстиққа бош қўймай, хира кўзлари билан навбатдаги романи устида ишлаётгандир деб ўйлайман. Адибнинг саксон ёшида ҳам роман ёзаётгани шу ерда кўнглимни осмон қадар кўтаради, юксакликка парвоз қиламан. — Ишқилиб, биз унга ўхшайлик,- дейман лабларим пичирларкан.- Бир йилда иккита ҳикоя ёзиб, буюртма қилинган романлар устида ишлаб, давраларда ёшларга маддоҳликдан сабоқ бериб, унвон учун давр билан ҳамнафас яшаб, истеъдодимизни кўмиб, фақат қуруқ номни гарданимизда олиб юриб, кексаймайлик. Унга ўхшайлик. Хуллас, яна октябрь келди. Октябрнинг оқшоми ҳам ўзгача бўлади. Эт сал жунжикади, сал совқотасан. Лекин, уйнинг ичкарисига киргач вазият ўзгаради. Унинг фусункор оқшомлари креслога чўкиб, роман ёки мемуар ўқийдиган оқшомларга айланади. Хаёл суриб, деразанинг олдида ўтирадиган оқшомларга. Бир финжон қаҳвадан ҳўплаб, хотиржам мумтоз мусиқа тинглаш мумкин бўлган оқшомларга. Ташқарида эса соқов тун гоҳи-гоҳида дераза ойналарини чертиб қўяди. Унинг кўланкаси дераза пардаларига тушиб туради. Бунга эътибор қаратмайсан. Чунки сен ёруғлик қўйнидасан. Фақат ёруғликнинг…
2020-10-20
http://nodirabegim.uz/archives/3164
1868 йилда “Телба” романи нашрдан чиқиб, дунё юзини кўргач, орадан икки йил ўтиб-ўтмай “Князь Мишкиннинг издошлари” клуби ташкил қилинди. Бу клубни қаерда ва ким томондан ташкил қилинганини биров билмас, жойлашган манзили тўлалигича махфий тутилар, турли хил гап-сўзлар атрофда кезиб юрса-да, унинг асосчиси ва манзили ҳақида ҳеч қандай тайинли ахборот манбаи йўқ эди. Барча бу клубнинг фақат мавжудлигини-да билар, аммо маълумотлар камлиги ҳисобига у ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмасди. Кимдир уни масонлар жамияти ташкил қилган деса, кимдир яҳудийлар томонидан молиялаштирилишини зўр бериб таъкидларди. Жойлашган манзили борасида ҳам тахмин-у фаразлар урчишдан тинмасди. Кимдир уни Петербург қоқ марказида жойлашганига урғу берса, кимдир Парижнинг хароба кварталларидан бирида жойлашгани борасидаги ўз тахминларини ўртага ташларди. Шундай тахминлар орасида Марказий Осиёнинг даштларидан тортиб Сибир ўрмонларигача, Океан ортидаги Америка прерияларидан тортиб Швецариядаги Альп тоғлари ёнбағриларигача бўлган ерлардаги сирли жойлар тилга олинарди. Энг асосийси, бундай клуб мавжуд эди. Қизиғи шунда эдики, мазкур клубга нафақат икки оёқли инсонлар, балки тўрт оёқли ҳайвонлар, катта-ю кичик ҳашаротлар ва турли аурадаги ўсимликлар ҳам аъзо бўлишарди. Клуб ичида инсоният бурчагидан ташқари ҳайвонот, ҳашарот ва наботот бурчаклари ташкил қилинган бўлиб, бу ажратилган бурчаклардаги барча аъзолар тенг ҳуқуққа эга эдилар. Клубни ташкил қилинишидан асосий мақсад — Достоевский қаҳрамони бўлган князь Мишкиннинг гўзаллик борасидаги қарашларини дунё миқёсида амалий натижасига эришишдан иборат бўлиб, ўша князнинг “гўзаллик дунёни қутқаради” деган гаплари клуб таъсис ҳужжатининг юз қисмига катта ва зарҳал ҳарфлар билан турли тилларда қайд этиб қўйилганди. Шуниси ҳайратланарли эдики, таъсис ҳужжати инсоният тарихида яратилган барча тилларда, шунингдек ҳайвонот ва наботот олами тушунадиган тилларда ҳам ёзилган бўлиб, барча нусхалари тўпланса, ҳажми инсон бўйи баравар даражага етарди. Клубга қабул қилинадиган ҳар қандай аъзо Достоевскийнинг “Телба” романини ҳеч бўлмаганда бир марта ўқиган бўлиши, роман персонажлари ҳақида ўз позициясини ошкор этиши, бош қаҳрамон князь Мишкиннинг эстетик қарашларидан хабардорлик кўламини намоён қилиши, унинг юки оғир фикрларини ёддан айтиб, асослаб бериши талаб қилинарди. Унга қабул қилинишга кўрсатилган номзод қолган аъзолар қаршисида қўлтиғига “Телба” романини қистирганча, қаддини ғоз тутиб, кунчиқар томонга қараганча клуб анъаналарига содиқ бўлишга баланд овозда қасам ичар, роман тарғиботи учун ўз ҳиссасини қўшишга бошқаларни ишонтирар ва энг муҳими залолат ёқасига келиб қолган дунёни биргина қалб гўзаллиги қутқаришига чин дилдан ишонишини ва шунга эришиш учун тиним билмай курашишини бошқа аъзоларга билдирарди. Бу билдирги шоирона пафосли гаплар ёрдамида эмас, амалий режалар билан асосланган бўлиши кўзда тутилган бўлиб, клуб томонидан номзоднинг фақат аниқ ва пухта режалари қабул қилинарди, холос. Шўрлик номзод пафосли гапиришни бошласа, клубни қарағайдан тайёрланган баҳайбат эшиги катта очиларди-да, аъзолар томонидан “тўрт томонинг қибла, аҳмоқ шоир” дегандек ҳуштак чалинар ва унга эшик томон кўрсатилиб, клубни тарк этишига ишора бериларди. Аъзолари кўпайгани ҳисобига клуб фаолияти 1870-1880 йиллар мобайнида нафақат Европада, балки дунё миқёсида гуллаб яшнади. Шу йиллар оралиғида “Телба” романи довруғи оламга кенг таралиб, таърифга тил ожиз бўлган обрў-эътибор қозонди. Князь Мишкиннинг эстетик қарашларига бўлган қизиқиш ақл бовар қилмас даражада қулоч ёзиб, машриқдан мағрибгача ҳар бир бурчакка қадар етиб, катта ё кичик хонадон бўладими, унга момақалдироқ овози янглиғ туғён урганча, яшин тезлигидаги шиддат билан кириб борди. Бунинг оқибатида залолат ёқасига келиб қолиб, ўзгача моддий тараққиёт остонасида турган дунёни гўзаллик қутқариши мумкинлигига клуб аъзолари ишона бошлашди. Князь Мишкиннинг издошлари бу фалсафанинг тарғиботини кучайтиришди, клубга янгидан янги сон-саноқсиз аъзоларни қабул қилишди, фаолиятларида юқори глобаллашиш кузатилди. Ўша йиллар “Телба” романи кўпчиликнинг қўлидан тушмаган давр эди. Клуб бундай вазиятдан ақлга таяниб, максимал ва муваффақиятли фойдаланишнинг иложини топди. “Гўзаллик дунёни қутқаради” деб ёзилган буклетлар, қўлланмалар турли дунёқараш, дин, тил ва дидга эга бўлган дунё афкор оммаси орасида клуб томонидан тарқатилди, обрўли газета ва адади кўп нусхада бўлган журналлар саҳифаларини клуб аъзолари томонидан қораланган ушбу эстетик қараш ҳақидаги мақола ва эсселар босиб кетди. Аҳоли кайфияти ва дунёқарашида тутқаноқ касалига чалинган Мишкиннинг фалсафаси алоҳида ва мустаҳкам, шунингдек залворли ўрин тутиб, клубнинг ишлари хамирдан қил суғургандек кета бошлади. Бироқ, шунда ҳам унинг фаолиятидан асосий мақсад бўлган омил- амалий натижалар сира кўзга ташланмасди. Инсоният “Телба” романини қўлидан қўймаса-да, асар бош ғояси бўлган қалб гўзаллигининг дунёни залолатдан қутқариши кутилган самарани келтирмас, сезиларли ўзгаришлар ҳадеганда рўй бермасди. Шунга қарамай, клуб асло тушкунликка тушмас, аксинча, ўз аъзолари билан мардона сабр қилар, гўё ҳаммаси жойидагидек тарғиботни кучайтирар, олдингидан ҳам кўпроқ куч сарфлаб, курашувчанлик негизида ўз фаолиятини давом эттирарди. Инсоният бўлса клубнинг устидан кулгандек залолатга тобора шўнғиб борарди. Ўн тўққизинчи аср якунланаётган бир пайтда у динамит ва электр стул каби қўрқинчли ихтироларга қўл урди. Уларни Альфред Нобель ва Томас Эдисонлар кашф қилишди. Бутун дунё жамоатчилиги бу даҳшатли ихтироларни кўриб эсдан озай деди. Динамитнинг вайронагарчилик хусусияти ва электр стулни унга боғланган одамни бир лаҳзада cуяк-суягигача куйдириб, жонини олиши оммани ваҳимага солди. Шу жумладан, клуб аъзолари ҳам бундай ҳиссиётни бошларидан кечиришди. Улар бундан ташқари бир жумбоққа ҳеч ечим топа олишмади: юқоридаги кашфиёт эгалари Достоевскийнинг “Телба” асарини ўқишган, “гўзаллик дунёни қутқаради” концепциясидан теран бохабар эдилар. Шу нарса клубни ташвишга ва чексиз қайғу уммонига ғарқ қилди. Лекин, клуб ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда бўшашмади. Динамит ихтирочиси ўлими яқинлашиб, жон таслим қилаётган бир пайтда бор маблағларини инсониятни моддий ва маънавий камол топиб, тараққий этиши учун васият қилиб қолдириши, бу васият бир четида адабиёт кишиларини ҳам рағбатлантириш банди келтирилгани клуб аъзоларини кайфиятини кўтариб, сўнаётган умидларини бир қадар жонлантирди. Йигирманчи аср бошларида инсоният ҳаётига кинонинг кириб келиши ва театр санъатини жадаллик билан ривожланиши ҳам уларга анча қўл келди. Энди “Телба” романини ўқишга эринганлар, кино ёки спекталь вариантини томоша қилишлари мумкин бўлиб қолди. Бу ўша қуриб кетгур концепциянинг тарғиботи учун анча қўл келар, чунки инсоният йигирманчи асрга ҳатлагач, кўпроқ юраги ва кўзи билан яшашни йўлга қўйганди. Шундай қилиб, клуб бир қанча кино ва театр лойиҳаларини молиялаштирди. Дунёнинг ҳар бир бурчагида “Телба” романи асосида кинофильмлар ва спектакллар ишлаб тайёрланди. Князь Мишкин китобдан кино ва театрга батамом кўчди. Телевизор ва телевидение кашф қилингач, Мишкин экрандан тушмай қолди. Уни деярли ҳар куни эфирга узатиш кундалик ҳолга айланди. Шундай бўлса-да, кутилган натижа бахтга қарши тағин кўнгилдагидек бўлмади. Бошқа томондан олиб қараганда, йигирманчи аср инсоният тубанлиги ва жирканчлиги бобида ўн тўққизинчи асрдан ҳам ўтиб тушди. Бу тушунарсиз асрда дунёни янаям боши берк кўчага михлайдиган ихтиролар урчиди. Ер юзини йўқ қилишга қодир ядро бомбасини Нильс Бор ва Резерфорд деган олимлар яратишди. Кўп ўтмай рус ўрмонларининг қаеридадир Курчатов деган олим оқибати қиёмат пайтидаги даҳшатни ёдга соладиган водород бомбасини яратди. Одамларни ёппасига тириклайин ёқиб юбориладиган крематориялар, совуқ ўрмонлар бағрида уларни муз қотиб ўлишга маҳкум этадиган қамоқҳоналар, инсониятни оммавий ўлимга етакловчи сунъий вируслар тайёрланадиган лабораторияларга асос солинди. Калашников деган олим бир километрдан одамзотни тил тортмай нариги дунёга равона қиладиган қуролни, Макаров дегани ундан қолишмайдиган тарздаги тўппончани фахр билан аср фан-техника тараққиёти ютуғи сифатида тақдим қилишди. Ака-ука Райтлар яратган самолётларнинг эндиликда бутун бошли шаҳарларни йўқ қилишга қодир бўлган қирғин келтирувчи турлари ишлаб чиқарилди. Танклар, тўплар, бошқа ўнлаб қирғин қуроллари яратилиб, уларнинг оммалашиши ва олди-сотдиси авж олди. Урушлар кенг томир ёйди. Энг қизиғи, йигирманчи асрга келиб ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳам турли қитъалардан клуб номига факс орқали ташвишли хабарлар юбора бошлашди. Африка ҳудудида филлар қирғини кучайди, уларнинг харидоргир суяклари сабаб бу жониворларни оммавий йўқ бўлиб кетиш хавфи юзага келди. Филлар билан биргаликда териси сабаб тимсоҳларнинг ҳам шўри қуриди. Рус ўлкасининг шимолида буғулар- шохлари, мўйнали ҳайвонлар- майин юнглари учун отиб, ўлдирила бошланди. Тинч океанининг Жанубий Америка қирғоқларидаги қисмида китларни танасидаги ёғлари учун овлаш одат тусига кирди. Ҳиндистонда бенгал йўлбарси ажойиб териси учун ер юзидан аёвсиз равишда йўқ қилиниш балосига мубтало бўлди. Ҳамма ерда табиат учун зарур бўлган ўрмонлар ёқилиб, турли –туман дарахтларни кесиб ташлаш кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланди. Фусункор ўсимликлар топталиб, яксон қилиниб, улар ўсиб ётган майдонлар олов ёрдамида тозаланиб, ўрнида кўп қаватли уйлар барпо этилди. Энг қизиғи, буларнинг барига қўл ураётган инсоният вакилларининг кўп қисми “Телба” романини ё ўқишган, ё кинофильми ва спектаклини томоша қилишганди. Улар князь Мишкин ҳақида оз-моз билишар, унинг машҳур гапи кино кўриш жараёнида қулоқларига чалинган ёки китоб саҳифаларида кўзларига рўпара бўлганди. Вақт шиддат билан ўтиб, дунё остонасига ниҳоят йигирма биринчи аср ҳам бош уриб келди. Унга клуб аъзолари ҳорғин ва абгор бир аҳволда қадам қўйишди. Клубнинг фаолияти тобора якунланиб борар, буни аъзолар бирдек тушунишар, кўнгиллари қаттиқ сезар, лекин чиқмаган жондан умид деб ишлашда ва курашишда давом этишарди. Аммо йигирма биринчи аср авлоди ҳеч бир аср авлоди қилмаган ишни қилди- китоб ўқишни эсдан чиқарди. У “Телба” тугул бошқа китобларни ҳам деярли ўқимас, ўқиган қисми жуда озчиликни ташкил қиларди. Шу озчилик қисм ҳам ундаги “гўзаллик дунёни қутқаради” концепциясига амал қилиш тугул савияси пастлиги боис уни тасаввур қила олмас, гўзаллик ҳақидаги князь Мишкиннинг мулоҳазаларидан озуқланса-да, хазм қилишда муаммоларга дуч келар, шу туфайли дунёни залолатдан қутқаришга эмас, аксинча уни янаям шу балога гирифтор қилишга олдинги аср авлодидан кўра ҳам кўпроқ хизмат қиларди. Хизмат қилганда ҳам онгли ва атайин қиларди буни. Йигирма биринчи асрда олдинги асрдаги маънавий таназзул деган балога мутолаадан оммавий воз кечиш балоси қўшилди. Шуниси клуб учун энг кутилмаган зарба бўлди. Боз устига ўлганни устига тепган қилиб “Телба” ни ўқиган кам сонли йигирма биринчи аср авлоди кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ишларни қиларди. Эркаклари эркак билан, аёллари аёл билан никоҳдан ўтиб, бир уйда эр-хотин бўлиб яшашар, бу жирканч жуфтликлар хонадонларидаги китоб жавонида бечора “Телба” романи чиройли муқова ва Достоевскийнинг оқ-қора сурати билан бирга гўё чанг босганча ҳомуза тортиб турарди. Оналар оммавий равишда аборт қилишга берилиб кетган, карьераси йўлида қорниларидаги- юраги уришни бошлаган чақалоқларини киприк қоқмай олдириб ташлашар, кейин қанчалик ғайритабиий туюлмасин, тикланиш жараёнида тиззаси йиртиқ жинси шимларига тўкилиб кетишидан қўрқиб, қаҳвадан эҳтиёткорона ҳўплаганча “Телба” романини финжонга таглик ўрнида ишлатишарди. Оталар эллик ёшга киришса ҳам, оқарган сочларини қора рангдаги бўёққа бўяшдан, тренажёр залларида мушакларини шиширишдан, чиркин меҳмонхоналардаги люкс хоналарда ҳиндларнинг Камасутрасида кўрсатилган жинсий алоқанинг етмиш икки хил усулини қизи тенги бўлган “тажриба қуёнчалар”ида қўллашга эринишмас, эртасига эса ҳеч нима бўлмагандек, минбарлар ёки залларда бўйинбоғларини бир тўғрилаб қўйиб ёки масжидларда саждага бош қўйиб, князь Мишкиннинг гапини қайтарганча, қалб гўзаллиги дунёни қутқаради деб ўзаро минғирлаб қўйишарди. Фарзандлар арзон шон-шуҳрат кетидан қувганча, урбанизация хасталигига чалиниб, пойтахтлар сари интилишар, туғилган қишлоқларида кекса ота-оналарини қолдириб кетишар, сўнг уларнинг ҳолидан ойлаб фақат телефон орқали хабар олишар, бориб кўришга ишлари тўсқинлик қилаётганини рўкач қилишиб, бемаъни умрларини пойтахтлар тувагини тозалашга сарфлаганча орада “Телба” романини номигагина ўқиб, бир-бирларининг наздида зиёли деган рутбага лойиқ иш қилиб қўйишарди. Ниҳоят, кутилган кун келди. Йигирма биринчи асрнинг иккинчи ўн йиллигида клуб ўз фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Унинг барча тилларда ишлаб чиқилган таъсис ҳужжати йиртилиб, майда-майда бўлакларга бўлиб ташланди. Биносига аламзада аъзолар томонидан ўт қўйилиб, ер юзидан йўқ қилинди. Улар асрлар давомида базўр нафас олиб келган умидларини маънавий таназзулга юз тутган, олдинги асрлардан ҳам баттар бўлган янги асрда қийналиб жон беришини хотиржам кузатиб тура олишмади ва эҳтиросларига эрк беришиб шундай шафқатсизларча йўл тутишди. Шундан сўнг, бир зумда тарқаб, тўрт томонга бош олиб кетишди. Инсонлар ҳам, ҳайвонлар ҳам, ҳатто ўсимликлар ҳам. “Телба” романи эса бугунга кунгача кутубхоналарда ҳануз яшашда давом этяпти. Князь Мишкиннинг ажойиб мулоҳазалари қўҳна дунё олаётган ҳар бир нафас ичида бўлмаса-да, ҳар ҳолда ер юзида ўз умрини ўтаяпти. Камчилик одамлар гўзаллик дунёни қутқариши ҳақидаги мазкур китобни гоҳ варақлаб, гоҳ ҳижжалаб ўқишяпти, унинг кино ёки театр вариантини наздиларида бошқа тузукроқ кино йўқлиги учун томоша қилишяпти. Аммо дунё негадир ҳалиям залолат ботқоғидан чиқиб кета олгани, гўзаллик уни қутқаргани йўқ. Қачон чиқиб кетиши ҳам даргумон аслида. Чунки, ботқоққа тобора чуқурроқ шўнғияпти. Тобора чуқурроқ…
2020-08-29
http://nodirabegim.uz/archives/2908
Баъзан туни билан ухламасдан нималардир қилиб чиқаман. Кун оқара бошлагач эса уйқу истаги томирларимга қадар ёйилади. Ишонасанми, бу истак ҳатто бармоқларимни ҳам жимирлатиб юборади. Шу пайт чироқни ўчираман. Қачонлардир, ҳа ўша, ёлғиз яшаб юрган кунларим кўзим беихтиёр кўзгуга тушиб қолганида бирдан шу сатрларни айтиб юборгандим: Кейинчалик бу сатрни ҳеч бир шеъримга қўшмадим. Бирда бўғини, бирда маъноси қовушмади. Қолсин дедим. Шу туриши яхши. Тунларни уйқусиз ўтказаман. Ухламасам, қароғим салтанатини уйқу лашкари истило этмаса дейман. Бироқ, истак вужуддан устун бўлолмайди. Яхшики, ишга боришим керак деб кўчага чиқаман. Яхшики кўча бор, мусиқа бор. Тарковскийнинг “Ностальгия” си эсингда, тўғрими? Аёл ибодатхонадаги бошқа аёлларнинг Оналик рамзи бўлмиш Мадоннага сиғинишаётганини жим кузатади. У аёлларнинг дуолари ҳамон ёдимда: Сўнгра аёллардан бири Мадоннанинг этагини очиб юборадию у ердан бир гала қуш учиб чиқади. Тарковский шу жойида камерани ўчириб, фильм тугади дейиши ҳам мумкин эди. Ёки уни Шоир Таржимон аёлга бу ерларда италянча гапир деганида тугатганидачи? У Тарковский бўлмай қолармиди? – Сени мен каби аёллар қизиқтирмайди. Сенга фақат Мадонналар керак! Қанчалар алам бор бу ерда. Аёлни кўкракларини очиш даражасига етгунга қадар мажбур қила олиш бор. Биз ҳали мишиқи болалигимизда аям қўшнилар билан кўп гаплашиб қоларди. Шундай гурунглардан бирида ўша ердаги кеннойини эри чақириб қолди: – Шоҳииии… – Майли, мен мўйловли боламга қарай. Кейин чиқарман. Ҳавога аёлларнинг кулгуси ёйилади. Мен ҳам, бошқа болалар ҳам куламиз. Балки, ўша кеннойи рост гапиргандир? Аёл Шоирга кўкрагини шу сабаб кўрсатгандир? Аёлнинг оналик муҳаббати аёллик муҳаббати билан бир бўлган лаҳзада, у севган эркагига ҳам боласидек қарай бошлар? Бироқ, энг алам қиладигани нима, биласанми? Бу пайт эркак унинг кўкракларига на боладек тириклик манбайи, на бошқалардек ҳирс ўчоғи деб қарайди. Шоир шундай кетади… *** Тарковскийга ўтлаб кетдим. Мен сенга хотираларим ҳақида гапирмоқчи эдим, а? Охирги пайтлар… Йўқ, сўнги бир ярим йилдан бери ўзимга ўзим Йўқолган болакай ҳақида эртаклар айтиб беришни одат қилганман. Ўзига ўзи алла айтиб ухлаган жиянчамдек. “… ва унинг лабларидаги бўса излари мангуга ўчиб, кўзларига ўйиб ёзилган тавқи лаънат янада чуқурлашиб кетибди…” Бу эртакларда воқеалар қандай кечишини мен ҳал қилмайман. Воқеалар мени айтиб беради. Сомеънинг кимлиги номаълум. Ўзим эслолмаган хотиралар ўзим бехабар тирилиб кетади баъзан. Лицей пайти соат тонги олтида, ҳали ҳеч ким йўқ пайт рассомлик корпусидаги галереяни айланиб юришларимни эслайман фақат. Деворга илинган расмлардаги чизиқлар эса хотирамнинг ич-ичга тушиб, туздек эриб кетган. Бироқ, тузнинг бир кун таъми чиқиши бор гап. Чиқяпти ҳам. Шу таъм тилимнинг учида сўзга айланади лаҳза-лаҳза: – Мовийни унутма… – Худо қадар ёлғиз, Худо қадар жим… Боя айтганимдек, ҳеч бирини шеърга қўшмайман. Ҳаммаси… Ҳаммаси хотирамда сузиб юради. Мен шууримни Орол денгизи янглиғ қуриган деб юрардим. Бироқ, яқинда кимдандир эшитдимки, кун келиб ерости сувлари ҳисобига Орол яна тўлиб оқиши мумкин экан. Хўш, ўша оқадиган кунлари бугун эмасми? Шууримни айтяпман. Ёки тирилган хотиралар оғриғи шу қадар тотлими? *** Кўп мусиқа эшитишимни биласан. Кўчага қулоқчинсиз чиқмайман. Борадиган манзилимни қўшиқларнинг сони билан ўлчайман. Ҳар бир қўшиқ – бир ҳолат тасвири. Эҳтимол, плейлистимни анчадан бери янгиламаганим учун носталгияга берилгандирман? Нега тилимдан Тарковский тушмай қолди? Ундан унчалик ҳайратланмагандим-ку? Ёки баъзи санъат асарлари ҳайрат, бошқалари хотиралар туҳфа қилади деган фикрим ростмикан? Тушлар кўрмай қўйганимга анча бўлди дейман аямга. Ухласанг кўрасанда дейди. Рост, тузук ухламайман. Мен бутун тушларимни уйғоқликда кўраман. Буни инглизчада daydream дейишади. Ушбу сўзнинг бошқа маънолари ҳам бор-ку, лекин таржимонлик қилавериш чарчатди. Ўтган сафар хонадошларим билан “Ностальгия” ни кўрдик. Бечоралар тил билишмасди. Дубляж италянча, остёзув инглизча эди. Мен кўриб, диалогларни оғзаки таржима қилиб беравераман, улар эшитаверишади. Баъзан таржимага ўзимдан қўшиб ҳам юбораман. Масалан, Аёл Арсений Тарковскийнинг шеърини ўқиётганда… Тўғрисиям-да, у шеър ўқиди, мен тушунмай қолдим ва… Ўзимдан қўшиб шундай импровизация қилдим: Шу пайт Эркак кайфиятни бузади: – Сен Тарковскийни италянчада ўқияпсан, лекин шеър таржима қилинмайди. Шуям ишми дегин. Мен энди шеър кайфиятига кираётгандим. Майли, ҳархолда шеърни ўзим тўқидим-ку. Оғзаки таржимада эркак бўлиб маст ҳолимда қизчага Рахманинов ҳақида гапириб бердим, аёл бўлиб зинага югуриб чиқишга уриндиму баланд пошнада йиқилиб кулиб юбордим. Хонадошим мендан қаҳрамонларнинг арзимас шивирларигача таржима қилиб беришимни сўрарди… У билан яна бошқа ўнлаб фильмлар кўрдик: Киесловскийнинг “Уч ранг” трилогиясида Жулъет, “Исо таваллоси” да Исо, Иуда, Понтий Пилат, “Ўн икки йил қулликда” Соломон, “Китоб ўқиб берувчи” да Болакай бўлдим. Мен жинс, ёш, ирқ танламасдим. Ахир, таржимон эдим. Суҳбатлар таржимони… Сен ҳеч фильм кўра туриб бировга таржима қилиб берганмисан? Бу актёрлик эмас. Актёр нари борса иккита одамни жонлантиради. Энг қийини барибир “Носталгия” эди, чунки Эркак шоир, Аёл эса Таржимон. Бу иккисини, менинг икки оламимни бирдек чиқариш жаҳаннамнинг ўзи. Дунёда ўзинг бўлишдан оғирроқ иш йўқ. Шу оғирликни соғинасан. Соғинасану, ўзинг бўлишга бир қадам қолганида ортга тисланасан. Руҳингдаги қадим соғинчлар кутилмаганда гуллаб юборади. Ва, бу гулларнинг мева тугишини истамайсан. Қолсин дейсан. Бояги сатр шеърга қўшилмай якка қолганидек. *** Бир ёзувчининг ҳаётини ўргана туриб, унинг ўз жонига қасд қилганини ўқиб қолдим. Сабаб – унутилишдан қўрқиш. Қизиғ-а? Уринма, ёзувчи унча машҳурмас. У машҳурликка эришолмадим деб ҳам бу гуноҳга қўл урмаган. У ҳар лаҳза узоқларда кимдир мени унутяпти деб васвасага тушаверган, тушаверган. Охири ўлиб қолган. Унинг қисқагина ҳикояси шу. Мен эса аксинча истайман. Ҳеч ким менга тегишмаса. Жимгина ўзимга кўмилсам. Яна мени бу гапларимдан дарвеш экан деб ўйлама. Мен таржимонман ва таржимонлар ўз жонларининг қадрини билишади. Зотан, буюк асарларнинг жуда озчилиги кулбаларда таржима қилинган. Ҳеч йўқ ўзим истаган қаҳва бўлсин кафтим остида. Бошқа ҳеч ким. Таржимадан тўхтаган вақтим кимдир келиб кино кўрайлик деса, майли. Мазохистдек кўриняпман-а? Ҳа, ўз хотираларидан кечишни истамаган, камига Ўзбекистонда туриб бадиий таржимон бўламан деган одам қарийб мазоҳистдек гап. Ўзни қийнаб роҳат оласан. Ўгирганларингни халқ тугул манаман деган қаламкаши ҳам узлуксиз ўқимаслигини биласан-да. Совудим. Ҳамма нарса, ҳар ким, ҳатто ўзимдан ҳам. Кўзгуларни кўришга кўзим йўқ. Дунёдаги бутун кўзгулар мен очгану калитини йўқотиб қўйган эшикларга ўхшайди. Бу эшиклар баъзан мени бўшлиққа олиб кириб кетади. Дарвоқе, кино кўраётган ёки китоб ўқиётганимда ҳам, ҳатто таржима қилаётган пайтим ноутбукнинг монитори ҳам ўша бўшлиқ эшигига айланиши мумкин. Клавиатуралар пианино клавишларига айланади. Бўшлиқда бўшлиққа қараб, Бўшлиқ симфониясини чалиб, айланиб-қалқиниб юраверасан. *** Мен эртага тонг отмасачи деб эмас, хотираларим тугаб қолсачи деб қўрқаман. Қўрқаман, Худо ҳаққи, қўрқаман. Қўрққанимдан кўрпанинг ичига чуқурроқ шўнғийману қулоғимга қулоқчинни тақиб қунушиб оламан: Orlinski “Vedro con mio diletto”; Lil Peep “Crybaby”. Идораларга кирганимда, биров билан соҳам бўйича суҳбатлашаётганимда кўп асабийлашганим боис бундай жой ва одамлардан қочишга уринаман. Улар менга хотира бермайди. Яшасанг кўравераркансан дейишади. Ҳа, кўрасану унутасан. Буюмлар ҳам унутилишдан қўрқармикан? Чиноздаман. Хонамга қамалиб “Ностальгия” кўряпман. Ҳовлининг пастида Чирчиқ шовуллайди. Бобомни кўмиб келганимизга бир ойдан ошди. Нариги хонада синглим “Уста ва Маргарита” ўқияпти. Баъзан эшигимнинг ёнига келиб бироз турадию яна хонасига кириб кетади. Сезаман, тушунмаган жойларини сўрамоқчи: Пилат қаердан пайдо бўлиб қолди? Нима бўляпти ўзи? Маргарита дегани қани? Чунки бундай ҳолатлар менда ҳам бўлган. Айниқса, Фолкнерни ўқиётган пайт: Асар бошидаги қария плантатор асар охиридаги болакайга айланиб қолдими шунда? Қора танли қул қаерга йўқолди? У бормиди ўзи ё мен уни ўзим ўйлаб топдимми? Балки плантация хўжайини ўша қулнинг ўзидир? Лекин, менинг сўраб боргич эшигим бўлмаган. Синглим кириб ҳам барака топмаслигини билади. Боиси, унинг кириши менда ҳеч қандай хотира қолдирмайди. Унинг шу, китоб ўқиб ўтиришининг ўзи хотира. Ҳар лаҳзаси онгимда полароиддек муҳрланяпти. Кун келиб, бу полароидлар ҳам галерея деворларидан пастга сизиб тушади. *** Исмингни унутдим. Ер юзидаги бутун исмларни унутдим. Фақат бобом қўйган, бугун елкамга юк ташлаб турган ўз исмимгина қаршимда турибди. Унинг соясида хотиралардан маст бўлиб тебранаман. Тиз чўкиб, исмимнинг этагини очаман: Бир гала қуш учиб чиқади. Қушларку ўлади, бироқ мен парвозни эслаб қоламан. Фурўғ айтганидек… Мен пайғамбарлар, қироллар, роҳибалар, фоҳишаларни унутаман. Уларнинг носталгияси менга завқ бермайди. “Одиссея” ни ўқигансан-а? Унда Одиссей Худолар заминида, мен исмини унутган маъбуданинг қасрида анча йил яшайди ва бир кун уйига қайтиш истагини баён қилади. Шунда маъбуда буни истамасада, бориб Зевсдан унга руҳсат беришини, Посейдоннинг кетгани ва ҳозир уни жўнатиб юборишнинг айни вақтилигини айтади. Зевсдан руҳсат олгач, Одиссей билан таҳминан шундай суҳбат қуради: – Мен билан қолсанг, худди биз каби мангу ҳаётга ноил бўласан. Умрбод роҳат-фароғатда яшайсан. Уйинга қайтганингда эса оддий одамдек кундан кунга қариб бораверасан. – Фарқи йўқ. Мен қайтмоқчиман. Одиссей уйга қайтиш учун муқаррар, бироқ табиий ўлимни танлади. Зотан, у севгилиси Пенелопанинг ўтган йигирма йил ичида қариганини билмасмиди? Биларди, бироқ барибир қайтишни – ўлимни танлади. У уйига қария қиёфасида қайтади ва уни Пенелопа таниб қолади. Малика уни ётоққа таклиф қилганида ҳайратини яширолмаган Одиссей хотинига шундай дейди: – Эй аёл, бизнинг ётоғимизни ким бошқа жойга кўчирди? Ётоқни Одиссейнинг ўзи зайтун дарахтидан ўйиб ясаган, у бир жойда тураверганидан ерга илдиз отганди. Одамлар ётоқни эмпедокл деб аташарди. Эмпедоклнинг луғавий маъноси ерга кирган, ерга боғлиқ дегани. Бу фақат жисман эмас, балки руҳан боғлиқликни ҳам билдиради. Айни шу саволдан сўнг Пенелопанинг ишончи комиллашади. Ҳа, шу савол носталгиянинг асл қиёфасидир. Уйга қайтиш – ўлимга қайтиш. Заминнинг ўзгариши – аччиқ ҳайрат нишонаси. Буларнинг иккови ҳам аслида чинакам ностальгия. Фильмдаги Шоир Италияга нима учун борганининг сабабини айтиб ўтирмайман… Соғинч бу келсайди демоқ аслида. Қўмсаш эса қанийди боролсам деганидир. Носталгия – ё у келади ё мен бораман… Орадаги масофалар моддий эмас, руҳий бўлганидан сўнг, албатта боролмайсан ва бу оғриқ, бу изтироб сенга хотиралар тўлқинини туҳфа қилади. Бувим ўлгач, аммам бувимнинг рўмолини ҳидлаб йиғлаши, дод дейиши носталгия эди… Ҳа, биз одамларни бизнинг хотираларимизни безагани, бизга энг дилбар кечмиш туҳфа қилганликлари учунгина севамиз. Бу севги баъзан Тарковскийдек даҳоларни дунёга келтиради. *** Биласан, ёлғиз яшайвериб ичим тўлиб қолган. Ахир, бу орада бир ёз кечди. Биронта хотирасиз, севгисиз ўтказдик… Мен ҳеч кимни севолмадим, севолмаганман. Фақат севилардим, бироқ бу йилги ёз севилишларсиз ўтди. Ўзимни шу қадар, ҳа, ҳалиги таржимон аёл қадар хўрлангандек ҳис қиляпман. Руҳимнинг туб-тубларида эса баъзан… Ҳалиги димоғдор шоир Тарковский шевасида шеър ўқиб қолади:
2020-08-30
http://nodirabegim.uz/archives/2912
Борхесни мен жуда ёшлигимдан, у ҳали тўлақонли равишда халқаро нуфузга эга бўлмаган давридан буён биламан. Ўша йилларда унинг номи адабий давраларга кириш учун мисоли калит сўздай, энди-энди ижод оламига кириб келаётган биз каби “атак-чечак” ёшларга эса сирли ва улуғвор минора каби ғоятда салобатли бўлиб кўринарди. Тахминан 1940 йили Мехикода бир гуруҳ ёш қаламкашлар эътироф этилаётган бир қатор устозлар, хусусан, Хосе Луис Мартинес, Али Чумакеро, Хавьер Вилларутиа ва бошқалар билан юзма-юз учрашдик. Борхес ёзувчиларнинг ёзувчиси эди, биз уни аллақачон нуфузли журнал ва газеталар орқали ўқиб улгурган эдик. Унинг катта муваффаққият қозонган бир талай адабий асарларини мен кейинчалик, 1941 йилга келибгина ўқиш бахтига мушарраф бўлдим. Ҳали-ҳамон қўлимда унинг эски, энг дастлабки нашрлардан бўлган китоби, қаттиқ, кўк чарм муқовали, кўринишидан кўпроқ географик асарга ўхшаб кетадиган суратли тўплами сақланиб туради. Мен ҳалиям бу асар билан ошно яшайман, унинг муаллифи билан хаёлан суҳбат қуравераман ўзимча. Ушбу тўплам ортига яширинган инсон (бу инсонни бутун бошли халқ бошига кўтариб алқаб-севди) менинг дунёйимга мустаҳкам қароргоҳ қурган мўъжизавий Адабиётнинг ўзидай бўлиб туюларди. Борхес тўғрисида худди ўзимдай кучли ҳаяжон ва завқ-шавққа тўлиб сўзлаб берган биринчи одам бу Альфонс Регес бўлганди. Унинг Борхесга эҳтироми ниҳоятда баланд эди. Бироқ ҳақиқатда у Борхесдан завқ олармиди экан? Ахир уларнинг адабий дидлари мутлақо бошқа-бошқа эди-ку? Бу қўш ижодкорни бирлаштириб турувчи битта маслак бор эди: Борхес учун Регес Мексиканинг энг маҳоратли наср ёзувчиси бўлса, Регес учун Аргентинанинг юраги бу – Борхес эди, дарҳақиқат ажиб номутаносиблик ичида улар ич-ичидан бир-бирларига ана шундай қатъий баҳони берар эдилар. Кейинчалик 1947 йили Парижда мен яна бир доира адабиёт кишилари, менинг илк аргентиналик дўстларим бўлмиш – Хосе Бианко, Силвина Окампо ҳамда Адольф Биой Казарес, дарвоқе, улар Борхеснинг яқин дўстлари ҳисобланарди ҳам, айнан шу одамшаванда йигитлар билан учрашдим, улар ўшанда менга севимли Борхес ҳақида шунақанги кўп маълумот ва таассуротлар беришдики, ҳаттоки, мен Борхеснинг ўзи билан илк маротаба юз кўришган вақтда ҳам уни гўёки йиллар давомида танийдигандек, у менинг минг йиллик қадрдонимдек бўлиб гаплашган эдим. Мен орзуйимдаги бу улуғ адиб билан биринчи марта Остинда, 1971 йилда ниҳоят суҳбатлашиш шарафига эришдим. Учрашув ўзига хос тарзда, бироз тортинчоқ руҳда ўтганди. У ҳали мен ҳақимда ҳеч нима эшитмаган ва нима деб сўзлашни-да билмасди, мен эса унинг бир шеърини худди Уитманга ўхшатиб ёзгани учун бироз эътирозли фикрлар билан олишар эдим. Борхес қаҳрамонлик ҳақидаги бир шеърини айни Уитман қабилида қаламга олган, мен эса бу тамойилдаги усулни жиним суймай, уни ҳадеб фақат ўз йўлига эга бўлишини ҳалимлик билан илова қилиб ўтар, ботинан эса жудаям қаттиқ хоҳлаб турардим. Борхес ростданам қаҳрамонлик билан мардлик орасидаги тафовутни ҳамиша бирлаштириб юборар эди. Мехико ва Буэнес-Айресда ўтган бошқа учрашувларимиз нисбатан анчагина омадли ўтди. Биз энди озгина очиқ ва енгил суҳбат қурар, шу тахлитда аста-секин Борхес менинг энг севикли шоирларим сираси сифатида тан олинишга ҳам муваффақ бўларди. У тинмай бир шоирдан иккинчи бир шоирнинг ижодига шўнғиб кетар, уларнинг шеърларидан ёддан ўқир, айтар, изоҳлаб кетар ва тобора жонланиб ўтирарди. Эсимда, Борхес бир четда турганча, давра шовқинини чўрт кесган ҳолда, тўппа-тўғри Мариа Хосега боққанча мана бу шеърни ўқиб берганди: Toute allégresse a son défaut Et si brise elle-meme. Si vous voulez que je vous aime, Ne riez pas trop haut. C’est à voix basse qu’on enchante Sous la cendre d’hiver Ce Coeur, pareil au feu couvert. Qui se consume et chante. (Ушбунинг мазмуни: Ҳар бир қувончнинг-да ўз гуноҳи бордир, у бирдан жон бериши ҳам мумкин. Агарда сен мени сени севишимни истасанг, бу қадар баланд кулма. Шундай сирли, шундай шивирли сўзлагинки, сенинг товушинг дилга худдики қиш оқшомида чирсиллаб ёнаётган оловдай ҳароратли ва ҳузурбахш бўлиб кирсин, соҳир сасларинг дарё соҳилида гуриллаб ёнаётган гулхан алангаси янглиғ жонимни ўртасин, сен сўзлама, сен фақат куйлагин). Буэнес-Айресда бўлса биз бемалол айланиб, сархуш этувчи об-ҳаводан баҳра олганча маза қилиб юргандик. У ва Мария Кодама бизни қадимий Лезама паркига олиб борганди, Борхес, билмадим, нимагадир бизга Ортодокс черковини кўрсатишни истаган, бироқ бахтга қарши черков ёпиқ эди. Норғул таналарини кўкка адл чўзганча ўсиб ётган мағрур дарахтлар остидаги нам бўлган кичик йўлкалар узра бир-бир хотиржам босиб борарканмиз, ўзимизни ўзимиз хурсанд сезар, япроқлар шивири орасида майин гурунг олиб бораётган эски қадрдонлар сингари самимий ва дилкаш эдик. Бир жойда, Ремуснинг ҳайкали олдига етиб келганимизда биз бироз тўхтаб турдик, Борхес ҳаяжондан титраётган қўлларини ҳайкалнинг боши айланасидан ўраб, уни ҳамдардларча бир нафас қучоқлаб олди. Охири, биз Тортони қаҳвахонаси ёнида сайримизга якун ясадик, Тортони ўзининг биллур шиша кўзли ойналари, иссиққина шоколадли қаҳвалари ва энг муҳими адабий меҳмонлари билан роса машҳур эди. Борхес Буэнес Айресни ўзини кашф қилган ихтирочи шаҳар сифатида сўзлаб ўтди, илк ёзган шеърлари, илк хотиралари билан ўртоқлашди бир муддат, у ҳаққонийликни жон-дилдан севгувчи ва қадрловчи, тош каби мумсик ва совуқ яшаш ва ёзиш унга бир умр бегона ва йироқ эканлигини айни ўша дамдаги сўзлар ҳамда туйғулари билан менинг дил-дилимга абадий муҳрлаган эди ўшанда. Ўша кунги оқшомда мен Борхесдаги маъюслик ҳолидан анча ҳайратга тушгандим. Зотан у ўз она юртида – киндик қони тўкилган заминда турарди. Устига-устак, у Аргентинанинг яна демократияга қайтиб олганидан қаттиқ севинган, зеро у ўз Ватанининг келажаги ва тақдиридан фидойиларча куйинадиган асл халқ фарзанди эди. Бизнинг аччиқ қисматли ва оғир ўтмишли элларимизда ёзувчи бўлмоқлик, одамлар дардини оққа туширмоқлик беадад мушкул иш (эҳтимол барча ўлкаларда ҳам шундайдир), балки сен жуда донгдор бўлиб кетарсан ушбу машаққатли умр ортидан ҳам, валекин доимо икки қийноқ исканжасида қовурилиб яшайсан ҳам: бири сен орасида яшаётган турфа одамлар қисмати бўлса, бири ўз ҳаётинг ва қалбинг билан олишувдир. Кўпинча Борхес ўз даврининг кишиси эмасдек бўлиб кўринарди менга. У аллақачон вақт ва замондан илгарилаб кетган, у буткул ўзга оламда яшар эди. Мен унинг дардини яхши англардим. Чунки, ўзим ҳам Мехико кўчалари бўйлаб кезарканман, ҳайратдан беихтиёр кўзларимни ишқалар эдим: Ҳали шу бўлдими бизни бу она шаҳримизга берганларимиз? Наҳотки шу қадар бефарқлашиб кетдик?! Борхес бир гал бизга ўзининг янги қарори, яъни “бу ерлардан қочиб, бошқа ерга, эҳтимол Японияга бориб жон топшириши” борасидаги махфий сирини очди. У буддий эмасди, бироқ шу диннинг мавҳумлик сингдирилган адабиёти Борхесни ўзига мафтун этганди. Мен бу мавҳумлик фикрини ҳеч нарса эмаслигини, аксинча унда ниҳоятда улкан маъно беркиниб ётганини айтдим. Ёки у бир туғёндир, бироқ ҳеч нарса бўлиб қолиши мумкин эмас. Бир томондан эса мавҳумлик тушунчаси бизларга ором ҳамда тетиклик ҳам бағишлар эди. Ахир абадият сари мангу яшай олмаслигимиз ҳамда бебақо олам неъматлари ҳам ғанимат эканлигини англаган ҳолда шууримиз осойиш топарди. Борхесни мен ўтган йили Нью-Йоркда яна кўрдим. Биз у билан битта меҳмонхонага тушиб қолган эканмиз. Мен, Борхес ва Мария Кодама, ҳаммамиз биргаликда тушлик қилардик. Кутилмаган кунларнинг бирида Эллиот Уайнбургер бизнинг оромий суҳбатларимиздан бирига қўшилиб қолди ва у билан афсонавий Хитой шеърияти хусусида мароқ ила фикрлашдик. Ўша кеч ниҳоясида Борхес Регес ва Лопез Велардени эслаб ўтди, ҳамишаги одатига кўра шеър айтиб берди: “Suava patria, vendedora de chia…” (“О, ота маконим, chia га коним…”) Шунда у тўсатдан ўз сўзларини ўзи бўлиб, мендан сўраб қолди: — Сhia нима эканлигини биласизми сиз? — Хотиржамлик бўлса керак,- дедим мен ўсмоқчилаб, негадир тушунтириб бера олмагандим ўша сўзни. Сўнгра қанақадир чиройлироқ қилиб айтмоқчи бўлиб: — Ер муждаси, дея қолайлик буни,- дедим. Ана шунда Борхес маъқуллагандек маънода бош ирғаб қўйганди. Унинг бу бош қимирлатиши бундай қараганда арзимасдек белги, лекин мен учун жуда катта эътирофдек ўзимда йўқ шод бўлиб кетгандим. У ҳам мендаги бу шодликни сезган каби сўзсиз кулимсираб қўйганди. Азиз ва ардоқли кишингнинг ўлимини тан олиш бу – бениҳоя оғир туйғу. Биз туғилган сониямиздан бошлаб ўз ажалимизни кутамиз, биламиз, демакки, ўлим чангали бизларга ортиқча ҳайрат ва даҳшат эмас, биз аллақачонлар у билан ошиномиз ахир. Ҳаётда кутганимиз кутилмаган, одатий нарсалар эса фавқулодда ҳодисалар бўлиб ижро этилиши ҳам мумкин. Ёки эса бунинг аксича. Қадрдон Борхеснинг 86 ёшида бу ҳаётдан кетиши ҳам оддий ҳолдир эҳтимол, ахир ҳамма ҳам ўлади-ку! Аммо у ҳали ўлимга тайёр эмас эди! Борхес ажал нима эканлигини билмас эди ҳали! Аслида ҳамма ҳам шундай. Қанча ёшга кирмасин, барибир ўлим ҳақ эканлигини билса-да, ич-ичидан уни тан олиб турса-да сира-сира ўлгиси, бу гулгун умрни ташлаб кетгиси келмайди. Ҳатто ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган ёш-ёш йигит ва қизлар-да бевақт ажал домига асир тушадилар. Севимли Борхеснинг ортидан Аргентинанинг икки забардаст ёзувчилари бўлмиш – Кортасар билан Бианко ҳам бор эди, аммо улар афсуски, буюк Борхеснинг ўрнини ҳамда қадрини боса олмасдилар!..Мана, ҳозир ҳам Борхес ўша ёшлигимдаги каби, ўша менинг йигирма ёшлик йигитлик давримдаги каби ҳамон ўшандай, ҳамон ўзгармагандай: унинг шеърларида, унинг китобларида, қўллари теккан ҳар битта нарсада унинг нафаси ҳаёт топиб тургандай бўлаверади менга… Бу улкан қалб ёзувчи учта адабий жанрни бирданига ривожлантиришга эришган энг маҳоратли адиб бўлди: эссе, шеър ва кичик ҳикоя турларини. Унинг эсселари худди ҳикояга ўхшаб ўқиларди, ҳикоялари эса шеърга ўхшаб кетарди, Борхеснинг шеърлари ҳамиша кишини ўйлантирар, улар гўёки эссега ўхшаб кетарди. Уларни бирлаштирган ягона кўприк бу ўткир мушоҳада эди. Эссейист сифатида ижодни бошлаш бу ёзувчи одам учун ниҳоятда фойдали эди. Хусусан, Борхесда афсонавий, худдики, мўъжизага ишонувчан инсон феъл-атвори мужассам эди. Унинг ўзигагина хос бўлган ажойиб руҳий олами бор эди. У диний илм бўйича махсус шуғулланмаса-да, ёзган ҳар бир ёзмасида улуғ Яратгувчи сиймоси ва унга бўлган муқаддас эътиқоди тараннум этиларди. Албатта буни Борхес ижодини тубдан кузатганларгина теран англай оладилар. Бироқ ёзувчини тарих солномалари у қадар ҳаяжонга солмасди, инсониятнинг мураккаб жамият тузилмалари уни кўпам ўзига жалб этавермасди. Борхеснинг сиёсий қарашлари ҳам ўта аҳлоқий, бироз эстетик руҳда бўларди. Фақат бир нарсани алоҳида қайд этиб ўтиш жоизки, Борхес қайси илм ёхуд назария бўйича фикр юритмасин, қайси мавзу бўйича қалам тебратмасин, унда ҳамиша битта ақида – олий Виждон туйғуси ҳамиша барқ уриб турарди. Борхес ҳеч қачон, ҳатто душманлари унга тош отиб турган дақиқаларда ҳам ёлғон гапирмади, зинҳор сўзга хиёнат қилмади, унда ҳаммавақт адабиёт ва адолатга бўлган эҳтиром барҳаёт яшади. Бу буюк адиб бутун умр сўзга заррача-да хиёнат этмади, унда адабиётга бўлган, ижодга бўлган муҳаббат то умрбод бирга яшаб ўтди.
2020-02-09
http://nodirabegim.uz/archives/2925
Августнинг сўнгги оқшомларидан бирида Фарғонадаги драма театрида нималар бўлганини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмади. Остонада куз ҳомуза тортиб турган, ёз хайрлашиш мақсадида илиқ нафаси билан ён-атрофни сийлаётган бир пайтда театр фаолияти билан боғлиқ кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳодиса рўй берди. Одамлар театрда бирданига иккита спектаклни бир вақтнинг ўзида томоша қилишганини оғиз кўпиртириб гапиришарди. Аммо, уларнинг барчаси ҳам бу борада якдил эмасди. Кимдир ўша оқшом бирданига иккита спектакль томоша қилдим деса, бошқаси бундай эмас, бирини ўнгимда, иккинчисини тушимда кўргандек бўлдим, спектакллар иккиталиги аниқмас, дерди. Яна бир гуруҳи спекталлар галма-галдан қўйилди, энди бирига кўникканимизда, иккинчиси берилди, чалкашиб кетдик, деб зорланар, бошқалари эса тўғриси биз уларни битта деб тушунибмиз, деб бошларини сарак-сарак қилишарди. Улардан тайинли аниқ жавоб чиқиши мумкин эмаслигига театрга кирмаган шаҳар аҳолиси чин дилдан ишонар, шунга бўлса керак ажабтовур томошани ўтказиб юборишганига ачиниб қўйишар ёки ичлари зил кетганини билдирмаслик учун кўзларини олиб қочишар, уларнинг чапдаст, шаддод ва тили бурролари эса бунга чидолмай, театр маъмуриятига спекталларни бошқатдан саҳнада кўрсатишни ё телефон орқали, ё театрга қадам ранжида қилиб, қатъиян талаб қилишарди. Уларга жавобан театр маъмурияти ҳайратланарли аргументни илгари сурди. Директор куйиб-пишиб, пешонасидаги терларни дастрўмоли билан артганча, биринчидан бундай аҳмоқона ишга (иккита спектаклни бир пайтда қўйиш назарда тутиляпти) театр саҳнасида умуман йўл қўйилмаслигини, иккинчидан иштирокчилар айтган кун ва вақтда театр жамоаси дам олганини таъкидлади. Унинг ортидан актёрлар ҳам буни рўй-рост тасдиқлашди. Ҳатто, қоровул ҳам. Шунга қарамай спектаклларни кўришга мушарраф бўлган шаҳар аҳолиси буни турган-битгани ёлғон деб атади ва театр жамоасини вазиятни юмшатиш учун масхарабозлик қилаётганликда айблади. -Ахир, бу нимаси?- деди театр директори уни ёлғончиликда айблаётган оммага эътироз билдириб.- Мен ўша куни уйимда ўғлим билан шахмат ўйнаб ўтиргандим. -Мен болаларимни истироҳат боғига кечки сайр учун олиб чиққандим,- деди актёрлардан бири кўзлари ола-кула бўлиб. -Ўша куни роль ижро этган бўлишимиз мумкинмас,- деди яна бир актёр қўлини пахса қилиб.- Чунки сиз айтган оқшомда шахсан мен театрда эмас, дўстимнинг туғилган кунида ғирт маст ҳолда ўтиргандим. Ниҳоят, қайсар оломон буни текширишнинг энг мақбул йўлини топди. Қирқ йилдан бери физика билан шуғулланадиган, бўйинбоғи эскириб, кўйлагининг ёқаси кирлашиб кетган, тепакал ва хомсемиз кишини қаердандир топиб келишди. У бўйи пастлигидан курси устига чиқиб, ингичка овозда, қаршисидиги оломонга Герберт Уэллснинг вақт машинасини яратганини минғирлаб гапирди. Ишониш қийин эди бунга. Кўпчилик кулиб юборди. Мазза қилиб кулди-е оломон. Ичаги узилгудек бўлиб, қиқир-қиқир қилиб. Лекин, барака топгур олим рост гапираётганини бир оз ўтиб исботлади. Театр олдига йиғилган оломоннинг нақд бурнини тагига эскириб, шалдироғи чиқиб кетган Газ-54 юк машинасида бир даста темирдан ясалган ашқал-дашқалларини олиб келди-да, уларни бир бошдан ясаб, машина ҳолатига келтирди. Худди Леонид Гайдайнинг ўша машҳур кинофильмидаги вақт машинаси бир оздан сўнг қад ростлаб, оломоннинг чексиз ҳайратига сабаб бўлди. Олим уни ишга туширганида айримлар ҳушидан кетди, айримларнинг ланг очиқ қолган оғзига маълум вақт пашшалар кириб-чиқиб юришди. Олим бунга эътибор бермай машинасини ишга туширди. Машина бир чийиллаб олиб, ишга тушди-да, кўп ўтмай ўша оқшом пайтидаги театр залини омма эътиборига тақдим қилди. Дарҳақиқат, ўша оқшом театрнинг ичи одамга лиқ тўла, бўш ўриндиқ деярли топилмасди. Негадир томошабинларнинг юзи кўринмас, бари юзига қора ниқоб тўсиб, бошига шляпа кийган ҳолда жимжитликни сақлаб ўтиришарди. Саҳнада эса спектакль жараёни кетар, актёрлар ўзларига бириктирилган ролларини маҳорат билан ижро этишарди. Буни кўриб театр директорининг юраги тарс ёрилишига сал қолди, ҳушидан кетган ёрдамчиси сув ичиб ўзига келди, режиссёр кўзларини бақрайтириб ўзини чимчилаб кўрди, драматург минг бир андуҳда бошини чангаллади, актёрлар саҳнада бегона актёрларни кўриб жинни бўлаёзишди. Хуллас, ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди. Бироқ, саҳнада спектакль бир текисда давом этар, атрофдаги инкубатордан чиққан жўжалардек бир хил кийинган юзлаб томошабинлар уни жим ва диққат билан томоша қилишарди. Залнинг деворларига иккита катта афиша илинганди. Афишаларнинг бири “Урбанизация ҳасталиги” деб, иккинчиси “Ясная Поляна” деб номланганди. -Уларни мен чизмаганман,- деди юзи лавлагидек қизариб театр рассоми шу жойда ўзини оқлаб. Энг қизиғи, спектакллар галма-галдан саҳнада берилар, бири маълум муддат оммага ҳавола этилгач, орада саҳна соат стрелкаси бўйлаб айланарди-да, иккинчиси ҳавола этилар, сал ўтиб у тўхтатилгач, яна биринчисига ўтилар, натижада томошабин синчков бўлмаса, бу аҳволда ҳеч нимага тушунмай, гарангсиб ўтираверарди. -Бизнинг саҳнамиз бундай эмасди-ку!- деди театрнинг техник маъмури буни кўриб лол қолганча.- Қачондан бери у айланадиган бўлиб қолди?! Биринчи спектакль воқеалари афтидан кишлоқда содир бўлаётганди. Чунки саҳна декорациясида лойсувоқ деворли ҳовли гавдаланганди. Ҳовли ўртасида тахта сўри, четроқда ўчоқ билан курси. Сўрида кексайган ота-она ва йигирма яшар атрофидаги ўғил чой ичиб ўтиришар, ўғил ораста кийиниб олган, безовта ва бесаранжом кўринар, ота-она хавотир аралаш унга қараб-қараб қўйишарди. -Пойтахтга кетмасам бўлмайди, ота,- дерди ўғил ҳадеб пиёладаги чойни ҳўриллатиб ичаркан.- Менда Худо берган истеъдод бор. Аммо, бу тоғлар орасида қолсам, шоир сифатида танилишим қийин. Барча катта шоирлар пойтахтга бориб машҳурликка эришишган. Биласизми нега? Чунки барча обрўли журнал ва газеталар, катта нашриётлар, профессионал адабий муҳит пойтахтда! Шунинг учун Тошкентга кетмасам бўлмайди. Дуо қилинглар мени ! -Биз қарияпмиз,- дерди ота жонивор бошини эгиб.- Сен ёнимизда бўлсанг кўнглимиз тинч бўлиб, онанг иккимиз хотиржам оёқ узатармидик. -Кетмай қўя қол, болам,- дерди она шўрлик рўмолини четига юзини яшириб.- Шу қишлоқда яшаб ҳам машҳур шоир бўлишинг мумкин-ку! -Мумкин эмас,- жеркирди уларни бўлажак, истиқболи порлоқ шоир.- Тошкентдаги адабий муҳитга қўшилмай туриб бу мумкин эмас. У ерга борсам, бирорта катта шоирга шогирд тутинаман. У менга йўл-йўриқлар кўрсатади, тажрибаси ёрдамида истеъдодимни сайқаллаштиради, ёзган шеърларимни газета ва журналларда чиқартириб беради, китобимга сўз боши ёзиб нашриётларга беради, гўзал уюшмамизга аъзо бўлишим учун тавсиянома ёзиб беради. У ерда вилоятлардан келган тенгқур шоир дўстларимнинг давра ва гуруҳларига қўшиламан, адабиётнинг илиқ нафасини ҳис қиламан, маънавий-руҳий озуқа оламан. Бу ерда нима бор? Оддий, кичкинагина қишлоқ бўлса. На адабиёт бор, на шеъриятни тушунадиган қатлам. Бунинг устига қишда совуқ, чироқ ҳам кўп ўчади. Сизларга айтсам, шоир зоти совуқ ва зулматга чидамсиз. Совуқ ва қоронғуликда илҳом келмайди-да, илҳом! Шу ерда саҳна қўққис ўз ўқи атрофида айланиб, бошқа декорацияда томошабин қаршисида намоён бўлади. Унда энди худди биринчи қишлоққа ўхшаган қишлоқда, икки қаватли оппоқ уйнинг олдидаги гулзорда, стол устига тузалган дастурхон атрофида таниш чеҳралар ўтирган бўлишади. Стол тўрида ўтирган соқоли узун қария қолганлардан ҳам яхшироқ таниш, барчанинг эътибори унда. -Лев Николаевич,- дейди шунда унинг олдига югуриб келган йигит .- Сизга Маҳатма Ганди мактуб юборибди. -Илтимос унга ҳам Бернард Шоуга ёзганингиздек кескин жавоб қайтармасангиз,-дейди унинг ёнида ўтирган аёл (рафиқаси Софья Толстая). -Дарвоқе,- дейди Толстойнинг ўнг тарафида ўтирган кўзойнакли киши (оиланинг врачи жаноб Маковицкий).- Сизни кўргани бугун Франциядан меҳмонлар келишмоқчи. Агар рухсат берсангиз, албатта. Толстой паришонхотирлик билан эринганча бир уларга, бир мактуб келтирган йигитга қарайди. -Тирик пайтингиздаёқ Ясная Поляна дунё адабиётининг зиёратгоҳига айланди,-давом этади Маковицкий финжонидаги қаҳвадан ҳўплаб.-Мана кўриб турибсиз буни. Ҳар куни дунёнинг турли бурчакларидан хатлар ва меҳмонлар келишади. Бу шунчаки ҳайратланарли! -Бир умр шу ерда яшадингиз-а, Лев Николаевич?- дейди унинг сафдош дўсти Чертков.- Очиғи, Петербург ёки Москвада нега яшамаганлигингизни яқингача ҳам тушунмасдим. Энди тушунаман, албатта. Лев Николаевич унга жавоб бериш ўрнига инглиз тилида ёзилган мактубни очади-да, ўзига хос бўлган зийраклик билан берилиб ўқийди. Ўқиб бўлгач, дўстига жавоб бериш учун юзланади. -Мен ўзим истаганим учун бир умр шу ерда яшадим,- дейди томоғини бир қириб олиб.- Ижодкорга қаерда яшашининг заррача аҳамияти йўқ деб ҳисоблайман. Истеъдоднинг макон ёки муҳитга қарамлигини зўр бериб илгари сурадиганларни ҳечам тушунмайман. Ёшлигимда ҳам тушунмаганман. Улар кип-қизил аҳмоқлар бўлишса керак. Менимча шундай. Саҳна остидаги ғилдираклар яна айланади. Биринчи спектакль унга қайтади. Энди қишлоқдан чиққан шоир йигит ўзгарган декорацияда-пойтахтдаги “Лесная Поляна” кафесида тўртта оғайниси билан томошабин қаршисида гавдаланади. -Биз Хоразм, Водий, Сурхон ва Воҳа ўғлонлари ўзбек адабиётини янги босқичга олиб чиқамиз. Тошкенти азим бунга шахсан гувоҳ бўлади. Биз йигирма биринчи аср авлодимиз. Ўзимиздан олдинги авлод қила олмаган ишларни қиламиз. Зиммамизда катта маъсулият турибди, дўстлар! Аллоҳ юзимизни ёруғ қилсин!- дейди у тантанали оҳангда қадаҳ сўзи айтиб. Гапини якунлагач, шериклари билан қадаҳини уриштириб, қадаҳ ичидаги шароб билан ҳалқумини булғайди. Ғирт маст, ширакайф ҳолда ўзбек адабиётини тараққий эттириш дастурини хом-чўт қилади. -Насиб бўлса бу ерда биз катта шоир бўламиз! Тошкенти азимда! Шу ерда саҳнанинг сира гапга кирмайдиган ғилдираги “Ясная Поляна” спектаклига шартта қайтади. Декорация яшин тезлигида ўзгаради. Энди Лев Толстой ўз кабинетида ижод устида ўтирган бўлади. Унинг котиби эшикни тақиллатиб олдига кирганида бандлиги боис ҳатто унга ўгирилмайди. Ёзаётган асаридан бош кўтармай, уни бир оз куттиради. -Лев Николаевич почтангиз келди,- дейди котиби адиб ўгирилгач, қўлидаги қоғозларга ўралган бир даста нарсани стол устига қўйиб.- Нашриётдан асарингиз корректурасини юборишибди. Шунингдек, Петербург ва Москвада чиқадиган журнал-у газеталарнинг янги сони, сиз буюртма қилган китобларни ҳам. Бундан ташқари Европанинг ўнга яқин давлатидан мактублар. Толстой уларни шошилмай, бирма-бир кўздан кечириб чиқади. Уларни китоб жавонидаги бўш жойга қўйгач, котибининг қўлига ўртача ҳажмдаги қўлёзмани тутқазади-да, ўрнидан туради. -Бу янги асаримнинг қўлёзмаси. Журналга юборинг. Мана булар олдинги мактубларга жавобларим. Манзилига қараб, ўз эгаларига етказинг. Энди мен велосипед ҳайдамоқчиман қишлоқ бўйлаб. Сал туриб буғдой ўримига чиқаман, ўрмонда дарахтга суяниб китоб мутолаа қиламан. Мени маъзур тутасиз! Саҳна биринчи спектаклга қайтганида декорация қўйнида шоир йигит анча улғайган, соч-соқоли оқариб, озиб-тўзиб кетган ҳолда Тошкентдаги ижара уйлардан бирида кўрсатилади. У иш столидаги хира лампа ёруғида нималарнидир ёзиш билан машғул, анча хароби чиққан ва уринган бир алфозда букчайиб ўтиради. Бехос қўл телефони жиринглайди. Йигит унга хўмрайиб қарайди, лекин жавоб беришдан олдин ўзини ўнглаб самимий оҳангда гапиради. -Устоз, ассалому алайкум! Китобингизни таҳририни қилиб қўйдим. Нашр учун тайёр энди. Табриклайман! Ажойиб китоб билан! Уни ўқиб маънавий-руҳий озуқа олдим. Эрталаб сиз билан тадбирга боришим керакми? Майли, бораман. Ўзи эртага қишлоққа – ота-онам ва оиламни кўргани бормоқчидим. Саккиз ойдан бери борганим йўқ эди. Онам сал бетоб экан. Хўп, тадбирдан чиқиб борарман. Иккита спектакль галма-галдан оммага тақдим этилган бўлса-да, уларнинг кулминацияси бир пайтда берилади. Гўё саҳнани спектакллар бўлиб олишгандек таассурот уйғонади шу ерда. Якун ўхшаш бўлади. Менимча, шунга битта саҳнада кўрсатилади. Саҳна бир томонида Лев Толстойнинг қишлоқдаги, устига ҳатто хоч қўйилмаган, одми ва кўримсиз қабри, бошқа томонида шоир йигитнинг пойтахт қабристонларидан биридаги устига мармартош қўйилган қабри намойиш этилади. Толстой қабри атрофида ҳеч ким ва ҳеч нима кўринмайди. Дарахтлари барглари сарғайган, қушлар овози чалинаётган сокин ўрмон бағрида дўппайиб чиқиб турган қабрнинг борлиги-да билинмайди. Шоир йигитнинг қабри атрофида қабрлар кўп, барчасига мармартош ётқизилган, аммо унинг қабридаги мармартош ўзидаги ёзувлар билан эътиборни зиёдроқ тортади. Унга катта ҳарфлар билан қуйидаги сўзлар ёзилган бўлади: “Бу ерда ётган шоир Уюшманинг “Биринчи китобим” лойиҳасидаги қалинлиги пиёз пўстлоғидек келадиган китоби билан қирқ ёшгача яшади, “Адиб ва жамият” лойиҳасидаги китоби нашр юзини кўрмай урбанизация ҳасталигидан вафот этди”. Спектакль якунлагангач юзига ниқоб тақиб, қоп-қора кийимда ўтирган шляпали томошабинлар қарсак чалиб юборишади. Ўзбек, рус, турк, инглиз-у фаранг тилларида опера қўшиқчилари каби йўғон овозда алмойи-алжойи бақиришади. Уларнинг қарсак ва овозлари шунақанги залворли эшитиладики, ҳатто театр атрофига йиғилган оломон ҳадик аралаш бир-бирига қўрқа-писа қараб қўяди. Транзисторларидан бири куйиб кетиб, вақт машинаси худди ўша кинофильмдагидек ишдан чиққач, спектакллар намойиши тўсатдан узилади… Фурсат ўтиб орага ўлик сукунат чўкди. Бу сукунатни ҳеч ким бузишни истамасди. Театр атрофига йиғилган оломон, театр маъмурияти ва актёрлар оғзиларига толқон солгандек жим туришар, юқори электр кучланиши сабаб тутаб кетган вақт машинаси янгитда кўрсатган воқеъликдан шу тобда тиллари айланмай қолганди. Бўлиши мумкинмас, дейишарди театр актёрлари ичларида пинҳона. Бу қандай бўлди-а, дерди уларга қўшилиб театр директори пичирлаган кўйи кўйлаги ичига ирим қилиб туфларкан. Оломон эса дам ўтмай ўша оқшом театрда иблислар ёки арвоҳлар тўпланган экан деган хулосага келди ва сал ўтиб тизгинсиз қўрқувни орқалаб, оёғини қўлга олиб, ҳар томонга тумтарақай тарқалди. Уларнинг ортидан театр маъмурияти ва актёрлар ҳам турли баҳоналар билан қораларини ўчиришди. Ҳувиллаган театр шаҳар чироқлари остида мункайиб, бир ўзи қолди. Ҳатто, узоқ йиллардан бери қоровуллик қиладиган ўрис чол у ерда қолишни истамади. Балки бу кеча ҳам яна иблислар келишар, деб ўйлади охирги бўлиб театрни тарк этаётиб унинг биносига хўрсиниб назар соларкан. Шунда дея у бир чўкиниб олди-да, қадамини тезлатиб, бир пасда бошқалар каби тун қўйнига сингиб кетди.
2020-06-09
http://nodirabegim.uz/archives/2941
( Эмили! Сиз ҳақингизда мен узоқ вақт ўйлаб юрдим. Доим нимадир ёзгим келди, аммо руҳингиз қаршисида заиф бу руҳим ҳамиша ожизлик қилди. Эмили! Сиз барибир ёзишга ундадингиз, сизникидек хилватнишин, пана кулбамда, тун жамолига бағрини ланг очган деразам олдида ва ундан оқиб кираётган муздек тунги насимлар оғушида Сизнинг чеҳрангиз кўз олдимда қайта ва қайта намоён бўлаверди. Эмили! Биласизми, сиз беқиёс умр дафтарини битиб кетгансиз! Сизнинг қисматингиз ҳеч кимникига ўхшамас, такрорланмас, таъсирли бўлиб таъсирли эмас, аянчли бўлиб аянчли ҳам эмас, валек бахтли бўлиб… бахтли ҳам эмас…ажиб, ўзгача… Биласизми, бу қиёсга лойиқ ном топа олмайман мен, англатмоқчиманки, унинг беҳад улуғлиги ёхуд тахирлиги учун эмас, бу шунчаки “Эмили Дикинсон Тақдири” эканлигини тасвиру тавсиф эта олишга дилдан интилганим, кўпдан интиққаним учун, адоғсиз изтироб ва поёнсиз хаёллар исканжасида яшаганим учун-да бир қарорда барқарор туролмайман. Эмили! Оппоқ кўйлагингиз ҳалиям эгнингизга ярашиб турибди, сиз уни ҳамиша, ҳаётингизнинг Раббим ато этган барча кунларида қаддингиздан бегона этмай яшагансиз. Ўзига тўқ, номдор давлат вакилининг ардоқли фарзанди бўлсангиз-да, нимагадир зебу зийнатларга ҳечам учмагансиз! Сизни кўрган, билган замондошларингиз “Эмили оқ рангни беҳад яхши кўрарди, атиргуллар ял-ял очилган боғ оралаб доимо оқ ҳарир либосда ёлғиз кезиб юрарди”, дейишган экан. Ростданам, сиз оқ рангга бошқача меҳр қўйгансиз. Ўзингизча бу ғалат, чигал дунёни ҳамиша оппоқ, бегард тасаввур қилишни, унга зарра доғ туширмасликни орзу қилгансиз. Эҳ, Эмили! Фариштага айланган нозик хилқат соҳибисиз! Токи юрагимиз жўш урмагунча Сира билмаймиз ҳеч баландлигимиз. Йиғлайверамиз ёш қуримагунча Жар соламиз фақат бебахтлигимиз – Асли-ку яшаш ҳам Қаҳрамонликдир, Яшаяпмиз, демак, ҳақмиз, ҳалолмиз. Бизга бутун Еру Осмон шерикдир, Дунё қаср бўлса, бизлар Қиролмиз! Эмили, ҳикоя қилишларича, анча озғин ҳам бўлган экансиз. Бир гал Монсонга борган чоғингизда холангиз сиз – ёш ва ҳуркак қизалоққа шундай таъриф берган экан: “Мукаммал даражадаги баодоб ҳамда хушчақчақ – у асло ўз болалигини тарк этмайди, ҳамиша ёш гўдакдай бўлиб қолаверади, бироқ хийла нимжон кўринади”. Плезент Кўчасида жойлашган икки қаватли бошланғич мактабга қатнай бошлаганингизда эса таълим олиш йилларида “диний илмга берилган хаёлпараст қиз” деган ном олгансиз. Отангиз болаларини гўзал тарбия олишини қаттиқ хоҳлар, ҳатто узоқ сафарда бўлган дамларида ҳам фарзандларининг таълим олиш жараёни билан жиддий шуғулланиб турарди. Етти ёшли пайтларингизда пуштипаноҳингизнинг уйга ёзган хатини ҳамиша эслаб яшадингиз, падари муҳтарамингиз: “Мактабни ташлаб қўйманглар, фақат ва фақат илм олиш билан машғул бўлинг, шундай қилсангиз то мен уйга келгунимча бир дунё янги илмларни эгаллаб қўйган бўласиз”, деб ёзганди. Эмили, сиз меҳрибон отангизни ҳаммавақт жонкуяр, фидойи ота қиёфасида хотирладингиз, унинг хат ёзишадиган дўстларига ёзган мактубларида чинданам суянганингизни ғоятда меҳридарё, онангизни эса вазмин ва рангпар ҳолда тасвирлаб бергандингиз, яна шундай деб ҳам ёзиб қўйгандингиз: “Болалигимда менга нимадир бўлса, ҳаммавақт уйга, Аустиннинг олдига чопиб борардим, акам худди қаттиқўл онадай эди, бироқ мен уни дунёдаги барча яқинимдан-да ортиқ кўрардим”. Эслайсизми, шу эсдаликларнинг барини, Эмили? Мен бу номаларингизни бор вужудим икки кўзга айланиб ҳижжалаганман ва хотирамга қаттиқ муҳрлаб олганман. Эмили, бизнинг боғларга чўзғин сукунат чўккан. Борлиқни чексиз хазинлик, эзгинлик чулғаган. Мен кўчаларни кўп кезавермайман, сиздек хилват гўшамда, одамлардан, нигоҳлардан панада кун кечиришни афзал кўраман. Эмили, сиз болалик йилларингиздаёқ ўлим билан тўқнаш келгансиз, ажалнинг бераҳм панжалари чангалига олган энг севимли яқинларингизни бирма-бир йўқотавергач, ундан – ўлимдан бир умрга юрак олдириб қўйгансиз. Холаваччангиз ва яқин сирдошингиз Софи Холланд сил касаллиги туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмганида сиз бутунлай ўзингизни йўқотиб қўйгандингиз. Ҳатто орадан икки йиллик фурсат ўтса ҳам, ўша машъум воқеани эсга олиб, бундай деб ёзгандингиз: “Бу ҳол менга шунчалар таъсир этдики, натижада ўзим ҳам гўёки ўлиб қоладигандек бўлиб туюлавердим, мен Софини наинки сўнгги йўлга кузата олиш, балки унинг жонсиз юзига бир қараб қўйиш учун ҳам ўзимда қилдек куч тополмасдим”. Эмили, сиз ўлимдан қўрқдингиз, унинг енгиб бўлмас ҳукмларидан безиллаб қолдингиз ва яна кўпроқ, кўпроқ ўз туйғуларингиздан даҳшатга тушдингиз, ҳар гал ажал остонадан хатлаши биланоқ, мунис ҳаётингизга раҳна солишни, яқинларингиз ила таҳдид қилишни бошлаши ҳамон ўз туйғуларингизни асраб-авайладингиз, яъни, уларни бўғишни, азоб чекишини, ситамларга абгор бўлишини истамадингиз, қўрқув ва таҳликалардан бир сония-да қутула олмадингиз! Чунки, айрилиқ ҳажрини торта бошлаган дамларингизда ҳали ғўр бола — мактаб ўқувчиси эдингиз, шунданми нозик ва нораста қалбингиз ўлим каби кучли ғанимга бас кела олмас, унинг юкини кўтара олишга қуввати етмай озорланар эди. Тақдирнинг ана шундай азобли чоғларида Яратганнинг сизга аталган энг олий тортиғи – (Не бахтким!) Ижод билан ошно тутиндингиз! Ўшанда сизнинг эндигина ўн саккиз ёшлик умр баҳорингиз барқ уриб очилган эди. Дикинсонлар оиласи Бенжамин Франклин Нюьтон исмли ёш ҳуқуқшунос билан танишади. Кейинчалик Нюьтон вафотидан сўнгги ёзган хатларингизда тубандаги сўзлар бор эди: “Ворсетсордаги ўқишига кетишдан аввал Ньютон менинг дадам билан икки йил бирга ишлади ва кўп вақтини бизнинг хонадонимизда ўтказди”. Сиз билан Нюьтон ўртасидаги муносабатларни асло ишқий алоқаларга ўхшатиб бўлмасди, сиз бу ёш ҳуқуқшуносни худди ўзингизнинг ўқитувчингиз ёхуд ҳамфикр бир дўстингиз каби қабул қилардингиз. Айни ўша даврда Нюьтон сизни Уильям Вордсворт ижоди билан яқиндан таништиради ва сизга бениҳоя таъсир этган Ралф Уалдо Эмерсоннинг илк шеърлар тўпламини ҳадя этади. Яна яқин бир дугонангиз сизга тақдим этган Шарлотта Бронтенинг “Жейн Эйр” романидан ҳам қаттиқ ҳаяжонга тушгандингиз, бу асарнинг руҳиятингизга бўлган таъсирини ҳеч нима билан ўлчаб бўлмасди, сиз асардан шу даражада завқланиб кетасизки, ҳатто ўзингизнинг ягона итингизни ҳам романдаги Жон Чивернинг ити шарафига “Карло” деб атайсиз. Атоқли инглиз ёзувчиси Уильям Шекспир ижоди ҳам шоир қалбингизда чексиз таассурот қолдиради. Ана ўша дамларни хотирлаб сиз Нюьтон тўғрисида алоҳида тўхталиб, ўзгача эҳтиром ила битгандингиз: “Исми — дадамнинг ҳуқуқшунос талабаси бўлган бу ажойиб инсон менинг қалбимга гўё мўъжизавий бир кўкламни олиб киргандай бўлди, ғоятда сирли, фусункор олам билан ошно этди”. 1862 йилдаги: “Ҳали роса ғўр қизча бўлган пайтларимда менинг ҳам Умрбоқийлик сабоғини ўқитган битта жон дўстим бўлгучи эди – бироқ унинг ўзи беадоғ хатарли бўлган сафарга кетиб қолди ва у энди ҳеч қачон қайтиб келмайди”, — дея ёзганларингиздан ҳам шубҳасиз, Нюьтонга бўлган чуқур иззат-икромингиз яққол аён бўлиб турибди. Эмили, яхшиям ўшанда тақдири олий сизни Ньютондек аҳли солиҳ инсон биан рўбарў қилган. Йўқса, тийнатингизда авжу аланга олиб ётган ижод оловининг тафтини ким кашф этар ва қачон зоҳирга чиқара оларди? Аммо бешафқат қисмат ёш бошингизга турли синовларини бениҳоя кўп солди. 1850 йил ўртасида турли хил сурункали касалликлар билан оғришни бошлаган волидангиз охири бунча хасталикларнинг барини кўтара олмасдан узоқ вақт тўшакка михланиб ётиб қолади, у то умрининг сўнггигача — 1882 йилда вафот этгунигача ўрнидан туриб кетиши жуда маҳол бўлади. 1858 йилда дугоналарингиздан бирига ёзган дардли мактубингиз ҳамон сақланиб қолган: “…уй ва онамни ташлаб кетолмайман. Деярли умуман ташқарига чиқа олмаяпман, қочиб кетиб ҳам бўлмайди, ахир онам оғир бетоб. Ундан қилчалик ҳам умид қилишга ҳечам кўзим етмаяпти”. Норкросс хоним борган сари сўлиб бораркан, нозик зиммангиздаги рўзғор юмушлари-да тобора оғирлашиб борарди, шунинг учун сиз Хоумстедга, уй ичига буткул қамалиб қоласиз. Орадан қирқ йиллар фурсат ўтгач, синглингиз Лавиния онангизнинг оғир хасталиги туфайли қизлардан бири уй ичида, волидангизнинг ёнида доимо ўтиришга мажбур бўлганларини шахсан баён қилиб ўтади, айнан ўша вазифани эса сиз ўз гарданингизга олганингизни ва “ҳаётни фақат китобларингизу ташқаридаги табиат манзараларидан топиб, яшашда давом этганингизни” тасвир этади. Ташқи борлиқдан тобора узоқлашиб борган давр — 1858 йилнинг ёз фаслидан бошлаб ўзингизнинг барҳаёт меросингизни яратишга астойдил киришасиз. Илгари ёзган шеърларингиздан бошлаб барча ёзганларингизни қайта ва қайта кўздан кечирасиз, сўнгра уларни қўлёзма ҳолдаги китоб шаклига келтирасиз. 1858 йилдан то 1865 йилга қадар саккиз юзга яқин шеърларингизни тартибга солиб чиқасиз. Бироқ ўлимингизга қадар ҳеч ким бу китоблардан огоҳ бўлмайди. 1850 йиллар охирларида сиз “Кўклам далалари” номли Республикачилар ойномасининг бош муҳаррири Самуэл Боулес ҳамда унинг рафиқаси билан танишиб қоласиз. Эр-хотин Боулеслар хонадонингизга тез-тез ташриф буюриб туришарди. Бу давр оралиғида сиз Самуэлга ўттиздан ортиқ мактуб ва элликка яқин шеърларингизни жўнатасиз. Бу дўстлик пок руҳингизни макон тутган кучли истеъдодни юзага олиб чиқади, Боулес ўз ойномасида икки-учта шеърингизни эълон қилади. 1860 йилнинг биринчи ярмида, ижтимоий ҳаётдан тамомила узилиб қолган тарки дунё дамларингизда сиз энг маҳсулдор ижод паллангизни бошлайсиз. Кўплаб адабиётшунос олимлар ҳамда илмий ходимлар бу даврдаги ижодий фаолиятингизни шоир руҳиятингиздаги хилватнишинлик ҳамда ташқи ҳаётдан чекинганлик туфайли яратилган дея асослайдилар. Эмили, сиз шу даражадаги камтарин инсон эдингизки, сиз ҳатто “агар шон-шуҳрат тулпори мен томон учиб келса, мен ўзимни ундан қочиб ҳам қутқариб қололмайман, деб қўрқаман. Башарти, у мени қувиб етса ҳам, сўзсиз унга чап берган бўлардим, зеро мендек ғариб учун ҳамиша ялангоёқлар ридоси муносибдир” деб ёзгандингиз. Зотан, руҳи олийингизнинг ягона инонган дўстлари — қўнғир тепаликлару улкан қонли шафақ ҳамда содиқ итингиз Карло бўлиб қолганди, холос. 1874 йил барча кўрганларингиздан ҳам оғирроқ жудоликларни олиб келади. 16 июнь куни падари улуғингиз Эдуард Дикинсон миясига қон қуйилиши натижасида ҳаётдан кўз юмади. Сиз ҳаётдан шу қадар безиллаб, юрак ҳовучлаб қолгандингизки, ҳатто отангизнинг кичкинагина дафн маросими вақтида ҳам ўз хонангиздан ташқарига, одамлар орасига чиқа олмайсиз, қия очиқ эшигингиз ортидан маросимни маъюс кузатиб ўтирасиз. Орадан бир йил ўтиб, 1875 йил 15 июнь куни онангизнинг ҳам узоқ йиллар давом этган хасталикларига миясига қон қуйилиши хотима ясаб, у ҳам оламдан ўтади. Ота-она жудолигидан қаттиқ ўртанган қалбингиз аччиқ дудга тўла, аламли мисраларни қоғозга тўкади: Кучли азобдан сўнг тинчиб қоламиз, Асаблар қабрда ётгандай жонсиз – Совуқ қалб сўроқлар: “Қаерда руҳим, Кеча қайда эдим, аввал бормидим?” Оёқлар типирлар, айланар шу он – Ер узра, Кўк қадар ва ҳув Арш томон. Ажабки, кулса ҳам юзимиз маҳзун – Ва тошдай увушган бўғзимизда ун – Шудир Инсоннинг энг Енгилган они – Демак, керакмас ҳеч умрнинг шони, Музлаган Қалблармиз, ҳиссиз куламиз, Аввал совқотиб, сўнг музлаб ўламиз. 1880 йил хонадонингизда яна-да оғирроқ даврни бошлаб беради. Сюзан, яъни севикли дугонангиз ҳамда акангизнинг рафиқаси тўсатдан вафот этади. Келаси йили эса Аустин ва Сюзаннинг кенжа фарзандлари – энг суюкли жиянингиз – Жиллберт ҳам қаттиқ сил иситмаси туфайли жон беради. Кетма-кет келган ўлимлар ғариб кунларингизни буткул зимистонга айлантириб қўяди. 1884 йил куз пайтларида беҳад қаттиқ ўкингандингиз: “Ўлим мени буткул ўзимга чўктириб юборди, энди битта жудоликдан кўнглимни бўшатиб олгунимча яна иккинчи бир ажал қошимда ҳозир бўлаяпти”. Ўша йили ёз пайтида сиз қаршингизга тобора “чексиз зулмат бостириб келаётганини” кўриб қоласиз ва ошхонада нон пишириш билан машғул бўлган чоғингизда ҳушингиздан кетасиз. 1885 йил 30-ноябрга келиб танангиздаги дармонсизлик ҳамда бошқа касаллик симптомлари қаттиқ авж олиб, Аустинни катта ташвишга қўяди ва у Бостонга қилмоқчи бўлган сафарини бекор қилади. Бир неча ойлар давомида тўшакда михланиб ётасиз, бироқ шу ҳолингизда ҳам ўзингизнинг сўнгги мактубларингизни ўз эгаларига юборишга муваффақ бўласиз. Охирги хатларингиз тоғаваччаларингиз Луиза билан Франсис Норкросс номларига йўлланган бўлиб, мактуб оддийгина сўзлардан иборат эди: “Кичик тоғаваччаларим, тезроқ етиб келинглар. Эмили”. Айниқса охирги кунларда шиддатли авж олган касалликдан сўнг 1886 йил, 15-май куни Америка шеъриятининг энг ёрқин юлдузи бўлиб адабиёт тарихида мангу қолган номингиз — Эмили Элизабетта Дикинсон, сиз — буюк руҳ соҳибаси, эллик беш ёшингизда ҳаётдан кўз юмасиз… Акангиз Аустин ўша кунни хотирлаб, ўз кундалигига шундай сўзларни қайд этиб қўяди: “Даҳшатли кун эди…у қўрқинчли ажал комида мағлуб бўлиб, ниҳоят нафас олишдан тўхтаб қолди”. Ўзингиз хуш кўрган ванила ҳидлари уфуриб турган оппоқ тобут ичига ётқизилиб, дафн этиласиз. Содда ва қисқагина маросим Хоумстеддаги кутубхонада ўтказилади, сиз билан икки маротабагина юз кўришган Хиггинсон исмли муҳаррир буюк қалбингиз севган шеър — Эмили Бронтенинг “Ҳеч қўрқоқ қалб Меники эмас” номли шеърини ўқиб беради. Яна сўнгги илтимосингизга биноан тобутингиз қабристонгача транспортда олиб борилмай, зангор далалар оша қўлма-қўл кўтариб олиб борилади. Эмили! Мана, сиз қандай умрни кечириб ўтгансиз, у мен тасвир эта олмаганим – ўша номаълум сўз ила ўлчанар, аталар, аммо шу кунга қадар мен ўша сўзни излаб сарсонман, қидириб абгорман, Эмили! Англатмоқчи бўлганим, беҳад буюк дея кўкларга кўтариш ҳам эмас, ўта содда дея оддийлаштириш ҳам эмас, аммо ахир ҳеч кимникига ўхшамас, бемисл, беозор, беҳудуд йўқотишу ситамларга йўғрилган эса-да сокин ва итоатгўй умрингиз дафтарини ёйиб кўрмоқлик эди. Эмили! Сиздан яшашни ўрганмоқ лозимдир. Сиздан – бир умр битта кўйлакда, хилватда ҳаётини ўткарган буюк шоир қалб ҳузурида мен жудаям ночор, юзаки одамга ўхшаб кўринаман ўзимга. Эмили, мен бу кеч жавондаги барча кийимларимни юлиб отдим. Ўзим учун худди сизникидек оппоқ кўйлак тикдим, токим кийиб юрай битта либосни, токим зебу зийнатга, ҳашамга учмаган Эмили Дикинсон деган соҳиби тақдирни ўқиган эканман, таниган эканман, содиқ қолай унинг покиза ақидаларига, армонларига… Эмили, мен-да сиз каби одамларга қўшила олмадим. Ғурбатдаги мискин, бечора каби ўзимни яккалаб яшадим мудом. Эмили, сиз ўзингизни ҳечам улуғламадингиз, шону шарафларга буркамадингиз! Ғариблик рутбасини энг улуғ мақом дея қабул этдингиз, имкониятлари катта ижтимоий ҳаётингизни фақирлик, хақирлик ила алмаштирдингиз. Ортиқча мадҳларга ўч бўлмадингиз, шунча қоралаган бетакрор шеърларингиздан атига етти донасинигина газетада эълон қилдингиз. Эмили! Сиз ғариб кунларни кечириб ўтдингиз, ўзингиз шундай умрни истадингиз, истадингизу бироқ Сиз асло ғариб эмасдингиз, танангиз одмиликни танлаган бўлса-да, қалбу руҳингиз юксак эди, сиз Ғолиб руҳ эдингиз, Эмили! Мен бу оқшом мижжа қоқмадим, туни билан Амхерстга, “Ҳаммавақт яшил” дея номланган қадрдон уйингиз томон кечалари сархуш кезадиган қушлардек учиб боргим келди. Ҳозир Хоумстеддаги ўша бошпанангиз сизнинг шарафли музейингизга айлантирилган. Эмили, биламан, сиз ҳозир ҳам ўша уйда истиқомат қилиб келмоқдасиз. Ҳалиям севимли оқ либосингиз эгнингизда, сочларингизни паришон тўзғитганча, деразангиз ортидаги мудҳиш шарпадек совуқ боқувчи қабристонга ҳавасманд тикилиб ўтирибсиз. Ахир қабристонга термулиш, қолаверса, дафн марсимларини кузатиш болалик чоғларингиздаёқ кўзингизга таниш, кўнглингизга ошно тутинган юпанчлар эмасмиди ё? Эмили, ўтинаман, кетмай туринг, мен бу кеч сизнинг ҳузурингизга — Амхерстга қараб йўл олдим. Эмили, мен боргач, иккимиз сиз севган атиргуллар лов-лов очилган боғда узоқ кезамиз, дилдан суҳбатлар қурамиз. Токим ботиний ичкинлигим хуморини руҳий дийдор ва хаёлий ҳамсуҳбатликкина боса олгай, саргардон хаёлларим исканжасидан бир дамга оғриққан дилимни озод этар… Эмили, бу кеч бахтиёрлигимнинг чеку чегараси йўқ, ўзимда эмасдирман. Зотан, Сиз қаршимда, нозик жуссангиз рўпарамда хаёлчан турибди, дарвоқе, биз учун макону матлабнинг-да ўз ўрни йўқдек, биз учун дунёда ҳеч бир мамлакатнинг ҳам ўз номи йўқдек, бу оламда ҳеч қандай чегаралар ҳеч маҳал бўлган эмас, дунё жудаям-жудаям бепоён кўринади, биз шундай беҳудуд учамиз, биз бир умр беармон учамиз. …Мана, узоқдан Хоумстед ва “Яшил Уй” кўриняпти. Унда Америка адабиётининг ғолиб руҳ соҳиби — Эмили Дикинсон ҳамон ҳаёт кечирмоқда…
2020-09-09
http://nodirabegim.uz/archives/2955
Гоҳида тушларимга Толстойнинг қаҳрамони Анна Каренина киради. Рус актрисаси Елизавета Боярская қиёфасида. Бундай бўлиши табиий, чунки ўша актриса бош ролни ижро этган Анна ҳақидаги кинофильмни кўп томоша қилганман. Шунга қарамай, тушларимда бу кинофильмдаги кадрлардан бирортасини кўрмайман. Шунчаки оддий, кўримсиз бир бекатнинг қаҳвахонасида, ташқарида қор гупиллаб ёғаётган пайти, Аннани дераза ёнидаги столда ташқарини кузатиб ўтиргани кўз олдимда гавдаланади. Баъзида аниқ-тиниқ, баъзида хира ҳолда. Лекин доим битта жойда, яъни ўша тасаввурим маҳсули бўлган бекат қаҳвахонасида. Бекат қаҳвахоналари одатда йигирма-ўттиз чоғлик одам сиғимидаги, шинамликдан асар ҳам йўқ, ёруғлиги суст бўлиб, шундай кўринишда бўлган ҳар доим. Қайси замон ёки маконда бўлишидан қатъий назар. Тушимдаги бекат қаҳвахонаси эса аксинча, ўн тўққизинчи асрдаги баллар ўтказиладиган, шифтга ўрнатилган биллур қандиллардаги сон-саноқсиз шамлар ёрдамида ёритиладиган, кенг ва муҳташам залларга ўхшаб кетади. Боз устига атрофдаги думалоқ столларда киборларнинг виқорли ва мамнун чеҳраси кўриниш бериб, бекат қаҳвахонаси номига тамомила зид бўлган бу маскан тушимда бошимни роса қотириб, алалхусус гангитади. Қаҳвахонадаманми ё залдами, деб иккиланишим етаклаб келган ўйларим сарҳад билмайди. Стол устига ёзилиб, дид билан ясатилган дастурхонларга гап йўқ. Уларда балиқ икрасидан тортиб дудланган чўчқа гўштигача, олий нав узумлардан тайёрланган шароблардан тортиб рюмкада ёғду таратаётган ликёрларгача, Венеция шоколадларидан тортиб шарқона бисквитларгача мўл-кўл ва муҳайё, атрофдаги киборлар бир-бирлари билан назокатли тарзда, ўз она тилларидан ирганган ҳолда француз тилида суҳбатлашиб, вақтни ўлдиришади. Остона ҳатлаб, ичкарилашим билан ҳеч ким мени пайқамайди. Негадир доим шундай бўлади. Тушимда бўлаётгани учун шундай деб ўйлайман (ўнгимда бўлганида ҳаммаси бақрайиб қарашарди). Шундоқ ёнимдан патнис кўтарган икки-учта официант йигитлар ҳам индамай ўтиб кетишади. Мен бир хўрсиниб қўйиб, тўғри Анна ўтирган стол томон юраман. Нозу-неъматга тўла столларга суқланиб қараб, уларда ўтирган киборларни оралаб. Шундай пайтда Уэлсснинг вақт машинаси бўлса-ю, бу худонинг анқо ва ўзига бино қўйган бандаларни турган ерида қотириб, юз-кўзига тарсаки тортиб юборсам, зўр бўларди-да деб хаёлдан ўтказаман ва болаларча бу хаёлимга тушимда ҳам жилмайиб қўяман. Анна дераза олдидаги столда бир ўзи ўтиради. Стол усти бир финжон қаҳвани ҳисобга олмаса деярли бўм-бўш, ҳеч қандай дастурхон-пастурхон ёзилмаган. У бунга эътибор қилмайди, атрофидаги одамларга ҳам. Паришон, маъюс ва ўйчан ҳолда, шляпасини бир томонга сал энгаштириб, деразадан ташқаридаги тиним билмай ёғаётган қорнинг оппоқ манзарасига тикилиб, хаёл сурганча бир текисда нафас олади. Нозиккина чап қўлини жағига тираб, ўнг қўли билан бўйнига қадар ёпилган қора кўйлагининг енгини узун бармоқлари билан эрмак қилганча чимчилаб-чимчилаб қўяди. Қаҳвага ҳали қўл теккизилмаган, ундан тинмай чиқаётган ҳовур финжон устида тобора кўринмай боради. Перрондаги одамлар шошганча у ёқдан бу ёққа ўтишаркан, Анна улардан кўзини узмас, йўқсиллар, тиланчилик қилиб ёки газета сотиб юрган болакайлар, бош кийимини қошигача тушириб, гандираклаб кетаётган пиёнисталар, итини етаклаб олган рамақижон кампирлар, ҳуштагини тинмай чалиб юрган семиз ва бадқовоқ милиционерлар унинг назаридан четда қолмас, атрофида гурунглашиб ўтирган -ўзи мансуб бўлган оқсуяклар давраси вакиллари аксинча, диққатини ҳечам тортишмасди. -Ташқарида қор,- дейди гўё рўпарасида мени пайқаган одамдек бир маҳал.- Бунча оппоқ бўлмаса. Ростдан мени пайқадимикин деб унинг қаршисидаги стулга чўкаман. Аммо, у мени пайқамайди, пайқади деб қилган фаразим саробга айланади. У шунчаки мен турган ерга қараб гапирган бўлади, холос. -Каренинлар уйи остин-устун бўлиб кетди,- давом этади пича ўтиб кесатиб кулганча.-Худди Облонскийлар уйидек. У ерда энди ҳеч ким ва ҳеч нима йўқ. На муҳаббат, на ҳурмат, на одам. Каренин деган ҳайкалдан бўлак, албатта. Бу ерда ҳам шундай. Бир финжон қаҳвадан бўлак ҳеч ким ва ҳеч нима йўқ. Кўрқоқ ва маъсулиятсиз Вронский узоқда, на у ерда ва на бу ерда. Уни хахолаб, кўзлари ёшланиб кетар даражада кулаётганини кўриб, “Анна” дейман ачиниб ва овозимни борича. Бироқ, овозим қурғур чиқмайди. Томоғимни қириб, йўталиб-йўталиб, уни созлагандек бўлиб, яна унинг исмини айтиб чақираман. Унга бирорта сўз айтгим келади. Таскин бергимми ё шунчаки бирор гапми, ишқилиб нимадир дейишга интиламан. Овозим яна чиқмайди. Пешонамни тириштириб турганимда перрон бағрида бир пайтнинг ўзида ҳам поезд, ҳам кучук овози эшитилади. Бири гулдурайди, иккинчиси ғингшиб акиллайди. Бу икки овозни эшитиб, Анна кулишдан тўхтайди-да, бир сесканиб тушади. Мен ҳам унга қараб, юз ифодаси бирдан ўзгарганини кўриб, ногоҳ сесканаман. Назорат қилиб бўлмас хавотир ичимни тирнашни бошлайди. -Қор одамлардан тоза ва мусаффороқ,- дейди у ўзгарган юз ифодасини яширмай.-Лекин ерга тушгач, уни ҳам улардан қилчалик фарқи қолмайди. У ўрнидан турганида баттар хавотирга тушаман. Қўлидан тутмоқчи бўламан. Афсуски унга қўлим етмайди. Нега доим тушда шунақа бўлади- а? На овозинг чиқади, на қўлинг бирор нарсага етади, на оёқларинг ўзингга бўйсунади. Унинг ортидан эргашишга шайланаман. Жойимдан жилмайман дастлаб. Оёқларим ўзимга бўйсунмай тураверади. Кейин ит азобида иродамни ишга соламан. Бир оз ўтиб, ҳайрият улар қимирлайди. Анна билан орқама-олди ташқарига йўл оламан. Киборлар аччиқ киноя, масхараомуз қилиқлар ва пичинг гаплар билан уни ташқарига қадар кузатиб қўйишади. Атрофдаги столларни тўлдириб, бефарқ ва лоқайд ўтириб, Анна улар сафини тарк этаётганида кетидан тош отган ёки мағзава ағдарган бу киборлардан нафратлансам-да, ўзимни қўлга олиб, унга раҳм қилишларини, чинакам инсоний ҳамдардлик билдиришларини, уни дилига туккан шум ниятидан қайтаришларини жон ҳолатда сўрагим келади. Овозим чиқмагани учун ҳириллаб ва имо-ишоралар қилиб, уларга буни тушунтиргандек бўламан. Бахтга қарши бирортаси мени тушунмайди. Чунки кўришмайди. Бояги официантлар ҳам. Ташқарига чиққач, Аннанинг изидан қолмайман. Перронда у шошилмай, пўстинига маҳкам ўраниб, худди сайр қилиб юргандек секин одимлайди. Шундагина унинг қўлидаги финжонни кўзларим илғайди. Уни ўзи билан олиб чиққан бўлади. Финжон ичидаги қаҳва совуб улгурган, ҳовури тепага кўтарилмас, бу туришда сал ўтиб муз қотиши аниққа ўхшайди. Кафтига уни қаттиқ сиққанча секин юришда давом этади. Перронда ҳам одамларни олдиларига бориб, имо- ишоралар билан(ҳа, худди шундай), соқов каби йўл тутганча Аннага уларнинг эътиборини тортмоқчи, ҳайрихохлик уйғотмоқчи, уни жар ёқасидан қайтаришларига эришмоқчи бўламан. Итини етаклаб кетаётган кампир, ҳуштак чалаётган милиционер ва газета сотаётган болакайнинг рўпарасидан чиқиб, уларга бетиним равишда қўлларимни қимирлатиб Анна кетаётган томонни кўрсатаман. Бекатни бошимга кўтариб, “ҳозир у поезд остига ўзини ташлайди” деб бақиргим келади, бақириш учун оғиз жуфтлайман ҳам, негадир ихтиёрим ўзимга бўйсунмайди, лаънати овозим чиқмайди. Бунга чидолмай, тушимни лаънатлайман, “минг лаънат” деб унга қарғишларни қалаштириб ташлайман. Бу вақтда эса Анна тобора перрон бўйлаб бекатнинг шимолий томонига қараб кетиб боради. Унинг лаблари пичирлайди, пичирлаган кўйи қадам ташлайди. Нима деятганини унга яқин боргач англайман. -Оломонни бунча шод этар,- дейди у ҳар қадам ташлаганида фарёд ургандек.- Бир аёлнинг шармисорлиги! Ниҳоят унга етиб олганимда, худонинг раҳми келиб овозим чиқади. Бундан хурсанд бўлиб, бисотимдаги барча сўз бойлигимни ишга солганча яратганга шукрона-ю истиғвор айтаман ва Аннага шитоб яқинлашиб, унинг қаршисида турганча шоша-пиша бақираман. -Ундай қилма, Анна! Илтимос сендан. Ахир, бу иродасизлик эмасми?! Инсон ҳаёти шахси ҳақидаги у мансуб бўлган жамият ёки давраларнинг хулоса-ю фикрларидан устун туради. Унинг ҳаёти- бу энг азиз нарсаси. Зеро,бу ҳаётга ҳеч ким икки марта ташриф буюрмайди. Ҳали бу дунёга яна ўнлаб, юзлаб, минглаб, балки миллионлаб Анналар келар. Уларни ўйла, ахир улар ҳам куни келиб ишқ ва одамлардан куйишса, то қиёматгача сендек йўл тутмасликларига ким кафолат беради?! Анна мени эшитмайди. Бир туки ҳам қилт эмай, юришда давом этади. Шу ерда болалигимдан тортиб шу кунгача газета ва журналларда ўқиган, одамлардан эшитган, телевизорда кўрган бир йўналишдаги- муҳаббат туфайли ўзини беихтиёр арқонга осган, баланд қаватлардан пастга сакраган, меъёридан ортиқ даражада уйқу дори ичиб жонига қасд қилган, билагидаги томирларини кесган, устидан бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборган юзлаб қиз ва аёллар кўз ўнгимдан ўтишади. Сал ўтиб, улар ва Аннанинг бўлажак қисматдошлари узун оқ ҳарир кўйлакда, сочлари ёзилган ҳолда, қўлларига катта ҳарфлар билан “суицид” деб ёзилган қоғозни ушлаганча тасаввурим кенгликларида тартиб билан саф тортишади. Уларнинг сон-саноқсиз эканликларини кўриб, “бунча кўп булар” деганча юрагим така-пука бўлади, асабийлашиб тилим танглайига ёпишади. Бу даҳшатдан талмовсираб, Аннани қўлидан тутмоқчи, қўлидан тутиб, ўзимга қаратмоқчи бўламан. Овозим чиққач, энди қўлларим ҳам ҳаракатланар деб тахмин қиламан. Янглиш тахмин. Бундай бўлмайди. Қандай ожизлик! Улар тош қотганча тураверишади. Анна бўлса номаълум ер сари қадам ташлаб кетаверади. Бир маҳал тўхтайди. Мен томонга қарайди. Тантанали равишда финжонни баланд кўтариб, ичидаги қаҳвани симириб, охиригача ичади. Роҳатлангандек, лаблари тамшаниб қўяди. Чуқур-чуқур нафас олади. Шундан сўнг, финжонни алам билан ерга ташлаб, чил-чил синдиради. Унинг бўлакларини бир муддат берилиб томоша қилиб тургач, бехос ерга энгашиб, уларни бирма-бир йиғиштиради. Бир уюм бўлакни кафтида тутганча, чўк тушади. Уларни поезд рельслари устига сочиб ташлаб, релсьлар четини бармоқлари билан силаб-сийпалаб чиқади. Жилмайиб қилади бу ишни. Ёш боладек қиқир-қиқир кулиб. Ўрнидан тургач, олис ерга тикилиб мулзам қотади. У ердан бир маҳал поезд кўринади. Бекат томон чопиб келаётган поезд. Пишқираб келаётган поезд. Юрагимга шунда тийиқсиз ғулғула дўнади. Унда кучли бесаранжомлик ва қўрқувни ҳис қила бошлайман. Мана поезд юз қадамча нарида. Анна ундан кўзини узмайди. -Ундай қилма,- дейман унга ялиниб-ёлвориб.- Келажакдаги Анналар қисмати ҳаққи ундай қилма! У индамайди. Эътироз ҳам билдирмайди, олдинга ҳам интилмайди. Поезд важоҳат билан бекат томон ошиқади. Аннага етгунча эллик қадам қолади. Мен гапиришдан тўхтамайман. Қор гупиллаб ёғишдан. -Қисматинг оммавий кўриниш олади, ахир! Бекатга тобора яқинлашаётган поезд Аннага яқин келгач, ростакамига ақлдан озаман. Нима қилишимни билмай турганимда, Анна тўсатдан мен томонга ўгирилади. -Кечир,- дейди ҳазин табассум қилган кўйи.- Ўзимни атайин сени пайқамаганликка олганим учун. Шу сўзларни айтиб, у поезд остига шитоб ўзини ташлайди. Ён- атрофга зумда таралган унинг чинқирган товуши ва аламли нидоси билан бирга юзимга қон сачрагандек бўлади. Буёгига барча нарса Толстой тасвирлагандек кўриниш касб этади: поезд аранг, чийиллаб тўхтайди. Лекин, кеч. Унинг ичидан кўзлари ола-кула бўлиб, машинист пастга ирғиб тушади. Кетидан пассажирлар. Бекатдаги ивирсиб юрган одамлар ҳам бу ерга шошишади. Қаердандир милиционер пайдо бўлади. Бир пасда оломон Аннани ўраб олади… Фақат рельслар устида жасади чавақланиб кетган Аннанинг очиқ кўзларида “ оломонни бунча шод этар, бир аёлнинг шармисорлиги” деган ифода гўё қотиб қолгандек бўлади. Мен унга карахт аҳволда қараб, гўё нафас олмай, ичим ағдарилиб, рангим оқарганча, сукут сақлаб тураман. Лабларим “Анна” деб тинмай пичирлайди. Қулоғим остидан машинистнинг ўзини оқлаб ғўлдирашлари, оломоннинг бошини сарак-сарак қилиб, бепарво минғирлашлари кетмайди. Фурсат ўтиб, бу ғўлдираш ва минғирлашларни кутилмаганда азон чақираётган муазиннинг овози бўлади: …Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ашҳаду алла илаҳа иллалоҳ… Кўзларимни очганимда ўзимни шинам ётоқхонамда кўраман. Тунги кўйлагим жиққа ҳўл, аъзойи баданим терга пишиб кетган, қўлларим ёстиқни ғижимлаган ҳолда, лабларим титраётган бўлади. Суғур кунини ёдга солувчи ва мавриди келганда тағин такрорланувчи туш шу тариқа ниҳоясига етади. -Бомдодга муаззин азон чақиряпти,- дейди ҳовлида куймаланиб юрган отам, уйғонганимни сезгандек деразам тагига келиб, уни оҳиста чертаркан.- Таҳорат олгани тур!
2020-12-08
http://nodirabegim.uz/archives/2838
Эсини танишга улгурмай туриб, кимсанинг даъватисиз авратларини беркитиш пайига тушиб қоладиган қиз боланинг ҳисларини ошкор этишга кимнинг ҳаққи бор? Балоғат даврининг кўпирган қони томирларга келиб урилса-да, муҳаббатини кечирилмас жиноятни сир сақлаган каби яширишга уринган ожизанинг туйғулари ҳақида асар битиб, оламга жар солишга кимнинг ҳадди сиғади? Ҳатто бахтдан ҳам зерикадиган бу аёл зотининг саргузаштталаб табиатини ким фош этиб қўйди..? Стефан Цвейг! У шундай шафқатсизлик қилди. Aёл ҳатто ўзидан бошқа ҳеч ким ўқимайдиган кундалигига ёзишга ҳам ҳаё қиладиган ҳисларини бир китоб қилди-ю, мовийликни барчага фош этди-қўйди. Бу шундай мовийлик эдики, осмоннинг ҳали нигоҳ ташланмаган қисмидек мусаффо, сирли ва жўшқин. Юқори синфда ўқир чоғимиз изҳор ёзилган қоғозчалар деразадан партамизга учиб тушар эди. Бепарво ўқитувчи учун аҳамиятсиз бўлган бу вазиятда кўзларимиз тикилишга манзил тополмай эсанкираб қоларди. Мактаб сўмкамизнинг кичик чўнтакчаларига жойлаб қўйилган мактубларни кўриб қолгач, юрагимиз дупурлаб кетганичи? Сизнингча, нега шундай урган эди юрагингиз, қизлар? «Биров билиб қолса, нима бўлади? Мени «ёзишиб» юрибди деб ўйламайдими» деган ҳадик бор эди. Пировардида, бизга гап отиб юрган боланинг исмини онамиз ёнида писанда қилган опамизнинг барча сирларини ошиғи билан, шафқатсизларча ошкор этиб ташлаганимиз ёдингиздадир? Киприк остидан назар солиб юрадиган йигитимиз билан жўрттага энг кўп урушишимиз, уни «ёмон кўришимизни» исботлашга уринишимиз қай биримизнинг хотиримиздан фаромуш бўларди? «Сени келин қиламан-да» деган келинойи келаси сафар келганида, ҳовлига кирмаслигимиз, қочишга шайланганимиз нимадан эди, қизлар? Номусдан эди… Ўзи митти шахсиятнинг улкан номусидан эди. Цвейг бизнинг шу кечинмаларимизни ошкор этиб, жиноят қилди. Aксарият қисми аёл руҳиятини ёритиб беришдан иборат бўлган австриялик ёзувчи Стефан Цвейгнинг адабий меросини ўқиётиб, унга на муҳаббат қўя олдим, ва на ундан нафратлана олдим. Менда Цвейгга нисбатан номсиз туйғу туғилди. Бир куч ёқамдан тутди-ю, мен воқеликдан ғойиб бўлиб, мураббия¹ йиғлаётганда дастрўмол тутдим, номаълум аёл² мактуб ёзаётган маҳал шам ёқиб турдим, Иренага³ оғу тайёрлаб берган аптекерга қарашиб юбордим. Ҳар асарда менинг бир ўрним бордек. Қизиқишим ортиб, Цвейгнинг ҳаёт йўли билан танишгач, у ерда ҳам аёл сиймосининг беқиёс ўрни бор эканлигининг гувоҳи бўлдим. Тўлин ой нури қабристон эгнига ҳадсиз кафан каби тўшалган ўша кеча… Ёш Стефан қўлида тўппонча билан қабрлар оралаб ўриндиқ излаб юрибди. У тин олгани чўккан одамдек, ана шу ўриндиқда жонига қасд қилмоқчи эди. Ким билсин, шовқин ҳам андиша қилиб, четлаб ўтадиган бу масканда баланд-баланд қабртошлар оралаб юрган Стефан заррача бўлса ҳам қўрқувни туйдимикин? Ёки ўлим олдидан қўрқув ҳам аҳамиятсиз бўлиб қолганмиди? Шунда йигит бехосдан қоқилиб кетади ва қаддини тутиб олгач қаршисида фариштанинг қорасига кўзи тушади. Фаришта… Қалин сочлари тўлқинсимон, қанотлари осмонга томон учишга шайланган Фаришта! Aна ўшанда, балки, Стефаннинг руҳи бир муддат жисмини тарк этиб, Фаришта билан кўкка кўтарилиб, пинҳоний ҳислар тўғрисида сирлашгандир? Aна ўшанда, балки, Фаришта аёл туйғуларини, унинг руҳиятини йигитга сотиб қўйгандир… Ҳушини йиғиб олган Стефан қаршида ҳайкал турганини идрок эта бошлайди. Христиан динида бокира қиз ёки гўдак қабрига шундай Фаришта сиймосида ҳайкал ўрнатилар эди. Фаришта қўниб турган қабрдаги тошга лотин тилида битилган, гўё неча йиллар илгари Стефаннинг тақдири учун атайлабдан ишлов берилган бағишлов сўзларини ўқиётганда йигитга бу сўзлар фариштанинг овозида янграётгандек бўлгандир: «Ҳой, узоқ йўл юриб, ҳориган йўловчи! Шу ерда бир зумга тин ол. Сени олдинда яна олис йўл кутмоқда. Йўлингда давом эт ва токи билагингда куч, оёғингда мадор бор экан, токи вужудингда муштдеккина юрагинг уриб турар экан, бахт нашидасидан баҳраманд бўл…» Стефан ортга тисарилди… Бир қадам, икки қадам, уч қадам. Цвейг қўрқувни ҳис қила бошлади. Aхир, унда энди яшашга оз бўлса-да иштиёқ бор эди. ー Стефан…- қичқирди Фаришта сиймосидаги ҳайкал. ー Илтимос, Стефан. Ваъда бер… Фариштанинг ҳайқириғи Цвейгга тўпалон солган шамол бўлиб туйилгандир. ー Ваъда бер, мени ошкор қилмасликка! Cтефан эса дақиқалар олдин қадри йўқ жонини ҳадикдан халос қилиш учун югуриб борарди… Хонасига кириб, эшикни ичкаридан беркитган Цвейг тош ҳайкалнинг нигоҳида қўрғошинни эритувчи бир тафт мужассамлиги ҳақида ёза бошлади. У шу тариқа ёзувчи бўлган бўлса, ажабмас. Ушбуда хулоса учун, азалий бир ҳақиқатни сизларга етказмоқчиман. Aдабиёт аҳли ва китобсеварларга маълумки, бугунгача аёл руҳиятини эркакларгина муфассал ёритиб бера олган. Шоира ёки адиба қанчалик улкан истеъдод ва тажрибага эга бўлмасин, бунинг уддасидан эркакларчалик чиқмаган. Сабабки, аёл ўзини мутлақ ошкор этишдан доим чекинган…
2020-08-14
http://nodirabegim.uz/archives/2864
Унга газетадан қўнғироқ қилишди. -Ҳикоянгиз учун гонорар чиқди. Лекин, уни олиш учун паспорт ва СТИР нусхаси, пластик карта рақами керак бўлади. У паспортидан нусха кўчирди, солиқ инспекциясига бориб тўрт соат кутиб СТИР рақами олди, банкка бориб, пул тўлаб номига пластик карта расмийлаштирди. Кейин буларни газета электрон почтасига юборди. Эртасига пластик картасига гонорар тушди. Ўттиз минг сўм. -Қўшниси оч туриб, ўзи тўқ бўлган мусулмон асло мўмин эмас,- деди имом масжидга йиғилган одамларга қарата. Пешин намози ўқилиб бўлингач эса, ҳайдовчисини юборган корчалоннинг машинасига ўтириб, у ташкил қилган издиҳомга йўл олди. Мажлисда қандай кўзи кетиб қолганини ўзи ҳам билмай қолди. Бир лаҳзада туш кўришга-да улгурди. Тушида ўзи сайланган ҳудуддаги одамларни, айниқса сигирини етаклаб юрадиган Сора холани кўрди. У қошларини чимириб, унга қарата “ Ҳа, яшшамагур” деб дағдаға қилди. -Қачон асфальт ётқизасан йўлимизга. Сайловдан олдин берган ваъдангни устидан чиқасанми?- деди кейин қўлларини пахса қилиб. Шунда қўққис унинг кўзлари очилиб кетди. Кўрганлари шунчаки туш эканлигини ҳис қилгач, ирим қилиб, кўйлагининг ичига туфлаб қўйди. Атрофидагилари қўлларини кўтариб, ниманидир маъқуллашаётганини кўргач эса шоша-пиша у ҳам қўлларини баланд кўтарди. Сарвар гурунгни роса қизитди. Ўзининг гапга чечанлиги билан ҳаммани оғзига қаратди, давра етакчилигини бировга бермади. -Ҳарбий хизматга бормаган эркак-эркак эмас,- деди оғзини кўпиртириб.- Мен ҳарбий хизматга борганман. У ерда чинакам эркак бўлиб шаклланади одам. Гурунгдан сўнг, уйига кечаси бир аҳволда келди. Ётишдан олдин хотинига ўсмоқчилаб қаради. -Иш жойингдан аванс олдингми? Адашмасам сана ўн бешинчи бугун. -Олдим,- деди хотини жой солаётиб хўрсинганча.- Эрталаб қўлингизга бераман. Насиба дугонасининг туғилган кунида қизлар билан ўзининг идеалидаги эркак қандай бўлишини ўртоқлашди. -Идеалимдаги эркак хипчабел, замонавий кийинадиган, кўркам, соқол қўйган, турк актёрларига ўхшаган ёқимтой, боулинг ва бильярд ўйнашни биладиган, саёҳатларни ёқтирадиган бўлиши лозим. -Қалби-чи?- деди шунда кимдир.- Қалби ҳақида ҳам бирор нарса дейсанми? Жалолиддин Мангуберди ҳақида кўпчилик ҳикоя, сценарий ва роман ёзаётганини эшитиб, у ҳам қўлига қалам олиб, барча ишини йиғиштириб қўйди-да, ўтириб роман ёзишга тушди. -Роман ажойиб чиқяпти,- деди у қўққис қўнғироқ қилиб қолган танишига.- Жалолиддин Мангуберди ҳақида. -Уруш ҳақида бошлаган романинг-чи?- деди шунда таниши ҳайрон бўлиб. — У нима бўлади? Ёзувчи бошини қашлаб, нима дейишини билмай, бир оз каловланиб турди. -Тўққизинчи майгача салкам бир йил бор,- деди ниҳоят.- Ўшанда ёзаман. Бу истеъдодли шоир менинг ўз фарзандимдек,- деди шоир бува адабий тадбирда бўйи паст, нимжонгина, қорачадан келган болани елкасига қоқиб қўйиб ва бошини меҳр билан силаб.- Жигаргўшамни адабиётимизнинг келажаги деб ҳисоблайман. Бу йигит ўттиз ёшгача бўлган шоирларнинг энг зўри. Зеро, унда оташин қалб, оловли нафас, шеърни ҳис қилиш қобилияти бор. Оқ йўл сенга, эй Алпомишнинг авлоди! Бир неча кундан сўнг эса уюшма томонидан ўша йигитга берилаётган имтиёзли уйни адабиётга умуман алоқаси бўлмаган набираси учун у тортиб олди. -Бас қилинг,- деди у репетиция жараёнини тўхтатиб асабий равишда.- Малика, сиз қаҳрамонингизни ички дунёсини очиб бера олмаяпсиз. Унинг соф қалбини сизда кўрмаяпман. Офелия асрлар давомида ўз қисмати билан минглаб одамларни йиғлатган, қалби гўзаллиги билан ҳайратда қолдирган, покиза бир ҳилқат эканлигини унутманг. Уни сизнинг ижронгизда кўрмаяпман, ҳечам кўрмаяпман. Менга қалб гўзаллигини кўрсатинг, тамом вассалом. У шундай деб стол устига бир мушт тушириб қўйди. Репетиция давом этди. Шу пайт унинг қўл телефони жиринглади. Рақамни кўриб, юзига табассум югурди. -Азизам, кафеда ўтириб тур,- деди телефонни қулоғига олиб келгач, секин пичирлаб.- Репетиция ярим соатда тугайди. Кейин олдингга учиб бораман. Бирга тушлик қиламиз-у, доимгидек ўша квартирага борамиз. -Сиз асарларингизда замон қаҳрамонларини гавдалантиришга ҳаракат қилинг,- деди журнал бош муҳаррири олдига ҳикоялари қўлёзмасини олиб кирган ёш ёзувчига.- Спортчилар, темирйўлчилар, тадбиркорлар ва ҳоказоларни. Қўлёзмангиз нуқул йўқсил ва нотавонлар ҳақидаги ҳикоялардан иборат экан. Ёзувчи йигит бу гапга жавобан мийиғида кулиб қўйди. Хонадан чиқиб кетаётиб эса унга ўгирилди-да, кинояли нигоҳ ташлади. -Замонамиз фақат қаҳрамонлардан иборат деб ўйлайсизми? Равшан Икромович талабаларидан бири Мопассанни ўқиётгани ҳақида эшитиб, уни ўз олдига чақирди. -Ундан кўра Ўткир Хошимов ва Тоғай Муродни ўқисанг бўлмайдими?- деди унга норози бир алфозда.- Ўзбек тили ва адабиёти талабасисан, ахир! Миллий колорит устун бўлган асарларни ўқигин-да. Талаба йигит Мопассанга қизиқиб қолганини, унинг асарларидаги реалистик руҳдан ҳайратда эканлигини яшириб ўтирмади. -Менга қара,- деди шунда у тутоқиб.- Мопассан қандай ўлганини биласанми? Сифилисдан ўлган, сифилисдан. У Ғарб балоси бўлган.
2020-08-14
http://nodirabegim.uz/archives/2873
Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романини кўпчилик ўқиган. Бизда ҳам, жаҳон миқёсида ҳам. Унинг бош қаҳрамони Родион Раскольниковга ачинмаган, у билан совуқ қиш оқшомларида охири йўқ мулоҳазаларга берилмаган, қисматига куйиниб, изтироблари уммонига биргаликда шўнғимаган, виждон азобига ғойибона шерик бўлмаган, унга бўлган ҳамдардлиги чегара билмай, ортидан хаёлан Сибирга қадар кетмаган ўқувчи деярли топилмаса керак. Дарҳақиқат, Достоевский мазкур романида судхўр кампирни болта билан чопиб ташлаган йигитчадан чинакам қахрамонни ўз маҳорати, ҳаётий тажрибаси ва адиблик сезгисига таяниб моҳирона гавдалантира олган. Бунга тўла-тўкис қўшиламан (гарчи роман аспектидаги айрим жабҳаларда кулгум қистаса-да). Раскольниковнинг ўйлари, кечинмалари, виждон азобига қоришган изтироблари юксак бадиий тасвирлар, бемисл таъсирчанлик кўлами ва инсон руҳияти таҳлилининг олий намунасида адиб томонидан ўқувчига маромида етказиб берилган. Хотирам панд бермаса, бу романни ўқиганимда талаба эдим. Ота-онамдан у ҳақдаги ижобий фикрларни эшитгач, институт кутубхонасидан топиб ўқиган, илк саҳифалариданоқ гуманизмнинг менга номаълум бўлган кенглик ва сарҳадлари ҳақида илиқ тасаввур ҳосил қилгандим. Раскольниковга ачиниш, изтиробига шерик бўлиш, қисматига куйиниш, Сибирга қадар ортидан кетиб, у ердаги маънавий реабилитациясида иштирок этиш ва буни ўз бошимдан кечириш каби ҳис-туйғулар менда ҳам юз берганини ҳечам инкор қилмайман. Сўраб-суриштиришларим натижасида бу романни ўзим мансуб бўлган даврада ҳам худди мен каби кўпчилик ўқиган экан. Жуда кўпчилик. Албатта, таниш-билишларим ва яқин дўстларим орасида. Оддий ўқитувчидан тортиб уй бекасигача, бухгалтердан тортиб ҳуқуқшуносгача бор бу рўйхатда. Хулосалар жамланмаси эса ҳам кутилган, ҳам кутилмаган бир тарзда бўлиб, жиддий мушоҳада сари чорлайди. Раскольников бошқа адабий қаҳрамонларга қараганда даврамда кўпроқ машҳурликка эришгани, уни биров шунчаки қотил деб ҳисобламаслиги, аксинча унга биродарона руҳда ва ҳамдард бир алфозда муносабатда бўлишлари кутилган ҳақиқат бўлса, кутилмагани шунда эдики, уларнинг бундай хайриҳоҳликларига фақат Достоевский қаҳрамони сазовор эди, холос. Юқоридаги одамлар Раскольниковни шунчаки асар қаҳрамони сифатида эмас, адолатсизликка қарши курашган исёнкор сифатида ардоқлашарди. Бирортаси уни айбламас, аксинча, чин дилдан ҳурмат қилар ва гуманизмнинг бетакрор ҳосиласи сифатида уни бир-бирларига мисол қилиб кўрсатишар, унга бўлган меҳру-муҳаббатларини мабодо қуёшга менгзалса, заррин нурлари кўзни қамаштирарди. -Раскольников- бу Исо пайғамбарнинг худди ўзгинаси,- дерди ўқитувчи танишим- ёши ўттиз бешлардаги, тўлача ва оқсариқдан келган аёл.- У энг чиркин жамиятда ҳам бошқаларга қайноқ меҳр улашади, одамларнинг разил ва тубан қиёфаларидан изтироб чекиб, чорасизликда ўртанади, дили вайрон бўлади, жирканч башараларга тикилиб яшашдан азоб чекади. -Раскольниковни жуда ҳам яхши кўраман,- дерди бухгалтер танишим- қирқ ёшлардаги, кўзойнак таққан, сочлари тўкилишни бошлаган, ориқ киши.- Уни илк бор ўқиганимда ўзимни жудаям абгор ва ожиз сезганман. Худди кампирни у эмас, мен болта билан чопиб ташлагандек уч кун ухлай олмаганман (Достоевский зўр-да). Унинг дард-у изтиробларини танамда сезган, Сибирдаги маънавий реабилитациясида иштирок этгандек бўлганман. Шу-шу бу китобни ҳар йили ўқийман ва ўзимга нимадир оламан. Ўқиб чиққач, гўё ҳар сафар улғайгандек, инсон сифатида қайта туғилгандек сезаман ўзимни. -Раскольников иложсизликдан кампирни чопиб ўлдирган,- дерди уй бекаси бўлган танишим- йигирма беш ёшлардаги, сухсурдек , тили бурро, узунсоч жувон.- Уни қораламайман, асло қораламайман. Ахир, унинг безовталикда ўтган рангсиз кунларини, дилгир изтиробларини бир ўқинг-а, қандай маҳорат, қандай таржриба! Ёзувчига ташаккур! Хуллас, уни қоралашга ўзимда бирор асос топа олмайман. Виждон азоби унга етарли жазо бўлган. Маънан қайта тирилишини эса олқишлайман. У барчамиздан кўра мукаммалроқ ва инсоний қиёфаси тиниқроқ бўлган инсон. -О, “Жиноят ва жазо”ни севиб ўқиганман,- дерди ҳуқуқшунос танишим- ўттиз ёшлардаги, доим ораста кийиниб, баданига атир-упа сепиб юрадиган, ўзи дароз бўлса-да, овози ингичка йигит.- Раскольников- инсоният виждони. Менга қолса уни ҳатто Сибирга ҳам сургун қилмасдим. Гурунгларимиз давомида уларнинг барчасидан шу тахлитдаги ижобий хулосаларни эшитардим. Диққат билан, хаёлимни жамлаб рўпараларида ўтирганча, эътироз билдириш тугул, лом-мим демасдим. Энг қизиғи Раскольниковни бир марта бўлсин ҳазил тариқасида “қип-қизил қотил” дея олмасдим. Шундай десам балога қолардим. Улар бири олиб, бири қўйиб, таналаридаги барча ҳужайралари ҳаракатга келганча иддао қилишни бошлаб юборишарди. -Раскольников-Исо,у сира қотил эмас! -Бу нима деганингиз, во ажаб?! -Инсоният виждонини қотил деманг-е, суф сизга! -Балки, сизга ўхшаб фикрлаганлар уни Сибирга сургун қилишгандир. Шу эгиз мазмундаги жавоблар қулоғимга чалинар, бир пасда барчанинг юзи дарғазаб тусга кирар ва қаттиқ ранжишганча каминага тор доирада фикрлашдан тортиб адабий дидим пастлигигача бўлган айбларни кетма-кет юклашарди. Улар гўё Раскольников персонажи билан яшашарди, у билан нафас олишарди, уни ўзларига кумир қилиб олиб, шахсиятига доғ тушириши мумкин бўлган заррача гап-сўзни хазм қила олишмасди. Достоевский бу романини ҳаётдан олиб ёзганинини бот-бот таъкидлашаркан, унинг реалистик аҳамияти ўлчовсиз ва бебаҳо деб шоирларга хос бўлган ялтироқ сўзларни қоғозга тахлаб, пафозли гулдаста ясашдан ҳоришмасди. Вақти келиб, Раскольников ҳақидаги бу баҳс-мунозаралар ўз якунига етди. Якунига етмай иложи ҳам йўқ эди. Мен чарчагандим. Улар ҳам балки чарчашганди. Шу кўйи ортиқ бир-биримизни бу борада безовта қилмай қўйдик. Ташвишлар кўпайди, елкага ҳаёт ташлаган ғам-ғуссалар ортди. Бунинг натижасида Достоевский қаҳрамонини ҳазил тариқасида қотил деб гапиришга, уларни фурсат топиб эшитишга, энг асосийси давра гурунглари учун ҳаммада бирдек имкон йўқолди. Шундай бўлса-да, қанчалик ғалати туюлмасин, ўртамиздаги баҳсни ҳаётнинг ўзи давом эттирди. Куни келиб ўқитувчи танишим раҳбарлигидаги синф ўқувчиларидан бири иккинчисини мактабда- сув ичиладиган жўмрак олдида пичоқлаб қўйди. Пичоқланган бола ўша ерда тил тортмай ўлди. Кейин маълум бўлишича, пичоқлаган бола ўртоғини мазах қилишларига ортиқ чидаб туролмай, шу ишга қўл урган. Бу мазах қилиш саҳнаси ойлаб давом этган, шу давр мобайнида ўртоғи уни бетиним мазах қилган, турткилаган, хилватларда уриб-тепган, кўзини кўкартирган, кийимларини йиртган, шериклари олдида шахсиятига тегишни канда қилмаган. Терговга чақиртирилган танишим у ерда дастлаб ўзини ғалати тутгани ҳақидаги дарак қулоғимга чалинганида хонамдаги дераза олдида китоб ўқиб ўтиргандим. У тергов пайтида ҳушидан кетиб қолган, бир пиёла сувни юзига сепишгач, ўзига келган ва автоматга ўхшаб тинимсиз, алмойи-алжойи гапларни кўзида ёш билан гапирган. Ўша ўн икки яшар ўқувчисини азалдан ҳулқи ёмон бола бўлганликда айблаб (шу ерда унга намунали ҳулқи учун мактаб фахрий ёрлиғи топширилгани эсидан чиққан, инсон омили бу, нимаям дердим), оиласидаги тарбия ота-онанинг зиёли бўлмагани туфайли изидан чиққанини ва бу қотиллик шунинг эвазига содир бўлганини минғирлаб( қотилнинг отаси доктор, онаси банк хизматчиси), уни зудлик билан вояга етмаганларни сақлаш ва тарбиялаш колоннасига юборишларини қўллаб-қувватлашини билдирган. Тергов жараёнида унда бирорта одамга хос хислат бўлмаганлигини (хаста бўлиб ётиб қолганида, ўқувчиларидан фақат шу ношудгина боғларидаги олмадан териб, ундан хабар олгани боргани эсидан чиққан, яна инсон омили), дарсларда ҳам фаол бўлиш ўрнига доим бирнималарни хаёл қилиб ўтиришини (унинг фанидан уй вазифаларини фақат у тўлиқ бажариши эсидан чиққан, оббо, яна инсон омили), мактабдан кейин бозордаги исқирт (наҳотки, исқирт) аравакашларга қўшилиб, арава етаклашини қистириб ўтган (бу ерда танишим ўз фантазиясига сал эрк бериб юборган). -Бу қип-қизил қотил (таниш сўзлар) бола катта бўлса нималар қилиши мумкинлигини тасаввур қиляпман,- деган тағин ҳушидан кетар даражада ўзини ёмон ҳис қилиб.- Жамиятни унга ўхшаганлардан батамом тозалаш зарур. Зеро, айни кунларда биздан руҳан соғлом ва баркамол авлодни шакллантириб, жамиятга етказиб беришимиз талаб қилиняпти. Фуқаролик жамияти учун курашяпмиз, ахир! Бу воқеага ҳеч қанча бўлмай, бухгалтер танишимнинг кўзи олма-кесак териб юрадиган ҳамкасбини нақд иш жойининг ўзида номаълум эркак келиб, тўртинчи қаватдан пастга улоқтириб юборганининг дараги келди. Кейин маълум бўлишича, жувонбоз жабрдийда ўша эркакнинг аёлини хуштори бўлган экан. Қотилни қўлга олишди, суд қўлига топширишди. Бухгалтер танишимни гувоҳ сифатида судга чақиртиришди. У минбарда туриб, марҳум ҳамкасбининг инсоний фазилатлари устида нақд ярим соат терлаб-пишиб фикр билдириб, қип-қизил қотилга (таниш сўзлар) асло шафқат қилмасликларини( шу ерда панжара ичкарисида бошини эгиб ўтирган қотил томонга қараб “туф сенга” деб қовоғини солади), марҳумнинг ҳаққи-ҳурмати оғир жазо тайинлашларини суд аҳлидан ёлвориб сўради. Уни ўн саккиз йилга озодликдан маҳрум қилишганини эшитгач, чеҳраси ёришиб, ичида бетиним калима келтириб, яратганга шукроналар айтди. -Ерда адолат бор, ҳар қалай,- деб қўйди суд биносидан ташқарига чиқиб кетаётиб Марғилон дўпписини бир қоқиб қўйиб, бошига кияркан ва очиқ осмон остида пичирлаб марҳум оғайнисининг ҳаққига икки оғиз дуо йўллаб. Шу суд жараёни ниҳоялаб улгурмай, уй бекаси бўлган танишим негадир бошқа жойга кўчиб ўтди. Негалигини дастлаб тушунмадим. Боиси, у яшайдиган маҳаллада шарт-шароитлар яхши эди. Газ бор эди қуриб кетгур, чироқ ўчмасди, жўмракни бурасанг сув шовуллаб келарди. Сабабини ўзи айтиб қолди бечора. Ён қўшниси олган қарзини бермай, сўраб борса ўласи қилиб дўппослаган қарздорни ойболта билан чопиб ташлагани ҳақида хабар топгач, кўзига дунё бутунлай қоп-қоронғу кўриниб кетибди. Ўлганнинг устига тепган қилиб, дам олиш куни қотилнинг болалари билан унинг болалари кўчада бирга ўйнашаётганида у ақлдан озай деган. Оёғи куйган товуқдек бесаранжом бўлиб, қон босими ошиб кетган. -Тасаввур қиляпсизми,- деди у менга қўнғироқ қилиб.- Кўчага чиқиб қарасам болаларим қотилнинг болалари билан қувлашмачоқ ўйнашяпти. Бир мусулмонни ойболта билан чопиб қўйган отанинг болалари билан. Шунга кечиктирмай уйни сотдим. Бу кетишда уларнинг тарбияси бузилади, деб ўйладим. Майли, нолимайман. Ҳозирги уйимда газ йўқ, кўмир ёқиб уйни иситяпман, чироқ ҳадеганда ўчаверади, сув ҳам кўп узилади. Шунга қарамай, кўнглим тинч. Болаларим энди қип-қизил қотилнинг (таниш сўзлар! ) болалари билан бирга ўйнашмайди. Шу тарзда бошқа ерга кўчиб боргач, у енгил тин олди. Асаблари жойига тушди, кайфияти кўтарилди. Қон босими ошмай қўйди. Коммунал хизматлардан ҳар замонда нолишини ҳисобга олмаса, кўнглида осудалик ҳукмрон сурадиган бўлди. Ҳаммасидан ҳам ҳуқуқшунос танишим ўтиб тушди. Барчанинг олдида изза қилгани етмагандек, кўп қаватли уйлар қурилиши учун майдонни бўшатиш мақсадида, дўконини бузиб ташлашга буйруқ берган амалдорни бензин ёрдамида ёқиб юборган тадбиркор устидан ўтказилган суд жараёнида у иштирок этиб, жараён ниҳоясигача суд раисига қимматли маслаҳатлар бериб ўтирди. Раис тадбиркорни ўн беш йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаги қоғозга имзо чекишидан олдин унга пичирлаб: -Амнистия қўлламаслик шарти билан,- деди илтимос қилгандек. Суд раиси унга тушунмагандек қараганини кўргач: -Қип-қизил қотилга (таниш сўзлар) амнистия ҳайф,- давом этди у пешонасини тириштириб.- У амалдорни ёқиб юборди. Бу қилмиши учун оғир жазога мустаҳиқ. Зеро, ҳар бир амалдор Яратганнинг ердаги сояси ҳисоб. Улар билан боғлиқ мазкур ҳаётий эпизодларни каллам қурғурда таҳлил қиларканман, очиғи на кулишни, на йиғлашни биламан. Улар Раскольниковга ачиниб, ҳамдардлик билдирган ҳолда, бошқа Раскольниковларга нисбатан бефарқ ва аёвсизларча муносабатда бўлишган. Бу кундек равшан. Эҳтимол, “Жиноят ва жазо”ни ўқиган бошқа минглаб ўқувчилар ҳам Раскольниковни ардоқлаган ҳолда, кундалик ҳаётларида ўзлари дуч келган минглаб Раскольниковларни қоралаган, қарғаган, уларга нисбатан тиш-тирноқларигача салбий муносабатда бўлишгандир, деган ўй ҳам келади шу ерда калламга. Достоевский асари ҳақида эса ўйлайвераман. Бу қалин китоб ва унга ишланган кинофильмлар кўз олдимдан бирма-бир ўтади. Унинг Раскольниковини омади бор экан дейман, чунки шум қисматини жаҳон адабиёти тарихидаги энг яхши ёзувчилардан бири асар қилиб, қаламга олган. Бошқа минглаб Раскольниковлар назаримда бир тўда омади чопмаган, бахтсиз ва чорасиз ношудлар. Сиртдан қараганда уларни ҳам шаклан, ҳам мазмунан Раскольниковдан ҳечам фарқлари йўқ, у каби иложсизликдан жиноятга қўл уришган, хилватларда у каби виждон азобидан эзилишади, изтиробларининг чек-чегараси йўқ. Фақат битта айблари бор: Улар Достоевский ўлиб кетганидан сўнг дунёга келишган. Эндиликда уларни роман қилиб ёзадиган Фёдор Михайлович Достоевскийнинг ўзи йўқ. Шунга атрофдагилар биргина Раскольниковга ачинишади, уларга ачинишни хаёлларига ҳам келтиришмайди. Шу ерда туриб-туриб бақиргим келади. Нима дебми? “Қаердасиз Фёдор Михайлович” деб!
2020-08-25
http://nodirabegim.uz/archives/2885
Рўйи жаҳонимга Куз келяпти. Мен кузни беҳад яхши кўраман. Кўпдан кўп сирларимни айтаман унга. Куз менинг жонажон дўстимга, яқин қариндошимга, ҳатто энг ишонган инсонимга ўхшайди. Баъзан кўнгил одамлардан зада бўлади. Қалбингни, ҳисларингни, дардларингни тушуна олмаётганларидан, азобларингни ҳис қила билмаётганларидан, лекин ўзингга бировнинг муаммоси, даккиси, дашномлари оғир ботаётганида қочаркансан бу одамзордан ҳам. Албатта-да, меҳринг эвазига малол, эзгулигинг эвазига эгрилик кўрсанг, ҳожатбарорлигинг эвазига ҳақорат эшитсанг, ўз-ўзидан қочгинг, тезроқ бирон хилватга яшириниб олгинг келаркан. Ва ўша хилватгоҳда ўз-ўзингни аста-секин тафтиш қила бошларкансан. Эсимда, мен ҳам бировларнинг кўнглини ранжитганман. Эсимда, осмонларда учиб, ўзимдан кетганман ҳам. Шубҳасиз, сенга-да ўша гуноҳларингнинг жавоби қайтаркан. Одам зотидан эмасманми, оғир ботиб кетаркан ўзгалардан кўрганинг, эшитганинг, алхусус, булар аслида қайтар жавоблар эмасмиди? Ўзингга ҳам ур-чи шу пичоқни дегани эмасмиди? Қани, юрагинг оғримасмикан, дегани эмасмиди?.. Сарғая бошлаган, баргларини юм-юм тўкаётган дарахтзорлар оралаб узоқ юраман. Кимлардир мендан ҳам аввал бу ерларга қадам ранжида қилганини, улар-да дилларини берганини, дардларини баҳам кўрганини қалбан ҳис этаман. Жуда ёмон бўлиб кетаман. Негадир йиғлагим келаверади. Негадир ўзимдан кечгим, дарахтларга ўхшаб қолгим келаверади. Ён-атрофимдан бахтдан сармаст, юзлари гулгун инсонлар ўтади. Мен уларга ҳавас билан тикиламан. Ботиний оламларини сурур, яшаш ва яратиш завқи безаётганидан, умрлари гуллаётганидан кўнглим тўлиб кетади. Кўзларим тўла ҳавас, ўкинч, орзиқиш билан термулиб қоламан ортларидан. Куз, танҳо кузгина менинг шу илоҳий, кичик қалбимга ўхшаб кетишини, унгагина ранжларимни тўкиб-солишим мумкинлигини нигоҳлари айтиб тураверади, ўзига бетиним чорлайверади. Шаҳарнинг диққинафас, тор давралари ютиб юбораман дейди, масрур кўчаларига дардчил одимларим хуш келмаётгандек кибр билан боқади, баланд бинолари ёнида жисму жуссам ўта заиф ва мурғак, кўнгилчан ва касалманддек бўлиб кўринади. Мен бу шаҳарга сиғолмай, пана-панадаги боғларга, ташландиқ харобаларга гирёну саргардон руҳимни олиб бораман. Токим, фақат дардманд руҳларгина шу хаста ҳолимни тўла ифода этишлари, олдимга яқинроқ келишлари, ботиқ елкамга биродарларча, бақувват ва мададкор қўлларини қўйишларини ич-ичимдан ҳис этаман. Фақат ўша дардманд руҳларгина беминнат, биродарона, бегидир кўмакларини асло дариғ тутмаслар. Хўш, ўша руҳларни куйган кўнглим учун мен қаердан топайин? Хастаҳол боғлардан, хазонрезги барглар уюмидан, ўкирик шамоллар ноласидан, муздек, зилол анҳорга тўп-тўп этиб меваларини ташлаётган орқа боғдаги ҳосилдор дарахтлардан, юпун, дилдираб ўтаётган йўқсил жонлардан, ҳимоясиз, аммо қалби матонату эзгуликка, саховату ҳимоятга тўла ожизлардан, руҳи озор чекаётган хаста ҳоллардан умидвор бўлавераман, йўқолган кўнглим парчаларини йиғиб олмоқчи бўламан гўё… Куз… Телбавор, жунун, бемору бесар, дунёси алам, изтироб, дард, исён, ўкинч, соғинч, ҳамрозлик, беоромлик туйғулари билан маҳзун умр кечираётган қадрдон дўсти жоним менинг. Яхшиямки, дейман, яхшиямки бу фоний дунёда Яратганнинг гўзал, бир-биридан бетакрор неъматлари бор. Яхшиямки, шулар бор! Йўқса, инсон инсонлардан топа олмаган меҳру зиёни, қалб қўри жилосини, ғамларининг малҳамини қаерданам топарди? Кимгаям айтарди? Тилсиз сукунат эзғилайди бағримни. Сирли мисралар, соғинчли шеърларга қайтгим келади. Ўзим севган баёзлар қатини титкилайман, худди айтгани амалга ошмай юраги хуноб бўлиб, алами келаётган, сиқиқ руҳига далда истаётган ёш боладек ҳадеб бир илинж, имкон қидираман ўша китоблар қатидан. Билмадим, излаганим чиқадими-йўқми, билмадим, қидирганим менга насиб этадими-йўқми, билмадим, тилаганларим юзимга нур сочадими-йўқми, билмадим… Куз, бунчаям сен ўзинг яхши бўлмасанг! Сени сўзсиз, тилсиз, соқов каби севаман. Сени фақат кўзларим, овозим, нафасларим ҳарорати ила севаман. Шундай жиммм… беимкон, беилож севаман. Сиз шундай севги ҳақида эшитганмисиз? Одамларнинг одамларга бўлган муҳаббатлари ёлғондир. Улар залолатдан ўзга нарсалар эмас. Аммо улар буни “муҳаббат” дея атайдилар, ўзларини ошиқлик рутбасига муносиб дея улуғлайдилар. Асл ишқ эса Яратганим, яна У яратган муждаларга бўлган эҳтиромдир. Ахир бир-биримиздан кўнглимиз қолиши, ўз “мен”имизни яксон этганларига чидолмаслигимиз, оқибат, бунинг қасдини олиш учун “севган”ларимиздан юз буришимиз ҳам ҳақиқат эмасми ё? Жуда саноқли, кам севгиларни кўрдим мен. Билмадим, ҳамманинг қаричи тенг эмас дунёда лекин. Хуллас, ўзимнинг ҳазин, эзғин, инжа дунёйимга қайтиб кираман – мен Кузни севаман, мен Кузни севаман! Ҳайратга тўла оламим сарҳадларида буюк муҳаббатимдан чечаклар униб чиқади, чексиз фазо бўйлаб оққушлар парвоз қилади, мен уларга қўлларимни чўзаман ва негадир қўлларим оққушларга ета олади, она замин қучоғига эркаланиб бош қўяман, намхуш тупроқдан, кузак шудринглари қўнган, намлаган тупроқ исларини тўйиб-тўйиб сипқораман, яхши кўриб кетаман шу тупроқни жуда, сўнг озод, бетизгин тойчоқлардек кенг-катта яйловлар томон чопиб, ўйноқлаб кетаман, сахий табиат неъматларидан баҳра олмоқни истайман, ҳаётни, бутун борлиқни жону дилим билан, бағримга қаттиқ босганча суймоқни истайман! Хўш, мен кимман шунда? “Беқарор”. “Ошиқу беқарор”… Индамайман, жимман, қадамларим қадрдон тутинганим – ташландиқ, ҳоли абгор ва ҳеч кимса йўқлаб бормайдиган юпун боғлар томон тортқилайди, ҳеч кимга ва ҳеч нимага бўйсунмайман, фақат шу оёқларимгагина итоат этаман, зотан менинг исмим Беқарор, қарорсиз, сўзсиз, тиланчсиз одимларим ихтиёрига топшираман ўзимни. Кибру ҳавоси юксак орзулаган шаҳрим қадамларимни малол олади, унга менинг ҳақиқатларим мос келавермайди, уришиб-талашиб кетаман у билан, демак, майлларимиз, табиатларимиз муносиб келмайди у билан, шу учунам кўп чиранмайман, майли-да, кимгадир ёқмаслигимиз мумкин-ку ахир, аслида ёқиш у қадарлик орзу-тилагим ҳам эмас мен учун, бас, шундай экан, ёқимсиз ва ёқтирмас такаббур бинолардан олиб қочаман руҳи озодимни, биров суймас, бахтиёрлар ўзларини муносиб кўрмаган хазон тўла, хазон ҳидлари тўла дарахтзорларга, совуқдан дийдираган боғларга қараб йўл оламан, зотан мен кузни, шу яланғоч, мурдадек дарахтларни, тиланчига ўхшаб қўл чўзаётган хўр япроқларни, заъфарон боғларни қаттиқ севаман! Ва унинг-да шу жунун руҳимни, дарбадар вужудимни яхши кўришини, келсам суюниб, соғиниб қарши олишини, истиқболимга меҳр тўла нигоҳларини тортиқ этганча, мўлтираб, изиллаб, совқотиб кутиб олишини яхши биламан. Биз шундай бир-биримизни сўзсиз, соқовлардек тушунамиз, туйғуларимизни чуқур иззат-икром қиламиз… Умрим бўйи одамлардан қочаман, сохта, совуқ қалблардан қочаман. Ўзимни сатҳи сариқ, япроқлари сариқ, ҳўл бўлса-да, қалби қўри иссиқ, музламаган боғларим томон етаклайман. Бу менинг севгим, соғинчим инъом этган куз суратлари, эҳсонлари ва мурувватларидир. Инсон учун меҳрни, муҳаббатни, кароматни, ҳимматни кимдан ёхуд нимадан олишининг нима аҳамияти бор шунда? Ахир қалб ҳаммавақт ботиний иссиқликка, ёруғликка, кенгликка ташна эмасми ё?! …. Рўйи жаҳонимга Куз келяпти. Менинг рўйи жаҳонимга менинг суйганим ва соғинганим – Куз кириб келяпти!
2020-08-26
http://nodirabegim.uz/archives/2890
-I have fallen in love my friend… and I came to you to get some advice. The problem is she is married. I am in full thought! -If she loves you as well, I want both of you to be together, life is given only once! – I said instantly. -But her husband is… -Her husband will get over it. What is the use of living with a unloved person?! – I persisted. – My advice – make her happy that is it! Soon after this conversation, my wife suddenly left me. -Let’s sleep my dear – saying that, mother was about to turn the light off. -Mom! Don’t turn the light off, please! I am scared of the darkness! –said blind son. At sixteen: If only I had a handsome boyfriend! At twenty: If only I had a smart boyfriend! At twenty-five: If only I had a rich boyfriend! At thirty: If only I had a someone… I was young. I used to believe in Santa Claus and his gifts. Getting older, I found it very hard to believe that it was a myth. I didn’t want to believe. Then one day I told my 4-year-old son: -If you stay nice, Santa will bring gifts for you! He said: -Mom, Santa is a mythical figure, are you a child? First, mother glides her child in a cradle. Then, child shifts his mother’s coffin. This is the bitter and eternal truth of life. They met on the internet. After three years of endless writings, they finally understood that they cannot live without each other. But unfortunately they were from different nationalities living in different countries. -I cannot live my home and my land – said the girl, — if you want us to be happy forever, come here! Here we are going to live happily ever after… The guy immediately agreed. When they met face to face… -I cannot marry you, — the girl told the guy, who was sitting on his knees towards her, — I wonder if I am able to live with a person who can easily leave his homeland and family? Just go back, and never leave your soil that have brought you up. They were 18 years old when they fell in love with each other. Hidden meetings, letters and madly missing each other… all of them making their hearts sob. Nobody was aware of their secretive love. Finally, the girl was engaged to someone else. The guy could not do anything, after her wedding he got married as well. After twenty years, their eyes met each other again. But the feelings in those eyes were different. ‘How come I loved her, look at her face, full of wrinkles…’ ‘Why I wanted to choose him? Look at his belly fat!’ They turned away. And you want to say that there is no love in this world? Yes, they never had a love. If they had it, maybe they would try to fight for their love… even a little bit… -I want to be a great writer! – he told her wife and children, — do not bother me while I am writing! He worked hard whole days and nights. He did not see his daughter who was watching him, he did not hug his son who was waiting for him. He wrote all his love expressions that he could not say to her wife. He portrayed all his kindness and love towards his family in his all books! He became a well-known. His creative works were published in millions of copies. He was covered with fame and popularity. -Enough with writing, — he said himself, — I got aged… Having said that, he looked around. There was no one, except a pile of his books surrounding him… He used books in different ways. He used it for firing the oven. Wrapped and put some nuts while working. Used as a weapon against flies. Made a ‘airplane’ model for his children. Cleaned windows. Even used in toilets… But never read it even once. When he reached a high position, HE appeared in front of him. HE kept saying ‘you are the best’. Even massaged him while sitting in chair. HE raised his glasses during events expressing toady toasts in honor of him. When he lost his authority, HE was never found, even HIS name was not memorable. Except HIS voice, which could be heard from his ex-room. HE was praising his new director… — I want a virgin and decent girl to get married! – he said to his aunts. They easily found one, who was also looking for a decent man. So they went for first dating. — You?! – both shocked looking at each other. — Please marry me, — said guy, revealing his long-hidden passions. — You are very boring, — she immediately responded. Flowers fell to the ground. The girl married to the guy which she wanted. Her husband was never boring, as he is always doing something interesting whenever he is free: going out with friends, playing his phone, talking with other girls, surfing on the net, chatting with online friends. She was very bored sitting alone… Guy: ‘All is done! This is the end of our story, your feelings are fake and to be honest, I am happy that we are separated! Do not bother replying my message, please!’ Girl: ‘I am not stupid to reply your SMS! I also do not want to know you. Do not bother with even reading my message!’ Guy: ‘I did not even read it? Even did not open it, immediately deleted it!’ — That was the expensive bowl! – mom shouted at her three-year-old son. – What have you done, little bastard? Little boy bowed his head, after breaking the bowl while running carelessly. — You will get your punishment as soon as your dad arrives! – said the mom. Boy went to his room as he began crying. Long time has passed. — Oh my God! – shouted daughter-in-law, — why don’t you move carefully? That was a expensive bowl given by my dad! Old woman whispered with embarrassment: — That was suddenly, I was trying to get my crutch… — I will speak with your son about you! I am fed up with your craziness! Old woman went to her room with tears on her eyes… — You never present flowers…- sadly smiled wife. — How come? I presented in our wedding! – responded husband in a funny way. — It was ten years ago… — Don’t worry, I will give you lots of flowers. Life is ahead… But, everyday passing the flower shop, husband used to think: “I will buy flowers one day for sure!” …Finally he fulfilled his promise to his wife. He bought flowers and put it to the grave of his wife. Boy became a poor orphan after his dad had died. His mother, with grief, married another man. The boy was feared from a ‘new’ dad in the beginning. His friends told him that stepfathers used to be bad usually. He ran away when ‘new’ dad tried to hug him. He ran into the basement and started to cry remembering his real dad. — Why are you crying? – ‘new’ dad him after finding him. — I am missing my dad… — I also miss my dad, — ‘new’ dad slightly hugged him, — I have also cried when my dad passed away. I still long for him. — You also don’t have dad? – boy wonderingly asked him — Yes… I am also lonely like you, son. Will you be my friend? – ‘new’ dad proposed with little tears in his eyes. — Yes, I will… — boy took his ‘new’ friend’s hands. After that, friends used to sleep together everyday. — Mom, look at this, I drew a picture of kitten! – little daughter welcomed her parents which just came from work. — Wow, how lovely it is! It looks very real. Now try another animals! Girl began drawing again. Husband looked at his wife, wondering: — It is not kitten, is it? It is just mixture of scribbles… — Look at this picture with my daughter’s vision. It is showing a lovely small kitten… — Is my mom going to come today? – little boy repeated his usual question to the mentor. — Today your mom is a little bit ill. As soon as she gets well. She will come to you for sure, honey. — And my dad? Is he coming as well? – little girl joined the conversation. — Your dad could not get permission from his work. He will visit you as soon as he finishes his work, darling. Mentor was thinking how to answer the children’s question tomorrow… “Tomorrow I will go to see my mother!” He thinks everyday… — Why do you always make mistakes in your life? When are you going to live without faults? — Sorry… I won’t do them in my next life. This is my first life… He never harms others. Always smiles. Not interested in earning money or authority. Accepts life’s challenges with his smile on his face. Never mourns for God, instead always thanks for him… Others just simple call him the “idiot”… — Brother… I really need your help. Your nephews are ill, my husband has finished everything off with drinking… Could you lend some money? – mourning voice heard on the other side of the phone. — Please my sister, you know that my salary is hardly enough for my family… you should understand my condition, — sighed brother. Then repeating that he was busy, turned the phone off. — What do you think about this gold bracelet? – woman next to him began fawning. – will you buy it for me? — Why not! Buy anything you wish, I am generous today! — Whom do you want to be when you become older? Pilot? Constructor? Businessman? Son replied instantly: — I will become a busy man, dad. And I am gonna tell my children that I am very busy and not to disturb me! — Why all my daughters are unhappy? – father was mourning every day. But, he was not able to remember all women he cheated on them. — I promise you, I will not drink alcohol anymore! My real and last promise! – Husband told her wife, vibrating his body. Wife trusted his thousandth promise again… — What was your happiest moment in your life? — It was nine months until my birth. I was living happily under my mom’s heart… “Daddy, please come sooner! My mom has become sick waiting for you. If only you visit us for one day, my mom will not be sick anymore. Just one day… Your son”. Writing this, boy used to make an ‘airplane’ from this letter and scatter from the window. He believed that it would reach to his father… Guy was handicapped. He fell in love with a girl with no disabilities. Unfortunately he cannot reach her… But one day miracle happened. Magician appeared in front of him and said: — You will get your love, my son. Wish whatever you want! Magician was waiting that guy would wish to get his disadvantage treated. But those words came out from his mouth: — I wish the girl I love to be handicapped… — If you don’t accept my marriage proposal, I am going to commit suicide! – guy told her straight away. Girl was frightened of becoming the cause of his death, and she agreed to marry her. — If you leave me, I will kill myself! – he said to her wife. Thinking about consequences of broken family after divorce, she again agreed to stay with irresponsible husband. Those ‘ifs’ increased rapidly. ‘If you leave me… if you become upset… if you judge me… if you question me… if you don’t give money… I will kill myself’. She died just before her fifties. Finally she left her husband, getting rid of all sufferings and sadness. He did not kill himself. Could not… He lived a long time. — Your poem about mothers has won our grand awards! Congratulations, — said reporter to a poet. — Many thanks! – gratefully replied poet. Watching this, tears came to his mother’s eyes with pride and joy. His son finally became a respected poet! Then all lights of retirement home have turned off. Mother went to her bed. — I ask my wife to have abortion. Four children are enough for now. We are having economic troubles – said son to his mother. — Interesting… long time ago, why your dad did not ask me the same thing? Maybe we could have become very rich without you? Son was shocked…
2020-12-07
http://nodirabegim.uz/archives/2573
Кўнглимга таскин, ором истасам, Навоийга юкинаман. Неча йиллардан буён ўзгармас ақида, “У мени тушунади, мен унда ўзимни топаман” деган эътиқод бу. Мутолаага чоғланишим биланоқ, Ерга ўхшамас, буткул бошқа дунёда, кўзни қамаштирувчи кумушранг кенглик, учта оппоқ булут устида Худо, Навоий ва мен суҳбат қуриб ўтирганмиз, гўё. Мутолаа (суҳбат) таъсирида бошим ҳарсангга айланиб, мудом пастга тортади, бир томондан Каъбага етишган бахтиёр мўмин янглиғ кўзимдан ёш қуйилиб келади. Бундай ғариб ҳолимга боқиб, улар иккиси икки елкамдан тутадию: “Маҳзун бўлма! Биз сен биланмиз!” дегандек бўлади. Шу тахлит мен кўзёш ва кулги, тавалло ва марҳамат ичра таажжубда қоламан… Навоийга ошуфта қалблардан фарқли аксар китобхонлар “Хамса”даги воқелик, Баҳром ва Дилором, Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, Искандар кечмишига бор диққатини жамлайдилар, аввалидаги маълум бобларни мутолаадан четлаб кетадилар. Мен эса Навоийни айнан ўша кўпинча ташлаб кетиладиган боблар, Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга наът битилган сатрлари учун соғиниб, баъзан ўзгалардан қизғониб қўлга оламан; қаҳрамонлар тақдири, ҳаммага беш қўлдек маълум – сюжет қизиқ бўлмаган, негадир, ҳеч қачон. Мени Навоий кечинмалари, қалби, қарашлари акс этган битиклар мудом ўзига чорлаган, улардан ҳар гал мутафаккир ботини, сиймосини илғашга уринганман. Архив бўлиб хотирамда жамланган “кутубхона” “100 энг яхши китоб” ёки энг бестселлер асарлар важидан эмас, дунёнинг бир четидаги менга ўхшаган ва ўхшамаган одамни англашга иштиёқ сабаб бино бўлган. Кўнгилнинг розини қарангки, асардаги энг қизиқ қаҳрамон, бу – муаллиф. Бундай қараш табиийки, ўзимга ҳам, қораламаларимга ҳам таъсирини ўтказмасдан қолмаган. Журналистиканинг “журналист ўз шахсий позициясини билдиришга, хулоса чиқаришга ҳаққи йўқ”, деган “ҳиссиз” қолипларига, азал мавжуд вазн-меъёр каби жанр қонун-қоидаларига сиғолмай, саркаш фикрларимнинг эпини қилолмай қийналардим. Кўрган-кечирганларим, мени мутаассир этган кишилар, ҳолатлар ҳақидаги ўзимнинг “шахсий” фикрларимни оққа туширгим келаверарди. Ахир, бу на журналистикага, на адабиётга тортарди. Шикаста битиклар нима эканини билолмай, уларнинг ўзимдан ўзгага шифоси, кори бормикан ўзи, деган дилгир ўйлар қуршовида қолардим. Ёшлигим беҳуда-бесамар елга учаётгандек эди… Токи “Дунёда битта бўлса ҳам сени тушунувчи одамнинг мавжудлиги, бу – сенинг бахтинг” иборасини шиорга айлантирган устозим Маҳмуд Саъдий “сенинг ёзганларинг мақолага эмас, эссега тортади” демагунича. Устозгина Навоий, Фолкнер ёки Фукуяма ҳақидаги қарашларим, хаёл, балки орзуларим устидан кулмас, эҳтимол, кўнглимда энди униб чиқаётган ниҳолни синдириб қўйишдан тийиларди. Орзулари булутларни сийпалаб турадиган қиз ҳам ичидаги пўртаналарни очиқ-ошкора сўзлашга, ўзини ниқобларсиз, ўзидек тутишга уялмасди. Шу инсоннинг биргина сўзи билан жумбоқ тўла осмон бир қават пастладию дилдаги тугунлар ечилди, аросатдаги саргардонга ҳам йўл топилди… Тан олишдан иймансам ҳам айтайки, университетга киргунимча эссе деганда, инлиз тилида даражани аниқловчи IELTS имтиҳонига ёзиладиган махсус иншони тушунганман. Ўша, менга тилсимини очган дақиқагача публицистиканинг “эссе” деган намунасига йўлиқмаган-да. Қирқ йил рус мактабида адабиётдан дарс берган бобомдан “Эссени биласизми?” деб сўраганимда, “Йўқ, янги жанр бўлса керак” деган жавоб эшитдим… “Янги жанр”ни ўрганишга бел боғладим-у, унинг илк бор уйғониш даврида 1580-йилларда француз файласуфи ва ёзувчиси Мишель Монтень томонидан адабий атама сифатида муомалага киритилганини билгач, баттар ўйлар гирдобида қолдим. “Етти аср аввал пайдо бўлган жанр ҳақида нега биз, мен ва бобом ҳеч нарса билмаймиз? Нега мактаб дарсликларида бирорта эссега кўзим тушмаган? Шунчалик ҳам қолоқ бўламизми? Адабиёт ўқитувчиси бўла туриб, наҳот эссе нималигини билмаса-я?” деб гоҳ бобомнинг билимларига шубҳа билан қарар, гоҳ ўзимдан ўзимнинг жаҳлим чиқиб, ўз-ўзимдан уялиб кетардим. Кейин билсам… бутун бошли авлод “эссе”дан маҳрум қилинган экан. Собиқ иттифоқ мустамлакаси даврида на Россияда, на иттифоқдош мамлакатлар адабиёти, публицистикасида “эссе” жанри гуркираб ривожланган. Россия, хусусан Ўзбекистонда эссе ХХ асрнинг 60-йилларида пайдо бўлган. Жанрнинг французча маъносига хос тарзда, “уриниб кўришган, синаб кўришган”. Ўзбек эссечилиги А.Мухтор, П.Қодиров, Миртемир, Зулфия, С.Аҳмад, Ш.Холмирзаевлар ижодида хотира, суҳбат, бадиий-публицистик мақола ва ҳикоя шаклида бўй кўрсатган. Албатта, эркинлик, ҳурликка тиш-тирноғи билан қарши турган, фикрловчи кишилар, зиёлилар йўқ қилинган, “шахсий фикр” деган тушунча бўғилган, ўлдирилган замонда “эрк” сўзига маънодош “эссе”нинг кунда-кун ора матбуотни безаб туришини тасаввур этиш кулгили. 70 йиллик (1922-1991) муддатда наҳот дунёнинг ярим аҳолиси сўз, фикр эркинлигидан тўла қониб яшамаган? Балки ўша пайтда ҳам дунёни ўйга чўмдирган Монтень, Ф.Бэкон, Б.Франклин, В.Ирвинг, Ч.Лэм, У.Хизлитт, Куинси, Р.Эмерсон, Г.Торолар туғилиши мумкинмиди? Шу давр оралиғидаги қаламкашлар М.Твен, Р.Линд ва Э.Уайт сингари ўткир, аёвсиз сўроқлари билан инсониятга юзланган бўлармидилар? Ўзларининг адоқсиз ўйлари ва журъати ила Волтер, Т.Карлейл, Г.Честертон, Т.Манн, П.Валеридек жанр истиқболига ҳисса қўшардилар, эҳтимол… XIX аср охири – XX аср бошларига келиб Россияда Иосиф Бродский, Михаил Эпштейн, Лев Аннинский, Самуил Лурье, Сергей Гандлевский, Михаил Айзенберг, Андрей Арьев, Игорь Клех, Кирилл Кобрин каби эссенавислар бирданига отилиб чиққан бўлса, бизда ҳам 1997 йили “Жаҳон адабиёти” журнали таъсис этилди ва илк сонидаёқ Альбер Камюнинг “Исён ва санъат” эссеси чоп этилди. Шундан сўнг бирин-кетин Ян Парандовскийнинг “Сўз кимёси”, Сол Бэллоунинг “Адиблар, зиёлилар, сиёсатчилар…”, ҳаммуаллифликда ёзилган “Маъбудлар, браҳманлар, одамлар”, Д.Лихачёвнинг “Ўйлар”, А.Зиновьевнинг “Ҳақиқат, фақат ҳақиқат”, П.Бьюкененнинг “Ғарбнинг ҳалокати” каби залворли эсселари ўзбек зиёлиларига ҳавола этилди. Нега зиёлилар деяпман? 1997 йилдан буён деярли ҳар сонида сараланган, дунё тафаккур аҳлига таъсирини ўтказган эсселар бериб борувчи Ўзбекистондаги ягона журнал зиёлилар, қолаверса, турли довонлардан оша ҳамманинг ҳам уйига етиб бормас, эшигини қоқмасди… Айни шу армон, устига-устак билмаслигим алами зўридан талабаликнинг иккинчи босқичи арафасида “Жаҳон адабиёти” журнали мутолаасига шўнғидим. Толенинг кулганими ё ҳазилими, қарангки, университетни тамомлаб, етук таржимонлар, ёзувчи ва публицистлар билан бир қозонда қайнаш, жаҳон адабиётидаги сўнгги янгиликлардан биринчилар қаторида бохабар бўлиш пешонамга ёзилган экан. Бу муқаддас даргоҳда ишлай бошладим. Устозларнинг этагидан тутиб, улардан улги олдим, мутолаа ва таҳрир иши бадалида “Жаҳон адабиёти” менинг ижод остонам бўлди. Вақтлар ўтиб, “Мен ўзимни камтар бир қаламкаш – бадианавис деб биламан, лаёқатимни бадианависликда кўраман. Эллигинчи йилларнинг ўрталарида ёза бошлаган барча машқларимга ўйлар, изҳорлар ва ниҳоят, эсселар, мансуралар деб ном қўйдим. Тақризлар, мақолалар, рисолаларни ҳам бадиа, ўй, изҳор тарзида юракдан чиқариб, тафаккур булоғидан суғориб ёзиш мумкин, деб ўйладим. Адабиётшуносликни ўйшуносликка яқинлаштирдим. Шунда ҳаёт юракка яқин бўлади, деб хаёл қилдим” деган сатрларга кўзим тушди. Муаллиф – неча инсонлар каби мени ҳам эссега ҳавасманд этган, публицистика ва таржимашуносликда устоз мақомига эришган камсуқум ва закий инсон Иброҳим Ғафуров эди. Ўша сўзлар баҳона бўлдию анча маҳаллардан буён таъқиб этиб келаётган “Мен нима ёзаяпман ўзи?” деган шубҳали хаёллардан озод бўлдим. Иброҳим Ғафуровнинг беназир мансуралари, эссе ва бадиалари мутолааси таъсирида ўзбек эссечилигига қизиқишим уйғонди. Ш.Холмирзаев, О.Шарафиддинов, И.Ҳаққул, З.Исомиддинов, А.Мелибоев, Ш.Ризаев, Д.Нурий, С.Олим, С.Ёқубов, И.Қўшшаева каби ёзувчи-публицистлар эсселарини мириқиб ўқийдиган, улар ижодини интиқ кутадиган, мунтазам кузатиб борадиган шинавандага айландим. Доминик де Вильпеннинг Франция келажаги ҳақида ўйлаганда фақат бўшлиқ кўрувчи, умидсиз ва хавотирга тўла миллионлаб қалблар нидосини куйиб-ёниб сўзларга муҳрлаган, ҳукумат ва халққа қарата “Уйғонинглар, ахир! Мудрайверасизларми?” хитоби (Д.Вильпен. Қақнус нидоси. ЖА, 2005/6), Иво Фишер илгари сурган “Инсон нафрат ва муҳаббатдан, хавф-хатар ва умидлардан қочиши, у яшаши ва “гўёки яшамаслиги” керак” (И.Фишер. Маъбудлар, браҳманлар, одамлар. ЖА, 2005/8, 152 б.) қабилидаги ўйлари, ҳаёт гирдибонидан ситилиб чиқиб Ягоналикка эришиш, “Мен”нинг самовий “Мен”га етишиши борасидаги чуқур таҳлиллари, инсоннинг ижодга эҳтиёжи Жорж Оруэлл келтирганидек, худбинлик, эстетик энтузиазм (иштиёқ), тарихий импульс ва сиёсий мақсадга қанчалар мувофиқлиги (Ж.Оруэлл. Китоб дунёси, 2016, 3-октябрь.) хусусидаги қарашлари, Иброҳим Ҳаққулнинг назм шайтоний иш экани борасидаги тадқиқий изланишлари, хулосалари (И.Ҳаққул. Шайтон нега йиғлаган? Тафаккур, 2006, 3-сон)… яна кўплаб борлиқ, инсон ва ижодга уйғун мавзулар мағзини чақишга ундовчи эсселар таъсири ва иштиёқ кучи мени Веда илоҳиётидаги қуёш худоси Сурйа ҳолига тушириб қўйди… Нурлари билан Ушасга етдим деганда, қиз ғойиб бўлади, эртаси куни тонг билан яна кўриниш беради. Ўз жозибаси билан сеҳрлаб, авраганча Суряни ўз ортидан таъқиб этишга мажбур қилади. Эсселарда кўтарилган фалсафий-эстетик, адабий-танқидий, ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан маълум хулосага келдим деганимда, тарих, хотирани жонлантирувчи бир инсон портрети чизилган эсселар мутолаасидан сўнг, ўша қаҳрамон ҳақида тасаввурга эга бўлдим деганимда, бу чашмадан яна ва яна сув отилиб чиқаверадию ичганим сари чанқоғим қонмайди. Ўтган йиллар давомида эссе мен учун чанқоқбосмас сув, сўнмас иштиёқ ва мубталоликка айланди. Бугун эссе нима, деган сўроққа жавобим бор. Эссе – “нимадир ҳақида” тинимсиз ўйлаш, тафаккур қилиш, уни шахсий кузатув, тажриба ва кечинмаларинг чиғириғидан ўтказиб, оққа тушириш. Эссе – фалсафа, инсониятнинг азалий саволларига жавоб излаш, англанмаган, англаб бўлмас борлиқни англашга интилиш, инсоний қадриятлар, фазилат ва иллатларга муносабат, хайрихоҳлик ёки инкор фалсафаси. Эссе – озодлик. Қуйилиб келаётган фикрларнинг ўзанига сиғмай тошиши. Онгга назар, кўнгилга қайтиш. Қўрқувни енгиш. Ўзингда кечаётган ҳолатни ўзгаларда такрорлаш, даъват. Марио Варгас Льоса айтганидек, “Адабиёт гўзаллик ва бахтга йўғрилган орзуларни уйғотиб қолмай, ҳар қандай шаклу шамойилдаги зулм-истибдод туғдирадиган хатардан огоҳ этади. Бунга шубҳа қилганлар саволимизга жавоб берсинлар-чи: етти ёшдан етмиш ёшгача раъиятнинг юриш-туришини назоратга олмоқчи бўлган ҳукмдорлар нимадан бунчалик қўрқади, нега қаттол цензура тартибини жорий этади, нега мустақил ижодкорларнинг босган ҳар бир қадамини чўтга солади? Чунки улар инсоннинг китоб саҳифалари бўйлаб хаёлан эркин кезиши хатарли эканини яхши биладилар, ўқувчи китобларда тараннум этилган ҳурлик неъмати ҳамда амалдаги жаҳолат-таҳлика муҳитини муқояса қилганида, бадиий тўқима исёнга ундаши мумкинлигидан қўрқадилар. Ёзувчи асарлари орқали – ўзи хоҳлайдими-йўқми, англайдими-англамайдими, бундан қатъи назар – норозилик келтириб чиқаради, у дунёнинг бир кам эканини, хаёлотдаги ҳаёт ўнгимиздаги ҳаётдан фаровонроқ эканини кўрсатади. Бу қараш фуқароларнинг онги ва зеҳнига ўрнашса борми, тамом, уларни алдаш-авраш қийинлашади, панжара ортида яшашни кўз-кўз қилаётган миршаблар ва ситамгарларнинг ёлғонига лаққа тушмайди”. Эссе тўқималардан холи туриб, дунёни, ҳаётни бор бўй-басти билан ойнага соладики, унда ўзини кўрган инсоният жоҳиллигидан, ожизлигидан даҳшатга тушади. Эссе – лирика, оҳанг, қўшиқ. Фикрларнинг оҳангга солинган шакли. Кўпинча кўнгил қаъридан отилиб чиққани боисми, эсселар ўз оҳанги билан яралади. Озурда қалбларга қўшиқдек малҳам, шеърдек дардкаш, ташна шуурга озуқа. Маҳоратли публицист, эссеист А.Аграновский публицистиканинг муҳим белгиси деб унинг лириклигини назарда тутади ва шундай дейди: “Ҳақиқий публицистика лирикдир. У шу маънода лирикки, муаллифнинг ўзи жамият ҳаётидан таъсирланган кечинмаларини ёзишга журъат қилади” [ Эссе – ишора, истеҳзо, киноя. У Монтеннинг “Тажрибалар”и, Ф.Бэконнинг қадриятлар нишонга олинган учқур ўйлари, И.Бродский қаламидан томган “зерикиш” маҳсуллари, Г.Уэллснинг донолар ва нодонларга киноя-кесатиғи, Р.Эмерсоннинг ҳамиша ўзини оқлашга уринувчи одамзодга қарата аччиқ қаҳқаҳаси, Т.Элиотнинг онгни суғормаган мадҳиябоз шоирларга тарсакиси, Б.Франклиннинг техник тараққиёт ва санъат ҳақидаги нозик ишоралари. Эссе – мулоқот. Сўзлар воситасида ғойибий китобхон билан юзма-юз кўришув, жонли суҳбат. Эссе – исён. Муаллифнинг мукаммалликка даъвоси, номукаммал дунёга зардаси. Альбер Камю “Исён ва санъат” эссесида “Ижод – ваҳдалул вужудга интилиш, шу билан бирга мавжуд оламдан қочиш, уни инкор қилиш ҳамдир. Бироқ у оламда ўзлигини тополмагани, бу олам ўзлигига мос келмагани учунгина инкор қилади” (А.Камю. Исёнкор одам. ЖА., 1997. 1-сон, 183 б.) деса, “Дўзахдаги Прометей” эссесида “Бугун инсониятнинг исёни машиналарда мужассамлашади, санъат ва санъат тарафида турган нарсаларнинг ҳаммасини у ишга ҳалал берувчи тўсиқ-ғов, ҳатто, қуллик аломати деб билади” дея ўзи ҳам эсселари орқали мавжуд ҳолатга исён кўтаради. Баҳс. Парадокс. Вашингтон Ирвингнинг “Муҳаммад ҳаёти”, Патрик Бьюкененнинг “Ғарбнинг ҳалокати” эсселари жуда катта ижтимоий баҳсларга сабаб бўлган, парадоксал фикрлар тўқнашган. Шунингдек, эсседа муаллифнинг ички ва ташқи “Мен”и ўртасидаги баҳс, парадокс, инкор ўқувчини сўнгги сатргача ўқишга мажбур этади. Эссе – якун, тугал, хулоса. Эссенависнинг ютуғи ҳам шунда, журналист ёки ёзувчидек хулосани ўқувчига қолдирмайди. Мавзуга ўз хулосаси билан нуқта қўяди. Ёки аксинча хулосаси маҳсули ўлароқ эссе яралади. *** Айрим олимлар тарих қатларига назар ташлаб, эссечиликнинг отаси Монтень эмас, Клавдий Элиан (эрамиздан аввалги 165-235 йилларда яшаб ижод қилган қадимги Рим мутафаккири ва ёзувчиси), илк эссе намуналари “Тажрибалар”да эмас, “Таврот”, “Эски Аҳд”да учрашини маълум қиладилар. Шу маънода, дидактик адабиёт намуналари, А.Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб”, Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри”, Имом Ғаззолийнинг “Мукошафат ул-қулуб” асарларида ҳам эссе унсурларини учратиш мумкин. Кўнгилнинг майлига қулоқ тутсам, Монтеннинг “Тажрибалар”идан кўра Навоийнинг сано, таваллоларини қўмсайверади. Эссенинг ўзини ҳам, эссега мавзуни ҳам унда кўради…
2020-07-14
http://nodirabegim.uz/archives/2582
Болалигимда телевизор қаршисида ўтириб, мультфильм кўришдан кўра ҳам кўпинча спектакль томоша қилардим. Ўша йиллари Тошкентдаги Миллий академик драма театрида саҳналаштирилган турли жанрдаги пьесалар лентага ёзиб олиниб, кейинчалик телевизион тарзда омма эътиборига ҳавола қилинарди. Мен уларни кутиб яшар, улар мабодо намойиш этилгудек бўлса, бутун диққатимни бир ерга жамлаб, телевизор олдидан ҳеч қаерга силжимасдим. Юрагимни ҳаддан ташқари таъсирлантирган ва эзган спектакль- шубҳасиз, Шекспирнинг “Отелло”си эди. Бу пьесанинг саҳналаштирилган варианти илк дақиқалардан бошлаб шууримни қамраб, магнитдек ўзига тортган ва мурғак вужудимни даҳшатга солиб, остин-устун қилиб юборганди. Худди кеча бўлгандек эсимда: мен спектаклни ҳам телбадек қизиқиб, ҳам даҳшатга тушиб томоша қилгандим. Ўн яшар болага бундай ўткир сюжетли, оғир жараёнли спектаклларнинг фожеавийлиги катталардан кўра кўпроқ таъсир қилишини, руҳиятига теран етиб боришини кўпчилик англаб етмайди (англаб етганлар уни театрга олиб бормайди, трагедия жанридаги спектаклларга яқин йўлатмайди). Отеллонинг Дездемонага ўқталиб, овозининг борича “рўмолча қани”, деб бақириши ва спектакль кульминациясида икки қўли билан уни бўғиб ўлдириши мени ақлдан оздиришига сал қолганди. Ўшанда ўрнимдан сапчиб туриб, хонадан саросимада югуриб чиқиб кетган, даҳлизда юрагимни ҳовучлаб пусиб ўтирган, сўнг спектакль тугаб, овози тингач, кириб телевизор каналини бошқасига ўзгартиргандим. Ўша кезлари Отелло Дездемонани табиий ўлдирганига ишончим комил эди. Театр Тошкентда жойлашганини билар, Отеллони у ерда ишлайдиган қорачадан келган, семиз амаки деб ҳисоблар, уни ўзи совға қилган бир парчагина рўмолчани йўқотиб қўйганига жаҳли чиқиб, чиройли ва сулув Дездемона холани ўлдириб қўйганини ҳечам хазм қила олмас ва бундан бутун ички оламим қайғу ичида ўртанарди. -Битта рўмолча учун-а?- дердим ҳеч нимага тушунмай ўзимга ўзим. Спекталь якунига етгач, бир неча ҳафталаб унинг таъсиридан чиқиб кетолмай юрганимни ҳам таъкидлашим жоиз. Мен ўша кунлар ичида иштаҳамни буткул йўқотиб, рисоладагидек туз тотмаганимни яхши эслайман. Дўстларимга қўшилиб копток тепиш ҳам юрагимга сиғмай қолган, мактабдаги дарсларда фаол қатнашишни тамомила унутгандим. Одамовига ўхшаб хилватларга беркинар, бунинг устига кўчамиздаги шилдираб оқадиган ариқ бўйида ёки уйимиз олдидаги олма дарахтига суяниб соатлаб хаёл сурардим. Мен очиғи битта рўмолча учун Отелло амаки Дездемона холани ўлдирганини, қўлини қонга ботирганини минг идрок қилсам-да тушуна олмасдим.У пайтлари рашк, макр- ҳийла каби инсоний, инсон боласига хос бўлган ҳис- туйғулар менга ҳали бегона, ғўр қалбимда уйғонмаган, мен улар ҳақида бирор бир тушунчага эга эмасдим ва шу боис моҳиятдан эмас, шаклдан келиб чиқиб болаларча хулоса қилар, кўзларим телевизорнинг ичида кўрган шаклга таяниб фикр юритардим. Гоҳида Отелло амаки суд қилиниб, қамалдимикин, унга жазо тайинландимикин деб ўзимга роса савол берар, аксига олиб бу мубҳам саволимга кимдан жавоб топишни билмасдим. Телевизорда эса навбати билан бошқа спектакллар берилар ва уларнинг бирида Отелло амакини ногаҳон ўзга қиёфада кўриб қолсам, ноҳақликка чидолмай бўридек увиллаб юборар, ҳануз уни озодликда бамайлихотир юргани дилимни хуфтон қилар, шундай лаҳзаларда Тошкентга бориб, “Иф қальасининг маҳбуси” фильмидаги Граф Монте-Кристога ўхшаб ундан қасос олишни дарғазаб ҳолда режалаштирардим. -Уни қамашмабди,- дердим хонамдаги каравотда бошимни чангаллаб, айюҳаннос солиб, илондек тўлғониб ётарканман. Бахтга қарши Дездемона холани бошқа ҳеч бир спектаклда учратмадим. Шу ҳол фоний дунё билан унинг видолашганига мени қаттиқ ишонтирди. Ўша лаҳзадан бошлаб қайғу ва изтиробим икки карра ошди. Ҳар сафар онам ёки отамда, бошқа ўзим таниган-билган кимсаларда турли шаклдаги рўмолчаларни кўриб қолсам, негадир жувонмарг бўлган шу Дездемона холани ёдга олар, натижада Отелло амакига бўлган нафратим бир неча ҳисса ортиб кетар, уни умуман суд қилинмагани, бемалол телевизорда кўриниш бериб юргани ғашимни келтирар, дилимга тугиб қўйган ниятни амалга ошириш учун атрофимга ўртоқларимни йиғиб, қасос режасини муҳокама қилишни ўзимча хаёлимда пишитардим. Шу ерда кўчамиздаги чурвақа ўртоқларим мисолида тасаввуримдаги иттифоқчиларим топилар ва улар билан худди “Тутқич бермас қасоскорлар” фильмидаги болаларга ўхшаб, кўчамиз яқинидаги кўприк остидан ҳар замонда ўтадиган поездга илашганча Тошкентга кетишни кўз олдимга келтириб, уйқуга кетардим. -Тошкент бу ердан узоқдами?- сўз қотардим эртасига отамни нонушта пайти саволга тутиб. Отам ҳар ҳафта савдо-сотиқ ишлари юзасидан Тошкентнинг “Отчопар”ида бўладиган бозорга қатнар, мен буни яхши билардим. -Беш соатлик йўл,- жавоб қайтарарди у нон чайнаётиб, пешонасини тириштирганча масофани гўё чамалаб. – Машинада кетсанг шунақа. -Поездда-чи?- давом этардим кўзларим порлаб. -Поездда секинроқ борасан. Шунда мен “Тошкент унчалик узоқ эмас экан” деб ўйга толиб қолардим. Тошкентга жудаям боргим келар, бориб Отелло амакини топиб, ундан нега битта рўмолча учун Дездемона холани ўлдирганини оёғимни тираб сўрамоқчи бўлар, уни дўстларим билан тергов қилиб, қонун ташқарисида оғир жазога мустаҳиқ қилишни жудаям истар, Дездемона холанинг қабрига бориб, қаршисида бош кийимимни ечиб, тиз чўкканча сукут сақлаб, унинг учун қасос олганимни тантанали равишда билдиргим келарди. Аммо боролмасдим. Отам ҳар гал йўлга отланганида уни қандайдир ширин ҳаяжон, лекин нигоҳимга соя солган армон билан йўлга кузатиб қўяр, келганида ундан Отелло амаки ва унинг иш жойи ҳақида суриштиргим келар, бироқ қайдлар ва қасос режаси туширилган ён дафтарчамни иккиланиб ушлаганча оғиз оча олмасдим. Орадан йиллар бир-бирини қувиб ўтиб, бу тушунарсиз ҳаёт қучоғида улғайганимдан сўнг, театр санъати, драматурглар ёзган бадиий асарлар, актёрлик касби ва уларнинг роллари ҳақидаги тушунчалар бирин-кетин тафаккуримга кириб келди. Театр ва драматургия ҳақида, Шекспир ҳақида қанча кўп ўқиганим сари бу санъат тури, Шекспирнинг трагедиялари борасида хулосаларим кўп қаватли уйлар каби осмон қадар етиб борди. Шундан сўнг, мен болалигимда гувоҳи бўлган — Отеллонинг Дездемонани битта рўмолча учун ўлдириш саҳнаси шунчаки қип-қизил томоша бўлганини, улар аслида актёр ва бу жараён актёрлик санъатининг бир қисми эканлигини, Отелло ролини ўйнаган амаки сираям қотил эмас, аксинча халқ артисти сифатида эл ардоғидаги ҳурматга сазовор шахслигини, Дездемона хола тирик ва соғ-омон, уйида атрофидаги набиралари билан кексалик гаштини завқ билан суриб яшаётганлигини англаб етдим. Шунда ҳам мен битта нарсани тушунмасдим. Нимани айтайми? Битта рўмолча учун бир одам иккинчи одамни ўлдириши мумкинлигини? Бу ҳаётда яшаш давомида, тажрибам ортиб, рашк ва севги, макр- ҳийла каби тушунчалар ҳам гарданимга тушиб, бисотимда пайдо бўлиб, улар ҳақида ўйлашга, фикр қилишга мажбур бўлгач ҳам, буни тушунмасдим. Рашк сабаб ўлдирилган ва ҳийла қурбони бўлган Дездемона, ишонувчанлиги туфайли қотилга айланган Отелло, ушбу фожеага сабаб бўлган рўмолча мени қоронғу лабиринт ичига михлаб қўйишди. Лекин шунда ҳам олисдан митти ёруғлик кўриниб турар ва шу туйнук томон қадам қўйгандек бўлаверардим. Мен буни ҳаётийлигига ишонмасдим. Бу ерда асло Толстойнинг Шекспир ҳақидаги танқидий мақоласини ўқиганим бош сабаб эмасди. Шунчаки рўмолча мотиви, у келтирган рашк сабаб ҳабаш томонидан Дездемонанинг бўғиб ўлдирилиши энди кўзимга эришдек туюларди. Вақти келиб ўша ёруғликка чиқдим ҳам. Аммо негадир бу ёруғлик остонасида мен бошқа нарсани кўрдим. У мени катта ҳаёт сари олиб чиқди. Унга йигирма биринчи асрнинг дастлабки ўн йиллигида қадам қўйдим ва ундаги саргузаштларим бевосита шу тентак, фан-техниканинг чўрисига айланган аср билан узвий боғлиқ эди. Бир пасда талаба бўлиб, институтни тамомладим. Ишга кириб, меҳнат фаолиятимни юрита бошладим. Бу узундан узоқ жараён давомида рўмолча мотиви етакчи бўлган Шекспирнинг трагедиясини ўзим мансуб бўлган асрнинг қарамоғидаги катта ҳаётда қайта саҳналаштирилган версиясига турли жойларда, тинимсиз тарзда рўпара келдим. Албатта бу версия маҳорат билан саҳналаштирилмаган, пойинтар-сойинтар бир алфозда, бадиийликдан анча олисда эди. Мен болаликда гувоҳи бўлганим спектакль профессионал Шекспир амаки томонидан ёзилган, унинг саҳналаштирилишида ўз касбининг устаси бўлган режиссёр ва актёрлар роль ижро этишган бўлса, бу янги версияси улуғ асримиз томонидан ёзилиб, унда актёрликдан хабари бўлмаган оддий халқ ўзига бириктирилган ролларни маромига етказиб бўлмаса-да, ҳар ҳолда тушунарли қилиб ижро этарди. Шекспир ёзган “Отелло” фақат театр биносида саҳналаштирилган бўлса, унинг йигирма биринчи асрдаги замонавий кўриниши мамлакат бўйлаб ёйилган санаториялар, меҳмонхоналар, кафелар, шунингдек Чимён ва Чорвоқ каби баҳаво ва сўлим ерларнинг пансионатларида бардавом саҳналаштириларди. Бу иккиси бир-биридан ҳам мантиқан, ҳам структура жиҳатидан сезиларли фарқ қиларди. Шекспирнинг бош қаҳрамони хабаш Отелло ишонувчан ва рашкчи персонаж бўлса, асримизнинг Отеллосида ҳам шу хислатлар мавжуд, аммо мўрт бир аҳволда бўлиб, совун кўпигидек омонат, ёрилиб кетиш асносида турарди. Дездемоналар ўртасида ҳам тафовут мавжуд бўлиб, синчков томошабинга бу дарров билинарди. Шекспирнинг мазкур қаҳрамони мен учун табаррук сиймо, юрагимни битмас-туганмас ачиниш ҳиссига гирифтор қилган, ҳайрихохлик ва раҳмдиллигимни синаган бир муштипар ва бегуноҳ аёл бўлганлиги қанчалик рост бўлса, асримизнинг Дездемонаси сатанг, шаддод ва айёрликни ўзига касб қилган бўлиб, асримиз томонидан бундай нуқсонлар билан бойитилгани шунчалик рост эди. Ҳатто, рўмолча мотиви ҳам ўша трагедиянинг асримиз саҳналаштирган версиясида маълум маънода ҳеч қандай аҳамиятга молик эмасди. Шекспирнинг асарида у ҳал қилувчи, керак бўлса кульминацион дастак бўлганлиги икки карра икки тўрт каби лўнда кўрсатилган ва қайд этилган бўлса, асарнинг йигирма биринчи асрдаги ҳаётий версиясида уни бутунлай иккинчи планга тушиб қолганини кузатиш томошабинга қийинчилик туғдирмасди. Энг кулгулиси, замонавий “Отелло” трагедия жанрига ҳам мос тушмасди. Бу асримиз режиссёрлигида ишланган ва эндиликда йигирма биринчи аср халқ театрининг доимий репертуаридан жой олган, турли жойларда бетиним саҳналаштириладиган трагедия кўпроқ комедияга ўхшаб кетарди. Айтайлик, унда бирорта санаторияга, Чимён ёки Чорвоққа Отелло билан Дездемона дам олиб, ҳордиқ чиқаргани боришарди. Кўп ўтмай рашкчи Отелло Дездемонани у ердаги ҳаммадан қизғона бошларди. Юрагига ғулғула тушар, безовталик ичида кун ўтказар, атрофига тикилиб, шубҳа-гумонлар қаърида дилини тилка пора қиларди. Кўнглига тугиб қўйган ишни қилишига эса иккиланарди. Кейин завжаси билан боғлиқ орқаваротдан келган гапларга қулоқ тутгач, ғазаб отига миниб еру кўкни ларзага соларди. Шунда Дездемонадан ўзи совға қилган рўмолчани астойдил ва ўсмоқчилаб сўрашга тушарди (рўмолча ўрнида замонавий ҳамма нарса бўлиши мумкин). Энг қизиғи, шўрлик эр сўраши билан Дездемона ҳеч ўйланмасдан, изтироб ва ғамга чўкмасдан ўша рўмолчани чўнтагидан чиқариб, стол устига шартта қўярди. Буни кўриб Отеллонинг юзига бир пасда қон югурар, виждони қийналганча пихини ёрган Дездемонасини бағрига босиб, жамиийки ширин сўзлар билан уни вафодорликда мақтар, буни четдан кузатиб турган замонавий Яго эсдан оғганча лолу ҳайрон бўлиб, асаблари қақшаб, кафтларига яширган шойи рўмолчанинг аслига талмовсираб-талмовсираб тикиларди. Йигирма биринчи аср “Отелло”сининг кульминацияси биттагина рўмолча эмас, балки ўзбек алифбосида нечта ҳарф бўлса шунча нусхада бир хил қилиб тикилган рўмолчалар. Шуларнинг эвазига замонавий Отеллолар бора-бора рашк нималигини билмайдиган, тўнғиздан ибрат оладиган бўлиб кетаётгани, Дездемоналар эса йиғлаганча тунги ибодатини қилиб, осонгина ўлимни сираям бўйнига олмаслиги, айби бўлса ҳам нусхаси кўп рўмолча эвазига сувдан доим қуруқ чиқиши кўзга ташланади. Энди айтингчи, буни ростдан ҳам комедиядан нима фарқи бор?
2020-07-15
http://nodirabegim.uz/archives/2588
Вена шаҳридаги мўъзаж хонадонларидан бирида, сочлари тўзғиган бастакор шоша-пиша дўстига мактуб битарди. Ҳаяжон туфайли қўллари титрар, юраги ҳар қачонгидек тез урарди. Эшитиш қобилияти йўқотаёзган эсада, қулоқлари остида қизнинг шўх кулгулари янграрди. Эҳтимол, бу нозли кулгулар уни карлик балосидан сақлаб қолар. Ўша кун – Наполеон Бонапарт томонидан ташланган кучли бомба портлаши қулоқ пардасига зарар етказгандан бери у жон жаҳди билан бутунлай кар бўлиб қолишдан чўчиб яшарди. «Биласизми, мен ёқимтой бир қиз билан танишдим, — ёзишда давом этди у. — Шу туфайли яна одамлар даврасига қўшила бошладим. Ўттиз ёшимда бунчалик севиб қоламан, деб ўйламагандим. Сўнгги икки йил ичида энди кула бошладим. Энг бахтли дақиқаларим у билан ўтяпти. Мен уни севаман, у ҳам шундай, чамамда…» Мактуб битгач, уни хатжилдга солдида, хизматчини чақирди. У анчадан бери хат ёзмай қўйганди. Бундан таажжубланган хизматчи ҳам хўжайинининг чеҳраси очилганидан мамнун бўлиб номани элтмоққа шошди. Шундан сўнг эркак ўрнидан туриб бисотидаги пўрим либосни кийди. Ўзини кўзгуга солиб басавлат гавдали, сочлари қуюқ, пешонаси кенг, лаблари қимтилган, икки ёноғига қизиллик югурган жиддий қиёфадаги аксини кўрди. «Графиня Жульетта Гвиччарди, -хаёлида ёрининг сиймосига сўз қотди у. — Гўзалликда тенгсизсиз! Сиз учун шундай бир куй басталайманки ҳали… бахт куйи бўлади у. Никоҳ тўйимизда сизга чалиб бераман. Қандай қарсаклар чалинаётганини тинглайсиз, ҳа фақатгина сиз тинглайсиз…» Кейин хушчақчақлик билан доимий манзилга – зодагон графлар оиласи томон йўл олди. У бу ерда кўпдан бери графиняга пианино чалишни ўргатарди. Одатига кўра ёш ўрганувчилардан ҳақ олмас, қайтанга Жульеттанинг гўзал чеҳрасини тез-тез кўриб турмоқ учун ўзи ҳақ тўлашга тайёр эди. Гарчи қизни севсада, аммо қаттиққўлликни қўймасди. Унинг нўноқлигидан аччиқланган пайтлари ҳатто партитурани ерга сочиб юборарди. Қиз бундан сира хафа бўлмас, дарров уларни йиғиб оларди. Қўнғироқни чалгач, эшикни очган хизматчи уни лутфан ичкарига таклиф қилди. Графиня пианино қаршисидаги стулда ўтирганча бастакордан ўрганаётган куйни машқ қиларди. — Людвиг, — у бастакорни кўриши билан ёш боладек унинг ёнига чопиб келди. Чиндан ҳам у ҳали ёш, энди 18 ни тўлдирганди. Зодагонларга хос бўлган барча билим ва ҳунарларни ўзлаштираркан, булар орасида пианино чалиш санъати ҳам борлигидан иккиси шод эди. – Чалишимни бир тингланг бугун. Сизга албатта, ёқади! Туни билан машқ қилиб чиқдим. Энди нота дафтарига қарамай чала оламан. Бастакор унинг лаб ҳаракатлари ва суст эшитилаётган товушидан нима деганини тахминан англади. Ҳар гал қиз чалишда адашар ва партитурага ўғринча қараб қўярди. Бундан Людвиг аччиқланарди, албатта. Қиз барчасини тезда ўзлаштириб олса, дарслар якунланишига тўғри келади, бу эса уни кўриш бахтидан мосуво этарди. Балки нўноқлиги ҳам яхшидир. Шогирдининг секинлик билан ўзлаштириши, хатолари унга энди хуш ёқарди. Лекин неки мусиқий билими бўлса, борини унга тортиқ қиларди. Қизнинг бармоқлари клавишларга қандай бориб келаётганини диққатлик билан кузатган бастакор унга қараб қарсак чалди: қиз деярли тўғри бажарганди. — Офарин. Анча-мунча ўрганибсан. — Демак, яхши чалдим-а? Дарвоқе, эртага уйимизда катта балл уюштиришяпти. Сиз ҳам келасиз-а? Куйларингиз билан меҳмонларни шод этасиз, — қиз энтикиб кўзларини юмди. — Келаман… Людвиг бу тантанага агар бастакор бўлмаганига таклиф қилинмаслигини яхши биларди. Зодагонлар бу паст табақадан чиққан мусиқачини фақат истеъдоди учунгина хурмат қилишарди. Кўпчилик уни қўпол, маданиятсиз, ташқи кўринишига эътиборсиз кимса деб ҳисобларди. У паст табақа вакили эканини яширишга уринмасди ҳам. Айнан шу келиб чиқиш масаласида маэстро қизга тенг келолмасди. Ҳар қанча иқтидорли бўлса ҳам… Хонадоннинг азиз меҳмони сифатида хуш кўрилсада, ҳеч қачон табаррук куёв деб қабул қилинмаслигини яхши биларди. Жульеттага ўзи каби зодагон бўлган графликлардан талабгорлар шундоғам кам эмасди. Людвиг шуни ўйлаб чуқур ух тортди. Қиз эса гапиришдан тинмасди. Устози уни яхши эшитмаслигини билсада, завқини тўхтата олмас, ҳатти-ҳаракатлари орқали унга нимани ҳис қилаётганини англатишга уринарди. У балларни севар, турли кўйлаклар тиктириб тинмас, агар моҳир пианиночи бўлиб етишса, ўзига маҳлиё ошиқлар кўпайишини айтиб энтикарди. — Айтганча, сиз учун кўйлак тикдим. Ахир дарсларингиз учун сира ҳақ олмаяпсиз-ку, — қиз токчадан оқ рангдаги кенг кўйлакни олиб, бастакорга кўз кўзлади. – Ёқасидаги кашталарни қаранг, ўзим тикдим… Нафис-а? Людвиг кўйлакни қўлига олди ва ипак матони бармоқлари билан силади. Айни пайтда улар клавишлардан кўраям ёқимли туюлди. Миннатдорлик билдирди. Машғулотдан сўнг қизни яна тез орада кўриш умиди билан хайрлашган маэстро яна уйига қайтди, пианино қаршисига чўкиб графиня учун аталган куйини басталамоққа шайланди. Аммо қанчалик завққа тўлмасин, кўнглидаги сонатани чиқара олмасди. Юракдан юракка ўтадиган асар бўлишини истарди. Аммо ҳеч ўхшамасди… Эҳтимол, қизга севги изҳор қилиш вақти етгандир? Балки унинг розилигини олгач бахтдан осмонларда учиб сўнг ўша куйни ярата олар? Людвиг қизга туйғуларини ошкор қилишга қарор қилди. …Бугун пианино чалиш дарслари очиқ ҳавода – графларнинг сўлим боғида ўтмоқда. Баҳор келгач графиня табиат қўйнида дарс олишни ихтиёр қилди. Дарахтлар гуллаб, майсалар ям яшил бўлиб барқ уриши, майин шабада, бунинг устига маэстро чалаётган ёқимли куй иккисига ҳам романтик кайфият бағишларди. — Гарчи орамизда 12 ёш фарқ бўлса ҳам… айтишим керак, деб ўйладим, — секин сўз бошлади Людвиг. – Сизни жонимдан ортиқ севаман, Жульетта! Муҳаббатимни қабул қилинг… — у чалишдан тўхтаган қизнинг қаршисига тиз чўкди. Графинянинг юзлари қизаринди. У анчадан бери кутаётган сўзларини тинглагани учунми, енгил тин олди. Сўз демай яна чалишда давом этди. Ним жилмайган куйи устозининг энг севимли сонатаси ижросини бошлади. — Умид қилсам бўладими, графиня? – бесабрлик билан сўради эркак. — Сонаталарингиз каби… қалбингиз ҳам мени ўзига мафтун этган. Сиз буюк даҳосиз, маэстро. Умид қилманг, ишонинг… Людвиг бу сўзларни аниқ-тиниқ илғади. Назарида, эшитиш қобилияти ҳам тикланаётгандек ҳис қилди ўзини. У севади, ҳа севади… Бундан ортиқ бахт борми? Бахт куйи… ана энди, янги сонатасини ёза олади! Юракдан юракка кўчадиган бир асар бўлсинки… Машғулотдан сўнг боғда сайр қилишди. Людвиг дилидагиларни сўзга кўчиролмай қийналар, қиз эса тинмай сўйларди. Унинг нималар ҳақда гапираётганини бир илғаб, бир илғамай кетаркан, маэстро муҳими қиз қалбан унга талпинаётганини ҳис қилиб турарди. Англамаган сўзларини унинг кўзларига қараб ўқирди. Ёз якунига қадар кунлар шундай бахтли ўтди… Людвиг ҳамон янги куйлар устида машқ қилар, лекин орзусидаги сонатани яратолмасди. Шу сабаб қизнинг қўлини сўрашни кечиктирар, никоҳ оқшомларида янграйдиган бахт куйи яралишини кутарди. У мусиқий хаёллари билан банд бўлган кунларнинг бирида қиздан кутилмаган мактуб олди. Бу вақтда машғулотлар аллақачон тугаган, қиз билан кам кўришишар, кўпроқ хат алмашишарди. Ўша мудҳиш хабар келган куни ташқарида шаррос ёмғир қўяётган эди. «Менинг устимдан ғалаба қилган даҳодан юз ўгириб, менинг муҳаббатим учун курашаётган даҳо сари кетмоқдаман. Мен унинг нажот фариштаси бўлишни истайман». У бу сўзларни ўқиб, қўллари титраб кетди. Мактубда кимни назарда тутганини дарҳол пайқади: граф Роберт фон Галленберг. У яқиндан бери қизга хушомад қилиб юришини сезганди. Энг ёмони, у ҳам пионист эди. Қиз охирги учрашувда унинг куйларини берилиб мақтагани ёдига тушди. Демак… ёш ва бадавлат граф мақсадига етибди. Маэстро шошганча унга жавоб ёзмоққа тутинди. Аммо қўли бормади. Нима ҳам десин? Ёнига қайтишини сўраб ўтинсинми? Графдан кўра иқтидорли эканини айтиб ёлворсинми? Унинг қўлини сўрасинми, бахт куйини яратиш ташвишида юрганини айтсинми? У ҳафсаласизлик билан креслога чўкди. Тартибсиз сочларини ғижимлаб узоқ вақт жим қолди. Ёнида сочилиб ётган партитураларни йиртиб улоқтириб юборди. «Юракдан юраккача…» ҳайқирди у ўрнидан туриб. Соябонини ҳам унутиб кўчага чиқди ва узоқ яёв кезди. Ёмғир тиниб осмонда камалак кўринди. Людвиг энди қандай куй яратиши кераклигини англаганди… Қайғу куйи. Юракдан юракка етиб борадиган изтироб куйи. Парчаланган юраклар ҳақда мангу соната. Уни бахт тўйи эмас, айрилиқ онларида тинглайди одамлар. Ўлган муҳаббатларига аза очиб, йиғлаб-йиғлаб тинглайдилар. Шундан сўнг катта саҳналарга чиқишни тўхтатган, лекин куй басталашдан чекинмаган Людвиг яна пианино билан овунди. Ҳар қачон ёлғизлигида унга дарддош бўлган ягона дўсти шу матоҳ эди. Эзгинлик туфайли эшитиш қобилияти батамом йўқолиб борар, лекин энди бу уни изтиробга солмасди. Куй унинг онгида эшитилар, қалбида туғён урарди. Эшитиш қобилиятини йўқотса омма олдида қандай қилиб пианино чаларди? Куйни якунлаб ўрнидан турганида ҳеч қандай қарсакларни эшитмаса… Йўқ, қарсаклар чалинади, буни бир бирига урилаётган кафтларга қараб билиш мумкин, аммо қулоқлари уни эшитармикин. Бастакор учун бундан оғир изтироб йўқ. На чалаётган мусиқангни эшита оласан, на мухлисларингни олқишларини… Фақатгина ноталар миянгда айланади. Шуни эшитасан, холос. Ички овоз билан. Қизни унутиш учун Венгрияга жўнаб кетди. Ичида йиғилиб қолган туғён бир куни ёриб чиқишига ишонарди. Кўчадаги сайрлардан бирида у нотаниш ўриндиққа чўкди ва оламни унутиб онгида етилиб пишган ноталарни шоша пиша қоғозга тушира бошлади. У ниҳоят, орзусидаги сонатани яратди! Партитурани олиб қўнимгохига шошди ва пианинода чалиб кўрди. Эшитмади, албатта. Тинглаб кўрмоқ учун уй эгаси — дўстини чорлади. — Доҳиёна! – ўрнидан туриб қарсак чалди мезбон. – Юракка етиб борадиган! Жульетта уни тинглаб эҳтимолки, собиқ устозининг қалб кечмишларини англаб ёнига қайтишидан умид қилди. Шу сабаб дарҳол Венага қайтди. Қайғули сонатани барча олқиш ва кўзда ёш билан қарши олди. Қаерда чалмасин, дастрўмол билан артиларди кўз ёшлар. Людвиг эса кутарди… Яна ёмғирли кунларнинг бирида ундан андуҳ ва афсусга тўла мактуб келишини, «сиз менинг даҳойимсиз, мен сизнинг нажот фариштангиз», деб битилган бир нома кутарди… Бироқ йил ўтиб Жульетта ўша графга турмушга чиқиб, Италияга жўнаб кетди ва барига нуқта қўйилди. Людвиг энди умид қилмай қўйди. Муҳаббатдан кўнгли совуди. Қизни ҳеч қачон унутолмаслигини ўйлаб ўзидан ғижинди. Унинг хаёлларидан халос бўлиш учун бошқа аёл-қизлар билан учрашди, аммо қалбидаги яра битмади. У севги бобида нўноқ эди. Орадан йигирма йилга вақт ўтибгина, Бетховеннинг ёши элликка яқишланганда ниҳоят, у келди. Жульетта уни излаб уйига келди. Йиғлаб, изиллаб келди… Қаршисида тик чўккан аёлга тикиларкан, Людвиг қалбида заррача меҳр уйғонмаётганидан ҳайратда эди. Шунчалар тош қотдими кўнгли? Ахир кутгани ниҳоят, келди-ку? Йўқ… аёл унга кечиккан дил изҳорини айтмади, севишини тан олмади. — Ўтинаман, ёрдам қилинг… Оилам ночор аҳволга тушиб қолди, менга ҳиммат кўрсатинг. Эркак унинг йиғисини умуман эшита олмас, аммо ночорлигини ҳис қилиб турарди. Қаршисидаги аёл ундан муҳаббат эмас, пул кутарди. Маэстро бир сўз демай, унга бор пулини тутқазди. Сўнг мағрурлик билан ортга ўгирилди ва кет, деб пичирлади. Графиня бор будидан айрилганди. Бу вақтда ўзига тўқ бўлган маэстро ҳам бор бойлиги – адабий муҳаббатга бўлган ишончидан айрилди. У ниҳоят, Жульетта уни ҳеч қачон севмаганини тушунди. Людвигнинг ҳаётга бўлган умиди сўнди. Яратган сонаталаридан бошқа ҳеч нимаси йўқлиги, меҳр кўрмаган қалбидаги исёнлар, уни тушунмаганлар орасида яшаш – охири уни тўшакка михлади. Кучли момақалдироқ чақаётган узун тунлардан бирида унинг жони узилди. Ўшанда ёнида биргина дўстидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. На маҳбубаси, на оиласи, на фарзандлари… Буткул ёлғизлик. Фақатгина сонаталар битилган партитуралар унга изтироб билан тикилиб тургандек бўларди. Маэстро 56 ёшида у дунёга рихлат қилди. Иш столидан эса биргина мактуб топдилар: «Менинг фариштам, менинг бор-йўғим… Бу қандай ҳаёт бўлди! Сенсиз! Қанчалар яқинсан! Қанчалар узоқ! Қанчалик ғам ва кўзлар ёш – бари сенга, сенга, менинг ҳаётим, менинг бор-йўғим…» Бетховеннинг ўлимидан анча вақт ўтиб, у Жульеттага бағишлаган ўша қайғули сонатага «Ой нури» деб ном бердилар. «Ой нури» сонатаси – юракдан юракка етиб борадиган айрилиқ ҳақдаги энг гўзал куй эди.
2020-08-08
http://nodirabegim.uz/archives/2773
Нега Бахни тинглашга илҳақ бўлиб яшаяпман? Яқингача бу саволга сира жавоб тополмасдим. Ўйланиб, бошимни қотириб, изланиб, охирида қўл силтардим ва дидимга роса ўтирса керак-да, деб минғирлаб қўярдим. Ваҳоланки, дидимга ундан кўра кўпроқ мос тушадиган, у билан чамбарчас боғлиқлик ҳосил қилган бошқа бастакорлар талайгина эди. Аммо, яқингача ҳам шу нарса аниқ эдики, бу бастакорларнинг мусиқасига онда-сонда талпиниб, ўзимда вақти-вақти билан уйғонган маънавий эҳтиёжни ҳар сафар маромида қондириш учун интилган бўлсам-да, ҳатто Шопеннинг мусиқасисиз бу сариқ чақалик аҳамияти қолмаган ҳаётимни бир сонияга тасаввур қила олмасам-да, негадир ўша бастакорларни тинглашга руҳимдаги ҳеч йўқолиб битмайдиган биқиқ безовталик ва тийиқсиз бесаранжомлик билан илҳақ бўлмаганман. Шу боисдан Бахга муҳтожилигимни тушунмай, шу кунгача юрагим ва идроким баб-баравар музлаган, шекилли. Энди менимча бунинг жавобини топдим. Шу ерда озгина лирик чекиниш қиламан. Мен диний оилада тарбия топганман. Отам Қуръонни бир неча марта ҳатм қилган, Бухорий ҳадисларининг ихлосманди ва диний китоблар мутолаасига кўп эътибор берадиган инсон бўлиб, шу боис тарбиям асосини диний тарбия ташкил қиларди. Қуръонни ўқишни бошлаганимда тўққиз яшар бола бўлиб, беш вақт намозга кирганимда ўн бир яшар, Бухорий ҳадисларини бошидан охиригача ўқиб чиққанимда ўн икки яшар, диний китоблар ва айниқса “Карбало фожеаси”ни ўқиганимда ўн тўрт яшар ўсмир эдим. Бу вақтда ҳали адабиётга қизиқишим яшин тезлигида, чанқоқлик билан ортмаган, бир нечта диний китоблар асосида дунёқарашим ўзаги бир текисда шаклланиб борарди. Худо, савоб ва гуноҳ, қабр азоби, боқий дунёдаги жаннат ва дўзах кабилар ҳақида ўқир, улар ҳали буткул уйғониб улгурмаган, уйқусираб ётган тафаккурим ва ғўр қалбимни эгаллашар, бунинг натижасида бошқа дунёвий илмлардан бехабар, чинакам мусулмон боласи бўлиб улғаярдим. Тасаввуримдаги Худонинг қиёфасини айнан шу диний амаллар, китоблар ва улардаги мулоҳазалар менга бир яхлитликда кўрсатар, бу нур ва эзгуликка лиммо- лим тўлган улуғ Ҳолиқнинг кўзга кўринмас тажаллисини қаттиқ севиб, унга изму-ихтиёримни кун сайин ишониб топширардим. Лекин йиллар чархпалагида улғайиб, катта ҳаётни теран кўриб, оқ-у қорани танигач, юрагимга кириб борган бу эътиқодга бўлган ишончим бир қадар сусайди. Эндиликда ахлатхонадан фарқ қилмайдиган ҳаёт, ундаги тўлиб-тошган одамлар, шулар билан боғлиқ турли-туман манзаралар юрагимдан Худони юлиб олишга интилар, мен зўр бериб ва ҳолдан тойганча уни ҳимоя қилиб, базўр нафас олардим. Шунга қарамай, ҳаётдаги манзараларни ичига чуқурроқ кириб кузатарканман, Худо қаршиликларимга қарамай, ўзидан ўзи юрагимдан чиқиб кетаётганини ҳар битта ҳужайрамгача ҳис қилар ва бу турган гапки мени обдон азобларди. Чунки буни ҳечам тасаввур қила олмас, қалбимдаги мавжудлигига дарз кетаётган бўлса-да, ҳали у ердаги ўз ўрнини йўқотмаган ва уни ўз меҳри билан мудом илитадиган, суянчиғим ва даркашимга айланган Худонинг кетишини азбаройи истамасдим. Ундан маҳрум бўлишлик тасаввуримни қандайдир даҳшатга солиб, остин-устун қилар, шу билан ҳаёт бир ерда тўхтаб қоладигандек туюлар ва буни бир сўз билан айтганда улкан фожеадек қабул қилардим. Шу йўсинда бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлган ва зарурат жиҳатидан у қилиши лозим бўлган диний амаллар билан ўгитлардан кўнглим безиб, совуб борарди. Бунинг ҳаммаси ҳаётдаги манзараларни кузатишим, одамлар билан муносабатга киришишим, ҳаёт саҳнасида ўзимга тақсимланган роль билан бевосита иштирок этишим натижасида содир бўлар ва бу менга гоҳида алам ҳам қилиб, ўзимни қўярга жой тополмай қолардим. Худо эса мендан тобора узоқлашарди. Катта ҳаёт бошқача эди. Унинг аччиқ ва заҳар заққумга тўла бағрида эътиқодли бўлиб қолиш бахтга қарши душвор, аксинча у эътиқодли кимсани бир зумда кинояга ўч, сарказмни хушловчи, нафрат билан яшовчи инсонга айлантириб қўярди. Унда яшаш давомида эътиқод билан худди сут каби жонга кирган барча нарсага муҳаббат ва эзгулик билан қараш тарзи ўз аҳамиятини йўқотиб, бир пулга қиммат тушунчалар қаторидан ўрин эгалларди. Шу нарса ҳайратланарли эдики, Жума намози ўқиладиган масжидда мен билан ёнма-ён ўтириб, жойнамоз устида намоз ўқиган, қўлини фотиҳага очиб Худодан гуноҳларига кафорат сўраган, саждага бош қўйиб йиғлаган, руҳонийнинг ваъзларидан таъсирланган, ибодат сўнггида “Ёсин” ёки “Мулк” сурасини кўзларини юмиб, ўзгача оҳангда тиловат қилган одамларни эртасига масжид ташқарисида-ҳаёт оқимида бутунлай бошқача вазият ва қиёфаларда учратардим. Масалан, бири судхўрликни ўзига касб қилиб, ўзи каби бошқа бир мусулмонга юқори фоиз эвазига қарз бераётган, иккинчиси ота уйини талашиб укасини кўчага ҳайдаётган, учинчиси қизи тенги ожизани арзон ижара хонадонга лаҳзалик ишрат учун етаклаётган, тўртинчиси қўшхотинлиги билан оғзини кўпиртириб фахрланаётган, бешинчиси савдо дўконига тўпланган харидорлар қаршисида ёлғонни сув қилиб ичаётган, олтинчиси иш жойида хуфёна пора олаётган бўлиб чиқарди ва ҳоказо. Масжидда ваъз-насиҳат қиладиган руҳоний эса Бенжамин Франклиннинг рангли суратини қўлига тутқазадиган бойларнинг издиҳомларигагина борар, у ерда ихлос билан қуръон тиловатни канда қилмас, қавмидан баланд овозда ялиниб-ёлвориб уларга ғамхўрлик қилишни сўраган камбағал ва фақирларнинг бундай издиҳомларига сира қадам ранжида қилмас, ҳатто уларнинг жанозасига келиб қўймасди. Ўшанда бу манзараларни кўриб қуръон ва ислом буюрган амалларни бажариб, у кенг миқёсда буюрган инсонийлик унсурларини бажармаслик унча катта фожеа эмаслигини тушундим. Ёш ва қизиққон эдим. Бу каби мунофиқликлар дарров мени асабийлаштирар, ўз эътиқодини масжид ташқарисида пуллаётган ёки кераксиз буюмдек улоқтириб юбораётган одамларнинг афт-башаралари улар билан меники бир хил бўлган Худодан кўнглимни янада совутарди. Қолаверса, дин ичидаги бўлинишлар ҳам уни зада қиларди. Исломни бир нечта мазҳабларга бўлинганлиги, уларнинг орасида аҳиллик йўқлиги, дунёни қонга бўяётганларни ҳам уни ниқоб қилиб олишгани, Усмонийлар ёки арабларнинг тарихдаги қонхўрликлари қалбимдаги мазкур дин ўрнатган эътиқодга бўлган сўнгги ишончни ҳам батамом ўлдириб, чавақлаб, майда бўлакларга бўлмаса-да, манқурт ва чалажон аҳволга соларди. Бора-бора эътиқод учун лозим бўлган ўша амалларни ҳам қўл учида, чала-чулпа бажарадиган бўлдим. Тасаввуримдаги Худо иккига бўлинганди гўё. Бири қалбимдаги- мен ёлғиз ибодат қилган чоғлари руҳимни поклайдиган, эътиқодимнинг негизи бўлган, эзгуликка мени эргаштирадиган, мен жонимдан ортиқ кўрадиган, барчадан устун қўядиган Худо, иккинчиси- масжидлардаги ибодатлар ёки ҳаёт бағридаги одамлар билан боғлиқ манзаралар асносида қад ростлаган Худо. Мен шу бўлинишдан ич-этимни ердим. Тасаввуримдаги Олий хилқатнинг яхлитлиги бузилгани ва эътиқодимга путур еткани юрагимни қаттиқ сиқарди. Бошқа томондан эса диний китоблар ўрнига, адабиёт ва фалсафага қизиқишим орта бошлади. Айниқса, фалсафани мутаассил бош кўтармай ўқиш диний қарашларимга сезиларли тарзда зарар етказди ва ишончсиз ҳувиллаб қолган эътиқодимни бутунлай фалаж қилиш даражасигача олиб келди. Бухорий ва Ғаззолий кабиларнинг қўлимдан тушмайдиган китоблари ўрнини буёғига секин-аста Спиноза, Жон Локк, Бэкон, Фихте, Фейербах кабиларнинг атеистик қарашлар жамланмаси бўлган китоблари эгаллаб, уларни сурбетларча ҳаяжонланиб ва ўзимда йўқ хурсанд бўлиб мутолаа қилишга чоғланардим. Бунинг боиси, уларнинг муаллифлари янги қиёфамга мос нарсаларни ёзишган, шу важдан ўзим юз ўгираётган эътиқодимдан қолаётган жароҳатни улар орқали даволаш истаги юрагимда олов бўлиб ёнар, бундан қанчалик ғайритабиий бўлмасин, ёлғондакам таскин топардим. Шу йиллар давомида атеист бўлмадим-у, лекин шунга қараб шахдам одимладим. Бунинг сабаби оддий эди. Мен атрофимда қалашиб ётган Ислом ичидаги одамлардан- унинг амалларини мунофиқларча бажариб, у буюрган инсонийликка тупураётганлардан аламзада эдим. Мен анча-мунча яшаб, ҳаётий тажрибам ортгач, яна кўп нарсаларни тушунмас, саволлар уюми остида эзилиб нафасим чиқмас, уларга жавоб топишда ҳар гал ожиз қолардим. Бу қуриб кетгур саволлар қуйидагилар эди: Биринчидан, нимага қавмимдаги йигитлар уйланган пайтлари қаллиғини “қиз бола” чиқмаганини асабийлашиб гапиришарди-ю, ўзлари тўйдан олдин аллақачонлар жисмлари покдомонлигини йўқотиб улгуришганини, “йигитлик”ларини сақлашга уринишмаганини тан олишмасди? Иккинчидан, улар исломда тўрттагача хотин олишга рухсат берилганини зўр бериб гапириб, буни савобли иш эканлигини пеш қилиб, оғзиларини катта очишарди-ю, аммо нега ўша аёлларга уйланмай туриб ҳам савоб учун ёрдам қўлини чўзиш мумкинлигига хом ва атала ақлилари етмасди? Учинчидан, улар худо ёрлақаб уйларида издиҳом қилишса, фақат қорни тўқларни чақиришарди-ю, нега фақир-бечораларни остона ҳатлашларига ҳам йўл қўйишмасди? Тўртинчидан, нега уйларидаги аёлларини рўмол ўратиб уйдан кўчага остона ҳатлаб чиқаришмасди-ю, ўзлари иш жойларидаги очиқ юрган бировнинг синглиси ёки хотинининг кўкрагидан тортиб орқасигача кўз олайтиришарди? Бешинчидан, нега улар спиртли ичимлик ичиш гуноҳ деб баралла жар солишарди-ю, аммо спиртли ичимликдан ҳазар қилмайдиган корчалоннинг издиҳомида дастурхон тўрида ўтиришарди? Мана шундай манзара-ю ҳолатларни ўзида акс эттирган саволлар оқими жонимга тегиб кетар, ҳар доим нафратимни қўзитар, жавоб топишга уринишга ҳазар қилганимдан кўнглим қайт қилар ва буларнинг барчаси бир бўлиб кўз олдимда Исломнинг обрўсини дақиқа сайин туширарди. Натижада ўзим севган амалларни бажаришга ҳам хафсаласизлигим ортарди. Лирик чекиниш шундан иборат эди. Ажойиб ва ғаройиб, шундай эмасми? Ярим мусулмон, ярим атеистнинг ўтмиши. Бу барчани қизиқтириши ёки зериктириши табиий. Аммо бу томоша ҳартугул узоқ давом этмади. Бу тушунарсиз ҳаёт қучоғида чорак аср яшаб қўйганимдан сўнг, ҳаётимга немис бастакори Бахнинг мусиқаси кириб келди. Мен олдинлари кўпинча Шопенни берилиб тинглар, баъзи ҳолларда Шуберт яратган қўшиқларга вақт ажратардим. Бошқа бастакорларни беш қўлимдек яхши билсам-да, юқорида таъкидлаганимдек уларни паузасиз ва бардавом тинглашга деярли иштиёқим бўлмасди. Негаки, юқоридаги икки бастакор мусиқага бўлган маънавий эҳтиёжимни тўлалигича қондиришарди. Бахни илк бор тинглаганимни яхши эслайман. Ўшанда унинг асарлари жамланган лицензион дискни таниш қизим (бўлажак рафиқам) қистови билан мусиқий асарлар дўконидан сотиб олгандим. Ундаги бастакорнинг фугаларидан ҳам кўра токкаталари кўнглимга роса мос тушган, уларга бир пасда мафтун бўлганим ҳайратланарли ҳақиқат эди. Уларни илк тинглашим жараёнида худди Черковлардаги органда чалинадиган жуда таниш мусиқа садоси юрагимга қўрғошиндек қуйилган ва шу тарзда беихтиёр Бахга абадий қарам бўлиб қолгандим. Шу-шу уни соғиниб яшайдиган, тез-тез тинглайдиган бўлдим. Энг қизиғи уни тинглаш жараёнида файласуфлар қолдирган юрагимдаги шубҳалар ариб, қайгадир йўқолар, дин кишилари ва мунофиқларга тўла ҳаёт манзараларидан қолган катта-кичик кемтикликлар тўлар, тасаввуримда иккига бўлинган Худо кутилмаганда ўзининг яхлит ҳолига қайтар ва мен эътиқоддан, Ҳолиқнинг қайта бир бутунга айланган, кўзни қамаштирадиган тажаллисидан яна тўйиб-тўйиб лаззатланардим. Руҳонийлар ваъзлари ва диний китоблар орқали нариги дунё, руҳ ва жон, жаннат ва дўзах, фаришталар ва шайтонлар, қабр азоби каби тушунчалар бўйича идрокимда шаклланмай, чала қолган билимлар бисотини Бахнинг мусиқаси тадрижий равишда тўлдирар, уларга бўлган ишончимни эътиқодим сарҳадларида тиклар, бунинг самараси ўлароқ, оммавий тарзда тарғиб қилинадиган диндан тополмаган росмана таскинимни унинг мусиқасидан топар ва унинг кўмагида ўз тасаввуримдаги динга осойишта бир тетиклик билан суяниб, хотиржам нафас олардим. Уни тинглардим. Мусиқа гўё оғир бошланарди. Дебочаси шундай эди. Назаримда унинг ноталари партитурага ўйиб ёзилганга ўхшарди. Юрак унинг дебочасида безовта урарди. Шундан сўнг, барчаси ўзгарарди. Мусиқа ёқимли таралишни бошларди. Шопеннинг мусиқаси фақат жаннатни, ундаги булбуллар овозини ёдимга солса, бу мусиқа бутун ҳаётимни ва унинг асосига қурилган фоний дунёнинг барча манзараларини кўз олдимга олиб келар, савоб ва гуноҳ амаллар таснифини идрокимда тартиблар, боқиё дунё борасидаги хаёлотимни сайқаллаштирар, қабр азобининг ҳақлигини жонкуяр устоздек юрагимга уқтирар, жаннат ва дўзах ҳақидаги тасаввуримни бойитар, Худонинг мавжудлигига иймон келтиришга чорларди. Ислом динини тушунишимга ва эътиқодимни мустаҳкамланишига насроний бастакорнинг черковларда чалинадиган мусиқаси ёрдамга келгани баъзида ўзимни ҳам ҳайрон қолдирарди. Ҳатто, шундай кунлар бўлардики, Тошкентга иш билан ёки конференцияларда қатнашиш учун борганимда, у ердаги католиклар черковига кириб, Бахнинг мусиқасини жонли тинглашни ўз олдимга мақсад қилиб қўярдим. Бироқ, ҳар сафар бу ниятимдан қайтар, Боткин қабристони ёқалаб бориладиган йўл орқали таксида қатъий қарор қилиб кетсам-да, маҳобатли черковга кирмас, унинг қаршисида ўтириб-ўтириб, ортга қайтар ва таксига бекордан бекорга пул тўлардим. Такси ойналари ортидан черковнинг ноодатий меъморчиликда қурилган ташқи кўринишига тикиларканман, “ҳозир машинадан тушиб, ичкарига кириб, у ерда Бахни тингласам нима бўлади”, деб ўйлардим. Очиғи, бу жуда осон кўринарди. Нари борса ўттиз қадамлик масофа мени Черковдан ажратиб турарди. Шу масофани босиб ўтиб, унинг эшигини очсам, ичкарига қадам қўйсам, мақсадимга эҳтимол етардим ва у ердаги ўриндиқлардан бирига ўтириб, орган садосини, унинг клавишлари ёрдамида Бахни истаганимча тинглашим мумкин бўларди. Аммо ижтимоий фикр оёғимга тушов бўларди. Кулгули, шундай эмасми? Уни ташкил қиладиган оммадан иккиланардим. Ғалати, жуда ғалати. Дарз кетган эътиқодимни қўпол қилиб айтганда ямаган, исломни қайтадан севишга ўргатган, тўлиқ атеист бўлиб қолишимдан асраган мусиқани жонли эшитиш учун мен иккиланар, каминани ярим атеистга айлантириб қўйишган файласуфлар билан ҳаёт саҳнасидаги турфа роллари билан йиллар давомида атрофимда роса жонбозлик кўрсатиб, сон-саноқсиз репертуарларда саф тортишган одамларнинг гап-сўзларидан чўчирдим… Фикр қилсам, ҳозир ҳам шундай экан. Ҳанузгача Бахнинг лицензион дискда тинглайман. Диск жонивор эскириб кетган, бироқ ҳалиям бинойидек хизмат кўрсатади. Эътиқодим бу мусиқа ёрдамида мустаҳкам ҳолга келиб улгурган. Шунга қарамай Бахни жонли тинглашни жудаям истардим ва шуни ҳар куни ўйлаб, суяк-суягимгача соғиниб яшайман. Ўйлашимча, бирор кун албатта Тошкентдаги католиклар черковига кираман-да, у ерда узоқ қолиб, Бахни тинглайман. Ташқарига чиққанимдан сўнг ўтган-кетганлар нима деб ўйлашса ўйлашаверсин (ижтимоий фикр аслида биз ўзимиз ўйлаб чиқарган чегара). Балки, насронийлик динини қабул қилибди бу ўзбек боласи дейишар. Балки, юзимга тупуришар динидан кечибди деб. Одамларнинг оғзига элак тутиб бўлармиди. Уларга Бах мени худосизлик деб аталган жарнинг ёқасидан гўзал исломга қайтарганини, эндиликда уни жонли тинглаш соғинч билан яшаётганимни, Черковга ҳам фақат шу мақсадда кирганимни айтишнинг сира фойдаси бўлмайди. Зеро, улар ҳалиям ўзгаришмаган, эртага ҳам ўзгаришмайди. Уларнинг наздида черковга фақат насроний киради. Мусулмон эса масжидга шошади, роса шошади. Уларнинг ўзлари ҳам худди шундай қилишади. Азон айтилиши билан масжидга шошишади. Аммо унинг ташқарисида-чи? Ташқарисида- Пушкиннинг машҳур эртагидаги ўша эски ва тешик тоғора томон югуришади.
2020-09-08
http://nodirabegim.uz/archives/2787
Болалигимда онамнинг шеърлар дафтари бўларди. Муқовасига оқ атиргулнинг расми ёпиштирилган. Ундаги шеърларни тушунмасам-да, кўпинча дафтарни қўлимда ушлаб ўтирардим. Саккиз яшар болага унда нималар ёзилганининг деярли аҳамияти бўлмас, мен фақат варақлардим, қизиқишим шеърларни ҳижжалаб ўқиш ва ҳар бир шеърга илова қилинган суратларни томоша қилиш билан чекланарди, холос. Ўша ерда ҳарбийча кийинган, виқорли ва улуғвор қиёфадаги, хушсурат ва ўктам йигитнинг кенг ва қандиллар ёритиб турган залда гўзаллиг-у жозибада тенгсиз бир қиз билан вальсга тушаётгани акс этган суратга тез-тез кўзим тушарди. Йигит эгнига қора фрак кийган, қиз бўлса мен ёқтирган кенг ва корсетли оппоқ бал кўйлагида бўлиб, суратдан ихтиёримга зид равишда кўз узгим келмас, унинг остига катта ҳарфлар билан “Андрей Болконский ва Наташа Ростова” деб ёзиб қўйилганди. Болконский шарифига илк марта ўша ерда дуч келгандим. Кейинчалик унинг номи кўп марта қулоғимга чалиниб, бу одат тусига кирди. Ўндан ортиқ қон-қариндошлар ҳар сафар тўпланганимизда онамнинг яқинлари тенгдошим бўлган — холамнинг ўғлини семиз ва дўмбоқ бола бўлгани учун Безуховга, бўйи узун ва хипчабел бўлганим учун мени Болконскийга ўхшатишарди. Ўша кезлари мен бунга айтарли эътибор қаратмасдим. Улар берган ялтироқ қоғоздаги шоколад ёки сутли печеньени оғзимга солиб, дунёни сув босса тўпиғимга чиқмас, бобом ва тоғам берган ҳайитликни чўнтагимга солгач, мени мабодо иблисчага ўхшатишганда ҳам ишончим комилки, жилмайиб тураверардим. Уларга эса бу ёқар ва ёшу-қари бири олиб, бири қўйиб, биз болаларни кўришлари билан ҳар гал “ана Безухов келди”, “ана Болконский келди” дейишни канда қилишмасди. Янги йил байрамида ҳам, ҳайит ёки Наврўзда ҳам. Катта бўлганим сари Болконский шарифи қулоғимга янаям кўп чалинадиган бўлди. Кўпинча оқшом пайти ота-онам билан телевизорда футбол кўриб ўтирганимда уларнинг ақлли суҳбатлари бош мавзуси шу инсон бўларди. Суҳбат адабиёт билан бошланиб, адабиёт билан тугар, айниқса куз оқшомлари бундай ноодатий адабиёт ва футболга мухлислик қоришмаси ярим тунгача чўзиларди. -Болконскийга Наташа Ростова муносиб эмасди,- дерди отам ўқиётган газетасидан бошини кўтариб, онамнинг қўлидаги тўқилаётган жун пайпоққа норози бир алфозда қараб. -У Наташани кечирган,- дерди онам ишидан чалғимай. -Мен кечирмасдим. -Аёл қалбини тушуниш лозим. Ўшанда мен Болконский ким экан деб роса бошимни қотиргандим. Отам ҳам, онам ҳам давлат ишида ишлашар, уларнинг иш жойларида бундай шарифли ҳеч ким ишламас, қўшнилар ичида ҳам битта рус кампири билан қизини ҳисобга олмаса ҳамма ғирт ўзбек эди. Отамнинг дўст-танишлари сафида ҳам бундай шарифли амакини танимасдим. Онамнинг дугоналари орасида эса бирорта Наташа исмли хола йўқ эди. Улардан бу ҳақида сўраганимда, икковлари ҳам кулишган ва бир хилда “Болконский-рус ёзувчиси Лев Толстойнинг қаҳрамони” дейишган ва улғайиб унинг китобини ўқиганимда барчасини тушуниб олишимни гап орасида қистириб ўтишганди. Мени уларнинг бу маълумотидан кейин негадир мушкулим осон бўлмаган, аксинча, “энди Толстой дегани ким бўлди?” деган яна бир дилемма қаршисида ожиз қолгандим. Ўсмирлик остонасидан ҳатлаб ўтгач, китоб ўқишга қизиқишим ортиб, Лев Толстой рус ёзувчиси бўлганини, ота-онам алдашмаганини тушундим. Бу вақтга келиб уйимиздаги деярли барча ўзбек тилидаги китобларни ўқиб тугатган, бахтга қарши Толстойнинг китоблари рус тилида бўлгани учун тишим ўтмаганди. Ўзим қатнашни бошлаган шаҳар кутубхонасига борганимда, кутубхоначи аёлдан биринчи бўлиб Болконский ҳақидаги ўша китобни сўраганим кечагидек ёдимда. У дабдурустдан Толстойни ўқимоқчилигимга ҳайрон бўлган, аммо қатъиятимни кўриб ичкаридаги хонадан чангларини қоқиб-қоқиб иккита китоб олиб чиққанди. У олдимга катта, нақд ёстиқдек келадиган китобларни қўйганида, тан оламан, бир оз қўрқиб кетгандим. -Бунча катта бўлмаса улар,- дегандим кўзларимни катта-катта очиб. -Шунақа болам,- деганди у кўзойнаги ортидан менга анграйиб боққанча.- Сен нима деб ўйлагандинг. Шу-шу ўн олти ёшимда илк марта Болконский билан ғойибона танишдим. Китобни икки ой ўқиганимни ҳам айтиб ўтишим лозим. Уни ўқиш асносида романдан қанчалик кўнглим тўлмасин, қанчалик унинг тиниқ тасвирлари ва тарихий ҳақиқатларига қойил қолмай, қанчалик ёзувчи маҳоратига тан бермай, Болконский қисматидан ранжидим. Улуғ кинорежиссёр Сергей Бондарчук бошчилигида ишланган бу асарнинг кино вариантида князь қисмати ва изтироблари ажойиб актёр Вячеслав Тихонов ижросида янада мукаммал очиб берилганди. Китоб мутолаасидан сўнг, ўша кинони ҳам қайта-қайта кўрдим. Лекин китобни ҳам, кинони ҳам бадиий таҳлили учун билимим, балки ҳаётий тажрибам етмади. Вақти келиб, князь Андрейни Лев Толстой билан сон-саноқсиз қизғин баҳсларимнинг бир қисмига айланиши ўша пайтлар етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Аммо кунлар кетидан кунлар ўтиб, адабиёт ва унинг миссияси бўлган эзгулик тараннуми вужудимни тобора кучлироқ банд этиб, қонимга сингиб бораркан, ўзим ўқиган китоблар таъсирида ечими йўқ саволлар кетма-кет қаршимда кўндаланг туриб қоларди. Болконский қисмати ана шу ечимсиз саволлардан бири эди. Ҳар доим Лев Толстойни ўқишим натижасида у билан баҳсларга кўп берилганман. Деярли ҳар бир асари мазмуни ва бадиий ғояси бўйича унга саволларим бисёр эди. Қаниийди у тирик бўлса-ю, шу лаънати саволларни унга берсам, ундан бир оғиз жавоб ололсам, дердим кечаю-кундуз. Аксига олиб, у ўлиб кетган, асарлари ечимни эмас, ҳар сафар оғриқли ва долзарб, юракни сиқадиган муаммоларни ўртага ташлар, столим устидаги портрети эса гунг-соқовдек тилга кирмасди. Андрей Болконский у билан баҳсларимнинг дебочасига айланмаган бўлса-да, шу образ борасида у билан энг кўп баҳслашганимни айтсам мутлақо ёлғон бўлмайди. Князь адиб берган тасвирда юксак тарбияли, маданияти ҳавас қилгудек даражада, зукко ва билимли, нозик дид соҳиби бўлади. Ташқи кўриниши ҳам рисоладагидек. Лекин нега шундай мукаммаликка яқин инсоннинг қаллиғи, бўлажак хотини- Наташа Ростова Анатоль Курагиндек маккор, беҳаё, олчоқ, енгилтак, аёлларга суяги йўқ, жоҳил бир кимсанинг таъсирига тушиб қолади? Майли, оний фурсат бўлса-да. Майли, бу шунчаки симпатия бўлса-да. Нега шундай? Шуни хаёл қилиб, бу нореал, нотабиий ва сунъийдек кўринган романнинг ушбу эпизоди реалистик тасвирлигига, ҳаётийлигига ишонгим келмасди. Мен Толстойга шу саволни очиқдан очиқ берардим: “Нега, граф? Нега шундай?” Бу ростакамига азобнинг ўзгинаси эди. “Уруш ва Тинчлик”ни мутолаа қилишим давомида бу савол даҳшатли тўлғоқ азобида туғилган, мендан катта энергия талаб қилган мутолаа якунига етгач, у мустаҳкам бир қалъадек мудом хотирамда қад ростлаб турарди. Унга жавоб топиш учун ҳатто роман ҳақидаги ўқимаган тақриз ва мақолаларим қолмади. Аммо қорни катта ва кўзойнакли профессорларнинг, биқиқ адабиётшуносларнинг бирортасиям мени қаноатлантирувчи жўяли жавоб бера олишмади. Натижада, ҳар сафар кўнглим тўлмай, ичимдаги бўшлиқда ҳувиллаб қолавердим. Толстой реалист ёзувчи эди. Худди Бальзак ва Флобер каби. У ҳар битта асари қаҳрамонларини ҳаётдан олган, бунда унга бой ҳаётий тажрибаси қўл келганди. Мен буни тушунардим. Бу икки карра икки тўртдек гап эди. Фақат Болконский билан боғлиқ эпизодни негадир бутун вужудим билан қабул қила олмас, тафаккуримдаги юзлаб курашлар таъсирида инкор қилардим. Чунки Болконскийдек мукаммал, идеаликка яқин инсоннинг қаллиғини бундай пасткашларча иш тутиши тасаввуримга сиғмасди. Шу ишончга йўғрилган тасаввур оқимида бу эпизод ҳаётий эмасдек, ҳаётда бундай бўлмайди, деб қайсарлик қилиб, икки оёғимни бир этикка дадил тиқиб олардим. Шунгадир балки Толстой ҳам адашиши мумкин экан, деган ўйдан енгил тортган кунларим бўлди. Аммо бу узоққа чўзилмади. Ўртамизда бошланган кўп партияли шахмат партиясида, одатига кўра қора доналарда дона сурса-да, Ясная Поляналик чол бу гал ҳам ютиб чиқди. Дарҳақиқат, ҳаётда ҳам шундай эди. Мен буни йиллар ўтиб, бўйим чўзилиб, овозим йўғонлашиб, бир нечта кўйлак эскитиб, соқол-мўйлабим устарада олинадиган ҳолга келиб, тўй-ҳашамларга айтиладиган инсонлар қаторига кирганимда- мана шу катта ҳаётга тобора чуққуроқ кириб борганимда ҳис қилдим. Бахтга қарши катта ҳаёт Толстойнинг романидан-да даҳшатлироқ эди. У ерда Болконскийларни оддий тил билан эмас, аксарият ҳолларда жаргон тил билан аташарди. Ёки кесатиб “жентльмен” дейишар, ёки масхара қилиб “ботаник”. Айниқса, “ботаник” атамаси қўлланган эркакни соддалигимга бориб илк лаҳзаларда ўт-ўланларга қизиқадиган ўсимликшунос бўлса керак деб ўйлаганим ҳануз асабимга тегади. Қандай бемаънилик, шундай эмасми? Бу атаманинг туб моҳияти кашфиётимнинг илк кунлари қалбимни бир маромда ҳафталаб оғритган, минг бир азобда “наҳот, Болконскийлар кўпчиликка ёқмаса, Курагинларнинг ошиғи олчи бўлса” дегандим базўр тишимни тишимга босиб. Очиғи шунда ҳам бошида Толстойга тан бермадим. Мағрурлигим тутди. Ғурурим телбаникидан кам эмасди-да. Яна бир бор унга ютқазишимни хазм қилолмасдим. Шунга ўзим буни бошимдан кечиришга аҳд қилдим. Дастлаб Болконскийдек бўлишга уриндим. Қўлимдан келди бу. Қисқа фурсатда бир инсонга керак бўлган тарбиянинг барча жиҳатларини ўзлаштирдим, маданиятли кўринишда энг юқори даражага чиқдим, ўзимни тутишда, дидимни кўрсатишда беназир бўлдим. Ташқи кўринишим сипо ва жиддий кўринишга келди. Кийинишда кўзга ташланмайдиган оддийлик билан расмийликка интилдим. Кўчадаги ва атрофимдаги сон-саноқсиз аёллар билан муносабатларимда шу жиҳатларга урғу бера бошладим. Лекин улар билан масофа сақлаб гаплашишим, доимо вазмин ва бефарқ мулоқотда бўлишим, уларнинг олдида Гегель фалсафаси ёки Ремаркнинг романлари ҳақида гапиришим, Есенин ёки Блок шеърларини ёддан ўқишим, Ван Гог кунгабоқарлари ёки Клод Моне манзаралари ҳақидаги таассуротларимни баён қилишим, Шопеннинг сил касалидан ўлиб кетганига ёки Моцартдек даҳонинг қабри йўқлигидан афсусланиб хўрсинишим, Микеланжело ёки Роден яратган ҳайкаллар тавсифини келтиришим уларни кўп ўтмай зериктирди. Улар менга худди Марсдан келган меҳмондек муносабатда бўлишга, қаршимда хомуза тортиб ўтиришга, ортиқ мен билан қизиқмай қўйишга тушишди. Ўзимни улар даврасида худди Болконскийдек руҳан ёлғиз сеза бошладим. Кейин граммафон пластинкасини орқа томони ҳам бўлганидек, ўзимни тескари ракурсдан кўргим келиб қолди. Юрагимдан тажриба қуёнчаси сифатида фойдаланишни давом эттирдим-да, вақтинча Анатоль Курагин зоти олийларига айландим. У ўз даврида сўнгги урфда кийингани каби мен йигирма биринчи асрнинг сўнгги урфида кийиндим: устимда тиззаси йиртиқ шим (модасидан айланай), тор спорт кўйлаги, қўлимда қимматбаҳо соат, бўйнимда тилла занжир, оёғимда балериналар киядиган енгил пойабзал. Соч турмагимни антиқа кўринишга келтирдим: икки ён томони калта, тепаси қалин ва бир томонга таралган. Иягимдан тортиб жағимни бесоқолбоз турк актёрларидек майин соқол билан бежаб чиқдим. Ўзимни тутишим ҳам Курагиндек бўлди: сарказм ва киноялар орқали ўзини ақлли кўрсатиш, аёлларга ҳаддан зиёд эътиборли бўлиш, бирор бир хурилиқони кўздан қочирмаслик, одамларга менсимай ва оқсуякларча муносабатда бўлиш ҳадисини олдим. Энг қизиғи, шу лаҳзалик қиёфам атрофимдаги аёлларга ёқа бошлади. Уларга аслиятим севган адабиёт, фалсафа, тасвирий санъат, мусиқа ҳақида гапириш ўрнига исқирт бильярд столидаги муваффақиятларимни, боулингда барча таёқларни уриб йиқитиш сир-синоатларини, Чорвоқдаги энг қулай дала ҳовлилар тавсифини, Чимёндаги спорт комплексида чанғи учишнинг инсонга фойдали томонларини, чилим ва спиртли ичимликларнинг аччиқ, ўткир турларини, Versaci дан тортиб Cristian Dior мода брендлари нарх-наволарини баён қиларканман, улар менга маҳлиё бўлиб тикилиб ўтиришар, суҳбатимга интиқ бўлишар, ҳар ердан мени ахтаришар, вақт ўтгач эса эътиборимга сазовор бўлиш учун бир-бирлари билан рақобатлашишарди. Курагин қиёфасида гўёки ҳамма нарса осон эди бу ҳаётда. Эри бор аёлни ҳам йўлдан уриш, ёшимиз орасидаги фарқ ўн ёш бўлган қизнинг диққатини жалб қилиш, опам тенги аёлларни ясама телба нигоҳим ёки бемаъни суҳбат мавзуларим билан ақлдан оздириш, уларни дил изҳорига мажбурлашдан тортиб ресторан-у дала ҳовлигача етаклаб олиб келиш — ҳамма-ҳаммаси бу совуқ образ билан хамирдан қил суғургандек кечарди. Бу ҳеч бир актёрнинг олтин репертуаридаги омадли ролидан қолишмайдиган тарздаги ролим Толстойни шу роман фонида англашимнинг сўнгги босқичи эди. Унинг романи ҳаётийлигини, унга учралган мағлубиятимни яна бир бор тан олишдан бошқа чорам қолмаганини тушунарканман, ўзимни абгор бўлгандек, сочилиб майда-майда бўлиб кетгандек ҳис қилардим. Болконскийлар бор экан, Курагинлар яшар, бунга кўнмасдан иложим йўқ эди. Фақат бу мағлубиятнинг тоши доимгиларидан кўра оғир босганди, чунки ўзим истамаган тарзда князь Андрей Болконский кумиримга айланганди. Ҳозир ҳам Толстой билан баҳсларим тугамаган. Гоҳида вақтим бўлган кезларда ойнаванд жавонимда турган “Уруш ва Тинчлик”ни қўлимга олиб варақлаб қўяман. Онамнинг шеърлар дафтари титилиб, эскириб кетган бўлса-да, ҳали ҳануз шахсий буюмларим орасида бор. У ердаги Бондарчукнинг кинофильми кадридан олинган Тихонов ижросидаги князнинг суратини доим биринчи бўлиб томоша қиламан. Унга тикиларканман, туриб-туриб ўтмиш хотираларим уйғониб кетади ва болалигимда қариндошларимни мен томонга қараб “ана, Болконский келди” дейишганини дераза олдига бориб хомуш эслайман. Шунда ҳаётим худди икки босқичга бўлингандек бўлади: “Уруш ва Тинчлик” романигача бўлган ва ундан кейинги даврга…
2020-06-21
http://nodirabegim.uz/archives/2470
Аёл кишини носирлик йўлини танлаганини азалдан катта жасорат деб ҳисоблаб келганман. Жаҳон адабиётида опа-сингил Бронтелар, Элиза Ожешко ва Виржиния Вульфга доим хурматим баланд бўлган. Уларнинг асарларини нафақат севиб, балки ўзгача ардоқ ва чуқур хурмат билан мутолаа қилганман. Негалигини айтайми? Сабаби оддий: аёл киши дейилганда биринчи навбатда калламизга келадиган атама бўлган — рўзғор ташвишидан, ошхона деган мангу, панжара ва деворлари қалин “турма”дан ва болаларнинг тарбиясидан ортиб адабиёт учун хизмат қилишнинг ўзи бўлмайди. Бу ҳолатда кимдир ўша аёлни тушунади, кимдир тушунмайди, кимдир уни ўлгунича ошхонага қамаб эшигини михлаб қўяди, кимдир иш жойида иш дейилганда тушиниладиган қоғозларга кўмиб ташлайди. Оқибатда, унда адабиёт учун на вақт қолади, на ҳоҳиш. Шундай зиддиятлар силсиласида фурсат топиб нимадир ёзяптими, демак ўша аёл чин дилдан хурматга лойиқ. Қолаверса, асримиз адабиётининг касаллигига айланган “назмга оммавий сафарбарлик” пайтида аёл зотини носирлик йўлини танлаши менга доим ўзгача таъсир қилган. Нодиранинг номини носирлар рўйхатида учратганимда ҳам шу таъсир кучи ўзини намоён қилди, руҳимга қандайдир энтикиш бағишлади. Бошқа томондан Нодира нега носирлик йўлини танлади экан деб, ўйланиб қолдим. Нега у атрофдаги юзлаб она сути оғзидан кетмаган қизлар ёки турмушга чиқмай, ит ётиш мирза туриш қилиб юрган, мункиллаган устозларини кетидан қолмайдиган, адабий муҳитга қарам, давлат мукофотини олиш учун қайтиб-қайтиб бемаза ва пафосли шеърлар ёзадиган, шон-шуҳрат ва машҳурликка ўч бўлган “шоираи замон”ларга ўхшаб назмни танламади? Нега у жудаям машаққатли йўл бўлган, инсон асаб ҳужайраларини ярим фалаж қилиб, юрагини ишдан чиқарадиган наср йўлини танлади? Очиғи, унинг ҳикояларини ҳали ўқимай туриб, дастлаб шу саволлар кетма-кетлиги хаёлимдан ўтди. Аммо унинг ижоди билан бирма-бир танишиб чиқарканман, у фақат ва фақат наср учун яралганини тушундим. У на назм учун, на драматургия учун яралганди. Қон-қонигача наср вакили эканини англаб етиш учун унинг битта ҳикоясини ўқишим кифоя қилди. Ўша ҳикоя — “Мен, дадам ва Алцгеймер” ҳикояси эди. Ҳикояни ўқиганимда юқоридаги топилмамга нисбатан ишонч яна бир бор мустаҳкамланди. Бу ҳеч шубҳасиз, адиба томонидан яратилган насрий асар эди, буни фақат ёзувчи табиатига эга бўлган инсонгина ёза оларди, шоир эмас… Ҳикояни баҳор оқшомларидан бирида ўқидим. Ташқарида майнинг майин шабадаси эсар, ҳаводаги мўътадиллик кайфиятни кўтарарди. Орада шу нарса маълум бўлдики, бу ҳикоя ўз вақтида тилларда достон бўлган “Шарқ юлдузи” журналида чиққан экан. Уни ўқиш давомида бу хабарга кўзим тушиб ич-ичимдан қотиб-қотиб кулдим. Ичаётган олма шарбатимнинг стакани кулгум оқибатида қўлимдан тушиб кетай деди. Негаки, улуғ журналимизда фақат замонамиз қаҳрамонлари бўлган, сочлари оқариб кетган, Дўрмонда ўз хонасига эга бўлган, уюшма томонидан имтиёзли уйлар ва сиҳатгоҳларга бепул йўлланмалар билан таъминланадиган, “Адиб ва жамият” рукнида биров ўқимайдиган хотира китоблари ёзадиган катта ёшли ижодкорларнинг роман, қисса, ҳикоялари танаффуссиз чиқар, тасодифан бирорта бадбахт ёш ижодкор адашиб журнал ичига кириб қолмаса, унинг саҳифаларида ёш ижодкорларнинг ижод намуналарини учратиш камёб ҳодиса эди-да. Ўқиш жараёни ибтидосида бошланган юморга бой кайфиятим ҳикоянинг ўртасига келиб жиддийлик билан алмашди. Ҳатто “Шарқ юлдузи”ни ҳам, унинг сиёсатини ҳам эсдан чиқардим. Фикру-зикримни ҳикоя тўлалигича эгаллаб олди. Унинг номланиши бежиз эътиборимни тортмаган экан. Номи унинг ғоя-мазмунини тўлиқ очиб берар, оригиналлик номидан ҳам, ўзидан ҳам уфуриб турар, унда бошидан охиригача мен кўнгил қўйган жаҳон адабиётининг нафаси сезилиб турарди. Алцгеймер… Мен ҳеч қачон тиббиётга қизиқмаганман. Бунга сабаб шуки, менда биринчидан ўша соҳага муҳаббат бўлмаган, иккинчидан шифокорларга нисбатан салбий туйғулар бу соҳага ҳатто юзаки қизиқишимга тўсқинлик қилган. Шунгами, тиббий атамалар билан ишим бўлмас, уларнинг қандай маъно англатишини ҳам билмасдим. Алцгеймер атамасига айнан Нодиранинг мазкур ҳикоясида дуч келдим ва англадимки, у инсоннинг хотираси сусайиши билан боғлик ҳасталикни ифодалар, унга чалинган одам бора-бора ўз яқинларини таниш, англаш, билиш хусусиятидан маҳрум бўлар, унинг хотира салоҳияти бу ҳасталик кулминациясида ўта аянчли ҳолатга тушар, кўп ҳолларда ҳасталик ўлим билан якунланиши ҳам мумкин экан. Ҳикоянинг мазмунига тўхталадиган бўлсам, унда ёш қизнинг Алцгеймер касаллигига чалинган отаси боис чеккан изтироблари қаламга олинганди. Қиз отасига қараркан, унинг аҳволи кундан кунга ёмонлашиб бораётганини тушунади, қўлидан ҳеч нима келмаётганини ҳис қилса-да, номаълум томонлардан умид кутиб, ўз ўзини умидлантиради ва бу мавҳумликка қоришган умидини отасига сингдиришга ҳаракат қилади… Ҳикоянинг ютуғи сюжетдан кўра руҳият деб ўйлайман. Бундай ҳикоялар руҳий чизгиларсиз, руҳиятга урғу берилмасдан ёзилмайди. Ҳикоя жанрида жараён-ҳикоялар бўлгани каби руҳият-ҳикоялар ҳам бўлади ва Нодира ушбу ҳикоясида руҳият-ҳикоянинг ажойиб намунасини яратганини таъкидлашим лозим. Алцгеймерни ўқигач, Нодира ҳақида суриштирдим, уни бошқа ҳикояларини топиб ўқидим, шахсан ўзи билан танишдим. Уни ўзимдан катта деб ўйлагандим. Кейин маълум бўлдики, уни мендан ёши кичик, кўринишидан у адибалардан кўра ўқитувчиларга ўхшаб кетадиган, сочларини пешонасига устига тушириб, одмигина кийиниб юрадиган, самимий бир инсон эди. У билан Интернетда боғланганимда очиғини айтиб қўя қолдим: — Ҳикояларингизни ўқидим. Яхши. Лекин, бошқа ҳеч бир ҳикоянгиз Алцгеймер даражасида мени таъсирлантирмади. Ўшанда у гапимдан ранжиганмиди йўқми, билмадим. Менимча, ранжимаган. Хулосам шунчаки ўткир адабий таҳлилим натижаси эди ва шу ўзимга хос бўлган нуқтаи назаримга кўра “Алцгеймер”нинг даражаси унинг бошқа ҳикояларига қараганда юқорироқ, руҳиятга бой, композицияси ва структураси ҳам пишиқ-пухта чиққанди. Бундан ташқари, бу ҳикоя шуниси билан мен учун аҳамиятли эдики, бошқа ёш ижодкорларни ўқиш асносида сал кўнглим чўккан, улардаги қуруқ сюжет ва жўн тасвир жараёнлари, сийқаси чиққан мавзуларда тебратилган бечора қаламнинг шум тақдири асаб тизимимни издан чиқариб, кунпаякун қилиб, атрофга майда-майда қилиб сочиб ташлаганди. Ахир Гулсевар исмли севган қизи ташлаб кетган йигитни онасига дод солгандан ва хўнграб йиғлагандан бери бўлиб куйиниши, ойлигига йўқсил болакайга велосипед олиб берган қаҳрамон сотувчи ёки тушига саман от кирган фермерни ўлими яқинлашганда бирдан яхши томонга ўзгариши каби мавзулардаги ҳикоялар тезда меъдамга теккан, уларни ўқиш давомида издан чиққан асабим бу ҳикояни ўқиганида сал бўлса-да ўзига келган, у бошқа бемаза ҳикоялар орасида ярқ этиб кўзимга ташланган ва якунда уни ўқиганимга ачинмагандим. Ўша пайтдаги аҳволимни таъбир жоиз бўлса, ташналикдан азият чекиб кутилмаганда чўлнинг ўртасида муздек булоққа дуч келган йўловчининг ҳолатига менгзаш мумкин эди. Кейинчалик Нодира билан шахсан танишдим. Адабий танловларда ва ижодий сафарларда учрашиш насиб этди. Унга ўшанда биринчи айтган гапим “Алцгеймер” борасидаги илиқ фикрларим жамланмаси бўлди. Аммо назмни эмас, носирлик йўлини танлагани ўзига хос жасорат бўлганини, айни кунда адабиётимизда саналса ўнта ҳам чиқмайдиган (пичоққа илинадигани) аёл носирлар билан биргаликда ўзбек адабиётининг янги қатлами ривожи учун муносиб ҳисса қўшаётганини ўшанда айтгим келмаганди. Балки, истиҳола қилгандирман… Буни энди айтяпман. Ҳеч айтилмаганидан кўра кеч айтилгани яхши. Шундай эмасми?
2020-06-24
http://nodirabegim.uz/archives/2488
Нобель мукофоти соҳиби Поэзия бу билим, руҳ озодлиги, қувват ва ташқи дунёдаги ўзни унутмоқдир. Поэтик ҳаракат дунёни ўзгартирмоғи мумкин, чунки у ҳар қандай ҳолатда ҳам эволюция, ҳам революция саналади ва халқ қалбидаги эркинлик билан ёвузлик маҳзанидаги қулликнинг кесишган йўли ўлароқ руҳий машғулотга эврила биладиган ягона ҳилқат у саналади. Поэзия дунёга маъно бахш этади ва уни юксалтиради, бироқ айни шу билан бирга бошқа бир дунё ҳам бунёд этади. У – танланганларнинг ризқи, ҳалқумингдан тошдек ўтган луқма, бўғзингни ачиштирган кўзёш кабидир. Поэзия ҳам айиради, ҳам бирлаштиради. У – ҳам саёҳатга даъват, ҳам ватанга қайтиш иштиёқи. У – илҳом, нафас ва вужуд тарбияси. У – саҳрода дуо, ғайб ила суҳбат. Поэзия ҳам қайғудан, етишмоқчилик, умидсизлик ва бўшлиқдан бино бўлади. У – ташналикда тарс-тарс ёрилган лаблардан тўкилган нажот ояти, ҳолат тавсифи, яралмоқ негизи, афсунгар сукунат. Поэзия – мослашув, бодал ва ғайришуурий қоришув жараёнидир. У – ирқнинг, миллий ва синфий онгнинг мантиқий ифодасидир. Поэзия тарихни инкор этади, бутун зиддиятлар унда ҳал бўлади ва охири инсон тушунадики, у ўтмишнинг қўлида шунчаки ўйинчоқ эмас, балки замон ва маконни бирлаштиргувчи муқаддас яратиқ экан. Поэзия –боқий тажриба ҳосиласи, ҳис-ҳаяжон, дид ва ҳали ўз ўрнини топиб улгурмаган тушунчадир. У – ҳам тасодиф туҳфаси, ҳам кутишнинг қўрғошиндек оғир лаҳзаларидан кейинги улуғвор ташриф. Поэзия – ҳам ақлий нутқ ҳодисаси, ҳам ибтидо шеваси. Поэзия – ҳам қоидаларга тобе бўлмоқ, ҳам уларни эски мезонларни парчалаш асносида янги қоидалар яратмоқ. У – аждодлар силсиласига эргашмоқ ва ўзни фош қилмоқдир. Ғоянинг нусхасининг нусхаси, чинқириқ, ҳайқириқ, суҳбат ва шивир, покланиш, логос – маънодир. У – болаликка қайтиш, йўқотилган жаннат марсияси ва жаннатда туриб дўзахни қўмсамоқ. Ўйин, меҳнат ҳамда тафаккур фарзанди. Поэзия – эътироф, эътироз, инкор, туғма истеъдод. Драма, мусиқа, тасвир ва ишора. Поэзия –чиғаноқ ичидан келаётган коинот садоларининг маромини таҳлил қила билмоқдир. У ўлчовлари мукаммал илоҳий гармониянинг акс-садосидир. Поэзия – таълимот, руҳунат, Ҳаққа йўналган илтижо ва иддао, ҳитоб, ваҳий, рақс, диалог, монолог ва полимонологдир. Поэзия – халқнинг овози, танланганларнинг тили, мазлумларнинг айтар сўзидир. Тирик ва ўлик, муқаддас ва лаънатланган, халқчил ва оқсуяк. Поэзия – ҳам яланғоч, ҳам олифта либосларга ўранган сирли, тирик бир вужуд, шифобахш, ёзма ва оғзаки, тасвирий санъатдир. У ҳамма нарсага қайтадан ном беради, сифатларни жамлайди, бироқ кимларди унинг ўз қиёфаси йўқ деб ўйлайдилар. Чунки, поэзия бўшлиқни яширган ниқобдир. Поэзия – инсоннинг шу кунга қадар қилган бутун ишларини, сезган жамики сезимларини илоҳиётга даҳлдор эканлигини исботлагувчи мангу масалага ечим ва башарият яратилганидан бери даҳшат ичра кутадиган Интиҳо, улуғ фожианинг ўзидир. Ушбу таърифларнинг ортидаги уларга тириклик бағишлаган олий Шоирни қандоқ кўрмаслик мумкин? Зеро, таърифларнинг бари иқрор ва изтироб меваси эди. Уларнинг ҳақиқат эканига иймон келтирмай иложимиз йўқ. Албатта, ўз навбати билан – аввал биринчисига, кейин эса иккинчисига… Зеро, поэзиянинг энг мукаммал таснифи фақат ва фақат поэзиянинг ўзигина бўлиши мумкин. Фақат, эҳтимол поэзиянинг моҳияти хусусидаги саволларга жавоб излаш асносида поэтик тафаккур билан поэзияни адаштириб юбормаяпмизмикан? Ахир, Аристотель шундай деганди: “Ҳомер билан Эмпедоклнинг орасида биттагина ўхшаш жиҳат бор, у ҳам бўлса мезон. Айни шу мезон сабаб уларнинг бирини шоир, бирини файласуф дея атамоғимиз мумкин ҳамда бу тўлиқ адолатдан бўлади. “У ҳақ эди: ҳар бир шеър, ҳар бир умумий қонун-қоидаларга риоя қилинган ҳолда ёзилган асар поэзия бўлавермайди. Бас, унда биз анъаналарга таяниб ёзилган битикларни аҳлоқий, фалсафий ё риторик асар дейишимиз мумкин? Уларни поэзия деб атамасликка қандай асосимиз бор? Масалан, сонет оддий шеърий шакл бўлса ва биз ундан фақат қофиявий қолипларни, муайян қоидаларнигина олсак, у ўз-ўзидан шеър бўлиб қолмайди. Асосий масала, руҳониятдир. Поэзия исён ва теран тушунчалар силсиласинигина тан олади. Сизга қофия топиб бера оладиган қурилмалар яратишингиз мумкин, аммо поэзияни кашф эта оладиган механизмни ихтиро этолмайсиз. Қизиғи, поэзия поэтик асардан ташқарида ҳам поэзия бўла олади. Турли манзаралар, одамлар ва машғулотлар ҳам поэзияга ҳамоҳанг ҳаракатланиши мумкин. Поэзия кутилмаган ҳар бир эҳтимолий ҳолатда юзага чиқиши, қаршимизда пайдо бўлиши мумкин ва бир қараганингда ўта оддий, аммо яхшилаб ўлаб кўрсанг даҳшатли маънолар англата олиш қобилиятига эга бўлса, дардингни кимга айтасан? Иста ихтиёрий, иста беихтиёр, иста хаёлан, иста воқеликда, шоир поэтик жараёнга дуч келиши ва унга ўзини бағишлаб юбориши мумкин ва шунда шоир ботинида янги бир олам яралади – Асар! Поэтик асар – яҳлит тириклик демак. Поэзия жамланади, жамланади ва инсон фаолиятининг манбайига айланади: полотнога, мозаикага, қўшиққа, трагедияга. Поэтиклик поэзиянинг нафис шакли бўлиш билан бирга тафаккурнинг метиндек қатъияти рамзи ҳамдир. Поэтик ижод намунаси ҳамма нарса бўлиши мумкин, аммо сен ҳамма нарсада уни кўролмайсан. Қизиғи шунда. Поэтик асар шакл ё қолип эмас, балки инсоннинг поэзия билан учрашув нуқтасидир. Агар диққатимизни поэтикликдан олиб асарнинг ўзига йўналтирадиган бўлсак, фақат номигина қолган қолипларнинг бемаънилигидан ёқа ушлашимиз аниқ. Таг замирида поэтика – ижодий қувват бўлса бас, асар ҳар қанча тусланмасин, ўз қимматини йўқотмайди. Адабиётшунослар асрлардан буён поэзияни бир неча сўз билан қоидага киритмоқчи, уни тарошламоқчи бўладилар, аммо қўлларидан айтарли ҳеч нима келмайди. Хўш, агар асарни драматик, эпик, лирик каби турларга бўлсак, у ҳолда романларни, мансураларни ва “Аурелия”, “Малдорор тароналари” ёки “Надя” каби асарларни қайси тоифага оид деб атаймиз? Агар бутун истисноларни ва оралиқда қолиб кетган жанрларни, хусусан декаданс шеърияти, қадимги айтимлар, башоратгўй битиклар адабиёти каби чексиз йўналишларни қайси қоидага сиғдироламиз? Муаммо шундаки, ҳайқириқдан бошқа бутун сасланишларни тартибга солиш мумкин, аммо ундай тартиб ҳали яратилганича йўқ. Менимча, у биз ўрганган, бўйинбоқ таққан адабиётшуносларнинг китобларида кўринмаса ҳам керак. Бизга бир бузғунчи лозим. Токи, унинг ёзганлари адабий танқид ниқоби остидаги илимилиқ “тимтимак” ларга ўхшаб қолмасин! Балки танқидий фикрларни танқидчиларнинг бош уриб борган бошқа ясама интизом қоидаларига алоқадор деб ўйлаш тўғридир, масалан, услубий ва психоаналитик методларни олайлик. Услубий метод шоирнинг сўз билан қандай муносабатда бўлишини, психоанализ эса рамзлардан қандай фойдаланишини таҳлил қилгани ҳолда бизга шеърнинг нима демоқчилигини тушунтиришга уринади. Услубий метод Маллармега ва тартиблаган шеърий алманахларга асқотиши мумкин. Психоаналитик шарҳлар эса биографлар ва бошқа тадқиқотчиларга поэтик кайфият хулоси хусусида фикрлаш учун қўл келади. Улар асосан шеърга нисбатан “нега, нима учун ёзилган, ёзмаганида нима бўларди” қабилидаги саволлар билан қарашади ва баъзан бу қарашлар мувафаққиятли чиқиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳар қандай асарни таҳлил қилиш учун риторик, услубий, социологик, психологик ва бошқа бадиий методлар жуда керак, аммо уларнинг ҳеч бири бизга поэзиянинг ҳақиқий моҳиятини очиб бера олмайди. Рости, уларнинг қўлидан таҳмин қилишдан бошқа нарса келишига шахсан мен ишонмайман. Аниқ бўлгани шуки, поэзиянинг мингларча шаклини мукаммал ўрганиш бизга нимадир ёзиш имконини беради, бироқ идеал поэтик асар доим ёввойи туйғулар ҳамда инсонга Худо томонидан бериладиган илоҳий интизомга асосланган тафаккур қўшилишдан юзага келади. Беҳуда уринишлар эса сизга асаббузарлик, ҳасад ва майда изтироблардан бошқа ҳеч нарса бермайди. Ҳар бир поэтик асар ўз мезонига, ўз идеалига эга. Унга умумий қараб ё ҳаммага баробар қонуният билан баҳо бериб бўлмайди. Жиноят бу! Поэтик асар бетакрордир ва уни нимагадир ўхшатиш, таққослаш ақлсизлик белгиси саналади. Бунга кўра испан файласуфи Ортега-и-Гассетнинг мазкур фикрига қўшилмай иложимиз йўқ: “Къеведонинг сонетларини, Лафонтен масалларини ва “Руҳоний ҳиргойиси” каби бир-биридан тамомила фарқли асарларга айни таъриф билан мурожаат этмоқ бемаъниликдир!” Бир қараганда, бу аниқлик ва мавҳумот ўта эски қарашлар мевасидек туюлади. Бироқ, ҳар бир миллат ва ҳар бир тил ўзига хос поэзиясига эгалиги ва бу поэзия лаҳза сайин янгиланиб бораётган халқ онгига мослашаётганини инкор қилиб бўлармикан? Аммо, ўзгаришлар билан ҳисоблашиш ва тарихга боғланиб қолиш муаммони ҳал қилиш ўрнига барини чигаллаштириб юборади. Ахир, ҳар бир даврнинг ўз мезонлари ва ўз классиклари бўлган: Нервал ва Гюго замондош эдилар, шу билан бирга, мисол тариқасида Веласкеснинг Рубенс билан ёки Валерининг Апполинер билан замондошлиги… Булар бир жамият ва турли назариялар ўртасида сарсон кезган буюк истеъдод саналади. Хўш, уларнинг бир тийинга арзимаслигини айтиш аҳмоқгарчилик экан, нега классикага айлантириш тўғри бўлиши керак? Кўрдингизми, поэзияни тадқиқ қилиш сизни шундай боши берк кўчага олиб кириб қўяди. Асосийси, сиз уни англаш билан бирга ҳис қилишингиз, чичингиздаги номсиз туйғулар билан сеза олишингиздадир. Биз ўзимизнинг ўта қашшоқ сўз бойлигимиздан истифоъда этаркан, қадимий номини бир вақтнинг ўзида япон хайкуларига ва ҳинд ведаларига тиркаб қўямиз. Бунга сабаб улар яратилган замонмикан? Фақат шуми? Саволлар кўп, бироқ жавобни мен ё бошқалар эмас, айнан ичингиздаги боя айтганим, ўша, поэзияга қондош қалбгина бера олмоғи мумкин!
2020-06-26
http://nodirabegim.uz/archives/2506
Биз кундалик ҳаётдаги термин ёки сўзларга одатий маъносидан ташқари қўшимча маъно юклаймиз. Бу қўшимча маъно символ деб юритилади. Мана шу қўшимча маъно биз учун ёпиқ. Нега у ҳамма учун тушунарли бўлган символга айланди? Қандай қилиб символлар ўзининг аниқ ва бевосита маъносидан кўра кўпроқ маъно ташийди? Символлар онгсизлик, онгости аспектида ўрганилади. Чунки бир марта белгиландими, яна қайтиб белгилаш, тушунтириш шарт эмас. Масалан, чамбарак символи бизни қуёшнинг илоҳийлиги ҳақидаги концепцияга етаклаб боради. Ниманингдир моҳиятини англашга инсон интеллекти чекланган бўлса, биз уни илоҳий деб атаймиз. Биз эътиқод асосида нимагадир илоҳий деб сифат берамиз, лекин фактик жиҳатдан бу илоҳийликнинг шоҳидига айланолмаймиз. Инсон ақли билан тўла тушуниб бўлмайдиган нарсалар ҳақидаги тушунчани моддийлаштириш учун символик терминлардан фойдаланади. Барча динлар рамзий образлар ва символ тилидан фойдаланишининг асосий сабаби ҳам шунда. Символлардан худди динлардаги каби яна бир фойдаланиш муҳити бор. Бу тушлар бўлиб, унда символлар онгсизлик ҳолатида ва ўз-ўзидан пайдо бўлади. Инсон бирор нарсани тўла ҳолда қабул қила олишга, тушуна олишга қодир эмас. У дунёни англанган ҳолда тўла қабул қилишда чеклангандир. (Фақат эшитиш, кўриш орқали дунёни тўлиқ қабул қилиб бўлмайди). Шу билан бирга инсон онгсиз (англанмаган) равишда ҳам борлиқни қабул қилади. Воқеликни, айтайлик, бирор товушни сезги аъзоларимиз илғасагина, англанган нарса сифатида онг соҳасига ўтказади. Мана шу англанган нарса онгда психик ҳодисага айланади. Бундан ташқари шундай нарсалар борки, бизнинг онгимиз илғаб ололмайди. Бундай ҳодисалар ҳам биз учун ўз ўрнига эга. Чунки улар англанмаган тарзда онгостига қабул қилинади. Онгостимиз илғаган бундай нарсалар ҳақида биз интиутив тарзда ёки чуқур тафаккур ҳолатида бўлганимиздагина билишимиз мумкин. Бироқ биз уларнинг эмоционал ёки ҳаётий аҳамиятини аввал бошда менсимаймиз. Тўғрироғи, эътибор бермаймиз. Бундай ҳодисалар тушларда ҳам содир бўлади. Онгсизлик ҳолатини тушга кирадиган ҳодисаларда яққол кўриш мумкин. Тушимизга одатда ақл билан тушиниб бўладиган ҳодисалар эмас, рамзий образ кўринишида ифодаланган воқеалар киради. Айнан тушларни ўрганиш психологияда онгли психик ҳолатларнинг ҳам онгсизлик билан боғлиқ тарафларини, онгсизликни ўрганишга олиб келади. Онг ва онгости бир одамда иккита шахс яшашини ифода этади. Инсон боласининг фожеаси шундаки, у ўз шахсиятининг мана шундай бўлиниб кетганидан мангу азоб чекишга маҳкум. Бу бўлиниш бирор касалликка хос патология эмас, аксинча, бутун инсониятга хос меъёрий ҳолатдир. (Зеро Юнг “ Менга руҳан соғлом одамни кўрсатинг, даволаб бераман”, деб бекорга хитоб этмайди – тарж.) Буни инсон наслининг барчасига тегишли бўлган умумий симптом деб қабул қилиш ўринли. Инсоният онги жуда секин ривожланади. Ҳозирги цивилизацияга эришиш учун беҳисоб асрлар ортда қолди. Бироқ ҳали эволюция ўз ниҳоясига етмади. Сабаби инсоният онгининг катта ҳудудлари биз учун ҳали қоронғулигича қолмоқда. Биз ақлимиз моҳиятини англашга ожиз бўлган, онгимиз билан айнан идрок этолмайдиган ҳодисаларимизни руҳий ёки психологик ҳолат деб атаймиз. Кимки, онгсизлик ҳолатининг мавжудлигига ишонмаса, у руҳият ҳақида тўлалигича билимга эгаман деб ўйлайди ва ўзини алдайди. Руҳиятни тўла била оламиз деб даъво этиш коинот, борлиқ ҳақида тўла биламиз деб даъво этиш билан тенгдир. Бизнинг руҳиятимиз табиатнинг бир қисми ва унинг сир-саноати ҳам чексиз-чегарасиздир. Шу сабаб руҳиятимиз табиати ҳақида тўла таъриф беришдан чекланганмиз. Фақатгина унинг мавжудлигига ишонишимиз ва унинг қай тарзда ўзини намоён қилишини таърифлашимиз мумкин. Инсон руҳиятида сирли бир ҳудуд борлигини инкор этувчилар онгни, онгли ҳаракатларни эксприментал (тажриба) ҳолатда синаб кўриш мумкин эмаслиги ҳақидаги фикрга таянади. Айнан шу нарса уларнинг онгостини инкор этишига сабаб болади. Тўғри, чиндан ҳам онг жуда мўрт, шунингдек, атрофдаги хавф-хатарга, воқеликка тез жавоб қайтаради. Айтиш мумкинки, онг бироз жиззаки ҳамдир. Ва у ғоят тез жароҳатланишга мойил. Антропологлар эътирофича, турмушнинг, цивилизациянинг энг қуйи даражаларида яшаб келаётган қабилалар орасида ақлий фаолиятнинг тарқоқлилиги, онг бузилиши (диссосатсия) ҳолати жуда кўп учрайди. Қабиланинг бундай кишилари ўзларини ‘қалби йўқолганларъ ёки йўқотилган қалблар деб аташади. Ибтидоий турмуш даражасига эга қабилаларининг аксари инсонда Руҳ (ёки Қалб) битта эмас деб билади. Улар ўзларида ўз Руҳлари ва Ўрмон руҳи мавжудлигига ишонади. Бу тушунча ёввойи ҳайвонларга, ўрмон табиатига хос феъл-атвор, руҳият инсондаги психологик ҳолатларда ҳам бўй кўрсатишини ифода этади. Француз этнологи Леви-Брюл бу ҳолатни мистик иштирок деб атаганди. Лекин танқидчилар босимидан кейин бу иборадан воз кечди. Аммо мен уни тўла қўллаб-қувватлайман. Айни бир вақтнинг ўзида бир инсон бирор мавжудот (ёввойи ҳайвон ёки дарахт каби) ёки бошқа бир инсон билан айнан бир хил психик ҳолатда бўлиши мумкин. Бундай айнанлик ибтидоий қабилалар орасида турли шаклларда қабул қилинади. Ўрмон руҳи ҳайвонотга тегишли деб билинса, ҳайвонларнинг ўзи инсониятга, қондош, қариндош ҳисобланади. Ибтидоий тасаввурга кўра, агар инсон тимсоҳ билан қондош бўлса, дарйода тимсоҳдан қўрқмай чўмилаверади. Агар дарахт билан қариндошлик бўлса, дарахт инсонга нисбатан ваколатга эга бўлади. Ибтидоий шароитларда яшаб келаётган қабилалар орасида инсонда бир неча Қалб бўлишига ишонувчилари ишонч бир кишида бир- биридан фарқ қилувчи бир неча инсон яшаши билан боғлиқ қадимги тасаввурлар натижасидир. Бундан чиқадики, инсон руҳиятини яхлит деб билиш хато. Руҳият назоратсиз бошқариб бўлмайдиган ҳиссиётлар, эмоциялар натижасида парчаланиб кетишга, турли бўлакларга бўлинишга мойил. Цивилизация ривожида антропологлар таърифлаган юқоридаги каби ҳолатлар ўрнини инкор этиб бўлмайди. Бизнинг ўзимиз ҳам диссотсиятсия ҳолатига тушишимиз, ўзимизни йўқотиб қўйишимиз мумкин. Турли кайфиятлар таъсирида ақлимизни йўқотиб қўямиз, ҳатто ўзимиз ҳақидаги энг муҳим фактларни ҳам эслолмай қоламиз. Ўз-ўзини назорат қилиш ҳар қанча нодир сифат бўлмасин, биз унга ҳар доим ҳам қодир эмасмиз. Деярли қўлимиздан келмайди бу . Ўзимни тўлиқ назоратда ушламайман, деб ўйлайдиган одам ҳам у ҳақда уни яхши биладиган яқини айтган гапдан ҳайратга тушган бўларди. Инсон онги ҳатто ривожланишнинг энг юқори даражасида ҳам борлиқни яхлит қабул қилиш босқичига эришолмайди. У бунга қодир эмас. У фрагментар тарзда қабул қилади. Лекин онгнинг бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсани эмас, бирор қисмни, бирор нарсани алоҳида ажратиб қабул қилиши, айтиш керакки, энг муҳим хусусиятдир. Бу бирор нарса устида диққатни жамлай олишга, бошқа нарсаларни эътибордан соқит қилишга олиб келади. Аммо бирор нарсани онгли ҳолатда ажратиб қабул қилиш ва руҳиятга бўлган босим натижасида қабул қилиш ўртасида жуда катта фарқ мавжуд. Босим ҳолатида қабул қилиш ўз-ўзидан, ҳеч қандай розиликсиз ва инсон ихтиёрисиз кечади. Онгли қабул қилиш цивилизация ютуғи бўлса, иккинчиси, яъни босим ҳолатида қабул қилиш ибтидоий тарзда ўзини йўқотиш (йўқотган қалблар тарзида ) ёки неврозга хос патология натижасидир. Шундай экан, биз қанчалик ҳиссиётларимизни назорат қилишни хоҳламайлик, бунга эришиш имконсиз. Иккинчи томондан, бундай назорат инсоний муносабатларимизни турфа хилликдан, самимият ва ҳиссий бўёқлардан маҳрум қиларди. Айни шу ўринда мен тушларни- инсоннинг ўзгарувчан, умидсиз, шаклсиз фантазияларини таҳлилга тортишга бурчлиман. Тушларни кузатар эканман улар инсон онгидаги рамзларнинг универсал манбаси деган хулосага келдим. Тушларни Фрейд ҳам таҳлил қилган бўлиб, у тушни алоҳида ҳодиса сифатида эмас, онгли тарзда қабул қилинган муаммолар ва фикрлар билан боғлиқликда ўрганади. Аслида бундай фараз ҳам асоссиз эмас. Невротик ҳолатлар ҳам маълум онгли жараёнлар, муаммолар билан боғлиқ. Жуда оғир вазиятларга тушиб қолган беморларнинг аксари спазмдан, баъзиси эса овқатни ҳазм қилолмасликдан қийналади. Руҳий стресс туфайли кимдир астма хуружига дучор бўлади, унга гўё ҳаво етишмаётгандай туюлаверади. Беморларнинг баъзи бирлари оёқ фалажлигидан азоб чекишини, энди юролмайман деб ўйлашларини айтишган. Танамиз билан боғлиқ бу каби муаммолар аслида бизнинг онг остимизни безовта қилган, ларзага солган, таъсир кўрсатган ҳолатларнинг жисмоний ифодасидир. Бундай ифодалар тушларимизда ҳам акс этади. Фрейд ва Бреер каби олимларнинг тушунтиришига кўра, жазава, феълнинг бузилиши ва жисмдаги бир қатор оғриқлар ўз рамзий маъносига эга. Тушлар ҳам худди шундай рамзий маънога эга бўлиб, онгости ҳислари тушларда ҳамда Фрейд ва Бреер таъкидлаб ўтган ҳолатларда ўзини намоён қилади. Лекин қайд этиш керакки тушларга хос рамзлар невроз билан боғлиқ жисмоний оғриқлардан кўра ранг-барангроқ. Тушлар кўпинча образли фантазиялардан таркиб топган бўлади. Ўз беморларининг тушларини таҳлил қилиш давомида Фрейд эркин ассоциациялар техникасини ишлаб чиқди ва турли хилма- хилликларга эга тушларни бир неча асосий типларга ажратиб ўрганди. Мазкур техника ёрдамида Фрейд тушлар онгости муаммоларини тадқиқ этишнинг асосий воситаси эканлигини исботлади. Фрейднинг усули шундай эди: туш кўрувчи ўзининг тушлари ва ҳолатлари ҳақида гапириб беради ва гапириш асносида ўзининг онгсизлик ҳолатига хос муаммоларни ҳам ошкор қилиб қўяди. Айни шу жараёнда нимани ўзи билмаган, онгсиз ҳолда яширишига уринаётгани, уни қийнайдиган, босим берадиган қандайдир кўнгилсизлик ҳақидаги фикрлардан қочишга уринаётгани турли ишоралар орқали аён бўлиб қолади. Бу ишораларни талқин қилишда Фрейд яратган назарияга деярли эътироз билдириш мумкинмас. Фрейд эркин ассоциациялар жараёнининг бошланғич нуқтаси сифатида тушларга янги ва асосий маъно юклади. Бироқ вақт ўтиб тушларда намоён бўладиган онгсизликка хос фантазияларни ўрганиш чоғида Фрейд назарияси адекват эмаслигини, ҳатто янглишлигини пайқаб қолдим. Бундай шубҳага боришга бир ҳамкасбимнинг Россияга саёҳат давомида бошидан кечирганлари сабаб бўлди. Поезддаги узоқ саёҳат давомида зериккан дўстим, чалғиш мақсадида на рус тилини, на крилл алифбосини билмаслигига қарамай, темирйўл бўйлаб ёзилган ёзувларга ўзича маъно бермоқчи бўлади. Ғаройиб ва нотаниш крилл ҳарфлари устида бош қотириб, уларнинг маъноси, белгиси хусусида фантазияга берилиб кетади. Бир ўй хаёлига бошқасини бошлаб келаверади. Бундай узоқ, хотиржам ва бамайлихотир хаёлга берилиш, онгнинг босимлардан холи бўлиб бўшашиб бораётган пайтида эркин боғланишлар жараёни содир бўлади, эски хотиралар қалқиб онг юзасига чиқишни бошлайди. Аллақачон унутиб юборилган ёки ҳамкасбим онгли тарзда эслашни хоҳламайдиган ёқимсиз эсдаликлар ҳам онг остидан қалқиб чиқади.Тасаввур қилиш мумкинки, бу жараёнда ҳамкасбим руҳиятида психологлар комплекслар деб атайдиган ҳолат ўзини намоён этяпти. Комплекслар исталмаган ёки жамият нормал қабул қилмайдиган эмоционал ҳолатлар, ҳис-туйғуларнинг бостирилиши натижасида пайдо бўлади. Комплекслар неврознинг ривожланишига олиб келиши мумкин, энг камида эса кишининг психик жиҳатдан ҳар нарсага таъсирчан, ҳар нарсага жуда тез асабий муносабат билдирадиган ва тажовузкор бўлиб қолишига сабаб бўлади. (Комплекс тушунчаси аналитик психологиянинг асосий терминларидан биридир. Юнга кўра комплекслар психик травмалар, зиддиятлар натижасида ривожланади. Одам ўзида комлекс бор ёки йўқлигини сезмаслигидан қатъий назар комплекслар феъл-атворга жиддий таъсир ўтказади. Бироқ инсон руҳиятида комлексларнинг мавжуд бўлиши тўла табиий саналиб, психологияда у инсон руҳиятининг асосий хоссаларидан бири сифатида ўрганилади.) Дўстимнинг ҳикоясидан келиб чиқадики, эркин ассоциациялар ҳолати фақат тушлардагина содир бўлмайди ва бемордаги комплексларни аниқлаш учун фақат туш таҳлили билан чекланиб қолиш керак эмас. Сабаби инсон ўзини назоратда ушламайдиган, натижада онгостидаги турли ҳолатлар юзага қалқиб чиқадиган эркин боғланишлар жараёни фақат тушларда эмас, бизни ўраган борлиқдаги бирор таъсир натижасида ҳушёр пайтимизда ҳам содир бўлади. Эҳтимол, бу жараён крилл ҳарфларидан бошланар, эҳтимол, биллур шар олдидаги медитатсия, ибодат чамбараги, рассом картинаси ёки омади бир суҳбатдан бошланар. Ниманинг таъсирида бошланишининг аҳамияти йўқ. Шундай бўлса-да, мен англаган бу ҳақиқат тушларнинг аҳамиятини камайтиролмайди. Комплексларни ўрганиш тарафидан ёндашсак, ҳис-туйғулар жунбушга келган, руҳий парокандалик, фикрий тўзғинлик даврида кўрилган тушлар инсондан қайсидир комплексни намоён қилиши, ўша комплексга урғу бериши туфайли аҳамиятлидир. Агар менинг энг юқорида айтганларимни ҳақ деб фараз қилсак, тушлар ўзига хос, алоҳида маъно ифодалаш хоссасига эга деган фикрга ҳам эга бўламиз. Тушлар ўзининг ниманидир алоҳида танлаб олишга, урғу беришга йўналган структураси ёрдамида англаш қийин, яширин фикрга ишора қилади. Шу важдан мен асосий эътиборни тушнинг шакли ва моҳиятига қаратиш керак деб ҳисоблайман. Тушнинг ўз маъносидан, моҳиятидан узоқ бўлган ассосиятив назариядан эса узоқлашишга мажбурман. Тўғри, инсондаги эркин ассотиатсиялар боғланаётган кечинмалар бўйлаб бизни ўша инсондаги комплексларга олиб боради. Бироқ эркин боғланишлар жараёни фақат тушларга хос ва уни бошқа усуллар билан ҳам ҳосил қилиш мумкин. Диққатни тушдаги эркин боғланишларга эмас, тушнинг шакли ва мазмунига қаратиш онгсизликка хос хусусиятларни очишга ёрдам беради. Айни мана шу фикрлар эса психология соҳасида менинг туб бурилишларимдан биридир. Тушларга нисбатан муносабатимнинг ўзгариши бу соҳадаги методнинг ҳам ўзгаришига олиб келди.Ва бу метод орқали тушлар борасида мен Фрейднинг эркин боғланишлар назарияси билан келишолмаслигимни эътироф этмоқчиман. Тушлардаги аҳамияти унча катта бўлмаган ишора ва ассоциацияларни эътиборсиз қолдириб, тушнинг ўзига кўпроқ яқинлашиш тарафдориман. Ассоциациялар бемордаги комплекслар қаршисидан олиб чиқиши шубҳасиз. Бироқ менинг мақсадим невротик бузилишлар туфайли пайдо бўладиган комплексларни ўрганишдан кўра муҳимроқ. Психолог бемордаги комплексларни аниқлаш учун айтганимдек фақат тушга таяниб қолмасдан кўплаб ўзга усуллардан фойдаланиши мумкин: Масалан, сўзлар билан боғлиқ сеанс ўтказиб кўради. (Танланган сўзлар тўплами беморга нималарни эслатиши ёки қандай алоқаси борлигини сўраб, кейин жавобларни таҳлил қилади) Бундай онгли тарзда ҳикоя қилиш ўзининг ибтидоси, ривожи ва якунига эга. Бироқ тушларда аҳвол бироз ўзгача кечади. Тушлардаги замон ва макон координатаси мутлақо бошқа. Буни тушуниш ва тушунтириш учун худди номаълум предметни қўлга олиб унга турли томондан қараб кўрган каби тушларни ҳам барча томондан ўрганиб кўриш керак. Алоҳида олинган бир одамнинг бутун руҳий ҳаётини билиш ва тушуниш учун аввало унинг тушлари ва тушидаги рамзий образлар маъносини англаб олиш ўта муҳимдир. Ҳаммамиз жинсий алоқанинг рамзи бўлиб хизмат қиладиган жуда кўп образлар борлигидан хабардормиз. Бу образлар билан боғлиқ бирор ассоциация, масалан, ўша образни кўриб ёки эшитиб қолиш жинсий алоқа ҳақидаги фикрга ёки комплексларга олиб боради. Лекин тасаввур қилинг, сизга нотаниш бўлган бирор крилл ҳарфини сиз сексуал образ сифатида қабул қилдингиз ёки ўша ҳарф сизга секс билан боғлиқ бирор хатти- ҳаракатини эслатди дейлик. Бу ҳолатда ҳам сиздаги жинсий алоқага оид комплекслар ўзини намоён қилиши мумкин. Демак, бирор нотаниш ҳарф воситасида фантазияга берилиш орқали ҳам комплекслар ҳақида маълумотга эга бўлиш, уларни аниқлаш мумкин. Бироқ туш сексуал аллегорий (мажоз)дан кўра ўзида бошқачароқ хабар ташийди. Айтайлик, кишининг тушига қулфга калит киритаётгани, бармоғи билан калитни қаттиқ итаргани ва эшикни таранга ўхшайдиган предмет билан бузгани кирди. Тушда амалга оширилган бу ҳаракатлар сексуал мажоз сифатида баҳоланиши мумкин. Бироқ эътибор беринг: бу ердаги образларни онгостининг ўзи танлаяпти –калит, бармоқ ва таран. Нега онгости калитни бармоқ ёки тарандан кўра устун қўйяпти? Асосий моҳият ҳам шу савол остида яширин. Тушларни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, сексуал мазмунга эга деб қаралган тушлар аслида буткул бошқа руҳий ҳолатга ишора қилаётгани, бошқа бир психологик интерператасия –талқинга муҳтожлигини кўрсатади. Тушни шарҳлаш, тўғри талқин (интерпретасия)ни топишда унинг чегараларидан чиқиб кетмаслик, йодда аниқ қолган қисми устида тўхталиш ишни осонлаштиради. Тушнинг йодда сақланган аниқ шакли асосий жиҳатларга эътибор қаратиб, нокерагидан қочишга имкон беради. Мен ҳамиша тушда кўрилган аниқ картина атрофида айланишни хуш кўраман, беморларимнинг ҳам бу марказ атрофидан қочаётганини пайқасам, дарров тўхтатаман: “Тўхтанг, тўхтанг, келинг тушингизга қайтамиз. Хўш, бу туш бизга нима демоқчи?” Айтайлик, олдимга келган бемор ичиб олган, шаллақи, жанжалкаш бир хотинни туш кўрганини гапириб берди. Тушидаги унга бу хотин беморига рафиқаси бўлиб туюлган. Ҳаётда эса унинг рафиқаси буткул бошқача, бундай салбий феъл-атвордан холи аёл. Ташқи тарафдан қарасак, бу туш ҳеч қандай мазмун-моҳиятга эга эмас. Беморим ҳам тушини буткул бемаъни деб билади. Мен врач сифатида беморимда юқорида тилга олинган ассоциация жараёнини ўтказишга ҳаракат қилсам, табиийки у мазкур туш ҳақидаги ҳар қандай ёқимсиз ишорадан қочган бўлур эди. Қочиш натижасида мен беморимнинг руҳиятида айни пайтда етакчилик қилаётган асосий комплексни аниқлай олмай қолардим. Туш мазмунида аён бўлаётган комплекснинг беморнинг рафиқаси билан боғлиқлиги йўқ экан, онгости бизга ёлғон баёнот бераётган эканда? Алдамчи тасаввур уйғатаётган эканда? Асосийси, алдамчи шакл ёрдамида онгости нима демоқчи бўляпти? Тушнинг ҳақиқий моҳиятига етиб бориш учун алдамчи шаклга алданмаслик муҳим. Табиий, туш бемор ҳаётида муҳим ўрин тутадиган қандайдир дегенератив (бузилган) аёл образини кўрсатмоқда. Бироқ бу образ унинг рафиқасига алоқасиз, тушда узатилаётган маълумот (яъни рафиқасидай туюлиши) эса хато. Мен эса туш моҳиятини бошқа жойдан қидиришга мажбурман. Ҳали ўрта асрлардаёқ ҳар бир одамда аёллик ва эркаклик гармонлари мавжудлиги ҳақидаги факт фанга маълум эди. Яъники, ҳар бир эркакнинг ичида бир аёл яшайди, ҳар аёлда эса бир эркак! Эркакдаги аёлга хос бўлган тарафни –аёллик қисмини мен “Анима” деб атайман. Эркакдаги аёллик аспекти (томони) ўзини бошқалардан, ҳатто эркакнинг ўзидан ҳам қатъий бекитишга уринади. Анима дунё билан алоқада ниҳоятда ўзини паст тутади, ошкор қилмаслик пайида бўлади. Бошқача сўз билан айтганда, ташқаридан қараганда рисоладигидек кўринадиган эркакнинг ичида бошқалардан ўзини бекитадиган бир йиғлоқи аёл яшайди. Эркак ичидаги аёлнинг йиғлоқи ҳолатини ўзгалардан, кўпинча ўзидан ҳам яширишга интилади. Бу ҳолатнинг конкрет ифодасини беморимнинг туши мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Туш аён қиляптики, беморимда “аёллик” томони яхши ҳолатда эмас. Туши унга сен ўзинга издан чиққан, хароб бўлаётган аёлни кўтариб юрибсан, деб хабар бермоқда. Туш моҳиятини онгости руҳий бузилишдан ташвишга тушяпти деб қабул қилмаслик керак. Шубҳасиз, онгости беморга ‘Сен ўзингни яхши тутъ, деб ўгит бермоқчи эмас. Шунчаки унинг ўзини жентелмен қилиб кўрсатаман деб фақат бир томонга тош босиб, “қийшайиб” қолган онгини туш орқали мувозанатга, тартибга солмоқчи. Ташқи оламга ўзини намоён қилолмаган “йиғлоқи аёл” туш орқали намоён қилиб бўлса-да, беморимдаги онг ва онгости томонини тенглаштириб, мувозанатга келтирмоқда.
2020-06-29
http://nodirabegim.uz/archives/2521
“Ҳақиқат нимадир?” – Пилат истеҳзо аралаш сўради-ю, жавобига маҳтал бўлмади. Мавҳумликлару бошни айлантирувчи ҳодисотлардан завқ туювчилар ҳам топилади, албатта, борди-ю улар “ҳақиқат фикрлардаги каби хатти-ҳаракатлардаги эркинликка ўз ҳукмини ўтказади”, деган ўзгармас эътиқодга амал қилгудек бўлсалар, ўзларини қуллик кишани тақиб олгандек ҳис қиладилар. Гарчи бундай қарашга эга файласуфлар оқими йўқ бўлиб кетган, антик давр файласуфлари тариқатига эргашмаган бўлсалар-да, айни одатни сақлаб келаётган, аммо ўзлари аниқ тўхтамга келолмаган кишилар мавжуд. Ёлғон нафақат ҳақиқатни билиш учун машаққатларни енгиб ўтиш, тинимсиз меҳнат қилишга ундайди, ҳақиқат юзага чиққанидан кейин ҳам у одамларнинг фикрларини чеклаб қўяди, табиий равишда, ёлғонга қаттиқ боғланиб қолишга олиб келади. Сўнгги юнон фалсафий мактабларидан бири “Ёлғонда қандай сеҳр борки, гарчи бу одамларга шоирлар берадиган завқни бермаса ҳам, савдогарлар каби фойда келтирмаса ҳам, айни ёлғонлиги учун унга қизиқадилар. Ёлғон одамларни нимаси билан ўзига маҳлиё қилади?” деган жумбоққа ечим топиш илинжида боши берк кўчага кириб қолганлар. Аммо ҳақиқат яланғоч ва шаффоф ёруғликдир, унда акс этган дунёнинг ниқоблари, томошаю тантаналари шам ёруғидаги манзарадек нафис ва жозибали эмас, деб айтолмайман. Ҳақиқатни кундуз куни энг гўзал кўринувчи марваридга қиёс этиш мумкиндир, аммо у ҳеч қачон ёруғликда турли рангда жилоланувчи олмос ёки карбункулдек бўлолмайди. Ёлғоннинг аралашуви доимо завқни ошириши ҳайратланарли. Мабодо одамлар онги беҳуда ўйлар, ушалмас умидлар, қадрсизлик, хаёлнинг сўнгсиз ўйинлари ва шунга ўхшаш арзимас тасаввурлардан холи бўлганида, идрок ўтмаслашиб, одамлар тушкунликка берилар, ўз-ўзларига ҳам жирканч ва ёқимсиз туюла бошлардилар. Фалсафа оталаридан бири шеъриятни “vinum daemonum” деб атаган, у қанчалик тасаввурга тўйинмасин, барибир ёлғоннинг соясидир. Аммо зарар онг орқали кўз очиб юмгунча ўтадиган ёлғондан эмас, аввалбошда эслаб ўтганимиз – илдиз отиб, “кучга тўлган” ёлғондан келиб чиқади. Бироқ буларнинг барчаси одамларнинг бузуқ ҳукмлари ва ҳис-туйғуларида қандай акс эттирилганлигидан қатъи назар, ҳақиқатгина баҳс юритиш, у (ҳақиқат)ни излаш, унга муҳаббат ва ҳурмат, унинг мавжудлигига ишонч, ундан завқланиш каби билимларни ўргатади, бу ҳодиса, яъни ҳақиқатни излаш – инсон табиатидаги энг юксак фазилатдир. Худо саъй-ҳаракати билан биринчи куни ёруғликни яратди, сўнгги кунда эса ақл нурини инъом этди. Дунё яралгандан бошлаб Яратганнинг шанба кунги меҳнати эвазига ҳафтанинг бу куни Унинг руҳий зиёси таралувчи кун дея ҳисобланади. Худо аввал материя ёки хаос юзига ёруғлик, кейин инсон юзига зиё берди. Ўша ондан бошлаб У танлаб олган ва суюкли бандаларини илҳомлантиради, юзларига нур сочади. Ўқиб кўринг, чиндан ҳам бирини бошқасидан камситувчи қавмларга қарата шоирнинг хитоби жуда гўзал тасвирланган: Нақадар ёқимли Соҳил бўйида Денгиз мавжлари-ла жангга киришган Кемаларни олисдан кузатиб турмоқ. Нақадар ёқимли Қалъа устида Ҳаёт-мамот жангига кирган Қумурсқадек одамларни олқишлаб турмоқ. Аммо дунё завқлари ичра Энг беназири Қабиҳликнинг қора қадами етмас – Шаффоф ҳақиқатнинг устида турмоқ. Қуйи водийдаги ўша қоп-қора Бўронлар, туманлар, ёвузликларни Кузатмоқ Юксакдан барига назар ташламоқ . Шоир ҳақ, аммо томошабин бундай манзараларни шодлик ё мағрурлик туйиб эмас, балки ачинган кўйи кузатиши лозим. Инсон онгининг раҳм-шафқатли бўлиш, ишонч ва ҳақиқат устунларига таянишга интилиши Ер юзида жаннатга етишишдек мақомга тенг. Агар диний ва фалсафий ҳақиқат назариясидан дунёда мавжуд ҳақиқатга ўтадиган бўлсак, бу қоидага амал қилмайдиганлар ҳам тан оладиларки, ҳалоллик ва тўғрилик – инсон табиатидаги энг улуғ шараф, ёлғон олтин ёки кумуш тангага қўшилувчи аралашмага ўхшайди; бу, эҳтимол, металлни қайта ишлашда қўл келар, аммо унинг софлигига путур етказади. Бу икки – айланиб ўтувчи ва эгри йўллар оёқлари билан эмас, қорнида юрувчи илоннинг ғирром ҳаракатларига қиёс. Инсон ёлғончи ва хиёнаткор бўлса, уни шармандаликдан асраб қолувчи бирор қалқон йўқ. Монтень ёлғон сўзнинг оқибатда бу қадар шармандали тус олишини ўрганиб, қуйидаги хулосага келган: “Ёлғончини синчковлик билан кузатсангиз, унинг алдови – Худо олдида жасур, одамлар олдида қўрқоқлигини айтишидир” . Ёлғон Худога маълум бўлиб, одамдан қочади. Шубҳасиз, ёлғон ва хиёнат жиноятини инсониятни Худонинг ҳукмига даъват этувчи сўнгги чақириқдек ифодалаш тўғридир, зеро Исо ҳам Ер юзидан ишонч топмай кетган. Ота-оналарнинг қувончлари уларнинг азоблари ва қўрқувлари каби яширин; улар шодлигини кўрсатиб беролмайдилар, изтиробу ҳадикларини эса ошкор этишни истамайдилар. Болалар меҳнатни янада ёқимли қиладилар, бахтсизликни эса аксинча аччиқроқ; улар ҳаётдаги қийинчиликларни янада кўпайтиради, аммо ўлимнинг маъносини юмшатади. Насл қолдириш барча ҳайвонларга тегишли; хотира, қадриятлар ва эзгу амалларнинг сақланиб қолиши фақат инсонга хосдир. Ҳеч кимга сир эмас, фарзанди йўқ ёки фарзанд кўролмайдиганлар олийжаноб ишларнинг бошида турадилар, ҳеч бўлмаса авлодларга маънавий насл қолдиришга интиладилар. Гапнинг қисқаси шуки, наслга ғамхўрлик бунга қодир бўлмаганларда кучлироқ бўлади. Насабини улуғловчилар фарзандларига нафақат наслининг, балки ҳунари ва касбининг давомчилари сифатида илтифот кўрсатадилар. Ота-оналарнинг фарзандларига бўлган муносабати, агар улар бир нечта бўлса, кўп ҳолларда бир хил бўлмайди; баъзида ота-оналар, айниқса она, ноқобил фарзандига кўпроқ меҳр беради. Сулаймон айтганидек, “Ақлли ўғил отасини суюнтиради, нодон ўғил онасини куюнтиради” . Кўп болали оилаларда тўнғич фарзандлар эшитилади, кенжатойлар таёқ ейди. Гўё унутилган ўртадаги болалардан кўп ҳолларда буюк инсонлар чиқади. Ота-оналарнинг болаларни тарбиялашдаги қайсарлик (қаттиққўллик)лари зарарли хатодир; бу болаларни инсофсиз бўлишларига олиб келади, уларни ҳийла-найрангларга ундайди, ёмон одамлар билан алоқа ўрнатишга эҳтиёж сезади, кўлларига қудрат ва бойлик тушганида, тажовузкорлиги ортади. Ота-оналар кўпроқ ҳамёнини эмас, фарзанди тарбияси ортидан келувчи ўзининг обрўсини ўйласалар, энг яхши натижага эришадилар. Одамлар (ота-оналар, ўқитувчилар ва хизматчилар) ўртасида болалар улғайгач, кўп жанжалларга сабаб бўлувчи ва оилалар тинчини бузувчи аҳмоқона одат бор – болалик давридан ака-ука, опа-сингиллар ўртасида рақобат ўрнатиш ва уни қўллаб-қувватлаш. Италияликларнинг болалари, жиянлари ёки бошқа яқин қариндошлари орасида тафовут сезилмайди, уларга кимнинг боласи эканлигининг қизиғи йўқ, муҳими уларнинг ҳаммаси бир уруғдан. Тўғрисини айтганда, ҳаётда шундай ҳолатлар бўладики, ўз туққан ота-онасидан кўра амаки-холасига икки томчи сувдек ўхшовчи болаларга дуч келамиз. Буни қон тортиши дейдилар. Ота-оналарга фарзандлари ўзлари ўйлаши керак бўлган машғулот ва касбларни танлашларига рухсат беринг, чунки улар мослашувчанроқ. Аммо улар болаларининг қизиқишларига ортиқча аралашмасликлари лозим, чунки ота-оналар ўзларининг қизиқишларидан келиб чиқадилар. Тўғри, агар фарзандида ғайриоддий мойиллик ёки қобилиятни пайқасалар, уларнинг ўсишига тўғаноқ бўлмаганлари дуруст. “Optimum elige, suave et facile illud faciet consuetudo” га амал қилган фойдалироқ. Кенжа фарзандлар кўп ҳолларда меросдан маҳрум акаларига қараганда анча омадлироқлар. “Vinum daemonum” – жинлар шароби. Бэкон Августин ва Иеронимнинг шеърият тўғрисидаги фикрларини бирлаштирган кўринади. Августин шеъриятни “нуқсонлар шароби”, Иероним эса “жинлар емиши” деб атаган. Лукреций. “Нарсалар табиати тўғрисида”. 2-китоб, 1-10 бетлар. Монтень. “Ёлғонни фош қилиш хусусида”, 354-бет. Эски Аҳд, Сулаймон ҳақидаги масаллар китоби, 10-боб, 1-бет. “Энг яхшисини тангланг, одат уни ёқимли ва енгил қилади”. Пифагор ҳикмати, 365-бет.
2020-02-07
http://nodirabegim.uz/archives/2535
— Мен Зулфия Исроиловадан олдин адабиёт бўйича “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти соҳибаларини таниганман. Сабаби Зулфияхоним ҳар йили 1 мартда эсланса, унинг номидаги мукофот соҳибалари ўн икки ой эътибор марказида туради. Айниқса, сўнги 5 йилликда мукофотга интилиш ёш қизлар орасида авж олди. Ресторан таомномасини очсанг ҳам “Зулфия”га номзодларни шеъри чиқиб келяпти… 1965 йилнинг июнида жазирамадан да ҳароратли шеър туғилади. Сўлим Водил бағрида Зулфияхоним “Ўйлар”ини қоғозга туширади. Мана бу сатрларга қаранг а: Сочнинг ёниши нима деган гап? Учқун сочишга улгурмай кулга айланади. Лекин шоира аёллик кўрки бўлган ана шу сочни да ёқмоққа тайёр. Бу шунчаки йўлига ёзилган сатр эмас. Йўқса, “Ўғирламанг қаламим бир кун” дея илтижо қилаётиб , – демасди. Эътибор Охунова. Аслида бу ном айтилганда қаламкаш қизларнинг кўзида шиддат учқуни сачраши керак эди. Лекин ишонаманки, бугунги кунда бундай учқунларни йиғсангиз шамни ёндиролмайди. Агар вақт топиб Эътибор Охунова ижодига қизиқса, қуйидаги сатрдан кейин халқнинг янги шеър кутаётганлигини, ижодкор елкасида улуғ масъулият турганини англарди: Икки шоиранинг ижодидан парчалар ўқидик. Иккаласида ҳам Ватан ёки Ўзбекистон сўзи йўқ. Ўқиш давомида қалбингизга беихтиёр сингиб боради ватанпарварлик. Тарихдан келишимнинг сабаби шуки, бугунги Ватан ҳақидаги айрим шеърлар энсамни қотиради. Айниқса, айрим давлат мукофоти соҳибаларининг баландпарвоз сатрлари. Тўғри, халқ қалбида юртга садоқат, ислоҳотларга хайриҳохлик кайфиятини шакллантиришда ёшлар ҳам хизмат қилиши керак. Қаловини топсанг қор ёнар. Аммо бундай шеърларни ҳавойилик ва таъмагирлик билан заҳарламаслик лозим. Саида Зуннунова 1953 йили “Коммунистлар партияси” деган шеър ёзади. Якуни қуйидагича: Зулфияхоним ҳам “Мен коммунистман” дея бонг урар экан, шунинг баробарида масъулият ҳиссини ҳам елкасига олади: Бу шеърлар пешонасига қурол тиралиб ёзилганми ё қалб амри билан қоғозга тушганми, буни билмайман. Фақат билганим шуки, сатрларда ҳаёт бор. Ҳаётнинг содда аммо, жонли тасвири келтирилган. Қани, ҳозир мана шундай ишонч барқ уриб турган сатрлар. Ҳалигача биронта шеърни ўқиб, Ватанни қаттиқроқ севиб қолганим йўқ. Бирон шеърдан кейин Ёшлар иттифоқига аъзо бўлгим келмаяпти. Ваҳолангки, бугун имкон кенг, яратиш авжида… Биз эса ҳали ҳам ўрта аср сарой шоирларидай раҳбарларга қуллуқ қилиб, инъом кутяпмиз. Мукофотга соҳиблик, бу ҳали лойиқлик дегани эмас. Одамлар мукофот соҳибларини ижоди билан эмас, кўкрак нишони билан таниб оляпти. Ёзганлари тандирга тутантириқ бўлмай ўтиб кетаётган шоираларимиз бор. Сўзимни Кумуш Абдусаломова шеъри билан якунласам:
2020-05-26
http://nodirabegim.uz/archives/2353
Томдан тўрт оёқда эмас, икки оёқда тушган мушукни ким кўрган? Менимча, ҳеч ким. Боз устига ерга тушгач, у сен томонга қараб бамайлихотир жилмайиб турса — ғайритабиий туюларкан. Кўпчилик шу ерда туш кўрмаяпманмикин деб оғзи ланг очилиб, ўзини чимчилаб кўради. Мен ҳам бошида шундай қилдим. Жағим осилиб, ўзимни қаттиқ чимчиладим. -Биродар, оғзингни ёп!- деди мушук тарновдан осилиб ерга тушгач жилмайиб.- Акс ҳолда, пашша кириб кетади. У икки оёқда мувозанатини сақлаб турарди. Бошига теннисчиларнинг тўрли кепкасини қўндирган, эгнидаги кулранг костьюм-шим, оёғидаги жигарранг спорт пойабзали ўзига ярашган, оқарган бароқ қошларини чимириб, ортида қимирлаб турган думини гоҳ таранглаштириб, хунук тарзда сақич чайнарди. -Уфф, дарров мазаси тугади,- деди бир пайт сақични ерга туфлаб ташлаб. Оғзини ипак дастрўмоли билан артиб олгач, секин юриб олдимга келди. -Салом,-деди сўнг қўлини узатиб.- Мен этик кийган мушукман. Саломлашишимни кутиб ўтирмай, у шу ерда ўзига тезгина разм солиб олди. -Тўғри, ҳозир мода ўзгарган. Ахир, йигирма биринчи аср-да! Шунга этик, шляпа ва мушкетёрлар кийимидан, яна қадрдоним қилич жонивордан ҳам воз кечганман. Уларнинг ўрнига мана бу ялтироқ нарсаларни ўзимга эп кўрдим. Шундай деб у бошдан оёқ усти-бошини пайпаслаб чиқди. Чўнтагидан эски револьверни чиқариб, пақиллатиб ҳавога бир-икки ўқ узди. -Бундай юриш бир оз ноқулай бўляпти. Ёшим ўтиб қолганига бўлса керак. -Мушуклар бунчалик узоқ яшашмасди-ку!- дедим ниҳоят мен ҳам тилга кириб. -Этик кийган мушук ҳеч қачон ўлмайди, биродар,- деди у қошларини тағин чимириб.- Қиёматгача тирикман, қиёматгача. Эртак эшитадиган болакайлар бор экан, мен барҳаётман. -Танишганимдан хурсандман,- дедим унга анграйиб қараб.- Болалигимда ўзи сен ҳақингдаги эртакдан бошқасини эшитмаганман. У мамнун ҳолда, лекин бир оз жиғибийрон бўлиб, аскарларга ўхшаб шахдам қадам ташлаганча ортимдан хонамга кирди. У ерда тартибсиз ёзув столим устидаги китобга бир сидра назар ташлади. -Америка шоирлари антологияси,- деди бармоғи билан ҳуштак чалгандек бўлиб.- Уитмен, Лонгфелло, Дикинсон… Ажойиб шоирлар! -Дикинсоннинг шеърларини ўқиётгандим,- дедим китобни ёпиб, стол устини тартибга келтирарканман.- Бир финжон қаҳвага нима дейсан? -Сутли бўлса икки финжонга ҳам йўқ демасдим. Қаҳва дамлаб келганимда мушук стол қаршисида ўша антологияни варақлаб ўтирарди. Бир оз ўтиб, китобдаги Эмили Дикинсоннинг шеърларидан бирини оҳанг билан ўқий бошлади: -Нега Эмилининг шеърларини ўқиб ўтирганингни сабабини билдим,- деди у менга ўгирилиб, қўлимдан финжонни оларкан.- Сен унинг шеърларига мафтунсан, уни ёқтириб қолгансан (албатта, шоир сифатида). -Буни қаердан биласан?- дедим қаҳвамдан хўплаган кўйи. Мушук шунда ўпкаланиб ўрнидан турди. -Балки мени сизласанг бўларди. Ҳар ҳолда сендан анча каттаман. Дикинсонга келсак, сен билан у худди эгизаклар кабисиз. Сизларда нима дейиларди буни. Ҳа, топдим: Фотима ва Хусан. Мен унинг гапига хохолаб кулиб юбордим. -Иситманг борми? Назаримда қирқ даражали иситмадасан. -Сенлаганинг етмагандек устимдан ҳам куляпсанми?!- деди у менга қовоғини уйиб қараркан.- Эсингдан чиқмасин. Чўнтагимда револьвер бор-а. Ўқланган. Мен бояги ҳавога узилган ўқларни эслаб, бирдан жиддий тортдим. Хона четидаги креслога бориб ўтирдим. Мушук бўлса думини ликиллатиб хонада у ёқдан бу ёққа юра бошлади. -Бу ерда анчадан бери карантин экан. Ўлатдан қўрқиб кетишганидан одамлар роса художўй бўлиб кетишибди. Тинмай худога ёлворишяпти энди. Эҳ, худо бехабарлар. Ўзлари барча ишларини йиғиштириб қўйиб, ибодатга эгилишган. Болаларига эса мен ҳақимдаги эртакни айтишяпти. Одамзодга ҳеч тушунмадим тушунмадим-да. Азалдан шундай… Риёкор, мунофиқ… Хуллас, қўшнингни томида бир ҳафта яшаб сени кўп кузатдим. Бугундан сени томингдаман. Бу хулосам шу кузатишларим натижаси. Яъни, Эмили билан эгизак эканинг. Баайни у каби одамовисан. Дарвоқеъ, яна борми сутли қаҳвангдан? У бошимни қимирлатишга улгурмасимдан ошхонага отилиб чиқиб кетди. Кўп ўтмай, у ердан роҳатланиб, лабларини дастрўмолига артган ҳолда қийшаниб қайтиб келди. Шошилиб ичганидан қаҳва косьтюмини у ер бу ерига томиб тушганди. Унинг юқи томчи шаклида яққол кўзга ташланиб турарди. — Эмили ҳақида гаплашайлик,- деди креслодан мени турғазиб, ўзи унга ялпайиб чўккач, лаблари атрофини силаб-сийпалаб.- Унинг шеърлари сенга ёқадими ростан ё бояги тахминим нотўғримиди? -Ёқади,- дедим ёзув столи қаршисига бориб, Америка шоирлари антологияси томон тикиларканман.-Шеърлари анча яхши ёзилган. -Мен у билан шахсан кўришганман. Шу ерда мушук аниқ қирқ даражали иситмада эканлигига яна бир бор ўзимни ишонтирдим. У ҳам чамаси буни сезди шекилли, лабларини асабий буриштирди. -Яна мени ўзида эмас деяпсан, сезяпман. Аммо бу рост. Мен Эмили Дикинсон билан Америкадаги фуқаролар уруши даврида бир том остида анча яшаганман. Аниқроғи, тўрт йил. 1861 йилдан 1865 йилгача. Агарда револьвери бўлмаганида унинг бу гаплари учун қулоғи остига шапалоқ тортиб юборган бўлардим. Аксига олиб револьвер қўндоғи унинг костюми чўнтагидан чиқиб, одамни хавотирга солиб турарди. Хавотир аралаш бўшашиб стулга ўтирдим. -У пайтлар мен анчагина ёш эдим,- давом этди мушук худди ёшлигини эслаганда энтикадиган мўйсафидга ўхшаб хомуза тортиб.- Қаддим дол эмас, алиф юрар, белимдан қувват кетмаган, бароқ қошимга ҳали оқ ораламаганди. Шарль Перро эндигина мени катта ҳаётга қўйиб юборган пайтлар эди. Болалар мен ҳақимдаги эртакни ёдларидан қўймай, ҳар оқшом эшитиб уйқуга кетадиган дориломон замонлар бўлиб, мен эмин-эркинликда давру даврон сурар, эртанги кун ҳақида ўйламас, қайси болакай шарафли исмимни зикр қилса ёки камина ҳақидаги эртак бирор бир хонадонда айтилса, Яратган изни билан мен ўша ерга йўл олар ва ризқ-у насибам тугагунча у ердаги ўзим танлаган хонадон томида умргузаронлик қилардим. Кўпинча ота-оналар инсоният бошига кулфат тушганида болаларига мен ҳақимдаги Шарлнинг эртагини айтиб беришарди (ҳозир ҳам шундай экан). Умуман олганда, исталган эртакни улар тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сурган пайтлари айтишмасди. Ибодат ҳам қилишмасди кўп қисми. Иттифоқо яшаётган заминларида зилзила рўй берса ёки сел келса, вабо тарқалса ёки уруш бошланса улар ўз жигарбандларини бу балолардан чалғитиш мақсадида уларнинг қошида эртак айтиб ўтиришар, ўзлари эса тонггача тинчлик пайтлари эсларидан чиқарган кўкдаги Зотга илтижо қилиб, бу балони аритишини сўраб дув-дув йиғлаб чиқишарди. 1861 йилда АҚШда фуқаролар уруши бошланди. Ўша йили бу сеҳрли диёрда шунчалик кўп болага мен ҳақимда эртак айтилдики, у ерга уммон орқали қайиқда сузиб боришга мажбур бўлдим. Бу уч ҳафталик сафар мени ҳолдан тойдирди. Йўл бўйи мижжа қоқмадим. Манзилга етиб боргач, ростакамига лол қолдим. Деярли барча шаҳарлардаги болалар тинмай мени ўзларига чорлашар, айримлари менга ҳавас билан яшашар, айримлари тақлид қилиб ёғочдан ясалган қилични ёнларига тақишиб, бошларига эски шляпани қўндириб юришарди. Мамлакатда вазият ўта қалтис бўлиб, тили ва дини бир бўлган, бир заминда киндик қони тўкилган одамлар бир-бирини ўлдириш, сўйиш, чавақлаш билан овора эдилар. Жануб билан Шимол ўзаро урушар, бири қулдорлик тизимини бекор қилишни истаса, иккинчиси буни истамас, уруш бунинг оқибатида кундан кунга чуқурлашиб, бутун мамлакат бўйлаб кенг томир ёйиб борарди. Президент Линкольн боши қотар, сарсон-саргардон бўлиб, юраги сиқилганча урушга барҳам бериш мақсадида штатларни кезиб юрарди. Мен лаш-лушларимни ортмоқлаб, Массачусетс штатига бордим. У ерда кичкинагина Амхерст деб номланган шаҳар бор эди. Ўша ердаги битта оиланинг хонадони томидаги чердакка жойлашдим. Бу ерда учта опа-сингилга ҳар куни мен ҳақимдаги Шарлнинг эртаги айтиларди. Дастлабки кунлари бундан роса роҳатландим. Очиғи, ўзинг ҳақингда кунда эшитаверсанг, қаҳрамонликларингни гапираверишса мойдек ёқиб, семириб кетаркансан. Менда ҳам шундай бўлди. Семириб, шишиб кетдим. Шу сабабли чердакда зерикиб, секин-аста ерга тушдим. Албатта, икки оёқлаб эмас. Оддий мушук каби тўрт оёқлаб, бунинг устига кийимларим, шляпам, этигим ва қиличимсиз (мени икки оёқда ва пўрим ҳолда кўрганларнинг юраги тарс ёрилиб кетмасин дедим-да). Хонадон яқинидаги ўтлоқда болалар билан мунтазам ўйнай бошладим. Улар ширин болалар эди. Мен билан ҳар куни кўм-кўк майсазорда ўйнашарди. Бизни негадир қўшни уйнинг иккинчи қаватидаги деразасидан бир қиз кузатиб турарди. У кўп кузатарди. Гоҳида ўйчан, гоҳида жилмайиб. Унинг ташқи кўриниши бинойидек, чиройликкина, соч турмаги ўзига ярашганди. Лекин негадир у доим оқ қўйлакда бўларди. Унинг кимлигини тасодифан чердакдан ошхонага сичқон овлагани тушганимда хонадон соҳибларининг ўзаро гурунгидан билиб олдим. -Эмили сал ғалатироқ,- деди хонадон соҳиби (қирқ ёшлардаги, семиз ва жаҳлдор эркак). -Сал эмас, анча,- эътироз билдирди соҳиба (ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги, тўлачароқ, сергап аёл).- Доим оқ кўйлакда юради, бировга қўшилмайди, якшанба кунлари бошқалар билан черковга бориб ибодат қилмайди. Ҳатто, кўнгилочар тадбирларга бормайди. Одамовилиги ҳайрон қоларли даражада. -Яқинда доктор билан эшик ортидан гаплашганини эшитиб ақлдан озай дедим. Докторнинг ўзи ҳам анграйиб қолди. Биринчи марта беморимни эшик олдида туриб, даволашга уриниб кўрдим, деб киноя қилди. -У доктор экан,- деди соҳиба хохолаб кулиб.- Бошқа штатдан йўл юриб, ҳориб-чарчаб келган қариндошини олдига кўришгани хонасидан чиқмаган-ку, бу қариқиз. Бир куни болалар билан ҳовлидаги майсазорда ўйнаётганимда, ногаҳон Эмили олдимизга келди. У бу сафар ҳам оқ кўйлакда бўлиб, яқиндан эътибор берилганда ўттиз ёшлар атрофидаги паришонхотир ва ғамгин бир қиз эди. -Бунча ширин мушук,- деди энтикканча қаршимга тиз чўкиб.- Кела қол ўзимга. У шундай деб мени бағрига олди. Кейин болаларга қўшилиб ўйнади. Хонадон эгалари ва бир тўда бегоналар кўчада кўрингач, “эшаклар” деб бақирганича тўсатдан ўз уйи томон югуриб кетди. Кечқурун томдан тушиб, унинг чироғи ёниқ турган хонаси томон бордим. Иккинчи қаватга тарнов орқали кўтарилдим. Дераза олдида мени пайқагач, у ёш боладек қувониб кетди ва кўтариб хона ичкарисига олди. Оқшомни шу тарзда унинг хонасида ўтказдим. Шу-шу буёғига ҳар оқшом унинг хонасига кирардим. У хонасида эркалаш ниятида доимгидек менга бағрини очар, тукларимни силаб-сийпалар, қимирлаётган думимга кафтини тутиб, қиқир-қиқир куларди. Шундан сўнг, каравотига мени чалқанчасига ётқизиб қўйиб, ўзи ёзув столига ўтирганча шеър ёзарди. Шеърни ёзиб бўлгач, сиёҳи тўлалигича қуримаган қоғозни токчада турган темир сандиқча ичига яширар, уни қулфлагач, дераза ромларини катта очиб атрофни кўздан кечирарди. -Мени одамови дейишади,- дерди шундай лаҳзаларда менга ўгирилмай (менга гапиряптими ё ўзигами — буни ажратолмасдим).- Тўғри, одамовиман. Бу ҳар бир туғма ижодкорга хос хислат. Ижодкорнинг бошқа одамлардан фарқли равишда ўз бадиий олами бўлади. У кўпинча мана бу моддий оламни ўша бадиий оламига қориштириб юбора олмайди. Шунгадир балки уни ўз оламидан айро ҳолда тасаввур қила бошлагач, ундан зерикади, яшаш давомида унда нафас олишдан юраги безиллайди, ўз оламига кучли интилишни бошлайди, одамовилиги ортади. Бошқаларни билмадим-у, лекин менда шундай. Мен бу оламга бегонаман. Фақат ўз оламимдагина бахтни ҳис қиламан. Аслида бу моддий оламнинг нимаси қизиқ? Бу ерда кўпчилик риёкор ва мунофиқ. Мана масалан, қўшниларим ҳар якшанба куни черковга бориб ибодат қилишади. У ерда берилиб, кўзларини юмиб, ридо кийган руҳонийнинг эзма ваъз-насиҳатларини тинглаб ўтиришади. Уйларига Худога тавба қилган, гуноҳларидан фориғ бўлган чинакам насроний бўлиб қайтиб келишади. Аммо ўз фарзандларини киприк қоқмай урушга юборишади. Уларни юрт ҳимоячилари ҳисоблаб, қаҳрамондек кўриб Жанубдаги янкиларни ер билан яксон қилишлари учун қўлларига қурол бериб, эгниларига ҳарбий форма кийдиришади. Ваҳоланки, ўша янкилар ҳам уларнинг ўзлари каби бир осмон остидаги инсонлар. Қолаверса, насроний динида “бир-бирингни қонингни тўкма”, дейилмаганми? Менимча, дейилган. Унда нега улар ўз фарзандларини урушга юборишади? Ахир улар душман санаётган тарафдагилар ҳам шу юрт фуқаролари-ку! Черковдаги руҳоний нега уларга қон тўкишлари учун фатво беради? Инжилда бундай ёзилмаган-ку! Унинг шу фатвоси сабаб кун ора бу ердан қуролланган ва тўп етаклаган, отларга минган зобитлар, оқ кийинган ҳамширалар кўтаринки кайфиятда ва қўшиқ куйлаб Бостон томон йўл олишади. У ерда улар ўзлари каби руҳоний фатвосини олган генераллар томонидан урушнинг қоқ марказига сафарбар қилинишади ва жанубликлар билан шимолнинг қонли урушини давом эттириб ё ҳалок бўлишади, ё ногирон бўлиб уйларига қайтиб келишади. Мен шуни тушунмайман. Бу ношудларнинг черковда биргаликда Худога ибодат қилишлари нимаси-ю, унинг ташқарисида қон тўкишлари нимаси? Черковдаги уларнинг ибодати ҳам риё, руҳонийлари эса манфаат йўлидаги мунофиқ. Мен шунинг учун черковга бормайман. Шунинг учун ибодатни ўз хонамда бажараман. Ҳатто, шу мазмунда шеър ҳам ёзганман: Мени бу ердагилар одамови дейишади. Қўшниларникида маданий тадбирлар бўлса чиқмаслигимни гапиришади. Чиқиб нима қиламан? Ўша тадбирларнинг нимаси қизиқ? Тадбир давомида бу каслар ўйнаб-кулишади, итдек яйрашади, ичиб хумордан чиқишади, губернаторга тонналаб пахта қўйишади, эрлик аёллар билан аёлманд эркаклар вальсга тушиб, сирли ишшайиб, ҳиринг-ҳиринг қилишади. Эртасига эса бирининг кучуги иккинчисининг боғидаги майса устига ҳожатини чиқарган бўлса, жабрдийдаси дунёни бошига кўтариб, айбдорини судга бераман деб дағдаға қилишгача боради. Мени одамови дейишади. Улар тамомила ҳақ. Нимаям дердим? Узоқ ердан қариндошларимдан бири келса олдига тушмаслигимни ғийбат қилиб, соатлаб гапиришади. Қандай оқибатсизлик бу, шундай эмасми? Бироқ беш-олти йилдан бери мактуб ҳам йўлламаган, онам ва менинг бу дунёда борлигимизни буткул унутган ўша қариндошимни ёдига қўққис тушганимиз менга бир оз ғалати туюлади-да. У ё қарз сўраб келган бўлади, ё қарздорлардан қочиб, оёққа туриб олгунча уйимизда сиғиндига ўхшаб яшаш учун. Ташрифидан бошқа мақсадни кўрмайман. Уларнинг фикрида жон бор. Мен одамовиман. Олдимга онам чақиртирган доктор келса, у билан эшик ортидан туриб гаплашаман. Унга пешвоз чиқмайман, кутиб олмайман. Пешвоз чиққаним билан нима ўзгаради? Гиппократ қасамхўрини ичкарига киритсам, у томиримни ушлаб кўриб таниш ташхисни қўйгач, бир варақ қоғозга бир дунё дори-дармон ёзиб беради. Хизмат ҳаққи кўрсатилган чекни қўлимга тутқазгач, тиббий жомадонини кўтариб жуфтакни ростлайди. Мен эса уни ва дорихоначини бойитганим қолади, холос. Ваҳоланки, касалимни ўзим ундан яхши биламан. Қандай унга даво топишни ҳам. Бутун шаҳар одамовилигим учун яхши ёзилган шеърларимни нашр қилдирмаслигимни таъкидлайди. Нашр қилдирмайман, бундай ниятим йўқ. Шоирнинг шеър ёзиши эмас, ўша ёзган шеърларини эълон қилмаслиги аслида катта жасорат ҳисобланади, чунки ҳамма ҳам бунга журъат этолмайди. Кўпчиликни машҳур бўлгиси, шон-шуҳратга бурканиб, авомнинг ҳавойи муҳаббатига кўмилгиси келади. Шу боис сиёҳи куримаган шеърларини қўлтиғига қистириб, газета ёки журнал редакциясига қараб югуради. Мен бундай қилмайман. Шеърларим — қалбим кундалиги. Уларда кундалик ҳаётимни, кечинмаларимни рўй-рост ифодалаганман, уларни дунёни англашимнинг қомуси десам ҳам бўлади. Бу шахсий кечинмаларим фақат ўзимга тегишли. Уларни то абад шу сандиқда сақлайман. Ўлимимдан сўнг ёқиб юборишларини васият қиламан. Бу ҳақида эшитган ва билганлар ортимдан “одамовилиги шеърларига қадар кўчган, шеърлари ҳам ўзига ўхшаб остона ҳатлаб кўчага чиқмайди, шу хонадонда йўқ бўлиб кетади” дейишади. Бундан ташқари шундай истеъдодим бўла туриб, жамият ҳаётига аралашмаслигимдан нолишади. Уларга қолса мен жамият ҳаётида фаол бўлсам, ижтимоий мавзуларда пафосли шеълар ёзиб, уларни кетма-кет штат журналларида эълон қилсам. Анчадан бери уруш кетяпти бу заминда. Шу уруш ҳақида ёзмаётганимни кўпчилик гапиради. Мен нима қилай? Бу қўлимдан келмайди. Уруш мавзусини қаламга олиб, бир томонни олқишлаб, иккинчи томонни қоралаб шеър ёзолмайман. Шеъриятнинг ижтимоий майдалашувига юрагим дош бермайди. Бу асло одамовилигимдан эмас. Шунчаки шеъриятни мен сўзни исроф қиладиган ўртамиёналардан кўра бошқача тушунаман, уни ич-ичимдан қизғонаман, уни худди ўз боламдек бирор бир гард юқишидан асраб-авайлайман. Ахир, у инсон қалбида йиллаб униб-ўсади, вояга етади, шаклланади. Жамият ижтимоий ҳаётидаги исталган навбатдаги ўткинчи нарса учун вақтинча ташвиқот бўлиб хизмат қилишга ҳам, номусини йўқотган қиздек унинг манфаатлари йўлида шарманда бўлишга ҳам у қимматлик қилади. Арзон публицистикани бемалол бу мақсадда ишлатаверишсин. Унинг хонасида ҳар оқшом шундай гаплар тинмасди. Ёзда ҳам, қишда ҳам. Кузнинг хазонрезгисида ҳам, баҳорнинг серёмғир кунларида ҳам. У куйиниб ва ёниб гапирар, одамовилигидан сира уялмас, аксинча теграсидаги моддий олам тарбиялаган риёкор ва мунофиқлардан бири эмаслигидан қониқиш ҳосил қиларди. Кундуз кунлари у доимгидек ўзидаги бу оғир дардни авомга сира билинтирмас, оқ кийинганча дераза олдидан атрофга ғамгин ва паришон назар солиб туришда давом этарди. Одатдагидек кўчага чиқмасди. Шеърларини сандиқча ичига яширарди. Бошқаларга қўшилиб ибодат қилгани черковга бормасди. Кейинчалик АҚШ сарҳадларида фуқаролар уруши ўз ниҳоясига етди. Бир юрт фарзандлари бир-бирининг қонини тўкишни йиғиштиришди. Линкольн ўз жони эвазига тантана қилди. 1865 йилда уруш якунига етгач, мен Американи тарк этдим, чунки ота-оналар ортиқ черковларда Худога илтижо қилмай қўйишди, болаларига мен ҳақимдаги шонли эртакни айтишдан тўхташди. Эмили ҳақида орадан ўттиз йилдан кўпроқ муддат ўтгачгина эшитдим. Ўшанда мен ўз юртим Франциянинг овлоқ ерларидаги деҳқонларнинг хонадонлари томларида кун кечириб юрардим. 1890 йилда шу ердаги бир адабиёт муаллими орқали Эмилининг ўша сандиққа беркитиб юрадиган шеърлари АҚШда китоб ҳолда нашр қилинганидан бохабар бўлдим. Қўшимчасига бу вақтга келиб унинг ўзи оламдан ўтганини ҳам дарагини эшитдим. Шунда негадир бўғзимга қаттиқ нарса тиқилгандек бўлди. Томдан пастга тушдим-да, маъюслашиб йигирма тўрт соат атрофни яёв кездим. Йўл бўйи қулоғим остидан ўша Амхерст шаҳридаги икки қаватли хонадонда ҳар оқшом Эмилининг куйиниб айтадиган гаплари кетмади… …Мушукнинг томоғи қақраб яна қаҳва ичгиси келиб қолди. Аксига олиб, сут аллақачон тугаганди. Бу ҳақида эшитиб, у қаттиқ афсусланди. Бошини бир томонга эгиб, зорланиб узоқ миёвлади. Хонада ортиқ ўтиргиси келмай қолди. -Эртага ҳам пастга тушаман,- деди томга қайтиб кўтарилаётиб.- Келаси гал кўпроқ сутли қаҳва дамларсан? -Омон бўлсак кўрамиз,-дедим юқорида унга ишонмаганим учун ўзимни койирканман.- Сутли қаҳвани бунча яхши кўрмасанг. Эртасига ундан негадир дарак бўлмади. Индинига ҳам. Карантин билан боғлиқ янгилик сабаб мен ҳам уни бир озга эсимдан чиқардим. Фарғонанинг “яшил ҳудуд”га айлантирилгани ҳақидаги хабар кўчамизда байрамдек кутиб олиниб, қўшнилар томонидан тантана билан илиқ қарши олинди. Хурсандчилик тарқагач, бир неча кун ўтиб мушук ёдимга тушди ва нарвон орқали бир амаллаб томга чиқдим. Афсуски, чердакда уни кўрмадим. Хафсалам пир бўлиб пастга тушгач, қай ҳолда пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақидаги унинг гапи хаёлимдан ўтиб, зора унинг дараги чиқар деб, бир ҳафта давомида Шарль Перро қаламига мансуб ўша “Этик кийган мушук” ҳақидаги машҳур эртакни тинмай ўқидим. Бундан ташқари сутли иссиқ қаҳва дамлаб, ҳидига маст бўлиб йўқ жойдан пайдо бўлар деб финжонни ошхонанинг очиқ деразалари ёнидаги токчага қўйдим. У қаршимда ногоҳ кўриниб яна Эмили ҳақидаги хотираларини гапириб берар деб Америка шоирлари ҳақидаги антологияни қайтиб-қайтиб варақладим. Аммо ҳеч бирининг фойдаси бўлмади. У бошқа қорасини кўрсатмади.
2020-05-27
http://nodirabegim.uz/archives/2356
Отаси ўлиб сағир қолди болакай. Онаси йиғлаб-йиғлаб бошқага турмушга чиқди. Бола янги дадасидан хавфсиради. “Ўгай дадалар ёмон бўлади”, дейишганди ўртоқлари. Уни бағрига тортмоқчи бўлган амакини силтаб қочиб қолди. Ертўлага кириб олиб ўз дадасини эслаб кўз ёш тўкди. —Нега йиғлаяпсан? -уни яширинган жойидан топиб олди янги дадаси. —Дадамни соғиндим… —Мен ҳам жуда соғиндим, -унинг елкасини силади янги дада, -отам ўлганида роса йиғлаганман. Ҳалиям қумсайман. —Сизнинг ҳам дадангиз йўқми? -унга ҳайрон бўлиб боқди бола. —Ҳа… сен каби ёлғизман, болам. Дўст бўласанми мен билан? -кўзлари намланди янги даданинг. —Бўламан… -у узатган қўлларни тутди бола. Ҳамдардлар ҳар куни ачомлашиб бирга ухлайдиган бўлишди. —Мирвосид, болаларни қара, ота-оналари қўлидан тутиб дунёга подшодай ҳис этишади-я ўзларини. Улар ҳозир қандай беғубор, беғам. Аммо ким ҳам ўйлайди дейсан, биз кўриб турган беғубор болалардан бири отаси ёки онасини шу темир дарвоза томон бошлаб келишини. Бола бўлиб қолгинг келади-а, нима дединг! —Йўқ! —Тушунмадим, наҳот болалигингга қайтишни хоҳламасанг? —Йўқ! Ўз болалигимга эмас, болаларимнинг болалигига қайтишни истайман! Балки ана ўшанда ҳаммаси бошқача бўларди. Кўчага эмас уйга, болаларимга кўпроқ меҳр эътибор берганимда, ҳозир кўчада эмас, уйда бўлармидим… Етти яшар пайтимда оиламиз билан Хивага боргандик. Музейларни ва осмонўпар минораларни кўриб кўзим қувнарди. Беихтиёр кимгадир туртилдиму йиқилиб тушдим. Ўрнимдан туриб устимни қоққунимча ойим ва дадам узоқлашиб кетибди. Уларни излай бошладим. Кейин ойи деб югурдим. Уларга ахири етганимда у аёл бошқа бўлиб чиқди. Бўғзимга нимадир тиқилдию йиғлаб юбордим. Ҳамма нигоҳлардан ойимни қидирардим. Шу пайт ойим югуриб келдилару, мени маҳкам қучоқлаб йиғлардилар. -Кел, варрагингни битта учирайлик? — чуғурлашди эски кийимли ўртоқлар. -Ҳооо. Бузиб қўясиз. Қочинг! — жеркиди қиз. -Қўяверинг, уни ўйинга қўшмаймиз. Ўзимиз ясаймиз варракни. Кетдик!-деди ўғил болалардан бири. Ярим соатда тўртта қўлбола варрак тайёр бўлиб, боғни чуғурлаш босиб кетди. Қимматбаҳо варраги билан ёлғиз қолган қиз қўл силтаб кетди… Орадан йигирма йил ўтиб, варрак учган боғлар аеропортга айланди, танноз хоним эса сафарга чоғланди. Авиачипта нархи яхшигина қиммат бўлган тайёрага чиқар экан, нигоҳи тўртта башанг кийинган жанобга тушди. Нечукдир таниш. Стюардессани чақиришга мажбур бўлди: -Кечирасиз, анави жаноблар ким бўлади. Жуда кўзга яқин. -О хоним, биласизми бу табиий. Улар ҳақида телевидение бонг урмоқда. Улар «Тўрт қанот» авиакомпанияси раҳбарлари. Сиз учаётган манави «Варрак-07 » лайнери лойиҳаси ҳам уларга тегишли. Парвоз олдидан бояги стюардесса келиб уни бизнес классда училишини айтганда, англашмовчилик деб ўйлади. Йўқ, компания раҳбари совға қилибди. Икки соатлик парвозда махсус бўлим бўлишига қарамай игна устида ўтиргандай тўлғаниб чиқди. Қўлбола варраклардан болалик осмондан тушмаган эди ҳали… Ёз фасли кунларни чунон қиздирди. Кўчага чиқиб бўлмайди. Янги спектаклга тайёргарлик кўришим керак. Умуман олганда ижара уйда турганимиз учун уйимиз бир хона, холос. Тўғриси, болаларга ҳам таътил вақти. Ҳеч бир жой топа олмайман. Кейин бирдан хаёлимга антиқа фикр келди. Қаҳрамонимни бошқасига алиштиришларини сўраб олсамчи, дедим ўзимга ўзим. Шундай ҳам қилдим. Мен болажон қаҳрамонни гавдалантиришим керак эди. Уйга ўйинчоқларни сочиб ташладим. Аёлимни қўлига китоб тутқаздим-да, «Сен бизга воқеани айтиб турасан» дедим. Тўғриси, биз шунчалик ўйинга берилиб кетибмиз, ҳатто спектакл саҳнасига анча янги нарсалар қўшиш мумкин экан. Аёлим менга қараб, «Шунақа саҳналар сизга анча ярашаркан, шу спектаклни бир умр саҳналаштиришда қатнашгим келди» дея кўзларини сузиб қўйди. — Дадаси, ишга кечикасиз. Поезд кетиб қолади. — Шошма, бироз ўйнай болаларим билан. Вақти келиб қўмсаганимизда поезд кетиб бўлган бўлади. У ўша лаънат теккан жойга ҳар келганида болалари эсига тушади. Улар шу бехосият кўл атрофида ўйнашни, кемалар ясаб, сувга оқизишни жуда яхши кўришарди. Кўл эса унинг фаришталарини тортиб олди. Ҳар доим соҳилга келса, уларнинг овозини, қийқириб кулаётганини эшитгандай бўлади. — Дадаси, болалар мени чақиряпти. Аёлининг ваҳимали овози хаёлларини тарқатиб юборди. — Мен бормасам бўлмайди, илтимос, мени қўйиб юборинг! — аёли унинг қучоғидан қутулишга уринар, илтижоли кўзларини унга тикар, нуқул бир гапни такрорларди. — Илтимос, мени қўйиб юборинг. Бир марта кўриб келай. Меҳрибонлик уйи. Ҳамма болалар ўйин билан банд. Фақат у бундан мустасно. У ҳар доим меҳрибонлик уйи дарвозасига мунғайиб қараб ўтиради. Ҳомийлардан, давлат бютжетидан улашилган совғаларга ҳам эътиборсиз қарар, ва керак бўлса ўз совғасини ҳам бировга тортиқ қилиб юборар эди. — Сенга совға ёқмадими, деди янги келган тарбиячи, меҳрибонлик билан. — Йўқ, бундай ширинликлар мени қизиқтирмайди. — Ҳар доим ҳардамхаёл юрасан. Онангни соғинасанми? -… — Уни кўришни хоҳлайсанми? — Ҳа. Уни бир марта кўрсам эди. Армоним йўқ эди. — Ростан-а? Менимча, у ҳам сени соғинса керак. Ахир сен жуда ажойиб боласан. Эҳтимол сени олиб кетишга ҳозирча имконияти йўқдир. — Катта бўлсам албатта уни қидириб топаман. — Бунга шубҳа йўқ, жоним. Агар онангни топсанг, унга нима деган бўлардинг. Қучоқлаб йиғлармидинг? -… — Унга айтадиган гапларинг кўп бўлса керак-а? — Ҳа. Мени нимага ташлаб кетгансиз, деб сўрардим. — Кейинчи, онанг билан бирга яшармидинг? — Йўқ! Феруза жуда хурсанд бўлди. Қувончдан юрагига шодлик тўлиб, сакрай бошлади. Доим иш билан банд бўладиган отасини кўпинча кутиб-кутиб ухлаб қолар, эрталаб турганида адажониси яна ишга кетиб қолган бўларди. Отаси уйда бўлса унга эртаклар айтиб беради, одатда бу эртакларнинг қаҳрамони Ферузанинг ўзи бўлади. Энди бу қувончли хабарни дугоналари Моҳира билан Зуҳра айтиши керак. У югуриб кўчага чиқди, дугоналарига яқинлашаркан нафаси тиқилиб суюнчи олди: —Мани адам энди бир ҳафта уйда бўладилар. Радикулит бўлиб қолдилар…
2020-01-06
http://nodirabegim.uz/archives/2378
Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларини кўп эслайман. Машаққатларга тўла уқубатли йиллар эди. Мустақилликнинг илк даври одамлар бошига ҳақиқий қалтис синовни солган, кенг кўламли бозор иқтисодиётига ўтишнинг илк босқичи уларнинг дунёқараши тугул, ҳаётини остин-устун қилиб юборганди. Ўша пайтдаги кўп нарсаларни, айниқса қишнинг изғиринли кунларида тонг саҳардан бошлаб пешингача давом этадиган нон дўконларидаги турнақатор навбатларни унутиб бўлмайди. Бу шахсан мени ҳалиям тушларимга кириб чиқади. Тонг ўша кезлари мен учун росаям эрта отарди. Ташқари ғира-шира бўлиши билан онам синглим иккимизни туртиб, ширин уйқудан уйғотар, бизга тезда чой дамлаб нонушта тайёрлар, сўнг қўлимизга зарур миқдордаги сўм-купонни тутқазарди. Иссиқ кийимларни кийиб олгач, ака-сингил уйқусираб нон дўкони томон йўл олардик. Мен олдинда, синглим орқада. Гупиллатиб ёғаётган қорни ғарч-ғурч эзганча, бошимизни эгиб, кайфиятимиз батамом тушиб… Йўлнинг ярмида совуқ туфайли уйқумиз бутунлай ўчиб, дарҳол ўзимизга келар, лекин нон дўконигача оғзимизга талқон солгандек индамай кетардик. Дўкондаги навбатда турган одамларни кўриб юрагим орқасига тортиб кетарди. Навбат икки томонлама-ўнг ва чапдан бошланиб, узундан узун бўларди. Гўё шаҳар аҳолиси ёппасига дўкон атрофига кўчиб келгандек, тасаввуримда бир қур бу ерда қандайдир митинг бўлаётгандек таассурот уйғонар, нон тегармикин бизга ҳам деган безовта ўйдан сиқилиб, ҳўнграб йиғлаб юборгим келарди. Худди Виктор Гюгонинг “Тўксон учинчи йил” романида тасвирланганидек нон учун навбатнинг кети кўринмас, у машиналар юрадиган катта йўлгача чўзилган бўлар, навбатда турганларнинг ичида етти ёшдан етмиш ёшгача барчани — қўлидаги одеколондан хўплаб афтини бужмайтирган ёлғиз рус кампирларини, орден таққан уруш фахрийларини, бўйинбоғли мактаб ўқитувчиларни, лақма ва сергап хотин-халажни, нима учун бу ерга келганини билмай анграйиб, онасининг этагидан тутиб турган етти-саккиз ёшдаги болакайларни учратиш мумкин эди. Мен жимгина навбатга кўшилардим. Ортимдан синглим ҳам. Навбат узунлигидан бизнинг навбатимиз аниқ тушликкача келмасди. Агар келса хурсанд бўлганимиздан дўппимизни осмонга отардик. Агар келмаса, тушликдан сўнг бошланадиган мактабдаги дарсларимиз қолиб кетарди. Энг ёмони кўпинча навбатда турганларнинг аксар қисмига нон етмай қолар, қўлидаги пулини ғижимлаганча ўша одамлар ноумид ҳолда уй-уйларига тарқалишарди. Башарти етган тақдирда ҳам бир кишига икки буханкадан ортиқ нон берилмас, шунга кўпчилик битта ўзи эмас, боласи ёки бирор яқинини эргаштириб чиқарди. Катталарни билмадим-у , лекин навбатда бир неча соат қисилиб туриш болалар ва ўсмирлар учун азобнинг ўзгинаси эди. Бундай дамларда олди ва орқангдаги катталар ҳавони тўсиб турар, бошингни кўтарсанг уларнинг кенг елкалари ва ҳиссиз башараларига дуч келардинг, шунда тоза ҳаво етмаётгандек нафасинг бўғилиб- бўғилиб кетарди. Икки буханка нон олиш учун бундан ортиқ даҳмаза йўқ эди ўшанда мен учун. Бунинг устига совуқ баданимни бетиним савалар, осмондан ёғилаётган қор учқунлари бир пасда бош кийимимни хўл қилиб, юзимга шашт билан урилар, натижада сира кўз очтиргани қўймасди. Оёғимдан совуқ ўтиб, товони тешик қўнжили этигимдан сув сизиб киришни бошлар, айнан ўша этигимни иккинчи этигимнинг устига қўйиб, ноқулай бир алфозда турардим. Синглим кўп ўтмай йиғлар, “уйга кетайлик баданимга совуқ ўтиб кетди”, деб хархаша қиларди. Мен уни алдаб-сулдаб навбатда олиб ўтирар, гоҳида қандай тинчитишимни билмай унга шеър ўқиб берардим: — * -Ака шеър кимники?- дерди у шеърни тинглаб бўлгач, бир пайт тинчланиб. -Рус шоир Блокники,- дердим унга ўзимни билимдон кўрсатиб. -Уни қаердан топиб ёдладингиз?- сўрарди у бир оз ўтиб. -Дадамнинг “ Шарқ юлдузи” журналлари ичидан. -Уни худди сиз каби ёдласам, майлими? -Ёдлай олмайсан. Мен зўрға ёдлаганман-ку! Аммо у қайсарлик қилиб, бошини эгиб ва кўзларини юмиб шеърни ёдлашга киришарди. Менинг вазифам худди суфлёрдек ҳар бир тўртликни қайта-қайта ўқиб, такрорлаб туриш эди. Шу тарзда мен вақтни ўлдирар, синглимни бешафқат борлиқдан оний фурсат чалғитиб, шеъриятнинг руҳга таскин-тасаллини дариғ тутмай берадиган гўзал оламига қўлидан тутиб олиб кирардим. Навбатимиз келгунча, у саккиз ёки ўн икки қатордан иборат бўлган шеърни ёдлашга улгурар, омадимиз келса икки буханкадан тўртта нонни қўлтиғимизга қистириб, уйга қайтарканмиз, энди мен эмас, у Блокни йўл бўйи ўқиб кетарди. -Адашмадим-а бу сафар?- дерди йўлда қорни очиб кетиб нонларнинг биридан бир бурда тишларкан. -Бу сафар адашмадинг,- дердим мен ҳам қўлимдаги ноннинг четидан ютоқиб тишлаб.- Хотирангга қойил! Уйга келгач, онам тушликка тайёрлаган ва бизнинг севимли таомимиз бўлган гўштсиз карам шўрвага нон тўрғаб ичаркан, синглим шеърлар дафтарига ёдлаган шеърини чиройли хуснихати билан кўчириб ёзарди. Мен бўлсам товонидан сув ўтиб, ичи шилимшиқ бўлиб кетган этигимни ечиб, уни ва қизариб кетган оёқларимни печга тутиб иситарканман, шўрвага дарров қўл теккизмас, негадир анчагача Блокка ич-ичимдан миннатдорчилик билдириб ўтирардим. Блок ўша пайтларда чиндан қадрдонимга, дардкашимга, биродаримга, йўлбошчимга айланганди. Мен болаларча унга талпинар, мушкул вазиятдан гўё у орқали чиқиб кетганимга иймон келтириб унинг номини зикр қилишни канда қилмасдим. Зеро, ўшанда мен учун уддалаб бўлмас топшириқ-нон учун навбатда турган синглимни овутиш, совқотганига қарамай уни чалғитиш ва унинг ёрдамида оиламиз учун керак бўлган тўрт буханка нонни эсон-омон қўлга киритиш эди. Блок бу борада менга ўз шеърлари билан катта ва беминнат ёрдам берарди. Унинг покиза инсоний туйғулар тараннум этилган шеърлари ёрдамида синглимни совуқдан ҳар сафар осонгина чалғитар, унга ўша шеърларни ёдлатар, ўзимни эса эртанги порлоқ кунга — нонга бунчалик даҳшатли навбатда турмай ҳам эгалик қилишим мумкинлигига ишонтирардим. Қишнинг узоқ кечаларида ҳар гал сандалга оёғимни тиқиб ўтириб, отам обуна бўлган “Шарқ юлдузи” журналининг эски сонларини титкилаб чиқардим. Блокнинг у ерда берилган шеърларини синглимга ёдлатиш учун ўзим биринчи бўлиб ёдлар, шу тарзда кўпинча пинакка кетмай ярим кечагача бошимни қофия ва вазнлардан иборат бўлган шеърлардан кўтармай, шеъриятнинг сеҳрли оламида хаёлан санқиб юрардим. Унга шунчалик берилиб кетганимдан, мактабдаги фанлардан берилган уй вазифалари бир четда қолиб кетар, уларни ўз ичига олган дафтарларимни варақлаб ҳам қўймасдим. Боиси, эрталаб онам яна мени уйғотишини билардим. Онам тонг отиб улгурмай доимгидек мени уйғотиб, ихтиёримга синглимни қўшиб нон дўконига юборарди. У ерда эса синглимни фақат Блокнинг шеърлари билан ушлаб туришим мумкин эди, холос. Бу гўзал шеърлар Блокнинг “Латофатли хоним ҳақидаги битиклар” туркумига мансуб эканини катта бўлиб, вояга етгачгина билдим. Аниқроғи талабалик пайтимда шоир бу шеърларида болаликда яқин дўсти бўлган, кейинчалик рафиқасига айланган Любовь Менделеевага бўлган туйғулари ва кечинмаларини ифодалагани хусусидаги маълумотга эга бўлдим. Ўша туркумни қисқа вақтда бошидан охиригача аслиятда ўқиб чиқдим. Ўсмирлигимнинг бир бўлагига айланган шеърлар аслиятда янаям бошқача таъсир қилди менга ва ўтмиш хотиралари оғушида уларни бирма-бир ҳатм қиларканман , ўзимни яна ўша даврга бориб қолгандек ҳис қилдим. Рус тилини пухта ўргангач ва адабий дидим шакллангач, Блокка муҳаббатим кучлилигидан, қизиқишим устунлигидан унинг бошқа шеърларини, драмаларини, ҳатто мактубларини мутолаасига керагидан кўп вақтимни ажратдим. Таржимаи ҳолини ҳам ўқидим. Уни яқиндан билганим сари негадир унга боғланиш ўрнига бир муддат узоқлашдим. Менга салбий таъсир қилган нарса шу бўлдики, ўсмирлигимда ёд олган унинг шеърларидаги покиза туйғулар гўё сатрларда қолиб, шоир ҳаётига кўчмаганди. Назаримда, шундай эди. Ўша бетакрор туркумдаги шеърларнинг ҳеч бир сатридаги улуғланган бокираликни ёки пок муҳаббатни Блок ва Менделееванинг биргаликда кечирган ҳаётини ўқиш-ўрганиш асносида учратмадим. Унинг қайси таржимаи ҳолини, у ҳақидаги исталган замондоши хотирасини ўқимай, Блок ҳаётда енгилтак ва бир ҳавойи эркак бўлганининг тавсифига гувоҳ бўлардим. Шоир Москвадаги драма театрларининг актрисалари билан кўнгилхушлик қилиб, дон олишиб, Дон Жуанга ўхшаб уларнинг кўнглини овларди. Волохова ва Веригина каби истеъдодсиз актрисалар унинг энг ажралмас жазманлари эди. Шунингдек, шоир адабиётга алоқаси бўлмаган кўчадаги дуч келган аёл билан осонгина тил топишиб, уни етаклаб исқирт тўшаккача дадил борарди. Менделеева ҳам ундан қолишмас, Андрей Белыйга ўхшаш фақат оқ шеър ёзадиган ўртамиёна шоирлар ва театр актёрларига ноз-карашма улашиб, улар билан ҳаминқадар яқин алоқада бўларди. Шеъриятга таъриф-у тавсифи кўчган латофатли аёл ҳам, уни мадҳ этган шоир ҳам маънавий жиҳатдан ўша машҳур туркумдан анча йироқда, таъбир жоиз бўлса бир мунча пастда — оёқ остида эдилар. Блок ҳақида кўп маълумотга эга бўлгач, дастлаб унинг янги қиёфасига (балки асл қиёфасидир) ўзимда кўникма ҳосил қилишим қийин кечди. Мабодо унинг ўрнида Цветаева ёки бошқаси бўлганида киприк қоқмай, кўзимни чирт юмиб, ундан дарров воз кечиб юборардим. Бир неча марта шундай қилгандим. Ўз пайтида Достоевский, Верешчагин, Цветаева, Киплингларнинг шахсиятидан кўнглим тўлмай, улардан иккиланишларсиз воз кечган ва бунга сира афсусланмагандим. Блок билан ҳам шундай бўлади деб ўйладим. Лекин, ундан негадир воз кечолмадим. Гарчи уни ёлғончилик, иккиюзламачилик ва даъюсликда (Любовь Менделеева битта актёрдан ҳомиладор бўлганини у хотиржам туриб эшитгани алам қилганди) бутун вужудим қақшаб, асабийлашиб, дод деб юборгудек бўлиб айблаган бўлсам-да, ундан юз ўгиришимнинг иложи бўлмади. Менга унинг ишқий зафарлари, арзон ишратлари, ўзини даъюсдек тутиши ҳақида ўқиш чидаб бўлмас даражада оғир кечган бўлса-да, уни барибир кечирдим. Негаки, унинг ёлғонлари (эндиликда шундай) ниҳоятда залворли ўтган ўсмирлигимни, синглимнинг болалигини талатўплар ва олатасирларга маҳкум этилган ўтиш даврининг темир панжаларида букилиб, синиб, майиблашиб, хароб бўлишидан асраб-авайлаганди. Негаки унинг ёлғонлари менга эртанги кунга ишонч бахш этган, ўғирланган ширин уйқуларим қийматини билинтирмаган, синглимни бўлса шеър дафтарлари ва мурғак юрагидан ўрин олиб, ҳаётнинг рангсиз манзараларидан уни оз-моз чалғитиб, ўзининг беғубор оламида вақти-вақти билан хотиржам яшашига туртки бўлганди. Шунинг учун ундан юз ўгиролмадим, кечиришга ўзимда куч топа билдим. Ҳозир ҳам бот-бот Блокдан аччиғим чиқади. Шунга қарамай уни ўқишда давом этаман. Вақт топганимда доим уни варақлайман. Чунки уни мутолаа қилсам, хотирам ишга тушиб, йигирма йил нарида қолиб кетган ўсмирлигим кўз олдимда аниқ-тиниқ гавдаланади. Кейин унинг ёлғонлари ёрдамида ўзлари мансуб бўлган даврнинг бутун совуқ нафасини, қўрқинчли кўланкасини, скелетдан фарқ қилмаган панжаларини бир зумга унутган иккита ўсмирнинг суҳбати қулоғим остида жонланади: -Ака, шеър кимники? -Рус шоири Блокники. -Уни мен ҳам ёдласам майлими?…
2020-02-06
http://nodirabegim.uz/archives/2388
I Менинг ҳаётим бошқаларникига қараганда кўпроқ ёлғизлик ва саргардонлик ичида ўтган. Нега шундай бўлди – буни айтиш қийин, аммо шундай бўлди – тамом вассалом. Ўн беш ёшимдан бери, орадаги бир муддатлик танаффусни ҳисобга олмаса, мен ёлғиз яшаб келмоқдаман. Менимча, бу ҳозирги замон кишиси учун унчалик ноодатий ҳол эмас. Таркидунёчиликда кечаётган ҳаётимнинг ҳисоби йўқ – бу зоҳидоналикнинг дақиқалари, кунлари ва ойлари чексиз, чегарасиздир. Ўзим бошдан кечирган ёлғизлик тажрибаси ҳақида ёзишга қарор қилар эканман, бу албатта фақат уни бошқалардан кўра яхшироқ тушунаман деган ўйдан эмас. Ёлғизлик баъзи одамлар учунгина хос бўлган алоҳида ҳодиса эмас, балки у борлиқнинг асосий, муқаррар воқелигидир. Мен айнан мана шу ҳақида ёзмоқчиман. Ҳаётнинг турли вазиятларини – фақат шон-шуҳратга бурканган шавкатли шоирлар шон-у шуҳратини эмас, содда қалбларнинг улкан бахтсизлигини, кўчадаги одамларнинг нафрат тўлиб тошган минғир-минғири, ҳақоратли койинишларини, бадгумон қиёфасини кузата туриб, биз ҳаммамиз ёлғизликдан азоб чекишимизни англайман. Ёлғизлик жамики изтиробимизнинг ягона манбаси. Мендаги ёлғизлик ҳисси моҳиятан бошқаларникидан кўп фарқланмаса-да, у менда ўта қақшатқич кечгани билан ажралиб туради. Демак, мен уни ҳаммадан кўра яхшироқ биламан, шундай экан бизнинг асосий оғриғимиз, азобимиз ҳақида ёзишга энг ҳақли одамман деб биляпман ўзимни. Тўғри, бу такаббурлик ёки манманлик бўлиб кўриниши мумкин. Лекин бундай шубҳага боришдан олдин ўйлаб кўринг: узоқ вақт ёлғиз яшаган одам такаббур бўлса, ақлга тўғри келадими?! Бунинг устига, шуҳратпарастлик ва манманликни енгишнинг энг яхши йўли – ёлғизлик. Аслида биз – ёлғизлар ўз-ўзига бўлган шубҳанинг қурбонларимиз. Мутассил танҳоликда яшаш норасолигидан уялиш ҳиссини туғдиради, хавотирнинг шиддатига дош бериб бўлмайдиган тошқини мудом устингга ёприлиб келаверади, қаровсизлигинг, эътибордан олислигинг саломатлигингни емириб, ўзингга бўлган ишончни яксон этади. Одам ёлғиз яшай олиши учун дилида руҳонийнинг комил эътиқоди янглиғ Худога астойдил ишончи бўлиши лозим. Кўнглида шундай ишончи бўлмаган одамга ёлғизлик лаҳзаларини яшаб ўтиш ниҳоятда оғир. Мен бу даҳшатни ўз бошимдан кечирганим учун айтяпман. Шундай дақиқаларда бирорта тасодифий сўз, одатий воқеа ҳам ҳам шаштимни сусайтириб, қўлимни фалажлар; юрагим тараша қотгандек даҳшатдан сиқилиб, заифликдан ларзага келадиган кулранг титроғ билан тўларди ичим. Исталган нарса – ҳамма нарса ёки ҳеч нарса ҳам – масалан ёруғликдаги оддий бир соя ёхуд август кунларидаги қаттиқ жазирама, Бруклин кўчаларида ўрмалаб юрган ночор аянч ва яланғоч мажруҳлик кўнглимни изтиробга солар, тасаввурда ўтмишнинг доим такрорланадиган манзаралари пайдо бўлиб, ном-нишонсиз тақдир ҳақида чидаб бўлмас азоб уйғотарди. Баъзида эса борлиқнинг кўримсиз реаллиги олдидаги қўрқув, автотураргоҳ майдонларининг ғариб кимсасизлиги, заминга ғазаб билан улоқтириб юборилган инсоннинг мақсадсиз ва сарсон кезишлари, бирор танбеҳ ё дакки, ҳатто машиналарнинг ўқдай визиллаб ўтиши ҳам юракдаги ожизлик ҳиссини зўрайтириб юборишга туртки бўларди. Ҳатто бирор сўз, бирор нигоҳ, бирор ишора бу азобни бошдан кечиришга сабаб бўлиши мумкин. Парк-авенюдаги хушбичим, каландимоғ жаноб сени бармоғи билан нуқиб кўрсатар экан, гўё “Сен ҳечкимсан” дегандек бўлади, обрўли журналдаги истеҳзога тўла фикр-мулоҳазалар ҳам оғриқ қўзғайди. Таниш аёл мактубида нотавон ва нокераклигинг, ёзишдан чиқиб қолганинг битилади, бундан ўзингни ҳеч нарсага арзимас, чорасиз, ҳис-туйғудан маҳрум, эришганлари ҳам саробга айланган одамдек ҳис этасан – қолганлар эса ҳар борада сендан тўкису, бекаму кўст. Баъзан бу оғриқ вақтида қондирилмаган, энди ғазабга айланган истакларнинг кўнгилда уйғотган мубҳам, эзғин кайфияти таъсирида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Кембрижда кечган қисқа қиш кунлари, якшанбаларда бўладиган қизғин суҳбатлар ва ўша суҳбатларнинг бирида менинг барча болалик орзуларим пучлигини айтишгани, бундан томирларимдаги навқирон жўшқинлик лаҳзага музлаб, юзимда ожизликнинг бетаскин изтироби март кунининг сўнаётган ёғдуси билан акслангани ҳақидаги ногаҳоний хотира ҳам ёлғизликда жуда хавфлидир. Ўтган кунларнинг қиёфаси, об-ҳавоси, манман кимсаларнинг мазахона сўзларини ёдга туширадиган хотиралар ўлган нур янглиғ кунларимни қоронғулаштириб, мен қачондир ўзим кашф этган ва чиппа-чин ишонган ҳақиқатларимни чилпарчин қилиб ташларди. Бундай дақиқаларда фақат ўз ҳиссиётларинггина ҳақиқатлиги, оламда бошқа мутлақ ҳақиқатнинг ўзи йўқлиги, Ер юзи қалби ёпиқ, пушти куйган тирик мурдалар маконилиги ва бу манзаранинг сўнаётган март шоми остида, нурсиз якшанбаларда мангу такрорланишини тушуниб етасан. Ёлғиз кимсанинг қалби ҳамиша оғир шубҳа-гумонлар, тушкунлик ва саросима исканжасида ўртанади, у эса нигоҳи ва ақлидан яширин қутулиш йўлини тополмай овворайи сарсон бўлади. На партия уни қўллаб ёрдам бера олади, на дин юпата олади, умуман англаган ҳақиқатларидан бўлак бирор эътиқоднинг ўзи қолмайди. Сабаби эътиқод таянчсиз ва таскинсиз қолдирганча уни тез-тез тарк этиб, руҳини ларзага келтиради, ҳолдан тойдиради. Шунда ҳаёт йўқлик аро йўқлик томон ҳаракатланиш эканини туяди; ҳақир ва хароблиги, маҳкумлигига иймон келтиради – унга умидлар ваъда қиладиган халоскор тонг энди ҳеч қачон отмайди. Ёлғиз одам вақтнинг улкан оқимлари ичидан оқиб ўтаётганини сезиб туради. Тўрт тарафида эса ёлғизликнинг совуқ, соқов девори. Бу деворнинг зилдай босими елкаларини эзади. У ёлғизликнинг шу тўрт девори ичида ҳибс этилган… ҳеч қаёққа қочиб кетолмайди. Йўқотилган беҳисоб кунлар ва унутилган юзлаб чеҳралар ёдини яна қайта уйғотадиган хотиранинг хавфли ўсмаси ичини еб битиради. Вақт эса ботинидан дарё янглиғ оқиб ўтаверади, у бўлса каталакдек хонасида мутассил ниманидир кутади… кутаверади… Узоқларда гувиллаётган ҳаётнинг бўғиқ овозини, ғовурларини тинглайди; тинглай туриб тушунадики, тақдир уни унитиб қўйган, қувват тарк этган, ҳаёти эса аллақачон соп бўлган. Қисмат бу кимсани ёлғизлик бағрига мангуга сургун этган. Ўз ёлғизлигининг ҳибсида ўтиравериб, ношуд одамдек ақли гангиган, силлайи мадори қуриган, бор имконлар ҳам аллақачон бой берилган. Шундай маҳзун кунларнинг бирида унда яна ўз-ўзидан, ҳеч қандай сабабсиз ҳаётга ишонч ва эътиқод пайдо бўлади, томирларида жўшқинлик мавж уради. Бу ҳислар енгиб бўлмас қудрат билан қуйилиб келади, дераза ойнасидан ёприлиб кириб, дунёсини сўнмас нур билан ёритади. Хотиржамлик, уйғунлик ҳислари уйғониб, кўнгли яна ғолибона ташналик билан ижод сари талпинади. Унинг аввалги ишончи боз ҳамроҳига айланади: аввал нимани билган бўлса, ҳозир ҳам билади, у қандай мавжуд бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундайлигича… Энди у ўз ҳақиқати ҳақида сўзлайди; майли, бутун дунё оғзини ёпмоқчи бўлиб, “ёлғон айтяпсан” десин – барибир ўз ҳақиқатини ишонч билан сўзлайверади. Мустаҳкам ишончнинг тантанавор дақиқаларида шуни эътироф этишим керакки, мен Ёлғизликни дунёдаги ҳар қандай одамдан кўра яхши биламан ва теран ҳис этаман. Уни менинг туғишган жигарим деб атамоққа ҳаққим бор, ахир ҳақиқатда шундайку!!! Ёлғизликнинг асл қиёфасини шу қадар тиниқ тасвирлашга аҳд қилганманки, токи ёзганимни ўқиганлар Ёлғизликка дуч келганда, уни дарров таниб олсинлар. II Инсон ёлғизлиги ҳақидаги энг фожевий ва ёрқин таърифни мен Иов китобларида ва фалсафий руҳдаги экклезиаст хутбасида ўқиганман. Шу ўринда теран бир ҳикматга эътибор қаратмоқчиман. Тўғри, бу ҳикмат бошқаларга ёлғиз қолган ғамгин болакай ва борлиқнинг фожевий моҳияти орасида ҳеч қандай мувофиқлик йўқлиги каби зиддиятли туйилиши мумкин. Китобдаги ҳикматга илк марта дуч келганимда ўзимни йўқотиб, дилгир бўлиб юрганман. Унинг исботи нақадар асосли бўлмасин, одамни шубҳага соларди. Ҳикматнинг ўзи эса қоядай мустаҳкамки, унга ҳеч қандай путур ва инкор заҳа етказолмайди. Ҳикматдаги ҳақиқат менинг ҳаётий қарашларимдан қатъий ўрин олган. Мана ўша ҳикматнинг ўзи: ёлғиз одам – аслида трагик одам. У ҳамиша, ҳеч оғишмай, вафодорларча ҳаётни севган, хурсандчиликни севган одамдир. Бундай даъво асло мантиққа зид эмас, зеро, бир шартнинг мавжудлиги яна бир бошқа шартнинг ҳам мавжудлигини тақозо этади. Инсон трагедиясининг моҳияти театр қонунларига хос бўлган конфликтларда эмас, ёлғизликда жамлангандир. Аниқ биламанки, буюк трагик ёзувчилар (мен трагедия ёзувчилари ҳақида гапирмаяпман. Кўп халқларнинг пешанасига битмаган – жумладан, французлар ва римликларга ҳам насиб этмаган (Вергилий ва Расин бор-йўғи трагедиянинг улуғ усталари, холос) – трагик ёзувчилар хусусида сўзлаяпман. Мисол учун: Иов, Софокл, Данте, Милтон, Свифт, Достоевский) доимо ёлғиз бўлган, улар ҳаётсевар ва бахт қадрини чуқур ҳис қиладиганлардан эди. Шодликнинг ҳақиқий маъноси ва қийматини фақат улуғ трагик ёзувчиларнинг ижодидагина кўриш мумкин. Бошқа манбаларда унинг ҳақиқий ва самимий тасвирини топиш душвор. Исбот сифатида ишончли бир далил келтиришни хоҳлардим. Болалигимда Иов китобларидаги ҳар қандай фикр мендаги ассотсиатив хотирани уйғотиб юборар, хотирамга нажотсиз ва маъюс туйғуларнинг, ҳодисаларнинг улкан оқимини бошлаб келарди. Бошқаларда ҳам шундай ҳол бўлганига иймоним комил. “Иовнинг тасаллиси”, “Иовнинг матонати”, “Иовнинг мусибати” даги иборалар бизнинг ҳаётимизга шу қадар чуқур сингган эдики, адоқсиз мусибатни бошдан кечираётган, изтиробини узоқ вақт жим ичига ютган одамлар ҳақида гап кетса, беихтиёр ўша иборалар ёдга келарди. Бир-бирини етаклаб келувчи бу хаёллар хотирамда устма-уст тахланиб, кўз олдимда Иов китобларининг қайғули, дилни ғашлайдиган манзарасини пайдо қилади. Бироқ кимки бу китобларни тажрибаси ошиб, ақли расолашган пайтда ўқиса, болаликда англаганидан кўра кўпроқ, тўғрироқ тасаввурга эришади. Иов Китоблари фақат хазин оҳанг, қоп-қора рангдангина иборат эмас. У буюк поезиянинг ғоят баркамол, ўта ҳиссий ва ёрқин намунаси эканидан ташқари, кўнгилда мангу ғамларнинг дилтортар куйини уйғотиши билан ҳам қадрлидир. Мангу ғамларнинг хазин мусиқаси мангу қувончларнинг кўтаринки куйи бўлиб мавжланади. Бу фикрда ҳеч қандай китобийлик ё нотабиийлик йўқ, аксинча ҳаққонийлик ва муқаррарлик мавжуд. Ўлим ва ёлғизлик ҳисси, мудом зўрайиб борувчи оғриқ, руҳий қийноқларнинг оғир юки инсон учун аслида гўзал ва фожели, ниҳоятда қадрли бир Севинчдир. Гўзаллик лаҳзалардагина содир бўладиган ғанимат ҳодиса. У сеники бўлган онларнинг умри ниҳоятда қисқа, бир умр ёнингда олиб қололмайсан. Йўқотишлар алами етаклаб келган гўзалликнинг аччиқ завққа қоришган, фожеанинг салобати билан оғирлашган лаҳзаларида асл трагик шоир Қувонч қўшиғини ижод этади. Гўзалликни ўзинг билан мангу олиб қололмасангда, гўзалликдан яралган бу қўшиқни мангу асрашинг мумкин. Қувонч қўшиғи кўтаринки эмас, аксинча, маъюсдир. Чунки бахт дегани унга эга чиққан лаҳзангданоқ тугайди. Бироқ ўткинчи бахт айнан уни барбод қилувчи таъсирдан гўзаллик ва улуғворлик яратади – шоирга унинг азизлиги ҳам мана шунда. Трагик шоир асл севинч ғамдан, ёлғизликдан кўрк олишини яхши тушунади, оғриқ қанча тахир бўлса, қувончнинг юзи ҳам шунча чароғон. Кўнгилдаги севинч ё масрурлик ҳисси ҳамиша ўлим муқаррарлиги, ўлим зулмати билан бирга яшайди. Бахт ҳам фонийлик ва ҳечлик туйғуси билан қоришган. Шу сабаб Иов каби трагик шоир ижод этган ғам куйи алал-оқибат бахт қўшиғи бўлиб жаранглайверади. Бу қўшиқ бошқа қўшиқлардан кўра дилбар ва хазин, машъум ва гўзалдир. Бу қувонч ҳам шавқ билан тўлиб тошган, ҳам юракни ўртайдиган қувончдир. У ўзида шикастанафас, мўмин одамнинг улкан борлиқ олдидаги тавозесини, ҳайрат ва қўрқувини ифода этади. Даҳшатли ингроқ ўша тақводор одамнинг лабларидан сирқираб чиқар экан, биз ҳозир ўқиган сатрларга айланади. Шеърни қироат қилар эканмиз, ичимизда яккаш ва ғалат, ёввойи ва мотамзада севинчни ҳис этамиз. Бу севинч ўлимга ўхшаб кетади. Бироқ у Теокрит ва Херрик каби буюк шоирлар куйлаган севинчдан кўра баландроқ ва нафисроқдир. III Иов Китоблари, шунингдек, Экклезиаст хутбаси – ҳар бири ўз ҳолича инсоният ёлғизлиги тарихининг улуғ ёдгорлиги сифатида намоён бўлади. Умуман, эски Аҳднинг барча китоблари инсон ёлғизлиги татқиқ этилган теран ва мукаммал асарлар тажассумидир. Уларда ёлғизлик тушунчаси деярли бир хил таъриф этилади. Ушбу муқаддас китоблар, шунингдек, диний қасидалар, муножатлар, ашъор ва кароматлар, солномалар қатидаги ранг-баранг ва шахсий кечинмалар ҳар бири ўз ҳолича ёлғиз қалбнинг турли асрорларини кашф этади. Кашф этилган асрорларнинг бирикувидан ёлғизликнинг умумий полотноси пайдо бўлади. Қадимги Аҳдда ифодаланган ёлғизлик ғоясининг қамрови жуда кенг. Бу қамров моҳиятини Янги Аҳднни ўқигач, янада кўпроқ тушуниш мумкин. Эски Аҳд борлиқ ёлғизлигининг солномаси бўлса, Янги Аҳд ҳаётга муҳаббат хабари бўлиб аксланади. Мана қаранг, Исо минг марта, минг хил услуб билан фақат бир гапни такрорлайди : “Мен – ўз Отамнинг ўғлиман, сизнинг барчангиз – биродарларимсиз!” Бундай биродарлик ер юзини бир оилага айлантиради, барча одамлар – яратганнинг болаларидир, демакдир бу. Ушбу даъватда инсонларга нисбатан муҳаббат яширин. Исонинг бош мақсади – ёлғизлик дунёсини таг-туги билан барбод қилиш, инсонлараро уйғунликка эришиш бўлиб, уйғунликнинг асоси муҳаббат бўлиши керак эди. Исо “Фақирлар масъуддирлар, зеро уларга рахмат бор”, “Кўзи ёшлилар масъуддирлар, зеро уларга хурсандчилик бор”, “Марҳаматлилар масъуддирлар, зеро уларга авф бор” деганида азоб тортишни, тавозе ва шафқат кўрсатишни олқишлашни эмас, олийҳиммат кимсаларга мукофот борлиги ҳақидаги хабарни етказишни ният қилган. Мазкур йўналиш Исо таълимотининг асосидир. Чуқурроқ разм солсак, бу таълимот моҳияти ёлғизлик дунёси исталган дақиқада муҳаббат дунёси устидан ғалаба қилиши мумкинлигини назарда тутади. Танҳоликда кечган сўнгги йилларимда мен Исо пандларини ва уларнинг нозил бўлиши сабабларини қайта-қайта ўқиб чиқдим. Илинжим – улар орқали ўзимга ҳаётий йўл, ибрат, маслак топиш эди. Шубҳасиз, мен тақводорлик важидан, ё вақт ўтказишу, гуноҳларимга тавба қилиш, самовий марҳаматга эришиш учун такрор-такрор ўқиганим йўқ. Мен Исо пандларига ҳам бошқаларни қандай ўқисам – масалан, Гомер, Жон Донн, Уолт Уитмен ёки экклезиаст муаллифини – худди шундай ёндашдим. Тирғалмасдан, енгил ўқиб чиқдим. Бироқ улардан мен топган маъно унчалик ҳам чуқур эмас; ваъзлардаги моҳият, назаримда, бачкана, ўта жўн эди. Шаксиз, мендаги тасаввур миллионлаб одамларнинг бу ҳақдаги тасаввуридан фарқ қилмайди. Қолаверса, нимани кўрган, қандай ҳис қилган бўлсам, шуни тасвирлаяпманки, бунда ҳеч қандай қўшиб-чатиш ё муболаға мавжуд эмас. Исо ҳаётининг моҳияти меникидан кўп карра аъло эканини англаган ҳолда айтишим керакки, мен унга эргашолмайман. Ёлғиз одам ҳамиша ном-нишонсиз, умидсиз, руҳан хароб; бу оламнинг яширин атоми кабидир – худди Иов, Everyman, Свифтдай. Мен ёлғиз одамни шундай тасаввур этаман ва шундай англайман. Исо муҳаббат таълимоти асосчиси бўлсада, биламанки, у ҳам худди биздай ёлғиз бўлган. Мен бу билан у биродарлик ва севги ғоясини олға суриб хато қилган демоқчи эмасман, у бутун умр ёлғизликда яшагани ва ёлғизликда ҳалок бўлганини айтмоқчиман. Миллионлаб одамлар унга мухлислик даъво қилса-да, барибир, таълимотига эргаша олишмайди. Мен ҳам Исонинг йўлини ўзимники деб қабул қилолмайман. Зеро, ҳаётнинг моҳияти муҳаббатда эмас, ёлғизликдадир. Ахир муҳаббат ўз мазмуни бўйича биз яшаётган дунё иқлимига мос тушмайди. У бир ноёб ва нозик гул. Гоҳ-гоҳ гул ифори бизни сармаст қилиб, умидимизни руҳлантиради, ёлғизликнинг қалин ва қора деворидан тирқиш ясаб, тор хонамизга бостириб кирадида, биродарона кайфиятга, якдиликка чорлайди. Гоҳида эса муҳаббатдан топганинг фақат озор ва азоб, оғриқ ва завол бўлади. Муҳаббат кўнгилни чилпарчин қилиб, охир-оқибат савдойига айлантириши ҳам ҳеч гапмас. Муҳаббат нима учун қалбимизга ташриф буюрмоқда – ҳаёт ё ўлим учунми, бахт ё бахтсизлик учунми?; нимани инъом этади – музаффарият ё маҳрумиятними – афсуски, ер юзидаги инсонларнинг ҳеч бири буни олдиндан айтиб беролмайди. Бироқ бир нарса аниқ: барчасининг якунида, мангу якунда биз чорасиз, беватан, бемакон ва бенаво кимсаларни муқаррар Ёлғизлик кутади. У содиқ дўст мисол ҳорғин ва хайрихоҳона қиёфаси билан бизга пешвоз чиқади. Ва яна… вақт ўтиб ҳаммаси қайта такрорланади: ёлғизликда кечган кунлар мавҳ бўлади, беруҳ юзимизга яна ҳаёт нуқси қайтади, довдирлик қатъият билан жой алмашади. Ёшлик ишончини, эҳтирос ва иштиёқларини, вужудидаги талантни ўлимнинг ғамҳин руҳини асраш учун қурбон қилганлар – гарчи бунинг эвазига кўнгилнинг буткул вайронлигию, истеъдоднинг заволи билан қолганларига қарамасдан – ёлғизликнинг дардчил тунларида мутассил курашлар билан яна жўшқин ҳаёт руҳини умидсизлик қўлидан тортиб оладилар. Аввал нимага эга бўлган бўлсак, уларнинг бари яна ўзимизга қайтади. Кўз очиб қоп-қора атрофни эмас, чароғон шаҳарнинг кўзни қамаштирадиган нурларини кўрамиз. Тунлари пиёда сайр қилиб, кўприкдан ўтиб борарканмиз, кўз олдимизда ястаниб ётган нур оқими беихтиёр ақлимизни олади. Бу оқим эшилиб-буралиб ўзини ҳар кўйга соларкан, кўприк остидан улкан кемаларнинг дафъатан сескантирадиган чинқириғи эшитилади. Биз эса кўприк бўйлаб бораверамиз – сокин ва ёлғиз; беилтифот ҳамроҳ, ҳеч қачон ташлаб кетмайдиган ва ҳар доим жим тинглайдиган содиқ дўст биз билан бирга. Ёлғизлик бизнинг мангу йўлдошимиздир. Мана, тингланг, ёлғизлик қасидаси: “Ёлғизлик абадий, шу билан бирга ўткинчидир. Ай, доғули ўгажон! Сен бор экансан, мен нимадан қўрқаман?! Ай, тун ва зулматнинг боқий қиёфаси! Умрининг ярмини сен билан ўтказган, сўнгги кунигача фақат сенгагина иймон келтириб яшаган инсон қалбига нима ҳам ваҳм солсин?! Ай, ботирим! Кун-тунимнинг тутинган иниси! – биз сен билан не-не йўлларни кечмадик? Дарғазаб тун йўлларида югурган ҳам, қутурган денгиз бўйида кезган ҳам, оламнинг кашфсиз ерларигача бориб, Тун қитъаси узра санғиган, Ер сукутига жим қулоқ берган ҳам биз! Ўзинг айт, оғайни, шундай бўлгач биз билан сен ҳақиқатда довюрак ва ботир эмасмизми? Шон-шавкатга арзимаймизми? Ҳаётнинг бор қувонч ва бахтини, ғалабасини бирга бошдан кечирмадикми?! Наҳотки, сен мени тарк этсанг, наҳотки мен билан бирга қолмасанг?! ЙЎқ, оғажон, қайт! Узун тунларда яна йўқлаб кел мени! Зулматнинг доғули ва безабон қалби билан қалбимга ташриф буюр. Қайт дўстим, ўтган кунларнинг беқиёс кучини, сўнмас умидини, ҳузурбахш қувончини олиб кел! Ва яна оламни забт этишимизга етадиган ишончни ҳам! Қайт!!!” .
2020-09-06
http://nodirabegim.uz/archives/2418
Парижда 1893 йилнинг ёзи бошланган бир пайт… Ташқарида унгагина хос бўлган гармсел вақти-вақти билан юзга ёқимсиз урилар, баҳорнинг майин об-ҳавоси билан хайрлашган боғдаги дарахтларнинг маҳзун қиёфаси саратонда қовжираш учун зўраки тайёргарлик бошланганидан далолат берарди. Дераза орқали кўримсиз хонага тушаётган қуёшнинг заррин нурларини темир каравотида кузатиб ётган Мопассан тирикдан кўра ўликка ўхшар, шу боисданми олдига руҳий хасталар касалхонаси бош ҳакими- доктор Бланш кирганида у қимирлаб ҳам қўймади. -Азизим,- деди доктор унинг қошига боргач, секин энгашиб.- Мен доктор Бланшман. Танигандирсиз? Кўзлари бир нуқтага қадалган Мопассан худди чақмоқ чаққандек сесканиб, унга жонсарак бир алфозда тикилди. Лаҳза ўтиб-ўтмай негадир хахолаб кулишга тушди. Кулаётганида чаккасининг томирлари бўртиб чиқиб, кўз ости хунук кўкариб кетди. -Қаердасан, Дюруа?- бақирди у атрофига алангларкан.- Эшитяпсанми мени, ёқимтой? Сендан “азизим” мақомини буткул тортиб олдим, буткул. Унинг оғзидан оппоқ кўпик тошиб чиқа бошлаганини кўрган доктор безовталаниб, бир муддат ўзини йўқотиб қўйди. Ўзини қўлга олгач, ўрнидан туришга интилган Мопассанни жойига қайтиб ётқизди. Каравот ёнида турган стол тортмасидан шприц олиб, унга стол устидаги идишда турган суюқликдан етарли миқдорда тортиб, адибнинг томирларига юборди. У тинчланиб, ёстиққа беҳол ва бўшашиб бош қўйгач, ичига ботиб кетган кўзлари тубини астойдил текширди, бош бармоғи билан сертук билагидаги томир уришини эшитди. -Консилиум қиламиз ҳозир,- пичирлади бақир-чақирни эшитиб, йўлакдан хонага шошилиб кирган ёрдамчисига.- Барча докторларни тўпланг. Аҳволи сиз айтгандан анча оғир. Мопассан уларнинг суҳбатини тинглаб ётиб, худди уйқусида кулган гўдакдек кўзларини юмган ҳолда сезилар-сезилмас жилмайиб қўйди. -Яна бир марта азизим деб чақиринг,- деди Бланш туришга чоғланганида унинг қўлидан аранг тутиб.- Куни битган ёзувчини бир хурсанд қилинг. Доктор унга ачиниб, ёрдамчисига эса маъноли қараб қўйди-да, шартта эшик томон йўл олди. -Дюруа сендан бу мақомни тортиб олдим,- деди Мопассан шприц орқали юборилган дори таъсирида кўзлари илина бошлагач алмойи-алжойи минғирлашни бошлаб.- Тортиб олдим. Тортиб… Консилиум пайти докторлар унинг ҳолатини атрофлича ўрганишди. Барча адиб ҳаёти қил устида турганлигини яхши тушунар, таҳлил ва текширув натижалари шуни яққол кўрсатиб турарди. -Унинг ҳасталиги ирсият билан боғлиқ,- деди Бланш пича ўйланиб туриб.- Бу ўз вақтида унинг онасида ҳам кузатилган. Асаб ҳужайралари таъсирчанлиги меъёридан ошиши натижасида руҳият изидан чиққан. Вазият тобора ёмонлашиб боряпти. -Менимча, бу ҳасталик,- деди унинг ёрдамчиси ўз фикрини билдириб.- Бир йил олдин қишда мисье Мопассан ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганидан сўнг тез суръатда авж олган. Унгача деярли кўзга ташланмаган. -Ҳозир унинг ёши неччида?- сўради йиғилганлардан яна бири- докторларнинг ичида энг ёшроғи. -Қирқ учда,- деди Бланш унга гўё “бунинг нима аҳамияти бор” дегандай қараб қўйиб. -Бу ёш билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин,- деди ёш доктор дадиллик билан.- Эркаклар қирқ ёшни хатлаб ўтишгач, уларда руҳий инқироз унсурлари кўзга ташланади. Суицидлар кўп ҳолларда айнан шу ёш атрофида улар билан рўй беришини эндиликда тиббиёт статистикаси ҳам айтиб турибди. Бланш икки соат давомида бир тўхтамга келинмаган консилиумдан Мопассан ётган хонага тарвузи қўлтиғидан тушган одамдек шумшайиб қайтиб келди ва бўсағадан ўтиб-ўтмай у ерда ўтирган ҳамшира қизга кўзи тушди. У адибнинг оғзига қошиқда пиёзли шўрва тутарди. -Меҳрибонсиз жудаям, доктор,- дерди Мопассан шўрвани аранг лабидан ҳалқумига ўтказаркан, унга кетма-кет ташаккур изҳор қилиб. -У эндиликда барчани доктор деб чақиряпти,- деди Бланш ўзига анграйиб қараган ҳамширанинг қулоқларига келиб шивирлаганча. Ҳамшира адибни амаллаб овқатлантириб бўлгач, идишларни йиғиштириб, хонадан чиқиб кетди. Доктор унинг қаршисидаги стулга чўкди. -Хўш, қачон ўларканман?- деди Мопассан ёнида яна докторни пайқагач, у томонга ҳолсизланиб бошини бураркан. -Ўлишингизга ҳали эрта,- деди Бланш унга умид бахш этиш учун озғин кафтидан аста тутиб. -Флоберга ўхшаб кетдингиз шу тобда,- пешонасини тириштириб йўталди у.- Ҳозир ўрнингизда бўлганида, онамнинг болаликдаги дўсти ҳам шубҳасиз шундай дерди. Қўйникига ўхшаган кўзларини сал қисиб, менга боқарди-да: “ҳали эрта бунга” дерди худди бир пайтлар новеллаларимдан камчилик ахтариб топиб, қонимни ича-ича ўттиз ёшимгача адабиётга яқин йўлатмагани каби. Доктор ундан кўзини олиб, касалхона боғига қараркан, уни яна алаҳсираяпти, деб ўйлади. Унинг боши ёстиққа қаттиқроқ чўкиб, танаси бир қоп гўштдан фарқ қилмай шалвираб қолганди. Биргина лабларининг орада очилиб-ёпилиши ва мўйлабининг кўтарилиб тушиши унда ҳалиям тириклик аломатлари мавжудлигини билдирарди. -Азизим сўзини қўшмадингиз бу сафар,- ногоҳ унга жиддий эътироз билдирди Парижнинг биринчи рақамли адиби.- “Азизим, ҳали эрта ўлишингизга” демадингиз. Унинг бирдан жиддийлашгани кутилмаганда эс- ҳуши ўзига қайтганидан дарак берарди. Бланш бундан тўла бохабар, у шифохонага ётқизилганидан бери уч-тўрт марта шу ҳолат унда кузатилган, консилиум пайти бир тўхтамга келинмаганининг бош сабаби ҳам шу эди аслида. Шунга доктор ўзини буёғига сергак тутишга уринди. -Ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми, азизим? Мопассан унга истеҳзоли қараб қўйди. Пажмурда нигоҳида аламзадаликка ўхшаш нарса ялт этиб балқиди. -Мен болалигимдан адабиётга роса қизиқардим,- деди сўнг мутлақо соғлом ва эс-ҳуши жойида одамлар каби дона-дона қилиб.- Ўзимча шеърлар тўқирдим. Улар мен туғилиб ўсган диёр- Нормандиянинг гўзал ва фусункор табиати манзаралари ҳақида бўларди. Шу тарзда лицейда ўқий бошлаганимда шеърлар тўқиб анча-мунча қоғоз қораладим. Кейин менда тўсатдан новелла ёзишга қизиқиш уйғонди. Поэзиядан кўра прозага қоним тортиб кетди. Денгиз ишлари вазирлигига ишга кирганимда шеър ўрнига аллақачон новелла ёза бошлагандим. Вазирликдаги ишимга деярли қизиқмасдим. У ерда хизмат вазифамни ўлганимнинг кунидан бажарар, бир даста қоғозлар орасида завқ олишдан кўра доим зерикиб кунни кеч қилардим. Уйда бўлган пайтларим бўш вақт топишим билан ўзимни адабиётга урар, ёзув столи қаршисига михланганча новелла кетидан новелла ёзардим. Бир томондан, бу менга маънавий-руҳий озуқа берар, ёзиб лаззатни туяр ва ором олардим. Бошқа томондан, уларни ёзиб бўлгач, кимга кўрсатишимни билмасдим. Шу нарса юрагимни хижил қиларди. Ўзим китобларини ўқиб ҳайратланган Стендаль ва Бальзак аллақачон ўлиб кетишган, замонавий адибларни деярли танимасдим. Бир куни онам менга болаликдаги дўстини тавсия қилиб қолди. Унинг дўсти кимсан Гюстав Флобернинг ўзгинаси эди ( ўша “Бовари хоним” романи муаллифи). Унинг олдига борганимда, у мени илиқ кутиб олди. Роса онамга ўхшашимни гапириб, болаликдаги хотиралари билан ярим соат ўртоқлашди. Қаҳва ичишга таклиф қилиб, олдимга сутли қаҳва ва ликопчада ширинлик қўйди. Шеър ва новеллаларимни қўлига олгач эса бирдан қовоғи уйилди ва менга жаҳл билан ўгирилди-да, юзимга тарсаки туширгандан бери қилиб: -Булар ҳеч нимага ярамайди,- деди уларни олдимга ташлаб. Шундан сўнг у менга адабиётнинг миссияси, ёзувчининг жамиятдаги ўрни ва ҳаётий тажрибаси ҳақида узундан узоқ маъруза ўқиди. Стендаль, Бальзак ва Гюгони кўпроқ ўқишимни маслаҳат берди. Унинг олдидан хафсалам пир бўлиб қайтгач, новелла ёзиш ўрнига юқоридаги муаллифларнинг асарларини топиб ўқидим. Айтганини қилиб адабиётни баҳоли қудрат ўргандим, ҳаётни четдан кузатдим, жамиятда бой тажриба тўплашга киришдим. Бу бир неча ой, ҳатто йиллаб давом этди. Бунинг натижасида мен ёзувчи сифатида униб-ўсдим, тажриба тўпладим, кўплаб жаҳон адабиёти намуналарини мутолаа қилдим. Аммо, ҳар сафар янги ёзилган новелламни олиб борганимда, у қўлёзмамни ўқиб кўриб, уни худди биринчи сафардагидек олдимга улоқтирарди. -Булар ҳеч нимага ярамайди,- ўша гапини такрорларди ҳар гал.-Адабиёт майдонига чиқиш учун ҳали сизга эрта! Мен ўша пайтлари йигирма беш ёшли йигит эдим. Юқорида айтганимдек, денгиз ишлари вазирлигида ўртача маошга ишлар, бир қолипга тушиб қолган ҳаётимда шу адабий машғулотим ва унинг маҳсули бўлган новелларларимдан бўлак бошқа бирорта юрагимга таскин берувчи овунчоқ йўқ эди. Шунгами дейман Флобернинг доимий бир хил мазмундаги гаплари кўп ўтмай мени чуқур тушкунликка тушириб қўйди. Улардан зада бўлиб ва юрагим сиқилиб, жон аччиғида бу ҳолатдан чиқиш йўлларини изладим. Энг ёмони, уни излаб-излаб, жамиятнинг енгил-елпи қатламидан топдим. Такасалтанг ва бир тийинга қиммат дўстлар орттириб, енгилтак ва учинчи нав жазманлар билан алоқа қила бошладим. Оқибатда, тасодифан захм касаллигини юқтириб олдим. Касалликдан эсон-омон тузалганимдан сўнг лабларимда табассум билан адабиётга қайтдим ва Худога шукрона айтиб яна новелла ёзишга киришдим. Уларни олдингилари билан солиштириб, ўзимда баланд ўсиш кузатилганини сезгач, оёғимни қўлимга олиб Флобернинг ҳузурига югурдим. Уларни кўриб, унинг қуруқ юзи бир мунча ёришгандек бўлди. Шунга қарамай новеллаларимни ҳудди аввалгилари каби тағин олдимга улоқтирди. -Ҳали сизга эрта,- деди бу сафар ҳам рўпарамда сигарасини тутатиб ўтираркан бамайлихотирлик билан.- Нимадир етишмаяпти. Менимча, бадиийлик. Ўттиз ёшимгача вазият шу тахлитда кечди. Битта сценарий теграмда айланаверди. Бу худди репертуарида бир донагина спектакли бор сайёр театр труппасини эслатарди: мен доим новелла ёзардим ва уни Флоберга кўрсатардим. У бошини чайқаб, новеллани олдимга улоқтирарди. Сўнгра, ёзувчининг жамиятда тутган ўрни ва ҳаётий тажриба ҳақида соатлаб гапирарди… Ниҳоят, бир куни унга “Дўндиқ” номли новеллам маъқул келди. Ўшанда календарда 1880 йил май ойи эди. Ўша йили бу ижод намунам “Медан оқшомлари” алманахида Эмиль Золя ва бошқа кўзга кўринган ёзувчиларнинг асарлари билан бирга нашр қилинди. Доктор уни жимгина эшитарди. Охирги марта эс-ҳуши ўзига қайтганида, Мопассан унга аёллар билан бўлган ишқий саргузаштлари ҳақида гапириб берган, у эса бунга аҳамият бермаганди. Эндиликда қўққис ижодий фаолиятидан сўзлашни бошлаган мижозининг бундай қарорига ўша пайтдаги каби аҳамият бермаса-да, унинг ҳаяжон таъсирида бурун катаклари кенгайиб, кўз қорачиғида аллақандай қизил-оқ доғлар пайдо бўлганидан у бир оз ҳавотирга берилар ва икки қулоғи унинг ҳасби ҳол мазмунидаги гапларида бўлса, икки кўзини ташқи кўринишидаги фавқулоддаги ўзгаришлардан узмасди. -Орадан бир йил ўтиб Флобер оламдан ўтди,- давом этди Мопассан бир текисда нафас олиб.-Мен ёлғиз қолдим. Энди ёзган новеллаларимни ҳеч кимга кўрсата олмасдим. Лекин бу мени ташвишга солмасди, чунки ўз йўналишимни ва стилистикамни шакллантириб бўлгандим. Бадиият борасида ҳам муаммом қолмаганди. Кундан кунга бадиий оламимга тобора теранроқ шўнғиб, танаффуссиз новеллалар ёзар, матбуот ва нашриётлар уларни нашр қилиб улгуришмасди. Мен қисқа фурсат ичида қийинчилик ва машаққатлар эвазига қўлга киритилган ёзувчилик мақомим роҳатини бир бошдан кўра бошлаган, бунинг ортидан молиявий аҳволим ҳам яхшиланиб борарди. Шунинг эвазига вазирликдаги зерикарли ишимни ташладим. У ердаги маошга ортиқ эҳтиёжим қолмаганди. Эндиликда мен адабиёт ортидан йилига ўртача эллик-олтмиш минг франк ишлаб топардим. Машҳурлигим Золяникидан кам эмасди. Шундай ижодий парвозим давомида 1883 йилда “Ҳаёт” ва 1885 йилда “Азизим” романларини ёзиб тугатдим. Улар бирин-кетин нашр қилинди. Ҳамма бало шундан бошланди. Тўғироғи, “Азизим” дунё юзини кўргач… Мопассан бир пайтлар аёллар қаршисида мастона сузилишни зўр уддалаган, энди бўлса киртайиб кетган кўзларини доктордан узиб, шифт томондаги бўшлиққа қадади. -«Азизим» номли романим нашр қилингач, бир зумда бутун Парижга машҳур бўлиб кетди. Ҳар йили роман ишлаб чиқарадиган фабрикаси бўлган Эмиль Золянинг романлари бир четда қолиб, мазкур романимга Париж аҳлида эҳтиёж кучайди. Нашриёт уни қайтиб-қайтиб нашр қилди. У ҳар сафар охирги ададигача тарқалди ва арзимаган бир неча ой ичида бутун Парижда қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Адабиёт оламида, оқсуяклар даврасида, ишчилар орасида бирдек эътироф-у таҳсинга сазовор бўлди. Мен ўша кунлари том маънода бахтиёр ва хушнуд эдим. Ахир, қайси ёзувчи бундай муваффақиятдан ўзини сархуш сезмайди?! Шундай бахтиёр онларимда “қанийди, бу кунларни Флобер кўрса эди”, дердим. Энди мени бутун Париж танир, адабий муҳит фақат новеллачи сифатида эмас, романчи сифатида ҳам тан олиб, аллақачон жиддий қабул қилишни йўлга қўйганини ғолиблик руҳига қоришган ички сезгим билан ҳис қилардим. Бироқ, вақт ўтган сари битта жиҳат мени ҳайрон қолдира бошлади. Роман бош қаҳрамони бўлган- бузуқ ва енгилтак Жорж Дюруадан бутун Париж, айниқса аёллар ақлдан озишарди. Бу қаҳрамоним қанчалик салбий ва жирканч бўлмасин, Париж аёллари уни ёмон кўришмас, аксинча унга ўзгача мойиллик билдиришарди. Айниқса, оқсуяклар даврасидаги нозиктаъб хонимлардан тортиб исловотхонадаги иркит аёлларгача романда таъриф-у тавсифи келтирилган унинг чиройини, ширинсуҳанлигини, магнитдек ўзига жалб қилиш хусусиятини оғзиларидан бол томганча мақтаб чарчашмасди. Адабий муҳитда бўлса мен қолиб, уни кўпроқ муҳокама қилишар, бу муҳокамалар пайти мен гўё иккинчи планга тушиб қолардим. Ўзим ёлғиз қолган пайтларда у хусусидаги мулоҳазаларга бериларканман, негадир уни кўп нарсага осон эришганини хазм қила олмасдим. Ваҳоланки, уни ўзим шундай қилиб яратгандим. Аммо ўз ўтмишимни кўз олдимда гавдалантирарканман, унинг ютуқлари асабимга тегарди ва бир пасда новеллаларимни кўтариб ўттиз ёшимгача Флобернинг уйига бўзчининг мокисидек қатнаган, унинг қаршисида нима деркин деб ёш боладек юрак ҳовучлаб ўтирган, олдимга улоқтирилган қўлёзмаларимда юзимга туширилган тарсаки таъмини тотган дамларим ўтарди-да, уни кўрганим кўзим, отгани ўқим қолмасди. Аксига олиб, унинг шуҳрати кун сайин ортиб борарди. Сира камаймасди. Романим Париждаги деярли ҳар бир хонадондан қўним топганди. Париж аёллари ўз суюклиларини, ўғлиларини, куёвларини, ҳатто жазманларини Дюруага ўхшаган абжир, аёл кишини ямламай ютувчи, юлдузни бенарвон урадиган олғир бўлишини орзу қилиб нафас олишарди. Уларга қараб елкамни қисарканман, “ахир у бир бузуқ инсон бўлса, нимаси қизиқ” деб бошим қотарди. Бу роман атрофидаги вокеалардан вақти келиб шунчалик зерикдимки, бир куни Франциядан ташқарига бош олиб чиқиб кетдим. Аввалига 1886 йилда Англияга саёҳат қилдим, кейин янги ихтиро қилинган ҳаво шарида дунёни кездим. Жазоирга бордим. 1888 йили қаламҳақларим эвазига сотиб олган янги яхтамда Ўрта ер денгизини, мафтункор Италияни сайр қилдим. Рембрандтнинг картинасидаги дайди ўғилга ўхшаб Францияга қайтгач, яна қаҳрамонимнинг мислсиз шон-шуҳрати рўпарасидан чиқдим. Бахтга қарши у ҳалиям Париж аёллари орасида урфда эди. Аёллар ҳануз ундан ҳайратланишар ва севишарди. Бора-бора мен ўз “болам”га ҳасад аралаш ғазаб билан боқа бошладим. Ҳасад қилишим четдан қараганда эришдек туюлиши мумкин. Аммо ғазабим кенг тасаввуримда асосли эди. Мени адабий муҳитда иккинчи планга тушиб қолганим ёки Дюруани мендан фарқли равишда ўз ютуқларига осон йўл билан эришгани эмас, жамиятни унга ҳаддан ташқари ҳайрихохлиги дарғазаб қиларди. Бу ғазаб таъсирида калламга у билан бемаъни рақобатга киришишдан бошқа нарса келмади ўшанда. Шу тарзда эндиликда кийинишда, ўзимни одамлар даврасида тутишда, аёллар билан муносабат ўрнатишда ундан ўзишга уринар ва кези келганда вақтимнинг зиёдроқ қисмини ёзувчилик фаолиятимга эмас, киприк қоқмай шу каби майда-чуйда нарсаларга сарфлаб юборардим. Шундай бўлса-да, бунинг заррача нафи тегмас, ундаги олқишланган қусурларни ўзимга табиий ёпиштира олмасдим. Масалан, оқсуяклар даврасида ширинсуҳанлик қилишимга уларнинг савиясиз дунёқарашлари кўпинча халал берар ва атрофда сийқаси чиқиб айланаётган кундалик маиший мавзуларга дарров ғашим чиқар, бунинг оқибатида суҳбатни давом эттиришга бўлган рағбатим йўқолиб, ўзимни уларни берилиб эшитаётган аҳмоқдек кўрсатиш қўлимдан келмай қоларди. Худди шунга ўхшаш ҳолат аёллар билан яқин муносабатимда ҳам кўзга ташланар ва мен қанчалик ўзимни Дюруадан ўтказишни истамай, бирданига икки ёки учта аёл билан кўнгилхушлик қилишдан том маънода жирканардим. Исловотхонада бирор бир аёл билан ёлғиз қолганимда эса ўзимни қони қайноқ ва эҳтиросли кўрсатиб, турли-туман фантазиялар таъсирида ҳиндларнинг шу мавзуга бағишланган эпоси бўлган- “Камасутра”да тавсирланган ишқий лаззатга эришишнинг етмиш икки хил усулини хаёлимда нечоғлик пишитмай, уларни бирма-бир амалга оширганим билан барибир тасаввуримда қаҳрамоним даражасига чиқолмас ва қаршимда қип яланғоч ҳолда ётган, юз-кўзига пардоз воситаларини чаплаб олган – мен ҳатто исмини-да билмайдиган аёл ҳам гўё буни таъкидлаб “Дюруа буни сендан яхшироқ уддаларди” деяётгандек бўларди. -Ахир, у бузуқ-ку!- дердим шундай кезларда аччиғим чиқиб ўзим билан ўзим олишарканман.- Ҳеч қанақасига у ёқимтой эмас. Унга “азизим” мақоми мос эмас. Романда мен уни кинояли тарзда шундай атаганман. Наҳот, лаънати Париж шуни тушунмаса? Азизим сўзини унга кинояли тарзда қўллаганимни афсуски, камчилик пайқаган ва уларнинг аксари адабиёт одамлари экани кундек равшан эди. Адабиёт оламидан ташқарида у шу тахаллусга айланган кинояли номи билан Парижнинг ардоғида бўлиб, уни тахтдан тушириш борган сари имконсиздек туюларди. Баъзида бу қоронғу лабиринтнинг ичида биргина чиқиш йўли кўзга ташланарди. Бу йўл “Азизим”дан ўтказиб янги роман ёзиш ва шу орқали Дюруани жамиятнинг исқирт хотирасидан ўчириб ташлашдан иборат бўларди. Мен айнан ўша йўлдан кетдим. Қисқа фурсат ичида кўп меҳнат қилдим, ёзув столимдан деярли турмай қўйдим, уйимдан ҳафталаб ташқарига чиқмадим ва буларнинг самараси ўлароқ, уч йил ичида учта роман ёздим. Булар- “Монт Ориоль”, “Пьер ва Жан”, “Ўлимдек кучли” романлари бўлиб, ҳар бири ўзига хос бўлишига қарамай, минг афсуски ҳеч қайсиси “Азизим” эришган ютуқнинг ўндан бирини ҳам такрорлай олмади. Улардаги бош қаҳрамонлар худди мен каби Жоржнинг шон-шуҳрати соясида қолиб кетишди. Баъзида шундай кунлар бўлардики, мен худди ойпарастга ўхшаб камин олдида соатлаб бир нуқтага тикилиб ўтирардим. Ҳушим ўзимга қайтганида, қўлимга “Азизим”ни олиб, уни энсамни қотириб варақлар, гоҳида ёд бўлиб кетган саҳифаларини қайтадан қизиқиб ўқиб кўрардим. Бундан мақсад ўша сўтакнинг бирор бир ижобий бўлмаса-да, ҳеч бўлмаганда ўзига тортадиган қандайдир хислати борлигини илғаш эди. Аксига олиб, ҳар сафар унинг феъл-атворида фақат бузуқлик ва маънавий қашшоқликка дуч келардим. Китобни ёпарканман, ташқарида одамлар билан тўлиб-тошиб, қозондек қайнаётган Парижга деразадан туриб қараб “ҳам онаси, ҳам қизи билан кўнгилхушлик қиладиган бузуқ сенга ростдан ёқадими”, деб айюҳаннос солишни истардим. Аммо бу ҳатти-ҳаракатим билан кулгули аҳволга тушиб қолишдан қўрқар ва шунга балки тилимни тиярдим. Бора-бора Дюруани бутунлай жиним суймайдиган даражага бориб, у ҳақида эшитсам асабларим қақшаб оғрийдиган бўлиб қолди. Шу важдан давраларда кам кўриниш беришни йўлга қўйдим, одамовилигим ортди, аёллар билан ёлғиз қолишдан кўнглим безиллашни одат тутди. Гоҳида шунақа лаҳзаларда “Азизим”ни ҳамма ададини тўплаб, тоғдек уюм қилиб, устига керосин сепиб, ёқиб юборгим келарди. Бироқ, бундай қилолмасдим. У нафақат Париж, балки бутун Франция бўйлаб тарқаб улгурган, “болажоним” француз жамиятининг ёқимтойига айланганди. Шу менга алам қиларди. Кучли асабийлашиб яшаш оқибати, албатта ўзидан қандайдир из қолдиради. Ўзимда бир куни буни сездим. Бошимда кучли оғриқ пайдо бўлди ва мен дод деб юбордим. Таниш докторимга мурожаат қилганимда, у кўп ёзаётганимни, ёзувчилик фаолияти билан вақтинча шуғулланмай туришимни маслаҳат берди. Унинг айтганини қилдим. Фойдаси бўлмади. Бош оғриғи кундан кунга кучаяр, бу айниқса Дюруа ҳақида ўйлаганимда ўзининг кульминациясига чиқар ва шу дамда миям қисишни бошларди. Ўзимни йўқотар даражада ғазабланган пайтларим бош оғриғига қўшилиб, эс-ҳушим ҳам мени тамомила тарк этар, хаёлан бузуқ қаҳрамоним билан олишиб кун қандай кеч бўлганини ёки хизматкорим овқатланиш учун исмимни айтиб қайта-қайта чақирганини англамай қолардим. Ўтган йили онамни кўргани борганимда ҳам шундай бўлди. Унинг олдида кечки овқатни тановул қилиб ўтирарканман, Дюруа эсимга тушиб кетди. У романда айнан мен каби столнинг тўрида ўтирар, хонимлар даврасида қошиқ ва санчқини назокат билан ишлатар, бокалдаги винодан лабларини қимтиб симириб, атрофидаги аёлларга сирли қараб қўярди. Мен ҳам ўзим билмаган ҳолда унга ўхшаб ҳаракат қилаётгандим. Бир пайт шу ўй тепа сочимни тикка қилиб юборди ва ғазабланиб бошимни чангаллаб қолдим. Оғриқдан кўз олдим қоронғулашиб, онамга узримни айтдим-да, ўзимга ажратилган хона сари йўл олдим. Орадан ҳеч қанча ўтмай ўша ерда ўз жонимга қасд қилдим. Бу билан ҳечам тугамайдиган қалб азобидан қутулмоқчи эдим. Аммо пешонамга яна бир оз яшаш ёзилган экан. Ўлмадим. Мана, энди бу ерда ётибман. Доктор эндиликда уни диққат билан эшитар, оппоқ кафтидаги бир-бирига чирмашган семиз бармоқлари онда-сонда қалтираб қўярди. -Сизда руҳий ҳолат кескин бузилган,- деди у ниҳоят Мопассанга бошини кўтариб хўрсинганча. -Ўз қаҳрамони билан рақобатлашишнинг маҳсули бу,- деди Мопассан лаблари титраб-титраб.-Ахир, уни ўзим яратганман, ўзим! -Соғайиб кетасиз,-деди Бланш негадир шу сўзларига ўзи ҳам ишонмай. Дийдаси қаттиқ бўлган Мопассан унга беихтиёр йиғламсираб тикилди. -Яна Дюруа билан рақобатлашиш учунми?! …Орадан бир ойга яқин вақт ўтиб, 1893 йил 5 июль куни унинг аҳволи бирдан ёмонлашди. Хонага отилиб кирган Бланш уни иккита фельдшер йигит қарамоғида кўрди. У каравотида ётганча икки қўлидан маҳкам тутган йигитларга кучли қаршилик кўрсатар, оғзидан кўпик сачраб, кўзлари ола-кула бўлиб, уларни дағал сўзлар билан ҳақорат қилар, эс-ҳуши умуман жойида эмасди. -Дюруа бузуқ!- дерди у йигитларнинг кийимларидан тортиб.- Асло ёқимтой эмас. Бузуқ, бузуқ!!! Эртасига доктор ўз хонасида ўтириб, тиббий ҳисоботига қуйидаги сўзларни ёзди: “Ги де Мопассан, таниқли ёзувчи. Касалхонамизда олти ой ётиб даволанди. Сўнгги кунлари иштаҳаси деярли йўқолиб, томоғидан ҳеч нима ўтмай қолди. Эс-ҳушидан вақти-вақти билан айрилди, биров билан гаплашишни истамади ва эрта-ю кеч ўзи ёзган романдаги аллақандай Жорж Дюруа деган тўқима шахс билан уришиб яшади. Уни даволаш учун қўлимдан келганини қилдим. Аммо кеча аҳволи доимгидан ҳам ёмонлашиб кетди. Бугун бутунлай ақлдан озган одамдек кўзлари косасидан чиқиб, лунжи осилиб, базўр нафас олди ва узоқ давом этган ўткир асаб бузилиши ҳасталигидан вафот этди. Жон бераётган пайтида ўзим унинг олдида бўлдим. У фақат битта сўзни такрорлади: “Зулматни кўряпман, зулматни…”. Ўлим вақти: 1893 йил, 6-июль, соат 11-45.”
2020-04-05
http://nodirabegim.uz/archives/2225
Хаёлимда икки КИШИ. Бири-биридан суюк, фариштали. Момо Ҳаво шамол ва бўронлардан пана бўлиб бораяпти. Довул тиниб, қуёш нурлари теваракни илиб-иситиб бораркан, тийрак нигоҳлари билан у ўзидан бир қадам олдинда кетаётган Одам Атонинг соясига меҳр билан боқади. Соя-да виқорли, тафтли… Одам Ато ягона ҳамроҳини иссиқ-совуқдан асраб, олис йўлга равона бўлишган… Ўшандан буён асрлар вақт шамолига чап бериб ўтиб бораётир. Шундан бери она Ер не-не талотўпларга гувоҳ бўлди. “Мен Ҳаввоман!” дегич Аёлнинг қучоғи даста гулларга қанчалик тўлган бўлса, кўзёшларига шу қадар ғарқ бўлди у. Инсоният яралибдики, Қобил ва Хобилларнинг кечмишидан ОНА ҳали ҳамон алағда, дилтанг. Заминни уруш майдонига айлантираётган одам боласи ҳали ҳам дунёнинг моҳиятини, эзгуликнинг, ҳаёт отлиқ неъматнинг қадрига етганича йўқ. Хаёлимдаги титроқларни йиғиб китобни сумкамга жойладим-у, кўчага чиқдим. Йўл-йўлакай асарда учратган аёллар кўз олдимда жонланади. Улар урушнинг қаҳрамон аёллари. Ёзувчи Светлана Алексиевич “Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси” китобини саранжомлаётган вақтда кўпгина Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари бўлмиш – аёллар билан суҳбатлашган, дардлашган. Уларнинг шу кунга қадар парда ортида бўлган изтиробларга, хўрликларга қоришиқ кунларини рўйи-рост кўрсатиб берган. Ҳар бир хотирада ҳаётнинг синиқ лавҳалари мужассам. Бу хотираларни ўқиш мушкул, қон ҳиди анқиётган, чанг-тўзон кўтарилган, кўзларида тубсиз соғинч қотиб қолган мурдаларни “кўриш” азоб. Бироқ, урушдек вахшатда ҳам эзгулик топа билган, ёруғ тушлар кўра олган инсон бор экан, бу ёзуғни ўқиш мароқли. *** Мени ўраб турган кентнинг ҳар бир бурчида Тинчликнинг саси, кулгулари эшитилади. Заминда баҳорнинг сўнгги кунлари кечади. Қушлар чарх уриб, тумшуғида емишни полопонига етказиш пайида. Шу онда қирғинбарот паллаларда табиатнинг бу жонсарак жонзотларининг ҳоли нима кечган экан-а?, деб ўйлаб қоламан. “Кеч кузда қушлар учиб кетаяпти… узундан узун қушлар галаси. Немис ва бизнинг артиллерия ўқ узмоқда, улар эса учиб кетишяпти. Уларга қадай айтасан, қандай огоҳлантирасан? “Бу ердан учманг! Бу ерда отишма бўлаяпти!” дейсанми? Қандай айтасан? Қушлар бир-бир ерга қулайди…” Мен бўлса ён дафтаримнинг бир четига “Осуда юртнинг осмонига қарғалар ҳам ярашади”, деб ёзиб қўйган эдим. Чиндан ҳам ярашади. Тинчликда ҳамма нарса кўхли. Қалдирғочлар эркин парвоз қилаётган кўкка жимгина термуламан. Улар ҳадемай жануб томон учиб кетишади, аммо қайтиш учун кетишади. Чунки, тинч бу масканда улар учун ҳаловат бор. *** Илгари шу ҳақдаги фильмларни кўрсам, урушда шавқатдан бўлак барча ёвузликлар мужассам, деб ўйлардим. Янглишган эканман. “Менинг палатамда икки киши ётарди… Биттаси немис, иккинчиси бадани куйган ўзимизнинг танкчи. Уларнинг олдига кирдим. – Аҳволингиз қалай? – Мен яхшиман, – деб жавоб берди бизнинг танкчи. – Бунинг аҳволи чатоқ. – Ахир у фашистку… – Йўқ, мен яхшиман, унинг аҳволи ёмон. Улар ортиқ душман эмас, энди улар одамлар, шунчаки бирга ётган икки ярадор.” *** Пойтахт кўчалари бўйлаб кезарканман, уруш вақтида ўн тўртта етим болани асраб олган Шомахмудовлар оиласи шарафига қўйилган ҳайкаллар ёнидан чиқаман. Норасидаларга ота-она бўлган бу инсонлар миллатимизнинг дарёдил эканлигини яна бир бор дунёга кўрсатиб қўйганлигини, меҳр ва оқибат миллат ва чегара билмас тушунчалар эканлигини ҳис этаман. “Бу Берлинда бўлган воқеа… Шундай бир ҳолатга дуч келганман: кўчада кетаётсам, олдимдан автоматини кўтариб бир бола югуриб чиқди – урушнинг охирги кунлари эди. Сўнгги кунлар. Қўлида автомат. Тайёр турибди. У менга қараб, кўзларини пирпиратиб, йиғлаб юборди. Ўзимга ишонмайман – мен ҳам йиғлаб юбордим…” “Ҳар бир боланинг елкасига нон учун халта осилган, белига шўрва ва иккинчи овқат – бўтқа, нўхат учун идишча қистирилган. Уларнинг қорнини тўйдирардик, даволардик. Ҳатто бошларини силардик… Биринчи марта силаганимда… қўрқиб кетдим… мен-а? мен! Немис боласининг бошини силасам…” *** Бугун шаҳарни пиёда кезгим келди. Машинада ён-верингга қарай олмайсан. Фақат йўлга қараш одамни толиқтиради баъзан. Сайрнинг эса гашти бўлак. Айниқса, хаёлингда ҳали ҳамон урушнинг даҳшатлари акс этган китоб турган пайтда. Солиштириш, таққослаш ва энг муҳими шукур қилиш учун. Кўз ўнгимда тўкин ва фаровон ҳаётидан масрур юртдошларимнинг ёрқин чеҳралари фотолавҳа янглиғ мухрланиб қолади. Бағрига китобларни босганча, узун, ёйиқ сочларини шамолга бериб, баланд зинадан оҳудек сакраб тушаётган талаба қизнинг порлоқ, чиройли кўзлари… Бекатда ўтириб, гапдан бўшамай, бир гапириб, ўн кулаётган онахонлар… Онасининг қучоғидан тушиб, оқ капалак ортидан ҳайрат билан боқиб қолган марварид нигоҳли қизалоқ. Улар тарихга эврилаётган бугуннинг бахтиёр тасвири. Йўлда гул дўконига кирдим. Негадир ўзим учун гул сотиб олгим келди. Оқ сариқ, пушти, ҳаворанг ва қизил гуллар… Гуллар ҳам тинчликни севишади, бехадик тўп-тўп бўлиб очилаверишади. “Дала гулларини кўрсам – урушни эслайман. Урушда биз гул узмасдик. Гулдаста терсак ҳам, фақат кимнидир кўмаётганда… хайрлашиш учун терардик…” Хаёлимдагини сездирмай, гулчи аёлни кузатаман. У гулларни саралаб менга узатаркан, ўз ишини жуда яхши кўришини, гулларнинг ҳам тили, юраги борлигини таъкидлайди. Аёлнинг атрофида эса асаларилар. Гўзал манзара. Сотувчи ариларга парво қилмайди, аксинча уларнинг бол йиғишини завқ, сабр билан кузатади… *** “Фронтда Гейне шеърларини қайта ўқий олишимга сира ишонмасдим. Севимли адибим – Гётени қўлга олмасам керак деб ўйлардим.” Мен эса йўл бўйи Бахни, Моцартни, “Чўли ироқ”ни, “Муножот”ни тингладим. Куйлар инсониятни фақат эзгулик бирлаштира олишини, оҳанг ва адабиётгина одамзотга Бахт келтиришини, муҳаббат чегара билмаслигини, замон танламаслигини таъкидлашди. Айни дақиқаларда ҳам она заминнинг қай ерларида уруш олови ўчмаган. Ҳозир ҳам оналарнинг бағридан гўдаклари юлиб олинаяпти. Болаларнинг қўлларига қурол бериб, ота уйини ўққа туттиришаяпти. Шундай кезларда Ватанимиздаги ҳар бир чироғи ёниқ хонадондагилар отаётган мусаффо тонгга, хотиржамлик билан ботаётган кунга шукур қилишмоқда. Бешикда пишиллаб ухлаётган гўдак ҳаққи ОНАлар қўлини дуога очиб, юртга омонлик, оламга тинчлик сўрашмоқда. Эшикдан ризқ-насиба кўтариб кириб келаётган ОТАларга сиҳат, иймони бутунлик тилашмоқда. *** Хаёлимда яна икки КИШИ. Момо Ҳаво Ҳазрати Одамга суяниб боради. Ундан нажот кутади. Ана шу нажот, меҳри ва шавқати билан Одам Ҳавога суюкли. Ўтда ҳам, сувда ҳам, ҳаёт ва мамотда ҳам…
2020-10-05
http://nodirabegim.uz/archives/2259
Оппоқ тонг отиб, уйқудан кўз очганимда, кулранг парда тортилган дераза олдида келинлик либосида бир аёл турарди. У кўча томонга диққат билан тикилганча қимир этмас, ташқарида баҳорга хос бўлган жаланинг бетиним қуйиши уни бир неча дақиқага сеҳрлаб қўйгандек, шу туришида ҳайкалдан сира фарқ қилмасди. Шу важдан уйғонганимни ҳам бошида сезмади. Ўрнимдан тураётганимда каравотим ғичирлаб кетгачгина у қўққис мен томонга ўгирилди. -Тамара*,- дедим унинг рангпар юзи ва зўриқиб кетган кўзларидан таниб.-Бу ерда нима қиляпсан? -Сендан бўса олгани келдим,- деди у томдан тараша тушгандек. -Сен фақат Иблисдан бўса олардинг, шекилли,- дедим пича ўйланиб туриб.- Ҳар ҳолда Лермонтов сени шундай тавсифлаганди. Ё ўша достоннинг давоми ёзилдими? У ёнимга келиб, кўйлагининг этагини йиғиштирди-да, каравотнинг четига секин ўтирди. -Сени иблисдан қаеринг кам?- хохолаб кулди киноямга жавобан.- Барча чаён буржида туғилган эркакларда иблиснинг қони бўлади. Эҳтирос бобида улар ҳатто иблисни ҳам ортда қолдиришади. Қуриб кетгурлар! Мен бир унинг бетайин мулоҳазасига, бир куйдирган калладек тиржайиб кулганига ғашим келиб ўрнимдан турдим. Кўйлагимни кийиб, тугмаларини эринмай қададим. У ҳаракатларимни бирма-бир кузатиб турди. Бу гал кулмади ҳам, гапирмади ҳам. -Манави оқ-қора расмни қаердан олдинг?- деди ногоҳ каравот ёнидаги ёзув столи устида турган суратни қўлига олиб. Суратда қаддини ғоз тутиб, узоқларга боққанча хаёл суриб кетиб бораётган аёлнинг тошга ўйилган қиёфаси тасвирланганди. Мен унинг кимлигини билмас, суратни дўстим совға қилган Лорканинг шеърий китоби орасидан топиб олгандим. -Китобнинг орасидан,- унга очиғини айтиб қўя қолдим. -Бу Альфонсина Сторни,- деди Тамара суратга узоқ разм солиб тургач.- Аниқроғи, унга атаб тошдан ишланган ёдгорлик фото сурати. Мен қайтиб келиб, ҳеч нимага тушунмай унинг ёнига ўтирдим. У саволомуз қиёфамга шу тобда еб қўйгудек бўлиб қараб қўйди. -У испанзабон шоира аёл бўлган,- давом этди эҳтирос билан кафтимни кафтига босиб эзғиларкан.- Йигирманчи аср бошида Аргентинада яшаган. Ажойиб шеърлар ёзган. -Унинг исми Альфонсинами?- сўрадим суратдан кўзимни олиб, ташқарида остин-устун қилиш ишларини бошлаган жаланинг шаштига боқарканман.- Эркакча исм эмасми? -Истайсанми ўша маконга боришни?- деди у cаволимга жавоб бериш ўрнига елкамдан ушлаб ўзига қаратиб.- Мен олиб бораман. Эвазига менга бўса берасан. Тотли ва узоқ. Унинг таклифи менга ғалати туюлди. Нега бунча менга ёпишиб олди, деб ўйладим. Бу тизгинсиз ўй онг остимда узоқ айланди. Тузукроқ ўйланиб қолганимни кўргач, Тамаранинг юраги сиқила бошлади ва хонани жонсарак ҳолатда кўздан кечиришга тушди. Ўрнидан туриб, китоб жавонимни титкилади. Жавон ёнидаги илгичга илиб қўйилган гитарани қўлига олиб, торларини асабий чертди. Деворга осилган Самурайлар қиличини қинидан чиқариб, ҳавода муаллақ ушлаб турди-да, бир-икки ўйнатди. -Лермонтовнинг достонидаги Тамарага сира ўхшамайсан,- дедим охири қизиқиш устун келиб розилигимни билдиргач, бошимни чайқаб-чайқаб.- Ўлай агар, ўхшамайсан. У Иблисга содиқ эди. Тамара гапимга аҳамият бермай, турган жойида тўзғиб кетган узун сочларини тартибга келтирди ва кетма-кет чуқур-чуқур нафас олди. -О, осмон малоиклари, етти қават осмон ортидаги оппоқ малоиклар, аросатдаги шўрлик руҳлар! Мени бир лаҳза эшитинглар. Бир пайтлар иблисга берган бўсам учун гуноҳкор саналиб, шармандалик тамғаси гарданимга ёпиштирилганди. Шу-шу кафорат йўлида мана неча йилки, сарсон-саргардонман, йўлимнинг охири йўқ — дарбадар кезаман, бемақсад коинотда санқийман. Кафоратга эришдим деганимда, бу йўлда собит бўлдим деганимда, кўп марталаб адашдим. Бу жар ёқасидаги дўзахий умргузаронлигим учун осий қалбимни энди бир мукофотланглар, ўша денгиз ва ёдгорлик олдига бизни элтинглар! У шундай деб кўзларини юмди-да, пичирлай-пичирлай менга номаълум тилда қандайдир дуони ўқиди. Сўнг югуриб келиб, бўйнимдан қаттиқ қучди ва қўллари билан юзимни тўсиб олди. Қўлларини юзимдан олганида, биз ётоқхонамда эмас, бир томони сарҳадсиз денгиз, бир томони қия яланглик бўлган номаълум соҳил бўйида турардик. Оёқ остидаги қум зарралари тепамиздаги қуёш нурлари таъсирида қизиб, кўп ўтмай оёғимизни куйдира бошлади. Тамара кўйлаги этагини кўтарганича чопишга тушди. Мен унинг ортидан эргашдим. -Жин урсин, сени,- дедим унинг ортидан ялангоёқ чопиб.- Мени қайси гўрга олиб келдинг? -Аввал менга етиб ол,- деди у ҳеч тўхташни хаёлига ҳам келтирмай шўх-шодон югурганича.- Кейин айтаман. Унга етай деганимда у яланглик сари чап берди. Ўша томонга бурилиб қочди. Мен ҳаллослаб ортидан қувдим. Четдан қараганда худди келинни қуваётган куёвдан фарқим қолмади. -Бўлди, тўхта,- деди у бирин-кетин тошдан ишланган қандайдир ёдгорлик олдига борганимизда қўли билан тушунтириб ва букчайиб нафасини ростлашга тушди.- Биз Аргентинадамиз. Бу ер- Мар-дель Плата шаҳри. Мана шу — ўша ёдгорлик. Бир қарагин. Суратдаги ёдгорликнинг нақ ўзи. Мен шимимнинг чўнтагидан ўша оқ-қора суратни олиб, уни ёдгорлик билан солиштириб кўрдим. Ўхшашликни топгач, бирдан юзим ёришиб кетди. -Анави эса денгиз,- деди Тамара денгиз томонга бошини силкиб.- Суратдаги Альфонсина Сторни ўша денгизга ўзини ташлаб, жонига қасд қилган. Одамлар унинг жасадини эртасига қирғоқдан топишган. Ёдгорликни бир пасга эсдан чиқариб, нигоҳимни тўлқинлари бетиним қирғоққа урилаётган, шовуллаши қулоқни қоматга келтираётган бепоён денгиз томон ташладим. Унинг кўм-кўк суви офтобда эркаланиб чайқалар, тўлқинлари қирғоққа шиддат билан урилгач, негадир улардан оппоқ кўпик ажралиб чиқарди. -Бу ерга келган исталган одам унинг йиғисини эшитади,- деди Тамара нафасини ростлаб олгач, денгиз томонга ишора қиларкан.- Мен ҳам илк марта Иблис билан келганимда шунақа бўлган. У одам билан худди одамдек гаплашади. Фақат у, яъни Аргентина денгизи холос. Қолган денгизларда бундай хусусият йўқ. Мен унинг гапига истеҳзоли илжайиб қўйдим-да, соҳил бўйлаб юрганча денгиз сари кетдим. У келинлик либосини чанг-чунгдан тозалаганича ёдгорлик олдида қолди. Қирғоққа келганимда денгизнинг шовуллаши янаям кучайди. Тўлқинлари қирғоққа келиб урилди-да, қум устида ялангоёқ юриш натижасида куйиб, қовжирашни бошлаган оёқларимни беминнат ювишга тушди. Бу роса ёқимли бўлиб, ўша ерга астойдил чўк тушдим. -Салом, ёт киши,- деди шу пайт қандайдир овоз. Мен шоша-пиша атрофимга алангладим. Атрофимда ҳеч зоғ йўқ. Тамара мендан эллик-олтмиш қадам узоқликда қолганди. -Альфонсина Сторнини кўргани келдингми? Тағин ўша овоз жаранглади. Бу овоз денгиз томондан келаётганини англагач, янгитда Тамара айтган гаплар ёдимга тушиб, бу шунчаки афсона эмаслигини тушундим-да, кўзларим ола-кула бўлиб, беихтиёр ўрнимдан сапчиб туриб кетдим. -Чўчитиб юборган бўлсам, узр,- деди денгиз оёғимни бу сафар ҳам тўлқинлари билан ювиб.- Анчадан бери бу ерга ҳеч ким келмаганди. Куз ва баҳор мавсуми ўзи шунақа бўлади. Ҳеч ким келмайди. Мен ўзимга келгач, бўшашганча қайтиб қумга чўзилдим. Шимимнинг тиззамгача бўлган қисми аллақачон ҳўл бўлиб улгурганди. -Альфонсина Сторни бу ерга кўп келарди,- деди денгиз бир оз ўтиб бўғзига нимадир тиқилган одам каби ютиниб.- Агар шуни билмоқчи бўлсанг деяпман-да. Бу ер унинг севимли маскани эди. Буэнос-Айресдек катта шаҳарнинг шовқин-суронидан юраги сиқилган кезлари, ёнимга келиб худди сен каби қўлларини қумга тираб мен томонга термулиб ўтирарди. Мен унинг оёқларини ювар, шовуллаган кўйи унга қўшиқ хиргойи қилар, боши устида чағалайларимни учирардим. У шунда ўрнидан туриб, ҳайқирганича улар билан ўйнар, октябрь бўлишига қарамай бағримда яп-яланғоч бўлиб чўмиларди. Мен унинг оппоқ ва бўлиқ сийналарига қараб тўймас, нозик кафтлари билан сувимни қўлига олиб юзини чайганида шуурим жимирлаб кетар, тиззасидан юқори қисмидаги нозик ерини сувим билан кўмганимда ақлдан озардим. Шундай лаҳзаларда у шеър айтиб чўмилар, ғаввослардек бағрим узра эркин сузар, сув ости салтанатимдан чиғаноқлар териб чиқиб, ёш боладек хурсанд бўларди. У менга атаб шеър ҳам ёзганди. Бир эшитиб кўргин-а, ёт киши. У ғамгин овози билан худди одам боласи каби қулоққа таниш оҳангда шеър ўқишга киришди. Лекин бир куни ёнимга келганида у бошқача кўринди. Анча ўзини олдиргандек, ҳаддан зиёд маъюсдек, кучли изтироб чекаётгандек… (ўшанда ҳам адашмасам октябрь эди. 1938 йилнинг октябри якунланиб борарди). У доимгидек қумга келиб ўтирди. Илк марта мен билан саломлашмади, анчагача бир сўз демади. Фақат бошини қуйи солиб, кулранг кўйлагининг тугмаларини ўйнаб, оёқларини чалиштириб ўтирди. -Мен ҳаммасидан чарчадим, денгиз! -деди бир пайт овозини борича бақириб. Унинг ноодатий бир алфоздаги аҳволини тушуниб, аввалига сукут сақладим. Унга жавоб қайтариш ўрнига секингина оёғини ювиб қўйдим. У бунга аҳамият бермади-да, кўкрагига сиққанича тўйиб нафас олди. -Яқинда қачонлардир чин дилдан севган инсоним Орасио Кирога***дан айрилгандим. Энди менга кўкрак бези саратони ташхисини қўйишди. Бир томонда адабиёт ортиқ менга завқ бермай қўйди. Ўғлимнинг борлиги ҳам… Мен жудаям ёлғизман бу оламда. Жудаям. У оёққа қалқиб, менга анча яқинлашди. Сувим тўпиғигача етди, тўлқинларим келиб урилиб, кўйлагининг киндигидан пастки қисмини бир зумда намлаб ташлади. -Бу гапларни ҳеч кимга айтмаганман. Аммо кимгадир айтишим керак… У кўзларини кафти билан тўсиб, энгашган кўйи бир неча дақиқа кўз ёш тўкди. Бошини кўтаргач, сал-пал тинчланди. -Бир пайтлар таниқли шоир бўлиш орзум эди,- деди шундан сўнг тўпиғини юваётган тўлқинларимнинг ўйноқи ҳаракатларини жим кузатаркан. – Росарио каби ҳувиллаган, овлоқ ердаги шаҳарчада кун кечирган йилларим шу орзу билан яшардим. Ҳар куни кун чиқиб, қуёш кўкка бўй чўзгач, кўзимни очарканман, куни келиб машҳур шоир сифатида уйғониш ҳам менга насиб этармикин деб ўйлардим. Тун чўккач, бошимни ёстиққа қўйиб, пинакка кетаёганимда ҳам шу эзгу орзу билан бирга кўз юмардим. Бу орзу мактабда педагоглик фаолиятимни бошлаб, болаларга дарс берган чоғим ҳам мени тарк этмади. Росарио кичкина шаҳарча эди. Шунга қарамай ўз адабий журналига эга бўлиб, унда дастлабки машқларим нашр қилинганида бу ёруғ оламда мендан бахтли одам йўқ эди. Шеър ёзиш билан биргаликда мактабда ўқитувчилик ҳам қилар, адабиёт кўнглимни ёлғизланиб қолмаслиги учун зарур бўлса, педагоглик фаолиятим қорнимни тўйғизарди. Бу иккига ажралиб яшаш бир томондан оғир эди, лекин мен чидардим. Гоҳида кундузи мактабда ўтаётган умрим дақиқаларини худди шеъриятдан ўғирлаётгандек туюлар, бундан хафа бўлиб кетар, шунга қарамай иссиқ овқат томоғимдан ўтганида қониқиш ҳисси билан тинчланардим. Кўп ўтмай Буэнос-Айресга келдим. Бу шаҳар мен учун ўша орзумни рўёбга чиқарадиган дастак ва восита эди. О, бу катта шаҳар… гавжум шаҳар… шовқин-суронли шаҳар ва.. албатта, бир тийинга қиммат шаҳар! Бу ерга келгач, эришган ютуғим шу бўлдики, шоир сифатида янада ўсдим, шеъриятга яқин бордим. Янгича руҳда шеърлар ёздим. 1911 йилда шаҳарга келган бўлсам, тез орада кўзга кўринган журналларда шеърларим чиқиб, адабий муҳитга қўшилдим. 1916 йилда “Атиргул новдасининг безовталиги” ва “Куз шеърлари” , 1918 йилда “ Ширин ҳижрон” шеърий тўпламим нашрдан чиққач, шон-шуҳратга буркандим, адабий муҳитда мустаҳкам ўз ўрнимни топдим, шеъриятга бахшида этилган умримдан бошқа дақиқалар ўғирламай қўйдим. Фақат ёздим, ёздим. Бунинг самараси ўлароқ, 1920 йилда Миллий адабиёт мукофотини қўлга киритдим. Шунга қарамай негадир ўзимдан кўнглим тўлмасди. Орзум ушалган бўлса-да, ўзимни ёлғизлик ичида кўраверардим. Бўлмаса фақат севимли машғулотим бўлган шеърият билан шуғулланар, умримни тўлалигича унга бахшида этардим. Росариода бошланган руҳан ёлғизлик ҳисси бу ерда ҳам бахтга қарши тўлмагани, адабиёт оламидаги машҳурлигим ёки йигирма тўрт соат шеъриятга ошно бўлишим ҳам уни тўлдира олмаётгани баъзида ўзимга ҳам ғалати туюлиб, сабаб тополмай номаълум нарсадан ўпкаланиб қўярдим. Менимча, бунга Буэнос-Айресдаги адабий муҳит сабабчидек эди. Чунки, шаҳарга келган илк кунларимдан ундан ҳар куни кўнглим айнир, у ердаги маддоҳ ва бир қолипга тушиб қолган каслардан нафратланардим. Улар тез орада мен учун улуғ даргоҳ бўлган адабиётдан кўнглимни қолдиришди. Мен ўзимдаги ёлғизликни улар мансуб бўлган ва ҳаром қўллари билан олқишлаган адабиёт билан тўлдираман деб, қаттиқ янглишганимни тушундим. Атрофимдаги шоир ва ёзувчилар ё бузуқ, ё маддоҳ эди. Бу ерда китобини нашрдан чиқишига кўмаклашишни баҳона қилиб олтмиш ёшли шоир қизи тенги шоира қизни ўзига ўйнаш қилиб олиши ёки сиртдан одобли кўринган шоира қиз бир пайтнинг ўзида икки-учта эркакни пайпоқдек алмаштириб, омма кўзига бокира бўлиб кўриниб юриши ҳеч уятли иш ҳисобланмасди. Маддоҳликнинг эса чек-чегараси йўқ эди. Испанзабон шеъриятдан бошқаси бу ерда тан олинмас, кимки бу шеъриятга бошқача оҳанг ёки нафас олиб кирса, уни дарров четга чиқариб қўйишар (масалан, Лоркани шундай қилишганди), орадан беш юз йил ўтган бўлса-да, Сервантесга сиғинишни қўйишмасди. Сервантес улар учун шунчалик улуғ худо эдики, бу маддоҳлар тасаввурларида ундан кейинги ва ҳозирги барча испанзабон шоирлар ўз асарларидаги ҳар қандай ғояни ундан кўчирган деб ҳисоблашар, уни туғилган кунини ҳар йили оммавий байрамдек нишонлашар, унинг “Дон Кихот” асарини ёд бўлиб кетган бўлса-да, қайта-қайта ўқишдан ўзларини тия олишмасди. Мен шундай бўлса-да, қоронғу хонамга яшириниб олиб, шам ёруғида шеър ёзишда давом этар, тишимни тишимга қўйиб яшашни канда қилмасдим. Ҳеч чироқни ёққим келмасди. Агар ёқсам, рўпарамдаги кўзгуда ўзимни кўрар ва ёлғизлигим бўй-басти билан қаршимда гавдаланиб, мени синдириб қўярди. Бироқ, шеърият ортиқ менга завқ бермас, ичимдаги тўлмаган бўшлиқ ҳануз ёлғизлигимга қоришиб юрагимни азоблашни қўймас, мен бунга чора излаб тинмасам-да, топа олмас, шунчаки тақдирга кўниш эса алам қиларди. Альфонсина мен томонга яна бир-икки қадам ташлади. Сувим энди унинг тиззасидан ўтиб, оёғининг сон қисмигача етиб борди. Мен бундан бир оз чўчидим. У нима қилмоқчи ўзи деган дардисар хаёл мени қийнай бошлайди. Ҳолбуки, у чўмилмоқчи бўлса доим яланғоч ҳолда ва жилмайиб, сувни шалоплатиб, атрофига тўкиб-сочиб чўмиларди. Бу сафар ўша одатидан асар ҳам йўқ эди. -Кейин Орасиони учратдим. Уни қаттиқ севдим. Жонимдан ортиқ даражада. У ҳам мени севди. Бу назаримда кутилмаган ва инсон фақат орзу қилиши мумкин бўлган ушалмас бахтга ўхшарди. У ҳам шоир эди, мен ҳам. Ўйлаб кўрилса, иккита диди, дунёқараши ва фикрлаш тарзи бир-бирига мос инсон. Бундан ҳам ортиқ бахт бўладими дунёда?! Бошида шундай эди. У билан аҳил яшадим. Муҳаббатнинг ширин ифорини туйиб, ундан ҳафталаб маст бўлиб, юрагимни унга буткул топшириб… Мен ўз ёзган шеърларимни унга, Орасио эса менга кўрсатар, кунимиз адабиёт уммонида мазмунли, ҳаёт уммонида хушнуд ўтар, бундан ортиғини орзу қилиш гуноҳи азимга ўхшарди. Аммо тез орада уни мендан, мени ундан кўнглим қолди. Кўнглимдаги ёлғизлик қолдирган бўшлиқ тўлиши учун озгина қолганида яна бўм-бўш бўлиб, сувсираган саҳрога ўхшаб қолдим. Адабиётдан сўнг, муҳаббат ҳам руҳимдаги ёлғизлик ҳиссига даво бўла олмади. Кўм-кўк сувим энди Альфонсинанинг учи йўғон ва диркиллаган кўкрагига қадар етиб борди. У ортга чекинишни асло ўйламас, қаршилигимни ирода кучи билан мардона енгиб, тобора бағримга талпиниб кириб борарди. -Охирги икки йилда испанзабон шеъриятида деярли урфга айланган модернизмдан худди Лоркага ўхшаб чекиниб, бошқа услубда шеърлар ёздим. Инсон ёлғизлиги, хафсаланинг пир бўлиши ва кўнгил қолиши ҳақида. Гоҳида қазо қилган Орасиони ва мен деярли аралашмай қўйган Буэнос-Айрес адабий муҳитини кўнглимдан ўтказар, шунда хотиралар тарзда ҳам қоғоз қоралардим. Қўлим сиёҳли ручкада, хаёлим шеърда бўлар, юрагим бўлса ўз ёлғизлигини қўймас, мен гўё ҳаётни унутгандим. Ташқарида қишми ё баҳорми, деярли фарқлай олмасдим. Кўчага кам чиқар, чиққанимда ўзимнинг ёлғизлигимдан у ердаги одамлар олдида уялардим. Шундай шеърлар ёзиб ўтирган пайтимда хонамга бир куни ўғлим Алехандро кириб келди. У кап-катта йигит бўлиб қолганди. Мен илк марта буни ҳис қилдим. Росариода битта номарддан никоҳсиз ҳомиладор бўлгач, 1912 йилда Буэнос-Айресда уни дунёга келтиргандим. Қаршимда унинг қадди бастини кўриб йиғлаб юбордим ва уни бағримга босиб, юз-кўзидан ўпдим. Шунча йил адабиёт ва муҳаббатнинг кетидан юриб, унга эътибор қилмаган, уни борлигини ҳам унутгандим. Мана, энди унинг мавжудлигини бутун вужудим билан сезиб, у орқали ёлғизлигимни юмшатиш учун менга раҳми келган тангрига миннатдорчилик билдирардим. Тасаввуримда энди мен ёлғизлик балосидан қутулгандим. Ҳаётимда ўғлим Алехандро бор эди. Мен уни ҳар куни сут ва пишлоқдан иборат бўлган нонуштасини тайёрлар, ишига йўлнинг ярмигача кузатиб борар, ишидан келишини эшик олдида илҳақлик билан қоғоз қоралаб кутар, келгач унинг овқатланишини столда жимгина кузатиб ўтирар, ухлаган пайтлари хонасига кириб худди меники каби думалоқ бўлган кўзларидан тинимсиз ўпар, узун сочларини ўйнардим. Аммо унинг ҳам ўз ҳаёти борлигини идрокимга сиғдирмасдим. Идрокимга сиғдирган куним тағин ёлғизланиб қолдим. У ҳам ёш бола эмас, кап-катта инсон бўлиб, вақтини дўстлари билан чоғ ўтказишга, севган қизи билан кунлаб йўқ бўлиб кетишга ҳаққи бор эди. Афсуски, буни англаш мен учун оғирлик қилди. Буни англаш йиллар давомида ёлғизлик сабаб илма-тешик бўлиб, чок-чокидан сиртилиб кетган юрагимни бераҳмларча яна унга тутиш билан баробар бўлса-да, менда бундан бошқа чора умуман йўқлигини барибир яхши англардим. Альфонсинанинг жағига қадар сувим етиб келгач, мен ростакамига ҳавотир олдим. Бир кўнгилсизликни сезиб, бетоқат бўлдим. -Альфонсина, илтимос орқангга қайт,- дедим унга ўтиниб. -Сен ҳам мени ҳайдама, денгиз,- деди у хўрсиниб қўйиб.- Бағрингда ўзимни ёлғиз сезмаяпман негадир. Шу ерда қолмоқчиман. Ортга қайтганим билан нима ўзгаради? Буэнос-Айресда нима бор менга? Ёлғизликдан бошқа ҳеч нарса. Ёлғизлик қолиб энди даҳшатли ҳасталик билан ҳам курашайми?! -Ақлдан оздингми?- дедим кўнглимдаги ғашлик кучайиб ва уни тўлқинларим ёрдамида қирғоққа чиқариб юбордим. Бироқ, у яна мен томонга ошиқди. Тўпиғи, тиззаси, сони, бели ва ниҳоят жағигача уни кўмдим. -Ёлғизликдан қутқар мени, илтимос қутқар,- деди у ичкарим сари қадам ташлашдан тўхтамас экан. Мен уни яна истаб-истамай тўлқинларим ёрдамида қирғоққа суриб ташладим. У қайсарлик қилиб яна мен томонга талпинди. Ўртамиздаги бу кураш анчагача чўзилди. Охири уни итариб, суриб чиқаришга мажолим қолмади. -Мен яшашдан зерикдим,- деди сувим унинг бутун танасини кўма бошлагач ва бир нафасда бағримда йўқ бўлиб кетди. Бир неча соатдан сўнг, кўкариб кетиб, қотиб қолган танасини, абадий юмулган кўзларини бағримда кўрдим. Аммо уни ўзимда олиб қола билмадим. Эртасига аста қирғоққа чиқардим. Уни одамларга қайтардим. У меники эмас, заминники эди, фақат унга тегишли бўлиб, унинг омонатига хиёнат қила олмасдим. Замин одамлари уни тантанали равишда кўмишди. Вақт ўтиб, бу ерга ўша тошдан ясалган машъум ёдгорликни ўрнатишди. Бошида уни тирик Альфонсина деб ўйлаб, унинг ўлмаганига чиппа-чин ишондим. Назаримда ҳозир ҳам баъзан шунга ишонаман. Уни ўзимга чорлайман, у билан гаплашишга уринаман. Шунда унинг бор йўғи тошлиги ёдимга тушиб кетади ва бирдан кўзларим ёшланади. -Тирикмисан Альфонсина?- дейман тўлқинларим билан қирғоққа келиб беҳол уриларканман, ундан садо чиқармикин деб. -Тирикман, денгиз,- дейди у гўё тилга киргандек. Шунда мен гўдакдек чинқираб йиғлаб юбораман. -Унда нега келиб чўмилмаяпсан? Денгиз тинчлангач, кимдир елкамдан оҳиста тутди. Шошилмай ўгирилдим. Тамара чангдан тўлиқ фориғ бўлмаган никоҳ кўйлагида қаршимда турарди. -Қайтадиган пайт бўлди,- деди ёнимга ўтириб.- Ваъдангни бажарарсан. Мен унинг ўзигагина хос бўлган феъл-атворига бир муддат кинояли қарадим. Сўнг, унинг ўпишини кутиб ўтирмай, белидан дадил қучоқлаб, кўзимни юмганча лабларидан узоқ ва тотли бўса олдим. Кўзимни очганимда боягидек ўз ётоқхонамда-каравотимда ётар, қия очиқ деразадан кирган шамол хонани остин-устун қилар, жала беўхшов товуши билан келиб деразани бир маромда чертарди. Стол устидаги оқ-қора сурат газета ва журналларга қўшилиб хонанинг бир бурчида сочилиб ётар, китоб жавони эшиги хонага отилиб кирган шамол таъсирида ингичка овоз чиқариб бот-бот силкиниб қўярди. Хонада Тамара кўринмасди. Эшик олдига бориб суратни ердан олдим. Альфонсина Сторнининг тошга ўйилган қиёфасини у ерда бир неча дақиқа хомуш кузатиб турдим. Суратнинг орқа томонини ўгирганимда негадир қон билан чизилган юрак тасвирига кўзим тушди. Қон гўё ҳали қотмаган, ачқимтир ҳиди гупиллаб димоққа уриларди. Унинг ёнига эса испан тилида қуйидаги сўзлар ёзилганди: Larga vida a la soledad!**** *Тамара — Лермонтовнинг “Демон” достони қаҳрамони. ** Шеърлар Рафиқ Ўзтурк таржимасида берилди. *** Орасио Кирога — машҳур уругвайлик шоир, Лотин Америкаси модернизми йирик вакили. ****Яшасин ёлғизлик!
2020-11-05
http://nodirabegim.uz/archives/2269
. Оддий бўзчининг ўғли Ойбек Тошкентнинг Оқ мачит маҳалласидаги мактабда сабоқ чиқарган. «Янги усул мактаби» деб аталмиш билим масканида, Алишер Навоий номидаги педагогика техникумида, Ўрта Осиё давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ижтимоий фанлар факультетининг иқтисод бўлимида ўқиган. Биринчи шеърий тўплами «Туйғулар» техникумда ўқиб юрганида чоп этилган. Бўлғуси адиб аълочи қиз — Зарифани ҳам илк бор ўша ерда — техникумда учратган. Бир умрга унга кўнгил қўйган, дастлабки ва кейинги аксарият шеърларини ҳам унга бағишлаган. Севгининг дардида изтироблар чекиб, оташин мактублар битган: Севгилисидан мана бундай ҳаяжонли жавоблар олган: Буюк зотларнинг ёнида одатда буюк аёллар туради, дейдилар. Бу ҳикматга шубҳа билдирадиганлар бўлса, Ойбек билан Зарифа Саидносированинг ибратли ҳаёти тарихига назар солсин, дегинг келади… Ойбек ва Зарифа тўрт фарзанд кўришган: Омон, Бекжон, Гулранг, Суюнбек. Уларнинг турмуш чоғларидаги хотиралардан бир парчани эшитинг: “Бир кеча, ёдимда, Ойбек ёзиб ўтирарди. Мен ҳам ёзибми, ўқибми ўтирибман. — Зарифа, қорним оч, жуда очиқдим, — деб қолди Ойбек. Мен нима дейишни билмайман, индамадим, жавоб қилолмадим. Негаки, уй қуп-қуруқ эди. — Бирор нарса йўқми? — сўради Ойбек. Ўрнимдан туриб, шкафни ахтардим. Ҳужрадаги хурмача, халталарни текширдим. Бир ҳовуч йирик кепак, бир-икки қошиқ шакар топдим, сўнг хурмачанинг тагини сидира-сидира бир қошиқ ёғ олдим. Примусда кепакни қовуриб, сўнг унга шакар аралаштириб, дастурхонга тортдим. Билмадим, бу қандай таом бўлди экан? Ойбек ҳазратлари номи менга ҳам номаълум бўлган бу таомдан бир-икки марта қошиқ учида олган бўлди. Сўнг “Сен ҳам егин”, деб мени ҳам қистади. — Йўқ, очиқмадим. Ўзингиз ея беринг, — дедим унга. Менинг ҳам қурсоғимда ҳеч нарса йўқ, фақат қаноат бор, холос. Ойбек озгина еди. Озгинасини қолдириб, деди: — Эрталаб болаларга берарсан”. “1942 йилнинг декабрида Ойбек бир тўда артистлар билан бирга фронтга жўнади. Биз вокзалда хайрлашиб қолдик. Улар Москва остоналарида жанг қилаётган ўзбек аскарлари билан учрашувлар ўтказишлари ва уларга совға-салом олиб боришлари керак. « ! Зарифа Саидносирова: «1944 йил Ҳамид Олимжон бевақт вафот этгач, Ойбекка бир неча даъфа уюшма раислиги вазифаси юклатилди. Шундай қилиб, Ойбек энди академиянинг гуманитар бўлимига раҳбар, Ёзувчилар уюшмасига раис, «Шарқ юлдузи» журналига муҳаррир эди. Ўша даврда бирдан менинг тобим қочиб қолди. Юрагим заифлик сезиб, ётиб қолдим. Докторлар туришга ижозат бермадилар. Каравотим олдида кресло турарди: Ойбек ишдан қайтгач, шу креслода, ёнимда ўтирарди. Бир куни у хаёлчан ўтиргач, қўлимни қўлига олди. — Зарифа, — деб гап бошлади у. —Бобурнинг ўғли Ҳумоюн қаттиқ хасталанганда, Бобур ўғли атрофидан уч марта айланган ва Тангрига ялинган, «Ўғлимнинг хасталигини менга бер! Унга саломатлик ато қил!» деган. Мен ҳам шу топда хасталигингни ўзим олиб, сенинг соғ бўлишингни ихлос ила тиладим. Кўнглимдаги ёлғиз муддаоим шу! — Йўқ, йўқ, зинҳор бу тилакдан воз кечинг! Ўтинаман, ранжитмангиз мени, — ўпкам тўлиб кетган эди. Шунинг учун ҳам бир нафас ўзимни босиб, давом этдим. — Соғман, сизга берадиган хасталигим йўқ! Ойбекнинг меҳр тўла кўзларида табассум учқунлар эди. Кўнгилларимизда тотли туйғулар… шунинг учун ҳам ортиқ сўзлашга эҳтиёж йўқ эди…” Озод Шарафиддинов: «1946 йили «Навоий» романи мамлакатдаги энг юксак адабий мукофот билан тақдирланди. Ўша давр таомилига кўра, бундай асарлар мутлақо танқид қилинмасди, чунки ҳар қандай танқид «халқлар доҳийси»га тегиб кетиши мумкин эди. «Навоий» романи ҳам аввалига 3-4 йил ҳамма жойда мақтаб, кўкларга кўтарилди. Совет мафкураси мунофиқ мафкура эди. Ойбекнинг обрўйини кўролмасдан унга қарши фитна уюштиришди. Кейин эса бирданига булутсиз осмонда чақмоқ чақнагандек республика газетасида Ботир Файзиевнинг «Навоий» романи ўтмишни идеаллаштирувчи асар деган мақоласи чиқди. Бинойи деган ўртамиёна шоир доим Навоийга ҳасад қилган. Бу муносабатларни бир миллатни иккинчи миллатга қарши қўйиш деб талқин қилишган. Ойбек ўтмишни идеаллаштираётибди, деган баҳоналар қўйишган. Шундан кейин 1952 йилда партиянинг Х пленуми бўлиб ўтди. ЎзКП МКнинг Х пленумида МК биринчи секретари Ниёзов деган одам доклад қилган ва ёзувчиларнинг пўстагини қоққан. Тақриз ҳам аслида уюштирилган эди. Уюштирган одамларнинг ўзлари панада қолишган. Ойбек бунга чидолмайди. Инсулт бўлади». Ҳастамен… Фикрга, туйғуга тўлиб – Ой менга ҳамқадам — сокин юрамен. Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб, Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен. Кечалар юрурмен телбадай ҳориб, Бошимда ой борур менга ҳамқадам. Хаёллар учади машъалдай ёниб, Тўйиб ёзажакмен бир кун соғайсам… …1968 йилнинг 1 июлида Ойбек вафот этди. Бу йўқотиш нафақат Зарифа опа, унинг фарзандлари, балки бутун ўзбек халқи, ўзбек адабиётининг йўқотиши эди. Ҳамиша болаларига «Ойбекдек ажойиб отангиз бор… Демак, бизнинг заррадек ғамимиз йўқ. Биз бахтлимиз!» деб юрадиган Зарифа Саидносирова ўша дамларда фарзандларига шундай деди: «Назаримда азиз бошига тушган минг хил азоблардан, тинимсиз ишдан ва ижоддан чарчаган Ойбек ўлим тўшагида эмас, балки юмшоқ диванда ҳордиқ олиб ётарди». — Болаларим, тегманг адангизга! У ҳордиқ олиб ётибди! У ўлмаган ва асло ўлмайди…
2020-05-15
http://nodirabegim.uz/archives/2291
Мабодо ҳозир Нелли Закс ҳаёт бўлганида ёки мен сал олдинроқ туғилганимда ундан, албатта интервью олган бўлардим. Айтайлик, 1950 йилда туғилганимда ёки у қазо қилмай ҳеч бўлмаганда йигирма биринчи асрнинг бошига ўтиб қолганида бунга улгурардим (шундай деб ўзимга кўп гапираман. Бунга сабаб фрау Неллининг шеърияти таъбимга мос келиб, жудаям ёққани учун эмас, балки уни ёдимга олганимда юрагимни тинмай қийнайдиган битта саволга ундан жавоб олиш учун). Шу кунларда бу ҳақида яна кўп ўйладим. Юқоридаги иккита фаразни тасаввур қилиб, улардан бирига, аниқроғи иккинчисига тўхталдим. Яъни, “фрау Нелли омонатини Яратганга топширмай, йигирма биринчи асрнинг бошига ўтганида ундан қандай интервью олардим?” деган хаёл шууримни қамраб олди. Агар шундай бўлганида, албатта биринчи галда Стокгольмга бориш учун роса бир йил емай-ичмай, янги кийим киймай, дам олиш учун сиҳатгоҳларга бормай, ёқилғига пул кетмасин деб машина ҳайдамай, гонорарларимни иложи борича тежаб, бувимдан қолган эски сопол гулдонда пул жамғарардим. Етарли миқдорда пул жамғарилгач, паспортимнинг ичига виза урдириш учун навбатга қўйдирардим. Унга визанинг чиройли муҳри урилгач, авиакассага бориб чипта олардим (қаранг, бирам осонки бу жараён). — Кечирасиз, Стокгольмга чипта борми? — Қаерга?- дерди шунда сотувчи оғзи очилиб. Мижозларига айланган одам болалари оғзидан Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия, Таиланд, Россия каби давлатлар номларини эшитавериб бу бечоралар шунчалик ўрганиб кетишганки, Стокгольм сўзи қулоқларига бошқача эшитилиб, ҳайрон бўлишлари табиий. Чиптамни киссамга солгач, унда кўрсатилган кун келишини интиқлик билан кутардим. Ўша кун келгач, иш жойимдан таътил олиб, лаш-лушларимни йиғиштириб, ой бориб омон келишим учун онамга пешонамни тутиб (ёғли патирнинг бир четини тишлаш шу ерда эсимдан чиқади), Стокгольмга учардим. Самолётда кетаётиб, ўзимдаги учишга қарши бўлган нохуш фобияни ё стюардесса қизнинг калта юбкасидан чиқиб турган оёғининг бўлиқ сон қисмига суқланиб қараб, ё Нелли Закснинг хассос шеърларини пичирлаб ўқиб енгишга уринардим. Назаримда, иккинчиси бўларди. Чунки, чиройли оёқларга қараганим билан ердан бир неча минг метр баландликда “кўрмоқ бору, емоқ” бўлмайди барибир. Хуллас, пичирлаб шеър ўқирдим: Шерикларим шунда ердан узилиб, ҳавога кўтарилгани учун Худодан эсон-омон қўнишини сўраб ибодат қиляпти, деб тахмин қилишарди. Тентаклар. Лекин фрау Неллининг шеърларини ибодатдан нима кам жойи бор? У ўз даврида онаси иккисини Гестапо чангалидан асраши учун Худога тинмай нолалар қилиб, шунақа шеърлар ёзган. Демоқчиманки, унинг шеърлари ўзига хос ибодатлар силсиласи. Охири шеър ўқишим билан шерикларимнинг жонига тегаман. Самолёт Стокгольмга учиши учун аввал Москвага бориб, одам тўлдириши керак. Шу ўй лоп этиб онг остимда пайдо бўлиб, пешонамни ғингшиб тириштираман ва ўзимни ёлғондакам уйқуга солиб, бўлажак интервьюни хаёлимда пишитиб кетаман. Шубҳасиз, Стокгольмга боришим билан дарров фрау Неллининг ҳузурига бормайман. Аввал худди давлат хавфсизлик хизмати ходими каби уни яхшилаб ўрганаман, феъл-атворини, турмуш тарзини, бегоналарни қабул қилиш-қилмаслигини ва ҳоказоларни сўраб-суриштираман. Балки дастлаб шаҳарни айланарман. Стокгольм оқшомда роса чиройли бўлади дейишади-да. Ҳозир баҳор, кўклам оқшомидаги шаҳар тароватини тасаввур қиляпман… Аэропортда чўнтагимдаги Бенжамин Франклин нинг суратларидан бирини Гамильтон нинг ўнта суратига алмаштиргач, таксига ўтириб шаҳарнинг Нелли Закс истиқомат қиладиган қисмига бораман. Таржимаи ҳолида бу ерга келганидан бери у бир хонали хонадонда яшаши айтилган. Ҳамон ўша ерда яшашини кварталга келгач, унинг биқинида жойлашган кафе бош ошпазидан билиб оламан. Ошпаз фаст фуд, бифштекс, товуф филеси каби гўштли таомларни сотавериб, ўзи ҳам бир қоп гўштдан фарқ қилмай қолган бақалоқ бўлади. У Нелли Закс ҳақида мен билмаган кўп нарсаларни гапириб беради. Тўғридан тўғри эмас, албатта. Гапиришдан олдин ўзини тарозига солиб, ҳеч нимани билмаслигини рўкач қилиб, чимилдиққа кирган қиздек роса дийдиё қилиб нозланади. Голливуд киноларида бўлганидек, Гамильтоннинг иккита суратини унга тутқазганимда у бир пасда булбулдек сайраб кетади: — Сизга айтсам,- дейди у бошидаги оқ қалпоғини тўғрилаб олиб.- Фрау Нелли ҳеч қачон кундуз кунлари кўчага чиқмайди, уйида ҳам бировни қабул қилмайди. Одамовироқ аёл. Асосан оқшом чўка бошлагач, эгнига жигарранг плашчи билан бошига қора шляпасини кийиб, ҳассасига таяниб кўчага чиқди. Шаҳарни пиёда бир айланиб чиққач, қайтишда шу ерга киради ва помидорли соус аралаштирилган товуқ филеси ёки қўй гўштида тайёрланган бифштекс истеъмол қилади. Кейин хуфтонгача газета ўқиб ўтиради. Кўпинча Симонага (у бизнинг дўндиқча, феномен пианиночимиз) чой-чақа бериб, унга немис бастакорларидан бирортасининг куйини чалишга буюртма беради ва кўзларини юмиб ўша куйни тинглаганича ҳордиқ чиқаради. Мен бу “қимматли” маълумотларни билиб олгач, омадим келганини тушуниб, ҳеч қаерга чиқмай, шу кафеда оқшом чўкишини кутиб ўтираман. Оқшом чўккач, фрау Неллининг хонадонидаги кўча томонга қараган қия деразалар зичлаб ёпилади ва кўп ўтмай у кўчага чиқади. Йигирма биринчи аср боши бўлгани учун кампир аниқ юз ёшдан ўтган бўлади. Шунгами ҳассасига таяниб, бир амаллаб ва гўё судралиб юради. Кафе бош ошпази тасвирлаган плашч ва шляпада бўлади. Тротуар бўйлаб шаҳар марказий қисми томон йўл олади. Мен дераза олдида ўтирганча уни кузатиб қоламан. Тахминан ярим соат ўтгач, у ортга қайтади ва ҳамма билан саломлашиб кафенинг эшигидан кириб келади (шу ерда келаси замон феълида гапиришдан ҳозирги замон феълига ўтсам майлими? -Майли, майли.) У росаям қариб кетганди. Ниҳоясиз ажинлар сабаб юзи бужмайиб, кўзлари ости осилиб-осилиб кетган, қоқсуяк қўллари қалтирар, шляпаси остидан кўриниб турган бир тутам оппоқ сочлари қуруқшаб кетганга ўхшарди. — Доимгидек товуқ филесими, фрау Нелли?- сўради официант йигит унинг олдига келиб. — Бу сафар қўй гўштидан тайёрланган бифштекс,- деди кампир стол устидаги сочиқни ҳаворанг ва енги узун кўйлагининг бўйин қисми ичкарисига тиқиб.- Шунингдек, гуручли нон билан содали сув келтиринг. Официант буюртмаларни келтиргач, фрау Нелли стол устида ялтираб турган санчқи ва пичоқни қўлига олиб, таомни иштаҳа билан тановул қила бошлади. Мен бу вақтга келиб кафенинг дўндиқ ва феномен чолғучиси бўлган- жингалаксоч Симонанинг ёнида турардим. Унга Гамильтоннинг суратидан бирини тутқазиб, немис бастакорлари бисотидан нимадир чалиб беришини илтимос қилдим. У Брамснинг “венгер оҳанглари” туркумидан соната чалсам майлими, деб қолди. — Брамснинг ўша туркуми зўр-да, — дедим унга очиғи мумтоз мусиқани у каби тушунмаслигимни билдиришни истамай.- Майли, ундан чала қол. Симона Брамснинг куйини чала бошлагач, фрау Нелли шошилганча овқатдан бошини кўтариб, лол қолиб пианино томонга қаради. Симонани олдида турганимни кўриб, буюртмачи мен эканимни тушунди-да, бошини тавозе билан менга ирғаб қўйди. Қайтиб жойимга келаётганимда бир муддат менга аланглаб кўзлари порлади. Нуроний чеҳраси ёришди, иштаҳаси янада очилиб, таомни қувноқ ҳолда истеъмол қилишга ўтди. Тамаддини якунлагач, лабларини сочиққа артди. Стакандаги содали сувдан бир-икки хўплаб, ўрнидан турди-да, тўғри мен томонга келди. — Vielen Dank! — деди рўпарамда туриб, пианино томонга ишора қиларкан. Унга инглизча жавоб қайтарганимни кўриб, жилмайганча ўша тилда миннатдорчилик билдирди. Расмиятчилик ишлари якунлангач, столимга ўтириш учун изн сўради. Худо одамнинг мушкулини осон қилса, шундай бўларкан-да. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай машҳур немис шоираси рўпарамда ўтирарди. — Фрау Нелли,- дедим у қаршимга жойлашиб олгач, енгил томоқ қириб йўталиб оларканман.- Мен олис Ўзбекистондан келдим. Сиздан интервью олгани. У интервью сўзини эшитиб, бирдан қаҳ-қаҳ уриб кула бошлади. Умри давомида шунчалик кўп интервью берганидан бу жонига текканини юз-кўзидан тахмин қилса бўларди. — Қари кампирдан интервью олиб нима қиласиз?- деди у кулавериб ёшланиб кетган кўзларини шойи дастрўмолига артиб олиб.- Фикрим энди кимни ҳам қизиқтирарди? Шартим кетиб партим қолган бўлса. — Шоир сифатида жаҳон адабиётида ўз ўрнингиз ва овозингизга эгасиз,- унга эътироз билдирдим. — Қайси журналнинг мухбирисиз?- у бехос сўз қотди. Мен калламга биринчи келган журнал номини айтдим. — “Жаҳон адабиёти” журналининг. — У ерда шеърларим кўп маротаба чиққанми? Шу ерда бошим қотди. Қари кампирни “Жаҳон адабиёти” журнали мухбириман деб алдаганим етмагандек, энди у ерда бир мартагина чиққан шеърларини кўп мартага чиққанга ўзгартириб алдашда давом этайми ё ростини айтайми? — Бир неча маротаба чиққан,- дедим барибир ёлғон гапиришда давом этиб (Худо ўзи кечирсин, журнал бош муҳаррири ҳам). У Брамс қурғурнинг мусиқасини Симона томонга бошини бурган кўйи кўзларини юмиб бир неча дақиқа тинглагач, менга мамнун ҳолда ўгирилди. — Саволларингизни бераверинг, мен тайёрман. — Ўзи биттагина саволим бор холос,- дедим унга елкамни қисиб. — Битта холосми?- деди у ишониб-ишонқирамай. — Худди шундай. Элликта беъмани саволдан битта маънили савол берилгани яхши эмасми ижодкор учун. У оҳиста қарсак чалиб, дангал фикримни олқишлаб қўйди. Мен давом этдим. — Очиғи, менга соат неччида уйғониб, ёзув столига қачон ўтиришингиз, қайси пайтлари ижод қилишингиз, уйда мушук ёки кучук боқишингиз, қаҳванинг сутлисини ё аччиғини ёқтиришингиз, шахсий кутубхонангизда кимларнинг китобларини сақлашингиз, ҳуснихатингиз чиройлими ё хунуклиги, биринчи ва охирги муҳаббатингиз ким бўлгани кабиларни қизиғи йўқ. Сизни булар ҳақида гапиришга мажбур қиладиган аҳмоқона саволлар беришдан йироқман. -Ўша бир донагина саволингизни беринг, болам,- деди у тушундим дегандек бошини қимирлатиб табассум қиларкан. -Нега шеъриятингиз бир хилликдан иборат?- дедим унга шу пайт ўзим бермоқчи бўлган саволимни очиқлаб.- Нега ҳамма шеърларингиз фақат битта руҳда — ҳадик ва қўрқув руҳида ёзилган? У саволимга жавоб беришдан олдин чуқур ўйга толди. Қоқсуяк қўлларини бир-бирига асабий ишқалади. Хира кўзлари янаям хиралашиб кетгандек кўринди. Гапиришдан олдин икки-уч марта хўрсинди. Кўкраги қисгандек қийналиб-қийналиб нафас олди. -Мен немис адабиётида жуда кеч — асосан йигирманчи асрнинг 30-йиллари бошланган бир пайтда кўзга кўрина бошландим. Унгача шеър ёзсам-да, бу шеърлар ҳаваскорлик намуналаридан бошқа нарса эмасди. Мен уларга жиддий ёндошмасдим. Ёшим қирқдан ўтган бир пайтда шеърият қисматимга айлана бошланганини сездим. Ўша даврлар — оғир даврлар эди. Германияда ҳокимият тепасига келган Гитлер ва унинг ҳамтовоқлари бўлган нацистлар яҳудийларга кун бермай қўйган замон аллақачон остонада эшик қоқиб турарди. Мен журналлар учун шеър ёзсам-да, фикру хаёлим шу ўзгараётган сиёсат билан банд бўлар, онам иккимизнинг бу заминдаги эртанги кунимиз тобора мавҳумлашиб бораётгани дилимни ўртарди. Шеъриятим шу кайфиятимни ўзида акс эттирар ва ҳадик, қўрқув, ишончсизлик каби инсон юрагини хавф юзага келган пайтда эгаллаб оладиган туйғулар мени ўз исканжасига олишга улгуриб, унга ҳам батамом кўчганди. 39-йилга келиб Гитлер Германиясида яҳудийлар учун одамга ўхшаб яшашнинг иложиси деярли қолмади. Энди улар бизни истаган кўйларига солишар, кўча-кўйда ҳақорат қилишар, майда-чуйда хатоларимиз учун ҳам панжара ортига тиқиб, ит азобини бошимизга солишарди. Гоҳида онам билан уйда нонушта ёки кечки овқатни тановул қилаётган чоғимизда, кўчадан немис Гестапосининг сигнали йўғон қора машинаси ўтганида юрагимиз бир хавотир билан уриб қўярди. Худди улар бизни уйимиздан судраб олиб чиқиб кетадигандек эшик томонга чўчиб қараганча, овқатни қаеримизга еганимизни ҳам билмай жонсарак ўтирардик. Кўп ўтмай Германия яҳудийлардан тозалана бошланди. Гитлер ўз сиёсатини икки йўсинда олиб борарди: дунёни эгаллаб ўз империясини тузиш ва уни яҳудийлар тугул барча олий ирқ бўлмаган миллатлардан тозалаш. Бунинг натижаси ўлароқ, Германия шаҳарлари бўйлаб тарқалган яҳудийлар сиқувга олиниб, бирин-кетин Гестапонинг ўлим ертўлаларига ёки эсэсчилар қўриқлайдиган концлагерларга жўнатила бошланди. Гестапо ертўласида уларнинг тирноғи этидан суғуриб олинар ёки териси шилинар, концлагерларда эса ёшу-қариси крематорийда тириклайин ёқиб юбориларди. Бундай вазиятда ягона нажот йўли — Германияни иложи борича тезроқ тарк этиш эди. Мен ҳаваскорона шеърлар ёзиб юрган пайтларим швед ёзувчиси Сельма Лагерлёф билан дўстлашган ва у билан доимий мактуб алмашиб турардим. Бир куни охирги юборган мактубимда ундан Швецияда яҳудийлар учун яшаш имконияти қандайлигини сўрадим. Ижобий жавоб олгач, онам билан тараддуд кўришга тушдим. Швецияга чиқиб кетишнинг ўзи осон бўлмади. Минг бир хаёл билан кўча кезиш, транспортда юрак ҳовучлаб ўтириб кетиш, божхонадаги қоғозбозликлар кабилар мени анча руҳан сиқиб, ҳолдан тойдирди. Ниҳоят, Швецияга ҳам етиб келдик. Бу давлатда тинчлик ҳукмрон бўлиб, унинг ҳавоси бошқа Европа давлатларидан фарқли равишда Гитлернинг нацистик ғоялари билан заҳарланмаганди. Сельма Лагерлёф билан учрашиш насиб этмади (у келишимдан сал олдин қазо қилди). Стокгольмнинг четидан бир хонали хонадон сотиб олиб, онам билан бирга яшай бошладим. Битта тор хонада икки киши сиқилишиб, лекин сокинликда ва хотиржам яшардик. Аммо 1939 йилда бошланиб, 40-йилларда авж олган Иккинчи жаҳон уруши барибир ҳаловатимни ўғирлади. Мен ҳатто Германиядан узоқда бўлган Стокгольмда ҳам ўзимни хотиржам сезмасдим, чунки кетма- кет европа мамлакатлари Гитлер томонидан босиб олинаётгани тинч яшашимга имкон бермас ва мен қачонлардир Гестапонинг машинасини тўлдирган малайлари Стокгольмга ҳам етиб келишларини, бир хонали хонадонимдан сочларимдан тутганча судраб олиб чиқиб кетишларини,сўнг дўзахдан фарқи бўлмаган Освенцим ёки Бухенвальд каби концлагерлардан бирига юборишларини ўйлаб даҳшатдан ўзимни қўярга жой топа олмас, юрагим кучли ваҳима натижасида қинидан чиқиб кетишга шай турарди. Бу дардни унутиш ва чалғиш учун эса шеърлар ёзардим. Улар доимгидек ҳадик, қўрқув ва эртанги кунга ишончсизлик каби безовта туйғуларни тараннум этарди. Мен бошқача ёзолмасдим. Бошим устида турган ҳавфни сезиб, очиқ-ойдин кўриб туриб ҳаётдан роҳатланиш ёки оптимистик руҳдаги шеърларни истасам-да, бита олмасдим. Иккинчи жаҳон уруши тўрт йил давом этди. Мен шу тўрт йилни уйимга қамалиб, доимий равишда Гестапонинг малайларини остонамда кутиб ўтказдим. Уруш тугагач ҳам, ундан қолган жароҳат ҳадеганда битавермади. Шу жароҳат таъсирида 1946 йилда Германияда нашрдан чиққан китобимни “Ўлим маконлари” деб номладим. Кейинги китобларимга ҳам ғалати ва ғайриоддий номлар қўйдим: “Юлдузларнинг сўниши” ва “Кейин қандай бўлишини ҳеч ким билмайди”. Ҳатто, пьесамга ҳам (“Қочиш ва ўзгариш”). Уруш аллақачон тугаган бўлса-да, мендаги қўрқув ҳисси тугамаганди. Шу сабабдан урушдан кейин ҳам кўча-кўйга фақат оқшом чўкканида чиқар ва кун бўйи уйимда давом этган диққинафасликни Стокгольмнинг илиқ кузги ёки майин баҳорги оқшомлари билан тарқатар, қоронғуликдагина мени Гестапо топа олмаслигига ишониб, хотиржам тарзда тротуар бўйлаб сайр қилар, шаҳар марказидаги истироҳат боғидаги ўриндиқда тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олардим. Шу тарзда ҳаётимда ақалли кичкина ўзгаришга чора топа олгандим. Стокгольмнинг оқшомлари бунга кўмак берарди. Аммо, шеъриятим ҳеч ўзгармасди. Мен том маънода бир хил руҳдаги шеърлар ёзишда давом этардим. Юрагимдаги битмаган жароҳат, аччиқ ва қонли ўтмиш залвори ҳануз шеъриятни бошқача ҳис қилишимга тўсқинлик қилар ва мен тирноғимдан бошимдаги сўнгги толамгача бирхиллик қобиғидан чиқиш учун уринар, лекин минг афсуски, чиқа олмасдим. Урушдан ҳориб-чарчаб чиққан Европа аксига олиб мени ўқишда ва мақташда давом этарди. Мен тобора машҳур бўлиб борар, китобларим Германияда ҳам қўлма-қўл бўлиб ўқилар, завол топган авлод шеърларимдан ўзига нажот ёки таскин топишга ҳаракат қиларди. Мен эса шунда ҳам ўзимдан қониқмас, бошқача ёзишга интилаверар, шунга қарамай бу иш яна қўлимдан келмасди. Ҳаётнинг гўзаллигини қанчалик тасвирлашга уринмай, бирор бир шеърни ёзиб тугатгач, унда ҳаётнинг гўзаллиги эмас, унинг қай бир бурчагида яшириниб ётган хавф белгиси кўзга ташланарди. Инсон қалбида ниш урадиган гўзал туйғуларнинг фусункорлигини кечинмаларим ёрдамида қанчалик улуғлашга уринмай, фақат ундаги ҳукм сурадиган қўрқув ҳақида ўқувчига ҳикоя қила бошлардим. 1965 йилда Тинчлик, 1966 йилда Нобель мукофоти билан мени тақдирлашганида ҳам шу боис бу мукофотлар менга татимади. Мен уни лабларимга қистирилган сигарет билан тинглар, стол устидаги кулдонга уни мунтазам бостириб-бостириб, орада апельсин шарбатидан ичар, оёқларимни чалишитириб ўтирганча, кўзимни ундан узмас, қулоғим остида эса гоҳ унинг ҳикояси, гоҳ Симона ижросидаги Брамснинг куйлари жаранглаб акс садо бериб турарди. — Мен ҳозир ҳам кундуз кунлари кўчага чиқмайман,- давом этди фрау Нелли.- Ҳануз қўрқаман. Ҳануз кўчада юрганимда Гестапо машинаси рўпарамдан чиқиб, унинг малайлари сочимдан тортиб олиб кетадигандек туюлаверади. Шунинг учун шаҳарни одатимга кўра кун бўйи хонадоним деразасидан кузатиб ўтираман. Шомга яқин қувониб кийинаман ва кўчага отилиб чиқаман. Тротуардан секин юриб, ҳеч ким билан саломлашмай, ўзимни танитмаслик учун шляпамни бурнимга қадар бостириб, истироҳат боғига бораман. У ерда тоза ҳаводан нафас олиб, ўзимнинг таниш ўриндиғимга ўтираман. Ёнимга шунда эски танишларим-уйсиз кучуклар келишади. Плашчим чўнтагидан уларга деб олган колбасаларни, нон бўлакларини ҳар бирига тарқатаман. Сўнг ҳассамга суянганча хаёл суришга ўтаман. Отамни, онамни, туғилган шаҳримни, балет раққосаси бўлишни истаган ёшлик йилларимни, меҳрибон Сельма хонимни хотирлайман. Боғдаги хилват ва сокинлик бу хотираларни жонлантиришимга, улар билан оний фурсат ёлғиз қолишимга кўмак беради. Шу тарзда вақтимни оз-моз мазмунли ўтказаман. Аммо шундай кезларда ҳам шеъриятим ҳақидаги безовта ўйлардан қочиб қутула олмайман. Хўрсинганча мен ҳам бошқача, ранг-баранг ёзишим мумкин эди-ку деб, қассоб қўлида жон бераётган қўйдек ҳар тарафга типирчилашга тушаман. Тўғрисиям шу-да. Бошқача ёзишим мумкин эди. Афсуски, иложиси бўлмади. Бир хиллик қобиғидан чиқиб кета олмадим. Бунга назаримда Иккинчи жаҳон уруши сабаб бўлди. Агар уруш бўлмаганидами… Фрау Нелли маҳзун кулимсираб қўйди. Унинг ажин тўла заъфарон юзи кафедаги сон-саноқсиз чироқлар ёруғида янаям рангпарлашгандек туюлди. — Мана битта-ю битта саволингизга жавоб, болам,- деди сўнг кекса ёши сабаб қалтирашни одат тутган қўлларини кўксига босиб ва қон босими ошиб кетган кимсалардек чаккасини уқалай бошлади.- Бундан кўра ўша элликта беъмани саволни берсангиз яхши бўларди. Шундай бўлса-да, хурсандман. Ичимни яна бир бор бўшатиб олдим. Мен фрау Нелли билан кафеда кўп ўтирмадим. У бир оздан сўнг Симонага ҳаводан бўса юбориб, менга ўзи билан биргаликда Брамсни тинглаб суҳбатдош бўлганим учун ташаккур айтиб, ҳассасига таяниб ўрнидан турди. — Энди мени маъзур тутасиз. Эрта ётишга одатланганман. У секин қадам олиб, ҳассасига суяниб-суяниб кафе ташқарисига чиқди. Ортидан қараб қоларканман, ижодкор инсонга баъзида элликта бемаъни савол бергандан кўра битта маънили савол берган яхши деган фикримни яна маъқулладим (ўша савол унга оғир ботса-да, аччиқ хотираларини ёдига солса-да). Фақат ўша ягона саволни унга топиб бериш керак. Айримлар буни уддалайди, айримлар эса йўқ… … Нелли Закс арши аълога шошилмай, йигирма биринчи аср бошигача етганида у билан уюштирадиган биттагина саволни ўз ичига олган суҳбат-интервьюм тахминан шундай руҳдаги сценарий асосида кечарди. Ҳам қувноқ, ҳам маҳзун. Бироқ у 1970 йилда оламдан ўтган, мен эса ҳеч бўлмаганда 1950 йилда туғилмаганман. Барчаси рисоладагидек бўлганида ҳам бу интервьюнинг амалга ошишига кўзим етмасди. Хўп, амалга ошди ҳам дейлик. Кейин уни қаерда нашр қилдирардим? Тошкентдаги «Жаҳон адабиёти» журналидами? У ерда Панама ёки Сенегал каби гадой топмас давлатларда яшаган ўртамиёна шоирларнинг тақдири шеърлари билан бирга катта қизиқиш уйғотади, холос. Бошқа даврий нашрлардами ё? Уларда ўнта, йигирмата ва ниҳоят элликта беъмани саволга берилган жавобдан иборат бўлган турли-туман ижодкорларнинг интервьюлари тўлиб-тошиб ётибди. Қолаверса, шу ерда энг асосий нарса ёдимдан кўтарилай дебди: Стокгольмга бориш учун пулни қандай жамғарардим? Ахир, гонорарнинг ўзи йўқ-ку! фрау- немисларда аёлларнинг исми олдига ҳурмат тариқасида қўшиб айтилади. Шеърлар Нозима Хабибуллаева таржимасида берилди. Гестапо – Гитлер пайтидаги немис сиёсий полицияси. Бу ерда 100 АҚШ доллари купюраси назарда тутиляпти. Бу ерда 10 АҚШ доллари купюраси назарда тутиляпти. Брамс — буюк немис бастакори. немис тилида “кўп раҳмат” дегани. Сельма Лагерлёф — швед ёзувчиси, Нобель мукофоти лауреати.
2020-05-18
http://nodirabegim.uz/archives/2307
Гарчи лицейда бу фандан доим аъло баҳога ўқиган бўлсам-да, математикани ҳеч қачон тўлиқ тушунмаганман. Назаримда уни тушунишдан кўра ҳам ёқтирмас, ўлганим кунидан ўрганар, чунки лицей унга ихтисослаштирилгани сабаб “Гаусс ўйинчоғи”ни яхши ўзлаштирмасам кетимга тепиб ҳайдашарди. Жонкуяр раҳбарият шунақа “меҳрибон” эди. Математикада мавжуд бўлган ҳар хил тенглама, формула, теорема ва аксиомалар вужудимни ҳар куни эговлар, уларга қарасам бош миямни кимдир пармада тешиб, ичини ёраётгандек кўз олдим тиниб кетарди. Шундай лаҳзаларда мен руҳан сиқилиб кетиб, доимгидек адабиётга мурожаат қилар ва у билан овунардим. Мисол учун, дифференциал тенгламага дуч келарканман, эркинлик тенгламаси ҳам бормикин деб ўйланар, Пифагор теоремасини ёдлаш жараёнида борлиқда ҳали яратилмаган “одам бўлиш” теоремаси хусусидаги ўй-хаёллар ортидан думдек эргашар, бош оғриғи бўлган тригонометрияларни ечиш формуласи бахт формуласи борасидаги фараз ва тахминлар билан ҳафталаб яшашим учун кифоя қиларди. Лицей ва институтдаги оддий бўлмаган давр ортда қолгач, математика билан ҳеч ким мени безовта қилмай қўйди. Ўзимни ундан мангуга халос бўлгандек сезиб, қувончим теримга сиғмасди. Қандай мазза ёқтирмаган ишинг билан машғул бўлишга биров сени мажбурламаслиги! Шундай эмасми? Аммо эркинлик тенгламаси, “одам бўлиш” теоремаси, бахт формуласи кабилар ҳақида барибир кўп ўйлардим. Кеча-ю кундуз десам ҳам бўлади. Уларни Лев Толстой ёки Оноре Бальзак мансуб бўлган хослар адабиётини титкилаб, уларнинг дурдона асарларини мутолаа қилиш орқали топиш мумкин деб болаларча қатъий ишонардим. Шу руҳда яшардим, улғаярдим ва изланардим. Шунга қарамай уларни тополмас, бироқ бундан хафсалам пир бўлмас, ширин илинж мен билан ҳар дақиқа ёнма-ён нафас оларди. Бир куни улардан бирига лўнда жавоб топдим. Ўзим бир умр излаган хослар адабиёти ичидан эмас, тасвирий санъат ичидан (албатта, бунга адабиёт орқали эришдим барибир, яъни у восита вазифасини ўтади). Буни қандай рўй бергани аниқ эсимда, боиси ўшанда Сомерсет Моэмнинг “Ой ва чақа” романини аслиятда ўқиб ўтирган, кундалигимни у ҳақидаги қайдлар билан тўлдирардим. Ташқарида тиним билмай ёмғир ёғар, ҳаво совуб кетган, адашмасам кечки куз эди. Дарахтлар танасидаги саноқли қолган барглар деразадан қараганда сарғайган кўйи шундоқ кўриниб турар, ёмғир аралаш эсаётган шамол уларни шитирлатар, оёқ остидаги баъзиларини эса гўё шашти баландлигини кўрсатиш учун дераза ойналарига келиб таппа ёпиштириб кетарди. Хонанинг ичи ўртача ҳарорат даражасидан ҳам тушиб кетган, совуқ қотганимдан этим жунжикиб гоҳ ток қуввати пастлигидан ўлар ҳолатда ишлаётган иситгичга, гоҳ ташқаридаги алғов-далғов манзарага қараб-қараб қўярдим. Моэмни азалдан севиб ўқирдим. Баъзан инглиз тилида, баъзан русчада. Даврий нашрларни варақлаётганимда унинг ўзбекчага ўгирилган ижод намуналари ҳам қўлимга тушиб қолар, ҳикоялари, романлари ва пьесалари дидимга мос бўлиб, менда ҳар доим мутолаага чанқоқликни юзага келтирарди. Юқорида мен тилга олган романи — ўттиз етти ёшигача биржада даллол бўлиб ишлаган, сўнгра бу фаолиятидан бутунлай юз ўгириб, ўзини севимли рассомчилик ишига бахшида қилган инсон ҳақида эди. Роман чиндан мароқли ўқиларди. Илк саҳифалариданоқ ўқувчини ўзига қаратар, унга бош суққан исталган дидли китобхон бошидан охиригача унинг ичида яшарди. Уни ўқиб тугатгач, бош қаҳрамон Чарльз Стрикленд реал ҳаётдаги кимнинг прототипи бўлгани билан қизиқдим. Моэмнинг кундаликларида маълум қилинишича, у француз импрессионист рассоми Поль Гогеннинг ўзгинаси эди. Мен Гоген ҳақида чала-чулпа билар, уни фақатгина тасвирий санъатдаги постимпрессионизм оқимининг йирик намоёндаси бўлганидан бохабар, ранг-баранг картиналарини томоша қилиб кўрмаган, ҳаёти ҳақида ҳам айтарли ҳеч нарса билмасдим. Бахтимга таниқли француз санъатшуноси Анри Перрюшо ёзган унинг таржимаи ҳоли мен аъзо бўлган нефтни қайта ишлаш заводи кутубхонасида бор экан. Ўша ердан олиб, уни ўқишга муяссар бўлдим. Чизган картиналари фото жамланмасини эса кутубхонанинг альбомлар ва иллюстрациялар бўлимидан топдим… Перрюшонинг ёзишича, Поль Гоген ўттиз етти ёшигача биржада даллол бўлиб ишлайди. Аввалига Парижда, кейин Копенгагенда. У бу касбни бошини тутиб молиявий томондан анча ўзини ўнглаб олади. Унинг ортидан қўлга киритилган жамиятдаги мавқеи, ҳашаматли хонадони, хонадонидаги мебель ва ички жиҳозлар, оиласининг тўкинликдаги еб-ичиши ҳавас қилгудек даражада бўлиб, кундан кунга бу шароит янаям яхшиланиб борарди. Биржадаги унинг фаолияти шунчалик сердаромад иш эдики, у бир хонадонда кўп яшамас, имкон топилди дегунча оиласи билан бошқа яхшироқ кўриниш ва шароитдаги хонадонга кўчиб ўтар, рўзғоридан ортиб ўзига замондош бўлган импрессионист рассомларнинг картиналарини сотиб олар, нозиктаъб Париждаги энг сўнгги урф бўйича кийинар, чамаси шахсий фойтунига ҳам эга эди. Даллоллик касбини бошини тутиш билан бирга у бўш пайтлари рассомчилик билан шуғулланарди. Хонадонида бунга махсус хона ажратилган бўлиб, ўша ерда ишдан ортган пайтлари кўпинча пейзаж учун эскизлар чизиш билан машғул бўларди. Ўша пайтлари у батамом ҳаваскор эди. Унинг ҳеч бир рассомчилик ишини Камиль Писсаро, Поль Сезанн ёки Клод Моненинг ишлари билан таққослаб бўлмас, улар профессионал рассом бўлишса, Гоген ҳали бу даражага чиқмаган, чиқишни ҳам ўйламас, чунки ўзининг асосий фаолият турини биржадаги даллоллик деб тушунар, санъатга тахминимча бир кўнгилочар эрмак сифатида қарарди. Биржа, биржа, биржа! Бешта ҳарфдан ташкил топган бу даргоҳ шунақанги расво жой эдики, ундаги молиявий найранглар ва фириблар сабаб бир кунда бой камбағалга, камбағал бойга айланиб қолиши мумкин эди. Кўплаб одамлар у ерда бир зумда бор-будидан айрилиб, кўчада қолар, яна шунча одамлар ўша хонумонидан мосуво бўлганлар ўрнига янгитда қўлга киритилган мавқелари билан жамият юқори қатлами эшиги олдида навбатда туришарди. Инсон боласи у ерда ўз инсонийлигини йўқотар, пулнинг кетидан қувиш оқибатида машина ёки роботга айланар, ўзидаги барча инсоний ҳис-туйғуларини ўлдириб, нафс қўйнига ўзини маҳкам кишанларди. Шу ерда Марк Твеннинг “Овсар Вильсон” қиссасидаги биржа ҳақида келтирилган ҳажвий диалог ўринлига ўхшайди. -Жаноб, биржада йилнинг қайси ойларида “ўйин” ўйнамаслик керак? -Январь, Февраль, Март, Апрель, Май, Июнь, Июль, Август, Сентябрь, Октябрь, Ноябрь ва Декабрь. Гоген кун чиқар пайтидан кун ботаргача биржадаги ўз жойида қимир этмай ўтирар, нархлар динамикаси ва маҳсулотлар олди-сотдисида фаол қатнашар, ўзи каби қайсидир фирманинг даллоли бўлган шериклари билан аёвсиз рақобатга киришар ва кўпинча омади келиб молиявий аҳволини яхшилар, бунинг натижасида ўзида бирор бир кемтиклик ёки фаолиятидан қониқмасликни сезмасди. Аммо, ўзида қарамлик сезарди. У шак- шубҳасиз биржага, тўғрироғи Париж молия оламига қарам эди. Бу оламсиз ўзини мавжуд эмасдек ҳис қилар, Декартнинг “мен фикрламасам мавжуд бўлмайман” деган гапларини гўё “биржага келмасам мавжуд бўлмайман” деб идрок қиларди. Гоҳида суюқоёқни эслатадиган нархлар динамикасининг ҳар соатда ўзгаришидан зада бўлган кезлари у дод солиб бақиргиси келар, бироқ андиша қилиб лабларини тишлар, юраги бўлса қақшаган асаблари ва тезкор қарор қабул қилишга мослашиши натижасида ҳоригандек ва суст ураётгандек туюлар, шунда хонасида ўтирганча дераза орқали кўчага тикилар, Парижнинг қишдаги тунд, изғиринли ҳавосини ёки серёмғир кузини ташқарида кўриб пешонасини асабий тириштирар ва болалиги ўтган Жанубий Америкадаги Перунинг серқуёш иқлимини қўмсарди. -Қачон ер ютаркин бу Парижни?- дерди у кўпинча дераза олдига келиб кўчани кузатаркан. Гоген бир яшарлигида отаси 1848 йилда бошланган ва Париж ўчоғига айланган француз инқилобининг даҳшатли оқибатидан чўчиб, онаси икковини Перуга олиб кетганди. Перуда онасининг қариндошлари бўлиб, бошқа улар борадиган тинчроқ ва ҳавфсизроқ жой йўқ эди. Бутун Франция инқилоб кайфиятига берилган, Париж баррикадалар ва тартибсизликлардан иборат бўлиб қолгандек, унда фақат отишмаларнинг овози келар, кўчаларидан қон дарё бўлиб оқарди. Отаси Перуга етолмай, кемада юрак хуружидан вафот этгач, Поль тоғаси қўлида катта бўлди. У Перуни жудаям севарди. У ердаги одамларнинг қизғиш танаси, истарали юзи, ёрқин кийимлари унда қизиқиш уйғотар, ўлка атрофини ўраган пурвиқор Анд тоғларидан ҳайратланар, илиқ қумга бағрини бериб ётганича, тепасидаги қуёш тафтида тўлқинлари қирғоққа тинимсиз уриладиган уммон билан кун ора суҳбат қурарди. Хонасида ўтириб, трубкасини бурқситганча ўша кунларни эсларкан, у мўйлабини сийпалаб оғир хўрсиниб қўяр, гўё кўкда парвоз қилиб юрган қушлардан қанотларини ялиниб сўраб олиб, болалигининг ажойиб дамлари ўтган афсонавий майялар юртига учиб боришни ва бу ердаги сиқилиш, ҳавотир, нафс кетидан чопиш каби иллатларга барҳам беришни жон-у дилидан истарди. Гоген бадавлат эди. Шундай бўлса-да, эртага ўзи билан нима содир бўлишини билмас, бир куни биржада омади чопмай қолиб қашшоққа айланса, оиласи кўчада қолишини ва сарсон-саргардонликда умргузаронлик қилишини ўйлаб кечалари ухлолмас, шу томондан олиб қараганда биржадаги фаолиятидан сира кўнгли тўлмасди. Шунгадир балки эркинликни минг хаёл қилмасин у чидашга мажбур бўлар, тишини тишига босиб, ҳар сафар тонгда бир финжон қаҳвани хўплаб биржа сари отланар, кечқурун эса топган-тутганини сейфига жойларди. Қолаверса, Перу ҳам узоқда эди. Болалик хотиралари ва Парижнинг зерикарли манзараси етаклаб келган тушкунлик онларида тасвирий санъат қайсидир маънода унга ўзи истаган тасаллини берарди. Буни устахонада ҳаваскорлик намуналарини чизиб ўтирган кезлари ёки ўзи харид қилган ва анчадан буён хонадони деворларида зеб улашиб турган импрессионист рассомларнинг картиналарига боққанида у теран англарди. У расм чизишдан кўра ҳам ана шу картиналарга қишнинг узун кечалари шам ёруғида, устма-уст қўйилган ғўлалар чирсиллаб ёнаётган камин олдида соатлаб тикилиб ўтирар, импрессионист рассомлар чизган картиналар ўзларининг табиат билан соф уйғунлашган ҳолда намойиш этилган эркин кайфият ва руҳиятлари билан унда ҳавас уйғотар, уларга қараб у болалигида бошидан кечирган, улғайгач эса ўзида қондирилмай қолган эркинлик ҳисси учун шу йўл билан товон олишга майл билдирарди. Вақти келиб, Гоген биржадаги фаолиятидан ўлгудек безийди. Қўли ишга бормай қолади. У дастлаб буни бир ерда кўп ишлашнинг ҳосиласи деб ўйлайди ва ишини Копенгагенга — хотинининг она шаҳрига кўчиради. Бахтга қарши у ерда ҳам ўзини ёмон ҳис қилади. Биржа иши унга азалдан завқ бермаган бўлса, бегона шаҳарда руҳий ҳолатига салбий таъсир қилиб, кўнглини айнита бошлайди. Копенгагенда у Перу табиатида ўзини бошдан оёқ кўрсатган ва имрессионистларнинг картиналарида тараннум этилган эркинликни телбаларча қўмсай бошлайди, Парижда қолган рассомлар каби шу руҳда картиналар чизишни истайди. Биржада кун бўйи серқуёш иқлим дардида, қувонч бахш этмайдиган иш билан банд бўлиш ёки хонадонидаги картиналар қаршисида оддийгина мухлис бўлиб ўтириш ундаги эркинликка талпиниш азобига бошқа таскин бермай қўяди. У интилишни, ўз қўллари билан юраги соғинган ўша эркинликни яратишни ният қилади. Буни эса хотини тушунмайди ва унинг биржадаги ишидан кетишини оила учун катта фожеадек қабул қилади. Унинг қаршилигига қарамасдан Гоген даллолликни ташлайди. Бу қароридан ранжиган хотини болаларни олади-да, уни ташлаб кетади. -Мен мисоли банк эдим,- дейди нега хотини уни ташлаб кетганини сўраган таниш-билишларига у киноя қилганча.- Банк инқирозга юз тутгач, зоти олияларининг ортиқ унга эҳтиёжи қолмади. 1885 йилда Парижга қайтиб келганида Гоген ўттиз етти ёшда эди. Шундан сўнг унинг ҳақиқий рассомчилик ҳаёти, бунинг негизида ўзи орзу қилган эркинлиги бошланади. У Эдгар Дега ва бошқа рассомлар билан шахсан танишади, уларнинг таъсирида ҳаваскорликдан ўсиб профессионал даражага кўтарилади, кўргазмаларда чинакам рассом сифатида иштирок этади, Мартиника ва Панама каби экзотик юртларга сафарлар уюштиради. Молиявий аҳволи бир мунча ёмонлашгач, Франциянинг овлоқ еридаги Арл қишлоғида Ван Гог билан — у жиннихонага тушгунча бир том остида уч ой яшайди ва ижод қилади. Ўз молиявий имкониятлари чегаралана бошлангач, у бундан нолимайди. Олдинлари ҳар ойда бир неча минг франкка ишлаган Гогеннинг ойлик даромади энди минг франкка ҳам етмас, агар чизган картиналарини Ван Гогнинг укаси ўртада туриб сотиб бермаса ёки тижоратчи Дюран-Рюэль сотиб олмаса, у шундан ҳам маҳрум бўларди. Лекин буни ўйлаб қўймас, аҳамиятга молик нарса — эркинлиги эди. Табиат билан ҳамнафас бўлиш унинг пасайган молиявий имкониятларидан қолган доғни ювиб ташлар, қалби буюрган ишга меҳр билан берилар, бир марта келинадиган ҳаётда ўзи севган касб билан шуғулланаётгани уни бахтиёр қиларди. -Гоген жуда ҳам бахтиёр,- деб ёзади Ван Гог шу бир неча ой ичида укаси Теога ёзган мактубида.- У кун бўйи табиат қўйнида. Гоген Париждан жуда зерикканди. Шунга бўлса керак, кейинги беш йил давомида у ерда кам кўриниш беради. Мартиника ва Панамада ўзи бошдан кечирган ҳиссиётлар ва кўрган манзаралари, Арлнинг табиати унга Париждаги бир хилликдан кўра мазмунлироқдек туюлади ва болалиги ўтган Перудан қолган ширин хотираларини янги кўринишда қаршисида гавдалантириб уни ортга қайтишига йўл қўймайди. Парижни у истамай қолади. Тараққиёт ўчоғига айланган ва кундан кунга шиддат билан янгиланаётган Парижни оғир хасталикка чалинган беморга қиёслайди ва ундаги темир йўллар, баланд бинолар, телефон ва телеграф воситалари, одамлар уйидаги ва ташкилотлардаги маиший ҳаётга кириб келган бошқа тараққиёт намуналари уни ҳолдан тойдириб, таъсирчан табиатини яралайди, ҳаётини рангсизлантиради. -Жамиятга нима бўляпти?- ҳайрон бўлади у қаҳвахонада газета ўқиб ўтирган пайтлари бошини кўтариб олдидаги пиводан ҳўпларкан.- Замонга-чи? Нега иккови ҳам кун сайин ўзгариб, мураккаблашиб кетяпти? Эҳ, тараққиёт, тараққиёт! Бунинг натижасида, у кемага ўтиради-да, 1891 йилда Франция мустамлакаси бўлган Таити сари йўл олади. Ўша ерда балиқчилар чайласида яшайди. Бу юртнинг Перуга ўхшаш иқлими билан оқ йўргакка ўралган пок табиати ундаги ғайрат ва сермаҳсулликни ошириб юборади. Бунинг самараси ўлароқ, доимий мусаффо ва кўм-кўк осмон остида у бир йил ичида саксонта картина чизади. Бу картиналарда ўша юртнинг тараққиёт оёғи етиб бормаган манзаралари ва у билан ҳамнафас яшаётган эркин фуқароларининг мураккабликдан холи бўлган, содда ва беғубор турмуш тарзлари тасвирланган. Аёллар, эркаклар, болалар… Уларнинг орасида рассом ниҳоят ўзи йиллар бўйи излаган, болалигида нафасини туйиб, катта бўлгач бир муддат йўқотиб қўйган нарсасини- қалб эркинлигини тўлалигича топгандек бўлади. Бундан ташқари у йиллар мобайнида ана шу эркинлигини бўғиб келган расмиятчилик ва турли хил ижтимоий кодекслардан ҳам қутулади. Қирғоқ яқинидаги бамбукдан ясалган чайласида, зайтун барглари устига қўйилган гуручли нон, пиширилган лосос балиғи ва кокос мевасидан иборат бўлган нонушта ёки тушлигига қараркан, пичоқ ва санчқининг тўғри ушлаган-ушламаганини ўйлаб хавотирга тушмай, бу неъматлардан хоҳлаганини қўллари билан истеъмол қилиши, қўшни чайлада яшайдиган эркаклар билан ижтимоий аҳлоқ-одоб ва ўзи мансуб бўлган жамият ўрнатган сўзлашув тартиб-қоидаларига риоя қилмай бемалол суҳбатлашиши, қизил танли таниш аёллар билан уларнинг танасини таомил йўл қўйган қисмидан ушламай ҳам рақсга тушиши мумкинлигини ўйлаб енгил нафас олади, олисда қолган “ижтимоий касал” Парижни кўз олдига келтириб истеҳзоли кулимсирайди. -Илк марта оммавий ҳасталикка чалинмаган одамларни учратишим,- дейди у елкасига мольбертини ташлаб, Таитини яёв кезганча унинг аҳолиси билан бирма-бир танишаркан.- Яшасин, Таити! Яшасин, эркинлик! Таити дарҳақиқат, у истагандек Парижнинг бутунлай тескариси эди. Чексизликка ёндошган уммон, баланд зайтун дарахтлари, қирғоқдаги чайлалар, майда қум зарралари, манго ва кокос дарахтининг ширин мевалари ва ниҳоят тараққиёт-у ижтимоий кодекс каби вирусларга чалинмаган оқкўнгил ва содда одамлар… Гогенга шу керак эди. У мазкур манзараларни ва одамлар турмуш тарзини мойбўёқ ёрдамида бир бутун картина ҳолатига келтираркан, аслида бу билан тафаккурида эркинликни қандай тушунишини кўрсатар, галма гал дунёга келган шу руҳдаги картиналари бир тенглама кўринишида бу мавзудаги мавжуд дилемманинг Гогенча ечимини ўртага ташларди… …Сомерсет Моэм романи ҳам, Анри Перрюшо асари ҳам ўз ҳолича гўзал ва жозибали. Улар иккиси ҳам Гоген ҳақида етарли маълумот беради. Аммо уларнинг ҳеч бири рассом Таитида чизган ана шу саксонта картиначалик унинг ўзига хос бўлган эркинлик тенгламасини ўқувчига оддий тилда тушунтириб ва етказиб бера олмайди. Юқоридаги адабий асарлар шунчаки дебоча, холос. Таъбир жоиз бўлса шундай. Кульминация ўша саксонта картина. Шунинг учун бўлса керак Анри Перрюшонинг китобини ўқиб чиққач кутубхонага дарров қайтариб берган бўлсам-да, Гоген Таитида чизган картиналари фото жамланмасини анча вақтгача абонентлик картамга қайта-қайта расмийлаштириб, ўзим билан олиб юрдим. Ҳозирга келиб Перрюшонинг китоби ўша кутубхонада бор-йўқлигини билмайман. Картиналарнинг фото жамланмасини ҳам. Шўролар пайтида нашр қилинган материаллар сифатида улар аллақачон макулатурага топширилиб, йўқ қилиб юборилган бўлиши мумкин. Рости буни менга қизиғиям йўқ, чунки Гогенни эндиликда ҳар сафар кўз олдимга келтирсам унинг таржимаи ҳоли битилган ўша тўқ қизил муқовали китоб билан Таитида у чизган саксонта картина бир пасда кўз олдимга келади ва мен кўнглим тусаган маҳал хаёлан китобни ўқишда, картиналарни томоша қилишда давом этаман.
2020-04-14
http://nodirabegim.uz/archives/2103
Атиргул ифорли атиримдан бўйнимга пуркар эканман, ҳаяжондан қўлларим титраётганини пайқайман. Ниҳоят, бугун сенга сўнгги имкон бераман. Бугун сен учун китоблару шоколад тайёрлаб қўйганим йўқ. Бугунги совғам ўта хавфли, айтилган манзилга қандай кўтариб бориш ҳам мени ўйлантирарди. Бой хонимлар учун уни қўлга киритиш чўт эмас. Лекин совғам сенга ёқмаслиги аниқ. Осло кўчалари тўла улов –кўпроқ тўладим ва вақтидан олдинроқ манзилга етиб олдим. Аёл киши бироз кечикиб бориши керак, деган қоидага ҳеч амал қилмаганман. Қаерга кечиксам ҳам – сен билан учрашувга кечикиш назаримда катта хато эди. Сен мени келишилган жойда – музей ёнида кутиб турардинг. Кўрганим заҳоти ҳар сафаргидек хурсандчилигимни яширмадим, кулиб саломлашдим. Сен кўзларингни яна олиб қочдинг, зимдан кузатдим шунда сени: кунлар исиб кетган эсада қора плашда эдинг, менга севимли сочларинг бироз ўсган, офтоб туфайли оппоқ юзинг қизаринқираганди. Очиғи, саломлашдик, сўнг нималардир ҳақда гаплашдик, ҳозир буни эслолмайман. Менимча, санъат, бугунги муҳит, топилмаларингу янги суратларинг ҳақда гапирдинг. Мен яна жим тингладим. Сени тинглаш доим менга ёқарди, орада саволларингга жавоб берарканман, чўнтагимдаги буюмни қўлим билан маҳкам қисиб турганимни пайқадим. — Негадир безовтасан, Тулла? – сен ҳиссиётимни сездинг. — “Қичқириқ”нинг яралиш тарихини айтиб бер, Эдвард,- дедим гапни чалғитиш учун, буни аввал ҳам эшитган бўлсам-да. — Оқшом пайти шаҳар бўйлаб кетардим, таним чарчоқ ва касалликдан толиққанди. Қуёш ботарди – булутлар қизил рангга кирганди – ҳудди қонга ўхшаб. Назаримда, табиатдан қичқириқ овози эшитиларди, менга шундай туюлди. Шу картинани чиздим — қонли булутларни. Ранглар қичқирарди, – сен ўша лаҳзани қайта томоша қилаётгандек олисларга маъносиз тикилиб қолдинг. – Дарвоқе, уни тўлдиряпман, давом эттиряпман… Айни пайтда менга бу суратнинг аҳамияти йўқ эди. Ҳозир тўрт йилдан бери қаршимдаги инсонга бор меҳру муҳаббатимни бағишлаганимга қарамай севгимни англаб етмаслиги оғир ботарди. Ёшим 29 да, сен-ку 35 ни уриб қўйдинг, ёш бола эмасдик, ҳархолда. Оиланинг нимаси ёмон ахир, нега кўнмайсан бунга?! Гўзаллигим қаршисида тиз чўккан ошиқлар эҳтимол отамнинг бойлиги сабаб менга уйланишни исташини тушунардим, аммо сенинг ўзгарувчанлигингни, баъзан менга эҳтирос билан боқиб, баъзан ўзингдан нари қилишингни сира ҳазм қилолмасдим. Рашк ўти тобора ақлимни ўтмаслаштириб қалбимни куйдирарди. Сенинг атрофингда аёллар кўп эди… Ҳа, ялонғоч аёлларга қараб туриб чизган суратларингни менга кўрсатар экансан, бундан сира ҳижолат чекмас, мен эса ўша ҳолатни кўз олдимга келтириб нақ хушимдан айрилардим. — Мени бир кун ўлдирасан… — дедим пичирлаб. — Музейга кирамизми? -дединг гапни чалғитиб. Бепарволигинг баттар асабимни ўйнади. Балки сен ҳамон илк муҳаббатингни унутмагандирсан, деган қиринди ўтди дилимдан. Тўрт йил бирга бўлсак ҳамми? О, бу Милли сени рад этиб, бошқасига турмушга чиқиб кетгани заб иш бўлган экан. Энг ёмони, номинг танилиб қолгандан сўнг у сени яна эслаб қолгани, Эдвард. Аёллар шунақа – машҳур эркакларни ўзлариники бўлиши исташади. Мен эса сени, кимлигингдан қатъий назар – қалбингни севишимни қачондир тушунармикинсан? Музейга боқдим: олиб келган буюмим бу ерга ўта шафқатсизлик қилади, деб ўйладим. Сўнгги бор сенга яна ўша саволимни такрорладим: — Қачон қўлимни сўрайсан, Эдвард? Сен жилмайиб қўйдингда, касса сари одимладинг. Қайтганингда мен аллақачон бу ерни тарк этгандим. Журъатим етмади режамни амалга оширишга. Йўл бўйи йиғлаб кетдим. Сенинг аламли ва изтиробли болалигингни ўйладим. Беш бешлигингда онангнинг сил касаллигидан вафот этгани, йиллар ўтиб севимли опангни ҳам касаллик олиб кетгани сенга аёл меҳри етишмаслигининг исботи эди. Ўта диндор отангнинг берган тарбияси, шохона ҳаёт, тинимсиз ичкиликбозликлар, асаблар тор-мор бўлиши, буларнинг бари сенинг картиналарингда намоён бўларди. Сен ўз туйғуларинг, қўрқувларинг, ваҳималарингни суратлар орқали ифода этардинг. “Суратларим – менинг кундаликларим”, дейсан доим. Шунинг учун қалбингни очиш мақсадида суратларингни соатлаб томоша қилиб турар, аммо ҳеч вақони тушунмасдим. Сени меҳрсизликда, бешафқатликда айблагим келар, аммо нимадир бунга йўл бермасди. Охири нима қилиш кераклиги ярқ этиб хаёлимда чақнади. Сени ўзимдан ҳалос қилсам, қадрим бор-йўқлигини билиб оламан, деб ўйладим. Ўлимим сенга изтироб келтирадими-йўқми, шуни ўлардек билгим келди. Аммо чинакамига ўлсам, буни албатта билолмасдим. Гар севишинг маълум бўлса, қайта тирилолмасдим-да. Ўйин, бўлгандаям қалтис ўйин қилишга қарор қилдим. …Мана, кенг хонам ўртасига ўрнатилган тобутда ётибман, атрофда шамлар ёқиб қўйилган. Бу ўйиндан хабардор дўстларим сени чорлагани кетишган: менинг севги йўлида меъёридан ортиқ дори қабул қилиб ўлганимни айтиш учун. Кўзларим юмуқ: эшик тиқ этса қулоғим хозир. Кутиш асрларга тенглашди. Ҳадемай, бари маълум бўлади: мени севасанми ёки йўқ? Тўрт йиллик муҳаббатимиз сенга заррача аҳамиятлими ё сароб… Ниҳоят, сен келдинг, буни ҳансираб олаётган нафасингдан сездим. Аста тобутга яқинлашдинг. Шу пайт хўнграб йиғлаб юборасан ва жисмимни қучоқлайсан, деб кутдим. Ана шунда кўзларимни очиб бари ҳазиллигини, сени умрбод ташлаб кетолмаслигимни айтиб сочларингни силашни тасаввур қилдим. Бироқ… сен на йиғладинг, на мени бағрингга босдинг. Ортиқ кутолмадим. Сен билан музейга олиб борганим – хавфли совғам қўлимда турар, уни биқинимга яшириб олгандим. Шарт ўрнимдан туриб револверни аввал сенга, сўнг фикрим ўзгариб ўзимга мўлжалладим. Сен манзарадан шошиб қолдинг: тилинг калимага келмай, бир зум қотиб турдинг. Юзингда яна бераҳм ифодани кўрдим. Қаътийлик билан менга яқинлашдинг ва қуролни олиб қўймоқчи бўлдинг. Уни бермаслик учун маҳкам қисганимни биламан… сўнг ўқ овози янгради. Бир биримизга катта-катта нигоҳларимизни тикканча жимиб қолдик. Қўлимга илиқ нарса оқа бошлади: қарасам қон. Сенинг қўлинг жароҳатланганди. …Бу бизнинг сўнгги учрашувимиз эди. Шифохонада бармоғингни кесиб ташлашганини эшитиб, айбдорлик ҳиссидан ўлай дедим. Сен сурат солаётиб чап қўлингни ишлатмасдинг, барибир мени кечириш қийин! Ахир рассом учун бармоқлар нақадар керак! Сени нафақат маҳбуб, балки дўст сифатида ҳам йўқотдим. Мени кўришдан, учрашишдан қатъий бош тортдинг. Ўжарлигинг, қайсарлигинг сабаб узримни қабул қилмадинг. Умумий дўстларимиз сени руҳий ҳолатинг ёмонлигини айтишди. Шундагина катта хато қилганимни, ҳаётингда бир қадар ўрним бўлганини ва уни ўзим бой берганини англадим. Сени тинч қўйишга, аҳволинг ўнгланса яна ярашиб олишга қарор қилдим. Бироқ мени кўришни истамадинг. Бошқа бой хонимлар сингари йил ўтиб менам аламимдан сендан ёшроқ, сендан чиройлироқ бир рассомга турмушга чиқдим. Уям ажойиб суратлар солсада, менинг Эдвардим эмасди. Йиллар ўтиб Копенгагенедаги руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилганингни эшитганимдан сўнг виждон азоби қийнай бошлади мени. Айтишларича, руҳингни мен хароб қилибман. Бу ҳақда рўзномаларда ўқидим. Сен у ерда олти ой қолиб кетдинг… аммо кўргани боролмадим. Кейинги тақдирингни билмайман. Аммо сурат чизишни ташламаганингдан, ижод қилаётганингдан хурсанд бўлдим. Европанинг турли шаҳарларида кезиб юришинг, у ерда янги асарлар яратишинг, кўргазмалар ўтказишингни билардим. Мен эса ажрашдим. Бўйдоқлигингни билсамда, ёнингга бормадим – сен ёшгина янги маҳбуба топган эдинг. Яна бахтимни топиш учун турмуш қурдим: у ҳам сенга сира ўхшамасди. Ғуруримни поймол қилиб, сен билан юзлашиш, айбдорлик ҳисси билан қаршингда бош эгишни истамадим. Аммо баъзан фалон галереяда кўргазманг бўлаётганини эшитгач, бориб томоша қилардим. Улардан ўзимни излар ва кўпинча топардим ҳам. Энди-энди суратларингни маънисини чақяпман, Эдвард. Мана, “Соҳилдаги аёл” номли суратинг. Оқ либосли аёл денгизга термулиб кимнидир кутяпти. Ёнида эса қора кийимли қария. Балки Азроилдир, ким билади. Бу ёшлик ва кексалик ораси бир қадамлигини эслатади. Ўзи умуман барча асарларингда ҳаёт ва тириклик ўртасидаги жангни кўряпман. “Адам ва Ева” сурати эса мени ўзига боғлаб олди. “Нигоҳлар тўқнашганда” – хилватда бир-бирига изтироб билан қараб турган жуфтликдан ўтмишдаги муҳаббат изларини топишга уринаман. Ундаям фақат ўзимни – ташна муҳаббатимни кўраман, сени тополмайман… Менга бирор марта телбалардек боққанингни эслолмайман, Эдвард. “Ҳаёт рақси” картинасида эса ҳамма ўйинга тушяпти жуфт-жуфт бўлиб. Ўнг тарафда оқ, чап тарафда қора кўйлакли аёл ўртадаги қора либосли эркакка — сенга умид ва ранж ила тикилиб туришибди. Сен эса қизил кийимли аёл билан шодон рақс тушмоқдасан. Ниҳоят, ўзингни тасвирлабсан-да, севлигим? Аёлларга ўчлигингни, улардан бирига қаноат қилолмаслигингни, илҳом излаб, образ излаб уларни алмаштиришингни… “Операция столида” номли суратинг юрагимни зириллатиб юборди. Унда сен ўша отишмадан сўнг бармоғингни кесишаётганини аёвсиз тасвирлагандинг. Кўзимни чирт юмиб олдим. Қалбимда яна оғриқ пайдо бўлди. Чалғиш учун бошқа суратлар сари суриламан. “Вампир” номли суратга қарайман. Сенга бу мавзу азалдан ёқарди. Эҳтимол, бу ерда қонхўрликни тасвирламоқчи бўлгандирсан, аммо мен бутунлай бошқача тушундим. Қизил сочли аёлнинг тиззасига бош қўйганча йиғлаётган ёки ўкинаётган эркак… Бу сенми, сенинг тавбаларингми? Ҳаммасидан чарчаганингда, кўнглинг ором топадиган маконингми ё? Ўша макон – мен бўлганимда эди, Эдвард, бунинг учун боримни беришга тайёр эдим. Мелонхолик туркумли суратлар жамланмасида ботинингдаги ёлғизликни теран ҳис қиламан. Соҳил сенга доим ёқарди. Ой нури сувда жилва қилганида унга тушкун тикилиб туришингни эслаб, хўрсиндим. Кейин эса иккимиз тасвирланган автопортрет қаршисида узоқ қолиб кетдим. Малла сочларим ёйилган, кўзларим бежо боқарди. “Қотил” деган сурат эса баридан ошиб тушди… Унда совуққон тарзда сенинг жонингга қасд қилаётган сипогина аёл – мен тасвирлангандим. Шу лаҳзаларда мени фақатгина рашкчи телба сифатида ёд этиб туришингни тушундим. Ҳеч қачон маъсума маҳбубангдек эсламагансан мени. Ва ниҳоят, “Қичқириқ”нинг янги яратиқларига кўзим тушади. Улар аввалгидан кўра бироз ёрқинроқ эди. Қизил ранг қонни эслатади. Қичқираётган сенми, Эдвард? Нега бунчалик қалбинг ларзага тушган экин? Ўша отишма ёдимга тушади. Ўшанда сени ўлдирмоқчи эдимми, ўзимними, билмайман. Сен ҳам, мен ҳам тирик қолдик, аммо севгимиз ўлди! Севгимга аза тутиб бу ҳаётда ғимирлаб юрибман. Сен эса янги Мадонна излаб Парижу Берлинда кезинасан. Ҳамон рашк ҳисси мени эзади… Галереядан чиққанимда шом тушиб қолганди. Уйгача пиёда юргим келди. Шовқин шаҳарда одамлар бир нарсадан қуруқ қолгандек шошиб елиб югуришади, ялтираган машиналар сигнали оламни тутади, йигирманчи аср кириб келгандан бери назаримда ҳаёт тезлашиб кетгандек туюлади менга. Ҳамма нарса шунчалик ўзгариб кетдики, ҳатто туйғуларнинг ҳам қадри қолмади. Хориб ўриндиқлардан бирига ўтирдим ва сумкачамдан елпиғич чиқариб елпина бошладим. Шу он нигоҳим олисларда – қип қизил бўлиб ботаётган шафаққа тушди. Ўша лаҳзада дунёдаги энг ёлғиз одамдек сездим ўзимни. Бақиргим, қичқиргим, дод солгим келди. Аммо ундай қилолмадим… Йигирманчи асрнинг нозиктаъб, маданиятли, такаллуфли кишилари сингари юзимда қилт этган исён оловламади. Ёнимдан бош ирғаб ўтиб кетаётган савлатли эркаклар, ўзларига илтифотли ошиқ излаб сайрга чиққан хонимлар, нарироқдаги опера театрига ошиқаётган дидли зиёлилар – ҳаммасининг юзи бир-бириникига ўхшар, сохта жилмайиш ва мағрур димоғлар аро ўзимга қадрли бир юзни излардим. Аммо тополмасдим… Эдвард, бошқаларга сира ўхшамаслигингни, нега айнан сени танлаганимни ўшанда англадим. Сенда сохталик йўқ эди. Ўзингни борингча тутар ва шундай қабул қилишимни истардинг. Менга ўзингни кучли севадигандек қилиб кўрсатмас, бошқа ошиқлар сингари романтик мактублар битмас, гуллар жўнатмасдинг. Сен доим асл санъат учун ғоялар излар экансан, уни мана бу сохта инсонлар ичра эмас, алам ва изтироб чеккан кўнгиллар ичидан қидирардинг. Топардинг ҳам. Энг катта бойлигини йўқотдек миллионердек шалвираб уйимга қайтдим. Ҳеч ким йўқ муҳташам хонамда овозим борича қичқирдим. Исмингни айтиб бақирдим-чақирдим, дод солдим. Сўнг менга совға қилган ягона картинангга термулганча унсиз йиғладим. “Қачонлардир бу суратинг ҳам, бошқалари ҳам туғилиб ўсган юртингдаги мўъжаз музейда қад ростлаб туради, Эдвард. Машҳур рассом Мункнинг асарларини кўриш учун дунёдан мухлисларинг ташриф буюради… Сен тарихда қоласан. Бунга ишонаман. Афсуски, бизнинг исмларимизни ҳеч қачон бирга тилга олинмайди. Мени рассомнинг бир бармоғидан айрилишига сабаб бўлган, натижада суратлар чизишига қийинчилик туғдирган бир шаддод ва эрка аёл сифатида ёд этишади. Келажакдагилар бугунги одамлар каби қалбимда нелар борлигини ҳеч қачон билишмайди, Эдвард. Зеро, уларга бунинг қизиғи йўқдир. Сенки, мени ташлаб кетган экансан, улардан не ранж? Қалбимдаги оташин муҳаббат ўлганимдан сўнг мен билан қабрга киради ва изсиз йўқолади. Эҳтимол, яратган асарларингни қайсидир тасвирларида яшаб қолар у… Ким билсин, дейсан?” Модернист рассом Эдвард Мунк Тулла (асл исми Матилда)дан илҳомланиб бир талай ёрқин суратлар яратган. Уни ёқтирган аёллар кўп бўлсада, бир умр бўйдоқ ўтган ва 80 ёшида вафот этган.
2020-03-23
http://nodirabegim.uz/archives/1942
Эҳ, тушга нималар кирмайди-я. Кутган ва кутмаган нарсаларимиздан тортиб теграмизни нозик ўргимчак тўридек ўраб олган борлиқдаги ҳар бало бир марта бўлсин тушимизга кириб чиқади. Ўзимиз гувоҳи бўлган ҳодисалар, тафаккуримиз қизиқиш-у майл билдирган моддий ва номоддий нарсалар, юрагимизни энтиктирган ва ҳаяжонлантирган манзаралар, ўзимиз мансуб бўлган жамият ёки муҳит билан боғлиқ жараёнлар, шунингдек қалбимизга яқин одамларнинг гўзал ёки разил кўринишлари… Уйқу давомида шу тушнинг таъсиридан тафаккуримиз чиқиб кета олмайди. Унинг ичида-унга кўчган борлиқни реаллик санаб, унга топиниб, ундан ажрай олмай яшаймиз. Ҳатто, тонг отгач ёки қўққис уйғонгач ҳам баъзи тушлар сабаб ўзимизда енгил ноқулайлик сезамиз, гоҳида уларнинг таъсиридан чиқиб кетолмай кунлаб ўзимизга келолмай кун кечирамиз ёки ўзимизни ўзимиз хилватларда — кўпинча оқаётган сув қаршисида сўроқлаб ўтирамиз. “Нима, қачон, қаерда?” қабилида. Гоҳида эса таъбирга мурожаат қилиб китоблар титкилаймиз ёки зарур кишиларга маслаҳат илинжида сим қоқамиз. Кеча умримнинг навбатдаги баҳори давом этар чоғида мен тушнинг энг ғаройибини кўрдим. Ким нима деса десин-у, лекин тушимда Лондондаги аукционда қатнашибман (Бу рости кутилмаган туш бўлди). Аукцион дунёга донғи кетган Лондон биржасига яқин бўлган ҳашаматли бинода бўлиб ўтибди. Бу асосан машҳур рассомларнинг ижодий ишлари сотиладиган аукцион экан. Бинога зинапоялардан кўтарилиб, унинг залворли эшигини очиб ичкарилашим билан забардаст эшик оғаси инглиз тилида таклифномамни кўрсатишимни сўради. Эгнимдаги жигарранг пиджагимнинг ён чўнтагини кавласам қўлим қаттиқ қоғозга тегди. Олсам — ўртача ҳажмдаги таклифнома. -Ўтаверинг, жаноб, — деди эшик оғаси уни ҳали кўрсатиб улгурмасимдан. Мен бошимни ирғаб фойега ўтдим. Фойе катта ва узун эди. Унинг охирида ойнали эшиклари ортидан мўъжазгина зал кўзга ташланарди. Оҳиста қадам ташлаб ўша ерга бордим. Иккиланишлар билан залга кирдим. Зал кичкина бўлса-да, лекин у ердаги одамларнинг кўплигидан остона ҳатлаган одамга каттадек таассурот уйғотар, шунинг учун бўлса керак бўсағадан ўтгач, бир неча сония нима қилишимни билмай каловланиб жойимда туриб қолдим. -Марҳамат, жойингизни эгалланг, -деди юзи ўликларники каби совуқ, сочлари эса оппоқ бўлган, қўлларига оқ қўлқоп тақиб, эгнига кенг фрак кийиб олган албинос йигит қаршимга келиб. — Ҳозир аукцион бошланади! Залдаги одамларнинг кўпчилиги аллақачон ўз ўрнига ўтирган, тик турганлари ҳам ўтириш учун тараддудга тушишганди. Мен бўш турган стуллардан бирига чўкдим. Ўнг томонимда мошгуруч соқолли, Чеховники каби пенсне таққан, қора рангга бўялган сочларидан кимёвий бўёқнинг ҳиди анқиётган мўйсафид, чап томонимда кўкраклари сал очиқ сарғиш кўйлак кийган, кўзлари остини беармон қора рангга бўяган, тирноқлари узун, шаддодгина аёл — иккиси ҳам нигоҳини рўпарадаги театр саҳнасига ўхшатиб безатилган, бир четида баланд минбар турган томондан узмай ўтиришар, мўйсафид орада дастрўмолини оғзига тутиб йўталиб қўйса, аёл шарқона елпиғичи билан ўзини онда-сонда елпиб қўярди. Назаримда улар мени келиб ўтирганимни сезишмади. -Хонимлар ва жаноблар!- ўнг томондаги парда ортидан худди кўзбойлоғичлардек ими-жимида чиқиб, минбар олдида пайдо бўлган ўрта яшар, мўйлаби қалин бир эркак сўз бошлади. — Беш дақиқадан сўнг Ван Гог картиналарини аукцион орқали сотиш бошланади. Аукцион қоидаларини яна бир марта эслатиб ўтаман: аукционда бугун рассомнинг учта машҳур картинаси — “Арледаги қизил узумзор”, “Оқ кийинган қиз”, “Кунгабоқарлар” навбат билан сотувга қўйилади. Қоида ўша-ўша. Ким кўп таклиф қилса, картина ўшаники бўлади. Картинани сотиб олган харидор аукцион тугагач, харид қийматининг ўн фоизи миқдорига олдиндан чек ёзиб беради. Унинг гапини йиғилганлар диққат билан тинглашди. Шундан сўнг, иккита барзанги йигит бояги парда ортидан Ван Гогнинг биринчи картинасини олиб чиқиб, минбар ёнида турган — деворга ёпиштириб жойлаштирилган, четлари бурама қиррали стол устига қўйди. Картинани ёпиб турган қизил бахмал мато олингач, йиғилганлар жўрликда бир овоздан “оҳ” деб юборишди. Қаршимизда четлари зарҳал ромда Ван Гогнинг “Арледаги қизил узумзор” картинаси турар, у импрессионизмнинг ҳар бир ашаддий мухлисини эсидан оғдириши кундек равшан эди. -Картинанинг бошланғич нархи икки миллион фунт,- деди аукцион шартларини янгитда тушунтириб ўтган мўйлабли эркак минбарга чиқиб, атрофдаги турли кайфиятда ўтирган одамларни бирма-бир кўздан кечираркан, қўлига гурзининг болачасини ёдга соладиган таёқни олиб, пуфлаб унинг чангини кеткиза бошлади. Мен ҳеч нарсага тушунмай турганимда, бирдан ўнг томонимдаги мўйсафид қўлини баланд кўтарди ва хириллаб товуш чиқарди. -Икки миллион икки юз минг фунт! -Икки миллион икки юз минг фунт!- деди аукцион бошловчиси қўлидаги таёқчани минбарга бир уриб қўйиб.- Яхши. Қани ким кўпроқ беради? Чап томонимда ўтирган аёл пайт пойлаб қўлини кўтарди-да: -Икки миллион тўрт юз минг фунт,- деди узун тирноқли бармоқларини сохта мулозамат қиладиган тантиқ аёллардек қимирлатиб. Шу пайт мен тўсатдан кулиб юбордим. Қаҳ-қаҳ уриб, хахолаб, зални бошимга кўтариб кулдим. Кулишимга сабаб бўлган нарса шу эдики, негадир рўпарамдаги мойбўёқда чизилган расмга бунчалик катта пулни таклиф қилишаётганини ҳечам ақлимга сиғдира олмасдим. Шунинг учун кулардим. Бунча катта пулга мен туғилган шаҳарда пудратчи ташкилотлар тўрт қаватли касалхона ёки мактаб қуришлари мумкин эди. -Кечирасиз, халақит берманг,- деди кулавериб кўзларим ёшланиб кетганини ва букчайиб қолганимни кўриб ташкилотчилардан бири олдимга келаркан. Унга қўлим билан ҳаммаси тушунарли дегандек ишора бердим. У кетди. Ван Гог картинасининг нархи эса фурсат ўтгани сайин ошгандан ошиб бораверарди. Унинг баҳоси арифметик эмас, геометрик прогрессияда ўсиб борар, одамлар билдирган таклифдаги рақамларнинг миқдори соғ одамни ақлдан оздириш хусусиятига эга эди. Мендан нарироқда ўтирганлар қўшниларимга нисбатан гоҳ баланд нарх таклиф қилишар, гоҳ нарх борасида қўшниларим улардан ўзиб кетишарди. Бу от пойгаси ёки югуриш мусоқабасига ўхшарди. Қани ким ўзади? Қани ким биринчи? Охири картина сотилди. Мендан сал нарироқда ўтирган жиддий, бўйинбоғли жаноб унга барчадан кўпроқ пул таклиф қилди. -Илтимос, картинани авайлаб ичкарига олиб киринглар, -деди у чек ёзиб бераркан ташкилотчиларга қарата хавотир билан. Бошловчи таёқчасини минбарга уриб қўйиб, картина қанчага сотилганини яна бир марта қайтарганди мен бу гал ҳам кулиб юбордим. Боягидек қаҳ-қаҳ уриб, хахолаб ва баланд овозда. -Сиз ҳалитдан бери нега куляпсиз ўзи?- сўради ўнг томонимдаги мўйсафид тутоқиб. — Циркда ўтирганингиз йўқ-ку! Аукционда ўтирибсиз, аукционда! -Тарбияли кишилар жамоат жойларида ўзларини тутишни билишлари керак, — деди чап томонимдаги аёл мендан ирганиб. — Акс ҳолда, бизни варварлардан фарқимиз қолмайди. Э, ўлсин вандализм! Уларнинг нозик танбеҳларидан кейин бошқалар мен томонга ғижиниб қарай бошлашди. Ғаламислик қилаётганимни юзимга айтишмаса-да, нигоҳларида менга нисбатан нохуш ўй пайдо бўлганини англадим. Ташкилотчилар ҳам ўзимни назорат қилишимни яна бир бор илтимос қилиб кетишди. Ван Гогнинг қолган икки картинаси биринчисига қараганда анча баландроқ нархларда сотилди. Роса тортишувлар эвазига энг баланд нархда “Кунгабоқарлар” сотилиб, иштирокчиларда унинг янги эгасига нисбатан ҳавас уйғонди. Уни чап томонимдаги аёл харид қилди. -Ўзи шу картина учун бу ерга келгандим, — деди у қўл телефонидан кимгадир қўнғироқ қилишдан аввал роҳат билан керишаркан. Дам ўтмай телефонини қулоғига тутди. — Азизим, мени яхшилаб эшит. Анави картина бизники бўлди. “Кунгабоқарлар” бор-ку, ўша. Ван Гог уни мен учун чизиб кетган демаганмидим сенга. Энди у меҳмонхонамизни безайди, хонадонимизнинг тароватини очади. Ювош синглимни меҳмонга келганда уни кўриб оғзи пашша киргудек ланг очилиб қолишини ҳозирдан тасаввур қиляпман. Аукцион ўз якунига етганида мен негадир яна кулдим. Бу сафар қарсак чалиб кулдим. Кулаётганимда ҳеч кимга қарамадим, бошимни осмонга кўтариб бўри каби увилладим, холос. Қарсак чалаётганимда кўзларимни катта-катта очиб, ҳар ёнимга тикилиб, кафтларимни бир-бирига оғриб кетгудек даражада уриб қарсак чалдим. Лабларим эса фақат битта сўзни пичирларди. -Ван Гог! Ван Гог! Ван Гог! Терга пишиб ногаҳон уйғониб кетганимда аллақачон ғира-шира тонг ота бошлаган, олис бўлмаган ердаги масжиддан муаззиннинг ширали азон товуши эшитиларди. Баҳорнинг яна бир мусаффо тонги замин узра отаётганди. Дераза олдидаги гуллаган ўрик кайфиятга ижобий таъсир қилар, унга тикилганча бир финжон сутли қаҳва билан соатлаб у ердан кетмай туриш мумкин эди. Шунда ҳам зерикмасди киши, аксинча ширин орзуларга берилиб, мана бу шиддат билан ўтаётган бевафо вақтни ва борган сари сариқ чақалик қизиғи қолмаётган бўм-бўш, шовқин-сурондан иборат бўлиб бораётган замон нафасини ҳис қилишни унутар ҳамда лойдан қорилган юрагида азалдан муваққат бўлган туйғу-табиатга нисбатан беғараз ошноликка бутун вужудини сафарбар қиларди. Бу тонг якшанба тонги бўлгани учун ҳам қайсидир маънода мен учун азиз ва мукаррам эди. Чунки, ҳар гал зерикарли иш жойимда келишини қон-қақшаб бир ҳафта кутадиган кун ҳаётимда ўзгача ўрин тутар, мен шу куни йигирма тўрт соат мобайнида ўзим истаганча умримни тасарруф қилардим. Баъзан севимли китобимни ўқисам, баъзан итим билан ёлғиз сайр қилгани чиқар, баъзан эса Шопенгауэр ва Гегелнинг фалсафасини таҳлил қилар ёки телевизор пульти ёрдамида бир бошдан кўнглимга мос телеканалларнинг дастурларини текшириб чиқардим. Бу сафар Бродскийнинг шеърларини ўқиб, кунни ярим қилгач, доимгидек телевизорни ёқдим. Телевизорда мана бир йилдирки, ёлчитиб фақат иккита канални кўраман: булар “Маданият ва маърифат” ва Катта Оғанинг “Культура” каналлари. “Маданият ва маърифат” каналида битта бўйинбоғлик амаки телемутолаа дастурида “Ўткан кунлар”ни томошабинга иштиёқ билан ўқиб бераётган экан. Қодирийнинг мазкур романини унга қўшилиб бир юз эллик биринчи марта ўқигим келмади ва пульт ёрдамида “Культура”га ўтдим. У ерда кинофильм намойиши бўлаётганди. Бу каналда машҳур ёзувчи, шоир, рассом ёки давлат арбоблари ҳақида мунтазам биографик кинофильмлар эфирга узатилар ва мен уларни интиқлик билан кутиб яшардим. Бугун ҳам шундай бўлаётганди. Каналга ўтганимда унда тахминан шу мазмундаги диалог кетаётганди. Табиийки, кинофильм Ван Гог ҳақида эди. Мен уни шу ердаги — таржимаи ҳолида келтирилган жиннихонадаги эпизодидан бошлаб кўришда давом этдим. Экраннинг четида рус тилидан таржима қилинганда “Ван Гог мангулик бўсағасида” деб номланган ёзув турар, мен дақиқа сайин экрандаги воқеалар ичига шўнғиб кириб борар, Ван Гогнинг кетидан хаёлан эргашиб юрардим. Кинофильмда рассомнинг таржимаи ҳолидан кўчган кўп нарса бор эди. Унинг оғир табиати ва одамлар билан муроса қила олмаслигидан тортиб картиналарининг яратилиш тарихигача, жамиятдаги ёлғизлигидан тортиб йиртиқ пойабзалда, елкасига мольбертини ташлаб қишин-ёзин табиат манзараларини яёв кезишигача… Кинофильм сўнггида унинг ўлим манзараси кўрсатила бошланди. Ван Гог қандайдир ойнаванд даҳлизли хонанинг ўртасида тобутда ётар, унинг атрофига ўнтадан кўпроқ миқдорда ўзи бир пайтлар чизган картиналари териб қўйилган, укаси Тео таъзияга келгандан кўра шу картиналарни томоша қилгани — кўргазмага келган одамларни бир четдан ғамгин кузатиб турар, одамлар эса картиналарни кетма-кет кўздан кечириб, қўлларига олиб кўришар, манзур бўлган бирортасини қўлтиқларига қистиришгач унга чўнтакларини кавлаб майда чақа узатишар ва тобутда жонсиз ётган рассомга эътибор ҳам бермай ташқарилашарди. Афтидан, Ван Гогнинг укасида уни кўмгани ва тобутсозга тобут учун тўлагани пул йўқ эди ва у жаноза куни шу йўсинда дафн маросими учун пул йиғарди. Экранга эътибор билан разм солиб, тушимдаги аукционда кўрган одамларга ўхшаш одамларни кўрдим. Улар тушимда кўрганларимга ниҳоятда ўхшаш, чамаси уларнинг ё аждодлари, ё ўхшаш чеҳралари эди. Мана, тушимда ўнг томонимда ўтирган мўйсафидга ўхшаш қария. Фақат у бошига узун цилиндр кийиб олганди. Одамлар орасида чап томонимда ўтирган аёл ҳам кўзга ташланди. У шарқона елпиғич ва қўл телефони ўрнига қўлига қора соябон ушлаб олиб, эгнига узун қора рангдаги ёпиқ кўйлак кийганди. Ҳатто, тушимда кўрган Ван Гогнинг учта картинасини ҳам экранда кўрдим. Тўғри, қисман. Улар тахминимча бошқа картиналардан фарқли равишда тобутнинг нариги — экранга кўринмайдиган томонига тақаб қўйилган, одамлар уларни бир-бирига жилмайиб кўрсатиб томоша қилишарди. Ниҳоят, ўша картиналарни ҳам улар бирин-кетин олишди. Ван Гогнинг укасига чўнтакларини кавлаб майда чақа узатишди. Укаси уларга тавозеъ билан миннатдорчилик билдирди. Уларнинг чақа узатган қўлларига қарарканман, ушбу дам ҳам негадир кулгим қистади ва беихтиёр кулиб юбордим. Вақт ўтган сайин худди тушимдаги аукционда бўлгани каби қаҳ-қаҳ уриб, хахолаб ва баланд овозда кулдим. -Ван Гог! Ван Гог! Ван Гог!- дедим аукционда бўлгани каби бўридек осмонга увиллаб ва қаттиқ-қаттиқ қарсак чалиб пичирларканман. -Бунча баланд кулмасанг… Циркда ўтирганинг йўқ! Хонага шошиб кирган онамнинг биринчи айтган гапи шу бўлди. У чўчиб уйғониб кетиб қўшни хонадан чиққанди. Мен телевизордан нигоҳимни олиб унга қарадим. -Қанчалик зўр циркда ўтирганимни тасаввур ҳам қила олмайсиз, — дедим кейин бирдан жиддийлашиб.- Ишонинг, тасаввур ҳам қила олмайсиз!
2020-03-24
http://nodirabegim.uz/archives/1956
Доим шаҳар марказидаги истироҳат боғи ёнида қад ростлаган, яқинда таъмирдан чиқарилган драма театрига борганимда чипта олишдан аввал унинг афишасига бир қур кўз югуртираман (эски одатларимдан бири бу). Унда бир ой мобайнида театрнинг кундалик репертуарига қўйилган драматик асарларнинг узун рўйхати туради. Қайси куни, қай вақтда, қандай драма саҳнага қўйилишини унга қараб билиб олса бўлади. Шунингдек, премьераларни ҳам. Афиша қаршисида тик оёқда турарканман, биринчи навбатда репертуардаги драмалар билан эмас, якшанба куни учун мўлжалланган премьерага қизиқаман, чунки бир томондан фақат шу куни ўзим ё оилам билан театрга тушишим мумкин бўлиб, қолган вақтлари кун давомида ишим сабабли бунга вақт ҳам, имкон ҳам топа олмасам, бошқа томондан ундаги драмаларни бир марта кўрганим ва бошқа томоша қилишга сира тобим йўқлиги эътиборимни фақат премьерага қаратишга мажбур қилади. Дам олиш кунига мўлжалланган премьерага узоқ тикилиб тураман. Афиша ёнида уни бир неча ҳафтадан бери тарғиб қилиб, қуёш ва ёмғирда қолган бечора постерга кўзим тушади. Вақт ўтиб шу нарса маълум бўладики, иккисиям негадир қизиқишимни ўзига жалб қилмайди. Премьера ҳам, унинг тарғиботчи постери ҳам. Айниқса, драма… Афишага яқинлашган чоғимда юрагимда гупирган, бироқ яқинлашгач бир зумда дафн этилган қизиқиш ва сўниқ иштиёқ билан унга боқаман. Биринчидан унинг ҳеч нимани англатмайдиган, миллий драмаларнинг доимий таниш шаблонидаги номи, иккинчидан унинг драма ёзишдан кўра савия борасида ҳали ўқиб-ўрганишга муҳтож бўлган таниқли муаллифи ва энг муҳими ўлгудек маиший мавзуси бир пасда энсамни қотиради. Шунга қарамай, бир оз ўтиб чиптахона сари дадил қадам ташлайман. Унинг ойнаванд дарчаси ҳалиям ўшандек кичкина. Ҳеч бир ери ўзгармаган. Чипта сотадиган таниш ўрис кампир ҳалиям тирик, жойида сигарет чекиб ўтиради. Боргач чўнтагимни узоқ кавлаб, сал иккиланиб, ҳеч бўлмаганда бу гал спектакль давомида асабийлашмасликка умид қилиб чипта харид қиламан. Кампир бир ўзимгагина чипта олаётганимни кўриб, премьера зўр ўтади, бирор шеригингиз учун ҳам олинг, деган мазмунда гапиради. Чиптани қўлимга ушлаганимда унга нисбатан кафтимда қандайдир бефарқликни сезаман. Унга шунчаки маънисиз, худди бўшлиққа қарагандек тикиламан. Тикилганимда кўзларим ёнмайди, олдинги миллий спектакль премьераларининг аҳволи кўз олдимдан лип-лип ўтиб ғижинаман, эстетик завқни шууримда энтикиб пишитолмайман, йўл давомида уни чўнтагимга солиб кетаётганимда ҳаяжонланмайман. Уйга борганимдан сўнг пешонамни тириштириб уни ёзув столи устига қўйгач, якшанбани кутиб, кун санаб асло бетоқат бўлмайман. Чипта шу бўйи ўша ерда то дам олиш кунигача қўл теккизилмай ётади. Гоҳ китобларга тегиниб, гоҳ ручканинг остида нафас олиб. Негадир шундай бўлади. Нима учунлигини ё биламан, ё билмайман. Олдин бундай бўлмасди. Илк марта ишлаб топган пулимга премьера учун чипта сотиб олганимда бошим осмонга етгудек ўзимда кўтаринки кайфиятни туйгандим. Аммо премьералардаги спекталлардан кўнглим тўлмаслиги натижасида бу завқнинг ўрнини бора-бора бошқа ҳислар эгаллади. Дастлаб қониқмаслик, кейин бефарқлик, эндиликда мана ўлгиси келмай, чалажон яшаётган мажҳул умид ҳисси… Ниҳоят, премьера куни ҳам етиб келади. Якшанбада бир амаллаб кунни кеч қилгач, таксига ўтириб театрга бораман ва унинг оғир эшигидан чиптамни кўрсатиб, секин ичкарилайман. Олдингидек шошиб кириш, юракнинг орзиқиши йўқ. Театрда одам кўп бўлмайди (олдин ҳам шундай эди). Ташриф буюрганларнинг кўпчилиги ёзган асари премьераси бўлиб ўтаётган драматургнинг таниш-билиши ва ошна-оғайниси, қолган кам сонлилар менга ўхшаган театрнинг содиқ шинавандалари бўлишади. Шунингдек, атрофда бўзрайиб турган бўйинбоғли ёшлар — мажбуран олиб келинган дорилфунун талабалари ҳам учрайди. Спектакль бошланишидан олдин жойимда узоқ вақт саҳнага қараб ўтираман. Ўриндиққа ўтирганимда илк қиладиган ишим шу. Саҳна лоп этиб эътиборимни тортади. Унинг жимжимадор, кўрса кўргилик ва меҳр билан ёндошилган декорацияси ақлимни шоширади, уни ҳайратланишга ундайди, ҳар бир бурчагида рассомнинг анча тер тўккани яққол сезилади. Унга қараб ўтириб бир маҳал драма ҳам шунга мос бўлса-ю, дейман. У мени лол қолдиришини, ақлдан оздиришини, сарҳадсиз мушоҳадага гирифтор қилишини, керак бўлса йиғлатиб кўзларимни қизартириб, шишириб юборишини орзу қиламан. Спектакль бошлангач, актёрлар ўзларига бириктирилган катта-кичик ролларни ижро этишга берилиб кетишади. Уларнинг барчаси ажойиб ва маҳоратли актёрлар, ижроларини кўриб уларни хаёлан олқишлайман, қарсак чалгани ийманаман. Режиссёрнинг ҳам кўп ва хўп урингани, машаққатли меҳнати спектаклни кузатишим асносида юзага чиқади. Фақат… Фақат драмадан кўнглим тўлмайди. Бу сафар ҳам унинг мавзуси, бадиий структураси ва “отаси”нинг савияси хўрсинишимга асос бўлади. Ўриндиқда ўтирганча хўрсинаман, хўрсинаман ва яна хўрсинаман. Драмада руҳни илғамайман (мен буни шартли равишда руҳ деб атайман). Саҳнага киртайган кўзларим билан термулиб, ўз ишини сидқидилдан бажарган режиссёр саҳналаштирган, беайб актёрларнинг забонида айланаётган бачкана диалогларни, узуқ-юлуқ воқеаларни ва қуруқ жараённи ботинимда таҳлил қиларканман, драма бутун борича руҳсизга ўхшайди. Танланган мавзунинг дидсизликка қоришган бадиий структураси унинг шундоқ ҳам ночор савиясини оёғидан ушлаб янаям пастга тортаётганга ва ундаги драматург бермоқчи бўлган ғоя эса шуларнинг натижасида ғоядан кўра қўл учида ёзилган маиший бир чўпчакни саҳнада гавдалантиргандек туюлади. Спектакль тугаганида мен енгил нафас оламан. Елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлади. Неча йиллардан бери бунинг тамомила акси бўлишини, яъни унинг якунига етганидан дилдан афсусланишни, мана шу саҳна қаршисида яна бир марта уни томоша қилишни ва унинг дийдорини қўмсаб дам олиш кунлари хонадонимдан қайтиб-қайтиб театрга чопишни қанчалик истамай, бахтга қарши унинг пировардида якунига етганига хурсанд бўлиб, театр биносини ҳаммадан олдин тарк этаман. Уйга келганимда ўзимни бўшашгандек ҳис қиламан. Йиллар давомида премьералардан сўнг юз берадиган нохуш кайфият яна мўрт вужудимда тиниқиб кўриниш беради, уни лаҳза сайин қаттиқроқ исканжага олади. Ҳорғин кўзларим ва мунтазам асабийлашишдан титрай бошлаган лабларим билан чарм креслода қимтиниб ўтирарканман, кўмак илинжида чора излаб, китоб жавони томон жавдираганча назар ташлайман. -Ҳаммасига Бернард Шоу айбдор!- дейман ногаҳон у ерда “Ирландиялик чол”нинг олти жилдлик асарлари тўпламини пайқаб. Унинг биринчи жилдини қўлимга олиб илк саҳифасини очганимда, драматургнинг оппоқ соқоли иягини сийпалаб турган, оқ-қора рангдаги сурати диққатимни ўзига тортади. Китобни чарчоқдан кўра эриниш билан варақлайман. Саҳифадан саҳифага ўтарканман, бирин-кетин унинг драмалари кўриниш беради: “Беванинг хонадонлари”, “Миссис Уорреннинг касби”, “Кандида”, “Тақдир танлови” ва бошқалар. Бу драмаларни ҳозир ўқимай қўйган бўлсам-да, бир пайтлар анча мушоҳада ва қунт билан ўқиганим, уларнинг таъсирида идрокимда драматургия ва театр борасида Мольер билан Гоголь тамал тоши қўйиб шакллантирган, кейинчалик Чеховнинг бир ўзи тараққий эттирган мулоҳаза-ю қарашларим янаям теранлашиб, ўзим учун уларни мукаммал кўринишга келтирганим кечагидек ёдимда. Бернард Шоуни жону дилимдан яхши кўрганман, дея олмайман. Ҳеч қачон бундай бўлмаган. Мисол учун, талабалигимда Мольер, Гольдони, Гоголь ва Чехов драмаларини унинг драмаларидан кўра кўпроқ севиб ўқирдим. Лекин ўшандаям Бернард Шоуда мен юқоридаги драматургларда дуч келмаган нимадир бор эди. Ўша нарсанинг нималигини ўша кезлари мен аниқ-тиниқ билмасдим. Бу ҳол кўп йиллар давомида муттасил мени ўйлантириб ташвишга солар, охири йўқ изланишлар сари чорлар, оқибатда бошимни театр назариясига оид китоблар ва эски-янги драмалардан кўтармас, айнан “Ирландиялик чол” кўпинча драматургияни тушунишдаги қайғуларимнинг сабабчисига айланарди. Унинг асарлари тўпламини шу оқшом ногаҳон қўлимга ушлагач ва драмаларини хафсала қилиб қайта ўқигач ниҳоят ўша нарсани топганимни тушундим, тилим кўп айланмади-да, унга — қайғуларим сабабчисига ном бера олдим. Орадан қанча йиллар ўтиб, сочимга оқ оралаб, белимдан қувват кетиб, ёшлигимнинг сўнгги йиллари якунига етаётган бир пайт энди буни нималигини англагандек идроким типирчилар, юрагим қаттиқ-қаттиқ тепарди. Бернард Шоуда мен кўп йиллар шартли равишда руҳ деб ўйлаб яшаган ва драма учун энг муҳим бўлган унсур — баланс бор эди, бўлганидаям қисман эмас, балки бир тизгинга солинган ва мутлоқ ҳолда. Баланснинг мазкур кўринишдаги қиёфаси бошқа бирорта мен ўқиган драматургда учрамасди. Гоголни мен қанчалик севиб-ардоқламай, у драмаларида сатирик ёндошувга ҳаддан ташқари берилиб кетиб тизгинни унутар, Чехов драмаларининг диалогларидаги интелектуаллик баъзида ортиқчалашиб, кичик нуқсонга айланарди. Мольернинг қаҳрамонларига характер етишмас, Гольдони ғояга кўпроқ урғу бериб, бу йўлда драмадаги жараён темпининг кульминация сари бир маромда кетишини қурбон қилар, Шекспир билан Шиллерда сюжет яхлитлигидан кўра ҳам қаҳрамонларнинг ҳатти-ҳаракатлари ва руҳиятларига бирламчи унсур сифатида эътибор қаратиларди. Албатта, уларда ҳам баланс сезилар, аммо биргина Бернард Шоуда у мутлоқ ҳолда кўзга ташланарди. Хира чироқ ёруғида унинг драмаларини ярим кечгача таҳлил қиларканман, юқоридаги драматургларга хос бўлган камчилик унда иложи борича кўзга ташланмас, шу баланс орқали барчаси силлиқланиб кетар, унинг драмалари оддий драмалар босқичини ҳатлаб ўтиб, хулосамда эталонлик ролига даъвогарлик қиларди. Фурсат ўтиб, тонг яқин қолганда аҳволимни янаям атрофлича англай бошладим. Неча йиллардан бери мен премьераларни томоша қилиш учун театрга бориб, маҳаллий драматурглар томонидан миллий руҳда ёзилган драмаларни кузатарканман, уларни кузатишдан кўра ҳам, айнан шу баланс орқали уларга баҳо берардим ва ёндошардим, бироқ юқорида таъкидлаганимдек бунинг нималигини ўзим аниқ билмасдим. Бернард Шоунинг даражаси ва драматурглик салоҳияти ортидан ўзим билмаган тарзда ўшанда уларни таҳлил қиларканман, бу таҳлилим ниманинг натижаси ёки инъикоси эканлигини тўлиқ тушунмасдим, бу борада идроким нуқул ўтмаслашиб ҳадеганда конкрет жавоб топилмасди. Премьералар мобайнида нега асабийлашишимни, пичирлаб сўкинишимни, ўриндиқ четини ушлаган қўлларим титрашини ва маиший мавзудаги, бачканалик уфуриб турган савиясиз драмаларнинг саҳнадаги юзидан нафратланиб, ўзимни қўярга жой тополмай игнанинг устида ўтиргандек ўтиришимни ва ниҳоят ўша драмаларни қайтиб кўриш учун театрга нега қайтиб қадам ранжида қилмаслигимни, фақат премьераларни кутиб яшашимнинг сабабини билмасдим. “Ҳаммасига Бернард Шоу айбдор!” Чиндан бунга Шоу айбдор эди. Шубҳасиз, яхши маънода. Бу сўзларни иккинчи марта такрорлаганимда унинг китоби қўлимдан ерга тушиб кетди. Уни қайтадан олдим. Шундан сўнг, унинг асарлар тўпламига киритилган бошқа жилдларни ҳам ёзув столига қўйдим. Ҳатто, “Миссис Уорреннинг касби” драмасини қисқа вақт ичида иккинчи марта ўқиб чиқдим. Жудаям таъсирландим. Беш-олти йил нарида ўқиган пайтимдан кўра кўпроқ ёқди бу драма. Яна мутлоқ балансни сездим. Сатирик ёндошувда ҳам, диалоглардаги интелектуалликда ҳам, кечинмалар ва руҳиятнинг ифодасида ҳам… Китобдан бошимни кўтарганимда миллий драматургиямизнинг аянчли ҳолати хаёлимдан ўтди. Очиқ айтаман: мустақиллик давридан кейинги миллий драматургиямиздан ҳечам кўнглим тўлмаган. Ҳозир ҳам тўлмайди. Шу давр оралиғидан то бугунчага саҳналаштирилган сон-саноқсиз миллий премьералардан қолган дарду-аламни узоқ йиллар хорижий драмаларнинг қайта саҳналаштирилган вариантларидан олиб яшадим. Юқоридаги санаб ўтган севимли драматургларимга айрим жиҳатлардагина баланс етишмаган бўлса, бизнинг драматургларга барча жабҳада баланс етишмайдигандек туюлаверади. Ҳолбуки, улар ҳам менга ўхшаб Бернард Шоуни ўқишган. Театр тарихи ва драма назариясидан хабардор. Немирович- Данченко, Шаляпин ва Станиславскийларнинг илмий асарларини ҳатм қилишган. Ўқишмаган бўлса, ҳеч бўлмаганда юқоридагиларни — бизнинг аудитория учун оммабопроқ бўлган Шекспир, Гоголь ва Чеховни ўқишган. Унда нега яхлит олинганда уларнинг драмалари бирор бир унсури бўйича қисман бўлса-да баланс бермайди. Яратган эгам, нега шундай? Балки, бу ерда турғун ва бир ерда қотиб қолган миллий драматургия айбдормикин? Ё шоирликдан драмага сакраб ўтган драматургларми? Ё улуғ режиссёр Станиславский хавфсираган нарса — Гоголни аллақачон театр (томошабин) даражасига тушириб, унинг дидига мослашиб бўлинганими? “Барчасига Бернард Шоу айбдор!” Яна шу ўйнинг гирдобида сарсон бўламан. Шоуни ўқиш натижасида тафаккуримга сингиган ва шаклланган, баланслаштирилган драматургия даражаси янгитда ўзим томоша қилган спектакль премьерасидан қолган энг кичик, майда атом заррасидек келадиган завқни ҳам тутундек тарқатиб юборади. Кўз олдимга ўша премьераси бўлган спектаклни ва унинг муаллифини бир томонга, иккинчи томонга чолнинг драмаларини қўяман. Худди тарозу палласида тургандек улар силкиниб-силкиниб туришади ва бир пасда унинг драмалари турган тараф кўпроқ тош босади. Менимча, аслида бир неча йилдан бери ҳам шундай бўлган. Шунчаки ўша кезлари тарозунинг иккинчиси палласига — ўзим премьераси гувоҳи бўлган ва қайтиб кўришни истамаган драмага қарама-қарши қўйиш учун лозим бўлган даражадаги муаллифни топа олмагандим. Гоҳ Гоголни қўярдим, гоҳ Чеховни. Бироқ, шунда ҳам тарозу палласи айни пайтдагидек сезиларли оғирлик билан улар томонга оғишмасди, чунки бунга улардаги мутлоқ бўлмаган баланс тўсқинлик қиларди. Мен эса уни нима деб аташни билмай юраверардим.
2020-03-30
http://nodirabegim.uz/archives/1993
Янги ўзбек ёзувчиси деганда Уюшмага аъзо бўлган, жилд -жилд китоблари чиққан, минбарларда нутқ сўзлаб, Дўрмонда ижод қиладиган инсонларни тушунар эдим. Мен учун “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ҳамда “Шарқ юлдузи” журналида асари босилганнинг ҳаммаси профессионаллар эди. Ким ўйлабди дейсиз бу фикрларимнин оёғи осмондан бўлиб кетишини. Ёзувчи ва таржимон Нодирабегим Иброҳимова Nodirabegim.uz сайти фаолиятини бошлаганда илк кузатувчиларидан бирига айландим. Шундан буён навқирон қаламкашлар ижодини кузатишга қизиқиб қолдим. Телеграм каналларию фейсбук постлари ўз йўлига, лекин сайтда бафуржа ўқишга етмайди. Хуллас, кузатиш жараёнида муаллифлардан бирининг ҳикоя ва эсселари тез- тез жойланаётганини сезиб қолдим. “Энг кўп ўқилганлар” лавҳасида ҳам айнан ўша инсон билан бўлган суҳбат етакчилик қиларди. Бу – Шерзод Ортиқов эди. Бошланишига сайтдаги пдф шаклидаги ҳикоялар тўпламини юклаб олдим. Биттама битта ўқиб чиқдим. Ўзи узун ёзиқларга тоқат қилолмайману, бу сафар аксинча ўқиб тўймай қолдим. Аввалига асар қаҳрамонларини миллий ҳикояларда кўравериб ўрганиб кетган қирқ кокил сулувлар ва кетмонга суяниб турган алпларга ўхшамаслигини пайқаб қолдим. Кейин диалоглар ва кечинмалар ифодаланиши ҳам Ғарб адиблари услубига яқинлигини тушундим. Қайта- қайта ўқиш давомида англадимки, аслида ҳикоялар ғояси ҳам мутлақо янги ва оригинал экан. Бир қарасанг Парижу Берлинда, бир қарасанг оддий ўзбек хонадонида воқеалар ривожланади. Тўсатдан ҳикоя орасига Маркес кириб келади, пианино овози эшитилиб қолади, кўҳна қадамжоларга бориб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Тараққиёт асрининг фарзандларимиз, мусаффо осмон остидаги бахтиёрлармиз, дея бонг ураётганларнинг кундалик ҳаётини, унинг негизида умумбашарий ғояларни куйлаётган ёзувчи шу вақтгача қаерда эди, деб ўйланиб қолдим. Ҳозир имконият кенг, истаган одамингни агар у замонавий телефондан фойдаланса топиб олишинг мумкин. Пауло Коэльо, Элиф Шафақ каби адибларни фейсбукдаги профилларини кузатиб бориш ҳозир қийин эмас. Хуллас, топдим Шерзод Ортиқовни. Гарчи одамларнинг постларини ўқишга сабрим чидамай, шунчаки лайк босиб кетаверсам да, бу адибнинг барча постларини изоҳлари билан бирга ўқиб чиқдим. Ҳа, айнан илк қўйилган постлардан бошладим. Шу вақтда бу ижодкор 2019 йил “ярқ” этиб чиқмаганини, балки йиллар давомида шаклланиб келганини билдим. Бу постлар!.. Нақ заҳар томиб туради я! Айниқса, ёш ижодкорлар ҳақидаги фикрлари юрагингни тешиб ўтиб кетади. Адабий муҳит ҳақидаги ҳаққоний гаплари -ку, йиллар давомида валийга чиқариб қўйган “катта”ларнинг асл юзини очганини кўрдим. Деярли барча постлар қизғин баҳс- мунозараларга сабаб бўлган. Башараси қийшиқлар кўзгудан анчагина ўпкалашганини гувоҳи бўлдим. Бора -бора эсселари эътиборимни тортди. Ҳар бир эссе жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган шахслар ҳақида сўзлайди. Зоҳирида буюклар ҳаёти акс эттирилса да, ботинида ҳаётимиз ҳақиқатлари тажассум этади. Умуман, эссе ёзишнинг ўзи бир санъат. Санъаткорлар ҳақида ёзиш эса икки карра жасорат. Адиблар, шоирлар, бастакорлар, рассомлар ҳаётини тасвирлаш учун қанчадан қанча факт йиғиш керак. Моцарт ҳақида унинг куйларини эшитмай туриб, Ван Гог ҳақида суратларини кўрмай туриб ёзиб бўладими? Ҳар бир соҳанинг назариясини ўрганиш, тарихий эврилишларни таҳлил қилиш ва ниҳоят бугунги кунга боғлаш оғир машаққат. Лекин Шерзод Ортиқов буларнинг барчасини йўл- йўлакай ҳикоя қилиб кетади. Шахсий фикрларини ифодалашда қўрқмайди. Битта ёзувчи бўлса, шунчалик бўлади. Ҳақиқатни айтганга раҳмат айтиш камдан кам учрайди. Сўнгги вақтларда раҳмат айтиш бу ёқда турсин устига чиқиб тепишга ҳаракат қилишмоқда. Лекин қандай қилиб? Шерзод Ортиқов на Уюшмага аъзо, на ижодий ташкилот ходими. Касби ҳам, даромади ҳам бўлак. Ягона чора маънавий хужумга ўтиш. Буни эса баъзи “адабиёт фидойилари” ортиғи билан бажармоқда. Кимдир ўз ихтиёри билан, кимдир ўзгаларнинг даъватига кўр- кўрона эргашиш оқибатида. Оддий ўқувчи сифатида Шерзод Ортиқовга нисбатан шаклланаётган салбий ҳаракатлар сабабларини аниқлашга ҳаракат қилдим. Улар қуйидагилар: 1.Жоҳиллик. Жаҳон адабиётини яхши тушунмаслик, тилла балиқчадай тор ҳовузини ёқлайвериш натижасида ҳикоя ва эсселарга нотўғри нигоҳда қараш авж олмоқда. Ўзининг оз билми шакллантирган дунёқарашига Ортиқовнинг кенг қамрови сиғмагани учунгина уни танқид қилаётганлар етарлича. 2.Замондошлик. Улар Ортиқов билан тенгдош ёки бир -икки ёш катта бўлгани учун ижодкорга ҳам, асарига ҳам холис баҳо бера олишдан мосуво бўлиб қоляпти. Шунингдек, шахсий муносабатлар ҳам тўғри қарор чиқаришга тўсқинлик қилмоқда. 3.Ҳасад. Асосий сабаб эса айнан ҳасад. Шерзод Ортиқов асл касби банкирлик бўлгани ҳолда, яна камига филология ёки журналистика олий илмгоҳларини битирмагани ҳолда адабиёт, санъат, тарих, фалсафа, маданият назарияларини чуқур билиши ва уларни асарларида очиб бера олиши айримларнинг ҳасадини қўзғатмоқда. Чунки ҳасадчиларнинг ўзи чегараланган билим доирасида қолиб кетган. Доирани ёриб чиқишга эса кибрлари ва жоҳиллиги йўл қўймайди. Ўқувчилар ҳасадчиларнинг ёзганларини лоқайдлик билан вароқлаётган бир вақтда, ёшлар Шерзод Ортиқовнинг эсселарини чанқоқ бўлиб кутишяпти ва ютоқиб ўқишяпти. Улар битта ҳикоясини нашриётларга олиб бориб, ойлаб кутиб чиқараётган вақтда Ортиқовнинг эссе ва ҳикоялари миллий ва туркий адабиёт сайтларида пешма пеш чиқиб турибди. Шу ўринда Nodirabegim.uz сайти маъмурларига алоҳида ташаккур билдираман. Ушбу сайт янги давр ўзбек эссенавислигига дарвоза вазифасини ўтаб келмоқда. Шерзод Ортиқов эсселарини интиқлик билан кутамиз. Бизга эссе берилсин! Эссе! , . Адабиёт оламида ўзгача, бошқаларга ўхшамайдиган тарзда ёзадиган ёзувчиларга нисбатан «янги нафас» олиб кирди ибораси ишлатилади. Мен эса нафаснинг янги ёки эски бўлиши мумкинлигини тушунмайман. Кўпроқ «тоза ҳаво» ибораси ёқади. Фарғоналик ижодкор Шерзод Ортиқов қисқа вақт ичида адабиётга шундай «тоза ҳаво»ни олиб киролди деб ўйлайман. Бу ижодкорни «Куз симфонияси» ҳикояси орқали танидим, эсселарини ўқиганда эса қайтадан кашф қилгандек бўлдим. Шерзод ака эсселарида шунчаки воқеани баён қилмайди, балки уни кўрсатади, эссе ичида яшашга мажбур қилади. Ўзига хос ёзувчи Чехов ҳам «Йўқ, воқеани баён қилмаслик керак, балки кўрсатиш лозим» деган эди. У эссе мавзусига оид фактлар билан бир қаторда ўз кўнглида туғилган қандайдир ҳис-ҳаяжонлари, ҳатто шахсий мулоҳазаларини ҳам бемалол баён этади. Баъзида нега айнан эссе жанрига мурожаат қилган эканлар деб ўйлаб қоламан. Биламизки, эссе- эркин жанр, балки ижодкор эркинликни бошқа тушунчалардан устунроқ қўйганигадир, бу менинг тахминим холос. Шерзод Ортиқовни эсселари гоҳ бирор машҳур рассом ёки бастакор билан суҳбат тарзида, ёки бошқа бирор ким тилидан ёзилган. Жумладан «Бешинчи симфониядан сўнг» танқидий эссеси буюк бастакор Бетховенга мурожаат тарзида, «Вердининг жанозасидан сўнг» эса азроил тилидан ёзилган. «Ван Гог картиналари» эссесини ўқиб ўзингизни галереяда юргандек ҳис қиласиз, ёки яна бир қатор эсселарини ўқиш жараёнида Фурруғнинг изтиробларини англайсиз, Маринадан ирганасиз, Моцарт ва Бетховеннинг ўлимидан таъсирланган одамлар қаторида сиз ҳам таъсирланасиз. Шерзод Ортиқовга бундай эсселар бардавом бўлишини, қалами синмаслигини тилаб қоламан.
2020-02-04
http://nodirabegim.uz/archives/2004
Ўшанда одамлар бу ерга асосан уммон орқали баҳайбат кемаларда келишарди. Ҳар куни юзлаб йўловчилар кемалар нарвонидан бандаргоҳга тушишаркан, менинг тасаввур қилиб бўлмас сирли қиёфамни кўриб бошларини кўтаришганича оғзилари ланг очилар, шу бўйи жойларидан қимир этмай бир неча сония сеҳрлангандек туриб қолишар, сўнг уйқудан энди уйғонгандек гандираклаб салобатим остида оёқ босишарди. -Филадельфия, — дейишарди улар қўллари билан мен томонга ишора қилиб бир-бирларини туртишганича.- Бунча гўзал шаҳар бўлмаса бу Филадельфия! Ўшанда салобатим ва машҳурлигим жиҳатидан Америкада Нью-Йоркдан кейинги ўринда турар, минглаб одамлар биргина мени кўриш учун дунёнинг ҳар бурчагидан келишар, паноҳимда бир кун яшаш уларга ушалмас орзудек туюларди. Қизиғи, мен бир қарашда уларнинг қаердан эканликларини билиб олардим. Масалан, бандаргоҳга сипо разм солиб, сал кеккайган ҳолда тушган, кўпинча инкубатордан чиққандек бир хил қора костьюм ва шим кийган, бўйнига йўл-йўл бўйинбоғ осганлар — инглизлар бўлишарди. Лабида сигарет билан, асабийлашиб, сўкиниб, ён-атрофига тупуриб тушганлар — руслар эканлигини бир зумда тахмин қилиш мумкин эди. Французлар доим ўз эҳтиросларини яширолмай, йўл давомида кемада бошларидан кечирган қисқа муҳаббат можаросига оид ҳодисаларни гоҳ минғирлаб, гоҳ бақирганча бандаргоҳни осмонга кўтаришарди. Немисларни кема бортидан тушгач, дарров чўнтакларидаги циферблатни қўлларига олиб, вақтни кўздан кечирганликлари орқали танирдим. Хўмрайган ва ҳаётдан норози башара соҳиблари кўпинча Лотин Америкасидан келган испанлар бандаргоҳда пайдо бўлишганда кўпаяр, яҳудийлар бўлса қўлларидаги жомадонларини маҳкам бағриларига босиб, чўчиб қадам олишарди. Бир куни (адашмасам ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охирлаётган, 1958 йил эди шекилли) бандаргоҳга келиб тўхтаган кемалардан бирининг бортидан ёшгина хоним пастга тушди. Илк марта бу йўловчи қаердан эканлигини аниқлай олмадим. У бошқаларга ўхшамасди. Менинг салобатимдан боши айланиши ва ҳайратланиши тугул атрофига қараб қўймади. Кемадан тушгач, ўзи билан бирга пастлаган — олтмиш ёшлардаги, новча, қора шляпа кийган, кўзойнакли, чўққи соқол кишига эргашиб секин қадам олиб кета бошлади. Унинг узунчоқ юзи касалмандларникига ўхшаб заъфарон, мовийранг кўзлари маъюс, ориқлигидан белига қора тасма ўтказилган сутранг кўйлаги эсаётган куз шабадасида ёпишмасдан эгнида хилпирар, товони баланд жигарранг туфлисида юришга ўнғайсизланиб сал оқсоқланар, қўлидаги жомадонини ҳар ўн беш-йигирма қадамда у қўлидан бу қўлига оларди. У рўпараларига келиб тўхтаган, тепасига “такси” ёзувли белги ўрнатилган “Форд”га ўтиришдан олдин, йўловчиларни тушириб пишқирганча йўлида давом этган кема ортидан бир муддат қараб қолди. Кейин кичкина лаблари билинар-билинмас пичирлади: Улар таксига ўтириб, ғарбий қисмимда жойлашган арзон касалхоналардан бирига боришганида эсаётган шабада кучли шамолга айланиб улгурганди. Бу касалхонада асосан шарқий Оврўподан келган, бутун Америка бўйлаб тарқалган фақир муҳожирлар даволанишар, уни Қизил Хоч жамияти ўз қарамоғига олган, шунгами бирорта америкалик бу ерга соғлиғини кўрсатгани ўлиб қолса келмас, керик тасаввурида ор қилар, кўча дунёқарашида бу ер садақалардан қарор топган даволаниш маскани ҳисобланарди. -Сизга ажратилган хона тайёр,- деди уларни касалхонада қарши олган истараси иссиқ ҳамшира ёш хоним узатган қўлини сиқиб қўйиб. – Учинчи қаватда. Мен билан юринг! Учинчи қаватга лифтда кўтарилиб, бир кишилик кўримсиз хонага киришганида хонанинг очиқ қолган деразаси шамол таъсирида ғичирлар, хона ҳам гўё унга қўшилиб ғингшиб қўшиқ куйларди. -Халина Посвятовская,- деди ҳамшира хонанинг деразаларини ёпиб қўйгач, қўлидаги дафтарни варақлаб кўриб. -Ҳа, мен ўша,- деди ёшгина хоним шеригига бир қараб олиб. — Ёши йигирма учда,- давом этди ҳамшира.- Польшадан. Америкадаги поляк муҳожирлари ташкилоти тавсиясига кўра юрагини операция қилдиргани бу ерга юборилган. -Ҳаммаси тўғри,- деди шу пайтгача жим турган киши. — Операция ҳаражатларини қисман ташкилот, қисман Қизил Хоч жамияти тўлайди. Мен ўша ташкилот вакилиман. Мана бу эса Қизил Хоч жамиятининг йўлланмаси. Ҳамшира йўлланмани олиб, уни кўздан кечириб чиқди. Тушунарли дегандек бошини ирғаб чиқиб кетганидан сўнг, бояги киши шошилмай Халинанинг олдига келди. -Бирор нарса зарур бўлиб қолса айтарсиз, пани Посвятовская,- деди томоғини қириб.- Сизда ташкилотнинг Филадельфиядаги бўлими телефон рақами бор. -Миннатдорман барчаси учун, пан профессор! Халина бир ўзи қолгач, хонадаги темир каравотнинг чеккасига омонатгина ўтирди. Кейин бирма-бир остонада қолган жомадонига, хона бурчагидаги биттаю битта кичкина жавонга, каравот тепасидаги Исонинг хочга михлангани акс этган картинага тикилди. Охирида шамол чертиб тинмаётган дераза томонга… -Халина Посвятовская, ёши йигирма учда,- деди ҳамширанинг гапларини қайтариб ва ўрнидан туриб дераза олдига келди. У ерда худди бандаргоҳда олислаб кетаётган кемани кузатгандагидек нигоҳ билан атрофга разм солди ва ўшанда бўлгани каби лаблари бу сафар ҳам илкис пичирлади: Афтидан у бандаргоҳда ҳам, ҳозир ҳам шеър ўқиганди. Буни унинг сўзлаш оҳангидан ва бўғзидан бир ритмда терилиб чиққан сўзлар кетма-кетлигидан англаш қийин эмасди. Бу ерда ҳам унга ўхшаб шунақа гапирадиган иккитаси бор эди. Бири нуқул мушуклар ҳақида шеър ёзадиган- Томас Эллиот бўлса, иккинчиси қадрдоним Нью-Йоркнинг фахрига айланган, Бродвей театрида ҳар ҳафта одам тўплаш бўйича рекорд қўядиган, аншлаглар қироли — Юджин О Нилл эди. Аммо улар билан солиштирганда Халинанинг сўзлари оҳанграбодек қулоққа ёқар, уни тинглаб руҳим остин-устун бўлиб, ларзага келарди. Бир муддат жим тургач, кучли шамол эсаётганига қарамай Халина дераза ойнасини очди. Ичкарига шамол отилиб кирди. Унга қўшилиб кузнинг ачқимтир ҳавоси яна хона бўйлаб таралди. Ана шу ҳаводан симириб, қизиқиш аралаш, оёқлари учида туриб у атрофга бўйнини чўзди. Унга эътибор қаратарканман, мана энди у менинг асл салобатимни ҳис қилиб ҳайратланади деб, тахмин қила бошладим. Чунки, осмонўпар биноларимни, кўчалардаги “Форд” дан тортиб “Шевроле”гача ястаниб юрган ранг-баранг машиналаримни, пўрим кийинган ишбилармон ва ўткир зеҳнли ўғил-қизларимни у бир маромда кузатишга тушди. -Бунча шовқинли бўлмаса бу шаҳар, -деди бир маҳал хафсаламни пир қилиб.- Варшаванинг тамомила акси-ку! Унинг гапларидан мен тамакидек тутаб кетдим. Туриб-туриб Варшава билан мени солиштиргани алам қилди. Мен қаерда-ю, чекка ва овлоқ жойдаги Варшава қаерда… Шу кунгача мени Оврўподаги фақат учта шаҳар — Лондон, Париж ёки Рим билан қиёслашарди. Ҳатто, Берлин ёки Мадрид ҳам мен билан рақобатлаша олмасди. Энг баланд биноси олти қаватдан тепага кўтарилмаган, кўчалари лой ва чангга қоришган, бирор бир мақтанса арзигулик ҳашаматли иншооти бўлмаган, кўримсиз ва тунд шаҳар билан таққосланишим беихтиёр бемаъниликдек туюлиб, бир пасда нафсониятимга тегиб кетди. Халина бу вақтга келиб жомадонини очиб, ундан сариқ муқовали бир китобни қўлига олганча ширин мутолаага шўнғиб кетганди. Китобнинг муқовасига “Адам Мицкевич. Танланган шеърлар ва достонлар” деб ёзиб қўйилган бўлиб, унинг деярли ҳар бир саҳифасидаги ёзувлар остига қалам билан чизиб қўйилганди. Ҳатто, ҳозир ҳам Халина мутолаа қилиш билан бирга саҳифадан саҳифага ўтаркан, қалам ёрдамида айрим сўзларнинг остига чизиб-чизиб қўярди. -Йигирма уч ёшли Жульетта,- деди у пича ўтиб китобдан бошини кўтаргач, яна дераза томонга ўгирилиб ва ўзига ўзи гапира бошлади. – Мана бир ўзинг шу тўрт деворни ичида қолдинг. Эҳ, Жульетта, Жульетта! Ватандан узоқда, бегона шаҳарда, ёт одамлар орасида қолдинг. Ягона овунадиган нарсанг ҳали қоғозга туширмаган шеърларинг ва азиз устозинг Мицкевичнинг китоби… Икки ҳафта йўлда ўтди. Икки ҳафтадан бери Варшавада эмассан энди. Аввал темир йўл, кейин уммон сени қадрдон шаҳрингдан олислади. Уни ҳар куни тушларингда кўрдинг. Перронда ҳам, каютада ҳам. Соғиндинг. Тўғрими, Жульетта? Соғиндинг! Унинг кўп нарсаларини соғиндинг. Раҳматли эринг Адольф билан бирга қўлтиқлашиб юрган сокин кўчаларини, ўзинг доим эрталаб ширин кулча олгани борадиган новвойхонасини, ҳудудида Шопеннинг ҳайкали қад ростлаган, дилга пайванд истироҳат боғини, бўёқлари кўчиб кетганча рельсларда кўзлари мўлтираб қатнайдиган трамвайларини… Ҳатто, каютада уни эслаб шеър ёздинг, қоғозга туширмай, дилингда ёздинг. Қандай бошланарди ўша шеър-а, ҳа мана бундай: Бир оз ўтиб, ҳамшира уни чуқурлаштирилган тиббий текширувга олиб чиқиб кетди. Мен бўш қолган хонага жиловсиз ғазаб билан кўз ташладим. Биринчи марта Филадельфияга келган одам боласи салобатимдан таъсирланмагани, қиёфамга бефарқ қарагани, руҳимни сира пайқамагани, менга эътибор бермай менсимагани алам қилди. Варшава… Уни қанақа шаҳар эканини яхши билардим. Лондон ва Париж қишин-ёзин унинг устидан кулиб менга турли-туман телеграммалар юборишарди. Эндиликда юбормай қўйишди. Римнинг айтишича, Варшава шунчалик абгор ва йўқсиллигидан, ҳатто мазах қилишга арзимас экан. Бу уччови ўз вақтида мен ва Нью Йоркка у ҳақида роса кўп кулгули латифаларни етказишганди. Улар ҳозир эсимда йўқ. Бирортасини эслаб қолмаганман ҳатто. Лекин ўшанда уларни ўқиб хахолаб кулганим эсимда. Яна эсимда қолгани анави уччала ярамас уни “Москванинг тутинган укаси” дейишарди. Шунақа бир қиёфадаги шаҳарни манави ойимтилла соғиниб, сал бўлмаса кўз ёши тўкаман деб ўтирибди. -Сал шовқининг тинса-ку Филадельфия! Бунча сокинликдан нафратланасан! Тиббий текширувдан қайтган Халинанинг дераза олдида айтган мазкур гаплари юзимга тарсаки бўлиб тушди. Унинг гапларидан тилим айланмай қотиб қолдим. -Варшава,- деди у мен ҳали ўзимга келиб улгурмай олисларга тикилиб.- Биламан, сен олисдасан. Ҳув анави мавжланаётган уммон ортидасан. Мени эшитмайсан. Шунга қарамай сенга битта гапни айтишим керак. Мен Краков яқинидаги Ченстоховада туғилдим. Болалигим ўша ерда ўтди. У ерда ёмон яшамадим-ҳеч нолимайман. Кўча чангитиб, йиртиқ-ямоқ кийиниб, бошқа жулдирвоқи болалардек шўхликлар қилиб қандай қилиб уруш бошланганини сезмай қолдим. Уруш пайтида кўшниларга қўшилиб онам билан қишлоқ тегирмончисининг ертўласида жон сақлардик. Кунлик таом менюмиз қуруқ қотган нон ва кўлмак сувидан иборат бўларди. Баъзида айниган консерва ёки ҳидланган колбаса топиларди… Онам ўшанда менга эртаклар айтиб бериш ўрнига сен ҳақингда ҳикоя қилиб берарди. Ҳа, сен ҳақингда. У шу йўл билан айниган консерва ағдарган ичимдаги давомий оғриқни унуткизарди. Оқшом пайтлари доим унинг ҳикояларини тинглаш орқали сенга нисбатан юрагимда муҳаббат улғаяр, сени жудаям олисда деб ўйлаб энтикар, қўлим етмас ерда эканингга шубҳа қилмай орзулар оғушида ширин уйқуга кетардим. Эртасига эса ертўланинг зах ҳавосидан нафасим бўғилиб, гоҳида қўлимдаги кир латтага ўралган қўғирчоғим билан унинг синиқ дарчаси олдига келар ва у ердан туриб куйиб кулган айланган уйларни, мина пачоқлаган дарахтларни, снаряд ўпирган ерларни, кўчада сасиб ётган ўликларни, бир сафда қатор бўлиб ва менга тушунарсиз тилда қўшиқ куйлаб ўтаётган немис аскарларини кузатарканман, бир пасда уларни унутар ва қуёш чиққан машриқ томонга тикилардим. Чунки онам сени кун чиқар тарафда дерди ва унга тикилсам юзимни силай бошлаган офтобнинг илиқ тафтида сенинг қўлларингни ҳис қилгандек бўлардим. Бу даҳшатли уруш йилларидан ортирганим тўрт нарса — йўқотилган болалигим, мурғак кўнглимни эзган бир олам изтироб, юрагимни ишдан чиқарган ревмакардит касаллиги ва сенга нисбатан орттирилган қайноқ муҳаббат бўлди. Сенга муҳаббатим шу қадар улуғвор ва кучли эдики, кези келганда у тарозунинг иккинчи палласидаги лаънати уруш қолдирган жароҳат билан ҳасталик уқубатларидан кўра кўпроқ тош босарди. Кейинчалик Адольф ҳаётимга кириб келди. Меҳрибоним, суянчиғим, қувончим… У туфайли сени кўрдим. Ҳаётимда илк марта. Эрим қўлтиғимдан тутиб сени эрталабдан қош қорайгунича айлантирди. Ўшанда май эди. Атрофда баҳорнинг илиқ нафаси кезарди. Баҳорнинг майин шабадаси эпкинига юзимни тутганча, тош кўчаларингни оёқларим яйраб босдим, фаввораларингда юзимни қайтиб-қайтиб ювдим, трамвайларингда хушхол сайр қилдим, кафеларингдан бирида тамадди қилдим, энг катта театрингда cаҳналаштирилган “Ромео ва Жульетта”ни кўрдим… Варшава, ҳозир ҳам сени ўлгудек яхши кўраман. Яна сени кўраманми йўқми, билмайман. Эрталаб соат тўққизда юрагимни операция қилишади. Ундаги нуқсон жиддий экан. Операцияни кечиктириб бўлмасмиш. Врач текшириб кўриб шундай деди… Мен сезяпман. Операциядан тириқ чиқишим гумон. Гарчи озгина умид бор бўлса-да… Эҳтимол шу операциядан сўнг фариштага айланиб, суюклигим Адольфнинг олдига учиб кетарман… Аммо ўзим қайтиб бормасам-да, ҳеч бўлмаганда жасадим, хоким боради олдингга. Муҳожирлар қўмитасига айтаман, мабодо ўлсам мени тупроғингга — Адольфнинг ёнига кўмишади. Халина кечаси билан ухлолмади. Каравотга ўтириб, паришон бир аҳволда, гапирмай, қўллари билан тиззаларини маҳкам тутганча анча вақт мижжа қоқмади. Кейин жомадонидан оппоқ қоғоз, сиёҳдон ва ручка олиб қоғозни тўлдира бошлади. Уйқусида у янаям хотиржам кўринарди. Худди қачонлардир Париж сўзлаб берган “Уйқудаги малика” эртагидаги соҳибжамолга ўхшаб ухларди. Уйқу элитганда унинг заъфарон юзи тиниқлашиб, онда-сонда пирпираётган киприклари унинг фавқулодда чиройли кўзларига ўзларини қўриқчилик қилаётгандек тутишар, қирмизи лаблари эса билинар-билинмас енгил титрарди. Мен дераза яқинига келиб, унинг юзини хаёлан силарканман, айни шу дамда уйқу нималигини билмай паноҳимдаги кўнгилочар масканларда тонг оттираётган ўзимнинг ўғил-қизларим хаёлимдан ўтишди. Улар… Филадельфиянинг болалари… Улар ҳам мени шу муштипар аёл Варшавани севгани каби севишармикин? Энг сўнгги урфда кийинадиган, Американинг фахрига айланган автоконцернлар ишлаб чиқарган машиналарда лабларидаги сигаретни бурқситиб, кибр билан юрадиган, кинотеатрларда Чаплин ва Вивиен Лининг ўттизинчи ва қирқинчи йилларда ишланган фильмларини сира меъдаларига тегизмай кўрадиган, ресторанларда жазз тинглаб, шотланд вискиси ва испан текилласидан бошқа ичимликни оғзиларига олмайдиган, охирги пайтларда кундалик мавзулари курсисидаги муддати тугаётган Дуайт Эйзенхауэрдан сўнг президентлик лавозимига ким муносиблигини муҳокама қилиш-у ёш сиёсатчи Жон Кеннеди ирод қилган нутқларни мақташ бўлиб қолган ва етарли пул жамғаришлари билан қўлларини оёқларига олиб Нью-Йорк сари жуфтакни ростлайдиган болаларим мени бир отадек кўриб, чин дилдан, соф муҳаббат билан севишадими йўқми?! Мен Халинанинг юзини хаёлан тинмай силардим. Дағал қўлларим билан дераза ойнаси ортидан унга оталарча бўса юборарканман, негадир шу тобда юрагимда унга нисбатан меҳр ва ҳайрихоҳлик уйғона бошлаганини илғар, унинг кейинги тақдирини ўйлаб бесаранжом бўлардим. Қолаверса, нафасим бўғилиб олисдаги Варшавага мурожаат қилардим. “Варшава, бир умр устингдан кулиб келдим. Беармон кулдим, мазах қилдим, сени бир тийинга олмадим. Сени ўзим ҳурмат қилган Лондон, Париж ва Рим билан бир қаторда кўрмадим. Бирор марта менсимадим, эътиборга олмадим. Аммо бугун билдимки, аслида менинг устимдан кулиш керак экан. Чунки, ҳали бирорта ўғил-қизим ўзга юртда мени соғиниб қўмсаганини эшитган эмасман. Манави қизинг эса сени тинмай эслади. Қойил! Бу ерга келган кунидан бошлаб уйқу учун ёстиққа бош қўйгунича сенинг номинг тилидан тушмади. О, Варшава! Дуо қил уни, майлими? Халинани дуо қил!” — Халина, тайёрмисиз? Ҳамшира шериги билан ғилдиракли замбилда хонага кирганини кўриб Халина бир унга, бир қўлидаги ноъмалум эркакнинг (эри Адольфнинг бўлса керак) суратига қараб маҳзун кулимсиради. -Соат тезда тўққиз бўлдими? Ҳамшира худди шундай деганча елкасини қисиб қўйди ва қўлтиғига қистирилган оппоқ матони унга узатди. -Кийимларингизни ечиб буни кийиб олинг. Операция пайтида беморлар киядиган кўйлак. Кўйлакни қўлига олгач, Халина бир лаҳза унга довдираб тикилиб турди. Димоғига тутиб узоқ ҳидлади. Уни кийишдан олдин каравот тепасидаги чормихга тортилган Исо пайғамбар тасвирланган картинага қараб узоқ чўқинди. Чўқиниб бўлгач, кўзлари жиққа ёшга тўлди. -Халина, ҳали ҳаётингиз олдинда,- деди буни кўриб ҳамшира уни қучиб далда бераркан.- Операция яхши ўтади, бунга ишонинг! -Ишонаман, -деди у кўз ёшларини бирма-бир артиб.- Ишонмасдан қаерга ҳам борардим. Операциядан чиққач, кўп ётмайман. Тезда Варшавага қайтаман. У ерда Университетга ўқишга кираман. Фалсафани ўрганаман. Шеър ёзишда давом этаман. Майли қофия ва вазнга солинмаган шеърлар бўлса-да, ўқиганлар уларни Мицкевич даражасидан паст, бир ҳаваскорнинг шеърлари дейишса-да, ёзавераман, ёзавераман. Кўп ёзаман. Ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқада… Улар вақти келиб оммавий тарзда газеталарда чиқади. Кейин уларни катта китоб ҳолида нашр қилдираман. Университетни тамомлагач эса Мицкевич, Варшава ва Польша тарихи ҳақида мақолалар ёзаман. Эрим Адольф ҳақида хотиралар, мемуар ҳам. У сўзлаш билан бир вақтда операция пайтида беморлар киядиган енгсиз кўйлакни кияркан, ҳамшира унга зимдан ачиниб қарарди. -Кейин бир кун келиб адабиёт йўналишида Нобель мукофоти оласиз, -унинг гапига якун ясади ҳамшира кўп ўтмай яна бир марта уни қучиб, таскин бераркан. -Нобель мукофоти?!- ҳайрон бўлди Халина замбилга ётиб, устига чойшабни ташларкан ва бирдан қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.- Ҳа, Нобель мукофотини ҳам оламан. Демак, узоқ умр кўрарканман. Чунки, ушбу мукофотни чол ва кампирларга беришади-да! Уни замбилда хонадан олиб чиқишганда, эшик олдида шляпасини қўлига тутиб, мулзам ҳолда турган профессор унга яқинлашди. Унга кўзи тушгач, Халинанинг ранги бирдан оқариб кетди. Лабларидаги кулгудан асар қолмади. -Профессор, профессор,- деди унинг қўлларини қаттиқ ушлаб оғир-оғир нафас оларкан- Қаранг буларни… қаранг… мени операция столига олиб кириб кетишяпти. Бунча тез бўлмаса… бунча тез… Варшавани яна кўрармикинман? Айтинг, яна кўраманми? Қадрдоним Варшавани… Профессор пешонасидан ўпиб уни тинчлантиргандек бўлди. -Албатта, пани Посвятовская! Варшавани кўрасиз яна. Насиб қилса ҳали бирга қайтамиз. Ўша кемада. -Мабодо, операциядан чиқмасам бу ерга дафн этманглар мени. Хўпми? Жасадимни Варшавага олиб боринглар! Эрим Адольфнинг ёнига қўйинглар! Қўмитага айтинг шуни. Сўз беринг айтишга, илтимос! -Хўп, қизим… Хўп… Йўлакда одам кўп эди. Ҳамширалар, врачлар, беморлар бир-бирларига ҳалақит берганча уни тўлдиришган, боз устига ғала-ғовур қулоқни қоматга келтирарди. Бунинг натижасида замбилни ғилдиратиб етаклаб лифтни олдига боргунча кўп вақт ўтиб кетди. Йиғлаётган кўзларини йўлак бўйлаб юмиб кетган Халина лифтга киргачгина уларни очди. -Мен — Жульетта, ёшим йигирма учда,- деди лифтнинг эшиклари ёпилгач, шифтга бемажол тикиларкан ногаҳон.- Варшавани яна кўрармикинман?! 2020 йил, апрель, Марғилон
2020-03-04
http://nodirabegim.uz/archives/2015
Фридерик Шопен — машҳур поляк бастакори. У бир умр пианинода ижро этиладиган ранг-баранг мусиқий асарлар ёзиб, ўзи туғилган Варшавадан кўра мафтункор Парижда кўпроқ яшаб, қаттиқ ва сурункали йўталдан ҳечам ўпкаси халос бўлмай, кўзларининг ости гоҳ кўкариб, гоҳ қизариб, охири қон туфлаб — ўттиз тўққиз ёшида сил касалидан вафот этган. Ўз даврининг етук рассомлари томонидан чизилган унинг мойбўёқдаги суратлари ҳам силдан далолат бериб туради. Уларда бастакорнинг ҳорғин қиёфаси, бўшлиққа тикилиб тургандек ичига ботган мовий кўзлари, узунчоқ бурни, озғин жағи, заъфарон юзи — барчаси қиё боққан одамга у чалинган ҳасталик ҳақида баён қилади. Ўттиз тўққиз ёшда, боз устига сил касалидан омонатни эгасига топшириш-ҳақиқий фожеа. Зеро, Шопен ўшанда ўз ижодининг чўққисида қад ростлаган, кетма-кет нозик диднинг натижаси бўлган мўъжизакор мусиқий асарлар яратган, концертларида пианиночи-виртуоз сифатида одамларнинг кўнглидан жой олган- ҳаётдан ҳали умиди кўп бўлган бир бастакор ва инсон эди. Ҳаётимда Шопеннинг мусиқасига азалдан кўп мурожаат қилганман. Талабалик пайтимда уйғонган майл ва қизиқиш ҳозиргача сўнмаган. Охирги кунларда — баҳорнинг илк кунларида унга мурожаатим янаям ортди. Олдинлари унга қизиқишим шунчаки ўспириннинг ҳаваси бўлган бўлса, сўнгги кунларда бу гўёки номоддий эҳтиёжимга айлангандек… Ўйлашимча, Кафка томонидан телбага чиқарилган дунёда айни дамда тирик юрганимнинг, руҳан ёлғизликдан безиб ўз жонимга қасд қилмаётганимнинг бирдан бир сабаби –Толстойдан тортиб Камюгача бўлган севимли ёзувчиларимнинг пишиқ-пухта ёзилган прозадаги асарлари эмас, Шопеннинг мусиқий асарлари жамланмаси десам нотўғри бўлмайди. Бу кутилмаган очиқлашим кимгадир кулгули ва эриш туюлиши мумкин, аммо ростдан шундай. Бунга баҳор бошлангандан бери тўлиқ ишонч ҳосил қиляпман.Унинг мусиқаси сўнгги пайтларда ҳаётда мени тутиб турган ягона воситалиги кун сайин ойдинлашяпти. Бу мусиқани тинглаш, йўл-йўлакай хиргойи қилиш ёки пианинода ижро этиш орқали иллатларга тўлиб, чирк босиб кетган дунёни; марионеткасифат, бир қолипдаги ва фикрламайдиган одамларни; сариқ чақалик нафи тегмайдиган қонунлар билан тартибдан кўра тартибсизликка маҳкум этилган адолатсиз жамиятни англай олмаётганимнинг бор аламини унутарканман, ўзимда уларга нисбатан заиф бўлса-да иммунитет барпо қиларканман, чидаш ва тоқат қилиш учун яратгандан қўшимча сабр оларканман. Мактаб даврида мусиқа ўқитувчиси томонидан мусиқий сабоқ сифатида барчага бериладиган оддий “до-ре-ми-фа-соль” нинг бирикмасидан таркиб топган ноталар, Шопеннинг узун бармоқлари, нодир сезгиси ва илоҳий истеъдоди ёрдамида оламга келган мазкур улуғвор мусиқа мени чуқур тушкунликдан сақларкан, ҳаётда қувониш учун ҳали сабаблар етарли эканига дилимни ишонтираркан, ёлғизлик қалаштириб ташлаган изтиробларимни енгишга адабиётнинг кучи етмай қолганда унга кўмакчи бўларкан… Тушкунлик эсимни таниганимдан буён мени ҳеч қачон тарк этмаган. Неча йиллар орадан ўтибдики, ташқарида кечки куз бўладими, совуқ қишми, эрта баҳорми — мен тонг пайти бир хил вақтда, бир хил ҳолатда, тушкун ва абгор бир кайфиятда уйғонаман. Кўзимни очгач, нонушта пайти меҳмонхонадаги ўн икки кишилик столда, девордаги муаллифи номаълум натюрмортга маъносиз тикилганча, танҳоликда нонушта қиламан. Бу сиртдан қараганда нонуштага ҳам ўхшамайди асли. Ҳар ҳолда, фақат бир финжон қаҳва ичиш нонушта қилишга кирмаса керак… Хуллас, бир финжон қаҳва ичаман, яшил финжонда — синглим туғилган кунимда совға қилган финжонда… Қиш якунланиб, узоқ кутилган баҳор кунлари бошлангач бунга қўшимча тарзда Шопеннинг ўзим ёқтирган “ёмғир вальси”ни нонушта маҳали хиргойи қилишни одат қилдим. Паст овозда, биров эшитмасин деб эшикка кўз-қулоқ бўлиб ва бармоқларим билан столнинг четини черта-черта… Нонушта охирлаб, иш жойимга кетиш учун тўртта ғилдиракдан ташкил топган машинамни ўт олдирганимда, негадир унинг радиоси ҳам автоматик равишда ишга тушади. Электрик устага неча марта шуни айтганман — у ҳеч хафсала қилиб буни тўғрилаб қўймаган. Радио ёқилгач, ундан бирин-кетин мўртлашиб кетган асабим билан қалтис ҳазил қиладиган хабарлар келишни бошлайди. Аввалига битта ўзбек боксчиси дунёнинг қай бир бурчагида рақибини чуқур нокаут ҳолатига тушириб ўйинни ютгач, ринг атрофини елкасига миллат байроғини ёпиниб етти марта айланганини мамнуният билан эълон қилишади. Кейин Тошкентда оддий ўзбек оиласи сотиб олишга тушида ҳам қурби етмайдиган, қўзиқориндек қурилиши кўпайган, нархи отнинг калласидек осмонўпар биноларнинг имкониятлари ва қулайликлари кўкка кўтарилиб мақталади. Тўй-ҳашам, издиҳом ҳамда маросимларни тартибга солиш борасидаги камбағал ва ўрта ҳол оилалар учунгина мўлжалланган жипириқ мунозаралар бошлангач, кўпинча радиони тақа-тақ ўчираман. Радионинг овози ўчгач, беихтиёр лабларимда яна хиргойи бошланади. Тўғрироғи, нонушта пайти бошланган хиргойининг финал қисми давом этади. “До-ре- ми- фа- соль” бармоқларим ёрдамида ишга тушади-да, Шопеннинг юқоридаги “вальси”ни машина рулини завқ билан сийпалаганча, бўғиқ овозим тенорларнинг кўнглини айнитадиган даражада бўлса-да (нима қипти шунга, опера айтиш ниятим йўқ), ичимдан яйраб йўл бўйи ижро этиб кетаман: Ла-ла-ла-ла… -Бўйинбоғингизни нега фақат испанча услубда боғлайсиз? Иш жойимда бошқарувчи кўпинча шундай сўз билан мени қарши олади. Шопеннинг белига тепади. Саволидан энсам қотиб, унга шу эътиборга арзирли нарсами дегим келади. Лекин, оғзимдан бошқа гап чиқади. -Кейинги сафар бошқача услубда боғларман. Иш жойимда саккиз соат ўтириш азобнинг ўзгинаси. Ундан кўра Сфинкснинг жумбоғини ечолмай ўлиб кетганим яхши. Бу мен учун ҳақиқий Рубикон. Шу вақт мобайнида ўзимни лабиринт ичига кириб қолиб, ундан чиқиб кетолмаётган инсоннинг роли топширилган театр ёки кино актёридек ҳис қиламан. -Икки минг ўн беш йилда ишлаб чиқарилган “спарк”, ҳеч ери урилмаган, “краска” си йўқ, “пробег”и бир юз ўн беш минг километр. Шуни кеча машина бозоридан амакиваччамга ўртада туриб арзонга олиб бердим,- дейди у ердаги биринчи ҳамкасбим хонага ичкарилашим билан. Мен унга жавобан “яхши иш бўлибди” дегандек бошимни ирғаб қўяман-да, жойимга бориб ўтираман. -Дам олиш куни мол бозорида қўйларнинг нархи яна ошиб кетибди. Нафақат сўйилиб гўштга топшириладиган, боқиладиган қўйлар ҳам қиммат. Уйдаги иккита қўйни учта қилмоқчи эдим, бўлмади афсус,- иккинчиси сўз қотади ногаҳон афсус билан бошини чайқаб. -Кеча кўчамизда битта қўшни қизини турмушга узатганди,- гапни илиб олади учинчиси лаблари тамшаниб.-Тўйнинг палови зўр чиқибди. Гуручнинг яхшисини олибди, барака топгур. Мазаси оғзимда қолди. Тўйларда элга ош беришда гуручнинг “даста сариқ” навини олган ютқазмайди. -Ўз устимда кўп ишладим,- дейди тўртинчиси керишиб ва ўзидан мамнун қиёфада.- Энди боулинг ўйнаётганимда шарни юмалатсам, у ҳар гал барча таёқларни уриб йиқитяпти. Бешинчиси ҳам нимадир демоқчи бўлади ва чўкиб кетган креслосидан туради-да, кўзгуни олдига келиб бошдан оёқ танасига-ўзининг чиниққан мушаклари-ю келишган қоматига маҳлиё бўлганича анча вақт гапирмай туради. -Мен танамни чиниқтиргани бошқа соғломлаштириш марказига боряпман,- дейди охири кўпга чўзилган сукунатни бузиб.- Унинг ҳожатхонаси тозароқ экан. Эскисиники расво эди. Бу доимий, йил — ўн икки ой хонада айланадиган мавзулар ҳечам тинмайди. На қишда, на баҳорда. Уларнинг сийқаси чиқиб кетгани бировнинг хаёлига келмайди. Мен ҳам буни хаёлимга келтирмайман. Ингичка қулоқчинимни бир зумда тақиб, стол тортмасида турган плейеримнинг тугмасини эзаман-да, ўтган аср бошларида ёзиб олинган, таниқли рус пианиночиси Антон Рубинштейн ижросидаги Шопеннинг прелюдияларини тинглаб ишга шўнғийман. Лекин қўлим ишда бўлгани билан хаёлимда ҳар хил саволлар ғужғон ўйнайди. Мен ўттиз беш ёшдаман, манавилар ҳам ўттиз ва ўттиз беш ёш оралиғида. Бошқарувчи икки қам қирқда. Ўттиз тўққиз ёшгача барчамизга оз қолибди. Ўттиз тўққиз ёшда қайси биримиз Шопен каби силдан ўлиб кетаркинмиз? Манавилар эмаслиги аниқ. Улар камида саксон йил яшашади. Мен ҳам эмас. Чунки, асримизда силнинг давоси топилган. Биров қадам ранжида қилмайдиган зах касалхонада эллик олти кун ётасан- бўлди, соғаясан. Кейин дори ичиб юрасан йил бўйи, уч йилдан кейин эса сени бурниларини жийириб-жийириб ҳисобдан чиқаришади ва ажалинг етгунча хотиржам яшайверасан. Шопен ўттиз тўққиз ёшигача кўп нарса қилган. Бир қанча прелюдиялар, ноктюрнлар, мазурка ва вальслар (булар ҳар хил ўлчамдаги мусиқий асарлар) яратган. Унинг қолдирган мероси жаҳон мусиқаси тарихида бир умрга қолган. Хўш, мен-чи? Манавилар-чи? Ўттиз бешга кириб мен нима иш қилдим? Бу риторик саволни ҳар куни, шу иш жойимда қайта-қайта ўзимга бераман. Кўпинча тўртинчи марта берганимда қилган ишим аён бўлади. Қилган ишим- шу ерда бўлим бошлиғи бўлганим. Эртага ўттиз тўққиз ёшимда (силдан бўлмаса, бошқа нарсадан) ўлиб кетсам, токчада ойнали ромда турган “энг яхши бўлим бошлиғи учун “берилган мақтов ёрлиғидан бўлак мендан аниқ ҳеч нима қолмайди. Иш жойимда ҳеч нима ўзгармайди, ўрнимга бошқаси ўтиради ва ҳаёт давом этади. Таниш-билишларим қабристондаги бўш турган қабрга мени кўмиб келиб, уйимни олдида бир кун (пешингача ўшандаям) мотамсаро қиёфада тизилишиб туришади-да, эртасига каминани унутиб юборишади ва ўз ташвишларига шўнғиб кетишади. Манавилардан-чи, нима қолади? Биридан машина бозоридаги автоуловларнинг нархлари бўйича ғоят зукко билимдонлик, иккинчисидан оғилхонасидаги ҳеч янги шерикка ёлчимаган қўйлар, учинчисидан турли-туман гуручдан тайёрланадиган паловнинг таъмини билиш (дегустаторлик) хусусияти, тўртинчисидан боулинг шарини юмалатганда доим битта қолмай уриб йиқитиладиган елим таёқлар, бешинчисидан бўртиб чиққан мушаклар ва келишган қомат… Бошқарувчидан эса бўйинбоғ боғлашнинг испанча, фламандча, африканча, хитойча, ҳиндча (ва худо билади яна қанча) услубларини билганлиги хотира сифатида қолади… Баҳор келганига ҳеч қанча бўлмади. У ўзи билан бирга ёмғирлар мавсумини эргаштириб келгандек, мана неча кунки ишдан уйга ёмғир остида қайтяпман. Бугун ҳам шундай. Ёмғир челаклаб қуйяпти. Машинамнинг ойна артгичи унинг томчиларини артиб улгурмаяпти. Шунгадир балки Шопеннинг ёмғир вальсини эрталаб қолган еридан хиргойи қилганимда маъюс жилмайиб қўяман. Ёғаётган ёмғирда уни хиргойи қилиш дилни яйратади барибир ва бу мени кун бўйи йиғилиб қолган нохуш ўй-фикрлардан, ўткир стереотиплардан қутқазади. Светофор қизил чироғида тўхтаб турганимда Шопеннинг навқирон пайтлари кўз олдимга келади. У ҳақида анча йиллар олдин поляк ёзувчиси Ярослав Ивашкевичнинг биографик романи ва санъатшунос Ежи Брошкевичнинг хотира китобидан ўқиганман. Унинг Варшавада ўтган болалиги, Парижга келган йиллари, ёзувчи аёл Жорж Санд билан бирга яшагани, венгер бастакори Ференц Лист билан дўстлашгани, оддийгина ноталар партитурасида келтирилган “до- ре- ми- фа- соль” дан ақл бовар қилмас мусиқий асарлар яратгани борасидаги қимматли маълумотлар ҳамон ёдимда, уларнинг ҳатто майда-чуйда деталлари ҳам унут бўлмаган. Шу ерда яна ўзимдан хафа бўлиб кетаман. Мен 1,2,3,4, 5,6 ва ҳоказо рақамлар ичида яшаб нима яратдим? Шу ерда лирик чекиниш қилгандек ёмғир баттар кучаяди. Мен безовталаниб сира улгурмаётган ойна артгич мосламасини янаям тезроқ қисмига кўчираман. Бу ишни ниҳоялагач, гоҳ хиралашиб, гоҳ тиниқлашаётган ойнага қараб-қараб рақамлар ичида яшаб мен нима яратдим, дейман тағин ўзимга ўзим? Дам ўтмай саволимга ўзим жавоб бераман: Ҳеч нима. “Ҳеч нима, ҳеч нима, ҳеч нима”. Ойна артгичлар шошилиб-шошилиб ёмғир томчиларини артишда давом этади. Уларнинг ҳаракатини ва ортимда қолаётган бошқа машиналарни кузатиб кетарканман, ўша риторик савол катта ҳарфлар билан ойналарга чизилади. Бунинг натижасида лабларимда янгитда жилваланган жилмайиш бир зумда асфаласофилинга йўл олади ва мен шу бўйи хўмрайганча, ҳафсаласизлик аралаша машинани бир текисда, секин ҳайдаб кетаман. Уйда қачондан бери кечки овқатни тановул қилмай қўйганман — аниқ билмайман. Билганим шуки, ошқозоним оғрий бошлагач, ҳар қандай таом эндиликда борган сари оғирлик қиляпти. Эрта-ю кеч енгил тамадди билан чекланяпман, холос. Кечки овқат бу гал ҳам оливье салати билан якунига етса ажаб эмас (буни чамалаб машинамнинг рулига бир-икки ғижиниб уриб қўяман). Бироқ, бунга кўп ҳам аҳамият қаратмайман, қорним очқагани тезда эсимдан чиқади ва иложи борича уйга бошқа мақсадда тезроқ боришни ўйлайман. Кеча ёки илгари куни бўлгани каби хаёлан шахсий кутубхонам сари шошиламан. У ерда китоблар кўп, лекин менимча бугун ҳам бирорта китобни қўлимга олиб ўқимасам керак. Бир неча кундан бери шундай. Толстойнинг “Иқрорнома”си ҳам, Камюнинг “Бегона”си ҳам, Ницшенинг “Аъло одам”и ҳам мени юқоридаги мубҳам савол билан ёлғиз қолдиришади, лекин унга тайинли жавоб беришмайди. Улар руҳимда улкан бўшлиқ қолдириб, уни навбатдаги марта сарсон-саргардон қилишади. Шопеннинг мусиқаси эса бу савол билан худди улар каби мени ёлғиз қолдирса-да, сарсон қилмайди, аксинча ноталар кўмагида руҳимга қандайдир кўзга кўринмайдиган, фақат кўзни юмгачгина ҳис қилинадиган илиқ таскин-тасалли беради. Балки, бу ноталар ичидан отилиб чиқаётган оҳанглар “сенда ҳали ҳаммасини ўзгартиришга вақт бор” дейишар, қулоғимга шу юпанч унсурларини пичирлашар. Бу борада улар ўзим суйган ёзувчиларимчалик шафқатсиз ва реалист эмас-да. -Ростдан ҳам ҳали вақт бормикин ҳаммасини ўзгартиришга? Юқоридаги риторик савол ўрнини шууримда пича ўтмай шу савол эгаллайди ва уйга боргач пианино қаршисига ўтириб, партитурани қўлларим билан рўпарамга ўрнаштириб (партитурасиз ҳеч чала олмайман), Шопеннинг бирор бир мусиқий асарини ижро этишни энтикиб мақсад қиларканман, кўзимга ростдан ҳали вақт бордек туюлади. Ҳаммасини ўзгартиришга, ўттиз тўққиз ёшгача нимадир яратишга, Шопендек номоддий бўлмаган бирор бир арзигулик нарса қолдиришга вақт бордек ўзимда кўтаринкилик аломатларини сезаман. Унинг таъсирида кўзларимда ёш мавжланиб ўттиз тўққиз ёшга киришимга ҳали яна тўрт йил бор, дейман ва тўрт йил дарҳақиқат етарлидек кўринади. Фақат тезроқ уйга борсам бўлди. Пианино қаршисига ўтириб, Шопендан нимадир ижро этсам, унинг мусиқаси қулоғим остида янграса бўлди. Оёғимни шу мақсадда машинанинг газидан бўшатмай, аксинча унга қаттиқроқ босиб, тезликни ошириб, рулга қунишганча кетаман. Буёғига машина бир текисда юрмай, қушдек учиб кетаётгандек тасаввур уйғонади. Қанот қоқиб, учиб кетаётгандек…
2020-09-03
http://nodirabegim.uz/archives/1868
Маэстро, негадир сизга мактуб ёзгим келди. Буни анчадан бери истардим, аммо стол қаршисига ўтириб, ёлчитиб қоғоз қоралагани ҳафсалам бўлмасди. Вақти соати бугун экан. Мана энди берилиб ёзяпман. Нега сизни танладим — очиғи билмайман. Адабиётда озмунча ижодкор борми? Улардан бирини танласам ҳам бўларди. Толстой ёки Маркесдан бирини… Масалан-да энди. Қолаверса, мумтоз мусиқа оламида сиз менинг энг севимли бастакорим эмассиз. Шунга қарамай сизга мактуб ёзгим келди. Бунинг сабаби — сизнинг “Бешинчи симфония”нгиз! Шу симфониянгизга беш кетаман, унинг оҳангига қойил қоламан. Илк марта уни радиода эшитиб, мафтун бўлганим рост. Ўшандан бери кўп марта такрор эшитиб келаман. Адашмасам қулоғингиз эшитмай қолган пайтингиз яратгансиз уни, шундайми? Зўр матонат соҳиби бўлгансиз — тан оламан. Мени ўзига чорлаган ҳам шу матонатингиз, шекилли. Боиси, у бўлмаганида “Бешинчи симфония” ҳам олам юзини кўрмаган бўларди. Охирги пайтларда менга шу матонат етишиб-етишмаётгандек. Кундан кунга асабларим мўртлашиб, ҳам жисман, ҳам руҳан чўкиб боряпман. Сиздаги ўзим ҳавас қилган матонатни минг уринмай вужудимда тўлиқ шакллантира олмаяпман. Қурбим етмаяпти. Баъзида таъсирчан ва қизиққон феъл-атворим бунга тўсқинлик қиляпти. Сиз бир умр Венада яшагансиз. Аввалига сизни Вена суймаган, тушунмаган, мусиқа оламидаги инқилобингизни вақт ўтибгина қабул қилган ва олқишлаб севиб қолган. Таржимаи ҳолингиздан яхши хабардорман. Бу ҳақида ўқиганман. Симфонияларингизни театр ва концерт залларида ижро этганингизда Вена аҳли “бу инқилоб эмас, шаккоклик, шаккоклик”, деб бақир-чақир қилганидан, концертнинг ярмида зиёлилар ўрниларидан туриб раддия сифатида жойларини тарк этганларидан хабардорман. Негадир мен мансуб бўлган адабий муҳит шу жонажон шаҳрингиз Венани эслатади-да. Адабий муҳитимизни таърифлашга сўз ожиз, аниқроғи сўз бойлигим етмайди деб таассуфдаман. Аммо сўз топиб таърифлашга уриниб кўраман. Ишонасизми, ё мен уни тушунмайман, ё у мени. Менимча, иккимиз ҳам ўз нуқтаи назаримизда ҳақмиз. Ўзбек адабий муҳити менга қанчалик тушунарсиз бўлса, мен ҳам унга шунчалик тушунарсизман. Маэстро, сизнинг ҳам устозларингиз бўлганми? Билишимча, фаолиятингиз мобайнида бирор бир устознинг этагини жиддий тутмагансиз, қачон қарама пианино қаршисига чўкканча, ёлғиз ижод қилгансиз. Бизнинг адабий муҳитда айнан шу нарса шаккоклик саналиб, “устоз ва шогирд” анъанасини бузиш ва ўзбошимчалик қилиб бошқа йўлдан кетиш гуноҳи кабира ҳисобланади. Адабиётга янги кириб келган болапақир ва қизалоқлар, албатта бирорта сочлари оқарган ва мункайган устознинг этагидан тутишади. Кейин унинг таъсир доирасидан чиқиб кетолмай, адабиётдаги унинг ксеронусхаси бўлиб, бир умр ўз услубини шакллантиролмай, ўз “мен”идан воз кечиб муҳит ичида сарсон-саргардон яшашади. Уларда мустақил ва шахсий фикр наздимда ҳеч қачон бўлмайди, не машаққатлар билан, тунни тонгга улаб ёзган битиклари ўз устозларининг битикларини такрорлайди, холос. Устозлари модернист бўлса улар ҳам модернист, сюреалист бўлса сюреалист, романтик бўлса романтик бўлишади. Ўз услубини шакллантириш, муҳитдан ташқарида ижод қилиш, бир дақиқа бўлсин ёлғиз қолиш уларни даҳшатга солади. Улар “устоз-шогирд” анъанасисиз нафас ҳам олишолмайди. Тасаввурларида атмосфера ифлосланиб, кислород етишмаётгандек бўлаверади. Маэстро, адабиётимиз ҳақида сизга тўлиқроқ маълумот бера олмайман деб қўрқаман. Бунга менда биринчидан хоҳиш йўқ бўлса, иккинчидан унинг айни пайтдаги ҳолати гапириб баён қилишга арзимайди. Лекин сизни қизиқтирса қўлимдан келганча у ҳақда гапириб бераман. Сиз мусиқа оламига қадам ранжида қилганингизда Моцарт, Гендель ва Гайднлар бор эди бу оламда. Улар сиздан олдин қадам ранжида қилишган ва ижодий парвозларининг энг юқори қисмида эдилар. Бироқ сиз тез муддатда нафақат уларнинг даражасига чиққансиз, балки улардан савия бобида ўтиб ҳам кетгансиз.Тўғриси, бизда сизнинг оламшумул қисматингизни такрорлаш қийин. Нега деган савол беришингизни тушуниб турибман. Шунга ўзим айтиб қўя қоламан. Бизда адабий муҳитга бирорта шўрпешона юрак ҳовучлаб қадам босадиган бўлса, у қанчалик истеъдодли ёки даҳо бўлмасин унга осон бўлмаслиги кундек равшан. У муҳитга бош суқиб, адабий қарашлар хусусида ўз фикрини эмин-эркин билдирса — муҳит учун негатив инсонга айланади, катталарга қуллуқ қилиб, қўлларини кўксига қўйиб, бошини қуллардек эгса — келажаги порлоқ ёзувчи сифатида ном қозонади, унинг эътирофига сазовор бўлади. Боз устига ким бўлишидан қатъий назар бу муҳитга кириб келган ёзувчи ёки шоир, албатта миллий руҳда ёзиши керак. Сувлар, тупроқлар, ўт-ўланлар, коваклардаги чумолилар, ҳайдалмаган далалар ва бошқалар ҳақида. Шунда унга оқ йўл тиловчилар, уни қўллаб-қувватлаб тарғиб қилувчилар, унга адабиётнинг “эртаси” ёрлиғини ёпиштирадиганлар кўпаяди, адади мингтани ҳам ташкил қилмайдиган газета ва журналлар унга ўз бағрини очади, нашриётларда асарлари ажойиб сўз бошилар билан чоп этилади. Агар умумбашарий мавзуларда модернизмдами, танқидий-реализм жанридами ёзса — тамом, у ғарбпарастга, ғарбга тақлид қилувчи кас ва ношудга айланади! Бу ёзилмаган қонун-қоида фақат ёш ёзувчи ва шоирлар учун амал қилади. Катта ёшли ёзувчиларга эса ҳамма нарса мумкин. Мисол учун, бу муҳитда Назар Эшонқул деган ёзувчи бор. Олтмишни уриб қўйган. Катта ёшлиларнинг энг зўри. Унинг асосий ёзган асарлари миллийликдан бир неча километр узоқликда бўлса-да, ижоди борасида танқидчи, адабиётшунос, ёзувчилар шундай дейишади: “Назар Эшонқул ўзбек ва жаҳон адабиётини синтез қилиб асарлар яратган маҳоратли прозаик”. Лекин, шу гапларни айтганларнинг бирортаси худди унингдек йўл тутган бирорта ёш ёзувчи ҳақида бундай демайди. Аксинча, у томонга ўгирилиб, қўлини худди нацистларга ўхшаб баланд кўтаради-да: “ғарбпараст” дейди. Уларнинг ҳеч бири мазкур иккиюзламачиликка ўйнаш тутинган мулоҳазаси орқали кулгули аҳволга тушиб қолганига парво ҳам қилмайди, чунки муҳитнинг “юзи” чармдек қотиб кетганига анча бўлган. Бу мулоҳаза эгаларининг хаёлига ижодкор ўз фикрини билдирмоқчи бўлса, буни ғарбона услубдан фойдаланиб берса нима қипти деган ўй-хаёл келмайди. Жаҳон адабиётидан улар ўқиб роҳатланган Ремарк, Достоевский ёки Гюголар ҳам миллий руҳда ёзишмагани гўё эсларидан чиқади. Реализм, модернизм, постмодернизмдан улар худди ўлатдек жирканишади. Лекин бу жирканиш катта ёзувчиларнинг ижодига баҳо бераётганларида муҳаббатга айланади. Шу ерда ҳар йили Монте-Карлода юқори савияда ўтказиладиган цирк кўз олдимда гавдаланади. У ердаги томошабинни ўз аҳмоқлиги билан кулдирадиган масхарабозлар адабиёт билан шуғуллана бошлашгандек тасаввур уйғонади. Маэстро, сизнинг ҳам бошингизни оғритиб юбордим-а?! Аммо сизга гапирмасам кимга гапираман. Сизга айтсам ўлиб кетган одамга мактуб ёзишдан тотли машғулот йўқ оламда, чунки унга истаганингча ёзишинг мумкин. Истасанг ўн варақ, истасанг юз варақ. Сиз Венада ижарада тургансиз-а? Менимча, кейин ўз уйингиз бўлган. Бу ердаги адабий муҳитда худди сизга ўхшаб вилоятлардан пойтахтга келиб ижарада — бир хонали квартирада тўрт киши қисилиб, ит ётиш мирза туриш қилиб яшайдиган ижодкорлар бор. Улар бир умр шундай яшашади. Олдинига уч-тўртта ижодкор бирга, фурсат ўтиб уларнинг ҳар бири ўз оиласи билан. Улар минбарлардан туриб, арзон бўйинбоғ тақиб ёки тиззасини очиб турган юбкасини ҳилпиратиб ватан ҳақида кўтаринки руҳдаги шеърлар ўқишади, ўз қишлоқлари ҳақида маъюс ва ясама соғинч билан суғорилган ҳикоялар ёзишади, лекин бирортаси ўзининг қишлоғига бориб элнинг корига ярашни, ўша ерда қишда муздек ва қоронғу уйларда, саратонда қовжираб, тоза ичимлик суви ичишни ҳам уддалай олмай яшаётган бечора халқ билан ҳамнафас яшашни, туриш-турмуши бостирмадан иборат бўлган мактабларда даладаги ишидан ортиб ўқигани келадиган, кийимидан таппининг ҳиди анқийдиган болаларга нари борса она тили ёки адабиётдан дарс беришни исташмайди. Миллатнинг шоири ва ёзувчисимиз дейишади-ю, Тошкентда қолиб, қулайликлар ва шаҳарнинг тароватига мафтун бўлиб, бир хонали квартирада ижарада бўлса-да ўлгунича яшашни афзал билишади. Улар марказлашган ва урбанизациянинг юқори нотаси бўлган пойтахтда қолиб, тараллабедод яшаш ва ўртамиёналарга тўлиб кетган муҳит миқёсида машҳурликка эришиш учун ҳамма нарсага тайёрлар. Шу шаҳар учун ўзлари туғилган ерда, кексайиб қолган ота-оналарининг олдида, уларни машҳур ёзувчи ёки шоир деб биладиган содда қавм-қариндошлари билан бир осмон остида оддий одамга ўхшаб яшашни киприк қоқмай рад этишади. Бошқа томондан на одамга чивин чаққанчалик таъсир қиладиган ватанпарварлик руҳидаги кулгули шеърларини ёзишни йиғиштиришади, на бемаъни ҳикояларида ўзлари туғилиб ўсган макон ҳақидаги ишонарсиз хотираларини ўқувчи билан бўлишишдан тийилишади ва на ёп-ёруғ заллардаги минбарлардан туриб ярим соат чиройли гап сотишни тўхтатишади. Уларни тушунмайман, Маэстро! Сизни мусиқий асарларингиз партитураларда нашрдан чиққан. Бу ҳақида сиз ҳақингизда ёзган Антонин Згоржнинг китобида ўқигандим. Венадаги кўплаб кўзга кўринган нашриётлар билан ишлагансиз. Мен мансуб бўлган муҳитда ҳам кўплаб нашриётлар мавжуд. Фақат уларда фаолият юритадиганларнинг кўпчилигини болалигида ток урганми ё ажина чалганми – сира аниғини билмайман. Улар жуда ғалати-да! Сизнинг пайтингизда ҳам Гайдн ёки Генделнинг асарларини бир юз эллик марта нашр қилишганми сизни бирор марта ҳам нашр қилмай? Бизда негадир шундай. Катта ёшли ёзувчининг ўн ёки йигирма йил олдин ёзилган асарини бир юз эллик марта нашр қилишади-ю, лекин ундан кўра пухта ёза бошлаган, истеъдоди минг марта яхшироқ бўлган, муҳими ўз услубига эга ёш ёзувчининг яп-янги асарини бир марта нашр қилишга келганда бурниларини жийиришади. Ўша ёзувчи амаки ҳам қўйинглар мени бир юз эллик марта нашр қилмай, ёшларни ҳам нашр қилинглар демайди-да, қисталоқ! Эҳ, Маэстро бу муҳитдаги адабий журналлар ҳам тушунарсиз. Ёшлар учун мўлжалланган журналларда олтмишни уриб қўйган ёзувчилар куйдирган калладек жилмайиб кўриниш беришади, ёшлар “для галочки” (русча гапириб юбордим узр) онда-сонда кўзга ташланишади. Бошқа адабий журналлардан ёшларни қидириш эса анқонинг уруғини топишдек гап, бу бефойда. Уларда етмиш ва саксонни уриб қўйган, шу ўзбек адабий муҳитидан бошқа ерда биров танимайдиган катта ёзувчилар чиқишади. Сизнинг Венангизда ҳам шундаймиди? Cиз нима учун мусиқа ёзгансиз, Маэстро?! Кўнгил учун тўғрими? Кўнглингиздаги ғуборларни тўкиш учун, дардни одамларга оҳанглар орқали улашиш учун. Бу муҳитдагилар нима учун ёзишларини ўйлаб ўйимга етолмайман. Улар нима учун ёзишади? Чамаси улар учун минимум вазифа — Ёзувчилар Уюшмасига аъзо бўлиш, максимум вазифа — Халқ шоири ёки ёзувчиси бўлиш! Шундан бошқа мақсадни кўрмайман уларда. Сиз эллик етти ёшда оламдан ўтгансиз. Бу вақтга келиб номингиз бутун дунёга танилган эди. Бизнинг адабий муҳитда эллик етти ёшда шоир ва ёзувчи эндигина ўз юртида мустаҳкам ўрнига эга бўлган, адабий чиғириқлардан эсон-омон ўтиб олган, ҳеч бўлмаганда тўртта китоби чиққан бўлади. Ольга Токарчук деган чет элдаги битта хола бор. Ёзувчи, у-бу нарса ёзиб туради гарчи бир тийинга қиммат бўлса ҳам ёзганлари. Яқинда у Нобель мукофотини олди (бу мукофот ҳақида бошқа сафар гапириб бераман). Эллик олти ёшида шу мукофотни олди. Ўзбек адабий муҳитида эса боя айтганимдек бу ёшда ижодкор энди ўз ўрнини топган, Токарчукка ўхшаб савиясиз асарлари билан ҳам жаҳонга чиқиш учун умри етишидан етмаслиги маълум ва олдида ҳеч қандай мақсади қолмаган бўлади. Маэстро, сизга битта савол-да, ноўрин бўлса маъзур тутасиз. Сизнинг даврингизда ҳам Моцарт ўлиб кетгач, уни йил бўйи эсламаганлар туғилган кунида бирдан эслашармиди? Бизда негадир шундай. Бизни улуғ шоирларимиз бор. Навоий ва Бобур. Уларни йил бўйи эсламаймиз, лекин қишнинг охирги ойининг дастлабки ярмида бирдан эслаб қоламиз. Уларнинг туғилган кунидан бир кун бурун ҳам Дюманинг саргузашт романини ўқиб ёки Абдували Қутбидиннинг муҳаббат ҳақидаги мажнунсифат шеърларини ёдлаб ўтирганлар эртасига қўлидаги ишини ташлаб, уларнинг ғазал ва рубоийларини ўқишни, уларнинг суратлари билан расмга тушиш учун салонларда афтини макияж қилиб сочларини турмаклашни, уларнинг ҳайкаллари пойига гулчамбар қўйиб, оммага ўзларини кўз-кўз қилишни канда қилишмайди. Маэстро, агар тирик бўлганингизда мактубимни ўқигач, қон босимингиз аниқ ошиб кетарди. Сезяпман, дарров жонингизга тегардим. Аммо бу муҳит қанчалик жонимга текканини сиз тасаввур ҳам қила олмайсиз. Сизни пайтингизда Венада бастакорлар кўпмиди? Бизнинг бу шўрлик адабий муҳитда шоирлар кўп (ёзувчилар Худога шукр, оз). Мен ҳар куни учта янги шоирнинг исми-шарифига дуч келяпман. Булар билан мен шеъриятни мутлақо бошқача тушунамиз. Уларнинг тушунчалари менга ёқмайди, меники уларга. Улар жиловланмаган ҳиссиётларини, оҳ-воҳ ва нолаю афғонларини қофияга тизиб, вазн ёки сарбастга солиб, бемаза ташбеҳлар билан озиқлантириб ёзган шиғирларини шеър деб ҳисоблашади. Қўлида сигарет, ширакайф ҳолда — эркаги, олий адабиёт курсида сочларини ўриб олиб маъруза тинглайдиган — аёли ўзини тенгсиз шоирман деб ҳисоблайди. Мен шеър деганда ҳиссиёт жиловланган, яхлит сюжетга солинган, гоҳ тоғдан келиниб гоҳ боғдан келинмаган тартибда ёзилган, кечинмалар осмондаги фазода эмас ерда кечадиган адабий шаклни тушунаман. Улар билан менинг фарқим шунда. Лекин адабий муҳит уларнинг тушунчалари билан яшайди, шуни баралла поэзия деб ларзага тушади, меникига эса қўл силтайди. Менда ҳам қайтим қолиб кетмайди, шубҳасиз. Мен шу муҳитдан том маънода чарчадим, маэстро. Баъзида рус ёки турк адабий муҳитига қўшилгим, ўша ерларда — ё қора денгиз бўйларида, ё тайга ўрмонларининг ичида яшаб ижод қилгим келади. Қуриб кетсин, ватан туйғуси барибир дилни ўртаркан-да. Деворга ўхшаб жим қараб тура олмас экансан. Тўлиб-тошиб гапиргинг, ўз эркин фикрингни ҳимоя қилгинг, оқни оқ қорани қора дегинг келавераркан. Венада сизни даврингизда ҳеч қандай Бастакорлар уюшмаси бўлмаган. Бу ҳақида ҳам эшитганман (қаранг, сиз ҳақингизда кўп нарса биламан). Шунга қарамай уюшма бўлмаган ердан Моцарт, Гайдн, Сальери, Шуберт ва шаксиз сизни — дунёга донғи кетган бастакорларни етишиб чиққани таҳсинга сазовор. Бизда ҳам уюшма деган ташкилот бор. Ёзувчилар уюшмаси. Бу уюшмага олти юз элликта ёзувчи, шоир ва адабиётшунос аъзо. Шу аъзоларнинг сонини ўйласам, роса кулгум қистайди . Нега дейсизми? Чунки, шу олти юз элликта аъзодан бирорта жаҳон тан олган ижодкор йўқда, Маэстро. Шунга куламан, ҳам йиғлагим келади. Олти юз элликта аъзо! Уларга ҳар йили сиҳатгоҳларга бепул йўлланмалар берилади, “Адиб ва жамият” рукнида давлат ҳисобидан китоблари чиқади, имтиёзли уйлар олишади, ижод қилишлари учун ижод хоналари ажратилади, нашриётлар ва даврий нашрлар уларни тарғиб қилиш учун эрта-ю кеч хизматларига шай туришади… Шунда ҳам уларнинг ҳеч бири жаҳон даражасида ёза олишмайди, жаҳонга чиқа олишмайди, савиясиз асарлари билан Нобель олаётган қўшни давлат ёзувчиларини сиқиб чиқара олишмайди. Балки шунгадир, бу муҳит ҳалигача поэзияда Навоийдан, прозада Қодирийдан илҳомланиб яшар. Маэстро, мактубимни якунлаяпман. Юқорида севимли бастакорим бўлмасангиз ҳам сизга мактуб ёзгим келганини айтгандим. Назаримда яна ўлиб кетган кимгадир мактуб ёзмоқчи бўлсам, айланиб-айланиб сизга ёзсам керак. Чунки, сизга мактуб ёзсам истаб-истамай ўзим кирган бу муҳитга нисбатан матонат формуласини қисман ишлаб чиққандек бўламан. Сизнинг ғайритабиий матонатингиз мени ҳайратлантиради. Ўзим мактуб ёзишни жуда хоҳлаган севимли бастакорим Шуберт эса афсуски, бир пиёниста ва матонатсиз инсон бўлган. Бахтга қарши шундай.
2020-11-03
http://nodirabegim.uz/archives/1888
Сендан оқ атиргулнинг майин ифори тараларди. Димоғимда уни масрур туярканман, бир лаҳзада ҳушимдан айрилаётганимни ҳис қилдим ва ўзимга келиш мақсадида машинанинг ойнагини секин тушириб қўйдим. Тоза ҳаво ичкарилагач, сен томонга қарамасликка интилиб ундан тўйиб-тўйиб нафас олдим. — Машинанинг ичи диққинафас бўлиб кетди,- дедим сенга ўгириларканман сир бой бермай. Қўлингда Эркин Аъзамнинг “Ёзувчининг боғи” китоби ва қора шоколад турарди. — Булар сизга,- дединг жилмайиб уларни менга узатаркансан. Эркин Аъзамнинг ижодига азалдан қизиқмаганим учун китобига бефарқ қарадим, аммо ичини очиб варақладим. Китобдаги ҳикояларни бир пайтлар ўқиб чиққандим. Биргина “Фиделдан салом”ни ўқимаган эканман. Уни дарров ўқишга киришдим. Сен зўраки сабр ва пича безовталик билан мени кузатиб ўтирдинг. Ҳикоя доимгидек ёқмади, унда конкрет бир ғояни кўрмадим. Ёзувчининг тили ғализлиги ва бўрттирилган миллийлик колорити ҳали ҳам йўқолмаган, стилистикаси доимгидек менга бегона эди. Ундан ўзим истагандек ола билмаган таассурот аламини шоколад билан ювмоқчи бўлдим. — Бунча аччиқ, — дедим ундан бир бўлак синдириб, оғзимга соларканман афтимни буриштириб. Дарҳақиқат, шоколад аччиқ эди. Назаримда, суюқ ҳолида уни қалампир билан бирга қайнатишганди. — Икковларинг бир хилсизлар,- дединг сен нигоҳингни мендан гина аралаш олиб қочиб. Орага узоқ сукунат чўкди шунда. — Нега хомушсиз?- дединг бир оз ўтиб барибир ўзинг биринчи бўлиб гап очиб. — Ё олдингизга келганим ёқмадими? Мен индамадим. Жавоб бериш ўрнига сокин қўшиқ таралаётган машина радиосининг овозини атайин кўтариб қўйдим. Бунга сени хўрлигинг келди, қовоғинг солинди. Йиғламсираб атрофда табиат билан хайрлашишга чоғланаётган қишнинг сўнгги манзарасига тикилдинг ва бир оз ўтиб машинадан тушдинг-да, қисқагина хайрлашиб кетдинг. Машинанинг тезлигини ошириб йўлда кетарканман, ўзимдан очиғи нафратланиб кетдим. Сенга нисбатан тутган бу муносабатим ўзимга ёқмади. Қўпол муомала қилгандек бўлдим. Лекин йигирма тўққизинчи февралда бундан бошқача бўла олмасдим. Минг уринмай хурсандчилик кўнглимга сиғмас, ўтмиш кўз олдимда қад ростлаб бу хурсандчиликни шафқатсизларча кесиб турарди. Сени бу ерда айбинг йўқ эди, албатта. Балки, ёлғиз айбинг шу куни ёнимга келганинг эди… Биласанми, Достоевскийни биринчи марта ўқиганимда китоби уч кун қўлимдан тушмаган ва шу заҳоти уни яхши кўриб қолганман (Бу ҳақида сенга ҳам айтган бўлишим керак). Қўлимга тушган асари — “Телба” романи эди ва у менда илк саҳифалариданоқ кучли қизиқиш уйғотган, боз устига ўзимни асарнинг бошидан охиригача князь Мишкиннинг ўрнида ҳис қилган ва асардаги ғоянинг таъсиридан бир неча кунлаб чиқиб кетолмай юргандим. У пайтлар ёш, қизиқувчан ва китоб ўқишга чанқоқ талаба эдим. Адабиётга қизиқишим сарҳад билмаса-да, бу қизиқиш фақат ўзбек адабиёти билан чекланганди, холос. Ўзбек адабиётини кўп ўқирдим. Жаҳон адибларини эса кам, шунда ҳам ҳижжалаб ўқир, чунки тез ўқисам одатда асарларининг ғоясини тушунмай қолардим. — Гўзаллик дунёни ростдан қутқарармикин? — дедим бир куни “Телба”ни ўқиб тугатгач, асардаги князнинг ўша машҳур гапини ўйлаб. Гўзаллик ва унинг дунёни қутқариш бўйича олий рутбаси ҳақида шундан сўнг ўйламаган куним бўлмади. Ҳатто, шундай кунлар бўлдики, бу умумбашарий ғоя ҳақида ўй суриб кунлаб институт ётоқхонасидан ташқарига чиқмадим ва бир қанча фанлардан ўқиладиган маърузаларни бесабаб қолдириб, ўқитувчи зотидан озмунча гап эшитмадим. Бошқа томондан тўғриям қилгандим ўшанда, чунки институтда бўйинбоғли ва юзаки устоз мақомидаги зотлар ўқитадиган “Молия ҳуқуқи”, “Давлат бюджети”, “Банк менежменти” каби фанларга сира тоқатим йўқ эди, маърузаларда том маънода зерикар, бир соату йигирма дақиқа ўзимни қўярга жой тополмай, қачон қўнғироқ чалинаркин, деб юрагим безиллаб ўтирардим. Маърузалар тугагач кутубхона ертўласида жойлашган бадиий адабиётлар бўлимига оёғимни қўлимга олиб чопар ва у ерда Достоевскийнинг навбатдаги жилдини абонентлик картамга расмийлаштириб қўлимга олардим. Шундан сўнг, уни қўлтиқлаб ётоқхонага югурар ва шу бўйи ҳатто кечки овқатга ҳам чиқмай, хира чироқ ёруғида унинг мутолааси билан машғул бўлардим. Вақт ўтиб “Телба”нинг орқасидан кучли майл натижасида Достоевскийнинг бошқа асарларини ҳам қисқа муддатда ўқиб чиқдим. Бирин-кетин қўлимда унинг китоблари алмаша бошлади: “Жиноят ва Жазо”, “Хўрланган ва ҳақоратланганлар” , “Ўлик уйдан мактублар”, “ Қиморбоз”, “Иблислар”, “Ака-ука Карамазовлар”… Мутолаа жараёнида адиб шахсиятини кўз олдимда гавдалантирарканман, унинг асарларидаги гуманизмга очиғи тан бермай иложим қолмасди. Унинг гуманизми мени ақлдан оздирар, турли типаждаги қаҳрамонлари руҳияти юрагимнинг уришини ҳаяжон аралаш тезлаштирар, шу тарзда мен ҳафталаб ёки ойлаб унинг қаҳрамонлари билан бирга-гўё бир том остида яшаб нафас олардим. Гоҳ Раскольниковга қўшилиб теран виждон азобида қийналасам, гоҳ хаёлан Алексей Ивановичга ўхшаб рулеткада бетиним қимор ўйнардим. Гоҳ Алёша Карамазовга ўхшаб подшоҳ зоти олийлари жонига суиқасд қилишни режалаштирсам, гоҳ князь Мишкинга ўхшаб одамларнинг севишга қодир эмаслигидан изтироб чекиб, гўзаллик дунёни залолатдан қутқарувчи ягона куч эканлигини йигирма тўрт соат ўзимга ўзим такрорлашдан чарчамасдим. Князь Мишкин, Раскольников, Соня Мармеладова, Алёша Карамазов — булар менинг яқин дўстларим эди, уларни теграмдаги минглаб тирик одамлардан кўра кўпроқ қадрлар ва севардим, уларнинг инсон тафаккурига сиғмас дардлари ва изтиробларига ҳайриҳоҳлик билдириб, улар билан бирга қайғуга шўнғиб дунёи дунда умргузаронлик қилардим… Достоевский яхши маънода мени шу кўйга солганди. Шу тариқа талабалик даврим якунланиб, Фёдор Михайловичга нисбатан қайноқ муҳаббат ила катта ҳаётга қадам қўйдим. Шубҳасиз, ўша пайтлари у энг севимли ёзувчим эди. Уни ҳатто Камю ва Толстойдан ҳам юқорига қўяр, унинг сурати ойнали ромда шахсий ёзув столим устида мунтазам турар, стол устида бундан ташқари доим унинг бирорта китоби бўлар ва уни бўш қолдим дегунча қайта-қайта ўқир ё варақлардим. Ўқиш ҳар доим мароқли бўлиш билан бирга, менга ҳар сафар нимадир берар ва бунинг натижасида Достоевскийни ҳеч иккиланмай инсониятнинг улуғ муаллимларидан бири деб ҳисоблардим. Яшириб нима қилдим, шу ёшимда ҳам Достоевский мени тарбияларди. Унинг кўмагида йигирма беш ёшимда маънавий реабилитацияни бошдан кечирарканман, адиб асарларидаги бадиий ғоялар таъсирида кундан кунга янада улғайиб бораётганимни, шахс сифатида ички зиддиятлардан борган сари холи бўлиб камроқ азоб чекаётганимни, ичимдаги икки хил тусланишдаги инсон ниҳоят биттага айланаётганини сезаётганимни ва қайсидир маънода руҳий-маънавий балоғатим юқори босқичга кўтарилаётганини тушунар ва бунинг учун ундан чексиз миннатдор бўлиб, олдида ўзимни тўлақонли қарздордек кўрардим. Бир куни Достоевскийни янаям яқиндан билгим келди. Ўша куни ҳам йигирма тўққизинчи февраль эди. Бу вақтга келиб адибнинг бадиий асарларини барчасини ўқиб чиққан, шахсий кутубхонамда аслиятдаги унинг ўттиз жилдлик асарлар тўплами мавжуд бўлиб (уларни букинистдан жуда қимматга олгандим), бу жилдларнинг охирги қисмларидан у ёзган кундаликлар ва мактублар ўрин олганди. Негадир кўпчилик ёзувчиларни фақат бадиий асарларини ўқишади. Кундаликлари ва мактублари уларга қизиқ туюлмайди ёки уларни ўқишга ўзларида вақт ажратишга эринишади. Менда бошидан бунинг акси бўлган ва мен ҳар гал бирор бир ёзувчининг ижодига қизиқиш билдирсам, албатта унинг кундаликлари ва мактублари ҳам эътиборимдан четда қолмас, уларни иштиёқ билан бошидан охиригача ўқиб чиқишга ҳаракат қилар, гоҳида буни тўлиғича уддалардим. Достоевский билан ҳам шундай бўлди. Дастлаб унинг кундаликларини, кейин мактубларини ўқиб чиқдим. Бу жараён якунлангач, албатта ҳеч нима ўзгармади. Осмон қулаб тушмади, ер ёрилмади. Бироқ мен ўзгардим. Бу ўзгариш ёруғлик тезлигида рўй берди десам анча муболаға бўлади-ю, аммо тез суръатда бўлди, десам адолатли бўлди. Достоевскийнинг кундаликлари ва мактублари мени ўзгартирди, аниқроғи улардаги қуйидаги тарғибот: Мен беихтиёр охирги гапларни пичирлаб бир неча марта қайтардим: “Европага дум бўлгандан кўра, Туркистонга бош бўлган афзал”. Яна қайтардим, яна ва яна… Унинг кундалигидаги мазкур сатрлардан бошимни кўтаргач, биринчи бўлиб ўзимга берган саволим қуйидагича бўлди: — Ростдан бу Достоевскийнинг кундалигими? Муқовага қарадим. Тепада унинг исми шарифи турар, ростдан бу унинг кундалиги эди. Бу сўзларни унинг ўзи ёзганди. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун ўзимни чимчилаб кўришим ёки устимдан бир челак совуқ сув қуйиб юборишим шарт эмасди. Хаёлим жойида, ҳали паришонхотирлик ёки Алцгеймер ҳасталигига чалинганим йўқ эди. Бу сўзларни ёзган ўша -гўзалликнинг дунёни қутқаришига мени ишонтирган, гуманизм нима эканлигини чайнаб, ютиш учун тайёр қилиб оғзимга солиб қўйган, ўзининг инсонпарварлик ғоялари билан суғорилган асарлари орқали мени телбаларча мафтун қилган — инсоният муаллимларидан бири Достоевский эди (адиб акаси Михаил Достоевский ва генерал Скобелевга ёзган мактубларида ҳам шу тарғиботни оммалаштириш борасида гапирган ва унинг мактубларини титкилаган исталган одам бу ҳақида ўқиши мумкин). Бу нохуш ўйларим ортидан мозийда қолган Туркистон хаёлимдан ўтди. Уни руслар томонидан оёқ ости қилинган муқаддас тупроғининг ҳиди бир зумда димоғимдан кетмай олаётган нафасимга қоришиб кетди, Верешчагин чизган картиналардаги аянчли ва қонли манзаралар хотирамда жонланди, тарихий китобларда акс этирилган воқеалар ёдимга тушди. Мана, ҳарбий кийимдаги чўрткесар ва дийдаси қаттиқ генерал Фон Кауфман виқор билан кулиб турибди. Туркистонни харитада менсимайгина айланага оляпти. Оз фурсат ўтиб, уни тантанали равишда Россия империясининг мулки деб эълон қилади. Бу қирғийбурун ва нигоҳи совуқ киши генерал Черняев. У яхши қуролланган, тўплар билан мустаҳкамланган қўшини билан ўтмас қилич, пилта милтиқ ва тўқмоқлар билан қуролланган Туркистонликларни оммавий ўққа тутишга буйруқ беряпти, катта тўплари гумбирлаяпти (динамитни яратган Нобелга раҳмат!). Бу каравотида жон таслим қилаётган қария — генерал Скобелев. Соқоли узун мараз ва пихини ёрган қотил. У қаршисида тавбасига таянтиргани келган руҳонийга қараб кинояли тиржайяпти ва яна кўплаб сартларнинг қонини тўкмаганим учун афсусланаман, деб хириллаяпти. Бу ким? Ие, Верешчагин жаноблари-ку! Империянинг бир тийинга қиммат рассоми. У ёнидаги аскар йигитга русчалаб асирликдаги Туркистонликни дорга ос, уни дорда осилган ҳолатдаги суратини чизмоқчиман, сурат табиий чиқишини истайман, деяпти. Ҳадемай унинг суратини чизади. Яна кўплаб шунга ўхшаш суратлар чизади бу энағар… Бу-чи, ким? Турқи совуқлигидан ва аҳмоқ башарасидан маълум: Бухоро амири — Амир Олимхон. У Петербургдаги оқ подшоҳнинг олдига таомилга кўра бир умрга ўз вассаллигини (оддий тилда — қуллигини) билдириш учун аравада кетяпти. Петербург совуқлиги учун қалин кийимга ўраниб чирманиб олган. Бошида қалпоқ, эгнида пўстин. Орқасида бир дунё совға-салом…. Бу подшоҳ саройи бўлса керак. Подшоҳ, унинг оиласи ва рус киборлари Туркистон ҳукмдорига паст назар билан қарашяпти. Бу сўтак эса уларга қуллуқ қиляпти. Бемаъни манзара! Кимларнинг авлоди эдинг, ҳой сен тентак амир, дегани одам йўқ! Туркистон олдида Россия нима деган гап. Мўғуллар уни оёқ ости қилганда сенинг бобонг уларни озод қилган бўлса, нега сен уларга қуллуқ қиласан? Амир Олимхоннинг оғзи қулоғида. У Николайнинг тантиқ ва оқбилак синглиси Олгага атаб ёзги саройида оврўпоча қаср қурдирмоқчи. Ситораи Моҳи Ҳосада! Кунинг шуларга қолдими, Туркистон? Туркистонда ўзи нима гап? Дукчи Эшон қўзғолони қонли бостирилгач, Мардикорлар қўзғолони ҳам қонли бостирилди. Биринчи жаҳон урушига Туркистондан мардикорлар зўрлаб олиб кетиляпти. Темир йўл қурилишига… Уларга ҳатто қўлига қурол бергани ҳам ирганади руслар. Туркистон болалари фақат мардикор бўлиши керак, фақат мардикор… Бу инсон ким бўлди, энди? Кўзлари ҳориган, юзи ўликнидек оппоқ, пешонаси кенг, мулоҳазали кишилардек ўйчан. У ёзув столида мактуб ёзяпти ёки кундалик. Ҳа, Фёдор Михайлович-ку! Инсониятнинг муаллими! Гуманизм куйчиси! Мана у ёзиб ҳам бўлди. Қани, бир кўз югуртириб кўрайлик-чи. Ёзганларининг бошини ўқиб бўлмайди, ҳуснихати ҳаммабоп эмас экан. Лекин охирги сўзларини ўқишнинг иложиси бўлди. Мана улар: “Европага дум бўлгандан кўра, Туркистонга бош бўлган афзал”… Кўпга бормай кундаликни ёпиб қўйдим. Бу сўзларни Тургенев ёки нари борса ана Чехов ёзганида ҳам бунчалик ич-этимни емасдим, қийналмасдим, олам кўзимга тор кўринмасди. Чунки уларни ўқисам-да, ижодларига кўнгил қўймагандим, қалбимдаги бор китобхонлик меҳримни бермагандим. Улар бўлишганда эҳтимол шиддат билан авж олиб бораётган кўнгилнинг қолиши шунда азоб бермасди. Раббим, не зиллат бу! Шундан сўнг, орадан кунлар ва ойлар ўтди. Йиллар ҳам ўтди. Достоевскийни бошқа қўлимга олмадим. Унинг китоблари олдингидек шахсий кутубхонамдаги жавонда турар, мен қўл теккизмасдим. Боиси, уни қўлимга олсам йиғлаётган, ҳору- зор бўлган, русларнинг оёғи остида тупроққа беланган ҳассос ва ҳокисор Туркистон ёдимга тушар ва мен ғазабдан кўкариб китобни дарров жойига қўярдим-да, ўзим билан олишиб, асабийлашганимдан билагимдаги томирларим бўртиб чиқиб, овозимни чиқармай сўкина-сўкина хилватга беркинардим. …Шаҳарнинг ичига кирганимда, тезликни пасайтирдим. Спидометрга қарадим: тезлик камайган, машина энди секин елиб борарди. Кўп ўтмай сен кўз олдимда намоён бўлдинг-у, машинани четга олдим. Рақамингни териб, қўнғироқ қилдим. Аммо сен жавоб бермадинг. Сенга жудаям гапиргим келди. Ниманидир айтмоқчи бўлдим. Нимани ўзи? Нимаям дердим? Тўрт йил олдин йигирма тўққизинчи февралда Достоевский билан мангуга ажралганимизни айтармидим? Ё унинг исталган асарини мутолаа қилиш учун қўлимга олсам Туркистоннинг бемисл уқубатини танамда ҳис қилишимними? Рости, билмадим. Шунчаки сен билан гаплашгим келди. Шунчаки…
2020-03-17
http://nodirabegim.uz/archives/1911
Изабелла Ахатовна Аҳмадулина 1937 йилнинг апрел ойида Москва шаҳрида зиёли ва ўзига тўқ оилада дунёга келди. Белланинг отаси министир ўринбосари, онаси бўлса таржимон бўлиб ишларди. Унга Изаббела исмини бувиси қўйган. Бунга сабаб 30чи йилларда совет давлатида Испания ва унга боғлиқ номлар анча оммалашганди. Испанча исм олган рус қизи кейинчалик ўз асарлари сўнггига қисқача Белла деб ёзадиган бўлди. Белланинг томирларида турли миллатлар қони оқарди: татар, рус, итальян. Унинг тарбияси билан асосан бувиси (она тарафдан) шуғулланар, сабаби ота-онаси жуда банд кишилар эди. Айнан Надежда буви унда мутолаа ва классик адабиётга бўлган муҳаббатни шакллантирди. У набирасига Гогол ва Пушкин асарларини тез-тез ўқиб берарди. Уруш йилларида Белланинг отаси фронтга жўнади. Қизчани эса Қозонга, нариги бувиси (ота тарафдан)га топширишди. Афсуски, Белла бу ерда бувисининг эътиборсизилиги туфайли соғлиғини йўқотди, ўлим тўшагида ётганда онаси етиб келди. Вақтида берилган ёрдам туфайли Белла яшаб кетди. Уруш тугаши билан Белла онаси билан пойтахтга қайтди ва мактабга чиқа бошлади. Белла дарсларни кўп қолдирар, фақат адабиёт фанини сира ўтказиб юбормасди. У ёшига нисбатан ижодга эрта кириб келди ва кичиклигидаёқ ҳеч қандай имловий хатоларсиз иншолар ёза бошлади. Унинг илк шеърлари айнан мактаб даврида, пионерлар уйида туғилди. 15 ёшида ўз услубига эга шоира мақомига эришган эди. Биринчи марта 18 ёшида адабий журналларда шеърлари босилди. Икки йил ўтиб «Комсомольская правда» газетасида унинг шеърияти танқид қилинди. Сатрлари ўта эскича экани, совет руҳияти етишмаслиги таъкидланди. Белланинг ота-онасига унинг адабиёт йўлидан кетиши маъқул келмади –улар қизини журналист бўлишини орзу қилишарди. Катталар раъйига қараган қиз журналистика факультетига хужжат топширди. Бахтига имтиҳонлардан йиқилди. Шунга қарамай ота-онасининг иродаси билан «Метростроевец» газетасига ишга кирди. У ерда нафақат мақолалари, балки шеърларини ҳам чоп этарди. Келаси йили эса ўзи орзу қилган Адабиёт институтига ўқишга киришга муваффақ бўлди. Аммо 1959 йилда у айрим сабабларга кўра ўқишдан ҳайдалди. Белла «Литературной газеты» нашрида фаолиятини давом эттира бошлади. Тез орада бош муҳаррир Белладаги иқтидорни кўриб уни институтдаги ўқишини тиклашига ёрдам берди. Аҳмадулина 1960 йилда диплом олди. Орадан икки йил ўтиб Белланинг илк шеърий тўплами «Струна» (Соз) дунё юзини кўрди ва кўп ўтмай мақтовларга кўмилди. Энди қизни ҳам ижодий учрашувларга таклиф эта бошлашди. Унинг енгил, тиниқ, шаффоф сатрлари юракларни эгаллади. 1968 йилда иккинчи шеърий тўплами «Озноб» (Титроқ) чоп этилди. Бир йил ўтиб эса «Уроки музыки» (Мусиқа дарслари) нашрдан чиқди. «Метель» (Бўрон), «Стихи» (Шеърлар), «Свеча» (Шам) шеърий тўпламлари кетма кетликни давом эттирди. 70 йилларда Белла Аҳмадулина Грузияда бўлди. Бу мамлакат унда катта таассурот қолдирди. Натижада «Сны о Грузии» номли шеърий тўплами яратилди. Шунингдек, у Галактион Табидзе, Николай Бараташвили, Симон Чиковани каби грузин шоирларининг шеърларини русчага таржима қилди. Аҳмадулина иккита фильмда суратга тушган –“Шундай йигит мавжуд” ва “Спорт, спорт, спорт”. Биринчи фильмда у 22 ёшида журналист қиз ролини ўйнаб чиққан. Иккинчи картинада эса ўз шеърларини спортчиларга ўқиб берган. Атиги икки марта кинода кўриниш берган бўлсада, унинг романтик шеърлари ва қўшиқлари турли фильмларда тез-тез янграб турарди. Масалан, “Тақдир ҳазили ёки қушдек енгил бўлинг” фильмида Белла Аҳмадулина шеърларидан фойдаланилган, уни Алла Пугачёва ижро этган. “Ишдаги ишқ” фильмида ҳам Белланинг шеърий тўплами режиссёрга ас қотган. Шоира кўплаб халқаро адабий фестивалларда иштирок этган. Ўн саккиз ёшли дилбар шоирага ошиқлар кўп эди. Улар орасида таниқли шоир, ёзувчи, киносценарист ва актёр Евгений Евтушенко ҳам бўлиб, у Беллани бир кўришдаёқ севиб қолганди. Евгений ўз хотираларида уни биринчи муҳаббати сифатида таърифлар ва гўё қиз болага эмас, санъат асарига боққандек қараганини эсларди. Уларнинг севги қиссаси бир роман бўлгулик эди. Тез-тез тортишар ва дарҳол ярашиб олардилар. Евтушенко унга атаб шеър битишдан тинмасди. Уларни тез-тез Москва кўчаларида сайр қилган ҳолда учратардилар. Жуфтлик 1955 йилда турмуш қурди. Белла суйганидан фарзанд кўришни жуда истарди. Бироқ Евтушенко бошқа шоирлар сингари болалар ижод қилишга ҳалал беради ва эркинликдан маҳрум этади, деб ҳисобларди. Аёлнинг кўнгли синди. Евгений бу истакни рад этиб, суюмли рафиқасининг меҳридан ҳам айрилаётганини ўша пайт билмас, кейинчалик эса афсус чекканди. Ўртада жиддий келишмовчиликлар чиқмади, аммо севги сўнди. Евгений Белланинг муҳаббатини қайта қозонолмади. Уч йиллик турмуш ниҳоясига етди. Кейинчалик болажон Белла етимлар уйидан қизча асраб олди. Турмушга чиқиб, ниҳоят азалий орзусига ҳам етди: қизли бўлди. Бироқ у фарзандларини азалий муҳаббати Евгений билан тарбиялашни жуда истаган эди. Шоира ҳаётининг сўнгги йиллари оғир ўтди. У ҳасталаниб қолди. Белла пайпасланиб базўр юрар, сабаби бутунлай кўз нуридан айрилганди. Шеър ҳам ёзолмай қолди. Жарроҳлик амалиётидан тўрт кун ўтиб, 2010 йил 29 ноябрда Изабелла ҳаётдан кўз юмди. Афсонавий ижодкор билан видолашиш маросими пойтахтда, Марказий адабиёт уйида камтарона тарзда бўлиб ўтди. Унга фақат яқинлари ташриф буюришди. Белланинг асранди қизи Анна полиграфия йўналишида таълим олиб, китоб босмахонасида фаолият юритади. Ўзининг қизи Елизавета эса онасининг изидан бориб Адабиёт институтини тамомлади. Ҳамиша қора либос киядиган, ингичка бармоғига узук тақишни канда қилмайдиган шоира осмонга тикилиб майин овозда шеър ўқишни яхши кўрарди. Аҳмадулинанинг шеърияти ўзига хос, очиқ ойдин бўлиб, ички оламни ташқи олам буюмлари: янги ихтиролар (магнитафон, самолёт, светофор) ва эскича буюмлар (шам, ҳовли) билан боғлаб ёзарди. Шеърият –унинг бор йўғи эди, йўл йўлакай учраган арзимас ҳолатлардан ҳам фантазиясини ишга солиб янги образлар ярата оларди. Ҳамиша сўз бойлигини ошириш пайида бўларди. Аҳмадулина шеърларидаги ритмда динамика муҳим роль ўйнайди. 2013 йил 9 февралда Россия федерацияси президенти В.Путин Аҳмадулинанинг шеърларини адабиёт дарсликларига киритиш ҳақда фармон берди. Шоиранинг бир қатор шеърлари моҳир таржимонлар меҳнати билан ўзбек мухлисларига етиб келган. Жумладан, «XX аср рус шеърияти» абадий-бадиий нашридан (Мирпўлат Мирзо таржималари) ўн беш нафар забардаст рус шоирлари қаторида Белла Аҳмадулинанинг ҳам шеърлари жой олган. Аҳмадулинанинг “Гунглик”, “Хайрлашув”, “Ойпарастлар”, “Гуржи аёлларин исмлари”, “Шеърият куни”, “Меҳр”, “Апрел”, “Бўрон”, “Куз”, “Манзара” каби шеърлари ўзбек тилида ҳам дилбар ва тиниқ янгради, ўз мухлисларига эга бўлди.
2020-03-19
http://nodirabegim.uz/archives/1921
Одамлар мени ўлгудек ёмон кўришади, ҳаётни жону диллари билан яхши кўришади… Улар мендан қўрқиб талвасага тушишади, ҳаётдан баҳра олиб яшаришади… Одамларнинг ҳокисор, айёр, жирканч кўзларига боқсам бир хил туйғунинг суратини — ўзимга нисбатан чексиз нафратнинг бўрттирилган тасвирини кўраман, юракларига назар солсам эса уларнинг қалби мудом бир хил, ҳатто ўлаётган пайтларида ҳам ҳаётга нисбатан улкан тўйинмаганликни тараннум этиб дук-дук ураётганини сезаман… Доим тақдир тақозоси билан бирорта одам боласининг жонини олгани йўқлаб борганимда, ким бўлишидан қатъий назар — у ўзи келган ҳаётга тиш-тирноғи билан ёпишиб олганча, рамақижон ҳолатида ҳам ўзидаги кунпаякун бўлиб улгурган иродани бор-будича ишга солиб, тириклигида ўзи миллион марта лаънатлаб айюҳаннос солган дунёдан риштаси узилгиси келмай, кўзлари пирпираб жон беришини кузатиб ўзимга нисбатан буюк бир жирканишни ҳис қиламан… Одамлар мендан нафратланишади, бу аниқ. Чунки мен уларнинг ҳаётда абадий қолишларига тўсқинлик қиламан, улар яшашдан ва тирикликлан олган завқ-у шавқларини, лаззатларини шартта кесаман, ибтидоларини интиҳога айлантираман, қўлга киритган моддий ва номоддий нарсаларидан уларни киприк қоқмай мосуво қиламан. Мен ҳам улардан тоза нафратланаман. Шуни улар билишармикин? Жудаям қаттиқ нафратланаман. Уларнинг жонини олиш менга юклатилганидан, жонларини олаётган пайтим минг хил тусланишни-да уддалай оладиган ниқобли афт-башараларига, турли-туман маънолар ифодасига шўнғиган нигоҳларига, қандай маразлиг-у тубанликларга гувоҳ бўлмаган таналарининг тупроқ монанд рангига қараб мислсиз изтироб чекишимни улар қаёқдан ҳам билишсин? Улардан энг кўп қачон нафратланганман? Эсимда йўқ. Ҳозир эслаб кўраман. Нобель динамитни яратганидами ёки Курчатов водород бомбасини ўйлаб топганидами? Ёки диктатор Сталиннинг қўлида шу жонларнинг миллионтаси қўғирчоқ бўлганидами? Тўртинчи синф маълумотига эга бўлган, чаласавод Гитлернинг кетидан кўр-кўрона эргашишгандами? Булар ҳам албатта нафратланишимга сабаб бўлган. Аммо энг кўп 1901 йилда — машҳур бастакор Жузеппе Вердининг жанозаси куни улардан нафратланган эканман. Ўйлаб кўрсам шундай. Ўша йили январда у жон таслим қилиб, бу ёлғон дунё билан хайр-хўшлашиб, чин дунёга — Яратганнинг ҳузурига равона бўлганди. Январь охирлаб бораётган бир пайтда қишнинг изғиринидан одамлар азият чекиб, кўчада жағлари такиллаб, бурнилари оқиб, кўзлари киртайиб, дир-дир титраб юришганида менга Жузеппе Вердининг жонини олиш вазифаси юклатилган, надомат бўлсинки, унинг ердаги умри ва насибаси тугаганди. Мен унинг олдига биринчи ва сўнгги марта кирганимда (барчанинг олдига шунақа, фақат бир марта кираман) у равонли ётоқхонада, хона бурчагидаги тепасига Исонинг хочга михланган картинаси осилган каравотда жон олиб жон берар, унинг атрофида узун ва ёпишган кўйлак кийган ёшроқ хоним ва бир аёл-у бир эркак хизматкордан бўлак ҳеч зоғ йўқ эди. Менга маълум бўлишича, у олти кундан бери тўшакка михланиб ётган, қаттиқ оғриган, айни пайтда танасидаги ҳарорат баландлиги важидан ҳушини йўқотаёзган, яқинларининг саволларига ҳам тил учида ёки алмойи-алжойи жавоб қайтарарди. Жон бераётганлар умри якунининг сўнгги онларида қаршиларига келганимни кўришади, шекилли. Ўзим мансуб бўлган оламдаги фаришта ва малоикаларнинг бирортаси менга бу ҳақида индашмаган. Лекин, бу дунё пайдо бўлиб, мазкур қалтис ва ношуд вазифа менга мажбуран юклатилибдики, қачон, қаерда ва қайси пайт ожиз, хом сут эмган исталган банданинг олдига бормай, унинг кўзлари мен томонга ўгирилиб даҳшатдан косасидан чиқиб кетай дейди. Мен унга шарқ томондан яқинлашаманми ё ғарб томонданми, бошида тураманми ё оёқ тарафидами — у мени пайқаши билан қўрқувдан дағ-дағ қалтирайди, танасидаги туклари хурпайиб, зўр-базўр ва оғир-оғир нафас олади. Ичидан аламли фарёдга ўхшаш нимадир отилиб чиқишга шай туради. Верди билан ҳам шундай бўлди. Чол беихтиёр мен томонга кўз ташлади. Шунда унинг чиройли кўзлари косасидан чиқиб кетай деб, жон ҳолатда хириллади, каравотнинг тўшагини қоқсуяк ва туксиз қўллари билан маҳкам ғижимлаб олди, кенг пешонаси тиришиб ўртасида йўғон чизиқ пайдо бўлди. -Маэстро жон беряпти,- деди хизматкор аёл шунда унга яқин келиб. Чол унга эътибор қаратмас, икки кўзи менда эди. Балки, ўзим эмас эгнимдаги бу дунё руҳонийларининг кийимларини эслатувчи узун қора ридо ва бошимдаги ноодатий бош кийими уни даҳшатга солгандир. Балки, кўзларимдаги одам боласига ғалати туюладиган қизғиш ўт уни чўчитгандир. Аммо, даҳшатдан у ўзини йўқотгани аниқ эди. Белгиланган вақт бўлганида унинг жонини олдим. Олдин ҳам эмас, кеч ҳам эмас. Унинг ризқи узилиб, бу дунё билан хайрлашди. Оламга машҳур бастакорнинг юраги уришдан тўхтади, кўзлари мангуга юмулди. Жонини олар чоғим унинг танасидан атрофга тирқираб қон сачради, лекин бу қон унинг атрофидаги одам болаларига кўринмади. -Маэстро жон таслим қилди. Энди эгнига фрак кийган, сочлари тўкилиб, соқоли оқарган эркак хизматкор сўз қотди. Уни гапини пича ўтиб хонага кириб келган пакана ва семиз доктор ҳам тасдиқлади. -Бандалик, -деди у Вердининг билагини қўлига олиб, унинг томир уришини диққат билан текшираркан қаршисида мулзам ўтирган ёш хонимга.- Таъзиямни қабул қилинг, синьора! Мен бир четда уларнинг ишларини кузатиб турдим. Бастакорнинг руҳи аллақачон сарвари олам сари йўлга чиққан, энди унинг манави темир каравотда ётган бир уюм лошини сўнгги манзилга элтиш қолганди, холос. Бу эса одам болалари бўйнидаги қарз ва масъулият эди. Улар бу ишни адо этишмагунча мен ҳам ўз арши аъломга қайтиб боролмасдим. Унинг ўлими ҳеч қанча ўтмай бутун Миланга овоза бўлди. Хабар гўё қанот чиқариб учгандек шаҳарнинг ҳар бир бурчагига қадар етиб борди. Орадан кўп фурсат ўтмай хонадон қаршисидаги майдонча одамларга лиқ тўлди. Улар қўлларида гул билан, бош кийимларини ечиб дераза томонга қараб туришар, баъзилари йиғлашар, баъзилари оғир хўрсинишарди. Руҳоний келиб Вердини сўнгги йўл олдидан чўқинтиргач, уни ғассол ювинтирди ва тобутсоз келтирган тобутнинг ичига жонсиз танасини авайлаб солишди. Бу иш ниҳоялагач, жигарранг тобутнинг устини очиқ қолдирган ҳолда ётоқхонага қўшни бўлган катта залга кўтариб олиб чиқишди ва унинг ўртасида турган узун стол устига авайлаб қўйишди. Шундан сўнг, деворларига турли картиналар илинган, шифтидаги тилларанг қандил атрофга шуъла таратиб турган, деразаларига пушти ранг оғир пардалар тортилган залнинг ичига йўлакда мотамсаро қиёфада турган шаҳарнинг кўзга кўринган кишилари ичкарилашди ва хонадон аҳлига расмий равишда бирин-кетин таъзия билдиришди. Хоним ва икки хизматкор бу кишиларнинг томдан тараша тушгандек қаердан пайдо бўлишганини билишмас, бастакор олти кун тўшакда жони оғриб, одам боласига муҳтож бўлиб ётганида уларнинг қораси ҳам кўринмаганини ўйлашаркан тақа-тақ бошлари қотар, юраклари кичрайиб кетгандек сиқиларди. Мен тобутнинг олдида виқор билан турардим. Бу танадан руҳни олиб бўлиб ўз ишимни бажарган, энди ерга тегишли бўлган насибани эгасига етказиш керак эди. Тобутнинг ичида бастакор жимгина ётар, бир неча соат олдин уни қийналиб жон бергани юзидаги осудаликдан сезилмасди. Тобут атрофига у яратган операларнинг партитуралари тартиб билан қўйиб чиқилган, шунингдек, унинг севимли шляпаси ва ҳассаси стол четида турарди. Мана “Эрнани” номли операсининг партитураси. Бу опера Гюгонинг шу номли драмаси асосида яратилган бўлиб, Оврўпо ёшларини бир пайтлар ақлдан оздирган, уларнинг кайфиятларини мусиқага туширгани учун бастакор номи уларнинг олқишларига сазовор бўлганди. Ўшанда Франциядаги “Комеди Франсез” театрида бу опера қўйилса ҳар куни аншлаг кузатиларди. Бу “Макбет” операсининг партитураси. Верди уни Шекспирдан илҳомланиб ёзган, Шекспирнинг қаҳрамони унинг мусиқасида янаям ёвузроқ кўринган ва одамларнинг юрагига бошқача ваҳм солган, сўздаги талқиндан кўра мусиқий талқинда кўпчилик Макбетнинг тушунарсиз табиатини теранроқ англаганди. Бу эса “ Отелло” операсининг эскириб кетган партитураси. Ўша бахтсиз ва ишонувчан хабаш ҳақидаги асарнинг мусиқий талқини. Верди уни яратганида ҳабашга ачиниб йиғлаганди. Ҳабаш аслида ёмон одам эмасди, Верди унга қайғуриб ва ҳайриҳоҳлик билан бу операни ёзганди… Мана унинг ёнгинасида яна бошқа операларнинг партитуралари ҳам турибди. Ҳаммаси… “Риголетто”, “Қароқчилар”, “Бал-Маскарад”, “Дон Карлос” ва бошқалар. -Жузеппе Вердининг ўлими нафақат Милан, балки Италия учун улкан йўқотиш,- деди шаҳар мэри биринчи бўлиб тобутга яқинлашаркан, унинг ёнига келиб туриб олган ёш хонимга юзини буриб.- Балки, бутун дунё учун ҳам. Мусиқа ўз маэстросидан айрилди бугун! У тобутга яқинлашгач, бир тутам сочигина қолган бошини айбдорлардек эгиб бастакор билан хайрлашди. Кейин бошини кўтариб, қаршисидаги ёш хонимга гапирди. -Жузеппе Вердининг жияни сифатида таъзиямни қабул қилинг. Тобутнинг олдида камина ҳамроҳлигида хонадонга ташриф буюрганлардан ҳамдардлик ва таъзия қабул қилиб турган бастакорнинг жияни мэрга тикиларкан, унинг нигоҳидан “Кеча тириклигида қаердан эдингиз?” деган маънони ўқидим. -Маэстро, театримиз сизсиз ҳувиллаб қолади,- деди мэрдан эстафета таёқчасини олган Миландаги “Ла Скала” театрининг сочи силлиқ директори оҳорига гард тегмаган фраки тугмаларини қадаб тобут олдига келгач,- Сиздан хотира бўлиб ўта нозик дид билан ёзилган операларингиз қолди. Уларни ҳар сафар тинглаганида инсоният сизни эслаб, улуғлашига чин дилдан ишонаман! Вердининг жияни унга зимдан қараркан “икки кун олдин қаердан эдингиз, унинг томоғидан сув ҳам ўтмай қолганида қаерда эдингиз?” дерди гўё. -Cиз оиламизнинг энг азиз ва беқиёс меҳмони эдингиз,- деди Милан шаҳридаги энг баобрў оқсуяклардан бири ўз навбати келгач майитга яқинлашиб ва кўзлари ёшланиб бастакорнинг совуб бўлган пешонасига лабини босди.- Энди бир умр сизни кутиб, эшикни пойлаб яшасам керак! “Қизиқ, икки кун олдин кечки овқатга чакиргани унинг хизматкори келганида, унга Маэстрони оғир касал, тўшакдан тура олмаяпти деб айтган эдик. У эса бир неча соатдан сўнг “соғайиб кетсин” деган мазмунда малайидан бир энлик мактуб бериб юборганди. Нега у бугун келди?” Уни кузатаркан, Вердининг жияни кўнглидан шу дардисар хаёл лип этиб ўтди. Миландаги энг таниқли нотариус ва ҳуқуқшунос- бастакорнинг тириклигида яқин дўсти бўлган киши унинг жонсиз танасига яқинлашганда қизнинг кўзлари ғазабдан тўлиб-тошиб, ости кўкариб кетди. “Мана, у ҳам таъзия билдиргани етиб келибди. Тўрт кун олдин мерос масаласида пилдираб келиб, ҳужжатларга йўл-йўлакай Маэстрога қўл қўйдирган-у, унинг олдида беш дақиқа ҳам қолмай иши кўплигини рўкач қилиб кетганди. Энди йиғлаяпти, тавба, хотинлардек хўнграб йиғлаяпти!” -Азизим, Жузеппе,- деди ҳуқуқшунос тобутнинг қаршисига тиз чўкиб, бошини унинг четига тираб йиғларкан.- Сиз билан камин олдидаги узоқ давом этган оқшомги гурунгларимизни бир умр унутмайман! Улар сўнгги нафасимгача ёдимда, юрагимда бўлади! Беназир инсон эдингиз, сиз билан суҳбатлашгани ҳузурингизга шошиб яшардим! “Сарой шоири ҳам етиб келибди. Не ажабки, муборак юзига чуқур қайғули тус берган. Дугонамнинг айтишича, беш кун бурун аллақайси Граф ўтказган балда у нозик хонимларга шеър ўқиб, уларнинг мўътабар даврасида ўтирганда, унга Масэтронинг оғир хасталигини айтишган маҳал, қах-қах уриб кулган ва кўзлари ёшланиб “чол ҳали бақувват, соғайиб отдек бўлиб кетади ва ёнимга яна либретто сўраб келади, деб бақирган экан шампан виноси тўлдирилган қадаҳни симириб.” -Сизнинг бетакрор операларингиз учун либреттолар ёзиш мен учун шарафли машғулот эди,- гап бошлади шоири замон Вердининг жонсиз қўлларини майин ушлаб силаркан.- Кўплаб операларингизда биз бирга ишладик. Тунни тонгга улаб, оч-наҳор, итдек чарчаб. Лекин уларни яратдик. Улар дунё юзини кўрди. Мен сиз билан бирга ишлаганимдан фахрланаман! Милан бошқа сиздек бастакорни кўрмагай. Эртага, ҳа, эртага сизга бағишлаб марсия ёзаман ва газетада эълон қиламан! Сиз ҳақингиздаги хотираларимни ҳам кечиктирмай эълон қиламан! Ё мақола шаклида, ё достон шаклида. Таржимаи ҳолингизни ҳам ёзиб, китоб ҳолида чиқараман! Кўп ўтмай дераза олдида ур-сур, тўполон, ғала-ғовур, шовқин-сурон бошланди. Майдонча аллақачон одамларга тўлиб бўлган, улар энди бирин-кетин қўшни майдонлар ва кўчаларни ҳам тўлдиришар, осмондан тушгандек кўчаларда зич ҳолда пайдо бўлган — ҳар қаердан келган юзлаб одамлар Жузеппе Вердининг номини жўрликда тинмай такрорлашар, кафтларини лабларига босиб унга хаёлан бўсалар юборишар, шойи дастрўмолларини қўллари толгунча силкитиб-силкитиб у билан мангуга хайрлашишар, жуда бўлмаганда эса бир-бирларининг қучоқларида бу айрилиқ дардини кўтаролмай ўзаро ҳасратлашишар ё таскин-тасалли истаб унинг операларидан парчалар хиргойи қилиб овунишарди. Вердининг тобути елкаларга олиниб, уйнинг ичидан кўчага олиб чиқилганда оломон дастлабки лаҳзада гангиб, нима қилишини билмай ўзини буткул йўқотиб қўйди. У бир муддат шундай қотиб турди, шунда кўча гўё сув қуйгандек жим бўлиб, пашшанинг учгани ҳам билинмади. Оломон тилдан қолгандек, кўзларини бақрайтириб тобут томон бир неча сония маъносиз тикилди. Бу манзара орқали уларнинг маданий ҳордиқ чиқариши, эстетик завқ олиши, руҳиятини таъсирланиши учун мусиқий опералар ёзган бастакорни тобут ичида кўриш уларни карахт аҳволга солиб қўйганини тахмин қилиш мумкин эди. Бироқ, бу бир лаҳза давом этди. Бир лаҳзагина. Сўнг, оломон шув этиб жойидан қалқиди ва ҳамма — мўйсафидлар ҳам, болалар ҳам, ўрта яшар эркагу-аёл ҳам ўзини тобут томон отди. -Тобутни беринглар менга ҳам, елкамга олай! -Мени орага ўтказиб юборинг! -Маэстронинг тобути… ҳеч бўлмаганда ўн қадам уни елкамда олиб борай! -Беш қадам… майли, беш қадам -Ўтказворинглар мени, бераҳмлар! Мен узоқдан келдим! Устига қора кўйлак кийиб, юзига ҳарир тўр ташлаб олган Вердининг жияни тобутни елкасига олиш учун бир бирини уриб-туртиб, кийимларининг тугмалари сиртилиб, бош кийимлари қийшайиб ёки оёқ остига тушганча орага суқилаётган оломонни четдан кузатиб, шошилмай қадам олиб кетаркан, ногоҳ бир уларнинг тепасида қабристон сари худди сузиб бораётгандек кетаётган тобутга, бир боши устидаги тунд осмонга маъюс кўз ташлади ва унинг ёнида кетаётганимни сезгандек кутилмаганда мен томонга ўгирилди. -Кеча, илгари куни… олти кун аввал улар қаерда эди? — деди беҳол пичирлаб ва.. бирдан йиғлаб юборди.
2020-03-20
http://nodirabegim.uz/archives/1925
Ишхона жимжит. Кеча газета чиққани учун ҳамма ҳийла ҳотиржам. Иш столимга қарайман – китоб, ёндафтар, ноутбук, қаламдон. Айтганча, китоб! Абдулла Қодирий, “Кичик асарлар”, 1969 йил. Қаердан келиб қолганини билмайман, аммо кеча шу китобнинг ичидаги “Калвак маҳзумнинг хотира дафтари” ҳикоясини қайта ўқиганим ёдимда. Келинг, шу мулла Калвак маҳзум ҳақида бироз фикр юритайлик. Калвак маҳзум – эски одам. У ўзи яшаб турган ўлкасига кириб келаётган тараққиёт, тамаддун изларини эски қарашлари билан инкор қилаверади ва бу инкор остида ўта майда, ўта чиркин ва ўта кулгили даражада арзимас, аммо даҳшатли жаҳолат асосига қурилган манфаат ётади. Калвак маҳзум билан шаҳар айланаман. Ёнимдан ўтган миршабнинг кийимига норози қарайман, паранжисиз ўқувчи қизга бепарда саволлар бериб гап эшитаман, маҳзум тоғамнинг малла тўнига илашиб чит бозорига бораман, буғолтир, инженер, халқпарвар савдогарларни алқайман, ўзимга ўхшамаганларнинг гўрига ғишт қалайман. Тўхта, мен ўзимни зиёли деб билмасмидим? Зиёли бўлсам, нега бу ишларни қиляпман? Тасаввур қилинг, жаҳолатга маърифат деб ном берилса. Чинакам маърифат эса ёт унсур ўлароқ четга итқитилса. Четга чиқиб кетаётган ёшлар, ишлагани кетаётган гастрабайтерлар, четлаштирилган маданий соҳалар каби. Ва жаҳолат миллатнинг кўзгусига айланса… Нима бўлади? Калвак маҳзумдек фикрлагичлар ҳозир йўқ, деб ўйлайсизми, қадрдон? Бор, аммо улар навниҳол қизлардан паранжи талаб қилишмайди. Миршабларга таъна қилишга ўзларида журъат тополишмайди, аммо ёшларни танқид қилишни қойиллатишади. Уларнинг бугун номлари кўп. Порахўр, билимсиз, талабаларнинг билимини эмас, галстук тақган-тақмаганинигина муҳокама қилишга ақли етадиган, тепадан белгилаб берилган программа асосидагина дарс ўтадиган, ўз фикрига эга бўлмаган ўқитувчи ва яна алламбалолар. Лекин энг аламлиси нима, биласизми? Энг аламлиси… Мақола ўқитувчилар ҳақида эмас! Замон ўзгаради. Замонга қўшилиб одамлар ҳам. Хўш, халқ ўзгарадими? Менимча, йўқ. Миллат руҳияти ўзгармайди. Унинг руҳияти, ички ҳолати ўз илдизларидан узилиб кетмайди. Буни биз кўп кузатдик. Бозорларда, жамоат транспортларида, навбат кутишларда, дарсларда, судларда, сайловларда… Ҳамма жойда Калвак маҳзумлар бор эди. Улар ўзларининг жоҳилона манфаатларини ҳар ерга тиқиштиришар ва энг ачинарлиси, ҳеч кимса уларнинг бу ишига ҳайрат билан боқмасди. Биз Калвак маҳзумларга кўниккан эдик. Қодирий бобо башоратчимиди? Йўқ, у ўз ҳикояси билан Калвак маҳзумларни танқид қилган ва бундай эскилик сарқитларини шу ҳикоя бирла йўқ қилодурман дея ўйлаган бўлсалар керак. Афсус, орамизда кимларнингдир томир-томиригача, суяк-суягигача эскилик соғинчи, пичоғи ёғ устида бўлган даврларга қайтиш истаги кучли экан. Уйғоқ ва бардавом экан. Бу бардавомлик, бефарқлик, тавқи лаънат муҳри қачон парчаланишини Худонинг ўзи билдирмаса, биз осийлар бехабар ўтиб кетадирганга ўхшаймиз. Калвак маҳзум ва жаҳолат. Бугун зиёли қатлам ўз кун тартибига қўйган масалаларни ҳудди Калвак тоғамнинг услубида ҳал қилинаётганга ўхшайди. Кино санъатини таҳлил ва танқид қилишни олайлик. Кинога Аристотель назарияси ва Кант эстетикаси призмасидан қараган ҳолда миллий колоритнинг қанчалар қуюқ берилганини ҳисоблаш, дид ва қарашларни таҳлил қилиш, жанр кесимларида монтаж, сюжет, либослар, декорация тадқиотларини ўтказиш, адабиётдан манба излаш, халқ фикрини, халқ эҳтиёжаларини ўрганган ҳолда фильм руҳияти устида изланишлар олиб бориш? Йўқ, биз буни билмаймиз. Ахир бизнинг бутун бошли маънавиятчилар армиямиз бор-ку! Уларнинг ўзи хоҳлаган фильмингизни лойга қориб беришади. Қўлларида эса энг даҳшатли “Бу фильм ўзбек менталитетига зид” деган қурол бор. Уларга фарқи йўқ, бу даҳо Тарковскийнинг фильмими, Аюб Шаҳобиддиновнинг навбатдаги санъат асарими ё Спилберг шедеврими… Қўлларига гулқайчи эмас, ойболта олиб санъат боғига маданиятсиз викинглар тамаддун ватани бўлмиш Муқаддас Рим империясига қандай бостириб келган бўлса, шундай шахдам одимлар ила кириб бораверишади. Бошқа соҳаларда ҳам шундайлар бор. Улар ҳам Калвак маҳзумнинг давомчилари бўлса, не дард? Ахир, биз Ибн Сино, Навоий, Бобур, Амир Темур, ал-Хоразмий каби буюк аждодларимиз билан фахрланамиз-ку? Нега энди Калвак маҳзумдек жоҳил боболаримизни тан олмаслигимиз керак? Япроқ ўзи турган дарахтнинг илдизи қуригани учунгина дарахтни тарк этмайди. У тан олади ва ўзининг ушоқдек жонини чириган илдиз соғаймоғи учун сарфлайди. Бу – табиат қонуни. Нима, сиз табиат қонунига қаршимисиз? Узр, бу гапим маънавият ўқитувчимга қитмир савол берганимда маънавият ўқитувчимнинг мен – одам бўлмайдиган ўқувчисига берган жавоб оҳангига ўхшаб кетди. Минг бор узр… Нетамиз энди, менинг ҳам қонимда эскича маънавиятчилик, сарқит ғояларга алданиш аталмиш ярамас одатлар бор. Биз кўп нолиймиз, қадрдон. Нолишларимиз фарёдга айланади. Фарёдлар эса акс-садоларга. Бориб-бориб акс-садолар ҳам тинади ва биз оҳ чекишдан чарчаймиз. Бизни нолишга мажбур қилаётганларга таслим бўлиб, барига кўникамиз. Жаҳолатнинг маърифат шаклига кирмоғи шундай кечади. Бу юртнинг эгаси бор, деймиз. Хўш, бу эгалар ким ўзи? Уларнинг юртини ҳимоя қилишдан бошқа яна қандай ташвишлари бор? Юртини ривожлантиришми, юртида тирик юришми, бир бурда нонини иссиқ ва ёруғ уйда ея олишми, ойлигидан ортагн пулига ҳеч йўқ ватанининг қай бир бурчагидаги сиҳатгоҳда дам олиб келишми ё боласини олийгоҳларда арзонроқ ўқитишми? Мен ҳали бу саволларга жавоб бериш учун жуда ёшман. Ёнимда бирон киши миллий муаммолар ҳақида оғиз очса, қишлоқларда яшаш учун курашаётганлар, битта туманда биттагина бўлган кутубхонада қўлларини куҳ-куҳлаб китоб излаётган болалар, уйи “снос” га тушиб, борарга жой тополмаётган оилалар, хотинини четга жўнатиб, бола боқиб ўтирган эркаклар, дод дейишга овози йўқ, овози бўлса эшитар бир кишиси йўқ, сув-ҳашаги ёлчитиб берлимайдиган, аммо ниҳоятда соғин сигир бўлиб қолган талабалар, ўзи жон сақлаб турган бинони сотиб юборган …лар дастидан кўчада қолган, ўқимайдиган ва қориндан бошқа ғами йўқ кимсалар сабаб куни “обуна” отлиғ гадойчиликка қолган журналистлар, бильярдхонага бору кутубхонага йўқ шаҳар марказлари, синф хонасида пальтосини ечмай, дарс тугагач ҳоким буванинг селекторига шошиладиган фаол ўқувчилар, уйқусиз тунларини илмга сарфлаб, охирида ишонганлари, эътимод қўйганларидан бир парча фахрий ёрлиқ олган кичик даҳолар, микрофон олдида жаннатнинг меъморидек кўринадиган, аммо оддий халқ қаршисида дўзах рамзига айланадиган кишилар ҳақида куюниб гапирса, қўйсангизчи бу гапларни, мен бир ўқийдиган, ўқиб-ўқиб четга “сурадиган”, тил биладиган одамман, деб илжайиб қўяман. Тушунинг, бу илжайиш томошаси тугаганидан сўнг шу қадар, шу қадар хўрлигим келадики, асти қўяверасиз. Хўрлик асносида аё Калвак маҳзум, авлодларингни бу ёқлардан олиб кет, биз яшолмаяпми ахир, деб ўкириб юборгим келади. Ўкиролмайман. Ўкирсам, нариги хонадаги муҳаррир ёрдамчиси Кумуш опа қўрқиб кетиши, мени аҳлоқсиз деб ўйлаши мумкин. Зотан… ўзингиз тушунасиз, мен зиёли одамман-ку. Дарвоқе, Калвак маҳзум ҳам инқилобдан аввал шу жаҳолату сарқитхўрлиги ила маҳалласида имом эрди. Ҳурматли кишилардан саналарди. Столим ҳамон бетартиб. Асабларимдек. Аммо, қўлимда ҳазрат Қодирий. Виқор, изтироб, алам ва умид тўла кўзларини мен ғарибга тикиб турибди. – Ҳазратим, бу жаҳолат оловини ким ўчиргай, – сўрайман Қодирийдан. Очиқ қолган деразадан шамол кириб китоб саҳифаларини шилдиратади. “Калвак маҳзумнинг хотира дафтари” – шамол шу саҳифага келганда таққа тўхтайди. Бу ҳам бир аломатмикан, дея ўйлаб қоламан. Аломатдан маломат чиқмаса бас, фақат шафоат бўлур, дея чойини ҳўплаб қўядиган жийдадек юмшоқ бувимни эслайман. Таппи ёпиб, пахта териб қўллари қабарган бувимни… Калвак маҳзум, қайдасиз энди? Келиб, бу давомчиларингизга ўз пушаймонлигингизни, жаҳолат минг рангланса ҳам охири чинакам маърифат ғолиб чиқажагини, ҳеч йўқ ўша маърифат четдан қўним топиб бўлсада яшаб кета олажагини тушунтирмайсизми? Халққа ҳам айтар сўзингиз бордир? Айтинг, ўзгаришга, йигирма биринчи асрда яшаётганини ҳис қилишга, ҳуқуқини фақат билиш эмас, балки талаб қилишга ҳам ақли етадиган бўлсин. Ахир, ўзида инсоф бўлмаса, бу халқни Ҳорун ар-Рашид келиб ҳам одам қилолмайди-ку. Ўзида, амалида ҳалоллик бўлсин. Номини шер атаб каламуш уясида кун кечирган йилларига ачинмайдими бу халқ? Калвак маҳзум, ачинмайдими? Порани олган қўллари билан эртага порахўрликка қарши нимарса ёзишга, пора берган қўлларини қулоғининг юмшоғига босиб намоз ўқишга, ёшларга боққан таънали кўзлари билан набирасига боқишга уялмайдими? Ўз тажрибангизни, ерга ишқалган бурнингизни буларга кўрсатинг. Кўрсатишга бизнинг виждон чидамайди. Чунки ўзимизни фариштадан олиб фариштага минг солмайлик, ҳар кимнинг оғзи қон, гуноҳ савати майдон. Қайдасиз, Калвак маҳзум? Ҳақиқат, ҳақгўйлик фароғатнинг калитими? Бизга шуни айтмай кетдингиз-ку? Афсус, Қодирий бобо ҳам, Калвак тоға ҳам ўз гўрларида тинчгина ётибдилар. Энди бизнинг саволга сиз жавоб беринг, ҳазрати газетхон: Халқни жаҳолатдан қутқармоқ учун нима қилмоқ керак?
2020-02-19
http://nodirabegim.uz/archives/1798
Бу сатрларга шаҳар марказий касалхонасининг хирургия бўлимида ётганимда кўзим тушганди. Ўшанда давомий ошқозон оғриғидан азоб чекиб, кун бўйи темир каравотга михланиб ётарканман, оғриқнинг зўридан кўз олдим қоронғулашиб кетгандек туюлиб ҳатто кўзларимни очмасдим. Овқат еганимда оғиз бўшлиғимдан миснинг таъмини билдирувчи ачқимтир ҳид келар, кўнглим кунига икки-уч марта айниб, тўхтовсиз қайт қилардим. Бир куни онам менга зарур нарсалар билан бирга севимли газетамнинг навбатдаги сонини олиб келди. Буни кўриб хурсанд бўлиб кетдим. Газетани дарров қўлимга олдим. Очиғи, даврий нашрлар ичида биргина шу газетани ўқир, бошқа адабий газеталарга мана неча йилки, қизиқиш билдирмасдим. Газетанинг иккинчи бетида севимли адибларимдан бири Маркеснинг суратига кўзим тушди. Бирорта ҳикояси босилибди-да, деб ўйладим дастлаб. Йўқ, ҳикояси эмасди. Пича ўтиб, бунга амин бўлдим. Унинг оқ-қора сурати ёнида “Хайрлашув мактуби” деб номланган сарлавҳа катта ҳарфлар билан ўқувчини ўзига жалб қилиб турарди. Адабиёт оламида Маркес ўлими олдидан ёзган деб тахмин қилинган бу мактубни ўшанда бир нафасда ўқиб чиққандим. Бу мактуб шуниси билан мен учун аҳамиятли эдики, уни ўзининг фусункор реализми билан тилларда достон бўлган Маркес эмас, худди мен ўзим ёзгандек туюлар, унинг ҳар битта сатри юрагимга шунчалар яқин эдики, гўё ичимдан отилиб чиқаётган нидо, алам, фарёд бир бўлиб, мактубга маҳорат билан терилган сўзларга айланиб қолгандек эди. Чунки, бу фикрларга мазкур мактубни ўқишимдан анча олдин — ҳасталик сабаб тўшакка михланиб қолганимда ва тинимсиз зерикарли ,бир тийинга қиммат даволаниш курсларини ўташ жараёнларида руҳим чўккан онлар келиб улгургандим. Мактуб газета устунидан туриб ўша кезларидаги умидсизлик, виждон азоби ва надомат ҳисси билан қоришиб кетган тавба-тазарруларимни такрорлар, эсимга солар, қалқитиб юзага чиқарарди. Дарҳақиқат, шу сўнгги даволаниш жараёнида кун бўйи ақалли жойидан силжимайдиган каравотимда ётарканман, ўзим ва теграмдаги воқеа-ҳодисалар ва одамлар ҳақида, ҳозирги куним ва келажагим ўртасидаги узилган боғлиқлик-у тобора авж олиб бораётган мавҳумлик борасида янада кўп фикр қилар, шунда тўсатдан ўрнимдан туриб ялангоёқ бўлса-да, чарчаб кетгунча юргим, ёш боладек кўча чангитиб чопқиллаганим келарди. Бошқалар ухлаганда менинг қизариб кетган, бировга маъносиз қарашни одат қилган кўзларим илинмас, тонггача шу тахлитда шифтга қараб безовта ўйлар орасида ойпараст каби паришон ётардим. Ота-онамми, врачми, ҳамширами — ким менга гапирмасин уларга нуқул эътироз билдирар, гоҳо оғзимга талқон солгандек шунчаки жавоб қайтармас, гоҳо пичинг қилиб киноя қилар, бунинг аксини қилишга уринсам-да, аламзадалик сабаб бу ҳеч қўлимдан келмасди. Кўз олдимдан эса ҳасталигимдан олдин ўзимга бино қўйиб, энг сўнгги урф бўйича ва соч турмагимга алоҳида эътибор билан кийинганларим, жаҳон адабиётини мутолаа қилиш ҳаётимнинг ажралмас қисми бўлгани учун ҳар куни Мольер, Руссо, Бальзак, Гюго, Цвейгнинг ҳозирги кунда биров ўқимайдиган асарлари билан бошимни маълумотларга лиқ тўлдириб, ярим кечадагина ўрнимга ётиб, қуёш аллақачон ўз ётоғидан кўтарилганидан кейин уйқусираб ўрнимдан турганларим кетмасди. Бу сатрларни ўқиганимда кўкрагим остидаги юрагимда уйғонган аччиқ иқрор сабаб қийналардим, лаҳза ўтиб унинг атрофига кимдир ўт чақиб ёқиб юборгандек бўлар, бу олов ичида у жизғанак бўлиб митти аланга таратиб куйиб кул бўларди. Бу аччиқ иқрор шу эдики, мени тўшакка михлаган токчада рентген сурати турган ошқозон яраси эмас, аслида юрагимдаги битмас-туганмас, ўликдек совуқ нафрат эди. Уни бирор марта бўлсин ҳафсала билан жиловлай олмаганим, доим рағбатлантирганим , атрофимдаги деярли барчадан нафратланганим, уларга баравар аччиқ қилиб яшаганим учун бугун тўшакда чалажон аҳволда ётардим. Маркес менинг шу ўзи билан бирга улкан афсусни етаклаб келган жиддий қусуримни тутантириққа ҳам ярамайдиган газета қоғозига бостирилган мактуби орқали гўё ўзимга бир ойна сифатида тутаётганди. Ҳар куни уч маҳалдан фармацевтларни бойитаётган дори-дармонларни афтимни бужмайтириб ичарканман, кўкариб кетган томиримдан шприц орқали кимёвий суюқлик қабул қиларканман, қўполлигимдан безиган шўрлик ҳамширанинг хуркак нигоҳларини ва титраётган билагини кузатарканман, танамни музлатишдан бошқа нарсага ярамаган нафратимни кишанлашни ўйлар, ундан қутулишнинг йўлларини тўрт томонга қараганча нигоҳим жавдираб ахтарардим. Кетидан эса соғайиб оёққа туришим билан, биринчи навбатда Тошкентдаги Есениннинг уй- музейига боришни, Миллий академик драма театрида спектакл томоша қилишни, анчадан бери ўзим бормай қўйган китоб дўконига бориб Кортасар ёки Кавабатанинг китобларини харид қилишни ният қилардим. Маркес мактуби орқали гўё шу ўй ва ниятларимдан хабардор кишидек гапирарди. Мен ўйлардим: Агар врач ёнимга кириб, Шерзод Ортиқов, сиз эртага бутунлай тузалиб, вужудингизни кемираётган дарддан фориғ бўласиз деса қандай ҳолатга тушардим. Менимча, ўшанда униям, ёнидаги ассистентини ҳам, шприцда томиримга суюқлик юборадиган ҳамширани ҳам, ҳатто доим йўлакни супурадиган фаррошни ҳам — ҳамма ҳаммани бағримга босиб, уларни жудаям яхши кўришимни айтган бўлардим. Нафақат уларни, балки ота-онам, опа-синглим, севган аёлим, дўстларимни ҳам ҳар бирига алоҳида юзланиб, тутилмасдан, керак бўлса ўзим ёмон кўрадиган пафосли кайфиятда севишимни айтган, бир умр улардан қизғонган шу муқаддас туйғуни уларга қайноқ ҳолда тутган бўлардим. Мен севишдан тўхтаганим учун, аниқроғи нафратга юрагимдан ҳудудсиз жой ажратганим учун бевақт қариган, қирқ ёшга кирмасимдан сочларимга оқ оралаган, чидаб бўлмас даражада жиззаки ва асабий бўлиб қолгандим. Бўсағада эндиликда ҳар куни тонгдан оқшомгача менга тиржайиб, кайфиятимга раҳна солиб турадиган ажал ҳам ёшим ўта бошлагани учун эмас, айнан севишдан тўхтаганим учун мени исканжасига олиб, кунпаякун қилишга шай тургандек бўлар, буни хаёл қилсам баъзида қўрқиб кетардим. Мактубни бир марта ўқимадим. Етти марта ўқидим. Уни ошқозонимда бир маромда кечаётган оғриқ билан ҳар сафар ўқиб тугатганимда, бир-бирига ўхшамаган турфа хил ҳислар мени қамраб олди. Еттинчи марта уни ўқиганимда негадир кўзларим енгил намланди. Ўша куни ухлолмадим. Кўзим тонгга бориб аранг илинди. Лекин, дарров уйғондим. Кўзимни очганимда газета полга тушиб кетган, унга қўшилиб кўнглим айниганида оғзимга тутаётган шойи дастрўмол ҳам полда ётарди. Мен уларга кўп эмас, бир қур эътиборимни қаратдим. Боиси, ҳаворанг пардалари ярим очиқ турган деразадан тушаётган қуёшнинг заррин нурларига кўзим тушди. Қуёш эндигина ўз ўрнидан кўтарилаётганди. Демак, у билан бирга уйғонибман, дедим хурсанд бўлиб ва ўрнимдан эҳтиёт бўлиб туриб дераза олдига келдим. У ерда анча фурсат кўзларимни юмиб турдим ва шу аснода қуёшнинг илиқ тафтини ҳис қилгандек, хиёл энтикдим. Атрофга доимгидек мусаффо тонг отаётган, яратган эгам умримни яна бир кунга узайтирганди. Мактубни ўқиганимдан сўнг бу, яъни тонг отганда тирик эканим менга ўзгача таъсир қилар, бунда бир улуғ ҳикмат кўряпман десам эриш туюлса-да, миттигина имкон кўраётганим рост эди. Теварак-атроф ўзгача чирой касб этган, хар бир бурчакдан қуёшнинг товланаётган нурлари остида август ҳукмронлик қилаётган табиатнинг тобора кузга талпинаётган ҳавоси кезар, касалхона ҳовлисидаги мевалари ғарқ пишган дарахтлардан таралаётган хар хил ифорлар деразанинг очиқ ойналаридан майинлик билан хонага таралиб, хонанинг шифт ва деворларига ўрнашиб қолаётгандек таасурот қолдирарди. Ана ўрик дарахти. Тўққизинчи қаватдан бўлса-да, уни бошқа дарахтлардан ажрата оляпман. Уни ғўрлигида мевасини тузга ботириб истеъмол қилиш нақадар тотли… Олдин кимдир ликопчада уни менга тутса оғзимга олиш тугул, рад қилиб пешонамни тириштирардим. Ҳозир жон дердим, бир марта бўлсин татирдим… Ана, гилос дарахти. Июннинг бошида пишган мевалари тугаб улгурган. Болалик пайтимда чурвақа ўртоқларим унинг мевасини бўшаган лимонад шиша идишининг ичига солиб, ингичка таёқ ёрдамида эзишар, сўнг сувини ичишарди. Буни менинг таъбим тортмасди умуман, лекин ҳозир иккиланмай шундай қилган бўлардим. Унинг ёнидаги адашмасам, олма дарахти бўлса керак. Униям мевалари тугаб улгурибди. Яқингача ҳам уйда ё меҳмондорчиликда стол устидаги чинни, биллур идишда олмаларни кўрсам, уларни қўлимга олишим билан атрофини текшириб кўрар, мабодо четида сал захланган қисми бўлсаям, уни истеъмол қилмай, жойига қайтариб ташлаб қўярдим. Ўша захланган қисмини пичоқ ёрдамида олиб ташланса, шираси ўзгармаслигини яхши билсам-да… Энди-чи, дераза олдида кеча онам олиб келган олмани атрофига қарамай, ҳатто ювмай, тишлаб чайнардим. Касалхона катта йўлнинг бўйида қад ростлаганди. Катта йўлдан ўтаётган машиналар, автобуслар бир-бирини қувлар, юзма- юз келганда бир-бирини қиялаб ўтар, уларнинг атрофидаги пиёдалар йўлагида улардан қолишмаган тарзда шошилиб кетаётган одамлар тўққизинчи қаватдан майдароқ бўлиб кўринишарди. Энг қизиғи, машиналар пиёдалар ўтиш йўлакчасига умуман тўхташмас, унинг четида болалар ҳам, катталар ҳам, қариялар ҳам нима қилишини билмай туришар ёки амаллаб йўлнинг нариги тарафига ўтишарди. Бу машиналарнинг ранги ҳам, маркаси ҳам, ҳатто давлат рақами ҳам гўё меники билан бир хил эди. Автобусларга қарасам-чи, кўз олдимда уларнинг бир хил мато қопланган ўриндиқлардан иборат таниш ички қисми гавдаланар, ана ўша ўриндиқлардан бирида қулоғига қулоқчин тақиб, рўпарасида тик турган ҳолатда кетаётган нафақадаги мўйсафид ёнида мусиқа эшитиб кетаётган, қуйиб қўйгандек ёшлигимдаги кўринишимни эслатувчи йигитларни аниқ-тиниқ кўрардим. Шунда туриб-туриб ўзимни тўққизинчи қаватда пастга ташлаб юборгим, учиб бориб машинамнинг ичига тушиб уни ўт олдиргим, сўнг юқоридаги ўша йўлак қаршисида йигирма тўрт соат, ўтаётган одамларга табассум улашганча қотиб тургим келар ёки автобусга чипта олиб, унга чиқаётганимда қулоқчинимни оёқ остига ташлаб босгим, автобус ичида эса керак бўлса эллик марта ёши катталарга ўрин бўшатгим келарди. Касалхонага келган кунимдан бери тушлик пайтида озгина мизғиб олардим. Аммо бу гал бошимни ёстиққа қўйгим келмади. Деразанинг олдидан кетмай туравердим. Қўлимда бир четидан тишланган олма, унинг ёнида занглаган пичоқ, чети учган чойнак ва иккита ичи қорайиб кетган пиёла турар, бу манзара қанчалик оддий бўлмасин, орзу қилишимга халал бермасди. Мен охирги пайтларда ҳатто орзу қилишни ҳам унутгандим. Шунга илк дақиқаларда орзуларга берилишга, орзу қилишга ўлгудек чўчидим. Бироқ борган сайин ерни қиздираётган меҳрибон қуёшга бошимни кўтариб пеш турарканман, оппоқ орзуларнинг чексиз уммонида ўзимни бўш қўйиб, қайиқдек чайқалиб-чайқалиб кета бошладим. Тузалиб касалхонадан чиққач, роман ёзишни орзу қилдим. Худди Толстойнинг “Анна Каренина” ёки Бальзакнинг “Бой берилган хомхаёллар” романларидек қўлма-қўл бўлиб ўқиладиган, пишиқ-пухта роман. Наздимда, у шунчалар ажойиб бўлардики, ҳеч бир нашриёт рад эта олмас, адабий муҳит эса ўзининг қолипига тушмаса-да композиция ва структурасини кўриб уни танқид қилишга шунчаки юраги бетламасди. Бундан ташқари, адабий муҳит мени — мен услуб сифатида хуш кўрадиган танқидий реализм жанрини қабул қилмаса-да тинч қўйишини, уларга ўхшашга минг ҳаракат қилсам-да бунинг акси бўлаётганидан, улардек миллий руҳ ва колорит устун бўлган, чиройли матн тузилиб ўзбек изоҳли луғатида учрайдиган сўзлардан таркиб топган сўз бойлиги кўз-кўз қилинадиган ва бирор бир жанрга мансуб бўлмаган, инкубатордан чиққан жўжалардек бир хил ва нимжон ҳикоялар ёза олмаётганимдан азият чекаётганимни, адабиётни-наср ва назмни улар билан бошқа-бошқа фазовий кенгликларда идрок қилаётганимдан баъзан пешонамга шапатилаб, дод деб юборишимни тушунишини ҳам орзу қилдим. Тушликдан сўнг, кийимимни алмаштирмай, устимдаги одмигина касалхона кийимида лифт орқали пастга тушдим. Ҳовлига тушиб тинмай юрдим. Етти кун мобайнида ҳатто тўрт метр масофага қадам ташламагандим. Бу сафар касалхонанинг бинолари атрофини пиёда сайр қилдим. Орада четдаги ўриндиқларда ўтирган одамларни қизиқиш билан кузатдим. Улар кўтарилиб кетган институт шартнома пуллари ҳақида гапиришадими, тўйда элга тортиладиган девзира гуручдан тайёрланган палов ҳақидами, қўшниси янги машина харид қилгани ҳақидами, ўзимда бу олди-қочди мавзуларга нисбатан шаклланган руҳий иммунитетга қойил қолиб уларни жимгина эшитдим. Бемор ҳолимда кўп юрганимга ҳоридим шекилли, кўп ўтмай бўш турган ўриндиқлардан бирига бориб ўтирдим. Мен атай қуёш тушиб турган, ундан панада бўлмаган ўриндиққа томон бордим ва қуёшнинг жамолини янаям яқиндан кўрдим. Унга қараганим сари ўзимда яшашга кучли майл ва иштиёқ сезардим. Шу майл ва иштиёқ ўлароқ, тузалиб кетишимга бўлган дайди умид ҳам қаердандир топилиб келди. Касалхонадан чиққач, биринчи бўлиб адабиётда ҳам, ҳаётда ҳам энг яқин бўлган дўстим билан Тошкентдаги Есенин уй-музейига боришни мақсад қилдим. Албатта, бораман ва музейни узоқ томоша қиламан дедим. Кейин роман ёзаман. Хонамга қайтганимда, Маркеснинг мактуби босилган газета дастрўмолга қўшилиб ҳануз полда ётарди. Энгашиб икковини ҳам қўлимга олдим. Дастрўмолни у ер бу ерини қоқиб чўнтагимга, газетани ёстиғим остига қўйдим. Ўша куни Маркеснинг мактубини яна ўқидим, бу гал неча марта қайта ўқиганимни санамадим. Эсимда қолмади. Эсимда қолгани росаям кеч-ҳамма ухлагач ўрнимга ётдим. -Қўлингиз енгил экан, кам бўлманг. Эрталаб биринчи айтган гапим шу бўлди. Касалхонага келганимдан буён илк марта жилмайиб турганимни кўриб, томиримдан укол қилаётган ҳамшира ҳам жилмайди. Унинг ортидан тонгги кўрик учун врач хонамга кирди. -Сизни яна текширувдан ўтказамиз,-деди у иккиланиб ва эътироз билдиришимдан чўчиб (уч кун олдин сизга ман тажриба ўтказадиган қуёнманми, деб бақиргандим унга). -Майли, доктор,- дедим унга ўзимни хотиржам тутиб.- Сиз айтганча бўла қолсин. У мендаги ўзгаришга ҳайрон қолиб, хонадан чиқиб кетди. Онам келганида деразанинг олдида туриб, умримга берилган яна бир кунни тантана қилганча қадрдоним қуёшни томоша қилаётгандим. -Олма деганингга тағин олма олиб келдим,- деди онам қўлидаги қоғоз халтани келиб токчага қўйиб. У ёнимда туриб, деразадан атрофни кузатди. Кейин унга жим қараб турганимни кўриб юзимни силади. -Нега бунча тикилиб қолдинг? Ниманидир айта олмаяпсанми менга? -Ойи,- дедим унинг қавариб кетган қўлларини бирма-бир лабимга қаттиқ босиб.- Ўйлаб кўрсам, сизга битта гапни ҳеч қачон айтмаган эканман. Сизни жудаям яхши кўраман. Онамнинг кўзлари ёшланиб кетди гапимга. -Мен ҳам болам… сени жудаям яхши кўраман. Онам кўнгли кўтарилиб ва озгина ҳавотир билан уйга кетди. Отамга қўнғироқ қилганимда, у мажлисда шекилли, бошида гўшакни кўтармади. Бир оз ўтиб, ўзи қўнғироқ қилди. -Врач нима деяпти? Пулинг борми, йўқ бўлса айт? Нима камчилигинг бор? Ҳар доимги саволлар… Отажоним-давлатим, ҳаётдаги катта суянчиғим-ей, доим мени ташвишимдасиз, дедим ичимда. Ташқимда-чи: -Тинчлик, дада,- дедим дона-дона қилиб.- Шунчаки сизни жудаям яхши кўришимни айтиб қўймоқчидим. Гўшакдан анчага овоз келмади. -Сен бола бугун бошқасан,- деди отам охири синиқ овозда ва гўшакни қўйди. Касалхонадан ўз ихтиёримга кўра уйга кетишга жавоб берилган куни негадир энг яқин дўстимнинг электрон почтасига мактуб ёзгим келди: “Телба романтик (мен уни ҳазиллашиб шундай чақирардим), бугун жиддий бўлишга қарор қилдим. Бир марта жиддий бўлай, қарши бўлмасангиз. Сиз мени наинки адабиётдаги, балки ҳаётдаги энг яқин дўстим ва сирдошим эдингиз. Ҳеч кимга айтмаган сирларимни доим сизга айтган, бировга очмаган қалбим ва асл қиёфамни сизга кўрсатганман. Сиз ҳар доим мени тушунган, ҳар қандай инжиқлигим ва расво қайсарлигимни, тушунарсиз ва оғир феъл-атворимни кўтаргансиз. Сизга битта гапни ҳеч қачон айтмаган эканман. Сизни жудаям яхши кўраман”. Унинг жавоби ҳаялламади: “Чаён дўстим, (чаён буржида туғилганим ва оғир феъл-атворим туфайли у ҳам ҳазиллашиб мени шундай чақирарди), мен ҳам бугун жиддий бўлишга қарор қилдим… Шерзод ака, мен ҳам сизни жудаям яхши кўраман, ҳатто сиздан-да кўпроқ.” Машина ҳаётимнинг бир қисмига айланган уйим олдига келиб тўхтаганида, ундан тушишга шошилмадим. -Машинани озгина муддатга манга бериб туринг,- дедим пастга тушмаёганимга ҳайрон бўлиб турган отамга.- Бир жойга бориб келишим зарур. У доим иш жойига бориш учун уйидан тонгги саккиздан йигирма-йигирма беш дақиқа ўтганида чиқарди. Кўчасининг бошида турганимда уни йўл бўйига чиқиб келишини кузатарканман, дастлабки лаҳзаларда юрагим қинидан чиқиб кетаёзди. У тез-тез урар, нафасим бўғзимга тиқилгудек дилимда хавотир ўрмаларди. -Нима қилиб юрибсиз, кўчамизда?- деди у мени кўриб юзи ҳаяжондан қизариб кетган бўлса-да, сир бой бермай. Узоқ муддатли айрилиқ ва ҳижрон ҳисларимга таъсир кўрсатмаганди. Мени бир пайтлар мафтун қилган маъюс кўзлар, узун қора сочлар, қимтилган қирмизи лаблар яна бир зумга эс-ҳушимдан айириб, маст қилди. Лекин, ўзимни қўлга олдим. -Ҳаммаси учун мени кечир,- дедим унинг қаршисида ўзимни тутишга интиларканман ундан кўзларимни олиб қочиб, яқин орадаги таниш олма боғларига тикиларканман .- Сени доим қаттиқ яхши кўрганман, ҳозир ҳам яхши кўраман, кейин ҳам. Ортимга қайтиб кетаётганимда, машина радиосини ёқдим. Доим кўнглим осуда пайтлари радио эшитардим. Эшитганда ҳам фақат битта радиостанцияни эшитар, уни қачонлардир тасодифан радио тўлқинлари орқали топиб олгандим. Бу радиостанцияда асосан, мумтоз мусиқа ва куйлар, бадиий кўргазмалар, кутубхоналар ҳақида маълумотлар, адабиёт янгиликлари рус тилида бериб бориларди. Бу сафар радиода суҳбат бўлаётганди. Унда яқинда мен газетада ўқиб, таъсирланган Маркеснинг “Хайрлашув мактуби” борасида икки киши суҳбатлашарди. Суҳбатни йўл бўйи тинглаб кетдим. Ундан шу нарса маълум бўлдики, бу мактубни аслида ўлимидан олдин Маркес эмас, мексикалик қўғирчоқбоз Жонни Уэлш ёзган экан. Суҳбатни охиригача тингладим. У ўз якунига етгач, ортидан Бетховеннинг Элиза исмли қизга атаб ёзган сонатаси мусиқий танаффус сифатида берилди. Сонатани тинглаб машинанинг спидометри ва йўлдан кўз узмай кетарканман, “Хайрлашув мактуби”ни ким ёзганини менга бошидан аҳамияти бўлмаганига ишонч ҳосил қилдим. Уни Маркес ёзганмиди ёки ўша қўғирчоқбозми, буни менга мутлақо қизиғи йўқ эди. Чунки, ўша мактуб меники эди. Менга аталган ва фақат меники. 2020 йил, февраль. Тошкент-Бўстонлиқ
2020-02-20
http://nodirabegim.uz/archives/1802
Якшанбанинг одатий оқшомларидан бири. Танам чарчоқ билмайдиган, бошим ғувиллаб оғримайдиган ҳафтанинг таниш ва ягона куни. Бу кун мен зерикарли ишим ҳақида ўйламайман, телефон қўнғироқларига жавоб бермайман. Эрталабдан ўзим истаган китобни ўқийман ёки кўнглим тусаган машғулотни қиламан. Қўлимда ўзбек тилига ўгирилиб, нашр қилинган Фуруғ Фаррухзоднинг “Қайғу гули” номли китоби. Уни онам дамлаб берган аччиқ қаҳвадан лоқайд хўплаб, хира чироқ ёруғида, қиш бошлангандан бери мени сира тарк этмаган теран маҳзунлик билан аста варақлайман. Асабларим бўшашгани учун қўлларим илк марта уларнинг таранглашишидан қалтирамайди. Бармоқларим китоб саҳифаларини варақлашдан кўра силаб сийпалагандек туюлади. Бу сафарги мутолаа ҳафта давомида хориган руҳимга қувват бағишлаётгандек, сўнгги пайтларда китоб мутолаасида менга одат бўлиб қолган бефарқлик аломатлари ҳам саҳифаларга қадалган нигоҳимда сезилмайди. Қанчадан қанча улуғ ва хассос шоирларни дунёга келтирган қадимги Форс ўлкасининг яна бир ўзига хос ва оташқалб шоирининг шеърларини шу оқшом табиатимга сингиб, тобора кучайиб бораётган қизиқиш қучоғида, ташқарида эрталабдан астойдил ёғишда давом этаётган қорнинг деразага урилаётган майда учқунлари тасвирига қараб-қараб бирма-бир кўздан кечираман, мутолаа жараёнида камдан кам ҳолларда руҳимда рўй берадиган энтикиш юзага келади, кўнглимга ўтирган мисраларни кейинчалик ёд этиб туриш учун илдамлик билан хотирамга муҳрлайман. Орада китобнинг силлиқ муқовасидаги Фуруғнинг абадий ёшлик ва нозик ҳиссиёт уфуриб турган, сокинлик ва орзумандликка йўғрилган, руҳиятидаги ситамгар безовталик хусусида сўзлайдиган суратига ҳам қизиқиш, ҳам ачиниш билан қарайман. Қизиқишимни ҳар қандай замон аёлларида айрим ҳоллардагина учрайдиган унинг фавқулодда ҳадсиз латофатига мафтун бўлганим билан изоҳлаш тўғри деб ҳисобланса, ачинишимни уни бор йўғи ўттиз икки йил умр кўргани билан ифодалаш мумкиндек туюлади. Гоҳида шу ўй-хаёлларим орасида юрагимни зирқиратган унинг мазкур сурати ҳам худди шеър ўқишга чоғлангандек бўлади. Шошилиб, ҳаяжонланиб ёки жилмайиб эмас, сокинликда ва бир нуқтага тикилган ҳуркиш-у ҳайиқишдан йироқ бўлган, пича маъюс кўзларидаги яшашга бўлган майл-у иштиёқни кўз-кўз қилгандек… Туриб-туриб негадир бу аёлни ўттиз икки йил умр кўрганига ишонгим келмайди, аниқроғи шеърларини ўқигач ишонолмайман. Ўйлашимча, шеърларини ўқиган ҳар қандай одам бунга илк дафъа ишонмайди. Чунки, унинг шеърларида фалсафа кучли, мушоҳада кучли… Ҳиссиёт ва бадииятни айтмаса ҳам бўлади. Бундай шеърларни шоир зоти худди қирқдан кейин- камолотга тўлгач ёзиши мумкиндек…Улар жуда гўзал ва мукаммал. Уни бир марта ўқиб чиққан одам шундай ўйлаши аниқ: “Эй раббим, у яна озгина яшасайди, яна озгина шеър ёзсайди… яна озгинааа… Лаънати қисмат, лаънати қисмат!” Бу сўзларни у аниқ такрорлайди, бунга ишончим комил. Мен такрорладим-ку! Бошқалар ҳам мендан ортиб қаерга боришарди… Мен айни пайтда ўттиз беш ёшдаман. Ўйлаб кўрсам ҳаётда ҳали ҳеч нима қилганим йўқ. Ижодда ҳам. Адашмасам, Ларошфуко ўз иқтибосларида- ижодкор яратган томонидан ўлчаб берилган асарларини ёзиб бўлгачгина оламдан ўтади, деганди. Демак, Фуруғ ўттиз икки ёшида хамма асарларини, ўзини фоний дунё ва унинг ажралмас қисми бўлган одам болаларига айтадиган сўзларининг барчасини айтиб бўлган. Наҳот, ростдан шундай бўлган бўлса? Намунча тез, Яратган эгам! Фуруғни кўз олдимга келтириб, у ҳақда мана шу мислсиз осойишта оқшомда тинимсиз ўй сурарканман, унинг латофатли ташқи кўринишига қанча мафтун бўлмай ёки ширали ва фалсафага мўл поэзиясидан қанчалик ҳайратланмай, китобнинг хотима қисмидаги унинг отасига ёзган мактуби бир пайт диққат-эътиборимни кўпроқ тортади. Бунга сабаб: бу мавзу ўсмирлигимдан бери онгу-шууримни руҳий қийноқларга солиб, кети узилмайдиган саволларни унинг қаршисига кўндаланг қўйиб, мени анча андармон қилгани бўлса керак. Тургеневнинг машҳур “Оталар ва болалар” романини ўқиганимни бунга дахли йўқ, уни сабаб қилиб кўрсатишга шай турганлар-ҳечам шошилманг. Асло, бу сабаб эмас. Бу мавзуга ўша асарни ўқишимдан кўп йиллар олдин дуч келганман. Ўша пайтлари нима учун ота ва бола ўртасида кўпинча дунёқарашда ҳам, фикрлаш тарзида ҳам катта тафовут бўлишини гоҳида тушунмас, гоҳида бунинг тагига етиш учун соатлаб охири йўқ мулоҳазаларга берилардим. Менда ўз пайтида отам билан муносабатларимда муаммолар бўлган, амакимнинг ўғлида ҳам, кўчамиздаги Фуруғга ўхшаб шеър ёзадиган Гулноза исмли қизда ҳам, синфдошларимнинг аксариятида ҳам…Умуман олганда мен билган ва таниганларнинг ҳаммасида бу борада кичкина ва арзимас бўлса-да, муаммолар бўлган: кимнингдир отаси у ўзи истаган инсонлар билан дўстлашишини истамаган, кимникидир ўзи севган касбни танлашида унга қаршилик қилган, яна кимдир кўнглидаги туйғуларига пешвоз чиқишда ва ўзи истаган инсон билан ҳаётини боғлашида отасидан панд еган. Китобни ўқиш жараёнида Фуруғни қандай тасаввур қилдим, айтайми? Уни айни пайтдаги кўзларидан бошқа ери кўринмайдиган, бошдан оёқ оммавий ёпинган Форс аёлларига хос бўлмаган — эгнига ёпишиб турган, анорранг ёки бинафшаранг кўйлакда, сочларини чиройли турмаклаган ҳолатда, ёзув столи қаршисида шеър ёзгандан кўра ҳам кўпроқ отасига мактуб битаётган тарзда тасаввур қилдим. Бу тасаввурим зўрма зўраки эмас, уни рўпарамда гавдалантиришни истаган чоғим ихтиёримга терс равишда хаёлотимда шундай тасаввур яралди. Шу йўсинда уни аёлларнинг кўп вақт ўтказадиган жойи бўлмиш ошхонадами, пўрим кийинган ҳолда меҳмонхонадами, дам олиб ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган ётоқҳонадами, зарурий юмуш билан кўчада таксининг орқа ўриндиғида кетаётганидами — қай ҳолатда тасаввур қилмай, уни фақат отасига мактуб битаётгани кўз олдимда гавдаланаверди. У мактуб ёзаётганида кўз олдимда намоён бўлган чексиз ва фантазияга бой хаёлотим ёрдамида саҳналаштирилган манзара жараён давомида ўзгаради. Идиш-товоқлар, қошиқ ва санчқилар, музлатгич ва газ плиталаридан иборат бўлган ошхонани билдирувчи саҳнанинг ўрнини гўёки энди тўқ қизил пианино, ёнғоқ дарахтидан тайёрланган жигарранг стол ва қирралари бурама шаклда ўйилиб ишланган стуллар, деразаларига гулли ҳарир пардалар тутилган, оёқ остига яралиш тарихи минглаб йиллар ва сўнмас анъаналарга бориб тақаладиган Хуросоннинг афсонавий гиламлари тўшалган, деворларига шарқ анъаналарини ўзида равон акс эттирувчи миниатюралар осилган меҳмонхона эгаллайди. Фуруғ қаддини тик тутиб стулда ўтирганча, нозик оёқларини гилам устида чалиштирганча, ёшига номуносиб бўлган ҳаддан ташқари ўйчан ва жиддий қиёфасини девордаги ойнали ромларга солинган миниатюралардан гоҳ узиб, гоҳ узмай мактуб ёзишда — пероли ручкада оқ қоғозни тўлдиришда давом этади. Мактуб учун танланган қоғоз аста тўла бошлайди. У ярмига етганида Фуруғни энди ётоқхонада — чиройли, лекин қоқсуяк елкаларини очиб турган ялт этиб товланиб кўзни қамаштирадиган тунги кўйлакда, хипча белини дивандаги қизил бахмал ёстиққа салгина тираб ёнбошлаганча, кўзини орада ўзи ёзаётган мактубдан узганча гоҳ девордаги бонг урадиган соатга тикиб, гоҳ дераза ойнасидан тун чўкишга улгурган кўчага назар солиб эри Парвиз Шопурдан дарак кутган ҳолатда кўраман. У отасига ёзишда давом этади. У ҳатто кўчага бирор юмуш билан чиқиб, таксининг орқа ўриндиғида кетаётганида ҳам бошини отасига ёзаётган мактубидан кўтармаётгандек туюлаверади. Қўлида бу сафар пероли ручка ва оқ қоғоз кўринмаса-да, назаримда мактуб унинг хаёлида ёзилаётандек, у бошини эгганича йўл бўйи Теҳронни ҳис қилмай кетади. Жаҳон адабиётида ўз отаси билан муносабатлари ҳақида кўпчилик ёзган. Лермонтов, Достоевский, Кафка, Томас Манн… ҳар бирининг ёзганлари юракни батамом эзади. Уларнинг таъсирида эзилган юрагимга адабиёт Фуруғнинг ҳам изтиробларини қадаҳда майни тутгандек тўлдириб тутаркан, ўзимни “бўлди, етар” деб дод солишга оғиз жуфтлайдигандек сезаман… Аёл изтиробларига сира бардош беролмайман. Азалдан шундай бўлган. Бугун ҳам айнан шундай бўлаётгандек. Фуруғнинг изтиробларига ўзимда бардош топишнинг иложиси йўқдек… Сал ўтиб Герберт Уэллснинг Вақт машинаси бўлса-ю, унда ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига қайтсам, деб хаёл қиламан. Тентаклик бу, шундайми? Вақт машинаси – абсурд нарса, Уэллс шунчаки бир хаёлпараст бўлган. Лекин, шу тобда унинг асаридаги ўша машина қаршимда гавдалангандек бўлади. Кўриниши ажабтовур: тўрт томони қалин ойна билан ўралган, атрофи турли туман электр симлари билан чирмаб ташланган, ички қисмига сон-саноқсиз тугмалар ўрнатилган, ўртасида электр стулни эслатувчи курси… Ҳеч канча ўтмай у орқали ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охири ва олтмишинчи йиллари бошларидаги Теҳронга саёҳат қиламан. Ўзимни шаҳарнинг пастак уйлардан иборат, оёқ остига тош ётқизилган, четларига новча симёғочлар ўрнатилган жин кўчаларидан бирида кўраман. Сўраб-суриштириб Парвиз Шопурнинг хонадонини топаман. Уйга яқин келиб, деразадан қараганимда Фуруғ столда бошини эгганича ўтиради. Мени пайқаб, у дераза олдига келади. -Кимсиз?- дейди деразани ланг очиб. -Мени танимайсиз,- дейман унга бошимни чайқаб (қизиғи, унга ўхшаб форсча гапира бошлайман ўзимдан ўзим). -Ҳозир эрим келиб қолади. Сизни бу ерда кўрса у нотўғри тушунади. -Яна отангга мактуб ёзяпсанми?- давом этаман дераза олдидан узоқлашишни хаёлимга ҳам келтирмай ва бу гал уни сенсираб. -Сиз буни қаердан биласиз?- дейди у ҳайрон бўлиб. Шунда кўзимни олдида бошқа манзара пайдо бўлади. Ўзимни кўҳна Римга келиб қолгандек сезаман. Микеланжелонинг ватанига… Гладиаторлар юртига… Афсонавий ғозларнинг қони тўкилган маконга… Каршимдаги улкан, харобалардан иборат тарихий обида Колизей бўлса керак. Айнан унинг ўзи (суратини кўрганман). Унинг атрофида одамлар бисёр, ҳамма уни кўришга ва ичини бир бор томоша қилишга уринади, шовқин -сурон авжига чиққан, ҳайрат тўла нигоҳлар унга қадалган, турли тиллардаги — итальянча, инглизча, французча, испанча сўзлар тинмай унинг нурашни бошлаган деворларида акс садо беради… -Яна сизми?- дейди у ердаги тош устига ўтириб мактуб ёзаётган Фуруғ рўпарасида мени кўргач. Мен унинг сутранг костьюмига, тиззасини очиб турган қора юбкасига суқланиб қарайман. Сочларининг ноодатий турмагидан ва буғдойранг, истарали юзидан кўзларимни узолмайман. -Нега отангга мактуб ёзаверасан?- сўрайман ундан. Фуруғ ўрнидан туради. Олдимга яқинлашади. -Бунча сурбетсиз,- дейди кейин жилмайиб. -Отангга ёзган мактубингни ўқиганман,- дейман унга жавобан кўзимни девор тирқишидан кўриниб турган Колизей ичкарисига тикиб. — Шеърларингни ҳам. Менга шеър ўқиб бергин. Масалан, “Уни маъзур тутинг” деб бошланадиган шеъринг бор-ку, ўшани. У бу сафар ёш боладек қиқир-қиқир кулади. -Бошқа сафар. У билан Колизейни айланаман. Унга мазкур обиданинг тарихини сўзлаб бераман. У жим эшитади. Орада кўзлари ёшланиб, негадир йиғлайди. Тинчлангач ундан яна шеър ўқиб беришини сўраганимда бошини чайқаб, доимгидек ширали овозда “бошқа сафар” дейди. Отаси ҳақида эслатганимда эса маъюлашиб қолади ва костьюмининг чўнтагидаги мактубни тўхтовсиз эзғилай бошлайди. Бу манзарага энди кўникканимда ўзимни Мюнхенда кўраман. Жануб кишиси чидаши мушкул бўлган Германиянинг изғиринли қиши этимни савалайди, юзимни лавлагидек қизартиради, димоғимга шимол тафтининг муздек нафасини олиб келади. Майдалаб ёғаётган қор остида шаҳарнинг баланд бинолардан иборат кенг кўчаларини, бўёғи кўчиб кетган трамвайларини ва турқи совуқ одамларини ёқалаб кетаман. Шаҳар четидаги арзон кварталларидан бирига бош суқиб, у ердаги деворларига кўмир ва бўр ёрдамида немисча жаргон сўзлар битилган ҳовлига кираман. Ҳовлининг кираверишига “хоналар ижарага берилади” деб ёзиб қўйилган бўлади. Ичкарилашим билан ҳовлининг ўртасида — атрофида товуқлар тўдалашиб юрган иркит қудуқдан сув олаётган Фуруғга кўзим тушади. -Мени шу ердан ҳам топдингизми?- дейди у қўлидаги челакни ерга қўйиб, менга қизиқсиниб қараркан. -Шеър ўқиб бер,- дейман унга яқин келиб. -Бошқа сафар,- дейди у яна. У челакни кўтариб хонасига кириб кетади. Ортидан кираман. -Отамга мактуб ёзаётгандим,- дейди у ортидан кирганимни кўргач стол устидаги мактубга ишора қилиб.- Ундан кечирим сўраб, уни нима бўлган тақдирдаям яхши кўришимни айтиб ва ниҳоят озгина пул юборишини илтимос қилиб… ёзаётгандим. Ҳали сиёҳи қуримаган мактубни қўлимга оламан ва уни қуритиш учун қаттиқ пуфлайман. Бир марта, икки марта, уч марта. Орада унга кўз ташлайман. -Ҳозир укам Камрон келади,- дейди у кўп ўтмай қўлимдан мактубни олиб, икки буклаб камзулининг чўнтагига соларкан.- Илтимос, кетинг. Сизни бу ерда кўрса у аччиқ қилади. Эрим билан ажрашганимдан сўнг ўзи шундоқ ҳам кўп гап-сўзга қоляпман. Қудуқни ортда қолдириб, ҳовлидан ташқарига чиққанимда, Мюнхеннинг одамни безитадиган совуқ манзараси ўрнини бир маҳал Теҳрондаги марказий қабристонлардан бири эгаллайди. Унинг ингичка йўлаги бўйлаб, қабрларни оралатиб елкасига тобут кўтарганча кетаётган одамларнинг хомуш кўриниши, шашқатор кўз ёшлари ва ҳасратлари зарби юрагимни эзади. -Бу кимнинг майити,- дейман улардан йўл-йўлакай. -Фуруғ Фарруҳзодники,- дейишади улар ва тобутни бир онга ерга қўйишади. Мен унга яқинлашаман. Биздаги дағал матодан фарқли равишда силлиқ ва юпқароқ мато билан ўралган кафан ортидан Фуруғнинг мангуга юмилган чиройли кўзларини кўраман. Қимтиниб турган лаблари эса гўё ваъдасининг устидан чиқмоқ учун пичирлагандек бўлади. Одамлар қайтадан тобутни елкаларига олишади. Унинг бошида мулзам кетаётган кишини танигандек бўламан. Бу ўша- Фуруғнинг давомий изтироблари сабабчиси, уни чегарасиз қайғу гирдобида қолдирган, ҳеч бир жабхада тушунмаган, ўз меҳрини қизғонган отаси… …Якшанба оқшоми якун томон одимлаяпти. Ҳадемай ғира-шира тонг отади, қишда ҳам тиним билмайдиган қўшнининг аҳмоқ хўрози баланд пахса девор устида қичқиради, муаззин масжид равонига чиқиб бомдодга азон чақиради. Креслодан қўзғалиб Фуруғнинг китобини жавонга — бошқа китоблар орасига қўяман. Жавонда китоблар кўп. Фуруғнинг китоби ҳам уларнинг орасидан жой олади. Ундан узоқлашишга уринарканман, оёқларим ўзига бўйсунмай тураверади. Муқовадаги унинг сурати мени ўзига чорлайверади. -Сенга шеър ўқиб бермаганим учун кечир,- дейди у менга маъюс боқиб ва илк марта мени сенсираб. — Мен айбдорман… чунки бир умр отамга мактуб ёзишдан бўшамадим. 2020 йил, февраль. Тошкент-Бўстонлиқ
2020-02-25
http://nodirabegim.uz/archives/1815
Шанба куни эди. Телефоним жиринглади. Олдим. Гўшакдан қадрдон дўстимнинг қувноқ овози эшитилди: -Ҳой, ётибсизми, соғлиқ қалай? Мендан сўрасангиз, Қамашининг Қорабоғида юрибман. Совчи бўлиб келдим. Куёв бўлмишнинг уйидагилар илтимос қилишди, бу ёғи элчилик, йўқ дея олмадим. Анчадан бери чўзилиб юрганди бу иш, яна ошиқ йигитга ҳам раҳмим келди. Севги, муҳаббат дегани ҳамманинг бошидан ўтган савдо… қизнинг отаси “узоқдан экан, бўлмайди”, деб кўнмаган экан. Эй, ўзимизга ўхшаган муаллим экан, кўнглини топдим, розилик берди. -Совчиман, денг? -Ҳа, мен бу ишнинг ҳадисини олганман, ҳали совчи бўлиб, қуруқ қайтганим йўқ! -Эй, қойилман! -дедим. *** Шу дўстим бир йили нуфузли танловнинг ғолиби бўлди. Мукофотни олиш учун йўлга отланган дўстимизга аёли, ўғил-қизлари, набиралари нималарнидир “заказ” қилишни ҳам унутишмади. Аввал тақдирлаш маросими, сўнгра шеърхонлик бўлди. Залда ўтирганларнинг бири ғолибга савол берди: -Сиз кўпроқ яхшилик, савоб, эзгулик ҳақида ёзар экансиз, ўзингиз ҳам бирорта савоб иш қилганмисиз? Дўстимиз барига тушунди. -Яқинроқда бирорта мактаб ёки боғча борми? -Бор, мен боғча мудирасиман, -деб ўрнидан турди истарали жувон. Укамиз чўнтагидаги мукофот пулининг тенг ярмини жувонга узатди. -Олинг, болаларга китоб, ўйинчоқлар харид қилинг. Залдагилар қарсак чалиб, ёзувчини қутлашди. Кейин у уч кун пойтахтдаги шоир ва ёзувчи укаларини меҳмон қилиб мукофотни “ювди”. Тўртинчи куни чўнтаги бўшаб қолди. -Ука, -деди дўстимиз шоир укаларидан бирига,-Эллик минг қарз бериб тур, уйга етиб олай!… Укаси барига тушунди ва акасига пул берди. Ғолиб кетди. Шоир укаси эса ортидан бош ирғаб деди: -Ана дарвеш, вот чудак… *** Бир таниқли адибнинг саргузашт китоби анчагина шов-шувга айланган йиллар эди. Кунларнинг бирида чўл туманида ёзувчи билан китобхонларнинг учрашуви ташкил этилди. Сўзга чиққан нотиқларнинг бири муаллиф ва унинг асари ҳақида шунчалик кўп мақтов сўзларни айтди-ки, бундан минбарда ўтирган ёзувчи ҳам хижолатга тушиб, қизариб кетди. Дўстимиз жим туролмади. Сўз олиб асар ҳақидаги ўзининг фикрларини айтди, сўнгра жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан қатор мисоллар келтирди ва бояги нотиққа қараб: -Биродар, сиз таърифлаган асарнинг ҳали булар даражасига етишига кўп қовун пишиғи бор,-деб жойига ўтирди. Учрашув тугаб, ҳамма тарқаётган пайт адиб дўстимизни чақиртириб деди: -Сизга раҳмат, буларга қолса, мени аллақачон буюкка айлантириб, ўтган асрга улоқтиришлари тайин эди. *** Бир танишим айтиб қолди. -Анови миришкорлик ёзувчи жўрангиз бор-ку, ўша одам яқинда зўр иш қилди. -Қандай иш?-дедим қизиқиб. -Ўн беш йилдан бери юз кўрмас бўлиб, аразлашиб юрган тоға-жиянларни яраштириб қўйди. Бўлмаса, ундан аввал ҳам ман-ман деганлар ўртага тушганди. Дўстингиз бўлса, бир зумда ишни дўндирди. -Қандай қилиб? -Бу ёғини билмадим, менимча у кишининг сеҳрими, меҳригиёсими бор-ов… энг қизиғи ўша аразчи тоға-жиянларнинг кўзлари ёшга тўлиб, бир-бирлари билан қучоқлашиб кўришганини кўрсангиз эди. -Савоб ишни қилибди. -Ҳа, савоб ҳам гапми, эзгу иш денг… Дарвоқе, ёш адиб Жасур Кенгбоев бу ҳақда эшитиб, “Мунг” деган ҳикоя ҳам ёзган. *** Китоби чиққан ёш шоирлардан бири дўстимизга дастхат билан китобини совға қиларкан, илтимос қилди: -Ака, таниқли ижодкорсиз, шеърларим ҳақида газетага битта тақриз ёзиб беринг. Дўстим кўнгли бўш одам-да, “Майли, бир ўқиб кўрайин”, деб рози бўлди. Тўпламни варақлаб кўрди, рости шеърлар унчалик ёқмади. Буни мен унинг юз ифодасидан ўша дамдаёқ англадим. Индамадим. Орадан кунлар, ҳафталар ўтди, тақриздан дарак йўқ, тақриз ёзилмади. Таҳририятда дўстимизни учратган шоир сўради: -Ака, тақриз нима бўлди, ёздингизми? Дўстимиз эса: -Кечирасиз ука, кундузи иш кўп, қўл тегмайди, тунда эса уйқучиман, кўп ухлайман,-деди. *** Дўстим ҳақида қаламкаш укамиз сўзлаб берган эди: -Кунларнинг бирида чўлдаги хўжаликлар ҳаёти ҳақида газетага қўшсаҳифалик материал тайёрлаш учун йўлга тушдим. Туман газетасининг муҳаррири мени самимий кутиб олди ва дарров адабий жараён, янги китоблар, ёзувчи ва шоирлар, хуллас адабиёт ҳақидаги билимларимни аниқлаш учун роса “имтиҳон” қилиб кўргач, ўзи эшитган, гувоҳи бўлган қизиқ воқеаларни сўзлаб, икки соат вақтимни ўғирлади. Мен учун акамизнинг гурунги қизиқ бўлса-да, зиммамдаги топшириқнинг юки боис бетоқатланардим. Муҳаррир эса сигарет тутатганча, сўзлашда давом этарди. Ниҳоят телефон жиринглаб, у сўзлашдан тўхтади ва гўшакни қўлга олиб, аллаким билан қисқа сўзлашгач, менга қаради. -Туринг, меҳмон, обед қиламиз. Мен истар истамас муҳаррирнинг ортидан эргашдим. Тушлик зўр бўлди. Мезбоним менга қуярда-қўймай бир-икки пиёла ичиришга ҳам эришди. Ичкиликнинг таъсири туфайли ташвишлар унутилиб, ўзимни енгил ҳис эта бошладим. Машина иккаламизни муҳаррирнинг уйига олиб келди. Яна дастурхон ёзилди… Алламаҳалда кўзимни очсам, ёнимда уй эгаси варанглатиб ҳуррак отарди. Соатимга қарадим, беш бўлибди. Тонг бўзариб келарди. Мезбонни туртиб уйғотдим. -Ака, мақола нима бўлади, мени ишдан ҳайдашади-ку? -Қўрқма, биродар, икки соатда ишингни дўндириб қўлингга тутқазаман. У ўрнидан туриб чироқни ёқди, ташқарига чиқиб ювиниб келгач, нариги хонага ўтиб, ёзув машинкасини юргиза бошлади. Мен ҳам унинг ёнига бордим. Муҳаррир оғзида сигарет тутатганча тинимсиз ёзарди. Тахт бўлган мақолаларни ўқий бошладим. Илғор чўпон, пахтакор, боғбон, фидойи муаллим ҳақидаги лавҳалар тахт эди. -Яна кимлар ҳақида керак, ука? -Иложи бўлса, полвонлар, чавандозлар ҳақида ҳам ёзинг. -Хўп бўлади. Муҳаррир яна ёзишда давом этди ва ниҳоят еттита ранг-баранг лавҳа тахт бўлди. Эҳ, ўшанда менинг қувонганимни бир кўрсангиз эди. -Ука, агар мақолаларнинг савияси кўнглингга ўтирса, ўз имзоинг билан чиқар, акс ҳолда хафа бўламан, ахир топшириқ сенга берилган-ку. Мен бош ирғадим. Сўнг хайрлашдик. Эртасига мақолалар газетада босилиб чиқди. Кунларнинг бирида телефонда акахоннинг гулдиракдек овози эшитилди. -Ука, ёзганларинг ёмон чиқмабди, яна қачон келасан? Мен уялиб кетдим, фақат “Насиб бўлса” дея олдим, холос… *** Бир куни ҳажвчи адиб Турсунбой Боймиров хуноб бўлиб деди: -Эй, ука, нимасини айтасиз, ўша миришкорлик ёзувчи оғайнингиз катта “ўғри” экан-у, билмай юрган эканмиз. -Қанақа “ўғри”? — дедим ҳайрон бўлиб. -“Кўпкари гурунглари”ни ўқидингизми? -Ҳа, ўқидим, зўр ёзибди. Турсунбой ака менга ажабланиб қаради ва бошини сарак-сарак қилди. -Аттанг, мен сизни укам деб юрсам, сиз ҳам ўшаларга шерик экансиз-да? Мен Турсунбой аканинг нимага шама қилганини тушунмадим. Хаёлимда эса наҳотки дўстим Боймировнинг қўлёзмасини ўғирлаган бўлса, деган гумон уйғонди. -Ака, тушунтириб айтинг, ўзи нима бўлди? -Эй, дард бўлди, ўша ошнангиз ёзган мавзу, тоғликлару, азалий удумлар, чавандоз ва отбозлар ҳақида кўпдан бери бир нималар қоралаётгандим, бариси куйиб кетди, эссиз меҳнатларим… -Балки нимадир қолгандир? -Йўқ, ҳеч нарса қолмабди, ҳатто бобом Шоймардон оқсоқолнинг машҳур Оқбурун отини ҳам илиб кетибди. -Йўғ-а?! -Ҳа, улоқни ҳалоллаб олиб кетишди даштликлар… Кўп ўтмай дўстимни учратиб Турсунбой аканинг иддаосини айтдим. Дўстим бундан завқланиб кулди ва галдаги режасини ошкор қилди. -Энди Қамашининг Жонбўзсойига “ўғриликка” бораман! Йўлдошбек Кенжанинг “хазина”сини ураман. Гузардаги почтахона ёнидан Тошпўлат махсумни топиб, бова-момолар билан суҳбат қурмоқчиман. Айтганидай бўлди, кўп ўтмай унинг “Жонбўзсойлик анойи”си “Ишонч”газетасининг тўрт сонида давомли босилиб чиқди. *** Ижодкор Сайфулла Ал-Мурод ҳайратланиб деди: -Миришкорлик ёзувчи домла бор-у, исми нима эди, ҳа, ўшанга қойилман, ўзиям тинимсиз ёзади, ёзганда ҳам зўр ёзади, чиқмаган нашри қолмаган, биргина “Шарқ юлдуз”ининг ўзида “Тилсим”, “Ёзғит битиги”, “Муаллақ одам” номли қиссалари босилган. Ўзи олис қишлоқда яшайди, яна мактабда директор. “Ижодкор ўқитувчи” танловининг ғолиби. 2010 йилда “Олтин қалам”ни ҳам олган. Яна гурунгбоз, таниш-билиши, ошна-оғайнисининг сон-саноғи йўқ. Ҳатто хоразмлик машҳур ҳофиз билан ҳам борди-келдиси бор, тўй-маъракадан қолмайди. Оиласи ҳам каттагина, ҳар йили тўй қилади, санъатнинг, мумтоз ашуланинг шайдоси, футбол, кураш, кўпкарининг ишқибози, воҳамизда бўладиган барча тадбир ва учрашувларда ҳозиру нозир. Айтинг, бу одам буларга қачон, қандай улгуради? Аслида дўстимнинг исм-шарифини аён қилишим шарт эмас эди, бугун помуқлик муаллим ва адиб Абдунаби Абдиевни танимайдигандан танийдиган кўп. Энди айтингчи, дўстим чиндан ҳам Дон Кихотга ўхшамайди-ми? Гоҳ пиёда, гоҳ уловли тоғу-даштларни кезган одам ҳақида бошқача қандай таъриф бериш мумкин?!. Эпиграф қўлламанг. Негаки эпиграф асар моҳиятини ўлдириб қўйиши мумкин. Мишель Уэлбек, “Кундаликлар” Охирги пайтларда ўта ярамас одат чиқарганман. Маълум вақтгача ўзим ўқишим шарт бўлган китобларнинг рўйхатини тузаман ва энг ёмони, шу китоблар тугамагунча бошқа китобларга қарамайман ҳам. Режали ишлаш яхши, албатта, бироқ… Ўқилмаган китоблар уволи тутиши ҳам бор гап. Мени бу одатдан бироз четлашга Владимир Набоковнинг эсселаридан биридаги фикрлари мажбур қилди: “Дарҳақиқат, бизни “одам қиладиган” китоблар кўп эмас. Фақат уларни топа олиш муаммо. Бундай китоблар ҳеч қачон мутолаа рўйхатларингиздан жой олмайди. Уларнинг муаллифларини ҳам аввал танимаган бўласиз. Ногаҳон қай бир кун кутубхонага кирганингиз пайт жавонда чанг босган китоблар орасидан ўша китобни топиб оласиз ва уни ўқий туриб… ички оламингиз ўзгараётганини сезиб қоласиз. Қизиқ, тўғрими?” Афсуски, Набоков ҳақ эди. Мен енгилдим. Уюшмага “Биринчи китобим” лойиҳасида чоп этилган ёш муаллифларнинг китобчалари тақдимотига ўтгандим. Ҳарҳолда танишлар бор… Кетаётганимда кўрдимки, қўлимда бир хил ҳажмли тўрт-беш китоб пайдо бўлиб қолибди. Метрога тушдим. Гарчи ҳеч қандай қизиқишим йўқлиги ва уларни ўқиб, режаларга мос шаклланиб келаётган мулоҳазаларим чалкашиб кетиши мумкинлигидан қўрқсам-да бир кўз югуртирмоқчи бўлдим. Биринчиси бинафшаранг муқовасига Жавлон Жовлиев, деб ёзиб қўйилган кичиккина китоб. Мундарижасига қарадим, деярли ҳамма ҳикоясини ўқиганман. Қай бир ҳикоясининг туркчага таржимасини бошлаб, кейин ташлаб қўйганимни эслаб, бироз сергак тортдим. “Бухоро, Бухоро, Бухоро”. Аллақачон ёд бўлиб кетган ҳикоя. Сюжет чизиғида баъзи ортиқча қабариқликлар бор, аммо бироз ишланса, айнан мана шу ортиқчалик ёзувчининг ўзига хослигига айланиши мумкин, дея ўйладим ўзимча. * * * Матн устида тимирскиланиб юрган совуққон нигоҳларимга бирдан жон кириб, илиқлаша бошлади. Ботинимдаги узуқ-юлуқ, чалажон таҳлиллар бирдан ғойиб бўлдию, қаердандир мен қаттиқ соғинган ҳайрат, ҳайрат бўлганда ҳам болалигимда, математика дарсида устоздан дакки эшитиб, ташқаридаги поэзд вагонларини санаркан, мана, биляпман-ку, нега устоз мени урушаверади, деганим пайтдаги ҳайрат оқиб кира бошлади. “Бухоро, Бухоро, Бухоро”… Бола ҳеч қайси жиҳати билан менга ўхшамасди. Менинг ҳеч қачон акам ҳам бўлмаган. Аям оддий тикувчи, ўзим ҳам… Йўқ, ўзим… Мен ҳам кунлик ишга чиқиб топган пулларим ҳисобига инглиз тилини ўрганган эдим-ку? Жек Лондон эса бошқа масала. У ҳеч қачон менинг ёзувчим бўлмаган. Чалкашиб кетдим. “Отам онамнинг жойларини жаннатдан тиларди, биз Ойша билан онамнинг жойи Бухоро бўлсин, деб дуо қилардик…” Мен матндаги ҳар қандай таъсирли парчага қўл силтай олар ва китобни бир четга ташлаб, рўйхатимдаги китобнинг келган жойидан ўқиб кетишим мумкин эди, аммо айнан шу сўзлар мени тўхтатиб қолди. Бундан кейинги воқеалар бироз чигал. Худди ҳамма нарса ўта силлиқ, худди қийинчилик шу қадар осонликча енгиб ўтиладигандек. Назаримда, муаллиф мен қийналдим, дегани билан ўқувчи унинг қийналганини тўла ҳис қила олмайди. Қаҳрамоннинг ҳеч йўқ бурни қонаши керак. Албатта, бу менинг шахсий фикрим. Масалан биз қаҳрамоннинг Туркияда матоларни қандай сотгани, пулни олиб Италияга қай йўллар билан кетгани, ҳеч йўқ ўша ҳодисалар содир бўлганда қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини сеза олмаймиз. Эҳтимол, муаллиф сюжетни психологизм билан қориштириш устида бироз тажриба ўтказиши керакдир? Яна билмадим, мен носир ҳам, адабиётшунос ҳам эмасман. Ёзаётганим ҳам эссеми, ё йўқ, аниқ билмайман. Шунчаки фикр. Мен кимни кўрдим, деган савол. Йўқ, муаллифнинг шахси муҳим эмас. Бу ерда бироз фикрлайдиган бўлсак, биз кимларни ўқишимиз эмас, қандай асарларни ўқишимизгина аҳамият касб этиши ойдинлашади. Қисқаси, аждодлари бойлардан бўлгани сабаб ўтган асрнинг 1929-1933 йиллардаги мустабид шўро тузуми жамиятнинг ўзига тўқ қатламини синф сифатида тугатиш йўлида олиб борган “қулоқ” сиёсатининг қурбонлари сифатида Афғонистонга қочиб келишган. Бунда ҳолат тасвири матнга сизиб кира бошлайди: қашшоқлик, ҳар қадамда мусибат, замон ва макон ўртасида шаклланиб келаётган қўрғошиндек оғир жараён. Боланинг пешонасига қочқин, деган тамға урилганди. У шуниси билан қандайдир… Билмадим, балки бу Голландия тарафлардан яҳудийлиги сабаб қатлиомдан қочиб келган бобомнинг қисматига ўхшаш бўлгани учунми, менга танишдек туюлди. Томиримизда оқаётган яҳудий қони ва паспортимизнинг миллати деган жойига ёзилган ўзбек сўзи ҳеч келиша олмаслиги мени болага яқинлаштирди. Анча бўлди, японларга қизиқиб қолганман. Уларнинг аниме дея аталувчи мультфилмларини кўп кўраман. Улар ичида биттаси бор – “Ялангоёқ Ген”. Гарчи аниме атом бомбаси тушгани сабаб оиласининг ярмидан айрилган, аммо ҳаммасига сабот билан чидаган болакай Ген ҳақида бўлсада, аммо уни “Бухоро, Бухоро, Бухоро”нинг қаҳрамонига ўхшатдим. Иккисида ҳам Ватан соғинчи. Фақат буларнинг қарашлари ўзгача. Шу ўринда савол туғилади. Жавлон Жовлиевнинг мазкур ҳикоясини жаҳоний даражага олиб чиқиш мумкинми? * * * Реал воқеликнинг чиндан реал эканига ҳеч қандай далил-исбот йўқ. Эҳтимол, атрофимиздаги ҳамма нарса юнон файласуфи Зенон айтганидек, шунчаки биз бор бўлганимиз сабаб мавжуддек кўринган, аниқроғи уйғоқликда кўрганимиз тушлар, галлюцинациялар ҳосиласидир? Бормиканмиз? Бу борликни ҳеч қандай фалсафа ишлатмай тасвирлаш қийин. Реаллик шу қадар бешафқатки, унга фақат тахайюл кўзойнаги орқалигина қарай, ҳеч йўқ пойлай олишимиз мумкин. На чегарали, на чегарасиз дунёни тахайюлга сиғдира оламиз. Шу қадар ожизмизки, ўзимиз хаёлан яратган дунёлар ҳам хоссатан яшаб турганимиз оламдан кўчирма бўлади. Чунки у ерда ҳам, бу ерда ҳам ўзимиз бўламиз. Бу – аниқ кўчирма. Жовлиев насрининг менга ёққан тарафи, унинг реалликни реал, аммо бироз романтик тасвирлашида бўлса керак. Негаки, у бир ҳикоясида компютер сичқончасигагина тегинаверганидан бошқа нарсалардан бегоналашиб кетган, энди эса ёмғирнинг илиқ томчиларидан яйраётган қўлларини тасвирлайди. Бундай тасвир бундан аввалги ҳикоясида ҳам бор эдики, унда бола оппоқ ва юмшоқ, оғизга солсанг тил остида эриб кетадиган ширинликни таърифларкан, бу унинг онасига Бухоро ҳақидаги ғамгин хотираларни эслатишини айтиб, воқеалар занжирини бироз бўшатиб юборади. Тўғри, бундай услуб Прустга хос, бироқ нимаси биландир бу нарслар Жавлон Жовлиев қаламидан тўкилганини ҳис қиласан. Чунки унинг хотиралари сенга таниш. Реаллик ва романтизм. Бироз соғинч, бироз қўмсаш, бироз қайғу ва бироз ички, ўта ички хотиржамлик қўшамиз. Ҳа, яна озгина шошқалоқлик ва бўрттириш ҳам эсдан чиқмасин. Кейин уларга бир чимдим ҳақиқат аралаштириб юборамиз. Қарабсизки, жаноб Жовлиев услуби. Мен шуни тушундим. Мен шуни ҳис қилдим. Ҳарҳолда, аввал шундай ўйладим ва бу ўй китоб охирига қадар мени тарк этмади. * * * Аям оддий аёл. Тикувчи бўлиб ишлайди. Болалигимни эсласам, ўзи томорқамизга экиб парваришлаган бодрингларини бозорга олиб чиқиб сотгани ва пулига мени ўқитгани ёдимга келаверади. Бу – шахсан мен учун ўта оддий ҳол. Яхудий ота-оналарнинг бундай заҳматларига ҳеч қачон улкан қаҳрамонлик сифатида қаралмайди. Муаллифнинг “Аёл” ҳикоясини ўқиб тугатгач бир ўта мантиқсиз савол туғилди: Хўш, нима бўпти? Унинг айби ва кўрган кунлари, қилган меҳнатлари, дорили сувдан ичиш ва оғир меҳнатдан тобора ўлиб бораётгани мени қизиқтирмайди. Унинг маиший ҳаёти – менинг муаммойим эмас. Тушуняпсизми, мени қизиқтирмайди у аёлнинг изтироблари. Қизиғи, нима учун уч фарзанди бўла туриб аёлнинг ўртанча, меҳнаткаш ўғлидангина умидворлиги, нима учун эри куйиб бораётган бармоқларига қарамай қўлини ошдан узмаган ҳолда мўмингина хотининг “аччиқ сув” ни ичиб юборишига анграйиб қолиши ва шу кабилар. Айнан шу икки эпизодда реализм романтизмга уруш очади. Ўрталиқдаги барча тасвирларнинг илдизи қурийди ва гарчи мажруҳ бўлсада, биз композиция, дея аташимиз мумкин бўлган ҳикояга жон кира бошлагандек бўлади. Саволлардан ҳам безиб кетасан киши. Энди сени саволсиз жавоблар ўзига торта бошлаганини сезасан. Жавлон Жовлидан бошқа ёзувчи йўқми, дейсан ўзинга ўзинг. Туриб-туриб шунча ўрганиб, ҳеч нимани билмаслигимни билдим, деган ҳикмат ҳам жонингдан ўтиб кетади. Ниманидир тан олишни истамайсан. Шу пайт, китобни ёпасану, телефонинг экранига тикилиб турасан-да… Яна “Аёл” га қайтасан. Демак, нимасидир бор. * * * Бир ҳолатлар бўлади. Бўладики, бўйла ҳолатлар аллақайси асарлардан сўнг тажалли этади. Асарлар бехосдан йўлакка дўнадию, ушбу йўлакдан сен жавонларига хотираларинг териб қўйилган кутубхонага кириб борасан. Мазкур кутубхонада шундай китоблар борки, уларни ўқиркан, яралганингдан бери билган, лекин билишингни билмаган ҳақиқатлар сероблигини англайсан ва бояги йўлакдан миннатдор бўлиб қўясан. Кутубхонанинг дарчаларидан кўриниб турган бир парча осмонга боқиб туриб, йўлак асли қаердан бошланганини эслашга уринасан. Уринганинг сари йўлакнинг бошланғич нуқтаси олислаб, теранлашиб бораверади. Сени бундай ҳолатга солган китоблар кўп бўлмайди. Сен у китобларни ёстиғинг остига қўйиб ухламайсан. Улар жимгина жавонингда сарғайибгина тураверади. Эҳтимол, ўзингдан ҳам қизғонарсан уларни? Менда шундай бўлди. Жавлон Жовлиевнинг ҳикояларини ўқиркан, уларнинг ҳар қандай камчилигига кўз юмган ҳолда ўз-ўзимга ғарқ бўлавердим. Ғарқлик асносида қўлларим сўзлар, тиниш белгилари-ю, турли илтижо ва ҳақоратлар, лаҳзалик қувончу азалий ғуссалар аро ҳаракатланаверди. Ҳолатдан ҳолатга ўтиб борган сари мен билан, шундоқ ёнимда, кўксимга юрагимдан-да яқинроқ жойда жойлашган йигирма йиллик ўлимнинг нафасини туйдим. Шундай бўлдики, мен барча сўзларнинг устидан чизиб чиқиб, фақат тиниш белгиларинигина ўқидим: ? ! ? … , , . ! Кўнглим ҳеч нимани истамасди. Кўзим гавҳарида аксланган ҳарфлар ибтидосида не изтироб бўлганини билгим келарди, холос. Мен Эгамбердига ҳам, унинг муштипар хотинига ҳам ачинмасдим. Бу уларнинг қисматида бор эди, аммо Тоғага жуда қийин. Мен ҳамон Тоғанинг кейинги тақдири нима бўлганига қизиқяпман. Энг ёмони эса, ёзувчининг ўзи ҳам Тоғанинг асли ким эканини билмайди. Бу, албатта, унинг айби эмас. Балки, қизиқаётганим учун мен айбдордирман. Тавротда бир оят нозил бўлади: “Агар кимки бир одамни қутқарса, у бутун дунёни қутқарибди.” Тоға кимни қутқарди? Қулаб бораётган оламнинг қўлидан тутиб қололмагани, тутиб қолмоқчи бўлганида оламнинг ўзи ўзини ҳалок этгани ва Тоғанинг номсиз, қолипсиз изтиробларига доир сўроқлар ҳамон ёндафтарим саҳифаларига бир аянч, бир оғриқ саслари ила садо бериб турибди. Жавоб истамайман… * * * Ўқиб бўлдим. Чала ишлангандек кўринган якунлар, сунъийликнинг иси уфуриб турган бир-икки персонаж ва яна алланимадир. Бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ, аслида. Жаҳон адабиёти назариясига асос солинганидан бери у ҳазрати адибдан биттагина саволига аниқ жавоб сўрайди, холос: ёзганингиз ўқувчига нима беради? Бунда муаллифнинг шахси, асар савияси, касбий орият, ижоднинг илоҳийликка дахлдорлиги, кайфият, сабаб ва натижа, маъно ифодаси, асар услубининг имконият даражаси иккинчи даражали масала. Юқоридаги саволга жавоб беролмай мулзам турган Жойсни кўз олдингизга келтира оласизми? Шунчаки эрмакка ёзгандим, деб жилмайиб қўйган Шекспирничи? Бугунги кун ўқувчисини фақат эзгуликкагина бошлаган асарлар билан қониқтиролмайсиз. У Румийнинг ҳикматлари нима мақсадда оққа кўчирилганини ҳали англаб етгани йўқ. Ҳазрат Навоийда “Хамса”ни ёзиш фикри қандай туғилганини, сюжет чизиғи қай манзил томон йўналганини, мазкур туркумдаги достон қаҳрамонлари кимдан прототип қилиб олинганинию, “Иллиада”ни чиндан Ҳомер ёзганми, ё йўқлигини била олмади. У изланяпти. У савол беришига арзийдиган яна бир қаламкаш пайдо бўлганини бугун ҳис қилдим. Сюжетга эмас, асар ғоясигагина эътибор берадиган авлод шаклланди. Албатта, бемаврид намойиш этилган либоссиз вужуд ҳеч қачон гўзаллик касб этмаганидек, сюжет – воқеликсиз, яланғоч ғоя ҳеч қачон адабиёт бўлолмайди, аммо ғоянинг ҳам ўз адабий шаклланиш силсилалари, изчил фикрий оқим йўналишлари бўлади. Агар сюжет айнан шу оқим ва силсилаларга ҳамоҳанг шаклланиб бораверса, ўйлайманки, у ўзини тўлақонли оқлайди. “Менга китоб ёқдими?”, “Мен вақтимга ачинмадимми?”, “Ҳеч йўқ вақтимга ачинишга арзирли китобмиди у?” – мен жавоб беролмайман, чунки мен… ҳикоялар оҳанги, мусаффо туйғулар шуъласи ва қон ҳиди келиб турган аччиқ изтироб кўланкаси узра сархуш кезиб юрибман. Испанларда “боккето” деган атама бор. Бу олис кенгликларга бемақсад, ҳеч нимани ўйламай, жимгина тикилиб турмоқ дегани. Мен китобнинг сўнги саҳифасини ёпгач, деразадан ташқарига “боккето” қилдим. Бояги ўлим янада яқинлашди. * * * Яқиндан бери ёзувчиларни уч ҳил баҳолайдиган бўлдим: 1. Асарлари таржима ва тарғиб қилиниши керак бўлганлар; 2. Асарлари тарғиб қилиниши керак, аммо таржима қилиш имконсиз, шахсий ва миллий колорит ўта юқори бўлганлар; 3. Ўқилиши шарт бўлмаганлар; Муаллифи қай бирига тўғри келади, ё тўртинчи мезон яратилиши керакми? Саволнинг шакли ҳам ноаниқ. Таржима қилиниши керак бўлса, масалан, туркларда Жовлиев каби ёзувчилар сероб. Алоҳида деталлар мажбуран тиқиштирилмаган, ҳеч қандай иддао йўқ, демак, ёзганларини баъзи истиснолар ҳисобга олинмаса, таржима ва тарғиб қилиниши мумкин. Ҳарна, арзийди. Таржимага-ку арзир, аммо ўқишгачи? Мен бир сайт топиб олганман: унутилган китоблар кутубхонаси. Каталогларни кўздан кечирарканман, анчадан бери излаб юрганим китобларга кўзим тушади. Маълум бўладики, аслида ҳар қандай буюк ёзувчи кимнингдир “Ўқилиши шарт бўлмаган ёзувчилар” рўйхатида қайсидир ўринни банд қилар экан. Холисанилло айтганда, бугундан мен Жовлиев – мен учун ўқилиши, кузатиб борилиши ва баъзан танқид, баъзан эътироф этилиши шарт бўлган носирлар қаторида. Китобдан олганларим кўп эмас. Нари борса, бир туздонни тўлдирар хажмда таассуротлар. Улар қўрққанимдек изчил кетаётган мулоҳазаларимнинг тартибини бузмади. Улар астагина, оёқ учида шууримга кириб бордилару, у ердан янги эшик очиб, руҳимга сингиб кетдилар. Уларнинг этагига илашиб қолган саволлар эса алоҳида бўлимга кириб, жавобларини фақат ва фақат вақт беражагини кутиб ўтирадиган бўлди. Bularning bari subyektiv xulosalar, albatta. Butun jamiyatning butun kishilariga nisbatan absurdda yashayapti deyish bir tomondan to‘g‘ri emas. Kamyu fojea baxtsizlikka berilgan zarbadir, deydi. Absurd adabiyotining yana bir vakili fojeadan keyin absurd boshlanadi deydi. Baxtsizligimiz, fojealarimiz qachon, qayda va nimalarda boshlangan… Oxirgi 3-4 kunlikda bir Shoir bilan ko‘p suhbatlashdim. Uning so‘zlaridan, ko‘rinishidan boshimdan har kun kul yog‘ilgani misol Absurd yog‘ilardi. Shularni o‘ylasam, zamonning Ijodkoridan tortib Mardikorigacha umumiy kayfiyat darajasiga ko‘tarilgan Absurd bor degan o‘y tark etmaydi. ******** Rafiq, “Jahon adiblari adabiyot haqida” kitobida Aleksnadr Genis G‘arb va Sharq adabiyoti haqida mulohazalarini yozarkan, “Xitoy yozuvi inson nutqini qayd etmaydi, balki tabiat tomonidan berilgan belgilarni qayd etadi. Harf – bizning topqirligimizning mahsuli bo‘lmish shartli ifodadir. Ieroglif esa belgi emas, balki narsaning ongdagi izidir”, deb yozibdi. Genis “narsaning ongdagi izi” degan fikrni butun Sharq adabiyotiga nisbatan qo‘llayotgani tushunarli. She’rlaringizda ham jimitdek narsaning yo hodisaning jimirlab turgan izlariga duch kelaman. She’rlaringiz faqat ongdagi jimirlayotgan izlar emas, balki ongostiga ham bir turtkilar beradiki, ongostida imuquq(assotsiatsiya)lar hosil qilib, ongimiz ostidagi turli holatlarga tutashib, asosiy mazmuni ongostidagi holatlar bilan tutashish orqali ochiladi. Aslida ongostiga ta’sir ko‘rsata olgan she’r, shubhasiz, yaxshi she’r. Genisnikiga yaqin fikrni Yungda uchratganman – biroz chuqur va keskin tarzda. Ya’ni Genis harfni shartli belgi deb bilsa, Yung – so‘zni shartli belgi deb biladi. Ya’ni nainki harf, so‘z ham bizning topqirligimiz ifodasi. Balkim u atayotgan narsa bilan so‘z orasida hech bog‘liqlik yo‘qdir. Biz faqat uni shartli atab, qabul qilganmiz. Shu sabab men bunday shartli vositani she’rga hech aloqasi yo‘q deb bilaveraman, garchi she’r so‘z orqali ifodalansa ham. So‘zga qo‘shimcha ma’no yuklash orqali u ramziy ko‘rinish oladi, shundagina u ongning cheklangan sarhadlaridan chiqib, mazmuni ongostidagi Ulkan Bilim bilan anglashiladi. Ramzlashgan so‘zni faqat ong bilan qabul qilamiz desak, asl ma’no ochilmay qolaveradi. Sizning she’rlaringiz ham shunday. Ular so‘z orqali ifodalangan, lekin ularda so‘z yo‘qday, ularni so‘z bilan tushintirib bo‘lmaydi. Nozik ramzlashgan holatlar bor satrlaringizda. Shunday she’rlaringiz borki, har satrida yaxlit va go‘zal holat ramzini ko‘raman. Tuyg‘uningmi, hodisaningmi, yo ulardan qolgan iz ramzi. Bunday she’rlaringiz o‘quvchi ongostida yotgan hodisalar bilan tutashsa, tutasha olsa (ya’ni bu o‘quvchining qabul qilish darajasiga ham bog‘liq) To‘liq, To‘g‘ri va Katta ma’no kasb eta oladi. (Ehtimol, hozircha hamma she’rlaringizga nisbatan bunday fikrni aytib bo‘lmas, ammo shunday she’rlaringiz borligi o‘zi quvonarli. Qolaversa, ijodkor haqida fikr aytayotganda faqat hozirgacha bo‘lgan ijodi haqida emas, uning intilayotgan ijodiy manzili, shu intilishning chaqmoq kabi ijodida yaltilallab ko‘rinishini ham hisobga olib fikrga aytgan durust. Ayniqsa, u yosh bo‘lsa) Dugonam bilan bahslarimizda “She’r so‘z orqali yoziladi, ifodalanadi, ammo unda so‘z bo‘lmasligi kerak” degan xulosaga kelganmiz. Bu xulosa yillar davomida yetishdi. She’rdagi hal qiluvchi narsa So‘z emas, aksincha, So‘zning orqasida turgan boshqa bir narsa. Men uni holat deb ham, ruh deb ham ataganman. Lekin u bular ham bo‘lmasligi mumkin. U qandaydir kuch, qudrat. Qanday so‘zni ishlatish, tanlash umuman ahamiyatsiz. Faqat so‘z ortida Shoirdan, shoirni qurshagan atrofdan olingan, ajralgan energiya manbayi yuzaga kelsa bo‘ldi… Muhimi she’rda So‘zning bor bo‘lishiyu, aslida yo‘qday bo‘lishi she’rni ortiqcha so‘zdan qutqaradi. She’rda so‘zning, So‘zbozlikning mavjud bo‘lishi o‘quvchi ongostida she’r natijasida tiklanib, butlanib kelayotgan Holatning yaxlitligini parchalaydi. She’r esa yaxshi satrlari bor yozilmaga aylanib qoladi, xolos. ********* Shu kunlarda Silviya Platdan bir nechta she’r tarjima qildim. Xabaringiz bor. Ayniqsa, oxirgi tarjima qilganim “Ko‘zgu” she’ri chuqur taassurot qoldirdi. Nitshening “Zardusht tavallosi” kitobida ruhning uch evrilishi haqida gap boradi. So‘nngida ruh tuyaga evrilardi, adashmasam. She’r shuni eslatdi menga. Ya’ni Ruh avval xudoning ko‘zlari timsolidagi Nigohga (1), so‘ngra Devorga (2) va keyin Ko‘lga (3) evriladi. Bu ko‘lga esa bir ayol kelib, engashib, nimanidir qidiradi. Qidirilayotgan narsa asli ko‘lning tubida bo‘lishi kerak, lekin yo‘q – topilmaydi. Keyin ayol umidini uzib (ehtimol, hamma narsadan), nigohini osmonga tikadi. She’r yakunida ayolning bir qizni ko‘lga cho‘ktirgani, qiz cho‘kkach, ko‘l tubida bir qari xotinning semirib, ulkanlashib kelayotgani aytiladi. Albatta, shoir nima haqida yozayotgani tushunarli. Ko‘l ham, hafsalasi pir bo‘lgan ayol ham, cho‘kib ketgan qiz ham, qari xotin ham o‘zi. Ruh evrilishlari ichidagi ruhiy holatlar. Ehtimol, shoira o‘z qalbiga chuqur kirib ketgani uchun o‘quvchi uning ortidan borishga, ilg‘ab olishga qiynalishi mumkin. Lekin bu so‘zlar orasida adashib qolishdan ko‘ra yaxshiroq. So‘zlarning quyuq va siyqa o‘rmonzorida adashib qolgandan ko‘ra, ruhiyat tumanzorlarida adashib qolgandan avlo. Ehtimol, shoir adashgan yo‘lda shoirni o‘quvchi topib olar. Gap aylanib yana o‘z adabiy kredomga taqalyapti. Sizning she’rlaringiz haqida yozmoqchi bo‘lib, qanday she’rni istashim haqida so‘zlab ketdim. Xullas, ruhiyatning, inson o‘z ruhining turli tomonlaridan mo‘ralab ko‘rayotgan, mo‘ralab ko‘rishga urinayotgan She’r yoqadi menga. Albatta, Qalb, Tuyg‘u, Holatni ham chetga surayotganim yo‘q. Qalb, Tuyg‘u, holat haqida pafossiz, rost, inson o‘z ichida turib, o‘z-o‘ziga gapirayotgan kabi yaralgan She’r yoqadi menga. So‘z ichida adashib qolish deganda ham pafos, so‘zning bo‘yoqlari, ohorlari orasida adashib qolishni nazarda tutgandim. Bo‘yoqdor, ohangdor so‘zlar orasida tez adashiladi. Shu sabab she’r mazmuni ham ochilmay qolishi mumkin. Va yana o‘sha so‘zlar ortida QUVVAT (energiya) yo yo‘q bo‘ladi yo juda oz bo‘ladi. Menga pafossiz; oddiy va tabiiy aytilayotgan (yaratilgan, yaratilayotgan), orqasizda esa qalb tomon, ongostidagi anglamsiz holatlar tomon chorlovchi Quvvat jam bo‘lgan sizning she’rlar ham yoqadi. ************** Rafiq, har yangi she’ringizni o‘qiganimda, tug‘ilib borgan taassurotlarim shunday: -Qo‘l bilan ushlab turilgan nafislik, lekin bu chin ma’noda ushlash emas, qo‘lingda sezish (ya’ni she’rlaringizda jimirlab turgan sezim she’rni o‘qish davomida mening qo‘limda ham jimirlashni, badanim shaffoflashib, yupqalashib, nafislanishni boshlaydi). — Ko‘zga tashlanmaydigan, yorqin bo‘lmagan , lekin nozik sezimlar (yapon she’riyatini ham eslatib yuboradi. Genis yuqorida ta’kidlagan Sharq she’riyatiga xos noziklik) — Yorqin emaslikni kamchilik sifatida ko‘rganman. Asosiy o‘ziga xosligi ham yorqin bo‘lmagan sokinligida shekilli. — Dunyoni, nimadir muhimroq narsani anglash falsafasi, hayot haqidagi hikmat emas. Go‘zallik, narsaning go‘zalligi haqida falsafa. (Bizning she’riyatda hayot haqida hikmat aytish, xulosalar qilish ustivor bo‘lgan. Lekin sizning she’rlarda boshqacha nigoh, harir tuyg‘u, “yupqa hayajon”lar bor. Asosiy yangiligi ham shudir balki) — Yorqinlikda osoyishtalik yo‘q. Yorqinlikda shoshqinlik bor bo‘lib tuyiladi menga. Bu fikrga sizning she’rlaringizni o‘qib borish, Kavabata hikoyalarining bir oylik mutolaasi va siz ham, men ham yaxshi ko‘radigan “Patterson” filmini ko‘rish orqali keldim, ehtimol. Rost, sizning she’rlaringizda fikr ham, tuyg‘u ham yorqin emasdir. Biroq juda osoyishta. Menimcha, bu hozirgi zamonda she’riyatga yetishmayotgan eng muhim unsur bo‘lsa kerak. Faqat she’riyatga emas, umuman olganda, hayotimizga yetishmaydi shunday osoyishtalik. Hammamiz qandaydir jazavadamiz. Yozayotganlarimizda ham isyon-u jazava. Bizga qandaydir ruhiy uyg‘unlik yetishmaydi. Osoyishtalikka erishganimizda ham yana nimalardir uchun shoshamiz. Shoshganimiz sari jazavalar ichida chaqmoq yorug‘idek charsillab, yonamiz. Sizning she’rlaringizni his qilish uchun, avvalo, osoyishta tempga tushish lozim. Ko‘pchilik san’atkorlar ijodini anglash uchun ma’lum bir saviyaga, yuksaklikka chiqish lozim bo‘ladi. Sizni anglash uchun esa ichimizdagi jazavaning harorati biroz pasaygan, biroz tushgan bo‘lishi kerak. Ya’ni o‘z-o‘zingga, aslingga tushishing kerak. Jim Jarmush (o‘sha, “Patterson” ni ishlagan rejissyor), Terrens Malik kabi zamonaviy kinoning yetakchi ijodkorlari asarning asosiy voqeligiga o‘tishdan avval tomoshabin ko‘z oldida hayot tempini eng past darajagacha tushiradi. Ehtimol, sokinlashib, barqaror holatga kelgach, tomoshabin Ma’nolarni qabul qilishga tayyor bo‘lar. ( Bu zamonaviy san’atdagi asrimiz shiddatiga qarama-qarshi paydo bo‘layotgan yangi yo‘nalish. Umuman bugun Ma’nodan ham ko‘ra san’at orqali ixlosmandalarga shunchaki osoyishtalikni o‘zini yetkazib berish muhim bo‘lib qoldi.) Xuddi shu kabi sokinlashib, muvozanat holatiga kelgan o‘quvchigina sizning she’rlaringizni qabul qilishga, mazmunini ilg‘ashga tayyor bo‘ladi. Va ma’lum ma’noda ruhiy muvozanatga ham erishgan bo‘lishi kerak. Aytmoqchi bo‘lganim, aksarimiz she’rlaringizdagi sezimlarni ilg‘amayotgan bo‘lishimiz mumkin. Sharoitmi, fe’lmi taqozasi, hammamiz, deyarli hammamiz, jazavadamiz hozircha. Osoyishtalik va sokinlikka eishganlar esa she’rlaringiz qarshisida uzoq vaqt qola oladi. Шеър хусусида гап кетганда, қай йўсинда кўнгилдан тўкилиб, кўнгил тубига қанчалик етиб боришига қараб даражаларга ажратамиз. Руҳиятимизга яқин бўлган шоирларни ўзгача иштиёқ билан ўқиймиз. Уларни оила аъзосидек, яқин қардош, туғишганимиздек ардоқлаймиз. Албатта, уларнинг ёзганлари шахсий қарашлар, тасаввурдаги шеър ўлчамларига мос келсагина муаллиф билан дўстлик муносабатини ўрнатишимиз мумкин. Бироқ, мен доим дўст танлашда ижодкорларнинг ёзганларига қараб эмас, қандайдир ички ҳазинлигига, руҳан ҳокисорлигига, энг муҳими, мен қандайлигича кўришни истасам, шундайлича шахсиятини намоён этадиганлари билан дўст тутинаман. Ана шундай ички ва ташқи олами бир, ёзгалари менга қандай таъсир қилган бўлса, аслияти ҳам ҳудди шундай кўринадиган ижодкорлардан бири бу – Зулхумор Орифжонова! Зулхумор опа билан 2017 йил Бўстонлиқ туманида ўтказилган “Республика ёш ижодкорлар форуми”да танишганман. Дастлаб, ёзганларини деярли ўқимагандим, бунга зарурат ҳам йўқ эди. Чунки, менга унинг қандай шеър ёзиши эмас, қандай инсон эканлиги муҳимроқдек кўринарди. Кеийнчалик ижод намуналари билан тўлиқ танишиб чиққач, унга бўлган ҳурматим янада ортди. Негаки, ҳар шеърида сийрат-у самимияти яққол кўриниб турарди. “Сиз ўтиб борасиз бепарво, Хаёлларим кўчасидан ва Мен ўзимдан сўроқсиз сизни Ўйлаб қила бошлайман тавба. Туш кўрмоқлик истайман шунда, Ёнишини яширган кузман. Уйғонасиз бир кун биламан, Кўзингизни ойнадан узмай.” Муаллиф асосан кузнинг кўз илғамас суратларини тасвирлайди. “Ёнишини яширган” бу шоира ҳар сатрини хазонларга ўраб ифода этади, ям-яшил гул япроқларига эмас. Ёки айрим шоиралар каби дилсўзларини очиқ-ойдин, ҳаё пардасини йиртиб ошкора этмайди. Айнан шу жиҳати билан бошқалардан ажралиб туради. Унинг шеърларини ўқиб чиққан устоз Хуршид Даврон ҳам: “Шоира қизимнинг шеърларидаги кайфият, айниқса қўллаган нотабиий қофиялари мени қувонтирди” дея таъкидлайди. “Мен эса ичкарида… Деразадан узо-о-оқда сассиз Тун қамалган деворларимда Яшаётган муҳаббатмасми? Мен эмасми кўзгудаги куз, Мен эмасми… ўзимдан қочган? Беркинаман дарпардаларни Пайпаслаётган қуёшдан.” Ким у ичкаридаги? Зулмат асир этган пинҳон муҳаббатини кўзгудаги кузга менгзаб, ҳатто, уни қуёшдан ҳам яшираётган ким? Бу назокат фақатгина Зулхумор опага хос, бу каби шахсиятини қоғозга теран тўкаётган шоирани фақат унинг ёзганларида пайқадим. Ўқиган саринг кузариб, ҳарир оҳанглар қаърига шўнғиб бораверасан киши. “Кузни тинч қўй, ўйларингнинг оғриғидан Елкалари эгилгани кам эдими? Муҳаббатнинг кўчасидан ўтганларнинг Бизга атаб кетганлари ғам эдими?.. Дуоларда очилётган гуллар гувоҳ – йиллар гувоҳ, нафасингдан чўчиб кетган еллар гувоҳ – О, айбимиз, кўзларида чўкаётган юрагимиз, боши азал хамлигими?” Бир қарашда қофиялаш тизими, шаклида хатоликка йўл қуйилгандек туюлади. Оҳанглар атай синдирилгандек. Нега бундай қолип бузилишига дуч келаверади ўқувчи? Зулхумор опанинг тенгдошларидан ажралиб турадиган ўзига хос томони ҳам мана шунда. Шунга қарамай, бу каби ёзиқларни шеър даражасида эмас дея олмайман, албатта. Буни фақат шоирлар тушинади. Куз илҳомбаҳш фасл. Кузда ҳаммамиз тўлиб-тошиб ёзамиз. Кайфият ўзгача бўлади хазонрезда. Лекин Зулхумор опанинг тўрт томони ҳам кузак! Шоирага айтгим келади: “Нега кузга қаттиқ боғланиб қолгансиз? Нима учан ҳамма ёзганларингизда куз ёки унга ишора бор? Бу ҳуддики бутун бошли китобда фақат бир хил севги изҳор қилишдек туйилади менга. Ўзингиз айтганингиздек, кузни тинч қўйинг энди!” Унинг дарахтларига мезон ҳам оғирлик қилади. У қанотлари ҳориган қушдек қаҳратондан қўрқмайди. Фақатгина бу боғлардан кузнинг излари ўчгач, кўнгли ўша фаслга хумор бўлиб, унутишдан ҳавотир олади. Қалб майли эса уни излаб келаётган қадамларнинг насибаси куз бўлмаслигини тусайди. Бу қадамларга кузни тарк этаётганини сездирмаган қорлар билан оқ йўл тилайди. Шу йўлларга қуллуқ қилиб, кўзларининг намлигини яширади. “Тетар” журналида ишлаб юрган кезларим, иш вақти тугагач кун ора “Китоб дунёси” таҳрирятига кириб ўтардим. Бу ерда яхшигина муҳит ижодкорлари бор эди – Мирзоҳид Музаффар, Раҳмат Бобожон, Дурдона Бобомуродова ва Зулхумор опа. Улар билан ижод борасида қизғин мунозара, кўнгил тусаб қолса мушоира қилиб турардик. У ҳатто, шеър ўқиётган пайтда ҳам ёзаётганида бузиб ўтмаган чегарасидан ҳатлаб ўтмасди. “Скрипка чалинар, кимдир бегона Мен каби оламга, кечикар қуёш. Дардчил куйга, ва чироқдан ёришган уйга, Охири йўқ осмон очади қулоч. Ўйлайман – илинар киприкларимга тағин менга таниш тушнинг сояси: Кўринмас қишлоққа элтиувчи йўлнинг ниҳояси…” Олисдаги қадрдон чироқдан таралаётган нурларни ҳар қадамда соғинадиган Зулхумор опанинг ижодига ҳолис фикримни айтадиган бўлсам, (кўп мақтаб юбордим, бу билан ҳеч нимага эришиб бўлмайди,) ўзим каби унинг олдида ҳали жуда кўп заҳматли чиғириқлар борлигини айтмоқчиман. Балки бу машаққатлардан нозик жуссаси билан ўта олмас, лекин руҳий қуввати етарли эканлигига ишонаман. Шеърларида биз ўқиган-билган катта шоирларнинг нафасини ҳам сезаман баъзан. Яна куз мавзуси ва ўта тушкун руҳиятдан бироз чекиниб, мавзулар ранг-баранглигига эътибор қаратишини хоҳлардим. Зулхумор опа парда ортидаги ҳислатларини ҳеч қачон йўқотмай, ўз йўлини топа олишига аминман.
2020-03-03
http://nodirabegim.uz/archives/1836
Моцартнинг истеъдодини уч ёшида пайқаган она шаҳри- Залцбургнинг муҳаббати ҳам Венанинг фавқулодда телбаларча, мажнунсифат муҳаббати олдида ип эшолмасди. Бу муҳаббат шаҳарнинг ҳар бир фуқароси юрагида аланга мисоли тинимсиз гуриллаб ёнар, ҳеч муболағасиз қишин-ёзин ўчмас, аксинча вақт ўтган сари янаям кучаярди… Зиёли, таъби нозик, диди ўткир Вена Моцартдан том маънода ҳайратланарди. -Моцарт ажойиб,- дерди тепакал ва хомсемиз нотариус. -Унинг мусиқасини тингласам булбулнинг овозини эшитгандек бўламан,- дерди атир-упа сотувчи хотинчалиш баққол ундан гапни илиб олиб. -Моцартнинг мусиқаси менга жаннатдаги ҳурларнинг овозини ёдга солади,- гапни давом эттирарди бакенбардлари қалин ва бошидаги париги узун банкир. -У Венанинг фахри,- деб қўярди гоҳида циферблатининг тилла тасмаси камзули чўнтагидан доим чиқиб турадиган камгап заргар. Моцартнинг симфониялари ва сонаталари вақти келиб Венада шунчалик машҳурликка эришадики, кўзга кўринган мусиқий тадбирлар залларида, оқсуяк-у аслзодаларнинг зеб-зийнат билан ҳашамланган қасрларида, шон-шавкатга бурканган Австрия императорининг баобрў хонадонида, барокко услубида бунёд этилган ва анчадан бери аншлаг нималигини унутган салобатли империя театрларида бериладиган унинг концертлари ҳар сафар одам болаларига лиқ тўлади, унинг номига мисли кўрилмаган олқишлар ва мақтовлар ёғилади, сон-саноқсиз шляпалар қойил қолиш рамзи сифатида эгаларининг бошидан юлиниб, кўкка парвоз қилишади, императордан тортиб оддий фуқарогача- ҳамма у билан суҳбатдош бўлишга интилади. Кунлар келиб Венадан унинг шон-шуҳрати бутун Oврўпо бўйлаб таралади. Вена гўё ўз сарҳадлари бўйлаб очилган дарчалардан даставвал уни қўҳна қитъага кўз-кўз қилади, тавсия қилади, унинг эътиборини тортади. Оврўпо ҳам унга қизиқиш ва эътибор қаратгач, хурсанд бўлиш ўрнига тепа сочи тикка бўлади, уни тиш-тирноғи билан қизғанади, унга қаттиқ боғланиб қолганини ҳис қилади, уни тун-у кун қаршисида кўришни истаб уйқуси ва ҳаловати йўқолади, тунларни бедор, кунларни безовта ўтказади… Вена уни қаттиқ севиб қолади, унга меҳр қўяди, уни теран ардоқлайди, уни бир зумга бўлса-да, еру-кўкка ишонмайди. Кўп ўтмай Моцарт оврўпо бўйлаб гастролга кетади. Унинг гастрол сафари шунчалик чўзилиб кетадики, Вена ҳеч қанча ўтмай ўз ёқимтойини қўмсай бошлайди. Нотариус Моцартнинг концертлари яқиндагина аншлагга айланган театр ёнидан хўрсиниб ўтади, баққол дўконининг деразасидан Моцарт ўтармикин деб кўчани пойлайди, банкир уйининг болохонасидан қаҳва ичганча олисларга кўз тикади, заргарнинг юрагига иш сиғмай қолади… Моцарт қаерда бўлмасин унинг номига бирин-кетин соғинчли , ўтли ва гина аралаш мактублар оқиб келади. -Азизим, Моцарт!- деб бошланади унинг номига киборлар юборган мактуб.- Венага қачон қайтасиз? Соғинч юрак бағримизни эзиб юборди, ахир! -Оврўпони забт этдингиз,- дейишади ўз мактубларида империянинг қудратли аъёнлари.- Энди Венага қайта қолинг. Шаҳар йўлингизга интизор. Моцарт ҳақида Императорнинг шаҳсан ўзи ҳам гапиришни лозим топади. — Дайди ўғил ватанига қайтса яхши бўларди. Вена бир ҳафта эмас, ўн кун эмас, бир неча ой, йиллаб Моцартни кутади. Бу оралиқда у куни келиб ҳатто ҳасталикка чалинади. Ташҳис аниқ: Кучли соғинч натижасида асабларнинг таранглашиши… Бастакорни Италия, Франция, Англия бўйлаб кети кўринмаётган, адоғи йўқ гастрол сафарлари охири Венанинг тоқатини тоқ қилади. Соғинчдан ўзини йўқотган шаҳар энди асабийлашиб, жазавага тушиб, жиннихонадаги тузалмас телба каби ўзини ғайриодатий тута бошлайди. Ошиқ ўз севгилисини мудом бефарқликда айблагани каби у ҳам бастакорни муҳаббати ва ўзига хос ҳурматига муносиб жавоб қайтармаётганликда айблайди, бисотидаги бор гап-сўзларни маржонга ипдек тизиб сўз бойлигининг юқори нотасида уни ҳаддан ташқари нонкўрликда қоралайди, якунда эса худонинг зорини қилиб, ўтиниб уни ортга чорлайди. Нотариуснинг бошидаги қолган сочлари тўкилиб кетади, баққол дўконида ўтира олмай қолади, банкирнинг кўзига уйқу келмайди, заргар озиб-тўзиб кетади. -Бўлди, Моцарт етар!- дейишади тошкўчаларда каретада кетаётган киборлар гўё хаёлан бастакорга мурожаат қилишиб.- Ватанга қайтиш фурсати келди! Мусиқангни биз ношудлар қўмсадик. -Ҳалиям қайтмадими?- дейишади унинг хонадонига ташриф буюрган империя аъёнлари ўзларига эшикни очган унинг оқсочи ортидан хонадаги бўш турган роялга хавотирли кўз ташлаб. Бора-бора ҳатто, император ҳам асабийлашади. -Кеча Италияда, бугун Англияда. Эртага уни Хитойдан дараги келса ажаб эмас. Венанинг рашкдан кўзи кўр бўлади. Бу она муҳаббатига ҳам, ошиқ муҳаббатига ҳам ўхшамайдиган мутаасиб муҳаббат ўз ортидан тушунарсиз ва азобли рашкни етаклаб келади. У ўз ёқимтойи Моцарт ҳақидаги “Gazette de France”да берилган, бутун бир газета саҳифасини тўлдирган ажойиб тақризни хурсанд бўлиб ўқиса-да, дам ўтмай газетани йиртиб, майда-майда бўлакларга ажратиб ташлайди. “The London Cronicle” даги унинг ижоди ҳақидаги мақолани лабларида табассум билан кўзларига суртса-да, ҳижрон таъсирида асабини тағин жиловлай олмай газетани каминда қарсиллаб ёнаётган ўтин устига улоқтиради. Ёш бўлишига қарамай Моцартни Италиядаги нуфузли Болонья мусиқа академиясига аъзоликка қабул қилишгани ҳақидаги хабар унинг кўзларини намласа-да, бу хабарни у атайин эшитмаганга олади ва у қулоғидан киргазиб, бу қулоғидан чиқариб юборади. Ниҳоят, уч йил деганда Моцарт ортга қайтади. Қайтганида ҳам улкан музаффарият ва доҳиёна ёзилган опера билан қайтади. Унинг оврўподаги ютуқлари хусусидаги ҳикоя Венани ақлдан оздиради, карахт қилади. Вена ўз кўзларига, ўз қулоқларига ишонмайди. Моцартни бағрига маҳкам босиб, тотли бўсаларга кўмаркан: — Оврўпони бутунлай забт этибсан, тенгсиз даҳойим!- дейди ҳаяжонланиб ва бақириб-чақириб. Шаҳар кўчаларида, кафеларида, жамоат муассаларида, император хонадонида шу сўзлар тинмай акс садо беради. Бу тўхтовсиз садолар остида унинг номи яратганнинг номидан ҳам кўпроқ тилга олина бошлайди, бешикдаги гўдакдан тортиб жон таслим қилаётган мўйсафиднинг қулоғигача унинг муқаддас исми шарифи етиб боради. Вена Моцартни турфа хил, ифори одамни маст қиладиган гуллар билан сийлайди, фаранглар юртининг узумзорларида тайёрланган олийнав шампан виноларини унинг ингичка оёғи остига намойишкорона сочади, устига энг олифта фрак билан бошига императорникига ўхшаш виқорли парик кийгазади, қартазбозлик ва ўйин-кулгудан иборат бўлган –унинг номига берилажак зиёфатларни кун ора қалаштириб ташлайди. Шу кунгача Вена уни қўлларида кўтариб юрган бўлса, оврўподаги зафарлари ва бирин-кетин ёзилиб, саҳнага қўйилган “Фигаронинг тўйи” ва “Дон Жуан” каби операларидан кейин энди уни бошида кўтариб юради. Опералар Венанинг Моцартга бўлган муҳаббатини тамомила янги босқичга олиб чиқади. Бу муҳаббат энди росмана мутаасибликка айланади. У ўз кулминациясига чиққач, Вена яратган қолиб, Моцартга сиғинишни лозим топади, унда илоҳий белгилар ва ишораларни кўради, номига таҳсинларга қўшиб салавотлар айтади, у ҳақида диний афсоналардан ҳеч бир жабҳада қолишмайдиган афсоналар тўқийди. Бир куни эса кутилмаган ва кўнгилсиз хабар унинг қулоғи остида жаранглайди. -Моцарт ўлибди!- дейди тепакал ва хомсемиз нотариус ўз шогирдига идорасига кира солиб. -Моцартимиз энди йўқ!- дейди атир-упа сотувчи баққол ўз мижозига кўзларида ёш билан ҳасрат қилиб. -Алвидо, Вольфи!- дейди банкир бир даста вексель ва облигацияларни сейфга солаётиб юзига қайғули тус бераркан. Заргар бир ҳафта ўрнидан турмайди. -Моцарт!- дея олади холос у ўз ётоғига ким ҳол-аҳвол сўраб кирса бошини ёстиқдан сал кўтариб бошини чангаллаганча. Киборлар, империя аъёнлари, император Венага ачинишиб, шундоқ ҳам унинг оғир дардини зўрайтирмаслик учун пичирлаб гаплашишга тушишади. Вена эса Моцартнинг ўлимидан чалажон аҳволга тушиб қолади. Қайғули кўз ёш тўкади, кўз ёшлари дарё бўлиб оқади, устига қора кийиб аза очади, ўзини мотамсаро қиёфада бутун оврўпога намоён қилади, ўртамиёна бастакор Сальерини бу ўлимда айбдор деб топади, кўнгли яримта бўлиб бастакорни сўнгги йўлга кузатади ва ниҳоят, уни дод солиб тупроққа қўяди… Орадан кунлар, ойлар, йиллар ўтади. Вена азадор қиёфада Моцартнинг хотираси билан уйғунликда- ширин хотиралар оғушида яшашни одат тутади. Гоҳ уни ҳеч қачон унутолмаслигини ҳис қилиб қийналса, гоҳ ўтмишнинг ана ўша ширин хотираларини кўз олдида жонлантириб энтикади, юрагидаги муҳаббат билан суғорилган ўтмишдаги шукуҳли кунлар нафасидан баҳра олиб яшашни йўлга қўяди. Бир куни йиллар таъсирида ёши ўтиб қариган ўша хомсемиз ва тепакал нотариус ўз идорасига шошилиб кириб келади. -Янги бастакор пайдо бўлибди,- дейди у ўз шогирдига ҳаяжонланиб.- Бонн шаҳридан келибди. Ғирт қишлоқи! Исми шарифи Людвиг Ван Бетховен экан. -Вена Бетховендан ҳайратда,- дейди баққол нозик ва офатижон хоним танлаган атирни ҳиринглаб қоғозга ўраб бераётиб.- Кеча концертида ҳамма шляпасини осмонга отди, унинг номига қарсаклар тинмади. — Охирги кунларда ҳамма Бетховен ҳақида гапиряпти,- дейди банкир остонасига қарз сўраб келган шўрпешона тижоратчини бир финжон қаҳва ичишга таклиф қиларкан.- Унинг истеъдоди бизни мафтун қилишни бошлади. -Бетховен?- дейди заргар билагузукка буюртма берган кибор хонимга саволомуз ўгирилиб, пешонасини тириштираркан.- Сочлари доим тўзиб юрадиган, анави асабий йигитни айтяпсизми? Киборлар, империя аъёнлари, император ҳам Бетховеннинг номини шу тарзда тез-тез тилга олишади, уларни ёш бастакорнинг концертларида олдинги қаторларда, тилла узуклар таққан жун босган қўллари қарсак чалавериб шишиб кетганча ўтиришганини кўришади. Моцартнинг ўлимидан сўнг, қисқа фурсат бева қолган Вена кўпга бормай ўз қайғусини унутади ҳамда хушчақчақ Моцартдан фарқли равишда табиатан асабий, жиззаки ва муросасиз бўлган Бетховенни қизиқиш аралаш сирли таъқиб қилишга тушади. Унинг ҳар битта ҳаракатини синчковлик билан кузатади, истеъдодини орқаваротдан таҳлил қилади, ютуқларини мушоҳадага туташган илиқлик билан қарши олади. Бу вақт оралиғида унинг қалбидаги Моцарт ўлимидан сўнг қолган чуқур жароҳат ҳам битишга киришади, у аввалига иккиланишлар билан устидаги мотам либосини ечишга тараддуд кўради, айрилиқ етаклаб келган ўз изтиробларига барҳам бериш йўлларини жавдираб излайди. Бетховен “Қаҳрамонлик симфонияси”ни яратгач унинг жароҳати бутунлай битади, устидаги ҳали бирор ери сиртилмаган мотам либосини у буткул улоқтириб юборади ва лабларида анчадан бери кўринмай қўйган шўх табассум жилваланади. -О, Бетховен, даҳойим менинг, офарин сенга! Офарин!!! Бу симфония яратилгач, Вена Моцартни энди батамом унутади. У бир пайтлар бўлгани каби бу сафар Бетховенни кўкларга кўтариб, олқишлаб, ардоқлаб, севиб яшайди. Бетховеннинг ҳар бир яратган асари- у соната бўладими, симфониями- унинг томонидан қизғин ва қувонч билан кутиб олинади. Ёш ва истеъдодли бастакорнинг Элиза исмли қизга бағишланган сонатасини у ширали овозда хиргойи қилади, “Фиделио” номли операсидан кўз кўрмаган ҳайрат унсурларини туяди, симфонияларини кўзларини юмиб масрур ва хушҳол ҳолатда тинглайди. Бетховен Оврўпо бўйлаб гастролга кетганида-чи , уни Моцартни кутгандан кўра кучлироқ соғинч билан кутади, уни нима қилишини билмай эмаклаб юриб, ҳолдан тойиб, тамшаниб ва талпиниб ўзига чорлайди , янаям ақлдан озади. “Gazette De France” да унинг концертларига ёзилган тақризни янги таасуротлар билан ўқийди, “ The London Cronicle” да босилган унинг ижоди хусусидаги мақолани қирқиб олиб, ойнали ромга жойлаштиради ва камин устига қўйиб, унинг қаршисида олисдаги бастакорини эрта-ю кеч дуо қилиб ўтиради. Бетховен ўзининг “Бешинчи симфонияси”ни яратганида Вена Моцартнинг опералари яратилган пайтида бўлгани каби унинг қаршисига бемажол йиқилади, унга ўзининг эркини топширгандек бошини хиёл эгади. Моцартга сиғингандек унга сиғинишни бошларкан, бир маҳал уни Моцартдан кўра ҳам мукаммал ва беназир бастакор деб баралла овоза қилади ва унга Моцартга бермаган мақомни беради- уни Улуғ Маэстро деб эълон қилади ва ортидан шундай чақиради. Киборлар, сарой аъёнлари ва император уни бундай мақом билан чақиришни бошлаб беришади. Қолганлар давом эттиришади. -Маэстро, бизни ҳайратга солишда давом этяпти,- дейди саксонни қоралаб, бир оёғи гўрда бўлиб қолган нотариус Бетховеннинг навбатдаги концертидан ширакайф уйига келиб эшикни очган хотинига. -Кеча Маэстрога тинмай қарсак чалдим,- дейди баққол дўконини олдидан ўтиб кетаётган ҳар бир йўловчига.- Қўлларим оғриб кетди росаям. -Маэстро қанча қарз сўраса беравер,- дейди банкир ўз ғазначисига.- У Моцартдан кўра дилбар шахс. Заргар эса шахсан Бетховеннинг қаршисига бориб, унга ўз қўллари билан ясаган, ичига бастакорнинг бир тутам соч толаси жойлаштирилган медальонни туҳфа сифатида топшираркан, бошини эгиб ўз миннатдорчилигини билдиради. -Азизим,- дейди унга илтифот кўрсатиб.- Вена ҳали сиздек бастакорни кўрмаган!
2020-04-03
http://nodirabegim.uz/archives/1845
Бадиий китоблар бўлими институт кутубхонасининг ертўласида жойлашганди. Талабалар учун у ерга киришга фақат тушликдан сўнг рухсат этилар, бўлимни кекса рус аёли Лида хола юргизар, у кирган талабага кўпинча бош оғриғидан шикоят қиларди. Мен у ерга кўп кирардим, бўлимнинг доимий аъзоси эдим десам ҳам муболаға бўлмайди. Бир куни рус адабиётининг “кумуш” даврида ( йигирманчи аср бошларида) ижод қилган шоирлардан Владислав Ходасевич ва Константин Бальмонтнинг китобларини олганимни кўриб, Лида хола нега Марина Цветаеванинг китобларини ўқиш учун олмаслигим билан қизиқди. Унга сабабини айтгандим: -Ижодкорнинг шахсини эмас, ижодини биринчи ўринга қўйиш керак,- деди эътироз билдириб. -Мен бунинг аксини тарафдориман,-дедим унга сираям бўш келмай. -Болам, сен ноҳақсан,-деди у оғриқдан пешонасини тириштириб ва иккала қўли билан бошини маҳкам чангаллаб олди. Ўшанда катта ёшли инсон билан баҳслашишни ўзимга эп кўрмай, унга тушунарли деб бошимни ирғаб қўйган бўлсам-да, ўз фикримда қолган, институтни тамомлагунимгача — матбуотда ўзбекчада кўриниш берган баъзи шеърларини ҳисобга олмаса — Марина Цветаевани асло ўқимагандим. Кейинчалик Лида хола оламдан ўтди. Мен институтни тамомлаб, қалбим ва қизиқишларимга ёт бўлган даргоҳда, зерикарли ва фикрлаш нима билмайдиган одамлар орасида ўз меҳнат фаолиятимни бошладим. Бу йиллар давомида кўп нарса, кўп одамлар, энг асосийси замон ўзгарди. Аммо, ўша фикрим ўзгармади. Бунинг натижаси ўлароқ, ўттизга киргунимгача нафақат Цветаевани, балки Британия армияси сафида хизмат қилиб Ҳиндистондаги мустамлакачилик ва хунрезлик ишларида қатнашган Киплингни, бир-бири билан эр-хотин бўлиб яшаган хотинчалиш шоирлар Артюр Рембо ва Поль Верленни, эркакларни пайпоқдек алмаштирган ишратпараст Жорж Сандни умуман ўқимадим. Чор Россиясини Туркистонни босиб олишга чорлаган Достоевский ва Гитлер бошчилигидаги фашистлар салафи бўлган Кнут Ҳамсунни ўқиганим учун минг марта афсусландим. Табиатида педофиллик хислати устун бўлган Марсель Прустнинг китобини асабим бузилиб ярмида ташлаб қўйдим… Вақт ўтиб менда анча ғалати, аниқроғи биров ишониши қийин бўлган шундай одат пайдо бўлдики, бирор бир ижодкорни ўқимоқчи бўлсам, биринчи навбатда унинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқар, кечирган ҳаётидан қониқиш ҳосил қилсамгина ижодига бош суқиб эътибор қаратар, ёзган нарсаларини фурсат ажратиб ва хафсала қилиб ўқиб чиқардим. Бунинг акси бўлса, унинг ижоди эътиборимдан мутлақо четда қолиб, уни юзаки билганимча қолаверардим. Шу-шу бу одатим натижасида, жаҳон адабиётида юқори ўрин тутган ўнлаб даҳо, таниқли ёки мумтоз адиб мақомига эришган ижодкорларнинг ижод намуналари билан бошқалардек чуқур танишиб чиқмадим. Қўшимчасига қайсар тафаккуримда ўз-ўзидан қандайдир ғайритабиий қоида жорий этилди. Унга кўра ижодкорлардаги қусурларни ўзига хос аҳлоқ меъёрларига ажратиб чиқдим. Турли-туман қусурларга тўла ҳаёт кечирган ижодкорларни худди тарозидек шу меъёрларга солиб кўрар, сўнг улардан фақат тафаккурим ўйлаб топган шу аҳлоқ меъёрларига жавоб берадиганларини ўқирдим. Масалан, ижодкор ҳаётда пиёниста бўлган бўлса, унинг асарларини жаҳл билан бўлса-да, ўқирдим. Бу тафаккуримда унчалик аҳлоқсизлик бўлиб туюлмасди. У салгина енгилтак ва ҳавойи бўлган бўлса ҳам бу борада меъёридан ошмаган бўлса, уни шу руҳда ўқийверардим. Ота-онасини ташлаб кетган, судхўрлик қилган, даҳрий бўлганларни ҳам ўқирдим. Булар гарчи дунёқарашимга зид хислатлар бўлса-да, тафаккуримдаги йўл қўйилган аҳлоқ меъёрларига тўла-тўкис бўлмаса-да, жавоб берарди. Лекин, шундай қусурлар бўлардики, уларни ижодкорнинг таржимаи ҳолида учратсам ундан ирганишни бошлардим ва китобини қайтиб қўлимга ушламасдим. Юқорида мен санаб ўтган ижодкорлар ва Марина Цветаеванинг кечирган ҳаётидаги айрим қусурли вазиятлар тафаккуримдаги аҳлоқ меъёрларининг ҳеч бир даражасига мос тушмасди. Талабалик йилларим Цветаевани ўқимаганман дея олмайман. Тепада айтганимдек, матбуот орқали унинг рамзларга асосланган поэзияси билан қисман танишганман, шунчаки таржимаи ҳолини ўқигач ундан кўнглим совуганди. Шахсдан кўнглим совуса, ёшлигимга бориб автоматик равишда унинг ижодидан ҳам кўнглим совур, бунинг сабабини ўша кезлари бирорта одамга ҳозиргидек аник-тиниқ қилиб тушунтириб беролмасдим. Кутубхоначи аёл билан эссе бошида тилга олинган суҳбатимиз айнан шу кўнглим совуган кезларда бўлиб ўтган ва ижодкорнинг шахси билан ижоди шу тарзда мен учун оддий мавзудан долзарб мавзуга айланганди. Кечагидек эсимда. Мен ўқиган Цветаеванинг таржимаи ҳоли кичкинагина китобча эди. У ҳатто Маринанинг синглиси бўлган Анастасия Цветаеванинг “Хотиралар” номли китобидан ҳам ҳажман кичик эди. Китобни ўқиганимда ҳаммаси яхши бошланганди: Цветаеванинг болалиги, илк шеърий машқлари, матбуотда чиқа бошлагани, Эфронга турмушга чиқиши, рус адабий муҳитида кўриниш бериши ва… Софья Парнок исмли аёл билан танишиши. Китоб шу ерга етганида ўша аёлнинг суратига кўзим тушганди. У кўринишидан шахди баланд, эркак сифат, маъсулиятсиз ва бетгачопар бир аёл эди. Бундай тоифадаги аёллар ўзлари ҳақида юксак фикрда бўлиб, роса ўзларига бино қўйган ва кулгули тарзда мағрур бўлишади. Ички сезгимга кўра Парнокнинг феъл-атворида айнан шу хислатлар мужассам бўлиб, у кўнгилчан бўлган Цветаеванинг бутунлай тескариси эди. Сатрларга кўз югуртирарканман, бир лаҳзада кўнглим айниб беҳузур бўла бошлагани ҳам эсимда. Иккита аёлнинг бир-бирига севгиси, бир-бирини ардоқлаши, битта ётоқхонада биргаликда, эр-хотиндек ётиб-туриши… Оммавий маданият сабаб буни нималигини ҳозир кўпчилик тушунади ва ортиқча ҳайрон бўлмайди. Бироқ, ўшанда мени оғзим ланг очилиб қолган, шу ҳолатда тахминан ўн дақиқа китобни ушлаганимча қотиб тургандим. Цветаева ўз кундаликларида Парнок ҳақида ёзаркан, аёл киши учун фақат эркак кишини севиш жудаям зерикарли, дейди. Фурсат ўтиб, эридан кетади-да, у билан битта уйда яшай бошлайди, адабий кечаларда одамларнинг гап-сўзларига парво қилмай, у билан жазманлардек қучоқлашиб ўтиради, битта сигарани у билан бўлишиб чекади, унга бағишланган шеърлар ёзади. Шу шеърларни у “Дугона” номли тўпламга бирлаштиради. Ўн еттита шеърдан таркиб топган бу тўплам билан танишиб чиққан исталган одам Софья Парнок Цветаеванинг дугонасидан кўра яқинроқ кишиси бўлганини бир лаҳзада тушунади. Очиғи, ўшанда ҳам, кейин ҳам бирор бир ижодкорнинг шахсиятидан Цветаеванинг таржимаи ҳолини ўқиганимда бўлганчалик ҳеч қачон кучли ҳазар қилмаганман. Унинг ҳаётидаги мазкур қусури назаримда менинг (балки бир тийинга қиммат) аҳлоқ меъёрларимдан ортиб кетган ва шу бўйи ўзимни қанчалик унинг ижодига эътибор қаратишга чақирмай, барибир шахсияти биринчи ўринга кўтарилиб чиқаверганди. Назаримда, айнан Цветаевадан бошлаб бошқа ижодкорларнинг ҳам шахсиятига қатъий тарзда бирламчи унсур сифатида қарашни йўлга қўйганман. Ўтган йиллар давомида мени қийнаган бу мавзу ҳақида яқинда тағин хаёл суриб қолдим. Зерикарли ишимдан чарчаб келиб ўз хонамда ўтирарканман, бу фикрим тажрибасизлик натижасида юзага келмаганмикин, деб ўйга толдим. Талабалик пайти инсонда шижоат тажрибадан устун бўлади — буни кўпчилик билади. Мен ҳам шуни назарда тутган ҳолда ижодкор шахсияти ва ижодидан қай бирини биринчи ўринга қўйиш борасидаги шахсий муносабатимни қайта кўриб чиқишга тайёр эдим. Ҳар ҳолда энди ўспирин талаба ёки эндигина жамиятда меҳнат фаолиятини бошлаган хизматчи эмас, озми кўпми ҳаётий тажриба тўплаган инсон эдим. Қолаверса, ўзим билган, лекин шунча пайтдан бери аҳлоқ меъёрларим сабаб қайсарлик қилиб ўқимаган, кўзга кўринган ижодкорларнинг қусурларга тўла шахсиятига руҳиятимда кучли иммунитет ҳосил қилишни, шу бақувват иммун тизими орқали улардан жирканмай, ижодлари билан танишиб чиқишни ният қилдим. Бу йўлда биринчи навбатда эътиборимни яна Марина Цветаева тортди. Бу сафар ўз услубимни ўзгартирдим. Цветаеванинг таржимаи ҳолини қайтадан ўқиб чиқмай, аксинча унинг поэзиясини дастлаб тўлиқ ўқиб чиқишни мақсад қилдим. Бориб шаҳар кутубхонасидан унинг икки жилдлик асарлари тўпламини олдим. Уни аслиятда ўқигим келди, таржималардан кўнглим тўлмади. Чунки, таржималар тўлиқ эмас, бизнинг адабиётда уни уч-тўртта ҳаваскор таржимон енгил-елпи ва сифатсиз таржима қилганди, холос. Цветаевани ўқирканман, унинг рамзлар орқали ўз кечинмалари ва ҳис-туйғуларини ифодалаши менга манзур бўлди, дея олмайман. Бундай поэзия тўлалигича таъбимга зид эди. Лекин, гап бунда эмас. Унинг поэзияси билан танишишда давом этарканман, кулминация яна унинг “Дугона” тўпламидаги ўн еттита шеъри бўлди. Шу жойга келганимда йиллар чархлаб, силлиқлаган асабим яна дош бермади, бош чайқаганча китобни шартта ёпиб қўйдим-да, ўрнимдан туриб дераза олдига келдим. Дераза ойналари майдалаб ёғаётган қор учқунларидан хира кўринишга келган, ташқарида момиқ қор гилам каби ерга тўшалаётганди. Табиатнинг бу манзарасига қараб бир оз чалғиш мумкин эди. Бахтга қарши мен чалғий олмадим. Ёзув столимга қайтиб бордим-да, жин урсин шу Цветаевани деб унинг таржимаи ҳолини варақлашга тушдим. Талабалик пайтимдаги каби биттагина муаллифнинг китобини эмас, бу гал Цветаеванинг кўзга кўринган биографлари бўлган Лидия Анускович, Мария Разумовская, Вероника Лосская, Анри Труайяларнинг унга бағишланган китобларининг электрон вариантларини топиб, кўз нуримни кетказиб уларнинг бу мавзуга дахлдор саҳифаларини кўздан кечириб чиқдим. Бу муаллифларнинг барчасида Цветаева ва Парнок муносабатлари батафсил ёритилган, уларнинг таъкидлашича ҳам бу бемаъни муносабат иккита аёлнинг одатий дўстлигидан анча йироқ, ғаритабиий ишққа асосланган эди. -Нима учун мен қандайдир жинсий ориентацияси номаълум аёлнинг ижодини ўрганишим керак?- дедим шунда баттар асабийлашиб. Ёшим ўтгач, ўтган йиллар таъсирида мен оғир ва вазмин инсонга айлангандим, шунга қисқа вақт ичида икки марта асабийлашишим бошида ўзимга ғалати туюлди. Аммо, лаҳза ўтмай учинчи марта асабийлашдим. Дераза томонга яна бир қур кўз югуртиргандим, кўз олдимда йигирманчи аср бошларидаги Петербург савлат тўкиб гавдаланди. Унинг қорга бурканган тош ётқизилган кўчалари ва Оврўпо меъморчилигининг гултожи бўлган барокко услубидаги бинолари бирма-бир қад ростлаб, атрофда кареталарда ва пиёда кетаётган одамлар кўринди. Тўсатдан эгнига пўстин, бошига қундуз терисидан тикилган аёллар телпаги кийган иккита аёл кўчанинг ўртасида пайдо бўлди. Улар бир-бирини қучоқлаб олган, иккиси битта сигарани шеър ўқиганча навбат билан чекишар, бири иккинчисидан қолишмайдиган тарзда ширакайф эди. Улар шаҳарнинг кўзга кўринган меҳмонхоналаридан бирига устиларидаги қор учқунларини қоқиб-қоқиб кириб кетишди. Шунда кўз олдимда шаҳар ўрнига улар кириб кетган меҳмонхонанинг шинамгина ётоқхонаси гавдаланди. Унинг деразаларига тўқ қизил рангдаги парда осилган, ўртасидаги нақшинкор диван устига сув парилари расми туширилган сутранг чойшаб тўшалган, унинг бир бурчидаги жигарранг жавон билан ётоқхона эшиги ранг борасида ўзига хос мутаносиблик ҳосил қилганди. Бир пайт хонага бояги аёллар кириб келишди: иккиси кўчада бўлгани каби ёнма-ён, бир бирининг пинжига кирганча, лабларида сигарет, ширакайф, шеър ўқиган кўйи… Хонага киргач, улар устиларидаги пўстинни, бошларидаги аёллар телпагини хонанинг дуч келган тарафига ирғитишди ва бири иккинчисининг лабларидаги сигаретни полга улоқтириб, эҳтиросларини жиловлай олмай ундан бўса ола бошлади. Иккинчиси ҳам жим турмади-да, уни туртиб диванга йиқитди ва кўзлари мастона сузилиб ҳамда ҳиринглаб кулганча унинг оёқ кийимини, пайпоқларини еча бошлади… Кўз олдимда гавдаланган бу манзара менда кучли ижирғанишни юзага келтирди. Кўнглим айнишни бошлаган бўлса-да, ўзимни назорат қилиш хусусиятини бир амаллаб сақлаб, нигоҳимни базўр дераза томондан олдим. Цветаеванинг таржимаи ҳоли ёритилган электрон китобларни ҳам, унинг икки жидлик шеърлари тўпламини ҳам бир пасда унутдим. Хонамдаги басавлат креслога беҳол чўқдим. Нигоҳимни рўпарамдаги телевизорга қадагандим, унинг ўрнида ўша кутубхоначи аёл худди талабалик пайтимда бўлганидек қаршимда менга саволомуз қараб тургандек бўлди. -Цветаевани ўқимайман барибир, Лида хола,- дедим у томонга қарамасликка тиришиб. Унинг қиёфаси лаҳза ўтиб рўпарамдан йўқолди. Иккинчи марта қараганимда, қаршимда у йўқ, энди телевизор ўз жойида эди. Ёзув столи устида эса Цветаеванинг икки жилдлик шеърлари тўплами — бири ярмигача очилган, иккинчиси қўл теккизилмаган ҳолатда турарди. Мен уларга бефарқ қарадим. Шу бефарқлик теграсида бир томондан ўзим шакллантиришга уринган руҳиятимдаги иммун тизими майда-майда бўлиб сочилиб кетганини ҳис қилган бўлсам, бошқа томондан негадир энди бир умр Цветаевани кўз олдимга келтирсам, мен учун рамзларга асосланган поэзияси эмас, балки айнан ҳаётидаги ўша жирканч эпизод унинг ташриф қоғозига айланишини тушундим. Энг қизиғи, бу бир пайтлар бўлганидек йигирма яшар талабанинг хулосаси эмасди.
2020-03-02
http://nodirabegim.uz/archives/1696
Ўтган йилнинг ноябрида бир гуруҳ ёзувчилар билан Бухорога саёҳат қилганимиз ҳали ҳамон ёдимда. Ўшанда тунаш учун шаҳарнинг кўзга кўринган меҳмонхоналаридан бирига тушгандик. Қўналғамиз чакки эмас, барча шарт-шароитлар яратилганди. Нонушта пайтида устоз Абдуқаюм Йўлдош, ёзувчилар Жавлон Жовлиев ва Шерзод Халилов, шунингдек камина меҳмонхонанинг биринчи қаватдаги ресторанга йўл олдик. Ресторан кенг ва шинам эди. Шерикларим негадир у ердаги столлардан бирида савлат тўкиб ўтирган кишини кўриб, унинг олдига ошиқишди, мен ресторан хизматчисининг тавсиясига асосан ўша столга қўшни бўлган-бўш турган стол сари юрдим. Стулга ўтирарканман, шерикларимни ўша киши билан қўл беришиб, унинг устига қуюқ сўрашишганига кўзим тушди. Мен адабиёт одами бўлмаганим учун уни танимадим ва ким экан у, деб роса бошимни қотирдим. -Аҳмаджон Мелибоев, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири,- деди Жавлон рўпарамга ўтиргач, сўрашган одамлари кимлигини билиш мақсадида унга савол билан мурожаат қилганимда. Ўз столимизда биз ёшлар жим нонушта қилдик. Бошланишига асосан Абдуқаюм Йўлдош билан Аҳмаджон Мелибоев ўзаро суҳбатлашишди. Орада устоз бизни нима мақсадда Бухорога ташриф буюрганимизни Мелибоевга айтиб, унга мени таништирди. Мелибоевни энди кўриб турган бўлсам-да, уни публицист сифатида яхши билар, Чингиз Айтматов ва Нобель мукофоти ҳақидаги мақолаларини қачонлардир матбуотда ўқигандим. -Чингиз Айтматовга нега Нобель мукофоти берилмаган деб ўйлайсиз?- дедим олдимдаги чойдан бир хўплаб олгач дабдурустдан Мелибоевга юзланиб.- Менимча, у бунга арзирди. У мени тап тортмаслигимга аҳамият бердими-йўқми, билмайман. Аммо сир бой бермай бир пасда узундан узоқ маърузасини бошлади. Дастлаб Чингиз Айтматов ҳақида гапирди. Анча илиқлик билан, тўлқинланиб, қўшимчасига кам учрайдиган меҳр-муҳаббат билан. Нобель мукофоти ҳақида эса энсасини қотириб ва хафсаласизлик билан уни сиёсий ўйинлар қўлидаги битта қўғирчоқ, деб атади. -Сен ҳам ватанингдан четга чиқиб, хорижда яшасанг ва у ердан туриб ватанинг устига ошкора мағзава ағдарсанг, табиийки сенга ҳам Нобель мукофотини беришади,- деди у гапининг сўнггида менга киноя қилиб. Унинг айрим катта ёшдаги ижодкорларга хос бўлган иззатталаблик балқиб турган чеҳрасига қарарканман, сезилар-сезилмас мийиғимда кулиб қўйдим ва шу бўйи унга бошқа гапирмай, ундан қолишмаган тарзда киноя қилганча нонушта қилишда давом этдим. Нобель мукофоти борасидаги унинг хулосаси таъбимга ўтирмади. Анча йиллар олдин матбуотда эълон қилинган “Нобель мукофотига тобингиз қалай?” деб номланган мақоласида ҳам у наздимда бир томонлама фикр юритган, айни пайтда билдирган фикри ҳам юзаки эди. Нонуштадан сўнг, у билан хайрлашиб, Бухородаги тарихий обидаларни айланиш учун бизга ажратилган микроавтобусга ўтирдик. Йўл бўйи шаҳарнинг тароватини кузатиб кетгандек кўринсам-да, аслида хаёлим Мелибоевнинг нонушта пайтида айтган гапларида эди. Шу туфайли ҳатто, Нақшбандий зиёратгоҳидаги илиқ муҳит ҳам кўнглимга сиғмади. У ерда айланиб юрарканман, наҳот Нобель мукофоти лауреати бўлган барча муҳожир ёзувчилар ҳорижда яшаб, ўз ватанларининг устига мағзава ағдарганлари учун мукофотни қўлга киритишган бўлса, деб ўйладим. Шунда ёдимга тасодифан рус муҳожир ёзувчиси Иван Бунин тушди. Уни кўп ўқиганман дея олмайман. Шунга қарамай унинг ҳаётини ипидан игнасигача билар, “Cовуқ куз” номли ҳикояси энг севимли ҳикояларимдан бири бўлиб, қачонлардир уни ўқиганимда кўзларим намлангани рост эди. “Ситораи Мохи Хоса” мажмуасига элтадиган йўл бўйи унинг ҳаёти билан ижоди ҳақида хаёл суриб кетдим. Асарлари, кечирган ҳаёти, фаранглар юртидаги умргузаронлиги, Нобель мукофотини қўлга киритган лаҳзалари, кундалигидаги ўлими яқин қолган пайтда ёзилган ватанни қўмсаш билан суғорилган армонли сатрлари ва ҳоказолар бирма бир хотирамда жонланди. -Ситораи Мохи Хоса мажмуаси,- деди бир маҳал бизга йўлбошчилик қилаётган йигит. Унинг бухороча лаҳжасидан ўзимга келдим. Микроавтобус аллақачон бу мажмуа олдига — Амир Олимхоннинг ёзги саройига етиб келганди. -Эсдалик учун суратга тушамизми?- деди ўзбек гуруҳига масъул бўлган ижодкор Нодира Иброҳимова дарвоза олдида. Бунинлар оиласи адашмасам ўтган асрнинг йигирманчи йиллари бошида большевиклар бошчилигидаги Россияни ташлаб Францияга кўчиб кетишганди. Битта улар эмас. Уларга ўхшаб юзлаб ижодкор оилалар, минглаб бошқа касб эгалари, юз минглаб оддий рус одамлари бўйниларига муҳожирлик қисматини олиб ўз ихтиёрларига қарши юртни ташлаб чиқиб кетишган ва шу бўйи бутун оврўпо бўйлаб сочилиб кетишганди. Иван Алексеевич Париждаги Жак Оффенбах номли кўчада жойлашган ўртамиёна хонадонлардан бирида истиқомат қиларкан, бу муҳожирлик қисмати ва Россияда давом этаётган большевикларнинг хунрезлиги ҳақида куйиниб ёзади. Парижга келишидан олдин, Одесса, Истамбул, Софья шаҳарларида яшаган пайтида кундаликлар тарзида ёзилган “Бадбахт кунлар” асарида кўтарилган мавзу — инқилобдан олдинги Россияни қўмсаш ва эндиликда юртни эгаллаган Ленин бошчилигидаги большевикларга туганмас нафрат билан муносабатда бўлишни у Парижда ҳам давом эттиради. Бироқ, бу унинг ватанпарварлигига асло доғ туширмайди, чунки унинг нафрати бепоён рус ўлкасига нисбатан эмас, унга ҳукмронлик қилишни бошлаган бир тўда қолоқ, жоҳил, қонҳўр кишилардан иборат бўлган сиёсий гуруҳга қаратилганди. -Россия менинг ватаним,- дейди у Шмелёв ва Зайцев каби муҳожир ёзувчилар билан суҳбатлашган чоғлари.- Ҳеч ким менга ватанни севишни ўргата олмайди, мен буни ўз шеърларим ва ҳикояларим орқали аллақачон кўрсатиб бўлганман. Ҳозир эса Ленин бошчилигидаги большевиклардан нафратланаман, ватанимдан эмас. Парижда яшаган йиллари у бунга жавобан ўзининг энг яхши асари — “Арсеньевнинг ҳаёти” номли романини ёзиб тугатади. Асар автобиографик бўлиб, Бунин унда инқилобдан олдинги Россияни ва ўша даврдаги кўнгли тоза, пок одамларни қўмсаш, улар атрофида ўтган орзу-умидларга тўла ёшлик йилларини эсга олиш орқали ватанга муҳаббатни гўзал тарзда ва теран ифодалайди. -Юринглар, Амирни оврўпо меъморчилиги асосида қурдирган саройига кирамиз,- деди менга Шерзод Халилов ана ўша романнинг сюжетини хаёлимдан ўтказаётганимда. Қолганларга қўшилиб оёқ остига тош ётқизилган ҳовлини босиб ўтдим-да, саройнинг ичкарисига кирдим. Ичкарида — худди эртакни эслатувчи фонда яна эсдалик учун суратга тушишлар бошланди. Бир чеккага бориб, деразадан ноябрнинг хира қуёши нурида товланиб турган сарой ҳовлисига назар соларканман, лаҳза ўтмай икки минг ўн тўққизинчи йилдаги Бухоро ўрнида бир минг тўққиз юз ўттиз учинчи йилдаги Париж гавдаланди. Унинг гавжум кўчаларидан бири кўз олдимда пайдо бўлиб (бу Риволи кўчасига ўхшади), одамлар оқими бирин кетин уни тўлдира бошлади. Бошига шляпа, эгнига узун фрак кийиб унинг чўнтагидан оппоқ дастрўмолини ёки кумуш циферблатини чиқариб олган зодагонлар; бакенбардлари қалин, чўрткесар, эгнидаги ҳарбий кийимига сиғинадиган ҳарбийлар; ўликдан фарқ қилмайдиган юзини қийшайтириб эснаганча ўзаро суҳбатлашиб кетаётган давлат хизматчилари; юзига тўр тушириб олиб, ихчам кийинган сирли аёллар; тамаки тутатган, ширакайф йигитлар; бир-бирини пинжига кирганча атрофга бепарво боққан ўйноқи жуфтликлар; камзулининг тугмалари сиртилиб, шимларининг тиззаси йиртилиб кетган, қўлларига газеталарнинг янги чиққан сонларини ушлаб олганча, бақириб уларни ўтган-кетганга сотиб юрган болакайлар; ҳассасига таяниб ити билан ҳамроҳликда кетаётган мўйсафидлар — хуллас қандайдир дақиқалар ичида Парижнинг бутун аҳолисидан иборат картина қаршисида тургандек бўлдим. Ногаҳон, ана ўша одамлар орасида велосипед ҳайдаган озғин ўспирин кўринди. У адашмасам хат ташувчи, почта курьери эди. Велосипедини тезлатиб у Парижнинг четида жойлашган кварталлардан бирига кириб кетди-да, дам ўтмай зинапояси баланд, болохонали, шувоғи тўкилган уйнинг остонасида пайдо бўлди. -Мсье Бунинга хат бор, — деди у эшикни тақиллатгач, пешвоз чиққан аёлга. Аёл хатни олиб, унга кўз югуртирди. Хат Швециядан эди. Унда швециялик таржимон Кальгрен Бунинда қайси юрт фуқароси эканлигини сўраганди. -Мен унинг хотиниман. Эрим кино премьерасида эди,- деди сўнг хат ташувчи ўспиринга талмовсираб. Аёлда унга бериш учун чойчақа топилмади. Ўспирин ноилож тарвузи қўлтиғидан тушган одамдек кетди. У кетгач, аёл кинозалга оилаларининг дўсти ва ўзлари каби рус муҳожири бўлган Леонид Зуровни жўнатади. -Сизга Швециядан хат келибди,- деди у жўнатган киши Бунинни кинозалда ҳамроҳлари даврасида учратиб.- Афтидан, адабиёт йўналишида Нобель мукофоти лауреати бўлган кўринасиз. Бир минг тўққиз юз ўттиз учинчи йили Иван Алексеевич Бунинга берилган Нобель мукофотига Швеция академияси қуйидагича изоҳ берганди: “Прозада рус классик анъаналарини тараққий эттирган талабчан маҳорати учун”. Муҳожирликда яшаб, ватанини танқид қилгани учун эмас, сиёсий мақсадлар учун ҳам эмас, айнан бадиий маҳорати сабаб. У Нобель мукофотини топшириш маросимига кетаётганида йўлда кундалигига қуйидаги сўзларни ёзади: “Тўртинчи декабрь куни тонгда поездда Ганноверга (Германиядаги шаҳар) етдик. Кўзимни очиб, дераза пардасини тортсам, ойна музлаган. Рельсларни ҳам муз қоплаган. Платформада у ёқдан бу ёққа ўтаётган одамлар мўйна қалпоқ, пўстин кийинган. Бундай манзараларни кўрмаганимга анча вақт бўлди. Юрак унутмас экан!” -Совқотдингизми? — деди бизга мезбонлик қилаётган бухоролик ижодкор Гўзал Рўзиева сарой ташқарисига чиққач, у ердаги қуёш нурлари тушиб турган ўриндиқлардан бирига шошиб бориб ўтирганимни кўриб жилмаяркан. — Бухоро совуқ дегандим-ку! -Амир роса хотинбоз бўлган экан,- дедим унинг саволига жавоб бериш ўрнига бир-биридан унча узоқ бўлмаган масофаларда жойлашган амирнинг канизаклари учун қурилган биноларга пешонамни тириштириб қарарканман. -Нимасини айтасиз?!- деди ёнимиздаги шериклардан бири. Иван Алексеевич Швеция академияси томонидан берилган Нобель мукофотининг етти юз ўн беш минг франк миқдоридаги маблағини бир қисмини ўзига ишлатса, бир қисмига муҳтожликда яшаб кун кўраётган рус муҳожир адабиётшунослари учун ёрдам фонди ташкил қилади. Унинг Париждаги қишки квартираси, Грасдаги ёзги дала ҳовлиси карвонсаройга ўхшарди. Унинг зиёратига турли касб эгалари — баъзилари ёрдам сўраб, баъзилари Россиядаги сиёсий-ижтимоий вазиятдан нолиб келиб туришарди. Мукофот пулининг қолган қисмини у ўз ватанидан айрилган шу бечораларга ёрдам тариқасида ишлатади. Мажмуанинг орқа томонидаги кўлнинг олдига борарканман, кўлни тоза сақланмаганлиги, сувини сарғайиб кетиб, шаффофликдан анча йироқдалиги таъбимни кир қилди. -Амирнинг канизаклари шу ерда чўмилишган экан,- деди Шерзод Халилов ҳайрон бўлиб. -Ўша пайтлар ҳам кўлнинг суви шунақа “шаффоф” бўлганмикин?- дедим мен кесатиб. Митти кўлнинг четида турли-туман эсдалик нарсалар билан савдо қилаётган сотувчилар орасига борарканман, улар ўз молларини менга бирин-кетин таклиф қила бошлашди. Мен чўкка тушиб, ерга тўшалган уларнинг молларини кўздан кечира бошладим. Эсдалик учун юқори қисмига туялар карвони сурати туширилган авторучка олдим. -Денгиз ҳавоси барибир ўзгача, тўғрими? — Ҳа, Иван Алексеевич. Иван Алексеевич ёнига — қуёш тобора қиздира бошлаган қумга ўтириб, сарҳади йўқ улкан денгизнинг бир маромда мавжланишини кузатаётган дўсти Леонид Зуровга боқаркан, юрагини ўткир оғриқ билан эзаётган ватан соғинчини яна бир бор ҳис қилгандек бўлади. У томирлари бўртиб чиққан қўллари билан қумга таяниб ўрнидан туради. Унга қўшилиб дўсти Зуров ҳам оёққа қалқийди. Гапиришдан олдин у ўзи ижарага олган, узоқдан черепицали томлари ва новча деразалари кўриниб турган дала ҳовлиси “Бельведер” ва Граснинг мовий осмон остидаги мафтункор табиатига бир пас тикилиб туради. -Демак, эртага Россияга жўнаб кетасиз? -Эртага кечқурун. -Мен қариб қолдим. Қолаверса, соғлиғим ҳам кундан-кунга ёмонлашяпти. Ишонасизми, агар мен ҳам сиз каби ёш ва тетик бўлганимда эди, ҳеч нимага қарамай ҳозироқ Россияга жўнаб кетган бўлардим. Мени Одесса ва Парижда ёзган асарларим учун у ерда турли хил қийноқларга солишларини ёки суд ҳам қилмай отиб ташлашлари мумкинлигини биров тахмин қилса ҳам. -Ишонаман, Иван Алексеевич. У қуёшдан кўзларини ҳимоя қилиш учун қора кўзойнагини тақиб, бўйнини чўзганича денгиз узра узоқларга тикилади. Кўзларидаги соғинчни, эҳтимол уларда пайдо бўлишга шай турган кўз ёшини беркитиш учун атайин қора кўзойнак таққандек. Амир бошқа бир канизаги учун қурдирган саройида хоналар шунақанги кўп эканки, адашиб қолай дедим. Кичкина ва бир бирига ўхшаш хоналар, ҳаммасида голландча печка, деворларига турфа хил сўзаналар осилган. Шу сўзаналар атрофида ҳам эсдалик учун беармон суратга тушдим. Ташқарига чиққач, яна у ердаги ўриндиқлардан бирига ўтирдим. -Бу ерда ижод қилиш учун бирорта хонани ижарага беришмасмикин?- дедим атрофимга гуруҳимиздаги ҳамма тўплангач. Ҳазилимга ҳамма кулди. -Энди “ўлик шаҳар”га ( “Чор Бакир” мажмуаси) борамиз, — деди йўлбошчи йигит ҳамма тўпланганини кўргач овозини кўтариб. “Ситораи Мохи Хоса” мажмуаси билан ҳечам хайрлашгим келмади. Ярим соатнинг ичида юрагимнинг тўридан жой олган бу масканда бир умр қолишга тайёр эдим. Секин қадам ташлаб келиб микроавтобусга чиқарканман, ортимда қолган кўҳна дарвоза ичкарисига ўзимдаги ниманидир ташлаб кетаётгандек бўлдим. Ўша нарса нималигини билмадим. -Деразани ёпсангиз-чи, Иван Алексеевич. Ташқарида ёмғир ёғяпти. Шамоллайсиз, ахир! Иван Алексеевич ортига ўгирилади ва бўсағада турган хотини Вера Муромцевага кўзи тушади. Лекин унга эътибор бермайди-да, дераза олдида турган радиоприёмникка қулоғини янаям яқин олиб келади. Радиодан сухандон ўтган асрнинг қирқинчи йилларида фаолият юритган оврўпо сухандонлари каби қўрқувдан овози титраб, эртанги кундан ҳаяжонланиб ва хавотирдан тез-тез нафас олиб француз тилида гапирар, француз тилини бинойидек билган одам у уруш ҳақида, Гитлер бошчилигидаги фашистлар борган сари Россиянинг ичкарисига кириб бораётгани ҳақида гапираётганини илғаши қийин эмасди. Иван Алексеевич ҳам француз тилини чамаси яхши билар, шунгадир балки олисдаги ватанининг тақдирини ўйлаб кўзлари бирин-кетин ёшланар, бўсағада турган хотинини ҳам, унинг айтганини қилиб деразани ёпишни ҳам унутган, қўл узатса етадиган масофада бўлган деразани ёпишга ўзини мажоли йўқдек сезарди. -Кечирасиз, деразани ёпмасак бўлмайди. Поезд ходими ёнимга келиб, очиқ турган поезд деразасини ёпиб қўйди. У ортига қайтиб кетаётганида бир финжон қаҳвага буюртма бердим. У тушундим дегандек тез-тез юриб кетди. Дераза ёпилгач, поезднинг рельслар устида кетаётганини эслатиб турувчи тарақ-туруқ овози ҳам ичкарига эшитилмай қолди. Дераза пардаларини янаям каттароқ очиб, кетма-кет орқада қолаётган пастак уйлар, яйловлар, адирлар ва тоғу тошларни кузатиб қоларканман, Бухоро ортда қолиб Тошкент яқин келгани сари яна Мелибоевнинг Нобель мукофоти борасидаги гаплари хаёлимдан ўтди. -Бекор гап бу!- ўйладим буюртма қилинган қаҳвамни хизматчининг қўлидан олиб, унга пул узатарканман. У пулни олгач, деразани манзилга етгунча очмасликни менга яна бир бор таъкидлади. Унга хўп дегандек бошимни қимирлатиб қўйдим. Вақт ўтиб поездда ўзимни анчайин ҳорғин сездим, ичкари диққинафас бўлиб кетди. Бир кишилик ўриндиқда дераза олдида кетарканман, хизматчининг таъкидлаганига қарамай деразани очгим ва ташқаридаги муздек ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олгим келди. Бироқ, андиша қилиб ниятимдан қайтдим. Тошкент яқин қолгани сари эса Бунин билан боғлиқ Париж хотиралари ҳам, ҳаётимдаги бир кунимни мазмунли ўтказишимга сабаб бўлган эртакнамо Бухоро манзаралари ҳам худди туш каби кўз олдимдан йўқолиб борарди…
2020-09-02
http://nodirabegim.uz/archives/1734
: “Асосан интернетда деярли ҳамма катта ижодкорларни кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Адабий газета ва журналларни ҳам имкон борича кузатаман. Катталар нимани ёзяпти? Бу мен учун қизиқ. Насрда доимо катта қизиқиш билан кузатиб борадиганим устоз Набижон Боқий. Қолаверса, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Луқмон Бўрихонларни ҳам доимо кузатиб бораман. Шеъриятда Гулноз Мўминова, Нодира Афоқова, кейин охирги пайтларда Муҳаммадсиддиқ Раҳматов акамизни ижодларини мунтазам кузатиб боряпман. Катта ижодкорлар унчалик фаол эмасдай туюлади, назаримда. Балки, бу уларнинг биз ёшлар каби андишасиз эмасликларидандир. Тағин билмадим. Ўтган устоз ижодкорларнинг жойлари жаннатдан бўлсин. Уларни ўқийверсам, ҳар сатри янгидай, кеча ёзилгандай туюлаверади. Улуғлар руҳи ёр бўлиб, адабиётимиз юксалаверсин”. : “Ҳалима Аҳмад, Шодмонқул Салом, Азиз Саид, Хуршид Даврон, Муҳаммад Солиҳ, Бектемир Пирнафасов, Назар Эшонқул, Раҳмон Ҳожимурод, Зариф Султани, Хуршид Дўстмуҳаммад, Шомирза Турдимов (мақолалар, илмий китоблар), Гулноз Мўминова (таржималарини ўқидим охирги бор), Баҳром Рўзимуҳаммад, Мурод Човуш, Олим Отахонни ўқийман.” : “Эркин Аъзам, Хуршид Даврон ва Иброҳим Ғафуров”. “Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Баҳодир Қобул, Эркин Аъзам, Набижон Боқий, Ҳалима Аҳмад, Нодира Афоқова, Дилором Эргашева, Азиз Саид, Гулноз, Мўминова, Одил Икром, Иқбол Мирзо, Иброҳим Ғофуров, Қўчқор Норқобил, Хосият Рустам ва яна бошқа кўплаб ижодкорлар”. : “Устозлар ижодини доим кузатиб боришга ҳаракат қиламан, негаки бизни ижодкор сифатида шакллантирган, аввало асарлари билан адабиёт оламига йўл очиб берган мактаб мен учун ҳамиша қадрли. Шу маънода назмда Усмон Азим, Хуршид Даврон, Азиз Саид, Азим Суюн, Ҳалима Аҳмад, Зебо Мирзо шеърлари, насрда Шойим Бўтаев, Эркин Аъзам, Назар Эшонқул яратган ҳар бир янги асарни топиб ўқишга ҳаракат қиламан”. : “Катта ёшли адиблардан фақат Назар Эшонқул ва Абдуқаюм Йўлдошни ўқийман. Қолган катта ёшли адибларга қизиқмаганман. Улар ўта миллий, жўн ва примитив ёзишади. Катта ёшли шоирлардан ҳеч кимни ўқимайман. Уларнинг ҳеч бирини ижоди мени ўзига тортмаган. Балки, мен сюжетли ва реалистик поэзияни хуш кўрганим учун уларнинг пафос ва ташбеҳларга тўла поэзияси ёқмас. Драматурглар ҳақида гапирадиган бўлсам, бизда ҳали ҳақиқий драматургия шакллангани йўқ”. : “Эркин Аъзам, Усмон Азим, Эшқобил Шукур, Улуғбек Ҳамдам, Абдуқаюм Йўлдошев, Исажон Султон ва бошқаларни. Деярли ҳаммасини ўқиб, кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Шоирларни ҳам”. : “Катта ёшли шоирлардан севимлиларим: Муҳаммад Солиҳ, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Фахриддин Низом, Паҳлавон Содиқ, Зариф Султоний, Хосият Рустамова, Гулноз Мўминова, Гўзал Бегим, Ойдиннисо ва бошқалар”. : “Хуршид Даврон, Усмон Азим, Муҳаммад Солиҳ, Назар Эшонқул, Азиз Саид, Фахриёр, Одил Икром, Хуршид Дўстмуҳаммад, Тўхтамурод Рустам, Темур Пўлатов, Баҳодир Абдураззоқ, Эшқобил Шукур, Ҳалима Аҳмад, Зебо Мирзо, Баҳром Рўзимуҳамад, Хосият Рустамова, Дилором Эргашева, Ибодат Ражабова, Исроил Субҳоний, Бектемир Пирнафас, Абдувоҳид Ҳайит… Ким яхши ёзса, ҳаммани!” : “Усмон Азим, Назар Эшонқул, Эркин Аъзам, Абдуқаюм Йўлдош, Исажон Султон, Қўчқор Норқобил, Улуғбек Ҳамдам, Фахриёр, Азиз Саид ва бошқалар”. : “Усмон Азим, Фаҳриёр, Йўлдош Эшбек, Одил Икром, Баҳром Рўзимуҳаммад, Болтабой Бекматов, Шуҳрат Маткарим…” : “Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдошев, Исажон Султон, Луқмон Бўрихон, Улуғбек Ҳамдам, Тўлқин Ҳайит”. : “Ёзувчи бўламан дегани киши устоз, айниқса, замондош ижодкорларни мунтазам кузатиб бориш керак. Ижодий, ҳаётий тажрибага эга ижодкорнинг айни замон дарду изтиробларини қай йўсин идрок ва ифода этиши йўлбошида турганлар учун мактаб вазифасини ўтайди. Шу маънода мен ҳам устозлар ижоди билан танишиб боришга уринаман. Аксарият ҳолларда эса Эркин Аъзам, Усмон Азим, Исажон Султон, Муҳаммад Шариф, Собир Ўнар, Шойим Бўтаев, Эшқобил Шукур, Қўчқор Норқобил каби устозлар ижодини кузатиб бораман”. : “Катта ёшли ижодкорларнинг кўпчилиги, менимча, ижод билан жиддий шуғулланмай қўйишган. Кўпгина устозларнинг ёшликда ёзган асарларини ўқийман. Аммо ойнинг ўн беши ёруғ деганларидек… Азиз Саид, Хуршид Даврон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Мурод Муҳаммад Дўст, Назар Эшонқул, Одил Икром каби устозларнинг янги ёзган шеърлари, ҳикоя ёки таржималарини топишга ва ўқишга иштиёқим баланд. Фейсбук орқали Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, Абдулҳамид Пардаев, Ўроз Ҳайдар, Нилуфар Умарова, Гулноз Мўминова, Хосият Рустамова, Нодира Афакова, Луқмон Бўрихон, Бектемир Пирнафасов каби ижодкорларнинг янги ёзлиган ижод наъмуналарини ўқиб бораман”. : “Ўзбек адабиётидан мен севиб ўқиган муаллифлар ҳозир ҳаёт эмас, жойлари жаннатда бўлсин. Насрда М.М.Дўст, А.Йўлдош, И.Султон, У.Ҳамдамни, назмдан У.Азимни мутолаа қилишни яхши кўраман. Руҳиятимга мос, ўзимни ўйлантирган масалаларга жавоб бера олувчи асарларни қидираман. Умуман олганда, катталаримизнинг барча янги асарларини кузатаман, мақталганларини топиб ўқийман. Янги романлар саноқли бўлгани сабаб ҳаммасини ўқиб боришга фурсат етади”.
2020-10-02
http://nodirabegim.uz/archives/1743
Ўшанда магистр эдим. Мамлакатнинг ўзим ниҳоятда ҳурмат қиладиган донгдор ёзувчиси Шукур Холмирзаев билан юзма-юз кўришишни, ёзаётган ҳикояларим ҳақида у кишидан фикр олишни ўзимча орзулаб юрардим. Лекин феъл-атворимдаги тортинчоқлик, бошқалар каби улуғларга аслида муносиб бўлмасдан ўзини шогирд санаш, уларга ўзини яқин олиш каби хислатлар табиатимга ёт бўлгани учун мен икки дунёда ҳам улар билан ўзимни бу тахлит тутолмасдим. Абдулла Ориф, Рауф Парфи, Александр Файнберг, Шукур Холмирзаев, Учқун Назаров, Темур Пўлатов каби адиблар билан турли даврларда муайян маънода мулоқот ва турли контекстда рўбарўй бўлишга тақдир насиб қилган бўлсада, мен уларни устозим, улар эса мени шогирдим деган эмас. Майли, ҳозир гап бу ҳақда эмас, бу улуғлар ҳақида алоҳида хотиралар ва эсселар ёзиш ниятим йўқ эмас. Хуллас, Шукур ака, мен учун ана шундай салобатли ва улуғ сиймолардан бири эдики, мен у киши билан ниҳоят 2004 йилга келибгина бафуржа ва астойдил суҳбат қилишга жазм қилдим. Ёмғирли куз кунларида талабалар шаҳарчаси ҳокимияти қоровулхонасидан Шукур акага телифон қилишга юрак ютиндим. Гўшакни ёзувчи кўтарди: — Алло, эшитаман. — Шукур ака, ассалому алайкум, ман Шерзод деган йигитман. Бошловчи ёзувчиман. Сиз танимайсиз. — Хўш, нима гап Шерзод. Манда бирор гапинг борми? — Ҳа, сиз билан юз-юз суҳбатлашиш ниятим бор эди. — Газетагами? — сўради қатъий сўради ёзувчи. Мен довдираб: — Ҳа, — деб юбордим. Чунки шунчаки суҳбатни, яна танимаган аллақандай бошловчи ёзувчи билан мулоқотни катта ёзувчи ўйлаб-нетиб ўтирмасдан рад этиши мумкин эди. — Қайси газетага? — гўшакдан ёзувчининг яна овози келди. Ёлғоннинг миси чиқиши ҳеч гап эмас. Бирор тузук газетани ҳам номини билмайман. Бахтимга ўша вақтда, «Моҳият» газетасида «Цивилизация» деган бир мақолам эълон қилинганди. Шу боис: — Моҳиятга, — дедим бўшашиб. — Майли, розиман. Эртага кел, — деб ёзувчи Юнусобод туманидаги уй манзилини менга тушунтирди. — Эртага келсанг, гаплашамиз, хўп, хайр. Гўшак қўйилди. Уҳ тортиб, сал ўзимга келдим. Нега бундай қилдим? Ахир Моҳият газетасига ишламайманку?! Сўнг бирдан чеҳрам ёришди. Бу суҳбатни Моҳият газетасига чиқараман. Энди диктафон топиш лозим эди. Мен замонавий ғарб фалсафаси ва тарихи йўналишида фалсафа факультетида ўқирдим ва бу соҳадагиларни диктафон билан битказадиган ишлари йўқ эди албатта. Диктафон одатда журналистларда бўларди. Шу пайтлар биз билан параллел йўналишда журналистикада таҳсил олаётган дўстимиз Воҳид Аҳмедовда диктафон борлиги ёдимга тушди. Хуллас, Воҳид Аҳмедов билан бирга Шукур Холмирзаевнинг уйига бирга борадиган бўлдик. Эртаси кун манзилни излаб Юнусободдаги ёзувчининг уйини топиб бордик. Универсам бозорига нисбатан яқин мавзелардан биридаги кўп қаватли уйлардан бирини қўнғироғини босдик. — Ҳозир, очаман, — ичкаридан ёзувчининг дўрилдоқ овози келди. Ҳа, бу ўша, биз газета-журналлар ва теливизорда кўрган Шукур Холмирзаевнинг айнан ўзи эди. — Киринглар. Биз ичкарига — ёзувчининг ижодхонасига қадам қўйдик. Бу бир хонали, Шукур ака ёлғиз ижод қиладиган уй бўлиб, у кишининг оиласи бу ерда яшамасди. Шукур ака, бу ерда ижод қиладиган ва бирор асарни ёзишга қаттиқ берилганида шу ерда доимий ёлғизликда яшаб, ўша биз билган ҳикоялар ва романларни ёзарди. Аҳли оиласи ва фарзандлари у кишидан доимий хабар олиб турган, аммо ёзувчи учун шундай хонанишинлик ва ёлғизлик зарурлигини улар ҳис қилишар ва тушунишарди. Уй ўртадасида гилам бўлиб, гиламнинг бир тарафида суянчиқ диван иккинчи тарафида кичкина стол, уни икки тарафида креслоси бор, биз шу ерда ўтиришга таклиф қилиндик, Шукур ака, бизга қарама-қарши тарафдаги суянчиқ диванда ўтирди. Дераза тарафда стол ва стул бўлиб, стол устида ёзувчининг ёзув машинкаси турарди. Деворларда олача чопон ва бошқа турли вилоятларнинг миллий кийимлари илинганди. Яна қандайдир картиналар ҳам бор эди. Мен рассом Рўзи Чориевнинг асаримикан деб ўйладим. У киши ўрнида туриб ўша машҳур чекадиган сигаретлари «астра»ни тутатаркан: — Кофе ичасанларми ёки чойми? — деди. — Биз чой ичиб келгандик, — деди шеригим. У киши унга ёмон қаради. — Нима шундай интерью олиб кетаман, деяпсанларми? Мен вазиятни юмшатдим: — Майли, чой ича қоламиз, Шукур ака, -дедим. — Энди, хафа бўлмайсанлар. Мен шундай яшайман, — қўлларини уйга ёйиб ишора қиларкан: — Мен ҳозиргина чой қайнатгандим. Ҳали қайноғи ўчмаган бўлиши керак. У киши бизга бир қўлида сигарет, бир қўлида човгумда кружкаларимизга чой қуйди. Сўнг ўзларига: -Мен кофе ича қолай, -деб кофе дамладилар. — Ҳа, бирор нарса ейсизларми? Холодилникни оч, — деди ўртоғим Воҳидга. — Жаз бор. Жаз — ёғни кичик бўлакларга бўлинган ҳолда қоврилгани бўлиб, қотиб қолгандан сўнг, истеъмол қилса ҳам жуда яхши таом бўлиб, айниқса биз каби мусофирликда юрган талаба учун айни муддао таомлардан бири эдики, уни таъми ҳамон эсимда. — Хўш, мақсадга кўчайлик, нима саволлар бермоқчисан манга? — бевосита менга юзланди энди ёзувчи. Мен аввалдан дафтаримга ёзиб келган саволларни тутилиб ўқий бошладим. — Манга қара, — деди ёзувчи, — агар саволларинг бўлса манга конкрет- конкрет бер. Ман ҳам санга конкрет- конкрет жавоб бераман. Бўлмаса, умуман жавоб бермайман. Мен Шукур аканинг авзойига тикилдим. Ўзимни қўлга олмасам, аҳвол чатоқ бўлиши мумкинлигини англаб, ёзиб келинган саволларни эмас, бамисоли туғма журналистдек, ўзимни тутганча, диктафонни ёқиб, ёзувчига эркин савол беришни бошладим: — Сизни олдингизга келишдан олдин олий адабиёт курсида ўқийдиган Муҳиддин Абдусамад деган дўстимиз: «Шукур Холмирзаев олдига ўтсангиз, эҳтиёт бўлиб муомила қилинг, аскиянома ҳазиллардан тийилинг» деб айтганди. Албатта, бу гапларнинг тагида сизнинг ниҳоятда жиддий инсон эканлигингизга ишора бор эди. Воҳоланки, яқин адабиётимиз тарихидаги кўпгина ёзувчи, адиблар юморга мойил кишилар эди. Ўша Абдулла Қодирийдан, Ғафур Ғуломгача, Саид Аҳмаддан Ўткир Ҳошимовгача бу нарсани яққол тасдиғини кўришимиз мумкин. Шукур ака, сизнинг юморга муносабатингиз қанақа?.. — Эски алломалардан бири айтган эканки, -деб сўз бошлади ёзувчи, — «инсонга хос бўлган ҳар қандай қусур ожизликдир». Шунақаки, мен ўзим сал қовоғи солиқ, кам куладиган одам бўлганим билан юморни, кулгини, ҳатто аскияни ҳам яхши кўраман. Сен Қодирийдан Саид Аҳмадгача тушиб келдинг. Неъмат Аминов эсингдан чиқди. Булар орасида моҳир ҳажвчи, юмор бобида ажойиб ва зўр ёза оладиган ҳажвчи деб мен Неъматжонни биламан. Нима учун?! Тўғри Қодирийда ҳам Саид Аҳмадда ҳам жуда чиройли ситуациялар асосида қурилган ҳажвиялар бор, аммо уларда битта нарса: кулгини характеридан чиқариб ёзилган нарса йўқ. Хусусан, Саид Аҳмад акада йўқ бу нарса. У кишида ҳажв сўз ўйини асосида қурилади, кулгини табиатидан келтириб чиқариш деган нарса йўқ у кишида. Назаримда Саид Аҳмад кулгунинг табиати деган нарсани ҳам тушунмаса керак. Неъмат Аминовнинг юзга яқин ҳикоялари бор. У қадимий Бухорода ўзи кўрган, билган одамлар ҳақида ёзилган. Ҳажв усталаридан бири, мумтоз адибимиз Абдулла Қаҳҳор айтиб ўтганларидек: «Характери бой адабиёт, характери кўп адабиёт — бой адабиётдир.» Ана шунинг учун ҳам Неъматжонга беш кетаман. Шуни асарларини ўқисам қиқирлаб-қиқирлаб, ичакларим узилгудек бўлиб кулиб ўтирардим. Шукур ака, ўрнидан туриб яна чека бошлайди. Оёғида таг пошнаси оёқ учига келиб қайрилган шоҳона этик, ҳа худди шундай, уйда шундай алфозда у ёқдан бу ёққа юриб «астра» сигаретасини тутатарди. — Аксарият ҳикояларингизда ов ва ов манзаралари ҳақида қатор этюдлар бор. Яқинда «Шарқ» нашриётидан чиққан сайланмангизни биринчи томида ҳам «Овда» деб номланган суратга кўзим тушди. Бундан кўринадики, ёшлигингиздан овга кўп чиққан кўринасиз. Ҳозирчи, ҳозир ҳам овга чиқиб турасизми?.. — Ана у девор бурчагидаги милтиқни олиб бергин, — ўртоғим Воҳидга мурожат қилади ёзувчи. Мен девор бурчагида иккита милтиқ турганига эътибор қиламан. Воҳид милтиқлардан бирини ёзувчига узатмоқчи бўлади. -Йўқ, наригисини олиб бер, ўша менинг милтиғим. Буниси раҳматли Муҳаммад Юсуфники. Чумчуқ отадиган милтиқ. Шу ерда туриб турсин Шукур ака, деганди. У вафот этди, милтиқ эса, мана ҳамон турибди. Воҳид ёзувчини ўраб қўйилган ов милтиғини узатаркан, Шукур ака уни қўлига оларкан: — Шу милтиқ 13 ёшимдан бери мен билан бирга, — дейди ўсмоқчилаб. — Менга совға қилишган. Қаёққа бормай ўзим билан бирга олиб юраман. Бир олима аёл менга савол берган эди: «Шукур ака, ҳар уч-тўрт ҳикоянгизда битта милтиқ учрайди?» Нима қилай, болалигимдан онамнинг ўзи шунга ўргатган. Бобой милтиқ олиб бергандан кейин кечки пайтлар онам синглимга: «Акангди милтиғини олиб чиқиб, ёстиғини тагига қўй. Бу одамга жўлдош бўлади, тинч ухлайди,» дерди, деб ёзувчи онасининг қўнғирот шевасида овозини бизга кўрсатиб беришга ҳаракат қилади. — Милтиқни биров олиб кетган бўлса: «Отангни пичоғини олиб чиқ,» отам уйда бўлмаса: «Бир парча нон олиб чиқ», — дердилар. Шундай қилиб ўргатган. Одамга бу кайфдек бўлиб қолар экан. Болалигимдан тоғу-тошлага чиқиб кетаверадиган одат чиқарганман. Фақат ов учун эмас. Қий, тезак, супурги олиб келишга чиқардим. Чўп, янтоқ, мингбош ўриб келишга чиқардим. Шундай бўлгандан кейин ҳа, энди аралашадида милтиқ. Мана бу чекиб турган сигаретим каби, ичиб турган чойим каби милтиқ менинг ажралмас қисмим, аъзойим бўлиб қолган. Академик Матёқуб Қўшжонов билан танишувимга ҳам милтиқ сабаб бўлган. 1 курслигимда «Хатарли сўқмоқда» ҳикоямни ўқиганидан сўнг, овга чиқишим ҳақида қизиқиб қолди. Милтиғим бор-йўқлигини сўради. Кейин бирга ондатра овига чиқдик. Ҳозир эса деярли овга чиқмай қўйганман. Охирги бор бундан икки йил бурун овга чиққанман. Мингтугун деган жойга. Каклик-паклик отиб келдик. Тўнғиз ҳам бор экан. Илгариги пайтдаги ғайрат бору қувват йўқ ҳозир. Қишлоққа, Бойсунга борганимда ҳам ёр-дўстлар билан овга деб чиқамизу кўпроқ бошқа нарсалар билан овунамиз. Илгариги қирма-қир, тоғма-тоғ чопиб юриш қаёқда, кўпроқ сайру-саёҳату, томошага айланиб кетади. Санъатшунос Тилаб Маҳмудов яқинда мени овга таклиф қилмоқчи, шунга ўзимни тайёрлаб чиқмасам бўлмайди. Буёғи баҳор келиб қолса, овдан путур кетади. Кейин октябрь ойини кутишга тўғри келади. Ҳозир тилда қолган овга чиқиш, ов ҳақида гапириш… — Шукур ака, — дейман, навбатдаги сигаретни ёқиш учун тутинаётган ёзувчига боқарканман, — 90- йиллардан сўнг, сизнинг китобларингизни нашриёт китоб дўконларидан ҳам топиб бўлмай қолди. Тўғри, 60-йиллигингизда «Ўн саккизга кирмаган ким бор?» қиссангиз қайта босилди. «Динозавр» романингизнинг номини эшитганман холос, ўзини эса топиб бўлмайди. «От йили» деган қиссангизни Гулистон журнали эълон қилаётганди. Қўй йили ўтиб кетдиям бу «От йили»нгизни журнал босиб тугатолмадику?! Шукур ака, сигаретларини тутатаркан: — Агар кузатган бўлсанг Шерзодбой ўн саккиз йил давомида мени деярли бирор китобим чиқмаган. Бу албатта менинг «айбим». Нашриётларга ялиниб бормадим, ҳомийларга бўй эггим келмади. Ҳолбуки, сен кузатмаган бўлишинг керак, сен айтган йилларда 34 печать (650 бет) га яқин ҳикоялар ёзганман. 30 дан ортиқ ҳикояларим газета-журналларда эълон қилинган, лекин китоб бўлиб чиқмаган. 1984 йилдан 2004 йилгача ёзган ҳикояларим 2-томда жо бўлади. Шу «Шарқ»дан чиқади насиб. 60 йиллигимда «Ўн саккизга кирмаган ким бор?» қиссам чиққан бўлса, мен уни телевизорда кўриб қолдим. Мени бундан хабарим бўлмаган, нашриёт ўзи чиқарган, ўзи пуллаган. Бир кун бошим айланиб нашриётга ўтиб қолсам, менга ўнтача китоб тутқазишди. Рахмат дедим-да, олиб чиқиб кетдим. Энди «Динозавр»га келсам, — уҳ тортади Шукур ака, сигаретни кулдонга изғиларкан. — «Диназавр» мени жуда оғриқли нуқтам… Гоҳо тирикчилик одамни чалғитиб қўяди. «Диназавр» ўтган йилдан бери тўхтаб турибди. Бу ўзи уч қисмдан иборат мукаммал битта асар. 1-жилди журналда эълон қилинди, 2-3-жилдлари миямда турибди. Эрта ёзаман, индин ёзаман дейман, лекин ўтирганим йўқ. Бу учун 2-3 ой қимирламаслик керак. Кечалари тушларимга кириб чиқади. Насиб бўлса, апрелнинг бошларидан ўтираман, бошқа ҳеч нарсага чалғимайман. Дачада тошдек қотиб ўтириб, қўлёзмани қўлдан чиқармасам бўлмайди. Мен бу асарни яхши кўраман. Қолаверса, мен мукаммалликка интилиб катта бўлганман. Классикларнинг ўзлари билиб-билмаган ҳолда шунга ўргатишган. Роман — ҳикоя даражасида мукаммал бўлиши керак. Бизда мукаммал роман йўқ ҳисоби. Ажабланарли жойи йўқ, ўзбекда мукаммал роман йўқ. Эҳтимол, «Қутлуғ қон» мукаммалдир. Кейин «Меҳробдан чаён» мукаммал, йўқ, «Меҳробдан чаён»нинг охири бўлмайди. Абдулла Қаҳҳорнинг «Сароб» романи мукаммал, кейин эртакнамо бўлса ҳам «Ўткан кунлар» мукаммал романдир. Мен шундай мукаммалликка интилардим. Лекин етолганим йўқ. Мукаммалликка интиламанми деб, ҳатто ўзимни алдаб, 750 бетга яқин «Олабужи» деган романимни ҳикоя деб эълон қилдим. Мукаммалликка интилиш жуда қийин. Шунинг учун романларимни китоб ҳолига чиқармаганман. Битта «Қил кўприк» чиққан. Баъзилар айтади: «-Ҳа, энди, Шукур романга ярамас экан.» Биламан ўзимни кучимни, ярайман, лекин мукаммал қилишга кучим етмайди. Энди ёзувчига янада оғриқли саволлар беришга ўтаман. — Шукур ака, асарларингизни таржимаси хусусида ҳеч эшитмаганман. Ўзбекнинг катта ёзувчисини асарлари чет элларда босилганми? Умуман асарларингизни таржимаси хусусида гаплашсак,- дейман. Ёзувчи томоқ қириб, дўстимиз Воҳиддан чой қуйиб беришини сўрайди. Талаб адо этилгач, бир қултум чойдан ичганча, суҳбатни давом эттиради: — Бундан бир неча йил муқаддам шу масала билан қизиққанман. У пайтлар Москвада ёш ёзувчилар конференцияси бўларди. Ўша ерда муҳокама бўларди, маъқул тушган асарларни олиб қолиб босишарди. Шундай конференцияларнинг бирида «Ўн саккизга кирмаган ким бор?» нинг сўзма-сўз таржимасини олиб борганман. Зоя Кедрина деган бир танқидчи аёл: «-Эта настояшая соврименная произведения» деди. Хуллас, ўша асар Москвада босилиб чиқди. — Шукур ака, — дейман. — Дунёнинг ҳамма бурчакларида бўлгани каби, бизда ҳам Лотин Америкаси адабиётига бўлган қизиқиш кейинги пайтларда анча авж олди. Хорхе Луис Борхес, Хулио Кортасар, Габриэл Гарсиа Маркес, Варгас Льоса, Алехо Корпентир, Хуан Рульфо ва Паоэло Коэло асарларига бўлган талаб сизнингча нимада кўринади?.. Умуман Шукур Холмирзаев Лотин Америка адабиётига қандай қарайди?.. Шукур ака, бироз тараддудланаркан, сўзга кирадилар: — Авволо П. Коэлонинг «Алкимёгар» романи ҳақида мухтасар гапирай. Озод Шарофиддинов таржима қилди — ёмон таржима. Яна бир-икки киши таржима қилди, уларники анча ўзбекча бўлиб чиқди. Яқинда шу романни ўқиб чиқдим. Мен шу пайтга қадар бунақанги примитив, ибтидоий маҳоратдан узоқ ғариб эртакни ўқиганим йўқ. Кўзимга қилча кўринмади шу асар. Энди Лотин Америкаси ҳақидаги саволингга ўтсак. Биласанми, мифлар қачон яратилган бизда?! Энди дунёни ўрганаётган, уни қабул қилаётган, лекин унинг ички қонуниятларидан бехабар замонларда бошланган бу гаплар. Ўша ибтидоий аждодларимиз ўзидан кучли махлуқларга қарши кураша оладиган илоҳларни ўйлаб чиқаришди. Девларни, аждарҳоларни ёриб ташлайдиган фалон-пистонларни ўйлаб чиқарди улар. Ўша ибтидоий тасаввурлар пайдо бўлган даврларни бир кўз олдингга келтир-а?! Ундан кейин инсониятнинг тадрижий, эволюцион тараққиёти нимага олиб келди?! Ўша мифлар, эртаклар яратиш ҳаётга яқинлашиб достон ёзага келди. Достонлардан сўнг, биздан олдинлаб кетган ғарб адабиётида классицизм деган метод юзага келди. Классицизм — ҳаётни бевосита акс эттиришни назарда тутарди. Бироқ даврлар ўтиб, улар ҳаётни узоқдан туриб акс эттира бошладилар. Буни академизм ҳам дейишади. Улар мени ёки сени акс эттирганда, албатта грекка ўхшатиб акс эттиришган. Классицизм ўз аҳамиятини йўқота бошлагач, реализм даври келди. Реализмдан сўнг, импрессионизм даврида ҳақиқий ҳаётни тасвирлаш бошланди. Буни неореализм ҳам деб аташади. Ҳозир модернизм ҳам дейишмоқда. Модернизм чинакам ҳаётни акс эттириш демакдир. Энди ўзинг ўйлаб кўр, биз адабиётни ана шу эртакларидан чиқиб, реал ҳаётни акс эттириб, ўта реалистик акс эттириш даражасига чиқиб, натурал даражасидаги ҳаёт моделини яратиш даражасигача етиб келдик. Энди шу даражага етиб келиб, куни кечагина ота-онаси индец бўлган, мифларга ҳозиргача ишониб яшайдиган аллақандай Лотин Америкаси адабиётига эргашамизми?! Уларнинг асарларини жаҳон адабиётининг нодир намуналари қаторига қўямизми?! Биттасини думи чиқиб кетадими-ей, худо излаб юрадими-ей… Улар ҳали мифлардан ажралгани йўқ. Адабиётнинг тадрижий эволюцион шаклланиши энди бошланди уларда. Уларда XX аср билан I аср қўшилиб қолгандай… Бу дунё адабиётига, айниқса ёшларга қаттиқ таъсир қилди. Афсуски, орқага қайтиш бошланди. Яна ўша мифлар, палон-пистонларни олиб, уни бунга улаб асар яратиш бошланди. Тўғри, ҳаммасини замирида шулар ётади, аммо билмоқ керакки, фақат замирида ётади. Бироқ бу на мезон, на ўлчов бўла олади?! Мана Алпомишни олайлик, Қоражон уни зиндондан қутқармоқчи бўлганида, эрта миннат қилмасмикан деб, чиқдим деган чоғда, арқонни ўзи кесиб юборади. Мана инсоний ўлчов. Бутун инсониятга татийди бу! Шундай ажойиб ўлчовлар бўла туриб, яна миф ёзиш, эртак ёзиш, бўлмаган гап. Шварцнегир ўйнайдиган роллар борку, ҳалиги космосдан одамлар келиши ҳақида… Буни ҳаммаси космосни билмаслигимиздан келиб чиққан. Худди дев, ажиналарни тўқиб чиқарганимиздек, энди янги мифларни тўқиб чиқармоқдамиз. Истиқбол эса ҳали қоронғу. Шунинг учун бу йўлларни инкор этаман… Воҳ, танқидингиз ҳам бунча бешафқат-а Шукур ака, ўйлайман мен. Сўнг ёзувчига яна бир савол билан мурожат қиламан. Шукур ака эса нуқул сигарет чекиш билан овворалар. — Охирги савол. Ҳозир қандай ижодий режалар устида бош қотиряпсиз. Умуман айни кунларда нималар билан бандсиз?.. Шукур ака бош чайқайди. Чунки, деярли уч соат тинмай гаплашяпмиз. Сигарет қутисини деярли ярми бўшади. — Юқорида айтганимдек, — дейди Шукур ака, — сайланма асарларимни биринчи жилди «Шарқ»дан чиққанди. Жуда кўп хатолар ўтиб кетган экан. Қизим билан Набижон Боқийга ортиқча ишониб юборган эканман. Шунинг учун иккинчи жилдни корректурасини ўзим чийратма қилиб ўқияпман. Тағин ўйлама сан: замонга мослаштиради Шукур акам деб. Ҳеч қачон бундай қилмайман. Эшитганим бор. Айримлар Ленин ҳақидаги шеърини Амир Темурга ўзгартириб китобига киритганини биламан. Мен бундай қилишдан уяламан. Улар бошидан шунақа товламачи эди. Мен бадиий томонини мукаммаллаштирадиган ўзгартиришлар киритмоқчиман. Масалан, Шолохов ўзининг ҳикояларини саккиз марта нашр эттирган бўлса, саккиз марта ҳам ўзгартириш киритган. Ҳозир корректура ўқиш билан бандман. Кейин Ўлмас Умарбеков ҳақидаги эсселаримни: «Президент ҳузурида», «Умарбековнинг сўнги кунлари»ни қайтадан ёзаман. Кўп редакцияларга олиб бордим. Президент ҳақида ёзилганини кўриб босишмади. Бу эсселарни президентга тегадиган жойи йўқ эди. Шукур ака, суҳбатни якунларкан ўрнидан туради. Биз ҳам рахмат айтиб, рухсат сўраймиз. Бирга чой ичиб, овқатланишга таклиф қиладилар. Биз энди буни бошқа сафарга қолдириб, кетишга изн сўраймиз. Ёзувчи ортимиздан кузатиб чиқаркан: -Шунча ҳам савол берасанми, -дейди.- Кўрдингми, ярим қути сигаретни чекиб ташладим. Мен хижолат бўлиб, эшик томон юраман. Ўртоғим Воҳид билан ташқарига чиқарканман, ёзувчи: -Яқин кунларда Моҳиятга ўтаман, суҳбатни тайёрлаб қўйсанг, корректурасини бориб ўқиб бераман, — деб қолди. Устимдан муздек сув қўйилгандек бўлди. -Йўқ, Шукур ака, ўтманг, — дейман зўрға. — Мен суҳбатни кейинроқ тайёрлайман, ҳозир у ерда материал кўп. -Унда нега бунча ваҳима қилиб, мени вақтимни олдинг? -Чиқарамиз, фақат кейинроқ, — дейман. -Майли, унда айтарсан, — Шукур ака хайрлашиб эшикларини ёпадилар. Биз қайтамиз. Бу воқеа шахсан мени ҳаётимда Шукур акани сиймосини, характерини ёритишимда ва уни бошқаларга етказишимда ўлмас хотиралардан бири бўлиб қолди. Суҳбат ҳеч ерга босилмади. Биз Яккасаройда дўстим Воҳиднинг ижарадаги ҳовлисида бу суҳбатни диктафондан қоғозга кўчириб ёздик. Яхшиям ёзиб олган эканмиз, чунки кўп ўтмай, диктафоннинг ўша кассетасини йўқотиб қўйдик. Худди кейинчалик мен билан олий адабиётда ўқиган қорақалпоқ шоири Рауаж Ўтар менинг Ёзувчилар уюшмаси фойесида Файнберг билан тушган ягона суратимнинг плёнкасини йўқотиб қўйгани сингари бу кассеталар йўқолди, балки Воҳиднинг бирор архивида ётгандир, яна ким билсин… Шундай қилиб орадан ўн олти йил ўтди. Суҳбатни илк бор олий адабиёт курсида 2007 йилда ёзган малакавий битирув ишимда киритгандим, лекин матбуотда эълон қилинмади. Дарвоқе, мен олий адабиёт курсига ҳужжат тахлаб юрган вақтимда, 2005 йилда, ёзувчилар уюшмасида Рустам Мусурмонни кўриб қолдим. Мен унга ҳужжат тайёрлаганимни ва шоир Жуманиёз Жабборовга ҳужжатларимни олиб кириб беришини сўрадим. Рустам Мусурмон ҳозир шошилаётганини Шукур Холмирзаев вафот этганини айтди. Карахт бўлиб қолдим. -Худойига борсанг, юр, — деди Рустам Мусурмон. -Албатта, -дедим мен, юзимга фотиҳа тортарканман унинг ортидан эргашдим. Энди эса орадан шунча йиллар ўтди, аммо Шукур Холмирзаев ижодхонасига бўлган ўша ташриф худди кечагидек ёдимда… ,
2020-12-02
http://nodirabegim.uz/archives/1751
Манба: «Ҳуқуқ ва бурч» журнали. 2020, 1-сон.
2020-12-02
http://nodirabegim.uz/archives/1755
Мактаб давримни ўз ичига олган тўққиз йиллик таълим жараёни мобайнида орқамдан фақат бир марта отамни мактабга чақиртиришганди. Аниқ эсимда: ўшанда олтинчи синфда ўқирдим, ўқишим чаккимас, тарбия ва хулқимда ҳам тезобликни ҳисобга олмаса бирорта ножўя жиҳатлар кўзга ташланмасди. Отамни чақиртиришганига сабаб бошқа эди. — Фарзандингизни бошқа мактабга ўтказинг, илтимос,- деганди ўшанда директор ўз хонасида отамга юзланиб дабдурустдан.- Унда радикаллик кайфияти бор. Отам ҳеч нимага тушунмай, унга саволомуз қараганида ўша ерда ўтирган татар миллатига мансуб рус тили ва адабиёти ўқитувчимиз орага қўшилганди. — У китобларда ёзилган кўп нарсаларни инкор қилади. Масалан, кеча рус тили ва адабиёти дарсида Есенинни ўз жонига қасд қилганини инкор қилиб, уни қасддан ўлдиришганини таъкидлади ва синф ичида дарслик китобини ёзганларни ёлғончига чиқарди. Бу гапдан кейин отам ўзини изза бўлгандек ҳис қилиб, аччиқ устида қулоғим остига тарсаки тортиб юборганди. Тарсаки кучидан шанғиллай бошлаган қулоғимни ушлаб бир директорга, бир ўқитувчимизга қарарканман, уларнинг юзларида ўз ифодасини топган қониқиш ҳиссидан ҳайратга тушгандим. Ўшанда илк марта ўз шахсий фикрим учун жазоланган, қолипларга солинган ва шаблон ичидаги оммавий фикрдан четга чиқиш нақадар азоб беришини деярли она сути оғзидан кетмаган бола бўлсам-да, чуқур англагандим. Директорнинг хонасидан чиққач, автобусдаги тиқилинчда тик турган ҳолда кетаётган отамга пастдан қарарканман, қулоғим ҳануз шанғиллар, ундаги оғриқ қолган бўлса-да, қўлим билан уни маҳкам ушлаб олган, таъсирчан қалбим вайронага айланган кулбани эслатарди. Отам билан орқама-орқа уйга келгач, ўша куни кечаси билан ухлолмагандим ва алам устида тонггача “Есениннинг ўлими” деган болаларча ҳаваскорона шеър ёзгандим… Аммо, бу ўзбошимчалигим учун мени бошқа мактабга ўтказишмади. Ўз мактабимда қолдим. Бу воқеа мендек норасидага шунчалик катта сабоқ бўлдики, кейинчалик еттинчи синфда ҳам, саккизинчи синфда ҳам, мактабни битираётганимда ҳам бошқа ҳеч қачон ҳеч кимга овозимни чиқариб Есенин ҳақида гапирмадим. Жувонмарг бўлган шахсий фикрим ичимдагина собит ҳолда турар, бироқ юрак ютиб бу тўғрида бировга гапирмас, аҳён-аҳёндагина кечалари очиқ осмон остида туриб “Мен Есениннинг ўз жонига қасд қилганига ишонмайман, бу ёлғон, чунки у наздимда ҳаётни севарди” деб пичирлардим. Буни ўн икки ёш бўлишимга қарамай мен ўз ички сезгимга асосланган соф идрок билан англар, шунгадир шоир хусусида шўро адабиётшуносларининг мактабимиз кутубхонасини тўлдириб ташлаган китобларини ўқишни бошласам юрагим сиқилишни бошлар ва йиллар давомида чўчқадек семирган маълум-у машҳур ёлғоннинг бадбўй чиркидан нафасим бўғилиб саҳифаларни варақларканман, ҳеч бир китобни бардошим етиб охиригача ўқимасдим. Есенин ҳақида ҳар гал эслаганимда уни ажойиб шоир, инсон сифатида эса пиёниста ва маъсулиятсиз инсон бўлганидан кўра ҳам, биринчи навбатда унинг саҳналаштирилган ўлими борасида хаёл суриб юқоридаги тарзда абгор аҳволга тушар ва қаттиқ ўйга толиб қолардим. Балоғат ёшига ҳам етмаган болакайнинг бошқалар учун ғайритабиий туюлган хулосаси ўша тарсакидан кейин ҳам ўз кучини сира йўқотмади ва мактабни тамомлагач, талабалик давримда ҳам, зерикарли иш фаолиятим давомида ҳам мени сира тарк этмай бот-бот ўзини ёдга солиб турди. Ўттиз ёшдан ошган бир пайтимда у кутилмаганда мулоҳазаларим орасида жонланиб янаям фаоллашди. Бунинг натижаси ўлароқ, охирги йилларда Есенинни кўп ўқидим. Ўзим ёқтирган “Гўдакликдан маълум ҳар одам” деб бошланувчи шеъридан тортиб аллақачон ёд бўлиб кетган, якуни “Масковнинг бир бурчида эссиз, завол топмоқ чоғи насибам” деб тугайдиган шеъригача, Форс тароналари-ю достонларидан тортиб унча танилмаган насрий асарларигача — бари-барини қайтадан ўқиб чиқдим. Уни кўпинча аслиятда ўқирдим, бу сафар қўшимчасига Эркин Воҳидов таржимасида айрим шеърларини ва Форс тароналарини ўқидим. Шунда ҳам барибир диққат марказимда унинг ижоди эмас, ўлими билан боғлиқ тафсилотлар тураверди ва юрагимда ҳалигача адашиб юрган олтинчи синфда ўқийдиган болакай унинг таржимаи ҳолини ёзганларни яна сурбетларча ёлғончига чиқарди. Орадан анча йиллар ўтган бўлса-да, мен ҳануз унинг ўз жонига қасд қилганини онгли қабул қила олмасдим ва бунга эндиликда оддий ички сезги билан эмас, анча бой ҳаётий тажриба ва билим тўплаган инсон сифатида ёндошардим. Бир куни шахсий кутубхонамда мавжуд бўлган, Куняев деган муаллиф томонидан ёзилган “Есенининг ҳаёти” деб номланган китоб билан “Есенин замондошлари хотирасида” деб номланган алманахни қайтадан ўқиб чиқдим. Шу тобда китобнинг мазмунини, шоирнинг асосан катта ёшдаги ихлосмандларига ёд бўлиб кетган ҳаёти билан боғлиқ тафсилотларни қаламга олмоқчи эмасман. Шунчаки ўша китобларда ҳаммаси ажойиб ёритилганини таъкидламоқчиман. Ҳаммаси ажойиб ёритилганди: Есениннинг болалиги, унинг илк шеърлари, Рязандан Москвага келиши, Москвадаги ижодий ва қарама-қаршиликларга тўла ҳаёти, Мариенгоф билан дўстлашиши, раққоса Айседора Дункан билан танишиши, Тошкентда ўтказган йиллари, Европа ва Америкага саёҳатлари ва ҳоказолар. Иккала китобни — улардаги воқеалар баёни ва шоир замондошларининг хотираларини ўқиш кишига мароқ бахш этарди. Буни инкор қилмайман. Бу завқни мен ҳам неча марталаб ўзимда ёқимли тарзда туйгандим. Бироқ, якун… Якун яна мени ўйга толдирди. У ҳар доимгидек бир хил ва ишонарсиз эди: “Есенин “Анлглетер”( ҳозирги Интернационал) меҳмонхонасида ўз жонига қасд қилди”. Мен ортиқ бу хулосани қабул қила олмасдим. Шу тариқа фурсат ўтган сари ўсмирлигимда тамал тоши қўйилган Есениннинг ўлими билан боғлиқ тафсилотларга ишончсизлигим бир томондан ҳаётий тажрибам кўмагида кундан кунга мустаҳкамланиб борар, бошқа томондан хулосамни пишитишда шўролар тизими тугатилгандан кейин шоирнинг ватанидан бизга мутассил узатилиб туриладиган телеканалларда тайёрлана бошланган кўрсатув ва кинофильмлар, оммабоп даврий ва электрон нашрларда берила бошланган материаллар, кетма-кет нашрдан чиқа бошлаган китоб ва рисолалар муҳим роль ўйнашарди. Россиялик янги адабиёт дарғалари, криминалистика мэтрлари, суд экспертиза етакчилари шоирнинг ўлими билан боғлиқ ўзларининг илм-фан ютуқлари билан теран суғорилган, янги далилларга асосланган версия ва қарашларини омма эътиборига тақдим этишар ва буни мен ҳам четдан туриб ҳаяжон ила ўқир, кузатардим. Ўқиб ва кузатганим сари уларда мен ўсмирлигимда ички сезгимга таянган ҳолда билдирган шахсий фикрим билан уйғун, туташган таниш манзараларни учратиб, хўрсинганча ўшанда сираям радикал болакай бўлмаганимни тан олар, йиллар давомида ўша тарсакидан тошдек қотган қулоғим қандайдир енгиллашар, мактабдан ҳайдалмаслик учун юрагимнинг тубига кўмган ўша хулосамни энди пичирлаб гапиришнинг ҳожати қолмаганидан қувонардим… Шу тобда шоирнинг ўлими тўғрисидаги янги қарашларни ўз ичига олган фикрларни ҳам ёритиб ўтмоқчи эмасман. Есенин танасидаги унга жисмоний куч ишлатилганлигидан далолат берувчи белгилар, у ўзини осган деб қарорга келинган хонадаги шифтнинг баландлигини тўрт метрдан юқори бўлганлиги ва унга ўша пайтда хонада мавжуд бўлган бир ярим метрли тумбани қўйиб устига чиққанида ҳам шоирнинг бўйи етмаслиги (уни бўйи бир юз олтмиш саккиз сантиметр эди) ва ҳоказолар ҳақида эндиликда нафақат адабиёт аҳли, балки кўпчилик хабардор бўлиб улгурган. Шунчаки уларни ўқиб қандай аҳволга тушганимни, нималарни ҳис қилганимни айтяпман, холос. …Бу маълумотларни оқшом пайтлари ёзув столимдаги чироқ ёруғида ўқирканман, шундоқ ёнимда гўё қизариб кетган қулоғини ушлаб олган олтинчи синф ўқувчиси пайдо бўлар ва у ҳам менга қўшилиб ҳар битта сатрни ҳижжалаб, маъно-мазмунини узоқ таҳлил қилиб ўқир ёки телевизордаги кўрсатув ва кинофильмлардан кўзини бир лаҳзага бўлсин узмай, диққат қилиб кўрар, вақт ўтган сари эса уни ҳам, мени ҳам беихтиёр кулгумиз келарди. Ана шундай кезларда Мольер ёки Гоголнинг бирорта комедияси рўпарамдаги деворда саҳналаштирилаётгандек бўлар ва мен актёрларнинг ҳар битта диалоги ёки репликасига ҳам кулаверадиган тентак томошабиндан фарқ қилмаган тарзда ўз ҳолимча тинмай кулардим. Есениннинг ўлими билан боғлиқ янги маълумотлар ёнимдаги радикалга чиқарилган болакайнинг мусаффо шуурида бир замонлар зуваласи пишган, гўдакнамо сезгиси билан қоришган, ҳозирга кунга келиб ҳақиқатга айлана бошлаган кўнгил иқрорини тасдиқлашга уринаётгани ва шўролар пайтида одамларнинг онгида етмиш йилдан ортиқ муддат яшаб келган зўраки ҳақиқатни чилпарчин қилиб, оёқ остига узала ташлаётгани орқали юрагимга алланечук ажойиб тантана руҳини сингдирар, ўзимни қанча тутишга уринмай, бу руҳ мени жиддийликка сафарбар қилиш ўрнига фақат кулишга мажбур қилар, оқибатда орадан йигирма йил ўтгач эҳтимол ҳозирда нафақага чиқиб кетган мактабимиз директори ва Абдулла Ориповнинг “Зомби” деб номланган шеъридаги қаҳрамонни ёдга солувчи рус тили ўқитувчимизни кўз олдимга келтириб нуқул хохолаб кулардим. Қизиқ, улар ҳам Есенин ўлими ҳақидаги юқоридаги янги маълумотларни ўқишдимикин? Миллий телеканалларимиздан кўра ҳам бизда кўп кўриладиган собиқ Катта оғанинг телеканаллари орқали бу суиқасд ҳақида тайёрланган янги мазмундаги ва пухта далиллар билан қувватлантирилган аҳамиятга молик кўрсатув ва кинофильмларни кўришдимикин? Кутубхоналарда шўролар пайтида чиққан китобларнинг ёнига устма-уст қўйилаётган, эркин нашр қилинган, тегишли жойлардан буюртма қилинмаган китобларни қўлларига олиб бир варақлаб кўришдимикин? Энди уларнинг мафкурадан бир қадам ҳам четга чиқмаган ҳолда шаклланган ва ўзгаришга чанқоқ бўлмаган тафаккурларида олтинчи синф ўқувчиси эмас, бутун бошли жамият, балки бутун дунё радикалга, радикаллардан иборат катта гуруҳга айландимикин? Кулгу аралаш шу ўйлар ҳам кўнглимдан ўтарди. Ўша куни эртасига ўзим ўқиган ўрта мактабга бордим. Мактаб сира ўзгармаган, фақат унинг атрофини ўраб турган панжаралар янгитдан бўялганди. Унинг дарвозасидан папкаларини елкалари оша ташлаб олган ўқувчилар ичкарига киришар, уларнинг айримлари ҳовлида давра қуриб ўйин ўйнашга тушишар, айримлари мактаб биносининг эшигидан у ердаги ёнма-ён жойлашган хоналарга тарқалишарди. Мактаб директорининг хонаси иккинчи қаватда жойлашган бўлиб, унинг деразаси мактаб ҳовлисига қараган, дераза ойналарига ҳозир ҳам ўша пайтдагидек сутранг парда тортилганди. Машинамнинг ичидан ёғаётган оппоқ қор учқунлари аро ўша ерга ўйчан назар солиб ўтирарканман, бизнинг пайтимизда худди қатлгоҳни эслатган ўша хонада мактаб директори ҳам, рус тили ва адабиёти ўқитувчиси ҳам энди мабодо бирорта ўқувчи Есенинни ўз жонига қасд қилганини ёлғон деб ҳисобласа, уни ҳечам радикалга чиқармасликларини, зудлик билан унинг отасини мактабга чақиртирмасликларини ва изза бўлган отаси томонидан унинг қулоғи остига тарсаки тортилишини қониқиш билан кузатиб ўтирмасликларини ич-ичимдан ҳис қилардим…
2020-01-15
http://nodirabegim.uz/archives/1207
Йигирманчи асрда инсоният тараққиётида кўп нарсалар ўзгарди. Шу жумладан, ижтимоий ҳаётнинг муҳим бўлаги бўлган адабиёт ва театр санъатида ҳам. Адабиёт аср ўрталарига келиб кўплаб йўналишларни кашфиёт ўчоғига айланди. Аввалига, модернизм ва пост модернизм майдонга келди, шундан сўнг экзицтенциализм ва унинг натижаси бўлган абсурдизм йўналишлари. Бу йўналишларда кўплаб забардаст адиблар ўз дунёқарашлари ва ижодий изланишлари билан омма эътиборини тортишди. Жойс, Пруст, Камю, Сартр, Ионеску, Беккет… Шу даврда бевосита адабиёт билан боғлиқ бўлган театр ҳам ўзининг ривожланиш дастакларига эга бўлди ва анъанавий театр ҳамда пьесаларнинг саҳна кўринишлари жадаллик билан ривожланди. Айниқса, ўтган асрнинг ўрталарига келиб Абсурд театри деган ибора театр оламида баралла жаранглай бошлади. Бу йўналишнинг эса иккита забардаст асосчилари бор эди: Эжен Ионеску ва Сэмюэль Беккет. Сэмюэль Беккет 1906 йилнинг 13 апрель куни Ирландияда дунёга келди. У болалигидан протестанст черковига хос бўлган қатъий тарбия олади. Тўққиз ёшида мактабга боради. 1923 йилда ўша даврнинг обрўли ўқув даргоҳларидан бири бўлган Тринити-Коллежида таҳсил олади. Ўша ерда замонавий европа адабиётини, француз ва итальян тилларини ўрганади. Шунингдек, унда ўша йиллари мумтоз драматургияга қизиқиш уйғонади. У қунт билан Ронсар ва Расин каби мумтоз драматургларнинг ижодини қалбига сингдиради. 1925-1926 йилларда у кўплаб саёҳатлар уюштиради. Франция ва Италияни кезиб чиқади. 1927 йилда эса бакалаврлик дипломини қўлга киритади. Бунгача Ирландияда шоир Йетс ва ёзувчи Жеймс Жойс каби йирик адиблар билан танишади, дўстлашади, ҳамфикр бўлади ва улар иккиси унинг дунёқараши ҳамда бадиий-эстетик дидининг шаклланишида муҳим ўрин тутишади. 1930 йилда Беккет ўзи таҳсил олган коллежга қайтиб, у ерда педагоглик фаолияти билан шуғулланади. Шу йиллар давомида у педагоглик фаолиятидан ташқари француз реалист-ёзувчилари Бальзак, Стендаль, Флоберларнинг ижоди ҳақида маърузалар ўқийди, Марсель Пруст ҳақидаги эссесини эълон қилади. 1932 йилдан бошлаб Парижда муқим истиқомат қила бошлайди. Унинг ижодининг дастлабки босқичини Жеймс Жойс таъсири остида ўтган дейиш мумкин. Шундай дейиш адолатлироқ бўлади ва бу ўша пайтдаги Жойснинг адабиёт майдонидаги ўрни ва сўзининг салмоқлилиги билан характерланади. Жойсга хос сўз ўйинлари, мураккаб метафоралар, интелектуал сўзамоллик Беккетнинг илк асарларида сезилиб қолади, Беккет унинг ижодий фалсафаси нафаси билан яшаётганга ўхшайди. Фақат аср ўрталарига келибгина у ўз йўналишига эга бўлиб, ўзига хос бўлган услубини шакллантиришнинг иложини топади. Бунинг натижаси ўлароқ, 1948 йилда Беккет ўзига оламшумул шон-шуҳрат келтирган ва таъбир жоиз бўлса адабиёт оламида ўзининг “ташриф қоғози”га айланган асарини ёзиб тугатади. Бу ўша миллионлаб одамларни ҳайратлантирган, кези келганда тушунмаслигига сабаб бўлган, асабига теккан, танқидларига дучор бўлган “Годони кутиб” пьесаси эди. Мазкур пьесанинг премьераси 1953 йилда Парижда бўлиб ўтади ва шундан сўнг, уни Европадаги деярли барча кўзга кўринган театрлар саҳналаштиришиб, омма эътиборига ҳавола қилишади. Уни бутун Европа ўқийди, саҳна орқали томоша қилади. Буни адабий танқидчилар ва санъатшунослар театр оламидаги ҳақиқий янгилик, новаторлик иши сифатида баҳолашади. Шу ерда бир ҳақли савол туғилади. Хўш, “Годони кутиб” пьесаси ва абсурд театри нима ўзи? У биз учун театр санъатидаги инқилобми ёки тушунарсиз оддий пьесами? У бизнинг ўқувчи ва томошабинни ҳам худди европаликлар сингари қалбини ларзага соладими? Унда қарама -қарши фикрларни уйғотиб, қалбида туғёнлар урдира оладими? “Абсурд” сўзининг маъноси “сароб”, “маъносизлик” деган тушунчани беради, яъни бирор бир маъно касб этмаслик. Адабиёт луғатида шундай ёзилган ва мен бунга ортиқча тўхталиб ўтмоқчимасман. Абсурд фалсафаси Европада йигирманчи асрнинг ўрталарида урфга айланди. Ўша пайтларда Европа иккита жаҳон урушини бошидан кечирган, шу сабабли одамларнинг кайфияти, орзу-умидлари, ҳаётга қарашлари шу урушлар таъсирида бир мунча ўзининг аввалги қийматини йўқотиб, таназзулга юз тутганди. Айниқса, ўша пайтда бирин-кетин дунёга кела бошлаган адабий асарлар шуларни ўзларида акс эттирарди. Омма тафаккуридаги бу ўзгаришлар уни тушкунлик сари етаклар, европа жамияти урушдан қайтиб, ўз ўрнини топа олмаган, урушдан кейинги ҳаёти ва келажагини қура олмаган, руҳан майиб-мажруҳ одамларга тўлиб кетганди. Бу “оммавий тушкунлик” синдроми кейинчалик “завол топган авлод” номи билан адабиётда машҳурликка эришди. “Завол топган авлод” ўша пайтдаги бутун европанинг кайфиятини, ойнадаги аксини ўзида намойиш этарди. Шундан сўнг, Камю ва Сартрлар орқали экзистенциал олам ва ундаги ғарб кишисининг аянчли аҳволи бўйича фикр-мулоҳазалар жамланмаси бўлган адабиёт европа осмонида юлдуз каби нур сочади. Абсурд фалсафасига ана шу икки йўналиш тамал тоши қўяди. Беккетнинг ушбу пьесаси жудаям ғайриоддий. Уни қўлга оларкансиз, бирдан маъюс тортасиз. “Кутиб” сўзининг ўзиёқ одамда некбин ҳиссиётларни юзага келтиради. Унда бор-йўғи бешта иштирокчи қатнашади: Владимир, Эстрагон, Поццо, Лакки ва бола. Пьеса айнан шу бешовидан иборат. Аммо тўрттасининг атрофига қурилган (бола айрим эпизодларда кўриниш беради, холос). Кулгули , тўғрими? Бутун бошли драматик асарда фақат бештагина иштирокчи қатнашса, албатта бу кулгули. Ҳатто, қуруқ ва ночор саҳна декорацияси ҳам томошабинни ажаблантиради. Бошқа драматурглар ва анаъанавий пьесалардан фарқли равишда, Беккет ўз пьесасида саҳна декорацияси ҳақида лом-мим демайди, унга юзаки тўхталади холос. Буни кўриб, шунақасиям бўларканми, деб ўйлай бошлайди томошабин. Энг қизиғи — иштирокчиларнинг беш нафари ҳам, саҳна декорациясининг юқоридаги таъкидлангандек аҳволи ҳам, булар томошабинда қандай фикр-мулоҳазалар туғдириши ҳам Беккетни мутлақо қизиқтирмайди, ҳавотирга солмайди. Бу ҳам асарнинг ўзига хослигини билдириб, абсурд ҳақида оғиз очади, гўёки унинг дебочасига айланади. Лекин бундан ҳам ғайриоддий нарса бор. Унинг олдида юқоридаги новаторлик элементлари ҳолва бўлиб қолади. Асарнинг бош қахрамонидек гавдаланадиган Годо асарнинг бошидан охиригача умуман кўриниш бермайди. Бу ҳақида Беккетнинг ўзидан ҳам сўрашган. Годо ким? Қандай одам? Қаерлик? Қандай дунёқараш эгаси? Ўшанда Беккет агарда Годонинг кимлигини билганимда бу пьесани ёзмаган бўлардим, деб жавоб берган экан. Дарҳақиқат, саҳна қаршисида ўтирган одам Годони умуман кўрмайди. Уни саҳнанинг қай бир бурчагидан (балки орқасидан ҳам) ахтарса-да, кўрмайди. Унга ҳечам кўзи тушмайди. Унда Годо мавжуд эмасдек таассурот уйғонади. Унда нега бундай ном? У кўриниш бермаслиги ғалатимасми? Ахир, бошқа пьесаларда бош қаҳрамон бутун пьеса давомида фаол иштирок этади-ку! Мольер, Шекспир, Гоголда шундай-ку! Асаби бўш томошабин шундай деб бақириб юбориши тайин. Пьесанинг ўзига хослиги ҳам шунда. Годо ҳам бор, ҳам мавжуд эмас. Уни томошабин қаҳрамонлар билан бирга кутади. Асарнинг асосий моҳияти шунда. Шу ерда у томошабин тафаккурига йўл очиб, унинг дунёқарашини тўзитиб юборади. Владимир ва Эстрагон асарнинг икки қаҳрамони. Уларнинг умри ана шу Годо исмли жанобни кутиш билан ўтади. У бу икки қарияга учрашув вақти ва жойини белгилаган бўлади. Бироқ, ҳар куни бу икки қария учрашув белгиланган жойга, белгиланган вақтда борса-да, Годо келмайди, қариялар уни учратишмайди ва тарқалишади. Эртасига ҳам шу ҳол такрорланади. Индинига хам. Балки, бу бир умр такрорланар, улар жонини парвардигорга топширгунча бу ҳол давом этар. Ким билади дейсиз? Ишқилиб, Годо келмайди. Уларни назар-писанд қилмайдими ё келишни хохламайдими, устиларидан кулиб мазах қиладими бу билан, ишқилиб нима сабаб бўлса-да, у айтилган вақтда ўзи учрашув белгилаган жойга келмайди. Бу икки қария эса уни кутишда давом этишади. Сабр билан, бардош билан. Годо билан учрашиб гаплашишлик, унинг дийдорига бир қур назар солишлик, эҳтимол қўл бериб кўришишлик — жонларидан ўтиб кетган фақирликдаги, сароб ва умидсизликларга лиқ тўла ҳаётларини ва шу орқали пайдо бўлган некбин кайфиятларини тамомила ўзгартириб юборишига умид қилиб уни кутишади. Бири устидаги жулдир ва исқирт кийимларини, иккинчиси оёғини қисаётган йиртиқ пойабзалини шу жаноб Годо билан учрашув гўёки янгисига алмашишига, ҳеч нарсага ишонч қолмаган бу оламдан чиқиб ўзлари ҳам янги олам кишиси бўлишларига умид қилишади. Балки, уларнинг шу кийим ва пойабзаллари Годони кутавериб шу ҳолга келгандир. Балки, ўзлари айнан уни кутавериб янги оламдан четга чиқиб қолишгандир. Аммо бу версиялар уларнинг иккисини хаёлларининг кўчасигаям келмайди. Улар сабр билан ўзлари кўрмаган одамни кутишни билишади, холос. Годо қурғур эса келмайди. Эрталаб ҳам, тушда ҳам, кечқурун ҳам. Белгиланган вақт ва жойда унинг қораси ҳам кўринмайди. Шунга қарамай, иккиси ҳечам умидсизликка тушишмайди, бирор марта пьесада бу ҳақида илмоқли сўз ҳам келтирилмайди. Улар шу таназзулга юз тутган абсурд дунёнинг ичида ўзларича умид билан яшашади, эртанги кунга умид билан. Бу ўша пайтдаги европа жамияти ва кишисининг кайфияги тўла мос тушарди. Владимир ва Эстрагон иккита ўзига хос образ. Беккетнинг абсурд фалсафасининг асосий мурватлари. Уларнинг ҳатти-ҳаракатлари, диалоглари ва репликалари баъзида томошабиннинг асабига тегади, лекин томошабин асарнинг ярмига бориб уларга чин маънода ачина бошлайди, уларнинг бутун дард-аламларини ҳис қила бошлайди, уларга қўшилиб Годони кутади ва чақиради, ўзида уларга нисбатан ҳайриҳоҳлик ҳисларини туяди, бу дунёнинг абсурдлигини, лекин ана шу абсурд дунёда Беккет уларга умид бераётганини, янаям аниқроқ ифода этадиган бўлсак, уларни эртанги кунга умидлантириб, яшашлари учун таскин-тасалли ва туртки бераётганини тушуна бошлайди. Чунки Владимир ҳам, Эстрагон ҳам бир кун келиб белгиланган вақтда белгиланган жойга Годонинг келишига бутун борлиқлари билан ишонишади. Асарни бошидан охиригача саҳна орқали кузатган томошабин ҳам қалбида Годонинг келишига шубҳа қилмайди. Фақат унинг қачон келиши аниқмас. Лекин абсурд дунёда, ҳеч қандай одам орзуси ва идеали қолмаган, улар оёқости ва пайҳон бўлган, барча нарса кунпаякун бўлиб саробга айланган, маънавий таназзул ва ёлғон тантана қилаётган дунёда Годо бир куни келади ва ўзини интизор кутаётганларнинг ҳаётини тубдан ўзгартиради. Менимча, Беккет ушбу асари орқали шуни мақсад қилган бўлса не ажаб. Асарда яна бир эътиборга молик жиҳат бор. Бу қолган иккита образ яъни Поццо ва Лакки. Улар орқали Беккет “Эзувчи ва эзилувчи”, “Хўжайин ва қул” ижтимоий категорияларини қаламга олиб, уларни ўзининг абсурд фалсафаси орқали таҳлил қилишга уринади. Поццо ва Лакки бошқа қирғоқ. Улар Владимир ва Эстрагондан фарқ қилишади. Уларни Годонинг кимлиги, қайси табақага мансублиги, қачон келиши, келиш-келмаслиги умуман қизиқтирмайди. Улар айни пайтдаги ҳолатларидан норози эмас. Таназзулга учраган, ёлғон ва маъносизлик ичидаги дунё уларни тўлиқ қаноатлантиради. Беккет Поццо орқали ўша даврдаги давлат арбоблари, сиёсат кишилари, жамиятнинг турли қатламидаги “хўжайин” мақомидаги одамларни тавсирлайди. Уларни таназзулга юз тутган ўз қалблари билан иши йўқ, маъносизлик ўраб олган кундалик ҳаётларига танқидий кўз билан назар солишга улар эринишади, ўзларининг айни пайтдаги ижтимоий мавқеларидан тўлақонли рози ва буни улар шундай давом этишини ҳоҳлашади гўё. Лакки образи ҳам ғайритабиий эмас, айнан ҳаётий образ. Бу ўз хўжайини борлигидан хурсанд, унга ўз хизматини тинмай таклиф этиб юрадиган, унинг тепкилашлари ва ҳақорат қилишларига қарамай ундан ажралишни истамайдиган “қул” образи. Поццо ва Лакки образи менинг наздимда Беккет томонидан ўйлаб топилмаган. У ҳам инсон сифатида саробга юз тутган ғарбнинг бир бўлаги эди. Иккита жаҳон уруши пайтида миллионлаб одамларнинг бир-бирларини танимаган ҳолда урушганликлари, қўлларига қурол олиб одам ўлдирганлари, уйларини ёққанлари, қон тўкканлари ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаганди. Ўша миллионлаб “Лакки”лар юзлаб “Поццо”ларнинг талабини, буйруғини бажарганини ким ҳам инкор қила оларди? Беккетнинг ушбу асари шу билан аҳамиятлики, унда муаллиф дунёнинг инқирозини иккита позициядан туриб кўрсатиб беради. Биринчи, позициядаги тоифадагилар яъни Владимир ва Эстрагон шу манъосизликдан чарчашган бўлишса-да, умид билан яшашади ва Годони кутиб чарчашмайди. Ўзларининг ҳаётларини янги мақомга олиб чиқишни истаб ҳар куни белгиланган вақтда белгиланган жойга боришади ва Годо келмагач, эртасига яна келиш учун тарқалишади. Иккинчи позициядаги тоифалар, яъни Поццо ва Лакки ўзларининг ҳолатларидан норози эмас, уларни Годога эҳтиёжлари йўқ, Годо келадими-йўқми уларга барибир. Уларни ҳатто маънавий таназзул ҳам қизиқтирмайди. Улар шу абсурдлашиб, ўз аҳамиятини йўқотиб бораётган дунёни борича қабул қилиб, ундан айро тушишни истамай, рози ҳолда яшашади. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Беккет ушбу асари орқали бизга сирли иккита ойна тутади. Улар бир-биридан фарқли, гарчи ташқи кўринишидан бир хилга ўхшашса-да. Улардан қайси бирини танлашни у томошабиннинг ўзига қолдиради. Ҳатто, шу ерда ҳам у бошқа драматургларга ўхшамайди.
2020-01-20
http://nodirabegim.uz/archives/1223
Шоир Усмон Азим канали: Ёзувчи Назар Эшонқул ижоди: Шеърият муҳибларининг «She’r sehri» канали: Ўзбекистон халқ шоири Иқбол МИРЗО канали: Икром ИСКАНДАР канали: Овози ўктам шоир Аъзам ЎКТАМ канали: Таниқли шоира Хосият РУСТАМОВА канали: Матназар Абдулҳаким канали: Ёзувчи Шерзод Ортиқов кундалиги: Ёзувчи Байрам Али канали: Ҳикоя, шеър ва мақолалар: “Ёшлик” журнали: Ўзбек адабиётининг электрон журнали: Шерзод Комил Халил ижоди: Марҳум шоир А.Қутбиддин ижоди: Шоир Хуршид Абдурашид шеърлари канали: Шоир Суҳроб Зиё шеърлари канали: Шоир Нажмиддин Эрматов канали: Шоир Бобур Элмурод шеърлари канали: Шоир Мансур Жумаев шеърлари канали: Шоир Баҳодир Баҳром канали: Ёш шоира Мадина Норчаеванинг канали: Миллатпарвар шоир Чўлпон ЭРГАШ канали: Шоир Шуҳрат Ориф канали: Шоир Дилмурод ДЎСТнинг ижодий канали: Наср, назм, таржималар олами: Кўнгилдан илинган сатрлар: Мирзоҳид Музаффар олами: Рауф Парфи ижоди: Жонтемир Тоштемиров назми: Раҳматли Бахтинисо Маҳмудованинг канали: Шеърият оламига сайр: Ёзувчи Н.Жалолиддин ижоди: Сара тўртликлар: Шоира Малика Салимова шеърияти: Алия Темурийзода олами: https: Дилобар Аслиддин қизи олами: Афоризмлар макони: Жаҳон бестселлерлари: Адабиётдан бир шингил: Ёш ижодкор Манзура Абдуллаева олами: Нодирабегим Иброҳимованинг ижодий канали:
2020-01-21
http://nodirabegim.uz/archives/1229
Инглизлар ғалати ҳалқ-да. Бу билан ўтган асрда дунёдаги кўплаб одамларни ҳайратга солган уларнинг ашаддий консерватор эканликларини назарда тутмаяпман. Бу одатий ҳолдек, йигирма биринчи асрда ҳеч кимни эндиликда ҳайратлантирмай қўйган. Мен бошқа нарса учун уларга “ғалати” сўзини ёрлиқ сифатида ёпиштиряпман. Лондонни ёш боладан сўрасангиз ҳам билади. Майли, ошириб юбордим. Болалар эртак ўқишади, жўғрофия китобларини эмас. Дунёнинг тўртта томонидаги ўсмирлардан тортиб қарияларнинг аксариятигача билишади, десам ҳар ҳолда тўғрироқ бўлади. Лондон муҳташам, қадимий ва европанинг марказий шаҳарларидан бири. Ана ўша шаҳарнинг марказида мўъжазгина Ҳайд-парк деган хиёбон бор. Ўша ерда буюк инглиз шоири Байроннинг ҳайкалини учратиш мумкин. Ҳайкалда Байрон оёғи остидаги севимли кучуги ҳамроҳлигида, мағрур бошини қўлидаги китобга ўйчан эгиб турган ҳолатда тасвирланган. Таъсирчанлик хусусияти манфий бўлган инсон бунинг нимаси ҳайратланарли дейиши мумкин. Шу ерда шошма-шошарликка йўл қўймасликни маслаҳат бераман. Мен ҳам Байрон ҳақида юзаки маълумотга эга бўлганимда, учига чиққан таъсирчан ва ҳис-ҳаяжонга мойил бўлсам-да, ўзимни эҳтимол шундай инсон каби тутган бўлардим… Байрон номига илк марта Эркин Воҳидовнинг теран ватанпарварлик руҳида суғорилган “Ўзбегим” шеърида дуч келганман. Ўша шеърдаги “Менга Пушкин бир жаҳон-у, менга Байрон бир жаҳон”, деган сатрларни ўқирканман, европада Байрон деган шоир ўтган эканми, деб қизиқиб қолганман ва бир лаҳзада тафаккуримда “нима, қачон, қаерда?” ўйини бошланиб, тўғри мактаб кутубхонасига югурганман. Тўғриси, Пушкин ҳақида билардим, яхши маълумотга эга эдим. Мактабни тамомлагунимгача рус тили ва адабиёти ўқитувчимиз Пушкин ҳақида гапиравериб уни хотирамга муҳрлаб ташлаган, қолаверса ўзим ҳам болалигимдан “Евгений Онегин”нинг жинниси бўлиб, Онегин сиймосидаги изтиробларга тўла шахс юрагимдан чуқур жой эгаллаганди. Байрон бошқа масала эди. Ўн олти ёшга киргунча уни ҳали бирорта шеърини ўқимагандим. Шу-шу Эркин Воҳидовнинг юқоридаги шеъри мазкур шоир билан танишишимда ўзига хос дебоча вазифасини ўтади. Байрон ижодига нисбатан қизиқишим кундан кунга ортиб, бирин-кетин рус тилига таржима қилинган шеърларини ўқий бошладим. Шеърларидан сўнг, достонлари ва шеърий драмаларини…Унинг шеъриятидаги устун жиҳатлар-исёнкорлик, тушкунлик ва ёлғизликнинг негативларга бой бўлса-да, ўта хассос оҳанглар ила ифода этилиши қисқа муддат ичида дунёқарашимда мисли кўрилмаган инқилобни юзага келтирди, ҳар бир мисраси юрагимнинг энг овлоқ ерларигача етиб борди, ижодидаги руҳий кечинмалар шеърият ҳақидаги ҳали вояга етмаган хулосаларимни тўзитиб юборди, достонлари ва шеърий драмалари таъбимни ҳамда адабиётга бўлган қарашимни янгитдан шакллантирди. Шунга қарамай, у менга шоир сифатида бус-бутун тушунарли эди дея олмайман, илк кунлардан ундаги одамни безитиб юборадиган даражадаги тушкунлик синдроми ёки мутаасиблик даражасига чиққан исёнкорлик кайфияти ўша пайтлардаги романтик, ҳиссиётларга тўла қалбимни бошида чўчитди. У билан дастлабки танишиш жараёнида юзага келган мўрт хулосаларим руҳиятим замиридаги шу ётсираш билан чамбарчас боғлиқликда кечди. Бундан ташқари негадир шоирнинг ижоди билан узвий бўлган яна битта жиҳат эътиборимни тортди — жамият ва унинг ўртасидаги ниҳоясиз бўлган нафрат ва ўлгудек ирганиш билан уйғунлашган зиддият. Бу зиддият айниқса, Андре Моруанинг Байрон ҳақидаги китобида ёрқин безаклар билан тасвирлаб берилганди. Моруанинг ёзишича, бу зиддият Байроннинг болалик пайтидан бошланган. Унинг кўплаб биографлари каби у ҳам шоир онадан бир оёғи оқсоқ ҳолда туғилгани боис болалик пайтлари кўчада кетаётганида бу нуқсонидан гўёки уялганини, атрофидагилар бу нуқсони учун уни мазах қилишаётгандек туюлаверганини, тенгқурлари билан тил топишишда у шу туфайли руҳан сиқилиб яшаганини таъкидлайди. Натижада, у бора-бора чидаб бўлмас даражада асабий ва жиззаки бўлиб қолади. Тўрт мучаси соғ бўлган ўз тенгқурларидан кам бўлмаслик мақсадида алам устида бокс ва сузиш билан шуғулланади. Менинг назаримда, шу нуқсони ортидан пайдо бўлган тасаввуридаги салбий ўй-хаёллари бир умр уни тарк этмаган. Балоғатга етиб, жамиятда- кўзга кўринган инглиз оқсуяклари давраларида кўриниш бера бошлаганида ҳам у доим оқсоқлигидан уялаверган, атрофдагилар унинг шу нуқсони учун камситишаётгандек туюлаверган. Бунинг оқибати ўлароқ, энди у жиззаки ёки асабийгина бўлишни кифоя деб билмай, киноя ва сарказмларга муккасидан кетади, баҳс-мунозараларда атрофидагиларни ўз билими ва мушоҳадаси билан лол қолдириш учун соатлаб китоблардан бошини кўтармайди, танноз аёллардек ташқи кўринишидан эътибори ва вақтини сира дариғ тутмайди, димоғдорликда қўл етмас кенгликларда дарбадар кезади. Инглиз жамияти эса уни оқсуяк сифатида қабул қилса-да, кези келганда унинг арзимаган жисмоний нуқсони учун эмас, аксинча дунёқараши ва руҳиятида чуқур илдиз ота бошлаган сарказм, муросасизлик, исёнкорлик учун вақти келиб қабул қилишни истамай қолишини гоҳ ортидан, гоҳ баралла билдириб қўяди. Инглиз жамиятида ўша пайтлари аҳлоқ-одоб масалалари, инсонлараро ўзаро муносабатлар анъанавий ва қатъий қоидаларга, инглиз черковининг ёзилмаган қонунларига асосланган бўлиб, инглиз оқсуяклари бунга қаттиқ амал қилишар, бу қоидалардан четга чиққан кимсани ёқтиришмасди. Мурвати ҳечам бузилмайдиган бу механизмнинг қарама-қарши томонида турган Байрон бунга парво қилмайди, илҳом қўйнида бирма бир “Эркинликка ташна бу кўнглим” ёки “Англия сен зиндонсан, зиндон” каби кескин руҳдаги шеърлар битиб, келгусида ёзилиши режалаштирилган шундай руҳдаги достонлар ва драматик асарларни хаёлида қоралаб яшай бошлайди. Шу тариқа у ва инглиз жамияти ўртасидаги асрларга татигулик зиддиятга тамал тоши қўйилади. Моруанинг ёзишича, Байрон оғир табиати сабаб зиддиятни камайтириш ўрнига, гуриллаб ёнишни бошлаган оловга тез-тез мой сепиб туради. Буни албатта ўз ижоди ёрдамида қилади. Кетма-кет сатирик-реализм ва танқидий реализм йўналишидаги катта асарларини ёзади. Унинг асарларида сюжет инглиз заминида эмас, бошқа макон ёинки, бошқа замонларда кечса-да (Англия заминидан ташқаридаги ҳодисаларни назарда тутса-да), аслида улар худди бир пайтлар Шекспирнинг асарларида бўлгани каби ўз давридаги инглиз жамиятига тўлақонли мос тушарди. Жумладан, “Беппо” достонида Байрон венециялик даъюс эр образи орқали ўша пайтдаги инглиз оқсуяклари орасида кенг томир ёйган даъюсликни мазах қилса, “Кофир” достонида соф туйғулар эгаси бўлган ғайридин мусулмонга симпатия билдириш орқали ўзи билан қони бир бўлган одамлардан таркиб топган жамият кишиларида бу хислатлар йўқлигини гўё ошкора билдиргандек бўлади. “Мазепа” шеърий драмасида исёнкорлик ва мавжуд тузумга бўйсунмаслик ғояларини улуғлаш орқали Англиядаги оқсуяклар қатъий амал қиладиган қонун-қоидаларга тупурса, “Шильон тутқуни”да жисмий тутқунлик негизида ижтимоий-руҳий тутқунлик инсон учун энг катта азоб эканлигини таъкидлайди. Ёшлигининг шоҳ асарларидан бири бўлган “Чайльд Гарольднинг саёҳатлари” достонида ўспириннинг тилидан шахс эркинлиги ижтимоий онгнинг ҳар қандай фикр-хулосаси ёки қоидаларидан устунлигини оммавий намойиш этади. Гётени қойил қолдирган “Манфред” шеърий драмасида инсон ёлғизлигини тараннум этса, “Марино Фальеро” драмасида майда қалб ва пасткаш одамларнинг иғвоси қурбонига айланган ишонувчан ҳукмдор образини гавдалантиради. Инглиз черкови томонидан энг кўп танқидга учраган “Ҳобил” драмасида диний афсонадаги Ҳобилнинг тангрига исёни орқали у ўзи мансуб бўлган жамиятга нисбатан ўзининг туганмас-битмас нафратини сочади. Борган сари бу зиддият катталашиб боради. Байрон ўз шеърлари билан бошланган ва драма-ю достонлари орқали пишиб етилган бу зиддиятни юмшатиш ўрнига эндиликда Лордлар палатасидаги чиқишлари билан уни янада кучайтиради. У палатада оддий халқни ҳимоя қилиб чиқади, юқори қатлам ва парламентни тобора кучайиб бораётган капитализмни жиловлашга чақиради, қорни тўқ лордлардан кунига ўн икки-ўн тўрт соатлаб ишлаётган йўқсилларга эътибор қаратишни сўрайди. Шу тариқа ўзи бегонасираган инглиз жамияти билан муроса кўчасини танламай, адабиёт қолиб энди сиёсатда ҳам мунозарага киришади, оқибатда орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай уни оқсуяклар даврасида ҳеч ким суймай қўяди, ҳамма ундан қочади, уни кўргани кўзи йўқ бўлганларнинг сони кун сайин ортади, уни иғво қилиш кучаяди. Зиддият шу даражага бориб етадики, охири Байронни лордлар палатасида биров тингламай қўяди, инглиз жамиятида унинг ижоди қолиб ўртамиёна шоирлар ижоди кўкларга кўтарилади, достон ва шеърлари борасида “Эдинбург шарҳлари” журнали орқали унга аноним танқидлар ёмғири ёғилади, нашриётлар ортиқ у билан ишлашни хушламай қўйишади, оиласи бузилиб ҳатто хотини Аннабел бу зиддиятнинг нариги томонида туриб унга қарши курашади. Табиатан таъсирчан ва иззатталаб бўлган, шунингдек бир умр жисмоний нуқсонидан азият чекиб яшаган шоирга -“Чайльд Гарольд” асари бир кунда ўн тўрт минг нусхада сотилган муаллифга булар жудаям қаттиқ таъсир кўрсатади, натижада у ижтимоий онг томонидан шиширилиб улкан пуфак кўринишига келтирилган зиддиятдан қочиш мақсадида Англиядан узоқроқ муддатга кетишга қарор қилади. Албания, Швейцария ва Германияга саёҳат қилиб, Альп тоғлари ёнбағриларида бир мунча вақт яшайди. Ниҳоят, Италияга кетади. Италияда она ватани ва ҳамюртларидан қолган қалб жароҳатини эрлик аёл Тереза Гвиччиолининг муҳаббати ва жанубнинг тотли виноси билан битказишга ҳаракат қилади ва шу тарзда Апеннин ярим оролида узоқ вақт қолиб кетади. Аммо муҳаббат ҳам, ёқимли сармастлик ҳам, ҳатто серқуёш Италия иқлимининг оромбахш хусусияти ҳам унинг қалбидаги жароҳатни, аламзадаликни кеткиза олмайди. Унга нисбатан бошланган кампаниянинг акс садоси Англиядан шу ерга ҳам етиб келиб туради. Ўз юртини ташлаб кетган шоирни ортидан инглиз жамияти мағзава ағдаришни бошлайди ва уни энг тубан нарса — ўз синглиси Августа билан яқинлик қилганликда айблаб чиқади. Байрон инглиз жамияти ва ўзи ўртасидаги зиддиятнинг энг оғриқли томонларини айнан Италияда яшаб ҳис қилган десам нотўғри бўлмайди. Италияда яшаган йиллари у озиб-тўзиб кетади, ошқозонидаги оғриқ туфайли таом истеъмол қила олмай кўкат ва салатлар билан кун кўради, кўчага чиқмай кунини ижарага олган вилласининг ичкарисида ўтказади. Шу йиллар давомида у ўз ижодининг чўққиси бўлган шоҳ асари — сатирик руҳда ёзилган “Дон Жуан” эпик достонини яратгани шуниси билан ҳам аҳамиятлики, бу асари орқали у деярли ёрилишга шай турган, катталашиб кетган зиддият пуфагига худди игна санчгандек бўлади. Унинг бу ҳатти-ҳаракати ватанига қайтиш йўлларини унинг учун бутунлай ёпади. Адабиёт нуқтаи назаридан дурдона, ижтимоий нуқтаи назардан эса жамият учун хавфли бўлган пропаганда сифатида қаралган бу асар том маънода ўша даврдаги инглиз жамиятининг қомусига айланади. Асарни ўқиган оқсуякларгина эмас, балки бутун Англия тиш-тирноғигача уни ёмон кўриб қолади. Италияда ўзини хотиржам сезишдан мосуво бўлган Байрон ватанига қайтишга кўзи етмай кутилмаганда Юнонистонга кетади ва у ерда ҳатто маҳаллий аҳолининг ўзи ҳам ишонмаган ишга — турклардан юнонларни қутқазиш ишларига бош-қош бўлади. Аламзадалик кайфиятида “Дон Жуан” достонининг сотувидан тушган пулга кема битказади, озодлик иши учун ўз ҳисобидан ёлланма армия шакллантиради ва бир куни шу йўлда — ўзи яхши танимаган юнонларнинг озодлигини деб ўлиб кетади. Унинг ўлими ҳақида эшитган Англия росмана енгил тин олади, инглиз жамияти ўлган одам билан зиддиятга киришишнинг қизиғи қолмаганини тушунади-да, тиригини қабул қилмаган душманининг мўмиёланган жасадини қабул қилади (даҳмада ётадиган ўликдан хавфсирашнинг нима кераги бор, шундай эмасми? Қолаверса, ўлган инсон билан зиддиятга киришиш жентльменларга ярашмасди). Андре Моруа томонидан ёзилган Байроннинг таржимаи ҳолини тугатарканман, зиддият ҳақида мен билган тушунча, фикр ва хулосалар ўзим учун қайтадан кашф қилган унинг янги қиёфаси олдида ҳеч нима бўлмай қолди. Зиддиятнинг бу улкан, серқирра ва хавфли кўриниши китобни тугатган куним менга уйқу бермади. Кўз олдимда бир томонда Байрон, иккинчи томонда унинг қаршисида турган кўкракларига орденлар тақилган мунофиқ уруш фахрийлари, ғийбатнинг уяси бўлган, мункиллаган бўлса-да кўкраги очиқ кўйлаклар кийиб юрадиган кампирлар, набираси тенг қизлар билан никоҳдан ўтган соч-соқоли оқ чоллар, лордлар палатасида виқор билан ўтирадиган даъюс эркаклар, мишиқи фарзандидан фарқ қилмайдиган унинг ўқитувчиси билан эрларига хиёнат қиладиган сатанг аёллар, эскириб кетган қонун-қоидаларга пашшадек ёпишиб олган ҳукумат вакиллари, бошидаги цилиндри ва бакенбарди-ю устидаги қора фракидан бошқа арзигулик нарсаси бўлмаган, мақсади сепли зодагон қизни илинтириш бўлган олифта йигитлар, балларда рақс тушиш-у саргузашт роман ўқиш ҳаётининг мазмунига айланган қариқизлар ва ҳоказолардан таркиб топган инглиз жамияти гавдаланаверди, улар билан Байрон ўртасидаги умри узун ва жони қаттиқ бўлган зиддиятнинг моҳиятини тасаввур қилишга урина-урина кўзим илинмади. Байронга рости ачиндим. Унинг ижоди билан танишиш асносида бу зиддиятнинг нафасини чуқур ҳис қилмагандим, Андре Моруани ўқибгина унинг нафаси ўликдек совуқ бўлишини, одамни суяк-суягигача музлатиб юборишини танамда ҳис қилдим. … Бугунги кунга келиб бирорта ҳорижликнинг йўли ўша Ҳайд парк томонга тушиб қолса, албатта унинг кўзи ўша ердаги Байроннинг ҳайкалига тушади. Унинг атрофида бир пайтлар ҳайкалнинг тириги билан зиддиятга киришган инглиз жамиятининг айни пайтдаги ёш ва навқирон авлоди ўриндиқларда — шоирга нисбатан зиддиятдан холи, сэндвич еб ёки қаҳва ичиб ўтирган, газета варақлаётган, қўл телефонини титкилаётган, селфига суратга тушаётган, ижтимоий тармоқларда жавлон ураётган, бири иккинчисининг пинжига кириб хаёл сурган, балки ўз эҳтиросларини жиловлай олмай юз-кўзидан ўпаётган бўлади. Атрофдаги қушлар мана шу манзараларга туташган ҳолда чуғур-чуғур қилишдан тинишмай, шоирнинг тош елкаси ёки тиззасига қўнганча ўтган-кетганга кўз қирларини ташлашади. Мабодо адабиётдан бехабар бирорта ҳорижлик Байрон ҳақида сўраб қолгудек бўлса, бу қушлар индашмайди, унинг атрофидаги одамлар эса ҳайкалга бир қараб қўйишади-да: -Byron is our national poet,- дейишади.
2020-01-23
http://nodirabegim.uz/archives/1259
: “Ёшларнинг деярли ҳаммасининг ижодини кузатиб бораман. Шаҳриёр, Шоҳрўз, Жонтемир, Мадина, Ирода, Феруза, Шоҳруҳ, Раҳматжон, Достонбек, Орифжон, Зулхумор, Нозима, Муҳаммад Сиддиқ, Гулҳаё, Башорат, Рафиқ, Жавлон, Шоҳжаҳон ва бошқалар”. : Имкониятга қараб деярли барчасини ўқиб бораман. Бунда китоб ёки босма шаклидан кўра интернет ва ижтимоий тармоқлар қўл келади, албатта. Шунингдек, бир қанчасининг ижоди билан Зомин семинарларида танишганмиз. Санжар Турсунов, Жавлон Жовлиев, Нурилла Чори, Жасур Кенгбоев, Жамшид Бўрон ижодини баҳолиқудрат кузатиб бораман. Фозил Фарҳод, Олимжон Жумабоев, Гўзалой Солиҳ қизи, Холиёр Сафаров, Бобо Равшан, Салим Абдураҳмон китоблари ҳозир иш жойимда турибди. Шоирлардан Жонтемирнинг исёнкор шеърларини ўқиб тураман. Кечагина Хуршид Абдурасулнинг, Обиджон Шофиевнинг шеърларига кўзим тушди. Жавлоннинг “Бухоро” ва рохингя мусулмонлари ҳақдаги ҳикояси манзур бўлган. Фарғонанинг Риштонидан Мирзаозод Мирзанеъматов фаол ёшлардан. Насрга келсак, Рахшона Аҳмедова деган қизимиз бугун Жанубий Кореяда истиқомат қилади, лекин соф ўзбекона асарлар ёзмоқда, истеъдоди ҳам ўзига хос. Нодира Иброҳимованинг “Альцгеймер”и, “Иккинчи имкон”и овоза бўлди. Қашқадарёнинг Чироқчисида Меҳри деган бир қизимиз бор, топилмалари кўзни қувонтиради. Бибиробия Саидованинг ҳис-туйғуларга ва кузатишларга бой ҳикоялари маъқул. Яна бир қизимиз – ҳикоя ва шеърлар йўналишида ижод қилаётган Алия Темурийзода яқинда Лондонда бўлиб ўтган “Open Eurasia-2019” танловида иллюстрация йўналиши бўйича ғолиблардан бири бўлди. Улар танлаётган мавзулар ва ёндошувлар бир мени эмас, барчани қизиқтирса керак. Янги ифода усуллари кўзга ташланади. Шу орада яна бир қанча ёшларимиз дафъатан ёдга келмаган бўлса узр, лекин бундай эътирофлар ёш адиб ва шоирларимизга жуда керак деган ўйдаман. Ўзимиз вақтида катта адибларимиз нима дейишар экан деб интиқ бўлган пайтларимиз эсга тушади. Айтмоқчиманки, бағрикенгроқ бўлавериш керак, кимнинг қандай адиб бўлиб етишишини вақт ва тақдир белгилайди, лекин ёшларни қўллаб-қувватлаш албатта керак. Кези келганида шуни ҳам айтиб ўтай: бугун ёш дейилаётган айрим “ёшларимиз” аллақачон у поғонани босиб ўтишиб, янги кашфиётлар сари чоғланиб туришибди. Барчасига бу қутлуғ, аммо машаққатли йўлда омад ва зафарлар ёр бўлаверсин!” : “Насрда Нодира Иброҳимова, Санжар Турсунов, Жавлонбек Жовлиев, Шерзод Ортиқов, Жасур Кенгбоев каби ижодкорларни ўқиб бораман”. : “Ёш ижодкорлар ижодини узуқ-юлуқ кузатаман. Яхлит эмас. Сухроб Зиё, Муҳаммад Сиддиқ, Жонтемир кабиларнинг шеърларига эътибор қаратганман. Прозада Шерзод Комил Халилнинг тарихий мавзудаги асарларини қизиқиб ўқиганман.” : “Насрулло Эргаш, Жонтемир, Шаҳриёр, Раҳмат Бобожон, Муҳаммад Сиддиқ, Тилланисо Эшбоева ва жуда кўп!” : “Мунтазам ҳеч бирини кузатмадим, фрагментар тарзда ўқиб тураман. Энди биринчи китоби чиқарилган муаллифлар билан системали танишиб, бир нарса ёзиш ниятидаман. Вақт етмай турибди”. : “Жасур Кенгбоев, Жавлон Жовлиевни ўқийман”. : “Барча ёшларни ўқиб, кузатиб бораман. Ижодларига омад!”. : “Саволингизга жавоб бериш учун ўйланиб кўрсам, ёшлардан кўпроқ шоирларни ўқир эканман. Нафиса Омон, Жонтемир, Хуршид Aбдурашид, Маҳфуза Имомова, Шаҳриёр Шавкат, Дилрабо Норқуловаларни имкон қадар кузатиб бораман. Нурилла Чори, Бахтиёр Aбдуғафур, Шерзод Комил Халилларнининг насрларини ўқиб тураман”. : “Деярли ҳаммаларини кузатиб тураман. Лекин Байрам Алининг ижодий интилишлари мени қувонтиради. Битиклари кун сайин композиция, сюжет қурилмаси, маъно-мазмуни, бадиий қатлами жиҳатдан такомиллашиб боряпти”. : «Ёш ёзувчи Бахтиёр Абдуғафурнинг асарларини ўқибгина қолмай, балки 2 та романини рус тилига таржима қилганман ҳам. Ҳам насрда, ҳам назмда ижод қилиб, яна таржимонлик борасида қалам чархлаётган Шерзод Комил Халилнинг ижоди менга маъқул. Фозил Фарҳод, Фарруҳ Жабборов, Нодирабегим Иброҳимова, Шаҳноза Эшмирзаева, Жасур Кенгбоев, Холиёр Сафаров, Фурқат Алимардон, Шаҳноза Ҳақбердиева, Раҳшона Аҳмедованинг ижодини анчадан бери мароқ билан кузатиб келяпман. Тозагул Жуманова ва қорақалпоғистонлик Одилбек Латипов мен учун 2019 йилнинг кашфиёти бўлди. Зебо Зейнур фантастика жанрида, Фарҳоджон Эргашев эса фэнтези ва мистика жанрида яхши ижод қилишяпти. Жавлон Жовлиевнинг биттагина ҳикоясини ўқиганман, лекин шунинг ўзи яхши ёзувчилар рўйхатимни биттага кенгайтирди. Ишлаш ва ўқишдан ташқари ажойиб эртаклар ёзишга ҳам вақт топаётган Саид Камол (Саидкамол Насруллаев)нинг яхши болалар ёзувчиси бўлиб етишишидан умид қиляпман…»
2020-01-28
http://nodirabegim.uz/archives/1615
–Сиз ҳар гал мени йиғлатганингизда ўзимни овутиш учун китоб сотиб олардим. –Хўш? –Энди менинг каттагина кутубхонам бор. Aёлнинг алласига бўм — бўш бешик сассиз тебранарди… У қўшни боланинг уйига ҳар янги йилда Қорбобо келишини кўзда ёш билан кузатарди. Лекин ҳеч уникига келмасди. Чунки қўшни боланинг отаси бор, уники эса йўқ эди… Уйига қарз сўраб келган дўстининг ёнидан аста чиқиб, бўш чўнтакларини чангаллаганча қўшнисиникига югурди… Қизалоқ дунёдаги энг қўрқинчли овозларни эшитиб, қўрқувдан дир-дир титрарди. Ҳар куни шу даҳшат ичида яшашга мажбур эди у… Доимгидек овози чиқмасдан йиғлай-йиғлай секин пичирлади: «Ойижон, дадажон, урушманглар, илтимос». — Нима деб ёзишни ўйладингизми? — Ҳа. «Отажонимга ёлғиз ўғлидан», — у шундай деб қабр тошлари ясайдиган устага жавоб бердию, нимадир ғалати туйилиб кетди. Нимадир ғалати. Aхийри ўйлаб топди. «ОТAЖОН» деб биринчи марта айтиши экан….. Бугунги замонга яхши қизларни топиш ҳам муаммо бўлиб қолди, — ўғлини уйлантирмоқчи бўлган аёл турмуш ўртоғига қараб бош ирғаб қўйди. – Ҳа, — тасдиқлади эркак. Аммо негадир бугунги замонда ҳеч бир аёл ўз қизини ёмон демасди. Ҳеч бир қиз ўзини ёмон деб ўйламасди. Унда муаммо нимада? У ўз ҳовлисидаги мевадан егач, қалби шукурга тўлди ва бир неча йиллар олдин кўп қаватли уйда қилган дуосини эслади: «Ўзинг берган ҳовлида пишган мевалардан ейишни насиб этгин, Художон, Ўзингга осон!» Тиббиёт олийгохини пул бериб битирган йигит катта касалхонада бош врач бўлиб иш бошлади… Сотувчи кўрсатган омонатгина «девор» — парда билан ўралган хонага ўтарканман, олмоқчи бўлган кийимимни кийиб кўришга иккиланардим. Секин чиқмоқчи бўлиб қўл юборгандим, овоз келди: — Қўрқманг, қарамаяпман! — Сиз севгини билмайсиз! — деди ўғил, фарзанди учун йигирма йилдан бери ёлғиз яшаётган онасига. — Мен бахтсизман… Менинг пешонам бунчалар шўр бўлмаса, ҳатто кўнгил берган инсоним ҳам ўзгага уйланиб кетса… — Мана буни кўр… Телефондаги видео: — Биз Сурияда истиқомат қиламиз. Фарзандларимни отаси кўчага чиқиб қайтмаган, бир йил бўлди. Мана шу фарзандимнинг кўзлари ожиз, бошқа фарзандларимга ош-сув топиб беролмаяпман… Отам Россияда тунги соат 3:20 гача чангга ботиб ишлайдилар. Мен эса тонгги 3:20 гача ишлаганларини сарфлайман. Светофорнинг қизил чироғи ёнди. Машиналар турнақатор бўлиб тўхтади. Ногиронлик аравачасида ўтирган тиланчи аёл энг қиммат иномаркани ёнига келиб қўлини узатди. Машина ойнасидан қараган йигит қачонлардир уни шу кўчага қаровсиз ташлаб кетган онасини кўрди. «Қалами синса ёзувчи тин олади, дейсизми? Ё, асарига сўнгги нуқтани қўйгандами? Йўқ, ёзувчи ҳеч қачон тин олмайди. У ёзади, ёзаверади. Шам каби ёниб тугаган умри етмаганидек, ўлимидан кейин ҳам ёзаверади. Қай сабаб, дейсизми? Сабабки, у ёзиш сирини билади. У билган сир эса, уни умрбоқийликка элтувчи СЎЗдир.» Орадан қирқ йил ўтиб, илк бора қалам теккизган дафтаридан шу жумлаларни ўқиди, таниқли ёзувчи …
2019-12-21
http://nodirabegim.uz/archives/1120
“Қадрли Фелиз! Гарчи бироз ғалати туюлса-да, сиздан бир нарсани илтимос қилишга жазм айладим. Бу илтимосни бағрикенг инсонларгина бажара олади. Демак, ўтинчим: Менга ҳафтада бир маротаба мактуб ёзинг –ҳар якшанба. Мактубингизни сабрсизлик ила кутаман, бироқ сабр бобида жуда уқувсизман. Мен мактубингизга жавоб қайтаришим билан ётоғимда тинч ҳолатда ётаман. Лекин зоҳиран шундай, аслида шу он юрагим қинидан чиққудек ураётган ва сиз томон талпинаётган бўлади. Мен сизга тегишлиман; қалбимдагиларни бошқа жумла билан изоҳлай олмайман, бундан кучли изоҳ ҳам йўқ. Мен сизнинг қандай фикрдалингизни билишни истамайман. Бу мени қаттиқ саросимага солади ва мен дунёга сиғмай кетаман. Хуллас, мен ҳақимда қандай туйғулар ҳис қилишингизни билишни хоҳламайман. Агар билсам, нақадар аҳмоқона ҳис этаман ўзимни. Офисимда ўтираманми, шу ерда –уйимдами, ҳар ерда қароқларимни очиб-юмган онимда ёнимда сиз бўлишингизни истардим…” : Франц Кафка ўртаҳол оилада вояга етди. Унинг фавқулотда ажойиб тўқима бадиий асарлари ўлимидан сўнг чоп этилган. У ўзидан тўрт ёш кичик Фелизни 29 ёшида 1912 йил 13 август куни учратади. Уч ойдан сўнг юқоридаги мактубини битади. Бир йил ўтгач, қизга севги изҳор қилади ва улар учраша бошлайдилар. Яна бир йилдан сўнг эса, Франц учрашувларга чек қўяди, бироқ мактуб ёзишдан тўхтамайди. Уч йил ўтиб, Фелизга қайта муҳаббатини таклиф қилади. Бир ой ўтгач, ёзувчида сил ҳасталиги аниқланади ва бу муносабатларига ўз таъсирини ўтказади. Икки йил ўтиб, Фелиз бошқа инсонга турмушга чиқади, бироқ Кафканинг мактубларини бир умр асраб юради. Франц эса олти йил ўтгач, 1924 йили ҳасталикдан вафот этади. “Ёдингдами, азиз суйганим, илк бора учрашиб қолган кунимиз? Ўшанда, 1933 йилнинг сешанба тунида карнавал бўлаётганди. Ҳатто ўлим ҳам хотирамдан ўша маъсум кунни ўчиролмайди. Ҳозир ҳам юлдузлар жимиридаги ўша тун кўз олдимдан ярқ этиб гавдаланяпти. Сен карнавалдан сўнг балга кетишинг керак эди, аммо ҳеч қаерга бормай мени кутдинг. Бечорагина фариштам, сенда нақадар гўзал муҳаббат мавжуд. Эсимда, сенинг хонангда ёввойи сукунат хукм сурарди. Париж кўчалари шовқин ва кулгуларга бой бўлсада, сенинг дунёйинг доим жим эди. Шу шовқин ичра биз учрашдик ва қувончли байрам шукуҳини туйдик. Париж ўз гўзаллигини йўқотгандек, дунёда иккимиз қолгандек бўлдик. Ҳеч қачон унутма, фариштам, ўша сирли соатлар ҳаётимизни тубдан ўзгартириб юборди. Ўша тарихий тун ҳаётимиздаги энг бахтли кеча бўлиб қолди. Саккиз соатгача суҳбатлашиб ўтирдик, бу соатлар менга йил каби татиди”. . Виктор Гюго (1802-1885) ўттиз бир ёшлигида бир карнавалда гўзал актриса аёл Жюльетта Друэни учратиб қолади. Уларнинг муҳаббати узоқ йиллар давом этди. Турмуш қуришолмади, шунга қарамай Гюго аёлга қарата кўплаб мадҳлар ёзди. У Жюльеттани ҳақиқий жуфтим деб атарди. Унинг вафотидан сўнг меҳр-муҳаббатсиз қолган Гюго ҳам икки йил ўтиб оламни тарк этди. “Менинг азиз фариштам! Мен сенга тўрт варақ мактуб ёзишим мумкин эди, аммо бу ўта қайғули ва изтиробли бўларди, сўнгра ўзим ўқиб кўриб сенга жўнатишга иккиланар, балки бошқасига ёзиб юборармидим. Сенсиз яшаш зерикарли ва ҳатто юрагимдан ўтаётганларини битиш ҳам мушкул. Болдин ҳақда гапирибсан. У ерда борсак албатта яхши эди, тўғри танлов. Ҳали бу ҳақда гаплашишга улгурамиз. Хафа бўлма, хотин, мен ҳақимда бошқаларга ҳам шикоят қилма. Сени ўзимга қарам қилиш ҳақда сира ўйламаганман. Мен сенга уйландим, сабаби сенсиз ҳаётим маъносиз кечишини билардим; аммо ишимдан ҳам воз кечолмайман-да, ахир оилани тебратишим керак. Оилавий заруратлар кишини ёқимли қилади. Муҳтожлик эса барбод айлайди. Ҳозир улар менга хизматкорга қарагандек боқишяпти. Мен ҳам Ломоносов сингари ўзимни жинниликка солмайман. Аммо сен булар учун айбдор эмассан, бунга ўзимнинг кўнгилчанлигим сабабчи…” . Буюк рус шоири Пушкин Наталья билан 1828 йил декабрь ойида Москва балларининг бирида танишади. Айтишича, бир кўришда уни севиб қолган. Аммо бу туйғуларга кўпчилик ишонмаганди. Лекин Пушкин умрининг сўнггичага Натальяни ардоқлаб яшади. Ўшанда қиз атиги 16 ёшда эди. Кўп ўтмай Пушкин қизнинг онасидан розилик сўрайди. Бироқ таклифи рад этилади. Бундан тушкунликка тушган шоир Кавказга бош олиб кетади. Ярим йил ўтиб Москвага қайтади ва яна такрор қизнинг қўлини сўрайди. Бу гал омад унга кулиб боқади. 1932 йил 18 февралда уларнинг бахт тўйи бўлиб ўтган. Пушкин рафиқасини Мадонна деб атарди. Натальяни зимдан яхши кўрган француз йигит Жорж Шарль Дантес уларнинг бахтига раҳна солади. Шоир дуелда ҳалок бўлди. Наталья етти йил давомида машъум 27 январь санасида қора кийиб, унинг қабрини зиёрат қилди. 1963 йилда Наталья вафот этди.
2019-12-23
http://nodirabegim.uz/archives/1132
Икки кундан бери Анна ёнимга келмаяпти… Мен тентак ёки шизофреник эмасман. Бу гапим билан албатта, ўзим учун азиз бўлган унинг муқаддас сиймосини назарда тутяпман. У қазо қилганига ярим асрдан ошган. Буни яхши биламан. Ҳаёт деб аталмиш тасодиф ва кўргиликларга тўла театрда у ўз ролини бошқа актёрга топширганига анча бўлган. Қўпол қилиб ёки содда, тушунарли тилда айтганда — у гўрида аллақачон кўкариб чиққан. Мен шунчаки ҳар куни атрофга оқшом чўкканда, сокинлик тун пардаси билан бирга борлиққа ёйилганда Аннанинг сиймосини тасаввур қилиб, хаёлан у билан суҳбатлашиб вақт ўтказар, шеърият деб аталмиш маънавий озуқа борасидаги оммавий ва урфга айланган, газета ва журналлар саҳифаларини тўлдирган, заминимиз бағрида қуёш чиқиб то ботгунга қадар давом этадиган қизғин ва дилгир гурунглардан чарчаб, унинг ёнида умримни ҳеч бўлмаганда тунга алоқадор бўлган қисмини мазмунли ўтказиб яшашга интилардим. Ёлғон эмас шундай. Алдаб нима қиламан. Бундан менга нима наф? Эсимни таниганимдан бери, адабиёт ва шеъриятга ўзимда ошуфталик, кучли майл ва телбанамо талпиниш ҳис қилганимдан бери Анна ёнимда бўлар, қайсар ва ўлгудек инжиқ юрагимга яқин бўлган унинг шеърлари жамланган китобини қаерга бормай ўзим билан ҳар сафар олиб кетардим. Дам олгани енгилтак одамлар макони бўлган сиҳатгоҳларга бораманми, ҳордиқ чиқаргани ақлдан озган бой-корчалонларнинг эрмагига айланган тоғу тошлар ёки ярим яланғоч эркаг-у аёлга тўлиб кетган суви кўм-кўк, тиниқ кўлларнинг бағригами, ичимда ўзим лаънатлаган касбим бўйича бир тийинга қиммат, фойдасиз ўқув-семинарлар ёки кети узилмайдиган хизмат сафарларига бораманми, қора жомадонимга зарур нарсалар билан бирга албатта унинг китобини ҳам жойлаштирардим. Меҳмонхонанинг ёруғ ва шинам хонасида жомадонни очишим билан Аннанинг ўша менга таниш- устига “Анна Ахматова. Избранные произведения” деб ёзилган, Москвада анча йиллар олдин нашр этилган, сутранг қаттиқ муқовадаги китоби гўёки кулиб қарар, об-ҳавога тақлид қилишдан хезланмайдиган беқарор кайфиятимни кўтарар ва беихтиёр лабларимда ҳазин табассумнинг бир қур намоён бўлишига сабабчи бўларди. Атрофга қоронғу тушиб, мен учун сариқ чақалик аҳамияти қолмаган дунёнинг ташвишлари, юрагимда илиқлик уйғота олмаган марионеткасифат одамларнинг орзу-ўйлари, мақсадлари бир пас мени тинч қўйганида, иш деб аталмиш ҳаётимнинг зерикарли қисмидан ўзимни панага олган кезларимда уни туни билан, гоҳида тунни оппоқ тонгга улаб, қўлимдаги думалоқ соатимнинг бир маромда ва секин чиқиллаши остида кўзларим илингунча қўлимдан қўймасдим, у ердаги хассос ва дилни ўртовчи мисраларни берилиб, ўттиз йилдан кўпроқ муддат давомидаги яшаш жараёнида тўпланиб, бир уюм ахлатга айланган руҳимдаги ғуборлардан покланиб ўқирдим, уларни ўқиш мобайнида дийдаси қаттиқ, муроса нималигини билмайдиган ва ўларча димоғдор деб ном қозонган мен каби банкирнинг кўзларини шашқатор ёш хиралаштирарди… Уларнинг аксарияти менга деярли ёд ҳам бўлиб кетганди. Китоб ёд бўлиб кетган десам ҳам бўлаверади. Бутун бошли китоб хотирамга муҳрланган. Аннанинг шеърияти таъсирида менда адабий балоғат ва ўзига хос бадиий дид шаклланганини ҳам инкор қилмайман. Бундан ташқари аёл шоираларга баҳо беришда ҳам, уларнинг назмда ивирсиб юриб қилган ишлари билан танишишда ҳам Аннанинг адабий меросига доим суяниб келганман. Янаям тушунарли қилиб айтадиган бўлсам аёл ижодкорлар шеъриятини — у ўзбек адабиётига оид шеърлар, достонлар, сочмалар бўладими ёки жаҳон адабиётига оидми — барчасини севимли Аннамнинг ижодига бўйлаштирар, унинг меросини кўз олдимга келтириб уларни таҳлил қилар, Аннанинг ижоди қайсидир маънода мен учун назм деб аталмиш сеҳрли оламни тушунишда ўзига хос дастуриламал вазифасини ўтарди. Назмнинг канизаклари бўлмиш аёлларни ўқиётганимда ҳеч шубҳасиз, тасаввуримда Аннанинг сиймоси гавдаланар ва шу бўйи бир неча фурсат кетмай ёнимда турарди. Аниқ эслайман. У ёнимда турарди. Ўзидан бошқа шоиранинг китобини қўлимга олишим билан шошилиб, оёғини қўлга олиб ёнимга келар ва кетишни ўйламасдан рўпарамда индамай, бир нуқтага тикилганча турарди. Ёзнинг илиқ кечаларида ҳам, қишнинг узун кечаларида ҳам, баҳор келиб ўрик оппоқ гуллаган кезлар-у хазонрезги бўлиб дарахтларнинг барглари бирма-бир тўкилаётган куз оқшомларида ҳам у ёнимда шундай турарди. Ҳеч қаерга кетмасди. Уйимдаги ўзимнинг севимли шахсий кутубхонамда, дераза олдидаги катта анорранг кресломга чўкиб, онам дамлаб берган аччиқ қахвадан бетиним хўплаганча Марина Цветаеваними, Зинаида Гиппиусними, Габриэла Мистралними, Халина Посвятовскаяними, Фўруғ Фарруҳзодними, Зулфияними ёки қайси бир машҳур бўлмаган, номи чиқмаган шоиранинг китобини қўлимга олсам ҳам у ёнимдан кетмас, маъюс ёки ғамгин эмас, негадир ўзига ишончи юқори бўлган одамлардек мағрур ва виқор билан менга тикилиб турарди. -Хўш, нима дейсан?- дерди китобни ёпиб қўйганимдан сўнг, қўлларини кўксига чирмаштириб. Қандай фикрдасан деган саволни у маъшуқалардек шундай қўрслик билан, эркаланиб берарди. -Уларга муҳаббат қўя олмадим,- дердим қахвадан хўпларканман унга термулиб.- Ёқмади уларнинг ижоди. Шунда унинг юзига қон югурар, бир нуқтага тикилган кўзлари порлаб кетар, мағрурлик билан қимтиниб турган лаблари жилмаяр ва виқорли сиймоси ёришганча кўз олдимдан оппоқ туманга қоришиб, кўздан ғойиб бўларди. Қулоғим остида унинг саволи бетиним жарангларди: -Хўш, нима дейсан?… Хўш, нима дейсан?… Хўш, нима дейсан?… Бу ҳол кўп такрорланарди… Юқорида таъкидлаганимдек мен ҳар гал чиркин фоний дунёдан шеърият билан чалғимоқчи, ҳиссиз одамлар сабаб ҳориган руҳимни у билан тикламоқчи бўлган кезларим Анна ёнимга шошар, мовий кўзларини мендан узмай турар, асабийлашиб бошқа муаллифни ўқий олмаганимни, тарвузи қўлтиғидан тушган одамдек унга илтижоли тикилганимни кўргач, сўнг китоб жавонидан дарров яна унинг китобини қўлимга олганимга эътибор қаратгач, хурсанд бўлганча ва ғолиблардек қадам ташлаб кўздан йўқолар, мен бўлса ичимда нималарнидир пичирлаб, креслога бутун оғирлигимни ташлаб эллигинчи ёки олтмишинчи марта уни ўқишни бошлардим… Ўзбек шеъриятига азалдан қизиқмаганман. Юзаки қизиқиш ҳам деярли бўлмаган. Агар ўзбек назмини уммонга қиёслайдиган бўлсак, қайсидир маънода бу уммоннинг тинимсиз шовуллаши, атрофга сув ва кўпик пуркаб чайқалиши, қирғоқлари мени доим беэътибор қолдириб келган. Мумтоз ўзбек назмидан тортиб Зулфия, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиеваларни ўқиган кезларим ўзимда уларни қайтиб ўқишга ҳеч қачон майл сезмаганман, ўқиганларим менга ҳеч нима бермаган, кўзимга жўн ва оддийдек кўринган, шеъриятга қўйган ва Анна шакллантирган талабларимга улар мос келмаган ёки маънавий эҳтиёжимни тўлақонли қондиришмаган. Уларни, тан оламан — Анна Ахматовага ҳатто тенг кўрмаганман. Афсуски, уларнинг адабий олами мени ўзига тортмаган. Ҳатто, мустақилликнинг дастлабки даврида адабиётга кириб келган ёки ҳозирги ёш ўзбек шоираларини ўқиганимда ҳам ўзимда уларнинг ижодларига нисбатан ҳеч қандай мойиллик, ошуфталик ҳис қилмаганман. Фақат бефарқлик ҳис қилганман, холос. Уларни қачон, қайси вақт ўқимай улар тараннум этган инсон ботиний ҳислари сунъийдек, хаёлот кенгликлари кулгули ва бачканадек, уларнинг сатрларидан уфуриб турган романтизм бўрттирилгандек, нозик ҳислар ифодаси кераксиз ташбеҳларга, асаб ҳужайраларини ўлдирадиган пафосга тўла ва қичқириқни эслатувчи ёки галюцинацияга чалинган беморнинг ҳолати билан тўла уйғунлик касб этгандек инжиқ юрагимни қилчалик таъсирлантирмаган ва мен ҳар сафар асабийлашиб яна Аннага қайтаверганман. Бу табиий шундай бўлган, ҳеч қандай зўракилик ёки нокамтарлик йўқ фикримда. Бу борада айбим шу бўлганки, мен уларни доимгидек Анна билан бўйлаштирганман ва умумийлик тополмай сурбетларча уларнинг ижодларини рад этиб, худди эски пайтлардагидек Анна билан дардлашишда, уни ўқиб, у билан хаёлан суҳбатлашишда давом этганман ва бундан сираям зерикмаганман. Худди дежавюдек ҳаммаси такрорланаверган: мен қайтиб қайтиб сиҳатгохларга, тоғу тошлар ва илиқ кўлларга, ўқув семинарлари ва хизмат сафарларига бораверганман ҳамда жомадонимга зарур нарсалар билан бирга Аннанинг китобини солиб, ўзим билан олиб кетаверганман… Яқингача ҳам Аннадан бошқа муаллифни севиб ўқий олишимни тасаввур қила олмасдим. Аҳволимни кўриб, Анна кулар, унга бу мойдек ёқарди. У юрагимдаги шеъриятга бўлган эхтиёж ва муҳаббатни ўзидан бошқа бирор бир шоира ўз ижоди орқали уйғота олмаслигига чин дилдан ишониб, у ердаги мустаҳкам ўрнига дарз кетмаслигига кўзи етиб табассум қиларди. Ҳаттоки, Халина Посвятовская ва Фўруғ Фаррухзодни ҳам ўқиган кезларим у қилт этмаган, юзининг туси ҳам ўзгармаганди. Чунки унинг ишончи комил эди. Қолаверса, мен ҳам унга рағбат ёки сўнмас шижоат бергандек юқоридаги хассос шоиралардан кўп ўтмай совугандим. Бир ловвулаб ёниб, тезда ўчгандим гарчи ақлдан озар даражада Халина ва Фўруғ мени ром этишган бўлишса-да. Бу унча кўпга чўзилмаган ва мен Аннанинг “Хўш, нима дейсан?” деган саволига яна бош чайқаганча, оғзимга талқон солқондек индамай, ноилож унга қайтгандим. Унинг самимий кулгу жилваланиб турган лабларига қарай-қарай унга қайтгандим. Халина ва Фўруғ ҳам ундан мени бутунлай мосуво қила олишмаганди. Яқинда эса… Яқинда ҳаммаси ўзгарди. Истеъдодли шоира Гўзал Рўзиеванинг шеърларини қаердадир ўқиб қолдим. Аниқ билмайман қаерда… ижтимоий тармоқларда экани аниқ лекин. Шу кунгача уни унча кучли ёзилмаган насрий асарларини ўқигандим, улар менда ўртачадан юқорироқ даражада таассурот қолдирганди, лекин шеърияти билан асло таниш эмасдим. Билганим — Биринчи китобим лойиҳасида унинг шеърлар тўплами чиққани эди. Унинг шеърияти қачон мени ром этишга муваффақ бўлди — буни ҳам очиғи билмайман. Гўзалнинг шеърияти ром этди, тамом вассалом. Уни ўқиб ниҳоят ўзбек адабиётида ҳам реалистик руҳда юрак ютиб ёзадиган, асабни бузадиган эзма, олди-қочди романтизмдан йироқ бўлган, қанотли дўстларимизнинг қичқириғини ёдга соладиган пафосга бегона, мани мудом қийнайдиган ботиний саволларимга жавоб берадиган, кўпик каби сув юзасида турган ўзбек адабиёти сабаб тартибсиз атомларга бўлиниб ва сочилиб кетган қалбимни бир бутун қилиб бирлаштирадиган, шеърият борасидаги ўлчовларимга тўла мос келадиган, севимли Аннам билан бўйлашадиган кимдир, фавқулодда бир истеъдод пайдо бўлганинини сездим. Уни “Венецияга бормоқликни орзулайди қиз”, “Кабальеро”, “Поезд-одамлармиз”, “Гладиатор” каби пишиқ-пухта ёзилганидан кўра ҳам, руҳий кечинмалар драматик тарзда берилганидан кўра ҳам, реалистик руҳда ёзилган шеърлари мени тамомила ўзига мафтун этди. Шу пайтгача ўзбек адабиётида — йигирманчи аср ва замонавий ўзбек адабиётини қўшиб ҳисоблаганда ҳам назмда ижод қиладиган бирор бир аёл ижодкор ўз ижоди билан бунчалик мени мафтун этмаганди. Аннанинг шеъриятига бўлган руҳий хасталикка ўхшаш эҳтиёжим ортидан яна бошқа бир шоиранинг шеъриятига нисбатан ҳам бундай эҳтиёж дунёга келаётганига биринчи марта иқрор бўлдим. Бутун борлиғим билан иқрор бўлдим. Бу мени ҳам ҳаяжонга солди, ҳам хавотирга, ҳам ларзага. Одатий оқшомлардан бирида Анна олдимга келганида у бир неча марта оқ қоғозга туширилган Гўзалнинг юқоридаги шеърларини қўлимда кўрди. Мен уларни диққат билан ўқир, таҳлил қилар ва мисралардаги реалистик руҳни юрагимнинг ҳар бир тепкисида илғардим. Анна дастлаб эътибор бермади. Ахир Халина ва Фўруғда ҳам бошида шундай бўлган. У ёнимга ўтирди-да, мен билан биргаликда шеърларни ўқишда давом этди. Бир неча кун шундай ўтди. Аммо уни ҳам мени ҳам ҳайрон қолдирган нарса – Гўзалнинг шеърларидан кўнглим қолмаётгани ҳечам рўй бермасди. Бу аксига олиб кундан кунга кучайиб борар, бу мойиллик ҳатто ўзимни ҳам бир оз чўчитарди. Аннада эса бошқа ўзгариш кузатиларди. У энди кам табассум қилар ёки бутунлай қилмас, ёнимда ўтирмас, хонада у ёқдан бу ёққа безовта юрар, китобини варақламай қўйганимни орада юзимга солар, хуллас у юрагимдаги ўз ўрнидан ҳавотирга тушарди. Мен унга тикиларканман, бир ачинсам, бир ўз она адабиётимда ҳам ниҳоят, мени бир умр қизиқишимга арзирли назм ижодкори пайдо бўлганига, қолаверса унда ўзим орзу қилган мутлақо янги қатлам очилганига ёш боладек суюнардим… — Анна, эшит,- дердим унга суюниб боқиб.- Венецияга боришни орзу қиладиган қиз ҳақида шеър. Ва шеърни ўқий бошлардим. Прерияга ҳам, Сахарага ҳам, Парижга ҳам боришни орзу қилмайдиган, кун бўйи деразаси олдида ўтириб, ташқарида ёғаётган ёмғир рақсини кузатиб, фақатгина Венецияга боришни орзу қиладиган шўрлик ногирон қиз ҳақидаги шеърни ўқирдим. Анна индамасди. — Қиз Венецияга боришни орзулайди. Фақат Венецияга. Чунки унинг оёқлари йўқ. Венеция эса сув устига қурилган шаҳар, уни фақат қайиққа ўтириб айланиш, сайр қилиш мумкин, холос. Топилмани қара, Анна! Анна индамасди. -“Гладиатор” шеъридаги ўлимга тик боқиб, ҳар куни “ё ўлмоқ, ё қолмоқ” деган бетайин фалсафага амал қилиб яшайдиган, қонсираган ҳиссиз оломон қаршисида тақдирига ҳар дақиқа лаънат ўқиб, ўлим билан юзма юз келадиган қулнинг аянчли изтиробларини тасвирлашдаги реалистик руҳни қара, Анна! Анна индамасди. -“Кабальеро” шеъридаги буқанинг исёни-чи? Уни шуҳратпараст матадор ва атрофидаги унинг ўлимини юрагини ҳовучлаб кутаётган оломонга нисбатан исёни, юрагида тўпланиб қолган нафрати, якунда оладиган аламли қасосини тасвирлаш ва ифода этишдаги драматизмнинг юқорилигини қара, Анна! Анна индамасди. Кейин эса шундай кезларда у мени сассиз тарк этар, “Хўш, нима дейсан?” каби таниш саволи билан мурожаат қилмас, чунки мендан чиқадиган жавобдан гўё чўчигандек лабини тишларди. Охирги пайтларда у деярли кулмай ҳам қўйганди… …Хуллас шунақа гаплар. Анна икки кундан бери ёнимга келмаяпти. Шунча фурсат ўтиб эндиликда ҳар оқшом яна уни сутранг муқовали китобини қўлимда тутиб ўтирарканман, у бир лаҳза ёнимга келишини кутиб, ниҳоят мен билан бир тилда гаплашадиган, мен туғилган заминда киндик қони тўкилган, мен мавжуд бўлган миллат адабиётида менинг таъбимга ҳам мос шеър ёзадиган ижодкор пайдо бўлганини унга тушунтиришни жуда жуда истаб, шу истак билан яшаяпман, кун ўтказяпман. Мен ишонаман, бир куни Анна қайтади, ёнимга қайтади, яна унинг илиқ сиймосини кўраман, кулгуси қулоқларим остида жаранглайди. Ҳозирча эса… Ҳозирча, кечир мени, Анна, деб қоламан гарчи кечирим сўрашга лойиқ иш қилмаган бўлсам ҳам.
2020-06-01
http://nodirabegim.uz/archives/1167
Ўшанда ўн саккиз ёшда эдим. Институт аудиториясида, банкни қандай қилиб муваффақиятли бошқариш хусусида домла маъруза ўқир, мен эса биринчи партада Лев Толстойнинг мактублар тўпламини ўқиб ўтирар, домла билан сира ишим йўқ, у нима ҳақда гапираётганига эътибор қаратмас, маърузанинг зарур жойларини ҳам дафтаримга қайд этмас, улуғ адиб мактубларининг ичига кириб кетгандек, китобдан бошимни кўтармасдим. — Шерзод, Толстойни кечқурун ётоқхонада ўқийсан,- деди бир пайт домла ёнимга келиб. Шунда худди уйқудан уйғонган одамдек кўзларимни бир ишқаб олиб унга қарадим. У қўлига маъно-мазмунини ўзи ҳам тушунмайдиган, рус тилида нашр этилган, ҳорижлик иқтисодчилар томонидан ёзилган китобни ушлаб олганди. — Домла, — дедим бир унга, бир қўлидаги китобга қарарканман. — Бирортаси юзингизни ўнг томонига урса, унга чап томонини ҳам тутиб берармидингиз? Бундай ғалати саволимдан ўшанда домла тугул бутун аудиториянинг яхши маънода мазаси қочганди. Шундан сўнг домла гуриллаб кўтарилган кулгу остида энсаси қотганча мени дарсдан ҳайдаб юборган, сўнг семестр якунида қониқарсиз балл қўйиб, юқори тоифадаги стипендияни олмай қолишимга сабабчи бўлганди. Бу саволимга ўша кезлари домладан ташқари бошқалардан ҳам жавоб ола билмагандим. Кейинчалик талабалик давримда бу саволни яна неча кишига бердим — аниқ билмайман. Сон-саноқсиз кишиларга бердим: Отамга, амакимга, қўшниларимга, таниш дўстларимга, юқори ва пастки босқич талабаларига… Бу рўйхатни исталганча давом эттириш мумкин. Уларнинг айримлари бу саволга жавоб беришмади. Кулишди, мени жиддий қабул қилишмади. Айримлари ҳозиржавоблик билан ва бир сония ўйлаб ҳам ўтирмай, “дарҳол жавоб қайтарардим”, дейишди. Мулоҳазали ва кўп китоб ўқиганлари эса “бу мутлақо мантиқсиз, инсон табиатига тамомила зид гипотеза”, деб жавоб беришди. Умумий хулоса қилганимда, уларнинг бирорталари Толстойнинг наздида инсоният маънавий таназзулини бартараф этиши ва чирк босган дунёни қутқариши лозим деб топилган Инжилнинг ёвузликка қарши куч ишлатмаслик таълимотини заррача ижобий томонини кўришмади, аниқроқ айтадиган бўлсам, ҳеч бири юзимнинг чап томонини ҳам тутиб берардим, дейишмади. Талабалик даврим ва ундан сўнг ёшлигимнинг катта бир қисми шу саволга жавоб топиш билан, Толстой томонидан идеаллаштирилган юқоридаги Инжил таълимотини идрок қилиш ва мағзини чақиш билан, шу мазмундаги турли хил китоб ва рисолаларни мутолаа қилиш билан ўтди. Аммо ўша йиллари саволимга китоблардан ҳам, ҳаётдан ҳам жавоб топиш асло насиб этмади, қалбимдаги у орқали юзага келган довул, пўртана босилмади, ўзимни охири кўринмайдиган уммон ўртасида чайқалиб турган кемадек сезавердим. Ҳатто баъзида шундай пайтлар бўлардики, тасаввуримда Сфинкс жумбоғидан кўра ҳам унга жавоб топиш мушкулроқдек туюлган бу саволдан чарчаб кетиб, ўзимниям у билан сўро-қа тутарканман, беихтиёр мен ҳам жавоб қайтарардим, юзимнинг ўнг қисмига кимдир урса, унга чап томонини асло тутиб бермасдим, деган хаёлдан ичим ларзага келар, Толстойни бу борада тушуна олмаётганимдан теран қайғуга шўнғиб, ўқиётган китобимни алам билан ёпиб қўяр ёки унинг очиқ турган саҳифасига бошимни яқин келтириб оғир-оғир нафас олардим. Орадан пича вақт ўтгач яна ҳеч нима бўлмагандек дилимни ўртаган мазкур таълимот кенгликларига қайтардим. Ҳа, қайтардим. Шуни қайд этишим лозимки, қайтиш ҳар сафар жудаям оғриқли бўларди. Шунчалар оғриқли бўлардики, мунофиқларга тўла жамият ирганган Аннага қўшилиб ўзимни лаънати релслар устида юрадиган поезд остига ташлаганимда ҳам, семиз Безуховга ўхшаб уруш даҳшатларидан баданимдаги тукларим ҳурпайганида ҳам, соддадил Левиннинг ортидан тенгсизлик деган бало сабаб бошимни қуйи солиб изтироб чекканимда ҳам, олифта Нехлюдов эмас, худди ўзим бечора Масловани бадном қилгандек ўлиб тирилганимда ҳам ва ниҳоят асосли фикр билдирмай, шунчаки Толстойга кўр-кўрона тақлидан масхарабоз Шекспирни танқид қилганимни тушунганимда ҳам қалб оғриғи ўша дамдагидек ҳаддан зиёд залворли ва шиддатли кечмаганига иқрор бўлардим. Галдаги оғриқни ўзимда туярканман, бора-бора унга дош беролмай овозимни чиқариш даражасида инграб юборишим мумкинлигини, унинг бетиним давом этиши асносида кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетишини тахмин қилар ва бундан бутун борлиғим ит азобида ғам-андуҳга қоришиб пинҳона эзилардим. Толстой ижодидаги ёлғиз шу таълимот — гина мураккаб ва зиддиятларга бой борлиғимни остин-устун қилар даражада кетма-кет руҳий зарбалар билан кўз очтиргани қўймас, унинг ёстиқдек рўмонлари, хасби ҳол кўринишидаги қиссалари ва ихчам ҳикояларидаги мавзу-ю кечинмалар ҳам, ижтимоий руҳдаги сара мақолалари ҳам, тавба-тазарру сифатида ёзилган бадиалари ҳам каминага таъсир даражаси ва кўлами борасида у билан ҳеч рақобатлаша олмасди. Ўттизни қоралаш арафасида бу таълимотни сал унутгандек бўлдим, чунки Жойс, Кафка, Фолкнер ва Камюларга қизикишим ортди. Бу утопия монанд таълимот Толстой талқинида бўладими, бошқанингми — охири менда пессимистик қарашни шакллантирди. Ўзим учун гўё тепадан юборилган тавқи лаънатга айланган саволга ҳа ёки йўқ деб жавоб топишга эрина бошладим, буни иложиси бор-йўқлигини тан олишдан ўзимни олиб қочиш ёки панага олиш учун турли баҳоналар тўқишга киришдим. Толстой ёпишиб олган бу таълимотнинг мантиқсизлигини инкор қилиш учун юзлаб одамлар билан ёқалашдим, уларни юзига мушт туширдим, улардан мушт қабул қилиб олдим, жанжаллашдим, тантана қилдим. Тасдиқлаш учун ҳам кўп нарсалар қилдим: ишдан ҳайдашганларида индамадим, ортимдан кулишганларида бирга кулдим, қарзини қайтармаганларга қайтиб-қайтиб қарз бердим, бировнинг хотинини йўлдан урганларни елкасига зўр деб қоқиб қўйдим, чет элдаги ватангадоларга ҳайриҳоҳлик билдирдим. Охир-оқибат ундан қўлимни ювиб қўлтиғимга урдим, саволга жавоб топиш жараёнидан хафсалам том маънода пир бўлди ва Кафканинг Замзаси ёки Камюнинг Мерсоси билан яшай бошладим… Икки минг ўн тўққизинчи йил якунланаётган бир паллада негадир яна шу таълимот ҳақида эсладим, овқат пайтида ҳам мени тинч қўймайдиган турли-туман мулоҳазаларим орасига унинг таниш ёди суқилиб кирди ва бир пасда ўзини эслатди. Қандай у эсимга келди — билмайман. У хақида беш йилдан бери умуман ўйламай қўйгандим, деярли унутгандим… Ўттиз биринчи декабрь куни яна ўйладим, яна у фикру зикримни бутунлай эгаллаб олди. Телбалик шундайми? Яқинларимнинг барчаси стол устига ёзилган ва ноз-неъматларга тўла дастурхон атрофида, хонанинг бир бурчагидаги ўйинчоқлар билан ясатилган арчага хурсанд ҳолда нигоҳ ташлашиб, ўзаро эмин-эркин гурунглашиб, девордаги соатнинг қачон ўн икки бўлишини интиқ кутганча еб-ичишиб, кайфиятларини чоғ қилишиб ўтирганларида мен боягина бир чимдим татилган оливье салати таъми оғзимдан кетмай, шахсий кутубхонамда, гилам устига сочиб ташланган Толстойнинг йигирма икки жилдлик асарлари тўплами қуршовида чордана қуриб, унинг мактубларини ўқир, яна шууримни қамраб олган шу таълимот ҳақида ўй суриб, ўша лаънати саволга ё ҳа дейишни, ё йўқ дейишни билмай бошимни қотириб ўтирардим. — Ўнг юзига тарсаки ёки мушт қабул қилган одам, албатта жавоб қайтаради,- дедим бир пайт асабийлашганча китобларни чертиб-чертиб.- Чап томонини тутиб бермайди ҳеч қачон. Болалигимда атрофимда айланадиган поезд ўйинчоғим бўларди. Онам унинг релсларини атрофимга ўрнатиб, поезднинг қулоғидаги калитини бурар, шунда поезд атрофимда гир айланар, мен унга термулганча нима бўлаётганини англамас, бир пас ўтибгина қўлларим билан уриб поездни йиқитардим-да, уни бўлакларга ажратиб ташлардим. Айни пайтда ҳам ўша икки яшар гўдакдан фарқим қолмаганди. Атрофимни ўраб олган Толстойнинг жигарранг муқовадаги китобларини неча йиллар олдин гарданимга ташланган ва ундан қутулишнинг имкони гоҳ пайдо бўлиб, гоҳ йўқолган аросат занжирининг юкини кўтаролмай майда-майда қилиб йиртиб ташлагим келар, ҳатто бундан ортиғига ҳам тайёр эдим. Бошим тинмай ғувилларди. Эндиликда тўлалигича инкорга асослана бошлаган фикримнинг қувватидан у мудом оғирлашиб кетгандек туюлар, бироқ ёвузликка қарши қандай куч ишлатмаслик мумкинлигини ўттиз беш ёшимда ҳам худди ўн саккиз ёшимда бўлгандек тасаввур қила олмаётганим илгаригидек мени азобламас, бошқа бундан ич-этимни еб ёш боладек дод солгим келмас, қўшни хонадан мусиқа, кулгу, яхши кайфият ҳамроҳлигида таралаётган шодон овозлар жамланмаси мени йиллар давомида соям каби таъқиб этиб келган иккиланишлардан холи қилишга уринарди. — Ахир ёвузликка қарши куч ишлатмаслик мумкин эмас-ку! — давом этдим ёзув столимдаги Толстойнинг Репин томонидан мойбўёқда чизилган портретига назар солиб. — Бу инсониятни маънавий таназзулдан олиб чиқмайди, аксинча янаям таназзулига сабаб бўлади. Ёвузликка қарши куч ишлатилмаса — дунё яралганидан бери шундоқ ҳам кети кўринмайдиган қонунбузарликлар, адолатсизликлар, ноҳақликлар, жиноятлар, қон тўкишлар, урушлар икки-уч бараварга ортиб кетмайдими? Бу таълимот, назаримда хомхаёл, қип-қизил хомхаёл. Кейин Толстойнинг кутубхонамда мавжуд таржимаи ҳолидаги шу таълимотга бағишланган ерларини, кундалигидаги мулоҳазаларини, унинг ўз издошларига — Чор Россияси томонидан кучли таъқибга учраб, жон сақлаш учун дунёнинг турли томонларига қочиб кетган, таълимотга содиқ бўлган кишиларга ёзган мактубларини қайтадан ўқишга тушдим. Ўқиш давомида соат қандай қилиб ўн икки бўлганини ҳам, кўчадан осмонга отилган мушаклар овозини ҳам, қўшни хонадан яқинларимни янги йил кириб келгани билан бир-бирларини табриклаганликларини ҳам эшитмадим. Аксинча, салкам йигирма йил олдин мени ақлдан оздиришни бошган, мутаасил ўзим билан ўзимни курашга чорлаган, бир оз вақтга унутилиб яна ўз исканжасида қонимни зулукдек ташналик билан ичишга шайланаётган, жаҳон адабиёти тарихидаги энг зўр ёзувчилардан бири томонидан идеаллаштирилган бу мантиқсиз таълимотни тушуниш, онг остимда ниҳоят мустаҳкам қўним топган қимматли хулосамни текшириб олиш билан тўлалигича банд эдим… Жавонга бошим билан суянганимни биламан — кўзим илинибди. Сезмай ҳам қолибман. Кўзимни очганимда тонг ғира-шира ёришар, деразани бетиним намлаганча ташқарида майдалаб ёмғир ёғарди. Уйда осудалик ҳукм сурар, яқинларим ширин уйқуда, янги йил дастурхони ўз ҳолича турар, хўмрайган осмон остидаги хонадонимизда хотиржамлик ва ҳаловат ҳукм сурарди. Кийиниб кўчага чиқдим. Кўча ҳам тинч, симёғочлардаги чироқлар ўчирилмаган, яланғоч дарахтларга қўнган қушлар бир-бирининг пинжига кирганча товуш чиқармас, янги йилнинг илк кунида ҳаловатга йўғрилган уйқусидан ҳали турмаган қўни-қўшниларнинг уйлари мўриси атрофга бир маромда тутун пуркарди. — Тинчлик, хотиржамлик, умуман олганда ҳаловат,- дедим хаёл суриб. — Булар ёвузликка қарши куч ишлатилаётгани ҳосиласи ва натижаси эмасми аслида? Ёвузликка қарши куч ишлатилаётгани, тинмай курашилаётгани, уни тийиб, ортиб кетмаслигига йўл қўйилмаётгани учун ҳам очиқ осмон остида одамлар хотиржам яшашяпти, кечалари ҳаловатлари бузилмай ухлашяпти, юракларига хурсандчилик сиғяпти. Агар ёвузликка қарши куч ишлатилмаса унда парокандалик, тартибсизлик ортади ва энг асосийси ҳаловат бўлмайди. Йўқ, бу мумкин эмас. Ёвузликка қарши куч ишлатилмаса бўлмайди. Юзнинг ўнг қисмига туширилган тарсаки ёки муштнинг жавоби унинг чап қисми тутилмай сўраб олиниши зарур… Кутубхонамга қайтиб кирганимда Толстойнинг китоблари ҳануз гилам устида сочилиб ётарди. Уларни қўлимга олиб, бирма-бир жавонга сола бошладим. Орада Толстойнинг мактубларидан биридаги у қатъий таъкидлаган фикри ёдимга тушди: “Ёвузликка қарши куч ишлатмаслик керак. Шунда ёвузлик йўқолади. Исо ҳам юзингни ўнг қисмига кимдир урса, унга чап қисмини тутиб бер деган”. Қайтиб-қайтиб бу фикрни пичирлаб такрорларканман, бирдан енгил хўрсиниб қўйдим. — Узр, Лев Николаевич! Мен бундай деб ўйламайман. Инсон юзи қиммат туради.
2020-10-01
http://nodirabegim.uz/archives/1188
Менинг Жульетим, сизнинг хатларингиз менинг хазинам, менинг бойлигим, умримнинг парча-парча ҳикоячилари. Биз уларга кунма-кун, ўйма-ўй ҳаётимизни томизиб турганмиз. Қилган орзуларингизнинг ҳам, бошдан кечирганларингизнинг ҳам бари уларнинг ичида эди… Улар ниҳоятда мафтункор, кичкина ва бежирим қор парчаларига қиёс бўлиб, осмон каби гўзал қалбингизнинг митти бўлакчаларидир. Илк дафъа кўзларингизга кўзим тушар экан, гўё юрагингиздан субҳидамни абгор этгувчи бир ёруғлик, нур менга ўтгандек бўлганди. Ёқимли ҳисларга чўмилган йигирма тўртинчи сентябрдаги бўронли тунни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак, деб ўйлайман, менинг фариштам! Ёмғир томчилари осмондан тинимсиз йиқилар, дарахт баргларининг эса кўкси қалқон. Кузак ҳавосида етилиб, маромига етиб қолган япроқлар томчилар зарбига дош беролмай, бизни ҳимоя этар чоғда ҳалок бўлишмоқда эди. Эсингиздами уларнинг момақалдироқ зарбида ва чақмоқнинг сониялик ўткир ёруғлиги фонида қандайин гўзал ҳамда юракни титратувчи шаклда ерга айланиб-айланиб тушишлари..? Сиз қучоғимда дийдираб турардингиз. Майин табассумга йўғрилган гўзал юзингиз қучоғимга бекинган, ҳўл кўйлагингиз эса нафис елкаларингизга ёпишган… Ўша ерда бизнинг тантанали аҳдлашувимиз бўлганди. Ўша ерда бизнинг икки ҳаёт йўлимиз абадий бир йўлга бирлашганди. Ана ўша кун умримизнинг қолган кунлари учун энг қимматли хотира бўлиб қолиши мумкин. Ҳозир ва кейин, ҳар доим, бир-биримиздан қарздорлигимизни ёдда сақланг! Менга нима қарз эканингизни билмайман, аммо, ўзимнинг сизга қадрздорлигимни бахт деб биламан. Сиз учун қилган барча ишларим, ҳатто, сизга етказган зарарларим ҳам севги эканлигини қандай қилиб кўрмаслигингиз мумкин? Истасангиз, ақлсиз севги ёки чексиз муҳаббат денг, исрофгарчилик, рашк, ташвиш, хоҳлаганингизнинг ҳаммаси, лекин севги! Сиз менинг қалб озуқаларимни, мактубларимни куйдирдингиз, шамоллар оғушига улоқтириб бу оламдан йўқ этдингиз, менинг Жульетим. Лекин менинг муҳаббатимни йўқ қилолмадингиз, у биринчи кунданоқ кўнглимда яшай бошлаган. Ул мактубларни, менинг фариштам, йўқ қилаётганингизда қалбингизда оғриқ, меҳр, севги ва ночорлик бўлганини биламан. Улар менинг бутун борлиғим эди. Улар менинг қоним, улар менинг қоним, улар менинг қоним, улар менинг юрагим эди. Сизга ёзган мактубларим эса сизнинг менда қолган изларингиз эди… Менинг сўзларимни нотўғри тушунганингиз ва бунинг оқибатида мендан қарздорлик мартабасини тортиб олмоқни истаганингиз, ҳаммасини ёқиб кул қилганингиз учун бир неча бор қаттиқ жазавага тушган эрсам-да, сизни асло айблаган, гуноҳкор ҳисоблаган эмасман. Гўзалим, жоним, фариштам, қадрлигим, Жульеттам, мен сизни яхши кўраман ва сизни тушунаман! Менинг ҳаётимдаги сизнинг, сизнинг ҳаётингиздаги менинг мавжудлигимиз излари ўчмаса дейман. Мен бу изларнинг ўчишини хоҳламайман. Мен уларнинг умрбоқий қолишини, айро йўллар қаердадир туташган каби бир кун келиб топишишимизни истайман. Илоҳий туйғуларга йўғрилган бу бебаҳо қалбингизга қалбан сажда қиламан. Илоҳий туйғуларга йўғрилган бу бебаҳо қалбингизда ҳар доим ўзимни кўришни истайман. Қўлларингиздан, кафту бармоқларингиздан, лабларингиздан суюниб-суюниб ўпмоқликни истайман. Истакларимнинг сўнгги йўқдек, гўё… Саккиз ой давомида кўзларим ҳар лаҳзада қалбингизга чуқур санчилиб турдики, бажарган ва бажараётган иккимиз учун ҳамма ижобий, салбий тадбирларингиздан асло ажабланганим йўқ. Зеро кўнглингиздаги қайси ўй борки, менга аён бўлмаган, қайси туйғулар борки, сиз билан бирга тотинмаган бўлсам, менга равшан кўриниб турмаган бўлса. Мен сиздан бир неча бор ҳаётингизнинг машаққатлари, азоб-уқубатлари ҳақида сўрагандим. Бечорагинам… Бечорагина, тақдирланмаган фариштам. Лекин ҳозир мен сизга юрагимдан қувониб шуни айта оламанки, агар бирорта қалб олийжаноб, бокира, буюк ва саховатли бўлса — у сизники. Агар бирор-бир юрак яхши, содда, содиқ бўлса — у ҳам сизга тегишлидир. Агар ишққа лиммо-лим тўлган, ниҳоятда мулойим, аммо туганмас ва ўчмас гулхан каби ёниб турган бўлса, муҳаббати чексиз бўлса — ўша қалб меникидир. Пешонангиздан ўпиш орқали қалбингиздан ўпиб қоламан.
2020-12-01
http://nodirabegim.uz/archives/1199
Бошимизда минг ҳалокатлар кечаётган бўлса-да Худо бизга доимо энг хайрлисини юборган бўлар экан. Қишлоғимизда катта дайровот бор. Унга бир гала қушлар учиб келади-да, яқинлашганида пастлаб, нимадир олмоқчидай дарёга тумшуғини ботириб, яна баланд учиб кетади. Бу ҳол деярли ҳар куни такрорланади. Аммо дарё ҳеч қачон оқишдан тўхтаган эмас, суви ҳам камаймаган. Қараб туриб ўйлайман, болалигимда менинг ўз ҳудудим бўлар эди. Унда фақатгина орзулари бир олам, Худо ва ўзидан бошқани тан олмайдиган, ота-онаси ташлаб кетган қизалоқ бор эди. Кейинчалик унга ногиронлик, манфаатсиз севадиган дўстлар, меҳрибону оқкўнгил оила ҳамроҳ бўлди. Менинг ҳудудим тобора кенгайиб борди. Ёзмоқ саодатига эришдим, ёзмоқ бахтини туйдим. Оллоҳим менинг кумуш эшикларимни бекитиб, мана шундай ҳеч нега тенглаб бўлмайдиган олтин эшикларни очиб берди. Ҳар бир инсоннинг ўз ҳаёт йўли, ўз дунёси бўлади. Менинг дунёим сўздан иборат эмас, мен сўз дунёсида яшайман. Нолисам бўлмас. Камалакни кўрмоқчи бўлган одам ёмғирларга туриб бера олсагина орзусига етишади. Бугун шундоқ қарасам, жуда-жуда узоқ йўл юриб ҳоригану, нафас ростлагани жой тополмаётган одамга ўхшайман. Ҳаммасини теранроқ англаяпман, тиниқроқ кўряпман. Энг муҳими, осон яшашни ўргандим. Дунёни қўявер,-дейман ўзимга ўзим.-Барини Худога қўйиб бер, олдингдаги пиёлага ҳар қанча интилма, унда заҳар борми ёки оби-ҳаёт, билолмайсан, муҳими, ташналигингни кўриб турган Мироб бор, агар У истаса, пиёладаги заҳарни-да оби-ҳаётга айлантириб, лабингга тутгай… Ҳамма ўз ҳудудида бўлгани яхши. Бахтинисо МАҲМУДОВА
2019-10-24
http://nodirabegim.uz/archives/968
Бир танишимни учратган эдим: −Биласанми, ҳозир сенга яқинда ҳаётимда рўй берган воқеани гапириб берсам яхшигина ҳажвия қилиб ёзишинг мумкин, − деб қолди. −Хўш-хўш, қанақа воқеа экан? – сўрадим сергакланиб. −Шу-у… Уйда жанжал чиқиб, янганг билан ажрашиб кетишимизга оз қолди… −Сабаб? −Бир куни ишдан қайтсам, янганг столчада хат қолдирган экан. “Ўқишга кетдим” деб. −Шунга нима бўлибди? – мен ажабландим. − Муаммо нимада? Танишим “айтсамми-айтмасамми” деган иккиланиш билан бироз илжайиб турди-ю, деди: −Гап шундаки… “Ўқишга” сўзидаги “қ” ҳарфи унча келишмай “п”га ўхшаб қолган экан… Янги романим учун жингалаксоч гўзални қаердан топсам экан-а?.. – Интернет тез ишлаганидан хатлар ва маълумотлар тез очилаяпти. Беш дақиқада ўқиб ташлаяпман. Кейин зерикиб ўтирибман. – Опа, порталга ёзамизми – яна блоклашади, ҳаммаси яна жой-жойига тушади. Баъзида ўйлаааб қоламан: шу МЧС дегани мени роса бой, бекорчи бир одам, ҳар ҳафта тоққа дам олишга чиқиб туради, деб ўйласа керак. Қачон қарасам шу аҳвол — «Чимёнга бугун-эрта бормай туринг, хавфли», «Тоққа чиқмай туринг, хавфли» мазмунида СМСлар юборади… Майли-да, яхши гумон қилибди-ку… Зулфия мукофотига номзодлар йиғилган телеграм гуруҳимиз бор. Бир куни масъул ходим ҳаммадан: — Хужжатлар тайёрми? — деб сўради. — Calarode, — деб ёзди бир қиз. Бу сўзнинг мағзини чақиш учун кўп ўйландим. Ниҳоят, топдим: «чалароқ-да», демоқчи бўлган экан. Кулайми энди, куяйми? Ман телефонни МЧС, МИБ, ИИВ, ЎзбекТуризм, Госкомстат…яна бир неча ўнлаб ташкилотлар учун олганаканманда. «Светга пул тўлашни унутманг», «Қўлбола печка ишлатманг», «Тоққа чиқманг», «Шаҳарга туалет қуриб беринг», «Ҳисоботни вақтида топширинг», «Уй шароитида тайёрланган консерва еманг»…. Агар хотиним шунча гапни бир кунда бир мартадан қайтарса уйдан чиқиб кетворардим. Яхшиям телефон олганимда улардан бир сўмам қарз олмаганман. Турсунбой олийгоҳга кириш учун ҳужжатларини топшираётган эди. Унинг ҳужжатларини қабул қилаётган домла Турсунбойни сўроққа тутди: -Хўш, ўртоқ Турсунбой, нечта тилни биласан? Турсунбой жавоб берди: -2 та тилни: рус ва инглиз. Домла деди: -Йўқ, сен яна бир тилни билмасанг ўқиб кета олмайсан. -Қайси тилни, домла? -Домлаларнинг тилини-да, бўтам! Математика ўқитувчимиз қўшнимизнинг қизини севарди. Мен хат ташувчи эдим. — Мактубимни элтиб берсанг бўлди, дарсдан ҳам озодсан. Сен яхши боласан-ку. У менга нуқул «беш» қўярди. Қиз ҳадеганда розилик беравермади, мен роса ҳалак бўлдим. — Кўнди, — деди ниҳоят муаллим. — Кўндирдим-ей! Мактабни «беш» билан тугатдим, лекин калла бўм-бўш, оғайни: неча йилдан бери иккига иккини қўшаман, нуқул беш чиқади!
2019-11-25
http://nodirabegim.uz/archives/1038
Кўплаб нашрларда Озод Шарафиддиновнинг китобга бўлган меҳри, муносабати, садоқат ва муҳаббати алоҳида тилга олинади. Чиндан ҳам Озод ака кутубхона тузишга, китоб йиғишга катта қизиқиш билан боқар ва санъат асари даражасига кўтарар эди. Озод акани таниган инсонлар нима учун у киши бунчалик китобга боғланиб қолганини сўраб савол беришади. Айнан китоблар унинг иқтидорини, шахсий хусусиятларини, характер, истеъдод ва ҳаёт тарзини яратишда муҳим аҳамият касб қилган. Китоблар Озод акага кенг дунёқараш, тажриба, ақл, донолик, гўзал туйғулар, англаш каби хусусиятларни тортиқ қилди. Китоб – меҳр булоғи, ҳаётдаги мақсад, унинг тақдири эди гўё. Кутубхона яратиш ва китоб йиғиш жараёни албатта қисқа муддатда содир бўлган эмас, бу узоқ изланишлар натижасидир. Бу мақолада ҳам биз ушбу кутубхона билан тўлиқ танишиш имконига эга эмасмиз, йўқса, бу рўйҳатни саҳифага ёзиб сиғдириб бўлмайди. Бир оз бўлсада унинг китоблар оламига саёҳат қилиб, Озод Шарафиддиновни танишга ҳаракат қиламиз, холос. Озод аканинг айтишича, у китобларни 11 ёшидан бери йиғишни бошлаган. 1957 йилда улар Чилонзордаги кўп қаватли уйга кўчиб келишган, бу ерда Озод акага Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Пўлат Мўмин, Шуҳрат ва бошқа бир қатор ижодкорлар қўшни бўлган. Ҳозирга келиб бу адабиёт дарғаларининг кўпчилиги орамизда йўқ. Ўша воқеаларни Одил Ёқубов хотирлар экан, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида шундай ёзади: “Кўп қаватли уйга Озод Шарафиддинов кўчиб келиши ҳақда миш-мишлар тарқади. Унинг китоби шунчалик кўпки, битта машинага ҳам сиғмайди, дейишди”. Ҳа, 50 йилларда Озод аканинг китоблари ҳақдаги гаплар аллақачон кўпчиликда қизиқиш уйғотган эди. Озод Шарафиддинов китобни шунчаки ўқимас, уни қалбан ҳис қиларди. Эътибор билан китоб оҳангини топа оларди. Унинг китоб билан тиллашаётганини кузатиш мароқли эди. У жудаям қимматли буюмни ушлагандек, тушириб юборишдан қўрққандек китобни авайлар, вароқларини силаб қўярди. Кўнгли очиқ, меҳрибон, бошқаларга доим яхшилик соғинувчи бу инсон гарчи танишларига уйи, машинасини фойдаланиш учун ўйланмай бериб юборсада, китоб беришга иккиланарди. Берган тақдирда ҳам ўз вақтини қайтаришни уқтирарди. Озод Шарафиддинов китобларни қўлда қалам билан ўқирди, муҳим сатрларнинг остига чизиб қўярди. Бугун Озод ака орамизда йўқ бўлсада, ўша китоблардаги сатрлар ҳамон кутубхонада… Мутолаа у инсон учун бўш вақтни ўтказиш учун эрмак эмасди. У бор вақтидан унумли фойдаланиш учун кераксиз романларни ўқимасди. Танлаб танлаб, чертиб чертиб ўқирди. Унинг рўйҳатида ўқилиши керак бўлган китобларининг номи ва муаллифи ёзиб қўйилган бўларди. У мана шу дастурга қараб ўқишга киришарди. Китобларни истаган вақтда эмас, тез ҳам эмас, кетма кет ҳам эмас, аниқ соатларда, диққатлик билан ҳазм қилиб мутолаа қиларди. Китоб ўқиш чоғида мия фаолияти фаол бўлади, онг ривожланади. Озод ака айнан шундай ўқирди. Ҳатто ҳаётининг сўнгги кунлари ҳам яқинлари билан рози ризолик қилар экан, улардан китоблари ва қўлёзмаларини эҳтиёт қилишларини васият қилди. Оила аъзолари кутубхонани авайлашади, у ерга кирган одам Озод аканинг нафасини сезади. Аммо минглаб китоблар орасидан ўзингиз истаган китобни тополмаслигингиз аниқ. Қайси китоб қаерда туришини Озод акадан бошқа ҳеч ким билмайди. Аммо ақл билан ўйласангиз, керакли китоб қаерда бўлиши мумкинлигини тахмин қиласиз. Ҳа, китоблар шунчаки бетартиблик билан эмас, аниқ режа асосида кетма кет жойлаштирилган. Бу ерда ортиқча, кераксиз китобнинг ўзи йўқ, буларнинг бари китобхон учун муҳим асарлар. Бу кутубхонада Озод ака қайта-қайта ўқиган асарлар ҳам талайгина. Масалан, Ян Парандовскийнинг “Сўз кимёси”, Оскар Уальднинг «Дориан Грей портрети», Лев Толстойнинг «Иқрорнома», Ч.Айтматовнинг “Қиёмат”, Э.Севелнинг “Самолётни тўхтатинг, тушиб қоламан” каби рус тилидаги китоблар. Уларни кейинчалик танқидчи ўзбек тилига таржима қилган. У умри давомида одамларга китобни тарғиб қилиб келди. Бу борада кўплаб мақолалар, интервьюлар ёзди. «Биринчи мўъжиза» (1968), «В библиотеке писателя» (Абдулла Қаҳҳор кутубхонаси) (1986), «Хазина» (1989), «Беқиёс хазина»(1999), «Қутлуғ қон»нинг шарофати»(2001), “Китоб менинг тақдиримда» (2004) шулар жумласидан. Ўзбек китобхонлари учун адабиётнинг турли жанрлари: роман, ҳикоя, пьеса, танқидий мақолалар, хотираларни таржима қилди. Озод Шарафиддиновнинг кутубхонаси бир неча минглаб томлардан иборат. У Х.Хессенинг бир ўгитига амал қилиб яшади: “Агар бирор китоб қўлингга тушиб уни ўқигач катта таассурот олган бўлсанг, бироз вақт ўтиб яна мутолаа қилиб кўр! Агара яна чуқур таассуротлар гирдобига тушсанг, унда албатта ҳарид қил”. Озод Шарафиддинов орзу қилган китобини биринчилардан бўлиб қўлида олса чексиз қувончга тўларди. Айниқса, у биринчи нашр бўлса. Авлоддан авлодларга етиб келган улуғ китобларни жуда қадрларди. У таълимни айнан китоблардан оларди. Олий маълумотли бўлиш учун дунё адабиётидан бохабар бўлиш лозим деб ҳисобларди. Шунинг учун унинг кутубхонасидан жаҳон адабиёти кенг ўрин эгаллайди. У адабиёт чексиз эканига, инсон умри уни ўқиб тугатишга етмаслигини яхши англарди. Озод аканинг орзуси – китоблари учун мақбул жой бўлиши, истаган вақтида уларни олиб ўқиш имконига эга бўлиш эди. Жавонлар бу талабга тўла жавоб бермасди. Тозаликка доим аҳамият берарди, китоблари топ тоза туриши лозим эди. Бу ишни аввалига фарзандлари, сўнг набиралари бажарди. Бу ёқимли юмуш эди. Сабаби чанг артиш давомида Озод ака болалардан китоб номини, муаллифини, нашриётини сўрар, шу орқали уларда ҳам китобга эътибор уйғотарди. Шу сабабданми, Озод аканинг фарзандлари ва набиралари китобга айрича муҳаббат қўйиб улғайишди. Озод Шарафиддиновнинг кутубхонасидаги китоблар алифбо, чоп этилган сана бўйича эмас, шахсий қизиқишларига кўра кетма кетликда жойлаштирилган. У сўралган китобни дарҳол топиб берар, адаштирмасди. Китоблар танқидчининг ётоқхонасида ҳам бўларди. Ёзув столида ҳам муҳим китоблар турарди. У доим яхши нашриётларнинг китобини ҳарид қилган. Муқова мустаҳкам бўлса, узоқ хизмат қилади. Айниқса, имло хатолари бўлмаслигига аҳамият қиларди. Кутубхонанинг ўнг бурчагида классик шарқ адабиёти дурдоналари “Минг бир кеча”, А. Навоий, Фузулий, Бобур, Машраб, Умар Ҳайёмнинг китоблари жойлашган. Бошқа томонида эса Конфуций таълимотини, “Шохнома”, “Бобурнома”ни учратасиз. Кутубхонада шунингдек, “Алпомиш”, “Одиссей”, “Илиада” каби афсоналарга ҳам дуч келиш мумкин. Кутубхонанинг асосий қисмини жаҳон адабиёти эгаллайди: Марк Твен, Т. Драйзер, Л. Толстой, М.Горький, М. Шолохов, Шекспир, Бальзак, Мопассан, Золя, Фолкнер, В.Скотт, В.Гюго, Гоголь, Пушкин, Лермонтов, О.Генри, Конан Дойль, Стендаль, А.П.Чехов ва бошқалар. Шунингдек, Нобель мукофоти соҳибларининг китоблари ҳам ўз ўрнини топган. Албатта, кутубхонадан ўзбек адабиёти ҳам муносиб жой эгаллаганди. Улар орасида Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғ.Ғулом, Миртемир, М.Шайхзода, А.Мухтор, Зулфия, Ҳамид Олимжон, О.Ёқубов, А.Орипов, Э.Воҳидов, Ў.Ҳошимов китобларини учратиш мумкин. Айнан шахмат ҳақдаги китобларнинг ўзи юздан ошарди. Зулфия Озод акага ўз китобини бераркан, шундай дастхат битганди: “Озоджон! Бу шеърларимнинг кўпи сизга таниш. Шунга қарамай сизга туҳфа қиламан. Ахир дўстингизга китобдан ҳам аъло совға борми.” Саид Аҳмад “Йўқотганларим ва топганларим” китобига шундай деб ёзган: “Дўстим Озод! Ўзингга таниш бўлган ҳикояларни ўқиб чиқ.” Пиримқул Қодиров дастхати: “Дўстим Озод! Бу романни биринчилардан бўлиб ўқишингиздан мамнунман. Сизга саломатлик ва комиллик тилайман”. Ўткир Ҳошимов эса: “Буюк олим, қимматли мураббий Озод ака, меҳр ва муҳаббат билан…” деб ёзади.
2019-11-27
http://nodirabegim.uz/archives/1044
Америка адиби О.Генри жаҳон адабиётида лўнда ҳикоялар (short-story) жанри бўйича устоз сифатида тан олинади. Дарҳақиқат, ёзувчининг ҳикоялари ихчамлиги, қизиқарли тугун ҳамда кутилмаган ечим билан китобхонлар қалбига кириб боради. О. Генрининг машҳур ҳикояларидан бири “Сўнгги япроқ”ни ўқимаган, ҳеч бўлмаса номини эшитмаган ўқувчи топилмаса керак. У 1907 йилда чоп этилган муаллифнинг ҳикоялар тўплами китобидан ўрин олган. Орадан юз йил ўтган эсада, адибнинг ҳикоялари бугунги кунда ҳам севиб ўқилмоқда. “Сўнгги япроқ” эпик жанрга мансуб бўлган, кичик проза йўналишида бўлиб, асосий ғоя умид ва ишонч ҳақдадир. Ҳикоя бош қаҳрамони рассом қиз Жонси зотилжам ҳасталигига чалиниб ётиб қолади. Шифокор ўндан бир умид борлигини айтганда дугонаси Сью ҳам изтироб чекади. Жонси деразадан ташқарига қараркан, дарахтнинг тўкилаётган баргларини ўз ҳаётига қиёслайди. Яъни сўнгги япроқ тўкилса, ўлимини қарши олишга тайёр туради. Уларга қўшни бўлган рассом қария эса қизнинг ҳаётини сақлаб қолади: дарахтга япроқ суратини чизиб илиб қўяди. Эвазига эса қорли совуқ тунда чизган шох асари бадалига ўз жонини қурбон қилади. Ҳикояда тугун қизнинг ҳасталаниб қолиши саҳнасидан бошланади. Кулминация эса дарахтда сўнгги япроқ қолганида юзага келади. Ечимга келсак, Сью япроқнинг асл эмас, сохта эканини айтганда очилади. Ҳикоя композицияси ўқувчини доим ушлаб туради. Бу билан муаллиф нима демоқчи бўлган? Санъатнинг кучи бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишга қодир, умид эса охирида ўлади. Ҳикояда пейжаз ва портрет унсурларидан ҳам унумли фойдаланилган. “Шундай қилиб, ажиб маскан бўлмиш Гринвич Виллиж даҳасига шимолга қараган деразалар, ХVIII аср нақшли пештоқлари, голландча қия шифтли болохоналар ва арзон ижара ҳақлари илинжида санъат намояндалари ҳар тарафдан кўчиб кела бошладилар” (пейзаж). “Берман пастки қаватда яшайдиган бир рассом эди. У олтмишдан ошган, Микеланджело ясаган Мусо ҳайкалиники каби жингалак соқоли ихчамгина жуссасига ярашиб турарди (портрет). Қаҳрамонларни ва маконларни аниқ-таниқ тасвирлагани боис жой ва қиёфалар кўз олдимизда осон акс этади. Муаллиф қаҳрамонларининг ҳаётига аралашмайди, ўз қарашларини мажбуран сингдирмайди, шунчаки четдан туриб уларни борича тасвирлайди. Ўқувчини ўзи хулоса қилишига ундайди. О.Генри ҳикоягача нима бўлганию ундан кейин нима бўлишини билдирмайди – зеро ҳикоянинг биринчи қоидаси ҳам шундай. У икки дугона, касаллик ва рассом қўшни учлигини бир нуқтада бирлаштиради. Ҳикояда ўша даврнинг оддий одамларининг ҳаёти ҳақда тушунчага ҳам эга бўламиз. Воқеликка асосланган бу асарда рамзий маънолар ҳам йўқ эмас. Бу ерда Жонси – табиат, Сью – Инсоният, Берман – саънатнинг тимсоли бўлиб келмоқда. Воқеалар ривожини икки линияда кўриш мумкин: 1. рассом Берман чизиғи; 2. Жонси, Сью, шифокор чизиғи. Муаллиф она тилининг барча имкониятларидан фойдаланишга ҳаракат қилган. Ҳикоя номи ҳам матнга тўла тўкис мос, оддий ва содда. Муаллиф ёшлик-қарилик, ҳаёт-ўлим, касаллик-соғайиш ҳолатларини қаҳрамонлар руҳияти орқали очиб беришга интилади. Ортиқча чўзишлар ва эзмаликлардан холи ҳикояда яна бир қаҳрамон борлигини ҳам айтиб ўтиш керак. Бу – Зотилжам. Муаллиф уни гўё тирик шахсдек тасвирлайди: “Ноябрда эса шифокорлар Зотилжам деб атайдиган кутилмаган совуқ ва бераҳм бир меҳмон ташриф буюрди. У шу турар жойлар атрофида кезиб юрар ва йўлида учраган кимсага раҳм-шафқат қилмай ажал исканжасига тортарди. Шарқий ҳудуд бўйлаб бу ўлим хабарчиси ҳеч нарсадан тап тортмай ортидан ўнлаб қурбонларни қолдириб шахдам қадамлар билан одимлаб борди, аммо бақатўн босиб кетган ўша хароб ва чалкаш “тор кўчалар”га келганда қадами секинлашди.” Ҳикоя тили ўқувчини зериктириб қўймайди, баёнчилик ҳолатларини ҳам муаллиф сўз бойлиги билан яшириб кетади, муҳими, китобхон маънавиятига ўз улушини қўша қолади. О. Генри ижодида бундай таъсирли ва мазмунли ҳикоялар кўплаб топилади. У ҳамиша адабиёт инсонлар қалбига нур бўлиб киришини истаган. Буни ўлими олдидан айтган ушбу жумлалари исботлаши мумкин: “Олов ёқинг, мен қоронғуликда ўлим топишни истамайман”.
2019-03-12
http://nodirabegim.uz/archives/1060
“Мен 1628 йил 12 январда эгизаклардан бири бўлиб дунёга келганман. Мендан бир неча соат аввал туғилган эгизагим олти ойдан сўнг вафот этган”, деб ёзганди Шарл Перро ўз хотираларида. Бу оиладаги барча ака-укалар Людовиг XIV даврида ижтимоий ҳаётда муҳим рол ўйнашган. Ўн еттинчи асрда Франция ҳар томонлама: санъат, илм, саноат, ҳарбий тизим жиҳатдан юксак даражада эди. Қирол – Европадаги энг нуфузли инсонлардан бири ҳисобланарди. Людовиг XIVнинг ўнг қўли бўлган Жан Батист Колбер давлат бошқарувини нолдан бошлаб шакллангантирган шахсдир. Колбернинг ўнг қўли эса Шарл Перро эди. Перо ҳам ўз ўрнида катта кучга эга бўлган. Унинг масъулияти қуйидагилардан иборат эди: *Қироллик қурилиши интендантлигининг бош секретари. Жуда муҳим лавозим бўлиб, ўша даврларда Лувр музейи, Версал саройи бунёд этилган. Унинг қурилишига Шарл Перро бош бўлган. *Қироллик шон-шуҳрати бюроси”нинг амалдаги бошқарувчиси. Кейинчалик бюро кичик академияга айлантирилган. Уни ташкил қилиш учун Людовик XIV 1664 йилда шахсан ўзи Перро билан учрашган. *Маданият бўйича котиб. Перро адабиёт оламини ҳам кузатиб борарди. *Гобелен усталари назоратчиси. Гарчи оддий лавозимдек кўринсада, аммо ўн еттинчи асрда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Гобеленларнинг маҳсулотлари ўша даврнинг энг замонавий технологияси бўлган. Француз гобеленлари глобал бренд саналган, чет элга эскпорт қилиниб давлатга катта фойда келтирган. *Колбернинг шахсий котиби. Бу Перронинг асосий юмуши эди. У бошлиғининг барча буйруқларини адо этарди. 1666 йилда Колбер адабиёт аҳли учун 100минг ливр суммага эга фонд таккил қилди, уни Перро бошқарди. Фонд пуллари нафақат французлар, балки хорижий ёзувчилар учун ҳам ажратилган. Шунингдек, дунё олимлари ҳам Парижда ишлашга жалб этилган. Перро масъулиятли ва шарафли лавозимлардан бўшаб, нафақага чиққандан сўнг эртаклар ёзишни бошлаган. Илк эртаги 1691 йилда чиққан, энг машҳур тўплами “Она ғоз эртаклари” эса 1697 йилда нашр қилинган. Академик Шарл буларни ҳақиқий адабиёт деб ҳисобламас, ҳатто муаллиф сифатида исмини ҳам кўрсатмас эди. Барчасини ўғли Пьер де Арманкуру-Перро тахаллуси остида эълон қиларди. Унинг китоблари қиролнинг азиз жияни — малика Орлеанскийнинг севимли асарлари эди. Афсуски, Шарлнинг ўғли армияда ҳалок бўлади. Унинг исми билан чиқарилган китобларнинг асл нусхаси ҳалигача сақланиб келинади. Шарл Перронинг исми билан ёзилган китоблар эса 1724 йилда, ёзувчининг ўлимидан 21 йил ўтгачгина чоп қилинган.
2019-06-12
http://nodirabegim.uz/archives/1070
“Сокингина қалбингизга баногоҳ баҳорий чақиндай гулдурослар ила бостириб кириб, юрагингизни ларзага солган, таъбир жоиз бўлса, ағдар-тўнтар қилиб ташлаган; неча-неча тунлар шусиз ҳам қип-қизариб кетган кўзларингиздаги уйқуни беаёв ўғирлаган; кундузлари телба мисоли довдираб, инсон ҳиссиётлари кўпириб-тошган воқеалар гирдобида ожиз банди бўлиб юришга мажбур этган; кулиб туриб йиғлашни, йиғлаб туриб кулишни, ҳар иккала ҳолда ҳам дил-дилдан куйишни ўргатган; адабиёт, эҳтимолки ҳаёт ҳақидаги тасаввурларингизни буткул ўзгартириб юборган Буюк Асар мутолааси…”
2019-03-10
http://nodirabegim.uz/archives/849
Эссе Сўнгги вақтларда У турмуш ўртоғидан аксари бир гапни бот-бот эшитарди: -Ошхонангга қара. Бу жумла асосида Унинг оддий, бошқалар каби ва шунчаки хотин экани ётишини, эркаклар учун ҳаётда энг муҳими – яхши овқат, тинч уйқу, тоза кийим экани яна бир бор исботини топади. Бу ҳамма тасдиқлайдиган ҳақиқатни У бошқача кўришни истайди, истагандаям қанақа кўришни? Ошхона сўзи ўрнига ижодхона қўлланилиши: Ижод қилдингми бугун ўзи? (Овқат қилдингми ўзи бугун) Нима ёздинг? (Нима пиширдинг?) Яхши чиқдими? Тузи пастга ўхшайди, бироз ишла устида. (Бошқатдан тайёрла, еб бўлмайди) О, буниси шохона асар (таом)! Ўқиса бўлади. (Еса бўлади). Нега эр-хотинларнинг суҳбатлари ош-овқат, бола-чақа, рўзғор ташвишлари устида айланаверади-айланаверади? Ер ўз ўқи атрофида айлангани каби… Йўқ, бу зарурий масалалар ҳам гаплашилиши керак, аммо долзарб суҳбат шаклида эмас, балки йўл йўлакай… У ўзаро гаплашадиган асосий суҳбатлар қандай бўлишини истарди?.. Балки кулгули эшитилар. -Ниҳоят, “Мартин Иден” асарини ўқишни бошладим. -Ажойиб-ку. Қандай экан, нимани ҳис қилаяпсан? -Сиз ҳам ўқинг, бирга фикрлашамиз. Ўзимни қийнаган кўп саволларни жавоби бор экан. -Ўқийман, албатта. Айтганча, қиссанг қандай кетяпти? -Тугаллаб қолдим. Иккиланаётган жойларим бор. -Сўзлаб бер, масалан қаерлари? Тугаллашинг билан бер, ўқиб чиқаман. Доим бирингчи ўқувчинг бўлиш бахти бор менда. Аёл қувончи ичига сиғмай, тезроқ тугаллашга киришади… Баъзан буни ким ўқийди, деб ичини тирнаган вақтлари шу сўзлар балки ғайрат берар, деб ўйлайди. Ҳамиша нажот – адабиётда, деб ҳисоблаб яшади. Аммо ўрни ошхонада экани кўп бора тилга олинади. Нажотни ошхонадан излаб тополмайди. Тўғрисини айтганда, Унинг ошхонага киргиси келмайди. Лекин ошхонани севадиган, бор вақтини у ерда ўтказиб оиласини хушнуд қиладиган уй бекаларига жуда ҳаваси келади. Улар ошхонада бахтли умр кечиришади ва бундан шикоят қилишмайди. Уларга ўхшаш учун кўп уринади. Ижодни ошхонага кўчириш мумкин, бўлса керак деб ўйлаб ҳаракат қилиб кўради. Аммо санъат асарига айланган ҳар қандай таом бир зум кўзларни қувнатадию, сўнг ошқозондан оддий атала каби ўрин олиб, шу йўсин жирканч аҳволда чиқиб кетади ва ўзидан ҳеч қандай нишон қолдирмайди. Унинг ижоди нимадир қолдиришини, асрлар давомида яшашини, кўнгилларни эгаллашини истайди. Шу истак туфайли ижодни тарк этолмайди. Сўздан айрилиш, адабиётдан кетиш, шунчаки кун кечириш – ҳаётини улкан маъносизликка бошлайди. Эрталаб оёқлар ошхонага бошлайди, ётар олдидан чиқадиган жойи ҳам ошхона бўлади. Ошхонада иш эса ҳеч қачон тугамайди. У ерда овқат пиширилади, идиш ювилади, банка ёпилади, ёғ қиртишланади, умуман моддий ҳаётнинг маиший кўринишлари шу зайл давом этади. Энг ёмони эса минг йил қиртишласанг ҳам иш тугамайди, эртасига деворга сачраган бир томчи ёғ ишни ишга улайверади. Ижод-чи? У ошқозонга юқ бўлмайди, лекин қалбни шунчалик тўйдирадики, тугалланган асарингга қараб уни ошхонага йўлатмасликка ҳаракат қиласан. Назарингда, ҳикоя адашиб ошхонага кириб қолса, оловга тегиб ёниб кетади ёки аҳлат челакка тушиб қолади. Ошхона – унинг жойи эмас. Унинг олис йўли бор: таҳририятдан зиёратини бошлайди, газета юзини кўриб, мухлис орттиради. Кейин нашриётга йўл олади, омади келса китоб бўлиб ўқирманлар қўлига тушади. Сўнг бирор китоб жавонидан муқим ўрин олгач, узоқ умрини бошлайди. Бу тақдир назаримда энг ажойиб тақдир. Ҳархолда ошхонадаги барча анжомлар унга ҳавас билан қарашига ишончим комил. Чунки бу анжомларга У ҳеч меҳр беролмаган, балки айб ўзида ҳам бордир. Аёл. У умрининг асосий қисмини ошхонада ўтказиб юборади. Орада унга севимли касб кори билан машғул бўлишига имкон берилади, қачонки ошхонаси доим ялтиллаб, қозонида овқат пишиб, барчанинг кийими ярқираб турган бўлса. Шу шартларни бажара олса, ёқасига шамол тегади ва кимгадир, нимагадир керак эканини англаб у ўзи учун иккинчи даражали ҳисобланган – иши, касбу ҳунари билан машғул бўлади. Унинг олдига кўпинча танлов қўйилади: оила ёки иш. Аксари ҳолда мантиқан тўғри ҳисобланган – оила танланади. Ижод масаласига келсак, у тўртинчи ёки бешинчи поғонадаги юмуш саналади. Унга етиб олиш учун тунги оромдан кечишга тўғри келади. Аммо куни бўйи рўзғор, иш ва болалардан ортмаган аёл тунги илҳом гаштини уйқусиз тунларга алмашишга холи қолмайди. Буни фақат бошдан кечирган одам билади… Мен кўп ҳолларда бизда, умуман дунёда буюк аёл ёзувчилар чиқмаслигига ҳайрон бўлардим. Аёл буюк бўлмаса ҳам, буюкларни дунёга келтиради, деган таскин эса сабаб бўлолмайди. Ва ҳозир буни теран ҳис қиламанки, аёлдан буюклар етишиб чиқиши учун унга имкон берилмаган. Инсон ўз устида ишласа, даҳо бўлиши мумкин. Аммо аёл фақат бошқалар устида ишлайди. Ва энг муҳими, ошхона устида мунтазам ишламаса, оила оч қолади, уй тўзиб кетади, умуман олганда оила тизими ишдан чиқади. Шу ҳақиқатга бош эккан ҳолда, У яна ўз ижодхонаси бўлишини, эрталаб 9 дан иш столига ўтирганча ёзишга киришиб (шу ерда бирров тушлик қилиб олиб), сўнг 18 да ўрнидан туриши, кечки сайрга чиқиб чарчоқдан халос бўлиши ва оила даврасида ширин суҳбатдан сўнг янги ғоялар билан уйқуга ётиш ҳақдаги ғалати хаёлларни қувиб юборишга уринади. Лекин бу ғалати хаёллар кўплаб буюк ёзувчиларнинг иш тартиби бўлган. Фарқи шуки, улар эркаклар эди. Аёл охирги вақтларда ижоддан нима топдим, топяпман ўзи, деб ўйлаб қолади. Билолмайди. Аммо йўқотгани ҳаловат бўлди. Тун ярмидан оғди, лекин кўзларига уйқу инмаяпти. Ёзгиси келяпти, ёзгиси… ҳис қилаётганлари жуда кўп, аммо уларни қоғозга тушириш қийин, аниқроғи вақти йўқ. Яна хаёлида эртага ошхонани “кўтаришим” керак (яқинда қиртишлаб чиққандим, лекин яна ўша аҳвол) деган ўйда ухлаб куч йиғиб олишга ўзини ундайди. У қачонлардир қаҳрамонларим билан гаплашаман дерди, ҳа қачонлардир, ҳозир эса фақат рўзғор юмушлари ҳақда ўйлайди, бош қотиради. Умуман китоб жавондаги таркибни ўзгартириб чиқса, балки бари яхши бўлар, деб ўйлаб қолади. “Ёлғизликнинг юз йили” ўрнига “Таом тайёрлашнинг юз усули”, “Ойдинда юрган одамлар” ўрнига “Ошхонада юрган одамлар”ни қўйсам; Шавкат Раҳмон шеърлари ўрнига тоза кир ювиш йўриқномаси билан танишиб, Усмон Азим балладалари ўрнига банка отмаслиги учун нима қилиш керак каби масалаларни ўрганиб чиқса бўлармикин, деб ўйлайди. Лекин бу ўйга ҳали амал қилганича йўқ: нима бўлса бўлар, “Мартин Иден” авжига етди, узилолмаяпти. Ва яна ўлмас шеърларни ўқиса, тириклигини ҳис қилади. Ошхонада эса тобора майдалашиб, йўқ бўлиб кетишдан қўрқади… Аёл ҳақда ёзилган юзлаб асарлар бор-а?.. У ҳам қачондир ошхонадан узилиб, ўзи юзлаб асарлар ёзишини жуда истаб қоламан! Қачондир!
2019-06-10
http://nodirabegim.uz/archives/870
“Шаҳар боғларининг биридаги рақс майдончасида учрашиб қолганимизда у атиги 13 ёшда эди, мен унга турмуш қуришни таклиф қилгандим. Албатта, жиддий эмас, шунчаки аввалдан бўлажак рафиқамни танлаб қўйишни истагандим. Эсимда йўқ, балки қандайдир китоб ёки кино таъсирида эдимми, негадир унга муҳаббат изҳор қилгим келган. Мерседес ҳам ҳазилга олган бўлса керак, чунки биз жуда кам ва тасодифан кўришиб қолардик”, деб эслаганди буюк ёзувчи Габриэл Гарсия Маркес рафиқаси ҳақда. Ҳазил ҳазил билан-ку, аммо улар барибир турмуш қуришди ва биргаликда 55 йил гўзал ва бахтли умр кечиришди. Маркес 1927 йилда Колумбиянинг овлоқ ерларидан бирида туғилди. Аракатака шаҳарчаси ҳамиша иссиқ, қуруқ ва ўзгаришлардан холи маскан эди. Отаси телеграф бўлиб ишлар, онаси эса болалар тарбияси билан машғул эди, айтганча, болаларнинг сони 10 та эди. Маркесни бувиси Транкилина вояга етказди, у мағрур ва кучли аёл бўлиб, уруғ асосчиларининг авлоди бўлган. Унинг бобоси эса ўша машҳур асар “Полковникка ҳеч ким хат ёзмайди” асаридаги қаҳрамоннинг ўзи эди. Маркес бироз ғалати бола бўлган, болалигидан дунёга сирли нигоҳ билан қарарди. Мерседес унинг тушларига кирарди: қизча капалакка айланиб учиб кетарди. Яна айтишларича, шаҳар боғидаги ўша рақс майдончасида у Маркес ҳисоблаганидек 13 эмас, 9 яшар қиз бўлган, ҳудди “Ёлғизликнинг юз йили” романидаги Ремедиос исмли қизча Аурилионони севиб қолгани каби. Бу ҳолатни ёзувчи асарида шундай изоҳлаган: иккисини вақт ажратиб қўйган, қиз кечроқ туғилган, йигит эса барини тушунади, аммо ҳеч нимани ўзгартиролмайди… Мерседес ўзининг Нил илонлари сингари сирли гўзаллиги билан Маркесни ошуфта қилди. Дарҳақиқат қизнинг келиб чиқиш тарихи мисрликларга бориб тақаларди. У ўта жиддий, масъулиятли ва сокин қиз бўлган. Бу сирли сукунат эса Маркесни ақлдан оздирай дерди. Қиз узоқларга кетиб, ўтлоққа ётганча соатлаб ҳашоротлар, булутлар, майда жониворларни кузатарди. У улғайиб биолог бўлишни орзу қилар, илм-фанга қизиқар, дунёни тўлиқ ўрганишни истарди. Аммо бирданига Маркесга турмушга чиқишга қарор қилди! Ота-онаси бу қарорни ёшлик-гўрликка йўйишди: Шекспирни ўқиб ўзини Жульетта каби тутмоқда. Аммо йиллар ўтиб ҳам Мерседес қароридан қайтмади, агар кимгадир турмушга чиқадиган бўлса, у албатта Маркес бўлади. Бу пайтда Маркес Парижда яшарди, аммо расмиятчиликда муаммолари бор эди. Қизга айтишдики, у юридик факультетни ташлаб кетди, ўзи эса суюқоёқларга ўралашиб қолган, машҳур испан актрисаси Мария Консепсьон билан алоқаси бор… (кейинчалик Маркес улар билан ёлғизлик ҳиссидан қутулиш учун учрашганини тан олган). Шунга қарамай Мерседес уни кутишда давом этди. Қиз учун энг аҳамиятли нарса бу йигитнинг мактублари эди, хатлар ҳар ҳафта келарди. Аракатакада қизни беҳуда умидга берилган соддадил деб ҳисоблашарди, бир неча марта рақс тушган йигитни йиллар давомида кутиш мумкинми? Бу вақтда Маркеснинг Париждаги хонасида қизнинг сурати осиғлиқ турарди: уйғониши билан унга қарарди. Мерседес уни 13 йил кутгач, ниҳоят, улар турмуш қуришди. Орадан вақт ўтиб Маркес ғурур билан шундай деганди: “Оилавий ҳаётимиз давомида орамизда бирор марта жиддий жанжал бўлмаган. Балки бунга сабаб биз ҳамма бир нарсага бир хил нигоҳ билан қарашимиз бўлса керак. Оилавий ҳаёт – иблисона жиддий юмуш, ҳар куни янгидан бошлаш керак. Бир умр шундай қилиш лозим”. Зўриқиш билан яшасангда, аммо оила бунга арзийди! Тўйдан сўнг улар кичик хонадонда яшашди, бу ерни Маркес ишлайдиган газета таҳририяти тақдим этганди. Мерседес пишир куйдирни билмасди, умуман уй ишларига қизиқмасди. Маркес уйларни ўзи тартибга келтирар ва хотинига таом тайёрлашни ўргатарди. Улар ночор яшарди, энг арзон овқатларни ейишсада, лекин бахтли эдилар. Аёл турмуш ўртоғини даҳо деб санар ва у ёзган қоғозларни ўпиб қўярди. Мерседес эрининг қўлёзмаларини тартибга келтириш билан машғул бўларди, доим ғояларини қўллаб қувватларди. Илк фарзандлари туғилгач улар Нью Йоркка кўчиб кетдилар — америка-куба можаролари туфайли коммунист Маркес қочишга мажбур бўлди. Самолётга пул йўқ эди, шу сабаб улар автобусдан автобусга ўтиб, тунлари бошпанасиз, оч наҳор аҳволда манзилга етиб келдилар. Йўлда эса ҳатто бир америкалик аскар Маркесга рафиқасини икки соатга кўнгилхушлик учун бериб турса, уларни манзилга эсон омон етказишларини таклиф қилган. Изтиробли саргузаштлар шу билан тугамаган: Мехикага етганда Мерседесда гастрит пайдо бўлди. Ота-она ва болакайдан иборат бу кичик оиланинг бор йўғи 20 доллар пули қолганди, холос. Маркес бу қийинчиликдан қутулиш учун тинмай меҳнат қиларди. 1962 йилда уларнинг оиласида иккинчи ўғил туғилди. Ўшанда Маркес шундай фикрга келди: “Аёллар дунёни бошқаради. Аёллар кечирмайдиган ягона нарса бу хиёнат”. Мерседес қийинчиликларга қарамай эрига ишонишда давом этарди. Унинг муҳожирликда яшаш таклифига ҳам, роман ёзишни бошлаш режасига ҳам рози бўлди. Маркес роман ёзиш билан банд бўлганда оилани таъминлаш мақсадида машинани сотишди. Ёзувчи 18 ой давомида деярли хонасидан чиқмай, роман ёзди, ҳатто оиласи билан гаплашмади. Маркес “Ёлғизликнинг юз йили” билан машғул вақтда Мерседес пул топиш ва уни кредиторларга тўлаш билан овора эди. Маркеснинг эслашича, уй ижарасидан етти ойлик қарзлари бўлган, аёл уй эгаси билан келишиб тўловни сентябрда қилишга келишган, келишилган вақтда эса қарзни узишган. Маркес ёзишни тугатди, Мерседес эса ломбардга миксер ва фенни топшириб қарзга пул олди, чунки китобни нашр қилиш учун пул керак эди. “Ишқилиб, роман ёмон чиқмаган бўлсин”, деб дуо қиларди аёл. Роман адабиёт оламида ҳақиқий портлаш бўлди. Маркес дақиқалар ичида тирик афсонага айланди. 1982 йилда Нобел мукофотига эришди. Жанубий Американинг фахрига айланди. Хатто Куба раҳбари Фидел Кастро ҳам унга телеграмма йўлларди: “Ниҳоят, адолат ғалаба қозонди. Қўнғироқ қилиб боғланолмадим. Чин юрагимдан сизни ва Мерседесни табриклайман”. Ёзувчи ҳар куни бу кунларга етиб келишида рафиқасининг ўрни катталиги ҳақда ўйларди. “Шуни аниқ биламанки, ҳаётнинг асл мазмуни – муҳаббатдир… Ёзишда ҳам фақат муҳаббат ҳақда ёзиш керак, қолганлари аҳамиятсиз.”
2019-07-10
http://nodirabegim.uz/archives/880
Рус ёзувчиси Федор Михайлович Мария Дмитриевна билан Семипалатинскда, меҳмонда танишиб қолди. Мария ўшанда йигирма тўққиз ёшда бўлиб, таърифлашларича етарли даражада кўхликкина, жуда озғин, ҳиссиётга бой ва шодон аёл бўлган. У тарбия кўрган, зиёли, қизиқувчан, ҳаётга ташна ва ҳаммада ёқимли таассурот қолдира оларди. Гимназия директорининг қизи, институт битирувчиси бўлган Мария Семипалатинскда камдан кам учрайдиган қуш ёки гулни эслатарди. Унинг турмуш ўртоғи эса, замондошларнинг айтишича, жуда қўпол, ҳаммага нисбатан лоқайд, ичкиликка берилган кимса эди. Мария фақат ўғли учун яшар, шу фарзандигина уни тонгда уйғонишга ва яшашга куч берарди. Кейин эса Достоевский ҳам… Адиб тортинчоқ, беўхшов, унутилган, шу билан бирга нозик табиатли, эътиборли ва жуда ақлли одам эди. Достоевскийда доим аёллар билан боғлиқ муаммолар бўларди. Бир куни уни петербурглик хурлиқо билан таништиришганида хушидан кетган эди. У ўзининг 35 ёшида ҳам аёллар қаршисида терлаб бўзариб кетар, кераксиз гаплардан сўзлар, сўнг эса ўзидан уялиб юрарди. Шундай вақтларда у акасига хат ёзарди: “Тургенев ва Белинский тартибсиз ҳаётим учун мени койидилар”. Федорнинг дўсти машҳур олим ва саёҳатчи Тян Шанлик Семеновнинг хотирлашича, Мария жуда яхши инсон эди. У ўзининг бор меҳри ва қалби билан ёзувчига ачинар, Федор эса уни бор вужуди севиб қолганди. “Ўша бахтиёр дамларни мен у билан ўтказдим! Мен бундай аёлни жуда кам кўрганман”, деб ёзган адиб. Ўша кезлари у “Ойдин тунлар”, “Камбағаллар” каби асарларини ёзиб тугатди. Аммо Исаева унинг сиймосида фақат бечора кимсани кўрарди. Мариянинг эрини Кузнецкга, Семипалатинскдан 600 верста узоқликка кўчиришганида ва у оиласини олиб бу ердан кетганида, Достоевский ўзини қўярга жой тополмади. “У ҳудди ёш боладек хўнграб юборди”, деб эслайди Врангел. Кейинги кун у шундай ёзди: “оғир, мен даҳшатли қўрқувдаман. Сизни жамоатчиликда безаб турадиган шу толеъ, шу қарсаклар, шу можаролар сиз учун етарлими!..” Бир неча ой ўтгач, Федор Исаев вафот этганини эшитди. Мария бегона шаҳарда, боласи билан, дўстларсиз, бир тайинсиз, аммо боши очиқ қолганлигини билди! Дарҳол керакли миқдорда йиққанича пул жўнатди. Шу билан бирга турмуш қуриш таклифини ҳам. Исаева иккиланиб қолди. Сургунда бўлган, паст табақали ёзувчидан яхши эр чиқиши даргумон эди. Лекин у ўтинарди: “Мен фариштамни йўқотсам ҳалок бўламан; ёки ақлдан озаман.” Кузнецкда Исаевани фақатгина бир инсон – марҳум эрининг дўсти, ўқитувчи Николай Вергунов қўллаб турарди. Улар бир бирига ўрганиб қолишди. Мария ўзини ёш ва кўркам эркак билан ҳаётида илк марта бахтиёр сезарди. Лекин Федор ҳақда ҳам ўйлар ва ўзида тушунарсиз ҳисларни туяр, айниқса унга ачинарди. Адиб эса бу вақтда шод эди: уни Барнаулга хизмат сафарига жўнатишди, у ер эса Марияга яқин жой! Достоевский ҳечкимга индамай маҳбубаси ҳузурига ошиқди. Учрашув эса ҳудди унинг романларида тасвирлангандек содир бўлди: Мария унинг қаршисига тиз чўкиб қўлларидан ўпди ва бошқасини севишини тан олди. Ўқитувчи ҳам йиғлади, Федор ҳам йиғлади, энди унинг умидлари сароб эди. Аммо муҳаббати чин эди: энг муҳими, Марияни бахтли кўришни истарди. Бошқа ҳеч нима керак эмасди. Исаева унинг бардоши олдида тилсиз қолди. Вергуновни ёқтирсада, Федорга жудаям ачинарди. У бир муддат иккисидан бирини танлолмай иккиланиб юрди, кейин эса фикри ўзгарди! У ёзувчини ихтиёр этди… Федор қарз олиб, камтарона тўй ўтказди. Николай эса куёв тарафдан гувоҳ бўлди. Кузнецкдан қайтишда янги жуфтлик Барнаулда тўхтаб ўтишди, у ерда ёзувчида илк марта кучли тутқаноқ кузатилди. У ўтириб аёлига севги изҳор қилар экан, бирданига ерга қулаб титрай бошлади. Сўнг шифокорнинг айтишича, тутқаноққа кучли стресс сабаб бўлган. Стресс унинг 28 ёшида, қалтгохга отиб ўлдириш учун олиб кетишаётганда пайдо бўлганди… Барнаулда Федорга кучли доктор Геблер ёрдам берди, уни руслар “бизнинг немис” деб аташарди. У тутқаноқ ташхисини қўйиб, ёш аёлга бу ҳолат ўлимга олиб келиши мумкинлигини ҳам тушунтирди. Энди адиб кучли ҳаёжонга тушмаслиги лозим эди… Шу сабаб эру хотин бир биридан узоқлашишга мажбур бўлишди. Улар тўққиз йил қалбан бирга яшашди, аммо жисман яқинлашув содир бўлмади. Петербургда Мария қуёшсиз доим совуқ қотарди, шу сабаб Тверга жўнаб кетди. Ўшандан сўнг жуфтлик бошқа бошқа шаҳарларда яшашди, лекин учрашиб туришди. Уларнинг ўз ҳаётлари бор эди. Достоевский кўчиб юрар, романлар ёзарди, Мария эса кўп касал бўларди. Қувноқ ва меҳрибон аёлдан асар ҳам қолмади. Лекин шунга қарамай иккиси бир бирини қаттиқ севарди. “Биз бир-биримизни севишдан тўхтамадик, қанчалар бахтсиз бўлсак, қалбимиз шунчалар боғланарди”, деб ёзган адиб. Мария ётиб қолгач, Федор уни уйига олиб келди. Улар Москвада яшашди. Бемор аёл ҳеч кимни кўришни истамасди, ҳатто ўғлини ҳам. Ёзувчи эса ишлай олмасди, сабаби доим аёлни парваришлаш керак эди. Мария қийналиб жон берди… Аёлнинг вафотидан сўнг Достоевский чексиз бўшлиқни ҳис қилар, узоқ вақт ҳеч ким унинг кўнглини тўлдира олмади. У дўстига: “Уни ерга қўйишганидан бери ҳаётим оғриқли ва бўм бўш бўлиб қолди. Бир йил ўтди, лекин севгим ҳамон ўшандек”, деб ёзганди.
2019-10-14
http://nodirabegim.uz/archives/939